Faxriyor. Dardning shakli  ( 13127 marta o'qilgan) Chop etish

1 B


AbdulAziz  05 Fevral 2011, 15:32:27

Faxriyor. Dardning shakli



Muallif: Faxriyor
Hajmi: 1,0 Mb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish

Qayd etilgan


Ziyolee  10 Sentyabr 2011, 18:07:46

ФАХРИЁР

ДАРДНИНГ ШАКЛИ


Шеърлар

Тошкент
«Ёзувчи» нашриёти
1997

Инсон манфаатлари йилида ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш мақсадида тайёрланган ушбу китоб Ўзбекистон мустақиллигининг олти йиллигига бағишланган бўлиб, у Республика Давлат матбуот қўмитаси ташаббуси билан Республика матбаа таъминот улгуржи-воситачи фирмаси ҳомийлигида чоп этилди.
Фахриёрнинг «Дарднинг шакли» тўпламига кирган шеърлар мавзу жиҳатдан ранг-барангдир. Уларни бирлаштириб турадиган нарса шоирнинг воқеликка безовта ва куюнчак муносабатидир. У дардларига тинимсиз шакл излайди. Ташбиҳлар воситасида бир-биридан узаб кетган воқеликларни ва моҳиятларни ўзаро яқинлаштиради, чоғиштиради. Бу ҳол уларни уйғун ҳолда тасаввур этиш имконини беради. Унинг назарида, ташбиҳ — мазмун қофияси. Қофияли верлибрларни, фикрни асл шаклида сақлаб қолиш эҳтиёжидан туғилган, дейиш мумкин.
Тўпламга кирган шеърларнинг аксарияти олдинги йилларда ёзилган.




* * *

Ҳаёт, сен шаробсан, майсан бир сузим,
Йигирма тўрт йилки, тўймадим, аё.
Юрар май ичинда ҳасратлар сузиб,
Соқиё, айш қаён, уқубат қаён?

Гоҳо тўйиб кетар севгимдан аёл,
Кўзёшлар тўйдирар, ичгум бир ўзим.
Мен сендан, барибир, тўймасман ҳаёт,
Кўзинг оч, кўзим оч, очкўзим, кўзим.

Тахир бир шаробсан, о ширин ҳаёт,
Сабрим косасига сени қуярман,
Ичарман кўзёшни ичганим каби.

Тотинг унутмагай ёдим умрбод,
Сени қуяр жомим, нимкосам сабр.
Мен унга аёлнинг исмин ўярман.

1987


ТОНГГИ РЕГИСТОН

Азон айтар муаззин минорлар.
Фалон йилки
Карвонсиз саройлар ва хонақоҳлар —
Бари-бир бойқушнинг мулки.

Эл ухлайди йўқсил, хотиржам,
Тонг уйқуси руҳафзо.
Эгатларда чарчаган элга
Истироҳат-ухламоқ афзал.

Кўрпаларга илдиз отади
Унинг уйқуси.
Йўлбарс ҳайдаб кетар бир кеча
Оҳуларин туйқусдан.

Ибодатга чиқмайди ҳеч ким.
Мустабид саҳар
Кимсасиз шаҳарда
Юлдузларга беради заҳар.

Кечани эса у
Қудуққа ташлар.
Кейин ухлаётган раият устидан
Ҳокимият юргиза бошлар...

Тонг отади Регистон узра,
Гумбазларга чиқади осмон.
Яна дўст бўлади тунги рақиблар,
Гулга айланади яна Ёсуман.

Яна бир ксчани тонглар отади...

1987


АКСИЛФАЛСАФА

Макон йўқ.
Замон бор.

Бордир замонда
ижарага турган моддиюн авлод.

Замонга боқмаган авлод ўзидан
худо тортиб олган маконни
қайтариб беришни сўрар даҳодан.
Унинг қўлида фақат ғоя бор.

Бироқ даҳо тангри эмасдир.
Тирикчилик қилиб бўлмас ғояда.
У бугун макон эмас,
замон ҳам эмасдир боққанинг билан.

1989


АКСИЛЭКОЛОГИЯ

Пайҳон қилар одамни экин,
Ташбиҳ надур, далаларнинг ўзи бий,
Чўллар уни қувлаб боради,
ё раббий.

Одам кетиб борар беном, бенишон,
худоларга етмайди доди.
«Қизил китоб»га уни ёзмоққа эса
Йўқ экиннинг саводи.


* * *

Одам тарошламоқ бўлсангиз тошдан,
тошни силанг,
имкон қадар кўргазинг меҳр.

Тошлар фақат шафқат олдида
ҳимоясиздир.

Тошга гуллар тутинг,
нимпушти гуллар —
шафқат рангидаги гулларни тутинг.

Тош, албатта, чўзар қўлини,
гулингизни олар,
қўлингизни ўпар,
йиғлаб юборади, ишонинг, шу тош.

1983


ҲУРЛИК

Ечилмаган кроссворд каби
Катаклари бўм-бўш қафаснинг.
Бўм-бўш қафас қафаслар ичра
Чиройлиси, энг гўзали, энг...

1984


НАҲОТКИ

Наҳотки,
пайкални
уммондан бўлак
менгзайдиган бир нимарса йўқ?

Наҳотки,
шу оппоқ мавжлар остида
ётар чўкиб кетган кўҳна тамаддун?

Наҳотки,
Туркистон
Атлантида сўзининг таржимасидир?

Наҳотки...

1988


* * *

Сени сендан изладим,
йўқсан.
Эгалари кўчиб кетган уй каби
бўм-бўш турибсан.

Фақат кимсасиз уйда
унутиб қолдирилган мушук мисоли
кўксингни ичдан
тирнар бир нима

1999


* * *

Гуноҳ эрур эндиги соғинч,
Гарчи соғинч сотқинлик эмас.
Хиёнат ҳам эмас бу соғинч,
Демак, менда гуноҳ йўқ, демак...

1989


* * *

Соғинч менинг Ватаним эрур,
Қароғингдай мўъжаз бир Ватан.
Энди унинг чегарасини
Мен бахтлардан қўриб ётаман.

Агар соғинч фуқаролигин
Қабул этмоқ қасдида атай
Бирорта бахт бахтимга қарши
Чегарани бузса дафъатан.

Мен азалий удумга кўра
Шафқат қилмам у нобакорга,
Қиладурман уни сазойи,
осадурман ва ёки дорга.

1989


* * *

Баданига ботган
тушнинг синиқларидан
у дафъатан уйғониб кетар
ярим кечаси.

1990


ЭКОЛОГИК ШЕЪР

Дарё,
сени қандоқ чўмилтирамиз,
қайда ювинарсан, булғанчиқ дарё?
Ҳаммомга олиб борайинмикин,
қайноқ сувдан қўрқармисан ё?

Лойқам менинг, булғанчим дарё,
елкангга совунлар суриб қўяйми?
Елканг қани, беяғрингинам,
елканг йўқлигига куяйми?

Дарё,
сен заҳар ичгансан, хастахонага
олиб бормоқликнинг ўзи бир ғурбат.
Шаҳар-ку нотаниш, қишлоқда эса
Бир хастахона бор ва у ҳам тирбанд.

Дарё, имтиёзлар гувоҳномаси
сенда йўқ-ку?! Навбат сафлари ҳарёқ.
Врачларга навбатда туриб
қўрқиб кетмасмисан, касалманд дарё?

