Muallif Mavzu: Nabi Jaloliddin. Ko'ngil ozod  ( 13855 marta o'qilgan)

0 Foydalanuvchilar va 1 Mehmon ushbu mavzuni kuzatishmoqda.

AbdulAziz

  • Forum Administratori
  • Mega Member
  • *******
  • Rahmat
  • -aytdi: 6942
  • -oldi: 12023
  • Xabarlar: 20359
  • Jins: Erkak
  • Sevelim, sevilelim. Yunus Emre
    • Ziyo Uz
Nabi Jaloliddin. Ko'ngil ozod
« : 07 Aprel 2011, 12:30:14 »
Nabi Jaloliddin. Ko'ngil ozod



Muallif: Nabi Jaloliddin
Hajmi: 902 Kb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish
Ilm o'rganish - Allohdan qo'rqish, uni talab qilish - ibodat, izlash - jihod, bilmaganga o'rgatish - sadaqa, uni o'z ahliga o'rgatish - Allohga qurbatdir. Ilm - tanholikda hamroh, hilvatda - do'st, to'g'ri yo'l ko'rsatuvchi - dalil, begonlar oldida - eng sodiq do'st, Jannat yo'lining minorasidir.
Hazrati Umar ibn Hattob r.a.

Habib

  • Mega Member
  • *******
  • Rahmat
  • -aytdi: 4611
  • -oldi: 3284
  • Xabarlar: 4044
  • Jins: Erkak
Re: Nabi Jaloliddin. Ko'ngil ozod
« Javob #1 : 20 Aprel 2011, 15:23:24 »
Наби ЖАЛОЛИДДИН


КЎНГИЛ ОЗОД...

(Шеърлар ва достонлар)


“Ҳаёт” нашриёти
2007 йил

 
МУАЛЛИФДАН

Мана, ушбу мажмуани тўла ўқиб чиқмаган бўлсангиз ҳам ҳар тугул бир қур варақлаб қўйганингиз рост. Эҳтимол бир-иккита шеърларни ҳам ўқигандирсиз. Нима бўлганда ҳам сабр-бардошингизга раҳмат.
Биз кўниккан аксарият замонавий шеърлар дунё ғуруридир, яъни нафснинг турфа жилваларига дахлдордир. Агар шеър иймон нури билан нурланмаса, ана шундай қисматга маҳкум. Чунки шоирликда улкан хавф бор.
Сўзнинг илоҳий эканлиги исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Шоир ана ўша илоҳий неъматни ўзича тасарруф қилади. Бу хавф бўлмай нима?!
Одам боласи дунёга келаркан, умри интиҳосигача тинимсиз гуноҳлар қилади. Илло дунё – гуноҳлар водийси. Эҳтимол менинг ёзмишларим (шеърларим) ҳам ана ўша гуноҳларимдан биридир. Ўзи кечирсин. Аммо бир умр иложи борича шеърда ёлғон сўзламасликка уриндим. Мабодо бирон шеърим ва ёки ҳеч йўқ биттагина сатрим кўнглингизга йўл тополса, Оллоҳнинг ана шунга бергувчи ажридан умидворман. Дуоингизни дариғ тутмагайсиз.
2007 йил, июнь








 
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

* * *

Илоҳи, бир куни уйғонсам
Тўкилган юрагим қучоқлаб,
Киприкларим похолдек ёнса,
Танамда қайрилса пичоқлар.
“Сабр! Сабр!” – деса Сарварим,
Сабрни ютолмай ютинсам.
Қисмат битик фалак дафтарин
Қайта ёзмоғини ўтинсам.
Биламан, сўзларим шамол,
Кўзларим ўчоқ бўлишин.
Кеч отгувчи орзулар хаёл,
Хаёлларнинг эрта ўлишин,
Биламан!..
Илоҳи, барибир уйғонсам...

1994


ИЛҲОМ

Сокин бу тун. Сувлар шовиллар.
Олислардан елади шамол.
Ажиб бир ҳис менинг кўнглимда
Талпинади, топади камол.

Бу илҳом, юрак илҳомим,
Орзу-истак, бахтим-ардоғим.
Бу ўша қалбимда қайнаган
Ажиб бир ҳис – шеърим-қийноғим...

1978


* * *

Боғ ичида ўйноқи булбул
Шўх сайрайди қўниб гулдан-гул.
Булбулнинг бу қўшиғин тинглаб
Олисларга талпинар кўнгил.

1978


ТИЛАК

Кунларим оҳиста судралиб ўтар,
Мунгли ҳиссиётлар қийнар беомон.
Қалбимга севгини орттириб  кетар,
Хаёллар чекини тутмоқ ноаён.

Беҳуда ўйларга йўқ менда тоқат,
Чалкаш хаёллардан безган бу юрак.
Қалбимдан жой олар ситамлар қат-қат,
Оғир туйғулардан жон бўлиб ҳалак.

Шукуҳсиз хаёллар, мунгли хаёллар,
Беҳуда келманг сиз, йўқ бўлинг, майли.
Умрим ўтақолсин шу муҳаббатда,
Мен бўлай Мажнуну ёр бўлиб Лайли.

1980


У МЕНМАН

Ёрим, еллар сени беозор туртса,
Унинг сўзларига қулоқ сол бир он.
Елларнинг тилида ҳижрон ўтининг
Дарду фиғонидан сўйлайди инсон.
У менман,
Олис ўлка сари чорлаган Ватан.

Баъзан хаёлингни қушлар чуғури
Ўғирлаб, қўлингга гул тутса ногоҳ,
Қушнинг қўли ила нафис дил розин,
Ёринг тутаётир, бўлолгин огоҳ.
У менман,
Олис ўлка сари чорлаган Ватан.

Табиат қўйнида юрганинг маҳал,
Ёмғир томчилари қўнса лабингга.
Билгилки, соғинчдан ўртанган юрак
Ҳадя эта олди бўса лабингга.
У менман,
Олис ўлка сари чорлаган Ватан.

1982, Ҳирот


* * *

Мактубинг қўлимда сураман хаёл...
Баҳорий елларга ҳамоҳанг ҳислар.
Тонгги шудринглардек тиниқ беғубор
Кўнгил ол бўсани, висолни эслар...

Бир воқе ёдимда: қуролдош дўстим,
Қўлимда жон таслим қилгани маҳал,
Сўнгги сўзларидан ўртанди қалбим,
Унингчун бефарқдай даҳшатли ажал.

Кўзлари чақнади яшиндай ўткир,
Лаблари тамшанди қуруқшаб оғир.
Чуқур хўрсинишла, афсус, ўкинчла,
“Дилфуза!” деёлди, деёлди охир...

Мактубинг қўлимда сураман хаёл,
Ҳар бир жумласидан излайман маъно.
Сўнг уни босаман лабимга интиқ,
Гўё бўса олдим лабингдан, жоно.

1984, Томск


* * *

Бир қўшиқ яратсам,
Бетакрор қўшиқ...
Қалбгинамни кўролсанг унда.
Бевафо ҳажрида саросар у ишқ
Армонин борича туйсанг шу куйда.
Илк бўса тафтидан титраган лаб ҳам,
Висолдан яралган байту ғазаллар,
Ва сўзсиз айрилган машъум ўшал дам –
Бошимга тор келиб қолгани олам,
Шу куйда таралса шому саҳарлар,
Бари-бари бўлса қўшиғимда жо.
Бу ғамгин наводан тўлса бардошинг
Ва қалбинг поралаб ўксик у вафо,
Ташриф ҳам айласанг хонамга, жоно,
Армонла қуюлса кўзингдан ёшинг...

1985


ВАҚТ

Отамни олиб кетди,
Онамни олиб кетди,
Ҳали юракдан йиғлашни ўрганмай.
Нон оқизоқ қилган дамларим ўтди.
Энди у сувларда
Ўйларим оқади тинмай.

Ёш бошимга қорлар ёғди аёзли,
Қуёшсиз умримда музга айланди.
Дилга ғамгин хотиралар ёзди
Ҳам маъюс шеърларга айлади банди.

Ана, у севгимни опичлаб борар,
Ана, орзуларни қувмоқда.
Ҳали мен уйқудан уйғонмай,
У юз-қўлини ювмоқда.

1987


* * *

Тун бағрида бир ҳовуч алам,
Бош қўймоққа таскин – бағр йўқ,
Мен аслида ўлмаган одам,
Лек тун совуқ,
Соғинчим совуқ.
Бош қўшмоққа таскин-бағр йўқ.

Бошимдаги ҳар тола ёлғон,
Исингани бир дона рост йўқ.
Келсанг бағринг тополмас омон,
Сочларим ўқ,
Ўҳ, сочларим ўқ,
Паноҳ учун бир дона рост йўқ!


* * *

Кеча урушда бўлганлар
Бугун уни туш кўришади,
Эртага ҳам...
Кеча уруш ҳақида ёзганлар
Бугун ҳам ёзишади,
Эртага ҳам...

Ҳеч ким урушни туш кўрмайди индинга,
Агар эртага унда бўлмаса.
Бугун уруш ҳақида ёзмаса ҳеч ким
Ёзолмас эртага ҳам,
Эртадан кейин ҳам...

Уруш ҳақида ёзилмас эртадан кейин.

1988


МЕН СЕНИ КУТАМАН

Қотиб турсанг қорачиғимда,
Жисминг қолса қароғимда ҳам,
Бардошларнинг ёқасин йиртиб,
Қонишларга етказиб алам,
Мен сени кутаман!

Ҳижрон –
Бир оёқ сиққулик ўлчам,
Юрак –
Панжаларга тутилган титроқ.
Ўшал ширин ҳижронни босиб,
Юрагимни айлабон қучоқ,
Мен сени кутаман!

Сочларинг –
Юзимни сийпаган сабо,
Жисминг –
Бағримдаги бир ҳовуч висол.
Лабларинг – бойвучча,
Мен эсам гадо,
Жисмингни сув каби сипқориб, ҳалол,
Мен сени кутаман!

1988


ТОНГ ВА ШОИР

Хандон ташлаб кулиб юборди,
Ҳовлидаги эски дарвоза.
Бир тўп сатр қоғозда қолди,
Қалам тортди чўзиб ҳомуза.

Бурчакларга қочиб борар тун,
Қип-яланғоч парини кўриб.
Томоқ қоқар обдаста бир зум
Нозиккина бармоқни туйиб...

Бир хонада ўчмаган чироқ,
Нурлар ичра сузади тутун.
Бармоқларда, лабларда титроқ...
Ҳали қанча мисралар юпун!..

1988


ФАРЗАНД

Хонадонда бир сиқим армон –
Ўлтиришар хотину эркак.
Уйларида титрамайди жон,
Тепмас ҳатто жуфт ўксик кўкрак.

Фақат...
Сукунатнинг юраги урар,
Нафассиз эр, аёли ҳам жим.
Кунлар ботиб, тонглари отар,
Бедорлик ҳам бу уйда етим...

Қўшни уйнинг юраги бедор,
Қўшни уйда уйқу беватан.
Тунлар шундай – эр-хотин яшар
Қўшни уйнинг юраги билан.

1988


ХОТИРА

Ўрикнинг гуллари тўкилар,
Унинг учишлари – хотира.
Япроқлар уйғонмай уйқудан
Куртакни ўйларга ботирар...

Отам бармоқлари чўккан лой сувоқ –
Хотира ям-яшил томлардан.
Тупроққа қоришган нон увоқ
Ёднома тўқчилик онлардан.

Уйдаги боламнинг бешиги
Уйқудан айрилган тонгларим.
Хонамнинг ланг очиқ эшиги,
Ўзингга интизор онларим.

1988


ВАТАННИ АНГЛАШ

Бир оз тўхтанг!
Самога боқинг!
Чеккасини кўролдингизми?
Ахир осмон шунчалар яқин –
Айтгунча  бор фақат бир сўзни.

