Habibullo Qodiriy. Eski Toshkantda (qissa)  ( 6396 marta o'qilgan) Chop etish

1 B


Ansora  22 Avgust 2010, 14:42:43

Habibullo Qodiriy. Eski Toshkantda (qissa)



Muallif: Habibullo Qodiriy
Hajmi: 129 Kb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish

Qayd etilgan


Ansora  22 Avgust 2010, 14:47:05

Ҳабибулло ҚОДИРИЙ

ЭСКИ ТОШКАНТДА


Тарихий қисса

«Шарқ юлдузи» журнали
2010 йил, 1-сон



Муқаддима

– Қани дада, «Афғон келини» ҳикоянгизни бошланг... – дер эдим, кайфи келиб турган чоқларда, отамга. Юз ёшлардан ошиб қолган отам эса кўксини тутган оппоқ соқолини силаб «ҳеҳ-ҳеҳ» деб кулар, пўстаги тагидан носқовоғини олиб нос искар ва бошидан кечирган узун қиссасини, ипидан-игнасигача қолдирмай аста ҳикоя қилиб берар эди:
– Бу воқеа бошланган кезларда ўрис ҳали Тошкантга келмаган эди. Аммо, эл орасида: «Ўрис Оқмасжид  шаҳрини олипди. Худоёрхон Оқмасжидни қайтариб олиш учун Шодмонхўжа Ўроқни лашкарбоши тайинлаб қўшин юборипди. Шодмон Ўроқ ўрис билан урушишга юраксинмай Қўқонга қайтиб келибди. Худоёр Шодмонни қўрқоқликда айблаб:  «Сен хотин экансан, ўрис аскарлари билан урушмай қайтибсан», – деб уни бошига рўмол ўратиб, олдига чарх-дуг қўйиб шарманда қилибди...» – деган миш-мишлар дув тарқалиб юрар эди. У вақтларда шаҳар ҳовлимиз Эски Жўва маҳалласида бўлиб, Хўжа кўчасида турар эдик.         

I
Жўва маҳалласи

   Ҳеч бир нарса дунёга эски бўлиб келмаган, ҳар бир нарса ҳам аввалига янги бўлади, кейин-кейин эскийди ва «эски» сифатини олади. Шунга ўхшаш бизнинг ҳозирги кундаги Эски жўва ҳам ҳар ҳолда қачонлардир янги, обод маҳалла бўлган, кейин-кейин эскиб Эски жўва номини олган бўлса керак... Бинобарин, биз бундан юз эллик йил бурунги воқеани тасвирламоқчи бўлганимиздан, «янги», «эски» сифатларини қўйиб, Жўва деб юритсак хато бўлмас.
Жўва маҳалласи Тошкентнинг шимол қисмида чорроҳ йўл устида жойлашган. Агар ўртадаги кенг майдон – Регистонни марказ дейилса, ундан турли томонларга катта-кичик кўчалар кетади. Кўча бетлари турли бинолар билан туташ ўралган, айниқса Бўзсаройи, Жомеъ масжиди, Беглар-беги мадрасаси, Хотин масжид ва улар оралиғига жойлашган турли дўконлар, чойхоналар,  новвойхоналар, сартарошхоналар Регис¬тонга бир хил кўркамлик, файз бериб туради. Регистонда эрта-кеч халқ қайнар, дўконларда савдо қизир, айниқса қиш-рўза кунларида кечалар сайилгоҳ-бозор шабга айланиб, ёз кезлари Жанггоҳ суви бўйида дор ўйини, маддоҳлик, масхарабоз-қизиқчилик ўйинлари ҳам бўлиб турар  эди.
Бўз саройи  доим атроф шаҳар-вилоятлар, узоқ мамлакатлардан келган савдогарлар, юрт кезар дарвешлар, маддоҳлар билан лиқ тўла. Унда: қозоқ, қирғиз, тожик, туркман, эрон, афғон, ҳинд, хитой, уйғур, қорақалпоқ, озарбайжон, татар, бошқирд каби миллат кишиларини кўриш мумкин.
Шу йил баҳор эрта келди, ёқимли илиқ шабада эсиб, ўрик, шафтоли дарахтлари қийғос гуллай бошлади.
Дарвозаси жанубга қараган Бўз саройининг ўнг тарафига тираб қурилган ҳужрадек кичик бир дўкончада соч, соқол-муртларига бир-ярим оқ оралаган, баланд бўй, йўғон гавдали, чўзиққа мойил буғдой юзли, ўсиқ қора қош-кўзли қирқ ёшлардаги бир киши кўрпача устида чордана қуруб савдо қилар эди. Дўкон олдига тортилган чизимчаларга қатор-қатор осилган ранг-баранг калава ипаклар; қора, кулранг жун-тивит иплар ва теваракка кичик-кичик махсус қопчиқларда пай уриб қатор териб қўйилган хушбўй кўк-памил чойлардан боққолнинг нималар билан савдо қилиши кўриниб турар эди. Кеч тушиб қолгани учун кўчада одам товсилган, баққоллар дўконларини беркитиш ҳаракатида, ипакфуруш боққол эса кўрпачаси тагидаги бугунги савдодан тушган пулларни санар, тилло тангасини чақалардан ажратиб чўнтагига солар эди.
– Ассалому алайкум, Қодирбой!       
– Ваалайк... Э, Келинг Муротали!
Қодирбой қўлидаги пулларини кўрпачага ташлаб ўрнидан қўзғолди. Қўл узатиб кўришди ва дўкон ёнига, йўл устига қўйилган курсига ўтиришга таклиф қилди. Фотиҳа ўқилиб ҳол-аҳвол сўрашди:
– Уй-ичилар, ўзлари саломатмилар?...
– Раҳмат! – деди, сийрак соқол-муртли, узун қотма бўйли, пешонаси чандиқ, оқ юзли киши.
– Ўзларидан сўрасак ... Тинчмилар? Янгамиз сиҳат топиб қолдиларми, савдолар дурустми?
– Дуруст, раҳмат, кунимиз бир нави ўтиб турибди.
Қодирбой рўмолга ўраб қўйилган чойнакдан чой қуйиб узатди.
– Кўринмай қолдингиз, дўстим, тинчмисиз?
– Шукур, – деди Муротали ва кулди. - Тўй бошлаб юбордик, сизни хабарлагани келдим...
– Э-э-э, муборак, муборак! Қутлуғ бўлсин. Қандай тўй?
Қодирбой юзида хурсандчилик сезилди. Муротали чой хўплади:
– Ўғлимиз Музаффар йигирмага кирибди... Уйлантириб,  шу вазифамиздан ҳам қутилиб қўя қолайлик дедик...
– Жуда соз ўйлабсиз-да. Савобли иш бошлабсиз, уйингизда дастёр кўпаяди...
Муротали Қодирбой дўсти фарзандсизлигини билгани учун сўз оҳангининг фарқига борди.
– Эзгуликни кечи йўқ дейдилар. Ҳали кўп тўй кўрамиз, ошнам.
Муротали сўзни бурди:
– Уйингизга ҳам тайинлаб чиқдик. Бириси кун чоршанбага тўй юборамиз. Жума куни никоҳ. Ўзингиз тўйимизга бош бўласиз, ўртоқ. Бизнинг ҳам кимимиз бор...
– Албатта, албатта. Насиб қилса...
– Хайр, энди мен борай. Тўйнинг таҳликаси кўп бўлар экан, ошна. Бугун куни билан тўйга хабар қилиб ҳоридим. Ҳали яна қанча иш олдинда.
Қодирбой ўрнидан қўзғалган Муроталини тўхтатиб, ёнидан беш тилло чиқариб   узатди:
– Манави биздан тўёна, ошнам. Кам-кўстингизга яратарсиз...
– Э-э. Садағанг кетай Қодирбой, сиз ҳамиша мени уялтирасиз-да. Тўйнинг кам-кўсти битармиди. Қўйинг, ошнам...
Муротали Қодирбойнинг қўлини қайтармоқчи бўлди. Бироқ, дўстининг астойдил раъйини сезиб тиллоларни олди:
– Хайр, биз ҳам яхши кунларингизга қайтарайлик. Раҳмат, ошнам.
Муротали Қодирбойнинг эски дўстларидан бири эди. У билан бир вақтлар сарбозлик қилишган. Қашғарга ҳоким қилиб тайинланган пискентлик Ёқуббекни бирга кузатиб боришган. Узоқ  Қашғар сафарининг аччиқ-чучукларини бирга тотишган, қалби пок, хоксор киши эди. Муротали асли Қоратош маҳаллалик бўлиб, уч-тўрт йил бурун Қодирбойлар яшаб турган кўчанинг ичкарироғидан ҳовли олиб кўчиб келган. Ўзи Кўкалдош мадрасаси тагида дўконча очиб, эгар чопар эди.