1985


ХОТИРА МАШҚИ

Сен шеърни қўй, шоирларни қўй,
Кўзёш — малол, муҳаббат — маҳол.
Сен қасд эмас, қасосингни суй,
Сен яхшилаб нафратни ёд ол.

1988


* * *

Умуман, рўй бермас воқеа,
Рўй бергучи менман, умуман.
Мени излаб юрар моҳият,
Қолип излаб юрар бегумон.

Қофиялар қилади таъқиб,
Бўғмоқ учун шайланар бўғин.
Пойлаб турар қайдадир таъқиқ,
Тута бошлар ғоялар туғин...

Мен улардан қочайин қайга,
Қай жанубга кетайин учиб?
Бирор кимса кутмаган жойда
Тўсатдан рўй бермоқлик учун?!

1989


* * *

Қўлларим бўм-бўш.
Кўтармоқчи эдим бошимга сени
шу қўлларимда.

Энди бўм-бўш қўлларимни
бошимдан баланд
кўтаролмай яшаяпман.

Бўм-бўш қўллар оғирлиги!

1990


СУЛУК

Даҳога талпинма, даҳодан талпин,
Маънисин унутма қадим оятнинг.
Даҳолар — жодугар, ғоялар — фолбин,
Кўзларин боғлайди инсониятнинг.

Қўлларидан тутгил устоз ҳаётнинг,
Сиғинчга — сиғинчдан — бошлагин, қалбим.
Тазарру тозартса бизни шоядким...
Кўҳна туркуларни шивирлар лабим.

Кўзларин боғлайди инсониятнинг.
Ҳарис ғояларга таланган устод
Ортимдан эргашар шогирд мисоли...

Яна тупроқ бўлар алданган ақл,
Шамоллар руҳ бўлиб қайтажаклар бот.
Дардларим кийина бошлайди—ШАКЛ.

1989


АРАФА

Деворга осиғлик қилич
зангларини тўка бошлади.
Ярақлай бошлади тўсатдан
ярим ой шаклида.

Лекин девор қизил эди.

1988


* * *

Суйгилим, суй, гулим, суйги лим.
Юракларим кўзимдан тошар.
Мени енгиб бормоқда ўлим,
Сени эса қийнайди яшаш...

Қуймоқ бўлди менинг насибам,
Бахтиёрлик — сенинг қисматинг.
Бахтми, зомин бўлди, масиҳам,
Бахтимизга? Бахт мусибати.

Юракларим кўзимдан тошар,
Мени енгиб бормоқда ўлим,
Куз ёмғири ғаиимат, гулим.

Севиб қолма, майли, севиб қол,
Хаёт оша, мамотлар оша
Бизни таъқиб этмоқда висол.

1995


* * *

Бегона табассум сиғмади, зўрлаб
Кимнинг жилмайишин олдим ўғирлаб,
Кимнинг табассумин тортдим юзимга?
Тортавердим уни лекин ўзимча.

Фалокат кўргазди шунда бўй-энин:
Бир чети йиртилди табассумнинг «шарт».
Сири фош этилган жосусдай мени
Бехос таниб қолди излаб юрган дард.

1989


* * *

Хиёнат қилолмас ҳеч ким пулчалик.
ғанимлар душманлиги

Дўстлик бўлиб туюлар, ҳатто,
душманлиги олдида пулнинг.

Қирқ газли шамшир билан
кесиб бўлмас пулнинг бошини.

Дарвоқе, пулнинг боши йўқ,
унга бош бермаган раббил оламин.

Йўқса, сал инсофга кирармиди у,
ўйлаб кўрармиди...

1985


* * *

Вақт бизни кўнгилчан қишдан айирди.
Ҳаммаёқ қор эди, юмшоқ ва гуртук.
Момиқ поёндозда юрган шоҳ каби
Биз қорни тепкилаб бемалол юрдик.

Бу ёғи баҳордир. Баҳор — бешафқат,
Ҳатто йўлакларда қизғалдоқ унар.
Энди яшаб бўлмас гулларни топтаб,
Бош билан юрмоқни қилмасак ҳунар.

1987


ЗЕРИКАРЛИ ШЕЪР

Сиз билан баҳс қилмам, Демосфен,
Хотирингиз жам бўлсин, тақсир.
Ўзни оқламоқчи эмасман,
Сўз ҳам менга эрмак эмасдир.

Оқлик фариштага ярашар,
Деворларга ярашар оқлик.
Сўзамоллигига яраша
Оқ бўлишга сиздайлар ҳақли.

Лашкар бўлган сўзлар сиз учун,
Енгиб берган рақибингизни.
Не баҳсларда улар шон қучиб
Кўтаришган бошига сизни.

Мен эсам, мен сўзларни бошга
Кўтараман... Ўзгадир мақсад
Шундан, балки, йўриғим бошқа,
Шундан, балки, мағлубман аксар.

1988
 

* * *

Баҳор ҳеч нарсани эсдан чиқармас.
Ҳар сафар гул қўяр
ҳар бир қабр пойига.

1988


* * *

Сенда айб йўқ, биламан,
кетмоқчи эмасдинг қошимдан.
Сени авраб олиб кетди йўл,
лаганбардор йўл.

1988


* * *

Сиз уни кўкларга кўтарманг бунча,
нима ҳам қиласиз гуноҳга ботиб.
Сабри чидамайин учгунча,
Исташиб парвозни,
учаман, до-од, деб
Заминга қайтолмай юрганлар озми?

1985


* * *

Йиллар ўтди.
Шоир айтмоқчи,
Муҳаббатнинг сочи оқарди.
Кўнгил куйиб бўлди,
инчунун,
ўзгачадир мазмуни дарднинг.

Энди, ҳатто, ҳеч қачон, ҳеч гап
бўлмагандай ўртада худди
нафақахўр муҳаббат ҳақда
сўзлаш мумкин бемалол, жиддий.

1988


КУЗГИ ШЕЪР

Турналар қўшиғи — энг маъюс қўшиқ.
Ундан-да, мунглироқ куйлаши мумкин.
фақат шоирлар.

Хазонлар шитири — энг сўнгги товуш.
Навбат — шоирларга!

«Энг... энг» имконнинг чегарасидир,
уни фақат шоирлар бузар.

1988


* * *

Кечирмади мени изтироб,
Мен ўтмадим унинг бошидан.
Денгиз каби жимирлаб шароб —
Муҳаббатнинг тахир ёшидан.

Ичганларнинг бари гуноҳкор.
Бўғзимни куйдирган бир осим
Жонни тўзиб боради — абгор.

Юрак чайқалади ложарам —
Тўфонларда қолган бир қайиқ.
Осмон — зангор, замон — ложувард...

Ичолмадим мен уни — осий,
Лимиллайди ҳасрат бодаси,
Ҳисларимни оламан чайиб,
Муҳаббатим — кўр саодатим.

1996


КУЗДА

Сариқлик — тош ранги,
Ялмоғиз тошнинг.

Оғирлаша бошлар япроқлар —
тош рангига ишқибоз улар,
тошларнинг ёнига тушгиси келар.

Ўғлининг, шаҳарга кетаман, деган
хархашасин тинглаётган онадай
безиллаб турибди дарахт.

