НУН ҲАРФИНИНГ НОЗАНИНЛАРИНИНГ НОЗИ «БАДОЕЪ»ДИН
438
Эй, келиб минбаринг уч поя била сидрағасен,
Сен чу анда тутуб ором, бўлуб сидранишин.
Ул сафар ичраки сен сидра сари айлаб азм,
Маркабинг руҳи равон, пайкинг ўлуб руҳул-амин.
Сидрани минбар этиб, нукта десанг эрди, русул
Жамъи бўлған эди эшиткали оёти мубин.
Уйлаким, сидра кеби минбар уза гоҳи ҳадис,
Йиғилур ҳар сари асҳоби рисолат ойин.
Даргаҳинг аршдурур, анда малойик, не ажаб,
Зикру тасбиҳ дебон суртса ҳар сари жабин.
Сен чу арш узра чиқиб, чарх нисорингға ясаб
Бу тўқуз хон ичида анжум ила дурри самин.
Журму исён кўпидин бўлди Навоий бехуд,
Бир назар айла анинг сарики, бор асру ҳазин.
439
Бизга ул ой ҳажридин бир йилчадур ҳар тийра тун,
Кундузин англа бу тундин ҳам қоронғу, ҳам узун.
Балки йўқтур бу туну кунда тафовут, лек бор
Ҳар бирида бир ғами муҳлик бу маҳзун жон учун.
Гар ўтар юз минг суубат бирла кундуз меҳнати,
Вою юз минг вой, мен бекасга бўлғач кечқурун.
Гар бутун эрмас ёқам, эй дўст, ҳайрат қилмаким,
Тош урардин кўксум ичра бир сўнгак эрмас бутун.
Ҳажридин ўртанса жисмимда сўнгаклар, тонг эмас
Ким, эрур ўт асру итик, доғи бас қоқшол ўтун.
Ишқ нахлининг бари ҳижрон эмиш, эй дўстлар,
Бу насиҳатдин енгиз бар ошиқ ўлмастин бурун.
Неча тун ҳижрон аро олди Навоий жонини,
Кимга етса васл, тутсин муғтанам бир неча кун.
440
Ишқ даштин ҳеч ғурбаткаш мусофир кўрмасун,
Мен ғариб ул дашт аро кўрганни кофир кўрмасун.
Ёрмангиз Фарҳоду Мажнун оллида кўксумниким,
Ботинимнинг дарду доғин аҳли зоҳир кўрмасун.
Даҳрни қил тийра, ё рабким, анинг туфроғидин
Ҳар не кўз мумкин эса бўлмоққа нозир, кўрмасун.
Ҳар боқишда қатли ом айлар кўзунгким, даҳр эли
Ҳеч кимни сен кеби бу фанда моҳир кўрмасун.
Воизо кўп васф қилдинг сомирининг сеҳрини,
Ҳозир ўлғилким, сени ул кўзи соҳир кўрмасун.
Кимки ошиқлик асиридур, тахайюл бирла ҳам
Ишқ кўйида ўзин осуда хотир кўрмасун.
Ким, Навоийдек фано водийсида истар ҳузур,
Кечсун ўздин, балки худ ўзлукни ҳозир кўрмасун.
441
Субҳ чун борғунг, келиб кулбамға пинҳон кечқурун,
Ҳажр ўқин жонимға сен отма тонг отмасдин бурун.
Неча эл мендин ёшурғайлар сени, ваҳ, бир кеча
Нетти кулбам сари келсанг, барча элдин ёшурун.
Жон магар чиққай ва ёхуд сайли ашким кўйидин
Чиққудекмен, бори ул кўй ичра тутмай мен ўрун.
Жилва қилғанда кўрунмаслар кўзумга шўхлар,
Эй парий, сен бори бу девонаға гоҳи кўрун.
Нолам андоқ бўлди, бағрин ёраси исланғали
Ким, ёнимдан ўтмас, эл тутмай қулоқ бирла бурун.
Чирмабон беркит суроҳи оғзини, эй пири дайр,
Қайда кўрсангким, узулмиш чоки хирқамдин бурун.
Эй Навоий, тифллар қовғон замон мажнун дебон,
Бу баҳона бирла ўз лайливашинг сари урун.
442
Боғладим афғонға бел найдек, сени кўрган замон,.
Заъфдин қилдинг мени охир бели боғлиқ сомон.
Эмди руҳунг тоза эт ул оташин рухсордин
Ким, мени маҳжур ани кўрмак ҳамон, куймак ҳамон.
Кўз юмулмиш ҳажрдин, ул юзга очмоқ истарам,
Лек ҳижрон кўз юмуб очқунча ҳам бермас омон.
Дашт аро дерлар мени Мажнун, ани мен кўрган эл,
Чарх золи бизни гўёким кетирмиш тавъамон.
Яхшилардин яхшидур ёрим, не навъ айлай тамаъ
Васлин анинг, менки бордурмен ёмонлардин ёмон.
Қил зулоли васл ила булбулни, эй гул, шодким,
Бу чаманда доимо шодоблиқ йўқтур гумон.
Азм этиб эрмиш Навоийни сўрарға ул Масиҳ,
Эй ажал, жонинг учун жонимға раҳм эт бир замон.
443
Маҳвашеким чеҳра давринда қирон этмиш аён,
Даврнинг маҳвашларида улдурур соҳибқирон.
Не қийиғ эркин ул ой тўнидаким, тиккан чоғи
Меҳр анга зарришта еткурмиш, фариса осмон.
Тугма гулгун деклайида лаъл пайкони эмас,
Гулга боғлабтур кўнгул булбуллар, аммо барча қон.
Титрагуч эрмас мурассаъким, қуёш боши уза
Хўшаи парвин шиои хат аро қилғил макон.
Вўсмаю гулгунадин ул орази зебо эрур,
Сабзаю гулдин начукким зеб топқай бўстон.
Оллоҳ-Оллоҳ, англамонким, ҳурсен ёхуд парий,
Одами бу шакл ила ҳаргиз киши қилмас гумон.
Эй Навоий, яхши эрмас эрди ул ён борғанинг,
Чун бориб ўтлуқ юзин қилдинг тамошо, эмди ён.
444
Ғунчаи хандон уза холингмудур, эй маҳжабин,
Ё магар шаҳд истай ул гулбарг уза қўнмиш чибин.
Дашт уза Мажнун кеби саргаштадурмен, то эрур
Ул мусофир маҳвашим Лайли кеби саҳронишин.
Чин-бачин зулфунг тушар эл бўйниға, юз войким,
Бизни чун кўрдунг — тушар қошинг уза чин узра чин.
Корвони мушк эрур зулфу бапогўшингда хол,
Нофаи мушк ўғриси бир гўшада қилған камин.
Юзунг узра зулфу зулфунг ҳалқасидин юз эрур,
Кишвари дин ичра куфру ҳалқаи куфр ичра дин.
Юз ўтидин ўртадинг булбул кеби кўнглумнн, лек
Гар тўкулмас, хуштур ул гулким очилмиш оташин.
Уйла маҳзундур Навоий ёр ҳижронидаким,
Гар чекар ишрат суруди халқни айлар ҳазин.
445
Доғи кўп танники хирқам ёпмишу эй сийминбадан,
Англа ҳар теврук юрун остида бир теврук туган.
Эй қуёш, онча шаҳидинг бордурурким, етмагай
Пардаи афлоктин гар қилсалар йиртиб кафан.
Буки руҳуллоҳ қуёш чархиға руҳум кўйига
Бўлдилар мойил, не тонг, ҳар ким қилур майли ватан.
Юзу зулфунг ҳажридин ҳар тун сиришким кавкаби
Чарх янглиғ кўргузур сунбул уза барги суман.
Ашк ила кирпикни кўп юрменки, бўлғай нисбати,
Тутса бир кун ногаҳон ул пок этакни бу тикан.
Хонақаҳ ичра риёий зуҳддин бўлсанг малул,
Эй кўнгул, шод ўлки, йўқлуғдур фано дайрида фан.
Ҳар қаён азм айласанг, қолмас Навоий, негаким
Тори зулфунгдин анинг бўйниға боғлиқдур расан.
446
Лабингда нилгун холингдур, эй жон,
Начукким шарбат ичра тухми райҳон.
Қизил раглар кўзумда ҳажр ўтидин
Бало баҳрида буткан шоҳи маржон.
Юзунгким, майдин ўлмиш гул уза гул,
Кўнгул боғланмиш андин қон уза қон.
Сени бармоғ била кўрсатмас элким,
Билиб ўлмакни арз айларлар имон.
Кўнгул сайди кўзунгдин чун қутулмас,
Не мунду туздилар ул хайли мужгон.
Вафо аҳли эсанг, ич давр аёғи
Ким, асру бевафодур аҳли даврон.
Сену гулбонг, эй булбулки, тортар
Навоий гулрухидин айру афғон.
