Xurshid Do'stmuhammad. Men - sensiz, sen - mensiz (qissa)  ( 13394 marta o'qilgan) Chop etish

1 B


AbdulAziz  29 Sentyabr 2010, 12:15:20

Xurshid Do'stmuhammad. Men -sensiz, sen - mensiz (qissa)



Muallif: Xurshid Do'stmuhammad
Hajmi: 448 Kb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish

Qayd etilgan


yoqutxon  08 Oktyabr 2010, 13:46:46

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД

МЕН – СЕНСИЗ, СЕН – МЕНСИЗ


Қисса

«Yoshlik» журнали
2010 йил, 4-cон


Қадрдоним! Ҳаётимнинг масрур-мўътабар кунларининг бирида бахтли тасодиф туфайли Сени учратганим, ўша лаҳзанинг ўзида қалбимда юз берган тўфон пировардида таърифига тил ожиз муҳаббатга айлангани, ҳаётимни остин-устун қилиб юборган ушбу мўъжизакор туйғу изҳори Сен тарафингдан жавобсиз қолмагани, меҳр-муҳаббатимиз илоҳий дўстлик, интиқлик ва ошуфталиклар изҳоридан нарига ўтмаган мактубларда қолгани, ҳарчанд истамайлик, ҳаётнинг аччиқ ҳақиқатлари на кўнгил майллари, на-да орзу-ҳаваслар билан ҳам ҳисоблашмаслиги, бунинг оқибатида мактубларда қолган армонли муҳаббат тафсилоти “Ҳижроним мингдир менинг” номли асаримизда жамланганига ҳам талайгина фурсат ўтди . Ҳа, шундай, “Ҳижроним...” ҳар иккимизнинг дил изҳорларимиздан дунёга келгани учунгина эмас, балки менинг мактубларимда Сенинг, Сенинг номаларингда эса менинг ҳаяжонларим, кечинмаларим, таърифлашга тил ожиз эҳтиросларимиз қўшилиб-чатишиб кетганини фақат иккимиз теранроқ, тўкисроқ ва равшанроқ тушунамиз, англаймиз, қадрлаймиз. Шу боисдан ҳам, “Ҳижроним...”нинг давоми бўлмиш ушбу қиссадаги ҳеч бир жумла ва сўзни, тасвирланган руҳий ҳолатларни фақат меники дея олмаганимдек, уларнинг ҳеч бирини фақат Сеники ҳам дея олмайман. Зеро, уларнинг униси сеники, буниси меники дея “мерос” талашиш БИЗга ато этилган илоҳий муҳаббатга нисбатан хиёнат бўлур эди!..
Жоним! Лаҳзалар, дақиқалар, соатлар ва кунларга қўшилиб умр ҳам ўтиб бормоқда. “Ҳижроним...” ўтган умримизнинг энг саодатли онларидан ёдгорлик бўлиб қолди. Мен ушбу ёдгорликни сира қўлимдан қўймайман, уни юзлаб марта варақлашдан, дуч келган саҳифасидан минг биринчи дафъа ҳузур қилиб ўқишдан толиқмайман. Сен неча йиллар бурун йўллаган хатларингни худди бугун, ҳозиргина қўлимга етиб келгандек ўзгача иштиёқ билан, сўзларини ютоқиб, маъноларини, маънолар замиридаги эҳтиросу ҳаяжонларни энтикиб-энтикиб, соғиниб-соғиниб ўқийман.
Сенинг изҳорларинг менга, фақат ва фақат менга аталганини ўйлаганим сайин ўзимни янаям бахтиёр ҳис қиламан, юксак мартабага эришган инсондек кўнглимни ажиб бир улуғворлик қамраб олади, бинобарин, энг хуррам кунларимда ҳам, эзгин ҳолатларга тушган чоғларимда ҳам “Ҳижроним...” менинг ягона суҳбатдошим, овунчоғим ва сирдошимга айланади. Овлоқ гўшаларга бош олиб кетаман, ажабтовур ва бетакрор ёзишмаларимизни овоз чиқариб такрор ва такрор ўқийман. Мактублар мутолааси кўнгилдаги ўша ёшлик ва жўшқинлик даври изтиробларини янгилайди. Изтироблар қанчалик армонли бўлмасин у туйғуларни, туйғуга қўшиб инсоннинг ўзини янгилайди, ёшартиради, баҳор ёмғири янглиғ шуурни ювади, беғуборлаштиради. Ва биласанми, шундай дамларда иккаламиз биргаликда тасвирлаган беғубор туйғулар ҳамма-ҳаммага насиб этса, шу орқали одамларнинг ҳар бири ўзини аъло туйғулар туфайли ўзларини янаям улуғворроқ, янаям бахтлироқ, ҳар қачонгидан аълороқ ҳис этсалар, шунинг шарофати ила одамларнинг қалбларида кўкдаги қуёшдан кам бўлмаган ҳар кимнинг ўз офтоби порласа дея орзу қиламан.
Табиий, ҳар кўнгилнинг ўз қўшиғи бор. Шундай эса-да, бизнинг номаларимиз одамларни яхшиликка, гўзал инсоний меҳр-муҳаббат, меҳр-оқибат мақомларига юксалтиришига ишонаман! Чунки ҳар сафар Сенинг номингни дилимда такрорлаганимда, ҳар сафар Сендан келган бир оғиз жумлани, дил изҳорини ўқиганимда олам кўз ўнгимда яшнаб кетади, ҳамма одамлар, ҳамма-ҳамма нарсалар – бутун олам фақат ва фақат яхши бўлиб кўринади кўзимга, назаримда дунёда ёмон ниятли одам қолмагандек, одамлар фақат ва фақат эзгу орзу-ниятлардагина дунёга келгандек туюлади. Вужудим чиннидек қилиб артилган ойнадек шаффофлашади, бисотимда ёмонгина эмас, дилларга заррача озор етказиши мумкин бўлган сўз қолмагандек ҳис қиламан ўзимни ва шундай кайфиятни дуч келган одамга, ОДАМЛАРГА улашгим келади!..
Баъзан ҳаёт ўта зерикарли туюлади, кунлар, ойлар умрлар бир-биридан ғариб, бир-биридан даққи, жўн ва бефайз ўтади. Сени илк дафъа учратганимда, айтдим-ку, ичимда юз берган... тўфонми, офатми... нима учун қиёси йўқ мана шундай нурли туйғуни офатга ўхшатишим керак?! Ахир... мен севган адиблардан бирининг, кечиккан муҳаббат офатнинг ўзгинаси, деган гапи ёдимга тушаверади. Муҳаббатнинг бутун суруридан баҳра олишга интилиш, соғинч ва айрилиқ азобларига тоқат қилишга уриниш одам ўз-ўзини мазах қилишнинг ўзгинаси дея илова ҳам қилганди ўша донишманд адиб. Лекин... ўша аллома ҳаёт бўлганида мен унинг тиллотус соқолидан тутиб ҳамон айтганларинг тўғри бўлса, ҳамон шунчалар аччиқ ҳақиқатни англаган бўлсанг, муҳаббатга гирифтор бўлмаслик чорасини ҳам топиб берасан, дея майдон ўртасига судраб чиққан бўлур эдим!.. Афсус, бўлар иш бўлди, мен қўлга тушиб бўлдим, нақ гирибонимдан илиндим, тўртала оёқлари билан қопқонга тушган жондордек ўзимни қаерга қўйишни, бошимни қайси деворга уришни, қайси осмонларга қарата ув тортиб нола чекишни билмайман! Дод солай десам, қип-қизил майна бўлишим тайин!.. Қочиб кетайми? Ўзимни юқори қават деразасидан ташлаб юборайми? Дўппимни ёнбошга олиб қўйиб ўзимни-ўзим бўралатиб сўкайми?..
Савол кўп эди, саволни истаганча ёғдиришим мумкин эди, бунга қурбим етарди, мен умр бўйи ўзимга-ўзим минг савол берган бўлсам керак, зеро, умр бўйи саволлар остида яшадим, тоғ-тоғ саволларни елкамда кўтариб юрдим, уларнинг озмунчаси жавобсиз қолиб кетдими?! Юзлаб саволларнинг бирортасига жавоб тополмаган кунларим, лаҳзаларим бўлди, жавобсиз саволлар кўпайгани сайин ўзимни қўярга жой тополмай қолардим, наҳотки, шу қадар ожизу нотавон бўлсам, шунчалар ношудлик исканжасида қолиб кетган бандаманми, деган ўйларда ич-этимни кемирардим ва ҳар сафар эртага яна тонг отади-ку, бу кун ҳам ўтар-ку, деган таскин ва илинжда эртанги ёруғ кундан умидвор шукроналик билан бошимни болишга қўярдим.
Ниҳоят... буни қараки, менинг назаримдаги шукроналик яратган эгамиз томонидан ношукрлик сифатида қабул қилинганми, билмадим, ҳар қалай, минбаъд тавбалар қилайки, мени қийнаб юрган саволлар ҳам бир бўлдию, унинг ўрнига... Йўқ, тўхта, аввалига роса суюндим, чамамда илтижоларим Аллоҳга етгандек эди, чунки ажойиб кунларнинг бирида ўзимни-ўзим адоқсиз саволларга кўмиб юриш одатидан халос бўлдим! Маънили-маънисиз, тайинли-тайинсиз, жавобли-жавобсиз саволлар шууримдан сирғалиб учиб чиқди, ўзимни елкамдан эзиб турган тоғдан халос бўлган қушдай енгил ҳис қила бошладим, фақат... фақат унинг ўрнини ўзим ҳали-ҳали англаб етмаган, ҳали-ҳануз ўз-ўзимга тушунтириб бера олмайдиган, сеҳрларга тўла, бошдан-оёқ мўъжиза туйғу эгаллади! Ақл бошдан учди, ихтиёр илкимдан чиқди, ҳуш нохушлик измига ўтди!..
Қандай воқеа юз берганини айтиб берай-а?..
Жоним! Аъзои баданимнинг қайсидир пучмоғида тиббиёт олами учун номаълум бир аъзо пайдо бўлди десам ишонавер. Унинг вужудимнинг қайси овлоқ ва кўз илғамас қўналғасида жойлашганини ҳам айтолмайман десанг! Башарти бутун бошли табобатчилар қўшини ичимга сафарбар этилиб, улар уни, яъни инсоният қавмига номаълум ўша аъзони излаган тақдирларида ҳам тополмасликлари муқаррар!.. Фақат шуниси шак-шубҳасизки, ўша номаълум аъзо бош мия ва юрак сингари вужудимдаги энг муҳим аъзолардан бирига айланди. Ҳатто ичимдаги барча аъзолар худди бош мияга бўлгани сингари, унга қарам, унинг измида, унинг раъйига маҳкум, унинг амрига мунтазир бўлди-қўйди. Унинг ўзи эса гулдан нозик, гўдак боланинг кўз ёши янглиғ бокира, бағоят таъсирчан десанг!..
Мен Сенга ҳарчанд таърифлашга уринаётганим вужудимдаги кўз кўриб, қулоқ эшитмаган аъзо ҳақида ҳеч кимсага оғиз очиб айтганим йўқ, уни кўз-кўз қилиш ниятим ҳам йўқ, уни фақат Сенга ошкор этаяпман. Сенгагина номини айтаман, хўпми, асалим. Қулоғингга шивирлаб айтаман, айтаверайми?..
Унинг номи – муҳаббат!!
Хуллас десанг, ҳайрат-ҳаяжон йўлдошимга айланди.
Лак минг саволга татигулик саволларнинг қироли изимдан таъқиб этишга тушди. Йўқ, изимдан таъқиб этибгина қолмади, балки у ичимга, қалбимга, шууримга уя қуриб олди. Ана шу уя мен учун муқаддас ватанга, оламнинг марказига айланди. Назаримда бутун инсониятнинг тақдири мазкур уяда ҳал бўладигандек, ўн саккиз минг оламнинг мавжуд ё мавжуд эмаслиги ҳам “муҳаббат” дея аталгувчи шу уядаги кайфият, “об-ҳаво”га боғлиқдек эди.
Наҳотки?!
Ушбу биргина сўз мени истаган кўйга сола бошлади. Унинг измидан чиқиб кета олмадим. Кулдим, севиндим, хавотирландим, саросимага тушдим. Ҳаёт ҳақидаги ўйларим, инсонийлик аъмоли, тақдир, иймон ва ахлоққа доир тасаввурларим остин-устун бўлиб кетди. Курраи замин икки ҳисса кенгайиб кетгандек, кенгайганида ҳам мен унинг мутлақ хожасига айланиб қолгандек туюларди. Бамисоли ер юзида икки банда – Сен ва мен қолгандек эдик, гўё теварак-атрофимизда бошқа ҳеч зоғ йўқдек, бўлган тақдирда ҳам уларнинг борлиги ҳам, ўй-қарашлари ҳам биз учун мутлақо аҳамиятсиз, кераксиз, эътиборга арзимас нимарсаларга ўхшаб туюларди. Демак, ҳаётнинг мўъжизалари тугаган эмас, унинг ақл-идрокларни лол қолдиргувчи ҳайратангиз инъомлари тўлиб-тошиб ётибди, бинобарин, истаган бандасини исталган дақиқада қаддини тоғ янглиғ юксалтириши, исталган сонияларда мубтало ва девонаваш қилиб қўйиши ҳеч гап эмас!..
Нима, ишонмайсанми, ишонмаяпсанми, деб сўрайман ўзимдан-ўзим. Ишонмадим эмас, ахир воқеа кўчакўйда эмас, кино экранларида эмас, ишқий романларда эмас, балки менинг ичимда юз берди, менинг ичимда давом этмоқда, у бироон лаҳза тўхтагани йўқ, шундай экан, ишонмай қаёққа ҳам борардим, уни кимга ҳам достон қилардим!..
Мен юз берган воқеага ишонганимга ишонолмаётган эдим...
Сендан яширмайман, жоним, Сени илк сафар учратган ва вужуд-вужудим ўша қайноқ (қайноқ ҳам гапми?!) ҳароратдан қайнаб-тошган дамлардаги воқеани қанчалик англамаган, тушуна олмаган бўлсам ҳали-ҳануз уни англаб етмадим, тушунолмадим деб ўйлайман. Ўйлаганим, мулоҳазалар уммонига ғарқ бўлганим сайин ҳар сафар Сени... Сизни... Сен билан орамизда юз берган ВОҚЕАНИ англаш, тушуниш сари бир қадам яқинлашгандек ҳис қиламан ўзимни.

Мен ҳаётда бор эканман
Ўйласам, сен бор учун.
Кўксим ичра қалб урар,
Тун-кун ўзингга зор учун.

