G'ulom Mirzo. Yaxshiyam siz borsiz  ( 8643 marta o'qilgan) Chop etish

1 B


AbdulAziz  05 Fevral 2011, 17:05:55

G'ulom Mirzo. Yaxshiyam siz borsiz



Muallif: G'ulom Mirzo
Hajmi: 662 Kb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish

Qayd etilgan


Ziyolee  10 Sentyabr 2011, 17:52:53

ҒУЛОМ МИРЗО

ЯХШИЯМ СИЗ БОРСИЗ ...


Шеърлар

ТОШКЕНТ
«КАМАЛАК»
1994

Навқирон ўзбек шеъриятининг пешқадам вакилларидан бири Ғулом Мирзо кўпроқ ёшликнинг хўрсиниғи — муҳаббат мавзуида шеърлар машқ қилади. Шул сирли сезимнинг янги жиҳатларини, қирраларини илғайди, ифода этади. Муҳаббатдай маъюс мисралар жавзодаги эпкин янглиғ кўнгилларга таскин ва сурур бағишлайди.


* * *

Тушкунлик тумандек тарқалур.
Умидлар ўт каби ям-яшил.
Комронлик елида чайқалур
Кўнглимда кўллаган кўз ёшим.

Бошимдан булутдек ғам арир,
Бахт келар қуёшдек бус-бутун.
Руҳим — бир қалдирғоч сингари
Вужудимга қура бошлар ин.


* * *

Тушларимга кипригингиз ботиб уйғотдими, ёр?
Тушларингиз кипригимдан тортиб уйғотдими, ёр?
Ой билан Сиз тушга кирган бир ажиб тундан кейин
Тонг қуёшни олма янглиғ отиб уйғотдими, ёр?

Томга чиқиб, донга қўшиб ҳовуч-ҳовуч туш сочдим,
Қушга дўниб учиб келди ёстиғингиз патлари.
Оқ булутлар хатдай оқар (билмам, неча қулочдир
Муҳаббатнинг мен билан сиз ёзишмаган хатлари...).

Тушларимга кипригингиз ботиб уйғотдими, ёр?
Тушларингиз кипригимдан тортиб уйғотдими, ёр?


* * *

Малоҳатли маллоҳ каби моҳ
Тунни ҳайдаб кетар олисга.
Осмон ўхшаб қолади мутлоқ —
Кемаларсиз очиқ денгизга.

Уйлар аро сирғала, сиға
Ва тўлғона ўтгувчи кўча
Илон пўсти сингари юқа
Туманларни эгнидан ечар.

Қуёш олтин типратикандай
Оҳиста-оҳиста ўрмалар.
Булутлар — келинчак тиккандай —
Тевараги зарҳал рўмоллар.

Кўзингми тунларни ҳўплаган?
Тишингдами тонглар тин олар?
Эй,
Қошида мўйчинак ўтлаган,
Юзида очилган лолалар!

Кетаяпман фариштадек оқ,
Севгимни саболар ўпмаган.
Ассалом, алвидо, алфироқ,
Эй,
Қошида мўйчинак ўтлаган...


* * *

Янги бино янглиғ битди Ой.
Сомон йўли — чароғон кўча.
Юлдуз хандагида ширдон лой,
Ойдан ортиб қолгандир пича.

Юр, Ойда яшаймиз, малагим,
Унда бизни ҳеч ким кўрмагай.
Бўйламасин, дея аллаким
Дераза ҳам қурмадим атай.
Юр, Ойда яшаймиз, малагим.

Бунда ҳасад қилгувчи кўз кўп.
Кўзки, ундан юлдузлар юмшоқ.
Пешонамизда эса туз кўп,
Яшаганимиз сари кўпроқ...

Юр, Ойда яшаймиз, малагим.


* * *

Камалакдай тусланди кўнглим,
Тўзғиди товуснинг патидай.
Пистоқи, зайнови, нилий...
Учаман рангларнинг қатида.

Олиб кетди бир ҳуррам хаёл
Етти қат осмонни ҳатлатиб.
Менга қанот бўлди ё аёл,
Ё ҳайратнинг рангин патлари.

Энди мен — заминга осий,
Энди фалаклардадир ўрним.
Малакларга кўрсатгум ёзиб
Кўнглимнинг астари — шеърни,
Энди...


* * *

Олислайсан мендан тобора.
Кичрайиб,
кичрайиб,
ниҳоят
Юракка сиққудек бўласан.

Кейин эса...
Кейин бемалол
Юрагимга келасан кириб.


