МИРПЎЛАТ МИРЗО
САЙЛАНМА
Шеърлар
«ШАРҚ» НАШРИЁТ-МАТБАА
АКЦИЯДОРЛИК КОМПАНИЯСИ
БОШ ТАҲРИРИЯТИ
ТОШКЕНТ - 2004
Мирпўлат Мирзо — аллақачон ўз ўқувчиларини топган шоир.
Унинг шеърлари бетакрор самимияти, фалсафий мушоҳадага бойлиги билан ўзига ром этади.
Шоир айниқса, ишқ-муҳаббат туйғуларини жўшиб қаламга олади ва уни ўтли сатрлар ила юксак мақомларда қуйлайди.
Шунингдек, «Сайланма»дан муаллифнинг узоқ йиллар давомида жаҳон шеъриятидан қилган сара таржималари ҳам ўрин олди.
М.Мирзо таржимонлик фаолияти учун Россиянинг Б.Пастернак номидаги ҳамда Қозоғистоннинг «Алаш» номли халқаро мукофотларига сазовор бўлган.
I
Йиллар ўтиб — шу буюк элда
Ўз баҳосин олар бу кунлар.
Ҳурман деган ҳар битта дилда
Ажиб созин чалар бу кунлар.
ХУШ КЕЛДИНГ, БАҲОР!
Тун-кун йўларингга боқдик интиқ-зор,
Довонлар эриди, қирдан кетди қор.
Қишнинг зулматидан чиқдик-ку омон,
Қадим Туркистонга хуш келдинг, баҳор!
Жимжитлик бир ажиб руҳга чулғанди,
Ўтрор, Афросиёб қалқди, уйғонди,
Боболар руҳига чечаклар ёнди...
Қадим Туркистонга хуш келдинг, баҳор!
Ҳирот боғларидан еткурдинг салом,
Темур, Яссавийга қилдинг эҳтиром,
Чунки сен чегара билмайсан мудом,
Қадим Туркистонга хуш келдинг, баҳор!
Алвон-алвон бўлиб ёнди тоғу тўш,
Бокира дилларда туғён урар жўш,
Атласга чулғанди Сайрам, Қўқон, Ўш,
Қадим Туркистонга хуш келдинг, баҳор!
Юртим, кўклам сени бунчалар суйди,
Балки тупроғингда бир ҳикмат туйди,
Ғанимларнинг кўзи ҳасаддан куйди...
Қадим Туркистонга хуш келдинг, баҳор!
Офтоб измингдадир - барқ урган чоғинг,
Титратсин дунёни эзгу янгроғинг,
Мангу ҳилпирасин яшил байроғинг,
Қадим Туркистонга хуш келдинг, баҳор!
1991
ИСТИҚЛОЛ
Менинг фарзандим бор — жажжи, олти ёш,
Кўзимни қувнатар қадди-ниҳоли.
Кўнглимнинг тубида ярақлар қуёш,
Товланса хаёлда унинг иқболи.
Кулгулари ширин, тиллари бийрон,
Ҳар тонг теваракка боқар ҳайратда.
Тушунмас, астойдил бўлар у ҳайрон,
Гоҳо кўрса мени ғамда, ҳасратда.
Онаси жонҳалак, мен тунлар бедор,
Уни ардоқлаймиз, дарддан аяймиз.
Зинҳор оғримасин, оғриса бир бор,
Мингта жонни узиб бермоққа шаймиз.
Дунёда шум ният, разолат қат-қат,
Бемаҳал тасодиф бермасин фириб...
Унинг камолини ўйлаймиз фақат,
Емайин — едириб, ичмай — ичириб.
Ҳали бўй чўзар у, улғаяр дуркун,
Умиддир азалдан — томирдаги қон.
Не ажаб, довруғлар таратиб бир кун
Бўлиб етишса у комил, чин инсон.
Бу кун юртда — сурур, тараддуд эдда,
Муаззам туйғулар дилни этар лол.
Мен-чи, ушбу онлар ўхшатгим келди
Жажжи фарзандимга сени, Истиқлол!
Мен боламга юрак меҳримни бергум,
Сени-чи, ер-кўкка ишонмас Ватан.
Ҳар кимга зурёди азиздир, лекин
Аён ҳақиқатни олмоқ керак тан.
Мен учун фарзандим суюкли, бироқ
Сен халққа минг чандон суюкроқцирсан.
Мен болам бахтидан қувонмай ҳар чоқ,
Сен толеи улуғ, буюкроқцирсан!
1997
КЕНГЛИКЛАР
Бунда осмонларнинг чегараси йўқ,
Бунда уфқларнинг сарҳади йўқдир.
Бунда сен озодсан, кўнглинг бўлсин тўқ,
Руҳингга ҳеч кимнинг ҳасади йўқдир.
Бунда оқ булутлар кезар хотиржам,
Гиёҳлар ҳар тонгни қаршилар шодон.
Эртанги кунни деб чекмас ортиқ ғам
Кенгликлар бағрида туғилган ҳар жон.
Бийрон фикрлардек учқур оҳулар
Югурар даштлардан даштларга кўчиб.
Туғилса мабода бунда орзулар,
Ўзини кишанбанд қилмайди, чўчиб.
Тиконли симмас бу — какликнинг изи,
Қўриқчи эмас у —сўфитўрғайдир.
Агар сайрларга чиқса хонқизи,
Фақат капалаклар уни қўрғайдир.
Мен ҳур шамолларга юз бурдим бирпас,
Кўксим ҳаволарга тўлиб кетди, ҳей!
Сиз ҳам кенгликларга чиқинг энди, бас,
Эркин нафасларнинг вақти етди, ҳей!
Эркка кўникмоқлик осонмас бироқ,
Ундан асрадик-ку ҳатто сўзни биз.
Кенгликлар, сабоқ бер—яшайлик қандоқ,
Нуқул чеклаб келган бўлсак ўзни биз!
2002
ШАҲИДЛАР ХИЁБОНИ
Йигитлар — юртни ёв босганда бир кун
Қалқдилар «Ватан»! деб, дилда чин ихлос.
Гарчи ёлғон Ватан эди у, лекин
Улар қабрларда қолдилар, бу рост!
Чархнинг ўйинлари бамисли жумбоқ,
Дунё эврилишда кечар бегумон.
Аммо эътиқод ҳам завол топган чоқ
Наҳот шаҳид руҳи тентир саргардон?
Мозий жанг урҳоси ўчмас хотирдан,
Ўзбек ҳам ҳайқирган унда баралла.
Лекин у неларни ўйлади экан,
Оқ қайинни қучиб кўз юмган палла.
Ёт тупроқ остига кўмилган ҳислар
Ҳеч кимга маълуммас гарчи тоабад,
Аммо сўгати дамда у шаҳид аскар
Ўз юртин ўйлаган бўлса, не ажаб?!
Ёд этган, шубҳасиз, у ҳаёт сеҳрин,
Мунаввар умрининг зиёларини;
Ёд этган синглисин бокира меҳрин,
Ёд этган онасин дуоларини.
Балки юрагида ёнган сўнг дафъа
Шам каби липиллаб ўтинчи-зори.
Балки кўз олдига келган бир лаҳза
Бешикка термилган ғамдийда ёри.
Балки боғбон эди, балки у — чўпон,
Балки ҳассос бўлган ундаги туйғу.
Ҳар қалай, ёв йўлин тўсган навқирон
Беш юз минг ўзбекнинг бири эди у.
Тингла, жанггоҳлардан таралмоқда сас,
Шаҳид қисматидан сўйлар ҳикоя.
Йўқ, у ҳандақларда ўзга юртнимас,
Ўз қадим тупроғин қилган ҳимоя.
Кўксин ёв ўқига айларкан қалқон —
Жангларда арслондек ўкирган маҳал,
Ўз юрти шарафин ёд этган ҳар он,
Ўз юрти номусин ўйлаган аввал.
Кулсин деб бошида унинг ҳур иқбол,
Бахшида этароқ ширин жонларни, —
Улар энтикканлар ўйлаб эҳтимол
Буюк саодатни — ушбу онларни.
Кўзларга ёш қалқар бу кунлар, рости,
Янграр юракларда ғамгин тарона.
Шаҳид ўғлонларин бағрига босди
Мушфиқ Ўзбекистон — ғамгусор она.
Ажиб руҳ пойтахтни чулғар чаманга,
Оқшомлар ҳавасда термилар ҳилол.
Жаннатий хиёбон... Мангу аланга...
Барҳаёт шаҳидлар... ҳамда Истиқлол!
Дилбар кечаларда уйқусиз эпкин
Уларнинг нидосин шивирлар, шаксиз:
— Сизга топширганмиз Ватанни, лекин
Сева олгаймисиз севганчалик биз?!
1999
ВАТАН
(Мэте ҳақида ривоят)
Кўнгилда нохуш ўй кўтарар ғовға:
Қўшни юрт подшоси — ҳаддин билмас ёв
Севган тулпорингни қил менга совға,
Йўқса, савашамиз, дея қилар дов.
Ҳукмдор тушунди ёв ниятига,
Шундан юрт тинчини кўриб у ортиқ —
Оғир тегса ҳамки ҳамиятига,
Унга ўз тулпорин айлади тортиқ.
Ғаддор ғаним тағин таҳқирлаб баттар,
Ёндирар қонларда адоват-кинни,
Дер у: «Қирғинбарот тайин, муқаррар,
Бермасанг энг суйган канизагингни!»
Совуққон ҳукмдор бузмайди феълин
(Шундоқ сукут сақлар баъзан арслон ҳам)
Чунки у ўйларди ҳар лаҳза элин,
Ахир, солар уруш юрт бошига ғам.
Беклар таажжубда, амирлар ҳайрон,
Беҳад ўч олмоққа қўшин-ку тайёр!
Лекин бу шартга ҳам кўнибди хоқон,
Дебди: «Ишқ деб элни этайми абгор?!»
Яна бор сўрабди низопараст шоҳ,
Гўё дўқу довдан тушиб бир баҳя:
«Улканг поёнсиздир — қаровсиз, яйдоқ,
Бир парча ерингни қил менга ҳадя!»
Душман кўзин тиккан ҳудудлар, чиндан,
Экан тақир саҳро, тошлоқ адирлар.
Хоқон қурултойни чорлабди пурғам,
Кўнибди бу шартга беклар, амирлар.
Дебдилар: «На гиёҳ кўкарар унда,
На маъдан, на ўрмон, на бир қавм бор...»
Аҳли машваратни чўрт кесиб шунда,
«Йўқ! — дебди жойидан қалқиб ҳукмдор.
Ёлғиз бизнингдирмас, ахир, бу Ватан,
Наҳот юрагингиз туймайди титроқ.
Буюк аждодларнинг — қабрда ётган
Бу замин устида ҳақлари кўпроқ!
Ҳали туғилажак наслингиз учун
Қиёматга қадар мулқдир бу диёр.
Қани — ундан ҳатто бир қарич бўлсин,
Ғанимга бермоққа кимнинг ҳадди бор!
Бас, энди шайланинг муқаддас жангга,
Юраклар қаҳрга тўлдирилажак!
Мен отим сураман ғаддор душманга,
Ортимдан бормаган ўлдирилажак!..»
1997
ҚОРАСОЧ МОМО
Теран дардингиздан эдим кўп йироқ,
Тушимга кирибсиз — сочларингиз оқ...
Бехос лабларимдан учди шу сўроқ:
«Нега сочларингиз оқарди, момо?»
Ёш Аҳмад отадан қолганда сағир,
Минг жафога дучор қилганда тақдир,
Оқармаган эди сочингиз, ахир,
Нега сочларингиз оқарди, момо?
Эловсиз эдингиз ўткинчи оҳга,
Яшардингиз шукр айлаб Аллоҳга,
Сиз она эдингиз валиюллоҳга,
Нега сочларингиз оқарди, момо?
Бетоқат соғинчми, меҳрми, ё раб,
Ётибсиз Сарёмда сиз йўллар қараб.
Кўринар Яссидан улуғ мақбара...
Нега сочларингиз оқарди, момо?
Яратгандан ажиб ҳимматлар бугун,
Элнинг кўксидадир "Ҳикматлар" бугун,
Қадрин топмоқда чин хизматлар бугун,
Нега сочларингиз оқарди, момо?
Сўроғим фалакка етгай деб зора,
Кечалар тўлғандим, ахтардим чора.
Муанбар зулфингиз эди тим қора,
Нега сочларингиз оқарди, момо?
Қабрнинг остидан сас келди шу он:
«Тингла сўзларимни, қадим Туркистон!
Сенинг парча-парча қисматинг кўриб,
Сочларим оқарди, юракларим қон»!
1989
ТУРКИСТОНИМ
Туркистон шаҳрининг 1500 йиллигига
Улуғ номинг руҳ уйғотар мазлумларда,
Тупроғингга ихлос сўнмас мардумларда,
Олис мозий ҳоврин туйдим самумларда,
Саҳроларда қолиб кетган мангу шоним,
Ўзлигингни англа энди, Туркистоним!
Чўнг ҳасратинг икки кўзим қорасидир,
Буюк сабринг умидларим чорасидир,
Қадим мулкинг икки дарё орасидир,
Тарих узра силқиб-силқиб оққан қоним,
Ўзлигингни англа энди, Туркистоним!
Дунё юзин зийнатлади зиёларинг,
Беҳисобдир, ахир, нурли сиймоларинг,
Берунию Форобию Синоларинг
Башар илмин осмонида каҳкашоним,
Ўзлигингни англа энди, Туркистоним!
Манглайингда толеинг бор дориламон,
Шундан ёвлар қўшин тортди замон-замон,
Улар сенинг қасдингдадир ҳануз-ҳамон,
Сайёдларни лол айлаган шўх жайроним,
Ўзлигингни англа энди, Туркистоним!
Шавкатингга шак келтирмас форсу араб,
Қайга борма — тахт қучдинг ё қучдинг шараф,
Туғилганми Навоийдек шоир, ё раб,
Назм аҳлини лол айлади шеър-достоним,
Ўзлигингни англа энди, Туркистоним!
Сен Яссавий бўлиб Ҳаққа кўнгил бердинг,
Ердан ҳам паст олиб ўзни ерга кирдинг,
Ер остидан дуру гавҳар — ҳикмат тердинг,
Эллар аро эъзоз топдинг сен, Султоним,
Ўзлигингни англа энди, Туркистоним!
Сўйлайми Алп Эр Тўнгадек ботирлардан,
Улар номи ўчгайми ҳеч хотирлардан,
Аслинг билсанг — чин мардликка қодирлардан,
Шайх Кубродек қоим мангу пок имоним,
Ўзлигингаи англа энди, Туркистоним!
Гоҳо сенга зуғум қидди қисмат ғаддор,
Боз устига бу дунёда ғараз бисёр,
Улуғ эдинг, не бир замон топталдинг хор,
Бўлакларга бўлиндинг сен, зўр карвоним,
Ўзлигингни англа энди, Туркистоним!
Минг йилликлар манзилингда бир довондир,
Эрк, истиқлол тағин битта имтиҳондир,
Ўзлигингни англамоққа, бас, имкондир,
Тангрим, ўзинг бу йўлларда, бўл роҳбоним,
Ўзлигингни англа энди, Туркистоним!
Бобо кентим, қутлуғ сенга бу ажиб дам,
Зурёдларинг дийдорлашиб, тегрангда жам.
Улар сендан айро кетмас энди ҳеч ҳам,
Сен бир бўлсанг, қолмас дидда ҳеч армоним,
Ўзлигингни англа энди, Туркистоним!
2000
* * *
Ялдо туни ёнган, эй чироқ,
Нурларингни ўпиб-силайман.
Йўлим олис, тонг ҳали йироқ,
Сенга сабр-бардош тилайман.
Бу заминда адашганлар кўп,
Умидсизлар дунёда бисёр.
Юракларга илинж бахш этиб,
Сен уфқда ёниб тур бедор.
Порлагин сен, қайта тирилсин
Аро йўлда тошдек қотганлар.
Майли, исён нелигин билсин
Тун ваҳмидан ғамга ботганлар.
Тўшалса ҳам йўлларга туман,
Кўмилса-да зиллатга замон, —
Сен порласанг — миллат, эл, ватан,
Чиқа олур зулматдан омон.
Ялдо туни ёнган, эй чироқ,
Нурларингни ўпиб-силайман.
Манзил олис, тонг ҳали йироқ,
Сенга эзгу бардош тилайман.
1990
«ИСТИБДОД МАНЗАРАЛАРИ» туркумидан
ОШОБА
Ортиқбой АБДУЛЛАЕВга
Ҳамон юрагимга солади титроқ
Ҳар шаҳид кетган жон, ҳар бир хароба.
Мозий қатларида ёнар бир қишлоқ,
Баланд тоғлар бағри - мағрур Ошоба.
Тийра Туркистонни босқинчи талаб,
Занжирбанд қилмоққа турганида шай, —
Сен эрк истаганлар исёнин алқаб,
Яширдинг уларни бағрингга қўрқмай.
Қонхўр Скоболев, маккор Кауфман
Бежилов эдилар, ахир, жазода.
Наҳот сен бир сиқим вужудинг билан
Ғанимга тик қарай олдинг, Ошоба!
Унвон-мартабалар талашган бадмаст
Ёғийлар найзасин тутдилар қўлга.
Учраган ҳар жонга етказиб шикаст,
Ошобага қараб тушдилар йўлга.
Кузнинг тунд тонгида дилгир чўққилар
Боққанда ҳадикда - иниб заҳил ранг,
Борлиқни ўқларнинг саси тутди ва
Бошланди аёвсиз қирғин, тенгсиз жанг.
Ҳар битта қўрғондан, ҳар битта томдан
Ёғилди ғанимга ўқлар, учқур тош.
Дилларда шу калом: «Кечсак-да жондан,
Манфур босқинчига эгмайдирмиз бош!»
Эвоҳ, бўғизларда тош қотиб йиғи,
Юзларга нур қалқди кўз юмилар чоқ.
Йигитлар йиқилди қучиб милтиғин,
Қизлар — сермаганча ғанимга пичоқ.
Қул бўлди Ошоба, янчилди гарчанд,
Мағрур ғурурин ҳеч бўлмади янчиб.
Тортди ёв ҳузурбахш махоркасидан,
Тирик кўкрак кўрса найзасин санчиб.
Аждодлар нидосин илғар идроким,
Бағримни чўнг алам ўртайди бир он.
Ошобаликлардай мағрур турсайдинг,
Ким маҳв этоларди сени, Туркистон!
1991
САМАРҚАНД ЁНМОҚДА
(1868 йил)
Муқаддас қалъага қилич солди ёв,
Не қавм бу — аъмоли қабоҳат-ла банд.
Осмон этаклари қизарди лов-лов,
Самарқанд ёнмоқда, ёнар Самарқанд!
Ўт сочар замбарак, титрар Регистон,
Нақшлар тўкилар, минорлар парканд.
Зангори гумбазлар ярқирар алвон,
Самарқанд ёнмоқда, ёнар Самарқанд!
Мискин Бибихоним айлар тавалло,
Юлдузлар безовта, каҳкашон баланд.
Қоврилар Улуғбек руҳи ҳам, илло,
Самарқанд ёнмоқда, ёнар Самарқанд!
Ғаним шукуҳидан инграр тоғу тош,
Наҳот Буюк Турон забун, занжирбанд?!
Оҳ, ётар Жаҳонгир кўтаролмай бош...
Самарқанд ёнмоқда, ёнар Самарқанд!
1993
ВЕРЕШЧАГИН АРМОНИ
Адирларга ястанади тун,
Тарар еллар гулханнинг сасин.
Самарқандни забт этган қўшин
Сурмоқдадир зафар нашъасин.
Гурунг қизир даврада: — Сартга
Шафқат қилма, чап берар қурғур.
Қуёндайин ер тишлат шартта,
Бари бирам исқирт ва жулдур...
Ҳеч ким кетмас даврадан йироқ,
Кекса жангчи бошлар ҳангома.
Ёшлар учун қизиқ бу кўпроқ,
Ютоқтирар ажиб жангнома.
Зафар шавқин ҳис этиб дилдан,
От устида туярлар ўзин;
Элас-элас ёритар гулхан
Шуҳратга ўч аскарлар юзин.
Нишонлари безаб кўксини
Бир чеккада мудрайди рассом.
Телба сурур маст айлаб уни,
Элтар ўткир шароб ва илҳом.
Кўз ўнгидан кечар эртанги
Талотумли урён манзара:
Авжга чиқар қилич жаранги,
Беланади қонга тўрт тараф...
Мусаввирга, ҳайҳот, нақадар
Зўр омад бу — юлдузли он, бахт!
У хаёлан тиклаб шоҳ асар,
Қаламларин қилиб қўяр тахт.
Аммо тонгда на қирғинбарот,
На тўқнашув юз берди, не ҳол?!
Бирдан бўм-бўш туюлиб ҳаёт,
Йўл узра чанг тўзғиди беҳол.
Хомуш борар аскарлар саф-саф,
Қаттиқ алам ўтгандек жондан.
Кирмадилар жангга не сабаб,
Қуруқ қолди улар унвондан!
Мунғаяди бир ёқда рассом,
Гўё қисмат ўчини олди,
Ҳаммадан ҳам унинг дили қон —
Шоҳ асардан бенасиб қолди!
Судралади қўшин чор-ночор:
«Барига, — дер қаҳрин ютиб жим,
Каттақўрғон қалъаси айбдор!..»
Чунки жангсиз бўлганди таслим.
1993
ЎЛИКФУРУШЛАР
Мустабид ёв кўрсатиб қаҳрин,
Музофотни титратди бутун:
«Тўн кийганни битталаб қиринг,
Дукчи эшон исёни учун!»
Вайрон бўлди, қадим Мингтепа
Замбараклар сочган оловдан.
Қарилардан гўдакларгача —
Ажал топди бу мудҳиш довдан.
Бундоқ қирғин кўрмаган дунё,
Дарё-дарё бўлиб оқци қон.
Кўча-кўйда, даштларда ҳатто
Ўққа учди ҳар бир тирик жон.
Тут баргини кесай деб қирга
Чиққан шўрлик увол кетди, ҳай.
Тор кўчада қатилди ерга
Қатиқ сотиб юрган болакай.
Неча кунки, хор-зор мурдалар —
Эгалари қайдадир, қани?
Ҳайҳот, кимки борса ер тишлар,
Чора йўқдир яқин боргани!
Шом чўккан пайт шўрлик оналар
Ёв қошида йиғилар тўп-тўп.
Кўрсат ўғлим жасадин дея,
Мустабидга эланарлар хўб.
Найза-милтиқ тутган аскарлар,
Мийиғида кулиб тамагир,
Тап тортмасдан дердилар: «Аввал
Эвазига узат нимадир...»
Бу нечук ёв — тубан ва разил,
Мўмин юртни қириб бўлган дам,
Қолсин дея бир йўла сабил,
Сотса унга мурдаларни ҳам!
Кимдир фарёд қилар, саҳарда —
Қучоғида қуш чўқиган тан.
Ҳайҳот, бу чоғ мурғак қалбларда
Ал-қасос!.. — деб йиғларди Ватан!
1994
АБДУЛЛАТИФ ЎЛИМИ
Эндигина ўн бир ёшга
Кирган бола эди у.
Тушди тунлар алаҳлашга,
Енгди уни зўр қўрқув.
Халқни йиғди кенг майдонга
Босқинчи тахт ғамин еб, —
Дукчи эшон осилганда
Эл бақамти турсин деб.