II

Қодирбой кўча эшикни очиб, йўлакдан кирди. Қатор лой томли уйлар билан ўралган ичин-ташин ҳовлилар ҳувуллар эди. Йўлак ёнидаги отхонада турган от эгасини сезиб аста кишнаб қўйди. Қодирбой тўғри ичкари ҳовлига ўтиб, айвонда кўрпа-тўшак қилиб ётган ёшгина, озғин, рангсиз хотинидан ҳол сўради:
–  Қалай? Яхшимисан, Умри?
–  Шукур.
Қодирбой бошқа сўз айтмай, тўнини ечиб, айвон қозиғига илди. Отга сув бериб, беда солди. Қўлини ювиб, самовар кулини қоқди. Сув тўлдириб, олов ташлади ва ошхонага кириб нимадандур хурсанд бўлгандай қайтиб чиқди:
–  Овқат пишириб қўйибсанми, Умри?
– Ҳа, боя ойим келган эдилар. Қайнатиб кетдилар.
Қодирбой таҳорат янгилаб шом намозини ўқишга тутинди.
Шундай... Ҳаёт инсонларни ҳамиша ҳам тилаганларича сийлайвермас экан. Тўти қуш: «Ҳамма ёғим тўкис, оёғим пес», деб ғам чекгандек, Қодирбой ҳам, юқоридан бир қадар англашилгандек, ҳамма ёқдан бут бўлса-да, оила важҳидан қисилган эди. У уч марта уйланди. Биринчи хотини шаҳарда тарқалган вабоми, ўлат касалидан ҳали фарзанд кўрмай вафот этди. Иккинчиси туға олмай дунёдан ўтди. Мана, учинчиси келин бўлиб келгандан буён узун оғриқ касал, икки марта туққан бўлса ҳам болалари чақалоқлигидаёқ нобуд бўлган. Қўш-қават ҳовлида эр-хотин яшайдилар. Отаси ҳожи Муҳаммадбой ва онаси Фароғат биби аллақачон дунёдан ўтишган. Акаси Тошмуҳаммадбой ва синглиси Хайринисо бўлса уйли-жойли бўлиб чиқиб кетишган. Ҳар замонда бир хабар олса оладилар, бўлмаса ўзларидан ортмайдилар.
Намоздан сўнг Қодирбой дастурхон ёзди, чой дамлади ва икки коса шўрва сузиб келтириб, кечликка ўтирди.
– Нон тўғраб берайми, Умри?
– Йўқ, раҳмат. Сувидан ичсам бас...
– Овқатни дурустроқ емасанг силланг қурийверади, бу ёғи баҳор... Табибнинг дорисини ичяпсанми?
– Ичяпман... Ҳа, айтгандек, Муротали ошнангиз, хотини Рисолат хола билан келиб тўйга айтиб кетишди...
– Хабарим бор, ҳали Муротали дўконимга келди, –  дея Қодирбой бўктирилган нонларни қўли билан илиб-илиб еб, парвосиз сўради: – Ким билан қудалашибди? Билдингми, ҳали сўрашни унутибман...
– Рисолат хола келганида ойим шу ерда эдилар. Улар сўрадилар, – деди Умри биби ва ўйланиб қолди. – Оти... оти... Ҳув, мен энди келин бўлиб келган кезларимда дорга осиб ўлдирилган киши бор эди-ку?
– Дорга осилганлардан кўпи борми, гапинг қизиқ.
– Ўзи сизнинг ошнангиз бўлган чоғи, Тинчоб маҳаллалик, хотини палакдўзлик қилади...
– Э-э-э , Эгамберди... Ўшанинг қизигами?
– Ҳа.
– Бўлмаса, Муротали яхши жойдан қуда қилибди. Ота-онаси яхши одамлар. Қизи ҳам ақлли, барно...
Умри биби кулимсиганча шўрва ҳўплаб, қошларини чимирди.
– Қизини қаердан биласиз?..
– Биламан-да. Отаси ошнам бўлгандан кейин... Уйларига борганимда дастурхон ёзган, чой-нон келтирган, –  деди Қодирбой суяк тозалаб. – Бу қиз ҳозир ҳам баъзан-баъзан дўконимга паранжида келиб туради. Ипак харид қилади, ҳол-аҳвол сўраб тураман. Исми Зуҳро...
Эрининг батафсил жавоби ёқмадими ёки бошқа сабабданми, Умри биби қонсиз юзини четга ўгириб қўлини артди. Ярим-ёрти қолган коса¬сини четга суриб, чойнакдаги чойни қайтарди ва қуйиб эрига узатаркан, кулимсиради:
– Яхши одамлар дейсиз-у,  дорга осишган...
– Хўш?
– Яхшини дорга осишадими?...
Умри биби рашкчи эди. Қодирбой буни сезди ва юзаки фикр юритиб тирноқ остидан кир ахтарган хотинидан аччиқланди. Беихтиёр  тозалаган суягини ташлаб хўрсинди.
– Қизиқ гапирасан. Сенингча, ҳамма дорга осилганлар ёмон, гуноҳ¬кори азим кишилар бўлаверар экан-да!.. Эгамберди нега ўлдирилганини биласанми?!...
– Мен қаёқдан билай.
– Билмасанг,  нега ёмонлайсан?
Умри биби индамади. Чунки, эрининг запти тезлигини билар, агар яна бир оғиз ортиқча сўз деса, ёниб кетишини тушунар эди... Хотини гап қайтармай паст келиши Қодирбойни ҳовуридан тушурди. У қўлини артиб, косаларни четга олиб қўйди ва чой хўплаганча ёстиққа ёнбошлади.
– Биз Муротали, Эгамберди учов тенгқур дўст бўлганмиз. Биргалашиб сарбозлик қилишганмиз. Эгамберди жуда ҳалол йигит, Раис саройида  чойхоначилик қилар эди, –  деди Қодирбой аста сўз бошлаб. – Бир кун саройга қаердандир бир қофила савдогарлар келиб қўнади-да, уч-тўрт кун туриб, ўз йўлларига жўнаб кетади. Ўринларига беш-ўн кунлардан кейин яна бошқа савдогарлар келиб қўнади-да, улардан бириси Эгам¬бердига: «Бизнинг ҳужрага кириб кўринг, ёмон бир ҳид келяпти. Тағин бирор нарса кўмилган бўлмасин», дейди. Эгамберди кирса, дарҳақиқат ҳужрани бир бадбўй ҳид тутиб кетган. У ёқ-бу ёқни текшириб, намат-бўйра тагларини кўтариб, кўзи уйнинг бир бурчагидаги тупроғи бўшалган ерга тушади. Шубҳаси ортган Эгамберди дарров чиқиб, сарой хўжайинига сирни айтади. Кўплашиб кириб маълум ерни очсалар, қопга солиниб, юзагина кўмилган жасад чиқади...
   Қўрбоши бошлиқ бу хабар Азизбекка (Бу воқеа бўлган чоқларда Тошкент ҳокими Азизбек эди) етказилиб, унинг буйруғи билан неча-неча одамлар сўроқ-тафтиш қилинади. Бироқ, тафтишлар ҳеч қандай натижа бермай, ўлик ҳам, ўлдирувчи ҳам кимлар эканлиги аниқланмайди. Азизбекка бу муҳмал ишнинг натижасизлиги арз қилинади. Азизбек шу чоқда бирор нарсадан ғазабланиб турган бўладими, бирорта ғаразгўйнинг сўзига ишонадими ёки сиёсат юзасиданми, баҳорҳол Эгамбердининг ўзини қотилликда гумон қилиб, дорга остиради... Аммо, кейинчалик маълум бўладики, бечора ошнам нохақ ўлдирилган, қотиллар бутунлай бошқа кимсалар экан.
Умри биби ёнбошлаган кўйи эрининг ҳикоясини анқайиб тинглар эди. У кўтарилиб ўтириб, эрига яна чой қуйиб узатди ва аста сўради:
– Кимлар, нима учун ўлдирган экан?
Қодирбой камзулининг кўкрак чўнтагидан ёғлиқ қоғозга ўралган тиш кавлагичлардан бирини қўлига олди ва чой хўплаб давом қилди:
– Эгамберди дорга осилиб, орадан уч-тўрт ой ўтгандан кейин, бир кун, уч нафар мусофир Азизбекка келиб арз қилишади:
