O'ktam Mirzayor. Ogoh ko'ngil  ( 8264 marta o'qilgan) Chop etish

1 B


AbdulAziz  05 Fevral 2011, 14:43:03

O'ktam Mirzayor. Ogoh ko'ngil



Muallif: O'ktam Mirzayor
Hajmi: 1,17 Mb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish

Qayd etilgan


Ziyolee  14 Sentyabr 2011, 19:39:26

Шоирнинг илк китоби

ЎКТАМ МИРЗАЁР

ОГОҲ КЎНГИЛ


(Шеърлар)

Тошкент
Ғафур Ғулом номидаги
Нашриёт-матбаа бирлашмаси
1992

Ўктам Мирзаёр 1956 йили Самарқанд вилоятининг Нарпой ноҳиясида таваллуд толган. 1982 йилда ТошДДнинг журналистика куллиётини тугатди. Айни пайтда «Гулистон» журналининг масъул котиби вазифасида ишламоқда.



* * *

Менинг осмонимда ҳам юлдузлар бор,
Юраман қуёшимни чарақлатиб.
Баҳоримдан момик булутлар ёдгор,
Сузади солланиб осмонимда,
Эътиқодимда,
Виждонимда.
Артаман Қуёшимни ярақлатиб
момиқларим — қувончим, ишончим билан.
Қуёшимнинг ёғдусида товланади куйларим,
товланади ўйларим.
Менинг ҳам Осмоним бор юлдузларга тўла.
Кўрган билганларим буюк хотира,
Ўчмас бир тарихга айланар улар.
Юлдузли осмоним тортмагай хира,
То абад руҳимдан садолар келар.


ОТАМНИНГ ҲИКОЯСИ

Хотирада музлаган даҳшат —
Отам уни эритмоқ бўлар,
Эримайди кўнглидаги дард —
Сарҳади йўқ музлаган даҳшат...
«Қирқ бирнинг ёзи,
Меҳварида айланарди ярадор замин —
Ўқлар тилкалаган елкалари қон.
Жанггоҳда гумбирлар тинган бир зумда
Инсон қилмишига анграяр осмон.
Ўшандай бир кез, менинг жон дўстим,
Навқирон дўстим — ҳали мурти сабза урмаган
Ҳали ҳаёт завқин сурмаган,
Ҳали татиб улгурмаган ишқнинг тотини
Чизиб жанг тафсилотини,
Битмоққа туганди чала хатини.
Озод ерга бағрини босиб:
«Онажон, бағрингиз кенгдир заминдай,
Қишлоқни, юлдузли тунни соғинсам
Қучоқлаб ётаман заминни...
Бизсиз унда қийин ҳойна-ҳой...»
Шу он ҳайқириқ:
«Жангга!
Жонимиз тикканмиз Ватанга!»
Жанггоҳга мардона чорлар командир,
Милтиқлар бўғзига тиқилар ажал.
Асаблар қарсиллар ўқлардай
Шомгача портлади ғазаблар!
Ва ҳорғин тамаки тутуни
Зум ўтмай ҳайдади жанггоҳдан...
Ачқимтир порохнинг ҳидини...
Дўстимни изладим оҳ, юрак сирқирар —
Юз-тупроқ,
Висолга тўймаган
Қўз — тупроқ —
Қон қочган лаблари заминга босиқ,
ётарди дўстим.
Қўкиш чангалида милтиқ,
ва интиқ онага мактуби:
«Онажон, бағрингиз кенгдир заминдай,
Соғинсам, қучоқлаб ётаман заминни...»


ЎТМИШ ОҲАНГЛАРИДАН ЛАВҲАЛАР

Танбур наволарини тинглаб

Қопқоқ узра тўлғанади икки тор,
Тола-тола сумбул сочлар ерда хор,
Ботир Тоҳир Зуҳросига интизор,
Айтинг, толе деганлари шулмиди?

Ситам чекар ҳақ сўзга жон ҳалакда
Талон тарож ризқи пайҳон палакда,
Нажод истар, етмайди қўл тилакка
Айтинг, тақдир деганлари шулмиди?

Ирмоқ келиб дарёларга юзланар,
Отли ўғил отасига тезланар,
Мол-дунё деб ака-ука хезланар,
Айтинг, таъбир деганлари шулмиди?

Али Қушчи юлдузларга тикар кўз,
Сомон йўлдан шоҳ Улуғбек айтар сўз:
«Нобакорлар пойларида букманг тиз»
Айтинг, тадбир деганлари шулмиди?

Соғинч тўла нигоҳидан сизиб қон,
Шоҳ Бобур ҳам бўзлаб ўтди беимкон,
Макон бўлиб, Фурқат ўтди бемакон,
Беимконнинг зор бўлгани шулмиди?
Бемаконнинг хор бўлгани шулмиди?

Қопқок узра тўлғанади икки тор
Оханг тинглаб қалбда дарди бор йиғлар
Оқин каби гоҳ чайкалиб, гоҳ тиниб,
Кўринг, бунда Орол хору-зор йиғлар.
Қисматимга битган бу соз не ўзи?
Юрагимдай бўшу саро-сар йиғлар.

Қопқа узра тўлғанади икки тор.


ТОМОШАДАН СЎНГ

Минг нечанчи марта Ғофир саҳнада
Ҳақиқат сўрайди тўражонлардан.
Минг нечанчи марта,
садо ҳам чиқмайди ўлик жонлардан.
Ғофирнинг кўксида ҳақикат ғижим:
«Ҳадиксиз яшашнинг иложи борми?!
Тўражон, айтингиз, ҳақикат борми?!»
Солиҳбойнинг қулоқлари динг.
Мингбошилар боқади айёр.
«Оши бўлса, хотини бўлса,
бу жиндига яна не даркор!»
Кўз кирида кўради Ғофир:
Мешдай қоринлару хумдай бошларни.
Хўрсиниқ келади кишандай оғир
Кипригида тутиб қолар ёшларни.
Туғён, бўйнида томир кўкарар,
Туғён, миршабларни ҳар ён итарар:
«Елкадан кетмони тушмаган жонлар
шунчалар хорми?
Тўражон, айтингиз, ҳақиқат борми?!
Ҳали очилмаган ўндан бир гули,
Жамила киради, сочи сунбули,
Минг нечанчи марта, саҳна айланар,
Айланар заминнинг гардиши такрор...
— Жамилам, бунчалар гулим бўлма гўл,
Сенинг кўз ёшларинг қиммати бир пул
Сени тиллоларга кўмдирмоқ бўлган,
Зар бериб, ишқингни ундирмок бўлган
Елкаси яғиру кўнгли гулингни,
Сибирь сургунида ўлдирмоқ бўлган
Номард кимсаларни кўрдингми энди?!
Бир итча кўрмади, занжирга солди.
Ёлғиз суянганим сен эдинг олди.
Кечиргин, Ғофиринг ғафлатда қолди.
Беор, шилдираган занжирлар беор!
Иснодни билмаган абжирлар — беор!
Ялинма, бу кунлар ўтар Жамилам,
Ялинма, қаддингни кўтар, Жамилам!
...Минг нечанчи марта ёпилар парда,
Ёпилар ғазаблар, қийноқ, аламлар.
Минг нечанчи марта ойдин шаҳарга
Ғофирни овутиб қайтар одамлар.


КЎПКАРИДА

Ана, катта майдонда,
Торт, ҳа торт, бўлди улоқ.
Кўпкарида чапдастлар —
Тулпорлар қамишқулоқ.
Ана бир кур шоввозлар,
Улоқни олиб қочар.
Дуч келаверса улар
Юраксизлар йўл очар
Бошланади талатўп
Воҳа, тулпорнинг жони.
Хомлар йиқилар гуп-гуп,
Қуриб, қақшаб дармони.
Кўпкари давом этар,
Муҳлислар тамоқ йиртар,
Ҳеч ким қулок осмайди.
Ўртадаги улоқни
тақимга ҳам босмайди.
Кўпкаридан не маъни,
Нега ҳа деб, югуриш.
Жонимга тегди мани
Улоқсиз чопавериш.


