Haynrih Hayne. Yoshlik iztiroblari  ( 13809 marta o'qilgan) Chop etish

1 B


AbdulAziz  05 Fevral 2011, 14:52:40

Haynrih Hayne. Yoshlik iztiroblari



Muallif: Haynrih Hayne
Hajmi: 1,41 Mb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish

Qayd etilgan


Ziyolee  08 Oktyabr 2011, 13:08:28

Ҳайнриҳ Ҳайне

ЁШЛИК ИЗТИРОБЛАРИ

Шеърлар

Олмончадан Абдулла ШЕР таржимаси

Тошкент
Ғафур Ғулом номидаги
Адабиёт ва санъат нашриёти


«Ёшлик изтироблари» — буюк олмон шоири Ҳайнрих Ҳайнени (1797—1836) дунёга танитган «Қўшиқлар китоби»нинг биринчи қисми. Ундаги шеърлар ва балладаларда инсоний дардлар, ошиқона эҳтирослар, сурурий шиддат, латиф мутоибалар гўзал шаклларда, фақат Ҳайнегагина хос бўлган кучли бадиий воситаларда ўз ифодасини топган. Таниқли шоир Абдулла Шер томонидан аслиятдан амалга оширилган таржимада айнан мана шу хусусият ва фазилатлар сақлаб қолинган. Шунингдек, китобдан Ҳайне ижодининг кейинги даврига тааллуқли «Зерафина» туркуми ҳам ўрин олган.


РЎЁЛАР

1

Тушларда ёндирди мени қилиб танг,
Эҳтирос, заркокил, гуллар, шўх кўзлар,
Бол лабдан отилган ул аччиқ сўзлар,
Аламли қўшиқлар, қайғули оҳанг.

Ул тушлар бугун йўқ, тортмишлар хира
Сурати ёдимда ҳатто ўнгиган!
Ва лекин ўшанда шеърга сингиган
Эҳтирос олови ўчмагай сира.

Эй етим қўшиғим! Сен қолдинг фақат,
Бор энди ул гўзал рўё изидан,
Рўёвий гўзалнинг ўпиб юзидан,
Рўёвий саломим етказ шу фурсат!

2

Мен туш кўрдим, даҳшатли бир туш,
Ҳам қўрқитар, ҳам айлар сарҳуш.
Ул даҳшатли манзара ҳамон
Юрагимни титратар ёмон.

Ажиб боғда юрар эмишман,
Фақат қувонч туяр эмишман.
Менга боқиб ҳатто чечаклар
Қутлар эмиш айтиб эртаклар.

Куйлар эмиш қушлар ҳам қувноқ
Бир ёқимли навони янгроқ
Қуёш заррин ёғду сочармиш.
Атиргуллар ғунча очармиш.

Кўкатларда ҳузурбахш нафас,
Хушбўй еллар бир зум ҳам тинмас.
Бари хандон, бари чарақлар,
Мафтун қилиб дилни, ярақлар.

Ўртасида гулзорнинг, лекин,
Мармар ҳовуз мавжланар секин,
Бир четида кўрдим ҳовузнинг
Хуш қаддини кир чайган қизнинг.

Юзи майин, нигоҳи майин,
Тиллоланар сочи он сайин.
Рўпарамда бўлмишди пайдо
Ҳам нотаниш, ҳам таниш барно.

Кир чаярди гўзал шошилиб,
Бир ғалати хиргойи қилпб:
«Оқиб-оқиб, оппоқ сув,
Оқ сурпимни оппоқ юв!»

Яқинлашиб ул қизга шу пайт
Савол бердим: «Эй нозанин, айт,
Айт-чи менга, бунинг сирини —
Чаймоқдасан кимнинг кирини?»

Дарҳол деди: «Тайёр тургил сен,
Кафанингни чаймоқдаман мен».
Чиқар-чиқмас оғзидан шу сўз
Ғойиб бўлди ҳаммаси изсиз.

Яна чорлар сеҳрли макон,
Кўз олдимда ёввойи ўрмон:
Дарахтлари осмонни бўйлар,
Мени қуршар чеки йўқ ўйлар.

Ногоҳ янграб акси садоси
Келар олис болта овози;
Қулоқ тутиб ўша томонга,
Мен сингаман қора ўрмонга.

Унда кўм-кўк яланглик аро
Улкан эман бўй чўзмиш танҳо.
Боқ! Ўша қиз айланар уни,
Ва кесишга шайланар уни.

Бир меъёрда сўнг урар болта
У хиргойи қилгапи ҳолда:
«Ўткир болтам, кескирсан,
Тезроққина кесгин сан!»

Яқинлашпб ул қизга шу пайт
Савол бердим: «Эй нозанин, айт,
Айт-чи менга, шошиб ким учун
Эман сандиқ ясайсан бугун?»

Дарҳол деди: «Вақт зиқ, билгин сен
Тобутингни ясаяпман мен».
Чиқар-чиқмас оғзидан шу сўз
Ғойиб бўлди ҳаммаси изсиз.

Ўнгга боқдим, сўлга боқдим ғаш,
Атрофимда шип-пшйдам бир дашт.
Не қилишни мен шўрлик билмай,
Туриб қолдим қоққан қозиқдай.

Таваккал деб, сўнг, олға юрдим,
Олисларда оқ нарса кўрдим.
Яқин бориб, ҳайҳот, қолдим лол:
Ўша қизни танидим дарҳол.

Дашт четида кимгадир илҳақ.
Белкуракда ковларда хандақ.
Юрак ютиб боқдим юзига, —
Даҳшатларнинг сулув қизига.

Ер ковларди сулув шошилиб
Бир ғалати хиргойи қилиб:
«Белкурагим, сенсан зўр,
Ковлаб бергин катта гўр!»

Яқинлашиб ул қизга шу аайт
Савол бердим: «Эй нозанин, айт,
Айт-чи менга, бу нима демак?
Дашт ичида хандақ не керак?»

Дарҳол деди: «Секинроқ гапир,
Қазияпман сен учун қабр».
Шу сўзларни айтар-айтмас қиз
Улкан чуқур очди-ку оғиз.

Ул хандаққа қуладим ногоҳ.
Вужудимни музлатди титроқ;
Мени қучди совуқ зимистон,
Бир қичқириб уйғондим шу он.

3

Ўзимни тушимда қўрибман ўзим,
Эгнимда оқ кўйлак, ипакли либос,
Каттакон базмга кирибман нохос,
Суюкли ёримга тушибди кўзим.

«Келин ҳали сизми, — дебман — гулюзим
Чин дилдан қутлайман, ярашибди, соз!»
Гўё югурибди жисмимга аёз
Жаранглаб чиқса-да, гарчанд, ҳар сўзим.

Аламли кўз ёшлар тўкмиш шунда жим
Суюкли қароқлар ерга тикилиб.
Томчида қолибди қалққан суратим.

Оҳ, майин қароқлар, мулойим нигоҳ,
Доим-ку алдайсиз қалбимни тилиб,
Сизга ишонаман тушда ҳам, эвоҳ!

4

Тушимда кичкина, бақалоқ одам
Сохта бир хиромда юрармиш сипо,
Кўйлаги топ-тоза, чиройли, аммо
Юраги қора-ю, ўзи муттаҳам.

Юраги қора-ю, очкўз, бекарам,
Гарчанд бир қарашда оқил, пурмаъно;
Аслида қўрқоғ-у, ўта беҳаё,
Гарчандки мардликдан лофлар урса ҳам.

«Яхшилаб қара-чи! Билдингми у ким?»
Дея туш маъбуди кўрсатди — мен жим
Сеҳрли кўзгуга тикилдим гирён:

Бақалоқ турарди меҳроб қошида
Ёнида кашишга ёрим дерди: «Ҳа!»
«Омин!» деб куларди минг-минглаб шайтон!

5

Нега чопар қоним қутуриб?
Нега ёнар юрак жўш уриб?
Тиним билмай гупуради қон,
Ёнишлардан юрагим бежон.

Бунга сабаб даҳшатли бир туш,
Шундан эрур қондаги хуруж:
Қора ўғли туннинг келибди,
Тезда олиб мени елибди.

Кўрганмишмиз чароғон бир уй,
Унда чилтор, маишату куй.
Бир ён қандил, бир ёнда машъал,
Мени тортмиш ясатилган зал.

Тўй борармиш унда фусункор,
Аҳли меҳмон яйрар бахтиёр.
Тўрга боқдим мен титраб-қақшаб:
Келин эди севгилим, ё раб!

Менинг ёрим — гўзал келинчак,
Куёв эди унга ёт эркак.
Иккиси ҳам пурвиқор, қувноқ,
Мен қотмишдим, рангим бўрдай оқ.

Созлар янграр, янграр шўх кулгу,
Бу қувончдан бир менда қайғу.
Келин яшнаб, ёнарди лов-лов,
Унинг қўлин қисарди куёв.

Куёв, мана, қадаҳ тўлдирар,
Битта ҳўплаб, келинга берар.
Келин ҳўплаб жилмаяди шод —
У қонимни ичарди, ҳайҳот!

Нақш олмани олиб бир маҳал
Куёвига узатар гўзал.
Куёв кесар, лабида кулгу, —
Юрагимни кесар эди у.

Бир-бирига, ёнганча лов-лов,
Тикилади кслину куёв,
Мана, ўпар куёв келинни —
Совуқ ўлим ўпади мени.

Оғзим тўла қўрғошин гўё,
Айтолмайман бирор сўз ҳатто.
Навбат етди рақсга ҳам дарров,
Биринчи жуфт — келину куёв.

Лол қотмишман мен ҳушим учиб,
Улар ўйнар бир-бирин қучиб;
Шивирлайди куёв шу нафас,
Қизарару келин, индамас.

6

Сокин тунда ширин туш аро
Сеҳру жоду ила, ғолибо,
Кириб келди хонамга ёрим,
Суюклигим, тенгсиз дилдорим.

Мен тўймайман — қандай гўзал у!
Мен тўймайман — лабида кулгу!
Кулгусидан ўсару кўнгил,
Булбул бўлиб сайрай бошлар тил:

«Не истасанг аямайман, ол,
Туни бўйи фақат шунда қол,
Меники бўл, қучгил, дилнавоз,
Қичқиргунга қадар то хўроз!»

