Odil Yoqubov. Qaydasan, Moriko? (qissa)  ( 8098 marta o'qilgan) Chop etish

1 B


AbdulAziz  08 Noyabr 2010, 10:14:45

Odil Yoqubov. Qaydasan, Moriko? (qissa)



Muallif: Odil Yoqubov
Hajmi: 222 Kb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish

Qayd etilgan


Ansora  12 Noyabr 2010, 16:22:37

Одил ЁҚУБОВ

ҚАЙДАСАН, МОРИКО?


Қисса

«Шарқ» нашриёт-матбаа
акциядорлик компанияси
Бош таҳририяти
Тошкент
2002


Инсон ҳаёти тасодифларга, гоҳо етти ухлаб тушига кирмаган воқеаларга тўла.
Шу йил Ғалаба куни урушда ҳалок бўлган шаҳидлар хотирасига бағишланган муаззам мажмуанинг очилиш тантанасидан уйга қайтиб, энди дам оламан деб тургандим, телефон жиринглаб қолди.
Трубкадан қиз боланинг жарангдор овози келди.
— Сиз палончи ёзувчимисиз? Мен Ўзбек туризмидан телефон қиляпман. Бизга Япониядан бир гуруҳ туристлар келишган. Бир хоним сизни танир экан, йўқлаяпти. Иложи бўлса кўришсам, деяпти.
Ҳайратландим.
— Қаёқдан таниркан?
— Билмасам, — деди қизча. — Япон урушида қатнашган экансизми? Порт-Артур деган шаҳарда бўлганмисиз?
Баттар ажабландим.
— Ҳа, бўлганман. Лекин...
Қизча гапимни бўлди:
— Ўшанда кўришган экансизларми-ей. Қайси бир китобингизни ўқиган эканми-ей. «Улуғбек» деган асарингиз борми? Ўша китобингизни ўқиган экан. У русча биларкан...
... Порт-Артур! Русча биладиган япон хотин! Аллақачон ёдимдан чиққан, бироқ чамаси кўнглимнинг бир чеккасида мудраб ётган ҳам маъюс, ҳам куз офтобидай тиниқ эсдаликлар селдай ёпирилиб келди-ю, хаёлимни олиб қочди.
— Алло, — деди қизча. — Нега индамай қолдингиз? Ё учрашишни хоҳлайсизми?
— Йў-йўқ, хоҳлайман, хоҳлайман...
— Бўлмаса телефонимни ёзиб олинг. Истаган вақтингизни айтасиз. Қолганини ўзим ташкил қиламан.
Минг тўққиз юз қирқ бешинчи йилнинг илиқ куз ойлари, Япон офицерлари учун қурилган шинам шаҳарча — Порт-Артур. Ям-яшил арчазорлар орасига яширинган бир қаватли озода, кўркам уйчалар. Рус сўзларини аллақандай ёқимли бидирлаб гапирадиган япон қизчаси Морико!
Хаёлим яна узокдарга учди.
Салкам икки минг чақиримга чўзилган машҳур Гоби саҳросини яёв ўтганда чеккан уқубатларимиз, ортда қолган Гоби саҳросидан кейин йўлимизни тўсган Хинган тоғлари ҳам орқага чекинган. Олдинда эса чексиз-чегарасиз, ям-яшил водий ястаниб ётади. Бу — шимолий Манжуриянинг бошланиши эди.
Бизларни, уст-бошимиз чок-чокидан кетган, кийимларимиз Гоби саҳроси чангалзорларида дабдала бўлиб, фақат пайтавада қолган, соч-соқолларимиз тикандай ғовлаб кетган шўр пешона солдатларни шу водий бўйлаб яна подадай ҳайдаб кетишди. Бир ҳафта деганда темир йўл ўтган қандайдир шаҳарга етиб бордик. Бу ерда худди консервага тиқилган селёдка балиқдай қизил вагонларга тиқишиб олиб кетишди. Одам худди ғимирлаган пашшадай, уларни қандайдир шаҳарлардан (кейин билсак бу — Мукдси ва Харбин деган шаҳарлар экан) олиб ўтгач, бир ҳафта деганда ҳалиги қизча айтган Порт-Артур шаҳри атрофида япасқи қирларга олиб бориб, худди гугурт қутисидаги гугурт чўпларидай тўкиб ташлашди.
Биз келган қирлар кўркам олмазор ва нокзорлар билан қопланган. Кундуз кунлари боғларга шўнғиб кетамиз: сабаби уруш, боғлар қаровсиз қолган... Қўйинларимизни асал таъми келган нок ва олмаларга тўлдириб, пастдаги палаткаларимизга қайтамиз. Биз ҳам деярлик қаровсиз қолганмиз. Хоҳласак ётамиз, ҳоҳласак турамиз, хоҳласак олмазор қирларга чиқиб дайдиб кетамиз. Шунда кўз олдимизда улкан дид ва маҳорат билан қурилган миттигина, лекин беқиёс кўркам шаҳарча Порт-Артур намоён бўлади. Шаҳарчанинг бир томони мовий бўғазга, бўғаз эса офтоб остида жимирлаб ётган океан мавжларига туташиб кетади. Уфқда қаёққадир кетаётган кемалар кўзга ташланади. Улар қаёққа кетаяпти? Эҳтимол элимиз томон йўл олаётгандир? Биз кемалар мўрисидан эшилиб чиқаётган кўкимтир тутунларга энтикиб тикиламиз. «Биз ҳам бир кун шундай кемаларга тушиб она юрт томон йўл олармиканмиз ё суякларимиз бу гўзал, лекин бизга ёт гупроқларда қолиб кетармикан», — деган ўй юракларимизни зирқиратади...
Бу такасалтанг, дайди ҳаёт ўн кунга чўзилди. Сўнгра теварак-атрофдаги қисмлардан бизга «совчи»лар кела бошлади. Улар ўзларига керак солдатларни танлаб олишади. Бировга мерганлар, бировга пулемётчи, бировга автоматчилар керак, яна бировга эса ошпаз керак, ҳатто сартарош, тикувчиларни ҳам қидириб келишади.