ИЗҲОР

Бўса қулупнайдек тўйдирган мени,
Қонимни совитган олов оғушлар.
Мен фақат изларин ўпарман Унинг,
Мен Унинг кўзларин кўраман тушлар,
Кипригининг қатор қаламларини
Эмдириб кўзларин сиёҳдонига.
Битди яна ишқнинг ситамларини
Менинг муҳаббатдан зада жонимга.
Севдим десам, Уни алдаганимдир.
Ўзимни алдайман севмадим десам.
Мен Ундан ўпичлар сўрмайман, ахир,
Мен Ундан оғушлар тиланмайман ҳам.
Ҳайратларим шамдай тугаган жойда
Мудом қуёш каби жилмайиб турди.
Шундан мен бошида сарғайиб ойдай,
Қошида заминдек айланавердим.

Мен фақат изларин ўпарман Унинг,
Мен Унинг кўзларин кўраман тушлар.


* * *

Биз бугун Куз билан адашмиз,
Кетдингиз. Юрак дув тўкилди.
Сарғиш олмаларин отар Куз,
Биз сарғиш ҳисларга юкиндик.

Кетдингиз. Тайёра — нажотбахш Семурғ,
Гоҳо нажотдан ҳам этаркан маҳрум.
Фироқ ўт пуркади. Халоскор куч йўқ.
Ёниб битмоғдамиз мен билан шаҳрим.

Қувончлар қушлардай кетдими учиб?
Ё қушлар кетдими қувончлар каби?
Энди, теракларнинг ханжардек учин
Юрагига санчади абр.

Энди атиргулдек тўзғийди ҳафта,
Гулбаргдай қовжирар Кун ва Тун.
Ой — каптар, оқ каптар, бепаноҳ каптар,
Қучоғимга қўн!

Қушгинам, бунчалар ёлғизсан?
Суйсам, тушунасанми тилимни?..
(Қанийди тонггача овутсам
Ой дея, қуш дея дилимни!..)


* * *

Қурт ея бошлаган олмадек
Азобларим зимдан ва чексиз.
Мен тўлғониб ухлай олмадим,
Сиз чиқмадингиз.

Ташқарида шовуллади тун —
Тилло-тилло балиқли денгиз.
Мен тилло балиқни чорладим,
Сиз чиқмадингиз.

Тонглар чиқиб келди саломга,
Тунлар кета олмади сизсиз.
Бу муштоқ олакўз оламга
Сиз чиқмадингиз,
Қуёшим...

Бу кузак дўлона термадим,
Эсламадим, ҳатто, тоғ сайрин.
Сен энди ҳеч қачон келмагин,
«Алвидо!»га айлансин «Хайр!»ин.

Мана, яланг тавоним ила
Босганимдек ботинкам михин,
Жонимни оғритган тоғларни
Юрагимга юбордим тиқиб.

Энди шундай қолажак юз йил.
Энди борлиқ — текис, тоғларсиз,
Кўнглим, энди юз йил йиғларсиз,
Унутганча дўлона юзни.

Қуёш дўлонадек нега сап-сариқ?
Қуёш нега қийнайди мани?
Дунё, —
Эй, ҳайбатли замбариқ!
Суяниб йиғлайин,
Устунинг қани?
Дунё...


* * *

Ўн иккита тўсин билан тўсилган тулпор —
Ўн иккита рақам ичра депсинади Вақт
Шу от сени олиб қочиб кетди-ю, дилбар,
Шу от мени висолингга айлади илҳақ.

Энди, кўнгил — дастурхонда нон каби синиқ,
Пиёлада соғинчимдек занглаётир чой.
Мен оҳ урмай, кўкайимда қолсин хўрсиниқ,
Мен оҳ урсам қоқигулдай тўзғиб кетар ой.

Овозимни муҳаббатга жўрлайвераман,
Ҳали минг бор ошиқ бўлиб қолурман! Кулма
Мен сени, мен сени чорлайвераман,
Сен эса келма...


* * *

Истасанг мен сени олиб кетаман
Олмадай қўйнимга солиб кетаман.
Қабоғингга боқиб — толиб кетаман.
Жим турсанг!

Ой — соқчингми сенинг, сўзла,
Пойлоқчингми сенинг, сўзла.
Алдоқчи бир севги бўзлар —
Жим турсанг.

Қайғу тупроғига экилгандирсан,
Тўрт фаслда дув-дув тўкилгандирсан.
Унутилган ҳур — Сан, сиқилган ҳур — Сан,
Жим турсанг!

Олмадай қўйнингда қолиб кетаман...