ЭНДИ

Кўзада сарғариб туравергин, гул,
Эсма, ишқнинг насими энди.
Тўкилиб кетмагин, заъфарон кўнгил,
У ўзганинг хасми энди.
Энди сен гул эмас, нима ҳам дерман —
Сенинг ҳам жисмингда ҳаяжон сўнди.
Энди мен ошиқмас, энди мен ерман —
Ҳаммасин кўтариб яшайман энди.


МАСРУРЛИК

Тунлар тонгга уланар,
Майса — узук — лаъл — шабнам.
Дудоқлар бўсадан нам...
Олам жилвагар бирам!

Ҳажрлардан фориғ дил,
Сиғмас сўнгсиз маъвога.
Меҳрга ташна кўнгил
Тўлди ишққа, навога.

Сувларга суқланаман
Тўлқин бўлгим келади.
Гоҳо дудуқланаман,
Ҳислар тўзғиб, елади.
Ҳаёт!
Сени
Севаман!


ҚАНДАЙ ЎТАЯПТИ ТУНЛАРИНГ
ОНЛАРИМДАН ДАРАКСИЗ

Сайроқи кушлар ҳам тинган боғларда,
/Садо ҳам қолмаган у жаранглардан./
Хаёл оқар масрур чоғларга
Ўт ола бошлайман ёнар ранглардан.

Ана, осойишта оқшом тушмоқда,
Ошуфта қалб зарблн тинглагуси ким?
Ана, ой ўйинга арқон эшмоқда,
Мени бўсағада ғамгин кутар тун.

Юлдузлар сен билан суҳбат қурарми?
Улар менга заъфар, маъсум кўринар,
Ой сенга маҳлиё, шодон куларми,
У менинг бошимда йиғлаб ўтирар.


ТУШУНМОҒИМ КЕРАК СИЗНИ...

Сизга бағишлашдан аввал шеъримни,
Бобо тоғларимга эгаман бошим,
Момо боғларимга эгаман-бошим,
Япроқларга,
тер анқиган белбоғларга,
жўякдаги сувларга,
Онамнинг меҳрибон нигоҳига,
Бошим эгаман, ерга теккунча.
Шу кунларга етгунча,
омочга суяниб ўсдингиз.
Милтиқнинг бўғзида жон сақлаб,
Қонларга бўялиб ўсдингиз..
Сиз ўтган кунларни эсламайсиз-да,
Жилмайиб боқасиз бўй-бастимизга.
Гал бермай сўзлаймиз биз саккиз ўғил,
икки қиз.
Сиз дастингизда
тутганча кетмон сопини,
Тинглайсиз кенжатойингизнинг гапини.
Биламан, ҳайратга тушиб қолгансиз,
Ҳайрат ёнар кўзларингизда,
айтилмаган сўзларингизда.
Отажон, юзимга босиб юзингизни,
Тушунмоғим керак ҳайратингизни.


ЭРТА БАҲОР ЧОҒИ

Менинг умрим, ғалаён умрим,
Пойларидан ўтса-да чопиб,
Ташрифимдан бехабар ҳар чоғ,
Ухлаб ётар ҳорғин боботоғ,
Елкасига ола тўн ёпиб.
Ҳайқираман, «ҳаё-ҳайт», дея,
Қизкўрғоннинг жарангосидан
Титраб кетар бир ҳовуч бу тан.
Бўзтўрғайлар чарх урар дилтанг.
Ташрифимдан бехабар қолар,
Маст уйқуда ётган бу маскан!


ДЕНГИЗ БЎЙИДА

(Манзара)

Соҳилнинг бўйнидан тўлқин қўл олди,
Қумларнинг ачишди юраги.
Дилтанг чағалайлар ўксиб йўл олди
тубсиз бўшлиқларга...
Иккимиз каби.

Иккимиз икки йўл оралиғида
Сабрнинг умрини ўлчаб кетамиз.
Қетамиз, кетамиз, кетамиз...
Макони йўқ чағалайлардай,
Яна соҳилларга қайтамиз.


ЭЛМИРЗАНИНГ ХОТИРАСИГА

Дўстлик чаманида гул дасталовдик,
Бири ўзинг экан, билмовдик, билдик.
Умр каби қисқа бу куннинг
туни узун экан, билмовдик, билдик.
Кўкдаланинг адирларида
тонг отмайди, дедик, тонг отди алҳол.
Йўқлаб чиқди отанг — йўқ сўрашга ҳол.
«Йўқ»лаб чиқди онанг пешвоз, қадди дол
юлдузсиз осмонни кўтариб юрмоқ
оғир экан, билмовдик, билдик.
Кўқдаланинг адирларида
оҳ, майсалар бўлди-я хазон,
Қизғалдоқ ҳолига топмадим имкон —
пойида гўдагинг ётиб йиғлайди.
Дардлари бағрига ботиб, йиғлайди...
Кўкайларни ғашлаб қайтдик биз,
Ўновмиз, бир-бирин бошлаб қайтдик биз
Ўнбиринчимизни ташлаб қайтдик биз
Кўкдаланинг қабрларига.
Қабрлар бор экан, билмовдик, билдик,
Қадрлар бор экан, билмовдик, билдик.


* * *

Юракнинг сувидан пайдо бўлганман,
Онамнинг жонидан жон энди танга.
Сўнг, тавоним қўйдим заминга.
Бахш этгум бошимни она Ватанга.
Фидойилик бўлса, шунча бўлар-да,

Нафснинг ортидан кетганлар бўлди,
Номусу орини ютганлар бўлди,
Тупроқни Она, деб суйдию лекин,
Унга заққумини тутганлар бўлди.
Ёввойилик бўлса шунча бўлар-да.

Мол ғамидан ўзга ғамин кўрмадим,
Бўйи кўкларга тенг, камин кўрмадим,
Савлатидан сичқон ини минг танга,
Сўзида шамширнинг дамин кўрмадим,
Ҳавойилик бўлса, шунча бўлар-да!

Келмасдан келишим, қачон билибман,
Келгач, сўзламоқни имкон билибман.
Сўзим шу, тинглангиз бани одам:
Бу кўнгил қоп эмас, качон билибман
Меҳрга ташналик дилни ўртайди,
Савдойилик бўлса шунча бўлар-да.


ҲОҚОН ВА ҲАКАМ ҚИССАСИ

Шоир ва бахшилари бетаъсир эл, йиртқичлар макон қурган ўрмонга ўхшайди.

— Сўзланг элнинг ботирларидан!
— Нажот йўқдир ҳеч бирларидан.
— Баттолларга кунинг қолди, денг?!
— О, уларга келиб бўлмас тенг,
Бўлса ҳамки улар саноқди,
Баттол, ёвуз, улар қанотли.
Фисқу фасод фикру амали,
Тала-тортга келади ҳоли.
Қаршингизда парвона бўлар,
Минг тирилиб, минг бора ўлар.
Сўз очсангиз инсоф, юракдан,
Даъво қилар туртиб кўкракдан.
Ўзгаларга ботириб нишин,
Ишбошига кўрсатар тишин.
Йўл-йўриқни қиялаб ўтар...
— Бас қилинг, етар!
Фозиллар-чи, шоир нега жим?
Эл суянган донолар қани?!
Чорлаттиринг бугун барчани.
Фозилларга ортиқ тоқат йўқ,
Шоирларни осинг, шафқат йўқ!


МАНЗАРА

Мавжлар мавжлана, мавжлана,
авжлана, авжлана,
тўлқинга а~иланди.
Тўлкин ҳилолни
Қучмоққа шайланди.
Бунчалар шириндир фироқнинг дардлари
Солланиб сой оқди.
Қўйнида ой қалкди.
Оҳ, тўлқин кўпирди,
Кўпига зардобли.
Ой тонгда рангини
Сувларга ёйди-я.
Тўлқин тўдиб, тўлиб,
Қирғоқда тойди-я,
Бунча мўрт бўлмаса қизларнинг аҳдлари
Сирларни ёйди-я.


НАФРАТ

Гоҳ йўлимда дуч келиб қолган
тулкилардан қўрқмайман энди.
Бўрилар ҳам улиб, илиқиб,
Қафасларнинг қаърида тинди.

Энди қўрқсам, қўрқаман фақат,
Маврид кутмай келган ҳимматдан.
Ва яна ҳу тишлари тилло,
Лаблари қон, совуқ сумбатдан.