447
Хизрваш хат бирла чун ҳуснунг самандин сургасен,
Юз Скандарни суға элтиб, сусиз келтургасен.
Ўртанурмен, ғайр ила ҳар кеча ичсанг, ваҳ, неча
Шамъи базмингни ёрутмаққа мени куйдургасен.
Бўйнума еткурдинг илгин тиғ урарға, эй сипеҳр,
Мен худ ул эрманки, илгим бўйниға еткургасен.
Йўқки кўрмайдур, кўриб умдо назар солмас парий,
Бир боқиш уммидидин, эй кўз, неча телмургасен.
Ул жамол авжида сен мунглуғ не мумкин, эй кўнгул
Ким, фусун бирла қуёшни чархдин индургасен.
Ашк ила кўнглум ўти ўчмас, қадаҳ тут, соқиё
Ким, бу су бирла магар ул шуълани сўндургасен.
Телбалик айлар Навоий, эй сабо, ҳолин магар
Ул парийға ҳазл тақриби била билдургасен.
448
Ваҳ, неча тортай ул ой дарду ғамин,
Ё ғаму дарди йўқ элнинг ситамин.
Манга ортуқсидур ағёр алами,
Торта олсам бас эрур ёр аламин.
Халқ кўнглини паришон қилди,
Тонг ели тарқатиб ул турра хамин.
Ишқ ёрутти тамуғ ҳиймасини,
Еткуруб оҳим ўтининг аламин.
Эй фалак, бу кеча ул ой биламен,
Субҳнинг бир нафасе асра дамин.
Адам истар чу вужудумни сипеҳр,
Тенг кўрай эмди вужуду адамин.
Пири дайр оллида кам хидмат эсам,
Тенгри бор айласун анинг карамин.
Истаган Каъбаи мақсад васли,
Олмасун фақр йўлидин қадамин.
Қил Навоий кеби тинмоғни ҳаром,
Истасанг ёр ҳарими ҳарамин.
449
Ғамингда бузди кўнгул хонумонини ҳижрон,
Тараҳҳум айламадинг хонумонинг ободон.
Кўнгул шикофи эмаским, яқосин айлади чок,
Яқода тугмалар ўрнида ҳар тараф пайкон.
Не айб, оҳим ўти кўнглунг ичра қилса асар
Ки, барқ тошқа ҳам тегса, қолур анда нишон.
Қиличинг элга тегиб, рашкдин мен ўртандим,
Не лаъб эрурки, су ичра қилибсен ўт пинҳон.
Фироқ заъфида сиҳҳат манга не мумкинким,
Ғизо ерида бағир бўлди шарбат ўрнида қон.
Май ички, муғбачалар суҳбати ғаниматдур,
Бир-икки кунки бу дайри фанода сен меҳмон.
Навоиё, неки олам ишида мушкилдур,
Десангки қилғасен осон, ўзунгга тут осон.
450
Қани улким, кўзум кўргай жамоли оламоройин,
Қўзумни суртмак қилсам ҳавас, сунғай кафи пойин.
Мени мундоқки заҳри ҳажри анинг талхком этмиш,
Эмас инсоф, ўпмак истасам лаъли шакархойин.
Менинг васлим кунин чун хажри шоми айлади тийра,
Не суд ар ёр ораздин олур зулфи сумансойин.
Тараб шамъи, ажабким, нур зоҳир айлагай бу навъ
Ки, мен кўрдум қоранғу ҳажр шоми меҳнатафзойин.
Келур чун ризқ иси, рози эмастурмен, агар зоҳид
Ридо бирла олишса дайр пири бодаполойин.
Буким андишаву ғам ёмғури майхонадин ўтмас,
Сувар гўёки пири дайр томи узра кўп лойин.
Навоийға дединг ҳижронда бир ўқ ёдгор отқум,
Тирик қолсам, алифдек ани жоним ичра асройин.
451
Қизил ёхуд қора ё кўк тўнунг ҳар бир эрур мавзун,
Нечукким ой либоси ҳам шафақ, ҳам кеча, ҳам гардун.
Чу мен кўргач сени беҳуш ўлуб, шафқат била элтиб,
Кириб икки қўлумға йиғлаю Фарҳод ила Мажнун.
Ғамим хайли туз этти тоғни, тоғ этти саҳрони,
Бу ҳомун бирла тоғ эрдики, бўлмиш тоғ ила ҳомун.
Юзунг шавқида оҳимдин булутларға туташмиш ўт,
Саҳоб эрмас қуёшнинг партавидин ҳар тараф гулгун.
Гар эрмас насси қотиъ қатл учун ҳар кўз била қошинг,
Начук бас зоҳир этмиш ҳар бири сод устида бир нун.
Тўлуб, лаълинг хаёли оқизур кўз шишасидин қон
Анингдекким, тўкулгай бода бўлса зарфдин афзун.
Эшит майхона ичра дайр пиридин ҳақ асрори
Ки, воиз хонақаҳда гоҳ дер афсона, гаҳ афсун.
Соғинма бодаға машъуфмен, эй муғбача, биллаҳ
Ки, усрук кўзларингнинг фитнаси қилмиш мени мафтун.
Навоий, олам аҳли гар вафосиз келди, май ичгил,
Анга чун чора йўқ, боре ўзунгни тутмағил маҳзун.
452
Эрур саргашта хоки тан аро мажнун кўйгул ҳар ён,
Тўн эткандек қуюндин жисмиға Мажнуни саргардон.
Ёланг жисмим кўруб онча бало тиғини ёндурдунг
Ки, захмим боғламоқтин эмди эрмастур таним урён.
Жунунум ҳайратиға ваҳш даврумға уруб ҳалқа,
Мушаъбид лаъбиға ҳангома аҳлидек бўлуб ҳайрон.
Менингдек тоза доғи захмидин қон ғарқидур лола,
Магарким доғини бағриға қўйди шуълаи ҳижрон.
Тузалди Нуҳнинг тўфонидин сўнг даҳру ашкимдин
Қиёмат ошкоро бўлди ул тўфону бу тўфон.
Ичиб гардунча соғар, кош андоқ бехуд ўлсамким,
Икинчи сурдин ҳам бўлмағай уйғонмағим имкон.
Жаҳон осойишин оллингда мушкил қилмаким, бордур
Тутай мушкил десанг — мушкил ва гар осон десанг —осон.
Кўп, эй гул, урма булбул жониға бедод хоринким,
Сену мендек гулу булбулни кўп ўткарди бу бўстон.
Навоий, қилма айб афғону фарёдимки, даврондин
Не бир фарёду ўн афғонки, юз фарёду минг афғон.
453
Ишқинг ўтиға қуруқ жисмим ўтун,
Кўнгул ахгардур анга, оҳ-тутун.
Тиғ ила ёрдиму кўксунгни, деманг,
Айламас тиғ ила худ ани бутун.
Рўзгорим қорариб зулфунгдин,
Тори умрумға тугун узра тугун.
Васл аро дебсен олурмен жонин,
Ҳажринг олмаймудурур англа бурун.
Ваъдаи васлин этар тонгла нетай,
Интизори мени ўлтурса букун.
Бода зарфи бошиға тиқмақ учун,
Соқиё, қолмади хирқамда юрун.
Ўйнаб ўлтурди Навоийни, кўринг,
Чини не эркин, агар будур ўюн.
454
Кўйида итлар мени гаҳ тирмабон, гаҳ тишлабон,
Заъфдин ўлганда бир-бирдин узарлар судрабон.
Мен киму қилмақ ҳавас анинг қўлидин муттако
Кўйида бас ётсам илгимни бошимға ёстабон.
Не жунундур, ваҳ, буким йиртуқ яқони чок этиб,
Ашким оққанда кулуб, турған замони йиғлабон.
Элни ғофил айлабон ўзни солурмен кўйига,
Ҳар тарафдин урсалар тош, ит масаллик қавлабон.
Тифли мактабдек қочиб борур яна ул ой сари,
Телба кўнглумни неча топиб кетурсам албадон.
Умр ўтуб бир учрабон ҳолимни сўрса, войким,
Айта олмасмен жавоб, ошуфта кўнглум тўхтабон.
Ҳазл кўнглум била ул шўху кўнглум тортар оҳ,
Тифлдекким, дуд этар ўт бирла ҳар дам ўйлабон.
Ақл учуб бехудлуғ айлармен, йўлуқсанг ногаҳон,
Кимсадекким, телбалик қилғай парийға учрабон.
Соқиё, муҳлик хуморим узриға солма қулоқ,
Бир қадаҳни оғзима қуйғил қулоғим тўлғабон.
Умр торин чун кесар даврон жафо тиғи била,
Жазм билгилким, анга бўлмас кўнгулни боғлабон.
Эй Навоий, чун замон аҳлиға асло йўқ вафо,
Топмағунг ҳаргиз вафо аҳли, аларни танлабон.
455
Жилваи қаддинг кўруб, сарви равондин ким десун?
