Jamol Sirojiddin. Tanbur  ( 9377 marta o'qilgan) Chop etish

1 B


AbdulAziz  31 Yanvar 2011, 12:21:27

Jamol Sirojiddin. Tanbur



Muallif: Jamol Sirojiddin
Hajmi: 1,33 Mb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish

Qayd etilgan


Ziyolee  06 Oktyabr 2011, 17:17:04

Шоирнинг илк китоби

Жамол СИРОЖИДДИН

ТАНБУР


Самарқанд
Ғафур Ғулом номидаги
адабиёт ва санъат нашриётининг
Самарқанд бўлими
1990


Жамол Сирожиддинов шеърларида халқона оҳангдорлик инсон руҳи кечинмалари билан уйғунлашиб сувратланади. Шоир ўз шеърларида бугунимиз, эртамиз ҳамда ўтмишимизга жонкуярлик билан муносабатда бўлади, унинг сурур ва туйғуларини ўз сози билан куйлашга интилади. Мазкур тўпламга ана шундай шеърлар билан бир қаторда кулгу-мутойибага асосланган ҳажвий манзумаларни ҳам киритдик.

Жамол Сирожиддин 1955 йил Самарқанд вилоятининг Тайлоқ туманига қарашли Қозихона қишлоғида туғилган. Тошкент давлат Университетининг журналистика факультетини битирган. Ҳозир Самарқанд вилоят ўзбек драмтеатрида адабий муҳаррир бўлиб хизмат қилаётир.


ХАЙРИЯТ... ХАЙРИЯТ...

Қувончдан кўзларинг порлади бехос.
Сезяпман, юрагинг зарби чирманда.
Кафтингда ёндирар мени эҳтирос,
Мен бугун — китобман, сен-чи — хонанда .

Энди яширмайсан туйғуларингни,
Ҳуркак нигоҳларинг суйканар менга.
Келдим, бузай дея уйқуларингни
Мен бугун — китобман, сен-чи — хонанда.

Энди уялмассан бегона кўздан,
Жовдираб боқмайсан ҳар тўрт томонга.
Бугун юксакроқмиз турфа гап-сўздан,
Мен бугун — китобман, сен-чи — хонанда.

Кетгандинг, чорламай тўйингга мени,
Аяганмидинг ё жоним ўшанда?
Мана, бошлаб келдинг уйингга мени,
Мен бугун — китобман, сен-чи — хонанда.

Истасанг бағрингга босмоғинг мумкин.
Не-не азоб чекдим сенга етгунча...
О, била олсайдинг бу йўл азобин...
Мен бугун — китобман, сен-чи — хонанда.
Мен ҳаёт!
Бормисан, қадди шамшодим?
Кафтннгда бандингман шу ҳур ватанда,
Сенга боғлиқ энди қолган ҳаётим,
Мен бугун — китобман, сен-чи — хонанда.


ИЖОД

Кул, лабларим мулойим,
Юрак, йиғла шашқатор.
Бу оламда зўр ғаннм
Бўлган азиз дўстим бор.

Аста-аста бўғар у
Пўлатдан ҳар панжаси.
Ҳам ҳаётбахш лаҳзалар
Бахш этар исканжаси.

У шундайин ғанимки,
Ўзга ғанимлар бекор.
У шундай дўст, дунёда
Йўқ ундайин вафодор.

Бир кун унинг панжаси
Баҳоримни сўлдирар.
Сўнгги йўқ исканжаси
Мени шаксиз ўлдирар.

Ва бошимда қон йиғлаб,
Тутар юлиб юз мотам.
Бундай аза тутмагаи
Суҳроб ўлганда Рустам.

Ким билади, балки у
Қуримай кўзда нами,
Бевафодай бўлғайму
Номаҳрамнинг маҳрами.

Неки бўлса у — ғаним!
Нега ахир, қадрдон!
Неки бўлса, энг лазиз
Якун топдим сўнгги он.

Ҳозир эса кул лабим,
Юрак йиғла шашқатор.
Бу оламда зўр ғаним
Бўлган азиз дўстим бор.


КОШКИ...

Кошки кўрмасайдим
Мен сени зинҳор,
Кошки севмасайдим
Мен сени дилдор,
Кошки кўр бўлсайдим,
Кошки ўлсайдим,
Кошки қабрим узра
Ёғсайди шу қор.
Ҳеч нарсани сезмай,
Ҳеч нарса кўрмай,
Эҳ, чириб ётсайдим
Бўлиб еми мор ,
Бунча ўртанмасдим,
Бунча ёнмасдим,
Бунчалар қийналиб,
Битмасдим ашъор.
Оҳ, ёниқ бўсалар,
Оҳ, хумор кўзлар!..
Кўз ёшдай мусаффо
Кўринган, эй ёр!
Бу тун боз кимгадир
Бахшида улар!
Кўксим юрагимга,
Олам менга тор!
Кўзёшдай мусаффо,
Кўзёшдайин шўр,
Кўзларда ёшимсан,
Қуйилдинг бисёр.
Қувон,
қаҳ-қаҳа от!
Ғолибсан сайёд,
Мўлжалинг бехато,
Ўқларинг хунхор!
Оҳу боласидай
Тетапоя ишқ
Оёғинг остида
Мажруҳ, ётар хор,
Истасанг қиймала,
Истасанг топта,
Сендан қутилолмас
Севгим ярадор!
«Қийналишчун сев!» деб
Манглайимга ё
Ёзиб қўйганмиди
Азалдан Қаҳҳор?!
Кошки кўрмасайдим...
Кошки севмасайдим...
Жамол, гар ўлсайдим,
Эдим — бахтиёр!


ЎРИМ СОЧИНГ

Уиинг битта ўриб орқасига ташлаган сочи танбурга ўхшарди.

Ўрим сочинг — латиф танбур
Мани созанда қилсанг-чи,
Бошинг кўксимға жо айлаб,
Чалай оҳимни, билсанг-чи.

Мўйинг пардаларин бир-бир
Босиб тунлар наво қилсам,
Мани дардимга зор йиғлаб,
Мани шодимға кулсанг-чи.

Кесилди, бандидин синди
Жами дутор ила танбур,
Бугун ман танҳо машшоқам,
Санам ёдгора қолсанг-чи.

Қўлимдин қўймайин бир дам,
Садафкор айлайин буткул.
Номингдай мўътабар, оппоқ
Жилоларға чўмилсанг-чи.

Неча йиллар суриб даврон,
Жамолингдин жудо бўлсанг,
Бўлиб садпоралар, танбур,
Совуқ юзға сочилсанг-чи.


СЕН КЎЗИ ТУЙГАННИНГ ЁМОНИ БЎЛДИНГ!

Ҳурликда тутқунсан, тутқунда озод,
Сен нафси бузуқлар қурбони бўлдинг.
Энди хоҳ ўзни ёқ, хоҳ солғил фарёд,
Сен кўзи тўйганнинг ёмони бўлдинг.

Хўроз кўрар фақат товуқлар тожин,
Бирим тўрттадан ҳам ортган хирожинг.
Энди минг куйга сол этаку-сочинг
Сен кўзи тўйганнинг ёмони бўлдинг.

Ёқангдан кўринар гўдакнинг кети,
Кўрганнинг бир кўргач ўладир эти.
Қўй, ёрдан нолима, ўзингдан ўтти
Сен кўзи тўйганнинг ёмони бўлдинг.

О, буни «Осиё қуёши» дерлар,
Ҳар қанча суғорма ташнаком ерлар.
Сизни кўп балодан асровди эрлар
Сен кўзи тўйганнинг ёмони бўлдинг.

Ким ҳам ичмас ахир ўз ҳалол ошин
Билмаса жонида макруҳ талошин?!
Ҳаром неъмат томон ким бурар бошин
Сен кўзи тўйганнинг ёмони бўлдинг.

Сиз кўп, биз оз. Бир мард ҳисобдони йўқ
Ғамингдан ғамимнинг тил — забони йўқ
Эй боши очиғим, соябони йўқ —
Сен кўзи тўйганнинг ёмони бўлдинг.


ЧАНДИҚЛАР

(Туркумдан)

1

Бир уммонда
беш наҳанг
бир-бирила
қилгай жанг.
Бир-бирининг
гўштини
емоқ учун
оғзи ланг.
Ҳар бирининг
балиқхўр
қушлари бор,
сафарбар.
Чўқиланиб
ўзи ҳам,
рақибларин
чўқитар.
Ҳар бири ҳам
ўзини
«Кўк китман», — деб
ўйлайди,
Эт кетган жой
додлатар,
этхўр оғиз
тинмайди.
Дод солганча
эт емоқ
қисматингму,
айт, наҳанг?
Бир уммонда
луқмахўр —
бешта луқма
қилгай жанг.

2

Олма шохларига айни навбаҳор
Болаларни осди фашистлар қатор.
Осмон тунд боқарди, чақин чақарди,
Тонггача олманинг сочи оқарди.

3

«Партизан боласи» деб айб тақдилар,
Исодай ёғочга тирик қоқдилар.
Ва жажжи мўлжалга отдилар беҳад...
...Синиб тушди ёғоч қилолмай тоқат.

4

Борлиқни қоплади
Мотор овозн.
Учиб келаверди
Кумушқанот қуш.
Ангиллаб қишлоққа
йўл олди този,
Болакай куйларди
Гуёки сархуш:
«Самолёт,
самолёт,
Қанотингни
пастлаб ўт.
Дадамларнинг
хатларин
Сен бизларга
ташлаб ўт».
Пастлаб ўтди самолёт,
Қўл узатса етарди.
Ташлаб ўтди самолёт!!!
...Ташламаса нетарди?!

5

Мени кутяпсанми,
покиза тўшак,
Тирқишида ойни
тишлаган эшик?
Мени кутяпсанми,
сомонхонада
Шир яланғоч ҳолда
осилган бешик?
Мени кутяпсанмн,
дардим, ширин тил
«Қайсида, қачон?» деб
сўралган сўроқ?
Мени кутяпсанмн,
гуллаган беда,
Пахса ёриғида
занглаган ўроқ?
Мени кутяпсанми,
яккачўп кўприк,
Даричамга томон
ўтган камбар йўл?
Мени кутяпсанми,
падар белбоғи,
Онамнинг чап енги
бўлганингча ҳўл?
Мен эсам хаёлнинг беланчагида
Куларман
атрофга таратиб ваҳм.
Мени кутяпсиз-а,
умрим тонгида
Барчангизни кўрай,
кўрай илоҳим.

6

Жангчидан «қорахат» келди. Бева аёл эридан ёдгор қолган ҳар бир нарсани жонидан ортиқ асраб-авайлайди. Эри урушга кетаётиб. «Турли бало-қазолардан асрайди», деб ёзиб бериб кетган туморни эса еру-кўкка ишонмас эди. Тумордаги оддийгина шеър энди аёл учун муқаддас шеърга айланган эди:

ТУМОРГА

Сен юрагим шаклисан,
Сен тилагим рамзисан,
Ёргинамнинг бўйнидан
Нозла қучган, ҳой, тумор.