Шундай кунлардан бирида номига рота дейилган, аслида интизом қолмаган бизнинг қисмимизга кўкси жаранг-журунг орден-медалларга тўла ёш, хушсурат бир майор иккита офицер билан «совчи» бўлиб келди. Уларга ўн-ўн бешта автоматчилардан ташқари штабда хизмат қиладиган, хати чиройли, саводи яхши бир солдат ҳам керак экан.
Рота командиримиз жанговор, аммо бор-йўғи еттинчи синфни битирган офицер бу масалада мендан «фойдаланиб» турар, юқорига юбориладиган ҳар хил ахборотларни менга ёздириб юрарди. У мени майорга тавсия қилган экан, чақириб қолишди. Майор худди харид қилгани от бозорига келган одамдай, елкамдан ушлаб, уёқ-буёққа ўгириб кўрди-да, тўсатдан:
— Қайси юртдансан? — деб сўради.
— Ўзбекистонданман, — дедим мен.
— Миллатинг ўзбекми?
— Ўзбек...
— Нечанчи синфни тугатгансан?
— Ўнинчи синфни.
— Русчанг чакки эмас. Қачон ўргангансан?
— Бешинчи синфгача рус мактабида ўқиганман.
— Тошкентни кўрганмисан?
— Кўрганман...
Майор лабларига кулги югуриб:
— Тошкент дегани нима дегани? — деб сўради. Мен довдираб қолдим.
— Тошкент дегани — Тошкентда!
Майор шўрлаб кетган эски қалпоғимни бурнимга суриб:
— Э, сени қара-ю, шуниям билмайсан! — деб кулди. — Тошкент дегани — тошдан қурилган шаҳар дегани. Тош дегани — тош! Кент дегани — шаҳар.
Мен ўсал бўлдим. Бироқ майор ўзини билиб-билмаганликка олди-да:
— Хўп, — деди. — Бугундан бошлаб штабимда котиблик қиласан. Тушгача штабда хизмат қиласан, кейин менинг уйимда майда-чуйда ишларни бажарасан. Масалан, пашша қўриб ётасан. — У ўзига хўп ярашган мўйловчасини силаб яна кулди.
Шу кундан бошлаб, пиёда аскар ҳаётининг инсон боласи чидай олмайдиган уқубатларидан зада бўлган камина турмушида ақл бовар қилмайдиган роҳат-фароғатга тўла кунлар бошланди. Қолган вақтим штаб бошлиғим — майорнbнг уйида ўтади. Майорга Порт-Артур қалъасининг шундоққина денгиз соҳилидан, атрофи арчазор чиройли коттедж ажратилган. Коттедж илгари нуфузли япон генералига қарашли экан...
Генералнинг ҳовлиси этагида хўжалик уйи ва омбори ҳам бўлиб, барча унвонларидан ва имтиёзларидан айрилган генерал икки қизи, бири 22—23 яшар Чико сан ва кенжа қизи Морико билан ҳовли этагидаги торгина хўжалик уйида туришар экан. Собиқ генерал мағлубиятдан кейин тарки дунёликни ихтиёр этиб, уйида қамалиб олган, қизларини эса рус офицерларидан қизғаниб, тергагани тергаган экан.
Мен бошда уларга кўп эътибор бермай, ўз ишим билан овора бўлиб юрдим. Ишим эса жуда ғалати, солдат хизматига сира ўхшамас эди.
Эрталаб майорнинг машинасида хўжайиним билан бирга штабга бораман. Тушгача машинкада (машинкада босишни бир ҳафтадаёқ ўрганиб олдим) юқори штабларга майда-чуйда хабарлар ёзаман, тушдан кейин эса майорнинг шахсий ишларини бажараман. Ҳафтада икки марта полк омборхонасига бориб, озиқ-овқат оламан. Офицерларга бериладиган бу озиқ-овқат жуда антиқа эди. Нон деганингиз сен же, мен же — қолганига: японлардан ўлжа олинган, асал таъми келадиган, еганда қисир-қисир қиладиган халта-халта галет-пичинон, қуюлтирилган сут, гўшт ва балиқ консервалари, колбаса деганнинг уч-тўрт хили, бир неча шиша спирт, қўйингки, биргина майор эмас, беш-олти киши еб тамом қилолмайдиган озиқ-овқат!..
Мен буларни оп келиб, салқин ертўлага жойлайман, сўнгра майорнинг кийим-кечакларини дазмоллайман, хоналарни йиғиштираман. Бунинг ҳаммасига кетса бир-икки соат кетади, қолган вақт, майор айтганидек: пашша қўриб ётаман. Зериккан пайтларимда эса майорнинг дурбинини олиб, деразадан мағлуб генерал кулбасидаги ҳаётни, тўғрироғи, мендан беш баттар зериккан қизларнинг шўхликлари-ю, жинниликларини кузатиб ётаман. Бир кун шу машғулотим устига майор кеп қолди. Мен унинг уйга кирганини сезмай қолибман, чунки икки ўйинқароқ қизнинг шўхликлари авжига чиққан, улар аввал бир-бировига сув сепишиб, роса кулишган, кейин жиққа ҳўл кўйлакларини ечиб, қип-яланғоч ҳолда, кийимларини сиқа бошлаган эдилар. Умримда қип-яланғоч қизларни кўрмаган, гўлгина қишлоқ йигити — мен юрагим гурс-гурс уриб, энтикиб ётган эканман, тўсатдан:
— Сен нима қиляпсан ўзи? — деган ўктам овоздан сесканиб, сапчиб ўрнимдан турдим...
— Ҳеч нима, ўртоқ... майор!
— Қани, дурбинни буёққа чўз! — буюрди майор. Сўнг, дурбин билан бир зум генералнинг кулбасига қадалиб турди-ю, менинг ҳолимга тушиб қолди. Қалтироқ босиб ҳансирай бошлади.
