Cho'lpon. Kecha va kunduz (roman)  ( 45170 marta o'qilgan) Chop etish

1 B


AbdulAziz  27 Dekabr 2010, 16:10:26

Cho'lpon. Kecha va kunduz (roman)



Muallif: Cho'lpon
Hajmi: 12,5 Mb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish

Qayd etilgan


Muhammad Sanjar  25 Fevral 2012, 19:43:36

XX АСР ЎЗБЕК РОМАНИ

ЧЎЛПОН

КЕЧА ВА КУНДУЗ

Биринчи китоб

КЕЧА


«ШАРҚ» НАШРИЁТ МАТБАА КОНЦЕРНИНИНГ ТАҲРИРИЯТИ
ТОШКЕНТ - 2000

Таҳрир ҳайъати:
Ислом ШОҒУЛОМОВ (ҳайъат раиси),
Бобур АЛИМОВ (ҳайъат раиси ўринбосари),
Музаффар АЪЛАМОВ,
Саид АҲМАД,
Аҳрор АҲМЕДОВ,
Машраб БОБОЕВ,
Наим КАРИМОВ,
Тоҳир МАЛИК,
Омон МУХТОР,
Умарали НОРМАТОВ,
Анвар ОБИДЖОНОВ,
Шуҳрат РИЗАЕВ,
Носир ФОЗИЛОВ,
Шукур ХОЛМИРЗАЕВ,
Барнобек ЭШПЎЛАТОВ (ҳайъат котиби),
Бегали ҚОСИМОВ,
Ўткир ҲОШИМОВ.

Масъул муҳаррир: Наим КАРИМОВ
 
Муҳаббатнинг саройи кенг экан, йўлни йўқотдим-ку,
Асрлик тош янглиғ бу хатарлик йўлда қотдим-ку.

Карашма денгизин кўрдим, на нозлик тўлқини бордир,
Ҳалокат бўлгусин билмай қулочни катта отдим-ку.

Ажаб дунё экан бу ишқ дунёси, аё дўстлар,
Бу дунё деб у дунёни баҳосиз пулга сотдим-ку.

Унинг гулзорида булбул ўқиб қон айлади бағрим.
Кўзимдан ёшни жў айлаб аламлар ичра ботдим-ку.

Қаландардек юриб дунёни кездим, топмайин ёрни
Яна кулбамга қайғулар, аламлар бирла қайтдим-ку.

Муҳаббат осмонида гўзал Чўлпон эдим, дўстлар,
Қуёшнинг нурига тоқат қилолмай ерга ботдим-ку.


















КЕЧА

Биринчи китоб

Ҳамал келди, амал келди.
Халқ мақоли.

I

Ҳар йил бир келадиган баҳор севинчи яна кўнгилларни қитиклай бошлади. Яна табиатнинг дилдираган танларига илиқ қон югурди...
Толларнинг кўм-кўк сочпопуклари қизларнинг майда ўрилган кокилларидай селкиллаб тушмоққа бошлади. Муз тагида лойқаланиб оққан сувларнинг ғамли юзлари кулди, ўзлари ҳорғин-ҳорғин оқсаларда, бўшалган қул сингари эркинлик нашъасини кемира-кемира илгари босадилар. Симёғочларнинг учларида якка-якка қушлар кўрина бошлади. Биринчи кўринган кўклам қуши биринчи ёрилган бодроқ нашъасини беради. Бултур экилиб, кўп қошларни қорайтирган ўсма илдизидан яна бош кўтариб чиқди... Мулойим қўлларда ивиб, сувга айлангандан кейин гўзал кўзларнинг супасида ёнбошлашни мунча яхши кўрар экан бу кўкат! Эркакларнинг гуллик дўпписига тегмай, яланг аёллар билан, уларнинг сочлари, гажаклари ва рўмол попуклари билан ҳазиллашиб ўйнаган салқин шабада... кўклам нашъаси билан шўхлик қилади.
Ҳаёт нега бу қадар гўзал ва ширин бўлади баҳорда?

* * *

Зеби (Зебиниса)нинг қиш ичи сиқилиб, занглаб чиққан, кўнгли баҳорнинг илиқ ҳовури билан очила тушган; энди, устига похол тўшалган аравада бўлса ҳам, аллақайларга, дала-қирларга чиқиб яйрашни тусай бошлаган эди. Қиш ичи ҳам кети узилмаган совчилар бир-икки ҳафтадан бери келишдан тўхтаганлар, энди ташқари эшикнинг «ғийт» этиши — бир-икки аёлнинг астагина босиб, паранжисини судраб кириб келишига далолат қилмас, ҳали эндигина ўн бешга қадам қўйган бу ёш қизнинг гўдак кўнглини унча чўчитмас эди.
Кўк териш баҳонаси билан бир-икки марта кенг ҳовлиларга, шаҳар ичида бўлса ҳамки, дала-тузларга чиқиб келганидан бери кўнгли қирларни, далаларни, ишқилиб олис-олис жойларни яна кўпроқ тусай бошлаган эди.
Отаси бомдоддан кирмаган, онаси сигир соғиш билан овора, ўзи кичкина саҳнни супуриб турган вақтида ташқари эшикнинг бесаранжом очилиши Зебининг кўнглини бир қур сескантириб олди. Бир қўлида супургиси, бир қўли тиззасида — ерга эгилган кўйи эшик томонга тикилиб қолди. Отасининг одатдаги томоқ қириш ва йўталишлар билан, катта эшикнинг оғир занжирини шарақ-шуруқ қилиб тушириб, намозга чиқиб кетганига ҳали кўп ўтмаган эди. Ҳалол-ҳаромни кўп ҳам фарқ қилмайтурган бу одамнинг авродда ўтириш одатлари, ҳатто ҳаммадан кейин қолиб, мачит шамларини пуфлаб чиқиш расмлари бўларди.
Айтгандек, эшикдан шошилиб кириб келган — ёшгина, ўзи тенги бир қизча бўлди. Ҳали тузук-қуруқ одам қаторига кириб етмаган бу қизчани катта хотинларнинг орият паранжисига буркаганлар, паранжининг узун этаклари катта бир тугундек унинг қўлтиғини тўлғазарди...
Ўранган қиз ичкари эшикдан ҳатлар-ҳатламас паранжини ирғитди ва ўзининг болалик руҳи билан югурганича бориб Зебини қучоқлади. Иккаласи қувона-қувона кўришдилар. Супурги етган жойидан нарига ўтмасдан ерга ёнбошлади... Иккала ёш — юзлари кулган, кўнгиллари ёзилган — қўлтиқлашиб айвонга бордилар ва Зебининг отаси туриб кетган сўрининг чеккасига ўтиришдилар.
Салти (Салтанат) эрта саҳарда мунақа ҳаллослаб келишининг сабабини ҳали айтгани йўқ эди, улар кўришган ҳамон, ёш қизларнинг ўз ораларида ўтатурган маҳрам гапларини гаплашиб, тикаётган кашталари, пилтага кирган дўппилари тўғрисида бир-бирларига калта-калта маълумот беришган эдилар. Салти энди гап очди:
— Эрта саҳарлаб чопганим бекорга эмас...
— Мен ҳам сезганман... Юрагим бир қур сесканиб ҳам олди...
— Нимага, ўртоқжон?
— Ўзингиз билган совчилар балоси-да... Қиш ичи кети узилмади.
— Менам безганман, жоним қақа... шунинг учун бир қишлоққа чиқиб келсаммикан, деб эдим...
— Нимасини айтасиз... Ариқдаги сув ҳам музнинг тагидан чиқди-ку.
Зебининг юзини, шу топда, бутун қиш ичи тўпланиб қолган ҳорғинликнинг асарлари эгаллаган эди. Унинг иккала юзи, айниқса, кўрпанинг катта-катта қавиғига тикилган андишалик кўзлари ҳовур босган ойнакнинг бетига ўхшарди. Аксинча, Салтининг юзлари чарақлаган юлдуздай, сернашъа, қувноқ ва ҳар қандай андишадан йироқ бўлиб, кўнглининг чуқур бурчакларидан чиқиб келган севинч тўлқинларини акс эттирарди. Шу учун у Зебининг сўнг сўзларидаги оғир маъюсликни пайқай олмади. Унинг кўзлари Зебида бўлса ҳам, назарлари бошқа ёқларда эди.
— Энахонни биласиз-а? Ёйилма сойдаги ўртоғим бор-ку?
Зеби бошини кўтариб, ўртоғига қаради, шу қараш унинг нечикдир Энахонни эслолмай турганини кўрсатарди. Сўнгра Салти таъриф қилди:
— Ўтган куз бизникига меҳмон бўлиб келишдику — келинбибиси билан бирга? Ўшанда неча марта киши юбориб чақиртирдим, бормадингиз, отангиз жавоб бер-мади...
Зеби бош тебратди:
— Ҳа, ҳа... билдим, билдим. Ўзини кўрганим йўқ-ку, эшитиб биламан.
— Ана ўша қиз ўша сафар келганида мени айтиб кетиб эди. Баҳорлашиб бир бориб келаман, деб юриб эдим. Яқинда яна айтиб юборибди. Шунга тенг-тўшларим билан бир бориб келмоқчиман. Сизни ҳам олиб бораман...
— Қачон?
Зебининг бу калта саволидан Салти кўп нарсани англади. Бу савол Зебининг иложи бўлса шу кун паранжисини қўлига олиб (ёпиниб ҳам ўтирмасдан!), шу ердан узоқлашмоқ учун талпинганини кўрсатарди. Шу учун Салти:
— Мен сизни олиб кетгали келдим, айланай! — деди.
Ва икки ёш бола ниҳоясиз қувончлар ичида яна бир-бирларига чирмашдилар...

* * *

Одатда онанинг кўнгли юмшоқ бўлади. Зебининг онаси — Қурбонбиби Салтидан ҳалиги чақириқни эшитгандан кейин дарҳол розилик берди:
— Майли, ўйнаб, ёзилиб келинглар. Қиш ичи юракларинг ғаш бўлгандир... Ёш нарсалар, — деди. Зеби онасининг берадиган жавобини илгаридан биларди. Бу она қизининг саодатидан бошқа нарсани билмайдирган оналардан эди. Дунёда қандай яхшилик ва хайриятлик бўлса, ҳаммасини шу биргина қизи учун истар ва орзу қиларди. Лекин...
Онанинг розилик сўзларига бу биргина «лекин» элчиб келганидан, бечора қизлар севиниш тўлқинларини яна бир қур кўтаришга фурсат тополмадилар.
Ҳамма жим қолди. Ҳар ким ўз олдида бир нарса топиб шунга кўз тиккан ва у нарсада Зеби — ўз отасини, Қурвонбиби — ўз эрини, Салти — қовоғидан доим қор ёғиб турган совуқ бир сўфини кўрарди.
Бу булутли ҳавони очмоқ фақат онанинг вазифаси эди:
— Отаси бомдоддан кирсин, — деди у Салтига қараб, — мен ўзим ётиғи билан айтиб кўрай, йўқ демас, — сўнгра Зебига юзланди: — Сен, қизим, уйга жой қил, ўртоғингни ўтқиз, дастурхон сол. Биз, отанг билан, чойни сўрида ичиб, ҳалиги гапни гаплашамиз.
Иккала қиз ҳам оғиз очмай жим қолишди. Чунки Раззоқ сўфининг мижозини уларнинг иккаласи ҳам яхши биларди. Сўфига энг маъқул бир масалани бўлса ҳам уқтириб розилигини олмоқ учун ё ўзининг пири, ёки катта бир давлатга эга бўлиш керак эди. У одам ўз тенгларидан ҳеч бирининг ҳеч қачон ҳеч бир гапини тинглаган эмасди. Аёллардан маслаҳат, айниқса, ўз хотинидан бир таклиф эшитмоқ учун Раззоқ сўфининг қайта бошдан бунёдга келиши керак бўларди...
Шунинг учун Зеби кўзлари андиша билан кенгайиб очилгани ҳолда индамасдан жойларни йиға бошлади.
У ўринларни йиғиштириб, нонушта жойларини тайёрлаб бўлгандан сўнг ўчоқ бошида чойнакларга чой ташларкан:
— Отамдан дарак йўқ-ку? — деб сўради онасидан. Қурвонбиби бир кўча эшигига, бир ёнбошдаги дарахтлар орасидан кўтарилиб келаётган қуёшга, бир ўчоқбошидаги қизига қарагандан кейин:
— Билмадим, аврод чўзилиброқ кетдимикин? Сен чойни жиндек қўйиб туриб, чала қолдирган ерларингни супиратур, келиб қолар, — деди.
Зеби шу топда яна қайтиб қўлига супурги олишни истамасада, ўртоғининг «бу қиз энасининг гапига кирмас экан», деган ўйга боришини ўйлаб, индамасдан супургини қўлига олди ва бир қўлини бир тиззасига қўйиб, саҳн бетини супура бошлади. Зебининг чой дамлаб келишини кутиб, уйда — дастурхон бошида ўтирган Салти иккала қаноти очиқ турган эшик орқали бу ҳолни кўрганидан кейин ўрнидан туриб, ўртоғининг ёнига чиқди. Зеби уни узр айтиб қарши олди:
— Ўртоқжон, — деди, — отам авродда ўтириб қолди, шекилли, шунақа одати бор. Эндиёқ кириб келса керак. Хафа бўлманг-а?
Бу сўнгги калта жумланинг айтилишидаги самимият бир-бири билан яқин ўртоқ тутишган ёш қизлардагина бўлади. «Хафа бўлманг-а?» деб турган вақтида Зебининг юзини кўриш керак эди, бир қўлида супурги, бир қўли тиззасида, супурги ҳам ердан узиб олинган эмас, фақат бош юқори кўтарилгану бутун вужуд Салтининг ихтиёрида! Кўнгил, орзу, севги, севинч... булар ҳаммаси Салтига томон учади, унга томон отилади, уни ўраб, уни айлантириб, уни қучади! Зебининг юзларидаги — ойдай тиниқ ва қуёшдай ёруғ бу ҳолат моддий ҳақиқатлар қадар очиқ кўринарди.
Ўртоғининг бу самимиятини Салти ҳам кўз билан кўрибгина эмас, кўнгил билан сезиб англаган эди. Шунинг учун у Зебининг сўзига жавоб ҳам бериб ўтир-
масдан, бирданига унинг қўлидаги супургига ёпишди. Ўз кўнглида, супургини олиб, бир оз супуришиб берса, ҳалиги самимиятга яраша жавоб берган бўларди. Зеби супургини қўлдан олдирди, лекин ўртоғи супура бошлагандан сўнг:
— Вой, бу нимаси! Қўйинг, ўзим супураман! — деб яна супургига ёпишди. Салти бермади, бу олмоқ истади; Салти қочди, бу қувлади; шундай қилиб, саҳнни супуриш ўрнига бу икки ўртоқ бутун ҳовлини бошларига кўтариб, шовқинлар ва қийқиришлар билан дунёни бузиб, бир-бирларини қувлашиб кетдилар...
Ўз уйининг қабристонлар қадар жимжит, хонақоҳлар қадар унсиз, ўз кўнгли қадар тунд ва хўмрайган бўлишини истаган Раззоқ сўфи худди шу ола-тўполон устига кириб келди!
Эшикдан кирар-кирмас овозининг борича:
— Бу нима қиёмат!!! — деб шовқин солиши иккала ёш қизни, чақмоқ теккан дарахтдай, турган жойларида қотириб қўйди. Йўқса, сўфи эрининг диндор хотини бўлган Қурвонбиби ҳам «бас энди!» деб озмунча қичқирмаган эди... Агар бу совуқ сўфи кириб келган бўлмаса, икки ёш қизнинг қиш бўйи тўпланган кўнгил ғашликлари бир оз шўхлик билан анча ёзилган бўларди. Зотан, уларнинг ўзларини унутар даражада бир-бирлари билан бу хилда ўйнашувлари ўша ғам-ғашлар пур-жинасининг бўшалиши, сиқинтилар оқимининг тўғонини бузиб, олдинга томон йўл солиш эмасмиди? Бундай телбаларча кўпириб-тошувларни тўхтатмоқ учун ҳам, албатта, телбаларча ҳайқиришлар, чақмоқ қадар қувватли зарблар лозим бўларди.

* * *

Раззоқ сўфида ундай қувват ортиғи билан бор. Бу одам, жадиднамо бир ҳамшаҳрининг деганидек, «кўргазмага қўйилатурган антиқа махлуқлардан эди». Айтишларича, уни она қорнидан сиҳат-саломат туширтирган ва биринчи дафъа йўргаклаган кампир ҳазилкашлиги ва шўхлиги билан хотин-халаж ўртасида донг чиқарган Ҳамро энаймиш. Болани йўргаклаганидан кейин ҳали у қадар одам кепатасига кирмаган юзларига тикилган ва мана бу сўзлар билан эркалатганмиш:
— Айланай, меҳмон, кимдан хафа бўлиб тушдингиз? Ким озор берди сизга? Айтинг! Қовоғингизни очсангиз-чи! Ёруғ дунёга келдингиз! Шукур қилинг! Се-вининг! Мундоқ бир кулинг! Кулимсиранг! Илжайинг!..
Ўшанда кулмаган Раззоқ сўфи ундан кейин ҳам кулмай ўтди. Кулиш билан йиғлаш орасида катта фарқ бор. Кулиш билан кулмасдан теккина жиддият сақлаб туриш орасида ҳам анчагина масофа бор. Шу учун Раззоқ сўфининг кулишларини кулиш, деб бўлмайди.
Кулмасдан чидаб бўлмайдиган мақомларда у ҳам кулади, лекин у кулиш — касал одамнинг кулишидай оғир, бир хил совуқ ҳазиллардай малол келтирувчи, ёлғон хушомадлардай кўнгилга урувчи бўларди. Бир кун Зебининг жуда жиддий бир чеҳра билан:
— Отам кулмас экан-да! — деганини эшитиб, Қурвонбиби койиб берган эди. Шу ҳақиқатни айтгани учун қизидан алайна-ошкор койинган Қурвонбиби, бу ҳақиқатни ўзи ўз кўнглида неча марта такрорлаган бўлсайкин?.. Тил билан бировнинг айбини айтиш осон, ўз тили билан ўз айбини айтадиганлар жуда кам, Қурвонбиби ҳар қанча сўзга эпчил хотин бўлса ҳам, уни бу камлар орасига қўшиб бўлмайди.
Қурвонбиби сўзга қанча эпчил бўлса, Раззоқ сўфи шу қадар камгап, индамас, дамини ичига солган, зикна одам эди. Ташқари оламда, яъни ўз ҳовлисидан ташқарида унинг доимий ва бирдан-бир вазифаси: ўзидан улуғ ва кучлилар гапирса — «ҳовва-ҳовва», демак, ўзидан паст ва кучсизлар гапирса — «йўқ, йўқ», деган маънида бош чайқаш бўларди. Уйида вақтида унинг оғзидан одам болалари ўртасида юратурган тузук, маънилик ва «гап» деса бўладиган бир сўз чиқмас эди. Умуман, сўфининг бу бобда ўзига кўра асоли бир маслаги бор: у ўзи мақтаниб айтганидай, хотин-халаж олдида оғиз очиб тил қалдиратишни раво кўрмайди. «Бу тил, — дейди сўфи, — доим худонинг зикри билан қалдирайди. Бу оғиз ҳамма вақт худонинг зикрига очилади. Оғиз билан тил — банданинг жисмида энг азиз ва табаррук аъзолар. Уларни хотин кишидай паст махлуқ олдида хор қилинадими? Бўлмаса, ҳақ таолонинг бандалари ит билан ҳам гаплаша берсин! Йўқ, хотин кишига жуда зарур гап айтилади, у тоифа билан зарурат юзасидангина гаплашилади. Вассалом!»
Ўзбекда ахир ҳар бир эркак ўз хотинини — ўз ҳалол жуфтини қизи ё ўғлининг номи билан атаб чақиради. Ўз хотинининг исмини айтиб чақириш ярамайди. Хо-тинининг исми Марям, қизининг исми Хадича бўлса, мўмин-мусулмон: — шарму-ҳаё юзасидан бўлсамикан? — хотинини «Хадича» деб чақиради. Аксар она-бола баравар «лаббай!» дейди; шундай-да, оиланинг ҳақиқий эгаси бўлган ота: «Каттангни айтаман, каттангни!» дейди. Ҳатто шунда ҳам «Марямни», демайди...
Бизнинг сўфи мўмин-мусулмоннинг бу урфига ҳам амал қилмайди, у ўз ҳалол жуфти Қурвонбибини ҳамма вақт «Фитна» деб чақиради: «Фитна, салламни бер!», «Фитна, қиз ўлгуринг қани?», Фитна, пулдан узат!»
Қурвонбиби, сўфига аччиқ қилиб бўлсами ё ўзининг яратилиш ҳамрида шу нарса борми, ҳар қалай фитналикдан, яъни макр ва фирибдан холи эмас. Эрининг хотин-халаж олдида гапирмаганига унча хафа бўлмаса ҳам, лекин ўз ҳалол хотини олдида гапирмаганига куяди ва шу куйиш орқасида фириб йўли билан сўфини гапиртиради; баъзида тилларини бурро қилдириб сайратади. Бунинг учун сўфининг аччиғини келтирадиган эмас, унинг бир оз ғашини қўзғататурган бир гап айтиб қўяди. Ана шунда хотин-халаж олдида оғиз очиб тил қалдиратишни сўфидан кўринг! Бай-бай-бай!
— Эшон бобом сиздан дилгир эмишлар, — дейди бир кун Қурвонбиби сўфига.
Сўфининг тошдай қаттиқ ва буюмдек ҳаракатсиз юзи бирданига турли-туман ўзгаришлар ва ҳаракатларга жавлонгоҳ бўлади:
— Нима дединг, Фитна? Нега дилгир бўлибдилар?
— Назир қилган кокилини кестиришга келган бир болага хушомад қилибсиз...
Шу бас! Энди, бизнинг сўфи сўзга уста бир хатибга айланади.
— Ишқ икки хил бўлади, Фитна. Тушунмай гапирма! Ишқи маъжозий, ишқи ҳақиқий...
Қурвонбиби бу сўзларга тушунмаганлигидан эрини сайратиб қўйиб, ўзи дарров зерикади. Шу учун у:
— Ҳа, шундайми? Мен билмабман. Омиман-да, — деб тезроқ қочиш ҳаракатига тушади.
Хотини бурилиб кетганидан кейин сўфи ҳам сўздан тўхтайди.
Шундай қилиб, сўфи жойи келганда ва ғашига тегилганда, — гўрда ҳам гапиради. Ҳам гапирганда қандай!
Уйида вақтида Раззоқ сўфи ё ариқ бўйидаги кўкатларни юлиб, ё эшик ва дарвозаларнинг бўшалиб қолган занжирларини маҳкамлаб, ёки ҳовлида ўтин қирқиб, ё бўлмаса — икки қўли орқасида, дам ичкарига кириб, дам ташқарига чиқиб, дам ҳовлига ўтиб, лабларини ари чаққан одамдай оғиз очмасдан, индамасдан юра беради... Ёз фаслида, кўпроқ кундузи ухлайди, кечалари, тонг отгунча, ўзи ёлғиз, баланд овоз билан «Облоҳу!» айтиб, ўз оиласини ва қўни-қўшнини ухлатмайди. Эшон бобо бўлмаган кунлари салқин хонақода жуда маза қилиб ухлайди, дейдилар. Баъзида бошқа муридлар уни кўрпа-тўшаги билан ҳовузга ташлар эканлар. Уйда бўлса, уни — хонақо сингари — салқин қилдириб, ундан кейин чўзилади ва пешиндан кейин уйқуга кетган бўлса, шомга бориб зўрға туради: шунда ҳам Қурвонбибининг қичқиришлари билан... Намозгар, аксари, уйқуга қурбон бўлади, шу орқада ўз хотинидан кўп таъналар ҳам эшитади. Аммо бу хусусда тили қисиқ, индаёлмайди...
Қиш фаслида бўлса, кечаси ухлайди. «Бир сиқим кун бор, ухлаб ўтказсам, Қашқардан ҳам олис қиш кечасини қандай ўтказаман? Уйқу — умрнинг таноби!» дейди; бу буюк фалсафа лойиқ ва муносиб кишиларга айтилади. Бечора оила аъзолари, умуман, хотин-халаж бу уйқу фалсафасини билишдан маҳрум!
Шаҳарда бўлса, ўз уйидан бошқа жойда бир кеча ҳам ётмайди. Эшон бобонинг қайси бир тўйида, тонг отишга яқин, уйига келиб ётган экан... Шаҳардан ташқарига юриши кам. Фақат эшон бобо билан бирга (фақат ўша киши билан!) тўйларга, катта зиёфатлар, қовун ва мева сайилларига боради. Унда, албатта, беш-тўрт кун уйидаги кўрпа-тўшаги совуйди. Қурвонбибининг сўзича, «дам олади», Зебининг таърифича, «яйрайди». Бир марта қайси бир тўй бир ҳафтага чўзилиб кетгач, олтинчи куни бизнинг сўфи эшондан сўрамай қочиб келган! Ўшанда эшон бобо бир неча вақтгача сўфидан дилгир бўлиб юрганлар.
Шу муносабат билан Қурвонбиби яна бир марта олди:
— Ҳаст  эшон билан бирга бориб, у киши туфайли шунча иззат-икром кўриб, ноз-неъматга сероб бўлиб... ҳаст эшондан бурун қочиб келганингиз нимаси? Шаҳарда очилмаган дўконингиз ё тўхтаб қолган обжувозингиз бормиди?
Сўфи яна паст тоифа олдида муборак оғзини очиб, азиз тилини қалдиратмоққа мажбур бўлди.
— Бадбахт Фитна! Қўясанми, қўймайсанми, ахир? «Ҳуббил ватани минал-имон», деганлар — «ватанни севиш имондан», ахир! Билмасанг бекор-да, Ватани йўқ — дунёда лўли, холос. Мени беватан, деб билдингми?
Сўфи бир оз қизиб ҳам кетди:
— Бу ҳовли-жой отангдан қолгани учун ўзимники дейсанми ё? Ундай десанг, бошпут олиб, ўрусвойнинг релига  тушиб, «ҳайт!» деб... Маккатуллога жўнаб қола-ман! Ҳовлинг бошингдан қолсин, Фитна!
Бу сафар Қурвонбиби ялиниб-ёлвориб зўрға тинчитди.
Чинакам, сўфида ҳажга бориш нияти кучли. Ҳар йили жаврайди. Бир-икки марта паспорт ҳам олди. Фақат, нима учундир, оёғини ўз шаҳрининг тупроғидан уза олмайди.
Бу тўғрида ҳам — «ватанни севиш имондан», деб — «ватани»дан кечиб кетолмайдими? Ҳар қалай, бир сири бор.
Унинг маълум бир касби, ҳунари йўқ. На савдо-сотиқ қилади, на деҳқончиликка уринади, на косиб-ҳунармандлик пешасини тутади. Шу билан бирга, дастурхони нонсиз, қозони иссиқсиз қолмайди...
Қайси бир йил олис бир қишлоқдан ўгай акаси келиб, уч-тўрт кун қўниб кетган эди. У ҳам ўзига ўхшаган мўмин-мусулмонгина чол бўлганидан жуда топишдилар. Ҳар кун хонақога бирга борардилар.
— Сўфи, бир касб пешасини тутмай ўтиб кетаётирсиз-а? — деди унга акаси хонақога кета туриб.
— Э-э, — деди сўфи чўзиб ва ўзидан хурсанд бир кулимсираш билан кулимсиради: — менинг давлатим ҳеч кимда йўқ, ака! Эшон бобо худойимнинг севган қули, нозу неъмат тўрт тарафдан сувдай оқиб туради. Дарё бўйидамизу чанқаймизми? Ғалати экансиз!
Шу кулимсираш билан яна бир оз боргандан кейин, бу сафар жиддийроқ қилиб, деди:
— Аҳлиямиз ҳам уччига чиққан чевар, худога шукур. Ожизамиз ҳам дўппи тикишга «фаранг» бўлиб чиқди! Рўзғорнинг кўп-камларини ўзлари битиришади. Мен боҳузур тасбиҳимни айлантириб ётсам бўла беради!
Сўфининг ўша акаси ўтган йил кузакда яна келди.
Аммо бу сафар жиддий бир масалани кўтариб келган эди. Бир-икки кун меҳмон бўлгандан сўнг гап очди:
— Сўфи, ўзингиз «ватан», «ватан» дейсиз-у, ватанингизни билмайсиз.
Сўфи шу «билмайсиз» деган нарсага тутоқиб кетди:
— Нега билмас эканман, ака! Билиб гапирсангиз-чи!
— Жаҳлингиз чиқмасин. Билиб гапираётирман. Ватанингиз — ота-онангиз ўтган, ўз киндигингиздан қон тўкилган, ота-она арвойига шам ёқиладиган жой эмасми?
Сўфи жим қолди. Ҳатто, кўзларига ёш келгандай бўлди.
— Нимага индамайсиз? — деб сўради акаси.
— Ҳақ гапга нима дейман? Қизиқсиз...
— Бўлмаса, ватанингиз — ўша ўзимизнинг қишлоқ.
— Ҳа, ўша қишлоқ...
Иккови ҳам бир нафас жим қолишди. Сўфи мисвагини қинидан чиқариб яна секингина солиб қўйди. Чол тиззасига тушган хазон баргини сопидан ушлаб пилдиратаркан, деди:
— Мен сизни ўша қишлоққа олиб кетай, деб келдим. Сиз, ахир, мен билан бир шапалоқ ерни талашиб, шу тўғрида нари-бери бўлишиб, шу туфайли шаҳарга келиб қолган эдингиз...
Сўфи хўрсинганидан овози қалтираб, деди:
— Эски гапларни қўзиб нима қиласиз? Бўлар иш бўлиб ўтди... Ери ҳам қурсин, мероси ҳам...
— Йўқ, сўфи! Ундай деманг!
Аканинг бу сўзи кескин овоз билан, қўмонда сингари айтилган эди. Сўфи бошини кўтариб, акасининг юзига тикилиб қолди, акаси давом этди:
— Ердан азиз ҳеч нарса йўқ! Отамиз раҳматлик, боболаримиз, ундан наридагилар — ҳаммаси бир шапалоқ ердан ризқини чиқариб келган... Ростми?
Сўфи эшитилар-эшитилмас қилиб:
— Рост... — деди.
— Сиз нега ердан қочасиз?
Сўфи бу тўғри саволга бошқа жавоб эплай олмади.
— Ер қани менга? — деди. — Бир шапалоқ ерингиз бор, ўзингизга етмайди...
Акаси дадил жавоб берди; жавобга бошларкан, унинг юзлари кулган, тишсиз — кемтик оғзи севинч билан очилган эди:
— Сойнинг нариги юзидаги дўнгни секин-секин олиб ташлаб, ер қилдим. Яна бир шапалоқ сувлик ер бўлди. Энди, одамдану дастмоядан қийналаётирман...
— Нима қилай? — деди сўфи, овози жуда паст эди. — Қўлимдан нима келади?
Акаси бу сафар жиддийлашди:
— Шаҳарни ташланг!
Сўфи акасининг сўзини бўлиб, алланима демоқчи бўлган эди, у қўймади:
— Сиз шошманг! Гапни эшитинг!
Сўфи жим бўлди. Сўнгра акаси давом этди:
— Шаҳарни ташланг! Бу ҳовлини сотинг! Шаҳарда ҳовли-жойни яхши пулга олади. Қишлоқдан кичкина бир ҳовли оламиз — мунинг ярим пулига ёки учдан бирига. Қолганига асбоб оламиз. Ўз еримизнинг ёни-беридан бир парча яна ер топамиз... Уни ҳам оламиз. Ҳали бардамсиз, биргалашиб ишлаймиз. Дурустми?
Сўфи индамасди; оқ дўпписини бошидан олиб, буклаб ўйнарди...
— Қани, бир нарса денг!
Сўфи ҳеч нарса демай, ўрнидан турди. Яна дамини чиқармасдан, ичкарига томон бир-икки қадам босди. Кейин яна орқасига қайрилиб, деди:
— Мен салла-тўнимни кийиб чиқай. Жумани хонақода ўқиймиз. Кеч қолдик...
Акаси хонақога кетаётиб, яна шу гапни қўзғатди:
— Хўп, денг. Кишлоққа кетайлик! Ўлим — ҳақ! Ўлар вақтда бир-биримиздан йироқ тушиб, бир-биримизга ташна бўлиб ўлмайлик...
Сўфи бир улоқчи тойни кўрсатди:
— Жонивор-э, заб от бўлибдими? Бай-бай-бай! Жимлик чўкди. Кейин яна гап бошланди:
— Нима дедингиз? Гапиринг? Кампир ҳам жон деб турибди...
— Ана у, Умарали шиғовилнинг ҳаммоми... Юз етмиш йил бўлган эмиш.. Ҳали ҳам бир ғишти кўчгани йўқ... Ичига кирсанг, жаранглайди...
Акаси ўз гапини едиролмагач — Қурвонбиби билан маслаҳат қилиб туриб — масалани эшон бобога арз қилди.
Эшон аввал:
— Сўфи ўзи қани? — деб сўради. Сўфининг акаси:
— Уйда қолди... Сал тиши оғрибди... — деди.
Эшон кулди:
— Тиши оғрибдими? — деди. — Бай-бай! Тиш оғриғи ёмон нарса. Боринг, айтинг: каппоннинг бурчидаги сартарошга борсин, омбир солиб, дарров олиб ташлайди. Тинчийди-қолади... Боринг, омин оллоҳу акбар!
Шу билан сўфининг акаси ноумид бўлиб, қишлоғига кетди. У отига отланиб, хайр-маъзур қилганда, сўфи ичкарида «Ҳикмат» ўқиб ётарди. Локисини юзига ту-тиб, дарвоза олдигача Қурвонбиби чиқди. Узун енги билан кўз ёшларини артиб, қишлоқи меҳмонни узатди. Қурвонбибининг ёнгинасида туриб, тиниқ овози би-лан: — «Хайр энди! Адолатхон опамлар келишсин. Туҳфачани, албатта, олиб келинг», дея сайраган Зеби, меҳмон кўздан йўқ бўлгач, онасидан сўради:
— Нега отам узатгани чиқмади? Қурвонбиби калтагина жавоб берди:
— Отангнинг феъли қурсин, болам! — деди ва ичкарига бурилди.
Қурвонбибининг бундан бошқа ташвишлари ҳам етиб ортарди. Мана бу қишлоқи меҳмоннинг келиши яна ортиқча бир ташвишни қўзиб кетди. Чинакам, бечора Қурвонбиби кийим-кечак, айниқса, ёлғиз қизнинг сепи хусусида кўп ташвиш тортади. Шундай ташвишлар устида, у чидолмай кетиб, баъзи-баъзида сўфига хархаша ҳам қилиб кўради. Ундай хархашаларга сўфининг сира тоби йўқ: «Худо етказади!» деб, овози борича бақириш билан жавоб қилади.
Қурвонбиби ҳам одам эмасми — чидолмайди.
Бир кун у сўзланиб берди:
— Худо етказади, албатта! Шунда ҳам бандаси ҳаракат қилса, қимирласа етказади-да! Худо «сабаб»ни ҳал қилган эмасми, ахир? Эшонойим бир кун Эшон сўфидан  ўқиб бериб, касб-корнинг фарзлигини айтдилар-ку!
Бу куйинишларга Раззоқ сўфи жавоб ҳам бермади. Индамасдан, тескари бурилиб олди. Қурвонбиби сўздан тўхтамай, балки овозини яна ҳам кўтара тушган эди, сўфи ўзининг одатдаги калта сўзларидан биттасини аранг оғзидан чиқарди, лекин чиқарганга яраша биракай қилиб — жаҳл билан, бақириб чиқарди:
— Бўлди, дейман, итвачча!

* * *
Отаси кириб келганидан кейин Зебининг кўнглида ўйнаган изтироб ва ҳаяжонлар Раззоқ сўфининг «Нима бу қиёмат!» деган қиёматидан қўрқинчлироқ эди. Совуқ бир сўфининг наздида, бу қадар ваҳимали бўлиб кўринган оддий ва табиий бир болалик ўйини қафас даричасининг очилишини кутган вақтида даричага каттакон бир қулф урилаётганини кўрган бир қушнинг изтиробидан кам бўлармиди?
Иккала қизнинг, айниқса, Зебининг кўнглидаги изтироб, зотан, сўфи киргандан сўнг авж олиши керак эди. Чунки, қизлар шўхлик ва ўйинга берилиб кетиб, ҳамма нарсани эсдан чиқарган эмасмидилар? Қоронғи қиш кунларидан қолган доғлар, тўрт девор орасида яшашдан келган чиқиндилар, оталардан ўтган зулмлар, совчилардан етган ташвишлар барҳам емаганмиди? Ёшликнинг қувватли тўлқинлари уларнинг барчасини бир баҳор ёмғири каби ювиб кетмаганмиди? Шундай ўртоқнинг шундай ширин муомилалари олдида шундай тескари, шундай ўжар ва қайсар отанинг борлиги ҳам унутилган эмасмиди? Уйидан «Бир зумда бориб келаман», деб чиққан Салти ҳам берган ваъдасини, уйини ва ота-онасини унутиб, қўлида маймоқ ва туллаган бир супурги билан қолиб кетмаганмиди?
Ғафлатда қолганларнинг бошига тушадиган таёқ ёмон зил кетади, дейдилар. Бу иккала қиз ўйин ва шўхлик ҳаваси билан ғафлатда эдилар. Сўфининг оғир зарби билан ўзларига келгач, олдиларида зўр бир тоғ турганини кўриб, ихтиёрсиз чўчиб кетдилар. Бу тоғдан ўтиш керак эди, ҳолбуки, бу тоғ — мунақа ёш болалар ўта оладиган тоғлардан эмасди. Иккаласи ҳам изтиробнинг бу оғир юкини бир-бирларининг кўзларида ўқидилар...
Сўфининг бақиришидан сўнг бир оз шошиб тургач, улар югурганча уйга кирдилар ва ўзларини эшикли деразанинг панасига олиб, Раззоқ сўфининг ҳара-катларини кузата бошладилар. Кўзлари сўфида бўлса, қулоқлари Қурвонбибининг оғзида эди. Унинг гапирадиган гаплари уларнинг кўнгилларида тугилган оғир ва чигал тугунчакни ё ечиб юборажак, ёки яна баттароқ чигаллаштириб, икки ёш нарсани — яна неча ой! — бир-биридан ажратиб ташлаяжакди.
Сўфи булар уйга кириб олгунча эшик олдида бўзариб-гезариб турди. Булар уйга кирганларидан кейин салласини Қурвонбибига узатиб, устидаги малла яхтагини олисдан туриб картга ирғитди ва ўзининг оддий овози билан:
— Қанжиқлар! — деб бақирди.
— Ёш нарсалар ўйнашса, нима бўлибди? Мунча энди забтига олдингиз? — деди Қурвонбиби.
— Гапирма, эшак!
Қурвонбиби жим бўлди. Сўфи карт томонга қараб юрди. Карт устига дастурхон ёзилиб, бир мистовоқ нон билан пиёлада қиём қўйилган эди. Сўфи картга чиқиб ўтиргандан кейин Қурвонбиби ўчоқдан чойни олиб келди.
Сўфининг бу авзойини кўргандан кейин икки қизнинг борқадар умиди ҳам узилиб бўлди. Зеби бу умидсизликни яширолмади:
— Ўйнашмай ўлайлик, энди отам ҳеч қаерга чиқармайди...
Салти ҳам ўз ташвишини англатди:
— Нима қиламиз энди? Сиз бормасангиз, мен ҳам бормайман... Энахон тоза койийди-да.
— Тек ўтирган бўлсак кўнгли юмшармидикан? — деди Зеби.
Салти индамади. Бир оздан сўнг яна ўзи илова қилди:
— Кўнгли ўлсин, юмшаган вақтини кўрганим йўқ! Катта-катта харсангтошларни сой бўйига девлар ташлашган, дейди... Энг каттасини отамнинг кўкрагига ташлаб қўйиб, «мана шу сенинг кўнглинг!» деганмикан, яшшамагурлар!
Бу гап Салтига таъсир қилди шекилли, «пих-х» эта кулиб юборди.
Зебининг мунга чинакам аччиғи келган эди, қўлини узатиб, ўртоғининг оғзини тўсди.
— Вой, анови қизни! Яна беш баттар қиласиз ишни! — деди.
Салти зўр билан ўзини босиб олди. Иккаласи яна — кўзларини милтиллатиб — чол билан кампирга тикилдилар.
Боядан бери эрига қараб жим ўтирган кампирнинг энди астагина кулимсираши буларга жон киргизди. «Кўрдингизми?» деганни қилиб иккаласи бир-бирига қараб олишди.
Чинакам, Қурвонбиби, сўфига ёқадиган бир сўз топгандай, дадиллик ва бемалоллик билан кулиб туриб гап бошлади:
— Мен Зебини бир жойга жўнатиб ётирман... Сўфи бу сафар бақирмаса ҳамки, дағал бир овоз билан сўради:
— Қаерга? Нега?
— Ойдинкўлдаги Халфа эшонимизнинг кичик қизлари бир-иккита ўртоғини «Баҳорлашиб кетинглар», деб чақиртирган эканлар. Шуларнинг биттаси Зеби, яна биттаси унинг ўртоғи Салтанатхон экан. Салтанатхон аравани қўштириб қўйиб, ўзи Зебини айтгали келибди. «Йўқ», десак қандай бўлади?
Хотини нима деса, «йўқ» дейдиган сўфи бу сафар бирданига «йўқ» демасдан, хаёлга кетди. Қизлар Қурвонбибининг бу тадбиридан хурсанд бўлиб, яна умид-лана бошлаган эдилар.
— Қурвон холам боплади! — деди Салти.
— Энам гапга уста. Эшондан тушганини кўринг. «Эшон», десангиз, отам ўлганини ҳам билмайди... Худо муни эшонлар учун яратган.
Салти Зебининг бу гапларини эшитгандан кейин сўфининг «хўп» деб жавоб беришига ишониб кетди. Бир қўлини ўртоғининг бўйнига ташлаб, уни қучоқлар экан:
— Бўлди, ўртоқ, энди! Жўнаймиз! — деди.
— Санамасдан саккиз демай туринг ҳали! Отам осонлик билан маъқул гапга кўнадиган одам эмас. Жим туриб қолишини кўринг: ҳали ҳам чурқ этмайди.
Сукут узоққа чўзилгандан кейин Қурвонбиби энди бу сафар жиддий бир чеҳра билан:
— Нимага индамайсиз? Хўп, денг! Катта одам, уят бўлади. Бир яхши хотинлари, бир отинча қизлари бор-ки... Ўзларини бўлса, ўзингиз биласиз, — деди.
Сўфи негадир:
— Биламан, Фитна, биламан! — деб қўйиб, яна жим бўлди.
Энди Қурвонбиби яна ҳам жиддийлашди:
— Бўлмаса, «йўқ», денг. Салтанатхонга жавоб берай, кетсин! Азонда келган эди.
Шундан кейин сўфининг тили айланди:
— Шошма, Фитна, «йўқ», дема, майли, бора қолсин... Қачон келади?
— Индинга эрта билан ё кечқурун.
— Эшон ойимнинг раъйларига қарасин.
Сўфи ўрнидан турди. Картдан тушиб, кавшини кияркан:
— Овозим бор, деб ашулага зўр бермасин, — деди. — Номаҳрамларга овозини эшитдирса, рози эмасман.
Бу сафар одамга ўхшаш гапириб, Қурвонбибини қувонтирган Раззоқ сўфи шу сўзлардан сўнг яна ўз жимлигига қайтди. Бир оз сўнгра салласини кийиб, яхтагини қўлига олгандан сўнг:
— Хуржинни бер, Фитна! Бўлмаса, иккита қоп бер! — деб қолди.
Қурвонбиби қопни узатаркан, эрининг қўлига шу топда бир оз пул тушганини, энди каттароқ харид қилиш учун бозорга кетаётганини ва ҳалиги зўр илтифотнинг ҳам пулнинг кучи билан бўлганини англади...
Сўфи томоқ қириб эшикдан чиқаркан, уйдаги икки шўх қиз яна бир-бирига чирмашган эди.

* * *
Қафаснинг даричаси очилди!
Энди қушларга қанотларини ростлаб туриб: «пирр» эта учмоқдан, кенг кўкларга, фазоларга парвоз қилмоқдан бошқа нарса қолмади. Паранжини ёпиниб ўтирмасдан, шундоқ бош устига ташлаб, чимматни «хўжа кўрсин»га тутган бўлиб югуриш керак, холос...
Фақат унда даричанинг очилганига ким севинади? Шодликни ким қилади? Эркинликнинг лаззатини ким тотийди? Шу қадар қайсар бир одамни бу қадар уста-лик билан йўлга солган онанинг ҳурматини, ким ўрнига келтиради? Уни ким кучоқлаб, ким ўпади?
Иккала қизнинг уйдан югуриб чиқиб, баб-баробар Қурвонбибининг бўйнига осилишлари ана ўша неъматнинг шукронаси эди. Қизлар ўзларининг беҳад севинчларини юзага чиқармоқ билан бирга, онага бўлган миннатдорликларини ҳам тегишича изҳор қилмоққа ошиқардилар. Улар кампирга шу қадар осилиб, эркалик қилиб, у билан шу қадар қаттиқ ўйнашдиларки, кампир ҳолдан кетиб, картга думалади... Булар қийқириқ солишиб, тобига келган чойдишдек шарақлашиб... кам-пир билан ўйнашаркан, у чарчаб энтикканидан зўрға-зўрға нафас олиб:
— Бас, қизи қурғурлар... бас, дейман, бўлди энди... Йўлингдан қоласан!.. — дея сўзланарди.
Кампир ёлворган сари булар авж олишар, бири қўйиб, бири:
— Шунақа эканми? Вой, товво-ей! Халфа эшоннинг қизи чақиртирган эканми? Вой, товво-ой... — деб унинг энг қитиғи келадиган жойларига чанг солишарди.
Ниҳоят, ўзлари ҳам ўлгудек чарчаб, кампирдан қўл тортдилар ва «уҳ!» деб иккаласи икки томонга ўтирдилар.
Булар тарақ-туруқ эшик очиб, шошилиб кўчага чиққан вақтларида, пахта заводининг ингичка товушли жинғироғи соат ўн икки бўлганини билдириб қичқи-рарди.

II

Салтиларникида кечгача сафарга тайёрланиб — бир озгина патир билан сомса ёпиб, кўча эшигининг чап биқинидаги катта кундадан аравага ҳатлаган вақтларида қун ботиб борарди. Арава шаҳар ичидан чиқиб, дала йўлига кирганда, кечанинг қора пардаси ер бетини ўраган эди. Қор остидан чиққан ерлар, баҳорнинг салқин ҳавоси ва ёқимли шабадаси остида мудрашиб ётардилар. Ой ҳали чиқмаган; фақат кечанинг қоронғисига ўчакишган саноқсиз юлдузлар тепада туриб машъалларини ёндирганлар, худди пешона оддида кўринган энг ёруғ бир юлдуз, пиёз тўғраб ётган келинчакнинг кўзларидай, пирпираб ёнарди.
Қизлар жим эдилар. Аравакаш зерикди шекилли, астагина ашула бошлади. Унинг ашуласи ҳам хиргойидан нарига ўтмаганидан кейин Салти кўтарилди:
— Ўлмасхон, бормисиз? Дурустроқ айтсангизчи! Салтининг яна бир ўртоғи — Қумри унинг сўзини қувватлади:
— Ҳа, рост, шундай яхши овозингиз бор экан, шўх-шўх айтмайсизми? Кенг далада қанча чўзсангиз, шунча кетади варанглаб...
Йигитча қулди. У, қоронғида секингина орқасига қайрилган эди. Орқа сафдаги қизлар чимматини қўтариб ўтирганларидан уларнинг юзларини сал-пал кўрса бўларди. Кулимсираб туриб, қизларга бир оз қарагач:
— Орангизда донғи кетган ашулачингиз бор туриб, менга осилганларинг  қизиқ! — деди. — Биз, «сув бўлмаса таяммум»га ярайдиган ашулачилардан...
Қизлар ҳаммаси Зебига қарашдилар. Ҳар томондан ҳар хил овозлар чиқди:
— Ҳа, рост!
— Чинакам, индамай ўтирганимизни қаранглар-а!
— Ашулачи орамизда-ку.
Зеби «чурқ» этмасдан ўтирарди. Унинг мундай қилиши ҳам шу хил таклифдан қўрққанидан эди. Албатта, ёш нарсанинг кўнглида ўйнаш, кулиш ва хушвақтлик қилиш майллари бошқа ҳар нарсадан қўра кучлик келади. Лекин Зеби шундай бир отанинг қизиким, унинг қўлида ҳар қандай кучли майлларини ҳам юганлаб тутмоққа, кўнгилнинг ҳар бир ҳавас ва тилагини кўринган жойида бўғиб ташламоққа тўғри келади ҳам. Зеби шундай қилишга ўрганиб қолган. Шунинг учун ҳам йигитнинг оғзидан ўз исмини эшитгач, бадани дуркираб кетди. Сўнгра қизлар томонидан айтилган сўзлар уни изтиробга туширди. Нима дейишни билмас эди. Ўйлаброқ жавоб бермоқ учун кўнгилнинг талвасага тушмаслиги даркор. Ҳолбуки, кўнгил ташвишда ва шу сабабли талвасада...
Аравакаш у ёғдан туриб:
— Ҳа баракалла, бор экансизлар-ку! Ўртага олинглар ашулачини! — дегандан кейингина Зебининг тиллари қалдиради:
— Гаплашиб кетайлик. Шундай қоронғида!..
— Жин урармиди? — деди биттаси.
— Яхши эмас, шундай зим-зиё қоронғида... Гаплашиб кетайлик... Ширин-ширин гаплардан...
Аравакаш унинг сўзини илиб олди:
— Ширин-ширин гап ўрнига ширин-ширин ашуладан бўлсин, опа. Таърифингизни эшитиб, жигарларимиз лахта-лахта қон бўлиб кетган...
Салти тегишди:
— Вой, товва-е! Лахта-лахта қон бўлганми? Жабр бўлган экан...
Аравакаш ҳам бўш келмади:
— Қон бўлган юракларни бир нафасда ёзиш сизларнинг қўлингизда, опалар! Биз ҳам дунёга келиб бир яйрайлик-да!
Яна индамасдан ўтирган Зебига энди бу сафар Салти ялинди:
— Ўртоқжон, бир нарса десангиз-чи. Ҳамма баравар ташна экан...
Зеби ўртоғини астойдил койиб берди:
— Сиздан келган гап шуми, ҳали? Отамнинг айтганларини ўз қулоғингиз билан эшитиб эдингиз-ку! Эшитиб-нетиб қолса, нима бўлади? Билиб туриб...
Салти ўртоғини тўхтатди:
— Биламан, ўртоқжон, биламан! Отангизнинг гапларини бир эмас, икки қулоғим билан эшитдим. Одамлар ичида, кўпчилик орасида қистасам, мендан хафа бўлинг. Бу ер дала жой бўлса, одам асари бўлмаса, кечаси — қоронғи бўлса, бир-икки жуфт айтиб бермайсизми?
— Номаҳрамга эшитдириб-а?
Зеби бу сўзни чин кўнгилдан чиқариб ва жеркиб туриб айтган бўлса ҳам, қизлар ҳаммаси бирдан кулишиб юбордилар. Яна ҳар хил овозлар кўтарилди.
— Шу ҳам номаҳрам бўлибдими?
— Шу Ўлмасжон-а?
— Номаҳрам ўла қолсин...
Зеби чинакам ранжиган эди. Йиғламсирашга яқин бир овоз билан Салтига:
— Мунақа қилишингизни билсам, келмас эдим... — деди.
Қизлар ишнинг бу томонга айланганига ҳайрон бўлишиб жим қолдилар. Аравакаш:
— Эй, товба! Эй, товба! — деб ўз-ўзига сўзланиб, отни қаттиқ-қаттиқ беш-олти қамчилади.
От қадамларини илдамлатиб, аравани гулдур-гулдур ғилдирата бошлади. Ҳамма жим бўлди. Фақат Салти билан Зеби иккови бир-бирлари билан пичирлашиб сўзлашардилар. Бу пичирлаш натижасида, Салти ўртоғини тинчлатишга муваффақ бўлган, бунинг устига яна, қизлар «ёр-ёр» бошлаганда, унинг қўшилажаги тўғрисида сўз олган эди. Бир марта бошлангандан кейин ундан нариси ўзи кета беради, деб ўйларди Салти.
Дарров қизларга томон бурилди:
— Қани, қизлар, ўзимиз «ёр-ёр» бошлаймиз!
— Ҳа, балли! — деди аравакаш.
Қизлардан жавоб кутиб ўтирмасданоқ Салти ўзи бошлаб юборди.

«Узун-узун арғамчи-ё...
Қизлар қўшилишди:
...Ҳалинчакка,
Чакан кўйнак ярашар
Келинчакка.
Чакан кўйнак енгига
Тут қоқайлик...»

Бир-икки байт ўтгандан кейин Зебининг тиниқ, ғуборсиз, жонон пиёладек жаранглаб чиқадиган чиройли ва ўткир овози қўшилди. Бу овоз, пешона устида пилпиллаган энг ёруғ юлдуз сингари, бошқа овозлардан очиқ ажралиб турарди. Шу чоққача «ёр-ёр»га қулоқ бериб, индамасдан, аста-аста отини қамчилаб кетаётган аравакаш бу овоз чиқиши билан оғир бир «уҳ» тортди, қўлидаги қамчиси дарахтдаги кузги япроқ сингари зўрға-зўрға бармоқларига осилиб қолди...

Салтининг диди тўғри чиққан эди; энди, Зеби «ёр-ёр»ни ўзи ёлғиз айтарди. Аравакаш билан бирга, қолган қизлар — ҳаммаси бир қулоққа айланган эдилар. От бу гўзал овознинг ширин куйлари остида бошини қуйи солиб, бўйнини аста-аста ликиллатиб битта-битта қадам босарди... «Ёр-ёр»лар битиб, бошқа ҳар хил куйларга ўтилди, энди Зебини тўхтатмоқ мумкин эмасди. Зотан, унинг тўхташини ким истар эди, дейсиз? Далаларнинг кенг қучоқларидан учишиб келган майин ша-бадалар қиз оғзидан чиққан унларни ўз қанотларига миндириб, аллақаерларга, олисларга олиб кетардилар. Ҳов... йирокдарда липиллаб кўринган қишлоқ чироғлари ҳам, тепадаги юлдузлар сингари, шабада қанотлари билан келган чиройлик унларнинг завқи билан маст бўлиб ёнардилар...
Зеби юрагида тугилиб ётган зўр тугунни ечиб юборган эди. Раззоқ сўфининг совуқ юзлари унинг кўзларидан йироқлашганлар; насиҳат йўли билан мингларча марта айтилган ва таъкидланган сўзлар унутилган; совуқ сўфиларнинг «ҳаром» деган даъволари синиб, парча-парча бўлган; «номаҳрамлик» сафсаталари от оёклари остида янчилган; тўрт деворнинг бу тутқун қизи ўзига ўхшаган тутқунлардан бошқа ҳеч бир гувоҳ ва тилчи бўлмаган шу кенг даланинг қулоч етмас бағрида йиллардан бери тугилиб келган аламларини куйга айлантириб, чексиз бўшлиқларга ёйиб юборган эди.
Арава якка қанотли кичкинагина бир эшик олдида тўхтаб, аравакаш бола қамчи сопи билан эшикни қоққанда ва ичкаридан бир кампирнинг ингичка ва жонсиз овози «Ким у?» деб сўраганда, одамлар бир уйқуни урган эдилар...

* * *
Кампирчанинг сўроғига аравакаш ҳазиллашиб жавоб берди:
— Шаҳардан бир арава меҳмон олиб келдим, эна! Уйингиз куйди тоза! Икки кунда бор-йўғингиздан ажралиб қоқланасиз энди! Қани, бўлинг, эшикни очинг! Қорнимиз ўлгудек оч...
Қизлар кулдилар. Кампир қизларнинг кулишини эшитганидан кейин меҳмонларнинг кимлигини англади:
— Ҳа-а-а, Салтанатхонлардир? — деди у.
Шу сўз билан бирга кичкинагина занжирининг шириқлаб тушгани ва эшикнинг ғичирлаб очилгани эшитилди. Кампирча эшикни очар-очмас севинчиламоқ учун ичкарига югурган эди.
Аравакаш:
— Қани, тушинглар энди, опалар! — деб музаффарона бир овоз билан қичқирди.
Фақат унинг бу чақириғи фойдасиз эди. Чунки занжирнинг заиф шириқлаши қулоқларга кирар-кирмас, қизлар ўзларини аравадан таппа-таппа ташлай бошлаган эдилар. Ёруғидан кўра тутуни ва буруқсаши кўп фонарчани ушлаган кампир билан бирга Зебилар тенглик бир қиз «Вой, ўлайин, ухлаб қолибман! Вой, ўлайин, кўзим уйқуга кетибди!» деб, ҳў... аллақаердан узр айтиб чиқиб келди. Бу ёқдан:
— Вой, айланай! Энахон! Жоним ўртоғим! Бормисиз? — деб паранжисини қўлига олиб Салти югурди. Қучоқлашиб кўриша кетдилар. Бошқа қизлар билан наридан бери қўл учини теккизиб кўришгач, Энахон яна Салтига ёпишди ва иккаласи қўлтиқлашиб ичкарига томон юрдилар. Иккала ўртоқнинг шарақ-шарақ гаплашган, бир-бирларига севинч билдиришган қувноқ ва баланд овозлари бошқа ҳамма унларни босиб кетди...
Фақат кўчада — арава устида бошқа ҳангомалар бўлаётган эдиким, булардан ҳалиги икки бахтлининг ҳеч бир хабари йўғиди:
Салтининг онаси билан катта онаси уни ўзи тенглик ёш қизлар билан бирга олис жойга юбораркан, эҳтиёт томонини ҳам унутмаган эдилар. Унинг ойиси ўз қайнонасига:
— Ёш қизларнинг ўзларини юбориб, бўладими, қалай? Битта-яримтамиз биргалашмасак бўлмас? — деб ўзининг эслик хотин эканини билдирган вақтида, қайнонаси жуда кескинлик билан жавоб берган эди:
— Албатта, айланай! Ўзлари ёлғиз боришадиган бўлса, жавоб йўқ!..
Тандир олдида куйиб-пишиб, шабнам доналаридай йирик-йирик терларга ботиб, Зеби билан бирга патир ёпаётган Салтига бу маслаҳат жуда ёмон қаттиқ теккан ва у ҳам дарҳол ўз овозини эшиттирган эди:
— Бизни бўри ермиди? Ёш нарсалага қариларни аралаштириб нима бор? Сиқилиб ўлмайдими одам?..
Катта она неварасининг бу эркалигига фақат эркалик дебгина қараган, шу учун:
— Айланай, болам, патирингни ёп! Кечга қолаётирсиз. Бу сиз аралашадиган иш эмас! — деб қўйиб яна ўзининг «эслик» келини билан маслаҳатини давом эттирган эди.
Маслаҳат натижасида қайнона билан келин уйда қоладиган бўлиб, икки-уч ойдан бери буларникида яшайдиган қариндошлардан Саврибиби деган кампир қизларга кўз-қулоқ қилиб берилган эди.
Бу қари кампирнинг қўшилганига қизлар хафа бўлмаган, балки, аксинча, севинган эдилар. Бу кампир, аравага оёқ қўяр-қўймас, қизларнинг ўртасига жойла-ниб олиб, Зебининг тиззасига бош қўйгани ҳолда уйқуга кетган ва шу бўйича қишлоққа келиб етганда ҳам кўзини очмаган эди...
Қизлар ўзларини таппа-таппа аравадан ташлаб, эшикдан ичкарига кираркан, Зеби секингина кампирни уйғотди:
— Энажон, туринг, келиб қолдик!
Энажондан жавоб бўлмади. Зеби ўша паст овоз билан яна бир уйғотди, энажон ҳали ҳам жим эди. Араванинг олди томонидан келиб, аравакаш ҳам ёрдамлашди:
— Ҳў... хола, туринг, келиб қолдик!
Эркак кишининг кучлик овози билан кампир кўзини очди, лекин уйқусираб туриб:
— Ҳозир айланай... хўп, тураман... — дегандан кейин яна уйқуга кетди.
Зеби камоли ҳайрон бўлганидан аравакашнинг номаҳрамлигини ҳам унутиб, ҳалиги тангриқош назари билан унга қаради. Бу вақтда ой анчагина юқори кўтарилиб қолган эди. Аравакаш юмшоққина кулимсиради. Ёш йигитнинг бу ёш ширин табассумини ой ёруғида алайна кўра олган ёш қиз бутун баданларидан мулойимгина дуркираш кечганини пайқади ва қизариб, тескари қаради... У қараш аравакаш йигитчага ҳам бошқача таъсир қилган бўлса керак, кампирни туртиб уйғотмоқ учун қўлини юқори узатди. Шунда кампирнинг бошидаги қўл бошқа бир қўлнинг ўзига келиб текканини боягидан кучлироқ бир дуркираш билан сезди. Эркак зоти билан биринчи марта бу хилда учрашган ёш қиз шу пайтда бир оз ганграган эди. Шунинг учун қўлини дарров тортиб олмасдан, ўзига келганидан кейин, бирданига жеркиб тортди. Фақат ёш йигитнинг кучли қўллари уни маҳкам ушлаб, кампирнинг бошидан пастроқ туширди ва иккала ёш, шу бўйича, турган жойларида туриб қолдилар...
Ичкарида ўтирган бахтли меҳмон ўзидан бахтли измон билан бирга, ҳў... анча вақт ўтгандан сўнг йўқолган икки меҳмонни излаб, кўчага чиққан вақтида, кўчадаги икки ёш вужуд қўлларини бир-бирларидан ҳануз ажратиб ололмаган эдилар. Кампир эса икки ёшнинг бу талвасали учрашувига қуруқ гавдаси билан гувоҳ бўлиб, ҳали ҳам ширин уйқуда данг қотиб ётарди...
Қизларнинг бу «итдек» пойлоқчисини кўплашиб уйғотдилар, кўплашиб аравадан туширдилар. У Салти билан Энахоннинг қўлтиғига кириб, кўзи уйқуда, давдирай-давдирай ичкарига йўл солди. Зеби ҳам бошқа ўртоқларидай, аравадан ўзини «тапп!» этиб ташламоқчи бўлди, фақат қамчили йигит келиб, яна қўлини узатди ва шунинг учун шунча баланд аравадан ўзини ташлаган энг сўнгги меҳмоннинг оёғ товуши ҳеч кимнинг қулоғига қоқилмади...
Меҳмонлар ош-сув тараддудига йўл қўймасдан, сут-қатиқ билан қуруқ чой ичиб, дарҳол ўтирган жойлари-га узандилар ва аравада уриниб келганлари учун узанар-узанмас уйқуга кетдилар.
Аравакаш ичкаридан чиққан икки нон билан бир пиёла қатиқни ичиб олди-да, отни ташқарига боғлаб, ўзи арава устига чўзилди. Уйқуси қочган эди... Мияси-да, умрида биринчи мартаба ўлароқ, ажиб ва ширин хаёллар айланарди. Кўқдаги ойга қараб, ердаги ойни ўйлар ва боягидай ширин-ширин қулимсирарди...
Ичкаридагилар ҳам донг қотдилар. Фақат, оралари-да, худди кўчадаги ёш йигитча сингари, уйқуси очилган, кўкрагидаги янги, бегона ва ширин ҳисларни англаёлмасдан хайрон бўлган биров бор эди. У ҳам кўкдаги ойга қараб, ердаги «той»ни ўйлар ва юзлари анордай қизарарди...
Шу топда, қишлоқнинг дарбадар итлари авжга келган, ҳар томондан ҳуришларини юксалтирганлар; тор кўчанинг тугалишидаги сой ҳамма ухлаб жим бўлганда, ҳайбатли овозини борича қўйиб юбориб, оч йўлбарсдай «гув-гув» бўкирарди...

III

Энахон йўқсул бир оиланинг қизи эди. Отаси мунинг ёшлигида ўлиб кетган, онаси иккови биргина аканинг боқимига қараб қолган эдилар. Акаси Холмат эсини танигандан бери меҳнат пешида чопади. Ҳали энг ўйинқароқ бола вақтларида ҳам бутун қишлоқнинг подасини боқиб, оиланинг эҳтиёжларига бирор нарса қўшиб турарди. Унинг подачи бўлган вақтларини ҳали ҳам қишлоқ одамлари ҳавас билан эслашади. Кўча-қўйда унга йўлиққанлар:
— Подамизни етим қилиб қўйдинг-да! — деб бошларини афсус билан чайқаб ўтишади.
Тез-тез бўлиб турадиган бу хил гаплар унинг юзини кулдириб, кўнглини кўтаради, тинмасдан ишлаш учун билагига дармон ва қувват беради. Унинг ўз бисотида бир шапалоққина шолипояси бор; у ҳам марҳум қайнатасидан теккан, бор кучини шунга сарф қилади; ҳаммадан бурун иш бошлаб, ҳаммадан кеч тугатади ва ҳаммадан кўп уринади. Шу билангина олти жондан бириккан катта бир оилани наридан-бери тебратиб келади. Онаси қариб, мукчайиб қолган, бир қизи билан бир ўғли ҳали ёш гўдак, рўзғорнинг бутун иши хотини билан синглисининг бўйнида. У иккови дала ишларида унга ёрдам беришдан ҳам бош тортмайдилар, уларнинг далада ҳам фойдалари кўп тегади. Холмат ўзи шунча тиришиб ишлаб, катта рўзғорни ёлғиз бошила тебратгани учун хотини ҳам, синглиси ҳам уни бошларига кўтарадилар. Ҳар тўғрида унинг талабларига хурсандлик билан кўниб, ҳеч бир ишда кўнглини қолдирмасликка тиришадилар. Меҳнатдан бошқа ҳеч нарсани билмаган бу йўқсил йигитнинг қандай зўр талаблари бўлар эди дейсиз? Бутун ҳаваслар, талаблар ва ўйлар — ҳар нечук бўлса ҳам шу оилани тебратиб ўтиш теграсида айланади... Албатта, келин ҳам, қиз ҳам — ёш нарсалар; ёшларнинг нозлари, инжиқликлари бўлмайди эмас... Уларнинг инжиқликларини бутунлай ҳақсиз дейиш тўғри бўлмаса керак. Чунки улар ҳам ёшлар, бошқа ўз тенглари каби, уларнинг ҳам орзу-ҳаваслари бор, кўнгиллари кўп нарсани тусайди... Зиндондаги бандини ҳеч бир хаёл сурмайди, деб ким айтади? Гадой подшоҳ бўлмоқ истаса, ёмонми? Баъзан шу хил кучли талаблар ё келинда, ё қизда кўрилиб салгина юзага чиқа бошласа, кўпни кўрган зийрак кампир дарров пайқайди ва олдини олади. Холматга сал оғир келадиган бир иш бўлса, унга еткизмасдан, ўзи бир иш қилиб битиради; жойи келганда, мулойим гапириб, жойи келганда, пўписа қилиб, қизи ёки келинининг кўнглида кўтарилган ҳавас оловларига сув сепади, у оловларни авж олмасдан туриб сўндиради. Уларнинг талаблари жуда ўринли бўлса, ўзи иложини қилиб, қондиради. Уларнинг кўнглини олади, Холматни ортиқча ташвишлардан қутқазади.
Шаҳардан Салтиларнинг бир арава бўлиб келишлари ҳам Энахоннинг шу хил ҳавасларидан бири эди. Салтанатлар оиласи билан Энахонлар оиласи орасида ота-бободан қолиб келган бир дўстлик, қадрдонлик ҳукм сурарди. Бу икки оила кишилари йилда бир-икки марта бир-бирлари билан кўришиб турардилар. Ўтган куз, хирмонлар олингандан кейин, Энахон билан келин Салтанатларникида бир ҳафтача туриб келган эдилар. Шунда Энахон ўз ўртоғини бир-иккита тенгдошлари билан бирга баҳорда қишлоққа чақириб кетган, баҳор келиб табиат жонлангач, шаҳарга тушган бир одамдан яна айтдириб юборган эди. Кампир қизининг бу талабини, албатта, ўринли топарди. Энахоннинг ёнида бола-чақаси билан бирга бир неча кун яйраб келган келин ҳам қизнинг фикрига жону дилидан қўшилгач, кампирга ҳеч бир гап қайтариш ўрни қолмаган эди.
— Гапларинг жуда маъқул! — деди у шу тўғрида маслаҳат бошланганда. — Бунинг иложини ўзимиз қилишимиз керак. Холмат бечорага ҳеч бир оғири тушма-син. Иложи бўлса, унга билдирмайлик. Меҳмонлар келганда билар.
Энахон келинга қаради. Келин Энахоннинг бу қарашидан «Қани, гапиринг нима дейсиз?» деганини англаган бўлса-да, қайнана олдида биринчи бўлиб гап очишни эп кўрмасдан, жим қолди. Шундан кейин Энахон бир нарса демакка мажбур эди.
— Майли, сиз ўзингиз биласиз, ойи. Чақириш кераклигига «йўқ» демадингиз. Меҳмон деганни нон қоқига чақириб бўлмайди. Муни ўзингиз биласиз. Келин шу ерга келганда, бир оғизгина сўз билан аралашиб қўйди:
— Албатта, айниқса, шунча жойдан келадиган меҳмонни.
— Хўп, яхши биламан! — деди кампир. У келинининг оғзидан гапини узиб олгандай тез гапирарди. — Кузда иккаланг бориб бир ҳафта туриб келдинг. Бечораҳол бўлсалар ҳам сенларни хўп хурсанд қилиб жўнатишди. Иккаланг ҳам анчагача гапириб юрдинг...
— Рост-да! — деди Энахон. — Унинг отаси ҳам, ниҳояти бир айрончи, ер-суви йўқ, дастгоҳи йўқ. Рўзғор катта... Шундай бўлса ҳам бизга деб нималарни қилиш-мади-а?
Сўнгги саволни келинбибисига берган эди. У ҳам:
— Ҳа, нимасини айтасиз, — деб дарҳол тасдиқ қилди. Шу билан ҳаммалари жим бўлдилар. Кампир илож ахтариб, ўйга ботган эди. У секин-секин оғил томига ётқизилган шотининг иккинчи поғонасига ўтирди. Киз билан келин ерга чўнқайдилар. Кампир шотининг ён ёғочини силаб ўйнар, Энахон оғзидан олган сақични қўлида эзиб, «соққа» ясар, келинчак бўлса, бир чўп билан ерни чизғалар, учаласи ҳам шу равишча ўйга ботган эдилар. Кампирнинг бутун хаёли ҳалиги тўғрида бўлса ҳам, икки кўзи буларда; булар эса дам бир-бирларига, дам кампирга қарар, дам ерга тикилардилар. Сукутни кампир бузди:
— Камбағаллик ўлсин, камбағаллик! — деди у ва чуқур бир «уҳ» тортди. — Ҳеч бир иложини топиб бўлмайди...
Бир оз жим қолгач, бирданига овозини кўтариб:
— Шунча ердан бизнинг сўк ошимизни ичгали келишармиди? Уч-тўрт кун туришади. Дурустроқ бир нарса қилиб қўймасак бўладими? — деди.
Улар иккови ҳам уйғонгандай бўлдилар:
— Албатта, албатта! — дейишди иккаласи.
Худди шу вақтда сомонхонанинг ёнида Холмат кўринди. Булар унга қайрилиб қарагали улгурмасдан, унинг:
— Ойи, бормисиз? — деган овози эшитилди. Кампир суҳбатни бўлиб, ўрнидан тураркан:
— Шошманглар, бир оз ўйлайлик, эртагача бирор иложи топилиб қолар, —- деди ва югуриб Холматнинг ёнига кетди.
Кечқурун, ётар пайтда, кампир икковини ёнига чақириб, ўз фикрини айтди:
— Ўйлаб-ўйлаб қўлимдан келгани шу бўлдики, ўлимлигимга аталган нарсалардан бир озроқ ажратдим. Энди, Эна, сен ҳам бисотингда боридан бир-икки нарса ажрат, келин, сиз ҳам бир нарса қўшинг, эрталаб битта-яримтани бозорга туширайлик, шуларни сотиб, ул-бул олиб чиқсин.
Кампир ўлимлигига аталган нарсалардан ажратгандан кейин гап тамом эди.
— Бўлибди, ойи! — деди Энахон. — Менинг бор-йўғим ўз қўлингизда, ўзингиз ажратиб оларсиз. Хайр, майли, ўзим ҳам бир ўйлаб кўрай...
— Мен эрта билан сизга топшираман, — деди келин.
Кампир туриб, ётоғига кетди, икки ёш ўша жойда ўтириб қолиб, нима ажратиш ва нима бериш тўғрисида маслаҳатлашдилар. Бисотдагининг мазаси бўлмаган-лигидан бу маслаҳат анча узоқ чўзилди.
Ҳар қалай, эрта билан кампирнинг қўлида мўъжазгина бир тугунча бор эди. Тугунчани хуржуннинг бир кўзига солган бола яғир отни йўртдириб шаҳарга то-монйўл солди.
Ўша кун Салтанатларга иккинчи чақириқ еткизилган ва катта хуржуннинг икки кўзи тўлиб қайтган эди.

* * *
Меҳмонларга қўлидан келганча яхши дастурхон солиб, қўни-қўшни қизлар ва келинчакларни чақиртириб, аллақайлардан тори узилган дуторларни топдириб келган ва уларни хурсанд қилмоқ учун тиришиб-тирмашган Энахон ўз кўнглида яна хижолат тортишдан қутулмади. Қадрли меҳмонларини яна аллақандай зиёфатлар, меҳмонгарчиликлар, такаллуфларга кўмиб ташламоқчи бўларди. Унча нарса бўлмаганда ҳам, одамлар сингари, тузукроқ бир сийлаб юборишни, албатта, лозим, деб ўйларди. Ўз қўлида бундай қудрат йўқлигини ўйлаб, ноумидликка тушар, бўғиларди... Юраги ёмон ғаш бўлиб кетганидан кейин чидай олмасдан, кампирга айтиб кўрди:
— Ўлганим яхши менинг! — деди у. — Кўнгилдагидек бир сийлай олмасам меҳмонларимни!
Одатда юмшоқ гапирадиган кампир бу гапга аччиғланди...
— Бўлмаса, ўзингни бозорга олиб чиқиб сот! Кўнгилдагидек меҳмон қила оласан... — деди.
— Сизга одам кўнгилдаги ҳасратини ҳам айта олмас экан-да, — деди Энахон; кўзларига ёш олиб, онасидан узоқлашди.
Худди шу ҳасратини томорқа-ҳовличадаги ариқ бўйида ўтириб, келинбибисига айтганида, у дарров бунинг фикрига қўшилди:
— Шундай яхши нарсаларки! Буларга қанча қилсангиз оз! Зебихонни қаранг, Зебихонни! Кузда биз борганимизда кўрмаган эдик-а?
— Отаси ўлгур, совуқ сўфи, жавоб бермаган экан... — Мунча ҳам овози чиройли бу қизнинг!... Ашула айтса, қулоғинг маст бўлиб, ўлади одам... Нафаси бунча иссиқ, мунча мазалик! Мунча таъсирлик!
— Шуни айтаман-да. Суюқ ош қилдик, ошқовоқ сомса қилдик, палов қилдик... бўлди! Бундан ортиғига мана шу камбағаллик ўлгур йўл қўймайди...
Шу ерда чуқур бир «уҳ» тортди Энахон. Сўнгра яна сўзида давом этди:
— Варақи сомсалар қилсак, оқ унлардан ғалати мантилар, чучваралар қилсак, бойларникида бўладиган димлама қўғурмалар қилсак...
Бирдан тажангланиб, ўрнидан турди:
— «Ошқовоқ сомса»! «Ошқовоқ сомса»! Камбағаллик қурсин, илоҳим! «Камбағал — худойимнинг суйган бандаси», дейдилар, шуми суйган банданинг ҳоли?!
Боядан бери шу тўғрида ўйланиб, оққан сувга хашак ташлаб ўтирган келиннинг юзларида худди шу пайтда бир ёқимли кулимсираш пайдо бўлган эди. Ўрнидан туриб, ҳалиги ширин кулимсираши борган сари очилгани ва ёйилгани ҳолда Энахонга яқин бор-ди:
— Хафа бўлманг, айланай! — деди. — Мен иложини топдим. Бойларникига ўхшаган ғалати зиёфат қилиб жўнатамиз меҳмонларимизни!
Энахон бу иложнинг нималигини англаёлмаганидан ҳайрон бўлиб келинбибисига қарар, ҳали юзи кулмас эди.
— Нечук? — деди у ва келинбибисининг кўзларига бақрайиб тикилгани ҳолда унинг иккала қўлини қўллари орасига олди.
— Ўзимизнинг кучимиз етмаса, тенг-тўшларимиз, ўртоқларимиз бор. Уларга айтиб чақиртирамиз...
Энахоннинг юзи бирданига очилди. Лабларига кенг бир табассум ёйилди. У келинбибиси топган иложни англаган эди:
— Мингбошининг қизига айтмоқчимисиз? Ўша чақирсин, дейсизми?
— Ё у, ё бўлмаса кичик хотини Султонхон-чи?
— Бўлармикин?
Шу ергача улар иккови бир жойда тўхташиб сўзлашмокда эдилар. Кейин:
— Бўлдиришни менга қўйиб беринг. Ишингиз бўлмасин. Ишқилиб меҳмонларни хурсанд қилсам, бўлдими? — деди.
Шундан сўнг иккаласи бел ушлашиб, уйга томон юра бошладилар.
— Яхши маслаҳат! Жон, келинбиби, бир иш қилинг! — деди Энажон келинбибисини маҳкамроқ қучоқлаб.
Келин бирданига тўхтаб:
— Уларникидан ҳеч кимни чақитирдикми? — деб сўради.
Энахон ҳам етган жойидан тўхтаб:
— Йўқ! — дея жавоб берди. — Ким билади, дейсиз, муни? «Мингбошининг фалон-фалонлари бизни кўзига иладими?» деб хабар ҳам қилмабмиз. Энди қандай бўлар экан?
— Биз шу кечага мингбоши тоғанинг қизи билан кичик хотинини чақиртирайлик. Кеча чақиртирганимизда келмасалар, бугун чақитирсак, албатта, келишади. Сиз нима деб ўтирибсиз! Зебихоннинг овози, ашулалари ундан каттарокларни ҳам судраб келтиради. Сиз хотиржам бўлинг. Мен ўзим ғизиллаб чиқиб келаман. Бу кеча битта-яримта ашула эшитиб, суҳбатни кўришса, эртага, албатта, чақиртиришади.
Иккаласи, юзлари юлдуздай чарақлагани ҳолда, даричадан ичкарига ҳатлаган вақтларида Зебининг «Қора сочим» куйига айтаётган ашуласи қулоқларни ширин-ширин қитиқламоқда эди...

* * *
Бир томчи сув денгизга айланган бир кеча бўлди. Шу камбағал, бебузат оиланинг иссиқ ва ҳалол қучоғига қишлоқ қизлари ва ёш жувонларнинг ҳаммаси деярлик тўпланди. Бевосита қўшни бўлган хонадонларнинг «ошини ошаб, ёшини яшаган» кампирлари ҳам чиқишдилар. Бу кеча, ҳатто, шаҳар қизларига пойлоқчи бўлиб келган уйқучи кампирга ҳам жон кирди. Унинг жонланганини кўрганлар ихтиёрсиз ёйилиб кулар ва чин кўнгилдан севинардилар. Бир эмас, икки дутор ва икки яхши дуторчи, бир нечта ўйинчи, Зебихондан бошқа яна иккита овози дурустгина ёш жувонлар келишди. Дастурхонга қараган киши бўлмади; ҳеч ким бу фақир ва содда ҳашамат ичида такаллуф ахтармас, кўнгилнинг хурсандликларга бўлган кетсиз майлини қондириш билангина овора эди. Шунинг учун бўлса керак, дастурхон устида дув-дув гаплашиб, айвонни овозга тўлдириб ўтирган киз-жувонлардан ҳеч бири ўнг биқинида ёнма-ён ўтириб, зўрға дастурхонга қўл узатган мингбоши ойимларнинг «шу ҳам меҳмондорчиликми?» деган маънида бир-бирига қараб лаб буриштирганларини пайқамади. Дастурхон йиғилгандан кейин базм бошланди; шундан кейин ҳамма ўзини унутди, ҳамма ёш болага айланди.
Уч овозлик қизга яна бир нечтаси қўшилиб, ялла оҳанги кўкларга кўтарилгандан кейин кишлокнинг паст-паст, йиқиқ-ёриқ деворларидан осонгина ошиб ўтиб, битта-яримта йигит-яланг ҳам тўплана бошлади. Улар хира ёнган чироғчанинг ёруғи зўрға-зўрға етадиган жойларда — айвоннинг икки ёнида чўнқайиб ўтиришган, нафасларини ичларига олган эдилар. Улар орасида Холмат билан аравакаш бола ҳам бор, улар иккови катта тут ёғочига суяниб, тикка турардилар. Холмат ҳавас билан қизиқиб қараса-да, унинг кўнгли тамом бетараф эди, фақат аравакаш йигит шунча тўполон-ялла орасида Зебининг овозидан бошқа овозларни, нечиқдир, фарқ этолмасди. У овозни эшитиш билан кўнглининг чуқур жойларидан хуруж қилиб келган аллақандай тотли бир севинчи яширолмади:
— Зебинисанинг овозини айтаман, Холмат ака... — деди у, ўзи шу сўзни айтганидан кейин, негадир, бир оз қизара тушиб, ерга қаради.
— Чакки эмас! — деди Холмат. Сўнгра сўради: — Оти Зебинисами?
— Ҳа, Зебинисахон!
Йигитчанинг шу «хон» деган қўшимчасида «менинг Зебинисам» деган маънода бир мақтаниш, бир ғурур оҳанги бор эди. Бу оҳанг жуда очиқ эшитилган бўлса керакки, Холмат дарҳол фаҳмига борди ва «а, ҳароми-ей!» дегандай қилиб унга қарагач:
— Юракдан урган экан-а!.. — деди.
Йигитча бу сўздан ўнғайсизланди ва тона бошлади:
— Йўғ-е, овози соз дейман-да, овози! — деди, лекин тили гапиргани билан юраги «ёлғон, ёлғон» деб турганини ўзи ҳам билар, Холматнинг ишонмаслигига ақли етарди. Шунинг учун масалани чуқурлаштирмасдан, сўзни бошқа томонгароқ буришни эп кўрди: — Овозига нима дейсиз, чинакам қиёмат-а? — деди Холматга
— Ҳа, овози жойида. Салтанатхонди ўртоғими?
— Энг яқин ўртоғи.
— Кимнинг қизи ўзи?
— Раззоқ сўфи деган бир одамнинг...
— Раззоқ сўфи?
— Ҳа, Раззоқ сўфи. Худо берган лекин сўфига!
— Харидори ҳам кўпдир?
— Совчининг кўплигидан остонаси ейилиб кетган, дейдилар... Билмадик, қайси толеи баландга насиб бўлар экан!
— Худодан тилаб туринг, «ноумид шайтон», деган гап бор...
Шу сўзларни айта туриб, Холмат ҳам йигитчага шайтон қараши билан қаради.
Бу вақтда ашулачи қизлар ялладан тўхтадилар, ингичка-йўғон аёл овозларидан иборат кучлик бир хорнинг:
— Бор бўлсинлар! — деган олқиши юксалди. Эркаклар ўз олқишларини ичларида сақламоққа мажбур эдилар. Уларнинг тўпланганларини бир-иккита кампирдан бошқа ҳеч ким билмас эди. Ялла битгач, баъзи кизлар ўринларидан туриб, у ёқ-бу ёққа жилишдилар, баъзилари ўчоқ бошига чой олгали кетдилар, баъзилари жойларини алмаштириб, яқин кўрган ўртоқларининг ёнларига ўтиб ўтирдилар. Энди эркаклар ҳам ўзларини орқароқ олмоққа мажбур эдилар, улар ҳам жилишдилар. Меҳмонлардан Қумрихон бирданига тутнинг тагига бориб қолиб, у ерда икки эркакнинг ўзига қараб кулиб турганини кўргач, «вой, ўла қолай!» деб, уялиб орқага қайтди. Яна Салтининг ёнига бориб ўтиргач, пичирлабгина:
— Теварагимизни шундоққина қишлоқ йигитлари ўраб олишибди. Билмасдан тутнинг тагига бориб қолсам, иккитаси менга қараб бақрайиб турибди... Биттаси ўзимизнинг аравакашми...
Бу вақтда бу иккала қизнинг нималар деб пичирлашаётганидан васвасага тушган Зеби секингина бўйнини чўзиб, гапга қулоқ солди. У фақат Қумрининг сўзини — «биттаси ўзимизнинг аравакаш...» деган сўнгги сўзини эшитиб олди. Юраги ўйнади... ва дарҳол бурилиб ташқарига қаради. Чироғнинг хира ёруғида кампирларнинг ивирсиб юрганларини кўрди. Бошқа ҳеч нарса кўринмасди. Юрак ўйнаши босилмади. Лаблари титрамоққа бошлаган эди... Бирданига ўрнидан турди; қизлар йўл бўшатдилар, уларни оралаб ўтди. Айвондан чиқиб олгунча ҳамманинг кўзи унда эди, айвондан саҳнга тушгач, қизлар яна ўз суҳбатларига машғул бўлдилар. Саҳнда уни пойлоқчи кампир қарши олиб, пешонасидан ўпди:
— Илоҳим, ёмон кўздан сақласин, болам! — деди. Иккала кўзидан яна бир мартадан ўпгач, ичкари уйга томон бурилди.
— Ҳа, хола, уйда нима қиласиз? — деб сўради Зеби.
— Ухлайин, болам, мен қари нарса, ярим кечагача ўтироламанми? Сизлар ёш-яланг, ўйнаб-кулиб кўнгилларни ёзинглар. Мен ором олай...
Пойлоқчининг бу хислати ҳаммага маъқул эди. Айниқса, шу топда кўнгли аллақайларга тортаётган Зеби учун бир хил эзма кампирлардан кўра бу — камгап, серуйқу кампир яхши эди.
Юраги урган ҳолда битта-битта босиб, қоронғиликка кирди. У ҳам тут тагига — катта сўрининг ёнига бораётир эди. Қоронғида турган аравакаш йигит ёруғ томондан келаётган қизни таниди, бирданига:
— Ана, ўзи келаётир! — деб қичқирди.
Унинг бу қичқириши ихтиёрсиз бўлган эди. Аллақачонлар масаланинг фаҳмига бориб қолган Холмат шу топда йигитчадан йироқлашувни эп кўрди. Унга маънолик қараш билан кулимсираб қараб, елкасига бир-икки ургач:
— «Умидсиз шайтон», дедим-ку, ука... Мана, биз кетдик... — деди ва қуюқ қоронғиликка кириб, йўқ бўлди.
Йигит эса Холматнинг бор-йўғини фарқ этолмайдиган ҳолдайди. Шундай пайтларда оғиздан ихтиёрсиз чиқиши лозим бўлган «бор бўлинг», «ўлманг» каби миннатдорлик сўзлари ҳам эсга келмасди. У, юрагини ҳовучлагани ҳолда, ихтиёрсиз, қари тутнинг йўғон баданига ёпишди...
Зеби йигитчанинг «Ана, ўзи келаётир!» деган сўзларини эшитган эди. Агар эси ўзида бўлса, у ҳам Қумри сингари «Вой, ўла қолай!» деб қайтиб кетиши керак эди. Ҳолбуки, у ўзини билмасдан ва ҳеч нарса ўйлаёлмасдан, телба қадамлар билан битта-битта босиб, илгари юрарди... Унинг оёқлари аллақандай ёмон бир кучнинг афсунига илашганлар, ўша кучнинг судраган томонига борардилар. Ёш қиз ўз кўнглининг биринчи марта ўзига бегоналашганини, ўзидан бошқа бир кучнинг кўнглига эгалик қилганини сезарди...
Зеби теграсига бир кўз югуртиб олгач, қадам босишини секинлатиб, катта тутнинг ўнг томонида тўхтади. Йигитча чап томонда эди.
Иккаласи ҳам анчагача жим қолдилар. Қайси бири олдин гап бошлашни ва нима дейишни билмасди. Ниҳоят, йигитча бир гап топган бўлди.
— Бугун саҳар... аравани қўшаманми?
— Нимага?
— Кетмаймизми?
Зеби жавоб беролмай қолди... Бу саволга жавоб бўлгундай бир сўз унинг шу топда жуда ёмон ғовлаб кетган миясига яқин келмасиди. Сўзга-сўз қайтармоқ учунгина:
— Шошилтириб нима қиласиз? — деди ва сўзларнинг ўз оғзидан узилиб тушиб борганини сезди. Шу топда ўз овози ҳам ўзига ёт эди, шу сўзларни айтаётган овоз унинг ўз қулоғига сойнинг нариги бетидан келаётгандай эшитиларди.
Йигитча ўзини тўхтатиб олган эди. Энди у дадилланиб ва кулиб туриб, қўлини тутнинг ўнг томонига узатди. Фақат иккаласининг ораси анча йироқ бўлганидан бошқа бир қўл унинг қўлига уринмади. Ҳолбуки, Зеби бировнинг қўл узатганини пайқайдиган ҳолда эмасиди. Йигитча Зебидан муқобала кўрмагач, қўлини тортиб олди ва энди, бу сафар бўйнини эгиб, икки кўзи билан қизни ахтараркан, қувноқ бир овоз билан.
— Ҳали бир-икки кун ўйнаймизми? Отга дам берамизми? — деди.
Зебидан жавоб бўлмагач, илова қилди:
— Хайр, майли, сизлар қачон «қўш», десанглар шунда қўшаман.
Зеби тутга суянган, ўзининг қайда турганини унутаёзган, шунча гапга бир оғиз жавоб бермасдан, оғир ўйларга толган эди. У шу топда ўзининг яқин келажакдаги қора кунларини, қай рангда кўриниши маълум бўлмаган бахти, толеини ўйларди. Унинг бутун бахти Раззоқ сўфининг жоҳил вужудига боғли эмасми? Ўша совуқ сўфи шу қувноқ жонни ва сайроқ қушчани истаган вақтида бахтли ёки бахтсиз эта олмайдими? Унинг бир оғиз «ҳа» ёки «йўқ» дейиши қиз бечоранинг беҳад қувнаб яйрашига ёхуд, хазон япроғидай, бир нафасда сўлиб, нобуд бўлувига ярамайдими? Қиз шўрлик, у бир умр қовоғи ўйиғлиқ ва юзи кулмас отадан ҳеч бир хайрият кутмайди. Отаси тўғрисида ўйлаган вақтида ўзини ўлимга маҳкум бир одам, отасини маҳкуманинг жаллоди каби кўради... ва титрайди! Бу қишлоқ саёҳати, аравакаш йигитча билан тасодифан танишиб қолиши, шу танишув орқасида кўнглида сезгани бесарамжонликлар бечора қизни ҳалигидек қора ўйларни ўйлашга мажбур қилган эди. У хил қора ўйлар унинг учун янги эмас, албатта. Ёши балоғатга етиб уйлари совчиларнинг қатнов йўлларига айланганидан бери у шўрликнинг қора ўйларга ботмаган куни йўқ! Фақат ширин бир умид билан, кўзда кўрилиб, қўлда тутилган — нақд бир умид билан бирга келган қора ўйлар қиз бечорани ёмон эзиб ташлайди! Бир-икки кундан бери ашула, ўйин деганда ўзини билмас даражада берилиб кетиши, шу изтиробларнинг ҳордиғини чиқариш учун эмасми?
Кўнглига оғир ташвишлар солган йигитчанинг шундай ёнгинасида жуда ширин хаёллар билан бирга жуда қора ўйларга ботиб турган вақтида бирданига айвон томондан бир овоз эшитилди:
— Ҳай, нима бу ҳаммаёқ жимжит бўлиб қолди? Зебинисахон қанилар? Салтанатхон, айланай, ўртоқжонингизни топмайсизми?
Яна бир овоз эшитилди:
— Рост-а, ҳаммаёқ музлаб кетди! Ҳай, қизлар, сизга нима бўлди?
Бирдан бир неча овоз кўтарилди:
— Зебинисахон, Зебинисахон!
Қизлар ўринларидан туриб, у ёқ-бу ёққа юришиб қолдилар.
Бу қичқиришлар ҳар қандай оғир уйқудан уйғотишга ярардилар, Зеби ҳам ярим мастлик ҳолатидан сесканиб уйғонди ва апил-тапил жавоб қилди:
— Мана мен... Ҳозир бораман... ҳозир...
Фақат бу сафар унинг овози касал одамнинг овози сингари дармонсиз ва жонсиз чиқарди. Йигит буни англади ва тезгина:
— Боринг, бемалол ўйин-кулгингизни қилинг! Ҳеч нарсадан қўрқманг, ҳеч бир ғам ея кўрманг! — деди. Сўнгра дарҳол ўзини тутнинг панасига олди.
У ёқдан бир-икки қиз югуриб келиб, Зебини етаклаб кетишди. Шуларнинг бири мингбошининг кичик хотини Султонхон эди.
Бу сафар фақат ўйин бўлди. Ёш жувонлар ва қизларнинг ҳаммасини деярлик тортдилар. Шаҳарликлардан яхши ўйнаган Қумри бўлди. Қишлоқ қизларидан икки-учтаси яхши ўйнадилар. Ҳатто кампирларни ҳам тортдилар. Энахоннинг онаси, ўзи пакана ва унинг устига букчайган кампир, ўйин қилган бўлиб ҳаммани кулдирди. Энахонни кўндира олмадилар. У «мен хизматларингдаман», деган баҳонани қилди. Мингбошининг қизи бир-икки айланиб тўхтади, кичик хотини эса кўнмади, уни кўп ҳам зўрлай олмадилар. Зеби эса дуторчилар ва ашулачилар билан бирга енгил-енгил яллалар қилиб турди. Ўйни тамом бўлиб, палов дастурхони ёзилганда, ой анча баландга кўтарилган эди. Ошдан сўнг қишлоқ қизларидан ўзига дурустроқ бир деҳқоннинг қизи ўрнидан туриб:
— Эртага меҳмонларни биз кутамиз, — деди. Шундан кейин мингбошининг кичик хотини Султонхон катта кундошининг қизи билан гапни бир жойга қўйиб, ўрнидан турди ва Энахонга томон юзланиб:
— Бўлмаса, меҳмонларингиз индинга бизникида бўлишади, — деди, — тузукми? Энди бизга рухсат!
У кундошининг қизи билан бирга айвондан пастга тушиб, кавшини кия бошлагач, бошқа қизлар ҳам битта-битта ўринларидан турдилар. Шундай қилиб, бу қиёмат йиғин кеча ярим бўлганда, "гув-гув" билан тарқалди.