Ёр не диллар армони,
Сен номусим посбони.
Ғаразли, ёт қўлларға
Бермағайсан жой тумор.

7

Китобларнинг гуноҳи наднр?!
Манфур бўлса таълимотинг гар!
Инсонларнинг гуноҳи надир?!
«Бол» дея тутганинг бўлса гар заҳар'

Китобларни ёқдилар!
Ёқдилар:
Китобларга киражак қаҳрамонлару,
Китоблар битажак муаллифларин,
Абадиятнинг салбий қаҳрамонлари!

8

МУСО ЖАЛИЛНИНГ ЁЗИЛМАЙ ҚОЛГАН ШЕЪРИ

Паймонамни тўлдирдингку
Қоракўлча шеърим менинг.
Иккимизни ўлдирдинг-ку,
Кимлар шилар теринг сенинг.
Кимга телпак, кимга ёқа
Бўлиб қолғай пўстинг қўзим.
Бошим тутдим мен пичоққа
Сени барпо этгач ўзим.

9

ОТАМНИНГ ШЕЪРИ

«Акажон қачон келасиз?»
(Отам — Камолиддии Сирожиддин ўғлининг урушдаги акаларига ёзган хатларидан).

Бу ерга йигитлар ажал ўқларига кўксини қалқон қилиш учун келаётир. Сенинг бахтингни қайтариб берган куним қайтаман ука...»
(Урушдан қайтмаган амаким Ривожиддин Сирожиддин ўғлидан ёдгор хат).

Тўпиғи тешик чориқлар,
Мурдақоқдай ориқлар,
Вабо, ўлат, сариқлар,
Акамни топиб беринг!

Йиғи ёққан маконлар,
Зим-зиё хонадонлар,
Бўм-бўш қайтган вагонлар,
Акамни топиб беринг!

Минг бир йиртиқ ямоқлар,
Сабил қолган сабоқлар,
Жангга кетган машоқлар,
Акамни топиб беринг!

Саратонда пишганлар,
Кунжара еб, шишганлар,
Қўл-оёқсиз жиш танлар,
Акамни топиб беринг!

Милён кўзли пайкаллар,
Тошу мармар ҳайкаллар,
Инсофи йўқ вокзаллар,
Акамни топиб беринг!

Аччиқ бўлган чучуклар,
Қаримсиқ юз, кичиклар,
Сўлғин момочучуклар,
Акамни топиб беринг!

Юздан битта қайтганлар,
«Кўрмадим», деб айтганлар,
Ғалвир бўлган баданлар,
Акамни топиб беринг!

Ковакларда ётганлар,
Ўзини ўзи отганлар,
Ватанини сотганлар,
Акамни топиб беринг!

Ортда қолган йўқчилик,
Келаётган тўқчилик,
Ношукурлик, шўхчилик,
Акамни топиб беринг!

Урушга ташна қонлар,
Урушпараст маконлар,
Урушпараст замонлар,
Акамни топиб беринг!

10

ШОҲИ ЗИНДА ҚАБРИСТОНИДА

Кўкат чиқмиш тарс ёрганча
Сағананинг тошини.
Бир қария гўр бошида
Тўхтатолмас ёшини.

Мен сўрадим: — Бобо нечун
Юрак-бағринг тиғлайсан
Бу ётган ким, нечун унинг
Қабри узра йиғлайсан?

Ғам қиличи «ажин-ажин»
Қилиб чопган юзини —
Менга буриб, минг азоб-ла
Бобо айтди сўзини:

— Бу келиним, — нурсиз кўзин
Яна қайта ёшлади, —
Ўғлим жангдан қайтмади, — деб
Дардин айта бошлади:

— Болаликдан севишарди,
Шўрлик келин кўп кутди.
Йигирма йил «келади» деб,
Йўлларига кўз тутди.

У келмади... Сўнг бу кетди,
Фарёд солиб қалбимга.
Мен тирикман, сил касали
Солди уни қабримга.

Жон беролмай қийналганди,
Келиб қолар дея ёр.
Очиқ кетди ҳатто кўзи
Бу дунёдан умидвор.

Қара, болам, у кутмоқда —
Ёриб қабр тошини!
Чол кўкатни кўзга суртиб,
Тошга босди бошини.

11

ТОКИОЛИК СИГИЕХО КОБАЯСИ ВАСИЯТИ

Сенга на тоза ер,
на тоза само,
на тоза сув қолди,
на тоза ҳаво,
на бир удум қолди
сенга азаллик,
сенга биздан мерос
турфа касаллик...
Билсанг олиб кетди
мени ушбу ғам: —
нега сен туғилдинг,
нега, набирам?!

12

ЗАМИН НИДОСИ

Мен замин, посангим — уммонлар, тоғлар,
Ғазабим — саҳролар, меҳримдир — боғлар.
Сенга мен неъматлар баҳш этай инсон,
Етар кўксимдаги чандиқлар, доғлар.


ГЎДАККА НАСИҲАТ

Пўртаналаб оқяптими, тошгани шу бу сойнинг
Чилдирмага ўхшайдими, тўлгани шу бу ойнинг
Фарзанд ота-онасидан, халқи она тилидан
Тондими ё уялдими, ўлгани шу бу жойнииг.


МУЗЕЙДА

Тили бўлса эди манави эгар
Айтарди кимларни миндирганлигин.
Бу қилич, даҳшатдан қинидан чиққан
Не-не кўз нурларин сўндирганлигин.

Сўкилган бу совут, камон ўқлари
Ёнма-ён турмасди, бўлса гар жони.
Пачоқ бу дубулға, шашпар гурзини
Ғажиб ташлар эди бўлса даҳани.

Бу чачвон, паранжи рухсораларга
Сўйларди: маҳрам не, номаҳрам надир.
Аланга тил билан лабларин ялаб,
Яна нон ҳақида куйларди тандир.

Зарбоф тўн керилиб мақтанармиди
Не-не ғунчаларни сўлдирганини.
Тили бўлса эди шу аждар тўплар
Айтарди кимларни ўлдирганини.


* * *

Кетгим келур, кўзу қулоқсиз
Сарҳадларнинг қўйниға чўмиб.
Она қишлоқ, яширгил мени
Бедазорлар наҳрига кўмиб,
Толиқтирди на-да — дўстлиги.
На ёвлиги маълум бу хилқат.
Мижғовликлар қурбони бўлди
Қудратлардан қудратли қудрат
Кетгим келур,
барчаси бекор!
Кимга керак сўзу гудозим,
Мижғовларга мижғовлар керак!
Син-эй созим,
тин-эй овозим,
Ота мерос қадрдон кетмон,
Кел, вориснинг елкасига мин.
Мен қаърингга шеърларим экай
Сен ундириб бер, она замин.


ҲОЛАТ

Тўлиб оққан наҳрлар ҳам
Бора-бора қурийди.
Йиллар баланд қояларни
Замин қадар қилар паст.
Бу дунёда собит бўлиб
Бирор нарса қолмайди
Чинор, сен ҳам бир нафассан,
Бир нафассан!.. Бир нафас!...
Гоҳо кимдир ўтказса ситам
Чопа бошлар дарахтин отам.
...Йиллар гувоҳ биз қайдадир
Гувлар янги наҳрлар.
Саратонда кумуш бошли
Қоя кўкка ўрлайди.
Балки унда соддаликка
Миниб юрмас макрлар,
Чиноримни соясида
Болакайлар ўйнайди.
Болта изин кўнгли бўш отам
Лой-ла сувар ўтмай бирор дам.


ТУЮҚ

Бул назм майдони — оташ, титрамай бор, ўт, тизим,
Бунда ҳар дил томири чўғдин ақиқдор ўт тизим.
Ёндирар жисмингни Рахшинг, қўлни хунхор ўт тизим,
Беулоқ ўттиз бирингни энди бил ор ўттизим.


ЁБОНЛИКЛАР ЁКИ ВАТАН ҲАҚИДА БАЛЛАДА

Панжакентда бир қишлоқ бор,
«Ёбон» дея номланур.
Дейдиларки... «Бу қишлоқлик
Кўрар қирқ йилча умр»...

Атрофида баланд гоғлар,
Ва пойида Зарафшон.
Бунда ҳануз яшаб келар
Ўн-ўн бешта хонадон.

Айтишарки: «Бу қишлоққа
Қарғиш теккан азалдан.
Ёв келганда тоғ бошида
Пойлоқчиси ухлаган.

Муғ қалъаси гулхан ёқиб,
Огоҳ этса хатарни,
Ёбонликлар ўзгаларга
Етказмаган хабарни.

Ғаним босиб келган гуррос,
Тоғу тошлар бўлган қон,
Жасад сонсиз,
Ўзи ювиб,
Ўзи кўмган Зарафшон.

Шундан буён ёбонликка
Осмон баланд, ер чақир,
Бу дунёда қарғишдан зўр
Қандай жазо бор ахир?!»

Инкор этар ҳар ёбонлик:
«Бу ривоят ёлғон, — деб.
Ўша соқчи қирқ ёшдайди,
Ухламас, ўлған, — деб,

Қарғишданмас, эл бошига
Ёпирилган бу офат,
Бизнинг тоғда бир маъдан бор,
Ўшандан бу касофат».

Ачинганча ён-вердаги
Қишлоқ аҳли: «Келинг, — дер.
Истаганча серўт яйлов,
Ҳам боғу-роғ олинг, — дер.

Ҳашар чорлаб, ҳашаматли
Уй-жой қуриб бергаймиз.
Бизнинг ерда қирқ йил эмас,
Юз йил умр кўргайсиз.

Кўп узоқмас қўшни қишлоқ,
Бор-йўғи уч чақирим.
Ёбон тоғдан эр йигитчун
Бир наъра ё бақирим.

Қизиқ, аммо тарк этмади
Ўз қишлоғин бирор жон.
Бунда ҳануз яшаб келар
Ўн-ўн бешта хонадон.

Меҳмон қўнмас бу қишлоққа
Меҳмон бўлдим то саҳар.
Меҳмон учун моли тугул,
Лозим бўлса бергай сар.

«Ўзга юртнинг юз йил яшаб,
Бўлгунингча подшоси,
Ўз ерингни қирқ йилгина
Бўлиб ўтгин гадоси».

Каби сўзлар айтди менга
Уй соҳиби Мирсайид,
Мен ўттиз ёш навқиронман,
У — ўттиз ёш мўйсафид.

Қайтарканман, амин бўлдим,
Ёбонликчун не Ватан
Ва кўрдимки Ёбонтоғда
Ёнар эди зўр гулхан...


БОРА БИЛМАСМАН

«Иложим йўқ ёра бора билмасман».
«Шохсанам ва Ғариб» достонидан.

Лолдир бунда забоним, дардим ёра билмасман,
Теграмда ҳамнишин кўп, ғаним, ёра билмасман,
Кўп эзилдинг, аё руҳ, борму чора билмасман,
Талпинмагил ул ёра, ёра бора билмасман.

