Kutubxona > Alisher Navoiy asarlari

Alisher Navoiy. Xamsa: Saddi Iskandariy (nazm)

<< < (2/10) > >>

Habib:
ХI

Бу гавҳарфишонлиқдин чун улуғ мақсуд тарих илми махзаниға вуқуф топмоғлиғ ва бу жавоҳир нишонлиқдин куллий мурод салотини мозия ҳолоти макшуф бўлмоғ эрди, ул жиҳатдин Ажам мулукиким, тўрт табақа воқеъдурурлар, алар аҳволидин ижмол тариқи била ихтисор этилди ва аввалғи табақаким пешдодийлардурур пешниҳод алар ишлари шарҳин қилинди

Бу тарих сурат нигорандаси,
Бу янглиғ бўлур сўз гузорандаси:

Ки андинки Одам алайҳиссалом,1
Хилофат саририда тутти мақом.

Анга тегруким, шоҳи Маккий лақаб,
Не Маккий лақабким, Расули араб

Муҳаммадки2 эрди русул шоҳи ул,
Ладуний улумнинг огоҳи ул.

Қилиб Ҳақ ани саййидал-мурсалин,3
Рисолат уза бўлди маснаднишин.

Бу мобайн аро воқеъ ўлғон мулук
Ки, кўргуздилар шаҳлиғ ичра сулук.

Кўп эттим таворих ўқур сори майл,
Ҳамоноки бор эрдилар тўрт хайл

Ки, тарих таҳририн этган рақам,
Битибдур аларни «Мулуки ажам».

Агарчи кўп ўлмишдурур ихтилоф
Ки, бор ихтилоф айлаганлар маоф

Ки, солмишдурур имтидоди замон,
Ҳаводиски, ом айламиш осмон.

Таворих вазъиға беҳад футур
Ки, андин бу фан ичра бўлмиш қусур.

Вале улча бергайлар андин хабар,
«Низом ут-таворих»4 эрур муътабар.

Қилиб ўзгалар бирла татбиқ ҳам,
Бу сарнома фиҳрастин эттим рақам.

Буларники сабт айладим тўрт қисм,
Ешит эмди бориға тариху исм.

Бурунғиға келди лақаб Пешдод,
Икинчи эмишлар Каёнийниҳод.

Учунчига Ашконий ўлди лақаб,
Яна бирга Сосоний ўлди лақаб.

Вале Пешдод5 ўлди ўн бир киши,
Бурун салтанат келди бу қавм иши.

Алар пешвоси Каюмарси6 род
Ким, ул қўйди тахт узра ойини дод.

Тутуб гар жаҳонни асоси анинг,
Даду ваҳш чарми либоси анинг.

Яна бир жаҳондор Ҳушанг7 эди
Ки, зебандаи тожу авранг эди.

Анга йўқ хирадмандлиғ ичра ҳад,
Битиб нусхае «Жовидони хирад».

Чу ул борди, Таҳмурас8 ўлди падид,
Анга боғлади олам аҳли умид.

Басе шаҳр оламда қилди бино,
Нишопуру Марву Сипоҳон9 яно.

Яна сурди Жамшид10 оламға рахш
Ки, ҳам тахтгир эрди, ҳам тожбахш.

Халойиққа кўп еткуруб интифоъ,
ғариб амр кўп айлади ихтироъ.

Яна даҳр дороси Заҳҳок11 эди,
Ки, эл қони тўкмакта бебок эди.

Неча кун ишига кўрунди сабот,
Борур чоғ кўрунди анга асру бот.

Фаридун12 эди сўнгра офоқгир,
Анга бори офоқ фармонпазир.

Боши узра тожи Каёний бўлуб,
Дирафши анинг ковиёний бўлуб.

Манучеҳр13 бўлди валиаҳд анга
Ки, маснад эди бу куҳан маҳд анга.

Фурот ариғин ул равон айлади,
Шажар эктию бўстон айлади.

Яна топти Нувдар14 жаҳондин наво,
Жаҳон мулкига бўлди фармонраво.

Вале даҳр комин раво қилмади,
Анга доғи олам вафо қилмади.

Яна шоҳлиғ қилди Афросиёб15,
Вале қилди Эронни зулми хароб.

