Ё ҲАРФИНИНГ ЯҒМОЙИЛАРИНИНГ ЮЗ КЎРГУЗМАКЛАРИ «ҒАРОЙИБ»ДИН
575
Зиҳе ҳар лаҳни булбул савтининг зотингға исботе,
Жаҳон боғида ҳар гул яфроғи ҳуснунгра миръоте.
Вужуди зарранинг мумкин эмас то собит ўлмас меҳр,
Не ҳожат зарра хайлидин қуёш зотиға исботе.
Бўлуб зотингда ожиз ҳар сифат ичинда мавсуфе,
Анингдекким, қила олмай сифотинг шарҳини зоте.
Хирад зотингда ташбиҳ эткали ҳар фикрким айлаб,
Такаллум анда йўл топмай магар ҳайҳот-ҳайҳоте.
Не қаҳринг заҳридин эмин бўлуб ҳар сокини масжид,
Не лутфунг бодасидин ноумид аҳли хароботе.
Не зарра бўлса мақбулунг қуёшдин зарра қилғандек,
Қуёш ул заррадин айлаб шараф бирла мубоҳоте.
Навоий зикри отингдур, умиди улки қутқарсанг,
Ани от истамакдин, балки андинким, бўлур оте.
576
Жилваму айлар қизил тўн бирла ҳар ён ул парий,
Ё магарким лолазор ичра кезар кабки дарий.
Телбалар қатли қизил қилмиш либосин, оҳким,
Бир йўли девоналар қониға кирмиш ул парий.
Хулласин хуноблиғ жон риштасидин қилди чарх,
Бўлди жонлар жони, ваҳ-ваҳ, ул парийваш пайкари.
Оразинг нақшимудур қонлиғ кўнгулда жилвагар,
Ё шафақдин бўлди толиъ офтобе ховарий.
Ич шафақгун майки, гардун қотиледурким, эрур
Янги ой бирла шафақ тийғу либоси аҳмарий.
Қон аро кўнглум юзунг шавқидин андоқ хастадур
Ким, эрур гулгун ҳарир олтида анинг бистари.
Ул парий лаълида жонинг, эй Навоий, бўлди маҳв,
Лаългун кисватда маҳв этгандек ўзни ул парий.
577
Сўзи ҳажринг ичра йўқ бирён кўнгулнинг тоқати,
Бўлмас эрмиш куйган элнинг ўт била кўп улфати.
Ашки тим-тим қонидин кулбам безанса не ажаб
Ким, эрур гул баргидин булбул эвининг зийнати.
Толпинур кул ичра мендек шуъла тортиб гўйиё
Ким, қуёшнинг жисмиға ўт ёқти ул юз ҳасрати.
Лаъли серобидин ар хат зоҳир ўлмас, айб эмас,
Хизрнинг ҳайвон суйи ичкандин ўлмиш ғайбати.
Ҳар сари махфий туганлиг жисм ила мунглуғ кўнгул,
Сойиледурким, эрур мамлу дирамдин кисвати.
Эй мусаввир, чекма нозир мендин ўзга зинҳор,
Дафтари ишқим аро ёзилса ул ой суврати.
Мудбире топтуқ Навоийни саломатдин йироқ,
Кўрким, ул не навъу не янглиғ жаҳонда шуҳрати.
578
Тавсанинг наълидин истармен бошимға афсаре,
Ҳиндудекким бошиға товусдин санчар паре.
Оразингда май, май ичра оразинг зоҳир қилур,
Гаҳе ахтардин шафақ, гоҳе шафақдин ахтаре.
Базми айшин кўкка невчун чекмагай улким, анга
Тутса руҳуллаҳ дами ҳар дам қуёшдек соғаре.
Маснадим кўргилки, ҳар тун қасри тошу фаршидин,
Бошқа хоро муттакодур, танға коши бистаре.
Ваҳ, не лўлийвашдур ул қотилки умдан халқнинг
Қонини тўкмакка ҳар бир кирпигидур ништаре.
Оразинг васфи туганмас котиби сунъ айласа,
Даҳр бўстонида гул яфроғларидин дафтаре.
Эй Навоий, сарвдек озод бўл гар истасанг,
Гул масаллиг шоҳиде, булбул кеби хунёгаре.
579
Давлат тонги юзию сочи тонг қоронғуси,
Масти сабуҳ кўзларин элтиб тонг уйқуси.
Булбул пари эмас, гул эрур бергали жило,
Ҳар барги гулки, елдин эрур тийра кўзгуси.
Гулзор даҳр шуъбадасин гўйий англамиш,
Ичинда заъфарондин эмас ғунча кулгуси.
Бошимни юқори қила олман бинафшадек,
Кўнглумга чунки чирмашур ул турра қайғуси.
Кўз баҳри ичра шиша кийиб мардум этти ғавс,
Ёйилди ушбу важҳ ила юз сари инжуси.
Ҳолимға ҳажр базми аро тортсам суруд,
Бор навҳа мадди телба кўнгулнинг аялғуси.
Қатлимға мужда бердию ўлтурди интизор,
Бир умрдин сўнг элга йигит ваъда бергуси.
580
Зоҳир айлар ашк ила оҳимни ҳажринг оғуси,
Гўйий мундоқ эснатур охир нафаснинг уйқуси.
Ҳажри бепоён, туни муҳлик, жунунум булъажаб,
Субҳ гўё мотамим тутмишки, келмас кулгуси.
Куйдуруб жисмимни, бергайсен кулум бирла жило,
Тийра бўлса қон ила қатлимда тийғинг кўзгуси.
Мени мажнундек тутуптур дашт демангким, бу дашт
Тоғлар эрдики, ҳомун қилди кўнглум қайғуси.
Эй кўнгул, оҳ ўқларин ул ғамзанинг оллиға чек
Ким, ўқ отмоғлиғда сендин туздур анинг қобуси.
Демангиз ошиқ кўзига не ёруғлуғдур муфид,
Ғам куни дилбар юзи, ҳижрон туни тонг ёғдуси.
Ҳажр аро тузди Навоий васл мулкин берди ёр,
Андоқ иш қилғанға мундин кам керакмас жўлдуси.
581
Ўт солур эл жониға ҳар дам совуғлуғ бирла дай,
Соқиё, синмас ҳаво заҳри кетур тарёки май.
Туз шабистон ичра суҳбатким, ишорат майғадур
Шамъи кофурики, ости шуша музлар бирла дай.
Оташин май бирла, эй соқий, қизитқил базмни,
Мутрибо, ул ўтни тез этмакка ол оғзингға най.
Даҳр мушкин чун ҳаво кофури пинҳон айлади,
Бодайи мушкини кофурий мизож ичмай нетай.
Ичкали ихфо учун тун мушкини истар ҳаким,
Шукр бу кофур аро ҳам зоҳир эрмас ҳеч шай.
Ул қуёш қор узра чиққач юзум узра англаман,
Ашк ё кўз оқи су бўлуб оқарму, йўқса хай.
Илгида майлиг сафол, усрук Навоий қор уза,
Эй фалак, қил жоми Жам бирла тамошо тахти Кай.
582
Шукр лиллоҳ, эй кўнгулким, рафъ ўлуб ҳижрон туни,
Ул қуёш юзин кўрармен тенгрининг қутлуқ куни.
Оташин лаълинг анингдек ўртади оламниким,
Ҳар тараф бир ўт туташқан жондур анинг учқуни.
Меҳрдин рухсора сарғарған сайи саргаштамен,
Зарра саргардонлиғин афзун қилур меҳр олтуни.
Бодадин тим-тим қизармиш орази, ваҳ-ваҳ кўрунг
Ким, ажаб гуллар очиптур ул малоҳат гулбуни.
Шоми ҳижрон меҳнатин шарҳ айла олман заъфдин,
Ул қора босқан кишидекким, анинг чиқмас уни.
Ахтаредур наҳс ушшоқи бадахтар жониға,
Улки ҳар ён илтирар ҳижрон тунининг шудруни.
Эй Навоий, демаким уйқуни туш кўргай кўзунг,
Йиғламоқ бу эрса туш кўргай магар кўз уйқуни.
583
Ғамингдин чун ажал гўр оғзида жисмим ниҳон эткай,
Мазорим лавҳи дардинг шарҳини тилдек баён эткай.
Қанотлиғ мўрдек жисмимни уй қилмиш ажал хайли,
Магар ул навъ қушлар бу бузуғни ошён эткай.
Юз очқоч эгма қаддим заъф қилди, ваҳ, не билдимким
Қуёш васли янги ойимни мундоқ нотавон эткай.
Оғиз бўлди кўнгулга чокию тил анда пайконинг,
Не тонг бу тил оғиз бирла агар муҳлик фиғон эткай.
Қиличинг суйини истар қуруған нахлдек қаддим,
Ажаб эрмас қазо анинг гулин гар арғувон эткай.
Дер эрдим кўйини юй ашк ила эл захми қонидин,
Не билдимким, ҳам ул эл рашки-ўқ ашкимни қон эткай.
Натижа куймагу ашкимдин ўзга топмағай, улким,
Бу гулшан шуълаву дудин гулу сунбул гумон эткай.
Тилар юз лахт қон эткай насибин даҳр деҳқони
Қаю булбулниким, гул хони узра меҳмон эткай.
Жигаргундур Навоий жисми қон ёшдин маҳалдурким,
Қазо бу навъ лаъл учун фано тоғини кон эткай.
584
Сиҳҳатим озурда жононимда бўлғай кошки,
Дарди анинг тинмағур жонимда бўлғай кошки.
