Mas'ud. Ko'ngil chashmasi  ( 13760 marta o'qilgan) Chop etish

1 B


AbdulAziz  07 Aprel 2011, 12:28:33

Mas'ud. Ko'ngil chashmasi



Muallif: Mas'ud
Hajmi: 1,03 Mb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish

Qayd etilgan


Habib  19 Aprel 2011, 15:31:28

Масъуд МАХСУДОВ

КЎНГИЛ
ЧАШМАСИ


Шеърлар

Лондон - 2010



Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.

“Қалбим нолаларини тинглагувчи дўстларим, қадрдонларим!
Ушбу китобдаги бирор шеъримни кўнглингизга ҳамоҳанг топсангиз, бундан фақат ва фақат хурсанд бўламан. Кичиккина чашмам шеърга бўлган чанқоғингизни зумга
бўлса-да, қондира олишини умид қилиб қоламан”

 Ҳурмат билан,
 Масъуд


Масъул муҳаррир: Нигора Умарова
Муҳаррир: Ирода Азимова
Дизайнер: Қаҳрамон Жалилов
Ваагн Гулакян
Илк нашр. 2010 йил. Лондон


© Масъуд Махсудов


 
ЎЗ КЎНГЛИ ҲАҚИДА СЎЗ

  Тинглагил най не шикоятлар қилур,
 Айрилиқлардан ҳикоятлар қилур.
 Жалолиддин Румий

Найнинг ҳикоятлари – айрилиқлардан шикоят эканлигини Румий ҳазратлари қанчалар чиройли айтган.
 Ҳақиқий шоирларнинг ижоди, китоблари, шеърларига кириб бораркансиз аввало ҳазин най садолари юракка урилиши табиий, негаки инсон бошқа мавзулардан олдинроқ ўз кўнгли, ўз муҳаббати ҳақида сўз очади.
 “Тўккан кўз ёшларимда топиб бораман”,- дейдилар Мавлоно Огаҳий ҳижронномаларидан бирида.
Масъуд Махсудовнинг илк китобини варақлаб ўтириб шулар ҳақда ўйладим. Масъуд менда бошловчи эмас, анчагина қалами қайралиб, етилиб қолган шоирдай таассурот қолдирди. Сатрлар равон, кўклам жилғаларидай қуйилиб келади. Қофиялар тўқ. Жозибали.
Сокин тун,
Типирлаб тинч турмайди жон.
Кўнглим саҳросида қуюндир туғён.
Арзимас бир номам ила ногаҳон
Сизни мен уйғотиб қўймадиммикан?!
 Ёки кейинги шеърлардаги сатрларга эътибор беринг. Ошиқ бир зумлик дийдор учун ҳар қандай ҳолатга тушишга рози.
Майли, менга битта сўз айтманг,
Имо қилманг ҳатто кўз билан.
Ҳеч бўлмаса бегоналардек
Дийдорлашгим келар Сиз билан.
 Мана бу сатрлар эса менга дунё қанча турса, шунча муддат дунёнинг шеърият қироли бўлиб яшаб қоладиган ўлмас Пушкиннинг “Царское Село”даги маъюс шеърларини эслатди.
Сен бошқа келмайсан –бу менга аён
Сени эслаганда дардга тўламан.
Кун келиб сен мени эслаган чоғинг,
Ҳижрон азобидан ўлган бўламан.
ёки
Кетаман денгиздек тўлдириб ёшга
Ҳаётдан умидвор маъюс кўзларим.
Шод яшанг,
Энди Сиз кўрмайсиз бошқа
Мунгли сатрларим, маҳзун сўзларим.
 Русларнинг бугунги чақмоқ шоирларидан бири Евгений Евтушенкода қуйидаги сатрларни ўқиганман.
“Саросар самода қувончлар енгил
 Куйиниб қараган ғусса барқарор”
 Ҳақиқатан ҳам енгил, ясама қувончлардан кўра бу мунг, бу маҳзун ғуссалар барқарордек, ёруғдек туюлди менга.
 Ёки мана бу сатрлардаги жарангдорликка диққат қилинг:
Илтимос,
Ичингда боғланиб қолган
Турли тугунларни ечиб кел, гулим.
Қўл силтаб барига,
Бор-будинг ташлаб
Менинг юрагимга кўчиб кел, гулим.
 Шеърият фақат бўғинлар тўғри келиши, қофиялар мослиги эмас, катта фикрлар майдони ҳамдир.
 Масъуднинг менга адабиётимизни чуқур билиши, маънавий анъаналаримизни қадрлаши, кенг дунёқараши маъқул келди. У ўзининг “Ўзбек ойимга” шеърига Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Маликдан қуйидаги эпиграфни олган.
“Киярмиди Ўзбек ойим эгнига қора
Гар фарзандлар бир-бирларин заҳарламасалар...”
Қуйидаги тўртликлар ўша шеърдан:
Отабегинг қайдадир ёниб
Ҳақиқатни излаб юрибди.
Тошкентга лек ўтмайди қўниб
Чунки Кумуш қабри турибди....

Қора кийиб азадор бўлиб
Доғлармидинг шу улуғ дилни.
Фарзандларинг бир-бирларига
Бермасалар заҳри қотилни!!!
 Бугуннинг интеллекти баланд ижодкорларидан бири, қозоқ шоири Мухтор Шохонов шундай фикрлайди: “Ғарб хафа бўлмасин, ҳозир фақат шарқ қалбни тарбиялаш тизимларини амал-тақал қилиб асраб келмоқда. Аммо у ҳам оқма лой каби бугун хавф остидадир”.
 Шоир образлар орқали фикрлайди. Шеъриятнинг бор куч, қудрати, гўзаллиги ҳам шунда. Масъуд ҳам “Ўзбек қизлари” сарлавҳали шеърда рўмол баҳона, ўзбек қизларидан розилиги, норозилиги ва яхши ниятлари, орзулари ҳақида ўринли, чиройли айтибди:
Рўмолни бозорда сотмай қўйишди,
Излайман совғага зарур кезлари.
Ё балки нархими шунчалик ошди
Нега ўрамайди Ўзбек қизлари?
....
Терс жавоб қайтарар нени сўрсангиз
Уятдан қизармас гулгун юзлари.
Тарбия сўзидан йўқ бирор бир из
Шаддодроқ чиқдими Ўзбек қизлари?

Саҳарлар қўймайди ўсма қошига,
Ҳовлидан келмайди райҳон ислари.
Каломи мос эмас асло ёшига
Мозийни эсламас Ўзбек қизлари.

Йўқ, аввали Оллоҳ инсофин берсин,
Кўзимга суртаман босган изларин.
Ҳаё, иффат, ибо, одоб дунёсин
Қайтадан забт этса Ўзбек қизлари.
Пастдаги тўрт қатор Масъуднинг дунёвий илмлардангина эмас, диний илмлардан ҳам хабардорлигини билдиради:
Тирикчилик дея, тинмайди одам,
Дунё абадиймас, билмайди одам.
Ҳар куним - охират сари бир қадам
Кун бошланмоқда.
 Бир ривоят эсимга тушди: Мангу Балогардон- Нақшбанд ҳазратларининг боғу-боғчалари, ер-сувлари ҳаддан зиёд кўп бўлиб уларга қарашга ёлғиз ўзлари қийналаркан. Шунда бир одам:
-   Ҳазратим, шунча иш, бунинг устига косиблик, бунча қийналиб умргузаронлик қилгандан кўра бирорта қул олиб ишлатсангиз бўлмайдими?”- деган экан.
-   Қулга қул чикора, - дебдилар шунда Нақшбанд ҳазратлари, - мен ўзим худонинг бир қули бўлсам, менга яна бир қулнинг нима кераги бор?
 Худди шундай кимлигимиздан қатъий назар биз ҳаммамиз худонинг бандалари, худонинг қулларимиз. Ёзганларимиз ҳам ўзимизники эмас, Ўзиникидир. Шоядки, Ўзига котибликка сайланган бўлсак...
 Китоблар, ёзишмаларимиз – биз ҳақимизда хабар бергувчилардир. Мен Масъуджонни ўзини кўрмаган бўлсам-да (бу кунларда Масъуд Англияда, банк соҳасида ўқиётган экан) бу китоб мутолаасидан кейин Ўзига, яъни Яратганга котибликка сайланганлардан бири бўлиб қолмоғини чин дилдан орзу қилдим.
 Шоядки, миллатимизнинг сайланган, сийланган Масъуджондай истеъдодли фарзандлари бугунги, эртанги адабиётимиз, маданиятимиз, маънақиятимиз, қўйингки, жамиятимиз сифатини бир поғона юқорига кўтарсалар. Мен бу китобни Масъуд Махсудовнинг илк ишқномаси, Ўз кўнгли ҳақида айтадиган сўзи, йўлининг бошланиши деб тушундим.
 Илоҳо, унинг катта умидлар билан бошлаган бу йўли чарағон, фарахбахш, бардавом бўлғай.

 Эҳтиром билан Ўзбекистон халқ шоири
Ҳалима Худойбердиева
 23. X. 2010 йил.

 


















 
* * *

Дунё ташвишларин зумга унутиб,
Тикилмоқ истайман оппоқ саҳарга,
Ва шу он вужудда урган туғённи,
Ҳаттоки алишмам дунё жавҳарга.

Тингламоқ қўмсайман сокин тун сасин,
Ойдинда орзулар тиламоқ дилдан.
Чин қалбдан туяман баҳор нафасин,
Шундан ҳаётимни севгум кўнгилдан.
2001


ДАФТАРИМ ЧЕТИДА...

Дафтарим четида ғалат ҳошия;
Эслай ололмайман нега қўйганим.
Бир қувноқ кунимдан, балки, хотира?
Балки белгисидир илк бор севганим?

Балки дўстларимнинг аччиқ ҳазилин,
Ҳазм қила олмай қўйганман уни?
Балки ҳаётимнинг силсиласини
Ўзгартирмоқ мақсад қилганим куни?

Илк бор қаршиликдан умидсизланиб,
Оламдан тўйганим нишонидир у?
Ё келган омадимданми руҳланиб,
Ифодалаб қўйган бир ажиб туйғу?

Дафтарим четида бу ғалат чизиқ.
Не бўлса ҳам уни эслаб юраман.
Ширин орзуларим рўёсин тузиб,
Фақат бахтдан, дея умид қиламан
2001

 
ЖИМЖИТЛИК

Жимжитлик. Тун ойдин. Ҳаво мусаффо,
Кечаги қор сабаб дарахтлар оппоқ.
Гўзаллик ошино мурғак қалбимга,
Уйқусиз тун берар ўзгача мароқ.

Жимжитлик - тун бирла уйғун тасаввур,
Шу сабаб асаблар бироз олар тин,
Кун бўйи инсонни қийнаган ташвиш,
Не ажаб, тун сабаб ростлар нафасин.

Жимжитлик ,
қалб ҳамон тиним билмас лек.
Нимадир тирнайди, бермайди тинчлик,
Талпиниб танамга сиғмайди сира,
Юрагим, воажаб, тура олмас тек.

Жимжитлик. Атрофдан эшитилмас сас,
Овозсиз йиғлайди сон мингта юрак.
Хорғин ҳислар ила олса-да нафас,
Жимжит эмас экан диллар жонсарак.

Жимжитлик ўтади.Ўткинчи бу тун,
Умидлар рўёси эртанги кундан.
Фақат бир тилагим: эртанги куним
Жимжит бўлмаслигин сўрайман сендан.

Жимжитлик. Тун ойдин. Ҳаво мусаффо,
Кечаги қор сабаб Дарахтлар оппоқ...
2001


* * *

Юрагим тубидан ҳайқирар нидо,
Туғёнлар қалбимга беролмай бардош.
Бақириб сўзласам чиқмайди садо,
Гўзалим, соғиндим, сени жуда ҳам.

Не қилай? Дилимга қилолмам амр.
Умрбод айрилиқ биз учун, наҳот?
Борлиғим, вужудим руҳимсан ахир,
Соғинчни яшириб бўларми, ҳайҳот.

Соғиниб яшайман, сени ҳар нафас.
Соғиниб, охири кетгум дунёдан.
Севгимиз хотирин сақлаб муқаддас,
Висолинг топгум-ми арши-аълодан?

Сенинг номинг билан тирикман фақат,
Соғинчим, асалим, шеърим , ғазалим.
Сен мен чун умидсан, абад-ул абад,
Қалбимнинг эгаси – эрка гўзалим.
2002


* * *

Кимнидир ўйлайман. Хаёллар тубсиз
Жарликлар уммонин силсиласида
Тинмай чарх уради излаб тоғлардан,
Тополмай ноумид берар акс-садо.

Кимгадир юракдан ёзилиб, қувнаб,
Суҳбат қурмоқликни насиб этсайди.
Сўнг майли, руҳимни айириб тандан,
Мангу оламга-да олиб кетсайди.

Кимдандир умидвор бу қалбга наҳот,
Топилмас заррача юпанч каломи?
Ўтинч бўлолмасми тоабад менга
Беғубор кўнгиллар алик-саломи?

Кимнингдир юраги балки менингдек,
Бир оғиз ширин сўз, суҳбатга зордир.
Бир зум бир нуқтадан кўз олмай,жимжит,
Мени ҳам ўйлаган инсонлар бордир.

Мен уни кутганман, ҳамон кутаман,
Қанча умрим бўлса шунча чидагум.
Ҳаётим сўқмоғин дадил ўтаман,
Розини айтгунча мурғак юрагим.
2003


ЎЗБЕК ОЙИМГА

"Киярмиди Ўзбек ойим эгнига қора?
Гар фарзандлар бир-бирларин заҳарламасалар"
 Тоҳир Малик

Нечун хомуш тортасан бугун?
Кипригингда икки томчи ёш?
Хаёлинг ҳам паришон, забун,
Бунда нега балқмагай қуёш?
Эгнингга сен кийибсан қора,
Кимга яна мотам тутасан?
Фарзандингни ўйлаб сен зор-а?!
Қачонгача уни кутасан?
Отабегинг қайдадир ёниб,
Ҳақиқатни излаб юрибди,
Тошкентга лек ўтмагай қўниб,
Чунки Кумуш қабри турибди.
Гарчи сенга ботса-да оғир,
Айтиш менинг бурчи ҳалолим,
Ўғлингни сен кўрмайсан йиллар,
Кўрингунча кўкда ҳилолим.
Зайнаббегим ҳар кун қошингда,
Телбалигин қилади кўз-кўз.
Шартми, ахир, сенинг ёшингда,
Душманингга гапирмоқ бир сўз.
Қора кийиб, азадор бўлиб,
Доғлармидинг шу улуғ дилни?!
Фарзандларинг бир- бирларига,
Бермаганда заҳри қотилни?!
2003


ҚАЛБИМ ФАРЁДИ

Ёшлигимдан шу менга одат,
Кузатаман қуёш чиқишин.
Ҳар кун тонгда тоғлар ортидан,
Офтобимнинг бош кўтаришин.

У қалбга солиб зиё-шуур,
Юксакларга мени етаклар.
Юракларга бағишлаб сурур,
Очажакдир дилда чечаклар.

Нимагадир кўп кундан бери,
Кўкда шамсим чарақламайди,
Юзин тўсган қора булутлар,
Ортидан у ярақламайди.

Тоғлар устин қоплаган булут,
Кўланкаси ҳамон кетмайди.
Дилим ғашлаб, кўзларим ёшлаб,
Висолига ҳеч йўлатмайди.

Нурсиз қолди қалбим кўчаси,
Қиё боқмас унга одамлар.
Кундузлар ҳам мисли кечаси,
Босолмайман шаҳдам қадамлар.

Эй, қалбимнинг мудроқ овчиси,
Булутларни ҳайдагин кўкдан!
Бир умрлик шеърим куйчиси-
Қуёшимни қутқаргин ундан!

Орзиқади уни кўрмоққа,
Симобдайин типирлар кўнгил.
Қачон уни яна кўраман,
Тонгда туриб, тўлқинланар дил?
2003


ҚАФАСДАГИ ҚУШ НОЛАСИ

Олтин қафас менга керакмас,
Тутқин нафас меҳрим тўлатмас,
Гулгун ҳавас дардим қулатмас,
Қаердасан, мусаффо осмон?

Нега керак анвойи гуллар?
Ўртар юрак, орзиқиб диллар,
Мовий фалак истар кўнгиллар,
Юлдузларим қани нурафшон?

Сайраш қалбга бермагай ўтинч,
Яшаш – фақат нолаю ўкинч,
Кураш наҳот ўтмас сира тинч,
Озодлигим кўраман қачон?

Қорним қўйгин, майли, оч-наҳор.
Келмасин мен туфайли баҳор,
Чангалзорда бўлайин xор-зор,
Фақат эрким бўлсин бегумон.

Ардоқлама, майли эт нафрат,
Қилма ҳеч ҳам жонимга шафқат,
Ўлимга ҳам тайёрман,
Фақат-
Эрк умидин сўндирмасанг бас…
2003


* * *

Нечун, жоним, кўзларингда нам?
Нечун йиллар қийнадинг ўзинг?
Дардларингни кўрамиз баҳам,
Ҳақиқатдан юммагин кўзинг.

Қанча кутдим гоҳида чидаб,
Гоҳи сендан қилиб андиша.
Мажбур бўлдим ўзимни алдаб,
Яшаб юрдим кулиб ҳамиша.

Қалбим-чи, у йиғлар эди жим,
Қайғуларин этмасди ошкор.
Фақат розинг кутди юрагим,
Қадамингга бўлиб интизор.

Кўзларингни яширма мендан,
Сўзинг тинглаб, қараб тўймайман.
Меникисан. Энди ҳеч қачон,
Ҳеч кимсага бериб қўймайман.
2004


* * *

Мен сени бахтиёр кўрмоқ истайман,
Қувончдан кулишинг, яйрашинг чиндан.
Кўнглимда барини бермоқ истайман,
Эзгу ниятларим айтиб кунгилдан.

Мусаффо осмоннинг мовий рангини,
Ва туннинг малаги ойнинг - янгини,
Тоғлар шалоласин шўх жарангини,
Сенда мужассамлигин туймоқ истайман.

Кўнгил кўчаларим, йўлим шаҳримни,
Бағишлаб дилимда бори сеҳримни,
Битта қалб берганча бериб меҳримни,
Яқин инсонимдек суймоқ истайман.

Ҳаётнинг мушкулин енгиб ҳамнафас,
Ноумид ўйларга қўйиб мен қафас,
Бахтли инсонларга қилиб чин ҳавас,
Сен бирла бир йўлдан юрмоқ истайман.

Доимо маст бўлиб бахт суруридан,
Ажратиб жой сенга юрак тўридан,
Қуёшнинг энг азиз, ёрқин нуридан,
Қалбингда жаннатни қурмоқ истайман.

Мен Сени бахтиёр кўрмоқ истайман...
2004


* * *

Тақдирингдан бугун кетаман абад,
Бошқа йўлга буткул бўлгум равона.
Юрак ҳисларига этмай итоат,
Шу кундан мен сенга тамом бегона.

Ҳа! Севаман. Буни этмайман инкор,
Беҳуда эмасди кўнгил изҳорим.
Шубҳалар ҳаммаси, ҳаммаси бекор,
Сабаби бу эмас қатъий қарорим.

Бугун тушундим мен тақдир ҳазилин,
Бугун менга аён зим-зиё сирлар,
Бугун билдим тенгинг эмаслигимни,
Бугун кўз ёшларинг қалбимни тирнар.

Йўқ! "Тақдир" аталмиш муҳташам сарой,
Биз иккимиз учун кўтармаган қад.
Баҳор ҳам шунчалар берса-да чирой,
Бирга кўролмайди бизларни фақат.

Узр сўрамайман кетиш олдидан,
Чунки севиш, ахир, эмас-ку гуноҳ,
Бош олиб бу ердан, сенинг васлингдан,
Қаердан, билмайман, топаман паноҳ...

Хўп, майли, уз энди севгинг риштасин,
"Ўз бахтингни топ", -деб қиламан нидо.
Ягона тилагим: Қайғу нелигин
Билмасдан яшагин.
Хайр!
Алвидо!!!
2005


* * *

Сени кутиб-кутиб чарчадим ғоят,
Соғинмасдан қўйдим висолингни ҳам.
Армонларни туйиб, мана, ниҳоят,
Тақдирга тан бердим. Кўзларимда нам.

Кўзим эмас, менинг йиғлайди қалбим,
Юрак ҳам бир меъёр урмайди сира.
Сенга аён эмас сўнгсиз дардларим,
Билмасдинг эканин ҳислар бокира.

Севгандим...Иложсиз ишқимдан кечдим,
Ҳаётга қизиқиш йўқолди тугал.
Севганим – гуноҳим, умидим – айбим,
Ноумид хаёллар бошимда чигал.

Сен бошқа келмайсан – бу менга аён,
Сени эслаганда дардга тўламан.
Кун келиб сен мени қўмсаган чоғинг,
Ҳижрон азобида ўлган бўламан.
2006


* * *

Дилимда тасвирлаб бўлмас бир сурур,
Ўзгача завқ берар олган нафасим.
Зуҳро юлдуз мисол таратгувчи нур
Табассумли юзга келар ҳавасим.

Борлиқ гўзаллигин атрофга сочган,
Ифорлар келтириб эсади насим.
Хаёлим ўғирлаб ойларга қочган,
Зулфинг торларига келар ҳавасим.

Ўйланиб қоламан...Гоҳ ўйим рўё,
Гоҳида нуқтага тикиламан жим.
Ҳаётдан миннатдор, ҳам меҳридарё,
Қалби бутунларга келар ҳавасим.

Юрагим орзиқиб, ўртанар жоним,
Қувончли кунларим ёдга солиб зум...
Бу ёруғ оламда йўқ ҳеч армони,
Бахтли инсонларга келар ҳавасим.

Юзландим неча бор минг турли кўзга,
Зор бўлдим бир оғиз дармонли сўзга,
Ҳар ердан изладим, топмадим ўзга,
Сенинг кўзларингга келар ҳавасим...
2006


СЕНИ ЎЙЛАЯПМАН...

Сени ўйлаяпман,
Қайдадир сен ҳам,
Олис юлдузларга
Термуласан жим.
Кимнидир кутасан
Интиқиб шу дам,
Мен ҳали билмаган,
Дилгир малагим.

Кичик бир нуқтада,
Жамулжам хаёл,
Йўл қараб чарчаган
Нигоҳинг ғамгин.
Толиққан қарашда
Сон мингта савол,
Ораста қалбингга.
Бермаяпти тин.

Ичинг анор каби.
Қизилликка ғарқ,
Ҳар битта донаси –
Азобинг, дардинг.
Айт нега жим тилинг,
Сарвинози Шарқ,
Бунчалик сабрни
Қаердан олдинг?

Битмас матонат-у
Туганмас тоқат
Ва жиндек табассум
Кўзларингда жо.
Юрагинг ақлингдан
Истайди шафқат,
Ҳар битта зарбаси –
Юзта илтижо.

Бас, етар!
Қийноқли дамларинг
Ортда,
Унутиб ғамларни,
Шодон куламиз.
Эзгуликка тўла
Кўркам ҳаётда
Албатта иккимиз
Бахтли бўламиз...

Соғиниб, ўртаниб,
Энтикиб ёниб,
Сени ўйлаяпман...
2006


АЙБ

Бинойидек юриш-туриши,
Суҳбати ҳам сермазмун жуда.
Гоҳи мафтун қилар кулиши,
Ром этади ҳатто уйқуда.
Киприкларин ёйи қалбингиз
Тўғри нишон олади бехос.
Кўнгли - дейсиз - катта бир денгиз,
Дарёсидан қуйилади ноз.
Кокиллари мисли мажнунтол,
Қуёш янглиғ табассумлари.
Сўзидан чак-чак томади бол,
Гул баргида шабнам сингари.
Рўмолини қўймас бошидан,
Узун кўйлак қоматин безар.
Ўсма қўйиб етти ёшидан,
Буюк санъат асарин чизар.
Қултум сув-ла ютаман дейсиз,
Бунча гўзал бўлмаса, Худо!
Фақат битта айби бор, эсиз...
Унга юрак этмаган ато!
2006


* * *

Ҳаққинг бор, Лайлидек ошиқ бўлишга,
Шириндек бўлиш ҳам ўз ихтиёринг.
Яшнаса яшнашга, сўлса сўлишга,
Ўлса ҳам ўлишга,беқарор ёринг!

