Kutubxona > Alisher Navoiy asarlari

Alisher Navoiy. Munshaot

<< < (2/2)

Habib:
«МУНШАОТ»НИНГ ИЗОҲ ВА ТАРЖИМАЛАРИ

1. Одоби таснифга кўра бу ерда Оллоҳ ҳамди келади. Навоий асар моҳиятидан келиб чиқиб, Худони Қуръони мажидни иншо қилган — яратган мунши деб таърифламоқда.
2. Тарж. ар.: улуғлиги юксак ва неъматлари умумий.
3. Муҳаммад пайғамбар туфайли мазкур имло (яъни, шариат аҳкомлари) замон саҳифаларига ёзилгани баён этилади.
4. Тарж. ар.: Унга (яъни пайғамбарга), оиласига ва саҳобаларига мақтовлар бўлсин.
5. Тарж. ар.: Осмоннинг қандай кўтариб қўйилганлигига...
6. Тоғларнинг қандай тикланганлигига...
7. Тарж. ар.:Шароб ва унинг кайфидан юрагим ҳарорат билан куйди.
8. Тарж. ар.: Ҳурматли кишилар олдида узр мақбулдир.
9. Юсуф — Ёқуб пайғамбар ўғли, гўзаллиги билан машҳур бўлган. «Юсуф ва Зулайхо» қиссаси Шарқда кенг тарқалган эди. Навоий бу ўринда ана шу қиссага ишора қилади.
10. Тарж. ар.: Дунё осмонини чироқлар билан безадик.
11. Тарж. ар.: Шиша ичидаги чироқ каби.
12. Тарж. ар. Денгизлар ўртасида очилганда.
13. Тарж. ар.: Денгизлар қўзғатилганда.
14. Мазкур мактуб ва ундан кейинги 8 рақамли мактублар Муншаот»нинг илгариги нашрларига кирмаган.
15. Тарж. ар.: Оллоҳга ва унинг неъматларига ҳамд.
16. Тарж. ар.: Томири ерда ва шохлари осмонда.
17. Тарж. ар.: Улар ҳам булутлар юргандек юрарлар.
18. Тарж. ар.: Тагидан анҳорлар оқади.
19. Тарж. ар.: Мевалар, ҳурмолар, анор?
20. Тарж. ар.: У асло ўлмайди, доимо тирик, унинг шаъни муқаддас ва олийдир.
21. Навоий асарлари ўн беш жилдлиги таркибидаги «Муншаот»да мазкур мактуб кейинги мактуб билан қўшиб юборилган. Уларнинг икки алоҳида мактуб эканлигини адабиётшунос Ю. Турсунов аниқлаган. Биз ҳам «Муншаот» қўлёзмалари билан танишиб, ҳамда мактублар мазмунидан келиб чиқиб, бу ўринда Ю. Турсунов ҳақ деган хулосага келдик.
22. Тарж. ар.: Ким тангрига бўлса, тангри ул кишига бўлур.
23. Тарж. ар.: Нафс эрта нима бўлишини билмайди.
24. Бу жумланинг маъносини англаб етмадик.
25. Оллоҳ хоҳлаган ва истаган нарсасини ҳукм қилади.
26. Тарж. ар.: Оллоҳ адл ва эҳсонга буюради.
27. Тарж. ар.: Бир соатлик адолат икки дунё (инсонлар ва жинлар дунёси) ибодатидан яхшироқдир.
28. Тарж. ар.: ярамасликлар онаси.
29. Мавлоно Ғиёсиддин Жалолий — Навоий мулозимларидан.
30. Султон Али Машҳадий — машҳур хаттот. Уни «Қиблат—ул—китоб», деб таърифлашган. Ҳусайн Бойқаро саройида хат—тотлик қилган.
31. Тарж. ар.: Оллоҳга ҳамдлар бўлсинки, ўз бандасига китоб нозил қилди.
32. Тарж. ар.: Қул ва унга тегишли ҳамма нарса хожасиникидир.
33. Мавлоно Мир Ҳусайн Бовардий — Хуросоннинг таниқли фозилларидан. «Мажолис ун—нафоис»нинг тўртинчи мажлисида у ҳақда маълумот мавжуд.
34. Тарж. ар.: Ҳар бир нафс ўлим шарбатини тотувчидир.
35. Тарж. ар.: Ҳар бир киши бизга ўтувчидир (бизга қайтади).