Наҳотки, шу оддийгина тўрт мисрада бизнинг ҳаётимиз, тақдиримиз, ўша кунлардаги кечинмаларимизга дахлдор ҳақиқат баён этилган бўлса?! Агар чиндан-да, шу тахмин тўғри чиқса, ҳамонки уни чин дилдан тасдиқласак, ҳақиқатдан ҳам юз берган мўъжизани англаш сари бир қадам қўйган, сеҳрли мўъжиза сандиғининг битта олтин калитини қўлга киритган бўламиз!..
Бироқ, дўстим, муҳаббат шу қадар сеҳрларга бой туйғуки, уни тушуниш сари бир қадам қўйганингдан қувониб улгурмасингдан у сендан яна икки қадам узоқ лашади, топган мўъжизакор олтин калитинг жаранглатиб очган қулфни зулфиндан бўшатиб улгурмасингдан янада сирли, янада ҳайратланарли қулфлар кўз олдингда намоён бўлади.
“Ҳижроним...”ни эслайлик. Хатларингизни ўқиб бошим айланиб қолди, ҳеч ким ва ҳеч нима билан ҳисоблашмай, андишаю истиҳолани йиғиштириб ҳаммага мақтангим келаверади, деб ёзгандинг. Ва орамиздаги тоза ва беғубор муносабатни ҳеч кимса тўғри тушунмаслиги, негаки, ҳамма бирдек англаган ҳақиқатлардан-да юксакроқ ҳақиқат бор, бу икки кишигагина аён ҳақиқатдир деган хулосага келгандик.
Чиндан ҳам, жоним, айтдим-ку, орамиздаги бу сеҳрларга лиммо-лим туйғуларни ўзимиз тушуниб, англаб етишга ақлимиз ожизлик қилаётган экан, унинг синовларига дош бериб-беролмай сархуш ва саркаш аҳволда юрган эканмиз, уни бошқалар қандай қилиб тушунадилар?!
Қандай қилиб уни қадрлайдилар? Қадрига етадилар?..
Қолаверса, устозларимиздан бири ёзганидек, севги одамни гўзаллаштириб юборади, севган ва севилган одамнинг чиройига чирой қўшилади, уларнинг қалбларидаги бахтиёрлик айтган сўзларида, қарашларида, босган қадамларида  барқ уриб туради. Шу боисдан ҳам севишганлар одамларнинг назарига тез тушадилар, улар ҳақларида миш-мишлар болалайди, унга ҳавас ва ҳасад қилувчилар кўпайгандан-кўпаяди! Чунки бундай бахт камдан-кам кишиларгагина насиб этади...
Жондил! Яна ЎША лаҳзада юз берган ВОҚЕАлардан ёзсам дегандим. Йўқ, демагин.
Сенга биринчи бор кўзим тушганида “Бу қиз билан суҳбатлашишнинг иложи бўлармикан?” деган ўй кўнгилни тилиб ўтган. Юриш-туришим, гап-сўзим, қадам олишимгача ҳаммасини Сенинг назарингдан ўтказадиган бўлганман. Унга ёқармикан, деган ўйдан ич-этимни еб юрганман. Қизиқ, нима сабабдан ўша пайтга қадар биронта қиз ё аёлга бундай эътибор қилмагандим? Уларнинг қарашлари, мулоҳазалари билан қизиқмагандим? Бу эса... қараб қолармикан, бирор сўз айтармикан? Сариқ чақага олмаётган бўлса-чи?! Нега бунчалар бепарво?..
Йўқ ердан гап топиб хонасига кираман, У эса ердан кўз узмайди, қисқа ва узуқ-юлуқ жавоб билан кифояланади. Назаримда сен мен билан гаплашишга арзимайсан дегандек бўлаверади. Аламдан жон ўртанади. Ҳар сафар юз бир баҳона билан юзма-юз келаман, гап очаман ва натижа ўша-ўша: яна бир карра мағлубиятни тан олиб изимга қайтаман. Шундай дамларда У ўтакетган аслзода, оқбилак ва шунга яраша мағрур қиз бўлиб кўринади. Тўғри-да, ахир кўзингни каттароқ очиб қара дейман ўзимга-ўзим, чеҳрасига, жамолига разм солиб қара, у аслзода бўлмай ким бўлсин?! Шундай мартабага муносиб ва лойиқлигини биладики, ўзини шундай тутаяпти!.. Нима бўлганда ҳам, бу қиз турган юксакликка чиқиб бўлармикан?..
Ушбу ўй-хаёл умидсиз бир оҳангда ич-этимни кемиради, тақдирга тан бериб, баланд дорга осилмай қўя қолай дейман ва... зимдан Унга нигоҳ ташлайман. Опппоқ, кўз қамашади! Садафф!.. Ақл шошади...
Оқ рангни илгари ҳам ёқтирар эдимми ёки?.. Не сабабдан уни бунчалар ёқтириб қолдим? Ўзим Сенга кўплаб марталаб ҳайқириб, шивирлаб, пичирлаб айтган САБАБ учунми? Фақат шунинг учунми?
Йўқ, фақат шунинг учун эмас. Балки барча-барча орзу-ҳавасларимиз, интилишлар, эркалашу эркаланишларимиз, бир-биримизга дунёдаги э-энг яхши тилакларни соғинишларимиз – барча-барчаси ана ўша асосий САБАБдан ранг олгани, яъни ниятларимизнинг бари парқу булутдек, чаноқни тўлдириб лўппи-лўппи очилган момиқ пахтадек оқ-оппоқ эканлигидан!..
Шундай эмасми, жоним?.. Нима бўлган тақдирда ҳам бунга Сен... Сиз... Сен сабаб бўлдинг, жоним!.. Одамни бир кўришда ёқтириш мутлақо тасодиф бўлиши ҳам мумкин. Тўғри, тасодифий ҳодисалар зумда унутилади, хаёлдан паришон бўлмаган тақдирда ҳам эс-ҳушли одам зумда ақлини йиғиб олади, бироқ мен лаҳзада юз берган бу тасодиф исканжасига илиндим, зеро, бир эмас, юз қарашда ҳам, минг қарашда ҳам Сен мен учун мўъжиза бўлиб қолавердинг!.. Бундайин тасодиф замирида инсон ақли етадиган озмунча мантиқ, озмунча қонуният ва озмунча ҳақиқат ётармикан?!
Ақл билан иш тутайлик...
Кўзингни олиб қочиб шундай деганинг ёдингдами? Бу гапнинг замиридаги маънони тушунолмай кўп изтироб чекдим. Нима демоқчи? Ҳали бошланиб улгурмаган ғойибона меҳрли муносабатларимизни бас қилайлик демоқчими ёки?.. Ва жавоб топдим. Марҳамат, ақллигим, ақл билан иш кўрайлик, ақлнинг ҳукмига қулоқ солайлик, лекин айни шундай лаҳзаларда қани ақл? Нечун у кўмакка етиб келмаяпти? Аксинча нега у тутқич бермаяпти? Қандай қилсак уни қўлга тушира оламиз? Қўлга тушириб... Шу ҳақда ўйлай-ўйлай ўзимча бир ҳақиқатни кашф қилдим: ақлнинг ҳақиқатда ақли бор экан, у камсуқум, у инсофли, диёнатли, у меҳрибон, у доно. Шунинг учун ҳам у ўз ожизлигини пайқаган жойдан зумда ғойиб бўлади. Ўзини пеш қилиб кўнгилларни хижил қилмайди, одамни уқубатга қўймайди. Отасига хазор ташаккур ўша ақлнинг!.. Қолаверса, Сен билан яна бир жумбоққа ойдинлик киритиб олайлик: ақл ўғриси ким? Ким кимни ақлдан оздирди?.. Бу саволга рўй-рост жавоб бера оласанми?! Очиқроқ айтсам, айбингни тан оласанми?..

Ах, это девушка
Меня с ума свела.
Разбыла сердце мне…

Болаликдан хотира ушбу қўшиқдан топгандек бўляпман саволнинг жавобини. Чиндан ҳам, шундай эмасми, жоним?..
Сен эса ақлдан озган бечора одамдан доноликни, эҳтимол инсоният тарихида ўтган ман-ман деган даҳолар эплолмаган жасоратни талаб қилмоқдасан. Сенинг талаб ва истакларингга сўзсиз-несиз бўйсунгим келади ва афсуски...

Боғ қўйнида икки дарахт,
Иккиси ҳам интизор –

деб куйланган қўшиқни юз марталаб тинглайман, тинглаб туриб Сенга қарата, Сен бир дарахт, мен бир дарахт деб юбораман.
Икковимизни дарахтга қиёсласам ранжимайсанми?
Ваҳоланки, дарахт жойдан-жойга кўчиб юролмайди, улар оёқлари ерга кишанланган бандининг ўзгинаси. Биз-чи, биз ҳам банди, Аллоҳ инъом этган ишқ бандилари!
Ҳойнаҳой, бу бандихонадан қутилиш чораси топилар, инсоният ўтмишидан бунга кўплаб мисоллар келти-риш мумкин, фақат бошқа бир ҳақиқатни ҳам унутмай-лик: қанчадан-қанча бандилар бандихоналардан қочиш чоғида жон таслим қилганлар...

Чора қани, ким топади уни?
Соғинч тоши эзади дилни!..

Хуллас, орамиздаги муҳаббат ҳурматга айлана бормоқдами ёки муҳаббат олови аланга олмоқдами?! Буюк Эйнштейн ва рус аслзодаси (аслзода-я!) Маргарита Коненкова ўртасидаги ишқ савдоси сингари “...их страсть нарастала медленно и постепенно, и остоновить ее было уже невозможно...”
Иккимиз ҳам кутмаган тарзда аҳволимиз “невозможно”га айланиб улгурганини сезмадик ҳам, ва кунларнинг бирида, эсингдами, бирга-бирга, бошимизни боши-мизга қўйиб, бир саҳифага тикилиб-термулиб ўқиганимиз:

Эй, дўст!
От кимники - минганники,
Тўн кимники - кийганники,
Олган - олганники эмас,
Қиз кимники - суйганники.

Ёдингга тушдими, яйраб кулганинг?.. Табассум-ла, “Топган шеърингизни қаранг!” дея эркаланганинг?..

Севган ким?
Севилган ким?..
Ё, раббим!
Надоматлар бўлсинким:
Тебе не вырваться из семейного круга.
Это наше общее несчастье...

Бундай ҳақиқатлардан келиб чиқадиган чорасизлик вужудни ларзага солади! Пушкин шўрлик қандай руҳий изтиробда ёзган бу сатрларни, билмадим, лекин унинг ноласига ҳамоҳанг иддао буюк Достоевскийда учрайди. “Тавқи лаънатга учраган худобехабар оилаларда меҳр-муҳаббат бўлмайди... Муҳаббатдан бенасиб жойда фаҳм-фаросат ҳам йўқ...” деб ёзади у. Шоирнинг алами ҳам, адибнинг зардаси ҳам ўз йўлига, лекин муҳаббат забт этилган кўнгил соҳиблари ҳар қадамда ҳушёрроқ, фаҳм-фаросатлироқ бўлишни ўйлаб қолишлари, яъни муҳаббат уларнинг тарбиячисига айланиши кони ҳақиқат!..
Хуллас, бизда ҳам айни шундай ҳолат юз бераётган, яъни, муҳаббат ва ҳурмат ҳароратли ва сўнмас алангага айланиб бораётганини эътироф этмасдан ўзга иложимиз йўқ эди...
Туш кўрдим: ғаройиб ва муҳташам бинога кириб бор-дим. Ёруғ, чароғон, осуда. Хонадан хонага ўтяпман, Сени излаб-истаб, тинимсиз олазарак аланглайман, лекин тополмаяпман, топиш умиди сўнгани сайин юрагим орқага тортиб, ичим ҳувуллаб қоляпти. Хавотирлана бошладим.
- Сабоҳат қани? Сабоҳат қани, деяпман?
Бирдан ёнимда бир гала эркак ва аёл пайдо бўлди. Улар орасидан менга кулимсираб қараб турган Саодатга кўзим тушди.
- Вой, бу-бу, намунча! Сабоҳат шу ерда, ана, чиқяпти, - деди у айёрона кулимсираб ва қизаринқираб.
Мен шошилиб Саодат кўрсатган томон ўгирилдим. Мана, ҳозир Сени кўраман!.. Ҳаяжоннинг зўридан нафасим тиқилди.
Уйғониб кетдим... Алламаҳалга довур тотли хаёллар оғушида ётдим. Тонг бўзара бошлаганида хаёлларимга оппоқ қор жўр бўлди. Бир маромда ёғаётган қор учқунлари ичимни ёритиши баробарида оламни оққа буркай бошлади.
Корейсларнинг “Қиш сонатаси”ни, ундаги қор фантазиясини, фильмга ишланган мусиқанинг сеҳрини эслайсизми?.. Сиз ҳам ўша фильмни севиб томоша қилган эдингиз. Шу кунларда ҳар тонг чоғи мен Сиз билан оппоқ қор чойшаби тўшалган ўша сўлим боғларда қўл ушлашиб юрибмиз. Бораверамиз, бораверамиз, йўлимиз сира адо бўлмайди, ҳар кунимиз шундай бошланишини, шундай оқликка бурканган муҳаббат йўли бир умр давом этишини истайди кўнгил... хаёлда...
Мен қандай инсонни севишимни энди билдингизми?!
... Етти кеча-кундуздирки, қор тинмади. Гоҳ лайлак қор ёғади, гоҳ ғалвирдан эланаётган ун мисол ерга тўшалаётган қор учқунлари кўз илғамас заррага айланади.
Қор учқунларига қўшилиб хаёл ёғади, унга термулиб чарчамайсан киши. Неча йил-неча замонлардан буён тинмай ёғаётганга ўхшайди қор, яна кўп йил-кўп замонлар тинмайдигандек!
Қор атай мени синамоқ учун ҳам шунча кундан буён тиним билгани йўқ. Мени ҳисобдан адаштирмоқчи у. Мен эса мижжа қоқмадим, кўзим очиқ, қор учқунларини санамоқдаман. Ҳисобдан адашадиган анойи йўқ, санашда давом этмоқдаман. Бунинг нима зарурати бор деб эътироз билдирма. Қор ёғишдан чарчаса-чарчар, мен унинг учқунларини, зарраларини санашдан зинҳор чарчамайман, толиқмайман. Чунки укпардек момиқ ва мен суйган оқдек оқ ҳар бир қор учқуни менинг Сенга бўлган муҳаббатим изҳори сифатида ёғмоқда! Беғубор меҳр, самовий севги ёғмоқда самодан! Сенгагина аталган меҳр, муҳаббат, севги!..
Болалик чоғларимдан қор ёғишини сеҳрли ҳоди садек томоша қилишни ёқтирардим, мана, Сизга қўшилиб бу муҳаббатим янада ошгандан-ошди. Тунда бехосдан уйғониб, шошиб ҳовлига чиқаман, теварак-атрофга қарайман, наза-римда мен табиатнинг бу ажиб оқ чойшабидан завқланмай ухлаганим учун қор мендан ўпкаланиб, эриб кетгандек туюлади ва бир зумда севиниб кетаман! Чунки еру кўк ҳамон оппоқ, шунақанги оппоқ эдики!.. Томларни, йўлларни, дарахт шохларини қоплаган кумушдек оқликни кўриб туриб оқ рангни яхши кўрувчи, уни ардоқлашдан чарчаш нима эканлигини билмайдиган Дўстимни янаям яхши кўриб кетдим, кўнглим ёришди, пиёда юриб узундан-узоқ кўчадан чиқиб боряпману Сизни ўйлаяпман, Сизни кўргим келяпти, мавзудан қатъи назар, фарқи йўқ, Сиз билан суҳбатлашаверсам, сира вақт ўтмаса, йўлнинг адоғи кўринмаса!..
Суҳбатларингизга сира тўймайман, чунки қалбингиз, туйғуларингиз, муҳаббатингиз ушбу қор сингари беғубор, симобий. Қойилмисиз, мен мана шунақа Инсонни яхши кўраман!..
Ҳафтанинг охирги куни эрталабдан устахонамга етиб келдим. Ижодхонамга кираману, неча кунлардан буён мени кутиб тоқати-тоқ бўлган ишларни адо этишга киришаман.
Шу ўй-шу хаёлда хонамга кирдим, бир неча ой бу-рун бошлаб қўйган қоралама чизмаларим рўпарасига ўтирганча хаёлга толдим. Ўрнимдан туриб, дераза олдига бордим. Ташқари совуқ. Менинг ичимда, кўкрагимнинг аллақаерларида бамисоли ўт қалангану, аланга тобо-ра аъзои баданимни қиздираётгандек, аланга ҳарорати ҳадемай  бошимни  ичларига  қадар  кўтариладигандек, оташ тафтини босишнинг ягона чораси бор, у ҳам бўлса, ҳозироқ, шу оннинг ўзида устахонамда Сенинг пайдо бўлишинг, вассалом! Кириб келсангу, оҳ, жоним, деб юборсам! Сени ўтқазгани жой тополмай қолсам! Пешвоз туриб, сочларингни учидан оёғингнинг учларигача тўйиб-тўйиб қайноқ ўпичларимга буркаб ташласам. Сен гапирмоқчи бўлсанг, мен эса оғиз очишингга йўл қўймасам, ўпичларимдан нафасларинг қайтиб кетса!
– Тўхтанг!.. Шошманг!... Вой, ичингиздан олов чиқяптими? – десанг, хавотирда кафтларингни юзимга босиб.
– Ҳа, соғинч ичимни саҳрога айлантирди, у саҳро ўт-оташ оғушида! – десам.
– Ваҳимачи! – деб кулсанг, мени эркаласанг. Эркалансанг.
Икки ҳатлаб бориб, ҳовлиққанча эшикни ичкаридан қулфладим. Назаримда, сен ёнимдасану, туйқус бирон кимса устимизга кириб қоладигандек, дийдорлашув онларига завол етадигандек хавотирда эдим!..
Эшикни қулфладиму, шартта ортимга ўгирилдим, Сенинг ёнингга учиб бораман, ўзимни бағрингга отаман, қучоқларингга сингиб кетаман!..
Хонам кўчадан-да совуқ, нафасимдан изғирин уфурар, ҳар бир буюм ва ашёларни ўз дидимга яраша танлаган ва олиб келиб ясатиб қўйган устахонам шу топда кўзимга бефайз ва ғариб кўриниб кетди. Бу – бутун ҳафта мобайнида Сендан мактуб ололмаганим, лоақал номалар воситаси-ла висолингга етишолмаганим оқибати, асорати эди, ягонам!
Қиш фаслини жуда яхши кўраман. Сокин, тинч, ўйлаш, хаёл суриш учун фурсат топса бўлади, балки шунинг учунми, билмадим... Эсингиздами, укаларимни боғчага олиб кетаётганимда совуқда  кутиб турганингиз... Бошқа бир куни эрталаб мени кута-кута совуқда музлаб қолганингиз...
Ўшанда Сизни кўриб кўзларимга ишонмагандим... Муносабатларимизда худога шукрки, заррача ғубор йўқ, бўлмайди ҳам. Сизни ҳар куни тушимда кўряпман, ҳар доимгидек кулиб турасиз... Биламан, ҳамиша бандсиз, ҳамма ишларингиз Ўзингиз ўйлагандек унумли, омадли бўлсин.
Эсингдами, мени кўпинча хаёлпарастликда айблар эдинг. Бундай айбловларинг менга ёқарди. Чунки айбловларингнинг барчаси ҳаққи рост. Ахир, ўзинг ўйлагин, муҳаббат ҳукмрон кўнгил учун хаёлпарастликдан кўра садоқатлироқ, табиийроқ ҳолат, кайфият бўлиши мумкинми?! Нитше бобонинг, “Севгида андаккина телбалик бор!” деган гапи жуда хуш ёқади менга. Фақат, менинг севгимда телбалик андаккина эмас, бир дунё бўлганини ҳам ҳисобга олиб қўйишимиз керакмасми! Ахир оламларга татийдиган телбалик мужассам эди менинг севгимда!..
Ҳар бир халқнинг ўз она тили бўлгани каби назаримда ҳар бир севишган қалбнинг ўз тили, ўз лаҳжаси бўлади. Бу тилга фақат икки киши тушунади, бу тилни фақат икки бапайванд қалб ардоқлайди, ана шу пинҳоний севги тили бу жуфт учун она тилидек муқаддас ҳисобланади!
Яна бир ҳақиқатни англадимки, икки севишган дил соҳибларигагина қадрли ахлоқий қадриятлар вужудга келаркан, шу боисдан унинг умумаданий ва умумахлоқий қадриятлар қиёсида кўпчилик томонидан эътироф этилмаслиги тамоман мантиқли, табиийдирки, бу ҳол ҳамма замонларда ҳам муҳаббатга мубтало кўнгил эгаларининг бошларига адоқсиз кулфатлар, мусибатлар солган.
Бу гапларни зинҳор ўз ахлоқсизликларимизни хаспўшлаш учун айтаётганим йўқ. Дарғазаб одамнинг ёки боодоб одамнинг оғзидан ҳам туйқус ҳақоратли сўзлар чиқиб кетиши мумкин, бунинг учун шоша-пиша уни сазойи қилиш, унинг устидан мутлақ ҳукм чиқаришга – унга тавқи лаънат ёғдиришга шошмаслик керак деб ўйлайман. Зеро, ҳукм чиқариш ҳамиша тушунишдан осонроқ, тушуниш эса ҳукм чиқаришдан кўра мушкулроқ ҳисобланган. Тушуниш сабр-бардош, фаросат, донишмандликни талаб қилади, ҳукм чиқариш учун эса куч бўлса кифоя!..
Жон!
Мен Сенга, Сенинг қўлинг билан битилган сўзларга шу қадар ўрганиб қолганманки, азбаройи Сен билан боғлиқ бўлмаган ҳеч нарса кўнгилга сиғмайди, татимайди.
Кунда қанча-қанча одамлар билан муомалада бўламан, турфа давраларда иштирок этаман, лекин уларнинг барча-барчасида суратим юрганини, моҳиятим, сийратим эса Сен томонда, янаям аниқроқ ёзсам, Сенинг ёнингда, Сенинг ичингда эканлигини сезиб-билиб тураман.
Қўл ишга бормайди, нима қиларимни билмай гангиб юраман. Аслида бундай одат ўсмир ёшидаги йигит-қизларда кўпроқ кузатилади. Мен эса!..
Ёки Сенми мени ўсмирга айлантириб қўйган?! Сенми мени ўсмирлик туйғуларимга қайтадан боғлаб қўйган?!
Сенми мени сеҳру жозибалар оламига ошно этаётган?!
Фаридаойни танийсан-а? Ажойиб шоира. Ҳамма китобларини ўқиганман! Куни кеча янги китоб қўлёзмасини келтирди. Бўлажак китоб учун безаклар ишлаб беришимни сўради. Жоним билан қабул қилдим. Битта-иккита мисраларини ўқимасимдан китобни қандай безашни чамалашга киришиб кетдим.