Нотавон кўргунча бистарда синондек қоматин,
Юз синон бу чашми гирёнимда бўлғай кошки.
Бўлғуча ашки равоним сайли ҳар ён жилвагар,
Жилва ул сарви хиромонимда бўлғай кошки.
Кўзума гар кирпигим осибидин сунмас оёқ,
Барқи офат бу найистонимда бўлғай кошки.
Ул оёқ озурда бўлғунча бўлуб бошим фидо,
Заҳмати боштин-аёқ жонимда бўлғай кошки.
Нолам ул ойға етиб жон васлидин маҳрум эрур,
Жон дағи пайваста афғонимда бўлғай кошки.
Эй Навоий, дема розийсенму умрунг истаса,
Юз менинг умрумча султонимда бўлғай кошки.
585
Нечаким, ул ойға мендин меҳрибонроқ йўқ киши,
Яхши то қилсам назар мендин ёмонроқ йўқ киши.
Хасталар жониға ул бемор кўздин новаке
Гар отарсен билки, мендин нотавонроқ йўқ киши.
Оҳу хунобимни лаҳну бода қилмишсен гумон,
Дилраболар ичра сендин бадгумонроқ йўқ киши.
Аҳли ишқ озори жонин истабон тишлар лабин,
Мендин ушбу қиссада, озурдажонроқ йўқ киши.
Ёр этар эрмиш ватан бехонумонлар кўнглини,
Шукр мендин кўйида бехонумонроқ йўқ киши.
Хослар васл истагайлар, ваҳки, мен девонадин
Ул парий кўйида беному нишонроқ йўқ киши.
Эй Навоий, хурдаи назмингға ислоҳ истасанг,
Шоҳи Ғозийдин жаҳонда хурдадонроқ йўқ киши.
586
Сенсизин базм ичра қат-қат қон, кўнгул бетоб эди,
Дам-бадам жоми лаболаб чекканим хуноб эди.
Ҳар муқаннад пистаким, базм ичра эрди жилвагар,
Лаълингу оғзинг хаёлидин кўнгул бетоб эди.
Базм эди жонбахш, май бирла ёруғ, ваҳким, манга
Зулмат эрдиким, ҳаётим чашмаси ноёб эди.
Ҳалқайи базм элга қайду бир мусалсал туррадин
Чеккали ул базмдин жонимда юз қуллоб эди.
Етти кўк жавфи тўла ғамни азалдин гўйиё
Ишқ жамъ айлаб менинг жоним учун асраб эди.
Сиймгун ғалтон сиришкимдурки, ҳоло бўлди қон,
Буки эл шингарф дейдурлар, бурун сиймоб эди.
Нўши васл ар етмаса ғам йўқ Навоийким, мудом
Ҳажрдин аҳли вафо жомида заҳри ноб эди.
587
Тилармен музтар этса офати озурда жонимни,
Совурса офият бирла тузулган хонумонимни.
Чиқиб сархуш, чопиб абраш, қилиб жавлон, олиб майдон,
Вужуд иқлимидин маҳв айласа ному нишонимни.
Уруб жонимға ниши ғам, тузуб қатлим учун марҳам
Хино қилса бало шоҳидлари илгига қонимни.
Фироқ ичра алифдек қаддима ғам тоғини юклаб,
Уҳуд остидағи дол этса жисми нотавонимни.
Жунун кўйида усрук судратиб ратб-ул-лисон қилса
Фано авбошиға дайр ичра бу рози ниҳонимни.
Юзин айлаб қора кейнича солиб ишқ атфолин,
Бори масту маланг ўйнатса ақли хурдадонимни.
Навоий, не май эрдиким, ичиб оламға фош эттим,
Улустин ёшурун йиллар кўнгулда асрағанимни.
588
Соқиё, тут бодаким, бир лаҳза ўзумдин борай,
Шарт буким, ҳар неча тутсанг лаболаб сипқарай.
Бўғзума жоме қуюб, қутқар гадолиғдин мени,
Ваҳ, неча бўғзум чекиб бир журъа учун ёлборай.
Бир қадаҳ май берсалар, ваҳ, ғояти ифлосдин,
Неча лаъли қийматий топқан гадодек олдарай.
Тортай ўзумни эваз, ким қилса эҳсон бир қадаҳ.
Бу баҳона бирла ўзлукдин ўзумни қутқарай.
Важҳи май жон нақдию тан доғидур, эй муғбача,
Хилқатим ганжинасин юз қатла гар худ ахтарай.
Жонға еттим ақл васвоси била, тенгри учун,
Соқиё, жомимда афюн эзки, ботроқ телбарай.
Эйки, дебсен ғайрдин айру келу чек жоми васл,
Гар бу хилватда Навоий маҳрам эрмас қайтарай.
589
Бўлғай эрди юз туман, минг ранжу меҳнат кошки,
Бўлмағай эрди балову дарди фурқат кошки.
Елдек айларда ҳаво сайр эткали жисмим хасин
Ўртагай эрди уруб бир барқи офат кошки.
Хосият чун телбараб саҳроға юзланмак эмиш,
Тутмағай эрдим парийлар бирла улфат кошки.
Офият кунжин, дедим, истай бузулдум бир йўли,
Кўнглум ичра кечмагай эрди бу ният кошки.
Юз ғариб аҳвол бекасликда ҳар дам бор эмиш,
Ўтмагай эрди тилимга лафзи ғурбат кошки.
Жилва қилғунча тилаб товус янглиғ ганжи зеб,
Чуғз янглиғ тутқай эрдим кунжи узлат кошки.
Ёрдин эл рашкидин бўлдум жудо, бўлғай эди
Илтифотин ғайр ила кўрмакка тоқат кошки.
Демаким, жон эт фидо аҳбоб ила топқач висол,
Эй Навоий, умр бергай онча муҳлат кошки.
590
Хуштурур гулгун қадаҳ давринда гулбарги тари,
Хосса байрам аввали бўлғай дағи гул охири.
Ҳар варақ бир номайи ишратдурур фаҳм айлагил,
Тонг елидин абтар ўлмастин бурун гул дафтари.
Ғунча худи бирла гул қолқониға етти шикаст,
Бўлғали пайдо сариғ савсаннинг олтун шашпари.
Гул адам шомиға юзланган учун занбақ гули
Бор кумуш машъал доғию хурдалардур ахгари.
Лола қон узра бўялиб, ўт уза анбар қўюб
Бор парийхон, чиқмаған ғойиб чечаклардур парий.
Нилуфар тутмиш сипеҳри ложувардий ҳайъатин,
Жолалар юзинда андоқким нужуму ахтари.
Ўпса лаълингни Навоий санга хуш келмас, вале
Хуштурур гулган қадаҳ давринда гул барги тари.
591
Севунгил, эй кўнгул, охирки жисминг ичра жон келди,
Қувон, эй жони маҳзунким, ҳаёти жовидон келди.
Сафардин ул парий етти, мени маҳзунни шод этти,
Кўнгулдин эски ғам кетти, тан ичра янги жон келди.
Хирад, йиғ бу масофингни таҳаммул, қўй газофингни,
Вараъ, тарк айла лофингники, ошуби жаҳон келди.
Дамеким андин айрилдим, кўнгулни ҳамраҳи қилдим,
Бугун келди кўнгул, билдимким, ул номеҳрибон келди.
Келиптур ёшурун ул шаҳ, мени мажнун эман огаҳ,
Парий эрмас эса бас, ваҳ, нечук кўздин ниҳон келди.
Фалак боқти фиғонимға, ажал раҳм этти жонимға,
Хазонлиғ бўстонимға гули боғи жинон келди.
Муғанний бир навое туз, Навоий нағмае кўргуз,
Аёқчи, томса тут, тўққузки Доройи жаҳон келди.
592
Икки ҳамдамким, эрур май базм аро ҳамдамлари,
Топмасун биздин малолат хотири ҳуррамлари.
Ою кунким базм тузгайлар фалак хиргоҳида,
Зарраи саргаштадин не бўлғусидур ғамлари.
Гул била насринки, чеккай бода наргис жомидин,
Зулм эрур воқиъки, булбул бўлмағай маҳрамлари.
Чуғздин рам айласа не айб дуррожу тазарв,
Хосса бўлса мастлиғдин ўзгача оламлари.
Эй табиб, ўлгумдурур гўёки ушбу кечадин,
Захмлиқ кўнглумга ўқдек санчилур марҳамлари.
Эй муғанний, бўлма ғофилким, забони ҳол ила,
Навҳа айлайдур менинг ҳолимға созинг бамлари.
Кечалар афлок невчун ёш тўкар кийиб қора,
Бўлмаса мискин Навоий ҳолиға мотамлари.
593
Юз урма ҳар тараф, эй шўху зор қилма мени,
Қарор тут нафасе, беқарор қилма мени.
Кўзумни шамъи жамолинг фуруғи бирла ёрут,
Тонг откуча кечалар ашкбор қилма мени.
Худой учун яна ҳар сари бехабар борма,
Фиғону нолада беихтиёр қилма мени.
Тараҳҳум айлагил, эй ихтиёрсиз нола,
Дамо-дам эл ичида шармсор қилма мени.
Ҳаёт ранжи, ўлум ёди саъб эмиш, соқий,
Бу дайр ичинда даме ҳушёр қилма мени.
Мен ўзга, Вомиқу Фарҳод ўзгадур, эй ишқ,
Танаъъум аҳли аро эътибор қилма мени.
Қаёнки борсанг ўлармен Навоий янглиғ зор,
Юз урма ҳар тараф, эй шўху зор қилма мени.