36. Тарж. ар.: Иш буюрилган киши узрлидир.
37. Сулаймон ибн Довуд — Яҳудийлар подшоҳи ва пайғамбар. Байт ул-муқаддасни таъмир қилган. Инсу жинс, қушлар тилини билган, оқил ва доно бўлган.
38. Тарж.: Сафар қилинг, саломат бўласиз.
39. Шайх Муҳаммад Мироҳур — нуфузли мулозимлардан. У орқали Навоий шоҳга ёҳуд юксак мавқеъли шахсга мактуб йўллаган.
40.. Султон Маҳмуд оғо — бу шахс юқорида Шайх Муҳаммад мирохурдан юборилган хатнинг жавобини олиб келган.
41. Муҳаммад Аминбек Ҳусайн Бойқарога хизмат қилган беклардан.
42. Хожа Фахриддин битикчи — Астрободнинг нуфузли ва эътиборли кишиларидан. У подшоҳ буйруғи билан Ҳиротга чақирилган эди. Бу ерда унинг бўйнига қандайдир айблар қўйилиб, қамоққа олинади. Сўнгра Муҳаммад Аминбек, Султон Аҳмадбек ва Дарвеш Муҳаммад сувчи деган бекларга Астрободга бориб Хожа Фахриддиннинг мол—мулкини мусодара қилиш, қариндош- уруғларини ҳам қамоққа олиш буюрилади. Улар Астрободга бориб, фармонни бажаришга киришадилар. Астробод ҳокими Мўғулбек аввал уларга подшоҳ фармонини бажаришда ёрдам беради. Кейин эса, битикчи қавми тарафига ўтиб, исён кўтаради, хожа Фахриддиннинг қариндош—уруғларини озод қилади. Муҳаммад Аминбек бошлиқ беклар Ҳиротга қайтиб, бўлган воқеаларни айтадилар. Подшоҳ Астрободга Бадиуззамонни юборади. Мўғулбек Ироққа қочади. Мактуб шу воқеалар муносабати билан ёзилган.
43. Устоз Беҳзод — машҳур мусаввир ва наққош. Навоий унга ҳомийлик қилган. Бу ўринда Беҳзод Салмон Соважийнинг «Фироқнома» асарига тасвир яратиш мумкинлиги ҳақида сўз кетмоқда.
44. Шайхим — Амир Шайхим Сухайлий. Навоийнинг яқин дўсти, шоир ва давлат арбоби. Унинг номини Навоий ўз асарларида турли муносабатлар билан кўп тилга олади.
45. Мир Сайид Абу Исҳоқ — Навоийга шоҳдан мактуб ва совғалар келтирган шахс.
46. Мавлоно Ҳудойберди — Навоийинг топшириғи билан шоҳ ҳузурига борган шахс.
47. Абдулкарим — бу шахс Бадиуззамон Мирзодан Ҳусайн Бой— қарога хат олиб келган. Мазкур хат Навоий воситачилиги билан шоҳга топширилган.
48. Мўғулбек — Ҳусайн Бойқаронинг улуғ бекларидан. Аввал Ҳиротда, кейин Астрободда ҳоким бўлган. Умрининг охирида исён кўтариб, Ироққа қочиб кетган ва ўша ерда ўлдирилган.
49. Тарж.: май ичгилу, ҳушёр бўл.
50. Илдирим — Бадиуззамон Мирзо ҳузурида мирохур вазифасида хизмат қилган.
51. Ҳайдар — Навоийнинг жияни. Сабуҳий тахаллуси билан шеър ёзган. Навоий Астрободдалик пайтида уни бир иш билан Ҳиротга юборади. Бу ерда у подшоҳ одамлари Астрободда Навоийни заҳарламоқчи бўлганлиги ҳақида сўзлайди. Шу сабабли подшоҳ ғазабига учраб зиндонга солинадн. Кейинчалик бошқа бир баҳона билан қатл қилинади.
52. Султон Маҳмуд Мирзо — Султон Абусаиднинг ўғли. Аввал узоқ йиллар Хисорда, умрининг охирида бир неча ой Самарқандда подшоҳ бўлган.
53. Маҳмуд барлос — темурийлар Давридаги нуфузли ва эътиборли беклардан. Султон Абусаид даврида Кирмонга ҳоким этиб тайинланган. Кейинчалик Ҳисорда Султон Маҳмуд Мирзо қошида улуғ бек бўлган. Шеърлар ҳам ёзган. У ҳақда Навоий «Мажолис ун —нафоис»да маълумот бериб ўтади. Бобур ҳам «Бобурнома»да тилга олган.