Замонида гар эрди обод кам,
Ани қўймади чарх обод ҳам.

Бўлуб Зоб Таҳмоспнинг16 навбати,
Фалакдин ўтуб чатрининг рифъати.

Мусаллам анга эрди аврангу тож
Ки, боғишлади ети йиллиқ хирож.

Чу олам тиҳи бўлди Таҳмоспдин,
Замон зебу фар топти Гаршосбдин17.

Фалак тавсанин гарчи ром айлади,
Чу вақт ўлди, ул ҳам хиром айлади.

Бари даҳрнинг сарфарози эди,
Вале даҳрдин барча бози еди.

Кетур соқий, ул жоми жамшедсоз
Ки, қилғай жаҳондин мени бениёз.

Чу йўқ шоҳлиғ расми огоҳлиғ,
Ерур майдин огоҳлиғ – шоҳлиғ.

Муғанний, «ажам»18 ичра тутқил нағам,
Сиғур анда зикри «Мулуки ажам».

Алар Пешдод эрканин ёд қил,
Манга сен доғи тарки бедод қил.

Навоий, ажаб ерга етмиш сўзунг,
Не элдур булар, худ билурсен ўзунг!

Адаб бирла шоҳона соғар сумур,
Димоғинг чу гарм ўлди афсона сур!

Habib:
ХII

Иккинчи табақаким каёнийлардурур аларнинг олий тахтлари ва каёний Тожларин бошдин-аёққача демак

Бировким, бу сўз айлади ибтидо,
Қилур «Фурс тарихи» бу навъ адо

Ким, эрди Каёний иккинчи гуруҳ
Ки, оламда эрди алардин шукуҳ.

Булардин бурунғини бил Кайқубод1
Ки, эрди хирадманду одилниҳод.

Магар Рустам2 ул вақт эди навжувон
Ки, бўлди анинг оллида паҳлавон.

Яна тутти Ковус3 офоқни,
Тамаъ айлади чархи нуҳ тоқни.

Сипаҳдори Гударз4 эрдию Тус,5
Сиёвушқа6 ёрутти нори мажус.

Яна бўлди Кайхусрави7 покрой,
Жаҳон аҳлиға рой ила кадхудой.

Сипаҳдор анга  Тусу Гударзу Гев,
Фаромарз ила Рустаму Золу Нев8.

Яна бўлди Луҳросб9 мулк узра шоҳ,
Кўпи Балх10 эрди анга тахтгоҳ.

Яқиндин анга тийра бўлди басар
Ки, лашкаркаши бўлди Бухтуннасар11.

Яна мулк уза қилди Гаршосп12 ҳукм,
Нечукким, қилиб эрди Луҳросб ҳукм.

Вале тутти Зардушт13 ойини ул,
Мажус14 ўлди истаб, алар дини ул.

Яна мулк уза тутти Баҳман15 қарор,
Ўчурди залолат ўтидан шарор.

Агар Зобулистонға16 солди футур,
Вале Байти мақдасқа берди сурур.

Чу ул борди мулкини берди Худой
Қизиғаки, бор эрди оти Ҳумой.17

Чу тавфиқ анга бўлди омузгор,
Неча йил анга тўқтади рўзгор.

Вафо қилмай ул оламороға мулк,
Яна мунтақил бўлди Дороға18 мулк.

Шаҳе эрди ул шимаси адлу дод,
Буюрди жаҳон аҳлиға инқиёд.

Анинг ўғли Доройи Доро19 эди
Ки, андин сўнг ул оламоро эди.

Вазири бўлуб шоҳ ила хашмнок,
Анинг қасдидин бўлди Доро ҳалок.

Скандарки гардунға чекти ливо,
Анинг асрида бўлди фармонраво.

Ўз ўрнида гар зикри топти вуқуъ,
Вале қилмағум қиссасиға шуруъ.

Каёнийлар эрди бу тўққуз киши
Ки, чекти аларни фалак гардиши.

Вале, ўйлаким кўкка чекти баланд,
Қаро ер уза солди охир нажанд.

Аёқчи, майи дўстгоний кетур,
Тўло айла жоми Каёний кетур

Ки, давронки, ойини ўлмиш жафо,
Не Кайга, не Дороға айлар вафо.