Эшитгин, ўқиб бераман:
Телефон жиринглар, жим...
Хўрсинади, аллаким...
Бахтлиман, қандай!..

Фаридаойдек дилбар шоирани ўғрига чиқарсам хитой чиннисидек нозик дили ранжимасмикан?! Қарамайсанми, ўзини, менинг дилимга тинчлик бермаётган туйғуларни айнан тасвирлабди. Кўзларининг тубида, лабларининг чеккасида мулойимгина кулимсираб туриши сира кўз ўнгимдан кетмайди. Энди билдим, шу қарашида дилингдан тилингга кўчмаган сир-асрорларингни ўқиб оларкан! Фаридаой – Ўғриой!.. Қайдан билди экан ичимдагини?! У билан сирлашмаган бўлсам?! Шоира-да, қай марта кўришганимизда (табиий, ўша дамда ҳам хаёлим Сенда бўлган) кўзларимга ғалати синчковлик билан тикилгандек бўлганди-я!..
Қўнғироқ қилсам, Сен у ёқда хўрсиниб, кутиб ўтирган бўлсанг, гўшакни кўтарсангу, ютоқиб, севиниб-энтикиб гаплашсак!.. Телефон ҳам дийдор! Қани эди!.. Афсус, соғиниш этади давом...
Соғинч дилини ўртаётган одам нимани ўйласа, қўлини қаерга узатса ўша соғинчга, соғинаётган одамига бориб тақалаверади. Ундан, яъни Сендан чалғитадиган куч ва баҳона топилмайди! Нима демай, нима кўрмай, нима тутмай Сен, Сен, Сен!..

Ажабо, сенга тош ҳақида,
Ит ҳақида сўйласам ҳам,
Ишқим ошкор бўлаверади...

Буни ҳам шоиранинг янги қўлёзмасидан олдим, ўзидан рухсат сўрамадим, чунки у менинг ҳеч кимга ошкор этмаган сир-асроримни сўрамай-нетмай ёзиб китоб қиляпти-ку, мен унинг китобидан кўчирсам нимаси гуноҳ, нимаси айб?!
Қадрдоним! Меҳрларга лиммо-лим хатларингиз учун раҳмат, Сизни жудаям яхши кўраман!.. Сиз менга, мен Сизга йўллайдиган мактубларда битилган ҳар бир сўз юрак-юракдан чиқади, уларнинг номи – самимият. Уларнинг ҳар бири меҳр булоғидан сув ичган. Ва ҳаётбахш сувларни бир-биримизга илинган... Қандай мўъжиза-а, қадрдон?.. Шундай дақиқаларда Сизни минг йилдан буён кўрмагандек ҳолатга тушаман, соғинаман...
Бунчалар қисқа ёзмасанг?! Ташна одам оғзига ангишвонада сув тутгандексан, гўё! Сенинг бундайин “камгап” мактубларингни ўқиганда саратон иссиғида бир нафаслик шабада бетимни силаб-сийпаб ўтгандек бўлади, “Оҳ!” дея энтикканча қолавераман...
Бир кун, икки кун, уч... беш кундирки, хат-хабар йўқ. Бунчалар шафқатсизликка қодир инсон шаънига қандай қилиб ардоқли таърифлар йўллаш мумкин?! Сен мендек ғарибу ғурабога қандайин ноёб ва нодир, азиз ва лазиз қалб соҳибасини дўст қилиб қўйганингни биласанми, ўзи? Ундаги мени ақлдан оздирувчи сеҳру жодулар қудратини ҳис этасанми?
“Ҳеч қанақасига ғарибу ғурабо эмассиз” дейсанми?
Тўғри айтасан. Сенинг мактубингни кўзларимга суртгудек ўқиётган лаҳзаларимда мен шоҳга, шаҳоншоҳга айланаман! Муҳаббат қасрининг қиролига! Мендан қудратлироқ, мендан бахтлироқ одам бўлмайди ундай сонияларда!
Сен билан дийдор ва висол онларидагина шундай...
Кифтимнинг чап елка қисмида оғриқли нуқта пайдо бўлди. Бовужуд, кимдир ханжарнинг учини ботираётганга ўхшайди.
Сенга ёзишга арзимайдиган гаплар.
Шунга қарамай, ке, ёзсам, ёзақолай. Сендан яширадиган сирим йўқ, ахир.
Чап елкамда пайдо бўлган оғриқли нуқтани даволатишимни, шифокорлар ҳузурига боришимни тайинлабсан.
Ғамхўрлигинг, мени ўйлаб ташвишланганингни ўқиб, ҳатто шу дардга мубтало бўлганимга ҳам севиниб кетдим. Назаримда ўнта шифокорнинг маслаҳатларидан кўра Сенинг бир оғиз лутфинг мен учун ўн карра шифобахшроқдир!
Шу боисдан ҳам, Сен тавсия қилгандек, оқшом ётар чоғида у нуқтани йўқотишга қаратилган бир талай муолажаларни адо этдим. Назаримда оғриқ мулойим тортгандек бўлди, ғойиб бўлгандек ҳам туюлди. Шунда... оғриқ икки курагим орасига кўчди. Худди ўша нуқтага шафқатсиз тиғ ботирилмоқда. Баъзан умуртқа бўғинларига зуғум қилаётгандек, унинг орасига заҳар пуркаётгандек ачишиб оғриқ беради...
Хуллас, де, “воқеа” қандай юз берган бўлса, айнан ёзаман, жоним, фақат менинг устимдан кулмасанг бас. “Нуқта” ашаддий кўчманчи чиқиб қолди: дам ўнг курак томонда, дам сўл – дам ўнг биқинда, дам гарданда, дам яна чап елка учида пайдо бўлади, дегин. Мени калака қилаётгандек, устимдан кулаётгандек, мен билан майнабозчилик ўйнаётгандек. Буткул ғойиб бўлишдан эса дарак йўқ.
Мана шундай кунларнинг бирида чинакам оламшумул кашфиёт содир бўлди: бу ўй қаердан келди, эсимда йўқ, лекин нима бўлдию, кифтимда тиним билмай кўчиб юрган оғриқли нуқталар бўйлаб хаёлан чизиқ тортдим.
Ҳайҳот! Чизиқлардан қандай сўз пайдо бўлганини биласанми?! Айтайми? Ишонасанми, ишқилиб?!
Соғинч!!!
Ишонмасанг мана, марҳамат, ўзинг ўқи, ўқи:
СОООҒҒИИИНЧЧ!!!
Ҳайратдан эсим оғиб қолаёзди! Кўзимга ишонмай, қайта-қайта ўқидим. Сен ҳам ўқигин дедим. Баралла овоз чиқариб ва жуда теран ҳис қилиб “Соооғғииинчч!” деб ўқигин!..
Буни қарагинки, неча кундан буён менга соғлик-саломатлик тилаяпсану, дарднинг давоси ўзингда эканига эътибор бермабсан, асалим. Кимнинг соғинчи туфайли жоним ўртанаётганини айтишим шарт эмас деб ўйлайман.
Шундай эмасми, жоним?..
Соғинч шу қадар сеҳрли бир туйғуки, у бир-бирига муштоқ қалбларни туташтириб туради, умид ипларини эшади, нечоғли изтиробли бўлмасин, соғинч қалбларни тозалайди, тоблайди, дўстликни, меҳр– муҳаббатни аёвсиз синовлардан ўтказади.
Соғинч юракларни ўртайди, у – қулоқни кар, кўзни сўқир, ақлни сийқалаштиради. Ҳамрдамхаёл қилиб қўяди одамни! Истаган кўйига солади! Унинг азобли ўйинларига ҳар ким ҳам дош беравермайди. Соғинч измидаги одам сурункали бедаво дардга йўлиққан кимсадек сиртидан бардошли кўрингани билан ичидан зил кетган бўлади.
Суврати қоладию, сийрати абгор бўлади. Аста-секин сийратдаги абгорлик суратга кўчади. Муттасил соғинч азобида юрган одамнинг кўзларидан нур сўнади. Нигоҳларидан мазмун йўқолади.
Юрагини, жигарини бир чеккадан кемириб адои тамом қилаётган соғинч хасталигига мубтало одам ўзини чалғитиш учун нималар қилмайди дейсан! Фикри-ёди ўзини чалғитишда бўлганидан у ўзини овутиш мақсадида тиним билмай аллақандай юмушлар билан машғул бўлади, лекин шундай дамларда ҳам хаёлининг бир чеккасини тарк этмайди соғинч. Чунки унинг учун соғинаётган кишисининг дийдорига етишиш орзусидан муқаддасроқ, муҳимроқ ва аълороқ мақсад қолмайди.
Соғинаётган одам мудом ёлғиз қолишга интилади ва ёлғиз қолди дегунча юраги қинидан чиқиб кетгудек талвасага, ваҳимага тушади. Қандай бўлмасин ёлғиз қолишга ҳаракат қилади ва... ёлғиз қолди дегунча юраги таҳликадан ёрилгудай аҳволга тушади – ёлғизликдан қўрқади!
Гўдак болалар отаси ё онасини уч-тўрт кун кўрмай қол салар ичикадилар: иштаҳалари йўқолади, сабабсиз йиғ лайверишади. Бўшашиб, ҳолдан тоядилар. Бе фарқ бўлиб қоладилар. Кечагина қўлдан қўймай ўйнаётган ўйинчоқларига ҳам қайрилиб қарамай, ғинг шийверадилар.
Соғинаётган одам бундан баттарроқ аҳволга тушади...
Кўнгилнинг туб-тубида ғужғон ўйнайдиган безовталик лар талотўпидан халос этадиган мўъжизакор қудратли шифо фақат Сенда бор деб биламан. Сенинг бир оғизгина лутфинг, бир нафаслик висолинг-васлингдан кўра ўзга нажот йўқ мен учун.
Сени соғинмасликка ўзимни мажбурлаган дамларим бўлади. Ўзимни чалғитаман, соғинмайман, соғинмаяпман!.. Соғинмаяпман... дея баралла овоз чи қариб айтаман ўзимга ва “қадрдон” деган сўз тилимга ёпишиб қолади. Қадрдон, қадрдоним... Бу сўзнинг маъно-мазмуни фақат сендан қадр топаман, қадримни сендагина кўраман деган маънони англатади, чамамда. Сенингча ҳам шундай эмасми?
Қадрдонликнинг ҳам даражаси, мақомини топса бўлади. Дейлик, бизнинг қадрдонлигимиз даражаси кунига ўнлаб, юзлаб хат ёзишга, телефон орқали ҳар соатда бир-биримизни йўқлашга лойиқ! Зеро, бир кун кўрмасам бир кун, икки кун кўрмасам икки кун... юз йил кўрмасам юз йил соғинаман сени, асалим! Кўриш, дийдорлашиш насиб этса Сени кўрмаган, сенга етишолмаган кунларим, дақиқалар ҳисобидан соғинаётган бўламан. Сени ичимга яшириб қўйсам ҳам, ўзим ичингга кириб яшириниб олсам ҳам соғинаман!

... Тун-кун тиладим висол худодин,
Ҳижронни юборди ул самодин...

– Айт-чи, мен Сени тушунаманми?
– Тушунмайсиз.
– Тушунмайманми? Ҳеч қанча тушунмайманми?!
– Мана маши-инча: жимжилоғимнинг учичалик тушунасиз, холос.
– Шунинг учун ҳам ўша жимжилоғингнинг учига сиғинаман, ёлғизим!!!
Деразамнинг рўпарасида бир туп дарахт япроқлари олтин тусида сарғайибди. Ҳадемай олтин япроқлар ҳам ер билан битта бўлиб тўкиладилар, хаёл маъюс тортади. Ҳар сафар деразадан қараганимда бошқа дарахтларга эмас, бояги боши “олтин” дарахтдан кўз узолмайман, шунда дарахтнинг нозик навдалари мен яхши кўрган, мен ҳарчанд ардоқласам-да тўймайдиган Жимжилоққа ўхшаб кетади!.. Ҳа, ўша нооозиик, опппоқ, ҳар сафар лабимга босганимда ютиб юборишдан ҳайиқадиган Жимжилоқ!..
Менинг ардоқли жимжилоғим!..
Кун пешиндан оғди. Кайфиятим чакки эмас. Ҳар сафар соғинчларим баён этилган мактубларимни Сенга жўнатганимдан кейин ўзимни енгил ҳис қиламан. Мана, ҳозир, ўзингни эмас, негадир жимжилоғингни ўйлаб... “ўйнаб” ўтирибман. Тиқилинч автобусда бораётган эмишман, автобус силтаниб кетибди, мувозанат сақлаш мақсадида шошиб қўлимни чўзиб темир тутқични тутиб олдим. Шунда... ногаҳон кўрсаткич бармоғим бошқа томондан чўзилган қўл жимжилоғининг устига тушибди!..
Бармоғимни кўтардиму, нигоҳим нотаниш жимжилоқнинг учида тўхтади. Ҳайрон бўлиб қолдим, бунақа жимжилоқни кўрмагандим, уч ёшли норасида гўдакнинг жимжилоғидек оппоқ, мулойим, юмшоқ... Кўзимни узолмадим десанг!..
Қандай юмушлар билан бандсан, жон?
Мен ардоқлайдиган момиқ қўлларинг – бармоқларинг... жимжилоғинг билан қандай юмушларга унналдинг?.. Ардоқла, авайла, ахир, уларни, асалим!
Қалбини ишғол қилган бўлсанг-да, қўли, бармоқлари... жимжилоғини тутиб турган эсанг-да, У сеники эмаслигига иқрорлик жонни ўртайди, жон!..
Нима бу, оғайни, ҳуда-беҳудага нохушлик, тушкунлик? Ундан қутилиш эпини топилмасанг, бу дарднинг сабаби, САБАБЧИСИнинг номини тилга ололмасанг...
Буларнинг бари бедийдор, бевисол, демак, беҳуда ва зое ўтган кунларнинг аламлари, асорати эканлиги муқаррар, жигарим!..
Хатларим етиб бордими? Уларни очган бармоқларингни кўзимга суртай, асалим. Хат алмашинувини висол дебсан, наҳотки, буни астойдил, чин дилдан айтаётган бўлсанг?! Наҳотки, нома висол ўрнига ўтса?! Юпанч бўла оладими, шу варақлар, бизга? Соғинчнинг ҳурмати шуми?
Менинг ёзганларимнинг ҳеч бири Сен учун ҳеч қандай янгилик эмас, биламан, икки марта такрорланган хабарнинг янгилиги қолмайди, лекин менинг миллион марталаб айтган изҳорларим менинг миллион янгиликларимдир...
Менга жимжилоғининг учичалик меҳри бўлган, лекин жимжилоғининг учичалик ўзини бахшида қилолмаётган жигаргўшамни аллоҳ паноҳида асрасин!..
Хат жавоним тўлиб кетибди, раҳмат Сизга қадрдоним! Бири-биридан гўзал, ўхшатишу таш беҳ ларни роса топасиз-да, ўзиям! Рассомликка қўшимча шоир бўлишингиз ҳам мумкин эди.
Намунча, жимжилоқни “тил”дан қўймабсиз?! Хатларингизни ўқияпману, нуқул жимжилоғимга қа раб кулгим қистайди. Шуунча йил яшаб ўзимнинг жим жилоғимга Сиз айтган, Сиз таърифлаган назар билан қарамаган эканман.
Бир қарасам оддийгина, бир қарасам... қўйинг, одамни хижолат қилманг!.. Хижолат бўляпману, севинаётганимни ҳам нима қиламан яшириб?! Тағин Сиздек инсон топган, меҳрини қўшиб таърифлаган сўзларига мен қандайига қарши чиқишим ёки уларни рад этишим мумкин?!
Мен ундай қилолмайман...
Дарвоқе, йўқ, жимжилоқнинг учидай Сиз мени яхши кўрасиз. Менинг яхши кўришимни эса, эҳ-ҳе-е, Сиз тасаввур ҳам қила олмайсиз!..
Қадрдонимдан янги-янги ташбеҳлар кутиб...
Уч кун сафарда бўлдим. Хонамга қайтиб келдиму, шоша-пиша хатлар жавонига ёпишдим. Тезроқ! Тезроқ!
Салгина ҳаялласам нафасим қайтиб кетади, бўғилиб қоламан!..
Мана, жавонни очдим! Ана, очилди! Жоним-м! Бошпанам! Сенинг бир оғиз сўзинг мен уч кун мобайнида сафарда юриб эшитган юз оғиз ҳамду санолардан, мақтову хушомадлардан минг карра азиз ва аъло эканлигини билсанг эди!
“Худо хоҳласа” дедингми? Тўхта! Бир зум қулоқ сол, жоним!
Ахир худо хоҳлаганки, биз ғойибона бўлса-да, бир-биримизга дил-дилимиздан боғланиб-чирмалиб юрибмиз, бу яқинлик сурури ва азобларини тотиб юрганимиз сабабчиси ҳам яратганнинг ўзи эмасми? Соғинишлар, айрилиқ азоблари, соғинч уқубатлари кимнинг хоҳиши?
Қандай қилиб бу неъматга шак келтиришимиз мумкин?
Шундай эмасми, асалим?
Сенга қандай дил изҳоримни баён этар эканман, уларнинг бари-барчаси энг тоза илоҳий, самовий муҳаббат изтироблари, эҳтирослари дея қабул қиласан деган умидда...
Баъзан ўйлаб кетаман: ким билсин, бизни изтиробларга тўла ана шу соғинч боғлаб турибдимикан?
Адоқсиз соғинч қудрати шундай бўлар эҳтимол?.. Бир-биримиз томон қанчалар интилмайлик шароит ва бошқа сабаблар орамиздаги жарликни шунчалар чуқурлаштириб юбормоқда... Лекин фақат Сен ва менгагина аён бўлган бебаҳо илоҳий туйғу... мен уни ёнбошга узаласига ётқизилган 8 рақамига ўхшатаман, бу рақамнинг иккита халқақўли бор, бири мени, иккинчиси эса Сени қўлтиқлаб олгандек! У шунчалар маҳкам тутганки, қўйиб юборишига зинҳор кўзим етмайди: ҳаловатимиз ҳам, роҳату азобларимиз ҳам ана ўша ХАЛҚАҚЎЛ ихтиёрида, измида!
Қизиқ, ўша халқақўл тикланса 8 бўлади! Икки 8 ёнма-ён ёзилса “Мен сени севаман” деган маъно чиқади...
Шунинг учун ҳам қўшалоқ 8 рақамини бир жуфт қилиб, йўқ-йўқ, МИНГ жуфт қилиб севгимни изҳор қилгим келади жониммм, ҳаловатиммм!..
Ҳа, соғинч ҳақидаги барча изҳорларингиз тўғри. Бунчалар жонни ўртамаса, бу туйғу!.. Назаримда кўнгилдаги барча-барча кечинмаларимни соғинч туйғуси орқали баён этишим мумкиндек туюлади. Нима бўлган тақдирда ҳам Сиз бир нарсани унутманг, Сизни жуда-жуда соғиниб яшайдиган ва жонидек яхши кўрадиган, Сизга дунёдаги барча яхшиликларни соғинувчи, юрган йўлида фақат Сизни ўйловчи оқибатли оғайнингиз бор...
Абдували деган биродарим бор. Шоир. Барча дабдабапардознавислардан кўра шоирроқ! Топиб ёзади. Кечагинда бир шеърини ўқидим. Роса менинг дилимдагини топибди, барака топгур! Ўқиб берай:
Негадир сен мени йўқламай қўйдинг...
– Ўқийверайми?.. Эшит:
Негадир менсиз ҳам яшашинг мумкин,
Кўзинг қирғоғида тинган ҳавасим...
- Эшитяпсанми?
- Йўқ, эшитмаяпман. Ёлғон гапларни эшитмайман!