* * *

Ноз бўйларга туртиниб ўтар
Саҳарданоқ сархуш шаббода.
Руҳим ичар, Очун узатар
Бода, бода ва фақат бода.

Май тафтида эриган шиша —
Булутларни келтиради бод.
Мен ҳам булут бўлгунча ичай,
Мен ҳам учиб юрай умрбод.

Ёмғир — шароб қуйилади боз,
Қароғимни ҳислар тўлатур.
Қин оқ қилган қиличим — Қасо
Кўчаларда тушиб қолади...


* * *

Ўша-ўша — олмалар тап-туп
Пишиб-тушиб ётибди, бироқ
Олмаларнинг тагида энди
Ньютонлар дам олмас мутлоқ.

Ўша-ўша — тошар тоғора,
Ҳаммомлардан аримас одам,
Бу кир босган кимсалар аро
Учратмайсиз Архимедни ҳам.

Ўша-ўша — Ўлим ҳақ кучу —
Энди Нафс ундан зиёда.
Тобутини сандиқдай қучиб
Искандарлар ўтар дунёдан...


* * *

Мени қўйвормас Қарши,
Осмон чекар фироғлар.
Арқони аршин-аршин
Ёмғир йўлимни боғлар.

Мени қўйвормас Қарши.
Шоҳбекатларда ҳориб,
Айрилиқларни ташир
Булутларнинг қатори.

Қирқмиш йўл тасмасини
Учоқ — занглаган қайчи.
Кўнглимдай синиб-синиб,
Бошимдан ёғар Қарши...


* * *

Дарахт заъфар-заъфар кўз ёши тўкди,
Осмон мунчоқ тақди шода ва шода.
Кўклам ўсма бўлиб қошингга чўкди,
Сочларингга кўчди шаббода.

Дунё юпун қолди бужур тутдайин,
Дунё саҳродаги йўлдек тап-тақир.
Энди қор ёғади майин ва майин.
Энди қор ёғади огир ва оғир...


СЎЗ

Бул олов — қадаҳга лабимни тегиздим,
Кўнглимда шамдайин ўт олди хурсандлик.
Нур сочди кўзларим — қуёшнинг эгизи,
Дур сочди лабларим — дур тўла бир сандиқ

Бул дарё — қадаҳга лабимни тегиздим,
Юраккинам олмадай қалқди.
Бир дарё муҳаббат ичинда суздим,
Ичимда муҳаббат дарёси оқди.

Бул дунё — қадаҳга лабимни тегиздим,
Бир жаннат тобора тинитди кўзимни.
Соқиё, қайдасан? Фурсатим тиғиздир,
Сипқорай — қадаҳга қуйиб бер ўзимни.


ДИЛНОМА

Сиз — дилкаш, дилкушо, дилафрўз.
Биз — дилшод, диловар, дилбаста.
Сиз — дилхуш, дилнавоз ва дилдўз,
Биз — дилхун, дилафгор, дилхаста.

Сиз — дилхоҳ, дилтортар, дилором,
Биз — дилгир, дилшуда, дилпора.
Дилпазир, дилистон, дилбанд — Сиз,
Ҳам — дилжў, дилрабо, дилоро.
Дилозор, дилфириб Дилбар — Сиз.
Биз — дилтанг, дилшикаст дилбарсиз...


* * *

Сен кетдинг. Дил титрар вужуд шоҳид.
Сен кетдинг — боғимга оралади куз.
Сени соғинаман гоҳида,
Мен сени қўмсайман дилафруз.

Сен кетдинг. Уловлар ортидан
Ёдим ёдинг сари учди учоқдай.
Бахт доим ёртидир
Ҳижрон — пичоқдан.
Кел, қучоқлай.

Сен кетдинг. Айрилиқ сойида
Қалқиб-қалқиб оқди атиргул.
Ҳаммаси... Ҳаммаси жойида...
Фақат... кел.

Сен кетдинг кунлардан бир куни,—
Ривоятлар айтган ровийман.
Севиб-соғинаман мен сени,
Мен сени соғиниб-совийман,
Кунлардан бир куни...


СЕН ВА МЕН

Қошларидан саф-саф киприклар отган
Ҳусн лашкарининг суввораси — сен.
Саф-саф киприкларинг жонига ботган,
Ҳаёт ва мамотнинг оввораси — мен.

Сен — ўша, ҳолимни сўрмаган,
Оғзининг нуқтаси мавҳум бир пари.
Мен эса — ёдингсиз юрмаган,
Сенинг хаёлингга суянган қари.

