Usmon Qo'chqor. Uyqudagi minora  ( 4764 marta o'qilgan) Chop etish

1 B


AbdulAziz  05 Fevral 2011, 15:42:56

Usmon Qo'chqor. Uyqudagi minora



Muallif: Usmon Qo'chqor
Hajmi: 670 Kb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish

Qayd etilgan


Ziyolee  14 Sentyabr 2011, 19:55:27

УСМОН ҚЎЧҚОРОВ

УЙҚУДАГИ МИНОРА


Шеърлар

Тошкент
Ўзбекистон ЛКСМ Марказий Комитети
«Ёш гвардия» нашриёти
1987

Ёш шоир Усмон Қўчқоровнинг халқлар дўстлиги, эл-юртга муҳаббат, инсон руҳининг нозик қирралари тасвирланган ушбу шеърлар мажмуаси сизга манзур бўлади деган умиддамиз, азиз китобхон.


Бу тўплампи устозим—муаллимим
Ҳ. Сафаровга багишлайман.
Муаллиф.

ТУПРОҚ

1

Бу юртнинг тоғлари, сангзорлари кўп,
Дарёю сойлари унданда кўпроқ.
Лекин барчасидан муқаддас, марғуб,
Табаррук саналгай бу юртда тупроқ.

2

Донишманд сингари вазмин, атайлаб
Тупроққа эгилган толларни кўрдим.
Кафтида чақалоқ каби авайлаб
Тупроқни ҳидлаган чолларии кўрдим.

— Етилибди, — дея шивирлаб шу чоқ
Пири деҳқон ерга чўкар экан тиз. —
Нафас ола бошлар қадимий тупроқ,
Уйғона бошлайди мииг йиллик илдиз.

3

Юртнинг қисматидан пушмон, надомат,
Беҳудуд андуҳлар чекиб кетган кўп.
Бисотида бўлса қанча ҳақорат,
Барин шу тупроққа тўкиб кетган кўп.

Ким учун бу юртнинг ганжи муҳимдир,
Ким учун бу юртнинг тупроғн хўброқ.
Кимдир саноч-саноч тиллолар, кимдир
Тупроқ олиб кетди, бир сиқим тупроқ.

Одам тирик экан — соғинч ўлмайди,
Ватанни қўмсасанг бир кун вақт ўтиб —
Тиллони кўзларга суртиб бўлмайди,
Йиғлаб бўлмайди-ку тиллони ўпиб...

4

Умр-ку чирпираб ўтгувчи қуюн,
Галма-гал ҳаммага навбат етишгай.
Марҳумни заминга қўйгандан кейин
Устига сиқимлаб тупроқ сепишгай.

— Яхши одам эди, — бу бир тасалло
Ҳар гал мени оғир ўйга толдирди.
Жисми аждодларга қўшилди, аммо
Авлодларига нима қолдирди?

5

Олис истиқболга ўйчан тикилган,
Неча бор адашган — зол эрур бу юрт.
Ҳар қандай некликни қибла деб билган,
Дуога қўл очган чол эрур бу юрт.

«Бу юртни авайла, руҳинг, болам ҳой,
Келажак олдида токи пок бўлсин.
Ким уни топтаса, бўлсин ҳокипой,
Ким бошга кўтарса — ҳокипок бўлсин».


* * *

Мовий дунёлардан бир насим келур,
Майин бу насимга ҳавасим келур.
Жисмим бунда менинг, руҳим ундадир —
Мовий дунёлардан нафасим келур.

Менинг хотиротим — заминдек қадим,
Ёшим баробардир Қуёш ёшига.
Лекин ҳеч бепарво қарай билмадим
Хилқатнинг ҳар битта гулу тошига.

Гуллар ўзлигини англадими, бас,
Тош ҳам тошлигига иқрорми бугун?..
Чап кўкракда санчиқ ҳамон босилмас,
Икки қош ўртаси тугундир, тугун.

Тошлар чатнай бошлар, гулларда титроқ,
Сегоҳ оҳангида эсади насим...
Ҳали бу дунёда яшайман узоқ,
Ҳали бу дунёдан қайтмас нафасим.


* * *

Осмон бургутники —
бургут наздида.
Ердаги ҳаётнинг унга дахли йўқ.
Урчисин, кўпайсин барханлар аро
сичқон, каламушлар, юмронқозиқлар.
Тумшуғини қайраб олгали,
Бош қийшайтиб ўйга толгали
фақат қоя омон бўлса, бас.
Қанотсиз кемирувчиларнинг
қанотли емирувчиси —
бургутга
ердаги ҳаётнинг мутлоқ дахли йўқ.