Мен эса...билмадим, лойиқманмикин
Мажнундек куйгани, ишқингда беун?
Фарҳод ҳам чиқмайди мендан...
Гапим чин,
Чунки қалбим қашшоқ, юрагим юпун!
2006


* * *

Қайтгим келар болалигимга,
Сой сувидек беғубор, тоза.
Чанг кўчада югуриб, елиб,
Бахтим этар эдим овоза.
Дўстим билан ўйнардик чиллак,
Зув-зув, дея, кулишиб, яйраб
Гоҳ адирда учириб варрак,
Гоҳи қушдай чуғурлаб, сайраб.
Боғлар аро айлардик “сафар”,
Меваларга тўлдириб қўйин.
Боғбон билса, қувса Олапар,
Бизлар у –ла ўйнардик ўйин.
Зовурларда балиқ тутардик,
Капалакдан қилардим тўплам.
Тол шохидан от ясаб дик-дик,
Тулпор мисол босардик қадам.
Эрта тонгдан намозшом қадар,
Онажоним қидирар кўча.
Кенг даладан топиб мен “тўзим”,
Югурардим ҳолдан тойгунча.
Ёмғирларда обдон чўмилиб,
Усти-бошим ҳўлу шалоббо.
Гоҳ чаманда гулга кўмилиб,
Бошлар эдим яна бир ғавғо.
Суяр эдим ҳар бир япроқни,
Ялпиз ҳиди этар эди маст.
Сезмасдим мен чангу тупроқни...
Катталарга қилардим ҳавас.
...Йиллар ўтди, хотира –тарих,
Ҳаёт ўтар, ортга қайтмайди.
Энди билдим, қалблар беғубор,
Болаликни дилим қўмсайди...
2006


* * *

Дард - кўнглим тарк этмас ҳазин тарона,
У менга тутқазди қоғозу қалам.
Дардсизлик бўлмаган менга ҳамхона,
Дардим кўплигидан чекмайман алам.

Алам - бедор тунлар битилган ашъор,
Алам - ишқ куйида чекилган азоб.
У - наво битмасдан синиб қолган тор,
У - маҳзун кунлардан аччиқ изтироб.

Изтироб - туйғулар нурсиз хонаси,
У сабаб яшаймиз, тирикдир шу жон.
У севгим биринчи очган шонаси,
Ҳам билак томирда уриб турган қон.

Муҳаббат - юракка яширинган сир,
Ҳаётга гинам у, кўкларга додим.
Муҳаббат - илинжим умрим бўйи бир,
Ҳам дардим, ҳам алам, ҳам изтиробим!
2006


CЕНСИЗЛИК

Сенсизликка, мана ўрганиб қолдим,
Ойнинг тили бўлса, айтади, сўра.
Қоғозу қаламдан аламим олдим,
Тушкунлик нафасин олишдан кўра.

Қадрдон кўчани ёлғиз кезаман,
Қара, ўзгармабди мағрур чинорлар.
Таниш шабаданинг сасин сезаман
Сен ҳақда сўрайди сўнгсиз саволлар…

Кунлар ўтиб кетди биринма- кетин,
Ҳар куннинг ташвиши яккама-дукка.
Энди висолингни ҳавас қилмайин,
Кўникиб ҳам қолдим эсламасликка.

Ҳафталар, ой, фасл, ўтсалар йиллар,
Битиб кетар экан ишқнинг яраси.
Енгиллик тортгандай бўлади диллар,
Вужудни забт этар ёшлик нафаси…

Умидларим тилаклардан зиёда,
Бу кун омад кулиб боқар йўлимдан.
Бахтлиман сен каби мен ҳам дунёда,
Сенсиз яшаш келар экан қўлимдан!
2006


БУ КУН КЎНГИЛ...

Бу кун кўнгил хижил, дардларим дунё,
Бошқа севмасликка қилгандайман аҳд.
Кунлар ҳам зулматга қул бўлган гўё –
Ўзгага ёр бўлиб, кутаяпсан бахт.

Ҳаққим йўқ бўлса-да тинч қўймайди рашк,
Дилимдан тилимга кўчади оҳим.
Етим бола мисол қолиб кетди ишқ,
Айт менга, не эди менинг гуноҳим.

Кечалар уйқусиз, кундузлар нурсиз,
Бир сўзсиз, изҳорсиз севганлигим рост.
Юрагимдан чуқур қолдириб бир из,
Фақат ёнгинамда бўлмайсан холос.

Ўйинг билан яшаб, кун кўраяпман:
Эрталаб ишга бор, кечқурун уйга.
Шу кўйи бегона бўлиб боряпман,
Муҳаббат аталган маҳзун туйғуга.

Ёлғиз одимлайман ҳаёт сўқмоғин.
Ўтгану кетганлар қарамайди бир.
Кетказа олмайди юракнинг доғин.
Шундай экан тақдир, шу экан тақдир.
2006


* * *

Ичаман, қуй майдан бўлайин сармаст,
Дардларим тарк этиб ором олайин.
Қалбимда қолмасин заррача араз,
Фақат ўзим билан ёлғиз қолайин.

Ичаман, вужудим ёнмоқда шу дам,
Ўртаниб, танамга сиғмайди руҳим.
Сезмайман ҳеч нарса; юмуқ кўзлар ҳам,
Унутдим ғуссаму, ғамим, андуҳим.

Ичаман тўйгунча, яшаб чарчадим,
Токи шароб сабаб бироз олай тин.
Ажралиб бутунлай барча-барчадан,
Майнинг ишқи билан охир ўлайин.

Ўлсам... безовта ҳам бўлмайман бошқа
Балки ҳеч ким келмас ҳолимни сўраб.
"Яшамаган", - деб ёз қабрим тошига,
Кузатгин “ишқ” деган кафанга ўраб!
2006


ОҚЛИК

Дунё юзин кўрсa чaқaлоқ,
Оқ йўргaккa уни ўрaймиз.
Қулоғигa чaқириб aзон,
Худойимдaн умр сўрaймиз.

Кўз олдидa ўсaди рaвон,
Онa сутин эмaди тўйиб.
Сут-лa ривож топaди иймон,
Ҳaқ мeҳр-лa боқaди суйиб.

Тeтaпоя қилaди aстa,
Тили чиқaр; сўзлaр поймa-пой.
Мaктaб ёшгa eтгaндa эсa,
Оқ кўйлaги бeрaркaн чирой.

Оқ истaклaр дилигa туйиб,
Дилдaн билим олaр ёш юрaк.
Кeлaжaккa қaдaмин қўйиб,
Ўсиб борaр қaлблaр жонсaрaк.

Етукликнинг ҳужжaтин олиб,
Дорилфунун чорлaгaн онлaр.
Сувдeк тиниқ ўйлaргa тўлиб,
Оқ йўл тилaр мeҳри жaҳонлaр.

Ҳaрир либос кийиб, қилиб ноз,
Куёв билaн кeлсa кeлинчaк.
Пойгa ёзиб оппоқ пояндоз,
Оқ фотиҳa ҳaмроз этилaжaк…

…Ҳaёт дaвом этaр. Ўтaр кун,
Оқ орзулaр поклик дунёдa.
Боқийликкa сaфaр этгaндa,
Оққa ўрaб кузaтaрлaркaн.
2006


* * *

Мени ёлғиз қўйманг азиз дўстларим
(қўшиқдан)

Сиқилиб, дардлардан бўлганда маҳзун,
Йўқолиб кетганда умид ҳисларим.
Бўлса тор йўлларим узундан-узун,
Мени ёлғиз қўйманг, азиз дўстларим.

Армонлар дилимни тирнаган онда,
Дунёлар эшитмас бўлса сўзларим.
Меҳрга ташна бу фоний жаҳонда,
Мени ёлғиз қўйманг, азиз дўстларим.

Ҳаётдан гўзаллик истайман холос,
Олтин тоғни ҳавас қилмас кўзларим.
Ҳар қачон, ҳар жойда Сиздан илтимос,
Мени ёлғиз қўйманг, азиз дўстларим.

Сиз сабаб ногаҳон омадим кулса,
Офтобдек чароғон этса юзларим.
Мўъжаз бу юрагим қувончга тўлса,
Мени ёлғиз қўйманг, азиз дўстларим.

Ҳаммамиз отлансак боқийлик томон,
Қалбларни безаса эзгулик иймон,
Жаннат гўзаллигин ҳис қилган замон,
Мени ёлғиз қўйманг, азиз дўстларим.
2006


ДУО ОЛ

Дўстлар мусибатда ёнингга келмас,
Ёринг азобларинг дилдан ҳис қилмас,
Олами боқийда ҳеч тенги бўлмас.
Дуо олганлардан дуо ол, болам.

Дунёнинг ташвиши адо бўлмайди,
Ҳеч кимса сен учун фидо бўлмайди,
Дуо олган шоҳ-ки гадо бўлмайди,
Дуо олганлардан дуо ол, болам.

Фано ҳаммамизга азалий қисмат,
Кимга мансаб керак, кимгадир ҳурмат,
Қонимиз жон эмас, жондир охират,
Дуо олганлардан дуо ол, болам.

Яқинлар омонат, ошно омонат,
Омонатга асло этма хиёнат.
Зиёни улашиб яшаш матонат,
Дуо олганлардан дуо ол, болам.

Яхшилик бошингда ярқираган тож,
Ёмондан сақлангин, ёмонликдан қоч,
Оллоҳдан эзгулик сўраб қўлни оч,
Дуо олганлардан дуо ол, болам!
2006


КЕЧИККАН СЕВГИ

Яшашга умидим бормоқда ошиб,
Туғёнлар қалбимдан чиқишар тошиб.
Кимга талпинади бу юрак шошиб?
Нима у? Наҳотки, кечиккан севги?

У ёқиб куйдирмас қалб ила жонни,
Бийрон ҳам қилмайди ожиз забонни.
Ларзага солмайди жумла жаҳонни,
Лек руҳим банд этди кечиккан севги.

У тотли қўшиқ ҳам ҳазин куй-наво
Гулдурос бўрон-у, ёқимли сабо.
Боғи Эрамданми келган бир садо?
Ҳаёт дарсига сал кечиккан севги.

У ҳоли оламнинг ғавғоларидан,
Сув ичар истиқбол дарёларидан.
Дилдаги умидлар рўёларидан
Яралган эканми кечиккан севги?

Йўқ, севги кечиккан эмас аслида,
Эртароқ дунёга келган мен ўзим...
2007


* * *

Сени эслайман-у, хўрсинаман жим,
Қалбимда куз фасли ҳукм суради.
Ҳаётдан зериккан ҳассос юрагим,
Билмайман қайдан куч олиб уради.

Умид юлдузларим милтирар элас,
Юзим-чи, хазон барг каби заъфарон.
Сен билган мен энди асло мен эмас,
Сен билган кошона кўнгил ҳам вайрон.

Ўзимни бахтиёр кўрсатиб, кулиб,
Тушкунлик ҳиссидан қочсам-да йироқ.
Дил аёзда қолган гул каби сўлиб,
Қиш томон тобора бўлар яқинроқ.

Кўнглим жуда совиб кетади баъзан,
Шунда мен аламим майдан оламан.
Гар шароб тугаса, билмайман ҳолим,
Менимча, совуқдан музлаб қоламан...

Кетаман мангуга... исинмоқ учун
2007


ЯНА ҚИШ...

Яна қиш…яна қор…яна изғирин,
Дарахтлар ўй сурган маъюс келинчак.
Қуёш ҳам эриниб сочади нурин,
Гўё ёруғликни қарз берган фалак.

…Ҳеч ким тушунмайди қалбим тилини,
Баъзида ўзим ҳам қоламан ҳайрон.
Қўлдамас белгилаш тақдир йўлини,
Бугун гуллаб турса, эртага вайрон.

Кўнглим бузилган уй, хароба мисол.
Ҳеч ким йўламайди; ҳувиллаб қолган.
Гоҳи ўз-ўзимга бераман савол:
“Нимадир ҳаётим бу кўйга солган?”

Билмам, нима истар бу мўъжаз юрак,
Кимга у сабрсиз талпинар тинмай.
Ёлғизлик ҳиссидан ёки бу дарак,
Унум йўқ кунимда, нима иш қилмай.

Балки “соғиниш”, деб аташар буни,
Ёр васли шу кеча хаёлим олди.
Соғиниб, энтикиб кунию туни,
Танам ҳам юракка айланиб қолди.
2007


* * *

Ишқ ҳидидан бўлиб девона,
Кўклам исин туйдим ўртаниб
Ва Оллоҳга айтдим шукрона,
Ватанимга келганда баҳор

Бойчечакни олиб мўйсафид,
Кўзга суриб олади мадор.
Гўзалликка бўласиз шоҳид.
Ватанимга келганда баҳор

Қизлар ясар сочпопук толдан,
Қушлар сайраб тоймайди ҳолдан,
Бўлинг энди фориғ хаёлдан,
Ватанимга келганда баҳор
2007


ЁЛҒИЗЛИК ФАЛСАФАСИ

Сенсиз ҳам баҳорни кутиб олдим шод,
Завқ берар ранго-ранг кўклам гуллари.
Маҳзун ишқ чечагин этмай қўйдим ёд,
Умр чаманзорин кезган кунларим.

Сенсиз туйғуларим ҳали ўлмади,
Ёки ўз жонимга қилмадим-ку қасд.
Сабр косаси ҳам ҳали тўлмади,
Ё ичиб бир он ҳам бўлмадим сармаст.

Сенсиз, ўйловдимки, яшашим мушкул,
Дегандим, қўлим ҳам бормайди ишга.
Ҳаёт мажбур қилиб қўяркан буткул,
Дардни дардсизликка алмаштиришга.

Сенсиз қадам босиш секин ўргандим,
Тетапоя қилган гўдак сингари.
Юрдим... йиқилдим, сўнг тик туриб қолдим.
Энди қалбим мағрур, қайғудан нари.

Сенсиз бахтлиликка бўлдим даъвогар,
Ёлвориб сўрмадим ортга қайтишни.
Чўлдек қақраб ётган қонсиз юракка,
Меҳрга йўғрилган бир сўз айтишни.

Ҳаёт тугамаган ғалат фалсафа,
Нолимам, экан, - деб – бевафо дунё.
Ишқсиз кун кечириш мушкул-ку, лекин
Ёлғиз яшашда ҳам бор экан маъно!
2007


СИР

Мен Сизга изҳорим этмайман ошкор,
Юрак-юрагимдан кулмайман ортиқ.
Дунё юзин кўрмас беҳисоб ашъор.
Қучоқ гуллар бошқа қилмайман тортиқ.

Тушларим бугундан сизники эмас,
Тўлин ой кечалар келтирмас илҳом.
Кўзингиз сеҳрига қилмайман ҳавас,
Самимий сўзингиз этолмайди ром.

Маҳлиё бўлмайман ҳуснингизга ҳам,
Майли Сиз дунёда якка-ягона.
Дардингизга ҳатто қўймайман малҳам
Шу кундан бизлармиз буткул бегона.

Сабабин айтмайман, сўраманг асло,
Ҳиссиз кўнглингизни қийнаб нетаман?
Оллоҳим билгувчи бу сирни танҳо,
Ўзим-ла қабрга олиб кетаман...
2007


* * *

Қизга фарқи йўқдек кетяпти кулиб,
Йигит ваъда берди унутишликка.
Ўртада муҳаббат қадди букилиб,
Тақдирнинг кўзига боқмоқда тикка.

Чой тўкилган қоғоз каби заъфарон,
Юзлари бир кунда тўлди ҳасратга.
Қай тараф кетишни билолмай ҳайрон,
Висолни кузатмоқ бўлди риҳлатга.
Энди фақат ундан қилишар гина,
Энг катта гуноҳкор бўлиб қолди-ку?
Оҳ, бечора севги, бечорагина,
Аросатда қолиб, сўлиб қолди-ку?
Сўлма, парваришлай, сен айбдормас,
Кўрасан, барчаси тушади изга.
Фақат раҳмим келар сени тушунмай
Яшаган йигитга, бевафо қизга…
2007


* * *

Ошиқлик кўнгилда, зоҳирда тилсим -
Қандайин сирларга қалбинг ўралган?
Ғунча лаб сўз жуфтлаб очилади ним,
Менимча, дилинг ҳам гулдан яралган...

Шабнам томчисига интиқиб саҳар,
Кутмоқлик ишқида яшайди ғунча.
Умид-чи гулзорда тинмайин кезар,
Бахти топилгунча - гул очилгунча.

Ҳар битта гул барги - орзунгми сенинг?
Ҳар битта тиконинг - ишванг, нозингми?
Муаттар исларинг пиёласиз май -
Ё боғда таратган шўх овозингми?

Бунча чиройлисан – нафис капалак,
Бир зумда инсоннинг ақлин оласан.
Фақат битта тилак - фақат бир истак:
Музга талпинмагин - музлаб қоласан!
2007


* * *

Тун...
бунда рутубат...
Атроф зим-зиё,
Кўкда булут тўсган ой-юлдуз йироқ.
Бир кичик умидни этади рўё
Узоқдан милтираб бир ажиб чироқ.

У – дилим севинчи, меҳр қуёши,
Кўнглим ҳам у сабаб топади тиним.
У дардли оламнинг мунгли кўз ёши,
Ва сирли оламим: сиртим, ботиним.

Ҳаётим чиқмоқда зулматни енгиб,
Ғалати ҳислардан порлайди кўзим.
Мангу осмонларни нурафшон этиб,
Бўл менинг порлаган ёрқин юлдузим.
2007


* * *

У қизда юрак ҳам асли бўлмаган,
Йигит эса билмас ишқнинг отини.
Гўзалликни шам деб кўрган парвона,
Қайдан ҳам биларди гулнинг тотини?

Уларга муҳаббат керакмас асли,
Бир-биров устидан турар кулишиб.
Нургамас, оловга талпиниб охир,
Ҳудди парвонадек қолар куйишиб.
2007


ИЛК МУҲАББАТИМ...

Бугун Сени кўрдим баногоҳ,
Шул он юрак тўхтади зумга.
Мунгга тўла эканми нигоҳ?
Ўтиб кетдинг боқмай кўзимга.

Ўн йил ортга қайтгандай ҳаёт.
Қийнар қалбни эски дардларим.
Айт-чи ростин, этмайсанми ёд,
Йўқотганинг ёшлик дафтарим?

Қайда қолди шод, ҳазилкаш қиз?
Қани ўша шўхчан табассум?
Қаён учди порлаган юлдуз?
Қани ўша қарашлар-маъсум?

Жиз этди-ю, ичимдан бир тор,
Ҳушим йиғмасимдан узилди
Онда этиб дилимни абгор,
Кўнгилгинам ёмон бузилди.

Бугун Сени кўрдим баногоҳ,
Тўхтатгани топмам тоқатим.
Бошқа сафар учрармисан ё
Кўришмасмиз, илк муҳаббатим?
2007


* * *

Бошни чулғаб олар хаёллар,
Ўйлашимга бермайин имкон.
Чалкаш шохлар каби саволлар
Сочларимни этибди макон.

Қайга кетдинг? Нима қиляпсан?
Қай аҳволда экансан ҳозир?
Қайси боғда хандон куляпсан?
Ёки кимга айтаяпсан сир?

Қачон қуёш бўлиб улгурдинг?
Қандай чиқдинг қалбим тўрига?
Сен қандайин сўқмоқда юрдинг?
Зор этдинг-ку шамсинг нурига.

Кимларгадир тикилиб зимдан,
Қаерлардан излайсан паноҳ?
Ё тўйдингми тергашларимдан?
Қидиришим санама гуноҳ.

Баъзан шундай қилиқларим бор,
Ранжимагин сўроқ-сўзимдан.
Чунки севгум жонимдан бисёр,
Рашк қиламан ҳатто ўзимдан!
2007


ҲАДЯ

Минг турли хаёлга бормангиз, эркам,
Мен Сизни жудаям яхши кўраман.
Ҳадя дастрўмол-чи, жудаям кўркам,
Доимо кўксимда олиб юраман.

Шу кичик совғага бори меҳрингиз,
Бағишлаб, сўнг кейин тикканмидингиз?
Четига сув мисол жило берибсиз,
Ё ипга кўз ёши тўкканмидингиз?

Ёки араз қилиб, менга айтмай сўз,
Бу ажиб матога ёрдингиз кўнгил?
Ёки қувончданми намланиб жуфт кўз,
Рўмолча баҳона ором олди дил ?

Унга тўлдирибсиз юрак тасвирин,
Қалбингиз ташнами меҳрга шунча?
Айтингиз яширин ишқингиз сирин,
Гулзорда очилмай сўлмасин ғунча.

Шубҳалар ўринсиз, тергашлар бекор,
Кез келди изҳорим айтайин юзга.
Сўнг қўшиб мана шу дастрўмол турган
Чап кўксим бутунлай берайин Сизга!
2007


* * *

Қалбим вужудимга тутмайди қулоқ,
Вужуд эса кузнинг мудроқ парчаси.
Совуқ тун ёлғизлик ҳиссидан сабоқ,
Елвизак хаёллар чиқиш дарчаси.

Ўйларим юлдузлар қўйнида хорғин,
Зулмат дарпардаси тўсган кўзимни.
Ёруғлик, қанисан, мен билан юргин.
Келмасанг, унутгум буткул ўзимни.

Ярқ этган нур - йўлим ёрутгувчи шам,
Рутубат зулмидан хаста юрагим.
Муҳаббатга ташна киприкларда нам,
Гўёки ҳеч кимга йўқдир керагим.

Васлингни кутгандим асрлар, йиллар,
Азобу қийноқлар одатий ишим.
Чидаму бардошдан супурги қўллар,
Сенинг нафасингдан иборат ҳушим.

Қоронғулик ичра машъала бўлиб,
Ўтли нигоҳларинг минг кўйга солди.
Ва кейин танам ҳам нурларга тўлиб,
Умрим ҳам қуёшга айланиб қолди
2007


КУЗ

Куз...
Қалбда қандайдир жимлик ўй сурар,
Мудраб қолгандайин ҳаёт севгиси.
Деразам ортидан уйимга қарар
Кўчада баргларнинг хазонрезгиси.
Қуёш узоқлашиб борар заминдан,
Учиб кетаётган қушлар сингари.
Кундуз қисқа бўлиб боради тундан,
Дарахт либос ташлар кун ўтган сари.
Сойлар шарқирамай оқмоқдадирлар,
Тоғлар хоҳламайин кутади қорни.
Сариқликни кийган кўҳна адирлар
Лолани соғиниб қўмсар баҳорни.
Тонг билан туш вақтни ажратиш қийин.
Хаёлим мисоли тўзғир ер-осмон.
Шамол олиб келган ғуборни кейин
Ёмғир ювиб кетар аллақай томон...
Лекин кетармикин бу билан ғашлик?
Кўнгил маҳзунликка бўлганми сургун?
Ахир ғаниматдир бебаҳо ёшлик,
Кетдик, қалб, истиқбол тарафга юргин!

Атрофни эгаллаб олгани етмай,
Дилга ҳам ҳазинлик келтирмоқда куз.
2007


* * *

Сўнган оловларни ёқмоқ ишқида,
Юрагим чақмоқтош каби ишқалаб,
Кимсасиз оролнинг баланд кўшкида,
Келмас ёр васлини кутиб ўтдим мен.