594
Эй дудоғинг шарбатида оби ҳайвон лаззати,
Лаззате бўлғай, насибим бўлса лаълинг шарбати.
Кечалар ҳажрингда бехудмен, менинг ҳолимғадур
Шамънинг гаҳ куймаги, гаҳ ноласи, гаҳ риққати.
Меҳнати ҳажрингда ишим оҳ ила фарёд эрур,
Оҳ агар фарёдима етмас висолинг давлати.
Лабларингнинг ҳасрати кўнглумда бўлса не ажаб,
Шиша бирла боданинг бир-бирга кўптур нисбати.
Оразингға, эй парий, мажнун кўнгулнинг майли бор
Телба янглиғким, анинг ўт бирла бўлғай улфати.
Умр эрур ишқ аҳлиға пайки насим, эй боғбон,
Басдурур бу муддаоға шоҳид анинг суръати.
Юзу холингдин Навоийнинг кўзидур қон аро
Лоладекким, доғи бўлмиш кўз қораси ҳайъати.
595
Наргисин гул узраким, бемор этар ноз уйқуси,
Мисли шўхедурки, суст эткай ани ёз уйқуси.
Кўз очиб бехудлуғумни кўрмаса йўқтур ажаб
Ким, манга бахт уйқуси бўлмиш, анга ноз уйқуси.
Чархи сойир гўйиё ошиқдурурким, кечалар
Бор анинг ҳам мен кеби кўп ашкию оз уйқуси,
Бизни дафъ ўлсун дебон солмиш ўзини уйқуға,
Зарқдин холий эмастур ул фусунсоз уйқуси.
Ҳар тун айлар истимоъ эл қиссасин, ваҳким, келур,
Менки ўз ҳолим десам, ул қиссапардоз уйқуси.
Иста комил хидматин ғафлатни рафъ айлай десанг
Бордур ўздин ғойиб ўлмоқ зумрайи роз уйқуси.
Эй Навоий, очма ғамдин кўзки, сиррим қилди фош,
Яхшироқ бедорлиғидин буйла ғаммоз уйқуси.
596
Тануредур ичим, гўё қизитқан ишқ ўти ани,
Ёпиштурған кабоб ўрни анга ҳар доғи пинҳоний.
Қизил раглар эмас кўз ичраким, кўз мардумин ғамзанг
Анингдек нишлар урдики, оқмиш ҳар тараф қони.
Эрур қаддинг хаёли гаҳ кўнгул, гаҳ кўзда гўёким,
Будур ул жўйбору боғнинг сарви хиромони.
Тариқи ишқ аро кўнглумдадур ҳар дам ғаме ул уй
Ажаб йўл узрадурким, ўксумас бир лаҳза меҳмони.
Ғамим шомин ёрутти қаддинг ул юз шуъласи бирла,
Нетар кундузни улким, буйладур шамъи шабистони.
Ёнар ўтлуғ кўнгулда оташин лаълинг фироқидин,
Қизиқ ҳар лаългун пайкон эрур бир лаъли пайконий.
Хати райҳони ичра бодайи лаълин хаёл айлаб,
Учар ҳар лаҳза руҳум, соқиё, тут роҳи райҳоний.
Мунунгдекким, йироқдур каъбаи мақсад ҳамоноким,
Эрур манзилға етмасдин жараснинг тинмай афғони.
Навоий давлати боқий тилар бўлсанг яқин билким,
Эрур соликка мушкил топмоқ ани бўлмайин фоний.
597
Эй кўнгул, бердинг илигдин васлининг давронини,
Билмадинг бу навъ талх эрмиш ғами ҳижронини.
Гўйиё Фарҳод эрур тоғ ичраким, чексам фиғон,
Ул дағи ҳамдардлиғдин тенг чекар афғонини.
Тўтиёе кўз тутарменким, кетурсанг, эй насим,
Кўрсанг ул бадмеҳр чобук туркнинг жавлонини.
Қолди кўнглум сенда, лекин асрадим, эй қоши ё,
Хаста кўнглум ўрнида хокийларинг пайконини.
Не учун киймиш қизил тўн даҳр бўстонида гул,
Гар оқизмоқ истамас ошуфта булбул қонини.
Тийрборони ғаминг жисмимни қилди ерга паст,
Ваҳки, ёмғур касрати йиқти ғаминг вайронини.
Эй ажал, тенгри учун кетким биҳил қилман санга
Қўймасангким, дарди-ўқ олғай Навоий жонини.
598
Ул ойки, меҳри ила оламни муҳтарам қилди,
Бу телбага недин оё назарни кам қилди.
Кўзум изига яқиндур мунга дағи юз шукр,
Агарчи йўлида гардун қадимни хам қилди.
Насиҳат этса улус тезрак бўлур ишқим,
Бале, итикрак этар ўтни улки дам қилди.
Фироқ шарҳини ҳар кирпигим ёзар, гўё
Фалак мижамни тенгиз ичраги қалам қилди.
Ул ой азимат этиб юз ғаму бало нақдин
Насибим этти, ёмон бормади, карам қилди.
Сипеҳр ишқда Мажнунға ёзди кўп таъриф,
Муқобилида замона мени рақам қилди.
Кўзумки қон аро бўлди ниҳон ажаб эрмас
Ки, «айн»ға чу дам ўлди қарин адам қилди.
Шукуфа сийм чиқарғач бу гулшан ичра хазон,
Ҳавоға баргини сочмоқ била ситам қилди.
Навоий жисмин ўқунг захми этти доми бало,
Висол қушлари андин магарки рам қилди.
599
Маҳвашеким меҳридин бўлдум жаҳон овораси,
Раҳм этиб бир чора қилмас ўлса ҳам бечораси.
Захмлар қилдинг яна ғам нишидин, эй бевафо,
Бутмиш эрди васл нўши бирла бағрим ёраси.
Бевафолар кўнгли тонг йўқ лабларингга бўлса сайд
Қайдаким лаъл ўлса, атрофида бўлур хораси.
Юзига боққач, ажаб йўқ кўзларимга тўлса ашк,
Эл кўзига ёш тўлар қилса қуёш наззораси.
Дарди ҳажрингдин Навоий кўнгли, кўкси, бағридур,
Ҳар бири юз пораву минг яра ҳар бир пораси.
600
Қилдим ул ой оллида ошиқлиғим изҳорини,
Мен анга сиррим дедим билман анинг асрорини.
Кўз қаросин ҳал қилиб ул ойға ёзғум номае,
Боре бу тазвир ила кўргай кўзум рухсорини.
Кўзидин то жонға етман лаълидин бермас ҳаёт,
Ул Масиҳ ўлдум деганда тиргизур беморини.
Ҳайфдурким, риштайи тасбиҳ қилғай аҳли зуҳд,
Куфр зулфи ичра ўлган халқнинг зуннорини.
Оразинг даврин чекарда гўйиё наққоши сунъ,
Меҳр даври бирла тенг очмиш эди паргорини.
Тўкма жоминким, бало сайли жаҳонни бузмасун,
Маст кўрсанг, зоҳидо, дайри фано хамморини.
Эй Навоий, шавқидин ўлсам иморат қилғасен,
Туфроғим бирла муҳаббат кўйининг деворини.
601
Оҳким, ул ганж ёд этмас бизинг вайронани,
Ул қуёш бир зарра ёрутмас бузуғ кошонани.
Эгма қошин кўргузуб айлар манга манъи жунун,
Янги ой бирла керак соғ этса бу девонани.
Кўзума ул важҳдин дермен юзунг афсонасин,
Ким, севарлар уйқусизлар дойимо афсонани.
Ўзгалар ҳуснидин ўртанманки, гардун ҳар кеча
Ёрутур минг шамъу куйдурмас бири парвонани.
Чиқти жоним бодайи лаълин кўруб, эй муғбача,
Ваҳ, тўла айлаб нетарсен қасдима паймонани.
Билмадиким, аввал айлар нафй ранжидин халос,
Нафй қилған шайх муғ кўйидаги майхонани.
Ашк йўлин тут, Навоий, хоки пойи бирлаким,
Ғусса бар берур қаёнким, сочсам ушбу донани.
602
Ҳар тикан бу ғунчадек кўнглумда пайкон боғлади,
Эй жигар парголаси, сенсиз ичим қон боғлади.
Сендин айрилмоқ кўнгулга мумкин эрмас то абад,
Чун сенинг бирла азалдин аҳду паймон боғлади.
Лабларингнинг шавқидин ҳар қатра қонким, тўкти кўз,
Совуғ оҳимдин ҳам ул дам лаълу маржон боғлади.
Деди ақлу фаҳм ани кўргач, шикебе кўзлали,
Ваҳки, тун боғин яна ул шўх часпон боғлади.
Қондин ўлди дард боғининг гули ҳар пахтаким,
Доғима сабр илги марҳам бирла ҳар ён боғлади.
Совуруб тифли хазон туфроғ ила тенг қилмаған
Қайси бир гулдаста бу боғ ичра деҳқон боғлади?
Иштиёқингдин Навоий ўлдию етмас санга,
Гўйиё бу навъ оёғин банди ҳижрон боғлади.
603
Эй кўнгул, келким, иков бўлуб нигоре кўзлали,
Сарв қадде истабон сийминузоре кўзлали.
Ёрлиғ кўз тутқанимиз кўзлади чун ўзга ёр,
Бизда ҳам кўз бор, бориб бир ерда ёре кўзлали.
Чун ғубори маркабидин равшан айлар эл кўзин,
Термуруб турғунча бориб, шаҳсуворе кўзлали.
Сайри боғу дашт этарбиз ҳам яна бир ёр учун,
Боғ сари кўз солали, даштсоре кўзлали.