Энди эса кўзингиз юминг!
Қаттиқроқ,
Оғриб кетсин киприклар жони.
Оғридими?..
Айландими бошгинангиз минг?!..
Асранг ўшал ачишган жойни.
Асранг минг-минг айланган жойни.

1988


ЛАБЛАР

Қаноти силкинди беором қушнинг
Хаёлий самога у кетди учиб.
Адоғи кўринмас бедор учишнинг...

Қанотига оқди тандаги кучи,
Сармаст – оғушида оромбахш тушнинг
Оловга урилгач, уйғонди чўчиб...

1988


ҲАҚИҚАТ

Эгилди,
Эгилаверди
Синақолмади!..
Яна жулдур бўлди тўнимиз.
Ўйинчоғин талашиб
Олган боладек –
Шу букрига қолди кунимиз...

1989


* * *

Катта эмас менинг меросим...
Денгиз беролмасман
Беролмасман мусаффо осмон,
Ё бермам боғу роғ, олтин,
Улкан бахт беролмасман.
Бир юрак бераман мен сенга,
Зиғирча исёни бор,
Бардош билан ўралган
Озодлик тўла
Бир юрак бераман меросга,
Болам!..

1989


* * *

Одамлар,
Мен бир кун яшайман албатта,
Фақатгина бир кун ростакам.
Унда сўзламайман мен сизга катта,
Дунёнинг энг улкан дарди хақда ҳам.
У кун яшагайман ўзимга ўхшаб,
Юзингизга солмай очлигингизни,
Дастурхон ўрнига сиёсат тўшаб,
Эрксиз элга дўнмайман сизни.
Шеър ҳам ўқимайман у кунда,
Жимгина ўлтиргум сизларга қараб,
Тўйиб тикиламан оламга,
Сўнгра
Кўзимни юмаман оламни қамаб...

1989


ҚАТЛ

Юрагимни қатл этаман
Мен бу кеча Эркни қучоқлаб.
Маҳзун-маҳзун ингранса Ватан,
Бағрим ўйсин, майли, пичоқлар!

Аравани тортқилаб бўм-бўш
Яшаб қолсин одил ҳоқонлар.
Дилга чўккан армонлар, пўшт-пўшт,
Мен ҳурликни олайин қонлаб...

Сабр этингиз,
Озгина сабр,
Тунни ғажиб ташлар соатлар.
Сиз-ла қолар,
Тортмангиз жабр,
Юрагини асраган зотлар.

1989


ДАРС

Ўргатгим келади мен сенга
Одамлардек ёмон кўришни.
Тупурса ёнингга биров, масалан,
Ҳеч йўқ билсанг
Тикка туришни.

Муштдек боши билан
Оқбилак бола
Нуроний бобонгни “сен” деса,
Ҳеч йўқ қарай олсанг
Унга сен ола,
Тишларинг ортидан нафратинг келса.

Мийиғида қўйса бир кулиб,
Энг олим дўстингга савол берган он.
Ўргатгим келади унга термулиб
Одамлардек кўришни ёмон.

Фаҳшни олиб кирса дастурхонингга,
Сенга бир қайрилиб, сўрмаса изн,
Зора ўргатолсам,
Унимас ҳеч йўқ,
Мен ёмон кўришни ўзингни ўзинг!..

1989


КАМБАҒАЛНИНГ УЙИ

Айвон устунига илинган чопон
Оқшайиб қуёшнинг олади кўзин.
Йўқ, акси –
Чопонга суянган устун
Тупроқ том зилига тилайди тўзим.

Чопоннинг остида қорайган ўчоқ
Кўрсатолмас ҳали қизғиш тилини,
Сарғиш деворларнинг эшиги уйғоқ
Шу чопон пешига турар илиниб.

Серофтоб, серсоя ҳовлида бир сас
Кирганнинг дилига солиб турар ғам.
Осмони эса кенг,
Учар унда, рост,
Сўнгги нусхадаги тайёралар ҳам...

1990


ШОИР ДЕГАНИ

Кузда сарғаяжак майсалар
Сен севган баҳорнинг
Туғиб ташлаб кетган боласи.
Агар истамайин шу майсаларнинг
Сарғайишини
Кўзидан оқизса жоласин,
Шунақа шоирнинг юраги.

Кишанни ечишиб сенинг қўлингдан
Унинг қўлларига боғлашса,
Ўкраб йиғласаю сенинг ҳолингга
Ўзин кишанига кула бошласа,
Шунақадир шоир дегани...

Яшаб турсин десанг инсоний ташвиш,
Оқиб турсин десанг инсоний кўз ёш,
Шоирнинг ҳолига қайрамагин тиш,
Шоир дардлар учун дунёга бардош.

Ҳаёт ўйинларин сўзлаб Худога
Таскинсиз таскинга кўнар шоирлар.
Дард қолмаса агар дунёда.
Ўша куни ўлар шоирлар...
Шунақа шоирнинг юраги.

1990


СИЗУ БИЗ
(Бозорбой акага)

Тиллари осилган ҳаста дунёнинг
Тузалмас яраси сизу биз.
Янги тиғлар келса, тағин, ишонинг,
Юраги пораси сизу биз.

Гуллари тўкилган бу ҳокисор юрт,
Гулларин қадрини билмаса эсиз.
Она хотирадан кетар бўлса қут,
Аввали кетари яна сизу биз.

Бу бағр дастидан қиласиз додлар,
Ҳатто бағрни ҳам олмабмиз тўкис.
Агар кулар бўлса кулгуманд зотлар,
Шу ярим бағр-ла йиғлар – сизу биз...

1990


КЎРШАПАЛАК

Ёруғнинг дастидан дод дея зулмат,
Қаро бағрларга уради ўзин.
Тун бир сиқим зиёни ямлаб,
Яна кўр шарпага беради изн...

Зулмат, сен ўзингсан нурли жаҳоним!..
Зиё бандалари ётурлар ухлаб.
Пинжига тиқилган кичик айвоннинг –
Ул ёруғ юзига ўтурман туфлаб...

1990


ҚИШДАН КЕЙИНГИ УМР

Кўз ёшидай ҳаста ёмғирда,
Сўнаётган беҳол шамолда,
Кўкси шишиб, терлаган қирда
Ҳансираган бедор хаёлда
Умид бор.

Юз-кўзини ювётган баҳор,
Ерга қуллуқ қилётган майса,
Тилларини лой босган анҳор,
Унга тушлар юзларин чайса –
Умидли...

1990


АРМОН

Умрим кушандаси одамхўр йиллар
Болалик бекатин олиб қочишди.
Нотаниш оқаётган ариқлар йиғлар,
Дардига чидолмай мен айтган тушнинг.
Фақатгина Сиз йўқ.

Ўттизга тўлгувчи мен ғариб гўдак,
Деворга бошимни уриб ёраман.
Бу сарғиш деворда сиз қилган тилак –
Ували-жували бўлиб бораман.
Фақатгина Сиз йўқ.

Соғинчнинг ранглари қўнар бошимга,
Болам онасини чорлаган сайин.
Бола бўлиб қолгим келган ёшимда
Энди мен кимларни сиз деб атайин?!
Ахир...
Ахир Сиз йўқ!

Мени қоқинтирган остона ётдир,
Меҳрибон жилмайган ёрим бегона.
Имтиҳон олаётган фоний ҳаётдин
Кетиб қолгим келар тониб девона,
Чунки бунда Сиз йўқ!..

Мана, кириб келди кетмоний фасл,
Сизнинг кетмонингиз етимдир лекин.
Сизни адо қилган унинг дастасин
Ўзбек бўлсам ҳамки синдираймикин?!
Ахир у бор...
Сиз йўқ,
Фақатгина Сиз!..
1990


БАҲОР

Келин нафас саболар тентир
Атлас кўйлак этакларида.
Ошиқларнинг қалбини кемтиб
Баҳор ўйнар эртакларида.

Ер тилидан отилар бир-бир
Айтилмаган ям-яшил сўзлар.
Ошиқларга ваҳийдан тақдим
Яшил сўзлар дилга тизилар.

Қуруқшаган ним пушти лаблар
Бул сўзларга ишончли паноҳ.
Ул лабларга интизор дилни
Сотиб қўяр чақимчи нигоҳ.

Ўрик гули ошиқ хаёли,
Учар узоқ ширин сабода.
Ёр бўйини солиб димоққа
Атлас иси кезар ҳавода.

1990


МЕН  БАҲОРНИ  СЕВАМАН

Мен баҳорни севаман!..
Гул ва қушлари эмас,
Севганим эмас чаман,
Куйларидан бўлмам маст.

Баҳор – юрт ибтидоси,
Мен яшиллик шайдоси,
Ниқобсиз боқар Ватан,
Ям-яшил ётар Ватан.

Қандай нурли тунлар, оҳ!
Қирларга боқ, қирга боқ:
Ярим Ой шуъласида
Ҳилпирар яшил байроқ.

1990


* * *

Севгим келверар яна ва яна,
Ёрилиб кетгунча бағрим севгидан.
Ҳаёдан пардали бўсангга қона
Ўлмоқ учун ҳузурингга келдим ман.

Сени десам, бардоши чок соғинчнинг,
Вужудимда тентирайди телба ҳис.
Нигоҳимда жилва қилган илинжнинг
Оғушига бош қўясан ўзинг, қиз.

Бағримга сен тўлавергин, тўлавер,
Сочларинг ҳам қўлларимда тўлғонсин!
Бағрим, майли, ёрилсин-а, қўйиб бер,
Овозидан севмаганлар уйғонсин...

1990


УМАР ХАЙЁМ

Ой қамалиб ғариб ҳужрага,
Сузук кўзда жилва қилади.
Нигоҳ сўлғин,
Юрак ичра гар,
Мастона ҳис ўксик кулади.

Олам дарвозаси тўрт девор аро
Мастона ҳисларга турар ланг очиқ.
Тўрт сатр оралаб ойнинг жилваси
Девона фалсафа ўтади сочиб.

Сўлғин нигоҳ ичра
Сонсиз оёқлар,
Чалишиб, қоқилиб ўтар ҳар ёна.
Оёқлар бир ёну
Бош бир ён оқар,
Дунё майхонадир
Дунё майхона!..

1990


ОДАМЛИК

Умр варақлари тўзар кун сайин,
Дилга тўлиб борар номсиз бир камлик.
Сағирнинг ҳаққини еганингдайин,
Оғир бу дунёда жуда одамлик.

Етимнинг нажотли кўзлари каби,
Ненидир ҳаётдан истайди юрак.
Бардош қўрғонининг мустаҳкам томи
Ҳадсиз соғинчлардан боради нураб...

Дилдаги камликнинг ошноси соғинч,
Соғинчдан туғилмиш бу ўша камлик.
Бағрингга камликни тўлдириб яшаш!..
Оғир бу дунёда,
Оғир одамлик!..

1990


АГАР  ИСТАМАСА!..

Ватанни севмоқлик,
Фақат севмоқлик
Камлик қилади
У билан фахрланмоқ,
Фақат фахрланмоқ
Жуда ҳам оз.
Агар ўлиш керак
Десалар агар,
Кўплар ўлади,
Бу энди, аслида
Ватан деб жўнгина
Ўлмоқлик холос...

Йиғлаш ҳам керакдир
Қафасдаги булбулдек
Унсиз ва унсиз,
Шеърлар ўқиш лозим
Шоирлари унинг
Кишан овозидек.
Очиш лозим
Том битган қулоқларини,
Қум тўлган кўзларини
Тозалаш жоиз Ватаннинг...

Агар эшитмаса йиғлашларингни,
Кишанлар овози – шеърингни,
Агар очилмаса қулоқ ва кўзи
Ёки истамаса очилишини,
Ўлиш керак унда,
Фақатгина ўлиш.
Бу энди аянчли,
Мураккаб ўлим...