Болалар ҳам бўлсин албат, —
Фармон қилди мустабид.
То уларга ушбу даҳшат
Солсин қутқу ва таҳдид.
Токи улар юрагида
Ҳатто кичик учқунча —
Исён ўти қолмасин ва
Ватан деган тушунча.
Уммон янглиғ чайқалиб эл
Неларнидир англади,
Юракларни кетказиб зил,
Ноғоралар янгради.
Бир пайт кўкка ўрлаб кетди
Оналарнинг оҳ-зори
Ва аскарлар кириб келди
Оломонни қоқ ёриб.
Ўртасида кишанланган
Олти маҳбус — исёнкор.
Ушбу лаҳза олтовин ҳам
Кутар эди баланд дор.
«Дукчи эшон қай биридир,
Таниганлар айтсин тез!..»
Ҳеч ким уни танидим деб
Айтолмасди ушбу кез.
Гарчи манфур бир баҳона,
Тасдиқ-сўров эди бу.
Лекин халққа разилона
Пўписа — дов эди бу.
Зеро уни ким кўрсатса,
Қўшган бўлиб унга бош,
Осиларди ушбу лаҳза —
Бўлсин қари, бўлсин ёш.
Йиғлаганга туғишган деб
Қилинажак маломат...
Нафасини ичга ютиб,
Қотди шу дам тумонат.
«Айт, оломон!» деб зобитлар
Ғазабини сочдилар.
Йиғилганлар бўлиб музтар,
Кўзин олиб қочдилар.
Ҳолсизланган маҳбуслардан
Икки-учи йиқилди.
Ваҳм ичра алланарса
Бўғизларга тиқилди.
Бир-бир қамти келган маҳал
Ҳар биттаси сиртмоққа,
Қўймади ҳеч ноғоралар
Сўнгги сўзни айтмоққа.
Қулоқлар ҳам батанг битиб,
На шовқин, на гап кирди.
Дукчи эшон нимадир деб,
Нимадир деб ҳайқирди.
Турди улус зорлаб-зорлаб,
Кўзлардан ёш тирқираб.
Олтовлонни кўриб дорда.
Бўлди олам чирпирак.
Бу даҳшатни сингдиролмай,
Кўп юраклар зарб еди.
Лекин масъум болакайлар
Гуноҳлари не эди?!
Чайқалганда баланд дорда
Олти вужуд титроқда,
Йиқилдилар мурғак жонлар
Қушдек бир-бир тупроққа.
Онасининг қўлин тутиб,
Юрагини ўртаб кек,
Турар эди Абдуллатиф,
Бу даҳшатга боқиб тик.
Лекин бир зум кўнгли айниб,
Ўқчиб-ўқчиб қайт қилди.
У ҳам худди мусичадек
Ерга таппа йиқилди.
Шу-шу шўрлик ўнгланмади,
Келолмади ҳушига.
Не даҳшатлар кириб чиқди
Кечалари тушига.
Алаҳлаб у: «Кофирларни
Ерга тиққум!» дер эди.
«Эшон бобо, сўзингизни
Уқдим, уқдим!» дер эди.
Тушларида жаллодларни
Қирар эди лашкари.
Лекин, афсус, ухлатмасди
Ноғоранинг саслари.
Гоҳ кўзига кўринар дор,
Жасадлари лапанглаб.
Боқарди у гунг, телбавор
Теваракка аланглаб.
Волидасин қийнаб-қийнаб
Озиб-тўзиб кетди у.
Ҳеч бир чора қилмади наф,
Енгди уни зўр қўрқув.
Абдуллатиф ғунчадай соф,
Латиф бола эди-я!
Мурғак жони чекиб азоб,
Увол бўлиб кетди-я!
Эҳтимол, у ўлмаганда,
Сақлаб дилда ўч-зарда —
Забун юртни бошлаб жангга,
Бўлармиди саркарда.
Балки шоир бўлармиди —
Юрт руҳининг тираги!..
Лекин эрта портлаб кетди
Унинг маъсум юраги!
Не қотиллик, бу не гуноҳ?..
Қалбни ўткир дард тилар.
Оҳ, биргина эдими, оҳ,
Абдуллатиф кабилар!
Ёв дастидан Андижонда
Тўкилганда сўнгсиз қон,
Сўйладим мен сизга — қандай
Сўнганини ёш бир жон!
1993
ҚАТАҒОН ЙИЛЛАРИ
ёхуд қора эртак
Ниҳоят тун чўкиб — фалақца
Товланганда каҳкашон, ҳилол,
Юртнинг ғами мудом юракда —
Остонадан ҳатлар у беҳол.
Гарчи ёри илҳақ ва ёлғиз,
Кечикдинг деб қилмас ҳеч гина, -
Фирқа иши осонмас ҳаргиз,
Қарши олар уни жимгина.
Таранг гарчи давр асаби,
Лекин қалблар туташгани дам, —
Ҳаққи бор-ку — одамлар каби
Орзуга эрк берар улар ҳам.
— Ширин ўйлар тортади бирам,
Фарзандимиз яшар бирам ҳур!.. —
Энг бокира ҳаяжон билан
Шивирлайди келинчак масрур.
У чоғ. Ленин, инқилоб, не тонг,
Тимсол бўлиб замон сасига,
Муҳрланмиш эди хўб теран
Ҳар бир инсон ҳужайрасига.
Гарчи жўшиб қатағон, қирғин,
Юрт гуллари қийралган эди, —
У ақида ҳатто энг ширин
Орзуларга чийралган эди.
Икки масъум юрак илинжи
Нигоҳларга қалқди шу зумда:
«Ўсажак у бўлиб ленинчи
Ва яшагай коммунизмда!..»
Ташна диллар топдию далда,
Тотли ўйлар комига олди.
Лекин шу пайт — алламаҳалда
Эшик бехос тақиллаб қолди.
Бундоқ мудҳиш, машъум манзара,
Айтинг, содир бўлмасин ҳеч ҳам.
Кириб келди тўрт тунд башара:
— Узр, бизлар НКВДдан...
— Тинтув бошланг, солинг кишанга!
Зобит ҳукми жаранглади зил.
Синди туннинг пошналарида
Икки юрак орзуси чил-чил.
Буюрди сўнг: — Элтинг қамоққа,
Халқ душмани эрур у — аён!
Илтижоси сизиб ёноққа,
Кўрқув ичра тош қотди жувон.
О, Инқилоб! Амрингда тун-кун
Қонлар ютган адил йигитни —
Эврилтириб хоинга бутун,
Айт, шу кеча қайларга элтдинг?!
У покдомон шўрликка минбаъд
Дийдорлашмоқ қилмади насиб!..
Ҳижрон заҳрин ютди тоабад
Садоқатин кўксига босиб.
Кунлар ўтди, ой-йиллар ўтди...
У сўроқлаб такрор ва такрор —
Умр бўйи паноҳин кутди,
Сочларига кўнди оппоқ қор.
Лекин мутлақ билмасди, ёҳу,
Сўнгсиз азоб қийнаб танини, —
«Айбларига» иқрор бўлиб у,
Кўп ўтмасдан отилганини.
Аммо ўша алвон кечада
Кўш юракни ёритган илк ҳис —
Зурёд бўлиб дунёга кедди
Ва улғайди етим, отасиз.
Завол умр... Аламларки — чўнг...
Дил зададир зикр этмакка.
Ҳатто ўхшаб кетади бу жўн —
Эртаккамас, қора эртакка.
Бу эртакда ўзгача қонун,
Бўлмас унда муродлар ҳосил.
Зое кетди, ахир, фарзанд-чун
Шаҳид ота умид-ихлоси...
Алқисса, зулм, қуллик ўткинчи,
Қолмас ҳаёт қатъий изнда.
Бўлмади у зурёд ленинчи,
Ва яшамас коммунизмда!
1988
ОҚ БАЙРОҚ
Ёшим тўқсонларни қоралаб қолди,
Ҳаётим сарҳисоб айлайман бот-бот.
Замон мени не-не кўйларга солди,
Руҳимни гуноҳлар тилкалар, ҳайҳот!
Коммунани ёқлаб нишонлар тақдим,
Истиғфор сўрайман айлаб нолалар.
Келар кўз оддимга ўқтин ва ўқтин
Оқ байроқ кўтарган болалар!..
Ўттизинчи йиллар, ҳар ёнда очлик,
Хабар етиб келди: «Сўзоқда исён!»
Махфий фармон олиб жадал отландик:
«Отилсин фитнага дахли бор инсон!..»
О, қириб ташладик кўймайин битта,
Қозоқ даштларидан ариди душман.
Қолган-қутганини йиғиб масжидга,
Ёстиғин қуритдик пулемёт билан.
Эслайман, юрагим андуҳи қат-қат,
Қалқар кўзларимга қайноқ жолалар.
Бутун овул бўлиб қолибди фақат
Оқ байроқ кўтарган болалар!..
Уларни отмадим, отмаганман-ку,
Энди тушларимга кирарлар нега?!
Туну кун дилимда тавба-тазарру:
«Мағфират қил осий бандангни, Эгам!..»
1993
САНЖАР СИДДИҚ
Қатағон йилларида ҳибсга олинган таниқли адиб, таржимон Санжар Сиддиқ шу бўйи қамоқдан қайтмаган. Беайб ўғлининг бу қисматини бағрихун, содда она у ўқиган китоблардан кўриб, уйда қолган жамики қўлёзмалару асарларни етти кун давомида тандирда ёққан экан.
Етти кунки, тандир ёнар, тинмайди,
Етти кунки, она таскин билмайди.
Кута-кута ўғлин кўзи тўрт бўлди,
Ичларига лахта-лахта қон тўлди.
Мудҳиш тунда ногоҳ босиб кеддилар,
Тўнғичига, биз билан юр! — дедилар.
Кетди, кифти ой нурида ялтираб,
Жўжабирдай жонлар қолди қалтираб.
Олим ўғлин айби недир, ким билар,
Нечун обдон китобларин титдилар?
Кунлар ўтди, ойлар ўтди бирма-бир,
Оҳ, у ўғлин дарагини топмайдир!
Оғу билан тўлиб кечди ҳар дами,
Ортиб кетар гоҳ фарёд, гоҳ алами.
Деди бир тонг чекиб сўнгсиз азоблар:
— Ўғлим бошин еди-я шу китоблар!..
Сўнг тандирга битта-битта қалади
Ва уларни олов тили ялади.
Мана, тандир ёнар ўчмай етти кун
Ва қадди дол она бўзлар бағри хун.
Оч аланга тандир ичра нозланар,
Ёнар унда китоблар, қўлёзмалар.
Пушкин ёнди, Шекспирлар ёнди, оҳ,
Навоийлар, Машраб ёнди бегуноҳ!..
Ҳар гал олов гурлаганда буралиб,
Боқар ундан алангага ўралиб,
Ҳибсдаги бокира қалб келини
«Халқ душманин беваси», дер эл уни.
Англамаса ҳамки недир мафкура,
Қамоқларда йиғлар жажжи Маъмура .
Олов ичра товланар ёв ҳасади,
Гоҳ ўғлининг чеҳраси, гоҳ жасади.
Бу қандай юрт, бу қандайин каж замон,
Бамисоли эл — тандирда, алъамон!
Зўр қатағон олмиш гирдибодига,
Кимса борми, етса она додига!..
1993
ФАЙЗУЛЛА ХУЖАЕВ
«Душманлар томонидан Файзулла Хўжаевнинг боши эвазига шунчалар кўп олтин ваъда қилинган эдики, дунёдаги ҳеч бир бош бунчалик юқори нархланмаган...»
Эгон Эрвин КИШ, чех адиби.
Бошингиз баҳосин биларди ёвлар,
Жумҳурият эса ҳали ёш эди.
Кутар эди уни не-не синовлар,
О, сизнинг бошингиз тилла бош эди!
Кимки ўз Ватанин севса ортиқроқ,
Ўз элин бахти деб курашса зотан,
Ғанимлар назарин тортгайдир кўпроқ,
Боши бўлур унинг асл тиллодан.
О, менинг қадди дол, заҳматкаш халқим,
Кўрсанг-да не ситам, заққум ёшларни.
Нечун уйғонмадинг, ғафлатда қолдинг,
Қузғун чўқиганда тилла бошларни?!
Улуғ сиймоларинг кетди бенишон,
Бу айём уларни эслайман титраб.
Қани тилла бошли Қодирий, Усмон,
Қани тилла бошли Чўлпон ва Фитрат?!
Тоғ-тоғ хирмон тўплаб ялангтўш деҳқон,
Нечун ризқин ўйлар, қуриб силласи?
Айтинг, қайлардадир — кетмишдир қаён
Инсоф ва диёнат — юртнинг тилласи?
О, элим, ғанимлар отмасин десанг
Сенга туҳмат ўқи, таъна тошини,
Ҳаргиз эҳтиёт қил — эъзозла ҳар дам
Асл фарзандларинг тилла бошини!
1989
АКМАЛ ИКРОМОВ
Акмал Икромовни халқ душмани сифатида барча бир овоздан қоралаган йиғинда у: «Наҳот шу гапларга ишондингиз, ўртоқлар?!» деб бир парча қоғозга ёзиб ўтирган экан. Ўша қоғоз парчаси архивдан топилган.
Уни ҳукм этдилар яқдил овоз-ла,
Бир сўз демади-я ношуд - қўрқоқлар.
Фарёдин битди у парча қоғозга:
«Наҳот ишондингиз шунга, ўртоқлар?!»
Кетди ўзи, бироқ қолди қалб саси,
Тарих ғаладони барини сақлар.
Ҳамон ҳайқирмоқда қоғоз парчаси:
«Наҳот ишондингиз шунга, ўртоқлар?!»
Ғаниммас, раҳнамо эдингиз-ку Сиз,
Чиқмади — номингиз бирорта ёқлар!
Бормиди аслида ўртоқларингиз,
Улар ўртоқ эмас, улар — қурчоқлар!..
Мудом менинг ҳаққа ишончим кўпроқ,
Зулм рад этганни ҳур айём оқлар.
Қувонинг ушбу қун, эй шаҳид ўртоқ,
Кўпайиб бормоқда асл ўртоқлар!
1989
ЧЎЛПОН
Дунёда ҳуррият урганида бонг,
Сен ғафлат элида балқдинг айни тонг.
Ёғдулар таратдинг карашмали, шан,
Зора хобини тарк этса деб Ватан.
Лекин бу не ваҳм, бу не разолат —
Сенга сиртмоқ отди аҳли жаҳолат.
О, фалак кўшкидин қайгадир ботдинг,
Қора булутларга кўмилиб ётдинг.
«Осий» бўлди нуринг кўриб қолганлар,
Ҳаттоки исмингни тилга олганлар.
Айт, нечун кимсалар тониб ўзидан,
Сени яширдилар юртнинг кўзидан?!
Тағин дунё узра бир ажиб сурон,
Ғафлат уйқусини тарк этди Турон.
Ташланди улусдан эски жандалар,
Тағин сен фалакда қидцинг хандалар.
Қора булутлардан қолмагай асар,
Порлаб туравергин энди мунаввар.
1989
ХАЁЛИМДА
Ҳаёлимда бир ўлка бор —
Ўйласам дил бўлар хун.
Уни мангу тарк этмас қор,
Ҳоким унда ялдо тун.
Зада қилар ойлаб гоҳо
Офтоб унга боқмайин.
Дилдирайди ўрмон аро
Қари эман, оқ қайин.
Лекин бу юрт бир кунжида
Бордир мўъжаз бир қабр.
Не тонг, уни музмас сира,
Баҳор қучиб ётадир.
У қабрни — ўйларимда
Тарк этмас ҳеч гул-гиёҳ.
Ахир, шоир ётар унда,
Усмон Носир ётар, оҳ!..
1987
ТЕМУР СЕВГАН РИВОЯТ
Турон ёв зулмидан бўлолмасди ҳур,
Туғилмаса миллат паноҳи Темур.
Чопганда ҳам унинг омади ғоят,
Тушмабди тилидан ушбу ривоят.
Эмишки, саҳрода икки дўст-ҳамроҳ
Йўлин йўқотибди адашиб ногоҳ.
Кезибди қум узра гирён, ташна лаб,
Бириси — эрони, бириси — араб.
Сарфлаб сўнгги томчи сувин эрони,
Қолмабди яшашга ортиқ имкони.
Офтобнинг тиғида қовжираб, ҳориб,
Ҳамроҳи арабга дебди ёлбориб:
— Сен арабсан, араб — танти, мард дерлар,
Исбот эт шу нақл чин бўлса агар...
Бир зум ўйга толгач саҳройи араб,
Бор сувин берибди. Сўнг унга қараб,
Дебди: — Сен ича қол, айладим тортиқ,
Ўз шаъним мен учун ҳар недан ортиқ.
Араблар ҳотамтой саналган ҳар чоғ,
Мен ҳам бу удумга тушурмасман доғ... —
Ва у йиқилибди қумга шу асно...
Ўзбегим, туйдинг сен бундан не маъно?
Ушбу ривоятда борки ҳикмат-сир,
Тилидан қўймаган бежиз Жаҳонгир.
Зеро бизнинг қавм ҳам танти, тик бўлган,
Удуми — барчага яхшилик бўлган.
Мардликни жойига қўёлган улар,
Ўзлигидан сурур туёлган улар.
Тоабад бўлурмиз ғолиб, музаффар,
Ҳар биримиз шуни ёдда тутсак гар.
1991-2001
НАВОИЙ ВАСИЯТИ
Мен учун ҳайкаллар тикламанг, майли,
Кўчаларга қўйманг, майли, номимни.
Қабрим узра келиб йўқламанг, майли,
Кўкларга кўтарманг, майли, шонимни.
Таваллуд кунимда таъзимлар ҳаргиз —
Мен учун на орзу, на буюк ҳавас.
Сиздан илтимосим шу эрур ёлғиз:
Тилимизни асраб қололсангиз, бас!
1988
АРМОН
Зоҳир АЪЛАМга
Юртим озодликка эришса агар,
Кўтарса ниҳоят элим мағрур бош, —
Ишонинг, кеккайиб кетмасдим зинҳор,
Бўлардим мен унда балки бир фаррош.
Тозалаб астойдил асрий ғубордан,
Азиз еримизни сўлим этардим.
Ишонинг, ҳар тонгда чин ихлос билан
Мен ушбу заминга гуллар экардим.
Ўрнатиб ҳар жойда осойишталик,
Дердим одамларга: «Бўлинг хуш калом!..
Қарор топар эди буюк Эзгулик,
Юртим озодликка эришган айём.
1988
ОТА ЮРТ
Қрим-татар адиби Ҳайдар ОСМАНга
Бу дунёда кўпдир армон,
Қайғу-ҳасрат кўпдир, бироқ
Менинг бағрим тиғлар ҳар он
Киндик қоним томган тупроқ!
Ер юзида ер бормикин
Мен туғилган ердан хўброқ?
Азиз эрур менга лекин —
Киндик қоним томган тупроқ!
Ўзга юртлар аро гарчи
Кечди асл умрим кўпроқ.
О, барибир тортар мени
Киндик қоним томган тупроқ!
Менинг дилхун элимдан ҳам
Эл бормикан бағри хунроқ!
Айирмишлар бизни сендан,
Киндик қоним томган тупроқ!
Умр оти елар бетин,
Гоҳи мени босар титроқ, —
Бир кун насиб қилармикан
Киндик қоним томган тупроқ!
Майли, дунё чаман бўлсин,
Мен дейманки лекин, ўртоқ,
Ҳар ким учун Ватан бўлсин —
Киндик қони томган тупроқ!
1989
«ЎЗБЕКЛАР ИШИ»
Ҳовуч-ҳовуч тилла, даста-даста пул,
Қайси бир ҳандақдан топилди яна.
Қай бир юҳо тўда фош бўлиб буткул,
Теран жиноятлар очилди яна.
Кабир халқ номусдан қолганда абгор,
Бўлиб қабоҳатга тайёр андоза,
Бутун мамлакатга таралди такрор:
«Ўзбеклар иши бу...» деган овоза.
Бошқалар тер тўкиб, чекканда жабр,
Не тонгки, ўзбеклар яшаганмиш зўр.
Эмишки, ҳар битта ўзбек тамагир,
Эмишки, ҳар битта ўзбек порахўр.
«Оқ олтин»дан тоғлар кўтарса-да кўп,
Эмишки, пахтакор фирибгар, бебурд.
Ўзгалар ризқини ўмарармиш хўб
Бола-бақрага ўч, серфарзанд бу юрт...
Кошки бу бўҳтонлар рост чиқса, элим,
Кошки сен тиллога кўмилиб қолсанг.
Ахир, не қисмат бу, замон эврилиб,
Шарафмас, ўзингга тубан ном олсанг!
Магар қабиҳ иши бўлмишдир ошкор,
Бир тўда мўлтони амалдор, бекнинг,
Наҳот бағри хун халқ бунда гуноҳкор,
Наҳот ишидир бу хоксор ўзбекнинг?!
Ахир, қирғинбарот йиллар оч-юпун
Етимлар бағрида сақламишди жон...
Ўзбек ўз фарзандин тўйдирмоқ учун
Наҳотки меҳнатсиз топган бурда нон?!
Лекин сиз ўзбекнинг иши нелигин
Билмоқ истасангиз агар чинакам,
Қадим далаларга, марҳамат, келинг,
Унда асл халқни кўрарсиз ҳар дам.
Унда бош кўтармай заҳмат чекар эл,
Меҳнат бонг уради унда ёзу қиш,
Унга нигоҳ ташлаб ҳузур топмас дил,
Унда ҳукмрондир ҳар қачон ташвиш,
Унда тер тўкади гўдаклар қийғос,
Унда ризқин терар кампирлар, чоллар.
Уқубатлар зада қилганда рўй-рост,
Ўзига ўт қўяр унда аёллар.
Лекин мансаб ёғин ялаган зотлар
Боқарлар бу ҳолга бузмай пинагин.
Улар ўйлайдилар ҳар бир соатда
Ғамдийда юртнимас, фақат чўнтагин.
Ҳайрат-ла кўрдим мен илк бора яққол,
Элим, кўксингдаги бардош тоғини.
Кўтариб турибсан энди — бу не ҳол,
Ўзинг сажда қилган каслар доғини!
Яхшиям, дунёда ҳали субут бор,
Яхшиям, муз қотмас киприқцаги нам;
Яхшиям, диёнат ҳали пойдор,
Имон ҳали тирик экан, яхшиям!
Қалбинг кишанларин от энди, элим,
Каззоб кимсалардан юзингни бур, тон!
Мутелиқда нечук шарофат кўрдинг,
Энди дунёга боқ — етар, бас, уйғон!
Азаддан буюксан — толеинг равшан,
Ҳатто ёв манглайинг қилолмас қаро.
Қадимдан нақл бор — нопок касридан
Ҳеч қачон булғаниб қолмаган дарё!
1988
«ГАЗЛИ МАНЗАРАЛАРИ» турқумидан
ДЕВОРДА ҚОЛГАН СУВРАТ
Бу машъум зилзила, бу машъум офат
Борлиқни гўёки итқитди чоҳга.
Нақшин бинолардан қолган харобат
Айланди ғам қучган зиёратгоҳга.
Чодирлар қошида гуноҳкор каби
Мунғаймишди уйлар — дарз кетган, музтар.
Ичкарида дилни беҳуд қиларди
Шувоққа кўмилган турфа лаш-лушлар...
Йўқ, йуқ, сен анови деворга боққин,
Қолибди болакай чизган бир суврат.