Сен ҳам соғинмагил ёр, соғинчларинг азобим,
Балки сенга аёндир бунда қочгани тобим?
Бедорлигимда такбир излатаберма, хобим,
Қирқ тошча йўл масофа ора бора билмасман.

Гоҳи «куйдирди офтоб», гоҳида эзди ёмғир,
Васлингга ташна лабман, чўллабман безди ёмғир,
Ёхуд дилим азобин ўзича сезди ёмғир,
Милдир-милдир осилди дора бора билмасман.

Сен бор бўл-эй суюклим, соғинчларинг бор бўлсин,
Бу тоғ тан абгор бўлсин, руҳим анда сор бўлсин,
Кошки қаро сочларинг бу бўйнима дор бўлсин,
Жон берарға ҳузурбахш дора бора билмасман.

Сўрамадимку, дунё, сендан ганжу аъмолинг,
Майлига хор этавер, бериб фазлу камолинг.
Фақат ёржон, ёрижон, ета билмас Жамолинг,
Ҳайҳотки, менга мендек зора бора билмасман.


КЕТАР БЎЛСАНГ...

Кетар бўлсанг бош олиб
 Кетажагинг билинса,
Не-не шивит киприкка
Шудринг инса, дур инса.

Бинафшалар бош эгиб,
Нола чекса ифорли,
Печакгул кўк кийинса
Ишкомларда оҳорли.

Деразалар юзларин
Юваверса ёмғир-ёш.
Камалак сочиғига
Юзини босса қуёш.

Қоқигул уруғларин
Чор атрофга йўлласа.
Тоғлар ўкраб, тўккан ёш
Этакларин ҳўлласа.

Пилдироқ жилғалар-ла
Замин бели бойланса,
Бақаларнинг бўғзига
Садргинанг жойланса.

Шовулласа дарёлар
«Кетма!» дея тўлғонса,
Неча нозик билаклар
Шарфинг бўлса, чўлғонса.

Чақмоқ қиличин сермаб,
Лолазор бўлса соғ-сўл.
Кетавергил, шодумон
Қолгандан ҳам рози бўл!


ХОРИЖДАГИ ВАТАНДОШЛАРГА

Туркум

Аё, дўстлар, бу оламда
«Ватандан яхши ёр ўлмас».
Кишида гар Ватан йўқдир,
Бирор он бахтиёр ўлмас.

У бордир —дилда ғам йўқдир,
У бордир — кўзда нам йўқдир.
Алам йўқдир, ситам йўқдир,
Кўзингга дунё тор ўлмас.

Муҳожирда мусофирсан,
Кн гарчи шоҳи Бобурсан,
Пушаймон қилғунг охир сан
Ниҳолинг ҳеч чпнор ўлмас.

Кўзингдин тирқирар соғинч,
Юракда зирқирар соғинч,
Қаён қочма, тутар соғинч,
Қишинг—қишдир, баҳор ўлмас.

Она юртим — шароримсан,
Тамоми йўғу—боримсан,
Жамолингман, мадоримсан,
Умидим тору - мор ўлмас.

* * *

2

Гармселлар силаб ўтар саксовуллар шохини,
Бадавий чол манглайидек замин сатҳи қатқалоқ.
Қизғалдоқлар дарз кетганча айтар сўнгги оҳини,
Кун тиғида оқ маяни эмиб турар бўталоқ.

Бунда яшар пайтавасин ойда-йилда ечганлар,
Бунда яшар бурда нон деб ўз жонидан кечганлар
Бунда яшар тандирдаги нондек кўпчиб юзлари —
Волидасин кўкрагидан сутмас, қимиз эмганлар.

Бу дунёнинг бор азоби, бор заҳмати бундадир,
Бошта соя зулфиқору, ёстиқлари кундадир...

3

ИСРОИЛ АРМИЯСИГА ЁЛЛАНГАН СОЛДАТ ҚЎШИҒИ

Мен юрган ҳар ерлардан
гулзорлар чекинади,
кўкраклар қўрғон бўлиб,
бешиклар бекинади.

Мен қараган кумушранг
соч, соқол бўлгай қирмиз,
ўзини-ўзи осгай
орияти бор ҳар қиз.

Ўзлигини йўқотар
Ҳавр, сув, ҳамда тупроқ,
ботирларини ейди —
меники бўлган қўрқоқ.

Қанча ўлдирсам — шунча
мақтаб турганда диёр,
мен бўлмасдан, ким бўлсин
азроилга дастиёр?!

Ўйнашаман ҳаммага
Охирин бўлган жон билан,
оиламни боқаман
қайноқ-қайноқ қон билан.


ШЕРОЗЛИК НАВНИҲОЛГА

Сен бир ниҳол, печак гуллар бор бўйингга чирмашган
Шохларингни бинафша ранг гулғунчалар чулғашган.
Ҳар навбаҳор кеч кузгача сенда ҳусну тароват...
Эҳ, сен қандай ниҳолсанки, печак гулла сирлашган?!

Соябон — гул, либосинг — гул, саболарда тебранар
Гоҳи намчил, гоҳида хуш ҳаволарда тебранар,
Сени кўрдим, дилим оғир наволарда тебранар
Рангпар хазон япроқларинг чаман ичра бўзлашган.

Шотутмисан?
Балхимисан? — не деб айтай исмингни?
Билолмадим чирмовиқлар ичра қолган жисмингни.
Куйлагайман дилимга жо айлаб сенинг расмингни;
— «Сен — бир ниҳол — печак гуллар бор бўйингга чирмашган....»


ИЖАРА УЙ СОҲИБИГА

Теппангдан қай бири оқизган сувга
Пастингдан: «Оққизма!» — деб ўшқирса ким
Қулоқлар кар бўлмай ушбу қий-чувга,
Олғил-эй уйингни, қайтарғил тинчим.

Деворда «муш» «йўғу», «гўш» бўлса бироқ,
Не қилсам кўришса яқину йироқ.
Дилбузорим бўлмай қўшни уй, чироқ
Олғил-эй уйингни, қайтарғил тинчим.

Сал баланд кекирсам — кулса тўрт ёним.
Синчалак бўлмаса бу фил товоним,
Турфа «гурс-гурс»лардан қийнамай жоним
Олғил-эй уйингни, қайтарғил тинчим.

Ўтирсанг, теппангда тўрттаси қатор...
Ва билсанг остингда тағин шунча бор...
Бир пастхам изласанг «захринг келиб тор»,
Олғил-эй уйингни, қайтарғил тинчим.

Ҳовлида аллаким пиширса кабоб,
Ва ёки «пат-пат»ин юргизса шитоб.
Димиқиб тутундан чекканда азоб,
Олғил-эй уйингни, қайтарғил тинчим.

Оғзини очмаса «лип» номли аждар,
Ҳар зина — бир шаҳар, мен-чи — Искандар,
Қоронғи оралиқ — беҳаё, хатар,
Олғил-эй уйингни, қайтарғил тинчим.

Ишдаман, эсладим: — «Эй, паришонхотир!
Жўмрак очиқ қопти! «...» «Газ ёнаётир!..»
Уйдаку минг ғалва, ишда хавотир,
Олғил-эй ўйингни, қайтарғил тинчим.


КЎПАЙИНГИЗ ШОИРЛАР

Шоири кўп қай элнинг — ўшал элдир музаффар,
Ўшал миллат, ўшал юрт, ўшал тил мангу яшар,
Ўтли ашъорингиздан нурга чўмсин қишлоқлар,
Мисралар залворидан батанг бўлсин шаҳарлар,
Сизла тўлсин бекатлар, аэропортлар, вокзаллар —
Кўпайингиз шоирлар, кўпайингиз шоирлар.

Шеър дегани — имлога айланган қон дегани,
Барча нарса майдаю, у — каттакон дегани,
Нурли бағирдан чиққан ўтли туғён дегани,
Не-не дилни забт этар соҳибқирон дегани,
Шеърла тўлсин дўконлар, ижара уй, ётоқлар —
Қўпайингиз шоирлар, кўпайингиз шоирлар.

Шеър бор дилда поклик бор, муҳаббат бор, виждон бор,
Шеър бор дилда неклик бор, диёнат бор, имон бор,
Қартайган орзуларни яшартмоққа имкон бор,
Тиним берманг илҳомга, қўним берманг то жон бор,
Сизга маҳтал мукаммал, умрибоқий асарлар —
Кўпайингиз шоирлар, кўпайингиз шоирлар!

Сифатли сон бўлсангиз шоирталаб замон бу,
Ҳақгўй забон бўлсангиз оқил демас: — «Ямон бу!»
Ҳар битта шеър шоирдан оромларга исён бу,
Жон бу, нон бу (Қофия келаверса ҳайрон бу),
Нуқта қўйдим. Хотима яна ўша сўз бўлар: —
Кўпайингиз шоирлар, кўпайингиз шоирлар.


НАЗАРГА

Бир кун яхши бўлар барчаси тайин
Тугар ижарашин бу дайди ҳаёт.
Ўз уйинг ҳам бўлар, рўзғоринг тўкин
Болаларинг бўлар қуввату қанот.

Бир кун яхши бўлар барчаси бешак,
Эшигингни излаб пуллар келади
Сен эса қўл қўйиб олишдан ҳалак,
Шеърингда муштлармас, гуллар унади.

Бир кун яхши бўлар барчаси ишон,
Ҳеч нокас отолмас таъна тошини.
Ул кун кибор бўлар дарвиш ошқозон,
Мағрур тутйжаксан бу ғолиб бошни.

Бир кун яхши бўлар ҳамма-ҳаммаси...
Қай аёл йиғлайди пушаймонлардан.
Сен-ла фахрланар қўшнинг аммаси,
Хуш гаплар ёғилар ҳар томонлардан.

Бир кун яхши бўлар, ўз ўзни танир,
Ўз ўзга сиғинар толе қўлласа,
Бир кун яхши бўлар! — дедим-ку ахир,
Ишончингдан умринг қисқа бўлмаса...


ИЛОН ИЗИ СЎҚМОҚ ЙЎЛ

Баланд тоғлар остида,
Тубсиз жарлар устида
Илон изи сўқмоқ йўл.
Гоҳ кимгадир шафқатли,
Гоҳ кимнингдир қасдида
Илон изи сўқмоқ йўл.

Тарам-тарам пойимнинг
Тарамида чўкиртош...
Хасдан нажот истар қўл.
Уйда ҳаёт интизор,
Йўлда ажалдир йўлдош,
Илон изи сўқмоқ йўл.

Етиб борсам ҳаётим
Бол лабларинг сўргайман,
Ёшдан яқом бўлиб ҳўл.
Етолмасам тулгинам
Пешонангдан кўргайсан.
Илон изи сўқмоқ йўл...


БИНАФША БЎЙ СОЧЛИГИМ

Талпинар дил сен томон,
Бахтимга бўлгил омон.
Бинафша бўй сочлигим
Сен яхшисан, мен ёмон.

Қучма мени чор девор —
Бамисоли ёр девор.
Учгим келур ёр томон,
Қўйғил, қўйивор девор.

