Ma'ruf Jalil. Saylanma  ( 36263 marta o'qilgan) Chop etish

1 B


AbdulAziz  08 Sentyabr 2010, 15:16:51

Ma'ruf Jalil. Saylanma



Muallif: Ma'ruf Jalil
Hajmi: 792 Kb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish

Qayd etilgan


Ansora  17 Sentyabr 2010, 13:09:00

МАЪРУФ ЖАЛИЛ

САЙЛАНМА


«ШАРҚ» НАШРИЁТ-МАТБАА
АКЦИЯДОРЛИК КОМПАНИЯСИ
БОШ ТАҲРИРИЯТИ
ТОШКЕНТ — 2005

Маъруф Жалил адабиёт аталмиш улуғ даргоҳга «Орзу» ва «Баҳор» шеърлари билан кириб келган эди. Шундан бери унинг ўқувчи-мухлислари ортса-ортдики, камаймади. Биз шоирнинг «Мен сизни севардим», «Бахтимга сен борсан» каби ажойиб тўпламларини ўқиганмиз. Шоир ўз қўли ила «Сайланма»сига гўзал ва баркамол шеърларини саралаб берган эди, афсуки, китобни кўриш унга насиб этмади.


ЮРАГИМДА ЕТГАН СИР
(Таржимаи ҳолим)

1936 йил 10 октябрда Каттақўрғон туманидаги Пайшанба қишлоғининг Қибла гузарида туғилганман. Ўн йилдан кейин 1946 йилда берилган туғилиш гувоҳномасида ана шундай ёзилган. У вақтларда қишлоқда махсус туғруқхона бўлмаган. Ҳар ким ўз уйида туғилган. Гувоҳнома зарур бўлиб қолса, ёздириб олишган, бўлмаса, болалар ҳужжатсиз юраверган.
Ражаб момом (отамнинг оналари) айтар эдилар:
— Сен турамоҳда, кўрак териладиган пайтда туғилгансан. Кечалари қиров тушиб, қора совуқ бўлар эди.
Қишлоғимиз атрофи тоғлар билан ўралганга ўхшайди. Қаёққа қараманг — тоғ. Ҳаво очиқ кунлари, айниқса, тоққа қор ёққандан кейин шундай аниқ ва яқин кўринадики, бориб сайр қилгинг келади. Лекин бу манзара алдамчи. Улар анча узоқ.
Шимол томонда кўриниб турганини Оқтоғ, жануб томондагисини Қоратоғ, дейишади. Оқтоғ томондан Оқдарё, Қоратоғ томондан Қорадарё оқади. Шу икки дарё оралиғини Миёнкол, дейишади. Икки дарё аслида мустақил дарёлар эмас, Зарафшон дарёсининг Самарқанд яқинида иккига бўлиниб оқувчи ирмоқлари. Улар Хатирчида бирлашиб, яна Зарафшон бўлиб оқади.
Пайшанба қишлоғи шу Миёнкол оролининг этакларида — Иштихон, Хатирчи, Каттақўрғон ўртасида жойлашган. Қишлоғимиз катта ва қадимий қишлоқлардан бири. Қадимги тарих китобларида турли муносабат билан номи тилга олинади. Ҳар пайшанба куни бу ерда катта бозор бўлган. Узоқ-узоқлардан карвонлар келган. Савдо-сотиқ қизиган.
Қишлоқ атрофи баланд ва қалин девор билан ўралган экан. Шунинг учун уни қўрғон дейишган. Деҳқончилик билан шуғулланганлар баҳорда боққа, кўзда ҳосил йиғиб-териб олингач, яна қўрғонга кўчганлар.
Пайшанбанинг ўн бир гузари, ҳар гузарнинг ўз масжиди, унинг қошида мактаби, бундан ташқари Онамачит ва мадрасаси бўлган. Ўз қишлоғида бошланғич таълим олган болалар шу мадрасага келиб ўқир, уни битиргандан кейин билимини оширишга қобилияти ва қурби етса, Бухоро мадрасаларига бориб ўқиган.
Жалил бобом чиғатой уруғидан, Ражаб момом тоқчилардан. Уларни худо раҳмат қилган бўлсин. Жалил бобом 1916 йилда мардикорликка олинган. Смоленск ўрмонларида дарахт кесган. Уйида тўқув дастгоҳи бўлган. Чит тўқиган. Шунинг учун у кишини одамлар Жалил читгар дейишарди.
Отам Эргаш Жалил эскича ўқиш-ёзишни яхши биларди. Тошкентда иккита ўқишни битирганларини эслардилар. Жамоа хўжалигида ҳосилот бўлиб ишлаганлари эсимда. Қотмадан келган, узун бўйли, жадидча мўйловли киши эдилар.
Ўн ёшимдан биринчи синфга ўқишга борганман. Аниғи, ёзда боғимизга иккита аёл келганди. Қўлларида қалам, дафтар. Уйдаги болаларни сўраб-суриштирди. Отимни сўради. Бувим айтдилар. Ёзиб олди. Улар ўқитувчилар экан. Уйма-уй юриб, болаларни мактабга ёзишаётган эканлар.
Уруш тамом бўлганига бир йил бўлган. Ажали етмай омон қолганлар юртларига қайтиб келмоқда эдилар. Бир қўли, бир оёғи йўқ, ҳатто икки қўли ёки икки оёғи йўқ ногиронлар қишлоғимизда кўпайиб бораётган пайтлар. Қайтиб келмаганлар, ёғоч оёқли, қўлтиқ таёқли одамлар қанча.
Али ака урушдан тўрт мучаси омон қайтди.
У кишини Жалил бобом масжиддан топиб олган эканлар. Масжид ҳовлимиз яқинида эди. Қаҳатчилик. Бобом бомдод намозига чиқсалар бир бола йиғлаб ўтирган экан. «Кимни боласисан?» деб сўраб-суриштира кетибдилар. Кейин уйга олиб келибдилар.
— Хотин, сенга битта ўғил олиб келдим.
— Вой, ўз болаларингиз камлик қилувдими? Турмуш тошдан қаттиқ бўлса...
— Қўявер, Худо ризқини беради. Масжид айвонида йиғлаб ўтирган экан. Замонни кўриб турибсан. Ким ўз фарзандини масжидга ташлаб кетади. Бу ерликка ўхшамайди.
Шундай қилиб, у ҳам ўз болалари қаторида улғайди.
1939 йилда Ориф амаким Али ака билан ҳарбий хизматга чақирилган эди. Ориф амаким бедарак йўқолганлиги ҳақида хабар келди. Шу орада Жалил бувам оламдан ўтди. Али ака эса урушнинг сўнгги йилларида жағидан ўқ еб, бомба кўчирган тупроқ остида қолган экан. Ҳамширалар уни топиб, шифохонага олиб кетишибди. Уруш тамом бўлгандан кейин тузалиб, қишлоққа келган эди.
Али ака урушдан олдин чўпон бўлган экан. Урушдан кейин жамоа хўжалиги у кишига еттита қўй-эчки берди.
Бувам: «Агар Али урушдан омон қайтса, Зайнабни унга никоҳлаб бер», деб васият қилган эканлар. Зайнаб аммам билан Али аканинг никоҳ тўйлари бўлди. Қўй-эчкилар туфайли рўзғоримизга анча барака киргандай бўлди. Иброҳим амаким, Зайнаб аммам, Али акалар жамоа хўжалигида ишлар, мен Оқдарё бўйида эчки ва қўйларни боқардим.
Оқдарё қишлоғимизга яқин — икки чақиримча наридан оқарди. Қишлоғимиз дўнгликда. Занжирлик ота қабристони қишлоқнинг шимолий чеккасида жойлашган. Қабристон ёнидан ариқ ўтади. Ариқнинг бир қирғоғи тепалик. Тепаликдан тушиб, арикдан ўтилса, дарё томон тўғри йўл. Унинг икки четида тут, жийда каби дарахтлар, боғлар. Анча юрилгандан кейин зах сув кўлмаклари, ботқоқлик бошланарди. У ерлар юлғун, қайрағоч, ҳар хил ёввойи буталар билан қопланган, қалин чим босган ўтлоқ эди. Қишлоғимиз подаси ҳам шу ерда боқиларди. У маҳалларда дарёда сув кўп. Айниқса, баҳор келиб, музлар эрий бошлаганда дарё суви ўзанга сиғмай, қирғоқлардан ошар, кўприкларни, яқин орадаги уйларни ювиб, оқизиб кетарди. Ҳозир яхши эслайман. Узокда оқиб келаётган кема кўринди. Унинг ичида қорамол, қўй, эшак ва одамлар бор эди. Кема тўлқинларга, тошларга урилиб, чайқалиб кетар, шунда баъзи одам ва жониворлар сувга ағдариларди. Дарё ўнгга буриладиган жойга келганда у катта харсангга урилиб, пачоқ бўлиб тўнкарилиб қолди. Ичидаги моллар оқиб кетди.
Бир кун болалар шовқин кўтариб, молларни қайтара бошлади. Қарасам, дарё тошиб, катта-катта муз бўлакларини бир-бирига уриб, гувиллаб оқаяпти. Тўлқинлар орасида дарахт шохлари, ёғочлар, бешиклар кўринади. Бешик устида ёпишиб қолган ёпқичлар. Эҳтимол, ичида чақалоғи ҳам бордир.
Атрофда мол боқиб юрган болалар ва ногирон подачидан бошқа ҳеч ким йўқ. Табиатнинг бу даҳшатли хуружи олдида улар ожиз эди. Шу воқеа ҳануз кўз олдимдан кетмайди.
Ўшанда мен саккиз-тўққиз ёшларда бўлсам керак. Ҳали мактабга бормасдим. Бувиларим билан бирга яшардим. Раҳматли менга ҳам ота, ҳам она бўлганлар.
Бир бошидан айта қолай. Онам мен жуда ёшлигимда вафот этган. Шунинг учун қиёфасини яхши эслай олмайман. Отам қамалганларида онам укаларимни етаклаб, мени эргаштириб, олди ҳовузли оқ уйга олиб борди. Отам шу ерда суд қилинаётган эди. Шу воқеа эсимда. Лекин онамнинг кўриниши қандайлиги эсимда йўқ. Бир марта расмга тушганмиз. Онам, укаларим билан. Аниқ эслайман. Ўша расм йўқолиб кетган.
Хуллас, уруш охирлаб бораётган, қаҳатчилик авжига чиққан пайтларда синглим Роҳила билан иккимиз момомизнинг қўлида қолганмиз. Ориф амаким билан Али ака урушда, отам қамокда, бувам вафот этган. Бувим, Зайнаб аммам, Иброҳим амаким билан яшардик. Улар колхозда ишлаб, ҳар куни иш ҳақига биттадан нон олиб келишарди. Бувим тиним билмасди.
Кечалари уйқудан уйғонсам, бувимнинг Худога илтижо қилиб, йиғлаб ўтирганларини кўрардим. «Эртага нима қиламан, ё тангрим... Буларнинг оғзига нима тутаман, етимларга раҳм қилгин. Ўзинг раҳмли, меҳрибонсан, тангрим.... Ўзингдан бошқа суянчиғим йўқ», деб ўз-ўзига гапириб, қоронғида ўтирганларини кўп кўрардим.
Энди эсласам, ҳовлимизда сигир, бузоқ бор эди. Боғимизда қўй, эчки, товуқлар ҳам бўларди. Қаҳатчилик, очлик бўлса, барака қочаркан.
Ўшанда кунжара еб, очликдан шишиб ўлганлар ҳақида эшитардик. Бувим раҳматли қишда уйдаги сотиш мумкин бўлган нарсаларни, ҳатто бувамдан қолган ҳовлини ҳам сотганди. Иброҳим амаким ўзини ўнглаб, ҳовли сотиб олгунча қариндош-уруғларнинг уйларида яшаб юрганмиз.
Бувамдан қолган томорқамиз бўларди. Жуда катта. Узумзорнинг ўзи икки таноб, унинг чеккасида, ариқ бўйида ўн бешта анжир бўларди. Ўнтаси сариқ, бештаси қора анжир. Улар дарахтдай бўлиб кетганди. Кузда, уларни кўмиш вақтида саккиз-ўн киши зўрға босиб турарди.
Бундан ташқари экин экиладиган яна ўн сўтих ер бор эди. Олма, зардоли, шафтоли, олхўри, олча, жийда, анор каби мевали дарахтларимиз бор эди. Ўрик, олманинг тўрт-беш хили ўсарди. Улардан мўл ҳосил олинарди. Қанча майиз, туршак қилинарди. Шундай экан, нега қишда ториқиб қолардик?
Болалигимда бу ҳақда ўйламасдим.
Бир воқеа ҳамон эсимда. Бир куни битта мелиса, иккита милтиқ кўтарган аскар билан дўм келди. «Урушга ёрдам» деб туршак-майизларни, қопланган жўхориларни олиб кетишди. Улар ортидан от, ҳўкиз қўшилган аравалар эргашиб юрарди. Бувим ўшанда «Болаларга ҳам қолдириб кетинглар, инсоф қилинглар» деб дод-вой қилиб, йиғлаб қолгани эсимда.
Бувамнинг Дўғон (Тўғон) мозор тарафдаги ўша боғда узун қилиб, хом ғиштдан қурилган уйи бўларди. Бир-бирига улаб қурилган бир уй-бир дахдиз, яна бир уй-бир даҳлиздан иборат эди. Бинонинг олди узун супа. Супанинг кун ботиш тарафида катта оқ тут дарахти соя солиб турарди. Ёз кечалари супада, шу тут тагида ухлардик. Эрталаб қушларнинг чуғур-чуғуридан уйғониб кетардим.
Шу бинонинг орқасида равот бор эди. Уйга туташтириб уч пахса девор билан ўралган қўрани равот дердик. Шу равотда бувамнинг саман оти билан, эшак турарди.
Эллигинчи йиллар охирида пахта майдонларини кенгайтириб, трактор билан ишлов беришга қулай бўлсин деб кўп боғлар, токзорлар бузиб юборилди. Шундай қилиб, бобомдан қолган боғ пахтазорга айланди. Иброҳим амаким Қиёт томондан бошқа томорқа олди.
Бу воқеалар кейин бўлган. Уруш даври жуда оғир эди.
Бувим кузда ер ҳайдатиб, арпа эктирарди. Баҳор келаверса, суюниб: «Ҳа, эрта-индин тут пишади. Оғиз тутга тегса, марра бизники.... Тангрим раҳмдил. Бандасини хор қилмайди», дерди.
Баҳор келиб, арпа бош тортса, кунимиз туғарди. Сут боғлаган бошоқни териб, қайнатиб, кўк атала қилиб берардилар.
Ҳаво булут бўлиб, момоқалдироқ гулдираб, чақмоқ чаққанда бувим: «Ана, Момо Ҳавво супрасини қоқаяпти. Ёмғирдан кейин ариқ бўйларига чиқинглар. Қўзиқорин чиқади. Момо Ҳаввонинг супрасидан тушган табаррук ушоқлардан териб келасизлар. Пишириб бераман», дердилар.
Синглим билан иккимиз қўзиқорин терардик. Бувим қовуриб ёки шўрва қилиб берардилар. Қандай лаззатли эди. Ҳозир қўзиқоринларда унақа маза йўқ. Уни қўзиқорин эмас, замбуруғ дейиш керакдир. Қўзиқорин ағдарилган қоринга ўхшарди. Мазаси ҳам жигар кабобга яқин эди.
Бувимнинг чархлари бўларди. Қишнинг қуёшли кунларида офтобга қараган айвонда ўтириб, пахтадан ип йигирар, кейин пишитиб, уни тевона (катта игна, жуволдиз) билан силлиқлардилар. Чархни айлантириб, унинг ғув-ғувига жўр бўлиб, ўз ёшликлари, урушга кетган ўғиллари, ота-боболарини эслаб, ғамгин-ғамгин қўшиқлар айтардилар. Улар алам, ўкинч, умид қўшиқлари, армонли дил ҳасратлари бўлиб, кўзёш билан кўнгил доғларини кетказувчи малҳам эди.
Бувим эртак, матал, мақолларни кўп биларди. Кечқурунлари айтиб берарди. Болалик қилиб бирор ишини бажармасам ёки ўйинга овора бўлиб, кечгача кўзига кўринмасам, шундай уришардики, гапларидан илон пўст ташларди. Ҳозир ўша гапларни эсласам, кулгим келади: «Босган изинг орқангда қолгур», «Йигит ўлмагур», «Кўзинг тешилмагур», «Оёғинг синмагур».
Ўн ёшимда мактабга ёзиб кетганларини айтдим. Ўқиш бошланадиган кун келди. Болалар бир-бирини чақириб, мактабга кета бошлади. Бувим бўлса, мени қўймади.
— Бормайсан. Қўйларга ким қарайди? Ким ўтин териб келади? Мактабдан нима фойда? Бир қучоқ ўтин териб келсанг, қозон қайнайди.
Ялиниб-ёлвораман. Мактабдан келиб, қўйларга ўт, овқатга ўтин териб бераман, деб илтижо қиламан. Бувим бўш келмайди. Ўзи мактаб кўрмаган. Лекин саводсизликни битириш машғулотидан «битта таёқча билан битта коса ёнма-ён турса, ўн бўлади», деган гапни ўрганиб олган.
— Мактаб қорнингни тўйдирадими, овқат берадими? Кечқурун «қорним очқади» деб келмайсанми? — деб астойдил ғазаб қиларди.
Уруш тугаган бўлса ҳам турмуш хароб, одамлар оч-яланғоч эди. Тандир орти жўхоризор эди. Йиғлаб жўхоризорга кириб кетдим. Ўтириб-ўтириб, бувимнинг овози тингандан кейин нариги томондан чиқиб, мактабга бордим. Мактаб ҳовлисида болалар сафланиб турган экан. Боғимизга бориб, ёзиб келган буғдойранг, новчагина аёл:
— Эргаш Жалил ўғли, бу ёққа кел, — деб чақириб олди ва сафга қўшиб қўйди. Кейин ҳар бир ўқитувчи ўзи ёзиб келган болаларни синфга олиб кирди. Уруш туфайли ўқишдан қолиб кетган 15—16 ёшли ўсмирлар, 20 ёшлардаги қизлар ҳам бор эди. Урушдан омон қайтган йигитлар оила қургани сабабли синфимиздаги кўпчилик қизлар иккинчи синфга ўтганда турмушга чиқиб кетди.
Шундай қилиб, ўқий бошладим. Бувим «Мактабга борма», деб бошқа жанжал қилмади. Тўрт йил бизни ўша боғимизга бориб, ёзиб келган опа — Марям Убайдуллаева ўқитди. Ўшанда синфимизда Усмон деган бир лўли бола ҳам бор эди. Бир куни унга жилдига қизил байроқ расми солинган хат келибди. Болалар қизиқиб, томоша қилиб туришган эди. Нима экан, деб мен ҳам бордим. Машинкада ёзилган хат. Газетадан келибди. Ўқидим. У шеърми, хабарми ёзиб юборган экан. Шунга жавоб келибди. Хатнинг бир чеккасида «Ёш мухбирга эсдалик» бор, унда қандай ёзиб, нималарга эътибор бериш ҳақида маслаҳат берилган эди. Усмонга ҳавасим келди. Ўша болалар газетига мен ҳам хабарлар, шеърлар ёзиб юбора бошладим. Адабиётга қизиқишим шундан бошланди.
Уйимизда Алишер Навоийнинг кўкиш рангли қалин муқовали девони бор эди. «Кунтуғмиш», «Орзигул», «Авазхон», «Равшанхон» ва яна қайсидир достонлар, «Ўзбек халқ эртаклари» китобларини отам ўқиб юрардилар. Бу вақтда ҳосилот бўлиб хизмат қилардилар. Бундан ташқари «Шарқ юлдузи» журналининг бир даста китоби ва «Пахтачилик» деган юпқа муқовали қалин-қалин китоблар бор эди.
Менинг биринчи ўқиган китобим Навоийнинг ўша девони, достон ва эртаклар эди. Отам негадир замонавий шоирлар китобларини хуш кўрмас, «маза-матраси йўқ», дердилар.
Еттинчи синфда ўқиб юрганимда синглим Роҳила қазо қилди. У жуда озғин, нимжон эди. Очарчилик унга ёмон таъсир қилганди. Менга жуда меҳрибон, битта олма ёки ёнғоқ топса ҳам менга асраб қўярди.
Уни қабрга қўйиб келгандан кейин уйга кирсам, сандал ёнида ётган Роҳила кўзимга кўриниб кетди. Дарди оғирлашиб қолгандан бери сандалнинг девор тарафида ётарди. Мен сандалнинг бу тарафида ўтириб дарс тайёрлар ёки китоб ўқирдим. Роҳила ҳар гал «Нима ўқияпсиз, ака», дерди.
— Китоб, — дердим, — халақит берма.
— Овоз чиқариб ўқинг, мен ҳам эшитай.
— Ўчир овозингни...
— Зерикиб кетдим. Овоз чиқариб ўқисангиз нима қилади?
Шу гаплар эсимга тушиб, кўнглим бузилди. Ўкинч аралаш йиғи ичимдан тошиб чикди. Китоб ўқиб бериш, дардманд кўнглини кўтариш ўрнига жеркиганим энди армон бўлиб ўртамоқда эди. Сандалда ўтириб ёза бошладим.
Сен ҳам мени ташлаб кетдингми...
Кетдингми дунёдан бошингни олиб,
Йўқчилик кулфатин ичингга солиб,
Сен ҳам мени ташлаб кетдингми?
Ёзарканман, томоғимга алам тиқилиб, кўзларимдан дув-дув ёш оқарди. Момом хонага кирдию, ҳолимни кўриб, ёнимга ўтирди. Бошимни силаб, юпата бошлади:
— Укангга куйинаяпсанми, болам. Сизларни итга қоптирмай, қушга тептирмай парвариш қилдим. Уруш очарчиликларидан олиб ўтдим. Энди қорни нонга тўйиб, ўнгланиб кетар девдим. Умри қисқа экан. Нима қиламиз, болам. Нима ёздинг, ўқиб бер-чи....
Ўқий бошладим. Ув тортиб йиғлаб юбордилар. Қўшилишиб йиғладик. Бувим ҳамма қўни-қўшниларга, дугоналарига шеърни айтиб чиқибди. Қўшни аёллар ҳовлимизга кирса, мени чақириб шу шеърни ўқитишарди.
Шундан бошлаб маҳалламизда «шоир» бўлиб қолдим. Синглим вафотига бағишлаб ёзган ўша шеър сақланиб қолмаган. Афсус. Фақат бир тўртлиги юрагимда.
Ўшанда шеър нима учун ёзилишини тушундим. Лекин ҳамма ёзганларим кўнгилдагидай чиқавермасди. Ўзим ҳам сабрсизроқ эдим. Узоқ ўтиришга тоқатим чидамас, ойлаб қўлимга қалам олмасдим. Лекин китобларни кўп ва фарқ қилмай ўқирдим. Шундан бўлса керак, шеърларим кўп йиллардан кейин босила бошлади.
1955 йилда Қорадарё туман газетасида «Орзу» деган шеърим босилган. «Қизил Ўзбекистон» газетасида 1961 йилда «Баҳор» сарлавҳали шеърим чиққан. Шундан бери «Мен сизни севардим», «Раҳмат, одамлар», «Сени ўйлаб», «Нотаниш йўллар», «Қўшиқ иштиёқи», «Мен сув ичган дарёлар», «Паризодим», «Дарёни излар шамол», «Бахтимга сен борсан» номли шеърий тўпламларим, публицистик китобларим нашр этилган.
Таржима китоблар ҳам бор. Рус тилидан инглиз драматурги К. Марлонинг «Буюк Темур» шеърий драмасини, Я. Илясовнинг «Сўғдиёна» тарихий романини, Е. Евтушенко ва А. Дементьевларнинг шеърий тўпламларини ўзбек тилига ўгирдим. Бошқа таржималарим ҳам кўп. Улар китоб ҳолида босилиб чиққан.
Маъруф Жалил

Qayd etilgan


Ansora  17 Sentyabr 2010, 13:09:26

I
Муқаддас кун



ХАЁЛЛАРИМ

Хаёлларим олам кезиб қайтиб келади,
Баъзан қуруқ, гоҳ янги гап айтиб келади.
Гоҳ аскарлар ётоғида бўлади меҳмон,
Гоҳ ўзи ҳам аскар тузар гўё қўмондон.
Гоҳ яйловда қўй боқади чўпонлар билан.
Гоҳ пайкалда кузни ўйлар деҳқонлар билан.
Гоҳ тилларда куйлансин деб тўқийди ғазал,
Гоҳ юртига меъмор каби беради сайқал.
Темир-бетон деворларни пайванд қилар гоҳ,
Чилвир сочлар хаёлини парканд қилар гоҳ.
Бу дунёда умид билан яшаган инсон
Ўтмасин деб фарёд чекиб юрак, бағри қон.
Ҳеч кимсани ишонч алдаб кетмасин, дейди.
Ёлғиз кулфат мақсадига етмасин, дейди.
Кишан билан озодликнинг фарқин билмаган
Ғафлатдаги тутқунларга зарда қилмасдан,
Тургин, дейди, фаришталар ризқ улашганда,
Эрта турмоқ одатингни қилмагин канда...
Хаёлларим олам кезиб қайтиб келади,
Баъзан қуруқ, гоҳ янги гап айтиб келади.


ДУНЁ ЭКАН

Дарё каби тўлғоқ билан оққан йўлларда,
Қанча суздим қайиқ қилиб тилакларимни.
Аммо баъзан тушиб қолиб ўлик кўлларга,
Чиқолмасдан толиқтирдим билакларимни.

Мени хасдай ўйнатмоқчи бўлса тўлқинлар,
Гоҳи хасдай ётиб олдим атай бепарво.
Шунда қуртдай жилпанглашиб совуқ ёлқинлар,
Совуқликни жўшқинлик деб қилдилар даъво.

Гоҳи суздим янги-янги тўлқинлар сари,
Ҳеч бир маъно изламадим қилган ишимдан.
Ҳамма нарса гўзал эди хаёл сингари,
Аммо қилдай наф йўқ эди филдай кучимдан.

Шунда бирдан бошим узра меҳрини сочиб,
Чаққон тил ва сеҳр билан лол қилиб элни,
Ҳаммага деб бир ўзига бахт йўлин очиб,
Муқом қилса, танимабман Мефистофелни.

Гоҳ кулардим қотиб-қотиб гўдақдай маъсум,
Гоҳи ҳайрон бўлар эдим ёқамни ушлаб.
Бирдан менинг ҳаётимда ўзгарди мавсум,
Кетиб қолди ажабланиш ҳисларим ташлаб.

Кўримсизлик гўзалликка қўшилиб кетди,
Аралашиб кетди гўё ер билан осмон.
Дунёдаги ҳамма қизиқ нарсалар йитди,
Ҳеч қолмади юрагимда Ишонч ва Гумон.

Қўлим ишга бормай қолди бу ҳол дастидан,
Руҳ барглари хазон бўлмай тўкилди бир-бир.
Чиқолмасдан босиб қолган бу тош остидан
Қанча ётдим, энди айтиб берсанг-чи, Сабр?

На зерикиш, на бир лаззат, на таскин топмай,
Чорасизлик қабрида мен қанча мудрадим.
Карахт бўлган ҳиссиётим юзини очмай,
Карахт ётган дамларимни қанча судрадим?

Нега ташлаб юбормадим ғурбат тошини,
Наҳот шу ҳам андишага киради, наҳот?
Андиша деб атасалар ғурур тожини,
Нега унга чорасизлик бўлар мукофот?

Дунё экан, мен ўзимни ўнгладим яна,
Тўнкарилган тошбақадай эмасман ожиз.
Яна гумон ва ишончим кўксимда мана,
Энди кетмас улар мени қолдириб ёлғиз.

Салом, дунё
Салом сенга, нурли истиқбол
Салом сенга, тилагимдай вафодор йўлим.
Салом сенга, зиқна куним, сен ҳам омон бўл,
Салом сенга, юзи ёруғ, баҳодир элим!


ЯНА ОЛАМ БЎЛДИ ЧАРОҒОН

Яна олам бўлди чароғон,
Хонадонинг шодликка тўлди.
Булут каби тарқади ҳижрон,
Соябонинг, давлатинг келди.

Вафодоринг, бахтингдан чўчиб,
Кетди армон зоғлари учиб,
Кулмас энди қалбингни чўқиб,
Соябонинг, давлатинг келди.

Меҳр-шафқат ипларин узиб,
Ҳамма кетди дил уйинг бузиб,
Мана, Тангри айлади насиб
Соябонинг, давлатинг келди.

Йиғла, тўйиб-тўйиб йиғлагин,
Яхши дамни суйиб йиғлагин,
Кўксига бош қўйиб йиғлагин,
Соябонинг, давлатинг келди.

Ўтган мудҳиш дамни дам дема,
Иродангни филдан кам дема,
Садоқат бор экан, ғам ема,
Соябонинг, давлатинг келди.

Толон қилди ўғрилар боғинг,
Ўчирмоқчи бўлиб чироғинг,
Халос қилиб суянган тоғинг,
Соябонинг, давлатинг келди.


МУСТАҚИЛЛИК

Салом, Мустақиллик! Салом, жигарим!
Ялдо тунидай узоқ ва дилгир зулмат қаъридан порлаб чиққан юлдузим! Кўзларим йўлингда интизор эди, юрагим дийдорингга зор эди.
«Қачон келаркан», деб мўлтираб боқдим, гоҳ аччиқ аламлар наҳрида окдим. Гоҳо чўкдим, шўр сув ютиб, нафасим қайтиб, гоҳ сакрадим жонҳолатда дардимни айтиб. Қуриб қолган ариқдаги балиқ сингари, нажот излаб талпинардим сассиз сарсари. Аммо дилда армонларим оламни бузиб, ўкирарди сўнгги умид чорасин тузиб. Қутилмоққа на бир чимдим чора бор эди. На мўъжиза, на бир омад менга зор эди.
Сенинг дарду ҳасратингда замонлар ўтди. Қанча авлод-аждодларим зардоб, қон ютди. Юрт бошидан зулм қорин курарманми деб, Озод кунлар сафосини кўрарманми деб, ўз эркимга посбон бўлиб турарманми деб, Ўз тақдирим арқоғини ўрарманми деб. Не-не мардлар ишонч билан кирди майдонга. Номард тақдир барин алдаб ботирди қонга. Умидларим қонга ботди ўшанда менинг, ўз эркимга ўз элдошим кушанда менинг.
Салом, Мустақиллик! Салом, жигарим!
Тунда тушимизда, кундузи ишимизда Сен ҳамиша фикримизни безовта қилиб, Чорлар эдинг имо қилиб, карашма билан. Юрагида ўти борлар савдойи бўлиб, Сени излаб кетар эди янги бир йўлдан. Аммо улар сўнгра қайтиб келмас эдилар. Пешонада не борлигин билмас эдилар.
Сени излаб дор остига борганин билмай, қанча мардлар ўлиб кетди пушаймон қилмай. Балки шулар зарда қилиб хўрлик, номусга, Сени яқин келтиргандир, Озодлик, бизга. Улар сенга содиқ қолди дор остида ҳам, Ҳурмат билан ёд этайлик ушбу қутлуғ дам. Чирқираб юрган руҳлари шод бўлса зора. Ахир қанча таҳқирланиб бўлди овора!
Мустақиллик, кел ёнимга, қўлларинти оч!
Сенга улар ишончини топширмоқчиман,
Аммо бошқа меросим бор — қўйнимда бир тош.
Бермоқчиман ўз меҳримни қувончим билан,
Уни ҳам мен сенга совға қиламан бугун,
Ўзинг ҳал қил, кимга отиш, қайга кўйишни.
Аммо яна бир андиша беради озор,
Битта гумон юрагимни итдай талайди.
Наҳот шунча кувонганим ҳаммаси бекор,
Наҳот иқбол соясида кулфат тунайди?
Йўқол юзи қора шубҳа! Заҳар кўланка,
Зўрға топган иқболимга гард қўшма энди.
Салом Мустақиллик! Салом, Озодлик!


СОҲИБҚИРОН, САФО КЕЛДИНГИЗ
(Тошкентдаги Амир Темур ҳайкалини кўриб)

Эл-юрт бахти, номуси деб жонини тиккан,
«Минг қарғага бир кесак» деб майдонга чиққан,
Руҳи сўнган эл қалбига жасорат экиб,
Босқинчилар салтанати туғини йиққан,
Соҳибқирон, хуш келдингиз, сафо келдингиз.

Мангу яшаб қололмайди дунёда ҳеч зот,
Ҳаммани ҳам олиб кетар бир кун чўбин от,
У дунёдан ҳеч ким қайтиб келмайди, ҳайҳот,
Аммо сизга раво кўриб ўзга қисматни
Ҳақ таоло бахш этдими қайтадан ҳаёт!
Соҳибқирон, хуш келдингиз, сафо келдингиз.

Эл қалбини ифтихорга тўлдирган шуур,
Жасоратга ошно қилган ибрат ва тадбир,
Чақмоқ каби қаҳр билан баҳордай меҳр,
Мерос бўлиб авлодларга қолганди, ахир.
У дунёга молу дунё, мукофот, унвон,
Шон-шуҳратни олиб кетмас майит ҳеч замон.
Барчасини авлодларга қолдириб мерос,
Олиб кетар савоб билан гуноҳин халос.

Аммо ғафлат басир қилиб кўзларимизни,
Ёв пойига сурдик қора юзларимизни.
Отамизни ўлдирганга мақтаб тутдик жом,
Ғурур, номус, диёнатни унутдик тамом.
Хўрлик, алам бўладими бундан зиёда!
Сизни кўрар кун бор экан ёруғ дунёда.
Соҳибқирон, хуш келдингиз, сафо келдингиз.

Афросиёб салтанатин қайта тиклаган,
Толмас тарих карвонига довруғ юклаган.
Юртни обод қил ва бахтли даврон кечир деб,
Бевафолик, ёлғончилик номин ўчир деб,
Мурод қасри тилсимини очиб берган зот,
Руҳингиз шод бўлсин мангу, қабрингиз обод.

Таҳқирланиб, ҳамияти оғриган кимса,
Аламини ичга ютиб ҳориган кимса,
Нажоткорин кўрган замон хўрлиги келиб,
Кўзларига ёш чиққандай ўпкаси тўлиб,
Пойингизда ҳўнгир-ҳўнгир йиғлагим келар,
Шодлигимдан алам бағрин тиғлагим келар.
Соҳибқирон, хуш келдингиз, сафо келдингиз.


МУҚАДДАС КУН

Озодликни орзу қилган аждодларим,
Излаб, кутиб армон билан ўтиб кетди.
Мен ҳам уни излар эдим кўнгли ярим.
Шукр, менга уни кўрмоқ насиб этди.

Ғофил бўлиб, бир бурчакда нолиб ётмай,
Фикри уйғоқ элим билан босдим қадам.
Кўлга олди Озодликни бир ўқ отмай,
Қурбон бермай озодликка чиқди бардам.

Қани буни кўрса эди фидойи жон,
Қамокдарда, сургунларда ўлганларим.
Бу айёмда арвохдари бўлиб шодон,
Кўрмокдаман парвоз қилиб кулганларин.

Озодликнинг ҳикмати кўп, қиёси йўқ,
Тутқунликнинг иллати кўп, зиёси йўқ.
Ўтгани рост бўлсин, қайтиб келмасин ҳеч,
У кунларнинг жафоси кўп, сафоси йўқ.

Чинорлар ҳам мунғаярди хижолатдан,
Боғлар сахий бўлиб кетди адолатдан.
Озодликдан ғаллазор ҳам илҳом олиб,
Деди: ортда қолмай илғор саноатдан.

Озодликни орзу қилган аждодларим,
Интиқ бўлиб, армон билан ўтиб кетди.
Мен ҳам уни излар эдим кўнгли ярим.
Шукр, менга уни кўрмоқ насиб этди.

«Бахтиёрман!» деб ҳайқирсам арзир бутун,
Бугун элим озод бўлган муқаддас кун...


ЮРАГИМГА БАҲОР КЕЛДИ

Бугун олам бунча гўзал,
Боқиб тўймас кўзларим.
Юрагимга бақор келди,
Куз фаслида, дўстларим.

Чўлдай бўм-бўш юрагимда,
Очилди рангин гуллар.
Гуллаб турган дарахтларда,
Сайраб кетди булбуллар.

Ниятимга етдим гўё,
Гўё қайта тутилдим.
Илк муҳаббат изтиробин,
Яна бошдан ҳис қилдим.

Саҳро каби бўм-бўш қалбда
Пайдо бўлди бир чаман.
Унда сайроқ булбулларга
Жўр бўлиб кетмокдаман.


* * *

Китобларда номингни кўриб,
Тополмайман излаб ўзингни,
Ялоқлардан боғларни қўриб,
Кўрай дейман гулдай юзингни.

Ўйлай-ўйлай тасаввуримда
Яратаман минг хил қиёфа.
Баъзан отда кўраман мағрур,
Гоҳ юрасан пойи-пиёда.

Гоҳи шамол учириб юрган
Ғижимланган қоғоз парчаси,
Ё кундузи занжирли турган
Эски уйнинг ёғоч дарчаси.

Ёки пайванд бўлган дарахтга
Бита олмай қуриган ниҳол,
Ё интизор тикилиб бахтга,
Соҳибини топмаган иқбол...

Биламанки, буларнинг бари
Интизорлик хаёли, бироқ...
Чўлда юрган Мажнун сингари,
Ўтиб кетди жонимдан фироқ.

Китобларда номингни кўриб,
Тополмайман излаб ўзингни,
Ялоқлардан боғларни қўриб,
Кўрай дейман гулгун юзингни.


ИСТИҚБОЛ

Гоҳ ошкор куйлаганим,
Гоҳ пинҳон сўйлаганим.
Гоҳо дўппини олиб, бош қашиб ўйлаганим,
Бобурга соғинч, далда олис юрт армонидай,
Сен менинг ягонамсан, қорақошим, истиқбол.

Биров олдимда кулиб, таъна қилар ортимдан,
Биров шод бўлса, биров куйинади дардимдан.
Дилда биргина умид ёлғиз сендай мардимдан,
Карам қилиб бағрингга ол, қуёшим истиқбол.

«Истиқболим қайда?» деб йўртиб кетиб борурман,
Сафарим заҳматларин қўшиқ этиб борурман.
Эгатларни оралаб бир кун етиб борурман,
Майли, билмасанг билгин, сен — бардошим, истиқбол.

Энди тўкин юртимда чанг, тупроқ йўллар қайда?
Янтоқ гуллаб, қамғоқлар югурган чўллар қайда?
Кўз ёшдан бағри қону ёқаси ҳўллар қайда?
Барин суратлаб берай, кел, сирдошим, истиқбол.

Сен менинг умид билан қилиб турган ишимсан,
Мақтов, мукофотлардан йўқолмаган ҳушимсан.
Кўнглимга далда берган ҳар тонгдаги тушимсан,
Пешонамга битилган Ёрилтошим, истиқбол.


ЯШАГИМ КЕЛАР

1

Ёшинг ўтган бўлса ҳам яшагинг келар,
Бағринг қонга тўлса ҳам яшагинг келар.
Навқирон бўлсанг-ку орзуларинг мўл,
Олдинда завқ тўла, ишонч тўла йўл.
Кунда бирор ютуқ, шараф-шон кутиб,
Майда фойдаларнинг баҳридан ўтиб,
Чўнтагингни эмас, катта бахт кўзлаб,
Ҳаяжондан терлаб, изтиробдан музлаб,
Ўтга ҳам, чўққа ҳам уриб ўзингни,
Мақсаддан узмайсан кўзингни.
Аммо орзу бошқа, имкон бошқадир,
Кечки армон бошқа, азон бошқадир.
Ватан тутқун бўлса, мазлум бўлса эл,
Нимани истайди безовта кўнгил?
Дўппига ачинмас боши кетса эр,
Номус талашади ёши етса эр.
Элу юрт дардига малҳам бўлай деб,
Умид гули сўлса мен ҳам ўлай деб
Тангрига ёлвориб излайди чора,
Ижобат бўлса деб тилагим зора.
Тангрига етдими элнинг фиғони,
Ниҳоят ушалди асрий армони.
Бирдан тушиб кетди елкамдаги тоғ,
Бирдан ўчиб кетди юракдаги доғ.
Қарғага айланиб сеҳргар кампир,
Парча-парча бўлди онгдаги занжир.
Бир дамда яшариб мунғайган олам,
Қаддини тиклади мункайган одам.
Хуш келдинг, хуш келдинг, Озодлик, жоним
Хуш келдинг, чироғим, бахтим, имоним!

2

Ҳашаротлар ҳатто кун кўрган замин,
Келгинди қушлар ҳам ин қурган замин,
Итлар, мушуклар ҳам тинч юрган замин
Бир мен учун нотинч бўлса нетайин,
Бошим олиб, ахир, қайга кетайин?!
Ахир, одам каби яшагим келар,
Бу менинг ватаним, уйим-ку, ахир!
Киндик қоним томган жойим-қу, ахир!
Ўтган қаро кунлар жабри бор бунда,
Ота-боболарим қабри бор бунда.
Бунда муродим бор, тафаккурим бор,
Армоним, дармоним, ғам, сурурим бор.
Ҳар гули мен учун очилар яшнаб,
Дарахти имлайди мевасин ушлаб.
Эртанинг ғамида гулдираб тошиб,
Мен учун тоғлардан қалтис йўл очиб,
Барака кўтариб тўлқинларида
Дарёлар оқади Помир саридан.
Шу тупрокда ўсган дарахтман мен ҳам,
Мен унинг, у менинг дардимга малқам.
Тирик бўлсам ундан кўксим мисли тоғ,
Ўлсам қучоғига олар шу тупроқ.
Хуш келдинг, хуш келдинг, Озодлик, жоним,
Хуш келдинг, чироғим, бахтим, имоним.


ЮПАТИШ

Бозор борсанг, чақиб олса нарх-наво,
Исён қилса, норозилик бедаво.
Ўйлаб қолсанг: «Бу қандай кун? Не савдо?»
Қайғурма кўп, бу савдолар ўткинчи.

Ўғил-қизим аҳволи не кечар деб,
Тақдир қўли қандай толе бичар деб,
Умр эса из қолдирмай учар деб,
Қайғурма кўп, бу савдолар ўткинчи.

Издан чиқиб кетган эди эл ахир,
Ўтлар ўсиб, йўқолганди йўл, ахир.
Ўша йўлни биз топайлик, кел, ахир,
Қайғурма кўп, бу савдолар ўткинчи.

«Иш билганча гап бил» демас донолар,
Йўлда синар бир-бирини ҳамролар,
Қаттиқ кунда мадор бўлгай наволар,
Қайғурма кўп, бу савдолар ўткинчи.

Нолиш билан бойиб қолмас ҳеч кимса,
Ваҳм босар ўйлаб, кўзини юмса,
Эл бахтимас, ўзин ўйлаган хумса,
Қайғурма кўп, бу савдолар ўткинчи.

Маъруф, бунча ўз-ўзингдан куймагин,
Яхши кунлар борлигини куйлагин,
Ноумидга умид бериб сўйлагин,
Қайғурма кўп, бу савдолар ўткинчи.


КЕЛГАМИШ

Ўз элининг бахтини
Ўйлар Келгамиш полвон.
Кўнгли хотиржам бўлсин,
Яшасин тўқ, фаровон.

Меҳнаткаш эл иноқ, дўст,
Ҳамжиҳатлик ҳар ёнда.
Бунда ўрри, бахил йўқ,
Ҳеч ким қолмас армонда.

Тўлиб оқар дарёлар,
Пайкалларда ҳосил мўл.
Ҳамма яхши тилакка
Бунда очиқ равон йўл.

Келгамиш фозил хоқон
Не иш қилса ярашар.
Жоҳил подшолар унга
Ҳасад билан қарашар.

Айғоқчилар юбориб
Ўз дарди чорасига,
Низо уруғин сочар
Иноқ эл орасига.

Аммо бахтли эл зинҳор
Ёлғон гапга учмайди.
Ҳеч бўлмаса, «тўхта» деб
Силтаб, жеркиб ташлайди.

Ҳасадчилар ўртанар,
Йўл излашдан тинмас ҳеч.
Фикр қилар «ғафлатда
Қолдирай» деб эрта-кеч.

Йўлларига пинҳона
Фитнадан қўяр қопқон,
Ўша қопқонга бир кун
Ўзи тушар бегумон.

Тангри севиб, шон бериб,
Кимники тутса азиз,
Бандаси хор қилолмас,
Йўлдан уролмас ҳаргиз.


УНУТМАЙДИ УНИ ВАТАНИ

Ўтган ота-боболар мисол
Бу дунёдан сен ҳам ўтарсан.

Сенинг ёдгор изларинг бўлиб,
Ортда қолар ўғил-қизларинг.
Улар билан юрт бағри тўлиб,
Ойдин бўлар яна юзларинг.

Ниҳолларинг улғайиб бир кун,
Айланади мевазор боққа.
Янги авлод келади мамнун
Боғинг яна обод қилмоққа.

Чуғурлашиб қушлар ёд этар,
Эсга олар япроқлар куйлаб.
Ҳар бир авлод руҳинг шод этар,
Ҳурмат билан номингни сўйлаб.

Завқ-шавқ берса кимгаки ҳавас
Келажакни обод этгани.
Миннатдор эл эсдан чиқармас,
Унутмайди уни ватани.

* * *

Айб этманг суқланиб боқсам ҳаётга,
Кўрсатса қалбимни очиб сўзларим.
Олам жой берса ҳам чексиз муродга,
Кўп нарса керакмас менга, дўстларим.

Майлига олимлар дунёни олсин,
Олмаганлар, майли, қилсинлар ҳавас.
Аммо менга ўзбек шеваси қолсин,
Фақат Ўзбекистон менга қолса бас.


«АФРОСИЁБ» ДОСТОНИДАН

Ўйладилар жангда ўлиб кетар деб,
Ё қум, саҳро-биёбонда йитар деб,
Ё зиёфат чоғи куни битар деб,
Кенгашиб бу ишни қилган эканлар.

Билардилар Сиёвушнинг доғи бор,
Аммо дилда чаман-чаман боғи бор.
Дўстларининг дўст деб ўлмоқ чоғи бор
Кенгашиб бу ишни қилган эканлар.

Дўстлар орасига фитна уруғин —
Экмоқчи бўлдилар топиб йўриғин,
Фитна ўйнаб юрди ечиб чориғин,
Кенгашиб бу ишни қилган эканлар.

Қотил фурсат кутар пана-панада,
Иложсиз ўртанар жони танада,
Сабр қилмоқ зарур, сабр янада,
Кенгашиб бу ишни қилган эканлар.

Фитна йўл билса ҳам адашиб кетди,
Охири ўзининг бошига етди.
Аразли дўст дўстин қўлидан тутди,
Кенгашиб бу ишни қилган эканлар.