Кулиб турар унда чечаклар ёрқин,
Содир бўлмагандек зинҳор бу кулфат.
Тагига битилмиш эди: "Онажон,
Баҳор байрамингиз муборак бўлсин!"
Чизган сувратингга боқиб, болажон,
Мен бир зум серғулу ўйларга тўлдим.
Бу дам қайлардасан? Ўша мудҳиш тун
Дилингга жароҳат солмадимикан?
Қотганингда ғаддор ваҳм ичра беун,
Қалб гулларинг заҳа топмадимикан?
Оловкор шаҳарнинг олов боласи,
Олов туйғуларинг асло сўнмасин!
Мусаввир бўлмагин, майли, аммоки
Қалбинг гулларига ғубор қўнмасин!
Мен-ку ишонаман — она шаҳрингни
Гўзалроқ этурсан, улғайиб бир дам.
Шунда қутлагайсан ҳар баҳор уни
Ўзинг эккан тирик чечаклар билан!
ЙИҚИЛГАН ҲАЙКАЛ
Ер ости жунбушга кирган онида,
Одамлар оёққа қалққан маҳали —
Безовта шаҳарнинг хиёбонида
Йиқидди юзтубан она ҳайкали.
Гарчи у — жонсиз тош, лекин мен унда
Юракни титратган бир маъно кўрдим.
Ва дедим шивирлаб: — Ушбу заминда
Ҳеч завол кўрмагин, сен — она юртим!
1984
СЕНДАН ЎТИНАМАН...
Замон тезлаб кетди — чарх урар кунлар,
Давр сандонига босганча бизни.
Дарди жунбуш дунё исёнга ундаб,
Қақшатиб юборди асабимизни.
Курашнинг поёни кўринмас зинҳор,
Кемирар юзларни алам ва қаҳр...
Сендан ўтинаман, жилмайгин бир бор -
Биз темир эмасмиз, инсонмиз, ахир!
1988
АВЛОДЛАР
— Давр ғаддор эди, бошни хам қидди,
Таъна-маломатдан гап очмайлик, бас.
Ниҳоят бирам ҳур замонлар келди,
Ҳар қалай, сизларга қиламиз ҳавас.
— Термулиб она юрт кўзига бу кун,
Туидик дардларини, қовурилар жон...
Олурмиз елкага унинг зил юкин,
Ҳар қалай, бизга ҳам бўлмагай осон.
1991
ИНҚИЛОБ
Қадимдан бор эди сирли чегара
Кабир арбоблару оддий халқ аро.
Энди замон бошқа — дадил, тик қараб,
Не-не зотларни мот қилар фуқаро.
Дейсан сен даврга боқиб бадгумон,
Минг йиллик удумда қолмади маъни...
Йўқ, дўстим, ниҳоят бўлди намоён —
Фуқаро қул эмас, инсон экани!
1989
* * *
Зап мўъжиза ойнаи жаҳон,
Термиларлар унга эринмай.
Ўқидим мен ундан бу оқшом,
Ватан ҳақда битган шеъримни.
Хонадонлар бағрига шу тун
Кириб бордим мен беижозат.
Ва кўзларим ўнгидан бир зум
Ўтди турфа манзара, ҳолат.
Нодир гилам, хорижий жавон
Тўлиб-тошган бир уй тўрини —
Минбар қилдим ва куйдирдим жон
Тўкиб юрагимнинг қўрини.
Лекин бўлмай ҳеч кимнинг иши,
Тополмади шеърим қўналға;
Сўнгра уй соҳиби керишиб,
Бураб қўйди бошқа каналга.
Тун салкини тушган бир ҳовли...
Барглар аро юддуз милтирар,
Гул-райҳонлар ичра йўқолиб,
Сунбула сувлари шилдирар.
Ҳад-ҳисобсиз кундуз заҳмати
Мудратмишдир бунда кўпларни.
Кимдир кетмонига суяниб —
Турган кўйи мени тингларди.
Аммо унинг хаёли ҳамон
Пайкалида кезар — далада.
Шеърим шу боисдан, бегумон,
Унга ғалати туюларди...
Қилмам гина-кудурат асло
Эл кўзига экрандан боқиб.
Лекин аниқ — бир бедор бола
Бу пайт мени тинглар ютоқиб...
1986
«МАРСЕЛЬЕЗА»
Олға бос, эй азиз озодлик,
Қайта-қайта илҳом бер бизга!...
«Марсельеза»дан.
У халқимизнинг эркка бўлган оташин муҳаббатидир!
Морис ТОРЕЗ.
I
Интиқомга айланар қўшиқ —
Дил қони-ла битилса агар
Ва тиллардан тилларга кўчиб,
Мазлумларни курашга чорлар.
Қайси юртда мустабид хоқон
Билмаски гар қўрқув нимадир,
Эрк қўшиғин тинглагани он
У ичидан титрай бошлар зир.
Истибдодга ҳамда риёга
Еру осмон кетганда тўлиб,
«Марзельеза» келди дунёга
Ҳурриятнинг байроғи бўлиб.
II
Руже де Лиль — оддий фуқаро,
Шеърга ҳавас қўйган ёш аскар.
Ўйламаган эди у асло —
Яратдим деб буюк, шоҳ асар...
Илк инқилоб кўҳна Парижда
Бўй сочганда мисли ифор гул,
Тождор золим, муртад ғанимлар
Топтамоқчи бўлдилар буткул.
Эрк нашъасин туйиб тумонат
Гувилларди сармаст, жангари.
Шаҳар узра қайнарди ҳаёт
Кўкламдаги уммон сингари.
Эзгу қасам, ичилган онтлар
Ва Ватанга муқаддас севги...
Бари-бари унга шу оқшом
Ато этди илоҳий сезги.
Шуурида улус ҳасрати
Ҳам исёни тўлди сафога.
Уни мазлум Ватан даъвати
Айлантирди шу кеч даҳога...
Аммо қисмат ҳазилими бу —
Не тонг, гоҳ у шундоқ бемаъни:
Муаллифин унутди мангу,
Халқ ёд олиб «Марсельеза»ни!
У тақдирнинг қаҳрига қолиб,
Узлатларда яшаб ўтди хор.
«Марсельеза» эса юксалиб,
Жаҳон бўйлаб учди исёнкор.
III
Она юртим, сенинг бахтинг деб
Мен қўлимга олганман қалам.
Кошки ўтли сатрлар битиб,
Аритолсам кўксингдан алам.
Лекин битта қўшиқ армони
Куйдиради мудом дилимни.
Бериб унга юрагим қонин,
Уйғотолсам кошки элимни.
Жаҳолатга, муте қисматга
Туғилсайди унда зўр исён.
Қолай сўнг мен, майли, узлатда,
Элим топса басдир ғурур-шон.
Тинглайдирман Ватан даъватин,
Етмоқ учун буюк ниятга.
Битолсам бас, умрим бўйи мен
Битта қўшиқ — абадиятга!
1987
ЁНАЁТГАН АЁЛ
Сафоли тун — ойдин ҳовлида
Кезинарди бир шарпа фақат.
Дам юриб, дам тўлғанарди-да,
Ютоқарди оғир, бетоқат.
У ортиқча тимирскиланмай
Ниманидир топди, сўнг илдам
Ҳаракат-ла ҳеч иккиланмай
Қуйди уни усти-бошидан.
Биллур ҳаво тўлди шу лаҳза
Ермойининг бадбўй исига.
Ўша ҳолат у тилсиз шарпа
Ўхшаб кетди сув парисига.
Гугурт саси эшитилди — «чирк!»
Ой сесканиб сукутга толди.
Ва у шарпа ногаҳон тирик
Алангага айланиб қолди.
Олов дастлаб ёввойи ва оч
Ҳирс-ла унга термилди бир дам.
Сўнг бўсалар олганча қийғоч,
Оғушига чирмади бирдан.
Сочлар ёнди, ўртанди қошлар,
Сийна ёнди, ёноқлар ёнди.
Сўнг фарёддан дарз кетди тошлар,
Еру само илкис уйғонди...
Чарх ураркан алангали руҳ,
О, бўлмагай таърифлаб буни!
Фалақцаги — юлдузлармас, йўқ,
Ёнаётган аёл учқуни!
Ўтдингми, эй жодугар ўлим,
Бўзлаган дил қошидан яна?!
Ёлғиз таскин, халоскор бўлиб,
Қилдингми сен тағин тантана?!
Бас, афсона сўйлама, ҳаёт,
Фоженинг ҳам бўлгин гувоҳи!
Тергар мени тушимда бот-бот
Ўзин ёққан аёл нигоҳи...
1988
ТАҚДИР ЎЙИНЛАРИ
Улар даҳрийларча яшади ҳар он,
Ол байроқни тутиб қўлида.
Ҳайҳот! Не-не зотни қилдилар қурбон
Шу сўқир эътиқод йўлида.
Кейин айландилар тош ҳайкалларга,
Ўт-оловдан омон чикдилар...
Бироқ эрк деб ёнган зурёдлар эса
Уларни осдилар, йиқцилар!..
1994
ФАХРИЙЛАР
Кўксимизда турфа нишонлар қатор,
Лекин кўнгил нуқул андуҳга ботар,
Аламнок нигоҳлар шундоқ сўз қотар:
«Бари ёлғон экан, ҳаммаси ёлғон!»
Биз ҳам бир маҳал ёш, бўз йигит эдик,
Бир вақт «Ленин» дедик, «Инқилоб» дедик,
Муте юртимизни баттар қул этдик,
Бари ёлғон экан, ҳаммаси ёлғон!
Лабларни куйдирган қўшиқлар қани?
Мумтоз ғояларга ошиқлар кани?
Яшадик — умрни ўздан қизғаниб...
Бари ёлғон экан, ҳаммаси ёлғон!
Идрокда неки бор — давр сингдирди,
Мағрур руҳимизни янчди, синдирди,
Оҳ, кўплар қабрга кафансиз кирди...
Бари ёлғон экан, ҳаммаси ёлғон!
Бир ҳолат тонгларда жонланар хира:
Ёв ўқи ёмғирдек тинмасди сира,
Омон сақлаб қолдинг нега, ҳамшира,
Бари ёлғон экан, ҳаммаси ёлғон!
Айтдик на оминни ва на бисмилло,
Даҳрий, осий бўлиб улғайдик илло,
Арбоблар кўзини ўйнатди тилло,
Бари ёлғон экан, ҳаммаси ёлғон!
Во ажаб, замоннинг шарҳин ким сўрар
Сиғинган зотларинг фитналар қурар,
Элнинг донишларин адоват қирар...
Бари ёлғон экан, ҳаммаси ёлғон!
Кўкракларда нишон, дилларда гумон,
Ол шафақ товланган уфқларда туман,
Кеч куз оралади боғларни туғён,
Бари ёлғон экан, ҳаммаси ёлғон!
Энди мижжада ёш, тўлғанар юрак,
Оқци қора кунлар булутдек лак-лак,
Билдикки, шу озод Ватандан бўлак
Бари ёлюн экан, ҳаммаси ёлгон!
1990
ЎЗБЕКИСТОН
Бу дунёда чаманлар кўп,
Бу дунёда ватанлар кўп.
Барчасида яшнар гуллар,
Барчасида яйрар диллар.
Менинг учун азиз бўстон —
Ўзбекистон, Ўзбекистон!
Чорлар эзгу йўллар мени,
Аждодларим қўллар мени.
Бу Ватанда тўкмасман ёш.
Бу Ватанда эгмасман бош.
Менинг учун азиз бўстон —
Ўзбекистон, Ўзбекистон!
Саҳролар гул очар сенда,
Самолар нур сочар сенда.
Юлдузларинг сўнмасин ҳеч,
Бағрингга ғам қўнмасин ҳеч,
Менинг учун азиз бўстон —
Ўзбекистон, Ўзбекистон!
1988
САРҲАДДА ВАТАН ДЕБ ЙИҚИЛДИ ЎҒЛОН
ОНА НИДОСИ
Қўрғошин ёмғирин совуқ жаранги
Борлиқнинг кўксига ханжардек ботди.
Теварак қоялар сўқирдек гангиб,
Сесканган чўққилар ваҳм ичра қотди.
Фалакка таралди жарликлар оҳи,
Қушлар тўзди бехос ошиёнидан.
Не эди бечора каклик гуноҳи,
Ёҳу, айрилди у полапонидан!
Сукунат фарёдин тингламай тақир,
Ўқпар қасирғаси авжига минди.
Арча тошни ёриб ўсганди, ахир,
Оний талвасада қарсиллаб синди!
Замин тушди оғир босинқирашга,
Нима кечаётир — билолмас, рости.
Ойдинда ярқираб товланган чашма
Кўзини юмалаб — харсанг тош босди.
Тонгда тутди юртни аламли фиғон:
«Худойим, малъуннинг борми жазоси?!
Сарҳадда Ватан деб йиқилди ўғлон,
Титратди дунёни она нидоси!
ХОИН
Осмонга туташган тоғнинг бағрида
Тинди аллақачон жангларнинг саси.
Яйдоқ дара узра — жарнинг лабида
Қолди фақат жонсиз душман мурдаси.
Гарчи туну кун у эгасиз мутлоқ,
Ажаб, оч қузғунлар солмас ҳеч назар.
Теграсида изғиб юрар-у, бироқ
Илонлар ҳам боқмас унга, алҳазар!
Мурда ҳам шунча хор бўлурми, ё раб!
Бу нечук зот, ахир, бу нечук нусха?!
Нега кун тиғида ёприлмас талаб —
Ҳатто овлоқ ундан қурту қумурсқа!
Наҳот бор мавжудот ундан юз бурди,
Наҳот ер остидан топмади жойин?
Ватанга у қилич кўтариб кирди,
Чунки у хоиндир, чунки у — хоин!
ШОИР ВА ЧЕГАРАЧИ
У ватан бахтидан куйларди шодон,
Айни тонг чоғида — туйғулар талош...
Оҳ, бу пайт сарҳадда йиқилди ўғлон,
Шоир мижжасида ялтиради ёш.
Нега титради у, нега тўлғанди?!
Ғам кўрса ўзини уради чўққа!..
Йўқ! Ўғлон қўксини қалқон қилганди
Бедор шоир томон узилган ўққа!
НАФРАТ САТРЛАРИ
Кимлигингни биларман мен, эй мурдор,
Дарбадарсан, беватансан, хору зор!..
Юрагингда, билмам, яна нелар бор...
Қаҳр ўтида қанча қайнаб-тошма сен,
Зинҳор Ватан тупроғини босма сен!
Қамаштирсин кўзинг юртнинг боғлари,
Қад тиклади тағин юксак тоғлари,
Ҳурлик нима — англаб етган чоғлари,
Қаҳр ўтида қанча қайнаб-тошма сен,
Зинҳор Ватан тупроғини босма сен!
Азал бу юрт муқаддасдир, мукаррам,
Бунда фақат эзгу ўйлар мужассам,
Адоватда гарчи якто бўлсанг ҳам,
Қаҳр ўтида қанча қайнаб-тошма сен,
Зинҳор Ватан тупроғини босма сен!
Қабоҳатнинг дастёри бўл, югур-ел,
Пойини ўп, кўзёшларинг қилгин сел,
Кимлигингаи билар энди юрту эл,
Қаҳр ўтида қанча қайнаб-тошма сен,
Зинҳор Ватан тупроғини босма сен!
Кечиргайлар — доғули бўл сен агар,
Гуноҳингда қайғули бўл сен агар,
Ватанга қўл кўтардинг-а, оқпадар!..
Қаҳр ўтида қанча қайнаб-тошма сен,
Зинҳор Ватан тупроғини босма сен!
Шу юрт мехри хуш айлар ҳар онимни,
Эркни куйлаб — оқларман мен нонимни
Керак бўлса, бергум унга жонимни,
Қаҳр ўтида қанча қайнаб-тошма сен,
Зинҳор Ватан тупроғини босма сен!
2000
МЎЙСАФИД ҲИКОЯСИ
Ўттизинчи йиллар... Ёш бола эдик...
Бот-бот эсга тушиб, бағрим қилар хун:
Шаҳарнинг чеккаси... Сирли тепалик...
Фарёд таралар гоҳ ундан ярим тун.
Асабий кечалар... Оталар дилгир...
Юраклар чок-чокдан сўкилар эди.
Ўқлардан тун бағри титраганда зир,
Юлдузлар кўз ёшдек тўкилар эди.
Биз машъум тепага чиқардик тонглар,
Унутиб қўрқувни, билмай сабрни.
Ҳар гал кўзимиздан ўчарди ранглар,
Кўриб унда янги чоҳни — қабрни.
Ҳайҳот, димоғларга қон иси тўлиб,
Йўғриларди аччиқ ғурубга ҳаёт, —
Кимнингдир оёғи, кимнингдир қўли
Чиқиб ётар эди тупроқдан, ҳайҳот!
Мурғак қалбимизга югуртириб муз,
Катталар қиларди мунгли тиловат.
Ахир, шул фожелар ёдимда ҳануз,
Қандоқ дейин — ўтган ишга саловат.
Дасти қон салтанат, нафратим сенга,
Ўртар боз юракни теран ўч-алам.
Дерларки, худди шу тепалик узра
Отмишлар кўксидан Қодирийни ҳам!
Мудом хотирамда янграр — билмас тин,
Ўқ саси... фарёд... — бу сўнг сўзлар балки.
Не сўз эди улар — айта олур ким?
Сўраб кўринг, эслар юлдузлар балки.
2001
* * *
Жозиба касб этар хўрлик ва ситам,
Тортқилар хаёлни энтиккан туйғу...
Кўнглим, у кунларни қўмсама ҳеч ҳам,
Қулнинг кишанига қўйган меҳри бу.
Кўрганмисиз — қадрин унутган, хоксор,
Тили қисиқ, бўйни эгик одамни?
Менгзаш мумкин ўшал кимсага — абгор,
Истибдод жабрини чеккан Ватанни.
Не бахт, юрт сурури ўзгача энди,
Болам тақдиридан мен очмасман фол.
Энг ҳуррам орзулар мужассам сенда,
Шу боис азизсан менга, Истиқлол!
2001
* * *
Бошга ғам сояси тушиб турган кез
Чорасиз боқурмиз, гангиб дафъатан.
Ҳолбуки урвокча эмас қайғумиз
Сен чеккан ғуссалар олдида, Ватан!
Юракни шодликлар чулғаган зумда
Олам жилва қилар бирам бокира.
Лекин нур балқмаса, Ватан, юзингда,
Бизга севинчлар ҳам татимас сира.
Истаймиз, о, мангу қолмоқликни биз,
Аслида бу фақат, Ватан, сенга хос.
Сенинг бағрингдаги кечган умримиз
Киприк қоққанчалик лаҳзадир, холос!
2001
САҲРО
Қаршимда ястанар саҳро — поёнсиз,
Қучоғин очади чексиз уфқ, осмон.
Кўксимга қайноқ тафт урилгани кез,
Халқим, сенинг меҳринг туйдим мен шу он.
Ўркач-ўркач бархан, оташ қумларга
Сирларин айтади шамоллар бунда.
Дуркун фаслларга, эзгу кунларга
Ташна халқ қалбини кўрдим мен қумда.
Гарчи қадам етмас, узлат маскансан,
Сенинг дардинг менинг дардимдир танҳо.
Бунча ҳам гарибсан, бунча улкансан,
Халқимнинг ўзидай хокисор саҳро!
2002
* * *
Ортда қолиб кетди кентлар, қалъалар,
Шамоллар поезднинг тарар ёлини.
Мени алқаб қолди масъум далалар,
Менга дуркун боғлар тутди болини.
Мезонлар эшади даштдаги офтоб,
Дарёлар ялтирар, ҳеч ғами йўқдек.
Мен эса темир йўл измида шитоб,
Учиб борар эдим уфққа ўқдек.
Ястанди қаршимда дафъатан саҳро,
Мозийнинг сирдони — яйдоқ Қизилқум.
Унда қувонч ичра ё ғамда танҳо —
Тонгга боққан ёвшан йиғларди юм-юм.
Сўрадим: — Сен нима берардинг менга,
Эйсаҳро, яланғоч бўлсанг ўзинг гар?..
— Ўкинма, — деди у, — ташна қалбингга
Мен туҳфа этаман теран хаёллар!
2002
* * *
Қисмат мени ташласа
Сендан йироқ-йироққа,
Келсам агар юзма-юз
Бундайин зўр фироққа,
Ялпизнинг бўйларидек
Урилгайсан димоққа,
Ватан, исминг ёд этсам!
Болаликда тинглардим —
Эртакларинг жангари.
Ҳайратларга чўмганман
Бойчечаклар сингари.
Қулоғимда жаранглар
Гоҳ турнанинг мунглари,
Ватан, исминг ёд этсам!
Баҳор пайти эсгандек
Водий узра шамоллар —
Юрагимдан дафъатан
Кетар ўкинч-малоллар,
Томиримда мавжланар
Ширин, юксак хаёллар,
Ватан, исминг ёд этсам!
Қолмас дидда армон ҳеч,
Муродимга етарман.
Бир кун жимжит дунёга
Мен ҳам сингиб кетарман.
Нима ўзи мангулик —
Аён идрок этарман,
Ватан, исминг ёд этсам!
1996
ИСТИҚЛОЛ ЁР-ЁРИ
Ҳай-ҳай ўлан, жон ўлан,
Жононадир, ёр-ёр!
Ватан деган муқаддас
Кошонадир, ёр-ёр!
Ўзбекистон аталган
Чамандир бу, ёр-ёр!
Заминдаги энг гўзал
Ватандир бу, ёр-ёр!
Истиқлоддан ўргилай,
Юртта қулди, ёр-ёр!
Ўзбек эли ўзлигин
Таний билди, ёр-ёр!
Мустақиллик нимадир,
Сўранг биздан, ёр-ёр!
Сўранг буни эркин-шўх
Ўғил-қиздан, ёр-ёр!
Истибдоднинг остида
Чекдик азоб, ёр-ёр!
Шунинг учун хурликни
Этинг тавоф, ёр-ёр!
Юрт номини жаҳонга
Танитайлик, ёр-ёр!
Ўзбекистон шуҳратин
Мадҳ этайлик, ёр-ёр!
Бу дунёда ниятлар,
Ўйлар ҳар хил, ёр-ёр!
Етажакмиз муродга
Бўлсак аҳил, ёр-ёр!
Ушбу йўлда яхшилар
Йўлдошимиз, ёр-ёр!
Омон бўлсин ҳамиша
Юртбошимиз, ёр-ёр!
Ҳай-ҳай ўлан, жон ўлан,
Жононадир, ёр-ёр!
Ватан деган муқаддас
Кошонадир ёр-ёр!
1995
БУ КУНЛАР
Йиллар ўтиб — шу буюк элда
Ўз баҳосин олар бу кунлар.
Ҳурман деган ҳар битта дилда
Ажиб созин чалар бу кунлар!
Шафақ ёнар уфқда ял-ял
Биз тонгларни кутамиз маҳтал.
Энг ёруғ тонг — Истикдол, аввал
Сени ёдга солар бу кунлар!
Қайтмас энди қуллик, ҳасрат, оҳ,
Элим, бунга ўзингсан гувоҳ,
Юрт сурурин кўрибми, гоҳ-гоҳ
Ҳаяжондан толар бу кунлар!
Набиралар кўзида ҳавас,
Энтикарлар эслаб бир нафас...
Бизлар учун игунинг ўзи бас,
Тарих бўлиб қолар бу кунлар!