Сен гўё бахтлисан, топгандай нурни,
Муғамбир ошёнда юпанчинг бордай.
Шунда ҳам юзингда (очай бир сирни)
Тиламчи кўзларим сўзлари бордай.

Бешбаттар бўлмайди... бундан зиёда,
Ҳаприқиб кетаман...
Сочларинг иси -
Димоққа урилар ҳидли зиёдай,
Ёйилиб, юракка тақалиб, тўзиб...
Севгилим, сен мени йўқламай қўйдинг...

Тушнинг мўъжиза эканлигига жуда кўп марта иқрор бўламан. Сизни ҳаётда учратмасам-да, тушимнинг эшиклари Сиз учун очиқ, Сиз буни биласиз ва кунда-кунора кириб келаверасиз бу эшикдан. Тушим неча сония давом этади билмадим, лекин ҳар сафар кўнглимнинг бир чеккасида “Ишқилиб уйғониб кетмай-да!” деган хавотирли ўйда ётаман. Тушим жуда қисқа давом этишини сезаман ва шоша-пиша Сизга соғ-омон бўлинг-да, толиқиб қолманг-да, дея тилакларимни айтаман. Сиз уларга қулоқ солмайсиз, Сиз мендан кўз узмай тикилиб-термилиб тураверасиз. Термилган нигоҳларингиз тубидаги соғинчни ҳис этаман, ўртанаман, ўзим-да, соғинаман!..
Соғинч қулоқни кар, кўзни кўр, ақлни сийқа қилади. Бундай аянчли ҳолатга тушмасликнинг бирдан-бир ягона чораси эса ВИСОЛ! Соғинчнинг ҳурмати, соғинчнинг ме-васи, соғинчнинг саждагоҳи ҳам ВИСОЛ!

Неча йилки, йўқ оромим, йиғолмайман ҳушимни,
Ҳар сония, ҳар лаҳза соғинч ўртар кўксимни...

Машҳур шеър ва қўшиқларни ўзлаштиришга уста бўлиб кетибсиз-а!
-  Бутун дунё хусусийлашиб кетаётган бир пайт-да бир неча мисрани хусусийлаштириш гуноҳ бўлмас! Қолаверса, уларни аввал ўзимники қилиб оламан-да, сўнг Сенга тақдим этаман. Ишонаманки, ўша машҳур шеър ва қўшиқ муаллифлари бунинг учун мени сазойи қилишмайди, чунки улар ҳасссос истеъдод эгалари си-фатида муҳаббатнинг мўъжизаларга бой муқаддас туйғу эканлигини яхши тушунишади.
Яхшиям Сиз борсиз! Шунинг ўзи мен учун улкан бахт! Илтимос, бир нарсани зинҳор унутманг: Сизни ўйлайдиган, сизни доим кўргиси келадиган қадрдонингиз бор. Со ғинч оғриқлари олдида бу оғриқлар билинмайди ҳам, соғинчларингизни севаман, соғинчларингизга суянаман...
Изтиробга тўйинган туйғу - соғинч... Сену менга умрбод ҳамроҳ, йўлдошдир - соғинч... Қиёматли дўстим, иним, синглим, акам... онам- жигаргўшам - соғинч!..
– .... ........
... – ..?
– ... ... ..... ........!
- Ия, тўхта, менга қара! Юрагинг урмаяптими?
- Сиз кафтингизни кўксимга босиб турибсиз-ку, юрагим уришининг ҳожати йўқ-да!
- Меники эса ором оляпти...
- Сизнинг юрагингиз ором олаётган бўлса, мен юрагимнинг урмаслигигаям розиман...
-  Бизнинг муҳаббатимиз юракларни тўхтатиш учун эмас, узоқроқ, ўйноқироқ ва шиддатлироқ дукурлаши учун боқий эмасми?
- Ҳақиқий муҳаббат боқий бўлмайди, дейишади-ку?
-   Десалар деяверсинлар, бундай гапнинг мавжудлиги бизнинг муҳаббатимиз увол кетишига баҳона бўлолмайди.
- Баҳона топилмаган тақдирда ҳам оқибати аниқ-ку...
- Нима деяпсан? Очиқроқ гапирсанг-чи?
-   Қизиқсиз-а... Ўзингиз тушунган одамсиз. Яна мен нима деб тушунтираман?.. Қўйинг, бошқа мавзуда суҳбатлашайлик.
- Нима, муҳаббат ҳақида суҳбатлашиш бизга ярашмайдими? Ёки биз севги изтиробларига арзимаймизми? Ёки...
- Нималар деяпсиз?... Менга қолса...
- “Менга қолса” дейсану, Сенга қолганда...
-  Муҳаббат ҳақидаги гапларингизни жон қулоғим билан тинглайман. Сира жонимга тегмайди. “Сени жонимдан яхши кўраман”, “Эртаю кеч сени хаёлимдан чиқаролмайман” деган сўзларни эшитишни хоҳламайдиган аёл бўлмаса керак, дунёда?! Лекин...
-  Нима, лекин? Қўйсанг-чи, ўша лекинни! Мани шу-унча эҳтиросимни битта лекинга қурбон қилиб юборасанми?
- Ўзимнинг эҳтиросларим-чи?
-  Сен жуда вазминсан, оғирсан. Эҳтиросларингни жиловлашингга ҳайратга тушаман, баъзан эса ёрилиб кетай дейман. Мен минг ўтдан чиқиб, минг чўғга ботиб, энтикиб нималар дейману, Сен ҳеч нарса бўлмагандек...
-    Ҳеч нарса бўлмадими? Эҳтиросга эҳтирос қўшилмаса...
- Ҳа, ҳа, гапир. Гапиравер, жоним!
- Етади. Бошқа гапирмайман.
Тилимизда “ҳали” деган сўз бор. Уни ҳар ким ўзича тушунади, назаримда. Мисол учун, эсингдами, “ҳалироқ кўришамиз” ёки “ҳалироқ қўнғироқ қиламан” деганча уч-тўрт кунлаб дом-дараксиз кетар эдинг. Ваҳоланки, мен учун “ҳали” бир дақиқа, бир сония! Сен учун эса... мана шу эмасми, оддий фашизм?!
Бир кун, икки кун... уч, тўрт кунлаб ўтади ҳамки, “ҳали”дан дарак бўлмайди, мени адои тамом қиладиган “ҳали”! Гўё мен гўдак болангману Сен онамсан, алдагани бола яхши, деганларидек...
Телефонда бир дақиқагина гаплашардигу, шу билан сувга чўккан тошдек жим бўлиб кетардик. Гўё шу учрашув, дийдорлашув ўрнига ўтадигандек! Шу билан орамиздаги икковимизни ҳам ўртаб юрган соғинчнинг ҳурматини жойига қўйгандек!.. Ваҳоланки, мен Сен билан бир умр гаплашсам озлик қилади! Сен эса бир дақиқа ўтар-ўтмас хайрлашишга тушасан, ягонам, эркам!!
Кўриша олмаслик ўн азоб бўлса, кўришган тақдирда ҳам дилдан суҳбат қура олмаслик минг азоб!..
Кўпинча ҳайрон қоламан: мен жоним ўртаниб изҳори дил қилганим-қилган, Сен эса хотиржам. Суҳбатимизни эшитмай узоқроқдан кузатиб турган одам, “Бу йигит жуда зерикарли нарсани вайсаб қизнинг бошини қотирворди-ку” деган тахмин қилиши муқаррар. Наҳотки, изҳорларим кор қилмаётган бўлса? Наҳотки, ўзингни шу қадар оғир-вазмин тута оласан? Юраклар далва-далва бўлиб кетай дейдию, Сен эса бу қадар совуққон?!
Ҳойнаҳой, шу боис Сенга бир гапни минг бора такрорласам керак? Сенга уқдиришга, исботлашга уринсам керак? Менинг изтиробларим акс садо кутавериб алҳол ўзи ҳолдан тойса керак?..
Нитшенинг “Ўзаро жуда чуқур ҳурмат-эътиборни мен никоҳ деб биламан, никоҳланганлар бир ирода эгаларидир” деган гапини кўп ўйлайман. Ушбу гапни маъқул кўрсак, ундан чиқди, биз ўн, юз карра никоҳланган ҳисобланмаймизми?! Ахир бизнинг орамиздаги ҳурмат-эътиборга ман-ман деган меҳр-оқибатли эр-хотинлар ҳам ҳавас қилсалар арзимайдими?!
Шу каби сўзларимни, иқрорларимни юз, минг, миллион марталаб айтаман, айтавераман. Ўлгунимча айтаман.
Чунки Сенга айтар сўзларим ҳали лим-лим, Сен эса жим-жим...
Ҳа, фавқулодда совуққон, ҳисларингни пинҳон тута билгувчи, истасанг-да, намоён этишдан ўзингни тия билгувчи... ахир, ҳамон муҳаббат чин бўлса, дўстлик рост бўлса, ёрилиб кетмайдими, одам?! “Ҳа, ҳа, мен ҳам... мен ҳам!..” дея юракларини ёриб, очиб ташламайдими, барини?!
Барча-барча орияту андишаларни унутиб, ўйлаб топилган бемаъни одоб-ахлоқ меъёрларининг баҳридан ўтиб, айт, гапир, ахир!.. Тўкилиб-тўкилиб, сочилиб-сочилиб, очилиб-очилиб, энтикиб-энтикиб, яратган эгам ато этган инжа туйғулар эркатойига айланиб-айланиб айт!..
Йўқ, Сен жим, Сен вазмин, Сен...
Шундай дамларда яна ва яна эҳтимол мени алдаб, ёш бола қилиб юргандир-да, деган даҳшатли ўйларга бораман. Мени ўртаётган туйғуларнинг тозалигидан фойдаланиб қолаётгандир-да, дея юракларим баттар эзилади.
Ана ўшанда яна ўзимга далда бераман, ўзимни қўлга оламан: майли, башарти у мени гўдак қилаётган  бўлса ҳам, мен туйғуларимнинг беғуборлиги билан унинг алдовларини ростга айлантираман. Башарти мени калака қилаётган бўлса, мен унинг калакалари замиридаги муҳаббат ғунчаларини авайлаб парвариш қиламан. Бу ғунчалар... эртага қандай гул бўлиб очилиши ноаён, илло мен Унинг ҳатто мана шундай маккорликларини-да (нималар деяпман?!) севаман!.. Мен Уни зинҳор айблай олмайман, Унга нисбатан шубҳа-гумонларимни қувиб соламан!..
Мен ҳозирга қадар Унда бирорта кўнгил қолдирарли нуқсон топмадим. Неча сафар иймондан айиргудай шубҳа-гумонлар гирдобига ғарқ бўлган дамларимда ҳам Унинг сеҳрли ва қадрдон “Ассаломалайкўм”ини эшитган заҳотим шубҳанинг у қора кўланкалари рўё мисол тарқаб кетган. Ундан кўнглимни тамом совутиб юборадиган хусусиятни атайин излаган дамларим бўлди, шундай хусусиятни топгудай бўлсам орамиздаги инжа муносабатларга барҳам берилишига баҳонаи сабаб бўлармикан, деган хаёлларда юрган пайтларим бўлди, бироқ, излашлар-изланишларнинг бари беҳуда кетди (шу эмасми, изтиборларимизнинг илоҳийлиги?!), йўқ, беҳуда кетди десам ёлғон айтган бўламан – аксинча ҳар сафар шундай хаёлларга борганимда унга янаям қаттиқроқ боғланиб қолаётганимни, унга бўлган муҳаббатим ҳар қачонгидан авжига чиқаётганини сезардим...
Биламан, Сен ушбу сатрларни ҳам худди ҳеч нарса бўлмагандек, “Ҳа, энди одатдаги гаплар-да” деб ўқирсан, бунга ниҳоятда жўяли баҳоналар топиб, уни жуда оддий ва табиий ҳолат дея изоҳларсан!
– Наҳотки, кўришмай кетсак? Кейин нима бўлади?!!!
– Пировард натижа бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас-да, қайтамиз? Ахир ҳаммаси аён бўлгач...
Мана, Сенинг фалсафанг! “Бошқа нима ҳам бўларди?!! Маълум нарса-ку!..” Мантиқан олганда жуда тўғри, аммо-лекин, ҳай, Инсон, ахир Сен билан менинг орамиздаги муносабат ҳеч қандай мантиққа сиғмайди (демак, севгини мантиқдан ташқаридаги ҳолат деб изоҳлаш ҳам мумкин экан-да!). Майли, Сен миллионлаб оилаларга ўхшаб, ҳамма қатори яшаб юравер, яъни, бу ёруғ дунёдан яшаганга ўхшаб ўтиб  кетавер, дарҳақиқат, ҳеч бир рисолага сиғмайдиган ғайримантиқий ДЎСТЛИК кўчасига кириб нима қиласан?! (Эҳ, туйғуларим ва ўйларимни ўз номи билан ёзолмаяпман-да!) Ахир, тушунгин, Сен оддий аёл эмассан-ку! Бизнинг муносабат шу қадар совуққон ва шу қадар боодоб муомалалардан аанча юксакдаги ажжойиб ва бетакрор, фақат Сен ва менгагина хос бўлган воқеа-ку!.. Қарасанг-чи, англасанг-чи, қадрдоним!..
... нималарни ёздим?! Наҳотки, шу даражага боряпман? Одоб– ахлоққа тил теккиздим-а?.. Наҳотки, муҳаббат изтироблари одоб-ахлоқдан-да устунроқ, ахлоқ-одоб меъёрларидан ташқаридаги фавқулодда ҳодиса бўлса?! Эй, фалак, измингдаман!..
Устма-уст йўллаган хатларингизни шошиб-ютоқиб ўқиб чиқдим, раҳмат, сизга, меҳрибоним. Наҳотки, беғубор ва мусаффо муносабатларимиз орасига шунчалар шубҳа-гумон оралаган бўлса?! Мен тушунолмай қолдим.
Илоҳий муҳаббатларимиздан маст бўлиб юраверибмизу, бу ёқда ғирт инсоний, заминий, одамнинг, бетакрор ҳис-туйғуларнинг қадр-қимматини ерга урадиган, поймол этадиган аллақандай тубан тушунчалар ҳам йўлимизда пусиб, пойлаб туриши мумкинлигини унутибмиз-да!.. Айрим фикрларингизга қўшилмайман. “Жон” деган сўзингизга қўшиламан, чунки Сиз менинг жону жаҳонимсиз, демак, мен ҳам сизнинг жонингизман. Шундай эмасми?..
Мен Сизни ўзимнинг жуда яқин кишимсиз деб ҳисоблайман, шу боис баъзан ҳайрон бўлманг, ўзимни чегаралаб тураману, баъзан... алдоқчи дебсиз, йўқ, асло Сизни алдашни истамайман, эҳтимол Сиз ўйлагандек ҳиссиз, меҳрсиздирман... яна кўпми шундай “фазилатларим”? Марҳамат, айтаверинг, санайверинг, фақат, Сизга ҳам қойил қолмадим, севиб қолган одамингизни қаранг!..
Биласизми, мен кўпинча ўзимдан хафа бўлганимда, шууундоқ Инсон мени яхши кўриб қолган экан ва мен ҳам шууундоқ инсонни яхши кўрибманми, демак... хуллас, ўзимга қойил қоламан. Сиз бўлсангиз... Сизнинг меҳрингиз чек-чегарасиз. Доим ўзингизни ҳам ўйланг дейсизу, Сиз ўзингиз фақат мени ўйлайсиз, шундай эмасми?.. Сиз ҳам ўзингизни ўйланг, хўп. Сиз мен учун жуда-жуда керакли инсон эканлигингизни кўплаб марта ҳис қиламан... Бошқа ҳеч бир инсон билан бундай ҳолатга тушган эмасман!..
Ушбу эътирофимга ҳам ишонмайсизми?..
Ниҳоят, кўпдан буён бир армоним ушаладиган фурсати келди: юртимиздан олисларда туриб Сенга мактуб йўлласам деган орзуим бор эди. Мана, ўша фурсат: афсоналарга бой Деҳлида мартабали давраларда юрибману, кўнгилга қил сиғмайди. Тасаввур қиласанми, бор иродамни, ботиний қайсарлигим, болаликдан қолган шўхликларни – барини... Сени эсламасликка сафарбар қилдим. Эсламайман, хориж сафари эканидан қатъий назар Сенга атаб ҳеч қандай совға-салом изламайман, чунки Сени эсламаяпман, эсламайман, дея аҳд қилдим. Мени гўдак боладек алдаб, кўнглида борини эмин-эркин раво кўрмайдиган ...ни нима учун мен еру кўкка ишонмаслигим керак?! Ўзимни аёвсиз койишга тушаман: Унинг сенга қараб қолган жойи йўқ-ку, тентак!.. Сенинг меҳрингга зор эмас-ку, шуни ҳам кўриб-сезмасанг, бунчалик гўл бўлмасанг?! Бир ўйинчоққа, эрмакка айланиб юрганингни кўр одам кўрмаслиги мумкин, холос!.. Шунчалар ҳам содда бўласанми?!
Ҳа, шунинг учун ҳам ўйламайман! Қани, лоақал бир ҳафта, юртдан олисда эсламай, ўз ишингни, ташвишингни тортиб юриб кўргин-чи! Қара, ана, афсонавий ҳинд диёри!..
Минг йиллардан буён неча миллион шоҳу-гадони ўзига мафтун этган Ҳиндистондасан, ахир! Шу мўъжизакор диёрдан-да сеҳри зўрми, Унинг?!
Йўқ, зўр эмас, куни кеча дилимни вайрон қилган “ўша”ни эсламасликка қурбим етади. Фақат, кўпдан буён кўнглимга тугиб юрган орзуим-армоним ҳурмати сўнгги марта хат ёза қолай......
... Йўқ, эсламайман дедимми, бас, хотирам майдонларини ўз ҳолига қўяман. Қачонгача ўзимни эзиб, эзғилаб юраман?! Қани, хаёлларингни ўз ҳолига қўй, бандаи ғофил!
Эсламайман!..
Агра йўли узоқ, тасодиф ва саргузаштларга бой. Кўз ўнгимдан елиб ўтаётган манзаралар ҳар қанча хаёлни чалғитишга арзийди.
Эсламайман. Ҳамроҳим суҳбатга чорлайди. “Ҳа”, “ҳм”дан нарига ўтмайман, чунки... мен бандман: Сени эсламасликка ҳаракат қиляпман. Шунга онт ичганман.
Аҳдимга содиқ қоламан!..
Аграга етдик. Ана, Тожмаҳал, афсонавий Тожмаҳал!
Илоҳий севги обидаси!.. Узоқдан кўзга ташланган илк таассурот – тиниқ осмондаги оқ булутдек оппоқ ранг!.. Мен севган, жонимга жон бағишлайдиган ранг!.. Нега, қаердан севиб қолганман, бу рангни?..
Тўхта, нима қиламан бундай саволга тутиб ўзимни!..
Ана, қара, томоша қил, ҳайратлан! Рўпарангда Тожмаҳал қад ростлаб турибди! Оппоқ!.. Уф-ф!..
Нима учун оппоқ? Садаф янглиғ оқ рангнинг ҳикмати нимада экан? Сеҳри, жозибаси нимада? Эҳтимол илоҳий севгининг ранги оқдир?.. Илоҳий туйғулар қанотида Сени фаришта янглиғ самоларга олиб чиқаман, хаёлан... Ўзим ҳе-е ердан оёқ узолмасам-да, Сени, Сиз фариштамни кўкларга кўтараман, кўтарганим сайин Маккатиллога илк сафар қадам ранжида қилган бандаи мўъмин сингари кўзларимдан дув-дув ёш тўкилади, бахтиёрлик ва шодумонлик ёшлари...
Нима деяпман? Кимни эслаяпман? Субут борми, менда?!
Айтдим-ку, эсламайман, деб! Эс-ла-май-ман-н!..
Кун, изидан тун ўтди. Яна кун, яна тун... Яна...
“Сени эсламайман!” деган гап бирон дақиқа (!) хаёлимдан йироқлашгани йўқ, яъни, ҳар дақиқа Сендан буткул юз ўгиришга аҳд қилдим ва ўйлаб кўрсам... бирон лаҳза, эшитяпсанми – бирон сония дилимдан ариганинг, тилимдан узилганинг йўқ!..
Ана ўшанда бир улкан ҳақиқатни англадим: шу-унча йиллар мобайнида қалбимда осмонўпар Тожмаҳални бунёд этган эканмиз!.. Уни фақат биргина инсон – Сен вайрон этишга қодир эдинг – шу қадар совуққонлик билан вайрон қилдинг-ки!.. Бир эрмак деб, исталган дақиқада итқитиб юборишга тайёр ўйинчоқ-матоҳ деб ҳис қилдим, ўзимни, севгимни...
Чил-парчин бўлган Тожмаҳални қайта тиклаб бўлармикан?..
Бундан буёнги умрим ана шу Тожмаҳал харобаси ичида ўтадиганга ўхшади...
Синган дил қирқ йилда бутун бўлолмайди, дейдилар Ойдин опа.