ҚОҒОЗ ҲАҚИДА

Бўзтўрғай сасидан чўчиб уйғондим,
Во ажаб, чарх уруб бўзларди бу қуш.
Камолотга тўлган ҳирлар тўлғонди,
Таъбирин такдирдан излаб кетди ҳуш.
Бу закий дунёнинг еавдосин кўринг,
Қоғоз милтиқлардан узилар ўқлар,
Алпомиш шаҳди-ла ёйсангда тиринг
Зирҳли қоғозларга тегиб, йиқилар.
Эътироф этгандек муҳтарам устоз,
«Оламан кенг шим киссамдан,
Бебаҳо бойлигим дубликатини»
Аммо ҳадикла дер соҳиби қоғоз:
«Ишонч коғозингнинг тасдиғи қани?!»
— Мен Ўктам Мирзаёр, дейман асабий,
Менга қараб қолган кўпнинг насиби.
Мана бу паспортим, бу ишонч қоғоз,
Пинагин бузмай дер, чўччайиб лаби:
«Беҳуда тортишма, чиқмайди маъни,
Ишонч қоғозингнинг тасдиғи қани?!
Шу онда эсладим бўзтўрғай ҳолин,
У-ку оҳ соларда бўзлаб кетади.
Бунда ўзлигимни англатиб толдим,
Менинг заволимга қоғоз етади.
Ватан, тақдирингга боғлаб қисматни,
Ёвқур килмоқ пайти келди қаламни.
Унутиб шон-шуҳрат, сохта исматни,
Бошламоқ пайтидир оловкор жангни.
Бунда жанггоҳлар йўқ, лекин жанглар
Ғаним қаршимдамас, ёнда юрипти.
Бунда ярадор йўқ, ҳоли танглар бор,
Қаршимда тўп эмас, қоғоз турипти.


* * *

Боғда битган гулим, деди онам суйиб,
Менинг эрка улим, деди онам суйиб.
Атай чечак, тилга кирдим омон-омон,
Ҳориш билмас шўх дулдулим, деди онам.
Чиноримсан, деди онам,
Сен — норимеан, деди онам,
Йиллар ўтиб йўлган кирдим,
Сен — оримсан, деди онам.
Кўзимга нур, кароғимсан,
Босар бўлсанг тупроғингман, -
Мен соянгда соялайин,
дарахт бўлсанг, япроғингман, деди онам.


МАХТУМҚУЛИ СЎЗИ

«Маҳтумқули» фильмини кўриб

Янграсин, деб кулдим,
Янграмади.
Янграмасин, деб йиғламадим.
Нигоҳимда қолди муҳаббатим.
Сочилмади гулнинг юзига
Шабнам бўлиб.
Нам бўлиб,
Йиғламадим.
Ўтди ёр,
ўтди дўст,
ўтди замон —
бағрим кон,
Йиғламадим.
Янграсин, деб кулдим,
Янграмади.
Янграмасин, деб йиғламадим.


ЎҒЛИМГА

«Ўзбекистонни космосдан туриб топишда менга икки нарса белги бўлади, биринчиси — Орол денгизи»
В. Жонибеков,
Космонавт учувчи

Сенинг зарра қувончинг учун,
Тунни тиркиратиб, енгиб яшайман.
Оппоқ парку болишинг узра,
Тушларингга сингиб яшайман.
Сенинг ҳам елкангда бор элнинг юки.
Балки, бобонг каби бўларсан деҳқон,
Неки насиб бўлса кўрарсан бошда.
Йўлдошинг ким бўлса тиларман имон,
(Ишқилиб дуч келма юраги тошга.)
Толеингда ҳали синоатлар кўп,
Битиклари кўпдир ҳали тақдирнинг.
Ҳали сен етажак саодатлар кўп,
Умидим чироғин ўзинг ёктирдинг.
Йўлидан адашган сайёҳ, йўловчи,
Миррихдан тусмоллаб олар йўл тархин
Билсанг шу Орол ҳам бир юлдуз экан,
Бир она экан у — фарёд бошлади.
Балки, юрагингдан тошқин туйғулар,
Қуйилган у кезда қалам йўнарсан.
Балки, ковокибга ишкинг ўйғонар,
Балки ҳу Зуҳрога ўзинг қўнарсан.
Қўрқаман, у ҳолни хаёлда кўрсам,
Ҳовучлаб тураман ортингдан жонни.
Ўғлим, Оролни ҳам бой бериб кўйсак,
Қайдан топажаксан Ўзбекистонни?!


43-ЙИЛНИНГ ЭРТАГИ

Яланг оёқ болалар,
Йиртиқ-ямок болалар,
Тешиктомоқ болалар,
Опа, янга, холалар
Ярғучокнинг бошида
Эртак тинглар момодан.
Ярғучоқнинг ноласи —
Оч боланинг воласи
«Кўз ёшингни кўй, ғийқ-ғийқ,
Кўпга келган тўй, ғийқ-ғийқ».
— Бўйчангина эди аканг,
Ўйчангина эди аканг,
Деҳқон бўлиб, сувчи бўлган,
Эл бошига иш тушганда
Қўрқув билмас овчи бўлган.
«Кўз ёшингни қўй, ғийқ-ғийқ,
кўпга келган тўй, ғийқ-ғийқ».
Томчи ёшлар тинади,
Жин чироқлар сўнади,
Болишдаги қора сочга
Оппоқ қиров қўнади.
Бўйчангина акасини тушда кўрар болалар
Ўйчангина акасини тушда кўрар болалар,
Тонгда туриб эртакчини ишда кўрар болалар
«Кўз ёшингни қўй, ғийқ-ғийқ,
Кўпга келган тўй, ғийк-ғийқ».


* * *

Қўғирчоқлар, беланчаклар ҳайрон қолди,
Оғочдаги арғимчоклар ҳайрон қолди.
Қўни-қўшни, келинчаклар ҳайрон қолди.
Шоирахон кирди бу тонг ўн олтига.

Ўн олтига кирган қизлар қикир-қиқир,
Ойдинда ҳам хато қилмай китоб ўқир.
Майсазорнинг сўқмоқлари дўпир-дўпир...
Шоирахон кирди бу тонғ ўн олтига.

Ўн олтига кирган қизнинг хаёли-ой,
Қароғидан майин-майин нурлар ёғар.
Мўйлаблари сабза йигит бўларсан бой,
Тақдирингга шу қарокўз фолин очар.


* * *

Амирқул ПЎЛКАН хотирасига

Кузнинг ўша ёмғирли куни,
Титраб-қақшаб бардошларимиз,
Қора ерга ўтқаздик уни...
У уйқуга кетмишдир бехос
У уйғониб келади гоҳи
Кираверар эшикдан рўй-рост,
Ёмғирларда қолган нигоҳи.
Сирқиратар кўксимни ногоҳ.
Файзсиз дала — тўзғиган ҳовли,
Ва кўзларда қолган у нигоҳ.


БАХТИ БЕЗАВОЛ ЎЙНАР

Ўғирлаб оромимни ул соҳибжамол ўйнар,
Нигоҳи оташ қизнинг изида шамол ўйнар.
Толим сочлар тўлғаниб,
Зарафшондай зарланиб,
Яноқлари олланиб бахти безавол ўйнар.
Дўпписи чамангулдир, сочи сумбул,
сумбулдир,
Юртимнинг қизларига нисор бўлган
кўнгилдир.
Латофатли дилдорнинг измида ихтиёрим,
Элимда бахтиёрим, қошингда ҳилол ўйнар.
Даврон сенинг кўйингда,
имкон сенинг кўйингда,
Ўртанар бўлди энди бу жон сенинг кўйингда
Жон ўртанса ўртансин, ошиқлигим англатдим,
Ғамзадор ситамгарим кўзингда савол ўйнар.
Баҳор мадҳи қўшиғим, дилдор мадҳи қўшиғим,
Висол мадҳи қўшиғим, иқбол мадҳи қўшиғим,
Ёшлигимдай ёарафроз, ишва қилиб, қилиб ноз
Қўшиғимга жўровоз, бахти безавол ўйнар,
Бахти безавол ўйнар...