ТИРИК ХОНЛАР ТАХТИ
(Самарқанд ўйлари)

Шаҳидлар армони, тириклар аҳди,
Соядай бу ерда юрар эргашиб.
Эҳтимол шулардир эртанинг бахти,
Топишар бир-бирин балки тергашиб.

Ўлик ерга тушган тирик уруғдай
Нобуд бўлган эмас томирдаги қон.
Юзини кул босган ноилож чўғдай
Ғафлатда ётибди беназир виждон.

Қўшин тортиб келса қўмондон йиллар,
Умид лашкарини ишга солдим мен.
Бу жангда синди кўп бақувват беллар,
Барини бағрига олди шу замин.
Агар сен адашмай келсанг, малагим,
Гумонлар қилмаса ҳафсалангни пир.
Кўнглинг шу чоққача бўлса ҳам ярим,
Гуноҳкор бўлсанг ҳам бир лаҳза ўтир.

Ҳеч нарса сўрама кўзёши тўкиб,
Лаънат ўқимагин қисматингга ҳам.
Сувга тушган тошдай кетмасанг чўкиб:
Ўзим дардларингга бўламан малҳам.

На тиним, на роҳат билмайсан ҳамон,
Аммо сен эмассан севги гадоси.
Аниқ билмасанг ҳам, бахтингга ишон,
Сенсан танилмаган бир қалбнинг шоҳи.

Мени излаб келгин қачон бўлса ҳам,
Сенсан бу дунёда ёлғиз тилагим.
Жоҳил шоҳлар асло қўёлмас қадам,
Фозил хонлар тахти менинг юрагим.


СЎЗ

Кибр отига миниб,
Сўзни ким улоқ қилар.
Ўзи ғолиб чиқса ҳам,
Отини чўлоқ қилар.

Уни Маҳмуд Кошғарий
Машоқ каби терганда,
Алишер заргар каби
Йиғиб сайқал берганда.

Ўз қорнини ўйламай,
Ўйлаган сўз қадрини,
Унга омухта қилиб,
Хушбўй кўнгил атрини.

Улар миллат шони деб,
Кибр шайтонин йиққан.
Тупроқда ётган сўзни
Осмонга олиб чиққан.

Бугун ҳар шуҳратпараст
Сўз қадрини тушириб,
Обрў олмоқчи бўлар
Мужмал таом пишириб.

Атлас кўйлак кийдириб,
Тўйларда ўйнатарлар.
Қадаҳ тўла май бериб,
Мастона куйлатарлар.

Кибр отига миниб,
Ким сўзни улоқ қилар.
Ўзи ғолиб чиқса ҳам,
Отини чўлоқ қилар.


СЕНИ КЎРГИМ КЕЛАР, ОНАЖОН

Шодликдан осмонга етганда бошим,
Бир жойга тўпланса дўсту қариндошим.
Ё бошимга тушса бирор мусибат,
Ёки биров айтса отамга раҳмат,

Учраб қолса йўлда таниш аёллар,
Дилдан тилга кўчса маъсум хаёллар
Деса: «Кўринишда мағрур бўлса ҳам,
Йўқ эди онангдай муштипар одам».
Сени кўргим келар, онажон.

Ёр билан боғ кезсам ойдин кечалар,
Кўнглимда туғилса янги режалар.
Сирли куйлаб оқса жилғалар пастда,
Бахтимга юлдузлар боқса ҳавасда —
Шаббода силаса гулнинг юзини,
Тингламоқ истайман айтган сўзини.
«Боламнинг бўйини кўрай деб бир дам»,
Эҳтимол гул бўлиб чиққансан ердан.
Шу сабаб соғинч-ла боқаман гулга.

Армон фарёд қилар ўксиган дилда.
Сени кўз олдимга келтиролмай, гоҳ!
Эслолмай юрагим ўртанар ногоҳ.
Қандай бахтиёрдир онаси борлар,
Улар етимлардай чекмас озорлар.
Ўзинг кетдинг менга бериб умрингни,
Соғиниб асрайман дилда меҳрингни.
Сени кўргим келар доим, онажон.


ПАРИЗОДИМ

Паризодим, сени излаб тоғларга бордим,
Айтолмадим юракдаги саволларимни.
Аммо, топиб юпансин, деб қўйиб юбордим
Тоғ бургути каби учқур хаёлларимни.

Ўзим жавоб беролсайдим,
Бошимни эгиб,
Шамол каби югурмасдим, қўним билмасдан.
Шивирламас эдим ҳар бир дарахтга тегиб,
Ҳатто тоғлар сўзлар эди сукут қилмасдан.

Пишқирарди ювош бўлиб қолган дарёлар,
Хазон бўлган лола қайта кўтарарди бош.
Эски йўлда янграр эди янги наволар,
Кучга тўлиб нур сочарди кузда ҳам қуёш.

Ҳар бир мева туғилади куртак ва гулдан,
Лммо озми спир гулдай мевасиз гуллар!
Йўқ, мен қийиқ қидирмадим бу ерда қилдан,
Олиб бормас у манзилга дуч келган йўллар.

Мен танлаган йўл ҳаётга бегона эмас,
Мўъжизалар учрамайди унда эҳтимол.
Балки ҳеч ким тақдиримни қилмайди ҳавас,
Сенга атаб эколмасам битта ҳам ниҳол.

Қоронғида йўқотарман балки йўлимни,
Балки бир тош йиқитади адашганимда,
Балки биров мадад берар кўриб ҳолимни,
Балки куним битар сенга етишганимда.

Аммо сенга қилмагайман зарра хиёнат,
Қасам ичиб бермаганман гарчи қатъий сўз.
Сен мангусан бу дунёда, мен — бир омонат,
Эзгу ҳислар ичра, лекин ёнурман ҳануз.

Паризодим, сени излаб тоғларга бордим,
Айтолмадим ўйлаб юрган саволларимни.
Аммо, топиб юпансин, деб қўйиб юбордим
Тоғ бургути каби учқур хаёлларимни.


* * *

Тасаввурда қилиб пайдо
Ўзим унга бўлиб шайдо,
Висолига етолмасман
Хаёлидан кетолмасман.
Бу қандай сирли маъводир,
Бу қандай сирли савдодир?

Бошимни минг хаёл чулғар,
Кўзим ёлғиз сароб илғар.
Оёғим остида ер йўқ.
Бу ёруғ дунёда нур йўқ.
Хижолатми, пушаймонми —
Олар қийноққа виждонни.

Қасам янглиғ умидим бор:
Севар бир кун мени ул ёр.
Тўлиб-тошиб оқар ул дам,
Кўзи ёпиқ булоқлар ҳам.
Фақат мен толмасам бўлди,
Йўлимдан қолмасам бўлди.


МУНОЖОТ

Мендан муножот, сендан ижобат,
Дилимга солгин сабру қаноат.

Инсоф тиларман кунда ўзимга,
Шукронам бўлсин сабру қаноат.

Исён кўтарма, эй жоҳил нафсим,
Шайтон ҳукмига қилма итоат.

Ҳалол меҳнатда топай ризқимни,
Ҳаром луқмани қилмайин одат.

Бошимга кулфат қўшин тортса ҳам,
Ташлаб кетмасин кўнглим диёнат.

Дил уйи равшан ёрим ишқидан,
Бу ишқ майида иўкдир маломат.

Гуноҳим кўпдир, ижобат айла,
Менга йўл кўрсат, соҳиб каромат.


ТОНГ МАНЗАРАСИ

Бир яхшилик тугиб дилга,
Маъсум боқиб бедор элга,
Тонг жилмайиб чиқди йўлга...
Ошиқ бўлганга ўхшайдир.

Бу табассум гулга ёқиб,
Ороланиб, хуррам боқиб,
Шабнамдан маржонлар тақиб...
Ошиқ бўлганга ўхшайдир.

Тонгга олқиш ўқиб қушлар,
Тасбеҳ айтиб, кўнгил хушлаб,
Сўнг учади бир чўп тишлаб,
Ошиқ бўлганга ўхшайдир.

Арикда сув чопар илдам,
Экинларга олиб малҳам.
Хумор-хумор табиат ҳам
Ошиқ бўлганга ўхшайдир.

Қуёш яшнаб чиққан замон,
Такбир ўқиб барглар шодон,
Келтиради ёрга иймон,
Ошиқ бўлганга ўхшайдир.

Бунча зебо бугун олам,
Сен бепарво бўлма, одам,
Яратганга ер ҳам, кўк ҳам
Ошиқ бўлганга ўхшайдир.

Маъруф ичиб вахдат майин,
Ташна бўлиб ичган сайин.
Наво қилар булбулдайин...
Ошиқ бўлганга ўхшайдир.


КЎНГИЛ КЎЗИМНИ ОЧ

Ҳақиқатни кўрай мен ҳам,
Кўнгил кўзимни оч, тангрим.
Ғофил ўтмай бу дунёдан,
Кўнгил кўзимни оч, тангрим.

Ўз нафсини ардокдаган,
Ўзга бағрини доғлаган,
Эл бахтидан завқ олмаган —
Кўнгил кўзимни оч, тангрим.

Инсоф, ҳимматни унутган,
Залолат йўлини тутган,
Гуноҳ қилиб, савоб кутган
Кўнгил кўзимни оч, тангрим.

Қуръон ўқиб, зикр қилсин,
Яшаш не, деб фикр қилсин,
Кунда минг бор шукр қилсин,
Кўнгил кўзимни оч, тангрим.

Зино қилгай ҳаёси йўқ,
Умри зулмат, зиёси йўқ,
Сафоси йўқ, давоси йўқ,
Кўнгил кўзимни оч, тангрим.

Имон келтир, деган зотга,
Сомон олиб келар отда.
Наҳот умрим шу хил ўтса,
Кўнгил кўзимни оч, тангрим.

Ўзинг Собир, Ўзинг Жаббор,
Бари асрор сенга ошкор.
Маъруф айтар: эй Биру Бор,
Кўнгил кўзимни оч, тангрим.


ЭЙ ФАЛАК

Эй фалак, бир қайрилиб боқ менга ҳам,
Чорасиз ғам ўртаган чоғ менга ҳам.

Тобакай қақраб ётар ташна дилим,
Барака — ёмғир бўлиб ёғ менга ҳам.

Қора тун ҳасрат-ғамин тарқатди тонг,
Қолмасин доғ устига доғ менга ҳам.

Йўлдаги кулфат тоғидан қил халос,
Ё уни эт дилкушо боғ менга ҳам.

Номурод дил ўртанар нур соғиниб,
Шам қилиб битта юлдуз ёқ менга ҳам.

Илтижо қилдим сенга, буйруқ эмас,
Эй меҳр, дарё бўлиб оқ менга ҳам.

Хизматин тутса агар Маъруф дариғ,
Миннатинг бош устига тоғ менга ҳам.


ҲАСБИ ҲОЛ

Эй тамиз одам, менинг кўнглим хира,
Унда рўшнолик нишони йўқ сира.
Орифона сўз шаробин қуй бу дам,
Кўнглим очгай балки ул шўх бокира.

Балки кўнгил кўчасига сун соииб,
Уйғотар ғафлат итини ё топиб,
Ё кулиб-йиғлар кўзи тушган замон
Руҳим аҳволин кўриб, фарёд чекиб.

Ёш эдим, кўнгил уйи бир боғ эди,
Улғайиб кўзим очилган чоғ эди,
Оқни қора, қорани оқ дердилар,
Шу туфайли кўнглим ичра доғ эди.

Бу харобот аҳлининг ҳоли эмас,
Ёки даҳрий кимсалар фоли эмас,
Кимни қалб кўзи очиқ бўлса агар,
Бу сўзингда не таманно бор, демас.

Машрабона дор учун қилмай сафар,
Сен кўнгиллар ичра кездинг дарбадар.
Элу юрт тақдирини кўп ўйладинг,
Етказай деб яхши кунлардан хабар.

Яхши кунлар чеҳрасига зор бўлиб,
Кеча-кундуз кўз тутиб, бедор бўлиб,
Қанча мардлар ўтди армон доғида,
Ўз такаббур даврига ағёр бўлиб.

Дард берган Тангри дармон ҳам берар,
Йўлда ким райҳон, ким шўра терар.
Бизга ўргатди замон тажрибаси,
Гоҳи сўз камтар, гоҳи кўкрак керар.

Тегмасин деб беимонлар кўзлари,
Парда ичра чикди йўлга сўзларим.
Шул сабабми топмади кўп эътибор,
Лек ҳуснда кам эмасдир ўзлари.

Ғарбу Шарқ йўлида кўп кездинг, бироқ,
Маърифат уммонларин суздинг, бироқ,
Ҳар кеча дафтарга дил очган маҳал
Миллатинг тақдирини қилдинг чироқ.

Шуми рўшнолик дилингда йўқлиги,
Дилхиралик балки кўнгил тўкдиги.
Энди Маъруф, қайғуларни четга сур,
Шеърга сол озод замоннинг кўҳлигин.


СЕН БЎЛМАСАНГ ЁНИМДА

Боғларда тароват йўқ, сен бўлмасанг ёнимда,
Тоғларда салобат йўқ, сен бўлмасанг ёнимда,
Оламда нафосат йўқ, сен бўлмасанг ёнимда,
Кўнглимда ҳаловат йўқ, сен бўлмасанг ёнимда.
Жонимда итоат йўқ, сен бўлмасанг ёнимда.

Қайси куни, эй дилбар, қайда менга сўз бердинг,
Ақлимни олиб қандай, кўнглимга қачон кирдинг,
Сен лафзи кароматми ё субҳи сабо эрдинг?
Кел, ўзни намоён қил, пинҳона мени кўрдинг,
Бир лаҳза қаноат йўқ, сен бўлмасанг ёнимда.

Кундуз куни офтобим кўнглимга қадам қўймас,
Тунда тўлин ойимни абр отли ситам қўймас.
Гоҳи эзилиб ёмғир, эгнимни шинам қўймас,
Эркин нафас олмоққа йўлларда алам қўймас,
Ўйимда ҳаловат йўқ, сен бўлмасанг ёнимда.

Йўлда адашиб юрган бола кабидир ҳолим,
Мажнун дилидан чиққан нола кабидир ҳолим,
Арқонга мадад бўлмас тола кабидир ҳолим,
Оҳу кўзида битган вола кабидир ҳолим,
Умиди саодат йўқ, сен бўлмасанг ёнимда.

Тунни уладим тонгга васлингга тўярман деб,
Ғам лашкарини сабрим тиғи-ла сўярман деб,
Сўнг қатли ғамим қонин кўз ёш-ла юварман деб,
Ғурбатдаги бошимни тиззангга қўярман деб,
Умримда фароғат йўқ, сен бўлмасанг ёнимда.

Балки топарман ёзда, эҳтимол қиш топмасам,
Кўнглим ўрнига тушмас, эрта ё кеч топмасам.
Остин-устун қилурман дунёни ҳеч топмасам,
Қаламим қилич бўлар, агар қилич топмасам,
Умримда давомат йўқ, сен бўлмасанг ёнимда.

Ўлкамга баҳор янглиғ уйғониш олиб келган,
Ҳикмат тўла дарёдай ҳайратга солиб келган,
Иқбол йўли кўп оғир, майлига, толиб келган,
Маъруф каби тўйларга ноғора чалиб келган,
Шеъримда ҳарорат йўқ, сен бўлмасанг ёнимда.


ОШИҚОНА

Шариат очди йўлингни,
Тариқат тутди қўлингни.
Ёр ишқида мажнун бўлиб,
Висол истаб, шавққа тўлиб,
Тақво йўлин тутиб маҳкам.
Зикр айлаб номин ҳар дам.

Маърифатдан олиб баҳра,
Ҳикмат териб қатра-қатра,
Ҳақиқатга эришгайсан,
Жонон билан кўришгайсан.

Жонон эса бўлиб огоҳ,
Кўриб турар сени ҳар чоқ.
Фано бўлган кунинг ул ёр
Тажалли айлагай ошкор.

Муриддирман, пирим йўкдир,
Сендан пинҳон сирим йўкдир.
Агарчи гулдаги ҳорман,
Жамолингдан умидворман.


ЙЎЛ БЎЛСИН

Йўл бўлсин, биродар, йўл бўлсин,
Ҳамдардинг, ҳамроҳинг мўл бўлсин
Дўстларинг бахтингдан шодланиб,
Душманинг кўз ёши кўл бўлсин.

Расодир дилинг ҳам, тилинг ҳам,
Не чиқса кўрарсан йўлингдан,
Кулфат, ғам чекинар мунғайиб,
Гар Иблис тутмаса қўлингдан.

Елкангда иккита фаришта,
Қилмишинг ёзади ҳамиша.
Сен манзил ошасан хотиржам, .
Кўнгул тўқ, ниятинг саришта.

Аммо йўл бўлса ҳам чароғон,
Унда ғам, ташвишлар фаровон.
Кутмаган пайтингда чанг солар,
Ғафлатда қолдирар ногаҳон.

Чумчуқдан қўрққанлар дон экмас,
Жоҳиллар висол деб ғам чекмас,
Ким йўлга чиқибди, ошикдир,
Ошиклар шаънига доғ тегмас.

Йўл бўлсин, биродар, йўл бўлсин...


ПАЙҒАМБАРИМИЗ МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМГА НАЪТ
(Наҳифийдан)

Ё Расулуллоҳ, будир вирди забоним субҳу шом,
Ас-салоту вас-салом, эй фахри олам, ассалом.
Айларам бу важҳ ила арзу убудият мудом,
Ас-салоту вас-салом, эй фахри олам, ассалом!

Жонима кор этди тоби иштиёқи вуслатинг,
Доғ-доғ этди тани бемори нори фурқатинг,
Ўлдирурса мен ғарибу зори дарди ҳасратинг,
Ас-салоту вас-салом, эй фахри олам, ассалом!

Шавқи вуслат-ла кўнгилдан раф ўлуб ҳасрату ғам,
Айласам кўйингда таслими тахийёт дам-бадам,
Юз суриб даргоҳингга ашк ила, шавқ ила десам,
Ас-салоту вас-салом, эй фахри олам, ассалом!

Ҳақ таоло зотинг этди «Раҳматан лил-оламин»,
Қилди унвони сифотинг содиқул-ваъдил-эмин,
Деди ташрифингда бор ахди самовоту замин,
Ас-салоту вас-салом, эй фахри олам, ассалом!

Қанда азм этсанг, аё султони мулки истифо,
Фахр этарди хоки пойингдан сенинг арзу само,
Дер эди эшжору аҳсор кўргузиб иззат санго
Ас-салоту вас-салом, эй фахри олам, ассалом!

Наъти покинг мояйи фахр ўлди бу жону дила,
Айларам то қиёмат авсофинг ихлос ила,
Бу садо албат келур хоки мозоримдан дея:
Ас-салоту вас-салом, эй фахри олам, ассалом!

Ҳасратингда хок қилса жисмими боди сабо,
Руҳ бахш ўлсин манга зикринг-ла ёрони сафо,
Қабрим устинда десинлар ким Наҳифийдан сано:
Ас-салоту вас-салом, эй фахри олам, ассалом!


* * *

Бу дунёдан ўтиб кетган бўлса ҳам,
Яхшини эслашар яхши сўз билан.
Ибрат маъносида, ўрни келган дам
Ёмон одамни ҳам эслашар баъзан.

Номинг ёмон бўлиб тилга тушмасин,
Даврада авлодинг қилмасин номус.
Номард бир айбингга юз айб қўшмасин,
Мардлар тилин тишлаб, чекмасин афсус.

Тўртта оёқ билан ҳаттоки от ҳам,
Тўғри йўлда тояр кези келганда.
Хом сут эмган банда ғафлат босган дам
Хато қилармиди ҳушёр бўлганда.

Кошки хира тортиб виждон ойнаси,
Қўнмаса кўнгилнинг кўзига ғубор.
Нафс иблисининг макру ҳийласи
Иймон кўчасида кезмаса такрор.

Тангрим, караминг кенг, кечиргувчисан,
Дилга жо қилай деб сабокларингни.
Гуноҳлар орттирдим билиб-билмасдан,
Ўзинг маъфират қил гуноҳларимни.


НОШУКРЛАР БАХТИЁР БЎЛМАС

Мустақиллик бўлди муяссар,
Суруримиз ўсди тоғ қадар.
Байрам қилиб бу қутлуғ дамни,
Шукроналар айтиб, оламни —
Дил оламин шавққа тўлдириб,
Ёвни ўртаб, дўстни кулдириб,
Вайрон юртни обод этмоққа,

Яхши кунга тезроқ етмоққа
Ният қилиб ишламоқ учун
Бизга нима етмайди бугун?
Аммо қаранг, дунё ишини,
Лол қилади кўрган кишини:
Товон олган каби эрк учун
Тўкди элга мушкулот юкин.
Мустақиллик ёқмаган зотлар
Йўлга чиқди севиниб, додлаб:
«Ана сизга кундай озодлик!
Кимга керак бундай озодлик?!»

Қўл учида кун кечирганлар,
Эски хаёл билан юрганлар,
Сотқинларнинг сўзига учиб,
Маломатли кўзига учиб
Тош отишиб мустақилликка,
Ғазабини сочарди тикка.
Қайси боққа тош отганин у
Билмас эди. (О, ғофил туйғу).
Қорнинг тўқ бўлса ҳам, қафасда
Яшамоқ наҳотки ҳавасдир.
Ғурур қайда, ҳамият қайда?
— Номусингдан менга не фойда!
— Ё Тангрим, бу қандай махлуқдир?
Бунга Сен имон бер, инсоф бер!

Мен кўрганман очдан ўлганлар,
Оғир кунда дадил бўлганлар,
Юрагига ишонч тўлдириб,
Фарзандини суйиб, кулдириб:
«Яхши кунлар келади, болам,
Уйинг нонга тўлади, болам.
Сабр қилгин, кўрарсан», дерди,
«Мени эслаб юрарсан», дерди.
Тўғри бўлса кўнгил агарда,
Довдирамас оғир дамларда.
«Эл ҳолини билмаган шоир,
Ёзганлари хаёлга доир.
Ўзи тўкин яшар. Шунинг-чун,
Бизга таъна қилмокда бугун».
Деб ўйласанг, келиб кўр. Не ғам,
Не ташвишда яшар шоир ҳам.
Менинг бахтим эл озоддиги,
Шу ўй билан дил ободлиги.
Оғир кунлар ўтиб кетадир,
Менинг бахтим ана шундадир.

Қафасда тўқ яшашга қарши,
Сохта «жаннат» ясашга қарши,
Босқинчилар қутқуларига,
Имонсизлик сотқуларига,
Нафс ёвига қарши суриб от,
Нодонликка бошласак жиҳод,
Ватан куч ва қудратга тўлар,
Турмуш тинчу фаровон бўлар.
Боболарнинг руҳин шод этиб,
Келажакни доим ёд этиб,
Озодликни асрасак омон,
Шунда қолмас Туронда армон.


СУҚРОТ ҲАКИМ САБОҒИ

Суқрот ҳаким айтар:
Ниҳол эккан дам
Боғбон билмас
Мевасига тегарми оғзи.
Уй қуриб турган одам
Билмас бу уйда
Ўзи яшайдими ёки бошқалар.
Аммо Тангри билар,
Тангри донишманд!
Қонун, тартиб, мол-мулкингу
Умр давлатинг;
Оилангни, номусингни
сақловчи қўрғон,
Эҳтиёт бўл уни бузмоқ истаганлардан,
У ёнғиндир. Ўчир уни авж олмай туриб.
Саркаш нафсинг исён қилар,
Қонунга қарши,
Инсоф, диёнатга ҳамла қилади шайтон.
Ғофил банда, сен узоқни кўрмайсан, чунки
Ўрмону Тоғ, Иморатлар тўсиғи бисёр.
Тангри эса барчасини кўради аён.
Ҳайкал-санамларга сиғинмоқ бекор.
У оламни яратганда
Барча нарсага
Йўл кўрсатиб, бузилмас бир тартиб ўрнаттан.
Бу Қонундир.
Муқаррардир унда қудрати.
У комиллик тимсолини
шунда кўрсатган.
Тангри Иродадир, Тангри сўздир,
Тангри ҳикматдир,
Ҳимматда ҳам, Қудратда ҳам
Ягонадир У.
Тангри Донишманддир.
Инсон билими
Унинг қаршисида
Бир томчи холос.
Руҳимиз нур бизнинг,
жисмимиз тупроқ,
Нур нурга ошикдир,
тупроққа тупроқ.
Аммо тупроқ нурсиз фикр қилолмас,
Намоён бўлолмас, беролмас ҳосил.
Мантиқ билан фикр қилмоқ,
олам сирларин
Ўрганмоққа интилмокдир
буток саодат,
О, Ирода, мени ўша саодатдан
қилма бенасиб.


ВАТАН

1

Хусраву Дорони олиб қаламга,
Алишер кўрсатди жумла оламга.
Аммо, Искандар-чи, не қилди тортиқ,
Хусраву Дородан нимаси ортиқ?
Сувдай оқиб ўтди қанча замонлар,
Кексариб ҳам кетди гўдак армонлар.
Майда гапдан қоп-қоп, мақсаддан йироқ,
Майда одамлар ҳам яшайди, бироқ,
Ҳаёт — сирли китоб, англамоқ учун
Ҳеч кимга кифоя қилмайди бир кун.
Шу сабаб қилгунча ундан хулоса,
Эҳтимол лозимдир сабр, муроса.

Мидия тангаси чиқса Тошкентдан,
Юнон хати чиқса агар Бешкентдан,
Хоразмдан чиқса Эрон қиличи,
Бухородан чиқса араб идиши,
Бу — юрт бедарвоза бўлгани эмас,
Ё халқнинг ғурурсиз қолгани эмас.
Мен тарих варақлаб топгунча жавоб,
Неча бор бошимдан айланди офтоб.

2

Табарий домладан Мирхондга қадар,
Қанча китобларга қилмадим сафар.
Қаландар сиёҳли бир мажор олим,
Тарихида битди бурунги ҳолим.
Клавихо эса хотираларин —
Холис битган фикри бокираларин,
Кўрган-билганларин қалбимга қуйди,
Темурни ёнимга келтириб қўйди.

Аждодлар номию миллатин фақат
Меросим, демоқни қилсайдим одат,
О, агар шугина қилса кифоя,
Шу билан топсайди орзум ниҳоя,
Шундай ғариб битса умрим муҳлати,
Кимга қолар эди улар давлати?!
Улар санъатини эгалларди ким?
Нима англатарди биргина отим?
Мен тарих варақлаб топгунча жавоб,
Неча бор бошимдан айланди офтоб.

Гоҳ Наршахий билан, Яздий билан гоҳ,
Гоҳи Бартолд билан сўзлашдим узоқ.
Мен тарих илмида мақтанмоқ учун,
Бекорга қофия тизмайман бугун.
Ҳаммада кўз, қулоқ бир хил бўлса ҳам,
Бор гапни айтишда холисларим кам.
Мен эса харидор қилгандай харид,
Тарих денгизидан тердим марварид.
Порлоқ истиқболинг кўраман равшан,
Ўтмишингга боқиб, о, азиз Ватан.

3

Сўниб бораётган ўтмиш бошида,
Йиғлаб турганларнинг аччиқ ёшида,
Ҳайрон аросатда тургандай киши,
Турар истиқболнинг ғамгин ташвиши.
Ота-онасидан айрилиб нолон —
Етим қолганларнинг ошлари ёвғон.
Ким боса оларди ота ўрнини,
Ким боса оларди она ўрнини.
Айрилиқ заҳмати шундай мушкул иш,
Ота-она энди уларга ўтмиш.
Порлоқ истиқболинг кўраман равшан,
Ўтмишингга боқиб, о, азиз Ватан.

4

Ўтсочар аждаҳо қириб, ёндириб,
Тўймас босқинчилик нафсин қондириб,
Кўзи очиқларнинг узиб бошини,
Вафодор қизларнинг тўкиб ёшини,
Ҳимоясиз юртни таслим қилдилар,
Ўзларин баҳодир, ғолиб биддилар.
Сўнгра етимларнинг бошини силаб,
Меҳрибон сингари бахтини тилаб:
«Отанг жоҳил эди, илмсиз ғофил,
Сен билан биз даврон қурамиз одил»,
Деб ожиз гўдаклар кўнглин олдилар,
Оёғи, онгига кишан солдилар.
Улар билмасдики, гўдак бўлса ҳам,
Дунёни унутиб беғам кулса ҳам,
Қорни тўқ бўлса ҳам ўртанар жони,
Томирида оқар боболар қоии.
Порлоқ истиқболинг кўраман равшан,
Ўтмишингга боқиб, о, азиз Ватан.

5

Ялдо тунининг ҳам тонги бор, ахир,
Кулфат, азобнинг ҳам сўнгги бор, ахир
Қачон отар экан ўша тонг, дея,
Озодлик чаларми яна бонг, дея
Қанча баҳодирлар кечди жонидан,
Аммо эл кечмади ҳеч иймонидан.
Билгамиш хоқоннинг ўлмаган руҳи,
Қайдадир кўтарди Темурбек туғи.
Уни қўлга олди бахтиёр авлод,
Қаддини кўтарди букчайган ҳаёт.
Қафасдан чиққан қуш қайта кирмагай,
Нафс деб тузоққа ўзин урмагай.
Порлоқ истиқболинг кўраман равшан,
Ўтмишингга боқиб, о, азиз Ватан.

6

Тангри оҳимизни эшитди чоғи,
Бағримизда ёнди эрклик чироғи.
Олий Мажлис уни эълон қилган дам,
Лолу ҳайрон бўлиб тўлғанди олам.
Наҳот темир қафас бузилган бўлса,
Қуллик занжирлари узилган бўлса.
Афсона туюлган орзу чикди рост,
«Хайрият», дер эдим кўзларимда ёш.
Эллик беш йилда не ғамларни кўрдим,
Боболар кўрмаган дамларни кўрдим.
Шу қутлуғ кунларга етдим, хайрият,
Истиқлол қўлини тутдим, хайрият.

О, агар миллатим, тилимни ўйлаб,
Дарду ҳасратимни мажозда куйлаб,
Тоғдай армон билан ўтганимда мен,
Қандай сиғдирарди бағрига замин.
Порлоқ истиқболинг кўраман равшан,
Ўтмишингга боқиб, о, азиз Ватан.

7

Чўлпон жонин фидо қилди бу кунга,
Фитрат севиб, содиқ қолди бу кунга,
Бу кунларга Қодирий ҳам зор эди,
Ночор юрти ихтиёрсиз хор эди.
Юртим, қузғун бошингга қўйиб танда,
Ишондингми, халқ душмани деганда?!
Қўй, дейману, эсламасдан чорам йўқ,
Жароҳатлар битмас, дилда ором йўқ.
Бу ғамларни ўйлайверсам кун ботмас,
Изтиробда тун чўзилар, тонг отмас.
Мақсадим шу: элим ғофил бўлмасин,
Қаро кунлар зинҳор қайтиб келмасин.
Кучга тўлиб бурунгидан зиёда,
Юртим олсин ўз ўрнини дунёда.
Озодлик кунларин кўрганим учун,
Бошимни кўтариб юрганим учун,
Шукрона айтаман тақдиримга мен,
Элим закосига аминман, амин.
Порлоқ истиқболинг кўраман равшан,
Ўтмишингга боқиб, о, азиз Ватан.

Qayd etilgan


Ansora  17 Sentyabr 2010, 13:09:40

II
Муҳаббатни шароб дерлар




* * *

На бўлди сенга, эй кўнгил, мени ҳар ён судрарсан?
Гоҳи узлатни кўзлаб, гоҳ этиб сарсон, судрарсан.

Сени кўйингда юрмоққа на имкон, на мадор қолса,
Қилиб дўқ, илтижо айлаб, топиб имкон, судрарсан.

Ўтар йиллар ҳаётимни талаб ё аста зийнатлаб,
Гоҳи мамнун бўлиб, гоҳи чекиб армон, судрарсан.

Мени дарду ғамим йиғлаб олар бўлса оёғимдан,
Қилиб дарду ғамим майна, уриб хандон, судрарсан.

Ўзингни қўлга ол энди, десам кўп қилма овора,
Қулоқ солмай ҳамон ўзни билиб осмон, судрарсан.

Эгиб олмоқ сени мугпкул, бироқ айтгил карам бирла
Қачон Маъруфни дардига бўлиб дармон, судрарсан.


МЕН ЙЎЛИНГГА КЎЗ ТУТАРМАН

Мен йўлингга кўз тутарман, сен кутарсан ўзгани,
Сенга содиқ дўст қани-ю, менга шаҳло кўз қани,

Мен садоқат истагайман, сен эса ширин калом,
Менга меҳри жон қани-ю, Сенга ширин сўз қани?

Менда бор юлдуз хаёли, сен-чи, шам парвонаси,
Сенга битта шам қани-ю, мен учун юлдуз қани?

Дилдаги пинҳон сиримни ҳаммага айтар шамол,
Сир тутувчи дўст қани-ю, сир олар жосус қани?

Шубҳалар вайронаси ичра, турарман хаста лол
Қўлда бир шамшир қани-ю, дилда бир фонус қани?!


* * *

Нетар ёр кўйида афсона бўлсанг,
Менам ёлғиз, сенам бир дона бўлсанг.

Мени соғ деб ичингда чекма озор,
Менам девонаман девона бўлсанг.

Неча кунки шинам уй излар эрдим,
Мени бағрингга олгин хона бўлсанг.

Хусумат қўлини ажрат ёқамдан,
Агарда ярқироқ пешона бўлсанг.

Олиб Зуҳра каби ошкор қилурман,
Одамлар ичра сен пинҳона бўлсанг.

Ҳамон сўзим етиб бормас дилингга,
Наҳотки шунчалар бегона бўлсанг?


НОЗ ЭТАРСАН МЕНГА БУНЧА

Ноз этарсан менга бунча, мақсадингни айтақол,
Ҳасратинг гар бўлса пинҳон, ҳасратингни айтақол.

Мен унинг бир чорасини топгали бел боғлагум,
Қанча бўлса шубҳа қилмай, хизматингни айтақол.

Гар дилингда бўлса туҳмат, ёр дилин оғритгали,
Майли туҳмат бўлса ҳам, шу туҳматингни айтақол.

Мен муҳаббат кўчасида изғиган шайтон эмас,
Қайси хислат бўлса маъқул, хислатингни айтақол.

Қисматим ноз қилган эрса, шунчаки қисмат дема,
Сен ўзингни илтифотли қисматингни айтақол.

Сенга қалбим давлатини қатра қолмай топширай,
Менга бахш этмоқчи бўлган давлатингни айтақол.


ДАМ-БАДАМ

Интизор, маъюс бўлиб йўлга қарайди дам-бадам,
Ойнага ўйчан боқиб, сочин тарайди дам-бадам.

Дам-бадам титраб лаби, оқ юзлари раъноланиб,
Лоладан ибо билан соат сўрайди дам-бадам.

Дам-бадам ўз кўнглининг кўзгусида ёрин кўриб,
Рози дил айтиб, меҳр бирлан ўрайди дам-бадам.

Дам-бадам гуллар териб сидқу садоқат боғидан,
Гоҳ совуқ шубҳа-гумон қорин қурайди дам-бадам.

Дам-бадам ўйлар: «Нечун бунча узокдир лаҳзалар»,
Соғиниб, дилгир бўлиб лаҳза санайди дам-бадам.

Дам-бадам кўз олдига келгай висол неъматлари,
Бахтиёр дам лахтагин йўрмаб қурайди дам-бадам.

Дам-бадам Маъруф каби ёр васлига зор бўлмаса,
Ёр эмас ул, соғинишга арзимайди дам-бадам.


ҚАЙДАН БИЛАЙ

Тақдир сирли китоблигин қайдан билай,
Макр гўзал ниқоблигин қайдан билай.

Кеча-кундуз мунграб-ўксиб йиғлаб қалбим,
Юрак сенга бетоблигин қайдан билай.

Даво истаб бош урмаган табибим йўқ,
Унга шифо сароблигин қайдан билай.

Қайдан билай пешонамда не кўргилик,
Ҳижрон бунча азоблигин қайдан билай.

Нега дунё ишқинг солди юрагимга,
Сен осмон, мен туроблигим қайдан билай.

Забонсиз деб таъна қилма менга нигор,
Тилим бору хароблигин қайдан билай.

Машойихлар муҳаббатни шароб дерлар,
Қонмадим-ку, шароблигин қайдан билай.

«Қайдан билай» дейман дилгир билиб-билмай,
Маъруф сўзи итоблигин қайдан билай.


* * *

Кундузи юрдим кетида жонидан безор қилиб,
Қўшиқ айтдим кўчасида кечаси бедор қилиб.

Арз этиб дугонасига «ишқида ўлдим» десам,
Ул деди: «Кўнглини олинг, ўзига изҳор қилиб».

Ишқ ҳақида бир китоб туҳфа қилувдим олди-ю,
Ноз ила боқди баттарроқ ўзига хуштор қилиб.

Эртаси бир хат жўнатдим укасидан ёлвориб,
«Энди хат-пат олма» дебди укасин ҳутяёр қилиб.

Холасига айладим арз ўпкам оғзимга келиб,
Деди: «Топгум чорасини сўзлашиб-гуфтор қилиб».

Севгилим дебдики: «Севса сўзламай ҳар кимсага,
Дардини айтсин ўзимга учрашув бисёр қилиб».

Энди Маъруф ташна бўлиб кўз тутар оқшомга,
Ишқ билан рўза тутар, ёр васлини ифтор қилиб.


КУЛИБ-КУЛИБ

Гарчи бугун илтифот йўқ сў^зларида
Бир кун мени қилар меҳмон кулиб-кулиб.

Ё ҳазил, ё ростлигини аён қилмай
Пичинг билан олади жон кулиб-кулиб.

Назаримда: мени тилга киритмоққа,
Ситам қилиб, излар имкон кулиб-кулиб.

Муҳаббатдан лоф урмасдан севаман мен,
У лоф кутар мендан ҳамон кулиб-кулиб.

Бепарводай тутар ўзин кўча-кўйда,
Лабларида ўйнар армон кулиб-кулиб.

Икки дилда битта армон оворадир,
Армон билан кетма, жонон, кулиб-кулиб.


КЎНГИЛ БЎСТОН БЎЛАРМИ

Қувиб зулматни кун чиқди,
Наҳот сен чиқмасанг.
Кўнгил бўстон бўларми, сен
Унга гул экмасанг, жоним.

Сабрсиз дилда тоқат йўқ,
Висол дардига офат йўқ.
Умид айтур: «Фароғат йўқ
Риёзат чекмасанг, жоним».

Йўқотгай ҳуснини орзу
Ситам бирла кураш чоғи,
Кўзингни мисли ёш оҳу
Йўлимга тикмасанг, жоним.

Хаёл этмай кўчанг таркин
Сени излаб ўтар ҳар кун,
Тиларман ҳеч қачон ғамгин
Бошингни эгмасанг, жоним.

Ҳаётда кўп умидим бор:
Ёмон кун бўлмагай такрор.
Ўтар Маъруф йўлингда зор
Агар сен тегмасанг, жоним.


МУВАШШАХ

Сени кўрганда, эй дилбар,
Ёнар тоғдай ўсар кўнглим.
Агарда кўрмасам мистар,
Бўлиб ғамда тўзар кўнглим.

Лабинг ҳажрида ўртандим,
Сабр-тоқатга ўргандим,
Иноят бирла сўйлаким,
Қарорингни бузар кўнглим.

Мени ошуфтаҳол қилган,
Вале ёлғиз жафо бирлан
Аросатга солиб келган
Жафокордан сўрар кўнглим.

Хаёлинг туну кун йўлдош,
Соғинчдан гоҳи кўзда ёш,
Оёғингга қўяй деб бош
Шамоллардан ўзар кўнглим.

Нажот бергил ўзинг ёлғиз
Мени девона қилган қиз,
Кечикдим деб яна афсус
Умид торин узар кўнглим.


ЧЕКАРМАН ОҲ

Мени ғурбатга ташлаб
Қайга кетдинг, моҳи тобоним?
Уриб ҳижрон чироғига
Куяр парвонадек жоним.

Уйимда солланиб юрган
Маҳал қадрингни билмабман,
Дилимни ўртагай энди
Қалампирдай пушаймоним.

Етай дерман висолингга,
Ва лекин барча йўллар берк,
Тушиб руҳим, чекарман оҳ,
Нетай йўқ зарра имконим.

«Ғарибмассан, ўзинг тут», деб
Маломат қилмангиз, дўстлар,
Агар безовта этса тун,
Саҳарлар нола, афғоним.

Худо ҳусн бериб унга
Нетай инсофни бермабди,
Хижил бўлмас жафо айлаб,
На ор қилмайди жононим.

Агар бўҳтон қилар бўлсам,
Сенинг шаънингга доғ ташлаб,
Ҳамиша розиман, майли,
Ўзимга урса бўҳтоним.

Вафодорим бўларсан, деб
Умид қилган эдим, Маъруф,
Умидим соврилиб елга,
Дилимда қолди армоним.


* * *

Сен билан ўтса куним олам гулистондир менга,
Сенсиз умрим изғирин елган зимистондир менга.

Сен билан бўлсам: қўшиқ, куйларга тўлгай ҳаммаёқ,
Бўлмасам нохуш табиат тўла афғондир менга.

Сен билан бўлсам таманно айлагай орзуларим,
Кўрмасам, орзу гулим парколаси қондир менга.

Сен билан бўлсам ҳамиша ўн саккиз ёшимдаман,
Йўқ эса, қаддим камон, ёш худди тўқсондир менга.

Шубҳа бирла боқмагил ишқим ўтига, қоракўз,
Шубҳаки, гар беғараз бу катта бўҳтондир менга.

Тутма лутфинг, эй гўзал, овора Маъруфдан дариғ,
Ифтихорим, давлатим сен Ўзбекистондир менга.


* * *

«Ўртанур ёлғизлигидан, бунга ёр даркор», деб,
Излашур ёр менга дўстлар бўлса миннатдор, деб.

Кўзлари чўлпон мисоли, лаблари ғунча мисол,
Барчасини севса арзир «бокира дилдор», деб.

Бўлмаса ҳам излагайман ҳар биридан битта айб,
Айтмоғим мумкин эмас, «кўнглимда ўзга бор», деб.

«Ким» дея қистаб сўроқлаб оғритар бошимни сўнг,
Қўрқаман, «сирим уларга бўлмаса ошкор», деб.

Майли ташвиш чекса чексин мен учун аҳбобларим,
Аҳду паймон биз тузайлик «иккимиз ҳамкор», деб.

Сен йўлимга кўз тутарсан, мен кутарман интизор,
Ўйлагаймиз якка-якка: «келса у такрор», деб.

Ҳаммасини садқа қилдим йўлларингга ўйламай
Сен нечун ўйлаб турибсан: «борми бир асрор» деб.


* * *

Қани менинг севинчларим, ғамларим қани?
Занг босмаган қилич каби дамларим қани?

Зим-зиё қалб гўшасида дўстлар шам эди,
Бугун ёруғ қалб гўшаси, шамларим қани?

Мудом тўкис ҳаётимда бўлар бир камлик,
Айтинг, кемтик ҳаётимда камларим қани?

Гоҳ ҳижрон, гоҳ учрашувдан кўзлар бўлса нам,
Учрашув бор, ҳижрон бору намларим қани?

Белга боғлаб юрар эдим белбоғу ханжар,
Дўппим бошда, белбоғ билан ханжарим қани?

Маъруф, энди афсус қилма ўтган кунларга,
Дегил: «Қоши қора, сочи анбарим қани?»


* * *

Тушларимда сузаман Зарафшон дарёсида,
Ўнгимда-чи, куяман икки ўт аросида.

Бир кўзлари чўлпоннинг фироқида ўртаниб,
Истиқболни кўраман изтироб зиёсида.

Ул менинг ўйларимни англарми ё англамас,
Етиб борса на бўлгай рақибларим ижросида.

«Уйғот сарвинозимни, айтиб унга розимни»,
Хаёлимни йўллайман субҳидам сабосида.

Ҳаётимда юпанч йўқ, юрагимда ҳаловат,
Маъруф излар бахтини муҳаббат имлосида.


* * *

Нега мен одам бўлиб келдим экан дунёга,
Одам расмидан ўзга одамлигим бўлмагач?

Бош кўтариб юрмоққа на юзим бор, на фахрим
Одам расмидан ўзга одамлигим бўлмагач.

Ким тингларди сўзимни, ким оларди кўнглимни
Одам расмидан ўзга одамлигим бўлмагач.

Ўзимдан ўзга кимга сочай қаҳру ғазабим
Одам расмидан ўзга одамлигим бўлмагач.

Даврада ўзим кулиб, нечук кулдирай элни,
Одам расмидан ўзга одамлигим бўлмагач.

Мен нетай, бу дунёда, тополмасам ўрнимни.
Одам расмидан ўзга одамлигим бўлмагач.

Дўст кўрсатиб ўзингни, йўлдан урма Маъруфни
Одам расмидан ўзга одамлигинг бўлмагач.


* * *

Ташвишларим, ғамларим,
Армонларим бор менинг,
Дардим чорасиз эмас,
Дармонларим бор менинг.

Йўлим созми, носозми,
Туҳфаси кўпми, озми,
Тинмас баҳорми, ёзми —
Карвонларим бор менинг.

Бўйнида қўнғироғи,
Қўлда иқбол чироғи,
Гоҳ қийнар йўл фироғи
Сарбонларим бор менинг.

Қароқчилар кам эмас,
Таланса ҳам ғам емас.
Дилда сўнди шамс демас
Комронларим бор менинг.

Ерда имкон бўлмаса,
Холис инсон бўлмаса.
Ночорликда қўллагай
Осмонларим бор менинг.

Кўнгли бузуқ эмасман,
Маъруф қизиқ эмасман.
Тили қисиқ эмасман,
Имонларим бор менинг.


ОШНАМ

Фитна тўрин тўқувчи ўргимчак мисол ошнам,
Афсус демай бўлурми ишларинг малол, ошнам.

Сенга ишончу ҳурмат безак эди дилимда,
Тошга теккан шишадай бўлди-ку увол, ошнам.

Кўрпангга қараб, ахир, узатгин-да оёқни,
Қолган бўлса инсофинг Ўлмасдан хиёл, ошнам.

Виждон деб лоф урасан, сенда виждон на қилсин,
Ҳаққинг йўқ «не учун?» деб бермоққа савол, ошнам.

Бошқалар кулса кулсин, мен ҳолингга кулмасман,
Сен зоғ бўлсанг, мен кўқда эмасман ҳилол, ошнам.

Қулади сен юксалган фитна-фасод нарвони,
Маъруф ҳалол меҳнатда топмокда камол, ошнам.


ПАРИШОНЛИК

Кўнгил бир зум очилмайдир,
Хаёл қочқин каби дайдир,
Қўлим боғлаб паришонлик
Қалам олмоққа қўймайдир.

Илинж бирла қадам қўйсам
Фараҳ бермас чаманлар ҳам,
Юпанчим йўқ, нечун, билмам,
Табиб ҳам чора билмайдир.