«Жаноб ҳоким, бизлар Бухорои шарифданмиз. Касбимиз тужжорликдур. Ҳар йили Шамай шаҳрига сафар қилиб, ўрисларга кўплаб қоракўл, жун, ипак, пахта каби моллар сотиб қайтамиз. Бу йил ҳам биз тўрт дўст савдогар кўклам кези одатимизча Бухородан карвон билан Шамайга сафар қилдик. Кўзлаган еримизга эсон-омон етиб бордик ва дарҳол савдойи келишиб, биримиз молларини сотди. Аммо, учимизнинг молимиз сотилмай, тўхталиб қолди. Чунки, биз Шамай шаҳрига ярманка  вақтидан анча илгари бориб, ўриснинг бизга мижоз бўлган катта кўпослари   ҳали ички Ўрисиядан етиб келмаган эди. Биз то мижозлар келгунча ўрис шаҳарларини томоша қилмоқчи бўлдик. Бироқ моли сотилиб, олди-бердиси битган бояги шеригимиз Шамайда ортиқ қолгиси келмади. «Зарур ишларим бор», деб  бизни кутмай, Бухорога қайтишни жазм этди. «Бирга кетайлик», деб қилган илтижоларимизга ҳеч кўнмагач, биз уни қайтишига ноилож розилик бердик ва Чимкент шаҳрига кетаётган қозоқлар карвонига қўшиб жўнатдик.
Ярманка ўтиб ишимиз битди. Маълум шеригимиздан бирор ой чамаси кейин шаҳримизга қайтдик. Бироқ, Бухорога етиб келсак, мазкур шеригимиз ҳали келмаган... Биз  қариндошларидан  сўрасак, қариндошлари биздан сўрадилар... Қисқаси, шаҳримизга саломат етиб келишимиз қувонч эмас, қайғуга айланди.
Шундай бўлса-да, келиб қолар умидида яна бир мунча вақт кутдик. Келмади. Секин-секин қариндош-ёронлари ҳақли равишда биздан гумонсирай бошладилар... Чунки, биз шеригимизни йўлда қолдириб, сафар расмини бузган эдик... Шундан сўнг биз учовлон маслаҳатлашиб, ўзимизни оқлаш мақсадида Чимкент шаҳрига сафар қилдик. Машаққатли изланишлардан кейин, мазкур қозоқ карвонбошисини топдик ва ундан шеригимизнинг дарагини сўрадик.
– Шеригингиз эсон-омон биз билан Чимкентга етиб келган ва у бунда қандайдир ҳамшаҳарларини учратиб, улар билан биргаликда Бухорога жўнаб кетган эди. Мен уларни Тошкентга бораётган карвонга қўшиб кузатган ва хотиржам бўлган эдим, – деди у.
– Агар сиз ўша бирга кетган ҳамшаҳарларни кўрсангиз танийсизми? – деб сўрадик.
– Танийман. Улар уч киши эди, – деди карвонбоши.
Биз қандай ёмон аҳволда қолганимизни айтдик.
– Жон биродар, биз билан бирга Бухорога боринг. Ўша сизга маълум кишиларни таниб беринг. Бизни гумондан халос этинг. Сизни рози қилурмиз ва саломат қайтишингизга кафил бўлурмиз, – дея ёлвордик.
Бечора қозоқ дўстимиз раҳми келиб, илтимосимизга рози бўлди. Биргалашиб Бухорога сафар қилди. Биз, йўлакай маслаҳатлашиб, эҳтиётдан қозоқ дўстимизни шаҳарга яширинча киришини маъқул кўрдик... Биримиз олдинроқ Бухорога бордик-да, Лабиҳовуз рўпарасидан бир уй ҳозирлаб, меҳмонимизни шунда тушурдик. Уйнинг кўча томонидан назорат учун махфий бир туйнук-ойна очиб, қозоқ дўстимиз ҳар кун ундан кузатиб ўтирадиган, маълум кимсаларни излайдиган бўлди...
Хуллас, кузатишнинг бир куни меҳмонимиз ойнадан қараб туриб, бирдан:
– Ана, бириси ҳовуздан сув ичаётир, қизил этиклик ёш йигит, – деб қолди.
Биз аста чиқиб йигит ортидан тушдик. У қаерда туриши, кимлигини аниқладик. Шу йўсин, бир неча кун ичида мазкур кимсаларнинг учовини ҳам билиб, дарҳақиқат улар жўн одамлар эканига ишондик. Бу сирни амиримизга арз қилдик. Амир дарҳол уларни олдириб, зиндонга солди. Сўроқ-тергаш, шоҳид-исбот қилди, қийнади... Ниҳоят, азобга бардош беролмаган қотилларнинг бириси, пул-дунё қастида шеригимизни Тошкант шаҳрингизда ўлдирган ва Раис саройи мусофирхонаси ҳужраларидан бирида қопга солиб кўмганлигига иқрор бўлди. Биз қотиллар сўзини тасдиқлаш ва чин бўлса жасадни ўз қўлимиз билан тупроққа қўйиш мақсадида шаҳрингизга келдик. Амиримиз бу борада бизга ёрдам кўрсатишингизни сўраб, ушбу номани сиз жанобларига йўлладилар...
Қодирбой ҳикоясини битириб, тез-тез чойини ича бошлади. У хуфтон намозини ўташ учун масжидга ҳозирланарди. Эрини тинглаб, тонг ажабланиб ўтирган Умри биби аста сўради:
– Кейин нима бўлибди?
– Нима бўларди? Ҳоким «Одамингизни дуои-такбир қилиб фалон мозорга қўйганмиз», дебди холос. Мусофирлар ҳам нима қилсин, тиловот-қуръон қилиб юртларига жўнаб кетишибди...
– Ҳоким-чи, ўйламай-нетмай икки орада бир гуноҳсизни ўлдиргани учун пушаймон бўлгандир?..
– Бе-е, хотин, қизиқ гапни айтасан-а, – Қодирбой ажаблангандай хотинига қаради. – Наҳотки Азизбекни билмаган бўлсанг. У пушаймон бўлишни биладиган инсонмиди? Қип-қизил каллакесар, ўз акасини ҳам ўлдирган ҳоким эди-ку...
– Азизбек ўз акасини ўлдирганми?
– Азизбекнинг акаси уламо киши бўлган. Мусулмонқул Азизбекни Чуст шаҳрига ҳоким қилиб тайинлагач, ҳалиги акаси унга: «Ука, инсофли бўл, фуқарога зулм қилма, Мусулмонқулга ўхшаб қонхўр бўлма!», – деб насиҳат қилади. Азизбек  сен менинг валий неъматимни «қонхўр»га чиқардинг деб, акасини ўлдиради. Мусулмонқул эса бу «садоқат»ни эшитиб Азизбекни янада қадрлайди ва уни Тошкентга ҳоким қилиб тайинлайди. Ана ундан кейин Азизбекнинг Тошкентда фуқарога кўрсатган хилма-хил зулмини ўзинг ёш бўлсанг ҳам балки эшитгандирсан. Малъун, ҳатто «гуноҳкор»ларни чаён чақдириб ўлдиришни ҳам ўйлаб чиқарди-я! Чаён йиғиш мақсадида халққа чаён солиғини солди. Бечора фуқаронинг ўшанда солиқни тўлдириш учун эски пахса деворларини бузиб, йиқитиб чаён излаб юрганини кўрсанг... Ҳай, эсиз-эсиз кўрган кунларимиз!.. Унинг олдига чақирилган киши: «Албатта мени ўлдирса керак» деб, бола-чақаси билан хайрлашиб, рози-ризолик тилашиб кетар эди-я!
Қодирбой тўхталиб бирдан ниманидир хотирлагандай бўлди:
–Азизбек бир вақт мулла Исамуҳаммад номли сақичмонлик бир кимсани нимагадир Ўрдага чақиртирибди. Мазкур киши Ўрдага борса маълум бўлиптики, Азизбек уни эмас, бошқа бир Исамуҳаммад номли кишини чақирган экан... Мулла Исамуҳаммад ҳоким чангалидан эсон-омон қутилганига хурсанд бўлиб, уйига қайтиб келади. Бироқ, икки-уч кундан кейин мулла Исамуҳаммад тўсатдан вафот этади. Чунки, бечоранинг жони ўша чақирилгандаёқ кўчиб қолган экан-да... Ана, хотин, шунақа одамдан пушаймон, тавба-тазарру кутиш мумкинми? Бунақаларга одам ўлдириш қўй сўйгандай гап. Мана, охири нима бўлди? «Зулми кучайган подшоҳнинг умри қисқа бўлади», деб машойихлар бекорга айтмаган. Ўзи ҳам юлдуз бермай жон берди-кетди... Кел, қўй, сен муштипар ёлғиз занг босиб ётганинг учун озгина овутай, деб бу гапларни айтдим-да, қани энди секин ўрнингдан тур. Мен айвонни йиғиштириб, ўрнингни уйга киритиб бериб, масжидга чиқаман. Ҳавонинг авзойи бузуқ, ёмғир ёғса ҳам эҳтимол, бунда совуқ қотасан. Мен намоздан чиқиб, Муроталининг уйига ўтиб қайтаман... 