ТУШОВЛАНГАН ТУЛПОРЛАР ҲАҚИДА ШЕЪР

Титратар қалбини уюр гурроси,
Кўзида чақнайди юлдузлар.
Умидлар жонланар қалбининг
Пучмайган, ҳйлвироқ буржида,
Тушсайди кўзига оҳ, кўзлар!
Онасининг бўйи қалқар димоқда,
Майсанинг бўйларидай,
Онасининг кўйи қалқар қулоқда.
Сойларнинг куйларидай.
Сойларнинг куйлари сўнмайди.
Кўзидан ёмғири тинмайди.
Яғринига теккан кафтдан дилдирар,
Оҳ, бу тафтсиз кафтлар бир кун ўлдирар.
Еллари ёмғирдай ёғилар...
Кўзига боқсайди одамлар!
Киприкда ялтироқ ёш турар.
Ёш эмас, ёш эмас, ёш эмас!
Хиёнат излари — доғ улар.


БЎЛГАН ВОҚЕА

Бошда дўппим чамбарак,
Келар эдим, шом эди.
Гўшам қишлоқ буржидаги
Сомонсувоқ том эди.

Юрагимга қўрқув солди,
Лабга тошди учуқлар.
Бирдан мени ўраб олди
Ўзимизнинг кучуклар.

— Капакалла, ҳой сен кўктой,
Не жин чалди сенларни?
Ириллашар гапга кўнмай,
Гижинглатиб думларин.

Одат эди емак ташлаш,
Билсам бугун суяк йўқ.
Итнинг иши ғажиб ташлаш,
Қалт-қалт титрар, оёқ йўқ.

Тавба, одам тирик юрса
Не-неларга дуч келар.
Қелиб, келиб талаб турса,
Ўзинг боққан кучуклар.

Бир пайт қайдан келиб қолди,
Бир оқсақол «уҳ-ҳу»лаб.
Кучукларни қувиб солди,
Ҳасса билан «ҳу-ҳу»лаб.

Чақчақлашиб жилдик омон,
Итлар ҳурар биз юрсак.
Бобой деди: «Талар ёмон,
Ўз кучугинг қутурса».

Эҳтиётни қилдик албат,
Ташлаб дадил қадамлар.
Ёдда қолди лекин ҳикмат,
Огоҳ бўлинг одамлар.


ТЎНКА БИЛАН СУҲБАТ

Пак-пакана тўнкалар,
Ориқ-семиз пўккалар,
Ҳадеб йўлингни тўсар,
Қайтсанг бир қарич «ўсар».
Ўрмон бўйлаб сайр қилиб,
Юрар эдим, ногоҳон,
Тилга кирди тўнкажон.
Деди: «Ҳаяжонни бос.
Насиҳатга қулоқ ос,
Ўрмоннинг каттасиман,
Тўнкалар акасиман.
Ликиллама, босиқ бўл,
Олдимизда камроқ кул,
Бўлсанг биздек бўлиб юр,
Бўлмаса кунингни кўр».


* * *

Бир, икки, ...ўн олти.
Умр араваси вақтнинг йўлида.
Йўл четида, тегирмоннинг дўлида
кўрдим, Укки.
Ваҳималар солиб кўнглимга ғутғулайди,
Ёш жонимни кутқулайди,
Бир, икки... «Йўллар олисдир...»
Алдайверинг мени яхшилар
алданг мени, алданг.
Ҳуркитиб, ҳуркитиб алданг,
қўрқитиб, қўркитиб алданг,
Алдаган бир сизми?
Алданган бир бизми,
Кулдириб, кулдириб алданг яна,
Ўлдириб, ўлдириб алданг яна.
«Бир, икки,..»
Қанотларим туяр ҳавонинг зарбин.
Мен беозор қуш —
оқ қуш, ҳақ куш.
Ёниб, ёниб алдолмасанг,
Қониб, кониб алдолмасанг,
Мен не қилай ахир!
Қоқ қуш, тоқ куш, қўрқоқ қуш.
Офтоб гардишига қанотин чархлаб,
қалдирғочлар учар унда
/Қалбингиз тун-да!/
Қўшилиб учарман уларга —
қанотларимни тоблайман кунга.
Бир кун ҳикоялар қилсам ишонинг,
киноялар қилсам ишонинг.
Менинг укки жўраларим бўлганига,
Қалдирғоч жўраларим бўлганига ишонинг,
Ўртоқ қуш, ўртоқ қуш!


ИЛИНЖ

Кўз олдимда дардисар бола,
Дайдиб юрар бесар, беимкон.
На оҳ чекар, на тортар нола,
Хаёлимни айлаган макон.

Қандай ташвиш бошингда айтгин, —
топай дейман дардига чора.
Ялинаман, гўшангга қайтгин,
Кутар унда бир қалби пора.

Оқшомда ҳам, тонг чоғи ҳам шу,
Жилғалардан маъюс ҳатлайди.
Олис тунлар мизғимасдан у,
Юлдузларни тинглайди.

Қайта-қайта босар изидан,
Изларига етолмайди, оҳ!
Тупроқ кўча, излар тўзғиган,
Кўнгил узиб кетолмайди, оҳ!

Қирда ёлғиз қолган лола у,
Йўк, улғайиб қолган бола у.


КАМЁБ ОДАМ

Хангома

Пичир-пичир, шивир-шивир ҳар хонада,
Бугун бошлиқ сайлов эмиш корхонада.
Ким бўлса ҳам бўлсин деймиз диёнатли,
Устоз бўлсин бизга сирдош, киёматли,
Биров дейди: «Бу курсига Норов лозим,
Планимиз юз бўлади қишин-ёзин.
Қўйиб берсанг юлдуз урар нарвонсиз ҳам,
Кўрасизлар сайланса у бўлмаймиз кам»...
Инкор келар тўлқин-тўлқин, калқиб-қалқиб,
— Эй, бўлмайди, умри ўтар бизни чалпиб.
Биламизу ўша Норов кимлигини,
Луқма кўрса елкаси йўқ, думлигини.
Яна биров ёниб-куйиб ҳар томонга
маънилатар: «Овоз беринг Эломонга,
Биларсизлар ўзи ж-уда ювош одам,
Қўй оғзидан чўп олмаган ул муҳтарам».
Инкор келар тўлқин-тўлқин, қалқиб-қалқиб,
Ҳамма кулар елкаларин силкиб-силкиб.
— Эй, бўлмайди, бу номзодни қўйгин Козим,
У бош бўлса, сен бўларсан Бош мулозим.
Бошлиқ олиб, бошлиқ қўйиш кўпнинг иши,
Баҳонада баҳоланди ўттиз киши.
Ким кимлигин, билмоқ бўлса устозини,
Қўйиб кўрсин бошлиқликка номзодини.


УЧРАШУВ ЛАВҲАСИ

Сенсиз ўтаётган кунларни кўрдим —
Қалдирғочсиз баҳорга ўхшар.
Мажнунтоллар оралаб юрдим —
Чилвири чийрилган чўнг дорга ўхшар.
Булбулларни кўрдим, гулнинг шохида
Улар ҳам мен каби хуморга ўхшар.
Чакчаклашиб турсак деворга «кўниб».
Ойиси ҳайдади: «Ҳа, яшшамагур,
бу ёшлар жудаям беорга ўхшар».


БАЛОҒАТ

Ой суриниб кетди
бир жуфт сояга.
Хижолатдан пилдираб кетди,
Этаги илашиб колди қояга.
Шошиб, ҳали ҳушин йиғмасдан;
Адир бўйлаб чопти юлқиниб,
Ҳаяжонли, титроқ вужуди
Адирга ҳам колди сиғмасдан.
Ишқ кўшиғи тебранди шу тун,
Шу тун кўшик оҳ, янгрок эди.
Ер осмонга якинроқ эди.
Тунни афзал билдик кундуздан,
Сояларимиз майсаларга йиқилди.
Уялиб йироқлашди ой биздан,
Эҳ, юлдузлар, юлдузлар-а,
Болалик килди, тикилди.


БИТИКЛАР

* * *

Тушунмасанг,
Кўрмасанг,
Ҳис қилмасанг
Гуноҳи нима япроқнинг.

* * *

Давраларда сўзи борлар сўзласин, ҳей!
Давраларда севишганлар ўйнасин, ҳей!
Бошда дўппи, ҳарир рўмол — тўйласин; ҳей!
Юрагида на дарди бор, на ишқи бор
Давралардан четга чикиб, бўзласин, ҳей!