Ваҳоланки, ҳар қандайин тош,
ҳатто, кўнгил учун ҳам
япроқлар ўрнида осилиб
турмас ҳеч қачон.

1993


ШАККОК ТОШ

Сиртига сув юқтирмаган тош,
Сен шаккоксан.

Гапнинг рости-да.
Неча йилки, қуруқ ётибсан
Оқаётган кўзёш остида.

1986


КУРГАЗМАХОНАДА

Биз деворга, ром остига
ўтган кунларни осиб қўямиз.
(ром очиб чиқади бизни).

Сўнг осиғлик ўтган кунларни
томоша қилишни яхши кўрамиз.

Томошага кетган вақт эса
кўчага ҳайдалар.

Боиси:
ҳеч қачон томошабиндан
чиқмас қаҳрамон.

1985


* * *

Муҳаббатнинг кўйлаги оқдир,
уни ҳар тун тушларимда киясан.

Ўнгимда эса
тошнинг оқлигига қараб йиғлайман.

1989


* * *

Осмон ҳам аҳён-аҳён
тошиб турар қирғоқларидан.
Унга ҳам чўкиб кетиш
хавфи бор
шоирларнинг пешонасида.

1985


ТАДБИРКОР ОДАМ

1

Энди мен бошқатдан бошлаймаи
Барини, барини, барини.
Кўзларимдан юлиб ташлайман
Ўсиб кетган нигоҳларимни.

Ўзгартаман дунёқарашни,
Ташаббуслар билан чиқаман:
Оқизмайман беҳуда ёшни,
Кўзларимга пахта экаман.

Ҳар йил уч юз олтмиш беш карра
Ҳосил олиш мумкиндир кўздан,
Ўз ҳолича ўсар у зарра
Заҳмат талаб этмайди биздан...

2

Муҳими шу: оғзим тикилган
Сўрамаслик учун сиздан қарз.
Кўзларимга пахта экилган —
Шундай гўзал бизнинг ҳаёт тарз.

Муҳими шу: қарзларга ботиб,
Юрмам емакка нон ахтариб.
Тирикчилик қиламан сотиб,
Кўзларимдан чиққан пахтанн..

1989


КЎЧА ҲАҚИДА ЭРТАК

(болаларга)

Ким кўчани туғиб кўчага
ташлаб кетган?
Увол.
Йўргаклаган, вазнин ўлчаган
Тарози юлдузи, эҳтимол.

Киндигини кесган момо-чи
Оймикин?
Отаси ким унинг,
омочми,
ё қиличми,
боймикин?..

Шўрлик тентиб юрди ити каби
бир туюр нон ахтариб.
Ютгани ғам,
тортгани — жабр,
сағир ва ғариб.

Болалар уйига
олмади уни
қовоқлари уюлган
булут.
кўкрагидан сут бермади ёз
ҳарсиллаб.
Унга боқмай кузлар ўтди бозорга
мошинларда лорсиллаб.

Йўқчиликни кўтармаган
еллар уни қилди тарбия...
Бир кун мактаб кўрмаган
Кўча савод чиқаришни қилди ният.

Ўқишни ўрганди трамвайдаги
зълонларни ҳижжалаб.
Ойлар ўтди, февраль... май, тағин
зулқаъдалар, зулҳижжалар...

Бундан хабар топган ижроқўм
ишга олди Кўчани — пуллик.
Маош тайинлади: фалон сўм.
Қуллуқ!..

Кўча хурсанд, қўлига
маош тегиб мезонда,
сотиб олди пулига
йўл-йўл кўйлак дўкондан.

Энди кашал бўлмас боғча холалар,
муаллимлар бўлмас алағда;
мактабига ўтар болалар
кўйлак кийган Кўчадан шахдам...

Шу-шу Кўча ошаб ошини,
ётар экан керилиб.
Чўнтак тўла маоши,
тургани ҳам эриниб.

Ёмғирда ювар экан
кўйлагини яшинлар.
Дазмоллаб берар экан
шимларини мошинлар...

1991


* * *

Офтоб нури сочала — танга,
Гулим, суманбарим, қайдасан?
Капалак қанотлари — гўшанга,
Ўртада муҳаббат — бир қасам.

Кўйлаклар тикади нилуфар,
Гулларни куйдириб киярсан.
Ёсуманлар сепади ифор,
Ортингдан чечаклар иярар.

Камалак — эгнимда беқасам,
Белбоғимни тугар куртаклар,
Сандувочлар берар уй ясаб.

Сўфитўрғай қияди никоҳ,
Давом этар кўҳна эртаклар,
Мажнун бўлган шу толлар гувоҳ.

1996, май


ХАВОТИР

1. Вақт саҳроси.
Кетиб бораётган тоғлар карвони.

2. Бурнидан ип ўтказилган
тоғлар карвони.
Ортига ўгирилиб қаролмайдиган
тоғлар карвони.

3. Тошларни келажакка
ташиб кетмоқда тоғлар.

1989


БАҲОРГИ ҲИЖРОН

Бойқуш, боқма, кўзларингни юм,
Биласан, йўқ хароба деган.
Демак, энди, демакки бугун
Сабаб йўқ сен қувонадиган.
(Юрагимни оламан қўлга...)

Ҳароба деб мени қистама.
Бу куз эмас, бир парда паст туш.
Бу баҳордир, атроф гул, чаман,
Кетгин бевақт ташриф қилган қуш.
(Яшираман ортимга уни.)

1984


МАНЗАРА

Баҳор-да.
Тошни кўкаргиси келади, ҳатто,
яшил байроқ кўтартиргиси
келар унинг минорага ҳам.

Баҳор-да.
Қаҳри келса, қаҳри кўп ёмон.
Кўкармаган не бўлса,
унинг нафратига бўлгуси дучор.

Булутли кун.
Кўкармаган минорани у
осди булутга,
олиб қўйди остидан ерни.
Булутга осилиб турар минора.

1984


* * *

Юрак узлатнишин Яссавий каби
ёлғончи дунёни кечириб яшар.

Юрак —
Усмон Носирга
ҳаётлигида
берилган яккаю ёлғиз мукофот.

Юрак қушдир.
Қафас билан бирга туғилган
қуш.
Патларини қонга ботириб,
шеърлар ёзар ОЗОДЛИК ҳақда.

1977


* * *

Шаънингиздан ўзга бир шаън йўқ —
Куйланмаган, мақталмаган шаън.
Лол этасиз бир сиз ҳаммани
Гулдайин пок шаънингиз билан.

Қўшиқ, ҳатто, шеър бўлса ҳамки,
Айтиб бўлмас, йўқ, шаънингизга.
Оқ кўйлакка теккан доғ каби
Ярашмайди мақтовлар сизга.

1986


* * *

Сен ўтмадинг, сендан дунёлар ўтди,
Гуррос-гуррос, қадамба-қадам.
Бу кузак, бу тупроқ хазонлар ютди,
Юрак — жудоликлар ўтказган маъдан.

Дунёлар тўпири кўксимни тутди.
Мудҳиш бир сукунат. Увушар бадан.
Сени кузатмадим, бунчалар кутдим,
Келмоғинг мушкулдир, кетмоқ — дафъатан.

Кўзларим тўлқини тобора саркаш,
Юрак чўкиб борар — улкан бир қайғу.
Ўнгимдан нофармон сароблар тарқар.