У боқарди, маъюс, меҳрибон,
Бор ишқини айлаб армуғон.
Товши кетмас қулоғимдан ҳеч:
«Мени десанг — охиратдан кеч!»

«Бахш этайин жону заримни,
Ёш умримни, йўғу боримни,
Ҳаммасини бахш этай, аммо
Охиратдан кечмайман асло!»

Сўзим қатъий, овозим янгроқ,
Майинлашар нигоҳим бироқ.
Шу сас кетмас қулоғимдан ҳеч:
«Мени десанг — охиратдан кеч!»

Қулоғимга ҳар сўз қуйилар,
Қалб ёнгандек гўё туюлар:
Ҳароратдан мен бўлиб лоҳас,
Зўрға-зўрға олардим нафас.

Атрофимда сочиб заррин нур
Учар эди не-не малак, ҳур,
Лекин бирдан, боқ, шайтону жин
Малакларга бошлади ҳужум.

Малакларни қувиб кетдилар,
Малакларни мағлуб этдилар;
Ёвуз кучлар сўнгра жуда тез
Сингиб кетди зулматга беиз.

Мен-чи, яна лаззат қўйнида,
Яна қўлим ёрнинг бўйнида,
У кўксимга чўчиб эгар бош,
Аммо тўкар кўздан аччиқ ёш.

Билармишман ёш сабабини,
Ўпармишман ғунча лабини:
«Бас қил, гулим, йиғлама, бас қил!
Муҳаббатим тафтини ҳис қил!

Муҳаббатим тафтини ҳис қил!» —
Қоним музлаб бирдан қотди тил:
Ва ёрилиб гулдуради қаър,
Кўз олдимда пайдо бўлди жар.

Қоп-қоронғу ул жардан ногоҳ
Инсу жинслар учиб чиқиб, оҳ,
Севгилимни олиб кетдилар;
Мен турардим танҳою бесар.

Бир ёввойи рақс ила, қора, —
Ёвуз руҳлар ўрар тобора,
Қисиб келар теграмдан улар
Ва ҳаммаси қаҳ-қаҳлаб кулар.

Қисиб келар, мендан учар ҳуш,
Қулоғимда даҳшатли товуш:
«Сендан бўлмас охират энди,
Бизникисан то абад энди!»

7

Тўлиқ товои тўладим-ку, нечун бу пайсал?
Қонли ҳамроҳ, яна нени кутасан маҳтал?
Хонамдаман, кутмоқдаман қанчадан буён,
Ҳатто тун ҳам яримлади, келин йўқ ҳамон.

Қабристондан шамол эсди оҳиста шу пайт,
Шамолгинам! Қайлиғимни кўргандирсан, айт?
Пайдо бўлиб бир тўп арвоҳ оппоқ кафанда,
Тиржайишиб бош силкитар менга дея: «Ҳа!»

Не хабар бор, қани менга айтгин-чи дарров,
Алангадан либос кийган, эй қора найнов?
«Аждарлари ўт пусқурган ҳарир фойтунда
Хўжайинлар ҳозир бўлгай сал ўтмай шунда».

Сен-чи, кулранг либос кийган митти бақалоқ,
Не гапинг бор, айтгил менга, тинглайин бу чоқ.
У индамай бир зум менга тикилар зимдан,
Сўнг бошини чайқаганча йитар кўзимдан.

Пахмоқ дўстим ғингшиб-ғингшиб вовуллар мунча?
Қора мушук кўзи, ё раб, ловуллар мунча?
Сочин юлиб нечун додлар аёллар пурғам?
Алла айтар бошим узра нечун энагам?

Энагажон, бу аллангни йиғиштир бугун,
Ўзга ҳаёт бошланади бугун мен учун.
Энагажон, бугун менинг тўйим бўлмоқда,
Бир қарагин, меҳмонларга уйим тўлмоқда.

Бир қарагин! Булар каби сертавозеъ кам!
Қўлга олмиш шляпага қўшиб бошни ҳам.
Оёқлари ҳилвираган сиртмоқдагилар,
Шамол йўқ-ку, кечикдингиз нега бу сафар?

Ялмоғиз ҳам супургида келди, тасанно,
Фотиҳа бер, бу ўғлингга, ялмоғиз момо!
Очилдию оҳакнусха юздаги оғиз;
«Абадий қол! Омин!» — деди момом ялмоғиз.

Қилтираган созандалар — ўн икки нафар,
Кўр ғижжакчи аёл ортда тез-тез қоқилар;
Чақа қилиб қоқ суякдан бечора човни,
Масхарабоз келар миниб озғин гўрковни.

Боқ, ўн икки роҳиба ҳам рақс тушиб қолар
Боқ, қўшмачи ғилай хотин уларга раҳбар.
Шаҳватпараст ўн икки поп келар ҳай-ҳуйлаб,
Бир уятсиз ашулани черковча куйлаб.

Эскифуруш! Оқармасин рангингиз, дўстим,
Нечун менга жаҳаннамда мўйнали пўстин?!
То абадий унда иссиқ текину тўкин,
Шоду гадо гуноҳкорга етарли ўрин.

Учиб келар букри, қийшиқ гулчи қизлар ҳам,
Хонам ичра боши билан юришар шахдам.
Шошиласиз мунча, аҳли чигирткаоёқ,
Қовурғангиз шақиллатманг, бас қилинг шу чоқ!

Қочиб чиқмиш гўё бу тун дўзахдагилар,
Борган сари кўпайишар, увлаб бақирар.
Дўзах вальси янграр, мана, жим бўлинг бир пас,
Гўзал ёрим етиб келгай, демак, шу нафас.

Жим бўлинглар, эй арвоҳлар, йўқолинг ёки!
Эшитмайман ўз сўзимни ўзим ҳаттоки.
Тўхтагандек бўлди фойтун, қара-чи, оқсоч,
Қаёқдасан? Меҳмонларга дарвозани оч.

Хуш келибсан! Чекмадингми, жоним, кўп заҳмат?
Хуш келибсиз кашиш ота, ўтинг, марҳамат!
Парво қилмай думингизу туёғингизга,
Отахоним, мен ўзимни бахш этдим сизга!

Суюклигим, нечун лолсан, бунча рангинг оқ?
Кашиш ота никоҳлайди бизни ҳозироқ.
Унга, ахир, мен тўладим қон ила товон, —
Сенинг васлинг олдида у ҳеч гапмас, инон.

Тизза чўккин, дилоромим, ёнимга тезроқ,
Тизза букди, аста чўкди — қандай бахтли чоқ!
У кўксимга — қоқчоракка бошини қўйди.
Мен қучдим-у, қалбим гўё бир олов туйди.

Тилла кокил ҳар ёнимдан мени ўрарди,
Ёр юраги қоқ юрагим узра урарди.
Ҳам қувончу ҳам дард ила тепарди улар,
Интиларди Арши аъло томон баравар.

Сузиб борар бир оромда, ариб ғамлари
Тангри тахти мақом тутгай юксаклик сари;
Аммо бунда фақат дашт, фақат аланга,
Дўзах ўти ўрлай бошлар оёқдан танга.

Қора туннинг ёвуз ўғли, боқ, шу тариқа —
Тунд тикилиб бизга берар қора фотиҳа.
Донли китоб тутганича турар — на даҳшат!
Ибодати шаккокликдир, сўзлари — лаънат.

Чор атрофда қичқириғу фарёду ҳуштак,
Гувлагандек гўё долға, гўё гулдурак.
Шунда ногоҳ ярқ этади бир ёғду — тамом!
«Абадий қол! Омин!» — дейди ялмоғиз момом.

8

Мен бекам уйидан кетдим бош олиб,
Кўз етган томонга, тунда йўл солиб.
Қабристон ёнидан ўтаркан, лекин,
Нимадир қабр узра имлади секин.

Қарасам созанда чорлар қалтираб,
Тўлин ой нурида оппоқ, ялтираб:
«Биродар, бери кел!» деб шивирлади,
Қабр узра, сўнг, туссиз буғдой ўрлади.

Созанда эди у бир пайт қадрдон,
Ўз қабри устида чўкмишди бу он.
Цитрапи қўлига олди-ю дарҳол,
Қўшиғин бошлади бўғилиб хиёл:

«Бошла созим қадим қўшиқни,
Ундан ёнсин қалби ошиқнинг.
Торларингда мунча аламлар?
Малаклар дер: жаннат шароби,
Шайтон дейди: дўзах азоби,
Ишқ деб атар уни одамлар».

Тугаши биланоқ қўшиқнинг сўзи,
Қабрлар очилди ўзидан-ўзи.
Арвоҳлар йиғилиб қолдию бир қур,
Созанда атрофин ўраб, бўлди жўр:

«Оҳ, ишқ! Бизни қилдингу мажнун,
Бу ётоққа келтирдинг у кун,
Кўзни боғлаб, айладинг забун —
Сенми яна чорлаган бу тун?»

Ҳаммаси ирғишлар чўнг давра олиб,
Қийқириб, увиллаб, уввослар солиб;
Созанда атрофин тобора ўрар,
Созанда торларга яна қўл урар:

«Давра олинг, яшанг, яшанг!
Хуш келибсиз!
Тез елибсиз
Чорловимга — ўйин бошланг!

Биз қанча пайт беркиндик лол,
Инимизда сичқон мисол.
Бир яйрайлпк бугун дўстлар,
Лекин бизни
Кузатмасми синчков кўзлар?

Шўхлик қилиб ҳаётда кўп
Шов-шув солдик беҳуда хўп,
Муҳаббат деб кечдик жондан.
Ҳар бирингиз бугун куйлаб
Тарихингиз боринг сўйлаб:
Бир пайт нечун, айтинг, нечун
Бахти қора,
Қалби қора
Бу Масканга тутди нигун?

Ўртага чиқару қилтириқ арвоҳ,
Сўзини бошлайди ғўнғиллаб ногоҳ:

Халфа эдим, абжир эдим
Нина билан, қайчи билан;
Ердан кўкка санчир эдим
Нина билан, қайчи билан;
Устам қизи бир кун кўрди
Нина билан, қайчи билан;
Юрагимга наштар урди
Нина билан, қайчи билан;

Арвоҳлар жўр бўлиб хахолар қувноқ,
Ўртага чиқади иккинчи арвоҳ.