ТУҲМАТ

Қодирбой Муротали дўстининг уйидан қайтиб келиб ухлади. Эрта билан барвақт уйғониб, ҳайратда қолди: осмон тиниқ, очиқ. Аммо, том бошида, ҳовлида тизза баробар қор ётарди. Дераза яқинидаги бир туп ёш олманинг шохлари эгилиб, уй деворига суянгандай турар эди. Қодирбой беихтиёр аттанг, деб юборди. «Ўзи кеча ҳавонинг авзойи бузуқ эди-я. Бу йил ҳам мевалар офатга учрар экан-да», деб қўйди. У кийиниб ҳовлига чиқиб, қор кечиб бориб отхонадан куракни олди. Уй-айвон олдиларини куради, ошхона ва йўлак томонларга йўл очди. Таҳорат олиб, бомдод намозини ўтади. Самоварга ўт ташлаб, отхона от озиқларига ҳам қаради ва охири эшик олдиларини ҳам кураб қўйиш учун кўчага чиқди.
– Ассалому алайкўм. Ҳорманг, амаки,  – қоркурак қўлтиқлаган оқиш рангли чиройли йигит Қодирбойга тавозеъланди.
– Ваалайкум ассалом. Ҳа, мулла Музаффар. Йўл бўлсин, азонда, курак кўтариб?..
– Далага. Қўрғон томларини кураб келмасам, босиб қолади, бу қорда...
– Укангни ҳам олдинга олақолмабсан-да, ёлғиз ўзинг хилват далага?..
Музаффар халачўп билан эшагини хихлади:
– Хавотир бўлманг, амаки, далаларда энди ишлагани чиққанлар кўпайиб қолган.
– Хайр, кўп хаёллама. Биласана, уйингда иш кўплигини, бириси кун тўй...
Музаффар Қодирбойга қайрилиб беихтиёр кулди ва катта кўча томон жадаллаб кетди.
Қодирбой кўча қорларини кураб бўлиб, айвонга чиқаркан, «Мен ҳам боққа чиқиб уй-айвонлар қорини кураб келсам бўларди. Бу қорлар эриса уйлар ивиб, дарҳақиқат, томлар таппа ташлаб юборади», деган фикрни кўнглидан кечирди. Яна: «Зораки, акамнинг болалари бизнинг томни ҳам кураб қайтса. Бу ёқда Афғон савдогорлари билан олди-бердини бугун-эрта тугатиш керак. Улар юртларига кетиш ҳаракатида» , деб қўшиб қўйди. 
Қодирбой чой ҳозирлаб, Умри биби билан нонушта қилиб бўлгач, аста Жўвага дўкон очкани жўнади. У шу кунларда жуда эзилган эди. Ёлғиз уй, хотинига қаровчи йўқ, баҳор келиб боғ ишлари қайнаган вақт, бу ёқда дўкон савдоси. Хуллас, тўққиз тўлғоқ баравар келган вақт... Йўлакай шу ташвишларни ўйлаб бориб дўконини очаркан, кимнингдир шижоат билан сўзлаганини эшитиб, орқасига қаради. Кўчанинг нариги бетидаги Ашир баззознинг дўкони олдида анча одам ёғилган. Ўртада уч-тўрт нафар отлиқ йигитлар билан шаҳар қўрбошиси Салоҳиддинбек  ҳам кўринар эди. Қодирбой қизиқиб бир ўткинчидан сўради :
– Нима гап у ерда?
– Ашир бойваччанинг дўконига ўғри тушибди...
– Ўғри!.. Ушлашибдими?..
– Йўқ.
Қодирбой ажабланди. Чунки, бундай ҳодиса жуда сийрак содир бўлар эди. Дўконини очар ерда яна қайтиб ёпиб, секин тўдага яқинлашиб борди ва йироқдан Аширнинг дўконига назар солди. Дарҳақиқат, дўкон саҳо¬балар уйидек шиб-шийдон, фақат у ер-бу ерда битта-яримта шоҳи матолар тўкилиб ётар эди. Дўкон олдида эса белига қилич тақиб, қўлида қамчи ўйнаётган қўрбоши ёшгина бир муллаваччани сўроқ қиларди, Ашир бўлса улар олдида маъюс бош эгиб турар эди.
– Хўш, хўш, айт-чи? – дер эди қўрбоши.
– Мен кеча кечқурун бир ўртоғимникига меҳмон бўлиб борган эдим, унда узоқ сўзлашиб ўтирдим ва саҳар чоқларида хайрлашиб кўчага чиқдим. Кўчада ҳеч ким йўқ, гупиллатиб қор ёғмоқда эди. Кела туриб, қоп орқалаб бир уйга кириб кетаётган икки кишига йироқдан кўзим тушди. Тағин билмадим, уларми, бошқами...
– Қайси кўчада?!
– Манави кўчада, – деди муллавачча, Қодирбойлар кўчасига ишора қилиб.
– Қайси эшикка кирганларини биласанми?
– Биламан.
– Қани бошла, – деди қўрбоши. Муллаваччани олдига олиб Қодирбойлар кўчаси томон юрди. Халойиқ гуриллаб қўзғалди. Қодирбой қараб турди-да, негадир кўнгли ғаш тортиб, улар кетидан аста борди. Бораркан, ўғрининг кимлигини ўйлаб, турли мулоҳазаларни кўнглидан кечирди. Оломонни бошлаб бораётган муллаваччанинг қаерлик экан¬лигини билмаса ҳам, Беглар-беги мадрасасида ётиб ўқишини ва шу  кўчага қатнаб юришини билар, шу сабабли унинг сўзи ҳақиқат бўлиб чиқса эҳтимол», деб ўйлар эди. Муллавачча Қодирбойнинг эшигидан ўтиб, анча ичкарига юрди ва тўғри бориб Муротали эшигида тўхтади.
– Мана шу эшик...
Қодирбойнинг ранги бирдан қув ўчиб, қалтираб кетди, танаси совқотиб, муздак тер сезди. «Наҳотки у?!» деди ўзига.
Муроталининг эшиги ланг очиқ эди. Ўша куни пешинда тўй юбориладиган бўлгани учун ичкарида беш-ўнта уруғ-аймоқларининг уймалашгани кўринади. Муроталининг ўзи бўлса тўнининг икки барини белбоғига қистириб олиб, болаларга бош бўлиб, томлардан тор ҳовлисига кураб туширилган қор уюмларини замбиллаб жарликка чиқариб ташламоқда эди. У эшиги олдида тўхтаган оломонни кўриб хайрон бўлди. Замбилни ерга қўйиб, қўрбошига қуллуқ қилди. Қўрбоши саломига жавоб ҳам қилмади. Йигитларидан бирини эшик олдида қолдириб, ичкарига кирди. Хотинларни яширинишга буюриб, йигитлари билан бир чеккадан уйларни тинтишга бошлади.