Гар анингдек шўхи шаҳрошуби офат топмасақ,
Бир фақире меҳрибоне ғамгусоре кўзлали.
Гарчи нопайдо эрур мақсуд, армон қолмасун
Хосу ом ичра қила олғунча боре кўзлали.
Эй Навоий, бўлмағунг андин булар бирла халос,
Келки, ҳам васлин тилаб сабру қароре кўзлали.
604
Ғунчадек қон боғланибдур кўнглум, эй гул хирмани,
Борғоли кўз жўйборидин жамолинг гулшани.
Кўз қорасидин ёзай дермен битиг, ҳайҳотким,
Куйдурур ғайратки, мен маҳруму ул кўргай сени.
Ақл қочти кўнглум ичра сокин ўлғач дарди ишқ,
Мўр манзилгоҳи эрмас аждаҳолар маскани.
Кўнглум уйида ғами ториқмасун ҳар захмидин,
Марҳамин ташлангки, ҳар ёндин очилсун равзани.
Арғувоний ашк аро савсан масаллиг лолмен,
То тўнингдур арғувоний, кўнглакингдур савсаний.
Ҳар гул ушбу боғ аро кўрсанг тикан осибидин,
Ғарқайи хуноб ўлуб юз чок эрур пироҳани.
Ашк қонида Навоийдур сўнгак жисми била
Ул муборизким, қизил жинс ичра бўлғай жавшани.
605
Ғариблиғ яна кўнглумни дарднок этти,
Шикасталиғ яна кўксумни чок-чок этти.
Бу барча бир сарию ёр ҳолатимни билиб,
Тағофул этмаги мен хастани ҳалок этти.
Дамингни асра, Масиҳоки, чиқмағай гардим,
Бу дамки, кўйида жисмимни даҳр хок этти.
Юзунгга улки қуёш тоби берди юз минг шукр,
Қуёш кеби мени ҳам ишқинг ичра пок этти.
Хуш ул дамеки, дегайлар фано ўтиға фалон
Қадам қўярда не ваҳм айлади, не бок этти.
Не май, не жом, мен усрук ҳамеша, гўё ишқ
Таним ҳадиқасида рагларимни ток этти.
Навоийни тила андин бурунки, дегайлар
Адам йўлин тутуб ул зори бенаво этти.
606
Лаълингга боғланди жоним ҳажр элиндин ол ани,
Зулфунгга чирмашти кўнглум қилмағил помол ани.
Боғлади кўнглум манга ошиқлиғининг туҳматин,
Шарт қилдим кўргач-ўқ расво қилай филҳол ани.
Сендин айру хўблардин очилур кўнглум, вале
Ғунча янглиғким, очарлар куч била атфол ани.
Эй сабо, бағримға санчилған тиканким, англадинг,
Бўлсанг ул гул бирла ҳамдам қилғасен ирсол ани.
Ул алифким, нил ила чектинг узоринг ёнида,
Ҳусн ичинда бирга ўн қилмиш ёнида хол ани.
Бу чаман кайфийятин озодаеким қилди фаҳм,
Ўн тили савсандек ўлса ҳайрат айлар лол ани.
Эй Навоий, деб эдинг кўргач ани жон топшурай,
Бўлса бу давлат муяссар қилмағил эҳмол ани.
607
Қани висолингга бир мендек орзуманде,
Висол умиди била меҳнатингға хурсанде.
Фано майин ичиб оворалиғ йўлин туттум,
Насиҳат аҳли манга эмди бермангиз панде.
Эрур танимдаги юз доғ бирла мунглуғ жон,
Гадоки, тўниға ҳар сари солса пайванде.
Сабаб бу эрди экин хилқатидин одамнинг
Ки, бўлғай анга сенингдек хужаста фарзанде.
Кўнгулни шўхлар андоқ талаштилар кесишиб
Ки, қолмади мени бедил насиби парканде.
Чоғирни оқил эсанг лаъл деб қизитма димоғ
Ки, ўтни исламади гул дебон хирадманде.
Ажал, Навоийни қутқаз балойи ҳирмондин
Ки, ул заиф бу дард ичра асру эмганди.
608
Ўтум худ этмади ул тошбағирға таъсире,
Бу ёна ўтки, топилмас бу ишга тадбире.
Не турфа суврати бордурки, ҳеч суврат ила,
Қазо мусаввири қилмади буйла тасвире.
Шикоятим кўпу қолмас сени қачон кўрсам,
Танимга тобу тилимга мажоли тақрире.
Тушунда оби ҳаёт ичтим, оҳким, келмас
Кўнгулга лаълини ўпмакдин ўзга таъбире.
Мени муқайяд этар бўлсанг очма ҳалқайи зулф
Ки, пашша қайдиға йўқ эҳтиёжи занжире.
Гул ичра шабнам ила хурдадур сую дона,
Магарки, қайдиға булбулнунг этти тазвире.
Навоий ёрдин ар зулм эрурки, лутфича бор,
Сен этмасанг керак ўз қуллуғунгда тақсире.
609
Жоним чиқадур, ҳажр ила жонон керак эрди,
Кўнглум куядур, дард ила дармон керак эрди.
Ғам шомида парвона сифатким, куядурмен,
Бошим уза ул шамъи шабистон керак эрди.
Кўз боғида юз гул очадур ишқ, валекин
Юзу хатидин лолаву райҳон керак эрди.
Хуш келди ҳазин кўнглум аро ғамзаларингким,
Оҳ ўқлариға бир неча пайкон керак эрди.
Қабримға хиром эттингу йўқ туҳфае, ваҳким,
Бу хас кеби жон ичра бугун жон керак эрди.
Хуш зийнати кўп номадурур умр, валекин
Тавқиъи вафодин анга унвон керак эрди.
Билмай сени ул гул қовар, эй зор Навоий,
Сендек анга бир булбули нолон керак эрди.
610
Бўлди ийд, ул турки чобук азми майдон қилғуси,
Ваҳки, эл бехудлуғи жонимни қурбон қилғуси.
Барқи офат бўлғуси ҳар шуълаеким айрилур,
Маркаби туйноғидин ул дамки жавлон қилғуси.
Ўқ ҳунилаб ўт ёлиндек ҳар тарафким қўйса юз,
Юз кўнгулни куйдуруб, юз жонни вайрон қилғуси.
Ошкоро жон олиб ҳар ён қилур машғул ўзин,
Элни билмас деб йигит ўзини нодон қилғуси.
Шамъ эмас кўз очтилар наззораға аҳли қубур
Ким, ул ой ийд оқшоми сайри хиёбон қилғуси.
Субҳ майдон азми қилғач, ваҳки, йўқ ёлғуз мени
Олам аҳлин ийди рухсориға ҳайрон қилғуси.
Ийдгоҳ аҳли ҳужуми бирла, эй шаҳ, қилма кибр
Ким, фалак бу жамъни ҳоли паришон қилғуси.
Эй Навоий, рашкдин ўлдумки, ул қотил бугун
Ҳар тараф бу шакл ила юзланса юз қон қилғуси.
611
Ёр ила бир хилват истарменки, ағёр ўлмағай,
Балки ул хилватнинг атрофида дайёр ўлмағай.
Кўзга кўнглум дардидин йиғларға имкон қолмағай
Тилга дардим шарҳини айларга гуфтор ўлмағай.
Элдин андоқ ёшурун истармен ул хилватниким,
Кўнглум андин воқифу жоним хабардор ўлмағай.
Ёр буди ичра нобуд ўлғаменким, ўртада
Ўзгаликдин демаким, ўзлукдин осор ўлмағай.
Буки, дерлар бордурур девор кейнида қулоқ,
Ул фазо даврида кўз етгунча девор ўлмағай.
Махфий асроримға бўлғай ёр лафзидин адо,
Ёрдин айру валекин соҳиби асрор ўлмағай.
Эй Навоий, қилма ҳар ёр оллида сиррингни фош,
Бормудур имкониким, ул ёрға ёр ўлмағай.
612
Яна бало чоқинин ишқ телба жонима урди,
Фано қуюни етибон кулумни кўкка совурди.
Магарки, мен кеби элдин қочарни айлади варзиш,
Кийиклар ичраки, Мажнун тамоми умр югурди.
Мен арчи кўйида ўлдум қовунгки, телбарар охир,
Чурук сўнгакни танимдин узуб, не итки, кўмурди.
Ғаминг қўюб туган узра туган бу макр ила кўрким,
Танимда ҳар туган ичра неча туганни ёшурди.
Кўнгулда гар ўқунг итмиш яна бир ўқ дағи отким,
Бу навъ топса бўлур ҳар кишики, бир ўқ итурди.
Дам урмаю қадаҳ ичкилки, телба бўлмаса воиз,
Недин эди урунуб, қичқирибки, оғзи кўпурди.
Фироқ доғиға машъал фатиласи кетурунгким,
Навоий оғзини чун купка қўйди, пок сумурди.
613
Лабинг такаллум этиб, сўзда лол қилди мени,
Очилди зулфунгу ошуфтаҳол қилди мени.
Юзи кўрунди, очинг эмди зулфи силсиласин
Ки, ул парий яна мажнунмисол қилди мени.
Оёғин ўпкали бошим йўлиға еткурдум,
Фиғонки, зулфи кеби поймол қилди мени.
Қоши хаёлида пайваста баски, чектим ранж,
Фалак бу ғамда нечукким, ҳилол қилди мени.
Бели ғамида хаёл ўлдум оҳу афғондин,
Бу мўя мўй этиб, ул нола нол қилди мени.