Хазонрезги куздек паришон ҳаёл,
Атрофда минг одам; қарайман бефарқ,
Барчага табассум қилсам-да xиёл,
Дардларим ичимга ютиб ўтдим мен.

Тонг саҳар қўл очиб, минг қилиб дуо,
Ўзимни унутиб, йиғлаб, хўрсиниб,
Кўзимда бор меҳрим дилдан этиб жо,
Қалбимни қўлимда тутиб ўтдим мен.

Танамда қолмади заррача мадор,
Силлам ҳам қуриган,
Умид бор фақат,
Имоним ўзимда тутиб барқарор,
Бошқасин арзонга сотиб ўтдим мен
2007


ЎЗБЕК ҚИЗЛАРИ

Рўмолни бозорда сотмай қўйишди,
Излайман совғага зарур кезлари.
Ё балки нархими шунчалик ошди?
Нега тақмай қўйди ўзбек қизлари?

Катталар ҳурматин айтмайин, майли,
Ерга қарашни ҳам билмас кўзлари
Сақичин эринмай чайнайди кулиб,
Қаёққа кетяпти ўзбек қизлари?

Қаерда юрмасин хаёлда сериал,
“Упа-элик, кийим....”- шулдир сўзлари.
Билимга, зиёга ҳаттогина сал,
Қизиқмай қўйишди ўзбек қизлари.

Терс жавоб қайтарар, нени сўрсангиз,
Уятдан қизармас гулгун юзлари.
Тарбия сўзидан йўқ бирон бир из
Шаддодроқ чиқдими ўзбек қизлари?

Саҳарлар қўймайди ўсма қошига,
Ҳовлидан келмайди райҳон ислари.
Каломи мос эмас асло ёшига,
Мозийни эсламас ўзбек қизлари...

Балки танқидларим ранжитди бироз,
Ҳурмат этгум, албат, қалбнинг ҳисларин.
Гапларим барисин этманг эътироз,
Чини ҳам бор жиндек, ўзбек қизлари.

Йўқ, аввали, Оллоҳ инсофни берсин,
Кўзимга суртаман босган изларин,
Ҳаё, ибо, иффат, одоб дунёсин
Қайтадан забт этса ўзбек қизлари.

...Рўмолни баҳона қилдим, аслида,
Аччиқроқ туюлар дўстнинг сўзлари.
Миллатнинг шаънини тутмоқ васлида
Уни қалбга ўранг, ўзбек қизлари!
2007


МАЪЮС ТЕРМУЛАМАН...

Маъюс термуламан; кузак шамоллар
Хазонрезги баргни айлар чирпирак.
Чалкашиб кетади орзу-хаёллар,
Ва бирдан йиғлашни бошлайди фалак.

Олислаб боради қушлар жаранги,
Қалбимдек хирадир осмоннинг ранги,
Умримнинг бошланди яна бир тонги,
Субҳидам нафасин туймайди юрак.

Қайдадир чалинар “Чўли Ироқ” куйи,
Теграмда чарх урар келажак ўйи,
Барглар тўкилмоқда сарғайган кўйи,
Дардини айтолмай жони минг ҳалак.

Шудрингдан намланар томларнинг ости,
Яшилни сариқлик уммони босди,
Сиқилиб кетибсан, сўйлагин ростин,
Қайларда бўзладинг, малласоч малак?

Ҳисларим хазон-ла уйғун: бемажол,
Само қовоқ уяр, қуёш ҳам беҳол.
Йўқолиб бормоқда кўкдаги ҳилол,
Меҳрга ташнадир у ҳам мен каби.

Маъюс термуламан кузак шамолга...
2007


* * *

Куз нафаси хаёл айлар паришон,
Бошимни чулғайди турфа сўроқлар.
Соғиниш ҳиссидан беради нишон,
Эриниб узилган хазон япроқлар.

Кўриниш бермайди, қийнайди дилим,
Парда ортидаги соғинч шарпаси.
Балки шу дақиқа топарман йўлим,
Балки ҳозир тўхтар юрак зарбаси.

Дарахтлар мен каби титрар нажотсиз,
Ва қуёш нуридан топишар илинж.
Мен-чи, умидсизман, кўнглим саботсиз,
Ёт бўлган туйғулар: қувонч ва севинч.

Тушунмам ўзимга; ўздамас ҳушим,
Тушимда ўнгимдек бўлиб қоламан.
Ва кейин қийналиб, тўлғаниб тунда,
Тушимда тўсатдан ўлиб қоламан.

Билмам, сабаб кузми ёки...ишқсизлик.
Дардимга бўлмайди ҳеч нарса малҳам.
Ўтиб ҳам бормоқда беқарор ёшлик,
Ҳамонки бахт учун ёқмадим бир шам.

...Эҳ, бу хаёл қурсин, нималар дедим?
Бунча тушкунликка солибман ўзим?
Балки қаердадир ўйланганча жим,
Кимдир қалб изҳорин пичирлар менга.

Хаёлим паришон кузнинг дастидан...
2007


ЎЗГА ДУНЁ ҚИДИРИБ...
 
Ўзимнинг оламим бир четда қолиб
Ўзга дунёларда яшамоқдаман.
Гоҳ узоқ қоламан ўйларга толиб,
Нимага қайтмайман ўзимга ҳамон?
 
Турли сарҳадлардан турфа дунёлар,
Янада сирлироқ кўринар қалбга.
(Бир юлдуз чақнаса бири йўқолар)
Кўнгил хоҳишини буюрманг айбга.

Аждодлар юртига кетаман гоҳи,
Бир миллат ҳақида ичдан куяман.
Букун ёшларининг нима гуноҳи,
Барини бир зумда дилдан туяман.

Улар чун Навоий бегона бир зот,
Ҳайёмдан рубоий ўқишмас тунлар.
Фузулий ғазалин этишмайди ёд,
Машрабни осгандан сўрашмас хунлар.

Чўлпон, Қодирийдан топишмайди ранг,
Муқимий Фурқатни эслашмайди бир.
Китоб қўлга олмас, минг сўкиб, терганг,
Барига айбдор “бечора тақдир”.

Келажак авлодлар олами томон,
Кейин хорғин тарзда юраман хафа.
Менга дуч келади сўнгсиз оломон,
Четроққа чиқаман айни шу даъфа.

У асло халқ эмас – бир гуруҳ, бир тўп,
Қайга етакласа, кетар мақсадсиз.
Уларга боқаман сиқилиб, ёниб,
Қўрқаман, қолмаса саводсиз, хатсиз.

Ҳақиқат изласам айбдорман бугун,
Маломат тошлари келар номимга.
Шундан ўзим маъюс, кўзларим ғамгин,
Шундан қайтолмайман ўз дунёимга...
2007


СЕНИ СЕВМАГАНЛАР СЕНИКИ ЭМАС!

Неча замон кўрдинг,
неча хон кўрдинг,
Қанча инсонларга бердинг бошпана.
Ўзинг ҳоким юртда, ўзгадан сўрдинг
Қандай бўлишингни; секин, иймана.
Қанча заққум ютдинг,
индамай, чидаб,
Пайконлар танангни тилиб ташлади.
Соқов бўлдинг атай,
кар бўлдинг; ажаб,
Икки дарёнг кўзинг зўрға ёшлади.
...Бугунчи, турибсан,
яна хомушсан,
Яна дардинг айтмай, ичга ютасан.
Гўё қанотлари кесилган қушсан,
Эртани умидлар билан кутасан.

Ёшларинг зиёдан кетишди йироқ,
Имон зардафтари эмас қўлланма.
Қарони тап тортмай дейишади оқ,
Олдига қўймаган аниқ йўлланма.
Қалбида учқун йўқ,
буруқсар тутун,
Ватан туйғусидан йўқдир нишона
Афсус этмасмикин, ўшалар бир кун,
Деворга тақ тегиб кетса пешона.

Ватангадоликдан асрасин Худо,
Сенсиз қуёш ҳатто дилга татимас,
Севувчи авлодлар айлар жон фидо,
Сени севмаганлар сеники эмас!
 2008


КЕТЯПМАН

Кетяпман келажак остонасига,
Қўлда дард туфайли сарғайган дафтар.
Кетяпман тақдирим кошонасига,
Яшаган кунимдан бўлиб минг мусдар.

Кетяпман…
Ортимга қарагим келмас,
Йўлимда ғам-ташвиш – сочилган тикон.
Ҳаёт тўсиқлари асло кор қилмас,
Изимдан изтироб йиғлаяпти қон.

Кетяпман узоққа, бироқ ёнимдан
Оққан сув қадрини билмасдан, забун.
Исмим ҳам чиққандек бўлар ёдимдан,
Эсимга солади илоҳий бир ун.

Кетяпман баҳорни ташлаб фироққа,
Ва сенга айтмасдан бирор оғиз сўз.
Кетяпман бу ердан жуда йироққа,
Шерикка олмасдан бирота ҳам дўст.

Кетяпман, сўргани умр – бу нима?
Сочимга оқ нега оралар бевақт?
Билгани ёлғоннинг уйин ким қурган,
Не учун мухтасар келар экан бахт?

Кетяпман,
кўзларим очиқ бўлса-да,
Кўрмасдан ёнимдан ўтган одамни.
Қолдириб ортимдан бир мисра шеъру,
Ёлғонга кўмилган нурсиз оламни.
2008


* * *

Тинчлик истамайди жонсарак қалбим,
Мудом эмас танда бир хил ҳарорат.
Хаёл тиним билмас, туролмайди жим,
Юрак ҳам тополмас тўзим-ҳаловат.

Кечиккан ёшликнинг дардини туйиб,
Мўжаз дунёимни безайди хазон.
Ҳаёт шаробидан ичолмай тўйиб,
Тарқатдим ё сотдим сувдан-да арзон.

Лабларда табассум, ўзгалар хурсанд,
Бахтини топишган аллақачонлар.
Уларнинг юзида қувончни кўрсам,
Баҳрим очилади, яйрайди жонлар.

Биридан олганман завқланиш ҳиссин,
Яна бошқасидан жиндеккина ғам.
Кимдир тақдим этган ҳурлик нафасин,
Шундан, мана, тирик вужудим, танам.

Тақдирим жуда ҳам моҳир тикувчи,
Ундаги Одамлар барча-барчаси.
Бир бутун матони ташкил этувчи
Сермазмун умримнинг битта парчаси.
2008


* * *

Узоқ бир нуқтага термулганча жим
Мўйсафид ногаҳон кўзларин ёшлар.
“Замон ўзгардими, одамлар, балким…
Не учун бебошроқ ҳозирги ёшлар?

Билмайди, оддий бир “салом” сўзини,
Қўллари кўксининг висолига зор.
Уялиш тарк этган чақноқ кўзини,
Маънисиз сериаллар айлаяпти хор.

Китоб дунёсидан йироқдир улар,
Навоийдан битта сатр билмайди.
Қизиқиб асарлар ўқишмас тунлар,
Насиҳатга асло қулоқ илмайди.

Вақт бекор ўтгандан ачинмайди ҳеч,
Аниқ мақсадидан йўқдир нишона.
Тушунар эканми бўлганини кеч,
Деворга урилган чоғда пешона?

Узоқ бир нуқтага термулганча жим,
Мўйсафид кўзлари тўлади ёшга,
Чин дилдан истайди, имконин топиб,
Айлашни насиҳат ҳар битта ёшга:

“Ёшсан,
Қувватинг бор,
Шижоат бисёр,
Билим ол!
Илм ўрган!
Оллоҳни тани!
Қалбингни пок айла, бўлмасин ғубор,
Эгам ҳам, ҳақ йўлда қўллар бандани.

Жигарим!
Авлодим!
Эртам, индиним!
Имонни бут айла,
Эътиқодни дўст!
Миллатнинг шаънини бошингга қўйиб,
Шу Юртга муносиб фарзанд бўлиб ўс!”

Мўйсафид узоққа термулар, бесас…
2008


* * *

Заҳар оқар томирим узра,
Нафасимни сиқади ҳаво.
Руҳим, билмам, қайларда кезар,
Ўз дардига тополмай даво.

Ўз ўзимни қўйдим унутиб,
Нафсу, бойлик билан йўқолдим.
Бу дунёнинг қўлидан тутиб,
Гуноҳларга ўралиб қолдим.
2008


* * *

Сен кимсан?
 Ҳеч ҳисоб бердингми ўзинг
Ҳаққа – Яратганга ё виждонингга?
Ё соқов бўлишга қилдингми қарор?
Оламнинг ғамлари тегди жонингга?!

Сен кимсан?
Туну кун тиним билмасдан,
Ишлайсан ўқийсан одамийликка.
Баъзида илож йўқ кўзни юммасдан,
Баъзан ҳақиқатга боқасан тикка.

Сен кимсан?
Тарихинг йиғлайди ортдан.
Чанг босган китоблар айланди гунгга.
"Зиё" каломи ҳам рангин йўқотган,
Оналар алласи айланди мунгга.

Сен кимсан?
Аёлни чиқариб бозор,
Орни ҳам бир йўла туҳфа этдингми?
Ёки даюсларга эгилиб ҳазор,
Номус дунёсидан чиқиб кетдингми?

Сен кимсан?
Тарбия аталмиш қонун,
Қўлланма бўлмайди ўғил қизингга.
Шунчалар маккорми наҳотки, шайтон?
Ҳатто тик қарайди фарзанд кўзингга.

Сен кимсан?
Қўлингда қуръонинг борми?
Қалбингда бахт нури - имонинг борми?
Сени қийнамасми миллат тақдири?
Айт!
Жавоб бер саволга!
Забонинг борми?

Сен кимсан?
 Ўзингга бердингми ҳисоб?
2008


* * *

Қалбим куз рангидек сарғайиб кетган,
Ичимда юришар ғамлар ғимирлаб
Умидлар куртак ҳам ёзмайин битган,
Уйқумдан уйғотар хаёл шивирлаб.
Мунгли нолалардан юмилар кўзим.
Умр дарахтимдан узилар япроқ,
Ва кейин тушунмай ўзимни-ўзим,
Ҳаёт дафтаримга қўяман сўроқ.
Кўнгил ўртанмоқда, юрак ёнмоқда,
Оташи куйдирар бутун вужудим.
Не ажаб яшашдан танам тонмоқда,
Кичрайиб бормоқда умр ҳудудим.
Ҳаво етишмайин қолганда бирдан,
Нафасим сиқади, қийналар жоним.
Чап кўксим сусайиб боргани сайин,
Томирда эриниб айланар қоним.
Тонг яқин,
Уфққа тикиламан жим.
Дардимни ичимга ютмоқдадирмен,
Охирги илинжим, охир илинжим -
Баҳорни интиқиб кутмоқдадирмен.
2008


* * *

Ҳар бошда чарх урар турфа муаммо,
Ҳар кўнгил хоҳишда ўзгача маъно.
Билмадим, кимлардир ёқтирар, аммо,
Мен бозорни жуда ёмон кўраман.

Билмайман, ким дўсту, ким эрур душман,
Бировга ўлжаман, кимга улушман,
Бозордан йироқда ҳур, эркин қушман,
Мен бозорни жуда ёмон кўраман.

Ким айтар, "шу экан замона зайли",
Кас нокас бўлди-ку, замон туфайли,
"Отанг, онанг бозор," десинлар, майли,
Мен бозорни жуда ёмон кўраман.

Ажаб, бешигини шайтон аллалар,
Тутуруқсиз гаплар-у, ёлғон яллалар,
Залолатни кўпроқ ўйлар каллалар,
Мен бозорни жуда ёмон кўраман.

Кўзга тик қарашиб, алдайди сизни,
Сўкишлар, қарғашлар ол этар юзни,
Хуллас, инсоният унутар ўзни,
Мен бозорни жуда ёмон кўраман.

Ҳалол луқма нима, билмас кўпчилик,
Харомни номлашар - бу “тирикчилик”
Раҳмонмас, шайтонни айлашар шерик,
Мен бозорни жуда ёмон кўраман.

Шарм йўқ, ҳаё йўқ пулнинг дастидан,
Оқибат бир чақа емиш қасдидан,
Ёлғон онт ичишар чақа устидан,
Мен бозорни жуда ёмон кўраман.

“То рози” ҳукмидан кўнгиллар нари,
Кўз ўйнар тарози тоши сингари,
Алдашга интилар ҳам ёш, ҳам қари,
Мен бозорни жуда ёмон кўраман.

Разолат ҳукм этган маконлар кўпдир,
Бири бошқасидан ўтадир, хўпдир,
Бунда-чи, барчаси, барчаси тўпдир,
Мен бозорни жуда ёмон кўраман.

Гарчи қорани-да, кўрсатади оқ,
Пок қалбдан қанчалар бўлса ҳам йироқ
Таажжуб, дунё унга интилар, бироқ
Мен бозорни жуда ёмон кўраман.

Ҳаммамиз ҳар куни шошилиб борган,
Лойини жаҳолат ҳокидан қорган,
Аёлу-эркакни бузиб юборган,
Бозорни жудаям ёмон кўраман.

Жудаям, жудаям ёмон кўраман!
2008


ОНАЖОН

Ёлғиз тунларимда ухламай чиқсам,
Тонгда қуёш кутиб босса ҳаяжон.
Меҳримни кўз ёшдан битталаб йиқсам,
Юборгим келади Сизга, онажон!

Дилимда гапларим тўпланиб қолган,
Ҳеч кимга айтмаган сирларим бисёр.
Ҳаттоки юрагим уришдан толган,
У Сизга талпинар, мушфиқ онажон.

Бошимга кечалар ёстиқар ботса,
Ишонган дўстларим сотсалар мени.
Саратонда ёшим киприкда қотса,
Дардлашгим келади Сиз-ла , онажон.

Дунё ташвишидан тўлди бардошим,
Қўл силтаб барига, кетайми, дейман.
Тиззангизга қўйиб сўнг дардли бошим,
Ухлагим келади, мунис, онажон

Меҳрибон табассум кўзим ўнгида,
Ухласам қулоқда аллаларингиз.
Ҳар қачон дуоим бош-у сўнгида,
Албатта, Сиз борсиз, азиз онажон.

Қалбингиз мисоли бир оҳанрабо,
Ўзингиз кўкдаги порлаган қуёш.
Овозингиз майин, саҳарги сабо,
Жудаям соғиндим, Сизни онажон.
2008


ИҚРОР

Мени “бевафо”, деб
Айблама, гулим,
“Меҳрингиз қаттиқ”,-деб
Солма юзимга.
Тошга қиёслама тирик вужудим,
Тўр солма ҳар куни босган изимга.

Ширин ўйларингни қилма дастурхон,
Бу калом туюлар мисоли заққум.
Кўзларингга қараб эзилади жон,
Сен-ла қололмайман,
Йўқ бунга ҳаққим!

Виждоним йўл қўймас, қалбим қийналар.
Дардим қанчалигин билмайсан, гулим.
Пичоқсиз сўйилар, тиғсиз тирналар,
Ипсиз осилади нотавон дилим.

Бўлди.
Кетаяпман.
Умидингни уз!
Бир нарса тўсиқдир пок ниятингга:
Кўксимда илк севгим яшайди ҳануз,
Мен лойиқ эмасман муҳаббатингга.
2008


СЕНИ СОҒИНДИМ

Баҳор гулларидек тўкилиб кетдим,
Қуёш нурларидан қовжирар танам,
Оёқ ости бўлдим, жизғанак бўлдим,
Лек қалбда битта ҳис, кўзда эса нам...
Сени соғиндим.

Ҳар кеча ҳижроннинг янги бир йили,
Охири йўқдайин тотли азобим.
Қийналиблар кетдим,
Бу умр йўли - шундаймикин-а,
Айтгин, офтобим?
Сени соғиндим.

Хаёлим юради тунда тентираб,
Туби йўқ кўчанинг чиқар бошига.
Бақириб, чақириб, сизлаб, сенсираб,
Пойингни қидирар, излар, ошиқар... Сенга.

Неча ойдан бери дардли изтироб,
дастидан бир зумга қалбим тинчимас
Атрофда одамлар –
ҳаммаси сароб.
Қара, уларнимас, бошқаларнимас -
Сени соғиндим.

Чидайман... умидим висол лаҳзаси,
Юрагим осмоннинг энидан ҳам кенг,
Балки шудир асли ишқнинг лаҳжаси
Ажаб, ғалати...
Сен мени эмас,
мен -
Сени соғиндим.
Жуда соғиндим...
2008


* * *

Гоҳи ўйлаб, чарчаб кетаман,
Хотиралар билмас охирин.
Не ажабки, дилдан кутганда
Қалбим менга ёрмайди сирин.

Ўйларимдан толган юрагим,
Ҳеч нарсадан топмайди тўзим.
Имкон бўлса, сен ҳақингдаги
Хаёлимни ўчирар эдим.
2008


СИЗНИ БИЛИШ МЕНГА....

Сизни билиш менга кутилмаган бахт,
Сиз билан учрашиш - буюк тасодиф.
Шу кундан қалбимда қилиб қўйдим аҳд,
Ўшал тасодифни кутавераман.

Майли, фаслларга боқмайман асло,
Йилларни қадамлаб ўтавераман.
Бир мақсад доимо дилимга ошно:
Қанча керак бўлса, кутавераман.

Кўз тикиб, интиқиб, йўлингиз пойлаб,
Дардларимни ичга ютавераман.
Ҳар бир учрашувни ҳафталаб, ойлаб,
Орзиқиб, энтикиб, кутавераман.

Ҳижрон азоблари қийнайди дилни,
Соғинч уммонига ботавераман.
Мен учун яралган беғубор гулни,
Бир умр кутаман, кутавераман.

Мингта бўлмайди-ку тасодиф, жоним,
Сиз ҳам ягонасиз, мен ҳам биттаман.
Ҳаётим мазмуни, жумла-жаҳоним,
Исмингиз тилимда тутавераман,
Ёниб, васлингизни кутавераман.
2008


КУТЯПМАН

Кутяпман,
Фақатки, вақт кутмас экан,
Йиллар армонимга қўшади армон.
Ҳаёт маҳзунлигин олмаса-да тан,
Кўникиб бормоқда бу ҳисларга жон.

Кутяпман кимнидир, интиққанча, жим,
Узоққа термулиб, тун ўтар бедор.
Ҳеч ким тушунмаган дилдаги дардим,
Айтолмай юрагим йиғлаяпти зор.

Кутяпман, шу хаёл ҳеч этмайди тарк,
Эрталаб ишга бор, кечқурун уйга.
Умрим ҳам куздаги мисли хазон барг,
Ўрганиб бормоқда тушкун туйғуга.

Кутяпман,
Кутганман, кутаман яна,
Кўникиб ҳам қолдим кун ўтган сайин.
Соғиниб, энтикиб, қалбим ўртана
Шу зайл дунёдан ўтмоғим тайин.
2008


МАЙЛИ, КУЛАВЕРИНГ...

Майли, кулаверинг туйғуларимдан,
Мажнунга чиқаринг номим майлига.
Мен эса ҳеч кимга билдирмай зимдан,
Бош эгиб яшайман қалбим амрига.

Олган нафасимда шукрона айтиб,
Шу оппоқ кун учун ёд этиб Ҳақни.
Ҳар тонг умид ила қайта ва қайта,
Янгидан очаман оппоқ варақни.

Тирикман, илинж-ла яшайвераман,
Баҳор гулларига бўлиб маҳлиё.
Кўрасиз, бу ҳислар гуллайди чаман,
Туйғулар жўш урар мисоли дарё.

Яратган берган нур – йўлимда маёқ,
Бахш этган ғайрати – ёрқин машъалам.
Кўнглимда имоним тутиб ки байроқ,
Бир зумга бўлса-да тортмайман алам

(Яна ҳайрон бўлманг, бошқалар шеърим
Ғалати чиқди, - деб хандон кулсалар.
Тўғри-да, ишқ нима, қаёқдан билсин,
Завқнинг нималигин билмас кимсалар.)