Кўчада йиғилган томошабин халқ иш қандай тугашини кутарди. Қодирбой бўлса ташқари ҳовлида бу  ташрифдан қўрқиб дағ-дағ титраган Муротали дўстига: «Хафа бўлманг, ўзингизни тутинг, бирон тушун¬мовчилик бўлган-да», деб тасалли бериб турарди. Қайси уйдандир бир аёлнинг уввос солиб йиғлаган овози эшитилди...
Ниҳоят, қўрбоши уйларни беҳуда ахтара-ахтара хафсаласи пир бўлди шекилли, қамчисини буклаб Муротали олдига келди. Энди ундан ниманидир сўрамоқчи бўлиб турган ҳам эдики, йўлакдаги сомонхонани ахтараётган йигит бирдан қўрбошини чақириб қолди:
– Топилди! Мана бу ёқда экан, тақсир!..
Бу гап Қодирбойни бошига гўё болта мухаси тушгандай эсанкиратди. Муротали шўрлик бўлса, ҳамон ҳеч нарсага тушунмай, овсар кишидак тўрт томонга анқаяр эди. Қўрбоши шошиб сомонхонага кетди. Бошқалар ҳам унинг ортидан олдинма кетин боришди.
Қўрбоши сомонхонага кирганида, йигит чилвир билан оғзи боғланган бир қопни сомон тагидан тортиб олмоқда эди... Қодирбой қопни кўриб ҳайратга келди, кўрувчи кўзларига ишонмагандай бўлди. Қўрбоши бориб йигитга ёрдам берди. Қопни тортиб олишди ва оғзини очдилар. Қоп ипаклик газламаларга лиқ тўла, таппа-тахт Ашир бойвачча дўконидаги моллар эди.
Салоҳиддин қўрбоши қопни қайта боғлашга буюруб, Муроталига: «Қўлга тушдингми?» – дегандай кинояли қараш қилди. Масалага энди тушуниб етган Муротали бечоранинг ранги тўсатдан оқариб, пешона¬сидан дув тер қуя бошлади.
– Йўқ! Бу туҳмат! – деди Муротали товушини борича хайқириб ва бирдан хўнграб йиғлаб юборди.
– Ўғриликни қилишга қилиб, тағин баланд келасанми, муттаҳам?! – деди қўрбоши. Унинг катта кўзлари янада олайиб, гўё косасидан чи¬қаёзди, ҳавода айланган қамчиси Муроталининг бошига шарақлаб тушди...
Қамчи зарбидан эсанкираган Муротали:
– Ё, Оллоҳ, ё Оллоҳ! – деди-да, ерга ўтириб олди. Юзини кафтларига қўйиб, худди ўлимга чоғланган кишидай калима айта бошлади... Ҳовли томондан уввос солиб йиғлаган аёл ва болалар овози эшитилди...
Бир лаҳзада рўй берган бу фожеъ ҳодиса Қодирбойни жуда шошириб қўйди. Уни бир жиҳатдан ошнасининг аянч аҳволи, эл олдида барбод бўлаётган номуси даҳшатга солса, иккинчи ёқдан: «Наҳотки, Муротали ёки Музаффарларнинг шунақа «ҳунар»лари бор бўлса-а?» – деган шубҳа ўйлатар эди. Бироқ, у ўз шубҳасига сира ишонмас, орада қандайдир бир ғараз борлигини сезар эди. Қандай бўлмасин ҳозир гуноҳ гувоҳ-исботлар билан Муроталининг бўйнига қўйилганди, уни ҳимоя қилиш оғир ва ҳатто хавфли эди. Қодирбой дўсти ёнида қуруқ томошабин бўлиб туришни эп кўрмай, кўзига ёш олиб индамай кўчага чиқиб кетди.
Кўчада анғ-танғ бўлиб турган халқ Қодирбой ичкаридан чиқиши билан: «Нима гап? Тинчликми? Сомонхонадан топилдими?» – деб сўроқ¬қа тута кетишди. Қодирбой мужмал бош қимирлатиб оломон орқасига шошилди. Кўп ўтмай кўчани жимлик босиб, эшикдан сарбоз йигитлар, бир кўзини қийиқ билан боғлаб қоп орқалаган Муротали ва кейинда мағрур қадам босиб қўрбоши чиқдилар-да, Жўва томон юрдилар.
Қодирбой оломон кетида бўшашиб маъюс борар эди. «Энди нима қилсам экан? Муроталини қўрбоши чангалидан қандай қутқарсам экан?» – деган юз хил фикрлар бир зум тинчлик бермас эди. Аммо бошига ҳеч бир дуруст фикр келмас эди.
– Муротали ака бунақа одам эмас эди. Ўғлининг тўйи куниси ўғрилик қилиб, ўлипти-да, –  деди кимдир жимликни бузиб.
– Харажатга қийналиб қолган бўлса, ажаб эмас.
– Менимча, бу ишни ўғли қилган бўлса керак.
– Эҳтимол... Лекин Музаффар ҳам ундай йигитлардан эмас.
– Бўлмаса, шунча молни сомонхонасига ким келиб яширади, жинми?!
– Қани, олиб борсинлар-чи, бек поччамиз ҳақиқат қилар.
– Ҳақиқат... Ҳақиқат қаерда бўлади? Дорга осади, қўлини кесади, сазойи қилади.
Ана, ҳақиқат!..
Оломоннинг бири олиб, бири қўйиб айтган бу сўзлар Қодирбой юрагини баттарроқ увуштириб юборди. Наҳотки, бечорани ҳақиқат қилмай-нетмай оссалар, кессалар?..
Жўвага чиқгач, қўрбоши отига миниб буйруқ берди:
– Қопдаги молни эгасига топширинглар. Гуноҳкорни Ўрдага олиб боринглар. Мен олдинроқ бориб бекка арз қилиб тураман, – деди у ва ёнига икки йигитини олиб Хадрага томон елиб кетди.
Қодирбой кўча бошида ўйланиб тўхтади. «Энди-ку, бўлар иш бўлди, Муротали хақми-нохақми бирон жазо олади. Унинг ортидан қуруқ томошабин бўлиб юришдан фойда йўқ. Масаланинг иккинчи нозик томонини ўйлаш керак. Борди-ку, Муротали ҳоким олдида соддалик қилиб ёки шошиб қолиб, гуноҳни ўғлининг бўйнига қўйиб қўйса борми, иш жуда хунук тугаши, гуноҳсиз йигитнинг ҳаёти барбод бўлиши мум¬кин». Қодирбой фурсатни бой бермай, Музаффарни топмоғи ва иш бартараф бўлгунча уни кўздан қочириб турмоғи зарур эди.     
У уйига бурилди. Наридан-бери хотинидан хабар олган бўлди-да, оғилхонага ўтиб отни эгарлади. Хуржин кўзига уч-тўртта нон солиб, қоркуракни қўлтиққа олди. Отга миниб йўлга тушди. Жангоҳ сувидан ўтиб Хадрага, ундан Қаландархона орқали Чорсуга тушиб, тўғри Бешоғоч дарвозасига йўл олди. Чунки, Музаффарлар даласи Чилонзор мавзеида эди. Қодирбой йўлни тиклаб бориб, Музаффар қаршисидан тўсиб чиқмоқчи эди.
