201. Лаййин қавлака таҳбуб
[1]
Хўб эл била суҳбат тутубон хўб ўлғил,
Яхшини талаб қилғилу матлуб ўлғил,
Ширин сўз ила халққа марғуб ўлғил,
Юмшоқ де ҳадисингнию маҳбуб ўлғил.
202. Лайс аш-шайбу минал-умри[2]
Қариға бажуз даҳр азоби эрмас,
Боғида йигитлик обу тоби эрмас,
Одамға ҳаёт жуз шабобий эрмас,
Яъни, қарилиқ умр ҳисоби эрмас.
203. Лайса ли-султон ил-олими заволун[3]
Ҳар кимдаким илм қийлу қоли бўлмас,
Илм аҳлиға сўз дерга мажоли бўлмас,
Олим мулкининг интиқоли бўлмас,
Шаҳ олим агар бўлса, заволи бўлмас.
204. Лайс аш-шуҳрату мин ар-руъунати[4]
Доноға такаллуф тўни киймак қиндур,
Ҳар чини сори оразида бир чиндур,
Шуҳрат тўни киймагинг руунатдиндур,
Кий хирқаи фақру. хотирингни тиндур.
205. Ликулли адоватин муслиҳатун илло адоват илҳусуди[5]
Ислоҳ бўлур жуҳуд душманлиғиға,
Топмас чу гумон суд душманлиғиға,
Муслиҳ тилагил рабуд душманлиғиға,
Лек этма талаб ҳасуд душманлиғига.
206. Ман касара каломуҳу касара маломуҳу[6]
Ким оз деди нукта айшу ком ўлди анга,
Сўз қоидасида интизом ўлди анга,
Ҳаддин ўта ҳар кимки калом ўлди анга,
Ул навъ каломдин малом ўлди анга.
207. Машраб ул-азби муздаҳимун[7]
Ҳар кимгаки, ачиғ бўлди сўз илқоси,
Бор суҳбатидин халқнинг истиғноси,
Ҳар кимки, чучук нукта эрур иншоси,
Қошидадур, албатта, улус ғавғоси.
208. Ман аллат ҳимматуҳу тола ҳамумуҳу[8]
Ҳар кимки анинг ҳиммати дунроқ бўлди,
Билки, ғамининг нахли нигунроқ бўлди-
Ким, ҳиммати рифъати фузунроқ бўлди,
Қайғуларининг тори узунроқ бўлдй.
209. Мусоҳибат ул-ашрори рукуб ул-баҳри[9]
Ҳар важҳ ила нотавонға ҳамсуҳбатлиқ
Кўп яхшики, қомронға ҳамсуҳбатлиқ,
Киши хатари ямонға ҳамсуҳбатлиқ,
Дарё сафари ҳамонға ҳамсуҳбатлиқ.
210. Мо надама ман саката[10]
Ҳар кимсаки, нуктаси фаровон бўлмас,
Тил ранжига қолмоғлиғи имкон бўлмас,
Кўп сўзлагучиға ғайри нуқсон бўлмас,
Ҳар кимки хамуш бўлди, пушаймон бўлмас.
211. Мажлис ул-илми равзат ул-жаннати[11]
Ким олим эса, нуқтада барҳақ де они,
Гар базм тузар, биҳишти мутлақ де они,
Ҳар кимсаки, йўқ илм анга аҳмақ де они,
Мажлисдаки илм бўлса учмақ де они.
212. Мажлис ул-кироми ҳусун ул-каломи[12]
Яхши эл ила эрур мадорй ҳикмат,
Ҳар сўзлари дури шоҳвори ҳикмат,
Қил базмларида ихтиёри ҳикмат,
Мажлислари чун эрур ҳисори ҳикмат.
213. Манқабат ул-маръи тахта лисониҳи[13]
Ҳар кимсаки, оллиға ёзилди ҳунари,
Сўз пардаси устида ёпилди ҳунари,
Чу нуктада деди элга ёйилди ҳунари,
Невчунким тил остида келди ҳунари.
214. Нур ул-мўъмини мин қиём ил-лайли[14]
Ҳар кимсаки, матлуби кўнгул соғлиғидур,
Тун эҳёси илож қилмоғлиғидур,
Эл шамъи замирики вафо боғлиғидур,
Равшанлиғи тийра туннинг уйғоғлиғидур.