Куп оғзима қую қўй адл жомин, эй муғким,
Қазо бу шевада беэътидол қилди мени.
Навоий, англаки, журмумча юз умидим бор,
Фақири зоҳид ўзидек хаёл қилди мени.
614
Хароб айладинг, эй ишқ, хонумонимни,
Тасаввур айлаки, ўлдум, бағишла жонимни.
Магарки, ишқ маломат ўтин ёрутмоқ учун
Қурутти уйлаки хас жисми нотавонимни.
Бу турфа кўрки, фузун бўлди лаългун ашким,
Агарчи шуълайи ишқинг қурутти қонимни.
Фиғонки, ўлдуму кўйида халқ ғавғоси
Анинг қулоғиға еткурмади фиғонимни.
Бугун танимға нишон ул ҳаётдин келибон
Ки, тонгла топмағасен истабон нишонимни.
Чу ишқ оятида савту ҳарф йўл топмас,
Камоли ишқ итурмиш магар баёнимни.
615
Дедимки, кўзга чекай гарди раҳнавардингни,
Фиғонки, топмади кўз тўтиёға гардингни.
Магар замона кўзи сурма истар эркандур
Ки, гард қолмади сурганда раҳнавардингни.
Фироқу орзуву шавқ ҳар бири бир дард,
Десамки, дардинг этай шарҳ қайси дардингни.
Сафарда ёмғуру ел бўлмасун музоҳим анга,
Кўз, асра ашку, кўнгул, чекма оҳи сардингни.
Тўшаб самандиға фарш, эй замона, ўткардинг
Сипеҳру ахтаридин сабза бирла вардингни.
Кўк аблақин эгариб, эй қуёш, синон тортиб,
Магар бу зарраға қилдинг аён набардингни.
Навоий, эмди нишот авжи тутки, гардиши чарх
Кетурди моҳи фалаксайри тезгардингни.
616
Қўзғади оҳим сўнгак бирла тани ғамнокни,
Ел совурди бир овуч туфроғ ила хошокни.
Демагил сиҳҳат сўзинким, кўксум узра тийғи ишқ
Айлар икки чок, тикмасдин бурун бир чокни.
Буки оламға ҳаводис тушти, гўё қўзғамиш
Ул қуёш ҳажрида оҳим анжуму афлокни.
Мен худ эттим азми масжид, эй мусулмонлар, валек
Бок эмас гар кўрмасам ул кофири бебокни.
Қилди чун ҳижрон мени нобуд тутма жоми васл,
Заҳр чун ўлтурди зойиъ қилмағил тарёкни.
Қаддидин оғзимда ҳайрат бармоғидур, зоҳидо,
Ўтқа сол эмди асо, бошингга ур мисвокни.
Ғайри лоф эрмас Навоий покравлиқдин ҳадис,
Топмайин бир ғайр нақшидин замири покни.
617
Ишқинг ичра кўксума онча жунун тошин урай
Ким, хираднинг шавкатин, тақво шукуҳин синдурай.
Қилса тавсанлиғ кўнгул тортиб жунун занжириға,
Ҳажр зиндонида ишқинг шаҳнасиға топшурай.
Ул парий кўздин чу махфийдур ҳамеша, ваҳ, неча
Истаб ани топмаса, мажнун кўнгулни ёзғурай.
Ғам туни анжум кўзи янглиғ юмулмас кўз била,
Ваҳ, неча гоҳе юрай, гоҳе турай, гоҳ ўлтурай.
Чун не тақдир ўлса тағйир ўлмас эрмиш саъй ила,
Қайғу қисмим бўлди деб ортуқси невчун қайғурай.
Ул қуёшқа заррае таъсир учун йўқтур, не суд
Гар тўқуз афлокни оҳим ўтидин куйдурай.
Эй Навоий, истасам ўлмак не ғам эл таънидин,
Боре мен ҳар навъ этиб, жононға жонни еткурай.
618
Эй кўнгул, келким, бало базмида жоми ғам тутай
Ўз қатиқ ҳолимға ўлмастин бурун мотам тутай.
Йиғлабон бошимға оҳим дудидин чирмаб қора,
Мотамим эл сўнгра тутқунча, ўзум бу дам тутай.
Олам аҳлиға неча қилдим вафо, кўрдум жафо,
Эй кўнгул, кел-келки, тарки жумлайи олам тутай.
Эмдиким, ишрат сурудидин очилманг, эй кўнгул,
Навҳа оҳангин тузуб, бир дам сени хуррам тутай.
Мастлиғдин ўзга йўқ дардим иложи, соқиё,
Май кетурким, ҳам ичай, бир лаҳза ани ҳам тутай.
Қўйғил, эй носиҳки, муғ дайрида ўз аҳволима,
Маст лояъқил ёқам йиртиб, суруди ғам тутай.
Чун жаҳон бирла жаҳон аҳлиға йўқ эрмиш вафо,
Эй Навоий, мен фано сарриштасин муҳкам тутай.
619
Олса жонимни лабинг даврон тўкуб қон ёшини,
Тонг эмас ул ёш ила лаъл этса қабрим тошини.
Фитна таълим этмаса қошинг санга бедод учун,
Хам бўлуб невчун қулоғингға кетурмиш бошини.
Кўз тутар эрдим қалам кирпикларимдин боғла деб,
Гар азалда кўрсам эрди сувратинг наққошини.
Майл этар кўнглум қуши жон пардасин қилғай қанот,
Кўргали ҳар кеча маҳрам кўйининг хуффошини.
Ошиқ ўлдум, чунки май бердинг, магар эй муғбача
Ишқ ўти бирла пишурмишлар пиёланг дошини.
Шайху аҳли хонақаҳ, тенгри тута берсун манга
Ҳақ йўлин кўргузгали дайри фано авбошини.
Жон қуши қасдиға соғинғай гуруҳа бирла ёй,
Эй Навоий, кимки кўрса холи бирла қошини.
620
Эй кўнгул, қўйғилки, мундин сўнг гадолиғ фан қилай,
Кўйида бу фан била бир йўл бошин маскан қилай.
Гаҳ бу ишратдинки, ул кўй ичрадурмен шод ўлай,
Гаҳ бу меҳнатдинки, андин айру мен шеван қилай.
Айламакдин танға андуҳу бало тошин ҳисор,
Жонима ҳайру саломат хайлини душман қилай.
Ул юзу қомат керак, ваҳ, ўзни куч бирла неча,
Мойили гул айлайин ё волиҳи савсан қилай.
Ёшурун ғам солди равзанлар кўнгулга, эй рафиқ,
Қўйки, мен ҳам оҳ ила гардунни юз равзан қилай.
Соқиё, кўз бирла кўнглумни қора қилмиш хумор,
Келки, бу уйларни май хуршидидин равшан қилай.
Гар Навоий маст агар махмур ўтар бу дайрдин,
Бодаполодин кафан, муғ дайридин мадфан қилай.
621
Кўнглумга шўр солди биравнинг малоҳати,
Ваҳким, ажаб туз ўлди яна захмим офати.
Тер қатрасин юзида кўруб ишқим ўлди тез,
Афзун бу судин ўлди ўтумнинг ҳарорати.
Ўйнатти қошу оҳким, ул дос нўгидин
Бағримнинг ўлди тоза ўнгалған жароҳати.
Секритти рахшу куйди кўнгулнинг ул ўт била
Жон мазраида хирмани орому тоқати.
Кўнглум сўрарға келди, вале олди жонни ҳам,
Мундоқ бўлурму дилшудаларнинг иёдати.
Шарбати висол ё май эмиш қайси хастанинг
Ким, ишқ андуҳидин ўлуптур малолати.
Майға Навоий этти кўнгул шишасини зарф,
Бу бўлди риндлиқ аро анинг зарофати.
622
Қилса кул жисмимни ўртаб оташин ораз гули,
Ҳар овуч кул даҳр бўстонида бўлғай булбуле.
Хатту рухсорин тилаб ғам шоми чексам ўтлуқ оҳ,
Ҳар шарардин кўк шабистонида очилғай гуле.
Зулфи савдосида ўлсам тортқай қабримда бош
Ҳар гияҳдин хўшае, ҳар хўша бўлғай сунбуле.
Тушта айшим субҳиға кирди бало шоми магар,
Қасдима шўхе узори узра очмиш кокуле.
Лаъли руҳафзосини кўрсун биравким, кўрмамиш,
Руҳошом айлабон сармаст бўлғудек муле.
Май ниҳон ичсам керак оғзим қўюб куп оғзига.
Ким, тугатсам чиқмағай андин садойи қулқули.
Эй Навоий, истасанг бўлмоқ замиринг лавҳи пок,
Май суйин келтурким, ани ғайр нақшидин юли.
623
Оразинг зар ҳуққалардин, эй малоҳат машъали,
Мусҳафедур ложуварду олтун анинг жадвали.
Турфа оедур узоринг, кўк анга мовий либос,
Анжум анинг танга-танга басма қилған зарҳали.
Ҳар нафас ортар жамолингнинг сафоси кўзгудин,
Кўзгунинг андоқки кулдин бўлғай афзун сайқали.
Бир парийдур лолазор ичра сариғ гуллар аро
Ё ул ой эгнидадур зарбафт гулгун махмали.
Ҳусни атрофида, эй машшота, ҳар ён қўйма хол
Ким, Хўтан мулкида ҳиндуларнинг ўлмас мадхали.
Нав аруси даҳр ақдин истама, кўпким арус
Охири ифрит ўлур, гарчи парийдур аввали.
Эй Навоий, вусма бирла кесмадин топқан фиреб,
Гар малакдурким, бўлур шайтонсифатлар маҳзали.
