Алишер НАВОИЙ
МУНШАОТ
М у қ а д д и м а
Ҳамди мавфур ул сониъғаким илми муншийси сунъ қалами била каломи мажид иншосин офариниш авроқиға рақам қилди, то офариниш аҳли анинг аҳкоми била амал қилғайлар ва яхшини ёмондину қилурни қилмасдин билгайлар1.
Ул ҳокимким омдурур эҳсони,
Шаҳлар бошиға нофиз анинг фармони,
Фармониға иншо сувари қуръони,
Иншосига эъжоз келиб арзони.
жалла алоуҳу ва аммат наъмоуҳу2.
Ва дуруди номаҳсур ул рофиъғаким, шаръи муфтиси килки амри била шариати ҳамид имлоси замон саҳойифиға ёзилди, то замон эли аниинг амр ва наҳйиси била иштиғол кўргузиб хато пайдосидин савоби тариқиға росиҳ бўлгайлар3.
Ул шоҳки моян фасоҳат келди,
Ҳар нукта анга маҳзи балоғат келди,
Ҳақдин иши оламға рисолат келди,
Шони бу рисолатда адолат келди.
Саллаллоҳу алайҳи ва ало олиҳи ва асҳобиҳи4.
Аммо баъд: ажиллаи асҳоб оллида аидоқ маъруз бўлур ва аиззаи аҳбоб хизматида андоқ арзға еткурулурким, атрок иншосида ва бу аҳли идрок баёну адосидаким, бировдин бировга руқъа ёзғай, ё ул киши ул руқъаға жавоб битигай, дағи руқъа келтурган қосидни қайтарған — алфози латофатдин муарро ва тарокиби балоғатдин мубарро эрди ва адоси рангин фиқаротдин намойишсиз ва мазмуни рангин абётдин оройишсиз ва муқобалада форсий алфознинг иншолари дилписанд ва макотибу имлолари аржуманд эрди, хаёлға андоқ келдиким, турк алфозининг дағи руқъалари ҳамул мисол била битилгай ва бу тилнинг номаларини ҳам ўшул минвал билан сабт этилгай. Оз фурсатда бу руқъалар жамъ бўлиб ва номалар йиғилиб эрдиким, бу авроқ зимнида сабт бўлди.
Рубоия:
Ҳар кимки ани ўқурни бунёд этгай,
Роқимни агар дуо била ёд этгай,
Тенгри они ҳар банддин озод этгай,
Ҳар ғамдин анинг хотирини шод этгай.
1
Тоғ—тоғ ниёз рафъидин сўнгра қоф-қоф ихлос юзидин маъруз улким, бу фаслдаким, наврўз насимининг мушкбезлиғи лола димоғин савдойи ва баҳор салқинининг атрангезлиғи булут мизожин ҳавойи қилибтурур, лоладек савдойилиғдин тоғ ҳавоси қилиб, булутдек ҳавойилиғдин қаё савдоси бошқа тушти. Чун ул бийик пояға сарафрозлик ва ул олий мақомда анжуманпардозлиқ даст берди, манзиле кўрулди, саҳо аҳли ҳимматидин рафеъроқ ва бисоте топилди, зако хайдининг хаёлидин бадеъроқ.
М а с н а в и я:
Кўк сабзаси кўкка еткуруб бош,
Ул кўкта бўлуб нужум ушоқ тош,
Авжики битиб фалак симоғин,
Қоплондин олиб қамар тувоғин,
Ҳам субҳ шамомаси сумансо,
Ҳам шом насими сунбулосо.
Сарбаландлиғи сабза тилидин «Ва иза—с—самоу кайфа руфиъат»5 аъдосиға жорий ва побаржолиғи садо тақриридин «ва изал жиболу кайфа нусибат»6 баёниға зокир. Мунунгдек дилкушо масканда баҳорий булут қатороти лола жомиға тушгани қарроба саҳобидин бода селин лолагун жомға қуймоққа боис кўрунди ва бу янглиғ руҳафзо маъманда барқ ламъасидин тийра тошлар санг—кабоб пишургали чақмоқ чаққали муқтазий бўлди. Ва лекин ул баҳори ҳаёт суҳбатидин айру лола аҳбоб жониға доғ ўртагали шуълае ва ҳар қатра асҳоб ҳаёти шамъини ўчургали. Дажлае эрди — густохлик юзидин фалонни қуллуққа йиборилди, агар кўҳнавард ашҳабни қулла азиматиға сурулса ва анинг хоро шикоф тувоғидин секриган ўт била барқ ламъасидек мунтазирлар кўзларин ёрутулса, тоғдин қуёш чиққондек бўлғай ва баҳордин гул очилғондек кўрунгай.
Р у б о и й:
То фасли баҳор зеби олам бўлғай,
Ул зеб ила боғ сабзу ҳуррам бўлғай.
Лутфунг ҳар бир элга дамодам бўлғай,
Гаҳ—гаҳ бизим жонибимиз ҳам бўлғай.