Дилим турли савол ўртаб,
Кечар ҳар хил хаёл ўртаб,
Келар турли гумон, лекин,
Ишончим нега келмайдир.

Оғир тошдай ўтиб дамлар,
Сўник фикримни маҳкамлар,
Кулар, ўйнар саболар шод,
Дилим армони кулмайдир.

Умр кечмайди бир хилда
Умидинг асрагин дилда,
Бу дард оғир, бироқ, Маъруф,
Бу дарддан кимса ўлмайдир.


ЯХШИ ВА ЁМОН

Яхши кунлар яшил тусда,
Ёмон кунлар қорадир.
Кимки тулпор минса тушда,
Ҳақ юборган чорадир.

Кулса иқбол барча мушкул
Ҳар қадамда ҳал бўлар,
Кулмаса бошинг маломат
Тошларидан порадир.

Йўлда ҳамроҳ бўлса кимки
Жоҳилу нодон билан
Етмагай бахт манзилига,
Бир умр оворадир.

Дил билан тил тўғри бўлса,
Тўғри бўлса гар тилак,
Файзи қутлуғ бир равон йўл
Қўлда олиб борадир.

Қолган эрса гар юракда
Қора кундан бир яра,
Унга малҳам ўз ироданг,
Ўрни қолмас ёрадир.

Қанча ёндинг, қанча куйдинг,
Чопмадинг фарёд солиб,
Чора топдинг, чорасоз бўл,
Дардларинг ошкорадир.

Мухтасар қил сўзни, Маъруф,
Элда ҳурмат истасанг,
Чорасози йўқ одамнинг
Чораси бечорадир.


* * *

Ҳеч қачон ҳеч ерда шаштинг қайтмаган,
Бир киши «ўпкангни бос», деб айтмаган.

Истаса битта сўзинг тошни ёрар,
Гар қаҳр қилса кўзинг бошни ёрар.

Кўкда учган қушни гар қилсанг ҳавас,
Қоврилиб ёнингга келгай шул нафас.

Кундузи кун, тунда ой бошинг силаб,
Хизматинг қилган мудом бахтинг тилаб.

Сен ўтар йўлда девор бўлса агар
Чекилиб, четроқ қочарди ҳар сафар.

У девор андиша эрди аслида,
Зеб эрур инсофли инсон наслига.

Сен уни қўрқоқ дединг таҳқир этиб,
Кўзи очилди қиём вақти етиб.

У метин бўлди. Нечук ечмоқчисан,
Сен уни бошинг уриб тешмоқчисан.

Энди нодонлик, кибрни ташлагил,
Эсни йиғ, оқил йўлини ушлагил.


* * *

Нима бўлди? Кўзларингни ёшлаб келдинг?
Бошимга не балоларни бошлаб келдинг?

Дил гавҳари — умидингни қайга ташлаб,
Зода алам билан уни ғашлаб келдинг.

Тушкунликнинг этагини маҳкам ушлаб,
Қайғу, ҳасрат аждарини хушлаб келдинг.

Қандай савдо бу аҳволга солди, ёраб,
Ночор армон бармоғини тишлаб келдинг.

Қани тўкин умидларинг, ишончларинг,
Нега энди тақдирингни муштлаб келдинг?

Кўрмасам бас, деган эдим совуқ турқин,
Нега совуқ фалокатни бошлаб келдинг!

Озод бўлдик ниҳоят деб қувонганда
Нега Маъруф кўзларини ёшлаб келдинг?


* * *

Сен кўнгил боғимга шубҳа ташлама,
Тоза кайфиятни булғаб ғашлама.

Зўрға вайрон дил уйини бутладим,
Норасо дардингни такрор бошлама.

Кўп алам чеккан киши кўнгли синиқ,
Эҳтиётсиз сўз-ла кўзин ёшлама.

Кўр тутганин қўймас, кар эшиттанин,
Тилла деб ногоҳ тезакни тишлама.

Мартабанг борида қилгин яхшилик,
Ранжитиб дўстларни, кўнгил хушлама.


ЭСЛАШ

Бу кунларни интиқ бўлиб кутганлар қани?
Қаро тунда йўлга чироқ тутганлар қани?

Чора топмай ҳатто ошкор фарёд қилмоққа
Пинҳон алам қинобини ютганлар қани?

Ниҳол экиб, умидини пайванд қилганлар,
Мевасига оғзи тегмай йитганлар қани?

Яна баҳор келди Наврўз байрамин олиб,
Менга баҳор ҳадя қилиб кетганлар қани?

Сув лойқадир, аммо олам покланар бугун,
Лойқа кунлар тинарми деб ўтганлар қани?

Ўлкам озод бўлган кунни олқишлаш учун,
Бу айёмга бағри бутун етганлар қани?

Мустақиллик куни бошқа, Наврўз бошқадир,
Бу ғанимат кунда ғофил ётганлар қани?

Муродига етсин бугун байрам қилганлар,
Кўнгил очсин, яйраб, кўнгли чўкканлар қани?


ТОПМАСАНГ НОМУ НИШОНИМНИ

Топмасанг ному нишонимни саодат боғида,
Тарк этиб ётган бўлурман мен унинг тупроғида.

Гар биров кўз ёши тўкиб чорласа шодликларин,
Билки, менман ашк бўлиб турган анинг ёноғида.

Сайраса боғингда булбул, сен анга дуч келмасанг,
Англағил, руҳим келиб йўкдар сени гоҳ-гоҳида.

Гар биров бахт изласаю, фитна тўсса йўлини,
Айт анга, мени чақирсин чорасизлик чоғида.

Ой, қуёш, юлдуз каби минг-минг умидим бор эди,
Сенга бахш этдим уларни, қолма ғафлат доғида.

Эй кўнгил, ёрингни уйғот, «толеинг эркингда» деб,
Бўлмаса Маъруф, кетар боринг зулм сиртмоғида.


СОТГАНИМ ЙЎҚ

Сотганим йўқ виждонимни, сотганим йўқ,
Дуч келганга таъна тошин отганим йўқ.

От тепкисин от кўтарар, туя эмас,
Шу сабаб мен туяга сўз қотганим йўқ.

Бирор зотнинг ёстиғини қуритмадим,
Йўқ, мен бундай гуноҳларга ботганим йўқ.

Ҳалол ишда кун кечирдим, ҳалол яшаб
Нопок дарахт мевасини тотганим йўқ.

Ёмон уруғ эккан бўлсам носоз ерга,
Зинҳор-зинҳор яхши ҳосил кутганим йўқ.

Нима бўлса толеимдан кўрдим, аммо
Эътиқодим, сени пулга сотганим йўқ.

Менинг битта Ватаним бор ер юзида,
Ундан гўзал Ватан излаб чопганим йўқ.


ДУНЁДА

Кимнидир иқболи кулиб,
Эккан ниҳоли авж олиб,
Ширин-шакар мева солиб,
Кўнгли ўсар бу дунёда.

Кимнидир бозори чаққон,
Ҳар мушкули битар осон,
Ундан қочар алам, армон,
Завқи ошар бу дунёда.

Ҳар истаги осон битар,
Ҳасад қилган нодон йитар,
Омад мудом қўллаб ўтар,
Бахти кулар бу дунёда.

Кимнидир ҳеч унмас иши,
Эгри чиқар қўйган ғиши,
Аталадан синар тиши,
Ҳасрат чекар бу дунёда.

Олган қовуни хом чиқар,
Боққан улоғи кам туғар,
Текис йўлда кулфат йиқар,
Кўнгли чўкар бу дунёда.

Кимдадир давлат бор, бахт йўқ,
Кимдадир савлат бор, шахт йўқ,
Кимдадир бурд билан аҳд йўқ,
Бахтсиз ўтар бу дунёда.

Тўкис бўлсанг нетар дунё,
Ҳимматинг-ку етар, дунё,
Маъруф таъна этар, дунё,
Чора топмай бу дунёда.


НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Ўтиб ойлар ҳануз мунглиғ дилимни ўзга банд этмас,
Умид қушим этиб яксон нигорим макру панд этмас,
Кўриб паст душманимни ё менинг қадрим баланд этмас,
Мени мен истаган ўз суҳбатига аржуманд этмас,
Мени истар кишининг суҳбатин кўнглим писанд этмас.

Деса жоҳил: «Йигит эрсанг ўзингни ташла шу наҳра»,
Деди оқил кулиб: «Ёраб, бу ботқоқдан ўзинг асра».
Жўшиб қоним томирда гарчи тортиб турса ҳам наъра,
Не баҳра топқомен андинки мендин истагай баҳра,
Чу улким баҳраи андин тилармен баҳраманд этмас.

У бўлса гар хиром айлаб ғулу солгай саботимга,
Бу бепарво билар, аммо қиё боқмас мурдимга,
Қўшиб айтай мудом кўнгил навосини баётимга,
Нетай ҳуру пари базминки, қатлим ё ҳаётимга
Аён ул чашм заҳр айлаб, ниҳон бу нўшханд этмас.

Кўз очмоқ гарчи мушкул гоҳи-гоҳ санги маломатдин,
Мен излармен саодатни бу оламда камолатдин,
Не фойда тиллақўнғиз шуъласи янглиғ фароқатдин,
Керакмас ой ила кун шакликим, ҳусну малоҳатдин,
Ичим ул чок-чок этмас, таним ул банд-банд этмас.

Бу оламда ягона ул, қиёси йўқ хуморимким,
Вале кўкка етар ҳар дам жафо қилганда зоримким,
Керакмас дардимда ўлсам-да кетсам ўзга доримким,
Керак ўз чобуки мажнунваши қотил шиоримким,
Бузуғ кўнглимдин ўзга ерга жавлони саманд этмас.

Гуноҳкор бандалар ичра гуноҳсиз қолмоғинг оғир,
Умр қисқа, вале чексиз юпанч бергай умид соҳир,
Агарчи сен ҳаёт завқин суришга шунчалар моҳир,
Кўнгил ўз чарх золидин, фирибин емаким охир,
Ажал сарриштасидин ўзга бўйнингга каманд этмас.

Етар жабру жафо чекканларинг шунча, кўнгилни уз,
Маишат қил, яшаб қол деб мени диққат қилар беюз,
«Вафодоринг бўларман» деб бериб Маъруфга танҳо сўз,
Ул ой ўтлуғ юзин очса, Навоий тегмасин деб кўз,
Муҳаббат тухмидин ўзга ул ўт узра сипанд этмас.


ЭЙ ЗАМОН

Қайдадир маъсума гул, маъсума гул,
Кўрмасам кўнглим хижил, кўнглим хижил,
Ўтда бағрим ўртаниб бўлмокда кул,
Кунма-кун ороланиб яшнайди ул,
Матлабим кулдай совурма, эй замон,
Етганим йўқ ёр васлига ҳамон.

Эй азал китоблари, айланг нидо,
Ул санам этгайми менга жон фидо,
Юлдузим бирмиди рўзи ибтидо,
Чархи кажрафтор мени чалғитди ё?
Матлабим кулдай совурма, эй замон,
Етганим йўқ ёр васлига ҳамон.

Мен ҳануз яйдоқ умид отидаман,
Бошу сўнгсиз, типпа-тик шотидаман,
Тушда кўрган дамларим тотидаман,
Бекарам бир дилрабо ёдидаман.
Матлабим кулдай совурма, эй замон,
Етганим йўқ ёр васлига ҳамон.

Бир боқиб парвосизим кулгайми деб,
Йўлида зор юрганим билгайми деб,
Сўйламиш: ёр биз томон келгайми деб.
Мен кутарман бахтиёр қилгайми деб.
Матлабим кулдай совурма, эй замон,
Етганим йўқ ёр васлига ҳамон.

Кўрмадимми ё сени кўрдимми бир,
Қайда топдим ё йўқотдим қайдадир.
Бўлмаса қандай сени севдим ахир,
Нега бағрим кеча-кундуз ўртанур?!
Матлабим кулдай совурма, эй замон,
Етганим йўқ ёр васлига ҳамон.

Изладим, мен еру кўкдан изладим,
Қору ёмғир, кулу чўғдан изладим,
Эл аро ҳар бору йўкдан изладим,
Топмадим, аммо мудом сиз-сизладим.
Матлабим кулдай совурма, эй замон,
Етганим йўқ ёр васлига ҳамон.


ФАРҒОНА

Пахтазорда сув тарарди қўлида кетмон била,
Феъли кенглик баҳс этарди чеки йўқ осмон била,
Аския айтиб куларди гоҳида меҳмон била,
Олам аҳли билмагай ҳеч бундайин мардонани.

Сўзни нозик ҳис этилмас ҳеч бир элда бунчалик,
Тобланибди меҳнат ила гармселда бунчалик,
Йўлда ҳормоқ билмас асло — нони белда, бунчалик
Кўрмаганман турфа хислат тўплаган фарзонани.

Майли, менга ўз сирини очмаса ҳам Ахсикат,
Хотирамда тиклагайман унга монанд мамлакат,
Ерни севган элни кўрдим бир-бирига ҳамжиҳат,
Ҳар қадамда учратар ким изласа дурдонани.

«Сояи ғамда қолибман, кулфатимдир беҳисоб,
Тегмади ман заррани бошиға ҳаргиз офтоб» .
Ошиқ ҳолин шарҳ этарди боғда ҳофизу рубоб,
Мен ҳам унга жўр бўлардим тўлдириб чойхонани.

Журжи Зайдон тасвир этган, бунда, оташхона йўқ,
Ўтга арзи ҳолин айтган битта ҳам мағона йўқ,
Фонийи мағоналарга нил бўёқ соғона йўқ,
Дилкушо водийки, эслатгай яшил кошонани.

Эл ичида номи қутлуғ фанда Фарғоний қадар,
Бунда ҳар деҳқон мусаввир касбида Моний қадар,
Бир умрга бўлдим ошиқ Шайх Санъоний қадар,
Билмадим, қандай яшардим севмасам Фарғонани.

Qayd etilgan


Ansora  17 Sentyabr 2010, 13:09:53

III
Висол ва ҳижрон



* * *

Бедор ўтган кечаларимни,
Қилаётган ишларимни ҳам,
Ўйлаб юрган режаларимни,
Ҳаммасини билади десам...
Яшаркан у бошқа ўй билан,
Афсуски мен юрибман ғофил.
Кетдимикан ҳаммаси қўлдан,
Бўлмасмикан муродим ҳосил?


* * *

Сен гўзалсан ғунча каби,
Баҳор каби гўзалсан.
Сўлим-сўлим хиёбонли
Анҳор каби гўзалсан.
Сен қирмизи олмалардан,
Шароблардан афзалсан.
Бахт аталмиш номи улуғ
Гулоблардан афзалсан.
Сен элимсан, сен тилимсан,
Сен тақдири азалсан.
Сен Маъруфга балки нажот,
Балки бевақт ажалсан.
Не бўлса ҳам пешонамга
Муҳрланган ўшалсан.


ЮЛДУЗ

Мен бир қизни севган эдим тушимда кўриб,
Аммо излаб тополмовдим одамлар ичра.
У-чи мени кузатаркан тепамда туриб,
Йўлга қараб, қарамабман тепамга сира.

Уни излаб не йўлларни пиёда кездим,
Уни излаб бошгинамни урдим тошларга.
Умид билан менга қараб турганин сездим,
Хижолату бахтдан кўзим тўлди ёшларга.

«Ўша юлдуз бўлар ҳамма дардингга даво,
Ўша юлдуз ёруғ қилар бир кун юзингни.
Сен хиёнат қилсанг агар, у қилмас вафо»,
Тинглар эдим хаёл суриб севгим сўзини.

Энди мени юпатолмас ўткинчи ишлар,
Энди менга таскин йўкдир ғам бор жойларда,
Энди менга бегонадир алдамчи тушлар,
Туш ҳикматин сўрамайман энди сойлардан.

Энди беғам давраларда чувалмас фикрим,
Энди худбин шуҳратга мен толиб эмасман.
Ҳаммасини юлдузимнинг йўлига тикдим,
Энди ундан бошқасига кўнгил бермасман!


ҚАЙДАСАН

Ярқ этган шуъладай кўриндинг бирдан,
Бир лаҳза нурланиб турдинг ёнимда.
Тасодиф дуч қилгач сени зоҳирдан.
Бўрон турган эди сокин қонимда.

Кўзингда бор эди бир дўст истаги,
Бошинг очиқ эди севги ёшингда,
Сенга ҳам зеб бериб, ҳар бир қиздаги
Ҳаё турар эди ўйчан бошингда.

Эҳ, сен-ку, йўл бўйи тилингни тийдинг,
Мен ҳам енголмадим ўз ғуруримни.
Аммо бир лаҳзада йўқотиб қўйдим
Қўлимга кирмаган жавоҳиримни.

Кимнинг дилбандисан, манзилинг қаер,
Отинг нима? Ишчи, талабамисан?
Яна дуч қиларми бизларни тақдир,
Ё тақдирим учсиз калавамикан?

Ўйлаганим сари кўпаяр сўроқ,
Сени топмагунча битмас саволим.
Қани юрагимга ўт солган нигоҳ,
Қайдасан, эй номсиз соҳибжамолим?


УМИДИМ КУЛСА

Гул ҳидини келтирса шамол,
Борлиғимни эгаллар хаёл.
Атир сепиб, атлас кўйлакда,
Тургандайсан кутиб йўлакда.
Узун сочинг тортқилар еллар,
Балки пинҳон сирингни тинглар.
Сени шундай учратолмадим,
Севганимни ҳеч айтолмадим.

Балки тунда чиққанда ҳилол,
Мен ҳақимда сурарсан хаёл.
Балки ишқий шеъримни ўқиб,
Ўзинг ҳам гоҳ қўшиқлар тўқиб,
«Ростдан мени севарми?» дерсан,
«Севганимни биларми?» дерсан.
Кутиб ишдан қайтишим ҳар чоқ,
Йўлларимга қарарсан муштоқ.
Сени шундай учратолмадим,
Севганимни ҳеч айтолмадим.


БЎЛМАС

Энди сенда ҳаловат бўлмас,
Бошингга муҳаббат савдоси тушди.
Қанча ҳаяжонли дамларни қўшди,
Энди сенда ҳаловат бўлмас.

Унинг дийдорини кўрмагунингча,
Ғунча лабларини сўрмагунингча,
Бахмал гўшангага кирмагунингча
Соғинч ўртайверар, фароғат бўлмас.

Кўзингга ўзгача кўринар олам,
Энди қувонч ўзга, ўзгача олам.
Ҳижронда қон ютиб, хурсанд бўлиб дам,
Уни кўрмагунча шафоат бўлмас.

Гарчи барча сенга хайрихоҳ, мунис,
Сенинг юрагингни тирнайди бир ҳис.
Баъзан рашк суҳбатга бериб ўзга тус,
Ишонч келмагунча қаноат бўлмас.

Истайсан у сени ўйласин фақат,
Ўйласин, куйласин, сўйласин фақат.
Сенинг номинг тилдан қўймасин фақат,
Аммо мудом бундай синоат бўлмас.

У сени соғиниб йўлингни кутса,
Ҳаёни, ибони қўлидан тутса,
Сен бормасанг агар, кутиб қон ютса
Бу сенинг ишқингга хиёнат бўлмас.


ЧИЛВИР СОЧЛАР

Тонг оқариб келар. Бедор ўтириб,
Бугунги ишларни ўйлайман хомуш.
Тун ва кун сарҳадин аста ўчириб,
Ёдимга тушади тунда кўрган туш.

Тушимда гул кўрдим. Қизил атиргул.
Узмоқчи бўлганим эсимда, лекин,
Кейин нима бўлди. Аллақандай йўл,
Йўлда узун арқон ўрмалар секин.

У арқон йўлмиди ёки илонми,
Эътибор бермабман. Гул нима бўлди?
Шу жумбоқни ўйлаб учратдим тонгни,
Арқон юрагимга ғулғула солди.

«Тушга нима кирмас. Ўйлама», дерлар,
Мен ҳам шу фикрда эдим нотавон,
Энди ўйлаб кўрсам, жуда кўп сирлар
Тушда бўлар экан одамга аён.

Атиргулни топдим. Уй бўлди чаман,
Кўнглимнинг чироғи бўлди бир дилдор,
Арқонни ҳам топдим. Чилвир соч экан,
Чилвир сочлар мени қилдилар абгор.


ЗАМОНАВИЙ БИР ҚИЗГА

Сен беҳаё ҳазилларга
Жилва қилиб куласан.
Ҳар гап отган кимса мени
Севади деб биласан.

Камсуқум бир йигит сени
Тушда кўриб ҳар кеча,
Эрта кўнгил очаман деб
Тузади минг хил режа.

Аммо сени кўрган замон
Журъатини йўқотиб,
Хаёллари путраб кетар,
Тили танглайда қотиб.

Тортинчоқлик табиатин
Азоб чекар енголмай.
Васлинг унга туюлади
Қўл етмовчи хаёлдай.

Суратингни билар, аммо,
Билмайди у дилингни.
Билса эди умид билан
Кутмас эди йўлингни.

Сен беҳаё ҳазилларга
Ишва қилиб куласан.
Андишали йигитларни
Ландавур деб биласан.


СЕНИ ЎЙЛАЙМАН

Олис манзилларда юрганимда ҳам,
Бир ишга банд бўлиб турганимда ҳам,
Ё бошим ҳар томон урганимда ҳам,
Дўсту душманларни кўрганимда ҳам
Сени ўйлайман.

Сени ўйламасдан ўтган дамим йўқ,
Фикринг билан бойман, зарра камим йўқ,
Дардим бору, лекин бир малҳамим йўқ,
Чунки сендан ўзга дилда ғамим йўқ,
Сени ўйлайман.

Билмадим, ўзимни ўйлайман қачон,
Умримни совуриб ўтмоқда замон.
Дилимда меҳрингу қўлимда армон,
Ватан ёди билан тер тўкиб ҳамон
Сени ўйлайман.

Кошки не ғам билан юрганим билсанг,
Хаёлим яратган боғларга келсанг,
Йиллар нени олди, сен қайтиб берсанг
Ёлғиз ҳаётимга бахт бўлиб кирсанг,
Сени ўйлайман.


СЕНИ КЎРГИМ КЕЛСА

Сени кўргим келса, кимлардан сўрай,
Қайларга бош урай манзилинг излаб,
Рангсиз бўшлиқларда нимани кўрай,
Тасодиф кутайми қисматдан бўзлаб?

Сўнгсиз йўлларимнинг чигил иплари
Ёзилиб кетарму сенинг қўлингда?
Ҳижрон кўчасининг олғир итлари
Юрмоққа қўярми мени йўлингда?

Кундузи қуёшдан сўрадим айт деб,
Кечаси сўрадим сени ҳилолдан,
Яна қуёш келди сафардан қайтиб,
Қароқчи юлдузлар кетдилар ҳолдан.

Баҳорда гуллардан, қишда совукдан,
Ёзда саратондан сўраб ёлвордим.
Гоҳи узоқлардан, гоҳи ёвукдан
Келган-кетганларнинг ёнига бордим.

Сени кўргим келса, кимлардан сўрай...


КУН САНАЙМАН...

Кун санайман йўлингга қараб,
Ишонч менга беради таскин.
Қуёш чиқар сочини тараб,
Нигоҳ ташлар оламга вазмин.

Кунлар ўтар дарак йўқ сендан,
Юрагимга тушар ваҳима.
Нега хабар олмайсан мендан,
Юз бердими ёки бир нима?

Сени ўйлаб сураман хаёл,
Не-не гаплар ўтмас кўнгилдан.
Оғир ўйлар келганда малол,
Сўзлашаман хотиранг билан.

Кун санайман йўлингга қараб...


ТАШНАЛИК

Чўлда юрган чанқоқ йўловчи
Кўзларига ташланди кўл.
Югуради ҳолдан тойгунча,
Аммо сира қисқармайди йўл.

Югуради, югурган сари
Бўлар сувга баттарроқ ташна.
Сувдан умид узган маҳали
Чиқиб қолар олдидан чашма.

Ўша ташна мен эдим билсанг,
Шошиб қолдим сени кўрган дам.
Билсанг шунда бахтлироқ эдим,
Подшо бўлган гадолардан ҳам.


СЕН ОСМОН СИНГАРИ

Сен осмон сингари узоқ эмассан,
Яқин ҳам эмассан дастурхон каби.
Шу нотинч дунёда борми демассан,
Қачондир мен турган хонадон каби.

Бахтиёр қиласан баъзан тушимда,
Сирли юрагингни бир менга очиб.
Гоҳ мадад берасан оғир ишимда,
Қўл етмас жойга сўнг кетасан қочиб.


МЕН БАХТИМНИ ТОПИБ

«Мен бахтимни топиб оларман,
Сен умрбод юрарсан дайдиб»,
Деганингни ўйлаб қоларман,
Келмаса ҳам у кунлар қайтиб.

Бўлганимда ишқингда дучор,
Айтганимда садоқатимни,
Ўйлабмидим этарсан деб хор
Авайлаган муҳаббатимни.

Энди яна сенда ихтиёр,
Холис ўйлаб қилгин хулоса:
Бахт мен билан юрарми бедор,
Ё сен билан қилар муроса.

Мақсадимга йўл очди шеърим,
Уйқудаги бахтни уйғотдим.
Сен менсимай хўрлаган севгим
Етаклади, ортидан чопдим.

Оёқларим йўлда қавариб,
Кечалари қақшаб чиққанда,
Умид келди мадад кўтариб,
Тун бўзариб тонгни туққанда.

Йўқ, мен хотин излаганим йўқ,
Йўқолган эркимни изладим.
«Ёрим» деб, «бахтим» деб айтганда
Мен озод Туронни кўзладим.
Нега сени яна учратдим,
Биринчи муҳаббатим...


ҲАЁТ, СЕНГА БИР СЎЗИМ

Ҳаёт, сенга бир сўзим бор,
Ёлвораман қулоқ сол,
Қайтиб беру ташвишимни,
Ясама бахтингни ол...

Ўша қизни яна кўрсат,
Овозини эшитай.
Орқасидан чопиб бориб
Қўлларига гул тутай.

Ваъда бериб бажаролмай
Хуноб бўлиб юрганим,
Одамлардан четга қочиб,
Танҳо хаёл сурганим.

Ишонч менга панд берганда
Не ўйларга борганим.
Бошим қотиб ҳушёр тортиб
Қилни қирққа ёрганим.

«Инсон бахти нимадир?» деб
Сабоҳлардан сўрганим,
Ўз бахтимни узлатдамас,
Муҳаббатда кўрганим.

Кўрсат ҳамма-ҳаммасини,
Қайта бошдан кечирай.
Кўрсат ўша қизни яна,
Бир бор қасам ичирай.

Менга вафо ваъда қилиб,
Жафо солиб кетди-ку,
Сенга айтмай кимга айтай,
Нега бундай этди у?

У яшашга ташна эди,
Севар эди қушларни.
Сирли хаёл қанотида
Қуш мисоли учарди.

Атиргулдай очилганда
Ўрта баҳор чоғида:
Қиёси йўқ бир гўзаллик
Кетди ҳаёт боғидан.

Шундан бери ҳасратимни
Одамларга сўзлайман.
Шундан бери дунё кезиб
Қиёсини излайман.

Ҳаёт, битта армоним бор,
Ёлвораман қулоқ сол:
Ўша қизни қайтариб бер,
Ё армонни қайтиб ол.


ШУНЧА ЙИЛЛАР

Шунча йиллар армон бўлиб
Юрагимда ётган сир,
Узун тунлар тўшагимда
Тикон бўлиб ботган сир...
Гоҳи олис юлдуз бўлиб
Олислардан чорлаган.
Гоҳ йўлимда тароватли
Атиргулдай порлаган
Ҳаётимнинг мазмуни деб
Излаганим сенмисан?
Дунё кезиб танлаганим,
Кўзлаганим сенмисан?

Бир кўрганда юрагимдан
«Ўшами?» деб сўрадим,
«Ўша» деди бу иффатдан
Илҳом олган юрагим.
Аммо бир кун тиниқ ҳислар
Лойқаланди кўп ёмон.
Шунда дилга жаллод каби
Кириб келди бир гумон...
Кўз олдимни туман босди,
Ларза тушди оламга.
Лаънат дедим шунда билмай
Кўнгил берган одамга.


* * *

Сен мени севмассан эҳтимол,
Шунчаки боқарсан жилмайиб.
Шу сабаб тортинмай бемалол
Сўзларсан,
Мен эса мунғайиб
Қарайман сеҳргар кўзингга,
«Эҳтиёт бўл», дея ўзимга.


* * *

Сен шунчаки қилма табассум,
Сен шунчаки сўрама кўнгил.
Менинг гулга келар ҳавасим,
Ёшлик, софлик таровати ул.
Сокин кўлга тош отма ўйнаб,
Нозли-нозли ташлама назар,
Қўй, бошимни қотирма куйлаб,
Ростдан булбул бўлмасанг агар.


СЕНИ ЙЎЛДАН УРДИ

Сени йўлдан урди рақиблар,
Севги ўлди туғилмай туриб.
Кулдиради мени таъқиблар
Ҳижрон билан бошимга уриб.

Аччиқ кулиб гангиб қоламан,
Билолмайман айтган сўзимни.
Гоҳ ўзимни қўлга оламан,
Очолмайман баъзан кўзимни.

Изтиробга тўла ҳаётим,
Туюлади ғариб, мазмунсиз.
Ҳавас қилар кимдир саботим,
Сен буларни билмайсан, Юлдуз.

Қанча дамлар ўтди бефойда,
Бекор кетди қанча изтироб.
Мен ожизман макр бор жойда,
Мен ғолибман кулганда офтоб.

Ачинмайман ўтган дамларга,
Ачинмайман ўз-ўзимга ҳам.
Дучор бўлдинг қандай ғамларга,
Ачинмайман сенга ҳам, санам.

Ҳеч бирига қилмайман афсус,
Нафратим бор дилда уларга.
Поймол бўлди ғурур ва номус,
Ачинаман ёлғиз шуларга.


ТУЗОҒИМ БЎЛМАГИЛ

Қўй мени йўлимдан қолдирма,
Меҳрингни эслатиб толдирма.
Биламан, биламан, аммо қўй,
Эгарни тескари солдирма.

Ўксинма «бегона эди» деб,
Кўзимнинг ёғини еди деб.
Ноз қилиб, қаноти чиққанда:
«Хайр энди, кетаман», деди деб.

Қўй, энди, керакмас бу ёғи,
Ўчмасин умидлар чироғи,
Ички сел бостириб келмоқда,
Тўлмоқда кўзларим қирғоғи.

Ёллари шамолда ҳилпираб,
Сағриси кумушдай ялтираб,
Бир оқ от келарди ҳар кеча,
Ҳар кеча тушимда гулдираб.

Умримга бердинг-ку тароват,
Бахтимни этдинг-ку каромат,
Мадорим бўлиб қол бир умр,
Тузоғим бўлмагил муҳаббат.


ШОМДА ЧИҚҚАН ОЙЛАР БОТМАСИН

Сен ғафлатда ётарсан, ўғлон,
Олиб қочар бахтингни карвон;
Тезроқ қўзғал, кетмасин имкон,
Шомда чиққан ойлар ботмасин.

Ой ботса ҳам сўнмас юлдузлар,
Аммо кўзга кўринмас излар,
Тутқин ёринг илтижо қилар,
Шомда чиққан ойлар ботмасин.

Аён бўлсин сенга аҳволим,
Муҳаббатда касби кулолим,
Шом еб чиққан бахтим-и ҳалолим,
Шомда чиққан ойлар ботмасин.

Ой ботар деб мен ютарман қон,
Даркор эмас, сенсиз ширин жон.
Тезроқ келгин кўрмайин хазон,
Шомда чиққан ойлар ботмасин.


БОҒЛАР СЕНСИЗ ҲУВИЛЛАБ ҚОЛДИ

Совуб борар кундан-кун ҳаво,
Мени дардга қилиб мубтало.
Топиб кетдинг дардингга даво,
Боғлар сенсиз ҳувиллаб қолди.

Қушлар кетди сен билан бирга,
Бебош шамол барг сочар ерга,
Ой ҳам чиқмас тунлар сайрга
Боғлар сенсиз ҳувиллаб қолди.

Сен қайларда юрибсан ҳозир,
Мен бу ерда занжирсиз, асир,
Қайдан олай тоқатни, ахир,
Боғлар сенсиз ҳувиллаб қолди.

Булбул каби сайраб ирмокдар,
Жилоланиб рангин чироқлар,
Гавжум эди сен юрган чоғлар,
Боғлар сенсиз ҳувиллаб қолди.


БИЛАСАНМИ

Биласанми, нечун сенга
Кўнгил бериб, боғландим!
Хаётингни билмай туриб,
Уйланмоққа чоғландим.

«Боқса одам бўлар экан,
Ниҳол экан», дедимми?
Ё «ноилож менга боққан
Ҳилол» деган эдимми?

Йўқ, бу умрим йўлларида
Чекиб хаёт захмини,
Мен ўйладим сен билмаган
Ота-онанг шаънини.

Боз устига мажнун бўлиб
Севган эдим, нетайин.
Сен бокира малак эмас,
Қиз экансан бетайин.

«Кўр ҳассасин бир йўқотар»,
Сабоқ бўлди менга бу.
Аммо гўдак маҳаббатим
Етим бўлиб қолди-ку!

Кеча-кундуз нола қилиб
Изиллайди юрагим
Энди уни ким овутар,
Юпанч бўлар унга ким?!


ҲИЖРОНЗАДА ЮРАГИМГА

Мунча нола қилиб кимни чорлайсан,
Нега мунча мени қийнаб зорлайсан?!
«Топиб бер, бир кўрай», дейсан тўлғаниб,
Юраккинам, нега мени хорлайсан?

Мен ҳам уни соғинганман, чорам йўқ,
Йўл қарайман кеча-кундуз, ором йўқ.
Бизни унутганни сен ҳам унуттин,
Тош бағирли санамларда карам йўқ.

Мен унутай, сен ҳам чиқар эсингдан,
Ўртанасан уни топган кезингдан.
Нола қилиб, бўзлаб турсанг мен нетай,
Ўтолмасдан бўзлагайман юзингдан.

Оҳ, юрагим, зорланма кўп, сабр қил,
Зардоб ютиб, майли менга жабр қил.
Севги ўлди, қайтиб келмас ўлганлар,
Энди унга ўз бағрингни қабр қил.

Зоримиз бор, зўримиз йўқ билса у,
Олға кетдик, майли, қолсин қолса у,
Сабр қилдик, андишани билмади,
Эрк йўлида майли, сабил бўлса у.

«Шошма, дейсан, бўлма сўғин пушаймон,
Ёрсиз давлат бутун бўлмас ҳеч замон.
Эрк ҳам керак, ёр ҳам зарур йигитга»,
Юраккинам, мен нодонми, сен нодон.


ЙЎЛГА БОҚДИНГ ИНТИЗОР

Йўлга бокдинг интизор бўлиб,
Ишонмадинг келмайди десам.
У ҳам кутди ой каби тўлиб,
Деразадан боқди дам-бадам.

Шубҳаларни қарғаб ичингда,
Ишончингни тинмай чорладинг.
Кўролмадинг ҳатто тушингда,
У келмади, сен ҳам бормадинг.

Ўртангизга тушай десам мен:
«Кечир, дединг, керак эмас бу»,
Осон йўлни кўзламадинг сен,
Қийналмоқни истамади у...


СЕН КЕЛМАГАН КУН

Бошимга ёғилиб турфа гумонлар
Кемира бошлади юрак-бағримни.
Сени йўлдан уриб балки нодонлар,
Қайтардими шаҳдингни?

Мен билмайман,
Не гаплар бўлган,
Не хаёллар кечган бошингдан,
Балки кутмаганда дугонанг келган,
Кетмаган, гап бериб қошингдан.

Автобус бузилиб қолгандир йўлда,
Балки онанг рози бўлмаган.
Балки ихтиёринг бўлмаган қўлда
Ёки мендан кўнглинг тўлмаган.

Балки сени бормасин деб,
Мени хурсанд бўлмасин деб,
Бирга даврон сурмасин деб
Қисмат қўйгандир қисиб.

Ишқилиб, келмадинг нима бўлса ҳам,
Мен соғиниб кутдим, интизор кутдим.
Наҳот ваъдаларни унутдинг, санам,
Ўз сўзингн наҳот унутдинг...

«Келмади» қўшиғи дилимда янграб,
Қора гумонларни ҳайдарди гўё.
Бу мунгли оҳангдан сел бўлиб
Қаршимда бош чайқаб турарди дунё.


БАДНОМ ҚИЛМАНГ

Қўйинг, уни бадном қилмангиз,
Қаётига солмангиз рахна.
Озор бериб сирли кулмангиз,
Фалончи деб қилмангиз таъна.

Бир-бирини бўри ҳам, ахир,
Ғажимайди, тилайди омад.
Бизда наҳот шафқат йўқ тақир,
Наҳот бордир ёлғиз разолат?!

Келмайди-ку дунёга ҳеч ким,
Бахтсиз бўлай, бадном бўлай деб.
У тонгларга кўз ташлайди жим
Юракдаги розини айтиб.

Ўқир, ишлар, бахтини кутар,
Бахт кутмовчи инсон зоти кам,
Бадном қилманг, бахтли бўлмоққа
Ҳаққи бор-ку, дўстлар, унинг ҳам.

Агарда у инсон шаънига
Доғ бўлмаса, лаънат бўлмаса.
Бадном қилманг иғво қўзғатиб
Эл бошига кулфат бўлмаса.


ҚЎЛИНГНИ БЕР

Қўй, ўзингни қийнама,
Юзинг яшир сийнама.
Ҳасадчилар кўрмасин,
Бошқасини ўйлама.

Бир кам дунёдир ўзи,
Мўлдир қисматнинг нози.
Бири қора, бири оқ,
Иккидир ҳаёт юзи.

Биз куйиб-ёнган билан,
Ишончдан тонган билан,
Дунё ўзгариб қолмас
Аламга қонган билан.

Қўлингни бер қўлимга,
Юргин менинг йўлимга.
Бу йўл иқболга элтар,
Бошламайди ўлимга.


ПАРДОЗГА ЎЧ ҚИЗЛАРГА

Кўз устида қора ипдай
Турган чизиқ қошмикан?
Бош устида паттайгани
Похолмикан, сочмикан?

Қалдирғочнинг қанотидай
Қора қошларинг қани?
Йигитларнинг хаёлидай
Узун сочларинг қани?

Қани кўрган: истараси
Иссиқ, деган юзларинг?
Қайда қолди бўёқсиз ҳам
Жон олгувчи кўзларинг.

Эсли қизлар тасқарага
Тақлид қилиб юрмаслар.
Мард йигитлар тасқарани
Зинҳор яхши кўрмаслар.


ҚАДИМГИ ҚЎШИҚ

Ҳой тўлугим, ҳой тўлук,
Чақнаб турган той тўлук,
Ўн тўрт кунлик кулча юз,
Ҳой ҳуснга бой тўлук.

Тум-бала-там, там-батам,
Дойрани чертар санам.
Ўт чарсиллар гулханда,
Атрофи тўла одам.

Сумалак қайнар бир ён,
Чилдирма сайрар бир ён.
Тум-бала-там, там-батам,
Юлдузлар кўкда ҳайрон.

Бир ўсмир қўшиқ айтар,
Ўйинга қўшиб айтар.
Давра олиб йигитлар
Жўр бўлиб, жўшиб айтар.

«Ҳой тўлугим, ҳой тўлук,
Ҳой ҳуснга бой тўлук.
Кўкдан ерга инибсан,
Тўриқ отга минибсан.
Ўйнамайсан, кулмайсан,
Нега кўнгли синиқсан?
Ҳой тўлутим, ҳой тўлук».


АРИҚ БЎЙИДА БИР ҚИЗ

Ариқ бўйида бир қиз
Қўлида даста ялпиз.
Ҳидлаб-ҳидлаб суярди,
Гоҳ жилмайиб қўярди.
Бағри тўлиб ҳисларга,
Тикилиб олисларга,
Кўзлари хумор-хумор,
Кутар эди интизор.
Кутгани келмас эди,
Эҳтимол билмас эди.
Оқар сувга кўз ташлаб,
Недир кўнглини ғашлаб,
Равшан қилиб ғашликни,
Эркалаб саркашликни,
Умид билан тўлдириб,
Чечакларни кулдириб,
Турарди ҳидлаб ялпиз
Ариқ бўйида бир қиз.


ПАЙШАНБАДА СЕНИ

Юрагимни аёвсиз тилган
Гумонларга лаънат айтаман.
Пайшанбада сени дуч қилган
Тақдиримга раҳмат айтаман.

Дардманд эдим. Юрардим маъюс,
Сенда кўрдим дардимга даво.
Мен шоҳ эдим, тожсиз, ўлкасиз,
Сен бошимга тож қилдинг ато.

Йўқ, мен бугун осойишта бахт
Ва иқболга урмай ўзимни,
Курашларда излайман омад,
Сенга бериб вазмин сўзимни.

Энди қалбни аёвсиз тилган
Гумонларга лаънат айтаман.
Пайшанбада сени дуч қилган
Қисматимга раҳмат айтаман.


ИШОНЧИМНИ ТОПОЛМАИ

Тор хонадан боқардим тўймай,
Кенг жаҳонга қилиб илтижо:
«Шубҳамни ол бир дона қўймай,
Сенга қилай жонимни фидо.

Ҳеч кимсага даркор эмас у,
Ҳеч ким унга бўлмас харидор.
Шубҳа ичра қолиб кетдим-ку,
Шубҳалардан бўлдим-ку безор».

Ишончимни чорладим шунда,
У келтирди қанча далиллар.
Зарра салмоқ йўқ эди унда,
Жиддий гапми, ахир, ҳазиллар.

Бу ҳам оғир ҳақорат бўлиб,
Юрагимга ғазаб тўлдирди.
Отеллодай нафратга тўлиб
Ўз шубҳамни бўғиб ўлдирдим.


ОҲУ ФИҒОН ЗАМОНИ ЭМАС

Ҳозир оҳу фиғон замони эмас,
Юзлар ҳам очиқдир, диллар ҳам очиқ.
Севгига муқобил севги бўлса бас,
Ёқа йиртиб юрмас ғурбатда ошиқ.

Аммо ёсуманлар тириқдир ҳануз,
Санга ҳам, эҳтимол, учраши мумкин.
Кейин чекмай десанг агарда афсус,
Шу дам қилиб ташла шубҳа бағрин хун.

Шунда жаранглайди ичингда бир най
Ва олам боққандай бўлади кулиб.
Баҳор ёмғиридан сўнгги осмондай.
Дилинг яйраб кетар чароғон бўлиб.


ТУШИМДА

Интикдигим бу кеч ҳам билдинг,
Излаб келдинг тушимда мени.
Битта дердим оламда бизни
Боғлаб турган ҳислар замини.

«Мен севганим бошқа» деб айтдинг,
Учиб кетди кўзимдан уйқу.
Бирдан келган ерингга қайтдинг,
Бу қандай ҳол? Бу қандай туйғу?

Ерга қўйиб сопол кўзани,
Йўл бошида ҳамон турасан.
Агар севсанг мендан ўзгани,
Тушларимга нега кирасан?!


СЕНИ УЧРАТДИМУ

Нимагадир интизор эдим,
Ниманидир излардим саркаш.
Топдим дедим, гоҳи панд едим,
Хижолатдан кўнглим бўлди ғаш.

Тўкин-сочин бўлса ҳам турмуш,
Доим юзим ёруғ бўлса ҳам,
Қийнар эди мени бир ташвиш,
Ҳаётимда недир эди кам.

Нималигин ўзим ҳам билмай,
Ўйламоқ ҳам келмай хаёлга,
Кўнглим эса негадир тўлмай,
Кўниколмай бу сирли ҳолга.

Нимагадир интизор эдим,
Ниманидир излардим саркаш.
Топдим, дедим, гоҳи панд едим,
Хижолатдан кўнглим бўлди ғаш.

Аммо сенинг ийманиб кулган
Кўзларингни кўрганим замон,
Фикрим уфқи ёритттди бирдан,
Бирдан бўлди ҳаммаси аён.


СОҒИНЧ БИЛАН КУТИБ ОЛ

Сени кўрган эдим уч кун илгари,
Бир умр қийналиб ҳижрон домида —
Қафасдан қутулган бургут сингари
Учиб бормоқдаман бугун ёнингга.

Билмадим не учун жонимга ёр деб,
Қисмат қаҳри бунча қаттиқ тушибди.
Ҳар лаҳза бошимга бир ташвиш ортиб,
Чеккан юз дардимга бир дард қўшибди.

Учиб борай дейман ёнингга шу дам,
Сенга айтадиган гапларим кўпдир.
Юрагим ҳаприқар, узоқдир йўл ҳам,
Аммо нима қилай қанотим йўқдир.

Ичимни мушукдай тимдалар бир ҳис,
(Бирга чиқди у ҳам ҳаво кемага.)
«Мунча имиллайди» ўйлайман ёлғиз,
Тезроқ учақолмас нимага?

Бўронлар йўлимни тўсмоқчи бўлар,
Омонат ғов бўлиб туюлар шубҳа.
Қалбим шиддатига чидолмас улар
Ишонч менга қудрат қилганда туҳфа.

Учиб бормоқдаман ғовларни бузиб
Дарёдай жўшмоқда томирда қоним.
Учиб бормоқдаман кутганинг сезиб,
Мудом соғинч билан кутиб ол, жоним.


ЧАЛА-ЯРИМ САРҒАЙГАН

Чала-ярим сарғайган боғда,
Шитирлаган бир садо келар.
Камон каби эгилган шоҳда
Сап-сариқ беҳилар.

Олмаларнинг уч-учларида
Роса пишиб, шарбатга тўлиб,
Фурсат каби, кўздан нарида
Турар мени ҳайратга солиб,

Пайти келиб узилиб тушар,
Ёки узар бир насибахўр.
Олмурут ҳам, анор ҳам учрар
Олмаларга бўлган каби жўр

Сен оҳиста ўтиб борасан
Шитир-шитир хазонни босиб.
Мен ҳар кеча тушда кўраман,
Сени шунча манзиллар ошиб.


ЧИРОҒИНГ ЎЧМАСИН

Нега бошинг эгик, ҳолинг паришон,
Кўзинг тўла ҳасрат, дилингда армон,
Бошингга не савдо тушди ногаҳон,
Дардинг айт, мен унга топайин дармон

Нега аросатда турибсан бўзлаб,
Унсиз нола қилиб, товушсиз сўзлаб,
Йўлдан адашдингми бахтингни излаб,
Содда ишончингни енгдими гумон?

Наҳот сароб экан суянган тоғинг,
Ё хазон бўлдими гуллаган боғинг,
Шу сабаб сўндими умид чироғинг,
Чироғинг ўчмасин ҳеч қачон.

Зим-зиё бўлса ҳам ҳижрон кунлари,
Дилни равшан қилар висол тунлари.
Бегона кирмаса кўнгил боғингга
Соғиниб келади вафодор боғбон.