1990


МУҲАББАТНИ ИЗЛАБ

Тунги саболарга опичиб олгум,
Кафтимга қўндириб тўлишган Ойни.
Унинг висолини қизғонади тун,
Юлдузлар, ялпизни кўрганлар борми?!

Тунлар ҳам югурик, умрим югурик...
Ғунчалар, бузмайман мен уйқунгизни.
Майсалар шивирлар, гул тўкди ўрик,
Ҳей, қушлар, ялпизни кўрмадингизми?!

1988


АФҒОН  УРУШИ

Кўпга келган тўй эди...
Мен ҳам бордим у тўйга
Жонимни тўёна қилиб
Лекин
Тўйбоши кўринмасди,
Тополмадим уни мен,
Тўёнам қолди ёнга,
Худога шукр!..
Худога шукр!..

1991


ТУШКУНЛИК

Мен қисқа яшайман,
Кетаман эрта,
Муддат шеърларимдек
Жуда ҳам кичик.
Чунки ҳар кеча деразам чертар
Бир мунис ҳурлик,
Жимликни ичиб.

Отамнинг тушларин сўйлайди менга
Дилга башоратлар
Солган сукунат,
Қирқини қоралай олмаган тунда
Бағрида видолар қолганин тунаб.

Қонимда бир наво
Оқар тинмайин,
Ўхшаш кечаларга
Якунлар истаб.
Ўзимга не қисқа умр бичмайин,
“Омин” деявермас,
Мўмин фаришта...

1991


МЕН КЕТДИМ...

Уйингда гиламлар,
Биллур қандиллар,
Олтину кумушдан
Яралган давлат –
Қалашиб ётибди
Минг турли матоҳ,
Қаҳқаҳа уради
Бахту саодат.

Гўшанг манзараси
Юрагингда ҳам –
Уйингга,
Ўйингга сиғмаганимдан
Деворга осдинг мени-да.
Мен кетдим
Сендан кўз юмиб,
Бўзлаб қолдинг сен
Ишқингга куйиб.
Ишқинг –
Сотиб олинмаган
Сўнгги у маржон...

1987-91 й/й.


ИЗҲОР
(Ибодатга)

Бир кун албат журъатим йиғиб
Кўзларингга термулгим, жоним,
Дош беролса киприклар агар,
Қароғларим кетмаса ёниб.

Тикиламан, сени топгунча
Ўтган чопқир онларим учун,
Тикиламан
Қоғозга йиғлаб
Мингта бўлган жонларим учун.
Тикиламан, кўзларим ёшлаб,
Қаро ўтган кунлар ҳаққига,
Тикиламан,
Шеъримни бошлаб
Оппоқ бўлган тунлар ҳаққига...

У кун келар албатта, жоним,
Журъат келгай, билмам, қачонлар!
Термуламан,
Бақога токи
Нигоҳингни кетгум ачомлаб,
У кун келар, ишонгин жоним!..

1991


БОЛАМ, ИШОНГИН!
(Истиқлолнинг биринчи куни)

Кўзи ёридими кунимнинг –
Қуёшнинг юзида яшил аланга,
Бегона овозлар топгандай тиним,
Табассум битгандай
Юртона ғамга.
Ишонмайман,
Келар ишонгим,
Болам, ишонгин!

Япроқнинг шитири танишдай энди.
Бағр санчиғидан олар жон ором.
Чўлпон бобом шеър ўқиб келди,
Тиловат-ла келди Қодирий бобом.
Ишонмайман,
Келар ишонгим,
Болам, ишонгин!

Шаҳидлар қўшиғи – кўзлардаги ёш,
Бўғизларни ёқмиш олов-истиқлол.
Ғанимлар қўйнига яширинган тош
Энди бошимизга рақибдир ҳалол.
Ишонмайман,
Келар ишонгим,
Болам, ишонгин!

Буён барчамизга бир ёқа керак,
Шу буюк ёқамиз бўлсин ҳур Ватан.
Қадлар тик,
Елкалар мисоли терак
Саф тортсин,
Енгилсин ҳар нечук хатар.
Ишонмайман,
Келар ишонгим,
Болам, ишонгин!
Болам, ишонгин!..

1991 йил, 1сентябрь


ЮРТИМ

Тоғлар кетиб қолса юртимдан,
Боғлар кетиб қолса,
Сойлари кетса-ю
Ва Ой ҳам кетса,
Не бўлар, айтинг?

Тоғлар етим бўлади,
Боғлар дувва тўкилар.
Кетса сойларга қийин,
Қорайган Ойга қийин,
Бир куни келар қайтиб...

1996


МАНГУ АРМОН

Энди мен чарчадим,
Баридан толдим,
Танамни кемирган минг бир дард билан.
Ўзимдек сарғайган қоғоздан олдин
Ёзилмас шеър каби ёниб кетаман,
Чунки мен чарчадим,
Қисқа умрни
Гўё асрлардек чўзиб яшашдан,
Ўттиз йил ахтариб топмаган нурни,
Ахир кўражакман қайси юз ёшда?
Қачон кўражакман?..
Баридан толдим,
Сонсиз нигоҳларнинг талотумида.
Ёки бу дунёдан минг йил олдин ҳам
Мени олиб кетган армон шумиди?!..

1991


ОРТИҚЧАЛИК

Тун эрта киради бағримга менинг
Олис хотиротдан ҳозирлаб емак.
Ўв, азиз унутиш,
Қайларда қолдинг,
Кўпчиган бардошга бергиней кўмак!
Ютишим керакдир яна бир тунни,
Тошни чайнагандек майда-майдалаб.
Тунларнинг қонига беланган умрим
Аросат даштида тинмай айланар.
Ҳар ютган луқмамга
Ошно минг гуноҳ,
Жазоим бошимни ғовлатган хаёл.
Буюк ортиқчалик биргина паноҳ,
Буюк ортиқачлик – қисматим ҳалол,
Йўқ, бундай қарама!
Ёш йўқ кўзимда,
Ҳатто намланмайди киприк ётсираб.
Покиза осмонни кўзлайман зимдан,
Аммо менинг жойим ернинг остида...

1991


ОНАМГА

Ёзолмайман онам ҳақида...
Сўқир бўлар сўзларнинг кўзи,
Қонлар оқиб қулоқларидан,
Вужудлари кетади тўзиб.

“Оҳ” қолади,
Бўғизда бир “оҳ”,
Тилим узра чучмал қон таъми.
Чуқурлашар юрагимда чоҳ,
Чўкиб кетар борлиқнинг бари.

Тушолмайман у чоҳга ўзим,
Огоҳ эрур биргина Оллоҳ.
Ҳатто ўзим очмаган тилсим,
Шеърга сиғмас
Меҳрибоним “Оҳ”!..

1991


ОЛОВЛИ ҚЎШИҚ

Сен ҳали кўп қўшиқлар
Куйлайсан, одам,
Озодлик ҳақида,
Севги ҳақида.
Қўшиқлар сўрайсан
Тинмай Худодан,
Озодлик, севгига
Тўқиб ақида.
Осмонинг осилиб
Букри елкангга
Бағрига оловдек чўктириб учар
Оҳлардан яралган наволарингни
Бўғзингни куйдириб,
Куйдириб ича.
Додингни бир Худо
Тинглагай, алҳол,
Ҳилпирар бағрингда умид кокили.
Бошингни ғорларга менгзар бир савол,
Заминда озодлик туғилган йили.
Кўзларингни ўяр оловли сурат,
Нигоҳингга ботиб қип-қизил бўшлиқ.
У – ўзинг яратган
Эртак,
Ақида –
Тушларингни бузган
Оловли қўшиқ...

1991


НЕГА ҚАРАДИНГ?

Савилмиди бу ширин жоним,
Бир боқишинг бўлди товоним,
Ўтар кўчанг бунчалар золим,
Ўҳ, қизгина нега қарадинг?

Оқиб кетди бағримнинг ярми,
Ярмида бир нигоҳнинг дарди
Муҳаббатга мактуб битарди,
Ўҳ, қизгина нега қарадинг?

Оёғимга ўтмади сўзим,
Туманлашди кўзингдан кўзим,
Жон омонат туюлди шу зум,
Ўҳ, қизгина нега қарадинг?

Бир балолар бўлдими нетай,
Шу кўчангда турмай мен кетай,
Қиёладинг ўзинг ҳам атай,
Ўҳ, қизгина нега қарадинг?

Кетган изинг йўлимга нуқта,
Шу туришда қолдим мен тўхтаб.
Саҳар ортга қайтганинг муҳлат
Жон қизгина, яна қарагин!..
Ўҳ, қизгина нега қарадинг?!

1992


ЯШАШДИН МАЪНИ

Яшаш керак барибир чидаб
Куфр водийсида битган умрни.
Минг бир озорларнинг ичида,
Минг бир роҳатлардан кўзингни юмиб.

Лабингга қўндириб бахт деганини
Ҳар замон қўшиқ ҳам қўясан куйлаб.
Ўзгадан ортиқроқ еб-кийганингни
Кимдандир қизғониб, қоласан ўйлаб.

Жисмингда роҳатдек айланар азоб,
Мислсиз гуноҳлар шунга муносиб.
Қариб-қартаясан ва эвазига
Бир ўлиб оласан –
Шу сенга насиб.

1992


ШЕЪРНИ СОҒИНИБ
ЁКИ ЁЗИШ ИСТАГИ

Шеър ёзолмай қолдим...
Оч қолган одамдек
Тамшаниб-тамшаниб қўяди лабим.
Чамаси миллион йил олдин
Мен бахтли бўлгандим...
Бўғзимда қотган нимарса
Бир додни соғинар мудом.
Эй, тил,
Осилма унга, қайсар,
Сенинг қўлларинг харом!...

1992


ЯШАШНИ БИЛСАМ АГАР

“Шундоқ-шундоқ” деюрдим сизга
Яшашни билсам, иним.
Тўн бичмасдим ҳар юпун сўзга
Қариларин терисин шилиб.

Қайрилиб кетарди тилгинам
Ўзим тўқиган ҳар фалсафадан.
Танишим ҳам бўлмасди унда
Сиздек ношуд кимсадан,
Яшашни билсам агар.

1992


СЕНСИЗ МЕНГА ЖОН ҚАЙДА?

Ой қувлаган сирли кечада,
Анҳор оққан сувли кўчада,
Юрагимда бир ҳис кечади:
Сенсиз менга жон қайда, Ватан,
Ер қайда, осмон қайда, Ватан!

Қоқилганда оёғим тойиб,
Тирагайсан қулочинг ёйиб,
Ғойибона қўясан койиб,
Койимасанг, шон қайда, Ватан,
Фақир қайда, хон қайда, Ватан!

Қароғимга тўладир ёшим,
Паноҳингда эриб бу лошим,
Яшаяпман кўниб-талошиб.
Кетар бўлсам, ён қайда, Ватан,
Рост қайда, ёлғон қайда, Ватан!

Шудгорингда униб чиқайин,
Минорингда тонгдек отайин,
Бўлса осон, келса ҳам қийин,
Сендан айро нон қайда, Ватан,
Шом қайда, азон қайда, Ватан!

Бўлса ҳамки жимитдек жоним,
Ғанимингга йўқдир омоним,
Оловланур тандаги қоним,
Сенсиз менда қон қайда, Ватан,
Шеър қайда, омон қайда, Ватан!

Мендан сенга ашъор садаға,
Дуоларим бисёр садаға,
Ки бу дили ҳуштор садаға,
Сенга ишқсиз ном қайда, Ватан,
Дил қайда, имон қайда, Ватан!

1993


ОНАМ ВАФОТИНИНГ
ЎН ТЎҚҚИЗИНЧИ ЙИЛИ

Ўв, тиллари осилган дунё,
Менинг каби минглаб йил етим.
Яратмишни соғиндингми ё
Толиқдингми манзилга етиб?!