IV

Кундошининг қизи билан апоқ-чапоқ бўлиб, уйига қайтган Султонхон, мингбошининг шаҳарга кетган бўйича қайтмаганини билганидан кейин, ўз уйига кирди ва жой солиб, ечиниб ўтирмасдан, шундоққина тўшакчанинг устида биргина ёстиққа бош қўйиб уйқуга кетди.
Эрталаб уйқудан кўзини очганида, бош томонида ён қўшни хотинлардан Умринисабиби ўтирарди. Тез-тез чиқиб, мингбоши оиласининг рўзюр ишларига қарашиб кўрпа ва тўнлари бўлса, қавиб, пахталарини саваб берадиган ўрта ёшлардаги бу хотин шу йўл билан кичик қизига сеп орттирарди. Катта қизини бундан икки йил бурун чиқарган, энди бу қизи одам кўзига кўриниб келарди.
Султон кўзини очар-очмас:
— Яхши чиқибсиз, Умриниса хола, — деди, — ўзим ҳам чақиртирмоқчи эдим. Эртага Энахонларникидаги шаҳарлик меҳмонлар чиқишади. Ош-сувга қарашиб бермасангиз бўлмайди. Бугун бир-икки тандир патир ёпиб олсак, дейман.
— Мен ҳам шу тўғрида сиз билан гаплашгали чиқиб эдим, — деди Умринисабиби.
— Жуда яхши бўлибди. Нонуштани қилиб хамирга урина берайлик бўлмаса. Бир-икки жойга бориб, дутор-мутор сўраб келадиган ишларингиз ҳам бор ҳали.
Умринисабиби ўтирган кўйи суриниб Султонхонга яқин келди:
— Мен сизга бошқача маслаҳат билан чиқиб эдим... — деди.
Бу сўзлар ярим пичирлаш билан ва ҳам кўзлар икки томонга аланглаб туриб айтилганидан келинчакнинг кўнгли дув этиб кетди. У ҳам Умринисабиби томонга ўгирилди:
— Нимага пичирлаб гапираётирсиз? Нима демоқчисиз? Яқинроқ келсангиз-чи! Имилламай қолинг, илоҳим! — деди.
Умринисабиби энди келинчакнинг худди қулоғига эгилди:
— Шаҳарлик меҳмонларни эртага чакирибсиз, эшитдим. Кеча кечқурун менинг Баҳрим ўша ердайди...
Шу сўзни айтгач, у бир нафас жим қолди. Келинчакнинг кичкина, қоп-қора ва ўйноқи кўзлари кенг очилиб, қўшни хотиннинг оғзига тикилган эди. Умри-нисабиби яна бир қур кўзларини жаланглатиб олгач:
— Киши деган ўз томирига болта чопадими? — деди. — Кечаси билан ухлаёлмасдан, шуни ўйлаб чиқдим...
Султонхоннинг ранги ўча бошлаган эди, икки бетидаги шапалоқдай қизилига сўлғунлик югурди. Оғзи ярим очилган, кўкраги бир ётиб-бир турмоқда, дармони танидан узоклашиб борарди.
— Гапиринг тезроқ... Нима демоқчисиз? — деди у ҳансираш билан.
Умринисабиби бўйнини имкон борича чўзиб туриб, очиқ эшикдан ташқарига қаради. Сўнгра, яна келинчакнинг қулоғига эгилиб, деди:
— Келин бўлиб келганингизга энди беш ой бўлди. Ҳалитдан бошингизга янги кундош орттирмоқчимисиз? Эрингизнинг қайлиқбозлигини билардингиз-ку!
Султонхон:
— Вой, ўла қолай!.. Жинни бўлибман мен! — деб қичқирди ва юзини ёстиққа қўйиб, чап қўли билан бошига муштлади...
— Ёшлик қилибсиз, айланай. Билмабсиз. У ашулачи қизнинг довруғи дунёни босди... Ҳамманинг оғзида ўша. Эрингиздай учига чиққан хотинбоз у булбулни-кидай овозни ўз қулоғи билан эшитсину дарров совчи қўймасин — бўладими, қалай?
Келинчак бирданига ётган еридан туриб, Умринисабибининг елкасига осилди:
— Нимасини айтасиз, холажон? Мен эсимни ебман, эсимни!.. Энди нима қилдик, энди? Айтсангизчи, нима қилдим энди мен?
Умринисабиби унинг бошини мулойим-мулойим силади:
— Энди ҳовлиқманг, — деди у, — бўлар иш бўлди. Бир иш қилиб зарар етадиган томирини кесайлик!
— Энди иложи борми, қалай?
— Шошманг, ўйлайлик. Бир маслаҳат топилиб қолар. Иккаласи жим қолиб, ўйга ботдилар. Умринисабиби оқ дока рўмолининг учини тугимлаб ўйланар экан, келинчак эса қўлидаги тилла узугини бармоғидан олиб, ўша билан ўйнаркан, хаёл сурарди. Бирданига тилла узукни ўзи кўзи олдига олиб борди, у ёқ-бу ёғини айлантириб, хўп қарагандан кейин секингина қўл узатиб уни Умринисабибининг синчалағига киргизиб қўйди. Бу вақтда зўр бериб ўй ўйламоқда ва тадбир ахтармоқда бўлган Умринисабиби тилла узукни ўзга қўлдан ўз қўлига ўтганини икки кўзи билан кўриб турса-да, бу катта топишнинг қимматини пайқаёлгани йўқ эди. Кейин узукка қараб туриб, унинг қандай қимматли нарса эканини, қизи Баҳри учун зўр бир давлат қозонилганини эслагач, севинчдан юзлари алвон товлаб кетди ва тезгина узукни бармоғидан чиқариб, рўмолнинг учига маҳкам тугиб қўйди.
— Қани, гапиринг, хола!
— Нима дейишимга ҳайронман... Меҳмонларни чақириб қўйибсиз. Энди, бир илож қилиб, қайтариш керак. Кундошларингизга билдирмасдан иш тутиш керак. Хайриятки, кундошингизнинг қизи чақирмабди. У чақирганда, ёмон бўларди.
— Мен ўлгур, ўша куни Зебихоннинг овозига маст бўлиб, ҳеч нарсани ўйлаёлмабман-да! Кундошимнинг қизига: "Сиз чақирсангизмикан, мен чақирсаммикан?" деб маслаҳат солибман-а! Мени қаранг! Хайрият, у қиз эслилик қилиб: "Мен бувимдан берухсат меҳмон чақирмайман. Сиз каттасиз, ўзингиз чақиринг", деди...
— Аслини ўйлаганда, у ҳам эсипастлик қилибди. Лекин унинг бу эсипастлиги  сизнинг фойдангиз.
Умринисабиби бир озгина жим қолгач, яна келинчакнинг қулоғига эгилди:
— Энди сиз, бир иш қилиб тобингиз қочган бўласиз-у, мен бориб, Энахонга айтаман. "Бошини кўтариб қолса, мен ўзим хабар қиламан", дейман. Шу билан қолиб кетади... Меҳмонлар бугун-эрта қайтиб кетишар эмиш. Зебихон жуда сўфи одамнинг қизи экан. Отаси бир-икки кунга базўр ижозат берган эмиш...
Келинчак ҳали ҳам ўзига келмаган эди, яна Умри-нисабибининг бўйнига осилди:
— Қандай бўлар экан? Жуда хунук бўлади-да. Бутун қишлоққа гап тарқалади... Бу кундошларим, денг, тарқатмай қўйишадими? Бошқа бир иложини топсак яхши бўларди.
Келинчак Умринисабибининг кўзларига бир оз тикилиб тургач:
— Шу топда онам нотоб бўлиб чақиртирса, хафа бўлмас эдим! — деди.
— Бўлмаса, онангизни касал қилайлик. У сизни жадаллатиб чақиртирсин. Сиз узр айтиб, жўнай беринг... Шу шаҳарлик қизлар кетгунча онангизникида турганингиз ҳам яхши.
— Буни қандай қиламиз?
— Бу осон. Мен ҳозир паранжимни ёпиниб, сизларникига жўнайман. Ҳамма гапни онангизга уқтириб, тездан қайтаман. Орқамдан думма-дум одам келади, сиз кета берасиз. Кеч пайт мен ўзим кириб, Энахонга айтиб қўяман.
Келинчак бу маслаҳатга тамом қойил бўлган эди. Умринисабибининг кўзларидан ўпди:
— Бу яхшилигингизни бир умр унутмайман, хола, — деди. — Қизингизни, худо хоҳласа, ўзим тўй қилиб, ўзим узатаман! Сиз дарров жўнанг! Ана, мистовоқда нон, ликопчада майиз бор, нондан, майиздан олиб, йўлга тушинг! Тез бўлинг, жон хола!
Умринисабиби ирғиб ўрнидан турди, нон билан майизнинг ҳаммасини рўмолчасига тугиб, уйдан чиқди. Унинг уйдан чиқиб, ўз ҳовлисига томон кетаётганини келинчак эшик олдида кузатиб турди.
Ташқарида кундошлардан бири Умринисабибидан нима қилиб юрганини сўраган бўлса керак, у кичкина даричани очиб, бир оёғини ўз ҳовлисига қўяркан, баланд овоз билан:
— Султонхон эртага меҳмон чақиртирмоқчи экан, шунга қарашиб берай, деб чиқиб эдим! — деди.
Бу баланд ва кескин овоз Султонхоннинг қулоғига жуда хуш ёқар эди...

* * *
Ашулачи қизнинг ўзлариникига меҳмон бўлиб келажагини эшитгандан бери мингбошининг ўртанчи хотини Пошшахон жуда хурсанд эди. Фақат эрининг шаҳарга кетиб, бедарак йўқолганига ачинарди, Шаҳарда бўлмасдан шу ерда бўлса, бир иш қилиб, шаҳарлик қизнинг овозини унга эшиттириш ва шу йўл билан кундошнинг устига кундош келтириш қийин эмаслигини яхши биларди. Эрининг хотинбозлиги эса бир унга эмас, бутун дунёга маълум эди. Зебини бир иш қилиб мингбошига олиб бериш устида ўзининг бурунги душмани, яъни катта кундоши Хадичахон билан иттифоқ бошлашдан ҳам тортинмасиди. Шунинг учун бўлса керак, бугунги нонуштани унинг уйида қилди, энг маҳрам сирларини айтган бўлиб, уни ўзига мойил қилдиришга уринди.
— Эрингиздан шу чоққача дарак йўқ-а? — деди у кулиб туриб.
— Ҳа, эрингиз шаҳарда қолиб кетди. Билмадим, яна битта-яримтага назари тушдимикин?
— Назарлари қурсин у кишининг? Ҳадеб туша берар экан-да...
— Сиз-биз "тушмасин", деганимиз билан тушмай қолармиди? Худо- ўзи тушадиган қилиб яратган экан-да.
— Худованди карим бу эркакларни мунча яхши кўрар экан, а...
— Ўзимиздан қиёс-да... Орамизда эркакни яхши кўрмайдиган ким бор?.. Нондан олинг! Қиёмга қараб ўтирсангиз-чи...
— Нон билан қиём ҳар кун бор. Бошқа дардлардан гапиришайлик.
— Нон билан қиём ҳар кимникида йўқ. Бу ҳам борникида бор. Шукур қилсак бўлади...
— Минг қатла шукурку-я... Ўз бошингиздан ўтган, биласиз, кўнгилни тимталаган бир нарса бор...
— Менинг кўнглим тимталаниб-тимталаниб, адо бўлган, айланай... Кўнглимдаги оловнинг қуруқ кули қолган, холос. Энди худонинг тақдири билан, менинг кунларим сизнинг бошингизга тушибди. Инсоф қилганда, айланай, бу кунни худо ҳеч бир бандасининг бошига келтирмасин. Нондан олиб ўтиринг...
Пошшахон ўз кундошининг бу гапларидаги аччиқ кесатмаларни тўппа-тўғри ўз бағрига бориб санчиладиган найзалар билиб ва сезиб ўтирарди. Чинакам, бир замон ўзи шу бечора хотиннинг устига кундош бўлиб келиб, унинг юрагини тимталаган, уни рашк ва кўролмаслик оловларида ёндирган эди. У вактда ўзи — кулди, очилди, қувонди, гердайиб, осмондан қараб қадам босди... Хадичахон эса эзилди, куйди, ўртанди, хўрланиб-хўрланиб аччиқ-аччиқ йиғлади. Фақат ҳали бўйида бўлмай туриб, ўзининг пешонасига ҳам кундош битди. Бутун ғурури синди, гердайиши поймол бўлди, севинчи сўнди, юзи сўлди, лаблари хазон рангига бўялди, умидлари узилди, оёқлари зўрға-зўрға судралиб жиладиган ҳолга келди. Султонхон келгандан бери унинг лаблари икки тиши орасидан чиқмас, кўзлари сал нарсага ёш олиб юборар, кўкрагидаги девлар ирғитган оғир тошлардан бири кўндаланг келиб ётарди... Дуруст, қорни тўқ, уст-боши жойида, қават-қават сарпо, оғир меҳнат йўқ... Лекин ёнгинасида бошқа бир юлдуз чарақлаб, кўзларини қамаштириб тургандан кейин бу давлатлардан нима фойда?
Хадичахоннинг бу ҳақли кесатишларидан кейин чўккан оғир бир жимлик ичида фақат оғизларгина қуруқ нонни чайнашдан чалоплар экан, Пошшахон бу нар-саларни ўйларди. Бугун ўзининг эски душмани олдида душманнинг ҳақ эканини иқрор қилиш, албатта, енгил эмасиди. Фақат нариги — кичик кундош, мингбошининг кумуш камарида энг аъло нақш бўлиб ёниб турганда, бу зарарсиз кундошинг ҳақлигини иқрор қилиб ва унинг синиқ кўнглини овлаш, шу билан уни қўлга олмоқ, ҳозир иккала хотин учун баравар кундош бўлган кичик хотинга қарши ўт очмоқ лозим эди. Бўшалган пиёлани чертиб, узатаркан:
— Айтганингиз рост, — деди Пошшахон, — айтган гапларингиз аччиқ бўлса ҳамки, рост. Бу тўғрида мен сизга ҳеч нарса деёлмайман, айниқса, мен келганда болалик эдингиз сиз... Биламан.
Кундошининг қўлидан совиброқ қолган бир пиёла чойни олди-да, бир-бир кетин икки-уч ҳўплаб, бўшалган пиёлани яна қайтарди. Сўнгра давом этди:
— У ёғини ўйлаганда, на сизда айб бор, на менда. Қайси биримиз бу одамга ўзимиз хохдаб тегибмиз? Ҳаммамизни ота-онамиз биздан сўрамай-нетмай узатган. Бизнинг кўз ёшларимизга ким қараган, дейсиз?
Шу ерда Хадичахон эътироз қилди:
— Йўқ, ундай деманг. Мен, ўзим хоҳлаб текканман. У вақтда куёвингиз ёш эди, мунча катта амалдор эмасиди, ниҳояти элликбоши эди. Биринчи хотинидан бола бўлмаган экан, икки-уч йил умр қилишганларидан кейин хотини ўлиб кетган. Мени олган вақтида: «Сен кўз очиб кўрганимсан», дерди... Менинг ҳеч бир нолийдиган ерим йўқ эди. Толеимдан хафа эмас эдим, бу орада мана бу Фазилат туғилди. Бола деган ота-онани бир-бирига боғлайди... Фазилат туғилгандан кейин мен жуда хурсанд эдим. Худди ўша пайтларда онам ўлди. Отам ҳажга кетиб, у ерда қолди. Шунча мусибатларни қийналмасдан ўтказдим. Нимага десангиз, уйимдан кўнглим тўқ эди...
Шу ерга келганда, Хадичахон кўзига ёш олди, шапалоқ гулли обиравон кўйлагининг узун енги билан кўзларини артди. Сўнгра ёшли кўзлари билан таш-қаридаги сўрида очиқ-сочиқ ётган ва бошига офтоб тушиб қолган Фазилатга қаради. Чойнакдаги сўнгги икки ҳўплам чойни қуйиб, бир ҳамлада ичиб битириб, чойнак-пиёлани нариги ёнига олиб қўйганидан кейин сўзида давом қилди:
— Бунингиз амалдор бўлгандан кейин айниди. Мингбошилик ёмон ҳовлиқтирди. Ўз қишлоғини ташлаб, бу ерга кўчди. Бу катта ҳовлини сотиб олди. Мана бу катта иморатларни солдирди. Боғ-роғ қилди, ер-сув кўпайтирди. Кўнгли бошқа савдоларга, ўзга кўйларга тушди... Бола ҳам кўзига кўринмади, хотин ҳам. Ёнига "ҳайбаракаллачилар" киришди. Хотин топадиган, маслаҳат берадиганлар кўпайишди. Бир ҳафтанинг ичида тўй қилиб, менинг устимга сизни келтириб қўйди...
Шу ерга келганда, Пошшахон чидаёлмади:
— Мен хоҳлаб келган бўлсам экан... Оёғимдан боғлаб, бир чўридай олиб келдилар. Туғилганимга, ёшлигимда касал бўлиб ўлиб кетмаганимга ўкина-ўкина келганман.
— Биламан, айланай, биламан... У ёғини сўрасангиз, бу аёл тоифасининг кўпи ота-онанинг зўри билан эрга тегади. Шундай бўлса ҳам сиз менга кундош бўлиб келгансиз-да...
— Келмай ўла қолай мен! Сизга кундош бўлиб неча йил, неча ойим роҳатда ўтди? Сиз-ку беш-олти йил роҳат кўрибсиз, армонингиз йўқ... Мен шўрлик бир йил ҳам яйраганим йўқ... Бир кечанинг ичида тўй овози чиқди-ю, эртаси қуни намозшомда Султонхон кириб келди... Ўлганим яхши эмасми бу кунимдан? Отам ўлгур мунинг ер-сувига, давлатига қизиқди, "ях"  деб туриб олди. Бу давлатлардан унга нима фойда?..
— Давлати қурсин, давлати!.. Энахоннинг келинбибисига рашким келади... Давлат асари йўқ. Рўзғорлари зўрға ўтади. Қўзичоқдай икки боласи бор. Эри ҳамиша ёнида... Кундош алами йўқ...
— Нимасини айтасиз...
Иккови ҳам жим бўлдилар. Бир оздан сўнг гапни яна Пошшахон бошлади:
— Мен чидолмайман асло, мен чидолмайман! Мен асло чидолмайман бу аламга!
Сўнгра жаланглаб теварагига қараб олгач, дастурхон устидан кундошига эгилиб, деди:
— Яна биттани олиб бериб, мана бу яшшамагурни қонқора қақшатсам... Кибру ҳаволарини синдирсам... Шаштини қайтарсам... Ҳовлиқишини боссам... Ундан кейин сизнинг дастурхонингизни солиб, қўлингизга сув бериб, қизингизнинг чокларини тикишиб, хизматингизни килиб ётардим! Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг!..
— Шу топда сиз аламзадасиз, ёлғон айтмайсиз...
Кундошлик оловлари, зотан, сўниб битган бу болалик хотинга кечаги душманнинг бу кунги хушомадлари ширин эшитилди, Султонхоннинг устига яна бири келса, демак, тўртинчиси бўлади ва кундошлик алами яна ҳам йироклашади. Шуни ўйлаб, Хадичахон кечаги кундошининг бугун ёрдам сўраб узатган қўлини қабул қилишга йўқ демас эди. Фақат Пошшахоннинг яна ҳам очиқроқ ва аниқроқ гапиришини, тўғридан-тўғри бирлик таклифида бўлишини кутарди. Кундоши кут-дирмади:
— Қарс икки қўлдан чиқар экан! Иккаламиз бир бўлсак, Султонни тузлаймиз. Ундан кейин кундошлик алами, сиздан икки погона, мендан бир погона йироклашади. Икковимиз ҳам хотиржам бўлиб, опа-сингил тутинамиз. Шу давлатни, қанча керак, ўз қўлимизга олиб, ўртада баҳам кўришамиз. Ёшлигимиз шамолга кетиб бўлди... Энди давлатдан бир нарса олиб қолайлик. Қариганимизда асқотади...
Хадичахоннинг кутган сўзлари шу эди. Зотан, у сўзлар унинг ўз кўнглидаги сўзларнинг худди ўзи эмасмиди?. Ўзи доим ёлғиз қолган вақтларида доим шу тўғрида ўйлаб, шу хил тилакларда бўлмасмиди? Демак, бугун иккала кундошнинг юраги бир зарб билан урибди! Иккала кундош бугун бир-бирларини англаб, бир-бирларига қўл узатибдилар! Мундан яхши нима бор? Бир киши қилолмаган ишни икки киши қила олади. Икки киши қилолмаганини уч киши қилади. Гап ўша уч кишининг бир-бирига қўл узатиб, маслаҳатни бир қилишида!
— Соз бир қизни тўғри қилсангиз, ҳали ҳам йўқ демайди у фосиқ! Ўйлашайлик, бўлмаса... — деди Хадичахон.
Кундоши бирданига ўрнидан туриб, унинг ёнига ўтди ва, худди жонажон ўртоқлардай, қўлини елкасига ташлаб, бетларидан ўпиб-ўпиб олди. Бу ўпиш риёкор ва алдамчи ўпишлардан эмасиди. Балки, аксинча, чинакам ва астойдил эди. Шу топда Пошшахоннинг бутун вужудини кундошлик олови ўраб олган, кўзлари оловнинг алангалари ила чақнаб ёнмоқда, икки юзи унинг ҳарорати билан қип-қизил чўққа айланганиди...
Шу осилиш ва ўпишлар билан ўзининг астойдиллигини билдиргандан кейин, Пошшахон ирғиб ўрнидан турди, югуриб бориб, эшик ва деразаларни қараб келди-да, деди:
— Ўйлаб ўтириш нега керак? Дунёнинг энг соз кизи ўз оёғи билан қишлоғимизга келиб ўтирибди... У қизнинг ўзини ҳам меҳмон қилиб чақирсак... тамом!
— Сиз кимни айтаётирсиз?
— Энахоннинг шаҳарлик меҳмонларидан Зебихон деган ашулачисини...
Хадичахон тан бергандай қилиб кундошига қаради-да, деди:
— Топибсиз-а!.. Эсингизга қойилман! У қизнинг таърифини мен ҳам эшитдим. Бало эмиш...
— Шундай бўлгандан кейин бизнинг ишимиз яна ҳам енгиллашади. У қизни эрингизга мақтаб эшитдирадиганлар биздан бошқа ҳам кўп топилади. Мен билан Султонни мақтаб едирганлар шундай қизни айтмади, дейсизми?
Ташқаридан йўталган овоз эшитилди. Сўрида ётган Фазилат ўрнидан туриб келаётир эди. Иккаласи ҳам бу суҳбатни шу жойда узиб, майда-чуйда рўзғор гапларига кўчдилар.
Бир оздан сўнг бет-қўлини ювиб, Фазилат кирди. У остонага қадам қўяр-қўймас, онаси:
— Бет-кўзингни ювдингми? — деб сўради.
— Ҳа! — деди қиз.
— Бўлмаса, ўчоқда кичик чойнакда чой бор, ола кир. Нонуштангни қиласан.
Қиз чойни келтириб қўйиб, дастурхонга ўтирар-ўтирмас, гап бошлади:
— Кечаси чарчаб келиб, ухлаб қолибман. Бўлмаса, сизларни уйғотиб, кўрганларимни гапириб берар эдим.
— Нималарни кўрдинг? — деб сўради онаси.
— Қани, гапириб беринг-чи, — деди Пошшахон.
— Нимасини айтасиз! Зебихон деган бир ашулачи келибди, овозини эшитсангиз, маст бўласиз!
Булар иккаласи бир-бирларига қарашиб, мийиғларида кулиб қўйдилар.
— Яна кимларни кўрдинг?
— Зебихон билан келган бошқа қизлар ҳам бири-биридан яхши, бири-биридан соз, бири-биридан очиқ, бири-биридан қувноқ...
Онаси, "пих-х" этиб, кулиб юборди ва эшитилар-эшитилмас қилиб:
— Поғонани яна ҳам нарига чўзсак бўлар экан! — деди.
— Нима деб ётирсан, ойи? — деб сўради қиз.
— Ҳеч, — деди онаси. — Ўзимча бир нарса дедим. Сен эшитмай қўя қол...
Бу ҳазилни ўртанчи хотин англаган ва қувониб кулиш билан муқобала қилган эди.
— Меҳмондорчилик қанақа бўлди? — деб сўради онаси.
— Ҳа, дастурхондан келинг, — деди Пошшахон.
— Камбағалнинг дастурхони нима бўларди? Нон, патир, майиз, ўрикқоқи... савзи қиём... Охирида зиғир ёғи палов... битта-яримта гўшт учраса бор, бўлмаса йўқ...
— Вой, ўла қолсин! — деди Пошшахон.
— Ҳа-я! — деди қизнинг онаси.
— Дастурхонга ким қарабди, дейсиз? — деди Фазилат. — Ҳамманинг ақли-ҳуши ўйинда, ашулада, қизларда, ҳалиги Зебихонда бўлди. То йиғин тугалгунча ҳеч ким жилмади. Ҳеч кимнинг жилгиси келмади. Ярим кечадан кейин қайтиб келдик. Биз келганда, ҳаммангиз донг қотиб ухлаган эдингиз...
— Дастурхони мунча ёмон экан, сен чақирмабсанда, меҳмонларни. Биз бу ерда қиёмат қилиб кузатардик...
— Шуни айтинг-а! — деди Пошшахон.
— Мен сиздан сўроқсиз чақиришга ботинолмадим. Икковимиз маслаҳат қилишдик, эртаги кунга Султонхон аям чақириб келди.
Иккала кундошнинг кўзлари бирданига, ўғил кўрганини хабар олган отанинг кўзларидай, равшан бир олов билан чарақлади. Кўз ҳимояси билан бир-бирларига севинчли хабар узатишиб олдилар. Иккаласи бир-бирини кўз учида қутлади.
— Султонхон аянг? — деб сўради онаси.
— Ҳа, Султонхон аям.
— Мунча эслик экан Султонхон аянг!
— Шунга ҳам эс керакми? — деди қиз. Хадичахон кўзларини айёрлик билан ўйнатиб туриб, кундошига қаради:
— Гапни эшитаётирсизми? — деди. — Эртага бизникига шаҳарлик меҳмонлар келишар экан! Султонхон ойим чақирибдилар. Султонхон ойим...
Пошшахон азалдан айёр бўлган кўзларига беш баробар равнақ бериб туриб, муқобала қилди:
— Мингбоши додҳонинг суйгулик хотинлари бўлганидан кейин нима қилса таъби-да! — деди у. — Ким нима дея оларди? Ҳадди борми, қалай?..
— Мунча эслик экан бу Султонхон аянг! — деб такрор қилди Хадичахон. — Мунча эслик экан!..
Икки кундош ўша айёр кўзлар билан бир-бирлари-га қарашиб, маънолик-маънолик кулишдилар.
Қиз бечора, бу кулишларнинг нималигини англаёлмасдан ҳайрон бўлиб, дам онасига, дам кичик бувисига қарарди...

* * *
Маълум базм кечасининг эртаси куни Энахон билан меҳмонлари қоронғи тушганда, меҳмондорчиликдан қайтиб келдилар. Меҳмон қилиб чақирган хонадон қишлоқнинг нариги чеккасида яшаганидан булар анча чарчаган эдилар. Зеби ҳаммадан орқада қолиб, қўлидаги насибани аравакашга бериб киргач, Энахоннинг онаси ўз қизини холи топиб, Зеби тўғрисидаги фикрни изҳор қилди:
— Бу Зебиниса ўртоғинг топилмайдиган қиз экан, болам. Бир раҳмдил, бир оқ кўнгил, бир илинчакки, бу замоннинг ёш-яланги орасида кам топилади. Шунча жойдан олиб келиб, шунча кундан бери пойлаб ётган бечора аравакаш болани бошқа қизларнинг биттаси ҳам эсга олмади, йўқламади. Доим йўқлаб, хабар олиб турган Зебихон бўлди. Ўзининг қўшниси бўлиб туриб Салтанатхон ҳам сира йўқламади...
Бу сўнгги жумлани кампир паст бир овоз билан ярим пичирлаб айтган эди, Энахон:
— Рост, ойи! — деди. — Зебихон ўртоғим бу тўғрида топилмайдиган, лекин...
Бу сўзларни айтиб туриб, Энахон ўзини тутолмади ва кулиб юборди. Кампир ҳайрон бўлиб:
— Нимага куласан? Ё билмай гапирдимми? — деди.
— Йўқ, — деди Энахон яна кулиб туриб, — жуда билиб гапирдингиз. Мен бошқа нарсани ўйлаб кулаётирман...
Қоронғида паранжи ёпиниб ўтирмасдан, рўмолини пана қилиб, аста-секин кириб келаётган Умринисабибини энг илгари Энахон кўрди, юзларида ҳануз ўша кулишнинг алангаси ила товуш бергани ҳолда, уни қарши олгали югурди. Зотан, Умринисабибига Энахондан бошқа ҳеч кимнинг даркори ҳам йўқ эди. Қизнинг қўлтиғига кириб:
— Юринг бу ёққа, айланай, сизга икки оғиз гапим бор, — деди.
Энахон уни айвонга таклиф қилиб, бир пиёла-ярим пиёла чой ичишга ва меҳмондорчиликдан келган қатламадан насиба олишга чақирса ҳам сира кўнмади. Иккаласи бирга ҳў... нариги, қўшни деворига яқинлашганларидан кейин Умринисабиби қизни тўхтатиб, деди:
— Айланай, қизим, бу гапни сизга қандоқ қилиб эшиттиришга ҳайронман. Орага тушмай ўлайин мен...
Бу муқаддимадан кейин Энахоннинг кўнгли совуқ бир нарса сезгандай безовта бўла бошлаган эди.
— Нима гап ўзи? — деб сўради у, товушида очиқ билиниб турган бир талваса билан.
— Мени Султонхон юборди...
Шуни айтгандан кейин Умринисабиби сўздан тўхтаб, қизнинг юзига қаради. Қизнинг юзи қоронғида унча очиқ кўринмаса ҳам, у ҳалиги сўзнинг қизга қандай таъсир қилганини англамоқчи ва шунга қараб сўз юритмоқчи бўларди. Қиз, яна ҳам орта тушган талваса билан, бояги саволни такрор қилди:
— Нима гап ўзи?
— Султонхоннинг онаси бирданига ётиб қолибди... Ҳали ҳозир отлиқ одам келиб, уни олиб кетди. Мен эрта биландан бери ўшаларникида ош-сувларига қара-шиб юриб эдим, бирдан мунақа ҳол бўлиб қолгандан кейин мени чақириб олиб, "Энди мен кетаётирман, ноиложман, тезлик билан бориб, Энахонга менинг уз-римни айтиб қўйинг", деди... Паранжимни ҳам ёпинмасдан, югуриб сизнинг ёнингизга чиқдим.
— Энди, эртага меҳмонларни чақириш йўқми?
— Султонхон ўзи бўлмагандан кейин ким ҳам чақиради? У ҳовлида ундан бошқа одамшаванда ким бор? Ўзингиз биласиз-ку, айланай...
Бу совуқ хабар Энахонга ёмон таъсир қилди. У нима дейишини билмасдан, ўйланиб қолди. Берган хабарнинг ёмон таъсирини кўрган Умринисабиби у таъсир-ни камайтирмоқ учун сўз тўқиб кўрди:
— Ўртоқларингиз омон-эсонлик бўлса, яна келишар-ку. Ўшанда Султонхон эртанинг ҳиссасини чиқармай қўймайди... Яхши бола у... Ётиғи билан Салтанат-хонга айтиб қўйсангиз, эслик қиз, ўзи тушунади...
— Гапни чўзиш нима керак, хола? — деди Энахон. — Бўлар иш бўлибди, менинг шўр пешонам экан, майли!
— Унақа деманг, айланай! Ҳали ёшсизлар, талай суҳбатларни, талай базмларни, талай тўй-томошаларни кўрасизлар. Султонхоннинг ачинганини айтмайсизми?
— Энди ачингандан нима фойда! Бўлар иш бўлибди... Майли энди.
— Бўлмаса, яхши қолинг, мен борай. Супралар, хамирлар шундоқ очиқ-чочиқ қолди. Бориб йиғиштириб қўяй. Кундошлари, ўзингиз биласиз, қайрилиб қараш-майд...
— Ўтириб кетардингиз...
Энахоннинг бу сўзлари лабининг учидан чиққан, муни Умринисабиби ҳам пайқаган эди.
— Яхши қолинг, бўлмаса! — деди Умринисабиби. Сўнгра айвон томонга бориб ўтирмасдан, девор бўйлаб тезгина кўздан йўқолди.
Энахоннинг кечадан бери тортган режалари ва қурган хаёллари бузилган эди. Энди севгили ўртоқларини кўнгилдагидек хурсанд қилиб жўната олмасиди. Ҳеч кимга ҳеч нарса демасдан, келинбибисини чақирди ва бўлган воқеани унга англатди. У ҳам Энахоннинг хафалигига қўшилди, лекин бошқа бирор илож кўрсатишдан ожизлик қилди.
Иккаласи жуда узоқ гаплашдилар, ҳар хил йўлларни ахтариб, ҳар турли маслаҳатни қилиб кўрдилар, ҳеч бири эпақайга келмади. Охирда, эртага эрта билан ҳалиги хабарни секингина Салтанатга билдирадиган, агар меҳмонлар ўзлари кетмоқчи бўлсалар, "йўқ" демасдан, уларга ижозат берадиган бўлиб, шу маслаҳатда тўхталдилар.
Фақат эрталабгача меҳмонларга ҳеч нарса демадилар. Улар борган жойларидан чарчаб келишиб, ўтирган ўринларида шундоққина узаниб қолган эдилар.
Эрта билан нонушта чоғида Энахоннинг онаси қизига қараб:
— Қизим, бугун меҳмонларингни Султонхонларникига олиб чиқарсан-а? — деб қолмасинми! Бу савол қизни ҳам, келинни ҳам шошириб қўйди, чунки кечаги хабар ҳали ҳеч кимга эшиттирилмаган эди. Уни нонуштадан кейин Салтанатхоннинг ўзигагина изҳор қилмоқчи эмасмидилар? Энди бу содда кампир у "дард"ни кўпчилик олдида очиб қўйди. Қиз, талвасасини беркитишга тиришгани ҳолда, келинбибисига қаради. Келинбибиси бу қарашнинг маъносини дарҳол англади ва кампирга жавоб қайтарди:
— Султонхонларники сал чучмал бўлиб турибди... Энди, меҳмонларимиз қаерни хохласалар, ўша ерга олиб борамизда... Бўлмаса, шу ернинг ўзида яна ёзилишиб ўтирамиз.
Кампир ўринсиз саволдан яна тўхтамади:
— Султонхонларники нега чучмал бўлади? Энахон билан келин энди ҳақиқатни очмоққа мажбур эдилар. Энахонга қараб олгач, келин давом этди:
— Султонхоннинг онаси бирдан нотоб бўлиб қолибди, қизини кеча олдириб кетган экан. Ўзи у ёқда, қандай бўлар экан, деб турибмиз.
Салтанат энди оғиз очди:
— Биз аравани қўштириб жўнасак ҳам бўлар эди. Шаҳарлик қизлардан иккитаси бу фикрга қўшилишди. Фақат Зеби Салтанатнинг елкасига туртиб, қулоғига секингина шивирлади:
— Мунча шошиласиз? Нимангиз қолибди шаҳарда? Неча йилдан бир келиб ҳам тузукроқ ёзилмайликми?
Шу вақтда, салом бериб, мингбошининг қизи Фазилатхон келиб кирди. Ёшлар уни ўринларидан туриб қарши олдилар-да, дастурхонга таклиф қилдилар. Қиз кўнмади, айвоннинг ёнгинасига келиб тўхтади-да, тик тургани ҳолда деди:
— Мен меҳмонларни айтгали чиқдим. Султонхон аям оналари касал бўлиб, кетиб қолдилар. Ойим билан Пошшахон аям меҳмонларни ўзлари чақирадиган бўлишди. Бугун кечқурун, албатта, чиқасизлар!
Сўнгра хайрлашиб, чиқа бошлади.
Уни то кўча эшигигача узатиб чиққан Энахоннинг бесаранжом кўнгли яна ўрнига тушган, ташвишлик юзларига севинч қизилликлари югурган эди.

V

Акбарали мингбошининг белида кумуш камари, ёнида кумуш сопли қиличи, устида зарбоф чопони бўлмаса, ҳеч ким уни амалдор демайди. Оддий кийимда кўрганлар ё оддий бир қишлоқ бойи, ё Еттисув билан алоқаси бор қўйчи, ё бўлмаса, яйлов томон билан иш кўрадиган туячи, деб ўйлайдилар. Чакка суяклари туртиб чиққан, пешона — бўйига тор, энига кенг ва ҳам узун-узун уч чуқур ажинга эга.. Бурун ўртача, лекин қаншари паст... Кўз қисилиброқ келган, парда томирларидан икки-учтаси ва ҳам иккала кўзининг бир ёнида жиндак жойи ҳамма вақт қизил, бир кўзида пича шапағлиқ асари ҳам бор... Ияк — кенг, жағ — сергўшт. Жуда сийрак бўлган соқол иякнинг ўртасигагина тўпланиб эчкиники сингари, пастга томон сангиллаб тушган. Ўзи қорароқ хотин учраб, бир чанг солса, ҳеч нарса қолмайди! Мўйлов ҳам соқол сингари сийрак. Уста Тўхташнинг «асирдийда» дўкати икки кунда бир қириб турганлигидан лаб устидан калта ва текис бўлса ҳам, умуман ўзи, ярмидан кўпи йиқитилган дарахтзор сингари, хунук кўринади, икки учида олтитадан ўн иккита узун қил, сичқоннинг думидай, ингичка бўлиб пастга чўзилган... Дўкат билан иккала томонга икки марта қўл тегизилса, у сичқон думларидан асар қолмайди, шу билан мўйлов масхарабоз кепатасидан чиқиб, одам нусхасига киради. Санъатига берилган уста Тўхташ таассуф берилган нарсани йиғиштириб қўйиб, «санъат—санъат учун» деган назардан қараб... Акбарали мингбошига мўйлов тўғрисида ҳалиги таклифни қилган бўлса-да, шундай катта бир амалдор ҳам халқнинг таънасидан қўрқиб, уста Тўхташнинг таклифини рад килди. Шу билан у масхара мўйловлар аянч бир кепатада сангиллаганча қолиб кетдилар... Мингбошини бу баланд даражаларга кўтариб, унинг воситаси билан ўз димоғларини ҳам чоғ қилиб турадиган шаҳардаги тўралар, унинг икки чаккасида сангиллаб турган у ингичка «кокил»ларни «икки осилганлар», деб пичинг қилардилар... Бу соддадил «сарт» амалдори мунингдек пичингларга тушунмаса ҳам, пичинг қилувчи тўраларнинг ўзлари машҳур рус адибининг  «Етти осилганлари»дан ҳам сўзда, ҳам ишда жуда яхши хабардор эдилар...
Акбарали мингбоши ўзи ёлғиз қолиб «виждони» билан қаршима-қарши келган вақтларида, Мирёқубнинг улуғ хизматларини инсоф билан эсга олар, унга ҳар тўғрида миннатдор бўлганини ўз «виждони» олдида иқрор қиларди. Чинакам, бурунги мингбошига яхши бир улоқчи отни бекорга олиб бергани учун элликбо-шиликка истиҳқоқ қозонганидан кейин, роса олти йиллик умри ўз қишлоғи билан мингбошининг маҳкамаси ўртасида дафтар кўтариб, от чопиш, қишлоқдан одам ҳайдаб чиқиб, катта йўлга сув септириш билан ўтди. Бу олти йилнинг мобайнида бир улоқчи отнинг эмас, неча улоқчи отларнинг ҳиссаси чиқарилган, бурунги беш-тўрт таноб ерга яна бир неча беш-тўрт таноб ер қўшилган бўлса-да, элликбошилик, ҳар қалай, меҳнат, уриниш ва югуриб-йўртишни талаб қиладиган амаллардан эди... Шу чун мингбоши бир йил куз фаслида Останақул бойнинг катта бир қовун сайил қилдирганини сира эсидан чиқаролмайди, Мирёқуб билан ўша сайилда учрашиб танишгани учун сайилни эсдан чиқаришга «виждони» йўл қўймайди...
Бу орада кўп нарсалар мингбошининг хотиридан фаромуш бўлганлар... У, фақат қовун сайилдан икки кун кейин Мирёқубнинг уйига икки арава қовун-тарвуз билан икки замбар узум, икки чораккина қайроқи буғдой юборганини эслайди. Агар хотираси янглиштирмаса, шундан кейин бирор ой ўтар-ўтмас, бир кун эрта билан кумуш камар боғлаб уйдан чиққанини, ундан бир кун бурун, кечаси дарвозаси олдида шон-шалопли бир миршабнинг пойлоқчи бўлиб чиққанини билади. Мингбоши бўлганидан кейин оз фурсатда Мирёқуб турган қишлоқдан ҳозирги ҳовлини сотиб олиб, у ерга кўчиб борди. Бошқа гаплар аллақачон эсидан чиқиб кетган...
Юртнинг кекса одамлари ўзаро сўзлашаркан, бу мамлакатда ҳеч бир хон ва хонваччанинг мунча узоқ юрт сўрамаганини сўзлайдилар. Маллахонлар, Худоёрлар, Насриддинбеклар юрт устидан баҳор булутлари каби келиб кетган эдилар. Акбарали мингбоши, мана, ўн уч йилдан бери шу маснадида ўтиради, давлати, обрўси, нуфузи тобора ошса ошадики, камимайди.
— Худо берган-да, худо! — дейишади кексалар. — Худоё «ол, қулим», деса, ҳеч гап эмас.
Шундайда баъзи бир ёш-яланглар:
— Худо ҳадеб шунақа инсофсизларга берар экан-да! Биз, бечораларга ҳам бир нарса узатсинчи! — деб қолишади.
Буни эшитган кексалар таёқ кўтариб, ёш-яланг устига югуришади, бечора ёшлар таёқдан ўзларини олиб қочаркан, бир-бирларига қараб пичинг отишади:
— Нимага қочасан? Худо сенга ҳам бераётир, олмайсанми?..
Юртнинг кексалари бутун бу давлат, ҳукумат ва улуғликнинг — бир оғиз гапини силлиқ ва ёқимли қилиб гапиролмайдиган содда ва тўнг одамга бирданига «насиб ва рўзи» бўлиб қолишида Мирёқуб аканинг катта ҳунари бор эканини яхши билишади. Шу учун Мирёқуб ака кўча-куйда кўринганда, унга бериладиган салом ва қилинадиган таъзимлар, мингбошиникидан кам бўлмайди. Фақат шу қадариси борки, мингбоши у ёқ-бу ёққа жуда кам юради, юрса ҳам миршабларини орқасига эргаштириб, кечаси юради; кундузлари бўлса, фақат шаҳардаги улуғвор чақиртирганда, зарбоф чопонларини кийиб ва татти саманни йўрғалатиб ўтади. Унга салом бериш ва таъзим қилишдан белларга оғирлик келмайди: чунки ойда бир, ўн кунда бир эгилиб қўйиш ҳеч гап эмас. Аммо Мирёқуб аканинг юриши кўп! У, аксари, пиёда юради, юрганда ҳам негадир шошилиб юради. «Ассалому алайкум!», деб дона-дона қилиб салом берсангиз, шошилганидан бўлса керак, «васс...», дебгина қўяди. Шу билан бирга, сиз томонга бўйнини қийшайтириб, жуда кичиклик билан алик олади, доим кулимсираб турган кўзларини сиз томонга қиягина бир ташлаб олиб, йўрғалаганича кетади... Жинқарчадай ҳаммавақт ва ҳар қайда кўриниб қоладиган бу «асл мингбоши»га салом бермоқдан белларингиз толади...
Дўконидан ҳар нарса топиладиган бир баққолга «фаранг баққол» деб ном қўйган кексалар ҳар ишда қўли бўлган бу одамга «Мирёқуб эпақа» лақабини бериб, хато қилмаганлар. Ўзлари ҳам бу лақабнинг тўғрилигини осонгина исбот қиладилар:
— У аралашмаган иш эпақага келмайди... Мингбошининг ер-суви шу қадар кўпки, ҳисобини ўзи ҳам билмайди. Лекин худо бу севгили қулига давлатни икки қўллаб узатса-да, фарзанд тўғрисида бир оз ўкситиб қўйган. Дарҳақиқат, катта хотинидан бўлган қизи Фазилатдан бошқа унинг фарзанди йўқ. Мунча катта давлат кимга қолади? Етти ёт бегоналарга, зурриёти йўқ аёлларгами?.. Мингбоши, мана шу амалга илож ахтариб бўлса керак, бир-икки йил ичида ёш хотин олди. Боладан дарак йўқ... Шу чун, баъзида, ўзи ёлғиз қолиб, меҳмонхонага беркинганида ва ҳатто ўз соясининг ҳам эшитмоқ эҳтимоли қолмаганда:
— «Бу қиз ўлгур ҳам бошқадан бўлмасин...» деб қўяди...
Мирёқуб унинг ёши анчага бориб қолганда, бундай хотинпараст бўлиб кетишига шу фарзанд хусусидаги ноумидлик сабаб бўлмадимикан? деб баъзи-баъзида ўйлаб қўяди. Бир кун нойиб тўраникида (уезд ҳокимининг ўринбосариникида) ичкилик қилиб ўтиришган эдилар, ичкилик қуйилмасдан олдинроқ нойибнинг онаси ўз неварасини олиб кириб қолди. У — тилла сочли, тарвуздай думалоқ, ўзи лўппигина ва оппоқ момиқдай бир бола эди. Мингбоши болани дарҳол қўлига олди ва, ўз ақидасича, «кофир»нинг ва «ўрус»нинг боласи эканига қарамай, маҳкам бағрига босиб ўпди... Бола мингбошининг башарасидан қўрққан бўлса керак, жон аччиғида йиғлай бошлаган эди... Болани олиб чиқиб кетдилар. Шундан сўнг мингбоши бир-бир устун қуйиб ича берди, ича берди... Мирёқубнинг имолари, ишоратлари, уй эгаларига эшиттирмай қилган танбеҳлари, ҳатто дўқлари... ҳеч бир таъсир қилмади. Мингбоши тамом маст бўлгач, «Болани олиб келинглар», деб сўради. Боланинг онаси бу бадмаст одамга ўз тўқлисини бермоқ истамас эди. Ниҳоят, мингбоши ялиниб-ёлвориб сўрамоққа мажбур бўлди. Ҳатто кўзларига ёш олди... Сўнгра нойибнинг амри билан болани уйғотиб келтирдилар. Фақат бу вақтда мингбоши ўзидан кетиб, диванга ағанаган эди...
Фарзанддан ва эсдан маҳрум, лекин ер-сув, пул ва бошқа бойликка кўмилган бу одамнинг бутун борлиги Мирёқубнинг қўлида эди. Ердан чиққан ҳосилнинг қанчаси ўз қўлига кириб, қанчаси Мирёқуб омборига тўкилганини мингбоши ўзи ҳеч қачон билган эмас. Керак бўлганда, мингбоши Мирёқубдан пул сўраб олар, ун, гурунч, гўшт, ёғ ва рўзғорнинг бошқа керакларини бўлса ичкарининг талабига қараб яна Мирёқуб тайёрлаб берар, шу учун жоннинг роҳатидан бошқани билмаган мингбоши ундан нарисини суриштирмас эди.
Мирёқубнинг топиши ёлғиз шу мингбоши орқали бўлса, унга «эпақа» номини қўйиш тўғри бўлармиди? Мирёқубнинг қилмаган иши йўқлигидан шу номни берган эдилар. Қишлоқда иккита баққоллик, битта қассоблик дўкони, гузарда иккита самовар бор. Билган одамлар бу беш муассасадан тўрти Мирёқубнинг кучи билан айланганини сўзлайдилар. Шаҳарда катта йўлнинг бўйига — қўрғон ташқарисига бир янги пахта заводи тушди, заводнинг каттакон бир пахта саройи ҳам бор-ки, пахта терим вақтида уч тарози билан пахта олади. Ана ўша заводга ҳам Мирёқубни шерик, дейдилар. Воқеан, унинг икки ғилдиракли сариқ файтончаси ва сариқ йўрғаси аксар завод олдида боғланган бўлади. Шаҳардаги катта банкалардан бирида «учёт қўмитаси»нинг аъзоси, ҳафтада бир мажлис ўтказади... Шу билан бирга, унинг бирор жойга чақа солиқ тўлаганини, бирор касбга бирор марта «қизил қоғоз» (патент) олганини ҳеч ким билмайди.
Мингбошининг бошига не қора кунлар келмади! Яхши адвокатлар томонидан битилган ғалати аризалар қандай терговчиларни келтирмади! Қандай зўр тўралар чақириб сўрамадилар! Ҳоким неча марталар ғазаб билан чақиртирмади! Ундай вақгларда мингбоши Мирёқубнинг таълими билан ҳамма саволларга «билмайман», деб жавоб берар ёки бирор айб-иснод қилинса, тониб тура берарди. Расмий сўроқлар бу хилда борганда, орқадан Мирёқуб ғайрирасмий йўллар билан сўроқ берар, бир-икки кун шаҳарда қолиб, қишлоққа қайтганида, мингбошининг устидан ҳар қандай оғир тоғ ҳам ағанаган бўларди. Мингбоши қайси бир тўраникига борса, Мирёқуб, албатта, биргалашиб боради; «бу нимага керак?» деб сўраган одам йўқ. Ахир, Мирёқуб амалдор бўлмаса, лоақал мингбошига мирза ё тилмоч бўлмаса, ўзи ўрус тилини тузук-қуруқ билмаса... нега мунақа мингбошининг кетидан элчиб юрарди? Нега?
Мирёқубнинг кўп умри мингбошиникида ўтади, ўзининг ҳовлиси ҳам шу қишлоқнинг ўзида-ку, лекин чеккароқ жойда. Кечалари унинг ҳовлисида бир-икки миршабнинг пойлоқчилик қилиб чиққанини гапирадилар, фақат муни ўз кўзи билан кўрган киши йўқ, бўлса ҳам очиб гапирмайди, ё... гапиролмайди!

* * *
Бир кун Мирёқуб нойиб тўранинг уйида эди. Бу сафар олиб борган ҳадяси тўрага ниҳоят даражада ёқиб кетган бўлса керак, тўра уни узоқ олиб ўтириб, кўп нарсаларни гапириб берди. Тўранинг тили чарчаб, Мирёқубнинг оғзида биринчи эснаш асарлари кўринган эдики, ташқаридан бир одам кириб келди. Икки томон ёқасига тилладан болға сурати ўрнатилган, новча бўйли, мош-биринч соқолли, хушмўйлов ва бир кўзи жиндак ғилайдан келган бу кулар юзли одам маъруф инженерлардан эди. Нойиб тўра билан бетакаллуф кўришди, Мирёқуб билан кўришиб ўтирмасдан, тўппа-тўғри столнинг тўғрисига ўтирди ва юмшоқ курсини бир қўли билан қаттиққина қимирлатиб кўргандан кейин, аввал билагидаги тилла соатга қаради, сўнгра «да-да» деб чўзиб қўйиб, курсига ўзини ташлади.
Шундан кейин нойиб тўра Мирёқуб томонга ишорат қилиб ва янги меҳмонга томон бурилиб:
— Бизнинг Мирёқуб билан танишмисиз, азизим?
Ноёб одамлардан! — дегач, у одам ўтирган ўрнида секингина бош силкиб қўйди.
Мирёқуб ғурурининг калтакланишидан келган бир заҳарханда билан кулди, инженер эса бурунги кулар юзини ҳам нўқталаб олди. Муни ноиб тўра яхши пайқади шекилли, Мирёқубга худди меҳрибон отанинг севимли боласига қарайдиган қараши билан илиқ ва мулойим кулиб қаради. Мирёқуб ҳам эрка ўғилдек муқобала қилди. Шу билан бу суҳбатнинг Мирёқуб аралашган кўринишларига парда тортилди-да, иккала билимдон сўзга тушди. Инженер, булбул сингари, сайрай кетди, сайрай кетди!
Мирёқуб адвокат халқининг маҳмадоналигини биларди бу одамнинг адвокат эмас, инженер бўлганини ҳам ажрата оларди. Шу учун бошда уларнинг тобора қизишаётган суҳбатларига у ҳам қизиқиб қаради. Кейинча тўра ҳам, — меҳмондан юқдими нима? — тилларини бурро қилиб сўзлашга, меҳмоннинг кўп даъволарини акси даъволар билан синдирмоққа тушиб кетгач, бизнинг Мирёқуб секингина қўл узатиб, столнинг бир четида турган катта бир китобни олди. Китоб сурат билан лиқ тўла эди, ҳеч шарпа қилмасдан, уни битта-битта варақлай бошлади.
Тўра Мирёқубни унутди, гўё у бу ерда йўқ каби... Инженернинг оғзидан, баъзи-баъзида сартларга оғир келадиган сўзлар чиқиб кетганидагина, тўра бояги қараш билан Мирёқубга қараб қўяр, лекин ундай фурсатларда унинг икки кўзи китобда бўлса ҳам икки қулоғи, аврашга тушган илондай, диккайганини тўра билмас эди.
Узоқ чўзилган бу суҳбатда Мирёқубнинг қулоғи бир марта жуда ғалати диккайди, ҳатто унинг қоп-қора чиройли кўзларида аллақандай сеҳрли оловлар ёнди. Унинг боши ҳам китобдан кўтарилиб, юзларидан енгил бир қизиллик ёйилиб ўтди. Ўша жойда сартларни камситадиган гап ўтмаганлигидан бўлса керак, тўра ҳам узр сўраган қараш билан Мирёқубга қарамади. Иккала суҳбатдош ўша жойда Мирёқубнинг қулоқларини диккайтирган сўзларни унга ва у мансуб бўлган халққа алоқасиз бир нарса деб қарадилар, шекилли, худди Мирёқуб шу ерда бўлмагандай, ўз ораларидагина ўтказиб юбордилар...
Инженер туриб чиқиб кетгандан кейин Мирёқуб ўрнидан турди ва кетишга ижозат сўради. Тўра у билан хайрлашаркан, инженернинг бояги камситишлари учун яна-тағин узр сўраган бўлди. Мирёқуб фақат кулибгина қўйди, бошқа ҳеч нарса демади. Тўра бу кулишни Мирёқубнинг хурсанд ва рози эканига йўйди ва кўнгли ўрнига тушди.
Фақат Мирёқубнинг кўнгли бир неча кунгача ўрнига тушгани йўқ. Бир инженернинг (у, ахир, нойиб тўра сингари катта амалдор эмас!), ниҳояти бир инженернинг бир-икки марта сартларни камситиши Мирёқубни шунча безовта қилдими? Йўқ, унақа камситишлар ҳар қадамда бор! Ҳаммасига безовта бўла берса, Мирёқуб бечора тўрт кунда сил бўлиб қолмайдими? Йўқ, йўқ! Камситишлар ўша оннинг ўзидаёқ унутилган, ўтган йилги қордек эриб йўқ бўлган, баҳордаги ёмғир каби асари ҳам қолмаган...
Инженер ўша суҳбатда янги — ҳали сир бўлган бир хабарни айтиб эди: шу шаҳардан бошлаб фалон-фалон жойларга поезд йўли тушар экан. Бир ширкат планларини Петербургдаги катта маҳкамаларга топширган, улар тасдиқ қилишга ваъда берганлар. Аллақайси бир банкка пул бермоқчи бўлган, текшириш учун яқин орада инженерлар чиқар экан. Иморат — бино ишларига ўша инженерни чақирганлар.
Мирёқуб поезднинг қаерлардан ўтишини билиб олган эди. Ўша суҳбатда унинг қулоғи бир диккайди, жуда ажойиб диккайди, лекин! Ана ўшанда поезднинг ўтиш жойларини миясига жойлаштирган эди.
Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас, безовталик ҳаракатга ва ишга айланди. Бир ойга етар-етмас, ўша келажак поезд йўли бўйларидан Мирёқуб жуда кўп — бир неча юз десатин ер сотиб олди. Ерларнинг ҳаммаси деярлик сувсиз, нообод, ташландиқ ерлар эди. Шунча кўп ерга қанча оз пул кетди. Кўплар бу шошилиш савдони бил-мадилар; билганлар Мирёқубни «жинни бўлибди», дедилар.
Ширкат поезд йўли солишга ижозат олиб, тайёргарликларга киришгандан кейингина, Мирёқуб қилган ишини нойиб тўрага айтди.
— Сен худди бир америкаликка ўхшайсан, Мирёқуб! — деди тўра. — Лекин кўнглингга оғир олма, чакки шу сартия ичида туғилиб қолгансан!
Мирёқуб кўнглига оғир олиш тугул, бу гапга севинди балки, юзларига яна ўша енгил қизиллик югурди.
Янги йўлнинг аллақайси бир жойида кўз илғамас бир чўл бор эди. Чўл, қуп-қуруқ чўл... Сув — пастда, чуқурда. Атрофдаги деҳқонлардан баъзилари у ерни экин ерига айлантириш учун турли даврларда якка-якка уриниб кўрган, лекин ҳамма қилган меҳнатлари бекор кетиб, у ердан хафсалалари пир бўлганди. Ҳали ҳам у чўлда унумсиз қолган одам меҳнатининг асарлари, тўғриси, харобалар кўринади: ариқлар, экин, поллари, марзалар, бир неча туп қуриган тут дарахтчалари...
Мирёқуб оз пул, кўп усталик сарф қилиб ўша чўлни ўз номига ўтказди. Фақат бу вақтларда поезд йўлининг режалари тортила бошлаганлигидан, одамлар Мир-ёқубни «жинни» демадилар, балки «бу — бир нарсани билиб қилади», дедилар.
Поезд йўли солиниб битмасдан туриб, у чўлга неча тегирмонлик катта сув чиқди. Аввало ўз чўнтагининг, қолаверса, отахон мингбошининг ёрдами билан чўлнинг ўртасидан катта бир ариқни ўтказиб қўйди. Шундан кейин ерсиз деҳқонларга чек бўлиб бера бошлади. Кўп ўтмай, у ерда бир қишлоқ пайдо бўлди ва сув чиқарган одамнинг шаҳардаги отахони номига аталиб «Парпи чеки» бўлди (нойиб тўранинг номи Фёдор, сартлар «Парпи тўра» дейдилар.) Кейинча чўлнинг бир четига поезд станцияси тушди, ёни-берига чойхоналар, дўконлар, саройлар солина бошлади. Поезд йўли очилгандан кейин ўша жойдан пахта заводи учун ер танладилар. Болгариялардан иборат уч кишилик бир ширкат яна ўша жойдан анча ер сотиб олиб, каттакон бир мевалик боғ ва зўр бир сабзавот полизи вужудга кел-тирди.
Ҳар қалай, поезд ўтгандан кейин, бир неча йил орасида Мирёқубнинг қўлида жуда оз ер қолди, ҳаммаси ҳар кимга ўтиб кетди. Мирёқуб ерни унча севмайди, ер қўлдан чиқса, хафа бўлмайди. Шунча ер қўлдан чиққан бўлса, унинг бараварига қанча давлат қўлга киргандир, муни худо билади-ю худонинг севимли бандаси қоракўз Мирёқуб билади!..

* * *
Мингбоши ўзининг рус мирзаси Соколов, иноқ миршаби Мирзабоболар билан бирга саман йўрға устида ўз дарвозасига келиб тўхтаганда, қоронғи тушган, кўчада ўйновчи болаларнинг оналари эшик тагига чиқиб, «Бемаҳалда бас энди», дея тергай бошлаган эдилар. Мингбошининг оти тўхтар-тўхтамас, ташқаридаги миршаблар югуришиб бориб, дарвозани очдилар, катта дарвозанинг бир қанотидан чиққан ингичка қийтиллаш овози муаззинларнинг хунук ва қўпол товушларига қоришди... Бу овозлар орасида болаларига қовушган сигирларнинг оғир мўлашлари билан оналарини соғинган бузоқларнинг эрка маърашлари мунгли ва ёқимли эшитиларди. Мингбоши, отдан тушар-тушмас, сўради:
— Мирёқуб келдими?
Мингбошининг мусулмон мирзаси Ҳакимжон қўл қовуштириб туриб, жавоб берди:
— Ҳа, шу ерда. Меҳмонхонада ухлаб ётибди. Мингбоши ўзидан хурсанд, кулди:
— Ноинсофнинг кеч кирганда ухлашини қаранг! Бор, уйғотиб чиқ!
Икки миршаб мингбошини ечинтирмоққа бошлади. Мингбоши ҳали ҳам бояги кулишида давом этарди:
— Оббо бетавфиқ-ей. Намозшомда ухлаганини! Меҳмонхонадан кўзларини уқалай-уқалай Мирёқуб чиқиб келди. У, ҳали айвондан тушмай туриб:
— Ҳорманг, хўжайин! — деб қичқирди. Мингбоши яна ўша кулиш билан ўтирган жойида унга томон эврилди:
— Ҳа, худо бехабар! Нима бу бемаҳал уйқу?? Намозшом пайтида-я!
— Ҳа, хўжайин, шунақа... Сизни кутиб ўтириб, ухлаб қолибман.
— Қачон келиб эдинг?
— Кеч пешинда. Шундан бери йўлингизга кўз тутиб ўтирибман.
— Қани ўтирганинг? Уйқуни урибсан-ку! Қани, нима гаплар бор? Янги гаплардан гапир.
— Янги гапни сиздан эшитамиз. Шаҳарда эдингиз. Кимларни кўрдингиз?
— Кимни кўрардим? Нойиб тўрани кўрдим.
— Нима гап экан?
— Нима гап бўларди. Берироқ кел! Мингбошининг бу амри билан унга томон бораётган Мирёқуб миршабларга ишорат қилди, улар узоқлашдилар. Шундан сўнг мингбоши овозини пасайтириброқ сўзлай бошлади:
— Қумариқнинг пайновидаги деҳқонлар менинг устимдан ариза берганга ўхшайди. Афтидан: «Ҳамма сувни мингбошининг ерлари ичади-ю бизга тегмай қолади. Шунақа қилиб, неча йилдан бери экинларимиз қуриб кетаётибди», деб арз қилишганга ўхшайди. Нойиб туранинг сўзидан шу маълум бўлади...
Шу ерга келганда, мингбошининг қовоғи солина бошлаган эди, қисиқ кўзларининг тез-тез юмилиб парпираётгандай бўлганини Мирёқуб ҳам пайқади.
— Хўжайин, — деди у, — хотиржам бўлиб, битта-битта гапириб беринг! Ҳеч боқиси йўқ.
Мингбоши унинг бу сўзларига қунт қилмасдан, забтлик бир овоз билан сўради:
— Кимнинг иши бу? Қани, айт-чи!
Мирёқуб мингбошининг ҳеч бир сўзини бирданига қайтарган одам эмасди. Шунинг учун бу сафар ҳам, эски одатича, айланма йўл билан жавоб беришга бош-лади:
— Кимнинг иши бўлса ҳам билмай қўймаймиз. Илгари нойиб тўранинг муомиласини, сизга нималар деганини гапириб беринг.
— Қайси, хотин талоқининг иши, дедим мен сенга! Мингбоши овозини бир оз кўтара тушган эди.
— Нойиб тўранинг гапидан билинади ўзи, — деди Мирёқуб. — Сиз бўлган гапларни айтиб беринг!
Мингбоши яна ҳовуридан тушмаган эди. Шундай бўлса ҳам ўша жоҳил овози билан Мирёқубнинг саволларига жавоб берди:
— Нойиб тўра айтади: мен сени яхши биламан, дейди. Сен фуқарони яхши кўрадиган одамсан, дейди. Башарти, аризада битилган гаплар рост бўлганда ҳам сени айблашга кўнглим бормайди, дейди... ерларингга қарайдиган мутасаддилар шундай қилса қилишгандир. Ўшаларни чақириб, тайинлаб қўй, сенинг ерингга икки-уч марта сув берганда, бир-икки марта уларникига ҳам бериб қўйсин. Одамларнинг экинини қуритиб юбориш яхши эмас, дейди. Билдингми энди ариза берганнинг кимлигини? Қани, айт-чи?
— Бу гаплардан ҳали билиб бўлмайди. Бошқа гапларини айтинг!
— Бошқа гапи йўқ. Бўлса ҳам эсимда туради, дейсанми?
— Ўйланг. Мен унинг ҳамма гапини билишим керак...
— Билсанг билақўй: ўша тарафларда Ёдгорхўжа, Умаралибой деган обрўйли одамлар бор, дейди; уларнинг ҳам кўпгина ер-сувлари бор, яхши эмас, дейди. Қора фуқаро бўлса — иш бошқайди, дейди, фуқаронинг гапига қулоқ солмайман... Аммо-лекин юртнинг эсли, обрўйли одамларини хафа қилманглар, дейди...
— Ана, холос, кўриниб турибди: ариза берганларнинг бошида Ёдгор эчки билан Умарали пучуқ турар экан! Нойиб тўра оп-очиқ айтиб берибди.
Мингбоши кулди:
— Эсингга қойилман, бетавфиқ! Шунча эсинг бор-у намоз ўқимайсан!
— Сизга эргашиб, шундай бўлдим-да! Мингбоши энди жуда ёйилиб кулди:
— Оббо, бенамоз-ей! Гапдан тоза берган сенга худо! Шайлайсан, шайлайсан!
Яна овозини пасайтира тушди:
— Ёдгор эчки билан Умарали пучуқнинг бир одобини бермасам, кўнглим тинчимайди. Бир иложини қил! Сенга айтаман!
— Хўп, хўжайин! Шошманг, мен яна бир суриштирай.
— Суриштиришнинг нима кераги бор? Ўшалардан бошқа ким қилади?
— Эҳтиёт шарт, хўжайин! Одоб бериш қочмайди... Масаланинг тагига етайлик, балки бошқа гаплар ҳам чиқиб қолар...
Мингбоши бу сўздан шубҳага тушди:
— Нима дединг?! Бошқа гап ҳам чиқиб қолади, дедингми? Бу нима деганинг?
— Эҳтиёт шарт, дейман мен! Эҳтиёт! Яхшироқ суриштирсак, яхшироқ биламиз-да, ахир! Сизнинг ишингиз бўлмасин, мен ўзим икки кунда тагига етиб, сизга арз қиламан.
— Ҳа, майли, суриштир! Судрама лекин! Ҳа!.. Мингбоши шу жойда ўзининг Мирёқубга эътимодини кўрсатмоқ учун унинг елкасига уриб-уриб қўйди.
— Бўлди хўжайин, хотиржам! — деди Мирёқуб. Иккаласи ҳам жим бўлдилар. Бир оздан сўнг минбоши миршабларга қараб бақирди:
— Ким бор, ҳой! Ҳакимжон югуриб келди:
— Бор, овқатдан хабар ол! Қорин очди! Ҳакимжон югуриб ичкари томонга кетгач, мингбоши Мирёқубга юзланди:
— Қани, гапир энди, сен нима хабар топиб қўйдинг? Мирёқуб дарҳол жавоб берди:
— Тўй.
Мингбоши бу биргина, лекин кутилмаган сўзга бир оз ҳайрон бўлди. —Тўй?
— Ҳа, тўй!
— Нима тўй? Ким тўй қилибди?
— Мен тўй қилмоқчиман...
— Сен? Кимга?
— Сизга!
— А, бенамоз-ей! Менга?
— Ҳа, сизга.
Мингбоши бирдан гапнинг суръатини тортди:
— Қўй энди, битта-битта гапириб бер: нима гап ўзи?
Мирёқуб яқин ўтириб, сўзлай бошлади:
— Шаҳарда бир худо бандасининг иккала дунёга арзийдиган бир қизи бор экан!
Мингбоши эркин-эркин кулди:
— Тавба де, бетавфиқ! Астағфурулло, де! Мирёқуб «астағфурулло» ўрнига уят бир сўз айтди.
Мингбоши беш баттар ёйилиб кулди.
— А, баттол-ей! О, баттол-ей! Худо урди сени! Худо урди энди!.. — деди у.
Мирёқуб аста-аста давом этди:
— Ўзи ўн беш-ўн олтида экан... Жуда етилган вақти...
— Унақа етилганлар қишлоқда ҳам кўп.
— Унинг бошқа бир хосияти бор экан...
—   Хўш?
— Жуда яхши, булбул сингари ашула қилар экан. Овози Довуд пайғамбарники сингари, дейдилар...
Мингбоши яна кулди.
— «Саллала», де, бетавфиқ! «Саллала», де!
— Қазосини айтаман бир йўла! — деди Мирёқуб, сўнгра давом этди:
— Шуни сизга олиб берай, дейман.
— Одамлар айта беради. Ўзинг эшитдингми овозини?
— Йўқ! Менинг хотиним, қизим эшитиб, ҳар кун мақташади. Ҳамманинг оғзида шу...
— Одамларга ишонма, дедим-ку. Бу одамлар тегирмончи Шамсидинни ҳам яхши қўшиқчи, деб ер-кўкка сиғдирмай мақгайдилар. Овозини эшитгандирсан? Эшак ҳанграса, ундан аъло...
— Хўжайин! Ўзингиз бир эшитсангиз эди...
— Бўлмайдиган гапни гапирма!
— Нимага бўлмасин? Қиз ўзи ҳозир шу ерда, қишлоғимизда. Катта хотинингизга айтинг, меҳмон қилиб чақирсин. Эшитасиз...
— Қишлоқда? Кимникида?
— Холматникида.
— Шу Холматникида? Шу ўзимизнинг Холматникида-я? У бечора очидан ўлолмай юрибди, меҳмон чақириб нима қилар экан? Битини бериб боқадими!
— Шунинг учун сиз чақиртирсангиз, Холмат ҳам хурсанд бўлади, меҳмонлари ҳам.
— Ундай бўлса, мен катта хотинимга айтайин, чақиртирсин. Эшитайлик...
Мирёқубнинг қулоғига эгилди
— Каттанинг рашки келмас-а? — деди.
— Энг кичигидан бошқа ҳеч қайсисининг рашки келмайди. Ҳар қалай, катта хотинингиз эслироқ.
— Йўғаса, — деди мингбоши ўрнидан туриб: — мен бир ичкарига кириб чиқай. Овқатдан шу чоққача дарак бўлмади. Сен ўтиратур, кетиб қолма!
Ичкарига томон аста босиб юра бошлади. Ҳали ҳам, бояги одатича, хурсанд бўлиб кулар ва бирушта:
— Оббо, бетавфиқ-ей!.. — деб сўзланарди. Мингбоши ичкарига кириб, катта хотинини чақирганда, меҳмонлар Пошшахоннинг уйида сертакаллуф бир дастурхон устида эдилар. Дастурхон солиб хизмат қилишмоқ учун чиққан Умринисабибини бир нарсадан гумонланиб Пошшахон қувиб чиқарган: у Зебининг бошига келажак фалокатни унга ёки унинг яқин ўртоқларига қандай қилиб айтишини билмасдан, ўз уйида парвона сингари айланарди. Пошшахон билан Ха-дичахоннинг бошлари осмонда. Султонхоннинг катта, даранглаган уйлари бўм-бўш, ўзи бу ҳангомалардан хабарсиз, дуторчи қизлар ҳалитдан дастурхон йиғилмай туриб, дутор созламоқда эдилар...
Мингбошининг чақириғига бирдан иккала хотин «лаббай!» деб югурди. Фақат мингбоши катта хотинига имо қилиб:
— Биттанг кел! — деди.
Пошшахон орқага қайтди, лекин бу суҳбатдан кўнгил узолмасдан, яқин бир жойга беркиниб турди...
Мингбоши одатда хотинларга калта гапирар, улар билан эзилиб ўтиришни ўз эркаклик шаънига сиғдиролмас эди...
— Холматникига келган шаҳарлик меҳмонларни чақиртириб, яхши бир зиёфат қилинглар, — деди у. — Шаҳардан келиб, Холматнинг қуруқ нонини еб кетса, яхши эмас!
Сўнгра Хадичахоннинг жавоб беришини кутиб ўтир-масданоқ:
— Овқатинг нима бўлди? — деб сўради. — Жадаллат! Қорин оч!
Хадичахон мулойим кулимсиради:
— Меҳмонлар бизникида, шу учун овқатимиз бугун кечроқ бўлади. Мен сизларга нон-чой чиқараман.
Мингбоши меҳмонларнинг ўз уйида эканини эшитиб, ҳайрон бўлди:
— Меҳмонлар шу ерда? Қачон келишди?
— Намозшомга яқин.
— Яхши, яхши.
Бир оздан сўнг яна такрор қилди:
— Яхши. Яхши... Сўнгра бирдан:
— Ашулачиси борми, йўқми? — деб сўради.
— Бор, — деди Хадичахон.
— Ашула қилганда, мени чақиртир! Дурустми? — шу сўзни айтгач, хотинининг жавоб беришини кутмасданоқ, бурилиб, ташқарига томон юрди.
Бутун умрларида деярлик бундай сертакаллуф зиёфатни кўрмаган ёш қизлар такаллуфга яраша бетакаллуфлик билан, ўлгудек қутуриб, ўйин-кулги қилдилар. Ҳориб-чарчаб, зўрға-зўрға оёқ ташлаб қўшхоналарига қайтган вақтларида, ярим кечадан анча ўтиб қолган эди. Уйда қолган икки кампирга — саҳар туриб, аравани қўштиришга буюрдилар-да, ўзлари кўзларини юмар-юммас, оғир уйқуга кетдилар. Булар ёшликнинг бепарво қучоғида, маъсум гўдаклардай, ҳар нарсадан хабарсиз, тўлиб-тошиб ухларкан, сўри томон икки кампирнинг ташвишли бир ун билан, алланега бесаранжом бўлиб пичирлашгани эшитиларди.
Уларнинг бири ўзимиз билган Умринисабиби бўлиб, севимли Зебининг ёш умрига қасдланган ёмонлар тўғрисида гапирарди...
* * *
Тонг ёришмасдан йўлга тушиб, қишлоқдан чиқар-чиқмас ашулани баланд қўйган Зеби неча йиллик ғам-ташвишлардан тўрт-беш кун ичида ортиғи билан ёзи-либ келаркан, ўз орқасида ўйнаётган ўйинлардан хабарсиз эди. Кечаси Умринисабибидан Зеби тўғрисидаги ташвишли хабарни эшитганидан кейин Энахоннинг онаси меҳмонлар жавдишган вақтда Салтанатни бир чекага чақириб, ҳалиги хусусда огоҳлантирган бўлса-да, Салтанат бу қадар ёйилиб ва қувнаб бораётган ўртоғини хафа қилмаслик учун унга ҳеч нарса демасликни эп кўрди. Салтанат у тўғрида бу ёш қизга гап очиб, унинг ёруғ таъбини хира қилмасдан, ўз онаси орқали Зебининг онасига эшитдириб қўймоқчи бўларди. Мингбошиникида жуда сертакаллуф зиёфат еган бу ёш қиз зиёфат берган жувонлардан жуда миннатдор бўлмоқ билан бирга, шундай қари ва ниҳоят даражада хунук одамга, яна кундош устига, тушиб қолганлари учун уларга чин кўнгилдан ачинарди. Салтанат билан бирга Зебининг ўзи ва бошқа ҳамма қизлар мингбошининг давлати ва обрўси тўғрисида қанча мақтов эшитган бўлсалар, унинг бадбашараликда ҳам тенгсиз бўлгани тўғрисида ўшанча ваҳимали сўзларни тинглаган эдилар. Қизлардан ҳеч бири мингбоши хотинларининг давлатига қизиқмаган, уларнинг толеларига кўз олайтирмаган, у давлатлар тўғрисида ўзаро гап очилганда, очиқ жирканиш билан, «Давлати бошидан қолсин!» дея қичқирган эди. Салтанат қизларнинг ашулаларига қўшилмасдан, ўз олдига оғир-оғир ўйлаб бораркан, ўзини хаёлида — бир нафас учун мингбоши хотинларидан бирининг ўрнига қўйиб қаради... Устида гўё хонатлас қўйлак, Хитой товардан калтача, тоза беқасам камзул, қимматбаҳо шоҳи рўмол, амиркон кавиш-маҳси... Кенг ҳовлида, даранглаган айвонлар ва сўлум уйларда, одамни чиройли қилиб кўрсатадиган қалин тошойнакларнинг қаршисида... Тилла билак-узуклар, ёқут кўзли узуклар, хина билан чўғдай ловуллаб турган бармоқдар, сурмали кўзлар... Хонтахта устида анвойи ноз-неъмат, турли-туман мева-чева... Турган сари юмшариб, пиша борадиган ва пишган вақтида оғизга солса, эрийдиган ноклар... Қуванинг йирик донали ва нордон анорлари... Ҳалиги нокнинг энг тўлганини олиш учун дастурхонга қўл узатар экан, қўлини бошқа бир қўл келиб ушлайди... Унинг ҳам қизлик ҳаваслари уйғонади, юраклари мулойим ва ёқимли бир талваса билан дук-дук ура бошлайди: икки юзи дастурхон устидаги анор сингари қип-қизил бўлади... Энди у ўзининг «мингбоши хотини» бўлганини унутган, ёшликка хос кенг хаёл қучоғида бошқа оламларга ўтган эди. Унинг қаршисида ўткир ва серҳавас кўзларини ўйнатиб, ёш бир йигит турган каби бўларди... Бу қўл, албатта, ўша йигитнинг оч ва қайноқ қўлларидан ўзга эмасди... ниҳоят, ёш қиз ёш йигитга томон астагина қайрилади ва қайрилган ҳамон ўзидан кетиб қичқиради:
— Мингбоши!!!
Мунинг ҳолидан бехабар ашула қилишиб бораётган қизлар бу қичқириқни эшитгач, чўчиб тушдилар.
— Вой, нима бўлди сизга, Салтанатхон? — деди Зеби.
Қизлар Салтанатни ўртага олдилар. У эса икки қўли кўксида, ранги ўчган, ўзини Зебининг қучоғига ташлади. Сўнгра аста-секин кўзини очгач, ҳаммага бир-бир қараб олди; унинг бу қарашларида оғир бир ҳорғинлик бориди... Кейин кўзлари Зебига тикилди, энди у кўзларда айбини яширган бир гуноҳкорнинг қарашлари телмирарди.
— Нима бўлди сизга, Салтанатхон? — деди яна Зеби.
Салтанатхон жавоб ўрнига қўлларини кенг очиб, Зебига ташланди ва:
— Зебихон! Жоним Зебихон!! — дея уни маҳкам қучоғига олди...
Қизлар ҳайрон, ҳаммасининг кўзи уларда.
Салтанатнинг «мингбоши...» дея қичқириши билан баробар аравани тўхтатган Ўлмасжон от устида орқасига қайрилиб — қандай ҳодиса бўлганини англаёлмасдан — танфиқош назарлари билан қизларга тикилган эди. Икки қизнинг бир-бири билан қучоқлашиб, «айланай, ўргилай» қилишлари ҳали-бери тугалмайдиган бўлгандан кейин елкасини қоқиб, яна олдинга ўгирилди ва астагина «чўх» деб отини қамчилади. Сўнгра, у кичкина бир анҳорнинг кечигидан кечаркан, отини суғоришга тўхтаган вақтида Зеби билан бирга Салтанат ҳам шарақ-шарақ гапга тушган эди.
Шаҳарга киргандан кейин қизлар ўз уйларига яқин жойларда битта-битта туша бошладилар, шу билан сафар охирида Ўлмасжоннинг Зебидан бошқа йўлчиси қолмади. Кўнгилларидаги ажиб ҳисларни бир-бирига билдирмоқ учун ҳали фурсат тополмасдан энтиккан бу икки ёш энди ўн-ўн беш минут холи фурсат топганла-рида, ортиқча талвасага тушган юраклари дастидан нима дейишларини билолмай энтикардилар... Униси ҳам, буниси ҳам бир оғиз гап айтолмади. Икки ёш кўнгилнинг шу топда кичкинагина бир тилаги бўлса, ҳам — бир-икки маҳалла ўтгач, етиладиган ҳовлининг яна бир неча маҳалла нарига чўзилиши, ё бўлмаса, кексалар айтгандек, «ер таноби»нинг пичагина чўзилмай туриши эди. Ҳолбуки, шаҳарга, ўзига ошна жойларга, ўз отхонаси бор ерларга келганини пайқаган ва қорни очқай тушган от, ошиқ-маъшуқнинг кўнгил тилакларидан бехабар, қадамини илдамлатар, «ернинг таноби» ўзидан-ўзи тортилиб борарди...
Арава Зебилар масжиди олдига етганда, Раззоқ сўфи бир неча киши билан бирга, бошқа бир аравада қарши томонга ўтиб кетди.
— Отам бирор жойга кетаётганга ўхшайди, — деди Зеби қувонганини яширолмай.
— Йироқроқ сафарга ўхшайди. Оқ йўл берсин! — деди Ўлмасжон ва юмшоққина кулди.
Шу чоғда Зебининг кўнглидан оғир бир тоғ кўчган эди.