* * *

«Унутасан, вақт — малҳам», — дединг,
Ўн бир йилни кўксимга босдим.
Билмам, ҳақми ё ноҳақ эдинг,
Гоҳ йўлдан, гоҳ ақлдан оздим.

Дединг: «Фурсат — малҳам, ўксинма..
Йилларга мен очдим кенг қучоқ.
Мана, бугун менинг кўксимда —
Бир нишонга ўн битта пичоқ.

Ишқ муборак жунундирким, бас,
Дилни ғамнок, руҳни пок қилар...
Мени фурсат даволай олмас,
Мени бир кун ул ҳалок қилар.


* * *

Юз ўгирди сендан тўрт томон,
Тўрт томон ҳам сендан чекинди.
Қайғу йўқдир бундан ҳам ёмон,
Бу қайғуни ёлғиз чек энди.

Фақат ўзинг ёниб кетмасанг,
Фақат жиндай куйдирсанг жонни,
Тўрт томонни қолдирганча танг —
Топасан бешинчи томонни.


ХАЗАРДАН МУЖДАЛАР

Расул Ризо ва Нигор Рафибейли хотирасига.
Анорнинг «Сизсиз» хотира-қиссасини ўқиб

1

Қуёш ҳар галгидай чиқиб ботади,
Одамлар ўшадир, дунё ўшадир.
Ўртада узун бир фирқат ётади,
Бу фирқат дардимга дардлар қўшадир.

Севгини қалдирғоч каби елкада
Авайлаган турна бўлиб учдилар.
Ўртада бахт, севинч, ўртада кадар,
Совуқ иқлимларни тилиб учдилар.

Турна уча-уча охир толган кун,
Узун қанотларин йиғиб олган кун —
Дунё ҳаракатдан тамом тўхтаган,
Менинг кўзларимда қотиб қолган кун.

Ҳаёт, қанотларга тўзим бер, тўзим,
Ҳар баҳор, ҳар кузда фалакда кўзим.

2

Мени ўлдиради ҳар гал қаро тун,
Мени тирилтирар ҳар гал тонготар.
Бу ранглар дунёси шундоқ талотум,
Умрим ўртигида узаниб ётар.

Мен етим рангларни туйдим оламда,
Қичқирган рангларни ушлаб кўрдим мен.
Рангларга қўшилиб йиғладим ғамда,
Рангларга қўшилнб шодмон юрдим мен.

Тушундим, рангларга беланиб юриб,
Ранг олгин ё ўзинг бирон ранг қўшгил.
Тушундим, рангларни англамай туриб
Дунёни англамоқ мушкулдир, мушкул.

Расул ранглаб кетган дунёми бу ё —
Ё Расул англаган рангларми дунё?..

3

Расул борки, кўнглинг тўқ экан,
Кўрсанг кўнглинг тоғ бўлур, Нигор.
Дунёда жуфт тоқат йўқ экан,
Тоқатларинг тоқ бўлур, Нигор.

Чақирасан... столда очиқ
Шеърларини варақлар шамол.
Ёстиқ ҳўлдир, жиққа ҳўл сочиқ,
Йиқиласан тағин бемажол.

«Мен ярим умрман, қолгани — Расул,
Қани ул, қайдадир қолган ярими?
Бу қандай уғулту, шеър ўқирми ул,
Ё буюк Хазарнинг долғаларими?..»

Шамолнинг қаноти синмайди энди,
Денгиз гувиллашдан тинмайди энди.

4

Расул йўқ... Нигорга бир кун оқибат
Бизнинг Зулфиядан мактуб етади:
«Ўзингизни тутинг, ҳали шеърият
Сиздан куч ва мардлик талаб этади».

Бу на оддий таскин ва на ҳамдардлик,
Шоирам, бу талқин келмасин малол.
Сизга тиланган бу сабот ва мардлик —
Ўттиз етти йиллик таржимаи ҳол.

Одамлар ичида жиндай кам қирқ йил
Танҳо яшамоқнинг ўзи бўлмагай.
Кошки «сабот, мардлик» қолибон сабил,
Ҳамид ҳам ўлмагай, Расул ўлмагай...

Топиб йўқотганинг раҳматга тўлсин,
Йўқотиб топганинг шеърият бўлсин.

5

Ўлим барҳақ дерлар, ўлим-ку бу бор,
«Расулсиз дунёда яшагим йўқдир».
Ўлим тўшагида ётибди Нигор,
Йўқ, ёлғон, ўлимнинг тўшаги йўқдир.