Ринальдою Ринальдини,
Шиндерҳанно, Орландини
Ва айниқса Карл Мўўр
Қаҳрамоним эди энг зўр.

Уларга мен севгида ҳам
Тақлид қилиб ичдим қасам,
Ёр сувратин ва мен бадбахт
Хаёлимдан қувдим ҳар вақт.

Мен севардим оҳлар уриб,
Омад кулмай, юриб-юриб,
Тушар эди қўлим ногоҳ
Чўнтагига қўшнимнинг гоҳ.

Ном чиқардим кўча-кўйда,
Сўнг бир куни дилгир ўйда
Ёшим артиб, тутди қўлим
Ҳамёнида унинг пулин.

Шунда кўпдан айирдилар,
Қўлгинамни қайирдилар.
Ўшандан сўнг қамоқхона
Менга бўлди ғамхўр она.

Ёрни ўйлаб, тўкиб ёшим,
Жун тўқирдим эгиб бошим.
Ринальдонинг руҳи қақшаб,
Олиб келди мени бошлаб».

Арвоҳлар жўр бўлиб хахолар қувноқ,
Пардозда чиқади учинчи арвоҳ:

«Томошада қирол эдим,
Ошиқларга тимсол эдим.
«Ё раббим!» деб ҳайқириб гоҳ,
Гоҳ хўрсиниб тортардим оҳ.

Мен Мортимер бўлдим кўп вақт,
Марияни севдим бебахт!
Лоқайд эди, лекин, у қиз,
Етим қолди мендаги ҳис.

Чидолмадим, бир кун келиб,
«Мария, сен илоҳам!» деб,
Юрагимга суқдим титроқ
Ханжаримни сал чуқурроқ».

Арвоҳлар жўр бўлиб хахолар қувноқ,
Чиқар оқ чакмонда тўртинчи арвоҳ:

«Профессор вайсарди минбардан лоқайд,
Мен эса бемалол ухлардим бу чоқ.
Менга хуш ёқарди аммо кечки пайт
Профессор қизин қўлтиқлаб кезмоқ.

Дарчадан қўл силкиб боқарди ул моҳ,
Гулларнинг сараси, суюкли жонон.
Гулларнинг сарасин, лекин, узди, оҳ,
Бадавлат, майдакаш, ҳиссиз корчалон.

Мен лаънат ўқидим пулдору пулга,
Мен лаънат ўқидим бевафо гулга!
Ўлимни чорладим, қадаҳда оғу:
«Мен — дўстинг ўлимман, кўтар!», деди у»

Арвоҳлар жўр бўлиб хахолар қувноқ.
Бешинчи арвоҳ дер бўйнида сиртмоқ:

«Даврада май ичиб керилар граф,
Чиройли қизию бойлигин мақтаб.
Эй граф, не керак менга бойлигинг?
Менга бас қизгинанг — гул чиройлигинг.

Тамбаю қулфи хўб графнинг аммо,
Содиқ малайи кўп графнинг аммо.
Аммо қулф, малайлар менга чикора,
Довордан ошдим мен тунда илк бора.

Ёрим дарчасига чиқай деган чоқ
Мен сўкиш эшитдим, ортимдан ногоҳ:
«Шошилма, баччағар, тўхта, мутаҳҳам!
Зар-зевар ёқади хўп ўзимга ҳам!»

Менга қўл узатди шундай деб граф,
Малайлар келишди дарров ҳой-ҳуйлаб.
«Мен ўғри эмасман, қўйворинг, лаънат,
Гўзал ер пайида келганман фақат.

Беҳуда ёлвориш беҳуда оҳ-воҳ!
Зум ўтмай орадан тахт бўлди сиртмоқ.
Чиқдию лол қолди қуёш саҳарда —
Чайқалган мурдамни кўраркан дорда».

Арвоҳлар жўр бўлиб хахолар қувноқ,
Дер бошин қўлтиқлаб олтинчи арвоҳ:

«Овга чиқдим, мен ишқда интиқ,
Пусиб бордим, қўлимда милтиқ.
Қузгун сайрар бошимга ёндош:
«Кетсин бу бош, кесилсин бу бош!»
Мен бор-йўғи каптар отаман,
Овни ёрга совға этаман.

Шу ўй билан бутазорда жим
Газа қилиб овни пойладим.
Ғув-ғувлашар, ким у, бехатар?
Бирданига иккала каптар!

Мен тепкини кўтариб бордим,
Қай кўз бнлан кўрайки — ёрим!

Қайлиққинам — энг сулув каптар,
Ўзга йигит бағрида яйрар.
Эски мерган мўлжалга чаққон:
Шу он йигит бўлди қора қон.

Сўнгра мени судради жаллод,
Кундага бош қўйдим бенажот,
Қузғун сайрар бошимга ёндош:
«Кетсин бу бош, кесилсин бу бош!»

Арвоҳлар жўр бўлиб хахолар қувноқ,
Ўртага чиқади созанда арвоҳ:

«Менга ёқар қадимий қўшиқ,
Ёрим учун куйладим жўшиб.
Агар ишқда юрак порадир,
Қўшиқ унга на чикорадир!

Арвоҳлар хахолаб ўйин тушади,
Атрофни қийқириқ баттар қучади.
Шу маҳал соат бир — черков бонг урди,
Арвоҳлар шошилиб қабрга кирди.

9

Ором бўлди уйқу жонимга,
Унутилди кулфату қайғу,
Кеча тушда келди ёнимга
Сулувлардан сулувроқ сулув.

Мармар каби юзлари оппоқ,
Ғаройибдан ғаройиб эди.
Кипригида ёшлари мунчоқ,
Кокиллари ажойиб эди.

Секин келди, келди, дилхаста
Мармар юзли дўндиқчам менинг,
Юрагимга бош қўйди аста
Мармар юзли дўндиқчам менинг.

Менда қувонч, менда изтироб, —
Ловуллайди Олов юрагим.
На қувончу ёрда ва азоб, —
Муз пуркайди гўзал кўкраги.

«На қувонч-у, на азоб бугун, —
Муз пуркайди кўкрагим фақат.
Бироқ мени албатта бир кун
Ловуллатгай қодир муҳаббат.

Гарчанд қон йўқ лабу юзимда,
Юрагимда гупурмайди қон;
Сен чўчимай ўпгин кўзимдан,
Борлигимда муҳаббат омон».

Мени қучди, қувонч, эҳтирос
Ва азобдан кўзим нам менинг;
Аммо йитди қичқиргач хўроз
Мармар юзли дўндиқчам менинг.

10

Чорловимга келдилар бу тун
Руҳлар эниб сўз қудратига;
Кетказолмай уларни мен хун
Яна зулмат салтанатига.

Ҳаяжону даҳшат ичра лол
Мен унутдим сирли дуони;
Энди руҳлар қўймасдан алҳол
Судрашади мен бенавони.

«Кетинг бундан, қора даймонлар!
Истамайман, кетинг шу заҳот!
Менга суюк — яшил ўрмонлар,
Менга суюк — нурафшон ҳаёт.

Мен излайман доим серфусун —
Қўл тегмаган чечакни бесар;
Нечун керак бу ҳаёт, нечун,
Муҳаббатни туймаса агар?

Майли, уни бир бора кўрсам,
Майли, боссам бағримга бир, бор!
Лабларидан бир бора сўрсам,
Ғамдан фориғ, титраб, бахтиёр!

Тикиламан ғунча оғизга,
«Юр!» деса бас, бир оғиз калом,—
Қулоқ қоқмай, шу онда сизга
Эргашмоққа тайёрман тамом».

Руҳлар мени тинглашади жим
Сўзни бўлмай, бош ирғаб бу пайт.
Нозиккинам, ёнингга келдим;
Нозиккинам, севасанми, айт?


ҚЎШИҚЛАР

1

Саҳар туриб фол кўраман:
Келарми бугун ёрим?
Оқшом ҳориб оҳ ураман:
Келмади-ку бугун ҳам!

Уйқу бермас туни бўйи
Бедор дардим — ҳамхонам.
Уйқусираб куни бўйи
Тентирайман паришон.

2

Еру кўкка сиғмайман бу дам!
Сал вақт ўтмай келади ёрим,
Гўзаллардан гўзал дилдорим, —
Ҳовлиқасан, юрак, мунча ҳам!

Эҳ, соатлар мунча имиллар,
На тўхтайди, на кетар тезлаб,
Кўҳна йўлдан судралар эснаб,—
Тезлаcа-чи, мунча имиллар!

Мен бетоқат, интиқ кутаман!
Соатлар-чи, ёзувлар, бироқ,
Тил биркитиб бўлади енгмоқ
Ишқ шаштини калака билан!

3

Кезинаман, кўнгилда қайғу,
Дарахтзорни оралаб, ёлғиз;
Армонимга айланган орзу
Юрагимга санчади бигиз.

Ким ўргатди сизга, қушларжон,
Сайрамоқни яйраб юксакда?
Сизни тинглаб уйғонар пинҳон,
Эски азоб яна юракда!

«Ҳар тонг келиб нозанин сулув
Қўшиқ билан маст қилди бизни
Ва ўргатди биз қушларга у
Тилла каби жарангдор сўзни»...

Эй қув қушлар, бас, гапингизга
Қулоқ солмоқ ақлданмас, бас!
Мен дардимни бермайман сизга,
Ҳеч ким уни тортиб ололмас!

4

Кўксимга қўлингни қўйгин, севгилим, —
Тингла, тақиллайди недир бетиним!
У ерда ўлтириб ёвуз дурадгор
Менинг тобутимни ясайди бедор.

Туну кун тинмасдан тақиллатар у,
Кўпданки бу «тақ-тақ» бермайди уйқу.
Эй уста, бўлақол, тезроқ бўлақол,
Мен жуда чарчадим, ухлай бемалол!

5

Дардларимнинг гўзал бешиги,
Оромимнинг гулгун даҳмаси,
Гўзал шаҳар, очгил эшигинг,
Мен кетарман, қолар ҳаммаси!

Хуш қол энди, ул суюк жонон
Оёқ қўйган уй остонаси;
Хуш қол энди, омон бўл, омон,
Илк висолнинг пок гулхонаси!

Яхшм эдм кўрмасам агар
Юрагсмнинг подшоси, сени,
Қийнамасдан ҳажру аламлар,
Муҳаббатнинг балоси мени!

