РАМАЗОН ВИДОСИ  ( 4676 marta o'qilgan) Chop etish

1 B


Umarxonov  06 Iyul 2016, 11:28:38


Тинчликмикан, кўк қовоғин олган уйиб?..
Бормоқдаки менинг эса кўксим куйиб,
Сал шошмагин, сенга бироз олай тўйиб,
Кетар вақтинг бўлдими-а, Рамазоним!

Ҳақ ваъдаси - ижобатдир сенда дуо -
Юз қиблада, давлат сўраб қилдик нидо,
Вақти келди энди сенга айтмоқ видо,
Истиғфорлар айтай, шошма, Рамазоним!

Баъзан қийнаб қўйар бўлди оч-ташналик,
Савобингдан умид қилиб дил яшнади,
Кел, илтимос! Бизга қилгил бир ошналик -
Бироз кетмай тургин яна, Рамазоним!

Табораг-у саловот-у тасбеҳ-таҳлил -
Таровеҳда роҳат бир-ла сайради тил.
Ҳолим будир: томоғимдан ўтмайди қил,
Бироз кетмай тургин яна, Рамазоним!

Хатм айлади "париларнинг ёри"ларинг,
Овозлари хаста қалбга дориларинг,
Кўзда ёш-ла видо айтар қориларинг,
Юракларни сел қилма-да, Рамазоним!

Кетмавди-да ҳали "савоб халтам тошиб",
Наздимизда, кетаяпсан гўё шошиб,
Санаб тургум, кел, ўн икки ойни ошиб,
Соғинтирмай тезроқ келгин, Рамазоним!

Тинчликмикан, кўк қовоғин олган уйиб -
Кетар вақтинг бўлибди-да, Рамазоним?..

Умархонов Ғиёсхон
05.07.2016

Qayd etilgan