— Об-бо қуриб кетгурлар-эй! — деди у, дурбиндан аранг кўзини узиб. Қара, қандай нозик, хипча бел, гўзал! Айниқса каттаси. Худди... буқача талаб ғунажиннинг ўзгинаси... Эркаксиз ўлиб бўлганга ўхшайди. Мен кеча «Смерш»да ишлайдиган оғайнимдан билиб олдим. Биз генерал деб юрган бу одам 1941 йили Америка флотини ер билан яксон қилган денгиз жангларида қаҳрамонлик кўрсатган контрадмирал экан. Хотини ўлибди. Икки қизи билан тураркан. Катта қизининг исми Чико экан, анови кичкина шайтончанинг исми Морико экан. Чиконинг эри комикадзе бўлган дейишади. Комикадзе деган сўзни эшитганмисан? Ўзларини ўлимга маҳкум этган император учувчиларини шундай дейишган. Улар самолётлари билан ўзларини Америка ҳарбий кемаларига ташлаб ўлишган... Ё тавба!
Майор чуқур хўрсиниб, торгина хонани бир айланиб чиқди-да, тўсатдан қорамтир кўзлари шўх чақнаб:
— Менга қара, оғайни, — деди энтикиб. — Бошларини айлантириб кўрмаймизми, буларнинг? Кичкинаси ҳали ёш. Эпласанг қитиқ патига тегиб, ўйнашиб юришинг мумкин. Лекин каттаси менбоп экан! Нима дейсан?
Эсимга штабдаги офицерларнинг шивир-шивир гаплари тушди: рус офицерларининг япон қиз-жувонлари билан алоқада бўлишлари қатъий ман этилган. Кимки, бу масалада қўлга тушса шафқатсиз жазоланади!..
— Бе-е, — деди майор беписанд қўл силтаб. — Чумчуқдан қўрққан тариқ экмас! Оллои таоло олдимизга шундай бебаҳо неъматларни қўйиб қўйипти-ю, биз бу неъматни татиб кўрмасдан ўтиб кетамизми бу дунёдан! — Майор шундай деб хитоб қилди-ю, тўсатдан:
— Озиқ-овқатлардан нималаринг бор? — деб сўради.
— Ҳамма нарса! Сиз спиртдан бошқа ҳеч нарсани истеъмол қилмайсиз-ку, ўртоқ майор!
— Бўлмаса бундай қил! — деди майор гапимни бўлиб. — Бир қути топ! Унга бир-икки банка қуйилтирилган сут, бир-икки халта галет сол. Улар галетни ўлгудай яхши кўришади! Бир-икки дона колбаса сол! Унгача мен бир хат ёзиб қўяман.
— Улар тил билишмайди-ку? Қандай тушунтираман?
— Лапашанг. Шунча яшаб кўрмадингми?, Опа-сингилларнинг миттигина русча-японча луғатлари бор. Доим кўкракларига босиб ўқиб юришади-ку! Бор, буйруқни бажар!
Ертўлага тушиб, картон қути топдим. Уни майор айтган ноз-неъматларга тўлдириб чиқдим. Хўжайиним ҳамон жунбушда, бетоқат кутиб ўтирарди. У бир парча қоғозни кўрсатиб:
— Ўқиб кўр! — деди. — Сендан яширадиган сирим йўқ!
Майорнинг хати бор-йўғи бир икки жумладан иборат эди.
«Чико сан! Мен сени севаман. Жуда-жуда севаман! Кечаси қоронғи тушганда кутаман. Келмасанг ўлиб қоламан. Сени қаттиқ қучиб, майор Миша Ногов».
— Қалай, боплабманми?
Майор тор хонани бошига кўтариб хушнуд кулди.— Ўтмиш тажрибамдан биламан: бунақа хат олган бирорта қиз-жувон рад этган эмас! Сен жўжахўроз бу ишда нимани ҳам тушунасан? Бирорта қизни ўпганмисан ўзи? — Майор ўзига ярашган ингичка мўйлавчасини силаб, яна қаҳ-қаҳ отиб кулди. Энди бундай қиласан, оғайни! Қутичангни анов арчанинг тагига яшириб қўясан-да, анови кичкина шайтончани имлаб чақирасан.
— Генерал кўриб қолса-чи?
Кўриб қолганда нима қиларди сени? Рус офицери япон қизига ошиқу беқарор бўлганидан ифтихор қилсин бу пати юлинган қари хўроз! Опаси билан менинг орамда почтальон бўлиши керак бу муғомбир шайтонча! Агар шунга кўндира олсанг — хўп-хўп! Кўндира олмасанг штабдан ҳайдаб юбораман! Юрасан машқларда кечаю-кундуз ер эмаклаб! Бор, жанговор буйруқни бажар! Ана, ўзим билгандай ҳовлидан чиқиб, арчаларга сув сепяпти! Никоҳлаб бераман уни сенга!
Ҳақиқатан, миттигина Морико қўлида узун шланга, яланг оёқ, енгсиз ич кўйлак ва калтагина трусикда, арчаларга сув сепмоқда эди.
Ҳақиқатан, умримда қизлар билан эркин муомала қип кўрмаган содда йигитча, юрагим патир-путур қилиб ҳовлига чиқдим. Қутини биз томондаги арча тагига қўйиб, Морикони имлаб чақирдим. Чақирар эканман мен негадир уни ҳуркиб қочади, — деб ўйлаган эдим. Морико эса қўлидаги шлангни отиб юборди-да, дик-дик сакраб, чопқиллаб ёнимга келди (чамаси, опа-сингиллар биздан мана шунақа бир ишорани кутиб юришган экан-ов). У шундай яқин келдики, мен қизнинг енгил нафасини туйдим, ич кўйлаги тагидаги эндигина туртиб чиққан ва нимаси биландир учлик ҳандалакчаларни эслатадиган кўкраклари кўксимга тегиб, вужудимдан ўт чиқариб юборди. Унинг хиёл қийғоч тимқора кўзлари кулиб турар, кўз қорачиқларининг ўртасида аллақандай тилла нуқталар офтоб зарраларидай ялтиллаб турарди.
— Бу сенга, — дедим мен қутини очиб.
Морико қиқирлаб кулди.
— О-о, жуда кўп-ку! — деди у рус сўзларини японча талаффуз қилиб. Унинг кулгиси ҳам, рус сўзларини бузиб талаффуз қилиши ҳам эндигина тилга кирган гўдакнинг бидирлашидай ёқимтой эди.