2
Чун меҳр ўтидин самандар ўлди саратон,
Оташкададек тутошти гулзори жаҳон,
Эрмас бу исиғ гунашда чиқмоқ имкон,
Хуштур кишига бўлса совуғ соя макон.
Чун сипеҳр заргарининг анбури учидан бир кулича олтун секриб сувға тушти, яъни чарх корхонасида жавзонинг икки пайқари аросидин қуёш қурси саратон обгириға таҳвил қилди; сипеҳри куравий заргар кўрасидек меҳр ўтидин ул навъ қизидиким, яқиндурки, фалак тосидин савобит доналари тосдағи қалъий қатаротидек эриб, тома киришгай ва тадвир бўталаридин сайрот сийми сув бўлуб, сиймобдек оқиб, арз кониға етишгай. Биҳор суйидин жаҳон жисми терга ғариқ ва бухор ўтидин хаёл пайкари ерда ҳариқ.
Маснавий:
Дарёға солиб исиғ ҳаво тоб,
Тўлғонмоғи ўз—ўзига гирдоб,
Тоғдин кишиким тилаб нишоне,
Бир тўда қизиқ кул англаб они,
Хуршед ҳароратидин анжум
Ер сояси остида бўлуб гум.
Тинмай югуриб куюн такидин,
Қум узра аёғи куймакидин.
Кўк табъиға чун ҳарорат ошиб,
Жисмиға шафақдин ўт тутошиб.
Ҳар насими дилфурўз ҳаво ҳароратидан бир самуми жонсўз ва ҳар зулоли хурўшон ҳарорат шиддатидин бир марақи жўшон.
Н а з м:
Дегайсен юқорроқ чиқиб замҳарир.
Қуйироқ тушубтур сипеҳри асир.
Анинг бирла хуршед ўлуб муттафиқ,
Ҳавони ҳам айлаб турур муҳтариқ.
Уйдин бош чиқормоғлиғ ҳаво оташрезлиғидин мутаассир ва эшикдин аёқ ташқари қўймоғлиғ ер оташангезлиғидин мутааззир, хусусанким, бу заифнинг мизожи неча кун май ўти иштиолиға муштаил учун ҳоло ул иштиол асари табиатда муштаил бўлубтур.
Б а й т:
Оҳ мин—ал—ҳамри ва ҳолотиҳи,
Ахрақа қалби би ҳароротиҳи7.
Шеър:
Гаҳ суруклук андоқки ақшомғи ҳол,
Кўрунуб сабуҳий чоғида маҳол,
Гаҳ ул навъ махмуру пажмурдалиқ,
Гаҳ майдин неким, жондин озурдалиқ.
Бода ўти жисмимға тутошиб, ул ўт дуди, балки шуъласи бошимдин ошқон учун «Ал—узру инда кироминноси мақбулун»8 мазмунин шафеъ қилиб, бу ниёз руқъасин густоҳлиғ қилинди. Асҳоб мизожи истиқомат сафҳасида «алиф»дек муқим ва аҳбаб табиати эътидол гулшанида сарвдек мустақим бўлсун, омин, ё раббал оламин.
3
М а с н а в и й:
Чун хазон барги ҳусн этар оғоз,
Эвурур юзни зоҳир айлаб ноз.
Р у б о и я:
Чун бўлди хазон баргига ҳусн изҳори,
Нозин этар оғоз тушуб ҳар сори,
Лекин эвурур юзини зоҳир айлаб,
Сафрат ангаким зулми фалаки зангори.
Сипеҳри дуншиор жуз талаввун ва рангомезлиқ ва рўзгори буқаламундисор ғайри дуранглик ва хийлангизлик эрмас учун, ложарам ул биридин гоҳи бисот бўстони ранго—ранг гуллар била музаняндурур ва бу биридин гоҳи бўстон бисоти гуногун яфроғлар била мулавван ва лекин чун баҳор субҳининг ҳар гули қуёш гулидек гулбун сипеҳридин тулуъ этса, оқибат хазон офтоб зардиға мунтақилдур ва йигитликнинг ҳар чечаги ахтар чечакларидек сипеҳр гулбунидин очилса охир субҳ асфар хазонига мунтаҳи.
М а с н а в и я:
Не баҳорида шод бўл чандон,
Айлабон ўзни гул киби хандон,
Не хазонида барг айшини соч,
Юз уза заъфарон дўконин оч.