215. Нисён ул-мавти садоъ ул-қалби[15]
Ҳар кимки, мақоми умр авранги эмиш,
Ғафлат майининг хамиша дилтанги эмиш,
Ёд этмак ўлум ёруғлуқ оҳанги эмиш,
Ўлмакни унутмоғинг кўнгул занги эмиш.
216. Наввир қабрака бис-салоти физ-зилами[16]
Уйқу неча ишрату сурурунг бирла,
Кўзунг қаро айламак ғурурунг бирла,
Тийра кеча тоат эт ҳузурунг бирла,
Қабринг уйини ёрут бу нурунг бирла.
217. Наъийта ила нафсика хина шабоби раъсика[17]
Неча ўчашиб бу нафси худ кома санга,
Нома қаро бўлғай уйлаким хома санга,
Чун бошинг оқормоқ бўлди ҳангома санга,
Оқ хат била ўлмакдин эрур нома санга.
218. Нум оминан такун фи маҳд ил-фароши[18]
Неча юммай кўзунгни ҳар зевар аро,
Ғафлат била кирмак неча баҳру бар аро,
Эмин уюбон бу олами пур шарар аро,
Қил хобгаҳингни яхшироқ бистар аро.
219. Найл ул-манйи фил-ино[19]
Ғамдин дурур ўзни шод топмоқ билгил,
Бетўшалиқ ичра зод топмоқ билгил,
Меҳнат ародур кушод топмоқ билгил,
Ранж ичрадурур мурод топмоқ билгил.
220. Нор ул-фирқати аҳарру мин нори жаҳаннама[20]
Ҳижрон аро бир рафиқи маҳрам ўтидин,
Ким куйса томуғни ўртагай ғам ўтидин,
Фурқатки кўнгулни куйдурур ҳам ўтидин,
Билгил ани тезрак жаҳаннам ўтидин.
221. Нуру шайбика ло тазлимуҳу бил-мавсийяти[21]
Келди қарилиқ нури хато айламагил,
Жуз узр йўлиға илтижо айламагил,
Нурини анинг зулмат аро айламагил,
Исён била яъники қаро айламагил.
222. Назрат ул-важҳи фис-сидқи[22]
Ҳар кимгаки эгриликта овоза дурур,
Туз жодда ичра йўлидин оза дурур,
Тузлукта тараб беҳаду андоза дурур,
Ким ростдурур, юзи анинг тоза дурур.
223. Вазъ ул-эҳсони фи ғайри мавзиъиҳи зулмун[23]
Яхшилиқ эрур ямонға маҳкам бедод,
Воқиф бўлу зоҳир этма ҳар дам бедод,
Эҳсон эрур андинқи, керак кам бедод,
Ўз ерида қилмоғондуру ҳам бедод.
224. Вазру садақат ил-маннони аксару мин ажриҳи[24]
Ким садқа берур агарчи Афридундур,
Гар миннат этар бу феъл ила матъундур,
Миннат била улки садқа айлар дундур-
Ким, журми анинг савобидин афзундур.
225. Вилоят ул-аҳмақи сариъ уз-заволи[25]
Ҳар кимга хирад тариқининг нисбати бор,
Давлатқа агар етса анинг муддати бор,
Аҳмаққа чу етса салтанат шанъатн бор,
Султонлиғининг заволиға суръати бор.
226. Вайлун лиман соъа хулқаҳу ва қабаҳа халқаҳу[26]
Хушхўйлиқ илаки, сарнавишт ўлди анга,
Дўзах сўзи лутфидин биҳишт ўлди анга,
Вой ул кишигаким, хулқи зишт ўлди анга,
Бу хулқи била ямон сиришт ўлди анга.
227. Ваҳдат ул-маръи хайрун мин жалис ис-суъи[27]
Бекаслигу дард кўйида гард ўлмоқ,
Хушроқки, ямон била ҳамовард ўлмоқ,
Ёлғиз бўл, топма ранжпарвард ўлмоқ,
Хушроқ чу ямон рафиқдин фард ўлмоқ.
228. Ва асока ман тағофала анка[28]
Нафсинг нечаким ишта тажоҳул қилди,
Давронда ташаддуддек тасалсул қилди,
Бор ўлди санга улки, таҳаммул қилди,
Қўргузди мувосову тағофул қилди.