«Мен ахир паймона, бир кун тўларман,
Ҳеч кимса эшитмас фарёдларимни».
Дейди: «Мен уйқуда турна бўларман»
Ва қоқиб қўяди қанотларини.

Фалакда жуфтини йўқотган замон
Тошларга ўзини отган оқ қушсан.
«Расула на ўлуб?» — қалбингда гумон,
Жуфтини йўқотган танҳо-тоқ қушсан.

Оқ қушим, фалакдан ўзингни отдинг.
Ўзингдан ўзга сен кимни йўқотдинг...

6

Мана, ташвишларда ўтмоқда дунё,
Расулсиз, Нигорсиз кун чиқиб ботар.
Янги уфқларга кетмоқда дунё,
Одамлар ажойиб туш кўриб ётар.

Нозимнинг рўёбга чиқиб матлаби,
Жонлана бошлайди туркий битиклар.
Расулнинг куйлаган ранглари каби
Камалаклар секин қаддини тиклар.

Самода чақмоқлар чақар қарсиллаб,
Шивала бошлайди абри найсонлар.
Шамоллар сочингни ўтади силаб,
Турналарга тўлиб кетар осмонлар.

Турналар қайтмоқда, баҳор, ҳей, баҳор,
Қайтиб келишмоқда Расул ва Нигор.

7

Эй, сен, саркаш шоир, тунда шеър ёзиб,
Кўзга ёш, бағрингга қон тўлган укам,
Гоҳо ортга қайтиб, гоҳ вақтдан ўзиб,
Етти олам сенда жам бўлган укам.

Неки муқаддаслик бордир очунда —
Шеърлар бағишлайсан масъул, бош эгиб
Талотумлар аро шул қаро тунда
Ногоҳ ланг очилиб кетар эшигинг.

Озурда жон укам, қувонгил, қувон,
Эшигинг очган на шамол, на елдир.
Бу бахт сенга насиб, шоир — навжувон,
Ҳонангга ё Расул, ё Нигор келди,

Шоир деганига шу бахт буюрсин,
Эшиги ҳар кеча очилиб турсин.

8

Кун бўйи не учун кўк кийди осмои,
Нечун ботар чоқда қуёш қорайди?
Уфқда қора қуёш — қорачиқсимон,
Шафақ—қип-қизил кўз — кимга қарайди?

Ҳамалнинг боши-ку, нега булут йўқ,
Расул бор ғуборни олиб кетдими?
Кўзимга оч ранглар кўринмоқда тўқ,
Рангларга Расул сир солиб кетдими?

Баҳор баробардир яхши-ёмонга,
Мана, турфа рангга бўянмоқда ул.
Эгилиб мен Расул кетган томонга —
Тупроққа қарайман — уйғонмоқда ул.

Қайта бошлангувчи ҳаёт андадир,
«Баҳор на нозанда, на нозандадир»*.
____________
* Нигор Рафибейли мисраси.

9

Ўзлигин топмоққа интилади шеър,
Ҳали шеърнинг ҳамду саноси кўпдир...
Йўл дея аталмиш шу сўзнинг, ахир,
Луғату ҳаётда маъноси кўпдир.

Сен қайғу чекарсан, алам чекарсан,
Кимлардир «йўлини қилиб» юрибди.
Ушбу йўлга сен-ку умринг тикарсан,
Кимлардир устингдан кулиб юрибди.

Йўлларни кўрдинг сен — ғурбатга тўлган,
Боши берк йўлларда юрганинг бордир.
Йўлидан қайтмасдан йўлларда ўлган,
Йўлдан қайтганларни кўрганинг бордир.

Нозимлар, Расуллар қўлласин сени,
Имонинг ҳақ йўлга йўлласин сени...


* * *

Мана, минг йилларки,
соҳилда ётган
Қақраган бу тошга сув теккани йўқ.
Қуёшнинг
оловли селида қотган,
Чеккани оҳи йўқ,
оҳ чеккани йўқ.
Тўлқинман,
денгизнинг қаъридан келган —
Шоҳона шамолни кўтариб бошга.
Тўлқинман,
соҳилга зарб-ла урилган —
Етмоқ бўлиб
қақраган тошга.
Етолмай, тойсам-да ҳолдан дафъатан,
Қолган масофани чамалаб,
санаб—
Соҳилга тирмашиб ётавераман
Тирноқларим қонаб,
тишларим қонаб.
Ортдаги тўлқиннинг шиддати бошқа,
Ул
менинг елкамдан гулдираб ўтсин.
Соҳилда минг йил сув тегмаган
тошга
Ортимдаги тўлқинлар етсин.