Юрагимнинг бир дарзи бор,
Қирқ чегачи улолмас...

Ўйлай-ўйлай бир қарорга келгандайман: муносабатларимиз риштасини жарроҳлик тиғи билан бўлса-да, ҳар қандай шафқатни унутган ҳолда қирқиб ташлаш, шу йўл билан ҳамма-ҳаммасидан бир йўла воз кечиш керак, вассалом! Фақат бундай жарроҳлик усули ҳаёт ато этмайди, балки ҳаётни барбод этади...
Бунчалар тушкун кайфиятда ёздингиз мактубларни?
Наҳотки, Сизни зарда қилишга мажбур этган бўлсам?!
Ахир дунёда Сизни ўйлайдиган, Сизни жудаям яхши кўрадиган бир меҳрибонингиз борлигининг ўзи бахт эмасми? Мен учун эса Сизнинг соғ-саломат, тушкунликларга берилмай шодон кайфиятда юришингизнинг ўзи улкан бахт. Сиз ҳам менинг неча юзлаб бедор тунларимнинг айбдори эканлигингизни биласизми? Менинг ҳозирги шароитимда Сиз билан дўст тутиниб юришимнинг ўзи қаҳрамонлик эмасми? Сиз шундай деб ўйламайсизми?..
Нима қилмоқ кераклигини билганимда шу чоққа қадар ўзимни ҳам, Сизни ҳам қийнаб юрмасдим. Билмадим... Аммо жарроҳлик зинҳор шарт эмас! Нима деганингиз бу?! Хатингизни ўқиб қўрқиб кетдим! Бундай хаёлларга бормайлик, қадрдон!..
Бизнинг Тожмаҳални икковимиз бунёд этдикми, уни ҳеч ким буза олмайди, ахир уни ҳеч кимга кўрсатмаймиз-ку, эл-юртга кўз-кўз қилмаймиз-ку! Шуундай севги кошонасини бузишга... бундай шафқатсизларча бузғунчиликка Сизу мен қодир эмасмиз!.. Сизга ич-ичимдаги кўп гапларни ошкора айтолмайман. Мени сўзсиз англай олишингизни жуда-жуда илтимос қиламан.
Янаям очиқроқ гапиришга мажбур қилмайсиз деган умиддаман...
Жон! Хатларингга жавоб бермаганим, яъни уларни Сенга йўлламаганим, бу Сенга хат ёзмадим дегани эмас.
Ёзаман, тиним билмай ёзаман, фақат баъзан уларни жўнатишдан ўзимни тияман...
Соғинчларимни баён этишдан чарчадим десам орамиздаги илоҳий туйғу чирқирашини истамайман, асло!
Чарчадим демасам Сенга неча марталаб такрорлашим керак, аҳволимни?!
Ва яна, худо билади, нечанчи марта ўзимча онт ичаман, сўзлар бераман: бўлди, бас, дейман ва ўша заҳоти... қасамларни унутаман... Чунки, чидолмайман, кўргим, суҳбатлашгим келади.
“Таваккал қилиб, тақдир билан ўйнашаётганга ўхшайман” деган гапингни такрор-такор ўйлайман. Ўзимдан нафратланаман. Ахир мен эсимни йиғиб олишим, Сенга бўлган меҳр-муҳаббатим ҳаққи учун ҳам оғирликни мен зиммамга олишим керак-ку!
Уҳ-ҳ, неча марталаб жазм қилдим бунга?! Хатларингга жавоб қайтармаган лаҳзаларда қанчалик азоб чеккан бўлсам, биласанми, шунчалик қувонаман ҳам. Ҳамма-ҳаммасини тўхтатиш учун бир қадам қўйдим-ку, деган, сени ва ўзимни хатарларга қолдириб яшашга чек қўямиз, энди, ана, ўзимни тийдим, қойил, уддаладим, дейман. Сендан кўнглимни қолдирадиган нималарнидир топган бўламан, орамиздаги сирдошлик ва дўстликдан келиб чиқиши табиий бўлган талабларга жавоб беришни истамаётганинг, хуллас, ўзимча асослар топаман, ҳар иккимиз миллион марталаб гаплашган, яъни кўришмасликка кўниккандек бўламан ва... ва... биласанми, менга қанча азоб-уқубатлар эвазига тушаётганини, бу ўзимни тийишлар?!
Биласанми, шуларни, жоним?! Тасаввур қиласанми?.. Сендаги ақлли совуққонлик, туйғуларингни менга тўла раво кўрмаслигинг ҳам ҳавасимни келтиради, ҳам мени ва энг тоза туйғуларимни ҳақоратлайди, ҳам мени сенга бегоналаштиради...
“Сени шунчалар севадиган одаминг борлиги бахт эмасми” қабилидаги гапларинг тасалли эмас, ярага сепилган туздек таъсир қилишини наҳотки билмайсан, дўстим?
Сенинг хотиржамлигинг, ҳаловотинг ҳаққи, илоҳий ақидаларимиз ҳаққи... илоҳий неъматимизни увол қилишга мажбурмиз (бунинг уволи қандай тутади, билмадим).
Бошқа чораси йўқ. Аксинча, кўнгилда пинҳон изтиробларга дош бериш иложсиз, чорасиз аҳволга солиб қўймоқдаки, унга қулоқ тутмаслик бахт эмас, тузатиб бўлмас бахтсизлик, бебахтлик келтиришидан жуда-жуда хавотирдаман...
Қўрқаман. Чунки мен инсон сифатидаги барча орзу-ҳавасларимнинг чўққисида битта улкан ният Сени бахтли кўриш орзуси ҳамиша ҳилпираб туради. Уни ҳеч бир банда (ҳатто Сен ҳам!) тортиб ололмайсан, у фақат ўзим билан яшайди ва фақат ўзим билан кетади...
... Хатларингиз нега тушкун, деб сўраган эдинг, буни Сен билмасанг, ким билади? Кунларимнинг, ўйларимнинг... умримнинг қанчаси кайфиятсиз ўтишини ҳисоблай оласанми?..
Менга бедийдор, бевисол кунларни раво кўрган ягонамга адоқсиз эҳтиромлар билан...
Нима қилмоқ керак, деган савол ҳақида бош қотиришга юрагим чидамайди. Чунки жавоб тополмаслигимни, ҳар сафар шу саволни эслаганимда ўзимнинг жуда-жуда ожизлигимни ҳис қиламан. Ахир нима қилмоқ кераклигини билганимда эди, ўзимни ҳам, Сизни ҳам қийнаб юрмасдим. Билмадим...
-  Ҳозирча учрашмай турайлик, - дединг. Ўйланиб қолдим.
- Майли, - дедим, - Сен нима десанг - шу. Мен рози. Лекин сира чидолмасам, дунё кўзимга қоронғи бўлиб зимистонга айланаверса, қўлим ишга бормаса, ўзимни қўярга жой тополмай қолсам нима қилай? Бошимни қаёққа урай? Маслаҳат бер.
- Уч-тўрт кун чидасангиз кўникиб кетасиз...
Ана, холоосс... Уч-тўрт кунда кўникиб кетар экан-ман?! Бошланишига чидасам, кўникиб кетар эмишман!..
Шу қадар осон экан-да, кўникиш?! Шу қадар осон бўлса, шуунча вақт не-не азоб-уқубатларни бошдан кечирмадим?! Не-не изтироблар алангасида қоврилмадим?! Неча қайта қўл силтадим, қонимга ташна ҳолга тушганларимда неча қайта “Бас!” дея ўзимча қасамлар ичдим! Ўзимни ҳақоратлар қилдим. Ўзимни иродасизликда... бошқа-бошқаларда айбладим. Қани, иложи топилса! Қани, ўрганиб кетсам! Қани, кўника қолсам?!
Нимага, қандай қудратли ва сеҳрли оғуга дуч келганман, ўзи, қисмат?! Нима қилмоқчисан, не кўйларга солмоқчисан, тақдир?! Қўйсанг-чи, мени ўз ҳолимга!..
Сендами гуноҳ? Мендами?
Сен-да, мен-да бир бандамиз, ахир. Парвардигор шу кўйларга солмадими, бизларни, азизам? Шу дардга муб-тало қилган ўзи-ку! Шаккокликка йўйма, илтимос, ахир ҳар иккимиз ҳамиша ўзимизни тийиб-тизгинлаб келмадикми?! Лекин...

Сени хаёлимдан яширолмасам...
Юрагимдан суғуриб ирғитиб юборолмасам...
Сенга эргашиб боролмасам...
Қисматимни боғлолмасам...

- Яхши эмас. Мумкин эмас. Эҳтимол, гуноҳ...

Хаёллар-ку, сарсон бўлди,
Беватан,
Сарсон бўлди, севгимиздек,
Гуноҳ ҳам...

Инглиз адиби Чарлз Диккенс ҳаётидан ўқиб берай, эшитгин:
Если бы только Эллен дала ему надежду!  Он давно уже бросил бы все: опостылевший брак, порядком наскучившие литературные труды, Лондон... Но мисс Тернан лишь вежливо принимала его покровительство, не двигаясь в своих чувствах дальше холоднаватой, хотя как будто бы и искренный дружбы. И, негодуя на самого себя, он слал ей подарки, сладости, полушутливые-полулирические записки, надеясь на то, что рано или поздно добьется ее сниходительности, и одновременно боясь этого. Если Эллен его разочарует, ему больше нечего будет ждать от жизни. И он уже не сможет этого пережить.
Севги илоҳий туйғу. Гуноҳ деймизми, бошқами - Сен-у мен бандамиз, ожиз, нотовон банда! Қандай қилиб илоҳий туйғуга бас келамиз, уни енгамиз?! Рад эта оламиз?..
Ўйлаб кўргин, дўстим: эҳтимол Яратган эгамизнинг ўзи бизни бу гўзал ва бетакрор туйғуга мубтало этгандир?! Бу бир синов тегирмонидир?.. Бу синовга “ҳа” десак маъқулми ёхуд “йўқ” десак? “Йўқ” десак - ўн бало, “ҳа” десак - юз бало! Бундайин чорасиз синов ҳар касга инъом этилмайди, ҳар кўнгилга раво кўрилмайди, ахир. Демак:

Ўзинг-ку бу кўйга мубтало этган
Нечун азобларга гирифтор этдинг?..
Қай ён савоб, қай ён гуноҳ, билмадим
Муҳаббат майдонида ўйинчоқ этдинг...
Ўйинчоғим ўйинчоқ, Не қилайин менга боқ!..
Мумкин. - Мумкин эмас.
Мумкин. - Мумкин эмас.

Бу икки сарҳад орасида яшаш, бу икки сарҳад орасида маъқул йўл топиб яшаш нақадар уқубат! Йўлнинг “Мумкин” деган томонига ўтсанг, “Мумкин эмас” деган садо келади, “Мумкин эмас” деб номланган йўлкасига ўтсанг, “Мумкиин” деган сас эшитилади. Бошингни қаёнга уришни билмайсан, қалб ва эҳтиросга бўйсунасан, жа-сорат ва матонат қўлингдан тутади - ахир Сен одамсан! Инсонсан! Бу улуғ мартабага содиқлик хиёнат эмас, бун-дайин бетакрор мартаба ҳар бандага ҳам насиб этавермайди, бу илоҳий мўъжизани асраб-авайламоқ керак! Шарт!
Бироқ, мумкин эмас...
Бир ҳақиқатга аминман, жоним: шу яшаб ўтган УМРИМИЗ мобайнида менга қанчалик ранж-алам етказган бўлсанг, бари “Мумкин эмас ”нинг оқибати. Нечоғли қувонч, бахтли онлар ҳадя этган бўлсанг бари-барчаси “Мумкиин”нинг қувончи, саодати!..
Тушунаман, тушунишга ҳаракат қиламан, асалим!..
Сенда эмас аламим... Тавба!!!
Мумкин - жозиба, эҳтирос, сурурли энтикишларга эш хавотир, таҳлика...
Мумкин эмас - бехавотирлик, хотиржамлик, сокинликка эш ҳиссизлик, ғариблик, бефайзлик...
Қайдасан, жасорат? Қайдасан, шиддат?!
- Мумкинми? Йўқми?
- ...
- Айт, мумкинми, йўқми?
- Билмадим...
- Аниқ айт, айтақолсанг-чи!..
-  Йўқ, аниқ жавоб йўқ, айтолмайман... Ўзингиз айтгандингиз-ку икки карра икки...
-  Яхши, эсингда экан. Икки карра икки тўрт дея қатъий хулоса чиқаришнинг ўзи разолат! Босқинчилик! Ёвузлик! Фаши...
- Бўлди, бўлди!.. Индамаса, жуда ошириб юборасиз-да, икки карра икки қаердаю, разолат, фашизм қаерда?!
-  Шундайми? Сен ҳам шундай деб ўйлайсанми? Шундайми?!
- ...
- У ҳолда айт, айт икки карра икки неча бўлишини? Тўрт, деб қутулмоқчимисан? Шу ҳам жавобми? “Тўрт” дейсану, ҳаётнинг бутун жумбоқларига жавоб топдим деб ўзингни, мени, жумла-жаҳонни алдайсанми?!
- Хўп-хўп. Сиз ҳақсиз, биз қайдан биламиз, биз ҳам хом сут эмган бандалармиз-да, ахир. Шундай эмасми? Икки карра иккининг жавоби қанча экани ҳам яратганнинг ўзига аён. Унинг ўзи истаган кўйига солиб ўйнатаётган экан, айтдим-ку, биз ўйинчоқ бандалар қайдан топамиз аниқ-конкрет жавобни? Конкрет жавоб гуноҳ, конкрет жавоб гуноҳи азим!.. Шундан қўрқамиз, қайтар дунё деймиз, оқибатини ўйлаб юрагимиз увишади. Чунки бандамиз.
Ожиз банда эканлигимиз сабабли ҳам қўрқаяпмиз, кўнгилларимиз майлининг тозалигини, беғуборлигини тўғри баҳолай олмаяпмиз, қадрлай олмаяпмиз.
-   Айт, жоним, шунчалар мушкулми бир қадам қўйиш?
-  Ҳамма гап ана шу бир қадамда-да! Биз қўйдик-ку, шу қадамни, мактубларимизнинг ҳар бири ўзича бир қадам. Шундай эмасми?
-  У ҳолда нима учун етишолмаймиз, дийдоримизга тўёлмаймиз?
-  Ундай деманг, ахир ўзингиз айтган эдингиз - биз бир биримизнинг ичимиздамиз. Сиз менинг, мен Сизнинг ичингизда туриб мактублар йўллаганимиз-йўллаган. Қизиқлигини қаранг! Биров эшитса ичаги узилгудай кулса керак?!
Тубан ҳирс қурбонлари ва қуллари қўрқсинлар гуноҳлардан! Муҳаббатсиз ёстуқ булғаётганлар қўрқ синлар! Қалбини занг ва моғор босганлар кўпроқ ўйла синлар қайтар дунёни!..
Сен билан менинг орамизда бокира, гўзал ва тоза ҳислардан ўзга нима бор ахир?..