229. Волока ман лам юъодука[29]
Давр аҳлиға лутфи жонфизо кўргузгил,
Эл қилса ямон, яхши жазо кўргузгил,
Йўқ, ёринга сидқ ила сафо кўргузгил-
Ким, қилмаса хасмлиқ вафо кўргузгил.
230. Вайлун лиман ватар ал-аҳзону[30]
Даҳр уйида улки ранжпарвард ўлғай,
Кўп яхшики бедардға ҳамдард ўлғай,
Жон гулшанида чу яхши эл вард ўлғай,
Вой ангаки, яхшилардин ул фард ўлғай.
231. Вайлум дил-ҳасудиман ҳасадаҳу[31]
Ҳар кимки, ҳасад хислатидур, вой анга,
Иқбол ила фарқ ўлса фалаксой анга,
Ҳеч офатдин бўлмаса парвой анга,
Ҳам ўз ҳасади офатидин вой анга.
232. Валлоъ ут-тифли марзуқун[32]
Ҳар кимгаки, тифл ўлса эрур кўзи очуқ,
Шуғли била хотири ғамандузи очуқ,
Бўлмоқ не ажаб базми дилафрузи очуқ,
Ким тифли бор эрса ё анга рўзи очуқ.
233. Ҳумум ул-маръи биқадри ҳимматиҳи[33]
Ҳиммат эли кўзда қурутуб намларини,
Неча қилур ошом фалак самларини,
Ҳар кимки урар ҳиммат ила дамларини,
Ҳимматларининг хуридадур ғамларини.
234. Ҳамм ас-саъиду охиратаҳу ва ҳамм аш-шақнйю дунёҳу[34]
Уқбо ғами ул ер ани доно бил,
Егонни жаҳоннинг ғамини доно бил,
Ким бўлса саид анинг ғамин уқбо бил,
Бўлғонға шақи ғамин бозайи дунё бил.
235. Ҳалок ул-маръи фил-усби[35]
Касб айла нишот меҳнатойинлик аро-
Ким, ишрат умиди келди ғамгинлик аро,
Кўрма арода ўзингни мискинлик аро-
Ким, бўлди, киши ҳалоки худбинлик аро.
236. Ҳурубука мин нафсики анфаъу мин ҳарубика минал-асади[36]
Ким кинавар ўлса, иста ондин қочмоқ,
Невчунки, зарурдур ямондин қочмоқ,
Эр ўғлиға нафси кинарондин қочмоқ,
Нафъдурким, шери жаёндин қочмоқ.
237. Ҳоммат ул-маръи ҳимматуҳу[37]
Ҳар кимсаки иқбол анинг ёваридур,
Ҳар ёнки юз урса, ҳиммати раҳбаридур,
Ҳиммат дури фахр тожининг гавҳаридур,
Чун ҳиммати одам ўғлининг сарваридур.
238. Ҳалак ал-ҳарису ва ҳува ло яъламу[38]
Ҳирс аҳлиға ғайри неш сончилмас ҳеч,
Бағридин анинг бу неш айрилмас ҳеч,
Бу маҳлака ичра фикрини қилмас ҳеч,
Ҳирс ани ҳалок этти, ул билмас ҳеч.
239. Ҳиммат ул-маръи қийматуҳу[39]
Ҳиммат элининг гарчи хулқ кисвати бор,
Чарх атласидин вале бийик рифъати бор,
Беқиймат эрур улки бийик ҳиммати бор,
Гарчи неча кам ҳиммати бор қиймати бор.
240. Ҳота мо индака таърифу биҳи[40]
Ҳам лофу газоф дафтарин куйдургил,
Ҳам хомани инсоф хатиға сургил,
Ҳар неки санга биликдур келтургил,
Ҳолингни ҳам андин эл аро билдургил.
241. Ло дина лиман ло иймоната лаҳу[41]
Ким олам аро уёти йўқтур анинг,
Дин нуктасида фатонати йўқтур анинг,
Диндор улким, ҳиёнати йўқтур анинг,
Йўқ дин ангаким, амонати йўқтур анинг.
242. Ло дина лиман ло муруввата лаҳу[42]
Хар кимсаки, дин ичинда қувват йўқ анга,
Жазм айлаки, ойини футувват йўқ анга
Дин аҳли била расми ухувват йўқ анга,
Ул кимсада йўқ динки, мурувват йўқ анга.