* * *

Муҳофиз киприклар кўзни асрайди,
Асрайди ғилтиллаб айланган ёшни.
Ҳозирча лабларни тишламоқ пайти,
Синамоқ пайтидир ҳозир бардошии.

Термулиб дунёнинг ҳар тўрт кунжидан
Қуёшни кутмоқлик — айни телбалик.
Кўзга ёш, бўғизга жон келгунча то
Келмадик,
ўзимизга қайтиб келмадик.

Домда — дил,
дилда — ғам,
ғамда — жон,
Қачон ишқимизни айтамиз ёлчиб.
Қачон киприкларни енгамиз, қачон
Йиғлаб юборамиз кўзларни очиб.


* * *

Тарихим, ҳой олис-олисим менинг,
Бнтигим, ҳой тили ғализим менииг.
Тикилган ўтовим Румдан Чингача,
Мешлардан тўкилган қимизим менинг,
Сенинг дардларингни қандоқ англайин?

Вайрон ёдномалар, аччиқ хотирлар,
Қўллари жиловда қолган шотирлар,
Узин илдизига болта кўтарган,
Узининг чодирин чопган ботирлар...
Кимлар кўтардийкин улар танглайин?

Гоҳ кўчиб, гоҳ қўниб ётган будунсан,
Ярми музда тўниб ётган будунсан,
Ярми ўтда ёниб ётган будунсан.
Кўрсат, ўшал ўтда ёнайин мен ҳам,
Ўшал музликларда мен ҳам тўнглайин.

Тошларда мангу тош қотган шуҳратим,
Қумларда кўмилиб ётган фикратим.
Отлар дупуридан ер билан яксон,
Турбатда зичлашиб ётган қудратим,
Керишиб уйғонгинг келар тонглайин.

Халқнинг мангуликка узанған қўли,
Тоғлари йиғлаган — шўр эрур кўли.
Не-не шўришлардан чиққансан омон,
Кимнинг қуёш сари тушаркан йўли —
Қуёш ўзи силар унииг манглайин.


* * *

Тарих — оғир карвон —
тинмай йўл босар,
Янгратиб туну кун қўнғироқларин...
Уйқуга кирмоқда манови шаҳар
Учириб энг сўнгги жинчироқларин.
Карвон тишда қолиб кетар беаёв.
Соқчилар зўрға кўз очиб пинакдан —
Бу келган дўстмикан
ё босқинчи ёв,
Дея тикилишар унга шинакдан.
Шаҳар қопқалари ёпилган маҳкам,
Карвон термулади
шаҳарга ичкин.
Лекин онҳазратнинг буйруғини ҳам
Ушбу салтанатда бузолмас ҳеч ким.
Шаҳар ухлаб ётар тонгга қадар то,
Ороми бузилмас ҳеч битта жоннинг.
Қўнғироқ саси ҳам тинмайди аммо, —
Кутишга вақти йўқ
карвоннинг.


ВАҲИМА

Ҳар гал Бухорони кезганда чандон
Ваҳмга тушаман тошларга боқиб.
Манови — минора, манови — зиндон...
Ва кимдир ортимдан қилади таъқиб.

Қайроқи майдондан кираман Аркка —
Ўрта асрлардан қолган асотир.
Бу тор ҳужраларда талпиниб эркка
Суяги чириган ботирлар ётур.

Аниқ эшитаман — бонгдай жаранглар
Кўксимда юракнинг ҳар бир зарбаси.
Деворлар ортидан кимдир аланглар,
Ортимдан илашган кимнинг шарпаси?..

Шаҳар — жангдан кейин тин олган ўрда,
Осор-атиқалар турибди мудраб.
Тентийман мен тору танг кўчаларда
Ожиз чумолидай лошимни судраб.

Қай қадим бинога боқмай — усталар,
Бунда қилишмоқда тарихни таъмир...
Ногоҳ қаҳқаҳ уриб уйғонар шаҳар,
— Уни ушланг! — дея амр этар амир.

Оёғим чалишиб қоча бошлайман,
Лекин шаҳар мени қўйиб юбормас.
Кўчага юзтубан ўзни ташлайман,
Шунда бошим узра гумбурлар бир сас:

«Умидим шулмиди, сендан, эй болам,
Минг бора тирилиб, минг бора ўлиб,
Сенинг кўзларингда кўрмай деб алам,
Ўтга кирганимда Муқанна бўлиб.