БЕВАФО ДУНЁ

Палағда кайфият булутдай —
На ёғиб, на тарқаб кетмаса,
Бир ташвиш хаёлда тобутдай
Лопиллаб манзилга етмаса...
Кексалар кўчада туртиниб,
«Бевафо дунё» дер хўрсиниб.

Дунёнинг нози кўп, лафзи мўл,
Аммо у туради жойида.
Бизни-чи, чақирар сўнгги йўл,
Ё ишкда шундайми қоида?
Биз келиб, кетамиз меҳмондай,
У мангу қолади армондай.

Балки дер дунё ҳам хўрсиниб:
«Ё бу тушимми, ўнгимми
Бунча тез жўнадинг от миниб,
Бевафо, севганим учунми?..»


«ҚАРҒИШ»

Узоқдан ҳолимга ташлайсан назар,
Гоҳ ўтиб кетасан, кўрмаган бўлиб,
Гоҳи ҳолатимдан қилгандай ҳазар,
Юзимга қарайсан, ҳайратга тўлиб.

Сенга бегонадир ташвиш, ғамларим,
Менда ҳеч чора йўқ, сенда ҳеч карам.
Менга осон тутсанг ҳижрон дамларин,
Муҳаббат дардига учрагин сен ҳам.


АГАРДА ТОПМАСАМ

Бу разил одамлар ичидан
Мен сени излайман, паризод,
Агарда топмасам минг афсус
Фарёд деб ўтади бир ҳаёт.
Ҳафсалам пир бўлиб юрардим,
Ишлардим руҳимга бир қанот.
Ҳар лаҳза ўзимдан сўрардим:
Бормикан бокира паризод?
Одамларда гарчи вафо йўқ,
Шафқат йўқдир гарчи ҳаётда,
Ёдинг билан ҳаётим тўлиқ,
Сени доим тутардим ёдда.
Мана кўрдим. Сенмисан бу, ё
Ё ўшанга ўхшаш паризод?
Яна дучор бўлдими рўё,
Мени майна қилдими ҳаёт?!
Ҳаммани ўйинчоқ қилар у
Ва ўйнатар ноғорасига.
Мен унга ўйинчоқ бўлмасман,
Ўйинчоқ қиларман гап орасида.
Барибир топмасдан қўймайман
Хаёлим яратган малакни
Гар имкон бермаса топмоққа,
Ёндириб юборгум фалакни.


АГАР ИШОНЧИМГА

Агар ишончимга бўлсанг сазовор,
Ва ювиб юборсанг дилдан ғуборни,
Менинг ҳаётимга кирарсан, дилдор,
Ҳамда гуллатарсан битта рўзғорни.

Бу рўзғор Турон деб аталмиш диёр,
Унинг иқболидир менинг иқболим.
Умрим ҳар баҳорда бўлмаса такрор,
Табиат, табиат, бергил заволим.

Мен унинг доғини кўрмайин токи,
Токи бирга бўлай доим курашда,
Унинг меҳри билан яшайин ёки,
Ёки ёниб кетай ўша оташда.


СОҒИНАМАН СЕНИ ҲАР ДАМ

Сени кунда соғинаман ёнингда туриб,
Сени яна кўргим келар минг бора кўриб.
Соғинаман сени ҳар дам, кўзларим тўймас,
Бир дам узоқ бўлай десам юрагим қўймас.
Аммо ҳаёт мураккабу ташвиш беҳисоб,
Ёлғиз сенга банда бўлсам аҳволим хароб.
Руҳи сўнган эл қалбига ғурур солар ким,
Эгилган бош, бефарқ дилни тиклай олар ким?
Ташқарида ҳаёт қайнар, янги туйғулар
Кучга миниб, тарқамоқда эски қайғулар.
Намойишга чиққанларга ёғилса калтак,
Юрагимдан қон оқади аламда чак-чак.
Эл-юртининг шарафини билмаган зотлар,
Бегонамас, аммо дили, имони ётлар,
Ўйламаса бу тупроқнинг ифтихорини,
Нодонлар ҳал қиладими кирдикорини?
Шундай кунда бир чеккада ўтирсам, ахир,
Менинг чеким бошқаларга тушмасми оғир?
Кечир, жоним, сени қаттиқ севаман, аммо,
Қололмайман кеча-кундуз ёнингда асло.


БУНЧА УЗОҚ

Бунча узоқ йўлларингиз, бунча узоқ —
Йўлим унмас, оёғимда бордай тузоқ.
Нигоҳ етган жойга қачон етар оёқ,
Бунча узоқ йўлларингиз, бунча узоқ?!

Зора йўлим қисқарса деб қўшиқ айта,
«Топмадим»ни такрорлайман қайта-қайта,
Оёғимга тикон кирар қумлоқ жойда,
Бунча узоқ йўлларингиз, бунча узоқ?!

Қушдай парвоз қилай десам, қанотим йўқ,
Авазхондай елай десам, Ғиротим йўқ,
Учоқ миниб учай десам иложим йўқ,
Бунча узоқ йўлларингиз, бунча узоқ?!

Зоғ учмаган жимжит дала, дилгир дала,
Онда-сонда юлғин учрар гала-гала,
Бунда қанча хаёл сурсанг қолмас чала,
Бунча узоқ йўлларингиз, бунча узоқ?!

Йўл юрса ҳам, мўл юрибди алпон-талпон,
Хаёл қуши орқасидан боқиб ҳайрон,
Ўйламангиз бўлибди деб Маъруф пушмон,
Бунча узоқ йўлларингиз, бунча узоқ?!


ЎША БАХТНИ ТОПИБ ОЛАРСАН

Сутдай ойдин кеча...
Ариқ бўйида,
Оқ терак остида турибди биров.
Балки висол излар севги кўйида,
Балки турмушига шу кунлар синов.

Шу терак остида турганман мен ҳам —
Биринчи муҳаббат ўтида ёниб.
Севгилим йўлига чиқиб ҳар оқшом,
Бир кўрсам қайтардим уйга қувониб.

Гарчи маълум эмас унга мақсадим,
Лекин рашк қилардим ким солса нигоҳ.
Чунки учрашувга сиғмасди ҳаддим,
Гуноҳ туюларди «севаман» демоқ.

Сутдай ойдин кеча...
Шу ариқ бўйи,
Шу терак бир умр чиқмас ёдимдан.
Чунки ўгар эди ёримнинг тўйи,
Йўқ, мен билан эмас, бошқа ёр билан.

Оқ терак ортида ўтирма, ўртоқ,
Ёр ўтиб кетганин кўрмай қоларсан.
Изла, атрофингга зийрак бўлиб боқ,
Мен йўқотган бахтни топиб оларсан.


ТАБИАТ
(Ҳаётда кўп қоқилган одамнинг ўйлари)

Табиат, ёшликдан айирдинг мени,
Шўхлик, қувноқликдан қайирдинг мени,
Нега текис йўлда тойирдинг мени,
Не ёмонлик қилдим сенга, табиат?

Отам ҳузуримни кўрмоқчи эди,
Онам ҳам керилиб юрмоқчи эди,
Улар йўқ. Ҳасратда сўрайман энди.
Не ёмонлик қилдим сенга, табиат?

Барча дардманларни дармонли кўрдим,
Аммо соғ одамни армонли кўрдим.
Яхшилик изладим, ёмонлик кўрдим,
Не ёмонлик қилдим сенга, табиат?

Мени ҳам чорлади висолга соҳил,
Ёр севдим, васлига бўлмадим дохил.
Жавоб бер, бўлмасанг соқов ё бахил:
Не ёмонлик қилдим сенга, табиат?

Дилимда бор эди бир дунё ҳавас,
Унга етай дедим чопдим ҳар нафас.
Мадад берар десам, доим қилдинг қасд,
Не ёмонлик қилдим сенга, табиат?

Ўйларинг қўрқувдан озод бўлмаса,
Ирода чидарми имдод бўлмаса,
Яшаш нега керак мурод бўлмаса,
Не ёмонлик қилдим сенга, табиат?

Мурод-ку ҳар дилга этасан эҳсон,
Аммо ҳаммага ҳам бермайсан имкон.
Имконсиз мен каби сўрайди нолон:
Не ёмонлик қилдим сенга, табиат?


ХИЁНАТ

Сел келар, бўрон келар,
Босиб келар фалокат.
Итлар вовиллаб чопар,
Эл қолсин деб саломат.

Сув балоси, ўт балоси
Кексами, ёш қарамас.
Дуч келганни ютаман дер,
Ютаман дер, ярамас.

Қасир-қусир дарахт синар,
Пахса девор йиқилар.
Қўлда бола, кекса кампир
Худодан мадад тилар.

Ўрмонга ўт кетса агар
Ёнгандай ҳўлу қуруқ,
Селдан омон қолиш мушкул,
Тополмасанг бир йўриқ.

Омон қолди эсин йиғиб,
Селдан огоҳ бўлганлар.
Ҳалок бўлди, афсус, бевақт
Паймонаси тўлганлар.

Гарчи тирик мавжудотнинг
Онасидир табиат.
Саховатли, меҳрибондир,
Баъзан билмайди шафқат.

Сени излаб тополмадим,
Ўз жонимни қутқариб.
Эл ичида энди қандай
Юрайин бош кўтариб.

Номус, ғурур бир ггул бўлди,
Бир пул бўлди муҳаббат.
Ўз жонимни асраб қолдим,
Сенга қилиб хиёнат.


ОРАМИЗ УЗОҚ ЭМАС

Изларингга зор бўлдим,
Сўзларингга зор бўлдим.
Кулган юзинг, чаросдай
Кўзларингга зор бўлдим.

Ишваларинг, нозларинг,
Боқишларинг соғиндим.
Гоҳ бағрингда эркалаб
Ёқишларинг соғиндим.

Орамиз узоқ эмас,
Кўришмоқ гуноҳ эмас.
Аммо кўнгиллар узоқ,
Бу оддий фироқ эмас.

Мен севиб ўртанаман,
Висол истаб ёнаман.
Сен севмасанг, на чора,
Ҳижрон ютиб қонаман.

Севармидинг илгари,
Келардинг кулбам сари.
Қаро туним чароғон
Ҳилол чиққан сингари.

Нега энди йўлингда
Девона қилиб кетдинг?
Душмандан ҳам баттарроқ
Бегона бўлиб кетдинг?


ҲАММА ЯХШИ

Алғов-далғов бўлган дилга ким таскин берар?
Зада бўлган юракка ким бўлади малҳам?
Тушига қон кирган одам ўнгда не кўрар,
Мени ҳам ҳеч ўйлайсанми, бепарво санам?

Ўйлайсанки, бутун дунё сенга маҳлиё,
Бахтли қилмоқ учун тинмай излайди имкон.
Такаллуфлар, илтифотлар бари бериё,
Ҳамма яхши бу дунёда, фақат мен ёмон.

Дўст-душмани, ғурури бор шу «ёмон»нинг ҳам,
Сенга боғлиқ олам-олам хаёллари бор.
Сен билмасанг, буларни ким ўйлайди, санам,
Сен билмасанг, ким дардига берар эътибор?


ҚАНДАЙ УНУТАЙ...

Сени эсдан чиқарай дейман,
Унутай деб чиқаман уйдан.
Аммо нетай, соҳибжамолим,
Мени ёлғиз қўймас хаёлинг.

Ҳар лаҳзани ғанимат билиб,
Дўстлар билан дилкашлик қилиб,
Хурсанд бўлиб уйга қайтган дам,
Остонада кутиб олар ғам.

Уйда йўғинг билсам-да Ҳилол,
Ошхонага қарайман дарҳол.
Яна соғинч — раҳмсиз, беор,
Юрагимга беради озор.

Қандай қилиб унутай сени...


АЙРИЛИҚ

Юрагимдан чиқмасанг нетай,
Хаёлимдан кетмасанг нетай.
Мафтун қилиб, маҳлиё қилиб,
Энди парво этмасанг нетай.

Сен ҳаётга ишончим эдинг,
Саодатим, қувончим эдинг.
Вайрон бўлди умид кулбаси,
Умидларим таянчи эдинг.

Ўртанади ҳижронда бағир,
Дил таскинга кўнмайди ахир.
Яхши кунга кўникиш мумкин,
Айрилиққа кўникиш оғир.


ҚЎЙ МЕНИ, ТИНЧ ҚЎЙ

Қўй мени, тинч қўй, Муҳаббат,
Жароҳатлар битмаган ҳали.
Оғзим куйган. Дилдан хиёнат,
Алам доғи кетмаган ҳали.

Аммо қалбнинг қай бир бурчида
Қақроқ чўлдай ўрнинг турибди.
Оч бўридай (умид юртида)
Нола чекиб Ҳижрон юрибди.


ҲАЁТИМНИНГ МАЗМУНИ

Наҳот барча кулфатимнинг
Бир қиз бўлса якуни.
Сен эмасми, ҳаётимнинг,
Яшашимнинг мазмуни.
Сен эмасми, умрим бўйи
Иқболим деб кутганим.
Сен эмасми, вафо кўйи
Қайта-қайта ўтганим.
Сен эмасми, таним, жоним,
Ўйлаганим минг хаёл,
Сен эмасми, таним, жоним,
Ўйлаганим минг хаёл,
Сен эмасми, қадрдоним,
Ўзбекистон айтақол.

Qayd etilgan


Ansora  17 Sentyabr 2010, 13:10:10

IV
Ишонч ва гумон



ҚОРА ГУМОН

Қора гумон, турқинг қурсин, турқинг қурсин.
Турқинг қурсин, қора гумон, қора гумон.
Маломатда куйганларнинг оҳи урсин,
Ёқанг тутиб, сўроқ қилсин жаллод Армон.


ИККИ ЎТДА ЁНАДИ

Сенинг ҳам аламинг ичингда,
Аламим ичимда менинг ҳам.

Айтай десанг куяди тилинг,
Айтмай десанг рашк ўртанар.
Икки ўтда ёнади дилинг,
Кунинг ўтар оғир, бесамар.

Аждар бўлиб қаҳрим ўтини
Сочай ахир кимнинг бошига...
Мен қўрқаман заҳар тутуни
Тушмасин деб дўстим ошига.

Эт билан тирнокдай ажралмас,
Кечани қувса ҳам тонг нури.
Жигаринг қон қилар бир нокас,
Тилингда андиша занжири.


МАЪСУМА ДЕБ ЎЙЛОВДИМ

Шунча интизор бўлиб бекорга кутганмидим,
Бекорга умид билан қон, зардоб ютганмидим.
Келаман деб келмадинг, гумон ўтида ёндим,
Ўйим шамолдай тўзиб, дилим ҳижронга қонди.
Ёш бўлса ҳам юрагинг тош экандир аслида,
Рангим заъфарон бўлди айни баҳор фаслида.
Маъсума деб ўйловдим сени илк кўрган замон,
«Шарму ҳаё қани?» деб энди чекаман армон.
Дўст-душман ўртасида мени шармисор этдинг,
«Севаман», деб сўз бериб, бошимни эгиб кетдинг.
Алам, ҳасрат чўлида ёлғиз қолдим мунғайиб,
Кимга айтай дардимни, тинглагай қайси тайиб?
Мажнун севгида ёниб, сарсон кезиб саҳрода,
Мен каби юзи қаро бўлмагандир дунёда.
Вайрон дилимни обод эткудай бир ҳамдам йўқ,
Дардим ортиб боради, тузатгудай малҳам йўқ.
Осмон узоқ, ер қаттиқ, не қиларим билмасман,
Насиҳатлар кор қилмас, назаримга илмасман.
Ўз билганидан қолмай нола қилар юрагим,
Мен айтаман: «Йўқ энди бевафонинг кераги».
Сен замон тимсолисан, ўзбек урфидан йироқ,
Мен рўзғор пок бўлмоғин талаб этгувчи қолоқ,
Агар шу йўлдан кетса оламдаги барча қиз,
Миллат ҳоли не кечар, нима бўлар эртамиз?!


ИШОНЧ БИЛАН ГУМОН

Умид билан уйғондим ҳар тонг,
Ишонч билан бокдим оламга.
Толе излаб уйдан чиқдим сўнг,
Кўчада дуч келдим аламга.

Кулиб турган умид юзига
Паришонлик сояси тушди.
Жарангдорлик кетди сўзидан,
Ишончлардан малоҳат учди.

Кечга бориб руҳий азобдан
Дами чиққан пуфак сингари
Зўрға-зўрға қўйганча қадам
Судраламан бошпанам сари.


ҲУКМ

Қандоқ кирдинг бу кўчага? Қачон кирдинг?
Ақлинг қайда эди? Юзинг қайга бурдинг?
Кўзинг қайда эди, ахир, кўзинг бўлса,
Шундай жирканч ишга қандай қўлни урдинг?

Ота-онанг қалбидаги ҳасрат доғин,
Кеткизолмас қўпорсанг ҳам Асқар тоғин.
Туғилмасанг бўлмасмиди бундан кўра,
Кўрмас эдинг вулқон каби ўтли оҳин.

Шармандалик насоғига чидайди ким!
Бақрайма кўп, юм беҳаё, кўзингни юм!
Йиқил осмон, эзиб ташла барчасини!
Раҳм-шафқат, исён қилма, Жим бўлгин, жим!..


ПУШАЙМОН

Уйдан кетишингни қанчалар кутдим,
Қачон кетаркан, деб пинҳон қон ютдим
Ўзим поймол қилиб ориятимни,
Авайладим сенинг ҳамиятингни.
Мени тушунмадинг, одам бўлмадинг,
Ўзим ким, мақсадим нима, билмадинг.
Билмадинг шунча йил нега жим юриб,
Сенга кўнгил бердим бир марта кўриб.
Юзингни кўрдиму қалбинг кўрмадим,
Зотинг, атворингни суриштирмадим.
Сен билан бахтиёр бўлмаслигимни,
Аламзада кўнглим тўлмаслигини,
Эҳтимол ўшанда англаб етардим,
Индамай ортимга қайтиб кетардим.
Номус азобида қанча ўртандим,
Уйдан кетишингни қанча кутгандим.
Бир ой ўтар-ўтмай нафратим сўнди,
Юракдаги ғазаб лойқаси тинди.
Энди соғинаман пушаймон қилиб,
Келармикан, дейман эшикдан кулиб.
Кейинги пушаймон ўзингга душман,
Мен билмай қафасга йўлиққан қушман.
Кўнгилсиз озодлик қафасдан ёмон,
Унинг мукофоти аччиқ пушаймон.


КУТИШ СОҒИНЧИ

Беҳуда ғамларни, ранжу аламларни,
шубҳа-гумонларни
Қандай қилиб юрагингдан чиқарсам экан.
Нима қилсам экан
боғимда яйраб,
булбулдай сайраб
Хушвақт бўлиб юрмоғинг учун.
Оламни кўзимга зимистон қилган
рашк тутунин
ғазаб ўтини
Фироқ ёмғирлари ўчирдимикан,
Нола қилар қалбим
сени сўроқлаб,
висолни чоғлаб
Соғинч билан ўртаниб тун-кун.
Дам-бадам хўрсинар энтикиб,
Кўчага боқади интизор,
«Ҳозир келиб қолар,
ҳозир келар», деб
Сўнгра «Топиб бер», деб қилади безор,
Бўлиб ўтган гапни унутиб.


ТУШУНОЛМАДИМ

Лола, сени билолмадим, тушунолмадим,
Шунча чопдим, тополмадим юрагингга йўл.
Кўп адашдим, аммо ўша йўлдан қолмадим,
Ишонч, гумон ўртасида яшадим нуқул.

Мовий умид осмонида парвоз этган қуш —
Менинг содда умидларим қулади ерга.
Қилмишингни эслаганда бошдан учар ҳуш,
Хижолатдан бутун вужуд тушади терга.

«Севаман», деб айтдинг, аммо ишонч бермадинг,
Шубҳа солдинг юрагимга ўзинг билмасдан.
Битта мақсад кўчасида бирга юрмадинг,
Поймол қилдинг, ишончимни писанд қилмасдан.

Каттақўрғон одатини биламан-ку мен,
Унда бундай таомиллар бўлмасди, ахир.
Лола, бундай орсизликни қайдан олдинг сен,
Бу ноз эмас, фироқ эмас, гунохдир оғир.

Икки ёни дарахт ўсган йўл бўлса умринг,
Ин қуришиб, чуғур-чутур сайраса қушлар.
Тонгдай ёруғ туйғу берса, фикр берса кенг,
Ҳушин йиғиб олса, ундан ўтган беҳушлар.

Ўз айбини англаб етса унда нодонлар,
Беғам унда оқ-қоранинг фарқига етса.
Янги либос киймасаю эски армонлар,
Мотамсаро булут каби тарқалиб кетса.

Аммо сени бу туйғулар безовта қилмас,
Сен ўйлайсан кеча-кундуз ёлғиз ўзингни.
Эҳтимол мен янглишарман, шундай бўлса бас,
Қалбингни оч, мен эшитай юрак сўзингни.

На унга, на бунисига чидайсан, нечун,
Нечун? — дейман. Бир садо йўқ. Кўнглим тўлмади
Шуни ўйлаб куним тундир, туним бўлди кун,
Лола, сени билолмадим, тушунолмадим.


ИЗТИРОБ

Кетганингга ачинмайман, куймайман,
Мен бекорга келмаганман дунёга.
Яшаш оғир, аммо яшаб тўймайман,
Ҳаёт гўзал.
Унга меҳрим зиёда.
Сен кетсанг ҳам кўнглим баҳор,
Қиш эмас,
Умид гулим очилади, сўлмайди.
Аросатда яшаш зинҳор иш эмас,
Сен кетганинг билан севгим ўлмайди.
Сенсиз яшаб келдим жорий чоққача,
Бундан сўнг ҳам сенсиз ўлиб қолмасман.
Кунлар ўтар, ойлар ўтар толмасдан,
Энди менинг умрим бўлар бошқача.
Алданишнинг юзи бўлсин тескари,
Алдашни ҳам истамайман ҳеч қачон.
Аммо одам қилар ёвуз ишларни
Ўйламайди ўзи беш кунлик меҳмон.
Майли кетдинг,
Кетганингга куймайман,
Меҳринг гулин дилдан юлиб ташлайман.
Ўйламайман, дейман,
Яна ўйлайман,
Яна ўйлаб юрагимни ғашлайман.
Рўшнолик кун борми ахир дунёда,
Мени бунча ҳалак қилдинг, тақдирим?
Токай бўлдим ишқ кўйида афтода,
Нега мендан бунча кулдинг, тақдирим?
«Юлдузингиз мос келди», деб қутлашиб,
Хурсанд бўлган дўстларим ҳам алданди.
Менга бахтли бўлиш этмади насиб,
Меҳр тўла кўзларим ҳам алданди.
«Ҳар кимнинг бир юлдузи бор», дердилар,
Ишонардим, излаб ўтдим бир умр.
Ишончларим менга кўп панд бердилар,
Қон ютсам ҳам
Чидадим, қилдим сабр.
Азоб кўрган бир кун етар роҳатга,
Аммо топган роҳатим шу бўлдими?
Наҳот менинг умрим ўтди ғафлатда?
Бу дунёда номус ҳисси ўлдими?
Кетганингга ачинмайман, куймайман.


МАҚСАДИНГ НИМА?

Менга ҳасратингни сўзлама, нодон,
Фурсатим йўқ ҳасрат тинглашга.
Севгим қилдинг нимага қурбон,
Сўзла, етса қурбинг англашга?!

Мен муқаддас билган туйғуни
Тупроқ билан баробар этдинг.
Кўзларимдан олиб уйқуни,
Гапир, наҳот мақсадга етдинг?

Нима эди мақсадинг ишқдан,
Бир рўзғорни обод қилишми?
Фарзанд кўриб, қувониб ичдан
Ёруғ юз-ла ўйнаб-кулишми?

Қариндошлар, жигарбандларинг
Турмушингни кўриб қувонса,
Рақибларинг бахтингни кўриб,
Ич-ичидан куйса, ўртанса...

Яхшимасми? Мақсадинг нима?
Бир рўзғорни обод этишми?
Ё севгига иснод келтириб,
Бадном бўлиб ўтиб кетишми?!


АЛДАНИШ

Ўша бахтли дамларни эслаб,
Тушмиди деб ўйлаб қоламан.
Адашганим сабабин истаб,
Изтиробда ҳолдан толаман.

Сен ҳақорат, макр, орсизлик,
Рамзи бўлиб келдинг уйимга.
Эй қадами хосиятсиз зот,
Соя солма, ғамгин куйимга.

На севги, на умид бор энди,
Саҳро каби юрагим бўм-бўш.
Дилда ишонч шишаси синди,
Босиб тушди Армон деган тош.

Бир неча кун довдираб юрдим,
Қайга бошим уришни билмай.
Бир умидсиз дунёни кўрдим,
Зулмат ичра ҳеч нарса кўрмай.

Хайриятки ўлиб кетмадим,
Чўккан эдим алам қўлига,
Толе, гарчи сенга етмадим,
Аммо чиқдим умид йўлига.


СЕВМАСАНГ АГАР...

У йўқ бўлса соғинасан,
излайсан нега,
севмасанг агар?
Нега ташлаб кетолмайсан,
севмасанг агар?
У гапирса,
гап қайтариб,
зарда қилганинг,
Гапирмаса,
алам ичра
хуноб бўлганинг,
Аччиқ қилиб кетганинг ҳам,
яна қайтиб келганинг ҳам
Сенинг унга муҳаббатинг
борлигидандир,
Лекин феълинг чарсу
кўнглинг
торлигидандир.
Ўзинг нима исташингни
аниқ билмайсан,
Хуноб бўлиб йиғламайсан,
ёки кулмайсан.
Аммо хаёлингни қамраб,
дилинг ўйнатиб,
Кўнглинг алғов-далғов қилиб,
доим ўйлатиб...
Ўз ҳолингга қўймаган бу
асов бир туйғу,
Амин бўлки хурсандликдир,
эмасдир қайғу
Бундай бўлмас эди,
агар уни севмасанг.


ЖАФО ҚИЛСА

Жафо қилса, вафо ўрнига,
Алам солса, сафо ўрнига.
Бундай ёрни ёр, деб бўларми,
Яхшиликка зор, деб бўларми?

Ҳар қадами тескари бўлса,
Ҳар гапида заҳари бўлса,
Қўпол бўлса, ишкали бўлса,
Бундай ёрни ёр, деб бўларми,
Иноқликка зор, деб бўларми?

Хаёлида доим қинғир гап,
Бир гап айтсанг ит каби талаб,
Ёлғон айтса, кўзингга қараб,
Бундай ёрни ёр, деб бўларми,
Садоқати бор, деб бўларми?

Кўриниши сипо, чиройли,
Ҳусни хира қилади ойни,
Аммо дерсиз хислатга бойми?
Бундай ёрни гўзал дейишар,
Билмай туриб баъзан севишар.

Аммо аён бўлиб кимлиги,
Очилганда пинҳон шумлиги —
Алданганин билганда ногоҳ
Манглайига уради: «Аҳмоқ».
Бу ҳол гарчи сабоқ бўлади,
Дилда яра — армон қолади.


ҲИЖРОН ЖАРОҲАТИ

Жанжал бўронлари тинди оқибат,
Аммо поймол бўлди рўзғорим менинг.
Сен кетдинг рашкимга қилолмай тоқат,
Юракда қолмади қарорим менинг.

Энди бошим қотар ўйлаган сари,
Ичимни кемирар аччиқ пушаймон.
Тинмай ҳужум қилар алам лашкари,
Қамалдан чиқолмай аҳволим ёмон.

Сен ёшсан. Топарсан ўзингга бир ёр,
Мен ҳам бу дунёдан ёлғиз ўтмасман.
Аммо умр бўйи беради озор.
Ҳижрон жароҳати битиб кетмасдан.


ИСТАГИМ

Шу кўйга тушармидим, агар сени севмасам,
Кечармидим осуда ҳаётдан, ҳаловатдан?
Тилла қўнғиз шуъласи бўлсайди дардга малҳам
Қочармидим фарёд деб афсунгар хиёнатдан?

Менга шарпалар эмас, қора соялар эмас,
Қуруқ ваъда, дўқ эмас, меҳр тўла сўз керак.
Очиқ, нурли юз керак, тунд, совуқ заҳар эмас,
Муғомбирмас, вафодан чақнаб турган кўз керак.

Шулар бари бор эди, билмадим, қайга кетди,
Қайга кетди зеб бўлган дурдона фазилатлар?
Бу ҳолдан кўнглим ўксиб, ҳайрат ёқасин тутдим,
Нечун бекинар энди биздан ул ҳақиқатлар?

Сен яхшисан, биламан, фақат хаёлинг бошқа,
Шайтон васваса қилар ичингга кириб баъзан.
Нима кўрдинг дунёда, кириб, жоним, пгу ёшга,
Яхшиямки умидинг бўлиб кетмабди хазон.

Ҳаёт ҳиссиз, бепарво, одамларда шафқат йўқ,
Ўзинг тадбир топмасанг, ёруғлик йўқ дунёда.
Ҳушёр одамга йўлда панд берувчи ғафлат йўқ,
Аммо мадад берувчи фаришталар зиёда.

Иккиланиб боқмагин, шубҳа қилма, қоракўз,
Менинг ёруғ дунёда сендан ўзга кимим бор.
Сен ҳаётим, қувончим, битта бўлар ваъда-сўз,
Истагим битта: фақат бўлгин менга вафодор.


БЎРОН ЎТИБ КЕТДИ

Бўрон ўтиб кетди. Рашк бўронлари,
Ғазаб суронлари тинди оқибат.
Оёғим остида ишқ хазонлари
Нола қилар мисли кечган мусибат.

Бўрон ўтиб кетди. Ғазаб чақмоғи
Икки ёнга отди бир жуфт қояни.
Бугун бағрим ўртаб унинг сабоғи
Бетимга сургандай қора куяни.

Бўрон ўтиб кетди. Ҳаммаёқ жим-жит,
О, бунча дилозор бўлмаса сукут.
Атрофга қарайман тушкун руҳ билан,
Руҳимни қуршаган қоп-қора булут.

Бўрон ўтиб кетди. Аммо юракда
Қушлар сайраб турган боғим йўқолди.
Рашк ҳам, севги ҳам йўқ, кўнгил безовта,
Аччиқ армон, афсус, надомат қолди.


ТУШ

Афсус, ишонч аллалари
Солди мени ғафлатга.
Меҳр тўла қалбим бугун
Тўлиб кетди нафратга.
Борардим олисни кўзлаб
Инсоний бахт қасдида,
Кулфат писиб ётган экан
Оёғимнинг остида.
Қоқилганда ҳушим учиб,
Очилганда кўзларим,
«Не кўрдинг?» деб сўрамангиз
Қизиқсиниб дўстларим.
Биров қорнин ушлаб кулар,
Биров ҳайрон дарғазаб.
Тўнкани бир тепай дейман,
Теполмайман воажаб.
Борай десам манзил сари
Мен кўзлаган йўллар йўқ.
На дарахт, на бирор белги,
Фақат тўнка... қуп-қуруқ,
Шунда бирдан вужудимни
Қамраб олди ваҳима.
Қисмат менга дўқ урарди
«Тўлагин, деб, жарима».
«Нима учун? — дердим ёлғиз, —
Қайдан келди тўнкалар?»
Наҳот шундан мағлуб бўлсам,
Ожизманми шунчалар?
Сабабини сўрамангиз,
Агар очсам дилимни.
Дўстлар, дўстлар, кесиб ташланг,
Кесиб ташланг тилимни.


ИККИ ОДАМ БИР УЙДА

Икки одам бир уйда яшар,
Ўт билан сув феълу атвори.
Кеча-кундуз каби курашар
Тугамайди оҳ ила зори.

Улар асло бегона эмас,
Яқин мисли эт билан тирноқ.
Юраклари, ҳислари эса
Еру осмон сингари узоқ.

Шу туфайли уларга ҳаёт
Дўзах бўлиб туюлар ҳар зум.
Бу аҳволга ким қилар тоқат,
Бу азобга кўникади ким?

Эй худойим, бу ғариблардан
Аямагин марҳаматингни.
Ахир сенинг караминг кенг-ку,
Меҳрга дўн нафратларини.


БИР ЙЎЛ КЎРСАТ

Тақдир сени нега менга раво кўрди,
Етмасмиди шунча чеккан жафоларим?
Энди роҳат кўрай, жангарим, омад бер деб,
Нола қилдим, етмадими наволарим?

Кимга айтай юракдаги дардларимни,
Ҳасратимни тинглайдиган бир маҳрам йўқ.
Бир ҳамдард йўқ шаҳар тўла одам ичра,
Одамларда оқибат йўқ, бир карам йўқ.

«Нега бундай?» деб ҳаммаси сўрайдию,
Аммо ўйлаб кўрмас унинг сабабини.
Ўз бошига ёққан қорни курамас у,
Унутганди ғурурини, адабини.

Юрагим қон бўлиб кетди хатолардан,
Паризод деб дуч келиб бир ёсуманга.
Ундан қандай қутулмоқни билолмайман,
Жаннатми деб тушиб қолдим жаҳаннамга.

Ёрингман деб, оғангман деб авраб-авраб,
Поймол қилди тилимни ҳам, дилимни ҳам.
Миям билан юрагимни кавлаб-кавлаб,
Илдизимни юлиб ташлаб, қўйди малҳам.

Хайриятки, хотирамнинг илдизидан
Бир бўғинми, бир заррами қолган тирик.
Йиллар ўтиб, амал олиб ўз-ўзидан
Хитоб қилди: «Кўзингни оч, уйғон, шўрлик»

Парвардигор, энди ўзинг қўлламасанг,
Ҳолим хароб, ҳолим хароб, ҳолим хароб.
Мени ундан халос қилгин адо қилмай,
Бир жонимга керак эмас бунча азоб.

Уни кўрсам аждаҳони кўрган каби
Ич-ичимдан тошиб келар ғазаб, титроқ.
Парвардигор, бир йўл кўрсат, халос бўлай,
Халос бўлай бу илондан энди тезроқ.


МЕН СЕНИ

Мен сени хаёлим дегандим,
Мен сени иқболим дегандим,
Бахтимнинг камоли дегандим
Рўзғорим жамоли дегандим.

Дегандим севгимнинг шуҳрати,
Дидимнинг, ақлимнинг қудрати,
Ҳаётим баҳори, неъмати,
Туганмас қувончлар шиддати...

Аммо сен заҳарли бир ниҳол,
Пардозга ўралган хомхаёл.
Маломатли савол экансан,
Умидимга завол экансан.


БИЗ БИР ПАЙТЛАР

Биз бир пайтлар қадрдон эдик,
Орамиздан қил ҳам ўтмасди.
«Мангу шундай қоламиз», дедик,
Шундай бўлиб қолдикми асти?

Сен ўзгасан бугун мен учун,
Сен учун мен ундан баттарроқ.
Шуни аввал билмадим нечун,
Юрагимга тушмай қора доғ?

Битта йўлдан борар эдик-ку,
Нечун кетдик икки тарафга?
Қайсимизни абгор қилар у,
Қайсимизни элтар шарафга.


ЎЗИМНИ ЎЙЛАЙМАН

Ўзгаларнинг дарди менга ёт,
Ўз дардимни ўйлайман бугун.
Ташвиш келса қилмайман фарёд
Қувончга ҳам бўлмайман мафтун.

Нетай, кўз ёш, табассум, софлик
Бари найранг туюлса менга.
Нетай, шафқат кўринса хавфли,
Нетай, туҳмат айланса чинга.

Инжиқлик ё найранг эмас бу,
Қочиш эмас курашлардан ҳам,
Ишонч мени алдаб кетди-ку,
Энди кимга ишонай, бўтам!

Сени ўйлаб тўйганим учун,
Мен ўзимни ўйлайман бу кун.


ЖАННАТДАН ҚУВИЛМОҚ

Қайғу ҳам, қувонч ҳам бор эди азал,
Аммо одам ҳали билмасди уни.
Момо Ҳаво нафси қилганда ўсал,
Одам Ота туйди илк бор қайғуни.

Жаннатдан бадарға бўлмоқ осонми,
Доғи маҳшаргача ўртар инсонни.


СЎНГГИ УЧРАШУВ

Юракларга тўлдириб гумон,
Омад тилиб ғариб Гумонга:
«Учрашмаймиз энди ҳеч қачон» —
Кетганмидик икки томонга.

Қайлардадир кетиб борасан,
Узоқлашиб ўша оқшомдан.
Мен ҳам олға бораман ҳамон
Қўшиқ тилаб зада илҳомдан.

Тўхтай десам, фарёд кўтариб:
«Олға!» дейди ҳижрон дардлари.
Ғолиб чиқар бу йўлда ёлғиз
Бахти ўлмас элнинг мардлари.

Висол қучоғига ўзимиз отдик,
Ўйлаб ўтирмасдан тақдиримизни.
Қандай топган бўлсак, шундай йўқотдик,
Қоронғи кечада бир-биримизни.


ИНТИҚОМ

Мен орқангдан лаънат демасман
Ва қилмасман сени гуноҳкор.
Ғийбатларга ташна эмасман,
Бунда эмас ғурур, ифтихор.

Кўнгил ҳуши бўлса матлабинг,
Муҳаббатдан изладинг нега?
Нега қалтис жардан ҳатладинг.
Журъат қилиб сўзладинг нега?

Висол билан қисқарган тунлар.
Орзуларнинг ҳаммаси тамом.
Тамом бўлган бахтиёр кунлар,
Бу кун биздан олар интиқом.

Энди чида. Ортта қайтиш йўқ,
Қўлдан келса унут барини.
Қайтаролмас на онт ва на дўқ
Озод бўлган дил каптарини.


ТУШ КЎРИБ УЙҒОНДИМ

Ғамларимни қайта йиғлашга
Юмшайди тош бўлган қалбим.
Энди нозик ҳиссиётлар йўқ,
Йўқ, мен руҳан кексариб қолдим.

Эрта тушди сочларимга оқ,
Кечроқ йиғдим ақлу ҳушимни.
Туш кўрдиму уйғондим, эвоҳ,
Кимга айтай мудҳиш тушимни.

Хайр юртим, хайр дўстларим,
Ёпишмангиз энди пойимга.
Тўймаса ҳам сизга кўзларим,
Кетар бўлдим келган жойимга.

Ҳаммасини хотирлаб унда,
Хотирамга ўқийман лаънат.
Сиз-чи, дўстлар, ўйламай шунда
Қаро қилманг номимни фақат.


ЛОЛАГА

Лола, сенга юрагимни очсам агар,
Ҳаловатинг бузилмасин бундан баттар.
Йўқ, мен ошно қилиб нохуш хаёлларга,
Ўртамайман кўмиб аччиқ саволларга.
Ханжар каби жон олгувчи таъналар йўқ,
Жароҳатинг тирнагувчи шамалар йўқ.
Йўқ сенга ҳам, ўзимга ҳам хусуматим,
Дил риштаси узилмаса қатим-қатим.
Умидларим чил-чил бўлиб синмаса гар
Айланмаса бошимизда машъум хатар.
Кўзларингда мамнуният, ишонч кўрсам,
Юзларингда миннатдорлик, қувонч кўрсам
Хушбахт кўрсам сени доим учрашганда,
Муҳаббатинг ҳеч бўлмаса менга канда.


МЕН ЁМОН БЎЛСАМ

Мен ёмон бўлсам, биродар,
Майлига сен яхши бўл.
Мен адашган банда бўлсам
Бўл ёмон, кўрсатма йўл.

Кимни феъли мисли ёмғир,
Кимни феъли мисли қор,
Сен уларга таҳсиб этма,
Бер уларга эътибор.

Ким бировнинг бағри тошдир,
Ким бировнинг кўнгли бўш,
Беҳаёнинг қалби қандай,
Менга ошкор айла, хўш?!


МЕН МАРД РАҚИБЛАРНИ

Мен мард рақибларни ҳайратга солиб,
Номард дўстларимга аччиқма-аччиқ
Ташвиш юкларини елкамга олиб,
Шундай яшаяпман очиқдан-очиқ.

Ҳаёт улғайтирган сизни эркалаб,
Йўқ, менинг бошимни силамаган у.
Йўл бошига чиқиб
Ҳар кун эрталаб,
Кулиб, менга омад тиламаган у.

Қўлига мўлтираб қарамай унинг,
Меҳнатдан топганман нимаки топсам.
Мен уни лаънатлаб ташлаб кетмасман,
Ит бўлиб кўчада ҳар кун қопса ҳам.

Роҳат кўрган бўлсам дунёда агар
Унинг азобини чекканман олдин...
Сизга тутун бўлиб кўринса қадар,
Мен учун ғамларим кўринар ёлқин.

Тушса бошингизга тирноқча ташвиш,
Довдираб қоласиз ҳаётдан тўйиб.
Ўзгадан нолийсиз тинмай эрта-кеч,
Кулфат сабабчисин бир ёққа қўйиб.

Сиз дарахт кўрсангиз шуни ўйлайсиз,
Зинҳор эсингизга келмайди ўрмон.
Шу сабаб ўзгалар мағрур айтса сўз,
Чуғуллик қиласиз ёғдириб бўҳтон.

Разил ва оқилнинг бирми матлаби,
Бўларми тун, кунни ёнма-ён қўйиб?
Ғурури чертилган олифта каби
Олмасман тўнимни тескари кийиб.

Ҳаммани қоралаб нома битмасман,
Гарчи ҳаёт менга кўп қилмас карам.
Мен уни лаънатлаб ташлаб кетмасман,
Унинг дардларига бўларман малҳам.


ШУБҲА

Шубҳам тўғри чиқар кўпинча,
(Шубҳа — тахмин эмас-да, ахир.)
Шубҳа ташвиш солар бошимга,
Бу ташвишнинг азоби оғир.

Шубҳа — гумон бўлмаса агар,
Илм-фанда бўлмас ўзгариш.
Лоқайд бўлиб қолардик баттар,
Рўй бермасди руҳий тозариш.

Доғ туширса севгига шубҳа,
Уни қандай кетказиш мумкин?
Гумон яра солса дўстликка,
Уни қандай битказиш мумкин?

Яша, майли, шубҳалар ичра,
Олижаноб бўлса гар гумон.
У туҳматга айланиб кетса,
Бўҳтон бўлиб кетса гар ёмон.

Нима керак шубҳанинг ўзи,
Икир-чикир гап-ку бу, ахир.
Вазмин бўлар эркакнинг сўзи,
Шубҳа эса чучмал ё тахир.

Бад кўринар шубҳачи одам,
Юрганга ўхшайди ивирсиб.
Тирноқдан кир қидириб ҳар дам,
Қайлардадир тургандай писиб.

Ирганаман мен ҳам шу тахлит
Шубҳали гап изловчилардан.
Тутун пуркаб, элни чалғитиб,
Ўзига наф кўзловчилардан.

Шубҳа келса ҳушёрлик қочар,
Холис бўлмоқ келмас хаёлга.
Жаҳолатга дадил йўл очар,
Ўрин қолмас вазмин саволга.

Остин-устун бўлиб ўйларинг,
Тор кўриниб кўзингга дунё,
Ғазаб ичра нелар сўйладинг,
Не кулфатлар қилмадинг бино?

О, шубҳалар, шубҳалар, сизни
Қайга элтиб ташласам экан?
Ёқар эдим қуруғингизни
Агарда сиз бўлсангиз тикан.

Аммо гул бор, меваси тотли,
Ҳақиқатга доя гумон у.
Уйғоқ тутиб доим виждонни,
Ҳушёр бўлиб турган армон у.


БАХТ ҲАҚИДА

Бахтсиз эмас камбағал одам,
Бахтли эмас ҳамма бойлар ҳам.
Сен соғломсан, қўлда касбу кор,
Юрак тўла орзуларинг бор.
Ваъда бериб, маҳлиё этиб
Бахт турибди олдинда кутиб.

Уйланмаган йигитсан ҳозир,
Бир қиз этар кўнглингни асир.
«Бахт — мана шу соҳибжамолим,
Ёлғиз шунда, дейсан, иқболим».
Кўзинг ундан бошқани кўрмас,
Қулоғингга бошқа гап кирмас.

Парво қилмай йилнинг фаслига,
Интиласан унинг васлига.
Дадил бўлсанг етасан бир кун,
Илк ташналик топади якун.

Кўрасанки бахт эмас бу ҳам,
Ҳаётингда яна недир кам.
Отанг қуриб берган ҳовли бор,
Сигир-бузоқ ҳам севикли ёр,
Бола-чақа бўлади пайдо.
Лекин кўнглинг тўлмайди асло...

Яна недир қилмоқ истайсан,
Ҳақиқатни билмоқ истайсан.
Турмуш тутал бўлмоғи мушкул,
Тер тўкасан, тугал бўлсин ул.
Умр ўтиб боради аста,
Сен яшайсан ўша ҳавасда.

«Мен ҳам уни йиллаб кутардим,
Гар йўлиқса маҳкам тутардим.
Ҳаётимни қилса ҳам адо,
Чиқармасдим қўлимдан асло».
Тажрибасин қилганча пайванд,
Шундай деган битта донишманд.

Нолиб юрар баъзилар кунда
«У ундоғу мен бундоқ» дея.
Сен бахт излаб, нолиш билмайсан,
Ҳеч кимсага ҳасад қилмайсан.
Шундан сенга ихлосим баланд,
Эй беғараз, одил донишманд.


ҚОРА КЎЛАНКА

I

Кўрмагандим гарчи ўзини,
Қайдадир борлигин билардим.
Баъзан-баъзан чучмал сўзини
Эшитардим, сассиз кулардим.

Гарчи бу сўз чучмал бўлса ҳам,
Булут каби соларди соя.
Гўё мени босиб келган ғам,
Кулфатлардан қилиб ҳимоя.

Шундай чоғда ҳис қилиб малол
Айтгим келар Диоген мисол:
«Қуёшимни тўсманг, биродар,
Баҳра олай мен ҳам бемалол».

II

Қўй, менинг ғамимни емагин,
Сен ўзингни ўйла, биродар.
Сўз чангитиб йўртиб келмагин,
Инсоф бўлса дилингда агар.

Зор эмасман марҳаматингга,
(Гар ўзингда бўлса ихтиёр).
Қамчи уриб ғайрат отига,
Хизматингга муштоқларга бор.

Юраги кенг одамман гарчи,
Ҳеч кимсага қилмайман зарда.
Нафратим бор ғийбатга қарши,
Нафратим бор кўланкаларга.

III

Бўлмаса ҳам юзда ниқобим,
Кўрмагансан асл юзимни.
Кўп бўлса ҳам сўзда ниқобинг,
Мен биламан асл ўзингни.

Юрагингдан очиқ кулолмай,
Ишшайишда бериб аксини.
Ўзга қалбин билмаганингдай,
Кўролмайсан ўзга бахтини.

Ўзгаларнинг кавлаб киссасин
Калитини тутамлаб туриб,
Ўз калити бор одам каби
Жар соласан кўксингга уриб.

IV

Майли жар сол,
Майли донг тарат,
Ўз йўлингда тарат, биродар,
Ҳар кимсаки қурса иморат,
Ёлғиз унинг номида ўтар.