Иккимизнинг ўртамизда
Йўл, дилоро, бир қадам.
Шунчалар мушкулми қўймоқ
Сенга, зебо, бир қадам.

Бировлар эшитса кулади дебсан. Ўзимнинг аҳволимга ўзим кулганим-кулган. Ҳақиқатан ҳам ўзимиз топдик-ку бу оламжаҳон ташвишни!.. Ҳеч ким бизни унга рўпара қилмади, мубтало этмади. Ташвишнинг севинчлари ҳам, азоб-уқубатлари ҳам ўзимизники! Қўйган “қадам”ларимиз ҳам ўзимизники, уларни энди ортга қайтаришга ожизмиз.
Ҳеч бир тирик жон яшаб ўтган умрини ортга қайтаролмайди. Кечаги кун - кеча, бугунги кун - эртага афсона. Ва ҳар банда борки, ўтган кунларини ўйлаб, армон ва орзулар, соғинч ва юпанчлар қанотида сузади. Ҳаётнинг мазмунларга тўлалигини ҳар ким ўз тарозиси билан ўлчайди. Тасаввур қилгин, бордию, умримиз варақларида икковимизни қовуштирган ушбу ТАРИХИМИЗ бўлмаса?! Нақадар аянчли, нақадар ғариб, нақадар зерикарли! Ахир, ўйлай десанг, ўйлагудай, севинай десанг севингудай, оламга жар солай десанг арзигудай, кўз-кўз қилай десанг мақтангудай туйғуларимиз, эҳтиросларимиз, соғинчларимиз, изтиробларимиз, аразларимиз бор! Эркаликларимиз бор!..
- Яшадингми? Яшадикми? Бу саволга жавобимиз бир:
- Ҳа, яшадик! Биз яшадик!
- Яхшиям, Сен борсан!..
- Йўқ, яхшиям, Сиз борсиз!..
- Сен борлигинг учун мен борман!..
- Йўқ, Сиз...
- Жим. Бир марта хўп дея қол, жоним!..
- Хўп... хўп... Фет:
Утро дишит у него на груди...
Бунчалар аниқ, бунчалар дилбар тасвир! Бир аср муқаддам яшаб ўтган шоир қаердан билган Сенинг кўксингда тонглар нафас олишини, тонглар кўксингдан ранг олишини?!.. Нақ мўъжизанинг ўзгинаси эмасми бу, ягонам?! Бу таъриф менинг дилим тўридаги арзандадан-арзанда туйғу, шоир Фет эса ўша туйғу уммонидан олган ранг тимсолида шеърий сурат чизган, холос...
Уч-тўрт кун чидаш билан барча соғинч изтиробларидан халос бўлиш имкони бўлганида...
... баҳорнинг биринчи кунини шунчалик интиқлик билан, тўнғич фарзанди туғилишини интиқ кутаётган бўлғуси онанинг аҳволида юрармидим, оғайни?!
Аввал, “ҳозирча учрашмай турайлик”. Хўп, розиман. Сўнг... “ҳозирча учрашмасак кўникиб кетасиз”... Қандай дамларда айтиляпти бу сўзлар?
Баҳор айёмининг илк кунида! Мўъжизалар, муҳаббатлар, эҳтирослар, жозибалар қайнаб-тошадиган, муҳаббатли қалблар бир-бирларига боор эркаликларини беминнат ҳадя этадиган фасли айёмда-я?!
Асқад Мухтор, “Энг ёмони - баҳорда ўлиш” деб ёз-ган эди. Сирли-сеҳрли шабадалар фаслида (тағин бирин-чи кунида-я!) висолга барҳам бериш, дийдорга тўғаноқ бўлиш эса - босқинчилик, қотилликнинг ўзгинаси!.. Жоҳиллик!
Бу қадар шафқатсизлик, бераҳмликка, билмадим, эҳтимол немисларнинг шўрпешона Адолф “бобо”си қодир бўлгандир?.. У ҳолда ўша фашистгагина хос шафқатсизлик икки сирдош кўнгил соҳиблари орасида қаердан пайдо бўлди?..
Ҳа, баҳорнинг илк дамларида айтилган бу сингари сўзлар Сен ва мени бир неча йиллардан бери кўкларга кўтариб келаётган, ҳаётимизнинг, умримизнинг мазмун-моҳиятига айланган дилдаги ээнг инжа туйғуларга суиқасд!.. Муҳаббат кўчасидаги қотиллик!..
Мен баҳорнинг биринчи кунини интизор кутган эдим, Сен эса...
- Хаёлпарастсиз!..
Жуда тўғри, хаёлпарастман, мен хаёл одамиман. Хаёл мен учун реал воқеликдан кўра реалроқ! Мен учун реаллик мана шу хаёлларим! Мен шу хаёлларимга сиғинаман, унга топинаман. Чунки бу хаёлнинг ичида Сен борсан!.. Сен бўлмаган, Сени учратолмайдиган реалликдан кўра, ўша хаёлот минг чандон афзал!.. Мен тарк этолмайдиган, хаёлларим ипидан тўқилган олтин сарой бу!..
Бугунги айём билан табриклайман. Сиз яхши кўриб қолган, қалбимдаги энг тоза, энг ширин, энг эзгу тилакларим фақат Сизники. Сизни бутун умр соғиниб, излаб, чорлаб, кўргиси келиб, яна соғиниб (ёнимда бўлсангиз-да!) яшаётган бир инсон борлигини унутманг, хўп?
Сизга озгинагина ҳафачилик, қийинчилик у ёқда турсин, ҳатто чанг-ғуборни ҳам раво кўрмайман.
Орамиздаги яхши яқинлик назаримда бутун вужудимни ювиб, поклаётгандек...
Сизни умрим бўйи соғлом, хуш кайфиятда, яна-да юксак ҳурмат-эътиборда кўриб бир пайтлар кўрган “тушлар”имни   (Сиз   билан   орамизда   қандай   муносабатлар юз берган бўлса, уларнинг бари мен учун тушга ўхшайди) эслаб мағрурланиб юрай...
Сизни ҳамма яхши кўради, майли, уларнинг сони фақат кўпайсин. Аммо сиз ёлғиз мени .........., хўп?
Доимо “ҳамма ишим жойида, соғ-саломатман, тинчман, кайфиятим аъло, фақат озгинагина сени соғиндим, холос” деган меҳрли сўзингизни эшитиш насиб этсин менга.
Сизга эса ҳар бир қадамингизда учраётган шодлик, омад, бахт, яхшилик, меҳрдан ҳайратланиб, энтикиб яшаш насиб этсин.
Яна бир карра эрка ва арзанда баҳор айёми муборак бўлсин. Илоҳим, ҳамиша соғ-саломат бўлинг, чеҳрангиздан табассум аримасин! Орамиздаги самимий меҳр-оқибат, садоқат умрбоқий бўлсин. Ёмон кўзлардан асрасин! Борлиқ табиат баҳор фаслини кутгандек, баҳорга муштоқ бўлгани каби бир-биримизга илҳақ бўлиб яшайлик!.. Интизорлик тарк этмасин бизни!..
Беғубор муҳаббатимиз оламининг Маликаси бўлмиш дўстим, азизам, қадрдонимни баҳор айёми билан қутлайман! “Сизни ҳам” дедингми?.. Мен учун Сени кўрган дамларим БАҲОР!..
“...Ты моя связь с небом”... йўқ, бу дилбар изҳорни Герцен суюкли рафиқаси Натальяга йўлламаган, мен, мен Сени шундай таърифлаяпман, жоним!..
Кўнгилга мўъжизаларга бой туйғуларни бахш этгувчи баҳорнинг илк кунлари “Герцен” қадрдонимга ният қилдим: бир-биримизни кўрганда, кўзимиз-кўзимизга тушганда кўнглимиз баҳордек яшнаши доимий бўлсин, бу гўзал ва ажиб ҳолат, кайфият бизни ҳеч қачон тарк этмасин!..
Кўнгилдан кечган, кечаётган ва кечадиган барча-барча сиру асрорни овозимни борича қўйиб оламга жар солгим келади баъзан. Шунда енгил тортсам керак деган хаёл кечади, бироқ енгил тортарман ҳам, кейин-чи, кейин нима бўлади? Менга инсонийлик қиёфасини бағишлаб турган ботиний сир-асрор - қувват нима бўлади? Бор куч-қувватдан жудо бўлмайманми?.. Яхшиси...

Кимнинг дилида бир ғами пинҳон бўлмас,
У мисли тирик мурдадир, инсон бўлмас.
Бор, дард сўра, бедардлик иллатдир,
Бир дардки, унга сира дармон бўлмас...

Дармон йўқ, Биродари азиз, дармон...
Бир дардки, бедармон...

Қоронғу кечада кўкка кўз тикиб,
Энг ёруғ юлдуздан Сени сўраймен.
Ул юлдуз уялиб, бошини букуб,
Айтадир: мен Уни тушда кўрамен.
Тушимда кўрамен - шунчалар гўзал,
Биздан-да гўзалдир, ойдан-да гўзал!

- Ажойиб шеър, менга ҳам ёқади.

Кўзимни оламан ой чиққан ёққа,
Бошлайман ойдан-да Сени сўрмоққа.
Ул-да айтадир: бир қизил яноққа
Учрадим тушимда, кўмилган оққа (!).
Оққа кўмилганда шунчалар гўзал,
Мендан-да гўзалдир, кундан-да гўзал!

- Ой эмас, Сиз - гўзал!.. Яна эшитинг:

Эрта тонг шамоли сочларин ёйиб,
Ёнимдан ўтганда сўраб кўрамен.
Айтадир: бир кўриб, йўлимдан озиб,
Тоғ ва тошлар ичра истаб юрамен!
Бир кўрдим мен Уни - шунчалар гўзал,
Ойдан-да гўзалдир, кундан-да гўзал.

—Тўғрими? Топдимми?
- Билмадим...
- Билмасангиз, мана, яна қулоқ солинг:

Ул кетгач, кун чиқар ёруғлик сочиб,
Ундан-да сўраймен Сенинг тўғрингда.
Ул-да ўз ўтидан бекиниб, қочиб
Айтадир: бир кўрдим, тушдамас, ўнгда.
Мен ўнгда кўрганда шунчалар гўзал,
Ойдан-да гўзалдир, кундан-да гўзал!

Бўлди, ўқимай қўя қолинг. Шоирнинг хаёли, бу!.. Сизу бизга дахли йўқ.

Мен йўқсил (!!) на бўлиб Уни суйибмен,
Унинг-чун ёнибмен, ёниб-куйибмен,
Бошимни зў-ў-ўр ишга бериб қўйибмен,
Мен суйиб... мен суйиииб... кимни суйибмееен?..

- Овозингизни борича қўйиб айтинг. Айтақолинг!
- Айтаман ҳам. Мана, эшит:

Мен суйган Суюкли шуууунчалар гўзал,
Ойдан-да гўзалдир, кундан-да ГЎЗАЛЛЛ!!!

Шеърни ўқиб тугатдиму, беихтиёр ўнг яноғингдаги холингни ўпиб олганимни сезмай қолдим. Бу ҳолат шу қадар зумда содир бўлдики, ҳатто Сен ҳам уни пайқаб улгур-мадинг. Ёки мен шу қадар чин дилдан ўқиган шеърни... ҳа-я, уни ким ёзган дединг?! Шоирнинг хаёли дедингми?.. Қайси шоирни назарда тутяпсан? Мен-ку, унинг муаллифи, ишон, Чўлпон - мен, мен - Чўлпон, мен таърифлаган ГЎЗАЛ эса - СЕН, СЕН, СЕН!!!
Муҳаббат, назаримда, инсоннинг энг аввало ўзига, кўнглига, туйғуларига қулоқ солишдир.
Сизгина кайфиятимни сўрайсиз, фақат Сизнигина қизиқтиради менинг ташвишларим, хонамнинг, уйимнинг иссиқ-совуғидан тортиб мен билан боғлиқ барча икир-чикирларгача... Ва беихтиёр Сизга жавоб бериш асносида мен ўзимга, кайфиятимга аҳамият бера бошлайман.
Жуда қизиқ-а?
Ҳаётингда бу оний лаҳзалар бўлмаса-чи? Яшаса бўлар экан. Фақат ўзинг, кўнглинг, туйғуларинг устидан чизиқ тортиб... Мен озгина яшаб кўрдим. Ва жуда қийналдим...
Эсингиздами, “сен билан хаёлан соатлаб гаплашаман” дердингиз. Мен ҳам Сиз билан ёлғиз қолдим дегунча суҳбатлашадиган одат чиқардим. Баъзан бу ҳолатдан ўзим ҳам ҳайратланаман. Сиз билан хаёлан суҳбат қурмасам, эсламай қўйсам Сизни йўқотиб қўйгандек бўламан. Йўқотиб қўйдим ва довдираб, эсанкираб қолдим. Ахир ўзим эмасмидим, шундай бўлиши кераклигини уқтирган, доим шунга ҳаракат қилган?!
Энди эса Сизсиз жуда ғариб эдим мен, жуда ёлғиз эдим мен.

Азизим,
Не учун майса эмасмиз?
Еллар эсганида суйкалиб ўтган.
Не учун, не учун
Дарахт бўлмадик,
Илдизи, шохлари чирмашиб кетган?

Бу шеърни мен Сизга бир кунда минг марталаб ўқиб бераман. Эшитиладими, Сизга?.. Эшитасиз-а?..
Ҳа, мен Сизсиз яшаб кўрдим, жуда қийналиб, эзилиб, шунга мажбурлигимни ўзимга уқдириб...
Ўша кунлари мен муносабатларимиз ҳақида кўп ўйладим ва кўнглингизга фақат ва фақат озор етказганимдан сиқилиб кетдим. Лекин мендан ранжишингиз, қаттиқ ҳафа бўлишингиз мумкинмикан?
Мен ҳеч зиммамдаги мажбуриятимни, бурчимни унутмадим. Унутолмайман ҳам экан.
Сизга бўлган меҳрим, муҳаббатим эса баъзан (кўпинча) ҳамма-ҳаммасидан устун чиқади, буни Сиз биласиз деб ўйлайман.
Мен Сизнинг чексиз эътиборингизга, эҳтиросли муҳаббатингизга, адоқсиз меҳрингизга лойиқ бўлолмадим.
Ёлғизлик ҳақида ёзганларингизни ўқиганда ҳайрон бўламан, нима сабабдан Сиз ўзингизни бунчалар ёлғиз ҳис қиласиз деб ўйлаганим-ўйлаган. Ва лоақал шундай дамларда ёнингизда бўлгим, Сизни ёлғизлик азобларидан халос этгим келади, бироқ... Ахир ёлғиз қолган тақдирингизда ҳам жонингизга оро кира олмаслигим, бирор оғирингизни енгиллаштира олмаслигим аниқ-ку? Аччиқ ҳақиқат-ку, бу!.. Ҳаётингиздаги энг унутилмас ва қувончли кунларда ёнингизда бўлиб Сизнинг бахтиёр шодумонликларингизга шерик бўлгим келади, қувончларингизни Сиз билан бирга баҳам кўргим келади, ва яна бироқ, дейишдан ўзга иложим йўқлигини қандай изоҳлаймиз? Бемалол бориб табриклай олмасам, бошқа яқинларингиз қатори кўнглимдаги изҳорларимни эмин-эркин тўкиб сололмасам?..
Аччиқ ҳақиқат бўлса-да, тан олишимиз керак, биз жуда-жуда яқинмиз ва бир-биримиздан жуда-жуда олисдамиз ҳам...
Тўғрими? Сиз ҳаётимдаги энг ёруғ кунсиз, энг ёруғ нурсиз!
Берган азобларим, озорларим, учрашолмаган кунларим, айтолмаган иқрорларим – ҳамма-ҳаммаси учун мени кечиринг. Кўнглингизни оғритишни ҳеч қачон истамайман ва доим Сизни ҳафа қилиб қўяман.
Майли, кўришолмасак-да, мен учун соғ бўлсангиз, кўнглингизда хотиржамлик бўлса, мусаввирлик ижодхонасида толиқмасангиз, яхши кайфиятда юрсангиз бўлди.
Сизга дунёда мавжуд бўлган ҳамма-ҳамма яхшиликларни, эзгуликларни, менга аталганини ҳам тақдим этаман, тилаб қоламан.

“Бизни нима боғлар?” сўрама мендан.
Билмайман, нимани излайман сендан.
Билганим, бу – бир сир.
Билганим, чиндан
Сени соғинаман...
Сени... севаман...

