Tohir Qahhor. Eshik taqillayotir  ( 10241 marta o'qilgan) Chop etish

1 B


AbdulAziz  05 Fevral 2011, 16:15:08

Tohir Qahhor. Eshik taqillayotir



Muallif: Tohir Qahhor
Hajmi: 1,51 Mb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish

Qayd etilgan


Ziyolee  14 Sentyabr 2011, 20:47:57

Тоҳир Қаҳҳор

ЭШИК ТАҚИЛЛАЁТИР


Шеърлар

Тошкент
Ғафур Ғулом номидаги
Адабиёт ва санъат нашриёти
1984

Тоҳир Қаҳҳор — «Оқ ўрик», «Оқаётган дарё», «Осмон кимники?» тўпламларининг муаллифи, нозиктаъб, ўзига хос шоир. Унинг мазкур «Эшик тақиллаётир» китобида ҳам бу хусусият яққол кўзга ташланади. Мажмуадан жой олган шеърлар мавзуси ғоят хилма-хил, шакли ранг-баранг. Улар азиз китобхон қалбига рангин бир олам, ёруғ туйғулар олиб киради, деган умиддамиз.


ЭШИК ТАҚИЛЛАЁТИР

Пардани тушириб, эшикни ёпиб,
Ўзимни бир асно холироқ топиб,

Қоғозга юзма-юз туриб қаламдай,
Бир лаҳза узилиб ташқи оламдан,

Ётганимда хаёл остонасига,
Эшик тақиллайди басма-басига:

Ненидир сўроқлаб киради кимдир,
Ёзилмай қолади ёзилажак шеър.

Сўнг мени йўқлаган чиқиб кетади.
Яна хаёлларим парвоз этади.

Ва лекин, хонада бўлсам-да ёлғиз,
Фикримни бир жойга йиғолмай, ожиз,

Саросима ичра ўтираман тек —
Эшигим тақиллаб қоладигандек!..

Сўнг олис тарихга учар хаёлим —
Ўтмиш инсонлар ҳам, тангрилар ҳам жим!..

Бир ҳол кўз олдимда бўлар намоён:
Эшик тақиллайди — кўринар инсон,

Қоронғу сукунат бирдан ёришар...
Суқротни ўлимга олиб боришар!

Аста шивирлайди донишманд юрак:
«Ўлганда — инсондай ўлмоқлик керак!

Токи, ўлганингдан кейин — яшагин!
Ҳа, ўлдирганлари сайин — яшагин...»

Бу сўзлар жисмимга қондай қуюлар,
Руҳимда англанган куч пайдо бўлар:

Англайман бўшлиқни — бир сукунат деб,
Сукунатни — борлик, бир ҳақиқат деб;

Сукунат ҳаракат ибтидосидир,
Туғилган гўдакнинг илк нидосидир!..

Умрнинг ўзи гар бўлса сукунат,
Уни қалқитади қалб, зарурият:

Зарурият қоқар ҳаёт эшигин,
У — она, тебратар умр бешигин!

Инсон вужуди ҳам айни эшикким,
Уни тақиллатар Юраги доим!

Юрагимга пешвоз чиқурман бу кун,
Жисмим ғовларини йиқурман бу кун!..

Яна кўз ўнгимга бирма-бир келар
Яширин ишлаган инқилобчилар:

Тамаки дудига тўлган хонада,
Миршабларга маълум бўлган хонада,

Инқилоб кемаси яратилмоқда,
Фикр ўқи тузумга қаратилмоқда —

Қуёш туғилмоқда бу ерда — тунда!..
Яширин рўзнома чоп бўлар бунда... —

Шунда тақиллайди эшик басма-бас,
Ҳамма бирданига ютади нафас:

Демак, кимдир сотган. Чора йўқ. Шу дам
Эшикни очарлар мардона, бардам:

Сургунга, зиндонга кетарлар улар,
Аммо, шундай кунга етарлар улар —

Уларни вақтинча айлаган тутқун —
Эшик тақиллайди бари бир бир кун,

Яна озодликка чиқиб кетарлар,
Яна ўша йўлда давом этарлар!..

Демак, қатъий ишонч керак одамга,
Фақат қатъий ишонч тирак одамга!

Ниҳоят, мен буни англай бошладим,
Ўзимдан уялиб, бошим қашладим —

Шунча вақт ҳадиклар менга бермиш панд,
Хавотир руҳимни этмиш кишанбанд!

Ахир ҳур фикрлаш, эркин ҳаракат
Инсонга бўлмоғи керак-ку одат!?.

Айни шу аснода тақиллар эшик,
Юрагим ҳовлиқиб, уради дук-дук,

Ўйлайман: шу пайтда келган у кимдир?
Балки, у қалбимдир? Ё ўз фикримдир?..

Балки, дўст келгандир уйимга бу чоқ,
Балки, душманимдир — қўлида пичоқ...

Бари бир, бари бир тураман шартта,
Очаман эшикнн ҳозир, албатта:

Эшикни очаман шакланмай бу дам —
Ташқарида ҳатто ажал бўлса ҳам!..


СЕВГИЛИМ

Бу тунда сен тунд бўлма,
Кулиб сўзла, кул, гулим!
Тун ичида тун бўлма,
Ой бўла қол, севгилим!

Сен борсанки, юлдузлар
Сеҳрига макон дилим.
Юлдузим учса агар,
Юлдузим бўл, севгилим!

Гарданимга гардуннинг
Гарди — дарди ёғар жим...—
Шабнам мисол дардимни
Олиб уч сен, севгилим!

Сен борсан, бу жаҳонда
Сўзлар овозим, тилим.
Мен айрилсам забондан,
Сен тилим бўл, севгилим!

Сен борсанки, бу олам —
Менинг туганмас йўлим!
Гар йўлимни йўқотсам,
Сен йўлим бўл, севгилим!..


УМРНИНГ БИР ЙИЛИ

Умрингнинг бир ёшга улғайганини
Кўрмасанг кўкламнинг лола, гулида —
Кезмасанг юртингнинг боғ-чаманини,
Баҳор йўқ умрингнинг ўша йилида.

Саратон кунлари йўқлаб тоғларни,
Нурдай чўмилмасанг дарё, кўлида —
Ювиб юбормасанг дилдан доғларни,
Ёз йўқдир умрингнинг ўша йилида.

Қаерда яшама, ким бўлма, кузак
Ўзбек элин йиққан гавжум далада
Очилган пахтани кўрмасанг, демак,
Куз йўқдир умрингнинг ўша йилида.

Севгилинг қўлини қисиб, уҳ-уҳлаб,
Сўзлаша олмасанг қорлар тилида,
Демак, сен йил бўйи қолибсан ухлаб,
Қиш ҳам йўқ умрингнинг ўша йилида.


ВАТАН БАЙРОҒИ

Европада бир ҳабаш саёҳатда юрган чоқ,
Бир музейнинг бурчида кўриб қолди бир байроқ.

Аламдан икки томчи ёш отилди кўзидан —
Гўё икки кўзидай оқиб тушди юзидан!

Билдики, бу туғ — она халқининг байроғидир,
Аждодлар руҳи, миллат қалбининг байроғидир!

Эслади: бу байроқни у ватанда кўрмаган,
Байрамларда кўтариб, кўчаларда юрмаган.

Билди, халқи ётларга қараму мустамлака,
Ўз уйида ҳуқуқсиз, сазойи ва калака!

«Йўқ! Бу байроқ мен билан ватанга кетмоғи шарт,
Орқада қолган халқни Замонга элтмоғи шарт!» —

Деган кескин ўй билан музейдан чиқди у мард,
Қалбида — қасос, қудрат, фикрида — ўтли бир дард

«Мен қора халқ руҳига ўч уруғин экаман,
Ватаним байроғини ватанимга тикаман!»

Йўлга чиқди у ҳабаш тимсолида унут туғ,
Унутилган эркинлик, унутилган шон, довруғ!

Эскихона — у музей орқада қолиб кетар,
Ватан байроғи йўлда! У халқни озод этар!..

...Шеърхон, байроқ деган сўз шуларни ёдга солди,
Билурсан, Африкада мустамлака оз қолди.

Қора халқ қўлга олди қўлдан кетган ҳурликни,
Миллий мустақилликни, озодлик, мағрурликни.

Инқилобни у жасур ҳабашдай мардлар қилди —
Ҳар бири ҳар қаерда ВАТАН БАЙРОҒИ бўлди.


* * *

Кунботарнинг шафағи
Чорлайверсин қон йиғлаб,
Борма, қуёш, борсанг гар,
Қолурсан унда ухлаб.

Борлиқ қушлар чирқиллаб,
Қўноққа чорлар такрор:
Қўнма тун бутоғига —
Қуёш, унда зулмат бор.

Кетма, осмон ёлғизи,
Кўзларимда қол менинг.
Ўтпараст, абад бедор
Сўзларимда қол менинг!..


* * *

Кўп куюнма, ўйлама хунни,
Ўтар ноҳақликлар алами:
Бугун сени қийнаган куннинг
Унутилар ўткинчи ғами.

Кўп куюнма, бир кун қалбингда
Учар ҳажру хотира шаъми;
Унутилар бари — лабингда
Қолмагандай илк бўса таъми!..


* * *

Агар тушларимни кўрганингдайди,
Мен каби хаёллар сурганингдайди,
Кўкларда руҳан чарх урганингдайди,
Ғафлатдан мендай юз бурганингдайди

Тунда юлдузларни уйғотар эдинг,
Шабистон шамолин қўзғотар эдинг,
Зулматга чақмоқдай сўз қотар эдинг,
Бағримга ўзингни сўнг отар эдинг —

Агар тушларимни кўрганингдайди!..


ОТАЛАР БАЁНОТНОМАСИ

Эшикларни ланг очиб қўйинг,
Ташқарига чиқсин болалар!
Боқсин улар оламга тўйиб,
Кўринсин тоғ, боғу далалар!

Ўтирмасин ўғил болалар
Ойимтилла қизлардай уйда.
Шер улғайсин вужудларида —
Ювош бўлиб ўсмасин қўйдай!

Майли, «итдай уришсин» улар,
Ифлос бўлсин, майли, уст-боши:
Ювса, кийим топ-тоза бўлар,
Битиб кетар, ёрилса боши.

Кечалари телевизорларга
Занжирламанг нигоҳларини!
Ташга чиқсин, кезсин қорларда,
Кўрсин оппоқ тун боғларини!..

Майли, қўрқиб осмонга боқсин,
Кирсин сирли тун шуурига;
Дилда умид чироғин ёқсин —
Термуларкан юлдуз нурига...

Дадил қадам қўйсин турмушга,
Уларга эрк беринг, муҳими:
Хонаки гул, хонаки қушга
Айлантирманг бола руҳини.


ЁРУҒЛИК

Кундуз ёруғлиги — сойдай тошган нур,
Юлдуз ёруғлиги, ой, ойдин сурур —
Бари зулмат аро йўл босиб келгай,
Умрлар уйини чароғон қилгай.

Она юрт, она халқ, она ёруғлик
Қутли пешанага азал ёзуғлиқ:
Боболар нур учун умрини тиккан,
Йўлларга ёруғлик ниҳолин эккан!

Бу дунё эшигин ёпиб, қабрга
Кириб кетган эмас аждодларимиз
Уларнинг ҳаммаси айланиб нурга,
Яшаб келмоқдадир заминда ҳаргиз!

Нурлар самовотнинг қаъридан эмас,
Ўшалар очган ҳур йўллардан келар;
Юртимизда мавжуд ҳар гулу ҳар хас,
Боғу тоғ, дарё-ю, кўллардан келар!..


* * *

Ҳақиқатни
Ҳайқириб айтиб бўлмас, чунки у
Сўзанак қанотидай нафис садо, нозик куй.

Ҳақиқатни
Ҳайқириб айтиб бўлмас, чунки у
Оддий сув,
Ташна одам ҳайқириб сув ичмас-ку?!