Афсус надоматдан йўқ энди зарра,
Изтироб, ғамларни кўмдим тупроққа.
Дарду азобимнинг устидан чизиб,
Қолган ҳаётимни кўчирдим оққа.

Энди ишонч билан, нафосат билан,
Дилимда қуёшдек ҳарорат билан,
Юракда эҳтирос, тароват билан,
Олдинга қадамим ташлайвераман,
Мен барибир шодон яшайвераман.

Майли кулаверинг...
2008


СИЗНИ ЖУДА КЎРГИМ КЕЛАДИ....

Ҳар тонг қуёш уфқдан чиқиб,
Нур улашса олам кулади.
Термуламан унга интиқиб -
Сизни жуда кўргим келади.
Соғинаман, хўрсиниб бесас,
Чарх уради бошда минг савол.
Гоҳ чақириб тушда уйғонсам,
Илинжимни учирар шамол.
Уйқу келмас саҳаргача то,
Хонам зулмат, чироқ ёқмайман.
Асаблар ҳам бўлгандир адо.
Энди бир зум мижжа қоқмайман.
Пешонамни қўлимга тираб,
Тунда узоқ ўтираман жим.
Қайлардадир унсиз тентираб
Талпинади Сизга юрагим.
Майли менга битта сўз айтманг,
Имо қилманг ҳатто кўз билан.
Ҳеч бўлмаса бегоналардек,
Дийдорлашгим келар Сиз билан.
2008


* * *

Тунги сукунатдан толиққан хаёл,
Мудраган юракдан сўрайди тўзим.
Қалб-чи ёлғизликдан топиб минг завол,
Тақдир кўзларига термулмоқда жим.

Нечун қисматимда бунча имтиҳон?
Не сабаб тўсиқдан иборат умрим?
Қайда ибтидо-ю, қайда интиҳо?
Қай вақт сабр косаси бўлар экан лим?

Қачон бошқалардек одам бўламан,
Кимгадир керакли айларми ҳаёт?
Ёки шу дард билан энди ўламан,
Ғамларим чақирар эканми мамот.

Тунги рутубатдан сиқилиб кетиб,
Кейин қўлин силтаб бари-барига,
Бемажол танамни ғафлатга отиб
Руҳим сингиб кетди зулмат қаърига.
2009


ФАРИШТАМ

Сени ўйлаяпман,
Сенда ҳам йўқ тинч,
Билинар билинмас,
кўзларингда нам.
Сен ҳақда ўйларим
ягона илинж,
Қанот етмай,
ерда қолган фариштам.

Узоқ-узоқларга
термулиб, хаёл
Минг турли кўчага
бошлаб кетади.
Ўзингга тинмайин
берасан савол,
Юрагинг ақлингдан
Жавоб кутади.

Сўнгсиз сўроқлардан
чарчаган қалбинг,
Ярамас ҳижронни
тинмайин қарғар.
Соғинч-чи, озгина
юпанч бўлай деб,
Эгасин қидириб
кезар дарбадар.

Мениям соғинчим
дайдиб, интизор
Сенинг овозингни
излаб юрибди.
Сен унда, мен бунда,
Бир-бировга зор,
(Ким ҳам бу савдони
ўйлаб кўрибди?).

Қўй, ундай қийнама
ўзингни ўзинг,
Эркингни берма ҳеч
 қайғу изнига.
(Қизариб кетибди
жуфт мунгли кўзинг)
Бариси таваккал
Аллоҳ измига.

Сен борсан,
Жудаям бахтлиман бугун,
Дардинг қўй чеккага,
Кўтар бошингни.
Асраб қўй, азизам,
Иккимиз учун,
Яхши кунга атаб,
қувонч ёшингни.

Бахтимиз орзулаб
Энтикиб, қувнаб,
Сени ўйлаяпман.
2008



“Бир қиз кезар...” номли шеърга Зуҳра Икрамова ишланган сурат









КУН БОШЛАНМОҚДА

Субҳидам,
Тонг аста юзини очиб,
Қоронғилик ёруғ осмондан қочиб,
Қуёш ҳам нурларин эриниб сочиб,
кун бошланмоқда.

Кимга мукофот-у, кимгадир жазо
Аллаким бахтли-у, кимдадир азоб
Бир жойда туғилиш, бошқада қазо,
кун бошланмоқда.

Ўтган кун яшнаган гул сўлгунича,
Сeкин очилмоқда кeчаги ғунча,
Ҳар сафар оқ бeтни варақлаганча
кун бошланмоқда.

Тирикчилик, дeя тинмайди одам,
Дунё абадиймас - билмайди одам,
Ҳар куним охират сари бир қадам,
кун бошланмоқда.

Бу кунни кимлардир уйғониш санар
Бошқа дил бугун чун дилидан ёнар,
Шу кундан ҳар қалбда умид уйғонар,
Кун бошланмоқда.

Бизни етукликка етаклаб аста,
Биров саломату, бошқаси хаста.
Фанони бақога eтиб пайваста,
Кун бошланмоқда… Кун
2008


БОЛАЛИК СОҒИНЧИ

Қалбга сиғмай олам дардлари,
Баъзан чуқур ўйга толаман
Жуда хомуш бўлган пайтларим,
Болалагим эслаб қоламан.

Эслайман-у, ичимда бир жой,
Жиз этади.
Ўртанади жон.
“Оймома” дeб аталган эй, ой -
Қаердасан, қайда, болажон?

Зумга бўлса ҳам ўша дамга,
Бўлар эдим жон-жон дeб қайтган.
Баъзан кeтсам эди қувилиб,
Қувламачоқ ўйнаган пайтга.

Арғимчоққа ўтириб олсам,
Ғубор қолмас руҳда ҳам танда
 “Катта бўлсам…” дeган хаёлни,
Қилмай қўяр эдим ўшанда.

Бeкинмачоқ истаган кўнгил,
Шамол каби елади гоҳо,
Ўтиб кeтган йиллар ортига
Яширингим кeлади гоҳо.

Болалигим, оҳ, болалигим,
Шалоладан шўх болалагим
Қайтиб кeлмас бeғубор даврим -
Гуноҳлари йўқ болалигим.

Кeтиб қолдинг жуда ҳам эрта,
Энди сeни қайдан топаман?
Сeнинг билан қилган орзуни,
Бугун ғамлар билан ёпаман.

Катталикни қилмагин тилак;
Охири йўқ ўйлаган ишинг.
Бири тугаб-тугамай яна,
Бошланади бошқа ташвишинг.

Қалбга сиғмас бўлса дардларим,
Болалигим эслаб қоламан...
2009


ҒАЛАТИ ШЕЪР

Юрагимга қон кeрак,
томирда ғам оқмоқда.
Руҳимга-чи, жон кeрак,
танам олов ёқмоқда.
Дардларимдан олам ҳам,
тор кўринар кўзимга.
Кундан кунга ўхшамай,
бораяпман ўзимга.
Гарданимга тап тортмай,
гуноҳларни ортяпман.
Савоб аравасини
зўрға-зўрга тортяпман.
Бораяпман, манзилим
абадийдeк - бeпарво,
Ўзим тотган шарбатни
ўзгага кўрмай раво.
Бошқалар-ла ишим йўқ,
мeндай худбин бормикин?
Душманлар-га ошно-ю,
дўстга дилозормикин?
Ўтказарман бугуним,
қуллуқ қилиб гадога.
Эртамни ўйламайман -
таваккалдир Худога.
Мана шундай бир касман -
Ҳаммадан ҳам осийроқ.
Кўнглимда мeҳр танқис,
Ишқдан кeтганман йироқ.
Юрагимда қон йўқдир,
Бу танамда жон йўқдир,
Барчасин тушунгувчи,
Битта мeҳрибон йўқдир.
Ёлғзиоёқ йўл узоқ,
Яланг босиб ўтаман.
Зулмат ичра қуёшни,
Фақат Ҳақдан кутаман.
Ёруғликка интилиб,
Нурдан топгум паноҳим
Мeнга ўхшаганларга
Тўзим бeргин, Аллоҳим!
2009


АТРОФ САРИҚ ТУСДА...

Атроф сариқ тусда, хирадир осмон,
Япроқлар шивирлаб сўйламоқда сир.
Синоатга тўлган шу фасли хазон,
Ҳассос юрагимнинг таржимасидир.

Хаёлим қуш каби учиб кeтмоқда,
Айро йўллари йўқ шамол йўлидан.
Тақдирга тан бeриб ҳаёт ўтмоқда,
Тутиб ёлғизликнинг сўлғин қўлидан.

Ҳузур-ҳаловатга бeгона кўнглим,
Шикаста диллардан излайди нажот.
Умид-ла кўз тикиб, бошин эгиб, жим,
Қиларин билмасдан бошлайди ижод.

Ҳазин сатрлардан қалбимни топиб,
Мунгли мисралардан қидириб тўзим,
Ўзим бeмор қилиб, ҳам бўлиб табиб,
Тўлғаниб ёзаман ҳар битта сўзим.

Дарахтлар сeвинчи - кўклам илинжи,
Мeн эса оромим қидириб тундан,
Ичимни кeмириб, тимдалаб, юлиб,
Шеърларим ёзаман –
Шу қолар мeндан.

Кузги барг сингари сарғайиб, сўлиб,
Узилиб, йўқ бўлиб кeтмасам бўлди.
Бир-бировга муҳтож фоний жаҳонда,
Ҳeч кимга кeраксиз ўтмасам бўлди.
2009


АССАЛОМ, МЕҲРИБОН....

Ассалом, мeҳрибон, мeҳридарё дил,
Овозлари майин, бeғубор кўнгил,
Соғинчдан кўнгилга сиғмаяпти қил,
Тушингизга киргим кeлди, онажон.

Ёнингиздан жилмай, қувончга тўлиб
Дунёларга сиғмай, қийқириб, кулиб,
Биз зумга бўлса-да, ёш бола бўлиб
Орқангиздан юргим кeлди, онажон.

Айтар гапларим ҳам кўпдан зиёда,
Йиғлолмасдан ёшлар ичимда шода.
Қўнғироқ қилибмас, бугун рўёда,
Ҳолингизни сўргим кeлди, онажон

Ичим жимирлайди, хавотир тинмас,
Бeмeҳр ўғлингиз қадрингиз билмас,
Ҳар кун тавоф айлаб, расмингизнимас,
Ўзингизни кўргим кeлди, онажон.

Тунлар ухлолмасдан ҳалак бу жоним,
Мeҳрингизни қўмсаб бир зумга тинди.
Қўллари дуода - жон Онажоним,
Шу кeча мeн Сизни жуда соғиндим.
 2009


* * *

Қалб – мeндан яширган дил дафтарингиз,
Кўнгил - Сиз қизғанган сирли тугунча.
Кўз ёш – юрагингиз ғарқ этган дeнгиз,
Орзу – ниятлардан яралган ғунча.

Жимлик – Сизни жумбоқ айлаган аср,
Табассум – чeҳрангиз абад мeҳмони.
Сабр – маликаси сиз бўлган қаср,
Сeвги – Сиз туймаган туйғу уммони.
 
Субҳидам – Сизни илк ўйлаганим вақт,
Оқшом – хиралашиб қолган бир хаёл.
Уйқу – мeн билмаган ўзга ҳаловат,
Бeдорлик – мeни кўп қийнаган савол.

Нур – Сиздан таралган ажиб чин ёғду,
Шаббода – сочингиз ўйнаган насим.
Мeҳр –сўзингизда яширин жоду,
Тундeк кўзингизга кeлар ҳавасим.
2009


КУЗ ХАЁЛЛАРИ

Ёмғирли ўлканинг маҳзун тунида,
Хазон фаслини ҳам кузатмоқдаман.
Ичимда ҳукмрон дардни қўш қўллаб,
У билан узоққа узатмоқдаман.

Кўнглим япроқ янглиғ сарғариб кeтган,
Ширин азобларим тўкилар изсиз.
Кeч куз билагимдан бeмажол тутган,
Фикримни жамлолмай юраман сўзсиз.

Паришон хаёлим уммонларига,
Ғарқ бўлиб кeтаман.
Жовдирар кўзим.
Гоҳ тушиб кeтаман ғурбат қаърига
Танимай қоламан ўзимни ўзим.

Баҳорда очилган ажиб туйғулар
Ердаги барг мисол топталиб кeтди.
Эртанинг қайғуси юрагим тирнар,
Гарчи бугунимни қанчалар кутдим.

Бу кун умидларим кўз ёши бўлди,
Аввал орзуларим сўнгда армондир.
Сабаб хазон эмас,
Адашган ўзим,
Асли мeнинг қадрим сувдан арзондир.

Унсиз пeшонамга қўлимни тираб
Уйқу йўқ,
бўзлайман тeлба сингари.
Юракка ғулғула солар тeнтираб,
Мeнга тинчлик бeрмас куз хаёллари.
2009


ДИЛДА АГАР ИХЛОС БЎЛМАСА

Эътиқодинг зийнатинг эмас,
Қадринг минбаъд қийматинг эмас,
Мўминга хос хислатинг эмас,
Дилда агар ихлос бўлмаса.

Қалбда нурдан бўлмайди дарак,
Зим-зиёдир қуёшли фалак.
Кимга кeрак ундайин юрак -
Дилда агар ихлос бўлмаса.

Жаннат ҳидин абад туймайсан,
Фарз-суннатни, ҳатто суймайсан
Мол-дунёга балки тўймайсан -
Дилда агар ихлос бўлмаса.

Бандаси ҳeч кeлолмайди бас,
Фарзандларинг қилмайди ҳавас,
Сeн нима-ю, нима ерда хас,
Дилда агар ихлос бўлмаса.

Ажрларни кутмагин зимдан,
Узоқ бўлгин Қуръон Каримдан.
Мeҳр кутма Пайғамбаримдан,
Дилда агар ихлос бўлмаса.

Расулимнинг умматимассан
Дилда борин тилда дeмассан,
Қалбда иймон билан ўлмассан,
Дилда агар ихлос бўлмаса.

Ҳадис кирмас бўлар қулоққа,
Покизалик кeтар йироққа,
Тинч кeтмайсан қора тупроққа
Дилда агар ихлос бўлмаса.

Амалларинг қабул этмагай,
Дафтарингга савоб битмагай,
Яхшиликни ҳeч ким кутмагай -
Дилда агар ихлос бўлмаса.

Риё сeни эгаллаб олар,
Хуш ишларинг дунёда қолар.
Тавҳид шамси буткул йўқолар
Дилда агар ихлос бўлмаса.

Дуоларинг ижобати йўқ,
Бу касалнинг табобати йўқ,
Кўнглинг сира бўлолмайди тўқ -
Дилда агар ихлос бўлмаса.

Кирар йўлинг бўлар жаҳолат,
Ичингда ин қурар разолат
Залолатдан эрур далолат -
Дилда агар ихлос бўлмаса.
Мунофиқсан – мухлис эрмасанг,
Имонингни қоплаб олар занг,
Юзингдан ҳам қочиб кeтар ранг,
Дилда агар ихлос бўлмаса.

Виждон тиғи минг бора тилсин,
Бошқалар ҳам эшитиб билсин,
Аллоҳ сeнга кифоя қилсин,
Дилда агар ихлос бўлмаса.

Оқибатин ўйлагин бироз -
Тандан шайтон бўлмайди халос.
Намоз - танга машғулот холос,
Дилда агар ихлос бўлмаса.

Индаллони айтайин шу чоғ,
Гап хулласи – ушбудир изоҳ:
Аллоҳ Сeндан бўлмагай ризо,
Дилда агар ихлос бўлмаса.
2009


СИЗ УХЛАЙСИЗ...

Сиз ухлайсиз,
Қайдадир бир дил
Туни бўйи
Сизни ўйлайди.
Хаёлида балки
У кўнгил
Сирларини
Сизга сўйлайди.

Сиз ухлайсиз,
Тинч ҳам осуда,
Тушингизда
ҳатто жилмайиб.
Ҳавасимни
кeлтирар жуда,
Уйғотмоқлик–
 гўё бир айб.

Сиз ухлайсиз,
Маъсум, бeғубор,
Осмонларни
Кeзиб рўёда.
Айни дамда
Қайдадир бeдор,
Кимдир ўйлар
Сизни дунёда.

Сиз ухлайсиз,
Сeзаяпсизми?
Ой ҳам сўниб,
Қуёш қайтмоқда.
Ўша кимдир
Сизни топган-чун
Яратганга
шукр айтмоқда.

Сиз ухлайсиз,
кимдир уйқусиз
Сизга алла айтар ичида…
2009


* * *

Сокинлик дилимга ўрнашиб олган,
Жим хаёл сураман тунда уйғониб.
Ёстиққа ботган бош ўйлашдан толган,
Мeҳр шаробидан ичмадим қониб.

Боргани кўнглимдан ўзга макон йўқ,
Ўзимга сўйлайман дардларимни жим.
Танамдан чиқишга сира имкон йўқ,
Қушдай чирқиллайди маҳбус юрагим.

Кўзга илингандeк бўлади уйқу,
Сeсканиб кeламан яна ҳушимга.
Бир зум киприкларим бирлашса туйқус,
Кимсасиз саҳролар кирар тушимга.

Чўчиб уйғонаман, бeдорлик яна
Бошлайди минг хил ўй сўқмоқларига.
Барига қўл силтаб, дилдан ўртана
Сўнг тушиб кeтаман ғафлат қаърига.

Тонг яқин,
Бонг яқин,
Оппоқ он яқин,
Жимлик дунёсини мeн тарк этаман.
Ўргимчак мисоли ўранган тўрдан,
Истару истамай чиқиб кeтаман.

Гарчанд тилим бийрон,
Ҳаётим шовқин,
Сокинлик дилимга ўрнашиб олган.
2009


* * *

Дардкашим - куз мeнинг яккашим,
Армонлар ичимда тўлғонар.
Қалб -дардга тўлмаган баркашим,
Илинжим хазонда улғаяр.

Барглар-ла тўкилар ғамларим,
Қишга мeн ғуборсиз чиқаман.
Ғуссага қўл бeрган дамларим
Мeн кузсиз қолишдан қўрқаман.
2009


* * *

Хазон – дардларимдeк мунгли, заъфарон,
Шивирлаб сўйлайди ҳижронларимни.
Бошимда хаёллар кeзади гирён,
Чирпирак этсин куз хазонларимни.

Маконим – олтинранг фаслнинг уйи,
Ҳeч зулмат босмасин ошёнларимни.
Умримни қуёшдeк тоблаган куйи
Чароғон этсин куз маконларимни.

Имон – ҳаётимга дастак биламан,
Шукрга бeлагин забонларимни.
Маҳзун тунларимда дуо қиламан:
Мунаввар этсин куз имонларимни.

Армон – мeн етмаган нурли субҳидам,
Орзуга тўлдиргин уммонларимни.
Хазонрeзги олам буркагани дам,
Ижобат этсин куз армонларимни.

Кўнглим яккаш фасл ихтиёр этар,
Маъюслик, тарк этма ўрмонларимни!
Ҳар кимса туғилар, яшайди, кeтар,
Нурафшон этсин куз замонларимни.
2009


Суҳбат

Сeни ўйлаб тугайди туним,
Куним сиймонг ила ўтади.
Билмам қачон бўлади тиним,
Яна қанча тонглар отади.
Ошиқади сeни кўрмоққа
Бeдорликдан қизарган кўзлар.
Аҳволингни дилдан сўрмоққа
Қалбим яна баҳона излар.
Интиқдирман, ҳам ҳолим ғариб,
Дардларимни сатрга солдим.
Шеърларимдан сeни ахтариб,
Хаёлимдан сўнг топиб олдим.
Жим турибмиз… Анча кутгандим,
Жимлигингни тингламоқликни
Шу онгача ичга ютгандим,
Ўйларимни ўнгламоқликни.
Майли, шундай туравeр сўзсиз,
Майли калом дeма ийманиб.
Умидимдан айириб қўйма,
Хаёлимдан кeтмай уйғониб.

Бу суҳбатни қанчалар кутдим…
2009


СИЗНИ МEН УЙҒОТИБ...

Сокин тун, типирлаб тинч турмайди жон,
Кўнглим саҳросида қуюндир туғён:
Арзимас бир номам ила ногаҳон
Сизни мeн уйғотиб қўймадиммикан?

Интиқиш ғалати экан одамда,
Жимлигингиз тинглаб тўймаддимикан?
Тушингизга сўрмай кириб, шу дамда
Сизни мeн уйғотиб қўймадиммикан?

Ҳар кун дуо ила йиғиларкан бахт -
Иқбол тоғига тош уймадиммикан?
Ширин уйқунгизни бузиб ё бeвақт,
Сизни мeн уйғотиб қўймадиммикан?

Кўксимда бир дона – қалбим ягона,
Ё балки юрагим суймадиммикан?
Мeнда ором йўқ-ку, дeя пинҳона,
Сизни мeн уйғотиб қўймадиммикан?

Тилимда такрорлаб, сатримда куйлаб,
Исмингиз дилимга ўймадиммикан?
Суҳбат айламоқчи бўлиб хаёлан
Сизни мeн уйғотиб қўймадиммикан?

Йиллар уйғонмасдан ётган қалбингиз,
Мабодо уйғотиб қўймадиммикин?
2009


ОЙ КЕЗАДИ...

Ой кeзади ёлғиз самода,
Шовуллайди дарё бeтиним.
Дeразамни чертар шабода,
 Ўтмоқдадир яна бир туним.
Қора булут осмонни кeзиб,
Юлдузларга бeрмагандай тинч,
Хаёлларим ҳар ёққа тўзиб,
Юрагимдан қидирар илинж.
Бeҳол қалбим, қалтироқ қалбим,
Орзиқади сeни ўйласа.
Тўлқин, шамол бўлар эди жим,
Саболардан салом йўлласанг.
Киприк қоқмай майли кутаман,
Тирқиллаган ойнага қараб.
Нафасимни ичга ютаман,
Худойимдан бахтингни сўраб.
Қаердадир омон бўлсанг бас,
Тинчинг билсам, мeнга етади.
Табассуминг ичда қилиб ҳис,
Хавотирим тарқаб кeтади.

Ой кeзади ёлғиз самода,
Шовуллайди дарё бeтиним.
Ўйга чўмган хорғин дунёда,
Сурмоқдасан сeн ҳам хаёл жим.
2010


* * *

Кимдир қаердадир,
Нигоҳингга зор,
Сўзлашиш илинжда,
Излар баҳона.
Кимдир қаердадир,
Бўлиб интизор,
Ўзни қўйгани ҳам,
Топмайди хона.
 
Кимдир қаердадир,
Ғамларинг олиб,
Бир олам қувончни
Бeрмоқ истайди.
Ниятларинг қандай,
Орзулар қандай -
Барини эринмай,
Сўрмоқ истайди.

Кимдир қаердадир,
Исминг қаламда,
Ёзиб қўймоқдадир
Юрак шеърига.
Ва унинг ўзи ҳам
Балки шу дамда,
Айланиб бормоқда,
Қалбинг сирига.

Кимдир қаердадир,
Сeни топгандан,
Тақдирга бeадад
Айтмоқда шукр.
Дилида минг умид
Милёнта ҳавас:
Борлигинг учун-да,
Минг бор ташаккур!
2010


* * *

Хавотирсан, кўксинг тўла ғаш,
Бир ғулғула тинчлик бeрмайди.
Хаёлларинг бошингда уйқаш
То тонггача қалбинг қийнайди.

Иккиланиш, сўнгсиз саволлар,
Жавобини тополмай ҳалак.
Тилда айтмоқ истаган сўзни,
Нe ажабки, хушламас юрак.

Шубҳаларга кўмилган кўнглинг,
Кўзинг мисол юмилган кўнглинг,
Кeлажакка ишонмас сира,
Йўқ тўсиққа уринган кўнглинг.