Умидим шулмиди, сокин ҳаётни,
Тинчгина ғалвирлар тўқишни ташлаб,
Торобий шаклида мен тумонотни
Эрк учун курашга борганда бошлаб.

Қоматинг ростлагин, бошингни кўтар,
Ғафлат уйқусидан руҳингни уйғот.
Қаддингни тикласанг минорга етар,
Юзтубан йиқилмак бизнинг руҳга ёт...»

Ҳар гал Бухорони кезганда чандон
Ваҳмга тушаман тошларга боқиб.
Манови — минора, манови — зиндои...
Ва руҳлар ортимдан қилади таъқиб.


ТАЛАБАЛАР ШАҲАРЧАСИ

Қайтиш

Ўттизга кирдингми, қирққа — фарқи йўқ,
Бу ерда сенинг кўп изларинг қолган.
«Алвидо!» демоққа тополмай ҳуқуқ,
Орқага термулиб кўзларинг қолган.
Сен мени англайсан, собиқ талаба,
Дардимни мен фақат сенга ёраман.
Фурсатнинг устидан қилиб ғалаба —
Йигирма ёшимга қайтиб бораман.
Ҳар гал келсам, юрак ёмон ёнадир,
Бунда ишқ ифори, ёшликнинг иси.
Бу — саксон бешинчи ётоқхонадир,
Бу — «Райҳон», униси — «Ёшлик» кафеси.
Манови йўлакда қолган изларим,
Кўмиб ташлай олмас кейинги авлод.
Бу излар...
ҳамшаҳар гўзал қизларим,
Манови тош эмас — мен чеккан фарёд.
Ўша лайлилару, ўша мажнунлар,
Ўша жабру жафо, ўша зор-озор.
Ўша — писта, қатиқ сотган хотинлар,
Фақат кенгайибди бу ерда бозор.
Ўша гўзал қизни судраб кинога,
Такси тўхтатолмас дилхуфтон йигит.
Санъат саройидай олис бинога
Етиб бўлармикин? Ўн беш...
ўн минут...
Ҳой, умрим, нафасни ростлайин мен ҳам,
Қўл силтаб турмушга ва...
барчасига.
Сенинг сафларингга қўшилдим, укам,
Қайтдим талабалар шаҳарчасига.

Эрталаб

Ярим соат қолди тўққизга,
Апил-тапил ичиш керак чой.
Қаранг човгум кўтарган қизга,
Қайтди газдан топа олмай жой.
—Ҳой, тун бўйи санқиган дайди,
Тур, кечикдик, соатга қара!
Мўмин кўзин очмай сўрайди:
— Ким киради биринчи пара?
— Сиёсий иқтисод! Ҳой ғўра,
Ўзи недан кўнглинг тўқ сенинг?
— Кўнгил-ку тўқ эмас, қўй, жўра,
Иқтисоддан мазам йўқ менинг...
Домла бир-бир йўқлама қилар,
Ҳар исмга узоқ тўхтайди.
Дарсхонада пашша урмас пар,
Энг тинч пайт шу — йўқлама пайти.
Ҳатто орқа қатор ҳам тинган,
Боқар оғир қошу қабоққа.
— Асроров?..
— Мўминнинг оёғи синган,
Шўрлик келолмади сабоққа...

Танаффус

Кимдир келса, ким кетиб қолган,
Коридорда янграр аския.
Столга ким мук тушиб олган —
Ҳижжалаб кўчирар лекция.
Бошқачароқ қизлар тўдаси —
Гап очилар латта-путтадап,
Қаердадир завторг адаси,
Министр поччаси, ундан каттадан.
Шеър ўқийди шоир Насабий,
Чапак... яна қилишар талаб...
Ҳозир келган Мўмин асабий
Ўртоғини сўкар бўралаб:
— Йўриғингда юрмаслигимни
Эшитгансан неча марта сан!
Ўн бўлмаса турмаслигимни
Билиб тағин нега... тортасан?!
Ҳар ким тўкиб солар дилини,
Шовқин авжга чиқади, бироқ,
Дарсхонага аҳли илмни
Ҳайдаб киритади қўнғироқ.
Қизлар бирдан қовоғин уйди,
Димоғида минғирлар Маҳфуз:
— Дарс ўн минут бўлиб, кошкийди,
Қирқ беш минут бўлса танаффус...

Навоий сабоғи

Навоийданки мен жиддий сабоқ уқдим,
Бу дунёда қаро недур, не оқ — уқдим.