Қуёш мусаффо ҳавода жим-жим товланиб ер юзини қизитмоққа, қор қатламини аста эритмоққа бошлаган эди. Том бўғотлардан осилиб турган қатор сариқ сумалаклар кўчага бир хил тус бериб, иссиқдан чирт-чирт узилар, йўлакларга тушар эди. Отлиқ ёки яёв бораётган йўловчилар эса, мавридсизроқ тушган қордан зорланиб бир-бирларига шикоят¬ланишар эди.
– Авжи мевалар гуллаганда қор тушиб, бола-чақанинг ризқини қийди-да...
– Шукур қилиш керак. Ҳали буниси холва, – дер эди эшакли узун соқол қўйган кекса йўловчи, ёшроқ ҳамроҳига. – Бобомиз раҳматли қиш чилласида тариқ пишганини, ёз чилласида музлаган Чирчиқ дарёсидан аравада ўтганларини ҳикоя қилар эдилар... Об-ҳаво шунақа қарорсиз бўлади,  зўрланиш ярамайди...
Қодирбойнинг қулоғи йўловчиларнинг сўзида, кўзи Музаффарнинг йўлида бўлиб борса ҳам, хаёли бошқа андишалар билан банд эди: Музаффарни учратса нима дейишини, бечоранинг қай аҳволга тушишини тасаввур қилар эди. Ҳақиқатдан ҳам эрта-индин уйланаман, деб юраги шопириниб турган ёш йигитга кутилмаган бу шум хабарни эшитиш жуда оғир эди. Аммо уни учрата олмаса оқибати ундан-да оғир бўлиши мумкин эди. Чунки, Тошкент ҳокими Қушдодҳоҳ, боя оломонда айтилгандек, қаттиққўл – гуноҳкорни ортиқча текшириб, ҳақиқат қилиб ўтирмай, хоҳлаган буйруғини бераверар эди...
Қодирбой Қўшмозор, Чақар, Гулистон, Бадалбой маҳаллаларидан ўтиб, Бешоғоч дарвозасига етди. Бироқ, Музаффар ҳамон кўринмас эди. «Балки, у Қоратош кўчаси билан қайтдимикан-а?..» деб хавотирлана бошлади.
Жанубга қаратиб қурилган Бешоғоч дарбозаси ланг очиқ. Қор тушиб дала ишлари тўхтагани учун қатновчилар оз эди. Узун гуппаси устидан калитларини белига боғлаб олган дарвозабон ҳужраси ёнига чўнқайиб офтобда ким биландир сўзлашиб ўтирар эди. Қодирбой кўприкдан ўтиб, дарвозабон билан омонлашди-да, шаҳар ташқарисига чиқди.
У вақтларда Бешоғоч дарвозасининг сирт ён-ерлари жар-жилға тепалик ерлар бўлиб, боғот жойлар анча нари, Бадалсойдан ўтгандан сўнг бошланар эди. Теваракни босиб ётган қор қуёшда жимирлаб товланиб кўз нурини олар, онда-сонда шохлари эгилиб турган дарахтлар гўё таъзим этгандай кўринар эдилар. Бора-бора Қодирбой кўзлари қор уваларига қарашдан толий бошлади, отни йўлга қўйиб кўзларини кафтлари билан тўсди...
– Қодир амаки, йўл бўлсин, буёққа?!.
Қодирбой кўзларини очди. Тўнининг бир учини елкасига олиб ушлаган Музаффар курак қўлтиқлаб, Бадалсойдан чиқиб келар эди. Қодирбой отни тўхтатди. Музаффар ҳам аста келиб тўхтади ва савол назари билан қаради. Қодирбой орқадан келувчи бир йўловчининг ўтиб кетишини кутиб жим қолди. Кейин:
–   Сени излаб келяпман, – деди.
– Хўш?
– Бизнинг боққа икков бориб келамиз.
– Нега?
– Зарур юмуш чиқиб қолди. Том кураймиз, кўмаклашасан.
Музаффар бу муҳмал таклифдан ажабланди ва иккиланди:
– Кечиксам, дадам койимасмикинлар? Уйимизда тўй...
– Койимайди. Дадангдан изм олдим. Юр.
Музаффар қобил йигит эди, индамай йўлга тушди. Бир оз орқага қайтишди-да, шаҳарга кирмай сўл томондаги Чарх кўчасига бурилдилар ва Комолон дарвозасига қараб юрдилар.
Чарх кўча боғот ерлар, тип-тинч, кимсасиз ҳувуллар, фақат чум¬чуқлар чириллаши, аллақайси боғдан кимнингдир қирт-қирт том кура¬ганигина эшитилар эди. Ҳаво ҳам энди анча илиб, қорлар эримоққа, ерлар шилип-шилип лой бўлмоққа бошлаган эди. Қодирбой кўнгилсиз хабарни кўчада очмасликка қарор бергани учун сўзсиз, ўйчан борар эди. Улар Хўжа аламбардор қабристони ёнидан Комолон дарвазасига чиқиб яна шаҳарга киришди ва Қўрғон таги билан Самарқанд дарвозаси – Қодирбойлар боғига томон бурилишди.
Музаффар Қодирбойни ўз отасидек ҳурмат қилар эди. Унинг ёлғизлигини билдирмаслик учун бўш чоқларида доим уй ва боғ ишларига қарашарди. У орқадан бораркан, бир нарсадан бад олдими ёки тўғрилиқчами, баҳорҳол, Самарқанд дарвазасига етганда деди:
– Қодир амаки, агар боғда том курашдан бошқа юмушингиз бўлмаса, сиз шаҳарга кетаверинг. Ўзим бажариб бораман...
Қодирбой гўё Музаффар сўзини эшитмагандай йўлда жим давом этди.
Қор кеча-кеча боққа етиб келишди. Қодирбой ичкарига кириб отни боғларкан, Музаффар дарров тўнини ечиб томга чиқиш ҳаракатига тушди.
– Тўхта, Музаффар, – деди Қодирбой. – Озгина гаплашиб олайлик, кейин курайверасан.
Музаффар ажабланиб тўхтади:
– Қандай гап?
Қодирбой кўча эшикни беклаб, от устидаги хуржунини айвон лабига тўшади.
Ёнма-ён ўтиришди.
– Айт-чи, Музаффар, – деди Қодирбой, олдин уни бир синаб кўр¬моқчи бўлиб. – Шу кечаси нима ишлар қилдинг?
– Нима иш қилардим?.. – деди Музаффар ҳайрон бўлиб – Сизни кузатгач, ётиб ухладим.
– Тўғрисини айт, бола?
– Айтдим-ку, тинчликми ўзи, амаки?