Аммо чун маржеъ сўнгғи қисм ва миод сўнроғи шиқ бўлди. Ҳар ойинаким, пояда ани воло ва рутбада ани аъло деса бўлғай, бас сабаб бу бўла олғайким ва боис муни деса бўлғайким, чун фалак тожири таманно манзили мазраидин қуёш юсуфин биғ мизони каффасиға киюрди ва анинг саодат кундузи кофурий жисми кечанинг баҳоға келтурган савдойи мушки билан вазнда тенг чиқти. Чаманнинг рухсори Юсуф9 ишқида Зулайхо узоридек коҳий ва хазон ели ҳам анинг дамодам совуғ оҳи киби номутаноҳий бўлди. Қаро йиғочнинг сариғ баргларин ел учурғони тутундин учқунлар айрилғоннинг мисолин ва қизил толнинг коҳий яфроғларин баъзи жисмида қолғай, шингарф хутути узра заъфарон афшоний қилғондин нишона кўргузди. Муртафеъ шохлар шамъ шуъласидек барглар шакли шарҳига бўстон музаккирлари «валақад зуййина с—самау д—дунё бима—собиҳ»10 каримаси билан мутакаллим ва ул шуълаосо барглар акси шишаи ҳалабийда ойнаи Чиний каби зулол ичра тушгандин чаман қушлари «ка мишкотин фи—з—зужожа»11 савтиға мутаранним.
Маснавия:
Чу қилди каҳрабогун меҳри гардун,
Йиғочлар барги рангин каҳрабогун.
Шажар яфроғи бўлди каҳрабодек,
Демаким каҳрабо, меҳри самодек,
Сабо қилғоч сув узра зарфишонлиқ,
Сунинг тиғини айлаб зар нишонлиқ.
Учуб барг ўтидин ҳарён шарора,
Нечукким, зарварақдин пора—пора.
Сариғ яфроғ узаким ўлтуруб зоғ,
Бўлуб андоқки сориғ лолада доғ.
Қилиб зарҳал хазон наққоши тартиб,
Қилурға боғ авроқини тазҳиб,
Бу шуғли ичра айлаб саҳв таркин,
Зар андар зар қилиб барг узра баргин.
Мундоқ фаслки, ҳеч фасл нишотға мундин лойиқроқ эмас ва мундоқ вақтки, ҳеч вақт айшқа мундин мувофиқроқ киши нишон бермас. Ҳар ойинаким, ул хуршеди авжи камол олтун жом ичра асфар май била сархуш ва анинг кайфияти ҳароратидин олам аҳлиға зарфишонлиғи хазоносо, балки хуршедвашдурким, айши мустадоми мудом бўлсун. Ва лекин агар гоҳи умиди бўстони хазондин баргрезга қолғанлар ва ҳаёти гулистони хирмон баргрезидин хазонға учрағонларни журъа била ёд қилса, камоли қуёшидин зарраи кам бўлмағай ва қатра била шод этса, жамоли машъалидин шарорае ўксулмагай.
Б а й т:
Гулунг ранги асфар нишон бўлмасун,
Баҳорингға ҳаргиз хазон бўлмасун.
4
Дуоеким, шито қалбида шито қалбидин дилсўзро ва ниёзким, қиш айинда қиш айиндин дилфурўзроқ бўлғай.
Байт:
Анинг ҳар ахгари ёқути аҳмар,
Мунинг ҳар зарраси рахшанда ахтар.
Адосидин сўнгра арз улким, ҳеч вақти мувофақатлик аҳбоб бир—бири висолидин баҳра олурға ва ҳеч замони мусодақатлиқ асҳоб бода базми тарҳин солурға андин яхшироқ йўқтурким, марғуб ёронлар машҳуд бўлғайлар ва ағёр юзига ҳужра эшиклари масдуд.
Б а й т:
Тузалгай ёр ила базми висоли,
Вале ағёрдин ул базм холи.
Ва бу иқбол ҳеч қачон андоқ муяссар бўлмас ва бу мақсуд ҳаргиз андоқ дилпазир кўрунмаским, қиш бўлғай. Хусусанким, бурудат шиддатидин ҳавос идроқдин нокор ва кеча бўлғай. Батахсис, булут мушкфом ҳавоға қорнинг суда сиймидин кофурбор ва дай шоҳи шабихунидин ўт зардуштининг хайли манқал қўрғонида ҳисорий ва баҳман чериги чопқунидин шарора маздакининг сипоҳи тош бирла темур қалъасида мутаворий; фалак гунбазида анжум анжумани тун қаро кийши ичра ниҳон ва рўзгор олачуғида қуёш турки саҳобнинг хокистарий синжобида пинҳон, сипеҳр хиргоҳидек оқ уйда анжуман аҳли мужтамеъ, нечунким, сипеҳр хиргоҳида сурайё соқийларға гоҳи муоширлар май тақозоси учун бу байт билан мутакаллимким.
Б а й т:
Соқиё, дай шиддатидан ақлу ҳис бетоб эрур,
Чораси жоми булурин ичра лаъли ноб эрур.
Ва аёқчиларға гоҳи муғаннийлар бода илтимоси учун бу назм била мутараннимким.
Б а й т:
Қасд этар эл жониға ҳардам совуғлуқ бирла дай,
Соқиё, синмас ҳаво заҳри, кетур таръёку май.
Нор ахгарларининг ламаоти нечукким лаъли коний ва анор доналарининг боғлонғони нечукким ёқути руммоний.