Дадил ишқни яшириб бесас
Яшаса ҳам майли юрагим;
Бир ҳаводан сен билан нафас
Олиш эди ёлғиз тилагим.

Аммо мени қувдинг-ку, эй гул,
Бир сўзингга дил бўлди гадо.
Мен ҳушимнп йўқотдим буткул,
Изтиробда юрагим адо.

Мен кетаман толғин, кўзда ёш,
Асо тутиб, чидаб жабрга,
Мен кетаман қўяйин деб бош
Олисларда совуқ қабрга.

6

Шошма, дарға, шиддатли дарға,
Бандаргоҳга бир зум қайтай мен -
Хуш қол дейин сулув дилдорга,
Оврупога видо айтай мен.

Сачрар қоним, кўзимдан сачрар,
Кўкрагимдан отилар қоним,
Қоним билан битгайман энди
Дардларимнинг қонли достонин.

Нечун кўриб бирдан, гўзалим,
Чўчиб кетдинг бугун қонимдан?
Ахир, қон-ку юрагим доим
Сенга ошиқ бўлган онимдан!

Эслайсанми, жаннатда қадим
Маккор илон келтирган ғамни,
Алдаганин олма едириб
Аждодимиз бани Одамни?

Ўша олма туфайли Ерга
Олиб тушди ўлимни Ҳаво,
Трояни Эрис ёқди, сен —
Ҳам ўлдирдб, ҳам ёқдинг аммо!

7

Қасрлару тоғлар қарайди
Ойна қилиб Райндарёни;
Елканимни шамол тарайди,
Ярақлатар қуёш ҳар ёнин.

Ўйнар дарё, товланади сув,
Олтин мавжлар мени айлар маст;
Унут бўлган ул тотли туйғу
Уйғонади қалбимга пайваст.

Дарё майин, дарё дилкушо,
Зарҳалини сачратар некбахт,
Ўз қаърида асрар у аммо
Ажал билан зулматни ҳар вақт.

Ичи зулмат, усти ялтироқ, —
Суратисан ёримнинг, дарё!
Сиртдан боқса, сен ҳам шўх, қувноқ,
Меҳрибонсан, шафиқсан гўё!

8

Руҳим тушиб даставвал беҳад,
Оҳ қоплади жону танимни;
Мен чидадим, сўраманг фақат —
Қандай қилиб чидаганимни!

9

Мен безак ясасам сарв шохидан,
Атиргул, зарбофу ипак, шоҳидан,
Китобим ўрасам, сўнг, сақлаб сукут,
Токи шаърларимга бўлсин гул тобут.

Қанийди сввгимни қабрга қўйсам!
Оромгул ўсарди қабр узра ул дам,
У гулни па узиб, мен на кўргайман —
Гул бўлай ўзим деб ерга киргайман.

Оловли қўшиқлар бунда тўфондек,
Бир пайтлар Этнада қўнган вулқондек
Отилиб чиқмишлар кўнгил қаъридан,
Ишқимнинг чақинли оҳангларидан!

Улар энди ётар чўзилиб бежон —
Туманга бурканган совуқ бир армон!
Ва лекин қўзғолгай аввалги олов,
Гар қўнса уларга муҳаббат бирров.

Шу эзгу умиддан ловуллар юрак,
Қачондир қўнгуси муҳаббат бешак
Ва бешак тушгайдир қўлингга, моҳтоб,
Олис, ёт ўлкада бир пайт бу китоб.

Қўшиқлар жодудан ул дам қутилар.
Ўшанда тирилар бешак ҳарфлар ҳам,
Ўшанда кўражак гўзал нигоҳинг
Уларнинг қисматин, ишқию оҳин.


РОМАНСЛАР

1

ҒАМГИН ЙИГИТ

Тортиб кетар ортга юраги
Бу йигитни ким кўрса агар.
У — ғуссанинг сўлғин чечаги,
Юзларида рангдан йўқ асар.

Ҳатто силар лоқайд шамол ҳам
Совутай деб чўр манглайини.
Энг қўл етмас соҳибжамол ҳам
Изҳор этгай унга раъйини.

У тарк этар гавжум шаҳарни,
Ўрмон ичра излайди ором.
У тинглайди қувноқ қушларни,
Барглар тили уни этар ром.

Аммо қушлар сайрашдан тўхтаб,
Қотиб қолар барглар шу онда,
Ғамгин йигит оҳ уриб, сиқтаб,
Қадам қўйган чоғи ўрмонда.

2

ТОҒ САДОСИ

Водийга тушади тоғдан суворий,
Секинлайди йўрға от:
«Олдинда ёр қўли қучгайми ва ё
Қабру зулумот?»
Янграр тоғдан шу заҳот:
«Қабру зулумот!»

Суворий йўл босар дилида алам,
Хўрсиниб дейди фақат:
«Қисматим ўлимни кўрмишми раво?—
Демак, қабрда роҳат!»
Янграр тоғдан шу фурсат:
«Қабрда —роҳат!»

Суворий титрайди, кўзини қоплар
Алам ёши батамом.
«На чора, топгайман, демак, қабрда,
Демак, қабрда ором!»
Янграйди тоғдан калом:
«Қабрда — ором!»

3

АКА-УКАЛАР

Чўққи узра чўнг қаср ҳар тун
Қоронғига тикилар мунглиғ.
Пастда эса — ёввойи учқун:
Жаранглайди икки олмос тиғ.

Биродарлар чиқмиш майдонга,
Томирларда қутурар ғазаб.
Нечун бундай ташналик қонга,
Нега қўллар тиғ тутмиш, ё раб?

Гўзал бекач Лаура кўзи
Оташ солмиш диллар қатига.
Иккиси ҳам лойиқ дер ўзин
Номдор қизнинг муҳаббатига.

Қай биродар, лекин, ул сулув
Қиз юрагин забт этгай абжир?
Битишувдир — қонли олишув,
Ажрим қилгай яланғоч шамшир!

Авж олади, боқ, шиддатли жанг
Зарб кетидан зарблар беомон.
Эй ботирлар, тўхтанг, алданманг,
Бир ёвузлик бу тунда пинҳон!

Бу не қонхўр қасрдир, эвоҳ,
Эвоҳ, қандай қонхўр водий бу?! —
Ака-ука бир-бир тортиб оҳ,
Тиғ зарбидаи қулайди, ёҳу!

Йитиб кетди нечалаб аср,
Неча авлод кирди қабрга.
Бироқ бўм-бўш қайғули қаср
Боқиб турар ҳануз адирга.

Адирда-чи! Ҳар тун шу одат,
Шу мўъжиза ҳар тун рўй берар:
Ўн иккига борганда соат
Қиличлашар икки биродар.

4

ШЎРЛИК ПЕТЕР

I

Ҳанс билан Грета хушҳол,
Чарх уради рақсда иккиси.
Фақат Петер тикилади лол
Худди бўрдек оқариб юзи.

Келин-куёв — Ҳансу Грета,
Тақинчоқлар нақадар гўзал!
Тирноғини тишида кертар
Жомакорда Петер бу маҳал.

Андуҳ ичра, сўнгра, шивирлар
Бахтли жуфтдан ололмай кўзин:
«Ўйлик йигит бўлмасайдим гар
Ўлдирардим ўзимни ўзим!»

II

«Юракдаги қаттиқ бир азоб,
Бир оғриқдан кўксим қонталаш;
Қайга бормай ўша изтироб
Мени қувар қилиб хомталаш.

Югураман севгилим томон,
Гретамда бор дея даво;
Кўзларига боққаним замон
Мен қочаман ортимга аммо.

Мен чиқаман тоғ чўққисига
Ва тураман танҳо, дилхаста;
Дош беролмай алам ҳиссига
Мен йиғлайман тикилиб пастга».

III

Шўрлик Петер мастдек тебранар,
Мурда каби нимжону рангпар.
Бир оз юрар, сўнг тўхтар беҳол,
Йўловчилар бош чайқашар лол.

Ўртоғига шивирлар бир қиз:
«Гўрдан чиққан арвоҳ-ку, эсиз!»
Ундай дема, эй моҳи талъат,
Энди кирар гўрга у фақат!

У айрилмиш юзи гулгундан,
Энди кечгай дунёи дундан,
Дўст тутиниб энди қабр ила,
Қиёматни кутгай сабр ила.

5

МАҲБУС ҚЎШИҒИ

Лизани жодулаб қўйганда бувим,
Оломон «Ёқилсин!» деб қилди талаб.
Қанча зўр бўлмасин ҳакам уқуви,
Ҳеч иқрор бўлмади бувим атайлаб.

Ташланган чоғида чўғдек қозонга
Ўлгудай бақириб бувим солди дод;
Қора дуд ўрлаган пайти осмонга
Қузғунга айланиб у қоқди қанот.

Қанотли сеҳргар, қора бувижон,
Панжара ортидан ичкарига кир!
Бир бўлак пишлоғу жиндак ширин нон
Келтириб, бувижон, қорнимни тўйдир.

Қанотли сеҳргар, қора бувижон,
Мурувват кўрсатгин осилган пайтим:
Жасадим сиртмоқда чайқалган замон
Холам чўқимасин кўзимни, айтгин.

6

ГРЕНАДЁРЛАР

Икки гренадёр — руслар асири,
Қайтиб келардилар Фарангистонга.
Номусдан бошини оғди ҳар бири
Қадам қўиганида, ҳайҳот, Олмонга.

Ҳайҳотки, уларни эгди шум хабар:
Азиз Фарангистон тиз чўкмиш ҳақир.
Ҳайҳотки, енгилмиш шундай зўр лашкар,
Жаҳонгир асирмиш, жаҳонгир асир.

Ростлигин бу гапнинг билгач, икки дўст
Бир-бирин қучоқлаб йиғлашди узоқ.
«Нақадар азоб — деб бири очди сўз, —
Эски жароҳатим жазиллар, ўртоқ!»

Ўртоғи дер унга: «Бу қисмат ғаддор,
Ўлимдан қўрқмаймаи, тайёрман, дўстим,
Фақат оилам деб тирикман ночор,
Норасталаримни қиймайди кўзим.

«Хотин ҳам, бола ҳам соғ бўлишса, бас,
Ўз кунини кўриб кетади бир-бир.
Ўзга дард қийнайди мени бу нафас, —
Жаҳолгир асирдир, жаҳонгир асир!