243. Ло фақра лил-оқили[43]
Ҳар кимсаки ақл кўнглидин зойилдур,
Қорун эса, оқил қошида сойилдур,
Юз ганж кишига ақлдин ҳосилдур,
Йўқтур анга фақру фоқаким оқилдур.
244. Ло роҳата лил-ҳасуди[44]
Олам элида биров саодатсиз ўлур-
Ким, фақр йўлида иститоатсиз ўлур,
Иззат топмаским қаноатсиз ўлур,
Ҳар кимса ҳасуд бўлса, роҳатсиз ўлур.
245. Ло ғамма лил-қониъи[45]
Қонеъға махзани саодат кам йўқ,
Жуз зумраи эъзозу шараф ҳамдам йўқ,
Хурсандлиқ ойини киби олам йўқ,
Ҳар кимсадаким бўлса қаноат, ғам йўқ.
246. Ло ҳурмата лил-фосиқи[46]
Фисқ аҳлиға бўлмас киши қилмоқ ҳурмат-
Ким, эрмас анинг ҳолиға равнақ ҳурмат,
Фосиққа насиб этмади чун ҳақ ҳурмат,
Хушроқтур ани тутмаса мутлақ ҳурмат.
247. Ло қазафа лил-фоҳиши[47]
Ҳар ким сўзи фаҳш-ақл анга ром ўлмас,
Бу навъ неку киши саранжом ўлмас,
Дашномдин ўзга ақлға ком ўлмас,
Бу турфаким, дашном анга дашном ўлмас.
248. Яътика мо қадара лака[48]
Қисматда насиб хайр ё шарр бўлмиш,
Саъй этмайин ул санга муяссар бўлмиш,
Топмас тағайюр улча мукаддар бўлмиш,
Етгай санга ҳарнеки, муқаррар бўлмиш.
249. Язид ус-садақату фил-умри[49]
Ҳар садқаки, толеингни маймун айлар,
Қатрангни ҳавоси дурри макнун айлар,
Жисминг уйига ҳаёт мақрун айлар,
Яъники, бақоу умр афзун айлар.
250. Яъман ул-хойифу изо васала ила мо хофаху[50]
Хоифғаки хавф юз зиёндин эрди,
Бал ҳам анга хонумондин эрди,
Эмин бўлур ар хавф анга жондин эрди,
Чун етти ангаки хавфи ондин эрди.
251. Юсир ул-амр ус-сабуру ила муродиҳи[51]
Ҳар кимки фалак зулму инодиға етар,
Сабр айлаган охир эътиқодиға етар,
Чун бўлди сабур тенгри додиға етар,
Собир киши оқибат муродиға етар.
252. Яблуғ ул-маръу бис-сидқи манозил ал-кибори[52]
Норостки қолди хору зор эл ерга,
Ўлтурди лаиму хоксор эл ерга,
Десанг нетай аҳли эътибор эл ерга,
Сидқ айлаки, етгайсен канор эл ерга.
253. Ясуд ул-маръу қавмуҳу бил-инсони алайим[53]
Ким элга жафо чоҳин томуғ зайли қилур,
Кавсар суйин ўзига ўлум сайли қилур,
Ўз хайлиға кимки яхшилиқ майли қилур,
Эҳсон ани билки, қавм сархайли қилур.
254. Яъс ул-қалби роҳат ун-нафси[54]
Истар эсанг осудлиқ иш тажрид эт,
Фақр ичра ўзунгни мойили тафрид эт.
Кўнглунгни замон баҳрасидин навмид эт,
Нафсингға бу ишни роҳиби жовид эт.
255. Ясъад ур-ражулу бимусоҳабат ис-саъиди[55]
Уббод аро бўлғон мойил ибодатға етар,
Бўлғон киши мустаид ифодатға етар,
Хуш одат-эл ичра яхши одатға етар,
Ким, кимса саъиддин саодатға етар.
[1] 201.Сўзингни юмшоқ қил – севимли бўлиб қоласан.
[2] 202.Қарилик йилларини умр йилларим деб ҳисоблама.
[3] 203.Илмли шоҳга завол йўқдир.
[4] 204.Кибр билан шуҳрат топиб бўлмайди.