* * *

— Баландроқдан каранг, — деди, — ташвишларга
Баландроқдан қарадим, ажаб:
Ташвишларнинг кўйида юрганлар
чумолидай кўринди.
Чумоли-я,
Белгинасин боғлаб, ғимирлаб
Нафси илинжида тун-кун тинмайди.
Ташийди, ташийди, ташийди.
Шўрлик ғаламиснинг кўзи тўймайди.
Кўряпсанми ўртоқ?

* * *

Бобо Саъдий айтар: Эй, чорасиз — қул
Бир нафас — жон эрур, баски, кўнглингни
Тириклик зийнати вафога тўлдир.

* * *

Мен дарахтман —
Тўлғонаман, зирқироқ дарддан.
Суяк ёриб ччқар куртагим.
Барқ уради сўнг илиқ тафтдан
Кўксимдаги мунис ўртоғим.

* * *

Соғиндим сизларни сўзларим,
Соғиндим сизларни оҳанглар.
Калбим, бир куй чалиб берсанг-чи!
Энтикиб, тингласин райҳонлар.

* * *

Япроқлар табиат эрмаги,
Тинглайман, эй, она табиат?!
Бунчалар даҳшатли эртагинг.

* * *

Юрак шунча ожиз,
шунчалар ожиз
Кўтара олмайди умрни.

* * *

Хотиротнинг пўлат изидан
Хаёллар чопади.
Олисларда бир адир болалик
чопар энтикиб, кийқириб,
Адир бағрин тўлдириб...
Эҳ, етолмайди
Хато килган ота — хаёл.
Етолмайди.

* * *

Абдулла Қодирийга

Жим!.. Уфқдан ботар қуёшни
Шарт кесилган бошга ўхшатдим.
Усмон Носир

Чак-чак қон томади кесилган бошдан...
Уфк ҳовучидан сиркираган қон
Юрагимга қуйила бошлар...
Судралади толғин вужудим,
Томирларим
юрагимга қуйилган қонни
Кўзларимдан чиқариб ташлар.
Кўкрагимга тўлар шунда ҳис,
Аовон ранглар балкир теграмда.
Майсаларни кўзимга суртиб,
Бўйларини ҳидлаб ётурман.
Шунда, кўзим милкидан бўртиб,
Чиққан дардни кўкка отурман,
Юлдуз бўлиб балқар осмонда.
Зарраланиб кетган кўз ёшим.
Шундай умид бордир бу жонда:
Агар етса юлдуз бардоши,
Тинмас кўкнинг каърида ҳам у,
Учар она юртнинг бағрига.
Юртим, деганларнинг қабрига!


* * *

Уйқусираган қиздай
Баҳор кириб келди...
Тонгнинг чинни пиёласидан
Булбулнинг қўшиғи тўкилиб кетди.
Гулга, баргакларига, ялпизларнинг дудоғига
Титраб кетди улар, бўса тортиқ қилган
Қиздай энтикиб.


* * *

Мен кутган деразалар очилди.
Эпкиндан энтикар ҳарир пардалар...
Баҳорда гулларнинг сири очилди.
Мен пайдо бўламан тош кўчаларда
Эртадан кечгача дайдиб юргани.
Ва кўргани у деразада
Сири фош гулларнинг титраб турганин.


ҲОЛАТ

Ипаклар сийрилар қиз бармоғидан,
Буралиб қўнади қийиқчасига.
Қатимлар эшилар қалб арқоғидан,
Айланар бағрнинг бир парчасига.
Хаёллар тасвири қийиққа инар...
Кўчада бир товуш... ўхшар исмига...
Ойнага талпинар, нйгоҳи синар,
Суянар дераза кесакисига.


* * *

Бу тонг кувонч бўлиб порлади қуёш,
Қушларни бағрига чорлади қуёш,
Қувончдан бинафша кўзларида ёш,
Наврўзи оламни ёрлади қуёш.
Адирлар бағрида қушдай чулдираб,
Кўксимда кезинди бир озор енгил,
Нетай, кечикибди ошуфта кўнгил,
Бугун қўмсаб келсам сизни лолалар,
Қаршимдан қучоқлаб ўтди болалар.
Дилда ёлғиз тилак қолди, кўз тикдим
Алвон яноқларга боқиб, энтикдим.
Кўксингга баҳорни босиб лоладай,
Бошингда офтобни чамбарак айлаб,
Юртим, югур, югур боладай!


ЮРТИМНИНГ ҚИЗЛАРИГА

Ноғора гумбурин соғинган қизлар,
Сурнайнинг сурурин соғинган қизлар,
Келинлар гурунгин соғинган қизлар,
Баҳор нисор бўлсин бўйларингизга.

Ойдай юзингиздан тотли табассум,
Изингиздан анқир анвойи насм —
Висол тўйларига ошиқиш расм
Баҳор нисор бўлсин бўйларингизга.

Офтоб эмган жонсарак жон сиз,
Атласга зеб берган шўх, сиймтан сиз,
Асти миллион-миллион Ўзбекистон — сиз!
Баҳор нисор бўлсин бўйларингизга.


БОБОМНИНГ ЎГИТИ

Терак одиллиги учун адилдир
Ғарази йўқ қўшниларига,
Япроқлари бирам чиройлик
Бирам силлиқ танлари унинг.
Болаларим, одил бўлинг!


АКС-САДО

— Тўхта!
Шу ҳаво тошдай
Бўғзимга тиқилди,
Кетди бевафо.
— Кетсанг кетавер, —
Дегани кўймас
Бўғзимга тиқилган
Шу ҳаво.


ИЗЛАНАЁТГАН СЎЗ

Бир сўз дегим келади қониб,
Мен шу ёнар сўзни излайман,
Қалбим қонар сўзни излайман.
Вақтнинг панжалари эса
Бўғ-зим-да!


* * *

Оппоқ, юмшоқ пахталар,
Ишончимга ўхшайди.
Чаноқлар — юрагимга.
Теримчи киз ортидан
Ғўза қолди мўлтираб.
Чаноқлари кўзидан
Ёмғир оқар йилтираб.


ЯНА БАЛИҚЛАР ҲАҚИДА

Оҳ, бу балиқ қандай балиқ,
Билсанг айта қол Холиқ
Сувда сузар жилпанг-жилпанг,
Қуруқликда юради.
Бошин боссанг, думи билан,
Думин боссанг, боши билан
Чалпак қилиб уради?


ТЎРТЛИКЛАР

Имкон кетса келар, ғам чекма,
Тирикликда ўзни нотавон этма,
Қетса келмаси ҳам бор бу дунёнинг,
Имонни кетгизиб, сўнг ўзинг кетма.

* * *

Панду насиҳатдан ёзма, дейдилар,
Энди биз дономиз, созми, дейдилар.
Қаранг, шу донолар бир-бирин кўрса
Бизда нодонлар ҳам озми, дейдилар.

* * *

У ёлғиз ўзини устун деб билар,
Не қилса, кўнглига келганин қилар,
Кун келиб, қуласа буюк салтанат,
Кўпчилик устига э, воҳ йиқилар.


ИШОНЧ ҲАҚИДА МАНЗУМА

Қайси бир кун чўмилардик биз — тўртта жўра,
Сойнинг бўйи қўрғон эди қувончимизга.
Бу балки бир оддий ҳолдир, шўхликка кўра,
Сезмай қолдим дарз кетганин ишончимизга.
Ўйинбоши талабидан кетдик йироқлаб,
Тантиликни синамоқчун ўйин удмида.
Қайтганимда даврамизга бурчимни оқлаб,
Қум тўлдириб қўйилганди янги дўппимга.
Қулоғимда узоқ қолди совуқ ҳиринглар,
Тонгга кадар бағрим узра кечалади тун.
«Жўраларим, сиз қалбимга тонгдай киринглар»
Тонгга қадар интиқ қалбда тўлғонди шу ун.
Лағча чўғдай ютиб юрдим, оташ сўзларни,
Дўстларимни сўроқладим, хаёлан кучиб.
Лек, кўрмадим чақнагувчи ўша кўзларни,
Юлдузлар ҳам бағримиздан кетганди учиб.