VI

Салтанатнинг онаси Зеби тўғрисидаги ташвишни унинг онасига астагина эшиттириб кетганидан кейин, бир кун ўтиб, Раззоқ сўфи қишлоқдан келди.
У эшиқдан кирар-кирмас, тўй тўққизини хотинига узатиб:
— Қизинг қани? — дея сўради.
Бу шошилинч савол шўрлик онанинг бағрига ти-кондек ботди. Ранги дарров олинди...
— Нимага индамайсан, ҳай, Фитна? Нима бўлди сенга? — деди сўфи. Хотинининг бу аҳволига у ҳам қунт қилган эди.
Қурвонбиби тутилиб, зўрға-зўрға гап эплади:
— Шу ерда... шу ерда... қизингиз...
Уч бўлиб айтилган шу икки оғиз сўзда ҳам бесаранжом бир жадаллик бориди. Эрининг бирор нарса дейишини кутмасдан, бечора хотин бояги бесаранжомлик билан қаторасига уч саволни чизиб ташлади:
— Нимайди? Нимага сўрайсиз? Чақириб берайми? Бир-бир кетин ва шошилиш билан берилган бу уч савол бир онанинг қалбида ёлғиз боласига қандай зўр муҳаббат сақланганини Раззоқ сўфидай бир одамга ҳам керагича кўрсата олган эди. У ясама бўлса ҳамки кулимсирагандай бўлди.
— Қизим бўлади-ю сўрамайманми? Қизиқ экансан... Уйга жой қил, жиндак ором олай. Тўйга борган одам уйқудан қолади...
Қурвонбиби энди ўзига кела бошлади.
— Ким тўй қилибди?
— Бадавлат бир одам. Катта ош тортибди, лекин! Ҳаст эшонимизни чақирган экан, ҳаммамиз бирга бордик... Қиёмат суҳбатлар  бўлди!
Лекин онанинг кўнгли ҳали ҳам тинчимаган эди:
— Зебини нимага сўраб эдингиз? — деди яна.
Энди бу сафар сўфининг аччиғи келди ва бирданига:
— Ўз қизимни сўрай олмайманми! — деб бақирди.
— Ҳа, бўпти... бўпти.. Бақирмай қўя қолинг! — деди кампир ва шошилганича уйга кириб кетди.
Ҳовлида — ҳовуз бўйида каштасини тикиб ўтирган Зеби отасининг келганини пайқамаган эди. Фақат бу сўнгги бақириш унинг қулоғига алайна бориб етди, ҳатто «ўз қизимни..» дегани жуда аниқ эшитилди. Шундан сўнг кўнгли безовта бўлиб, дарҳол ўрнидан турди. У бу ёққа чиққан вақтида чол-кампир уйда эдилар, шунинг учун у астагина сўричага бориб ўтирди ва икки кўзи уйнинг эшигида, билинмаган бир кўнгил қоралиги билан онасининг чиқишини кута бошлади...
Уйга кириб, эшикларни беркитдиргандан кейин Раззоқ сўфи сўз очди:
— Зеби қачон келди?
— Сиз кетган куни...
— Икки кунга деб кетган нарса неча кун юрди, биласанми?
— Эшонойим қўймабдилар...
— Эшонойим!.. Мендами ихтиёр, эшон ойимдами?
— Ўзингиз, ахир, «Майли, эшонойимнинг раъйларига қарасин», демабмидингиз?
— Э, раъйлари қурсин, раъйлари! Ёш болани бир ҳафта — ўн кун сакдайдими?
Кампир нима дейишни билолмай қолди. Кечагина бутун ихтиёрни эшонойимга бериб қўйиб, бугун эшонойимнинг табаррук раъйларини ҳам сўкиб ўтирган бу жоҳил сўфига нима деб бўлади? Ҳар нима бўлганда ҳам, боласини кўриш ўз зиммасига тушган кампир гап топиб жавоб қилмоққа мажбур эди.
— Шунча вақтдан бери уйда ўтира бериб юраги сиқилгандан кейин, ёш нарса, уч-тўрт кун яйрамайдими? Ўзингиз кўчадан кирмайсиз-ку!
— Мендай бўлганда, юраверсин! — деб бақирди сўфи.
Кампир ҳам бўш келмади, овозини кўтара туриб:
— Сиздай бўлганда ҳам хотин киши бирор жойга чиқа оладими? — деди. — Бу рўзғор ўлгурга ким қарайди? Тандур қизитиб нон ёпадими эркак деган нарса? Ё ёш нарсани сил қилиб, ажалидан беш кун бурун ўлдирмоқчимисиз?
Аста-аста авж олаётган бу тажанг овозлар аллақачон Зебининг қулоғига етиб, унинг талвасасини беш баттар ортдирмоқда эди. У чидаёлмади: сўричадан туриб келиб, уй дарпардаларидан бирининг таккинасига ўтирди. Энди уйда ўтаётган гапларнинг ҳар бирини унинг қулоқлари битта-битта овлаб борарди.
— Кўп валақламасанг-чи, Фитна! Қулоқ-миямни единг-ку! Жаҳлимни чиқарма, ҳа!!!
Эрининг ўлгудек баджаҳл эканини Қурвонбиби яхши биларди. Бу сўнгги танбеҳни эшитгандан кейин ҳатто Зеби ҳам ташқарида ўтириб, бир томондан онасининг ташвишини торта бошлаган эди. Кампир бирданига овозини пастлади ва мумкин қадар ўзини босиб туриб, сўради:
— Хўп, мана, шовқин солмайин. Сиз ҳам ётиғи билан гапириб беринг: нимага ташқаридан кирар-кирмас, Зебини сўрадингиз? Бир гап борга ўхшайди...
Бирдан бу қадар пасайган овоз Зебининг қўнглини онаси хусусида бир қадар тинчлатган бўлсада, икки ўртада ўтаётган ва ўзига тааллуқли гапларни очиқ эшит-тирмаганлигидан уни яна умидсизликка тушириб, икки кўзини эшик томонга телмуртмоққа мажбур қилган эди.
— Берироқ кел! — деди Раззоқ сўфи.
Оддий овоз билан айтилган ва Зебига аниқ эшитилган бу икки оғиз сўздан сўнг уйдагиларнинг иккови ҳам пичирлашга кўчдилар. Энди Зеби ҳеч нарсани эши-толмай қолди. Қанча зўр бериб қулоғини дарпардага қўйса ҳам, дарпарданинг секин ғичиллаши билан бир-га чол-кампирнинг пичирлашгани эшитилар, лекин нима деганларини сира уқиб бўлмас эди.
Қурвонбиби эрининг қаршисига бориб ўтиргач, сўфи давом этди:
— Жувонмарг Зебинг қишлоққа бориб, ашулани тоза қўйганга ўхшайди. Қишлоқ одамларидан кўп нарсани эшитдим... Аммо-лекин тутиб олиб ўлдирсам оз-лик қилади жувонмаргингни!
Шу ерга келганда, она бечора бир нарса демоқчи бўлиб эди, Раззоқ сўфи бақириб берди:
— Гапни эшит!..
Сўфининг «тутиб олиб ўлдирмоқчи бўлганини» чала-чулпа эшитган ва бу кейинги бақиришдан эса тамом хабардор бўлган Зеби отасининг айтадиган қўрқинч гапини бир он аввал эшитмоқ учун энтикарди. Фақат сўфи яна пичирлашга тушди.
— Мингбошининг ён-верида юрадиган бир-икки киши мени холи топишиб, қиз ўлгуринг тўғрисида эҳтиёт билан гап очиб кўришди...
— Кимга? — деб сўради кампир ҳовлиқиб.
— Кимга бўларди, мингбошига!
— Қайси мингбошига!
— Акбарали мингбошига! Сен танимайсан уни... Кампир ўзини тутолмади. Юрагининг ҳовлиққани авзойининг кўтарилишига сабаб бўлди:
— Мингбоши бўлса, хотини бордир? Худо уриб, кундош устигами?!
Бу бесаранжом саволлар қизнинг қулоғига жуда аниқ эшитилган эди. У иккала қўлининг қандай қилиб кўкрагига бориб қолганини ўзи ҳам пайқаёлмади... Энди унинг юраги, нотоб бўлган каби, жуда суст урмоқда, ранги оқарган бутун вужуди, латта каби, бўшашган эди... Деворга суянганича, беҳол ўтириб қолди.
Миясида уч-тўрт кун бурун ўтган воқеалар жонланди. Мингбошининг даранглаган уйлари... Сертакаллуф зиёфатлар... Бир-бири билан бу қадар иноқ бўлиб кўринган кундошлар... Султонхоннинг бирданига орадан йўқ бўлиб қолиши... Сўнгра мингбоши тўғрисида ҳар кимлардан эшитган гаплари қулоқларида чинглай бошлади: у — ўлгудек хотинбоз... У уч хотин олиб, биргина қиз кўрган... Шунинг аламига чидаёлмасдан, ўзини ҳар балога уради... Давлати, бойлиги, ҳеч нарсаси татимайди... Ўзи ўлгундек хунук, бадбашара... Одам кўрса қўрқади... Шундай бўлса ҳам қандай чиройлик ва момиқдай қайлиқлари бор... Бечораларнинг шўри...
Сўнгра бирдан унинг эсига аравадаги воқеа келиб тушди: Салтанатхоннинг бирданига «мингбоши» дея бақириши... шу баробар ранги ўчиб, ўзидан кетиб йиқилиши... Кўзини очгандан кейин ҳаммага бир-бир қараб олиб, бунга келганда, узоқ тикилиб, кейин бирданига ўзини бунинг қучоғига ташлагани... Сўнгра илгари кунигина Салтанатхоннинг онаси келиб, бунинг онаси билан алланималарни пичир-пичир гаплашгани... Шундан бери ўз онасининг бунга ҳар дафъа аягандай бўлиб қарашлари...
Оҳ, шу топда Салтанатхон бўлсайди! Шу сирларни очиб бериб, бунинг кўнглини тинчлатармидикин? Балки бу сирларни у ҳам билмас?.. Билса аравада айтмасмиди? Йўл бўйи гаплашиб келиб, ҳеч нарса демади-ку. Ё яширармикин? Яширса унинг дўстлиги қаерда қолди? Одам дўст бўлармиди, қалай!
Бу ўйлар Зебини жон ўртоғидан фарсахларча йироқларга олиб кетдилар. Энди у на Салтанатхоннинг кулар юзларига ишонади, на Энахоннинг... Шу топда у ожиз бир махлуқ, қўли боғлиқ бир қул, ҳеч бир ишонадиган кишиси йўқ, ёлғиз ва ғариб...
Фақат биргина кишининг уйда ўзи учун куйиб гапирганини ўйлади, шу нарса унинг кўнглига таскин берди. Она, ёлғиз она... Жоҳил ва бағритош бир отанинг чегарасиз қайсарлиги ва тескарилиги олдида ожиз бир хотин... нимжон бир кўнгил...
Ичкарида суҳбат давом этмоқда эди. Сўзнинг кетишига қараб овозлар дам кўтарилар, дам босиларди.
— Сиз нима дедингиз, сиз? — деб сўради кампир.
Унинг бу саволидан очиқ бир безовталик сезиларди: «Бу сўфи ўлгур унаб қўймадимикан?!»
Раззоқ сўфи индамасдан, мийиғида кулимсираб турарди. Бу кулимсирашда бир муғомбирлик асари, «Мен бўламану индамай қоламанми?» деган ифодалар бориди... Кулимсираш билан яна ҳам хунукроқ кепатага кирган башарасини кампир томон кўтариб туриб:
— Ўша бетавфиқ, бенамозга қиз бераманми, қалай? — деди.
Бу сўзлардан сўнг кампирнинг кўнгли бир оз ўрнига тушди.
— Хайрият... Шундай дедингизми?
Сўфи бу дафъа нодон хотинини масхара қилиб кулди.
— Аҳмоқ! — деди у. — Уларинг аллақайлардан даромад қилиб келиб, зўрға ипнинг учини чиқарди-ю, мен «йўқ!» деб томдан тараша тушгандай жавоб бера-манми?
— Ҳа, нима дедингиз?
— Ишқилиб мингбоши билан қуда бўладиган жойим йўқлигини яхши билишди... Яна нима керак?
Суҳбат тамом бўлиб, кампир ташқарига чиққанида Зеби ҳолсиз ва дармонсиз дарпарда ёнига чўзилган, унинг ҳали жуда ёш ва жонли кўзларида кўп йиллик меҳнат ва қийналишларнинг оғир бир ҳорғинлиги кўринарди.

* * *
Раззоқ сўфининг беҳуда тақводорликка суянган сўзлари ва Қурвонбибининг қайта-қайта ишонтиришлари ила Зебининг кўнгли бир қадар тинчланди. Ҳовуз бўйида, ёш толларнинг кўм-кўк баргчалари остида, ҳали ҳам аллақандай белгисиз бир ташвиш ва ҳадиксираш билан сизлаб ётган кўксини юмшоқ шабадага бериб, каштасини тикаркан, унинг ғамли овози ғамли куйларни шабадага қўшиб, олисларга узатарди. Арава би-лан у ёқ-бу ёққа қатнайдиган Ўлмасжон ўша кундан бери йўлни бу тарафга солганлигидан бу ғамли овоз унинг қулоғига ҳам баъзи-баъзида кириб қоларди. Ёш йигит отининг қоринбоғисини маҳкамроқ боғлаш ба-ҳонаси ила аравани девор ёнига тўхтатар, қўли от теграсида айланган ҳолда бутун вужуди девор ошиб ўтаётган қадрдон ва ёқимли унни овлашга тиришарди. Бир кун қамчиси белида бўлгани ҳолда, девор оша қўринган толдан хипчин синдирмоқчи бўлиб, арава устига чиқди, унда ҳам бўйи етмагач, тинч турмаган кегайларга оёқ қўйиб, ғилдиракка тирмашди... Бир қўли билан деворга осилиб, яна бир қўлини толга узатган вақтида кўз учи Зебига тушди: бу вақтда сайрашдан тўхтаган у тутқун қушча бутун меҳрини каштанинг иланг-биланг кунгураларига қўйган эди. Ўтган-кетганлар гумонсирамасин, деб, йигитча, кўз учи ҳамон ҳовуз бўйида бўлгани ҳолда, бир қўли билан кичкина бир тол новдасини синдиришга уринарди. Ниҳоят, кичкина новда қирс этиб сингач, Зеби ҳам бошини кўтариб қаради, деворда эркак кишининг қўлини кўрганидан кейин:
— Вой, ўла қолай! Эркак киши! — деб қичқирди... Ва ов еган қушдай, каштасини ташлаб, ичкари томонга қочди. Бу хил натижани сира кутмаган ёш йигит, гаврони қўлида, ҳайрон бўлиб қолди. Фақат ўша топда кўчадан ўтаётган бир тақводорнинг:
— Ҳой, бола, туш бу ёққа! — деган совуқ овози уни саросималикдан уйғотиб юборди...
Ғилдирак устидан ўзини аравага ташлаган вақтида тақводор йўловчи ҳали ҳам сўйланмоқда эди:
— Қандай беҳаё боласан! Кап-катта тўнғиздай бўлиб қолибсану, шарму ҳаё қилмасдан, номаҳрам бор ҳовлига қарайсан-а! Сўфи кўргундай бўлса, «гўшт кетти!» қилади. Ҳа!!!
Ёш йигит икки бети қип-қизарган ҳолда эшитилар-эшитилмас бир овоз билан зўрға-зўрға:
— Отимга гаврон синдирай, деган эдим-да... — дея олди.
Сўнгра ноумид қараш билан яна бир марта девор томонга кўз югуртиргач, арава устидан отга ҳатлаб, йўлига кетди.
Сўнгги хабар билан юраги сиқилганини баҳона қилиб, бир кун Зеби ҳам Салтанатхонларникига йўл олди. Зеби олдида ўзини айбдор санаган ва шунинг учун кўнглидан хижолат тортган Салтанат ўртоғини ортиқ даражада зўр ҳурмат билан қарши олди. Унинг ўз ўртоғига қилган муомилаларида ҳатто «пистоқи таъ-зим» қабилидан бир турли ясамалик асарлари ҳам кўриларди. Қишлоқдаги воқеаларнинг тагидан бехабар бўлган Зеби Салтанатнинг бу қадар меҳрибонлашганини ўз кўнглида бошқа нарсага йўяр ва... чин кўнгилдан хурсанд бўларди. Нима учун хурсанд бўларди бу ёш қиз? У билардиким, Ўлмасжон Салтанатлар оиласининг ён қўшнисигина эмас, балки она томонидан бир қадар қариндоши ва бу хонадоннинг энг қадрдон боласи. Сўнгра Зебилар оиласи сингари бу оилада ҳам эркак бола йўқ, шу учун қўшни ва қариндош бўлган бу бола ҳамма вақт шу ҳовлида, у ҳовлидан кўра кўпроқ бу ҳовлининг дастёри ва югурдаги. У бола энди кап-катта йигит бўлиб қолган... ҳозир уйлантириш тўғрисида айни оғиз соладиган вақтлари... Салтанат ўзининг бу севимли қариндошига бу севимли ўртоғини олиб бермоқ истамайдими? Салтанатда бу истак бўлгандан кейин, уни онаси билан катта онаси билмай қоладими? Онаси билан катта онаси Зебини ёмон кўрадиларми? Ёмон кўрсалар, ўз қизларини унга мунча жонажон ўртоқ қилдириб қўярмидилар? Зеби Салтанатдан кўрган ихлосларни унинг онасидан ва катта онасидан кўрмаганми? Айниқса, шу сафар? Бу сафар Салтанат унинг теграсида гир-гир айланган бўлса, у икки кекса хотин ўз ёшларига яраша пирпирашган эмасми? Зебидай бир қизнинг келин бўлиб келишини ким истамайди? Қайси ҳовли Зебини ўз қучоғига олишдан тортинади? Учта хотин устига мингбоши ҳам талаб бўлибди-ку!..
Бечора қизнинг бутун бу ширин хаёллари шу биргина «мингбоши» сўзи келиб чиқиши билан бир варақасига паришон бўлиб сочилади, тўкилган тариқ каби, ҳар томонга тирқираб кетади. Ҳалиги ширин хаёллар билан кулиб, тўлиб, чўғдай қизариб турган юзлари, гармсел теккан экин каби, бир нафасда сўлиб, ўлиб, учуғдек бўзариб қолади...
Ҳар қалай, севимли ўртоғидан ва унинг оналаридан кўрган ихлос ва ҳурматлари учун ҳалиги мулоҳаза орқасида Зеби хурсанд, унинг хурсандлигини кўриб, ўз гуноҳларининг кечирилганини ё бўлмаса, анча енгиллашганини ўйлаган Салти ва унинг оналари хурсанд... Иккала томон ҳам бир-бирининг кўнглидан бехабар, шу хилда хурсандликка кўмилди.
Зебининг бу хурсандлиги, албатта, кузатган мақсадига эришмоқ билангина пойидор бўларди. У мақсад ҳам, довон ошув қадар зўр бўлмасдан, ниҳояти де-ворга осилиб, гаврон синдирган йигитни бир кўришдан иборат эди... Фақат чорбозорчи билан аравакашни уйида учратмоқ осон нарсами? Ўлмасжоннинг ара-вакашликка киришганига фақат тўрт ой бўлди, лекин шу тўрт ой ичида тўрт марта бутун кеча-кундузни уйида ўтказа олдими? Саҳар чиқиб кетади, ярим кечада кириб келади, агар олисга кетмаса! Олисга кетса, икки-уч кун ўтказиб келади. Боласининг дарбадарлигига ачинган она ўша куни — Зеби Салтанатларникига борган куни:
— Ҳунар бўлмай ўлсин! — дея сўзланди. — Болам бечоранинг юзини кун ёруғида кўролмайман! Ишлаб-ишлаб топгани нима? Топиб келтиргани нима? Рўзғорга юқ бўлмайди... Қаймоғини карвонбоши ялайди, албатта. Бу шўрликлар югургани-югурган, қатнагани-қатнаган, карвонбоши — оғзининг ели билан топади... Шу ҳам инсофми?
Бунга отанинг ғаши келди:
— Мунча жоврайсан, ҳай! — деди. — Шукур қилсанг-чи! Қиморбоз бўлиб, бор-йўғингни «гардкам»га берса, нима қилардинг? Аҳмадалининг катта ўғлидай бутун рўзғорини ичкиликка совурса, нима қилардинг? Ишга кирганига тўрт ой энди бўлди. Ҳалигача оз топган бўлса, бундан нари кўп топар. Ҳали ёш, ишласин озроқ... Меҳнатсиз роҳат борми, қалай!
— Ишга кирганига тўрт ой бўлди-ю, тўрт йиллик чарчади болам! — деди она. — Тўрт йиллик қариди болам! Бола туғиш, катта қилиш осонми? Кўча-кўйда юриб, гапира берасизлар-да! «Тўрт ой энди бўлди-я!..» Оғзингизнинг бир чекасидан чиқади!.. Йўқ, аравакашлиги қурсин! Бошқа ишга берамиз... бўлмади бу. Бошини есин карвонинг!..
— Бошқа иш осон, дейсанми? — деб эътироз қилди ота. — Дунёда осон иш борми? Пулинг бўлса, давлатинг бўлса, оғзинг билан гапириб топсанг... қани эди... Бу давлатни худованди карим ҳаммага бермас экан! Берганга берар экан!
Она бўш келмади:
— Бермади, деб ётаверасизми? — деди яна. — «Олма пиш, оғзимга туш!» билан бўладими? Ахтарган топади! Истасангиз, болангизга дурустроқ касб ҳам топилади. Сал мундоқ дам олиб яйрайдиган бўлсин-да!
— Кечагина қизлар билан қишлоққа бориб, бир ҳафта ўйнаб келди-ку!
Отанинг шу «қизлар билан» деган сўзлари Ўлмасжон тенглик йигитлар оғзидан чиқадиган даражада, ҳарорат ва илиқлик билан, туртиб айтилган эди. Она дарҳол пайқади:
— Ёшингиз элликка бориб қолса ҳам, «қизлар»га қизиқмай ўлинг! «Қизлар билан», деб бир мойлаб айтасизки! Шу афтингизга яна қиз олгингиз бор! Бўйига етган ўғлингизни ўйланг аввал!
Ота у томонда қаҳ-қаҳ отиб кулди.
— Сен, — деди у, — қишлоққа бориб, бир ҳафта яйраб келганидан гапир!
Она жавобни дарров тахлади:
— Беш кун яйраб келганига мен қанча нарса сотиб бердим, билдингизми? — деди. — Уч кўйлаклик чит, икки белбоғ, Салтанатхоннинг бир фаранг рўмолини сотдирдим!
— Кимга бердинг пулини? Ўлмасинг, ҳали, шунча пулни еб келдими?
— Қаерда Ўлмас ейди!.. Ўлмас бир чақа ҳам егани йўқ. От-араванинг ижарасига, деб карвонбошига бердим. «Энди, бир ойгача, бир чақа ҳам бермайман сенга!» деган экан, бола шўрлик йиғлагундай бўлиб келди. Унга жавр бўлмасин, деб, Салтанатхон икковимиз, бисотимиздан нарса сотиб тўғриладик. Ҳеч нарсадан хабарингиз йўқ, гапира берасиз-да!
Кулишдан тўхтаб энди жиддийлашган ота яна эътироз қилиб бир нарса демоқчи эди, даричадан Салтанат билан Зебининг чиқиб келиши уни бошини қуйи солиб, кўчага чиқиб кетишга мажбур қилди.
Зеби Салтанатларникида туриб, бу айтишувнинг баъзи жойларини эшитган, ўз бошига бало келтираёзган қишлоқ сафарининг бу йўқсил хонадонлар учун жуда қимматга тушганини энди билган эди. Шунинг учун дарров ўртоғидан койиди:
— Қишлоққа ҳаммамиз бирга бориб эдик. Оғирини ўзингиз билан Ўлмасжоннинг ойисига тортдирибсиз-да! Мен ҳам қўшилишардим-ку...
Салтанат ҳам ўртоғини дарров ўз қучоғига олди.
— Битта рўмол кетди, холос, — деди. — Уни ҳам мингбошиникидан ўраб келмадимми? Ўзиники ўзига бўлди, жоним!
— Ўлмасжоннинг онаси-чи? — деди Зеби. — Бечоранинг уйи куйибди-ку. Йўқ, ўртоқ, эртага мен сизга бир нарса юбораман! Албатта, юбораман!
Салтанат бу тўғрида Зебидан ҳатто қуруқ сўзнинг ўзини ҳам эшитмоқ истамас эди. Шунинг учун дарров сўзни бошқа томонга бурди:
— Юринг, бўлмаса! Ўлмасжоннинг ойисини юпатиб чиқайлик...
Бу сўз билан бирга ўртоғининг қўлидан тортиб, дарча томонга бошлади.
Зебининг кўнгли яна ўксиб қолди. Ўлмасжон кечадан бери йўқ эди. Кеч пайтда келармикин, деб қоронғи тушгунча қолса ҳам боладан дарак бўлмади. Салтанат билан оналари уни ётиб қолмоққа қистасалар-да, отасининг қаҳридан қўрқиб, сира унамади. Қоронғи тушиб қолганлигидан, «Ёш нарса ёлғиз кетмасин», деб бир кампирни қўшиб бердилар. Булар дарвозадан чиқиб, муюлишга етганда у ёқдан Ўлмасжон кўринди: чарчаган отини ҳорғин-ҳорғин қамчилаб, аста-аста судралмоқда эди. Иккаласи бир-бирини кўришди, танишди... Зеби эҳтиётсиз тўхтаб қолди, Ўлмасжон ҳам ўзи пайқамасдан отининг бошини тортди... Фақат, на униси бир нарса дея олди, на буниси овозини чиқаришга ботинди. Улар ўрнига — «номаҳрамлар қасдидан қўриш» вазифасини устига олган кампир уҳ солди:
— Ҳай, нимага тўхтадингиз? — деди Зебига қараб.
— Ўлмасжон, нимага тўхтадинг, болам? — деди унга томон бурилиб.
Ўлмасжон жавоб эплай олди:
— Сизни кўриб тўхтадим, хола! — деди у. — Йўл бўлсин кеч кирганда?
— Мен бу меҳмонни кузатиб бораётирман, — деди кампир. Сўнгра, бир-икки қадам босгач, орқасига қайрилиб: — Тез боринг, ойингиз ташвиш тортиб қолди! — деди...
Ва Зебининг кетидан йўлга тушди. Зеби ҳам кампирдан қўрқиб, орқасига қараёлмасдан, лекин кўнгли ўйнаган ва икки тиззаси енгилгина қалтираган ҳолда тез-тез юриб кетди.
Бу ёқда отига серзарда қамчи берган Ўлмасжоннинг ҳорғин вужуди бу қалтис учрашувнинг гулдирама оловида ёнаркан, ўзидан бегона бўлиб кетаётган Зебининг кўзларида йирик-йирик марварид доналари йилтирарди...

VII

Иккала ёш кўнгил қоронғи муҳитнинг оғир кишанларига боғланган ҳолда ноумид муҳаббат билан бир-бирларининг ҳасратида энтикар экан...
Акбарали мингбоши, кучли панжалари орасига олиб, янги бир газетни ғижимламоқда ва қиморбозларга хос оғзи маймоқлик ила газет ёзганларни сўкмоқда эди.
Жадидлар томонидан ҳафтада икки марта зўрға чиқариладиган бир газетада мана шу беш-олти оғиз сўз бориди:
«...бўлусининг ҳокими мутлоқи ўлан Акбарали мингбоши бутун бўлуснинг ягона усули жадида мактабини боғлатиб, муаллимини ҳақ бермасдан ҳайдатдирди... Уч ойгина давом эта олмиш бу мактаб миллат болаларина озда бўлса оқ-қорани танитдирмоққа муваффақ бўлмиш эди. Мингбошининг ўзи эса ҳар сана бир эвланмоқдан, хотин янгиламоқдан бўшалмайдур... Уч хотини устига яна тўртинчисини, ҳатто беш-олти-еттинчисини... ҳам олувга қарши эмас.

Муаллим М. М...»

Қаршисида чой қуйиб ўтирган Ҳакимжон шу газетни топиб кўрсатганига аллақачон дунё-дунё пушаймон бўлган эди. У бир неча йил шу одамга мирзолик қилиб, унинг жаҳли келган ва тутоққан вақтларини кўп кўрган бўлса-да, бугун шу кичкина мактубчанинг бу даража ёмон таъсир қилганига ҳайрон бўларди. Мингбоши мирзанинг қўлидан дастлабки бир пиёла чойни олиб, ҳатто бир ҳўпламасдан ёнига қўйди ва шу бўйича уни тамом эсидан чиқариб юборди. Ҳакимжон совуқ чойни унинг олдидан олмоққа ботинолмас эди... Чойнакдаги чой ҳам аллақачонлар совуб бўлди. Ҳакимжоннинг икки кўзи мингбошида, унинг қизариб-бўзарган юзларида, жаҳл билан, тажанглик билан қисилган панжаларида: ғижимланиб бир мушт ҳолига келган газетда... Хўжайиннинг мудҳиш овозини кўриб, сал нарида дарахтга суяниб турган Мирзабобо ҳам ҳайрон. Дарвозабонлик қилувчи миршабга: «Арзга келганларнинг ҳеч бирини қўймайсан. Хўжайиннинг феъли айниб турибди...», деб Мирзабобо томонидан таълимот берилган, энди дарвоза орқали Мирёқубдан бошқа ҳеч кимнинг оёқ босиб ўта олиши мумкин эмас. Ҳайкалдай қотиб тура беришдан Мирзабобонинг, доим бир вазиятда қимирламай ўтира беришдан Ҳакимжоннинг беллари қайишиб кетди... Мингбоши дам газетни очиб, у ёқ-бу ёғини айлантириб қарар, дам бўлса, панжалари орасига олиб, уни ғижимлар, тез-тез дарвоза томонга қараб:
— Мирёқубдан дарак йўқми? — дея сўраб қўярди. Мингбоши бу саволни қайтарган ҳамон Мирзабобо югуриб кўчага чиқар, бир оздан сўнг қайтиб киргач, «йўқ», дегали ботинолмасдан, мўлайиб жим қоларди.
Ниҳоят, мингбоши қўлидаги газетни бир томонга ирғитиб, ўрнидан турди.
— Мирёқуб қани дейман сенга, Мирёқуб?! — дея бақирди.
Бу ёввойи дарранданинг бўкириши эди! Мирзабободай одам тутила-тутила:
— Дарров... отни эгарлаб... уйига бориб келайми? Ё... шаҳарга чопайми? — деди.
— Энди эсингга келдими, итвачча!.. — деб бақирди мингбоши.
Сўнгра асабий одимлар билан ичкарига томон юрди. Ичкаридан ҳам унинг бақирган овози эшитиларди. Фақат учала хотин унинг нима учун кайфи кетганидан бехабар эдилар. Ўзаро бир-бирларига назар ташлашгач, кўз ишорати ила катта хотинга ваколат бердилар. Хадичахон бир-икки қадам олдинга босиб келиб:
— Нима бўлди сизга? — дея сўради. Шу топда ўзи енгилгина қалтирамоқда эди.
Мингбоши ниҳоят даражада одобсиз бир сўз билан бақириб жавоб қилди. Иккала ёш хотин секин-секин орқаларига тисарилиб, ўз уйларига кириб кетдилар. Хадичахон турган жойида қотиб қолди...
— Елкамда ўн путдан ўттиз пут юким бор... — деди мингбоши.
Бу ҳам бақиришга яқин бир овоз билан айтилган эди.
Учала хотин ҳам бу юкнинг нималигини англаб етолмадилар. Хадичахоннинг фикрича, мингбошига «ирим» қилган эдилар. Энди уни «қайтартирмоқ»дан ўзга илож йўқ эди. Бу фикр бошқа кундошларнинг мияларидан ҳам ўтмади эмас... Фақат Хадичахоннинг бу фикри қатъий бўлса керакким, яширишга лозим кўрмади:
— Ғанимлар қасд қилганга ўхшайди. Қайтарма қилдириб берсамми? — деди.
— Аёлларнинг билгани ирим, билгани қайтарма, билгани азайимхон... Қовоғи учса ҳам азайимхонга чопади... — деди мингбоши. Ва шу сўзларни айтаркан, унинг булутли юзларида жиндаккина очилиш аломатлари кўринди. Шу очилишдан дадилланиб бўлса керак, Хадичахон яна эътироз қилди:
— Ўзингиз, ўз оғзингиз билан «юк босди», демадингизми?
Мингбоши кулиб юборди:
— «Юк босди», деган бўлсам «қандай юк?» деб сўрагин-да, баччағар! — деди у.
Бу вақтда уйдагилар ҳам аста-секин ташқарига чиқиб, яқин ўртага келган эдилар. Мингбоши давом қилди:
— Учаланг кам юкмисан менга?
— Нима оғиримиз тушди сизга? — деди Хадичахон.
— Газетни ўқи, биласан... Сенларнинг туфайлингдан ёмон номим етти иқлимга кетди... Ҳамманг бир қора мўйимга арзирмидинг, қалай?.. Агар олмоқчи бўлса, ҳаммангни икки қўллаб тутардим ўша газетчи даюсга!.. Менга битта хотин бас эди... зурриётлик бўлса... Шунча давлатни кимга ишониб қолдираман? Учта безурриётгами?..
— Нимага ҳаммани баробар айблайсиз? Фазилатни оғизга олмайсизми?
— Фазилатинг менга асқотармиди? Бир-икки йилдан кейин бировларнинг қўлига сув қуядиган бўлади. Қиз фарзанд бўлармиди? Қайси биринг ота-онангга асқотдинг!..
Бу маъқул гапларга эътироз қиладиган жойи бўлмаса ҳам, Хадичахон яна бир нима демоқчи эди, ташқаридан дарвозанинг хархаша билан очилгани эшитилиб, сўнгра «ҳа» дегунча ичкари эшик кетидан Мирзабобонинг йўғон овози чиқиб қолди:
— Хўжайин, Мирёқуб акам келдилар! Мингбоши дарвоза очилган ҳамон ташқарига югурган эди.
У чиқиб кетгач, учала кундош бир ерга тўпланиб, куёвларининг авзойини муҳокама қилдилар. Анча нари-бери гаплардан кейин эртага эрта билан Хадичахонни чўлоқ азайимхонникига юборишга қарор берилди...
Мингбошини ташқарида Мирёқуб ҳам ўша совуқ хабар билан қарши олди:
— Хўжайин, сизни газетга урибдилар! Мана, кўринг! «Салом» йўқ, «алик» йўқ, икки ғилдиракли аравасидан тушар-тушмас, қўлидаги газетни мингбошига узатиб, кулар юз билан шу сўзларни айтган Мирёқуб мингбошининг кўзига шу топда итдан ҳам хунук кўриниб кетган эди.
— Тур-е, афтинг қурсин сенинг!.. Газетинг бошингни есин!..
Газетни олиб, унинг юзига ирғитди.
Мирёқуб эса «қаҳ-қаҳ» солиб кулди, ерга тушган газетни энгашиб ердан олдида, қоқиб, кўзига суртгач, тўрт буклаб чўнтагига солди, сўнгра тезгина мингбо-шининг қўлтиғига кириб, апил-тапил уни сўричага келтириб ўтқазди.
— Ўтиринг, хўжайин! — деди ўзи ҳам қаршисига ўтираркан. — Нима бу тажанглик? Нима бўлибди? Дунё бузилибдими?
Ўзи учун Мирёқубдан бошқа чин кўнгиддан куядиган одам йўқлигини мингбоши яхши биларди. Шу учун унинг бу кунги ҳаракатини сира англаёлмай қолди. Аравасидан тушмай туриб, «Хўжайин, сизни газетга урибдилар!» деди, сўнгра ўша газетни (ўша газетнинг ўзини) узатди... Бу нима гап? Тушими, ўнгими? Ё ишонган тоғи ҳам ағдарилмоқчими? Ё Мирёқуб ҳам бошқа ёқадан бош кўтармоқчими? Мирёқубсиз унинг куни кун бўладими? Бу давлатлар, обрўлар, амаллар, катталиклар... ҳаммаси қамишнинг тўзғоғидай бир нафасда тўзиб кетадими? Мирёқуб бурунги Мирёқуб бўлса, то мингбоши ўзи гап очмагунча, бу қора хабар тўғрисида гап очишга ҳам ботинолмаслиги лозим келарди... Албатта, кўнгилларида ҳеч гапни сақламайдирган оғзи бўш одамлар бўлади. Лекин унақа одамларнинг номлари «Мирёқуб», айниқса «Мирёқуб эпақа» бўлмайди. Мирёқубнинг тишлари, ҳар ҳолда, лабларидан кучлироқ-ку! Лабларини тишлари орасига олса, тили ўлгур, бир оз кўмилиб турарди-ку... Фақат Мирёқуб ҳеч бир ишни билмасдан қилмайди!
Ҳалигидек бемаъни ваҳималардан сўнг, ниҳоят, мана шу кейинги натижага келганидан кейингина, мингбоши эсини бошига тўплади ва Мирёқубнинг юзига газетни ирғитгани учун ўз-ўзидан койиди. Унинг тирриқ таъби ҳам тезгина ўрнига тушди, юзи кулди...
— Ҳазилингни қўй энди, — деди у оддий ва ҳатто бир даража мулойим овоз билан. — Менга бир маслаҳат топ. Етти иқлимга ёмон номим кетди...
Мирёқуб жуда тинчлик билан, кулиб туриб, бемалол гапирарди:
— Ҳа, балли, мана бундай денг! Жаҳл билан, ғазаб билан, тутоқиш билан бу тўғрида ҳеч нарса қилиб бўлмайди. Бу маҳкамангиздаги қора фуқаро билан бўладиган иш эмаски, чақиртириб келиб, Мирзабобога буюрсангизу, ертўлага олиб тушиб, қичиган ерини қашласа! Ёзган одам ўша беркитилган мактабнинг домла-си... жадид! У аллақачонлар ўз юртига етиб олди, газет бўлса, газетчиси билан бирга Тошкентда... Сиз-бизнинг эмас, биздан каттароқларнинг ҳам бўйи етмайди. Газет ёзадиганлар, одатда, закончи бўлади... Улар билан ярим пошшога ўхшаган улуғ одамлар олишмаса, унча-мунча одамлар бекор келмайди. Жадидлар ҳаммаси маҳмадона келади...
— Жадидинг нимаси? Нима деган гап ўзи?
— Мактабини ёптирган вақтингизда айтиб берган эдим-ку.
— Эсда қолган, дейсанми?
— Жадид дегани «янги» дегани бўлса керак. Юрт орасида янгиликни расм қилармишлар... Янги ўқиш, янги мактаб, янги урф-одат, янги кийим, ҳар нарса янги...
— Эскича бўлса, кимга зарари тегар экан?
— Унисини билмадим... Ишқилиб, жадидларнинг қасди шу эмиш...
— Янги мингбоши, янги қози ҳам, десанг-чи!
— Албатта, ўзига мос келадиган мингбоши бўлсин, дейди жадид...
— Дарвоқе, Шамсиддин мингбоши билан Тўрақул бўлус тўғрисида ҳеч нарса ёзишмайди-ку жадидларинг... Нимага менинг тўғримда ёзишади?
— Абдусамат мингбошини осмонга кўтариб ёзганларидан хабарингиз йўқмиди?
— Ҳа, айтганча, бултурмиди?
— Ҳа, бултуриди. Қандай мақтаб ёзишди.
— Жадидларингга тушунолмай қолдим-ку! Мен бутун умримда тўртта хотин олибман. Унинг ҳам биттаси ўз ажали билан ўлгандан кейин... Абдусамат бир ўнта-ча хотин олди... Ҳали ҳам тўрттаси қўлида — нақд... Нега уни ёзмади жадидинг?
— Менинг жадидим эмас, хўжайин! Шундай бўлса ҳам, менинг билишимча, жадидлар янгиликни майл қиладиган одамни яхши кўрадилар.
— Ҳа, айтганча, Абдусамат ўз қишлоғига янги тартиб мактаб очган эмасми? Дуруст...
— Абдусамат мингбоши ҳовлисида муаллим сақлаб, ўғилларини ўқитади. Жадид мактабига пул билан қарашади. Одамларнинг болаларини юбортиради. Ўзи жадид газети ўқийди...
— Шунинг учун жадидларнинг кўзи унинг ўнта хотинини ҳам кўрмайди, дегин.
— Шундай, Жадидлар, янги мактабга қарашмаган бойларни, «нодон, жоҳил, у-бу» деб сўкишади. Уларнинг мактабига озгина ёрдам қилган бойни «ҳамиятлик бойларимиздан фалон, фалон...», деб осмонларга кўтариб ёзишади... Сиз ҳам жадид мактабини ёптирмасдан, оғиз учида, «ҳа-па» деб қўйсангиз, сизни ҳам мақтаб ёзишарди.
Мингбоши шу ерда Мирёқубга томон эгилди ва пастроқ овоз билан деди:
— Нойиб тўра қўймади-да, қандоқ қилай.
— Нойиб тўра ҳам айёр одам. Ўзи буйруқ бериб ёптирса бўларди, ундай қилмади. Ўзи бир чеккада туриб, сиз орқали қилдирди... Таёқ энди келиб, сизнинг бошингизда синди!
— Йўқ, шошма, мен нойиб тўранинг ёнларига бораман, «Иложини қилинг, ўзингиз айтгансиз», дейман. Қани, йўқ десин-чи!
— Йўқ дейишдан қўрқармиди? Йўқ, дейди, тониб тура беради...
— Нега, ахир? Нега?
— Бугун тонадиган бўлмаса, ўша вақтда ўзи ўз буйруғи билан ёптирмасмиди?
— Тонганига қўяманми?
— Нима қилардингиз? Урармидингиз?
— Уриб бўладими?
— Нима қилардингиз?
Мингбоши жим бўлди. Бир қўлини чаккасига олиб бориб, бошини қашлади...
Иккаласи ҳам бир оз жим қолгач, яна мингбоши гап бошлади:
— Бир маслаҳатини топмасак бўлмайди. Мен бу ишни шундай қолдириб кетолмайман... Шамсиддин, Тўрақул, Абдусаматлар қўш карнай билан жар солишади... Биласанми?
— Бу гапингиз рост, хўжайин. Уларникида кечадан бери тўй!
— Ўша мактабдор домлани топтириб келиб, Мирзабобога топширсаму, ертўлада бир буров солса, деб эдим. Шунда, эҳтимол, кўнглим бир оз ўрнига тушармиди...
— Боя айтдим-ку, энди унинг арвоҳини ҳам тополмайсиз.
— Нима қиламиз бўлмаса?
Мирёқуб жавоб бермади. У айтмоқчи бўлган сўзини фикр тарозисига солиб ўлчамоқда эди. Ниҳоят, мингбоши томонидан ҳалиги савол яна қайтарилгандан ке-йин:
— Нима қилардингиз, тишни-тишга қўясиз, хўжайин! — деди.
Мингбоши ирғиб ўрнидан турди.
— Тишимни-тишимга қўядиган ҳезлардан бўлсам, ма, ол, бу шоп-шалопларни! — деди у баланд овоз билан. — Менга паспорт олиб бер, Маккатуллога жўнайин!
— Ўтиринг, хўжайин! — деди Мирёқуб, унинг овози ҳам бир оз кўтарила тушган эди. — Ўшқириш билан, зарда билан битадиган иш эмас бу. Ўйлайлик, бир чора топайлик!
Сўнгра ўрнидан туриб, айвонга борди; у ерда чойнак билан пиёла турган эди, совуқ чойни пиёлага тўлдириб қуйгач, бир шимиришда тамом қилди. Сўнгра орқасига қайтаркан, одатдагидан қаттиқроқ ва тезроқ сўзланди:
— Газетни шаҳарда кўрдим. Шундан бери тадбир ахтараман. Ҳеч бир тадбир тополмаганим учун ночор-ноилож кулгига зўр берган эдим. Катта ариқдан хатлаёлмаган вақтингизда кулгингиз келади... Биласиз-ми?
— Биламан.
— Йиқилган полвон ҳам аччиғини кулиб енгади, — деди яна Мирёқуб.
Мингбоши бир оз жим қолгач:
— Ишқилиб, бир чора топмасанг бўлмайди, — деди. Фақат бу кейинги жумла қутурган дарранданинг эмас, сувга пишилган мушукнинг оғзидан чиқмоқда эди„.
Ўйга ботган Мирёқуб бошини кўтарди:
— Ўзимизнинг газетга келиштириб битта жавоб ёзамиз. Жадид газетда сизни сўккан бўлсалар, ўз газетамизда биз мақтаймиз, муаллимни ёмонлаймиз. Шу билан тарозининг биз томон палласи босиб тушади. Абдусаматларнинг карнайи болалар чаладиган қамиш найга айланиб қолади. Шу бас!
— Ҳа, майли!
— Дурустми? — деб яна қайтариб сўради Мирёқуб.
— Дуруст! — деди мингбоши. — Ўзинг ёзасанми?
— Билиб гапирасизми, хўжайин? Мен газетнинг ўзини тузук-қуруқ ўқиёлмайман-ку, унга хат ёзиш қаёқда! Муни ўз аҳли, ўз устаси ёзади. Шаҳарга тушганимда, тўғрилаб чиқаман.
— Бўпти, — деди мингбоши. — Ишқилиб, ўзинг эпла.
Сўнгра ўрнидан туриб, Мирёқубга яқин келди ва унинг қулоғига эгилиб:
— Пул керак бўлса, аяма лекин! — деди. — Пул деган нарса топилиб кетади, обрў топилмайди, обрў!

* * *
Орадан икки ҳафта ўтгандан кейин Мирёқуб сарт тилида чиқадиган ҳукумат газетасининг бир нусхасини келтириб, индамасдан мингбошининг қучоғига ташлади. У нусхада қуйидаги мактуб босилиб чиққан эди:
«Ҳурматли газет муаллифи тўрага саломдан сўнг андоғ арз қилинурким, жадид ном тоифанинг шаҳарларда чиқарилатурғон газетида Акбарали мингбоши хусусида нолойиқ иборатлар билан таъриф қилинган бир нома чоп қилинди. Шу хусусда ҳақиқат юзасидан изоҳ қилиб айтурмизким, Акбарали мингбоши қарийб ўн тўрт йилдан буён оқ подшоҳимизнинг азамат давлатларига садоқат билан хизмат қилиб, шунча замон мобайнида ҳеч қандай сарзанишга мустаҳиқ бўлмадилар. Шаҳар ва уезд ҳокими тўралар ва фуқаро ва боёнлар ва аҳли илм толиблар ва ҳоказо ҳеч кимса мазкур мингбошидан жиддий норози бўлганлари йўқдур. Ва балки ҳамиша унинг ҳақида хайри дуодадирлар. Ул беодоб мактабдор бўлса, ҳамма фуқаронинг назарида паст ва ҳақир кўрилган эди. Ўзи намоз ўқимасдан ва мактабда гўдак болаларга ер мудаввардур, яъни мисли тарвуз юмалоқдур, деб шариатга хилоф илмларини таълим бергани важҳидан фуқаро безовта бўлиб, ҳар хил қилиқлар пайдо бўлиб, юртнинг осойишига халал келганидан мазкур мактабдорнинг мактабини жаноби Акбарали мингбоши беркитиб эрдилар. Бу важҳидан тамом фуқаро ва алалхусус боёнлар, толиби илм муллабаччалар, мудар-рислар, имомлар, шайхлар ва зокирлар, сўфилар бағоят мамнун бўлиб, ул шаҳаншоҳи жаҳон оқ подшоҳимизнинг ва ҳам ул улуғ мартабалик ярим подшоҳ жанобларининг ҳакдарига дуо айлаб, шундай одил ва инсофлик фуқаропарвар амалдорларни қўйганлари учун уларга миннатдорлик изҳор қиладурлар, валлоҳи аълам биссавоб, таммат-таммат томон ёзгувчи камина холис фуқародин мулла Ривожиддин аълами мулк бадий».
Буни ўқитдириб эшитгандан кейин мингбоши жуда хурсанд бўлди. Энди тўй бу томонда бошланди. Энди бунинг карнайи дунёни бузажак, наригиларники бўғулажак эди. Энди етти кишвар, етти иқлимда Акбарали мингбошининг қандай яхши амалдор бўлганини билажакларди. Оқ подшоҳ бўлсину, етмиш икки тоифанинг тилини биладиган тилмочлари бўлмасин! У тилмочлар томонидан таржима қилиниб берилгандан кейин, бу мактубни оқ подшоҳ албатта, ўқитиб эшитажак... балки ўзи ўқияжак... балки ўзи газетнинг тилига тушунса... қўл остида шунча тоифа яшайдиган бир подшоҳ ўз фуқароларининг тилини билса ажабми? Мулла Ривожиддин ўзи ажаб бир хуштаҳрир одам! Ёзишини кўринг: сувдай равон! Ҳамма уқади, ҳамма англайди! Оқ подшоҳ нега англамасин? Шундан кейин Петербургдан Тошкентга — ярим подшоҳга телеграмма келса: «Менинг шундай яхши амалдорим бор экан, қадрига етиб, ҳол-аҳволидан хабардор бўлиб турибсанми?» Ана, шундан кейин, Тошкентдан чопиб келадиган катта тўраларни айтинг! У вақтда шаҳардаги ҳоким ва приступ тўралар Акбарали мингбошига «час» («чест») берадиган бўлади! Унда наригилар мингбоши эмас, кеч куздаги чивиндан ҳам баттар бўлиб қолишади!..
Бу сафар газетни бағрига босиб, шу хил ширин хаёлларга ботган мингбоши ирғиб туриб, қаршисида ўтирган Мирёқубни қучоқлаш ва бутун давлатини унга тутиб юборишдан ўзини зўрға тўхтатиб қолди. Бундай одамга қанча қилса ва қанча берса оз.
Шундай бир хурсандлик ичида сузган мингбошига Мирёқубнинг яна бошқа арзлари бор эдиким, улар ҳам аҳамият жиҳатидан газетдаги мактубдан сира қолишмасиди.
— Хўжайин, кўнглингиз ўрнига тушди, шекилли? — деди у бир турли ғурур билан, лекин бу сўзлар ортиқча «мойланиш» ва хушомаддан йироқ эди.
Мингбоши бояги кайфни тўла акс эттириб, жавоб қилди:
— Нимасини айтасан!
— Бўлмаса, нарёғини эшитинг.
— Нарёғини?
Мингбошининг кўнглига дарҳол изтироб тушиб улгурган эди. Шундай яхши бир хабардан кейинга қолдирилган арз, албатта, хайриятдан гапирмайди. Агар яхши гап бўлса, Мирёқуб уни газетдаги мактубдан бурун айтмасмиди? «Хўжайиннинг бесаранжом кўнглини тинчитай, ундан кейин ётиғи билан бу хабарни эшитдирай», деган бўлса-чи?! Йўқ, амали ҳам қурсин, обрўси ҳам! Мингбошиликнинг шоп-шалопи оғир бўлмаса ҳам, ўзига яраша оғир ташвишлари бор... Катта одам бўлиш ҳам қийин!..
Мингбошининг ҳалиги сўнг саволида бутун шу изтиробларнинг мазмуни бор эди. «Эпақа» лақабини ташийдиган тулки у саволнинг остида ётган беҳуда таш-вишларни дарҳол пайқади. Шу учун дарров:
— Бугун сизнинг тўйингиз! — деб қўйди. Ва сўзида давом этди.
Масала Қумариқ пайновидан сув ичадиганларнинг ҳокимга берган аризалари хусусида эди. Ариза берганларнинг бошида кимлар турганини ўтган сафар нойибнинг мингбошига айтган сўзларидан англаб олган Мирёқуб Қумариқнинг этакларигача бориб келиб, ҳамма гапни билганини ва тегишли тадбирларни ўтказиб келганини гапирди. Ариза эгаларининг адабини бериш вазифаси унинг ўз бўйнига юклатилганлигидан, ҳалиги «ўтказилган тадбирлар» билан у ўша вазифасини ҳам бажариб келган эди.
— Яхши. Ариза берганлар Ёдгор эчки билан Умарали пучуқ экан. Аниқ билибсан. Хўш, энди, қани гапир-чи, улар хусусига нима тадбир қилдинг?
Мирёқуб кулди:
— Нима тадбир қилдинг, дейсизми?
— Ҳа, нима тадбир қилдинг, дейман. Мингбоши бутун диққатини шу нуқтага тўплаб, Мирёқубга томон бир оз эгила тушган эди. Мирёқуб кулишида давом этиб:
— Болаларга тайинлаб келдим: пастдаги ерларга ҳам унча-мунча сув бериб туринглар, дедим.
Мингбоши яна овозини кўтара тушди:
— Шу адаб берганинг бўлдими?
— Адаб берганим бўлмаса, шундай қилармидим, қалай? — деб Мирёқуб яна кулди.
— Нечук яъни?
— Инсоф ҳам керак ахир, хўжайин! Сизнинг ерларингизни суғориб бўлгандан кейин сувни яна Қумариққа очиб қўйса бўлади. Анча сув ортади. Ҳеч ким дод демайди. Айб чоракор болаларда. Сизнинг обрўйингизга таяниб, бепарволик қилганлар.
— Нимага?
— Нимага бўларди. Улар ерларни суғориб бўлгандан кейин Қумариққа яна қайтиб сув очмас эканлар. Шунча сув ёндаги эски ариқларга, пастликларга тушиб, экинсиз ерларни кўллатиб ётар экан. Пастдагилар ўзларича келиб, сувни очгани қўрқишар экан. Мироб бўлса, оғиз очолмайди.
— Ортиқча сув бўлса, майли берсин, — деди мингбоши. — Ҳеч нарса демайман. Лекин ҳалиги икковининг адабини бериш керак эди. Нимага менинг устимдан ариза ташлайди?
— Адабини бериш керак бўлса, тутиб олиб урамизми? Ё кўпчилик олдида хўрлаб сўкамизми? Ё бўлмаса...
Мингбоши Мирёкубнинг оғзидан сўзини узиб олди:
— Ҳар нима қиламиз! — деб бақирди. Сўнгра овозини пасайтира тушиб илова қилди: — Мен иккаласини чақиртириб олиб, Мирзабобога беришдан ҳам той-майман!
— Бир марта ҳокимга ариза берган одамларни уриб бўлмайди. Кейин улар ҳокимга яна қайта арз қилсалар, ё бўлмаса, ҳокимнинг устидан арз қилсалар, ёмон бўлади. Адвокатларнинг аризасини биласиз-ку!
Мингбоши индаёлмай қолди. Нафаси ичида эди. Фақат ўз фуқароларидан иккита бойга кучи етмаганига ҳеч чидаёлмасди. Йўғон оёқларидаги зўр-зўр кавишлари билан безовта бўлиб ер депсинарди.
Мирёқуб бу ҳолни кўрганидан кейин уни тинчитмоқчи бўлди, мингбошига жуда таниш бўлган кулимсираш билан унинг ёнига ўтди ва душман эшитса ишона-диган бир овоз билан:
— Уларнинг адабини деҳқонларнинг ўзлари беришади! — деди. Сўнгра мингбошининг ҳайрон бўлиб ўзига тикилганини кўргач, Қумариқда кўриб келган дасисаларни сўзлаб берди.
Унинг сўзидан англашилардиким, Қумариққа борган вақтида у ерга сув етмай аламзада бўлиб юрган оз ерли камбағаллардан билаги йўғон уч йигитни чақириб, уларнинг ерларига сув тегмасликда мингбошининг ҳеч бир айби йўқлигини, ҳамма айб Ёдгор эчки билан Умарали пучуқда эканини сўзлаган. Йигитлар бунинг сабабини сўраган вақтида Мирёқуб уларни Садақайрағоч деган жойга олиб бориб, экинларни кўрсатган. Чинакам ўша жойда мингбошининг бир шапалоққина ери бўлиб, соя жойда қолиб кетганлигидан, ғўзалари унча ўсмаган, кўп чигитлари чиқмай қолган экан. У ернинг ёнверидаги кўп ерлар Умаралибой билан Ёдгорхўжага қарар экан. Уларнинг ерлари мингбошининг пайновидан сувни жуда бемалол ичганлари учун экиннинг кўриниши нисбатан яхши бўлган. Ана ўша экинларни йигитларга кўрсатиб туриб, «Мана, кўринг энди, кимнинг ери кўп ичар экан сувни!» деган. Шундаёқ йигитлар муштларини тугимлаб, бойларнинг ерлари томонга ўқталганлар, «ҳап сизними!..» деганлар. Шундан кейин, Мирёқуб йигитларни ўтиришга даъват қилиб, уларга бир яширин гап айтмоқчи бўлганини сўзлаган. Улар юракларига талваса тушиб ва лаблари қалтираб, унинг оғзига тикилгач, сирни ҳеч кимга айтмасликлари тўғрисида улардан қаттиқ ваъда олган; ундан кейин Умаралибой билан Ёдгорхўжа томонидан ҳокимга берилган аризадан гап очган. Мирёқубнинг гапидан йигитлар англаганларким, Умаралибой билан Ёдгорхўжа яқинда ҳоким тўрага ариза берганлар ва у аризада ўз ерларини неча йилдан бери сувсиз қолаётганини, Қумариқдаги сувнинг фақат мингбошига қарашли ерлар билан бошқа баъзи бировларнинг ерларини суғорганини, буларнинг ерларига ҳеч бир сув ошмаганини ёзганлар... Шу гапни эшитгандан сўнг йигитларнинг бири ирғиб ўрнидан турган ва муштини тугимлагани ҳолда «Ўзим тутиб олиб ураман, занғарларни!»... дея ўшқирган... Сўнгра Мирёқуб туриб, бундай деган: «Мингбоши додҳо бўшаган сувнинг сиз томонга оқишига қарши эмас. Лекин ўша икковига ўчакишиб, пастга сув бергиси келмайди, «Ўшаларнинг ери ичадиган бўлса, ҳамманики қуриб кетгани яхши», дейди. Барибир, пастга сув берганимиз билан сизга сув тегмайди, ҳамма сувни улар иккиси тўсиб олади!» Бу сўз йигитларнинг яраларига туз-қалампир бўлиб тушган; улар учаласи бир оғиздан «Мингбоши додҳо сувни пастга ўтказа берсин, улар билан ўзимиз гаплашамиз!» деганлар. Мирёқуб уларнинг ўз олдиларида мингбошининг чорикорларини чақириб, бўшалган сувни пастга ўтказмоққа буйруқ берган.
Мингбоши Мирёқубнинг бу арзини, эртак тинглаган ёш боладай, буюк бир завқ ва нашъа билан тингламоқда ва эрта-индин иккала бойнинг бошига тушадиган ҳангомаларни кўз олдига келтирмоқда эди. Унинг фикрича, ўсган болага эски кийими тор келгандай, Мирёқубга ҳам энди «эпақа» лақаби камлик қиларди. Унга бошқа бир муносиб лақаб топиш лозим келардиким, ундай лақабни энди бу қишлоқ одамлари тополмасдилар, бунинг учун Амир Навоий ёки Мавлоно Жомий, ё бўлмаса, Шомашрабнинг тирилиб келиши даркор эди.
Мингбоши Қумариқда човрилган у ғалати найранглар ва у найрангларнинг устаси тўғрисида шундай ширин ўйларга кетган, Мирёқуб эса мингбошининг хур-сандлик ва кайф билан маст бўлган юзларига тикилган бир пайтда ичкаридан бир товоқ тўла манти чиқиб, дастурхоннинг ўртасидан жой олди. Мирёқуб бу даргоҳда тез-тез кўриниб турадиган бу серқатиқ, семиз ва ёғлиқ мантиларга қадрдон дўстини қўргандай ширин бир кайф билан тикилди, сўнгра кўзларини товоқдан қўтариб, мингбошининг юзларига қарагач, шу топда товоқдаги манти билан товоққа томон эгилган юз ўртасида ҳеч қандай фарқ кўрмади: иккаласи ҳам шу қадар ёғлиқ эди!
Мингбоши қўл ювишни унутиб, «олинг-олинг»га қарамасдан, беш панжасини баробар ботириб, товоққа ҳужум бошлаганини кўрганидан кейин, Мирёқуб ирғиб ўрнидан турди-да, қўл чайқамоқ учун ариқ томонга югурди. Лекин мингбоши додҳонинг аждар кепатали иштаҳасини бир оз тўхтатмоқ лозим эди; шунинг учун Мирёқуб унинг ақлини ўғирламоқ мақсадида қичиқ масаладан гап очди:
— Тўйни нима қилдик, хўжайин? — деди у қўлини чайқаб туриб.
Мингбоши бошини товоқдан кўтармай, оғзида бир манти, қўлида иккинчи манти билан шошилиб жавоб қилди:
— Ўзинг биласан! Мен қайдан билай!
Мирёқуб мингбошининг бу жавобидан шу топда унинг мантидан бошқа ҳеч бир масала билан машғул бўлолмаслигини англади. Чинакам, у қўлини чайқаб дастурхон бошига келганида, товоқ яримлай деган эди. Шу учун улар иккаласи ҳам бир озгина жим қолишни эп қўрдилар. Айниқса, мингбоши, оғзига пахта тиққан каби, жиддий сукутга толмишди...
Товоқнинг у ер-бу ерида уч-тўртта қатиқсиз манти қолгач, мингбоши додҳо товоқдан бошини кўтарди. Фақат икки кўзи ва қўлининг мўлжали товоқда эди.
— Ҳа, хўжайин, — деди Мирёқуб, — бўлдингизми?
— Бўлдим ҳисоб! Қани ол сен ҳам! — деди мингбоши ва ўз олдидаги ёлғиз мантига қўл узатди... Унгача Мирёқуб ҳам ўз томонидаги мантиларни бир жойга тўплаб олган эди!
Товоқ бўшалиб, ўртадан кўтарилди, унинг ўрнига катта чойнакда чой келди. Шундан кейингина мингбошининг гап-сўзга кўчмак истагани маълум бўлди.
— Қани, қиздан гапир энди, бетавфиқ! — деди у. — Отаси нима депти?
— Сиз илгари қизнинг ўзидан гапириб беринг. Қалай, овози маъқул бўлдими?
— Сўраб нима қиласан? Сенга бутун авлиё-анбиёларни шафе келтириб айтаманки, ўша қиз менга насиб бўлса, ундан кейин хотин олишни бас қиламан!
— Ҳеч кимни шафе келтирмай тура туринг ҳали. Кейинги иккитасини олган вақтингизда ҳам, ҳар сафар «бас энди! Шу — охиргиси!» дердингиз. Бўлмайдиган ваъдаларни тил учига келтирманг, ичкарида тура турсин... Вақти келганда, ваъда бермасдан ҳам биттага таяниб қолсангиз бўлаверади...
— Ишонмаганингни қара, бенамоз! Мен астойдил гапираётирман. Худо битта, сўз битта!
— Ҳўҳ-ҳў!.. Ҳали шу даражага бориб қолдингизми? Бўлган экан!
— Нимасини айтасан. У келса, учовидан ҳам кечмоқчиман. Учовига қайрилиб қарамай, дейман... бор-йўғимни ўшанга берай, дейман...
— Сизга нима бўлди, хўжайин? Ақлингиз жойидами? Ё йўқми?
Мингбоши кўзларида аллақандай бир изтироб бор эди. Унинг оғзидан чиққан сўзлар, тилдагина айтиладиган сўзларга ўхшамасди. Мирёқуб бутун умрида кўрилмаган бу ҳол қаршисида шошиб қолди. Яна бир неча марта бошини эгиб, «ҳўҳ-ҳў-ҳўҳ-ҳў» дея такрор килди.
Орага жимлик чўкди. Фақат Мирёқубнинг чуқур ўйга кетиб, торта-торта чой ичгани эшитиларди. Мингбоши қўлидаги чойни ҳеч бир лузумсиз айлантириб, совутмоқ билан овора эди.
— Ҳўҳ-ҳў! — деди яна Мирёқуб. — Отаси қурғур яқин келмайди-ку.
— А? — деди мингбоши. Чойни ерга қўйиб, бутун вужуди билан Мирёқубга тикилди.
— Сўфиси қургур ёмон тақводор экан, хўжайин.
— Нима депти?
— Айта берайми? Мингбоши қичқирди:
— Айтмай нима қиласан! Яширармидинг?
— Умрида пешонаси сажда кўрмаган одамга қиз бераманми? — депти...
Мингбоши негадир «қаҳ-қаҳ» солиб кулди:
— Тоза авлиё экан-ку, — деди. — Бенамозга қиз бермас эканми? А, авлиёси тушкур-е!
— Ундан кейин, бетавфиқ, бузуқ юрадиган, депти... Мингбоши яна «қаҳ-қаҳ» солди:
— Сен билан юриб, шундай бўлдим, бетавфиқ! Эпла энди ўзинг. Мен бир иш қилиб оламан қизни! Менга бермай кимга беради?
Шу чоққача зўр бериб алланарсаларни ўйламоқда бўлган Мирёқуб яна чўнтагидан соатини олиб қаради:
— Хўҳ-ҳў, — деди, — ўн иккига яқинлашиб қолибди. Мен кетдим, хўжайин.
Ўрнидан турди.
— Шошма, — деди мингбоши, у ҳам ўрнидан турган эди. — Маслаҳат нима бўлди? Отаси бермайди, деб кета бераманми?
Мирёқуб кавишини кийиб, салласини бошига қўндиргач, мингбошига яқинлашди.
— Хотиржам бўлинг, хўжайин! — деди. Овозида жиддийлик, кескинлик ва ўзига ишонч тўлиб ётарди. — Отасини унатамиз, қиз сизники бўлади. Мен ўзим бажараман бу ишни.
Мингбоши унинг орқасига бир-икки марта уриб қўйиб:
— Сенга ишонаман, сенга, йўлворсим, йўлворсим! — деди.
Мингбоши, кечанинг чуқур жимлигида каттакон кавишини тақиллатиб, эснай-эснай, ичкарига кириб бораркан, Мирёқуб Мирзабобони ёнига олиб, дарвоза дарчасидан кўчага чиққан ва қишлоқ итларининг тўполон «вов»лари ўртасида кета туриб, жоҳил сўфининг қайсарлигини синдириш учун турли-туман тадбирлар ахтарарди...

VIII

Раззоқ сўфининг уйидагилар «мингбоши» деган сўзни унутаёзган эдилар. Мингбоши тўғрисидаги довруқ бир хил дайди шамоллардай тўсатдан келиб қолган, сўнгра сўфининг маълум сўзларидан кейин бутунлай жимиб кетган эди. Қурвонбиби яна қўни-қўшнисидан иш олиб, кўрпа қавишга ўтирди. Зеби бўлса, ҳовуз бўйига тўшакчани солиб, каштасига берилди. Ўлмасжон ҳар ўтганида, деярлик сўфининг баланд деворига осилиб, хипчин синдирадиган бўдди... Энди каштачи қиз «вой, ўла қолай!» деб ичкарига қочмас, фақат бетига рўмолини парда қилиб, икки бети чўғдай ёнгани ҳолда, кулимсираган кўзлари ила ҳалиги парданинг ёнидан мўраларди...
Саратон яқинлашганга ўхшайди. Офтоб тандурини қизита тушди. Кечагина кўкларда қанот қоқиб ўйнашдан туганмас лаззат олган қушлар энди дарахтларнинг қуюқ кўланкали шохларида ўтириб олиб, иссиқдан жон саклайлар. Кўча-кўйдан бирорта отлиқ ё арава ўтгундай бўлса, дунё-дунё чанг кўтарилади... Одамлар, жон-ворларгина эмас, дов-дарахтлар, жонсиз махлуқот ҳам энтикиб, бўғилиб нафас олган каби.
Сўфи ҳам дайдишдан тийилди. Неча кундан бери суҳбатга ҳам бормайди. Дарпардаларга чойшабдан пардалар тўстириб, уйни қоронғи қилдириб, битта кийгизчадан бошқа ҳамма палосларни олдириб ташлаб, қоқланган ерларга қалин-қалин сув урдириб... эртадан-кечгача уйдан чиқмайди. Олдида яхна чой, ёнида елингич, ўзича зикр қилган бўлади. Бир қарасангиз, «Ҳикмат»дан  байтлар ўқиб, ҳўнг-ҳўнг йиғлайди... Дам бўлса, суҳбат ҳофизлари сингари аста-аста хиргойи қилади.
— Хонақодан кечиб юбордингиз, шекилли! — деди бир кун Қурвонбиби.
— Валдирама, Фитна! — деб қичқирди сўфи. Сўнгра яна ўз ишига берилди.
— Эшон бувам хафа бўлмайдиларми? Қандай муридсиз! — деди яна бир кун Қурвонбиби.
— Шу иссиғда суҳбатга ҳафсала борми? Қизиқ экансан... — деди сўфи. Бу дафъа, тескари бурилиб, уйқуга кетди...
Аллаким ичкари эшик кетидан «Сўфи! Ҳов, сўфи!» деб чақирган вақтида, сўфи оғир уйқуда, Қурвонбиби эса қавиб бўлган кўрпани эгасига топширмоқ учун қўшниларникига чиқиб кетган эди.
Бу чақириқни ҳовуз бўйида ўтириб эшитган Зеби рўмолини пана қилиб, эшик олдига келди.
— Кимсиз? Нима дейсиз? — деб сўради.
У ёқдан содда ва бир оз дағал, лекин қувноқ бир эркак овози келди:
— Ҳа, Раззоқ сўфининг ожизаларимисиз? Қалайсизлар, омон-эсон бормисизлар?
— Худога шукур, — деб қўйди Зеби.
— Мен отангизни айтгали келиб эдим...
— Ухлаб ётган бўлса керак. Уйғотиб берайми? Зарурми?
— Эшон бобом йўқлатдилар. Уйғотмасангиз бўлмайди. «Тез, олдингга солиб кел!» дедилар...
— Хўп бўлмаса, уйғотиб берайин.
Зотан, жуда сергак ухлайдиган сўфи биринчи чақириқдаёқ уйқудан уйғонган эди. Дарпарданинг бир қанотини очиб, ташқарига ун солди:
— Ким у? Нима дейди?
Элчи сўфининг овозини эшитди:
— Менман, сўфи, менман. Худойназар! Элчининг ким эканини билганидан кейин сўфи унинг нима учун келганини сўраб ўтирмади.
— Шошманг бўлмаса, ҳозир чиқаман, — деди. Апил-тапил ҳовуз бўйига ўтиб, таҳорат янгилай бошлади.
Қурвонбиби қўшниларникидан қайтиб чиққан вақтда, сўфи аллақачон кетиб бўлган, Зеби эса уйни йиғиштираркан, биргина қизил олма учун довол ошиб боққа тушган йигитча тўғрисида ашулани данг қўйган эди.
— Ҳай, Зеби, отанг қани?
— Эшон бувам олдириб кетдилар.
Ашуланинг бўлинишини истамаган қиз жавобни калта қилиб, яна сернашъа қўшиғини бошлади. Фақат кампир шу топда гапга ва гаплашувга жуда қизиқарди. Чунки кўрпа қавиқ учун бу сафар пулни кўпгина тўлаганлар, боз устига «мунча чиройли ва текис қавигани» учун уни ўз юзига мақтаганлар, иккинчи томондан, чолнинг «бир ҳафтадан бери уйда сасиб ётгандан сўнг» яна хонақо томонга йўл солиши кампирнинг бўғилган таъбини оча тушган эди.
— Худо умрларини берсин эшонбувамнинг! Мунча яхши қилибдилар! Эркак деган ҳадеб уйда ёта берса, сасиб кетади...
— Ҳали ҳам кўрпаларидан аллақандай ҳидлар буруқсайди... — деди Зеби.
— Офтобга олиб чиқиб ёй! Иложи бўлса, ҳовлига олиб ўтиб, қоқ! — деди Қурвонбиби беш-олтита сийқа тангани қайта-қайта санаркан. — Яхши бўлибди, айланай, болам, отангнинг оғир жуссасини эшонбободай одам кўтармаса, ким кўтара олади?
Бир оз жим қолгач, эски ҳасратини бошлади:
— Илоҳим, қовоққинаси ўчсин унинг... Юрагим лах-та-лахта қон бўлди. Қовоғидан доим қор ёғади, важоҳати доим қиш, доим изғирин... Ё бир маслаҳатни айтиб бўлади, ё рўзғор ишини. Кошки, бошқа мўмин-мусул-мондай бир касб қилиб, беш-ўн танга топиб келса... Йўқ, йўқ! Ўзи тўй-мўйга бориб, қорнини тўйғазиб келса бўлди, бошқа билан иши йўқ! «Уйда хотиним бор, қизим бор, улар нима ейди?» деб ўйламайди. Хонақонинг текин шовласини еб, ёмон ўрганган-да! Меҳнат қилиб, пешона терисини оқизишга энди кўнгли ўлгури унамайди. Акаси шўрлик қанча ялинди — «Қишлоққа чиқ, бирга ишлайлик!» деб. Кўнмади сира! Меҳнатга тоби борми, қалай? Оч қолса ҳам, бўйни ишга ёр бермасдан, шу бўйича ўтиб кета беради. Тағин ҳар йил бир қур ҳажга жовдиганига куяман! Ёнида бир чакаси йўқ, нимага ишониб бўлсайкин, ҳар йил бир қур «бошпут» олади. Чинакам жўнайдиган кишидай, бор пулига ун олиб, ёғ олиб — кулчалар ёптиради. Тараддуд битгандан кейин, ҳажга бориш қолиб кета беради-да, ёғлиқ патирларни хонақодаги текинхўр сўфилар ейди! Адо бўлдим мен мундан!.. Куйдим мен мундан...
Кўрпа-тўшакни ҳовлига ташиб ётган Зеби бу ҳасратларни тингларкан, шўрлик онанинг тоғдай бардошига қойил бўларди. Онасининг жуда оғир юк остида энтикканини билганлигидан, эсини таниганидан бери унга ҳар тўғрида ёрдам қилишга тиришиб, бутун рўзғор ишини ўзи эплаб келар, онасига ҳеч бир оғирини туширмас эди. Зотан, бу рўзғорни Қурвонбибининг қавиган кўрпа-тўшак ва гуппилари ила Зебининг чевар қўлларидан чиққан чорси ва дўппилари тебратиб келмайдими?
— Пешонамизга битгани шу бўлса, қандоқ қилайлик, ойи! — деди қиз.
Бу вақтлар улар иккаласи ҳовлигача ёйилган палосларни қоқмоққа киришган эдилар.
— Албатта, болам, қазога чора йўқ. Шундай бўлса ҳам кўнгил тўлиб кетганда, чидамай гапирасан-да, одам...
Иккови ҳам жим қолиб, ўз ишларига берилдилар. Бир оздан сўнг кампир куйинишдан босилиб оддий овоз билан сўради:
— Эшон бобом нимага чақиртирди экан? Келган одам айтмадими?
— Билмадим, жуда зарур, шекилли, «Олдингга солиб кел», деган эканлар. Отам ўзи ҳам апил-тапил таҳорат янгилаб чиқиб кетди.
— Яхши бўлибди. Бирор жойда тўй-мўй бордир. Отанг келмаса ҳам эҳтимол, болам, қишлоқ-пишлоққа чиқишадиганлар. Бўлмаса, мунча жадаллатиб чақир-тирмасиди.
— Қишлоққа чиқиб кетса, яна яхши! — деди Зеби. Шу топда унинг юзларига қувноқ бир кулиш ёйилган эди.
— Салтанатхонни чақиртирай, деб эдим. Бир келиб ўйнаб кетса, яхши бўлариди.
— Майли, бугун кечгача отанг келмаса, эртага чақиртирарсан.
Қизнинг юзига ёйилган ва борган сари қуйилмоқда бўлган қувноқлик, қумга тушган томчи каби, бирданига йўқ бўлди; унинг жиддийлашган кўзларига энди ташвиш кўлангалари чўккан эди.
— На унимиз бор, на гуручимиз. Яна нонқоқига чақирамизми? — деди қиз. Онанинг жавобини кутиб ўтирмасдан, ўртанган бир овоз билан илова қилди: — Йўқчиликдан қутулар қун бормикин?..
— Койима, қизим, — деди она, — ўртоғингни қуруқ жўнатмайсан. Ош-сувингга етгулигини эплаймиз.
Зеби кўзларини кенг очиб қаради:
— Рост айтасизми?
Қурвонбиби рўмолининг учидан бояги тангаларни олиб, қизига узатаркан, овини йиқитган мерган сингари, кўнгли севинч билан тўлгани ҳолда:
— Мана, болам, кўрпа қавиғидан пул тегди! — деди. Зеби икки қўлини онасининг бўйнига ташлади; она унинг сочларини икки-уч марта юмшоқ-юмшоқ силагандан кейин, оғзини у сочларнинг ўртасига қўйди. Шундай қилиб, икки аламзада қўнгил жуда қисқа бўлган қувончларга берилдилар...

* * *
Фақат бу тўрт девор орасига кирадиган қувончлари ўткинчининг назаридай бир нафасга кириб чиқадилар. Уларнинг кирганини зўрға пайқаганлар чиққанини пайқаёлмай қоладилар.
Ўша тўрт девор ичида туғилиб ўсган, ўша тўрт деворнинг тунд назарларидан бошқа ҳеч нарса кўрмаган ва унга кўникиб қолган бечоралар ўз ҳолларининг мунча фожиаларини пайқай олармидилар? Ҳар қандай қувончни ўзларининг ўша тор дунёларидан ахтармоққа мажбур бўлган шўрликлар ташқаридан адашиб кириб қолган орият қувончларига ишониб, кўнгил қўярмидилар?..
Одатда хуфтон ўтар-ўтмас ётоғига кириб, илк саҳар уйқудан уйғонадиган Зеби отасининг келиш-келмасини билиб, шундан кейин хотиржам ухламоқ учун анчагача онаси билан гаплашиб ўтирди. Улар иккаласи топган-тутган гапларини бир-бирларига айтишиб, уч чойнак чойни тамомладилар. Бутун эл бир уйқуни уриб бўлганда ҳам сўфидан дарак бўлмаганидан кейин она-бола унинг эшонбобо билан бирга бирор жойга кетганига ҳукм қилдилар. Зеби эртага ўртокжонини чақиртирадиган бўлиб, ширин хаёллар билан уйқуга кетди.
Бир томондан, жуда кеч ётиб, иккинчи томондан, ниҳоят даражада тотли тушлар билан кўп роҳат ухлаганлигидан у эртаси куни одатдагидан анча кеч уйғонди. Уйқудан қўзини очиб, теварак-атрофга қарагач, ташқари эшикнинг карракдай очилиб турганига кўзи тушди. Демак, сўфи қайтган эди. Ўзининг бу қадар қаттиқ ухлаганига ҳайрон бўлди. Отаси одатда дарвозани жуда қаттиқ тарақлатарди. Ичкаридан «лаббай» деб жавоб берилгандан кейин то биров чиқиб дарвозани очгунча, баджаҳл сўфи бардош қилолмас, қўлидаги таёқ билан зўр бериб дарвозани саварди... Демак, бутун шу тарақ-туруқни эшитмаган Зебининг ўлгудай қотиб ухлагани маълум бўларди. Энди Салтанатхонни чақириш ҳаваси елларга учди... Энди яна ҳафталарча сўфининг боши уйдаги ёстиқдан кўтарилмайди. Энди яна қанчагача ёш қизнинг гулдек умри ҳовуз бўйида игна санчиб ўтади.
Ўрнидан туриб, бет-кўзини ювди, ўчоққа ўт ёқиб, чойдишни қўйди, сўнгра ташқари эшикни ёпиб қўйиб, секингина уй томонга борди. Бир жуфт дарпарда ёпиқ бўлганидан уйнинг ичи бир оз қоронғи эди. Астагина қулоқ берди: бировнинг хўрсиниб йиғлагани эшитиларди. Яна ҳам қунт қилиб тинглади. Йиғлаган онаси эди. Кўнгли шув этиб кетди. Бир оздан сўнг сўфининг ғудурлагани эшитилди:
— Хотин кишини йиғлашга ҳақ қилган худо... Йиғлай бер!
Шундан сўнг уй ичида оғир бир жимлик чўқди. Қурвонбибининг йиғиси хўрсиниш даражасига тушиб қолди. Кейинча у ҳам жимиб кетди.
Узоқ жимликдан сўнг сўфининг оғир бир томоқ қиргани эшитилди. Сўнгра у одатдаги амирона овози билан:
— Қани, бўл, чойингни бер! — деди. Кампир эзилиб мулойимлашган овоз билан:
— Шу ерга берайми ё эшикка чиқасизми? — деб сўради.
Сўфи яна ўша дағал овоз билан:
— Дим уйда нима бор! — деб қичқирди.
Онаси ташқарига чиққач, Зеби бориб унинг бўйнига осилди. Қурвонбибининг кўзлари қизариб, қовоқлари қўкарган эди.
— Нимага йиғладингиз, ойи? — деб сўради Зеби. Онаси дарҳол жавоб беролмасдан бир оз ўйланиб тургач:
— Ҳеч... — деб қўйди.
Жавобнинг бирданига берилмагани, сўнгра бу «ҳеч» деган маънисиз жавоб Зебининг ташвишга тушган қўнглини баттар ташвишлантирди.
— У нима деганингиз? Бекорга йиғлайдими киши? — деди у.
Қурвонбиби яна жим қолди.
— Ойи, бир ёмон гап борга ўхшайди. Мендан яшириб ётирсиз! — деди Зеби.
Унинг кўнглидаги ташвиш энди тилга, овозига ўтган эди.
Она энди бу сафар боласини қондиргундай жавоб бермоққа мажбур бўлганини пайқади. Фақат нима дейишини билмасиди.
— Сўраб нима қиласан, болам? Отангнинг феълини биласан-қу, бекордан-бекорга мени ғазаблаб ўтирибди...
— Нима дейди, ахир?
— Нима дерди? Бошимни олиб, бир ерга кетаман, дейди... тўйдим сенлардан, дейди...
Зеби онасининг бу гапларига ишониб, кўнгли анча тинчиган бўлса-да, онанинг ўзи ўз оғзидан чиққан бу ёлғонларга ишонолмас, «ўзим ишонмаган нарсага қизим бечорани қандай ишонтираман», деб ўйларди...
— Отамнинг шунақа хулқи бор, — деди Зеби. — Баъзи-баъзида феъли айниса, «кетаман»га тушади. Қўйинг, хафа бўлманг. Эрта-индин босилиб қолади. Илгари қилмаган бўлсайкин...
Зебининг бу муҳокамаси онанинг кўнглини дарров тинчитди. Қизининг бу сўзларида ва у сўзларни айтган вақтидаги овозида ёш болаларда бўладиган бир соддалик кўринарди. Қиз бечора ҳали кўп содда! У онасининг оғзидан нима чиқса, дарров ишонади! Фақат она бечора ўз қизини қанчагача алдаб юра олади? Қизнинг бу соддалиги қанчагача давом этади? Бу алдашлар эрта-индин очиқ ҳақиқатлар қошида чилпарча бўлиб синмайдиларми? У вақтда алдамоқ учун сўз топиладими? Ёш қизнинг «қарс» эта ёрилиши мумкин бўлган кўнгил шишасини ямаш учун онанинг тадбир сандиғида ҳеч нарса топиладими? Содда қиз тил учида айтилган бир-икки оғиз гап билан тинчланиб, сўрига жой қилгали чиққан вақтида айвоннинг бир чеккасида ўрнидан жилолмай қолган онанинг кўнглида шу ташвиш ва шу андишалар айланарди. Кейинча қизнинг тамом тинчланганини кўргач, Қурвонбиби ҳам изтироблардан енгиллангандай бўлди. Сўрига келиб, тайёр дастурхонга ўтиргач, Зебининг пешонасидан ўпиб-ўпиб қўйди.
Отасини нонуштага чақирмоқ учун кирган Зебига Раззоқ сўфи нимагадир:
— Чойингни ҳовлига чиқиб ич! — деб буюрди.
Бу буйруққа на она эътироз қилди ва на қиз. Айниқса, Зеби бутун бу нарсаларни отасининг феъли айниганидан кўрарди. Онасининг кўзларида шунча изтироблар қайнаб тошгани ҳолда ёш қизнинг содда кўнгли уларни кўролмас эди. Онанинг кўнгли сир беркитиш орқасида ғашидан ёрилай деганда, қизнинг кўнгли дам Ўлмасжонни, дам Салтанатхонни эркалатиб ўйнарди. Ҳовуз бўйида яна ўша қўшиқ, яна ўша ёқимли овоз сувларнинг жим-жимаси устида йўрғаларди. Яна ўша кашталарнинг, яна ўша кулар юзли ипаклари иланг-биланг чизиқ устидан бориб, кунгираларнинг шаклини қавартирарди. Яна ўша девордан яна ўша аравакаш бола мўралаб, ёш қизнинг мунгли қўшиғини бўларди...
Бир кун эрталаб иккита қўй билан бир арава ун-гуруч келиб киргандан кейин онасининг андишалик кўзларига қарамасданоқ, тунов кунги кўз ёшларнинг маъносига тушунди. Ёш қизнинг кўнгил шишасига бир тош келиб теккан каби бўлди...
Нонуштадан бир оз кейин қўйлар келган бўлса, тушга етмасданоқ қассоб тайёр бўлди ва Раззоқ сўфи этагини белига қистириб, енгларини шимариб ташқарига жомларни, саватларни ташимоққа бошлади. Қўйларнинг қоп-қора қонлари ерларни бўямасдан туриб, ташқари томондан хурсанд овозларнинг:
— Тўй қуллуқ бўлсин, сўфи!
— Жуда соз бўлибди!
— Бундай давлатни кам бандасига беради худо! — деган хушомадлари кўтарилди.
Энди онага қўшилиб қиз йиғлар, қизга қўшилиб она йиғларди. Буларнинг йиғилари кучайган сари ташқари томондан келаётган хушомадлар ҳам кучаяр, бутун маҳалла-кўй Раззоқ сўфининг бахтини олқишлаб, чапак чаларди!

* * *
Ўртароқ бир хонадоннинг орзу-ҳавасли каттакон тўйидан ҳашаматлироқ бўлиб ўтган фотиҳа тўйидан кейин Қурвонбибининг кўзларида йиғлайдиган ёш ҳам қолмаган эди. Зебининг кўз ёшлари сира тинмади. Бу орада Салтанатхон икки марта келиб кетди. Қумрихон келди, бошқа ўртоқлари келишди, ҳар йўл билан Зебининг кўнглини олишга, уни юпатишга уриндилар. Бўлмади! Кўз ёшлари ариқнинг сувидай ўзлари келиб, ўзлари қуюлардилар. Илгарироқ кунда юз марта қизини юпатган, унинг кўз ёшларини енглари билан артган она энди у ёшларга кўникиб қолган, индамасдан ўз ишига машғул бўлар, тўй ҳозирликларини кўрарди.
Ҳар ҳафтада бир келадиган қўй, ун-гуручни ташимоқдан Раззоқ сўфининг қўллари қабарди... Тоза гуручлар билан бўрдоқи қўйларнинг паловларини емоқдан қуюқ ёғлар меъдасига урди... Ёғлиқ қўлларини арта бермоқдан унинг эски бедана маҳсиси ойнадай ялти-раб кетди. Бутун буларнинг орқасида она билан боланинг қайноқ кўз ёшлари қуйиларди. Бутун бу ноз-неъматлар ёш қизнинг кўнгил шишасини синдириш баҳосига тушган эди. Фақат сўфи кўнгилдан ва унинг нозик шишасидан бир нарса англайдиган одам бўлмаганлигидан бу каттакон ишнинг оқибатини хаёл қилган вақтларида «келаси йилга (иншоолло!) ҳажга кетиш насиб бўлади», деган умидлар билан хурсанд бўларди...
Биринчи марта қўй келган кундан бери бутунлай эсидан оғиб қолган Қурвонбиби фотиҳа тўйидан кейин бир оз ўзига келган эди. Бора-бора Зебининг кўз ёшлари ҳам қуриди. У ҳам худди суратдай жонсизгина судралиб юра бошлади. Бурунгидай онасининг ҳеч бир сўзини қайтармас, нима деса, оғзидан чиққан ҳамон бажарарди. Эс-ҳуши ўзида бўлмаган бу жонсиз суратнинг ёғочдай қотиб қолган қўллари ва бармоқлари ила рўзғор ишларини яна бурунгидай пухта бажаришлари — онанинг қуриган кўзларини ҳам яна ёш билан тўлғазиб юборарди. Зебининг оғзидан на бир оғиз сўз чиқар, на бир байт қўшиқ, на бир оҳ-воҳ. Бу ҳол онанинг изтиробини беш баттар оширарди. «Бу кетишда, қизим шўрлик, тўйга етармикан, йўқмикан?» деган хаёллар онанинг бағрини тилардилар.
Эшоннинг чақиртириб кетган кунининг эртасига Раззоқ сўфи уйига қайтиб келганидан кейин — «Қизингни мингбошига бериб келдим, тараддудингни қил!» деган, шундан сўнг Қурвонбиби йиғлашга бошлаган, уни Зеби юпатган, шу билан иш фотиҳа тўйига бориб етган эди. Бу орада анчагина вақт ўтса ҳам Қурвонбиби ўз эридан — илгари рад қилган мингбошига кейинча розилик беришининг сабабларини сўрамади. Гапнинг рости, юраги бетлаб сўролмади. Илгари Зеби ўз отасидан қандай қўрқиб қочган бўлса, энди Қурвонбиби ҳам ўз эридан шунча ўзини четга тортарди. Зебининг ҳалиги аҳволи кўнглига ташвиш солганидан кейин чидаёлмади; бир кун Зебининг йўқ вақтини топиб туриб, эрига сўз очди:
— Бошим гангиб, ҳеч нарса деёлмай ётибман...
— Ҳа, нима демоқчисан, Фитна? — Сўфи аввалгидай қуруқ ва совуқ гапирарди.
Қурвонбиби хўрсинганидан бир озгача нафаси бўғзига тиқилиб, гапиролмай турди. Кейин нафасини бир оз ўнглаб, яна боягидай хўрсиниш овози билан бўлиб-бўлиб сўзлади:
— Бу нима қилганингиз? Бу...
— Ҳа, нима қилибман, баччағар?
— Илгари... мингбоши ўлгурга... бермайман, деб келиб эдингиз... қўрсайиб... мақтаниб гапириб эдингиз... «Бенамозга... қиз йўқ!» деган эдингиз... Қани у қўрсайишлар? Нима бўлди? Туппа-тузук сўфи одам бир бенамоз, бир бўзахўрга қиз бериб ўтирибсиз?
— Берсам нима бўпти, баччағар? Ўз қизим...
— Ўз қизингиз-ку... Тенгини топиб беринг-да... Эшонбувамнинг ман қилмаганларига ҳайронман. Ҳа... ҳа...
Шу ерга келганда, Қурвонбиби бир оз дадилланиб, овозини кўтара тушди. Гўё эшонбобо томонида бўлиб, Раззоқ сўфига қарши чиқажак эди:
— Ҳа... ҳа... энди билдим! Бу гапдан, валлоҳи аълам, эшонбуванинг хабарлари йўқ! Бўлмаса, сизнинг бу беҳуда ишингизни қилдиртирмас эдилар.
У ёқда сўфи аччиғи келиб, бақириш ўрнига, бир нарсадан хурсанд бўлгандай, мийиғида қулиб турарди.
Қурвонбиби давом этди. Унинг овози яна ҳам кўтарила тушган эди.
— Шошманг! Эшонбувамга бориб дод дейман! Ори рост, бир бўлган ишни энди буздириш мумкин эмаску-я, ишқилиб сиздан дод деб бир кўнглимни бўшат-масам бўлмайди...
— Э аблаҳ, Фитна!— деди сўфи кулиб туриб. — Эсинг йўқлиги шу-да! Шу-да эси пастлигинг! Шу-да хотинлигинг!
Қурвонбибининг аччиғи келди:
— «Эчкига ўлим, қассобга ёғ!» Мен ўлолмай гарангман, сиз ҳадеб куласиз. Ҳа, эшонбувамга айтолмайманми?
— Ҳа, айт! Айт бориб! — деди сўфи яна кулиб туриб. — Аблаҳлигингни пиримизга ҳам кўрсат, Фитна!
— Оббо, ақлли-ей! Шошманг, ҳали! Эшонбувам ғазаблагандан кейин эсингиз киради. Ҳали ёғлиқ паловлар билан мастсиз!
Сўфи кулишдан тўхтаб, жиддийлашди.
— Бас, дейман, аҳмоқ, бўлди! — деб қичқирди у. — Ҳеч нарсадан хабаринг йўқ, валақлай берасанми? Мингбошига бергин, деб қистаб юриб, мени кўндирган эшонбувамнинг ўзлари бўлса, нима дейсан?
Қурвонбиби ихтиёрсиз:
— Вой, ўла қолай! — деб бақирди. — Эшонбувам ўзлари бошми ҳали? Вой, шўрим қурсин-ей!
Бечора кампир бошларига муштларди.
— Муштла бошингни, Фитна! — деди сўфи яна ўша жиддият билан. — Кўпроқ муштла, ёр ўша эси паст бошни!..
Иккаласи ҳам жим бўлишди. Сўфи ҳамон ўша жиддият билан бир нуқгага тикилган, Қурвонбиби энди бир оз ўзини тўхтата бошлаган эди. У оддий ва тинч овоз билан сўради:
— Эшонбувам қистаган бўлсалар, қаттиқ турсангиз бўлмасмиди?
Фақат кампирнинг бу сўзларида энди тақдирга тан бериш унлари бор эди. Бу унни сўфи ҳам пайқади. У бугун нечундир бир оз юмшара тушган, хотини олдида ўзини оқламоққа тиришгандай қўринарди.
— Ҳовлиқмай гапирсанг-чи, Фитна... Дунёни буза-сан...— деди у. — Мен кўп олишдим. «Бенамозга қиз бермайман!» дедим. «Сен-бизнинг минг йил ибодати-мизу уларнинг бир кунлик хизматлари — баб-баробар! Мингбоши қанча мўмин-мусулмонларнинг ҳожатини чиқаради, қанча аламзаданинг додига етади! Қанча ўғри, кисавур, қароқчининг жазосини беради! Қанча ноҳақ бўлган ишларни ҳаққа қарор топқизади. Ибодат ҳам — ибодат, мўмин-мусулмонга хизмат ҳам — ибодат! Балки бу кейингиси — аъло!» дедилар. Нима дейин? Нима деб бўлади? Мен оми бўлсам, саводим бўлмаса, оқ-қорани танимасам, у киши мулла бўлса, забардаст бўлса, худонинг буйруғини тушунса, шариатни, тариқатни сувдай билса... нима дейман?
Сўфининг ўз хотинига астойдил куйиб-ёниб ўз қилмишларидан бунча дуру-дароз ҳисоб бериб ўтириши — мана шу эди. Буни Қурвонбиби тегишинча тақдир қила билди. Эрига иссиқ назар билан қараб, унинг аҳволига энди бир даража ачина бошлади. Шу учун анча оғирлик ва босинқилик билан:
— Мен-ку ҳеч нарса демас эдим, — деди у, — мана бу қизингиз худди бир суратга айланиб қолди... Қўрқиб ётибман...
— Ўртоқларини чақиртир, Фитна... Ўйин-кулги қилишсин... У тарафдан мен ҳам тўйни тезлатай... Тезроқ бериб қутулайлик.
— Салтанатхон ўртоғини ўзи ҳам чақирмоқчи бўлиб туриб эди, — деди кампир. — Сиз уйда бўлганингиз учун...
— Мен хонақога кетаман. Чақиртира берсин. Ун-гуруч бўлса сероб... Пул ҳам бор, орзу-ҳавас қиламан, деса, мана пул. Бозордан олдирсин. Кўнгли хоҳлаганини қилсин!
Шу сўзларни айта туриб, ёнидан битта ўн сўмлик янги қоғоз олди, уни бармоқлари орасида увиб, шир-шираган овоз чиқарди, ундан кейин юзларида шу чоққача ҳеч бир кўрилмаган болаларча қувониш билан кампирга узатди.
Кампир умрида кўрмаган ўнталикнинг нақшларига қараркан, шу нақш сингари жонсиз бўлиб қолган шўрлик қизини кўз олдига келтирди-да, кўзларига ихтиёрсиз ёш олиб юборди...