М а с н а в и й:
Хушо, базм аро ўту май бўлса дай,
Май андоқки ўту ўт андоқки май.
Анинг манқали шийра тазъйин келиб,
Мунинг шийраси манқал ойин келиб.
Юзинда мунинг май бати лаъли ноб,
Анинг устида бўрдағон бат кабоб.
Мунинг ламъаси кўзни равшан қилиб,
Анинг шуъласи уйни гулшан қилиб.
Вале, базм юз бошлиқ оқ уй аро,
Оқ уй тоши тун мушки бирла қаро.
Ҳамул мушк уза абр кофурбез,
Жаҳон узра якдаст кофуррез.
Алқисса, тафриқа имкони ончаким мақдури бор нобуд ва жамъият мақдури ончаким имкони бор мавжуд ва ҳол улким:
Ҳар неким тақдир бўлса сарбасар топмиш вужуд,
Бовужуди мунча юз минг сен агар йўқсен не суд.
Меҳр ваъдаси ҳамоно меҳри гиёҳдек итти, ёҳуд тун яримида меҳрдек ер тубига кетти. Ул лаъли оташин ҳижронида не лаългун ахгарда ҳарорату не оташнок майда кайфият ва ул меҳросо жабин ҳирмонида не шамъ шуъласи ёруқ ва не кўз шамъи айни йиғидин очуқ, ҳар соя ҳаракатидин бағирда тоб ва ҳар аёқ унидин кўнгулда изтироб. Чун муҳлик интизордин жон оғизға етти ва шикеболиғ ихтиёри иликдин беихтиёрона кетти, бу паришон алфоз марқум бўлди ва ошуфта калимот таҳрирға келди. Агар шабранг сарсар хиромға рокиб бўлуб, рўзгори шабранг ва оҳи сарсар монандлар суҳбатиға роғиб бўлулса, тун яримида қуёш тулуъ қилғондек ва қиш ўртасида гул очилғондек бўлғай.
Р у б о и я:
То қишда совуғ табъға матлуб ўлғай,
То айш совуғ вақтда марғуб ўлғай,
То бу бори тийра тунда маҳбуб ўлғай,
Мажмуи сенинг ҳолинга мансуб ўлғай.
5
Ул саодат буржининг қуёши бир ой камонхонада варзиш қилғондин сўнгра ўчку ови азиматиға тоғ сори юзлангандек фалак турки, яъни хуршед қавс чиллахона гўшасидин жадй кулласи авжиға таҳвил қилиб, ул бирида бурунғи кеча эриша олмай, фироқ зиндонида маҳбус қолғанларға қиёмат кунининг тунича кўрунгандек, бу бирида дағи аввалғи оқшом хўблар шоми зулфи ялдосидек узун кўрунуб, анда ушшоқ оҳи дуди оламни тийра қилиб, ҳамул ел бурудатидин ашки ёмғурлари жола боғланғондек мунда ҳам мушкфом булут саводидин олам зулматкирдор ва сарсар шиддатидин ул мушк кофурбор бўлубтур. Бу бурудатни оташкада ўти дафъ қилмас, магар майкада бодаси ва бу зулматни қуёш ламъаси ёрута олмас, магар ул юз жилваси. Арз улким, аввалғиси димоғларни қизитибдур, агар иккинчиси ҳам кўзларни ёрутса, ғоят лутф бўлғусидур.
Гар май ўтидин қолмади базм ичра совуғлуқ,
Келсанг кетирур тийралиғин дағи ёруғлуқ.
6
Талаб дарёсидин мақсуд гавҳарин биров иликлай олғайким, муроди сафинасининг дебочасин ул сонии жавоҳир ҳамди била мурассаъ қилғайким, ҳар ноумидлиғ барри аро анинг ҳаёйи эҳсони юз кўргузса баҳри нажот етгай ва мурод тенгизидин матлуб кемасини биров соҳилға еткургайким, мақсуд жунгининг фиҳристин ул қодири завоҳир шукри била муламмаъ этгайким, ҳар дард соғарида анинг бодаи шавқининг дурди томса дарёйи ҳаёт қилғай.
М а с н а в и й:
Анга ҳамдким, чархи дарё навол
Топар андин анжум лаоли мисол.
Бу дарёда кишти янги ой ўлуб,
Ки заврақ киби баҳр паймой ўлуб,
Бу завраққа гулмех, этиб кавкабин,
Қилиб бодбон субҳ чодиршабин,
Тенгрининг ҳамди чунки топти насақ,
Наът дарёсиға сурай заврақ.
Улки чун баҳр қурбати тошти,
Чарх тўқуз тенгизидин ошти.
Дуррат ут—тож ўлуб сифоти анинг,
Баҳр ул—аброр наъти зоти анинг.
Эски наълайндек вале нимаси,
Нуҳ тўфони дафъиға кемаси.