2000
* * *
Куйламай бўлурми сени, Истиқлол,
Бўлурми алқамай Ҳурликни буюк!
Ахир, сен халқим-чун энг улуғ иқбол,
Озод Ватанимга сенсан энг суюк!
Курраи заминда элу элат кўп,
Эркини алқаган миллатлар бисёр.
Уларга ҳам ғурур ярашгайдир хўб,
Лекин сендан менча қувонган ким бор?
Сенмасми — қаддимни тик қилиб қўйган,
Дунёга номимни муҳр этган қайта?
Ўзбек ўзлигини англаб етган дам
Аввал сени эслар, шукрона айта.
Шунчаки эмас, йўқ, мендаги сурур,
Истиқлол, тоабад жон-дилимдасан.
Зотан буюк севги юрақда бўлур,
Фақат баъзан-баъзан сен тилимдасан.
Аммо бир хавотир кечади қалбдан —
Ҳали олдиндадир не-не баҳоринг,
Шоирлар куйлашни ошириб ҳаддан,
Тўкиб қўйишмасми оҳоринг?!
2001
ЮРТ МЕҲРИ
Чорлади қошига ўлкалар йироқ,
Ғаройиб сафарлар яйратди жонни.
Фаранг, олмон юртинсайр этдим, бироқ
Соғиндим бир зумда Ўзбекистонни.
Кездим турфа араб мамлакатларин,
Томоша айладим барака-қутни.
Кўзимга сурсам-да Макканинг гардин,
Кўмсадим ҳар лаҳза мен она юртни.
Ҳиндистонни кўрмоқ орзуси дилда,
Ҳимолайдан қорли довонлар ошдим.
Мафтун қилса ҳам бу сеҳрли ўлка,
Бироқ мен уйимга — юртимга шошдим.
Саёҳатни ҳавас қилдим тинмайин,
Англадим нелигин айрилиқ-фироқ.
Не тонгки, жаҳонни кезганим сайин,
Ўзбекистон, сени севдим қаттиқроқ!
1994
II
Қорлар кетди, чекинди аёз,
Мудрамагин, юрагим, уйғон.
Қара, майса бермоқда овоз,
Қара, куртак яйратади жон.
БЎРОН
Ташқарида инграйди бўрон
Дарчаларга уриб кўксини.
Гўё шикаст еган пахдавон,
Паноҳ сўрар бу тун ўксиниб.
Ингранади жон талвасада,
Тунд само ҳам титрар оҳига.
Гоҳ суйкалар алам, асабда
Дарахтларнинг юпун шохига.
Йиғлагундай ортмоқда хуни —
Паноҳ топмай изғийди бу тун.
Сиғдирмайди ҳеч ким ҳам уни,
Балки бўрон бўлгани учун...
1967
ЖУДОЛИК
Чарчоқ кўнглим ғуборини ёзай деб,
Кўчаларда сайр этардим мен хушнуд.
Тиниқ кўкка сузиб чиққан булутдек
Муюлишдан чиқиб қолди бир тобут.
Орқасидан дарё каби ёйилиб —
Кўча тўлиб келар эди одамлар.
Аччиқ қисмат фарёдига ёқилиб,
Ғариб бўлиб келар эди одамлар.
Улар бари менга эди нотаниш,
Билолмадим марҳумнинг ҳам кимлигин
Эзди бироқ қалбимни бир ўртаниш:
«Ким экан у — қаримикин, ёшмикин?
Ҳаёт завқин сурдимикин беармон,
Ё ўтдими орзулари кулмайин?
Ёки сўқир ажал уни беомон
Маҳв этдими очилмаган гулдайин?
Ўзи мангу фонийликка кетаркан,
Қолдирдими бу дунёда бирон из?
Унинг руҳин ким доим шод этаркан
Ё юлдуздай учиб кетди белгисиз?...»
Банд этса ҳам мени турфа хаёллар,
Кўзларимга беихтиёр тўлди ёш.
Бир тобутнинг орқасида одамлар
Кетардилар жудолиқдан эгиб бош.
1969
* * *
Қуёш кўқда қилди саховат —
Илиса деб денгиз ҳам зора.
Денгиз эса булут бўлди-ю,
Қуёш юзин айлади қора.
1967
ХИЁБОНДА
Хиёбонда саф-саф дарахтлар
Карахт боқар туман қўйнидан.
Йўлакларда сўнгги япрокдар
Совурилар ел ўйинидан.
Ногоҳ учиб ўтган зоғларнинг
Чалинади қулоққа саси.
Бу дам мудроқ, ҳазин боғларни
Эркалайди аёз нафаси.
Сокинликда совуқ шаббода
Олиб келар қорнинг исини,
Сур булутлар кезиб ҳавода
Жунжиктирар дил туйғусини.
— Қор ҳам ёға қолсайди зора, —
Дейди кўнглинг бўлиб бетоқат.
Балки шунда бу тунд манзара
Қор остида топар ҳаловат...
1968
КУЗ ТОНГИ
Кунлар қисқариб қолди,
Совиб ҳам қолди анча.
Борлиқ олтин тус олди
Хазонга бурканганча.
Хиралашиб қолди, тунд
Ёзги тиниқ осмон ҳам —
Бир куни босса булут,
Бир куни босгай туман.
Қуёш боқар осуда,
Юрак ажиб қалтирар.
Олис тоғ чўққисида
Киш либоси ялтирар.
Сой ҳам энди жўш урмас,
Оқар сокин, эриниб;
Ҳовуз ётар тинч, бесас
Тубигача кўриниб.
Мезонлар чувалади
Дарахтнинг шохларида;
Шабнам кўзни олади
Боғнинг сўқмоқларида.
Бирам гўзал кузда ҳам
Табиат товланиши.
Аммоки булар билан
Одамларнинг йўқ иши...
Ҳовлида хазон барглар
Супураркан келинчак,
Далага чорлаб қолар —
Кизлар қўлда тугунчак...
Деҳқон-ку билмас уйқу,
Тинмас ушбу паллада.
Бу тун ҳам, эҳтимол, у
Тунаб қолди далада.
Тунда чанги босилган
Йўллар яна серқатнов:
Биров қайтса юмушдан,
Қайгадир шошар биров.
Ҳамиша шундоқ бўлар —
Оқармайин куз тонги,
Аллақачон чалинар
Кишлоқца меҳнат бонги.
1970
* * *
Ука, шоир бўлмоқ истабсан,
Эзгу ният — тилайман оқ йўл!
Айтиб қўяй, эплай олмасанг,
Ҳозирдан воз кечганинг маъқул.
Ёзмасак-да ўзимиз, лекин
Шеър деганни тушунамиз, ҳа.
Насиҳатим уқиб — тўғрисин
Қулоғингга қуйиб ол, ука!
Майда-мижғов гаплардан қочгин,
Бўлар-бўлмас бўяма қоғоз.
Сийқа шеърдан ғийбатчи хотин
Эзмалиги мароқли ва соз.
Кафил бўлгин ҳар бир сатрингга,
Сафсатанинг йўқцир кераги.
Ошён қурсин тафаккурингга
Теран фикр, замон юраги.
Нурли уфқлар ишқи ёндирсин
Муқим бўлиб қолсанг шаҳарда
Ва қишлоғинг қалбингда юрсин,
Одамларин тутгин назарда.
Уларнинг ҳам буюк қалби бор —
Қадрлашар санъатни жуда.
Яхши шеърни ўқиш-чун такрор
Ишга олиб кетар қўнжида...
Ишқ-муҳаббат ҳақида ёзсанг,
Шундай ёзки, юрак этсин жиз.
Майли, севиб қолсин ғойибдан
Шеърингга бир кўзи тушган қиз
Дардли бўл-у, куйлама қайғу,
Эътиқодинг бўлсин ҳақиқат.
Шон-довруққа лойиқ бўлгин-у,
Орқасидан қувмагин фақат.
Хуллас, ука, дейман фахр-ла
Боқий бўлсин дилингдаги аҳд.
Ростин айтсам, яхши шоирга
Ака бўлиш ўзи ҳам бир бахт.
1972
ОНА
Ётар эдим билмай ўзимни —
Бир дард ичра алаҳлаб-ёна.
Не мўъжиза — беморлигимни
Тушингизда кўрибсиз, она!
Шундан бери дардга чалинсам
Ё ғам ичра тўлғонсам бедор,
Ҳадиқдаман — олисда бу дам
Гўё сиз ҳам чекасиз озор...
1972
* * *
Нозланади кўкламги офтоб,
Аҳён-аҳён кўрсатиб жамол.
Кўк юзида кўпчиган оппоқ
Булутларни ҳайдайди шамол.
Карвон-карвон булутга бу дам
Тикиламан мен ерда туриб.
Алланечук сархуш туйғудан
Юрак бир зум кетар гупуриб.
Қани сен ҳам учсанг йироққа,
Ҳов, оқ булут узра узаниб!
Гўзаллиқдан тушиб титроққа,
Кенгликларга термулсанг қониб!
1973
ГОҲО ТУШУНМАЙМАН...
Масъуд яшамоқ ўз қўлимизда-ку,
Қайдан туғилар бу низолар бот-бот?
Бахти бекам умр наҳот бир орзу,
Турмуш рутубатсиз кечмагай наҳот?
Кундуз оғушидан қайтаман ҳориб,
Оқшом қаршилайсан сен мени толғин.
Чеҳрангдан чарчоғинг қувиб юбориб,
Бу дамлар менга шод термила олгин.
Бизга бўйсунмайди гоҳида асаб,
Зеро урингаймиз иккимиз ҳарчанд:
Арзимас жумбоқни қилолмаймиз даф,
Юраклар зириллар, зириллар фарзанд.
Дилгир йўналаман ҳовлига шунда,
Тепамда ой боқар, милтирар юлдуз.
Жами ташвишларга парвосиз бунда
Дарахт баргларини бир-бир узар куз...
Наҳот эзгу сўзлар бисотимда йўқ —
Ёндира билгали кўнглингда учқун,
Токи бу асрда сени беандуҳ,
Ўзимни бахтга ёр кўрмоклик учун?!
Гоҳо тушунмайман одамзод феълин —
Қўнганда юракка зарра ғам-ғубор,
Ундан фориғ бўлмоқ шунчалар қийин,
Мардона жилмаймоқ шунчалар душвор!
1976
ЙИЛЛАР...
Дўстим, сездингми ҳеч — йиллар бесурон
Ўтиб бормоқдадир забт этиб бизни.
Сўндириб юракдан эҳтирос, туғён,
Ўғирлаб кетмоқда ёшлигимизни.
Ажиб бир шукуҳ бор бокира ҳисда,
Ёдингдами қирлар, туманли саҳар?..
Энди эса йиллар ўтиб, оҳиста
Ўғирламоқдадир бизларни шаҳар.
Йироқлашиб кетдик хандон кунлардан,
Ёт эди у дамлар ташвиш, нолалар.
Сархуш давралардан, сайри тунлардан
Ўғирлади бизни турмуш, болалар.
Наҳотки умримиз шундоқ давомлар,
Наҳотки барчаси бўлар зим-ғойиб.
Йўқ, биз дил тубига чўккан армонлар,
Ғамлар эвазига борамиз бойиб...
1976
УЧИБ ЎТГАН ТУРНАЛАР
Хазонларга чўмган боғлар, оҳ,
Юрагимга ташлайди каманд.
Шаҳар узра бир оқшом ногоҳ
Учиб ўтди турналар баланд.
Термилиб мен элас ва элас —
Тингладим-у улар садосин,
Ич-ичимдан туйдим шу нафас
Маҳзун кузнинг ажиб сафосин.
Кўз оддимга келтирдим маъюс
Мезон тўла дала-қирларни.
Мудом менга ҳадя айлар куз
Тиниқ хаёл, теран сирларни.
Баланд учиб ўтган турналар
Қишлоғимни солдилар ёдга.
Ҳануз ажиб меҳрим сақланар
Болалигим кечган ҳаётга.
Дунё бунча турланмаса тез,
Бир мунг қоплар кўзларим уфқин;
Кечагина гўдак эдик биз,
Олдик бу кун оталар бурчин.
Онам меҳри, олис масканим,
Туғилган юрт лавҳалари шан —
Кириб кедди қалбимга маним
Учиб ўтган турналар билан...
1976
* * *
Куз кезади беозор, майин,
Кенгликларга таскин берар шан.
Кечалари ширин тушдайин
Шудгорларни қучади туман.
Боғларни ҳам чулғаб олар у,
Шивирлайди афсунгар сўзин.
Уфқларда лекин беуйқу
Уқалайди чироқлар кўзин...
1981
ГУЛ КЎТАРГАН АЁЛ
Эрта тонгда
хазонли йўлдан
гул кўтариб ўтди бир аёл,
бир қўлида рўзғор халтаси.
Ажаб,
кимга экан у гуллар —
кимга экан
оддий, ташвишманд
юракдаги бир даста қувонч?.
1981
* * *
Жунжиктирар боғларни кузак,
Тўшалади қалин бахмал тун.
Ажаб, нечун хўрсинмас юрак,
Ажаб, нечун у сархуш бутун?
Масъудлигин недир сабаби,
Нечун борлиқ туюлмас ғариб?
Ой нурида хотира каби
Кўринади илк қор оқариб...
1982
ҚОР ТУШГАНДА ТОҒЛАРГА...
Куз оқшоми бир қора эпкин
Кириб кедди ҳазин боғларга.
Шивирлашди дарахтлар секин:
— Қор тушибди олис тоғларга...
Сарғаяди бу чоғ анғизлар,
Ўт-ўланлар — қирда, ёбонда.
Қушлар иссиқ манзиллар излаб,
Учиб кетар жануб томонга.
Чўққилардан энди кун бўйи
Қор боқади водийга яйраб.
Лекин ҳаш-паш демай у қуйи
Эна бошлар қиличин қайраб.
Пайкалларда муқим ёлғиз эл,
Куйманади — битмаган-да иш.
Одамлар гап орасида дер:
— Ҳечқиси йўқ, андак кутсин қиш
Гарчи кузак аёвли, вазмин,
Унда кишнинг замзамаси бор.
Кечалари шип-шийдон замин
Тушларига кириб чиқар қор.
1981
БИЗНИНГ ЁШИМИЗДА...
Бизнинг ёшимизда Лермонтов
Мангуликка қўйганди қадам.
Бизнинг ёшимизда кирган мангуликка
Тирик яшаб туриб Усмон Носир хам.
Бизнинг ёшимизда даҳо бўлган Пушкин,
Ўлмас зиё сочган Ҳамид Олимжон.
Бизлар эса ҳануз ғўрмиз,
Бизлар эса пишмаймиз ҳамон...
Давр узайтирди, не тонг, умримизни,
Минбаъд ҳалол бўлсин ичган тузимиз,
Баҳоримиз чўзилиб кетди бунча,
Алдаб қўймасмикан кузимиз?..
1984
* * *
Парчалади музларин анҳор,
Энди ортиқ беролмайди дош.
Қайлардадир, кетиб сўнгги қор,
Чечаклар ҳам кўтардилар бош.
Чекинмоқда рутубат, малол,
Қиров каби эрийди жимлик.
Тонг, хонамга ёғилар хушҳол
Бир даста нур — Баҳор исмлик.
1980
* * *
Қорлар кетди, чекинди аёз.
Мудрамагин, юрагим, уйғон.
Қара, майса бермоқда овоз,
Қара, куртак яйратади жон.
Қанот қоқди шимолга қушлар,
Яшил қирлар нафаси сарин.
Ушбу дамлар куйламасанг гар,
Ёлғон бари куйлаганларинг!
1983
ҚИРЛАР, СОЙЛАР ОШИБ...
Қирлар, сойлар ошиб энтиккан эпкин
кириб келди шаҳар кўчаларига...
Унга илк рўпара бўлган одамлар
танидилар ногоҳ
Баҳор шарпасин
ва мудроқ тасаввурида уларнинг
тўлқинланди ям-яшил уфқлар.
Эҳ, шаҳар катта-да,
ташвишлари мўл —
Баҳор келганини кўплар сезмади.
Лекин Баҳор, танти қалб Баҳор
ранжимади бундан заррача.
Аксинча у, бориб тонг пайти
ҳаловатсиз, гавжум бозорнинг
ташландиқ бир чеккасидаги
ўрик шохин буркади гулга.
Энди унга кўзи тушганлар
Қани ўтиб кўрсин бепарво:
ҳар ким — дидда ҳавас туярди,
бир жилмайиб ўтар эди ё!
1982
* * *
Мен умримни ташлаб қўйдим ўз маромига,
Учқур ҳаёт шиддатига беролмадим тоб.
Вужудим-ла чўмдим нурсиз бўшлиқ комига
Ва дунёда борлигимни унутдим ҳисоб.
Унутдим мен — надир туйғу, надир ҳаяжон,
Қолиб кетди танбал хаёл остида бари.
Ҳайҳот! Тағин руҳим узра ёришди осмон,
Камалақдек ёнди унда ёшлик онтлари!
1984
НАШЪАСИ ЎЗГАДИР...
Нашъаси ўзгадир ажиб наҳорнинг,
Мунгли боқишлари қорайган қорнинг...
Билсангиз, мудом мен эрта баҳорнинг
Ёрқин рангларини севаман!
Гавжум шаҳар аро юрсанг-да бу дам,
Юрагинг ҳаприқиб кетар дафъатан,
Олис болалигим ёдга туширган
Кўча чангларини севаман!
Дилга виқор солиб узаяр кунлар,
Таралар самодан найсоний унлар.
Музлар билан карахт дарёнинг тунлар
Килган жангларини севаман!
Ифор ёғдуларда яйрагай жонинг,
Беҳиштда топилмас ўтган бу онинг.
Билсангиз, дўстлар, мен кўҳна дунёнинг
Шўх оҳангларини севаман!
1979
* * *
Сенда нима гуноҳ, жажжим, мурғагим,
Не оғриқ бағрингга санчмоқда тикан?
Дардингни уқолмай йиғлар юрагим,
Ўзинг сўйламоққа эса ожизсан.
Кошкийди, озоринг айта қолсанг сен,
Бошингда ўлтириб чиқай то саҳар.
Табиат, қийнама инсон боласин,
Дардини гапира олмаса агар!
1984
* * *
Кумуш кенгликларга фалакдан гўё
Сочқидек сочилди тилло, зар танга...
Офтоб окшом чоғи таратди зиё,
Қалин қорлар узра ёқди аланга.
Яланғоч боғларни, биллур томларни
Тафтсиз оғушига босди қизғиш нур...
Аёз ўзига зеб берган рангларда
Баҳорни ёд этмоқ қанчалик ҳузур!
1984
* * *
Бу дунёда баридан
Меҳр-оқибат аъло, бил.
Бехос йўлда қоқилсам,
Ташлаб кетма, турғазгил.
Йўл олис. Ҳорсанг мен ҳам
Сенга тиргак бўларман.
Бошингта тушганда ғам,
Балки керак бўларман...
1985
УМР ЎТГАН САЙИН...
Умр ўтган сайин имконинг ортар,
Бир-бир битиб кетар каму кўстларинг.
Ҳар жиҳатдан тўкис бўларсан, фақат
Камайиб бораркан асл дўстларинг.
1985
ШАФФОФ ТОҒЛАР...
Шаффоф тоғлар...
Олмос янглиғ қор...
Титратди бир армон дилимни,
Мижжамда ёш ялтираб илк бор
Қўмсадим мен болалигимни.
Тотдим ҳаёт аччиқ-чучугин,
Кўп синовли йўллардан ўтдим...
Олмос қорга термиларкан жим,
Болалигим,
Бетингдан ўпдим.
1988
КЎКЛАМ РИВОЯТИ
Кўклам куни...
Овчи ҳам ҳайрон.
Нуқул шафқат кечиб дилидан,
Кеч кирган пайт қараса,
Не тонг...
Гул ўсибди милтиқ нилидан!
1988
ДЕНГИЗ
Келдинг сен баҳайбат уммон қошига,
Кабир денгизни илк кўришинг эди.
Бир тун қулоқ тутиб шовиллашига,
О, менга дардларин очди у, дединг.
Сенсиз чайқалганди, ахир, у минг йил,
Тағин мангу наъра тортмоқ унга хос.
Шундоқ экан, жиндак истиҳола қил,
Сен кимсан - бир тунлик меҳмонсан, холос.
1988
УМР...
Умр шундоқ шитоб —
Туйганинг чоғда
Қонингга дафъатан югуради муз.
Қара, маъсума қиз
Гул терган боғда
Бу кун хаёл сурар ғамгин аёл — Куз...
1988
ЁЗИЛМАГАН ШЕЪРЛАР
Ёзилмаган шеърлар
Қизларга ўхшар —
Бор эрур чеҳраси, бор эрур қадди.
Ҳарир ҳижоб ичра
Сулув фикрлар
Ҳар тун тушларимга кириб чиқади...
1988
СОҒИНЧ
Ложувард денгизда юмалар офтоб,
Қалқигани каби худди қизил шар...
Эсимга тушар-у айрилиқ шу тоб,
Кўксимни бир нафас энтикиш чулғар.
Денгиз оғушига кириб боргум, эҳ,
Нозли тўлқинларни босиб қўйнимга.
У эса гўдакнинг қўлчаларидек
Жажжи мавжларини ташлар бўйнимга!
1989
ДЎРМОН БОҒЛАРИ
Айни кўклам Дўрмон боғлари
Малоҳат касб этар бетакрор.
Айниқса тун ичра оқариб —
Кўриниши ғоят фусункор!
Ифор исли бу дамлар бироқ
Уфқда ёлқин ялтиллаб қолар.
Чақмоқмас у, титрама, юрак,
Тун боғларни суратга олар!
1989
ХОТИРОТ
Баҳор иси чулғар шаҳарларни ҳам,
Шафақ яллиғланар, оқ ёмғир тиниб.
Сен оромкурсига чўкканча бу дам
Хаёллар сурасан ёлғиз, хўрсиниб.
... Кўпчиган булутлар тонгдан кўк узра
Судрала ўтарлар ерга тегай деб.
Майсалар кафтида — шабнамлар нуқра,
Чучмома ёввойи қирга берар зеб.
Қисмати ноаён жажжи болакай —
Кўзларида ҳайрат билмас интиҳо;
Булутлар қаъридан сизган шуъладай
Ҳали бокирадир ундаги дунё.
Ариқлар бўйида ивирсиб, тентиб,
Шом пайти ялпизлар териб қайтар у.
Бир зум онасининг кўнглин ёритиб,
Шодумон туяди ўзини мангу.
Сарин шабадалар туннинг пардасин
Алвон шафақ сари сургани чоқда,
Болакай ниҳоят суюк отасин
Пинжида кетади ширин мудроққа...
Қалқир кўз ўнгингда ажиб лаҳзалар,
Чўмасан фараҳли дардга бир нафас.
Ким экан у гўдак — маъсум бунчалар,
Ногоҳ юрагингни ўртайди ҳавас.
Тилайсан сен унга кетмас баҳорни,
Тилайсан, у дамлар узайсин фақат.
Лекин йиллар бунга қулоқ тутарми,
Йиллар югуриқцир, йиллар бешафқат.
Баҳор қалъаларни забт этган маврид,
Тун ичра хаёллар сураркан узун,
Бехос чап кўксингга ўрмалар оғриқ,
Шивирлайсан: «Наҳот у гўдак — ўзим?..»
1984
САЙРАМ БАҲОРИ
Бўғриқиб кетади
бунда қир бағри,
жарликлар лабида наъматак — чашма.