IX

Зебини тушириб келиш учун шаҳарга борган хотинлар, уларнинг ўз тиллари билан айтсак, «қудалар», бошларида Пошшахонга ўхшаган эслик ва айёр бир жувон турганига қарамасдан, негадир кичкина миттини назардан қочирдилар. «Кичкина митти, хон хўжани йиқитди», дейди ўзбек мақоли. Қудалар қофиласи  шаҳарга жўнаркан, Умринисабибини аравадан ўз қўли билан тушириб юборган ва унга қараб, «агар тўйда ё тўйдан кейин мен сизни уйда кўргундай бўлсам, минг-боши додҳога айтиб авақтага жўнатдираман!» деган Пошшахон Умринисабибининг қизини ё кўрмади, ё кўрса ҳам назарига илмади. Пошшахоннинг қўйган қизлари, яъни унинг ўз «одамлари» шаҳарнинг ўзида, йўлда ва ҳар ерда Зеби билан бирга бўлишиб, фаришта қиёфасидаги шайтон каби, унинг ичига кириб, пистоки таъзимлар ва серхушомад гаплар билан унинг кўнглини овлаб, мингбоши додҳога уни «иситтираркан», ўзларининг муваффақиятларидан ҳеч бир шак-шубҳа қилмасдилар. Тезда-тезда уларни чақириб, таълимот бериб турган Пошшахон ўз одамларининг маърузаларини эшитгандан кейин, боз устига ўзи ҳам чимилдиқ кетига ўтиб, Зеби билан жонажон ўртоқдай гаплашгандан сўнг, «қизнинг муқоваматини синдирдим, ўжарлигини енгдим!» деб ўйларди. Ўзига кўп бино қўйганларнинг алданиши ёмон бўлади! Икки қиз ва бир жувоннинг бутун меҳнатларини Умринисабибининг Кичкина миттиси бир неча оғиз гап билан ювиб ташлашга жуда осон муваффақ бўлди. Умринисабибини ишга солиб қўйиб, ўзи аллақайларда тажанглигидан кокилини юлиб юрган Султонхон энди шайтон кулиши билан кулиб, қўли толгунча чапак чалса бўлади. Унинг кўнгли олддан сезиш йўли билан бир нарса сезган бўлса, ҳали ҳам жиртак чалиб кулаётгандир. Ким билади!
Шаҳарда бир неча минут, қишлоқда мингбошиникида ундан ҳам озроқ холи фурсат топиб, Кичкина митти Зебига айтиладиган ҳамма гапни айтиб олди. Мингбошини шундай тасвир қилдики, энди унинг ўрнига — куёв ролида — бир дев кириб келса, Зеби «жон!» дерди. Бунинг устига, «бечора Султонхоннинг маъсум кўз ёшлари», «икки иттифоқчи» (Хадичахон ва Пошшахон)нинг минг бир «ҳилалари» ҳам (Хотинлар ўзлари худди шу шаклда — «ҳила-а» деб гапирадилар) ёш ва маъсум бир қизнинг самимий тили билан бир-бир баён қилинди. Шу учун тўйга яқин ва тўй кунларида ўз ўртоқлари билан кулиб гаплашган, Пошшахоннинг одамларига эса қиёматлик дўстлардай муомала қилиб, уларга «ғалаба» ғурурини берган Зеби қишлоққа жўнар куни бирданига ўзгариб, ёнига ўз онасидан бошқа ҳеч кимни киргизмай, бирданига бурунги қуруқ «сурат» шаклига киргач, «иттифоқчилар» шошилиб қолдилар. Зеби ўзи учун ажратилган катта уйга кириб, ипак чимилдиқнинг кетига ўтган вақтида «иккала иттифоқчи» тўйчи хотинларни ҳам унутиб, дастурхон ва ош-сув масалаларини ҳам бировларга топшириб, ўзлари Пошшахоннинг уйига чекилдилар ва бу ўзгаришнинг сабабини текшириб, чорасини ахтармоққа бошладилар, кўп ўйладилар, кўп режаларни чизиб кўрдилар... фақат, шу кичкина митти ҳеч бирисининг эсига келмади. Шу учун ўзгаришнинг сабаби билинмади!
Улар бир чора топишдан ҳам ожиз эдилар, шу қалтис пайтда ақллари ҳеч нарсани олмасди. Бир тарафдан, куёвнинг кирар вақти яқин, иккинчи тарафдан, ҳовли юзи тўла хотин-халаж, бола-чақа, етти иқлимдан одам бор, шовқин-сурон, қий-чув, мия айнайди... мия айнайди, холос! Бир кучли овоз бўлса-ю ҳовлига чиқиб ўкирса ва хотин-халаж бир нафасгина жим бўлса... Булар ўйлаб, бир фикр чиқарсалар!
Ҳолбуки, хотин-халажнинг қий-чуви авж олаётир.
— Шошманг, нима гап? — деди бирданига Пошшахон.
Дарҳақиқат, ташқарида хотин-халажнинг умумий хори бошланган эди. Ҳовлидаги хотинлар ҳаммаси бирдан алланима деб бир сўзни такрорлаб, шовқин солардилар. Булар ҳам бирин-кетин ҳовлига чиқишди.
Кичкинагина бир воқеа бўлиб ўтган эди.
Зеби каттакон уйнинг тўғрисида, очиқ дераза ёнидаги бурчақда, чимилдиқ кетида онаси билан бирга ўтирарди. Унча бесаранжом бўлгани ҳам кўрилмасди. Ҳатто хотинларнинг қизиқроқ гапларини эшитса, кулиб қўярди... Ҳовлида деразанинг таггинасида турган иккита хотин — ким эканликлари номаълум! — тик ҳолда ўзаро гаплашиб туриб, гапни мингбоши додҳо ва Зеби тўғрисига кўчирдилар. Зеби уларнинг суҳбатларини юраги ўйнаб туриб тинглар ва онаси суҳбатга моне бўлмоқ истаса, йўл қўймасди. Иккала хотин овозларини пича кўтара тушиб, хотинлар қий-чуви орасида суҳбатда бемалол давом этдилар, Зебининг қулоғи ҳам гўё деразага осилиб қолди.
— Қизингиз етилиб қолди, мингбоши додҳога бермайсизми? — деди уларнинг биттаси овозини кўтара тушиб.
Яна бири овозини анча баланд чиқариб, бундай деди:
— Буватаваккал адирида одам сонидай йўғон илонлар бўлар эмиш. Шуларга берсам бўлмайдими!..
Зеби, «оҳ» деб қичқирди-да, онасининг қучоғига йиқилди. Хотинлар чувиллашиб, чимилдиққа томон югурдилар. «Вой, нима бўлди? Вой, нима бўлди? Вой, ўла қолай! Вой, шўрим!» Овозлари ҳар тарафдан юксалди. Чимилдиқ атрофини қуршаб, «вой, нима бўлди?» деган хотинлар орасида ҳалиги иккови ҳам бор эди...
Бир оздан сўнг улар иккови орадан йўқ бўлишди. Уларнинг келиб келмаганини ҳеч ким билмайди. Шунча кўп хотин-халаж орасида иккита хотинга сон борми?
Пошшахон билан Хадичахон воқеани суриштириб кўрдилар. Ҳар оғиздан ҳар хил гап чиқарди. «Аллаким келинга эшиттириб куёвни ёмонлади», деганлар бўлди. «Ўз қулоғим билан эшитдим», деганлар бўлди. Фақат уйдаги хотинлар — «Ташқаридагилар гапирди!» дедилар, ташқаридагилар ичкаридагиларни айб-ладилар...
Зеби кўзларини мўлтиратиб, қўли кўксида, бедармон ётарди. Оғзини очиб бир сўз демас, саволларга жавоб бермас, ёнига кирган Энахонни ҳам танимасди. Ранги пахтадек оқарган, қовоқлари буришта учиб тушарди.
Пошшахон Умринисабибининг эшигига қулф солдириб қўйиб, «иттифоқчиси» билан яна кенгашгали кирди. Бу сафар кенгаш жуда калта бўлди. Чунки вақт нозик, тезроқ чора кўриш лозим, куёв кирадиган вақт бўлган эди.
— Куёвингизни бугунча киргизмай турсак, — деди Пошшахон. — Эртага Зебихонни алдаб-сулдаб йўлга солардик... Кейин, олиб кириб қўйсак, ундан нарисини эркак киши ўзи эплаб оларди...
— А-в-в...— деди Хадичахон. — Кошки эп деган нарса бўлса куёвда...
— Униси рост-ку-я... Ҳар қалай, эртагача худо пошшо, эгам... Бугуннинг маслаҳатидан келинг.
— Ҳалиги маслаҳатингиз дуруст... Бугунча турса турсин, ўлмас...
— Ўлмайди, албатта... Пешонасидан кўрсин... Ишқилиб, Султонхоннинг ошиғи олчи!
— Нимасини айтасиз. Умриниса фитна етказгандир бу чоққа...
— Қўяди дейсизми? Эрта қачон...
— Жиртак чаляпти, десангиз-чи, яшшамагур...
Иккаласи ҳам бир нафас жим қолишди.
— Маслаҳат ҳалиги бўлдими? — деди яна Пошшахон. — Бугунча кирмай турадими? Яхши маслаҳат.
— Бошқа иложи ҳам йўқ. Аммо у ўжар куёвни ким кўндиради бунга?
— Ғалати экансиз? Ким кўндиради? Мирёқуб акангиз-да„.
— Ўзингизнинг акангиз...
— Ҳаммамизнинг акамиз...
— Чақириб айтинг, бўлмаса.
— Йўқ, сиз каттасиз, сиз айтинг! Мен яқин йўламайман!
Хадичахон Мирёқубни чақириб гаплашгали ташқари эшик олдига чиқди. Пошшахон Зебидан хабар олгали югурди.

* * *
Султонхон, тўйга бир неча кун қолганда, онасиникига кетган эди. Кетаркан кимдан сўраб — ижозат олиб кетишини билолмади. Сўраганда, кимдан ҳам сўрайди? Мингбошининг онаси ролида ҳозир Хадичахон. Унга кириб ялинадими? Ё Пошшахонга таъзим қилиб, ундан сўрайдими? Улар нима дейдилар? Тил учида «Вой, айланай, вой, ўргулай» қилсалар ҳам, қўнгилларида «Ўла, ўлганинг яхши! Алам қилдими? Қочгинг келдими? Қоч, орқангга қарамай қоч, кавишингни қўлтиқлаб қоч!» демайдиларми? Мингбошидан сўраш керак эди, албатта. Унинг олдидан ўтмай бўлмайди. У — эр, эр — подшо, хотиннинг инон-ихтиёри ўшанинг қўлида. Фақат шу топда мингбошининг кўзига оқ-қора кўринмайди. Мингбоши шу кунларда ўз соя-сидан ҳам бехабар. Беш-олти ой бурун бор эди унинг Султонхони. Энди йўқ! Бир йил бурун унча-мунча «Султоним» деб турарди мингбоши. Тез-тез бунинг ёнида бўларди. Бу даргоҳга эрта баҳорда Зебининг қадами теккандан бери Султонхон бутунлай нест-нобуд бўлди. Кечаги ботган қуёшдай... унутилди!
Паранжасини ёпинди, Умринисабибининг дарчасига яқинлашганда, бирдан тўхтади ва орқасига қайтиб, Хадичахоннинг уйига томон йўналди.
— Мен ойимларникига кетяпман. Уч-тўрт кун айланиб, кўнглимни ёзиб келай...
Хадичахон «ҳа, майли», деб қўя қолса нима бўларди? Жуда чидамай кетса — индамасиниди, бунга қараб мийиғида бир кулсиниди — шу ҳам етиб ортарди. Иўқ! Пошша афсунчининг бу ўргатма илони бир марта нишини ботириб олмаса, бўладими?
— Вой, бу нима қилганингиз, Султонхон? Шундай яхши тўйлар бўляпти...
Тили зўрға-зўрға қалдираб:
— Тўйгача... келаман... — дея олди Султонхон. Умринисабибининг дарчасидан ҳатлар-ҳатламас ҳўнгурак отиб, йиғлаб юборган эди.
У ерда кўп ўтирмади. Бир оз ҳасратларини айтиб, кўнглини бўшатгандан кейин, Кичкина миттидан фойдаланиш тўғрисида бир-иккита маслаҳат кўрсатиб, она-синикига кетди. Шу бўйича тўй куни ҳам қайтиб келгани йўқ.
Янги келин келган куннинг эртасига — худди нонушта чоғида Умринисабиби етиб борди. Ўпкаси оғзига тиқилиб, ўлгудай ҳаллослаб туриб, кутилмаган ютуқлардан гапирди. Кичкина миттининг катта ишлари, айниқса дераза олдида томоша берган икки хотиннинг ўйинлари ўлган Султонхонни тиргизди. Унинг беҳоллик ва уйқусизликдан юмилган кўзларини қайта бошдан очирди. Умринисабибининг буришган терили бармоқларида янги узуклар ялтиради! Иккаласи бир-бирини қучоқлаб, ширин-ширин нашъага ботдилар.
— Йўқ, хола, ҳали эрта! Эрта ҳали...
— Нима демоқчисиз, айланай?
— Маъракани йиғиштиришга ҳали вақт эрта.
— Нима қилайлик, айланай? Мени у эшикка қадам бостиришмайди. Қизим кириб юриб эди, ҳалиги иккала хотиннинг ишидан кейин ўртадаги эшикка қулф солдилар.
— Йўқ, хола! Йўл топилади, топиш керак.
— Хўп, айланай, топамиз.
— Топамиз!.. Топамиз... топамиз... топамиз... Ақли бошқа жойда бўлгани ҳолда Султонхон ҳадеб шу бир сўзни такрорларди. Бирдан сўраб қолди:
— Энахон қаерда? Уни киргизишадими?
— У ҳаммавақт Зебининг ёнида.
— Бўлмаса, ўша билан гаплашинг. Бугуноқ гаплашинг. Ҳозир бориб гаплашинг.
— Ҳозир жўнайман бўлмаса.
— Менга қаранг!
Икки қўли билан Умринисабибининг икки елкасига ёпишди. Юзини унинг юзига яқин олиб борди.
— Менга қаранг, холажон! Энахон Зебига дўст. Чинакам дўст. Мингбошига хотин бўлишини ҳеч хоҳлаган эмас. Ҳали ҳам хоҳламайди. Қўрқмасдан, очиқ гаплаша беринг. Гапдан гап чиқади. Гапдан маслаҳат чиқади!
Умринисабиби каттакон белбоғини ун-гуруч билан тўлғазиб, дарров йўлга чиқди.
Энахонларникига бориб кирган вақтида Энахонларнинг бутун оиласи ёйилган қопнинг теграсида жугари уқалаб ўтирардилар.
— Айланай, Энахон. Шошилиб турибман. Сизга икки оғиз гапим бориди.
Иккаласи бирга ҳовлига ўтдилар. Ариқ бўйига ўтиришган ҳамон Умринисабиби гап бошлади:
— Зебихоннинг аҳволи қалай, айланай? Жиндак гапириб беринг, ҳеч нарса билолмай, юрагимиз эзилиб кетди. Кўзимнинг қорачўғидай яхши кўрардим.
— Уни яхши кўрмаган ким бор, холажон? Ҳамма яхши кўради. Яхши кўриш бошқа экану, толе бошқа экан...
— Нимасини айтасиз, айланай? Етти ухлаб, бир тушига кирмаган кунларни кўрди шўрлик...
Бир оз тўхталди. Рўмолчасини ариққа солиб ҳўлланган юзини бир қур артиб олди.
— Куйиб кетдим, айланай... Бир жойда ўтиролмайман... Кизим Баҳридан сўрайман, бир оғиз гапни эплаб гапиролмайди. Кеча кечаси ўша ердайди. Шаҳарга ҳам бирга бориб эди. Гап сўрасам, худди тили йўқ соқовдай «и, и...» қилади, холос... Юрагим «тарс» эта ёрилгундай бўлди. Шундан кейин бу ерга чопиб келдим, айланай.
Содда Энахон бу ёлғонларнинг ҳаммасига астойдил ишонарди.
— Зебихон энди пича дуруст, — деди у. — Кеча кечаси куёв киришга яқин аллакимдан бир ёмон гап эшитиб...
У шошилмасдан ҳамма бўлган гапларни айтиб берди. Бу гаплар ҳаммаси Умринисабибига маълум бўлса-да, эшитмаган одамдай бирушта «вой, товба! Вой, ўлақолай! Вой, шўрлик! Шунақами?» деб турди.
— Энди ҳамма ҳайрон, холажон... Бугун кечаси нима бўларикин? Куёв кирмай туриб, бу шунақа қилади. Куёв кирганда нима бўлар экан?
— Шуни айтаман, айланай!
— Мен ҳеч чиққим йўқ ўша томонга. Чиқмасак, оқибатдан эмас. Бизни деб келиб тузоққа тушди шўрлик. Менга шундай кўзларини мўлтиратиб қараса, юрагим «жиғғ!» этиб кетади...
— Рост, айланай, рост... Ҳамма деганларингиз рост...
— Бу ишни қилган кундош ўлгурлар, энди ўзлари ҳам ҳайрон...
— Яшшамагурлар...
— Султонхон бўлса, у ёқда жиртак чаляпти.
— Яшшамагур...
— Азайимхонларга катта-катта сарф қиляпти, дейди... Отаси бой эмасми? Онасида ҳам бисот каттаймиш...
— Яшшамагурлар...
— Бир ўйлаганда, у бечорада ҳам айб йўқ.
— Рост айтасиз, айланай...
— Ана у кундошларда ҳам айб йўқ.
— Албатта, айланай...
— Кундошлик ўзи бир бало.
— Нимасини айтасиз, айланай...
Энахон оғир бир «уҳ» тортиб, ўрнидан турди.
— Жиндак туриб яна чиқиб, бормасам бўлмайди. Юрагим бўлса сира бетламайди. Бу кеча нима қиламиз энди, билмадим...
— Нима қилардингиз? — деди Умринисабиби.— Дод-войига қарамасдан, куёвга қўшасиз-да, айланай!
— Менга қолса, бир умр қўшмас эдим, — деди Энахон. Яна қайтиб жойига ўтирди.
Умринисабибига бор-йўғи шу гап керак эди. Дарҳол ўрнидан туриб, ариқнинг у юзига ўтди ва Энахоннинг ёнгинасига ўтирди. Устозидан олган таълимини эслаб, икки қўлини унинг елкасига қўйди ва бошини ўз бошига томон тортиб туриб, кўзига маҳкам тикилгани ҳолда сўради:
— Зебихонга чинакам дўстмисиз? Йўқ, айланай. Худойимни ўртага қўйиб айтинг: астойдил дўстмисиз?
— Гумонингиз ҳам борми? Жонимни беришгача борман!
— Бўлмаса, менинг гапимга кириб, Зебихоннинг қулоғига секингина шипшитиб қўйсангиз: ҳар кун ёлғондан бўлса ҳам бир соат, ярим соат ўзидан кетиб турса...
Умринисабиби бирданига овозини пасайтирди:
— Биласизми, айланай, бу куёв шундай нарсаки, ҳар қандай хотин ўзи хоҳлаб бориб бўйнига осилмаса... ўзича ҳеч нарса қилолмайди! Ўзи ҳам қариб, дармони кетиб қолган... Нимага ҳадеб уйлана берар экан, ҳайронман.
— Пул қутуртиради! — деди Энахон.
— Рост айтасиз, айланай, давлат қутуртиради! Умринисабиби яна овозини пичирлаш даражасига туширди:
— Биласизми, айланай, оқ пошшо етти қирон билан уришаётган эмиш... Ҳамма фуқароси қирилиб тамом бўлипти... Юртида одам қолмапти. Бугун эмас, эртага мингбошиларнинг ҳаммасини урушга олиб кетармиш...
— Оғзингизга ёғ, холажон!
— Рост гап бу... Ҳакимжон айтипти... Мингбошининг мирзаси эмасми? Тил билади у... газет ўқийди...
— Сизга ким айтди?
— Бир жойдан эшитиб қолдим. Ҳакимжон бориб юрадиган жойдан. Сиз, айланай, Зебинисага сал учини чиқариб қўйсангиз бўлди. У ёғини ўзи эплайди... эслик қиз... Мингбоши уришга кетдими, ҳамма қутулади унинг дастидан. Ёвлашган қирон жуда каттаймиш... Индамасдан келиб ўлдирадиган ўқи бормиш... Осмондан қанот тақиб келиб уришармиш... Мингбошингиз ўқтегмасдан туриб йиқиладиган одам... «Урушга борасан», дедими, тамом... юраги ёрилиб ўлади!
— Илоҳим, айтганингиз келсин! — деди Энахон.
Шу пайтда Холматнинг «эна!» деб чақирган овози эшитилди.
Иккала ҳамдард ўринларидан туриб, ичкарига томон юрдилар.
Шундай қилиб, ўша кечадан бошлаб Зебининг тутқалоғи ҳар кун намозшом пайтида мунтазам тутадиган бўлди.

X

Мингбоши ишнинг бу равишга киришини ҳеч бир кутмаган эди. Бошқа ҳамма кишилардай у ҳам Зебининг тутқалоқларини «қизнинг нози», деб билар ва тезда ўтиб кетишига ишонарди. Шу учун кундузлари-ни жуда бесаранжомлик билан ўтказиб, кеч кирганда, энтика-энтика ичкаридан севинчлик хабар кутарди. Беш кунгача ҳар оқшом бир хилда совуқ хабар чиқиб турди: «келинчакнинг тутқалоғи тутиб қолди...» Бу беш кун ичида мингбоши, ўз иқрорича, беш йиллик заҳмат тортган эди... Маҳкама ишларини Ҳакимжонга ташлаб қўйди, зотан, тўйга икки кун қолганда, ёнидаги муҳр ҳам Ҳакимжон киссасига тушганди. Мирёқуб — бир жойда бир нафас ўтиролмайдиган нарса — олти-етти кундан бери мингбоши ёнидан жилмайди. Жаҳли чиқиб, тўнини тескари киймоқчи бўлган мингбошини гап билан совутади ва йўлга солади.
— Ўзингиз айтасизки, — деди Мирёқуб, — сизга «гаҳ» деганда, қўлга қўнадиган тайёргина қуш бўлса... Мунақа қўлга қўнмайдиган ёввойи қушларни овлашга ҳунарингиз йўқ экан. Шундай бўлгандан кейин тишни тишга қўйиб, чидаш керак, хўжайин!
— Чидаб-чидаб шу ерга келдим.
— Оббо-о! Уч кун ўтмай туриб-а! Шунча бардошсизликми? Ёввойи қушни аста-секин алдаб-алдаб ўргатадилар. Қўрқитсангиз, «пирр!» этиб учиб кетади.
— Учиб кета қолсин! Шу топда «бор, кет!» дегим бор.
— Эсингиз жойидами, хўжайин? Менга қаранг... бу нима гап? «Кет», десангиз, жон дейди. Шамолдай учади. Унга сизнинг «кет!» деганингиз ёввойи қушга қафас даричасини очгандай гап. Ким армонда қолади? Уми?
Мингбоши ўйлаб қолди. Сўнгра юввошланиб, деди:
— Рост айтасан. Қариганда эснинг ҳам мазаси кетганга ўхшайди...
Мирёқуб билан Хадичахон шу беш кун орасида бир-бирларидан қочмайдиган даражага келдилар. Хадичахон уни кунда уч марта чақирса, бу уни беш марта чақирарди. Пичир-пичир гап, пичир-пичир гап... маслаҳат!
Тутқалоқ беш кун батартиб давом этганидан кейин, Мирёқуб мингбошининг жуда ёмон бўла бошлаганини пайқади. Ўзининг икки ғилдиракли сариқ фойтунини олдирди.
— Қани, юринг, хўжайин! — деди. Мингбошининг эътирози ва баҳоналарига қарамасдан, етаклаб олиб бориб, фойтунга ўтқизди ва орқаларида яроғли от қоровул, эрталаб йўлга тушдилар.
Шаҳарда мингбошини энг яхши ва обод самоварга туширди.
— Боплаб нонушта қилинг, хўжайин, чой ичинг. Томоша қилиб туринг. Мен тезда келаман! — деди.
Яна фойтунга ўтириб кетди.
Мингбоши қаймоклар ва ширмон нонлар билан нонушта қиларкан, шаҳарга нима учун келганини билолмасдан боши айланарди. Ўйлади, ўйлади, охири: «Бир қалтис иш чиқиб қолганга ўхшайди. Бўлмаса бунча шошилинч келмас эдик. Бу Мирёқуб бир ишни ўйламасдан қилмайди», деган қарорга келди.
Сўнгра яна ўйлашда давом этди.
«Шу қиронларнинг бир-бири билан урушгани ёмон бўлди... Кўп одам қирилди, дейди нойиб тўра. Менинг мирзам Соколов ҳам дараксиз кетди. Уч ойдан бери дараги йўқ. Юрт ҳам, самовардай аста-аста қайнаб ётибди. Бир тошади бу! Ёмон тошади лекин. Одамларнинг юзига қарасам, ўрис-мусулмон ҳаммасининг кўзи бежо... «ютаман», дейди. Қимматчилик борган сари авж оляпти. Шундай оқ пошшонинг хазинаси қоқланиб қолдимикин? Оқ пошшо менинг гапимга кирса, юрт берса берардики, тезроқ яраш қилиб одамларни тинчитарди. Аллақайлардаги юртларни деб бошини қазога тутадими киши...»
Бу ўйлар мингбошининг мияcига биринчи келаётган ўйлар эди. У бунақа нарсаларни ўйлаб ўрганган одам эмас. Фақат юрт орасида ҳар хил гаплар юради. Ҳамма амалдорларни, шу қаторда мингбошиларни ҳам урушга жўнатармиш, дейдилар. Ҳамма юртни поездга солиб, Германияга қарши ҳайдармиш, деган гаплар эшитилади. Бу гаплар мингбошига таъсирсиз қолмайди. Мингбоши ҳам «замона охир» бўлишига ишонади эмас-ми? «Замона, чинакам охирга етган бўлса керак», деб ўйлайди: «Йўл очиқ бўлса ҳажга кетардим», деб қўяди. Яна орқасидан: «йўл очиқ вақтида қайда эдим? Тавфиқни ҳам жуда кечикиб бераётир худованди карим...», дейди ўз-ўзига.
Ўйланиб ўтириб, устунга суянганича ухлаб қолди. Кўзини очган вақтида Мирёқуб тепасига келиб, «қани, юринг, хўжайин!» деб турарди.
Бу сафар Мирёқубнинг ўз фойтуни эмас, киракаш извош билан янги шаҳар қисмида бир қаватли эскироқ бинонинг шийпонли зинаси олдида тўхтадилар. Мингбоши хурсанд бўлиб кулди, бу жой унга таниш эди.
— Қани, юринг, хўжайин!
— Қишлоқда айтсанг бўлмасмиди? Худди зинасининг тагига олиб келгунча ҳеч нарса демайсан.
— Мен сизни ёмон йўлга бошлайманми, хўжайин? — деди Мирёқуб ва кулди.
Мингбоши ҳам маълум кулиши билан кулиб, эски гапини такрор қилди:
— Оббо, бетавфиқ-ей!
Шаҳарнинг бузуқлик ила ном чиқарган машҳур номерларидан бири эди. Бу номерга келадиган кишилар фақат айшу ишрат учунгина тўхталардилар. Шу учун у бир хонали айрим уйлардан иборат бўлиб, ярим қоронғи уйчаларда бир карт, икки-уч эски курси, бир овқат столи ва бир жовончадан бошқа ҳеч нарса бўлмасди. Одамнинг ҳайвонлик ҳирслари авж олган вақтда ҳар нарсадан гўзал кўринадиган бу хоналарга у ҳирслардан озода бўлиб кирган одамни даъфатан белгисиз бир қўрқув ҳисси босарди. У хил ҳирслардан озод бўлиш билан кўпда мақтанолмайдиган бизнинг мингбошидай одам ҳам бурун бир неча марта келган вақтида кутилган хотинлар киргунча, дераза олдига бориб — ифлос ва қуруқ саҳннинг хунук манзарасига тикилар ва шу ердан тезроқ чиқиб кетгиси келарди.
Бу дафъа мингбоши хона ичига кирганидан кейин ўз кўзларига ишонолмади. Хоналар яхшилаб тозаланган, деворларга ҳар хил гулларнинг ва яланғоч хотинларнинг суратлари осилган, деворда ликкагини ўйнатиб, катта бир соат чиқилламоқда, кундуз бўлишига қарамасдан, хулёрангли  қалпоқ остида ёруғ фонарлар ёниб туради. Қаторасига икки хона, икковини бир-бирига улайдиган эшиклар катта очиқ... биринчи уй иккинчидан кенгроқ, унда катта бир стол, оппоқ дастурхон ёпилган, усти тўла ҳар хил овқат, ширинлик ва ичкиликлар... Овқатлар орасида ясама гуллар... Ерда чиройлик бир гилам. Курсилар — янги ва тоза. Бир чеккада ойнали, каттакон кийим жовони, унинг кетида оппоқ чойшаб ва қўш парқув болишли карт... Карт олдида — ерда пойандоз гиламча. Нариги уйда оппоқ чойшабли битта карт, қўш парқув болиш, битта жовонча — бошқа нарса йўқ. Фақат бунда ҳам карт олди-да пойандоз гиламча... Ҳар уйнинг фонари бошқа ранг берса ҳам, ранглар ҳаммаси одамнинг ҳирсини қитиқлайдиган аллақандай сирли ва ғалати... Девордаги яланғоч хотиннинг оппоқ ва текис танлари депсиниб тургандай, худди жони бордай жозиб... Кулимсираган кўзлари юқорига томон бир оз керила тушган қилдай ингичка қошлари... ҳавас ва ўйнашнинг чопарлари! Кўкраклари олмадай кичкина ва таранг...
Мингбоши кирган ҳамон хурсандлигини очиқ билдириб кулди ва Мирёқубнинг елкасига қоқиб туриб, деди:
— Ўлма, бетавфиқ! Боплабсан!
— Камарни ечинг, хўжайин, — деди Мирёқуб, — иккала уй сизники. Ҳеч нарсани ўйламанг. Енг, ичинг, кайф қилинг. Сассиқ сўфининг нозли қизи ахир бир кун шайтонлашлардан чарчайди. Қачон бўлса ҳам у сизники! Уни ўйламанг сира, ундан қолишмайдиганлар бор бу ерда.
Шу ерда мингбоши шодлигидан бўлсамикин очилмоқчи ва кўнглидаги бир сирни Мирёқубга очмоқчи бўлди:
— Биласанми, Мирёқуб? Мен у қизга қиз деб, хотин деб талабгор бўлсам экан...
Мирёқуб кўзларини кенг очди ва мингбошининг ёнига келиб ўтирди.
— Нима дейсиз, хўжайин? Нима, нима? «Эски оғиздан янги сўз?»
— Ўзим ҳам ҳайронман. Ашуласини эшитсам бўлди, дейман ўз кўнглимда. Ашуласига, овозига ишқим бор, унақа итлик йўқ...
— Оббо! Итлик йўқ! Сизда-а? Э тавба...
— Нон урсин агар... Мирёқуб ирғиб ўрнидан турди:
— Бўпти бўлмаса! — деди у. — Итликни шу ерда қолдириб, унинг ёнига одам бўлиб қайтасиз. Унда қиз сизники! Бўлди, хўжайин! Мана бу ер ҳар қанча итлик қилсангиз кўтаради...
Шу топда ўзининг негадир «одамлаша бошлагани» тўғрисида ўйлаб кетиб, Мирёқубнинг сўнг сўзларини эшитмаган бўлса, мингбошини айблаш керак эмас. Бу қабиҳ одам сўнг вақтларда ўзининг ўзи эканига ҳам унча ишониб етолмайди.
— Мен бир айланиб келаман, хўжайин.
— Қаерга бормоқчисан?
— Сўраманг, хўжайин. Сиз айшингизга қаранг. Ҳамма итликни шу ерга кўмиш керак-а! Биласизми? Керак бўлса, ўзингиз биласиз, мана тугма, шуни босилади. У ёқдан одам кирганда, тортинмай буюра беринг, ҳамма нарса бор...
Чиқа бошлади. Сўнгра эшик олдидан яна орқасига қайтди.
— Хўжайин, — деди унга томон эгилиб. — Ҳаммасига бир стакандан қуйиб берасиз. Ундан кейин биттасини танлаб ёнингизга оласиз. Бошқалари чиқиб кетади... Тартиб шу!
— Биттасига кўзим тўймаса-чи?
— У ёғини ўзингиз биласиз. Итлик ҳам тоза жойида экан, хўжайин!
У ердан чиқиб, Мирёқуб номер эгасининг ўз уйига кирди. Хўжайин ўн битта хотинни унинг олдидан — ясов тортдириб тўрт мартадан ўтказди. Кизиқ: Мирёқуб биринчи сафарда уларнинг юзларига қаради. Иккинчи, учинчи ва тўртинчи сафарда фақат юришларига назар солди. Сўнгра еттинчисини кўрсатиб туриб, деди:
— Менинг номеримга юбор. Мен келгунча жилмасдан ўтирсин. Бировга кўрсатма! Ҳа! Ванна бор-а? Ваннага туширтир. Қолганлари нариги номерга кириб, бизнинг хўжайинга кўриниб чиқсинлар.
Мирёқубнинг ҳалиги икки хонали уйдан бошқа ўзига хос алоҳида бир хонаси бор эди. Унинг ички зийнати олдида нариги икки хонали уй ип эшолмаса, бунга таажжуб қилиб бўлмайди. Чунки Мирёқуб — Мирёқуб, мингбоши эса — бир Акбарали, холос... Акбарали деган бир одамнинг ёнида ҳукумат муҳридан, зоти паст бир итликдан бошқа нарсаси йўқ. Мирёқубнинг каттакон мияси, ўткир ақли бор! Мингбоши ўйлайдики, Мирёқуб унинг қуйруғи... Мирёқуб ишонадики, минг-боши — туя, бурнига ип ўтказилган, ипнинг учи — сарбонда, яъни туячида, сарбоннинг номини Мирёқуб қўйганлар... Ана, Акбарали деган одам мингбоши бўла туриб, арзимас хотинлар орасида итлик ролини ўйнаб ётади. Шу топда юрт куйса, иши йўқ, парвойифалагига! Мирёқуб деган киши мингбоши ҳам эмас, савдогар ҳам эмас, деҳқон ҳам эмас, шундай бекорчи бир одам — ўн биттанинг энг аълосини танлаб қўйиб, ўзи мингбошликнинг ишлари, яъни юрт қайғуси билан пиёда ҳаллослаб нойиб тўраникига кетиб боради. Мирёқубга маъқул бўлмаган ўнта хотин кириб мингбошининг теварагини ўрайди... Мингбоши одам шаклидаги ит бўлгани учун бирдан ҳаммасига чанг солади, ҳаммасини бирдан чангаллари орасига олмоқчи бўлади, қутуриб терисига сиғмаган шердай, ҳаммасини баравар парчаламоқ истайди... Ниҳоят, мастлик билан ва ҳам ўта кеткан ҳайвонлардагина бўладиган олчоқ, очкўз, мечкай ва ямловчи ҳис билан кўзи кўр бўлиб, ҳушёр вақтда қаралсанг, кўнгил айнайдиган биттасини илинтиради-да, ўзи ифлос, чангалларидаги ови ифлос, икки ифлос бир-бирига суйканиб, тагсиз ботқоқ ичига ботиб кетишади! Мастликда хотин танлаб бўладими? Мастнинг кўзига мушук — фил, фил — мушук бўлиб кўринади... Кампирни — пари қиз қилиб кўрсатадиган тилсимли ойна ичкиликдан бошқа нарса эмас! Мирёқуб — ит эмас, одам! У ёш бир хотинни баззоз дўконидан ўзига тоза кўйлаклик танлагандай қилиб танлади. Еттинчиси чакки эмас... юзининг тозалиги биринчи қарашдаёқ барқ уриб туради. Мирёқубнинг ўша танлаш чоғида электрикни ўчиртириб қўйиши ва намойишни дераза ёнига келтириши ҳикматдан холи эмас. Буни — белида кумуш камари борларгина тушунолмаса мумкин!
Номер эгаси Мирёқубни яхши танийди, унинг жуда мулкилписанд гумашта, инжиқ харидор, завқи қайралган шинаванда эканини яхши билади. Шу учун еттин-чисининг танлаганини кўриб, ошнаси Мирёқубнинг елкасига қоқди ва «Ўлма, Мирёқуб! Сарт боласи — француз...», деб қўйди. Чунки ўн бир хотин орасида еттинчиси бўлиб қўлга кирган Мария Острова ҳали ёш... Яқиндагина яхши ва нажиб бир оиланинг эрка қизи бўлган... Хўжайиннинг айтишича, бир хиёнат уни бу кўйларга келтирган... Хўжайин ҳам уни кўз қорасидай сақлайди... Мирёқубга кўрсатди, бошқа анча-мунча одамга кўрсатмайди... Хотин ўзи одам танлайди... Йўқ, одам эмас, пул танлайди! Унга бир ярим минг сўм пул керак, шуни топади, сўнгра йироқ бир мамлакатга кетади. У ерда турмушини бошқа асосларда қуради. Гуноҳларига аччиқ-аччиқ йиғлайди. Ҳозир мўлжалланган сумманинг ярмидан кўпи бор. Уч киши билан «кўришиб» саккиз юз сўм тополди. Бирор ҳафта-ўн кундан сўнг мўлжалланган сумма қўлга киражак ва ёш хотин янги турмушга қараб йўл солажак!
— Ана, ошнанг ваннага кетаётир! — деди хўжайин айвондан ўтаётган ёш хотинни кўрсатиб.
— Битта яхши оқсочни тайин қил, ювинтирсин.
— Хотиржам бўл, Мирёқуб, унинг ўз хизматчиси бор.
— Мен сендан хафаман...
— Йўғ-е!
— Хафаман...
— Рост айтасанми, Мирёқуб?
— Рост...
— Сабаби?
— Ўзинг биласанки, бунақа хотинга пул аямайман.
— Биламан.
— Билсанг, нега бошқа хотинларга қўшиб кўрсатдинг? Ҳатто уларнинг орасига қўйибсан...
Хўжайин хохолаб қулди:
— Завқингни синамоқчи эдим, жинни! — деди. — Ўзим билардимки, ўшани танлайсан!
Мирёқубнинг менлик ҳисси қонган эди. Кулди.
— Саккиз юз сўм ишлади, дегин?
— Саккиз юз сўм!
— Сен қанча ишладинг?
— Мен бир оз ортиқроқ...
Мирёқубнинг миясига бир фикр келган эди. Бир нафас тўхтаб ўйлади ва дарҳол қарорини берди.
— Чакки эмас... У бир ярим минг сўм ишлаганда, сен икки мингга еткизмоқчисан. Инсоф ҳам керак!
— Инсоф керак-ку-я. Лекин, бунақа фурсатлар ҳам кам учрайди. Бизнинг касбимиз шу, фурсатни қўлдан чиқариш ўз касбига хиёнат қилиш, демак...
— Мендан қанча оласан?
— Сендан юз эллик сўм, холос!
— Унга қанчасини берасан? Эллик сўминими?
— Йўқ! Унга ўзинг билиб берасан.
Мирёқуб ўрнидан турди. Дўстининг елкасига қоқди.
— Шайтонсан, дўстим, шайтон! Етти дўзахга кунда бўладигансан!.. — деди ва тез-тез қадам қўйиб, кўчага чиқди.
Нойиб тўра Мирёқубдан узр сўради.
— Мени ҳоким тўра чақираётир. Ҳозир бормасам бўлмайди. Кечроқ уйга келсанг, яхши бўларди.
— Хўп бўлади. Ортиқча ишим ҳам йўқ. Қоғоз-моғоз бўлса, ола кетай, деб эдим. Ундан кейин, сизга бир нарса топиб келдим.
Ёнидан газетга ўралган бир нарса олди.
— Жуда яхши, жуда соз! — деди тўра. — Уйда берарсан. Акбарали қаерда?
Мирёқуб ҳалиги нарсани яна қайтиб қўйнига соларкан, жавоб қилди:
— Шу ерда.
— Шаҳарда?
— Ҳа, шаҳарда.
Телефон жиринглади. Нойиб телефон қулоғини олди:
— Мен, менман, Александр Васильевич. Ҳозир бораман... ҳозир...
Телефон қулоғини яна жойига қўйди.
— Шаҳарда, дегин? Нима қилиб юрибди?
— Гап кўп, тўра.
— Яхши, уни ҳам уйда айтиб берарсан. Хайр, ҳозир-ча.
Эшикни очиб, саркотибни чақирди:
— Игнатюк! Акбаралига тегишли қоғозлар бўлса, бериб юбор!
Нойиб шошилиб чиқиб, фойтунга ўтирди. Мирёқуб қоғозларни олгандан сўнг битта-битта босиб, ҳаммомга кетди.
Ювиниб, соқол-мўйловларини «фасон» қилиб олдириб, номерга қайтган вақтида мингбоши ичкари уйда ўзи ёлғиз ухлаб ётарди. Стол усти, ерлар — эгаси кўчган уйдан нишон берарди. Уйнинг ҳавоси ҳам бузила тушган...
У ердан чиқиб, номер хўжайинига учради.
— Мингбошига овқат берилдими?
— Ҳалигача берилгани йўқ.
— Хайр, майли. Ўзи уйғониб сўраса, берарсиз. Аммо уйни йиғиштирмасанг бўлмайди. Одам буюр!
У ўз хонасининг эшигини секингина очиб кирган вақтида ёш жувон кийимларини ечган, картда ухлаб ётарди... Боши ёстиқдан тушган, сочлари тарқалган...
Мирёқуб яна секингина қайтиб чиқиб, хўжайиннинг ёнига кирди.
— Бориб уйғот, дўстим. Туриб, ювиниб, кийимларини кийсин. Мен у билан тўппа-тўғри картда учрашмоқчи эмасман...
— Сенга нима бўлди, Мирёқуб? — деди хўжайин, кулди.
— Менга ҳеч нарса бўлгани йўқ. Менинг одатим шу... мен ошначиликни картдан бошламайман...
Хўжайин кула-кула чиқди. Хотиннинг безаниши бир соатга яқин чўзилди. Бу орада Мирёқуб бардош қилиб ўтирса ҳам, хўжайин тажангланиб беш-ўн марта бориб келди.
Ниҳоят, Мирёқуб ўз хонасининг эшигини иккинчи марта очиб кирди. Ёш жувон ҳарир ва чиройлик кийимлари билан ювиниб-тараниб уйнинг ўртасида турарди. Электрикнинг билинар-билинмас қалтировчи ўткир ёруғида унинг оқ юзлари, айниқса, порлоқ кўринарди. Мирёқуб кирган ҳамон салом қилди ва худди эски бир ошнаси билан кўришаётгандай кулиб туриб кўришди. Хотиннинг қўл беришида шу хил хотинларда бўладиган бир лоқайдлик бориди. Совуқ қўл совуқлик билан узалади: «Ҳа, эски танимнинг янги харидори», дегандай... Мирёқубнинг одатда ҳамма қўлни маҳкам сиқиб кўришадиган қўллари бу кичкинагина, оппоқ ва юмшоқ қўлларни ҳам куч борича сиқдилар. Фақат бу қисишлар ҳам оловсиз ва ҳароратсиз эдилар: «Ҳа, чуқур чўнтагимнинг очкўз меҳмони!» дегандай... Бутун бу кўришувлар, қўл сиқишувлар ва кўз тутувларда, шунингдек, бу кўришувни ўраб турган шароитда маъни деган нарса топилмасди. Бу иккала «савдогар»дан бир маъни излаш, айниқса, шу топда беҳуда уриниш бўлади. Фақат иккаласининг икки жуфт кўзи бундан мустасно... Хотиннинг қовоқларига оғир бир алам ва изти-робнинг кўлагаси тушгани ҳолда ёшлик ва жувонликнинг кучи билан беришмай, бўш келмай турган, ёз осмони каби тиниқ ва тоза мовий кўзларида кучли бир савол аломати бориди, «Бошқаларига ўхшамаган харидор, кимсан ва нима қилмоқчисан?» дегандай... Мирёқубнинг ҳар қандай хотинни лоқайдлик ҳолатидан чиқара оладиган қоп-қора ва думалоқ кўзларида эса бир андиша ва ўйланиш ҳоким эди; «тили кўнглидан жудо бўлган махлуқ, нега сен бу ердасан?» дегандай... Мирёқуб фонарни ўчириб, унинг қаршисига келганда ва иккаласи бир-бирига ҳавонинг табиий ёруғида ин-дамасдангина бир-икки минут тикилишганда, иккала томон ҳам бир-бирининг кўзида ҳалиги маънини равшан кўрди ва ўқиди. Мирёқуб ҳали боя номер эгасининг уйида берган қарорини қувватлаш учун хотиннинг мовий кўзларидан қувватли далиллар топган эди. Хотин эса ҳозирга қадар қилган ишлари ва муомилалари билан ўзга «харидорлар»га кўпда ўхшамаган бу Осиё одамининг, ўз ақидасича, айёр кўзларида оддий «харидорлик» доирасидан чеккароқ чиқадиган аломатларни мушоҳада этарди: «Бу одам ҳам, — деб ўйлади хотин, — бошқалар каби чўнтагининг кучи билан мени олаётир... Бу ҳам бошқалар каби ёш гулбундан бир гулни сотиб олиб, дарҳол узажак, узган ҳамон яна ўша гул-буннинг оёқлари остига — чанг ва тупроққа ташлаяжак, сўнгра совуқ қўлини узатиб, лоқайд хайрлашажак, балки хайрлашиб ҳам ўтирмасдан, бурилиб кетажак. Бир умр учрашмаслик учун кетажак!.. Чунки... Лодзли вояжер каби...» Шундан сўнг, бир онда, ўтган ҳафтадаги учрашувни кўз олдидан кечириб олди.
Шу номернинг шу хўжайини кечаси соат иккиларда бунинг эшигини чертиб очтирди. Бу ечиниб ётган эди. «Туринг, Мария Степановна, — деди, — учинчи номерга киринг. Тез! Айтган суммангизни тез тўлатадиган бир олижаноб киши бор. Сизни кутиб ётибди!»
«Хўп, ҳозир кийиниб-тараниб бораман». «Йўқ, — деди хўжайин, — йўқ! Айвонда ҳеч ким йўқ. Чойшабни ёпиниб ўта беринг. Кийимсиз ҳам гўзалсиз!» Кулди ва ҳайрон бўлиб турган хотиннинг елкасига картдаги чойшабни ташлади-да, қучоқлаб айвонга олиб чиқди. Янги «касб»нинг мунақа дағал талабларига ўрганмаган ёш жувон ўшанда бутун танининг дир-дир қалтираб борганини сезди. Унинг ёш ва тароватли танидан ҳали софлигини сақлаган, ейилмаган руҳидан норозилик фарёдлари юксаларди. «Увишдингизми?» деди хўжайин маҳкамроқ қучоқлаб! «Йўқ, — деди ёш жувон, лаблари титраган ҳолда. — Кўнглим айнийди! Бу қадар олчоқлик!..» Хўжайин дарров тўхтади, айвон устунидаги хира чироқнинг шуъласида ёш жувоннинг кўзига тикилди. «Олчоқлик? — деб такрор қилди хўжайин. — Меҳнатсиз, осон пул топмоқчи бўлганлар менлик ҳисларини ўз оёқлари билан тепкилашга мажбурлар... Дунёнинг устуни — пул, пул топиш — қийин! Осон пул топиш олчоқлик бўлса, мардикорлик қилишга нафсингиз кўнадими? Ана, кўчада Турсунбой деган сарт қоровул бор, ҳали ҳам кўча супуриб юради. Олти сўм ойлик олади... Ўшанинг ишини қилишга ўзингизни кўндира оласизми? Хурсанд! Вакти чоғ! Қачон кўрсангиз, ашула айтади. Менинг оқсоч хотинларим билан ўйнашади. Топганини ўшаларга сарф қилади. Ўзи доим оч...» Ёш жувон бошини қуйи эгиб, юзини чапга бурган ва борган сари қалтираши кучайган лабларини ўткир ва оппоқ тишлари ўртасида қисарди... «Беҳуда гапларни ташланг! Ярим соатдан сўнг қўлингизда банкнинг кўп суммали чеки бўлади. Ўшани сўриб-сўриб ўпингиз (орқа томонини ўпинг, йўқса номери ўчиб кетмаги мумкин)! Она — боласини, ошиқ — маъшуқини, булбул — гулни, бадавий — тевасини, сарлашкар — қиличини ўпгандай ўпингиз! Негаким, ҳамма гап — ўша чекда, чек — банкада, банка — пулнинг маркази, пул, агар ҳақиқатга тобингиз бўлса, «оллоҳ! Қозиюл ҳожат!..»
Эшикни очиб, бу ёш хотинни ҳатто бир даража қўполлик билан учинчи номерга киритиб юбориб, хўжайин эшикни астагина ёпди-да, «Шунақа хотинларни қаш-қарлик мардикорлар билан бирга ғўза чопиғига юборсанг, айни саратон иссиғида!» деб ғудуранди.
Бу хотин шу топда фақат бир нарсага муҳтож эди — исиниш! Ёзнинг дим ва илиқ кечасида пайдо бўлган бу ғайритабиий титрамани тўхтатиш! Бу — бир. Иккинчидан, уҳдага тушган «вазифани» наридан-бери бажариш... Бу ерда, «вазифа»нинг гўзаллиги, мулойимлиги ва ёқимлигини суриштириб турадиларми? Бу ернинг қонуни қаттиқ, унга эътироз қиладиган, гап қайтарадиган кишиларни у ўз доирасига олмайди. «Кирдингми, бўйсунсун!» дейди ва ўзича у ҳам — ҳақли!
Кўнгилни ғаш босадиган кичкина ва яланғоч хонанинг фонари ўчирилган, ҳеч нарса кўринмайди. «Қандай яхши! Кечанинг битта фазилати, қоронғиликнинг бир яхшилиги шу!» Айвондаги хира фонардан бир сиқимгина хира шуъла тушиб, эски ва бўёғи ўчган картни, карт ёнидаги курсини, курси устидаги босма айилли — тасмали шимни , курси оёғидаги бир жуфт ранги белгисиз ярим ботинкани зўрға-зўрға ёритарди. Эшик очилиши билан картда яланғоч ётган эркак бошини кўтарди, бир қимирлади, ёнидан жой бўшатган бўлса керак... Ёш хотин картни кўрган ҳамон ҳеч ўйлаб турмасдан чойшабни ерга ирғитиб ёт эркакнинг бегона қўйнига кирди.
— Бунча совуқсиз! — деди эркак хирқироқ овоз билан. — Худди муз!
Хотин индамади. У ҳали ҳам лабларини тишларди...
Тонг отиб, уй ичи ёришганда, хотин ўрнидан турди ва дарров чойшабини ёпиниб, орқасига қайрилди-да, усти очилиб ётган эркакка кўз ташлади: тарвуз сингари юм-юмалоқ, семиз қорни солиниб тушган, икки бети сергўшт — бўртма, кичкина ва маъносиз кўзларга эга бир махлуқ! Пишиллаб нафас олади, хуррак тортиб ухлайди! Ана, у ҳам уйғонди, жойидан турмасдан, бошини бир оз кўтарди. Кулди. Бунча хунук кулади! Иккита тилла тиши ўчаётган чўққа ўхшайди. Жуда сийрак бўлган сочлари чала ўрилган экинзор каби...
«Нечук мен бутун бир кечани шу билан ўтказа олдим?..» деди хотин ўз-ўзига, яна лабларини тишлади.
— Берироқ кел-чи! — деди эркак.
Хотин қон чиқар даражада шиддат билан лабларини тишлагани ҳолда, ўйлаб ўтирмасдан, қўмондага итоат қилган солдатдай, картга яқин борди.
— Эгил бир оз!
Хотин эгилди.
— Чакки эмас! — деди эркак, хурсанд бўлиб кулди. Сўнгра қўли билан дераза токчасига ишорат қилиб:
— Ана, чек! — деди. Яна бошини ёстиққа қўйди. Хотин тезгина чекни олиб, хайрлашмасданоқ уйдан чиқди.
Ўз уйига келганидан сўнг дарҳол ойнага қаради, ўз афтидан қўрқиб кетдими, билмадим — ўзини картга ташлаб, ҳўнгур-ҳўнгур йиғлашга тушди... Уч юз сўмлик чек қўлидан тушиб, аллақайларда тўнтарилиб ётарди...
Шу учун Мирёқубга бошқа «харидорлар» каби қараёлмаслигини бу ёш хотин ўзи ҳам билди. «Бу, ҳеч бўлмаса, олган молини қадрлай оладиган савдогар му-омиласини қилди-ку, — деб ўйлади у. — Хотин кишига нозик тарбияли бир француз каби яқинлаша билди-қу! Кошки ҳамма харидор шундай бўлса!» Бу хотин ўзича ҳақли, албатта. Қулларини урмасдан яхши гапириб ишлатадиган, урганлар кунда ўн беш соат ишлатса, яхши гапириб кунда йигирма соат ишлатадиган хўжалар ҳам бўлади-ку...
— Ўтир! — деди Мирёқуб сенсираб. Фонарни яна ёқди. Столнинг паст томонига ўзи ўтириб, тўр томонидан унга жой кўрсатди. Ўтирдилар. Хотин ўз «вазифа»сини яхши билганлигидан, шу топда гап эмас, «иш» кутарди ва бу таҳқирланишнинг сабабини англаёлмасди... «Ҳар қандай оргинал тип бўлса ҳам, мақсади белгили. Бу жойда ўзга мақсад бўлиши мумкин эмас!» деб ўйларди у. Мирёқуб бўлса, нима дейишга ҳайрон бўлиб, боши қотиб ўтирарди. Бу одам халқ орасида закончи ҳисоблангани билан рус тилини мақсад англатарлик билмайди. Қаршисида — Осиё билан яқинда танишган бир нозик рус хотин, Осиё билан яхши танишганда ҳам сарт тилини ўрганишга танаффур қиладими? Зоҳирда бу нарсага далолат қиладиган ҳеч бир асар йўқ! «Бу хотин, мен билан французча гаплашса гаплашадики, сартча бир сўз ҳам билмайди», деди ўз-ўзига Мирёқуб... Ҳолбуки, айтадиган анча сўзлар, сўрайдиган анча гаплари бор. Бу хотинга бошқа шу хил хотинларга қараган сингари қараёлмаслигига унинг ўзи ҳам ишониб қолган. Бошида бошқача планлар айланади...
Ниҳоят, ширин майдан бир қадаҳчага тўлдириб, унинг олдига қўйди. Ўзи ярим қадаҳ ароқ қуйди.
— Ич! — деди Мирёқуб яна сенсирашида давом этиб.
Биринчи марта сенсираганида, негадир қунт қилмаган хотин бу сафар ҳайрат аралаш ранжиб қўйди. «Бу осиёли ҳам «сен» билан бошлади», деди ўз-ўзига. Чўқиштириб ичдилар. Мирёқуб энди бир иш қилиб мақсадини англатишга бел боғлади. Русчага сира ўхшамаган бир тил билан, кўпроқ қўлларига ва юз-қўзларга зўр бериб, мақсадини англатишга киришди. Хотин қотиб-қотиб кулар, юзлари чўгдай ёниб қизарар, Мирёқубнинг қистови билан ширин майдан бир оз-бир оз ҳўплаб қўйиб, сўз тингларди. Сўзлар бошда Мирёқубнинг ғалати саволларидан иборат бўлди:
— Қачон жўнайсан? — деди у. Бу биринчи айтилган сўз эди.
Хотин англамади. Бошини чайқади. Сўнгра Мирёқуб қўл ишоратлари билан бирга ҳалиги сўзни яна такрор қилди.
— Қаерга? — деди хотин.
— Мен билмайман. Ўзинг биласан.
Бу нарса хотинни бутунлай гангратиб қўйди. «Нима демокчи бу севимли азиат?» Мирёқуб мақсадини англатолмасдан, саволни бошқача қилиб берди:
— Бир ярим мингга етдими? Ё ҳали ҳам саккиз юзми?
Хотин тушунди, у шошиб қолди. «Нималар дейди бу ғалати азиат? Менга бир ярим минг сўм пул кераклигини, ҳозир фақат саккиз юз сўм йиғилганини қайдан билади? Муаммо, муаммо!..»
Бора-бора керакли сўзлар осонроқ топиладиган, бошқачароқ сўзлар билан айтилган мавҳумлар ҳам икки томонга англашиладиган, қўл ва юз-кўз ҳаракатлари кўзга таниш кўринадиган бўлиб қолди. Хотиннинг ёқимли жаранглаб чиқадиган қувноқ овози Мирёқубнинг танларига игна ботгандай ботар, лекин ниҳоят даражада кайфини келтирарди.
Мирёқуб номер хўжайинининг уйида берган қарорини мустаҳкамлади, яъни бу жувонни ўзи билан бирга, бир-икки ой ўйнатиб, келиш учун Қримга олиб кетадиган бўлди. Қримдан сўнг қўлига икки минг сўм пул беради ва мумкин бўлса, Петроградгача олиб бориб қўяди. Ундан нари бу хотин ҳалиги пулнинг кучи билан Германияга (душман мамлакатига!) қочади ва унда бадавлат акасига қовушади. Бу сирларни у Мирёқубга «кўнглининг яқинлигидан» айтди ва — «сирларнинг очилиши унинг ҳалокатига сабаб бўлишини» ҳам қайд қилиб ўтди. Мирёқуб дераза токчасидан эски бир кулгили журнални олиб, ундан туя суратини топди ва «Туя кўрдингми? Йўқ!» деган чучмал мақолни англатмоқчи бўлди шекилли:
— Кўрдингми? Йўқ! — деди хотинга. Бу сўз русчада «Видел? Нет?» шаклида чиққанлигидан хотин:
— Кўрганман (видела)! — деб жавоб берди. Хотин унинг жон куйдириб гапирган гапини англамаган эди. Мирёқуб қизиди, бармоғи билан туя суратини бир неча марта туртиб, яна ўша саволни такрорлади. Хотин бу дафъа:
— Ҳа, ҳа, кўриб турибман (вижу), кўриб турибман! — деб жавоб берди.
Мирёқуб тажанг бўлиб ўрнидан турди, тезгина хотиннинг ёнига ўтиб, туя суратини яна қаттиқроқ туртиб кўрсатди, бармоғини оғзига қўйди, бир оз шу кўйича жим қолгач, яна ўша саволни такрорлади.
Хотин Мирёқубнинг шу қадар зўр беришлари ила мақолнинг мазмунини англаёлмаса-да, унинг нима демоқчи бўлганини англаган эди: «Айёр, лекин, бу азиат! — деб ўйлади у. — Демак, сирни ҳеч кимга айтмайди. Туя каби доим жим қолади». Шу учун ўтирган жойида бошини кўтариб Мирёқубга қаради, кўзлари ўйнаган ва мулойим кулган ҳолда:
— Тушундим, тушундим. Раҳмат сизга! — деди. Шу билан Мирёқуб ҳам тинчланиб, яна ўз жойига ўтирди.
Бу хотин ўзи ёш бўлса ҳам эси жойида эди. Кўп эркакларнинг ширин тиллари... биринчи ётоққача қалдираганини, ётоқдан турар-турмас юзлари буришиб, ҳалиги тилнинг аксига айлана бошлашини яхши биларди. Гимназиянинг сўнг синфини битиролмай қолган бу қиз гимназияда француз тилини тузук-қуруқ ўрганиб, ҳандасани дурустгина ўзлаштириб чиқмаган бўлса-да, ишқий романларни кўп ўқиган эди. Арцибашевнинг  тарақлаган даврларида ўртоқлари билан бирга бутун кеча ухламай, ўша «севимли» ёзувчини ўқир ва кечалари пойтахтнинг кенг паркларида ҳар бир учраган эркакни бир «ошиқ» хаёл қилиб, ҳар бир — она сути оғзидан кетмаган тентак гимназистни бир «озитқи» деб биларди... «Бу яна-тағин, ёввойи бир азиат... Бунинг гапи, ваъдаси борми? Эртага унутади! Эртагаёқ ўзининг қирқта (!) хотиндан иборат ичкарисига (ўзича айтсак, «гаремига») киради-кетади! Топиб бўладими уни — номи йўқ ва номери йўқ, бир-бирига ўхшаган иланг-пиланг кўчаларда?» деб ўйларди хотин. Бир оздан сўнг бу фикрга ўзи қарши бўларди: «Бунинг мақсади карт бўлса, ана — карт, мен — амрига ҳозир, нима учун сўз қилади-ю, «иш» қилмайдими? Йўқ, бу бошқа эркакларга ўхшамайди!» Шундай бўлса ҳам қўлда бир дастак бўлиши керак. Хотин ўйлади ва деди:
— Сизнинг бу яхши гапларингиз мени қондирди. Фақат бу гапларнинг эртага эрта биланоқ кул бўлиб учмаслиги учун бирорта дастак борми?
— Дастакми? Билмадим... Сиз кўрсатинг, мен ё «хўп», ё «йўқ» дейман?
— Гапларингиз рост бўлса, мени ишонтиргунча... менга тегмайсиз!
— Бошқаларнинг ҳам тегмаслиги шарти билан! Хотин «Минг бир кеча»даги золим ҳукмдорларга ўхшаган бу «мутаасиб мусулмон»нинг шу қўйган шартидан шу топда жуда рози эди. Фақат бу жойда, бу бинода у шартни бажариш мумкин эмас.
Шу учун у эртаси куни — Мирёқуб ҳисобига — шаҳарнинг энг аъло номерига кўчадиган бўлди. Мирёқуб қаттиқ ваъда олди, ўзи ҳам қаттиқ ваъда берди. Бир ҳафтага қолмай, жўнаб кетишга жазм қилдилар.

* * *
Кеч кирган эди. Кўча фонарлари ёқила бошлаган, уйларига қайтаётган извошчилар чарчаган отларини эринибгина қамчилардилар, отлар ҳам қуруқ аравани шошмасдан аста-секин ғилдиратардилар... Мирёқуб битта-битта қадам босиб, нойиб тўранинг уйига томон юрди. Унинг миясида аллақандай бесаранжом фикрлар айланарди.
«Мирёқуб — бурунги Мирёқуб эмас, нега бу қадар секин юради? Унинг шу чоққача санаб қадам босганини кўрган одам борми дунёда? Нима бўлди ўзи унга? Ўзи ҳам ҳайрон! Акбарали мингбошида бўлган итлик бунда йўқмиди? Бу қутурмаганми? Бу сувдан ҳам мулойим, сутдан ҳам оқ, чумолидан ҳам беозор, мусичадан ҳам сўфими?»
«Йўқ! Бу ҳам Акбаралига ўхшаган мингларча итларнинг бири! Фақат бу билан Акбарали мингбоши ўртасидаги фарқ шуки, бу ўзини ундан юқори олади. Шу юқорилик ҳисси, шу ғурур — унинг ўзидан итликни тўсиб туради, ўзига кўрсатмайди, унинг ўзини алдайди...»
«Йўқ! Бу билан Акбарали ўртасида тоғ қадар фарқ бор! Ана, Петрограддан келган мовий кўзли дилбар бунга гувоҳ! Мирёқуб, Акбаралига қараганда, фаришта! Буни Петроград гўзали ҳам тили билан тасдиқ қилади. Мирёқубда итлик йўқ!... Бўлмаса, шу топда ҳеч нарса қолмади... Ҳаммасини ана у мовий кўзли гўзалнинг билинмас кучи юлиб ташлади, таг-томири билан юлиб ташлади!..»
«Юлиб ташладими? Таг-томири билан юла олдими? Йўқ! Бекор гап! Неча йиллардан бери илдиз ёйган, шох тарқатган, қулочлаб ўсган нарсани бир қарашда юладиган куч йўқ ва топилмайди! Унинг илдизлари Мирёқубнинг баданида ҳали жуда кучли! Ана ўша куч эмасмики, уни кетаётган йўлида бирданига тўхтатди. Тўхтаган жойида бир уйнинг зинасига ўтиришга мажбур қилди. «Итлик» бош кўтариб келарди...»
«Нима беҳудагарчилик бу? Машҳур бир номерда маълум «касб» билан шуғулланадиган бир хотинга йўлиқди. Ори рост: бу ўша жойдаги ўзи сингари хотинларга ўхшамасди. Бошқача кўринарди. Ёш, тароватли ва тоза эди. Нима бўпти? Ҳар қанча танноз бўлса ҳам — яна ўша жойнинг ўшанақа хотини. Бунинг уйига нега кирди? Нега киргани маълум. Бу келганда, ечинган кўйи мунинг картида ётиши — нега кирганини кўрсатиб туради. Очиқ кўз билан ўйлаганда, бунга нима қилиш керак? Белгили, бориб эшикни очиб кириб, фонарни ўчириб, индамасдан картга тортиш... У ўзи ҳам эрта биландан бери шуни кутиб ўтирмайдими? Шу учун ювиниб-таранмадими? У — Лайли, бу Мажнунмидики, «оҳ, оҳ» деб тоғ-тошларда, ваҳший ҳайвонлар билан улфат бўлиб юра берса? Тоғ-тош қани? Бу — шаҳар... Маданийлашган, «европалашган» шаҳар. Ҳар бурчакдан — ҳар минутда бир танноз бурилади ва сузгун кўзлари билан егундай бўлиб одамга қарайди! Шу замонда мажнун бўламан деганларни ўлганларидан кейин туғ кўтариб мозор қилмайдилар. «Жинни эди, ўлиб қолибди», дейдилар ва бир кулиб қўйиб, ўтаверадилар; ўлиги ҳам кўчаларда қолиб кетади. Ўлигини итлар еса, эгаси хурсанд бўлади. Бекор чириб, сасиб ётгандан кўра...»
Итликнинг шу хилда осий ўйлари билан Мирёқуб қандай қилиб ўрнидан турганини ва номер зинасидан шошилиб юқорига чиқаётганини ўзи билмай қолди. Юзлари, кўзлари куларди ва бу кулиш қондирилмаган нафснинг бирданига хуруж қиладиган шўхликларидан ўзга эмасди. Ўз хонасига яқин етган, деразадан юпқа тўр парда орқали айвонга тушиб турган мулойим шуълани кўрганидан кейин негадир юраги ўйнаб, қадам босишини бирданига сусайтирди. Итлик фикрлари яна орқага тисарила бошлаган каби бўлди. Эшик олдига етгач, қабзага қўл узатолмасдан, тўхталди... Ичкаридан ёш хотиннинг ширали бир овоз билан оҳистагина айтаётган ашуласи эшитиларди. Бу хотиннинг гапирганида жаранглаб чиқадиган ширин овози энди ашула айтаркан, чолғу торидай дарров кўнгилга таъсир қилди.
«Бу қандай овоз? «Итлик» асари борми шу овозда? Шу овоз билан каравотга чақириб бўладими? Ўхшамайди-ку сира! Бояги бир туш эди... бир босириқ келиб кечди... У оғир босинқирашдан уйғонмоқ учун шу қушчанинг сайрашига эҳтиёж бор экан! Ана, сайраётир! Ўзи билган, ўзи таниган, ўзига ёққан овоз! Ўзига ёққани учун ваъда бериб, ваъда олган!..»
«Ҳай, кет! Кет, шайтони малъун! Мен Акбарали эмасман! Менинг кумуш камарим, подшоҳлик муҳрим йўқ! Мен — Мирёқубман, Мирёқуб!..»
«Ҳай, Мирёқуб! Писмиқ Мирёқуб! Айёр Мирёқуб! Тулки Мирёқуб! Шайтон Мирёқуб! Нафсининг бандаси, бузуқ, шарманда Мирёқуб! Умрингда бир марта салгина, пичагина, қиттаккина итликни ташлаш, одам бўлиш фурсати     топилибди-ю, шунда ҳам мағрур бўйнингни жиндаккина эггинг келмайдими? Шунда ҳам-а! Сен ит бўлсанг, шошма, итлик қилишга ҳали улгурасан! Итлик — топиладиган нарса. Пул бўлса — бўлди! Пул ҳар қайда ҳар қанча, ҳар қандай итликни амрингга омада қилиб бера олади. Пулинг бўлса, бутун умрингни итликларнинг бир-бирига уланиб кетган занжирига айлантириш ҳеч гап эмас!..»
«Еттинчи сеники, ахир! Сеники! Сендан бошқага йўқ энди у мулойим махлуқ! Сеники у хотин! Ҳеч бўлмаганда, шу биттани фоҳиша каби тасарруф қилма! Ҳеч бўлмаса, унинг кўнглини ўлдирма! Умидини синдирма. У сенга одам, деб қарайди, «харидор» деган фикрини ташлади, ташлата олдинг. Овозини эшитасанми? Бу овоз чўнтагида пули бор харидорни кутган бузуқ хотиннинг ўз ёзмишини қарғаб айтадиган аламлик ашуласидаги овоз эмас! Бу овоз бузуқлигидан завқ оладиган хотиннинг айнима қўшиғи эмас! Бу, оқшом чоғи куёвини кутиб ётган, ёш келинчакнинг маъсум ашуласи! Севганига қовушган ёш махлуқнинг севинч қўшиғи! Жуфти уясига қайтган она қушнинг шукрона куйи! Мирёқуб! Мирёқуб! Мирёқуб!..»
Мирёқуб иккита эди: бири қочди, бири қувлади, шу қочиш ва қувалаш суръати билан нойиб тўранинг уйига етиб бориб, жинғироқнинг тугмасини босган вақтида... чўзиб-чўзиб, ҳансираб-ҳансираб нафас оларди....

* * *
Уй бекаси — хоним йўқ эдилар. Катта залда нойибнинг ўзи овқат столи кетида чой ичиб ва газет кўриб ўтирарди.
— Ҳа, келдингми, Мирёқуб? Марҳамат!
— Келдим, тўра. Қалайсиз! Омонмисиз? Бола-чақа?
— Шукур. Ёмон эмас. Қани, ўтир! Мана, чой, марҳамат қилиб ўзинг қуйиб ич. Нондан ол. Мана, сарёғ, нонга қўшиб е. Конфет, ширин кулча... булардан ол. Ўз уйинг, таклифни кутма.
— Қуллуқ, тўра, — деди Мирёқуб ўтираркан. — Ўзим қуйиб ичаман. Янги гаплар, янги хабарлардан гапириб беринг бизга. Каттакон газетларни ўқийсиз...
Тўра кўзидан тилла ойнагини олиб, стол устига қўйди ва ўз тиззаси билан стол ўртасида ёйилиб ётган газетага қараб, деди:
— Катта газетларда катта хабарлар бор, бир-биридан ёмон...
Мирёқуб курсини яқинроқ жилдирди, чиройли бир чинаёққа  самовардан қуюққина чой қуйгач, чинаёқ ликопчасига иккита конфет олиб қўйди. Сўнгра, қўйнидан газетга ўралган нарсани олиб, оча бошлади.
— Нима у? — деди тўра. — Боя маҳкамада айтган нарсангми?
— Ҳа, тўрт хат форсча байт экан. Шаҳобиддин домлага кўрсатиб эдим, Умархон замонида қози бўлиб ўтган Адо деган бир шоирнинг байти, ўз қўли билан ёзилган, дейди.
— Ундай бўлса, кўп ҳам эски нарса эмас, — деди тўра қўлёзмани олиб туриб. — Лекин чинакам мавлоно Адонинг хати бўлса, табаррук нарса. Раҳмат сенга, Мирёқуб.
Тўра яна кўз ойнагини кийди.
— «Лимуҳарририҳу...» Чиройлик хат... Мавлоно Адо шунча хушхат эканми? Шарқда, ислом Шарқида сураткашлик дин томонидан ман қилингани учун ривож топмасдан, дин томонидан тарвиж этилган бу хаттотлик санъати яхши тараққий қилган эди. Хўп, қани... ўқиб кўрайлик...
«Гул рангли кўз ёшлари ва сарғайган юзлар ажиб гўзал бўладилар, худди зар юргизилган ёқут каби гўзал бўладилар. Сен агар бодом сингари бошдан-оёқ кўздан иборат бўлсанг, ҳеч нарса кўролмайсан, аммо севги сурмаси ила очилган кўз равшан бўлади».
Тўра ерли халқнинг тил ва адабиётини жуда яхши биладиган маъмурлардан эди. Айниқса, форс тили ва адабиётини яхши билар, Туркистон тарихига оид қўлёз-ма асарларни ҳар йўл билан қўлга туширишга тиришарди. Унинг бу ҳавасини билгандан кейин Мирёқуб ҳар қаердан қўлёзма асарлар топиб келтирадиган бўлди. Ўзининг яқин ошнаси бўлган Шаҳобиддин мударрис орқали уч-тўртта қимматбаҳо нарсалар топиб берди. Нойиб тўра Мирёқубнинг бу хизматларини сира унутмайди. Буни Мирёқуб ўзи ҳам яхши билади. Иккови ҳам бири-бирининг катта-кичик илтимослари бўлса, қўлдан келган қадар бажарадилар. Шунинг учун совға-салом, тансиқ қўлёзма асарлар ва баъзан оз-кўп пул хусусида тўра Мирёқубга миннатдор бўлиб туради, амалдорнинг қўлидан келадиган баъзи бир хил ҳимоят ишлари тўғрисида Мирёқуб тўрага миннатдор бўлиб туради. Ишқилиб қарс икки қўлдан чиқади ва ҳамма иш гўзаллик билан битиб боради. «Дунёда ҳамма одам болалари бизнинг иккимиздек бўлсалар, дунё жаннат бўларди», деб ўйлайди тўра. Мирёқуб ҳам шундай ўйласа керак: иккови бир жон, бир тан эмасми, ахир!
— Мавлоно Адонинг бу байтига ҳеч қайда дуч кел-маган эканмиз. Бу жиҳатдан ҳам бу ёзманинг қиммати бор.
— Байтнинг маъноси нима, тўра? Тўра тушунтириб берди.
— Гўзал шеър... Умуман, Умархон, эслик подшо бўлган эди. Мулла одам, ўзи ҳам шоир. Вазирлари ҳам шоир эдилар. Ундан кейингиларнинг мазаси бўлмади... Шаҳобиддин мударрис бунинг мавлоно Адодан бўлганини қайдан билган бўлса?
— Тагида қозининг муҳри бор, дейди. Ўша мавлоно Адо экан...
— Э, дарвоқе бунда муҳр ҳам бор... шошма... ҳа, мана, мана: «Қози Абдиллатиф... Саййид ал-муслумин Амир Умар»... Чинакам, бу хат Умархон даврининг асари экани маълум бўлди. Аммо буни ёзган Адо бўлмаса керак. Мавлоно Адонинг номи Султонхон бўлса керак... Мен ўқиб эдим. Абдиллатиф эмас. Шаҳобиддин хато қилибди. Сизнинг домлаларингиз мунақа нарсаларни яхши билишмайди...
— Мен билмадим, тўра. Шаҳобиддин махсум шундай дедилар. Мен яна суриштириб юрибман, топсам олиб келиб бераман.
— Ҳали ҳам кўп қимматбаҳо нарсаларни бердинг, Мирёқуб. Сенинг маданиятга хизматинг катта... Ўтган йил бир тарих китоби берган эдинг, у тўғрида Петро-граддаги каттакон мажмуаларга мақолалар ёздим. Сенинг номингни ҳам кўрсатдим. Ҳозир у китоб тўғрисида Англистон, Фарангистон ва Ламса (немис) мамлакатларида каттакон мажмуаларга кўп нарсалар ёзилди. Раҳмат сенга, Мирёқуб! Катта хизмат қилдинг.
Иккови ҳам жим бўлишди. Бир оздан сўнг Мирёқуб гап очди:
— Газет хабарларидан гапириб беринг, тўра. Тўранинг бу чоққача кулиб турган башарасига бирданига ғам чўкди. Қовоқлари солинди, лаблари безгақдай, енгилгина қалтираб учдилар. Қўлёзмани столга қўйди.
— Шунақа, дўстим, ишлар ёмон. Бизнинг, адади ҳамманикидан кўп бўлган мудҳиш ўрдумиз бир-бир устун енгилаётир... Энг уста ва эслик қўмондонлари-мизнинг бутун тадбирлари натижасиз қолаётир... Мустаҳкам қалъалар бир-бир кетин душман қўлига ўтмоқда, қанча вилоятлар, ўлкалар, шаҳарларни душман эгаллади...
— Оқ подшо қаердалар? Бир чора кўрмайдиларми? Ҳаммамиз севган оқ подшо...
— Бу саволни, Мирёқуб, биз ҳаммамиз бир-биримиздан сўраймиз. Ҳеч қайсимиз жавоб тополмаймиз. Ўз-ўзимиздан сўраймиз. Тажангланиб, хафа бўлиб, қизиб сўраймиз, шошилмай, тааммул билан, ўйланиб туриб сўраймиз. На ўзимиздан жавоб бор, на бошқадан! Бу — малъун савол. Мирёқуб!
— Унақа деманг, тўра... Биз, сартия халқи, худодан кейин оқ подшога ишонамиз.
— Ишонганларинг яхши. Биз ҳам ҳаммамиз сизлар сингари ишонамиз, фақат... оғзингга эҳтиёт бўл... фақат... ишониш бошқа, иш, амал, воқеа — яна бошқа. Бир-бирига зид! Биласанми, Мирёқуб, рус халқининг ўқиганлари орасида маъюслик бор, оғир бир маъюслик бор. Улар бутун бу бахтсизликларни оқ подшонинг ўзидан кўрадилар...
— Оқ подшодан? Ҳеч бир подшо ўз юртини ёвга бергиси келадими?
— Сенларнинг хонларинг билан бизларнинг подшоҳимиз юртларига кўп ҳам ачинмайдилар, шекилли... Сенларнинг Худоёрхонингга «Ўруслар Оқмачитни олиб қўйди», деганлар. Худоёрхон «У юртим неча кунлик йўлда?» деб сўраган, «Бир ойлик йўлда», деганлар. «Ундай бўлса, менга унақа олис жойдаги юртнинг кераги йўқ. Олса ола берсин!» деган... Бизники ҳам, валлоҳи аълам, ундан қолишмас.
Мирёқуб нима дейишини билмай қолди. Бунақа сиёсатларга сира аралашмаган ва бу тўғрида шу чоққача ҳеч бир бош қотирмаган киши бундай катта сиёсий масалалар олдида бирданига шошмасдан иложи ҳам йўқ эди. Қуруқ бўлмасин, деб гапга аралашиб қўйди:
— Илгари бир ойлик йўл бўлса, энди поезд билан уч кунлик йўл бўлиб қолди...
— Ҳаво кемаси билан эртага уч соатлик йўл бўлади. Умуман, эртага — масофанинг аҳамияти қолмайди, Мирёқуб. Бизнинг катталаримиз асрнинг суръатини англамоқ истамайдилар. «Шошилмасанг етасан» деган мақол бошимизга бир бало бўлди. Германия нега кучлик?
— Сиз биласиз, тўра.
— Мен, албатта, биламан, сен ҳам билиб қўй. Германия суръат билан ютади. Суръат машина билан ҳосил бўлади. Германия биздан неча баробар кичик, одами бизнинг учдан биримизча ҳам келмайди! Аммо бир қарич ери темир йўлсиз, тош йўлсиз эмас. Бугун, айтайлик, Самарқандда бўлган аскарини эртага Оқмачитга олиб бориб тўка олади. Бизникилар бир излик темир йўл билан судралиб боргунча иш тамом бўлади... Нимага германлар Фарангистонда қаришлаб олдинга жиладилар? Чунки Фарангистон ҳам Германия сингари суръат деган нарсани билади. Техникага бой. Бизнинг шалдирама аравамиз, сизнинг анови девсифат араваларингиз бутун-бутун халкларни ухлатадиган нарса...
— Чора нима, тўра?
— Чорани ўйлашга ҳам қўрқаман, Мирёқуб, шошма биттадан ичиб олайлик.
Тўра ўрнидан туриб, жовонга томон бора бошлади. Шундаги оёқ босишидан Мирёқуб унинг бир оз ширакайф эканини англади. Демак, бу қадар зўр масалалар-ни ҳеч ўйлаб ўтирмасдан, оғиз ели билан чиқариши ичкилик таъсири билан эди.
— Кел, ичайлик, Мирёқуб. Биз, руслар, ароқ ичишни ҳаммадан яхши биламиз... Сенлар ҳам истеъдодли халқ экансан, биздан ўтказа бошладинг...
Чўқиштирдилар. Тўра алланарсанинг соғлигига кўтарди. Фақат Мирёқуб «...соғлигига» деганинигина англаб қолди. Сўзнинг бош қисми, ғолибан, ичда ай-тилган эди.
— Сен чора нима, деб сўрайсан, — дея бояги сўзини давом эттирди тўра. — Чорасини топишдан биз, амалдорлар, ожизмиз. Дуруст, ичимиздаги душманга, қора халққа қарши бўлса — тадбир осон. Қозоқ ўрисимиз, миршабимиз, жандармамиз, аскаримиз бор... фюшт!.. Хориждан келаётган ёвга биз ожизмиз, нима қилишимизни билмаймиз. Биз билан бирга бизнинг томондан жанг майдонига тушган қиронлар ҳам бизга ишонмай бошладилар. Бу — ёмон, бу жуда ёмон ҳол, Мирёқуб. Кел, яна битта ичайлик...
— Чорани айтмадингиз, тўра. «Чорасиз дард йўқ», дейди бизнинг ҳакимлар... «Ўлим билан ишқдан бошқа ҳамма дарднинг чораси бор» дейдилар.
— Сафсата ҳаммаси, сафсата... Чорани бизнинг ички душманларимиз, яъни инқилобиюн деган тоифа кўрсатади. Лекин ўзича кўрсатади...
— Қани, нима дейди у тоифа?
— Подшони ҳам ҳайда, амалдорни ҳам ҳайда. Миршабларни йўқот, жандармларни ўлдир, урушни тўхтат, бойлардан ер-сувни, фабрикачилардан фабрикаларни, заводчилардан заводларни тортиб олиб, халққа бер, — дейди. Уларнинг «халқ» дегани — қора халқ, яланг-оёқлар... Юртни ўшалар сўрасин, дейди.
Мирёқуб хохолаб кулди.
— Номаъқул отнинг тезагини епти ўшалар! Саводи йўқ, оми бир ялангоёқ келсину сўрасин эмиш... Бойлардан ерни тортиб олиб, камбағал экар эмиш... Камбағал шунча сўкиб уришсангиз ҳам ерингизга бундай бир ҳафсала килиб ишламайди-ю... хўжайин бўлмаса, ишлар эмишми? Ўша урушни тўхтатсин, дегани дуруст...Уруш чиққандан бери юрт қимматчилик бўлиб кетди. Ўзига яраша давлати, савдо-сотиғи бор одамларни жин ҳам ургани йўққу-я... қайта, молларнинг нархи ошиб, бири беш бўлди. Аммо, шу қимматчилик бўлгандан бери одамларнинг кўзига қарасангиз, қўрқиб кетасиз, тўра.
— Ҳаббаракалло! Бизнинг ҳамма хавфимиз ўша «кўзлар»дан... У кўзлар кўп хунук қарайлар. У кўзларнинг сони-саноғи йўқ. Германни енгсак, кўзлар ювош-ланади. Худо сақласин, агар шу хилда кета берсак — у кўзлар бизни еб ташлаши мумкин...
Тўра жим бўлди. Мирёқуб ҳам жим қолиб, унга тикилган эди. Тўра олис хаёлларга кетиб туриб, бошини чайқади. Сўнгра бошини оғир-оғир тебратиб туриб, деди:
— Хулласайн калом, бу улуғ кема... бу улуғ кема... бу буюк «империя» даҳшатли тўлқинлар ичида зулматга, белгисизликка, йўқликка қараб кетаётир. Уни тўхтата оладиган ва қутқариб қоладиган ҳеч бир куч кўринмайди... Балки, ундай куч аслида йўқдир ўзи...
— Бир сўз айтдингиз, тўра... «импери»ми, нимайди?
— Ҳа, империя, империя.
— У нимаси, тўра?
Тўра бир оз ўйлаб тургач, подшонинг девордаги суратини, сўнгра ўзининг елкасидаги погонини кўрсатди.
— Мана шу империя...
Мирёқуб ҳеч нарса англамади. Сўнгра тўра оғир бир нафас олгандан кейин:
— Менга қара, Мирёқуб, — деди, — қўй энди бу гапларни!
— Ҳа, қўйинг, тўра, одамни хафа қиладиган гапларни гапирмайлик. «Эртанинг ғамини эшак ейди». Эртага худо пошшо эгам...
— Ҳали «Акбарали шу ерда», дединг. Уйланганига бир ҳафта бўлмай туриб нега тушди? Биронта иш биланми?
Шундан кейин Мирёқуб ўзининг ғамхўр отахонига бутун воқеани гапириб берди:
— Эҳ-ҳе, ҳали шунақа дегин!
— Ҳа, шунақа, тўра.
— Акбарали аҳмоқ! Эшшак!
— Рост айтасиз, тўра, бир оз эси пастроқ...
— Сизнинг шариатингиз тўрт хотин олишга йўл қўяди. Бу қонун, аслида, чакки қонун эмас... Ҳар бир эркак буни билади... Фақат, у бундан юз йил, эллик йил бурун дуруст эди, замон кўтарарди. Энди замонлар бошқа, Мирёқуб. Ҳозир тўрт хотин олиб, тўрт ташвишни елкага ортишнинг нима ҳожати бор. Одам дегани, албатта, биттага қаноат қилолмайди... бу маълум. Лекин бунинг учун уйланиб ўтириш керакми? Бекорчи хархашани кўпайтириб нима қилади киши?
Тўра овозини пасайтира тушди:
— Ҳай-ҳавас учун мутлоқ уйланиб ўтириш шарт эмас. Сен ўзимизникисан, сенга ишониб айтганда, менинг бир ошнам бор: урушга кетган офицернинг хоти-ни. Ёш, чиройли нарса. Яқинда, зиёфатда, бир савдогар бойнинг хотини билан танишдим... бу оқшом ўшаникига бормокчиман... очиқ, дилкаш нарса. Мана хо-лос! Аҳмоқ. Акбарали аҳмоқ!..
— Рост айтасиз, тўра, рост. Мана, мен ҳам биттага «қаноат» қилиб ўтаётирман-ку... ҳай-ҳавасларим қолиб кетаётгани йўқ...
— Ҳаббаракалла, — деди тўра. — Хотининг битта, айшинг жойида...
Кейин бармоғи билан «ҳап сени» қилиб туриб:
— Сен, Мирёқуб, ёмонсан лекин... — деди. Мирёқуб аввал бир оз қизаринди, сўнгра кулимсираб тўрага қарагач, жавоб берди:
— Худовандикаримнинг раҳмат дарёси кенг, дейдилар, тўра. Шунга ишониб, унча-мунча эркалик қиламиз-да. Унча-мунча...
— Тоғдай-тоғдай гуноҳлар ҳам унча-мунча бўлар экан-да!
Мирёқуб хохолаб кулди:
— Тоғдай-тоғдайини энди сиздан ўрганамиз, тўра, худо хоҳласа... Сиз, ахир, мулла одамсиз...
Тўра ҳам «қаҳ-қаҳ» солиб кулди. Сҳнгра девордаги соатга қаради: 8 дан 15 минут ўтган эди. Ўрнидан турди.
— Сен ўтириб тур, мен кийиниб олай. Биргалашиб чиқамиз.
Тўра кийиниб чиққандан кейин Мирёқуб ҳам ўрнидан турди.
— Қани, юр буёққа. Боқча томондан чиқайлик. Хоним келмаган, кампир ухлаб қолибди. Эшикни беркитиб оладиган киши йўқ.
Айвонга чиқдилар. Саҳнга тушгач, тўра тўхтади.
— Мирёқуб, янги гапдан хабаринг борми?
— Йўқ, тўра.
— Тоғ томондан оломон қўзғалон кўтариб, бир-иккита амалдорникига ўт қўйибди. Эртага тушдан кейин, ёнимга аскар олиб, чиқиб кетаётирман. Бугун ҳам ўн етти кишини ушлаб келтирдилар. Оломон қутурган, дейди.
— Қачон келасиз?
— Икки-уч кун қолсам керак. Сен Акбаралига айт, тезроқ жойига борсин.
— Хўп, жоним билан. Биз ҳам эртага чиқиб борармиз.
— Ҳозир ҳар бир мингбошига яна еттидан йигит бериш масаласини кўтардик, эҳтимол яқинда рухсат бўлиб қолса.
— Яхши бўларди.
Буларнинг овозини эшитиб, ошхона томондан тўранинг ошпази Зуннун келди. Мирёқуб билан кўришди.
— Мирёқуб ака, чиқиб кетаётирсизми? Бизникига бир кириб чиқинг. Битта чой дамлаб берай. Сизга бир гапим бориди...
Мирёқуб тўрага қаради.
— Жуда яхши! Бир оз чой ичиб, гаплашиб борарсан. Зуннунбой зериккандир.
Тўра кумуш бошли ҳассасини ерга ура-ура панжара эшиқдан чиқиб кетди. Булар ошхона томонга бурилдилар.