— Бу эса опангга, Чикога! — дедим майорнинг хатини узатиб. — Сир эмас! Хоҳласанг ўқиб кўришинг мумкин!
Морико хатни, олиб, кўз югуртириб чиқди-да:
— Мен ҳозир, ҳозир! — деганича чопқиллаб ҳовлилари томон кетди. Ҳақиқатан янгилишмаган эдим, опа-сингиллар анчадан бери биздан ишора кутиб юришган экан, чамаси! Майор деразани очиб:
— Нима бўляпти ўзи? — деб сўради бетоқат бўлиб. Беихтиёр кулиб юбордим.
— Шошманг, ош пишяпти. Опаси билан гаплашгани кетди!
Морико зум ўтмай японча-русча сўзлагич-луғатни кўкрагига майин босиб қайтиб чиқди. Бу сафар у боягидан ҳам қувноқ, чеҳрасида болалик шўхлиги барқ уриб турарди.
— Опам рози, — деди у, бир менга қараб, бир сўзлагичдан сўз қидириб, — Фақат бугун эмас, кейин, эртага.
— Нега?
— Чунки... — У яна сўзлагични варақлади. — Чунки... қиз-бола дарҳол рози бўлса... уят бўлади! — У болаларча қувноқ кулди-да, қутичани енгилгина кўтариб олиб, дик-дик сакраганича ҳовлилари эшигида ғойиб бўлди.
Оғзим қулоғимда майорнинг олдига чопдим. Майор, гапимни эшитиб дарғазаб бўлди.
— Нега бугун эмас, нега эртага келаркан? — бақирди у. — Жанговор вазифани яхши бажара олмадинг, биродар! Бор, қайта гаплаш! Ана, кичкина яна сув сепяпти. Унга айт, тушунтир! Бугун келмаса командирим ўлиб қолади, де!
Бу сафар Морико менинг гапимга хомушгина жавоб берди.
— Майли, айтиб кўраман опамга! — У истар-истамас уйларига кириб кетди-да, анчадан кейин кулимсираб қайтиб чиқди.
— Майли, капитан ўлиб қоладиган бўлса... ўлиб қолмасин бечора, чиқаман, деди опам! — Морико шўх кулганича қочмоқчи бўлди, яланғоч билагидан шап ушладим.
— Сен ҳам кел, Морико, келасанми? — ҳаяжондан нафасим бўғилиб сўрадим ундан. У қўлини тортиб олмасдан:
— Нима қиламиз? — деди кўзлари кулиб.
— Гаплашиб ўтирамиз.
— Бор-йўғи шуми?
— Агар рози бўлсанг... рози бўлсанг битта ўпаман. Морико тим қора қисиқ кўзларини ўйнатиб:
— Йўқ, менга ўпишиш мумкин эмас! — нозланди Морико.
— Нега?
— Чунки... чунки мен кичкинаман!
У шундай деб, кафтини елкамга қўйди.
— Мен ҳам сендай бўлганимда ўпишишим мумкин!
У хандон отиб кулди-да, қўлини қўлимдан юлиб олиб тура қочди.
Бу сафар майор хурсанд бўлиб:
— Мана бу бошқа гап, солдат!— дея елкамга қокди.— Лекин қачон келаркин? Соатини айтмабди-да!
— Соатини нима қиласиз? Қоронғи тушганда келади-да? Сабр қилинг пича!
— Бор, бор, ишингни қил! — деди майор. — Ётиб ҳурракни отавер, ишинг бўлмасин биз билан.
Шунча саъй-ҳаракатларимдан кейин қандай ишим бўлмас экан?
Мен майорнинг ўз хонасида, қафасдаги шердай бетиним одимлашига қулоқ солиб, узоқ ётдим. Қоронғу тушди ҳамки, Чикодан дарак бўлмади. Ўзимни чалғитиш учун аста-секин Морико ҳақида ўйлай бошладим. Ўйлашим билан дилимни офтобдай ёруғ бир туйғу чулғаб олди. Мен негадир унинг бугун бўлмаса ҳам эрта-индин келишига амин эдим. Агар келса... нима бўлади, нима қиламан-а? — бу саволдан юрагим ўйнаб, вужудимни титроқ босарди...
Ширин хаёллар оғушида донг қотиб уйқуга кетибман. Эрталаб майор кўрпамдан тортқилаб уйғотди.
— Сен менга хизматкормисан, ё мен сенга малайми? Туш бўлди-ку, дангаса! — майор ёш боладай ишшайиб турарди.
— Чико сан келдими, ўртоқ майор?
Майор мўйловчасини силаб, масхараомуз кулди.
— Келдими эмиш! Ҳозир кетди! Шундай мулойимки, ипак дейсан. Нақ урғочи мушук дейсан! Қўлингда ипакдай эшилади-я, қизғар! Йўқ! — Сочларини тўзғитиб бошини силкиди у. — Камина умримда не-не гўзалларни кўрганман. Ўзимизнинг рус Марускаларини дейсанми, хохлушкаларни дейсанми, полячкалару, немкалар дейсанми? Фақат сенинг ўзбек қизларингни татиб кўрмаганман! — деди у, — чамаси мени хурсанд қилмоқчи бўлиб. — Тошкентда хизмат қилганимда кўп ҳаракат қилганман. Бироқ, ҳеч нарса чиқмаган! Бизнинг марускалар ҳамма билан юраверишади. Ўзбек билан ҳам, грузин билан ҳам! Аммо сенларнинг қизларингни тузоғимга илинтира олмадим. Лекин ўйлайманки, улар ҳам японкаларга тенглаша олмайди. Булар батамом бошқача бўларкан... Хўп, майли!
Майор, гўё ўз гапларидан ўзи хижолат чеккандай қаттиқ томоқ қириб олди.