ЖАҲОЛАТ

(Нақл)

Азиз Несинга

Ҳибс этилмиш бир одил шоир.
Ажратилмиш ташқи оламдан.
Аммо, хаёл — оламда сойир,
У шеър ёзмоқ бўлмиш аламдан.

Қоровулни чақириб шу дам,
Сўрабди у қоғоз ва қалам.

Қалам эмас, мисранг берибди
Қоровул... ва шоирга дебди:
— Керак эмас бунда шеър, мисранг!
Ерни кавла, мана, лом — мисранг!..


УЧРАШУВ

Айни ёз.
Ғўзалар гуллаган қийғос.
Меҳнат илғорлари келди пойтахтга:
Қизларки, чақнаган кўзлари қийғоч,
Бокира нигоҳлар — мисоли пахта.

Бўлса ҳамки улар уятчан, камгап,
Кўп гаплар айтарди қадоқ қўллари.
Қуёш тафти урган юзларга қараб,
Кўрмоқ мумкин бу юрт боғу чўлларин...

Бир муддат уларга бўлдик ҳамсуҳбат
Ҳамкасбим — журналист Умида билан
Очерк ёзмоқчийдик, мавзуси — меҳнат,
Меҳнатки, инсонни бахтиёр қилган,

«Олтин юлдуз» тақиб кўксига, умрин
Саҳфасига битган саодатнома!
Меҳнатки, эл аро шарафлаб барин,
Қўлига тутқазиб шаҳодатнома,

Дим эди «Россия» меҳмонхонаси,
Чой ичиб қизларнинг тафтли қўлидан,
Сездим далаларнинг салқин нафасин,
Кездим ёлғизоёқ, овлоқ йўлидан;

Қишлоқ ҳиди сингган тандирнон, узум,
Заҳматкаш аҳлига хос оддий суҳбат
Мени кўп шод этди, айтсам дил сўзим,
Бўлди бу кун менга бебаҳо туҳфа.

«Олтин юлдуз» таққан бир водийлик қиз
Тенгдошимиз экан, ёши ўттизда.
Турмушин сўрадик, экан у ёлғиз,
Насиб этса, тўйи бўлармиш кузда.

Умида у қизга жилмайиб, деди:
«Ҳар ким ибрат олса арзийди сиздан —
Кўз узолмаяпман юлдузингиздан!..
Армонингиз борми? Бўлганми эди?..»

«Армонми?.. Бор... — деди майингина у,
Пинҳон умид ёнди ўйчан кўзида,
Аммо, нелигини у армон-орзу
Ошкора этмади гапи-сўзида. —

Ҳавасим келади менинг сизга ҳам:
Қандай яхши, учта фарзандингиз бор!..»
Менимча, қаҳрамон, содда қиз бу дам
Илк бор дил сиррини айлади ошкор.

Мени ўйга солди бу яжиб суҳбат:
Кимнинг бахт, омади — кимгадир армон.
Аммо, армон шундай пинҳон бир қудрат,
У боис камол касб этажак инсон.

Шу боис, хайрлашув чоғида, унга
Дедим мен: «Бор бўлсин эзгу армонлар.
Армоним — ушалсин армонингиз ва
Умрингиз юксалтсин юксак хирмонлар».


РАФАЭЛЬ АЛЬБЕРТИДАН

Биламанки, орзуларни очлик еб-битиражак,
Аммоки, мен аввалгидай куйлайверишим керак.

Ҳибсу зиндон умидларни унутдириб юборар,
Аммоки, мен аввалгидай куйлайверишим керак.

Ўлим орзу-умидларни ўлдиражак, эй юрак,
Аммоки, мен аввалгидай куйлайверишим керак.


ОСТСАРЛАВҲАЛИ ШЕЪРЛАР

Қушчалар ҳавога қандай хўжайин бўлса,
Шамоллар самога қандай хўжайин бўлса,
Шудринглар саҳарга қандай хўжайин бўлса,
Чечаклар баҳорга қандай хўжайин бўлса,
Худди шундай
ХУЖАЙИНМИЗ БИЗ ҲАМ БУ ЕРГА

Бу қадимий тупроққа сен мерос сўзларни эк:
Келажақ майсалари ўсиб чиқар ҳайқириб —
Ҳаётимиз оқажак дарё каби айқириб.

Ўлмас сўз ва идрокнинг ниҳоллари барқ ургай,
Кесилмас — ҳеч ким унга пичоқ, болта уролмас,
Сўзинг шундай тупроқки, ҳеч ким топтаб юролмас
КУНИМИЗ ЕРЛАРИГА СЕН МЕРОС СЎЗЛАРНИ ЭК

Бу хазон япроғи қайларга кетар?
Нечун ой ёғдуси боғни тарк этар?
Сендан-ку, айрилиб кетмоғим — аниқ,
Ҳайҳот, айрилмагай мендан
АЙРИЛИҚ

Саҳари, қуёши, кундузлари бор,
Шафағи, тунлари, юлдузлари бор,
Масиҳнафас гули, хушбўйлари бор,
Кўп ноз-неъматлари, ҳам тўйлари бор
Дунёмиз нақадар бахтли, улуғвор;

Эрклик қитъаларда қулдай сотилиб,
Жасур курашчилар қамаб, отилиб,
Ҳар кун одамлари ўлаётган бу —
Улкан бир Гул каби сўлаётган бу —
Дунёмиз нақадар бадбахт ва ночор:

Дунёнинг бахти ҳам, бадбахтлиги ҳам
Фақат бизга боғлиқ, бизга,
ДЎСТГИНАМ

Оғир нафас олиб ухлайди хаста,
Унинг бошида жим эгиб бошини,
Бир даста гулдаста йиғлайди
УЙҒОҚ


ДУШМАН

«Улар умиднинг ғанимидир, севгилим
...сенга душман, менга душман,
ўйловчи одамга душман,
ватанки, бу кишиларнинг уйидир,
улар, севгилим, ватанга душман.
Нозим Ҳикмат

Ҳар кун кўришаман душманим билан,
Ҳар кун уришаман душманим билан,
Ҳар кун отишаман: фикру сўзлар — ўқ,
Муштлашай дейману бунга имкон йўқ.

Зотан, бир хонада нафас оламиз,
Бир хил ишни қилиб, ҳориб-толамиз,
Бу ҳам етмагандай, уришамиз боз,
Чунки: мен — жанжалкаш,
У — МУРОСАСОЗ.

Муроса қилар у ғаддор, паст билан,
Ғанимлиги аён ҳар нокас билан, —
Душман орттирмоққа тобим йўқ, дейди.
Шу боис у мендан ҳар кун «ўқ» ейди.


ЯРИМ КЕЧАДА

Томлар орқасига ботиб кетди ой —
Тунни ёлғиз ташлаб, ухлар у худрой.

Шамол ҳам ухлади, қайгадир йитди.
Дарахтлар кўзини уйқу элитди.

Олд оёқларига бошни қўйиб,
Ялангда ҳорғин ит ухлайди тўйиб...

Чинқириб-чинқириб йиғлар сукунат. —
Эй кеча, айт, қачон ухлар сукунат?..


ДЎСТИМ АҲМАДГА

Деди: «У диёрда қандай санъат бор?»
Деди: «Ғамни олиб, жонни сотарлар».
Низомий
Мен дўстимнинг уйига бордим
Ғуссамни совғадай тутиб қўлимга.
Хасратлашдим, дардимни ёрдим,
Эшитди. Кузатиб чиқди йўлимга.

Унут бўлди ғам, ташвиш, ғавғо,
Тағин шодликларим бағрига олди.
Биз ғусса қаърига чўккандик, дило,
Бизни дўст таскини қутқариб қолди.


МИХ

Бу мих — пишиқ, бардошли,
Дўст-душмани йўқ, қобил:
Бир жойга қоқиб қўйсанг,
Туради роса юз йил.

Бу мих — дунёбехабар,
Ақлкуш, ғофил қулдир:
Болға урса — санчилар
Хоҳ қаро ер, хоҳ гулдир.


* * *

Эй зулмат — эй оғир тош,
Кўзимни босма ортиқ!
Тилдаги парвозга шай
Сўзимни босма ортиқ!

Эй зулмат — қора булут,
Мотам тут,
Сен қора кий —
Қасоскор қуёш чиққай —
Яшолмассан абадий!..


* * *

Одамзот бирдан
Ўлмас ҳеч қачон.
У ўлиб борар,
Пинҳон,
Онма-он.

Мен ҳам бу гапни
Ёдимда тутдим —
Пуч ташвишларни
Тамом унутдим.


ИОКАСТА

Шўрлик Иокаста, қисматинг — оғу.
Сен буни билмайсан. Билмаслик — оғир.
Жисминг қатл айлагай илоҳий доғу,
Исминг қораланур мудҳиш фаҳшда —
Падаркуш ўғлингга хотинсан ахир!..

Бу даҳри беомон — машъум қафасдан
Учиб кетолмайсан масъум бир қушдай,
Ахир сен ўзингдан воқиф эмассан,
Барчадек ғафлатга асира сен ҳам!..
Аммо, бир кун келиб, саодатсиз дам,

Таассуф дарёсин кўрурсан тушда:
Унда тўлиб оққай дарду пушаймон,
Унда тўлқин ургай жаҳолат, хато,
Қонларга қоришиқ умрлар, замон
Унда мангу оқур, йиғлар бесадо!..

Уйғониб шу онда айрилиб ҳушдан,
Ёлвориб қўлларинг чўзурсан кўкка,
Ночор йиқилурсан сўнг бор, бемадор...
Руҳинг қаршисида тушганча чўкка,
Ойдинда ой йиғлар — тоқ, мотамсаро.


ДЕРАЗАНИНГ ТИНИҚ КЎЗЛАРИ

Термулиб-термулиб қўяди кўзлар
Очиқ турган деразаларга:
Қўм-кўк осмон ўхшар денгизга,
Боғ, хиёбон ўхшар денгизга —
Сузишни билмаган ҳамхоналарим
Ўтирар ўз курсиларида
Тамакини тутатганча жим;
Қандай шавқли, гўзал қирғоқдир
Деразанинг тиниқ кўзлари!


ИСТИРОҲАТ

Дам оламиз шанбаю якшанба.
Тўй қиламиз шанбаю якшанбада,
Ҳар қанақа битмаган ишлар битар —
Бўш бўламиз шанбаю якшанбада.
Шеьр ёзамиз шанбаю якшанбада,
Ҳа, ўсамиз шанбаю якшанбада!
Бу кетишда, шубҳасиз, дўсти танбал,
Биз ўламиз шанба ё якшанбада!


ҒИЙБАТЧИЛАР

Дўстлар, тўпланасиз — дийдор ғанимат.
Тўплаб топганингиз бирдан сочасиз;
Дастурхон устида авж олар ғийбат,
Даврада йўқлардан бад сўз очасиз —

Кеча дўстлик қилган дўстлардан кечиб,
У — худбин, бу — бадбин, одаммас, дейсиз
Ғийбатнинг оғули шаробин ичиб,
Кабоб деб, дўстларнинг жигарин ейсиз!..


* * *

Мен ўзимнинг қайғумдан қочиб,
Севган эдим сени, мунисим.

Сен ўзингнинг қайғунгдан қочиб,
Севган эдинг мени, мунисим.

Қандай бахтли одамлармиз биз!


* * *

Ҳар кеч, шом тушаркан, хаёлга чўмиб,
Уфққа боққанча кўзимни юмиб,

Ишқу жунун ичра ўз қўлим билан
Музлаган шафаққа қуёшни кўмиб,

Ойнинг қайғудоши — тунга қўл тутднм,
Кундуз кечди, дея кунни унутдим...

Кунларни унутдим, унутдим барин —
Чунки, «Келади!..» деб, мен сени кутдим!