Сен — менинг кўнглимда бинойи —
Бинолардан бино бўлган Рим.
Дунёнинг тўрт буржидан доим
Сенга олиб келгай йўлларим.

Сен — сажжода узра айтилар
Муқаддас ва гўзал бир сура.
Мен — бир дайди. Уҳ, мен дайди-я,
Қўймадимми сени алжираб...


* * *

Сен майин жилмайсанг мабодо
Қулар дилнинг эрганаклари.
Йўллар юмшаб қолар ҳаводай,
Ҳилпирар кактуснинг барглари.

Чопаман, бўйнимга бойланур
Ипак бўйинбоғдек яшинлар.
Пойимда булутдек айланур
Ва сузиб кетади мошинлар.

Қўштабақа эшигинг қўлдай —
Бунчалар мулойим қучоқлар.
Ганимларнинг кафтида гулдай
Ғижим бўлиб қолур пичоқлар,
Сен майин жилмайсанг...


* * *

Шамол ифорлардан сепиб олгуси,
Висол шаккар лабдан ўпиб олгуеи,
Хаёл кавсарларга кетиб қолгуси,
Сен келсанг.

Бир ийир фаввора — сигирлар,
Оқ булут ундан сут ўғирлар.
Атиргул рангларга йўғрилар,
Сен келсанг.

Каптарлар йўлимни бойлаб қўяди,
Майсалар тилимни чайнаб қўяди,
Кўзинг — куй. Ичимда найлар куяди,
Сен келсанг.

Сув — ҳаром, сут — заҳар ўлкамда
Сочларинг қуйилсин елкамдан.
Илоҳ ҳам тозармас мен қадар
Сен келсанг!..


ДАРВОЗАГА ТАШБЕҲЛАР

Кўк дарвоза, кўк дарвоза —
Ўртамизда улкан мовий қуш.
Ажратмагин бизларни, киш-киш,
Қанотинг ёз, берк дарвоза

Фариштами — ул қиз, ё малак?
Ё малакдан олган андоза.
Осмонданми бир тоза бўлак —
Кўк дарвоза, кўк дарвоза.

Теппада ой интиқ қароқдир,
Дарвоза — сал қимтилган оғиз.
Кўкдан кўзим ситилиб оқди,
Нега келмас ясаниб ул Сўз?

Кўк дарвоза, берк дарвоза...


* * *

Исёнлар етилар ичимда,
Туғёнлар кутилар ичимда.
Достонлар битилар ичимда,
Ташқарида ҳеч бир нарса йўқ.

Ичда қалб кабобга айланар,
Қон эса шаробга айланар,
Жон сўнгсиз азобга айланар,
Ташқарида ҳеч бир нарса йўқ.

Ҳисларни лимудай узмасам.
Сўзларни инжудай тизмасам,
Юракнинг деворин бўзмасам,
Ташқарида ҳеч бир нарса йўқ.


ШОШ ЙЎЛИДА

Овозинг йўлга қадар
Симдай чўзилиб борар,
Шу симларга осилиб
Кўнглим изиллаб борар,
Ҳижрон ёрғучоғида
сўзлар эзилиб борар:
Кў-риш-гун-ча х-а-й-р энди,
Ма-ди-нам, са-ло-мат б-ў-л!

Ўзинг жажжигинасан —
кўзёшинг йирик қизим.
Араз нигоҳинг отган
ҳар тошинг йирик, қизим.
Кўксимда қолдимикан
бардошим тирик, қизим.
Кўришгунча хайр энди,
Мадинам, саломат бўл.

Юрагимга тош осиб
ҳажрга ботар бўлдим.
Икки қаро кўзингни
Бир Шошга сотар бўлдим.
Мен қандай падар бўлдим,
Мен қандай падар бўлдим?..
Кўришгунча хайр, энди,
Мадинам, саломат бўл.


ЧОРВОҚДА

Бунда ойнинг — қадим қандилнинг
Артилмаган минг йиллик чанги.
Бунда ишқни соғинган дилнинг
Дардларида дўлона ранги.

Кўрсатмай ойюзнинг жамолин
Ойина-ирмоқлар шўх кулар.
Ҳаттоки туш кўрмас аёлни
Бу ерларда тошдил чўққилар.

Бу ерларда узилмас гуллар,
Бу ерларда эзилмас майса.
Ердан чиқар ё кўкдан келар
Бу ерларда одам кўпайса!..


ГИРЯ

Уйимда ўзим ёлгиз,
Ўзимдамас хаёлим.
Ўтирибман чироқсиз,
Қани менинг аёлим.