54. Мавлоно Соҳиб — «Мажолис»да Навоий уни «Кабуджомалиғ, таъби яхши, ғойибона шатранжни хўб ўйнар эди», деб таъриф қилади. Навоийнинг яқин суҳбатдошларидан бўлган.
55. Мазкур хатни олимлар Ҳусайн Бойқарога ёзилган, деб ҳисоблашган. Аслида эса бундай эмас. Хатда Навоий адресат, номини имо—ишоралар билан кўрсатган. Мана ўша сўзлар: «Ул қаламгаким, варақ ҳошиясида бадоеъ нукта суруб замон нотавонин масрур қилибтур — етти иқлим якқалам бўлсун...» Бу ерда Бадиуззамон исмига ишорат бор. Демак, хат Ҳусайн Бойқарога эмас, Бадиуззамонга ёзилган.
56. Юсуф Али — Навоий мулозимларидан. У Машҳаддан Навоийнинг «оғзи сирештлиғ» (ёпиқ, махфий) хатини олиб келган.
57. Шайх Алибек — Машҳадда Навоий билан бирга бўлган.
58. Ҳусайнқулибек — Бу ҳам Машҳадда Навоий билан бирга бўлган.
59. Хожа Ҳожи Маҳмуд Табризий — мактубдан маълум бўлишича бу шахс эътиборсизлик ва хоксорликда қолган. Навоий подшоҳдан унга илтифот кўрсатишни сўрайди.
60. Хожа Ғиёсиддин Ҳофиз Деҳдор — Хожа Деҳдор номи билан машҳур. Навоийнинг яқин кишиларидан.
61. Жабраил — Оллоҳнинг тўрт фариштасидан бири. Пайғамбарларга Оллоҳнинг ваҳйларини етказувчи.
62. Арслонбек ахтачи — бу шахс Навоийга Бадиуззамон Мирзо мактубини етказган.
63. Тангри ризоси ота ризосига вобастадур, тангри ғазаби ҳам ота ғазабига вобаста.
64. Ҳаким Сулаймон — Туркий машойихлардан. Аҳмад Яссавий муриди. Сулаймон Боқирғоний номи билан шоир сифатида ҳам машҳур. Навоий уни «Насойим ул—муҳаббат»да зикр этган.
65. Адиб Аҳмад — Навоий уни ҳам «Насойим»га киритган. «Қутадғу билиг»нинг муаллифи. Туғма кўр бўлган.
66. Иброҳим Халил — Иброҳим пайғамбар. Халил унинг лақаби. Каъбани бунёд этган. Икки ўғли бўлган: Сорадан Исҳоқ ва Хожардан Исмоил.
67. Озари буттарош — Иброҳим пайғамбарнинг отаси.
68. Бойсунғур мирзо (1399—1433/34) Шоҳрухнинг ўғли. Адабиёт ва санъатга, наққошлик ва хаттотликка иштиёқи баланд бўлган. Фирдавсий «Шоҳнома»сининг тўлиқ матнини туздирган ва ўзи сўзбоши ёзган.
69. Бобур Мирзо — Султон Абулқосим Бобур. Бойсунғурнинг ўғли. 1452—57 йилларда Хуросон ҳукмдори бўлган. Навоийнинг отасини Сабзавор ҳокими қилиб тайинлаган. Навоийнинг отаси вафот этгандан сўнг, Бобур ёш Алишерга ҳомийлик кўрсатган, уни сарой хизматига қабул қилган. Навоий бу подшоҳни ўз асарларида илиқ бир самимият билан эслайди. Абулқосим Бобур шеър ҳам ёзган, «Мажолис»да зикр этилган.
70. Улуғбек мирзо — Шоҳрухнинг ўғли, амир Темурнинг набираси, асл исми Муҳаммад Тарағай (1394—1449), буюк олим, астроном, давлат арбоби. Самарқандда расадхона (обсерватория) қурдиргаи ва илмий кузатишлар олиб борган. «Зижи Кўрагоний» номли юлдузлар жадвалини тузган. Тарихга доир «Тўрт улус тарихи» номли асари ҳам бор.
71. Абдуллатиф — Улуғбекнинг ўғли. Отасини қатл эттирган. Олти ой подшоҳлик қилгандан сўнг ўзи ҳам ўлдирилган. Абдуллатиф шеърлар ҳам ёзган.