624
Каманд учиға еткурмас ғаму андеша айёри,
Бийик чекмиш магар майхона томин сунъ меъмори.
Хуморим заъфида каҳгил иси то етти маст ўлдум,
Сувалмишдур магар май лойидин майхона девори.
Тўла куп оғзи май хуршидидур, гўё тенг очилмиш
Чекарда бу ики хуршид даврин сунъ паргори.
Май ичмиш хонақаҳ шайхи, ҳаробат аҳли, айш айланг
Ки, чиқмиш бахя урған хирқасидин маблағи кори.
Кўрунган мосиво буди эмас балким намудедур
Май устида ҳубобу мавж шаклининг намудори.
Ҳубобу мавж май таҳрикидин зоҳир бўлур, лекин
Сукун топқач вужуди майдин ўзга қайдадур бори.
Қуёш аксимудур ҳайвон суйида ё кўрунмишдур
Равоносо май ичра соқийи гулчеҳра рухсори.
Фано дайрин кўнгул истарки, бир-бир пири дайр элга
Тутарда бода шояд журъае сунғай бизинг сори.
Навосидин фано чун ҳосил ўлди қилғасен, эй ишқ,
Навоий риштайи жонин муғанний удининг тори.
625
Эмас боғ ичра сариғ лола занбақ билки, ҳар сори
Янги доғ ўртаб ул гул ишқидин сарғарди рухсори.
Бу ҳумрат бирла эрмас оташин гул, оқ гул эрдиким,
Юзунг барқидин ўт тушти ангаким, бўлди гулнорий.
Қадинг оллида бўлған жилвагар оқ савсан англаким,
Кўк этти барча аъзосин сабо кожининг озори.
Шажар яфроғлари ўқдек қадингнинг ҳажрида бордур
Бошоғларким, чаман ашки намидин бўлди зангорий.
Дема кундуз, қаронғу тун эди, чун пардадин чиқтинг,
Жаҳонни қилди кундуздек юзунг меҳрининг анвори.
Десамким, ҳақдурур мавжуду ашё ҳар недур нобуд,
Ҳубобу мавжи баҳр узра эрур анинг намудори.
Навоийнинг ақиқ ашки ол эрдики, тутмиш ранг,
Суҳайли оразинг гўёки қилмиш ламъа изҳори.
626
Донайи холи узра кўр сабзайи хат нишонаси,
Донайи хол эмас эрур меҳр гиёҳ донаси.
Ўртанурумни ишқида билмаган, эт наззораким,
Тилдур анинг баёниға кўнглум ўти забонаси.
Қатлима бас баҳонаким, қилди баҳона қолмамиш,
Эмди баҳона узрини қўлмоқ эрур баҳонаси.
Тийра фироқ тунлари шарҳини айт демаким,
Минг кеча деб туганмагай бир кечанинг фасонаси.
Истама ишқ баҳрининг соҳилин, эйки ғарқасен
Бир-бирига етишти чун тўш-тўшидин каронаси.
Тавсан эди кўнгул майи ишқини тортқан замон,
Кўрки, не ром этибдурур эмди ани замонаси.
Бошиму дайр пирининг даргаҳи чун тушуптурур
Ваҳм, тааққул айламас вазъ ила корхонаси.
Фикри бу корхонани қилғай эди ҳалок, агар
Бўлмаса ақл зойили жоми майи муғонаси.
Баски, Навоий айлади дард сурудида наво,
Аҳли тарабни йиғлатур мажлисининг таронаси.
627
Ишқ аҳли гўристонида қабрим чу зоҳир бўлғуси,
Фарҳод анинг тошин йўнуб, Мажнун мужовир бўлғуси.
Дерсен, юзум сори кўзунг кўп боқмасун гар юз будур,
Ул меҳр тобидин эриб, оққунча нозир бўлғуси.
Ғамзангдин ўлтурмак ишин таълим ола келмиш ажал,
Бу навъ устод ўлса, ул оз чоғда моҳир бўлғуси.
Хатти ғуборин демаким, бўлғуси ул юз монии,
Тун пардаси ой нуриға не навъ сотир бўлғуси.
Ул ғамза куфридин кўнгул навъе келур исломға
Ким, тарки ислом айлабон гўёки кофир бўлғуси.
Бўлғуси мутлақ шуълалар ичра самандар сайридек,
Сенсиз кўнгул гулзор аро ул дамки, сойир бўлғуси.
Кўнглумдаги ҳар нишдин гар бўлса бир тил, ҳар бири
Юз тил била ўз ҳолининг шарҳида қосир бўлғуси.
Хотирни жамъ истар эсанг аввал хавотир дафъин эт,
Кимда хавотир бўлмаса осудахотир бўлғуси.
Қилди Навоий қаддингга сарви сиҳий ташбиҳини,
Бу табъи номавзун била бечора шоир бўлғуси.
628
Бутмади гулшан тавофи бирла бағрим ёраси,
Бермади ўтумға таскин сарву гул наззораси,
Бир замоне сарву бир дам гулга кўп қилдим назар,
Бўлмади ул сарви гулрух фурқатининг чораси.
Гул била сарв истабон гулшан сари майл айламас
Даштдин ул сарви гулрухсоранинг овораси.
Қадди ҳажрида ҳар оҳим дуди сарведур баланд,
Юзидин айру гуледур кўкрагим ҳар пораси.
Сарву гул мафтуни бўлмаким, нигору зеб учун,
Синдуруб ҳар дам узар ани фалак маккораси.
Сарв ўқдур, гул тикан, боғ ичра то кўз оллидин
Борғали ул сарви гулрухнинг қаду рухсораси.
Эй Навоий, сарву гулдин кечки, қадду юзидин
Бор эмиш юз йилчилиғ йўл сарв ила гул ораси.
629
Ғам чекар жисму кўнгулни кулбайи аҳзон сари,
Хасқа ўт солиб гадо элтур кеби вайрон сари.
Ҳирз қолқони, дуо диръи недур, эй порсо,
Чун бало тоши ёғар мен телбайи урён сари.
Ёр истар ҳажру айни васл эрурким, кўнглума
Бўлди майл анинг ризосин истабон ҳижрон сари.
Сабза ништар, барг пайкон, гул ўт эрди жонима
Ҳар қачонким, сенсизин азм айладим бўстон сари.
Не футур ислом аро тушкайки, ул кофир яна
Маст ўлуб, кўнглакча чиқти секритиб майдон сари.
Гар харобот ичра мумкиндур сумурмак бир қадаҳ,
Хизр агар ўлтурса борман чашмайи ҳайвон сари.
Соқиё, тезгиндурур ҳар лаҳза бошимни хумор,
Давр эвурсанг журъае сунғил бу саргардон сари.
Юз Хизр умридин ортуғроқдурур минг жон бериб
Бир қадам қўймоқ, муяссар гар бўлур, жонон сари.
Эй Навоий, гар десангким фитна кўрмай, солмағил,
Бир назар ҳар турфат-ул-айн ул кўзи фаттон сари.
630
Гарди яздий миъжар остида қошинг, эй кўркабой,
Зор анингдекким кўрунгай гард ичинда янги ой.
Вусмадур ул қош уза ёхуд зарофатдин кўзунг,
Олди бу қурбон кўнгул қасдиға мийноранг ёй.
Гар ниҳон сочинг тарар машшота келсунким, эрур
Кирпигимдин шона, ашкимдин су, кўз хилватсарой.
Дилраболар ичра ҳар дам кўзгуга боқмоқ недур,
Ваҳки, билман, эй парий, худбинмусен ё худнамой.
Оташин гул баргидин кўнглак кийибдурсен, валек,
Десанг ўт солмай жаҳонға чиқмағил кўнглакча, вой.
Гаҳ тутулса, гаҳ очилса кўнглум эрмас айбким,
Сунбулунг дилбанд, хандон ғунчанг ўлмиш дилкушой.
Эй Навоий, даҳр шўхи ошиқи бўлдунг, валек
Билки, кобин нақди жондур гар бўлурсен кадхудой.
631
Бода бу мақбуллуқ зотимда мавжуд айлади
Ким, мени зуҳду риё аҳлиға мардуд айлади.
Май ўтининг ламъаси ўртаб вужудим хирманин,
Кулларин най нағмаси бир дамда нобуд айлади.
Бодадин хушнуд ўлубмен то мени жоми фано
Давр элининг софию дурдиға хушнуд айлади.
Майға раҳн этгил риё сажжодасин, эй шайхким,
Ҳар киши бу навъ савдо айлади, суд айлади.
Майға ашким лаълидин олудалиғ гар истамас,
Не учун соқий лаби лаълин майолуд айлади.
Одамийлиғ кўргузуб қилдинг паривашларни қул,
Одам улдурким, малойик ани масжуд айлади.
Эл тилар муғ кўйину истар Навоий муғбача,
Азми мақсад айлаб эл, ул қасди мақсуд айлади.
632
Оҳима ёр оғзи бир дам кулмагин кам қилмади,
Чун сабодин ғунча очилди яна ёпилмади.
Ништари оҳим ажаб йўқ кўнглунгга кор этмаса,
Тезликдин игна ҳаргиз хораға санчилмади.
Қатрае томизма бизга тутқан асфар бодадин,
Шамъ ўтидин, соқиё, ҳаргиз шарор айрилмади.
Ишқким, ҳар бир ишида ёзди юз минг турфа халқ
Турфароқ будурки, юз мингдин бири ёзилмади.
Кўйида оҳим ели рафъ этти ул юз бурқаин,
Ҳеч гулшанда сабодин буйла гул очилмади.