Qayd etilgan


Muhammad Sanjar  25 Fevral 2012, 19:46:21

* * *
Зуннун аканинг уйи ошхона билан дон омборининг ўртасида эди. Бу бир қаватли, тор деразали, хом гаштдан ёпилган бостирмалар эса, саҳннинг тўғрисида, нойиб тўранинг ўз уйлари ўрнашган пишиқ ғиштли яхши бинонинг қаршисида бўлинарди. Бу бостирмаларнинг кети боқча ва гулзор. Ошхонанинг деразаси саҳнга — олдинга қарагани ҳолда, Зуннун ака турадиган уйнинг фақат боқча томондан бир кичкина дераза ва эшиги бориди. У уйга ошхона орқали ўтса ҳам бўларди. Ошхонадан ҳам саҳн, ҳам боқча томонга эшик очиларди.
Зуннун аканинг уйига кирмасдан, гулзорда бир скамейкага ўтирдилар. Мирёқуб тезроқ бориб ўзининг янги юлдузини яна бир кўрмоқчи ва ўз бошига ёлғиз қолди-рилган мингбошидан ҳам хабар олмоқчи эди. Мингбоши боладай нарса... уни кўп ҳам ёлғиз қолдириб бўлмайди. Шу учун Мирёқуб чой қўймоқ учун тураётган ошпазни тўхтатди:
— Зуннун, мен шошилиб турибман. Гапингни айт. Тезроқ бормасам бўлмайди.
Мирёқубнинг овозида аллақандай бесаранжомлик ҳам йўқ эмасиди. Буни Зуннун пайқади.
— Нима бўлди сизга, Мирёқуб ака! Овозингизда бир безовталик бор...
— Ҳеч нарса бўлгани йўқ, шошилиб турибман.
— Ундай деманг. Бари бир, мен биламан. Бизнинг тўра ҳам жуда хафа. Хоним бўлсалар тез-тез «Русияга кўчиб кетсакмикан?» деб қўяди. «Сен ҳам кетасанми?» деб сўрайди. Улар дунёнинг ҳамма ҳолу аҳволини билиб турадиган одамлар, бир нарсани сезишгандир-да, мен бу ерда ҳар хил ўруслар билан гаплашаман. Ҳаммаси ҳар нарса дейди. Ўйлаб кўрсангиз, ҳаммасининг гапи бор: «Бир бало бўладиганга ўхшайди».
Мирёқуб бошини кўтарди.
— Ўруслар шунақа дейдими? Қани, гапир, яна нима дейишади?
— Айтдим-қу, ҳамма ҳар хил гапиради. Лекин гапнинг таги бир жойдан бориб чиқади: «Бир бало бўладиганга ўхшайди». Нима бало экан, бизнинг ақлимиз етмайди. Ҳар қалай, бир балоси бор.
Мирёқуб аҳволдан бу даража хабардор бўлган одамдан сир яширишни лозим кўрмади:
— Рост айтасан, — деди. — Тўра менга кўп гапларни айтди. Бири-биридан ваҳималик... Унинг гапларини эшитиб, мен ўз-ўзимга «Замона охир бўпти. Қиёмат яқин шекилли», дедим...
— Шунинг учун мен сизни чақириб эдим. Зуннун Мирёқубнинг ёнгинасига ўтирди.
— Мен қирққа бориб қолдим. Ҳалигача битта бошим иккита бўлгани йўқ. Кенг кўрпада ёлғиз ўзим қалтираб ётаман... Менинг ҳам орзу-ҳавасим бор. Уйлансам, бола-чақа кўрсам, дейман.
— Жуда яхши. Ўзингга лойиқ бир қиз топилади, албатта.
— Қиз тайёр... қишлоқда менинг бир холам бор, ўша дарак солиб топган экан. Энди қистаб ётибди.
— Уйлана бер, нимаси бор? Тараддудингни қила бер, тўйни биргалашиб ўтказамиз.
— Мен хўжайиннинг олидан бир ўтиб қўйсаммикан, деб эдим.
— Тўғри, сенинг отахонинг бўлиб қолди. Сўраганинг яхши.
— Шуни айтаман.
Зуннун кулди. Мирёқубга томон яна ҳам яқинроқ бурилди.
— Шу тўғрида хўжайин билан гаплашиб берсангиз, деб эдим...
— Ўзинг-чи?
— Ўзим... бетлаёлмайман.
— Нега? Айта бер.
— Сиз айтсангиз, дейман.
— Яхши, мен айтай.
Мирёқуб бирдан суҳбатдошига томон бурилди:
— Хоним билан қалайсан?
— Жуда қалин...
— Бўлмаса, унга айт, эрига ўзи айтади.
Зуннун кулиб юбориб, ўрнидан турди, икки қўлини чаккасига қўйиб, суҳбатдошидан беш-олти қадам йироқлашди. Унга орқасини ўгурган ҳолда қуйигароқ этилган бошини қаттиқ-қаттиқ чайқаб, сўнгра бирданига югуриб Мирёқубнинг ёнига келди. Ҳамон қизариб кулишини давом эттиргани ҳолда, Мирёқубга эгилиб, деди:
— Сиз билмайсиз, хўжайин!
— Албатта, билмайман. Сенинг кўнглингни мен кайдан билай? Гапир! !
Мирёқубнинг бу сўзларида бир оз қаттиқлик асари бориди. У, ғолибан, ўзига тенг бўлмаган бир киши билан ортиқча бачканаланишни истамас эди. Ваҳоланки, Зуннуннинг килиқлари бачканаликка қараб кетди. Зуннун суҳбатдошининг овозидаги ўзгаришни пайқади ва дарҳол унинг ёнига ўтирди.
— Ҳамма бало хонимда-да! — деди у. Мирёқубнинг кўзлари олайди. Яна суҳбатдошига томон бурилди.
— Нималар деяётирсан?
— Хоним бўлмасалар, эрта қачон уйланиб олардим, ака!
— Оббо худо урди! — деди Мирёқуб, ирғиб ўрнидан турди. Бошини чайқади: иккала қўлини Зуннуннинг елкасига қўйди. — Нима бало, сенга кўнгли тушиб қолганми?
Зуннун зўр бериб куларди.
— Ҳой, тентак, гапир, дейман! Нима бало бор ўртангизда?
Зуннун ҳали ҳам куларди.
Шу онда бирданига ҳовли томондан хотин кишининг чорлаш овози эшитилди: «Зуннун! Зуннун!..» Бу хонимнинг овози эди.
Зуннун ирғиб ўрнидан турди.
— Туринг, дарров менинг уйимга киринг! Чироғни ёқмасдан дераза олдидан томоша қилинг...
Нафас ўтмай, Мирёқуб дераза олдида ўтириб, ташқарини кузата бошлади. Зуннун гулзор ўртасидаги электрик фонарни ўчирди, ўзи югуриб ошхонага кирди. Ошхонадаги ёруғ фонарнинг шуъласи эшик тирқишидан уй ичига тушиб турарди. Ташқарида — гулзор томонда эса ола қоронғилик ҳукм сурарди. Мирёқубнинг ўткир қулоқлари ошхона томонни тингларкан, икки кишининг пичирлашиб гаплашганини аниқ эшитди, юраги обжувоз ликопидай ура бошлади:
— Шошма, Зуннун, шошма, Зуннун, дейман! Бу ерда яхши эмас...
— Бу ерда яхши эмас, дейсиз... Уйимга киргали унамайсиз.
Хоним секин жавоб қилди:
— Мендан уни кутма! У тўғрида гапирма ҳам! — Сўнгра овозини бир оз пастлаб деди: — Ўзинг бир яхши менинг уйимга кела биласан... Шошма, Зуннун! Сурсан! Шошма, дейман сенга! Хўжайининг қани?
— Бир жойга кетди. Кеч келаман, деди. Зарур иши бор экан...
— Бас, дейман! Кармисан? Вақти бор ҳар нарсанинг! Хафа бўламан бекор! Яна ярим кеча-саҳарларда келади, десанг-чи! Оҳ, бу эрлар!..
— Ҳа, кечроқ келаман, деди.
— Бунча сур бўлдинг? Мастмисан, нима бало? Юр, боқчага ўтайлик. Дарранда...
Бирдан ошхонадаги фонарь ўчди.
— Ўчирма! Зуннун, ёқиб қўй, жоним... Ёқ, дейман! Аввал «чўлп» этган кучли бир ўпиш эшитилди.
Сўнгра фонарь ёнди. Ундан кейин ой қоронғисида қўлтиқлашган икки киши дераза олдидан бир-икки мар-та у ёқ-бу ёққа ўтдилар. Сўзлари эшитилмасди. Зуннун ўз ҳунарини кўрсатмоқчи бўлди, шекилли худди дераза қаршисига келганларида, хонимни маҳкам қучоклади-да, деразанинг пастгина супачасига ўтқизди. Мирёқуб ичкарида юрагини ҳовучлади: тўранинг хотини лабларини ошпаз Зуннуннинг лабларига қўйиб, унинг қучоғида ҳансирарди...
Бирор минутдан сўнг хоним ирғиб ўрнидан турди, шу онда ошхонанинг эшиги очилди. Сўнгра ошхонанинг ҳовли томонидаги эшиги олдидан хонимнинг сўзлагани эшитилди:
— Ўзим айтаман... мана шу вақтларда... ўзинг биласан-ку...
Ошхонанинг у эшиги ҳам ёпилди. Бир оздан сўнг Зуннун кириб, ўз уйининг фонарини ёқди. Мирёқубнинг ранги ўчган эди...
— Тоза бўлган экан бўлгулик! — деди у. — Ҳали гап шу дегин?
— Бир-икки йилдан бери аҳвол шу... Қани, юринг, гулзорга чиқайлик.
Гулзорга чиқиб, яна скамейкага ўтиргач, Зуннун давом этди:
— Мана шу аҳвол. Гапини эшитдингиз-а? Бугун хўжайиннинг чиқиб кетганини билмай қолди, ўзи уйда йўқ эди. Ўзи уйда бўлса, бундай ҳолларда, хўжайиндан сўрайди: «Қачон келасан?» дейди. «Яна ярим кеча-саҳарларда келармикансан? Кутиб ўтирайликми? Самоварга бир қоп кўмир ташлайликми?» деб ўшқириб ҳам олади. Хўжайин — «Бугун иш жуда муҳим. Гарнизон бошлиғи иштирок этади. Шунинг учун кеч келсам керак. Соат 2 дан аввал кела олмасман... Сизлар, бемалол ёта беринглар», дейди. Хотинидан узр сўрайди, бечора! У кетган ҳамон хоним мени чақиртиради. Онаси олдида буйруқ қилади: «Хўжайининг келгунча залда ўтир. Келганда чиқиб эшикни оч. Секин юр! Бизнинг уйқумизга халақит берма!» дейди. «Хўп», деб залда қоламан. Залнинг бир ёнидаги эшик хонимнинг уйларига очилади, бир ёнидагиси йўлакка, йўлакдан — кўча эшигига. Онаси бўлса, бола билан бирга, ҳў... нариги чеккадаги уйда ётади. У мана бу вақтларда данг қотиб ухлаб қолади. Бола ҳам ювош, мўмингина... Мен залда қоламан. Зал билан ётоқ уйи ўртасидаги эшикнинг бир қаноти очиқ... Хуллас, хўжайин чанғироқ чалганда, се-кингина ўрта эшикни ёпиб, йўлакка чиқаману, уйқу-сираб, эснаб, пайпасланиб, эшикни очаман. Хўжайин аксари маст келади, ҳеч нарсани билмайди. Ҳушёр келганда, «Бор, энди, жойингга чиқиб ёт! Секин юр, хонимни уйғотасан. Шу чоққача тахталик полда юришни билмайсан. Ҳўкиз!» дейди...
Мирёқуб ҳайратлар ичида қолган эди. Шунча гапни эшитишга вақти бўлмаса ҳам шошилганини унутиб, диққат билан қулоқ солди ва бирушта бошини чайқаб ўтирди. Бир оз ўйланиб турганидан сўнг бошини узун-узун чайқаб:
— Империяси тағин ҳам ботмасинми? — деди у. — Неча минг, неча лак фуқаронинг жони шуларнинг қўлида. Буларнинг жони эса мана шунақа манжалақилар қўлида экан!..
— Нима дейсиз энди, Мирёқуб ака?
— Қайси тўғрида? Сенинг уйланишинг тўғрисидами? -Ҳа.
Хаёли бошқа томонда бўлган Мирёқуб:
— Яхши, уйлан! — деди. — Қайлиқ олиш яхши нарса.
— Уни биламан. Хўжайинга айтиш маслаҳатини сўраб ётирман.
— Ҳа, у тўғрини айтасанми? Яхши. Ўзим гаплашиб бераман. Лекин ҳали эмас, бир-икки ойдан кейин...
— Унгача қиш келиб қолади-да?
— Хотин деган қишда керак-да. Ёзда хотинсиз ҳам иссиқ ўзи...
— Бор бўлинг, топдингиз! Мен сизга ишониб тураман, бўлмаса.
— Эртагаёқ сўраб берардим. Тушдан кейин хўжайининг тоғ томонга чиқиб кетар экан. Икки-уч кунсиз келолмайман, дейди. Ундан кейин бирор ҳафта ўтка-зиб, ўзим ҳам Қримга жўнайман. Тўйни бизсиз ўтказма, Зуннун!
— Ҳа, албатта, албатта! Мингбоши тоғам билан сиз икковингиз бўлмасангиз, тўй татийдими?
— Бўпти. Зуннун яна кулди.
— Эртага хўжайин уйда бўлмас эканми?
— Шундай деди.
— Менга қаранг, Мирёқуб ака.
Мирёқуб бурилди. Зуннун эгилиб туриб, сўради:
— Бизнинг хоним қалайлар? Тобингиз борми шу кишига?
Мирёқуб бирданига жавоб бермади. Ўйланиб қолди.
— Айта беринг, ака. Мен ўз кишингизман...
— Ўзи қалай, деб сўрасанг, чакки эмас, семизгина, лўппигина, бадани оппоқ, тароватини сақлаган, анча ёш кўринади... Ўзи ҳам, 27—28 дан нари эмасдир?
— 27 да бўлса керак.
— Ҳа, мен адашмайман. Энди «тобингиз борми?» деб сўрайсан. Нима дейишга ҳайронман... Биз эркак халқини ўзинг биласан. Итмиз! Шайтон ҳамма вақт елкамизда... Тизгинни доим чапга буриб туради... Лекин, Зуннунбой, икковингиз ҳам етиб ортасиз бечорага...
— Нега икки киши бўлсин? Бир киши, холос...
— Нима демоқчисан?
— Эри — номига эр. У бошқа хотинлар билан юради. Унинг ўйнашлари кўп.
— Сен қайдан биласан?
— Мен ҳаммасини биламан. Баъзи бирларини ўз хотини ҳам билади. Унинг менга бунча осилиши ҳам бесабаб эмас. Икки киши деманг, биркиши. Менман, холос! Эҳтимол, ташқарида бўлса... Йўқ, агар бўлса сезардим, албатта. Сиз менга қаранг, эртага хўжайин уйда бўлмаса, кечлатиб келинг. Аллақайси бир мингбоши тўрага бир тўққиз илварсин юборган экан. Учтасини алоҳида тузлаб қўйдим. Яхши палов қиламан. Хоним ҳам бўлади. Тобингиз бўлса, у ёғи осон...
Мирёқуб индамасдан ўрнидан турди. Ёнидан пул олиб Зуннунга узатди.
— Яхши. Шомдан кейин келаман. Мана бу пулга ичкилик ол... Кўрамиз.
Зуннун пулни олмоқ истамаса-да, Мирёқуб қўимаганидан кейин, ноилож олиб, стол устига ташлади ва ўша мақтанчоқ кулиши билан кулиб туриб:
— Эртага кутаман, — деди.
— Хўп, — деди Мирёқуб. Яна бояғидай бош чайқаб уйдан чиқди.
Номерга қайтиб бораркан, ҳамон бошини чайқаб ўз-ўзига сўзланарди:
«Империяси чирибди... Йиқилса ҳам ҳеч ким танкир қолмайди. Менинг миямда шу бугун ғалати фикрлар қўзғалди. Нималигини ўзим ҳам билмайман... Илгари ҳеч бунақа гаплар йўқ эди. Аллакимдан алланималарни сўрагим, билгим, ўргангим келади. Бир пирни топиб — тариқат сўрасамми? Бир закончини топиб — закон сўрасамми? Ё бир муаллимни топиб — масала сўрасамми? Ҳайронман...»
«Империяни кемага ўхшайди, дейди... Йўқ, кема, дейди, кема... Нималигини билсам эди! Империя, нима десам, оқ подшони, ўзини, погонини кўрсатди. Оқ под-шонинг нималигини ўзи айтиб берди, ўзининг кимлигини ўзим биламан, бугун яна ҳам очиқроқ билдим, эртага жуда равшан билсам керак... Энди, елкасидаги погони қолди. У бир латта, зардан тикилган бўлса ҳамки, бир латта... Машиначи тикади. «Эшагига яраша тушови», деган гап бор. Эгасига яраша — погони... Демак, империя ботишга боради».
«Биз нима бўламиз? Фуқаро нима бўлади? Бизнинг топган-тутганларимиз, ортдирган давлатимиз нима бўлади? Азбаройи худо, кимдан сўрасам? Шошма, янги ошнамдан, мени занжирсиз боғлаб қўйган айёрдан сўрайман! У, ҳар ҳолда, ўрус-ку... ўқиган-ку, билади. Йўқ, шошма, у ўзи нима бўлади? Ўзи? Шундай катта империя ботади-ю, у соғ қоладими? Нима, азбаройи худо, бу империя? Кимдан сўрайман энди? Кимдан?!»

* * *
Соат ўн бирларда номерга келиб, мингбошининг ёнига кирди. У икки хотинни ёнига олиб, иккаласининг бўйнига баравар қўл ташлаб, мудрамоқда эди... Кирган ҳамон баланд овоз билан қичқирди:
— Туринг, додҳо! Хирмонга ўт кетди!!! Мингбоши сесканиб уйғонди, ирғиб ўрнидан турди.
— Қаерда қолдинг, ноинсоф? Мени ёлғиз ташлаб?
— Ким ноинсоф? Икки таннознинг ўртасида ўтирибсиз-ку, яна ёлғизман, дейсиз...
— Зерикдим буларингдан... кўнглимга урди. Юр, кетайлик!
— Қуллуқ бўлсин, итликнинг йўқолиши! Худога шукур, минг қатла шукур, одам бўлибсиз.
— Ўтир! — деб бақирди мингбоши.
Иккала хотин чўчиб тушди. Мирёқуб ёйилиб-ёйилиб қулди.
— Қаерда қолдинг?
— Нимага?
— Империяга ўт кетган экан. Ўчиришгали бориб эдим...
— Нимага?
— Империяга... Империя... Хотинларнинг бири унинг ёнига ўтди.
— Сиз империя дедингизми? — дея гап бошлади хотин. — Бизнинг шахримизда «Империал» деган бир номер бор эди. Тоғнинг шундоққина тепасида, пастда — дарё. Номернинг олди — боғ, боғнйнг олди — пастлик, жар...
— Империя ўзи ҳам жар бўйига келиб қолган эмиш, — деди Мирёқуб.
Хотин унинг ёнига суқилиб кириб:
— Нима дедингиз? Англамадим, — деди ва қўлини Мирёқубнинг елкасига ташлади. Мирёқуб унинг қўлини мулойимлик билан ўз елкасидан олиб қўйиб, ўрнидан турди-да, мингбошига юзланди:
— Мен кетаман! Эски шаҳарда ишим бор.
— Шошма! — деб бақирди мингбоши. — Мен ҳам бирга кетаман!
— Сиз бугунча шу ерга ёта туринг. Қорнингиз тўқдир, албатта?
— Қорним тўқ, аммо зерикдим. Қачон кетамиз?
— Индинга эрта билан, саҳар, худо хоҳласа. Зериккан бўлсангиз, эртага бошқа номерга кўчираман. У ер — яхши.
— Индинга кетадиган бўлсак, менга бир дутор чалиб, ашула айтадиганини топиб бер. Бу — тил билмасларинг билан зерикиб кетдим...
— Хўп, хўжайин. Эртага кундузи ҳаммаси бўлади. Индингача империяни бостирамиз...
— У нима деганинг?
— «Итликни ўлдирамиз!» деганим... Яхши туш кўриб ётинг, хўжайин! Хайр энди, хонимлар!
Тез-тез ҳатлаб ташқарига чиқди. Айвонга ўтиши билан ўз уйидаги қизил фонарнинг шуъласи кўринди. «Демак, менинг уйимда».
Эшикни секингина очди. Ёш хотин стул кетида китоб ўқиб ўтирарди... Мирёқубни кўргач, ўрнидан туриб жой бўшатди ва тўрга таклиф қилди. Мирёқуб соддагина кўришиб, тўрга уни ўтқазди ва ўзи пастга ўтирди. Аввал ёш хотиннинг кўзларига қаради: ҳорғинлиги, уйқусираганлиги очиқ кўриниб турарди. Картга қаради: одам ётгани билинмайди. Шундан сўнг кўнглида бир севинч қўзғалди, бутун баданини бир завқ ўраб олди... Яна ёш хотинга тикилди: у бир бет қолган китобни охирига етказмоқ учун уринарди. Бу дафъа Мирёқуб худди ўзининг неча йиллик синоқта хотинини кўргандай бўлди. Бу хотин гўё неча йилдан бери ҳар кун шу равишда буни кутиб умр ўтказган... Империя эсидан чиқди. Хотин китобни битиргунча, эҳтиёт билангина эснаб олди-да, сўнгра бу ишдан ўзи уялди шекилли, юзини қўли билан тўсиб кулди. Юмшоққина кулди... Бетларига қизил қон оқинлари югурган эди. Мирёқуб ҳам кулди ва секингина ўрнидан турди.
— Хўп, ётиб ухла, бўлмаса, мен Эски шаҳарга тушиб кетаётирман.
— Яхши, бора беринг. Бугун хўжайин эшикни чертиб келган эди, «тобим йўқ», деб киритмадим.
— Нима дейди?
— «Бир сарт бойвачча келди. Беш юздан кам олмайсиз. Мақсадингизга етдингиз... Ўзи ҳам ёш, чиройлик, оригинал...», дейди. «Яхши, индинга келсин. То-бим қочиб турибди, ваннада совуқ олдирибман...», дедим «Аттанг, аттанг...», деб қайтиб кетди.
Ўзи хохламасдан, бўлиб-бўлиб, оддий овоз билан бу воқеани сўзлаб берган хотин энди бу сафар худди ёлворишга яқин бир овоз билан деди:
— Эртага шу ердан кетармиканмиз?
— Албатта, эрта билан келиб ўзим тўғрилайман.
— Нарсаларни қандай қиламиз?
— Нарсаларинг кўпми? Хотин кулди.
— Бир чамадон, халос.
— Осон экан. Эрталаб шу уйга чиқариб қўяласанми?
— Эрталаб бўлмаса, кечаси бир иш қилиб эпларман.
— Ундай бўлса, хотиржам сен кийимингни кийиб чиқаверасан, тамом!
Мирёқуб чиқиб кетишга мўлжаллай бошлади.
— Йўқ, шошманг! — деди хотин. Мен бу паспортим билан у ерда туролмасман...
— Оббо! — деди Мирёқуб. — Ҳали бу масала ҳам бор экан.
— Нима қиламиз? — деб сўради хотин. Мирёқуб ўйланиб туриб, деди:
— Бир йўлини топармиз... шошма.
Бир оздан сўнг юзлари кулиб, кескинлик билан деди:
— Хотиржам бўл, паспорт топаман. Эртага эрта билан қўлингда бўлади.
— Ташаккур этаман.
Мирёқуб ташаккурга жавоб қайтаришни билмасди... Лекин у, шу топда негадир ўзи ҳам хурсанд бўлиб алланечук чарақлаб очилиб кетди. «Мирёқуб эпақа ҳар ишни эплайди», деган хаёлга бордими ё бошқа бир ёқимли хаёлга бордими, ҳар қалай таъбининг чоқлигидан бўлса керак, ёш хотиннинг ёнига бориб, пешо-насидан бир ўпиб олмоқчи бўлди. Фақат яна дарров ўзини тўхтатди: «Йўқ, қизиган оловмиз икковимиз ҳам... Қанча йироқ бўлсам, шунча яхши...», деди ўз-ўзига.
— Хўп, ёт, ором ол, бўлмаса. Эшикни ичидан беркитиб ёт!
Мирёқуб ўрнидан турди.
— Табиий, — деди хотин, у ҳам секингина ўрнидан туриб, эшик томонга юрди.
Мирёқуб айвонга чиққач, ичкаридан калитнинг шириқлагани эшитилди. «Мен учун очиладиган эшик бошқалар учун ёпилди!» деди у ўз-ўзига. Хурсанд, кўнгли очилган, алланечук енгиллаган кўзлари, юзлари, бутун борлиғи билан кулгани ҳолда илдам-илдам босиб, кўчага чиқди.
Муюлишда ухлаб ётган извошчини уйғотиб, икки отни чоптирганича ярим кечада, нойиб тўра маҳкамасининг котиби Игнатюкни қидириб кетди.

* * *
Кеча кечаси кўча эшиги зинасида арвоҳ Игнатюкнинг қуруқ чангалига қистирилган ўн сўмлик қоғоз ўз вазифасини бажарган эди: эрталаб соат 10 да маҳкамага келиб кирган Мирёқубнинг қўлига Игнатюк бир янги паспорт узатди, 24 яшар Евдокия Захаровна Кобилина номига ёзилган бу муддатсиз паспорт ёш хотиннинг кечаги ташвишини тамоман бартараф қила оларди. У ёзлик кийимини кийиб чиқиб, тўппа-тўғри биринчи класс номерга борди ва ўзи учун ажратилган кичкинагина чиройлик ва соз уйига ўрнашди. Бир соат ўтар-ўтмас, нариги номернинг йўғон гавдали, девсифат, узун соқол хизматчиси бир қоп ичига солиб, хотиннинг ча-мадонини келтириб берди. Унинг нариги номердаги хонасида энди ҳеч нарсадан хабари йўқ хизматчи хотиндан бошқа нарса қолмаган эди...
Мирёқуб мингбошини ҳам бошқа бир номерга кўчиргандан кейин, ўз номерининг ҳисобларини тамомлаб, номер эгаси дўстига қўл узатди:
— Хайр энди, мен қишлоққа жўнайман.
— Хайр, Мирёқуб, келиб тур, дўстим. Хотин қалай?
— Сўрама. Бир-икки кундан кейин яна келаман...
— Арзийди... арзийди, чёрт возьми! — деди хўжайин. Ўзидан хурсанд бўлиб кулди. Сўнгра сўради: — Қанча бердинг?
— Ишинг нима?
— Айта бер... ҳимматингни билайин, дейман. Кечадан бери ўзи ҳам сеникидан чиқмайди.
— Меникидан чиқмагани рост, фақат нотоб ўзи...
— Сен уни совуққа олдириб қўйгансан. Кеча бир бойвачча келган эди. «Нотобман», деб чиқмади. Сен менга катта зарар келтирдинг. Вагончи бойнинг ўғли эди... Ваҳоб... Биласанми? Ана, пул деган нарса ўшанда! Бир қучоқ!
— Бу хотин шу ерда бўлса, вагончи бойваччалар кўп келади ҳали... Шошма!
— Албатта, албатта! Ҳар ҳолда қанча бердинг? Айт!
— Кўп эмас, фақат... минг сўм!
— Минг сўм? Ростми?
— Нега ёлғон бўлсин? Минг сўмлик чек бердим. Банкага кетди.
— Чёрт возьми! Бир ярим мингдан ошиб кетибди... «кетаман», деб қолмасин.
— Пул ширин... Қанча кўпайса, яна шунча кўпайтиргиси келади.
— Рост айтасан. Бир иш қилиб яна бир-икки ҳафта олиб қоламан. Қўяманми мен?
— Сен қўймайсан, биламан. Хайр энди!
— Яхши бор!
Мирёқуб ўз дўстининг аҳмоқлигидан кулиб, кўчага чиқди.
— Эртага эрта билан қишлоққа жўнайман, — деди у кўнгли илинган хотинга. — Кўп бўлса, беш кун туриб қайтаман. Ўша куни жўнаб кетишимиз керак.
— Мен сизга кўп ташаккур қиламан, азиз дўстим. Сиз чинакам азиз дўстим бўлдингиз. Келинг, мен сизни бир сингил сифатида ўпиб қўяй...
Мирёқуб бу сўзларнинг маънисига тушунгунча ёш хотин келиб пешонасидан ўпди. Бу ўпиш ҳар қандай ярамас ҳисдан узоқ ва эҳтиётли бўлса-да, хотин ки-шининг бу қадар яқинлашиб келиши Мирёқубни дир-дир титрашга мажбур қилди. Унга нисбатан хотин жуда тинч ва лоқайд эди. Ўпиб бўлгандан сўнг, Мирёқубнинг ёнидан унча узоқлашмасдан, унинг қоп-қора ва бесаранжом кўзларига тикилиб турган хотин, ғолибан, унинг шу топда кечираётган талвасаларидан хабардор эмасди. Мирёқуб бир-икки қадам орқага чекинди.
— Эски паспорт қани?
— Номерда қолди.
— У керак эмасми?
— Йўқ, йўқ, йўқ! Яхши бўлди, жуда яхши бўлди. Мен бутун қора кечмишимдан қутулдим. Раҳмат сизга, мен, бундан сўнг, Мария Степановна Острова эмасман, Евдокия Захаровна Кобилинаман. Хунук ном, хунук фамилия... ўзим ёқтирмайман. Лекин менга бундан нари шу номдан қадрли нарса бўлмаяжак! Йўқ, кечирингиз, бу номни менга берган киши, албатта, ундан қадрлироқ! Раҳмат сизга, азиз дўстим.
Яна келиб, Мирёқубнинг бир қўлини иккала қўли орасига олди ва силкитиб-силкитиб сиқди. «Қандай қизғин ва ёқимли қўллари!..»
— Раҳмат, азиз дўстим!
«Арзимайди», деб қўйишни билмайдиган бу гўл «азиат» бутун вужуди билан яна қалтирай бошлаган эди. Тағин икки қадам орқага чекилди. Эшик олдига етиб олдилар. Буни пайқаган хотин орқасига қайтди ва уни ўтиришга таклиф қилди.
— Йўқ, мен кетаман. Эшикни ичидан беркитиб ўтир, ташқарига чиқа кўрма... — деди Мирёқуб.
Орқаси билан эшикни очиб йўлакка чиқдн. Эшик яна ичидан беркитилди... «Бошқалар учун ёпилди, мен учунгина очилади бу эшик!» деб ўйлади Мирёқуб яна. Ўзида йўқ хурсанд югурганича зинадан туша бошлади. Ичкарида ўз ихтиёри билан қамалган ёш жувоннинг кўзлари шу топда севинч ёшлари билан ҳўлланган эди...

* * *
— Келинг, Мирёқуб ака. Кечикиб қолдингиз?
— Ҳа, эртага эрталаб қишлоққа жўнаймиз. Ишларни битиришим керак эди.
Ошхонадан уйга ўтдилар. Зуннуннинг уйи жуда чиройли килиниб йиғиштирилган эди. Ерда катта янги гилам, деворларда суратлар, ўртада катта стол, оппоқ дастурхон, стол тўла ноз-неъмат, ичкилик... Деразада чиройлик тўрпардалар. Стол тевараги тўла курси.
— Уйингни таниб бўлмайди, Зуннун. Зуннун ўша бурунги кулиши билан кулди.
— Ҳаммаси хонимнинг ишлари...
— Бўлмаса, сен уйланиб нима қиласан?
— Бола-чақа, рўзғор кўргим келади.
— Боласи йўқлар болага қизиқади. Лекин боланинг «бало» бўлгани ҳам бор...
— Йўқ, Мирёқуб ака. Мен болани яхши кўраман!
— Хўп. Мен курортдан келай, дарров тўйингни киламиз.
— Тезроқ келинг ишқилиб...
— Қани, ҳеч ким йўқ-ку?
— Келишади. Хоним келадилар...
— Бошқа?
— Бошқа йўқ. Хўжайин жўнаб кетди. Уни ҳам чақириб эдим, узр айтди. «Бизнинг кичкинагина бир ҳайитчамиз бор, хўжайин, Мирёқуб акамлар келадилар», дедим; «Менинг ўрнимга хоним бориб, бир пиёла чойингни ичиб, Мирёқуб билан гаплашиб келади», деди. Хонимга менинг ўз олдимда тайинлади. Хоним, мен сизга айтсам, эрининг олдида ноз қилган бўлди. Пешонасини уқалаб, бўшашган бўлиб, «Бошим оғриб турибди...», дейди. «Бошинг оғриса, пирамидон ичиб, жиндак ухла, кечгача ёзилиб кетасан. Зуннунни ўкситма!» деди хўжайин. Бўлмаса, ундан илгари хоним билан гаплашиб, гапни бир жойга қўйганмиз...
— Шошма, — деди Мирёқуб, — сени у яхши кўради... сеники бўлиб қолган. Мен нима қиламан бу ерда?
— Қизиқ экансиз, Мирёқуб ака. Мени севса, эрим деб севармиди? Ё мен ўша билан умр ўтказармидим? Шунчалик гап-да... эрмак... Ана, келаётир. Жиндак кайф қилгандан кейин ёнига ўтиб, дадил-дадил тегиша беринг. Бу кеча мен бу ерда йўқман! Тузукми? — деди Зуннун.
Чопиб чикиб кетди. Хоним, унинг боласини кўтаргани ҳолда онаси кириб келдилар. Дераза, эшикларнинг оҳистагина тарақлаб ёпилгани эшитилди.
Ҳаммалари Зуннунни қутладилар ва стол атрофига ўтириб, унинг соғлиғига қадаҳ кўтардилар. Хўжайиннинг йўқлигига ачиндилар. «Ундай олижаноб ва кўнгилчан кишининг бу замонда камёб эканини» сўзлаб ўтдилар. Хоним икки гапнинг бирида ўз оиласи аъзоларининг одам болаларига меҳрибон ва улфат бўлганини қайд этиб ўтдилар.
Хоним ҳирсли ва майлли кўзларини суза-суза Зуннунга қараб олиб:
— Биз ҳаммамиз Зуннунни яхши кўрамиз, — деди. — Бу бизнинг оилада энг қадрли киши. Бизнинг ҳовлимизга келган вактида 12—13 яшар бола экан. Энди, мана, кап-катта киши бўлди. Яқинда уйлаб қўймоқчимиз... Шундай-а, Зуннун, азизим?
Зуннун уялиб қизарди.
— Валя, уялтирма Зуннунни, — деди онаси. Зуннун тез-тез ичкилик қуйиб, уларни ичишга қистарди.
Хоним стол устидаги бир чиройлик шишани Мирёқубга кўрсатиб:
— Энг севган ликёрим, — деди. — Маст бўлгунча ича бераман... Жуда нафис нарса.
— Атайлаб сиз учун олдим! — деди Зуннун.
— Зуннун менинг завқимни яхши билади... Хоним катта бир сир айтгандай қилиб, тоғ воқеасини айтди:
— Биласизми, биз бунда ичишиб ўтирибмиз. Хурсандмиз. Яхши дўстлар тўпланишганмиз. Федя шўрлик нима ҳолдайкин? Биласизми, юз элликта солдат би-лан, тўп-тўпхоналар билан кетди. Тоғ одамлари жуда мерган келади. Менинг Федям, сиз билмайсиз, жуда довюрак нарса. Солдатлардан олдинда ўзи чопиб кетади... қиличини суғуриб! Бирорта сартия қирғиз мергани отиб қўймасин деб қўрқаман. Хотя сартлар уни яхши кўришади... Ўзингиз биласиз, тилни жуда яхши билади. Сарт китобларини ўқийди. Сартча ёзади. Сартлар уни «Парпи тўра» дейишади... Биласизми, у ўзи ҳам сартларни жуда яхши кўради. Ювош, қўйдай халқ, дейди. Қанча жабр кўрса, қийналса ҳам «худо» деб тура беради, дейди. Сартларнинг шу диндорлигини, айниқса, яхши кўради...
Зуннун хўжайиннинг соғлигига кўтарди. Қадаҳларнинг жаранглашидан мукаммал бир симфония ҳосил бўлди.
— Илоҳим, эсон-омон қайтиб келсин... Илоҳим. Юрагим узилиб кетаётир... Биласизми, сартлар ҳам энди айниб қолишди. Кўп ичкилик ичишади. Мастлик қилишади. Янги шаҳар бузуқхоналарида бир-бирига пичоқ солганлари кўп бўлар экан. Маст бўлиб қолса, сарт жуда ёмон ёввойи бўлармиш... Қани, кўтаринг, Мир-ёқуб, сартларнинг соғлигига...
Ичдилар. Хоним бир оз алжий бошлади.
Бирор соат ўтгач, хонимнинг онаси ўрнидан турди.
— Бола ухлаб қолди, энди мен кетай. Яхши қолинглар! — деди.
Хоним ҳам турди:
— Энди мен ҳам борай. Кундузи кўп юриб чарчаб-ман... Кечир, Зуннун!
Зуннун «йўқ, йўқ» деган маънода қўлини чайпиди: — Сизга жавоб йўқ, хоним! Сиз хўжайин томонидан вакилсиз. Ўтирасиз бир оз. Ҳали кўп гаплашамиз. Эртага кундузи ухларсиз.
— Ҳа, шундай бўлсин! — деди Мирёқуб. Кампир қизга юзланди:
— Сен ўтир, Валя, гаплашиб борарсан. Вақт ҳали эрта, уйга борганинг билан уйқунг келмайди. Ўзинг ёлғиз зерикасан.
— Хайр, майли, — деди хоним, — бўлмаса, беш минутга рухсат беринглар. Уйларни беркитиб, эшикларни қараб келай.
Чиқдилар.
— Бунча сергап экан бу хотин? — деди Мирёқуб. — Грамафон-а!
— Энди билдингизми? Жуда очиқкўнгил нарса. Ичиб қизигандан кейин ўзи ҳам очилиб кетди...
Мирёқубга якин келди:
— Уйни беркитиб келаман, дедими — бўлди? Энди ҳамма гап ўзингизда!
Мирёқуб ҳам ароқ қуввати билан қизиша бошлаган эди...
Хоним келиб кириб, уйнинг калитини дераза токчасига қўйганда, иккала эркак уни чапак билан олқишладилар.
Яна ичиш бошланди. Мастлик авж оларди. Хоним бир тўхтамай гапирарди. Мирёқуб ўзига таниш «империя»ни яна неча марта эшитди. Фақат энди ундан осонроқ бўлган гапни ҳам англайдиган ҳолда эмасди. Кўзлари чўққа айланганди. Хонимнинг кўзлари эса сузилиб юмила бошлаган эдилар. Фақат айёр Зуннун бошқаларни кўпроқ ичириб, ўзи камроқ ичар, ҳушёрлигини қўлдан бермасиди.
— Туринг ўрнингиздан, Мирёқуб ака! — деди у. — Хонимнниг ёнларига ўтинг. Зерикмасинлар...
Мирёқуб бир оз довдираниб хонимнинг ёнига ўтди.
— Мумкинми, хоним?
Хоним кўзи билан ёнидан жой кўрсатди!
— Пожалюста...
Мирёқуб ўтирар-ўтирмас қўлини хонимнинг елкасига ташлади. Хоним оғирлашган бошини буриб, маст қўзлари билан эшик томонга қаради. Зуннун уйда эмасди. Шундан сўнг яна Мирёқуб томонига бурилиб, қўлини унинг елкасига ташлади. Яна ичдилар... Хоним, ҳамон сўзларди. Фақат сўзлари, томчилаб томизилаётган дори сингари, битта-битта тўкилиб борарди. Хоним тамом маст бўлган кўзлари билан гоҳ-гоҳ эшик томонга қарар. Зуннуннинг киришини ку-тарди. Зуннун кирмади. Яна ичдилар... Яна ичдилар...
Мирёқуб шарпа сезиб кўзини очган вақтида, хоним ойна қаршисида сочларини тузатмоқда эди. Мирёқуб ўрнидан турмоқчи бўлиб ёстиқдан бошини кўтарди. Хоним дарров орқасига бурилиб уни кўргач... қизариб кулди.
— Шошмай тур, Мирёқуб, азизим, — деди. — Мен чиқиб кетай, сўнгра турарсан. Қарама менга...
Сўнгра секин келиб, картга ўтирди:
— Энди мен уйга борай. Кўп ичиб қўйибмиз, бошим оғриб ётир... — дея лабини Мирёқубга узатди.
— Кўришиб турайлик, — деди Мирёқуб. Хоним очилиб кули:
— Жоним билан... — деди эшикдан чиқа туриб. Мирёқуб кийиниб ташқарига чиққан вақтида тонг ёришиб келарди. Ошхонадан Зуннуннинг бесаранжом хурраги, йироқлардан хўрозларнинг чўзиб-чўзиб чақиришлари, ҳовли томондан очилаётган эшикнинг шарпаси эшитиларди...
Ҳамма уйқуда...

* * *
Мирёқуб кўчага чиқди. Доим бир-иккита извош тўхтайдиган жойга — уезд маҳкамасининг нариги муюлишига борди. Ўндан ортиқ извошчиларнинг қатор-қатор чизилиб турганларини кўрди. Тўғри биттасига чиқди. Извошчи унга томон бурилиб:
— Тушинг, ака, биз бандмиз, — деди. Наридан рус миршаб қичқирди:
— Ким у? Туш аравадан!
Мирёқуб извошдан тушди. Ҳайрон бўлиб у ёқ-бу ёққа қаради. Миршаб етиб келиб, извош фонарининг мазасиз ёруғида унинг юзига қаради. Таниган бўлса керак, сизлаб гапирди:
— Бу ерда турманг, ака. Бу извошлар банд. Ярадор солдатларни лазаретга олиб боришади.
Мирёқуб бошини чайқай-чайқай, Эски шаҳарга — ҳаммомга томон пиёда йўл солди. Боши оғирлашган, гаранг, қовоқлари тошдай қотиб кетган, тиззалари ўз-ўзидан букилиб борарди. Унинг миясида яна иккита Мирёқуб пайдо бўлди: бири — терговчи, яна бири — жавобгар.
Эски шаҳар билан Янги шаҳарнинг ораси йироқ эди. Уюшган мажолсиз ва бўшанг оёқларини судраб, энг яқин ҳаммомга етиб боргунча тонг отиб, кўча-кўйда одамлар ўрмалаша бошладилар. Лекин қанча эзилган бўлса ҳам Мирёқуб йўлнинг узоқлигини сезмади. Чунки мияси ажиб бир қувват билан ҳаракатга келган ва золим терговчи борган сари забтини ошириб тергарди:
— «Хўш, Мирёқуб, кайфинг қалай?»
— «Жойида... Кайфим жойида...».
— «Ёлғон гапирма, Мирёқуб. Сен терговчи қошидасан. Биз кўнглингда ёзилганларни барала ўқиб турибмиз. Вексилдан ё ер васиқасидан сен қандай копия олсанг, биз ҳам сенинг кўнглингдан ўшанақа копия олганмиз. Шунинг учун ростини айта берсанг, ўз ҳайриятинг. Бари бир, бизни ёлғон гапга ишонтиролмай-сан. Хўш, гапир: кайфинг қалай?».
— «Кайфим унча жойида эмас...»
— «Ҳаббаракалла, гапир, гапир!»
— «Таъбим кир, кўнглим айниган, алланарсадан жирканган кабиман...»
— «Алланарсаданми? Ё аллакимданми?»
— «Билолмадим».
— «Яхшироқ ўйла. Аллакимдан бўлмасин?»
— «Аллакимдан десам ҳам бўлади. Лекин кимлигини билолмайман».
— «Билмасанг биз ёрдамлашамиз. Менга қара, кимдан жирканасан? Мирёқубдан эмасми? Нега индамайсан? Нега даминг чиқмай кетди? Биз тўғри айтган эканмиз, бўлмаса? Шундайми?»
— «Тўғри айтдингиз, Мирёқубдан жирканаман...»
— «Ҳаққинг бор, ҳаққинг бор! Мирёқуб, қанча баландпарвоз бўлгани билан, ўз бўйидан ортиқ кўтарилолмайди. Чунки, у бир ит! Олчоқ ва аянч бир ит! У ўз-ўзини гоҳ арслон рангига, гоҳ қоплон рангига, гоҳ шер ва гоҳ эр бўёқларига бўяб қўрсатади. Фақат оҳакка ағанаб, каптарлар орасига киргач, яна ўз овози билан «ғо-оғ, ғо-оғ!» деб юборган гўнг қарға сингари унинг асил итлиги барала кўриниб туради. Доим кўриниб туради. Мирёқуб Акбарали мингбошини ҳақир кўради, хўрлайди, унинг итланишидан кулади. Уялмайди Мирёқуб, хижолатидан етти қат ер остига кириб кетмайди. А... уни ер ҳам ўзининг маҳрам қўйнига олишдан тор-тинади, чекинади!..»
— «Мен ўзимни терговчи олдида деб билиб, фақат, саволларга жавоб беришга тайёрланган эдим. Энди кўраманки, ўша терговчининг ўзи қораловчи сифатида чиқа бошлади. Мен нима қилдим энди? Қайси бирига нима дедим?»
— «Сен жим тур, Мирёқуб! Биз керак бўлганда, сўроқ сўраймиз, керак бўлганда қоралаш нутқи билан ўртага чиқамиз. Сен чидаб тур, Мирёқуб! Сенга Мирёқубни ҳимоя қилишга йўл қўйилади. Сен, ҳали сўз оласан, гапирасан. Шошилма! Шошма! Вақтини, соатини кут! Ҳар нарсанинг вақти бор!!!»
— «Мен бундай терговчи ва бундай қораловчига жавоб бермасликка ўзимни ҳақли санайман!»
— «Нима дединг, қаҳрамон Мирёқуб? Ҳали терговчи билан қораловчига эътирозинг, норозилигинг ҳам борми? Сабаб?»
— «Кўп одамлар, от билан хачирни ажрата олмайдилар. Бунга ҳеч нарса деб бўлмайди. Бу мумкин, чунки улар бир-бирларига ўхшаб кетадилар».
— «Хўш, хўш? Қани, гапир-чи!»
— «Аммо от билан эшакни ажратмайдиган одамлар адолат мансабига ўтириб, бировни тергамасин ва қораламасинлар. Бунга уларнинг ҳақлари йўқ!»
— Хўш, Мирёқуб, гапир! Бу хилда гапиришинг бизга ёқади... Хўш, нима демоқ истайсан?»
— «Акбарали мингбоши билан тенглаштирилувимга, ҳатто у билан — қай даражада бўлса ҳам муқояса қилинувимга қаттиқ норозилик билдираман! Ҳақорат бу, сўроқ эмас!..»
— «Кўнглингни тўқ тут, азизим: Мирёқуб билан Акбарали мингбоши ўртасида ер билан осмон қадар фарқ борлигига биз қаттиқ ишонамиз! Акбарали бошқа одам. Мирёқуб бутунлай бошқача одам...»
— «Бу изоҳдан сўнг мен қониқдим. Сўроғингизда давом этингиз!»
— «Сен қониққан бўлсанг, у — ўз ишинг. Қониқувингда бўл! Аммо биз ҳали қониққанимиз йўқ».
— «Яъни?»
— «Биз Акбарали мингбошини Мирёқубдан кўра одамроқ деб биламиз...»
— «Нима, нима?!» — Мирёқубнинг нафаси бўғзига келиб тиқилди.
— «Афсуслар бўлсинки, бу — шундай!»
— «Нега шундай бўлади! Нега!» — Мирёқуб шердай ўкирарди.
«Мирёқуб! Сен шу кечани қайда ва кимнинг қўйнида ўтказдинг?»
«Мирёқуб тутилиб қолди. Қизарди, бўзарди... қочмоқ истарди. Ўзидан-ўзи қочиб кетмоқчи бўларди..." Йўқ, киши ўзидан йироқлашолмайди!
— «Гапир, Мирёқуб! Кўнглингдан олинган копия кўз олдимизда... Гапирганинг, иқрор қилганинг яхши!»
— «... Мен бу кечани нойиб тўранинг ҳовлисида ўтказдим... Унинг ошпази Зуннун ака зиёфатга чақириб эди».
— «Шу холосми? Ё яна борми?»
— «Шу холос... эрталаб маҳкама олдига чиқсам, тоғ томондан ярадор саолдатлар келганини айтдилар...»
— «Раҳмат, Мирёқуб! Шу хабарни биз ҳали эшитишга улгурганимиз йўқ эди... Раҳмат сенга. Фақат, сен бизга айтиб бер: кечани кимнинг қўйнида ўтказдинг?»
— «Мен англаёлмадим... Тонг ёришганда, уйқудан кўзимни очсам... Ўзим картдайдим, яқинимда нойиб тўранинг хотини турган эди. Кечаси кўп ичган эдик, нима бўлганини билмайман...»
— «Сен демоқчи бўласанки, у ишлар ҳаммаси ихтиёрсиз бўлди, сен ўзинг истаганинг йўқ. Шундай-ми?»
— «Шундай!»
— «Сени — қилич яланғочлаган миршаблар ўраб келиб, ўша хотиннинг қўйнига ташлаб юбордиларми? Бечора Мирёқуб! Сенга жабр бўлибди. Зиндонга ташлабдилар сени! Шундайми?!»
— «Йўқ! Ўзим — ўз оёғим билан келдим... Ўзим истаб отилдим у хотиннинг қучоғига!»
— «Ичкилик олиш учун пул ҳам бердинг?»
— «Бердим!»
— «Хотин кийиниб чиқиб кетаркан, «Кўришиб турайлик», деган ким эди? Билмайсанми?»
— «Мен эдим».
— «Хотин «Жоним билан» деганда, севинган ким эди?»
— «Мен эдим».
— «Мирёқуб! Адолат тилида шу феълни «босқинчилик» деб таъриф қиладилар; «ўзга кишининг хотинига босқинчилик қилиш!» Акбарали мингбоши бутун умрида шундай бир иш қилганми? Билмайсан-ми!?»
— «Қилмаган бўлса керак. Билмайман...»
— «Баракалла! Акбарали мингбоши сенга ким бўлади?!»
— «Отахон. Валинеъмат...»
— «Ўшанинг орқасида катта давлатга эришдингми? Кўнглингдан олинган копия қўлимизда, гапир!»
— «Эришдим».
— «Хўп. Пошшахон деган номни эшитганмисан?»
— Билмайман. Йўқ!»
— «Яхшилаб ўйла. Жуда яхши биласан!»
— «Ҳа, биламан!»
— «Ким у?»
— «Акбарали мингбошининг, агар янглишмасам, иккинчи хотини».
— «Тўғри айтасан. Энди сендан эшитмоқчимиз: у ҳам бировнинг хотини эди, унинг эри, ўз иқрорингча, ҳатто отахонинг, валинеъматинг эди. Уни нега йўлдан урдинг?»
— «Сиз менга туҳмат қиласиз! Мен уни йўлдан урганим йўқ!»
— Қизимай гапир. Биз сенга қулоқ берамиз. Нечук сен уни йўлдан урмадинг? Сен билан ўйнашиб юрганидан тонасанми?»
— «Тонмайман. Ҳақиқатда мени йўлдан урган у ўзи бўлди...»
— «Нечик?»
— «Рухсат этсангиз, мен биринчи воқеани айтиб берсам».
— «Бизга ҳақиқатни билиш керак. Бўлган гапни айтиб бер!»
Мирёқуб бир-икки йўталди, у ёқ-бу ёққа қараб олди, сўнгра сўзга бошлади:
«...Мингбошининг бошқа ҳамма хотинлари каби, у ҳам менинг оилам билан бориш-келиш қилиб юрарди. Ўзимизнинг сартия расми бўйича, ҳар бир зарурат кўрилганда, дастурхон қилиб келиб, бир-бирларини йўқлаб турардилар.
Бундан, чамалаб айтганда, тўрт-беш ой бурун, эрта баҳор фасли эди, шекилли, хотиним менга — «Мингбоши додҳонинг иккинчи хотинлари Пошшахон бунча яхши жувон экан! Бизга шундай меҳрибонки, сира қўя қолинг. Тез-тез дастурхон қилиб келади. Ўтириб, гаплашиб, баъзи кунлари ётиб кетади», деди. Мен «Минг-боши додҳо бу бечорага жавр қилди. Ёш нарса, эри ҳеч хабар олмаса... зерикиб сиқилганидан келади-да», — дедим. Хотиним бу фикримни тўғри топди.
Бир кун кеч пайт — шомга яқин, бошида дастурхон, дарвозадан кириб келди. Мен ташқарида — меҳмонхона ичида бўлганимдан тезгина деразага яқин келиб қарадим. Паранжисидан ва юришидан билдимки, ўша эди. Мен кавишимни кийиб, ташқарига чиққунимча, у ичкарига ўтиб кетди. Орқасидан думма-дум кирдим. Ичкарида ҳеч ким йўқ эди. У ёқ-бу ёқни қаради.
— Вой, ҳеч ким йўқ-ку! Булар қаерга кетишиб қолдилар экан? — деди.
— Болаларини олиб онасиникига кетди, — дедим мен.
— Вой, ўла қолай, сизмисиз? Мен билмабман, бир бориб, гаплашиб ётиб келай, дебман. Эсизгина...
Ташқарига томон чиқа бошлади. Мен ҳам орқамга бурилиб, ундан бурунроқ, ташқарига чиқдим ва айвон-ча олдида тўхатдим. У ҳам ташқарига чиқиб, деворга яқин бир жойда тўхтади.
— Эсизгина... Гаплашиб ётиб келай, деб келиб эдим, — деди яна. — Зерикдим... Айтганча, қачон келишади? Эндиёқ келишиб қолмасмикан?
— Келса, эртага кечқурун келади. Ундан бурун келмайди.
— Қачон кетиб эди?
— Кеча кечқурун...
— Товба! Билмабман... аттанг... Яна қайтиб, ўша уйга бораман экан-да. Ўла қолсин...
У ёқ-бу ёққа қаради.
— Вой, ўла қолай, қоронғи тушиб қолди. Энди қандоқ қилиб уйга кетаман экан? Ёлғиз ўзим қўрқиб ўламан...
— Мен бирга олиб бориб қўйсам бўлмайдими?
— Вой! Кўча-кўйда кўрганлар нима дейди? Шундан кейин бу хотиннинг тўғри ният билан менинг уйимга келганига гумонсираб қолдим. Шу гумон менга дадиллик берди. Энди гап бошлайман, деб эдим, у ўзи сўраб қолди:
— Ўзингиз ёлғиз қолдингизми?
— Қандоқ қилайлик?..
— Бечора... Ёлғизлик қурсин! Ўзингиз биласиз, бошимдан ўтгани учун айтаман.
— Дастурхонингизда нима бор?
— Жиндак манти қилиб келиб эдим.
Бу хотиннинг бир ғарази борлигига борган сари ишончим ортди. Мен ҳам ўзларингга ўхшаган одамман... итлигим қўзғалди.
— Мантига жуда устасизлар... биламан. Аттанг биз еёлмас эканмиз-да, — дедим мен.
— Нимага еёлмайсиз? Манг, меҳмонхонангизга олиб кириб енг. Ош бўлсин! Сизга деб пиширганман...
Дастурхонни олай деб унга томон бора бошладим. Бирдан:
— Вой ўла қолай! — деди. — Дарвозангиз кап-катта очиқ! Кўчадан ўтганлар гаплашганимизни шундоққина кўришиб турибди. Беркитиб қўйсангиз бўл-майдими?
Ҳолбуки, уни дарвозанинг бир қаноти тўсиб турар, кўчадан ўтганлар фақат менигина кўра олардилар. Бундан ташқари, ўша пайтда кўчадан ҳам ҳеч ким ўтгани йўқ. Мен кўриб турибман.
Шу гап, шу муомила, шу ҳимолардан кейин мақомига яраша жавоб қилмасам... ё фаришта бўлардим, ё жинни! Дарвозанинг нариги қанотини ҳам ёпиб, ичидан занжирлаб қўйдим. Шайтоннинг ҳам қўлидан келмайдиган бир кулиш билан кулди:
— Вой, ўла қолай, қамалиб қолдим-қу... — деди. Бошидан дастурхонни олдим.
— Қани, юринг, — дедим, — чарчагандирсиз... жиндак дам олинг. Овқатни биргалашиб ейлик. Ундан кейин бирор маслаҳат топилиб қолар...
Бир-икки қадам босиб, тўхтади.
— Ҳай, шошманг. Ўзингиз ёлғизмисиз?
— Ҳа, ёлғизман.
— Ростдан-а?
— Нон урсин!
— Қарғанманг... ёмон бўлади. Ёлғиз бўлсангиз, сизга бир-икки гапим ҳам бор эди... Отахонингиздан дод демоқчи эдим...
Дадил босиб орқамдан кирди. Меҳмонхонада чироғ ёқилмаган, қоронғи эди. Эшиқдан киргач, тўхтади.
Дастурхонни токчага қўйиб:
— Қани, ўтиринг! — дедим.
— Вой, ўла қолай! Эшигингиз, деразангиз катта очиқ... ўтириб бўладими бу ерда?
Дарров бориб деразани беркитдим. Меҳмонхона эшигини ҳам ичидан занжирладим. Чироғни ёқиб эдим, яна қичқирди:
— Хотинингиз хотин эмас экан! — деди. — Дераза деган пардасиз бўладими? Шундай кўриниб турибди...
Деразага парда тўсдим.
— Мана, энди ўтиринг!
— Мана энди... Энди... энди...
Шу сўзни чўзиб-чўзиб уч марта қайтарди, сўнгра бирданига:
— Сиз ўз акамсиз-ку! — деди. — Сиздан қочиб ўтираманми?
Тоза паранжисини ифлос обрезга ирғитди. Эртаси куни тушга яқин дастурхонни кўтариб, менинг меҳмонхонамдан чиқиб кетди».
— «Пошшахоннинг мен билан биринчи учрашуви шу хилда бўлди. Мен бўлган гапни гапирдим».
— «Бу ҳикояда ёлғони йўқ. Биз унга ишонамиз. Биз...» Бу «биз» сўзи терговнинг бошидан бери жуда кўп такрорланди. Бу ҳол натижасида Мирёқуб ўзини чинакам суд сўроғи олдида тўхтагандай сеза бошлади. Унинг ҳумор билан куйиб ёнган мияси, шошилиш поезднинг ўтхонасидай, тез ва соат механизмидай, мунтазам ишларди. Суд олдида тўхтаганига ўзи ишонган ва суднинг ҳар ҳолда ўзига ҳайрихоҳ кишилардан, яъни бадавлат одамлардан иборат бўлганини билган Мирёқуб энди дадилланди, ҳар бир саволга очиқ ва ўзича тўғри жавоблар бера бошлади. Бадавлатлар суди бунга ёмон кўз билан қарамаслиги маълум, негаким бадавлат одамлар қанча кўп давлатга эга бўлсалар ҳам яна пул-давлат деган нарсага лоқайд қараёлмайдилар. Пул деган нарса Мирёқубда оз эмас. Ҳали бу терговчиларда ҳар бир бандада бўладиган «муҳаббат» (муллажиринг муҳаббати) йўқ, деб ким айта олади?
— «Биз Пошшахон воқеасида, шу биринчи кўришувнинг ҳозирланиши ва юзага чиқиши устида сени айбламаймиз. Худди шу бир парча воқеада сенинг айбинг йўқ! Аммо-лекин биз Пошшахонни ҳам айбламоқчи эмасмиз. У шундай қилишга мажбур эди. Бошқа иложини тополмай у ёш жувон... сенга келмаса, бошқа бировга борар эди. Ҳолбуки, сенга келиш осонроқ... Бу ерда айб бошлича мингбошига тушади. Шу билан бирга Пошшахон ишида биз сени бутунлай айбламасдан ўтолмаймиз...»
— «Нима, нима?»
— «Тинч бўл, Мирёқуб! Аввало, сен мингбошига, унинг машруъ хотинига хиёнат қилган бўлмасанг, ҳар ҳолда, ўз хотинингга хиёнат қилгансан...
— «Бу фоний дунёда ўз хотинига хиёнат қилмаган эркак борми ўзи? Бизнинг сартия ўртасида ўз хотини, ҳатто икки-уч хотини устига «бола» асраганлар камми? Хотинимга хиёнат — биринчи эмас, мингинчи!.. Кўнглимнинг копиясини яхшироқ ўқингиз!»
— «Яхши, у жиҳатга ҳам кўз юмайлик. У тўғрида ҳеч биримизнинг пешонамиз оқ эмас... Фақат, Пошшахонни ўша номашруъ муносабат йўлидан тўхтатиб қолиш, унга, мингбошидан чиқиб кетиб, бошқа — ўзи тенг бир эрга тегиб, роҳат яшов имконини бериш сенинг қўлингдан келарди... Сен шуни қилмадинг! Сен...»
— «Шошманг, тақсир, шошманг! Нечик менинг қўлимдан келарди?»
— «Бизнинг саволларимизга калта-калта ва тўғри жавоб берсанг, масала ўз-ўзидан очилади. Бутун дунёда мингбошига гапи ўтадиган бир киши бўлса, у ҳам сенсан, деб ўйлаймиз биз. Тўғрими?»
— «Тўғри!»
— «Пошшахон бир одам орқали мингбошига ёлворди: «Менга жавоб беринг, бошқа эр қилай. Ҳали ёшман, кўнглимда орзу-ҳавасларим бор. Қолган умрим хазон бўлмасин!» деди. Ўша одам шу гапни мингбошига эшиттирганда, сен ҳам бор эдинг. Ёлғонми?»
— «Рост!»
— «Ўшанда мингбоши нима деди?»
— «Эсимда йўқ!»
— «Кўнглингда ёзилган гапларни эшит бўлмаса: мингбоши жуда кескин жавоб берди: «Менга хотин бўлган киши бошқа бировга ҳам хотин бўлса, мен эл-халқ орасида қандай бошимни кўтариб юраман? Менинг қўлимга тушибди, тақдирга тан бериб ўтирсин.
Мендан жавоб йўқ! Мендан бежавоб кетиб кўрсин, қани?» Жавобини тугатар-тугатмас келган одамни ҳайдаб чиқарди. Ёлғонми?»
— «Рост!»
— «Сен ўшанда бирор оғиз бир нарса дедингми? Десанг, мингбоши кўнармиди?»
— «Демадим, эҳтимол кўнарди...»
— «Нега демадинг?»
— «Очиқ айта берайми?»
— «Албатта!»
— «Пошшахон билан танишганимдан кейин мен уни мингбошидан чиқмасликка кўндирган эдим...»
— «Албатта, лоақал ҳафтада бир марта кўришиб турар эдингиз. У сендан хурсанд эди. Фақат сен нима учун уни мингбошидан чиқмасликка кўндирдинг? Мақсадинг нима эди?»
— «Отахонимнинг кўп узоқ яшаёлмаслигини яхши билардим. Юрагида касали бор... Сўнг вақтларда қийналиброқ нафас олади...»
— «Биламиз, биламиз. Сўзингни калта қил!»
— «Қазо етиб ўла қолса, Пошшахонга уйланмоқчи эдим... чунки, мингбошидан тегадиган мерос чакана бўлмасиди...»
— «Яхши, жуда яхши... Катта меросга эга бўлишни ҳаммамиз ҳам истаймиз... Бу машруь ният. Фақат мингбошининг у катта давлатига, ҳар ҳолда, беш меросхўр бор. Биргина Пошшахонга теккани сени қаноат қилдирармиди? Сен, ахир, ўзинг ҳам бадавлат одамсан!»
— «Менинг ҳеч бир касбим бўлмаса, савдо-сотиқ қилмасам, қизил қоғоз олган бўлмасам... озгина ер-сув билан нечик бадавлат бўлайин?»
— «Бизни алдаёлмайсан, Мирёқуб! Биз сени ниҳоят даражада ҳурмат қиламиз. Бугун ҳузуримизга олиб келиб сўроқ қилганимиз учун сендан кечирим сўрашгача борамиз. Сен — бизнинг оламимизда улкан кишилардансан. Ўрислар сенга ўхшаганларни китобларда мақтайдилар. Сенинг ҳамма ҳунаринг, енг ичида иш кўриб, шунча пул топишингда. Сен завод парракларини айлантираётган кишисан. Фақат бир жойга бир чақа солиқ тўламайсан. Шундай бўлгандан кейин, сендай улуғ бир одам бир ишни чуқур ўйламасдан қилмайди. Ҳалиги масалада бизга ҳақиқий планингни айтиб бер!»
— «...Нима десам? Ҳайронман... Борингки, мингбоши ўлишига яқин унинг Пошшахондан бошқа меросхўри қолмаслиги керак эди. Ё бўлмаса, васиятнома бўйича ҳамма нарса ўшанинг номига ёзиларди...»
— «Биз ишонамизки, бу нарса сенинг қўлингдан келарди! Яхши, Пошшахон масаласида биз сени айблашдан воз кечдик. Бизнинг оламда шундай дадил ни-ятларни қоралаш эмас, оқлаш керак!»
— «Раҳмат! Энди менга рухсатми?»
— «Йўқ. Жиндак шошма! Биз сени нойиб тўранинг хотини тўғрисида чинакамига айбламоқчимиз! Биз...»
— «Йўқ, тақсир! Пошшахон масаласида мени оқлаган маҳкама бу масалада қоралаёлмайди. Мантиқ деган нарса бор...»
— «Хўш, гапир!»
— «Пошшахон масаласида хиёнатим катта эди, ҳам мингбошига, ҳам унинг тўрт меросхўрига... Унутмангизки, шу тўрт киши ичида Фазилатой сингари балоғатга етмаган қиз бола, умр бўйи мингбошига хизмат қилиб ўтган Хадичахон бор... Бу катта хиёнат эди! Бу ишда мени оқдадингизми?»
— «Оқладик!»
— «Ундай бўлса иккинчи иш тўғрисида бир эмас, минг марта оқлашингиз керак! Нега десангиз, империя — оқ подшодан, нойиб тўрадан ва унинг погонидан иборат экан. Шунча минг фуқаронинг ва ҳам биз сингари бебузот бечораларнинг ихтиёри, ўзингиз биласизки, нойиб тўрада, яъни «погон» эгаларида, уларнинг бутун инон-ихтиёри эса — хотинлари қўлида бўлар экан. Пошшахон — катта меросга эга бўлиш учун бир қурол эди, мерос — давлат демак, давлат — пул демак. Империя — «погон» демак, «погон» шундай нарсаки, доим «пул, пул!» деб туради. Кўплар унинг сўраганини, яъни пулни берадилар, қайтиб ҳеч нарса олмайдилар. Ҳолбуки, иш билган киши погон «пул» деганда беш сўм бериб, уни — ўша погон ёрдами билан — беш юз сўм қилиб олади. Мен шунақа ишларга ўзимни эпчил, деб биламан... Кеча кечаси нойиб тўра хотинининг маст лабларига қўндирилган маст ўпишнинг ёлғиз биргина маъноси бор эди: пул! Тақсирлар, мен нойиб тўранинг хотини билан айшу ишрат қилмадим, ўлай агар! У, бизнинг иш устидаги биринчи учрашувимиз, ўз тилимизда айтсак, биринчи «бай очишимиз» эди!..»
Шу сўзлардан сўнг бояги терговчи ва сўроқчилар гўё ўз-ўзларидан эриб, йўқ бўлдилар. Суд зали бўшаб қолди. Мирёқуб кўзини очди:
Ҳаммом миён хонасининг ён гумбазларидан бири. Ходимгарнинг бўз лунгиси танга дағал-дағал уринади... Бошида муштдай қаттиқ лунги-ёстиқча... Ёнида бир чойнак кўк чой... Мияда суд мажлиси, нойиб тўра хотини, номерда кутиб ётган мовий кўзли дилбар...
Аллақайда мунгли, ҳасратли бир ашула овози ҳаммом акси садоси билан жаранглаб эшитилади:
«...Мусулмоннинг иши кофирга тушди-ей, ёр-р, ёрларим...»

XI

Кун ботишга бораётган вақда «отахон» билан «болахон» катта дарвозадан кириб бордилар. Айвонда ағнаб ётган Ҳакимжон мингбошини қўйиб Мирёқубга арз қилди:
— Юртда ҳали-ҳозир тинчлик. Унақа зўр дегундай иш йўқ. Майда-чуйда аризалар кўп, албатта. Уларнинг кўпини ўзим тўғрилаб юбордим. Беш-тўртта каттароқ аризалар бор, уларни ўзимча ҳал қилишга ботинолмадим.
Ичкарида аҳвол тузукка ўхшайди. Янги келиннинг отаси икки кеча ётиб, бугун саҳар жўнаб кетди. Қизи, афтидан, анча юмшарган, шекилли: катта кундошлари томонидан ҳам ҳаракат катта... Ҳар кун қорилар келишиб, «чиллаёсин» ўқилиб туради... Хўжайин кетганларидан бери келинчак ўзи ҳам тинчиб қолганга ўхшайди. Тутқалоқ тутмас эмиш. Билмадим, хўжайин келдилар, яна бошланмаса... Кундуз кунлари кулиб, дуторни сайратиб, ашулани баланд қўярмишлар.
Айтганча, хўжайиннинг учинчи хотинлари — Султонхон ҳам отасиникидан келиб қолибди. «Ҳамма балони ўша қилди», дердилар, ўзи ҳам жуда бўғилиб, нима қилишини билмай, ўтирадиган жой тополмай юрар эканмиш. Энди бирданига жуда бошқача бўлиб келибди. «Ҳамма ҳайрон», дейди. Катта қундошлари унинг бу хилда ўзгаришига сабаб тополмасдан ҳайрон бўлишар эмиш. Дарвозадан худди яқин ўртоғини кўргали келган қиздай кулиб ва қувнаб кириб, тўппа-тўғри кичик келиннинг ёнига кирган эмиш. Кечагина қарғаб, сўкиб «ўлдирсам!» деб юрган кундошини ўпиб, қучоқлаб, силаб-сийпаб бир нафасда иккаласи «қалин дўст» бўлган эмишлар. Энди кичик келин ҳам тез-тез «Султонхон аям қанилар?» деб сўраб турармиш. Бу кичик келиннинг келиши ўша Султонхоннинг бошида бўлаётган найранглар эмасми? Нега бу хотин бундай қилади? Ҳайронман, Мирёқуб ака!
— Ҳайрон бўлмай қўя қол! — деди Мирёқуб. — Хотин кишининг кўнглини худодан бошқа ҳеч ким билмайди. Бирданига бундай ўзгарган бўлса, тагида бир гап бор. Ишқилиб бундан қўрққулик!..
— Шунга ҳайронман-да! — деди яна Ҳакимжон.
— Мен бошқа нарсага ҳайронман, — деди Мирёқуб. — Мен Ҳакимжоннинг мингбоши додҳога бешинчи хотин бўлиб тегмаганига ҳайронман.
— Тилингиз қурсин, Мирёқуб ака! Шу ҳам гапми энди?
— Қаердан билдинг бўлмаса бундай икир-чикирни? Бу ҳаммаси хотин киши биладиган гаплар.
— Э, Мирёқуб ака! Сиз хўжайин билан бирга юрасиз шаҳарма-шаҳар, қишлоқма-қишлоқ — кайф қилиб! Мен бўлсам, қоққан қозиқдек шу жойдан бир қарич жилолмайман. Иш бўлса, ҳам шу ердаман, иш бўлмаса ҳам. Бўш вақтим кўп... зерикаман. Ўтган-кетган хотин-халаж, киз болаларни тўхтатиб, гапга соламан. «Бирга минг қўшиб» узатишади. Айниқса, менинг бир дўстим бор: Умринисабиби деган. Баҳрининг онаси бор-ку? Кўп гапни ўшандан эшитдим.
— Қўй энди, кечқуруннинг маслаҳатини қилайлик. Бугун кечқурун куёвни бир иш килиб суйганига қовуштирмасак бўлмайди. Жуда алангаси осмонга чиқиб кет-ди! Ўзи ҳам хунук иш бўлди. Эл оғзига тушса, ёмон бўлади.
— Албатта. Ҳали ҳам унча-мунча гап-сўз йўқ эмас. Янги келинни анча бўшашиб қолган, дейишади. Хадича холам билан гаплашиб кўринг.
Мирёқуб дарвоза олдига бориб, Хадичахонни чақирди. Хадичахоннинг айтган гаплари Ҳакимжон берган маълумотнинг айни ўзи эди. Мирёқуб кулиб қўйди... Мирёқубнинг фикрича, энди нозли келинга — мингбошининг шаҳарда изҳор қилган фикрини, яъни унинг фақат дутор ва ашулага ошиқ бўлганини, итлик туйғулари тўғрисига келганда, уларни астойдил ниқталашга бел боғлаганини эшиттирилса, балки қиз ҳам «йўқ» демасди, биринчи учрашув тутқалоқсиз ўтиб олса, ундан кейин осон бўларди. Бу мулоҳазани Хадичахонга эшитирди. Буни эшитгач, Хадичахон узил-кесил ўз фикрини билдира қўйди:
— Ундай бўлса иш жўн, — деди. — Ҳозир кириб гаплашаман. Кечгача хайриятлик хабарини эшитдирарман. Сиз айвонга, куёвнинг ёнларига боринг: жиндек овқат бориди, ҳозир чиқараман.
Ўрнидан тургач, бир кўзининг бир чеккаси билан Мирёқубга қаради:
— Сизга жавр бўлди, Мирёқуб! — деди. — Мингбоши додҳо худди бир гўдак бола; сиз — она... Сиз бўлмасангиз, очидан ўлади у киши...
Овқатдан сўнг бир-икки чойнак чой ичилди. Ҳакимжон бир-иккита ариза кўтариб келиб, мингбошидан фикр сўради.
— Сира эсинг кирмади-да, Ҳакимжон! — деди мингбоши. — Шу топда ариза қулоққа кирадими? Қулоғим — ичкарида! Эртагача тура тур, бир-икки кун кечикса, ҳеч бало бўлмас! Жуда шошилсанг, ана у бетавфиқдан сўрай қол!
Хадичахоннинг чақириши билан эшик олдига бориб бир нафасда яна қайтган Мирёқуб мингбошининг елкасига қоқди. Мингбошининг икки кўзи ундан узил-масди.
— Суюнчи беринг, хўжайин! Бугун, мана, ашула эшитасиз.
— Шукур-ей! Шукур-ей! — деди куёв. — Оғзингга қанту новват!
— Билиб қўйинг, хўжайин, — деди Мирёқуб жиддий бир чеҳра билан: — Менга берган ваъдангиз бора-а! Дутор, ашула! Итликни ташқарида қолдириб кира-сиз...
Сўнгра овозини пасайтирди ва мулойим қилиб, деди:
— Рост айтаман, хўжайин. Дастлабданоқ чўчитиб қўйманг... Ёш нарса.
Мирёқуб уйига кетди. Мингбоши, кеч киргунча ўтадиган «бир неча йиллик» вақтни қисқартмоқ учун қоронғи меҳмонхонага кириб, кўзини юмди.

* * *
Мирёқуб тўппа-тўғри ўз уйига бориб, зарур бир иш билан икки ойлик сафарга чиқаётганини айтганидан кейин, хотинининг қўлига етарлик пул берди. Баъзи бир гапларни тайинлади. Гузарга чиқиб, ўзига қарашли баққолга уйидан хабар олиб туриш вазифасини юклади. У ёқ-бу ёққа бориб, ўзининг хусусий ишларини тўғрилади. Хуфтон пайтларида мингбошиникига келиб, аҳволдан хабар олди. Куёвнинг ичкарида эканини, биринчи кўришув тутқалоқсиз ўтганини, лекин ҳали ҳозирча дутор ва ашула овози эшитилмаганини айтдилар. Бу тўғрида ҳам кўнгли жойига тушди. Ҳакимжонга мингбоши додҳонинг мансабига оид баъзи ишларни тайинлагач, эртага эрта билан яна шаҳарга тушиб чиқмоқчи бўлганини айтиб, у ердан чиқди.
Ичкарида хотини йиғлаб ўтирарди. Болалари ухлаган эдилар. Товоқдаги ошнинг кўпи ейилмай қолганлиги кўриларди. Дастурхон устида гуруч доналари кўп эди. Демак, ошни болалар ўзларигина еганлар. Оналари емаган...
— Нимага йиғлайсан? — деди Мирёқуб.
— Шаҳардан бугун келдингиз. Энди икки ойга кетаман, дейсиз... Ёш-ёш болаларингиз бўлмаса ҳам майлийди...
— Болаларимга етарли пул қолдирдим. Баққолга тайинлаб қўйдим, нима десанг, бериб туради. Икки ой узоқми? Лаҳзада ўтади-кетади. Иш бўлмаса, юрмас эдим, иш бор, ночор-ноилож юраман. «Иш қилма, пул топма!» де, ишни сен қил, пулни сен топ, мен уйда ўтирай, жон дейман...
Хотини жим бўлди. Фақат йиғидан тийилмаган эди.
— Гугурт бер. Меҳмонхонанинг чироғини ёқай.
— Мен сизга ана у сўрига жой қилиб қўйдим. Кетадиган кунингиз болаларингиз билан бирга ётинг энди.
— Сен ўзинг биласанки, мен ичкарида ётолмайман. Ичкарида ётсам, кечаси билан кўзимга уйқу келмайди. Гугуртни бер, чиқиб ташқарида, айвончада ётай. Тинч ухласам, саҳар туриб, жўнаб кетаман.
Хотин гугуртни узатди.
— Тур, ўрта эшикни занжирлаб ол.
Хотин индамасдан ўрнидан турди ва узун енги билан кўз ёшларини арта-арта эрининг орқасидан дарвозагача келди.
— Қачон уйғотай? Йўлга нималарни тугиб қўяй? — деб сўради хотин хўрлиқдан овози тутилган ҳолда.
— Ҳеч нарса керак эмас. Ўзим уйғонаман.
Ўрта эшик жуда оҳисталик билан ёпилди. Сўнгра яна ўшандай оҳисталик билан занжир солинди. Ундан кейин, айвончага етиб қолган Мирёқубнинг қулоқларига яна ўша томондан ҳўнграб йиғлаган бир овоз эшитилди...
Меҳмонхона эшигини очиб, гугуртни чаққан вақтида меҳмонхонанинг ўртасида икки қулочини кенг ёзиб... Пошшахон турарди!
Бу дафъа Мирёқуб, бир томондан, номерда қолган олтин сочли дилбарни ўйлаб, яна, бир томондан, мудҳиш суднинг сўроқларини эслаб, Пошшахонга совуқ муомала қилди. Уни ҳали вақт ўтмасдан уйига қайтиб кетишга қистади. Насиҳат қилган бўлди...
Фақат у насиҳатлардан ҳеч нарса чиқмади. Ҳаётида шу номашру эрдан бошқа ҳеч бир юпанчи бўлмаган ёш хотин унинг бўйнига маҳкам осилди, шу қадар ҳирс билан осилдики, Мирёқуб унинг иродасига бўйин эгишга мажбур бўлди.
«Бу фоний дунёда машру йўл билан битадиган бирор нарса борми ўзи» — деди Мирёқуб ўз-ўзига.