Кўксингдаги тириклик сориғ,
Найсон ўлган ёшларинг кўммас.
Мен ҳам сенинг ҳолингдан ҳордим,
Айрилиқни севмасам бўлмас...

1992


СОҒИНИШЛАР ҚАЛАМНИ ЙЎНДИ
(Бугун онамнинг вафотига йигирма йил тўлди)

1

Бир қуш келиб қўнди елкамга,
Йиғлайверди “ку-ку”лаб юм-юм.
Кўз ёшлар тўкилди оламга,
Андуҳлар бўй чўзди бир уюм.

Бир йигит ёшига тенг, деди,
Сен куйиб улғайтган айрилиқ.
У қон ичиб, аламлар еди,
Қарамади сенга қайрилиб.

Йигирма ёш қари ҳасратим,
Доя бўлди унга хотира.
Ўзим ўлиб, уни асрадим,
Дард бўлди-ки тонгдек бокира.

Болаликда йиғлоқи алам
Улғайганда оҳларга дўнди.
Қош-кўзини бўяса қалам,
Соғинишлар қаламни йўнди.

2

Болаликнинг яшил ранглари
Тўлаверар интиқ кўзимга.
Улғайганим қачон англадим,
Қай пайт кирди мазмун сўзимга?



Болаликнинг бўйлари ўксик
Димоғимга райҳондек инар.
Қари андуҳ мижғиган кўксим
Нолалари бир лаҳза тинар.

Аллалайди хаёлларимни
Яшил кўйлак нурафшон дийдор,
Унда ўқир зор дафтаримни
Райҳон бўйли онажоним бор...

3

Кунларимнинг мазмуни алам,
Кулмоққа кўникдим у билан.
Энди кўз ёш тўкмайман мен ҳам,
Ёшларсиз йиғлашни биламан.

Мана, яшаяпман жимгина,
Лабим тишлаб, жилмайиб зимдан.
Йигирма ёш қартайган ҳасрат
Чиқолмай ҳам қолди кўксимдан...

4

Тунларимдан тушдими айро
Улуғ висол – ўнгимдаги туш?
Оқаверди умримга ошно
Пешонамга дарёйи шўриш.

Юзларини силаб аламнинг,
Юрагимга тиладим тўзим.
Кўзларига боқиб боламнинг
Айтолмадим охирги сўзим.

Анҳор кириб бағримда оқди,
Додларимнинг додини босиб.
Аллалардан чироқлар ёқди,
Меҳр истаган дилга муносиб.

Англаганман, бу олам ҳаста,
Кўзида ёш ҳатто қаламнинг...
Юзин азим аламнинг аста
Кулгуси-ла ёпдим боламнинг...

1993


ДОД

Мунғайма кўп шўрпешона тун,
Мен йиғлаган бағринг эзилиб.
Қисматимга чиқарма ҳукм,
Азобимнинг қирқма изини.

Ў, андуҳим, соғиниб кетдим,
Кўзларингдан ўпай кела қол.
Бани одам олганича тин,
Мен кўз ёшга бўлайин ҳоқон.

Тун – дардимни сўйлаганим хум,
Гувиллаган сукунат ошно.
Азобларим аллалар руҳим,
Дош қотили соғинчга ташна.

Фано дерлар – бунчалар узун,
Умримдан ҳам чўзилди фано.
Айрилиқнинг баҳрида сузиб,
Соғинганим соғинди мано.

Додим бору сиғмайди тунга,
Сабри тошган бағрни нетгум?!
Пичирлайман яна шу хумга:
- Мен онамни соғиниб кетдим!..
О-она-ажо-оним-м, со-оғиниб кетдим!..

1993


ОШИҚЛАР

Баҳорнинг болалари, дейман,
Ё уммонда сарсон кемами?
Хаёлдан ҳам меҳр эланиб,
Ўтар ошиқлар.

Май ишқида ёнганлари бор,
Бирларига маҳбубадир дор.
Қайларига сукунат ҳам ёр,
Кутар ошиқлар.

“Оллоҳ!” – деган ишқпарастлар оз,
Очликдан ҳам бўлиб сарафроз,
Тупроқ қучиб, айлаган парвоз,
Султон ошиқлар...

1993


ИМОН ЙЎЛЛАРИ

Кўп узоқ туюлди йўлларим,
Боряпман юрагим тўкилиб.
Ийманиб хаёлга бўйладим,
Кўрай деб руҳият кўкини.
Сузади оқ кема – таҳаййул,
Коинот заминга беланчак.
Ў, ором, бағримга кел, қуйил,
Унда кўз сузади келинчак...

Келинчак бўйлари илоҳий,
Бор ҳислар кезурлар маст-аласт.
Келинчак – моҳларнинг ҳур моҳи,
Кўйида жону тан ишқпараст.

Мендан тан мосуво, учаман,
Тавҳиддир ишқимнинг бир оти.
Қаршимда очилур ҳур чаман,
Тоатдин ишқимнинг қаноти.

Аллалар аламнок қалбимни
Моҳимнинг нур чопон сўзлари,
Намлайди қақраган лабимни,
Энг чуқур булоқдир кўзларим...

1993


ВАТАН БИР
(Истиқлолнинг икки йиллигига)

Мен Машрабман шу юртни кезган
Яланг оёқ, титрабон дир-дир,
Бегона кўзлардан бутунлай безган,
Танда жон бир, Ватан бир.

Чўлларидан териб тиконлар
Кўзларимга ғазабла санчиб,
Ёш ўрнига оқизиб қонлар
Мен Ватанга зор-зор тиланчи.

Оёғим остида қадрдон замин,
Оғзимда онамдан ёдгор она тил.
Юз ўттиз йил бегона ўзим,
Тил сўзлолмай, йиғлайверди дил.

Додлайверди бағримда бир дод,
Кимга қарам этди шум тақдир?!..
Оллоҳ!..
Оллоҳ!..
Бу кун юрт озод,
Танда жон бир, Ватан бир.

Мен Машрабман ишқда девона,
Тилда, дилда биргина такбир.
Ҳур насиймлар муборак, она,
Танда жон бир, Ватан бир,
Танда жон бир, Ватан бир!...

1993


ТАНБУР

Ёнадур-куядур сабил тан гур-гур,
Ҳасрат-фиғонини сўйласа танбур.

Самоларда чарх урар гирён-гирён
Бўғиздан мосуво бир фарёди ҳур.

Кўнгил – додларига етиша олмай,
Жавзода қиздириб қўйилган тандур.

Ў, темир асрида қотган қонгинам,
Юракни совутгил, тур ўрнингдан, тур!

Паноҳ бизга оҳ-ла йиғлар тор ўлсин,
Тор ичра кетамиз, юр, юрагим, юр!..
Чиқмас фарёдимиз қуйласун танбур...

1993


САБРНИНГ ТАГИ

Оч қолган сабрнинг кўзлари
Ямламай ютмоқда дунёни.
Сувдан қуруқ чиққан кўзани
Энди тўлдиргувси фанонинг қони.

Қайрилиб қарама ортингга,
Шомга тақлид қилу кўзларингни юм.
Ортда қаро тушлар ортилган
Судралиб келади фано отлиғ тун...

Кечикма!..
Саждада тонг отар,
Саждада уйғонгин тонг каби.
Умр бомдодига дил тортар
Шафқатга қимтилган Оллоҳнинг лаби...
Кечикма, саждада тонг отар...

1994


КЎЧАНИ СУПУРГАН ҚИЗ

Тонгдан эрта турволиб,
Кўчани супурган қиз.
Олланур тонг уёлиб,
Кўчани супурган қиз.

Сочлари толим, дейми,
Туш ё хаёлим, дейми,
Ерда ҳилолим, дейми,
Кўчани супурган қиз.

Супургиси торланур,
Овози “ёр-ёр”ланур,
Ай, кўнгил ҳумморланур,
Кўчани супурган қиз!

Саболар дугонаси,
Оламнинг ягонаси,
Фаришта, афсонаси –
Кўчани супурган қиз!

Поклайди йўл юзини,
Ёядир нур изини,
Оллоҳнинг ҳур қизими –
Кўчани супурган қиз!

Орзулаб васлинг атай,
Саҳарларга зор этай,
Супурги бўлиб кетай,
Кўчани супурган қиз!

1994


ЖИМГИНА

Кеча. Ариқ. Дарахтлар.
Тиззамни ғажийман, тиззамни.
Бошимда юлдузлар ярақлар,
Иззамни чикариб, иззамни.

Хаёл. Кўз ёш. Ситамлар.
Кўзларим ўяди кўзларим.
Тепамда Ой хамон билтанглар,
Билолмай юракнинг сўзларин.

Кеча. Жимлик. Дайди ит
Тилида тун йиғлар ўкиниб.
Итнинг кўзидаги марварид
Қулатар кўнгилнинг кўкини.

Кечада жимгина, жимгина
Ойларга термулиб йиғлайди вафо.
Тишларимга ботар бир нима,
Чийиллаб қўяди бечора дунё!.. 

1994


БИРИНЧИ МУҲАББАТ

Мен сизни ҳайратнинг бошини
Киприклар остида эзғилаб,
Мен сизни кўзларим ёшини
Ҳайратлар қонида сизғилаб
Топганман!

Топганман, фалакнинг қозонин
Тешгандай оловтил чақмоқ,
Гулдурак меҳрини қозониб,
Истадим бағрда бир яшин ёқмоқ.

Мен сизни ўшанда!..
Ўшанда
Юлдузмас,
Ой дедим қизғониб.
Булутдан ўрадим гўшанга,
Унда би-ир режалар тўзғони...

Англадим гўшанга ортидан
Тўкилган бир тилим нигоҳни.
Мен Қуёш эмасман,
Ёртиман,
Ёртим деб бўйлаган ул моҳни.
Сиз эса кетдингиз!..
Кетдингиз
Осмонлар сингари юксалиб.
Замин аҳволини нетдингиз,
Нуқтадек бошига юк солиб.

Кетдингиз
Тул ташлаб хаёлни,
Сочларин паришон тўзғитиб.
Гўшанга излаган шамолни
Кетдингиз
Чўлларда изғитиб.

Сиз энди қайтингиз!..
Қайтингиз
Тўлдириб дунёнинг кўксиии,
Заминни кўзлаган пайтингиз
Осмонлар йиғласун ўксиниб.

Қайтингиз,
Қайтингиз!
Раҳм этинг,
Мана мен хасларнинг жоласи,
Оламга бир келиб,
Бир кетиб,
Бўзлайди Заминнинг боласи:
Қайтингиз, азизам,
Қайтингиз!..

1994


СИЗ БАРИБИР

Ойларида йўқ менинг ишим,
Сиз ноз ила қовоқ соласиз.
Ўнгдан келиб бир куни тушим,
Сиз барибир севиб қоласиз.

Пойингизга келмай бош уриб,
Ишқимдан роз айтмасдан туриб,
Қалбиигизнинг майлини кўриб,
Сиз барибир севиб қоласиз.

Йўллардаги хазон эмасман,
Сиз кутганча арзон эмасман,
Лек келасиз, кслгин, демасман,
Шундай таъбир – севиб қоласиз.

Мен яшайман жимгина суйиб,
Оҳим келса овозсиз куйиб,
Киприк қоқиб, қовоқлар уйиб,
Сиз барибир севиб қоласиз.

Аччиқ сўзлар айтган ўзингиз,
Қанча келиб қайтган ўзингиз.
Ана, ошкор айлар кўзингиз,
Сиз барибир севиб қолибсиз!..