ҚИШЛОҚДА ТЎЙ

Ғўзапоя ёнар гуриллаб,
Юлдузларни отар осмонга!
Оловга рақс этар чирманда —
Овозидан юрак зириллар!

Ҳаяжонлар ёнади ўтдай —
Ана, келди куёв ва келин,
Айланишиб ўтдилар ўтдан...
Энди навбат бизники, келинг!

Келинг энди, олов болалар,
Ялангоёқ ва дов болалар,
Сакраб — ўзни ўтга отайлик,
Бир он олов узра ётайлик!..

Токи, бизнинг ёш жисмимизга
Бу ўт — офтоб парчаси кирсин!
Минг йилларга тенг исмимизга
Бу ўт яна оташлар берсин!

Токи биз ҳам, бўй етган куни.
Тўйда ўтни босиб ўтайлик
Биз ҳам жондош олов ва тунни
Болаларга совға этайлик!..


ЯНГИ ҚУЁШ

«Фалон йил бўлармиш қаттиқ зилзила!
Ерга жуда катта юлдуз қўнармиш!..
Олимлар алдайди, бор гапи — хийла,
Охир замон яқин — қуёш сўнармиш!..»

«Меҳнатим, ғайратим кетар беҳуда,
Э, нима қиламан қийнаб жонимни.
Дунёдан улуғ ҳам, тубан ҳам ўтар,
Бас, топиб есам мен парча нонимни!..»

«Бир марта яшайман, умрим ғанимат,
Дунёда еганим, кийганим қолар!
Менга нима, ерда қўпса қиёмат,
Барибир ажали етганлар ўлар!..» —

Шундай миш-миш қилар баъзи одамлар,
Уларга ҳаётнинг маъноси ҳечдир,
Жаҳоний орзулар, жаҳоний ғамлар,
Буюк инқилоблар — бариси пучдир.

Бундай фикрловчи нодон оломон
Аввал ҳам яшаган, бугун ҳам яшар —
Уларни қурт каби боққан ҳар замон,
Улардан ҳеч бир наф қўрмаган башар.

Бундай савдопараст, худбин, бадният
Касларда бўлмаган тайин эътиқод:
Уларни ваҳмага солган Табиат,
Ожиздай кўринган улуғ одамзод.

Эй, сен қиёматдан бергувчи дарак,
Қуёш сўнишини қилма «башорат»!
Сен — бир чумолисан, ожиз, жонсарак —
Инсоний идрокдан маҳрум ҳашорат.

Нега ҳам етарди қусурли фаҳминг,
Қориндан ўзгани ўйлай олмайсан;
«Бадбахт келажак»ка келмасин ваҳминг —
Олис уфқларга бўйлай олмайсан!

Билмайсан, уфқлар ортида осмон
Бу осмон ортида осмонлар бордйр.
Ўтмиш ва келажак — беҳад, бепоён,
Замонлар ортида замонлар бордир.

Тараққий, таназзул, туну кундузлар
Борлиқда абадий алмашиб турар.
Саноқсиз қуёшлар, ерлар, юлдузлар
Фазода абадий айланиб юрар —

Уларни кўрмайсан, шунинг учун ҳам
Жаҳолат комига ўзни урасан,
Сени тентак қилиб қўяр оддий ғам—
Сен фикран сўнувчи кунни кўрасан,

Бу айни жаҳолат, айни нодонлик,
Қайда қолди ишонч, эътиқод, тоқат?
Зулматни ёритган оддий инсонлик —
Дунёга муҳаббат, сабру қаноат?..

Бу олам — бепоён, кенг қара, инсон,
Қуёшлар беҳисоб, ойлар беҳисоб,
Тириклик, ҳаракат йитмас ҳеч қачон,
Ҳаётбахш курралар, жойлар беҳисоб.

Қуёшнинг сўнишин, юлдуз учишин
Қўй, аввал ўйлагин турган ерингни.
Заминни авайла, бажар ўз ишинг,
Бемалол экин эк, ёзгин шеърингни.

Қуёш — бир қизиган туманлик холос,
У тарқаб, яна ғуж бўлаверади.
Туманлик — зарралар жами, йўқолмас,
Осмонда қуёшлар кулаверади.

Зарралар мажмуи эрур инсон ҳам,
Сийрат ўзгарса-да, руҳи барқарор:
Бир қуёш мисоли порлар ҳар одам,
Сўнг бир кун сўнмоқ ҳам қисматида бор.

Бошига тушса ҳам ҳар не заволот,
Равнақ топмоқда-ку авлоди башар —
Ҳар не бўлганда ҳам, сўнмайди ҳаёт,
Ишонаман: Ерда одамлар яшар.

Қуёш сўнармиш, деб ваҳма солма, боқ,
Офтоб даврасида тўққиз сайёра!
Уларнинг онаси қуёшдир, ҳар чоқ
Атрофида тўққиз бола парвона.

Бизнинг, инсонларнинг онамиздир Ер,
Қуёш ҳам онамиз — оловқалб аждод.
Қай одам, айт, «онам ўлар эмиш», дер?
Қуёш сўнармиш, дер манқурд, маҳлуқот

Сен ҳам, эй умиддан маҳрум бўлган зот,
Сўра табиатдан қуёш умрини.
Дилингга тушсин пок нури эътиқод,
Фикр қил ҳаёту умринг сиррини.

Ишон, ҳаливери куёш сўнмагай,
Башар узоқ яшар, жуда ҳам узоқ.
Ерга фалокатли юлдуз қўнмагай,
Нодонлар фикрига қўймагин тузоқ.

Шу тоза ҳаволи осмонга инон,
Сафларни бузғувчи сафсатани қўй,
Келажак маъвоси — Инсонга инон,
Кўнглингни ёритиб турснн ёруғ ўй.

Қуёш — бу бизларга энг яқин юлдуз,
Юлдузнинг фазода сон-саноғи йўқ.
Ҳаётни тебратар кеча ва кундуз,
Ҳаёт абадийдир, кўнглинг бўлсин тўқ.

Мабодо, шу қуёш сўнса қай замон,
Инсон армон билан тўкиб қолмас ёш:
Офтобларга тўла бу чексиз осмон,
Яна порлайверар бир янги қуёш.


БУ ДУНЁДА

1

Бу дунёда икки тушунча
Ўзгармагай дунё тургунча:
Бири — орзу билан туғилмоқ,
Бири — орзу-армон-ла ўлмоқ.

2

Бу дунёда кўз очган ҳар жон
Йиғлаб туриб бошлар ҳаётин
Ва бир умр излар кулгу, шон,
Ўзлик шавқин, дил саодатин.

3

Бу дунёда асил саодат —
Ўз ўзини англамоқ фақат.
Ўзлигини англаган халқлар
Саодати қуёшдек балқар!

4

Бу дунёда мағрурликдан туғ —
Кўтариб, дер қай халқ: «Мен — улуғ!» —
Тубанликка бўлмиш у маҳкум,
Келажаги қонли ва машъум!

5

Бу дунёда энг эҳтиёткор,
Чин дўсти йўқ ёлғиз одам бор:
Шубҳакору бадбахт жуда ҳам —
Чунки қўрқиб яшар у одам!

6

Бу дунёда қўрқиб яшашга
Арзийдиган бирор нарса йўқ:
Чидаш мумкин не тушса бошга,
Умр — қайтмас, у — отилган ўқ!..


ҚАЙДАСАН

Нафас олмай қўйди тунги дарахтлар.
Уришдан тўхтади гуллар юраги.
Мен боғда ёлғизман, лолман, карахтман... —

Ўзингни, сўзингни, гулнафасингни
Қайда, деб гуллардан келар сўрагим.
Бадбахтман сенсиз мен, қайдасан, бахтманд?


ТЎНКА УСТИДА ЎҚИЛГАН ШЕЪР

Шеърим! Яна ўзинг яхшисан!
                              Усмон Носир

Уни — оёқсиз, ногирон шоирни — ўрмондаги ҳарбийлар касалхонасида ҳамма танирди. У одамлар ўртасида шеър ўқишни яхши кўрар, шу билан ўзини овутар эди: бирдан-бир овунчи, таянчи, севинчи шундан иборат бўлиб қолганди. У, кўпинча, одамларга баралла кўриниб туриш учун, тўнка устига чиқиб шеър ўқирди...
Бир аскарнинг хотирасидан

Хайр, қорлар!
Шовқинли ўрмон!
Чидолмас дил бундай шиддатга:
Мен оёқсиз чопиб
Қалб билан
Етиб келдим сўнгги муддатга!
Мана энди охирги йўлга
Мени дўстлар қўяр кузатиб.
Бари кетар сўнг ўнгу сўлга
Яшаш учун бузиб, тузатиб.
Мен-чи? Оҳ, мен қолурман танҳо,
На бузаман, на тузатаман!
Вужудимнинг энг сўнгги узви —
Суякларим ўт олиб гоҳо,
Кўкка ёниб қўл узатаман!..
«Фалак, кўрсат кўзимни!» дейман,
«Топиб бер сен ўзимни!..» дейман.
Унутилиб кетсам-да ўзим,
Бу тупроқда яшайдир сўзим:
У ненидир бузар ва қурар,
Ҳаёт билаи бир сафда турар!
Мени банди этган силсила
Ҳалқа-ҳалқа бўлиб узилгай:
Шамол,
Тошқин,
Чақмоқ,
Зилзила
Сўзларнмни овоза қилгай!

Агар жавоб бермаса ҳеч ким,
Тингламаса замину гардун,
Унутилган бўлса гар байтим —
Мен ўзимни эслатмоқ учун
Яна Ерга келурман қайтиб!


* * *

Агар мард бўлсангиз, ҳеч қачон яниб,
Ғийбатга қориманг шоир исмини.
Майли: шеърин ўқиб, яшанг унутиб —
Шоирнинг умрини, қалбу жисмини.

Шеър билан шоирни хонаки сўзга
Сиғдирмоқ бўлганлар, сиз — нодон, осий!
Тувим* айтган каби, харитангизга —
Сиғмагай шоирнинг сирли дунёси!

Қадимдан қайд бўлиб келган бир гап бор,
Мен ҳам шу ҳикматни қилурман такрор:

Ҳукм чиқаришга шошманг, ҳакамлар!
Ақл ҳам, сезги ҳам нисбийдир мутлоқ:
Сизни лақиллатар номлар, рақамлар,
Тафсилу хабарлар алдайди кўпроқ!..

Ғийбатга инониб юрган одамлар,
Сиз ҳам гуноҳкорсиз маълун маънода,
Бас, шоир ғийбатин юрмангиз ғамлаб,
Шеърини ўқингу, кўтаринг бода!..
___________
* Юлиан Тувим — польяк шоири.


ТАНҲО ЙЎЛ

(Қабртошдаги ёзув)

Энди ёруғ оламда
Менга ҳамма йўллар берк!
Сенга ҳавас қиламан:
Измингда тириклик, эрк!

Илтижом шу: сен баъзан
Чорла, эсга ол мени —
Тушнинг танҳо йўлидан
Йўқлаб келурман сени!..


ТОҒНИНГ ИСТАГИ

Лола: «Эй, тоғ, кел, фақат
Боқайлик шу қуёшга —
Булутлардан рутубат
Сочилгунча бу бошга!
Кўтарайлик ердан қад,
Кўкка парвоз этайлик,
Бу совуқ, хилват жойдан узоқларга кетайлик!..

Тоғ: «Лола, эй, лолажон!
Баҳор бўлди — очилдинг,
Юрагимдан томган қон
Каби ерга сочилдинг!
Сен — лаҳзасан, мен — абад.. —
Чарх ур-у, сен парвоз эт,
Менинг оғир хаёлимни узоқларга олиб кет!..»


БАҲОР БАЙТЛАРИ

1

Ойдин кеча, илиқ бир тунда
Деразани очиб ётаркан,
Бу гул ҳидли ажиб сукунда
Ойнамдан ой сузиб ўтаркан,
Боғ ортида,
Ҳовуз тарафда,
Қурбақалар қуриллар чўзиб...
Шунда қалбим «тўлғонар кафтда
Жоним ойдай кетади сузиб!..