Бунча олис манзил-эй,
Мунча эзилдинг дил-эй,
Бинафша бўй ёр сочин
Шамоллармас, ман силай.

Тугадику бардошим,
Эзилди ичу тошим,
Айни баҳор ёшимда
Қорға беланди бошим.

Аллангда мен товшингдан,
Товуш бўғган ёшингдан.
Интизорим, айланай
Бинафшадай бошингдан.

Шоир бўлолмам сенсиз,
Яйраб кулолмам сенсиз,
Яримта дил одамман,
Бутун бўлолмам сенсиз.

Дил талпинар сен томон,
Бахтимга бўлгил омон.
Бинафша бўй сочлигим,
Сен яхшисан, мен ёмон.


ҚОРЛИ ТОҒЛАР ОРТИДА БИР КУН...

«О»ланди кўл,
кўза
«Ҳ» каби
чўкди...
Дилга дард,
кўзга мунг
чўккани янглиғ.
Кеч қайтди қиз,
сувни,
кўзидан тўкди!..
Лоқайд ғурубларга
кимдир санчди тиғ!
Шаҳд ила қўшоғиз,
фарёд-ла она
осилди
отанинг елкаларига.
Сўнг бири қулади
остонадаёқ,
ўзгаси йўл олди
ғазаб-ла бирга.
Узаниб, борлиқни
зумда қоплади
қуёшни беркитган
тоғнинг сояси.
Онани суяди,
қизни яширди
қўшнилар ҳайрати
ва ҳимояси.
Сертахмон, сертокча
хона тўрида
қиз гангиб
қонталаш
бўйнин силайди.
Негадир...
негадир...
отасигамас,
ўша нобакорга
умр тилайди.


ОЙБЕККА

Япа гуллармикин наъматак?
Такубоко

Ҳануз ўшшаяди қоя сервиқор,
Тошлар тўшин ювар гоҳ куз, гоҳ баҳор.
Янтоқлар гуллайди, янтоқлар беор,
«Яна гуллармикин наъматак?!»

Шамоллар жарликка эгар бошларин,
Қоя тўсиб турар тоғнинг тошларин
Асалариларнинг гул талошларин
Яна кўрармикин наъматак?

Унингсиз не чоғлп ваҳший тоғ-тош.
Теппасига келнб ўй сурар қуёш:
Бошидан зар сочса, тангаю қумош,
Яна кулармикин наъматак?

Кўксида дам ою, дам қуёш эриб,
Шаффофлик ортида тубин «ёшуриб»
Сой бўзлар дуч келгаи тошга бош
«Яна куйлармикин наъматак?
«Яна гуллармикин наъматак?»


ЧОПОНИМГА

(Ҳазил)

Чорраҳа, тўрт минтақа,
Қибладир тўрт томоним.
Бари қолди, сен менга
Ҳамро бўлдинг, чопоним.

Тўрғай мисол бўзласам,
Бирор соя етмайди,
Дардлар кўпу, сўзласам
Кетмайди-ку, кетмайди.

Тўрт фасл ҳам жонҳалак,
Меҳрибоним, чопоним.
Гоҳ ёстиқсан гоҳ тўшак,
Гоҳ либос, гоҳ масканим.

Хоҳ куйламай хоҳ ёнмай
«Қел дўст» дея бериб сас,
Дўстлар кўп, қайга бормай
Лек сендайи топилмас.

Қайларда мен тикдим қўр,
Қайда силкитдим этак.
Сен туфайли аввал тўр,
Сўнг жойим бўлди пойгак.

Рангинг бўзартди офтоб,
Қор ёмғир этти жанда.
Ссн туфайли мен шу тоб
Кўпларга бўлдим ханда.

«Кел дўст, энди ризо бўл»
Дея, видо айтарман.
Сен йўқ, аммо ғамлар мўл,
Уйга қандоқ қайтарман?!

Чорраҳа, тўрт минтақа,
Қиблам — манзил — маконим.
Сен энди бир хотира —
Жаҳонгаштам — Чопоним.


ДЎСТГА ДАЛДА

Парво қилма маломатлар отсалар,
Ҳавас қилма ағёрни ёр этсалар,
Неча номард дўст-ёрларин сотсалар,
Сен уларга қилаберма эътибор,
Бир мард бўлиб авлодларга етиб бор.

Тифл  фурсат отли отга минади,
Умр карвон, манзилида тинади.
Бизда не бор авлодларға энади,
Кезиб неча баҳору, ёз, ёмгир, қор,
Бир мард бўлиб авлодларга етиб бор.

Йўлда учраб неча ваҳшат саҳролар,
Қўрқиб қолса неча йўлдош, ҳамролар,
Ва ортингдан кулса авбош гумроҳлар,
Сен тўхтама!
Сен чекинма!
Сен зинҳор
Бир мард бўлиб авлодларга етиб бор.


УШАЛМАС ОРЗУ

...Эҳ, қанийди бойчечакка айлансам,
Бир мушт лойга бўғзимғача жойлансам,
Бир тўп бола «бойчечак»лаб кўчангда,
Дарвозангда шундайин ҳой-ҳойлансам:
«Бойчечагим аслидур,
бойчечак, бойчечак!
Одам Ато наслидур,
бойчечак, бойчечак!
Куйган жигар бандидур,
бойчечак, бойчечак!
Асли Самарқандидур,
бойчечак, бойчечак!»
Қўлчалардан қўлгинангга етсам мен,
Қош-кўзларинг бир дам тавоф этсам мен.
Бошқа бирор илинжим йўқ дунёда,
Ризо эдим сен қайтарғач сўлсам мен.
Неча йилдир адо бўлдим куйингда,
Бир кўрмакчун гадо бўлдим куйингда.
Ризо эдим, мен сўлсамда болалар
Шундай қўшиқ куйлашсалар уйингда:
Сўлди чечак бахтиёр,
бойчечак, бойчечак!
Қутлуғ сизга навбаҳор,
бойчечак, бойчечак!
Бешигингизга янга
бойчечак, бойчечак!
Ўғил берсин зўрабор,
бойчечак, бойчечак!
Эҳ, қанийди бойчечакка айлансам...


БИЗ ЕРЛИКМИЗ

Биз ерликмиз, ҳар бир гиёҳ,
бизга дўсту биродар.
Бошимизда шу заминга
Ҳукмронлик жиғаси.
Масъулдирмиз ҳар неки бор
асрамоққа бехатар,
нафсимизни қисиб турсин
шу камарнинг тўғаси.

Англамаймиз пойимизда
дод солганинг ҳар чечак,
жабримизни тортган ҳар бир
дарахт биздан қўрқишин.
Пайқамаймиз экинимиз
шўри бўлган зарпечак
бизга таниш кимларнингдир
аждодлари эканин.

Биз билмаймиз говмишларнинг
елинида сут бўлиб,
Не-не бобо, момоларнинг
хулқи кулиб турганин
ё кўрмаймиз сағанасин
ёриб чиқса ўт бўлиб,
бева аёл шаҳид ёрин
ҳануз кутиб турганин.

Билсак эди заминдаги
паррандаю, ҳайвонни
яратгунча ер неча бор
тўлғоқ тутиб чиққанин,
Ўз жуфтининг қотилини
излаб, топган илоннинг
изтиробин англар эдик,
Қўл берардик чаққали.

Қумурсқалар босқинидан
қўрқажакмиз бегумон,
Бу исённинг боиси не —
ажратмаймиз бир маъно.
Ҳар сичқоннинг ажалида
мушук бахти намоён,
сенга сичқон — таъзияму,
сенга мушук — тасанно!

Биз ерликмиз, аллақайси
фазовий ул меҳмоннинг
синаш учун ташлаб кетган
бир жуфт насли эмасмиз!
Заминдаги ҳар жондорга
хос бу қирмизи қоннинг
манбаи ер,
кечир бизни,
кечир бизни —
аслимиз!...


* * *

Баҳам кўргум сизлар билан
Шодлигимни нон каби,
Баҳам кўргум бу умримни
Ҳотамий ҳамён каби.
Неки топдим баҳам кўргум,
«Ўзим бўлай», демасман.

Лекин, дўстлар, азобимни
Ҳеч қайсингга бермасман!
Бўлишгайман қувватимни,
Фикратимни, жонимни.
«Керак» десанг сен-ла ғаним
Бўлишгайман қонимни.
Тақсимлайман баб-баравар
«Сенга йўқ!» деб турмасман
Лек душманим, азобимни
Ҳатто сенга бермасман.


ОНАМНИНГ ЎГИТИ

Хулқ-атвор мерос қонда,
Яхши бўлсанг жаҳонда,
Вояга етган онда
Боланг сенга ўхшасин!

Агар бўлсанг дил озор,
Дўст ранжитар ҳам беор,
Ёмонликни қилсанг, ёр,
Боланг сенга ўхшасин!

Боболаринг ёд этсанг,
Йўқотсанг — фарёд этсанг,
Мену отанг шод этсанг,
Боланг сенга ўхшасин!

Бизга еткурсанг алам,
Қарғишимиз шу болам,
Шудир биздан дуо ҳам —
Боланг сенга ўхшасин!


ТИЛАКЛАРИМ

Яхшиларга — яхши кун, шому наҳор тилайман.
Яйдоқ чўлларга зангор тилли баҳор тилайман.
Баланд тоғларга — ўрмон, каклик, олқор тилайман.
Эй танаси бемор дўст, сенга мадор тилайман,
Бешигингга товус — қиз, ўғил — шунқор тилайман.
Сен дунёсан, дунёга сабру қарор тилайман.

Қуёш мисли самандар чир айланар фалакда,
Боқиб замин ҳолингга ойнинг жони ҳалакда.
Кўкми, қора бу осмон юлдузлари тилакда:
Ою офтобу юлдуз хавотири юракда,
Замин, сенга соф ёмғир ҳамда оқ қор тилайман.
Сен дунёсан, дунёға сабру қарор тилайман.

Маст бўлайлик қайтадан ҳандалакнинг бўйига
Ё вафосиз ваъдага алданганнинг тўйида
Ё ваъдаси ёлғоннинг ҳижронида, кўйида.
Сен ҳам унинг ўйида, мен ҳам шунинг ўйида.
Аё, сенга вафосиз, бахтни ночор тилайман,
Сен дунёсан, дунёга сабру қарор тилайман.

Шердорнинг пештоқида шердан қўрқмайди ковул,
Оҳуки қўйворса шер этарди-ку тановул.
Доно лаган кўтарган тўйда нодон баковул.
Фикрату руҳиятдан тортиб борсанг ясовул!
Эй пулпараст, руҳингга кайфи ашъор тилайман,
Сен дунёсан, дунёга сабру қарор тилайман.

Чўлга — чўллик тилайман, кўлга — кўллик тилайман
Сўқмоқларга — сўқмоқлик, йўлга — йўллик тилайман
Оёқларга — оёқлик, қўлга — қўллик тилайман.
Хирмонжойларга ҳосил, мўлу кўллик тилайман.
Ҳар неки эзгулик бор сенга такрор тилайман.
Сен дунёсан, дунёга сабру қарор тилайман.