Қуёш нурларидан
кўзлари оғриб,
йўл қарар минг бир хил чечаклар яшнаб...
1984
* * *
Шом кириб ҳовридан тушар саратон,
Пойтахт кўчалари кўмилар зарга,
Икки йигит, қўлларида чамадон,
Кириб келмокдалар шаҳарга.
Қадамлари шаҳцам, суҳбатлари гангур-гунгур,
Кўзлари ҳайратга, умидга лим-лим.
Улар истараси дилга сочар нур,
Термулиб қоламан ортларидан жим.
Учирмаларига мактабнинг бу дам
Пешвоз чиқаркин ким чиндан соғиниб?
Улар дадил ёки истиҳола билан
Босарлар қайси уй қўнғироғини?..
Илҳақ қаршилагай уларни балки
Йўлаклари қадар саришта хонадон.
Йўқ, улар билмаслар ҳали манзиратни,
Кирар уйга улар-ла бир фаришта ҳаяжон.
Эсланади шу кеч қишлоқ одамлари,
Олис хотиралар, болалик кезлар.
Йигитларнинг эса тушларига киради
Бўлажак имтиҳонлар, талаба қизлар.
Шаҳар, кибрланма ортиқ — ранжитма
Дили пок, содда ўжарлиги борларни.
Беш йил мобайнида кўтариб яшар улар
Сенинг юрагингдаги ғуборларни.
1984
ҚИРҚ ЁШ
Тўлқин-тўлқин адирлардан болаликда
Югурардик, ҳайратларга ошна эдик.
Битта қирдан ошсак, бошқа қир ортида
Не борлигин билмоқликка ташна эдик.
Улғаяркан биз рўбарў келдик бешак,
Ўркач-ўркач довонларга ушбу сафар.
Уларнинг энг баландига чиқиб боқсак,
У томони яйдоқ экан уфққа қадар.
1989
КЕМАЛАР ҚАБРИСТОНИ
Кемаларнинг қаноти йўқцир,
Учолмаслар улар йироққа.
Бир-бир ботиб борарлар энди
Қақраб ётган қумга, тупроққа.
Қачонлардир гувлаган уммон
Энтиктирмас энди уларни.
Тўфон эмас, саргашта бўрон
Олиб учар — сувмас, қумларни.
Гоҳ адашган олис булутлар
Соя ташлаб ўтиб қолганда —
Довулларни қўмсарлар улар
Ва титрарлар унсиз армонда.
Ҳайҳот! Энди теграларида
Зар балиқлар, лайли ўтлармас,
Жон сакдаб кун шуълаларидан
Кезар жондор, тўзғир хору хас.
Денгиз қаён кетмиш — кемалар
Қолди, ахир, қумларга ботиб...
Осмонларга учмоқ истарлар,
Бўлсайди гар улар қаноти!
Нима қилиб қўйдинг, эй асрим,
Кирдингми ё фоже комига?!
Айлантирма уммонларни сен
Кемаларнинг қабристонига!
1987
ОНАСАН, ТАБИАТ...
Дунё ишларидан безиб мен гоҳо,
Юрагим чекканда озор-азият.
Чиқиб кетгим келар бағрингга танҳо,
Юпанчим бўласан ўзинг, табиат.
Юксак тоғларингнинг қошида бесас
Ўйларга толаман — сокин, улуғвор.
Мовий сойларингга термилсам бирпас,
Тарқайди дилимдан кудурат, ғубор.
Яйдоқ қирларингда кезиб елвагай,
Ловуллаган кўксим совутсам дейман.
Кабир чинорларинг остида қушдай —
Толиққан кўнглимни овутсам дейман.
Тортинчоқ чечакка дуч келиб бирдан
Худди дўст топгандек кўзга сурарман.
Болалик сирдошим гиёҳлар билан
Қулф-дилим очилиб суҳбат қурарман.
Табиат, сен бунча танти ва буюк,
Табиат, сен бунча содда, бокира!
Сенинг кошонангда нифоқ-низо йўқ,
Хусуматни билмас даргоҳинг сира.
Сенда беғараздир сафдош дарахтлар,
Ёбонингда гуллар ҳусн талашмас.
Бари бир-бирларин суяр, ардоқлар,
Зинҳор бир-бирига завол тилашмас.
О, улуғ табиат — мўътабар хилқат,
Боқий удумларинг зикр этдим бир он.
Сен сўнгсиз фараҳга ёр эдинг, фақат
Бузди ҳаловатинг тамакор инсон.
Ахир, каж тафаккур, кибр, юҳо нафс
Олдида ожиздир уммон ҳам, тоғ ҳам.
Бу кун коинот ҳам топди-ку шикаст,
Заҳарга йўғрилди тошу тупроқ ҳам.
Аммо сен исёнлар қилмайсан нечун —
Ютасан ҳар қачон ичга қаҳрингни?!
Ахир, онасан-да — фарзандинг учун
Очмоқчи бўласан мудом бағрингни.
Табиат, сен — мангу таскин ҳам шифо,
Инсонга ўзингни тутмагансан ёт.
Лекин қачон кенглик топиб бу дунё,
Сендан ибрат олиб яшар одамзод?!
1987
БИЗЛАР ЭНДИ ДЎСТМАСМИЗ...
Энди қалбни маст қилмас меҳр,
Туйғуларга қўёлганмиз чек.
Бизлар энди дўстмасмиз, лекин
Кўришамиз эски дўстлардек.
Гарчи ҳар вақт изиллайди жон
Тортиб кўнгул зуғумларини,
Аммо бизлар сақлаймиз ҳамон
Эски дўстлик удумларини.
Нима бўлган ўзи — рўйирост
Айтолмаймиз иккаламиз ҳам.
Юрсак ҳамки мудом дўстга хос,
Бегонамиз энди чинакам.
Аёндирки — орада зимдан
Бир хиёнат содир бўлгани.
Совидиг-у бир-биримиздан,
Юравердик ичдан тўлғаниб.
Учрашганда сир бой бермайин,
Яширсак ҳам кўзларимизни,
Бироқ қалин жўралардайин
Тутдик доим ўзларимизни.
Уринмайлик энди ҳар қанча,
Асил ҳолга қайтоламизми?
Кимдадир айб бўлса, мардларча
Аччиқ-аччиқ айтоламизми?
1987
ХУДБИН ОДАМ
Ёнар унинг юрагида қора аланга,
тикан каби кўзларида зарра ҳиммат йўқ.
Бу туйғуни аллақачон ямлаб юборган
ўша қора аланганинг
юҳо тиллари.
На меҳрни, на шафқатни билади қалби,
биров дардин англай олмас дилдан ҳеч қачон.
Ахир, ғаму ғуссаларнинг муз парчаларин
бу аланга йўлатмагай ўзига зинҳор.
Мижжалари кўз ёш таъмин туймас тоабад,
қандоқ туйсин,
қақратмишдир ул қора оташ.
Ложувардмас юрагининг осмони асло —
қоплаб ётар
ўша бадбин олов дудлари.
Бир қаролик урмиш унинг юзига ҳатто...
Қачонлардир захил қалбнинг зулмат тўрида
тафт бахш этиб,
милтиллаган жимит қора чўғ
айланмишдир энди улкан қора ёлқинга.
Вужуд эмас у кўринган — қора аланга.
Яқинига бормоқ хавфли — ямлаб юборар
у риёкор аланганинг
мараз тиллари.
1987
ЁЗ ТОНГЛАРИ
Ёз тонглари — осуда тонглар...
Қанотларин ёзган оқ эпкин
Самоларга парвоз қилар-да,
Юлдузларни сўндирар секин.
Олис тоғнинг чўққиси узра
Товланару олтин ёғдулар,
Айланади кумушга, зарга
Дарёдаги қорамтир сувлар.
Тонг мўралар жарликларга ҳам,
Қучар даштни унинг илк нури.
Дарахтзорлар уйғониб бирдан,
Босар тағин қушлар чуғури.
Куннинг боши - сўлим ондир бу,
Ахир, ҳали юксалиб офтоб —
Аямасдан оташ қуяр-у,
Еру кўкни қилар жингиртоб.
Ёз тонглари ҳамиша сокин,
Баҳра олар боққан нигоҳлар.
Билсалар ҳам кундуз - дўзах чин,
Қутлар уни гуллар, гиёхдар...
1987
* * *
Жазирама кунлар ўтиб кетибди,
Жунжикиб уйғондим бир куни тонгда...
Руҳим алланечук туйғудан яйраб,
Ланг очиб ташладим деразаларни.
Ташқарига боқсам — Куз!
Биласизми,
шунда илк куз ҳавосин
Симираркан нелар тушди ёдимга?
Болалигимни мен эсладим дастлаб,
Энди қўлим етмас ширин онларни...
Ахир, куз умрнинг қайтмаслигидан,
Йиллар шитобидан сўйлайди яккаш.
Кейин нималарни эсладинг, дерсиз?
Шаффоф тоғ, биллур сой, қат-қат хазонлар,
Ҳовлиларда ранги ўчган гуллар, райҳонлар...
Эҳ, бунчалар совуқ гулга кузнинг оғуши,
Аёзларга тоб беролмай, унниқар шўрлик!..
Биласизми, яна нелар кедди ўйимга?
(Сархушлигим боиси ҳам балки шу туйғу!..)
Куз тўкинлик рамзи эрур Ўзбекистонда,
Энтикади шан-шукухдан далалар, эҳ-ҳе!
Пайкалларнинг адоғида — олис-олисдан
Эл заҳмати — чўнг хирмонлар ўсиб кун-бакун
Тоғлар қадар юксалишиб таратса нуфуз,
Кувонмас қай кўз?
Жазирама кунлар ўтиб кетибди,
Жунжикиб уйғондим бир куни тонгда...
1980
МАЪЮС БОЛА
Ёғду сочар, ялтирар
Гўдакнинг қалб олами...
Лекин юрак қалтирар
Кўриб маъюс болани.
Ўйиндан бош тортиб у,
Четга олар ўзини.
Катталарга хос қайғу
Чулғамишдир кўзини.
Гарчи ҳали норасо,
Жимит эрур жуссаси,
Мос келмас унга асло
Дилидаги ғуссаси.
Кўзингдаги нечук мунг,
Килгин, ахир, ҳавола!
Этдинг-ку бағримни хун,
Индамас, маъюс бола!
Гўдак борки — гул исли,
Кўнглинг қилар саришта.
Лекин турар у мисли
Яраланган фаришта.
Дейман, қувнаб-кул, ахир,
Тўк ё майли, ёш-жола.
Ҳасратингда нечук сир,
Айта қол, маъюс бола?
Ўйлайман — эҳ, дунёда
Борми ўзи адолат!
Қилмиш уни ғамзада
Қай ғусса, қай разолат?!
Отиб диддан нолани,
У гўдакдек кулмас, эҳ!
Кўриб кекса болани
Яшагинг ҳам келмас, эҳ!
Ҳей, тонмангиз! Қай гўдак
Заррача оҳ чекса гар,
Гуноҳкор бунда, бешак,
Биз ўзимиз — катталар!
Айбга ботиб биз гоҳо
Ўзни кечирган тобда —
Кечирмас улар асло,
Ёзғирарлар азобда.
Маъюс болага энди
Рўпара келган они,
Дейман уни — кимнингдир
Бўзлаётган виждони!...
1988
* * *
Тош деворлар исканжасида
Унутибман осмонни андак.
Кўз ташласам бир маҳал — унда
Сузар эди булутлар лак-лак.
Қараб бағри жунбуш фалакка,
Кетди бир зум бошим айланиб.
Сўнг боқцим-у ерга, йўлакда
Кўрдим тошни ёрган майсани.
Ниманидир туйиб илк марта,
Муз юрагим бирдан эриди...
Эҳ, кўксимга тўлди шу лаҳза,
Олис-олис далалар ҳиди!
1988
ТАСКИН
Кўксинг қонатганда ҳасратлар чандон,
Ғамлар юрагингни қилганида хун,
Заққумли тун ичра очиқ дарчангдан
Самоват қаърига термил сен бир зум.
Англарсан, худудсиз каҳкашон аро
Тўкилар ёғдуга эврилган шу сас:
— Ғам-ҳасрат — абадий, умр — бебақо
Шундоқ экан, фиғон чекаверма, бас!
1988
МОВИЙ ТУТУН
Осмон кўм-кўк, ер кўм-кўк,
Теварак кўм-кўк бутун.
Ўрларди, эҳ, юксакка
Бир тола мовий тутун...
Қир устида мен унга
Сеҳрланиб боқцим лол.
Эди у мисли жилға —
Самодан оққан зилол.
Юрагимни куйдирди
Ажиб туйғу шу нафас.
Адирнинг этагидан
Тараларди сурон-сас.
Бағри юмшоқ кўкламнинг
Нурларига чўмиб илк,
Ҳайкирарди пастликда
Гард юқмаган болалик.
Боқдим унга мен бир зум
Ғойибона сирлашиб...
Ўрларди кўкка тутун
Печакгуддай чирмашиб.
Балки жимит оловда —
Бўз болалик ризқ-рўзи;
Яшил мавжли яйловда
Ивирсирди қўй-қўзи.
Бу аснода қуёш ҳам
Жим жилмайиб боқарди.
Эҳ, кўк тутун фалакка
Маъсум куйдек оқарди.
Тутунми бу ё суврат,
Кўз яйрар боққан сари.
Таратар уни фақат
Болалик гулханлари.
Осмон кўм-кўк, ер кўм-кўк,
Теварак кўм-кўк бутун.
Ўрлар юксак-юксакка
Бир тола мовий тутун.
Бетакрор завқ юракда
Бир қадрдон куй чалар!
Мовий тутун юксакда
Хотиротдек чийралар...,
1988
ТУНУ КУН...
Тепамдан залворин ташлар чўнг фалак,
Пойимда — бешафқат курраи замин.
Туну кун мен шўрлик бўлиб жонҳалак
Ейман ўзим учун мангулик ғамин.
Бу фоний умрдан қолдирай деб из,
Унутаман — нима ором, нима бахт.
Юрагим қайгадир шошар тинимсиз,
Елкамда қамчисин ўйнатади Вақт.
1989
БАҲОР ТАШРИФИ
Баҳор ташрифидан севинмай нега,
Буткул янгиланиб, яшнади олам.
Қарасам, уст-бошинг тор келиб сенга,
Бўйларинг чўзилиб қолибди, болам!
Байрамнинг шукуҳи борлиқда бу кун,
Бунча энтикасан, юзлари лолам?
Кўчага чиқаман дейсан, мен — дилхун,
Оёқ кийиминг ҳам тўзғибди, болам!
Музларни ёритди офтоб нурлари,
Гоҳ севинч, гоҳ ғамдан кўзда ёш-жолам
Бунча аччиқ экан турмуш дегани,
Мен тотдим заҳрини, сен тотма, болам!
Бу кун теваракда навбаҳор сайли,
Менинг-чи, бўғзимни қитиқлар алам...
Уст-бошим тўзган деб ўксима, майли,
Умринг тўзғимасин ҳеч қачон, болам!
1994
* * *
Улоқтирди жандасин очун,
Қанот қоқди мискин юраклар...
Жарликларда қор йиғлар юм-юм, —
Саъва каби сайрар куртаклар!
1988
* * *
Тарновларда сумалак синди,
Энди аёз ваҳимасин қўй.
Қиш ортига қайтмайди — энди
Ёққан қор ҳам таратар хуш бўй.
1981
ХАЙРЛАШУВ
Ғалати удум бу - хайрлашаркан,
Одамлар денгизга ташларлар танга.
Эмишки, қайтмоқлик насиб қиларкан
Тағин ушбу соҳил, ушбу масканга.
Мен ҳам сафар қариб — тонгда бир нафас
Тўлқинларга боқиб ғамгин, лол турдим.
Аммо бунда фақат тангалар эмас,
Юрагим меҳрин ҳам қўшиб қолдирдим.
1989
АТИРГУЛ ВА ЮЛДУЗЛАР
Қисмат умидларим совуриб буткул,
Эсганда бағримга дам-бадам музлар,
Ерда — нигоҳимни ўпар атиргул,
Кўкда таскин берар менга юлдузлар!
1989
* * *
Юрагим ғаш уйғондим бу кун,
Тонг бетидан қочган эди қон.
Деразамнинг остида эпкин
Гулбарглардан уюбди хирмон.
Садарайҳон ҳовли саҳнида
Сўйлар эди сўнгги розини.
Дилим титраб ҳис этдим шунда
Масъуд кунлар инқирозини.
Ўзимга мен гарчи десам ҳам —
Ўткинчи бу кўнгил ғашлари,
Тараларди лекин фалакдан
Турналарнинг мунгли саслари.
1987
РАНГЛАР
Болалигимда рангларни севардим.
Қизил ранг чўғдек босиларди кўзимга.
Эсимда:
қизғалдоқзор, қизил дурра,
қизил кўйлаклар —
уларни кўрганда орзиққанларим...
Яшил ранг мунислик рамзи эди мен учун.
Яшил дарахт,
яшил қирлар,
ям-яшил майса...
Яйрар эдим бу ранг оғушида.
Мовий ранг мурғак тафаккуримга
ажиб тиниқликлар соларди,
у мени улғаймоққа чорларди.
Мовий ранг осмон ранги эди мен учун.
Сариқ, қўнғир ранглар
у маҳаллар
бир мунг юқтирарди кўнглимга, —
кузги боғлар,
тунд далалар тусида
кўриниб менга.
Фақат қора рангни ёқтирмас эдим.
Кўнглимни ғашлайди бу ранг ҳозир ҳам.
Оқ ранг-чи?!
Оқ ранг?!
Таажжуб қиламан,
болалигимда
наҳот илғамаган оқ рангни кўзим?
Йўқ, йўқ!
Билмаганман у дамлар қадрин
оддий оқ рангнинг.
Бу кун
оқ ранг мен-чун — энг азиз, тансиқ.
Кўзимга суртаман,
яйраб кетаман,
кўрсам дафъатан.
Чунки оқ ранг
фақат юракларда бўлар экан!
1983
ОНАЖОН
(Шу номли туркумдан)
Онам МАСТОНБИБИ МАДҚОСИМ қизининг
ёрқин хотирасига бағишлайман.
I
Шу ёруғ дунёда шукрона айтсам,
Аввало мен сизни қилажакман ёд.
Тушганда бошимга маломат ва ғам,
Сизни эсга солар шундоғам ҳаёт.
Азиз айёмлару бегим кунларда
Тавоф этадирман мен сизни бирдек.
Меъёру ҳад аён ҳамма нарсада,
Лекин эҳтиромим менинг билмас чек.
Ахир, меҳрдан ҳам не бор улуғроқ —
Ёғдуга чулғар у қалбдаги унни.
Сизга садоқатда кўраман ҳар чоқ
Мен ўз умримдаги теран мазмунни.
Онажон, яшадим демасман мутлоқ
Сизни ёд этмайин ўткарган кунни.
II
Қўлимдан келсайди - қуёшни шу зум
Занжирлаб ташлардим осмон тоқига.
Токи тугамасин энди асло кун,
Токи кетмасин у йўклик чоҳига.
Ер шарин, қўлимдан келсайди агар,
Тўхтатиб қўярдим жойида бир қур.
Токи алмашмасин унда фасллар,
Токи ошиқмасин югурик умр.
Қўлимдан келсайди - қудратли Вақтни
Олдга силжитмасдим бир сония ҳам;
Кўрай келажакда мен нечук бахтни,
Аксинча, дилимга бот-бот тушар ғам.
Йил сайин онамнинг сочи оқарар,
Бешафқат вақт қаддин дол этиб борар.
III
Ҳалол яшамоғим шарт энди менинг,
Токи ғуруримга қўнмасин ҳеч гард.
Ўзимга масъулман ҳар қалай, лекин
Онам шаънини ҳам ўйламоғим шарт.
Онт ичгум - бўлурман ҳаргиз очиққўл,
Лутфим аямасман ғанимдан ҳатто.
Гарчи ўзимга-ку эмасдир маъқул,
Бу ишим онамга хуш келар аммо.
Эзгуликни дерман мен энди минбаъд,
Феълимда каж хислат токи йўқ бўлсин,
Ғам-малол чекмасин ҳеч қачон мен деб,
Токи онам кўнгли мендан тўқ бўлсин.
Токи яхшилар-ла эш бўлсин отим,
Онам ифтихори бўлсин ҳаётим.
IV
Онажон, у қандоқ хуш дамлар экан —
Сиз ҳали навқирон, ёш бўлган чоғлар!
Менга туюлади ўша кезлар шан,
Гўё йўқдек унда армонлар, доғлар.
Лекин сиз у олис йилларни ҳар гал,
Биламан, эслайсиз кўз ёшлар ила.
Биламан, шу ёруғ кунларни маҳтал
Кутгансиз тўзиму бардошлар ила.
Эҳ, мен-чи хаёлан қайтаргим келар
У қайтмас дамларни бир зум, онажон, —
Хусусан, сизни дард қийнаган пайтлар,
Хусусан, хасталик хуруж қилган он.
Ёшлигингиз сизга — балки оғир туш,
Менга-чи, дардларга ўжарлиги хуш...
V
Туғилган юртимни муқаддас англаб,
Она, номингиз-ла қўшиб атайман.
Сизга топингандек ҳар қандоқ дамда,
Мен унга фидойи бўлиб яшайман.
Танҳодир дунёда мўътабар элим,
Тонмоқликка наҳот бордир баҳона?
Тоабад мен унга эҳтиром қилиб,
Номингизни қўшиб айтаман, она.
Мен учун фахрдир на мулк, на бисот,
Аммо сиздан мерос буюк тилим бор.
Онажон, у менга - тириклик, ҳаёт,
Онам тили дея қилгум ифтихор.
Юртим, элим, тилим демас бўлсам мен,
О, арзир — яшашдан кўра ўлсам мен!
VI
Мен учун мўътабар бу қадрдон йўл,
Онам дийдорига чорлайди ҳар чоғ.
Эъзозлидир унда мен-чун ўнгу сўл,
Ҳатто уфқ узра ёнбошлаган тоғ.
Руҳимни эркалар поёнсиз адир,
Энтикиб боқаман кенг далаларга.
Хаёлларим ила синггандир бир-бир
Юрагим бу ошно манзараларга.
Дунё сирларидан ахтариб маъно,
Тоғ қошидан ўйлар суриб ўтаман;
Этдимми фарзандлик бурчим деб адо,
Ўз-ўзим-ла баҳслар қуриб ўтаман.
Ҳар гал бу қадрдон йўл-манзаралар
Менинг туйғуларим поклар, саралар.
VII
Қарилик қисмати шундоқ азалдан,
Кўнгилни сарафроз этмагай сира.
Унинг дардларига кор қилмас малҳам
Хотира ҳам торта бошларкан хира.
Зимдан термиламан баъзан онамга
Дилгир, изтиробкаш хаёллар аро.
Кўринсалар ҳамки ҳали бардамдай,
Сўзидан адашиб қоларлар гоҳо.
Хотирага қўнган йилларнинг занги
Заҳрин зоҳир этиб қўяр бу дамда.
Ўтирсалар ҳамки, турсалар ҳамки,
Ҳаргиз дуосини килмаслар канда.
Ушбу одатларин сақлаб зиёда,
Онам янглишмаслар зинҳор дуода.
VIII
Гарчи юрагини чирмаса-да ғам,
Эзса-да бағрини дард-алам қат-қат.
Онам ўйламаслар ўзларин ҳеч ҳам,
Менинг ташвишимни қиларлар фақат.