Соғинчимнинг сочими.
Ё кўйлагин шамоли
Ҳаприқтирар очунни.
Қани менинг аёлим.

Сабримни тинмай ўрар.
Ўроқмикан саволим.
Бўш ёстиғи туш кўрар,
Қани менинг аёлим.

Чўмичдай хор ҳилолу
Қозондай чаппа фалак..
Тунни тугатдим ялаб,
Кани менинг аёлим.


ТУРМУШ

Бу тун Ой чиқмади.
Бу тун Ой — бетоб.
Бу кун Кун чиқмади.
Кун дору излар.
Алламаҳалгача
Интизор қутиб,
Боғчасида қолиб кетар
Юлдузлар.


* * *

Юзларига заъфар ранг иниб,
Барглар ўтаётир дунёдан.
Соғинчларим соғинди мени,
Ҳузурингда қолдим зиёда.
Ёлғиз дарахт — улкан бир тақвим,
Варақларин йиртар изма-из.
Юз йил бўлдим ёнингда, балким,
Қўйвор мени, олтин сочли қиз.
Хазон каби маҳзун ва маҳзун
Тўкиларкан турналар саси,
Атиргулдек тўзғийди бу кун
Боқийликка бўлган ҳавасим.
Куз — зар либос кийган раққоса,
«Муножот»га ўйнар ўртаниб.
Соғинчларни соғиндим роса.
Соғинчларим соғинди мани,
Қўйвор энди,
Қўйворгил мени...


* * *

Бир ғаройиб ўлдим, бир гўзал,
Мотамимда тўрғай най чалар,
Кўтарилиб тушаман ҳар гал
Олганида нафас майсалар,
Бир ғаройиб ўлдим, бир гўзал.
Нафасимга тутади кўзгу
Еллар енгилгина хўрсиниб.
Кўзгу — осмон хираланмас-ку,
Кўзгу — осмон қолар тип-тиниқ,
Бир гаройиб ўлдим, бир гўзал.
Чилдирмадек сукунат таранг,
Гуноҳ уни азада чалмоқ.
Шундан сассиз чиқарар жаранг.
Қоқигулдан қулаган тўзғоқ,
Бир ғаройиб ўлдим, бир гўзал.
Қадаҳини синдирар лола,
Кўйлакларин йиртар атиргул.
Қўлларида кемтик пиёла
Қизғалдоқ сув узатар нуқул,
Бир ғаройиб ўлдим, бир гўзал.
Исмалоққа дўнаман охир,
Яшилликни жонимга жамлаб
Ва ҳадемай қўлида пақир,
Мени излаб келади ғамлар.
Бир ғаройиб ўлдим, бир гўзал.


ДАШТ. БАҲОР

Қачонлардир бунда жанг бўлган.
Мардлар чопган ёвнинг лошини.
Тошбақалар — қадим дубулға,
Ҳануз излар собиқ бошини.
Илон гўё заҳарли найза,
Нишонига етмаган ҳамон.
Мўлжалидан қайтмайди қайсар,
Вужудида совуқ интиқом.
Калтакесак — хоиннинг жони,
Шаҳидларнинг руҳлари — қушлар.
Баҳор, баҳор, эй буюк моний!
Давотингдан томар кечмишлар.
Қоқигуллар — беғубор ўпич,
Лаб ҳажрида яшар синиқиб.
Чолдеворда мусулмон кирпич —
Эътиқоднинг чорбурж синиғи...
Қололмадим қўёшни ушлаб,
Чопонимни тўшайман қирга.
Сочларимдан тортқилаб кишнар
Шамол — бедав югурган йўрға.
Сўйлаганим ёлгон, эҳтимол.
Ўйлаганим наҳотки бор гап?!
Чолдеворга қўнару ҳилол,
Борлиқ дўнар улкан мозорга...


* * *

Юрак мос кузакнинг қарталарига,
Топпонлар тинимсиз тўкилаверар.
Руҳ чўкар соғинчнинг парталарига
Ва ҳижрон сабоги ўқилаверар.

Еллар аччиқ-аччиқ савай бошлайди,
Хипчинларга чирмашар ғусса.
Турналар тушларда қишлайди,
Кундузлар умрдек қисқа.

Қадамимни суратлар халқоб,
Мезон осар қабоқларимдан.
Мушук каби жунжиккан офтоб
Суйканади оёқларимга.

Аравадек судраб соямни,
Шаҳар, аро кезиб ғамнишин,
Қўмсайман ҳўл ғўзапоянинг
йиғлатиб-йиғлатиб ёнишин...