— Энди бундай қиласан, — деди у, буйруқ оҳангида. — Қуриб кетгур Чико спирт ичмас экан. Бир-икки шиша вино топиш керак, дўстим! Сен бугун штабга ҳам бормай қўяқол. Тўғри омборхонага чоп. Омбор мудирига айт, майор юборди де! Ернинг тагидан бўлса ҳам бир-икки шиша вино топиб берар экансан, де! Агар топиб бермасанг... мана бу ерингга! — майор кетини шапатилаб хаҳолаб кулди. Тепар экан, де! Жанговор вазифа аёнми, оғайни?
— Аён, ўртоқ майор!
— Аён бўлса... буйруқни бажар! Уйларни йиғиштир. Эҳтимол кичкинангни кўндирарсан. Эҳтимол, у ҳам келар кечқурун. Агар келса... иккимиз божа бўламиз!
Майор хушчақчақ кайфиятда штабга кетди. Мен дарҳол дурбинга ёпишдим. Йўқ, на Чико кўринади, на кичкина! Шундай бўлса ҳам ўша куни рўй бериши мумкин бўлган тотли онлардан юрагим ҳапқириб ишга киришдим. Уйни йиғиштирдим, аввал майорнинг, кейин ўзимнинг кийимларимни дазмолладим. Сўнг, тўрвамни қўлтиқлаб омборхонага чопдим. Омбор мудири майорнинг қадрдон ошнаси эди. У гапимни эшитиб:
— Полк командирига оп қўйган бир-икки шиша вином бор эди. Сўраб қолса нима қиламан? — деб тўнғиллади. Бироқ йўқ деёлмади. Шишаларни қалин қоғозга ўраб берди, бераркан:
— Нима бало, бирорта япон қизлари билан топишиб қолмадими хўжайининг? — деб сўради.
— Йўқ, оғайнингиз япон қизга қарармиди, — дедим гапини чўрт кесиб. — Биласиз-ку, дўсти-биродарлари кўп. Ҳар куни кечқурун йиғилишади. Маишат!
— Сен бола унга қараб юр. Жиннилик қилмасин. Қатъий буйруқ бор. Япон қиз-жувонлари билан илакишиб қолган офицер... майор бўлмоқ тугул, генерал бўлса ҳам... — омбор мудири худди майорга ўхшаб кетини шапатилади. — Мана бу еридан тепки еб, армиядан қувилади!
Омбор мудирининг гаплари бу қулоғимдан кириб, у қулоғимдан чиқиб кетди. Кайфим чоғ (хўжайинимнинг иккинчи жанговор топшириғини есть қиляпман), хаёлимда ҳамон ўша: «Морико келармикан, келса нима бўларкан?» деган тотли ўй, икки шиша шаробни халтачамга уриб уйга чопдим.
Морико, эгнида кечаги енгил кийим, яланг оёқ, қўлида жўмраги тешик идиш, деразамиз тагида гулларга сув сепарди. Кўнглимда ўша ишонч, шитоб билан югуриб олдига бордим.
— Морико, юр, олдимга кир!
Морико сув сепишдан тўхтаб, кўзларимга тикилди.
— Нима қиламиз?
Морико лабларига ноз аралаш муғомбирона табассум югурди.
— Гаплашиб ўтирамиз.
— Қуруқ гапдан нима фойда?
— Ҳўлиям бор, — дедим халтамдаги шишаларни кўрсатиб.
— Мен шароб ичмайман! — деди Морико.
— Морико! — дедим ёлвориб. — Жоним Морико!
— Майли, — Морико, ёқимтойгина илжайди. — Агар тегмасанг кираман. — У шундай деди-да, гўё ғаройиб капалакдай лип этиб, уйимиз эшигидан кириб ғойиб бўлди.
Юрагим ҳапқириб орқасидан кирдим.
Бир зумда бояги журъатимдан асар ҳам қолмаганди.
Морико менинг хонамда, коравотимда ўтирарди. Бир зумда унинг бояги ўйинқароқлигидан асар ҳам қолмаган. Тимқора қийғоч кўзларига аллақандай чуқур мунг чўкканди!
Ёнига ўтирдим.
— Сенга нима бўлди, Морико?
Бу менинг хонам эди, — у чуқур тин олди. — Ана у деворларнинг ҳаммасини ўз қўлим билан чизган суратлар, ўзим тиккан кашталар билан безатиб қўярдим...
— Нега уларни оп кетдинг? — дедим, дедиму ўз саволимдан ижирғаниб кетдим.
Морико ялт этиб қаради, унинг мулойим чеҳрасида нафратга ўхшаш совуқ бир ифода пайдо бўлди.
— Нега мен ўзим чизган расмларим-у, меҳр билан тиккан кашталаримни бизни хор қилган аскарларга қолдириб кетарканман! — деди у кутилмаган бир қаҳр билан.
Нима дейишимни билмай талмовсираб қолдим.
— Морико, қўй бу гапларни...
— Тўхта — деди у, хиёл юмшаб. — Рўпарадаги хонада опам Чико эри билан туришарди, хўжайининг яшаётган хонада эса (отес, — деди у), отам билан марҳум онам турардилар. Эшик — деразаларнинг ҳаммасига чиройли дарпардалар осиб қўярдик. Тувакларда гуллар, хоналарда қимматбаҳо тўқима столлар, креслолар бўларди. Энди ҳаммаёқ шип-шийдон...
Мен унинг қизларга хос нозик, нимжон елкасидан қучдим.
— Биз солдатлармиз-ку, Морико. Солдатларда нима ҳам бўлади? Ундан кўра битта ўптир.
— Қўйиб юбор, — деди Морико.
— Қўйвормайман. Битта ўпаман!..
— Қўйвор, — деди у қимир этмай... Билиб қўй, мен жуда кучлиман. Ишонмайсанми? Мана! — у бир талпинди-да, худди ҳўл балиқдай сирпаниб, қучоғимдан чиқиб кетди ва болаларча севиниб кулди. — Билиб қўй, мен Порт-Артур шаҳар гимнасткалари орасида биринчиликни олганман. Ишонмайсанми?
— Ишонаман, ишонаман, Морико...