XII

Мирёқуб эрталаб уйқудан кўзини очган вақтида аллақайси станциядан жўнаган поезд у издан-бу изга дўқиллаб ўтмоққа эди. Вақт ҳали эрта бўлганлигидан биринчи класс вагоннинг юмшоқ йўлаги томонидан ҳеч қандай оёқ товуши эшитилмади. Демак ҳали ҳамма йўлчилар уйқуда. Эҳтиёт билан босиб ўтган бир оёқ шарпаси бир нафасгина эшитилиб, сўнгра узун йўлакнинг чуқурликларига ботиб, йўқ бўлди...
Поезд станция чегарасидан ўтиб, экин далалари орасига кирган эди. Бир терилган пахталар яна чаман-чаман очилиб ётардилар. Аллақайда бир сигирнинг мунғайиб маъраши эшитилди. Эшак минган бир йўлчи станцияга томон намланган тупроқ устида, болаларнинг олма парра кегайчалари сингари, кўзга илашар-илашмас қимирлардилар. Ундан кейин орқаларида чанг булутларини қолдириб, отлиқлар ўтдилар. Сўнгра аравалар, пиёдалар, яна эшак, яна отлар бир-бирини таъқиб этди.
Эрта биланнинг совуқ шабадаси сур тупроқ чангларини аста-секин вагон деразаси орқали ичкарига томон сура бошлади.
Мирёқуб бир нафасга кўзини юмди. Поезд кескин бурилиш билан чапга қайрилди, чанг булутларига кўмилган қишлоқ кўчаси ўнг томонда қолиб кетди. Олисдаги тоғларнинг нил рангли суратлари гавдаланди. Баланд-паст дарахтларнинг учларида ҳамда кенг даланинг бир қисмида эрталабки қуёшнинг парчавага ўхшаб ёйилган шуъласи кўринди. Қалин дарахт ораларидаги номаълум қишлоқлардан кўтарилган тутун устунлари у жойларда одамлар яшаганини кўрсатарди. Поезд чапга бурилгандан кейин совуқ шамол далаларнинг хуш ёқадиган салқинини олиб келиб, юзларга урди...
Шу топда кўзлар ихтиёрсиз пастга қарайди...
Ўз ёзмишини бегона бир осиёликнинг қўлига топшириб қўйган ва машру номи ташланиб, қалбаки ном берилганига хурсанд бўлган мовий кўзли гўзал юмшоқ ўринда силкина-силкина ухламоқда эди. Шу кеча айниқса бахтли бўлганми бу жувон ёки ширин тушларнинг сеҳрли қучоғида сузадими — нима бўлса бўлсин — шу топда мулойим кулимсираб, жуда чиройлик ухлайди. Бу ухлашнинг чиройлилигини Мирёқуб тушунолмайди, албатта!
Бу хотин бутун кеча бўйи жуда тинч ва хотиржам ухлаганга ўхшайди. Бир оёғи тиззадан қуйиси букилиб, сўричадан пастга осилибди, бир оёғи унисини қувлаб бориб сўричанинг қирғоғида ухлаб қолибди. Узун кўйлаги бутун баданини кам-кўстсиз ёпиб туради. Фақат бир енги тирсаккача шимарилиб қолган... Оппоқ қўллари ва билаклари ўз ёнида — ўз онасининг тўқлисидай — бир чиройлик ухлайди. Мирёқуб ундан кўзини ололмайди. Юқоридан туриб, шу бир сиқим вужудни томоша қилади. «Меники, шу гўзал махлуқ меники, бутун меники», дейди ва қувонади. Фақат қулоғи остида капа тикиб ётган терговчи дарров ўз борлигини билдиради:
— «Мирёқуб! Қайси кўзинг билан шу чиройлик манзарага қарайсан? Ҳаққинг борми унга бу хилда қувониб қарашга? Сен билан кўришганидан бери, бу жувон бошқа ҳар нарсани унутди. Берлиндаги севимли акаси ҳам эсига келмайди. Биласанми, тушида ҳам сени кўраётир у! Сен нонкўрни! Сен бевафо дўстини! Сен уста савдогарсан, биламиз, ҳурматлаймиз! Сен пулни ўйнатасан, пул билан ўйнашасан! У сенинг қўлингдан келади, ортиғи билан келади! Пул билан ўйнашсанг, пулни ўйнатсанг, яхши бўлариди. Сен чакки — мунақа гўзал махлуқларнинг кўнгли билан — ўйнаша бошладинг Гўзал хотинларнинг кўнгли жонон пиёлага ўхшайди, сендек қўпол кишилар унинг жаранглаганини эшит-масдан туриб синдирадилар... Сингандан сўнг улардан аянч нарса қолмайди дунёда!»
— «Мени беҳуда айблайсиз. Мен уни ифлос жойлардан ўғирлаб олиб чиқдим. Энди ҳеч бир ҳаром қўл, номаҳрам қўл теголмайди унга! У ҳозир номусли бир эркакнинг номусли хотинидай тоза...»
— «Сен ўзинг-чи? Сен ўзинг? Эндигина қилинган янги гуноҳларинг билан?»
— «Янги гуноҳ қилганим йўқ. Ҳали ҳам эски гуноҳларим кетимдан қувалаб юрибди. Ўшалардан қутулай, деб қочдим. Қочиб кетаётирман. Бас энди мунча таъна».
— «Ҳар, нима десанг, де, икки кун аввал нойиб тўранинг хотини, бир кун аввал мингбоши додҳонинг хотини сенинг қўйнингда эди. Энди бугун-эрта бу оқ кўнгил махлуққа ҳам чанг соласанми? Қандай ботина оласан?»
— «Мен мунга тегмоқчи эмасман, тегмайман ҳам. Сиз билмайсиз, шу хотин билан кўришганимдан бери ўз-ўзимни таний олмай қолдим!»
Мирёқубнинг бу сўзлари тўғри эди. У, чинакам, ҳамма вақт бу хотиннинг ёнида ўтириб, у билан бир хонада ётиб боришга мажбур бўлса ҳам, унга қўл узатиш деган васвасали фикр билан доим курашиб келарди. Белгисиз бир жойда, белгисиз бир замонда, белгисиз шартлар ичида улар иккаласи, ўз-ўзларидан қўшилиб қолишлари керак эди. Хотин ҳам шу хилда ўйлаб, шу хилда тушунгани учун ўзини она қўйнида кетаётган каби сезарди. Шу учун бўлса керак, Мирёқубнинг мумкин қадар ўзини четга тортишга уринишларини англаёлмасди.
Ҳайфки, улар иккаласи бир-бирининг тилини яхши англаёлмаганлари учун йўл бўйи ўйлаб ва ўйланиб боришга мажбур бўлсалар-да, ҳар кунги ўйлари ва иштибоҳларини бир дафтаргача ёзиб боришни эсларига келтирмадилар. Улар иккови биттадан «кундалик дафтарча» юритган бўлсалар, мана бунга ўхшаган яхшигина саргузаштнома ҳосил бўлариди.
Ж а к о б.
(Хотин томонидан Мирёқубга берилган ном.)
«Билмадим, бу поезд мени қаерга олиб боради? Қримга деб йўлга чиқдим. Билетлар Москвагача. У ерда нима бўлади? Унгача нима бўлади? Билмайман. Бил-майман. Нима учун бу сафарга чиққанимни ҳам билмайман... Қишлоққа жўнаганимда, тўрт-беш кун турарман, деб ўйлаган эдим. Бир кеча ётдим, холос. Саҳар туриб, ҳалиги бўйнимга осилган илонни чиқариб ташлагач, ичкарига кирдим. Хотиним ичкарини супураётган эди. Кўзига қарадим, туни бўйи ухламагани кўринарди. Мен ҳам туни бўйи ухлаёлмай чиқдим... Илон кирган эди қўйнимга! Илонни ўпган ҳаром лабларим билан ухлаб ётган болаларимни ўпай деб қуйига эгилдим, кўнглим чидамади. Кўрпанинг қирғоғини ўпдим. Хотиним кўриб турган эди. «Бу одам биздан кечиб кетаётганга ўхшайди. Ҳатто ўз болаларини ҳам ўпкиси келмайди», деб ўйлагандир, тўлиб-тошиб йиғлаганди. Бечора хотин, билмайдики, болаларимни ўпмаслигим уларни севганлигимдан эди».
М а р ь я м.
(Мирёқуб томонидан хотинга берилган ном, хотиннинг асл номи Мария эмасми).
«Ё раббий! Ё раббий! Нима бу? Тушимми, ўнгимми? Қайдаман? Нима ҳолдаман? Кечам нимайди? Бугуним нима? Эртамда нима бор?
Жакоб номернинг эшигини очиб чиқиб кетди. Мен дарҳол ичдан қулфлаб олдим. Унинг ўз кўзига қараб лоақал беш кун ўзимни қамоққа ҳукм қилган эдим. Беш кунда беш марта кечаси ҳамма ухлаганида ташқарига чиқиб келишни чамалардим. Бошқа вақтларда доим уйда, доим шу кичкина, ширин ва ишончли уйда! Беш кун ичида нималар бўлмас эди, дейсиз? Кўнглимда ташвишларим йўқ эмасмиди, балки келмай қолади? Балки мендан айниди? Балки бир ойдан, бир йилдан сўнг келар? Балки тез орада келар, лекин ўйлари ва ниятлари ўзгариб, оддий бир «харидор» каби келар, бир соатга келар, ярим соатга келар... Шундай бўлса, мен нима қиламан? Яна ўша ифлос муҳитга қайтаманми? Йўқ! Йўқ! Ўлим ундан енгил... анча енгил.
Нима учун мен унга ишондим? Нима учун? Нима учун ёт бир одамнинг қуруқ сўзи билан бутун ниятларим, қасдларим ва хуляларимдан кечдим? Қандай эси паст хотин эканман мен! Яна қайтиб ботқоққа сакрамоқ учун баландроққа чиқибман...
Баландроқ ерга чиқиб туриб, худди денгизга ўзини ташлайдиган ҳопитувчилар каби, ўзимни яна ўша ҳандаққа ташламоқчи бўлибман! Билмабман, ўйламабманки, ҳандақнинг ичида турган вақтингда одам унинг ҳавосига кўнасан. Фақат бир марта у ердан чиқилгач, очиқ ва соф ҳавога чиқилгач, тоғ ҳавоси каби тоза ҳаволи тепаларга чиқилгач... қайтиб хандаққа тушиб бўладими? Телбаман мен! Телба! У пули кўп бир савдогар эди, шуни билардим. Нима учун мен унга «Минг сўмга чек ёзиб бер, шунда ишонаман!» демадим? Ёзиб берарди. Ундан кейин истар келсин, истар келмасин эди. Ман қўлимда пулим билан йўлда бўлардим... мақсад йўлида бўлардим. Ёзиб бермаса, севмаганлигини билардим, унга ишонмас эдим... алданишдан қутулардим. Мен телба!..
Икки кеча, икки кундузнинг қандай ўтганини билмадим. Чунки ҳалиги хилда фикрлар, васвасалар менга кун бермайлар эди. Ўйлардим, ўйлардим, на йиғла-шимни билардим, на кулишимни! Йўлакда эшигим ёнида эҳтиёт билан босилган қадамлар эшитила бошлади. Ўз-ўзини қамоққа олган ёш ва гўзал хотинга қизиқувчилар топилди, шекилли. Хизматчи овқат келтирган вақтида «Нимага чиқиб юрмайсиз?» деди. «Мени сўраган киши йўқми?» дедим. «Йўқ, — деди, — Ким келмоқчи эди?» «Эрим», дедим, жим бўлди. Шундан сўнг оёқ шарпалари ҳам эшитилмас бўлди.
Тушиммиди, ўнгиммиди? Оҳисталик билан эшикнинг чертилганини эшитдим. Унинг мен билан хайрлашиб чиққанига фақат икки кеча, икки кундузгина ўтган эди. Бу чертиш хизматчининг чертишига ўхшарди. Хизматчи бўлса керак, деб сўрамасдан очдим. У кириб келди! Оҳ, шу азиат! Биз кўришмадик, нима учундир у қўл узатмади, мен ҳам унутдим. Сўз ҳам айтмади. Соқов каби кириб келиб, қўлидаги билетларни кўрсатди. Хизматчини чақириб, ҳисобларни уздик. Дарҳол вокзалга чиқдик.
Иккимиз бир уйда ётибмиз. Кўнгилларимиз — бир. Баданларимиз — бошқа. Поезд тез юриб кетаётир. Кўзларим юмилди... Тушимми, ўнгимми?..»
Ж а к о б.
«Тошкентдан кечаси ўтганга ўхшаймиз. Одамни зериктирадиган қуруқ чўлга кириб борамиз. Вагонимизда янги нусха Тошкент тўпписи кийган, сочини, бир энликкина ўстирган, пўрим кийимли бир одам пайдо бўлди. Калтагина, чиройликкина мўйлови бор... Оқ юзли. Ўзи ҳам чиройлик. Жуда олифта қадам қўяди. Тошкент одамига ўхшайди. Масковчи савдогармикин? Ё закончими? Ё маҳкамаларда ишлайдиган одамми? Ҳар қалай, ўрис тилига омил бўлса керак, қўлида ўрис газетлари кўраман. Бизнинг хонамиз олдидан бир неча марта у ёқ-бу ёққа ўтди. Синчиклаб қарайди. Билмадим, менгами, Марямгами? Қўрқаманки, кўзлари Марямда! Тошкент савдогарлари олифта бўлади. Оврўпа хотинларини яхши кўрадилар. Эшикни беркитиб қўйдим... Хона ичи дим. Марям ўнғайсизлана бошлади. Эшикни қайтадан очиб қўйишга мажбур бўлдим.»
М а р я м.
«Жакоб мени севадиганга ўхшайди. Севмаган одам мундай қилмайди. Оҳ, агар рост бўлса!
Чиройлик бир сарт йигити бизнинг хонамизга кўп қарайди. Унга қарайдими, менга? Билмайман. Менга қараса керак. Чунки эркак эркакка нега қарасин! Хотя, сартларда эркак эркакни севадиган одат бор эмиш... Қизиқ!
Жакобчик, менинг севимли Жакобчигим очиқдан-очиқ безовта бўла бошлади. Эшикни бир қур ёпди. Кейин мен бир-икки марта оғир «уҳ» тортиб эдим, очиб қўйди. Оҳ, биз хотинлар! Шу сарт йигити тезроқ гап ташласайди. Жакобни яхшилаб синардим. Тезроқ синасам, кўнглим ўрнига тушса.
Шу учун йўлакка чиқдим. Очиқ деразанинг орқасида кетсиз чўл, яланғоч саҳро узала тушиб ётади... Қандай тўйдирувчи якнавлик! Ёлғиз бўлсам, илинчагим бўлмаса, зерикиб ўлардим. Томоша бошланди: орқамдан дарров Жакоб чиқди. Ёнимга ўтиб, тўхтади.
— Ҳаво яхши-а? — деди.
— Чакки эмас, — дедим, кулдим.
Бу олов билан ўйнашаётган боланинг бепарво кулиши эди...
Сарт йигит ҳам дераза олдида эди. Жакоб унинг томонига ўтиб тўхтади. Поезд станцияда бир оз тўхтаб, жўнагандан кейин сарт йигит ёнимиздан ўтди, бизга қўшни бўлган дераза олдида — менинг қаторимда тўхтади. Шундан кейин секингина Жакоб ҳам ўша томонга ўтди.
Сарт йигит нега гап ташламайди? Жанжал бўлармиди? Бўлсин! Жанжал қўзғалади, ётади, фақат уйғониб «ҳой», деган кўнгил жавоб эшитади: «Лаббай!» Менга шу керак. Сарт йигит, у ҳам азиат! Хотин кўнглини билмайди. Аччиғим келди, уйга кириб, эшикни ёпиб қўйдим.
Шошма, шошма! Нима гап? Улар иккови сўзлаша бошладилар. Фақат жанжалга ўхшаган ери йўқ...
Яна аччиғим келди. Ну, их!..»
Ж а к о б.
«Хайрият, Марямга эмас, у менга қараган экан. Мен билан танишмоқчи бўлганини сўзлади. Танишиб олдик. Тошкентлик савдогар. Финландияга бораётир эмиш. У қайси мамлакат?»
М а р я м.
«Жакоб сарт йигит билан қалинлашди. Энди у бизнинг хонада кўп ўтиради. Мен бир чеккада. Ёнимда Жакоб... Жакобчик. Унинг ёнида йигит. Русчани жуда яхши билар экан бу йигит. Жакобни хижолат қилди. «Хотинингиз билан таништирмайсизми?» деди, шекилли, Жакоб менга қаради. «Бу кишини танийсанми?» деди. Мен қайдан танийман? Қизиқ! Қўлимни узатдим. «Шарафуддин Ходжаев», деди. Қандай қийин от! Жакоб, Жакобчик... Бу бошқа. Ўзи чиройлик нарса, лекин».
Ж а к о б.
«Саволларимнинг жавобини энди топадиганга ўхшайман. Бу йигит жадидларнинг катталаридан бири экан. Энди «империя»ни сўраб олай, дейман. Шундай гапларни гапирадики, кўзим пиёладай бўлди. Мен уйқуда эканман... ғафлат босган экан бизни. Миллат деган нарсамиз бор экан, биз — омилар уни  «фуқаро» деб юрганмиз. Бу йигит «миллат» деган вақтида аллақандай ширин эшитилади.
Лекин «бу киши кимингиз?» деб сўрагани ёмон бўлди. Нима деб жавоб беришга ҳайрон бўлардим. Ҳали жавоб тополганим йўқ эди, ўзи ёрдам қилди: «аҳлиянгизми?» «Ҳа, аҳлиям». Қутулдим! Ундан кейин бизнинг хонага кириб ўтириб, «Аҳлиянгиз билан таништириб қўймайсизми?» деди. Мен Марямдан «танишмисан?» деб сўрагунимча бўлмайди, Марям қўл узатиб ўтирибди. Кофирнинг қизи! Ўрганиб қолгансан-а!
Хайр, майли, мен бу йигитга ишонаман. Унинг бошида хотин савдоси борлигини пайқаганим йўқ. У ўз «миллати» билан овора.
Ҳаддидан ошиб кетса, биз, оддий халқ, мушт ҳам кўтара берамиз!»
М а р я м.
«Сарт йигити бало бўлди. Жакоб эртадан-кечгача ўша билан гаплашади. Мен ҳеч нарса англамайман. Ўз тилларида газетлар ўқишади. Йигит ўрисча газетларни ўқиб тушунтиради. Бир томондан олганда, бу яхши, Жакобнинг фикри очилади. Одам бўлади. Маданийлашади.
Фақат мен уни — шу ёввойи ҳолида ҳам севаман, шекилли. Зерика бошладим. Нима қилсам? Китоб топиб ўқий.
Жакобнинг юзида ва кўзида ўйчанлик аралаш бир табассум пайдо бўлди. Диққат қилдим: кўнглида ажиб бир олов ёна бошлаганга ўхшайди. Оҳ, ё раббий! Мени севган кўнглидаги муҳаббат олови эмасми? Фақат... ундай бўлса, у ажиб ва ширин кулиш билан кулган кўзлари нима учун менга эмас, бошқа ёқларга, олисларга қарайди? Бошқа севгининг олови эмасми? Оҳ, ё раббий! Ё раббий!..»
Ж а к о б.
«Бу йигит бошқача чиқди. Мен излаган пир шу бўлса-я. Нима учун мен шу вақтгача жадидларни сўкиб келганман? Агар жадид шу бўлса, нимага мен жадид эмасман, нимага мингбоши жадид эмас, ҳамма жадид эмас?.. Фақат нойиб тўра бойлардан ерларни, заводчилардан заводларни тортиб оладиганлардан гапирди, улар ҳам жадидларга ўхшаган янги тоифа эмиш... Йўқ, мен мундан эҳтиёт билан бир сўраб кўраман. Ўзи айтиб берар.
Нойиб тўра билан ўртамиздаги алоқани, нойиб тўранинг мусулмон тилига ва хатига омил эканини, унинг «империя» тўғрисидаги гапларини гапириб бердим. У ҳам гапириб кетди... гапирди... гапирди... оғзидан ажойиб таъсирлик сўзлар тўкилади. У сўзларнинг ҳар бир донаси кўзимдан бир қават пардани сидиради.
Очилдим... Умримда биринчи марта янги танишган бир кишига кўнгил, сиримни айтиб бердим. Марям воқеасини мендан батафсил эшитгандан кейин калтагина бир сўз қилди:
— Сиз энди бу хотинни қўлдан чиқарманг! Бу, бизнинг бошимизда данак чақаётган бир дунёнинг қизи. Биз буларни кўнгилдан ёмон кўрамиз. Булар — бизнинг душманлар! Фақат булар ҳаммаси, бутун ҳолда, душман! Якка-якка бўлганда, ораларидан дўст топа оламиз. Яхши дўстлар топилади. Жуда яхши дўстлар... У дўстлар билан оғиз-бурун ўпишар экан, уларнинг чангалидан қандоқ қилиб қутулишни бир нафас ҳам унутмаймиз!
Сиз уни ифлос чуқурдан тортиб чиқарибсиз. У муни тақдир этади, ўзининг ёш ва тоза кўнглини сизга тутади. Сизга қарашларидан англайманки, унинг кўнгли кўпдан сизники бўлган! Сиз бахтлисиз. У ҳам сизни энди сиз учун янги бўлган бир дунёга олиб киради. Сиз унда ҳақиқий оналарни кўражаксиз. Миллат болаларининг бахти ҳақиқий, маданий оналар қўлида бўлмаса, бизнинг оқибатимиз ёмон! Сиз ундан кўп нарса ола биласиз. Сингилларингиз, қизларингизни шуларга ўхшаб тарбия қилсангиз, шундагина вазифангизни бажарган бўласиз! Эскиларнинг тили билан: «қўшоқ қарингиз!» дейман... Қўшоқ қарингиз — миллатнинг, миллат оналарининг саодати учун!...
Бизнинг тилимизни биладиган амалдор ошнангиз тўғрисида келсак... Бизнинг мамлакатимизга рус ҳукумати бир «мустамлака» деб қарайди, яъни мамлакатларнинг ўгайи сингари... Шу учун бу ерга яхши амалдорни юбормайди. Битта-яримтаси адашиб келиб қолмаса... Улардан бизга дўст йўқ... Бизнинг дўстимиз — ўзимиз. Бизнинг дўстимиз — миллат! Улар миллат душманлари... Биз уларга душман! Шуни унутмангиз!
Мамлакатнинг тарихи, адабиётига оид қимматбаҳо асарларни текинга бериш ҳамда бир рус амалдорига бериш, билмадим, нимага тенг? Менча, бу — миллатга хиёнат! Ундай асарларни сиз тўплангиз, миллий кутубхона ташкил қилайлик. Тўғри йўл — шу!
Биздан неча баравар кичкина миллатлар мустақил бир ҳукумат қуриб, ўз давлатлари ила Оврўпанинг, шу маданий Оврўпанинг марказида, яъни киндиги сингари жойда яшайди. Тошкент трамвайини ўшанақалар айлантиради... Бизнинг бахтсизлигимиз — нодонлигимизда, холос. Миллат уйғонсин, кўзини очсин, ўқи-син, билим олсин, маданий миллатлар қаторига кирсин, сўнгра у ҳам ўз давлати, ўз бахти, ўз саодатини қуради.
Миллатни уйғотиш — уйғонганларнинг вазифаси. Мана сиз: анча эслик, ҳушёр, зийрак одам кўринасиз. Иш биласиз экан. Давлатингиз бор экан. Фақат биргина айбингиз шуки, замон аҳволидан хабардор эмассиз. Газет ўкимайсиз. Шу замонда мундан ёмон гуноҳ борми? Қандай яхши газетлар бор. Оренбургда, Қозонда, Уфада, Бокуда, Астраханда, айниқса Москвада, уруш битгандан кейин четдан олдириб ўқинг! Боқчасаройга беш сўм пул юборсангиз, бир йилгача ҳар куни «Таржумон» келади. Биласизми, «Таржумон» нима дейди?
Шу ерда мен унинг сўзини бўлиб, дедим, чунки жуда пайти келган эди:
— Бойларнинг ер-суви, заводчиларнинг заводлари олиниб, яланг оёқларга берилсин, демайдими? Шуни айтиб берсангиз.
— Сиз социалистларни айтасиз, — деди. — Бизнинг орамизда социалистлар йўқ. Биз социалистлардан йироқмиз. «Таржумон» нима дейди? «Таржумон» — жа-дид газеталарининг отаси Исмоил бобойнинг газети. Энг эски газет... «Тилда, фикрда, ишда бирлик!» дейди, яъни биз мусулмонлар, турк халқлари, бир тил билан гапирайлик, бир фикрда бўлайлик, бир иш қилайлик, дейди. Мундан яхши нима бор? Бойларнинг ерлари, заводчиларнинг заводи, фабрикачиларнинг фабри-калари билан бизнинг ишимиз йўқ. У уларнинг ўз ишлари. Биз ўқийдиган газетларнинг ҳеч бири ундай демайди. Улар қайта: «Бой бўл! Завод сол! Фабрика оч! Беш минглаб, ўн минглаб рабочий ишлат! Миллий саноатни ривожлантир!» дейди. «Вақт» газетасининг мутасаддиси ким? — Ромеев. Биласизми, у ким? — У миллиончи. Тилла конлари бор. Жадидлардан қўрқманг. Миллатни билинг, танинг, унга хизмат қилинг. Шу билан сиз ҳам жадидсиз. Номингиз тарих бетларига ёзилади. Ким пул топма, дейди сизга? Мана, мен; Финландияда магазиним бор, Петербургда магазиним бор: ҳар йил ярмаркага бориб иш қиламан. Францияда Лион, Германияда Ҳамбург шаҳарларига бораман. Тери, мўйна, маҳаллий саноат молларини ўтказаман. Дунёнинг пулини топаман. Фақат менинг ўғлим — улоқчи от миниб, пойгаларда юрмайди, мендан пул олиб, қимор ўйнамайди, менинг топганимни бесоқолга, фоҳишага бермайди. Ўқийди, билим олади, одам бўлади, маданият касб этади. Бир укам — Финландияда Хелсингфорс гимназиясининг 5-синфида. Бир укам Уфада машҳур Олия мадрасасида. Акамнинг бир ўғли — Тошкент реал мактабида. Ўз ўғлим ҳали кичик бола, Финландияда, махсус муаллим солиб берганман, ўқийди...
Энди бу жадиднинг гапдан тўхташини истамай қолдим...
М а р я м.
«Жакоб мени унутди. У, ҳалиги сартнинг афсуни остига тушди. Нима қиламан мен? Хайр, майли, чидайман. Маданий Жакоб, албатта, тил билмас, ёввойи, азиат Жакобдан яхшироқ. У мени ҳандақдан тортиб чиқарди, энди менинг сабабим билан ўзи ҳам маданий одам бўлиб кетса, қандай яхши!
Фақат, зерикдим. Китоб олдим. Журнал олдим. Ўқидим... Ўқийман... бўлмайди. Йўл узоқ. Якнав манзаралар... Зерикишдан бўғиламан. Жакобнинг бўйнига осилиб бўғсам, дейман!
Ниҳоят, бир рус хотин билан танишдим. Эри Тошкент шаҳрида адвокат экан. Оналарини кўргали Москвага кетаётир. Энди менга ҳам сўзлашадиган одам топилиб қолди. Биринчи, иккинчи, учинчи, ва ҳ. к. гапларимиз... севги тўғрисида бўлди!»
Ж а к о б.
«Қизиқ: гап деган нарса шунча таъсирлик бўладими? Кечагина мен «жадид» деган сўзни эшитсам, белим қайишарди. Юртимизнинг катта, обрўли, эслик одамлари ҳаммаси жадидларни ёқтирмасиди. «Жадид — кофирнинг ашаддийси», дерди Шаҳобиддин домла. Газет ўқий турган битта муллабаччани мадрасадан расво қилиб ҳайдаган эди. Шаҳардаги катта бойларимиз бўлса, улар тўғрисида «тирранчалар», «ҳаромилар» демаса, гапиролмасди.
Мана, мен энди жадидни кўриб ўтирибман. Эрта-кеч гапига қулоқ соламан, қулоғимни унинг оғзидан узиб ололмайман... Бир ёмон жойини кўрганим йўқ. Гаплари ҳаммаси маъқул. Бировнинг мол-мулкига чанг сола турганга ўхшамайди... Ўзи ҳам бадавлат одам. Ҳалол касб қилиб пул топишни, дунё орттиришни билар экан... Бу ёмонми?
Агар жадид шундай бўлса, мен ҳам жадидман... Фурсатни тўғри келтириб туриб:
— Империя нима дегани? — деб сўрадим.
— Нега сўраб ётибсиз? — деди.
— Ўзингиз билган амалдор ошнам бир кун «Империя ботиб боради», деди, шунда жуда хафа бўлиб гапирди.
— Унинг империя дегани ўрис подшосининг қўл остидаги юртлар. Унда ҳар қайси миллатдан бор, шу қаторда биз шўрликлар ҳам бормиз. Улар, уруш муваффақиятсиз битса (шу сўзини тушунолмадим), ўша юртларнинг парча-парча бўлиб бўлиниб кетишидан қўрқадилар. Русияни, шу қулоч етмас кенг ўлкани, қилич кучи билан, қозоқ ўриснинг найзаси билан қўрқитиб, бутун ҳолида қиёматгача ушлаб қолмоқ истайдилар. Соғин сигирни ким истамайди? Оппоқ, ши-рин сути бор...
— Ниманинг сути бор? — деб сўрадим мен. Кулди.
— Сиз-биз соғин сигирмиз, бизнинг ширин сутимиз бор, руслар ва бошқа ажнабийлар бизни эмиб ётадилар. Бир биз эмас. Қарангиз; Ҳиндистон, Шарқий Туркистон, Тунис, Жазойир, Мағрибистон, яъни Марокаш... Миср ҳам Англия қўлига кириб битди. Энди аста-аста Туркияни бўлаётирлар. Бутун ислом олами, мусулмон ўлкалари бирма-бир ажнабийлар қўлига ўтаётир. Қарангиз Эронни, бир томондан, бизнинг Иванлар, бир томондан, «Маккор Албиён» ўз нуфузлари остига олдилар.
У гапиради, гапиради. Мен ҳам ҳайрон бўламан. Мунча номларни қайдан билади? Ҳаммаси қандоқ қилиб эсида туради? Ҳаммасини ўз кўзи билан кўрганми? Ё мени лақиллатиб, ўз ичидан чиқариб айтадими? Ҳали Финландияда бир шаҳарнинг номини айтди, тил ўлгурни бир мундай энга келтириб айтиб бўлмайди... Ҳар қалай, бу хотин менга ҳеч нарса бермаганда ҳам розиман. Кўзимни тўсиб ётган пардаларни олиб ташлади-ку.
... Фақат Марям аллақайси бир уйда бир хотин билан танишиб олиб, бизга ўхшаган суҳбат бошлади. Бир хабар олиб қўяй, суҳбатларига бирорта бегона эркак ораламадимикин?
— Мен бир хотинимдан хабар олиб келай! — дедим. Ёнидан жилдим.
Борсам, Марям китоб ўқиб ётибди, нариги диққат билан қулоқ солади. Бир эркак бор, юқори сўрида ухлаб ётади. Хайр, майли, зерикмасин, бечора Марям.
Яна жадиднинг ёнига қайтдим. У, бирданига сўраб қолди:
— Сизнинг мусулмон хотинингиз ҳам борми?!
— Бор... йўқ, янглишдим: бор эди...
— Ҳар ҳолда мусулмон хотин билан туриб кўргансиз-ку?
— Ҳа... албатта.
— Энди, мана, тарбиянинг нималигини ўз тажрибангиз билан биласиз. Тарбиясиз, онгсиз ва нодон мусулмон хотин билан тарбиялик маданий оврўпаликни солиштириб кўрасиз. Фарқ ер билан осмон қадар! Дарҳол билинади.
— Ҳали ҳам ўғлимни ўрис мактабига бераман, деб қўйдим.
— Бу фикрингиз хато, Ибтидоий тарбияни рус мактабларидан бошлаб бўлмайди, уни миллий мактабларда бериш керак. Илгари миллий ҳиссини ўстириб, ўз миллатини танигандан кейин рус мактабига бериш керакки, ҳунарга, ихтисосга тегишли илмларни ўқисин. (Бу одамнинг гапларида шунақа мен англамайдиган сўзлар кўп: у ўзи ўйламасдан гапириб кета беради. Тез-тез тўхтатиб сўрашга мен уяламан. Баъзи сўзларни англамасам-да, ҳамма гапларини англайман. Газет ўқий берсам, тушуниб кетарман). Ундан кейин Германия, Франция, Англия мамлакатларига, ҳатто дунёнинг нариги чеккасидаги Америкага юбориб ўқитиш керак...
— Ўрусларнинг ўзида ҳам илм кўп, шекилли-ку, нарига юбориш нимага керак?
— Ўрусларда илм кўп. Ўруслар мутараққий миллат. Лекин улар ўзлари ҳам асл илмни ўша ёкдан оладилар.
— Шундайми?
— Шундай. Мана бу уруш тугасин. Финландияга бир келинг. Ундан нари биргалашиб Германияга борамиз, Францияни кўрамиз, Англияни томоша қилиб ке-ламиз. Шундан кейин жадидларнинг нима демокчи бўлганини биласиз...
— Мен ҳали ҳам сизнинг гапларингизга қойил келиб ўтирибман...
— Қойил келган бўлсангиз, миллатга хизмат қилингиз, ғафлатда қолган халқни уйғотингиз, янги мактаблар очингиз! Болаларингизни янгича ўқитингиз.
— Албатта, албатта. Бундан кейин шундай қиламан энди. Кўзим очилди... мен ҳам тараққий қилиб қолдим... Миллатни одам қилишга уринаман энди...
— Ҳаббаракалла! Сиз Абдисамат мингбоши деганни танийсизми?
— Ўзимизнинг Абдисамат калми? Танийман. Қишлоғи бизга яқин.
— Ана, ҳақиқий миллат ходими ўша! Ҳамма мингбоши ва амалдорларимиз ўша одамга ўхшаса, миллат тез тараққий қиларди.
— Қизларини янгича ўқитади, деб эшитаман.
— Қизларини янгича ўқитиш учун Уфадан махсус муаллима олдирган. Ҳозир ўша муаллимага ўз уйида янгича қизлар мактаби очиб бермоқчи бўлибди. Яқинда юқорига ариза бериб, «усули жадид» мактаби очишга рухсат олди. Тошкентдан биз муаллим жўнатдик. У одам миллатнинг отаси. Ҳаммамизнинг отамиз! Кўрсангиз, салом айтинг. Ҳамма жадиднинг орзуси ўша одамни бир кўриш!
Марям чақирди. Билмадим, нима гап? Бу тўйилмас суҳбатни бўлиб чопдим».
М а р я м.
«Қарта ўйнаб-ўйнаб зерикдим. Жакоб мендан тамом кечиб юборди... Жонимдан ёмон кўраман у маданий сартни! Ер ютсин уни!
Қартадан фол очсам, бир-бир кетин «бахтсизлик» (несчастье) чиқади. Қўрқиб қолдим. Демак, менинг Жакобимни тортиб олажаклар! Маданиятдан ёмон нарса борми экан дунёда? Ҳатто маданийлашган сарт ҳам эртадан-кечгача валдирашдан бўшамас экан...
Чидаёлмадим. Чақирдим. Келса, чинакам гаплашиб, масалани ҳал қиламан. Ана, келаётир... келди. Жакоб!!»
Ж а ко б.
«Ўйга келиб киришим билан, Жакоб, — деб бўйнимга осилди. Эшик очиқ, ҳамманинг кўзи бизда! Ана, ҳўнграб йиғлай бошлади!
Бошимга бало бўладиганга ўхшайди. Менинг фикрим ҳозир бошқа ёқларда, бошқа кўчаларда. Марям муни билмайди... Ҳар қалай, силаб-сийпаб юпатдим. «Биз оздан сўнг қайтиб келиб, туни бўйи сен билан гаплашиб ўтираман», дедим. Кулимсиради...
Йўқ, шу кулимсирашидан кечиб кетолмайман!»
М а р я м.
«Ҳеч нарса деёлмадим, тилим тутилди... Бўйнига осилиб йиғладим. Эркалатиб, юпатиб, ваъда бериб кетди».
Ж а к о б.
«Москвада бир-икки кун тўхтаймиз. Шу вақтда Марям масаласини бир ёғлиқ қилиш керак. Шунга жазм қилдим. Унгача Марямни юпатиб бориш керак.
Марям масаласи — кичкина масала. У осон ҳал бўлади. Аммо миямда пайдо бўлган фикрлар мени қаерга олиб боради? Шунга ҳайронман».
М а р я м.
«Жакобчикнинг менга муомиласи ўзгарди. Қандай бахтлиман! Фақат... «У менинг кимим, нимам? Уни мен севаманми?» деган саволлар миямни тинталайди. Кейинги саволнинг жавобини ўзим беришим керак. Энди бу тўғрида қатъий бир фикр айтадиган вақт келди. Соддалик бас энди! Бир нарса дейишим керак. «Севаманми, йўқми?» Ўзимга берадиган жавобим Москвагача берилмаги лозим!»
Ж а к о б.
«Оренбургдан жўнаб эдик, ширин сўзлик «жадид» шаҳарни кўрсатди. Қарадим. Шаҳар орқада қолган эди...
— Бу ерда бир мадраса бор. Номини Ҳусайния дейдилар. Уч қават оврўпача иморат. Унда жадид илмлари ўқилади. Биласизми, уни ким солдирган? Жадидларнинг энг катта отахонларидан Аҳмадбой Ҳусаинов... Жуда бой одам эди. Усули жадид мактабларига кўп пул сарф қилди. Миллатга қилган хизмати саноқсиз... Бизда ҳам шундай бойлар бўлса? Андижонда Миркомилбой бор. Эшитгандирсиз? Миллат йўлига бир чақа бермайди. Жоҳил!..»
— У нима, бир оми эшак-да... — дедим мен. — Тараққий қилган эмас... Газет ўқимайди...
Темир кўприкдан ўтиб, дарахтзор ичига кирдик. Ўрмон дарахтлари сарғая бошлаган эди.
— Менга қаранг, — дедим мен, — жадидлар ҳам: «Бойларнинг ер-суви олинсин», дер эмиш-ку? Биров менга шундай деди, жуда ишонтириб айтди!
— Йўқ, йўқ! Асло. Илгари ҳам айтиб эдим-ку: улар, социалистлар. Жадидлар социалист эмас. Асло! Асло! Эндигина Аҳмадбой Ҳусаинов тўғрисида гапирдим. Шундай одам жадидларнинг отаси саналади...
— Ундай бўлса, жуда яхши, — деб қўйдим мен.
— Ори, рост, жадид. — Илгари жадидлар орасида ҳам ҳалиги айтганингиздек, социалист бўлиб юрганлар бор эди. Чунончи, татарлардан Аёз Исҳоқий. У бир неча йил бурун бойларга қараб айёҳаннос тортарди. Ҳозир Москвада бойлардан ёрдам олиб, газет чиқаради. Холисанлилло миллатга хизмат қилади... Москвага бор-сангиз, ўша газетни топиб ўқинг... «Сўз» газети... жуда яхши газет!
Кўнглим бир мунча тинчланди. Жадидларга энди ишониб қолдим. Улардан ёлғончи чиқмайди. Яхши одамлар!
Марямга ваъдам бор эди, вагонда чироғлар ёқилгач, хайрлашиб, уйимга кетдим».
М а р я м.
«Бу кеча Жакоб мен билан бўлди. Чала-чулпа у гапирди — мен англадим, чин кўнгилдан мен гапирдим — у англади. Англашдик. Қандай бахтлиман мен!
Ҳеч шубҳа йўқки, Жакобнинг ўхшовсиз кўзлари бор... қоп-қора, ўйноқ, жонли! Йўқ! Мен у кўзлардан кечиб кетолмайман!..
Нима бу? Иқроримми? Севганимни иқрор қилдимми шу билан? Севаманми мен уни?
Севаманми?
Йўқми?
Севаман!
Лекин... у севмаса?
Мендан оладиганини олиб, қўлимга чек узатса? Муни ўйлашдан ҳам қўрқаман! Лекин...
Севишга ҳаққим бор! Севаман!
Нарисини билмайман!..»
Ж а к о б.
«Жадид яна Марям масаласига тўхталди. Кўп гапирди.
— Юртингизда қолган болаларингизнинг тарбиясини шу хотинингизга топширинг! Одам бўлади улар.
— Миллий мактабда ўқимаганлар-ку? — дедим.
— Ундай бўлса, давлатингиз бор, хусусий бир муаллим ё муаллима олинг. Тез бўлади. Сиз агар Қримга борсангиз, Боқчасарой деган ерга тушинг. «Таржумон» газетасини излаб топинг. Ўша ердаги устодлар билан гаплашинг. Балки муаллим, муаллима хусусида сизга ёрдам берадилар, йўл кўрсатадилар.
Қўлимга газетнинг номини ёзиб берди. Мусулмонча хати хунук экан... Марям масаласини Москвада ҳал қилишга тўғри келади. Янги кўришган куним чизилган режалар бузилди... Энди уни Москвага ташлаб, ўзим яна ўз юртимга қайтиб кетсамми? Жадиднинг сўзлари мени қўзғатиб қўйди, унинг сўзларини мен ҳам бошқаларга худди ўшанинг ўзидан чиройлик ва таъсирлик қилиб гапирсам, дейман. Одамларнинг кўзини очсам, дейман.
Йўқ... бўлмайди. Марямни ташлаб кетиш қўлимдан келмайди. Шошма, жадид домла ҳам Марям тўғрисида кўп нарсалар деди-ку! «Миллат оналари етказиш учун ғайримиллатнинг оналаридан ўрнак олайлик», деди. Ҳали Марямнинг ўрнак бўлиши бор... Йўқ, уни ташлаб бўлмас.
Қани, Москвага борайлик-чи. «Эртанинг ғамини эшак ейди». Ана, Москва атрофидаги ёзлоқлар ҳам бир-бир кетин ўта бошладилар».
М а р я м.
«Москвага яқинлашиб келамиз. Ана, дачалар... баланд иморатлар... катта шаҳар...
Фақат кўнглимни бир қистов, бир хафалик чангаллайди. Алланарсанинг белгисиз ташвиши, андишаси бор...
Нима у?
Айрилиқ!
Йўқ, мен айрилиб кетолмайман!»
Ж а к о б.
«Озода мусофирхоналардан бирига тушдик. Иккимиз икки хонадамиз. Марямнинг кўзларида ҳақорат қилинган бир қараш пирпирайди. Бечора...
Жадид кетди. У билан вагоннинг ўзида хайрлашдим. Шундан кейин кўрмадим. Энди, унинг ширин овози қулоғимдан йироқлашгач, таъсирли сўзларининг шошилиш оқими узилгач... у сўзларни эс тарозусида солиб кўраётирман.
Ростми у гаплар? Ёлғон эмасми? Бир мусулмон одамни дин йўлидан, ота-боболар, бурунгилар йўлидан чиқариш учун ғайридинлар томонидан қурилган тузоқ эмасми? Бу йигит намоз-ниёзни билмайди. Қиёфатида мусулмонлик асари йўқ... Домлаларимизнинг айтганлари ростми экан? Нега мен у йигит билан баҳс қилишмадим?
Йўқ, у билан баҳслашиб бўлмайди. Унинг гапларига гап топиб жавоб бериш қийин. Унинг гапларига ҳеч ким жавоб айтолмайди.
Қани, кўрайлик, нима бўлар экан. Қримга бормай иложим йўқ. Мен Марям учун бўлса ҳам бораман. У ерда жадидларнинг катталари бор эмиш. Уларни кўраман, гаплашаман. Агар жадидларнинг асоси пуч бўлса, «Халифайи Рум» жадидларга тарафдор бўлармиди? Ҳамма тартиб, низом ўша томонда, дейди-ку. Янгича ўқиш Румдан келган... калта кийим Румдан чиққан... Румча ёқалар ўша томондан келиб, расм бўлган...
Ғалати аҳволга тушиб қолдим мен. Миям ғовлаб кетмаса, деб қўрқаман. Илгари тинчгина пул топишимни билардим. Ота-бобомиз юрган йўлдан бора берардим. Энди аллаким чиқиб, «Ота-боболаримнинг йўли эгри эди, тўғри йўл бу ёқда!» дейди. Одам ишонадиган қилиб айтади.
Шу икки йўлдан бирини танлаб олишим керак. Бирданга икки йўлдан юриб бўлмайди.
Яна жадидлар билан кўп сўзлашмоқ керак. Газет ўқиш керак. Ҳар қун-ҳар кун янги-янги газетларни ўқиш керак. «Москвада яхши газет бор», деган эди, шуни ахтариб топай. Янгача китоблар топиб олиб, уларни ҳам таталаб кўрай.
Майли, ишқилиб кўзим очилсин. Билмаган нарсаларни билай. Кўп нарса ўрганай. «Билган билмагандан яхши», дейди жадид. Мана бу гап — ҳақ лекин!»
М а р я м.
«Москвагача Жакоб мен билан бўлди. Муомиласи бутунлай ўзгарди. Қарта, ўлгур, алдадимикин? Ўзим янглиш очдимми? Ё тескарисига айтадиган қартамикан?
Фақат, нима учун номерда икковимиз икки хонага тушдик?? Демак, Жакоб мен билан айрилишмоқ истайди. Агар кўнглида муҳаббат бўлсайди — шаҳарда уч кеча бирга бўлдик, йўлда олти кечани бирга ўтказдик — менга яқинлашарди.
Мен қаршиманми яқинлашса? Ё пул бериш керак, деб қўрқармикин? Мен ҳозир пул деган нарсани ўйламайман. Истаса, ўз пулларимни ҳам бераман. Фақат ҳайдамаса бўлди!
Мен шошиб қолдим. Нима қилишимни билмайман. Бу Жакоб жуда берк одам, ҳеч нарсага тушуниб бўлмайди. Японларни шундай бўлади, дердилар. Бу ҳам Осиё боласи эмасми? Ҳаммаси бир бало!..
Хўп... иккимиз бир хонага ҳам тушдик, у келиб мени ўпди ҳам дейлик... қучоқлади ҳам дейлик... Албатта, у ҳолда мен ўзимни тутолмайман... у ҳам тутол-майди...
Фақат натижа? Натижа нима бўлади? Одатда эркаклар шундан сўнг совунадилар. Бу ҳам совунса... Қўлимга чек узатса... Хайр-маъзур, дегани бўладими? Йўқ, йўқ! Чеки қурсин! Пули қурсин! Истамайман!..
Чора нима, чора? Билмайман...
Менда нимаихтиёр? Мени сотиб олган у, пул унда... Ихтиёр унда... Ўшанинг оғзига қарайман-да. Кет, дермикин ўша оғиз? А?!»
Ж а к о б.
«Қрим санаториясидан иккитасининг адресини олдим: «Икки кишилик жой борми?» деб телеграмм бермоқчиман. Телеграммни ёздирай, деб эдим, бўлмади... Чунки, икки жойми, бир жойми?
Илгари Марям масаласини ҳал қилиш керак. Мен учун-ку, у масала ҳал бўлган, фақат у нима дейди? Ҳозир бориб тўппа-тўғрисини сўрасамми? Сўрай. Йўқ! Сўз билан сўраш бўлмайди... Қани менинг чек дафтарим? Ҳа, мана. Ўрусча ёзишни билмайман-ку. Бўлмаса, цифрини ёзиб, тагига қўл қўяй... бўлди!»
М а р я м.
«Жакобни куни бўйи кўрмадим. Овқатдан кейин ўз уйига чиқиб кетди. Анчагача кутиб ўтирдим, кирмади. Нима бўлади бу ишларнинг охири? Мен ҳайдаладиган бўлдимми? Ўзини бу қадар четга олишидан, оғир ўйчанлигидан қўрқаман.
Соат неча? Ҳўҳ-ҳў... 11 га яқинлашибди. Кеч кирганда, ёмон ухлабман. Жакоб ётиб қолгандир энди? Эрта билангача яна жудолик!
Энди ўрнимдан турсам... бир ваннахонага чиқиб... яхшилаб ювинсам, ундан кейин бир нарса еб... пастга тушсам... Зерикдим. Бахтим йўқ менинг!
Хазон вақти... табиат аста-секин ўлиб боради... Шундай-да, менинг ўлук кўнглим тирилди. Яна ўлиш учунми?..
Бир яхши совуқ сувки!.. Роҳатлар қилдим. Бу нима? Ё тавба! Мен чиқиб кетгандан кейин Жакоб кирганга ўхшайди...
Чек! Тамом! Шўрим қуриди...»
Ж а к о б.
«Бир қучоқ газет олиб келиб ўқидим. Тили ғализроқ... тез чарчайман. Шу кеча Марям билан бирга ётиб, эрта билан қўлига чекни берай, деб эдим, кейин мулоҳаза қилдим: мундан — «Ишинг битди. Хайр энди!» деган нарсани англамасин, дедим.
Чекни аввал бердим. Англармикан? Бир оздан сўнг уйимни қулфлаб, ёнига бораман».
М а р я м.
«Қанча йиғласам, шунча дармоним қурийди. Қрим саёҳати пешонамга ёзилмаган экан. Бир кеча-икки кеча «кет», дегунча бирга бўламан. Мендан оладиганини олади... Сўнгра пулни олиб чиқиб кетаман. Яна бурунги ҳуля: Петроград, Германия... ака. Фақат у ҳулядан шу қадар қўрқаманки!
Нима қилай, сарт йигити йўлдан урди. «Сарт хотинингни ташлама!» деди шекилли, тағин зиёли. Иблис!
Мен қароримни бердим, қатъий қарор: мен уни севаман. У мени қуваётир. Майли, бир-икки кун тамоман меники бўлади. Севган одамим билан икки қиёмат кечаси ўтказганман, деб шунга қувониб юрарман! Бўлди!
— Тухум қовурмасими? Майли, беринг. Бир шиша портвейн ҳам қўшиб келтиринг! — дедим хизматкорга.
Оҳ, май! Кўнглимда бир нашъа пайдо бўлди. Негадир севинаман. Эшикни чертдилар. Ким у? Жакоб!..»
Ж а к о б.
«Кирганимда, кечки овқатни еб бўлган экан. Май ҳам ичибди. Ўзи хурсанд! Тушунганга ўхшайди. Шунда ҳам шошилмоқчи эмасман. Илгари бир олдидан ўтиб, баъзи вазифаларни бўйнига қўйиш керак, деб биламан. Туриб келиб, бўйнимга осилди. Мастлик билан жуда қаттиқ жинниларча осилди. Мен ҳам муқобала қил-дим... Фақат бир оздан сўнг қўлини бўйнимдан олиб қўйиб:
— Ўтир, — дедим.
— «Мени қувма, Жакоб! — деди. — Мен сенга бир-икки кечалик меҳмонман! Шу икки кечанинг ихтиёри менда! Мен жинланганман, мен ўтман, оловман! Қарши келма менга!»
Кулдим.
— Мен сенга хотин бўл, деб таклиф қилмоқчиман. Сен нега меҳмонман, дейсан? Ё мен билан бирга яшашни истамайсанми?
Ранги ўчди. Кўзлари ёшланди. Қалтироқ босди. Нафаси ичига тушди. Ёнига ўтиб эркалатдим. Сўнгра ўзига келди.
— Ўнгимми, тушимми? — деди. — Рост айтасанми? Ё ҳазилми? Мунақа ҳазиллар одамнинг ўлишига сабаб бўлади, Жакоб!
— Биласанми, Марям, менинг икки қизим, бир ўғлим бор.
— Бўлсин.
— Катта қизим 12 да, қолганлари ундан кичик...
— Жуда яхши.
— Болаларнинг саодати учун хотинга жавоб беришга тўғри келади. Бошқа чора йўқ. Қизларни-ку бермас, ўғлимни оламан-у, тарбиясини сенга топшираман. Нима дейсан?
«Рост айтасанми», деганни қилиб, кўзимга қаради. Мен «рост» деган маънода бош тебратдим.
— Мен сеникиман. Нима десанг шу!
Икки кишилик жой сўраб, санаторияга шошилиш телеграмм жўнатдим. Дераза ёнидаги кенг ва юмшоқ курсига ўзимни ташладим.
— Энди меники бўлдингми, Марям? — дедим. Тотли-тотли кулимсираб келиб, қаршимда тўхтади:
— Кўришган кунимиздан бери! — деди.
Ўзи жуда сокин ва ювош эди. Телбаларча қутуришлари кўринмасиди. Кўп интизорликдан сўнг севганига қовушадиган ҳароратли жувонга ўхшамасди. Нечундир кўпдан бери эр билан яшаб келган бир оила хотинининг сокинлиги бориди. Илиқ сокинлик...
— Тугмани бос, — дедим.
Хизматчи келди, соат 11 бўлиб қолганига қарамасдан, ваннани қизитишга буюрдим. Номер халқи пулни яхши кўради. Битта уч сўмликни олиб, бир нафасда ҳозир қилди. Марямнинг пардози узоқ кетишини билганим учун бемалол ювиниб чиқдим. Мен чиққунча Марям кийиниб бўлган эди.
— Соат неча? — деб сўрадим.
— 12 дан бир оз ўтибди.
— Қани, юр бўлмаса! Кўзлари олайди!
— Қаерга? Ярим кечада-я?
— Юра бер, сен меникисан.
Яна тотли-тотли кулди. Масковда нўғойларнинг мачити борлигини тошкентлик йигитдан эшитган эдим. У йигит шуни айта туриб ҳам жадидлигини қилди: «Кўрдингизми, — деди, — динли бўлиш либосга қарамайди. Бизнинг жоҳил уламо кимнинг салла-чопони бўлса, мусулмон, дейди. Ҳолбуки, мусулмонлик кийимда эмас, қалбда, дилда. Рус тилида бўлса ҳам беш вақт намозларини тарк қилмайтурган мусулмонлар бор.
Ярим кечада биз — икки телба таъқибдан қочган ўғридай Масков кўчаларида от қўйиб кетдик. Имомни уйғотиб чиқдилар.
— Никоҳ, ҳазрат, — дедим, нўғойлар домлаларни «ҳазрат», дер эканлар.
Бир менга, бир унга қаради.
— Сиз-ку мусулмонсиз, биламан. Бу хоним мусулмонми, йўқми? — деб сўради.
— Ҳали-ҳозирча йўқ.
— Қандай бўлар экан?
Уйқули кўзлари билан менга қаради. Битта ўн сўмликни узатдим:
— Мусулмончилик — аста-секинлик, ҳазрат. Аста-аста йўлга солиб оламиз.
Пулни олиб, докторлар сингари қарамасдан, киссасига солди:
— Воқеан, — деди ҳазрат, — шариатда ҳам жавоб бор-ку-я...
Кўп ўтмасдан, сўфини чақириб чиқди. Уни шоҳид қилиб туриб, никоҳимизни ўқиди. Сўфига ҳам бир нарса бердик. Шу билан менинг номим ўзича қолиб, янги хотинимнинг номи «Биби Марям Ойша қизи» бўлди...
Ойша қизи билан эр-хотин бўлиб уйга қайтган вақтимизда, соат иккига яқинлашиб келарди».
М а р я м.
«Ё раббий! Никоҳ ўқитиб келдик, никоҳ! Мен агар бошим айланиб йиқилсам, ҳеч бир таажжуб қиладиган жойи йўқ. Мундан бир неча соат бурун кўз олдимда ўлимдан бошқа ҳеч нарса кўринмасди. Кўзимдаги туман бошқа нарсани кўрсатмас эди. Ҳолбуки, ҳали ёш эдим ва яшамоқ истардим!»
Энди — никоҳ! Никоҳли эр! Манфур ботқоқдан абадий қутулиш!
Фақат... қандай никоҳ? Бошқа бегона бир диннинг ҳаддан ташқари содда ва ўз умматлари сингари, ваҳший никоҳи...
На жило, на порлоқлик! На савлат, на ҳашам! Ҳинд фақири қадар содда ва яланғоч... Ўчган ёнар тоғлар каби нурсиз ва зиёсиз. Эскирган кема каби равнақсиз ва аянч...
Йўқ! Йўқ! Йўқ! Бу, балки, ҳамма учун — шундай. Аммо мен учун... мен учун: ундан иссиқ, ундан ёруғ, ундан порлоқ ва муҳташам никоҳ йўқ! Энди ҳамма изтироблар — орқада, ҳамма қора кунлар — ўтди. Энди у — меники, ўзимники!»
Ж а к о б.
«Мана, Марям энди меники бўлди. Ўзимники, ўзимдан бошқага тирноғи ҳам тегмайди. Ана у айтгандек, душманнинг бу фитначи қизини қўйнимга оларкан, унинг ҳали ҳеч бир қондирилмаган, чанқоқ ва қизғин лабларига лабларимни қўяркан, миллатни, унинг жоҳил оналарини, бечора қизим, синглим ва опаларимни ўйлашим керак...
Одамнинг нафаси шунақа ўткирми? Бир хушмўйлов тошкентлик тўрт кунда мени бошқа кўчаларга буриб юборди! Мен ҳали пухта жадид бўлганим йўқ... Жадидлар тўғрисида гумонларим йўқ эмас. Лекин кўнглим ўша томонга мойил бўлиб қолди. Мен ҳам энди «миллат одам бўлсин!» дейман. «Ота-боболар йўли ҳақ», дейишга энди тилим бормайди. Жадидларни ҳам «булар — ҳақ!» деб очиқ айтолмайман... Аммо жадидларнинг деганларини бошқаларнинг деганларидан кўра осонроқ ва тезроқ англайман... Ё улар ўзлари шунақа чечан одамлармикан? Бизнинг Шаҳобиддин домла тўрт оғиз гапиргунча одамни сил қилиб юборади. У гапирганда — ўз гапига ўзи ҳам ишонолмагандай гапиради... Ҳеч бир таъсири йўқ!
Йўқ, бизнинг мусулмонлар ҳам энди тартиб, низомга тушмасалар бўлмайди!
Марямнинг кўзларида ғалати бир олов ёнади. Шу топда, шу кўзга жон берсам арзийди. Бир ҳафта-ўн кун бурун номерда — кўп қатори — тасарруф қилган бўлсам, бугун қандай асар қоларди? Ҳеч қандай! Акбарали нечтасини тасарруф қилди? Беҳисоб! Ўзим ҳам беҳисоб тасарруф қилганман. Бугун бир асари борми? Йўқ! Қўл ювиб тўкилган сувдай, изсиз-асарсиз ўтди-кетди ҳаммаси... Бу-чи? Бу қаноат орқасида қўлга келган давлат! Бу, хушмўйлов йигит айтгандай, миллат болаларига ҳақиқий оналар қозониш йўлини кўрсатади. Бу миллатга хизматнинг боши, бошланиши!..»
М а р я м.
«Жакоб фонарни ўчирган эди, мен яна ёқдим. Бу дафъа у ҳайрон бўлди: унинг кўз олдида бояги чекни майда-майда қилиб йиртдим. У пешонамдан юмшоққина бир ўпиб қўйди. Шундан кейин фонарь энди бу кеча ёнмайдиган бўлиб ўчди. Ташқарида телба шамол қутурарди... Майли, қутурсин, менга нима!..»

XIII
Султонхон...
Зебининг мингбошига унашилганини эшитгандан кейин Султонхон ҳар нарсадан умидини узган эди. Ўша куннинг ўзидаёқ масалани кўндаланг қилиб қўйди.
— Мен чиқаман мингбошидан! — деди онасига. — Бошқа эрга тегаман. Устимга кундош келишига тобим йўқ.
— Бир оз бардош қил, қизим.
— Бардоши нимаси? Пошшахон неча йилдан бери бардош қилиб, ёш умрини чиритди. Ўша бадбашара куёвнинг юзини ҳам беш ойгина тўйиб кўрган эмас!
— Ўшалар ҳам қаноат қилиб ўтирибди-ку, кизим.
— Улар эсини еган бўлсалар, мен еганим йўқ! Менинг эсим бор. Умр деган бир келади. Ёшлик ҳам бир келади. Улар ҳам умрларини, ҳам ёшликларини ўз қўллари билан ўтга ташлар эканлар, мен ҳам шу жинниликни қилайми? Мен ёшман!
— Нима қилайлик бўлмаса?
— Отамга айтинг. Чиқариб олсин.
— Отанг хафа бўлармикин?
— Хафа бўлса, чиқариб олмаса, мендан койимасин. Шундай ишларни қилайки, бошини кўтариб юролмайдиган бўлсин!
— Ҳай, ундай дема, қизим. Яхши ният қил.
— Ниятим яхши. Севмайдиган эрдан чиқиб севадиганига тегаман, дейман. Нимаси ёмон? Иккита опам бир яхши, ўз тенги билан умр қилиб ўтирибди-ку. Менинг айбим нима? Эртагача отамдан жавоб олиб беринг. Бўлмаса, ҳаммангизни ерга қаратаман!
Зарда қилиб ўрнидан турди ва кавишини наридан-бери оёғига илиб, онаси ёнидан чиқа бошлади. Бу бир дўқ эди.
— Жинни бўлма, қизим, — деб қичқирди онаси орқасидан. — Бугуноқ гаплашаман отанг билан. Тепа сочинг тик бўлмай турсин!
— Эртага жавоб кутаман! — деган овоз келди йироқдан.
Айб Садриддин чўлоқнинг ўзида эди. Теварак-атрофдан кўп совчи чиқди бу қизга. Ҳаммасини қайтарди. Баъзиларига қиз ўзи ҳам розийди, онаси ҳам йўқ демасди. «Йўқ, — деди Садри чўлоқ, — икки қизимни қишлоқига бердим, биттасини шаҳарликка бераман. Жуда лойиқ, қобил жойини топиб, бадавлат, обрўлик одамга бераман!» Қизнинг ёши ўн еттидан ўтганда, она ташвишланди: «Нимага шаҳарликка бераман, дейсиз? Қизнинг ёши ўн саккизга кетди. Бекор қаритиб қўясиз!» Бунга қарши ўжар чўлоқ: «Аввал қуда қилиб, кейинча ўзим ҳам шаҳарга кўчмоқчиман», деб жавоб берди. Хуллас, унинг ўжарлигини енголмадилар. Қиз чиройлик, оппоқ, дўндиқ ва таърифли бўлганидан чўлоқнинг бу катта умиди анча давом этди. Унинг бу аҳмоқларча ўжарлигини фақат мингбошининг обрўси синдира олди. Мингбошига рад жавоби бериб, унинг қўл остида тинч туролмаслигини билди ва «хўп» деди. Мингбоши таърифига қизиқиб уни олгандан сўнг, бир кун ўтмасдан, одамларга «Қари қиз экан», деб гапирди... Шунда, Султонхон ота-онасини қарғаб, қанча йиғлаган эди.
Ҳозир қиз 19 га ета ёзди. Чинакам, мингбоши янги қайлиқни олиб, муни бутунлай ташлаб юборди. Жабр, ахир, ёш нарсага!
Хотинининг маъқул сўзларини қайтаролмаган Садри чўлоқ ўз ўртоғи Абдулла саркорни мингбошига вакил қилиб юборди. «Шунча йил яхшими, ёмонми — хизматларини қилди. Энди янги канизаклари бор. Мунисига рухсат берсалар. Ёши ўтмай туриб, бир жойга берсак».
Садри чўлоқнинг элчисига ҳам мингбоши Пошшахоннинг отаси томонидан қўйилган элчига берган жавобни берди. Мунинг устига яна таъна ҳам қилиб қўйди: «Ким оларди энди у кампирни?» Садри чўлоқ бу жавобни эшитгандан кейин аламига чидолмасдан, бир оёғи билан диканг-диканг қилса ҳам, тишини-тишига қўйиб чидашга мажбур эди. Мингбошига кучи етадими? Шаҳарга ариза бериши мумкин: «Адвокат яхши пул олиб, яхши ариза ёзиб беради. Фойдаси бўладими? Ҳамма амалдорнинг тили бир эмасми? Шунча ариза берганлар нима қилолди? Бу золимнинг жабрига худо ўзи хат тортмаса, бандаси невлайди!»
Кампир йиғлаб юборди. Енги билан кўз ёшини артаркан:
— Қизнинг авзойи бузуқ! — деди. — Мингбошидан чиқариб олмаса, сатанглар билан дўст тутишаман, дейди. Нима қилдик энди?
— Нима қилардинг? — деди Садри чўлоқ пастгина овоз билан. — Бардош қиласан, чидайсан. Бошқа иложи йўқ.
— Сатангларникига бориб дутор-муторга илашармикан? Ёш нарса...
— Ётиғи билан айт: майли энди, вақтини чоқ қилиб юрса юра турсин, аммо-лекин ҳаддини билсин, ҳаддини...
Чўлоқ ўрнидан турди.
— Вой, ўла қолай! — деди кампир. — Шўрим бор экан!
Отаси фотиҳа бермаса ҳам, ёш жувонга ўз кўнглини бир иш қилиб овутмоқдан бошқа чора қолмаган эди. Бу тўғрида унга маслаҳат кўрсатадиган маҳрам ўртоқлари бўлмаганидан ҳамда опалари бири унда, бири бунда сочилиб, ўз-ўзлари билан овора бўлганларидан овуниш йўлларини қизнинг ўзи ахтаришга мажбур. Ундан кейин, опаларга ишониб бўладими. Опа — баъзида дўст, баъзида — душман... Сингил ҳам шундай!
Ишни аввал ўзи туғилган уйда бошлади. Мингбошиникига боришни бир ёққа ташлаб қўйиб, ҳар кун ўртоқларини тўплар, ўйин-кулги, дутор, ашула базмлари қиларди. Кейинча улар билан бирга у ёқ-бу ёққа юрадиган бўлди. Булар ҳаммаси жонга текканда ўтириб йиғлар, сўнгра мингбошиникига қараб жўнарди. У ерда кўпроқ Умринисабибиникига, Энахонларникига ўтар, қаллоб баққолнинг эгизак қизлари билан далаларга чиқиб ўйнарди.
Зеби келин бўлиб келиб, биринчи марта шайтонлаганда, яна кураш олови туташди. Умринисабибининг ҳаракати билан тутқалоқ ҳар кун тутадиган бўлди. Бечора соддадил Султонхон ҳовлиқма Умринисабибининг сўзи билан у тутқалоқларга анчагача умид ҳам боғлаб юрди. «Мингбоши бир жаҳли келса, ҳайдаб солади яшшамагурни!» деб ўйлади. Рашк олови бир оз пасайганда, орқа-олдини ҳам ўйлаб кўради: «Хўп, у яшшамагурни ҳайдади. Яхши! Мундан менга нима? Уни ҳайдаб, менга қайтармиди? Яна биттани олади. Мен яна етим бўлиб юра бераман. Майли, ўша яшшамагур билан бўла қолсин!» Бу инсоф овозини бошқа бир овоз чиқиб босади: «Бу ишни қилган Пошшахон билан Хадичахон. Мен у шаҳарлик қиз билан олишмайман. Унга адоватим йўқ. Мен номус кучидан анови иккаласи билан олишаман!» Мана шу овоз уни кўп кучлар сарф қилиб, бир неча кун Зебини шайтонлатдиришга мажбур қилди.
У ҳам бир неча кун, холос...
Чунки бир-икки кундан кейин ўзи ҳам бу фикрдан қайтиб қолган эди. Иккинчи томондан, иккала катта кундошнинг Зебини юмшатиш учун жуда каттиқ ҳаракат қилаётганларини эшитди. Энди Умринисабиби билан унинг қизини оёқ бостирмай қўйдилар. Энахонга ҳам катта кундошлар совуқ муомила қилганлар. У энди кам чиқармиш. Ўзи ёлғиз қолган Зеби қачонгача чидаш беролади?
Шу билан Султонхон бу курашда енгилганига ўзи-ўзига иқрор бўлди. Энди нима қилиш керак? «Яна ўз кайфимга қарайман!» деди у ўз-ўзига.
Қандоқ қилиб «ўз кайфига қараш» масаласи осон масала эмасиди. Энди у масаланг «қандоқ қилиб ёш умримда орзу-ҳавас кўриб қоламан», деган шаклда қўйишга тўғри келарди. Сатангларни унча ҳам жини севмас эди. Унинг миясида бошда чучмалроқ бўлса ҳам сатангликдан кўра ёмонроқ ва мудҳишроқ қадамларга тортувчи хаёллар қўзғалди...
Уч кеча, туни бўйи ухламасдан, бутун хаёлига зўр бериб, ағнай-ағнай ўйлагандан сўнг қатъий қарорини берди... ва шу билан тинчланиб, уйқуга кетди. Эртаси куни пешингача данг қотиб ухлаганини кўрган кампир ҳайрон бўлди:
— Шунақа ҳам ухлайдими одам деган? Тур, айланай, болам.
Кўзини очиб, бир оз қараб тургач, онасини қучоқлади:
— Ойи, ўпинг пешонамдан! Менга инсоф кириб қолди. Энди кундошларимнинг ёнига жўнайман. Улар билан апоқ-чапоқ бўлиб яшайман.
— Айланай, болам, эслик болам, кенжа болам! — деб эркалатди кампир.
Ўша куни кечлатиб, мингбошиникига жўнади.
Ҳакимжоннинг Мирёқубга айтган қуйидаги сўзлари тўғри эди:
«Энди, бирданига жуда бошқача бўлиб келибди. Дарвозадан кулиб, қувнаб кириб келган эмиш. Ҳамма ҳайрон, дейди».
Мирёқуб ҳам бекор айтади, деб бўлмайди:
«Хотин кишининг кўнглини худодан бошқа ҳеч ким билмайди. Ишқилиб, мундан қўрқувлик!» деган эди у.

* * *
Икки катта кундош душманларининг бу хилда ўзгариши сабабини билолмадилар. Хадичахон:
— Эсини топса-топгандир, - деди. Пошшахон бу фикрга қўшилмади:
— «Таши ялтироқ, ичи қалтироқ» деган гап бор, — деди у. — Мунинг бу кулишидан қўрқаман! Зебихон билан мунча апоқ-чапоқ бўлиши бекор, дейсизми?
Хадичахон ўз сўзида қаттиқ турди:
— Нима қилсин? Қўлидан нима келади? Куёвингиздан чиқиб, бошқа эрга тегаман, деб эди, куёвингиз кўнмади. Отаси қизини ҳар қанча яхши кўрса ҳам, мингбоши билан ўчакишувдан қўрқади. Мингбоши бўлса, қайрилиб ҳам қарамайди... Нима қилсин? Қаерга борсин? Ночор-ноилож ўзини хурсанд қилиб юради-да.
—Зебихон билан апоқ-чапоқ бўлганига нима дейсиз? Ўзининг ашаддий душмани?
— У ҳам ноиложликдан, айланай. Бошқа иложи йўқ. Ундан кейин Зебихон ёмон қизми? Ким ўртоқ бўлишни хоҳламайди? Хушчақчақ, базмбоб, очиқ...
— Йўқ, жоним, хом ўйлайсиз. Жуда хом ўйлайсиз.
— Кўрармиз. Бир кун маълум бўлади.
— Ҳа, кўрармиз.
Султонхон бўлса, кўзини тўрт қилиб, ташқаридан биронта аризачи хотиннинг кириб келишини кутарди. Мингбошига ариза олиб келадиган хотинлар, аксари, қатиқ, қаймоқ ва қовун-тарвуз сингари нарсаларни кўтариб келиб, уч кундошдан қайси бири учраса, шунга ёлворадилар.
— Айланай, ойимпошша, шу аризани эрингизга бериб қўйинг. Ноҳақдан бола-бечорага зулм қилаётирлар... Айланай, болам, орзу-ҳавасингизга етинг, бола-чақа кўринг, тилагингизни берсин худойим!
Мингбоши додҳонинг хотинлари мунақа ёлворишларга жуда баланддан туриб қарардилар. Аризачи хотинларнинг яхши тилаклари уларни қўпда қизиқтирмас эди.
— Ўзингиз беринг, хола! Биз аралашмаймиз...
— Айланиб кетай, сиздан нима кетади? Бир оғиз сўз... Бизнинг қўлимиздан олмайди.
— Ў-ўв... хола! Жуда шаллақи нарса экансиз. Ўзи олмаса, мирзасига беринг.
Бечора кампирлар йиғлагундай бўлиб, ичларида қарғай-қарғай, чиқиб кетардилар.
Мингбоши шошилиш равишда шаҳарга чақирилган эди. Султонхон «Аризачи кампирларнинг ичкарига қатнаши энди авж олади», деб кутарди. Ҳеч ким йўқ... Кечгача ҳеч қаерга чиқмай, дам уйида, дам айвонда, дам саҳнда ўтириб, қўп кутди... Ҳеч ким кириб келмади. «Нима бало бўлди бу аризачилар-га? — деб ўйларди у. — Керак бўлмаганда, қулоқ-миянгни ейдилар. Керак бўлганда, жимиб кетадилар... Тескари дунё!»
Ниҳоят, аср билан шом ўртасида бир кампир кириб келди. Шу топда иккала катта кундош Зебининг уйида овқат устида эдилар.
— Айланай, болам, — деди кампир. — Мингбоши додҳога арз билан келиб эдим...
— Оббо, яна битга аризачи келди. Шулардан тўйдим бу даргоҳда! — деган овоз эшитилди Зебининг уйидан. Пошшахоннинг овозийди.
— Қаердан келдингиз? — деди Султонхон ва айвондан пастга тушди.
— Қўя беринг, — деди у ёқдан Хадичахон. — Кундошингиз муомила қилаётир. У ҳали зерикмаганга ўхшайди.
— Тошлоқдан келдим, айланай. Шунча жойдан пиёда келдим. Қари нарсаман.
— Ўзингиз ким бўласиз?
— Мен, айланай, Қиёмиддин ҳожининг онаси бўламан. Танирмикансиз?
— Вой, айланай, хола, —деди бирданига Султонхон. — Қиёмиддин ҳожи акамнинг онасимисиз? Вой, у киши отамнинг энг яқин ўртоғи-ку!
Иккала «қадрдон» қучоқлашиб кўриша кетдилар, Султон бутун бу суҳбатни кундошларига эшитдирмоқ учун мумкин қадар баланд овоз билан олиб борарди.
— Ана, топишиб, ҳам кетди! — деди Хадичахон ичкаридан.
— «Пес пес билан... қоронғида!» — деди Пошшахон.
— Ҳай, ана у хотинни... Нега ундай дейсиз? Нафасингиз қурсин!
Бу Зебининг овози эди.
— Хўп, холажон, Қиёмиддин ҳожи акамнинг ишла-ри бўлса, албатта, тўғрилаймиз. Паранжингизни олиб, бир нафас ўтиринг, бирор пиёла чой ичиб, дам олиб кетарсиз.
— Йўқ, айланай, ўтирсам, кечга қолиб кетарман, Шомдан кейин ёлғиз кетишга қўрқаман.
— Одам қўшамиз, холажон. Ўтиринг, чойим тайёр.
— Вой, айлана қолай, ишимнинг ўнгидан келганини қаранг.
Чойга ўтирдилар.
— Қани, аризангизни менга беринг-чи.
Аризани олиб, у ёқ-бу ёғини қаради. Сўнгра ўнг чўнтагига солиб қўйди.
— Қиёмдан олинг, холажон. Аризангизни дарҳол тўғрилатамиз.
— Худо ярлақасин, болам.
Кампирга иккинчи пиёла чойни узатиб, уйига кирди. Ўнг чўнтагидаги аризанинг ичига чап чўнтагидаги «ариза»ни ҳам олиб қўшгач, яна кампирнинг ёнига чиқди.
— Нонга қаранг, хола. Қиёмдан олинг!
— Энди мен жўнайман, болам. Аризани ўзингиз куёвингизга топшириб қўярсиз.
— Одам қўшайми?
— Йўқ, айланай, овора бўлманг. Вақт бор, ўзим ҳам кета оларман.
Турдилар.
— Холажон, ташқарида Ҳакимжон деган мирза бор. Бу аризани ўша кишига бериб ўтинг. «Мингбоши додҳонинг хотинлари — Султонхон аянгиз тайинладилар», денг. Ундан кейин ўзим ҳам чақириб тайинлайман. Ҳамма иш ўшанда. Ўша ўзи тўғрилаб юборади.
— Илоҳим, орзу-ҳавасингизга етинг, айланай!
— Эҳтиёт бўлинг, хола. Бошқа бировнинг аризасини ҳам қўшиб қўйдим. У ҳам зарур эди. Кампир паранжисини ёпинди.
— Холажон, — деди Султонхон овозини пасайтириб, — мирзага жиндай пул бериш керак эди.
Кампир ёнини кавлади.
— Бори-йўғи уч танга пулим бор экан, бўлармикан?
— Шошманг хола, эплаймиз.
Уйга кириб, битта уч сўмлик қоғоз пул олиб чиқиб кампирга узатди.
— Яхши қолинг, айланай, болам!
Хакимжон, овқатни энди еб бўлиб, сўричада чой ичиб ўтирарди.
— Айланай, болам, Ҳакимжон мирза сизмисиз?
— Ҳа, мен.
— Мана бу аризани...
— Мингбоши ўзлари йўқ, хола, эртага олиб келинг.
— Мингбоши додҳонинг хотинлари Султонхон аянгиз тайинладилар. Мана, иккита ариза, — деди кампир ва устига пулни қўйиб узатди.
Биринчи галда пулни чўнтакка солгач, аризани оча бошлади.
— Бўпти, хола. Сиз бора беринг. Жума куни эрта билан жавобини оласиз.
Кампир дуо қила-қила чиқиб кетди. Ҳакимжон кампирнинг аризасини, ўз одати бўйича, наридан-бери ўқиб чиқди. «Ҳа, осон иш экан», деб қўйиб чўнтагига солди. Иккинчи аризани очди.
— Худоё тавба! Бу нима гап?
Чироққа яқин олиб борди. Бир чой қоғозининг орқасига оддий карандаш қалам билан:
Фатонатлик  эй яхшилар сарвари,
Башармусен ё малоик, ё пари,

Жафо қилсанг, кўп ошиқнинг дафтари,
Не гуноҳим, менга танҳо айладинг , —

деб тўрт хат байт ёзилган. Тагига жуда саводсиз ва хунук хат билан қўйидаги сўзлар ортдирилган эди:

Дардингизда эзилиб адо бўлдим,
Кўришмак иложи бормикин?

Ҳакимжон бу хатни қайта-қайта ўқиди. Ўзи жуда ювош ва беозор бўлган бу бола умрида биринчи марта юрагининг ўзига бўйинсунмаганини, ногаҳон уйғотилган кўнглининг ғалати хислар билан энтикканини, кўкрагида оғир бир тўқмоқнинг тўхтовсиз бир кўтарилиб, бир тушиб турганини ва ўзига ёт бўлган аллақандай туманли хаёлларнинг миясида пойга қўя бошлаганини сезди.
«Ариза»ни берувчи ҳам, олувчи ҳам бу кеча ухлагани йўқ.

Эртаси куни эрталаб икки катта кундош Зеби билан бирга ҳовлида ҳовуз бўйида нонуштага ўтирдилар. Дастурхонда янги узилган ва шудринг еган салқин узум бориди. Зебининг сўрови билан Хадичахон ёмон кўрган кундошини — Султонхонни ҳам чақирди.
— Ҳўп, — деди Султонхон, — биргалашиб нонушта қилайлик. Мен Ҳакимжонни чақириб, кечаги Қиёмиддин ҳожи акамнинг аризаларини тайинлаб қўяй... Жуда уятлик одамлар эди. Ундан кейин ҳушчақчақлик килишамиз.
Хадичахонни ҳовуз бўйига жўнатиб, ўзи ташқари эшик олдига келди. Эшикдан бошини чиқариб, у ёқ-бу ёққа қаради. Ҳеч ким йўқ...
— Ҳакимжон, ҳо, Ҳакимжон! Меҳмонхонадан Ҳакимжон чиқиб келди.
— Хўш, ким у чақирган?
— Менман, мен. Султонхон аянгиз. Бир-икки оғиз гапим бориди.
Ўзини панага олди. Ҳакимжон қизариб, чўғдай ёниб, эшик ёнида тўхтади. Икки кўзи кўча томонда — дарвозада...
Султонхоннинг овозида ҳеч қандай қалтираш, қўрқиш ва тортиниш асарлари йўқ эди, худди қичқиргандай чиқарди. Ҳар бир сўзи дона-дона ва дадил-дадил айтиларди. «Хат ёзган бошқа бўлса керак, — деб ўйлади Ҳакимжон. — Мунақа нозик гаплар мундай дадиллик билан айтилмайди».
— Миршаблар қани? — деб сўради Султонхон овозини пасайтириб, ўзи панада турарди.
— Иккитаси шаҳарда, биттасини гузарга чиқардим, элликбошини топиб келиш учун...
— Яхши қилибсиз...
Сўнгра овозини кўтара тушди.
— Кеча бир кампир сизга аризани топширган бўлса керак. Мен тайинлаб эдим.
— Ҳа, топширди.
— Ўша ариза берган одам отамнинг жуда қалин ўртоғи. Мингбоши додҳонинг қўллари тегмаса, ўзингиз бир нарса қилиб, тўғрилаб юборинг. Жуда уятлик одам эди. Қиёмиддин ҳожи деган, тошлоқлик.
— Осон иш экан. Ўзим тўғрилаб юбораман.
— Шундай қилинг, мирза. Овозини пасайтира тушди.
— Мингбоши келгани йўқми?
— Ҳали тез келмас. Мингбоши шу топда гузарда борми, йўқми...
Эшикдан мўралаган бўлиб, Ҳакимжонга жиндаккина кўриниб қўйди. Ҳакимжон баттар қизарди ва орқага тисарили.
— Мунча қўрқасиз? Яқинроқ келинг... — деди Султонхон жуда паст овоз билан. — Сизни биров еб қўядими?
— Йўғ-э, — деди Ҳакимжон зўрға-зўрға.
— Хатни ўқидингизми?
— Ҳа... ўқидим...
— Аччиғингиз келмадими?
— Нега, нега... хурсанд бўлдим...
— Хурсанд бўлдингизми? Ростдан-а?
Шу онда ҳовуз бўйидан кундошларнинг баланд қаҳ-қаҳалари эшитилди.
— Бошим осмонга етди.
— Нечага кирдингиз? — деди бирданига Султонхон. Яна кўриниш берди.
Бу кутилмаган саволга Ҳакимжон ҳайрон бўлди.
— Йигирма тўртга? Ёш экансиз... Мунча қочасиз одамдан? Нимадан қўрқасиз? Берироқ келсангиз-чи...
Ҳакимжон бир-икки қадам олдинга босиб, кўзларини ердан ололмай тўхтади. Султонхон бошини чиқара тушиб Ҳакимжонга тикилди. Сузилган ва майлли кўзлари ўтдек ёнарди. Секингина бир «уҳ» тортди. «Қип-қизил чўғ...», деди ўзига-ўзи.
— Шунақа уятчангмисиз?
— Уялганим йўқ...
— Ҳа, ёлғончи! Нимага, бўлмаса, қип-қизил чўққа айланиб кетибсиз?
— Билмасам... Хатга аччиғингиз келгани йўқми? — деб яна сўради Султонхон.
— Йўқ... нега? Жуда хурсанд бўлдим...
— Кичкина ҳужрада кеча-кундуз бир ўзингиз зерикмайсизми?
Ҳакимжон англади.
— Зериксам қандоқ қилай? Худо, овунчоқ бериб қолар...
— Астойдил тилаб турсангиз, ажаб эмас. Ҳа, боринг энди, сизни қийнаб қўйдим...
Ҳакимжон ўрнидан жилолмай қолди. Ҳовуз бўйидан яна қаҳқаҳа юксалди. Султонхон қизариб турган ёш йигитга охирги марта ташна назарларини ташлаб, аста-секин йироқлашди...

* * *
Султонхон яқиндагина мингбошининг ёш ва севимли хотини бўлганлигидан ичкаридаги уйларнинг энг катта, ясоғлиқ ва савлатлиси унга берилган эди. Ичка-рининг этагида бир янги ҳовуз олдидаги майдончага ёпишадиган бу сиркорлик уй ичкаридаги бошқа уйларнинг ҳар биридан бир, бир ярим баравар зўр келади. Пошшахон билан Хадичахонни ўртаган аламларнинг бири шу уй эмасмикин? Ажаб эмас: энг яхши уй энг севимли хотинники бўлади-да!
Зебининг тўйига икки-уч кун қолганда Султонхоннинг йўқлигидан фойдаланиб, иккала катта кундош у катта уйни бўшатдилар: Султонхоннинг унча кўп бўлмаган рўзғор ва кийим-кечакларини бевосита ташқарига ёпишадиган кичкинагина, пастгина, тахта шифтли ва оддий ганчли, бир уйчага кўчириб қўйдилар. «Ортиқча ҳақорат бўлиб кетмасин», деган мулоҳаза билан Хадичахон ўзи Султонхоннинг ҳамма бисотини кичкина уйга чиройлик қилиб жойлаб ҳам қўйди. Ҳатто катта уйда етимдек кўринадиган бир сиқим рўзғор ва кийим-кечак кичкина уйчани кемтиксиз тўлдирди, катта уйнинг бир чеккасида на у ёққа ва бу ёққа қарашини билмай саргардон бўлган чиройли қашқар гилами бу кичкина уйга жуда чоқ келди. Шундай қилиб, бу мажбурий кўчириш Султонхонга чигилингина ва сўлимгина бир уйча бахш этди. У кичкина уйчанинг ичкари томон ёнбошида, Хадичахоннинг даҳлизи билан бир қаторда, кичкина бир ганжинача бўлиб, унда қиш ичи мева-чева ва қовун-тарвуз сақланар, бир-иккита семиз ошқовоқлар чириб тамом бўлгунча, ўша қоронғи ганжинада қолардилар. Ганжинанинг ўнг томонида бўргарлик обрез ёнида ташланган бир ўчоқ, неча йилдан бери ётган бир қучоқ ўтин, деворда сиркадан бўшалган бир-иккита қовоқ... Ганжинанинг бутун борлиги шундан иборат! Чап томонда эса бир одамнинг ярим бўйи қадар келадиган тор ва кичкина дарича. Бино бўлганидан бери кўп бўлса икки-уч марта очилган, ичкаридагилардан ҳеч бирининг эсида ва хаёлида ҳам қолмаган бу даричадан ошиб ўтсангиз, қатор-қатор уйларнинг кетидаги каттакон ва тартибсиз ўстирилган боқчага тушасиз. Даричанинг чап томонида — беш қадам нарида ичкари боқчаси билан ташқари боқчасини бир-биридан айирган беш пахсали эски девор. Деворнинг уйларга яқин бир ерида — бу ҳам ўнг қадамдан ошмайди — ичкарига очиладиган бир қанотли эски эшик, ичкаридан занжирланади. Эшикдан у ёққа ўтсангиз, ташқарининг чўзиқ, энсиз боқчаси. Унга фақат мирзахонадан бир дераза ва бир эшик очилади. Дераза олдида Ҳакимжоннинг иш столи. Мирзахонадан бир эшик дахдизга очилади, бир эшикча Ҳакимжоннинг кичкинагина ҳужрасига олиб киради. Ичкаридаги уйларнинг бошқа ҳеч биридан боқча томонга на дераза бор ва на эшик. Чунки боқча кўча демак, кўчада номаҳрам бўлади, номаҳрам назаридан ўз номусли хо-тинини сақлаш ҳар бир мусулмоннинг вазифаси!
Қатьий қарорини бериб, мияда чала-чулпа ишланган планлар билан эриникига қайтган Султонхон бу мажбурий кўчиришдан хурсанд ва ўз кундошларини кўнгилдангина олқишлаган эди.
Ҳовуз бўйида кундошлари билан ўйнаб-кулиб нонушта қилгандан кейин, ичкарининг кенг сахни ўртасида — шафтоли тагидаги сўричада йиғиштирилмасдан турган ўринларини йиғиштирди, аста-секин уйчасига ташимоққа бошлади.
— Ҳай, қишга бир талай бор, ҳалитдан уйга кўчаётирсизми? — деди Хадичахон саҳндан ўта туриб.
— Эри йўқ; совуқ қотиб қолгандир, шўрлик, — деб кесатди наридан Пошшахон.
— Эрдан умидни узганман эрта қачон! — деди баланд овоз билан Султонхон. Кейин ўзига томон келаётган Зебига қараб изоҳ берди: — Тунов кун мана бу кигизнинг тагидан каттакон бир чаён топиб ўлдирдим... Ундан кейин худди ёнғоқдай битта бузоқбошини ўлдирдим. Шундан бери кечалари ухлаёлмай чиқаман. Тушимга киради, босинқирайман... Уй яхши, жонгинам.
— Киров ҳам тушиб қолди ўзи. Яхши қиласиз, жонимни қоқай! — деди Зеби.
Шу «жонимни қоқай» сўзи Султонхоннинг қулоғига аллақандай ширин эшитилиб кетди. Зебининг чин кўнгилдан чиқариб айтган бу сўзи унинг хитой чиннидай жаранглаган овозига буриниб, дуторнинг «ғўнг-ғўнг»и сингари майин ва юмшоқ ун берган эди. Султонхон ўз кундошини маҳкам қучоқлаб ўпди.
У ёқда мингбоши шаҳардан янги гаплар топиб келган эди. Ташқаридан унинг сўзлангани эшитилгач, шом чоғида хотинлар эшик олдига бордилар.
— Шундай нозик вақгда Мирёқуб ноинсофнинг ўйнагани кетганини айтмайсанми? — Мингбоши Ҳакимжонга қараб сўзларди. — Битта ўрус хотин би-лан Севастополга кетибди... — Мингбоши хохолаб кулди, ичкарида Пошшахон кўкрагини ғижимларди. — Баччағарди боласи-ей! Жуда танноз нарсани топибди, дейди. Икки ойгача ўйнатармиш... Тўраларимизнинг қовоғидан қор ёғади... Яқин бориб бўлмайди. Ҳар бир мингбошига ўнтадан, ҳар бир аминга иккитадан, ҳар бир элликбошига биттадан яроқлик йигит берадиган бўлишибди. Ярим сарфи — ғазнадан, ярим сарфи юртдан! Энди одам дараклаш керак. Мингбошиларга ҳоким тўра ўзи ваъз қилди. «Маҳкам бўл ҳамманг! Тоғдаги гаплар бўла кўрмасин», деди.
— Айтганча, тоғда нима гап бўлди?
— Тоғда оломон хуруж қилипти. Бир мингбошини ўлдирипти. Икки амин зўрға қочиб қутулибди. Элликбошилар қўрққанидан оломонга қўшилиб кетибди... Маҳкамаларга ўт қўйишибди. Бир-иккита судхўр бойни дўппослашибди. Бизнинг Ёдгор эчкилар ҳам эшитиб қўйса бўларди. Ортиқча ҳовлиқади, қизталоқлар!
— Хайр, тоғдан гапиринг, хўжайин!
— Бизнинг нойиб тўра 150 та солдат билан чиқиб, тўполонни босиб келди. Икки қишлоқни тептекис қилиптилар. Баъзи қишлоқларда баъзи бировларникига солдатлар ўт қўйибди. Чопиш ҳам бўпти... Уч-тўрт юз одам қирилганга ўхшайди. 137 кишини шаҳарга олиб келиб қамаптилар. Яқинда катта суд бўлади, дейди. Нойиб тўранинг гапига қараганда, суд жуда шошилинч бўладиганга ўхшайди. Бир нафасда ҳукм қилиб ота беради, дейди-ку! Солдатлардан ҳам тўрт-беш киши ўлипти. Ярадор йигирматача бор, дейди. Айтишларидан, ўрус солдатлари қишлоқларда мусулмон аёлларига ҳам дахл қилганга ўхшайди... Хунук гаплар бор, ишқилиб.
— Биз нима қиламиз, хўжайин?
— Нима қилардик. Яна еттита йигит қиламиз. Хушёр бўламиз. — Мингбоши бир оз ўйланди. — Э, бизнинг юртлар тинч. Фуқароларимиз ҳаммаси ювош, қўйдай. Мен бўлсам уларнинг отахониман... Қаттиқ гапирмайман. Жабр қилмайман... Нимага тўполон қилсин? Ухлай бер, бемалол! Менинг сояи давлатимда, хохласанг, боққа чиқиб ёт! Ҳа!
Ўзидан хурсанд, кула-кула ичкарига қараб юрди. Хотинлар чекилдилар. Уч-тўрт қадам босиб, яна тўхтади:
— Айтганча, Абсамат ёмон хижолат бўлди, лекин!
— Хўш, хўш? — деди Ҳакимжон.
— Ҳамма мингбошининг олдида ҳоким тўра ундан койиб берди. Уйига аллақандай бир нўғой хотинни олдириб, янгича мактаб очган экан: эркак болаларга ҳам янгича мактаб очмоқчи бўлиб, Тошкентдан бир пўрим мактабдорни чақиртирган экан. Шуларни айтиб койиди. Бир нима бало, деди... Ҳа, ёш сартларга эргашманг, деди... Улар ёш турклардан ўрганган, деди. У нима дегани бўлсайкин... «Ёш сартлар»и нимаси?» «Ёш турклар»и нимаси? Нимани ўргатади улар? Билолма-дим. Мирёқуб бўлсайди ковлаб топарди, бетавфиқ! Хайр, ёт энди! Роҳат қил!
Бир оздан сўнг катта уйдан Зебининг бидратма дутори ва ширин ашуласи эшитилди. Кундошлар сўриларга чиқиб ётдилар. Султонхон, негадир, уйғоқ: уйига кирмасдан, саҳнда — айвон чеккасида ўтирарди. Ниҳоят, ҳамма ухлаб кетди. Шундан кейин Зебининг ашуласи тинди. Яна бир оз кейин дутор товуши ҳам алланечук бирданига узилиб қолди. Бу узилишда аллақандай бир зарда қилиш, бирданига дуторни ирғитиб ташлаш бориди... Шу билан у катта уйга ҳам бир на-фасда жимлик чўкди.
Ерга тушган уч-тўртта хазон япроқлари куз кечасининг совуқ шабадаси билан ер бетида шитир-шитир суринардилар. Узоқ-яқиндаги итларнинг ҳуриши ва япроқчаларнинг шитирлашидан бошқа ун қолмади.
Шундан сўнг Султонхон секингина уйига кирди. Юраги бир оз ўйнагани учун бир пиёла совуқ сув ичди. Деразанинг бир қанотини очиқ қолдириб, эшигини ичидан беркитди ва қоронғи уйда жимиб йўқ бўлди...
Кўзига уйқу келмаган Ҳакимжон ярим кечага яқин мирзахона деразасининг оҳистагина чертилганини эшитди. Ташқарида ўзидан бошқа ҳеч ким йўқ эди: мир-шаблар — дарвозахонада ва отхона томида ухлардилар. Юраги ўйнашини аранг босиб, шу тобда ўзидан бошқа кимса йўқлигини билганлигидан дадил юриб, мирзахонага чиқди ва товуш чиқмасин, деб эшигини эмас, паст супали деразани очди.
Деразани яна беркитиб, бу бемаҳал меҳмоннинг орқасидан оҳистагина ўз ҳужрасига қайтди: уятчанг кўзларини ердан сира узиб ололмасиди. Фақат у — ёш ва зориққан хотин чидаёлмади: ўзича отилган ўқ сингари томоғидан ихтиёрсиз отилиб чиққан кучли ва интиқ овоз билан:
— Бераҳм... — деб қичқирди...
Ва ўзини унинг қучоғига отди.

XIV

Мингбоши шаҳардан тегишли дастурларни олиб қайтгач, бошқа ҳамма мингбошилар каби тўхтовсиз ишга киришди. Ўз қўл остидаги ҳамма амин ва элликбошиларни ўз маҳкамасига чақириб, бир кун эртадан кечгача беҳуда интизор қилгандан кейин, ниҳоят, айвонда чой ичиб ўтириб, «кенгаш мажлиси»ни очди. Пойма-пой ва бир-бирига қовушмаган гаплар билан «замона аҳволи»дан, тоғ воқеаларидан ва унинг натижаларидан даромад қилгач, мақсадга ўтди:
— Шунақа, яхшилар, — деди у, — энди менинг уч йигитимга яна етти йигит қўшилди. Аминлар иккитадан, элликбошилар биттадан олишади. Йигитларнинг ҳаммасига солдат бешотари берилади. Отадиган азамат топилармикин?..
Ҳеч ким жавоб бермади. Ҳамма жим эди.
— Нега индамайсанлар? Оғзингга пахта тиқдингми ҳамманг? Гапир, Матхолиқ!
— Ишқилиб... катталаримиз бир иш қилса, билиб қилади, — деди Матхолиқ амин.
— Ҳа, албатта, билиб қилади, — деди бир элликбоши.
— Биз нима дердик? Маъқул маслаҳат, — деди яна биров. Сўнгра ёнидагиларга қараб, сўради: — Шундаймасми, яхшилар?
— Ҳа, шундай, шундай! — деб шовқин солди ҳар ким ҳар жойдан.
— Сенлар айтмасанглар ҳам маслаҳат маъқул, — деди мингбоши овозини кўтара тушиб. — Уни биламан. Солдат бешотарини отадиган азаматлар топила-дими, деб сўрайман. Мунга жавоб бер!
— Юрт эмасми, чиқиб қолар, — деди Матхолиқ амин.
— Билмаса ўрганар, — деди бир чеккада турган Ҳакимжон. — Ишни тўхтатиш керак эмас. Йигитларни ола берайлик, билмаганига шаҳардан одам чақириб, ўргатдирармиз.
— Маъқул, — деди мингбоши. Кулди. — Ҳаммангнинг ақлинг шу тирранчанинг ақлича бўлмади-я, ҳайф сенларга.
Амалдорлар жим қолдилар. Мингбоши давом қилди:
— Бўлмаса, маслаҳат шуки, ҳар амин ўзига керакли икки йигитни топиб, индингача менга билдиради.
— Рўйхатини топширади, — деди Ҳакимжон.
— Ҳа, рўйхатини топширади, — дея такрор қилди мингбоши. — Мундан ташқари, ҳар амин менга ҳам биттадан йигит топиб беради. Қолганини ўзим шу қишлоқдан оламан. Ундан кейин аминларнинг ўзлари қишлоқма-қишлоқ юриб, юртга эшиттиради.
Мингбоши тўхтади, шамасини кам туширишга ҳаракат қилиб, чойнакдан пиёлага чой қуя бошлади. Ўтирганлар бир-бировларига қарашдилар: «Нимани эшиттирамиз?» деган шивирлашлар бошланди. Мингбоши сўзини тугатмаган эди, Ҳакимжон сўради:
— Нимани эшиттиради булар?
— Ҳа, айтганча, — деди мингбоши, — эсимдан чиқипти: йигит олишни эшиттиради, ундан кейин пул тўғрисини.
Ўтирганлар бир сесканиб олдилар.
— Қанақа пул, тақсир? — деди Матхолиқ амин. Ҳамманинг кўзи унинг оғзига тикилган эди, ундан кейин ҳамма кўзлар бирданига мингбоши томонга бурилиб, унинг оғзига осилдилар. Кўплар оғизлари билан ҳам тинглардилар. Мингбоши кулди:
— Қанақа пул бўларди! Йигитларнинг ярим ойлиги ғазнадан, ярми юртдан.
Ўтирганларнинг оғзидан хор билан айтилгандай яхлит ва бесаранжом бир овоз чиқди: ғу-в-в!.. Худди «дод-д» дегандай... Зўр ҳовлининг кенг саҳнига гўристон жимлиги чўккан эди. Ҳакимжон оҳистагина бир «уҳ» тортиб, ўрнидан турди, айвон устунига чиғаноғи билан бир-икки ургач, битта-битта босиб, жамоатга яқин келди. Шу топда унинг жуда эҳтиёт билан — ҳеч бир шарпа чиқармай — босган қадамларининг бўшанг шитирлаши ҳам ўтирганларга малол келган каби эди.
Ҳамма кўзини ерга тикиб, узун якандознинг мағизи билан ўйнарди...
— Нимага имонинг ўчди бирданига? — деб қичқирди мингбоши ҳайбатли овоз билан.
— Ярим пули қанча бўлади, тақсир? — деди яна Матхолиқ. — Ўзингизга бериладиган етти йигитнинг бештасига ҳам юрт тўлайдими, додҳо?
— Ҳа, бўлмаса мен ёнимдан тўлайманми? — деди мингбоши дағаллик билан.
Яна жимлик чўкди. Мингбоши давом этди:
— Уч кун орасида юртга эшиттириб, бўлган гапни менга маълум қиласанлар.
— Хўп, тақсир! — деди Матхолиқ.
Бошқалар жим қолдилар. Мингбоши қичқирди:
— Нега бошқаларинг индамайсан? Қанжиқсан ҳамманг! Сенларди амин қилиб, қўлингга амал бергандан хафа бўлдим-ку!
— Бекор қилиб қўйсангиз ҳам тузук эди, тақсир, — деди бир амин.
Ҳамма унга томон ўгирилди.
— Сени бекор қилмасдан бурун отхонага қамаб калтаклатаман... Шошмай тур!
— Тақсир, тақсир, тақсир! — деган овозлар юксалди ҳар томондан.
— Бўлар иш бўлди, яхшилар, — деди Матхолиқ жамоатга юзланиб. — Юртнинг катта-каттасини чақирамиз-у, «буйруқ шу» деб эшиттирамиз. Бизнинг ишимиз шу. Юрт «йўқ», деса, катталаримиз бирор маслаҳат кўрсатар.
— «Йўқ», деб кўрсин қани? — деди мингбоши. — Оқ подшонинг ўз буйруғи бу! «Йўқ», деб кўрсин!
— Шу чоққача «йўқ», демаган, энди ҳам «йўқ», демас, — деди Ҳакимжон.
— Рост айтасан, мирза, — деди мингбоши. У бу сўзнинг аввалги ҳижжасини қалин қилиб айтарди. — «Йўқ», дейдиган топилмайди.
— Рост айтасиз, тақсир, — деди Матхолиқ, — «Йўқ», демаса керак. Аммо-лекин подшоликнинг пастарин бир ити бўлганимдан кўрган, билганимни айтиб қўймасам, бўлмайди.
— Айт, айтма, деган одам борми? Ҳамма Матхолиққа тикилди.
— Юртнинг важоҳати бузуқ, тақсир. Гап кўтармай қолди. Асад ойида рўза тутган бангига ўхшайди, тақсир... Энди, юрт — кўпчилик, эҳтиёт керак, деймиз-да.
Ҳамма бирданига тасдиқлади:
— Рост, тақсир, рост!
— Рост бўлса ростдир, ёлғон деган одам йўқ. Аммо-лекин «Ким катта — юртми, оқ подшоми?» деб сўраганда, нима дейсанлар? Қани?
Ҳеч ким оғиз очмади. Яна Матхолиқ гапирди:
— Албатта, «оқ подшо», деймиз, тақсир!
— Ундай бўлса, гап тамом. Омин оллоҳу акбар! Бора бер ҳамманг ўз ишингга...
Элликбошилар ўринларидан туриб, у ёқ-бу ёққа ёйилган, мингбоши Матхолиқни чақириб олди. Унинг бир қулоғини қўли билан яқин келтириб, деди:
— Абсаматни йиқитсам, сени мингбоши қилиб қўярдим. Абжирсан, баччағар!
Матхолиқ кулди.
— Қуллуқ, тақсир, хизматингизни қилсам бўлди. Шунга хурсандман.
Мингбоши унинг бошини яна ҳам ўзига яқинроқ тортди:
— Бу қиш ичи на битта қовуним бор, на бир дона тарвузим. Уч-тўрт аравагина эплагин, ҳиссасини чиқариб бераман.
— Хўп, хўжайин, жоним билан.
Матхолиқ узоқлаша бошлаган эди, яна чақирди:
— Айтганча, эсимдан чиқибди. Буларингга айт: юртни намозга кўпроқ ҳайдаб туришсин. Буйруқ шу!
Матхолиқ ҳаммани чақириб олиб, баланд овоз билан бу янги буйруқни ҳам эшиттирди. Шу билан тарқалишдилар.