* * *

Маконлар ўзгарар, жойлар ўзгарар,
Не-не хароботга ободлик келар.
Кунлар гоҳ қисқарар, гоҳо узаяр,
Осмон гоҳи ёмғир, гоҳи қор элар.
Бағрим сендан ёлғиз тилакни тилар:
«Фақат сен ўзгарма, ўзгарма, жоним!»

Билурман неки бор ўзгарур тайин.
Кимдир лаҳза сайин, кимдир ой сайин.
Кечаги навниҳол бугун-чи — қайин.
Майлига, жон бўлиб тандин чиқайин.
Майинсан. Майин бўл, майин бўл, майин...
Фақат сен ўзгарма, ўзгарма, жоним.

Шу ҳаё, шу иффат доим бор бўлсин.
Шу ҳуркак кўзларинг беғубор бўлсин.
Шу дид, шу фаросат сенга ёр бўлсин.
Майли, таним сен деб хору зор бўлсин.
Кўриб руҳ поклансин, бахтиёр бўлсин —
Фақат сен ўзгарма, ўзгарма, жоним.

Сен бир шабнамсанки, қўл чўзмоқ увол.
Сен бир нозик гулсан, эҳ, узмоқ увол.
Қошингда ҳислардан сўз тузмоқ увол.
Сўз-ку — сўз! Бу ҳақда ўй сурмоқ увол!
Дийдалар бахтисан, кўп кўрмоқ увол —
Фақат сен ўзгарма, ўзгарма, жоним.


ЧАЁН НУСХАЛАРГА

Шунчалар майдасиз, боссанг ўлажак,
Қобиқ кўркам, мағзи жирканч ва пуччак,
Пўстакнинг ичидан нишин санчажак
Эҳ чаён нусхалар, чаён нусхалар.

Зоҳирда дўст гўё, ширин каломлар,
Минг бир тавозелар, қуюқ саломлар,
Ботинда оғу-ла лиқ тўла жомлар—
Эҳ чаён нусхалар, чаён нусхалар.

Севган машғулоти фитнаю, иғво,
Севган томошаси — жанжалу ғавғо,
Нусхангиз мунча кўп яратмиш худо,
Эҳ чаён нусхалар, чаён нусхалар.

Муҳтож эсанг ҳаргиз бермайди ёрдам,
Ва ёрдам берганни кўролмайди ҳам,
Сиз борсиз — бу дунё бир маскани ғам,
Эҳ чаён нусхалар, чаён нусхалар.

Мен қаён бормайин манглайда борсиз,
Дастлаб халил дўстсиз, кўп беозорсиз,
Ғафлатда топган дам гўёки морсиз,
Эҳ чаён нусхалар, чаён нусхалар.

Сизлардан бездиму шаҳри Шош қолди,
Топганим — қордайин сочли бош қолдн
Бунда ҳам қўймайсиз қўлда тош қолди,
Эҳ чаён нусхалар, чаён нусхалар.


МЕТОМОРФОЗА

У. Сароянга

Аниқламай қўйса аниқловчиси
Қайда жароҳату, қай ерда мараз,
Боғловчи боғламай, бепарво турса
Юз берса узилиш, ўпирилиш, дарз,
Тўлдирувчи бели оғримайгина
Бегона хирмонга чўзаверса қўл,
Ҳеч ишга ярамай бир четда беҳол
Ҳол турса мунғайиб, соқоллари ҳўл,
Кесими кесмаса аймоқиларин —
Бундай сўз чаманин гуллари сўлгай!
Бундай тил боғининг илдизи чирик!
Бундай гап гулшанин эгаси ўлган!


Девони «Хумийди»дан намуналар

КАМИНАЙИ КАМТАРИНДАН...

Самарқанд вилоятида Афросиёб теполукларида ҳушёр тортуб, юргонимизда хум топиб олдук. Ани очсоқ сарғойиб кетгон девонға назари муборагимуз тушди. Ул девон 10-асрдаму, 19-асрдаму тартуб берилғон экан. Ул зоти шарифнинг зап табассумға, ҳазилу мутойибаға ўч бўлғонлариға, девонни ўқуб офаринлар айтдук ва ани канглумизда ҳозирги хатга кўчируб назм ишқибозлариға тақдим этишға рағбат уйғотдук.
Жамол Сирожиддин


ДЕВОЧА

Сани битғон муаллифдин бу кун шундоқ ҳукм бўлди:
Санға ётдир ёруғ олам, маконинг ушбу хум бўлди.

Бирор ношир боса олмас, сани шоир сота олмас,
Бўнакча ё ёза олмас, ёзолғанлар сўқум бўлди.

Сен-эй, сен — ранги зардимсан, қиёмат-қойим дардимсан,
Шаттада чиққан гардимсан, манға қанча ҳужум бўлди.

Ғазалимсан, асалимсан, сани кимға ишонай ман?
Ҳижоларни санаб ношир деса: — «Ўн тўрт бўғум бўлди».

Замон ноширлари каззоб, замон ноширлари қассоб!
Аларни (боғига зоғим, лабига уч бўғум бўлди).

Сани хумга тиқиб қўйсам, шояд янги либос кийсам,
Масжид меҳробина ...  сам нетонг шундоқ удум бўлди.

Келиб бокирароқ авлод сани этгунча озод, ёд,
Манингдек шоири мумтоз ила девони гум бўлди...


ЧАЛБ-УЛ-ТАЙР

Қумри қушнинг боласисан, қарғани ёр айлама,
Бўлса қушлук номусинг гар, ўзлигинг хор айлама.

Ё қизилиштон бўлиб келдингми дунёға демак,
Ул қизил иштон қолиб, ўзингни бозор айлама.

Ғоз керибсан қоматинг курка ила дон олишиб,
Каклигим, бойқуш ила суҳбати ғор айлама.

Майнасиз майна букун каптар ила «ғув-ғув»лашур,
Синчалак, осмон қолиб, чумчуқни пойдор айлама.

Эй Хумий, ҳар бир қушинг бирла мукаммал бу ҳаёт
Қай бирини йўқ этиб, сан қай бирин бор айлама.


АЛЛАНАРСА ...«МОВ» ДЕҒАН ТЎРАҒА ТУШУНТИРИШ ХАТИ

Боя оған таҳоратин мақтар Ғани чойхонада,
Ҳозир руҳи беҳуштдамуш, аммо тани чойхонада.

Бўйимжондай носқовоғин кўз-кўз қилур Абжал сариқ.
Хас кадини «чўп каду» дер у бемаъни чойхонада.

Пир овун нинг тезагини сархонаға қўюб, чекуб,
Бири жилаб, бири кулар тўрт чапани чойхонада.

Ёнгидағи биданаға сув пуркайди Раҳмон ғилай,
Ташқарида ити бовли, ҳам дакани чойхонада.

Кўкнорини кайпи минан ғайватимни қилур эди,
Тура солиб қошти Самад кўриб мани чойхонада.

Етволиб!... ул рухсорини астагина силаб эдим...
Мунақанги бежалмағон лаб-даҳани чойхонада.

Сўриларни синдирмадим, самовари ўзи пачақ,
Ман бошимға кўтармадим чойхонани чойхонада.

Чойхоначи дуруғлайди, биздин зиян жетгани жўғ,
Мухлисларим тўлашғанди пиялани чойхонада.

«Избини» деб, чекди рақам, гарчи Хумий гунайи жўқ
...Иккинчи бор чиққанингни кўрай сани чойхонада!


* * *

Ким ул ҳаром кекурғай аҳли хароб ичинда,
Каламуш янглиғ ўлғай хумча шароб ичинда.

Кўп ахмақлар ўтушди бахт ҳақинда солиб жар.
Гарчанд кўриб турсада бахтин сароб ичинда.

Алданма макриға жон бу жодугар замонни
Лак-лак уволи бордур битта савоб ичинда.

Ўтди неча Сулаймон, ўтди неча жаҳонгир,
«Дунё энди маним!» — деб, хоки — туроб ичинда.

Лаънат селинда қолғай мисли тўқумли эшшак
Қай шоҳ роҳатда ўтса, халқи азоб ичинда.

Келиб яхши замонлар, суриштирса ҳаётин:
«Яшаб ўтди Хумий, — денг, — бир хум симоб ичинда».


ЖАҲДУЛМУҚИЛ

Узумдек хумға жо бўлдим, сани хушнуд кўройин деб,
Эзилдим, зери по бўлдим, сани хушнуд кўройин деб.

Неча кун қайнадим-тошдим, ичимда бир ғубор қолмай,
Ҳаромдин мосуво бўлдим сани хушнуд кўройин деб.

Сотилди қанча ҳусайни, сотилди қанчалар кишмиш...
Сотилманг! — деб адо бўлдим, сани хушнуд кўройин деб.

Сотулди! Оғуза тушди! Букун бадраб алар жойи...
Май ўлдум, қаҳрабо ўлдум, сани хушнуд кўройин деб.

Билурманким келиб бир кун топур ҳақ сўзларим зурёд
Демам зинҳор хато бўлдим сани хушнуд кўройин деб.

Келиб некбин ва пок авлод маним ҳақда битур достон,
Хумийман, Будало  бўлғум сани хушнуд кўройин деб.


СОБИҚ МАДРАСАДОШИМ МАВЛОНО УСТА ГУЛМАТ ИЛА ШАҲРИ ШОШ САЙРИНДА

Ҳамма ноз уйқуда бул дам, чашми бедор иккимиз,
Ҳамма банг кайфи ила маст эрса, ҳушёр иккимиз.

Сан дедингки: — «Бир ғазабнок эр киши йўқдир бугун»
Молу жондин воз кечиб турғон ғазабдор иккимиз.

Катта йўлда бир жужуқу, бир бузуқ қилғай зино
Сўз демай ўт ушлашур, бадкарда-бадкор иккимиз.

«Мастму, ўлукму?» — дея борма қошиға ётғанин,
Бўлмасак тағин балоларға гирифтор иккимиз.

«Сувни макруҳ қилма!» — деб дўқ урмағил ғусл аҳлига,
Ҳурматимиз инчунин: Бўз суву, Анҳор иккимиз.

Юр жўра сен ҳам Хумий бўл, хумға кўмғил борлиғинг,
Бул дурўғгўй нозим ичра кимга даркор иккимиз.


ТАВАЛЛО

Оч ўлдурма, тўқ ўлдур, қиш ўлдурма, ёз ўлдур.
Мўминларға шафқат қил, ёппа қирма, оз ўлдур.

Омон сақла замонни, имоннию, забонни,
Не қилсанг қил ямонни, ўлдур, майли, боз ўлдур.

Аршда эрсанг сен олло, етғайму бу тавалло,
Мен еткурай ўзингға, қўшсам гар бироз ўлдур.

Сал гизласанг Халилни, ўзи сотғай Жалилни,
Сен изламай далилни, бе сабзи-пиёз ўлдир.

Бўлса ўйинда улоқ, хотини сутдай оппоқ,
Ёт унсур ул ҳам қулоқ, ёз устидан, ёз, ўлдир.