2

Деразамдан термулиб ўтар
Қуёш, Булут, Ой ва юлдузлар.
Бари бир сўз айтмасдан кетар...
Қайдасан, Қалб?
Қайдасан, Гўзал?


БИТИКТОШДАГИ ЁЗУВ

Баҳор кечар, келажакка
Гуллар қолар бу оламда.
Ўти ўчган ўчоқлардан
Куллар қолар бу оламда.

Гулдай яшнаб, отдай кишнаб,
Яшаб ўтар баъзи зотлар,
Баъзилардан фақат мерос —
Пуллар қолар бу оламда!

Зулм, эрксизлик чин эрларни
Зулматларга олиб кетар —
Бир тўп етим этагида,
Туллар қолар бу оламда!

Ҳаммасига чидаш мумкин.
Энг ёмони — баъзи юртнинг
Элбошиси қулдир, ундан
Қуллар қолар бу оламда!


МУҲАББАТ ВА НАФРАТ

Бу дунёда ҳар битта шоир
Сўз наҳрига отилган тўрдир.

Тортиб олар қирғоққа фақат
Уни Нафрат ва ё Муҳаббат.

Акс ҳолда: ҳар қандай шоир
Ётавериб денгизда, охир —

Эгалари ўлган тўрдайин
Чириб битар бир куни, тайин.


МИХАИЛ ЛЕРМОНТОВ СЎЗИ

Менинг кўксимдаги қонли ярага
Кўзларингиз тушиб турибди, аммо,
Ўзингиздан юксак одамни сизлар
Лойиқ кўрасизлар
Фақат масхарага!

Риёкор, қоронғу муҳитингизда
Идрок шам мисоли сўнар чорасиз.
Мардона қалб борми вужудингизда —
Авлодларга нени олиб борасиз?

Сизнинг мараз босиб кетган муҳитнинг
Тиғи кўзларимга минг бор санчилди.
Фарқи борми бунда одам ва итнинг —
Ўйлаб, кўзларимда яра очилди!

Малҳам қўлингизда турибди, бироқ,
Кўзларимга қўймай кўз-кўз қиласиз.
Сиз фидойиликдан қочасиз ҳар чоқ,
Чунки, ўзингизни оқил биласиз.

Аслида, киборлар, нонхўр, аҳмоқсиз:
Ахир менинг ярам — сизнинг ярангиз!
Ўз азобингизни кўрасиз, шаксиз,
Менинг кўзларимга бир бор қарангиз!..

Майли. Сиз ярамга қўймангиз малҳам.
Армон билан чиқсин охирги нафас —
Фақат: кўзларимга боқиб, сизлар ҳам
Ўз фожиангизни англасангиз, бас.


* * *

Хаёлимда бир Лайли эдинг,
Мажнун бўлиб севдим девона.
Сен соянгга ҳеч қарамадинг,
Англадимки, мен — бир бегона!

Қарамадинг: мени букди ғам.
Боғни ҳазин хазонлар қучди.
Бир мусофир қуш мисол ҳар дам
Нола чекдим, саргардон учдим.

Қарамадинг: бутун қиш бўйи
Жим ёлвордим қўшилиб қорга.
Қорликларга қаҳримни қўйиб,
Ёлғиз етиб келдим баҳорга —

Қарар, дея келар йўлингда
Майса бўлиб уна бошладим.
«Севмайман! Не келар қўлингдан!
Дея мени топтаб ташладинг.

Юрак тўхтаб қолмади нечун,
Мен ўлмадим нечун шу онда —
Билмам, нега маҳзундир ҳар тун
Ва ой сарсон кезар осмонда?..


* * *

Журъатсиз деб мени айбситма,
Қуч, имконим ўзимга маълум.
Бас, гинали мактублар битма,
Қўнглингга ҳеч солма таваҳҳум.

Деразангдан боққан юлдузнинг
Аҳволига тушунсанг агар,
Сен қадрига етардинг сўзнинг,
Айбситмасдинг мени бунчалар.

Олис юлдуз — безабон, бесас.
Уни англаб бўлмас ҳеч қачон.
Мен ўзимга ишонаман, бас,
Журъатида ҳам ўзимга аён.


ҒАЗАЛЛАР

ЯХШИ КУН

Ҳар не, дўстим, биз учун олдиндадир:
Тонгдамиз ҳозир — Бугун олдиндадир!

Айт дилинг истар каломни бу замон,
Ҳеч сукут қилма — сукун олдиндадир!

Бўлма жоҳил жаҳдидан дилхун бугун,
Ҳарки жоҳилликка хун олдиндадир!

Ўрганурмиз ғолибият илмини,
Ишқ, кураш — дорилфунун олдиндадир!

Дўст, бу умрингда умид қил яхшилик,
Ҳар қачон айт: «Яхши кун олдиндадир!

Биз яшармиз Тоҳиру Мажнун бўлиб,
Шонли, оламгир жунун олдиндадир!..


* * *

Мен бу тун ишқим ўти
Бирла ёниб битдим бутун —
Тунга сингиб кетди қалбим,
Бўлди учқун ҳам тутун!

Кул-кукундан қайта пайдо
Бўлган у Қақнус мисол
Ишқли қалбим ёнди қайта,
Эй умр, унга юкун!..

Қанча юксак, қанча порлоқ,
Қанча сирли бўлса ҳам,
Мен на юлдуз, на қуёшга
Сажда қилмасман бу кун!

Нени дарё сўзлагайдир,
Нени сўзлайдир шамол,
Мен қулоқ бермай уларга,
Уй сурурман бесукун:

«Мен — ўзимнинг устунимман,
Бир гиёҳдек ҳур вужуд!
Кўр: эгилган, ерга чўккан
Юксак осмон — бесутун!..»

Сўзла, қалбим, саждагоҳим,
Сен — менинг пайғамбарим:
Ўзлигимдан ўз-ўзимга
Бир хабар бер — мен учун!..


ЛОЛАГА ЎХШАР ЖАҲОН

Кўзларим ўнгида ҳар дам ўйнаган
Бир ажиб шаббодага ўхшар жаҳон.

Бир ниҳон исённи унсиз куйлаган
Бир пиёла бодага ўхшар жаҳон.

Бору йўқдан сўзлама, дўстим, бу дам —
Бойчечакка, лолага ўхшар жаҳон!

Айтаверсанг кундалик ҳар дардни ҳам,
Бил, ажаб йўқ, нолага ўхшар жаҳон.


САРБАДОРЛАР

Бошни дорга тиккан инсон,
Сарбадордир отимиз.
Дилда имон, қўлда шамшир,
Остимизда отимиз:

Ҳар томон кетсак, очиқдир
Бизга олам йўллари,
Аммо ҳеч ён кетмагаймиз,
Шунда юрт — бунёдимиз!

Ёв ва хоин ҳамватанлар
Юртни вайрон этдилар!
Жонимиз жисми бу юрт,
Вайронаси — ободимиз!

Элни қул қилди мўғуллар,
Дил-ку озодлик қули —
Англадик: қуллар ичинда
Фикри ҳур, озодимиз!

Додимиз зулматлар ичра
Порлади машъал бўлиб,
Чорлади ўч-интиқомга
Бу ёниқ фарёдимиз!

Англадик: гар биз курашга
Кирмасак, биздан кейин
Биз каби қул, биз каби зор,
Хор бўлар зурёдимиз —

Шу сабабли бошни дорга
Тикдигу «Ҳурлик!» дедик.
Ҳурлик — оҳу мисли чопгай,
Биз унинг сайёдимиз!.

Умримиз сайёру сарсон
Кечса, кечсин, бас, фақат
Қолсин ушбу элда бизнинг
«Эрк» деган ижодимиз!

Эрк — ахир энг тотли неъмат,
Энг зарур меҳнат ахир!
Токи шу меҳнат-ла машғул
Бўлсин ўз авлодимиз!

Биз шунинг-чун жангга кирдик,
Йилдирим — тулпоримиз,
Бошни дорга тиккан инсон,
Сарбадордир отимиз!..


БАЪЗАН

Мени маҳзун этар баъзан умидсизлик,
Этар жону таним маскан умидсизлик;

Бу ишқ жодусими? Тийра хаёл сиҳри? —
Фикрлайман... — бўлар равшан умидсизлик.

Гоҳ улкан ер, фалакнинг қисматин ўйлаб,
Хаёлимда кезар улкан умидсизлик.

— Фалакдир энг улуғ хоин, қуёшни у
Булутга сотди!.. — дер кундан умидсизлик.

— Фалак ҳам ихтиёрсиздир, — шамол сўзлар
Керакмас ҳеч қачон ундан умидсизлик!

Яша меҳнат қилиб! Ўлма ҳеч ўлгунча
Ва бил: жонни ёқар гулхан — умидсизлик!..

Хаёл дер: «Ташла фикру ишқ йўлин, Тоҳир,
Ўшал йўлдан кириб келган умидсизлик!»

Билурман мен, хаёлмас бу, бу иблисдир,
У — фикрим қийнаган, кулган умидсизлик!

Мени ўткинчи ғам таслнм қилолмас ҳеч,
Қилолмас кучлилик мендан умидсизлик!


ЖУРЪАТИМ — УМРИМ МЕНИНГ

Сенсиз ўтса бу жаҳонда
Фурсатим фурсат эмас,
Фурсатим — ҳайрона умрим,
Ҳайратим ҳайрат эмас.

Куйлагайман ўзлигимни
Мен ишонч, қудрат билан,
Бўлмаса қудрат куйимда,
Қудратим қудрат эмас.

Куй — буюк юртим менинг,
Шу қадим, ўлмас ватан,
Унга гар боғланмаса,
Бу қисматим қисмат эмас.

Қисматимнинг котиби — сўз,
Сўзки, жонбахш ҳамдамим,
Сўзга қурбон бўлмасам мен,
Қурбатим қурбат эмас.

Жаннату аърофу томуғ —
Уч жаҳон шу Ердадир!
Ўзбекистон бўлмаса гар,
Жаннатим жаннат эмас!

Тоҳир умрим — журъатим бор,
Фурсати қудрат шудир!
Бир нафас айрилсам ундан,
Журъатим журъат эмас.


КУЗ

Тўлиб йўллар хазонларга, туманга,
Яна чорлар сукутли анжуманга.

Ҳабиб, тарк эт рутубатли хонангни,
Сайрга чиқ хазоний бу чаманга!..

Кетар гул ҳидлари боғдан, видо айт
Атиргулга, нилуфар, ёсуманга.

Узоқларга учар қушлар — юракдек
Қоришганча уфқда турли рангга, —

Уларсиз қолдик энди биз, бу қушлар
Баҳор келгунча қайтмайди Ватанга.

Ажиб афсоналар айтар Куз энди
Шамол, ёмғир бўлиб дўст, сену менга.


ШЕЪРПАРАСТ МАДДОҲГА

Шеърпараст, бас, қўй қаламни, ёзма шеър
Ёзма, ваҳший ёлғонинг қалбимни ер!

Даврани алдар сўзинг, айланма, бас,
Терс сўзингдан тескари айланди ер!

Даврабошин мақтадинг ҳар даврада,
Таъма зикрида ўлиб тўкдинг-ку тер!

Мақтадинг мансабпараст, қўрқоқни ҳам.
Мадҳиянг боис қуёнлар бўлди шер!

Кимлигинг оқил билур, юз войиким,
Баъзи нодонлар сени: «Шоир бу!» дер!

Назм ила ном, молу давлат рутбамас,
Халқ учун хизмат қилар — ким бўлса эр!

Сенда йўқдир дарду ишқ, мардона сўз,
Сўз қуролдир, бу қуролни мардга бер!