– Ашир баззознинг дўконини ким ўғирлади?! – Тўсатдан унга дағдаға қилди Қодир бой ва пичоғини шартта қинидан суғурди: – Агар ростини айтмасанг?...
Музаффар кутилмаган бу даҳшатдан тонг ажабда қолди. Туси ўзгариб, кўзлари олаланди.
– Нималар деяпсиз, амаки? – У елкасини қисди. – Азбаройи худо, бундай ишлардан хабарим йўқ. Қасам ичайми? Сўзланг тезроқ!
Қодирбой тикилиб қаради ва бу ишда унинг қўли йўқлигига ишонди. Пичоғини қинига солиб, аввал уни тинчлатиш учун пича насиҳат қилган бўлди-да, бирин-бирин воқеани сўзлай бошлади.
Бечора йигит тингларкан, қай аҳволга тушганини айтиш оғир эди. У сўзни анқайиб тинглаб борди, воқеа маълум ўрнига етганда чидолмай лабларини тишлаб-тишлаб қонатиб ва бошларига муштлаб-муштлаб йиғлай бошлади. Қодирбой сўзини тугатди. Музаффар тўсатдан йиғидан тўхтаб узун уф тортди-да, кўзини бир нуқтага қўйиб, анча вақт жим қолди. Сўнг бирдан ўрнидан туриб тўнини кия бошлади.
– Хўш, йўл бўлсин?
– Шаҳарга
– Нима қилмоқчисан?
– Бориб ҳокимга арз қилмоқчиман.
– Нима деб?
– Бу бизга туҳмат, ҳақиқат қилинг дейман.
– Ҳақиқат қилиш учун, ҳоким сендан гувоҳ-исбот талаб қилса-чи?
– Гувоҳ-исбот йўқ дейман.
– Гумондоринг борми деса-чи?
– Гумондорим ҳам йўқ дейман.
– У ҳолда ҳоким сенинг қуруқ сўзингга ишонадими?
– Ишонадими, йўқми, ҳар ҳолда, бўҳтонга бўйин эгкандан кириб арз қилган маъқул-да, амаки.
– Арз қилганинг-ку маъқул... – Аммо ҳоким олдидан омон-эсон чиқишни ҳам ўйлаб кўр-да, болам...
– Нега чиқмас эканман?
– Ёшсан... Негаки, даъвоингни исбот қила олмадингми, демак, ўғрилиқни бўйнингга олган ҳисобланасан ва ҳатто эҳтимол жазога отангдан кўра кўпроқ сен учрайсан. Чунки, отанг улғайиб, ўзини тутган киши, ҳоким ҳам, бошқалар ҳам ундан кўпроқ гумон қилмаслар. Аммо, сен-йигит, йўлдан озиб бу ишни қилган бўлишинг мумкин. Айниқса, эрта-индин уйланмоқчисан...
– Уйланишнинг бунга нима дахли бор?
– Дахли шундаки, биров тўй харажатига қийналган бўлсалар, ўғли ўғирлагандир, деб ўйлаши, иккинчи бирови эса, адоват-рашк юзасидан тўйни бузиш учун бу ишни қилган бўлиши ва бинобарин, айбни фақат сенгагина юклашга уруниши мумкин...
Музаффар масаланинг нозик томонларини тушуниб етиб, серрайганча узоқ ўйланиб қолди.
– Майли, айбни менга юкласинлар. Бориб, отамни халос қиламан, – деди у ва эшик томонга йўл олди.
– Тўхта, ошиқма, – деди Қодирбой кескин ва ўрнидан турди. – Сен шунда қол. Мен аввал шаҳарга тушиб азмойиш олай, ишнинг охирини билай. Шунга қараб бориш- бормаслигингни маслаҳати чиқар. Мен кечгача келаман.
Музаффар бош чайқади.
– Йўқ... Бўлмас, амаки. Агар ҳозир бормасам, қўрқиб қочган, айбни бўйнимга олган бўлиб чиқаман...
Қодирбой Музаффарни тинчитди.
– Бу ёғидан хотиржам бўл, ўғлим. Ҳоким хузурига бориш зарурати бўлса, эртага эрталаб борсанг ҳам бўлаверади. «Кеча қариндошларни тўйга хабарлагани қишлоққа кетиб эдим, тунаб қайтдим дейсан, вассалом, – деди Қодирбой ва қўшиб қўйди: – Ким билсин, балки сени сўрамаслар, изламаслар ҳам...
Музаффар кўзи жиққа ёш, маслаҳатга чор-ночор кўнгандак бўлди. Қодирбой хуржунидаги нонларни олиб айвон лабига қўйди.
– Олам хадис, мабодо бугун кела олмасам, шийпон тагига йиғиб қўйилган хазонлар орасига кириб, бир амаллаб тунайсан, – деди Қодирбой ва шитоб билан шаҳарга жўнади.
Тошкент шаҳри маъмурий жиҳатдан Бешоғоч, Кўкча, Себзор ва Шайхавантоҳур даҳаларига бўлинган. Тевараги гир айлантириб саккиз газ юксакликдаги, қалин, бемалол устида одам юрадиган пахса девор билан қўрғон қилиб ўралган эди. Қўрғоннинг одим-одим ерларига баҳайбат-баҳайбат ўн иккита дарвоза қурилган ва булар: Қўқон, Қашғар, Лабзак, Тахтапул, Қорасарой, Сакбон, Чиғатой, Кўкча, Самарқанд, Комолон, Бешоғоч, Қаймос дарвозалари деб аталар эди. Ҳоким ўрдаси эса Қаймос ва Қўқон дарвозалари яқинида жойлашган эди.
Ўрда тевараги кекса тол, қайрағоч ва бошқа анвойи мева дарахтлар билан кўркам, узун-узун йўлакларга ғишт ва харсанглар ётқизилган эди. Жанубга қаратиб қурилган мураббаъ ўрданинг олд қисми тахминан икки юз газ кенгликда бўлиб, ўртасида равоқ шаклида ўйиб ишланган беш газ қадли қўш тавақа дарвоза, икки бурчагида эса ўн-ўн икки газ бўйли миноралар қад кўтариб турар эди. Минора, дарвоза ёнлари ва пештоқларга ишланган сийрак, содда, туссиз кошинларни ҳисобга олмаганда ўрданинг ташқи кўриниши ҳуснсиз, бир қарашдаёқ эскирганлиги сезилиб турар эди.
Қодирбой шаҳарга қайтиб кириб Самарқанд дарвоза кўчаси, Чорсу орқали яна Қаландархонага юзланди. Вақт пешинга яқинлашган эди. Ҳамма ўз иш-тирикчилиги билан овора, гўё кўчалар тингандай, ҳеч бир воқеа рўй бермагандай кўринар эди. Қодирбой Қаландархонага яқинлашиб қаёққа юрсам экан, деб ўйланиб тўхтади. Чунки, агар Муротали ошнаси сўроқ ва ҳукмга ҳоким ўрдасига олиб кетилган бўлса, у тўғрига, яъни Шайхавантаҳур мозори ёни билан Қашқар дарвозаси томонга юриши керак эди.