Хумий сўзим гар ёлғон, хумим синсин ўшал он.
Ҳаксизликни қисқаю, ҳақ умрин дароз ўлдир.


ТАҚАДДУМ

Раҳмат анға ким руҳимни бедор этибдур,
Лаънат анға ким ҳар бир мўйим қор этибдур.

Раҳматлар ёғилсун бу жаҳон мулки ичинда
Ҳар кимки ҳақиқат деб ўзин хор этибдур.

Лаънат тамғаси тушсин ани бўйниға такрор
Қай ғарки чиним ялғона ошкор этибдур.

Ҳар банданиким ғайбига таъзим этурман
Ул умрини ўз юртиға даркор этибдур.

Лаънатдин бўлак сўйла жаҳон не деб атайман
Ҳар гандаки рост сўзлини ағёр этибдур?

Бир хумча бўлиб ётғон эдим ерни тагинда
Раҳмат анға ким боримни бозор этибдур.


АЁ, ЭЙ БЕМУРУВВАТ ЁР

Сийнасин чок-чок этиб, етдику сочингға тароқ
Бир тароқча бахт кутиб ўтди ёзиқ панжам бироқ.

Тегмасин боди-бало деб ўзни қалқон айласам,
Кибр ила дил шишасини қап-қаро қилдинг чироқ.

Сарғаюрман «ёр» — дея, мисли кузак япроғидек,
Тўкилур ҳар дам кўзимдан юзға ёт бўлған бўёқ.

Соядай эшкакчи бўлсам заврақи умрингда мен,
Ирқитур тўфонға жисмим сен сиғинган ул маёқ.

Соҳили васлингға лангар ташламоқ мақсуд эди,
Ёнди орзум кемаси чақмоқ бўлиб теккач фироқ.

Ман Хумий лол қолди овзим, шамс рухсоринг кўриб,
Лоақал бир лаҳза тушда лабларимға бос ёноқ.


АЖАБ ДУНЁ

Ҳама бахтли эрур бул кун, вале ҳеч кимсада бахт йўқ
Жаҳон ҳайратға молик лек ҳайратланмоққа бир вақт йўқ.

Қоғоз ҳоким, қоғоз жаллод, қоғоз ўғрию ҳам қози,
Қоғозсиз ўз ишин қилғон бирорта ҳам раги сахт йўқ.

Ҳама додгўй, ҳама додхоҳ, ҳама бир-бириға жобир,
Ҳама насяға олғай, сотғанинг олғучи бир нақт йўқ.

Ҳама шоир эрур бул кун, вале анқо эрур мухлис,
Ҳама подшоҳ эрур лекин ҳама сиғгучи бир тахт йўқ.

Санға не бўлди эй Хумий, этибсан салланг оқ байроқ,
Чекиндингму, наҳот энди, нечун аввалги ул шахд йўқ?


УЛ РУҲИ ЁРА МАКТУБ

Баҳор ўлди, аё дилбар, кел энди сайри тоғ этсак,
Бу фоний дуняда бир бор бизам кангулни чоғ этсак.

Бош оққан ёқлара кетсак, сочиб шудрингни юлдуздек,
Адирлар пастини бир чўп ила қозиб ўчоқ этсак.

Бўлайлик икки қумридек, сан ул дам полапоним бўл,
Тутойин лабингға лабни ҳузурбахш бир тамоғ этсак.

Мисоли даста карнайгул босилсак ул бағирларга,
Адирнинг лоласи янглиғ бизам сизни қучоғ этсак.

Ёниб боқсам қароғингдин, эриб оқсам қароғингдин,
Тўзғиса гаҳида сочлар, гаҳи қўлни тароғ этсак.

Қўяй болишки бир чимдин, тўшаклар ўт-ўлан ўлса,
Бу осмон кўрпаси ичра аёғ узра аёғ этсак.

Келиб бир неча иприсқу санға нопок кўзин тикса,
Қай бирини белонғи-ю, қай бирини чўлоғ этсак?!

Ризо Хумий ўшал ерда қўюн ичра берурға жон,
Бизим анда висол кутгай, гунаҳ ўлғай фироқ этсак.


ДАЪВАТ

Айлама шоир хушомад дийдаси тошларға сан,
Сол назар айлаб мурувват навниҳол ёшларға сан.

Бу жаҳон байтул-ҳазандур не фанолар сўйлаған,
Қийнама виждонни пуллаб нон била ошларға сан.

Майли қолғил қип-яланғоч мисли Машраб ҳақни деб,
Тўшагинг бўлсин дала-туз, бошни қўй рошларға сан.

Гар бинафша тонгда ул қушлар сани уйғотмаса,
Булбулу, кумри қуйин куйлаб ювин ёшларға сан.

Гулга ўз ҳусни кушанда булбулга ҳиммат тузоқ,
Бўлма пулдорға муте ҳам ул қалам қошларға сан...


ЗИЛЛАТ-УН-МАЪВО

Узилган ўқманам гўё жудо бўлған садоғидан,
Башорат айлағай ким ҳам борар жойим адоғидан.

Уруб чаппори истарман муродим кўчасин топмай,
Тамом бемор ўлди руҳ бу йўлларнинг чатоғидан.

«Гули жаннат» деғон ташбеҳ «пойнак», «ланка», «чувух» бўлди,
Бекатларда суринғай маст, адашгайсан саноғидан.

Тақиб соч ўйнағай неча театру саҳниға чиқиб,
Демассен «носқовоқ» боқсанг, от ҳам ҳуркар сиёғидан.

Аларни ўйнатур тақдир, кимларни қувнатур тақдир,
Хумийни йиғлатур тақдир, бураб-тортиб қулоғидан.


МУСОФИР ДАР ВАТАН

Қариндош қадрини ёт ўлкада овворалар билғай,
Ва ёр қадрини ёр олмай қоған дилдоралар билғай.

Маконда бемакондирман, замонда ўз замонам йўқ,
Маним кулгумни шодлармас, дили садпоралар билғай.

Қўна билмам кабутардек йилонли ошиёнларда,
Маним аҳволими лўли каби бечоралар билғай.

Хуржун кўзида икки бош, тағин ҳанги уза тўртов,
Бу кеч қайда макон, шолчам ила гавворалар билгай.

Кўрар бўлсанг Хумийни дўст, холангни тандириға кел,
Бу тандир қопқоғи бўлған тешик тоғоралар билғай.


ХОТИБ СЎЗИ

Ширин забоним ман сани «воттакзато»дан қутқарай,
Дардларинг ошкоралаб мавҳум нидодан қутқарай.

Лабдаги холинг хатодир «мим» узра бўлмас «забар»,
Бир ялаш бирла сани мундоқ хатодан қутқарай.

Бермағай аҳли адабға червонға сотғай отанг,
Тунда чиқ бўхчанг ила жоҳил атодан қутқарай.

Дукчи эшону, Намоздай нечани хор айлаган
Ерни бул турфа балою, катхудодан қутқарай.

Кеча келғон совчинг ул Мирзораҳимбойдан эрур,
Қўп хотунли ақчадор, қадди дутодан қутқарай,

Кел маним бағримға кир, мақсудга етған орзудек,
Ой юзинг, оҳу танинг турфа матодан қутқарай.


ИҚРОР

Кўнка ичра бир маржа тиззамға тизза қилди,
Икки юзим бақала, дилимни жизза қилди.

«Э-бор-э! — деб аёқни аста узатғон эрдим,
Кўп бепарҳез каломла фақирни изза қилди.

Овсар бўлдим, кар бўлдим, ўзни уйқуға урдим,
У вайсади тинмасдан, фақир хамёза қилди.

Тил билсангу тушунсанг, бу модиён не дейди,
Боди ила шодиға оғзин дарбоза қилди.

«Ўчир!» дея бақирсам, алпанг-талпанг бир найнов
Етиб келиб бошимға, солламға кирза қилди.

Ўздин кетибман шу он, бир чоғ кўзимни очсам,
Раҳми келиб «сув ол ич!» деганча ғамза қилди.

«Юзингни ел олсин!» деб Хумий тушди шу асно
Бир бепарҳез бу сирни элға овоза қилди.


УСТА ГУЛМАТНИНГ САМАРҚАНДҒА ҲИЖРАТИ БОРАСИНДА

Бузоққа ўт ўройин деб чархлаб турсам ўроғимни,
Кириб келди Гулмат Шоший мани айлаб сўроғимни.

Ялашдик юлқашиб ду дўст, сақол-мўйлов бўлиб шилта,
«Қадамингга фидо ўлсин!» дея сўйдим бузоғимни.

Аюҳаннос солиб келғон хотунни бир тепиб эрдим,
Ўшал кундин бери боқмас текизсам ҳам аёғимни.

Зиёфатға келиб эрди туман дўсту-биродарлар,
«Гулматдан бир ўқинг энди», дея ерлар қулоғимни.

Бола-бақра босиб кетди, ўшал кун уй ичи бозор,
Синдиришди сўнгги тишин букиб сақол тароғимни.

Шаробға нон тўғраб бермай, омон бўл-да, аё Гулмат,
Майнинг хуммори ўлдирди хумға ташлаб Бароғимни.

Яна такрор келур бўлсанг тадорукни кўриб кел, дўст,
Мен-эй, Хумий, сотиб бўлдим уйим-ла бор яроғимни.


ЙИЛЛАР ЎТГАЧ КУРДИМ ҲАМСОЯ ҚИЗНИ

Ойсулувим санми шул, зулфи каждумдоринг қани?
Бир умур кун кўрмагон гул-лола рухсоринг қани?

Донаи холингга Ҳофиз бахш этанди ду шаҳар,
Қайда ул сенинг — Самарқанд ҳамда Бухоринг қани?

Чор девор ичинда коринг ўсмаю-ҳино эди,
Ҳар дам-е зерикконингда чалған дуторинг қани?

Шавҳаринг эртанғи иш деб пушт ба ту ётмас эди,
«Қўйма-қўйма, ол-ҳа-ол!» улоғу, кўпкоринг қани?

То саҳар ул Бедилу, сан Нодирадин ёд ўқуб,
Қайда ул ҳижронли бомдод, ёри бедоринг қани?

Қўлму — қумқоғозму бу, шилдинг қўлумни кўришиб,
Пахтадек иссиғу-момиғ дасти оқ моринг қани?

...Ваҳ! ...Ўлай, Хумийни сан иймонидин этдинг жудо,
Ойсулув... соғми ўзинг, бу ...ахир ...эзоринг қани?


УМНИЯТ

Надир ёлғон бу оламда — ани фош этғали келдим,
Ғаним бўлған қариндошни кўзу-қош этғали келдим.

Нечук золимким истарсан санға ман саждалар қилсам,
Санингдек неча авбошни кўзин мош этғали келдим.

Ёниб аждод қонида, келиб модар гумонида,
Бу жоҳиллик жаҳонида муштим тош этғали келдим.

Ман-эй тўйдим, сан-эй гумроҳ нечук мунча яшовчансан?!
Сани бардошларинг сингунча бардош этғали келдим.