Дерлар, узоқларда ғамхўринг йўқ, бил,
Ожиз қолганингда сени қўлларга...
Шунданми, насиҳат қиларлар нуқул,
Кириб кетмагин деб ёмон йўлларга.
Ҳар гал куюнарлар - рангларинг бир ҳол,
Гапларим қулоққа илмайсан тақир...
Дейман, бу пандлардан туйгандек малол,
Ёш бола эмасман мен энди, ахир!
Лекин онам буни ҳеч олмаслар тан,
Гўдакман онам-чун қирққа кирсам ҳам!
IX
Мен асл дамларни бой берибман, эҳ,
Бебош ҳавасларга бўлиб андармон.
Энди пушаймоним дилда билмас чек,
Кемирар бағримни энди зил армон.
Бу кун рўзгорим гарчи йироқда —
Сизга ичикаман, ғамингиз ейман.
Ва ғўр йилларимни тутиб сўроққа,
Ўзимни тергайман, сўнгсиз койийман.
Ахир, нега ғаму дардларингизни
Бағрингизда юрган кезлар билмадим?
Хок-пойингиз бўлиб, о, нега сизни
Бошга кўтармадим, эъзоз қилмадим?
Мен ношуд ўзимни кечирмасман ҳеч,
Она, қадрингизни англаб етдим кеч!
X
Кеча хаста онам қошидан қайтдим,
Юрагимни эзар бир ғашлик ҳамон.
Тикиламан баҳор осмонига жим,
Зулмат гумбаз каби кўринар осмон.
Қадамим бураман сўнг хилват боққа,
Дилдан машъум ғашлик тарқар деб, зора
Лекин йўлак узра тўхтайман таққа,
Пешвоз чиқар менга гуллар — қоп-қора.
Не ҳол бу, қай томон ташламай кўзим,
Борлиқ қора либос кияр пайдар-пай.
Хаёлим кунжида кўринар шу зум
Қоп-қора телефон — жаранглашга шай.
Телефон, ўтинчим тингла бир сафар:
Келтир қишлоғимдан сен ёруғ хабар!
XI
Ўша ғамли айём ҳали ёдимда,
Ўлтирардим онам бошида дилгир.
Бехос қулоғимга чалинди шунда
Ичкари уйдаги бир шивир-шивир.
Шу пайт кўзимга кун қора нур сочиб,
Ҳис этдим дафъатан мен тубсиз жарни.
Янгаларим онам сандиғин очиб,
Ёймишдилар қора саруполарни...
О, ҳаёт йўриғи бунча беомон,
Танидим ўшанда илк бор андуҳни.
Бағримга қон силқир эсласам ҳамон
Қалбда қолган ўша битмас чандиқни.
Тақдир, ўтинаман — очма ҳеч қачон
Қора саруполар тушган сандиқни!
XII
Онажон, меҳрингиз соғиндим жуда,
Нафақат меҳрингиз, кўнглим ушбу дам —
Қўмсар ўйинқароқ болалигимда
Кўп бор эшитганим пандларингиз ҳам.
Қўрқиб ўйлайман гоҳ — мени вакт баттар
Қилиб қўймадими сангдил ё сипо?
Онажон, ўзгариб қолган бўлсам гар,
Терганг ва уришинг, аяманг асло!
Номим пок сақлаш-чун онт ичганман, лек
Қўнган бўлса агар унга гард-доғлар,
Мени қаттиқ койинг койиганингиздек —
Оппоқ кўйлагимни кир қилган чоғлар.
Она, пандларингиз қўмсайман бот-бот,
Улар мени асрар, қилар эҳтиёт.
ХIII
Ҳайҳот! Содир бўлди ўша мудҳиш он:
Телефон ярим тун келтирди хабар:
Баногоҳ дарз кетди юлдузли осмон,
Чеккан фарёдимдан қорайди саҳар.
Англадим — алам ҳам билмас экан чек,
Чирмади кўксимни чексиз андуҳ-ғам.
Жаранглаб очилди мотам бонгидек
Қора саруполар тушган сандиқ ҳам.
Бу не ёзуғинг, эй бағри тош фалак,
Онамни берсам-а тупроққа, ҳайҳот!
Қачондир талпиниб эдим жонҳалак,
Энди изларин ҳам топмасам наҳот!
О, энди онамни куйлаб беармон —
Битган шеърларимни ўқиб йиғларман!
XIV
Беюпанч, бетоқат ҳовлига чиқдим —
Ич-ичимни ўртаб онам азаси.
Кеч куз ҳасратларин тинглаётган тун —
Бағрига жо эди мотам нафаси.
Ажиб чарақларди юлдузлар аммо,
Ойнинг ўроғидан тўкиларди зар.
Суқланиб боқардим бу фусунга, о,
Мен онам пинжига кириб бир кезлар.
Ушбу тун фалақда ҳуру фаришта
Ваъдалар қиларди гўё ҳаловат.
Дорилбақо саҳни эди саришта,
Кирганди самога сирли тароват.
Балки таскин, юпанч бўлса деб зора,
Онам юлдузларга бергандир оро...
XV
Нетай, дийдаси тош, бешафқат ўлим
Орамизга мангу жудолик солди.
Энди менга ёлғиз тасалли бўлиб,
Қалбимдаги ўчмас сиймонгиз қодди.
Гарчи энди мен-чун фахр ҳам таскин
Сизни кўрганларнинг эзгу сўзлари,
Ҳар гал ич-ичимдан йиғлатар лекин
Опам ва укамнинг мунгли кўзлари.
Йўқлаб йироқлардан келдим мен яна,
Айрилиқ тиғидан бағрим тилинди.
Қадрдон ҳовлига кирганим лаҳза,
Онажон, ўрнингиз қаттиқ билинди.
Бир фарёд қайтадан тидди жонимни:
«Энди қайдан топай меҳрибонимни!..»
XVI
Дуркун оиламиз тароватига
Раҳна сололмасди ҳеч бир ғам асло.
Масъуд кунларимиз ҳаловатига
Ҳавасда боқардим мен ўзим ҳатто.
Ҳайҳот, онам офтоб янглиғ ботди-ю,
Қалбларга ғам-ғурбат ташлади соя.
Тоғ ҳам парчаланиб кетаркан, ёҳу,
Қуласа ундаги энг баланд қоя.
Шу ҳовли улғайтган зурёдлар энди
Наҳот бир-бирига бўлиб борар ёт?!
Шаффоф қалбларимиз дарз кетди, синди —
Қонунингми бу ё қаҳрингми, ҳаёт?!
Она кетса бахт ҳам кетар очундан...
Етимлар бўзлаши, эҳтимол, шундан!
XVII
Дўстимнинг бошига тушди мусибат,
Шўрлик оҳлар урар, куяр дамба-дам.
Бу нечук қайғудир, бу нечук ҳасрат —
Ахир, менга кўпроқ аён ҳаммадан.
— На чора, бандалик... — юпатдим, қучдим,
Ёшли кўзларидан жисмим титради.
О, ўзим шу нафас кечмишга учдим,
Оғир дардга қайта чалинган каби.
Дўстим ёзғирарди: — Менинг онамдек
Йўқ эди дунёда меҳри дарё зот...
Эшитар эдим-у бу фарёдни тек,
Кўнглимдан ўтарди: «Шундоқдир наҳот?!»
Йўқ, бўлмаган, дейман дард ичра ёна,
Менинг онамдайин ғамгусор она!
XVIII
Менинг ғам чекмоғим мумкинмас ҳануз,
Фарёд хуруж қилса, ичга ютаман.
Аламлар йўлимни тўсса — буриб юз,
Хатарлар чоҳини четлаб ўтаман.
Ҳаёт бу — тош сўқмоқ, қоқилсам бехос,
Ёш тўкмоғим менинг мумкинмас сира.
Кўксим ичра бўрон турса ҳам рўйрост,
Чеҳрамни ҳеч қачон тарк этмас жилва.
Тийра хаёллардан чекмай деб озор,
Х.ар кеч ёлбораман: «Уйқу бергин, тун!..»
Ўзимни ўзим-чун асрамам зинҳор,
Бари азбаройи ёлғиз сиз учун!
Гўё сиз ҳаётда борсиз ҳали ҳам,
Ёзғирасиз рангим сарғайтирса ғам.
XIX
Сизни кўп ахтарди бу йилги баҳор,
Чечаклар келтирди, суюнгайсиз деб.
Зора кўринса деб сизга фусункор,
Қишлоқ қирларига берди ҳусн-зеб.
Сўнгра новдаларга гул тақди шоён,
Шомлар алвон шафақ бўлиб порлади.
Қушлар чуғурига қўшилиб чандон,
Боғлар оғушига сизни чорлади.
Лекин тополмади, тополмади, о,
Изларингиз излаб ҳолдан ҳам тойди;
Остонамиздан у боқиб бенаво,
Ёмғир сочларини тун ичра ёйди.
Ва ниҳоят бир тонг — шудрингда музлаб,
Келтирди гулларин қабрингиз узра ...
XX
Гоҳ кечар руҳимда шундайин ҳолат:
Гўё кетмагансиз риҳлатга зинҳор —
Сиз мудом олисда ва мен бетоқат
Дийдорингиз қўмсаб соғинаман зор.
Узилиб кетолмам ҳаргиз сиз томон,
Гўё муҳим ишлар йўлимни боғлар.
(Афв этинг, ёлчитмас эдим, онажон,
Оддий бурчимни ҳам сиз тирик чоғлар!)
Йўқ, мудом туймасман сизни ҳижратда,
Йўқ, сиз кетмагансиз — борсиз, ҳаётсиз.
Гўё қошингизга етгум, албатта,
Мен муҳим ишларим якунлаган кез.
Зотан бор умрга муқаррар якун,
Дийдор кўришгаймиз бизлар ўша кун.
XXI
Илк бора ўксидим шоирлигимдан,
Афсус-надоматлар чекдим мен қаттиқ.
Ёнингизда бўлмоқ истардим ҳар дам,
Лекин бўлолмадим, ўзимдан ортиб.
Жонингизга ора кирдимми бир бор?..
Энди шу сўроқлар бағримни эзар.
Кўпроқ эл-юрт учун бўлдим-у дастёр,
Сизга-чи — шеър битдим соғинган кезлар.
Халқнинг дарди дея чекдим-у азоб,
Сизнинг дардингизни сўрай олмадим.
Сизга қасидалар битдим беҳисоб,
Афсус, зеб-зийнатга ўрай олмадим.
Эвоҳ, қабрингизга тош қўйдим бу дам —
Қасидаларимнинг қалам ҳақидан!
XXII
Сиз кенжа зурёдим кўрмай кетдингиз,
Турфа туйғуларда бўлдим мен талош.
Бир ён — мужда, бир ён — аччиқ ҳажрингиз...
Бехос кўзларимдан тирқиради ёш.
Нораста вужудга термилдим бир он,
Йўргакда ётарди парча эт, тийрак.
Уни улғайтирмоқ учун, бегумон,
О, ҳали қанчалар куйманмоқ керак!
Ҳали кутар олдда уйқусиз тунлар,
Оғриса — қўшилиб оғриш у билан...
Онажон, мен деб сиз чеккан дард-мунглар
Бир сидра ўйимдан кечди дафъатан.
Бир зум ҳаммасини эсимга олдим
Ва кўзим ёшларин тиёлмай қолдим...
XXIII
Сафар тараддудин кўраркан бу гал,
Ажаб, юрагим ҳеч ғашлик билмади.
Ҳаттоки манзилга қўнганим маҳал
Масофа ваҳми ҳам бағрим тилмади.
Бу гал учқур хатлар йўллаб дамба-дам,
Бот-бот хавотирнок симлар қоқмадим.
Шомлар ёт осмонга ой чиққанда ҳам
Сизни ёдга олиб бедор боқмадим.
Бу гал ҳажр ўтида қоврилмади дил,
Кўтармади юрак дафъатан ғовға.
Ва мен ёт шаҳарда тентиб астойдил
Сиз-чун ахтармадим бирон-бир совға...
Оҳ, мен ҳаприқардим сизни деб ҳар он,
Энди у даврлар қайтмас ҳеч қачон!
XXIV
Йиллар бунча учқур — ўтар уриб чарх,
Кеча баҳор эди, бугун ғужғон қор.
Ҳар фасл қилар-у хаёлларга ғарқ,
Фақат қиш кўнглимга ташлар мунг-озор.
Ойнадан қарайман, аччиқ изғирин
Кўчада оқ ёлин тўздириб елар.
Дилдирар аёзда дов-дарахт мискин,
Бу пайт тош-метиндек музлайди ерлар.
Эсимда: болалик, кулба, қаҳратон...
Зотилжам қийнарди сизни туну кун.
Шунданми, мен қишни кўраман ёмон,
Шунданми, у мудом дилим қилар хун.
Шунданми, ғашланар кўнглим шубҳасиз,
Қишда гўё мудом сиз дард чекасиз.
XXV
— Қара, тўрт томонинг — тоғлар пурвиқор,
Шифобахш маскан бу — ложувард ҳаво!
— Бас, менинг кўнглимни яйратмас зинҳор
Онамнинг қадами етмаган маъво.
— Қара, бу булоқмас — ҳовуч-ҳовуч нур,
Ундан ичган танда ғубор ётмаган!
— Менинг учун қандоқ мўътабар бўлур,
Ахир, онам ундан бир бор тотмаган.
— Қара, бу не шукуҳ — жарлар тубидан
Ёл тараб югурар ёввойи сойлар!
Фақат юрагингда сенинг кадар-ғам,
Сенга жўндир мудом бу кўрк-чиройлар...
— Оҳ, нетай, кўнглимга беролмас малҳам,
Онамнинг назари тушмаган жойлар.
XXVI
Кўксимда ғам-ҳасрат жунбуши тинди,
Мижжамни кўз ёшлар куйдирмас бот-бот.
Руҳимга ниҳоят ҳаловат инди,
Балки таскин берди, юпатди ҳаёт.
Эритди нимадир кўнглимнинг музин,
Жудолик ҳасрати — аччиқ хотира
Мунғайсам, қошимда гиргиттон қизим,
Мени еру кўкка ишонмас сира.
Ҳаёт омадлардан гарчи қисмади,
Гарчи умр ғазнам - олқиш, ҳамд-сано;
Мен-чун нурланмасин нечоғ қисматим,
Оддийгина шу бахт баридан аъло:
Она, тақдир мени сийлади юксак,
Қизим сизга ўхшар, бирам куюнчак.
XXVII
Тўкилди қоғозга шеърларим бир-бир,
Қолдими юрақда айтилмаган ғам?
Аммо ҳижронни мен этиб кўп зикр,
Кўнглим ҳамрозидан сўз очмабман ҳам.
Олтин остонамиз у босган кезда —
Келинлик либосин қай кун ёпинди,
Ота маконимга, онажон, сизга
Менинг қаватимда туриб топинди.
Билдим умр — синов, ҳар кун — бир довон,
Сочга оқ қўнмоқда, дилда — ҳой-ҳавас.
Бизлар бир-биримиз авайлаб ҳар он,
Нурли айёмларга ета олсак бас.
Шояд севганимдек мен сизни, она,
Бўлса болаларим унга парвона.
XXVIII
Қабристон ёнидан ҳар гал ўтганда
Сездирмай кўзимнинг ёшин артаман.
Эзгу одатимни қилмайин канда,
Дуо ўқиб кафтим юзга тортаман.
Сўнгги рухсорингиз ёдимда мангу,
Тасаввур қиламан шундоқ ҳар дафъа.
Инсон кўз юмгач йўқ бўлар дерлар, бу —
Худосизлар ўйлаб топган фалсафа.
Гоҳо ҳаприқириб қўйганда ҳаёт,
Гоҳо дил тўлганда алам-ангизга,
Сўраб ўзингиздан йўриқ ва нажот,
Келаман бош эгиб сағанангизга.
Мен учун йўқ бўлиб кетмассиз зинҳор,
Қўллайсиз ҳар ишда бўлиб мададкор.
1987-1991
БАҲОР ОҚШОМИ
Тўшалади ажиб бир оқшом,
Оқ ҳарирга ўранар боғлар.
Кўклам иси таралиб ҳар ён,
Алланечук яйрар димоғлар.
Тўкилади ойнинг нурлари
Маъсум боғлар узра басма-бас.
Умрнинг энг теран сирлари
Тилсимларин очар бу нафас.
Юлдузларда ҳавас уйғотиб,
Сочларини ёяр настарин.
Қора шойи еллар қаноти
Олиб келар сурнай сасларин.
Фалакларда чайқалар наво
Ой зар тўккан адирлар мисол.
Қайлардадир мавжланар сафо,
Кимларгадир қисмат ишқ-висол...
Сурнай йиғлаб руҳингда ҳар гал,
Қўзғарди-ку йиллар армонин...
Қишлоқ... тўйлар... чеҳралар ял-ял...
Юрақда илк севги туғёни...
Сен сайлаган нигоҳлар қайда,
Қайда ўша лутфлар жайдари?
У дамларни топмассан қайта,
Армонларга эврилди бари.
Тийра ҳислар туғёни аро
Оқар экан юрак билмай тин,
Боғ қўйнида қотасан танҳо
Гулламаган дарахтдек мискин.
Балки ҳали кўклам виқори
Солиб улгурмади ларзонлар?
Йўқ, йўқ, тўкмиш сенинг баҳоринг
Қийғоч гулин аллақачонлар.
Қайлардандир таралган сурнай,
Базм, алёр — элас ва элас,
Вужудингни сеҳрлар тинмай,
Издиҳомга чулғар бир нафас.
Нега ёдга тушиб ёшлик он,
Шуурингга титроқ солмас заб?
Энди сурнай ноласи гирён
Тилкаламас багрингни, ажаб?
Илк муҳаббат армонин, ҳатто
Эзгу ёдин отиб нарига,
Оқиб кирар янги бир сафо
Юрагингнинг ўзанларига.
Севги сен-чун эмас ёлғиз бахт...
Бу иштибоҳ, ажаб, қачондан?
Ошиб ўтдинг қай пайт, қайси вақт
Бу ғалати, сирли довондан?
Унутилиб ғамлар сарбасар,
Ўчиб ҳатто армонлар саси,
Туғиларкан ажиб ҳаваслар...
Умрнинг бу нечук палласи?
Жунбушлардан бебаҳра, холи —
Турсанг ҳамки дарахтдек бужур,
Ниҳолларнинг кўрки — камоли
Юрагингга бахш этар ҳузур.
Сарафроз шом кўпирган гуллар
Тоб беролмай сурнай сасига,
Ой нурлари ила тўкилар
Шаффоф кўнглинг остонасига.
Бахт шундадир — агарки руҳинг
Ҳасрат нималигин билмаса...
Беармонсан — фарзандларингнинг
Умр дарахтлари гулласа...
1997
ОҒАМ ЁДИ
Туярдим ўзимда ҳеч сўнмас туғён,
Қудрат ҳам туярдим — тоғни ағдарар.
Энди томирларим сустлашиб борар —
Гўё дунё тубин кўрдим мен аён.
Руҳимда ҳар дафъа маъюслик ортар,
Энди кунларимдан ҳой-ҳавас йироқ.
Мискин хаёлларга берилгум кўпроқ,
Вужудим осмонмас, нуқул ер тортар.
Ўчмагай руҳимдан мунглиғ ўша тун —
Очун йўғрилганди мотамга, зорга.
Улгура билмадим сўнгги дийдорга,
Жонсиз пойингизга эгилдим забун.
Чекиниб мангуга беадоқ дарддар —
Сўнгсиз азоблардан олардингиз тин.
Қазо муҳрин босган чеҳрангиз лекин
Беҳишт нуриданми эди мунаввар.
Сиз мени сўрабсиз, йўқлабсиз кўп бор,
Нимадир айтмоққа бўлибсиз илҳақ.
Энди эшитмасман мен уни мутлақ —
Бўғизда қотган сўз эрур бетакрор.
Юрардим йироқда ҳаргиз кўнглим тўқ,
Бемаврид юлдузли осмонлар синди.
Завқларни унутгай қўнглимки — энди
Шеъримдан сиздек фахр этар кимса йўқ.
Бамисли тонг ҳар гал очаркан талъат,
Ҳеч жон топилмагай — ўқирга таҳсин;
Бамисли қолмаган на завқ, на таскин —
Тоабад йитгандек дунёдан ҳайрат.
Фақат китобдами энг мукаррам зот,
Фақат тарихдами мукаммал сиймо?..
Беназир буюклик сизда эди жо,
Жуда кеч англадим мен буни, ҳайҳот!
Қўйдингиз фарзандлик бурчин жойига —
Отамиз, онамиз руҳи минг ризо;
Хизматин қилай деб маҳшаргача то,
Бордингиз уларнинг тағин пойига.
Қолди қалбда сиздан ажиб хотира,
Ёдга олсам ҳар гал — кўзларимда нам.
Сиз каби инсонлик шаънимни мен ҳам
Асрай олурманми тоза, бокира.
Ғаму ғуссаларни ҳеч олмасдим тан,
Шодликни кўрарди қалбимнинг кўзи.
Улғайтирар экан ҳаётнинг ўзи,
Жудоликлар хоксор қилиб қўяркан...
1999
МАКТАБИМ
Сайрам қишлотдаги ФОРОБИЙ номли мактабнинг 75-йиллигига
Туғилган гўшасин топгандек жайрон,
Кутлуғ остонада лол қотдим бир он.
Кўришдик орадан ўтиб кўп замон,
Қадрдон мактабим, бормисан омон!
Мурғак тафаккурлар туғёни сенда,
Ҳар инсон бокира имони сенда,
Мен илк бор танидим имлони сенда,
Қадрдон мактабим, бормисан омон!
Жайдари эдик биз, билмасдик ҳашам,
Қасрдек нақшинкор эмасдинг сен ҳам,
Лекин каъба эдинг бизга муҳташам,
Қадрдон мактабим, бормисан омон!
Бағринг йироқ эди қайғудан, мунгдан,
Қуёш мўраларди дарчаларингдан,
Учдик бир кун ҳар ён парталарингдан,
Қадрдон мактабим, бормисан омон!
Гоҳо «ёмон» олиб йиғлаганларим,
Илк севгида қалбим тиғлаганларим...
Қучоғингда асраб уларнинг барин,
Қадрдон мактабим, бормисан омон!
Умр деганлари ўтаркан еддай,
Гоҳо оқар экан бамисли селдай,
Бехос кўзларимга қайноқ ёш келди...
Қадрдон мактабим, бормисан омон!
Сизми, муаллимим, қимтиниб турган,
Шогирдим ўссин деб минг заҳмат кўрган,
Устозларим умр шарбатин сўрган,
Қадрдон мактабим, бормисан омон!
Йиллар қировидан оқарибди бош,
Эвоҳ, қарибмиз-ку биз ҳам, синфдош!
Ҳавасни қўзғайди олов қалблар — ёш...
Қадрдон мактабим, бормисан омон!
Нигоҳини эзгу уфқгарга тиккан,
Қалбларга ҳақиқат уруғин эккан,
Бугун бу ишидан изтироб чеккан,
Қадрдон мактабим, бормисан омон!
Кўпдир дидда ҳасрат, доғларим менинг,
Қайтмас, ахир, ёшлик чоғларим менинг.
Руҳимдаги қийғос боғларим менинг,
Қадрдон мактабим, бормисан омон!
1999
* * *
Қара, бирам осмон ложувард,
Қара, бирам уфқлар тиниқ...
Доғ туширгай унга зарра дард,
Сарғайтирар уни хўрсиниқ.