Фақат бир илтимос: кирмай дармонга —
Мен бунда кўз юмсам гар битиб куним,
Жасадим олиб кет Фарангистонга,
Фаранг тупроғига дафн айла уни.

Нишонга сен алвон боғич ўтқазиб,
Юрагим устига қўйгин, дўстгинам;
Қўлимга милтиқни, сўнгра, тутқазиб,
Тақиб қўй белимга қиличимни ҳам.

Қабрда мен шундай ётайин, зийрак,
Бир муддат мизғиган посбоннамо, —
Токи отилгунча юзлаб замбарак,
Жанговар тулпорлар кишнагунча то.

Мозорим устига келса жаҳонгир,
Қиличлар жаранглаб учқун сочган кун,
Мен сакраб тураман қабримдан абжир —
Жаҳонгир шонини пок сақлаш учун!»

7

ЧОПАР

Ўтиргину эгарга тезда,
Эй маҳрамим, бўш қўй юганни,
Ўтиб қиру ўрмону туздан,
Қасрига бор қирол Дунканнинг.

Отхонага отни боғларкан,
Болалардан билгин сирини:
«Узатмоқда қиблагоҳ Дункан
Қизларидан қайси бирини?»

«Қўнғир сочни!» — деса болалар
Ўқдай учгин ортингга дарҳол.
«Заркокилни!» — деса болалар
Йўлга чиққин шошмай, бемалол.

Йўл-йўлакай дам бер бедовга,
Дўкондордан сотиб ол арқон.
Бир оғиз сўз айтмай бировга,
Ҳовлиқмасдан қайтгин мен томон.

8

ҚАЙЛИҚ ОПҚОЧИШ

Мен сенсиз қайтмайман бундан, суюклим,
Бирга кетасан
Кўҳнаю қадрдон, олис уйимга,
Кимсасиз, ғамгину ёлғиз уйимга,
Онам бўсағада ўлтирар ҳар кун,
Ўғлига интизор, йўл қарар ҳар кун.

«Кет бундан, тунд одам, ўз ҳолимга қўй,
Нечун чорлайсан?
Нафасинг қайноғ-у, қўлларинг совуқ,
Кўзларинг чақнар-у, рангингда ранг иўқ,
Бормайман, хуш ёқар бу сирдош дунё,
Бу гуллар дунёси, серқуёш дунё!»

Серқуёш дунёю гулларни унут,
Менинг шириним!
Ўргангин сен энди ҳарир либосга,
Кўлингни узатгин жарангдор созга,
Никоҳ қўшиғини куйла мен учун;
Оламга таратсин ул қўшиқни тун,

9

ДОН РАМИРО

«Донна Клара! Донна Клара!
Суюклигим, умрим қувончи!
Маҳкум этдинг мени ўлимга
Маҳкум этдинг ачинмай сира.

Донна Клара! Донна Клара!
Ҳаёт — гўзал, ҳаёт шириндир!
Қаърда эса, қоронғу гўрда
Рутубату совуқ ва даҳшат.

Донна Клара! Эрта тонг билан
Дон Фернандо меҳроб қошида
Сени жуфтим дея атайди,
Айтасанми мени тўйингга?»

«Дон Рамиро! Дон Рамиро!»
Санчилади қалбга ҳар сўзинг,
Санчилади қисмат юлдузни
Масхарали тиғидан зиёд.

Дон Рамиро! Дон Рамиро!
Унут энди қайғуларингни:
Бу дунёда нима кўп — қиз кўп,
Тангри ҳукми айрилиқ экан.

Дон Рамиро, сен арабларни
Енгдинг ажиб жасорат билан.
Ўзни енгиб энди ўшанда
Эрта билан келгин тўйимга».

«Донна Клара! Донна Клара!
Онт ичаман келаман деб, ҳа,
Ҳа, рақсга ҳам этаман таклиф,
Хайрли тун, хуш қол тонггача».

«Хайрли тун!» — Дарча ёпилди,
Хўрсинару пастда Рамиро,
Тош қотганча туради узоқ;
Сўнг ниҳоят сингар зулматга. —

Сўнг ниҳоят тугаб саркаш жанг, —
Тун тахтини эгаллайди тонг
Ва Толедо анвойи боғдек
Уйғонади гуллар қўйнида.

Саройларнинг пештоқларида
Найзабозлик қилар кун нури,
Черковларнинг юксак қуббаси
Ярқирайди қуйма олтипдек.

Ғувиллаган ари инидек
Садо берар қўнғироқхона.
Самоларга учар муножот
Тангрпларнинг қутлуғ уйидан.

Пастда эса, қаранглар! Қаранг!
Бозоржойнинг бутхонасидан
Чиқиб келар шошқин оломон,
Тўлқинланар улкан бир оқим.

Жўмардлару хонимлар хушвақт,
Товланади зарбоф либослар.
Қўнғироқнинг жарангларига
Омухтадир арғанун саси.

Лекин ҳамма йўл берар дарҳол
Ҳурмат билан, тавозеъ билан
Ўтсин дея куёву келин —
Дон Фернандо, Донна Клара,

Мана, охир куёв қасрига
Етиб келди одамлар мавжи;
Боболарнинг русмига кўра
Никоҳ базми бошланди бунда,

Таомдан сўнг жўмардлар учун
Навбат келди ўйин-кулгига.
Сезилмасдан ўтиб борар вақт,
Чўка бошлар замин узра тун.

Меҳмонларнинг бари рақс учун
Йиғилдилар зал ўртасида;
Шам нурида минг шамдек ёнар
Тақинчоқлар, заррин либослар.

Тўрдаги хос, баланд курсидан
Ўрин олди куёву келин;
Дон Фернандо, Донна Клара
Шивирлашар назокат билан.

Тўлқннлатар зални тобора
Меҳмонларнипг суронли мавжи.
Қўшноғора гумбурлар ўзга,
Бир ўзгача янграйди сурнай.

«Юрагимнинг ҳукмдори, айт,
Айт-чи, нечун бу дам нигоҳинг
Қадалмишдир залнинг бурчига?» —
Ажабланиб сўрайди жўмард.

«Кўрмаяпсан, наҳот, Фернандо,
Қора ридо кийган одамни?»
Куёв эса жилмаяр майин,
«У—бор-йўғи соя-ку холос!»

Аммо бирдан қўзғалар соя,
Яқинлашар қоп-қора одам.
Рамирони танир-у, дарҳол
Бош иргатар титраб Клара.

Бу пайт базм чиқади авжга,
Учқур рақсда жуфт-жуфт меҳмонлар
Айланади чирпирак бўлиб,
Фарш силкинар, гумбурлар бўғиқ.

«Дон Рамиро, жон деб сен билан
Рақс тушмоққа мен-ку тайёрман,
Лекин, айт-чи, нима сабабдан
Пайдо бўлдинг қора либосда?»

Дон Рамиро тиғдек нигоҳин
Кларага санчар жимгина;
Кўл узатиб белига дейди:
«Буюрдинг-ку келгин деб ўзинг!»

Турфа жуфтлар аро иккиси
Бир ёввойи рақсда учади,
Қўшноғора гумбурлар ўзга,
Бир ўзгача янграйди сурнай.

«Юзинг ҳатто қордан ҳам оппоқ» —
Дер Клара сирли қўрқувда.
«Буюрдинг-ку келгин деб ўзинг!» —
Рамиронинг жавоби бўғиқ.

Сирли ёлқин сочади шамлар,
Қуюқлашар раққослар мавжи,
Қўшноғора гумбурлар ўзга,
Бир ўзгача янграйди сурнай.

«Худди музга ўхшайди қўлинг!» —
Шивирлайди титраб Клара.
«Буюрдинг-ку келгин деб ўзинг!» —
Яна олға учади улар.

«Оҳ, қўй мени, бўлди, Рамиро!
Нафасингда ўлимнинг ҳиди!»
Тунд ва совуқ унинг жавоби:
«Буюрдинг-ку келгин деб ўзинг!»

Қизиган фарш тутайди гўё,
Авжга чиқар ғижжаклар роса.
Худди афсун сеҳрига банддек
Ёруғ залда айланар барча,

«Оҳ, қўй мени, қўйвор, Рамиро!» —
Эшитилар аёлнинг зори.
Ўзгармайди аммо Рамиро:
«Буюрдинг-ку келгин деб ўзинг!»

«Ундай бўлса, кет, худо ҳаққи!» —
Ёлборади инграб Клара.
Чиқар-чиқмас оғзидан шу сўз
Ғойиб бўлар Рамиро изсиз.

Тош қотади донна Клара,
Юрагида қабр совуғи.
Хаёллари кучсиз қалтираб
Зимистонга сингади бир-бир.

Тарқалади, ниҳоят, туман,
Очилади қуюқ киприклар.
Лекин яна ҳайрат зарбидан
Кўзларини юммоқ истайди.

Ажаб, базм бошидан буён
Ўз ўрнидан жилмабди келин;
Жўмард эса унинг ёнида
Меҳр билан шивирлар секин:

«Нега рангинг оқариб кетди?
Нега бунча нигоҳинг гамгин?» —
«Рамиро-чи?» — пичирлар келин
Тош қотганча сирли қўрқувда.

Тиришади куёв манглайи,
Ижирғаниб, бир сесканар у:
«Нечун, хоним, қон ҳақида сўз? —
Туш пайтида ўлган Рамиро».

10

БЕЛЗАТСАР

Ярмидан оғди ҳам тун аллақачон;
Оромга бош қўйди сокин Бобилон.

Фақат юксакдаги саройда ёлқин,
Шоҳона даврада тинмайди шовқин.

Ундаги олийшон кошона аро
Белзатсар базм айлар, авжида сафо.

Маҳрамлар таъзимда тутар пайдар-пай, —
Тиллодек товланар қадаҳларда май.

Қадаҳлар жаранглар, маҳрамлар куйлар,
Подшодан чўчимай кайф билан сўйлар.

Бир пайт шоҳ қизарар юзи ловуллаб,
Май унинг қонида уйғотар ғазаб.

Сўқир кин дастида кетар ўзидан,
Тангрига ҳақорат ёғар сўзидан.

Гердайиб келтирар яратганга шак,
Маҳрамлар қийқириб чалади чапак.