Жавҳари лаълинг боринда нақди жондин ким десун?
Дўст кўюнда ватан чун туттилар аҳли висол,
Мен кеби овораи бехонумондин ким десун?
Кўп дема воизки, ул қадду лабу юз оллида,
Тўбию кавсар била ҳури жинондин ким десун?
Оғзи васфида дейилгай хурдадонлар, эй кўнгул,
Сен кеби маъдум, беному нишондин ким десун?
Бордурур ани юзунгдаким, қуёшта онча йўқ,
Сен боринда худ қуёшким бўлғай андин ким десун?
Ёрға ҳолин демакка онча яхши ёри бор,
Эй кўнгулким, яхши боқсанг, мен ёмондин ким десун?
Шайх анда жуз фано йўқ ҳар қаёндин ким десун?
Гаҳ замондин шиква, гаҳ али замон жаврин дема,
Бода ич, аҳли замон бирла замондин ким десун.
Гар Навоий деса ул юз гулшанидин қилма айб,
Демайин булбул ҳикоят гулситондин ким десун?
456
Буки зулфунг домиға кўнглум қуши урмиш ўзин,
Кўрмакинг эрди муроди, тикмагил боре кўзин.
То сени кўрдум, кўзумдин ўзлугум бўлди ниҳон
Ким, сени кўрса, яна кўрмас эмиш ҳаргиз ўзин.
Йўқки ошиқлик, сўзумдин фаҳм ўлур маъшуқлуқ,
Баски, дермен ўз-ўзум бирла анинг бир-бир сўзин.
Субҳи давлат талъати бошида дурри шабчароғ,
Тонг бошида кўр тулуъ эткан саодат юлдузин.
Хони ҳусни ичра сабзи хатти сабзу туз лаби,
Сен не огаҳ ул наими равзадин, тотмай тузин.
Баҳра хўрду хобдин ул топти, бу даврондаким,
Қилди эҳё кечасин, сойим кечурди кундузин.
Кўнглини истай Навоий бу сабабдин иттиким,
Ўз била қилғай икавлон ул ғариби ёлғузин.
457
Манга ҳар нечаким йўқ заҳра дам урмоқ висолингдин
Ва лекин ком олурмен улча мумкиндур хаёлингдин.
Вафо боғида туфроғ ўлдум, аммо, войким, тушмас
Гаҳе бир гул бу туфроғ устига саркаш ниҳолингдин.
Висолингдин кўнгул навмид эса, дардинг чекар невчун
Ки, андин доғи кўп навмидрокдур чун мисолингдин.
Ики зулфунг кўнгул доми, не янглиғ асрай ул қушни,
Ани тутмоққа жидд маълум ўлур чун «жим»у «дол»ингдин.
Начукким бўлса дил лафзиға нуқта «зул», бўлур ҳосил
Мазаллат икки айрилғон кўнгулга етти холингдин.
Латофат суйи ул юз, «жим» ила «лом» икки ёндин зулф„
Бу сўзни фаҳм айлар баҳравар бўлғон жамолингдин.
Тамаъ элдин вафо қилғон, судин ўт истадинг чиқмоқ,
Агар топсанг, доғи куйгунг бу савдои маҳолингдин.
Дуруст меҳр зарфида тўла ҳайвон суйи ичмак
Эмас ичканча дурд, эй муғбача, синған сафолингдин.
Навоий, гар бошинг гўй этса ул чобук, ёмон эрмас,
Ёмон будурки, эрмас воқиф ул саргашта ҳолингдин.
458
Қўнгулки, ҳар сари чок ўлди тиғи ҳижрондин,
Бир уйдурурки, топибдур шикаст ҳар ёндин.
Сиришким айлади афлок жавфини мамлу,
Киши не сўз дегай анинг қошида тўфондин.
Яқоси чокини Мажнуннинг асру кўп ўкма,
Уял бу кўкси уза чок жисми урёндин.
Хаёли кўнглум аро сокину паришонмен
Ки, ғайри гарди фано ёғмас ушбу вайрондин.
Бало ўқи кўзи ёғдурди, эй мусулмонлар,
Нелар келур манга ул икки номусулмондин.
Етур кўнгулга неча давр аёғи бирла нишот,
Неча малол санга етса аҳли даврондин.
Навоий, айтма, гар жон керактур, андин ўт,
Нединки ўтсам юз жондин, ўтмагум андин.
459
Ҳажр шоми баски сайли ашк оқиздим қайғудин,
Кўздин ўлдум ноумид ул навъким, кўз уйқудин.
Уз кўзунг бирла ўзунгни гарчи кўрдунг кўзгуда,
Кўзгу аксидек ва лекин музтарибмен кўзгудин.
Чок этиб ёнимки, кўргуздунг сўнгак дандонасин,
Бул-ажаб ҳолимға қилди заъф жисмим кулгудин.
Кўюнга борурда гоҳи ваҳм, гаҳ рашк ўлтурур,
Соя тебранса кейиндин, меҳр чиқса ўтрудин.
Қон ёшим сайлики тутмиш дашт бирла тоғни,
Арғувону лоладин ўзга не буткай ул судин.
Чарх мино соғаридин истама нўши ҳаёт,
Не учунким, бодаси мамзуж ўлубтур оғудин.
Масти ишқ ўлмиш Навоий, бермагил панд, эй ҳаким
Ким, магар соқий айилдурғай бу майнинг бехудин.
460
Чархдин жонимғадур юз тиғи қотил ҳар замон,
Даврдин жомимда минг заҳри ҳалоҳил ҳар замон.
Асру мушкилдурки, юз мушкил ғамимдин бирни чарх
Қилмайин ҳал, еткурур юз онча мушкил ҳар замон.
Умрида Фарҳоду Мажнун ҳосил этканча бало,
Ишқдин бордур мени маҳзунға ҳосил ҳар замон.
Ҳар замон кўнглумга ишқ афсонасин ёзмоқ не суд,
Чайқалиб дарёйи ғам айлар чу зойил ҳар замон.
Жаннати васл истаманг, аҳбобким, саҳросида
Бир томуғ эрмиш сафар аҳлиға манзил ҳар замон.
Сиҳҳатим тутмоқ вужуд имкони йўқтур, эй табиб
Ким, эрур жоним адам кўйига восил ҳар замон.
Деманг осойиш ҳадисинким, бўлур афлокдин
Юз балият ояти шаънимға нозил ҳар замон.
Даҳр аро йўқ нўшу юз минг ниш ҳар дам, эй рафиқ,
Етмагай йўқ нўш учун юз ниш оқил ҳар замон.
Бўлса юз жоним бериб ўлмакни олсам, муфт эрур,
Жонға мундоқким етар юз тиғи қотил ҳар замон.
То абад бўлсун жаҳон мулки анинг фармонида,
Юз жаҳонча мулк бу мулкига доҳил ҳар замон.
Эй Навоий, назм мулки чун сенингдур айлагил,
Шоҳ Ғозий васфи ичра тилни қойил ҳар замон.
461
Дема гулгундур либосим ашкнинг хунобидин,
Шуъладурким, ўртанурмен ҳажр ўтининг тобидин.
Кўзларин кофир десам йўқ, эй мусулмонлар, ажаб
Ким, иковлон юз эвурмишлар қоши меҳробидин.
Ғунчаи сероби ҳайвон чашмасидур гўйиё,
Анда су инмиш оқиб ҳар ён гули серобидин.
Қуш солиб сайд этмагилким, махласи йўқ беркишиб,
Жон қуши бошингға санчилған гажак қуллобидин.
Хўблар ошиқлариға меҳрин эткан чоғда арз,
Лофдур, ҳар неки сен дерсен муҳаббат бобидин.
Бодаи софу, ҳарифи содаю мушфиқ рафиқ,
Гар муяссар бўлса бас, оламда айш асбобидин.
Уйқудин кўз очмадинг, гўё ани бахтим кеби
Айладинг яғмо Навоий дидайи бехобидин.
462
Ҳар қатра қонки томди кўнгул тоза доғидин,
Бир тоза лола очти ғаминг ҳажр тоғидин.
Демон, ичинда хурда ниҳон қилди ғунчаким,
Лаълинг ғамида ўт чиқар анинг димоғидин.
Тенгдур шаҳу гадо хатиким, дуда бирдурур
Шаҳ базми шамъидин, доғи гулхан чароғидин.
Эрмас учуқ, шакарга ёпишти чибин пари,
Икки лабим била ани олсам дудоғидин.
Маст уйқу ичра топсаму бир кеча олмасам
Икки кўзумни тонгғача анинг аёғидин.
Гулда вафо йўқин қаю бир қушки англади,
Ҳаргиз вафо гули тиламас даҳр боғидин.
Доим юзунг хаёли Навоий кўзиндадур,
Ғойиб эмастурур пари анинг булоғидин.