Қайғу-ғамга эрк берма сира,
Чечакларни кўзга сур бу пайт.
Сенга дунё қилмоқда жилва,
Мен яшашни севаман, деб айт.
1987
БОЛАЛИК
Серғусса тонгларда босинқирар куз,
Шаҳарни туманлар чулғайди аччиқ.
Хазонрез боғларга мен ҳам буриб из,
Болалигим, сени соғиндим қаттиқ!
Чорлайди руҳимни кенгликлар сирли,
Тирикдек бағрида хушбахт онларим.
Дафъатан кўксимга гупуриб кирди,
Жажжи ҳайратларим, ҳаяжонларим...
Сарғайган бу адир мен учун бешак
Бир замон дунёдек чексиз туюлган;
Анов чўкиртаклар эди наъматак —
Ёввойи жарларга энгашиб кулган.
Мана бу имиллаб оққан биллур сой
Бир пайт асов эди тулпор каби, ёш.
Ҳали унутмаган мени, ҳойнаҳой,
Бунда товонимни ўпган ҳар бир тош.
Олис-олисдаги ложувард тоғлар
Қошимда сўйларди бир пайт эртаклар.
Недандир ўксисам — кўнглимни овлаб,
Теграмни қуршарди турфа чечаклар.
Қани энди ўша маъсум дамларим,
Овоз бер, қайдасан, қайтмас болалик?
Илк дафъа кўнглимга чўкар ғалат мунг,
Бешафқат ғуссага дуч келаман илк.
Гарчи юрагимда тирик у ҳар дам,
Гарчи тушларимда яшар бокира,
Лекин ўзи сурон солган қирлардан
Тополмай қайтаман мен уни сира.
Намхуш хазонларни кечиб паришон,
Кираман маконга — онамдан ёдгор.
Шу пайт мўъжизага дуч келгансимон —
Ларзага тушар дил ажиб, бетакрор.
Ғужғон бола-бақра ҳовли юзида,
Яйрар чақнатиб дил чақинларини.
Мен таниб қоламан улар кўзида
Олис болалигим ёлқинларини.
Қуршарлар теграмни улар баногоҳ,
Асов шиддатлардан тиниб бир нафас.
Ошкора ҳавасда баҳорлар, эвоҳ,
Музлатиб юборар мени бу ҳавас.
1997
* * *
Баҳор сени эслатди тағин,
Боролмадим — ўтди ёзу қиш.
Узоқларда қолган қишлоғим,
Сени қўмсаб, дилда орзиқиш...
Оқмоқдадир юрагим сим-сим,
Келолмайман ҳамон ўзимга:
Тонгда менинг бағритошлигим
Қушлар тағин солди юзимга.
2000
* * *
Болалигим кирар тушимга бот-бот,
Тонглар уйғонаман, кипригимда ёш.
Кўнглимни қалқитар шундоқ хотирот:
Гўдакман — жилғадек беғубор, бебош.
Гирдибодли умр армоними бу,
Дил қўмсар у олис йилларни, чиндан.
Оҳ, қучмоқ бўламан болалигимни,
У эса ётсираб йироқлар мендан...
1990
ЭЗГУ ТИЛАК
Янги йил бошланди — кўҳна ҳаётда
Бошланди янги руҳ, янги тантана.
Эски армонларни қолдириб ортда,
Янги орзуларга боғландик яна.
Одатда ҳар янги кун-ку мўъжиза,
Бутун бир йил эса тилсим жумбоқ, сир.
Янги йилдан кимдир рўшнолик кутса,
Беҳисоб эҳсонлар кутади кимдир.
Янги йил — куррамиз Қуёш гирдидан
Омон кезганига таҳсин, шондир бу.
Янги йил — ҳаёт ўз ғуборин ювган
Покланиш онлари, қутлуғ ондир бу.
Ушбу лаҳзаларда ҳар битта юрак
Эзгу тилаклардан тошар бетоқат.
Лекин йўқолгайми жаҳолат бешак,
Путур топмасмикин имон, садоқат?
Наҳот риё тағин унутиб ҳаддин —
Эзгулик ёнида чўзар умрини?
Наҳот ҳақиқатнинг дол бўлур қадди,
Тағин қайлардадир топтарлар уни?
Серғулу асримнинг суронларига
Боқаркан ҳар лаҳза хавотир билан,
Не ажаб, безовта юрак қаърида
Мунаввар хаёл ҳам топади маскан.
Кимдир бу лаҳзалар ошди бир довон,
Ўсди қадим тарих тағин бир ёшга.
Мушфиқ сайёрамиз чарх уриб равон,
Кетиб борар бағрин тутиб Қуёшга.
Дунёга келдилар, бегумон, бу кез
Гўдаклар — мангулик элчиларидек.
Ухлар қор остида майсалар тиғиз,
Оламнинг умиди билмас поён, чек.
Безавол умрнинг дилбар тимсоли —
Қара, хушқад арча нур тарар жонга.
Бу пайт худди унга боққан мисоли
Жаҳон кўз тикар ҳур Ўзбекистонга.
Биллур коинотдан берди акс садо
Соатларнинг занги, қадаҳ жаранги.
Кезар замин бўйлаб ажиб бир сафо,
Нафақат йил янги — туйғулар янги!
Янги йил — янги руҳ, янги шижоат,
Кўҳна ҳаёт узра бир янги нафас.
Айтилган тилакка — шу он, шу соат
Тоабад муносиб яшай олсак, бас!
1995
«ДЎСТ ҚАДРИ» туркумидан
I
Тириклик шомидан этгандек огоҳ
Сўнади шафакда ўйнаган зиё.
Кўнглинг пайқаб қолар шунда баногоҳ —
Кўз очиб-юмгунча экан бу дунё,
Умрнинг поёнин ҳис этар юрак,
Сарҳисоб қиламан кечган ҳаётим.
Яшамоқ — яхши ном қолдирмоқ бешак,
Кимдир эслармикин менинг ҳам отим?
Ўтдим адоқсиз ғам сўқмоқларидан,
Кунларим кечди гоҳ шитоб, гоҳи суст.
Кимга таскин бердим, кимгадир малҳам,
Ёзғирмайман — битиб кетар каму кўст.
Фақат бир армоним — орттирдиммикан
Кетсам, қабрим қучиб йиғлайдиган дўст?
II
Менга ҳам омадлар кулиб басма-бас,
Юракдан шодлигим тошса чинакам,
Ишон, кўнглим сира жойига тушмас,
Севинчим сен билан баҳам кўрмасам.
Аммоки бошимга булутдек бир кун —
Келса маломатлар, ташлаб кўланка,
Ғамлар гирдобида мен мағрур юргум,
Дардимни ёрмасман сендан бўлакка.
Бу чархи дун аро адашсам бехос,
Сўнгги чорамни ҳам йўқотсам чиндан,
Сенинг ҳузурингга шошилгум рўй-рост,
Энг доно йўриқни олурман сендан.
Сен — умрим маёғи, нурли инсонсан,
Мен учун ҳар қачон сўнгги имконсан.
III
Энг асл, энг ноёб бисоти учун
Ҳадик-хавотирлар кечмайди кимда?
Мен сени юракдан эъзозлаб бутун,
Кизғаниб яшайман пинҳон — ичимда.
Риёга изн этмас асл дўстлик ҳеч,
Сен мудом юргансан ундан юқори.
Лекин нима бўлар — эртами ё кеч
Кўзинг боғлаб қўйса мансаб виқори?
Йўқ-йўқ, на мартаба ва на унвонга
Қаддинг эгмагансан, боққансан тикка.
Аммо хавотирим ушбу замонда,
Нетгум, тушиб қолса меҳринг бойликка?
Бунда мен ожизман, чунки тилло-зар,
Энг соф юракни ҳам қилар сўқир, кар.
IV
Ёлғизлик домига илиндингми, бас,
Бадбин хаёлларга бўлурсан банди...
Аммоки ҳаёт сен ўйлаганчамас,
У ҳамиша жўмард, ҳамиша танти.
Ўзин меҳрга зор ҳис этар кимки,
Тақдир ташлаб қўймас уни ҳеч якка.
Бу дунёда ёлғиз эмаслигимни
Англадим, михланиб ётиб тўшакка.
Хаёлимдан ўтган ҳамда ўтмаган
Дўстларим ҳол сўраб келдилар қатор.
Бамисли гуллашин сира кутмаган
Ташландиқ боғ ичра яшнади баҳор.
О, билдим, дўст экан умрнинг нақши,
Улар бисёр бўлса нақадар яхши!
V
Шундайин нақл бор: дўстинг — ким, айтсанг,
Сен қандай одамсан — айтурман бешак.
Ўзимнинг кимлигим ўзимга мубҳам,
Осон менга дўстим ҳақца сўз демак.
Уни мен кашф этган бўлсам қачонлар,
Эътиқодда қоим — турланмас, содда.
Аврай билмас уни макру ёлғонлар,
Эзгу онтин доим тутар у ёдда.
Қалби шабнам каби тоза, бокира,
Менга омад кулса, у ичдан порлар.
Майда инсонларни ёктирмас сира,
Мудроқ юракларни юксакка чорлар.
Дўстим менинг шундоқ, ундан ибрат ол,
Сўнг мен ҳақда нима десанг дея қол.
VI
Юртга ошуфтамиз — ёрмиз матлабга,
Зотан бир маслак деб ёнамиз бизлар.
Кун ботиб тонг отар — тушсак бир гапга
Бу қадим Туроннинг кечмишидан гар.
Ҳар қанча ёғмасин зулм бу элга,
Муқаддас билган юрт ҳамиша эркни.
Зеро биз шу боис оламиз тилга
Мангубердиларни, Мадаминбекни.
Ҳали танимасди имлони жаҳон
Дунёга келганда Ўрхуннинг хати...
Биз баҳслар қурамиз, ўйлаймиз чандон
Шояд тикланса деб бу юрт шавкати.
Авлодлар нима дер, яшасак мудраб —
Сену мендан Ватан топмаса қудрат!
VII
Руҳим мўрт қоядай тўғралиб кетди,
Беғараз каломга қолдим муҳтож, зор.
Агар отам ҳаёт бўлсалар эди,
Ғамлар қаршисида турардим пойдор.
Кўнгил андуҳ нима — билмасди сира,
Иродамни ҳасрат емирди, енгди.
Беминнат меҳрни соғиндим бирам,
Лекин қошимда йўқ онам ҳам энди.
Жасоратни қайдан олай юракка
Оғамни тупроққа эрта бердим, о!
Заққум гирдибодда қолганда якка,
Сенинг остонангда бўламан пайдо.
Ҳар сўзингдан руҳим нурга тўлар чин
Ва қудрат топаман — на фақат таскин.
VIII
Дилгир, тунд кўнгилга сиғмас ҳатто қил
Қўймас тезоб ҳаёт нафас олмоққа.
Дўстим, андуҳларга тўлиб кетди дил,
Юр, чиқиб кетамиз бу кеч чорбоққа.
Узала тушамиз майсага шўх-шан,
Эрийди юрақдан кадарлар, музлар.
Титраб кетар тансиқ қаҳқаҳамиздан
Қадаҳцаги майга қўнган юддузлар.
Фитна, фисқу фужур, мансаб қайғуси
Ҳар ёқдан чулғаган заминнинг бу кеч —
Димиққан кўнглини бир зум ёйгувчи
Хуррам гурунгимиз тугамайди ҳеч.
Кўрдик биз умрда турфа завқ, мунглар,
Топган каъбамиз шу — хуррам гурунглар
IX
Ҳуқуким бўлсайди менинг беадад,
Фақат дил ҳукмини тан олар эдим.
Дўстни англаганга айлаб марҳамат,
Англамаганни-чи, жазолар эдим.
Мартабага раво кўрмасдим зарра,
Кимнингки имони бўлмаса гар бут.
Бир куни у фитна тузар муқаррар.
Цезарга ханжарин санчгандек Брут.
Салтанат пойини ўпган, кўзи оч
Мунофиққа асло бермас эдим эрк.
Сотгай у Ватанни — Маҳмуд Ялавоч
Чингизга ўз юртин талатганидек.
Кимки лоқайд — дўстга, номусга, шаънга,
Наҳот у хиёнат қилмас Ватанга?!
X
Некбин дамларимдан қолмади асар,
Чулғар юрагимни адоқсиз ғуруб.
Кўнглимнинг тубига ташлайман назар,
Бамисли зулмат чоҳ гирдида туриб.
Серғулу дунёда забунман танҳо,
Руҳимда бўм-бўшлик кўтарар сурон.
Ястанар кўксимга туйғусиз саҳро,
Оҳ, нетай, ёлғизман, дўстим йўқ бирон.
Мажҳул тун борлиғим ўяр мисли ўқ,
Шуурим умидсиз уфқлар этар забт.
Йўқлаб борай десам яқин кимсам йўқ,
Бирор кас қошимга келмас, оҳ, йўқлаб.
Гар дўстинг бор бўлса — ғам чек, ютгил қон,
Баридан ҳувиллаб қолган қалб ёмон!
XI
Менга десаларки, сўра Тангридан —
Дариғ тутмагай у сира ҳимматни.
Сўрамас эдим мен ҳеч қачон, ҳеч ҳам
На давлат, на мансаб ва на омадни...
Мабодо тиллога қўмилсанг бир қур,
Руҳинг фароғатдан бўлур мосуво.
Билки, амал-мансаб — аддамчи сурур,
Зотан у кимга ҳам айлаган вафо?
Омад-ку ўткинчи, у бахт эмас чин,
Кетгач — тортгунг яна ғамлар доғини...
Аммо мен Тангридан зорман деб бу кун,
Сўрардим баридан улуғроғини.
Дердим, илтижом шу, шуни адо эт:
Менга биттагина чин дўст ато эт!
XII
Ҳар дилнинг бордир ўз ружу сафоси,
Биров ҳаётидан кўриб алам-ранж —
Эзганда кўксини ғурбат ҳавоси,
Топар фақат майдан тасалли-юпанч.
Бировлар ёзуғи бўлиб нуқул ғам,
Юрагига қисмат тортган бўлса тиғ —
Аёллар қалбидан ахтарар малҳам,
Гулдан-гулга қўнган капалак янглиғ.
Мен ҳам озми-кўпми умримни яшаб,
Кашф этдим кўнглимга чин нашъу намо
Шундан — дунёга мен боқаман яйраб,
Шундан — чеҳрамга ғам қўнмагай асло.
Зеро бу дунёдан топганим бори —
Фақат дўст суҳбати, дўстнинг дийдори.
XIII
Болалик ўкинчи билмас муроса,
Эслайман илк алам туйган чоғимни.
Уввос тортган эдим ўшанда роса,
Ўғирлатиб қўйиб ўйинчоғимни.
Маъсум юрагимга бериб ажиб эрк,
Термулган пайтимда дунёларга лол —
Карахт қотган эдим яшин ургандек
Ўғри дастин кўриб кулбамда алҳол.
Гоҳ масрур яшадим, гоҳида забун —
Ғамларга тик боқцим бардош ила жим.
Аммо одамлардан совудим бу қун,
Улар ўғирлашди дилдан ишончим.
Барига чидайман ва лекин, ҳайҳот,
Ўғирлаб қўйма сен дўстимни, ҳаёт.
1997-2002
* * *
Кўзларинг ҳамиша сачратиб зиё,
Омадинг ҳаётда ҳаргиз чопса ҳам,
Унутма — серғулу, кўҳна бу дунё
Сендек мағрурларни жуда кўп кўрган.
Гардун — ҳамон ўша, янгидир ҳавас,
Мисли қадим боғда илк шудринг ўйнар.
Сен босган замин ҳеч омонат эмас,
Ўзинг омонатсан, унутиб қўйма.
Ҳаётнинг бағри кенг, ҳиммати баланд,
Мангу давом этар — тўхтамас, толмас.
Унутма, гар ажал ташласа каманд,
Унинг ҳеч бир жойи камайиб қолмас.
Айтгин, кўрсатмасин у кунни сира,
Бугун йўқсан, кеча юриб ҳамқадам.
Сўнгги саодатинг — дўстларинг ила
Видолашгунг боқиб қора рамкадан.
Бунча кибрланар, ҳапқирар юрак,
Довруғ илинжида ёнар бесабр?!
Билмасми, бу дунё ғами — нокерак,
Билмасми, орзунинг поёни — қабр.
Жабр қилаверма митти жонингга,
Ҳаргиз хоксорликка ўзингни шайла.
Ҳар ўтган кунингга, ҳар бир онингга
Шукрона айлагин, шукрона айла!
1994
ФИЛ МАҚБАРАСИ
Фатҳпур-Секри да — Акбардан ёдгор
Буюк шаҳарда бир манзара кўрдим.
Қадим мақбаралар аро пурвиқор
Фил учун аталган мақбара кўрдим.
Кимнингки гуноҳи бўлиб агарда
Энг олий жазога этилса ҳукм,
Ўлимин топармиш у осий банда
Филнинг оёкдари остида шу кун.
Бор эмиш у филда хислат бетакрор,
Сезармиш — ким айбсиз, кимнинг қўли қон.
Етказмас эмиш у заррача озор,
Ётса гар пойида бегуноҳ инсон.
Адолат дастёри деб уни қисмат
Муносиб кўрибди мангу эҳромга.
Бир оддий жонворни, қаранг, шу хислат
Етказибди беҳад иззат-икромга.
Дафъатан энтикдим — ичдан чеқдим оҳ,
Мудом ҳақсизликнинг дастида замон!
Нега жонворчалик бўлолмайди гоҳ
Ҳақиқат шамширин тутганда инсон!
1994
МЎМИН ИНСОН
Ирисали МАҲКАМБОЙ ўғлига
Умрида ўстирмай бирорта ниҳол,
Бор заминни ғорат қилгувчи озми?
Қабоҳат айшини суриб бемалол,
Ўзини авлиё билгувчи озми?
Кимдир тилла кўшкда ўлтириб бу кун,
Камбағал ризқига кўз тикар, не тонг?
Тубан зотга имон — сафсата бугун,
Кўкрагида фақат нафс урар бонг.
Дунё куфр йўлин тутдими буткул,
Меҳр қайда қолди, қайда диёнат?
Ё раб, бандаларинг не билан машғул,
Ё садо бердими рўзи қиёмат?
Офтобга тўр солса ҳамки кибру кин,
Замона ғурубга тўлса ҳам бисёр,
Сиз кун-тун куйманиб — ихлос билан чин
Бир масжид тиклабсиз — кўркам, пурвиқор.
Сарём тупроғига ярашиқ меҳроб,
Не тонг, бунда Ҳақни таниса ҳар жон!
Бир ёндан йўл ўтар кўркам, файзиёб,
Бир ён — сўнгги манзил — қадим қабристон.
Асл мўмин инсон то маҳшар бетин,
Савоб топса, не тонг, сидқу ҳимматда.
Пайғамбар демишлар: «Масжид қурса ким,
Унга қаср тайин бўлур жаннатда».
1995
ҲАЗИЛ
У умрни ҳазил деб бидци,
Ўтаверди йиллар басма-бас.
Юрагини на армон тилди,
На вужудин куйдирди ҳавас.
Англамади дунёни теран,
Назар-писанд қилмади чоғи.
Эътиборин тортмади сира
Қизғалдоқнинг учган япроғи.
Умрни у билди бир ўйин,
Иқтидори йўқ эмасди, ҳай.
Товламади меҳнатга бўйин,
Тоқати йўқ жонсарак қушдай.
Баъзан буюк режалар қурди,
Нега у ҳам истамасин шон.
Лекин доим кейинга сурди,
Улгураман дея ҳар қачон.
Йиллар эса тўхтамас бир дам,
Йиллар мисли югурик тулпор,
Қайрилмагай ортига ҳеч ҳам,
Илтимос қил, ялингин, ёлбор.
Сочди елга ҳар бир онини,
Яшади у ҳазилга мойил.
Олар экан бир кун жонини,
Ҳазиллашдим, деди Азроил.
1997
* * *
Тақдир илтифоти бор бўлур бизга,
Аламлар кўчаси зор бўлур бизга.
Тўкилгай хазондек сохта виқорлар,
Баҳорий шавкатлар ёр бўлур бизга!
1997
ЎЗБЕК АДИБИ
Алп ЖАМОЛга
Дерларки, ижодга кўнглин берган зот
Умрини қаламга тиккан бўлса гар,
Кечирармиш жуда ғалати ҳаёт —
Яратмоқ ишқида мумтоз, шоҳ асар.
Зеро шон-шуҳратдан бўлак орзу-ғам
Фикру хаёлини қилмас сира банд;
Ўзини даҳо деб санагач ҳар дам,
Ундан безиб борар ҳаттоки фарзанд.
Сўраманг, қай миллат адиби у зот,
Ҳар қалай ўзбекмас, ўзбек — бошқача
Ахир, бизда қалам аҳлини ижод
Узлатнишин қилган эмас ҳеч қачон.
Ҳар қанча юрагин ёқмасин илҳом,
Уйга, оилага қўйган у меҳр.
Гарчи бу борада баҳс бўлмас тамом,
Лекин бордир бунда ҳикмат ва сеҳр.
Ўзбек адиби ҳам довруғ-олқишда
Қозона билади бемисл зафар.
Фақат унинг учун ҳар вақт, ҳамиша
Фарзанд саналгандир энг мумтоз асар.
1999
БАЗМДА АЙТИЛГАН ТИЛАК
Давра гулгун эди, тилаклар шўх-шан,
Маъсум оламларга бир зум қайтдинг сен.
Айланиб мўътабар зотга чинакам,
Эзгу сўзлар айтдинг, қадаҳ айтдинг сен.
Боболар сиғинган шу азиз тупроқ,
Дединг, кўзимизга бўлсин тўтиё:
Ватан номин тутсам — жисмимда титроқ,
Ватан номин тутсам — дилимда зиё.
Халқим, сендек танти эл йўқ жаҳонда,
Қадоқ қўлларингни ўпурман, дединг,
Шаъништа ғанимлар тош отган онда
Кўкрагимни қалқон этурман, дединг.
Юртнинг диёнати, дединг, ҳақиқат,
Сўнмасин дилларда бу тиниқ чашма.
Дединг, ўзни бахтли санамам минбаъд,
Бор экан заминда меҳрга ташна.
Ҳар лаҳза — муҳаббат учун бахшида,
Қолмасин дунёда хиёнат, ғамлар...
Жўшдинг сен мўътабар ҳислар мавжида,
Эзгу сўзлар айтдинг, ичдинг қасамлар.
Бийрон-бийрон сўйлаб қўзғадинг рашким,
Менинг ҳам дилимда туғёнларим бор!
Жонни тикканмисан ўз сўзингга сен,
Кечир, эй дўст, бунга гумонларим бор!
1989
ДЕҲҚОН ЎЙЛАРИ
"Бу йил қишнинг қаҳри қаттиқ келди,
Аямай, тинимсиз уриб берди қор.
Пахта деб, далага сочилган элни
Зумда уй-уйига тиқци, нобакор.
Аттанг, терилмасдан қодди толалар,
Ваъда нима бўлар — қор нақ тиззадан.
Биз-ку — биз, ҳаттоки мактаб болалар
Юзлари шувутдир иззадан.
Қиш қишлигин қилди, майлига, бир бор,
Ерлар баҳоргача мадор тўплар-ку..."
Жимжит кенгликларда ғужғон ўйнар қор,
Деразадан боқиб, чойдан ҳўплар у.
1989
ЎЗИНГГА ИШОН ФАҚАТ..