Қароқлардан силқийди жоним,
Тилда бир иштибоҳ, иста, истама
Ҳаёт — мусибатлар чекмоқ имкони.

1985—86


* * *

Бахтиёр бўлишим мумкин эмиш,
Шундай ёзилганмиш пешонамга.
Лекин мен
ўқиёлмадим
ўша ёзувни.

Кўзгуга қарадим.
Пешонамга ёзилганлари
тескари кўринар эди кўзгудан.

1988


ЁЗИҚ

(Овоз чиқариб ўқимаслик шарти билан)

Гулнинг косасига қуйиб ичар Вақт
мени — лиммо-лим.
Жоним қурбақага айланади:
ВАҚҚ!

Ким?
Девмикин, жонимни қирқ фариштага
нимталаб нонушта ҳозирлаётган.
«Карнай бўлсин иштаҳа».
Ой эса ботган.

Ботқоқларга ботнб қолган Ойнинг оёғи,
қаталайди нилуфар.
Юлдузлардан шуълалар соғиб
Унга ичиради парилар — куффор...

Нилуфар кўйлагин бозорга солар,
Тангасин санайди сув парилари.
Бозорга айланар Солор,
Тун — ярим, ярим тун, тун — ярим...

Нилуфарнинг кўйлагини сотиб олгани
Ёсуманнинг нафақаси етмайди.
Қолган
гулларнинг матоҳи ўтмайди.

Ҳасаддан куйиб,
қорни оғриб қолган сабурлар
тувакда ўтириб чиқар тунбўйи.
Минг йилда бир гуллаган қуманжир —
жабрдийда..

Унинг тиконига бўлмас харидор
кирпи — Ван Гог (эссиз) —
Соч-соқоли пахмоқ чолдевор
қулоғин кесиб,

юборади кунгабоқарга.
Кунгабоқар боқмас қайрилиб.
Тонг—чолдевор оқарар.
Айрилиқ, айрилиқ, айрилиқ...

Вақт мени ичади, ичади,
боши гир айланар, айланар.
Бу кеча, бу кундуз кечади,
най-на-най... най-на-най... най-на-най...

Ҳаво ун тортади — худо бехабар! —
Сархуш Вақтнинг бошида.
Буғдойини тортиб олар.
Табарий
тарих битар ғорнинг тошига.

Тарих — гуноҳлар — турнақатор.
ёзиққа термулар кўр (савод) сичқон.
Девнинг ҳарамидан қочган қурбақа ҳам
ғорга келиб бнтикларни ҳижжалар, не тонг!

Тўзғиб кетар асрлар —
қасирға.

Ғор кетади ўрнидан туриб —
қудуқ.
Қулоғига симоб сингари
эриб,
қурбақа дудуқ —
ланиб, ўқиётган тарих сингади.
қуррр,
ҚУРРР.
қуррр...

...Дедал учиб боради,
дедалуслар термулар.
Икар учиб боради,
«икарус»лар ўрмалар.

Паровозлар бари
пишқирар тутаб.
Ғилдиракларин
ҳиқичоқ тутар,
и-и-к-карр,
и-и-к-карр...

Қарғалар
қарғанар:
каррр-и-икаррр,
каррр-и-икаррр...

Ҳамманинг кўзи осмонда,
Осмонга тикилар йилқилар...

Нега учмас зарғалдоқ,
нега қарға қарғанар?
Қайда қолди Марғилон,
Қаёнларда Фарғона?

Икаррр.
Халойиқ

осмонга кўз тикар.
Малоик

Кўринмас. Икардан бошқа
учаётган бир кимарса йўқ.
Бургут қани? Қашқал —
доққа тегдимикин ўқ?..

Халойиқ лол боқади
қўл узолмай ёқадан.

Қанотлари қирқилган
сандувочлар чирқиллар.

уялари кетмоқда ёниб,
сув таший олмас.

Қизилиштон иштонин
бўяб олган яшилга...

Қарғалар
қарғанар:
карр-и-каррр,
қарр-и-каррр.

Сулаймон насиба истаб келади
раззоқ қарғаларнинг ортидан.
Лекин элаги
қарғишларга тўлар ёрти кам:
Қарр-и-каррр,
қарр-и-каррр.

Девор — кар,
эшитмас.
қудуқ — ғор,
бешикмас.

Бу ерда моялар
етмас вояга.

Шу ерда узилар ривоят,
ривоятлар этади давом.
Ёзиқлар — гоҳ сура, гоҳ оят,
қулоқ тутар кўрсичқон — авом.

Кунгабоқар қулоқни тунда
ғор — қудуққа ташлаб юборар.
Қамиш униб чиқади ундан,
ё раб...

Бозингар ютган қилич сингари
қудуқнинг бўғзига қамиш қадалар.
Чўпон йўқ най ясаб олгани,
қишлоққа қайтмади ҳали подалар.

Ҳотамни синагани
Аржуна
шаҳид бўлган Синадан
қуруқ қайтар ўтинчи чол
бол —
таси хуржунида.

Саройда ўтин йўқ, Каъбада — санам,
бутларни синдирган Иброҳим — осий.
Осий бўлсанг, мабодо, сен ҳам,
Ҳақ ўзи ёрлақасин.

Намруд
амри:
«Ўтда куйдирилсин осий Иброҳим!»
Қудуқдаги қамишни
ўриб келар роҳиблар.

Қурбақа Билғамишни
уйғотади — уйғонмас сира.

Ўзи сув келтирар Намруд ўтига.
Ўт гурламас, гуркирар
Хадича момонинг ковак тутидай.

Қамишлар гул бўлар, бақо гуллари
(қурбақа — Афлотун),
илон ташиб кетар уларни,
Билғамиш — ғафлатда.

Худолар ғафлатда қарийди.
Илон пўст ташлар —
ёшараётган орийни
ташна
қилар осиёий қон,
алъамон!

Фиръавннинг тобутидан ўрмалаб чиққан илон
қуёшнинг белига чирмашар.
Пуштини сўради,
лак ва лак ўғлон
белларидан сидрилиб тушар.

Гўрлар қисир — Ватан хароба —
тупроқ тортар ўйиқ кўзига.
Тортилмайди ароба.
Илон пуштни суртар юзига.

Парига айланар, у бир парирўй,
шоҳнинг ишқи тушгудай.
Эртан тўй бўлади, базми Жамшид тўй,
хоҳлама, худой.

Худо хоҳлар, келади қирон.
Қалдирғочлар сотилиб кетар.
Ариларнинг тиллари бийрон,
тар —
танакнинг оёғи фалаж —
улов.
Сибирларда қолиб кетар, ё фалак —
юракдаги маъжусий олов.

Оловга исинар набийлар қабиласи,
валилар,
ҳодийлар,
солиҳлар...
олтин қазиб чарчаган —
зулфиқори белкурак Али,
шамшири чўкич Темир,
дошқозони аравагалтак Яссавий.

Искандарлар тулпор — тобутин
миниб ер остига кирар,
совути
совийди тупроқ ўрнига,
кўз ўрнига ўйилар чиғаноқлар,
бош чаноғи
оёқ бўлар мустабиднинг қўлида.
Ўт?
Оёқ тўла қонга ботар унинг мур— лари ол
ид

Заҳҳоклар улийди.
мияхўр шоқол.