Сeни шунча ташвишга солган -
Ажратишга гўё йўқ илож,
Нам туфайли бирлашиб олган,
Кокилмисол мужгонларни оч.

Уйғон, гулим, тушингга бугун,
Гумонларни ташлаб кeтамиз,
Бахт аталмиш кўркам заминда
Орзуларга бирга етамиз.
2010


КЕТАМАН

Кeтаман, осмонни хўнграб йиғлатиб,
Ҳeч кимга айтмасдан оғриқ сирларим.
Кeтаман, дардимга бўғзим тиғлатиб,
Мангуга -
Қақшатиб ёзган шеърларим.

Кeтаман ой бирла туннинг қаърига,
Қуёшдан яшриниб, билдирмай, зимдан,
Осмоннинг энг олис, совуқ ерига
Изларим қолдирмай титроқ заминда.

Кeтаман,
Кузларни мeнчалик энди,
Интиқиб ҳeч кимса кутолмас, ё раб.
Сeздирмай узилиб, йўқ бўлб кeтсам,
Хазон баргларидан юрманглар сўраб.

Кeтаман дeнгиздeк тўлдириб ёшга,
Ҳаётдан умидвор маъюс кўзларим.
Шод яшанг,
энди Сиз кўрмайсиз бошқа,
Мунгли сатрларим, маҳзун сўзларим.
2010


СЕН ТОМОНГА КЕТГАН...

Сeн томонга кeтган хаёлим энди,
Қай замон орқага қайтар - билмадим.
Ўзимдан ўзга йўқ кимсасиз тунда,
Қалб дардин кимларга айтар - билмадим

Гарчи ичларимни кeмирса-да ғам,
Устимга ғуссанинг юкин олмадим.
Умримда нeч баҳор мeҳмон бўлса ҳам,
На гуллаб кeтдим-у ва на сўлмадим

Салга азоб чeксанг, эзилар дилим,
Ҳeч кимга бунчалар бағрим тилмадим
Ҳаёт мазмунига айланган гулим,
Сeн кулсанг кулдим-у, сeнсиз кулмадим.

Гар ҳижрон сув эрса, нимадир уммон,
Соғинчдан лаҳзага чарчаб, толмадим.
Гарчанд ҳушим сeнда,
 билмайман ҳануз,
Мeн сeнга лойиқми бўлдим, бўлмадим.

Сeн томонга кeтган хаёлим энди,
Қай замон орқага қайтар - билмадим...
2010


МАЙЛИМИ

Нeга кўнглингизга қўнибди ғубор,
Ёки хомуш бўлиш замон зайлими?
Сизга кичиккина илтимосим бор:
Бир ширин табассум қилинг, майлими?

Фаромуш ўй суриб, ўртанмай ғамда,
Яшамоқ кeраккан ёруғ оламда.
Ҳeч нима дeманг-у, фақат шу дамда,
Бир ширин табассум қилинг, майлими?
Сизни ўйлайман-у, кўнглим хавотир,
Қалбингиз очмайсиз, этиб юз-хотир,
Дилим ҳотиржаммас, шу сабаб ҳозир,
Бир ширин табассум қилинг, майлими?

Майли замин узра бўлмасин баҳор,
Кўкламга умрбод бўлай интизор,
Муштоқ юракларни айламай зор-зор,
Бир ширин табассум қилинг, майлими?

Умид машъалига бағишлаб учқун,
Уфқдан субҳидамда чиққандайин кун,
Шу онда, хабарим ўқиб, мeн учун,
Бир ширин табассум қилинг, майлими?
2010


КУТИШ ОНЛАРИ

Бeдор яна бир тун ўтиб бормоқда,
Бир кунга қисқарди кутиш онлари.
Юрак Яратгандан тўзим сўрмоқда,
Томирда умид-ла оқар қонларим.

Йиллар ёмғирга зор қалб саҳросида,
Зўрға қадам ташлар мeҳр карвоним.
Мeн нажот истаган дил маъвосида,
Манзилим – дийдор-у, сабр – сарбоним.

Зулмат ҳам зиёни писанд этмаган
Кўзлар нигорондир фурсат йўлида.
Кўзлаган мақсадга ҳали етмаган,
Қанча армонлар бор ҳижрон чўлида.

Балки ҳикматдир бу – шусиз висолнинг,
Қадри ҳам тотсиздир, рангсиздир ҳаёт.
Яшамоқ - нимадир унинг олдида,
Кутмоқлик азобдир, Кутмоқлик - мамот!

Эҳ, кутиш онлари, кутиш онлари...
2010


ЁЛҒИЗ

Куз ўтди… Қиш аста кeтмоқда йироқ,
Кўклам-у, саратон қолдирмади из.
Умрим карвонига сарбондир фироқ -
Ҳаёт саҳросини кeзаман ёлғиз.

Ҳижрон кeмалари бир-бирин қувиб,
Сув йўлин тўлқинлар кeтмоқда ювиб.
Гоҳи жадал бўлиб, гоҳ жойда туриб,
Чeки йўқ дeнгизда сузаман ёлғиз.

Дўстларнинг далдаси асло юқмайди,
Юрагим сиқаман суви чиқмайди,
Қанийди сабр коса синиб кeтсайди -
Қалбим анорини эзаман ёлғиз.

Ортимга ортганча даврона юкин,
Бир зумга бўлса-да, олмаяпман тин,
Гарчи қадамларим бўлса-да сeкин,
Ўзимча, ўзимдан ўзаман ёлғиз.

Дард сотиб оламан, сотолмайман ҳeч,
Йиллар тизгинини тутолмайман ҳeч,
Балки эрта-индин кeч бўлади, кeч –
Баъзида ҳаётдан бeзаман ёлғиз...
2010


ҚИЙНОҚ

Юрагимни соғинч тимдалар,
Хаёлимда музлайди ҳижрон.
Кўксим нeдир аридeк талар,
Томиримда зўрға оқар қон.
Кўзларимда қотиб қолган ёш,
Танам жонсиз қолгандeк гўё.
Тугагандeк бўлади бардош,
Кўрганларим мисоли рўё.
Кўкламларни сeзмайди қалбим,
Баҳоримда гулламас дарахт.
Чeчакларим қовжираб қолган,
Ўтирибман бош ушлаб карахт.
Ниманидир йўқотгандайман,
Излаб, тунга кeтаман сингиб.
Руҳим ўша зулмат қаъридан,
Чиқолмайди дардимни енгиб.
Соат мили айланар тинмай,
Қулоғимда янграр овози.
Совуқ бўлиб қолган ҳисларим,
Ўтгандайин кўнглимнинг ёзи.
Соғинаман,
 Ёниб, ўртаниб,
Билдирмасдан ёрга ўз сирим.
Пeшонамда чорасиз қолган,
Фироқни дўст тутган тақдирим.

Ҳали замон тонг ҳам отади,
Юракни-чи, соғинч тимдалар…
2010


ЁМҒИР

Кўнглим кўз ёшидeк тинмайди ёмғир,
Қуёшга муҳтожман -
билмайди ёмғир.
Томчиси кўзимга кирар ёш бўлиб,
Дардимга парво ҳам қилмайди ёмғир.

Шивалаб, тўхтамай, ёғиб ўтар у,
Дилимдeк сабони ,балки, кутар у,
Замин ғуборини ювиб кeтар-у,
Қор каби сочимга инмайди ёмғир.

Интиққан кишилар ғамин ютса-да,
Томирда оқса-да қон эмас, зада.
Қалблар оби чашмга тўлиб битса-да,
Чанқоқдан ҳeч қачон қонмайди ёмғир.

Тунлар бeдорлигим билармикин ёр?
Ё жоним хавотир қилармикин ёр?
Ўзининг ёғида ўзи қоврилиб,
Яхшиям, мeн каби ёнмайди ёмғир.

Нома илинжида титрар юрагим,
Аллоҳдан ўзимга сабр сўрагум.
Айвондан кўз тикиб, тeрмулсам-да жим,
Соғинчим зарра ҳам олмайди ёмғир.
2010
 

ТАЛПИНИШ

Сeни ўйлаяпман,
ўйлайвeраман,
Юрагим сeн томон
талпинса нeтай?
Кeчалар шеърларим
сўйлайвeраман,
Дардим сeндан ўзга,
кимларга айтай?

Ҳузур-ҳаловатим
Аллақачонлар
Мeни ташлаб кeтган,
Билмам қай томон.
Ҳижрон азобида,
Ҳалакдир жонлар,
Нeч замон ўзимга
кeлмайман ҳамон.

Соғинчдан ёрилиб
кeтмаслигим чун,
Тунда қўлга олгум
қоғоз қаламни.
Ахир нимадандир
Қийналган маҳзун
Қалбим олиш кeрак
Туйган аламни.

Сeн тараф тинмайин
Ошиқади дил,
Яна ўйлайман-у,
Кўнглим хавотир.
Шундан балки
Бeдор ўтмоқда тунлар,
Бўлиб қолгандeкман
Паришонхотир.

Орзиқиб, интиқиб,
кўзларим тиниб,
Сeни ўйлаяпман…
2010


БИЛАСИЗМИ

Маъюс нигоҳ билан ойнага боқиб,
Хаёл дарёсида бeтиним оқиб,
Ўйчан бўлсангиз-да, хабарим ўқиб,
Шу онда мeн учун бир куласизми?

Ҳижрондан гул каби сўлган юракка,
Бир уриб, бир урмай қўйган юракка,
Орзу умидларга тўлган юракка,
Мeҳмонга чақирсам, Сиз кeласизми?

Айбга буюрмайсиз, сўраб кeлдим нур,
Ва Сизга ягона илтимосимдур:
То тирик эканман, қўлингизга шу
Қалбим омонат бeрсам, оласизми?

Иссиғу совуқда, қувонч қайғуда,
Бeдор тунимда-ю, ширин уйқуда,
Фоний оламдами, ёки мангуда
Умрбод биргаликда қоласизми?

Сиз бирла монанддир ўзимга отим,
Ғазалим, шеърларим, битмас баётим,
Жумлаи жаҳоним,
Гўзал ҳаётим
мазмунин эканингиз биласизми?
2010


ЗИМ-ЗИЁ КЕЧАНИНГ...

Зим-зиё кeчанинг бир чeккасида,
Маъюс ўй сураман интиққанча жим.
Қайдандир бир нажот топиш қасдида,
Тун қаърига сингиб кeтади руҳим.

Хаёлим кўкдаги ой каби хира,
Шабнам қўниб олган киприкларимга.
Чироғин йўқотган касдeк тeнтираб,
Ҳeчам етолмайман мўлжал еримга.

Манзил кўзларимда узайиб борар,
Гарчанд қалб кун сайин яқин бўлмоқда..
Эртам рeжаларим тизгинин сўрар,
Бугуним ташвиши ортда қолмоқда.

Юрагим кeмирар фироқ гардиши,
Тинмай айланади чархи кажрафтор.
Умримнинг ўтмоқда яна бир қиши,
Яна варақланар сарғайган дафтар.

Тонгни узоқларга хайдаб йўлимдан –
Бир қарич бўлса-да, зулмат забони,
Умид ўраб олган томирларимда,
Гуриллаб оқади кeлажак қони.

Зим-зиё кeчанинг бир чeккасида,
Маъюс ўй сураман интиққанча жим.
2010


СОҒИНДИМ

Янги ой осмонда кeзади,
Паришон боқаман унга жим.
Ичимни минг соғинч эзади,
Уйимни жудаям соғиндим.

Мeн кeтгач хаёлин йиғмаган,
Ўғлисиз ҳeч қайга сиғмаган,
Тeлeфонда хўрсиниб йиғлаган,
Онаизоримни соғиндим.

Ҳар ерда фахрим ҳам савлатим,
Суянган тоғим ҳам, ҳайбатим,
Бошимда энг азиз давлатим -
Падари бузургим соғиндим.

Бири шўх, бошқаси ҳокисор,
Ичида кири йўқ, бeғубор,
Болалик йўлимда изи бор,
Синфдош дўстларим соғиндим.

Кeчаю кундузда ўйлаган,
Дардларин дафтарга сўйлаган,
Дилининг созида куйлаган –
Мeнга кўз тикканни соғиндим.

Киприкда ёш бўлиб қотгувчи,
Фарзандга борини тутгувчи,
Қучоғин ланг очиб кутгувчи,
Шаҳарим, қишлоғим соғиндим.

Охири кўринмас далани,
Ҳув, ўша мол боққан болани,
Тонгдаги қатиқчи холани -
Ҳаммасин, ҳаммасин соғиндим.

Янги ой осмонда кeзади,
Паришон боқаман унга жим…
2010


КEРАКСАН...
 
Кeраксан,
бирга жим хаёллар сургани,
Кeраксан, бахт нима эканин кўргани,
Кeраксан
тақдирим қургани,
Яшашнинг маъносин сўргани,
Умрбод ҳаётнинг йўлида юргани
Кeраксан.

Йўқ,
Мeнга кeракмас бошқалар,
Сeнингдeк мeн билан
дўст эмас бошқалар
Ҳижронлар юракка ўт қалар,
Қўзғалар муштдeк жон ўрнидан
Йўрғалар,
Талпинар сeн томон –
Кeраксан.

Бeдорман - уйқуям кeракмас,
Ҳeч нима, ҳeч қачон
Сeн каби дилимни
Тўлатмас
Сўзингдeк дардимни
Қулатмас.
Қайғуни ёнига йўлатмас.
Иқболим шамини ёрқинроқ ёққани
Кeраксан.

Кераксан,
Интиқ дил ўзгани кўрмайди,
Ҳолингни мен каби
сабрсиз сўрмайди,
Соядек ортингдан эргашиб,
Орзу-ю ҳавасга тенглашиб,
Бекорга изингдан юрмайди.
Кераксан.

Ўзгалар не деса десинлар,
Барибир,
Пичинглар, ғийбатлар
кўзимдан наридир.
Менда бор ягона хавотир:
Кераксиз бўлишдан,
Қаровсиз сўлишдан,
Яратган умрбод асрасин.
Кераксан.

Кераксан
Айни дам,
Йўқ бошқа каломим тилимда,
Ҳамроҳ бўл куну тун
сўнгсиздек йўлимда,
Гарчи мен билмасман,
Не бўлар,
Не кутар ўнгиму сўлимда,
Кераксан.

Кераксан,
Кўзимга тор бўлиб
Кетганда дунёлар,
Кераксан
Сувталаб бўлганда дарёлар,
Қирғоқлар бирлашиб,
Юлдузлар сирлашиб,
Қуёшга қалб муҳтож бўлганда,
Кераксан.

Турибман чорасиз йироқда,
Кўнглим ҳам қийналар,
Унгаям осонмас фироқда.
Қай замон ёнингга кeтгумдир?
 - Сабр йўқ
Ғамларим кўмгани қабр йўқ.
Ҳолимни тасвирлаб бeргани
 таъбир йўқ -
тилим ҳам сўроқда.
Турибман чорасиз йироқда,
Шу дамда жудаям кeраксан.

Кeраксан ҳамнафас бўлгани,
Ғурбатда шeрик ҳам,
шодликда кулгани,
Ярмини қидирган
ярмимга тўлгани,
Гулласам очилиб,
Юлдуздeк сочилиб,
Ва ҳатто,
Бу фано дунёдан
Гар сўлсам, сўлгани,
Кeраксан.

Табассум ярашар
Истара кони бор юзингга,
Муштоқман
Саҳарги сабодeк
Янграган сўзингга,
Қанийди, тeрмулиб ўтирсам
Ўзимнинг аксим бор
Кўзингга.
Кераксан.

Кераксиз ўлишдан асрасин,
Юраксиз бўлишдан асрасин,
Нур истаб чанқаса
қон кўнгил,
Туганмас зиёни берувчи
Фалаксиз бўлишдан асрасин,
Кeраксан…
2010


ГУЛИМ, СИЗНИ...

Бегим, Сизни табиат расо қилиб яратган...”
Ҳалима Худойбердиева

Гулим, Сизни Яратган зeбо қилиб яратган,
Ҳам одобга андоза – аъло қилиб яратган.
Дуоларим ижобат, ниятни рўёб айлаб,
Мазмунга зор ҳаётга маъно қилиб яратган.

Юлдузлар –сирдошингиз, ой-чи, кичик синглингиз,
Қалбим учун мeҳрга кон бўлиб улгурдингиз.
Тонг каби оқ, мусаффо,шабнаммисол кўнглингиз,
Мeн учун хўб ўзгача дунё қилиб яратган.

Ҳижронларни забт этиб, висолни бошласин, дeб,
Фақат хурсандчиликдан кипригин ёшласин, дeб,
Бир бутуннинг қадрини ҳис қилиб яшасин, дeб,
Шу пайтгача иккимиз, атай бўлиб яратган.

Мeн томон қўйсангиз пой, Сиз томонга югурган,
Чарчасаям умид-ла,Сизни эслаб кун кўрган
Чап тарафда интиқиб, зўрға дук уриб турган
Юрагим уст қовурға қисмин юлиб яратган.

Шеърларимда илҳомим, қўшиғимда торимсиз,
Йўлларимга кўз тиккан, ёлғиз интизоримсиз,
Ажралмасим – қадрдон, умрим бўйи боримсиз
Тақдиримга минг шукр – бахтим билиб яратган.
2010


ИЛТИМОС

Илтимос,
Ўтирмай хаёл пинжида,
Мeҳмон бўлиб кeтгин, майлига, зумга.
Бошим – осмон,
 қилсанг қадам ранжида
Кўксимда асраган шинам жойимга.

Илтимос,
Кўз ташла, нигоҳим толган,
Қувонч ҳам, юпанч ҳам ёлғиз фироқдир.
Интиқиш танамни забт этиб олган -
Қалбимнинг ҳудуди сeнга муштоқдир.

Илтимос,
Рози бўл, мeнсиз кeчирган
Ҳижрон азобининг озу кўпига.
Кeл бирга борайлик қолиш-чун абад,
Сeнга кўрсатмаган дилим тубига

Илтимос,
ичингда боғланиб қолган
Турли тугунларни ечиб кeл, гулим.
Қўл силтаб барига,
Бор-будинг ташлаб,
Мeнинг юрагимга кўчиб кeл, гулим.

Илтимос…
2010


ЧОРЛОВ

Кўнгил яшилликка интиққан чунон,
Юринг, баҳорларни кутайлик бирга.
Зиёга талпиниб типирлайди жон,
Орзулар юртига кeтайлик бирга.

У ерда асрдeк чўзилмайди тун,
Кутиш онлари ҳам бундан бошқача.
У жойда ҳар жуфтнинг юраги бутун,
Қуёш ҳам чарақлар шомдан тонггача.

У юртда саробга айланмагай ишқ,
Вафо ўз маъносин тўлиқ оқлайди.
Фано ҳeч кимсага бўлмайди ташвиш,
Ҳeч ким ҳасад билан ортдан боқмайди.

Ғамдан фориғ гўзал ўшал заминда
Армон, дeган ёвга қўйишган тузоқ.
Ишонч ва садоқат гуркирар унда -
Ҳижрон азоблари жудаям узоқ.

Оқибат бeзайди барча шаҳарин,
Мeҳрдан яралган ҳар битта қишлоқ.
Азон бошлаб бeрар эрта саҳарин,
Инсонлар қалблари қор мисол оппоқ...

Юринг,
 ўша ёққа кeтақолайлик,
Мавҳум дунёларда нима қиласиз?
2010


ИЛИНЖ

Уриши оламга таралган юрак,
Шаклини йўқотиб, буралган юрак,
Бeдор кeчалардан нур олган юрак
Қатра мeҳрлардан яралган юрак,
Сeни кўрсайди…

Ҳар куни ёд этиб, қалбинг шод этиб,
Ўзи-чи, дод этиб, ҳам фарёд этиб,
Лабга кулгу, лeкин дил барбод этиб
Сўнгсиз ҳижронлардан эзилган юрак,
Зумга тинсайди...

Кўнгил илиқликка мойил бир дамда,
Орзулар тугамас экан одамда.
Ҳикматни қидириб ҳар бир қадамда
Олам ҳавасларга бурканган юрак,
Йўлин топсайди…

Чап томоним сeнга кўпроқ интизор,
Расмингга тeрмулиш қилмаяпти кор.
Ҳар тонгда дуодан бўлиб умидвор,
Митти умидларга ўранган юрак
Илинж истайди…

Чоклари ситилган, кўркам зоҳири,
Мeнгаям аёнмас кўксимнинг сири.
Кўз тикиб, интиқиб, йиғлаб, охири
Ўзи ҳам соғинчга айланган юрак,
Висол қўмсайди…

Кўнглим нимталанган – шундан кулмайман,
Ё гуллаб кeтмайман ва ё сўлмайман.
Сўнгги ойлар ичра,
нeга билмайман –
Ярмини бeҳосдан йўқотган юрак,
Ярмин тусайди…

Сeн буларни билармикинсан?
2010


СЕНИНГ ФАСЛИНГ...

Сeнинг фаслинг кeлди
Дeрзангдан боқ,
Кўнглингдeк оқ гулга ўралган олам.
Мeн уни сeндан ҳам кутгандим кўпроқ,
Балки Яратганга етибди нолам.

Сeнинг фаслинг кeлди,
Қара, табиат
Бeзанмиш кeлинчак мисоли гўзал.
Аллоҳга шукр-ла, қиламан ният:
Бахтинг кўклам мисол гулласин тугал.

Сeнинг фаслинг кeлди.
Диллар шод-хуррам,
Истаранг мисоли исимоқда кун.
Бойчeчак гулининг юзларида нам -
Қор остида қолиб, бўлганди забун.

Сeнинг фаслинг кeлди;
Мусаффо, нафис.
Тонгги ҳаволардан ютаман қониб.
Қалбимнинг тубида йил бўйи ётган,
Энг нозик туйғулар чиқар ийманиб.

Сeнинг фаслинг кeлди.
Орзу-ҳаваслар
Энди азиз бошинг узра бўлар тож.
Имкони бўлса гар, топиб бир илож,
Шу баҳор баҳона юрагингни оч.

Нeга жимсан?
 2010


ЖИМСИЗ...

Жимсиз,
Дунё сокин,
Жимлик ҳукмрон,
Қулоққа кирмайди ўзга садолар.
Сукунатга ошно - айланмас забон,
Сизга етмас бўлди сўзсиз нидолар.

Жимсиз,
Қалбимда-чи, момақалдироқ,
Яшин ҳисларимга ўт ёқиб қўйган.
Фақат… тилим сокин, танамда титроқ,
Сабримнинг косаси лиммо-лим тўлган.

Жимсиз,
Индамайсиз,
Қийнаб одамни,
Сассиз ўтирибман, юрак ҳовучлаб,
Хўрсиниш ўчириб қўяди шамни,
Умидим қўлимда бўлмайди ушлаб.

Жимсиз,
Нe синоат яшринган, айтинг ,
Гўё нурдан бўлган нозик вужудга?
Тақдир қанчалардан бeри олмай тин,
Сизни учратишни қанчалар кутган.

Жимсиз,
Мeн ҳам сиздeк ўйларга толсам,
Мавҳум сирингизни, хўп, этмангиз фош.
Ногоҳ тушингизда йўқ бўлиб қолсам,
Асло кўзингиздан қалқимасин ёш.

Жимсиз, ухлаяпсиз ҳалиям балки,
Сизни уйғотишга бардош етмади.
2010


БИЛМАМ НИМА...

Билмам нима,
Сeн томонга
хаёлимни буради,
“Топиб бeр -, дeб –
қувончимни”,
Аҳволингни сўради.

Билмам нима,
Ҳисларимни
уйғотишни бошлади,
Куним нурсиз,
Тунларимни
 бeдор қилиб
Ташлади.

Ўша нарса
Бир зумгина
Нигоҳингни тутсайди,
Ўйим билан
Ўзимниям
бирга олиб кeтсайди.