* * *
Кенгаш мажлисини ўтказгандан кейин мингбоши дарҳол ўзига йигит тўплашга киришди. Етти киши ўрнига йигирма-ўттиз талабгор бир қишлоқнинг ўзидан чиқди.
Ҳакимжон муни мингбошига арз қилиб туриб, деди:
— Ишлар яхши, тақсир, еттита десак, ўттизтаси келиб ўтирипти.
Ҳакимжоннинг биринчи жумласида сезиларлик даражада очиқ бир пичинг бор эди. Лекин у пичингни мингбоши додҳо пайқаёлмади.
— Бекорчи кўп қишлоқда, бекорчи! — деди мингбоши.
— Йўқ, хўжайин. Мен гаплашиб кўрдим. Ҳаммаси чорикор болалар. «Жонимиздан тўйдик, бола-чақамиз оч...», дейди.
Мингбоши бирданига қўпол бир овоз билан кулиб юборди. Ҳакимжон бу ногаҳон кулишнинг сабабини билолмай ҳайрон эди. Кейин мингбоши ўзи англатди:
— Жонидан тўйган бўлса яхши! — деди у. — Жонидан тўйганлар яхши сўқишади. Оқ подшо «вайна»да  қийналиб қолса, қишлоқнинг ҳаммасини йиғиб жўнатаман! Иш йирик, мирза.
Яна ўша хунук овоз билан кула-кула ичкарига кириб кетди.
Ҳали қоронғи тушиб, паловга дастурхон ёзилган йўқ эдики, ташқарига бир меҳмон кириб келди. Ҳакимжон уни кулар юз билан, севиниб қарши олди. Бир оз кейин ичкаридан чиққан мингбоши ҳам унга нисбатан бир қадар мулозимат билан муомила қилди. Лекин бу мулозиматнинг ясамалиги шу қадар очиқ эдики, меҳмоннинг кўзлари Ҳакимжоннинг кўзларини тўғри келтириб туриб, у тўғрида бир ҳимо қилиб ўтди. Ҳакимжон ҳам кўз қораси билан меҳмондан узр сўради. Меҳмон эса «мунинг ўзи нима-ю, муомиласи нима бўларди?» деган маънода кулиб қўйди, холос.
Палов ейилиб бўлгач, кўк чойни ичиб ўтириб, улар учови суҳбатга тушдилар. Меҳмон Ҳасанов деган бир татар йигити бўлиб, қишлоқ қарз ширкатларининг инс-пектори эди,
— Урушдан гапиринг, абзий! Уруш нима бўляпти?
— Урушни сиз биласиз, мингбоши. Сиздан эшитайлик, — деди Ҳасанов.
— Мен урушни қайдан билай? Газит ўқимасам?
— Сиз, ахир, бир бўлуснинг каттасисиз.
— Э, катталиги қурсин! Керак бўлса, олинг шу катталикни!
Мингбоши бу сўзларни жиддият билан айтарди. Меҳмон кулди:
— Зерикдингизми, хўжайин? Дарҳақиқат, бу нозик замонда катта амал ҳам зериктиради.
Ҳакимжон ўз хўжайинининг таъби бир оз олинганини пайқади шекилли, унинг ёрдамига етишмоқчи бўлди:
— Чинакам, — деди у, — шу замонда амалдор одамга жуда қийин... Сиз билмайсиз. Мен, мана, доим хўжайиннинг қўлтиғидаман. Яхши биламан. Жуда қийин...
— Биламан, жуда яхши биламан, — деди Ҳасанов. — Албатта, осон эмас.
Мингбоши ҳали жим эди. У қўлидаги бўш пиёлани айлантириб ўйнарди. Ҳакимжон давом этди:
— Замон нозик бўлмаса, мингбошиларнинг йигитлари ортдирилармиди?
— Шундай гап борми? — деб сўради Ҳасанов.
— Гап бор эмас. Буйруқ бор. Биз одам чақирдик. Учта йигитимизга еттита қўшилади...
Мана шу жойда мингбоши ҳам бирдан гапга аралашди:
— Ҳаммасига солдат бешотари бермоқчи... Солдатликка машқ қилдирмоқчи... Мунга нима дейсан?
— Жуда соз! — деди Ҳасанов. Папиросини узун сўриб тортган ҳолда ўйлаб кетди.
— Нимаси соз? — деди мингбоши қўпол бир хитоб билан.
— Жуда соз, мингбоши афанди. Фақат... мен ишонмайман мунга...
— Нимасига ишонмайсан? — деди мингбоши яна ўша қўполлик билан.
— Бизнинг мусулмон-турк йигитларининг қўлига рус ҳукумати бешотар милтиқ бериб қўярмиди? Ҳукуматнинг эси бор.
Мингбоши ҳайрон бўлиб қолди. Бу етти ухлаб бир тушига кирмаган фикр эди. Кўзини кенг-кенг очиб, меҳмонга қаради. Бу қарашда ҳам ҳайрат бор эди, ҳам қўрқув...
— Нега бермасин? Ўзи буюриб ўтирипти-ку?
— Битта-яримта эси пастроғи буюргандир, тақсир. Эси борлари мунга йўл қўймайди!
Мингбоши индамади. Ҳакимжон бутун борлиғи бир диққатга айланиб, икки кўзини меҳмонга тиккан эди. Меҳмон давом этди:
— Мусулмоннинг қўлига яроқ бермайди бу ҳукумат. Биз, мусулмонлар, турк болалари, ўзимиз яроқ олмасак, душманларимиз ўзи ўз қўли билан бермайди.
— Ким душман? — деди мингбоши.
Бу саволда энди пўписа асари бориди. Меҳмон сира шошмасдан, бемалол жавоб берди:
— Сизнинг душманингизни айтаётганим йўқ, додҳо афанди. Турк-ислом халқининг душманларини айтаман...
— Гермонни айтасанми?
Ҳакимжон бирданига кулиб юборишдан ўзини зўрға тўхтатиб қолди.
— Шундай, тақсир! Гермонни айтаман. Турк миллатига яроғ бериб қўймайди у! У, турк миллатларининг жон ва қон душмани!
— Ундай бўлса... бутун қишлоқни йиғиб, қўлига бешотар бериб, Гермон билан урушгани жўнатмоқчи бўлганимга нима дейсан?
Мингбоши бу сўзларни ғурур билан кулиб туриб сўзларди.
— Нима дердим? Ундай қилсангиз, сизни «ғозий», дердим... Ислом миллати сизнинг бу хизматингизни ҳеч бир унутмас эди...
— Миллатинг билан ишим йўқ. Туркингни ҳам билмайман мен. Мана бу мирза айтадики, қишлоқда жонидан тўйган кўп. Шуларнинг ҳаммасини Гермон урушига жўнатсам — оқ подшонинг қўли юқори келади, бу қишлоқлар ялангоёқ, безориларнинг касофатидан қутулади!
— Ҳай, ҳай! — деди меҳмон. — Мунинг савобига ким етсин! Жуда зўр хизмат қиласиз, додҳо! Фавқулолда буюк хизмат!..
Шу суҳбатдан кейин Ҳакимжонда мингбошига нисбатан бир қараш туғилди. У қарашда ихлос ва ҳурматдан бошқа ҳамма нарса бориди. Бу қарашни ўша кечаси мингбоши ётгани кириб кетгандан кейин Ҳакимжон меҳмоннинг ўзига ҳам бир оз изҳор қилди. Меҳмон Ҳакимжоннинг эътирофини эшитгандан кейин жуда ўт олиб, қизиб гапирди:
— Бизнинг бутун фожиамиз шундаки, — деди у, — дўстимиз билан душманимизни ажрата олмаймиз. Эшитдингизми унинг гапларини? Бизнинг диндошимиз, миллатдошимиз бўлган Туркия билан бир сафда урушаётган Германия бизга, биз Туркистон туркларига душман эмиш...
Меҳмон бир оз тўхтади. Папиросини қаттиқ-қаттиқ тортиб, оғир-оғир бош тебратди.
— Булар барчаси илмсизлик касофати, Ҳакимжон! Нодонлик меваси. Бу йўғон саллали, бўш каллали ҳайвонлар, Бухорои шарифни спекуляция қилиб, ислом миллатини заҳарловчи микроблар бизни шу ҳолга келтирдилар... Эҳ... эҳ... эҳ!..
Астойдил куйиб гапираётган меҳмон Ҳакимжоннинг кўзи уйқуга кетгандан кейингина сўздан тўхтади.
Иккаласи сўрига жой қилиб узалган вақтларида, Ҳакимжоннинг яна уйқуси қочган, биринчи хўрозлар унда-мунда қичқира бошлаган эдилар.
Булар иккаласи кўрпага узалгандан кейин ҳам анчагина гаплашиб, мингбошидан, умуман замоннинг ҳамма амалдорлари, ҳукумат ва идора усулларидан шикоят қилишдилар. Меҳмон бир вақтлар нойиб тўранинг Мирёқубга айтган гапларини яна кўпроқ тафсилот билан Ҳакимжонга айтиб берди. Ўз мингбошисининг ишларига қараб ҳамма мингбошилар ва умуман шу замон ҳокимияти тўғрисида кўп ҳам яхши фикрда бўлмаган Ҳакимжон шу суҳбатдан сўнг ўзининг хом ва чувалашган фикрларини пишитди, бир орага йиғди, бошидаги фикрлар бир тартиб доирасига тушиб, янги-янги пардаларни унинг миясидан сидира бошлагач, ўзида аллақандай бир ўзгариш бўлаётганини ўзи ҳам сезди: ўша қундан бошлаб унинг ҳамма нарсага қараши бошқа бўлди! Мингбоши — бурунги мингбоши эмас, фарсахларча йироқларда. Яқинлашиб келганда ҳам худди буни ўлдиргани келаётгандай... Мирёқуб, унинг ишбилармонлиги, эпчиллиги, зийраклиги... «У агар ҳақ йўлни топса, борми, ноёб одам бўлади». Ҳар бир катта саллалик домла — беморга заҳар бераётган табиб... Ҳар бир бошини қуйи солган эшон — одамларнинг киссаларига яширинча қўл узатган кисаввур... Абдисамат мингбоши, — уни ўйлаганда, Ҳакимжонга жон киради! «Уни кўрса тикилиб, кўзини олмай, узоқ-узоқ қараб турса, зиёрат қилиб қўлини ўпса, нима буюрса, шуни қилса!..»
Ҳасановнинг фикрлари, айниқса янги олинадиган йигитлар тўғрисидаги фикри мингбошига ҳам таъсирсиз қолмаган эди. Мингбоши, Ҳасановдан бир оз қўрққан ва шу учун унга совуқ қараган бўлса-да, унинг ўша йигитлар тўғрисидаги фикрига қарши келмасди. У ҳам ичкарига кириб, жойига чўзилгач, у тўғрида анчагина ўйлаб ётди.
«Бу баччағарнинг гапи қурсин! Нимага бўлсайкин, унинг гапларини эшитганда одам чўчиб тушади. Худди... оқ подшони сўкиб юборадигандай? Худди унинг сўкканини биров эшитиб қолиб, Ёдгор эчки ё Умарали пучуққа етказадигандай? Улар бўлса, оқизмай-томиз-май, ҳоким тўрага чақадигандай? Боз устига улар — «оқ подшони сўкиб турган вақтида Акабарали мингбоши «ҳа, ҳа» деб турган эди!» дейишдан ҳам тоймайдигандай! Сўнгра ҳоким тўра чақириб олиб, ғазабига ола-дигандай! Мингбошиликни тортиб олиб, эл кўзида тамом шарманда қиладигандай! Абдисамат билан Ёдгор эчки, Умарали пучуклар яна қўш карнайи билан жар соладигандай!»
— «Лекин, баччағар кофир, бир нарсани билмасдан айтмайди. Нимага десангиз, у «закон» китобини кўп ўқиган, ҳамма вақт ўриснинг ичида қайнайди, ўрис тилини сув қилиб ичиб юборган... Катталаримиз ўрус-да, ахир! Ўрис бўлганидан кейин мусулмонга ён босмайди. Бу рост! Шу ерда Ҳасан абзий билиб айтади! Мусулмоннинг қўлига яхши бешотарни бериб қўярмиди? Йўқ! Агар мен ўрус бўлсам (астоғфурулло!), мусулмоннинг қўлига асло яроғ бермасидим! Асло! Абзий рост айтади. Абзий, абзий, абзий!..
Мана шундай ўйлар билан мингбоши зўрға ухлаб кетди.
Эрта билан уйқудан уйғонгач, яна ўша — йигит масаласини ўйлади. Йигитларнинг учта ё ўнта бўлиши мингбоши учун баробар эди. «Кўп бўлса, ғалваси ҳам кўпроқ бўлади», деб ўйларди у. Фақат... фақат...
— Ўнта яхши йигитга яхши от, яхши сарпо, яхши яроғ-аслаҳа бериб, ўз маҳкумимни бир айлансам, иложи бўлса, Абдисамат турадиган қишлоқдан бир от чоптириб ўтиб қўйсам... бас! Шундан кейин катталар уч йигитни биттага қолдирсалар ҳам майли эди!..
Бу ўйнинг натижаси шу бўлдики, эртаси куниёқ қишлоқдан одам ола бошлаб 2—3 кунда еттита навқирон йигитни чертиб-чертиб миршабликка қабул қилди. Ундан-бундан сўраб, сўратиб, иложи бўлмаганда... тортиб олиб бўлса-да, ҳаммасини яхши отга миндирди, аллақайлардан ов милтиқлари топиб, ўновини яроқлантирди, уст-бошларини текислади, ўзи ҳам энг яхши зар чопонини кийиб, тилла камарини боғлаб, узун қиличини осиб, саман йўрғани миниб, йўлга чиқди.

XV

Икки кун бурун Қумариқ қишлоғига еттита йигити билан мингбоши келиб кетган эди. Унинг бу келиши қизиқ бўлди. Ҳеч кимга ҳеч нарса демасдан, тўппа-тўғри мачитга тушиб, домлани йўқлатди. Ўзлари хабар топиб мачитга келган амин ва элликбошилар ҳайрон бўлдилар. «Нимага бизга ҳеч нарса демайди мингбоши додҳо?» деб бир-бирларидан сўрашдилар.
Элликбошилардан бири югурганича бориб домла-имомга хабар берди. Домла-имом яқиндагина уйланган ёшроқ бир муллавачча бўлганлигидан «Мингбоши чақираётир», дегач, анча ташвишга тушди. Салла-чопонини кийиб, мачитга томон бораркан, ўйлади: «Нима учун йўқлатган бўлса?»
Мингбошининг уни излатишга зоҳирий бир сабаб йўқ эди. Шунинг учун турли хаёлларга бориб кўрди:
«Тунов кун, шаҳарга тушганимда, мударрис домланинг ўғилларига қаттиқроқ тегишиб қўювдим... Ўзи ҳам, баччағар, ипак саллани чамбарак қилиб ўраб, ёмон кўзга илашадиган бўпти-да! Устимдан арз қилган бўл-са-я, ҳаромибачча?»
«Ё... бурунги имомат қилган жойимда ваҳий  ерни Садриддин бой билан чиқишиб, икки-уч йил ўзим ёлғиз тасарруф қилиб эдим. Маҳалладан битта-яримтаси шуни қўзғадимикин».
«Ё бўлмаса, ўтган ҳафта қовун сайилида янгича мактаб очган тошкентлик нўғой домлага йўлиқиб қолиб, анча қаттиқ сўкиб эдим. Унинг мактабини Абдисамат мингбоши очиб берган экан, мен уни билмабман... Бу бизнинг мингбошига Абдисамат мингбоши итоб қилиб ёздимикин? Кейин мактабнинг асл соҳиби Абдисамат мингбоши эканини билиб, ҳалиги нўғой домла билан муросага ҳам бордимку-я... Ҳар қалай, бошда аҳволдан бехабар, қаттиқ гапириб қўйиб эдим... Аттанг! Шу ташвишларга Абдураҳмон понсод сабаб бўлди, баччағар! Ноинсоф! Бўлмаса, жимгина ўтириб эдим. Кейин нўғой домланинг олдида одамларга бир-икки оғиз ваъз қилиб, лаънати жадиднинг кўнглини кўтариб қўйдимку-я...». Албатта, дедим, нўғой ҳам — мусулмон, аҳли суннат, тошкентлик ҳам — мусулмон, аҳли суннат... Ҳаммамиз бир одам. Дунёвий илмларни ўқиш ҳам шариатимизда бор, чунончи, жаноби ҳасти пайғамбаримиз «утлубу-дилму валавкана бисси», яъни «Чин мулкида, яъни Хитойда бўлса ҳам илм талабида бўлғил», деганлар. «Бу «ҳадиси саҳиҳ», дедим. Жадид домла хурсанд бўлиб кетди: «Шундай ҳақиқий уламолар бўлса, миллат тараққий қилади», деди. Шу «Миллат» деган сўз туфайлидан яна жиндик мунозара қилиб олишдик. Абдураҳмон понсод ноғой домладан «Миллатингиз нима?» деб сўраб қолди, нўғой домла аввал «Ислом миллати», деди, ундан кейин негадир «Ислом ва турк миллати», деб «турк» деган тоифани ҳам қўшиб қўйди. Мен чидаёлмадим: «Йўқ, дедим, мусулмон одамдан «миллатинг нима?» деб сўралса, «Миллатим Иброҳим Ҳалиллулло» деб жавоб бериши вожиб. Динимиз — ислом, миллатимиз — миллати Иброҳим Ҳалиллулло. «Турк» деган тоифа Ўзган тарафларида бор, ўзлари элатиядан, бизнинг сартиядек касирул-адад  эмас, унинг миллатга ҳеч бир даҳли йўқ!» дедим. Ундан кейин ҳасти Иброҳим Ҳалиллулло тўғрисида хасти Сўфи Оллоёрдан далил келтирдим:

Ҳалиллулло учун ёндирдилар нор,
Қадам қўймай ўшал ўт бўлди гулзор.

Жадид домла туриб «Иброҳим пайғамбар — яҳудийлар пайғамбари, ҳатто тўрт китобдан бирига ҳам эга бўлган эмас», деди. «Тавба, де, эшак!» деб бақирдим. Ортиқча қизиб кетибман. Кейин пушаймон бўлдим ку-я... Энди фойдаси йўқ. Афсус! Афсус!»
Имом домла келгандан сўнг, кўп ўтмасдан, мингбоши мачитдан чиқди. Отига отланиб туриб, элликбоши билан бир-икки оғиз гаплашди. Аминга ва бошқа эл-ликбошиларга сипо қараши билан бир қараб қўйиб, яна дарҳол йўлга тушди. Гузарда ўтирган беш-олти киши ҳайрон бўлишиб, бир-бирларига қарашдилар. «Нимага келди-ю, нимага дарров жўнаб қолди?» деган саволга жавоб ахтардилар.
— Нимага аминни чақиртирмасдан, имом домлани чақиртиради?
— Нимага имом домла келар-келмас, жўнаб қолади?
— Нимага бу сафар йигити кўп?
— Нимага қишлоғига қайтиб кетмасдан, дарё томонга ўтди?
— Нимага гузарда ўтирганларга ҳеч нарса демай ўтди?
— Нимага? Нимага?.. Нимага?..
Дув-дув гап кетди. Ҳар ким ҳар тордан ҳар хил овоз чиқарди, лекин ҳеч бир овоз қулоққа ёқмади, «соз тушмади». Мачит томонда имом кўринди. Унинг юзига тикилдилар.
— Ҳой, кал, сарасон солдингми? Ҳали ўтганида, имом домланинг қош-қовоғи солиқ эди. Энди очила тушибди. Хайрият бўлса керак.
— Сўраймиз қўямиз-да, жинни, — деди кал.
— Сен сўра, тилла бош, сенга айтади.
— Сўрайман, қовоқ бош. Сўрайман, нима?
Имом домла секин-секин, лекин ишончли ва хотиржам оёқ ташлаб, гузар ўртасига келди. Икки томондан саломлар кўтарилди.
— Тақсир, чой бор экан! — деди кал. — Бир пиёла тутайлик.
— Қуллуқ! — деди домла, тўхтади. — Уйга борай...
— Биламиз, тақсир, янги уйланган одамди гапга тутиб бўлмайди: мингбоши додҳо нима хабар олиб келган экан, деб сўрамоқчи эдик.
Имом домла кулди.
— Уйлангандан эмас, Ҳасанбой, — деди. — Бошинглар қичимаганда, тилинглар қичиб турмаса бўлмайди-да, а?
Гузардан кулги кўтарилди.
— Қичиғини босиб ўтинг, деймиз-да, домла! — деди кал Ҳасан.
Яна кулдилар. Домла кип-қизариб кетди.
— Мингбоши додҳо юртнинг омон-эсонлигини сўраб ўтдилар, холос. Бошқа гап айтмадилар. Хўш, менга жавоб энди!
Домла яна йўлига тушди. Гузар одамлари унинг гапига ишониб етмадилар, Ҳасан кал деди:
— Биздек фуқаро ёлғон айтганда, ишонмаган одам бир-икки марта зўраки йўталиб қўйсин. Амалдор билан домла-имом ё обрўйи катта бойлар ёлғон айтса, ишонмаган одам кавишини қўлга олиб турсин: «Ўғри кетди» бўлмай иложи йўқ!
Яна кулдилар.
Нарида кўприк бошида домлага Умаралибой дуч келди.
— Ҳа, домла, Акбарали нима деди?
— Мингбоши додҳо ҳеч нарса деганлари йўқ. «Жамоатнинг намозга юриши қалай?» деб сўради. «Маъниси йўқ», дедим. «Элликбошига айтаман, кўпроқ ҳайдаб беради». Шу холос.
Умарали қаҳқаҳа солиб кулди.
— Умрида бир марта пешонаси сажда кўрганмикин, сўрамадингизми?
— Катта одам. Мен нима деёламан.
— Хайр, домла! — деди бой. Йўлга тушди. Кейин орқасига қайрилиб кулди ва деди: — Замонанинг охир бўлгани шу-да, тақсир. Бенамоз раис бўлиб, намоздан қолганни тергайди!
Уч кундан кейин жума намозига жуда кўп одам йиғилди. Умуман, мачит билан ҳеч бир алоқаси бўлмаган кишилар ҳам қоқ ерга белбоғларини ёзиб, фақат пешоналарига яраша жойни тўшадилар, имомдан бурун бош кўтардилар, имом «оллоҳу-акбар» деб саждага эгилганда, булар қиёмга кўтарилдилар... Сафларда пих-пих кулишлар кетди. Салом берилар-берилмас, йўталга зўр бериб ўринларидан турган «намозхонлар»ни сўфининг, ёғланмаган араваники сингари, ингичка ва ғашга тегадиган овози тўхтатди:
— Халойиқ! Яқин-яқин келиб, имом домланинг ваъзига қулоқ солинглар!
Халқ орасида ўтирган амин ва элликбошилар ҳам уларнинг белгилаб қўйилган кишилар сўфининг сўзла-рини илиб олдилар:
— Ҳа, жамоат! Домланинг сўзларини эшитиш зарур!
Юқорида айвоннинг ичкарисида ўтирган домла саф оралаб ташқарига чиқди. Панжара эшик олдида тўхтаб, гап бошлади.
Мингбоши ўша кунги келишида, шаҳардан берилган таълимотга мувофиқ, ҳамма мачитларда тўхталган, жумадан сўнг одамларга ваъз айтиб, «уларни тинч ти-риклик билан шуғулланишга ва ҳар хил фитна-фасодларга берилмасликка» чақириш вазифасини мачит имомлари зиммасига юклаб кетган эди. Бизнинг дом-ла, сўз тополмасдан тутилиброқ ва қийналиброқ бошласа-да, кейинча жўнашиб кетди, қавмининг ҳаммаси деярлик саводсиз қишлоқ одамларидан иборат бўлганига қарамасдан, «балоғати араб ва фасовати форс»ни мумкин қадар кўп ишлатди, эшон Сўфига жуда мухлис бўлганлигидан унинг маънилик байтларидан анчасини ҳар ер-ҳар ерга кистириб ўтди. Бир қанча вақт зўр бериб, шаҳардаги ҳоким тўраларни, ўзимизнинг «Мулла Акбарали додҳо»ни, шулар қаторида — гарчи бошқа маҳкумнинг улуғи бўлса-да — «фаросатлик, ҳушёр, донишманд, сахий ва мурувватманд» ҳукуматдорлардан мулла Абдисамат мингбошини мақтаб ўтди. «Нўғой домла эшитсин», деб янги замон мактабларидан, унда Қуръоннинг тажвид билан махражига тўғрилаб ўқитилишидан, у мактабда ўқиган болаларнинг «Шариату имон»ни катталардан яхшироқ билганларидан, озод бўлишига яқин Миср оҳангида саловат ўқиганларидан, уни эшитган одам йиғламай ўтолмаганидан, ҳатто... ҳатто гарчи у мактабнинг домласи болаларга «Ер мудаввар, яъни бамисоли соққа ёки ёнғоқ ва ёки тарвуз — думалоқ», деган бўлса ҳам, бу даъвонинг шариати Мустафога унча хилоф келмаганидан, яъни, эшон Сўфи Оллоёр, Амир Навоий, Мавлоно Фузулий, эшони Ҳазиний абъётларида фалакнинг гардиши, яъни айланиши хусусида кўп сўзлаганидан гапирди. Бош қизиб, гап қозони қайнагандан сўнг домламиз алжий бошладилар. Гаплар пойма-пой кела бошлади. Ундан кейин қавмнинг намозга кам юрганига, бойларнинг закот ва садақа хусусида шариат амридан четлашганларига, қишлоқ одамлари орасида «хамр», яъни ароқ ичадиганларнинг қўпайганига ўтди... Ҳеч кимни қолдирмай, сўка бошлади. Энди бу руҳоний грамофонни тўхтатиш қийин эди. Домла койиса ёнидагиси, албатта, хурсанд бўларди. Домланинг ўткир тилларидан фақат элликбошилар билан аминларгина қутулиб қолдилар.
Домла сўзни тамом қилгандан кейин одамлар яна ўринларидан тура бошлаган эдиларки, айвоннинг ичидан Умаралибойнинг хирқироқ овози кўтарилди.
— Домла яхши айтдилар! Балли домлага! — деди бой. — Бенамозларнинг касофатидан ҳаммаёқ қимматчилик бўлиб кетаётир!
— Хотинбознинг касофатидан-чи, хотинбознинг? — деди биров пастдан.
— Бойбува ўз қилмишларидан ҳам гапирсин жиндак! Эшитайлик! — деди яна биров.
Бой аччиғланди. Саф оралаб айвон қирғоғига келди.
— Ким у менга таъна қилган? Қайси бенамоз? — деди у.
Ўзи қалтирарди. Жавоб бўлмади.
— Имом домланинг қўлларига дарра олиб берамиз энди, бенамозларнинг жазосини беради! — деди ичкаридан ташқарига чиқаётган Ёдгорхўжа.
— Судхўрдан гап эшитинг! Судхўрдан! — деди пастдагилардан бири.
— Пул меники! Кимга қандай шарт билан берсам — ихтиёр ўзимда! Сенга нима, ўғри? — деди Ёдгорхўжа.
— Ўзинг ўғри, ҳаммани ўғри деб биласан!
— Нима, нима?
— Ҳовлиқма!
— Биласизми, тақсир, — деди Умаралибой, — ҳамма бало амалдорларимизнинг ёмонлигида. — Мингбошимиз Акабарали бўлса, пешонасини бир умр сажда кўрган бўлмаса, хотинлари бузуқ бўлса, ўзи пияниста, бузуқ одам бўлса! Бошқалардан койиб бўладими?
— Ҳай, Умаралибой, ундай деманг! — деди имом. — Мулла Акбарали додҳога тил тегизманг. У кишидан фуқаро ҳеч қандай бир ёмонлик кўрган эмас. Унча-мунча чакки юришлари бўлса, амалдор ҳам подшодай гап, подшоларга буюради ўзи...
— Мен мулла Абдисаматга ҳеч нарса демайман, — деди Умаралибой.
— Мулла Абдисамат бўлса ҳамма жон дейди! — деди Ёдгорхўжа.
— Мулла Абдисаматдек амалдор йўқ! — деб давом этди Умаралибой. — Акбарали одамми? Сипоми? Амалдорми? Унинг ўрнида мен бўлсам, гузардаги самоварларни тақа-тақ беркитдирардим. Ҳамма бенамоз шу ерга йиғилади. Намоз ўқимаганни ёзда дарралатардим, қишда — муз тешиб, сувга пишардим.
— Шунинг учун худо сенга амал бермайди-да! — деди биров пастдан.
— Туяга қанот берса, қайси иморат соғ қолади? — деди кал Ҳасан.
Ҳамма кулиб юборди. Умаралибой яна давом қилди:
— Мен амалдор бўлсам, шу қишлоқдан беш-тўртта ялангоёқни Сибирга ҳайдатардим.
— Ҳаббаракалла! — деди Ёдгорхўжа.
— Биз Сибирга кетардик, сенлар қолиб — биттанг қишлоқда соғ хотин қолдирмасидинг, биттанг — юзни мингга берардинг!
— Юрт обод бўларди!
— Биттанг Қумариқнинг сувини ўз ерингдан чиқармасдинг. Биттанг Катта ариқдан қишлоқ одамларига бир томчи ҳам сув бермасидинг. Хайрият, амалдор эмассан!
— Бўламан амалдор!
— Кўрамиз!
— Кўрамиз!! Умаралибай қизиб кетди:
— Кўрасан! Кўрсатаман сен хотин талоқларга! Пастдагиларнинг ҳаммаси деярлик наъра солди:
— Ким хотин талоқ?!!
Ўнлаб киши муштини тугумлаб айвонга югурди. Бақиришлар, дод-войлар, фарёдлар кўтарилди. Оғир муштларнинг оғир зарбалари эшитилди. Бутун қавм бир-бирига киришиб кетди... Амин осмонга қаратиб бир-икки марта тўппончадан ўқ чиқарди. Унга қараган ва аҳамият берган бўлмади. Бир йигит роса мўлжаллаб туриб, аминнинг қўлига муштлаган эди, тўппончаси қўлидан тушди. Уни бошқа бир йигит олиб ёнига солди, ёнидагиларга қараб мағрур-мағрур... кулди. Муни кўрган икки элликбоши ўзини дарвозага уриб қочди. Мачит айвони олдидаги эски чирик панжаранинг шарақ-шуруқ синиши кўчанинг у юзида чўзиқ бир акси садо берди.
Бир оздан сўнг бутун қишлоқ исён ҳолатида эди.

* * *
Мингбоши бу ёққа йигит ортдириш тўғрисида буйруқнинг амин ва элликбошилар томонидан нечук бажарилгани хусусида расмий маълумот кутиб ўтирди. Қишлоқларни айланган вақтида амин ва элликбошиларнинг баъзиларига у яна эслатиб ўтган эди. Ҳакимжондан тез-тез сўраб турарди. У бу ишни мумкин қадар тез ва ҳаммадан олдин битказиб, ўзи шаҳарга тушмоқчи, ҳоким тўрага арз қилиб ўз садоқатини кўрсатмоқчи бўларди. Иккинчи томондан, Ҳасан абзийнинг васвасалик фикрлари ҳам уни ҳали тарк этмаган эдилар. Бу жиҳатни ўйлаган вақтида у ўзининг қишлоқ айланиб келишидан хурсанд бўларди...
«Ўзимни кўрсатдим! Хўп яхшилаб кўрсатдим! Абдисаматнинг қишлоғидан от қўйиб ўтиш насиб бўлмаса ҳам, шу айланишимнинг ўзи чакки бўлмади. Абдиса-мат эшитгандир, эшиттирмай қўядими одамлар? Юраги ўртансин баччағарнинг!..»
Фақат амин ва элликбошилар жойларига қайтгандан сўнг нафасларини ичларига солиб ўтира бердилар. Кўплари кўчага ҳам чиқмай қўйди. Улар одамларга қандай қилиб янги пул солиғини гапиришга ҳайрон эдилар. Орадан бир ҳафта ўтди. Ҳеч бир амин ва элликбоши бу тўғрида ҳеч бир кимга оғиз очгани йўқ.
Мингбоши тажанглана бошлади.
— Мирза, бу занғарларинг эсидан чиқардими? Ё имони учиб, индаёлмай турадими? Бир-иккитасига фармойиш ёзиб, от чоптир!
— Хўп, тақсир!
Йигитлар фармойишни кўтариб йўрта кетдилар.
Ичкарида бутун ишлар мингбошининг истаганича ҳал бўлган эди. Илгари дутор чалиб, «Нетайхон» куйида сайрайдиган шаҳар булбули, кейинча секин-секин қўлга қўна бошлаб, Султонхон ташқарига йўл солган кечаси бир оз ижирғаниб бўлса ҳам ўзини мингбоши додҳонинг ихтиёрларига топширди...
Топширмай нима қилсин? Бошқа иложи бормиди? Қани у илож? У ҳам шу ўлкадаги мингларча, неча ўн минг, юз мингларча аянч қулларнинг бири эмасми? Савдогарлар билан лиқ тўла қул бозорида сотиладиган канизак ҳеч бир тадбир билан сотилишдан ўзини қутқаролмайди. Мунинг учун ўзига ўхшаш канизакларнинг кўп бўлиши, у кўпнинг бир бутун бўлиши, бир бутуннинг савлатли ҳужумларига, яъни ўлимга тайёр бўлиши керак. Ота-оналари томонидан қари чолларга сотилган қизлар озмиди? Қайси бири қаршилик қилиб, эплай олган? Қайси бири ҳийла билан қутулиб кетган? Ундайлар тўғрисида халқ оғзида битта-яримта достон ҳам йўқ. Халқ тақдирга тан берганлардан гапиради. Кўпчиликка қулоқ солсангиз, қутурганларнинг чор-ночор юмшаганини, осийларнинг бўйсунганини, телбаларга эс кирганини, оловларнинг пасайганини, алангаларнинг сўнганини, фарёдларнинг бўғилганини, дод-фарёдларнинг бўғизлардан берига чиқолмасдан эриганини айтади, айтаркан ё кўзидан бир-икки томчи анъанавий ёш чиқаради, ё бўлмаса, маънилик қилиб бошини чайқайди.
Зеби отасининг хунук феълини билади. Отаси шаҳардан пиёда келган эди. Оппоқ соқоли билан кўз ёшларини тўкиб йиғлади. «Қизим, — деди, — мени мунақа шарманда қиладиган бўлсанг, илоҳим, бўйнинг тагингда қолсин... Муродингга етмагин...» Мундай қарғишларнинг ортиқ даражада қўрқинч эканини ҳар оғиздан эшита-эшита ўсган: «эрга теккунча, худодан кейин, ота-она келади» деган талқинлар остида катта бўлган ожиз, иродасиз, аянч ва яккабош бир қиз учун, Раззоқ сўфидай одамнинг омонсиз назарлари остида етилган бир нотавон махлуқ учун ҳалиги хилда қарғишларнинг руҳий таъсири бўлмаси мумкинми?
Мунинг устига, Зеби онасини ҳаддан ортиқ яхши кўради, бу кўнгли қаттиқ отанинг дардини муштипар ҳам кам тортган эмас... У бечора ҳали ҳам шаҳарга қайтиб кетолмайди. Бир сиқим рўзғор соврилиб битмадимикин? Она шўрлик ҳар кун йиғлайди, кўз ёши қилади: «Айланай, қизим, менга раҳминг келсин, — дейди. — Мен сенга оналик меҳримни қўйиб катта қилганман, бошқа гуноҳим йўқ. Сени суймаган кишига берган бўлса, отанг берди... Мен бир нарса деб эплай оламанми, қалай? Ўзинг биласан. Отанг тепа тўнини тескари кийиб келибди. Мингбоши додҳо олдида мунақа шарманда қиладиган бўлса, қиз ҳам керак эмас менга, сен ҳам керак эмассан дейди. Айланай, болам. Мен отангдан қўрқаман... Шаҳарга боролмайман. Бу ерда ҳам қололмайман... Ҳеч бўлмаса менга раҳминг келсин, болам. Жон болам, кўз болам!» Ҳар кун бошқачароқ шаклда такрор қилинган у сўзлар таъсирсиз қолмайди, албатта. Айниқса, юмшоқ кўнгилли қиз болага...
Ўзи ҳам ўйлайди: «Мен, — дейди Зеби, — якка бошим билан қаршилик қилиб эплай оламанми? У — девдай бир эркак бўлса, мен бир сиқим жонивор қиз бўлсам? Онам бечора шаҳарга кетолмай, жонини қўлига олиб, ҳар кун, ҳар кеча қулоғим остида йиғлаб турса? Икки кундошим кеча-кундуз менга қараб кулиб, мени эркалатиб, силаб-сийпаб муомала қилгани билан кеча-кундуз менга дейдигани шу: «Мунақа қилманг, айланай!» Мингбошини мендан узоқ тутиш учун жон олиб, жон бериб уриниши керак бўлган Султонхон келганидан бери ҳар кун қулоғимга эгилиб — иккала кундошимнинг гапини қайтаради... билолмай қолдим! Умринисабибини чиқармай қўйдилар, қизига ҳам йўл йўқ. Энахон ҳам кам чиқади, чиққанда ҳам шу кундошларнинг гапини қайтаради. Ёлғиз жоним билан ҳеч нарса қилолмайдиганга ўхшайман, тақдирга тан бераман, шекилли. Вой, худойим, ўзинг ташлаганингдан кейин бошқа чора борми?»
Шундай қилиб, қиз бечора тақдирига тан беришга жазм қилганидан кейин, омонсиз тақдирнинг сўниб турган жомидан ўзини маст бўлгандай хаёл қилиб, ўзи хоҳламаган ва ўзи қўрққан завққа толди.
Ўша шумлик кунда то кечгача Зеби неча марта тишини-тишига босиб ғижинди, оёғи билан ер депсаб ўзини зўрлади, оқшом чоғи кўнглидаги изтиробларни дутор қилларига ва Нетайхон яллаларига топширди. Ортиқча қийналмаслик учун бутун оқшом ичи фонарь ёқмади, ташқаридан тушган заиф ёруғда — мингбошига қайрилиб қарамасдан — дуторини чалиб, ялласини қила берди. Келин бўлиб келган кундан бери ўнтача қалин кўрпадан иборат ҳашаматли ётоқ уйнинг ўртаси-да ҳар кун куёв қайлиқни кутарди. Мингбоши ҳар кунги одатини қилиб кирган ҳамон ечиниб ётган, устига катта чойшабни ташлаб ўзи севган яллаларини тингларди. Итлик қилмасликка ваъда берган бу одам, билмадим, кимдан хижолат тортиб, ваъдасини бузишга уринмаган эди. Бу оқшом ҳам сеҳрли яллани эшитиб ухлаб кетарман», деб ўйларди. Зеби аввал ашулани тўхтатди. Ундан кейин ташқарида ҳамма ухлагач, бирданига дуторини ирғитди. «Бир нарса бўлдими?» деб ўйлаб бошини кўтарган мингбоши ёнига салгина қалтираниб Зебининг кириб келаётганини кўрди. Қиз унинг очилган қучоқларига бир қулдай эътирозсиз кириб келди... Эртаси куни унча ижирғанмади. Ундан кейин табиат ўз ишини қилди. Мамлакатнинг қизғин қуёшида тез етилган тан бечора қизнинг маъюс кўнглини ўз илиқ қучоғига олди.
Эрта билан иккала катта кундош қаҳқаҳа солиб бу ёш кундошни олқишладилар. Улар ўз қаҳқаҳалари билан нариги кундошни — Султонхонни бўғмоқ истардилар. Ҳолбуки, у ҳар кеча деярлик мирзанинг қўйнида саодатдан бўғиларди... У ҳалиги юксак қаҳқаҳани эшитгач, унинг маънисини англади: югуриб Зебининг ёнига кирди, ҳаммага бирдан салом бергач, Зебига осилди: уни ҳам — худди мирза каби — бутун ҳирси билан қучоқлаб, чўлп-чўлп ўпди: бу билан иккала катта кундошга демоқчи бўлдики:
«Сиз қанча севинсангиз, мен сиздан ортиқроқ севинаман! Сиз — қуруқ ваҳимани қучоқлаб севинасиз, мен — тирик ва жони бор одамни қучоқлаб яйрайман. Ким аҳмоқ! Ким аҳмоқ?!»
Султонхон бечора қундошларини «аҳмоқ» деб ўйлайди. Ҳолбуки, у сиқиқ муҳитда, у кишанли жамиятда ва у «мамнуъ ўлка»да яшовчиларнинг ҳаммаси бир-бирини алдашга, бир-бирини «аҳмоқ» қилиб қолдиришга уринади ва ўзи муваффақ бўлгач, бошқа ҳаммани «аҳмоқ» санайди. Яшаш учун қураш бораётган бўлса, одатда куч билан енголмаган одамлар ҳийла билан енгадилар: бу жуда табиий нарса. Айниқса, хотинни қулдан баттар хўрловчи муҳитда хотин чор-ночор ҳийланинг устози бўлади. Хотиннинг икки қўлига кишан солиб, кўча дарвозасини ташқаридан қулфлаб, дўконига кетадиган савдогар ҳаммадан ортиқ аҳмоқ бўлганини англамайди...

XVI

Йигитларни фармойиш билан аминларникига жўнатгандан сўнг мингбоши додҳо ичкарига кирди. Сўнг вақтларда феъли жуда ўнгланиб қолганидан ҳамма хо-тинларига бир-бир тегишиб, гап ташлаб ўтди. Сўнгра Зебининг уйига кирди. Зеби ташқаридайди. Онаси хотиржам бўлиб, шаҳарга қайтиб кетган эди. Хадичахон ҳовлига чопди ва Зебини айтиб келди. «Уйга киринг, айланай, эрингиз кириб кетдилар». Зеби кулди, Хадичахон ҳам кулди: бу кулишнинг маъносини фақат кун-дош аҳли ўзи англайди... Мингбоши Зеби киргунча, дуторни олиб чертиб боқди. Чиқмади. «Шоп-шалопга ўрганган қўл дуторга ярармиди?» деди ўз-ўзига, шу би-лан ўзини юпатган бўлди.
Зеби кириб, майда йўллардан биттасини олди. Дуторнинг овозига эндигина ўз овозини қўшаман, деган-да, ташқаридан мингбошини чақирдилар. Бу Қумариқ мачитидаги тўполон хусусида келган биринчи хабар эди.
Ярим соат ҳам ўтмасдан, мингбоши эски йигитлардан иккисини, янгилардан тўрттасини олиб, Кумариққа қарата от қўйди.
Мачитдаги воқеани от чопиб келиб мингбошига хабар берган ва унинг ёнида от йўртдириб бораётган одам тўппонча воқеасидан сўнг мачитдан қочган икки элликбошининг бири — Қосим лайлак эди. Бўлган воқеани оёқ устида туриб мингбошига англатди ва аҳволни жуда ваҳималик қилиб кўрсатди. Унинг айти-шича, «мингбоши етиб боргунча қишлоқнинг қарийб ярми қирилиб битади». Йўлга чиққандан сўнг мингбошига саман йўрғасига етолмасдан ҳансираб йўртаётган йўғон қора биясини тўхтовсиз қамчилаб, мингбошига «гап едиришга» уринди. Бойларнинг икковидан ҳам Қосим лайлак дилгир эди. Подшоликнинг патталик солиқлари, яъни ўлпон ва тутун пулларини ҳаммадан кеч тўлайдиган, аммо қоровул пули ва капсан каби паттасиз солиқларни сира тўламасдан, элликбоши ва аминларга ўшқириб муомила қиладиган бу пулзўрлар ёлғиз Қосим лайлакка эмас, бошқа элликбоши ва аминларга ҳам унча ёқмасидилар. Ёлғиз элликбоши ва аминларгагина эмас, ундан каттароқлар ҳам «берганни» ёқтиради-да!
Фурсатнинг жуда қулай келганлигидан Қосим лайлак имкон борича фойдаланиб қолмоқчи бўлди.
— Мингбоши додҳо, отларга жиндак дам берсак, оқ кўпикка тушиб кетди жониворлар! Сизга бир-икки оғиз зарур гапим бор эди.
Мингбоши саман йўрғанинг бошини тортиб, орқасига қайрилди, йигитлар қолган эдилар, фақат улар ҳам отларнинг бошларини торта тушдилар.
— Уялмасдан катта холангдай бияни миниб юрганингни қара, Лайлак! — деди мингбоши.
— Менинг қашқа йўрғам уйда қолди, тақсир. Мачитдан чиқиб уйга боролмадим: фурсат бўлмади. Гузарда битта шу от бор экан, миниб чопа бердим.
— Баракалла, Лайлак! Подшоликка шунақа хизмат қилсанг, мартабанг ошади.
— Шунисига ҳам шукур, тақсир.
— Қани, гапингни гапир.
— Шу Умаралибой билан Ёдгорхўжани айтаман. Бугунги фасодга ҳам ўшалар сабаб бўлди. Патталик солиқ чиқса, ҳаммадан кейин тўлайди. Паттасиз солиқларни ҳеч бўйнига олмайди. Бориб сўрасанг, ўшқириб беради. Қўрқасан одам... Шу бугун ҳам домла имомдан кейин бири қўйиб, бири юртни тергади, намоз ўқиганларни сўкди. Ўзлари ўқиса экан кошки... Юрт жуда ёмон кўради у икковини. Қишлоқнинг тўртдан бир ҳисса ери ўшаларники, иккала ариқнинг сувини ҳам ўшалар ичади, ҳеч кимга бермайди. Ҳамма улардан қўрқади. Ўзимиз ҳам унча-мунча яхши гапириб турмасак, шаҳардан катталар чиққанда, устимиздан арз қиладилар.
Қосим лайлак бир-икки йўталди, орқасига қараб олди: сўнгра яна сўзида давом этди:
— Шунча халқ олдида сиздай одамга тил тегизишди...
Мингбоши отининг бошини яна торта туриб, сўради:
— Нима, нима? Менга тил тегизди? Нималар дейди хотинталоқ?
Шундан кейин Қосим лайлак иккала мингбоши тўғрисидаги фикрини, бирига беш қўшиб, айтиб берди. Мингбоши қишлоққа келган куни кўприк устида Умар-алибойнинг домла имомга айтган сўзлари ҳам мингбошига тўкис-тугал етказилди. Бу узун-қулоқ ҳеч бир шоҳид йўқ ерда айтилган у сўзларни қайдан эшитгандир, билмадим, мингбошига эшиттирган вақтда ярим ҳижжасини ҳам ғалат қилгани йўқ. Шундай қилиб, Акбарали мингбоши исён чиқарган Қумариқ қишлоққа тайёр фикрлар, ҳозир ниятлар билан кириб борди.
Булар қишлоққа бориб кирганда, офтоб кенг далалар устидан ўз уйига томон йўл солган эди. Ҳали анча баландда бўлса ҳам унинг камолидан заволи яқинроқ экани кўриниб турарди. Саман йўрға гузарнинг ўртасида тўхтади. Югуриб келиб юганини ушладилар. Мингбоши ирғиб тушди. Гузардагилар ҳаммаси оёққа қалқдилар. Мачитда одам кўринмади, фақат намозхонларнинг ҳаммаси гузар олдида тўпланган эдилар. Улар орасида ҳалиги иккала бой йўқ, булар ҳаммаси — супанинг пастида намоз ўқиган ва «хотинталоқ» деб сўкилган деҳқонлар, чоракорлар, қароллар эди.
Мингбоши ўнг томондаги озодароқ самоварга чиқиб, ўзи учун тўшалган тўшакка ўтирмасдан, гиламнинг бир четида ўтирди ва чилим буюрди. Чилимни жуда узоқ тортиб чеккандан кейин, сарғимтил тутунини оғзидан совуриб туриб, ўтирганларга хитоб қилди:
— Нима номаъқулчилик қилиб қўйдинг, баччағарлар?
Ҳамма жим қолди. У ер-бу ердан бир-иккита йўтал овози эшитилди.
— Қани, гапириб бер менга. Нима номаъқулчилик қилдинг?
Яна ўша оғир жимлик бузилмади. Сўнгра мингбоши Қосим лайлакка юзланди:
— Қани, Лайлак, сен гапир, бўлмаса!
— Мен, тақсир, подшоликнинг одами бўлсам. Нима деб гапираман? Юрт ўзи гапирсин. Ҳақиқат маълум бўлади.
Ҳамма гапни йўлда гапириб бўлган Қосим лайлакнинг юрт олдида гапириб, жавобгар бўлишдан ўзини олиб қочаётганлиги маълум эди.
— Бўлмаса гапиринглар. Нега жим турасанлар? Мен ҳақиқатни билай, деб келдим.
Ниҳоят, бойга қараб мушт кўтарганлардан бири ўрнидан турди. Кўзларида ғазаб учқунлари чақнаса-да, ҳаракатлари оғир ва бепарво эди.
— «Хотинталоқ», демасалар, ҳеч ким тегмас эди уларга. Ҳаммамизни бирдан хотинталоқ, деб юборди, тақсир.
— Ўзи хотинталоқ! — деди мингбоши. Мингбошидан бу хил жавобни кутмаган оломонга жон кирди. Ҳар қайси ҳар тарафдан қичқириб гапира бошлади.
—Биттанг гапир! Биттанг! Ҳамманг баравар шовқин қиласан, гап уқуб бўладими! Битта-битта келиб гапир.
Бошқа бириси туриб келди.
— «Сенлар намоз ўқимайсан», дейди, тақсир. «Бенамозсан», дейди, тақсир. Нима у подшолик қўйган раисми ё имомми? Тергаса имом домла тергасин.
Яна бири турди.
— Ўзи намоз ўқийдими денг, тақсир. Жумага келса келади, келмаса йўқ. Иккала ҳайит намозини ўқийди, муниси рост, лекин.
— Биттаси ўлгудек хотинбоз. Унинг дастидан хотинларимиз, опа-сингилларимиз кўчадан ўтолмайди. Ўтган хотинга гап ташлайди. Уят гапларни гапиради...
— Биттаси судга пул беради. Бошқалар бирни бирга берса, бу бирни бешга, ўнга беради. Қишлоқ одамининг уйи куйиб кетди, тақсир!
— Ҳамма ерлар аста-секин ўшаларга ўтиб кетаётибди. Қўлимизда ер қолмади, ҳаммамиз чоракор бўлиб қолдик. Ишлатиб-ишлатиб ҳеч нарса бермайди. Бир сўм қарзимизни ўн сўм қилиб кўрсатиб, бизга кўнадиган ҳақни олиб қола беради.
— Бир дафтари бор, ўзи ёзиб, ўзи ўчиради. Биз билмасак, тақсир... «Мунча қарзинг бор, мунчаси тегди, мунчаси қолди», дейди. Биз қайдан билайлик?
— Бўйнимиз қарздан чиқмайди.
— «Подшолик вайнага чақирармиш», деб эшитдик. Тезроқ чақира қолса, ҳаммамиз кетардик. Жонимиздан тўйдик, тақсир.
Орқасида ўтирганларга қаради. Улар барчаси бир овоздан тасдиқ қилдилар:
— Шундай, тақсир. Жондан тўйиб кетдик.
— Ҳаммамиз бола-чақалик бўлсак... Нечтадан ёш жўжаларимиз бор... Биз ўзимиз оч-яланғоч ўта берамиз: ёш бола уни билмайди: «нон» дейди, «ош» дейди...
— Кеча-кундуз ишлаб, қорнинг тўймаса, бу қандай замон бўлди?
Мингбоши қичқирди:
— Гапириб бўлдингми ҳамманг?
— Бизда айб йўқ, тақсир! — деди бириси.
— Бизда айб йўқ! — деб қичқирди оломон.
Шу вақтда ҳаллослаб югурганича Умар амин келиб қолди.
— Ҳа, Умар, қаерда қолдинг? — деди мингбоши.
— Ассалому алайкум, тақсир! Хуш келибсиз. Мен шу тўполон билан овора бўлиб юрибман. Тўполонда тўппончамни йўқотиб эдим, шуни топиб олдим.
— Бойлар қани?
— Бири беҳуш бўлиб уйида ётибди. Бири қўли синганга ўхшайди. Боши ёрилибди. Яна биттаси бир жой-га бекинган бўлса керак. Дараги йўқ...
— Ўша иккаласи қишлоқда қоладиган бўлса, биз қишлоқни ташлаб кетамиз! — деди биров.
— Рост айтасан! — деб қичқирди оломон. Мингбоши нима қилишини ва нима дейишини билмасди. Ниҳоят, қарорини берди:
— Оломон тарқалсин. Ҳамма уй-уйига кетсин. Тириклигини қилсин. Айбдорларни биз ўзимиз топиб, жазосини берамиз.
Унинг сўзларини амин ҳам баланд овоз билан такрор қилди.
— Ишқилиб, инсоф билан тергалсин! Юртда айб йўқ!
— Юрт оғиз очмай туриб, Умаралибой сўз бошлади.
— Ҳаммамизни ҳақорат қилди.
— Мингбоши тоғанинг ўзини ҳам ҳақорат қилди, занғар!
Амин бориб, шу сўнг сўзни айтган одамга дўқ қилди:
— Жим тур, аблаҳ! Унақа гапларни гапирма!
Яна ўзаро ғудрашиб-ғудрашиб тўпланганлар тарқалиб кетдилар. Улар кетгач, мингбоши мачитга бориб, воқеа жойларини кўрди: имом домлани топдириб келиб, воқеа тўғрисида батафсил маълумот олди. Имом қўрққаниданми ё бошқа бир хаёл биланми, бўлган воқеани айнан гапириб берди. Ортиқча ёлғон қўшмади, ҳеч ким-ни қораламади, ҳеч кимни ёқламади ҳам. Маълумот олингандан кейин домлага жавоб берилди. Энди икки элликбоши, бир амин ва бир мингбоши маслаҳат учун мачит айвонига чиқиб эдилар, ташқаридан Ёдгорхўжа кириб келди. Мингбоши қарагали улгурмай туриб, бой шовқин солди.
— Мингбоши ётади тўртта хотинни олиб! Бу ерда ялангоёқлар, бошкесарлар, ўғриларнинг дастидан ҳеч кимга кун йўқ! Бу қандай замон бўлди?
Мингбоши супа қирғоғида тўхтади.
— Шовқин солмай гапиринг. Қулоғимиз бор.
— Бизнинг бўлусимизда қулоғи бор одамлар қолгани йўқ ўзи! Энди ер-сувимизни сотиб, бошқа тарафларга кетмасак бўлмайди.
— Нима бўлди сизга, Ёдгорхўжа? Нега ётиғи билан гапирмайсиз? — деди амин.
— Сен гапирма, хотинталоқ! Сендан каттароғидан ҳам қўрқмайман мен!
— Нима, нима? — деди мингбоши. — Сен қутурибсан, Ёдгор! Сенга одам муомиласини қилиб бўлмас экан ўзи. Юрт билиб қилганга ўхшайди...
— Вой-до-од!.. — деб қичқирди Ёдгорхўжа. — Вой-до-од Акбаралининг дастидан! Айтмадимми! Ҳамма ўғри, бошкесар, ялангоёқларнинг бошида Акбарали ўзи туради! Кечалари йигитлари билан босма қилади. Йигитлари ҳаммаси босмачи, ўғри...
— Олиб бор баччағарни! Қамаб қўй! — деб бақирди мингбоши; жаҳлидан ўз қўлларини чимчиларди.
Ҳеч ким қимирламади.
— Қаматиб кўр-чи, қани! Қаматиб кўр-чи! Нима қилар эканман! Ўғри, босмачи!..
— Ҳой, болалар, сенга айтаман! — деб қичқирди мингбоши. — Олиб бор бу босмачини, қамаб қўй ўша ҳужрага!
Дарвоза олдидаги йигитлардан учтаси келиб бойга ёпишдилар. Бой уларнинг учаласига ҳам сўз бермасдан, оғзидан тўхтовсиз «куфур» совурарди. Кейин бошқа йигитлар ҳам ёпишиб, уни ўртага олдилар: зўр билан сўфининг ҳужрасига олиб кириб, устидан қулф солдилар. Бу вақтда мачитда дарвоза олдига яна одамлар тўплана бошлаган эди. Мингбоши ўзининг эски, синоқта йигитларидан бирини эшик олдига қўйди: янги йигитлардан иккисини унинг ёрдамига берди. Сўнгра синоқта йигитнинг қулоғига эгилиб, бир оз таълимот берганидан кейин гузарга чиқиб, отига отланди. От тизгинини ушлаб турган аминга икки оғизгина сўз деди:
— Юрт ҳам тинчиди, бойлар ҳам тинчиди. Мундан кейин иккови ҳам номаъқулчилик қилмайди. Юртга ҳам насиҳат қил: ўз бошига иш тутмасин. Керак бўлса, бизга арз қилсин. Ўзимиз адабини берамиз!
Шундан кейин отнинг бошини буриб, йигитлари билан бирга ўз қишлоғига қайтиб кетди.
Қоронғи тушган, йўлнинг икки томонида — қуруқ ғўзапояси қолган, баъзи жойларда ғўзапояси ҳам юлиниб яланғочланган ерлар энди биринчи қорнинг совуқ тамосини кутиб ётардилар. Келишда бирушта чопиб келиб оқ кўпикка тушган отлар бу қисқа тўхталишда жиндак дам олган бўлсалар-да, яна ўша хилда тез юришга тоблари йўқ эди. Унча-мунчага чарчамайдиган саман йўрға қамчининг ели билан оёқларини бидратмоққа бошлаганда, мингбоши ўзи унинг бошини тортиб қўярди. Йигитларнинг отлари, бари бир, қамчи зарби билан ҳам шошилмоқчи эмасдилар. Йигитлар мингбошига малол келмаслик учун оҳистагина ғингшиб ашула бошладилар. Нозик замон, қоронғи кеча, совуқ ҳаво, кенг дала-да бу хиргойи негадир мингбошига ёқиб кетди.
— Ҳа, йигитлар, овозингни кўтара туш!
Йигитлар бир ерга ғужум бўлиб олиб, ашулани бир йўсинда чўзиб юбордилар. Отлар ҳам ашуланинг зарбига оёқ ташлаб, оҳиста-оҳиста борардилар.
Бу чопиб келиш ва ҳадемай яна отга отланиб уйга қайтишнинг бемаънилигини мингбоши ўзи ҳам англаган эди.
«Бутун бир қишлоқ қўзғолон кўтарди, — деб ўйлади у. — Бир одамни чала ўлик қилиб ташладилар. Мачитнинг панжаралари синди. Яна бириси қочиб қутулмаса, у ҳам ўларди ё майиб бўларди. Йигит-яланг чинакам қутурган эди. Бу, ҳазилакам гап эмас. Қишлоқнинг икки элликбоши, бир амини ҳеч нарса қилол-масдан, менга одам юборибдилар. Апил-тапил кийиниб, отга отланиб, етти-саккиз йигитим билан келдим. Келишим чакана бўлмади! Фақат натижада? Натижа нима бўлди? Нимага эришдим! Нима қилдим? Нимани бажардим? Йигит-ялангнинг арзини эшитдим (мингбоши, негадир, энди юрт дегиси келмайди). Ёдгорхўжа ўшқириб келиб эди, қаматиб қўйдим. Жиндак ҳовуридан тушмаса бўлмайди. Ўз қилмишига пушаймон бўлдими, йўқми — уни билмайман, аммо-лекин бугун-эрта чиқиб кетишига қаттиқ ишониб турганини яхши биламан. Қамоқдан чиқса, менга ёмон осилади. Иложи бўлса, ярим подшогача боради. Қўймайди лекин! Битта оғзи катта бойга кучим етмагандан кейин бу шоп-шалопни нега тақдим этди? А, пули тушкур-ей! Амалдан ҳам кучлик экан-а!.. Рост-да, Ёдгорхўжанинг оқибати нима бўлишини мен биламанми? Шундай катта мингбоши? Йўқ, билмайман! Уни шу ҳолда кўп сақлаб бўлмайди, эртага эрта билан ё конвой билан шаҳарга жўнатилади, ё чиқариб юборилади. Бошқа йўл йўқ! Шу йўлларнинг қайси бири маъқул? Қайси бири эп келади? Қайси бирини қилсам, ўзимга хайрият бўлади? Билмайман! Ҳайронман... Шу топда Мирёқуб жувонмарг бўлсайди. Бир оғиз гап билан маъқул маслаҳатни топиб берарди: «Қўй ҳам бутун, бўри ҳам тўқ» бўларди. Хотин дардига қолмай ўлсин, бетавфиқ! Битта ғайриддинни топиб неча ойлик йўлга кетибди-я!..»
Отлар ўлчовли қадам ташлаб ва бошларини жирка-жирка илгари босаркан, йигитларнинг гоҳ кўтариб, гоҳ пасаядиган мунгли ашулалари остида мингбоши додхонинг мияси шу хил фикрлар билан ташвишланарди. Мингбоши ўзининг Мирёқубсиз ҳеч нарсага ярамаганини умрида биринчи марта ўз-ўзига иқрор қилди. Тўғриси — қилишга мажбур бўлди. Мингбоши қанча ўйласа ҳам маъқул бир маслаҳат топа олмади. Мияси чарчади. Боши енгилгина оғригандай, кўзлари тингандай бўлди. «Хайр, қўй, — деди яна ўзига-ўзи. — Уйга борайлик-чи. Ҳеч бўлмаса, Ҳакимжондан маслаҳат сўрарман».
Сўнгра йигитларга юзланди:
— Қани, йигитлар, шўхроқ ашуладан бўлсин! Жаноза босиб кетди ҳаммаёқни.
Йигитлар кулдилар. Йўлда учраган кичкина бир қишлоқдан чиққач, шўх ашула бошланди. Унгача қиш нафасининг совуқ ва сержаҳл шамоли қўзғалди, унинг игналари юз ва қулоқларга ачитиб-ачитиб санчиларди. Қор учқунлари келиб гоҳ-гоҳ юзларни чимчиларди. Бир оздан сўнг саман йўрғанинг оёқ бидратганини кўриб, йигитлар ҳам қамчига зўр бердилар ва эл уйқуга ётган-да, ўз қишлоқларига кириб бордилар. Ҳаял ўтмай, йигитлардан иккитаси чарчамаган отлардан иккитасини олиб, яна Қумариққа жўнадилар, Ёдгорхўжани бўшатиб юборишга фармон берилган эди. Султонхонни ўз ҳужрасида қолдириб, негадир ҳалитдан қишлик пўстинини устига ташлаб ва уйқусираган сингари дов-дираниб ҳовлига чиққан Ҳакимжон икки йигитни у ёққа жўнатгач:
— Чакки қилиб қўйибсиз, хўжайин! — деди. — Билмадим, бу ишингизнинг оқибати нима бўларкан?
— Нима бўлса бўлар! — деди мингбоши. — Олса амалини олади-да. Жонни олармиди? Шунча йил хизмат қилганман.
— Мундай нозик вақтда хизматга қарамайди, хўжайин.
Мингбошининг жаҳли чиқди:
— Уйқудан қолибсан, мирза! — деди у. — Тур, жойингга кириб ёт! Эрта билан гаплаш мен билан. Ювуқсиз!..
Ўзи ҳам таппа-таппа қадам ташлаб, ичкарига юра бошлади. Мингбоши бу узун суҳбатни мундай чўрт кесиб ичкарига йўл солганига ичдан хурсанд бўлган мирза ўз уйига кирган вақтида, мингбоши додҳонинг хотини юрагини чангаллаб ўтирарди.
— Қўрқманг, — деди Ҳакимжон уни пўстини орасига олиб, — сиз ўз уйингизда ўтирибсиз...
Бу кеча Ҳакимжон қанча кам ухлаган бўлса, мингбоши ундан ҳам кам ухлади. Ярим кечада катта хотинини уйғотиб, жиндак гўшт қовуртирди. Бир шиша ароқ билан уни егандан кейин яна бир шиша ароқни ярим қилди ва шундан сўнг оч бўридай увлаб-увлаб уйқуга кетди.

XVII

Кечаси ташқарига бир қарич қор тушди. Деразаларнинг ойнаклари панжара гулчин сингари ғалати-ғалати нақшлар билан безандилар. Жипс ёпилмайдиган эшикларнинг икки қаноти орасидан совуқ қорнинг заҳарли изғирини кириб, уйларнинг токчаларини айланмоққа, унинг совуқ «ҳув-ҳув»лари шифт ораларидан эшитилмоққа бошлади. Қалдирғочнинг ташландиқ уясидан чигиртканики сингари ингичка ҳуштак овози чиқарди: изғирин беркиниб олиб, шўхлик қилаётганга ўхшайди!
Ҳакимжоннинг уйқусираган кўзларини уқалаб туриб кеча ярмида қилган ваҳимаси мингбошининг ўзига таъсирсиз қолмаган эди. Кечаси ичилган бир ярим шиша ароқ унинг миясини тарози тошидай оғирлаш-тириб, бир нафасда кўзларини юмдирган бўлса-да, тонг ёришар-ёришмас яна безовталик билан уйғонишига сабаб бўлди. Кўзини очган вақтида боши худди прессга тушган тойпахтадек ёрилгудек бўлиб оғрирди. Зўрға-зўрға қайрилиб ёнига қаради: севимли булбули, сочларини тўздириб, ширин уйқуда роҳат қилмоқда эди! «Нима қилсам? Уйғотсамми? Ё уйқусига ҳалал бермасамми?» деб ўйлади мингбоши. Фақат бошида ўтирган алвасти йўғон болтасини қўлига олиб, энди ўтин ёришга киришганидан чор-ночор қичқиришга мажбур бўлди:
— Тур, ҳай! Тур, дейман! — Бу мингбошининг ўз севимлисини биринчи марта сенлаши. — Қотиб қолибди баччағарди қизи! — Зебини туртди. — Тур, дейман, тур!!
Зеби кўзини очиб, дарҳол эшик томонга қаради:
— Ким у чақирган?
— Менман, мен. Тур ўрнингдан! — деди мингбоши унинг елка томонидан. — Тур, кечаги ароқдан олиб бер!
— Сизга нима бўлди?
— Кейин биласан. Бўл, ароқди бер тезроқ.
Бир катта пиёлага чоч қилиб тўлдиргандан кейин бир шимиришда ичиб бўлди.
— Аҳ, худога шукур! — деди. — Ётиб ухлай бер. Ҳали вақт эрта.
Ўзи оғирлик билан ўрнидан туриб, ташқарига чиқди. Ташқарида жон асари йўқ. Ҳамма уйқуда. Янги ёққан қор оёқ остларида ғирчиллама этик сингари овоз бериб ётарди. Дарвоза даричаси очиқ: демак, йигитларнинг намозхони Ўлмас ота намозга чиққан. Сўрига бориб ўтирмоқчи бўлди: сўридаги йиғиштирилмаган палослар қалин қор остида қолганлар. Тўшакча устидаги думалоқ болиш — тепаси қор, икки ёни қуруқ — чала бўялган тухум сингари чучмал ва ғалати кўринарди. Айвондаги гиламга чиқиб ўтириб, бошини чайқаб кўрди. Оғриғи тарқалган, енгиллашгандай бўлган, лекин мияга ўйларни тўплайдиган ҳолда эмасди. Ўйлар булут устига мингашган булутдай мужмал ва рангсиз эдилар. Гиламга узаниб, бошини қўллари устига қўйди: бемаҳал қишнинг совуқ тонгида шамоллаб уйқуга кетмоқ истарди. Бўлмади. Уйқу келмади. Кўзларининг уст пардаси ювилса-да, ич пардаси юмилмоқ истамас эди. Гўё бир бўлак гўшт бошининг олдига — худди пешона тепасига келиб олиб, билакдаги томирдай бирушта лўмшиб турарди. «Нима бўлди менга?» деб ўйламоқчи бўлди мингбоши: шу уч сўзни миясига тўплай олмади. Учала сўз бошини уч бурчига тарқалиб, ҳар томондан пойма-пой овоз берди: «Бўлди... нима... менга?...» Ўрнидан туриб, каттакон чорсисини сувга ботирди, сўнгра наридан-бери сиқиб олиб бошига босди ва шу бўйича касал одамдай ўнгтаб ётиб, уйқуга кетди.
Ҳакимжон келиб уйғотганда, соат 11 га якинлашган эди. Ўрнидан турмасданоқ ётган жойида учта-тўртта қалампир солинган аччиқ шўрвадан ярим коса ичди. Устига катта кўрпа ташладилар, ётиб терлади. Шундан кейин мияси жойига келгандай бўлиб ўрнидан турди.
— Мирёқуб акамдан хат бор, — деди Ҳакимжон.
— Ким олиб келди?
— Бошқа қоғозлар билан бирга шаҳардан юборибдилар.
— Нима дебди?
— Ўқиб бера қолай.
Ҳакимжон ўқий бошлади. Бошида узундан-узоқ дуою саломлар — ҳаммага алоҳида-алоҳида, номма-ном...
— Ўта бер, — деди мингбоши.
— Ундан кейин йўлдаги саргузаштлар...
— Ўта бер...
— Ундан кейин Қримнинг тоғлари, денгизларининг таърифи. Бир неча бет...
— Ўта бер... Лақма бўлмай ўлсин! Қачон келишини айтмайдими?
— Йўқ, — деди Ҳакимжон. Хатни энди Ҳакимжон ўз ичида ўкий бошлади.
— Ҳалиги манжалақи тўғрисида ҳеч гап йўқми?
— Йўқ. Бир жойда «жуда хурсандман, айшим жойи-да», дебди.
— Унинг айши жойида бўлмаган вақти йўқ... Менинг уйим куйди бу ерда! Ўта бер!
— Мана мунда бир гапи бор. «Агарда биронта нозик иш чиқиб қолса ва ҳам ҳоким тўра билан хилватда гаплашмакни тақозо қилинса, ҳамма гапни Зуннунбой орқали нойиб тўранинг оғачаларига айтилсин. Иншоолло, ҳар қандай мушкул ишлар ҳам ҳайрият саранжом топқай».
— Шуниси керак эди бизга. Яна қайтиб ўқи! Ҳа, балли, энди қаерга тушгани борми, йўқми?
— Ҳа, адреси бор.
— Бўлмаса, тезлик билан телеграмма жўнат. «Тез етиб келмасанг бўлмайди», дегин. Уқдингми?
— Хўп, хўжайин. Менга қаранг, додҳо. Хатнинг бошида ғалати бир гап бор, сиз қунт қилмай ўтдингиз.
— Хўш, хўш? Қани?
— Мана муни эшитинг: «Жаноби ҳурматлик отахонимиз, қиблагоҳимиз, миллатнинг отаси ва тараққийпарвар мулла Акбарали афанди мингбоши додҳо ҳазратларига кўп-кўп саломдан сўнгра андоғ маълум ва равшан бўлгайким... в.ҳ.».
— Нима бало? Жинни бўлдими? Йўқ ердаги бемаъ-ни сўзлар...
— Биласизми, хўжайин, бу сўзлар ҳаммаси жадидлар айтадиган сўзлар. Абдисамат мингбошига Самарқанддан бир жадид муфтининг ёзган хатини кўриб эдим. Ўшанда ҳам «миллатнинг отаси, тараққийпарвар...» деган гаплар бор эди...
— Нима дегани у?
Ҳакимжон бу бемаъни саволга жавоб бермасликни эп кўрди. Шу учун калтагина қилиб:
— Ўзим ҳам ҳайронман, билмайман, — деб қўя қолди.
— Ишқилиб, бизни Абдисаматга тенглаштирибди, дегин. Мирёқубдан келган оқибат шу бўлибди-да...
Шу топда мингбошининг юзида ёш болаларнинг аразлаши сингари бир нарса бориди. Ҳакимжон муни дарров пайқади. У аввал билинар-билинмас қилиб кулди, кейин овозида бир нав эрмак асарини босолмаган ҳолда мингбошига «насиҳат» қилди:
— Йўқ, хўжайин, ундай деманг. Мирёқуб акамнинг сиздан бошқа ҳеч кими йўқ. Сизга ҳеч қачон игнадек ёмонликни раво кўрмайди.
— Мен раво кўраманми, бўлмаса? — деди мингбоши.
Шу топда унинг кўнглидан «Менинг кимим бор ундан бошқа», деган аламлик бир фикр ўтди. Мингбоши бу оғир суҳбатни ёпмоқчи эди, шу учун дарров сўзни бошқа томонга бурди:
— Хўш, болалар келишдими?
— Йўқ, хўжайин.
— Нима, нима? Шу вақтгача келмадими? Қумариқ қанчалик йўл экан? Хуфтонда одам жўнатган эдик.
— Билмадим, хўжайин.
Худди шу пайтда, янги йигитлардан бири арвоҳ отни оқ кўпикка тушириб, чопганича етиб келди. Дарвозани очгунча бўлмай отдан ўзини ташлаб, ранги ўчган ва ҳаллослаган ҳолда мингбошининг қаршисига келиб тўхтади.
— Нима гап? Мунча ҳовлиқдинг?
— Иш ёмон, хўжайин. Иш ёмон... Йигит сўзлай билмасди.
— Ўтир, дамингни ростла! Битта-битта гапир!
Мингбоши ўзи ҳам икки қулоғини диккайтирди. Йигитга бир пиёла чой бердилар, ичди, нафасини ростлади. Сўнгра бирин-бирин сўзлаб берди.

* * *
Мингбошининг кечаси жўнатган икки йигити бу қишлоқдан чиқмай туриб, у қишлоқда яна тўполон бошланди. Тўполонни қамоқда ётган Ёдгорхўжанинг барзангидай икки ўғли билан нариги — калтакланган Умаралибойнинг бир ўғли бошлайдилар: кейинги бойваччанинг қўлида кичкинагина оппоқ «Смит-вессон» тўппончаси бўлади. Булар аввал Ёдгорхўжани қамоқдан қутқариб, кейин Умаралибойни калтаклаганларнинг бошлиғи ҳисобланмиш Маматурдини отиб ўлдирмоқчи бўладилар. Маматурдининг ўзи Умаралибойга йигирма йил қарол бўлган киши.
Тўхтасин бойвачча қўлидаги оппоқ тўппончани ялтиратиб қоронғидаги гузар олдидан ўтар экан, овозини бемалол қўйиб юборди:
— Ўз хўжайинига, нон-тузини ичган кишисига қўл кўтарган одам қандай одам бўлади? — деб сўзланади. — Ундай одамни тирик қўйиш ярамайди. Уни тирик қўйсак, бошқалар ҳам шунга эргашадиган бўлади.
Ака-ука бойваччалар ҳам бу фикрни маъқул топадилар ва мардларча қадам қўйиб, гузар олдига — мачитга ўтадилар. Бу вақтда гузарда оқ аланга қилишиб ўтирган бир-икки йигит дарров бориб, эшитган гапларини Маматурдига айтади. Маматурди қора синчалоғи билан ўнг қулоғини бир кавлаб олгач, жулдур гупписини елкасига ташлаб, уйидан чиқиб кетади: бир оздан кейин улар ҳам беш-ўн киши бўлишиб, кўприк олдида — баққол дўконининг айвончасига тўпланадилар. Бу вақтда биринчи қор қўшинининг илғорлари ерга етиб келиб, бир-бир қатор чизила бошлайдилар. Аччиқ изғирин чилдирмасини қўлига олиб, ғижбангни қизитади...
— Мен ҳеч кимга тегмоқчи эмасман, — дейди Маматурди. — Мачитда гап бошлаган ким бўлди? Ўшалар! Ўзлари «хотинталоқ», деб сўкинмаса, биз қўл кўтармас эдик.
— Ҳа, албатта, — деди йигитлар.
— Биз энди ҳам қўл қўтармаймиз. Қўл кўтариб келсалар, албатта, жон борича тортишамиз.
Пакана Тўхташ кўпчиликнинг фикрига қўшилмайди:
— Улар қўл кўтаргандан кейин қўл кўтарсак, кеч қоламиз, оғайнилар, — деди у. — Орқаларидан қувиб бориб, бирданига солдирмасак бўлмайди! Ҳа!
Эрали семизнинг жувозкаш боласи Тўхташнинг фикрини қувватлайди:
— Бостиргандан босган яхши, албатта!
— Йўқ, сенлар тушунмайсан, — деди Маматурди. — «Оғзи қийшиқ бўлса ҳам бойнинг ўғли гапирсин», деган гап бор. Ким кучлик? Пули бор кучлик. Подшолик, амалдорлик, ярим подшо ҳаммаси пули борнинг оғзига қарайди.
— «Пули борнинг гапи ўнг, пули йўқнинг гапи тўнг», — дейди яна биттаси.
— Ҳа, баракалла. Биз олдин қўл кўтарсак, бу номард амалдорларинг бутун қишлоқни отув қилишдан ҳам тоймайди. Ўзлари бир нима деб келишса, биз ўшан-га қараб муомила қилайлик.
— Ҳа, ҳа, тўғри, — деди қишлоқ йигитлари.
Бир оз ўтгандан кейин Маматурди бошини кўтарди:
— Менга қара, болалар! Унинг қасди менда. Мен ўзим олишаман. Сенлар аралашмасанг ҳам бўлади. Сенларда қасди йўқ.
Йигитлар ҳаммаси бир оғиздан:
— Йўқ! — деб қичқиради. — Биз сенга қўл тегиздирмаймиз!
Бу орада учала бойвачча қамоқдаги «бечора»ни қутқариб олиш учун қанча зўр бериб, ҳеч нарса чиқара олмайдилар. Мингбошининг синашта йигити қаттиқ туради, милтиқ қўндоғини ўз кўксига қадаб туриб қичқиради:
— Яқин келганингни отаман! Мингбошидан буйруқ келгунча ҳеч кимни яқин келтирмайман.
Унинг ёнидаги йигитда ҳам ов милтиғи бўлганидан бой болалари қўрқадилар: тўппончани қўйнига солиб туриб қаҳрамон бойвачча аччиқ-аччиқ сўкинади: бу билан улар учови тез-тез қадам қўйиб, мачитдан чиқиб кетадилар. Мачитнинг чап биқинидаги тор кўча билан далага чиқиб, ундан сув бўйлаб тўппа-тўғри Маматур-дининг уйига борадилар. У ерда Маматурди бўлмаганидан «бирор жойда беркиниб ётгандир», деб уйнинг ҳар томонини қидира бошлайдилар. Маматурдининг гангиб қолган хотини «кўчага чиқиб кетди», гузардагилар «фалон» деса ҳам қулоқ солмайдилар. Хотин бечора бойваччанинг қўлида оппоқ тўппончани кўргандан кейин қўрқиб, кўчага чиқиб кетади ва овозининг борича бақириб «дод» демоққа бошлайди.
Хотинининг фарёдини эшитгандан кейин Маматурди ишнинг нималигини дарров пайқайди, йигитлар билан бирга ўз уйига қараб югуради. «Ҳай, ҳай! Ҳай, ҳай! Бу нима гап?» деб эшикдан кирган ҳамон бойвачча айвон олдидан югуриб келиб, унга қарата ўқ узади, ўқ Маматурдининг чап елкасига тегиб, уни ярадор қилади, у ёқдан пакана Тўхташ етиб бориб, калтагина бир таёқ билан бойваччанинг қўлига уради, тўппонча икки-уч қадам нарига бориб тушади, нариги икки бойвачча буларга қараб тош отишга киришадилар. Шундай қилиб, икки орада яна уруш бошланиб, натижада ака-ука бойваччаларнинг бири ўлади: бири озроқ калтак егандан кейин қочиб қутулади, тўппончали бойвачча эса тўппончасидан воз кечиб, қоронғида бир жойга беркинади. Қон кўп кетганлигидан Маматурди ҳам йиқилиб қолади. Унинг хотини эрта қачон ўзидан кетган бўлади.
Мачитда эса ҳужранинг дарпардасини ағдариб ташқарига чиққан Ёдгорхўжа икки йигитга сўз бермай чиқиб кетмоқчи бўлади: йигитлар қор билан намланган ерда у билан анча олишгандан кейин қўл-оёғини боғлаб, яна ҳужрага киритиб қўядилар. Шундан кейин икки йигит етиб бориб, мингбошининг буйруғини эшиттиради. Бой қўл-оёғи бўшалгандан кейин йигитларни масхара қилиб кулади: жуда бўлмағур гаплар билан ҳақорат қилиб сўкади: «Ҳаммангизни оттириб юбормасам, номимни бошқа қўяман», деб қичқиради. Йигитлар индамай тура берадилар. Фақат енгилгина кулиб қўядилар. Янги йигитларнинг бири қаттиқроқ кулиб юборгандан кейин бой туриб унга ёпишади — урмоқ қасдида бўлса керак. Шундан кейин синашта йигитнинг ман қилганига қарамасдан, мингбошининг янги йигитлари унинг ўзини анчагина калтаклаб ташлайдилар.
Бутун шу ҳангомалар бўлган вақтда қишлоқнинг бир амин ва икки элликбошисидан ҳеч бири кўринмайди: улар мингбоши кетар-кетмас, уйларига кириб яширинган бўладилар...

* * *
Мингбоши бутунлай гангиб қолди. Нима қилишини билмайди. Кимдан маслаҳат сўрашга ҳайрон бўлади. Шу тирранча Ҳакимжондан маслаҳат сўрай берса, у нима хаёлларга боради? Ҳолбуки, бу Қумариқ воқеаси уни икки ўт орасига ташлаб қўйди: бир томонда ҳақлиги очиқ кўриниб турган фуқаро, халқ: бир томонда — пули қўп, обрўлик катта бойлар. Мингбошининг ўзи учун, шу топда, фуқаро қўрқинч эмас: мингбоши нима деса, «йўқ» демайди фуқаро. Бойлар бўлса на фуқарони бир чақага олади (муниси-ку, майли-я), на мингбошини (мана, мунисига чидаб бўлмайди!). Очиқдан-очиқ сўкади, ҳақорат қилади, халқ олдида «сени у қилдим, бу қилдим!» деб бақиради. Мингбошига қолса, иккала бойни Сибирга жўнатарди. Лекин бу бўладиган иш эмас. Фуқаро қанча ҳақли бўлса ҳам, шаҳардаги катталар пули борнинг тарафини олади, унга озор бермайди. Энди мундан кейин бойлар ҳам тек турмайди: бор-йўғини адвокатга бериб, каттакон аризаларни ёздиради: катта нойибга, уезд ҳокимига, ярим подшогача ариза юборади. Ишқилиб, мингбошининг бошини емай қўймайди... Қани энди, Мирёқуб бўлса! Албатта, бир тадбирини қиларди. Қўймасди.
«Аттанг, — дейди мингбоши ўз-ўзига. — Қишлоқ одамлари чакки қилибди. Кечанинг ўзида иккала бойни ўлдириб юборишса яхши бўларди. Айб менга туш-масиди: чунки мен у ерда йўқ эдим. Жуда соз бўларди. Аттанг, аттанг...»
Нима қилишини билмасдан ичкарига кириб, ташқарига чиқиб, ҳовлига ўтиб, кўчада айланиб, кеч киргунча хаёл суриб юрди. Кеч кирганидан кейин Зебининг ёнига кириб, кечаги овқат билан бирга бир шиша ароқни ичиб олди. Сўнгра тўшакка ёнбошлаб ўзининг қўпол ва хунук овози билан турли-туман, алмойи-ал-жойи қўшиқларни айтишга бошлади...
Учала хотин даҳлиз эшиги олдида тўхташиб, ашулани эшитар ва ағанаб-ағанаб кулардилар. Фақат, биргина Пошшахоннинг кўзларида Зебининг тўйидан бурун бўлгани сингари ўткир бир жиддият кўринарди. Бу жиддият ичидаги оғир изтиробларнинг кўзларда акс этган кўлагалари эди. Унинг шу топдаги кўзларига тикилиб қараган киши қўрқиб кетади. Фақат ҳар бири ўз кунини ўзича кўраётган кундошлар у кўзларнинг қўрқинч ифодаларидан бехабар эдилар... «У енгган, ютган, ошиғи олчи келган, деганини бўлдирган кундош эмасми? Нима ғами бўлсин?...» Кундошлар шундай ўйлайди.
Лекин ҳақиқатда...
Ҳақиқатда эса мингбоши хотинлари орасида энг жонли ва энг эслиги бўлган бу жувон Султонхонга қарши очган қурашининг натижасидан норози эди. Зеби келмасдан бурун қандай зўр бериб ўйлаган бўлса, энди ундан кўпроқ хаёл суради. Унинг хаёли дарёлардай бу жувонни аллақайларга оқизиб олиб кетади. Ушлаб бўлса экан, хаёлларнинг учини!
«Нима бўлди? Зебихонни келтирдик: қанча қийинчиликлардан сўнг унинг қайсарлигини синдириб, қўзидай юмшоқ-ювош ва мулойим қилиб, мингбошига топширдик. Мингбоши энди ундан хурсанд: Зебихоннинг ҳам хафа бўлгани маълум эмас.
Нега хафа бўлсин? Мингбоши ўзи қари бўлса ҳам қуввати жойида: у ўзи бир хотинга қаноат қиладиган бўлса, хотин киши, албатта, қаноат қилади. Ундан ке-йин, «Ёш хотин қари эркакни яшартиради», деган гаплар бор: қариганда уйланадиган эркаклар шу ҳикматга амал қилар эмиш. Мингбошига тегмагани билан Зебихоннинг бахти кулармиди? Маълум эмас. Мингбоши қари бўлса, унинг ўрнига мутлоқ ёш бир йигит келишига ким кафолат берарди, дейсиз? Зебихоннинг отаси қизининг нозига қарайдиган кишими? Йўқ, асло йўқ! Мингбоши билан оралари тузалгандан кейин муни Зебихоннинг ўзи иқрор қилмадими? Бир куни кундошларига нима деди у? «Ов, — деди, — қиз боланинг пешонаси қурсин! Ўзи хоҳлаб эрга тега олармиди? Мени отам шу қари одамга берди, деб койийман: мунга бермаса кимга берарди? Ўзим суйган йигитга берармиди, қалай? Тантилиги тутиб кетганда, эшонбобога бериб юборарди... У мундан беш баттар! Хўш, мингбошининг ўзи, одамлар айтгандай, жуда хунук ва бадбашара одамми? Албатта, кўп эркаклардан хунукроқ... Ўлгудек қўпол... Аммо-лекин дунёда ундан ҳам хунук, ундан ҳам қўпол эркаклар бор-ку! Мунга бермасалар, ўшалардан бирига ҳам бермас эдилар, деб ким айта олади? Ҳеч ким!»
Пошшохоннинг ўткир ўйи, ўргимчак инидай ҳар томонга ёйилиб, миясини ғовлатди. Тиним йўқ у ўйлардан!
«Султонхоннинг ўрнини Зебихон эгаллади. Мингбоши Зебихоннинг уйига бутунлай капа тикиб олди. У уйдан гоҳ ёш келиннинг қувноқ ва болаларча кулиши, гоҳ қари куёвнинг хурсанд қийқиришлари, гоҳ бўлса, янги қайлиқнинг йўрға зарбли дутори билан ширин ва ширинлик овози, гоҳ бўлса, янги келтирилган грамофонда Нетайхоннинг қичиқ яллалари эшитилади... Ана, турмуш! Ана, куёв-қайлиқ! Пошшахон билан Султонхон қайлиқ бўлибдими? Зебихонга элчи қўйиб юрилган вақтларда мингбоши бир сўз деган эмасмиди: «Шуни қўлга келтирсам, бор-йўғимни тутаман. Бор-йўғим шуники бўлади. Биттагина бола туғиб берса, меросхўрим бўлади. Бошқаларга ҳеч нарса йўқ!» Яқинда ҳам Ҳакимжонга айтган эмиш: «Мен энди топдим бахтимни. Ҳаммаёғим шуники. Бошқаларга беш-тўрт та-ноб ерни тириклигимда ўтказиб бериб, қолган давлатимни батамом шунга қолдираман». Мингбошининг катта давлатидан катта мерос кутгани учунгина қора кўзли Мирёқуб Пошшахонни қучоғига олган эмасмиди? Орада ваъда беришлар бўлган эмасмиди? Мирёқубдай қора ва чиройли кўзли, тани-жони соғ, ўзи бардам, базмчи, айшу ишратни ҳамма вақт ширин суҳбат билан бошлайдиган, озода ва ширин сўзли эркакни қандай топиб бўлади? Мингбошининг ҳамма давлати қолмаганда ҳам, кўпроқ қисми Пошшахонга қолганда, Мирёқуб яна қучоғини очиб келардику-я. Бир ўрис хотин билан аллақаёққа кетган эмиш. Бу эркак халқи шунақа итмижоз бўлади. Биттага илашса, эргашиб кетаверади... Майли, ўйнаб келади. Мингбошининг катта давлати тинч қўяди, дейсизми?»
Пошшахоннинг кучли ўйлари шамолдай учади, баланд-пастни айланади. Қани энди, уларни тутиб бўлса!
«Мирёқубга ваъда қилинган катта давлат яқин ўртада Зебихонга тегадурғонга ўхшайди. Мингбоши, ахир, ҳамма хотинларидан қари. Сўнг вақтларда ароққа ёмон берилди. Бу хилда ича берса, бирида бўлмаса, бирида юраги куйиб ўлади. Ўлими ҳам яқин энди унинг! Юрт бесаранжом... Мингбошига эмас, ундан каттароғига ҳам сўз бермайди. Қумариқдаги тўполон мингбошининг ошига заҳар қўшиб қўйди, ўтирар жойини тополмайди.
Мингбоши бу кетишда ўлмаганда ҳам ё бекор бўлади, ё бошқа. Аччиғи келса, «вайна»га кетиб қолади... Бор-ди-ю, бир кун эрта билан мингбоши жон таслим қилди. Давлати нима бўлади? Давлати қурсин! Ҳаммани еб адо қиладиганга ўхшайди. Илгари тўрт киши ўртасидайди, энди беш киши ўртасига тушди. Илгари ҳеч бўлмаса, ҳар кимга ўз ҳиссаси тушади, деган умид бориди: энди уч хотинга бир ҳовучдан ер, қолган ҳаммаси Зебихонга. Дунёда ўз оёғига ўзи болта чопадиган аҳмоқ ҳам бўладими?».
Ойнага қарайди Пошшахон: «Мана, мана, ўша аҳмоқ!» дейди, йиғлашга ҳозирланган овози билан қаҳ-қаҳ солиб кулади.
Пошшахоннинг жаҳлига теккан яна бир нарса — Султонхоннинг бепарволиги! Шу бепарволик, шу ўйнаб-кулиб юришлар Пошшахоннини сил қилади, сил!
«Нима бўлди бу жувонга? Эртадан-кечгача кундошлари билан ўйнашади, гапиради, ашула қилади, кулади, кулдиради, тегишади, ҳазил қилади, қитиқлайди, қочади, қувлайди, қувлашади. Қор ёққанидан бери қишлоқнинг ярим хотин-қизлари билан қор отишиб чиқди... Учта билан «қор хати» ўйнаб ютди... Нима бало бўлди бу жувонга! Кеч кирса, хуфтондаёқ ўзи уйига чекилиб, эшикни ичидан беркитиб олади: тонг отгунча дом-дараксиз йўқ бўлиб сингиб кетади... Энг ашаддий душмани Зебихон эди: энг яқин ўртоғи Зебихон бўлиб қолди. Иккаласи сирдош, маҳрам...»
Бир замон Султонхоннинг бошидан ўтган уйқусиз кечалар энди Пошшахоннинг кўзини юмдирмайди. Ҳар куни шомдан тортиб, азонгача ётган жойида уёқ-буёққа ағаниб ўй ўйлайди. Кўп ўйлаш натижасида, Султонхон ўзининг маълум қарорини бериб дарҳол ишга киришган эди, энди Пошшахон ҳам, ўзининг қўрқинч қарорини берди ва ишга бошлади. «Энди бир ўқ билан икки қушни ағдариш керак».