Нима сабабдан номалар бу қадар ҳасратли, тушкун ва изтиробларга тўла дейсан. Жавоби аниқ: йўлимизнинг ниҳоясида чироқ йўқ, шуъла кўринмайди. Пировард оқибатнинг... Тушимда мана шу ёзганларимни тугатибману (эҳтиросларни тугатиб бўлармишми?!), Сенинг ҳузурингга ошиқиб-ҳовлиқиб етиб борибман. Тезроқ, олиб борган заҳотим қўлимдан олар-олмас ўқишга киришиб кетасан, дам овозингни чиқариб, дам ичингда, дам кулиб, дам ўйга толиб, дам кўзларингнинг намларини артиб, бош кўтармай ўқишга киришасан деб ўйлабман. Қўлингга қалам олиб, дил номаларимизни тўлдириб, бойитиб, янада жозибалироқ қилиб юборасан деб кутибман. Ва олиб борсам, Сен, биласанми, нима дединг? Йўқ, ўқимайман, ўқишим шарт эмас, деб тескари қарадинг!.. Нима бўлди? Қандай офат юз берди?! Курраи замин айланиш ўқидан чиқиб кетмадимикин?..
Ахир мен... Ахир мен неча йил, неча ой ва неча кунлардан буён ана шу дақиқани, ана шу лаҳзаларни кутиб, умидларимни боғлаб, инсоният ҳаётида фавқулодда воқеа содир бўлишига умидвор бир телба кўйида ёздим-ку?!
Мендан хафа бўлманг, оқибати шундай бўлиши кераклигини неча қайта айтганмиз-ку, дединг. Тушунасиз дединг.
Мен ҳееч нарсани тушунолмаётган эдим ўша топда. Гунг эдим, соқов эдим, беҳуш эдим!.. Наҳотки, дедим ичимда, наҳотки, оқибати оқибатсизлик бўлса, дея такрорлайвердим. Наҳотки ўша ўзимиз тан олган оқибатни бетимга солиш учун шу кун, шу лаҳзалар танланган бўлса?!
Менда гап қолмади, сўз қолмади, қарай десам кўзимда нур қолмади... Тушга нималар кирмайди, деб тасалли излайдилар, бироқ ҳатто туш тангриси ҳам бундай зулмни бандасига раво кўрмаса керак?! Хуллас, пираворд оқибатнинг бари кўнгиллар розига зид, зид, зид...
Бу аҳволда тушкун бўлмай на илож?.. Бироқ, Сенинг икки энлик мактубинг кун бўйи тунд ва хуфтон кайфиятни бир лаҳзада чароғон қилиб юбориш қудратига эгалигини ҳеч нима билан ўлчаб бўлмайди. Бунинг савоби, яъни мазлум кўнгилга бир лаҳзалик қувонч бағишлаши!.. Яхшиям борсан! Яна юз йил бор бўлгин, қувончим!..
“Ҳижроним...”да маҳалламизга тушган бир келинчак ҳақида ёзгандим. Эсингизда-а?.. Ногаҳон ўшани учратиб қолдим. Негадир кўзимга анчайин маҳзун кўринди. Адашмаган эканман, суриштирган эдим, ҳасрат халтаси очилиб кетди.
– ... Касал бўлиб қолганда инсон энг аввало гуноҳлари ҳақида ўйларкан, – деб ҳасрат қила кетди у. – Мен содир этган бирдан-бир (назаримда) катта гуноҳ муҳаббатим эди... Бунинг айбини мен ҳеч кимга ағдаролмайман, чунки бу бедаво дардга биринчи бўлиб мен ўзим мубтало бўлганман. Хуллас, ўшанда, агар яқинларим, фарзандларим бахтидан бўлиб тузалиб кетсам, бу гуноҳимни ҳеч қачон такрорламайман, доимо тоат-ибодатда ўтаман деб аллоҳга сўз бердим. Аҳдимнинг устидан қанчалик чиққаним фақат аллоҳга ва ўзимга аён... Яқинларим учун яшашим керак, яқинларим менинг азият чекишимни кўрмаслиги керак, деб худодан сўрадим. Касалхонага борганимда “бундай операциядан кейин тўрт йилгина соғлом яшадим” деган гапларни эшитиб йиғлаб юбордим.
Тўрт йил муддат зиммамдаги энг муқаддас вазифаларимни, бурчимни адо этишга етармикан, деб ҳисоб-китоб қилавердим, қилавердим. Ҳисоб-китобимнинг адоғи кўринмас, бордию, мўлжалим, тахминларим хато чиқса ёрдам сўрашим мумкин бўлган яккаю ягона инсонни топгандек бўлардим ва шундан ичимда йилт этиб чироқ ёнгандек бўларди...
Одам эртага, ҳатто бир лаҳзадан кейин нима бўлишини билмайди-ку, менга эса тўрт йил жуда-жуда оз муддат бўлиб туюларди.
Ҳеч ким аввалдан касали давосиз эканини билмаслиги керак экан. Чунки инсон ҳамма нарсага бефарқ, орзу-умидсиз, мақсадсиз бўлиб қоларкан. Яшаяпсану, аммо кўнгил бўм-бўш, ҳеч нарса сени қизиқтирмайди. Бунақа пайтда ҳар қандай таскин-тасалли бемаъни кўринади кўзингга. Буларнинг барчасини ўзим бошимдан ўтказганим учун ҳам шунчалик дадил айтаяпман, уни ҳеч кимга айтмагандим, сизга кўнглимни очдим...
Аввалига аёлнинг ҳасратлари замиридаги маънони равшанроқ тушунмагандек эдим, буни пайқади-да, сўнг бирдан дам кулиб-дам кўз ёшларини артиб янаям очилиб-сочилди:
– Ўзим минг хаёлда операцияга кириб кетаяпману, хаёлим қурғур кўнглимни ишғол этган ўша инсонда! Дам ўғил-қизларимни ўйлайман, дам ўша одам изимдан кириб келаётгандек орқага ўгирилиб қараганим-қараган! Менга фақат ўша инсон далда беришга қодирдек!.. Ўзимни койийман, чалғитаман, кўзим ўлгур эса деразада... Ўзи, билмадим, қаерда, лекин қайноқ меҳри юрагимнинг аллақаерларига ўт қалаб иситиб тургандек, қўрқувларим ариб, операцияга кирдим...
Мана, муҳаббатнинг қудрати, сеҳри, ўйинлари...
Шуунча ҳикояни эшитиб олиб, нима маслаҳат бердингиз У аёлга?
– Ҳеч нарса... Кулиб қўя қолдим. Ҳавасим келди, ўйланиб ҳам қолдим... Ўзингиз айтгандек, икки карра иккининг жавоби...

Бизнинг дийдоримиз – энг буюк ато,
Бизнинг дийдоримиз – илоҳий тақдир...
Ахир иккимизга зор эди дунё,
Севги нималигин билмоқлик учун!

Хат – бу, суҳбат. Суҳбатга чорлов, дилкаш, сирдош суҳбат истаги, илтижоси. Тўғри тушун, бундай хатлар бир кунда ёзилмайди, такрор ёзилмайди. Ва ҳар қандай содда ва гўл эркак ёзмайди ҳам. Беҳис ва беюраклари эса бундай номаларнинг кўчасига ҳам йўламайди. Бундай хатлар, эҳтимол, ҳаётда бир марта ёзилар?..
Ким билсин, бошқа ёзмасам ҳам керак... Ахир кўп гапирасан-ку, “Бас қилишимиз керак!” деб. Тўғриси, тилимга кўчмаган эса-да, менинг кўнглимдан кўплаб марталаб ўтган мулоҳазалар булар. Икковимизга инъом этилган бу илоҳий туйғуга қарши боролмадим, ундан ўзимни ва Сени бебаҳра этгим келмади... Уволидан қўрқдим...
Севгининг уволи қандай бўлади? Севгининг уволи тутган одам қай аҳволга тушади?.. Ке, шу ҳақда бир ўйлаб кўрайлик. Илоҳий муҳаббат уволи тутган кўнгил нимадан тасалли топади? Ким ёки нима беради, у тасаллини?..
Ва шу аросатда умр кечиришни яшаш деб аташ мумкин бўладими?..
Сену менинг бошимизни тош қотирган бу каби саркаш саволлар жавобини ким ўйлайди? Ким булар ҳақида қайғуради?
Бизнинг муҳаббатимиз – Сену мендан бунёд бўлган фарзанд. Осонлик билан топдикми уни, озмунча изтироблар чекдикми?.. У ўз-ўзидан вояга етиб қолдими?
Ва энди осонгина, ва энг бўлмағур ва арзон сабабларни рўкач қилиб воз кечиб кетаверамизми? Фарзанди аржумандини етимхонага ташлаб кетаётган бемеҳр ота ё она янглиғ...
Яратган эгамизнинг марҳамати ила яна тонг отди, биз бандаларига яна бир кундуз неъматини инъом этди.
Яхши ётиб турдингми? Нима, иш юмушларинг шунчалар кўпми? Одатдагидек шошиляпсанми? Вақтинг зиқми?..
Ошиқма, шошилиб борган жойингга шошилмай ҳам етасан. Шошилиб битирган ишингни шошмай туриб ҳам битира оласан ёхуд шошганда битмаган иш шошмаган тақдирингда ҳам битмаслиги мумкин. Омон оғам ёзган-ку: фурсатинг етмайди доим, ҳеч қачон етган эмас!..
Ҳаётнинг қалампирмунчоқ тақилган ҳақиқати бу. Мудом шошилиб, мудом беҳаловот одам хотиржам севиши-севилиши мумкинми?.. Шошқинч ва беҳаловот дунёнинг севигиси шундай бўладими ёки?.. Тушунмайман... Йўқ, лоақал севги-муҳаббат туйғулари бу телба замон шиддатининг қурбонига айланмаслиги керак.
Умрнинг ўлчами худонинг измида. Турмуш савдолари, рўзғор ташвишлари тубсиз ўпқондек тортиб кетаверади одамни, айниқса Сендаги яқинларингга ўзингни унутар даражадаги куюнчаклик нечоғли таҳсинга сазовор бўлмасин, жоним, ўз жонинг ва қадринг – ўз ҳаловотинг ҳақида ҳам вақти-вақти билан қайғуриб тургин. Мен сўнгги нафасимга қадар Аллоҳдан Сенга соғлиқ тилайман, ёлбораман. Сенинг исминг ёнига ҳеч бир хасталик номи қўшиб айтилиши мумкин эмас. Ишон менга, ёлғизим! Ўзингни ўйламасанг, мени ўйла, мен учун, муҳаббатимизнинг боқийлиги учун ҳам соғ-саломат бўлишинг керак, ягонам!.. Ахир менинг муҳаббатим – ўзимнинг вужудимга, қалбимга сиғмай, тўлиб-тошган эҳтиросу ҳаяжонларнинг энг дилкаш, жон-дил дўстимда, яъни Сенда давом этиши деганидир, менинг ичимга сиғмаган энг бокира, энг масрур туйғуларимнинг
Сенгагина ишонганимдир, Сендан ҳаловат топганимдир!
Сен мен учун қанчалар азиз ва мукаррам эканлигингни тушунтира оляпманми, асалим?..
Инсон бирон лаҳза ўз кўнгли, ўз қалбига қулоқ тутиши, хаёлий қувонч ва севинчлари тўлқинида сузиб юриши ҳам керак-ку!.. Шу тақдирдагина, инсон... Айтолмаяпман, ёзолмаяпман... Балки шартта кўзни юмамиз, кўнгил майлларини унутамиз-да, жуда-жуда кўпчилик жонивор-бандалар қатори “рисоладагидек” яшаб ҳам ўтармиз. Сен ҳам осуда, бахавотир яшайсан шунда, менинг арз-додларим Сени ортиқ нотинч қилмайди, чалғитмайди, бошингни қотирмайди...
Хўп дегин, жоним. Кўнглингга маъқул гўзал манзарага термилиб, бир лаҳза тин ол. Ҳамма нарсани, бутун борлиқни унут (мендан бошқасини албатта!). Турмуш ташвишларини хаёлингдан соқит қил. Ўзингнинг нақадар мўъжизакор, латофатли, сеҳрларга бой, оппоқ, беғубор, гўзал, ақлли, фаросатли, жозибадор... СУЮКЛИ, қадрдон инсон эканлигингни ҳис қилгин, эътироф этгин! Жон, дўстим, юпанчим, жозибам, хўп дегин. “Хўп бўлади!” эмас, “Хўп бўлади, акажоним!” деб айтақол.
Айтингми? Дединг-а? Озорим, азобим, ўжарим, изтиробим... соғинчим!..

Я Вас люблю, хоть я бешусь,
Хоть это труд и стыд напрасный,
И в этой глупости несчастной
У Ваших ног я признаюсь!
Мне не к лицу и не по летам...
Пора, пора МНЕ быть умней!
Но узнаю по всем приметам
Болезнь любви в душе моей:
Без Вас мне скучно, – я зеваю;
При Вас мне грустно, – я терплю;
И, мочи нет, сказать, желаю;
Мой ангел, как я ВАС люблю!

Хў-ўп, ака, жоним... Хат ёзишниям қотириб юборасиз-да! Ҳа, энди бошқача ёзиш ҳам мумкин эмас-да, менга, тўғрими? Қалай, ким эканлигимни Сиз истагандай ҳис қила бошлаяпманми? Ҳар бир инсоннинг ўзига хос, ҳеч кимга ўхшамайдиган гўзал жиҳатлари бор. Фақат уни кўра олиш, қадрлай билиш керак. Сиз мени ўзим ҳам танимайдиган даражада кашф этиб юбордингиз. Буям бир бахт.
Яхшиям Сиз борсиз!..
Дўстим! Жоним! Тирик жон борки, дунёдан нимадир олиб яшайди. Тирикликнинг ҳикмати шундай. Банда ҳам  лаёқати, омади, меҳнатига, истеъдодига яраша дунёда нимадир орттиради. Мен ҳам, эҳҳее, озмунча бойлик орттирдимми?! Санаб одоғига етолмайман. Бири биридан ноёб, бири биридан тотли, бири биридан арзанда. Етказганига беадад шукр, ҳеч кимдан таъма кутмадим, Аллоҳ бераридан қисмади. Яна минг бора шукр. Бироқ топганларимнинг барча-барчаси торозининг бир палласига қўйилсаю, иккинчи палласида менинг номаларимда сочилиб ётган (тўғрироғи, баён этишга ҳаракат қилинган) Қувончим, Изтиробим, Ягонам, Оппоғим, Асалим, Армоним, Гавҳарим, Роҳатим, Ҳаловатим, Ноёбим, Нодирим... барча таърифларга тил ожиз, шулар қўйилса, посанги қай томон оғади?
Бу саволга мен бўлиб, менинг тилим, менинг дилим бўлиб жавоб бер, ўтинч!..
Ўзимни тергашга тушаман: шуунча гапларни, армону ҳасратларни йўллашдан мурод нима? Сенинг бу китобий изтиробларингга кимнинг кўзи учиб турибди? Оҳ-воҳларинг ўқувчисини топадими-йўқми, ҳали?
Топади, ўқувчим аниқ, кўзим очиқ экан у кўз ўнгимда, ақлим ишлаётган экан ақлимнинг ичида, юрагим тепиб турган экан юрагимнинг тўрида, томирларимда қон айланиб турган экан қонимнинг жилғаларида, бир сўз билан айтганда У - ичимдаги Одам! У ичимни забт этган, ишғол этган. Ичим У билан лиммо-лим!.. Ичимнинг эгаси ҳам У Тақдирим чизиқларини ўзи истаган, кўнгли тусаган томон тортиб бораётган ҳам У.
Ахир тақдир Яратганнинг измида эмасми?
Яратган эгам мени У орқали ўз измига олган. Аллоҳ таолонинг ўзи Уни менинг ичимга жойлаб қўйди, мен Уни ичимдан ҳайдаб чиқаришнинг уддасидан чиқолмадим, қурбим етмади. Мен - ичи ишғол этилган одам. Ихтиёри тамом Унинг инон-ихтиёрига кўчган одам.
Бундай фикрлаш гуноҳ эмасми, ахир...
Қўйгин, мени қийнамагин, ўтинаман, ичи истило этилган, ўзи банди олинган одамни ортиқ қийнама, унга ортиқ азоб берма...
- Ахир, шу аҳволда ўзингиз азобларга қолиб кетяпсиз-ку?
-  Азобларимга тил теккизма, шу азоблар - менинг роҳатларим, ҳаловатларим... Унга тил теккизма, чунки улар мен учун муқаддасдан-муқаддас ичимдаги Одамга дахлдор...
Биласанми, жоним, хатларимда баён этилган дил изҳорларини бир бошдан, кетма-кет ўқиш шарт эмас, чунки улар жудаа катта қисмат, тақдир… роман сочмалари. Лавҳалари. Манзаралари. Пейзажлари. Саҳналари. Этюдлари. Парчалари. Резгилари. Боблари. Фасллари. Қисмлари... Яна нима деб таърифлай, ўзинг айта қол, шакарим? Кайфиятингга қараб, битта-битталаб ўқиб кўргин, кўргин-у мулоҳаза қилгин, Ўқувчим. Майли, ўзингга хос бўлган совуққонлик билан, майли, менга хос бўлган қайноқ эҳтирос билан, майли, бутун дунёни, барча борди-келдиларни унутиб ўқигин. Биламан, улар турлича таъсир қилади, лекин ўтинчим битта - зинҳор бепарво ўқимагин, чунки уларнинг бари, ҳатто битта ҳарфигача, битта белгисигача тасодиф эмас, бежиз эмас. Уларнинг бари бамисоли кардиограмма аппаратида суратга туширилган юрак зарбаларининг ўзгинаси!..
Зулмат осмонида чақнаган чақмоқ изларини эслат-гувчи кардиограмма чизиқлари узун-қисқа бўлиши, эгри-бугри бўлиши, узуқ-юлуқ бўлиши мумкин, лекин зинҳор-базинҳор ёлғон бўлмайди, улар юракнинг қоқ марказидан ўтган изтироб чизиқлари, шунинг учун ҳам уларни бепарво ё ишончсизлик билан ўқима, асал ўқувчим, хўпми?..
Яна шуни унутмагинки, бу узуқ-юлуқ, калта-култа чизиқларни пишиқ-пухта қилиб уланса, биласанми, қаерга олиб боради? Биласанми? Биласанми, қайси юрак чизиқларига туташиб кетади? Айт, биласанми шуларни, ҳис қиласанми, мунисам?!
Агар Сен билмасанг, нима қилиб ёзиб ўтирибман, бу ҳасратларни, оппоғим?!
Айтгандим-ку, шоирлар ўғри, акс ҳолда изтиробга тў ла кўнглимни томоша қилиб турган одамдек қуйидаги байтни битармидилар?!