Шоҳ мағрур, чимрилиб, силтайди қўлни
Яҳво меҳробига йўллайди қулни.

Буюрар зуд бориб олиб келишни
Муқаддас ул ўлжа — олтин идишни.

Ул қутлуғ идишни тўлдириб, эвоҳ,
Ҳаром қўлларига оладию шоҳ,

Сипқорар шаробни турганича тик,
Бақирар, сўнг, сочиб оғзидан кўпик:

«Сен, Яҳво, маҳкумсан мазахга мангу, —
Бобилон подшоси — менинг ҳукмим шу!»

Шу сўзлар оғиздан чиқар-чиқмас, боқ,
Бир қўрқув ҳис қилди юрагида шоҳ.

Қийқириқ, қаҳқаҳа дафъатан сўнди.
Қабристон жимлиги даврага қўнди.

Боқ, ё раб! Шу маҳал чиққандек қордан
Бир қўл ўсиб чиқди оппоқ девордан,

Сўнгра ёза кетди деворга мажҳул,
Чўнг, олов ҳарфларни қиялатиб ул.

Мурдадек қотганча, оқариб юзи,
Дириллаб титради подшонинг тизи.

Маҳрамлар юраги базўр урарди,
Базм аҳли ваҳм ичра қотиб турарди.

Донолар, рамоллар чорланди, ҳайҳот,
Олов сўз сирини билмади ҳеч зот.

Белзатсарни эса омад тарк этди:
Ўша тун қуллари чавақлаб кетди.

11

МИННЕЗЕНГЕРЛАР

Мана, келар миннозенгерлар
Тўп-тўп бўлиб шеър баҳси учун.
Шоир аҳли майдонга кирар,
Зап беллашув бўлади бугун!

Жўшқин хаёл, оловёл хаёл
Миннезенгер учун тулпордир.
Унга санъат қалқондек қурол,
Унинг сўздан қиличи бордир.

Тегу тахтли хонимлар бугун
Ғурфаларда ёнар мисли чўғ.
Фақат йўқдир юзлари гулгун.
Асл соврин улар ичра йўқ.

Гар ўзгалар чиқса майдонга
Енгмоқ учун от қўйиб соғлом,
Миннезенгер азалдан қонга
Бўялгандир қалбан батамом.

Куйлаб-куйлаб, юрак қонидан
Буюк қўшиқ яратган куни,
Аста чиқиб гул маконидан
Ғунча оғиз шарафлар уни.

12

ДАРЧА ОСТИДА

Рангпар Ҳайнрих ўтар бесазо,
Ташлар Ҳедвих дарчадан нигоҳ.
«Ё раб! — дейди қичқириб барно, —
Мунча рангпар, бамисли арвоҳ!»

Шунда Ҳайнрих кўтариб кўзин,
Ташлар Ҳедвих томонга нигоҳ.
Ўша кундан Ҳедвихнинг ўзи.
Рангпар эрур бамисли арвоҳ.

Гўзал Ҳедвих энди фархунда,
Ҳар кун ташлар дарчадан нигоҳ
Ва қучади Ҳайнрихнн тунда
Чиққан пайти қабрдан арвоҳ.

13

ЯРАДОР ЖЎМАРД

Қадим нақл ёдимда доим,
Янграб турар ул ғамгин наво:
Жўмард йигит аҳдида қоим,
Маҳбубаси, лекин, бевафо.

У не қилсин! Нопок дилдорга
Мажбур боқар нафратли кўзи,
У чидолмас аламга, орга,
Ўз ишқидан уялар ўзи.

Лекин тайёр зарба бермоққа,
Рақибларни бўягай қонга:
«Севгилимни нопок демоққа
Азм этганлар чиқсин майдонга!»

У ҳаммани жим қилар, ё раб,
Ўз дардига етмайди кучи;
Юрагини тешгай шу сабаб
Найзасининг чархланган учи.

14

ДЕНГИЗ САФАРИ

Мен мачтага суянганимча
Тикиламан бир-бир мавжларга:
«Алвидо, эй, жонажон Ватан!
Учқур кемам чиқди сафарга!»

Ана, гўзал ёримнинг уйи,
Дарчасида ўйинқароқ нур.
Мен қанчалар тикилмай, аммо,
Қўл силкимас ҳеч кимса бир қур.

Кўз ёшларим, бас энди, тўхтанг,
Кўзларимга тутмангиз парда!
Сақлан, сақлан, бемор юрагим,
Торс ёрилиб кетма дардлардан!

15

ПУШАЙМОН ҲАҚИДА ҚЎШИҚ

Жаноб Ульрих боради танҳо,
Барглар яйрар, шовуллар ўрмон,
Кўзи тушар япроқлар аро
Яширингаи қизга ногаҳон.

Ўз-ўзига дейди бой: «Эвоҳ,
Менга таниш бу гулгун сиймо.
Гоҳо овда, гавжум жойда гоҳ
Пайдо бўлиб имлар доимо.

Икки гулбарг каби лаблари
Мулойиму майин, беғубор.
Сўзларининг, ва лекин, бари
Гоҳо туссиз, гоҳида маккор.

Мўрча миён оғзи сулувнинг,
Атиргулдай бағоят зебо,
Маккор барги остида унинг
Қора илон вишиллар аммо.

Унинг момиқ юзида нафис
Кулдургичи — чуқурчаси бор,
Чуқурчамас, у жардир тагсиз.
Кўнгил ўзин отишга тайёр.

Зар кокили гўзал бегумон,
Гўзал бошга безакдир, кўркдир,
Кокил эмас, муғомбир шайтон
Қасдим учун тўқиган тўрдир.

Кўзларида чўғ бор зангори,
Тўлқинланар мовий нур титраб.
Эшигига дўзахнинг бориб,
Келдим дебман жаннатга, ё раб!»

Жаноб Ульрих боради танҳо,
Барглар титрар, инграйди ўрмон.
Ўзга арвоҳ бўлади пайдо,
Тикилади рангпару нолон.

Ўз-ўзига дейди бой: «Эвоҳ,
Мени жондан севган онам бу!
Гоҳ қилиғ-у, сўзим билан гоҳ
Унга доим келтирдим қайғу!

Оҳ, қанийди, меҳрим кўз ёшин
Қуритсайди меҳрибонимнинг!
Кўтарсайди бир зумга бошин,
Берар эдим юрак қонимни!»

Жаноб Ульрих боради секин,
Кеч ҳам қўнар ўрмонга шошиб.
Барглар аро бир овоз, лекин,
Шом елига келар мингашиб.

Ўз овозин бой танийди тез,
Акси садо бу сўзлар бешак,
Майна қилар шўх қушлар шу кез
Чирқиллашиб, чалишиб ҳуштак:

«Жаноб Ульрих зап қўшиқ куйлар,
Пушаймон деб қўшиқ аталар.
Бир қўшиқки, тугаса агар
Яна бошдан дарҳол қайталар».

16

ҚАДИМГИ РОМАНСНИ КУЙЛАГАН ХОНАНДА АЁЛГА

Ёдимдадир, сеҳрлаб мени
Кўз олдимда ярқ этдинг илк бор!
Янграр экан азиз оҳанг, оҳ,
Юрагимда турдию титроқ
Ёш қуйилди кўзимдан ногоҳ, —
Кетмиш эди мендан ихтиёр.

Қайтган каби энг ширин тушим,
Болалигим бўлди намоён;
Шам нурида ним ёруғ хонам,
Шивирлайди художўй онам,
Эртак билан андармон мен ҳам,
Ташқарида ғувиллар бўрон.

Жонланади ғаройиб эртак,
Тарк этади қабрин ҳар жўмард;
Ронсевалда бошланади жанг,
Роланд тортар айилни таранг,
Учиб борар ботирлар, қаранг,
Улар ичра Ганелон номард.

У жўмардга қилар хиёнат,
Беҳол Роланд сўнг бор жаҳд этар,
Қўл чўзади базўр бурғуга,
Кейин кетар сўнгги уйқуга,
Буюк Карл ботар қайғуга
Ва тушим ҳам сўнгига етар.

Бирданига гувиллар олқиш,
Мен ўнгимга қайтаман дарҳол.
Чекинади ажиб афсона.
«Яша!» дейди ҳамма мастона,
Гувиллайди томошахона,
Таъзим қилар ҳаммага аёл.

17

ДУКАТЛАР ҲАҚИДА ҚЎШИҚ

Дукатларим, олтин дукатлар,
Қайлардасиз? Берингиз хабар!

Дўстингизми олтин балиқлар,
Маконингиз энди денгизми,
Қувнаб-сакраб шўнғидингизми?

Ё дўст бўлиб олтин гулларга
Адирларда чарақлармисиз,
Шудринглардай ярақлармисиз?

Ё дўст бўлиб олтин қушларга
Мовий кўкда чарх урармисиз,
Гала-гала шод юрармисиз?

Ё дўст бўлиб, олтин юлдузлар
Даврасида сочармисиз нур —
Тунги кўкдан қиқирлаб масрур?

Оҳ, дукатлар, олтин дукатлар,
Тополмадим, қайга қочгансиз:
На ям-яшил адирда борсиз,
На чарх урган қушларга ёрсиз,
На кўклардан ёғду сочасиз, —
Судхўримнинг чангалидасиз,
Пўлат сандиқ қамалидасиз!

18

ПАДЕРБОРН ДАШТИДАГИ СУҲБАТ

Эшитдингми, олисда садо —
Ғижжак янграр, янграйди шўх соз?
Давра қуриб хўб, нозик адо
Қизлар рақсда этади парвоз.

«Эҳ, дўстгинам, яхши тинглаб боқ,
У ғижжакнинг овози эмас;
Чўчқачалар чийиллар бу чоқ,
Чўчқаники хўриллаган сас».

Эшитдингми янгроқ бурғуни?
Мард овчилар чопар ўрмонда,
Най чалади ёйиб сурувни,
Чўпон йигит ўтлоқ томонда.

«Эҳ, дўстгинам, тингла яхшироқ,
Бурғу ҳаммас, най ҳам эмас бу;
Чўчқаларга кўтариб таёқ
Чўчқабоқар солади ҳай-ҳув».

Эшитдингми қўшиқни, дилшод,
Хушовозлар жаранглайди жўр?
Фаришталар қоқишиб қанот,
Қарсак ила олқишлар масрур.