Шеър — кураш майдони, сен қирғоқдасан,
Шеър — бу ғаввос касби, сен тошингни тер!

Шеърпараст, бас, қўй қаламни, ёзма шеър,
Ёзма — ваҳший ёлғонинг қалбимни ер!..


* * *

Мавж уриб ирмоқлар оқди
Ўзлигин дарё қилиб,
Еру кўкни шиддатига,
Шавқига шайдо қилиб.

Эн юрак, ирмоқ бўлиб
Кирдик ҳаёт бўстонига,
Шеър ўқийлик — соҳилу
Гулларда тил пайдо қилиб.

Бахт — сукутда: майсалардек
Тинч яшайлик, сўз демай —
Кимни доно, кимни нодон,
Кимнидир расво қилиб.

Шундоғам кўҳна жаҳоннинг
Ғам ила ғавғоси кўп,
Топдилар не, не топардик
Беҳуда ғавғо қилиб.

Оқсин ирмоқ умримиз бу
Ерга ранг — гуллар сочиб,
Лаҳзалпк шудринглар пчра
Мангу бир маъво қилиб.


ҲИЖРОН ҚЎШИҒИ

Шами васлинг сўниб, ҳижрон бўлибдир,
Ғами оташ ёниб, дил қон бўлибдир,

Жами дўстлар ғариқи ғам, ғарибу —
Жами душман хушу хандон бўлибдир.

Кетиб меҳру келиб зулму зулумот —
Келиб ағёр, сенга меҳмон бўлибдир.

Ғамимнинг боиси беғамлигингдир,
Ғаним боғингга, ёр, боғбон бўлибднр.

Не дей халққа, тилимда халқа — тилсим!
Бу жонимга таним зиндон бўлибдир.

Бу тан, бу жон — сенинг ҳурлик диёринг,
Нечун кетдинг, кўнгил вайрон бўлибдир.

На ғафлат бу? На ғофилсан, сен эй, ёр?!
Сўзим: «Уйғон! Кўзим, уйғон!..» бўлибдир.


БИЗ АЙРИЛГАН КУН

Тонгда шудринг тушди — япроқ йиғлади.
Биргина япроқ эмас, боғ йиғлади.

Бир товуш жимликни кесди тиғ мисол,
Балки, булбул, эҳтимол, зоғ йиғлади.

Тўлғониб. қаршимда маҳзун мавж уриб,
Титрабон елда бир ўтлоқ йиғлади.

Тўрт томонга парда тортмиш кўк туман —
Қўзғолиб водий, чекиб оҳ йиғлади.

Ҳайқириб тоғ ортидан чиқди қуёш.
Тийра ёмғир ортида тоғ йиғлади.

Мен хаёлинг дардида бошим эгиб
Юрдим-у, атрофда ҳар ёқ йиғлади.

Йўлда қолдй турфа соя, турфа ранг —
Барчасин остинда тупроқ йиғлади.

Шомда оқди икки дарё қон тўла —
Сиғдиролмай қонни қирғоқ йиғлади.

Учрата олмай кўзим ҳеч бир-бирин,
Икки дарё мисли тарқоқ йиғлади.

Барчасин кўрди, чидай олмай ахир
Ендириб осмонни, чақмоқ йиғлади.

Ой чиқиб келди, сукунатни ёриб,
Мен билан ойдинда сўқмоқ йиғлади.

Учди юлдузлар самода ҳайқириб,
Ҳайқириб сайёру ўтроқ йиғлади.

Зарра тупроқ мисли бу кўз, бу юрак.
Билмадим мен — қайси кўпроқ йиғлади.

Маълулу мақтул бўлиб кездим бу кеч,
Еру кўк мен бирла уйғоқ йиғлади...


* * *

Кўзим, ҳайрон яшай оламда — ҳайрат бер!
Ўзимни ўзгадан фарқ эт, фароғат бер!

Сўзим, сўзонлигим айтгин бу дунёга —
Ёниб, ёмғир, булут, қорга ҳарорат бер!

Дилим, мен ҳам самовотга чиқурман, бас —
Ғироту Рахш керакмас, менга ғайрат бер!

Фалак, гар истамас эрсанг ҳалокингнн,
Фалаксоҳиб ҳар пблнсга фалокат бер!

Қасос ҳисси, ўч олмасман рақиблардан,
Рақибларга ҳиёнатмас, диёнат бер!

Шами умрим, қанот бер — тунлари порла,
Шамолларга узун тунлар қаноат бер!

Дилим, кўп нарса сўрмасман, бу дунёда —
Фақат менга муҳаббат бер, муҳаббат бер!..


АЛИШЕР НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Дебди ёр: «Ҳатто изимни энди Тоҳир кўрмасун,
Бор ҳузуру ҳам ҳаловат бўлди кўрмасун!..»
Мен кўрар кунни, ёронлар, ҳеч киши бир кўрмасун —
Ишқ даштин ҳеч ғурбаткаш мусофир кўрмасун,
Мен ғариб ул дашт аро кўрганни кофир кўрмасун.

Бу юрак бир қалдироқдек ҳайқириб, бўлгайму жим?
Борму, эй лаҳза, дилимни англамоққа дўст, ғаним?
Мен-ку билмам, ўлдирар ўз дарди бирла кимни ким —
Ёрмангиз Фарҳоду Мажнун олдида кўксимниким,
Ботинимнинг дарду доғин аҳли зоҳир кўрмасун.

Ишқ аро кўксим қафасдир, унда банд қалб булбули,
Ер, тушунгин сўзларимни — кўзларимнинг йўқ тили!
Шунчалар бўлгайму, айт, инсон деган ҳам доғули,
Ҳар боқишда қатлиом айлар кўзунгким, даҳр эли
Ҳар кимни сен каби бу фанда моҳир кўрмасун.

Ошиғингга кўп азоб бердинг — тикан-гул бирла ҳам,
Лек ҳамон мен сенга зорман дардли кўнгил бирла ҳам,
Эҳ, «гўзал ёшлик — оёқда занжиру ғул бирла ҳам»,
Кимки ошиқлик асиридур, тахайюл бирла ҳам
Ишқ кўйида ўзин осуда хотир кўрмасун.

Англадим мен, ишқли руҳим — дунёда кезгучи нур!
Ёрни излаб топгай ул, ҳижрон қоронғусин бузур!
Барчаси ўтгай, бироқ, ишқ дунёда мангу кезур —
Ким Иавоийдек фано водийсида истар ҳузур,
Кечсун ўздин, балки худ ўзлукни ҳозир кўрмасун.


САДОҚАТ

Қайга борсам, мен билан шу
Мард, жасур соям кетар:
Мен билан оппоқ саҳардан
То қаро шомга етар.

«Мен ўлимга борадурман,
Бунда қолгил сен,» десам,
У поёнсиз тун сари ҳам
Мен билан риҳлат этар!


ЖАРАНГЛАР КУЛГИДАН БОҒЛАР

Дарахтлар баргини тинмай шамол юлди,
Қуёшсиз — бепаноҳ қолган чаман сўлди,
Туманлар тонглари қаҳ-қаҳ уриб кулди —
Жаранглаб кетди боғлар ҳам бу кулгудан!

Кезурман шод, дилимда ҳеч гумон йўқдир,
Тумандир боғ, кўзимда лек туман йўқдир,
Инонгай қалб: жаҳонда ҳеч ёмон йўқдир —
Юрак гаодон тепар эзгу бу туйғудан!

Эшит, эй Куз, туганмас шиддатим бордир,
Хазонингча муҳаббат, ҳиддатим бордир,
Билурман, бу ҳаётда муддатим бордир —
Шу боис қайғу йўқ қалбимда қайғудан!

Шу боис мен шамолга ҳам қўшиқ айтдим,
Шамол бирла самоларни кезиб қайтдим,
Самовий ҳар не сўздан қайтди ҳар байтим,
Яралгай энди ҳар байт оддий орзудан.

Бир орзуким: шамол тинмай эсар бўлса,
Хазон япроғи боғларни безар бўлса
Ва ҳар япроқ овозин қалб сезар бўлса —
Таралса шу овоз қалбдаги чолғудан!


АКС САДО

Эй муҳаббат, қайт ёнимга! Майли, ҳеч ким билмасин:
Сен — даҳосан, бебаҳосан, сен — хаёлим жилваси,
Майли, парво қилмасин ҳеч еру кўк сенга қараб,
Мен — қулингман, мендан ўзга сенга сажда қилмасин!

Сен ҳақингда ўйлаб-ўйлаб, ҳайратим ортди тағин,
Ҳайратим ортди — севинчу ҳасратим ортди тағин,
Бора-бора пора-пора бўлди фикрим шиддати —
Бари бир, руҳимда қудрат, шиддатим ортди тағин!

Эй муҳаббат, англамайсан сўзларимни сен бугун,
Тингламайсан дил ичинда бўзларимни сен бугун,
Ҳоли руҳим сарнигундир, оҳ, севолмассан нечун,
Лолу гирён турган икки кўзларимни сен бугун!..

Айт, юрак, бағрингда охир бўлдими ишқ муддати,
Қисматингга тушдими ё севгисизлик кулфати?
Гар муҳаббат бўлмаса, айт, не юракнинг қудрати?
Не умрнинг қиммати, айт, не жаҳоннинг васлати?!.

Мен ўзимни Мажнун этдим, Карбалога бошладим,
Бор умидим юлдуз эттим, наҳри тунга ташладим...
Сен кетарсан мендан олис бир ғуруб офтобидай —
«Қайт муҳаббат, кетма!..» деб қумлар уза ёнбошладим!..

Эй муҳаббат, қайт ёнимга, кўзга қумлар тўлмасин,
Ўртаниб дил, бора-бора пора-пора бўлмасин,
Эй муҳаббат, сен — даҳосан, сен — хаёлим жилваси:
Қайт, бугун ҳам Карбалода битта Мажнун ўлмасин!


ЗИНДОННОМА*

Хо Ши Минга бағишлов

Даф этай дардим бу дам —
Ёзмоққа бир дафтар очай,
Дилга тўлган ҳасратимни
Оқ варақларга сочай;

Не қилайки, бандда жисмим,
Аммо озод руҳ, мия.
Ҳибсу зиндон ҳолатидан
Ё ёзайми ҳибсия?..

Ёт мадад бермас ҳечам.
Ҳайҳот, мадад бермас ҳечам,
Дод мадад бермас ҳечам,
Додимга ет сен, эй қалам!

Дўстиму ҳамсуҳбатим бўл,
Дўсту ёрсизман бу кун,
Душманим илкида тақдир,
Ихтиёрсизман бу кун!

Найлайин, найман забонсиз —
Кўзларим нола чекар!
Титратар чархни фиғоним —
Сўзларим нола чекар!

Менга зиндон зулмати ҳам
Кимсасизлик, ғам якин,
Лек умид ҳар лаҳза сўзлар:
«Ҳурлик, озод дам яқин!..»

Мен билурман: айни пайтда
Тоқату бардош керак,
Ҳамфикр, ҳам эътиқоду
Ҳамжиҳат, қардош керак;

Сўнгра шундай кун келурким,
Бош эгар бизга ғаним,
Бўлгай озод унда мендай
Банди зиндон бўлса ким —

Шу ишонч, ёрқин хаёлим —
Улфатим, кунлар ўтар.
Бандилик дарди, муваққат
Кулфатим, тунлар ўтар.

Турманинг тор туйнугидан
Менга ой гоҳ бир караб,
Эслатар нурли жаҳонни,
Қалб кетар, оҳ зирқираб!..

Шунда айни қисматимга
Дилда исёним жўшар,
Ташда инграйди шамол ҳам,
У ғамимга ғам қўшар

Дарду шаҳду шиддатимдан
Ўтли илҳом уйғонар,
Сўзларим тун зулматида
Нурланар, янграр, ёнар:

— Тингласин бор душманим, сен
Айт уларга, эй фалак,
Бир туганмас ўч, қасосга
Тўлди банди бу юрак!