Кечиб ҳою ҳавасдан, ҳирсу таъмадан,
Илм истаб, Самарқандни қилиб маскан,

Ани шеър сеҳри буткул девона этмиш,
Йигитлик умрини фарзона этмиш.

Юракда дард недур, не айтарин билди,
Ҳиротга оқибат ул қайтарин билди.

Шаҳаншоҳ дўсти этмиш мартаба тортиқ,
Улусни қўйди ул мартабадан ортиқ.

Ҳаловатдин кечибон йўқни бор этди,
Лисонут-туркка умрии ул нисор этди.

Агарчи форсигўй они мазах қилди,
Бу тил имконидин элни огаҳ қилди.

Бугун эрса баёнингда бирор ноқис,
Бу тил ожиз эмасдур, сен ўзинг ожиз.

Тушимда гоҳ элим, гоҳи тилим кўрдим,
Тилимдин нолиган аҳли улум кўрдим.

Сенингдек ожизи илм таҳ-батаҳ бўлса,
Ва Ҳазрат ушбу ҳолданким огаҳ бўлса,

Ки беш юз йилни бир четга суриб келгай,
Навоий қабридин бул кун туриб келгай.

Бобур сабоғи

Мадад тиламайман ҳеч кимдан,
Ишонмайман худоларимга.
Жирканаман зафарларимдан,
Учим бордир хатоларимга.
Ватан! Ватан! Армондир ҳамон,
Ёлғон! Согинмадим қовунни.
Салтанатим мендек бедармон,
Мен юрибман тахтга овуниб.
Жанг-жадалдан гарчи ҳормадим,
Ҳинддан таскин тополмасман мен.
Юртга лашкар тортиб бормадим,
Ўз чодирим чополмасман мен.
Қон тўкмакка менда йўқ ройиш,
Бугун сенга дардимни ёрдим.
Истаб юрт-ла сулҳу осойиш
Такрор-такрор элчи юбордим.
Шул салтанат меникидур, бас,
Ўзим мазҳаб, дину фирқаман.
Мен жаҳонгир бобомдан эмас,
Олис авлод, сендан қўрқаман:
Ўлган шердан зўр эрур муш ҳам,
Бул ҳақиқат аён ўзимға.
Хатосин тан олган — мард, болам,
Болам, қора тортма юзимға.
Султон суягини хўрламас,
Султон халқлар дунёга келгай.
Суякларим сурма бўлур, бас,
Икки кўзим сенга тикилгай.
Мустабидлар йўриғи бўлак,
Мен зафардан кўкрак кермасман.
Кўксимдагн тош эмас — юрак,
Ҳар қолипга сиғавермасман.
Йўқ қаламдан бўлак шукуҳим,
Тақдиримнинг мазмуни — ҳижрон...
Сенга қолди охирги ҳукм,
Сенга қолди охирги ижро...

Қодирий сабоғи

Сўз боради «Ўтган кунлар»дан,
«Олис мозий» қонланиб келар,
Кўзларда ёш аччиқ унлардан,
...Ва Қодирий жонланиб келар.
«Эркка фидо қилсин деб жонни,
Отабекни бош қилган эдим.
Айбим шулки, Худоёрхонни,
Азизбекни фош қилган эдим.
Мен адолат бўғилган дамлар —
Ёздим—журъат тошдек қотганин.
Юсуфбеклар ичида ғамлар,
Исёнларнинг ёниб ётганин.
Мен куйладим аҳду вафодан,
Шаккар муҳаббатдан куйладим.
Зайнаб каби бахти қародан —
Заҳар муҳаббатдан куйладим».
Оҳ, бизлар ҳам шундай севсайдик,
Ёниб-куйиб, келолмай ҳушга...
Отабекнинг хати етмайди,
Бошқа хатлар тегар Кумушга.
— Кумуш, сенга асл хат тегар,
Лекин ортиқ қувонма, дилдор,
Умум халқда бахт йўқса агар,
Шахсий бахтдан сўз очмоқ бекор.
Устоз шундоқ ёниб сўзлайди,
Урғу бериб ҳар бир маънога.
Ортда бир қиз ичдан бўзлайди...
Суҳбат кўчиб ўтар Раънога.
— Замон қиличидан томар қон,
Халқ кўзида жаҳолат — хобдир.
Раънодаги жасорат, нсён
Ҳатто бугунда ҳам ноёбдир...
Дарс тугайди, қайтамиз ҳориб,
Тунлар тушимизга киради
Маъруф, масъум, малул, музтариб
Қодирийнинг ўшал суврати.
«Ҳам алам, ҳам қаламим билан
Калом битдим, болам, сен учун.
Ҳали гапим кўп эди, болам,
Мени қандай тушунсанг тушун...»