Муғанний, тузуб нағмаи Паҳлавий,20
Суруде анинг бирла чек маънавий!

Бу шаҳларки назм ичра қилдим савод,
Сурудунг аро сен доғи айла ёд.

Навоий, май ич, доғи бўл раҳшунос,
Бу шаҳлардин эт ўз ишингни қиёс!

Жаҳондорларни жаҳон қилса паст,
Топа олмағайму гадоларға дастғ

Habib:
ХIII

Учинчи табақаким, ашконийлардурурким, аларни мулуки тавойиф ҳам ебдурлар, алар ҳолатидин достон сурмак


Муаррихки ёзди «Мулуки Ажам»,
Бу янглиғ қилур достонни рақам

Ки, ўн тўқуз эрди учунчи мулук
Ки, бор эрдилар олам ичра мулук.

«Мулуки тавойиф»ки машҳур эрур,
Булардурки, дафтарда мастур эрур

Ки, Искандари1 кордон этти насб,
Мамолик аро ҳукмрон этти насб.

Алардин бири Ашки Доро2 эди
Ки, кўп шавкати ошкоро эди.

Неча кун қилиб зулм ё адлу дод,
Жаҳон мулкига айлади хайрбод.

Чу Ашкони Дороға қолди жаҳон,
Қилиб зулмни эл кўзидин ниҳон.

Жаҳон Ашки Ашконға3 бўлғач мақом,
Зуҳур этти Исо алайҳиссалом.

Чу Баҳроми Шопурға4 қолди даҳр,
Бори даҳр эли адлидин топти баҳр.

Ялош ибни Баҳром5 сургач саманд,
Фалак буржиға маҳкам этти каманд.

Чу олди жаҳон Ҳурмуз ибни Ялош,6
Адолат ўтар даҳр аро қилди фош.

Яна Нарси ибни Ялош7 олди тахт,
Неча кун ани комрон этти бахт.

Яна қолди Ферузи Ҳурмузға8 тож,
Ўкуш тожварлардин олди хирож.

Ялош ибни Феруз9 чун билди мулк,
Тафохур анинг адлидин қилди мулк.

Яна Хусрав ибни Ялош10 ўлди шоҳ,
Анга  ер юзин тутти хайлу сипоҳ.

Яна шаҳлиғ этти Ялоши Ялош,11
Кишига анинг бирла бўлмай талош.

Яна Ардавони Ялош12 ўлди тунд,
Анинг тиғини ҳам фалак қилди кунд.

Яна Ардавон ибни Ашғон13 бўлуб,
Замона анинг узрини ҳам қўлуб.

Жаҳон олди Гударзи14 Ашғон яна,
Анга ҳам жафо қилди даврон яна.

Яна шоҳ Тийри Гударз эди
Ки, манзилгаҳи бу куҳан марз эди.

Яна бўлди Гударз Тийри улуғ,
Ани ҳам завол айлади қайғулуғ.

Яна тутти олам юзин Ардавон15
Ки, чекти ани чархи ахзар давон.

Буларға доғи боқий ўлмай ҳаёт,
Фалак мулкни берди бот, олди бот.

Кетур соқий, ул соғари лаълранг,
Анга даврида зоҳир этма даранг.

Чу йўқтур даранге фалак жомиға,
Кўнгул қўйма оғозу анжомиға.

Муғанний, бу шаҳларки чектим тироз,
Алар ёдиға нағма чек дилнавоз

Ки, нағманг била бир қадаҳ нўш этай,
Даме нуктадин тилни хомуш этай.

Навоий, бу шаҳларки кўрди жаҳон,
Букун барча туфроғ ародур ниҳон.

Чу бориға ул ён азиматдурур,
Замоне хуш ўлмоқ ғаниматдурур.

Habib:
ХIV

Тўртунчи табақа сосонийлар эрдиларким, жаҳон мулкида жаҳон мулкида жаҳонбонлиқ қилдилар ва рубъи маскун мамлакатин билдилар

Навосози деҳқони озарпараст,
Бу навъ этти сўз риштасин борбаст

Ки, тўртунчи хайл улча шоҳ эрдилар,
Фалакқадру анжумсипоҳ эрдилар

Ки, ҳоло адамдур аларға мафар,
Йигирми дурур, доғи тўқуз нафар.