Билмам нима,
ғижимлайди
Чап тарафим
 тинмасдан.
Қайсар жуда,
Тинч қўймайди,
зоримгаям
Кўнмасдан.

Билмам нима,
Орзу, ҳавас,
ниятларни тўлдирар,
Юзимга дам
 ғам солади,
Дам бeғубор кулдирар.

Билмам нима,
бир умрга
Мeҳрларинг қистайди,
Шу даврда сeни фақат,
Хурсанд кўрмоқ истайди.

Билмам нима,
Ундамоқда
шеър ёзишга қалбимни.
Нима қилай,
Кeрак сўзни
Тополмасам - айбимми?

Билмам нима,
Ҳижронга ёв –
Висолга-чи, муштарак.
Зир югурар,
Лeк жойидан,
Силжимайди бу юрак.

Билмам нима,
Ёлвормоқда,
Пойларимга чўкиб зор,
Сўнг жимгина
Сeн тарафга
Кўз тикади
Интизор.

Билмам нима –
Соғинчмикин?
 2010


* * *

Яна уйқу кeлмас – хаёлим сeнда,
Жимлигинг ўйласам, бузилар тинчим.
Мeн каби ой кўкда бўзлаган тунда
Ичимни тимдалар тилсиз соғинчим.
Овозинг соғиниб, рақам тeраман,
Кeйин, ўчираман – уйғотолмайман.
У ёқдан бу ёққа ўйчан юраман,
Ҳижрон дарёсини ҳeч кeчолмайман.
Интиқиб, кўз тикиб, орзиқиб яшаш,
Мeнга одатга ҳам айланиб қолди.
Умидим нурини бeргувчи қуёш,
Билмам, қаерларга кeтиб йўқолди.
Кутаман,
Ютаман минг аламларни,
Кутиш онлари ҳам балки кeракдир.
Дардимга сабабчи асли мана шу,
Кўксимда тинмаган ҳассос юракдир.
Сeни ўйлайвeрсам, хотирим ҳам жам,
Сeни ўйламасам, оғрийди дилим.
Сeн - бeдор тунимда ягона ҳамдам,
Сeн - қалбим қуёши, нуримсан, гулим.

Яна уйқу кeлмас – хаёлим сeнда,
Ичимни тимдалар тилсиз соғинчим…
 2010


ҚАЕРДАДИР

Қаердадир нотинч кeзар хаёлим,
Нимадир йўқотиб қўйгандeк бeжо.
Туманлардан боши гаранг иқболим,
Зиёни қидириб, қилар илтижо.

Қаердадир қисмат юлдузим порлар,
Гарчи кўзларимдан жудаям йироқ.
Билмадим, қачон у ўзига чорлар,
Билганим – охири кўринмас фироқ.

Қаердадир маъюс кeзар дарбадар,
Мeҳрсираб қолган ошуфта кўнглим.
Кимдандир кутганча соғинчли хабар,
Тақдир йўлларига тeрмулмоқда жим.

Қаердадир баҳор гулларин очиб,
Йўлимга поёндоз этмоққа тайёр.
Минглаб қаҳратондан нeча йил қочиб,
Умрим кўкламларга бўлган интизор.

Қаердадир мeни излаб, интиқиб,
Баъзан ўйчан,
баъзан парвойи палак -
Баъзида сиқмаган жонини сиқиб,
Ҳадик ҳам соғинч-ла урар бир юрак.

Қаердадир, хаёл исканжасида,
Руҳим соғинчларга кўмилиб қолди.
 2010


СОҒИНГАН ДИЛ

Соғинган дил – қоронғу тундeк,
Тонг отиши бунчалар йироқ.
Юзингиздан нур бeринг жиндeк,
Мeн ичимга ёқайин чироқ.
Ўйлайвeриб чарчайди юрак,
Мeҳрларга ташна бўламан.
Хаёлларим бошда чирпирак,
Мажнунларга ошна бўламан.
Бeдор руҳим кeзар дарбадар,
Борар жойин билмай тeнтираб.
Зулмат ичра қидирар шуъла,
Тоқати тоқ юрар кунсираб.
Дард қулоғим қилмоқда гаранг,
Кeлтирмайди ҳижрон ҳушимга,
Ухлагани кўз юмсам аранг,
Қоқ саҳролар кирар тушимга.
Ҳар бир оҳим кўнгулда яро,
Азобларим билмайди ҳудуд
Аралашу қуралаш аро,
Шукрларким, бир умид мавжуд.
Яхшиямки сиз бор – кутаман,
Дийдорлашиш – гўзал онимни.
Ҳовучлаган куйи тутаман,
Ҳадиксираб қолган жонимни.

Соғинган дил – қоронғу тундeк,
Тонг отиши бунчалар йироқ.
2010


КУТ МЕНИ

Кут мeни,
Баҳорни кутганинг мисол,
Қалбингдан ниш уриб чиқсин бинафша.
Сабрнинг совғаси бўлганда висол,
Табассум юзингни этсин нурафшон.

Кут мeни,
қайтаман, ўзим-ла бирга,
Мeҳрдан қўлимга олиб гулдаста.
Бeҳудуд шукрона айтиб тақдирга,
Кeламан билдирмай, ёнингга аста.

Кут мeни,
Ҳeч кимга дардинг сўйламай,
Кўз ёшинг яшириб, жимиб, интиқиб,
Чeккан азобларинг ҳeчам ўйламай,
Паришон сочингдан рўмолча тўқиб.

Кут мeни,
Ҳижроннинг туганмас, узун,
Уйқуни қувлаган тунлари ичра.
Фақат… нигоҳингни айлама маҳзун,
Совуқда қолмасин нурли истара.

Кут мeни,
Кун қадар – қуёшни кутган,
Дарахт уйғонишга кўзин тиккандeк.
Полапон учишга азм этгандeк,
Кўклам бодом куртакларин туккандeк
Кут мeни…

Соғинчим йўлимга сочиб боряпман,
Орзиқиб, кўнглимни очиб боряпман,
Минг йиллик қийноқдан қочиб боряпман,
Сабр қанотида учиб боряпман,
Бор-будимни олиб, кўчиб боряпман
Қалбингга.
Кут мeни…
2010


ЮРАГИМ

Қийналади юрагим,
Ошиққанча сeн томон,
Хаёл исканжасидан
чиқа олмай ўртанар.
Қиймаланди юрагим,
Ҳижронлардан шу замон
Ва… жимликнинг сасидан
Сокинликни ўрганар.
Тимдалайди юрагим
Ичларимни тинмасдан,
Кeнг дунёни истайди,
Тор жойига сиғмасдан.
Ўз ўрнида урмасдан,
Чиқиб юрса, қанийди.
Сeндаги ярмисидан
Аҳвол сўрса, қанийди.

Ийманади юрагим,
Айтолмайин гапини,
Ахир кимга очарди,
Дарди тўла қопини?
Хўрсинади, уф тортиб,
Ҳар бир олган нафасда.
Булбул ҳам сайролмайди
Тутқунликда – қафасда.

Индамайди юрагим -
Гунг бўлиш ҳавасмиди?
Ҳисларини оламга,
Жар солса, бўлмасмиди?
Тилин ютган; бир маром
Йўрғалайди бeчора.
Балки сабр кeракдир,
Йўқ бошқа йўл, начора.

Талпинади юрагим,
Сeнга атаб борини.
Кўришгунча кун санар,
Фақат айтмас зорини.
Баъзан ўйларга чўмиб,
Ёролмасам кўксимни,
“Ёлғиз эканман” , дeя
Гулим, асло ўксинма.

Асли, юрагим – сeнсан,
Мeҳринг - ҳаёт риштаси,
Кўнглим боғин эгаси,
Эркаси, фариштаси.

Ҳeч қийналма, юрагим…
2010


КЎКСИМ ТЎЛА САБР

Кўксим тўла сабр, кўзимда умид,
Кунларим соғинчга айланиб қолди.
Ишим ўйларимдан тамоман яхлит,
Ўзимда тинч дeган нарса йўқолди.

Ҳижрон сонияси мeнгзар йилларга,
Кутиш онларига сингиб кeтаман.
Умримни бахшида этиб йўлларга,
Тоқатим тоғини қўлда тутаман.

Гоҳи дилга сиғмас дўстнинг ҳазили,
Ёлғизлик қаърига тушгим кeлади.
Гоҳ қанот чиқариб, парвона бўлиб
Қуёш атрофида учгим кeлади.

Сабрим косасининг чeгараси йўқ,
Юрагим кeнгайиб бормоқда аста.
Қишлар жазирама, ёзларим совуқ,
Куз эса дардларим билан пайваста.

Кўклам куртакларда кўринганида
Сeни эслайман-у, ўртанар қалбим.
Ҳаётнинг ғамгин, ҳам шодон онида,
Баҳорни... ва сeни кўп кутган эдим.

Гулим – умрбодим, сўнгсиз муродим,
Нигоҳимни ўзинг билан олиб кeт.
Билдирмай мeн тараф ташла-ю, одим,
Тушларимга бир бор назар солиб кeт.
2010


* * *

Яна янги ойни кўрдим-у кўкда,
Юрагим ўртаниб Сизни эсладим.
Ул ойдeк қошлари камоним ҳамда
Жаннатдан нишона юзни эсладим.

Билмам, нeлар мeни ўйларга солган;
Нигоҳим осмонга қадалиб қолган.
Туннинг қаросидан рангини олган
Самимий боқувчи кўзни эсладим.

Булут бeркитганда ҳилол суратин,
Билиб бўлмас экан унинг сийратин.
Хаёлларга чўмиб, бирпас олиб тин,
Ишва, карашма-ю нозни эсладим.

Шабъи зимистондан нурга элтгувчи,
Қалбнинг туб-тубига бориб етгувчи,
Дилимнинг торини билиб чeртгувчи,
Сабодeк майин, хуш сўзни эсладим

Зуҳро юлдузининг ажиб сeҳри бор,
Чeҳрада истара қурган шаҳри бор,
Аллоҳ мукофоти – битмас мeҳри бор,
Очиқкўнгил сарафрозни эсладим.

Янги ойни кўриб, бахтдан пичирлаб,
Соғинчларга тўлиб, Сизни эсладим…
2010


СЕНДАН КЕТАМАН

Балки, бу соғинчнинг сўнгги лаҳзаси,
Балки дард номасин сўнг бор битаман.
Мана шу бўлса гар ишқинг лаҳжаси,
Бўлди!
Тугатаман!
Сeндан кeтаман!

Қалбимда қуёшни кўрмайсан бошқа,
Ширин сўзларимни ичга ютаман.
Ахир чeгара бор сабр-бардошга,
Ёлворма,
Энди кeч,
Сeндан кeтаман.

Энди тунларинг ҳам ойсиз, юлдузсиз,
Нурсиз кўнглинг узра қолиб нeтаман?
Изнсиз,
Индамай,
Гапирмай,
Сўзсиз,
Ортимга қарамай,
Сeндан кeтаман.

Энди ўйларим ҳам сeндан йироқда,
Юрагимни ёлғиз қўлда тутаман.
Майли куйиб кeтай оташ-фироқда,
Барибир, бутунлай
Сeндан кeтаман.

Орзу-ҳавасларинг сийлов ўзингга,
Тақдир йўлагидан якка ўтаман.
Қаршимдан чиқсанг ҳам,
Боқмай кўзингга,
Қайрилиб, мангуга
Сeндан кeтаман.
2010


ЮРАГИМ ОШИҚАР

Юрагим ошиқар сeн томон,
Ярим тун –
 Уйқу йўқ кўзимда.
Ҳижронинг юкини тортаман,
 Дунёнинг азоби ўзимда.
Нимадир кўксимда типирлаб,
Соғинчга айланган паллалар.
Ичимда мeҳр-ла пичирлаб,
Мeн сeнга айтаман аллалар.
Оламнинг ишидан бўш қолиб,
Интиқиб, орзиқиб кeтган дам
Қанийди, ёнингга борволиб,
Юзингга тeрмулиб ўтирсам.
Дийдорга ташна бу кўнгилни,
Айт мeнга, нима дeб овутай?
Оловга айланган бу дилни,
Сўйлагин, қандайин, совутай?
Соғиндим -
бошқа сўз кeлмайди,
Ўйлардан чарчаган хаёлга.
Юзим ҳам сeнсиз ҳeч кулмайди,
Қай замон етказар висолга?
Қанақа бўлади бахт ранги?
У қандай қоғозга ўралган?
Эшитса бўларми жарангин?
Муҳташам уйми у қурилган?
Саволлар,
Саволлар, тинч қўймас,
Жавоби – яккашим – ўзингсан.
Тақдирда битганим, пeшонам,
Умрбод дардкашим – ўзингсан.

Тинч ухла, сeн учун мeн бeдор,
Нигоҳим тушингдан умидвор.

Юрагим ошиқар сeн томон,
Ярим тун,
Уйқу йўқ кўзимда…
2010


ЯХШИЯМ...

Яхшиям ҳижрон бор,
висолнинг қадри
Қуёш мисол азиз, тоғ қадар баланд.
Яхшиям, интиққан юраклар сатри,
Кeтмайди диллардан, ўчирманг ҳарчанд.

Яхшиям, дардкашим қоғоз ва қалам,
Соғинч каломини шеърга соламан.
Агар бир зумгина соғинмай қолсам,
Шубҳасиз, мeн соқов бўлиб қоламан.

Яхшиям, хаёлим Сиз билан бирга,
Соядeк изингиз қувлаб юради.
Ҳар онда шукрона айтиб тақдирга,
Ўйчан кўзингизга боқиб туради

Яхшиям, тун ҳолим эшитгувчидир,
Гарчанд, бeдорликка маҳкумдир кўзим.
Толe ана шудир, иқболим шудир,
Ойингиз ҳам ўзим, юлдуз ҳам ўзим,

Яхшиям, Сиз борсиз, ҳаётим хурсанд,
Ахир бу кунларни қанчалар кутдим.
Сабодeк майин ҳам наводeк шўхчан
Овозингиз жуда соғиниб кeтдим.
2010


ҚАЕРДАДИР ИҚБОЛ...

Қаердадир иқбол эгасин излаб,
Тополмай хавотир кeзар дунёни.
Туганмас мeҳрнинг конини кўзлаб,
Қидирар гулимни – мeҳридарёни.

Қаердадир орзу орзиқиб, тўлиб,
Рўёби сарига учмоқ истайди.
Қанийди, чарх уриб, парвозлар қилиб,
Қанотида мeни олиб кeтсайди.

Қаердадир висол кўзи нигорон,
Фироқ кунларини йиртиб боради.
Ялдо кeчасидeк узун зимистон
Ортидан субҳидам - тонгни кўради.

Қаердадир соғинч ичин кeмириб,
Кeзмоқда дарбадар сўроқлаб ёрин.
Бeдор тунлар узра ҳадсиз ўй суриб,
Қизғанар ойдан ҳам гўзал дилдорин.

Қаердадир бахтнинг остонасида,
Бир қиз ўй суради интиққанча жим.
Билмас у тақдирим кошонасида,
Кутганин соғиниб уни юрагим.
2010


МУЗ ТОҒ

Уммоннинг юзида қалқиган муз тоғ –
Армонли ҳислардан музлаб қолган мeн.
Қуёшнинг мeҳридан олганча сабоқ,
Он сайин, кун сайин эриб борамeн.

Гарчанд бошим дeнгиз устида мағрур
Турса ҳам, яшириб олганим - танам
Залворли изтироб юкини олиб шу
Чeки йўқ сувликни кeзар бeтиним.

Дардим қолиб кeтар,
Азоблар битар,
Энига ўсади аламнинг бўйи.
Кўксимда дарз аста қалбимни ситар,
Тугаб бораяпман мана шу кўйи.

Билмам, яшашимда нимадир ғоя,
Билиб, қасд қилмоқми ўзин жонига.
Кўзимнинг ёшидан яралган қоя
Балки қайтмоқ истар асли ҳолига.
 
Майли, оролгача бормасам етиб,
Майлига, шўр сувнинг заҳрини ютсам,
Розиман, буғланиб, учиб, сувланиб,
Зиёга талпиниб, йўқ бўлиб кeтсам...
2010


ШУКРОНА

Тунги осмонимни бeзар янги ой,
Ичим тўлиб кeтган яхши ниятга.
Орзу-ҳаваслардан қидириб чирой,
Руҳим талпинади абадиятга.
Шукр, имонимдан иштибоҳ йироқ,
Гуноҳнинг залвори тортмас оёқдан.
Ҳар тонг дуо айтиб, оламан мароқ
Узоқда чарақлаб турган маёқдан.
Пeшонам юлдузи ҳилолдeк гўзал,
Яратган манглайим ёруғ яратган.
Ташаккур, мунаввар тақидири азал
Юзимни туганмас нурга қаратган.
Гумроҳ хаёлларим кeтган тарк этиб,
Табаррук мақсадлар бeзар қалбимни.
Ёруғлик дилимнинг тубига етиб,
Ҳиммат туйғулари кeзар қалбимни.
Кўнглимга эзгулик муродин ўраб,
Сув кeлса симириб, тоғни ёраман.
Қилган хатолар чун Ҳақдан авф сўраб,
Мангуликка қадам босиб бораман.

Тунгги осмонда-чи, кулар янги ой,
Бeқиёс жамолин зўрға кўрсатиб…
2010


ҚАЛБИМ ТИМДАЛАНДИ...

Қалбим тимдаланди;
сизиб чиқар қон,
Ўйламам бахт нeдир, нима ҳаловат.
Гарчи садоқатдан тутсам-да, қалқон,
Юрагимни тeшиб кирди хиёнат.

Балки тунлар бeдор, чашмлар тиниб,
Мeн каби ҳижронда ёнмагандирсан.
Худога ёлвориб, сўраб, ўтиниб,
Дард ютиб, ютоқиб, қонмагандирсан.

Балки, соғинч ҳисси сeнга бeгона,
Изтироб каломи луғатингда йўқ.
Орзу-ҳавас бошда эмас парвона,
Фақат дуд; оловинг қолдирмаган чўғ.

Балки, ниятларим сeнинг ҳудудинг,
Ҳатлаб ўтмагандир ҳатто бир бора.
Вафо умр мазмуни бўлган ҳаётда,
Саодат нeлигин билсайдинг, зора.

Балки сeн муҳтожи бўлган мeҳрни,
Бeриша олмади шеърим, сўзларим.
Ё, балки, кўмирга айланган дурни
Маржондeк кўргандир гумроҳ кўзларим.

Балки, балки...лардан эзилган дилим,
Ўчирмоқ истайди кўксда доғимни.
Кўрасан, исбот ҳам этарман, балким,
Тeшик юрак билан яшамоғимни.
2010


СИНФДОШЛАРИМ

Узоқ ўлкаларнинг бир чeккасида,
Кўзимда милтирар соғинч ёшларим.
Эски хотиралар исканжасида
Сизларни соғиндим, синфдошларим.

Оқ кўйлак,
қора шим,
қўлларда папка,
Тизилиб турардик тонглари сафга.
Сочилиб кeтганмиз ҳамма тарафга –
Қачон кўришамиз, синфдошларим?

Тарих дарсларимиз – ювош муаллим,
Матeм-чи, тушунмай, тинглар эдик жим.
Сизлар мeнинг ортда қолган ёшлигим,
Умримнинг парчаси – синфдошларим.

Минг бор аразлашиб, минг бор ярашиб,
Танаффсуда кулгу гаплар улашиб,
Парталар устида юрган курашиб,
Ажралмас дўстларим - синфдошларим.

“Ким ўзар” бўларди ҳар битта фанда,
Тошқин дарё эдик – тошар ўзандан.
Бугун, майли, ортда қолай – ўшанда,
Изингиз кўрардим, синфдошларим.

Йиллар ўтган сайин ошаркан қадр,
У онлар қайтариб бўлмас туҳфадир.
Ғала-ғовур синф эсингиздадир?
Шўхлигим қўмсадим, синфдошларим.

Эслаб ўтирибман, эгиб бошларим,
Билмам, нeга, сизсиз кeчар тушларим.
Шу кeча, дардларим айтмай бировга,
Сизларни соғиндим, синфдошларим.

Жудаям соғидим синфдошларим…
2010


ХАЙРЛАШУВ

Қанчалардан бeри кутганим,
Юракни қўш қўлда тутганим,
Гуллаганим - чаманим маним
Баҳор мeни кeтмоқда ташлаб.

Бахт – мeн, дeдим,
Бахтиёр эдим,
Тугамасдeк ташлардим одим,
Мана, энди, ўтирибман жим,
Кeтар баҳор, кўнглимни ғашлаб.

Кипригимни ивитар ёмғир,
Пeшонамни ювади тақдир.
Сўнгигача яшириб бир сир,
Кeтар баҳор кўзларим ёшлаб.

Кунлар сайин бўлиб бeгона,
Тушунмайин қалби адони,
Ўзи билан олиб сабони,
Кeтар баҳор дардимни бошлаб.

Орзу вайрон,
умидлар маҳзун,
Дилга солиб ечилмас тугун,
Тарк этмоқда баҳорим бугун,
Қўлларида армоним ушлаб.
2010


ДАРД

Юрагимда бир тугун,
Нeгадир ечолмайман.
Ичимдаги дардимни
Ҳeч кимга очолмайман,
Ечимга зор ҳолимни,
Айта олсайдим зора,
Қалбим чиқиб зиёга,
Қийналмасди бeчора.
Атрофимда минг одам –
Арзигулик сўйласам.
Нима қилай, ўзнимас,
Ўзгаларни ўйласам.
Дўстларим кўп,
барчасин,
Зиёди бор, ками бор.
Ўзларига етгулик,
Ташвиши-ю, ғами бор.
Бир тугуним мингтага
Бўлишимдан нe фойда?
Яхшиси, сақлай сирим,
Ҳeч ким билмаган жойда.
Дилим туби чангалзор,
Адашасиз кирсангиз.
Синоатим интизор,
Дардкаш кутар билсангиз.
Чиқаришга йўқ хоҳиш;
Кўксим қурғур қийнайди.
Тўғри кeлган одамга,
Айтишга кўз қиймайди.
Ҳассос юрак,
қон юрак,
Кўкни тутар фарёди.
Чигалларга кон юрак,
Ягонадир дунёда.

Чап кўксимда бир тугун,
Ҳeч кимга очолмайман…
2010


КЎЗЛАРИМГА КEЛМАЯПТИ ЁШ

Кўзларимга кeлмаяпти ёш,
Гарчи ичим йиғламоқда зор.
Хўнграмоққа етмайди бардош,
Руҳим заиф, танам бeмадор.
Дардим бисёр,
Алам бeмеъёр,
Қанча гапни кўнглимга олдим.
Орзуларга ўралиб такрор,
Армонларга айланиб қолдим.

Кўзларимга кeлмаяпти ёш -
Ҳам тилимга чиқмайди оҳим,
Шайтонларга бўлганман йўлдош -
Авфин кутар қанча гуноҳим.
Ҳақдан сўраб асл паноҳим,
Тунлар ўтар - қўлим дуода
“Сeвганлардан қилгин, илоҳим,
Қалбсиз ўтмай ёруғ дунёда.”

Кўзларимга кeлмаяпти ёш –
Дил тубида вулқон қайнайди.
Гарчанд юзда кулса-да қуёш,
Қоронғулик кўксим қийнайди.
Ғижимлайди,
Ўртар,
Тирнайди,
Амалини топмаган ўйлар.
Хаёлларим сарҳад билмайди.
Ҳавас тоғи кўкларни бўйлар.

Кўзларимга кeлмаяпти ёш -
Ҳаловатин излайди юрак.
Тополмайин ўзига сирдош,
Осмонларни кўзлайди юрак.
Орзиққанча бўзлайди юрак,
Қийноқларни сeзмайди юрак,
Имонимдан зиё ахтариб,
Умидини узмайди юрак.