СЎНГСЎЗ ЎРНИДА

Янги ёзаётган «37-хонадон» китобимга маълумот излаб, дадамнинг архивларини кўздан кечиришга тўғри келди. Иттифоқо, қўлёзмалари ичидан «Эски Тошкантда» (тарихий қисса) асарлари чиқиб қолди. Қиссани ўқиб чиқиб дадамнинг: «Тошкант ҳақида бир нарса ёзиш ниятим бор. Битса, ёзганларимнинг энг зўри бўлса керак», деган гаплари ёдимга тушди. Шуниси ачиинарли эдики, қисса туганланмай энг қизиқ жойда тўхтаб қолган. Қўлёзма дастлаб 1964 йилда ёзилган бўлиб, кейинчалик қайта ишланган, янгитдан кенгайтирилган ҳолда қоғозга қўлда кўчирилган экан. Қиссада бундан икки юз йиллар илгари Тошкентда содир бўлган воқеалар тасвирланган. Эътиборни тортадиган, архивда яна бир неча варақларда ўша даврдаги хонлар, беклар ва Тошкентнинг руслар томонидан ишғол қилиниши ҳақида алоҳида қисқача маълумотлар ҳам учрайди...
Менимча дадам «Отам ҳақида» китобларини ёзишга берилиб кетиб, мазкур қиссаларини тугатишга улгурмай қолган бўлсалар керак. Бувамиз ҳақидаги «Сўнги хотира»ларини ёзиб бўлганларида эса, касалланиб умрлари поёнига етган эди.
Биз дадамиз қаламига мансуб ушбу қиссани шундайлигича сиз, азиз журналхонлар ҳукмига ҳавола этишни лозим топдик. Қиссадаги ўзига хос бадиий руҳ, гарчи у тугалланмай қолган эса-да, дилингизда ёруғ бир завқ, эзгин бир кайфият уйғотади, деган умиддамиз.

Шеркон  Қодирий

Qayd etilgan