Бир дарахт япроғидек
Яшнаб, сўлар бир куи ғаним.
Мен шамолман, менга ҳам
Тобе бўлар бир кун ғаним!

Майли, ҳозирча кишанбанд,
Дўсту ёрсизман бугун,
Душманим илкида тақдир,
Ихтиёрсизман бугун;

Нурман, у ваҳший булутлар
Топтай олмас ҳеч мени,
Ҳурман, у иблис умидсиз
Йўлга солмас ҳеч мени!

Сезган оним бу таиимда
Ғафлат, ожизлик сасин,
Ўз қўлим бирла очурман
Мен ўлим дарвозасин!

Айни дам туғёп урар
Жонимда ҳиддат беадад,
«Панжара сингай!..» — умид
Бергай мудом менга мадад.

Мен бу дам тўфонли денгиз
Узра сузган бир кема,
Эй, умидим ёлқини,
Тунларга енгилдим, дема!

Ҳоҳ бўронли, ҳоҳ тўфонли
Кечадир, сен порлагин,
Худди кўксимда юракдай,
Бундаман, деб чорлагин!..

______________
* Въетнам халқининг инқилобчи доҳийси, президенти, миллий қаҳрамони. Хо Ши Мин (1890—1969) ҳаёти афсонавий жасурликларга тўла. У оғир ва махзун йилларни ҳам бошдан кечирган: жумладан, уни чанкайшичилар бир неча муддат — 1943 — 1944 йилларда турмага қамаб, ҳибсда азоблаганлар. Хо Ши Мин ана шу йилларда «Турма дафтари» китобига жамланган шеърларини ёзган. Бу шеър Хо Ши Миннинг ана шу китобидан илҳомланиб ёзилди.


СЕВИНЧИМ

Баҳор оқшомида ёмғир ёғар жим.
Ёғар орзум ва ҳижрон изтиробим.
Сенингсиз бўлди тупроқ жисму жоним —
Келу унга севинч эк, офтобим!

Униб чиққай метин ердан севинчим!
Босиб ўтсанг уни бирдан, севинчим —
Олиб ердан, экурман қалдироққа:
Унар кўк титраган сирдан СЕВИНЧИМ!


НИДО

«Фалакка қўл узатма, бас,
У жаллоддир, қўлинг кесгай!» —
Хоқоний, бу не фарёддир,
Бу байт ҳар пайт дилим эзгай!

Наҳот осмон эрур золим,
У инсонга наҳот ётдир?
Наҳот ерда омонлик йўқ,
Само тўлғин қиёматдир?!.

Билурманки, Хоқоний — мард,
Буюк шоир, улуғ зотдир,
У айтган сўз зулмпарвар
Замондан бир шикоятдир.

Фалакка қўл узатгайман!
Қўлим — синмас қилич, шундан
Ҳайиқмайман фалакдан ҳам,
Ҳайиқмайман куну тундан!

Ахир мағрур ҳар инсонни
Севар осмон, этар эъзоз:
У бахш этди кўзимга нур,
Дилимга эрк, қўлимга соз!

Қўшиқ айтгум: «Умр — гулхан,
Ёниб, ўтли нидо бўлсин!
Еру осмон — севиклимга
Фидо бўлсин, фидо бўлсин!..»


УМАР ХАЙЁМ БИЛАН БИР РИНДВАШ ШОИР СУҲБАТИ

— Бу фалак ҳар субҳу шом
Сўйгай қуёшни — қон ичар,
Зулму зулмат май сунар
Бу даврада, даврон ичар;
На қиёматли замон —
Шоирлари ёлғончидир,
Дарбадар, қулдай ғарибу
Нах уриб ёлғон, ичар!..

— Кунлашиб ўтказма кунни,
Кундузга боқ, кун ҳам тугар;
Тундланиб ғам чекма, қўл чек,
Ойга боқ, тун ҳам тугар;

Нолимасдан май ичайлик,
Ҳуру мағрур, шод яшаб,
Лаҳза келгай — бизга маълум
Дуняи дун ҳам тугар!..


* * *

Нақадар даҳшатли китоб жавони —
Мен унга қарайман қўрқиб, қувониб.
Чумоли тоғларга қараган каби.

Бир оғриқ чопар товондан бошгача.
Бир фикр кўнглимни титар, ёритар:
«Ёзмоқ ва яшамоқ керак бошқача!..»


ТАМАКИ

Феълим нозик бўлмаса ҳам, гоҳида бир гап
Нохуш қилар, юрагимга ўқ каби тегиб.
Аммо, ҳар гал қўл силтайман, ғамга бериб чап,
Нохушликни унутаман тамаки чекиб.

Гоҳо тунда, тушларимда безовта қилар
Шодликками, хасратгами ўхшаган бир ҳис.
Бнроқ, шунда тамаки ҳам топилмай қолар,
Топилмайди қолдиқлар ҳам кулдондан бу кез.

Ана шунда қоча олмай қоламан ўздан.
«Нечун қэйғу чекмоқ керак? Бор-э!» дейману
Бир хиргойи бошлайман мен: создан ва сўздан
Бегона бир қўшиқ янграр... ва самовий куй!..

Ўйлашимча, мен ўшандай онларда, бешак,
Йўқ тамаки тўғрисида куйласам керак.


ФУРҚАТНИНГ ХАЁЛИ

Замона пурхатар, душман беадад, дўст бепарво.
Фурқат

1

Муждалар бер, юртим сабоси,
Афсунгар у боғлар қайдадир?
Хаёлимнинг сўнгсиз садоси
У боғларда қолган найдадир!..

«ЁНДИМ!!!» деган бир сўзни лаблар
Чақмоқларга ўхшаб айтадир.
Бир кун яна бағрингга, дилбар,
Қалбим йиғлаб-йиғлаб қайтадир!..

2

Шоир ҳам ўлади, ночор жисмини
Ташлаб кетадилар қабр қуртига.
Байроқ қиладилар шеъру исмини —
Шоирнинг юраги қолар юртига.

Ҳаётдан изламай ҳеч қандай маъни,
Кўплар ўз юртида яшар ва ўлар:
Ҳеч не қолмаса-да улардан, тани —
Ватаннинг бир парча тупроғи қолар!..

Мен ҳам ўз юртимнинг парча тупроғи,
Қувғинди, саргардон томчи қониман!
Дилда мусофирлик, соғинчлар доғи,
Тунларда шам мисол ёлғиз ёнаман!

Истайман — мен бошқа бир одам бўлсам,
Туғилган еримда яшасам, ўлсам:
Юртим тупроғига мен ҳам қўшилсам —
Бу бахтдан гулларга айланиб кулсам!..

3

Билганимда бўлмоғимни хору зор,
Беқарору бепаноҳу бедиёр —
Бор ҳавас, ишқим этардим шарт бекор,
Менда бўлсайди агар бир ихтиёр.

Бир севиб, минг бир азобга мустаҳиқ —
Бўлдинг, эй дил, сўзламоқ имкони йўқ.
Ким этарди сенга таҳдиду таъқиқ,
Менда бўлсайди агар бир ихтиёр?!.

Барибирдир сенга бағри хунлигим,
Ҳам фидо бўлган юрак — эркинлигим;
Бунча хор ўтмас эди бешкунлигим,
Менда бўлсайди агар бир ихтиёр!

Кўзларимни алдаган шу тунмидир?
Фош этардим: менми қул, очунмидир,
Бу ҳаёт алдоқмидир ё чинмидир —
Менда бўлсайди агар бир ихтиёр.


БОҒ

«Бу боғ мендан кейин нима бўларкин...» —
Деди бир кун отам ҳасратли, секин.

Ойдинда ток барги узилиб, учди...
Бир қайғу япроғи қалбимга тушди.

Ҳеч не деёлмадим. Жон оғрир сатта —
Тил аросатда-ю, дил аросатда!..

Нима ҳам дер эдим, шаҳарда ишим,
Шаҳарга боғланган руҳим, турмушим.

Қишлоққа етаклар соғинч, гоҳ ғамим,
Ортимга қайтарар яна қаламим.

Фаранглар айтган-ку: шоирлар бизда
Қишлоқда туғилиб, ўлар Парижда.

Ўйласам, умримда кўп нарсалар кам.
Зотан, буюк эмас истеъдодим ҳам —

Кичкина бир одам бўлгандек ўзим,
Бу улкан Дунёда не оҳанг сўзим?!.

Аммо, оқ қоғозга кўз нурим тўкиб,
Ҳаётда гоҳ мағрур, гоҳо тиз чўкиб —

Юрганим боиси шеър ё шон эмас,
Ёки тирикчилик, парча нон эмас,

Бошқадир... боиси бошқадир бунинг,
Бу Сирдир. Сиридир Куннинг ва Туннинг...

Отажон, ишонинг, Боғимиз сўлмас.
Қай пайт биз ўлсак ҳам, наслимиз ўлмас.


* * *

«Фақат дўст деб ҳисобланг мени...»
Бу сўзларинг кўнглимни сиқди.
Яна чорлаб соҳилга сени,
Яна хомуш йўлингга чиқдим.

Умид бунча алдайди, э вой!
Сен келмайсан энди, афтидан...
Қолиб кетар энди тўлин ой
Қора тўлқинларнинг кафтида.


* * *

Печкадаги ўтин кўримсиз
Кийимларин оҳиста ечар:
Кўз олдимда — оловтан бир қиз!
Кўз олдимда — музлаган кеча.

Наҳот, наҳот келмайсан бу тун —
Чорласам-да сени ҳар неча?
Димоғимда — аччиқ бир тутун,
Қучоғимда — музлаган кеча!..


* * *

Севгилим, тоқатим тоқ бўлди,
Дилимда ҳасратим тоғ бўлди;
Бу қандай гўзал кун, ёруғ кун —
Қаршингда дил ёрар чоғ бўлди!

Севгилим, мен сени ҳасратим
Тоғида қор каби асрадим,
Асрадим лоладай, чечакдай,
Энди сен юз кўрсат, севгилим:

Мусаффо ирмоқлар бўлиб оқ,
Лолага, чечакка тўлсин тоғ;
Бир ишқдан — яна бир баҳордан
Бу қадим дунёни эт огоҳ!


* * *

Асрларнинг хира — мовий туманлигидан
Сузиб келар мозий оппоқ кемаси билан.

Садо истаб, яқинлашиб келар онма-он
Қора кўзинг қорачуғин маёғи томон.

Уни қабул қиласанми ё йўқми — тезда
Жавобии айт, иккилансанг айни шу кезда

У кўзингнинг қирғоғига келиб урилар
Ва тубсизлик уммонига бир дам ғарқ бўлар;

Сўнгра қалқар, узоқлашар сендан онма-он
Бошқа бир кўз қорачуғин маёғи томон.


ЙУҚОЛГАН КАЛИТ

(Афсона)

Юз йил бўлди бир рассомнинг
Дунёдан ўтганига —
Гул бўлиб, сўнг япроқ бўлиб
Куз билан кетганига.

Зангор тоққа кўмилган у,
Туманлардан баландга.
Қўзғолмасин, деб қабрига
Харсанг тошлар қаланган.

Аммо, эмиш, бир аланга
Кўтарилар гоҳ-гоҳи:
Нимадандир безовтамиш
Мусаввирнинг арвоҳи.

Чунки уни аллакимлар
Доим таъқиб этармиш,
Ундан ёдгор бўлмиш хочга
Гоҳ қулф осиб кетармиш.

Тирикликда рассом тобеъ,
Мутеъликдан безганди —
Оғзига қулф солинган бир
Одам расмин чизганди.

Бу расмнн кўриб, кўплар
Дилга қайғу солибди,
Мени чизган, деб рассомга
Хитланишиб қолибди.

Рассомга ёв кўпайибди
Ўтган сайин вақт, замон.
«Оғзига қулф солинганлар»
Бўлибди бир оломон.