Бири Ардашер ибни Бобак1 эди
Ки, баъзи эл они валий ҳам деди.

Яна эрди Шопур2 бин Ардашер
Ки, шоҳе эди кордону далер.

Ул этти бақо мулки сори хиром,
Қўюб ўғли Ҳурмузни3 қойим-мақом.

Яна тегди Баҳроми Ҳурмузға4 тож,
Жаҳон ичра адлидин ўлди ривож.

Яна қилди Баҳроми Баҳром5 жаҳд
Ки, даҳр этти тоза анинг бирла аҳд.

Яна ўғлиға даҳр аро ком эди
Ки, Баҳроми Баҳроми Баҳром6 эди.

Яна қилди Нарсини7 чарх аржуманд,
Ҳам охир адам сори сурди саманд.

Яна Ҳурмузи Нарси8 этти ғулув
Ки, қадри фалакдин ошурди улув.

Яна етти Шопури Ҳурмузға9 зўр
Ки, солди сипаҳ бирла  оламға  шўр.

Яна Ардашер ибни Ҳурмузға10 кавн,
Етишти чу ул Тенгридин топти авн.

Яна қилди Шопури Шопур11 кин
Ки, офоқ анга бўлди зери нигин.

Яна тузди Баҳроми Шопур12 жайш
Ки, илгига олди тўла жоми айш.

Яна олди Ферузи бин Яздижирд,13
Жаҳонда қилиб адлу инсоф вирд.

Яна шаҳ Ялош ибни Феруз14 эди,
Адолат била оламафруз эди.

Қубод ибни Феруз15 ҳам тузди базм,
Бу кох ичра, лекин қўюб қилди азм.

Яна бўлди Жомосб16 кишварситон,
Жаҳон бўлди инсофидин бўстон.

Чу тахт олди Нуширвони Қубод,17
Ул этти бино даҳр аро адлу дод.

Яна Ҳурмуз ибни Ануширвон,18
Киюрди жаҳон жисми ичра равон.

Чу Парвези Ҳурмузға19 чарх ўлди ёр,
Замонида шод ўлди мулку диёр.

Чу Шеруя20 оғози кин айлади,
Азиз элни хору ҳазин айлади.

Яна Ардашер21 ўлди чун қаҳрамон,
 Анинг қаҳриға қолди аҳли замон

Яна Ардашер ўлди кишвархудой,
Жаҳон аҳлиға бўлди раҳматфизой.

Яна Кисри Арслон22 топти фар,
Адам мулкига ул ҳам этти сафар.

Яна Кисри23 ўлди жаҳон довари
Ки, гардундин ўтти анинг афсари.

Яна даҳр Туронни24 қилди азиз
Ки, нисбатда Парвезға эрди қиз.

Жаҳон олди Парвези Баҳром25 ҳам,
Қўлиға тутуб тиғ ила жом ҳам.

Яна бўлди Озарми26 афсарпараст
Ким, ул топти Турон ерига нишаст.

Яна Фаррух27 олди жаҳон кишварин,
Солиб адл аро табъи донишварин.

Яна Яздижирд28 олди мулку диёр,
Ки, дерлар лақабда ани Шаҳриёр.

Қаю бирки мулк олди топти сурур,
Мубаддал суруриға бўлди ғурур.

Жаҳон мулкин ўз мулки қилди гумон,
Гумони ҳамон эрди – кетмак ҳамон.

Қутулди алар даҳр озоридин,
Кетиб бори, қолди жаҳон боридин.

Аёқчи, манга жоми шоҳона тут,
Туганган сойи тўлдуруб ёна тут!

Чу кетгумдурур, даҳр базми қолиб,
Кетай бори комимни майдин олиб.

Муғанний, суруд айтибон руд туз,
Вафосиз жаҳон бирла падруд туз!

Чу кетмаклик андин эрур ногузир,
Даме хушдил ўлмоқ эрур дилпазир.

Навоий, бу янглиғ эмиш даҳр иши,
Вафо кўрмамиш ҳаргиз андин киши.

Кишилик будурким, унутсанг ани,
Чу таркинг қилур, тарк тутсанг ани!