Қайси жоҳилға надомат бўлғай ул олимчаким,
Ҳар не билди, қилмади, ҳар неки қилди, билмади.
Эй Навоий, ёр васлин истабон ул топтиким,
Аҳли ҳижрон зумрасида истабон топилмади.
633
Кўнглум оҳидин табассум лаълингга фан бўлмади
Уйлаким, лаъл ахгари ел бирла равшан бўлмади.
Истади жисм уйи бир равзан ўқунгдин, войким,
Қолмади равзан ериким, неча равзан бўлмади.
Деди, бир душном учун жонингни олғумдур баҳо
Ўлтурур савдоки, миоди муайян бўлмади.
Эл чаманда ул парий бирла кезиб мен телбага
Ваҳки, ишрат жилвагоҳи ғайри гулхан бўлмади.
Оҳ ўтидин хирқани пок ўртаким, ҳар булҳавас
Зарқ ашкидин этак юб пок доман бўлмади.
Лофи ишқ урған кўнгул ғам дўзахидин қочмасун
Ким, самандарға ёлиндин ўзга маскан бўлмади.
Эй Навоий, кимни севсанг қилма зоҳирким, санга
Кимдурурким, дўстлуғ фаҳм этти, душман бўлмади.
634
Май халос этти риёйий порсолиғдин мени,
Шукрким, қутқарди зуҳду худнамолиғдин мени.
Бўлди нобуд ўзлугум, юз шукрким, қилди халос
Ҳар замон бу коргаҳда беҳаёлиғдин мени.
Даҳр золин тўрт мазҳаб бирла қилдим уч талоқ,
Фард қилди борий мундоқ кадхудолиқдин мени.
Бўлдилар бегона аҳли зуҳд хуш давлат буким,
Қилди манъ ул қавм бирла ошнолиғдин мени.
Оразимдин ғусса кожининг саводин қилди ол,
Шукрким, қутқарди мундоҳ юзқаролиғдин мени.
Бандамен соқийғаким, бир жоми моломол ила
Айлади озод юз минг мубталолиғдин мени.
Тавба аҳли ёруманг мундоқки маҳрум эттингиз
Дайр ичинда масту лояъқил гадолиғдин мени.
Душманимсиз дўстларким, қовдингиз айлаб ҳужум,
Бенаволиғ кишварида подшолиғдин мени.
Эй Навоий, ҳам магар, ё муғбача, ё пири дайр
Синдуруб тавбам чиқарғай бенаволиғдин мени.
635
Юзидин ўлмаса, ё раб, раво кўзум тилаги,
Тазаллумум илигидур адолатинг этаги.
Кўнгулда фурқат ўқи биркишибдур андоқким
Киши чекарда гумон айлагай анинг сўнгаги.
Чаманда ғунча эмаским, бўлушур ул гул учун
Фиғоним ончаки, қон боғланиптурур юраги.
Чечак нечукки, ёпар кўзни тийра айлаптур,
Кўзум баҳорини гулгун сиришкнинг чечаги.
Лаби хаёлида бағрим шикофини тиксам,
Алифдин игна қилур, жону риштадин ипаги.
Хазон чаманға шабихун келурга бўлди далил
Санавбар ушбу чамандин канора айламаги.
Не кўнглини бузадур дарду ғам Навоийнинг,
Чу ул парийдуру бас ушбу телба кўнглидаги.
636
Кеча ҳажрингда тирикликдин малолим бор эди,
Тонгға тегру айта олманким, не ҳолим бор эди.
Фурқатинг бедодидин йўқ эрди бир соат мажол,
Бўлса дағи йиғлар эрдим то мажолим бор эди.
Тош уруб кўксумга, туфроғлар бошимға совуруб,
Лек бу вақте эдиким, эътидолим бор эди.
Келсам ўз ҳолимға ногаҳ бу маломатлар аро,
Гоҳ ўзумдин, гаҳ улусдин инфиолим бор эди.
Васл умиди кирмаса жоним аросиға гаҳе,
Қайда жон элтурга боре эҳтимолим бор эди.
Васл таркидин агарчи мужрим ўлдум, ваҳ, қачон,
Ҳажрни бу навъ саъб эркон хаёлим бор эди.
Эй Навоий, фурқатим айёми мундоқ қолмағай,
Қолмади чун улки, даврони висолим бор эди.
637
Эй сабо, кўздин учур Мозандароннинг вардини
Ким, қилибмен сурма Марви шоҳи жоннинг гардини.
Улки аҳбобин қилур парварда айшу ноз ила,
Не тонг бошим олиб кетсам қўюб ёру диёримни.
Чекма заҳмат, эй табиб, эрмас чу мумкин айламак,
Шарбати васл ўлмағунча дафъ фурқат дардини.
Англағай дўзахда бор иссиғ-совуғ бирла азоб,
Ҳажр аро ким кўрса ўтлуғ кўнглум оҳи сардини.
Анжуми ашкин тўкар тонг отқуча мендек сипеҳр,
Йўқламиш ул ҳам магар бир меҳри оламгардини.
Эй кўнгул, васл истасанг бехуд бўлуб ғам емаким,
Ком топмас кимса қилмай тарк хобу хўрдини.
Ёр агар ҳижрон аро солди Навоийни йироқ,
Бок эмастур васл ила гар қилса боз овардини.
638
Жунун водийсиға мойил кўрармен жони зоримни,
Тилармен бир йўли бузмоқ бузулған рўзгоримни.
Фалак бедодидин гарчи мени хокий ғубор ўлдум,
Тилармен топмағайлар тўтиёлиғқа ғуборимни.
Шак эрмас партаве тушкач уйи ҳам, рахти ҳам куймак,
Чу гўристон гадойи сермагай шамъи мазоримни.
Деманг қай сори азм эткунг, манга йўқ ихтиёр, охир
Қазо илгига бермишмен инони ихтиёримни.
Туганди ашки гулгун, эмди қолмиш заъфароний юз,
Фалак зулми бадал қилди хазон бирла баҳоримни.
Диёрим аҳли бирла ёрдин бошимға юз меҳнат,
Не тонг бошим олиб кетсам қўюб ёру диёримнн.
Ёмон ҳолимға бағри оғриғай ҳар кимсаким, кўргай
Бағир парголасидин қонға булғанған узоримни.
Ҳаётим бодасидин саргаронмен асру, эй соқий,
Қадаҳқа заҳри қотил қуй, дағи дафъ эт хуморимни.
Жаҳон таркини қилмай, чунки тинмоқ мумкин эрмастур.
Навоий, қил мени озод ўртаб йўқу боримни.
639
Кўзи ҳажри мени бемор этти,
Қора оғриққа гирифтор этти.
Жузв-жузвимға тикиб мужгонинг
Руҳум ажзосини афгор этти.
Субҳ гул сафҳаларидин булбул
Оразинг васфини такрор этти.
Лабинг анфосидин эрдики, Масиҳ
Ўлуг иҳёсида изҳор этти.
Заррайи меҳри жамолинг Юсуф
Топибон олам элин зор этти.
Айлади зуҳду риёға иқрор
Кишиким, ишқдин инкор этти.
Даҳрдин топти Навоий чу малол,
Масканин кулбайи хаммор этти.
640
Эй узоринг оллида шарманда меҳри ховарий,
Йўқса невчун ёшунур ҳар кеча андоқким парий.
Қоматингдин азми саҳро қилди гулшандин тазарв,
Тоғ сари уйлаким фарёд этиб кабки дарий.
Гулшани ҳуснунгға зийнат берди тердин қатралар
Ким, кўрубтур бўйла гулбарг узра шабнам гавҳари.
Ҳажр сўзи заъфлиғ жисмим аро бўлмиш ниҳон,
Бас ажабдур бир овуч хас ичра дўзах ахгари.
Сафҳайи ҳуснунгда ҳақ сиррин кўрар кўнглум аён,
Тонг эмас булбулға мусҳаф ўрнида гул дафтари.
Ёр базмида висол аҳли чекар жоми мурод,
Давр чун ҳажр аҳлиға қисм этти меҳнат соғари.
Эй Навоий, ёр зулмиға не чора, ғайри сабр,
Кимса неткай сабр қилмай золим ўлса дилбари.
641
Чу ишқ илги забун айлар диловар подшоларни,
Тааққул айлагилким, найлагай бедил гадоларни.
Далил айтай эрурлар деб парийзоду малаксиймо,
Десамким, одамий сонида эрмас бевафоларни.
Вафони, эй вафосиз, элга кўргузсанг карам айлаб,
Жафокаш жонима боре мусаллам тут жафоларни.
Анингдек ҳушдин бегонаменким, тоний олмаслар
Мени ҳам ошнолар уйлаким, мен ошноларни.
Қилурға зулм ишқ аҳлини айлар жамъ ул золим,
Нечукким, шоҳ эҳсон қилғали йиғқай гадоларни.
Агар юз чок қилдим кўнглакимни ҳам ёмон эрмас,
Фироқинг тийғидин жисмимда боғларға яроларни.
Эрур муҳлик жаҳон шуғли май ичким, қутқарур ҳар дам
Ўкуш вобасталиғлардин бизингдек мубталоларни.
Қиёмат дашти бўлғай тийра дўзах сари юзлансам,
Хито хони сипаҳ чеккан кеби бошлаб хитоларни.
Агар ушшоқингга базм ичра йўл берсанг Навоийдек,
Бирар соғар била ҳам ёд қил биз бенаволарни.
642
Навбаҳор ўлдию айшим гулбуни очилмади,
Ком ила бир ғунчаси балким табассум қилмади.