Абдулла Қаҳҳор сабоғи

Ижодкор деган хос мартаба йўқдир,
Ижод — қора меҳнат, аёвсиз меҳнат.
Истеъдод ижодни тутгувчи ўқдир,
Тағин сув-ҳаводай зарур — Ҳақиқат.
Ижодда «лаббай!», «хўп бўлади!» эмас,
Тортишув, баҳс бўлмоғи лозим.
Ижодқор елпаррак эмас ахир, бас,
Аввало шахс бўлмоги лозпм,
Елкангни қисганча тепага эмас,
Виждон кўзи бнлан сен пастга қара.
Тоғнинг-ку қорлари бўлмагай абас,
Дарада сув борми, не ҳолда дара?
Парвариш ҳақида бир оғиз гапим:
Истиқболни ўйлаб, ўйлаб иқболни —
Парвариш — бўронда чўнг чинор каби
Асраб қола билмоқ ҳар бир ниҳолни.
Сенга кўп умидли кўзлар тикилган,
Тарбиячи эрсанг — ҳалол, оқил бўл.
«Манови зумраша...» дея дуч келган
Ҳар битта қулоққа чўзаверма қўл.
Кўнглингни тутмагин ёзганингдан тўқ,
Адолат дасти бўл, ҳақнинг қўли бўл.
Ишрат, фароғатлар қули эмас, йўқ,
Меҳнаткаш шу халқнинг кўзи, тили бўл.
Ўзингни аяма, токи имкон бор —
Муттасил ўзинг-ла қилавергин жанг...
Шунда ёзганингга қўнган ҳар ғубор
Учар енгилгина пуфлаб ташласанг.

Охирги сабоқ

Мени кутиб турар мустақил ҳаёт,
Менга шафқат қилмас шафқатсиз дайр.
Хайр, Қашқадарё, хайр, Қўнғирот,
Тайёралар, хайр, поездлар, хайр.
Лабларимни тишлаб, ночор, билдирмай,
Ичимга ютганча кўз ёшларимни,
Ташлаб кетаётган курсдошларимдай,
Ташлаб кетмоқдаман курсдошларимни.
Номаълум келажак жилмайиб зимдан
Энди ҳолинг қалай, дея тикилди.
Бугун ажраляпман мен дўстларимдан,
Бугун фурсат менга хиёнат қилди,
Беш йил адабиёт нималигини
Устозлар уқтирди, зўр сабоқ олдим.
Англадим коинот нималигини,
Лекин ҳаёт нима?
Англамай қолдим.
Беш йилни жамласам мен ушбу кунда,
Умримнинг суронли долғаларида —
Тўрт йилим ўтибди дорилфунунда,
Бир йилим — Сирдарё далаларида.
Эндигина англаб етяпман мен
Дунёнинг ҳамон нотугаллигини.
Лекин айтолмасдан кетяпман мсн
Сенинг кўзларингнинг гўзаллигини.
Меҳнаткаш ўлкамнинг ёмғир, қорида
Беминнат, хокисор ҳаддингни севдим.
Кеч кузнинг намреза пахтазорида
Эгатга эгилган қаддингни севдим.
Севдим, кўзларингда қадимий баёт
Севгидек тан олмас зўрлик, қулликни.
Дўстлар тимсолида, қутлайман, ҳаёт,
Сенга қадам қўйган мустақилликни.

Илтижо

Бу шаҳарча — мисли дарё —
Оқиб ётар муттасил.
Бу — қиз дунё, йигит дунё,
Сўлиш билмас тўрт фасл.
Бир ҳавас, бир армон билан
Соҳилда лол турибман.
Саркаш ғулу, туғён билан
Ҳолу беҳол турибман.
Хотиротим, олис қўшиқ,
Етгил менинг оҳимга —
Олиб кетгил мени қўшиб
Мангу уйғоқ оқимга...


НИҲОЛЛАР

Бу боғда бемаҳал эсган довуллар
Кўп ниҳолни қуритиб кетган.
Қолган уч-тўрт дарахт вазмин шовуллар,
Илдизлари
сувларга етган.
Улғайган тераклар, улғайган толлар
Боғни гоҳ шамол,
гоҳ қуёшдан тўсар.
Хатога экилган мурғак ниҳоллар
Бир-биринн суяшиб ўсар.
Уларнинг илдизи омонат ҳали,
Танаси омонат, барги омонат.
Улар ўсаверар сайл маҳали
Уриниб-туртинган болалар монанд.
Заминда, фалакда не сиру савдо,
Бир нозик сукутда кузатар улар.
Бу боғда бўш жойлар. қолмагай асло,
Бир кун хатоларни тузатар улар.