Одамлар-ку, бир чизгини
Не-не маънога йўймас!
Тирикликда — майли, аммо,
Ўлганда ҳам тинч қўймас:

«Қулфлоқлар» калит излаб
Борар эмиш тоғ томон,
Бироқ, тоққа чиқа олмай
Қилар эмиш тўполон.

Улар ҳамон туманли тоғ
Этагида бўзлармиш —
Рассом чизмай кетган сирли
Ул калитни излармиш.


ТАШҚИ ТАЪСИР

Кўп нарса ўзгарар ташқи таъсирдан.
Ҳатто муз даврида яшаганлар ҳам
Хабардор бўлганлар бу оддий сирдан.
Оловни илк бора кашф этган одам

Ёғочни ёғочга, сўнг тошни тошга
Ишқаб, уриштирган, гурлаб ўт ёнган, —
Парча эт — мия ҳам айланган Онгга.
Одамзод топинган ўтга, Қуёшга...

Ташқи таъсир, асли, иккинчи нарса.
Иккинчи мавжудот. Иккинчи жонзот.
Ташқи таъсир — чақмоқ: дарахтни урса,
Унинг-чун бир зумда тугагай ҳаёт...

Ташқи таъсир боис ўзгарар ҳаёт,
Туғилар улуғлик ва ё зиллатлар,
Халқлар дўст бўлар ё бир-бирига ёт,
Бўлиниб, қўшилиб кетар миллатлар.

Ахир Африканинг олтин қонини
Бозорга солдилар бир неча аср;
«Онгсиз Осиё» деб, унинг онгини
Осийлар талади, ташиди бир-бир —

Бу ҳам ташқи таъсир. Бу — шафқатсиз куч.
У босиб олади, у қул қилади,
Ҳар қандай ҳақиқат у бор жойда пуч,
Ўз ҳақиқатин у маъқул қилади.

Донишманд бобомиз айтгандек, лекин,
Ҳақиқат кучдамас, куч ҳақиқатда!
Бизлар ҳам шундай деб яшаймиз бу кун,
Ҳақиқат тангридир бизга ҳаётда!..

«Бермуд учбурчаги», «учар ликоп»лар,
«Қора тараққиёт», наҳотки, сирдир?
Барини кашф этар жасур кашшофлар:
«Булар — ҳеч сир эмас, ташқи таъсирдир».

...Илоҳий қудрат бор инсон қонида! —
Зарра адашмаган донишманд сўфий.
Ҳар инсон худодир ўз маконида! —
Мутлоқ тўғри айтган жасур ҳуруфий.

Табиат туганмас ташқи таъсирдир,
Инсон ташқи таъсир табиатга ҳам:
Ҳамояки, бу кўзлар равшан-басирдир,
Ташқи таъсир ўзи ҳар битта одам!


СУРАТ

Ўтмишда ўтиб кетган бир адиб расмин кўрдим:
Алпомишдай бир йигит ғамгин боқиб турар жим
Соч-соқоли сал ўсган, нигоҳи — буюк тилсим,
Филҳақиқат, изоҳлаб беролмас уни ҳеч ким!

Мен ажиб мўъжизани кўрган каби лол қотдим,
Шу боисми, адибни Алпомишга ўхшатдим.
Йўқ, у кўпроқ ўхшарди Отабекка... хусусан,
Ўрдага келтирилгач,
Оёқ-қўли кишанбанд,
Хондан адл тилаган
Отабекка ўхшарди.


* * *

Оппоқ-оппоқ қор ёғди,
Боғлар бўлди сеҳргоҳ.
Бу чоғлар йўл серёғду —
Кел ёнимга, меҳрибон!

Қулф урди қадим жаҳон
Тағин ўзни безабон.
Ойдин. Сукут — бир оҳанг... —
Кел, жоним, жим — безабон!..

Севгилар фасли, бу кез
Кўзим йўлингда толар.
Бунча ўтиб кетар тез
Хушманзара лаҳзалар!?.

Оппоқ — оппоқ қор ёғди.
Боғлар — ажиб сеҳргоҳ.
Бу чоғлар йўл серёғду —
Кел ёнимга, меҳрибон...


* * *

Шукр, озми — кўпми, дўст-душманим бор.
Озми — кўпми, орзум ва пушмоним бор.

Кундузи: ишхонам — иш, одамлар бор.
Кечаси: китоблар — сўз, оламлар бор.

«Йўқ!.. йўқ...» деб нолишга вақтим йўқ ҳечам.
Оламни кездирар кундузим, кечам.

Шукр, «йўқ» дегувчи дўстлардан кечдим,
«Бор!» дедим, борлиқнинг шаробин ичдим!

Бор эдик, бор бўлдик, бор бўлажакмиз!
Шукр, дилдошларим, биз — келажакмиз.


УЧУВЧИНИНГ ХАЁЛЛАРИ

Улуғ Ватан урушида ҳалок бўлган учувчилар хотирасига

...Тамом. Портлаб кетди тайёрам.
Ёнди. Учди. Шовқинлар тинди.
Қаттиқ ёна бошлади ярам.
Ой қиличга ўхшаб кўринди.

Қандай тирик қолдим? Билмайман.
Қандай ғамгин бу таниш жимлик.
Бир ўлмадим — энди ўлмайман,
Оҳ, бўлсайди қиттай ичимлик!..

Ҳеч ким йўқ ер... — энг чуқур ўра.
Ким қутқазар бунда? Дард — ваҳший.
Ночор ўлим кутгандан кўра,
Асли, бирдан ўлганинг яхши.

Қандай жимлик!.. Бу жимлик — қотил.
Қимдир чорлар?.. йўқ, бу — ўрмонзор.
Ахир тунда кўринмас — минг хил —
Сукунатнинг чолғулари бор!..

Эшитилар ажиб оҳанглар,
Ранггин тушлар этмоқда асир.
Мен енгган ва енгилган жанглар
Кўз олдимдан ўтмоқда бир-бир.

Бошланётган ҳар битта лаҳза
Минг азобдан бермоқда дарак.
Порла, эй Ой! Менга кераксан, —
Тунга тўлиб бормоқда юрак!

Порлайқол, Ой, мен кўриб олай
Қоронғуда яраларимни.
Қиличингни санч кўзимга, Ой, —
Шу ойдинда чорлардим кимни?!.

Санчиб олгин қорачуғимни
Қиличингнинг учига қаттиқ! —
Учмоқ истаб турган руҳимни
Жисмим ушлаб туролмас ортиқ!

Токи баланд осмонда туриб
Қорачуғим боқсин ер сари:
Тайёралар учса чарх уриб,
Кўриб турсин доимо барин...


ШОИРНИНГ ЮРАГИ

(Ёки Тилак Жўра ва унинг беданаси ҳақида шеър)

Қўшнимнинг уч беданаси бор.
«Тўқ-тўқ» қилар доим тўрқовоқ.
Фақат битта бедана сайрар,
Уйғонади ҳамма эртароқ
У бедана сайрагани чоқ.

Баъзан эса сайрамай қўяр
Ўша битта зўр бедана ҳам.
Шунда кўплар уйқуга тўяр,
Ғафлат кўзни банд этар у дам,
Унут бўлар кундуз, ташвиш, ғам...

Шунда қўшним беданасига —
Қаттиқ-қаттиқ сайрасин дея —
Сув ўрнига ароқ ичирар:
Маст бедана басма-басига,
Ўларига қарамай сайрар!..


АҲД

Одамзотнинг юзи иссиқ дегандек,
Айбин айтолмайман дўстнинг юзига;
Жим қулоқ тутамап, турганимча тек,
Тўғрию нотўғри айтган сўзига.

Айру-айру яшар руҳ ила вужуд,
Инсон тобе яшар ризқу рўзига, —
Дейман-у, кимгадир қиламан сужуд,
Шак ҳам келтирмайман нодон сўзига.

Шундай мутеларча кечарми умрим?
Кейин ким ҳам мени олар эсига?
Ахир биламан-ку: қул эмас ҳеч ким,
Инсон тобе фақат ўзи ўзига.

Бас, энди қолмади ҳеч сабру тўзим,
Фаришта дейолмам энди шайтонни.
Агар худо бўлсанг, ёқмаса сўзим,
Ташлаб юборавер, майли, осмонни.


БАХТИЁРЛИК

Бахтиёрлик — нисбий тушунча.
У — қалбдаги иштиёқ ва ишқ.
У — лаҳзада очилган ғунча,
Унда, кун, тун рангги қоришиқ.

Бахтиёрлик — ўткинчи ҳолат.
Идрокинг маст бўлган пайтдир у:
Ҳушёр тортгач, яна саодат,
Бахтмандликнн киласан орзу!

Ҳатто банди, гадо бўлсанг ҳам,
Бадбахтман деб ўкинма ҳеч вақт:
Тнриклик — бу озод бир олам,
Бир қалб учун — мулку тожу тахт!

Ким ўзини санаса бадбахт —
У ўзига қотил, кушанда.
Кимки бўлса собир, хушният —
Бахтиёрлик ана ўшанда.


НАНАЙ ОЛМАЗОРЛАРИ

Нанайлик дўстим Боймирза хотирасига

Ногоҳ юлдузингни йўқотди осмон,
Кўзингнинг шўх нури тунга беркинди.
Кўксарой* томонда оқарар ҳар тонг,
Кўрмайсан — осмонинг сенинг йўқ энди.

Ҳовлинг этагидан оққувчи дарё —
У сенинг руҳингда мавж уриб, тинди —
Ўзини фарёд-ла отмасин ҳар ён,
Овозинг, сўзингни тополмас энди.

Сенинг куёшинг ҳам йўқ энди, дўстим,
У олиб кетгандир уфқларингни.
Мен мангу қуёшга термулганча жим,
Тинглайман бу ҳаёт қўшиқларини.

Кириб келишингга кўз тутар ҳамон,
Ҳамон шовуллайди олмазорларинг,
Аммо, сен Нанайдан кетгансан тамом,
Кетгансан кўринмас олмазор сари...
__________
* Кўксарой — Наманганнинг Нанай қишлоғи тепасидаги тоғ.


МАЖНУННИНГ ҲАЙКАЛИ

Кетолмайман кеча-кундуз бу боғдан.
Хоҳлаганда келар-кетар бошқалар.
Бу боғ — денгиз: мавжлар кетар қирғоқдан,
Фақат тилсиз қумлар қолар, тош қолар.

Мен биламан: сувлар оқар айқириб,
Гуллар кулар... Сўнг Куз барин сўлдирар.
Биламан-у, айтолмайман ҳайқириб —
Бу дард менинг хўрлигимни келтирар!..

Қўзғолса-чи! Қўзғолмас тош ғазабим.
(Кўп қойилман бундай ҳайкалтарошга).
Вужудим тош, тошдир тоқат, асабим.
Наҳот, қалб ҳам айлангандир бир тошга?!.

Эй, кимдандир аламзада бўлган қиз!
Кўзингда ёш, қаршимда кўп турма тик.
Сенга ўхшар менинг қалбим! Сен бу кез
Бир қўшиқ айт! Унут бўлсин ғам, хўрлик.

Истасанг, бас, — мен ўрнимдан жиламан!
Истасанг, бас, — бу боғни тарк этамиз!
Мен сен билан қўшиқ айта биламан,
Қўшиқ айтиб узоқларга кетамиз!..