— Яна билиб қўй, гўзал қизлар мусобақасида ҳам биринчи ўринни эгаллаганман! Дипломим бор! — деди у, яна ўша болаларча ёқимтой ғурур билан. — Мана, қара! — Морико шундай деди-да, турган жойида бир сакраб боши шипга теккудай баландликка кўтарилди. Сўнг, аллақандай чексиз гўзал бир ҳаракат билан ҳавода чир айланди-ю, дик этиб олдимга тушди. У кўзлари ёниб, кулиб турар, ўзиям тенгсиз сулув, тенгсиз ёқимтой бир қизчага айланган эди.
— Морико, сен Порт-Артур эмас, жаҳон гўзаллари мусобақасида ҳам гўзаллар гўзали, деган ном оласан ҳали! Ке, ўтир!
— Тўхта! — деди у. — Қўлингга эрк берма. Мен ўзим сени ўпиб қўяман!..
У эгилиб, сал дўрдоқ, майин лабларини лабимга текказди. Унинг лабларидан шакар қўшилган галет-пичинон мазаси, асал таъми келарди.
Назаримда, хонам, наинки хонам, бутун жаҳон ажиб бир нурга тўлгандай туюлди-ю, қизнинг илтижоси ёдимдан чиқиб, тол чивиқдай ингичка эгик белидан қучдим.
— Қўйиб юбор, солдат! — Морико худди боягидай ақл бовар қилмайдиган нозик бир ҳаракат билан балиқдай сирпаниб, қучоғимдан чиқди.
— Хайр, солдат! — У яна ўша болаларча қувноқ овозда хандон отиб келди-да, тағин ғаройиб капалак мисол ўзини эшикка урди. Мен дод деганимча ўрнимда қолдим, қимир этишга мажолим қолмаган эди.
Шундан кейин бир ҳафтами, ўн кунми мен учун Мориконинг шўх қилиқлари, ёқимтой эркаликлари, асал таъми келадиган, нурга тўлган ажиб кунлар, майор учун эса тўйга айланган тунлар бошланди. У ҳар кун эрталаб олдимга кирар ва мўйлавчасини бураб, бир хил гапни такрорларди.
— Йўқ, бу япон қизларига тенг келадиган қизлар йўқ! — Мен жуда кўп жононларни кўрганман, лекин бунақасини кўрмаганман! — деб хитоб қиларди. Ва у ҳар куни бир хил савол берарди.
— Хўш, сенинг ишларинг нима бўляпти?
— Ёмон эмас, ўртоқ майор...
— Ўпишдан нари ўтдингми?
— Йўқ, ўртоқ майор...
—Латта! — дерди у бошимдаги пилоткамни юзимга ишқаб. — Баттар бўл, лапашанг!
Афсус, оламни нурга тўлдирган бу ғалати кунлар нари борса бир ҳафта-ўн кун давом этди-ю, кутилмаганда тақа-тақ тўхтади. У бамисоли осмону фалакни қалдиратиб келган момақалдироқ, бамисоли челаклаб қуйган жаладек келиб, жаладай бирдан тўхтади-қолди. Чамаси, генерал ҳамма нарсадан воқиф бўлган-у қизларини қамаб қўйган эди. Соч-соқоли ўсиб, увада кийимларга ўраниб олган девонасифат генерал, баъзан-баъзан ҳовлисида танҳо кўриниб қолар, уёқдан буёққа телбаларча айланаркан, бйз томонга ёвқараш қилиб қўярди.
Майор бир кун чидади, икки кун чидади, учинчи кун кечқурун ширакайф ҳолда кириб келди. Ғазабдан қорайиб кетганди.
— Мияси айниган бу чол нима қиляпти ўзи? — деди у дурбинни кўзига тутиб. — Қизларини ертўлага қамаб қўйганми? Агар бугун ҳам уларни қўйиб юбормаса... Кечаси отиб ташлайман бу ифлосни!
Майор шундай деб ғижинди-ю, тўсатдан:
— Ие, ие, қаёққа отланди бу телба чол, — деб хитоб қилди, — Генераллик либосларини кийиб опти-ку? Ким рухсат берди унга.
Шу пайт генералнинг ғариб кулбасини тўсиб турган қатор арчалар орасидан генерал ўзи чиқиб келди. У ғовлаб кетган соқолини қиртишларкан, эгнида ҳақиқатан ҳам генераллик кители, бошида япон герби қадалган фуражка, оёғида ялт-ялт этган этик эди. Генерал биз томонга қарамасдан, қовоғини уйганча, бошини кулгили даражада мағрур тутиб, эшигимиз ёнидан ўтиб кетди.
Майор елкамга шапатилиб буюрди:
— Чоп, болтани олвол! Агар ертўласининг эшигини қулфлаб қўйган бўлса... Қулфини бузиб бўлса ҳам, қамоқдан чиқар қизларни!
— Аввал разведка қилиб кўрай-чи! — деб, генералнинг ҳовлисига қараб кетдим. Қулфни бузишнинг ҳожати бўлмади. Ҳовлига яқинлашиб қолганимда уйдан «лип» этиб Морико чиқди, чиқди-ю, қўлимдан «шап» ушлаб, ўнг томондаги қалин арчазорга шўнғиди:
— Юр, тезроқ, отам кеп қолмасин!
Юзимга арча тиканлари игна бўлиб санчилди. Биз арчазорнинг охиридаги кафтдеккина очиқ жойда тўхтадик.
Офтоб ботган, аммо кун ҳали ёруғ, денгиз томондан майин шабада эсади. Мориконинг юзи бироз сўлиққан, у энтикар, оғир-оғир нафас оларди.
— Биз бугун видолашамиз! (прошай-прошай қиламиз), — деди у.
— Нима бўлди ўзи? Нега тўсатдан прошай-прошай қиласанлар? Опанг Чико қани?
— Чико ҳозир командирингга боради. Бир минутга боради. Прошай-прошай қилгани боради! Морико кўз ёшларини арта-арта бўлган воқеани гапириб берди. Унинг айтишича, генерал ҳамма воқеадан воқиф бўлган. «Мен ким, палончи жанговор генералнинг қизлари ўз оталарининг ғурурини ерга уриб, душманим офицерлари билан юрса... бу қандай шармандалик, ундан кўра оталарингни ўлдиринглар, топтанглар! — деб нола қилган. — Мен бу шармандаи-шармисорликни кўтара олмайман, мен рус офицерининг бошлиқларига бориб, бор воқеани айтиб бераман, уни армиядан ҳайдатаман. Мен биламан, улар рус офицерларининг япон қизлари билан юришини қатъий таъқиқлашган!»