Ёш, соғломсан, ғайратинг дарё,
Қалбингда не орзулар ётар.
Югур, изла, бахтингни аммо,
Фақат мени тинч қўй, биродар.

Қосим ака ош қилган куни
Дўрмондаги ижод боғида,
Мен бекорга ёзмадим буни,
Ёзганим йўқ ҳасрат доғида.

Қайта қуриш бормокда бугун,
Юраклардан кетмокда ғубор.
Афсус қилиб юрмайлик сўғин,
Ҳис қилайлик ҳалол ифтихор.


КЕРАКСИЗ ОДАМ

Бир одам яшарди эски шаҳарда,
Худди даладаги якка қайрағоч.
Қувиб юрган каби қандайдир шарпа,
Ўзини асрашга изларди илож.

На бирор одамга, на жамиятга
Фойда ҳам, зарар ҳам йўқ эди ундан.
Билмадим,
Бормиди пинҳон нияти,
Ўзини эҳтиёт қиларми шундан?

Биларди на фарзанд,
На ёру дўстни,
На қўни-қўшнию
На қариндошни.
Борар эди ҳаёт йўлида шундоқ —
Ўзига эп кўрмай бирор йўлдошни.

Негадир баридан қўлини ювиб,
Қўлтиғига артган, билмайман нечун.
Ҳаёт шодликларин ўзидан қувиб,
Не кутиб яшарди ҳаётдан ҳар кун.

Ҳеч кимга кераги йўқ эди унинг,
Шуни балки билар,
Билмас эҳтимол,
Қачондир унинг ҳам битади куни,
Кимдир кўмишини қилмасми хаёл?

Қанча довон ошди умр йўлида
Нимага интилди, нима кўзлади?
Шу олис йўллардан не бор қўлида?
Дерсиз: Юрак тўла афсус сўзлари...

Йўқ, у бўзламади надомат чекиб,
Билади пушмондан энди йўқ фойда.
Гоҳ ўйлар осмонга кўзини тикиб:
Қадта туғилмокдик иложи қайда?

Гарчи юрагида армони қат-қат,
Бўш уйдаги шамдай сўнар, қайтади.
Тутунсиз тутайди, кутмайди, шафқат,
Кераксиз дардини кимга айтади.

Аммо ўлишни ҳам истамайди у,
Жилмаяр қайдадир кучук ҳурганда.
Ким ўлишни истар, беозор ёғду,
Умид билан олам яшнаб турганда.

Шу сабаб ёпишиб битта ниятга
(Энди кеч. Барчаси берилган барбод.)
Парво қилмай на эл, на жамиятга,
Кераксиз ҳаётин қилар эҳтиёт.


АДАШИБ ЮРГАНЛАР

Ўз бахтининг тор кўчасида
Адашиб юрганлар қисмати,
Бировларнинг тинч гўшасига
Жанг олиб кирганлар қисмати,
Муддао отини ўғирлаб
Кекириб турганлар қисмати,
Гўдакка тўппонча тўғрилаб
Завққа юз бурганлар қисмати,
Алданиб, охири бошини
Тошларга урганлар қисмати,
Хор қилиб адолат тожини
Эркка дор қурганлар қисмати... —
Гўзаллик шаънига таънадир,
Таънадир адолат шаънига.
Гўзаллик шаънига таънадир,
Таънадир камолот шаънига.


СЕН ЁВУЗ ТУЙҒУЛАР БАНДАСИ

Сен ёвуз туйғулар бандаси,
Бокира гулимни синдирма,
Кўнглимга ғулғула индирма,
Бўйнимга шайтонни миндирма.
Сен ёвуз туйғулар бандаси.

Қоришиб оламнинг ранглари,
Тўзиган нохушлик чанглари,
Босгандай гуноҳнинг занглари...
Эмассан маъсумлар хандаси,
Сен ёвуз туйғулар бандаси.

Қалбимни сен йўлдан урма ҳей,
Сирғанчиқ йўлларга бурма ҳей,
Гул тутиб, сўз отиб турма ҳей,
Бу эмас маъсумлар ғамзаси,
Сен ёвуз туйғулар бандаси.

Пинҳона фитналар қўзғасам,
Ўзига бошқача сўзласам,
Ўйларсан: у шубҳа қилмас ҳам.
Бу эмас маъсумлар ғамзаси,
Сен ёвуз туйғулар бандаси.
Мен сени биламан девона,
Тўқийсан ҳар турли афсона,
Макрнинг илдизи ягона,
Бу эмас маъсумлар ғамзаси,
Сен ёвуз туйғулар бандаси.


ЙЎЛТЎСАР ВА ҒИЙБАТЧИЛАРГА

Сизга нима ёмонлик қилдим,
Нега бунча чуватасиз гап?
Нега тош отасиз пана-панадан?
Оёғимга урасиз болта?
Сиз-ку мени яхши билмайсиз,
Аммо мен биламан кимлигингизни.
Шунинг учун сўрайман очиқ:
Мендан нима истайсиз, мендан?

Ҳар бир сўзингизда яширин илмоқ,
Бошингизда бўлса мужмал режалар.
Кўзингизга кучукдан хунук,
Алвастидан баттар кўринсам керак.
Ёсумандай кўринасиз сиз ҳам кўзимга
Кўнглим айнир сизни кўрганда.
Сизга ҳеч ишим йўқ, ҳушим йўқ,
Мендан нима истайсиз, мендан?

Менинг кулфатимдан ундирмоқчисиз
Ўзингизга қувонч гулини.
Васвасага билмай учдим мен
Юриб қолди тегирмонингиз.
Чўлдай бўлса менинг ҳаётим,
Бўстон бўлди сизнинг кўнглингиз.

Эй, сиз, шуҳрат тиланчилари,
Фитначилар, уй бузғувчилар.
Нафрати бор сизга кўпларнинг,
Мендан нима истайсиз, мендан?

Миш-миш билан ўлдирмоқчисиз,
Аммо Ватанимдан, элимдан,
Ўтмиш, истиқболдан қарзим кўп.
Қарзни тўламаслик фирибгарлик-ку!
Қисматимнинг фироқларию,
Дўстларимнинг хиёнатида —
Мен ўзимга ҳайкал қўяман
Бахтлиларга аччиқма-аччиқ.
Мен бахтсиз эмасман аслида
Сизни бахтли ҳисобласалар,
Менинг бу бахтсизлигим
Сизнинг бахтингиздан кўра ҳалолроқ!

Олтин ваъда қилинг.
Амал ваъда қилинг,
Ваъда қилинг ҳузур-ҳаловат,
Ваъда қилинг меҳр-садоқат,
Мен муте бўлмаган бахтсизлигимни
Ҳаром бахтингизга бермасман асло!
Сизга-ку ишим йўқ, ҳушим йўқ,
Мендан нима истайсиз, мендан!
Хоҳласам куламан, хоҳласам
Йиғлайман, ачиниб боқманг сиз.
Сиз шафқат билдириб келманг ёнимга.
Меҳр изҳор қилманг
Олисдан кулиб.
Жафокаш қилиб ҳам
Кўрсатманг мени,
Бари туюлади ҳақорат бўлиб.
Биз, Амир Темурдан оламиз ибрат,
Темурдай қурамиз ҳаётимизни.
Турон биносининг пештоқларига
«Инсон» деб ёзамиз ўз отимизни
Сиз, эй, ўз уйига тупуриб қочган,
Ўзга оёғига бош урган кўрлар!
Мен сиздан ҳеч нарса талаб қилмасман,
Сиз-чи, мендан нима истайсиз, мендан?


УМР ЎТАЁТИР

Бекатда турибсан сигарет чекиб,
Бошқа автобуслар келиб, кетмоқда.
Қолмай деб шошасан ишга кечикиб,
Лаҳзалар югурар, умр ўтмоқда.

Қулоғин динг қилиб қараб қолди ит,
Сен унга кўз қисиб жилмайган чоқда.
Думин ликиллатиб, сақлади сукут,
Сен ҳам индамадинг... умр ўтмоқда.

Сассиз ўтиб борар навқирон муддат
Самарсиз лаҳзалар фарёд деб ўтар.
Из ҳам қолдиролмай қанчалар шиддат,
Журъат шоналари тўкилиб кетар.

Даврада ўтириб қурасан суҳбат,
Ишхона ё уйда кимдир кутмоқда.
Дийдор ғаниматдир, дийдор ғанимат,
Аммо шошиб-шошиб умр ўтмокда.

Мажлис бораетир. Хаёл суриб жим
Қўлинг ён дафтарга недир битмоқда.
Маъруза оралаб лекин бетиним,
Умр ўтаётир, умр ўтмокда.

Вақт — пул десалар, ишонмас эдим,
Дердим, пулпарастлар фалсафаси бу.
Вақтимни совуриб пушаймон эдим,
Энди озор берар менга бу туйғу.

Хафа бўлар эдим рақибларимдан,
Тинчгина яшашга қўйишмайди деб.
Энди узр сураб бари-баридан
«Тавба, тавба», дейман ёқамни тутиб.

Ҳар кимнинг тақдири ўзига боғлиқ,
Ўзининг қўлида ҳар кимнинг бахти.
Элдан айрилганнинг юраги доғлиқ,
Қайга ҳам борарди бир қўлнинг шаҳди

Ҳаёт мураккабдир, ҳаёт мураккаб,
Лекин ўрмондаги қўй эмас инсон.
Унда тафаккур бор, унда бор матлаб
Ҳамда эркинликни ўйлашга имкон.

Ўз бахтин яратар унинг бағрида,
Хавфу ҳалокатдан қутилар жаҳон.
Белгисиз лаҳзалар сўқмоқларида
Ўзини йўқотиб қўймагай инсон.
Бекатда турибсан сигарет чекиб,
Умр ўтаётир,
Умр ўтмокда.


БИР БЕФАҲМГА

Хўрликларни совға каби
Қабул қилиб туну кун,
Наҳот сира ўйламасанг:
Бу «совғалар» не учун?

Раҳмат ёғса, қувонч ёғса
Ўзгаларнинг бошига,
Бунча бошинг нишон бўлар
Маломатлар тошига?

Ўзгаларнинг юзи ёруғ,
Қўли баланд бир умр.
Нега сенинг тилинг қисиқ,
Бошинг эгик, беғурур.

Юк кўтарган ютиб чиқар,
Бир кун келар деб омад...
Наҳот умринг сўнгигача
Қилсанг хўрликка тоқат.

Ёки барча жабру ситам
Бир сен учун чиққанми?
Ёки онанг бу дунёга
Таҳқир учун туққанми?


* * *

Мен сени кечирдим. Эслатма энди,
Ўзинг ҳам эслама хижолат бўлиб.
Кечаги аламлар лойқаси тинди,
Тўкилди ғазабим барглари сўлиб.

Ҳамма гуноҳлардан оқлайди меҳнат,
Ҳамма гуноҳкорлар ўксиб ўлмайди.
Баъзан қотилни ҳам оқлайди ҳиммат,
Фақат хиёнатни оқлаб бўлмайди.


ПАРИШОН КУНЛАР
(«Фаолиятсиз одам» туркумидан)

Кўнгли тўлмас қилган ишидан,
Хаёлида турфа режалар.
Маъни излаб ўз турмушидан,
Тўлғонади узун кечалар.

Ўзида зўр жасорат кўриб,
Юксакларни тинсиз кўзлади.
Шунча умрин елга совуриб,
Ҳайрон бўлар: нима излади?

Наҳот-наҳот пуч хаёл билан
Ўз-ўзини алдаган бўлса.
Наҳот дилда бир ниҳол билан,
Ҳаётга йўл олмаган бўлса?

Қани унинг ўша ниҳоли,
Нега дарахт бўлмади ўсиб?
Қани унинг учқур хаёли,
Пар сингари кетдими тўзиб?

Энди уйда ўтирар ёлғиз,
Хаёл сурар уззукун ётиб.
Баъзан пинҳон чекади афсус,
Умри ўтди ичиб, гап сотиб.

Тенгдошлари турмушин кўриб,
Ич-ичидан ўкиниб кетар,
Гоҳ бошига муштини уриб,
Хомкалла деб, сўкиниб кетар.

Ҳар бирининг ўз ҳовлиси бор,
Ҳовлида бор сигир, бузоғи.
Бола-чақа, тинчгина рўзғор,
Мева, узум берувчи боғи.

Унинг эса ҳеч вақоси йўқ,
Ётиб турар ота уйида.
Вужудини куйдириб бир чўғ,
Аста борар ариқ бўйига.

Ўғлим улуғ ишлар қилар деб,
Ёйилар деб оламга номи,
Отанг кетди бевақт кўз юмиб,
Сенга бериб умри давомин.

Сен-чи, уни шарафга буркаб,
Элга бир наф бериш ўрнига,
Укаларга боқинди бўлиб,
Бошинг эгиб турибсан нега?

Бор эди-ку ажойиб касбинг,
Болаларинг, уйинг бор эди.
Қандай қилиб шу ҳолга тушдинг,
Айт-чи, қандай яшайсан энди?

Тор кўриниб кўзига дунё,
Оғир ўйлар кўнгилни эзиб,
Изласа ҳам умидли зиё,
Хаёллари сарсари кезиб.

Калаванинг учини топмай,
Билмай қайга бош урарини,
Ҳеч бир ишга юраги чопмай,
Кечирарди ғаш кунларини.

Ногоҳ бир кун ариқ бўйида
Ўтирганди паришон хаёл
Тушидами ёки ўнгида,
Пайдо бўлди бир соҳибжамол.

Оқ куйлакда эди у барно,
Қора сочи хаёлдай узун,
Туришида маъсум бир ибо,
Қилар эди намоён ўзин.

Ҳаё билан берган саломи,
Юракка ўт солгудай эди.
Далда бериб айтган каломи,
Ихтиёрни олгудай эди.

Аммо унинг зада дилида,
Ишонч билан ҳадик қоришиб,
Миннатдорлик янграб тилида,
Дилда эса турарди чўчиб.

— Ҳаммасини биламан,
Ҳозир
Келганим йўқ таъна қилгани.
Келганим йўқ
қилмай юз-хотир,
Устингиздан аччиқ кулгани.

Наҳот мени танимадингиз,
Воз кечдингиз қувончингиздан?
Оғир кунда келдим чўкиб тиз
Мен йўқотган Ишончингизман.


РУБОИЙЛАР

Қанча ситам кўрдинг, шулар етмасми?
Қилвир гап дилингга оғир ботмасми?
Иноқ боғ ўстирсанг ариғинг қуриб,
Чуғуллиқ қилмасанг кунинг ўтмасми?

* * *

Бир марта келади дунёга одам,
Юз иил даврон суриб яшаб ўтган кам.
Нега бир-бирига ёмонлик қилар,
Яхши, ёмон нима, билиб турса ҳам?

* * *

Сен не қилсанг яхши, меники ёмон,
Сен мисли атиргул, мен эса тикон.
Шунча туртки есанг тирик қолмасдинг,
Дард чекиб, шеър ёзиб юрибман ҳамон.

* * *

Биламан, дунёнинг ишлари ажаб,
Ҳаммага зар бермас ақлига қараб.
Кимгадир чаққон тил, кимга узун қўл,
Кимга кулфат берар, кимгадир шараф.


СЕН МАРД БЎЛСАНГ...

Сен мард бўлсанг, сув лойқатиб қилма томоша,
Сен мард бўлсанг, йўл кўрсатгин адашганларга.
Сен мард бўлсанг, қўшиқ айтгин тўйларда, аммо
Қўшиқ айтиб келма зинҳор жанозаларга.

Сен мард бўлсанг, денгизларга тош отма ўйнаб,
Сен мард бўлсанг, тупурмагин тоғлар бетига.
Сен мард бўлсанг, ранжитма ҳеч, ранжитма ерни,
Ҳамма орзу-умидларнинг онасидир у.

Сен мард бўлсанг душманларни дўстга айлантир,
Сен мард бўлсанг, ишонч туғдир шубҳа ўрнига.
Иноқ элни пароканда қилма душмандай,
Сен мард бўлсанг, пароканда элни бирлаштир.


ТАНИШДАЙ ТУЮЛСА

Шаҳар қурар экан жафокаш қўллар,
Қонли урушларга бераркан барҳам,
Танишдай туюлса нотаниш йўллар,
Нотаниш туюлар таниш йўллар ҳам.

Боққа айланаркан бебунёд чўллар,
Инсон кенгликларга қўяркан қадам,
Танишдай туюлса нотаниш йўллар,
Нотаниш туюлар таниш йўллар ҳам.

Вояга етаркан ука-сингиллар,
Бегуноҳ севгидан бўларкан мулзам.
Танишдай туюлса нотаниш йўллар,
Нотаниш туюлар таниш йўллар ҳам.

Ҳар ким ўз бахтига боради ёлғиз
Бировнинг гўрига кирмайди ҳеч ким.
Тилимга чиқмайди, шундан бошқа сўз,
Камсуқум отадай кузатаман жим:
Омон бўл, шеърим...


РАҲМАТ, ОДАМЛАР!

Балки кўрмаганман сизни ҳеч қачон,
Балки эртага ҳам кўрмоғим гумон.
Балки кўришганмиз кўча-кўйларда,
Балки кўришганмиз аза-тўйларда.

Гоҳо трамвайда бирга кетганмиз,
Гоҳо тинмасдан салом деганмиз.
Балки ишхонамиз шундай ёнма-ён,
Лекин отингизни билмасман ҳамон.

Ишдан ҳориб-толиб қайтганда уйга,
Дил мойил бўлганда қўшиққа, куйга,
Секин радиони бураб қўярсиз,
Болангизни қўлга олиб суярсиз.

Ватан осмонига боқарсиз ҳар тун,
Кўнглингизни қилар юлдузлар мафтун.
Шу юлдуз экилган кўк осмон каби
Сизнинг меҳрингизга тўликдир қалбим

Чунки койигансиз ким ноҳақ бўлса,
Турғизиб қўйгансиз кимдир йиқилса.
Шундай қўлламаса одамни одам,
Фақат бир ғамхона бўларди олам.
Раҳмат, одамлар!..


ҲАР КУНИ

Ҳар куни тонг билан чиқаман йўлга,
Бугун бир янгилик юз беради деб.
Умидим ниҳоли кириб ҳосилга,
Умримни шарафга тўлдиради деб.

Дунёда ҳар куни қанча ўзгариш,
Қанча ҳодисалар юз берар, аммо,
Ўрганиб кетганмиз парво қилмай ҳеч,
Яшаймиз кундалик ташвишлар аро.

Дунёни ўйлаймиз баъзан куйиниб,
Рўзғор бахтин дунё тинчига боғлаб.
Гоҳ фитна-фасодлар лойқаси тиниб,
Гоҳ қўрқув, таҳлика кўнгилни доғлаб.

Ҳеч ғам емайди ўз жони учун,
Гарчи сабил эмас ҳеч кимнинг жони,
Ўйлар бола-чақа, юрти тинчлигин,
Демакки, ўйлайди бутун дунёни.

Мен ҳам шу ўй билан,
Қаламим қўлда,
Ғанимат дамлардан бир иқбол кутиб,
Ҳар куни тонг билан чиқаман йўлга,
Бугун бир янгилик юз беради деб.

Qayd etilgan


Ansora  17 Sentyabr 2010, 13:10:22

V
Мен сув ичган дарёлар



* * *

Деразамнинг ортида тун
Қора сочин ёзганда,
Тинч хонада хаёл билан
Қолганимда бир ўзим,
Ҳар бир сўзни қалам чертиб
Муҳр қилиб босганда,
Энг аввало ўз олдимда
Ёруғ бўлар деб юзим —
Қоғоз узра аста-аста
Қанотимни кергайман,
Бургут каби юксакларга
Ҳаётимни бергайман.


ДАРЁ

Лойқа сувли дарё оқар
Чайқалиб беғам,
Менинг яхлит ҳаётимни
Иккига бўлиб.
У қирғокдан эшитилар
Таниш бир оҳанг,
Аммо унинг мазмунини
Бўлмагай билиб.
Ўша оҳанг ором бериб
Қулоқларимга,
Юрагимга қўяр аста
Армон доғини.
Йўллар эса бош уради
Оёқларимга,
Эсга солиб ҳаётимнинг
Яхлит чоғини.


ТОШКЕНТГА

Эй қадим Туроннинг валломат шаҳри,
Икки минг ёшингни қутлайман бугун.
Сен ҳар бир ўзбекнинг безовта фахри,
Ғурури, умиди бўлганинг учун.

Сен ҳар бир ўзбекнинг қалбида борсан,
Отаси, онаси, фарзанди каби.
Деҳқон интилгандай қишда баҳорга,
Сен билан боғлиқдир эзгу матлаби.

Сенга интилади гоҳ тушларида
Парвоз қилганлар ҳам, қилмаганлар ҳам.
Сенга интилади турмушларида
Роҳат кўрганлар ҳам, кўрмаганлар ҳам.

Хаёл ё амалда сенга интилар,
Қалбан юксалади интилган сари.
Сени энг муқаддас манзил деб билар,
Денгизга оқувчи дарё сингари.

Халқ ақлу закосин гули бундадир,
Бундадир истиқбол мухандислари.
Ҳамма нарса аён, ҳамма нарса сир,
Бунда ранг-барангдир қувонч туслари.

Тошкент яшамокда халққа интилиб,
Халқим ўз бахтини кўргандай унда.
Ўтмиш сабоқларин мухтасар қилиб,
Эртани ўйлайди оқиллар бунда.


ТАРИХИНГ ВАРАҚЛАБ
(Бухорога)

Тарихинг варақлаб
Ҳар саҳифада
Битта буюкликни кўриб бегумон,
Пешонамга уриб ҳар дақиқада,
Ноилож ҳолимга қиламан армон.

Заволга юз тутган кошоналар ҳам
Ҳамон ақлимизни ўрайди нурга.
Ҳайрон бўлмасликка ожиздир одам,
Не қилай, ҳар ғиштда дуч келсам сирга.

Менга озор берар битта муаммо,
Бир андиша мени қийнайди ҳар дам.
Мен яна тарихдан топдим бир мавзу,
Буюклик ҳақида бундай мавзу кам.

Фикримни кишанлаб қўймаган ҳеч ким,
Ушлаб тургани йўқ ҳеч ким қўлимни.
Аммо тарк этмайди дилимни ваҳм,
Қўрқув торайтириб турар йўлимни.

Тилингда милт этган шуълани кўрса,
Ажални кўргандай гўдакда,
Шошиб
Уч бошли аждардай тутарди ўққа.
Ёки ўлдирарди этик-ла босиб.

Хайрият, ўзгариб замон оқими,
Ваҳима тўрини ташлади узиб.
Елкадан ағдариб қўрқув тоғини,
Қаддимни тикладим енгиллик сезиб.

Тарихинг варақлаб —
Ҳар саҳифада —
Битта буюкликни кўриб бегумон,
Пешонамга уриб ҳар дақиқада,
Ноилож ҳолимга қилардим армон.


МУҲАММАД МУСО ХОРАЗМИЙГА

Бир неча йил бурун ЮНЕСКО қарори билан буюк ватандошимиз Муҳаммад Мусо Хоразмий таваллудининг 1200 йиллиги кенг нишонланган эди. Шу юбилей муносабати билан ҳукуматимиз Хоразмда йўллар, уй-жойлар қуриш, Хивани ободонлаштириш, тарихий, маданий ёдгорликларни таъмир қилиш учун ўн беш миллион сўм маблағ ажратган эди. «Яхшининг шарофати» деб шуни айтсалар керак.

Ўтмиш асрларга боқиб хаёлан
Дам паришон бўлиб, дам кўнглим ўсиб,
Муҳаммад Мусонинг излари қолган
Хива кўчаларин оҳиста кезиб...

Кўзга суртгим келар ҳар бир ғиштини,
Мен таскин излайман ташна дилимга.
Шу ғиштлар билади етмиш ггуштини,
Ўтмишдан афсона айтар элимга.

Ҳақиқат сингари, тарих сингари
Бугун афсона ҳам азиздир менга.
Армонли қалбимнинг суюк сарвари —
Сенсан, дегим келар мунис заминга.

Бундан ҳам юрагим топмайди таскин,
Хаёлим югурар гоҳ ўтмиш томон.
Гоҳ истиқбол сари югурар вазмин,
Хоразмий сингари дилида армон.

Юртининг номини тахаллус этиб,
Байроқдай кўтариб тахаллусини.
Асрларнинг олис йўлидан ўтиб,
Мармар қиёфада кўрди ўзини.

Шундай бўлишини билармиди у,
Орзу қилармиди ёшлик чоғида?
Тириклар сафида қоларин мангу
Мармар ҳайкал бўлиб Урганч боғида.

Мен бугун ўйлайман:
Қанчалик сахий,
Қанчалик ҳимматли,
Мард одамки деб,
Юртига яхшиллик қилмокда ҳамон,
Бир минг икки юз йил орадан ўтиб.

Ҳеч қачон мардларсиз бўлмаган дунё,
Билмайди улуғлар чиқмаган дамни.
Мен ҳам яхшиларни кўрганман, аммо,
Ҳали кўрганим йўқ, Сиздай одамни...


ДАРЁНИ ИЗЛАР ШАМОЛ

1

Дарадан дарё билан оқиб ўтарди шамол,
Далаларга дарёдай сингиб кетарди шамол.
Портлатиб, тоғни тешиб, метин лаҳм қурдилар,
Асов дарё бошини шу лаҳмга бурдилар.
Эски ўзан одамлар кўчиб кетган қишлоқдай,
Ҳувиллаб ётар энди кераги йўқ тошлокдай.
Сувга кўзини тикиб учмас балиқчи қушлар,
Эшитилмас қирғокда турли-туман товушлар.
Четда эски қайиқлар тўнкарилиб ётибди,
Сувсизликдан ёрилиб, дарё лаби қотибди.
Эски ўзан устида кезиб майин бир шамол:
«Қайга кетди дарё?» — деб берарди гўё савол.

2

Лаҳмга кирган дарё йўқотиб ҳаловатин,
Йўлни кенгайтирмоққа ишга солиб қувватин,
Тоғни иккига бўлиб юборар деб ичидан,
Тўлғанди, аммо бу гал иш чиқмади кучидан.
Йўлда учраган ғовни бузиб кетарди аввал,
Сепояни оқизиб, эзиб кетарди аввал.
Бу ахир тўсиқ эмас, қирғоқ емирган сув-ку,
Бу ахир қирғоқ эмас, тошни кемирган сув-ку...
Дунёда уч балодан биттаси эрди, ахир,
Қанча боғу одамнинг бошини ерди, ахир.
Даҳшат солиб, ҳайқириб чикди лаҳм бағридан.
Турбиналар гуриллаб юриб кетди қаҳридан.
Унинг қаҳри тошлардан симга бойланиб кетди,
Уйларда, кўчаларда нурга айланиб кетди.
Эски ўзан устида кезиб адашган шамол:
«Қайга кетди дарё?» — деб ҳамон берарди савол


ҲАҚИҚАТ

Даврада нодон-ку туролмайди жим,
Рост гапни айтолмас ёлғиз риёкор.
Ўз қаричи билан ўлчайди ҳар ким,
Хуллас ҳамманинг ўз ҳақиқати бор.

Сен бўлса ҳақиқат йўқ дейсан,
Қўл силтайсан:
Бари бефойда.
Ҳақиқат ягона бўлмоғи мушкул
Қараш ва имконлар хилма-хил жойда.

Сенинг ҳақиқатинг инкор этишда,
Менинг ҳақиқатим бор этишдадир.
Биз қайга борамиз шундай кетишда,
Албатта, йўлимиз бошқа-бошқадир.

Биз турли йўллардан кетсак ҳар томон
Тўқнаш келмаймиз деб қиласан хато.
Инкор ва таъкидлар куйдирмаса жон,
Такомил бўлмасди, оламда асло.

Оқил халқ яратар ҳақиқатларни,
Юзага чиқарар уни ботирлар.
Қўй, ошнам, бузмагин табиатларни,
Ҳамма ҳам бир яшаб, бир бор ўлади.
Аммо бир хил бўлмас сира тақдирлар.


ОТА НАСИҲАТИ

Биламан бахт нима, бахтсизлик нима,
Яхши ҳам, ёмон ҳам кунлар кўрдим мен.
«Мен ҳам мактаб кўрдим, кўзим бор», дема,
Ҳали ҳеч нарсани кўрганинг йўқ сен.

Ўйламай сўзладинг қон жўшган дамда,
Нималар кутмоқда, билиб бўлмайди.
Шундай ҳодисалар борки оламда,
Ҳеч бир қоидага тўғри келмайди.

Ҳеч кимга ишонмай яшамоқ қийин,
Алданиш ундан ҳам аччиқ фожиа.
Дулпоринг қолмасин карвондан кейин,
Кулфат ин қўймасин сира бошингга.

Ҳаёт бозорида шошилинч ичра,
Ким хурсанд, кимнингдир синади шахди.
Сен шунда ноинсоф бўлмагин сира,
Баъзан кўз чиқарар ўзганинг бахти.

Олдинда сирли бир истиқбол турар,
Сени ҳаёт кутар, аммо ўйлаб боқ.
Виждон сотиб номинг чиққандан кўра,
Номинг чиқмагани яхшироқ...


ДОРИЛФУНУНИМ
(ТошДУга)

Йўлга чиққан ўғил каби эгиб бош бугун,
Остонангни тарк этарман кўзда ёш бугун.
Томоғимга тиқилар бир қаттиқ тош бугун,
Гарчи мени кутаётир қорақош бутун,
Унутмасман сени асло, дорилфунуним.

Товуқ каби ўз қаноти фаҳмига етмай,
Икир-чикир ташвишларга қўл силтаб кетмай,
Юксак-юксак парвозларни ихтиёр этмай,
Юрар эдим, дединг: «Бургут яшар бургутдай»,
Унутмасман сени асло, дорилфунуним.

Қишлоғимда эшитган чоқ фазилатингни,
Севган эдим ҳақиқатгўй табиатингни.
«Қўл етмас бир олам», дея тутиб отингни,
Кеча-кундуз дилда сақлаб эътиқодингни,
Унутмасман сени асло, дорилфунуним.

Биринчи бор эшигингдан кирганда шодон,
Ўхшаши йўқ бир истиқбол бўлиб намоён.
Бахтдай кулиб боққан эди улуғ бир армон,
Аммо орзу, орзу экан, умр бепоён...
Унутмасман сени асло, дорилфунуним.

Сен жавоҳир сочдинг кунда ҳотамлик билан,
Ғариб эдим, дилга тердим хуррамлик билан,
Чўнтак ҳамон жилмайса ҳам мулзамлик билан,
Бойман бугун билим билан, одамлик билан,
Унутмасман сени асло, дорилфунуним.

Талабалик олтин даврим деганича бор,
О, бу давр туйғулари қандай беғубор,
Бу баҳорга ўхшамайди бошқа ҳеч баҳор,
Бир армон бор: ўтган умр бўлмайди такрор,
Унутмасман сени асло, дорилфунуним.

Фан аҳлининг яктолари дарс берар бунда,
Ал-Беруний, Сино руҳи барқарор бунда.
Ижод қалби дунё билан бир урар бунда,
Янги-янги буюк зотлар туғилар бунда,
Унутмасман сени асло, дорилфунуним.

Сўнгги довон ошилган кун байрамдир, дўстлар,
Ўйин-кулги, қўшиқ билан хуррамдир, дўстлар.
Аммо дилда байрам аро аламдир, дўстлар,
Бу айрилиқ олдидаги қадамдир, дўстлар.
Унутмасман сени асло, дорилфунуним.

Йўлга чиққан ўғил каби эгиб бош бугун,
Остонангни тарк этарман кўзда ёш бугун,
Томоғимга тиқилар бир қаттиқ тош бугун,
Гарчи мени кутаётир қорақош бугун,
Унутмасман сени асло, дорилфунуним.


ТОҒДАЙ ҚАЛБНИ

Тоғдай қалбни табиат ҳам саралаб берар,
Кўргилик ҳам туҳфа қилар шунга яраша.
Бундай дилда тоғлар руҳи ҳокимлик қилар,
Кирлар феъли ўхшамайди унга заррача.

Қишин-ёзин қор аримас унинг бошидан,
Кўм-кўк хилват ўнгирида булоқлар уйғоқ.
Беғамликка тимсол қилиб олма тошидан,
Бир қарашда кўз илғамас хислатига боқ.

Маъдан излаб портлатишар тинмай кончилар,
Йўлчилар йўл солиб борар чўққилар томон.
Парво қилмай дарёларга сув тарқатар у.
Ва қалбида сақлаб ётар қудратли вулқон.


ТОШКЕНТДА ПУШКИН ҲАЙКАЛИ

Пушкин қизил мармар супада
Қўлларини орқага қилиб,
Борар шуҳрат истиқболига
Уфқларга ўйчан тикилиб.

Эрта кузнинг чала сарғайган
Юзи каби хомуш дарахтлар
Қайдан олсин таскинни, қайдан?
Қалбни ғусса ўртаган вақтлар.

Майса ҳиди, қушлар навоси...
Эслатгандир ёшлик дамларин.
Ё чорбоғнинг майин сабоси
Янгитгандир эски ғамларин.

Шитир-шитир қилса япроқлар,
Келдими, деб тортинчоқ гўзал.
Вужудига кирдими титроқ,
Хаёлидан бўлдими ўсал?

Эзгу ҳислар уясин ковлаб,
Шўхлик қилиб илҳом париси —
Маъниларни азобда тоблаб:
Сенга, деди, сенга бариси.

Шу ҳолатда чиқиб чорбоғдан
Уфқларга назар солди у.
Ўз умрида кўрмаган ёкда
Ҳайкал бўлиб туриб қолди у.


ИНҚИЛОБЧИ

Кимдир пулни ўйлаб чиқарди,
Ўйлаб топди кимдир камонни.
Бахт излади дунёнинг ярми,
Ярми кўрди қуруқ армонни.

Кимдир тугал бўлсин деб ҳаёт,
Бир кун дорни қилди ихтиро.
Шу заҳоти кўтариб фарёд,
Дор остида эр бўлди пайдо.

Шундан бери эркнинг дардига
Даво излаб тинмайди одам.
Шундан бери боқмай ортига,
Ташвиш билан ўзгарар олам.

Ўзгаради ўзгарган сари
Ортиб борар кундан кун чигал.
Хаёл оти чопар илгари —
Қанча-қанча жумбоқ бўлар ҳал

«Тожу тахт, деб, эрк кўшандаси»,
Тожу тахтни этганда вайрон.
Тиниб қолди эркнинг хандаси
Эркнинг ранги ўзгарган замон.

Йиқилган тўймайди курашга,
Давом этар эрк учун кураш.
«Ижозат бер бир гап сўрашга,
Бир гапим бор, майлими сўраш?

— «Нега бунча шошилиб келдинг,
Не қилардинг эрксиз дунёда?»
— Мен Инқилоб учун туғилдим,
Инқилоб бор менга дунёда.


ҚИССАДАН ПАРЧА
(муқаддима)

1

Дала. Икки отлиқ — икки баҳодир,
Отини йўрттириб йўлда борадир.
Ортидан қорайиб кўринар ўрмон,
Уфқ эса югурар отлиқлар томон.
Нарида ҳайкалдай жим турар тоғлар,
Берида имлайди меҳмондўст боғлар.
Тепалар сезаркан улар кўлкасин,
Толиқмай ўтсин, деб букар елкасин.

2

Оқ отда ўтирган ўрта бўй одам,
Қора отдагига қарар дам-бадам.
Изтироб чекмокда тоғдай келбати,
Не дард экан уни эзган лаънати.
Эрталабдан бери «оҳ» урар тинмай,
Нима қора қилди кўнглини тундай?
Гоҳи кулдирарди, кулар эди гоҳ,
Нима бўлди унга? Нега чекар «оҳ»?
Ё кўнгли тўлмасми қилган ишидан,
Ёки норозими кўрган тушидан?
Қуриган дарёга сув келтирди у,
Уч бошли илонни яксон қилди у.
У такдим этди-ку халққа осойиш,
Аммо бугун нега кўринар нохуш?
Ҳар кун ўз халқига берганда салом,
«Бирликда гап кўп» деб айтарди мудом
Шу сабаб бўлсин деб ўлкам бехатар,
У дарё бўйига қурдирди шаҳар.
Қувурдан сув келар ҳар бир хонага,
Муносиб шаҳардир соз замонага.
Бахтиёр халқини қутламоқ учун
Келгамиш шаҳарга бормоқда бугун.
Хотири паришон кўринар нега,
Нега Келгамиш-ла ёнма-ён юриб,
Шуларни ўйларди оқ отда туриб.

3

Сўнг от жиловини аста тортди-ю,
Дилида борини изҳор этди у.
Яна бир оҳ урди Келгамиш полвон,
Дўсти сўзларини тугатган замон.
«Мен шунча яшадим ёруғ дунёда,
Истагим кутгандан бўлди зиёда.
Эл мендан миннатдор, аммо менга бу
Таскин беролмайди, азизим, мангу.
Мен яшаш истайман доим ёш бўлиб,
Доим ёш, доимо қувватга тўлиб.
Аммо ёшлик ўтди. Умрим кунлари
Тўкилиб кетмокда япроқ сингари.
Мен шуни ўйладим бугун азонда.
Ўлмаслик чораси борми жаҳонда?»
Дўсти бош эгди-ю, бўйнин қашлади,
Бир вақт эшитганин сўзлай боШлади:
«Эсингизда бордир Нуҳ деган одам,
Учрашмоқ лозимдир ўшанга бу дам».
«Сабрим етармикан уни топмоққа,
Қайда у, азизим, бошла шу ёққа».
Улар отларини ўнгга бурдилар,
Чўл ошиб, сув ошиб узоқ юрдилар.
Ниҳоят баланд тоғ олдига келиб,
Бир лаҳза турдилар ғорга тикилиб.

4

Бир вақт тўфон бўлган, ўша тўфонда,
Ҳеч нарса қолмаган ёруғ жаҳонда.
Фақат Нуҳ аталмиш комил бир одам,
Омон қолган экан тўфон турган дам.
Ўлмаслик сирини ўша билармиш,
Буюк ақли билан даво қилармиш.
Аммо етмоқ учун унинг васлига,
Устоз керак экан одам наслига.
Бўлмаса дунё ҳам турар экан жим,
Шу сабаб у зотни кўрмаган ҳеч ким.
Аммо бир сеҳргар минг йилдан буён,
Зор экан кимнидир қилмоққа меҳмон.
Нуҳ бобо қўлига берганмиш қўлин,
Фақат у билармиш энг яқин йўлни.
Мана ғор. Шу ғорда яшар сеҳргар,
Иш ўнгидан келар, у чиқса агар.
Келгамиш шу ғорнинг оғзига келиб,
Узоқ қараб турди жимжит тикилиб.

5

Мен дарё бўйига етиб келган чоғ,
Осмонда чақнади даҳшатли чақмоқ.
Фарёд кўтарилди шаҳарда бирдан,
Нима гап? Бу фарёд чиқди қаердан?
Яқинда кезарди шаҳарда шодлик,
Яқинда бор эди тинчлик, ободдик.
Муҳтарам ўқувчим, сиздан илтимос,
Келгамиш шу ерда турсин бир нафас.
Ҳозир мен отимни ортга бураман,
Сўнгра бу қиссани айтиб бераман.


ҲАСРАТ
(Шандор ПЕТЕФИдан)

Ғам-ҳасрат — каттакон бир денгиз,
Қувонч-чи, ундаги жавоҳир.
Шуни ҳам, шуни ҳам, минг афсус —
Топгунча қиламиз қаро ер.


НИМА ЕГАНСАН ТУПРОҚ

Нима егансан тупроқ? —
Бир лаҳза бўлгин сирдош.
Намунча қон ичасан,
Ичасан мунча кўзёш?..


НОЗИМ ЮРАГИ
(Евгений ЕВТУШЕНКОдан)

Тайпоқ насиҳатлар, йўл-йўриқлар ва
Беҳаё сиқувдан ҳорганда руҳим.
Малла Нозим келар доим эсимга,
Сал димоғда дерди:
«Салом, қардошим!»
Нега торинг сустроқ?
Парво қилма кўп.
Поэма битдими?
Кетдик, отамиз.
Пул йўқми?
Топамиз, чекма изтироб.
Қиз йўқми?
Уни ҳам топамиз».
Ўзини нимадир кемирар эди,
Кўриниб турарди, ажинлар аро,
«Ҳаммаси яхши-ю, юрак санчийди,
Не қипти?
Тирикмиз — оғримоқ раво».
Кимгадир шеърият ниқоб бўлса гар,
Ким учундир дўкон, бойлик манбаи.
Унинг учун эса,
Ниқоб эмас, дард,
Шундан оғрир эди Нозим юраги.
Ғамхўр шифокори ишонмаса ҳам,
Менга тайинлади оҳиста бир кун:
«Зинҳор оғиз очманг қалтис мавзудан,
Нозимнинг юраги оғриб қолмасин...»
Эҳ, содда шифокор...
Беморингиз ўлди,
Фойда беролмади чорангиз, ахир.
Мўъжиза юз бериб тирик қолган қалби
Ўлимдан кейин ҳам оғримоқдадир.
У оғрир мендаги аччиқ аламлар,
Рус ва турк қавмида келганлар учун.
У оғрир тутқунда, озод юрганлар,
Озодликда тутқун бўлганлар учун.
Қамоқ назокати таълимин кўрган,
Ўлгандан кейин ҳам бўйсунмай, ҳатто,
У оғрир токи биз юрсак бепарво,
У оғрир бировга
«Салом, қардош!» деб,
Изҳор этолмасак меҳру тилакни.
Бизники оғрисин ҳаммаси учун,
Ором олсин десак
Нозим юраги.


ИЛТИЖО

Наврўз кечасида мени ўйлагин,
Ва ёз кечасида мени ўйлагин,
Ҳам куз кечасида мени ўйлагин,
Аёз кечасида мени ўйлагин...
Бошқа жойда бўлай, ёнингда эмас,
Узоқ ўлкада деб қилсанг ҳам фараз,
Ўралиб узун, нам чойшабга бирпас
Денгизда ётгандай чалқанча бесас,
Ихтиёринг бориб тўлқинларга, бас,
Хилватда мен билан дам ол бир нафас.
Истамам ўйлашинг мени кундуз кун,
Кундуз барин қилсин остин ва устун,
Тутунга ўрасин, майда чайқатсин,
Бошқа нарсаларни сенга ўйлатсин,
Нимани хоҳласанг ўйла кундуз кун,
Мени ўйлашингга қолсин фақат тун.
Эшитгин паровоз ҳуштаги аро,
Булутларни қувган шамол ичра ё,
Ночор қолганимда зарурлигинг, о,
Тўрт девор ичида ўтириб танҳо —
Бахт, ғуссадан юзинг бужмайтиб гоҳо
Чаккаларинг қисгин оғритгунча то.
Илтижо қиламан — жимжитлик чоғи,
Ё ёмғир шовуллаб турганда ёғиб,
Ё қор қуюнига уйингдан боқиб,
Тушлар кўрганингда ё бедор ётиб —
Наврўз кечасида мени ўйлагин,
Ва ёз кечасида мени ўйлагин,
Ҳам куз кечасида мени ўйлагин,
Аёз кечасида мени ўйлагин.


СЎҒДИЁНА

Йилларнинг паст, баланд тоғлари,
Қалин-қалин ўрмонларию,
Дарёлари, чўллари оша
Йиллар сени олисларга олиб кетмишлар
Сўғдиёна, Сўғдиёна.

Номингни ҳар сафар эслаганимда,
Қалбимда бир нозик сезгилар билан
Бир садо янграса томирларимда,
Хотирамнинг олис бурчакларида
Уйғона бошлайди турфа манзара.
Кўзимга кўринмай кетган бўлсанг ҳам
Қалбимда яшайсан асрлар оша
Сўғдиёна, Сўғдиёна.

Нотинч замонларнинг чорраҳасида
Отининг юганин тутган бир йигит
Ҳарсангтош устида ўтирар ўйчан.
Кўзларида умид, ишонч порлаган
Бу ўғлон сен эдинг асрлар оша
От чоптириб келган паҳлавон.
Сўғдиёна, Сўғдиёна.

Кўз олайтирмадинг ўзга мулкига,
Бергинг келмас эди ўз мулкингни ҳам.
Гарчи номингни ҳам унутиб қўйдинг
Очкўз асрларнинг долғаларида.
Аммо еринг ўша, одатинг ўша,
Қалбимда яшайсан асрлар оша,
Сўғдиёна, Сўғдиёна.

Дунёда бор экан Куч билан Макр,
Ғафлатда қолдирар ортиқча ишонч,
Ҳушёр бўл, одамзод,
Ҳушёр бўл, одамзод,
Ҳушёр бўл, замин,
Номинг ўчиб кетмасин тағин.
Юрмасин авлодлар асрлар оша
Мен каби хўрсиниб аччиқ аламда:
Сўғдиёна, Сўғдиёна! — деб.


САМАРҚАНД

Салобатинг, камолингга изламай қиёс,
Рим, Қоҳира, тақдиридан сўзласам бир оз;
Ҳомер билан Ҳеродот ҳам қилмай эътироз,
Шаҳрим, сени мангулик-ла қўйиб ёнма-ён,
Бири тарих, яна бири ёзарди достон.

Аммо улар қилиб кетди қилар ишини,
Сен-чи, ҳамон лол этасан кўрган кишини,
Сўзлагандай ҳар ким чала қолган тушини,
Сайёҳ айтиб тугатолмас, бегона гарчанд,
О, мен қандай тамом қилай мадҳинг,
Самарқанд!

Завол олиб келган чоғи сенга Искандар,
Камолингни кўриб шошиб қолди шу қадар,
«Юз ўгирдим ҳаммасидан, бориб айт, шамол,
Шу ер менинг Ватаним», деб айтарди дарҳол.

Аммо бошқа бир йўл билан айтиб сирини,
Шу диёрга пайванд қилди ўз тақдирини,
Бу лаънатдан поклаш учун она-Ерини,
Мардлар қилич яланғочлаб кирди майдонга,
Ўлди, аммо доғ туширмай ўлди виждонга.

Кечир, шақрим, босиб ўтган йўлинг кўп узоқ,
Ҳар бир кунинг китоблардан маълумдир, бироқ
Уни қайта такрорлашга ҳожат йўқ бироқ,
Аммо янги кашфиётдай кўтариб баланд,
Ғуруримни айтмоқчиман сенда, Самарқанд.

Чигирткадай ёпирилди. Шаркдан гур этиб,
Ўтди қанча водийларни чўлдай қуритиб,
Қанча бўғди икки қитъа ёқасини тутиб,
Танти тақдир эркалаган мўғул зотлилар,
Чингиз отли, Боту отли, учқур отлилар.

Зулмат ичра шуъла сочиб ўтар қаҳрамон,
Курашларда устоз бўлар шафқатсиз замон,
Тарих уни олиб кетар мангулик томон,
Шу тахлит бахт қуши қўниб азиз бошингга,
Темур отли ўғлон келган эди қошингга.