Танам хумдир, синар балки, руҳим осмон, сўзим чақмоч
Малик-ул-мавт бўлиб санға лошинг чош этғали келдим


ТАШТЕҲ

Юзиға уну, лабға қизил лавлаги пардоз,
Ўтмоқда Сиёб бозоридин жилвагари ноз.

Бошигаму лайлак уя, қоши куя—ҳей!
Қангул қушлари ул ўтомоч  ортида парвоз.

Нохун, яъни қонсиз эдику, қонли бу тирноқ,
Қай бир шўрлини кўкрагини айлади ғоз-ғоз.

Пойларму шулар, ҳар биттаси устуни айвон,
Оҳлар эпкини текса этак боқади шербоз.

Кўйнакки ҳарир эт тамошо сояда турсанг,
Мисли қўшалоқ тўрқовоқда каклик эмас — ғоз.

«Астағфурилло!» — дея Хумий аста ютинди,
Ғилқ эттию, ўтди-кетди томоғидин нос.


БИР ҚИШЛОҚДА КЎРМИШИМ

Бу қишлоқнинг одамлари кундуз пешвоз кулуб чиқар,
Зим-зиё дил осмонида ҳар ой рухсор тўлуб чиқар.

«Бизнинг уйға меҳмон бўлунг», дея бири таклиф этса,
Бутун қишлоқ эркаклари кўнглунг олмоқ бўлуб чиқар.

Бу не жоду?! Қуёш ботғач, бари итға айланару,
Бир-бириға ташланару, ҳуриб қопиб, юлуб чиқар.

Даҳшат ичра деворғаму, ё дарахтға чиқиб олсанг,
То тонггача сенга боқиб узоқ-узоқ улуб чиқар.

Аё, Хумий, бўлак сендин бирор қўрқоқ киши бўлса,
Бу қишлоқдин на тиригу ва на ҳатто ўлуб чиқар.


Ё, ТУР!

Кўрса бир кўлмакму лой, бул эшшагим шаппа ётур,
Тепадурман: «Лаънати, хуружунни беру қол, ё тур!»

«Их!» десам ағнайди лойға, «чуҳ» десам ҳурмат ила,
Иззатини билмағай бекор «киш» у, «пишт» у, ё «тур».

Бундайин эшшакка ҳеч бир бандасин хор этмасун,
Толеинг бўлса нигун турғонда ур-у, ҳам ёт ур!

Шул эшак янглиғ неча авбош сўзимни билмади,
Сўнгги пушмон бесамар, келмакка қўймасдан ёт ур!

Эй эшак, ҳайфи хашак! Хумий кетур танҳо яёв,
Сен анинг ўқ қаддини қилдингку охири ё, тур.


ИЗҲОРИ ҲОЛ

Ичимда битта шоиру, бошимда мингта нозир бор,
Ва-ё мингта муқимжойлар ичинда бир мусофир бор.

Дилим бир мисрани айтса; бу ақлим хомталош айлар,
Ки ё мннгта муслимлар ичинда битта кофир бор.

«Хумий, ундоқ дема!» «Мундоқ дема!» «Бундоқ эрур сакта!»
Киби туғилмағон байтға ғассол, гўркову, содир бор.

Дилим санчар, ки ҳар санчиқ маним айтолмаған сатрим,
Билурман бул сатрлар ичра минг битта жавоҳир бор.

Хумимға айтайин десам Скандар сартарошидай,
«Жим-эй, хумпар!» дея хаплар алар ҳозиру нозир бор.

Чиқур минг-минг чиғириқлар ичидин ҳар ҳижо, ҳар сўз,
Яна бошим уза эвоҳ, минг-минг таҳрирчи ношир бор.

Омон асра шу қинтоблар ичинда ҳақ сўзинг Хумий,
Бошимда мингта қўрқоғу, ичимда битта ботир бор!


ТАРАҲХОНА

Уйинг сояммикин, эй ёр, қувиб анға етолмасман,
Ваё ҳарчанд қочиш бирла қутулиб ҳам кетолмасман.

Ҳақинг — жаннат, дўзах — ёлғон, бу давронда сиротинг бор,
Ўзимни хумға кўммасдан беҳиштингға ўтолмасман.

Кезиб кўрдим тамом элни, авом элни, ғулом элни,
Алавға тўлдириб дилни тутарман-у, ўт олмасман.

Ҳозир тургониға ҳамду, ўтиб кетғонини сўккан,
Бу жоҳуллук жаҳонида ман эмди жим ётолмасман.

Хотунлардин хароб эрлар ғийбат, туҳматда устодур,
Ман эмди ўзгача одам била олам кутолмасман.

Хумий бечорани ҳаргиз сабурсизлиқда айб этманг,
Ҳама ичға ютиб юрғон бу дардни ман ютолмасман.


ЧОРЛОВ

Кангулни хилватиға мен сени, эй ёр, чорларман,
Кел-эй, сепга атаб бул тун ўқий ашъор чорларман.

Ҳаволанмас наволар ҳам, етиб келмас дуолар ҳам,
Ва кор қилмас даволар ҳам сенсиз бемор, чорларман.

Рақиб бағри зиёланмай, келғил кундуз сиёланмай,
Оёқ қўйғил ҳаёланмай, йўқдир ағёр чорларман.

Бу хилватда мани сандин, сани мандин аюрғай ким?
Кел-эй ботинима кир деб ошиб девор чорларман.

Агар келсанг зимистон дил ёзур япроқларин қайта,
Кулар саъва ила булбул келсанг баҳор чорларман.

Мисоли ўрдаку — ғозлар учар маъно тўла сўзлар,
Етур сенсиз қанотланмай қалам-шунқор, чорларман.

На бир шуҳрат, на бир дунё, сани чорлар Хумий танҳо,
Сени такрор.., сени такрор.., сени такрор чорларман.


ШОШ ШАҲАРИНДАГИ ДЎСТИ ХАЛИЛЛАРА МАКТУБ

...Сизга не айтай букун тан давлати обод мен,
Тойирим ҳар ён учар, руҳ отли шоҳ озод мен.

Сайдларимким, шеърларим сиғмас букун кулбам аро,
Ошиён топмай аларға бўлмишам ношод мен.

Бўлдилар ҳамсуҳбатим огоҳ била гумроҳлар,
Давраларда айладим дўстлар сизи кўп ёд мен.

Айламак истар кангулким ҳар саҳар парвози Шош,
Орзуи ёнғучи шаъму, журъати бир бод мен.

Бўсағам пойимға занжир, истагим дийдори дўст,
Ул сабабдин айлагум фарёд мен, фарёд мен.

«Бизни сайд айла» дебон келғай неча маъно, вале
Сайдларин саҳрода озод қўйғучи сайёд мен.

Азада ҳар бир киши ўз дардини йиғлар, Хумий,
Топмаган додхоҳ ва лекин янграған бир дод мен.


ЎНБОШИЛИК ЛАВОЗИМИДА ТУРҒОН ЎҒЛИМНИНГ ДЕҒОНЛАРИ:

«Жим-эй, нодон, хўрозмусан, ким ҳам тинглар фиғонингни,
Сўпи эрсанг ичингда айт шому бомдод азонингни!»

...«Қўлтиғиға қисиб папка, келур ҳозир бирор шапка,
Тушунғайму алар гапга, киялмассан чапонингни!..»

«...Тонглаб момой не қиляпти? Сумалакка бало борму?!
Каттаконлар билиб қолса, синдиради қозонингни!..»

«...Неча карра кес деб айтдим сабилмонда дарахтларни!
Солиғи мевасидин кўп, йўқат кони зиёнингни!..»

«...Яна носму?! Уф-эй галварс, эскулук сарқитин ташла!
Хумор этса попрускага ўргатгин-да даҳонингни!..»

«...Кўча деволларин оқла... Эшагинг ҳавлиға боғла!
Сув ур, йўлдин ўтар бошлиқ, ҳимар тезроқ иштонингни!!!»

Тонгдан то шом қурир шўрим, Хумий, кимға етар зўрим,
Ўнбоши ўғли шабкўрум, сани ҳу энажонингни...


ЭНДИ

Қавс ўтдию декобир ёғур сарғиш қор энди,
Танча билмас уйларнинг мўриси тутор энди.

Қишда ҳам уйқу бермас деҳқон ортина қуртлар,
Изғирин тун кундузнинг вақтин ўғирлор энди.

Наби ила Расулнинг шиша кўз хотунлари
Ишга кетса «муш»лари қўшнини чорлор энди.

Рихлатда дутор, танбур, мақомлар муқом ўлмиш,
Раққослар думбаларзон чалғанда гитор энди.

Саллалар оқишидин бўшағон гузарларда
Уйқу бермай тонгғача мода-нар ҳангрор энди.

Еру сув, ҳаво-оғу, еғон-ичғонинг — дору,
Қаттиқлаб ялат созинг «алла»ни чолор энди.

Ҳар ёнда макру-ҳийла, ҳар ёнда зино-фитна,
Ялғонлаб ёзғувчиси, шоири алдор энди.

Эй Хумий, шўрли банда, ялғуз сан чапон жанда,
Ашъоринг эмиш ганда, хум ичра қолор энди.


НОНИ ОСИЁ ЮЗЛУККА

Сани ҳажрингда, эй жонон, куйиб ёнған адойингман,
«Висолингни садоқа қил», — дея сўрған гадойингман.

Фаранжинг «даст алиф-лом»лар мани кўрғанда ортингда,
Мисоли сояман, кутгум «юринг» деган имойингман.

Шириннинг васличун Фарҳод Бесутун бағрини ёрмуш,
Агар Ширин эсанг Фарҳод бўлуб чеккум жафойингман.

Вой-эй тишим десанг—ору, белинг оғриса гар — дору,
Фақат санға вафодору, ағёрларга яввойингман.

Нетонг шундоқ замон бўлди, ким ул ҳақгўй ямон бўлди.
Ёнимда Бойқаро бўлсанг, бўлар эрдим Навойингман.

Кел энди, бўлма кўп армон, сурайлик иккимиз даврон,
Хумий айтур келур ул он — сен кампиру, бобойингман.


ҚАНИ

Чорлади, келдик уйиға, ўзи йўқ, мезбон қани?
Аршу фаршу, кавну бурж кездик, ўшал пинҳон қани?

Ҳар дарахтга баргу шоху, ҳар гул ичра қирқта эр
Ўртасинда бир хотун берган ўшал боғбон қани?

Қирқта эри лол қолуб, қўнған арилар бол олуб,
Янгаму, даллол этуб учдирған ул кордон қани?

Тўлмишам бол фикратаким сўйла қайда ошиён,
«Жам этинг бунда» дебон амр этгучи султон қани?

Қолдириб дашти вашар ичра қарақчи домига
Биз киби корвонни устиннан кулан сорбон қани?

Тийралик ҳамда теранлик тубидан иймон чиқур,
Келтирур иймон неча лек соҳиби иймон қани?