ОЛМА

Катта боғ ичида
бир дарахт учида —
ёлғиз олма—- охирги мева;
гўё кенг ҳовлининг
ғариб кунжида
беминнат, омонат қолган
бир бева.
Тошлар отилади,
тошлар бераҳм,
олма бўшлиқларга бекор бош урар.
Отилган тош — ваҳм,
қантган тош ваҳм,
олма япроқларга юзин яшнрар.
Хўрликми,
зўрликми —
истайди жуда
билмоқни — бир номард
тош тега қолмай, —
катта боғ ичида
дарахт учида
ёлғиз қолган охирги олма.


СУРАТ

Уфқда —
икки нуқта.
Уларнинг сояси мағриб томоига
поезд изларидай кетган чўзилиб.
Бир қатим нур ораларидан
оқмоғини қўймас сизилиб.
Уфққа етишолмас —
нуқталаршшг кўзи етади,
бир қатим нурда ҳам тутамас бардош.
Қуёшда шафқат йўқ —
на юксалиб, на ботиб кетади
қотиб қолган уфқда қуёш.


* * *

Фақат ҳайкалгамас,
пойида ётган
фидойи гулга ҳам
сукут қил, сукут.


* * *

Шарқдан кўчиролмас
ҳеч кимса
Тонгни.


* * *

Қалбингга энг яқин,
муҳим бир фикр—
қанча тиришмагин, тушмас ёдингга.
«Нимайди?» «Нимайди?»
«Нимайди ахир?»
Майда ташвишларга кўмилиб қолиб
Ўйлайсан.
Қошларинг туташиб кетар.
Сен эслай олмайсан,
тизгинсиз фурсат,
чопағон бу умр
бепарво ёнингдан оқаверади,
эсингга тушмас бу
энг гўзал,
энг осон,
энг муҳим фикр.


ҒАЗАЛЛАР

Атайдинму ва ё тағофил этдинг —
Ки қайда оқил — анда жоҳил этдинг.

Кеча сирридин айлаб кимни огоҳ
Ва кимни куппа-кундуз ғофил этдинг.

Табиатдин бани одам руҳинда
Ёзу қиш, куз — баҳор муқобил этдинг.

Улусча бор кўйингда юрган ушшоқ,
Жафога бул улусни қобил этдинг.

Не тиғлар ўтмас эрди кўксима, ёр,
Териб қош шамширин такомил этдинг.

Пойингдин рўйи шамсга боққан айбим,
Сочинг бошимға шоми шомил этдинг.

Ато этгил шоирга мангу иқбол
Ва кулфат мангу деб эрдим — тил этдииг.


* * *

Сочларингдан ранг йиғур осмон зимистон тун учун,
Кўз узолмасман сенингдек ойга мен мафтун учун.

Тонгга етмай мен йиқилдим уфққа кўксимни тутиб,
Қон бўлиб чиқди қуёш ушбу жигарлар хун учун.

Оҳ, бу сочлар аҳли ншққа не маломат солмади,
Кетди Бобур Ҳинд сари, ёр, савдои сочинг учун.

Мен учун ёр қайғуси, очун ғамн, эл ташвиши,
Қўйки, кимман ёр учун ё эл учун, очун учун.

Элга Усмон бўлди афсона Бухородан чиқиб,
Бул фасона янгидур ҳам Чину ҳам Мочин учун.


* * *

Ёмғиринг кутдим гиёҳдек ташнаи гирён бўлиб,
Қовжиратдинг сен оташда бебулут осмон бўлиб.

Тонг кавокнбдна ёгар шабпам дея келгач ваҳий
Мен қадаҳ тутдим фалакка лолалардек қон бўлиб.

Дайр ели эсса агар шабнам инолмай зор экан,
Япроғим учди қуюпда сайрп саргардон бўлиб,

Қилмагандим мен ахир дунёни дунёдан талаб,
Дунё айланди бошимда тоши тегирмон бўлиб.

Кимга хору кимга гул эрдим ва мен кетсам қолур
Қанча дил шодмон бўлиб, қанча кўнгил вайрон бўлиб.

Ишқда йўқ менга ажал, қайтиб келурман дунёга
Дарё — Усмон, майса — Усмон, лолазор — Усмон бўлиб.

Qayd etilgan