Ҳеч бир дардга бўлган эмас манманлик даво,
Боязиднинг бошига ҳам шу бўлди бало,
Сўнг Европа қудратингга бўлиб маҳлиё
Қўрқув ичра назар солди сенга, Самарқанд,
Боязиднинг кулфатидан шод эди гарчанд.

Шайтон йўлдан урди сўнгра ҳакамларингни,
Эслайсанми қондай қизил шабнамларингни?
Ёзиб адо қилолмасман аламларингни,
Аммо шунча кучли эди ишонч, бардошинг,
Қуёшингни ютолмади аччиқ кўзёшинг.

Гоҳи юксак-юксакларга айладинг парвоз,
Гоҳ узилди авж пардада янграб турган соз,
Гоҳи ёниб кетган каби беназир қоғоз —
Ёниб кетдинг, кулларингни учирди шамол,
Тағин пайдо бўлдинг, чунки халқинг безавол.

Етти тепа елкасида Римдай ўрнашиб,
Сафар қилдинг, жабборим, деб Кунга эргашиб,
Ахсикату Хоразмдай шонга буркашиб,
Алп Тегину Жалолиддин полвонлар ўтди,
Кошғарийдай, Берунийдай ўғлонлар ўтди.

Бир қўлингда қилич билан буғдой бошоғи,
Бир қўлингда Қуёш қўнган юртнинг байроғи,
Хотирангда боболарнинг ўлмас сабоғи,
Балки шундай бўлгандирсан, шаҳрим, бурунда,
Аммо бугун сен шундайсан тасаввуримда.

Чўпон ота тепаликдан ташлайди назар:
«Нима бўлди? Кечагидан ўзгадир шаҳар?
Кўксаройда бир гап борми? Нотинч шу қадар?»
Қўнғироғин жаранглатиб ўтаркан карвон
Сарбон айтар: «Қурбон бўлмиш аллома султон!..»

Кечир шаҳрим, босиб ўтган йўлинг кўп узоқ,
Ҳар бир кунинг китоблардан маълумдир, бироқ,
Уни қайта такрорлашга ҳожат йўқ бу чоқ,
Аммо янги кашфиётдай кўтариб баланд
Аламимни айтмоқчиман сенда, Самарқанд.

Ўтмиш билан истиқболинг туташган ерда,
Мен кўрганман саховату макрни бирга.
Бугун бағринг тўлганда ҳам иқболу нурга,
Ўша макр асорати жилмаяр келиб,
Йиллар оша хотирамни безовта қилиб.

Нону қатиқ бўлиб бирга йўллар юрмадинг,
Наҳот совға ортидаги тўрни кўрмадинг?
Шубҳа қилдинг, аммо нечун отни бурмадинг?
Қанча тилсим ва қудратга бўлсангу эга
Ишлатмасанг нега керак шунча тажриба?

Мумкин бўлса ҳаётингдан юлиб ташламоқ,
Тарихингда турмас эди шунча қора доғ,
Шартта юлиб ташлар эдим ўйлаб-нетмай, оҳ!
Гарчи кўркам дамларингни адо этган у,
Аммо қалбга томир каби сингиб кетган у.

Сизга эмас, аждодларим, бу таъна зинҳор:
Ҳамон юрар аламзада руҳингиз бедор,
Бўлмасин деб яна шундай хатолар такрор,
Сўнган чироқ уйингизда қайта ёнган чоғ,
Авлодларга ибрат бўлсин дейман шу сабоқ.

Кечир, шаҳрим, босиб ўтган йўлинг кўп узоқ,
Ҳар бир кунинг китоблардан маълумдир, бироқ,
Уни қайта такрорлашга ҳожат йўқ бу чоқ,
Аммо янги кашфиётдай кўтариб баланд,
Армонимни айтмоқчиман сенда, Самарқанд.


НАДОМАТ

Келиб-келиб ҳасратимни сен айтдимми?!
Ундан кўра, бўлмасмиди тошларга айтсам,
Ундан кўра бўлмасмиди айтсам сойларга,
Тўтиларга, майналарга, қарғаларга ҳам,
Майсаларга, теракларга, ёнғоқларга ҳам...
Ҳаммасига-ҳаммасига бирма-бир айтиб
Юрагимни бўшатмоқни истардим, аммо,
Ўйлардимки, қизиғи йўқ уларга бунинг.
Қизиқ-қизиқ жумбоқларга тўладир дунё.
Ғийбат эмас, фитналарнинг режаси эмас,
Юрагимни эзиб юрган ҳасратларимни
Шамолларнинг қулоғига қуйиб қўйсайдим,
Ҳар бир бино пештоқига ўйиб қўйсайдим,
Жар солсайдим олам узра овоза қилиб
Унда сенинг бўлармиди менга керагинг.
Келиб-келиб ҳасратимни сенга айтдимми?!


ЭЙ ТАБИАТ...

Тошқин дарёлардан, қирлардан ошиб,
Алвон уфқларга бағрини очиб —
Чопиб бораётган ўктам далалар,
Тўхтанг, изоҳ беринг, мумкин бўлса гар:
Ранг-баранг чироқлар ихтиёрида,
Баланд иморатлар ўрмонзорида
Нечун мени ташлаб қочаётирсиз
Айтинг, қайга бунча шошаётирсиз?

Ақлин танибдики, бунда одамзод
Сиз билан ҳамжиҳат кечирар ҳаёт.
Сиз билан боғлиқ-ку аза, тўйлари.
Сизни қилмасин деб ғанимлар поймол
Қилич билан қалқон яратган ҳаёт.
Тош йўниб, уй қуриб, кўкартириб боғ,
Бўлсин демаган-ку юрагимда доғ...
Бугун барчасини писанд қилмасдан,
Урфу одатларни кўзга илмасдан,
Ранг-баранг чироқлар ихтиёрида,
Баланд иморатлар ўрмонзорида —
Нечун мени ташлаб қочаётирсиз,
Эй далалар, қайга шошаётирсиз?

Темир-бетон уйлар, асфальт майдонлар,
Метин кўчаларда темир карвонлар...
Бензин, газ қўшилган ҳавони ютиб,
Ҳар лаҳза табиат кўнглидан ўтиб,
Табиатга қилиб меҳримиз изҳор,
Кўча четларини этамиз гулзор.
Нафас ростлаш учун ҳордиқ кунлари,
Боғлар бунёд қилиб ўрмон сингари,
Унда-бунда сунъий кўллар қурамиз,
Табиат, биз шундай эслаб юрамиз.
Ҳали кўп илм-фан ечмаган тугун,
Техника ҳокимга айланди бугун.
Ҳамма иш келади унинг қўлидан
Ҳамма бораётир унинг йўлидан.
Сен бунча ожизсан, энди табиат?!
Қанча сир бор эди ва қанча қудрат?
Сирли руҳинг қани, қудратинг қани?
«Онангман!» дегулик журъатинг қани?
Таъна қилган каби онага фарзанд
(Ўзимни тутишга уринмай ҳарчанд)
Отилиб чиқади қалбдан сўзларим,
Айтингиз, далалар, айтинг, дўстларим:
Ранг-баранг чироқлар ихтиёрида,
Баланд иморатлар ўрмонзорида
Нечун мени ташлаб қочаётирсиз?
Қайга мени ташлаб қочаётирсиз?


ТОҒЛАР ВА ДЕНГИЗЛАР

Денгиз қанча чуқур бўлса,
Тоғлар шунча юксакдир.
(Евгений Евтушенко)

Мен Ўрта Осиёнинг тоғларини севаман:
Илон каби буралиб ўрмаловчи йўлларин,
Совуқ хўмрайиб турган даҳшатли жарликларин,
Абадият сингари айнимас музликларин,
Халқ руҳидай беназир пасту баланди билан
Мен тоғларни севаман.

Олтой, Тангритоғ каби тоғлар силсиласида
Кўкрак кериб турибди кенжа паҳлавон Помир.
Унинг алп қоматига мафтун, маҳлиё бўлиб.
Чимён, Қурама, Оқтоғ боқар олисдан мағрур,
Фикримни олиб қочар турли-туман хаёллар,
Турли-туман саволлар айлантирар бошимни:
Бу тоғлар тўнкарилган денгизлар эмасмикан,
Қоялар эмасмикан, ўркач-ўркач тўлқинлар?
Мен тоғларни севаман.

Тақдирлар томчисидан иборат денгиз аро
Яшаш учун курашнинг тўлқинлари ҳайқирар.
Ҳокими мутлақ каби бу мулки борлиқ узра
Ўз тожига маҳлиё қуёш айланиб юрар.
Чўққилардан пастроқда ўтлаб юрган сурувдай;
Тоғдан ошолмай тўзир тўда-тўда булутлар.
Илинжуташвишлардан юксак умидим каби
Беғубор юксакликда камол топгай туйғулар.
Мен тоғларни севаман.

Менинг деҳқон авлодим бахтига интиқ бўлиб,
Чигит қилиб тупроққа экади орзуларин.
Манглай теру кучини пахтазорга оқизар,
Оқизар қуёш билан қалбининг ҳароратин
Тола-тола меҳрини чаноқлардан тўпларкан,
Елкасидан тушгандай бўлар залворли бир тоғ.
Бу тоғ, «Оқ олтин» тоғи — Ўзбекистон тоғидир,
Бу сенинг келбатингдир, эй менинг деҳқон халқим.
Мен тоғларни севаман.

Пушкин шўх денгизларнинг қудратини севарди,
Шоирона қочарди гоҳо денгизлар томон.
«Шовқин сол!» деб ҳайқириб, қўлга олиб қалпоғин,
Асов денгизга боқиб тош соҳилда турарди.
Аммо Терекни қисган шиддаткор қояларни
Алам билан куйларди чиқиб Кавказ тоғига.
Унинг жўшқин руҳига денгиз оҳангдош эди,
Ҳаракатсиз, шовқинсиз, совуқ тошлардан кўра!
Мен тоғларни севаман.

Байрон, Балзак сингари денгизларнинг тўлқини,
Тожу тахтлар кемасин чайқатаркан ҳар томон...
Данте, Гёте даҳосин шиддатли уммонлари
Инсон ақлини тортар ўз қаърига беомон
Мен ҳам юрагимдаги тўлқин ичра ғарқ бўлиб,
Бир умидбахш соҳилни излайман хаёлимда
Қулай бандаргоҳ бўлиб кўринар таниш тоғлар,
Кўнглим тинчиб оҳиста лангар ташлайман унга.
Мен тоғларни севаман!

Форобий чўққисида ростлайман нафасимни,
Беруний чўққисида булутларни қувгайман
Алишер чўққисида булутларни қувгайман
Улуғбек чўққисида қанотимни ёзгайман.
Сўнг юксак-юксаклардан назар ташлаб оламга
Туман янглиғ фаромуш маҳдудликни ҳайдарман.
Ҳамма тоғу денгизлар муносиб деб меҳримга,
Шодон тараннум этиб қалб аро маҳбубликни,
Мен тоғларни севаман.

Чағалоқлар чарх урар денгизлар саҳросида,
Қояларда бургутлар қурар ўзига ошён.
Унда наҳанг, делфинлар қандай сезса ўзини
Бунда шеру оҳулар яшар шундай бахтиёр
Аччиқ-аччиқ кўзёшнинг бўлса денгизлар рамзи,
Бу тоғлар, табиатнинг ҳайкалидир армонга
Бу тоғлар разилларнинг узун қўллари эмас,
Бу тоғлар даҳоларнинг маъниларга бой қалби.
Мен тоғларни севаман.

Минг бир касалга даво ҳавосини ким севмас.
Ким севмас гоҳ шафқатсиз, гоҳ сахий табиатин?
Тонгги сабодай дилбар булоқларин ким севмас?
Ким севмас табиатнинг ёввойи мўъжизасин?
Аммо мени ошиқу шайдо қилган бу эмас,
Бу эмас кўнглим олиб, хаёлимни банд қилган.
Бир кун уйғониш учун, бир кун уйғониш учун
Бу тоғларнинг бағрида ухлар баҳодир вулқон.
Мен тоғларни севаман.


ЧИРОҚ
Ривоят

Маҳкам Маҳмудга

Бир чўпон яшаркан тоғ орасида.
Ўзи кўкартирган боғ орасида.
Гоҳ сурув ортида тинмай чопаркан,
Гоҳ қизиқ нарсалар ўйлаб топаркан...
Чақмоқ қилиб қалби изтиробларин,
Жиловлаб фаразнинг шўх гирдобларин,
Табиатдан олиб андозасини,
Очиб илҳомининг дарвозасини,
Қилмоқ учун тунни кунга иттифоқ
Қуёш нусхасида ясабди чироқ.
Кенгайгандай бўлиб, бу ишдан дунё,
Одамлар ўқирмиш унга тасанно.
Бири «тавба» дермиш ёқасин ушлаб,
Бири бош чайқармиш лабини тишлаб.
Ҳар бир хонадондан олиб битта от,
Бермоқчи бўлишди унга мукофот.
Бири: «Олтин, кумуш берайлик» деди,
Бири: «Мармар сарой қурайлик», деди.
«Йўқ, — деди бошқаси, — қайси замонда
Молдан бошқа нарса ёққан чўпонга!»
Шу тахлит саналгач ноёб нарсалар,
Ҳеч нима тенг келмас — ўйлаб кўрсалар.
Маслаҳат бир ерга келмай қолибди,
Одамларнинг кўнгли тўлмай қолибди.
Шунда бири дебди қилни қирқ ёриб:
«Ўзидан сўрайлик уйига бориб».
...Уларнинг гапини эшитган замон,
Ҳайрон бўлган каби кулибди чўпон,
Тиниқ ақл билан ўлчовсиз ҳиммат
Ато қилган экан унга табиат:
Тўлдирмай элининг қалбини нурга,
Олиб кетармиди уни қабрга!
Аммо одамларда фикр ўзгача,
Фикрдан туғилган зикр ўзгача.
Ерда тузоқ бор деб чўчиган қушдай,
Улар кўнгли турар жойига тушмай.
Хурсанд бўлгилари келаверибди,
Уни мақтаб-мақтаб ўлдирибдилар,
Сўнгра тоғдан мармар келтирибдилар.
Йўниб, меҳр билан беришиб сайқал,
Боғда қўйибдилар чўпонга ҳайкал...
Сўнгра кўнгиллари тушиб жойига,
Гуллар экибдилар унинг пойига.


АФРОСИЁБ

Ёлғиз ўтирибман ёмғирли кунда
Сиёб оқар ҳамон шошиб сарсари.
Тепалар ёнбошлаб ётибди бунда
Хазина асраган ота сингари.
Қанча одамларнинг кўзини очиб,
Қанча ақлларни пешлаган диёр.
Мен ҳайрон қоламан:
Шу ҳолга тушиб,

Қора ер қаърида бўлганингга хор.
Саройлар, майдонлар... Бунда эҳтимол,
Туну кун янграган қўшиқлар, куйлар,
Хиёбонда кимдир излаган висол,
Афросиёб ботир Ажамдан қайтиб,
Дўстлар даврасида шодон тургандир.
Ҳинду элчисига узрини айтиб,
Емак хонасига ҳорғин киргандир.
Қанотини фитна қайирган шоир
Майдан аламини олар кечаси.
Буни бефарқ дунё билмайди ҳозир,
Балки дунёнинг ҳам бордир режаси.
Нуроний бир кекса соқол тутамлаб
Хаёл денгизига шўнғиб кетгандир.
Эҳтимол поёнсиз фикрини жамлаб
Оқ қоғоз бетига тарих битгандир.

Токчада китоблар растаси вазмин,
Сукут сакдар унда буюк акдлар.
Чол-ку ёд биларди халқининг назмин,
Менга-чи, қолмаган ҳатто нақллар.
Шунча китоблардан наҳотки менга
Буюрмаган бўлса бирор донаси.
О, фотиҳ, китоб не айб қилди сенга,
Нима қилдинг Кўҳак кутубхонасин?
Неки тирикларга хосдир дунёда
Ҳаёт яхлитлиги негаки боғлиқ.
Бари қолиб кетган қора тупроқда,
Тарих ва Маъруфнинг юраги доғлиқ.


КЎҲАК БАҲОДИР

Биттагина хат бор Кўҳак ботирдан,
Биргина тепалик унинг номида.
Бошқа бари чиқиб кетмиш хотирдан,
Бошқа бари қолмиш йўқлик комида.

Сўзма-сўз ёдимга келади мактуб,
Кўзларимни юмиб сураман хаёл.
Мағрур қиёфасин тасаввур этиб,
Хаёлимда унга бераман савол:

Ўттиз беш йил қамал, ўттиз беш йил жанг,
Шунча йил қолибсиз шаҳар ичида.
Шунча йил ютолмай қийналмиш наҳанг,
Муболағадир бу шаҳар кучига?

Ер ости йўлидан балки деҳқонлар,
Дон билан таъминлаб тургандир сизни.
Шу йўлдан келгандир қанча полвонлар
Баланд қилмоқ учун қўлларингизни.

Қамал бошланганда туғилган гўдак
Ўттиз беш ёшдаги эркак бўлганда...
...Сенга нима бўлди, айтиб бер Кўҳак,
Сўзласанг-чи, гапга фурсат келганда.

Балки шу қаршилик пўлатдай сингач,
Мағлублар ўзини ургандир ўққа.
Ғолиблар юраги хатардан тингач,
Шаҳарни чиқармоқ бўлгандир йўққа.

Мурдалари билан, уйлари билан
Кўмиб юборгандир ғазаб устида.
Бўлмаса Афросиёб нега кўмилган,
Нега қолиб кетган тупроқ остида.

Ё сен ҳам Маъруфга ишонмайсанми?
Ёки мақтанишга йўқми рағбатинг?
Сендан фахрлансам қувонмайсанми,
Ё бундай гапларга йўқми тоқатинг?

Менинг хаёлларим қалбингда ётган,
Ҳамма жароҳатни ювишга қодир.
Уруш ҳали ҳам бор дунёда, лекин,
Кел, бир дардлашайлик, Кўҳак баҳодир.


МАРҲУМЛАР ШАҲРИНИНГ АҲОЛИСИГА

Чала қолган ишларингизни,
Ширин-ширин тушларингизни,
Чалкаш-чалкаш қисматингизни,
Яхши-ёмон хислатингизни,
Қаро ерга олиб кетган ниятингизни менга беринг.
Эплай ажал қилолмаган вазифангизни,
Тўплаб-тўплаб ишлатмаган тажрибангизни,
Алданганда титроқ солган қутлуғ орият,
Ғалаба ё ўлимга дуч келтирган ният
Ва яшашга бўлган чексиз ғайратингизни менга беринг.
Менга беринг ер юзида жой тополмасдан
Ер остига олиб кетган армонингизни.
Инсофингиз, виждонингизни,
Қўли калта имконингизни,
Ҳамда бунёд этолмаган бўстонингизни менга беринг.
Менга беринг ичга ютган аламингизни,
Менга беринг босолмаган қадамингизни,
Менга беринг кўролмаган оламингизни
Ўтмиш билан истиқболни пайванд қилай деб,
Ҳеч кимсага ишонмаган каломингизни менга беринг.
Тирикларнинг қувонч-ғами ўзига керак,
Умид, ишонч кулган дами ўзига керак,
Тушда кўрган дард-малҳами ўзига керак,
Қайга бориб бош уришни билмай саргардон,
Сабил қолган ҳиммат ила нафратингизни менга беринг


ТАРИХ БИЛАН МУЛОҚОТ

Гап кетса Афина ё Рим ҳақида
Сўзингни тингламоқ қанчалик роҳат.
Ғурур балқиб турар ҳар гап тагида
Гўё дунё Афина, Римдан иборат.

Хитойнинг тарихи ундан кексароқ,
Ҳиндистон тарихи бойроқ-ку ундан.
Буюк давлатларга қўшни-ку Турон,
Наҳотки хабаринг бўлмаса шундан?

Туронга келганда тилинг айланмас,
Гўёки бу ўлка чуқур бир жарлик.
Эмишки Эроннинг бир бўлаги бу,
Бу ер Эрон учун бўлган хатарли.

Хитой ва ҳиндларнинг ўз динлари бор,
Ўз ёзуви бўлган ҳатто Эроннинг.
Турон тақдирини сўрайман такрор:
Ахир, нимаси бор шўрлик Туроннинг?

Ҳеч бўлмаса қўшни халқларнинг
Ёзувин ўрганиб олгандир.
Шаҳарлар бунёдга келтириб,
Китоблар тартибга солгандир.

Геродот ёзмаса баъзи гапларни,
Кундалик ёзмаса хитойлик сайёҳ,
Искандар тортмаса лашкарин,
Спанта чиқмаса унга қарши, оҳ!

Тақдир Эрон томон буриб кетса юз,
Ўлиб кетармиди эгасиз армон.
Тарих назарига тушмасмидик биз,
Номсиз ўтармиди дунёдан Турон?!

Тарих менга қара, оқилсан беҳад,
Бугунги ёлғонни эрта айтасан.
Сен холис кўз билан кўрасан фақат,
Аммо ўз шартингдан баъзан қайтасан.

Пул, амалга сотиб баъзан номингни,
Шон олиб қаланғи-қасанғи зотлар,
Ҳақорат қилмокда гоҳ Туронимни,
Фарёд қилгим келар сенга, фарёдлар.

Бир нарса айтсанг-чи, таскин бергулик,
Йитган китобларда бор эди, ахир,
Маст қилиб, ўғирлаб кетдиларми ё,
Ёки қилдиларми кўзингни басир?

Тили, миллатини унутсин буткул,
Ери ўзимизга мангу қолсин деб.
Ақлни тупроққа кўмдиларми ё,
Қасоскор дунё йўлдан чалғитиб?

Замона зайли-да... Беруний бобо,
Майли, ўзга тилда ёзган бўлса ҳам,
Айтган-ку, Ҳиндистон Эрондан асло
Турон илм аҳли бўлган эмас кам.

Тарих, эсингдами, илк бор кўрганми?
Йигирма йил ўтди ўшандан буён.
Халкдар тақдирини сендан ўргандим,
Тағин ўрганаман борича имкон.

Ўз халқим яратган эски китоблар,
Нариги дунё бўлиб кўринар менга.
Рус тили кундан-кун акдимни тоблар,
Маҳримни оширар ота заминга.

Ёрқинроқ бўлсин деб узоқ истиқбол,
Ўзимни излайман узоқ ўтмишдан.
Унда баъзи гаплар келтирар малол,
Ҳеч натижа чиқмас баъзан ўқишдан.

Олтин изловчидай излайман далил
Зора чиқиб қолса бирор саҳифа.
Ўзимга юкланган вазифам масъул,
Халқим шарафидир менинг вазифам.


ШОИРЛАР

Шеър ёзиш унчалик қийин иш эмас.
С. Есенин

Ўқиб китоблардан ҳаётингизни
Сирли жумбоқларга учрардим гоҳо.
Биров қайирарди қанотингизни
Ўзининг ҳолига бермасдан баҳо.

Пичинг қилар эди ўйламай биров,
Биров уялмасдан тўқирди ғийбат.
Ундан бошингизга қўнарди қиров,
Кулфатдан бошингиз топарди зийнат.

Ҳорғин юзингизга тикилиб бирпас,
Ўйлайман: умрингиз бунча жумбоқли...
Шеър ёзмоқ-ку унча оғир иш эмас,
Аммо оғир экан шоир бўлмокдик.

Кун сайин интилиб юксак-юксакка,
Олис-олисларга тикилиб мағрур,
Минг йиллар юкини кўтариб якка
Манзиллар ошади Сизнинг тафаккур.

Ўзини енгмаса аввало одам,
Аввало ўзидан чиқмаса ғолиб,
Йиллар бўронидан ўтолмас бардам,
Адам саҳросида кетади қолиб.

Сабоқ беринг менга яна бир нафас,
Алишер, нимадир собит қолмоқлик?
Шер ёзмоқлик унча мушкул иш эмас,
Аммо мушкул экан шоир бўлмоқлик.

Гуллар очилади сўлмоқлик учун,
Яна чиқмоқ учун ботади офтоб.
Отга дам беради чопар ярим тун,
Тонг-ла елмоқ учун йўлларда шитоб.

Сиз қанча элларни саргардон кезиб,
Фурқат домла, айтинг, нима топдингиз?
Оҳуга ачиниб, дилларни эзиб,
Сайёд орқасидан йиғлаб чопдингиз.

Очиқ кўрдингизки, дунё бир қафас,
Мумкин эмас озод нафас олмокдик.
Шеър ёзмоқ-ку унча ғурбат иш эмас,
Аммо ғурбат экан шоир бўлмокдик.

Тўсиқларни бузиб замон тўлқини
Қонуний бурчини этади адо.
Кимлардир тўхтатиб қолмоқчи уни,
Тўхтатмоқ бўлгандай тошқинни садо.

Сиз-чи, ўртоқ Ҳамза, Сиз айтинг, нечун,
Тошларга бердингиз бошингиз тутиб?
Қўйиб турмадингиз курашни бир кун
Ўлим ҳар қадамда турганда кутиб.

Нодонлар шоирга қилмаса ғараз
Шунча лозиммиди эрта ўлмоқлик.
Шеър ёзмоқ-ку асли қонли иш эмас
Аммо қонли экан шоир бўлмоқлик.

Сиз ҳам, Чўлпон домла, айтинг-чи, Сиз ҳам,
Нечун бунча чалкаш дунё ишлари?
Нечун адолатга тиш қайрар ҳар дам
Макр-разолатнинг ёвуз кучлари?

Сиз қоғоз устига эгилган маҳал
Қора кечангизга нур сочди қалам.
Ундан қанча қалблар топдию сайқал
Қанчалар кенгайди бу ёруғ олам.

Сўз билан ўликка бағишлаб нафас,
Касби Адолатнинг ёнин олмокдик,
Шеър ёзмоқ-ку унча шарафли эмас
Аммо шараф эрур шоир бўлмоқлик.


ЧОРРАҲАДА
(Насрий)

Умр йўли бўйлаб сафарга чиқди.
Юриб-юриб чорраҳага етиб келди у.
Қайси йўлдан борса бахт висолига етади?!
Манзилнинг узоқ ёки яқинлигини билмайди.
Йўл ҳам нотаниш. Биринчи марта сафарга чиқиши.
Ким икки марта туғилиб, икки марта яшабди.
Умр сафарига ҳамма ҳам бир марта чиқади.
Таваккал қилиб ўнг томондаги йўлга равона бўлди.
Юриб-юриб, тоғ, қир, боғ ошиб, дарё кечиб, яна ўша чорраҳага келиб қолди.
Адашибман, деб ўйлади-да, тўғридаги йўлга тушди.
Юриб-юриб, тоғ, қир, боғ ошиб, дарё кечиб, яна ўша чорраҳага келиб қолди. Яна адашибман, деб кўнгли оғриди, руҳий ва жисмоний чарчоқ ҳис қилди. Чапдаги учинчи йўл тўғри бўлса керак, деб ўйлади. Ҳорғинлигини умид билан енгиб, йўлга тушди.
Юриб-юриб, тоғ, қир, боғ ошиб, дарё кечиб, яна ўша чорраҳага келиб қолди.
Энди нима қилиш керак! Орқага қайтсинми?! Умрни қандай қилиб қайта бошлаш мумкин?
Ҳаёт ўз ишини қилди.
Эътиқодим, сен бўлмасанг,
Ўтармидим мен ҳам адашиб...


* * *

Алдамоққа бола яхши,
Бола эмас у ахир.
Ростгўйлик-ку инсон нақши,
Инсон нақши беқадр.

Иккиланмай шубҳа қилмай,
Ҳаёт қурсин десангиз:
Қалбида бор гавҳарини
Баҳам кўрсин десангиз:

Алдаб-алдаб ўргатмангиз
Уни ёлғон сўзлашга,
Сизга бошқа ваъда бериб,
Бошқа йўлни кўзлашга.

Катта одам ғаши келиб
Унутмоқчи бўлса гар,
Дастак қилиб илиб олар
Ёлғон гапни болалар.

Сиз кетасиз бир кун унга
Мерос қилиб дунёни,
Сиз қолдирган ёлғон ичра
Излаб қолар зиёни.

Бир кун йўлда қоқилганда
Изтироби ортмасми?
Сиз туфайли бир умрга
Улар жафо тортмасми?!


ДАРАХТ

Дарахт танасига болта тушади,
Учқундай сочилар ҳар ён пайраха.
Аччиқ инградию бирдан қулади,
Ўзининг ҳолига уриб қаҳқаҳа.

Бирдан ниҳоллари кўтарди фарёд,
Ингради суяги қотмаган шохлар.
Сўнди умид билан барқ урган ҳаёт,
Оҳ уриб юборди олисда тоғлар.

Армон билан боқиб сирли оламга,
Кўнглига не келмас ўйлаб кўрганнинг.
Дарахт вафо қилмай эккан одамга,
Қозонин қайнатар болта урганнинг.


ЭЪТИҚОД

Минг йил илгари ҳам олма дарахти,
Аввал барг чиқариб, кейин гуллаган.
Эсингдами ўрик гуллаган вақти,
Гулдан олдин япроқ пайдо қилмаган.

Тонглар бир-бирига ўхшамас асло,
Ҳар кун умрингизга зийнат қўшадир.
Ҳар куни янгидай туюлар, аммо,
Мазмун, моҳияти ўша-ўшадир.

Ўшадир ариқдан оққан сувлар ҳам,
Булут ҳам, ёмғир ҳам ўшадир ҳамон:
Табиат қонуни шундай мустаҳкам,
Сенинг феълинг бунча беқарор, инсон?

Мушук ўтган эмас ит қавмига ҳеч,
Тулки ор қилмаган тулкилигидан.
Ёз либосни кийиб яйрамасди қиш
Алмашмоқ келса ҳам, агар илкидан.

Гарчи Ер турланар мавсумга қараб,
Аммо бу кимнингдир таъсири эмас.
Миллион йил шу урфин келади сақлаб,
Ўзгача тақдирни қилмасдан ҳавас.

Хиёнат қилмасман эътиқодимга,
Тарихим, тақдирим соқчимдир сергак.
Шулар жо бўлса-ю Маъруф отимга,
Нега мен ўзгариб турмоғим керак?!


АНДИША ИЗТИРОБИ

Гулзоримни пайҳон қилса бир нодон,
Нега юрагимга чўкмасин армон?
Суғуриб ташласа эккан ниҳолим,
Ғишт қуйсам, қуримай парчинлаб ўтса,
Чироқ ёқиб қўйсам тунда кўчага,
Унинг шишасини синдириб кетса,
Нега индамасдан турмоғим керак?!

Ўтган-қайтган одам дам олар дея
Ўтирғич ўрнатсам кўча бўйига.
Тахтасин кўчириб, қай бир ноинсоф,
Буюм деб кўтариб кетса уйига...
Бунча назари паст бўлмасанг номард,
Ҳайқиргим келади: «Қандай дард бу дард?»
Нега индамасдан турмоғим керак...

Яхшилик курашса ёмонлик билан,
Ёмонлик панд берса чаққонлик билан.
Хавф остида қолса Яхшилик жони,
Шунда қўрқоқларнинг кетса иймони,
Бехатар бўлмоқни кўрсаю афзал,
Кимдир кўрмаганга олса шу маҳал,
Нега мен индамай турмоғим керак?

Одамлар,
Сиз билан ёнма-ён юриб,
Баъзи бир нолойиқ ишингиз кўриб,
Нима қиларимни билмай аламда,
Ер ёрилса, дейман, қани шу дамда,
Номусдан қон бўлиб кетганда қалбим,
Қўлга андишали қаламим олдим,
Нега индамасдан турмоғим керак?!


ҚИСМАТ
(«Калила ва Димна»ни ўқиб)

I

Елкасида қоп тўла юк,
Армон тўла юраги.
Дил ёрарга бир дўсти йўқ,
Суянмоққа тираги.

Қопни қандай тўлдирсам деб
Ўйлар эди туну кун.
Унда кучли йигит эди,
Кучига бўлди мафтун.

Йиқилганни тепиб ўтди,
Кесак отди турганга.
Бузғунчига мадад берди,
Ҳасад қилди қурганга.

Нафси тинмай: «Ўйла, деди.
Ўйла ёлғиз ўзингни».
Ақл бўлса: «Ҳали вақт бор,
Очгин, деди кўзингни».

Бора-бора қопи тўлди,
Кучи кетди белидан.
Шунча яшаб битта раҳмат
Эшитмабди элидан.

Оғир-оғир нафас олар,
Азоб чекар виждони.
Кўтармоққа дармони йўқ,
Ташламоққа имкони.

На бахт берар йиққан моли,
На бағишлар куч, ғурур.
Елкасида гуноҳ юки,
Гуноҳ юки кўп оғир.

II

Кўрдим яна бир одамни,
Юк кўтариб борарди.
Кўриб қолса муҳтожларни,
Дарров ёрдам берарди.

Қопи тўлар борган сари,
Юки ошар дам сайин.
Чарчоқ билмай қадам ташлар,
Кулиб қўяр гоҳ майин.

Пушаймонга қул бўлмас ҳеч,
Қалби тўлмас армонга.
Эзгу ишлар юк бўлмайди,
Қанот бўлар инсонга.


НЕГА ЯШАЯПМАН...

Нега яшаяпман ёруғ дунёда?
Боболар йўлини такрорлашгами?
Отамни чироғи ёнган бинода
Ўзимга меросхўр тайёрлашгами?

Ўзгалардан кўра кўп алам чексам,
Баҳам кўрсам фақат шодлигим ошкор.
Ишонч ва садоқат уруғин эксам,
«Сабаби тириклик» эмасдир зинҳор.


НАВОИЙГА ЯҚИН БЎЛМОҚ

«Навоийни тушуниш қийин;
Тили оғир», дейди дўстларим.
Рус тилида Ғарб шеърин ўқиб,
Янги Колумб сезар ўзларин.

Майли, янги қитъалар очинг,
Янги йўллар очинг мазмундор.
Аммо, дўстлар, ҳар бир миллатнинг
Рамзи бўлган ўз юлдузи бор.

Бировнинг тожини уриб туширмоқ,
Ё тортиб олишга ишқибоз одам,
Дунё ишларидан бўларди огоҳ,
Навоийга улфат бўлсайди бир дам.

Кундан-кун яқинроқ бўлиш ўрнига,
Кундан-кун теранроқ билиш ўрнига,
Кундан-кун узоқроқ — бегона бўлдик,
Йиғлашимиз керак кулиш ўрнига.

Қасд қилдик, дарёлар чўлга йўл солди,
Денгизимиз қуриб, кемамиз қолди,
Ўлкамизни обод қилдигу, аммо,
Тилимиздан ўзга нимамиз қолди.

Уни ҳам эскирди, десак не кетар,
Ростдан ҳам эскидир, янгитсак нетар.
Дўстларим, ғафлатда ётмоқ бас энди,
Навоий бағри кенг, бизни авф этар.

Навоийсиз миллат бўлармидик биз,
Ўзбекча сўзлашиб, кулармидик биз,
Биргина шу улуғ хизмати учун,
Унга яқин бўлсак ўлармидик биз.


ОДДИЙ ЖУМБОҚ
Абдулла Қодирийга

Кўнгил очгим келар қувончни куйлаб,
Тўлиб кетса дейман куйимга осмон.
Аммо бошим қотар дунёни ўйлаб,
Оддий жумбоқларга бўламан ҳайрон:

Муқаннани бадном қилдилар нега?
Нега Улуғбекни сўйдилар, ахир?
Одамзод фикрини бўлдилар нега?
Нега умидларни этдилар сағир?

Эй идрок, эътиқод, фойдасизмидинг,
Сен қайда эдинг, эй покиза виждон?
Сен-чи, сен адолат, сен қайда эдинг?
Наҳот сен бўлмасанг оламга посбон?

Жанна д'Арк ким учун кўрди шуълани,
Сирли товушларга эргашди нечун?
Уни тўполонда кимлар ушлади.
Гулханда ким ёкди? Нега? Ким учун?

Булар ўтаётиб бошқа манзилга
Бошпана сўраган мусофир эмас.
Булар солмоқ бўлган ҳаётни йўлга,
Оламга уфуриб янги бир нафас.

Билсам: тилаб олган буларни дунё,
Ожиз кўзларини нурга тўлдирган.
Аммо тополмагач муносиб баҳо,
Замонларнинг ўзи бўғиб ўлдирган.


БЕДАНА

Қафасда патирлаб турар бедана,
Ўзини ҳар ёнга урар бедана.
Сепилган тарикдан қилгандай ҳазар,
Тилла сувдонга ҳам ташламай назар.

Ўзин уравериб қафас рошига,
Пати қолмаса ҳам шўрли бошида —
Ҳаво булут бўлиб чиққандай чақин,
Ишонч билан сакрар, патирлар тағин

Сира тан бермасди тақдирига у,
Яна далаларни қилгандай орзу.
Шу аҳволда умри бўлса ҳам адо,
Девдимки, қафасга кўникмас асло.

Наҳот ишонганим алдади, наҳот,
Тўпори қушни ҳам енгдими ҳаёт?
Ёки тан олдими ночорлигини,
Яшириб қафасдан безорлигини?!

Энди кунда сайрар, сайраган сайин
Дону қурт қумурсқа берар хўжайин.


ХОТИРА

Кунчиқишга қараган айвон,
Хаёлимдан чиқмайди ҳамон.
Унда бувим нимадир тикиб,
Ўтирарди офтобга чиқиб.
Атрофида чумчуқ, мусича,
Юрар эди эркин ҳамиша.
Гоҳ чарх бураб ўтирар эди,
Пахтадан ип йигирар эди.
Гоҳ чархнинг «ғув-ғуви»га мослаб,
Қолар эди ҳиргойи бошлаб.
Жангга кетиб тирик қайтмаган,
Ўғлин эслаб нола қиларди.
Ҳеч кимсага дардин айтмаган,
Лекин дардин ҳамма биларди.
Куйларди ўз болалик чоғин,
Ота, она, яқин-йироғин.
Умр ўтиб,
Ёлғиз қолганин,
Ўғлин кута-кута толганин.
Бу дунёнинг вафосизлигин,
Гоҳ аччиқ, гоҳ ширин сўзлигин.
Куйлаб, йиғлаб ўтирар эди,
Оҳиста ип йигирар эди.
Бугун ўша умидбахш, ғамгин,
Қўшиқларни тусаб қолдим мен...
Кунчиқишга қараган айвон,
Хотирамдан кетмайди ҳамон.


ҚОРАДАРЁ ТЎҚАЙЗОРИ

Қорадарё тўқайзори ёдимда бор,
Ёдимда бор болалигим ўтган диёр.
Қув буталар бир-бирига узатиб қўл,
Олмазорга ўтай десак бермасди йўл.
Ўрик, анжир, узум, шотут ҳил-ҳил пишиб,
Ҳайрон бўлиб ётар эди ерга тушиб.
Қуш, қумурсқа, шоғол, жайра яйрар эди,
Тустовуқлар, беданалар сайрар эди.
Итбурунлар гул кўтариб оқу қизил,
Хуш бўй сочиб турганидан яшнарди дил.
Нуқра баргли жийда боқса тўлиб-тошиб,
Дўланалар чорлар эди тепа ошиб.
Ўсиқ ўтлар орасидан ўтар маҳал,
Чақир тикан, янтоқ мудом берган халал.
Аммо қизил, оқ жангалнинг найзалари,
Тўсиқлари олдида бу ҳолва бари
«Хилват гўша, жин, ажина макони», деб,
Болалар кўп бормас эди юрак ютиб.
Шу ерда мен ҳайратимнинг учиб ранги,
Кўрган эдим илон билан кирпи жангин.
Табиат ўз қонунидан заррасини
Ошкор қилган очиб ҳикмат пардасини.
Қорадарё тўқайзори ёдимда бор,
Ёдимда бор болалигим ўтган диёр.


РЎЗҒОР ТУБСИЗ ҒОР ЭКАН

Ҳаёт гўзал, яшаш соз,
Қанча севсанг, шунча оз.
Тун — сокин роҳат тилар,
Тонг кулиб омад тилар.
Ҳунаринг топиб камол,
Бахт ваъда қилар хаёл.
Аммо имкон тор экан,
Рўзғор тубсиз ғор экан.

Югурасан, еласан,
Уйга ҳориб келасан.
Ёринг чиқар йўлингга,
Боланг боқар қўлингга.

— Нима олиб келдингиз?
— Нима олиб келдингиз?
Сен жилмайиб ноилож,
Оҳиста қашийсан бош.
«Эсим қурсин, унутиб,
Бозорга кирмабман», деб
Янгилайсан ваъдани,
Улар кутар эртани.

Не истаса бозорда
Топилар харидорга.
Қаттиқ тошдан зўр-базўр
Сизиб чиққан қатрадир.
Чўнтакдаги ойлигинг,
Ишлаб топган бойлигинг.
Бозордаги нарх эса,
Қўлга қўнмас гаҳ деса.

Рўзғор эса сўрамас,
Нархи баландми ё паст.
Уни олиб кел, дейди,
Буни олиб кел, дейди.
Олиб келсанг, ҳамма шод,
Бўлмаса афсус... ҳайҳот...

Кимда имкон тор экан,
Рўзғор тубсиз ғор экан.

Ойлик резинка бўлса,
Қанча чўзсанг чўзилса.
Олам гулистон эди,
Тўкин дастурхон эди.
Аммо у ҳеч чўзилмас,
Таманноси бузилмас.

Кам бўлмас фикр қилган,
Бой бўлар шукр қилган.
Шукр қилгин танинг соғ,
Эртани ҳам ўйлаб боқ.
Қара, қандай чароғон,
Турмуш тўкин, фаровон,
Элак билан сув ташиб,
Югурмайсан тоғ ошиб.
Ҳайрон бўлиб турмайсан,
«Рўзғор — ғор» деб юрмайсан.
Лоф экан ушбу таъриф,
Бунга аминдир Маъруф.


ИНСОН
(Тарих йўлларида)

(Парча)

1
 
Тарих титкилардим ҳақиқат излаб,
Унда ҳар хил гаплар қўйилган тузлаб:
Бирида семизман, бирида ориқ,
Бирида қораман, бирида сариқ,
Бирида ҳунарманд, маданий, гўзал,
Бирида ёввойи, хароб ва касал...
Ўқийман ўзимнинг тасвирларимни,
Кўраман нотаниш тақдирларимни.
Ҳатто китобда ҳам топмай ҳақиқат,
Аламдийда руҳим чекар азият.

2

Юртимда эрта-кеч тотганимда туз,
Унинг аҳволини қилар эдим ҳис.
Урфу одатларим этсин деб давом,
Ватан тақдирини ўйлардим мудом.
Севиб, севилганда ўғил қизларим,
Нурланиб кетарди бенур кўзларим.
Кулиб боқса дея вафодор иқбол,
Уй-рўзғор тузардим уларга хушҳол,
Аммо гоҳ бу ишга етмаса қурбим,
Олисни кўришга берардим дурбин.

3

Қутайба шаҳримни этганда қамал,
Бахт қуши ҳақида тўқидим матал.
Ким сайраб турганда учратса уни,
Умрбод ўшанинг туғармиш куни.
У қуш адолатни солиб дилига,
Бир кун сайрар эмиш фақат йилига,
Ким сайраб турганда учратса уни,
Умрбод ўшанинг туғармиш куни.
"Жон олиб, жон бериб чексак ҳам заҳмат,
Бахтсизлик қушлари дуч келди фақат.

4

Нур, ҳарорат билан қилмасдан савдо,
Қуёш кезиб юрар кўкда бепарво.
Ердаги ишларга тушганда кўзи,
Негадир ёпилиб қоларди юзи.
Шунда менинг нохуш ҳолимни кўриб,
Булут ҳам йиғларди тепамда туриб.
Мен-чи, пинҳон тутиб қон ютганимни,
Излардим йўқотган умидларимни.
Лекин тор қафасга солганни эмас,
Эрку юртни тортиб олганни эмас,
Сенинг занжирингда дея ҳақиқат,
Сени қарғар эдим, тилсиз табиат.

5

Кечир мени, кечир, ношукр дема,
Энди ранжитмайман, жоним, ғам ема,
Дўстим эканингу, бойлигу, ризқим,
Маъсумлигингни ҳам қачонки севдим:
Шундан бери юриб иқбол йўлида,
Неча бор ўлганман тожлар қўлида,
Шундан бери қачон алданиб қолсам,
Ҳушёр бўлмоқ учун ичаман қасам.
Шундан бери гоҳи очлик йиқитар,
Шундан бери умид қўлимдан тутар.
Шундан бери излаб тенглик, озодлик,
Ўзимга қиламан ўзим устодлик.

6

Йигирманчи аср, сени ҳам кўриб,
Устингдан қарасам ичингда юриб,
Савлат тўкиб турар қават-қават уй,
Қулоққа чалинар аллақандай куй,
Кўчаларда ёнар ранг-баранг чироқ,
Қолмаганга ўхшар оламда фироқ.
Аммо тикилиброқ қарасанг бир дам,
Бир хонада байрам, бир хонада ғам.
Бири ўйнашини қилар зиёфат,
Бири иш қидириб синайди омад,
Бири машинада қувар шабода,
Бири юк кўтариб борар пиёда,
Бири фақат қорин тўйдирмоқ учун
Маош олган дўстин ўлдирар бу кун,
Бири чақмоқтошдан яратар қуёш,
Бир кўз чиқарар қўяман деб қош.
Ҳалиям туғсин деб бўғоз олтиним,
Туҳмат корхонаси ишлар бетиним.
Шубҳа ё ғаразга очиларкан йўл,
Самимий ҳурмат ҳам, севги ҳам бир пул:
Номус ҳам, ғурур ҳам қадрин йўқотиб,
(Ундан ҳазар қилсанг) кулади қотиб,
Йигирманчи асрим серзиё асрим,
Маданий, асабий, беҳаё асрим.

7

Биламан сийнангда жароҳат билан
Ёнма-ён турибди ўлиму ўлан,
Биламан қалбингда ишонч, хавотир,
Чунки бирга яшар нокасу ботир,
Биламан, истагинг тинчлик, адолат,
Аммо қисматингда уруш, адоват.

8

Асрим, кечир, сени бир оз қарғадим,
Биларсан, мақтовдан жуда чарчадим.
Агар, тушунсангу ишонсанг менга,
Қарғиш ҳам, мақтов ҳам лойиқмас сенга
Туғилиш, ўлиш-ку дунё неъмати,
Аммо бунча чигал инсон қисмати?
Кел, асрим, писанда қилиб тақдирга,
Ким эдим, ким бўлдим, эслайлик бирга.

9

Азоб, камситишнинг бўлсам гувоҳи,
Безиб кетар эдим дунёдан гоҳи.
Суяк-суягимга етса ҳам ғамлар,
Яқин деб ўйлардим бахтиёр дамлар.

Агар умид билан кечирмасам кун,
Телба дунё мени қиларди мажнун.
Мен Алпомиш эдим, Гилгамиш бўлдим,
Сўнгра Широқ бўлиб қайта туғилдим.