Васл жомидин улус маст ўлдилар, юз войким,
Бир қадаҳ бирла хумори фурқатим ёзилмади.
Эл кўзин ёрутти барқи васл, ҳижрон кожидин
Қайси ўтларким, кўзумга барқдек чоқилмади.
Васл гулзори аро эл масту ҳижрон даштида,
Қолмади эркин тиканким, бағрима санчилмади.
Лолалар кўнглумга қонлиғ доғлардур навбаҳор
Ким, ватанға лоларухсорим азимат қилмади.
Фурқатим саъб эрканин ишқ аҳли ичра билмагай,
Ёриға улким, қўшулмоқдин бурун айрилмади.
Қайда бағрим чоки муҳлик эрканин фаҳм айлагай,
Улки, ҳижрон тийғи заҳролуди бағрин тилмади.
Чун ўлармен сирри ишқим маҳфи ўлған яхшироқ,
Билмасун эл ҳам чу ҳажри жоним олған билмади.
Бир жунун ўти аро тушмиш Навоий телбаким,
Бўлди куймакдин халос улким, анга қотилмади.
643
Кўзум тортар ҳамоно ёр келгай,
Солур кўнглум магар дилдор келгай.
Қучуштум сарв бирла тушта, гўё
Буён ул қадди хуш рафтор келгай.
Чу сен бординг, кўнгул ҳам кетмиш эрди,
Чу келдинг, ул дағи ночор келгай.
Қачонким ул парийпайкарни кўрса,
Кўнгул ул сари мажнунвор келгай.
Мени ул кўйдин қовмангки, булбул
Гулистон жониби бисёр келгай.
Кўнгул бу қатла борса хонақаҳдин,
Муқими кулбайи хаммор келган.
Кўнгулни бир кўз олди, ваҳ, не билдим
Ким, ул соғ борғаю бемор келгай.
Кўнгул жон олдуруб келди қошингдин,
Не билдим буйла миннатдор келгай.
Навоий борса ул ён шод борғай,
Вале келса, топиб озор келгай.
644
Эврулай бошингғау беҳушу ҳайронинг бўлай,
Бир замон садқанг бўлай, бир лаҳза қурбонинг бўлай.
Хони васлингдин агар қовса рақибинг, рағмиға
Кўнглум истардек тахайюл бирла меҳмонинг бўлай.
Нетти жон топсам висолингдин лабингнинг холидек,
Кўзу зулфунгдин неча масту паришонинг бўлай.
Хуштурур васлинг майидин ҳар тараф хирқамда доғ,
Неча, жоно, мубталойи доғи ҳижронинг бўлай?
Гарчи бандангмен, мени озод қилма лутфдин
Ким, қуюндек садқайи сарви хиромонинг бўлай.
Танни жилванг вақти туфроғ айлай, эй чобуксувор,
То бошингға эврулурга гарди майдонинг бўлай.
Эй Навоий, гунгу лол истар эсам тонг йўқ сени,
Тобакай озурдайи фарёду афғонинг бўлай.
645
Сурганда жафо тийғин қўл асрамадинг боре,
Қонимни тўкар чоғда раҳм айламадинг боре.
Юз лофи вафо урдунг, минг тийғи жафо сурдунг,
Ҳар нечаки ёлбардим, ҳеч эсламадинг боре.
Аҳбобни хос эттинг жон бергали лутфунгдин,
Қатл эткали ҳам бизни бир истамадинг боре.
Қатлимни бурун ваъда қилдинг, чу ғазаб сурдунг
Баъзини бурун, сўнгра деб толғамадинг боре.
Дардингға қулоқ солғум деб, маст чиқиб келдинг,
Ҳолим неча шарҳ эттим сўз тингламадинг боре.
Эй зоҳиди динойин, дайр ичра тутуб таскин,
Зуннор ипини тортиб, хирқанг ямадинг боре.
Давронға вафо чун йўқ, шукр айлаки, кўнглунгни
Ул сари Навоийдек кўп боғламадинг боре.
646
Эй фалак, бир ой ғамидин асру зор эттинг мени,
Пўядин тун-кун ўзунгдек беқарор эттинг мени.
Токи қилдим бир парийваш дарди ишқин ихтиёр,
Телбалик афғонида беихтиёр эттинг мени.
Гўйиё ҳар кавкабингнинг ламъасин бир ниш этиб,
Дарди ҳижрон шоми сартосар фигор эттинг мени.
Гар улус ани кўрардин манъ этар ҳам хушдурур,
Гарчи меҳнат хайли йўлинда ғубор эттинг мени.
Ёр зулфидин мени айлаб паришонрўзгор,
Тори зулфиндек паришонрўзгор эттинг мени.
Найлай аниким, ёшим дур бўлди бори ҳолима
Йиғламоққа уйлаким абри баҳор эттинг мени.
Эй Навоий, ишқ торожиға то бўлдунг асир,
Дарбадарлардек жаҳонда хору зор эттинг мени.
647
Мангаки кўрмаки ул шўхнинг муҳол ўлғай,
Бўла олурки, бу кўрмак дағи хаёл ўлғай.
Қуёш юзидин эмастур мисол ҳусн ичра,
Магарки, оғзи анинг заррадин мисол ўлғай.
Қадим ниҳоли, дединг, ҳадди эътидолдадур,
Хироми ўлтурур элни, не эътидол ўлғай.
Фалакнннг ойи юзунгга мушобиҳ ўлғай агар,
Оғиз Суҳову Зуҳалдин юзинда хол ўлғай.
Ўлукка руҳ висолингда муҳтамалдур, лек
Ҳаёт кимсага сенсиз не эҳтимол ўлғай.
Малолатимни фироқ ичра англағай улким,
Менингдек анга бирав ҳажридин малол ўлғай.
Чу мозий ўттию мустақбал ўртада эрмас,
Сенгаки ҳол эмас муғтанам не ҳол ўлғай.
Бу дамни ориф эсанг яхши тутки, жоҳил иши
Етишмагангаву ўтганга қийлу қол ўлғай.
Навоий айласа ишқингда куфру дин тарки,
Қачон бу воқиа шавқ аҳлидин муҳол ўлғай.
648
Вафо кўз тутқан андин ҳушдин бегонае бўлғай,
Паридин одамийлиғ истабон девонае бўлғай.
Анингдек базм аро руҳум қуши кирмакка йўл топти
Магар ул ҳусн шамъи гирдига парвонае бўлғай.
Фароғат қасридин кўнглум агар уркуб бузуғ истар,
Ажаб йўқ чуғднинг манзилгаҳи вайронае бўлғай.
Ёнимни сўкти чун тийғинг сўнгаклар шаклидин кўрдум
Бузуғ кўнглум уйининг фаршиға дандонае бўлғай.
Дема, мендин узуб кўнгул яна бир ёр тутмишсен,
Гумон қилмаки, олам ичра сендек ёнае бўлғай.
Дединг, бўлсам санга меҳмон не ерни базмгаҳ қилғунг
Гадойи хастаға манзил бузуғ кошонае бўлғай.
Фано дайрин тилармен бўлмағай ҳеч кимса ўзлук ҳам
Улуғ бирла кичикдин бир купу паймонае бўлғай.
Жаҳон маккораси шўхедурур бас дилфириб охир,
Не эрким, бошидин кечгай анинг мардонае бўлғай.
Навоий ғамға хўй айлабдурурким, офаринишда
Фалакнинг жавфидек мушкил агар ғамхонае бўлғай.
649
Ваҳ, неча ул шўх бедодин мени шайдо кўрай,
Ишқидин яғмо чекай, ҳуснидин истиғно кўрай.
Неча ул дурри гаромий шавқида ҳижрон туни,
Кўз етишгунча сиришким сайлини дарё кўрай.
Неча ул рашки ғазоли чинни истаб дашт аро,
Ит кеби девона кўнглумни жаҳонпаймо кўрай.
Неча бир кофир хаёлининг сипоҳи зулмидин
Кишвари жон ичра диним нақдиға яғмо кўрай.
Неча зуҳду офият ичра кўруб тақво элин,
Ўзни ишқ ошубидин олам аро расво кўрай.
Неча кўз қони ҳубобидин балийят даштида
Бир юзи гулгун ғамидин лолаи ҳамро кўрай.
Соқиё, ул навъ ғарқ эткил мени май ичраким,
Гар дам урсам май ютай, гар кўз очай саҳбо кўрай.
Элда чун йўқтур вафо саҳроға қилдим азмким,
Халқ ила кўргунча кишвар ваҳш ила саҳро кўрай.
Жон била азм эттим ул қотил сариким, саъй этиб,
Ё Навоийдек қилай жонни фидоси, ё кўрай.
650
Эй қуёшқа кўз қамаштурғон жамолинг партави,
Сарви раъноликда хушрафтор қаддинг пайрави.
Қоф тоғин гар парилар маскан этмишлар не тонг,
Қарилардур навжувоним ҳижлатидин мунзавий.
Уйлаким Моний ишидин зойиъ ўлди нақши Чин,
Ул бути Чин сувратидин бўлди нақши монавий.
Ишқ илги қуввати мен хастани қилмиш забун,
Эй кўнгул, не чора айлай мен заифу ул қавий.
Булбул ар гулбонг урар гул сувратидин мен хамуш
Ким, такаллум тахтиға кирмас адойи маънавий.
Ишқ сиррин ринди дурдийкаш билур, йўқ аҳли дарс
Улча авроқ узра сабт ўлмас не билгай Мавлавий.
Демангиз булбул Навоийни, самандардекки, бор
Назми ичра шуълайи Жомию сўзи Хусравий.