Умринг бир тутам — ёнма,
Ҳаётнинг ғами қат-қат...
Сен ҳеч кимга ишонма,
Ўзингга ишон фақат!
Азм айлаган инсонга
Берилмас имкон наҳот?!
Сен ҳеч кимга ишонма,
Ўзингга ишон фақат!
Тош отсалар имонга.
Кўз ёши эмас қаҳат...
Сен ҳеч кимга ишонма,
Ўзингга ишон фақат!
Қалбинг келса туғёнга,
Қўрқмагин, ўлим — роҳат..
Сен ҳеч кимга ишонма,
Ўзингга ишон фақат!
1993
МАНГУЛИК ТУЙҒУСИ
Шамолларнинг атридан дилни
Сармаст этамиз...
Эсаверар шамоллар мангу,
Бизлар кетамиз.
Қирғоқ тўлиб югуради сув,
Кафтни тутамиз...
Оқаверар сувлар ҳам мангу,
Бизлар кетамиз.
Ва бу оний умр шаънига
Қўшиқ битамиз.
Қўшиғимиз қолар мангуга,
Бизлар кетамиз.
1972
ЁҒДУ
Шароф РАШИДОВга
Қайсики ўлкада тафаккур ҳурдир,
У элнинг бошига ёғилган нурдир.
Бамисли безавол офтоб сиймо —
Термулар зулматдан Беруний, Сино.
Навоий даҳосин шуъласи билан
Туйғу қадр топди, бўлди музайян.
Ҳақ учун жонини қолмади асраб,
Тун ичра машъалдек осилди Машраб.
Юлдузларни санаб етиб бўлмайди.
Улар нурин ҳалок этиб бўлмайди.
Тариҳда каҳкашон мисоли халқ бу,
Ҳар асл фарзандин вужуди ёғду.
Ушбу ёруғ кунлар, эртанги иқбол
Улар сочиб турган нурдан, эҳтимол.
Тошларга сачраган Ҳамзанинг қони
Ёритган эди-ку жоҳил дунёни.
Асов лавалардек тирикдир мудом
Назм водийсида Ғафур ал-Ғулом.
Бедор шуурларга кечалар ойдек
Ҳафиф нурларини таратар Ойбек.
Ким ушоқ, ким кабир — жисми йўқолгай,
Таратиб улгурган ёғдуси қолгай.
Ҳаётки тоабад давом этажак,
Ўзбекистон нурга тўлиб кетажак!
1984
III
Қани ўша ҳислар қуюни?
Қани ўша «туганмас»дардим?!
Ўз-ўзимга ғариб туюлиб,
Илк муҳаббат, сени ахтардим.
БИРИНЧИ ҚОР
Кўпдан бери оппоқ қишни
Кутган эдинг сен интизор.
Мана бугун ёғаяпти
Биринчи қор, биринчи қор!
Қара, оппоқ шохчаларда
Гўзал қишнинг нашъаси бор.
Ҳазин кузни дафн этмоқда
Биринчи қор, биринчи қор!
Табиатга оро берар
Пайти келиб сўлим баҳор.
Бугун эса оққа белар
Биринчи қор, биринчи қор!
Оппоқ оқшом оғушига
Юр, чиқайлик, эй гўзал ёр!
Лабларингдан бўса олсин
Биринчи қор, биринчи қор!
Қалбимда илк муҳаббатим
Оппоқ қордан ҳам беғубор.
Изҳор этсин сенга уни
Биринчи қор, биринчи қор!
О, қандайин хушманзара!
Шодланаман беихтиёр.
Ғамларни ҳам кўмар гўё
Биринчи қор, биринчи қор!
1968
ИШҚ МАКТУБИ
Тўлқинланар ошно қалам
Оқ қоғозда жимир-жимир.
Халал берманг унга бу дам.
Ишқ мактубин битмакдадир.
Танда бир ўт ёнар лов-лов —
О, тошди-ку дил илҳоми.
Бунча олов, бунча олов
Севгилимнинг азиз номи!
Изҳори дил айтай десам —
Пойлар эдим пайт-фурсатин.
Наҳот энди қоғозга ҳам
Сўзламоққа йўқ журъатим!
Чўчимагин, о қаламим,
Ёзавергин дил розини.
Олис ёрга сатрларим
Етказсин қалб овозини.
Ўқиб лоқайд термулмасин
У ҳарфлар ёғдусига...
Ташлайман мен ишқ муждасин
Зангор почта қутисига.
Иш билан банд, жим, бепарво
Ажратади уни кимдир.
Миллион-миллион хатлар аро
Сени топиб борғусидир.
Қишлоғимда тонг оқарар,
Уфқи лола каби қирмиз.
Йўлда эса шошиб борар
Бахт ташувчи амакимиз.
Ҳар хонадон хат йўлига
Интизору ва нигорон.
Бир илтимос — ўз қўлига
Бериб ўтинг, амакижон!
Сен яшириб кимлардандир
Ўқирсан ҳам ишқномани.
Менга эса қоронғидир,
Қоронғидир бу томони.
Балки ўзинг кўпдан бери
Шуни кутиб юргандирсан.
Ким билади тағин, балки
Ўқиб жуда ҳам ранжирсан...
Нур тўлдирсин ёш қалбимга
Ё бир йўла берсин озор.
Икки энлик жавобингга
Мен интизор, мен интизор!
1968
ДЕМАК, СЕНДАН...
Демак, сендан ортиқ умид қилмайман?!
Майли, толе мендан буткул кечсин воз.
Мен ҳар қандай ғамга кулиб чидайман
Жуда соз!..
Гарчи мен ҳеч этмагандим тасаввур,
Қалб зоримга сен биддирдинг эътироз.
Ҳукминг тинглаб, дедим шунда: «Ташаккур
Жуда соз!..»
Чорласанг ҳам қайтмагайман, алвидо!
Йўлларингга иқбол бўлсин поёндоз.
Ўтажакман висолингдан мен жудо —
Жуда соз!..
Ишқ мунгидан озод бўлди юрагим,
О, энди у изтиробда ёнмас боз!
Майли, тунлар ҳасрат бўлсин тўшагим,
Жуда соз!..
1968
* * *
Денгиз қутурмоқда даҳшатли тунда,
Асабий сапчийди тўлқинлар ёли.
Нажот соҳилига етолмай унда
Танҳо қайиқ сузар қуриб мажоли.
Энди курашларда келолмас ғолиб —
Бешафқат бўроннинг қаҳрига қолган;
Тўлқинлар чопади измига олиб,
Эшкаклар эса жим — умидсиз, толган.
Ногоҳ олисларда милтираган нур
Мағлуб қайиқчига бағишлади жон.
Ҳолсиз қайиқ яна ташланди мағрур
Қутурган денгиздан манзилга томон.
Мен ҳам курашларнинг комида бир кун
Танҳо қайиқчидек ҳорисам беҳол,
Сенинг ўша ёниб турган кўзларинг
Чорлай олармикан мени у маҳал?
1968
САЙЁҲ ҚЎШИҒИ
Хайр, эй ёш соҳибжамол, яхши қол,
Бизлар қайта кўришмасмиз, эҳтимол...
Йироқлардан келиб сени топгандим,
Бу кун тонгда юртим сари отландим.
Кетмоқдаман қалб тўла таассурот
Ва ёқимли бир туйғудан мамнун, шод:
Не бўларди бу ерларга келмайин,
Бу дунёда сен борлигинг билмайин,
Йироқларда яшаб ўтсам бир умр?..
Энди буни қилолмайман тасаввур.
Лутф айлади менга тақдир шамоли,
Қисқа бўлди бироқ қалблар висоли.
— Хайр!.. Нега қайғуланиб қолдинг сен?
Нималарни хаёлингга олдинг сен?..
Мени унут, сайёҳман-қу — бегона,
Лекин сени унутмасман, жонона.
Хотирамдан ўчмас мунис жамолинг,
Маъюсгина силкиб турган рўмолинг...
1968
САРХУШ КЕЗИБ ЮРДИМ...
Сархуш кезиб юрдим кўчаларда мен,
Муҳаббатинг тушириб эсга..
Сокин куз куни эди,
Осмон эса тунд.
Бироқ уфқларда ажиб тиниқлик
Нигоҳни чорларди олис-олисга!
Узоқларда, худди тасвирдагидек
Ястаниб ётарди тоғ тизмалари
Шаффоф сийнасида оппоқ қор билан...
Мен эса гавжум бир шаҳарда туриб,
Маҳлиё боқардим бу манзарага,
Гўё узоқ йиллар сафарда юриб
Олис ватанининг қирғоқларига
Ногоҳ кўзи тушган бир сайёҳ каби.
Шу пайт қалбимдаги соғинч ҳислари
Жўшдириб юборди руҳимни бирдан.
О, қанийди, ҳозир учқур қуш бўлиб
Учиб ошиб ўтсам ўша тоғлардан!..
Чунки ўша олис тоғлар ортида
Бир қиз яшар мени соғиниб.
1969
ХАЁЛИМДА СЕВДИМ
Хаёлимда севдим мен сени,
Ёдинг билан юрдим мастона.
Ёлғиз бахтим, дедим мен сени,
Хаёлимда бўлдим парвона.
Сочларингни тараб тунлар жим,
Чўкмадим мен теран кўзишта.
Сен ҳақингда кўп шеърлар битдим,
Ўқимадим аммо ўзингга.
Ҳижронингда дилим чеқди ғам,
Бу ҳижронга ўзим юз тутдим.
Хаёлимда севдим чинакам,
Аммо журъат этолмай ўтдим.
Энг беғубор туйғуларим ҳам
Шаънингга доғ бўлар, деб қўрқдим.
1972
ҚИШ ТУНЛАРИ
Қиш чилласин узун тунлари
Мен севган дам — фараҳбахш тунлар.
Унинг кумуш изғиринлари
Қорли тоғлар қўшиғин куйлар.
Хаёлларга берилиб ёлғиз
Ўлтираман танча ёнида.
Кимсасиз қир-даштларда бу кез
Ой чўмилар қор тўзонида.
Биллурий тун мусаффо чунон!
Нимадандир бўламан сармаст.
Туғилади дилда ишқ бу он,
Бундай ишқни рад этиб бўлмас.
О, эртаклар қизи — бокира!
Сени ёдга солар бу тунлар.
Дил тубида ажиб хотира,
Тотли бўлиб қолар бу тунлар.
1972
КУЗ ЁМҒИРИ
Хаёлимни бир сокинлик сеҳрлайди —
Ташқарида куз ёмғири шитирлайди...
Ҳолинг сўраб бормадим мен — анча бўлди,
Куз ёмғири сен ҳақингда шивирлайди.
Бу чоғ сенинг деразанг ҳам ёшлангандир?
Мени қўмсаб юраккинанг ғашлангандир?
Ким билади — мен унут-у аллақачон,
Ўзга билан баҳор фаслинг бошлангандир?..
1969
ГЎЗАЛЛАР
Бир кун гўзалларга дуч келиб қолдим,
Улар камолотда эдилар тенгсиз.
Аммо бир дақиқа хаёлга толдим,
Уларнинг қошида чўксам-да мен тиз.
Муҳаббатнинг доғи тушиб ёдимга,
Дедим:
— Садоқатда сиз бунча фақир?..
Улар ерга боқиб дедилар менга:
— Ҳеч ким тўкис бўлиб яралмас, ахир...
1969
* * *
Бизлар бу тахлитда севишдик нечун? —
Юраклар билади на тот, на қувонч,
Ҳижрон азобида ёнамиз тун-кун,
Фақат овунтирар олис бир ишонч.
Биз-ку, ишонамиз — вақт етиб, бир дам
Орадан йўқолар бу сўнгсиз азоб.
Аммо, ўша чоғда аламда кетган
Йиллар заволига ким берар жавоб?!
1969
МЕНИ КЕЧИР
Мени кечир...
Сеҳрин англамадим боқишларингнинг,
Қадрига етмадим соф ҳисларингнинг.
Сен мунис жилмайиб турган чоғингда,
Табассуминг кўриб гул ёноғингда,
Мен ғайри ўйладим,
Тунд, лоқайд сўйладим,
Мени кечир...
Бугун маъюс, хафа учратдим сени,
Ўтиб кетдинг гўё кўрмайин мени.
Мен шу чоқ англадим хатоларимни —
Мурғак юрагингга жафоларимни.
Тошдек қотиб қолдим,
Ўйга ботиб қолдим...
Мени кечир...
Истагим нимадир — ажаб, билмайман.
Эзгуликка нечун шафқат қилмайман?!
Нетай, ёниб севиб алданган дилман,
Шундан бери таҳқир, шубҳага қулман...
Ўзлигим танитдинг,
Эҳ, сени ранжитдим,
Мени кечир...
1971
БОЙЧЕЧАК
Шом қўйнига киради шаҳар,
Кўчаларда сўнади шовқин...
Қалбинг бу чоғ такрор ҳис этар
Талабалик йилларнинг завкин.
Ижарали уйда бир ўзим —
Нимагадир илҳақ, ичикиб.
Қайтмоқчийди қишлоқдан дўстим,
Нега бунча қолди кечикиб?
Орзиқади безовта юрак,
Кириб келар дўстим ногаҳон:
Бир қўлида даста бойчечак,
Бир қўлида ҳамроҳ чамадон.
Ғамгин хона тўлади нурга,
Чил-чил синар совуқ сукунат
Ва ўлтириб анча вақт бирга
Гангур-гунгур бошлаймиз суҳбат.
— Оббо, дўстим, бунча кечиқдинг?
Хўш, қишлоқда нима гаплар бор?..
Дамингни ол, ўтиб ечингин,
Ҳозир чой ҳам бўлади тайёр...
— Салом айтди уйингдагилар... —
Узатар у омонат пулни,
Сўнг ғалати жилмайиб қўяр
Бўш шишага жойларкан гулни.
— Булар эса, — дейди у жиддий, —
Ҳа, ҳа, ишон, сенга аталган!
У сен учун бериб юборди,
Қайтаётган экан даладан...
Ухлай олмай чиққум шу кеча,
Дилда тўқиб бир ишқий эртак.
Боққан каби у мунис чеҳра,
Сеҳрлайди маъсум бойчечак.
Тонгга яқин туш ҳам кўрибман:
Кўм-кўк қирлар ва ҳарир туман...
Бойчечаклар териб юрибман
Мен қирларда кезиб у билан...
1972
* * *
Ортда қолди сен яшар макон,
Ўтиб кетдим қайрилмайин, жим.
Кузатардинг мени паришон,
Деразага суяниб ғамгин.
Бир туманли мунг гирдобида
Узоқларга кетгум мен сингиб.
Сен термилиб ойна ортида
Оҳ тортасан ёшли хўрсиниб.
Англолмайман севгимиз нақлин —
Фараҳми у ё сўнгсиз фироқ?
Сенинг унсиз илтижоларинг
Қайтаради изимга ногоҳ.
Ҳузурингга қайтаман шошиб,
Ғамларимни қолдириб, ташлаб.
Сен шабнамли ғунчадек яшнаб
Қаршилайсан энтикиб, тошиб...
1970
* * *
Қайдан кирди дилга бу шодлик?
Шодлик эмас, бу - ажиб илҳом.
Ғуссаларим туюлар тотлик,
Мушкул ишлар кўринар осон.
Туйғуларим, покиза ўйим
Юрагимда ажиб соз чалар.
Хаёлимни шошириб қўйди
Кўпдан бери тансиқ мисралар.
«Қайдан кирди дилга бу илҳом?
Нега бунча боқаман мағрур?..»
Ўз-ўзимдан сўрайман пинҳон,
Висолингдан қайтаркан масрур.
Англадим мен бир ҳисда ёниб,
Ишқ шунчалар нодирлигини...
Сезасанми сен ўзинг, жоним,
Нималарга қодирлигингни?..
1972
СЕНГА МУҲАББАТИМ
I
Сени севаман, деб жар солмайман мен,
Севгим шеърларимда этаман изҳор.
Шеърсиз, муҳаббатсиз яшолмайман мен,
Уларга умримни этганман нисор.
Сенингдек фаришта туғилмас қайта,
Буни англаб ўзни масъуд сезаман.
Сенсан — гўзалликнинг тимсоли, дея,
Шеър ила бетимсол расминг чизаман.
Пинҳон изтиробли бу сўнгсиз севгим
Балки келгусида бўлар овоза.
Ёрин мадҳига лол ошиклар балким
Менинг қасидамдан олар андоза.
Демак, номим ўчиб кетмайди тамом,
Сенинг мадҳинг куйлаб қозонади шон.
II
Ишқий савдога кон қадим ер юзи
Биздек ошиқларни ҳали кўрмаган.
Бизни учраштирди севги юддузи
Мангу бахтиёрлик қисмати билан.
Севгимиз амр этса бизга мабода,
Фидо бўлмоқликка ҳар лаҳза шаймиз,
Ҳар хил ташвишларга тўла дунёда
Бизлар бир-биримиз учун яшаймиз.
Энг гўзал ҳисларни биз этамиз жам,
Неки эзгу бўлса қўямиз ихлос;
Сочимизга қиров қўнган чоғда ҳам
Дунёга боқамиз ошиқларга хос...
Қисқариб бораркан умримиз ҳар он,
Севиб улгурмоққа излаймиз имкон.
III
Юрагим муҳаббат фаслига кириб,
Турфа туйғуларни таниди бир-бир.
Мен талай савдони бошдан кечириб,
Асл, чин севгамни кашф этдим охир.
Сени топгунимча йиллар ўтди, ҳа,
Ёшлигим бисотин нечун сир тутай.
Бахтимизга малол туюлса зарра,
Ёдгор мактубларни ёқай, унутай.
Эртамиз ёруғдир — тикил сен шодмон,
Бунга бизнинг ҳамроз юраклар омил.
Мен сени бир умр эъзозлаб, ҳар он —
Масъуд этмокдикка ишончим комил.
Фақат сен ғашланма ўтмиш изимга,
Телба ёшлигимни солиб юзимга.
IV
Сенга муҳаббатим сўнмабди ҳануз,
Мен эса унутмоқ бўлибман бекор.
Ахир, неча муддат кўришмадик юз,
Нечун бу ишқ қалбни забт этар такрор?
Менинг-ку фиғону нолишларим йўқ,
Ўзгалар наздида бахтлиман ҳатто.
Балки узун тунлар чекмасдим андуҳ,
Хаёдда ногоҳ сен бўлмасанг пайдо.
Бу кун олисларда эсанг-да жуда,
Гўё кечмишимдан огоҳсан ҳар он.
Вафодор паноҳинг —- қалбим тубида
Синчков нигоҳларинг яшайди ҳамон.
Қайғуриб эслайман сени шод дамлар,
Истаб-ёлбораман босганда ғамлар.
V
Эртаклар уйдирма эмасдир сира,
Уларга ҳаётдан улги олганлар.
Чинакам ошиқлар ёниб ишқ ичра,
Эртаклар қалбида яшаб қолганлар.
Мангу эҳтиросга йўғрилиб биз ҳам
Масъуд яшагаймиз то сўнгги нафас.
Не тонг, афсонага айланса чиндан,
Биздаги садоқат, биздаги ҳавас!
Зеро ишқимизни синовлардан биз
Олиб ўтажакмиз авайлаб ғоят.
Уни бўронлар ҳам чўктиролмас тиз,
Билмагай севгимиз сарҳад, ниҳоят.
Тинглаб одамлардан нақлу ривоят,
Фахрланиб юргай фарзандларимиз.
VI
Дунёда севишган қанча — билмайман,
Лекин аминдирман: фақат иккимиз...
Мен бўлак туйғуга сажда қилмайман,
То ҳаёт экан шу буюк севгимиз.
Майли, йиллар бизни ташласин кўмиб
Нокерак ташвишлар, икир-чикирга.
Биз эса энг юксак ўйларга чўмиб,
Севгимизни эъзоз этгаймиз бирга.
Биз учун мўътабар ҳаттоки ҳижрон,
Соғиниш, ўртаниш, ғуссалар бари...
Ҳаммасидан эзгу эрур бегумон
Энтиктирган висол дақиқалари.
Бу қутлуғ лаҳзалар — ёрқин, безавол
Безар умримизни гулчамбар мисол.
1972-1982
* * *
Ҳориб келмоқдаман тайёрагоҳдан,
Лоқайд ранжитганинг, ахир, нимаси...
Ола қол бағрингга, сиғдир мени ҳам,
Меҳмондўст шаҳарнинг меҳмонхонаси!
Тансиқ гўшага ҳам бўлгум муяссар,
Бегона шаҳарлар қилар шундоқ ноз.
Ойнадан оқшомги шабада эсар,
Осмонга юддузлар беради пардоз.
Сафар азоблари бўлару унут,
Бедор асабларим олар экан тин,
Руҳимга киради тиниқ бир сукут,
Туйғулар қалбимга қайтади секин.
Хаёлни ёритар тағин у сиймо,
Дилда такрорланар хайрлашув он.
Ушбу сукунатни кутгандек гўё,
Оҳиста эшикни чертади Ҳижрон...
1973
* * *
Қўна бошлар ложувард оқшом,
Уфқ ортига беркинар кундуз.
Қорда унган чечакларсимон
Булутлардан мўралар юлдуз.
Шовулламас яйдоқ дов-дарахт,
Совуқ шуъла тўкиб чиқар ой...
Мен бағрингда турибман карахт,
Илк севгимга маскан бўлган жой.
Йиллар ўтди, ўтмокда ёшлик,
Сархуш онлар энди бир армон.
Юрагимда эса бир ғашлик, —
Мен ўзгариб кетибман тамом!
Қани ўша ҳислар қуюни?
Қани ўша «туганмас» дардим?!
Ўз-ўзимга ғариб туюлиб,
Илк муҳаббат, сени ахтардим...
1974
СОҲИБЖАМОЛ
Тансиқ жазирама ялтирар қумда,
Қирғоқ гўшалари тирбанд ва тиғиз.
Офтобга тобланиб ётар, оҳ, бунда
Оққуш каби сулув, бетимсол бир қиз.
Ҳарир шабадалар парвона елиб,
Унинг қиёси йўқ, у - парипайкар.
Йироқ-йироқлардан тўлқинлар келиб,
Термилар-да бир бор, энтикиб қайтар!
Маъсум вужудию бокира талъат
Қуйиб қўйилгандек кумуш танига.
Ишонгинг келмайди — она табиат
Шундоқ ҳурлиқони яратганига.
Ана, у қўзғалди — ҳаракатидан
Гавжум соҳил узра таралар нуфуз.
Ёришиб кетар-у борлиқ дафъатан,
Таъриф-тавсифига ожиз қолар сўз.
Унинг сарв қаддидан ҳайратда қотар
Ҳаттоки соҳилнинг зарраси, тоши.
Пойида чўнг денгиз тиз чўкиб ётар,
Тепасида лолдир жануб қуёши.
1979
ШОДМОН ЮРАР ЭДИМ...
Шодмон юрар эдим сендан олисда,
Унут бўлиб дунё, унут бўлиб ғам...
Бир пайт ўз-ўзимдан сесканиб кетдим —
Унутган эканман сени ҳам!
Ўша тун тинмади, тинмади ёмғир,
Дарахтзорлар аро бўзлади шамол.
Бу ҳам етмагандек, денгиз бетиним
Гувранди, кўксимга отиб ғам-малол.
Мен ҳам тонгга қадар қоқмадим мижжа,
Сенинг хаёлларинг бағрида ёндим.
Ва сени унутмоқ нақадар оғир —
Гуноҳ эканига инондим...
1979