Мен Хумий куфр айладим ул Мансури Халлож киби,
Неча бор дедим: «Анал ҳақ!» чиққанинг эй жон қани?


КЎНГЛУМ

Хусуф  васлинг сафосини қай кун этди ҳавас кўнглум,
Ўргимчак торини чертиб фиғон этди магас  кўнглум.

Сен-эй моҳим не қудратла кўтардинг баҳр сувин э-воҳ,
Раҳм айлаб кўтарсанг-чи шу тахлит бир нафас кўнглум.

Боғ ичра қўш анорингни кўриб толдай бўлиб мажнун
Озур бўлсам, озур йўлдин манимла басма-бас кўнглум.

Бу беш кунлик азоб энди кўнгил, кўнгил десам қайда,
Ҳама кўнған бу ёлғонға кўнолмас ҳақпарас кўнглум.

Бу олам қушлари озодлиғ истайдур қафас ичра,
Тилайдур боз қафас ичра хаёлингдин қафас кўнглум.

Шаҳаншоҳ ул, ани бир қул киби елпиб ўтар умрим,
Саройин тарк этур қай шоҳ тинмай то бу нафас кўнглум?

Хумий, хум остиға билғил шаробмас, қуйқаси чўккай,
Нечун санга суханбозлик, санам, оздурма бас кўнглум.


БЎЛМАСА

Фойдада қадр йўқ зиён бўлмаса,
Яхшиға меҳр йўқ ёмон бўлмаса.

Ҳар таом, оғудир ошқозон учун
Ани чайнағули дандон бўлмаса.

Ўғри, ғар, жаллодға пирлиққа ўтар
Улус қозисинда иймон бўлмаса.

Азалдан каззобға каллахўр миршаб
Итдир ул шоп-шалоп, чопон бўлмаса.

Уламо бир-бирин ғийбатлаб еяр
Фазлу, илм — донишдин нишон бўлмаса.

Фуқаро восвос ға мубтало ўлур
Ҳокими гар одил инсон бўлмаса.

Раият султонга ишонмай қўюр
Рост ила ёлғонға мезон бўлмаса.

Бу дунё худбинлар макони ўлур
Бақарға беҳиштий сомон бўлмаса.

Хумий авлодларға еткурғил сўзинг
Тегрангда тинглашға бир жон бўлмаса.


ЧИҚМАСАЛАР ЧИҚМАМ

Сағир авлоди оллиға Атойи чиқмаса чиқмам,
Амирий, Яссавий, Фазлий, Гадойи чиқмаса чиқмам.
Аламкаш, Вола, Мискинман, Садойи чиқмаса чиқмам.
Фақирийни Умидий шул Вафойи чиқмаса чиқмам.
Мани чиққил дема хумдин, Навоий чиқмаса чиқмам.

Қай ул кунким маним равшан юзим тундек қаро бўлди,
Қароргоҳим бўлиб бул хум жойим туфроқ аро бўлди.
Жамий Ибрат битикларким Хожа янглиғ Адо бўлди.
Тағин туфроқ уза Бадру Ҳилоли чиқмаса чиқмам.
Мани чиққил дема хумдин, Навоий чиқмаса чиқмам.

Алингға тушканин ёқдинг иборат деб куфу суфдин.
На билғунг илми қолу-ҳол, налар билғунг тасаввуфдин?
Бизи кўмди неча доно чўчиб нодон тасарруфдин.
Табризий, Румию, Аттор, Бинойи чиқмаса чиқмам.
Мани чиққил дема хумдин, Навоий чиқмаса чиқмам.

Санинг раҳминг нетай зоҳид, мани пирим қаноатдур.
Чиқар онча қабоҳатмас, чиқар оним адолатдур.
Ман-эй ҳеч кимсамас, ёзмишларим даври жаҳолатдур,
Ҳувайдою, Хумулию, Ҳусайний чиқмаса чиқмам.
Мани чиққил дема хумдин, Навоий чиқмаса чиқмам.

Сан-эй ўзунгни билмассен, кетмас занжиру ғул сандин,
Сан-эй қадрингға етмассен, беҳроқ санға мўғул сандин.
Умидим шулмиди, ҳайҳот, қизим сандин, ўғул сандин?!
Хумийман, қўйки Рабғузий, Фузулий чиқмаса чиқмам,
Мани чиққил дема хумдин, Навоий чиқмаса чиқмам.


ЭЙ, ДАҲРИ ДУН

Дунё дедим, меҳрим бердим,
Дунёлиғинг шуми сенинг?
Сена боқдим, басир ўлдум,
Зиёлиғинг шуми сенинг?

Қулоқ тутдим, кар айладинг,
Номуслини ғар айладинг,
Шаръ айладинг, шаръ айладинг
Ҳаёлиғинг шуми сенинг?

Ёрдам дединг, ўлпон бердим.
Ою-офтоб, чўлпон бердим,
Ҳатто йўлингда жон бердим,
Ошнолиғинг шуми сенинг?

Пурзўр эдим, нимжон бўлдим,
Даҳо эдим, нодон бўлдим,
Охир банди зиндон бўлдим
Сиполиғинг шуми сенинг?

Довуччайдим, туршак бўлдим,
Сен сакка мен пишак бўлдим,
Роса миндинг эшак бўлдим,
Муллолиғинг шуми сенинг?

Етар энди бу ғоратим,
Санға жамий ҳақоратим.
Фикринг оби таҳоратим,
Маънолиғинг шуми сенинг?


БЎЛ
(Завқий ғазалига мухаммаси Хумий)

Чин шоир эрсанг фақирсан, сен довур шербози бўл,
Истасанг шоҳона ризқни ўғри бўл ё қози бўл,
Ё амалдор эшигинда исковуч бир този бўл,
Аҳли дил бўлма замоннинг бойи бўл, баззози бўл,
Ақчадин лангар чўп ушлаб растанинг дорбози бўл.

Энди шак келтирмағайсан, бу замои шаъру вашаър,
Тегрангга солсанг назарким кўринур сон мингта ғар,
Юзлашиб мингсанг агарда кўтарур бир моча хар,
Шеър эшитмайди биров, даврон қулоғи анга кар,
Бир ҳовуч олтин-кумушнинг хуш жаранг овози бўл.

Мисли қирғийдай ёмон кўзларни чўқ юз ҳажв ила,
Очмағай ҳаргиз кўзини очу тўқ юз ҳажв ила,
Айлагайсан оқибат борини йўқ юз ҳажв ила,
Тегмагай ҳаргиз нишонға отган ўқ юз ҳажв ила,
Хоҳ замоннинг шоири бўл, хоҳ тирандози бўл.

Завжалар ўйношу — давлатга сотур ўз эрини,
Ҳокими мансабға сотғай халқию ўз ерини,
Ушбу айнон шифтиға Хумий осибди кирини,
Истамас бўлса замоно Завқий ёзған шеърини,
Ким эшитсун арзини хоҳ рози, хоҳ норози бўл.


НАМОЗ БОТИР ҲАСРАТИ

Дарё эдинг, оқа-оқа сой бўлдинг-а, сой бўлдинг,
Қуёш эдинг, боқа-боқа ой бўлдинг-а, ой бўлдинг.
Сўнгсиз эдинг, кўзга сиғар жой бўлдинг-а, жой бўлдинг,
Тушкунлара марғуб бўлган дил куйим-о, дил куйим,
Армонлара мағлуб бўлган орзуим-е, орзуим.

Булутларга отган тошим етмади-ҳо, етмади,
Ватан, сен деб тўккан ёшим етмади-ҳо, етмади,
Ёлғиз эдим, ёлғиз бошим етмади-ҳо, етмади.
Тушкунлара марғуб бўлган дил куйим-о, дил куйим,
Армонлара мағлуб бўлган орзуим-е, орзуим.

Сани дедим ҳаловатим тийдим ман-о, тийдим ман.
Куч-қудратим рўзғоримдан қийдим ман-о, қийдим ман,
Шоҳ сийратга гадо суврат кийдим ман-о, кийдим ман,
Тушкунлара марғуб бўлган дил куйим-о, дил куйим,
Армонлара мағлуб бўлган орзуим-е, орзуим.

Орзу эдинг менинг қора кўзлигим-мей, кўзлигим,
Закийлигим, эркин-ўктам сўзлигим-мей, сўзлигим,
Букун энди сенда бўлдинг ўзлигим-мей, ўзлигим,
Тушкунлара марғуб бўлган дил куйим-о, дил куйим,
Армонлара мағлуб бўлган орзуим е, орзуим.

Ноҳақ — қилич бўлса, бир кун сингуси-ё, сингуси,
Юрак дардим бағирларга ингуси-ё, ингуси.
Шунда қувноқ бўлур ёким тингуси-ё, тингуси,
Тушкунлара марғуб бўлган дил куйим-о, дил куйим,
Армонлара мағлуб бўлган орзуим-е, орзуим.


НАВРЎЗ МУБОРАК САНГА

Гина-кудрат пайтимас, аразни қўй, бўлди тур,
Сумалакка аталган даҳсери қозонни қур.
Не-не қаҳратонлардан қутулиб чиққан умр
Тағин етиб келганинг — Наврўз муборак санга.

Кўрдинг,
Элин анордай эзган каслар етмади!
Адолат тўзонида учган хаслар етмади!
Ор-номусин олтинга сотган наҳслар етмади!
Сен-эй,
Етиб келганинг, Наврўз муборак санга!

О, гапирма, ғўзанинг япроғидай жигардан!
Кеча асли бошқа-ю, бугун тили дигардан!
Вақт тулпори ёмонни ирғитворар эгардан!
Сен-эй,
Маҳкам турганинг —Наврўз муборак санга!

Наврўзга боқ!
Кўксида қанчалар чандиғи бор!
Искандару, Қутайба, Чингиз санчган тиғи бор!
Бодомгули остида тағин қанча йиғи бор?!
Чусти дўппи кинганинг — Наврўз муборак санга|

Ҳар бир майса яшил тил — бўзлар замин розини
Замин бўлмай туриб дил тинглай бил овозини!
Наврўз қайта запт этмиш рўзномалар юзини
Маним бўзлаб ёзганим — Наврўз муборак санга!


ХАЙРЛАШУВ

Асаб елканлари таранг тортилди,
Илинж лангарини узди ночор қўл.
Бу тан кемасига ҳасрат ортилди,
Хайр эй бандаргоҳ, хайр омон бўл.

Қисмат тўфонлари сизда ихтиёр,
Тириклик аталмиш уммонларда йўл.
Умрим, яна қандай қояларинг бор?!
Ҳузур-ҳаловатим, хайр, омон бўл.

Мен кетиб борарман соҳил бақаси
Фисқу фасод сотиб, майли, тошиб тўл.
Теграмда чарх урган чагалай саси,
Ризқинг бандаргоҳда, хайр, омон бўл.

Чамаси ҳеч кимга бермадим зиён.
Фойдам ҳам имконча бўлмади-да мўл.
Эй, қисмат, элтяпсан сен яна қаён?!
Тинмишим, кечмишим хайр, омон бўл.

Qayd etilgan