1994


* * *

Сукут – мангуликнинг мурғак гўдаги,
Сурати ёмғирдан кейинги осмон.
Ул гўдак бешигин тебратган каби
Осмонга термулиб ҳилвирайди жон.
Қўйгиси келади буюк кундага
Адолат қиличи чопмаган бошин,
Отилган қонлари оқсин қиблага,
Қонига йўғрилсин тўкмаган ёши.
Оламга ўралсин сукут ноласи.
Кишанлар овози тинсин бир пафас,
Мангуликнинг ўктам мурғак боласи
Толим сочларидан ясасин қафас.
Нигоҳини олиб
Кесилган бошнинг
Қафасга кўз қилиб қўйсинлар алҳол.
Олий паноҳида бу нигоҳ — тошнинг
Фақат
Ёмғирдан сўнг кўринсин жаҳон!..

1994

ҚАРИЛИК

Мен қайтадан киймоқ истадим
Барча йиртган кўйлакларимни...

1994


ИСЁН ИБТИДОСИ

Сонсиз нигоҳларнинг чайир қўллари
Мижиқлаб яшайди умрим маънисин,
Ҳурликка ошуфта кўнгил хўрланиб,
Лаънатлаб ўтади одамлик дарсин.

Қани, бир дақиқа нигоҳлар тинса,
Бир лаҳза қулоқлар том битса қани!.
Бўғзимга бир чимдим озбдлик инса,
Ёввойи ҳурликни ҳис этса таним.
Фалакнинг пешини учардим тутиб,
Заминдан узганча оёқларимни,
Бирам қичқирардим ўзни унутиб,
Ва тўкиб олардим гуноҳларимни...

Игна санчар
Сонсиз нигоҳлар...
Чанг бўлибди, ҳайҳот, туфлигим,
Бўйинбоғим кўйлакка мосмас,
Билмай яна қайга туфладим?!.

1994


ТУВАКДАГИ ГУЛ

Ўсаётган маҳзун хўрсиниқ,
Роз айтади осмонга ҳар кун,
Лекин момиқ сўзлари синиб,
Изҳорлари топади якун...
Деразанинг хира кўзлари
Хўрсиниқнинг жонсиз осмони,
Токчадаги сарғимтир доғлар
Синиб ўлган сўзларнинг қони.

1994


АҒЁРГА

Заҳринг мунча ўткир,
Эй, илон?!.
Ҳийланг минг балолиғ жодуларга тенг.
Зотим илон ахир,
Дея сен нодон
Ё одам ёғини ялаганмидинг?!

1994


АРМОННИНГ ДАВОМИ

Афғон туркумидан

Ўлимга кўрсатиб тилимни,
Шу буюк ҳурликни этганман мазах.
Тақдирга битилган икки йилимни
Жаллоддек қиймалаб,
Тутганман аза.
Ажал уруғиниҳовуч-ҳовучлаб
Осмони фалакка сочганим ҳам рост,
Буюк гуноҳларни улгуржи ишлаб,
Гуноҳкор умримни этганман халос.
Мен мўмин эдим-ку!..
Энди-чи — осий,
Кўзим нам ахтаргум таскинбои нола.
Тунда юлдузларни чўғ каби босиб,
Осмонни излайман
Мен — «афғон бола».
Қаламда титрайди у совуқ қўллар
Қақшаган асабнинг қаҳратонида.
Пойимда оҳ урган бегона йўллар
Илондек сирпанар юрак қонида.
Бир дийдор истайман интиқиб, Худо,
Масхара этганим
Тутқазмас қўлин.
Буюк гуноҳларга кўзласам адо,
Кўрcатар тилини қасоскор ўлим.

1994


МАШРАБ

Хор этма хорингни, қодири Худо,
Йўқ ичра борингни, қодири Худо,
Ғубордек ёрингни, қодири Худо!
Ё Ҳақ дўст,
Ё Ҳақ!..

Муз қотган чўғларда дарбадар,
Кундузи — онаси, тун — падар,
Товонлар тафтида ухлайди қамар,
Тушлари зим-зим,
Тушлари зим-зим...

Ватаннинг тўкилган оҳори —
Чим-чим аёзларнинг саҳари,
Қалтироқ шоирнинг наҳори,
Саҳройи ҳув-ҳув,
Саҳройи ҳув-ҳув!

Бу азим титрашга керак бир ўлим,
Улимки — бомдоди уйқудек сўлим,
Дор керак, бош унда Ой каби тўлин,
Оғочлар жим-жим,
Оғочлар жим-жим.

Хор этма хорингни, қодири Худо,
Берақол дорингни, қодири Худо,
Ол энди борингни, қодири Худо!
Ё Ҳақ дўст,
Ё Ҳақ!..

1994


ТОНГ ОТГУНЧА

Исинади сандал менга суяниб,
Қишни бўғизлайди биргина сўзим,
Чироқ қизаради шифтда уялиб,
Тилим юрагимга тилайди тўзим,
Тонг отгунча,
Қалб ботгунча.

Тикка келган юрак оловдин алвон,
Чинқирмоқ душвордир,
Йиғламоқ оғир.
Муҳаббат ўтида ёнишлар ёлғон,
Зуҳроси уйдирма,
Афсона Тоҳир.
Тонг отгунча,
Сен уйғотгунча...

Қайдасан?                 
Бу мен эмас, оловнинг сўзи,
Қайдасан? –
Ҳов савил уйқулар бўзлар.
Наҳотки бир бора кундан ўзиниб,
Бағримга ҳаловат бўлмас    у кўзлар?!
Тонг отгунча,
Тонг отгунча,
Тонг отгунча!..

1994


ОТАМ

Отам дарё эди,
Каттакон дарё,
Менинг тушларимда айқириб оққан.
Бу ёлғиз дарёга суянган дунё
Утли кўзларимга оқариб боққан.
Ў, дарё отам-а, изингиз қайда,
Тушлардин ҳам айро ўзингиз қайда?

Отам чинор эди,
Каттакон чинор,
Япроқлар ўрнида мевалар битган.
Сўлим соялари умримга хумор,
Қуёшдан олтинранг ипаклар тутган.
Ў, чинор отам-а, изингиз қайда,
Тоғлардан виқорли ўзингиз қайда?

Агар санайверсам
Буюклик тимсол.
Йўқ, фақат ўзига ўхшаган отам.
Бир ҳовли қошига дарвоза инсон,
Бир ўғил суянса, суямиш Ватан.
Ў, етти ёшимга армон отам-а,
Макони Ерми ё Осмон отам-а?!.

1994


БИР КЕЧА

Увиллайди шамол, гувиллар шамол,
Қақшаб тентирайди паноҳсиз хаёл.
Ҳувиллаган ёлғиз хор Юрак,
Топгани озор Юрак.

Ёмғирлар эзғилар, эзилар
Кўр ўйлар айтишиб алҳазар,
Жим-жим-е.й, савдосиз бозор Юрак,
Илинжга зор-зор Юрак.

Армонлар айтурлар алвидо,
Оламда бир нидо — ҳур нидо,
Вале дунёсидан тор-тор Юрак,
Армонга мозор Юрак.

Осилар, узилар осмон ҳам,
Замин яросига юлдузлар малҳам...
Танҳо тўкилаётган ночор Юрак,
Қалблиги бекор Юрак!..

Увиллайди шамол, ўйлар эзилар,
Ҳур нидо — Алвидо, Алҳазар!
Бир кун яшамоққа зор-зор Юрак,
Бир умр мозор Юрак.

1994


БЕРКИЛДИ БАҒРИМ

Севги сиғмай қолди, юрагим
Тақа-тақ беркилди ичидан.
Қайларда кезмоқда керагим,
Тунларим айрилди тинчидан.

Тўлғониб-тўлғониб оқурман
Зимистон юрагим қаърида...
Ўв, мудом уйғонмай уйқудан,
Элимнинг исёни қариди.

Суйганим, суянчим, аянчим,
Юввошим бошида не кунлар
Ўтадилар ғурурин янчиб?!

Нигоҳлар хориган, дил тешар унлар,
Куйлаган, жилмайган, бахтли тиланчи,
Бағримга киролмас озод тутқунлар!..

1990


ТОМЧИЛАР

Нима қилиб қўйдим, Худойим,
Таваллолар қилиб, ер ўпиб.
Ер ёрилиб кетди-ку ахир?...

***

Яна келдим ёнингизга.
Кет, деманг энди.
Қулаб кетган ортимда замин.

***

Рауф Парфи деган шоирнинг
Сочлари оппоқ –
Дунёдаги парча доғ каби...

***

Қачон яшаркинман
Мен ҳам, Худойим,
Ўзинг билан ёп-ёлғиз қолиб?!..

***

Шеърингда ўлим кўп дедингиз.
Шеъримда ўлим кўп дедим мен.
Чунки мен яшашни истайман.

***

Қайдандир хаёллар юртидан
Бир қизнинг хаёли тўкилар...
Юрагим қулайди кўкидан.

***

Ҳеч кимга ёқмадим – бор гап шу,
Ёқмадим ҳам ўзимга-ўзим...
Соғиниб кетдим, она!..

***

Қизиқ китоб экан кўзингиз,
Ҳар кун варақлайман, тўймайман.
Қаламингга қойилман, Тангрим!

***

Барибир нимадир қилмоқлик керак,
Ҳар қалай яшашдан бошқа,
Ҳамма яшаётган дунёда.

***

Тавба деб кўяман ҳеч қурса,
Чангинг чиқиб кетди-ку, Одам,
Отга тақа бўлолмай бунда!..

***

Бир гап айтгим келди, одамлар.
Гапни тулпор сингари миниб,
Қулоғига гап таққан одамлар!

***

Қанотлари алвон капалак,
Ўн беш кунлаб яшадинг нечун?
Бу беш кунлик дунё эди-ку...

***

Нимани излайман, эй, умр,
Бағримни ҳовучлаб-ҳовучлаб?
Бир қуш чирқиллайди бошимда.

***

Набини кўрдингми, Худойим,
Қайларга йўқолди бу кеча?
Болишнинг чоклари сўкилди!.

***

Денгизни кўрмаганман ҳеч...
Осмонни кўрганман бир ғалат,
Узилгиси келган осмонни.

***

Сен агар уйингга сиғмасанг,
Сен агар ўйингга сиғмасанг,
Истасанг тоғларга бош олиб кетмоқни
Ва агар тоғларга сиғмасанг,
Унда ўлақол!.
Шундай ўлки, ўлим
Уялсин ўзининг ўлимлигидан,
Сен агар яшашни истасанг!..

1996


Нимадир бўлади эртага,
Эртага нимадир бўлади –
Кўзлари ёриди бугунинг.

* * *

Бўйлари борийди онамнинг
Мен бошқа ҳеч қачон туймаган.
Ўв, мудом сархушман!.. Хонамнинг
Шифтида учади турналар.
Бўйлари борийди онамнинг.

* * *

Қизғалдоқ, сен нега қизилсан?
Сен нега ўcасан қабрда?
Агарда тузалсам!.. Тузалсам –
Сен билан сирлашгум адирда.
Қизғалдоқ, айт, нега қизилсан?!


* * *
Осмон шунча пастми?!
Бошингни кўтар,
Тешилса тешилсин шу осмон!..

* * *

Ҳамма бахтли,
Шод-ҳуррам барча,
Лаб ёрилар бахтиёрликдан.
Бир хўплам сув беринг уларга!

* *  *

Оҳ, асалим, афсонагинам,
Тўқиганим хаёлларимда!
Мени қачон тўқийсан, жоним?!

* *  *

Сафсата сотманглар,
Жуда қиммат-ку ахир!
Менинг вақтим етмайди унга.

* * *

Кўнглимни овладинг.
Топдингми уни?
Оламнинг қайтида беркинибди у?
Уфқнинг ортидан қайсидир куни
Бирдан кўтарилди
Қуёшдан бурун.
Кўнглимни овловдинг, топибсан уни.

* * *

Қалдирғоч, дўст эдик шекилли,
Иссиқлар ортиқми ё ишқдан?
Бизда Ой совуқдан беркинди,
Баҳорни бошлаб кел сен қишда.
Қалдирғоч, баҳорда ўлим йўқ...