1919 ЙИЛ. ЗИРАБУЛОҚ

Кўрдигини найга тўкар ҳў чўпон...
...Харсангларга чўнқаяди хотирот.
Келинлардек қизғалдоқлар бағри қон,
Изтиробдан ёқа йиртар солиб дод!
Ўз элида қарғиш олган ҳу ёвлар,
Эзгуликнинг ажалини кўзлайди.
Қояларнинг нарёғида бедовлар,
Ярадорнинг омонлигин излайди.
Қояларнииг нарёғида тиғ синар,
Секин, секин ёришади уфқлар
Бедовлар ҳам мамнун-мамнун депсинар,
Чўққиларда ҳилпирайди шафақлар.


ОҚ ҚАЙИНЛАР ЕНГИЛ ТИН ОЛАР

Чегара,
Сукунат...
Қайинзорлар тунга ўранган.
Ой ҳам мотамсаро, гўёки фалак — ___
Шаҳид посбонларни ёд этар бугун.
Посбонман, хаёлларим кўланкасида
Отам ҳикояси бўлар намоён:
«Танк, уч яшар бола... солдат қисмати...
Қўксимга босаман автоматимни.
Ана, муюлишда соялар қати.
— Тўхта!
...Ёрилиб кетади сукунат чоки.
Шовуллайди қайинлар шошиб:
— Тўхта!
— Тўхта!
— Тўхта!
Овоз берар келаётганлар;
— Ўзимизникилар!
Оқ қайинлар енгил тин олар.
Ўзимизникилар,
Ўзимизникилар...


УСТОЗ МИРТЕМИРНИ ХОТИРЛАБ

Киприкда қалқиган кўз ёши мисол,
Узилиб, тупроққа кетдингиз сингиб,
Бехос дуч келдию бу сўқир ажал
Яшамоқдан этди бенасиб.
Залворли кўчкидан ларзаланди тоғ,
Адирлар бағрини коплади тўзон.
Қоялар оҳ тортиб кўкка санчди тиғ,
Яшил япроқчалар бўлдик-ку хазон!
Қиприкдан узилиб кетганингиз кез.


ЙЎЛАКДАГИ КЎЗГУГА

Рўпарамда турган шу ойна
Аксларни кўрсатар ўз сийратида.
Қўлдан қўлга ўтар яна ва яна
Ҳаяжон юқмайди ҳеч ҳайратига.
Қўлига тушса у қайси бир зотнинг,
Ҳусну камолидан сўйлайди.
Қаранг-а, шу силлиқ, шаффоф
ҳатто, офтобнинг
нурин синдирмасдан қўймайди.
Кўзгунинг жисмида сезмадим жумбоқ,
У оддий ҳийлага қурилган экан.
Сирти бўлса ҳамки, силлиқ, ялтироқ,
Ортига қорамой сурилган экан.


ҚОРГА

Ҳой оппоқ қор, оппоқ қор,
Жунжиктириб ҳаммани,
Виқорланишинг бекор.
Бўрон бўлиб чопсанг ҳам,
Ҳақу ноҳақ изларни
Оғушингда ёпсанг ҳам.
Борлиқ узра ғилдираб,
Офтобнинг келиши бор,
Фош бўлганда сирларинг,
Бойчечаклар қиқирлар.
Қизаради қирларинг.


ОҒРИҚ

Ўттиз иккида ёшим,
Кўксимда қўрғошин.
Ким отди, ким отди?!
Ухла болам, сенга нима зарур,
менику оғриқ уйғотди.
Пирпиратиб киприкларингни
дардмандим бўласан,
мунгларга тўласан,
жилмайсам, куласан.
Оҳ, ночор дардмандим
сенга нима зарур,
ухла.
Балки, космонавт бўларсан, тушингда,
Ахир ойни, юлдузларни кўргинг келар-ку
Сайру саёҳатни сен ҳам қўмсайсан.
Поездлар елади, қишлоқ буржидан
сен пахта чангаллаб, қўлинг силтайсан.
Ухла болам, ухла тушларда тиниқ.
Ўттиз иккида ёшим,
кўксимда қўрғошин.
Ким отди, ким отди?!


ҒАЛАТИ УЙИН

Кўча-куйни чангитиб юрган
болакайлар ўйнар «тошпарранг».
Ажаб, улар отганида тош,
бир-бирига тегмайди, қаранг!
Улғайишгач, бундай одатни
ташлашади, ор қилар улар.
Зарур бўлиб қолганда, зимдан
«Тош отишма» ўйнар катталар.


* * *

Сабрли бўл, ўғлим, сабрли,
сабрнинг остида олтин гуллайди.
Бобомнинг ўгити, бобомнинг сўзи
Кулоғимда ҳамон гувиллайди.
Оҳ, жабр, оҳ жабр.
Сабримнинг остида олтин гуллади.
Шайдо бўлиб турсам, уни ҳам
Савдогар ўзимга пуллади.


МУТТАҲАМНИНГ АКАСИ ҲАҚИДА

Кўкларга кўтариб мақтадик уни,
Ур-ра! Ур-ра!
Силадик, сийпадик, олқаб ҳар куни,
Ур-ра! Ур-ра!
...Осмондан тушмасдан қолди бир куни,
ҳаммамиз ҳайрон,
ёқалар вайрон...
Муштимиз дўлайта бошлаймиз энди,
пастга бир тушсин,
пачағин чиқариб ташлаймиз энди
ура, ура!


КЎНГИЛ БИЛАН СУҲБАТ

— Кўнгил, яшашга кўнгил
шамолларга,
тўзонларга,
чақмоқларга,
ёмғирларга,
Дарахтлардай парвосиз бўлиб.
— Нодон, ўрган дарахтдан сабот
шамоллар,
тўзонлар,
чакмоқлар,
букса-да, каддин,
Томирлари турар гупуриб.


БОВЛАСАНГ БОТИР БЎЛАР

Турғунлик йиллари, айниқса, пахтакорларимиз турмушида катта асорат қолдирди.

Белингда белбоғинг бор,
Белбоғингда ниманг бор?
Сўрасам бобогинам,
Дединг: ризқим — ноним бор.
Эгатларда сарғайдинг,
Тортганинг ситам бўлди.
Меҳнатинг орқасидан
Пас — нокаслар хон бўлди.
Дардманд даврадошларим,
Кўзу киприк, қошларим, .
Улуғларим, ёшларим,
Ишонч қурбони бўлган
Эҳ, менинг юртдошларим!
Сўрасам, ҳолинг не, деб,
Дединг: рангймни кўру
Ҳолимни сўрамагин.
Бир пиёла чойим бор,
Қанд йўғу ундан ширин
Менинг ширин жоним бор!
«Пахтамиз — бойлик!» деди,
«Зарбдор ойлик», деди,
Туфласангда чангу қон,
Ёмғир, қорга нописанд,
Темиртаним, мардларим,
Сўрсам яна ниманг бор?
Дединг: дилим устида
Миннат йўқдир, орим бор!
Пулу олтин қуллари,-
Қизию ўғиллари,
Касовдай қақшаб ётган
Қўлингга боқиб деди:
«Қаранг, олтин кўллари!»
Боқдинг қўлингга ҳайрон,
Бағир қон, ёқа вайрон
Яримта кўнгил билал
Роз айтдинг суйгилингга:
«Шу план тўлса албат,
Сўрармиз давру даврон»
Давруғу шонинг қани?
Сурган давронинг қани?
Бултурги жонинг қани?
Эҳ, менинг юртдошларим,
Бир ҳовуч бадкирдор зот,
Ким ўзарга қўйиб от,
Чиқармоқ бўлди элда
Зулми-ла қаҳрамон от.
«Ўзидан чиқса ботир,
Чодирига ўт кўяр»
Ўтмишининг ҳар нақли
Вожиб бўлган яна бор.
Қадрингни бил мардларим,
Кўнглингдай юмшоқ, лекин,
Ўзингдай юки оғир
Шу пахта такдирда бор.
Яна кўп нарсалар бор,
Бахт бордир, саодат бор,
Билсанг вақт бор, соат бор,
Инсоф бор, диёнат бор,
Лекин англа, қаршингда
Бурди йўқ хиёнат бор!
Шу хиёнат, шу душман,
Алдаб кўнглингни олди,
Алдаб мўлингни олди,
Айт, яна ниманг қолди?
Сўрасам, отагинам,
Йўлчидай йўлга бокдинг,
Қароғингда ўт кўрдим,
Қўнглимга чироқ ёқдинг,
Дединг: бойман мен ҳали,
Тўкилмас имоним бор!
Тоғдан баланд хирмонлим,
Ёруғ юзли деҳқоним,
Таъна маъломатлардан
Бошингга тошлар ёғди,
Оғзи қон, кўзи ёшлим,
Тоғу тошга бардошлим,
Шайтоннинг кавимлари,
Йўғингни йўндир, дейди.
Аҳлингни кўндир, дейди.
Бутун бўлсин ризкимиз,
Дўст бўлсанг айла ҳиммат,
Пуштингни куйдир, дейди.
Йўлчи бўлиб турганим,
Кўп синоат кўрганим,
Дединг: гирён бўлма кўп,
Ва такбир қилдинг юввош,
«Шукурки, чопоним бор»
Чопонингни баридан,
Йиллар юмалаб ўтсин,
Имонсизлар ёнингдан
Сочин юмдалаб ўтсин.
Ширин жонинг ёнидан
Жонин тимдалаб ўтсин.
Бутун нонинг ёнидан
Итдай думалаб ўтсин.
Соғ, омон бўлсин жонинг.
Тобакай ёнар дили
Ўктам — оти ёмоннинг
О, менинг юртдошларим,
Норғул даврадошларим!