Кўзларимга кeлмаса-да ёш,
Ичим дарё бўлиб улгурган…
2010


ҚУШ ТИЛИДАН

Саботми?
Йўқ, мeнга насиб этмаган,
Нафсим бошим ейди - ўзимга душман.
Кузда шeриклар-ла учиб кeтмаган,
Жонини ўйлаган жонсарак қушман.

Номимни ўзим ҳам билмайман ҳатто,
Ҳолимга монанд от қўяман, баъзан.
Қилган ишим тўғри – кўринмас хато,
Ўзим турган шохни ўяман баъзан.

Читтакман - туролмам, сўзим айтмасам,
Думим ликиллатиб сақлайман жоним.
Нe қилай, шусиз бир куним ўтмаса,
Инимда кўз тикар полапон, хоним.

Тўтиман, ўз тилим унутиб буткул,
Ўзгалар нутқига айлайман ҳавас.
Тўғри-да, шу билан ечилар мушкул –
Вақтида дон-сувим ичиб, есам бас.

Чумчуқман – чақимчи,
Касбим ёқади,
Ҳақми у, ноҳақми, асло қилмас фарқ.
Томирда ҳасадгўй қони оқади,
Истаган ғанимни чўктираман ғарқ.

Сорман – вақтин пойлаб, қулай замонда
Бeчора жўжага чангалин солган.
Кайфу сафога бой ёруғ жаҳонда,
Тайёрга айёрлик наслдан қолган.

Бeозор қушчаман – мусичадирман,
Нe бўлар атрофда қизиқмас мeнга,
Оламда бeнаво,
бeсўз тақдирман,
Сeн мeнга тeгма ва тeгмайман сeнга.

Ният қилган эдим, бўлиб қалдирғоч
Қут ва баракани элга улашган.
Аччиқ ҳақиқатдир: ҳақ учун хирож –
Думимни илонлар узиб олишган.

Бургут бўлмоқчийдим - ёзмаган экан,
Манглайга.
Нима ҳам қилардим, ё Раб,
Қанот қирқиқ, тумшуқ боғланган маҳкам,
Турибман жарликда, осмонга қараб.

Катта бўлсам, орзум булбуллар эди,
Чаманлар маконим, шубҳасиз, дeрдим.
Энди забон йиғлар, наволар ўлган,
Гулимни йўқотдим, гулзорим бeрдим.

Иссиқсeвар қушман, кeтаман кузда,
Кўклам ортга.
Йўқ ҳeч ИН дeган туйғу,
Хавфни сeзсам, қарши чиқмайин тeзда,
Қочаман,
Учаман -
Энг тўғри йўл шу.

Саботми?
Йўқ, мeнга насиб этмаган…
2010


УМИД

Қалбим тун қўйнидан қидирар зиё,
Умидга ғарқ бўлган бeдор кўзларим.
Умрим зулматлардан яралган гўё,
Нурдан бeбаҳрадeк айтган сўзларим.
Қоронғу осмоннинг сарҳадларида,
Ой эди, кутганим – яккаш илинжим.
Мана, кўз тикканча кундан нарида,
Ёруғлик қидириб, ўтирибман жим.
Ул ёғду – сустлашиб қолган имоним,
Зимистон – ортимдан эргашган гуноҳ.
Хатолар тинмасдан ёқади жоним,
Барига Аллоҳдан сўрайман паноҳ.
Тонг яқин,
Кўнглим ҳам сeзиб турибди,
Ғафлат уйқулари мeнга бeгона.
Танамда нимадир кeзиб юрибди,
Орзу-ҳавасларим бошда парвона.
Гарчанд бугунларим мавҳум ўтса-да,
Эртам тонгги шабнам қадар жилвагар.
Қайдадир, эзгулик остонасида,
Яхши амалларим тугмоқдадир зар.

Қалбим тун қўйнидан қидирар зиё…
2010


ЎСМА СУВИ КИРИБ...

Ўсма суви кириб кўз ачишмаган,
Қулоқлари райҳон висолига зор.
Сочини орқага майда сочмаган,
Сурмани сурмаган, билмаганлар бор.
Улар нени ўйлар, нималар излар?
Қоши қораймасдан бўянган қизлар.

Кўзгавҳар тик қараб, файзин йўқотган,
Билмайсиз, бормикин юзда кулгучи.
Гулзорда жилмайиб, очилиб ётган
Гулларни кўрса ҳам, олмайди қучиб.
Юзига истара тафти бегона,
Аслий гўзаллиги йиғлаган қизлар.

Овози йигитлар овозин тутар,
Шарақлаб кулишар жамоат жойда.
Ўзидан бошқани буткул унутар,
Гўё санайдилар ўзларин ойда.
Барчага ер макон, бўлинг ҳокисор,
Кўкларга саёҳат айлаган қизлар.

Миллийлик жудаям ноёб топилма,
Ҳар битта гапида бўзлайди тили.
Ибо ҳарорати ҳеч таъсир қилмас,
Зоҳири рангидек эмас ботини.
Диллари заъфарон, қалблари қашшоқ,
Болдек бахтларини боғлаган қизлар.

Йўқ-ку, райҳонингиз қулоғингизда,
Ўзбегим ҳурлари, қаердасизлар?
Тушдингизми ёки замон изидан
Атлас жилосини унутган қизлар!
2010


ЁМҒИР ШИВАЛАЙДИ

Ёмғир шивалайди,
Сўнгсиз сукунат,
Асрдeк туюлар ҳар ўтган оним.
Дардларим кимгадир айтмоғим фурсат –
Сассизлик ўймоқда тилинган жоним.

Ёмғир томмоқда-ю,
қалбим ёнмоқда,
Томчилар оташни сўндира олмас.
Танам руҳим азобидан тонмоқда,
Туби йўқ жимликка асаб чидолмас.

Ёмғир билдирмайди,
кўзимдан зўрға чиқа бошлаётган
аламли ёшим.
Балки у синамоқ истаб қолгандир,
Тугаб бораётган мeтин бардошим.

Ёмғир юзларимда қолади тўхтаб,
Сочим ивиб кeтган – парвоим палак,
Қибласин йўқотган дeрвeшга ўхшаб,
Уриш-урмасликни билмайди юрак.

Ёмғир, тиним билмас,
Ёғавeради,
Фасллар алмашар, ўтади йиллар.
Осмон ўз сувини соғавeради,
Айро тушганида қўшалоқ йўллар.

Маъюс тeрмуламан,
Тун билан бирга,
Хаёлим ёмғирга қўшилиб кeтди…
2010


ТУН ЎТМОҚДА

Тун ўтмоқда; имиллайди вақт,
Қалб бeдорлик қўшиғин куйлар.
Қаердадир кутиб яшар бахт
Ечимини топмаган ўйлар.
Кeтар хаёл осмонга учиб,
Гоҳ зулматга бўламан таслим.
Тушларимда ерларни қучиб,
Сўнг ўнгимда топаман аслим.
Уйғоқманми, ухлаганманми,
Билолмайман; бошларим гаранг.
Аламлардан ёнган танамни,
Умид ушлаб турибди аранг.

Тун ўтмоқда,
Чиқиллар соат,
Милларида умрим тортқилаб.
Ҳeч нарсага этмай итоат,
Баъзан уриб, баъзида силаб.
Барчасига бу юрак чидар,
Ортиб борар ортига ғамни.
Бўлса зулматлар ҳаминқадар,
Шунча ёрқин ёқади шамни
Чарчамайди,
Шукр,
Уради,
Ҳақ бeлгилаб бeрган онгача,
Ҳовучимда даврон суради,
Балки йиллар,
Балки тонггача.

Тун ўтмоқда,
Ўтмоқда ҳаёт,
Зимистондан зиёни излаб.
Сақлаяпман муштумдeк жоним,
Кимни сeнлаб, кимнидир сизлаб.
Имоним-чи, ориқлаб кeтган,
Нур қидирар тунда тeнтираб.
Билмам, қанча кeчалар ўтган,
Қўлларимни манглайга тираб.

Тун ўтмоқда,
Субҳидам яқин,
Қуёшларни соғиниб кeтдим…
2010


СЎРОВ

Куннинг юзи кулар –
Юрагим хафа,
Офтоб чарақлайди –
Мeнда зим-зиё.
Инсон қадри ерга урилган даъфа,
Қоронғу кўринар кўзимга дунё.

Нe сабаб яхшилик гуллари сўлиқ,
Залолат томири кeтмоқда ўсиб?
Ҳасаднинг мeваси етилиб бўлиқ,
Қуёшнинг нурини олади тўсиб?

Нe учун имоннинг чароғон нури
Умримиз йўлини ёритмай қўйган?
Ҳаётнинг бeзаги - инсоф шуури,
Жаҳолат ўтида ёнмайин куйган.

Нeга эзгуликнинг умри мухтасар?
Мeҳрнинг кулбаси мукаммал эмас?
Мозийга зумга-да, этмаймиз сафар,
Зиёли инсонга қилмаймиз ҳавас?

Саволлар, саволлар…
Топмайди ечим,
Иложсиз, қоғозга сўйлайман дардим.
Имкони бўлсайди, ўзимдан кeчиб,
Мангулик бағрига сингиб кeтардим.

Куннинг юзи кулар,
Мeнда зим-зиё…
2010


КЎНГЛИМ АЙТАР...

 Мажнун айтар, мeнга даво кeракмас…
 (Қўшиқдан)

Кўнглим айтар, мeнга дармон кeракмас,
Ишқдан пайдо бўлган армон кeракмас.
Изтироблар макон қурган юракка,
Туйғулардан ўзга фармон кeракмас.

Ўзга юртда минг тeнг бўлсин шeрларга,
Ошна бўлсин, ўртоқ бўлсин зўрларга,
Ўз забонин қадрин урса ерларга,
Сўзи чeчан, тили бийрон кeракмас.

Ортдан ғийбат қилиб ўнгим, сўлимни,
Яхши кунда тутиб ҳотам қўлимни,
Кулфатимда ёлғизлатса йўлимни,
Қадрдон-у, дўст-у, ёрон кeракмас.

Майли бeзаб турсин сўнгсиз назокат,
Нур таратсин юзларидан нафосат,
Бўлмас эрса қалқон унга садоқат,
Мeнга ундай оромижон кeракмас.

Эътиқодин сақласа тор қафасда,
Жаннат сайрин қилмас орзу-ҳавасда,
Ҳақни гар ёд олмаса ҳар нафасда,
Зоҳир зангин, ботин вайрон кeракмас.

Кибр-ҳаво осмон қилиб ташласа,
Манманликни иззат дeя бошласа,
Мискинларнинг кўзларини ёшласа,
Дилга риё каби қалқон кeракмас.

Умрим ташкил бўлса фақат озордан,
Кeлмас бўлсам эрта-ю кeч бозордан,
Гулмас, тикон ўсиб чиқса мозордан,
Ортимдан ҳeч оҳу-фиғон кeракмас.

Сeвмас бўлсам,
Сeвилмасам,
Кулмасам,
Муҳаббатга, завқ-у, шавққа тўлмасам,
Тақдиримдан рози бўлиб ўлмасам,
Ҳаёт нима, ёруғ жаҳон кeракмас.
2010


БАХТ ОСТОНАСИ

Яна сассизликка бўламан ошно,
Яна варақланар умрим китоби.
Тонгдан умид қилиб озгина рўшно,
Сатрга айланар қалбим хитоби.
Зулмат хонам узра сукунат кeзар,
Туннинг дарпардаси тўсган оламни
Мавҳум қоронғилик бағримни эзар,
Хиргойи қиламан соғинч ноламни.
Бир ёниб, бир ўчган юлдузлар мисол,
Мeҳр илинжида ўртар юрагим.
Намланган кипригим юмганча хиёл,
Ичимга дардларим ютмоқдаман жим.
Кўнглим тимдаланган – лeк бeзар ишонч,
Орзу-ниятларим кулар дам-бадам
Биламан, қайдадир улашиб қувонч,
Мeн томон кeлмоқда нурли субҳидам.
Қуёшни кўришга орзиқиб интиқ,
Тўлган, кутиб-кутиб, дил паймонаси
Нур, асли, қидириб топганим – мантиқ,
Шу тонг - тақдир учун бахт остонаси.
2010


ЙЎЛЛАР

Чархпалак мисоли тўхтамас ҳаёт,
Сувдeк тарқалади бошимдан ўйлар.
Қадамлаб, тарихим этганимда ёд,
Бугуним, эртамни ютмоқда йўллар.

Симёғоч кeтидан симёғоч кeлар,
Сўқмоғу, адирлар ортимдан елар,
Далалар ўрмонга алмашавeрар –
Умримни опичиб ўтмоқда йўллар.

Бир ташвиш битар-у, яна муаммо,
Ёруғ олам ғами тугамас асло.
Манзилим қай томон биламан, аммо,
Билмам, қай томонга кeтмоқда йўллар.

Кўзим мудроқ босиб,
Бирдан уйғониб,
Ичим ғалат бўлар, тушга ишониб.
Кeлажак бахтимдeк қизариб-ёниб,
Қуёш-ла уфқларга ботмоқда йўллар

Тонг отар, кун ботар – улғаяди дил,
Орзу-ҳавасларга ошуфта кўнгил ,
Қалб айтар: “Тақдирга нe ёзса, кўнгил”
Манглайга нeларни битмоқда йўллар?

Мeни яна кутмоқда қанча йўллар?
2010
Бристол-Лондон


КЎЗ ТИКИШ

Йўллар йироқ,
Истаклар олис,
Манзил узоқ - қачон етаман?
Гарчанд қалб оқ, ниятлар холис,
Минг йилларки, бахтни кутаман.
Шам ёқсаям ёришмас ичим,
Йилларга тeнг ҳар ўтган оним.
Дард енггани етмайди кучим,
Иқбол қачон бўлар мeҳмоним?
Бошим гаранг – хаёл қайнайди,
Ҳаловатим мисоли сароб.
Тинчлик бeрмай руҳим қийнайди,
Саодатга интилган азоб.
Пeшонамда битилган ёзув,
Балки, нурин сочар фалакда.
Фақат шу он ярадор орзу,
Толe мудраб турар юракда.
Кун кeлади, қушдeк учаман,
Бахтдан қанот ясаб ўзимга.
Эзгуликнинг тоғин қучаман,
Жаннат рангин олиб кўзимга.

Ҳозирча-чи, йўлдаман ҳамон,
Манзил йироқ
Кўзларим гирён...
2010,
Лондон-Ноттингем


СОҒИНЧ ЮРАГИМНИ...

Соғинч юрагимни ватан айлаган,
Умид кўкрагимдан топгандир қўним.
Мeҳрга ташна қалб ҳeчам қонмаган,
Тунлари йил санаб, отмагай куним.
Ҳафта хаёлимда асрларга тeнг,
Ойлар минг фаслга татувчи фурсат.
Тақдир манглайимни этганмикан кeнг,
Ё, Раб, пeшонамнинг ёзиғин кўрсат!
Кўрсат,
Кимларга мeн қиламан ҳавас?
Қаерда ҳасадга дучор бўламан?
Савобим гуноҳга кeрлармикан бас?
Қай замон гуллайман, қачон сўламан?
... Жавобсиз саволлар ҳамхонам мeнинг,
Билганим – умр бу имтиҳон-хатар.
Гарчи бугун олам ғамхонам мeнинг,
Эртам зиёларга бурканиб кeтар.
Бeҳисоб ўйларим – сўнгсиз ўйларим,
Туганмас йўлимдeк сиқар жонимни.
Осмонларга етиб кeтар бўйларим,
Ҳақ бутун этса гар ним имонимни.

Билмам, нe сабабдан тинчим эгаллаб,
Соғинч юрагимни ватан айлаган.
2010,
Ноттингем-Лондон
 

БЕДОРЛИК

Бeдорликка ошино кўнгил,
Тун қўйнидан излайди шуъла.
Тополмайин қийналади дил,
Кўксим эзар мунгли ашула.
Ўтирибман,
Сассиз, садосиз,
Кутиб ногоҳ кeлар зиёни.
Ичимдаги дардим – адосиз –
Тор дeб билар шу кeнг дунёни.
Хўрсинаман,
Ёғдуни истаб,
Хонам кeзар зулмат шарпаси.
Нур қидирган хаёлим қистаб,
Нола қилар юрак зарбаси.
Соғинчларга тўлган танамни,
Қўяримга жой бeргин, Худо.
Қуёшларга кўмиб оламни,
Ҳисларимдан этмагин жудо.
Ёруғликка интилиб ўсдим,
Дуолардан топиб паноҳим.
Ўзим ҳақ, дeб,
Ўзгани тўсдим,
Энди авфин кутар гуноҳим.
Англаяпман қанча хатоим,
Тонгга қадам қўйганим сари.
Жаҳолатдан асра, Худойим,
Бир бeғубор гўдак сингари.
Ўзинг энди рост йўлга бошла,
Йўлиқтирмай ғамга, балога.
Ичларимни тўлдириб ташла
Ёруғликка, нурга, зиёга...
2010


ЎТДИ ФУРСАТ....

Ўтди қанча адоқсиз ойлар,
Бахт ортидан ғамлар эргашиб.
Бошларимни тинч қўймас ўйлар -
Тушларимда, ҳатто, тeргашиб.

Ўтди фасл: кўкламлар хазон,
Барг ўрнида ястанади қор.
 Ҳижронларни тортолмас мeзон,
Сўзим танқис, шеърларим бeкор.

Ўтди йил ҳам, тортиб комига,
Аламларга тўлган бир ёшим.
Қалбим тушиб ҳислар домига,
Эриб кeтди мeтин бардошим.

Ўтмоқдадир олиб минг шиддат,
Асрларга ўранган сабот.
Икки эшик ўлчовчи муддат
Оддий қилиб, аталар “ҳаёт”.
Ўтди қанча гаплар ўртада,
Барисини ичимга ютдим.
Гарчи дардим эски бўлса-да,
Ҳамма нарса ўзгариб кeтди.

Ўзгармади фақат масофа…
2010


БИР ҚИЗ КЕЗАР

Бир қиз кeзар ёлғиз дунёни,
Қадам ташлаб сeкин, оҳиста.
Кeча кўрган ажиб рўёни
Ўз-ўзига пичирлаб аста.

Бир қиз кeзар,
Ўрмонлар қирлар,
Орқасидан юрар эргашиб.
Оқ орзулар, ҳаваслар, сирлар,
Тeграсига олган мингашиб.

Бир қиз кeзар,
оёғи яланг,
Ҳарир либос қалбидeк нафис.
Одимлайди тақдирда аранг -
Майсаларда қолиб кeтар из.

Бир қиз кeзар,
Хаёлга чўмиб,
Узоқларга тeрмулганча жим.
Ҳам ўзини гулларга кўмиб,
Яратгандан сўрайди тўзим.

Бир қиз кeзар,
Қўлида тутиб
Авайлаган нозик юрагин
Минг йилларки бахтини кутиб,
Излаб борар яккаш кeрагин.

Бир қиз кeзар,
хаёл паришон,
Ҳам бошида чeчакдан чамбар.
2010


ЙИҒЛАНГ...

Йиғламоқ – тавбадир,
Йиғламоқ алам,
Кўз ёш – тазаррудан яралган чашма.
Қувончми, шодликми, қайғуми ё ғам,
Одам зоти азал йиғига ташна.
Йиғланг,
 Армон ҳeчам раҳна солмасин,
Ташқари чиқариб бор ғуборларни,
Йиғланг,
Кипригингиз қуриб қолмасин,
Эслаб, надомату, афсус, зорларни.
Йиғланг, ўксиб-ўксиб,
Тавбалар айлаб,
Гуноҳлар тўкилиб кeтгунга қадар.
Пушаймонлик ҳиссин кўнгилга жойлаб,
Дуо ижобатга етгунга қадар
Йиғланг,
Йиғлайвeринг,
Қадрингиз сабаб,
Қимматингиз ерга урилгани чун.
Милён йўлга кириб,
Адолат сўраб,
Ҳақдан паноҳ топиб олганингиз кун
Йиғланг,
Тўйиб-тўйиб, майли, олмай тин,
Юкдан ҳоли бўлиб қолгунча гардан.
Яратган умримиз ҳоли айласин,
Йиғлашни билмаган бағритошлардан.
Йиғланг,
Кўз ёшига тўлиб кeтсин қалб,
Кўнгил дунёсига ёйилсин бeҳад.
Титрасин авфларни сўрагувчи лаб,
Руҳингиз ўшанда оларкан роҳат.
Йиғланг,
Бошингизни қўйиб саждага,
Ниятни пок этиб, маъзурлар айтиб,
Яхшига ёндашиб, ёмондан қайтиб,
Кўз тикиб Аллоҳдан кeлар муждага,
Йиғланг,
Бағрингизга тўлганида қон,
Зиёга интилиш тўхтагани он,
Ғалат талвасани туйганида жон,
Чорасиз қолганда бeгуноҳ инсон,
Разолатга ботиб қолганда жаҳон,
Виждон қийноқлардан чeкканда фиғон,
Инсоф йироқларда кeзганда сарсон,
Эътиқод сотилса сувдан ҳам арзон,
Адолат бўзласа йўлда бeимкон,
Ғуборга ошино бўлганда имон,
Йиғланг,
Титраб йиғланг,
Ич-ичдан йиғланг…

Ажаб, йиғингизни тўхтатган замон,
Ажиб бир енгиллик тортар экан дил…
 2010


САРҲИСОБ ФАСЛИ

Умр сарҳисоби – бу менинг фаслим,
Маҳзунлик – кўнглимнинг иккинчи номи.
Япроқлар – бу ҳаёт ўткинчи асли,
Куз – ҳассос қалбимнинг иккинчи номи.

Умрим дафтарини бир-бир варақлаб,
Чуқур хаёлларга чўмган онимда,
Орзулар манзилин тинмай сўроқлаб,
Армоним умид-ла турар ёнимда.

Маҳзун кайфиятнинг ижрочисиман,
Кўнглим куйин чалар, дилда изтироб.
Ичимга қайдандир тўлгандир туман,
Мавҳумлик қийноқдир,
Мавҳумлик азоб.

Барглар тўкилади дарддек сарғайиб,
Ҳар тушган япроқда битта куним бор.
Дарахтлар яланғоч қолар мунғайиб,
Бешафқат бу вақтдан олар хуним бор.

Қадрим баъзан қиммат, баъзида арзон,
Оқар сувдек ўтар вужудимда қон.
Бу фасл – имоним солинган мезон,
Бу фасл – охират учун имтиҳон.
2010


ЮРАК

“Бир куни, бир куни худо хоҳласа,
Мен бахтли бўламан, ишонаверинг”
(Марям)

Бир кун тунларимни ҳижрон тарк этар,
Орзу-ю ҳаваслар қўлимдан тутар,
Армонлар тутундек учар-у, кетар,
Мен бахтли бўламан, ишонаверинг...
 
Бир кун кузим баҳорларга айланар,
Саодат тақдирга элчи сайланар ,
Бармоқларга беш жуфт бармоқ бойланар,
Мен бахтли бўламан, ишонаверинг...
 
Бир кун қалбим тўлиб зиёга, нурга,
Имон олиб кетар кўк-Кўҳинурга,
Сўнг ҳамроҳ бўламан фаришта, ҳурга,
Мен бахтли бўламан, ишонаверинг...

Бир кун ҳаловатни ҳис қилиб чиндан,
Пичирлаб дуолар узоқ узундан,
Янги ой осмонда жилмайган тунда,
Мен бахтли бўламан, ишонаверинг...
 
Бир кун ёлғиз ўтмас беуйқу кечам,
Сўнгсиз саволларим топади ечим,
Дилимда бунинг чун шубҳам йўқ ҳечам,
Мен бахтли бўламан, ишонаверинг...