Кўнгул баҳридин махфий дурларни олий мажлисқа бу навъ нисор қилилурким, бу сафарким бу нотавони бечора ва бу бехонумони овора илайига тушубтур, биёбони суубатин, бал вусъатинким, хаёл тойири йиллар қанот уруб, анинг поёниға етмак хаёлдурур ва тоғининг шиддатин, бал рифъатинким назар пайки қарнлар қадам солиб, анинг авжиға етмак маҳол, бурунқи руқъада шарҳ қилилиб эрди.
Ҳарнеки варақда эрди марқум,
Бўлмиш бўлғай ўқурда маълум.
Ул дашт ва тоғни ҳидоят дастёрлиғи ва иноят поймардлиғи била дасту пой уруб қатъ қилғоч, дарёе илайга келдиким — умқи таманно лужжаси била тенг ва сатҳи таҳайюл баҳридин кенгким, андин чора убур эрди ва кемага кирмак зарур. Руҳсиз бадан гўрда ором тутқондек ва нурсиз мардум кўзда мақом қилғондек, ул мардуми йўқ кўзлар масаллик тийра уйларга кирилди ва бу мунхасиф ҳилоллар сайрининг суръати била бир ойға дегинча ул мартабада эрдиким, ҳарбир кун минг йилчилиқ йўл бор эмиш дейилса, мингдин бирини дейилмамиш бўлғай ва ул фалакваш баҳрнинг вусъатининг юзи ул ғоятқача эрдиким, сипеҳр лужжасиға ташбиҳ қилилса, дарёсидин қатрае айтилмамиш бўлғай. Баҳрий жонвардин ажойиб сувар ғоятсиз ва дарёий суратдин ғаройиб пайкар ниҳоятсиз.
М а с н а в и й:
Аён сув ичра ҳар ён юз ғаройиб,
Бўлуб минг зоҳир ул юз бўлса ғойиб.
Неча кўз тушса кўк сув чарх монанд,
Топиб атрофи кўк зайлиға пайванд,
Хиромон ҳар тараф юз турфа моҳим,
Хирад моҳиятин билмай камоҳи,
Анингдек саҳмноку уйла ҳойил,
Ки айлаб кўргучи ҳушини зойил,
Равон юз тоғу бирга бўлмай ором,
Вале тоғеки, бўлғай моҳи андом,
Негаким орқаси тоғ авжи янглиғ,
Танида нақш дарё мавжи янглиғ,
Кашафлар ҳар бирининг саҳми беҳад,
Ясаб сув узра жисми бирла гунбад,
Бўлуб меъмори қудрат анда боний,
Сувдин қилмай хароб андоқ бинони,
Балиғ сайд айлабон ҳарён наҳанги,
Нечукким, ранг сайд этгай паланги,
Тани бир пуштаким бўлса хоро,
Темурдин тишу чангал ошкоро.
Кўрунуб жонвар баҳр ичра беҳад,
Нечукким дашт ичинда ҳар нечук дад,
Тамаввуж баҳр узаким тутмай ором,
Алар устига субҳ илги ёниб дом.
Ва гоҳи сарсар таҳрикидин дарё талотуми била «Ва изал биҳару фужжират»12 саводиға роқим ва гоҳи кўлак ташвиридин амвож таоқиби сув хуруши уни била «ва изал биҳару сужжират»13 адосиға мутакаллим. Ҳар нафас юз офатдин кўнгул сув бўлуб, жондин илик ювуб ва ҳар замон минг хатардин жон оғизға етиб, ўлумға кўнгул қуюлуб, кўзга туфроқ қароғи сурмаи сипоҳонийча кўрунуб, вале ул кўрунмай кўнгулга тош қиймати ёқути руммонийча топилиб, вале ул топилмай, бу тавр балиёт аро ҳалокка мушриф эканда ва бу навъ маҳолик аро ўлдум деганда дарёдин обхўриш узулди ва бу фироқда ҳабиб висоли насиб бўлди, юз ерга қўюб ва кўз туфроққа суртуб, шукр бажо кетурулди ва шавқ юзидин боштин қадам қилиб, каъбаи мақсад азмиға қадам урулди. Умид улким, андоққи висол водиси тай бўлди, ҳижрон баводиси ҳам қатъ бўлғай ва лекин таваққуъ аҳбоби жонийдин улким, дуо ели била гоҳи бу ниҳоятсиз даштдинким, наъл бараҳна қадам урубмен, балиёт хасу хорин супургайлар ва илтимос асҳоби жовидонийдин улким, гоҳи ниёз ашки била бу шории йўқ биёбондинким, қиловузсиз кирибмен, офот гарду ғубориға сув урғайлар.
Рубоия:
Ёнсам яна ғурбатни ҳавас қилмағамен,
Ҳижрон ўтиға танимни хас қилмағамен,
Жуз жоми висол мултамас қилмағамен,
Ҳақ ҳазратида шукрни бас қилмағамен.