72. Жаҳоншоҳ — Жаҳоншоҳ мирзо туркман, Ироқ ва Озарбайжон ҳукмдори (1438 — 1467).
73. Ҳасанали — Жаҳоншоҳ мирзонинг ўғли.
74. Темурбек — амир Темур Кўрагоний (1336 — 1405), буюк давлат арбоби, жаҳонгир подшоҳ.
75. Дарвеш Муҳаммад — сарой мулозимларидан.
76. Зафарнома» — Шарафуддин Али Яздийнинг Темурбек Кўрагонга бағишланган тарихий асари.
77. Хофиз Муҳаммад Саноий —Афтидан бу шахс шариат аҳкомларини яхши билган аллома бўлса керакки, Навоий Бадиуззамонга шаръий умурлар бобида ундан фойдаланишни тавсия қилади.
78. Мир Зайнулобидин Астробод ашрофларидан. Навоий Бадиуззамонга Мир Зайнулобидинни ҳурмат қилишни, унга илтифот кўрсатишни тайинлайди.
79. Муштарий — Юпитер, форсийда Биржис. Илми нужумда «Саъди Акбар», «Фалак қозиси» деб юритилади, жойи олтинчи фалакда эмиш.
80. Султон Муҳаммад Мирзо — Шу номда Ҳусайн Бойқаро ва Хадича бегимлар набира кўрганлари муносабати билан ёзилган табрик мактубидир.
81. Бегим — Хадича бегим. Аввал Абусаид Мирзонинг ғунчачиси (канизаги) бўлган. Бобур у ҳақда ёзади: «Муҳаммад Мўмин мирзони анинг саъйи билан ўлтурдилар. Султон Ҳусайн мирзонинг ўғлонлари ёғиқтилар, кўпраки мунинг жиҳатидан эди, ўзини оқила тутар эди, вале беақл, пургўй хотун эди, рофизия ҳам экандур (2316).
82. Бу ўринда Жомий вафоти тўғрисида сўз кетмоқда. Бу хат ҳам «Муншаот»нинг аввалги нашрига кирмаган.
83. Тарж. ар.: Ҳар бир нарсанинг ҳалокати сабаб биландир. Оллоҳдан бошқа ҳамма нарса ҳалок бўлувчидир.
84. Тарж. ар.: Дунёда ғарибдек ва мусофирдек бўл (ҳадис).
85. Тарж. ар.: Қудратли малик ҳузурида сидқ ўрни.
86. Жомий (1414—1492) — олим ва шоир. Навоийнинг дўсти, маслакдоши, ҳамфикри, 1476 йилда у Жомийни ўзига пир сифатида танлаган. Жомий вафотидан кейин Навоий унинг хотирасига бағишлаб «Хамсат ул—мутаҳаййирин («Ҳайратланганлар бешлиги») асарини ёзган.
87. Санжар — Навоий бу ерда салжуқийларнинг охирги подшоҳи Султон Санжарга ишора қилади. Унинг пойтахти Мар шаҳри бўлганлиги, Ҳусайн Бойқаронинг ўғли Абулмуҳсин ҳам Марвда ҳукмдор бўлганлиги сабабли Навоий уни «тахти Санжар узра шоҳ», деб таърифлайди.
88. Абулмуҳсин — Ҳусайн Бойқаронинг ўғли. Онаси Латифа Султон оғача бўлган.
89. Муҳаммад Маъсум — Ҳусайн Бойқаро ўғли. Кандаҳорда ҳоким бўлган. Унга Улуғбек мирзонинг қизини олиб бергаи эди. Отаси ҳаётлигида вафот этиб кетган.
90. Музаффар Ҳусайн Ҳусайн Бойқаронинг ўғли. Онаси Хадичабегим.
91. Сафиябека — подшоҳ хонадонига мансуб аёллардан бўлса керак, деб тахмин қиламиз.
92. Сайд Бадр — Ҳусайн Бойқаро амирларидан шоҳга яқин, доимий улфати бўлиб, рақсга ҳам тушар экан. Мири Мўғул — Мўғулбек. Ҳусайн Бойқаро бекларидан. Маълум муддат Ҳиротда, кейинроқ Астрободда ҳоким бўлган. Сўнгра исён кўтариб Ироққа қочиб кетган ва ўша ерда ўлдирилган.