463
Сиришким лаъли оташноку хатти мушкборидин,
Чиқарди дуд жоннинг ўт туташқан рўзгоридин.
Ел элтур хорнию сел хорони бил, эй булбул
Ки, ғам йўқ дашту тоғ аҳлиға Мажнун раҳгузоридин.
Сариғ коғазда жадвал машқидур шингарф ила ёхуд
Юзумда чекти хатлар ишқ гулгун ашк торидин.
Танимда доғ ила қонму экин ёхуд бу Мажнунни
Вуҳуш ўткарди судраб ишқ дашти лолазоридин.
Дема кун тушкача уйқуға қолмишким, оча олмас
Кўзин ё ноздин ёхуд сабуҳи май хуморидин.
Малойик ишқсиз гар эрди сен бор улки ҳажрингда,
Туташти барчаға ўт шуълаи ишқим шароридин.
Аёқ иззат била бос ергаким, ҳар сабзаву лола
Нишон бир юз гулидин айтуру бир хат ғуборидин.
Ажаб йўқ, дашт аро Мажнун қуюндек садқаси бўлмоқ,
Қаён бир ноқа кўрса соғиниб Лайли қаторидин.
Навоий истаган ёр ихтиёри бирла мақсудин,
Магарким кечкай ўз мақсуди бирла ихтиёридин.
464
Вафо йўлинда, эйким, топмадинг истаб асар мендин,
Дегайсен билганинг ул бевафо сўрса хабар мендин.
Танимда қаддингу лаълинг фироқи тийри боронин
Киши кўрса, гумон қилғайки, бутмиш найшакар мендин.
Жигаргун бўлди қасринг тоши лаълинг ҳажрида баским,
Сиришк ўрниға ҳажр оқизди қон бўлған жигар мендин.
Анингдек солди ишқинг шуъла жоним ичраким, шаксиз,
Малойик барча куйгай, кўкка тушса бир шарар мендин.
Бўлубмен ул париваш фурқатидин телба ит янглиғ,
Қаён юзлансам, эй аҳли салоҳ, айланг ҳазар мендин.
Килиб Фарҳоду Мажнун ишқи ўтин шарҳ, эй ровий,
Бўлуб гарми такаллум фориғ ўлмишсен магар мендин.
Не тонг, сиймоб янглиғ оқса кўздин сиймгун ашким
Ки, сиймоб айламиш ҳушу хирад бир сиймбар мендин.
Амал сарриштасин қилма мутаввал, келганин хуш кўр,
Тутунг аҳбоб, ёд ушбу каломи мухтасар мендин.
Жаҳону жонни тарк айлаб, анинг кўйига азм эттим,
Навоий, бас муносиб эрди бу янглиғ сафар мендин.
465
Йўқтурур мажлисда айше фурқатинг бедодидин
Юз фиғон, гар бўлмасам хурсанд васлинг ёдидин.
Нечаким тушсам йироқ бу маслаҳатқа, яхшиким,
Тинғасен ҳар кеча кўнглум нолаву фарёдидин.
Зулфу қаддинг фурқатидин неча қилсам гашти боғ,
Овуна олмон чаманнинг сунбулу шамшодидин.
Панд ила сабрим уйин, эй ақл, маъмур истама
Ким, қўнгармиш кўз ёшим сайли ани бунёдидин.
Деб эдинг жононсиз ўлсанг, жонинг олғум, эй ажал,
Жон фидонг, ар ваъдани ўткармасанг мийодидин.
Савмдин кўнглум қуши майл этти сую донаға,
Лекин оғзин боғладим, қўрқиб ажал сайёдидин.
Эй Навоий, кимдурур бу дайр аро аҳли нажот,
Улки чиқмас дайр пири амрию иршодидин...
466
Кўзгу ҳар дам судур ул рухсори оламсўздин,
Муз анингдекким эрир меҳри жаҳонафрўздин.
Юз очиб, билдирди қад бирла сочи тенг эрканин,
Зоҳир ўлғондек туну кун тенглиги наврўздин.
Истасангким, тиккасен юз пора кўнглум чокини,
Яхшироқ ҳеч игна йўқ ул новаки дилдўздин.
Ишқ гард эткан танимдин ҳажр ўти учқунлари,
Тир ҳар ён ламъа кўргузган кебидур тўздин.
Овладинг кўнглум, чу соид кўргузуб қовмақ недур,
Жавр ила кетмак чу келмас сайди дастомуздин.
Соқиё, даврон ғамидин ранжамен, кўнглум аро
Паст қил андуҳ ўтин жоми нишот андуздин.
Кеч, Навоий, жону кўнглунгдинки, йўқтур ишқ аро
Чора оҳи жонгудозу нолаи дилсўздин.
467
Эй мусулмонлар, фиғон ул кофири худкомдин
Ким, чиқарди кўкка афғон лашкари исломдин.
Лаъли руҳафзосидин бир бўса пайғом айлади,
Гарчи ёлғон эрди, мен жон топтим ул пайғомдин.
Зулфу рухсорингдин айру гарчи йўқ шомимға субҳ,
Шамъдек ҳар кеча то субҳ ўртанурмен шомдин.
Зулфидин кўнглумки махлас топти, бор ул телбаким,
Банддин қочмиш ваё қушким қутулмиш домдин.
Фурқат айёмидаким ёд этмас ул маҳваш мени,
Васл топсам, мен доғи ёд этмай ул айёмдин.
Жоми майда бўлди чун ул бут жамоли жилвагар,
Кофири ишқ ўлғамен, гар бош кўтарсам жомдин.
Дайр аро, эйким, Навоийдин тиларсен ному нанг,
Билким, ул бу ерга қочиб келди нангу номдин.
468
Васл этти ёр ваъда лаби жонфизосидин,
Гўё бу сўзни айтти жоним аросидин.
Гар кўрмадинг шафақ уза хуршид, эй кўнгул,
Эҳсос қил ани юзу гулгун қабосидин.
Мунглуғ кўнгулнинг оҳидин этмас рақиб ваҳм,
Йўқ итка бок ишқ гадойи асосидин.
Ишқ ичра ўлдум, оҳки, қутқармади мени,
Давр офати ул офати даврон жафосидин.
Оламни ҳажр зулмати тутқай, совурса ел
Куйган фатилани янги доғим қоросидин.
Чарх данида бодаи ғам тўлмиш, эй рафиқ,
Жуз ҳажр заҳри қилма тамаъ давр косидин.
Сабт ўлмаса, Навоий, ани назми зайлида,
Фаҳм айлар аҳли дард каломи адосидин.
469
Яна не чеҳраға ўт солди майки, ҳайронмен,
Яна не туррани ел очтиким, паришонмен.
Учурки, эй қуюн, ул ой бошиға эврулайин,
Бу дамки йўлида туфроқ бирла яксонмен.
Бири фусуну бири симёға ҳамл этарлар эл,
Чу заъфдин келибон кўзларига пинҳонмен.
Вуҳуш аро мени дашт ичра кўрди чун Мажнун,
Тасаввур эттиким, ул хайлға нигаҳбонмен.
Чу халқдин қочибон дайр сари юзландим,
Рафиқлар, билингиз, ваҳшийи биёбонмен.
Чу билмай элга вафо айладим — жафо кўрдум
Не суд эмди, агар нечаким пушаймонмен.
Навоий эмди қилурмен Ҳижоз оҳанги,
Соғинмағил янаким азими Хуросонмен.
470
Шаҳру кишвардин илик юб, хонумондин кечкамен,
Хонумондин ким десун, икки жаҳондин кечкамен.
Ҳар замон бошимға юз тиғи бало айлаб қабул,
Умрдин тортиб этак, биллаҳки, жондин кечкамен.
Шаҳру кишвар, хонумон, икки жаҳону, умру жон,
Худ не бўлғай, мунча юз ком ўлса, андин кечкамен.
Гар Скандар мулки бирла Хизр умри берсалар,
Уйла мулку буйла умри жовидондин кечкамен.
Мумкин эрмастур валек, эй меҳрибонларким, даме
Қилса юз бедод, ул номеҳрибондин кечкамен.
Воизо, айлаб енгиллик, нечаким кавсар майин
Мақтасанг, ҳошоки мен ратли гарондин кечкамен.
Эй Навоий, қон ёшим баҳр ўлди бу дам истасам
Ким, етай ул қотилимға, эмди қондин кечкамен.
471
Ҳар тарафким борур ағёр ила жонон талашурмен,
Чун ажал қасд қилур ўлмакима, жон талашурмен.
Ҳажр тиғ урса, талошимни ўлум хавфи соғинма
Ким, шаҳидинг бўлайин деб мени ҳайрон талашурмен.
Бошоқ устида талашқон кеби мазраъда гадолар,
Дашти ишқинг аро ушшоқ ила пайкон талашурмен.
Эй парий, чун кийик ўхшар ики кўзунга биайниҳ,
Бу жиҳатдин мени девона биёбон талашурмен.