«Эҳ, азизим, сер сол, жим қолиб,
Фариштамас улар ҳеч қандай!
Ғозларини олдига солиб,
Қўшиқ айтиб ўтар болакай».

Эшитдингми, айт, қўнғироқни? —
Бир дилтортар сеҳрли садо!
Черков бонги аҳли қишлоқни
Ибодатга чорлар руҳафзо.

Эҳ, дўстгинам, у жўн қўнғироқ,
Ҳар кун янграр моллар бўйнида —
Бошларини силкитгани чоқ
Молхонанинг зулмат қўйнида».

Кўрдингми, боқ, ўртиги ҳарир
Бир нозанин менга силкир бош?
У — севганим, тенгсиз дилбардир,
Қувончидан кўзларида ёш.

«Эҳ, дўстгинам, сенга имлар, боқ,
Ўрмончининг қари хотини;
Қилт-қилт қилар — боши қалтироқ,
Маймоқланар тез-тез қоқилиб».

Хаёлпараст, деб мендан бу пайт
Кулсанг, майли, қилмайман парво!
Ҳеч алдаши мумкинми, хўш, айт, —
Мен кўксимда асраган дунё!

19

ҲАЁТ ШАРАФИ

Альбом варағи

Еримиз бамисли каттакон бир йўл,
Биз эса доимо унда йўловчи.
Гоҳ отда, гоҳ яёв — шошамиз нуқул
Бамисли овини қувлаган овчи.

Ўтаркаи имлаймиз, берамиз савол,
Рўмолча силкиймиз фойтундан гоҳо;
Баслашмоқ, қучишмоқ истаймиз мудом,
Бир зум тек турмайди отимиз аммо.

Бекатда сен билан учрашдик ногоҳ,
Гўзал хулқ шаҳзода Александр, биз.
Почтачи бурғуни чалар-у, эвоҳ,
Дарҳол айрилмоққа яна мажбурмиз.

20

АСЛ ҲАҚИҚАТ

Келганда баҳорий ёруғ кундузлар
Куртаклар барг ёзар, ғунчалар кулар;
Тўлин ой сочади кумуш ёғдулар,
Осмонни тўлдирар шаффоф юлдузлар;
Ул шаҳло кўзларки, куйлаган пайти
Юрагим тубидан отилар байтим —
Ва лекин қўшиғу гулу юлдузлар,
Тўлин ой, қуёшу гўзал ул кўзлар
Қувонч бахш этмасин бизларга қанча,
Бу фоний дунёда бари вақтинча.


СОНЕТЛАР

А. В. ШЛЕГЕЛГА

Эгнида бели тор рапрап оқ кўйлак,
Юзлари бўялган, серқилиқ, там-там,
Этиги қўштумшуқ, ўртиги кўркам,
Арибел, бошида чўққайма турмак.

Шунақа ясаниб келди оқбилак,
Сохта илҳом бир пайт қошингга хуррам.
Аммо сен бормадинг бу йўлдан беғам,
Долғали қисматни ҳис этдинг бешак.

Сўнг қадим саҳрода сен кўрдинг қаср,
Қаср нчра сеҳрли уйқуга асир,
Ётарди юзларн мармардек барно.

У сен деб уйғонди, сочди гул исин, —
Олмоннинг ҳақиқий илҳом париси
Бағрингга ташланди яйраб руҳафзо!


ОНАМ ФОН ГЕЛДЕРН ҚИЗИ Б. ҲАЙНЕГА

I

Бошимни тутаман доимо мағрур,
Ҳеч қачон енгилмас ўжар идроким;
Қиролнинг қошида туриб ҳаттоким
Кўзимни мен ерга олмайман бир қур.

Мен яна, онажон, таъкидлай масрур:
Бўй эгмам ҳеч кимга тирикман токим!
Ва лекин қошингда, жилмайганча жим,
Бош букиб тураман доимо махмур.

Ул сенинг руҳингми — келади ғолиб?
Ул сенинг руҳингми — ғулғула солиб,
Ёритар қалбимни чақин мисоли?

Бошимни эгаман доим, эҳтимол,
Келтирганим учун сенга кўп малол,
Кечирганинг учун барини дарҳол?

II

Савдойи хаёлда сени тарк этдим,
Айланмоқ истадим бутун дунёни,
Изладим ўйимда кулган барнони,
Муҳаббат лаззатин тотай деб кетдим.

Муҳаббат изладим, кўксимни ситдим,
Қоқдим ҳар эшикни тилаб вафони:
Аммо мен доимо фақат жафони
Ва совуқ нафратни кўриб қон ютдим.

Муҳаббат изладим ҳар кўйда йиғлаб,
Топмадим, афсуски, бағримни тиғлаб
Ва қайтдим мен уйга бемор оқибат.

Ўшанда сен чиқдинг қучоғинг очиб,
Кўзингда чақнарди инжулар сочиб
Мен узоқ излаган буюк муҳаббат.


Ҳ. Ш. ГА

Ажиб китобчани очганим заҳот
Мени бот қутлайди ул таниш жаҳон,
Бебаҳо суратлар бўлиб намоён,
Болалик кунларга учар хотирот.

Ул юксак жомеъни кўраман мен бот,
Кўкка бош уради олмоний имон,
Арғанун садоси жаранглар комрон,
Мулойим овозлар жўр бўлар кушод.

Кўраман жомеънинг ёвларини ҳам,
Корчалон пасткашлар ҳални ўчирар, —
Нақшинкор гулларни тирнаб, кўчирар.

Майлига, ёпишиб эманга бу дам
Ям-яшил баргларни юлсинлар, бироқ,
Яна баҳор келса кўкаргай япроқ!


ХРИСТИАН ЗЁТЕ УЧУН НАҚШИН СОНЕТЛАР

I

Эгилиб тақмайман тўнкага гултож
Олтинга беланган бўлса ҳам агар:
Қўлимни чўзмайман бойга таъмагар,
Номардга ўзимни қилмайман муҳтож.

Мен бузуқ аёлга очмайман қулоч
Фаҳшини яширса ҳамки безаклар;
Айбдор қилмайман, оломон магар
Такаббур ҳокимга сезса эҳтиёж.

Биламан, чўрт синар мағрур, чўнг эман,
Навда-чи, қутилар эгилиш билан, —
Табиат ҳайқириб, турганда бўрон.

Навданинг қисмати, ва лекин аён:
Бир куни у ҳасса — силлиқ, ялтироқ,
Ё кўйлак чангини қоқувчи таёқ!

II

Бир ниқоб келтиринг, энди мен кияй,
Чапани бир ниқоб, тўпори ниқоб;
Артистча безакдор, қимматли кимхоб
Ниқобни энди мен буткул ирғитай.

Оддий сўз, жўн одат берингки шундай,
Гуноҳкор бандадек қилайин хитоб
Ва гўзал қочирим, киборий одоб,
Сохта қилиқлардан бош олиб кетай.

Ниқоблар базмига кирдим чамаси,
Олмоннинг қироли, роҳиб, жўмарди
Масхарабозлардек хўп айланарди.

Ёғоч тиғ ўқталди менга ҳаммаси.
Ҳазил бу. Чунки мен битта зарб уриб,
Ниқобларни фиртсам қочарлар қўрқиб.

III

Куламан — кўзимга бузоқдек ҳар дам
Бақрайган нодоннииг устидан мен жим;
Куламан — гирдимда менинг мулойим
Айланиб, ҳидлаган қув тулкидан ҳам.

Куламан — ўзимга билимдон ҳакам
Санаган такаббур маймундан доим;
Кулгили — заҳрини яширган хоин
Мардликдан бебаҳра ул овуз одам.

Зеро бахт уйининг бебаҳо, порлоқ
Ғазнасин бешафқат тақдирнинг қўли
Ирғитган пайтида оёқ тагига

Ва кейин покиза мард юрагига
Тиғ уриб тилганда, онг яхши йўли —
Барини устидан қаҳқаҳа урмоқ

IV

Савдойи бошимда айланар эртак,
Эртакки, қўшиқ бор унда бирам чўх.
Бу қўшиқ ичра бор бир қиз мисли чўғ —
Ловуллаб яшайди, сочи жамалак.

Ул гўзал қизчада бор эрур юрак,
Лекин, ул юракда, афсус, севги йўқ,
Ул юрак бир парча муз каби совуқ,
Қаърида кибр бор — на ҳис, на истак!

Боқ, гувлар бошимда эртак сас бориб.
Ундаги қўшиқчи солади қўрқув,
Қиз эса қиқирлар аста, бошафқат.

Тинчирми бу азоб бошимни ёриб, —
Ақлдан озмасам бўлди мен, ёҳу,
Рўй бериб фожиа, ҳақиқий даҳшат!

V

Осуда, ғамнишин оқшом чоғлари
Гоҳ янграр ул олис, ул унут наво,
Юзимда кўз ёшим бир оқар дарё,
Яна қон сочади юрак доғлари.

Суюкли ёримнинг гул ёноқлари
Сеҳрли кўзгуда бўлади пайдо,
Лоларанг нимчада, ловуллаб зебо,
Сукунат қўйнида иш тикар пари.

Ўрнидан шарт туриб мана, ногаҳон
Бир тутам тилларанг кокилин шу вақт
Шарт кесиб узатар менга, — бу не бахт!

Ва лекин чанг солар бахтимга шайтон,
Ўшал зар кокилдин ясаб у чилвир
Мени, неча йилки, судрайди, қилвир!

VI

«Мана, бир йилдирки, тенгсиз гулрухсор,
Сен ўпич бермайсан учраган чоғинг».
Сўзим тугамаёқ ғунча дудоғинг
Лабимга ёпишди чўғдек, интизор.

Сўнг юлиб узатдинг кулиб, бахтиёр,
Дарчанг остидаги мирта бутоғин.
«Солгину бир сиқим баҳор тупроғин,
Ўтқаз гултувакка», — дединг ишвакор.

Йилларни йил қувди. Бир сиқим тупроқ
Ул хазон миртадан ёдгор чиринди;
Лабим ҳам унутди бўсанг тотин, боқ.

Боқ, яна ул уйга келдим боумид,
Тун бўйи тикилиб кўзларим тинди,
Фақат тонг отарди, кетдим ноумид.