Генерал шундай деб бақириб-чақириб худди бугунгидай генераллик либосларини кия бошлаган. Шунда Чико ҳам бақириб, — ота, агар сиз бу ишни қилсангиз, мен шу бугун кечаси ўзимни анов арчага осаман!— деб фарёд қилган. Шундан кейин ота-болалар қучоқлашиб узоқ йиғлашган, опа-сингиллар рус офицери билан қайта учрашмасликка ваъда беришган. Бу гапдан кейин генерал япон ваколатхонасига бориб, юртларига тезроқ жўнатишларини илтимос қилган. Улар эрталаб поездда Дальний деган катта портга боришади. Портда япон ҳарбийларини олиб кетадиган улкан кемага тушиб, ўз элларига, Японияга кетишади...
— Ҳозир сен билан видолашамиз... прошай-прошай қиламиз!
Морико шундай деди-да, ўпкаси тўлиб, ўзини қучоғимга отди, кўз ёшлари билан ювилган майин юзини юзимга босиб:
— Ўп! — деб ёлворди. Истаганингча ўп мени! Олдинги сафар галет таъми келган юпқа лаблари кўз ёшларидан шўр эди. Мен ҳам унинг ҳолига туша бошлаган, томоғим хиппа бўғилган эди.
Морико ўнг қўлимни кўкракларига босиб:
— Силаб қўй! — деб ингради. Унинг митти кўкраклари учлик хандалакчалардан ҳам қаттиқ, ҳам майин эди. Қўлларим тегиши билан Морико, худди оғир уйқудан уйғониб кетгандай, кўзларини катта очди-да, нозиккина сирпаниб қучоғимдан чиқди.
— Сенларда!.. русча эмас, сенинг тилингда севганини, жуда-жуда севганини нима дейдилар? — сўради у, ҳамон титраб!
— Жоним дейишади, жонгинам дейишади. Морико ўзини арчалар орасига отди. У ердан унинг йиғи аралаш:
— Хайр, жоним, жонгинам! — деган овози келди... ... Чамаси, Чико келиб кетган, майор ўз хонасида тўқима креслода боши хам, мунғайиб ўтирарди, олдида бир банка спирт билан бир буханка қора нон турарди. У менинг кирганимни сезиб, хира кўзларини очди.
— Бундай, оғайни! — деди у менга мастона тикилиб. — Улар эрта тонг жўнашар экан. Сен анов дераза тагидаги гуллардан икки гулдаста тайёрла. Эртага поездга чиқиб кузатиб қўямиз.
— Қандоқ бўларкин, ўртоқ майор? Ахир таниқли офицерсиз, штаб бошлиғисиз.
Майор қулочкашлаб столни урди. Спирт қуйилган банка, бир булка қора нон қурбақалардай дик-дик сакраб, полга тушди.
— Менинг нима бўлишим билан ишинг нима сен чурвақанинг? Бор, буйруқни бажар!
Вокзал узоқ эмас, уйимиз билан унинг оралиғи нари борса, бир чақирим келарди. Майор мени уйғотганда, атроф-теварак ғира-шира эди. Чамаси Мориколар кетиб бўлишган эди. Афтидан, японларни кузатиб қўйиш қатъиян таъқиқланган бўлса керак, перрон бўм-бўш эди. Аммо вагонлар Порт-Артурни ташлаб кетаётган оилалар билан тўла, болалар қий-чув қилишган, аёллар бир-бировларини қучиб йиғлашар эди.
Мориколар паровоз яқинидаги учинчи ё тўртинчи вагонга жойлашган эканлар. Генерал кўринмас, опа-сингиллар, чамаси биз билан видолашиш умидида, дераза олдида типпа-тик турардилар.
Бизни кўриб иккови ҳам, чеҳралари гўё бирдан офтоб чиққандай, ёришиб, дераза ойналарини туширдилар. Чико, гулдастага юзини яшириб, ҳўнграб юборди. Морико эса... Морико, бола эмасми, кўзлари жиққа ёш, кулиб турарди. Биз бир-бирларимизга бир оғиз ҳам сўз айтишга улгурмадик, паровоз узоқ чинқириб, ўрнидан жилди.
Чико ҳамон йиғларди. Морико кўз ёшларини артиб қўлини силкитди.
— Сизларда севишганлар бир-бирига нима дейди, дегандинг? — қичқирди Морико.
— Жоним, жонгинам дейишади, Морико.
— Жоним! — деди у. Алвидо, прошай, прошай, жоним!
Охирги вагон муюлишда ғойиб бўлди. Биз жимгина одимлаб бирдан бўшаб қолган перрон бўйлаб кетдик.
Перроннинг охирига бориб қолганимизда, орқадан:
— Майор! — деган қатъий, дағал овоз эшитилди. Баланд бўйли подполковник билан икки кичик офицер шитоб билан яқинлашиб келарди. Улар ёнимизга келиб, бизни қуршаб олишди.
— Сен, солдат, — деди полковник. — Полкингга қайтавер. Майорнинг уйига эмас, полкингга, тушундингми? Сиз эса, майор (у ўртоқ демади фақат майор деди), биз билан юрасиз!
Майор, масхараомуз ғоз туриб:
— Есть, сиз билан юраман! — деб кафтини чаккасига тиради.
Подполковник ўз офицерлари билан майорни қаёққадир олиб кетди. Мен полкка эмас, майорнинг уйига қайтдим. Майор кечқурун қош қорайганда қайтиб келди. Унинг елкасидаги погонлари йўқ, ўзи эса ширакайф эди.
— Энди бундай, оғайни, — деди у елкамни қучиб.— Эрталаб полкингга борасан, учинчи батальон, тўққизинчи ротада хизмат қиласан. Лекин мен батальон командирига тайинладим: яхши йигит, саводи жойида, дастхати ҳам чиройли, дедим. Эҳтимол батальон штабига олишар!