Шоҳона тобутдан ташқари
чиқазилган жаҳонгир қўли,
ибрат эмас, туюлар менга
унинг сўнгги найранги бўлиб.

Садақага чўзилган қўлни,
Воажабким, соддадил авом,
ўтса ҳамки минг йиллар, бизга
ибрат қилиб кўрсатар ҳамон.

Манқалда хотира пиширар Зардушт,
боласининг миясин чақиб...
набийлар — фарзандкуш, уммат — падаркуш»
хотира очлиги қилади таъқиб.

Урён Одам Атонинг
занжир ўтказилган бурнидан
лазаат симиради аъёнлар, чаёнлар

Илон кийиб кетган унинг пўстинин,
анжир тортиб олган авратпўшини.
Пиймасини ўзи берган қуёш — дўстига.
захга бериб ётар тўшини.

Бор бисоти таланган
Одам Ато — қаландар.

Гина эмас, соғинч бор
унинг ашуласида.
Мутойиба, ўкинч бор

Йиғлагинг келадир, гоҳо куласинг:
«Вақтнинг боши — ёрғучоқ,
Вақтнинг боши тегирмон.
Ўтин тердим бир қучоқ,
Ҳаво, ёпиб бергин нон.

Таҳрир қилиб бўлмас соҳинчни,
кўчириб ҳам бўлмайди оққа.
У — варағи йиртилган китоб,
У ҳамяша муҳаббат ҳақда,

Соғинч бахтмас кўникмоқ учун,
сабр ҳаммас, зар бўлса таги.
Соғинч асли видодан сўнгги
кутмаётган одам сингари.

Нон қил, десам куюк қилар,
Ош қил, десам суюқ қилар.
Айтсам гапнинг ростини,
куйдим хотиннинг дастидан...»

Ҳаво ун тортади...

1991—1998


УЧ БИТИК

1

Дарахтланар узлатгир боғлар,
Адирларда яшил издиҳом.
Юракларда ишқланар доғлар,
Мусибатлар арир — куз деган...

Майсаларнинг қиёқ тилида.
Тошлар эрир новвот мисоли
Михларни суғурар қўлидан.
Масиҳ баҳор шаҳид Исонинг.

Қўзигуллар қуёшни эмар,
Илон каби изғир печаклар.
Ялангоёқ турар — бой эмас —
Пулларига куйган чечаклар.

2

Борлиқ — матал, йўқлик ҳам — матал:
Гиёҳлар, — эрк — тўшалган гилам.
Гуллаб ётар шу мўъжаз Ватан
Қўллардаги кишани билан.

Етказса-да шоҳга жарчилар
Ўйламасдан айтган ҳар сўзни,
Бегонадир тасарруф гарчи,
Бахтиёр сезасан ўзингни.

Бахт — муҳаққақ, қайғу — омонат,
Муҳаббатинг, гарчандки, осий.
«Фажр» ўрнига гарчи тумонат
Қалдирғочлар ўқийди «Ёсин»...

3

Хиёнатни билмайди баҳор.
Чилвир сочли қиз каби маъсум.
Бунда мавжуд ҳар битта оҳанг.
Айрилиқлар янглиғ муттасил.

Баҳорники эмас айрилиқ,
Баҳорники эмас бу видо.
У ғамингга боқмас қайрилиб,
У бахтингдан қилмагай жудо.
Ҳеч ким билан иши йўқ унинг,
Ўз ҳолича гуллаб ётади.
Сен баҳорга тош отган кунинг
Дарахтлари куртак отади...

Унинг сенга хизмати холис,
Тушларингни Ойга ичирар.
Бахтга қарши, ўнг келиб қолса,
Ижобати учун кечирар.

Хиёнатни билмайди баҳор...

1991 йил, 5 май


ИМКОНИЯТ

Имконият — дастёрим менинг,
югурдагим — имконият.

Ҳар куни кўзимни очишим билан
ўсиб кетган умидларимни
қиртишлаб қўяр.

Армонларни суғорар ҳар кун.

Дон сепади ҳижрон қушига.

Лекин ҳар замон
ақл ўргатади у аблаҳ менга:
— Ойни этак билан ёпиб бўлмайди,—
дейди масалан.

Менинг жоним чиқар.
Шунда у лаънатига
ёдлатаман шиорларни,
токи у ўргансин ушбу замонда
яшашнинг маъниси маколдан эмас,
шиордан иборат эканлигини.

Ойни этак билан ёпишни бизга
мақол эмас, шиор ўргатар.

Демак, мақол эмас, шиор кенгайтар
Имконият имкониятин.

1985


БАХШИНИНГ СЕВГИСИ

(XIX аср)

Сангижумон элида Раҳимбойнинг Махфират исмли бир ҳурлиқо қизи бор эди. Кўнгилнинг кўзи кўр эканки, мўйлаблари эндигина сабза уриб келаётган Собир бахши ўзидан 2—3 ёш катта шу ҳурлиқони суйиб қолибди. Лекин у бой-бадавлат хонадоннинг қизи эмасми, шу ялангоёқ мени ўзига тенг кўрдими, шу ҳали она сути оғзидан кетмаган гўдак менга кўнгил қўйдими, деб гапни узиб юбормоқчи бўлибди.
Бахши зоти ўр бўлмайдими, барибир, ўз билганидан қолмабдн. Ҳурлиқонинг қўлини сўратишини қўймабди. Қиз ҳам, йўқ, дейишдан чарчамабди.
Кўнгил кўр бўлса-да нозик бўлади, ўр бўлса-да, нозик бўлади. Кўнгилнинг ёши, кўнгилнинг қариси бўлмайди.
Куйгани қўшиқ бўлибди, суйгани қўшиқ бўлибди бахши шўрликнинг.

Лаънат бўлсин, лаънат, менинг ёшима,
На кўргулик тушмиш эмди бошима,
Бу савдодан заҳар бўлган ошим-а,
Нечун ёшим сен қатори бўлмади?

Оқтов ёқдан от дупури келади,
Даралари гумбурларга тўлади,
Паризод, бу сенинг совчинг бўлади,
Нечун ёшим сен қатори бўлмади?

Ёшим дарёсига чўкиб бораман,
Дардимни сен эмас, тошга ёраман,
Энди бир вужудмас, минг бир пораман,
Нечун ёшим сен қатори бўлмади?

Кўнглимдай совийди тунлар тупроғи,
Қўксимга ботади Ойнинг ўроғи,
Қошингдай қародир зулмат сўроғи,
Нечун ёшим сен қатори бўлмади?

Ғаним йўқ, юрак — ишқ қалъаси вайрон,
Сўроқдай эгилдим, эгилдим ёмон,
Энди мен сўроқман. Жавоб йўқ замон,
Нечун ёшим сен қатори бўлмади?

Сен кетарсан ўзгаларга ёр бўлиб,
Мен қоларман бунда зору зор бўлиб,
Бир дунёмас, икки дунё тор бўлиб,
Нечун ёшим сен қатори бўлмади?