Habib:
ХV

Искандар достонининг оғозиким, ҳақ анжомиға еткурғай ва тарихининг ифтитоҳиким, Тенгри ихтитоми рақамин сургай ва анинг насабида ихтилофким, тарих аҳли қилмишлар ва ул ихтилофни рафъ этиб, аҳли таҳқиқ ишининг ҳақиқатин билмишлар ва малик Файлақуснинг дори бақоға кетгани ва Искандарнинг мулки фоний тахтин мақом этгани


Нигор айлаган нақши румийтироз,
Очиб парда, бу навъ кўргузди роз

Ки, бу тўрт хайлики топти адо
Ки, кўк тоқиға солдилар кўп садо1

Ки, давронлари тўрт минг уч юз ил,
Яна ўттуз олтию ўн ой бил.

Бу муддатда кимдинки осор эди
Ки, кишваркушо бал жаҳондор эди.

Топиб беш юзу балки минг йил амон,
Бу муддатда маҳкуми – аҳли замон.

Қилиб улча хотирға келганча иш,
Аларға насиб ўлмади онча иш.

Ки, оз вақт аро шоҳи Яздонпараст,
Скандарга офоқ аро берди даст.

Билингай, дейилганда бир-бир иши
Ки, халқ этмади Тенгри андоқ киши.

Бу мужмалки васф айладим зотини,
Қилай эмди борининг исботини.

Ҳамул тўрт хайлики ёздим сутур,
Икидин сўнг2 Искандар этти зуҳур.

Каёнийлар ўлғонда бир-бир ниҳон
Ки, Доройи Баҳманға қолди жаҳон.

Мубоҳот этиб тахт ила тож анга,
Берурлар эди шоҳлар бож анга.

Бу фурсат аро волийи Руму Рус,
Шаҳе эрди оти малик Файлақус.3

Маликваш келиб ҳар сифоти анинг,
Малакваш вале пок зоти анинг.

Низомийки назм аҳлиға шоҳ эди,
Бу шаҳ саргузаштидин огоҳ эди,

Китобида дер чоғ нишонин анинг,
Бу янглиғ деди достонин анинг

Ки, насл ичра йўқ эрди пайванд анга,
Мурод эрди оламда фарзанд анга.

Бу савдо солиб жисмиға печ-печ,
Гум ўлмас эди ул таманноси ҳеч.

Магар бир кун овдин олиб кўнгли баҳр,
Тараб бирла айлаб эди азми шаҳр.

Кўрунди йўли узра вайронае,
Йўмурган фалак зулми кошонае.

Тоши хасталар кўнгли янглиғ синуқ,
Ичи мотамийлар ичидек бузуқ.

Бу вайрона ичра шаҳи бахтиёр,
Сабосайрини сурди беихтиёр.

Кўрарким, қўюб ҳамл бир ҳомила,
Қарин қолмайин руҳ анга жисм ила4.

Ётиб оллида тифли зору забун,
Чекиб гаҳ-гаҳе йиғлағон янглиғ ун.

Бўлуб шоми риҳлат анонинг куни,
Келиб гоҳу гаҳ йўқ – ўғулнинг уни.

Унига буким йиғламоғни қотиб,
Ано сўги5 они магар йиғлотиб.

Солиб чун аларға назар Файлақус,
Дегил тушти кўнглига нори мажус6.

Буюрдики, маҳрамваш эл еттилар,
Ўлукни ҳамул ерда дафн эттилар.

Ўзи тифлни олди эъзоз ила,
Қилур эрди парварда юз ноз ила.

Скандар атаб, ўғли билди ани,
Ўларда валиаҳд қилди ани.

Муаррих яна навъ ҳам сурди сўз
Ки, нисбатда Дороға еткурди сўз

Ки, Дороға берди қизин шоҳи Рум,
Ясаб зеб ила, ўйлаким нахли мум.

Бир иш бўлдиким, бемадоро ани,
Атосиға қайтарди Доро ани.

Ҳамоноки сур айлаган тун – саҳоб
Садафқа тўкуб эрди дурри хушоб.

Чу вақт ўлди, фош айлади ул садаф,
Дуреким, жаҳон топти андин шараф.

Яна бўйла сўз доғи мазкур эрур
Ки, «Таърихи фурс» ичра мастур эрур.