7
Фано бешаси саҳатида висол шажарасидин самара топғонлар бошиға фалакнинг мухолиф ҳаракатидин ҳар жафо арраси келса зикриёкирдор тиллари жуз холиқи бечун ҳамдига зокир бўлмоғусидурур ва вафо шажараси соясида мурод самарасидин натижа кўргонлар оёғига чархнинг мутаоқиб зурубидин ҳар ситам тешаси тегса мансурвор нутқларини ғайри сонеъ кун фаякун шукрига такаллум қилмоғусидур.
Наҳлеки ризо соҳилидур беша анга
Руст англа фано туфроғига реша анга,
Ҳар лаҳза оёққа тегса юз теша анга,
Бошдин чу кечибдурур не андеша анга.
Ким айтса фано бешасида буди анинг,
Ҳар шохқа илурмоқ эмас суди анинг,
Истарки етушгай улча мақсуди анинг,
Маъдум керак ҳар неки мавжуди анинг
Ва алҳақ бу шева бир сарвдек озодаваш дабидурурким, сипеҳри тездав жафоси ҳароратидин, истима иштиоли чинордек жисмиға ўт солса жуз ҳақ ризоси нақдин истарга овучин очмоғой ва бу тариқа бир санобардек нолакаш расмидурурким, чархи сабукрав ҳаракати бурудатидин сапедордек аъзосиға раъша еткурса сабот туфроғидин қадам олмағай ва сабр ҳавосидин бош чекмағой. Биҳамдиллаҳ вал миннатиқа15 то сипеҳри даввор ҳаводиси саргардонлиғидин рўзгори нопойдор навойиби бесомонлиғидин Мозондарон чангалига қадам қўюлубтурким, ашжори касратидин сабоға ҳарими тавфидин маҳрумлуқ ишдур ва шохсори рифъатидин самоға ҳар лаҳза юз минг сарзаниш. Яфроғи ғулуси ҳижоблиғидин туфроғиға ҳаргиз меҳри зарфишон анворидин бир дирам тушмаган ва муртафиъ шажари беҳисоблиғидин саҳатиға мутлақ саҳоби гуҳарафшон жавоҳиридин бир жола етушмаган. Арш соқиға чирмашиб чиққан ишқпечондин бир дона суҳо ва сидраҳ шохиға тўлғониб бош чеккан токидин бир хўша. Сурайё ғоятсиз ашжориғаким ер била кўкка иттисол берур «аслуҳо собитун ва фаръуҳо фис само»16 содиқ ва ниҳоятсиз туюриғаким, ердин учқонда фалак юзин ёпар «диҳи тамуру мур ас—саҳоб»17 мутобиқ.
Не беша эмиш бўстону боғи,
Анинг не учи пайдо не қироғи,
Ёғочи устида кўк сабзалар фош,
Вале кўк сабзасидин ўткариб бош.
Куҳан ашжор ҳар ён боқса юз минг,
Ўтуб боши фалакдин ҳар бирининг,
Этиб ҳайкаллари пайдо маҳобат,
Қилиб пайкарлари зоҳир ғаробат.
Паёпай девлоғ анинг жаболи,
Саросар девбод анинг шамоли,
Бўлуб ҳар барг бир миръоти васвос,
Тута олмай хирад ўз ҳушини пос.
Қилиб ҳар руди суйининг садоси,
Аён юз ғулу шайтон можароси.
Шағолининг уни афғон андуҳ,
Чекиб кирган кишининг сўгига дуҳ.
Ҳар эски ёғочини қўнғорурға фалак пили субх хартуми била ажз зоҳир қилиб ва агар қўнғорса болорин тоширға сипеҳр арабаси ул юк остиға ёнчилиб, эашроти маҳбатидин рўзгори буқаламун арқами бир пайса таноб ва сабоъи салобатидин чархи дун асадиға паргиздин ясаған шерча ҳисоб. Вуҳуши хайлининг оёғи кўпидин ер аъзосида юз минг жароҳат ва туюри жўшининг фиғон ва нафиридин фалак димоғи пардасида юз туман қароҳат. Кундузи офтоб ўтидин куйган хирман шакли анда меҳри рахшон ва кеча талбис шуъласидин ёруған кирми шабистон шамъи анда анжуми дурахшон. Ёғочининг самари бордил ва самарининг таъми заҳри қотил. Бовужуди бу ғариб ҳолот ва турфа мақолот чун анда бўлмоғлиқ рўзгорим носиясида қазо қаламидин таҳрир топмиш ва носиям сафҳасида қадар хомасидин шашпазир бўлмиш ҳар тикандин бир гулча осойиш етар ва ҳар тошдин бир дурча оройиш фаҳм бўлур. Муҳлик ҳавоси Масиҳо дами ва қотил суйи Хизр чашмасининг нами. Ва дўзахваш фазосида сели балодек рудхона «жаннотин тажри таҳтиҳал анҳору»18 дин нишона, бадтаъм мевалари била номақбул ашжори «ва фавокиҳатун ва нахлун ва руммон»дин19 намудор.