Тақдирлари қўшилмаган экан, қизни тўю томошалар билан ўзга юртга келнн қилиб олиб кетишибди.
Собир бахши куйиб-куйкб, куйлаб-куйлаб қолаверибди.
Кунлар ўтибди, онлар ўтибди, йиллар ўтибди, лекин қайтиб бошқпга кўнгнл қўёлмабди.
Бахши-да, қартайнб қолганига қарамай, давраларнинг гули, йиғинларпинг булбули бўлиб юраверибди. Бир куни ундан ёлғизлиги саоабнни сўрсалар, кўнглига қўл солиб кўрсалар, дўмбирасини тиринглатиб, йиғин аҳлига қаратиб, бир сўз деб турган экан, яъни будир:

Юрак экан, юраклигин қилди-да,
Нотенгига кўнгил қўяр бўлди-да,
Омад экан, ўзгаларга кулди-да,
Мен куйганим етар икки жаҳона.

Болаларим, мендай ҳеч зот куймасин,
Нотенгига асло кўнгил қўймасин,
Муҳаббатнинг насибасин қиймасин,
Мен куйганим етар икки жаҳона.

Не алпларни ишқ тахтига ўтқаздим,
Куйлай-куйлай муродига етказдим,
ўзим бўлса, умримни тоқ ўтказдим,
Мен куйганим етар икки жаҳона.

Тенг тенгини топса, қандай яхшидир,
ёр вафоли бўлса, асли бахт шудир,
Сизлар куйманг, куйган Собир бахшидир,
Мен куйганим етар икки жаҳона.

Иттифоқо, шу йиғинда Махфират момо ҳам бор экан. У бахшини танибди. Овозидан-да. Шу кеча у ўтмишни эслабми, бахшининг ўзисиз кечган ёлғизлигига раҳми келибми, ишқилиб, тунбўйи йиғлаб чиқибди.
Биз бахши эмасмизки, уларни муродига етказсак...

1984


ОРЗУ ВА ҒОЯ

1

Орзу ғоя эмас.
Бизнинг измимизга бўйинсунмас у.

2

Ғоя — давлат қарамоғида
ўсган етим бола.
унинг ота-онаси
урушда ўлиб кетган.

Ўша йиллари
кийимлик матоҳ тақчиллигидан
болалар уйида алвон байроқни
унга кўйлак қилиб тикиб беришган.

Шундан бери ечмайди у
ўша кўйлакни.

3

Бизда ишсизлик
маън этилганига қарамасдан, у
ҳеч қаерда ишламас.
Тиланчилик қилиб кун кўрар
бозорларда.

4

Дарвоқе, орзу.
Орзу милтиқ эмас,
шеърнинг интиҳосида
отилмайди у.

У қушдир, холос,
таққосларга ярайди фақат.
Қушни отиш мумкин,
лекин қуш билан.
ҳатто ғояни ҳам бўлмайди отиб.

1988


* * *

Эримас унинг ҳам бошидаги қор.

Елкасига тирмашар
невараси альпинист каби.

Бутун бошли хонадон
турар унга суяниб...

1990


* * *

Қорни бирор марта тўймаган шу йўқ
зарбоф тўн ҳақида ўйларми сира?
Ва ҳечса мингямоқ жандасини у
тескари киймоқни ўйлаб кўрарми?

1989


БЕЖАВОБ ДУНЕ

Кўзларим сўйлашни ўрганди,
энди зарурмикин менга бу тилим?

* * *

Ўз-ўзига маҳлиё одам
кўзгу денгизига ўлганда чўкиб,
собиқ ҳусни йиғларми
унинг жанозасида?

* * *

Тушларимдан чиқарми мен севган аёл?

* * *

Йиғи, сени қандоқ кулдирай?

* * *

Нега байроқдай ҳилпирар
бўм-бўш енги собиқ жангчининг?

1981


ТАҚРИЗ

Қўлларида китоб тутиб
ухлаётган одамни кўриб
менинг ҳавасим келар
бекор кетмаётган вақтига унинг.

1986


ОЙ ҲАҚИДА РИВОЯТ

Бир вақтлар у қуш эди —
Ҳумо.
Бошлар ҳам бор эди у қўнадиган,
Бўйин ҳам бор эди — қилғулик тумор.

Бир кун уни тутиб олдилар,
бошчасини узмадилар, йўқ,
кесмадилар у қўнган бошни,
хонумонин бузмадилар, йўқ.

Солмадилар, ҳатто, қафасга,
ундан тухум сўрамадилар.
Тортмадилар гўштини сўйиб
Султон учун тамаддига.

Уни тутиб оёқларидан
патларини чархга тутдилар.
Қушнинг танасидап тирқираб
қонлар оқишини кутдилар.

Қон оқмади. Пўлат патларни
чарх кукундай тўкиб ташлади.
Чархланган ҳумо
Ойболтадай ярақлай бошлади...

1990


* * *

Бизлар узоқ чекиндик олға,
Енгавердик... мағлуб бўлгани.
Енгиб бўлдик, мағлубмиз энди,
Гулиқаҳқаҳ йўқдир кулгани.

Пахта эса, пахта кулмайди,
Маймун эмас йиғлагани у.
Хушомадлар келмас қўлидан,
У — шоҳаншоҳ, бадқовоқ мангу.

Тишларини вақт қоқиб олган
Бадсиёқ бир мўйсафиддир шоҳ.
Ўз-ўзидан аёнки, демак,
Тишникимас, кўзники бу оқ.

Ҳеч вақо йўқ пайкалдан бўлак,
Куздан бўлак ҳеч нимарса, оҳ!
Пахта эса ютқизиқ учун
Далаларга тикилган байроқ.

Бош ўрнига қўл берди бизга
Ватан манфаати учун худой.
Қўнди ҳайкалларнинг бошига.
Бошимизни топмаган ҳумой...

1986


* * *

Бу шеър
тутиб келтирилган айғоқчи каби
отини яширар.

От — унинг ватани.
У Ватанни сотмайди.

1991


АБДУЛЛА ҚАҲҲОР

Ёлғизликни кияман.
Ёлғизлик — урфим менинг.

Бироқ уни мен
кўзларни куйдирмоқ учун киймадим.

Ёлғонлар ялтираб турганда,
айниқса,
хушомадлар кийганда ипак,
ёлғизлик — Ҳақиқатнинг
ночор кийган одми кўйлаги.

1988


ИЛОНГА ҚАСИДА

Илон —
дунёдаги энг кичик,
узунлиги бир қулоч дарё
Таассуфки, ҳеч ким шуни
Гиннес китобига рақам этмаган.

Оқиб кетаётган илон илон узунлигини
ўзи билан олиб кетар ҳамиша,
йиғиштириб кетар ўзини,
беҳуда чўлларга қараб оқмайди.

«Сиёсий иқтисод» дан
бирор соат сабоқ олмай туриб ҳам
иқтисодни билади илон.
«Минводхоз»га сувидан бермас.

Ифлослантирмайди сувини,
лекин унда чўмилиш хавфли.
Илон ўзанини ўзи белгилар...

Илон — қарлуғоч тилинда
ёзилган бир мисра шеър.
Мен уни ўқий олмадим.

1988


* * *

Эрк фуқаро эмасдир бизда,
Рўйхатларда унинг исми йўқ.
Эъзоз-икром билан кўмгани
У марҳуммас, жасад-жисми йўқ.

Ҳаёт десак, йўқдир қўлида
Фуқаролик гувоҳномаси.
Ҳеч кимарса кўрмаган уни,
На раият, на раҳнамоси.

Қарғагандай бир замон руҳни
Лаънатлайди уни мафкура.
Сургун қилар хориж элларга,
Ҳатто, халқнинг «ҳукмига кўра».