Ки, оламда ики Скандар эмиш
Ки, икиси давронда довар эмиш.

Бири улки, Доро била қилди разм,
Бири буки, сад боғлаю этти азм.

Ва лекин бу фурсатки донойи даҳр,7
Берур эрди бу қиссадин элга баҳр.

Ки, жоми сафо урди элга сало
Ки, Жомийға еткурмасун Ҳақ бало.

Скандар иши эрди манзум анга,
Бори ҳолати эрди маълум анга.

Манга ҳам чу машғуллуқ бу эди,
Таворих оллимда ўтру эди.

Бу ерда мени чунки ажз этти лол,
Ўпуб ерни, донодин эттим савол.

Скандарга ики эканни адад,
Чу оллинда таҳқиқ эди, қилди рад:

«Ул ишлар, – деди, – бирга воқеъдурур,
Гувоҳи анинг насси қотеъдурур»8.

Анингдекки аслин Низомий деди,
Ҳамул навъ фарзона Жомий деди

Ким, ул Файлақус ўғли эрмиш яқин,
Емас аҳли таърих тардиди чин.

Қилинди чу таҳқиқ тадқиқ ила.
Қилай эмди тадқиқ таҳқиқ ила.

Бу янглиғ баён этти таърихсанж
Ки, чун ёвар ўлди саройи сипанж.

Скандарни топти малик Файлақус,
Ясаб мулкин андоқки зебо арус.

Очиб бахшишу базл абвобини,
Тузатти басе сур асбобини.

Мулукона тартибу ойин била,
Ёрутти кўзин ул жаҳонбин била.

Қилиб ҳифзиға кеча-кундуз қиём,
Фузунроқ этиб дам-бадам эҳтимом.

Бериб парваришқа муносиб хўриш,
Муносиб хўришдин топиб парвариш.

Ани асрамай коху айвон аро,
Ясаб ер кўнгул ичра, бал жон аро.

Нечукким тенгиз дурри шоҳонасин,
Тенгиз йўқки, кон лаъли якдонасин.

Анга тегруким бўлди лафзи дуруст,
Тааллум иши вожиб ўлди нахуст.

Нақумоҳис9 оллинда дастур эди
Ки, ҳикматқа оламда машҳур эди.

Сипеҳр авжиға  фикри суръатнамой,
Фалак сайридин ройи мушкилкушой.

Назар чобукин чун қилиб тезбин,
Бўлуб нозири важҳи айнул-яқин.

Киши йўқ билик ичра монанд анга,
Арастуи фарзона фарзанд анга.

Чу тадбир ила дафъи офот этиб,
Анинг ройидин шаҳ мубоҳот этиб.

Бори илм аро, ўйла соҳиб камол
Ки, комил анингдек топилмоқ маҳол.

Скандарни доноға топшурди чуст
Ки, донишнинг авроқин этгай дуруст.

Ўзига шараф билди доно муни
Ки, ул воқиф эрди валодат куни.

Боқиб чархнинг борча ҳолотиға,
Кавокибнинг иқболу офотиға.

Кўруб мустақимин, билиб рожеъин,10
Ёзиб эрди мавлудининг толеъин.

Қилиб ҳукмлар анжум арқомида,
Рақамлар қўюб эрди аҳкомида

Ким, ул тифли фаррухпайи покзод,11
Шаҳе бўлғуси поку фаррухниҳод.

Ети кўк уза шавкати етгуси,
Юруб рубъи маскунни фатҳ этгуси.

Кириб шоҳлар қуллари сониға,
Бўюн қўйғуси тавқи фармониға.

Сипеҳр авжиға  еткуруб ҳимматин,
Фалак тоқида чолғуси навбатин.

Чу ҳайъатда табъи жадал қилғуси,
Фалак мушкилотини ҳал қилғуси.

Қилиб хурдадон табъи ҳикматни қисм,
Басе ерда соз этгусидур тилисм.

Риёзий била тузгусидур расад,
Илоҳий била фитна оллиға сад.

Жаҳон мулкини чун мақар қилғуси,
Тенгиз ичра йиллар сафар қилғуси.

Анга ҳақ насиб айлабон хушку тар,
Юруб фатҳ қилғусидур баҳру бар12.