* * *

И. О.га

Шеър — дилимга паноҳ, шеър — дилимга уя,
Дилимга шеърнинг тўрт девори ёқар.
Ташқарида: осмон — тешик шамсия,
Ташқарида тошлар ёмғири ёғар.

Ҳар бир тош — шоиркуш, ҳар бир тош — шеъркуш.
Дунё — тошлар тегиб чатнаган соғар.
Дунё — бир кўришга арзимаган туш.
Йигирма етти йилга чўзилди, оға.

Осмон, чакичланган патта — осмон,
Арзитиб кўтардим бошларга.
Бу дунёдан чиқиб кетар он
Тутқазиб кетаман башарга
Чакичланган патта осмонни...


КЕТИШ

Кетаяпман, йўлимда,
Ўлим тимирскиланар.
Ўлим — ёт юрт, у юртда
Йўлим тимирскиланар.
Кунларим гадолардай
Қоларлар — қўллари бўш,
Шеърхалтамда беҳуда
Қўлим тимирскиланар.

Руҳим бўлсаю адил,
Шеър айтсам дадил-дадил,
Ичимда қадим-қадим
Йиғилиб қолган дардим
Ситилиб кетса, дердим,
Тўкилиб битса, дердим...
Кетаяпман...


* * *

Тутнинг тепасида инми — хотира,
Торс икки бўлиниб яшайди юрак.
Онажон, ҳаттоки тушимга кирар
Қўнғирот йўлида иккита лайлак.

Арқон судраб ўтар илонлар йўлдан,
Тошбақа осмонни кўчириб ҳалак.
Очилар иккита оқ атиргулдай
Қўнғирот йўлида иккита лайлак.

Қўнғирот йўллари тупроқдир билқ-билқ,
Бошимда каллапўш, бошингда желак.
Бизни кузатарди, кутарди интиқ
Қўнғирот йўлида иккита лайлак.

— Ассалом буважон, салом моможон!
Чангли калишларни ўпарди пойгак.
Улар-ку ўтдилар. Бормикан омон
Қўнғирот йўлида иккита лайлак.

Хиноли кафтини бошимга босар
Тонгни даканадай ўраган фалак.
Онажон, мен сени соғиндим роса,
Онажон, мен сени кўришим керак!..

Наҳот шунча соғинч, наҳот шунча ғусса —
Қўнғирот йўлида иккита лайлак...


* * *

Сабоҳатлик сабоҳда сабо
Вужудимга қуйилди сувдек.
Мен тонг қадар бўлдим мусаффо,
Қуёш совунида руҳимни ювдим.
Гулмоҳидек тозаман ҳозир,
Таҳоратли муслимдек ҳалол.
Илоҳларга андозаман ҳозир,
Дунё, мени туш кўрсанг арзир
Онам бўлиб энди бемалол!


ИСМНОМА

Туркум

БИБИХОНИМ

Рашким келаётир, дилим қон, вайрон,
Ашким келаётир ювиб қонимни.
Уста, ўптирмаган сенга, Бибихон!
Мен севиб қолдимми Бибихонимни.

Дунё лопиллатиб кўтариб боргай
Жисмим тобутида ошиқ жонимни.
Мени — гуноҳкорни худо кечиргай.
Мен севиб қолдимми Бибихонимни.

Ҳилол — қобирғаси ўшал малакнинг.
Юлдузлар — сочилган устихоними.
Осмонни қучолмай тунлар ҳалакмен.
Мен севиб қолдимми Бибихонимни.

Менинг ҳам қабримни очур даҳрийлар,
Ўрганмоқчи бўлиб ишқим — шонимни.
Шунда сўнгакларим шиқирлаб қуйлар!
— Мен севиб қолдимми Бибихон-н-н...


ОЙДИН

Марҳамат.
Эшиклар кўчага очиқ.
Метро берк. йўл йироқ. Дил етим.
Тақрон йўлакларга соялар сочиб
Сен сари кетдим.
Ой ва Тун.
Тун — ойдин.
Сўрадим ойдин:

— Қаерда Ойдин!..
Ой жим. Тун жим.
Туйқус тилга кирар кўзларинг аро —
Қаро қисмати-ла қовушган тинчим:
— Бу — ха-а-р-о-о-б-б...
— Бу — хо-р-р, о-о-о...
— Бухороо...


ГАВҲАР

Майлими кўзингга термулсам бир зум,
Эй, кўзи — кавсар!
Сен кўнглимни кечир.
Менинг кўнглим қурсин —
Кўзларингга суст кетмай, Гавҳар.
Менинг кўнглим қурсин, кузги дарахтдай
Соғинч хазонларин тўзгитиб бир-бир,
Елпигич-кипригинг уфурган бахтдан
Энди гуллаётир.