Ўзлигин ошиқ агар дўст ҳавосиға берур,
Ёрдин ҳар не келур руҳиға осойиш эрур.
Ва агар ватан ҳажри айёмиға муқтазий бўлуб, бу фироқ бешасидин висол даштиға юз қўюлса ва бу фурқат чангалидин қурбат саҳросиға қадам урулса ҳам чун қазо ҳодийси инонкаш бўлғусидур, барқвор секирмакдин ўзга, абркирдор елмакдин ўзга чора бўлмоғусидурур ва давоси топилмағусидурким, ҳақ субҳонаҳу ва таоло барча йироғлиқ муғайлонлари аро саргардонларни яқинлик Каъбаси тавофиға мушарраф қилғай, омин!
8
Ҳамду сано ул сониъағаким олам бўстонида салтанат гулбунининг сарсабзлиғин адл жўйборидин қилди, то бу сувдин сероб бўлуб, ул гулбинда сабот ва давом гуллари очилди. Ва давлат биносиға завол еткурур офат ёғинларин зулм саҳобида ниҳон этти, то ул ёғин селларидин бу бино асосиға бузуғлуқ етти. Ҳакимеки, ҳар ҳокимни ҳукумат тахтида пойдор истади, кўнглига ўз ҳукмлари инқиёдин марғуб кўргузди ва ҳар фармонравонинг асоси давлатин бемадор тилади хотири чаманидин саййид ал—мурсалин шаръининг мутобаати гулларин узди. Одилеким, ҳар некаҳдлиғ шажарасиға мурод самарасин берди, то ул шажарни эккан киши бу самарни терди. Сабуреким, мақсуд гавҳарин тааммул дарё иға солди, то ҳар ким ул дарёға ғавс қилди, бир гуҳарни олди.
Таоллаҳу зиҳи ҳар покдин пок,
Ки, не шаҳ, не гадодин бор анга бок,
Гадони шоҳ этардин йўқ ҳаросон,
Анга шоҳни гадо қилмоқ ҳам осон.
Ва ҳува йўҳйиллази лаямуту абада ва шаъниҳи тақаддаса ва таала20.
Ҳақ субҳонаҳу ва таоло ул дониш ҳадиқасанинг нурин ҳаводис хазони ели хатаридин ва ул бийниш ҳадиқаси нурин навойиб чашми захми зараридин ўз паноҳида асрасун. Муборак хотирға борча они ўткарсунки, чун вужудқа келтургай, дунёси ва уқбосиға суд етсун ва ариғ кўнглини барча ул сори тутсунки, ул ишдин мусулмонлар рози ва тенгри таоло хушнуд бўлсун, омин, ё раббил оламин.
9
Бу учурда чархи нилун қазосидин ва сипеҳри дун иқтизосидин андак ғуборе ва жузвий изтирореким, ул ҳазратнинг рўзафзун давлати ва ҳумоюн зотиға мутаввашшиҳ бўлди қиёматеки, ул сабабдин бу нотавон ҳолиға ва рустохезеки, ул жиҳатдин бу паришон аҳволиға юзланди: шаммае андин қайси хома таҳрирға кела олғай, заррае андин қайси тил тақрир қила олғай. Аммо хақ таоло сиҳҳат била ул офотдин ва саломат била ул балиётдин халос қилғон хабари таҳқиқ бўлғоч, ул машаққат ва меҳнатларға талофи ва тадорук бўлди.
Бу воқеъ бўлғон ишларда агарчи давлатхоҳ мушфиқ қулларға маҳал ул бор эрдиким, бирор таъномез ва киноятангиз сўз ғоят жонлари куйгандин ва кўнгуллари таҳаммул қилмоғондин арз қилғайлар. Аммо муқаррардурким, бу вақоеъдин ул ҳазратнинг муборак хотириға ончаким керак танбиҳ ва эътибор ва тажрибаи рўзгор ҳосил бўлмиш бўлғай, ҳоло илтимос улким, чун инсон нисёндин холи эрмас ва башарият муқтазоси тағофул ва тақсирдин ўзга натижа бермас — ўз атворингиз теграсига яхши эврулгайсиз, тенгри таоло ҳазратида борча ўтган ишлардин ўзингизни муқассир билгайсиз, қила олғонча тенгри таоло буйруғи била, саййидал—мурсалин шаръининг мухолифи ишларидин куллий ижтиноб қилиб, мувофиқ умурни жид била иртикоб қилғайсиз. Давлату мулк қалин сипоҳ ҳимоятидин йўқки, тенгри таоло иноятидин ва мусташор тадбирдин йўқки, кирдигор тақдиридин эркани билиб, ўзунгизни тенгри таолонинг фазлу—карами ҳимоятиға қочурғайсиз. Ва «Ман кона лиллаҳи кона—л—лоҳу лаҳу»22 мазмунича маҳбуби ҳақиқий била мусоҳабат лофин урғайсиз, ҳар неки ўтти азал қисматидин эрканин билиб, ортуқси ғусса тутмағайсиз. Аммо ҳар неки келур, азал қисматиға ҳавола қилиб, ўзунгизни амр бўлғон ишдин маъзур тутмағайсиз.