VII

Сақлангил, дўстгинам: алвасти афтдан,
Ундан-да хавфлироқ, лекин, малакрўй.
Улардан бирини севдиму беўй,
Кўксимда панжани сездим дафъатан.

Сақлангил, дўстгинам, бир хавфдан:
Қари мушукдан ҳам ёши ёвуз ҳўй.
Ўлардан бирига бўлиб жустижўй,
Юрагим тирпалди жезтирноқ кафтдан.

Оҳ, гўзал, қув чирой, сеҳрли дилдор!
Мен шаҳло кўзларга алдандим наҳот?
Юракни тирнамоқ мумкинми, ҳайҳот?!

Оҳ, мушуккинамнинг майин панжаси!
Сизларни лабимга гар боссам бир зум,
Юрак қон бўлса ҳам бахтлиман ўзим!

VIII

Сен кўрдинг, курашдим нозик дид мушук
Ҳамда кўзойнакли лайчалар билан;
Покиза номимни қоралаб тубан,
Ишимга доимо тиқдилар тумшуқ.

Сен кўрдинг, ташланди майдакаш, шумшук,
Аҳли масахарабоз менга дафъатан;
Сен кўрдинг қон оқди минглаб ярадан —
Қалбимга ёпишди неча юз зулук.

Сен турдинг мустаҳкам минордек ҳар чоқ,
Бошинг — бўрон пайти нурафшон маёқ,
Юрагинг мен учун бўлди бандаргоҳ.

Бандаргоҳ йўлида хатар улкандир
Майли, оз кемалар унга киргандир
Ва лекин кирганлар топгайлар паноҳ.

IX

Кўзимга ёш келса, йиғлардим зеро,
Кўкларга учардим соғ бўлсам албат.
Йўқ, бўлар мумкинмас судралмоқ қисмат,
Яшайман илону чаёнлар аро.

Ҳаётим қилсайдинг агар пурзиё
Учардим гардингда мен, моҳи талъат,
Қайноқ нафасингни симириб фақат, —
Йўқ, булар мумкинмас, юрагим танҳо.

Бу танҳо, бу бемор юракдан, эвоҳ,
Қон оқар, сезаман: кетмоқда мадор,
Кўзларим олдини қора босмоқда.

Олислаб бораман сирли титроқда,
Туманли масканда қўл чўзар бедор
Бағрига босай деб мени бир арвоҳ.


ЗЕРАФИНА

1

Мен кезаман тунги ўрмонда,
Орзуларим юртидир ўрмон.
Латофатли, сирли қиёфанг
Унда мени тарк этмас бир он.

Айт, бу — ҳарир ўртигингми ё
Юзгинангнинг ўзими, гўзал?
Эҳтимол у — дарахт оралаб
Ойдан тушган самовий бир ҳал?

Балки бу мен — жимликни бузган
Кўз ёшимнинг томчиларидир?
Балки у сен — йиғлаб бесазо
Менга ҳасрат қиларсан бир-бир?

2

Бўм-бўш, жим-жит денгиз соҳилин
Тун пардаси қоплаб бир замон,
Ой боққанда булут ортидан
Мавжлар сўрар шивирлаб ҳайрон:

Айт, тентакми анави одам,
Ё ошиқми, ким бўлди ўзи —
Бир қарасанг, яйрару кулар,
Бир қарасанг ёш тўла кўзи.

Айёрона чарақлаб шунда
Ой шивирлар энгашиб яқин:
«У ҳам тентак, ҳам ошиқ эрур,
Боз устига шоирдир тағин».

3

Ҳаволайди бир кумуш чорлоқ,
Гоҳ тўш уриб мавжга овора,
Гоҳ юксалар тўлқинлар узра;
Ой баландлаб борар тобора.

Наҳанглару скат — балиқлар
Сув юзига чиқар ошкора,
Чорлоқ эса гоҳ юксак, гоҳ паст;
Ой баландлаб борар тобора.

Оҳ, азизам, эй фоний қалбим,
Сен ҳадикдан, ғамдан садпора:
Шундоққина яқин совуқ қаър,
Ой баландлаб борар тобора.

4

Англадимки, суюклиман мен,
Сен севасан жону дилингдан;
Лекин рости, бир чўчиб тушдим
Изҳорингни тинглаб тилингдан.

Мен куйладим тоғларга чиқиб,
Қўшиқ айтдим яйраб, жўш уриб.
Мен йиғладим бориб денгизга
Қуёш чўккан ҳудудни кўриб.

Юрагим ҳам худди қуёшдек
Ловуллайди ёғдуга тўлиб,
У ҳам чўкди ишқ денгизига
Улкан бўлиб, гўзал чўғ бўлиб.

5

Бизга ажиб қизиқиш билан
Бўйнин чўзиб мўралар чорлоқ;
Чунки ақиқ дудоқларингга
Мен шавқ билан босганман қулоқ!

Унинг жуда билгиси келар
Не гаплигин иккимиз аро:
Дудоқларинг не билан машғул —
Сўз биланми, бўса билан ё?

Аммо қалбда қандай талотум? —
Билгим келар жон деб ўзим ҳам:
Не ажабки, бўсалар — сўзга,
Сўз бўсага айланар бу дам!

6

У кийикдек мендан хавфсиниб,
Тошдан-тошга отилди енгил!
Ғувиллаган тоғ шамолидан
Тўзғиб кетди тилларанг кокил.

Унга етдим тоғ четида мен, —
Соҳил бўлмиш тикка қояда.
Унинг аччиқ, шахт гапларига
Ширин сўзлар айтдим ғоятда.

Сўнг ўлтирдик Осмон остида,
Шундоққина жаннатга ёндош;
Бу пайт сувнинг қора қаърига
Секин-секин ботарди қуёш.

Ва ниҳоят мавжлар қаърига
Буткул чўкди гўзал нур, мана.
Долғаларни унинг ўстидан
Қувиб денгиз қилди тантана.

Мотам тутма қуёшга, жоним!
Нур йитмади денгиз қаърида;
Шу лаҳзадан бошлаб ҳам ўзи,
Ҳам бор тафти менинг бағримда!

7

Шу чўққида қуриб бутхона
Тоат билан хушлайлик руҳни, —
Биз учинчи Аҳд ул-жадидга
Берилайлик қувиб андуҳни!

Энди қалбнинг икки хил феъли
Ҳақидаги миш-мишлар битди.
Бу кунларда гуноҳдан чўчиб
Тағин қийнаш одати йитди.

Илғадингми, тангри саси бор
Бу кўпирган тубсиз қаър аро?
Кўряпсанми осмонда унинг
Минглаб шами сочмоқда зиё?

Бор мавжудот ичра тангри бор,
Тангри билан борлиқ гўзал, ҳур.
Тангри — зулмат, тангри нур, ҳаёт,
Тангри — бизнинг бўсалар эрур.

8

Милтиллайди митти юлдузлар
Денгиз узра тунга қасдма-қасд.
Гоҳ-гоҳ чўзиқ пишқириқ саслар
Келар очиқ денгиздан элас.

Совуқ Шимол аёзи ўйнаб
Мавжлар сочин тарар туманда,
Шундай кўпчиб арғанун найи
Рақс тушади ҳар гал чалганда.

Мажусийлар оҳангларию
Черков куйи чирмашиб кетар,
Улар сирли Арши аълога,
Юлдузларга жаранглаб етар.

Юлдузлар-чи, тобора чақнаб
Улканлашар, рақс тушар шаддод
Ва поёнсиз бўшлиқда кезар
Худди улкан қуёшдек озод.

Денгиз арзин тинглару осмон,
Жўр бўлади ёввойи куйлаб,
Чақнаб учар олов булбуллар
Нурга чўмган меҳварлар бўйлаб.

Денгиз қаъри, осмон гумбази
Сурон ичра қоришиб порлар,
Қалбни буюк омухталикка —
Бўронларнинг қўйиига чорлар.

9

Бари шарпа, бари омонат:
Бўсалар ҳам, ишқ ҳам, ҳаёт ҳам!
Ишонасан сенгина фақат,
Мангу дея уларни, эркам!

Бизники деб неники севсак,
Бари ёлғон, оний бир рўё,
Унутгайдир барини юрак,
Кўз уйқуга кетгай бепарво.

10

Соҳилда бир қиз туриб
Тикади кўкка нигоҳ,
Ловуллар экан ғуруб
Хўрсиниб чекади оҳ.

«Қайғурма, қизча! Бу ҳол
Қуёшга одат мангу:
Қаршингда чўкиб беҳол,
Балқийди ортингдан у».

11

Менинг кемам, қора елканим
Учиб борар тўлқинлар аро;
Билиб туриб азобларимни
Тўхтатмайсан қийноқни асло.

Шамол каби бебурд юрагинг,
Гоҳ бундаю, ундадир гоҳо;
Менинг кемам, қора елканим
Учиб борар тўлқинлар аро.

12

Паст кетдингки шунчалар, охир
Одамларга айтишдан қочдим.
Аммо чиқиб очиқ денгизга
Балиқларга сирингни очдим.

Истардимки, ер узра сени
Вафодорга мудом йўйсинлар.
Аммо денгиз кенгликларида
Бебурдлигинг билиб қўйсинлар.

Кўчган тоғдек солиб ғулув,
Мавжлар гувлайди;
Резаланиб кўпирар-у,
Қумга қўлайди.

Улканлашар улар тинмай
Кўтариб сурон, —
Балки бизга кўмак бергай
Бетийиқ туғён?!

14

Мен хаёл сураман соҳилда чарчоқ,
Мох босган қояда ўлтириб ёлғиз.
Шамол ғувиллайди, қичқирар чорлоқ,
Тўлқинлар сапчийди, қутурар денгиз.

Ёнимда бор эди не-не гулжамол,
Дўстларим давраси бор эди тенгсиз,
Айт улар қайларда?.. Ғувиллар шамол,
Тўлқинлар сапчийди, қутурар денгиз.

15

Ғуруб ёниб, денгиз бўшлиғи
Алангага чулғанди бутун.
Вужудимни донгизга беринг,
Биродарлар, мен кўз юмган кун.

Мен денгизни севдим доимо,
У дўст эди менга бегумон,
Қасирғали бир туйғу билай
Бахш этарди қалбимга дармон.

Qayd etilgan