— Сиз-чи? — дедим, — Сизнинг тақдирингиз нима бўлади.
У сочларини силкитиб ғамгин кулди.
— Менинг тақдирим! На тўрт йил урушда қилган хизматларим, мақтаниб айтай, кўрсатган қаҳрамонона ишларим, на немис акопларининг сим тиконларини кесиб ўтиб елкамда судраб ўтган асирларим... бирортаси инобатга олинмади! Мени армиядан ҳайдашди. Ажабо: севгим учун ҳайдашди! — асабий кулди у. — Энди нима қиламан? Узоқ Шарққа кетаман. Бирорта савдо кемасига матрос бўлиб ёллансам ҳам, кема ўтхонасига кўмир отиб турадиган кочегар бўлиб ишласам ҳам, Японияга бораман. Чикони излаб топаман. Эҳтимол ўша томонларда ўлиб кетарман. Хўп, бор, ухла, мен жуда чарчадим, оғайни...

* * *

Биз Интерконтинентал меҳмонхонасининг кўркам фойесида учрашдик. Одам гавжум, чамаси бу жой хориждан келган кўп тадбиркорларнинг иш масканига айланган. Одам кўп бўлса ҳам, мен фойега қадам қўйишим биланоқ ўнг қўлда музқаймоқ еб ўтирган эр-хотинга кўзим тушди. Японларнинг ёшини билиш қийин. Кексалари ҳам баъзан ёш кўринади. Жаноб миллионернинг сочларига ҳали қиров қўнмаган, қоп-қора бўлиб ялтиллаб турар, ўзи салобатли, вазмин кўринар, бурнига тилла бандли кўзойнак қўндирган, эгнида қимматбаҳо қора костюм. Хоним эса... калта қирқилган кулранг сочларининг ўртасидан, қоқ пешонасидан орқага таралган бир тарами қизғиш рангга бўялгани учунми, ғалати кўринар, упа-эликдан моҳирона фойдаланса керак, юзида битта ҳам ажин йўқ, сип-силлиқ, фақат кулганда (буни мен кейин сездим) лабларининг четларида билинар-билинмас ажинлар пайдо бўларди. Эгнидаги кийимлари ҳам оддийгина, оёғидаги туфлиси ҳам жўнгина, фақат ўнг билаги ва бармоқларида ёқут кўзли йирик узук ва билакузуклар ялтилларди.
«Бу ўша Морикоми ё бошқа бир нозанинми?»
Яқинлашар эканман хоним ўрнидан туриб, нозик оппоқ қўлини чўзди. (Митти Мориконинг митти кафтлари).
— Жаноб фалончи?
Тасдиқ маъносида бош эгдим.
— Марҳамат, ўтиринг, — деди хоним.
Русчани тузуккина гапирар, фақат талаффузи ўша-ўша, ёқимтой эди.
Мен ўтиришим билан жаноб миллионер хонимга бир нарса деб ўрнидан турди.
«Эримнинг ишлари кўп, сиздан узр сўряпти», — деди хоним.
Биз ёлғиз қолдик. Хоним, ҳануз ёдимдан чиқмаган дилбар қизчага бир ўхшар, бир ўхшамас эди... Унинг ҳамон тийрак, тимқора кўзлари ҳануз чақнаб турар, фақат кўз қорачиғида тилла заррачалари сўнган эди.
Гапимиз қовушмас, менгина эмас, хоним ҳам ўзини ноқулай сезарди. Ўртага чўккан ноқулай сукунатни бузиш истагида Чикони сўрадим. Хоним оғир хўрсинди. Чико бултур оламдан ўтибди. У бошқа эр қилмапти. Генералнинг ўлганига эса 10—15 йилдан ошибди. Мен майорни сўрадим, бормадими, дедим, дедиму хижолат чекдим.
Хоним қошларини чимириб:
— Майор? — деб сўради ва кулди. — Руси капитан? Яхши одам эди.
— Бормоқчи эди, Чикони излаб бормоқчи эди.
Хоним маъюс жилмайди.
— Ёшлик хаёллари! Эртак!
Кўнглимдан беихтиёр: «Нима қилардингиз келиб, хоним, нима қилардингиз анов булоқдай тиниқ эсдаликларимизга раҳна солиб?» — деган фикр ўтди. Хоним гўё менинг ўйларимни пайқагандай чуқур тин олди-да, ҳазин жилмайди. Шунда у ўша, бир неча дақиқага бўлса ҳам, оғир солдатлик ҳаётимни ажиб бир нурга йўғирган митти Морикога жуда-жуда ўхшаб кетди-ю, ичимда ўз ўйларимдан хижолат чекдим. Ахир ким билсин, эҳтимол бу хоним ҳам ўша ёшлик эсдаликлари сабаб мени йўқлаб келгандир? Эҳтимол ўша беғубор, мусаффо туйғулар гоҳо-гоҳо унинг дилига ҳам қуйилаб келгусидир. Гуноҳкорларча бош эгиб, эр-хотинни меҳмонга чақирдим. Морико хоним, японларга хос такаллуф билан ташаккур билдирди ва узр сўради. Эр-хотин Самарқандга, сўнгра Бухорога кетаётганликларини айтди. Қайтиб келганларидан кейин қўнғироқлашадиган бўлдик. Аммо на у телефон қилди, на мен.
Севимли ёзувчиларимдан бири Чеховнинг «Болохонали уй» деган гўзал ҳикояси бор. Унинг қаҳрамони, агар янглишмасам, ёш студент, ёзги таътил чоғида узоқ қариндошларининг чорбоғига меҳмон бўлиб боради. Қариндошларининг иккита қизи бўлади. Каттаси Вера жуда чиройли, аммо эрга чиқолмаган, бахтсиз қари қиз. Икки ёш бир-бирларини севиб қолади. Бироқ бахтсиз опа, бахтли синглисига ҳасад қилиб, бир кечада уни олиб қаёққадир ғойиб бўлади.
Ҳикоя қаҳрамоннинг «Қайдасан, Морико», — деган ноласи билан тугайди.

Qayd etilgan