* * *
Пошшахоннинг қарори қандай қўрқинч бўлса, унинг бажарилиши шу қадар тез ва осон бўлди: баққолдан яширинча олдирилган кучала кичкинагина декчада эр-тадан-кечгача қайнади: эрталаб унинг суви бир чойнакка солиниб, Зебининг уйига олиб кирилишга мўлжалланди... Бу вақтда мингбошининг қолган учала хотини Дадабой баққолнинг катта қизиникига зиёфатга чиқиб кетган эдилар. Мингбоши эса шошилинч суръатда шаҳарга чақирилган, яшириб бўлмаслик даражада бесаранжомлик ва талваса кўрсатган ҳолда эрталаб шаҳарга жўнаб кетган эди. Пошшахоннинг уйида аллақандай бир қариндоши ўтирганлигидан кундошлари уни қистамадилар. Хадичахон келиб уни ташқарига чақириб олган ва «Меҳмонингизни жўнатгандан кейин чиқинг. Кечгача ўйнашиб ўтирамиз», деган эди.
Шундай қилиб, ўзи ёлғиз қолган Пошшахон бемалол Зебининг уйига кирди... Токчада бир кичкина чойнакда «табаррук» сув бор эди, у сувга Раззоқ сўфининг илтимоси билан эшоннинг ўзи дуо ўқиб дам солган, уни ичгандан сўнг тез фурсатда Зеби ҳомиладор бўлиб, бола туғиши керак эди. Чойнакдаги «табаррук» сувни ҳўл обрезга тўкиб ташлаб, ўрнига ўз чойнагидаги сувни тўлдирди. Тамом. «Зеби кечқурун чиқиб сувдан ичади-да, тил тортмай ўлади. Тўртинчи хотиннинг учинчидан бошқа кундоши бўладими? Муни ёш бола ҳам билади...»
Уйдан тўппа-тўғри баққолнинг қизиникига чиқди. Анчагача кундошлари ва ўртоклари билан гаплашиб, ўйнашиб, кулишиб ўтирди. Ўзи заҳар бераётган кундо-шини бир қучоқлаб ўпти... Зебининг ўпишлари иссиқ ва астойдил бўлса ҳам, Пошшахон негадир ҳалитдан уни ўликнинг совуган лабларидан олгандай бўлар ва нишаб сувга тегиб турган майса учидай енгилгина қалтирарди. Қаҳқахалар билан дунёни бошига кўтарган вақтларида ҳам ўз қўлининг беихтиёр кўкрагига бориб қолганини пайқар, аллақандай совуқ бир туман парча-сининг кўкрагида ивирсиб, у ер-бу ерга қадалиб юрга-нини сезарди. Шу қадалган нарсани чиқариб юбормоқ учун ўзини зўрлаб бўлса ҳам, бир-икки марта қаттиқ-қаттиқ йўталди. Фақат бу йўтал унинг оғзидан эмас, аллақандай етти ёт бегоналарнинг оғзидан чикди, бу йўтал овозидаги орият шу қадар очиқ эдики, йўталдан сўнг Пошшахон яна кўксини ғижимлашга мажбур бўлди.
— Нима бўлди жоним, сизга? Шамоллаб-нетиб қолдингизми? — деб сўради Зеби.
Зебининг шу меҳрибон, шу содда, шу болаларча маъсум кўзларида самимиятдан бошқа ҳеч қандай маъно бўлмаса-да, Пошшахон унда қуйидаги сўзларни ўқиди: «Бир мени ўлдирганинг билан мақсадингга етолармидинг? Бекор менинг ёш жонимни жувонмарг қилганинг қолади».
Шундан кейин, ҳалиги туман парчаси кўкрак теграсида от қўйиб, чопқиллай бошлади. Бутун аъзои-баданидан ялмоғиз кампирнинг муздек совуқ қўллари ўрмалагандай бўларди. Ёш жувоннинг ранги ўчди.
Кундошлари унинг теграсини олдилар:
— Нима бўлди, Пошшахон, сизга?
— Совуқ олдирибман, шекилли...
— Чиқиб ётинг, бўлмаса.
Овқатга ҳам қарамасдан, уйига чиқиб кетди. Шу бўйича эртаси куни ҳам бошини кўтаролмади...

XVIII

— Акбарали, сен шундай бир иш қилибсанки, — деди нойиб тўра, — энди мундан нари мен сени ҳимоя қилолмасман.
Мингбоши нима дейишини билмасдан ерга қараб жимгина ўтирарди.
Нойиб тўра давом этди:
— Иккала бой бир бўлиб энг яхши адвокатга икки қулоч ариза ёздиришиб, тўппа-тўғри ҳоким тўрага тутибдилар. Ҳоким тўра телефон берди, мендан бир оз койиди. Аризани кўрдим. Ёмон нарсалар бор унда... Сени энди ҳеч ким ҳимоя қилолмас, деб қўрқаман...
Мингбоши беихтиёр бошини кўтариб, нойиб тўрага қаради, сўнгра яна бурунгидан кўра пастроқ энгашиб, амиркон этигининг букилган болдирларига тикилди.
Нойиб давом этди:
— Ҳозир, сен келмасдан бир оз бурун, бир одамни Қумариққа юбордим. Участка пристави ҳам ўша ерда. Мачитда икки бойга қарши мушт кўтариб чиққанларнинг ҳаммасини қамоққа олади. Бошқа чора йўқ. Имом домлага бизнинг номимиздан раҳмат айтишга буюрдим. Жуда яхши сўз қилган, дейдилар.
Мингбоши чидаёлмади:
— Тақсир тўра, мен ҳайронман: ҳалиги қамоққа олинадиганларда заррача гуноҳ йўқ-ку. Бу қандай бўлади? Агар ўзингиз ўша ерда бўлсангиз, иккала бойни отардингиз...
— Биламан, — деди нойиб, — жуда яхши биламан. Унақа мингта аризадан сенинг бир оғиз сўзингга кўпроқ эътибор қиламан. Бойларнинг қутургани рост, суриштириб кўрдим. Улар ўз қилмишларининг жазосини тортганлар...
Мингбоши дадилланди:
— Ундай бўлса, мундай адолатлик подшо вақтида очиқдан-очиқ ноҳақлик қилишга қандай йўл қўйилади?
Нойиб кули:
— Соддасан, Акбарали. Подшолик ҳамма вақт юртнинг обрўйлик одамларини ҳимоя қилади. Обрўй давлат билан топилади, муни биласан. Ундан кейин, қишлоқ одамларининг шунақа ўзбошимча ҳаракатларига йўл қўйиб берсак, оз вақт ичида қишлоқдан қўл ювишимиз керак бўлади. Сен хомсан сиёсатга...
— Мен бир оми одамман, — деди мингбоши, — сиёсатингизни билмайман. Қўлимдан келганича подшоликка хизмат қилиб келдим. Шунча замон қилган хизматимни назарга олмасмикин?
— Мен ҳам шуни ўйлайман. Акбар, сен ҳозирча боравер. Мен ҳоким тўранинг олдида сени оз бўлса ҳам ҳимоя қилиб кўраман. Бўлмаса, сенинг ўрнингга бошқа одам қўярмиз. Давлатинг катта, еб ёта берасан. Ўзинг ҳам қариб қолдинг.
— Майли, тақсир, — деди мингбоши бир оз енгил тортиб, — амалдан туширингиз, майли. Қариган вақтимда сўроқ бериб юришга нафсим қўймайди...
— Менга қолса, сенга тегмас эдим. Акбар. Иш ҳоким тўрада. Ҳоким тўрани йўлга солиш қийин бўлади, унга бир нарса дегани қўрқаман... чунки, иш жуда хунук. Хайр, боравер, иложи бўлса, ўша иккала кўппак билан ўзинг битиш. Балки, аризанинг беоқибат қолдирилишини сўраб, ариза берарлар. Мирёқуб бўлсайди, сенга осон бўларди...
Шу билан мингбоши кўнгли бузилиб маҳкамадан чиқди. Мингбошиликдан бекор қилсалар, унча қайғурмас эди; мунга ўз нафсини бир иш қилиб кўндира оларди. Лекин «Акбарали мингбоши амалидан бекор бўлибди», деган хунук гапни ҳалиги икки бой билан Абдисамат каптарларнинг қанотига илиб, шамолнинг қўлтиғига қистириб, ёмғирнинг томчисига жойлаб, булутнинг қўйнига солиб учиради; ҳар бир учган қарға шуни айтиб қағиллайди, шу билан икки кун ичида у шумли хабар ер юзини айланиб, Маккатиллогача етиб боради. У ерда мингбошининг эски кушандаси Насриддин бақироқ Каъбайи шарифнинг баланд томига чиқиб, араб тилида айюҳаннос тортади... Ундан кўра ўлгани яхши эмасми?
Зуннун билан бирга нойиб тўранинг уйи олдидаги пастгина скамейкага ўтирдилар.
— Мен ҳам эшитдим, ота, хунук гап бўлибди, — деди Зуннун.
— Ёмон бўлди бу иш, шу сабабдан сенинг ёнингга келдим. Яқинда Мирёқуб акангдан хат келиб эди. «Баъзи бир нозик ишларни Зуннун билан гаплашинглар, у ўзи нойиб тўранинг бекасига айтиб тўғрилайди», деган экан. Шунга келиб эдим.
— Жоним билан, ота! Мирёқуб акам айтмаса ҳам қилиб бераман. Бемалол буюра беринг.
— Ҳамма гап ҳоким тўрада, дейди. Ҳайронман. Бека билан гаплашгин-чи, нима маслаҳат берар экан.
— Сиз Эски шаҳарга тушиб, кечгача бир айланиб келинг. Мен бека билан гаплашиб қўяман. Кеч пайти-да жавобини айтаман. Шунга қараб иш қиласиз.
Мингбоши ўша кунни зўрға ўтқазди. Намозгар бўлмасдан туриб Зуннуннинг олдида эди.
— Катта пул керак эмиш, — деди Зуннун бирданига. Мингбоши ҳам устидан тоғ тушгандай енгил нафас олди.
— Пул билан битадиган бўлса, майли. Пул топилади. Мингбошининг енгил нафас олганини кўриб, Зуннун ҳам очила тушди, унинг кўзларида бурунги андиша қолмаган эди.
— Бекамиз бундай дедилар: «Ҳоким тўранинг хотини билан ўзим гаплашиб кўраман, иш қалтис, бир нарса чиқадими, йўқми — олдиндан айтолмайман. Ҳар қалай, бир минг, бир ярим минг пул керак», дейдилар. «Ўзимга бўлса, Акбарали қадрдон одам, иш эпланадиган бўлса, кейинча бир нарса қилар», дейди. «Аммо, дейди, иш жуда нозик, бир нарса чиқариб бўлармикин, йўқмикин — ҳайронман», дейди. «Пулни олиб кела бер-син ётиб қолгунча отиб қолайлик», дейди. «Аммо менга ишониб ўзи ҳаракатсиз юрмасин», дейди.
— Қуллуқ, Зуннун, қуллуқ сенга. Бу иш — тузалмайдиганга ўхшайди. Хайр, майли, эрта-индин пулни эплаб олиб келайин. Бир уриниб кўрайлик. Чиқса-чиқар, чиқмаса отасининг гўрига...
— Ичкарига кирайлик, ота. Битта-яримта чой қилай.
— Йўқ, Зуннун, томоғимдан ҳеч нарса ўтмайди. Мингбоши Зуннун билан хайрлашмасданоқ ўрнидан туриб кетди. У ердан чиқиб, оддий бир майхонага кирди. Бир шиша ароқни жиндек кабоб билан ичиб олди. Сўнгра мияси хамирдай кўпчиб, от устида қий-шая-қийшая орқасида икки йигити билан қишлоққа жўнади...

* * *
Уйдагилар аллақачон ётган эдилар. Довдираганча қоқилиб-йиқилиб Зебининг уйига кириб борди. Мияси ҳеч нарса англамасди, шундай бўлса ҳам эртага ё ин-динга бир иш қилиб лоақал уч минг сўм пул топишга жазм қилди. Мунинг учун ҳеч қандай тадбирдан че-кинмаяжак эди.
— Тур, ҳай! — деди Зебига.
Зеби ётган жойидан туриб, фонарни баландлатди.
— Дастурхонни ёз! Егулик нарсанг борми?
— Ҳа, косада ош бор.
— Бер буёққа.
Зеби эрининг маст эканлигини билса-да, унинг овозидаги бу ғайритабиий қўрслик ва қаттиқликка ҳайрон бўлди, бошини кўтариб, унга тикилди, «ўзими, бошқами?» дегандай...
— Нимага менга қарайсан? Ё мастмисан, синталоқ? — деди мингбоши.
Зеби индамасдан дастурхонни ёйиб, ошни қўйди.
— Оч муни! — Мингбоши ёнидан бир шиша ароқ олиб узатди.
— Мен очишни билмайман, — деди Зеби, кўз ёшлари қавоғига келиб тизилган эди.
— Менинг хотиним бўлиб ароқ очишни билмайсанми? — деди мингбоши, хохолаб кулди. — Ўрган! Мана, қараб тур! — Шишанинг тагига йўғон шапалоғи билан икки марта урди, пўкак сачраб чиқиб, шифтга тегди, сўнгра у ердан сачраб, токчадаги катта жомга келиб тушди, «жар-р-ранг»... этди жом.
— Ҳа-ҳа-а!..— деди мингбоши. — Жомларингни жа-ранглатдим, синталоқ!
Бир-бир кетин икки пиёлани тўлатиб ичди, енги билан оғзини артди. Сўнгра бир пиёлани чоч қилиб Зебига узатди:
— Ма, ич! Одам бўласан!
— Вой, ўла қолай! Ароқ ичаманми? Қўйинг, гапирманг!
— Одам бўласан, дейман! Ол! О-ол!!! Зеби орқасига чекилиб йиғлаб юборди.
— Қўй, майли, ичмасанг ичма, — деди мингбоши. — Ўзим ичаман!
Бир шишани тамом қилиб, ювуқсиз қўли билан ошга чанг солди. Ошнинг ярми бармоқлари орасидан дастурхонга, кўрпа-тўшакка, ўзининг либосларига тўкиларди. Зеби деворга суяниб бу қўрқинч куёвни томоша қиларди...
Мингбоши, оғзида тўла ош билан: «Нетайхон, айланай, ёдимга тушди-е...» деб хиргойи қилди. Ошли оғиз билан бошланган хиргойи томоққа тиқилди, минг-боши қалқиб кетди ва оғзидаги ошни косага пуркаб яна ошга қўл узатди. Зебининг кўнгли айниди, шекилли, секингина тисарила-тисарила даҳлизга чиқди. Даҳлизда бир пиёла совуқ сув ичди. Юраги куйгани босилмади, шекилли, яна қуймоқчи бўлди. Сув йўқ эди. Бир қаноти очиқ эшикдан уйга қаради. Мингбоши яна битта шишани очиб, пиёлага тўлдираётган эди... Зеби ташқарига чиқиб, тоза қор билан қўлини ювди, тоза қорни юзларига суркади, жиндак еди. Анча шамоллаб ва енгиллаб кирган вақтида, мингбоши дастурхон ёнида ағнаб учиб қолган эди. Уни қўзғатиб ўтирмасдан, дастурхонни секингина йиғиштириб олди-да, бир чеккага бир ёстиқни ташлади, устига бир тўшакчани ёпинди, фонарни пастлади, шу билан уйқуга ётди. Орада қанча ухлагандир, ўзи ҳам билмайди, бесаранжон бир қичқириқ билан уйғонди:
— Сув! Сув! — деб қичқирарди мингбоши.
Зеби уйқусираб келиб, яна фонарни баландлатди. Унгача мингбошининг қўрқинч овози яна кўтарила тушди:
— Синталоқди қизи, сув, дейман! Сув! Юрагим куйиб кетди... Ёниб кетди!.. Сув! Сув!!!
Зеби шошиб қолди, тез бориб чойнакдаги табаррук сувни қўлига олди ва — ҳеч нарса ўйлашга фурсат йўқ — дарҳол мингбошига узатди...
Мингбоши чойнакдаги сувни бир шимиришда тамом қилди. Зеби энди унинг тинчиб уйқуга кетишини кутарди. Ёнига юмшоқ болишлардан иккитасини қўйди, устига кичкинагина бир тўшакни ёпди. Мингбоши ҳам тинчиб қолгандай бўлди.
Зебининг киприклари энди бир-бирига текканда, мингбоши бирданига даҳшатли бир товуш чиқарди. Ўрнидан туриб камарларини, тўнларини апил-тапил ечишга бошлади. Зеби бутун бу ҳаракатларни бояги сингари мастлик асарлари, деб ўйлади. Унинг камар ва тўнларини бир-бир олиб, қозиққа илди, иккаласи учун солинган жойни тузатди — эрини секингина олиб бо-риб ётқизмоқчи бўларди...
Мингбошининг кўзлари чаноғидан чиқиб кета бош-лади. У энди кўйлакларини йиртиб, кўксини, томоқларини тинталай бошлади... Бор кучи билан зўр бериб нафас олишга тиришарди. Сўнгра бузуқ овоз билан зўрға-зўрға:
— Бўғма, бўғма мени!.. — деб қичқирди. Бир-иккита қадам босиб, девордаги жовонга суянди, бир нафас тинч қолгач, яна бўғзига қўл узатиб, этларини чўзди. Кўксига муштлади. Ундан кейин бир қўлини юқори кўтариб, бошига қўйди. Кўзида икки-уч томчи йирик-йирик ёш кўринган эди. Ғалати, ювош, мулойим, беозор ва аянч назар билан Зебига қаради ва иккала қўлини қўйиб юбориб, бошини бир томонга шилқ этиб ташлади-да, ўзи ҳам деворга суйкана-суйкана секингина ерга ўтирди, бир нафас ўтиргандан кейин бир тарафга қийшайиб, оҳистагина ёнгинасига йиқилди ва шу бўйича қимирламай қолди...
Нафас ичига тушгани ҳолда деворга орқасини бериб бутун бу фожиани кузатаётган Зеби бўлган ишни англадими, йўқми — ҳар ҳолда, қиш кунида, югурганича куйлакчан ташқарига чиқди ва ихтиёрсиз фарёд солди.
Кундошлари ҳам бирин-бирин уйғониб чиқдилар ва мингбошининг кенг ичкарисида азонга яқин тўрт хотиннинг азани билдирган йиғи овози кўтарилди.
Улар орасида ўқ отиб мўлжалига тегизолмаган Пошшахон ҳам бориди. Ким билади, мингбошининг ўлимига йиғлайдими у жувон, ё Мирёқубнинг бевафо-лиғига, ё бўлмаса ҳайф кетган кучалага...

XIX

Кундошлик орқасида юз берган бу жиноят замоннинг нозиклиги орқасида оловга ташланган жиззадек бўлди. Кичкинагина уезд шаҳрининг кичкина ва тор мияли амалдорлари — ҳаммаси аскардан етишган «азаматлар» — келишмаган бир тасодифнинг тўрт чақага арзимаган бу қурбонини замоннинг зўр қаҳрамони да-ражасига кўтариб юбордилар. Шу билан улар янги фатҳ этилган ўлкада ва янгигина бўйсунган «ваҳший» халқ орасида жуда яхши ва зийрак сиёсат юргизиб, ўша халқ орасидан шундай эслик ва тадбирлик, тожу тахтга нисбатан шундай содиқ ва астойдил маъмур етиштирганликларини ўзларидан юқори амалдорларга қўрсатмоқ истардилар. Буларнинг шунча йиллар зўр бериб зўрға-зўрға етиштирган зийрак давлат одамларини мунақа осонгина (кучала билан!) ўлдириб кета берсалар, ўлка-да тутилган сиёсатнинг ва ҳам у сиёсатни амалга оширувчиларнинг бир чақалик обрўси қоладими? Айниқса ерли халқ ўртасида? Сиёсатнинг обрўсизлиги нима де-мак? Идора усулининг обрўсизлиги эмасми? Ҳиндистонга қўшни ва дарвоза бўлган бир мустамлакадаги сиёсатга тўкис-тугал обрў таъмин этилган бўлиши керак. Йўқса натижа ёмон. Қўрқинч!!!
Мана шу ваҳима ва ташвишлар билан лиқ тўлиб Тошкентга томон қанот қоққан депешалар (расмий телеграммалар) воқеанинг учинчи кунида Тошкентдан Ўлка ҳарбий судининг сайёр ҳайъатини учириб келди. Сўроқнинг ўзи эса суднинг етиб келишидан ҳам тез ўтди. «Мундай шошилинч суд уруш майдонларида бўлмаса, бошқа жойда бўлишига ақлим етмайди!» деб пичинг қилиб гапирди тилмоч...
Бу одам эскидан бери судларда ишлаб, муттаҳамликка гувоҳнома олган қадрдон тулкилардан эмас, негадир четдан, холис кишилар орасидан чақирилган эди. Уни шаҳар одамлари, айниқса, ерли халқ кам танийди. Ниҳояти, почтада ишловчи (ўзи ерли халкдан етишиб қолган!) пастроқ бир маъмур...
Аммо закунчи... Закунчи — бошқа одам! Бу одам, йўқ, бу зот Туркистон ўлкасининг қайси бир олис жойида (Закаспийда эмасмикан?) давлат хазинасининг кўпгина пулини еб қўйган аскарий бир тўра. Агар ҳақиқий қонунларга амал қилинганда, уни ё отиш, ё умрлик сургун қилиш шарт эди. Фақат у ўзи жуда иссиқ мамлакатда яшаса ҳам, бошида қалин-қалин соябонлари бор экан, улар ўз кишиларини бутунлай куйдириб ташлашга йўл қўймаганлар. Уларнинг сояларида бу зот аскарий рутбаларидангина ажраб, киссаси кўп ҳам қоқланмасдан, ўлканинг у чеккасидан бу чеккасига «сургун» бўлиб, ўз истаги билан «сургун» бўлиб келган ва мунда... хусусий закунчилик касбига киришган. Давлатни алдаб ўринлатган киши бошқаларни алдаб ўринлатолмайдими? Тажриба — зўр, давлат — ўзи! Бу одамнинг чўпқатлари жуда кўп. Ўз-ўзини ҳурматлай билган ҳеч бир закунчи томонидан олинмайдирган ҳамма «гумонлик ишлар»ни шу киши олади ва кўпинча ютиб чиқади. Хуллас, мустамлака ўлкасининг нодон ерлилари орасида уезд миқёсига яраша иш кўрадиган кичкинагина бир Плевако .
Маҳаллий терговчининг «тергов протоколи» билан ҳарбий суд прокурорининг айблаш қоғози закунчининг қўлига топширилган вақтда, у бошқа катта бир ишни олиш тўғрисида ўзига ўхшаган бир киши билан гаплашиб ўтирган эди. Ким экан у — «ўзига ўхшаган» киши? Шаҳарда бўлсин, уездда бўлсин, уни танимаган одам йўқ, ўзи ерлилардан. Ерли халқ уни — «Обрезқора» деб атайди. Ўрта бўйли, қопқора танли арвоҳ, қотма бир киши... Бу закунчи — руслардан чиққан «адвокат» бўлса, Обрезқора — ерли халқлардан чиққан «адвокат»... Қайси бир суд мажлисида «ёлғон гувоҳ»га ҳожат кўрилса, Обрезқора тайёр. Унинг бу хислати ҳам ҳаммага отнинг қашқасидай маълум. Катта-катта қозилар, бойлар, обрўлик одамлар шу Обрезқора билан олишиб... ер билан яксон бўлишган! Муни ҳам ҳамма би-лади. Шу учун ҳамма қўрқади... «Бу Обрезқора «босма»  қилишдан ҳам тоймайди!» деб гапиришади шаҳар одамлари.
Шундай азиз бир чўпқат «хизмат ҳақи» беш минг сўмларга етиб борадиган бир «иш» топиб келиб, шу тўғрида қаймоқлашиб ўтирганда, аллақандай ҳарбий суднинг бефойда ишига вақт сарф қилиш — закунчига анча оғир келди. Келган қоғозларга устидангина бир кўз югуртириб олди-да, бир чеккага ташлаб қўйди. Улар ўз мундарижаларида зикр этилган шахслар сингари, то сўроқ кунигача, йўқланмасдан ва эсга олинмасдан ташландиқ ҳолда қолиб кетдилар. Сўроқ кунигача закунчи уларни хотирлаб қўйишга ҳам фурсат тополмади. Кичкина шаҳарнинг кичкина Плевакосида иккитагина қоғозни кўриб чиқишга фурсат топилмайдими? Вокзал қаршисидаги кўчада бир салқин такя бор, уни эртадан-кечгача шунда ўтириб, Обрезқора билан қимор ўйнайди, дейдилар. Демак, фурсати эмас, ҳафсаласи бўлмаган. Арзийдиган иш бўлса, ҳафсала ҳам топилардику-я.
Сўроқ куни эрта билан ҳалиги икки «етимча»ни топиб олди ва нонушта чоғида алланечук бир ихлос-сизлик билан тезгина кўриб чиқди. Бу иш шу қадар тез бажарилдики, нонушта дастурхонига закунчи келиб ўтирмасдан бурунроқ қуйилган бир стакан чой иккала қоғоз ўқиб чиқилгандан кейин ҳам совуниб етмаган эди, шу учун унинг совунишини яна бир оз кутишга тўғри келди. Иккала қоғознинг мазмуни ҳам, закунчига худди гўдаклар фалсафасидек туюлди. Қоғозларни ўқиб туриб ҳамда уларни ўқиб бўлганидан кейин адвокатнинг чўзиқ юзларига бир кулги ёйилди, унинг мошбиринч мўйловларини икки томонга кериб юборган бу кулишда чинакам отанинг боладан кулганига ўхшаган бир нарса бориди...
Аммо протоколга совуқ қарашда фақат закунчинигина айблаш мумкин. Ёзув машинаси бўлмаган терговчи маҳкамасининг мирзаси бечора протоколни жуда зўр диққат ва ҳафсала билан кўчирган. Ори рост, ерли халқнинг номларини ёзишда у ҳам чаласавод болаларнинг ишини қилади, яъни «Акбарали» деган сўзни бир жойда «Умарали», яна бир жойда Амир ўғли», яна бир жойда «Қамбар вали» деб юборади... Зотан, бунинг нима аҳамияти ҳам бор? Тил келмаган нарсага қалам қандай келсин? «Акбар» бўлди нима, «Қамбар» бўлди нима — барибир эмасми? Бир сартнинг номи!
Инсоф қилиш керак: протокол ниҳоятда чиройлик хат билан ёзилган. Қоғоз бетида худди поезднинг изларидай теп-текис кетади. Ҳаммадан ҳам «д» ва «б» ҳарфларини кўринг! Ҳайрон қоласиз! Қаерда «д» учраса, қуйруғи чапга қайрилган; қаерда «б» учраса, қуйруғи ўнгга қайрилган. Икковининг ҳам қуйруғи баландда; икковининг ҳам қуйруғи кулча бўлган илондай буралиб-буралиб ётади! Протокол эмас, томоша! Томоша!..
Унда мана бу нарсалар бор:
Бўлиб ўтган воқеа, ўлдирилганнинг кимлиги, унинг Русия давлатига садоқат билан қилган кўп йиллик хизматлари, идора ишларида кўрсатган зийраклиги ва усталиги батафсил баён қилинади; ўлдирувчи аёлнинг кимлиги эса бир неча оғиз сўз билан айтиб ўтилади. Гувоҳлар (мингбошининг уч хотини) бир оғиздан ўзларининг аралашмаганликларини сўзлаб, «Зебинисахондан бошқа ҳеч ким қилмайди», дейдилар. Холис тариқасида сўралган қўни-қўшнилар бундай дейдилар: «Мингбошининг бошқа хотинлари кўниб қолган эдилар; Зебинисахон бўлса анчагача мингбошини хафа қилиб, хотин бўлгуси келмай, ўзини касалликка солиб юрди. Сўнгги вақтларда мингбоши билан умр қилишга кўнгандек бўлиб эди; бир неча кун яхшигина яшадилар. Бу кейинги муомилалар, бизнинг фикримизча, кўз бўяш учун қилинган бўлса керак. Энди билсак, қиз ўлгурнинг ғарази бошқа экан». Мингбошининг иккинчи хотини Пошшахон ўша воқеадан бир кун бурун шамол олдириб қўйиб, нотоб ётган экан; терговни унинг ётган ерида ўтказишга мажбурият кўрилган.
Айбдорнинг ўзига берилган саволлар ва унинг жавоблари шундай зўр протоколда ҳаммадан оз жой олади. Шу қадар озки, мирзанинг қалам учини сиёҳга ботириб ўтиришига арзимайди. Терговчи бечора шунга ҳам умр сарф қилган-да, шўрлик!
Бор-йўғи иккита савол, иккита жавоб. Саволлар калта-калта, жавоб ундан ҳам калта:
— Мингбошига сувни ким берди?
— Мен бердим.
— Демак, мингбошини ўлдирган — сиз?
— Йўқ...
«Айблаш қоғози» эса протоколдан бир ютим, яъни шу қадар калта! Унда, протоколдаги маълумотнинг хулосаси: мингбошининг зийраклиги ва тадбиркорлигига оид калта-калта, лекин кучлик ва ҳайбатлик иборалар. Сўнгра талаб: «Фалончи фалон модда билан фалон жазога мустаҳиқдир». Хуллас: қон ҳиди!.
Суд мажлисига ярим соат қолганда, закунчи келди. Суд бўладиган бинонинг боқчасида тикка туриб айбдор билан гаплашди. Бу гаплашув ҳам калтагина савол-жавобдан иборат бўлди. Бу дафъа саволларнинг адади иккидан бешга чиқди:
— Мингбошига сувни ким берди?
— Мен бердим.
— Сув чойнакда экан; чойнак кимники эди?
— Меники эди.
— Ичида қандай сув борлигини билармидингиз?
— Билардим.
— Чойнакдаги сув заҳарлик экан; демак, эрингизга заҳарни сиз бергансиз?
— Чойнакда заҳар борлигини билмадим. Эримни мен ўлдирганим йўқ...
Закунчи елкасини қоқиб, йироқлашди.
Воқеанинг юз берганига бир неча кунгина бўлди. Бу тўғридаги довруғ ҳали шаҳарга эшитилгани йўқ. Битта-яримта шаҳар одамлари эшитган бўлсалар ҳам Зе-бининг ота-онаси бу гаплардан бехабар бўлсалар керак. Улар ҳали қизларига мингбоши додҳодан авлод тилаб, эшонбобонинг табаррук нафасларидан яна та-баррук сув ҳозирлаб қўйгандилар... Жумани ўтказиб, чолнинг ўзи бир бориб ҳам келар... Умид каттадир! Башарти улар билган бўлсалар ҳам, закунчи солиш ёки бир жойга арз қилиб бош уришни на чол билади ва на кампир! Гапнинг калтаси, улар «ўрус маҳкамаларига бориб, бир нарса чиқаролмайдилар». Жуда чидамай кетса, Раззоқ сўфи тўппа-тўғри эшонбобонинг ёнларига боради; ўзини кўтариб уриб йиғлайди... Шу!
Зеби бўлса, ўша заҳарланиш ҳодисасидан бери доим карахт бир ҳолда бўларди; унинг мияси бирдан фалажга йўлиққан каби эди. У бутун бир сўроқ, тергов, кон-вой, суд ва закунчиларга ажиб бир лоқайдлик билан — худди жонсиз одамдай қарар; нималар дейишни, ўзини нечик мудофаа қилишни, нима деб гап қайтаришни ўйламасиди. Унинг миясида, миясининг ҳам аллақайси олис бир бурчагида хира ва туманли бир фикр; у фикр шунча олисда ва хираки, унинг нималигини англаёл-майди бечора... Миясини тугумлаб жуда зўр берган вақтда у туманли фикр мана бу кепатага киргандай бўлади: «Мен ўлдирганим йўқ... Бу аниқ... Мени қўйиб юборадилар... Яна ўша ерга қайтаманми?.. Нима кераги бор... Ойим-чи? Ойимнинг ёнига қайтаман... Эрим ўлиб қолди, дейман... Йиғлайман...»
Суд мажлиси бўладиган кенг залда шамоллар учиб ўйнарди. Қатор-қатор чизилган Вена курсилари ҳафталик уйқуларидан ҳали ҳам уйғонмаган эдилар. Энг олдинги қаторда ҳоким, нойиб, гарнизон бошлиғи, полиция бошлиғи, поп; учинчи қатордаги энг чекка курсида оппоқ ва зўр саллали чол — жоме мачитнинг ингичка овозли имоми ўтирарди. Бир томонда — закунчи, бир томонда — тилмоч; бошқа ҳеч ким йўқ.
Зеби икки конвойнинг яланғоч қиличи ўртасида залга кириб келди; устида қора барқут паранжи, қора чиммат, оёғида қора амиркон маҳси-кавиш билан суд қаршисига келиб тўхтади. Бу омонсиз суддан ва бу ялтираган яланғоч қиличлардан кўра унинг ўша қора қиёфаси қўрқинч эди: ўрта асрлардаги Испания инквизиция маҳкамаларининг қора аболи ва сирли кардиналларига ўхшарди... Поп қаради, бошини чайқади; домла қаради, «астафғурулло» ўқиб, соқолини силкитди.
Суд раиси, ниҳоят, тилмочга юзланди:
— Айтингиз, айбдор юзини очсин.
Тилмоч бу буйруқни Зебига тушунтириб берди.
— Вой, ўла қолай! Шунча номаҳрамнинг олдида юзимни очаманми? Ундан кўра ўлганим яхши эмасми?
Бу сўз таржима қилиб берилгач, пастдагиларнинг ҳаммаси деярлик, суд ҳайъатидан бир неча киши енгилгина кулиб олдилар. Улардан икки киши айрилди: биринчиси — ниҳоятда семиз ва йўғон гавдали гарнизон бошлиғи; бу одам, товуқнинг қақағлашига яқин бир товуш билан овози борича ва бирданига қаҳқаҳ солди. Ҳамма унга томон ўгирилди. Суд раиси чинқироқ чалди. Гарнизон бошлиғи ёнидаги рўмолчасини олиб, юз-кўзларини арта бошлади... Иккинчиси — имом дом-ла; бу киши ўзларининг ингичка — ҳуштак сингари овозлари билан, ихтиёрсиз «маша-олло!..» деб юбордилар. Ҳамма у кишига томон эврилгач, қип-қизариб ва ҳам... қўрқиб бошларини қуйи солдилар.
— Сиз бу аёлга тушунтириб айтингиз; юзини очмаса бўлмайди. Суднинг қоидаси шу. Паранжи остида айбдордан бошқа кишининг ҳозир бўлишига йўл қўй-маслик учун биз унинг юзини очтиришга мажбурмиз. Айтингиз, қаршиликдан фойда йўқ!
Зеби худди ўйинда шеригига аччиқ қилган боладай тескари бурилиб олди. У индамай турганлигидан суд раиси яна сўз олди:
— Яхшилаб тушунтирингиз, юзини очмаса, суд мажлисини олиб боролмайман.
— Олиб бормаса майлига... — деди Зеби. — Билганини қилсин!
Тилмоч ўзи кулиб, қип-қизариб туриб, таржима қилди:
Суд раиси овозини кўтара тушди:
— Ҳарбий суд масхарами бу кишига? Айтингиз, яхшилик билан очсинлар. Бўлмаса куч билан очтирамиз!
— Вой, шўрим! Шунча эркак ўтирса-я! Ўлганим минг марта яхшироқ!
Сўнгра овозини пасайтириброқ тиркади:
— Отамнинг пиридай кап-катта саллалик домла ўтирибдилар. Қандай юзим билан қарайман?..
Суд раиси энди бу сафар мулойим гапирди:
— Айтингиз, суд томонга қараб, домлага орқасини ўгириб турсин!
Зеби яна индамади. Домла ўтирган жойидан бир оз кўтарила тушиб:
— Ҳечқиси йўқ, қизим! — деди. — Мен қарамайман!
— Мана булар-чи? — деди Зеби. Суд ҳайъатини кўрсатди.
Энди бу сафар домла ўрнидан туриб тилмочга юзланди:
— Эшони мирзо! Менга ижозат берилса, шу аёлга икки оғиз насиҳат қилсам.
— Марҳамат, тақсир!
Домла Зебининг ёнига бориб, насиҳатга бошлади. Зеби, борган сари сусайиб бўлса-да, домланинг ҳар бир сўзига жавоб қайтарарди. Охирда, домла ўз дин-дошлари ўртасида машҳур бўлган бир эътиқод масаласини очди:
— Кофир билан итнинг фарқи йўқ. Итдан қочмайсизми? Шундай бўлса, кофирдан ҳам қочмасангиз бўлади. Бу жоиз?
Домла шундай жойда бу хил гапларни гапиришдан жуда қўрқади. Шунинг учун бошда бошқа сўзлар билан Зебига таъсир қилишга уринди. У уринишлардан тезроқ бир натижа чиқмагандан кейин мажлис аҳлини маҳтал қилиб қўймаслик учун бу масалани очишга мажбур бўлди. Мажбур!.. Шу учун сўнги сўзларни жуда паст овоз билан айтган эди.
Зеби унади:
— Бўлмаса, сиз ўзингиз нарироққа бориб ўтиринг!
— Хўп, қизим, хўп, — деди домла. Тўрт-беш қатор орқага бориб ўтирди.
Ҳамманинг кўзи домлада экан, Зеби чимматини юзидан олди ва судга томон эврилган ҳолда бир қўлини яна юзига парда қилди.
— Мана, қила қол сўроғингни!
Ҳозир бўлганлар ўртасида «бу содда мусулмон қизи-ни уялтирмаслик учун» кўзини бошқа томонга буриб ўтирганлар билан бирга икки кўзини ундан узмаган ва алланималар деб ўзича сўзланиб, лабларини тез-тез қимирлатганлар ҳам бор эди...
Айбдорнинг кимлиги суриштирилгач, суд дарҳол ўрнидан туриб, айбномани ўқиди. Ундан кейин яна калта савол-жавоблар кетди. Бу дафъа уларнинг адади орта тушди:
— Айбномани эшитдингизми?
— Ҳа...
— Мингбоши сувни ўзи сўрадими?
— Ҳа, ўзи сўради...
— Мастмиди?
— Кўп ароқ ичиб эди.
— Сувни ким берди?
— Мен бердим.
— Чойнақдамиди?
— Ҳа...
— Мана бу чойнакми?
— Ҳа...
— Кимнинг чойнаги бу?
— Меники.
— Сизникими?
— Ҳа, меники.
— Ичида қандай сув борлигини билармидингиз?
— Билардим.
— Қанақа сувиди?
— Ирим сувиди.
— Кимга қилинган ирим.
— Менга...
— Нима учун ирим қилдирардингиз?
— Фарзанд бўлсин, деб...
Пастда ўтирганларнинг домладан бошқалари, сўнгра суд ҳайъатидан бир-икки киши, закунчи ва тилмоч енгилгина кулиб қўйдилар.
— Нега у сувни мингбошига бердингиз?
— Жуда ташна бўлиб сўраган эди, шундоққина токчадан олиб узатдим.
— Чойнакда заҳар борлигини билармидингиз? Зеби кулди.
— Қизиқ экансан (ўрусни сизлаб бўлмайди), мен қаердан билай?
— Демак, эрингизни ўзингиз ўлдирдингиз? Зеби қаттиқроқ ва чўзиброқ жавоб берди:
— Йў-ў-қ!.. Ўлибманми ўз эримни ўлдириб. Унинг бу сўнгги жавобидан қиз боланинг ўз ўртоғига ўзини оқлаб гапирадиган содда гапларидаги гуноҳсиз оҳанг бориди: Вой, ўла қолинг, мен шунақа дермидим?»
Зеби суд раисининг бола эмаслигини қандай билсин? Шу ерда ўтирган шунча эркакнинг ойдай равшан бир нарсани англамасликларини қайдан билсин? «Ўрус-мусулмон бўлиб шунча одам ўтирибди, ахир. Мингбошини ўлдирган Зеби эмаслигини ҳаммаси билади. Билиб туриб яна қайталаб сўрай бергани қизиқ! Ё ўсмоқчилаб сўрармикин?»
Суд раиси гапирмоқчи бўлиб ўрнидан турган вақтда Зеби — «Ана, сўроқ тамом бўлди. Энди уйимни қандоқ қилиб топиб бораман?» деб ўйлади.
— Ўтиринг, — деди суд раиси Зебига. Секингина ва эҳтиёт билангина ўтирди. Суд раиси сўз олди;
— Воқеа шу қадар очиқ, масала шу қадар равшанки, менингча, мажлисни давом эттиришга ҳам ҳожат йўқ. Айбдор ўзи ҳар бир саволга берган жавоби билан жиноятини иқрор қилди. Шундай бўлгач, биз ҳукм чиқариш учун ичкарига кира берсак, дейман.
Суд мажлисда фақат айбдорга берилган саволлар, сўнгра тергов протоколи билан ҳукмноманинг энг керак жойлари таржима қилинар; бошқа сўзлар ўрусча кетарди. Шу учун тил билмаган Зеби ўтирган жойида гапирган тўранинг юз ҳаракатларини томоша қила бошлади.
Суд раиси прокурорга қаради:
— Сиз нима дейсиз, зоти муҳтарам?
Прокурор ўрнидан туриб, икки қўлини столга қўйди-да, ярим энгашиб туриб, деди:
— Мен бу таклифга қарши эмасман. Албатта, менинг бу масалада бошқа мулоҳазаларим бор. Мен уруш вақтининг нозик пайтларида бўлган бу ўлдиришга оддий ўлдириш каби қараёлмайман. Ўлдирилган одам Русия давлатига ва подшога садоқати билан танилган одам эди. Уни «ёш сарт» махфийлари, айниқса, уларнинг душманимиз бўлган Туркия билан, фикран боғланишган унсурлари ёмон кўрардилар. Мен бу «содда» ва «гувоҳсиз» сарт аёлининг шундай унсурлар қўлида ўйинчоқ бўлмаганидан амин эмасман... Биз сарт халқига алланечук бепарволик билан қараб ўрганганмиз; қўйдай «ювош, улар!» деймиз. Албатта, уларнинг мамлакатларини қон тўкиб олган фотихдар сифатида бу қарашимиз бир нав тўғри ҳам бўла билади. Фақат бизга энди бу нотўғри қарашни ташлаш керак! Туркиядаги 1908 йил инқилоби, ўзимиздаги шумлик — бешинчи йил тўполони, Эрондаги сўнгги машрутият ҳаракатлари сартларнинг кўзини очаётир... Зоҳирда рус маданиятига ёпишиб келган Оврўпа қиёфали жадидлар, аксари кулар юзли ёш савдогарлардан иборат бўлган «ёш сарт» кадрлари — империяга қарши тиш қайрашда Туркия иттиҳодчиларидан қолишмайлар... Дуруст, сарт халқининг кўпчилиги муаззам давлатимизга, севимли подшоҳимизга содиқ... Эслик, тажриба кўрган катта савдогарлар; қишлоқнинг обрўли бойлари; айниқса, уламо тоифаси «ёш сарт»ларнинг нуфузини қирқиш учун зўр бермоқдалар; буларни биламан. Лекин ҳаддан ташқари эҳтиёт билан, сергаклик билан иш олиб бормасак, бир кун эмас, бир кун ҳалиги кўпчиликнинг «ёш сартлар» байроғи остида бош кўтариши жуда мумкин нарса. Ўзингиз биласиз, декабристлар хуружи чоғида давлат ва давлатчиликка, подшо ва Ватанга қарши бўлган унсурлар буюк Пётрнинг улуғ шаҳрида биргина майдонни зўрға тўлғазган эдилар; 1906 йилда ўша хилда боғовот майдонларининг сони-саноғи бўлмади. Ҳолбуки, биз яқиндагина эшон тўполони бўлиб ўтган жойдан унча олисда эмасмиз... У вақтда муҳтарам муттафиқимиз Анг-лия биз билан тегишган бўлса, энди душманимиз Германия ва унинг қўғирчоғи бўлган Туркия биз билан унақа ҳазиллашиб ўтирмайди. Муни билиш керак! Ке-чагина бўлиб ўтган тоғ воқеалари, Қумариқ ҳодисалари назаримиздан қочмасин, тақсирлар!
Мана шу нуқталардан қараб, мен бу «соддадил», «ювош» ва «гуноҳсиз» сарт қизига энг олий жазо талаб қилмоқчи бўламан. Модомики, масала ўзи бу қадар равшан ва айбдорнинг ўзи ўз оғзи билан иқрор қилиб турибди, майли, музокара очиб ўтирмасак ҳам бўлади. Мен ўз фикримни муҳтарам суд ҳайъатига арз қилиб, масаланинг бу томонига ҳам диққат қилинмоғини сўрайман.
Закунчи, суд раисининг мурожаатини кутмасданоқ ўрнидан турган эди:
— Мен ҳам сўз айтишдан воз кечаман! — деди у, яна дарҳол жойига ўтирди.
Суд ҳайъати ўрнидан туриб, ичкарига чекилди.
«Ана, — деб ўйлади Зеби, — ўзим айтган. Ҳамма гап ойдай равшан... Энди уйимни топиб кеталармикинман?»
Чорак соат ўтмасдан, ҳукмномани эшиттирдилар. Унда бу ишнинг асосан сиёсий бир рангдан холи эмаслиги иқрор қилинмоқ билан бирга, бу сўроққа тўғридан-тўғри алоқаси бўлмаганлиги, ишнинг у жиҳатини алоҳида текшириб, лозим кўрилгани тақдирда, қайтадан иш қўзғатмоқ тегишли маҳкамаларнинг вазифаси эканлиги; энди бу ўлдириш ҳодисаси тўғрисига келганда, масаланинг жуда аниқ англашилганлиги, айбдорнинг ўзи томонидан неча марталар иқрор қилингани, шу учун гувоҳ жалбига ва музокарага лозим кўрилмаганлиги айтилади.
Ундан кейин: «Айбдорнинг қилган гуноҳи оғир бўлиб, ҳозирги уруш вақтида ва нозик шароитлар ичида давлат одамига қасд қилгани учун фалон моддалар бўйича олий жазога ҳукм қилиш керак бўлсада, бовужуд Ўлка ҳарбий судининг сайёр ҳайъати айбдорнинг маданиятсиз ерли халқ аёли эканини, ўзининг ёш ва турмушда тажрибасизлигини ва ҳам ҳамма гуноҳларини номус билан иқрор қилиб бўйнига олганини назарда тутиб, фалон, фалон моддалар бўйича етти йил сургунга ҳукм қилди. Бу ҳукм устидан тегишли жойларга шикоят қилиш мумкин», дейилади.
Тилмоч ҳукмномани тўрт оғизгина қилиб эшиттир-ди:
— Айбдор Зебиниса Раззоқ сўфи қизи Ҳарбий суднинг ҳукми билан етти йил Сибирь қилиндингиз. Норози бўлиб ариза берсангиз мумкин.
Ҳукмнома ўқилиб битар-битмас, залдагилар чиқа бошлаган эдилар. Ўқилиб тамом бўлгач, суд раисининг ишорати билан, қилич яланғочлаган конвойлар яна бояги тахлитда Зебини олиб чиқиб кетишди. Шундан кей-ин суд ҳайъати ҳам чиқиб кетди. Залда фақат тилмоч, закунчи; ундан кейин нима учун ўзининг бу ерга чақирилганини билмаган имом домла қолган эди. Тилмоч домла имомнинг ёнига келди:
— Тақсир, сиз жиндак сабр қилинг. Мен ҳозир келаман, ундан кейин гаплашамиз.
Домла юрагини қўлига олиб, ранги ўчган, лаблари бир оз қалтирагани ҳолда... суд залида қолди. Закунчи тилмочни олиб ташқарига — Зебининг ёнига чиқди, Зеби чиммат остида ҳўнгур-ҳўнгур йиғламоқда эди.
Закунчи сўради:
— Нима дейсиз? Ариза ёзиб берайми?
Зеби хўрсинган овоз билан йиғлаб туриб, узуқ-узуқ жавоб қилди.
— Кимга?
— Юқорига.
— Унда... нима бўлади?
— Нима бўлариди: эҳтимол, яна сўроқ бўлади; ишни қайтадан кўрадилар.
— Ким... кўради? Шулар... кўрадими?
— Бошқа суд кўради.
— Барибир... оп-очиқ турган нарсани... булар тушунмайди-ю, улар тушунармиди?
— Ариза ёзиб берайми?
— Қўяқол!.. Мен учун... овора бўлиб ўтирма... Закунчи кулумсираб тилмочга қаради, у елкасини қоқди. Закунчи боқча дарвозасидан чиқиб кетмак учун ўша томонга қараб юрди.
— Ҳай, шошма, — деди Зеби. — Шаҳарда... Шаҳарда... ота-онам... бор... кўрсатармикин?
— Авахтага олиб боргандан кейин кўрсатади. Закунчи дарвозага қараб кетди. Тилмоч у билан хайрлашгач, яна домланинг ёнига кирди.
— Эшони мирза, — деди домла имом уни бесаранжонлик билан қарши олиб, — мени нимага чақирган эканлар?
Тилмоч кулди:
— Сизни, тақсир, суд садри чақиртирган эди. Башарти қасам бериш лозим бўлиб қолса, мусулмон шариатига мувофиқ қасам бериш учун.
— Қасам бермадилар-ку?
— Лозим бўлмади, тақсир. Аёл ўзи иқрор... Домла англаёлмади, шекилли, мирзанинг сўнги сўзини савол шаклида қайтарди:
— Ўзи иқрор?! Тилмоч яна кулди:
— Ҳа, ўзи иқрор... Эшитмадингизми?
— Ўзи иқрор эмас, инкор қилди, шекилли-ку?
— Дамингизни чиқарманг, тақсир. Бу нозик маса-ла...
— Ҳа, албатта, албатта...
— Энди, тақсир, суд раисининг сиздан илтимоси бор: ўзингиз эшитдингиз, бу аёл Раззоқ сўфи деган одамнинг қизи, ўз эрига заҳар берган. Эри хизмати сингган мингбошилардан экан. Прокурор отиб ўлдирилсин, деган эди, суд қабул қилмасдан, етти йилга Сибирга кесди. Эртага жумадан кейин мачитда икки оғиз гапириб қўйсангиз, дедилар.
— Нима тўғрида, мирза?
— Яъни оқ подшонинг содиқ одамларига ким қўл кўтарса, оқибати мана шундай бўлади, деган мазмун-да...
— Хўп, эшон мирза, хўп. Албатта, айтаман, албатта. Энди менга рухсатмикин?
Домланинг бу саволида худди гуноҳ қилган одамнинг очиқ безовталиги сезиларди: «Мени қамамасмикин?» дегандай... Тилмоч муни пайқади, шекилли, қуруқ ва совуқ жавоб берди:
— Бора беринг.
Домла, мактабидан «озод» бўлган эски мактаб болалари сингари, ўзини эшикка урди ва ўша онда кўздан йўқбўлди. Тилмоч кулди: «имон йўқ тақсиримда», деди ўз-ўзига. Сўнгра битта-битта қадам босиб эшикка томон бораркан, айланиб орқасига қаради; кенг зал бўм-бўш, худди етимчадек кўринади. Суддан сўнг у ёқ-бу ёкда тартибсиз қолиб кетган курсилар, бозорчиларнинг карвонсаройда боғлаган отлари сингари, бир-бирларига тескари эврилганлар... Кўк ёпиқли узун стол устида суд аъзоларидан бирининг кўзойнак қутичаси қолиб кетган; зал ўртасидаги оғзи очиқ печдан ўтиннинг чарсиллаб ёнгани эшитилади.
Тилмоч яна олдинга юрди ва бошини чайқай-чайқай.
— Безобразие, безобразие!  — деб сўзланди.

XX

Жума намозидан сўнг ташқаридаги жамоат дув эта ўрнидан турди ва фотиҳани кутмасдан, ўз ишига кетди. Айвондагилар ҳам уларга қўшилдилар. Унда-мунда якка-ярим кишиларнинг бўйниларини қуйи эгиб-эгиб, фотиҳани кутганликлари кўриларди. Намоз дуоси, ундан сўнг «дуойи холис» ўтгач, айвон билан ташқари томон бўшади; хонақо ичидан ҳам йўтала-йўтала бир неча киши чиқиб кетди. Улар ҳам чиқиб битгач, имом туриб, сўз бошлади. Умуман, жамоат олдида гапиришни севмайдиган ўзининг имомлик вазифасига ҳам жуда расмий равишда қарайдиган; уйидан жомега келиб, жомедан уйига қайтгунча салом-аликдан бошқага оғиз очмайдиган, онда-сонда янги келинчакдай мулойим ва юмшоқ йўталиб қўядиган, ингичка овозли домла имом бир неча оғиз сўз қилиб, суд раисининг илтимосини расман ўрнига қўйди ва қайтиб жойига ўтирди. Шундан кейин хонақодагилар аста-секин чика бошладилар. Ҳамма чиқиб бўлгандан сўнг, бир-икки марта ингичка йўталиб домла ҳам ўрнидан турди ва эшикка томон юрди. Хонақо ичи ярим қоронғи эди. Эшик олдида қоронғиликдан бирданига бир овоз келди:
— Тақсир, арзим бор эди...
Сўйловчиси қоронғида қолиб кўзга кўринмаганлиги учун домла бу кутилмаган шарпадан чўчиб тушди:
— Астағфурулло! — деди домла шошилиб ва орқасига тисарилиб, қўлини кўксига олиб борди.
Қоронғидаги одам ёриққа чиқиб келиб, сўзида давом қилди:
— Кечиринг, тақсир. Акбарали мингбошини қайси хотини ўлдирибди?
— Қанақа одамсиз? Аввал бир йўталиб, шарпа қилсангиз бўлмайдими? Ҳайвон экансиз-ку!
— Кечиринг, тақсир, билмабман.
— Билмабман... Қачонгача билмайсизлар, ахир?
— Кечиринг, тақсир, айб менда. Акбарали мингбошининг тўртта хотини бор. Битта хотини менинг ожизам бўлади. Шунга сўровдим, тақсир.
Домла ўзини тўхтатди ва битта-битта босиб, у одамнинг ёнига келди, «э афтинг қурсин!» деган маънода у одамга қаради. Сўнгра деди:
— Номини унутибман... Қора паранжиси бориди... Валлоҳи аълам, отасининг номи... бир нарсаки сўфи... ҳа, Раззоқ сўфи... Раззоқ сўфи...
Сўфининг номини бир неча марта такрорлаб, хонақо эшигидан чиқди. Раззоқ сўфи эса ранги ўчган ва қалтираган ҳолда эшикка суянганича қолди.
Ниҳоят, ўзига келиб, мачитдан чиққач, уйига ҳам хабар бермасдан, ўткинчи бир аравага ярим сўм бериб, қишлоққа жўнади. У ерда Ҳакимжондан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Ҳакимжон бўлган воқеани англатди ва Зебининг терговчилар ва докторлар келган куннинг ўзидаёқ шаҳарга олиб кетилганлигини сўзлади. Суд ҳукмидан Ҳакимжон ҳам бехабар эди.
— Нима қиламан энди мен? — деб сўради сўфи. Унинг овозида ожизлик ва аламзадаликдан келган бир қалтираш бориди. Ўлгудек аянч қалтираш... Ҳакимжон сўфига тикилди. Бурунги сўфидан, яқиндагина келиб бир ҳафта ётиб кетган сўфидан асар йўқ. Унинг ранги, мачитнинг жайдари шамидек, сап-сариқ... гўё касалдан яқиндагина бош кўтарган. Фақат Ҳакимжон сиполикни қўлдан бермай, оғир ва кескин жавоб қилди:
— Нима қилардингиз? У ер, бу ерга арз қилиб кўринг. Бу нозик замонда арз қилишдан бирон натижа чиқармикин? Невлай-да. Бир суднинг ҳукмини юқорироқ бир суд буза оладику-я. Замон нозик, иш нозик; шундан қўрқаман!
Сўфининг ундан кейинги сўзи Ҳакимжонни бутунлай шошириб қўйди:
— Ўрусга ҳам қийин, — деди сўфи. — Ундай уста амалдорни энди Чин-Мочиндан топиб келмаса, бу юртларда топилмас...
Ҳакимжон, ҳайрон бўлганидан, қўлини ёқасига олиб борди ва «сўфи гапираётирми, ё бошқами?» дегандай қилиб, яна сўфининг юзига тикилди. Дарҳақиқат, сўфининг ўрнида унинг кўлагаси ё арвоҳи сингари бир нарса кўринарди. Ҳакимжон бу дафъа сўфига ачинган бўлса-да, жавоб беришда ўша сиполик йўлини бузмади.
— Одам тайин бўлган. Индинга келиб мансабига ўтиради.
— Ўрусга одам қаҳат эмас экан бўлмаса, — деди яна сўфи.
Шундан кейингина, Ҳакимжон, сўфининг нималар гапираётганидан ўзи бехабар бўлганини пайқади. Сўфи давом этди:
— Ким у киши?
Мана бу савол Ҳакимжонни яна шошириб қўйди. «Рост айтдими бу одам ё мени маймун қилиб ўйнатадими?» деб ўйлади у, шу сабабдан қўрсроқ ва жеркиброқ жавоб берди.
— Сиз танимайсиз! Зуннунбой деган! Олдин Нойиб тўранинг хизматида бўлган киши!
— Тадбирлик экан бўлмаса, — деди яна сўфи. Ҳакимжон сўфига энди очиқ бир жирканиш билан қаради. Сўфи эса йиғига ўхшаган бир кулимсираш билан ундан кўзини олмасди. Ёш йигит чидаёлмади, шекилли, тез-тез босиб ичкари эшик олдига бориб қичқирди:
— Фазилатхон! Меҳмонга дастурхон чиқаринглар! Ичкаридан жавоб бўлишини кутмасдан, ҳақорат кўрган кишидай, таппа-таппа босиб кўчага чикиб кетди.
Фазилат ичкаридан бир мис товокда нон билан майиз кўтариб чиққанда, ташқарида на Ҳакимжон бориди ва на сўфи!

* * *
Сўфининг арз қилиб борадиган бирдан-бир маҳкамаси яна эшонбобонинг хонақолари эди. Дастурхонни кутмасдан дарҳол йўлга чиқди ва ярим йўлни арава билан босиб, тўппа-тўғри хонақога борди. Эшон йўқ эди. «Тўйга кетди», дедилар. Кутиб ўтирди ва ўйга толди:
«Эшон бобо нима қилсин? У киши закунчи эдими-ки, ариза битиб берса? Ўрус тилини билармидики, амалдорлар, судлар билан чиқишса? Башарти, закунчига, амалдорга, судга бориладиган бўлса, ҳаммасига пул керак, мўмай-мўмай пул керак, менда унақа пул йўқ. Зебининг орқасида энди қўлга пул тушармикин, деб умид қилардим; эндигина кафтим қичиша бошлаган эди. Бу ҳодиса кафтимнинг қичиғини вақтидан илгари босиб қўйди...
Эшон бобо хотиржам, бир чақа ҳам бермайдилар. У киши, албатта, бераман десалар-ку, қўлларидан келади; ҳар қалай катта закунчининг иштаҳасини қон-дирадиган дунёлари бор. Фақат не чораки, у киши бериб ўрганмаганлар, олиб ўрганганлар; «Ўрганган кўнгул ўртанса қўймас», дейди. У кишини беришга ўргатиш қийин! У киши шунча бадавлат бўлиб туриб, эшикдан гадой кирса, қўлига қарайди, «назри йўқмикин?» деб.
Бу хабарни қизнинг шўрлик онасига эшиттириш керак ҳали! Менинг кўнглим тош-метин! Фақат онанинг ёлғиз боласига бўлган меҳри шундай кучлик нарсаки, ундақа тош-метинларга қарши ўз тош-метинини ирғитади балки бир ирғитишда парча-парча қилиб ташлайди... Йўқ, бу кеча уйга бориб бўлмас. Бу кечани шу ерда тунайман. Эшонбобомга арз қилиб, маслаҳат сўрайман. Бир нарса дер, ахир... Ундай десам, икки кундан бери уйга қайтганим йўқ. Уйдан «жумага бораман», деб чиққанман. Кампир нима ўйлайди? Ҳалиги шум хабар қулоғига киргундай бўлса, турган жойида қотиб қолмайдими? Йўқ, бориб кўнглини кўтарай... Йўқ! Ҳар нима бўлса ҳам, эшон бобом келсинлар. Бир оғиз айтиб ўтай, нима дер эканлар».
Ниҳоят, эшонбобо келдилар. Кайфлари чоғ, нашъалари баланд, овозларида аллақандай бир шўхлик бор. «Тўйда қимиз ичганга ўхшайдилар, — деб ўйлади сўфи. — Кўп ичса, у ҳам одамни айнитармиш. Қишда қимиз нима қилади? Ҳайронман... Хайр, ўзлари биладилар».
Эшон бу воқеани эшитган эди; лекин унга ўз муриди Раззоқ сўфининг аралашганини билмасиди. Сўфи кўзларида марварид доналаридай йирик-йирик ёшлар кўрингани ҳолда, билганича айтиб берди. Пир кулиб туриб (кулиб туриб!) эшитди. Бу нашъалик кулиш, бу кайфи чоғлик, бу овоздаги шўхлик ҳеч нари-бери бўлмади. Сўфи воқеанинг энг қўрқунч жойларини айтиб берган вақтида ҳам эшоннинг юз-кўзларида ҳамон ўша шўх ва ўйноқ кулиш жилваланарди. «Мен тошга гапираётибман, шекилли», деган ўйни ўйлаб олди сўфи: орқасидан дарров истиғфор айтди... Сўзини битиргач, Сўфи эшоннинг оғзига тикилди ва «муборак» сўзларига мунтазир бўлиб қолди. Эшоннинг шўхлиги яна орта тушган эди.
Хонақо куйларининг энг шўхини олиб, бошини тўлғай-тўлғай, бутун вужуди билан силкина-силкина куйлади:
Фоний дунё бе-еш кундир, бе-еш кундир, ҳо-ов,
Сўфилик аҳди-ин синдур, аҳдин синдур, ҳо-ов.
Биллур қада-аҳлар бирла май сунгил, соқе-е,
Хонақо қаро-о тундур, қаро-о тундур, ҳо-ов...
Сўфининг кўзлари олайиб кетди; бу — муриднинг пирига биринчи марта кўз олайтириши эди.
— Тақсир, бирон маслаҳат...
— Маслаҳат? — деди эшон, хохолаб кулди. — Одам ўлдирган боланинг отасига қандай маслаҳат бўлади, сўфи? Боласининг ёнига нима учун отасини жўнатмайди бу аҳмоқ ўрус? Адолат борми кофирда?!
Сўфининг танларига бирданига ўт туташгандай бўлди. Бутун вужуди қизиган тандирдай тобига келган эди. Қўллари ихтиёрсиз баландга кўтарилди, муштлари ўз-ўзича тугумланди... Бу мушт пирнинг бошига тушмоқчи эди. Фақат қаршидаги ким? Пир! Эшон! Эшон! Эшонбобо! Йўқ, унга қўл кўтариб бўлмайди! Яна бир онда сўфи сувдай суюлди, қордай эриди, орият оёқлари билан омонат ерни босиб, ташқарига чиқди...
Уйга бориб, индамасдан ётоққа чўзилди; кампирнинг саволларига жавоб бермади. «Яна феъли айнибди чолнинг!» деб ўйлади кампир. У бечора ҳали воқеадан хабарсиз эди.
Эрта билан нонушта чоғида бутун бўлган воқеани ётиғи билан кампирга айтганидан кейин сўфи кеча пирининг бошига тушмоқ учун кўтарилган муштнинг бу кун ўз бошига тушаётганини кўрди. У мушт шу қадар даҳшатли эдики, «кечанинг ўзида ўз жойига туширсам бўлар экан», деб ўйлади сўфи, аччиғидан муштини тишлади. Пиёладаги чойни ярим қолдириб, кўчага чиққан вақтида сўфи ўз-ўзини таниёлмай қолди. Оёқлари худди товут кўтариб бораётган мусулмоннинг оёғидай бир-бирига тегмасиди. Бармокдари бири очилиб, бири юмилар, ичидан кучли бир овоз тўлқини чиқиб келиб, кўча ўртасида томоғига ёпишарди. Салом берганлар аликсиз, сўрашганлар жавобсиз қолдилар. Унинг яқинидан ўтганлар мутлоқ туртилдилар, дастурхон кўтарган хотинлар ҳаммаси деярлик қарғаб ўтдилар. «Жинними, нима бало?» деган овозлар эшитилди, бу овозлар сўфининг қулоғига «Ким жинни? Ўрусми ё ўзларими?» деган шаклда бориб кирди. Аравакашларнинг «пўшт, пўшт» деган овозлари — «ўла, ўл!» деган каби, таъна шаклида эшитилди ва худди елкаси олдида тўхтаган отнинг кўпикли тумшуғига қараб туриб, «ўзлари ўлсин, ўзлари!» деб сўзланди, аравакашлар араваларини унинг ёнидан секингина буриб ўтар эдилар. Бозор ўртасида бир нонвой обинон саватини тутди, сўфи их-тиёрсиз қўл узатиб, иккита нонни олди, сўнгра бир нафас ўтмай, нонни яна саватга қўйгач, нонвойга қараб кулди: «Мен оламан ҳам, бераман ҳам, у киши фақат олишни биладилар!» деди, яна йўлга тушди.
Шундан кейин юришини секинлатди: оғир-оғир ўй сурарди:
«Худо, худо бўлиб туриб — ҳам олади, ҳам беради, йўқ-а, у илгари жон беради, кейин жон олади. Ер, ер бўлиб туриб илгари ризқ беради, кейин жон олади. Олган беради-да! Сен нимасан, пирим, сен? Худодан зўрмисан? Ердан кучлимисан? Оласан — бермайсан. Оласан — бермайсан...»
Хонақода намоздан кейин «сукут»га кетиб, мудраб ўтирган эшонни Раззоқ сўфининг телба ҳайқиришлари уйғотиб юборди. Эшон сесканиб кетди. Кўзини очиб, у ёқ-бу ёққа қарагунча бўлмасдан, эшикдан баланд овоз билан сўзланиб, Раззоқ сўфи кириб келди. Оғзидан кўпик сочиб, бошларини жеркиб-жеркиб сўзланарди:
— Худой худо бўлиб туриб аввал жон беради, ундан кейин олади. Сен кимсан? Худодан зўрмисан, тақсир?
— Бай-бай! Тилинг кесилсин, бадбахт! Кофир! Сўфи ўша хилда гапирганича пирнинг бошига келиб тўхтади.
— Ер жонидан — илгари беради, кейин олади. Ердан ҳам кучлимисан, тақсир?
— Нима бўлди сенга, сўфи? Жинни бўлдингми?
— Ўзлари жинни, тақсир, ўзлари! Эшаклари жинни, итлари!..
— Ҳай, ким бор? Болалар! — деб қичқирди эшон, ўрнидан туриб орқага тисарилиб:
— Қочма, тақсир! Ҳовучингни оч! Мен гадой бўлсам ҳам хуржунимнинг икки кўзи тўладир... Сендақаларни неча йил боқишга ярайман...
— Болалар! — деб бақирди яна эшон. Ўзи тисарилиб-тисарилиб бориб, хонақонинг бир бурчига қисилган эди.
— Қўрқутманг, тақсир, бечора муридингизни. Мен нима қилдим сизга?
Сўфи бирданига йиғлай бошлади. Ташқаридан муридлар югуриб келишдилар.
— Қайда қолдинг ҳамманг? Чақира бериб томоғим қирилди. Олиб чиқ бу жиннини! Сувга пиш!
Муридлар ҳаммаси сўфига ёпишдилар.
— Тегма менга! — деб бўкирди сўфи. — Мен ўрус судидан қочиб қутилган киши бўламан. Эшонингни соғ қўяманми мен? А?
Муридлар истиғфор айтиб сўфини қарғадилар.
— Тилинг қурсин, тилинг узилсин!
— Кофир!
— Насоро!
— Мардуд!
Кўча дарвозалари тақа-тақ беркитилгач, ҳовузнинг қалин музини тешдилар: сўнгра сўфини яланғоч қилиб кўтарганларича ҳовузга ташладилар. Сўфининг тани шу топда Арабистон тоғларининг саратондаги тошларидай қизиб ёнарди. Унга хуш ёқди бу жазо... Сув ичида жиннилардай наъра солиб бақирарди. Муридлар кули-шиб қарардилар.
— Бас энди! — деди эшон ичкаридан. — Энди озроқ хипчин!
Сўфини ҳовуздан чиқариб олиб, ингичка новда билан гавронладилар. Яланғоч ва нам баданига теккан беҳи савачўп «чирс, чирс!» эта овоз чиқарарди. Зарбларнинг саноғи анчага етгач, сўфи бир марта қаттиқ фарёд кўтарди, шу билан ҳушидан кетиб, муридлар қўлига йиқилди...
Ундан кейин куни бўйи карахт бўлиб ётди. Кечаси иситма бошланди. Ичкаридан чиққан бир коса қайноқ шўрвани муриднинг юзига ирғитди. Шундан кейин муридлар яна калтакладилар. Фақат ўзи иситма билан ёниб турган одам калтак зарбини сезмади. У калтаклар унга уқалашдай туюлган эди. Эрта билан ўзига келди, иситмаси тарқалган эди. Ҳорғин кўзларини очди, калтакланган ерларининг ачишганини сезди. Қамиш савачўпни куйдириб кулини боғладилар, ором олган-дай бўлди. Фақат бу ором ухламаган кўзларининг ўткир талабидан ўзга эмасиди. Ухлаб кетди.
Икки кундан сўнг, у мусичадек ювош ва мулойим бўлган эди. Ташқарига чиқиб юрди; муридларга кулиб қаради. Фақат гапга жавоб бермади. Хаёли бошқа жойда, бошини чайқар, кулимсираган кўзлари билан муридларга тикиларди. Эшонга айтдилар: «ҳайдаб юборайликми?» деб сўрадилар.
— Юра турсин. Энди ўзи билиб кетади, — деди у, кулди.
Яна уч кундан сўнг жума куни эрта билан намозга турган муридлар эшоннинг хонақода ўлиб ётганини кўрдилар. Соқоллари юлинган, томоғида чуқур бармоқ излари бориди. Хонақонинг бир бурчида кичкинагина жовончада эшоннинг энг азиз китоблари сақланғучи эди; жовон очилган, китоблар ҳам очилиб-сочилиб ётардилар. Ўша ердан бир неча уч сўмлик ва беш сўмлик қоғоз пул топиб олдилар; улар ҳам сочилиб ётарди.
— Ҳам жонига, ҳам молига қасд қилган экан, баччағар! — деди бир мурид.
Бошқалар ҳам, бошларини тебратиб, бу фикрга қўшилдилар.
Сўфидан дарак йўқ эди.

* * *
Қурвонбиби жинни бўлиб паранжисиз ва йиртиқ кийимлар билан эшонникига келган вақтида уни занжирга боғлайдиган одам ҳам топилмади. Эшоннинг катта хотини раҳми келганидан муридларга буюрди; улар жинни хотинни тутиб, ичкаридаги катта толга боғладилар. Қурвонбиби бир нафас тинмасдан, ўзича сўзланар, ким ёнига борса, Зебини мақтаб гапирар, унинг дутор чалиши, ашула айтиши, чок тикиши, тўппи босишларини ҳикоя қилар, юриш-туришлари, қадди-қомати, бўйлари, кўзлари ва қошларининг чиройлилигини айтиб, ҳар кимдан «Қани, менинг Зебим? Қани, Зебонам?» деб сўрар; шундан сўнг ҳўнграк отиб, йиғлаб юборар эди.
Қиш чиқишга яқин аллақандай қариндошлари келиб, уни олиб кетдилар. Қарилар, домлалар, парихон, азайимхон, дуохон ва бошқаларга пул бериб ўқитдилар, кўчиртирдилар, дам солдирдилар, фойдаси бўлмади. Ҳамон ўша эшонникидаги сингари ҳар кимга қизини мақтаб гапирар; сўнгра ҳўнграк отиб, аччиқ-аччиқ йиғлагач, «Ёрилтош» куйида ўзи тўқиган байтларини ўқирди:

Зеби, Зеби, Зебона,
Мен кўйингда девона.
Сени сотди ўз отанг,
Мен бўлайин садағанг!
Заҳар қилиб ошингни,
Пирим еди бошингни!
Зеби, Зеби Зебонам!
Қайда қолдинг, дилбарим?..
 
ЧЎЛПОННИНГ «КЕЧА ВА КУНДУЗ» РОМАНИ ТЎҒРИСИДА

...Тун ҳали қоп-қора этакларини тортиб улгурмасдан, кўкда Тонг юлдузи порлаб юборди. Кўплар бу юлдузни Чўлпон деб аташади. У олтин киприклари оша чор атрофга сеҳрли нурларини сочар экан, секин-аста туннинг муз қатламлари эриб, тонг ёриша бошлади. Чўлпон худди «Уйғон, болам» қўшиғини айтиб, бу бепоён оламни уйғотаётгандек эди.
Эҳтимол, Фитрат Абдулҳамид Сулаймон ўғли учун тахаллус танлаганида, ана шу субҳидам манзараси ва ундан олган бир олам қувончини «Чўлпон» сўзига сингдирмоқчи бўлгандир. Эҳтимол, у ёш шоирнинг келажакда ўз асарлари билан мудроқ халқини Тонг юлдузи сингари уйғотиши ва XX аср ўзбек маданияти осмонида Чўлпон сингари порлоқ юлдуз бўлиб нур сочишини орзу қилгандир. Агар Фитрат ана шундай покиза орзу ва ниятлар билан Абдулҳамидга «нурли» бир тахаллусни ҳадя этган бўлса, Чўлпон бутун умри мобайнида устознинг ана шу юксак ишончини оқлашга ҳаракат қилди.
Чўлпонни бугун ўзбек халқи яхши билади. У нафақат ўз юртида, балки бутун туркий оламда ҳам машҳурдир. Шунинг учун ҳам унинг 1897 йили Андижонда, Сулаймон баззоз оиласида дунёга келганини айтиш шарт эмас. Унинг ота-бобоси Ўш вилоятига қарашли Ёрқишлоқда яшаганини ҳам, отасининг Расво тахаллуси билан баъзан-баъзан ҳажвий ғазаллар битиб юрганини ҳам, ўзининг дастлабки маълумотини мадрасада олганини ҳам ҳамма билади. Унинг шу мадрасада таҳсил кўрган кезларида Туркиядан келган ва туркий халкларни бирлаштириш ғояларини тарқатиш учун Шарқий Туркистонга бораётган бир йигит билан танишганлиги ҳамда шу йигит таъсирида адабий ва сиёсий фаолиятга қизиқа бошлаганлигини ҳам айтишга ҳожат йўқ. Чўлпон ҳаётининг бу саҳифасини билган китобхон унинг му-даррислик истиқболига лоқайд қарагани ва кўнглига тушган жадидчилик учқунининг алангалана бошлагани орқасида 1913—1914 йилларда Тошкентга катта ниятлар билан келганидан ҳам хабардор, албатта. Ижодини худди шу ерда ва шу йилларда бошлагани ҳам ҳеч кимга сир эмас.
Фақат шу ерда, эҳтимол, баъзи бир мухлислар эътиборига тушмаган бир нукта бор. Бу шундан иборат-ки, Чўлпон қўлига эндигина қалам олган кезларда Тур-киядаги таҳсил йилларидан кейин ўз ватанига қайтган Фитрат замонавий турк адабиёти ва унинг забардаст вакиллари таъсирида янги ижтимоий ғоялар билан йўғрилган ва анъанавий ўзбек шеъриятига янги нафас олиб кираётган асарлари билан Чўлпон сингари ёшларнинг дунёқарашида инқилобий ўзгаришлар содир эта-ётган эди. Бояги турк йигитдан сўнг Фитрат асарлари билан ғойибона учрашув Чўлпоннинг — ёш ёзувчининг басират кўзларини очиб юборди.
Чўлпон кейинчалик Москвада, рус биродари В.Ян билан суҳбатда ўз ҳаётининг ана шу кезларини эслаб, бундай деган: «Ўшанда биз, ёш ўзбек ёзувчиларининг ҳаммаси Фитрат таъсирида эдик, у ўзбек шеър тузилишининг ислоҳотчиси сифатида эски арабий-форсий шакллар ва шаблонлардан холи бўлиб, жонли, реал халқ тилида ёза бошлаган эди».
Эҳтимол, В.Ян Чўлпон сўзларини ўз кундаликларида қайд этар экан, уларни озми-кўпми жўнлантирган ва, илғай олмаганлиги орқасида, унинг айрим муҳим фикрларини тушириб қолдиргандир. Зеро, Фитратнинг таъсири, юқорида айтиб ўтилганидан кўра, анчагина теран ва катта бўлган. Ўзбек жадидчилик ҳаракатининг маълум маънода дастури бўлган «Мунозара» ва «Сайёҳи ҳинди» асарлари билан Фитрат Чўлпон сингари ёшлар онгини тўлқинлантириб юборди. Шу пайтгача халқ ва жамият ҳаётидан узоқ-узоқларда сузиб бораётган адабиёт кемаси Фитрат туфай-ли «қадрдон қирғоқлар» сари яқинлаша бошлади; бу ҳол — халқ ва жамият ҳаётининг реал муаммоларига яқинлашиш адабиётнинг тили ва шаклий қурилиши-ни мутлақо янгилашни тақозо этди.
Фитрат бошлаб берган ана шу жараён ёш ижодкорларни ўз «гирдоби»га тортар экан, кишиларга ва жамият ҳаётини ўзгартириш лозим эканлигини тушунган Чўлпон «Қурбони жаҳолат» ва «Дўхтур Муҳаммадёр» сингари ҳикояларини ёзди. Агар бу ҳикояларнинг биринчисида у 10-йиллардаги Ўзбекистонни миллий жаҳолат авж олган воқелик сифатида кўрсатган бўлса, иккинчисида Ўзбекистондаги миллий уйғониш қалдирғочлари образини адабиётимизга, Фитратдан кейин, иккинчи бўлиб олиб кирди.
Ҳозиргина ўқиб чиққанингиз «Кеча ва кундуз» романида халқнинг ғафлат уйқусида ётган бир ҳолати Раззоқ сўфи, Қурвонбиби ва, албатта, Зеби образлари орқали ёрқин тасвир этилган. Бу — ўзбек жадидлари ҳаракат эта бошлаган даврдаги манзара. Жадидлар ана шу нохуш манзарани ўзгартириш, Зеби фожиасининг бошқа такрорланмаслиги учун унинг, Раззоқ сўфиларнинг кўзини тирнаб бўлса-да очишни ўзларига вазифа қилиб қўйдилар. Жадид мактаблари пайдо бўлди. Жадид матбуоти, жадид адабиёти ва жадид театри вужудга келди. Турли-туман йўллар билан кишилар онгини ўзгартиришга, халқнинг басират кўзларини очишга киришилди. Ана шундай қутлуғ ва хайрли ишлар Чўлпоннинг фаол иштирокисиз кечмади. У ўзининг ватан ва миллатга бағишланган нурли истеъдоди билан Ўзбекистондаги ва умуман туркий оламдаги миллий уйғониш ишига улкан улуш қўшди.
Чўлпон, ўз табиатига кўра, мулойим, камтарин, олижаноб, ўзгалар дарди билан яшовчи инсон эди. Унинг бундай гўзал инсоний фазилатлари шеърлари-да ҳам, ҳикояларида ҳам балқиб кўринади. Аммо Чўлпон сингари кишиларнинг энг муҳим фазилати шундаки, улар халқнинг бир зарраси сифатида омма ичига сингиб кетмай, уни — тарихнинг бепоён ўрмонларида тентираб юрган халқни қаерга ва қайси йўллар билан олиб боришни аввалдан ҳис эта ва кўра била-дилар. Агар Чўлпоннинг 20-йилларгача ёзган, ҳатто 20-йилларда ҳам унинг қаламидан тўкилган асарларга назар ташласак, ёзувчининг аниқ-тайин ғоявий мақсади, ўз халқини етаклаб бормоқчи бўлган манзили мана мен» деб кўриниб туради. Бу, халқни мустамлакачилик кишанларидан озод этиб, унинг руҳига эркинлик бахш этиш, Тенглик, Миллий Мустақиллик ва Тараққиёт байроқлари ҳилпираб турган манзиллар сари элтишдир.
Чўлпон, даставвал, шоирдир. Унинг «Гўзал», «Бинафша», «Сирлардан», «Кўнгил», «Амалнинг ўлими» сингари шеърларидаги гўзал инсоний туйғу ва кечинмалар тасвири ўзига хос ва порлоқдир. Аммо Чўлпон мустамлака халқининг шоири эди. Шунинг учун ҳам унинг созидан таралган куйлар қафасдаги булбул хо-нишини кўпроқ эслатади. У ўз халқининг оёқларидаги кишанларни парчалаб ташлашни орзу қилди. Аммо бу кишанларни унинг ўзидан бошқа ҳеч кимнинг парчалаши мумкин эмас. Шунинг учун ҳам «Бузилган ўлкага», «Халқ», «Виждон эрки» сингари шеърларида ундаги аллақачон сўниб улгурган кураш туйғусига янги ҳаёт нафасини пуркамоқчи бўлди. Шу мақсадда яна талайгина ҳикоялар ёзиб, унинг қай аҳволда яшаётганини, худди кўзгудагидек, кўрсатишга уринди. «Ойдин кечаларда», «Қор қўйнида лола», «Новвой қиз» сингари ҳикояларида ҳаққоний тасвирланган воқеалар ўша «Қурбони жаҳолат»да илк бор қаламга олинган мавзунинг янги-янги қирраларидир. Бу «қирралар» билан изчил танишган китобхон ўзбек халқи яшаётган шароитнигина эмас, айни пайтда унинг онгини ҳам ўзгартириш лозим, деган ҳукмга келиши тайин эди.
«Кеча ва кундуз» романи ана шу ҳикоялардан ўсиб-униб чиқди.
Бу асар қоғозга туша бошлаган кезларда ўзбек адабиётида Абдулла Қодирийнинг икки романидан бўлак йирик бадиий асар бўлмаган. Дастлабки ўзбек романлари бўлмиш «Ўтган кунлар» ва «Меҳробдан чаён»ни яратишда эса Абдулла Қодирий Шарқ романнавислиги тажрибасидан, аввало, Жўржи Зайдон асарларидан бадиий сабоқ олди. Чўлпон қаламкаш дўстидан фарқли ўлароқ нафақат Шарқ, балки Ғарб романнавислиги мактабидан ҳам яхши хабардор ва бу пайтга қадар ҳозирча исми номаълум бўлиб қолаётган инглиз ёзувчисининг «Расулий» («Мағоралар султони»), Н. Гоголнинг «Иван Иванович билан Иван Никифорович ўртасидаги низолар ҳикояти», Л. Андреевнинг «Осилган етти кишининг ҳикояси» деган қиссаларини, И. Тургенев, А. Чехов, М. Горький ҳикояларини ўзбек тилига ўгирган эди. Ғарб адабиёти, чунончи, романнавислиги билан танишиш Чўлпон қаршисида бадиий ижоднинг янги уфқларини очди.
«Кеча»да икки бадиий чизиқ воқеаларни ўзаро гуруҳлаштириб туради. Агар биринчи чизиқни Зеби — Қурбонбиби — Раззоқ сўфи — Эшон бобо образларининг ҳаракати билан боғлиқ воқеалар ташкил этса, иккинчи чизиқнинг марказида Мирёқуб образи туради. У ўз навбатида бу сюжет чизиғига Акбарали мингбоши — нойиб — Мария (Марям) образларини тортади. Асар сўнгида эса бу бир-бирига зид, мусбат ва манфий қимматларга эга ҳар иккала чизиқ (сим)нинг Зеби ва Акбарали мингбоши билан тугалланган учи қисқа муддатга туташиб, муқаррар ҳалокат юз беради: мингбоши катта хотинлари Зеби учун қазиган «чоҳ»га тушибгина қолмай, Зебини ҳам ўз ортидан тортади.
Шу тарзда икки сюжет чизиғи турли жойларда электр токига уланган икки симдай, асар воқеалари оша тортила бориб, пировардида ўзаро, кутилмаганда, учрашиши билан портлаш юз беради. Лекин бу портлаш натижасида ҳар иккала чизиқ баравар талофат кўрмайди. Агар Акбаралининг мингбошилик лавозимини нойибнинг хотинбоз хизматкори Зуннун эгалласа, эрлик ҳақ-ҳуқуқига эса бошқалар аллақачон даъвогар эдилар. Лекин Зеби бошига тушган фалокат туфай-ли у мансуб бўлган чизиқнинг барча нуқталари — Қурвонбиби ҳам, Раззоқ сўфи ҳам, эшон бобо ҳам ёниб, кул бўлади.
Чўлпон Октябрь ўзгариши арафасида Ўзбекистонда вужудга келган тарихий шароит ва «синф»лар нисбатини шу икки сюжет чизиғининг тасвири орқали кўрсатиб берган. Маиший воқеалар силсиласи билан бошланган роман, пировардида, XX асрнинг 10-йилларида яшаётган Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий манзараларини яққол мужассамлантирувчи асар даражасига кўтарилган.
Ушбу романнинг дастлабки боблари 1935 йилда «Совет адабиёти» журналининг 1-сонида эълон қилинди. Бу фактга асосланиб, биз асарни 1934 йилда ёзиб тугалланган, деб қатъий айта оламиз. Адабий танқиднинг «замбараклар»и ўзини нишонга олиб турганини билган Чўлпон роман қўлёзмасининг Ёзувчилар уюшмасида муҳокама қилинишини қанчалик истамасин, расмий адабий жамоатчилик бу ишга бош қўшмади. Муҳокама учун роман ўқиладиган бўлганда, бор-йўғи 11 киши қатнашди. Иккинчи сафар улардан атиги 7 таси иштирок этди. Учинчи қисмнинг ўқилишига эса 4—5 кишидан бошқаси келмади. Ҳатто уюшма раҳбарлари ҳам Чўлпоннинг романи билан қизиқмадилар. Қаламкаш ҳамкасблар ва мунаққидлар ҳам улуғ сафдошларига қиё боқишни истамадилар. Роман 1936 йилнинг охирида, катта қийинчиликлардан кейин, нашр этилди. Лекин у китоб дўконларида туриб қолмади. Шунга қарамай, 1937 йилнинг августига, Чўлпон ҳибсга олингунга қадар, матбуот бу асар ҳақида оғиз очмади.
Чўлпоннинг бадиий ниятига кўра, айтиб ўтилганидек, романнинг иккинчи қисми «Кундуз» деб аталиши лозим эди. Лекин бу қисмнинг тақдири тўғрисида аниқ маълумот йўқ. Айрим кишилар берган хабарларга кўра, муаллиф бу қисмни ёзиб тугатган, ҳатто у ҳибсга олинган пайтда асар гранкаси (босма варақалари) тайёр бўлган. Роман 1987 йилда «Шарқ юлдузи» таҳририяти томонидан чоп этилаётган кезларда, шу гранканинг Самарқандда истиқомат қилувчи қандайдир бир кишининг қўлида сақланаётгани ҳақида «миш-миш»лар тарқалди. Абдулла Орипов эса Хитой сафаридан қайтганидан кейин урумчилик Ёлқин Абдушукурнинг «Кундуз»ни ўқиганлиги ва бу асарнинг айрим лавҳалари ҳозир ҳам унинг хотирасида омон сақланаётганлиги ҳақида дарак берди. Лекин на унинг ўзи, на бошқа бирор кимса Ёлқин Абдушукур билан учрашиб, «Кундуз»нинг кейинги такдири билан қизиқмади. Бизнинг ҳам бу борадаги ҳаракатларимиз охирига етмади.
Аммо, борди-ю Чўлпон «Кундуз»ни ёзган тақдирда, унда кимлар ва қандай тасвирланган бўларди? Бизнинг-ча, асарнинг бу қисмида ёзувчининг, биринчидан, етти йилга Сибирга сургун қилинган Зеби, иккинчидан, Қримда рус хотини Мария билан истироҳат қилаётган Мирёқуб образлари ва улар билан боғлиқ янги сюжет чизиқларини давом эттирмасдан иложи йўқ. Ҳар ҳолда «Сибирь мактаби»да чиниққан ва эҳтимол, янги оила қурган Зебининг, бир томондан, Шарафиддин Хўжаев, иккинчи томондан, Қримда «Таржумон»нинг муҳаррири «Исмоил бобой» таъсирида маърифатлашган, жадидлашган, халқ манфаатига қайиша бошлаган Мирёқубнинг «Кундуз» саҳифаларига янги қиёфада кириб келиши табиийдир. Ҳакимжоннинг Мирёқуб тўғрисидаги сўзларини эсланг: «У агар ҳақ йўлни топса борми, ноёб одам бўлади!» деган эди у. Бу сўзлар диологиянинг иккинчи қисмидаги Мирёқуб образига очқич бўлиб хизмат этиши мумкин. Агар Мирёқуб образининг ана шу мантиғидан келиб чиқсак, поездда Шарафиддин Хўжаев билан учрашувдан кейин Мирёқубда бошланган «ноёблашиш» жараёни Қримда, Исмоил Гаспринский билан учрашув туфайли давом этиши ва Мариянинг ҳам бу жараёнга ҳисса қўшиши ҳеч гап эмас. Сирасини айтганда, Чўлпоннинг Мирёқуб билан Ма-рияни Қримга «етаклаб бориши»нинг сабаби ҳам уларни Исмоил Гаспринский билан учраштиришдир.
Хуллас, ана шу икки асосий қаҳрамоннинг кейинги ҳаёти ва фаолияти тасвири «Кундуз»нинг марказида туриши мумкин ва лозим эди.
Лекин бу фикрлар, албатта, бизнинг тахминимиз. Аслида эса бизнинг қўлимизда романнинг дастлабки қисмигина бор, холос! Агар шу қисмда тасвир этилган бадиий воқеликдан келиб чиқсак, унда Чўлпон айтмоқ-чи бўлган яхлит фикр, катта ғоя бор ва бу ғоя асарда ўзининг ёрқин бадиий ифодасини топган.
Романда нафақат рус империясининг, балки шу империя туфайли яшашда давом этган феодал тузумнинг ҳам инқироз ҳолатида эканлиги тасвир этилган. Раззоқ сўфики ёлғиз қизини бахти қаро қилиш ҳисобига кўзини очган ва сиғингани эшон бобога қарши қўл кўтарган экан, демак, бу чириган ҳаёт тарзини, ижтимоий тузумни таг-томири билан ўзгартириш лозим. Ана шу фикр-ғоя асарда тасвирланган даҳшатли воқеалар сил-силаси оша ёрқин юлдуз ўлароқ нур сочиб туради.
Чўлпоннинг — Тонг юлдузининг бундай ҳаётбахш ғояни олға суриши тасодифий эмас. Зеро, у чин маънода Тонг юлдузидир.

Наим КАРИМОВ,
филология фанлари доктори, профессор

Qayd etilgan