ДЎСТИМ МЎМИННИНГ ЯНГИ ЙИЛ АРАФАСИДА ДЕГАНИ

Бола бўлар бўлса, дейдилар бошдан,
Чирқираб очунга қўйганда кадам.
Қулоғимни тешиб, иримчи доя
Ўткариб олибди йиғлоқи ёшдан.
Энди фол очаман, етиб вояга,
Ҳамон қоронғудир йиғи сабаби,
Кўз очиб кўргандим не таҳликани?
Нечун зарур бўлди ништар дояга?!
Недан огоҳ этди тиғ санчганда у,
Нечун раво кўрди мунгли қисматни
Ёки озорларга ишоратми бу.
Бириси тергаса, бири суйдилар,
Ўт олов болалик лов этди, ёнди,
Ширин қанд, ширин сўз, алдов ўгитлар...
Хуллас, мўмингина қилиб кўйдилар.
Энди жим боқаман, качон тўймишлар,
Мўмин болаларнинг ҳаккин еганлар?
«Ўзинг гуноҳкорсан», — деманг. — Қўрқитиб
Ҳатто гуноҳимни олиб қўймишлар.
Бобом яшаган йил — сургунли йилдир,
Отам яшаган йил — қирғинли йилдир,
Уларнинг гуноҳин англаб-англамай
Сўрасам, номлари ўзга йиллардан
Мен яшаган йиллар — турғунли йилдир
Гуноҳлар кўп экан, ошкорлик, кўринг!
Энди ҳам бўлмасин авлодлар боши,, .
Келар йилларимнинг номи пок бўлсин,
Туринг ҳимояга, мўминлар, туринг!


КОНГОЛИК ЙИГИТНИНГ ТОШКЕНТ КЎЧАСИДА ЮРИБ ЎЙЛАГАНИ

Вужудим қорадир, қоп-қора қурум—
Куйиб, куйиб қорайиб кетган.
Қорачўғим — яллиғланган чўғ,
Кўнглингизни иситиб қолинг.
Сўзларимнинг тафти ўчган йўқ.
Яшил ҳам бўлмайди, сарғаймайди ҳам,
Қоп-қорайиб ўсмоққа маҳкум,
Яшин урган қовжироқ сочим.
Соямни ҳам кўриб карахтман.
Тақдирда бор, қорайиб юрим,
Ажабланманг,
Мана кўринг,
қора дарахтман!


БОР ҲАҚИҚАТ

Қоғоз ҳақидаги ҳақиқат ушбу:
Шоирнинг измида мармари тўш бу,
Тунлар оҳ урганда афлок дардида,
Ҳуркиб, учиб кетган безовта хуш бу.
Энди у чирқирар қўш дарё аро,
Фиғони фалакка ўрлаб кетади
Билмаган қаландар куш дейди уни.
Билганга Ҳушсизлар дардига чора —
Қўналға излаган бир бедор қуш бу.
Қўна қол бечора, мана елкамга
Қўлимга, дилимга, элим бошига,
Ўхшамай довуллар ўмариб кетган
Гирдобга ўралиб қолган елкангга.
Майли, истамасанг кўнма, на чора,
Тенгситмаган бўлсанг фукаросини,
Ана, янақанча ҳушсиз бошлар бор,
Қўна қол бошига юрт оғасининг.


* * *

Ойга қара, ойга қара,
Нурга тўлди ойдара.
Айтар бўлсанг қувончинг айт,
Айтма дардингни сира.
Ҳаммасини кўриб турар,
Унинг ҳам кўнгли яра.
У тунлари хавотирли,
Бошимизда парвона,
У ёридан, фарзандидан,
Жудо бўлган тул она.
Тили йўқдир, тунлар узок,
Тинглайди калб воласин,
Зир кидириб тополмагач
Етти пучуқ боласин.
Эсингдами унга айтган
Ит тун бўйи ноласин.
Англолмадим не деганди,
Тилли қавми ҳақида.
Лекин кўрдим, дилдиради
Ой самонинг тоқида...
Дардинг айтма, ўксимасин,
Бахти синиқ ул она.
Қара, қара, бошимизда
У бўлмоқда парвона.


АНГЛАШ

Мана, ўттизни ҳам қоралаб қўйдим
Ўт-олов болалик лов этди, ёнди.
Яхши-ёмонларни, оралаб қўйдим
(Хуллас, одамларни саралаб қўйдим)
Бу майдон бозордир юрганлар бари,
Харидор эмаскан билсам аввали,
Расталар оралаб борганим сари
Кўрдим: савдогарлар бўлибди вали.
Гулини бир пулга сотган — ўшалар,
Феълини бир пулга сотган — ўшалар
Дилини, тилини сотган — ўшалар
Ва яна танини сотган ўшалар.
Бўлмайдиган хилдан чоғи сиёғи
Бир куни уйқудан йиғлаб уйғонса,
Иримчи момолар тешсин қулоғин.


ЖАВОБ

Автоматчи Остонақуловнинг сурати «Гулистон» журналида эълон қилинганидан сўнг «Остонақулов бизнинг укамиз, отамиз, тоғамиз, акамиз» мазмунида ўнлаб мактублар келган эди.

Кеч кузакда имконсиз қолган,
Титраб турган сўнгги япроқдай,
Юпанч излаб нигоҳи толган,
Азизларим, барингиз ҳақдай.
Яқин бўлиб йироқ, йироқлар,
Мактубларнинг катида ёниб,
Дийдор истаб учди фироқлар —
Мустар кўнгил кетди уйғониб.
«Остонақуловнинг суратин кўрдик,
Мумкин бўлса, этсангиз аён...
Шу ўқчининг чеҳраси таниш,
Биз йўлида бўлганмиз гирён,
Ўша ўкчи жигаргўшамиз!»
«...Ҳа, кўзлари менинг кўзимдай,
Гувоҳ бўлди бунга момолар.
«Қуйиб кўйган худди ўзимдай»
Қуриб кетсин уруш — ваболар.
Жангоҳлардан қайтмаган у ҳам,
Биз йўлига нигорон бўлган
Ўша ўқчи бу менинг отам!»
«Бу мактубни ёздик Сурхондан,
Остонақуловнинг суратин кўрдик,
Ёлғиз илинж узулди жондан.
Уни танимаган бунда жуда кам,
Бу ўшадир, навқирон акам!»
Кеч кузакда имконсиз колган,
Титраб турган сўнги япроқдай,
Юпанч излаб нитоҳи толган,
Азизларим, барингиз ҳақдай.
Фарғонадан, Бухоро ёқдан,
Самарқанддан, сўлим қишлоқдан,
Яқин бўлиб йироқ, йироқлар,
Мактубларда учди сўроқлар.
Юпатишга сўзларим лолдир,
Шунча илҳақ кўзлар толди-да.
Бу қандайин чорасиз ҳолдир
Уруш жароҳатин олдида.
Сизлар ҳақсиз, Ҳақдир момомиз,
Ватан учун фидо қилган жон
Ўша жасур, мард — Ўзбекистон —
Ўқчи Остонақулов — бобомиз!