Гарчи ағёрдин олмоғлиғ эмастур сени мумкин,
Турмоғумдур боқибон, ончаки имкон, талашурмен.
Аччиғим келгали кавсарни ачиғ бодаға таржиҳ,
Хирад аҳли чу қилурлар мени нодон, талашурмен.
Қўл солиб ҳажр ўтида ул киши янглиғки су ургай,
Эй Навоий, чу ошар шуълаи ҳижрон, талашурмен.
472
Оразинг нақшин кўнгул лавҳида тасвир эткамен,
Бўлмаса тақдир ани кўрмак, не тадбир эткамен.
Эй қора кўз, бўлмас ул юз шавқидин юздин бири,
Кўз қорасидин агар юз нома таҳрир эткамен.
Ёшурун қолғайму ишқим, буйлаким ул шўхдин
Чиқса бир сўз бехабар, юз қатла тақрир эткамен.
Не жунундур буки, ҳар тун ул париваш васлиға,
Юз хаёл айлаб, яна бориға тағйир эткамен.
Эйки, дерсен васл коминг бўлса, жон қилғил фидо,
Ул муяссар гар бўлур, мен худ не тақсир эткамен.
Ишқ азалдиндур насибим, носиҳо, манъ этмагил,
Манъ қилсанг ҳам, нетиб мен манъи тақдир эткамен.
Эй Навоий, нақди жон бергил дединг савдосиға,
Буйла савдо гар муяссар бўлса, тавфир эткамен.
473
Базм ичинда андоқ ул маҳваш хаёли бирламен
Ким, хаёл андоқ қилурменким, висоли бирламен.
Сўзлашурда ўз-ўзум бирла жунун аҳли кеби,
Ул париваш белу оғзи, қилу қоли бирламен.
Гаҳ кулуб, гоҳики йиғлармен хаёл айлаб ани,
Васли уммидию ҳижрони малоли бирламен.
Демагил майдин юзум рангин, қулоғимдур қизиқ
Ким, бу янглиғ ҳажр кожу гўшмоли бирламен.
Оғзию зулфи ғамидинким эрур ноламда мад,
Буйла мад тортарда анинг «миму» «доли» бирламен.
Соқиё, бир жоми май бирла мени девона қил
Ким, мушавваш ақл савдойи муҳоли бирламен.
Эй Навоий, ақл сари эмди бўлма раҳнамун
Ким, бўлуб девона, ишқи лоуболи бирламен.
474
Бир юзи ўтлуқ шарори ишқидин маҳрурмен,
Дўстлар, ўртансам, этманг айбким, маъзурмен.
Ишқини не суд пинҳон тут демактин, эй рафиқ,
Эмдиким ишқ ичра расволиқ била машҳурмен.
Мен киму уйқуға кўз юммоқ, чу йўқтур тоқатим,
Оразидин кўз юмуб очқунча гар маҳжурмен.
Не ажаб Фарҳоду Мажнун зикриким, бўлмиш унут,
Ким, мен эл ичра жунуну ишқ ила мазкурмен.
Оби ҳайвон ичмагаймен истабон дафъи хумор,
Менким ул майгун лаби жонбахшдин махмурмен.
Кимсага чун йўқтурур бу коргаҳда ихтиёр,
Йўқ манга айбу ҳунар, гар маст, агар мастурмен.
Эй Навоий, васл умидин ёқмоғил тўҳмат манга
Ким, мен ул маҳвашни бир кўрмак била масрурмен.
475
Азимат айлама, эй шўхи бехабар, ҳар ён,
Мени фироқинг аро қилма дарбадар ҳар ён.
Фироқ шомида анжум эмаски, оҳимнинг
Ўти шафақ бўлуб, ўлди жудо шарар ҳар ён.
Дема танимда янги доғларки, ишқинг ўти
Чу тушти кўнглум аро, айлади асар ҳар ён.
Юзунгда холлар эрмас, кўзунг ғазолидур
Ки, тушти нофасидин қатра мушки тар ҳар ён.
Кўрунг заиф таним теграсида жаври тошин,
Яғоч тубида сочилғон кеби самар ҳар ён.
Қадамни фақр тариқида ҳар тараф урма,
Туз уйла қатъки, бордур басе хатар ҳар ён.
Навоий учқали шавқунгда тиғи ҳажрингдин,
Алифлар англама жисмида, чиқти пар ҳар ён.
476
Соқиё, очтинг чу май тутмаққа жоми Жам юзин,
Юз ғамим дафъ айладингким, кўрмагайсен ғам юзин.
Уйла руҳафзо лабинг анфосидин топтим ҳаёт
Ким, гар ўлсам, кўрмагаймен Исою Маръям юзин.
Ёр меҳмон бўлмоқ эрмиш, боринг, эй жону кўнгул,
Истарамким кўрмагай, албатта, номаҳрам юзин.
Гар вафо аҳлиға олам зулм қилмас, бас недур,
Дуди оҳимким қора айлабтурур олам юзин.
Тун эмас, баским, фалак жонимға қўймиш доғи зулм,
Ул тугонлар дуди тутмиш нилгун торам юзин.
Эйки, кўнглунг чоки бутти васлдин, шукр айлагил
Ким, менинг захмимдур улким кўрмамиш марҳам юзин.
Онча юзсизлик улустин кўрмишам, гар берса даст,
Истарамким, кўрмасам ҳаргиз бани одам юзин.
Баски, кўрмишмен қуёш юзлук улустин тийралик,
Дермен оҳим тийра қилса найири аъзам юзин.
Эй Навоий, тушса маст илгингга бир кун, ўпкасен
Ҳам қабоғин, ҳам сақоғин, ҳам дудоғин, ҳам юзин.
477
Минг ўтум бор, айлай олмасмен аён мингдин бирин,
Даҳр куйгай, зоҳир этсам ногаҳон мингдин бирин.
Минг тугон жисмимда кўрсанг, кўп таажжуб қилмаким,
Ичдагидин зоҳир айлабмен аён мингдин бирин.
Дема дардингни ниҳон тутқилки, юз минг дардни
Махфи этсам, қилмиш ўлғаймен ниҳон мингдин бирин.
Уйла юз минг пора кўнглумни паришон этти ҳажр
Ким, топа олмон тилаб мен нотавон мингдин бирин.
Гарчи қилди ҳажр ўти ўртанмакимни бирга минг,
Олам ўртангай, агар қилсам баён мингдин бирин.
Оҳким, аҳбобдин ҳар кимга айлаб минг вафо,
Топмадим яхши ўзумга мен ёмон мингдин бирин.
Эй Навоий, даҳр эли гар мингу гар бир тонима
Ким, вафолиғ айлай олмасмен гумон мингдин бирин.
478
Лабинг майи ҳавасидин мудом йиғлармен,
Пиёладек бўлубон талхком йиғлармен.
Ғаминг тунида куюб шамъдек саҳарға дегин,
Ўзумга уйқуни айлаб ҳаром, йиғлармен.
Ўзумни ҳар нимага кундуз айларам машғул,
Ғариб ҳолима, чун бўлди шом, йиғлармен.
Ториқти чарх йиғимдин, магарки билмас эди
Ки, дарди ҳажр замонин тамом, йиғлармен.
Хаёл ила анга деб, дам-бадам саломимни
Бериб ўз-ўзума, андин паём йиғлармен.
Бўлуб ичим тўла қон давр эли нифоқидин,
Сариғ узор ила андоқки жом йиғлармен.
Навоиё, яна бир лоларух фироқинда,
Кўзум ёшин қилибон лолафом, йиғлармен.
479
Гар деса кўз бирла рухсорин тамошо қилмайин,
Васлини найлаб кўнгул бирла таманно қилмайин,
Гавҳари ишқиға кўнглумни нетиб қилмай садаф,
Мунча баским кўзни ифшосиға дарё қилмайин,
Оҳ ўтию ашк сайлидин бўлур ер-кўк тўла,
Неча дермен ишқ асрорин ҳувайдо қилмайин.
Ўт тушуб кўнглумдаву кўксумда равзан захмидин,
Дудини анинг не янглиғ ошкоро қилмайин.
Ул парий ҳар жилвасида ақли кул шайдо бўлур,
Телбаликдиндур, десам кўнглумни шайдо қилмайин.
Қилмағил, эй шайх, усруклар унидин шикваким,
Маст ўлуб майхонада бўлмас алоло қилмайин.
Соқиё, андоқ тўла тут бодаким, бехуд бўлай,
Токи давр ошубиға бир лаҳза парво қилмайин.
Қилди ул кўз ёдидин кўнглум кийиклар сари майл,
Неча мен Мажнун дедимким, азми саҳро қилмайин.
Эй Навоий, оламоро ҳусн невчун очти ёр,
Бўлмас эмди ўзни олам ичра расво қилмайин.
480
Қил бу ён жавлонки, жонни хоксоринг айлайин,
Бошинга эврулгали қўпқон ғуборинг айлайин.