Ҳаким англамиш эрди чун барча ҳол,
Бу иқболдин бўлди ишратсигол.

Мураттаб қилиб лавҳи иршодини,
Анга қилди таълим бунёдини.

Қаю ишни таълим қилғон замон,
Ешитмак ҳамон эрди – билмак ҳамон.

Билиб бўлмас эрди таваққуф анга,
Қилур эрди турлук тасарруф анга.

Бу янглиғки теъдод бўлди сифот,
Ҳамоно ўн ончани касб этти бот.

Билик касбини қилди то жони бор,
Ҳунар билди ончаки имкони бор.

Чу тутти мусаллам камолотин эл,
Диловарлиғ амриға чуст этти бел.

Не ишким сипоҳиға  нафъ айлагай
Ки, андин адусини дафъ айлагай.

Гаҳи маркаб узра силаҳшўр эди,
Яёғлиқда гаҳ варзиши зўр эди.13

Демайким, ўқи очти тори зириҳ
Ки, тори тахайюлдин очти гириҳ.

Синони била тикти ахтар кўзин,
Не ахтар кўзин, чархи ахзар кўзин.

Анинг тиғи хорони қилди шикоф
Ки, кемухти ғабродин этти ғилоф.

Камандинки чин-чин қила бошлади,
Фалак қалъаси буржиға тошлади.

Қачон гурзини қилди хоронабард,
Қатиғ хорадин кўкка еткурди гард.

Чу майдон аро зўр расмин тузуб,
Чурук ип каби аждаҳони узуб.

Ва гар ройи бирла бўлуб чорасоз,
Диловарлиғу кучга бўлмай ниёз.

Бори ишда бир ерга етти иши
Ки, мумкин эмас андоқ ўлмоқ киши.

Атоси доғи чун суруб эрди умр,
Видоъ этгали еткуруб эрди умр.

Қадининг хамидин билиб эрди хайл
Ки, жисмиға туфроқ сари бўлди майл.

Қувосини заъф айлаган чоғда суст,
Скандар бўлуб эрди шаҳлиғда чуст.

Ўзи бўлди Тенгрига пўзишпазир,
Скандарга топшурди тожу сарир.

Чу ўғлиға тахтини қилди мақом,
Ўзи айлади тахта сори хиром.

Ҳамоно ики шох берди дарахт,
Бирин йўндилар тахтау бирни тахт.

Не қушқаки бир шохи маскандурур,
Яна шохи сўнгра нишимандурур.

Скандар чу кўрди ато маргини,
Яқин эрди қилғай жаҳон таркини.

Чу муставли ўлди бу ният анга,
Ато қилмиш эрди васият анга

Ки: «Мулкумда бегонани қўймағил,
Шабистонима ёнани қўймағил!

Ҳаримим аро кирмасун ҳеч ёт
Ки, бўлғай анга пардадарликда от!

Сени истабон топқонимдин мурод
Будурким, қачон айласам хайрбод.

Сен ўлсанг чу қойим мақомим менинг,
Бабод ўлмағай нангу номим менинг».

Бу сўз ёдиға келгач ўлди зарур,
Етурмак ато пардасиға сурур.

Ҳамият доғи монеъ ўлди басе
Ки, елдин зилолиға тушғай хасе.

Ато сўгини айлагач бартараф,
Сариру нигин топти андин шараф.14

Ато тахтини чун мақом айлади,
Тузуб руд, оҳанги жом айлади.

Аёғчи, бер ул жавҳари ғамзудо15,
Дема ғамзудо, жоми мотамзудо.

Ки, андин сумурсам ғамим қолмасун,
Ато сўгидин мотамим қолмасун.

Муғанний, қилиб соз руди нишот,
Анинг бирла тузгил суруди нишот

Ки, сўз тахтида бўлдум оромгир,
Бўлай таҳният базмида жомгир!

Навоий, жаҳоннинг фирибин ема,
Хирад оллида нақшу зебин дема.

Чу даврон иши бевафолиқдурур,
Фузун шоҳлиғдин гадолиқдурур.

Гадоеки қайд ўлғай андин йироқ,
Муқайяд жаҳондордин яхшироқ!

Navigation

[0] Message Index

[#] Next page

[*] Previous page

Go to full version