Моддиюнмиз, мавҳум нарсани
Кўтармаймиз кўкларга — уят.
Эркни эмас, фуқаросини
Қадрлайди бу жумҳурият.

1986


ОНА СОҒИНЧИ

Кўзлари тўрт бўлган онам ёнидан
Томларга югуриб чиқар қизғалдоқ
Менга йўл қарайди уйнинг томидан.
Тўрт қиблага туташ йўл. Бари алдоқ.

Шамоллар юлқийди кўйлакларини,
У томдан тушолмас менга йўл қараб.
Онамнинг сочида соғинч қарийди,
Ҳувиллаб ётади менсиз тўрт тараф.

Онам кўзларига қарай олмаган
Томонлар юзига деворни тутар.
Ариқлардан оқиб келган олмалар
Қизчамнинг қўлларин соғиниб кетар.

У ҳали билмайди, дунёда унинг
Қўлларин соғинган олма борлигин.
У ҳали билмайди, қишлоқда кунин
Бувиси йўлига интиқ, зорлигин.

Тош тушган сувдаги халқоблар каби
Қиблалар қизғалдоқ кўзидан қочар.
Сўфи бўлолмаган тўрғайлар — набий,
Менинг келмасимдан фол, ромлар очар

Шу фолни ёлғонлар қилмоқлик учун
Қишлоққа талпиниб яшайди кўнглим.
Мен бир кун қайтаман, келарман кўчиб.
Онамга қарашгин кизғалдоқ синглим.

1989


АХЛОҚНИНГ ПАЙДО БЎЛИШИ

Парвардигор қўлларига яширган
бир нарсани бандасига кўрсатди.

Бу эс эди,
таниди одам,

Ва бошини урмоқлик учун
девор тиклай бошлади.

1988


ДУНЁСИМА

1

Гуноҳлар кун-бакун ўсадир.
Буғдой ўғирлашдан бошланган гуноҳ
букун Хиросимадир.
Замин гувоҳ, замон гувоҳ...

Гуноҳлар ўсмоқда, ўсмоқда улар.
Оғирлашаётган Заминнинг вазни
энди бир ҳўкизга оғирлик қилар.
Ўсаётган гуноҳлар вазмин.

Гуноҳлар аёлни пахтага ҳайдар,
Гуноҳлар — пахтанинг тарозибони.
Аёлнинг вақти йўқ. Бизларда Ойдан
бўлак ҳеч ким рақс тушмас «Оразибон»га

Гуноҳлар ўсмоқда,
ўсмоқда улар.
Улар ҳам дев каби, аждарҳо каби
болаларни еб кун кўрар.
Келажак бурқситиб чекмоқда жабр...

2

Синдиринг минг йиллик таассубларни,
гуноҳларга ҳайкал қўйинг, одамлар,
улар асраб қолар кўпларни
фано сари сўнгги қадамдан.

Тошга айлантиринг гуноҳингизни,
тош гуноҳнинг кўзларин ўйинг,
иқтисод қилинг кўзни,
яхшиликка асраб қўйинг.

Келажакни кўрмасин
гуноҳлар токи,
токи улар омон юрмасии,
имкон топинг,
имкон топинг.

Дунёсима,
алҳазар,
Дунёсима!
Гуноҳларга ҳайкал қўйинг...
Эҳтимол, мен осийман,
аммо ҳаёт қалтис ўйин...
1987


XX АСР ОДАМИ

(А. Вознесенскийга назира)

Тўхтадим.
Кўланка йўлимни тўсар.
Наҳотки, бу ўзимнинг соям?
У лаҳзама-лаҳза ўсар,
Дам-бадам каттарар
тун каби ғоят...

Олд-зимистон. Юриб бўлмас.
Ҳайрона турдим,
Ортга қараб (муздай тер босди танимни),
Қувиб келаётган юракни кўрдим,
Юрак ўзимники эди.
Танидим...


* * *

Менинг вазифамга кирмайди шеърга
Тиқилинч шаҳарда уй топиб бермоқ.
Урҳо-ур, оломон тўпланган ерга
Кирмасман шеър учун мен қилич сермаб.

Агар халқ олдида, жамоат жойда
У шакл киймаса, менда не гуноҳ?
Тўғри, у оқ эмас, тушмаган ондан
Оёқларин узати-иб шундоқ.

Ҳозир замон бошқа, даврлар бошқа,
Ўзи учун ўлади етим.
Майли, бошларини урсин у тошга,
Йўқдир ундан тилим қисиқлик ерим.

Унинг бурчин ўтамасман, хулласи калом,
Мана, чўкса, дарё, учса, осмон.
Дорнинг оғочига бермасман салом,
Қўйинг, шеър ўрнига сиз мени османг...

Сўйлаганим — изҳор, баёнот эмас,
Гарчанд дилимдагин айларман баён.
Изҳор шеърларимга хиёнат эмас,
Гарчанд ёзиқларим худога аён.

1990


КУЗ ЁМҒИРИ

Булут билан ёмғир иккови ҳамкасаба айниқса кузда бироқ ёмғир тўкилмагандай хазонлар ҳам ёғмас ҳёч қачон таҳрирталаб ўхшашлик бор булут билан ёмғир ўртасида шу лаҳзада гужум соясида шеър ёзаётган шоир булут кўланкаси ва йўлбошчилигида йўлга чиққан пайғамбарга ўхшайди жуда лекин шоир кузги ёмғирга ўхшаб баргрезонга тақлид қилмайди ёмғир хазонларнинг ҳолини кўриб мунғайиб олади дафъатан сўнгра баҳордагидай шовуллаб эмас эзилиб-эзилиб ёғади шўрлик ким билади дейсиз балки у ҳам суяк сураётгандир яратилажак одам атонинг тупроғига ўттиз тўққиз йил ёққани эсига тушгандир эҳтимол унинг ёмғир шўрлик тушган кузнинг аробасига хазонлар қўшиғини айтмасдан иложи йўқ энди эзилиб шоир чиқмас куз ёмғиридан.


ТИНИШ БЕЛГИЛАРИ

Нуқта тиниш белгимас сиз ўйлаганча, шоир айтганидай ўлим ҳам эмас, у арқондир бир учидан кўркнаётган таранг тортилган арқон.
Ундов эса дор устида лангарсиз томоша кўрсатаётган дорбоз, у ўзига шу қадар ишонадики мувозанат сақламоқ учун қўлларин ёзмоқнн эп кўрмас ҳатто.
Сўроқ белгиси дордан пастга қараётган дорбоз.
Кўпнуқта ҳар куни кийимини алмаштириб киядиган олифта шоирнинг хотини кирларини қуритмоқ учун ёйган учта дор.
Тире — бу тахта бу тахтадан кўнгил қушига уя ясаб бериш мумкин.
Иккинуқта қоралама дафтар чизиғи, шеър ёзса бўлади баҳор ҳақда масалан бу чизиқларга.
Вергул тухумини ёриб чиқаётган жўжа.
Қўштирноқ буюклар қамалган турма. Деди соқчилари уларга эрк бермас гўё ҳали сиёсий маҳбуснинг қамоқ муддати тугамагандай.
Қавс янги чиққан ой. Ёнбошига қайрилиб юлдузларга қараётган ой.
Ва ниҳоят нуқтали вергул. Унинг қиёси йўқдир, йўқсил каби фақат вазифаси бор.