Бизни гўдак билиб ўйнади тақдир,
Устимиздан кулиб ўйнади тақдир,
Қўлларинг ушлашга қўймади тақдир,
Икки вужуддаги битта одаммиз.

Ахир:

Сенсиз маъносизман, сенсиз кимман, ким?
Ярим ой булутга беркинади жим,
Юрагим нимтадир, эй гўзал ярмим,
Икки вужуддаги битта одаммиз.

Синов бу деймиз-да, бу кўҳна савдо,
Дунёни унутсин, дедими Худо,
Қиёматни кутсин, дедими Худо
Икки вужуддаги битта одаммиз...

Икки вужудни бир одамга айлантиришга қодир муҳаббат - самовотнинг туҳфаси. Муҳаббат - боқийлик умиди...
Мактубларингиз кўнглингиз каби беғубор, гўзал. Ҳозиргина роса чиройли ёмғир ёғиб ўтди. Ҳамма ёқ топ-тоза, тип-тиниқ. Сиз билан суҳбатлашсам, мактубларингизни ўқисам кўнглим ҳам ёмғирдан кейинги кундек ёри шиб кетади. Яхшиям Сиз борсиз, мендек беоқибат дўстингизга мактуб ёзиб толиқмаётганингиз учун ҳам раҳмат.
Сизга дунёдаги бор яхшиликларни илиниб...
Меҳрибон дўстим. Туш ҳаётнинг давоми, тўғрими? Тушда кечган умрлар деб бежиз айтмаган-ку, адибимиз. Шунинг учун, қолаверса, аксарият тушларим Сиз билан боғлиқ бўлгани, Сиз билан фақат тушимдагина эркин, бемалол учрашиш, суҳбатлашиш мумкин бўлгани учун ҳам мен уларни ардоқлайман. Кечагинда... ҳар доимгидек мени яна бир бор ҳайратда қолдирдингиз. Қандайдир гавжум зал. Тўйми, тантанами, билолмадим. Лекин казо-казолар йиғилишган. Ҳамманинг эъ-тибори Сизда. Сўз айтдингиз. Негадир ҳаяжонланиб, юрагимни ҳовучлаб ўтирибман. Мен қай хаёлдаману, Сиз бошқаларга эътибор ҳам қилмай менга қараб-қараб қўясиз!.. Тавба!.. Бир маҳал, қай кўз билан кўрайки, Сиз мен томон яқинлашиб келяпсиз, қўрқиб кетдим. Ҳайрон бўлиб қолдим. Нима қилмоқчисиз?.. Нима дейсиз менга ўша ерда?! Мана, ёнимга етиб келдингиз ва... шунча эътиборли кишилар кўз ўнгида мен билан қўл олишиб кўришдингиз. Кўришмаган тақдирингизда ҳам мен ўша вазиятда Сизни жуда яхши ва тўғри тушунардим, ёнимга кела олишингизни хаёлимга ҳам келтирмагандим ва... ҳайратда қолдим! Қойилман! Я в шоке!.. Қўрқиб кетганимдан нима қилаётганимни билмай қолдим. Ёнимдаги дугонамнинг тиззасида турган катта гулдастани олиб Сизга тутқаздим.Сиз эса худди шундай бўлиши табиийдек, гулни олдингиз-да, уни баланд кўтариб ҳаммага кўз-кўз қилдингиз!..
Уйғониб кетдим. Кунига минг бора кўнглимдан ўтказадиган “мумкин эмас”лар ва яна минг бир майда ташвишлар билан куймаланиб юрган, ҳеч бир томондан Сизга муносиб бўлмаган аёлга шууунча меҳр, ақл бовар қилмас эътибор кўрсатасиз-а!.. Мен тушимда бўлса-да, жуда бахтли аёллигимни ҳис қилдим ўша топда...
Кўнглимдан кечган, кечаётган бор гўзал туйғулар сабабчиси ҳам Сизсиз.
Эъзозу, меҳрга тўла мактубларингизга лойиқ кўрганингиз учун, ҳамма-ҳаммаси учун раҳмат, олисдаги энг яқин Дўстим! Менга бўлган муносабатингизнинг беғуборлигидан ҳайратланаман ва доимо шундай бўлиб қолади деб умид қиламан, тўғрими? Чунки мени яхши кўрган Инсоннинг ўзи дунёдаги эээнг покиза, самимий, қалби жудаям гўзал!..
Сизга бир даста эмас, минг–минг, миллион даста гул беришга тайёр...
Энг яқиндаги энг яқин дўстингиз.
Худо хоҳласа... тўхта, азизим, ахир бизнинг дил-дилдан чиқариб боғланишимиз ҳам аллоҳнинг хоҳиши эмасми?.. Худо хоҳлаганки, бу мактубий дийдорлашув сурури ва азобларини тотиб юрибмиз. Соғинишлар, айрилиқ синовлари ва адоқсиз соғинч уқубатлари ҳам... Худонинг хоҳиши ила бўлаётганлигига қандайига шак келтира оламиз?.. Тўғри эмасми, жони жаҳоним?..
Аллоҳнинг табаррук номи билан кўнгилдагини изҳор қилар эканман, зинҳор Унга шак келтирганим йўқ деб ўйлайман, зеро, Сенга аталган туйғуларимнинг барии илоҳий, осмоний муҳаббат изҳорларидир...
Қўнғироқ қилолмаганинг учун узр сўрабсан, узуринг кўзимга тўтиё. Мен ҳар куни, ҳар соат ва ҳар дақиқада кутаётган бўламан тилло қўнғироқларингни!
Энг доно тасаллини топганмиз-ку: ҳар бир ишимиз ХОҲИШ ва ИМКОНИЯТ уйғунлигининг фарзанди...
Мактубингиз учун раҳмат. Гўзал ниятларни ўқиб Сиздек дўстим борлигидан кўнглим кўтарилди. Сиз кўнглимга жуда яқин, меҳрибон, қадрли кишимсиз. Ишонинг, ҳамиша шундай бўлиб қолади.
Дилдўст! Мабодо Сенинг номингга хат бормай қўйса мен айбдорман. Бу менинг шаънимга иснод, номус! Ахир мен борман-ку, ҳаётман-ку, нима учун Сенга (Сенга-я?!) хат бормаслиги керак?! Ваҳоланки, ҳар соат, ҳар дақиқада Сенга аталган мингта, миллионта дил изҳорларим қалашиб ётади, уларни қоғозга тушириб адо қилолмайман, биласан-ку!.. Бордию, хат мутлақо бормай қўйса, демак, мен йўқман!...
Ваҳолакни, мен борман, Сен борсан, дўстлигимиз бор!.. Меҳр-оқибатимиз бор!
Ҳар ҳафта газеталарда чиқадиган мунажжимлар башоратига кўз югуртираман. Биламан, Сен ундай нарсаларга ишонмайсан, лекин худди қадрдонимнинг аҳволидан хабар топаётган одамдек жоним хаприқиб қарайман. Кечаги сафар Сени “Ўзини ёлғиз ҳис этаяпти” деб ёзибди.
Ичим ўйилиб, ўпирилиб тушди. Сенинг ёлғизлик изтиробида қолдириш... Мумкин эмас, зинҳор!!!
Икки ёрти юрак бирлашган жойда ёлғизлик қолмайди.
Тушуняпсанми?..
Чиндан ҳам мунажжимларга ишонмайману, лекин ўтган ҳафта ўзимни жудаям ёлғиз ҳис қилдим. Ҳозир ҳаммаси жойида. Худди сезгандек ёзган гўзал ва нафис мактубингиз учун раҳмат. Ҳа, Сиз айтгандек баъзан атрофдагилардан кўнгил тўлмаслиги одамни қийнаб юборади. Бир-биримиздан кўнглимиз тўлиши эса... шу бўлса керак-а бизни ҳеч айрилишимизга йўл бермаётган туйғу, тўғрими Қадрдоним?..
Одатда одамларни туғилган куни билан табриклашади. Бироқ сен табриклаётган одамни дунёга келтирган Инсонни нима учун қутламаслигимиз керак?!
Оналар йилда бир марта эмас, фарзандлари нечта бўлса, шунча марта туғилган кунни нишонлашга ҳақлидирлар. Ҳар бир онанинг тўлғоқ тутган онларда вужудидан отилиб чиққан ҳар бир “оҳ” ва “уҳ” учун ҳар бир эркак дунёга дод солиб ўз аёлидан узр сўраса арзийди десам ажабланмаслик керак!.. Зеро, она тўлғоғи... муҳаббатга ўхшаб кетади: муҳаббатнинг қувончлари, изтироблари, уқубатлари, уялиш ва яна, билмадим, алланималарига...
Янги туғилган чақалоқнинг жаннати исидек самимий ва беғубор ниятлар билан!..
“Ҳижроним...”даги ҳижроннинг давоми ҳам охирламоқда. Шу боис буни “Ҳижрон...”нинг иккинчиси деб номламоқчи бўлдим. “Кардиограмма”, “Жодуланган қалб”, “Юракдаги Тожмаҳал” деб, сўнгра “Илоҳий синов изтироблари” деган номлар кўнгилдан кечди. Пиравордида “Мен – сенсиз, сен – менсиз” бизнинг руҳий ҳолатимизни кўпроқ ва аниқроқ ифодалагандек туюлди.
Аслида ҳам шундай эмасми?
... Шаҳар чеккасидаги овлоқ йўл ёқасида саф тортиб ўсган тераклар кўз ўнгимизда худди булутлар этагини тутмоққа шайланган найзалар янглиғ шиддат билан бўй чўзди. Лекин улар ҳарчанд қад ростлаб, узун-қисқа панжалари билан юқорига интилмасинлар, терак – осмонсиз, осмон – тераксиз қолаверади... Ваҳоланки, улар ораси гўё бир қадам. Бир қадам қўйиш мушкул шунчалар!..
Сизга ўхшатиб теша тегмаган ва ғалати ташбеҳлар ижод қила олмайман. Терак, осмон... бир қадам қўймоқликнинг азоб-армони... Нима бўлган тақдирда ҳам яхши ном топибсиз, менга ёқди. Оддий сўз ўйинидек туюлади, лекин унинг замиридаги маъно-мазмунни биз иккимизгина тушунамиз, англаймиз. Қанча маъно бор ахир унда?! Меҳр ҳам, муҳаббат ҳам, армону соғинч изтироблари ҳам... ҳамма-ҳаммаси жо бўлган!..
Қадрдоним! Мўъжизани қара, куни-кеча газетада Абду Наби дўстимнинг шеърини ўқидим:

Мен – сенда мусофир,
Сен – менда мусофир...

Ҳақиқатда, сўз шоирлар илкида мўъжизага айланади... Озар шоири Бахтиёр Ваҳобзоданинг мўъжаз шеърини қара. Насриддин шоир таржима қилибди. Ҳамон, бир-биримизга мусофир эканмиз, ҳамон мен сенсиз, сен менсиз яшар эканмиз, шоирнинг ҳукмини қара:

Энди на СЕН – СЕНСАН,
На-да МЕН – МЕНМАН!..

Ё, Парвардигор, Ўзинггагина тавбалар қиламиз!..
Ўтинамиз, раҳмингдан бенасиб этма!.. Фақат, дўстим, қанчалар аччиқ бўлмасин, ёзишмаларимиз бу қадар аянчли тугалланмасин. Ахир туганмас муҳаббат мўъжизаси ҳам илоҳий инъом эди-ку, биз учун! Шунинг шукронасини ҳам унутмайлик, меҳрибоним!
Орадан ойлар, ҳали жуда кўп-кўп йиллар ўтади, шундай кунлар, лаҳзалар келадики, мактубларимизни Сен қайта-қайта қўлга оласан, ёд бўлиб кетган саҳифаларни яна ва яна такрор-такрор ўқийсан, ана ўшанда... Парвардигор менга ато этган жонажон Дўстимнинг кўнглида, дилида бир ёруғлик, бир нурли кайфият пайдо бўлади... Ширин, тотли ва сирли хотиралар хаёлларни олиб қочади...
Инсоннинг умри, шахсий-интим кечинмалар ҳақидаги зиддиятларга тўлиб-тошган адоқсиз ўйлар мен ўзимникига айлантира олмаган гўзал қалбнинг ўзгача дукурлашига сабаб бўлади...
Эҳ-ҳе-е, мен уни ёзгунча... неча-неча бедор тунлар, изтиробларга тўла эҳтирослар, ҳадсиз-ҳудудсиз орзу-умидлар...
Лекин, бирон лаҳза бўлсин бир туйғу мени зинҳор тарк этмайди, бу - дилимдагини етарлича тушунтира ол-мадим!.. тушунтира олдиммикан?!. яна ёзсам, яна гапирсам - ёзаверсам, гапираверсам, ҳоли-жонига қўймасам, мендан бошқани ўйламаса, турмушнинг ўткинчи ташвишларига чалғимаса!.. Ахир орамиздаги энг беғубор, энг тоза туйғулардан баҳра олиб яшашга хақлимиз-ку! Қолаверса, мен минг карра такрорлашдан чарчамайман: Сен бандасининг имконида бўлган ҳеч нарсага мухтож бўлмаслигинг керак, Сен ҳар он, ҳар қадамда аллоҳ Сенга ато этган жозибага яраша эъзозланмоғинг, қадрланмоғинг, эҳтиромланмоғинг шарт!..
Дилимдагини айта олаяпманми, изҳор эта олаяпман-ми, жоним?..
Энг оппоқ туйғуларини оёғинг остига поён доз қилиш орзусидан кечмаган, кечолмайдиган, асло кечишни хаёлига келтирмайдиган...
Энг олисдаги энг яқин Дўст!..
Когда меня не будет, когда всё, что было мною, рассыплется прахом, - о ты, мой единственный друг, о ты, которую я любил так глубоко и так нежно, ты, которая переживешь меня, - не ходи на мою могилу... Тебе там делать нечего.
Не забывай меня... но и не вспоминай обо мне сре-ди ежедневных забот, удовольствий и нужд... Я не хочу мешать твоей жизни, не хочу затруднять ее спокойное течение.
Но в часы уединения, когда найдет на тебя та застен-чивая и беспричинная грусть, столь знакомая добрым сердцем, возьми одну из наших любимых книг и отыши в ней те страницы, те строки, те слова, от которых, быва-ло, - помнишь? - у нас обоих разом выступали сладкие и безмолвные слезы.
Прочти, закрой глаза и протяни мне руку... Отсут-ствующему другу протяни руку твою.
Я не буду в состоянии пожать ее моей рукой - она будет лежать неподвижно под землею... но мне теперь отрадно думать, что, быть может, ты на твоей руке почув-ствуешь легкое прикосновение.
И образ мой предстанет тебе - и из-под закрытых век твоих глаз польются слезы, подобные тем слезам, ко-торые мы, умиленные Красотою, проливали некогда с то-бою вдвоем, о ты, мой единственный друг, о ты, которую я любил так глубоко и так нежно!..
Нималарни ёздингиз? Қаердан топдингиз бу бу гапларни? Наҳотки, Сиз менга шундай айрилиқни раво кўрсангиз, жоним?! Ахир... йиғлаб юбордим. Ахир мен зинҳор бундай хаёлларга бормаганман, ўйимнинг бир чеккасига ҳам келтирмаганман, бундай совуқ ва қора хаёлларни, Сиз эса... қўрқиб кетдим. Парвардигорнинг Ўзи асрасин, бундай кунлардан, меҳрибоним! Хўп, денг, Сиз ҳам худодан сўранг, илтижолар қилинг. Беғубор дўстлигимиз ҳаққи-ҳурмати Ўзингиз ва мен учун ёлбориб сўрайлик, қадрдоним!..

Сендан хабар кутиб кўзларим толди.
Боғимизда олча гуллади...

Йиллар ўтар, Сен билан мен танимаган-билмаган навқирон йигит-қиз бу ёзишмаларимизда қолган туйғулар изҳорини ажиб таассурот билан ўқишига ишонаман. Яна шунга аминманки, жинси ва ёшидан қатъий назар, номаларимизни ўқиган инсоннинг кўнглида парвардигор бизга ато этган ажиб бир ёруғлик, нурли бир кайфият пайдо бўлади. Уларни ширин, тотли ва сирли хаёл-хотираларга ошно этади. Адоқсиз ва муҳими, ҳукмлардан ҳоли ўйларимиз ўша номаълум ўқувчимизнинг қалбига гўзаллик, эзгинлик олиб киради, кўксидаги зарбаларнинг ўзгача оҳангда уришига сабабчи бўлади. Қалби бундай кайфият, бундай хаяжон, бундай меҳр-муҳаббат билан тўлган инсон ҳаётда зинҳор ёмонлик, ёвузликни бил-майди, унинг назарида ҳамма-ҳамма гўзал, дунё гўзал, ҳамма ҳаммага меҳрли, бутун олам яратган эгамизнинг арзандаси, эркаси бўлиб кўринади. Бундай одамлар фақат яхшилик учун туғиладилар, жумла-жаҳонга яхшилик соғинадилар, яхшиликка топинадилар...
Мен шундай улуғ мартабага Сен, Сен туфайли эришдим!
Қўлимга қалам оларканман, бирон лаҳза кўз ўнгимдан Сенинг чеҳранг нари кетгани йўқ, гўё Сенинг рўпарангда туриб юзма-юз суҳбат қураётгандек, садаф-дек оппоқ чеҳрангдан ёғаётган биллур нур нурафшон этиб турган юрагимдаги кечинмаларни Сен билан баҳам кўраётгандек, ҳатто... ҳатто илоҳий Ҳақ пойида тавба қилаётган мўъмин сингари юрак қонларини сиёҳга айлантирдим.
Кел, оқибатли Дўст, беғубор туйғуларимиз қис сасига ғоятда оддий, лекин бағоят юксак мақомдаги сўзсиз савол-жавобимиз нуқта вазифасини ўтасин:
– .... ........
– ... – ..?
– ... ... .... ........!..
1996 - 2010 йиллар.

Qayd etilgan