Менинг кўнглим қурсин. Кўнглим жомини
Кел, сипқар.
Бир майин талаффуз қилдинг номингни,
Мен сени қаерда кўрганман, Гавҳар!!
Менинг кўнглим қурсин бинолар...
Менинг меъмор кўнглимни кечир.
(Кафтингни... кўксимдан... ҳинолаб...
Ахир, кетасан-ку, барибир?..)
Менинг кўнглим қурсин...


ГУГУШ

Юрак ноғорадек бўм-бўш, бўм-бўш.
Томиримни най каби чалади шамол,
Бирдан нола қилиб чарх урар бир қуш —
Ё бир қушдай куйлаб юборар аёл —
Ё аёл сингари маъсума хаёл —
Гугуш.

Оҳанг паға-паға ёға бошлайди.
Оҳанг ёға-ёға юрагим тўлгай.
Томиримда туйғулар оқа бошлайди,
Томирим — ғўлва.
Кўксимга тўлқинлар ура бошлар тўш —
Бир хуш.

Ёғаётган навода изинг кўрингай,
Оқаётган садода сўзинг кўрингай.
Хотирнинг тартанак тутган тўрига —
Боқаётган нидода кўзинг кўрингай,
Кел энди, мен билан бир рақсга туш,
Эй, Туш!...


МОҲИМ

Дастурхондай қоқди қанотларини
Қарғалар осмоннинг даричасидан,
Ойсиз қолган туннинг саботларими —
Энди насибам!
Юлдуз сочиб — юлдуз терар нигоҳим:
— Қайдасан, Моҳим!

Шажарлар шимади тупроқларимни,
Ахтарлар эмади титроқларимни,
Дафтарлар кемадек фироқларимни
Сенга олиб борсин илоҳим.
Самарлар ўрнида дудоқларингни
Соғиндим, Моҳим!


МАДИНАМ, МАДИ

Ташвишларни миниб, чопиб бўлмади.
Соғинчларни миниб, чопиб бўлмади.
Қарши — Маккадан-да олис бир шаҳар,
Уни на сўроқлаб топиб бўлмади...
Қуралай кўзингдан ўпиб бўлмади,
Қуралайкўз қизим — Мадинам, Мади.

Сенингсиз шаҳри Шош бешикдай кичик,
Хона, ёлғиз хона — ҳайҳотдай хона.
Умримда ўлчовлар йўқотди кучин,
Руҳимда оғриқлар қилди тантана,
Бир қадим оғриқлар Қаршидек, қадим,
Қуралайкўз қизим — Мадинам. Мади.

Ҳатто, жавондаги жонсиз қўғирчоқ,
Бу кун суратингга термулиб толди.
Кўзим қароғида икки бўш бошмоқ
Тилга кириб, сени сўроқлаб қолди.
йироқда, фироқда яшаб бўлмади,
Қуралайкўз қизим — Мадинам. Мади.


УЧЛИКЛАР

1

Узв-узвидан узилди у-м-и-д.
Айрилиқ шу қадар
Чўзилди.

2

Энди омон қоламан чоғи?!..
Жон қинига жойланди охир
Зулфиқор фироғинг.

3

...Овутади шишада чоғир...
...Аллалайди бешикдаги сас...
...Ишқ — маст. Ишқ — сағир...

4

Тонг. Лифтларга қамалиб қолар
Уйқусираб боғчага кетган
Болаларнинг сарсон тушлари.

5

Кўнгилсизлик эшик қоққанда
Сўкинаётган одамнинг оғзидек
Бир хунук очилиб-ёпилар эшик.

6

Келмасингни келтирди симлар.
Қолмоғимдан қолдими маъни
Бу йўқликда.

7

Машшота Тун
Бунча ясантирибди Ойни
Ёдга тушди ойдек Олисим.

8

Мени кечир...Сенда гуноҳ йўқ...
Тарк этаман тезкорлик ила
Рафиқамга отдош аёлни.

9

Ошиқона сўзлай бошласам
Сочларингни силайсан сарҳуш
Менинг қўлларимнинг номидан.

10

Тўнка —
Ўзим яратиб,
Ўзим азобланган хотира.

11

Ёмғир сутумларин қучиб ўйлайман:
— Шу зангори ҳубобдан ўзга
Холисроқ бир бошпанам борми?..

12

Ҳаво бунча майин
Онамнинг
Кўп ювилган рўмолидайин.