Бу баҳона бирла чунким жонни садқанг айладим,
Ақлу ҳушу сабр нақдин ҳам нисоринг айлайин.
Юз агар очсанг, назарнинг қушларин сайдинг қилай,
Ўқ агар отсанг, кўнгул сайдин шикоринг айлайин.
Қочиб эл наззорасидин гар кирарсен аксдек,
Кўзгудек кўнглумни темурдин ҳисоринг айлайин.
Сен лабингдин жон бериб, васлингдин элнинг кўнглин ол,
Мен ҳазин жону кўнгулни хору зоринг айлайин.
Хонақаҳда, эйки, ўзлук жомидин махмурсен.
Кир фано дайриғаким, дафъи хуморинг айлайин.
Тўлса паймонинг, Навоий, дайр аро май бирла юб,
Бошининг хум кирпичин хишти мазоринг айлайин.
481
Оҳу вовайлоки, олам аҳлининг бадҳолимен,
Ҳар нафас бир дарду меҳнат хайлининг помолимен.
Кўздин оққон тийра қоним зоржисмимни бўяб
Ким, қурубтур хома янглиғдурмен анинг нолимен.
Токи кўнглум иттию фориғ бўлубмен дардидин,
Ишқ аро кўнглин итурган хайли фориғболимен.
Баски бедодинг юкин тортиб қадим бўлмиш нигун,
Гўйи ул бедоднинг остида қолғон долимен.
Руҳи Мажнуннинг магар жисмим аро қилмиш хулул,
Буйлаким, заъфу жунун бирла анинг тимсолимен.
Ишқ аро васл истамон, қонимни то қилдим ҳалол,
Ҳар неким ишқ аҳлиға мушкулдурур, ҳаллолимен.
Ёр ила ушшоқу мен маҳжур ҳолим сўрмаким,
Эй Навоий, бу жамоатнинг хароб аҳволимен.
482
Жонға ҳар дам ишқидин юз минг бало кам истамон,
Ўзгага минг йил ўтуб, юздин бирин ҳам истамон.
Ёр чун истарки, ғамнок ўлғамен ҳижронидин,
Не ажаб гар васлидин кўнглумни хуррам истамон.
Тиғи ишқинг захмидин жоним бир осойишдадур
Ким, агар юз қатла ўлсам, доғи марҳам истамон.
Дев сийратлар била кўрсам не ҳол ўлғай манга,
Ул парийға чун малак хайлини ҳамдам истамон.
Не таҳаммул, гар юзига тушса номаҳрам кўзи
Ўз кўзумни айни ғайратдин чу маҳрам истамон.
Онча эл жаврин кўруб менким тилармен фардлиқ,
Бўлса ёре ҳам вафолиқ, жинси одам истамон.
Эй Навоий, ишқ агар оламға расво қилмаса,
Мен худ ўзни куч била расвойи олам истамон.
483
Ўлтурур кўйида ишқ аҳлин алолоси учун,
Шоҳ қатл эткан кеби итларни ғавғоси учун.
Тийра зулфидин кўнгул рухсорин айлар орзу,
Гўйиё равшан су истар дафъи савдоси учун.
Чун бўлур ҳар тун шабистон ичра шамъи анжуман,
Хайли анжум эврулур ул ой тамошоси учун.
Қаддида гулгун либос эрмаски, устоди азал
Барги гулдин ҳулла қилмиш сарви раъноси учун.
Зулфи занжириға ҳаддим йўқ, ити занжири ҳам
Яхшидур, қайд этса бу мажнуни шайдоси учун.
То тирикдурсен, қадаҳ даврин ғанимат тутки, чарх,
Эврулур тегрангга нақди умр яғмоси учун.
Эй Навоий, тарки дунё айла, иззат истасанг
Ким, мазаллат келди саъй анинг таманноси учун.
484
Масканим ҳижронда бўлса эрди Марви шоҳжон,
Бергай эрди ҳажрдин ўлсам, танимға шоҳ жон.
Рашкдин жону кўнгул бир-бирга душман бўлдиким,
Гоҳ васлингни кўнгул айлар таманно, гоҳ жон.
Нома сабт айларда чиқти жон, вале куйди кўнгул
Ким, қошингға нома бирла бормағай ҳамроҳ жон.
Жон била кўнглумни асрармен фидо айлай дебон,
Йўқса эрмас ҳам кўнгул матлубу ҳам дилхоҳ жон.
Ғайрдин холи висолингни тилармен, оҳким,
Кўрмагай кўз, бўлмағай воқиф кўнгул, огоҳ жон.
Фурқатингда бода қўймас ўлгаликим, қайтарур,
Чиққали оғзим сари майл айласа ногоҳ жон.
Эй Навоий, уйла жон оғзимга етмишким, чиқар,
Фурқатида ҳар неча оҳиста чексам оҳ, жон.
485
Йўқ дамеким, ул қуёш ёдида фарёд айламон,
Айламон фарёдким, гардунни барбод айламон.
Нола қилмонким, халойиқ кўнглини қилмон ҳазин,
Навҳа чекмон эл ароким, элни ношод айламон.
Оразу қадди хаёли бас менга, эй боғбон,
Гул сари қилмон тамошо, майли шамшод айламон.
Қўйма юз ҳуру парий васфиға, эй ровийки, мен,
Қиблаи жон ғайри ул ҳури паризод айламон.
Айламон маъмур ақлу сабр ила кўнглум уйин,
Чун мени бузди, мен ул вайронни обод айламон.
Ҳар неча қилдим вафо, кўргуздилар жавр, эй кўнгул,
Айб қилма, гар замон абносидин ёд айламон.
Эй Навоий, тарки ишқ этким, қутулсам мен доғи,
Кимсага кўнглумни мундин нари муътод айламон.
486
Кўз била қошинг аро ул холи мушки нобдин,
Нуқта кофир узра тушмиш ё қуйи меҳробдин.
Ул оғиз оллидаким ҳар лаълидур оби ҳаёт,
Номуносибдур демак сўз ғунчаи серобдин.
Уйлаким, зулфунг ғамин оламға тарқатмиш насим,
Не ажаб, судралса юз жон бўйни ҳар қуллобдин.
Нуқтаи мавҳум эрур оғзинг, нетиб ком истайин
Ким, таматтуъ касб қилди жавҳари ноёбдин.
Ҳажр тобу печидин қисқарди умрум риштаси
Тор ул янглиғки бўлғай қисқа печу тобдин.
Олам асбобидин ўт, гар истасанг кўнглунгни жамъ
Ким, паришонлиғдин ўзга етмас ул асбобдин.
Эй Навоий, ёр кўйида қора туфроқ аро
Қолибон ортуқ кўрармен бистари синжобдин.
487
Неча ғамим ўтин аҳли замонға еткурайин,
Шарору дудидин анинг осмонға еткурайин.
Қадам бошимдин этиб куйи азми қилдимким,
Бу макр ила ани ул остонға еткурайин.
Лабингға май била нўши ҳаёт еткандек,
Анинг хаёлини мен доғи жонға еткурайин.
Кўнгул чу кўйида гум бўлди, не кўнгул бирла
Ўзумни ком тилай гулситонға еткурайин.
Кўнгулни истаю вайрон баданға элтурмен
Ки, хонумонини бехонумонға еткурайин.
Жаҳонда фитнадур айлаб суроғ майхона,
Ўзумни саъй ила дорул-амонға еткурайин.
Навоий оҳи санга заъфдин чу етмас, кел
Ки, васлдин мадад ул нотавонға еткурайин.
488
Ишқ ичра қани мен кеби зеру забар ўлған
Ҳар кимки йўқ андин батар, андин батар ўлған.
Чун дилбари кирпиклар ўқи ҳар сари отқан,
Аъзоси аро ҳар саримў ништар ўлған.
Менмен лаби жонбахшинг учун лаъл масаллик,
Бағри тешилиб, ғарқаи хуни жигар ўлған.
Деҳқон деки, мендек яна даврон чаманида
Ким кўрди вафо нахлиға ҳижрон самар ўлған.
Жисми шарар айрилмоқ ила билки туганди,
Кўнглида муҳаббат шараридин асар ўлған.
Маст улки, жаҳон меҳнатидин топти фароғат,
Давронға келиб кетканидин бехабар ўлған.
Фақр ичра, не тонг, ўзлукидин кечса Навоий,
Фард ўлди фано шевасидин баҳравар ўлған.
489
Ой ботти мунфаил бўлубон ул жамолдин,
Шоядки, чиқмағай яна бу инфиолдин.
Зулфунг хаёли кўнглум уйи ичра тўлғали
Холи эмастурур нафасе ул хаёлдин.
Ким кўрди ҳусн боғида сарве қадинг кеби
Ҳаргиз тажовуз айламаган эътидолдин.