* * *

Ҳаёт бунча гўзал, бунча чиройли,
Ҳар бир шох-бутоқда шивирлар фарах.
Ҳатто манов қоп-қора лойли
Кўчада ҳам ботиб қолмоқ бахт.
Ҳаёт бунча гўзал, бунча чиройли!..

* * *

Қора қарға, ҳов, қора қарға,
Бировники каби нега тумшуғинг?
Оппоқ-оппоқ ястанган қорға
Муаллиф-а қора қўшиғинг...
Куйламагур оқ қўшиқ, қарға!

* * *

Баҳорга етаман. Баҳорда
Одамлар ўлмайди, ўлмайди!
Сарин шабодали наҳорда
Қуриган томир ҳам гуллайди.
Майсадек етаман баҳорга.

* *  *

Мен баҳорга етдим. Баҳорда
Юксакларга бош урди Қуёш.
Ўлмай қолдим яна шаҳарда,
Қишлоқ, сенга уриб келдим бош.
Мен куртакни кўрдим баҳорда.

* * *

Болалар, болалар, болалар,
Ўлгим келмаяпти, ишонинг!
Дарёдай тошмоқда кўзингиз ахир.

* * *

Олам – кичкина дарича...
Ташқарида қор ёғар эзиб.
Мен оламдан узилган парча,
Хонам узра юрибман кезиб.
Олам, шу кичик дарича...

* * *

Туннинг қизи Ой ҳам кўринмас...
Қорли йўлда жуфт қатор мактуб.
Ёзмишларин тугатай демас
Айланса ҳам нуқтага маҳбуб.
Туннинг қизи мудом кўринмас.

1997-2001


СОНЕТ

Сен барибир қайтмадинг, гулим,
Қаро тунда тўкилдим ёлғиз.
Бир сўлим боғ туюлди ўлим,
Қовжираган бағрим ютоқди.

Сен барибир қайтмадинг, гулим,
Кечаларим тул қолди тонгсиз.
Осмондаги ой қайда тўлин?
У оҳимдан эриблар оқди.

Эзғилади Набингни кўнгил,
Кўйларида сабил омоним,
Билмам, қайда хаёлим, ўнгим!

Қибла бўлди тўртов томоним,
Адашдилар йўлларим ўнгиб,
Манзилларим кетдилар ёниб.

Сен барибир қайтмадинг, гулим.

1996


МЕН СИЗНИ!..

Шунчалар севардим мен сизни-
Очомлаб юрарди қароғим,
Кипригим сочингиз тароғи,
Шунчалар севардим мен сизни.

Шунчалар яшардим қизғониб
Мен сизни жунунваш хаёлдан,
Ҳайратнинг туғмиши-саволдан
Шунчалар яшардим қизғониб.

Шунчалар севардим мен сизни-
Инимдек суярди кўчангиз,
Сиримни биларди кечангиз,
Шунчалар севардим мен сизни.

Шунчалар яшардим соғиниб-
Қучоғим гуллади соғинчдан,
Лабларим мастона илинждан,
Шунчалар яшардим соғиниб-
Шунчалар севардим мен сизни!.

1996


ЎЗГА

Менинг душманим йўқ ўзимдан ўзга,
Дўстим ҳам йўқ менинг Ўзиндан ўзга.

Сафар тадориги ҳар кун бошимда,
Кўнгилда илинж йўқ тўзимдан ўзга.

Неларни ёғдирар фалак қозони,
Дилимнинг нигоҳи кўзимдан ўзга.

Мўминман, шаккокман, ки улуғ додман,
Воҳ, ул ён кетарму бўзимдан ўзга.

Оҳ, икки дунёни қучароқ ўлдим,
Лек бирон ҳамдард йўқ сўзимдан ўзга.

Мен ҳам севгандирман, севилгандирман,
Оламда таъм абас тузимдан ўзга.

Ё, Оллоҳ! Оллоҳим, бу не синоат –
Ўзимда ўзлигим ўзимдан ўзга...

1996


ШАВКАТ РАҲМОН

У аллалаб ўтди уйғоқ тоғларни,
Зўр дардга эш қилиб дили соғларни,
Соғиниб яшади ҳар қирғоқларни,
Шавкат Раҳмон деган ўжар бир дарё.

Сулаймон тоғининг этакларида,
Минг бир шоирларнинг эртакларида,
Баҳорий новдалар куртакларида
Яшади ўзбаки озод бир дунё.

Куйлари мухтасар - мисли шошгандай,
Боши Ўшдан эрса, сўнги Тошкандай,
Ҳар сатри гувлаган дарё тошгандай
Буюк шеър яралди бўйлари ҳулво...

Умр бунчалар оз, ўв, Шавкат Раҳмон,
Маҳзун қолди қоғоз, ўв, Шавкат Раҳмон,
Қайдин келар овоз – “ўв, Шавкат Раҳмон!”
Ёҳуд ёғилурми раҳмати Худо?!

Қуёшни кўтарди Сулаймон тоғи,
Ана, далаларда шуълалар доғи,
Шеър ила қуёшга бўйлаган чоғи
Ватанга сочилди ўжар бир наво...

1996


ЎҒЛИМ ТЕМУРГА

Кўзларингга ой чўкканмиди
Қулоғингга айтганда азон?
Танлаганим ном кўкданмиди –
Бир ёришди бу кўҳна қозон.

Чўккан ойнинг нурин тарайман,
Азим Турон тебранар бешик.
Боболарнинг бўйин қарайман,
Бораётир кўк тоқин тешиб.

Умматисан Набиюллоҳнинг,
Озодликнинг қули отанг бор.
Назарлари тушган Илоҳнинг
Насиб бўлмиш сенга шу диёр.

Темур деса, силтанар замин,
Киприклари титрар самонинг.
Туркий юртнинг темурий камин
Бир заррача тўлдирсин жонинг.

Сенга тиккан орзуларим чўнг,
Тангри ўзи айламасин хор!..
Ў, Туркистон, Набилардан сўнг
Елка тутган Темурларинг бор!..

1996


ТУРКИЙЛАР

Тушларимга кирар озодлик,
Уйқуларим ўғирлайди эрк-
Лов-лов ёнаётган аланга
Чор атрофи зулмат билан берк...

Бўрилар увлайди,
Бўзлар бўрилар
Қаро-қаро тунни ёпиниб.
Кечани ямлаган тили оловнинг
Шу жимитдек журъат қотили.

Қучволгиси келар оловни
Юзларини юзига босиб.
Кўзларида ўт ёнган зотлар-
Балки табиатнинг хатоси.

Бунча суврат,
Бунча важоҳат,
Тишларнинг қатида эзилар дунё.
Бағрига қанчалар ярашур олов,
Ундан қочмоқ бўлиб кезинар у, во!.

Сакра!
Сакрасангчи, эй, она бўри!
Увлаган бўғизлар бўлсин мўрилар.
Битта-битта ўлгандан кўра,
Ёниб кетсин гала бўрилар!..

1996


ЖОНИМ ВАТАН

Бир тонг саболарга қўшилиб кетдим,
Сенинг хаёлингга эш бўлиб кетдим,
Киприклар силкинди соғинчдан, жоним.

Бағримга зиёлар қуйилди бирам,
Олам ёруғ-ёруғ туюлди бирам,
Қароққа номгинанг ўйилди бирам,
Киприклар силкинди соғинчдан, жоним.

Соғинч надур, дерлар, аччиқ ёшимми?
Кўкларга бўйлаган жимит бошимми?
Кўйингда титрабон эрир лошимми?
Ё уфқда уйғонар ҳов Куёшимми?
Киприклар саволдек санчилди, жоним!

Бу ишқ қачон келди, англамадим, рост,
Бошимга тупроқлар сочгандами боз,
Ёҳуд илк муҳаббат бўлганда ҳамроз,
Ва ё орзуларла этганда парвоз,
Дилда кўкардими энг буюк бу роз?
Киприклар саволдек санчилди, жоним!

Боболар кўзига сурган тўтиё,
Шаҳидлар қонига қўшилган дарё,
Халқим қадогидан таралган зиё,
Пешона теридан яралган зиё,
Имонга эшгинам, ў, буюк ҳаё,
Оллоҳ назаридан яшнаган маъво,
Киприклар куядир тафтингдан, жоним!

Ўзингга суяндим, сенга юкиниб,
Баъзида қувониб, баъзан ўкиниб,
Орзуга ўрадим қалбим кўкини,
Баъзида яшнадим, баъзан тўкилиб,
Қисматнинг ёзилмиш олий ҳукмини,
Ўзингда ўқидим, шукр ҳар куни,
Кўтармоқни истаб Ватан юкини,
Киприклар куядир кафтингда, жоним!

Сени жоним дедим, жон на кўйингда,
Миллион жон тирилар ширин бўйингдан,
Дунё наволари забун куйингдан,
Шоирлар арзир сўз излар ўйингда,
Меҳрлар айланар ҳар бир уйингда,
Буюк бир ҳаловат кезар қўйнингда,
Кўзмунчоқлар тақай улуғ бўйингга,
Белбоғни қамишдан боғлай тўйингда,
Кипригим супурги қилайин, жоним!

Юлдузларни териб солай дастурхон,
Оймома ўша кун турсиней мезбон,
Азим юзларингни силай-да гирён,
Бир жоним ўрнига олай минг бир жон,
Менинг парвозимга боқсинлар ҳайрон,
Жумлаи илғанмас, жумлаи ҳайрон,
Гуллардек очилсин томримдаги қон,
Бари сенга бўлсин оламдаги шон,
Қўлласин Оллоҳим, қўлласин Қуръон,
Бахтингни киприкла силайин, жоним!

Бир соғинч бағрингда энг ширин хаёл,
Соғинчким – дилимга солмайди малол,
Сен сочи яшилим, сен юзлари ол –
Кўксимга сир солган энг улкан савол,
Мудом бағрингдаман, кел, бағрингга ол,
Мудом бағримдасан, кел, бағримда қол,
Юракка самовий туйғуларинг сол
Ва шоир болангдек хаёлларга тол.
Бил, бошим кўксингда, тилим эса лол,
Азизим, соғинчлар ундирган висол,
Кипригим нурларинг тарасин, жоним,
Ватанлар ичра сен сараси, жоним!..

1996


СЕНГА

Биринчи қаватдан чиқиб келар Ой,
Кўзларимни оловларга тўлдириб.
Ҳар куни жилмайиб отгувчи чирой,
Бағримга солодур чақин, йилдирим.

Менинг осмонимда Ой икки бўлди,
Бири тун малаги, бири кундузим.
Пиллапояларга тўкилган йўлни
Бир яшин ҳамласи олгандек узиб.

Бунча кўп бўлмаса пиллапоялар,
Ҳижрон саноғини олган чўт каби.
Чиқиб-тушаверар неча боралар
Уларни роялдек чалганча Наби.
Сенга бағишланур бу симфония
Биринчи қаватдан отаётган Ой!..

1997


ТУРСУНОЙ СОДИҚОВАГА

Тошканда ой кўринмас,
Ой қолғон Анжанларда,
Мен уни талашувдим
Ҳов ўша жанжалларда,
Ойнинг нури сурилган
Кўксимда ханжарларга,
Анжаним осмонида, майли, турсин ой, дедим.

Гар мени соғинса ул
Ойга термулар юртим,
У менинг ахир онам,
Ўсганман кўзга суртиб,
Оналар соғинмаса,
Оламда не деб юрдим,
Анжаним қон томридир ўшал оққан сой, дедим.

Сойин хўплаб елибди
Ҳовуч-ҳовуч шамоллар,
Ҳовучидан томади
Қатра-қатра саволлар –
Сўзим бунча дағалей,
Қайда қолди у боллар?
Оҳ, Анжаним шеваси асалларга бой, дедим.