СУҲБАТ

Қишлоғимиз кўчасига тун бўйи.
Уйқумизни сочдик Тўра иккимиз.
Факат йилтирайди кўкда юлдузлар.
Ва олис хотиралар.
Тун бўйи кездик шу кўйи,
— Ўзгариб кетибди, — дейман қишлоқни
— Роҳатой ҳам ўзгарган билсанг!
— Пича айланайлик, дейман ўтлоқни.
— Чучмомаси жуда бўлди зўр,
у кун... 
Қўйиб кетсам деразасига, олмапти-я
кизи тушмагур...


* * *

Зангор кенгликларда шавқланиб дилим,
Маҳлиё кезардим, ташвишдан ҳоли.
Майсазор чорлади, жиндак чўзилдим,
Бирдан ўлжа қилиб олди чумоли.

Табиат яратган митти ғаламис,
Нечун тинчитмайсан, қилиғи ёмон.
Жиндак оринг борми? Ёки жиндак ҳис,
Таним чимчилайсан бунча беомон.

Эсимда, арилар талаб қочгани,
Елкам зирқирайди нишлар заҳридан.
Етмасми пашшанинг ялаб қочгани
Қўрқмай кўйдингларов инсон қаҳридан.

Агар дон олишсанг эрта саҳарлаб,
Шомгача кўпаяр уруғ, аймоғинг,
Сенларни улгуриб бўлмас заҳарлаб,
Тутиб куйдирсалар йилт этмас ёғинг.

Шу боис учраса баъзан йўлимда
Пашшамижозларнинг маслак дўстлари.
Бир фикр келади такрор тилимга
«Булар табиатнинг ғаламислари».


* * *

Автобуслар,
Аэробуслар,
Ҳамма буслар
Одамларни кучоғида олиб кетар.
Бекатлардан,
Перронлардан,
соғинчларни, қувончларни ташиб кетар.
Шундай кезда ҳовли гўё бўшаб қолар...
Чаман гулли рўмолини
ўраб олган момо ўрик
сафаримга оқ йўл тилаб, маъюс турган
Онажоним, ўзингизга ўхшаб қолар.


ИЛТИЖО

Нега маъюс тортдинг ҳилолим?
Нега, кўзларингда ғариб илтижо?
Ё аён бўлдими сенга ҳам ҳолим.
Ё сен ҳам мен каби, меҳрга гадо.

Қоғоз парчасидай юрагим ғижим,
Бу йўлда сен каби бўлиб юрибман.
Яшир кўзларингни, ўт- қаршимдан жим,
Сўз дема, ўзим ҳам тўлиб турибман.


* * *

Мен кузни севаман,
Ранглари синиқ бўлса ҳам —
Хунук бўяса ҳам.
Чунки, у бир тўлиб тошган —
борини барчага бирдай улашган,
Лаблари қовжироқ, қўллари қадоқ
отамга ўхшагани учун ҳам
севаман!


УСМОН НОСИР СЎЗИ

Вақт, мендан кутмагин сарҳисоб,
Тақдирдан узилган бир ўқман.
Бир ўқман, мўлжалсиз отилган,
Йўқ, ўқмас, мен озод бир инсон —
Дўстларим арзонга сотдилар.
Дўст тписа не дерман — бу тақдир.
Тақдирдан узилган бир ўқман.
Мен йўқман,
мен йўқман,
мен йўқман
Чақмоқдай чақилиб тақдирда
Улашмоқ истадим лаҳза нур.
Қоп-қора юраклар бағрига
Оҳ, сабил,
эҳ, сабил,
уҳ, сабил.
Налавор ўтурман, оҳ шитоб,
Қанотим қайрилиб боради.
Оҳимдан куйсин-а, шу офтоб,
Жўралар айрилиб боради.
Жўралар айрилса билингей
Имони қорадир,
қорадир.
Онажон, чорасин қилингей,
Юрагим қон бўлиб борадир.
Бошимда тўлғанар, тўлиб ой,
Юлдузлар юраги ерилар.
Дардимдан чўлғанар Энасой,
Бир илинж, бир умид эврилар.
Ўшалар, қадрдон юпанчим,
Ўшалар бўлишар ғамимни.
Босурман қон тўлган қалбимни,
Энди мен тинглаш чун заминни.


САБАБ

(Оқ шеър)

Сен, «толесизман», дединг,
«Бахтсизман», дедим мен —
Хўрлаб, тортган изтиробингни.
«Қарс» ёпилди эшик,
Деразалар зириллаб кетди.
Қалкиб кетди, гулдор пардалар,
Гулдондан гуллар дув тўкилди.
Ингратди бешикни зардалар
Осмон устимга йиқилди.


ҚИШЛОҚДА

Мен бағрингга қайтаман,
Соғинч ўртаган дамда.
Меҳрим сўзсиз айтаман,
Кўзим: ўсган гўшамда.

Чангитиб дўпир-дўпир,
Болакайлар «от» сурар.
Оҳ, негадир, негадир,
Болалигим ётсирар.

Кетибманми ўзгариб,
Ёшлик кутмас — оғринар
Онам, онам кўзлари...
Болалигимни берар.


УМИДВОРЛИК

Бугунни бой бериб қўйгандан кейин,
Яна хаёл бўлар мўъжаз маскани.
Тишларига қисар эртани.
Сўнг, совуқ болишга қўяр-да, бошин,
Ҳаётнинг ташвишин тортиб устига,
Тушларидан излайди маъни,
Тишларига қисиб эртани.


ТОҒАМ ТУРДИВОЙНИНГ БОЛАЛИГИ ҲАҚИДА

Оғир эди яшамоқ жиян
Бир халта сомон нима —
Мўлтайган бола нима?
Бир бурда нон осмондаги юлдузмиди? Оҳ,
Энамнинг кўзидаги ёшмиди,
Шамнинг шуъласимиди.
Ғингшиган итмиди,
Қўшнининг боласимиди,
Тунмиди, кундузмиди?
Билмадик жиян, 43 йил.
Аммо кўрдик, одамлар
Қадларини тутиб турдилар,
Меҳр гулларига суяниб!...


МУРОСАСИЗЛИК

...Аввал сўндирилар эътиқодинг,
Қуритилар холинг, мадоринг,
Қўзғаб кўрилади сўнгги бор оринг,
Шунда ҳам тик бока олсанг юзига —
Қараб тура олсанг сўник кўзига,
«Ношуд», деган номни оласан.
Айланмайдолмасин тилинг ўша дам,
Қолдими, тамом,
Ҳукм ўқилади устингдац:
«Тугаган одам!»


ДАЛДА

Ўктам, дунё ўзи шундай яралган.
Найни кўр. Кўкайи илма-тешикдир.
Бағрини куйдирган ўтли тиғ унинг.
Рангини кўргину ҳолин сўрама,
Сўрсанг бас, кўксидан нола таралгай


* * *

Суҳбатлашиб турганда унинг
Қулоғи супрадай бўлиб кетади.
Эҳтиёт бўлмасанг, гапингнинг
Боласини олиб кетади.


* * *

На уйқу кўзимга инади,
На ҳислар калбимнинг меҳмони.
Сўнарда фикрлар тўфони,
Руҳимда оғриниш ўнади.
Уфқ ҳам лоларанг олмоқда,
Қутганим бу гал ҳам келмади,
Ҳажрида ёнганим билмади,
Кипригим висол, деб толмоқда.
Умримнинг варағи оқ қолди,
Бир куним лавҳаси битилмай,
Анорнинг садафи ситилмай,
Бечора қобиқда доғ қолди.


* * *

Тор бу олам, тор бу олам,
Бу оламда бор бир алам.
Хаёлларим, бўл беланчак,
Сукут, ўзинг бўлгин малҳам.
— Кетдим, деди. Кетиши — ор!
Ориятни юлиб, орсиз,
Изларидан чополмадим,
Дард айтишга бирор сирдош,
Бир маслакдош тополмадим,
Тушиб яна йўллар айри,
Илиқ бағрим ҳувиллайди,
Айтолмадим қалбим розин,
Юраккинам ловуллайди,
Майли, бу тун кўшиқларим,
Юлдузларга айтай ёниб.
Бардош тила менга жоним,
Кетма шу тун ишқдан тониб.

Qayd etilgan