Гоҳи куйлай десам — чиқмаган овоз,
Гоҳи ёзай десам — бўлмаган қоғоз.
Гоҳ садр тушганман жанозаларда,
Гоҳ ётиб юрганман ҳавозаларда.
Ҳар бир қадамимни ёд билар тарих,
Кўрган-билганини тутмайди дариғ.
Мен Арасту эдим, Форобий бўлдим,
Ибн Сино бўлиб қайта туғилдим.

Гоҳ ёруғ дунёни ташвишга қўйдим,
Гоҳ мағлуб бўлганда номусга тўйдим.
Ернинг хотираси мустаҳкам жуда,
Асаби бузилмас ҳуда-беҳуда.
Сўранг дарёлардан, тоғлардан сўранг,
Чақирингу ўтган чоғлардан сўранг,
«Нималар қилиши мумкин эди-ю,
Аммо ҳақиқатда не қилолди у?»
Мен Муқанна эдим, сарбадор бўлдим,
Амир Темур бўлиб қайта туғилдим.

Бошпанам бўлса ҳам шу ёруғ дунё,
Менга топилмасди беминнат зиё.
Зинҳор тиллақўнғиз шуъласи эмас,
Қуёш васли эди кўнглимда ҳавас.
Мен Улуғбек эдим, Галилей бўлдим,
Сўнг Шекспир бўлиб қайта туғилдим.

Қўлимда шафтоли, мен турибман тик,
Дейман: «Шафтолидан данаги кичик».
Аммо бундай ўйлаб қарасам бир вақт,
Данакнинг ичида бор экан дарахт.
Тилимга чиқмасдан содда саволим,
Яна дунё кезиб кетди хаёлим...
Волтер, Гегел эдим, мен Маркс бўлдим,
Сўнгра Ленин бўлиб қайта туғилдим.

Октябр тонгида кўриб бахтимни,
Унга берган эдим сўнгги аҳдимни,
Дунёни бахтиёр кўрарман девдим,
Коммунизмни ҳам шунинг-чун севдим.
Аммо тарих-ла дўст тутинган кездан,
Дилимдаги ғафлат йўқолди тездан.
Тарих йўлларида кезиб сарбасар
Тўрт томонга фикран ташладим назар...
Ўтмишдан топдиму иқболдан имкон,
Коммуна боғида кўрмадим нишон.
Мендай ўз элининг дардида ёниб,
Аламдан ўртаниб, умиддан қувониб,
Уй-жойсиз дарбадар кезган бормикан,
Ватан ҳасратини сезган бормикан?


* * *

Арзон шон-шуҳратга берилганлар кўп,
«Ватаним», «Элим» деб керилганлар кўп.
Кўпдир мақтов ёзиб бўлган мукаррам,
Аммо унинг дардин тинглаганлар кам.
Бегона оёқлар остида зотан
Топталиб ётарди бечора Ватан.
Буни ҳамма ерда кўриб турардим,
Ҳамма ерда иқбол излаб юрардим.
Изладим, излайман, сафарим узоқ,
Излаганим бир кун очади қучоқ.
Тилим, феълим ўша, миллатим ўша,
Қувончим, ташвишим, кулфатим ўша,
Ўшадир ҳунарим, ўшаман ҳамон.
Мансабим меҳнаткаш,
Унвоним — ИНСОН!

Qayd etilgan


Ansora  17 Sentyabr 2010, 13:10:56

VI
Йўлда



* * *

Бекор йўлга чиқмайди одам,
Дайдиб юрмас бекордан бекор.
Ё бошига тушган бирор ғам,
Ё кўнглида бир қувончи бор.

Мен ҳам йўлда юрибман шошиб,
Кўринсам-да кўнгли хотиржам.
Нотинч-нотинч манзиллар ошиб,
Эл дардига бўлай деб малҳам.

Кўп номидан сўз айтиб балки
Яширарсан кирдикорингни?
Балки ҳасад ё амал дарди
Олиб қўйган ихтиёрингни?

Кўргандирсан балки баъзилар
Шу йўл билан шуҳрат топганин?
Ундай бўлса, қўя қол, жигар,
Сомонхона бўлар чопганинг.

— Ўзимга не кўрмасам раво,
Элга уни раво кўрмасман.
Ўз дардимга топмасдан даво,
Эл дардини ўйлаб юрмасман.

Элнинг ақли мендан кам эмас,
Ўзи билар нима керагин.
Шу тупрокда оламан нафас
Тинглаб йўлда унинг юрагин.


УФҚЛАР КЕНГАЯР

Уфқлар кенгаяр йўл ошган сари,
Теранроқ кўради оламни кўзлар.
Бир манзилга элтар йўлларнинг бари,
Умр йўлларида сўнар юлдузлар.
Беруний, Улуғбек юлдузи каби,
Порлоқ излар қолар элнинг қалбида
Майхўр бўлса ҳамки Хайём лақаби,
Хушдурур бефаҳм ҳушёр олдида.
Юлдузлар йўлларда сочилиб ётмас,
Юлдузлар орзуси яшар безавол.
Пушаймон тошлари оёққа ботмас,
Йўлларда адолат изласа хаёл.
Йўлдан пул излаган, шуҳрат излаган
Қанча мард, номардни кўрмади ҳаёт,
Қанча кулфатларни кечмадинг, Ватан,
Йўлинг ҳақлигини қилгунча исбот?!
Ҳар ким йўл очади ўз тақдирига,
Ҳар ким ўз бахтини излайди ёлғиз.
Умид ранг беради йўл тасвирига,
Нур ва соя бўлар кеча ва кундуз.
Рамзий довон ошиб хаёл доимо,
Ҳамон йўл юради излар зиёни!
Одамлар ҳаётга беради баҳо
Йўллар занжирига ўраб дунёни.


НОТАНИШ ЙЎЛЛАР

Йўллар мени чақирарди безовта қилиб,
Йўллар мени тушларимда олиб кетарди.
Йўллар мени чалғитарди нораста билиб,
Қайга борсам ҳамроҳ бўлиб таъқиб этарди.

Гоҳи тикан кирса яланг оёкдаримга,
Тикани йўқ сўқмоқларни излардим бекор.
Энди фикран қайтиб ўша сўқмоқларимга
Сигир ҳайдаб ўтганимни кўраман такрор.

Бўйим ўсиб шу сўқмоқдан мактабга бордим,
Унда сўзни ҳарфга бўлиб ўргандим қайта.
Даштдай зеҳним шу булоқдан тинмай суғордим,
Қадри арзон ўша бахтли кунларим қайда?!

Шу сўқмокдан чиқиб кетдим ҳаёт йўлига,
Чорлайверди сеҳр тўла нотаниш йўллар.
Шу йўлларда югурдим бахт истиқболига,
Бахтни олиб қочаверди янги манзиллар.

Хаёлимдай узоқ йўллар очди кўзимни,
Пайдо бўлди ўкинч каби аччиқ ваҳима,
Поёни йўқ чўлда кўриб ёлғиз ўзимни,
Ўйлаб қолдим: нима қилдим, мақсадим нима?

Доромидим? Широқ мени йўлдан урдими,
Қўшниларим эркини кўп кўрдимми, нечун?
Дарёмидим? Рақибларим тўғон қурдими,
Сўнг нур берган қудратимга бўлдими мафтун?

Бахт туйғуси берган эди қалбимга ғурур,
Мен бахт излаб келиб қолдим бу манзилларга.
Аммо бахтни қилган эдим қандай тасаввур,
Бахт нимадир? Дуч келар у қайси йўлларда?

Аниқ мақсад этагини тутмай югурдим,
Гоҳо айри кетдим ҳамроҳ йўловчилардан
Чигал қисмат аро тўғри йўлга ҳам кирдим,
Дилда ажиб хотиралар қолди улардан.

Атрофимда очилмокда алвон лолалар,
Кўк осмондан тўкилмокда сирли бир оҳанг.
Осонгина улангандай узуқ толалар
Тағин рангсиз уфқларга ёйилмокда ранг.


ҲАЁТ МЕНГА РАВО КЎРГАН

Ҳаёт менга раво кўрган йўллар бепоён,
Бепоёндир хаёлимнинг сомон йўллари.
Ҳали дунё на бўстондир ва на гулистон,
Ҳали кўпдир қалбларнинг ҳам саҳро, чўллари.

Ўз қалбимнинг саҳросини ўзлаштирмоққа
Чора топдим, аммо дўстлар, енгил топмадим.
Бўйимга мос бўй топдиму
Кўнгил бермоққа,
Ўз кўнглимга ҳамоҳанг бир кўнгил топмадим.

Кўп ўйладим одамзоднинг паст-баландини,
Бир суҳбатда билиб олдим баъзан бехато.
Гоҳ бахилдан ажратолмай қолдим тантини,
Одамзодни тўлиқ билиб бўлмаскан асло.

Дўст сўзидан олам гулу қўшиққа тўлиб,
Юрагингда янграб кетар нурли садолар.
Аммо, дўстим, у туйилмас бахт куйи бўлиб,
Қароқчидай талаб кетса йўлда хатолар.


ГОҲ АТАЙЛАБ

Гоҳ атайлаб, гоҳида билмай
Асос бериб ривоятларга
Ҳаётимни безайман тинмай,
Парво қилмай маломатларга.

Бирор ташвиш сўзлаб эртагин
Пайдо бўлар ногоҳ йўлимда.
Гоҳ тутаман суръат этагин,
Чиқиб кетар гоҳи қўлимдан.

Шошилганда лаббай топилмас,
Сўз топилмас ночор қолганда.
Истиқболга ким сажда қилмас
Хаёлини ўтмиш олганда.

Сен туғилган хонадон каби
Вайрон бўлиб кетган бўлса ҳам,
Тарих бўлиб мангу қолади
Армон бўлиб қолар бир олам.

Аммо замон шиддати аро
Тикан бўлиб ботар бир хаёл.
Дардларимга ўзинг бўл даво,
Қанотимга кирган, истиқбол.

Шубҳа мени урмасин йўлдан,
Дармонимни сўриб олмасин.
Эрта бахти кетмасин қўлдан,
Пахтазорда армон қолмасин.


ҚИШЛОҒИМ

Этаги пахтазор, орти баланд тоғ,
Ёнидан Зарафшон оқар эркалаб.
Миёнкол қўйнида оддий бир қишлоқ,
Қуёш уйғотади ҳар куни эрталаб.

Боғ, дала, қирларга гул-лола сочиб,
Баҳор одатига қилганда амал:
Шу ерни кўргандим кўзимни очиб,
Шу ер олам эди менга мукаммал.

Шунда хаёлимга келмаган сира
Кўк осмон тубининг бунча кенглиги...
Катта қишлоғимнинг жаҳон олдида
Олма бетидаги холга тенглиги...

Болтиқ бўйидаман,
Қалбимда ҳижрон,
Аммо бир гап келди кўнглимга бехос:
Бирдан қишлоғимни қўйиб ёнма-ён,
Қардошлар юртига айладим қиёс.

Қуёши ҳам ўша, ойи ҳам ўхшаш,
Тонглари ҳам ўша, гули ҳам ўхшаш,
Дарёси ҳам ўша, сойи ҳам ўхшаш,
Тупроғи ҳам ўхшаш, йўли ҳам ўхшаш...

Ҳаммаси-ҳаммаси қалбимга яқин,
Ҳаммаси-ҳаммаси ўз ерим, бироқ...
Нимангдир ҳеч ерга ўхшамас тағин,
Сени соғинаман, қадрдон қишлоқ.


ЧИНОРЛАР

Кўз тегмасин деган каби
Тақиб яшил туморлар.
Пайшанбанинг ўртасида
Турар мағрур чинорлар.

Кетар бўлсам отам янглиғ
Йўл бошида кузатиб,
Тўлиб-тошиб шивирлайди
Шохларини узатиб.

Олисларда умид бўлиб
Кирар доим тушимга.
Доим уни нишон қилиб
Мен қатнайман ишимга.

Менинг тутқин хаёлларим
Кенгликларга талпинса,
Ё қаноат гўшасида
Талпинишдан сал тинса.

Шу чинорлар эсга солар
Матонатли элимни.
Шу чинорлар эсга солар,
Эсдан чиқмас тилимни.


ОТАМГА

Етимдай жовдирар тунда юлдузлар,
Ой эса имиллаб нимадир излар,
Сокин куз шамоли елиб ўтган чоғ
Хаёлга толдириб тўкилар япроқ...
Ёдимга тушади ўсган боғларим,
Тонгда шудринг кечиб юрган чоғларим,
Шу ўйчан, шу маъсум далалар ҳақи,
Ўша беғам ўтган паллалар ҳақи,
Гоҳи хат ёзишга тегмаса қўлим,
Гоҳи сиз томонга тушмаса йўлим,
«Боламни аҳволи нима кечди» деб,
Отажон, ўртанманг тунлари ғам еб.
Тез-тез тушларимда Сизни кўриб ман,
Ижодда бахтимни излаб юрибман.
Лекин «Қани йигит, нима дардинг бор?
Илҳом бермадими севги ё баҳор?
Нима ёздинг, нега ўқимайсан?!» — деб
Бирор зот сўрамас ҳатто лутф этиб.
Ҳамма танир эди мени қишлокда,
«Шоир» дейишарди севиб у чокда.
Бунда Ғофур Ғулом, Ойбек, Миртемир,
Абдулла Қаҳҳору Шайхзода, Собир...
Арбоб ижодкорлар яшаган жойда,
Тортинчоқ йигитга эътибор қайда?!
Асар қилиб туғма тортинчоқлигим,
Анча давом этди кўнгил доғлигим.
«Шеърият кечаси бор», деса биров,
Ҳар қандай юмушни унутиб дарров —
(Ранжу аламлар ҳам бир четда қолиб)
Чопаман оёқни қўлимга олиб.
Кириб кетмасин, деб бебош йўлларга,
Боғда айтсангиз ҳам кунда гулларга
Тез-тез тушларимда Сизни кўриб ман,
Ижодда бахтимни излаб юрибман.


УДУМ

Кўчат экиб турган болани кўрсам,
Кўрсам пайванд қилган нуроний чолни,
Бахт топиб олгандай бўламан хурсанд,
Беминнат яхшилик-билмас заволни.

Қадим замонлардан қолган бу удум:
Халқим ўлка бўйлаб боққанида мол
Қайга кўчиб борса қазаркан қудуқ,
Уй қуриб, ёнига экаркан ниҳол,

Кўчиб кетар бўлса уйни бузмаган,
Дарахтни кесмаган болта келтириб.
Шунда дастурхонда бир жуфт нон билан,
Кўза ҳам қолдирган сувга тўлдириб.

Балки қўниб қолар кеч қолган овчи
Балки чўпон-чўлиқ қондирар чанқоқ,
Ё адашиб юрган бирор йўловчи
Шунда паноҳ топар, чекинар чарчоқ.

Билмайман боболар бундан не кутган,
Аммо кимлигини кўрсатиб кетган.


ИСМАЛОҚ ЧИҚИБДИ

Исмалоқ чиқибди борайлик қирга,
Исмалоқ терайлик ёшликни қўмсаб.
Кенгликлар завқини сурайлик бирга,
Юр, дўстим, юр, дейди хаёлим тезлаб.

Тандирда ёптириб исмалоқ сомса,
Сурдириб доғланган сигир ёғини...
Қишдан ҳориб чиққан вужудлар қонса,
Йил бўйи кўрмасмиз касал доғини.

Яримта ой каби сомсани узиб,
Саватга ташларкан муштипар она.
Нарида болалар дурдани шимиб
Қўзичоқ ёнида бўлар парвона.

Баланд иморатлар ўрмонзорида
Ёввойи табиат неъматлари кам!
Юр, дўстим, юра қол имкон борида,
Чучвара тотайлик ялпизлардан ҳам.


КЕЧҚУРУН ҚИШЛОҚ ЙЎЛИДА...

Тўнғич қўрқувларим ёдимга тушар,
Жимгина куламан бугун очилиб.
Юпқа тун пардаси қаршимда учар,
Тепамда юлдузлар ётар сочилиб.

Парда ортидаги хонадонларда,
Парпираб туради ўйчан чироқлар.
Бирин-кетин сукут бағрига кириб,
Ёғдай эриб борар йироқ-йироқлар.

Отам ҳозир қўйга кунжара бериб,
Ҳовлида оҳиста ўйлаб тургандир.
Балки мени кеча тушида кўриб,
Укамларга бир-бир айтиб юргандир.

Эҳтимол ётгандир шифтга термулиб.
«Нимага хат келмай қолди, деб ундан».
Эҳтимол амаким олдида кулиб,
Сўзлаб ўтиргандир хайрли кундан.

Балки олис эллар урфи, одати,
Уруш ва тинчликдан чиққан бўлса гап,
Кўнглини ёзишнинг келиб навбати,
Дўстлар даврасида ўтирар сўзлаб.

Мен эса шуларни қилиб тасаввур,
Соғинч билан тез-тез ташлайман қадам.
Бир йил кўрганим йўқ қишлоқни, ахир,
Ораси поездда бир кун бўлса ҳам.

Бемеҳр экан деб ўйламанг, йўллар,
Қадрдон далалар, таъна қилмангиз.
Ўтиб кетганда ҳам ҳисобсиз йиллар,
Энди келмайди деб хуноб бўлмангиз.

Пойтахт ўйламасин севмас экан деб,
Шаҳарлик дўстларим қилмасин гумон,
Шеърма-шеър бораман қалбимни очиб,
Сенга Ўзбекистон — яшнаган макон.


ДЎСТЛИГИМ

Юзимни оқ қилган — сенсан, дўстлигим,
Кўнглимни боғ қилган — сенсан, дўстлигим,
Осмоним, қуёшим, Ватаним бўлиб,
Кўксимни тоғ қилган — сенсан, дўстлигим.

Ўтганлар руҳини этмай безовта.
Яхши ният билан экиб бир новда,
Гоҳи куним ўтса бекорчи довда
Ишни яроқ қилган — сенсан, дўстлигим.

Чорраҳа бурчида тўхтаб қолганда,
Ҳар томон жовдираб назар солганда,
Қайси йўл тўғри, деб ўйга толганда
Қалбин чироқ қилган — сенсан, дўстлигим.

Босқинчи юртимга тортганда ясоқ,
Сен юксалиб йўлда худди жонли тоғ,
Жангда қилич солиб душманни бир ёқ,
Мени бир ёқ қилган — сенсан, дўстлигим.

Яшнатиб қақраган саҳро, чўлларни,
Яқин йўл-ла боғлаб узоқ элларни,
Бир ўзанга солиб турли йўлларни
Қардош, иноқ қилган — сенсан, дўстлигим.

Бу боқий дунёда боқий икки ҳис,
Ҳаёт билан ўлим туриб юзма-юз,
Мудом бир-бирига қилса тажовуз
Ҳушёр сўроқ қилган — сенсан, дўстлигим.

Камол топ, яшна, эй дўстлик диёри,
Даврлар фаслининг сўлим баҳори,
Дўстликдир Маъруфнинг севган шиори,
Кўксимни тоғ қилган — сенсан, дўстлигим.


БЕДОРЛИК

Кул ранг либос кийиб далалар узра
Оҳиста-оҳиста кезиб юрар тун.
Ой кечикиб чикди. Юлдузлар эса,
Кул босган чўғлардай милдирар вазмин.

Мен-чи, мен соқчидай уйғоқман ҳамон,
Бебош хаёлларим кезади олам.
Ҳадемай кўтарар тонг байроғини,
Ишга чорлаб қолар ишхонамиз ҳам.

Ҳарбий хизматимни келганман ўтаб,
Агар лозим бўлса ўтарман такрор.
Олгандирсан дерлар кундузи ухлаб,
Иш куни ухлашга қандай ҳақим бор?

Бу гаплар ожизлик ноласи эмас.
Хасталикдан эмас, бедор юрганим,
Ташна юрагимга тасалли бермас,
Беқиёс бўлса ҳам тушда кўрганим.

Туш кўришдан қўрқиб ухламадимми,
Ёки ухлаш учун йўқмиди жойим?
Ҳис қилмоққа тонгги саодатимни
Кўрмоқчи бўлдимми туннинг чиройин?

Уйқумни атайлаб қочирганим йўқ,
Эҳтиёж сезмадим чақирмоққа ҳам.
Чунки ёзилмаган тилакларим кўп,
Кўнглим тинчимайди тўйиб ёзмасам.


КУЗ БОШИ

Осмон денгизида ташланар кўзга,
Сокин сузиб юрган булут кемаси.
Мезон урилади қорайган юзга,
Бу тўкин фаслнинг муқаддимаси.

Ҳали сарғаймаган яшил япроқлар,
Ҳали далаларга бегона шабнам.
Ҳали лойқаланиб оқар ирмоқлар,
Ҳали узум узиб майиз солган кам.

Пода орқасидан чиққан чанг каби,
Кўкка сузиб чикди каттакон булут:
Балонинг аксидай ўтиб кетади,
Жигарим, меҳнатинг бўлмайди нобуд,

Ўзинг тушунасан кузнинг феълини,
Бугун келганинг йўқ Ўзбекистонга.
Гарчи тутиб бўлмас унинг қўлини,
Куз ҳам карам қилур яхши деҳқонга.

Бир парча булутга қилмагин парво,
Бепарво ҳам бўлма ўтиб кетар деб.
Жигарим, биламан, сен бедор дарё,
Аммо дарёга ҳам керак-ку тартиб.

«Шаҳарда ўтириб насиҳат қилмай,
Хирмон тозалашга кел» десанг агар,
Бир чойнак аччиқ чой ичилиб бўлмай,
Ёнингда шайланиб тураман, жигар.

Ўзим насиҳатдан тўйиб кетганман,
Ёзмоқчийдим йилнинг тўкин чоғини,
Шундай бўлиб қолди, кечир, тўсатдан.
Шундай келиб қолди фикр оқими.

Ана, ҳаво яна очилиб кетди
Юзларингга чикди ҳорғин табассум,
Менинг қисқагина хатим ҳам битди,
Энди бошланмоқда серташвиш мавсум.


ДЎСТИМ МУХТОРГА

I

Бировдан панд есам, дакки эшитсам,
Ёки ҳиммат кўрсам бировдан холис —
Сен пайдо бўласан кўнглимда шу дам,
Ёнимда бордайсан, бўлсанг ҳам олис.

Баъзан шундай сени кўргим келади,
Гаплашгим келади кулиб, кулдириб,
Аммо хизмат бурчи тутиб қолади,
Муштоқ юрагимга соғинч тўлдириб.

Хаёлан болалик чоғимга қайтиб,
Ёнингга чопаман субҳи саҳарда,
Зумрад хола боғи гулини айтиб,
Тур деб уйғотардим ҳар кун саҳарда.

Хўрозлар қичқириб, итлар вовуллаб,
Қишлоқ ортда қолар.
Биз шудринг кечиб
Чопамиз. Косадай ҳар атиргуллар
Омон турганми деб энтикиб, чўчиб.

Нега Зумрад хола боғи, дердилар,
Таваронга яқин ўша чорвоқни?
Сени эслаганда шу эсга келар,
Кўргим келар ўша эгасиз боғни.

II

Сени Мухтор новвой дейдилар бугун,
Туну кун уйингдан аримас одам.
Кимдир нон ёпдирар ўғил тўйи-чун,
Ким келар бошига аза тушса ҳам.

Нон бўлиб ҳар уйга кириб боради
Сенинг мурувватинг, меҳринг, меҳнатинг
Сенда ҳар ким дилкаш дўстин кўради,
Дўстим, нондай бўлсин шону шуҳратинг.

Уйингни сўровди бир киши келиб,
Ерда қолдирмасдан унинг сўзини —
Турар жойинг айтдим деҳқонча қилиб,
Шунда таърифладим сўнгра ўзингни.

«Бўйи ўхшаб кетар Чарли Чаплинга,
Чаплинга ўхшайди мўйловчаси ҳам.
Беғубор болалик завқи бор унда,
Бекорчи ташвишлар изтироби кам».

Бировдан панд есам, дакки эшитсам,
Ёки ҳиммат кўрсам бировдан холис —
Сен пайдо бўласан кўнглимда шу дам,
Ёнимда бордайсан, бўлсанг ҳам олис.


ХАТ ЮБОРДИМ

Хат юбордим сизга. Етиб бордими?
Сўзладими айтолмаган дардини?
Мен бу ерда асраб сабр гардини,
Жавобига интизорман, интизор.

Хотирамда айланади минг хаёл,
Бошгинамни қотиради минг савол,
Сиз учун бу арзимасдир, эҳтимол,
Кошки бўлсам, бир жавобга сазовор.

Кунлар ўтар, сиздан ҳамон жавоб йўқ,
Хавотир бор, гуноҳлар бор, савоб йўқ.
Зиёратга истак бору тавоф йўқ.
Кутиш бунча дилозордир, дилозор.

Аҳволингиз билолмасдан доғдаман,
Сизни ўйлаб меҳнат қилиб боғда ман,
Дийдорингиз кўргим келган чоғда ман,
Қуш бўлмоқни қиладирман ихтиёр.

Қўлингизда бўлса эди эрк агар,
Ҳолимиздан бўлмасдингиз бехабар.
Мен бу ерда «оҳ» урмасдим, сиз унда,
Бирга даврон сурар эдик бахтиёр.

Майли дейман, доим шундай қолмас-ку,
Одам ҳижрон ва соғинчдан ўлмас-ку,
Сабр қилсам бу кунлар ҳам ўтади,
Юраккинам ўртанса ҳам зору зор.

Тақдир сизни олисларга ташлади,
Менинг бунда юрагимни ғашлади,
Соғинч ўртаб кўзларимни ёшлади,
Қасд қилганлар бўлсин мангу хору зор.


БУ ДУНЁДА ҲАММА МЕҲМОН

Бу дунёда ҳамма меҳмон,
Беш кун яшаб сурар даврон,
Шу қизга ҳам бергин имкон
Ранги сомон бўлмасин.

Умр боғин обод қилиб,
Умид билан ўсган гул.
Ўз бахтини топиб олсин,
Ногоҳ хазон бўлмасин.

Субҳидамда булбул куйлаб,
Хониш қилсин боғда ўйнаб,
Қиз уйғонсин кулиб, яйраб
Бошқа армон бўлмасин.

О, табиат Гулчеҳрага
Карамингни кенгроқ қил.
Ўз бахтига восил бўлсин,
Излаб сарсон бўлмасин.

Тунда осмон бағридаги
Юлдуздай кўп мақсади.
Бахт умрлик ёри бўлсин,
Бир дамлик меҳмон бўлмасин.


ТАБИАТ ҚЎЙНИДА

Ҳордиқ куни далага чиқиб,
Майсазорга ўзимни отсам.
Сўнг осмонга кўзимни тикиб,
Роҳат қилиб чўзилиб ётсам.

Мовий осмон бағрида учган
Қушлар билан кезиб хаёлим.
Юзларимни сийпалаб қочган
Саболарнинг тинглаб қарорин —

Онасининг кўксида беғам
Ўйнаб ётган гўдак сингари,
О, табиат, бағрингда мен ҳам
Бўлажакман ташвишдан нари.

Ташвиш нима?
Изтироб нима?
Билмайдими уни табиат?
Ҳасратимни сўзласин кимга,
Бўлмаса бир тингловчи хилқат?

Инсон сиру тажрибасини
Олиб кетар тупроққа, бироқ.
Барча армон, кулфатларини
Қолдиради дунёга мутлоқ.

Ана ўша алам, кулфатлар
Унсиз изғиб юрган далада,
Ҳордиқ олиб покланасан сен
Ва ўхшайсан беғам болага.


ҲАЙРОН

Чорраҳада турибман ҳайрон,
Бошим қотиб, хаёлга ботиб.
Юрак тўла армон, пушаймон
Гоҳ осмонга, гоҳ ерга боқиб.

Чорраҳада турибман ҳайрон,
Қайси йўлдан юришни билмай.
Гўё кутиб мўъжиза имкон,
Иккиланиб, таваккал қилмай.

Чорраҳада турибман ҳайрон,
Ошиб ярим умр довонин.
Ким айтади: топмоқлик осон,
Топилмаган йўлнинг давомин.

Шу чоққача тополмадингми
Аниқ манзил, аниқ йўлингни.
Энди уни топмоғинг мушкул,
Ким тутарди энди қўлингни.

Ўтган йиллар ўтди ғафлатда,
Энди улар қўлингдан тутмас.
Чорраҳада боқиб ҳайратда
Бош қашийсан. Умр эса кутмас.

Чорраҳада турибсан ҳайрон,
Юрагингда пушаймон, афсус.
Атрофингда бепарво замон,
Сен толеи кулмаган ёлғиз.


ТУРОН ОТА ҚАБРИСТОНИДА

Бўтана арикда қўлимни чайдим,
Қалбим тўлиб нурли ғамгин туйғута,
Кекса тут остига аста чўнқайдим,
Бунда бобом ётар мангу уйқуда.

Сал нарида менга мунгли тикилар
Йиллар оша чўккан отамнинг қабри.
Дилимда хилма-хил ҳислар қутурар:
«Охир шу, дегандай одамнинг қадри!»

Тупроқ ва чангалзор остида ғамгин
Кўзга ташланади тўнка бошлари,
Афсус тўнка эмас, кўп йиллар бурун
Кимгадир қўйилган қабр тошлари.

Яна қабрингизни зиёрат қилиб,
Бошингизга келдим таъзим қилмоққа.
Руҳим покланади ҳар ёзда келиб,
Сиз билан юзма-юз ўтирган чокда.

Қисмат давомини шу ер билади,
Бунда бор абадий тутқич бермас сир.
Ҳамма йўл шу ерга олиб келади,
Ҳамма йўл шу ерда тугайди охир.

Битта имтиҳонни яхши топшириб,
Иккинчи имтиҳон олдида турган
Ўқувчи сингари ҳисобот бериб,
Янги куч сезаман ўзимда бирдан.

Хайрият, аждодлар ёди бор экан,
Хайрият, бор экан таскин берар жой.
Шу ерга келганда тиниқиб фикран,
Шу ерга келганда бўлгандайман бой.


ЎТМИШНИ ЎЙЛАБ

Шармисор бўлмасин мен каби ҳеч ким,
Ғафлатда қолмасин мен каби ҳеч ким.
Ҳеч ким мен сингари абгор бўлмасин,
Юраги армонга, ғамга тўлмасин.

Йўлларда шарофат, иқбол изладим,
Аммо фалокатга дуч келдим, нетай.
Фазилат изладим, камол изладим,
Аммо разолатга дуч келдим, нетай.

Нетай иқбол менга кулиб боқмади,
Кўзимда хурсандлик ёши оқмади,
Ҳар томондан макр келди ўрмалаб,
Кўзимни боғлади, уйимни талаб.

Кулиб сўзлаганни дўст деб билибман,
Дўст деб алданибман, доғда қолибман.
Қизил туғ кўтариб келганни кўрдим,
Ёрман деб ёвузлик қилганни кўрдим.

Фарёд қилса номус, унинг зорини
Андиша тошига бостириб қўйдим.
Ҳимоя қилмасдан юртим орини,
Нафсим деб югурдим, нафсим деб куйдим.

Шармисор бўлмасин мен каби ҳеч ким,
Армонда қолмасин мен каби ҳеч ким.


КЎРИБ КЕЛДИМ БОЛАЛАРИМНИ

Бугун кўриб келдим болаларимни,
Баҳорда очилган лолаларимни.
Уларни кўролмай, хижолат бўлиб,
Ичим соғинч билан зардобга тўлиб,
Узоқдан кузатиб юрардим нолон,
Мени қийнар эди аччиқ бир армон.

Бугун уйга бордим очиқ сўроқлаб,
Болаларим олди мени қучоқлаб,
Кўзимга ёш келди, юрагим тўлиб,
Мен ҳам эркаладим парвона бўлиб.
Нега шу чоққача хабар олмадим,
Ҳижронда яшадим, ҳамдам бўлмадим?

Булар ахир менинг жигарбандим-ку,
Ҳаётим мазмуни — асал, қандим-ку.
Мен ахир пгулар деб яшаб юрибман,
Дунёда қандай бахт, толе кўрибман.
Нега олисларда қийналган маҳал,
Юрак буйруғига қилмадим амал.

Нега ўзгалардан юпанч изладим,
Нима сўроқладим, нима кўзладим?
Умрим қаймоғини совуриб елга,
Йўлда дуч келганда довулга, селга,
Нега жигарларим, Сизни билмадим,
Нега ёнингизга йиғлаб келмадим?

Йиллар ғафлатдаги кўзимни очди,
Юрагимда ётган армонлар қочди.
Бугун бориб кўрдим болаларимни,
Баҳорда очилган лолаларимни.


ТАҚДИР

Бунча чигал тақдирим менинг,
Ҳаёт йўлим бунча паришон?
Умид бериб ёруғ ҳар куним
Ҳар тун кўнлим ўкситар ҳамон.

Ҳамон далда беради кулиб,
Ваъда қилиб равон йўлларни.
Мен кўраман эл ичра юриб,
Қуриб қолган дарё, кўлларни.

Юракдаги дарёлар қуриб,
Чўл бўлганда умид водийси.
Кўздан ғафлат пардасин суриб,
Босиб келар алам ёғийси.

Ечилмаган тақдир тугунин
Шартта чопиб ташлагим келар.
Аммо чопиб ташламай уни
Кўзларимни ёшлагим келар.

Тақдир ҳукми қўлимда бўлса,
Ихтиёрим бўлса ўзимда —
Бу аҳволда ўртанмас эдим,
Нола қолмас эди сўзимда.

Ҳеч кимдан муттаҳам эмасман,
Муттаҳам эмасман ҳеч кимга.
Аммо элим шу ҳолда экан,
Мен ким бўлдим, дейман ичимда.

Тақдир, тақдир, бефарқ биродар,
Боқмасанг ҳам ҳолимга бугун,
Жафоларинг тугайди охир,
Менга кулиб боқасан бир кун.


ТАБИАТ ҲИКМАТИ

Олтинсой қирларида
Қизғалдоқлар очилган.
Ҳар бир гулнинг бағрига
Қора доғлар сочилган.
Бу доғ ҳижрон заҳми ё
Висол, севинч нақшими?

Ўйлаб қолдим доғи йўқ
Қизғалдоқлар рақсини.
Табиатнинг рассоми
Хато қилмас ҳеч қачон.
Унинг ҳикмати сирин
Ўйлаб тополмас инсон.


ҲУШЁР БЎЛ...

Тошда райҳон ундирган,
Кесакдан ўт ёндирган
Охир доғда қолдириб
Ишонч шаминг сўндирган —
Ёлғончидан ҳушёр бўл.

Тилда иттифоқ тузиб,
Амалда ора бузиб,
Елкангни силайман деб,
Олар бошингни узиб —
Фирибгардан ҳушёр бўл.

Сўзида вафо бордай,
Дардингга даво бордай,
Йўриғига юрдингми,
Ўраб олар аждардай
Риёкордан ҳушёр бўл.

Иситмасиз бўлмас тирик жон,
Барча дардни кўтарар инсон.

Оғир юкдир фалокат юки,
Эзиб ташлар эди ногаҳон,
Гар ирода мадад бермаса,
Агар умид бўлмаса дармон.

Камбағаллик юки кўп оғир,
Аммо ранги бўлса ҳам сомон,
Бу юкни ҳам умид ва сабр
Кўтармоққа қодир бегумон.

Яхшиликнинг меваси ширин,
Яхши сўздан диллар чароғон.
Иснод доғи тоғдан ҳам оғир,
Кўтаролмас уни мард инсон.


СЕРЖИЛО, СЕРТЎЛҚИН

Сержило, сертўлқин, азим шаҳарда
Кимдир уйғотади мени саҳарда:
«Оппоқ тонг отмокда тур, жонгинам, тур,
Сени йўл кутмокда тур, жонгинам, тур».
Умидвор боқаман. Атрофим жимжит,
Шаҳрим ухлар эди беташвиш, тинчиб,
Пахта-ю, бахт ишқи уйқумни бузди,
Сени ўйлаб кетдим пахтакор дўстим.

Агар шу эгатлар тилга кирсайди,
Кўрган-билганини айтиб берсайди:
Чигитдан пишгунча қайтадан чигит,
Қанча манглай тери бўлмади ўғит.
Чаноққа тўлгунча меҳр толаси,
Қанча уринмади деҳқон боласи.
Тўкин куз маҳали пахта терганда,
Бахтинг эгатларда қўлга кирганда,
Ғалаба кунини қилмоққа байрам,
Дўстим, қанотингга кираман мен ҳам.


ҚЎШИҚЛАРИМ

Хаёлим чарх уриб Ургут тоғлари,
Бахмал боғларидан излайди сени.
Маъюс қўшиқ бўлиб дилгир чоғлари
Фарғона ёқлардан излайди сени.

У сени излайди Бухоро кезиб,
Излайди Самарқанд майдонларидан.
Излайди Хивада борлигинг сезиб,
Сўроқлар Тошкентнинг посбонларидан.

Сени сўроқлайди қўшиғим ҳамон,
Ҳамон сени ўйлаб кечар дамларим.
Гўё атрофимда айланар жаҳон,
Камайтирмоқ учун ҳижрон ғамларин!

Сени излаб умрим йўлларда ўтар,
Сени топмагунча тинмас хаёлим.
Неки камлигим бор
Сен билан битар,
Сенсан саодатим, эрким, камолим.


ТЎЙ КУНИ
(Дўстим Салоҳиддин ва унинг рафиқасига)

Тўй куни сизларга саодат тилаб,
Бахтнинг чинлигига ишонгим келар.
Кетма-кет мисрага қалбимни улаб,
Ҳар лаҳза шеър айтиб қувонгим келар.

Гарчи ҳаёт кунда улашмайди бахт,
Гарчи шодлик фасли узун эмасдир.
Аммо яхши кунга умид этса бахш,
Умидларнинг умри кўп бўлса басдир.

Тун ўтиб, тонг отар навбатма-навбат,
Навбатма-навбат сиз урарсиз хандон.
Бугун қанча тўкин бўлса ҳаловат,
Эрта ташвиши ҳам ортар минг чандон.

Агар мураббога тўкилмаса туз,
Агар гумон буткул солмаса соя.
Авлодлар олдида ёруғ бўлса юз,
Ғийбату фитналар кетади зое.

Дадил бўл юрагим, тилакларингни
Дўстларим бошидан сочайин бугун.
Юлдуздай фарзандлар юрсин ёнида,
Битта ичай мен ҳам Юлдузлар учун.


ЗАРБАНДНИ ЭСЛАБ...

Сўлим Зарбанд эсимга тушса,
Кўчасидан ўтсам хаёлан,
Юрагим бир тўлғаниб кетар
«Низом қалай?» деган саволдан.

Азим билан адирлар ошиб,
Меҳмон бўлиб борганимизда
Ногоҳ кўриб, қучоғин очиб,
Пешвоз чиқиб келганда бизга.

Танимадим кўришган замон,
Азимнинг бир мухлиси, дебман.
У-чи, менга боқиб меҳрибон
Отин айтгач, пушман бўлиб ман:
«Кечир, дедим, кечир, укажон».

— Мен Низомман. Сиз билан доим
Хаёлларим Тошкентда юрар,
Баъзан жуда соғинган чоғим,
Эски Жўва тушимга кирар.

Рўпарамда юзлари сўлғин
Дардчил кулиб турар бир ўғлон.
Қани қувноқ, қомати дуркин,
Бир гапириб, ўн кулган полвон?

— Нима бўлди? Қачон ёпишди?
Дучор бўлдинг қанақа дардга?
Бошингга не савдолар тушди?
Келган эдинг қачон Зарбандга?

— Бари ўтди. Тузукман ҳозир,
Эсламайлик ёмон кунларни.
Мустақиллик муборак, шоир!
Очинг энди янги конларни.

Турмуш билан овора бўлиб,
Шунча йиллар ўтибди, эвоҳ,
«Фалончининг ҳоли қандай» деб,
«Қаерда?» деб эсламабмиз гоҳ.

Сўлим Зарбанд эсимга тушса,
Кўчасидан ўтсам хаёлан,
Юрагим бир тўлғаниб кетар,
«Низом қалай?» деган саволдан.


ИТЛАР ФЕЪЛИ

Кўкраклари лорсиллаб,
Аёл чопар ҳарсиллаб.
Бошида мисли олтин,
Ловуллайди бир ёлқин.

Ташланмоққа бўлиб шай,
Итлар ҳуриб пайдар-пай,
Кетма-кет ва ёнма-ён
Югуради беомон.

Ит тилини билгувчи
Ё иноят қилгувчи,
Бирор жон бўлса қани,
Ночорни қутқаргани.

Ҳоли кетди лапанглаб,
Ўнгга бокди аланглаб.
Чапга боқса йиқилар,
Бўғзига жон тиқилар...

Тўхтади. Нима бўлди?
Шарт ортига бурилди.
Тўхтаб қолди итлар ҳам,
Вовуллаш тинди шу дам.

Аёл бошида лов-лов
Йўқ ёниб турган олов.
Қўрқув ёлқини сўнган,
Ваҳм тўлқини тинган.

Итлар идрок этдилар,
Секин тарқаб кетдилар.


СОҒИНДИМ

Болалигим ўтган сўлим соҳиллар,
Зарафшон бўйлари, соғиндим сизни.
Ёзда қизиб ётган тупроқли йўллар,
Қишлоғим қўйлари, соғиндим сизни.

Бедана, тустовуқ басма-бас сайраб,
Хушбўй ҳавосидан кўнгиллар яйраб,
Юракка майин бир изтироб тайлаб
Яшнаган тўқайлар, сизни соғиндим.

Асал ҳиди сочган қора йўнғичқа
Пайкалидан сўқмоқ ўтар ингичка,
Эсласам хўрсиниқ уйғонар ичда,
Эй мусаффо жойлар, сизни соғиндим.

Гоҳи ўтин териб, чиллак ўйнаган,
Ҳазил, ўйин-кулги, завққа тўймаган,
Биз билан шодланиб орзу ўйлаган —
Зилол сувли сойлар, сизни соғиндим.

Полвонлар удуми қонимизда бор,
Кураш тушар эдик такрор ва такрор,
Кўйлагим йиртилиб, йиғловдим зор-зор
Эй камбағал тойлар, сизни соғиндим.

Элликдан ошганда шаҳарда ёшим,
Сизни ўйлаб, кўздан тўкилар ёшим,
Бетон уйда туриб, осмонга боқиб
Қишлоғим уйлари, сизни соғиндим.


ҚАДАМИ ҚУТЛУҒ ОДАМ
Тоҳир Маликка

Уни кўрсам, олам ёришиб кетар,
Қувват пайдо бўлар ҳорғин танимда.
Бу фараҳдан бошим осмонга етар,
Бир шуъла порлайди жонимда.

Тош боғланган гўё оёқларимга,
Қадам босар эдим қийналиб базўр.
Ундан шифо топдим дардимга,
Қанот бағишлади руҳимга сурур.

Кам бўлма, дард кўрма, азиз биродар,
Хосиятли одам, беғараз инсон.
Сендай одамларнинг шарофатидан
Дунё ҳам дардига топади дармон.


ТИЛИНГДА ИШОНЧУ

Тилингда ишончу дилингда шубҳа
Юзингда табассум, ичингда алам.
Гапимни тугатай, оғзимга урма,
Битта сен эмассан бу тахлит одам.

Нега тилинг қисиқ, ҳолинг паришон,
Биламан соянинг сабабкори бор.
Ҳақ бўлсанг нимадан қиласан гумон,
Даф қилмоқ ўрнига чекасан озор?

Қўпориб бўлмайди тоғни қўл билан,
Кўзёш билан тошни эритиб бўлмас.
Чумоли тенг эмас, ахир, фил билан,
Нолиш билан ғамни аритиб бўлмас.

Ноҳақлик олдида довдирабсан кўп,
Хазон бўлай дебди ироданг боғи.
Содиқ дўстинг борми, ҳузурига чоп,
Ундан ёқиб олгин умид чироғин.


МУШКУЛИНГНИ ОСОН ҚИЛСАМ

Сенга қандай яхшилик қилсам,
Қандай мушкулингни айласам осон?
Нимадан қийналиб юрганинг билсам,
Бўлса озор берган дардингга дармон.

Аммо сен бошқадан дармон кутасан,
Йўлига боқасан кўзларингда ёш.
Ташна умид гулин йиғлаб тутасан,
Унинг тош юраги совуқ ва бўм-бўш.


ҲАММА БИЛАР

Ҳамма билар: яхшилик яхши,
Ёмонликнинг ёмонлигини.
Ёмоннинг қилмишин эшитса,
Яширолмас ҳайронлигини.

Аммо имкон туғилган маҳал
Ғафлат босиб, қочар диёнат,
Ўзганинг ҳақига чанг солар,
Омонатга қилар хиёнат.

АИТИШУВ

ТУРСУН
Бор бўлсанг кўролмайди,
Йўқ бўлсанг беролмайди.
Равон йўлга бошласанг,
Чангитмай юролмайди.

БОТИР
Сўқир бўлсин кўзлари,
Қаро бўлсин юзлари.
Ёқасига ёпишсин
Айттан ёмон сўзлари.

ТУРСУН
Қаттиқ кетдинг, биродар,
Бўлма унга баробар.
Адашган бандасига
Худойим инсоф берар.

БОТИР
Илоннинг бошин силаб,
Юрсанг гар инсоф тилаб.
Юрак чангаллаб бир кун
Қоларсан йўлда қулаб.


ТЕНГЛИК ХАҚИДА

Беш бармоқнинг бўйи тенг эмас,
Тенглаштириб бўлмас ҳеч қачон.
Жаҳон ичра яшар бир ҳавас,
Тенг бўлса, дер, дунёда инсон.

Биров ялқов, биров меҳнаткаш,
Биров фозил, бирови нодон.
Биров новча, бирин бўйи паст,
Бири заиф, бири паҳлавон...

Яна қанча-қанча иллатлар,
Фазилатлар бордир оламда.
Тенг бўлмоқни истар миллатлар,
Дастур битар турли қаламда.

Аммо ҳаёт карвони эса,
Ўз йўлида этади давом.
Парво қилмас ким, нима деса,
Шундай бўлган, бўлади мудом.

Тиним билмас инсон ҳеч замон,
Тенглик излаб, адолат излаб,
Унинг эса ортидан ҳамон
Қолмай келар надомат излаб.


ЯПРОҚЛАР

Япроқлар шивир-шивир,
Пичир-пичир қилишар.
Севинчдан чапак чалиб,
Қиқир-қиқир кулишар.

«Ҳа, қурмагур япроқлар,
Нима бўлди сизга?!», деб.
Қарагандим дарахтга,
Ҳазил билан гап қотиб.

Тепамдаги бир шохда,
Қуш уяси бор экан.
Тухумдан чиққан сариқ
Полапон ғаддор экан.

Тураман, деб йиқилар,
Юраман, деб йиқилар.
Унинг ҳолини кўриб,
Япроқлар қувнаб кулар.