Салотинға сиздан кўпрак шикаст тушганда тенгри таоло паноҳига сиғиниб, куллий нажотлариға мулоҳаза қилиб кўнгул солмағайсиз. Салтанат умурида иш ҳайратға мунжар бўлуб, борча тааммул рахналарин боғлиғ кўруб, таваккул шоҳроҳиға кирарни тақсир қилиб, боқиб қолмағайсиз.
10
Ҳар саҳар то қуёш чобуксувори Хўтан сипоҳининг муҳофазати учун субҳ жўйборидин хандақ қилиб, зулмат черигин шоҳининг гулчеҳралар сунбул зулфидек паришон хайлин торумор қилиб, фалак ҳисорин фатҳ қилғай, ул саҳархандлик, қуёшройлиқ, чобуксуворлар шоҳи учун тенгри таоло ўз жўйбори ҳифзидин хандақ қилиб, мухолиф черигининг зулмин мунҳазим этсун ва ҳазмда эҳтиёт хандақи жўйборидин сабо хайлидек ўткариб, хоксор адувнинг туфроғин кўкка совуруб, кишвару мулк ҳисорининг фатҳин насиб қилсун.
Маснавий:
Ўн икки буржлуқ гардун ҳисори,
Ҳаводис тошидин то бўлса ори,
Сипоҳинг кўк сипоҳи узра ҳоким,
Дисори Шодмондин кам десун ким,
Мусаллам зотинга кишварситонлиғ,
Ҳисори давлат узра шодмонлиғ.
Арзадошт улким, бу ҳақирни баъзи маслаҳатлар учунким, ул ҳазратнинг маслаҳати дағи анинг зимнидадур, агарчи билҳақиқа икаласи бир маслаҳат ўқдур, Хуросон вилоятига юборилди. Умидим тенгри таоло карамидин улдурким, ул ҳазратнинг ҳумоюн замири кўзгусида дойим беҳбуд чеҳраси жилванамой бўлғай ва муборак хотири ўтрусида борча мақсуд шоҳиди чеҳракушой. Аммо илтимос ҳам қилинурким, гоҳи ул паришон абётғаким, густоҳлиқ юзидин тобуққа топшурулубдур қойил ҳақоратиға боқмай, мулоҳаза қилғайлар.
Маснавий:
Неча ганж ичра бўлса гавҳару дур,
Кўрки, бордур анинг калиди темур,
Ганжи мақсуд кимга бўлса умид,
Ул насиҳатлар эрур анға калид,
Қуфл очарда гадову соҳиб тож
Тенг бўлурлар калидга муҳтож.
Яна улким, талаб бўстонида мақсуд гуллари кечрак очилғондин кўнгул ғунчасин хорхори маломат била реш қилмоқ муносиб эмас. Нединким, то тақдир чаманидин иноят насими эсиб, меҳнат хазонин ишрат баҳориға мубаддал қилмағунча мақсуд гули очилмоғининг имкони йўқдур. Мундоқ бўлғондин сўнг таъжил суд қилмас ва малолатдин ғайри маломат иш очилмас.
Маснавий:
Агар юз қатла булбул чексун афғон.
Баҳор ўлмай гул очилмоқ на имкон,
Агар оламни тутсун шоми дайжур,
Тонг отмай кун чиқормоқ кимга мақдур?
Бу бобда ул ҳазратнинг муборак табълариға куллий эътимод бор, аммо бу сўзлар мазкур бўлмоғининг нуқсони йўқ. Бу заифнинг хаёлида улдурким, ўз дуо ва ниёзим ами-ободин ул ҳазрат теграсига ҳисор қилибмен. Аммо зулм тоши ул ҳисор томиға рахна қилмоқдин ва номашруъ умур нақби била бораси йиқилмоқдин тенгри таоло иноятиға сиғиниб, ўзингиз уҳда бўлғайсиз.
Илтимос улким, қачон юқори элчи юборилса, маъҳуд тарийқи била бирор иноят руқъаси юборилса муқаррардурким, ёронлар ани бу хоксорға еткурур саъйин қилурлар. Эшикда андин келур элчилар иши бор эса ҳар навъ ишким, бу фақир анга муртакиб эрдим арз қилиб, ёри азиз фалонға муқаррар бўлди.
М а с н а в и й:
Дуо бирла оғоз қилдим калом,
Керакким, дуо бирла қилсам тамом,
Ало токи ҳар шаҳки ком истагай,
Жаҳон мулки тахтин мақом истагай,
Машаққат эса ибтидоси анинг,
Мурод ўлғуси интиҳоси анинг.
Муродинг биносиға етмай халал,
Машаққатларинг айш бирла бадал,
Не комеки кўнгулунга ўлса ҳавас,
Фалак берсун ул коминга дастрас.