ЧИЛИЛИК ҚУВҒИНДИНИНГ КУНДАЛИГИДАН ПАРЧАЛАР

1
ЧЕКСИЗЛИК

Тўғри гап: вақт ўтар, салтанат йитар,
Халқ қолар; халқ умри давом этади.
Курашлар, урушлар — барчаси ўтар,
Халқ эса, халқ эса қонлар ютади.
Ғолибдир, мағлубдир — кетади бари,
Эзгулик, ёвузлик қолади бунда;
Интиқом, устунлик васвасалари
Жонларни қутқуга солади бунда...
Билки, ҳар қандайин темир қонунлар
Қачондир чиппакка чиқади, қалам;
Ахир бизлар билган бу кунлар, тунлар
Варағига не ҳам сиғади, қалам?..
Мен мусофирликда ўлгайман, ҳаргиз
Чўкарман умримнинг тубсиз, ғурубсиз —
Ҳайбатли, зулматли денгизига, лек
Чўкиб ғарқ бўлгунча турмагайман тек!.
Йўқ, ўлмам: нафасим — шу чексиз ҳаво!
Муҳаббатим чексиз, нафратим чексиз:
Қачондир қасос ҳам олурман, шаксиз,
Яшамоқдан энди шудир муддао!
Бўлсам-да қувғинди, юрт мусофири,
Мени банд қилолмас Низом занжири —
Барча қонунларни этадирман рад,
Чексизлик, эркинлик — ншончим фақат!
Эрнестнинг сўзлари тамоман ҳақдир:
«Тўрт нарса ҳаётда абадий фақат —
Муҳаббат ва ўлим, уруш ва меҳнат».
Шу асли — чексизлик, шу асли — Тақдир
Менинг муҳаббатим, ўз меҳнатим бор,
Курашим ва албат ҳалокатим бор,
Шунинг-чун дерман: мен —асл башарман,
Мен ўз чексизлигим билан яшарман!

2
РАҚАМЛАР

Бугун гарчи кимсасиздир
Чилидаги жомхоналар,
Бандиларга лиқ тўладир
Ёпиқ уйлар — ғамхоналар,
Тош қотган ул мис жомлардан
Мотамли ун таралмоқда:
40000 мурда — 80000 қўл —
Бари, бари жом чалмоқда!

3
ҲАР СОНИЯ

Ҳар сония панжарали,
Ҳар дақиқа кишанбанд!
Қасоскор Кун ханжар олиб,
Чопар қувғинди монанд!
Ким турмага тиққан бизнинг
Сонияни, Лаҳзани —
У душмани умримизнинг,
Бахтимизнинг раҳзани!

4
ЎҚ

Янги йилни кутдик турмада.
Ўтар, бир йил нима деган гап.
Бандиман, деб қаттиқ урма-да,
Қалб, бу замон бандилик — шараф!
Озодликда юрган бандилар —
Сотқинлар ва хор-зор оломон —
Ул «яшашни билган» андилар
Янги йилни кутмоқда шодон!..

Дил, олдинда турибди бир йил —
Уч юз олтмиш етти ўқдир у!
Қадни тик тут, ўзни нишон қил:
Сен — зирҳсан, ўқ қайтар — йўқдир у!


АДАШГАНЛАР

Йўқдир сендан ҳеч қандай хабар.
Қандай мени унута олдинг?!
Кўз олдимда дунё зер-забар —
Меҳрибоним, сен қайда қолдинг?

Мен-да сени унутдим. Ўзим
Юравериб, йўлларда толдим.
Уйғоқми ё ухлоқми кўзим —
Билолмайман, мен қайда қолдим?

Ўша дўстлик, ўша муҳаббат,
Эътиқодлар қайга йўқолди?
Томирларда ўша ишқ, журъат
Ҳамон борми? Биз қайда қолдик?!.


ОЙНАВАНД ДЕВОР

Дунёдан ҳаққимни талаб қилмоққа
Чоғланиб, йўл олдим ёр кетган Ёққа.

Севгилимни топмоқ учун югурдим,
Устунлари мармар бинога кирдим.

Аввал кўрмагандим бундай деворни —
Ойнаванд деворга бошимни урдим!..

Йўқотдим мен шунда эрк —ихтиёрни,
Деворда мен фақат ўзимни кўрдим —

Йўқ эди севгилим,
Берк эди йўлим!..
Мен
Ўзим акс этган ойна — деворни
Синдирсам, топурман севгили ёрни!..


СОНЕТЛАР

* * *

Адолат бор дунёи дунда:
Умри битган неки бор — ўлар.
Муҳаббат бор — инсон бир кунда
Минг бор ўлиб, минг бор тирилар.

У ишонар ва орзу қилар:
Қуёш чиқар — ёр келар — тунда!
Ишқ бўлмаса агар очунда,
Кўп мавжудот йитар, қирилар.

Ўлим деган ҳақиқат ҳам бор,
Ҳар не унинг олдида бурчли.
Башар бундан чекмайди оҳ-зор,

Чунки, унга ҳурлик, саодат
Бергувчи энг олий ҳақиқат —
Муҳаббат бор — ўлимдан кучли!..


* * *

Биз беш йил бир жойда кўрдигу таҳсил,
Яширдик — дилларда не сирру асрор.
Бизлар дўст эмасдик, билардик яхши,
Дўст бўла олмаймиз кейин ҳам асло.

Шундоқ ҳам билардик: ақлимиз расо,
Лек бизни алдарди ҳисси тағофил:
Сен мени, мен сени ҳисоблаб ғофил,
Дўстлик суруридан бўлдик мосуво.

Лафзан рост туйғуни сўзлай олмадик;
Гарчанд норостлигин билсак ҳам, бешак,
Кесакни тош дедик, тошни-чи, кесак.

Бир-бировимиздан айладик ҳадик,
Яширдик доимо дил сиримизни —
Бизлар тушунмадик бир-биримизни!..


* * *

Ўткинчи ғам сабаб кўзларингда нам,
Осмонга термулиб сўзласанг эзгин,
Офтоб тингламаса нидонгни, сезгин,
Ғамгусор бўлмайди меҳрибон ой ҳам.

Агарда умидбахш юлдузлар беғам,
Бақрайиб турсалар, бермайин таскин,
Уларнинг олдида бўлма ҳеч мискин.
Сен ёлғиз эмассан: дўстинг бор — Чидам.

Кимнинг ва ниманинг муштоқи бўлсанг,
Бош ургин ўшанинг оёқларига.
У ҳам тушунмаса кўнгил зорига,

Ғам чекма. Ўзингга илтижо қил сан.
Чида. Йўл топмасанг дил қарорига,
Унда сен, мағлуб гул, арзийди сўлсанг.


* * *

Мен жуда кўп марта адашдим.
Лекин буни кўплар билмади.
Адашиб, кўп йўлларни босдим.
Йўллар, йиллар парво қилмади.

Хаёлимга эргашиб, шошқин
Кўчалардан хилватга қочдим.
Адашмоқдан қочдим... Ҳур, жўшқин
Сўзларимнинг кўзини очдим.

Умрим тилсим бўлди ўзимга.
Очолмадим. Боқдим изимга:
Адашишдан адашмапман ҳеч.

Хатоларни солар эсимга,
Жазо берар менга эрта-кеч —
Юрак муштлаб турар кўксимга!..


* * *

Шафақ ёнғинидан узмай кўзимни,
Дераза олдида турардим тикка.
Қуёш видоларга тўла сўзини
Ёнар ҳарфлар билан ёзди фалакка,

Мен уни ўқидим. Гўё ўзини
Отиб, нидо қилди кимдир юксакка:
«Соядек ёшлигим ётар чўзиниб, —
Офтоб, видо айтма сен ёш юракка!..»

Танидим. Бу — Ибсен шарпаси эди.
Кўзимга тикилиб, у аста деди:
«Ёшлик интиқомдир.» Ана шу оқшом

Руҳим тетикланди, ўзгардим тамом.
Ҳар оқшом энди у қаршимдан ўтар
Ва ўша сўзларня эслатиб кетар.


* * *

Тунги сукунатни титратиб ўтар —
Паришон боғ аро югурар шамол.
Беқарор дарахтлар қаддини эгар,
Титратар бу боғни шовқин ва малол.

Бу ҳолат руҳимда оғриқ уйғотар.
Аммо, бундан қочмоқ эмас муддао.
Ёлғиз, тик турибман. Боғнинг бенаво
Ноласи пичоқдек кўксимга ботар!..

Юракни титратиб, гувиллаб ҳамон,
Дарахтларни букиб эсмоқда шамол.
Само ҳам эгилиб бормоқда ҳолсиз...

Ким ҳам чидай олар бундай аҳволга?
Ҳайқириб юборар қалбим шамолга:
«Мана, мен эгилмай турибман ёлғиз!..»


ИККИ ЯПРОҚ

1

Ҳаёт — рўё ва у — абадий
Альбер Камю

Ҳаёт — рўё. Ростлик ва риё.
Руҳимизни қандайдир муддат
Бу кенг олам — сукунат, шиддат
Сирларига этар маҳлиё.

Надир ҳечлик ва абадият —
Ўйлаб, ўзни ўртаймиз, гўё:
Оний шодлик, изтироб, ғафлат
Тушдай кечар, бари — бир рўё.

Чексиз шодлик йўлларин истаб,
Қадам ташлаб борамиз шахдам,
Чексиз қайғу йўлларидан ҳам.

Бахтиёрлик, буюклик излаб,
Ададсиз бир умрлар кечар.
Ҳаёт, ўлим сирин ким очар?..

II

Ўлсам, ўлим билан севишажакман...
Бахтиёр Ваҳобзода

Ҳаёт, ўлим сирин ким очар,
Туғиладир қачон у кошиф?.. —
Фикрим даврларга тирмашиб,
Ўлим деган лаҳзадан қочар...

Бу дунёда неча йил яшар,
Не йўлларни ўтадир босиб —
Авваллар ҳам билмаган башар,
Бугунда ҳам турар бош қашиб.

Ривоятда этилгандай нақл,
Зулматдадир абад чашмаси.
Унга етмоқ — ўлим-ку ахир!..

Эй, сен шаккок издиҳом, чекил.
У сирни мен билдим, чамаси:
Ўлим яшамаклик сиридир!..


* * *

Мен ҳам Машраб каби билмайман сени —
Одамизотмисан ва ёки малак?
Нечун рўёларни тан олиб, таниб,
Менинг борлиғимга келтурурсан шак?

Ахир борлиғимдан титрайди фалак —
Ҳар лаҳза бу юрак оҳ урар ёниб.
Сен ўзинг сезмаган азобдан тониб,
Мени азоблайсан, айлайсан ҳалак.

Менинг борлигим ҳам, билки, бир хубоб,
Эй шамол, истасанг — тинар шўхлигим,
Борлигим ўрнини олар йўқлигим.

Аммо, қалб ёдгори — беш торли рубоб
Борлиғим ҳақинда оламга куйлар.
Амин бўл: ҳеч қачон тинмас бу куйлар!..


ХАЙРЛАШУВ

Хайр, эй тоғ, эй шаффоф ҳаво!
Қайтмоқ учун отландим қатъий:
Ҳувиллаган қалбдай бенаво
Тоғ бағрида қолади бу уй.
Йиллар ўтиб,
Бир номаълум қиз
Ором истаб бу уйга келар.
Оқшом олди тик туриб ёлғиз,
Деразадан уфққа термулар.
Уни қийнар
Юлдузли осмон,
Ҳар юлдуздан у мадад сўрар...
Балки, у пайт менинг саргардон —
Юлдузимни ўша қиз кўрар!..
«Эй, нотаниш ва покиза қиз! —
Нидо қилгум йиллар қаъридан, —
Ишққа дучор сен эмас ёлғиз,
Сенмас. ёлғиз жудо ёридан!
Бу — саргардон бир юлдуз уйи,
Беқарор сен эмассан якка!.. —
Деразангни бутун тун бўйи
Очиб қўйган қоронғиликка!..»


МАНГУЛИК

Бизни ҳеч ким ажратолмас,
Меҳримиз мангу эрур.
Лол этурмиз бу жаҳонни —
Сеҳримиз мангу эрур!..
Ажратолмас бизни йиллар,
Ғам, ажал ҳам ҳеч маҳал:
Шеър аро суҳбатлашурмиз —
Шеъримиз мангу эрур!

Qayd etilgan