Эй барглар, ҳозир кулинг,
Кейин ҳайрон бўласиз.
Унга қанот чиққанда
Чапак чалиб қоласиз.

Сиз бир марта учасиз
Келганда фасли хазон.
У учади умрбод,
Парвоз қилар беармон.


ТУРОНИМ
Олим дўстим Насимхон Раҳмонга

Бу дунёда боқий нарса йўқ,
Яратган бор ёлғиз, безавол.
Бу сир бағрин очади тўлиқ
Маърифатда ким топса камол.

Шўмэр эди. Ўрук қалъаси.
Маърифатли марддарга ошён.
Бунда кезар ҳурлик нафаси,
Ҳукм сурар Билгамиш хоқон.

Тош қўрғоннинг тўрт томонида
Тўрт дарвоза улуғвор, соҳир.
Дарвозанинг икки ёнида
Посбон каби турар икки шер.

Ўз кучига ишонган каби
Ўйчан боқиб турган арслон,
Ҳам жисм, ҳам руҳнинг қудратин
Акс эттирган тимсол бегумон.

Аммо ҳаёт оқими гарчанд,
Ўхшаса ҳам сокин дарёга.
Тошқин каби босқинлар баъзан
Айлантирган боғни саҳрога.

Саҳро кезиб Мусо пайғамбар,
Ўз элини тоблаган маҳал.
Турк қавмидан Гуг ва Могуглар
Дунё сирин билган мукаммал.

Сув чиқарган ариқлар очиб,
Нанай каби шаҳарлар қурган.
Ерни ҳайдаб, уруғлар сочиб,
Тўй-тўйлашиб, жанг қилиб юрган.

О, турк қавми, сен яшаган ер,
Ва сен тузган салтанатларни.
Ўйлаганда қалб тўла ғурур,
Унутаман алам, хатарни.

Шайтон нафси йўлига кириб,
Панд берганда бири-бирига:
«Бир-бирингни нетасан қириб,
Қайғурсанг-чи эл тақдирига...

Илҳақ бўлиб нарида душман
Имкон кутиб пойлаб турибди.
Сен билмайсан, айғоқчи ичдан
Режаларинг бузиб юрибди».

Дегим келар, аммо йўл узоқ,
Етиб бормас уларга нолам.
Асрларнинг қаъридан шу чоқ
Етиб келар ўкинч билан ғам.

Нетар эди сен ҳам олмонлар,
Юнонлардай оғзи бир бўлсанг,
Нетар эди фаранг, японлар,
Ўрислардай ҳамфикр бўлсанг.

Маърифат бор, ҳунар бор сенда,
Олам сири беш қўлдай аён.
Орияту иқтидор сенда,
Жаҳолат бор, бирлик йўқ ҳамон.

Шўрлик Турон, паҳлавон Турон,
Минг бўлакка бўлинган замин.
Яна қаддинг тикланар қачон?
Ким ёқади боболар шамин?

Эсласанг-чи, Афросиёбни,
Нима қилган, яшаган қачон?
Биласанми Ўтрор, Форобни,
Кимдир Бўмин, Истами хоқон?

Исқитлар ким, хунлар ким эди,
Арсоқлар ким? Ана, ботирлар.
Шу чоққача тарих жим эди,
Ошкор бўлар энди кўп сирлар.

Турон элим, уйғонгин энди,
Кўзингни оч, ташла ғафлатни.
Мард боболар аён кўринди,
Қўлингга ол энди қисматни.

Унутмагин тарих сабоғин,
Қаноатни жойла дилингга.
Қўлда тутиб инсоф чироғин,
Хўжайин бўл мудом тилингга.

Озодликка чиққан қул каби,
Гоҳ ишониб, гоҳ ишонмасдан,
Зада ҳислар ўртайди қалбим,
Йўл излайман эркка қонмасдан.

«Ўзбекистон деган давлат ҳам,
Қозоғистон деган давлат ҳам,
Туркманистон деган давлат ҳам,
Тарихда бўлмаган муқаддам».

Деб жар солган жаноблар билсин,
Турон деган давлат бор эди.
Қайга чўзса етарди илкин,
Бўлинмаган бахтиёр эди.

Қўшни эди Эрон ва Турон,
Эрон бору Турон йўқ бугун.
Йўқолмас-ку юлдузли осмон,
Сен хабарсиз бўлганинг учун.

Сен билмаган сир кўп оламда,
Сен билмаган муаммо ҳам мўл.
Агар инсоф бўлса одамда,
Холис бўлар, топар оқил йўл.

Қутқу солиб, қўзғатиб элни,
Босқин, қирғин йўлини кўзлаб,
Узун қилиб суяксиз тилни,
Жароҳатли дилларни тузлаб.

Эрк истагин қил деб фаромуш,
Қайта кир деб темир қафасга.
Ғараз билан дўлайтириб мушт,
Гап сотганинг етар ҳавасга.

Ўтмишга кўз ташлайман яна,
Қайдан ахир, кўнгил бўлсин тўқ.
Салтанат ҳам тирик бир тана,
Бу дунёда боқий нарса йўқ.

Салтанат ҳам ёшини яшаб,
Қариб-чириб ўтар дунёдан.
Ватан қолар халқини ушлаб,
Бутунликни қилиб ифода.

Турон элим, Турон заминим,
Яхлит чоғинг кўрармиканман?
Шу салтанат завқин суриб жим,
Боғларингда юрармиканман...

Qayd etilgan


Ansora  17 Sentyabr 2010, 13:11:16

VII
Адолат соғинчи



ҚЎШИҚ АЙТГИМ КЕЛАР

Қўшиқ айтгим келар,
Дилдаги ҳислар —
Қафасдаги қушдай
Чиқмоқчи қочиб
Марҳабо дер эдим
Вақтимни хушлаб,
Кўнглим дарчасини
Қўярдим очиб.
Қўшиқ айтгим келар,
Атрофим жимжит...
Аммо куйламоққа қўрқаман шу дам
Чунки чақалоғи ухласа тинчиб,
Бевақт уйғонмасин,
Дер экан одам.


ТОВУШЛАР

Тўхтаманг, дарёлар, тўхтаманг,
Тўхтаманг булбуллар сайрашдан.
Қўшикдар, наволар тўхтаманг.
Тўхтаманг булоқлар қайнашдан.
Ҳайқиринг моторлар гуриллаб,
Рубоблар, танбурлар тинмангиз.
Тинмангиз болғалар гурсиллаб —
Кўнглимга яқин бир нимангиз.
Ҳаётнинг илҳому туҳфасин
Ардоқланг.
Ошиқлар, тўхтаманг.
Урушлар, қирғинлар тўхтасин.
Сиз эса, қўшиқлар, тўхтаманг.


ДИЛКАШ БИР НАВО

Нола қилар қайдадир сато,
Қайси дилни таржима қилиб.
Қайси дилга бағишлар шифо,
Хаёлларга муқобил келиб.

Шом елида чайқалиб аста,
Гуллар олар танига қувват.
Шивирламас тераклар хаста,
Толлар тилар бу дам сукунат.

Ҳоким бўлиб борлиққа бу дам,
Жаранглайди дилкаш бир наво.
Замона тинч, гўзалдир олам,
Оқшом эса сўлим — бебаҳо.


ҚАЙДАДИР БИР ҚЎШИҚ

Қайдадир бир қўшиқ жаранглаб,
Дарёдай оқади боғларга.
Сен уни излама аланглаб,
Тингламоқ истаган чоғларда.

У қўшиқ қалбларга нур берар,
Бошингда айланар бир умр.
Бегона кўзлардан беркинар,
У сенинг энг нозик сирингдир.


СЎЛИМ ОҚШОМ

Ҳали замон порлайди юлдуз,
Юлдузлар аро
Тортинчоқ янги ой кезар оҳиста.
Мен унга қарайман,
Бир мунис наво
Дилга малҳам бўлиб келар олисдан
Дилором навою,
Майин бир эпкин...
Оҳ, қанчалар роҳат сўлим оқшом бу.
Тандаги чарчоқлар тарқади секин,
Иссикдан мудраган ҳислар уйғонди.
Бурун ҳам бўлганми бундай оқшомлар,
Бошқалар ҳам мендай қилганми роҳат.
Шундай шомни кўрган бўлса одамлар,
Бор экан дунёда, бор экан-ку бахт.
Эпкин қанотида оқиб келар куй,
Қўшиқ олиб келар томирларимдан.
Қўшиқ бўлиб райҳон тарқатади бўй,
Чилвир сочли ёрнинг кокилларида.


ОҲАНГЛАР

Ҳар йилнинг ўзгача оҳанглари бор,
Ўзга оҳанги бор ҳар бир фаслнинг.
Аммо бир куй доим этади хумор,
Қонида жўш урар ҳар бир наслнинг.

Уни шовқин билан босмоқ истайди,
Қонларни жўштириб янги тўлқинлар.
Рангли шуъла билан «кел», деб қистайди,
«Кел, яйра! Унут!» деб сирли ёлқинлар.

Бир гуруҳ қочади қулоғи битиб,
Бир гуруҳ ағрайиб қилар томоша.
Бир гуруҳ қондаги куйни унутиб,
Унга талпинади анъана оша.

Техника асрининг қўшиқлари йўқ,
Қонингни ўйнатиб тортар ўйинга.
Сеҳрлаб олганда ихтиёринг йўқ,
Буткул бахш этасан ўзингни унга.

Сут билан кирган куй кўнгил тубида,
Тош остида қолган майса сингари.
Ё чидаб ётади босим кучига,
Ё ўша куйларга сингади.

Гарчи ҳар қадамда янграб турса ҳам,
Шовқин ё ноз билан қуриб тўсиқлар.
Темир соз остида топмайди барҳам,
Ўзимизнинг ғамгин қўшиқлар.


КИМ УЧУН КУЙЛАЙМАН?

«Фойдали, бефойда аниқ билмайман,
Аммо қўшиғингни ким учун айтдинг?
Эл безор ё шайдо аниқ билмайман,
Қанча заҳмат чекдинг, неча кун айтдинг
Кимга айтдинг қўшиқларингни?

Сен бозор жойида куйладинг тинмай,
Биров сотса, бири харид қиларди.
Мевангдан ранжимай,
Ёки суюнмай
Ҳар ким ўз ташвишу дардин биларди,
Кимга айтдинг қўшиқларингни?»

Рост, шеъримдан ҳеч ким ҳузур қилмаса,
Қўзғалмаса дилда ҳавас ё қувонч,
Қайғусига ҳамдард, сирдош бўлмаса,
Ноумид пайтида бермаса ишонч,
Кимга айтдим қўшиқларимни?


ТОНГОТАР...

Ҳали кўчамиздан бўғиқ гуриллаб
Бирорта машина ўтганича йўқ.
У стол устидаги соат чириллаб,
Ҳали олтига бонг урганича йўқ.

Ҳали ухлар бахтни тушида кўриб,
Бахтга ошиқ бўлган йигитлар, қизлар.
Ҳали ишхона ё кўчада юриб,
Кундузги ташвишлар эгасин излар.

Мен-чи, хаёл суриб ҳовлида якка,
Сокин тонготарга солардим қулоқ.
Ҳаёт ухлар эди гўдакка ўхшаб,
Орзулари эса юрарди уйғоқ.


ЎЗНИ АНГЛАШ

Оқ отли Кун,
Қора отли Тун
Ўтар экан умрим йўлидан —
Деди: «Ғофил, кўзингни очгин,
Тут ўзингни англаш қўлидан».

«Шу ҳам гапми», дедим ичимда,
Ким ўзини билмайди, ахир.
Ишонмасам акдим, кучимга,
Ботмас эди бунчалар оғир.

Кўнглим қаттиқ оғриди, лекин,
Кўп ўтмасдан унутдим чалғиб.
Иқбол излаб борардим секин
Дилда ишонч шуъласи балқиб.

Бекор юрмай ўқиб, ишладим,
Мўъжизага ишондим ҳар он.
Аниқ билмай недир изладим,
Кўп йўлларда гоҳ кездим сарсон.

Омад менга кулиб боққанда,
Юз ўгирдим мўъжиза излаб.
Мўъжиза дуч келмади менга.
Афсус дейман ёшлигим эслаб.

Оқ отли Кун,
Қора отли Тун
Ҳамон ўтар умрим йўлидан.
Тикилиб қарайман уларга вазмин,
Тутмоқчи бўламан қўлидан.

Ғанимат дамларим чўзилса,
Топсам дейман йўқотганимни.
Нима қилай тинчим бузилса,
Танидим-ку, ахир ғанимни.

Оқ отли Кун,
Қора отли Тун...
Энди лойқа хаёлим тинди.
Карам қилиб мададкор бўлгин,
Мен ўзимни англадим энди.


СЕВИЛМАГАН ҚИЗДАЙ

Севилмаган қиздаймикан, шеърим, ҳолатинг,
Орзуларинг қуриб ётган ариқлаймикан?
Отилмаган ўкдаймикан умр давлатинг,
Елкангдаги тоғ деган юк тарикдаймикан?

Наҳот, наҳот мен ҳавойи ҳавас отида
Шеърият кўчасин бекор чангитиб юрсам.
Умид бўлар, мақсад бўлар шоир зотида
Наҳот мен «бўлганим шу» деб серрайиб турсам.

Наҳот турган бўлсам лоқайд кўкка тикилиб,
«Олма пиш, оғзимга туш» деб паришонхотир.
Увол девори босмасми ногоҳ йиқилиб,
Девор босиб қолган эрни ким дегай ботир.

Севилмоққа сазовор не фазилатинг бор?
Назарга туш, кўрсат нега қодирлигингни.
Эл корига ярамаса Маъруф, не даркор,
Ким севади қофиябоз шоирлигингни?


ДЎСТИМ МАҲМУДГА

Кеча сени излаб бордим,
Йўқ экансан уйингда.
Тополмасдан руҳим чўкди,
Ҳолим бўлди паришон.
Кетишни ҳам, кутишни ҳам
Билмай турдим кўйингда,
Бўлмас сенга ёрилмасам,
Эзиб ташлайди армон.
Ишхонангга боргим келмас,
Ёқтирмайман сариқни,
Уни кўрсам эсга тушар
Эсдан чиққан ханжарим.
Бир ариқдан сув ичса у
Кўмар эдим ариқни,
Илон каби тўлғанаман
Уни эслаган сарим.


АДОЛАТ СОҒИНЧИ

Дорисиз ҳавони,
Дорисиз сувни,
Дорисиз тупроқни соғиндим.
Тўғонсиз дарёни,
Сув тўла Оролни,
Ям-яшил ўтлоқни соғиндим.

Эл кезиб, юрт кезиб,
Серпардоз, ҳавойи сўзлардан безиб,
Қайта қуриш машқини сезиб.
Маслакдош ўртоқни соғиндим.

Бир кўрмоққа сени зор эдим.
Дийдорингта интизор эдим,
Соғинтириб қўйгандинг жуда,
О, Адолат, сени соғиндим.

Тезроқ келгин, тинсин маломат,
Бор экан деб, ахир саломат,
Таскин топиб, эл қилсин роҳат,
Кел, Адолат, сени соғиндим.

Майли ароқ топилмай кетсин,
Тамаки ҳам чекилмай кетсин,
Буларсиз-ку яшамоқ мумкин,
Адолатсиз яшамоқ қийин,
Кел, Адолат, сени соғиндим.


КАЙФИЯТ

Боғда бир қуш чекарди нола,
Борлиқ уни тингларди вола.
Гуллар сархуш, маҳлиё бўлиб,
Турар эди оғзи очилиб,
Кўкрак кериб дарахтлар собит
Япроқлари сакдарди сукут.
Боғ айланиб юрардим шодон,
Қолмагандай дунёда армон,
Ўлкам жаннат туюлар эди,
Дилга бир нур қуйилар эди.
Гўзал бир қуш келиб қошимга,
Аста қўнди сайраб бошимга.
Катта-кичик турфа ранг қушлар
Учиб келди гўё олқишлаб...
Муродлари ҳосил бўлгандай.
Кўнгил завқу шавққа тўлгандай,
Бир сўзлаб ўн кулишар эди,
Чуғур-чуғур қилишар эди.
Уйқум қочиб чуғур-чуғурдан,
Юмуқ кўзим очилди бирдан.
Тонг отмокда. Дарахтда қушлар
Сайрар эди тонгни олқишлаб.
Ҳайрон бўлиб тушдаги сирга.
Шукроналар айтдим тақдирга.
Уйдан чиқсам, таниш кўчамиз
Бир меҳрибон, мунис ва тамиз —
Бинолари турарди кулиб,
Дарахтлари тавозе қилиб,
Майсалар шўх силкинар эди,
Мен томонга юлқинар эди.
Кимнинг кўнгли бўлса шундай шод,
Вайрона ҳам кўринар обод.
Юрагида жўш уриб ҳиммат,
Қуйилади танига қувват.


ЯХШИЛИК ҚИЛГАНДА

Ёшликда бор эди икки каптарим.
Янгроқ орзуларим, кўнгил дафтарим.

Бири оппоқ эди, бири кўк эди,
Улар билан ҳар дам кўнглим тўқ эди.

Кўк каптарим тухум босарди инда,
Оқ каптарим парвоз этарди шунда.

Бирдан пайдо бўлди қандайдир калхат,
Каптарга ташланди гўёки даҳшат.

Толдан камон ясаб олиб юрардим,
Ўқлаб камонимни қўйиб юбордим.

Оқ патлар сочилиб кетди ҳавога,
Қайга, қайга борай энди даъвога?

Бошидан арисин дегандим хатар,
Ёнимга йиқилди ўқимдан каптар.

Унда бола эдим, улғайди ёшим,
Аммо ҳамон қотар девона бошим.

Дўст дўстга яхшилик қилганда зинҳор
Каптар қисматига бўлмасин дучор.


УМР

Кимлар бу кўчадан ўтмаган?
Ҳиммати дарёдан устунроқ,
Ғазаби вулқондан жўшқинроқ,
Юраги осмондай кенгларми?
Мардликда Темурга тенгларми?
Ё мактаб, ё пахса уй қуриб,
Ё ўксик кўнгилни тўлдириб,
Ҳар тонгдан бир ҳиммат кутганлар?
Ё алдаб разил иш тутганлар?
Зиндонда нур кўрмай синиққан,
Ё омоч етаклаб чиниққан,
Меҳрибон, заҳматкаш деҳқонми,
Босқинчи, бешафқат хоқонми —
Кимлар бу кўчадан ўтмаган?

Замонлар ортидан чанг бўлиб
Умидлар қолганмиш тўкилиб.
Шуларни авайлаб тераман,
Асра, деб шеъримга бераман.
Юрмоққа келганда навбатим,
Меҳнату ишқ бўлди улфатим.
Йиллардир, ойлардир унга зеб
Қисқаси, аталар УМР деб.
Кимлар бу кўчадан ўтмаган.


СЎЗСИЗ ҚЎШИҚ

Бир йигит оҳиста бошлади қўшиқ,
Оҳиста сузилди хаёлчан кўзи,
Куйлади, куйлади энтикиб, жўшиб,
Аммо қўшиғининг йўқ эди сўзи.

Ошиқлар ноласи бор эди унда,
Бор эди кексалар ақли нуфузи.
Қўшиқ зуваласи бор эди унда,
Аммо қўшиғининг йўқ эди сўзи.

Тилга олиб бўлмас бирор гуноҳнинг
Эҳтимол қўшикда ётгандир изи.
Виждон азобидир сохта гувоҳнинг,
Аммо қўшиғининг йўқ эди сўзи.

Балки дўст қилмиши солинди куйга,
Эҳтимол эсланди кимнингдир тузи.
Бир лаҳза ҳаммани толдирди ўйга,
Аммо қўшиғининг йўқ эди сўзи.

Ҳар қалай бор эди даҳшатли бир гап,
Уни айтмасликка чидолмас ўзи.
Куйларди ҳаммага бирма-бир қараб,
Аммо қўшиғининг йўқ эди сўзи.


ТОҒЛАР

Қоядан бир парча узилиб кетса,
Дердим: балки тоғнинг гапирганидир.
Балки олам билан нола қилгани,
Балки қучоғига чақирганидир.

Кейин билсам дунё ёш эмас экан,
Ҳайрон қилган экан кўпларни аввал.
Ҳеч ким бунинг сирин ечолмас экан,
Яшаб нимагадир бўларкан махтал.

Умид етаклаган ҳаммани ишга,
Аммо бахт ҳар кимга бўлмаган насиб.
Бировни йўқчилик минг кўйга солса,
Бировни хиёнат ўлдирган осиб.

Умид тинч қўймаган одамларни ҳеч,
Бахтиёр кунларга ундаган тинмай.
Бировнинг қўлига тутқизса қилич,
Бировнинг уйини ғам босган тундай.

Ҳаётга йўл топмай сўлган ғунчалар,
Армон бўлиб киргач шўрлик тупроққа
Дунё ғариб бўлиб қолса шунчалар,
Ер қандай чидасин бундай фироққа.

Бахтиёр кун ишқи бўлмаган забун,
Гўрда ҳам бир умид ўнталаб туққан.
Тоқат бомба каби портлаган куни
У ер қаърин ёриб, тоғ бўлиб чиққан.

Тоғдан пастга боқиб турибман танҳо,
Кўзимга ташланар беҳисоб конлар.
Унинг ҳар зарраси асил кимё,
Шунча нодир экан ўша армонлар.


ИЛҲОМИМ

Ҳисоб бер, илҳомим, кеч келдинг нега?
Ёки мен йўлингга чиқмаганмидим?
Ёки бўлмовдимми ахдимга эга,
Хизматингга умрим тикмаганмидим?

Одамда кайфият бўларкан ҳар хил,
Баъзан сиғмас экан кўнгилга гул ҳам.
Билмасдан шаънингга тегиздимми тил,
Ёки кўрмадимми шодлигим баҳам?

Ё кўз-кўз қилдимми бевақт ранжитиб,
Ё ташлаб қўйдимми қадрингга етмай?
Ноҳақ ишлатдимми сени камситиб,
Бефарқ қарадимми тафаккур этмай?

Ошналарим ҳар хил, ошналарим кўп,
Бири юрагимдай ҳамиша бирга.
Бири ўсал бўлсам кетар юз буриб,
Бири таъна қилар мен бесабрга.

Агар таънанг бўлса айтавер сен ҳам,
Айтавер, илҳомим, ранжимайман ҳеч.
Майли, ситам қилгил,
Қилмагил карам.
Майли, қўлингга ол найза ё қилич...

Аммо юрагимга қўл солмай туриб,
Сен ҳам кетиб қолма, мендан юз буриб.


ГАП БУНДА ЭМАС

Ҳеч ким кўрмаганни кўрар эмиш у,
Юлдузни бенарвон урар эмиш у.
Ҳар бурчакни ҳидлаб юрар эмиш у,
Шундай феъли билан тулкими, оҳу?
Гап бунда эмас.

Хушомад, мақтовга маҳлиё эмиш,
Ҳунари фитнаю дийдиё эмиш,
Риёкор шевали беҳаё эмиш,
Кўнглимни у каби совутолмас қиш.
Гап бунда эмас.

Бир юзида кулги, бир юзида ғам,
Гаплари буррою ишлари мубҳам.
Қорни тўқ бўлса ҳам, кўзи оч ҳардам,
Шундай феъли билан бўрими, одам?
Гап бунда эмас.

Уялмай беш қўлин оғзига тиқар,
Нафси полвонликда тоғни ҳам йиқар,
Аммо доим сувдан ҳўл бўлмай чиқар
Яна фақир каби маъсум бош букар,
Гап бунда эмас.

Инсоф деган нарса улашилган пайт,
Кеч қолган одамга аталди шу байт,
Ҳали ҳам кеч эмас, нопок йўлдан қайт,
(Қаламим! Шоирлар, сизмас бу деб айт).
Гап бунда эмас.


СУЛАЙМОН ЎЛДИ ДЕБ

Сулаймон ўлди деб девлар қутурмиш,
Кўтариб бош ўзин ҳар ёнга урмиш.
Қилиб пайҳон гулистонларга кирмиш,
Одамларни чўлу сахрога сурмиш,
Сулаймон ўрнига тахтга ўтирмиш.

Ҳовучлаб кўксини, титрабди олам,
Қуюнга бурканиб, бутрабди олам,
Кутиб бир қаҳрамон, мудрабди олам,
Ниҳоят учратиб, қутлабди олам,
Шулар тунда менинг тушимга кирмиш


БАҲО

Нима бўлибди-ю, Пушкин бир куни
Дельвигни мақтабди «Бу — зўр шоир»
Ҳамма ҳурмат қила бошлабди уни,
Ўқибди китобин чангини артиб.

Ҳеч ким устун бўлмас томсиз дунёга,
Бир куни оламдан ўтибди Пушкин.
Энди кимга борар Дельвиг баҳога,
Энди Пушкин унга таратмас мушкин.

Одамлар ақлини бир жойга йиғиб,
Дельвигни ўқиса очиқ кўз билан.
Ҳеч нарса йўқ эмиш унинг шеърида,
Қофия бор эмиш қуруқ сўз билан.

Миш-мишчи шоввозлар, унчалик эмас,
Пушкинни дидсиз деб ўйламанг сира.
Мен сиздан Дельвигни кўраман афзал,
Яқин бўлсангиз ҳам Дельвигдан кўра.


КЕКСАЛИК

Хотира суст, хаёл паришон,
Аввалгидай чақнамас кўзлар.
Ғайрат бору етмайди дармон,
Қайнаб ётар ичимда сўзлар.

Тонгда кетар ўғил хизматга,
Фабрикага кетади келин.
Бири боқча, бири мактабга,
Неваралар йўл олар секин.

Кўп қаватли шинам маконда
Тағин ўзим қоламан ёлғиз.
Телевизор қўяман шунда,
Гоҳи кўнглим бўлади нохуш.

Эрмак қилиб қараб турмоққа
На экин бор, на мол, на товуқ.
Ғайрат қўймас жим ўтирмоққа,
Дармоним йўқ, эрмагим ҳам йўқ.

Чиқаману кўчага секин,
Майли сўнгра ўзидан кўрсин.
Бошимдаги кексалик дардин
Адаштириб келаман бир кун.


СОДИҚМАН ДЕМАДИМ

Ҳеч кимнинг ҳақини емадим.
Бузмадим ҳеч кимни уйини.
Хўрланган одамдан кулмадим,
Азага дўнмадим тўйини.

Юзсизлар олдида тилим тутилиб,
Баъзан гуноҳкордай қочса-да кўзим,
Содиқман демадим хиёнат қилиб,
Ҳамманинг олдида ёруғдир юзим.


ЭСИМГА ТУШАР

Эсимга тушар баъзан
Оқдарёнинг бўйлари...
Юлғун, ёввойи жийда
Ўсиб ётган ўтлокдар.
Еру осмонни тутган
Кўк қушларнинг куйлари,
Сафар лўли кемаси
Тошқинда оққан чоқлар.

Гулдор кўйлак, иштонли
Болалигим қайдасан?
Қайдасиз гоҳи судраб,
Гоҳи учирган йиллар?
Юлғун, ёввойи жийда,
Ўтлоқ қаерга кетган?
Қани у тошқин дарё,
Қани сўлим соҳиллар?

Хайрият, хотира бор,
Ёшликда кўрганларинг
Қалбинг хазинасини
Нурга тўлдириб турар.
Хайрият, хотира бор,
Ёшликда кўрганларинг,
Озор бериб бўлса ҳам
Бағрингда бирга юрар.

Ўспирин юрагингда
Соҳир бир ҳис уйғониб,
Не-не умид гуллари
Яшнаб кўнгил боғингда,
Тинимсиз айтар эдинг,
Такрор қилардинг ёниб,
Бошқа қўшиқ йўқ гўё
«Энг гуллаган ёшлик чоғимда»н.


УЧ ОҒАЙНИ БОТИРЛАР
(Ғайбулла Ас-Салом, Нажмиддин Комил ва Тилак Жўрага)

Уч оғайни ботир фақат эртакдамас,
Ҳаётда ҳам бўлар экан, ҳаётда ҳам.
Кўрган одам қилар эди дилдан ҳавас,
Устоз-шогирд қандай иноқ, ҳамкор, ҳамдам.

Фикр отин миниб чопган чавандозлар,
Фан чўққисин маҳв айлаган тирандозлар,
Илм боғин обод қилган бу шоввозлар
Кам бўлмагай икки дунё, бўлмагай кам.

Учта ниҳол эдилар ҳар ерда ўсган,
Тошкент келиб, чинор бўлиб фикри ўзган,
Тангрим, асра деяр эдим ёмон кўздан,
Ғов бўлмасин йўлларига қайғу, алам.

Аммо кулфат панд бермаган кимса борми?
Ким қолдирар аро йўлда содиқ ёрни?
Ғам ўлдирар ҳамкори йўқ, кўнгли торни,
Устоз, сизнинг бардошингиз тоғдай маҳкам.

Бошингизга ёққан кулфат зарбасидан,
Ёки қисмат юборган дард ҳамласидан,
Кўзи тиниб мавҳум кураш ғамзасидан,
Кенжа ботир тополмасдан кетди малҳам.

Малҳам истаб ишонч отин олға сурди,
Маккор умид кўчалари адаштирди,
Тоғдай оғир фалокатни енгил кўрди,
Руҳи кучли эди унинг, руҳи бардам.

«Кенжа ботир эртакларда ўлган эмас,
Ё чорасиз қолиб, мағлуб бўлган эмас,
Дўсти йиғлаб, душманлари кулган эмас,
Охиратинг обод бўлсин жоним, укам».

Катта ака йиғлар юрак, бағри куйиб,
Кичик ака ўксинади қовоқ уйиб,
«Ижод қилсанг бўлмасмиди тўйиб-тўйиб,
Бор эди-ку қўлгинангда ўткир қалам».

Аммо тақдир ҳикматига ҳеч чора йўқ,
Бу жумбоқни ҳал қилган бир овора йўқ,
Умид шами ёниб турган кўнгиллар тўқ,
У бўлмаса босар эди оламни ғам.

Ўзбек илми байроғини баланд тутиб,
Таржима ва тасаввуф шаробин ютиб,
Қанча юксак довонлардан дадил ўтиб,
Ёруғ юз-ла қўймоқдасиз олға қадам.

Эранларга ҳамроҳ бўлган ит сингари,
Мен эргашиб кетмокдаман манзил сари,
Авлодларга ошкор бўлар бир кун бари,
Нима учун қўшилганим билар олам.


ОЗОД РУҲ

Кўнгил деган бир қуш бор,
Учқурликда тенги йўқ.
Қафасга солиб бўлмас,
Ранжитиб олиб бўлмас,
От ўйнатиб бошида
Топтаган ғолиб бўлмас.
Кўнгил деган бир қуш бор
Учқурликда тенги йўқ!

Тилга кишан солинса,
Қўлга кишан солинса,
Одам ҳақми, ноҳақми,
Тутқун қилиб олинса...
Эркидан жудо бўлиб,
Ночор аламга тўлиб,
Ўртанса ҳам армонда
Ранги кундан-кун сўлиб.
Кўнгил деган бир қуш бор
Учқурликда тенги йўқ!

Қариндош, ёру дўстдан
Бўлса ҳамки узоқда.
Ҳар қадами, ҳар сўзи
Бўлса ҳамки санокда,
Масофани, муддатни
Тан олмагай озод руҳ,
Кўнгил деган бир қуш бор
Учқурликда тенги йўқ!


ХОЛАЖОН
(Онабиби холамни хотирлаб)

Сиз бор пайтлар синиқ кўнглим тўқ эди,
Сиз туфайли ҳасрат, ғамим йўқ эди,
Энди сизни қайдан излай, холажон,
Армонларим кимга сўзлай, холажон.
Ота-онам кун кўрмаган дунёда,
Қалам билан мен бахт топдим зиёда
Сиз ҳам бахтли онларимни кутдингиз,
Дуо қилиб, умид билан кетдингиз.
Энди сизни қайдан излай, холажон,
Армонларим кимга сўзлай, холажон.

Мени ўйлаб мудом куйиб-пишдингиз,
Парвоз қилсам, қарчиғайдай учдингиз.
Мен маломат тоши тегиб «оҳ» десам,
Сиз осмондан ерга қулаб тушдингиз,
Пешонамни силаб туриб шунда ҳам,
«Йигит моли ерда, кўп куйма, болам»,
Деб кўнглимни кўтардингиз эрта-кеч,
Сизни хурсанд қилолмадим, нетай, ҳеч.
Энди сизни қайдан излай, холажон,
Хурсанд чоғим кимга чопай, холажон.

Ёшлик экан, қарор топмай бир жойда
Кўнгил кўчасида кездим бефойда.
Сиз ўйлаган режаларни англамай,
Мағзи бутун ўгитларни тингламай,
Ёшим ўтиб, акдим пишган онимда,
Афсус-афсус, сиз йўкдирсиз ёнимда.
Тўққиз фарзандингиз бари валломат,
Жигарларим бўлсин соғу саломат.
Энди сизни қайдан топай, холажон,
Армонларим кимга айтай, холажон.

Сўзингиз бол, юзларингиз нуроний,
Бой эдингиз қиёси йўқ руҳоний.
«Ҳафтияк»ни хатм қилиб неча бор,
«Анбиёлар қиссаси»ни не микдор —
Ўқиб турган ҳолатингиз кўргандим,
Вола бўлиб қошингизда тургандим
Дуо қилиб, тилардингиз ҳаловат,
Доим эслаб мен қилурман тиловат
Масканингиз жаннат бўлсин, холажон,
Тангрим сизни раҳмат қилсин, холажон.


СЕНГА ҒОЙИБОНА

Сенга ғойибона саломлар йўллаб,
Қоғозга қалбимни бўшатганда гоҳ,
Йиртиқ ёқасини кўз ёш-ла ҳўллаб,
Хира ой нурида келар бир арвоҳ.

Аламли кўзида гулдай илтижо,
Заъфарон юзида меҳру ташналик.
Бўрсиқ лабларида аччиқ истеҳзо,
Аммо вужудидан ёғар рўшнолик.

У менга сўзламоқ истар эҳтимол,
Эҳтимол у мени гапга солмоқчи
Аммо маъюс боқиб туради беҳол,
Балки хотирамда шундай қолмоқчи.

Балки қилинмаган ҳаракат учун
Менинг юрагимдан асос истайди.
Балки самарасиз, номсиз ўлган кун
Бу кеча Маъруфдан қасос истайди.

Балки тақдиримни каромат қилиб,
Нотаниш йўллардан сўзлаб ҳикоя,
Балки валломатлик устидан кулиб,
Олий тилакларга қилар киноя.

Балки сукутдир у, эҳтимол фарёд,
Балки ўтмишдир у, балки истиқбол.
Нимадир-нимадир, билмайман, ҳайҳот
Арвоҳ бўлиб менга кўринган савол.


СОҒИНЧ

Айланолмай нимадир сўзга,
Эшитилар мазмундор саси!
Эгатлардан уфурар юзга
Иссиқ-иссиқ соғинч нафаси.

Томоғимга тиқилар недир,
Кўзларимда айланади ёш.
Шохи билан оҳиста елпир,
Кўчаларда толлар эгиб бош.

Хиёбонлар соғинч уфурар,
Ариқларда жилдирар соғинч.
Юрагимда соғинч ўкирар,
Мезон бўлиб хилпирар соғинч.

Мен бир орзу ортидан қувиб,
Кетган эдим бу ердан олис.
Энди ушбу далаларда мен
Соғинчимни кўраман ёлғиз.


ОЙ ТУТИЛГАН КЕЧА
(Болалик хотираси)

Ҳаммаёкда тақир-туқир,
Ҳаммаёкда ҳаяжон.
Босиб келар бир фалокат,
Ташвиш чекар тирик жон.

«Одам зоти айниб кетди,
Ботиб кетдик гуноҳга...
Тавба...» дейди бувим тинмай,
Ёлворади Оллоҳга.

Ойни аждар ютаётир,
Бўлмоқда замон охир.
Бу кулфатга чидаш қийин,
Бу фалокат кўп оғир.

«Паноҳингда асрагин», деб
Холам нола чексалар,
Баланд-баланд хониш қилиб
Дуо ўқир кексалар.

Ким челак, кйм мис тоғора
Ва чўп олиб қўлига,
Тақир-туқир ваҳм солар
Аждаҳонинг дилига.

Мен ҳам эски тоғорани
Дангирлатиб урардим.
Аждар ойнинг бир четини
Ютганини кўрардим.

Қора кучлар юрагига
Шундай солиб таҳлика,
Ойни омон сақлаб қолдик
Одамларнинг бахтига.

Йиллар ўтди. Ой тутилса
Садо чиқмас ҳеч ердан.
Ҳеч ким энди ташвиш чекмас,
Хабардор ҳамма сирдан.

Ўйлатади кулги қўзғаб
Эсга тушса у дамлар.
Эҳ, нақадар содда эди,
Якдил эди одамлар.


ОДАМ БОРКИ

Одам борки, кўрганингда кўнгил ўсади,
Бирам мунис, бирам дилкаш кўринур олам
Одам борки, кўрганингда кўнгил чўкади.
Гуллар нохуш, кўчалар тунд, ҳаммаёқ мотам.


НАВРЎЗ КЕЛДИ

Мовий осмон тиниқ-тиниқ,
Заминга яшил ранг эниб,
Тиниқ гулдан либос кийиб,
Наврўз келди, Наврўз келди.

Фақат ариқда сув лойқа,
Чопар ўхшаб асов тойга.
Ўзгариш бор қуёш, ойда,
Наврўз келди, Наврўз келди.

Ҳалим пишар бир қозонда,
Сумалакдир бир томонда,
Завқ-шавқ бериб тирик жонга,
Наврўз келди, Наврўз келди.

Бугун қўшни қўшиб деҳқон,
Ерни ҳайдаб сочади дон,
Эртам бўлар деб фаровон
Наврўз келди, Наврўз келди.

Шундай ўтган байрам бурун,
Янгиланар одам бугун,
Юракларда қолмас тугун
Наврўз келди, Наврўз келди.

Маъруф, сен ҳам созингни ол,
Бир чеккада сурма хаёл.
Покланиш, шавқ куйини чол,
Наврўз келди, Наврўз келди.


ШАМОЛ

Дала бўйлаб югурар шамол,
Билмадим у нима излайди.
Ҳар дарахтга беради савол,
Ҳар бир ниҳол бошин силайди.

Тополмайди бир жойда қўним,
Югуради тиним билмасдан.
Ундан аҳвол сўрамас ҳеч ким,
Мен ҳам унга савол бермасман.

Қишда совуқ қўллари билан
Гоҳ тўплаб, гоҳ сочади қорни.
Нишон қолмас далада йўлдан,
Менга унинг бир қасди борми?

Баҳор чоғи парвона бўлиб
Табиатга суйкалар аста.
Боқар экан ғунчалар кулиб,
Тўлиб кетар олам ҳавасга.

Аммо шамол билмайди қўним,
Шамол каби хаёлим сарсон.
Сенсиз шундай ўтади куним,
Юрагимни эзғилар армон...


ҲАМИД ОЛИМЖОНГА

1

Менинг қасосим бор тасодифларда —
Дунёга келмаган достонлар учун,
Сўнгига етмаган имконлар учун,
Битмас жароҳатдай армонлар учун,
Аро йўлда қолган дармонлар учун
Менинг қасосим бор тасодифларда.

2

Ҳамон Ойгул билан Бахтиёр менга
Ўргатар яшашдан недир муддао...
Озодлик келтириб тутқун заминга,
Севги, жасоратга бағишлар маъно.
Бунёду Паризод қиссасин тунлар
Ўқиб ёш жонимга пайванд қилган дам
Нотинч юрагимда чақнаб учқунлар
Семурғ қанотида учганман мен ҳам.

Аммо қисматингдан зарра бехабар,
Сенинг руҳинг билан олганман нафас.
Шеърий диёрингни кезиб сарбасар,
Шеърий дунёларга қўйганман ҳавас.
Тасодиф: «Насибанг тугади», — деди
Мағлуб бўлмасанг ҳам муҳорибларда.
Ростдан ҳам бу ўлим тасодифмиди,
Менинг қасосим бор тасодифларда.

3

Юксак чўққи каби эртагинг омон,
Шеърият тоғида ёлғиздир ҳамон.
Ҳамон ақлларга қувват ва роҳат
Ҳамда юракларга бериб ҳарорат,
Бир давр уфқини ёритиб мангу
Юксак-юксакларга чорлаб турар у.
Чала қолгани-чун учқур ўйлари,
Умр йўлин шартта кесгани учун,
Ногоҳ кулфат бўлиб эзгани учун
Менинг қасосим бор тасодифларда.


ТАРИХ

Тарих гўзал дунё. Ғурурин ютмай,
Кимки ҳайрон бўлиб қилса томоша.
Минг йил ўтиб кетган бўлса ҳам битмай,
Чала қолган ишлар ҳалиям ўша.

Улар-қу ўзгармас энди ҳеч қачон,
Энди сурат каби хавфсиз у жанглар.
Аммо янграб қолар ростдай ҳар замон
Бузилган кўчада сохта оҳанглар.


ТАЗОДЛАР

Мағрурман дейсану қарайсан ювош,
Миннатни сезмайсан маош олган дам.
Унинг туҳфасимас кўкдаги қуёш,
Қуёш чиқаверар у бўлмаса ҳам.

Баҳор келаверар, олам яшариб,
Бизнинг баҳоримиз бўлмайди такрор.
Юртинг хароб этиб, мардингни қириб,
Сизни озод дегувчилар бор.

Баъзан кулиб туриб йиғлашинг тузук,
Зарда қилганинг ҳам лабингни буриб,
Аммо ёвга кулиб боққанинг қизиқ,
Мақтаганинг қизиқ лаънатлаб туриб.

Оқ билан қора ранг камдир тасвирга,
Қафас билан шамдир икки хил бўёқ.
Аммо ичингдаги сабр занжирин,
Беғамлик занжирин узайин қандоқ.


ЎЗИГА ИШОНМАЙ ҚОЛГАНДА

Суянардим сенга аввал,
Сен бор, кўнглим тўқ эди.
Нетай бехос тойган маҳал
Суянчиғим йўқ энди.

Ёруғ уйдан тунга чиққан
Одам каби турмайман —
Юрагимни равшан қил деб,
Ишонч, сени чорлайман.

Кел, азизим,
Ҳаётим, кел,
Тоқатим йўқ зиёда.
Мен ўзимга ишонмасдан
Яшолмайман дунёда.


ҲАЁТ ҚИЗИҚ

Ҳаёт қизиқ китобга ўхшар...
Аммо воқеалар бунда атайлаб,
Жойлаштирилмаган навбати билан,
Қаҳрамонлар эса олинмас сайлаб,
Иш қилмас ёзувчи рағбати билан.

Тонг билан сўзлашиб яккама-якка,
Қуёш чиқишини кузатмас ҳар ким.
Ҳар ким ета олмас юксак-юксакка,
Нажотни ҳар кимга узатмас ҳар ким.

Китобда ўзгарар ҳамма қаҳрамон,
Ҳаммаси юксалар пояма-поя,
Китобда бу яхши, униси ёмон,
Чала қолиб кетмас бирорта ғоя.

Бунақа чегара ҳаётда бўлмас,
Воқеа давомин, кузатмоқ мушкул.
Чалкашиб кетади, аммо ечилмас,
Кичкина тугун ҳам, муаммо тугул.

Мен эса оламда нимаки бўлса,
Бутун борлиғича кўрмоқ истайман.
Кўрмоқни истайман охиригача,
Лекин дунёни мен қандай қистайман.

Барибир у менинг раъйимга юрмас,
Ўзи билганидан қайтмас барибир.
Унинг қонунлари сира эскирмас,
Унга насиб қилган шунақа тақдир...

Мен бўлса ишониб шеър қудратига,
Инсофга чақириб ноинсофларни,
Малҳам излар эдим юртим дардига,
Олиб ташлай дея сохта ғовларни.


АДАШГАНДА

Яхши ният отига миниб,
Гоҳ салт юриб, гоҳи қистадим.
Аммо умид манзили шу деб,
Адаштирди яна қисматим.

Изтиробнинг кўчалари кўп,
Эгри-бугри, поёнсиз экан.
Ғазаб, ўкинч, аламлар тўп-тўп,
Армонлари баёнсиз экан.

Кўнгил уйи ёришарми деб,
Ёнарми деб умид чироғи —
Не-не тоғу чўллардан ўтиб,
Йўқолса деб хатолар доғи —

Нажот излаб югурдим ҳарён,
Ўзгалардан истадим нажот.
Ақлим кўриб, бўлди кўп ҳайрон
Деди: «Ҳамон билмадинг наҳот!

Сен кимлардан нажот тиладинг,
Наҳот шуни билмадинг ҳануз:
Мушкулингни осон қилгувчи
Мададкоринг Тангридир ёлғиз».


ТАНГРИ АЗИЗ ҚИЛГАННИ

Тангри азиз қилган зотни
Бандаси хор қилолмас.
Ғофил банда бу ҳикматнинг
Сабабини билолмас.

Раҳмат суви тўлиб оққан
Дарёга тош отса ким,
Қарғиш ёғар тўрт тарафдан,
Раҳматдан бўлар маҳрум.

Тангри азиз қилган зотни
Бандаси хор қилолмас.


БАҲОР ҚУВОНЧИ

Кўкка боқиб, шукрона айтиб,
Маъсум кулиб очилди гуллар.
«Қор-қор» деган қарғалар кетиб,
Боғимизга келди булбуллар.

Хуш келдинг, баҳорим, хуш келдинг,
Рутубатли дунё бўлди чароғон.
Бу кекса оламни ёш қилдинг,
Қувончини этдинг фаровон.

Мусофир эмассан бу уйда,
Ҳеч кимса кутмаган меҳмон ҳам эмас.
Ўзинг сабабчисан, ахир, бу тўйга,
Марҳабо, дилларга зеб берган ҳавас.

Эртанинг ғамини еганлар
Тутларга осибди беланчак.
«Зурёдим кўпайсин», деганлар
Интиқ эди сенга, келиндек.

Уйларни ҳам, кўнгилларни ҳам
Тозалаб қиш рутубатидан,
Ишларига берасан ривож,
Табассуминг ҳароратидан.

Хуш келдинг, баҳорим, хуш келдинг.


МАҚСАДИМ
(Шекспирга ўхшатма)

Мен ўзимни мақтамайман,
Мақтамайман қалбимни,
Чунки сотмоқ мақсадим йўқ
Муҳаббату қадримни:
Чунки сотмоқ мақсадим йўқ,
Матонату сабримни,
Мен ўзимни мақтамайман,
Мақтамайман қалбимни.

Лекин сени мақтагайман,
Сени жўшқин Ҳаётим:
Меҳнат билан яшартириб,
Меҳрим билан безатдим.
Чунки авлод-аждодимга,
Туҳфа қилмоқ муродим.
Шунинг учун мақтагайман,
Сени жўшқин Ҳаётим.

Qayd etilgan