Сабрим уйини йиқса қадинг нахли, тонг эмас,
Ҳаргиз сутунким айлади наврас ниҳолдин?
Дардоки, ўлдуму анга дардимни демадим,
Кўнглин мукаддар айламайин деб малолдин.
Юз жон бериб, вафо бани одамда топмадинг,
Кеч эмди, эй кўнгул, бу хаёли маҳолдин.
Хурсандлиқ Навоийғадур бу умид ила
Ким, васли тошқори худ эмас эҳтимолдин.
490
Рахшингки, хиром ичра ўтар кабки даридин,
Истармен анинг наълини товус паридин.
Ўтган йўлида наълидин ўт жонима тушти,
Жонимға нелар келди анинг раҳгузаридин.
Гулгунмудурур ё жулини айлади ул навъ,
Хайёти фалак санъати гулбарги таридин.
Гулрухлар аро чунки сўрарсен, хабар айтур
Эскан гулу сарв узра насими саҳаридин.
Отинки, парий чеҳра дединг, сендадур ул от,
Англар кишиким, ори эмас табъ асаридин.
Неҳожат эди суръат анга, мунчаки ошиқ
Кўзни юмубон очқуча ўткай назаридин.
Мужгон била истар қашиғай суртуб анга кўз,
Фаҳм ўлса Навоийға ризо сиймбаридин.
491
Куйдум ғами ишқимни аён айламакимдин,
Чеккай эдилар кош тилимни кўмакимдин.
Бир лоладурурким, ичида доғи ниҳондур,
Ҳар қонки томар доғи ниҳони юракимдин.
Дашт ичра жунун аҳлиға бўлди алами ишқ,
Ҳар хор уза парголаки қолди этакимдин.
Ишқ ичра тирикликда паришонлиғим англар,
Кўрган киши саҳрода ёйилғон сўнгакимдин.
Мажнундек элармен этаким бирла чу туфроқ,
Гўёки фано гарди ёғар ул элакимдин.
Ҳасрат иликин тишлаб ичармен ғамидин қон,
Айшимни хаёл эт бу майю ул газагимдин.
Ҳажрида Навоий кеби матлубум эмас умр,
Ҳар кимни тилармен чу йироқмен миракимдин.
492
Киши ойирса бир бедилни ёри дилпазиридин,
Умид улким, айирғай тенгри ани ногузиридин.
Агарчи мен асири бўлдум ул бадмеҳрнинг, ё раб,
Жудо қилма асирин андину ани асиридин.
Деб эрмишким, замиримда анга зулм айламак йўқтур,
Чиқарғил, ё раб, ушбу зулмни анинг замиридин.
Димоғим топмасун мақсуд иси, гар кўни туфроғин
Топиб, ани муаттар истасам жаннат абиридин.
Мену, қон ютмоғу майхона туфроғи, деманг зинҳор
Манга Жамшид жоми бирла Афридун сариридин.
Очилди чун эшиклар дайрға, май ичмай ўлдум маст,
Нечукким аҳли раҳмат жаннат абвоби сариридин.
Навоий шодмондур барча, гар ўлтургали ул шаҳ
Қилибтур ёд аҳли ишқ аро ушбу фақиридин.
493
Келса бир кун, неча кун келмаслигидин лолмен,
Бир кун ўз ҳолимда бўлсам, неча кун беҳолмен.
Неча кунким келмаса, айлар ўлум ҳоли мени,
Келса бир кун ўлтурур, бу ишвалардин лолмен.
Йўлида туфроғ агар бўлдум, ғараз побўсидур,
Бўлса бу комим раво, ғам йўқ агар помолмен.
Дилбарим Ширин била Лайлиға гар ақрон эса,
Мен доғи Мажнун бирла Фарҳодға амсолмен.
Ҳинду ўлдум, ҳажр эткач рўзгоримни қора,
Ё балоға нуқта, ё андуҳ юзига холмен.
Соқиё, ҳижрон ғами туғёндадур, лутф айлаким,
Дам-бадам ошуфтаи бир жоми моломолмен.
Эй Навоий, бошима кўрким нелар келтурди ишқ,
Пири ақл эрдим, бу дам бозичаи атфолмен.
494
Ул парий маҳжуб бўлғай деб мени девонадин,
Чуғздек чиқмон туну кун гўшаи вайронадин.
Ошнолар таъни ишқида ҳалок айлар мени,
Мунча шиддатлиқ эмас, неким келур бегонадин.
Айтсамким, садқанг ўлдум, нега куйдурдинг мени?
Дерки, бу мушкулни фаҳм эт шамъ ила парвонадин.
Ёр меҳмон бўлса, бермасмен ризо, чун бир нафас
Меҳнату ғам хайли чиқмаслар бизинг кошонадин.
Чунки ёйилди ҳаводис фитнаси ҳар гўшада,
Маслаҳат эрмаски чиқсам гўшаи майхонадин.
Мен ичиб майхонада май, жаннату кавсар сўзин
Воиз айтиб, бўлмади кўнгли малул афсонадин.
Бир парийдин гар санга банди жунун тушти, не тонг,
Эй Навоий, қочмағай девоналар зулонадин,
495
Неча кўрган сойи ажзим жавр оғоз эткасен,
Англаған сойи ниёзим шиддатин ноз эткасен.
Мумкин эрмас чун қуёш васли кеча хуффошқа,
Эй кўнгул, ул ён неча ҳижронда парвоз эткасен.
Бўлса ҳаддим, дер эдим оллингда кўнглум розини,
Ғайрни рағмимға гарчи маҳрами роз эткасен.
Лаъли ул кофирнинг элга жон бағишлар, эй Масиҳ,
Неча анфосинг била даъвою эъжоз эткасен.
Дам-бадам шавқум санга кўпракдур, аммо сабрим оз,
Гарчи сен бедодни кўп, меҳрни оз эткасен.
Эй фалак, зулму ситам ичра ўз овозинг учун,
Неча бизга ҳар замон бир иш саровоз эткасен.
Эй муғанний, баски йиғлатғайсен элни базм аро,
Гар Навоий оҳи бирла нағмани соз эткасен.
496
Қориған чоғда бир маҳваш йигит шайдоси бўлмишмен
Ки, ишқидин қари бирла йигит расвоси бўлмишмен.
Қуюндек пўяда майдон манга гаҳ тоғ эрур, гаҳ дашт,
Магар Мажнун била Фарҳоднинг ҳампоси бўлмишмен.
Бағирдин итларига тўъма қон ёшимни май қилдим,
Жунун базми аро ул хайли базми ороси бўлмишмен.
Мени кўргач бўлур ишқ аҳли мажнун, берма панд эй ақл,
Чу мен девонларнинг мояйи савдоси бўлмишмен.
Бўлур ишқ аҳли таълим олсалар девоналиғ мендин,
Нединким, мен бу нодон хайилнинг доноси бўлмишмен.
Деманг аҳли хирад ишқу жунун савдосидин чиқким,
Мени бехонумон бу даштнинг насноси бўлмишмен.
Навоийдек қориғанда йигит бўлсам тонг эрмаским,
Қориған чоғда бир маҳваш йигит шайдоси бўлмишмен.
497
Кеча асру музтар эрдим, ваҳки, шайдомен букун,
Тун худ ўтти, лек онсиз ношикибомен букун.
Не сўзумни фаҳм этарлар эл, не мен элнинг сўзин,
Билмон элнию ўзумни — асру расвомен букун.
Рўзгорим зулфу, холу хаттидин бўлмиш қора,
Эй хирад аҳли, билингким, маҳз савдомен букун.
Элга жон бермакка чиқти, гўйиёким рашкдин,
Ўлмагай оллида анинг кимса иллоҳ мен букун.
Мултафитдур элга, мен маҳрум, бу дамким чекиб
Тиғ, истар бир киши қатлин, мен овлимен букун.
Эй кўнгул, сен онсиз эрмассен даме, бу дамки мен
Васлиға еттим, сен ўлғунг оллида ё мен букун.
Йўқтурур Фарҳод ила Мажнун магарким билдилар,
Тоғча андуҳи бирла даштпаймомен букун.
Ул парий ишқида ўзлук тарки туттим, соқиё,
Бодаким, девона бўлмоққа муҳайёмен букун.
Дўстлар, қочинг Навоийдинки, зулми ҳажр аро,
Дарди дил айтурдин элга меҳнатафзомен букун.
498
Тугун бир-бир демон, юз-юз мусалсал зулфи торидин,
Нишондурлар саросар мўр хайлининг қаторидин.
Юзи гул, зулфи сунбул, оғзи ғунча, қомати савсан,
Назоҳатда уятлиғдур беҳишт анинг баҳоридин.
Ҳаводис шоми солса рўзгор ичра паришонлиғ,
Нишон бил зулфида кўнглум паришон рўзгоридин.
Ани кўргач неча ишқим ёшурсам, халқ англарлар
Кўнгулнинг изтиробидин, баданнинг изтироридин.