93. Муҳаммад Кўкалтош — Ҳусайн Бойқаро мулозимларидан.
94. Маҳмуд — бу шахс ҳақида бошқа маълумот тополмадик.
95. Мир Дарвеш Муҳаммад сувчи — шоҳ саройида саққо бўлган.
96. Устодзодаи Чанги — мусиқачи, чангда куйлар ижро этган.
97. Банда Бобо — шоҳ надимларидан.
98. Афзал — Хожа Афзал. Ҳусайн Бойқаро вазирларидан. Навоий билан яқин дўст бўлган.
99. Шоҳ Ғариб Мирзо — Ҳусайн Бойқаро ва Хадичабегимнинг ўғли. Лақаби Абулфаворис (Фаворис — фориснинг кўплиги, шер, суворий демакдир), букри бўлган, оила қурмаган. Иқтидорли шоир бўлган. Мажолисда шеърларидан намуналар келтирилган. Навоий бу шаҳзода мадҳида «Фарҳод ва Ширин» достонида алоҳида боб ажратган, вафотига бағишлаб марсия ёзган.
100. Абушаҳма Баҳодир — мактуб мазмунидан аён бўладики, бу шахс бошига мусибат тушган. Навоий шу муносабат билан унинг кўнглини кўтариш, тасалли беришни подшоҳдан илтимос қилган.
101. Фисоғурс ҳаким — Пифагор (милоддан аввал VI аср), қадимги юнон файласуфи, диний ва сиёсий арбоб. Мусиқа илмнинг ҳам асосчиси ҳисобланади.
102. Арасту — Аристотель, милоддан аввалги IV аср, қадимги юнон ҳакими. Навоийнинг «Садди Искандарий» достонида Искандарнинг устози ва маслаҳатчиси сифатида талқин этилган.
103. Абу Наср Форобий (260/1874 — 339/1950) — буюк олим, файласуф. «Арастуйи соний», «Муаллими соний» лақабларига сазовор бўлган.
104. Хожа Абдулқодир — XIV асрда шуҳрат қозонган машҳур чолғучи созанда.
105. «Мажолис ун-нафоис» —1492 йилда ёзилган ва 1498 йилда Навоийнинг ўзи иккинчи таҳририни амалга оширган. Унда 459 та шоир ҳақида маълумот ва асарларидан намуна келтирилади.
106. Мавлоно Қосим — Навоийнинг хизматига ўтмоқчи бўлган Дарвешали мусоҳибларидан.
107. Дарвеш Алибек — Навоийнинг укаси, Балх ҳокими ҳам бўлган. Навоий вафотидан кейин истеъфога чиқиб, 1563 йилда Шайбонийхон, 1511 йилда Бобур хизматига кирган.
108. Мана шу мактубдан бошлаб қолган мактублар «Муншаот»нинг аввалги нашрига кирмаган. Уларнинг айримларини адабиётшунос Ю. Турсунов Туркияда сақланаётган «Муншаот» фотонусхасидан олиб эълон қилган. Кейинроқ бу мактубларнинг аксарияти ўзимиздаги қўлёзмаларда ҳам мавжудлиги маълум бўлди.
109. Бобобек — подшоҳ хонадонига мансуб ёшлардан. Мактубда унинг вафоти ҳақида сўз кетади.
110. Хожа Аҳмад — шаҳзодалардан бирининг хизматида бўлган шахс.
111. Бадиуззамон Мирзо — Ҳусайн Бойқаронинг тўнғич ўғли. Онаси Санжар Мирзо Марвийнинг қизи Бека Султонбегим. 1506 йилда отаси вафотидан сўнг тахтга ўтиради. 1507 йилда Шайбонийхондан енгилиб, Шоҳ Исмоил ҳузурига қочади. Турк султони Султон Салимшоҳ Исмоил билан урушиб, Табризни ишғол қилгач Бадиуззамонни 1514 йилда Истанбулга олиб кетади. Кўп ўтмай тоун — вабо касалидан вафот этади.
Навоий бу шаҳзодага катта умидлар боғлаган, у билан шоҳ орасида низолар пайдо бўлганда, уларни яраштириш учун ҳаракатлар қилган. «Муншаот» таркибидаги қатор мактублар Бадиуззамонга ёзилган. Шоир достонларида алоҳида бағишловлар, «Мажолис»да ҳам маълумотлар бор.

Navigation

[0] Message Index

[*] Previous page

Go to full version