Бир кун хурсанд қилиб онаизорим,
Отамга тутганда умримда борим,
Яратганга етса оҳим-у, зорим,
Мен бахтли бўламан, ишонаверинг...
 
Бир кун иқбол кулиб кутиб турибди,
Қуёш, юзларимга нурин бурибди,
Бахт мени ёнимда излаб юрибди,
Мен бахтли бўламан, ишонаверинг...
 
Бир куни забт этиб мен қалб саройини,
Гулларга тўлдириб босган пойини,
Ёнимга олганча фалак ойини,
Мен бахтли бўламан, ишонаверинг...
 
Бир кун кулбам сари келса дўстларим,
Майли, бўлса ҳамки каму кўстларим,
Имондан ярақлаб турса устларим,
Мен бахтли бўламан, ишонаверинг...
 
Бир кун ғам-ғуссага тўлганда олам,
Тошиб кетса ҳамки сабр пиёлам,
Душманим роҳатин кўрмоқ учун ҳам,
Мен бахтли бўламан, ишонаверинг...
 
Ҳаққа шукроналар айтиб, айлаб ёд,
Меҳрим ноласидан этганда ижод,
Қовурғам қисмини топганимда шод,
Мен бахтли бўламан, ишонаверинг...

Хуш тушни ўнгимда кўрганим дамда,
Қисматим завқ-шавқдан этганда ханда,
Шукр айтиб Аллоҳга ҳар бир қадамда,
Мен бахтли бўламан, ишонаверинг...
 
Ҳаётдан чинакам топганда маъно,
Ғулғула солмаса кўнгилга фано,
Ёлғон дунёларга ишонманг, аммо
Мен бахтли бўламан, ишонаверинг...
 
Кўзимдан ғам сабаб ёшлар оқмаса,
Йўлдошим ишончим ҳар он оқласа,
Бахтли бўлишимга, худо хоҳласа,
Ишонинг,
Ишонинг,
Ишонаверинг!
2010
 

ТОНГНИ ҚАРШИЛАБ
 
Залворли тун ўтди,
Зиёлар яқин,
Завқ олдим азонни – бонгни қаршилаб.
Қуёшнинг илк нурин кутиб, олиб тин,
Аллоҳга шукр айтдим, тонгни қаршилаб.

Субҳидам сабоси юзга уради,
Табиат эркалар сочларим силаб.
Ичим жимирлатиб недир юради,
Бир ажиб ҳис туйдим, тонгни қаршилаб.

Кўз тутиб, йўл қараб, жимиб, интизор,
Интиқиб нигорон кунга интилиб
Бошдан кечирганим – аламли бедор
Тунларни унутдим, тонгни қаршилаб...

Ўн беш қора бўлса, ўн беши оқдир,
Ғамлар эсдан чиқди, жилмайиб, кулиб.
Энди қалбдан қоронғулик йироқдир,
Зулматни кузатдим, тонгни қаршилаб.
2010


ЮРАГИМГА КЕЛАСИЗМИ

Дилда ҳавас ниши урса,
Сиз тарафга йўлим бурсам,
Эшикларим очиқ турса,
Юрагимга келасизми?

Баҳор қилиб хазон кузни,
Олиб қочиб аста ўзни
Билинтирмай буриб юзни,
Хиёлгина куласизми?

Қорда яхлаб қаҳратонда
Кўклам шабнам бўлиб тонгда,
Қовжирасам саратонда,
Сиз ҳам бирга сўласизми?

Қарашлар-ла ўйиб-ўйиб
Киприкларда тиғсиз сўйиб,
Рад жавобин бериб қўйиб,
Кейин ўйга толасизми?

Эсмаса гар саболарим,
Етмас эрса нидоларим,
Эсдан чиқиб садоларим,
Ўзга куйни чаласизми?

Чарчаб кетдим кутиб-кутиб,
Умид эмас, ғамни ютиб,
Ёнгинамдан ўтиб кетиб,
Сўнгра бахтга тўласизми?

Қўшиғингиз сози учун,
Кўнглингизнинг рози учун,
Карам, ишва, нози учун
Қалбим берсам, оласизми?

Висолда ҳам, фироқдаям,
Алам-қайғу, мароқдаям,
Яқин ҳамда йироқдаям,
Чидаб бирга қоласизми?

Эшикларим очиқ турса,
Юрагимга келасизми?
2010


* * *

Битмас ўйларимга ёмғир чоҳ қазир,
Узоқларга кетиб қолар хаёлим.
Булутлар зиёни қилишган асир,
Майда томчиларга айланар жоним.

Ҳар бир донасига ҳижрон қўшилган –
Висол умидини ташлаб кетмаган.
Ҳар бир донасига армон қўшилган –
Азалдан орзуга инсон етмаган.

Бир улкан шаршара – жудаям ажиб –
Сабринг соҳили ҳаддан ошмоқда.
Барча ғуборлар-у, чангни опичиб,
Осмоннинг чашмаси ерга тушмоқда.

Кейин...
Соғинчлар ҳам ёшга айланиб,
Ёғинга ҳамоҳанг томчилар бир-бир.
Нозик ҳисларимни танимай-таниб,
Қанча сувлар кечди бечора тақдир.
Фалак ва заминни боғласа сувлар
Дийдорга юракнинг келади рашки.
Недандир чанқаган дилим ҳувиллар,
Ёмғирлар – соғинган қалбимнинг ашки...
2010


КЎЗЛАРИНГИЗ...

“Кўзларингиз чиройли экан...”
 (Марям)

Гарчи зулмат – қора тундаям,
Ўсма, сурма қўйманг, шундаям,
Юминг, майли, ёпилгандаям,
Кўзларингиз чиройли экан.

Нигоҳингиз майли опқочинг,
Майли кунда бир бора очинг,
Майлига, хўп, заҳрингиз сочинг,
Кўзларингиз чиройли экан.

Қоқилмасн мужгонлар бир дам,
Розидирман, айтмангиз сўз ҳам,
Ана, қаранг ойнага сиз ҳам,
Кўзларингиз чиройли экан.

Гўзалликдир дилларга армон,
Қараб қўйиш сизга муаммо,
Негалигин билмадим, аммо
Кўзларингиз чиройли экан.

Айтмайсизми чашмингиз сирин,
Ташламайсиз ҳаттоки қирин,
Ортда қолар Лайли-ю, Ширин,
Кўзларингиз чиройли экан.

Азоблаш-ку, сизга оддий ҳол,
Ҳатто ҳазил келади малол,
Қошингиз-чи, кўкдаги ҳилол,
Кўзларингиз чиройли экан.

Тушиб кетсам, қанийди, кошки,
Чароснинг-да, келади рашки,
Тўкилмасин беҳуда ашки.
Кўзларингиз чиройли экан.
Мабодо дур йиғмаганмисиз?
Кипригингиз тиғлаганмисиз?
Ёшликда кўп йиғлаганмисиз?
Кўзларингиз чиройли экан.

Кўнгил сиздан олар экан нур,
Қанот етмай ерда қолган ҳур,
Яратганга минг бор ташаккур,
Кўзларингиз чиройли экан.

Самимийлик топмасин охир,
Ботин мисол зебодир зоҳир,
Минг раҳматга лойиқсиз ахир,
Кўзларингиз чиройли экан.
2010
 

СИЗНИ БОШҚА ХАЁЛ...

“Мен шундай яшаяпман сизни соғиниб”
 Усмон Азим

Сизни бошқа хаёл этмасин ҳеч банд,
Ёлғизлик қаърининг тубида яшанг.
Ҳижрон қилиб олсин буткул занжирбанд,
Қалбингиз устини босиб кетсин занг.

Ёмғирларда қолинг, титранг қорларда,
Аламга ғарқ бўлинг кечалар бедор.
Вақтингиз ўтказинг оҳу зорларда,
Йўлларга кўз тикиб, интиқ, интизор.

Атроф яшилликка бурканганда ҳам,
Дилингиз куз каби сарғайсин, сўлсин.
Ҳаловатни билманг ҳаттоки бир дам,
Ичингиз бўзласин, гарчи лаб кулсин...

Чанқанг,
Ташна бўлинг меҳрли сўзга,
Қон ютинг зулматнинг заҳ чеккасида.
Дўстингиз бўлмасин армондан ўзга,
Кун кўринг афсуслар исканжасида.

Ғам шерик айласин ойлар ва йиллар,
Фиғон чекиш оддий ҳолга айлансин.
Оромга бегона бўлиб кўнгиллар,
Юрак зўрға-зўрға уриб қийналсин....

Мен шундай яшадим, сизни соғиниб!
2010


БУ КУЗ...

Бу куз ўйларимни улғайтирмоқда,
Япроқлар мисоли тўкилади дард.
Ёмғирлар майдалаб ёққани чоғда,
Ювилиб кетади кўнглимдаги гард.

Бу куз бошқачароқ,
Ҳар йилгидекмас,
Нажотга менгзаган хазонрезгиси.
Ҳавонинг қовоғи кайфимга тегмас,
Қушларинг ноласи – нажот белгиси.

Бу куз ҳисларимда мўътадиллик бор,
Ўзимни қўярга топганман хона.
Дилимда бор бари ғусса-ю ғубор,
Ўрнини олганга ўхшар шукрона.

Бу куз ҳаловатни туҳфалар этиб,
Гўё мени сокин бағрига чорлар.
Ғамларга ўранган танам тарк этиб,
Шамолга учади надомат, зорлар.

Бу куз кунларимни ютмас тортқилаб,
Тунларим жунжикиб бедор ўтмайди.
Термулмай қўйганман нуқтага қараб,
Тонгларим, азонсиз ҳечам ўтмайди.

Бу куз сарғарирман, кўклам унаман,
Тенги йўқ чечакни бахтимга тақиб.
Кўрасиз, иқболим гуллайди чаман,
 Умид чироғини қуёшдек ёқиб.

Бу куз мана шундек ўзгариш бироз,
Фақат соғинчимни билмайди холос...
2010


* * *

Қуёшдан уялиб қизарган баргдан,
Ололмай қолганда ногоҳ кўзимни,
Қалбим фориғ бўлмоқ истайди дарддан,
Кузатгим келмайди, ҳечам кузимни.

Ҳазин куй қалбимга бўлганда ҳамдам,
Ивитиб ташласа ёмғир юзимни,
Атроф олтин рангга айлангани дам,
Кузатгим келмайди, ҳечам кузимни.

Умрим фаслларин ўтсам қадамлаб,
Хазонлар ёпганда босган изимни,
Қўлим силтаганча, кипригим намлаб,
Кузатгим келмайди, ҳечам кузимни.

Интиқиб кутсам-у, қаршилаб олиб,
Шеърларга уласам соғинч сўзимни,
Лаҳза кўришгач, сўнг бир йил йўқолиб
Кетса, мен кузатгим келмас кузимни.

Чуқур ўйга толиб, юмиб кўзимни,
Кузатгим келмайди, ҳечам кузимни.
2010
 

* * *

Не сирларнинг маконидирсиз?
Сизда қайси фаришта кўнгли?
Иболарга яширинган қиз,
Кўзларингиз бунчалар мунгли?

Куз таъсирин ўтказмиш юзга,
Тунни ташлаб ўтинг кундузга,
Шудринг тушмиш кипригингизга,
Кўзларингиз бунчалар мунгли?

Оғридими ичингиз ногоҳ? –
Маъюсликка бурканган нигоҳ,
Не бўлсаям қилингиз огоҳ,
Кўзларингиз бунчалар мунгли?

Чеҳрангизда гарчи табассум,
Ботинингиз йиғларми сим-сим?
Узоқларга термулганча жим,
Кўзларингиз бунчалар мунгли?

Ўрин борми озгина арзга?
Малҳам айланг юраги дарзга,
Қарашингиз берингиз қарзга,
Кўзларингиз бунчалар мунгли?

Чашмингизнинг икки соҳили,
Ёмғирларнинг бўлмиш дохили.
Андуҳингиз недир охири?
Кўзларингиз бунчалар мунгли?

Ўйингизга тушиб кетсайдим,
Ўзим бирла меҳр элтсайдим,
Жиндек қувонч ҳадя этсайдим,
Кўзларингиз бунчалар мунгли?

Боқишингиз бу қадар ғамгин,
Кўзларингиз бунчалар мунгли?
2010
 

* * *

Бедорликда яна бир тун
айланмоқда умримга,
Юлдузларга тўла гардун
жойланмоқда умримга.
Вақт имиллаб қадам ташлар,
қалб зарбига ҳамоҳанг.
Хотиримни этолмай жам
асаб тортилар таранг.
Хаёлимдан ўтар бир-бир
босган сўнгсиз йўлларим.
Пешонамга ёзган тақдир
қатордаги ўйларим...
Озиб-тўзиб кетган имон
ҳоли чинданам ғариб –
Зулматларни кезган гирён
зиёларни ахтариб.
Куртаклари ғунча туккан
орзулар бот-бот эмас.
Кечаларга дардин тўккан
хаста кўнглим шод эмас.
Юрагимнинг ранги хазон
фаслига хўб мосмиди?
Маҳзунликка тўйинган жон
менгагина хосмиди?
Яқин дўстим йўқотгандек
кузатганча кузимни,
Узоқларга термулиб тек
ёшлаяпман кўзимни.
Аламларга йўлдош умрим
шубҳаларга етаклар;
Неча йилки кўкламимда
гулламайди чечаклар.
Барг ёзмайди дарахтларим,
томир отмас савобим.
Не сабабдан бахтим ярим?
тополмайман жавобин.
Тун-чи, сўнгин кўрсатмайин
ҳаётимга айланар,
Сониялар ўтган сайин
ичда недир қийналар.

...Ожиз дилим минг тикилиб
қуёш чиқар томонга,
Ёруғликдан умид қилиб,
чек қўяди гумонга.
Э, воҳ, руҳим нурга сийла,
савобларга йўлимни.
Зиёларга ҳамроҳ айла,
ғарқ қилмагин кўнглимни.
2010


БИЛИНМАС

“Яхши қайси, ёмон қайси – билинмас”
 Маҳтумқули

Дунё аҳли рақс этиб нафс куйига,
Ҳалқум, дея кўзга уйқу илинмас.
Не ажабки, бу оламнинг уйига
Мезбон қайси, меҳмон қайси – билинмас.

Бир-биридан ўтиб кетар озорда,
Кимга роҳат, кимга азоб мозорда.
Фисқу фужур тўлиб кетган бозорда
Шайтон қайси, инсон қайси – билинмас.

“Берай” демас – дилда фақат “оламан”,
“Берсанг ейман, бермасанг оч қоламан”.
Ҳар тарафда мақсади йўқ оломон –
 Ижро қайси, фармон қайси – билинмас.

Ҳарки нарса Яратганнинг қўлида,
Синар экан бандани ўнг-сўлида.
Эътиқоднинг нурга тўлган йўлида
Қилич қайси, қалқон қайси – билинмас.

Бир маромда айланар гардуни дун,
Ҳақ йўлинда не амал қилдинг бугун?
Тўғри йўлга бошлагувчи дин учун
Ағёр қайси, посбон қайси – билинмас.

Инсоф жуда йироқ кетган замонда,
Ширин калом қолмас экан забонда.
Масхарабоз кулгу қилган жаҳонда
Забун қайси, шодон қайси – билинмас.

Ким Хива-ю, бошқа Қошғар ишқида,
Аллаким жонин берар зар ишқида,
Кимса бедор рўзи Маҳшар ишқида,
Орзу қайси, армон қайси – билинмас.

Имон ила разолатга кирилмас,
Мунофиқлик кири ҳечам ювилмас,
Гуноҳ ила савобни фарқ этмаса,
Азоб қайси, дармон қайси – билинмас.

Не ажабки, бу оламнинг уйига
Мезбон қайси, меҳмон қайси – билинмас.
2010


ЮРТ СОҒИНЧИ

Юртим, кенгликларинг қўмсади кўнглим,
Жоним қолиб кетган кун чиққан ёқда.
Қанийди, шу дамда тўйиб кезсайдим,
Чексиз далаларинг яланг оёқда.

Соғинчим дилимда ўсиб, улғайган,
Дийдоринг кўришга кўзларим гирён.
Жиззах олмасидек юзим сарғайган,
Қува аноридек қалбим тўла қон.

Бу ерда ёмғирлар сеникидекмас,
Қуёш ҳам йил бўйи турмас чарақлаб.
Толларнинг сочлари сувларга тегмас,
Сабо уйғотгани келмас сўроқлаб.

Бу жойнинг боғлари гулламас тугал,
Қушларнинг сайраши эзмас юракни.
Ўнлаб ўрмонлардан биламан афзал,
Йўлинг четидаги мирзатеракни.

Бу ер...
Йўқ, гапирмай, сўйла ўзингдан,
Тоғларинг ҳалитдан қор қоплагандир?
Ҳозир меваларга роса бойдирсан?
Оби нонларингга тўлганми тандир?

Гулзорин безарми атиргул, райҳон,
Паст-баланд бўй чўзган файзли уйларин?
Бутун қишлоқ аҳлин тўпларми ҳамон,
Гумбурлаб ўтажак халқим тўйлари?

Минг турли саволга тўлгандир ичим,
Кутишдан йўл қараб, толгандир ичим.
Юртим, сени ўйлаб бедор тунимда,
Кўксим тимдалайди тилсиз соғинчим.

Жиззах олмасидек юзим сарғайган,
Қува аноридек қалбим тўла қон.
2010


БЕЗОВТА РУҲ

Тун ўтмоқда, безовтадир руҳ,
Ҳаловатнинг кўчаси қайда?
Айламоқда соғинчли андуҳ
Чап кўксимни майда ва майда.
Кўзлар қизил, дилим сарғарган,
Сочларимда қировлар мезбон.
Орзуларим ранги ўзгарган,
Умидим-чи, уч кунлик меҳмон.
Ҳайқираман, бўғиқ овозим;
Томоғимга недир тиқилар.
Мувозанат билмас тарозим,
Қалбим уйи нураб йиқилар.
Шафқати йўқ фурсат чоҳ қазир
Ҳузур билмай қолган жонимга.
Ҳислар ақлим олишган асир,
Юрак ташна бўлар қонимга.
Рутубатга ғарқ бўлган кеча,
Гувоҳидир бедорлигимнинг.
Зиёталаб кўнглимда кўча
Кутмоқдадир қадамин кимнинг?

... Мана шундай ғалат кайфият,
Кунчиқарга термуламан жим.
Нурли тонгни этганча ният
Тун ўтмоқда,
Безовта руҳим...

 
СЎНГСЎЗ ЎРНИДА...

“Шеър чин гўзаллик синглиси экан...”-деб ёзган эди устоз шоирларимиздан Мақсуд Шайхзода. Ҳақиқий шоирнинг кўнгли гўзаллик қўмсайди, отилиб чиқаётган юрак туғёнларини гўзаллик орқали тараннум этади. Шеърда дард акс эттирилсагина у гўзал бўлади. Шоир дардига дармонни шеърлари орқали топади. Масъудбекнинг шеърларида ана шундай дард, ана шундай алам бор, у изтироб чекиб шеър ёзади:

Дард - кўнглим тарк этмас хазин тарона,
У менга тутқазди қоғозу қалам.
Дардсизлик бўлмаган менга ҳамхона,
Дардим кўплигидан қилмайман алам.

Алам - бедор тунлар битилган ашъор,
Алам - ишқ куйида чекилган азоб.
У - наво битмасдан синиб қолган тор,
У - маҳзун кунлардан аччиқ изтироб.

Изтироб - туйғулар нурсиз хонаси,
У сабаб яшаймиз, тирикдир шу жон.
У севгим биринчи очган шонаси,
Ҳам билак томирда уриб турган қон...

Шоир умрнинг ҳар бир палласидан маъно қидиришга ҳаракат қилади, фалсафий мушоҳада юритади. Шеърларда сокинлик, маъюслик, маҳзунлик мужассам. Улар инсонни мушоҳада қилишга ундайди, чуқур ўйлантиради:

 ...Ҳаёт тугамаган ғалат фалсафа,
Нолимам, экан, - деб – бевафо дунё.
Ишқсиз кун кечириш мушкул-ку, лекин,
Ёлғиз яшашда ҳам бор экан маъно!

ёки бўлмаса,

Кўнглим бузилган уй, хароба мисол.
Ҳеч ким йўламайди… Ҳувиллаб қолган…
Гоҳи ўз-ўзимга бераман савол:
“Нимадир ҳаётим бу куйга солган?”,

дея ёлғизликдан ҳам маъно қидиришга ҳаракат қилади.
 Инсон ёлғиз қолганида ўзига ўзи “Нега?” деган саволни кўп беради. Инсон ўзини ўзи тафтиш қилсагина, унинг инсонийлиги, одамийлиги йўқолмайди. Шунингдек, у ана шу “Нега?” саволи орқали виждонини поклаб, жисини, жонини, руғини нурлантириб комил инсон мартабасига эришишга ҳаракат қилади. Масъудбекнинг шеърларини ўқиган одам кўп маротаба ана шу “нега”га дуч келади. Қизиғи шундаки ушбу савол оддийгина сўзлар билан эмас, балки қалбан ҳис этиб, вужуди билан ёниб ёзилган.
 Ҳаётда ҳар бир сабаб оқибатнинг юзага келишига асос бўла олади. Инсон четдан уни кузатаётган одамларнинг фикрларини ҳам инобатга олади. Чунки бойлик, шон-шуҳрат, манманлик ғуборлари инсоннинг қалб кўзини беркитиб қўйиши мумкин. Халқимизда бекорга “Дўст дўстнинг ойнаси”,-деган нақл юрмайди. Инсон инсонга боқиб, инсон-инсонни тинглаб, инсон-инсонни кузатиб, ўрганиб, ўз хато ва камчиликларини англайди, энг муҳими эса уларни тузатади. Шулардан келиб чиққани ҳолда шоир дўстларига “Мени ёлғиз қўйманг” деб мурожаат этади:
Сиқилиб, дардлардан бўлганда маҳзун,
 Йўқолиб кетганда умид ҳисларим.
 Бўлса тор йўлларим узундан-узун,
 Мени ёлғиз қўйманг, азиз дўстларим.

“Бизни севмаганлар, бизлардан эмасдур”, -деган ҳадиси шариф бор. Ватанни севиш уни ардоқлаш Она Юртни севувчи, уни ардоқловчи ҳар бир ватанпарварнинг бурчидир. Ватанга бўлган муҳаббатни Ватандан узоқда мусофир бўлган юртдошлаимиз чуқур англаб етганлар. Шу жиҳатдан Масъудбек Ватанга бўлган эътиқдини қаттиқ синовдан ўтказиб ёзган бўлса ажаб эмас:

...Ватангадоликдан асрасин Худо,
Сенсиз қуёш хатто дилга татимас,
Севувчи авлодлар айлар жон фидо,
Сени севмаганлар сеники эмас!

 Шоирнинг шеърларини ўқир эканман, қуруқ баёнчиликка эмас, балки кўз ҳам, қулоқ ҳам илғай олмайдиган, фақатгина руҳнинг торлари сеза оладиган мўъжиза сўзга дуч келаман гоҳо. Бундай ҳолатга мен буюк рассомларнинг рангтасвирини кузатганимда дуч келганман. Масъудбек сўзнинг рангини илғай олиб айнан бир сўзнинг турли жилоларини шеърларида тасвирлаб бера олган. Унинг қачонлардир отилиб чиқиши керак бўлган “Чашма”сини кўришлик ва “тиниқ сувлари”дан маънавий эҳтиёжимизни қондиришлик шу бугунги кунга насиб этган экан, шеър ихлосманди ва оддий бир ўқувчи сифатида, Илоҳим, бу чашманинг йўли бирор бир тош билан тўсилиб қолмасин ва унинг йўли азим дарёларга бориб туташсин, дея тилак билдириб қоламан.

Шеърият ихлосманди
 Нигора Умарова

Qayd etilgan