[5] 205.Ҳасад душманлигидан бошқа ҳамма душманликнинг иложи бор.
[6] 206.Кимки кўп сўзлабди – ўзига маломатни орттирибди.
[7] 207.Тиниқ булоқ атрофида ҳамма одамлар тўпланишади.
[8] 208.Ҳиммат даражаси баланднинг қайғу торлари узун бўлади.
[9] 209.Ёмон билан ҳамсуҳбат бўлиш – денгиз сафари каби хатарлидир.
[10] 210.Сукут сақлаган одам сўнг надомат қилмайди.
[11] 211.Илм мажлиси – жаннат боғига ўхшайди.
[12] 212.Жўмардлик мажлиси – сўз қалъасидир.
[13] 213. Кишининг ҳунари тили остида бўлади.
[14] 214.Тунни бедор ўтказиш мўъмин кишига нур ато этади.
[15] 215.Ўлимни унутиш – қалбнинг занглаганидан далолатдир.
[16] 216.Тунги намозлар билан қабрингни мунаввар эт.
[17] 217.Сочингга тушган оқ сенга ўлимдан хабар беради.
[18] 218. Иймон келтириб ухла, уйқунг яхши бўлади.
[19] 219.Мақсадга қийинчилик орқали эришилади.
[20] 220.Фироқ ўти дўзах ўтидан кучлироқдир.
[21] 221.Бадфеъллик ила кексалик нурини сўндирма!
[22] 222.Юз софлиги – тўғри сўзликдандир.
[23] 223.Ўз ўрнида қилинмаган яхшилик – зулм билан баробардир.
[24] 224.Миннат билан қилинган садақанинг гуноҳи савобидан кўпроқ бўлади.
[25] 225.Аҳмоқ юрт бошқарса, заволнинг келиши тезлашади.
[26] 226.Ҳулқи ёмон ва халқига «ҳурадиган» кишининг ҳолига вой!
[27] 227.Ёмон билан ҳамсуҳбат бўлгандан ёлғизлик яхши.
[28] 228.Сенга нисбатан ғофиллик қилишган бўлса, бу сен учун катта ёрдам!
[29] 229.Сени менсимаган киши – сенга ёрдам беради.
[30] 230.Яхшиларни тарк этган кишининг ҳоли вой бўлади!
[31] 231.Ҳасадчиларнинг ҳолига вой!
[32] 232.Болани худо ризқи билан беради.
[33] 233.Кишининг иши натижаси унинг ғайратига қараб бўлади.
[34] 234.Бахтли одам охират ғамини, бахтсиз одам бу дунё ғамини ўйлайди.
[35] 235.Кишининг худбинлиги уни ҳалок қилади.
[36] 236.Нафсингдан қочишинг, шердан қочишингдан кўра кўпроқ фойда беради.
[37] 237.Кишининг улуғлиги унинг ҳимматидан билинади.
[38] 238. Ҳирс бандаси ҳалокат сари кетаётганлигини билмайди.
[39] 239. Кишининг ҳиммати унинг қийматини белгилайди.
[40] 240.Борингни кўрсат, кимлигингни айтиб бераман.
[41] 241.Иймони йўқнинг дини ҳам йўқдир.
[42] 242.Мурувватсиз кимсада дин ҳам йўқ,
[43] 243.Оқил кишига фақирлик йўқдир.
[44] 244.Ҳасадгўйга роҳат йўқ.
[45] 245. Қаноат қилувчида ғам бўлмайди.
[46] 246.Фосиқ кишининг ҳурмати бўлмайди.
[47] 247.Фоҳиш кишига танбеҳ кор қилмайди.
[48] 248.Сенга тақдир этилган нарсагина берилади.
[49] 249.Садақа – умрни узайтиради.
[50] 250.Нимадан хавфсираб юрган бўлсанг, ўшанга учраганингдан сўнг эмин бўлиб қоласан.
[51] 251.Сабр соҳиби албатта муродига етади.
[52] 252.Киши ростгўйлик билан улуғлар даражасига етади.
[53] 253.Ким қавмига яхшилик қилса, уларнинг хожаси бўлиб қолади.
[54] 254.Қалб маъюслиги – жон роҳатидир.
[55] 255.Бахтли киши билан ҳамсуҳбат бўлган киши ҳам бахтиёр бўлади.
Qayd etilgan