Менча севган бормикин
Юртини бу оламда?
Анжаннинг ёмғири оз
Тунлар тўккан жоламдан,
Сиз ахир мени севинг
Ҳеч йўқ соғинч-ноламдай,
Пойингизда боламан,
Ўзни Турсунтой дедим.

Бор соғинчни дунёда
Ичиб бўлдим, тўлмадим,
Ойсиз Тошканларида
Яшаяпман, ўлмадим,
Бўлмаганни бўлдирманг,
Ахир мен ҳеч бўлмадим,
Қаро-қаро заминлар мен ботгувчи жой, дедим.

Мени эсларми-йўқми
Илон изи кўчалар?
Эслармикин Наби-ю
Исмоилдек новчалар?
Менсиз нелар қилодур
Анжоний ул кечалар?
Ой демадим ўзимни,
Ахир Турсуной, дедим
Фақат Турсуной, дедим.

1997


КЎНГУЛ

Кўнгулсан - ўзимда беўзим,
Ай, менинг жигарим, бегонам,
Сен тўзим қулисан,
Дунё бетўзим,
Мен қўрқиб яшаган паймонам.

Эркалаб толмайман-толмайман,
Сен менинг бир ёвуз эркамсан.
Сен билан қолмайман-қолмайман,
Тўлурсан, барибир бир камсан.

Омонат ишонган қўрғонинг,
Мен уни тимдалаб ёраман.
Самодан ҳолимни сўрғони
Сенинг қанотингда бораман.

Сен менинг бегонам, овунчим,
Суймаган ёмоним, сағирим.
Тандаги ҳалолим бир томчи,
Сизғилаб ичгувчи чагирим,
Мен қўрқиб яшаган паймонам!

1997


БУ ТУН ЎЗГА

Бу тун ўзга - ҳаловат бор,
Қўниб дилга зикри ўлим,
Ҳаловатда ҳарорат бор.

Қаён қўрқув? Маним ором,
Ҳақ васлига туташ эрса,
Куним хушвақт, ўлим ёрон.

Кўзим тийран боқар кўкка,
Сузиб нури илоҳийлар
Дунёлари тушар чўкка.

Бу не асрор - бари зоҳир,
Жисм онки, кўнгил озод,
Ўзим аввал, ўзим охир!..

Бу тун ўзга, ҳаловат ёр,
Пойимда тилло остона,
Кўнгил интиқ, вужуд тайёр...

1997


ЮРАГИМ

Мен узоқ яшадим шекилли,
Аҳ, сени шунчалар соғиндим.
Осмонда Ойлар ҳам беркинди,
Юлдузлар тўкилди, ёғилди,
Тўкилиб бородур юрагим.

Йўқлаган баҳорми? Шабода
Юзим силар нигоҳинг каби.
Севги ҳиди сузган ҳавода
Кезиб юрар висолнинг лаби,
Ўкиниб бородур юрагим.

Киприклар отарму илдизлар,
Остида бир олов уйғонар.
Кўзимдан сачрайди юлдузлар,
Аламлар бўғзимда тўлғонар,
Юкиниб бородур юрагим!..

Мен сени шунчалар соғиниб,
Ўттиз беш баҳорга сочилдим,
Бошимга ҳижронлар ёғилиб,
Гулладилар - оппоқ очилдим
Ва кўниб бородур юрагим.

Мен ахир... соғиндим, жаҳоним,
Кун сайин ўзимни йўқотиб,
Тунлар ҳажринг ўтида ёниб,
Қуёш ичдим кундуз ютоқиб,
Кўкини ёродур юрагим!..

1997


КЕЧИККАН УЧРАШУВ

Иккимиз...
Ўша жой,
Ёлғиз иккимиз,
Кумушранг бошимда сирпанар ёмғир.
Томчилар қайнаган юзларингизда
Буғларга бурканиб нигоҳим санғир.

Воҳ, санам!..
Шунча йил,
Шунча йил,
Ёмғирни кутибмиз, ёмғир бўлибмиз.
Воҳ, санам,
Ёмғирлар ёққандан кейин,
Бир жуфт нигоҳга ҳам тўлибмиз.

Ёмғир не - дунёнинг паймони,
Бошдаги кумушранг толалар.
Киприклар остида эзилиб,
Ёмғирга айланган жолалар.

Тил қатли тишларнинг дастида,
Кўз кўзлардан излайверар йўл...
Иккимиз ёмғирлар остида,
Учай десак қанотимиз ҳўл!..

1997


СЕВГИЛИМ...

Севгилим,
Деразамнинг қошида бир туп
Олма ҳар кеч шивирлар тинмай.
Охир тун ҳам ярмидан ўтиб,
Тўлинган Ой бошлайди имлай.

Севгилим,
Ой қўнволиб олма шохига,
Япроқларнинг шивирин бузар.
Ойна кўзи узра гоҳида
Ойга уйқаш жамолинг сузар.

Севгилим,
Энди оҳ ҳам тортмайди олма,
Ойдан ранжиб, ахир у нетар!
Деразадан унга термула,
Кўзларимда Ой синиб кетар.

Севгилим,
Майли, чидай ҳижрон доғига,
Ўла қолсин бўғзимда йиғи...
Ялангоёқ кирма боғимга,
Тилиб кетар Ойнинг синиғи!..

1997


БАҲОР КЕЧАЛАРИ

1.

Келаман-ку, дединг,
Келмадинг...
Киприги силкинди баҳорнинг,
Соғинчлар тўкилди бошимга,
Армонлари бўлганча қорнинг.

Саболар алдамчи,
Булут алдамчи,
Бағримнинг ростини кемирар ёлғон.
Кўзимда айланар умид - бир томчи,
Киприкларим ҳорғин,
Юрагим толғон.

Кутаман,
Кутаман,
Кутама-анн!..
Келаман-ку, дединг,
Келарсан.
Қанча дунё бўлса ютаман,
Сабримдан тўкилган соғинчлар сарсон.

2.

Муҳабба-а-атт!..
Капалак қанотин бир силкиниши 
Бош ҳарфинг пойига йиқилган умрим,
Ошиқ кўнгилларнинг мастона туши,
Ҳали авжларини олмаган қумри -
Умрим...

Муҳабба-а-атт!..
Армонинг чўқиди тилимни,
Ярасидан унди бойчечак.
Кўзларимга соғинч илинди,
Киприкларим қайирди кеча.
Бойчечагим,
Очилган гулим,
Димоғимда ёмғирнинг иси.
Энди Наби ўлмайди,
Ўлим
Ишқсизларни пойлайди писиб,
Муҳабба-а-атт!..

3.

Баҳорнинг тунлари оқ-ойдин,
Оби мушкда чўмилган санам.
Ўттиз беш йил ўтгандим қайдин,
Ой ўрнига юлдузлар санаб.
Мана-ку,
Юлдузлар пойимда,
Товоним куйдирмас чўғлари.
Самода,
Ой юзли ойимда
Кўзларим чарақлар,
Мен - ғариб.

Ёшимнинг саноғи сочилар,
Гуноҳлар туғилар қонимда.
Гуллар тилим,
Кўзим очилар,
Мен учиб бораман ёнингга!..

4.

Сени олиб кетган баҳорлар
Яна олиб келди ёнимга.
Хотиралар бунчалар хорлар,
Нигоҳларинг тушмас ёдимга.

Ёмғир ювган манов дудоқлар,
Қанот қоққан киприклар ўша.
Ҳов лабларинг - гўё ютоққан
Анорларнинг гулига ўхшар.
Нигоҳларинг!..
Савил хотира!
Куртакмиди қиёлашлари,
Тунда юлдузлардан тортина
Ё тонг ёнган само машъали?!

Тун оқариб кетди оҳимдан,
Бошин еди шу сирдошлигим.
Қўрқиб, уни зўр гуноҳимдан,
Олиб қолганмиди ёшлигим?!..
Нигоҳларинг!..

5.

Изладим изларинг боғлардан,
Хазонларнинг чирик фарёди ичра.
Армонли дунёда дили соғлардан
Бир қадаҳ, майлига, таскинлар ичай.
Йўқ, деди осмоннинг бир чети
Юракдай оловли ёрилиб.
Айрилиқнинг кўринмас кети,
Ул ҳам кутар эди ёрини.
Баҳорни кутарди осмон,

Совуқлардан эти увишиб.
Мен сени кутарман,
Буюк ёсуман –
Аё, ёшлигимнинг бокира туши.

6.

Атласлар ифори ҳавода,
Баҳорнинг синглиси муҳаббат.
Бошимни кемирган саволда
Муҳаббат?
Муҳаббат??
Муҳаббат???

Шафтоли гулида хаёлим,
Ранглари кўчади сочимга.
Эй, гуноҳ –
Ўзганинг аёли,
Сиғмайман!..
Сиғмайман очунга.

Қарагин,
Айланмас Замин ҳам,
Юзлари яродир изимдан.
Демишларки, дунёси бир кам,
Мен камайиб бораман зимдан.
Эй, гўзал,
Гул санам,
Армон малагим!
Бир пасгина баҳорга боққил.
Қафасларни бузсин юрагинг,
Ёмғир бўлиб бағримга оққил.
Мен кутайин лойларга ботиб,
Қишлоқнинг толкўчаларида.
Ой юзлигим,
Ой бўлиб отиб,
Келгин баҳор кечаларида.

7.

Ўттиз беш йил!
Армон ўзимман,
Кўйларидан уялар кўнгил.
Аммо!..
Аммо икки кўзимда
Лола каби унмоққа кўнгил.
Кўнгил, жоним,
Ҳеч йўқ тонггача,
Яшамоққа хаёлим билан.
Ҳов ишқларим жомини ича,
Яна,
Яна вафолар тилан.
Тилан, моҳим,
Ёшликни сўра,
Маъсумликни ёлворгин тилаб.
Мен баҳорни бағрингга ўрай,
Босай тотли саболарга лаб.

1997


ЎҒЛИМ ХАТНА ҚИЛИНГАНДАГИ ЎЙЛАР

Халқимнинг урфлари меҳримга талош,
Маъноси уммонча бўлса-да қатра.
Қаранг, соч-соқол олгувчи сартарош
Элнинг норларини қилади хатна.

Мукаррам бошида яшнайди дўппи,
Не-не улуғликлар ўйлаб топади.
Бағрида тантилик шунчалар кўпми –
Кесилган жойга ҳам дўппи ёпади...

Ўзбек ўйласами дўппини олиб,
Доно дунёлари тишлайди тилин.
Дўппига осилманг энди бош қолиб,
Қўйилган ерида топсин-да тиним.

Кимлар осилмади белда белбоққа,
Дўппимиз, тўнимиз, бешигимизга,
Бари кетаверди нариги ёққа,
Бошини бир суқиб эшигимизга.

Элимнинг дўсти-ю душмани қанча...
Ўғил болалари мановни дейди.
Биз ҳам етти йилда пишдик-да анча –
Дўппини олганлар бошини ейди!..

1998


АЛВИДО, КУЗ!

Яхши қол, Куз - хайр, мунглиғим!
Раҳмат сориғ кечмишлар учун.
Дарахтлар шохини силкитган йиғим,
Олтин қалдирғочлар кетдилар учиб.

Алвидо, Куз - донишмандгинам!
Қучоғингда мен ҳам файласуф.
Одамларга дунёдан гина,
Замин тортган лаҳзалик бир уф.

Алвидо, Куз - алвидо, эркам!
Кўришармиз ё кўришмасмиз.
Шамолларда йиртилган елкан,
Мен елкансиз кемаман бахтсиз.

Яхши қол, Куз - сўнгги иложлар!
Юрагимда умид кўкарди.
Ана, қара, мағрур оғочлар
Оппоқ ҳарир елкан кўтарди.

Алвидо, куз!..