Мен онсиз туфроғ ўлдум, эй сабо, сен раҳм этиб боре,
Қотиштур кўйининг туфроғиға жисмим ғуборидин.
Мени ишқ ила расво қилдиким, эмас менинг сари,
Насиме келса ногаҳ офият мулку диёридин.
Бу дайр ичра фано расмин биравким ихтиёр эткай,
Кушод имкони йўқтур кечмайин ул ихтиёридин.
Майи васл, эйки, нўш айлаб, ўзунгни айладинг сархуш,
Гуворо бўлсун, ар бийм ўлмаса бу май хуморидин.
Навоий сабру ишқидин ул ой фориғдурур, яъни
Хабар йўқтур анга бу бенавонинг йўқу боридин.
499
Кўрса не фикри таним захмию кўнглум куйганин,
Улки наълу доғдин ҳайф этмас ўз нозук танин.
Қайда кўрсун, кўрса не қилсун ёқам чоки асар,
Мастлиғдин улки ҳар дам чок этар пироҳанин.
Хирмани сабрим куярдин не ғам ул кофирғаким,
Ўт солибтур бодадин, кўргил жамоли ҳирманин.
Гарчи ранжим саъб эрур, ваҳ, қайда парво айласун,
Қотилеким, кўрди тиргузмакча ўлтурмак фанин.
Англағач қатл айлар эрди, шукрким, билмас киши
Базми ғавғоси аро аҳли мусибат шеванин.
Неча тавсанлиқ сукун андин бурунроқ кўзлаким,
Олмағай коме, неча сурсанг йигитлик тавсанин.
Гулшани ишратқа сиз азм айлангиз, эй аҳли айш
Ким, Навоий бас оғир олмиш мазаллат гулханин.
500
Кирпикимдур ашк қони бирла шоҳи арғувон,
Раҳм қил, эй арғувони ранг тўнлуқ навжувон.
Ул ики кўздурму ё ишқингда айни заъфдин
Гўшаи гулзор аро ётмишлар икки нотавон.
Дуди оҳимни шарарлар бирла кўрган соғинур
Ким, етишти дард мулкидин юз ўтлуғ корвон.
То лабинг нақши кўзумда лаългун ашким кеби
Тутти ер, ҳайвон зулоли юз сари қилдим равон.
Шод эдим ҳусн аҳли онидин, қани ул аҳли ҳусн,
Эй кўнгул, мен ғофилу эрмиш ғанимат ул авон.
Эй висол аҳли, сизу иззат бисоти узра айш
Ким, етибдур бизга қисмат ишқдин ҳажру ҳавон.
Эй Навоий, ёр агар зулм этса, шаҳға қил дуо
Ким, анга тобиъдурур адл ичра юз Нўширавон.
501
Ёзарда ишқинг ўтин секрир оҳимдин шарар ҳар ён,
Варақда нуқталар ийнак шарарлардин асар ҳар ён.
Рақиб илги жафо тоши кўп отса, боис оҳимдур,
Анингдекким, итик ел шохидин сочқай самар ҳар ён.
Дам урмассен, лабинг ширинлиғин васф айласам, гўё
Ики лаълингни бир-бирга ёпиштурди шакар ҳар ён.
Кўкарган доғидур ғам тошларининг хаста жисмимда,
Қуруғ шох узра чирмашиб очилғай нилуфар ҳар ён.
Суда гул барглар оққон масаллик лаъли ҳажринда,
Оқар ашким аро ҳар қатра қон бўлған жигар ҳар ён.
Кўнгулда ўҳларингдин бар есам бир кун, ажаб эрмас,
Мунунгдеккнм бу боғ атрофида эктинг шажар ҳар ён.
Белинг сарриштасиға мубтало бўлғон кўнгул сайди,
Кийикдекдурки, маҳкам айламиш йўлин камар ҳар ён.
Не муҳлик водий эрмиш Каъбаи мақсад биёбони
Ки, адно мўрдин бор аждаҳоларға хатар ҳар ён.
Навоий риштаи зуҳди узулса, қилмангиз ҳайрат.
Мунунгдекким ани усрук чекар бир сиймбар ҳар ён.
502
Ичимдаги ёшурун ғамки, айта олмасмен,
Бир ўт солур манга ҳар дамки, айта олмасмен.
Ғамики, ўлсам эмас айта олмағи мумкин.
Агарчи ўлтурур ул ҳамки, айта олмасмен.
Десамки, дардини дей, ишқи илги бўғзумни
Тутар анинг кеби маҳкамки, айта олмасмен.
Не нукта ишқдин айтай десам, мени ул шўх
Қилур анинг кеби мулзамки, айта олмасмен.
Ғаминг ниҳон мени ўлтурди зулм тиғи била,
Эрур букун манга мотамки, айта олмасмен.
Кетур пиёлаки, иш сиррини ҳакими азал
Анингдек айлади мубҳамки, айта олмасмен.
Навоий айтсун ўз дардиники, дард мени
Қилибтур ул сифат абкамки, айта олмасмен.
503
Кўнгул тошлар қорасин доғларким, қўйди ғам ҳар ёнг
Жунун ифротидин девона сочқондек дирам ҳар ён.
Мен ашк ичра чўмуб, ҳар тун қилиб ҳамсоялар ошуб,
Менинг ҳолимға йўқ ўткан учун уйларга нам ҳар ён.
Эрур ҳар сари ушшоқ оҳидин, мендин эмас буким,
Бўлур нахли қадиға жилва айлар чоғда хам ҳар ён.
Булутқа ҳумрат эрмас меҳрдин, балким тутошибдур,
Момуқдек баски чиқти оҳим ўтидин алам ҳар ён.
Бўлур қон мушки, ишқинг мушкини қон эттиким, бўлмиш
Қора шанжарф, ҳолим ёзғали қўйсам қалам ҳар ён.
Итибтур телба кўнглум ҳар тараф, эй ишқу дард, истанг,
Сўрайин ул париваш кўйида мен хаста ҳам ҳар ён.
Не водий қатъи қилмоқдур, фано дайрида сокин бўл
Ки, қай равзанға қўйсанг кўз бўлур маръий ҳарам ҳар ён.
Даме ўксутмагил, ё раб, харобот аҳли ғавғосин
Ки, ул ундин кудурат қушлариға бўлди рам ҳар ён.
Навоийдек қадам майхонада беркит сутун янглиғ,
Десанг оллингға юз ғам келмагай, қўйсанг қадамҳар ён.
504
Аҳд қилдим, ишқ лафзин тилга мазкур этмайин,
Тил неким, хомам тилидин доғи мастур этмайин.
Барча элга фитна бўлған кўзга мафтун бўлмайин,
Ҳар киши наззора айлар юзни манзур этмайин.
Ишқ куфри бирла тақво хонақоҳин бузмайин,
Бут хаёлиднн кўнгул дайрини маъмур этмайин.
Ҳар кеча бир лаб майи васлидин этмай жонни маст,
Ҳар кун анинг ҳажрида кўнглумни махмур этмайин.
Гар чидай олмай кўнгул берсам бировга ногаҳон,
Бори эл ичра чидай олғанча машҳур этмайин.
Ишқу май анжоми чун ҳажр ўлди, қўй, эй шайхким,
Ўзни бу иқболдин куч бирла маҳжур этмайин.
Зулм ила эл жониға ўт ёқма, эйким, шоҳсен,
Гар десанг дўзах ўтиға жонни маҳрур этмайин.
Гарчи маъзур ўлди маъмур, эй Навоий, ўзни мен
Дўст маъмур айлаган хидматда маъзур этмайин.
505
Музайян қилма мармар тоши бирла туфроғим бошин
Ки, кўнглум дуди Машҳад тоши айлар машҳадим тошин.
Булут бирла ёғин эрмаски, ул ой ҳажрида ҳар дам
Тия олмон дамим дудин, йиға олмон кўзум ёшин.
Азал наққошиким чекти янги ой нақшини, гўё
Қалам соф айлар эрди сизғали ул дилрабо қошин.
Қувонди шайх зикри ҳалқасидин найласун мискин,
Алоло ичра кўрмайдур маломат кўйи авбошин.
Халойиқ ўлганимни бахтим уйқуси соғинмишлар,
Нечукким тонимаслар тавъамоннинг кўрса қардошин.
Сочинг фикрига то туштум, мусалсал бўлди ул савдо,
Қачон билдим мен ул сарриштанинг бу навъ чирмошин.
Жаҳонни куйдурур, эй муғбача, паймонаи лаълинг,
Магар кўнглум ўти бирла қизитмишлар анинг дошин.
Ажаб меҳру шафақ эрмасмудурким, топмади ҳаргиз
Хирад бу тоқ меъморин, назар ул шамса наққошин.
Навоий, хонақаҳда хирқаву сажжоданг ўлмиш қайд,
Булардин махлас истарсен, фано дайри сари ёшин.