БАЙРОҚ

Кузатаётган аёлнинг қўлидаги рўмол байроқдир висол билан ҳижроннинг чегарасига тикилган байроқ садоқат байроғи лекин висол билан ҳижрон чегарасини бузмоқ учун бу байроқни йиқиш шарт эмас ҳижронзада аёл рўмолини ўпиб йиғлайди юзлар байроқдир илк марта севилган қизнинг юзлари байроқ каби олланар ғолиб муҳаббатнинг байроғи мағлуб муҳаббатнинг байроғи кнмнинг қўлин ўпсанг ўша қўл байроқ одам ҳам байроқдир бошга кўтармоққа арзиса гар у одам нени  ўпса байроқдир ўша бошга кўтаргани демакки байроқ.


ТАРЖИМАЛАР

Пабло НЕРУДА

* * *

Ўсимлик, шароб ёки тошнинг оти — Матильда,
не туғилган, неки мавжуд — у барининг отидир.
Бу исмнинг шуъласидан тонглар ёришар ногоҳ,
бу исм парвозидан турунжлар ёлқинланар.

Бу исмда кемалар сузиб юрар бемалол,
йўл кўрсатар денгизнинг ложувард чироқлари.
Бу исмнинг ҳарфлари — сувнинг кумуш оқими,
қақраган юрагимнинг чанқоғини босади.

Мен чирмовуқ остидан излаган ушбу исм
гўёки Боғи Эрам, ё жаннатга элтгувчи
ер ости йўлагининг сеҳрли туйнугидир.

Қайноқ бўсаларингга кўмиб ташлагин мени,
жонимга қада, майли, тунги нигоҳларингни,
фақат исмингда юзиб, ухлашга изн бергин.


* * *

Севгим, бўсагача бўлган йўл узоқ,
сафарда йўлчини қийнар ёлғизлик.
Ёмғирда ивийди сарсон поездлар,
Талтарга энмади то ҳануз баҳор.

Лекин биз биргамиз, о муҳаббатим,
илдизлардан тортиб кийимларгача,
куз каби, сув каби ва сонлар каби
биргамиз бегона, айридан кўра.

Қанча қум, қанча тош, қанча шағални
дарё Бароага оқизиб кетди,
қанчалаб миллатлар, қанча поездлар

инсоният билан, чиннигул билан
зуваласи битта севишган, севган
ошиқ-маъшуқларни айириб қўйди.


* * *

Бинафшадай тикандан тож кийган золим севги,
эҳтирослар зўридан ҳурпайиб олган бута,
ғазаб оти яғринин яра қилган ғам тиғи
нечун, қай йўллар билан юрагимга йўл солдинг?

Менинг барги резонлар тизган, сўқмоқларимга
нечун ташлаб юбординг ҳасратларинг ўтини?
Ким у сенинг йўлингни менинг қошимга бурган,
ким у кулбам кўрсатган, гулми, тошми, тутунми?

Ваҳим тунни қўрқувлар босиб келар бегумон,
шафақ қадаҳларини майга тўлдиргани рост
ва рост кўкдан қуёшнинг жизғанак куйдиргани.

Севги эса, севгижон бўлди менга парвана
бағримни тилка қилди найзалари, тикони,
куйдиргижон оташи юрагимга йўл солди.


* * *

«Бирга кетайлик», — дедим, токи ҳеч ким сезмасин,
менинг ғуссали жуссам не дарддан тўлғонишин.
На қўшиқ, на чиннигул насиб этмади, дилда
ҳимоятсиз севгининг теран оғриқлари бор.

«Бирга кетайлик», — такрор сўйладим мен нолаваш,
лабларимда қонаган ойга парво қплмаслар.
Қон сатҳи кўтарилар, бирор кимнинг иши йўқ,
юлдузлар тиконини эсла майли, муҳаббат!

«Бирга кетайлик», — деса қўнғироқдан овозинг
майшиша очилгандай эрк сари тошиб чиқар
азоблар, муҳаббатлар, нафратлар — бари-бари

банди бўлган қоронғи ертўласидан шитоб,
оташнинг унут бўлган таъмини туяр лаблар,
тош ҳам қон ҳам ва гуллар ҳам мени куйдирди қайта.


* * *

Ур тошга тўқинар тўлқин зарбаси,
оламлар ёришар — потрар атиргул!—
Кўкимтир шўр томчи, ва ғўр узумга
дўнади денгизнинг дунёқараши.

Эриб гул бўлади магнолиялар,
фусункор дайдишлар, гуллаган ўлим,
фанодан бақога мангу қайтишлар,
туйилган тузларнинг эврилишлари.

Ҳимоят этгумиз сукутимизни,
муҳаббатим, денгиз қийрата бошлар
завқининг ҳайкал ва минорларини.

Эҳтимол, шунданми, нам ва қумлардан
иборат кўз илмас ҳужайраларда
қувғиндан асраймиз назокатни биз.


* * *

Ишқ судраб келадир ҳасрат тўрини
ва балиқлар сокин живирин.
Уларга боқмагин — ҳеч бир жароҳат
Бизни айрилиққа этолмас дучор.

Кўзларинг айблимас кўзёшлар учун,
қўлларинг санчмади бу ханжарни, йўқ,
оёғинг бу йўлни изламаганди
дилга аччиқ шароб қуйилар бу чоқ.

Сермавж муҳаббатнинг саркаш тўлқини
бизни ирғитдию харсанглар томон
бир хил ундан қорди зуваламизни.

Бир ғаму ғуссага этди гирифтор,
бир фалакдан нур сочди бизга,
хаста баҳор билан сийлади бизни.


* * *

Муҳаббатим, энди уйга қайтамиз.
Балки чирмовуқлар етгандир томга,
сенинг тўшагингга сен ётмай туриб,
ёзги чошгоҳ кириб ухлаб ётгандир.

Дунёни кездиляр дайди бўсалар:
Ҳаяжон — сершира асал томчиси,
Сарандиб ям-яшил кабутаргинам,
Янтсзи кун ва тун оралиғидир.

Денгиз шовқинини енгамиз энди,
қайтамиз бир жуфт кўр қушчалар каби
олис уясига баҳоримизнинг

Ахийри у ишқнинг ҳам парвози тугар:
тошлоқ қирғоқларга қайтди умримиз,
бизнинг ўпичлар ҳам уйга қайтдилар.


* * *

Чакалакзор, адашдим-у кесиб олдим бир шохни
унинг сокин шивирларин лабларимга тугдим мен;
бу, эҳтимол, йиғлоқи бир жаланинг шовуридир,
ёки синган қўнғироқнинг, ё яра дил ноласи.

Ногоҳонда йироқлардан бир нимарса чалинар,
теран-теран яширинган, тупроқ остида қолган,
намхуш ойлоқ шомлар аро, тўзғин хазонлар аро
унини куз аллақачон ўчирган бир сас-садо.

Чакалакзор уйқусидан лаблар тегиб уйғонган
Ёнғоқ шохи бўғриқиб, жим куйлаб юборар бехос
ва ул шохнинг дайди иси шууримга урилар,

гўё мени излаб келмиш унут бўлган илдизлар,
менинг олис болаликда йўқотган ҳур ватаним.
Ёнғоқ шохнн бўйларидан маст бўлиб тонг қотдим мен.

Qayd etilgan