13

Ҳакамликдан ҳоли қил. Ҳолиқ!
Ахир, дўстлар қулаётир-ку
Қўнгил пулсиротидаи.

14

ТИЛАК ЖЎРАга

Тонг саҳар.
Чойнаклардек чумдугин чўзиб.
Кабутарлар кимга термулар?

15

Човгумни теракнинг учига осиб
Сени кутаяпман.
Қуёш ўчиб борар човгум остида.

16

Дастакни синдириб,
Отиб юбораман Ой билан Кунга
Қунғироқлар қилмасанг қилма.

17

Менинг зада кўнглим,
Менинг яда кўнглим,
Ёмғирлар ёғдир!..

18

Дунё — шаппар.
Олти қирраси
Бира-тўла тушар бошингдан.

19

Мўрикаш
Шоҳ бўлган дам
Қора ёғади қор ҳам.

20

Шикан-шикан кишандай
Шалдирар шабистонда
Шажар шигуфалари.

21

Кўзимдан ғалтон-ғалтон
Сайёралар сочилгач,
Қулзумни қултум қилдим.

22

Қизғалдоқнинг синиғи
Кесиб кетган дилимга
Тиллақўнғизлар қўнар.

23

Бир қопқоқ осмонни
Юлдузлардан қарз олди
Қудуқ.

24

Туман қоплаётир борлиқни
Қопига
Фақат мен сиғмайман.

25

Анод, диод, триод...
Телевизордан чиқиб бормоқда
Сувараклар сафи.

26

Мингта қўлин узатди дарахт.
Шодон қисдим мингта ўнг қўлни:
— Ассалом, Баҳор!

27

Қизчам ишонади
Худойим
Ёмонликни жазолашига.

28

Ёмғир
Минглаб игнада қавир
Ер кўрпасини.

29

Қўрқув туғилмайди.
У одамни туғар
Қайтадан.

30

Хаёлпарастроқ эди, холос.
Остонасин ўт босган эшикни тортса,
Одамлар жиннига йўйишди уни.

31

Кўзинг
Кўзимга тушди.
Нечун кўнгилда жаранг?!

32

Сенсиз
Бир кам дунё
Менга ортиқча.

33

Ёлғизлик қилдингми?
Ҳаво етмадими?
Кўнгил ҳовузида ўлаётган севгим...

34

Музга қадам қўяётгандек
Эҳтиёткор
Кўнгил қўяр у.

35

Ковлай-ковлай
Ҳавсаласи пир бўлди Қўлнинг.
Чўнтак — кўзи очилмаган қудуқ.

36

Бир китоблар ўқисанг
Қурбинг етса
Сотиб олгани.

37

Китоб каби очилар эшик,
Ҳарфдек қатор болаларимни
Қайта-қайта ўқир нигоҳим.

38

Булут оролларин оралаб
Осмон оқиб ётар,
Ёмғирлар солланур соҳилда

39

Термулишдик
Дилларимиз чирқиллашдилар
Киприкларга қўниб.

40

Сенга
Қайтмоқ учун қочаман
Сендан.

41

Кўнгулни бўл
Бўлинсун ва
Бўлсун тарозу кўнгул.

42

Темир одам эдим
Оҳанграбонг борми
Интилганим-интилган сенга.

43

Барибир ғолибман
Сўтадай ситилса-да тишларим
Афсус кўкармайди улар тупроқда.

44

Ёмғир
Тун бўйи
Қирқоёқдек ўрмалаб чиқди.

45

Фавворалар туйқус тик туриб
Қарсак чала бошлар
Узлуксиз.

46

Жоним десанг —
Жонингга боссанг —
Жон кирса...

47

Қулоғим манзарида
Рақс тушар
Довушлар.

48

Ёғочбоп майсалар унсин деб
Қирқиб ташладилар -
Дарахтни.

49

Балиқдай
Қовжирар
Дарё.

50

Яп-янги ботинкам
Кулар
Устимдан

51

Ҳилол синса
Тиш ковлагич бўлган,
Мозийда.

52

Овқатдан
Саждага тежалган авқот
Рўза.


СЎНГСЎЗ

Мен сени узундан узоқ аврадим,
Ўқидим тилимда бор калимани.
Ўқиганим сари сўнди ғайратим.
Ўқиганим сари сен енгдинг мани.

Кўзёш тасбеҳларин сочиб ташладим,
Синди қўлимдаги асо-қаламим.
Етар! Тариқатинг томон бошлагин,
Мен сенинг Ғуломинг, Сенинг ғуломинг...

Qayd etilgan