1998


КЕТАВЕРСАНГ

Кетаверсанг ва кетаверсанг
Бағрингни тимдалаб-тимдалаб.
Қоянинг устида кўкарган харсанг
Сенга қўшиқ айтса анордек гуллаб.

Кетаверсанг, ҳа, кетаверсанг,
Ул қоя заминий умрингга нуқта.
Булутлар сочига попуклар илсанг,
Мовийликлар ичра қолсанг бир муҳлат.

Кетаверсанг, воҳ, кетаверсанг,
Парқу булутлар ҳам жонингдан ўтиб.
Ойни этак қилиб юлдузлар терсанг,
Қуёш бўзлайверса васлингни кутиб.

Кетаверсанг, ҳу, кетаверсанг,
Бир нурдан бағрингдан ўрласа ҳам оҳ.
Ва шунда ниҳоят ўзингни берсанг -
Ла илаҳа илаллоҳ
Муҳаммадур расулиллоҳ!..
Кетаверсанг, оҳ, кетаверсанг...

1998


ОҚИБ БОРМОҚДАМАН

Оқиб бормоқдаман тун ва кундузлар
Ўзини еб битган мисли шам каби.
Менинг кўзларимдан учган юлдузлар
Билсангиз, ҳар бири биттадан Наби.

Орзулар кўкарар боғу роғларда,
Мен эса армондан фасллар туздим.
Олам сориғ-сориғ бўлган чоғларда
Жавоблар ололдим фақат бир куздин.

Дунёни ўрадим армонларимга,
Ўв, симга тизилган қалдирғочларим.
Ўзим кетар бўлган томонларимга
Атайлаб сиз учун эшик очмадим.

Қанчалар ожизман,
Қанчалар ожиз,
Наҳот бир симчалик келмас мадорим!
Фанода яшаган одам бўлиб «биз»,
Кетарга «мен» бўлиб кўрар тадорик.

1998


АЗИЗАМ

Азизам, оламга сиғмайин
Бағримда оламлар яратдим.
Унда бор армонлар йиғлайин
Оламга фақат оҳ таратди.

Азизам, шунча йил, шунча йил
Мен қайси оламдан ўтгандим?
Ў, энди кун сайин, кун сайин
Сенинг хаёлингга хаёлим банди.

Азизам, кўзларинг кўзимда,
Барибир шунчалар соғиндим.
Бўйинг бор ҳар айтган сўзимда,
Йўлингга ёмғирдек ёғилдим.

Азизам, бахт ахир, бахт ахир,
Бизларни сўроқлар соғиниб.
Во ажаб, лабларда бахт тахир,
Эслатар балолар тоғини.

Азизам, бағримни тимдалиб
Томчилаб сизаман қонимни.
Сенинг ҳам бағрингга ўт қалаб,
Қон билан ёзаман номимни!..

1998


ДЕМАК, СИЗНИ...

Кўргим келди сизни, малагим,
Юрагимга қоронғи тушди.
Ўв, сариқ Ой, бунга қарагин –
Менинг ойим ранглари пушти.

Атиргулранг ёруғли умрим
Висолингда узундан-узоқ.
Ҳей, севгини куйлаган қумри,
Ёр келганда юрагимга боқ!

Юлдузли кўк қулайди унга,
Ҳар бурчида отади қуёш.
Энди менинг қўшиғим тингла,
Мавжларидан эриб кетар тош!.

Бу хотира. Бу хаёл ахир,
Бу шунчаки бир орзу холос...
Эҳ, ҳаво ҳам бунчалар тахир,
Демак, сизни соғинганим рост!.

1998.


ДУНЁЛАРДАН ҚИЗҒОНИНГ МЕНИ

Кеч келганим сочим оқидан,
Манзиллари само тоқидан,
Асалгинам, эркам, оқилам,
Дунёлардан қизғонинг мени.

Тутса кўнглим кўйлари ёмон,
Оловлардан қолмайсиз омон,
Севиб, аяб қўймоқлик осон,
Дунёлардан қизғонинг мени.

Ўттиз олти баҳорми, ёзми
Кутганларим шунчалар озми?!
Қўйинг энди ёлғончи нозни,
Дунёлардан қизғонинг мени.

Дунёлари қартайтирди хўп,
Юрагимда армонларим кўп.
Саболарга, майли, дейин - «ўп»,
Сиз дунёдан қизғонинг мени.

Нега ахир йиғлайди шеърим,
Ҳижрон турар кўкрагин кериб,
Куйиб кетди мана бу ерим,
Дунёлардан қизғонинг мени!..

1998


МАРҲАБОЛАР, ЖОНИМ!..

Сиздин бепарволик, биздин ошиқлик,
Қайларга боргумдир қавмимдан ортиб.
Биздин куймоқлигу биздин босиқлик,
Ошиқлар қавмига келинг дил тортиб,
Марҳаболар, жоним, осмон элига!

Жон олодурсиз, соллонодурсиз,
Агар минг жоним бор, сизга садоға.
Ҳироми капалак, чаманлик ҳур қиз,
Адоингиз борму биздек адоға?
Марҳаболар, оҳум, арслон элига!

Гул чўмилмишму сизнинг чиройда,
Бир кўрганмизу мудоми зормиз.
Не қасдингиз бор кўкдаги Ойда,
Бунда унинг каби биз дағи хормиз,
Марҳаболар, моҳим, росмон элига!

Бизлар етишгаймиз достон сўнгида,
Ўзига бородур ишқ излаган зот.
Мудраётган дунё бир кун ўнгида
Иккимизни кўриб, дод солодур дод,
Марҳаболар, оҳим, достон элига!

Бизлар йўлга чиқдик ва бородурмиз,
Ки висол водийси, ҳижрон дашти бор.
Биз энди зулматмиз, биз энди нурмиз,
Водий олис-олис, даштнинг ашки бор,
Марҳаболар, Лайлим, сарсон элига!..

1998


БУ СОҒИНЧ!..

Мен тун бўйи сени ўйладим,
Соғинчларга бошимни қўйиб.
Юрагимда кузлар йиғласа,
Ўйларимда баҳорнинг тўйи.
Рост айтаман.
Мана, юрагим,
Титкилаб кўр хазонларини.
Ибодатга шайланур ҳислар
Тинглаб ишқнинг азонларини...

Ўв, юрагим - буюк саждагоҳ,
Иси келар кабатуллоҳнинг.
Пешонамни бағрингга босиб,
Шафқатини сўрсам Оллоҳнинг.
Мен одамман - гуноҳкор, осий
Бошин қўймиш ишқ кундасига.
Бу соғинчни алишмам аммо
Санамларнинг минг биттасига.

Сен ягона, сен битта, моҳим,
Осмонлари минг бўлса ҳам бир.
Заррин-заррин кокилларингда
Осилиб ўлгим келаётир.
Ва тун бўйи сени ўйладим,
Шу қатлга бошимни бериб.
Тўймадим-а, жоним, тўймадим,
Кечаларда армонлар териб!..

1998


ИЧИМДА

Май сузар бир барно қаҳ-қаҳ ичимда,
Қонимни ялайди фарах ичимда.

Мастона-мастона айлайди хиром,
Томримда созимдан чаҳ-чаҳ ичимда.

Воҳ, ял-ял алвони гуркираган ул
Меваси бўғзимда, дарахт ичимда.

Жон қайда, жонона наво кўйида?
Руҳ жондин мосуво карахт ичимда.

Ёнарман ки алвон оғочга пайванд,
Яхлайди нимарса зах-зах ичимда.

Каломим куюкдир, аъмолим куюк,
Саломим куйдирар ул ях ичимда.

Термулиб қизарган осмонларимга,
Англадим - жаннату дўзах ичимда.

1998


ОТА СОҒИНЧИ

Айланади чархи кажрафтор
Дилга жолаб йиллар соғинчин.
Сизсиз умрим забуну афгор,
Бўзлаб ётар кўнгилнинг тинчи.
Қисқаради кетар томонлар,
Ота, сизсиз ўсиб армонлар.

Пастлаб кетди қанчалар осмон,
Сиз кетганда, эй, буюк посбон.
Тоғлар тушда ҳуркиган ҳайбат,
Бу оламда сўз етмас достон.
Татимайди омон-омонлар,
Ота, сизсиз минг бўлиб жонлар.

Кўзларимга мўлтирар болам,
Силкинарми киприкда нолам.
Ота, дейди, чақнаб, талпиниб,
Оҳ, бўғзимдан қайтади алам.
Болам кулса оққан маржонлар,
Ота, сизсиз ўтказган онлар!

Сойлар кетди, ойлар ҳам кетди,
Гадо кетди, бойлар ҳам кетди.
Отагинам кетган йўллардан
Мен сиғинган жойлар ҳам кетди.
Мана, келди гулгун замонлар,
Ота, сизсиз борай қаёнлар?!

1999


ОНАМ КЕЛАР

(Мана бир ойдирки кўчамиздан бошида бир тугун ўт кўтариб келаётган, терга ботган онам кўзимдан кетмайди.)

Келар онам,
Қора Ой онам,
Куйиб кетган Қуёш суқланиб.
Бағримдаги санчиқ жой-онам,
Заҳмат учун туққан туққани.

Йўл онам-а,
Қора лой онам,
Лойланганим олам ёшидан.
Бармоқлари ўрик шохи ҳам
Кумуш сойлар оқар бошидан.

Онам келар,
Бечирой онам,
Хунуккинам - оламга чароғ.
Тортилганим таранг ёй-онам,
Олов кўзим, мен чўккан қароғ.

Онам келар,
Ҳар куни келар,
Ўтлар ёриб мозорларини,
Чор тарафни яшилга белар,
Сочиб дунё озорларини.

Яшил экан аламнинг ранги,
Бунча яшил соғинч дегани!
Баҳор келар бир ойдан бери
Яшил кўзларимга тўлгани...

Онам келар,
Қора Ой онам,
Мен интизор, кўзим - тиланчи!
Бағримдаги яшил жой - онам,
Келар икки дунёни янчиб!..

1999


КОСОНСОЙ  БУЛОҒИ  ЁНИДА

Қаранг, тош йиғлайди эзилиб,
Тош йиглайди сўзсиз, овозсиз.
Кўз ёшлари қушдек тизилиб,
Қулайдилар лекин парвозсиз.

Тош йиғлади, ишон, малагим,
Қара замин чанқоғин босди.
Тўхташини энди тилагин,
Ишқ ўзини бўзларга осди.

1998


ПУШКИННИ СОҒИНИБ

Жингалак соч пўрим биродар,
Ўрисми ё саҳройи араб.
Узоқ Шарқдан Оврўпо қадар
Юлдузларга ўзинг бир тараф.


Ўтаверар сонсиз сулувлар,
Татъянага ошиқман ҳамон.
Оқиб кетди қанчалаб сувлар,
Ҳижрон деган жаллодим омон.

Ўжар шоир,
Ов, бўйдор ошиқ,
Мен ҳам сенга қисматдош, ошна!
Бўсалари лабидан тошиқ,
Севиб туриб севгига ташна...

Мана таёқ,
Мана, шляпа,
Мана, сизга ҳатто ёмғирпўш.
Бакенбард ҳам бўлмасин хафа,
Ва ким Пушкин бўла олар, хўш?!.

1999


РИМ

Олам эркатойи кўҳна Рим,
Камгап, аммо мағрур банги чол.
Минглаб йиллик сарпоси пўрим,
Ў, сурати чизилган хаёл!
Сен буюк да Винчининг 
Қаламидан оққан туйғулар.
Кушандаси кўнгил тинчининг
Сендан узоқ қочар уйқулар.

Кўзларимга сиғмас минорлар,
Кунгураси ажиб товланиб.
Қадим кечмиш Қуёшдек порлар
Ҳар бир ғишт ичра оловланиб...
Ана, қуллар - тошдек ялтирар,
Қилич каби шақирлар кўкси.
Ҳов супада Спартак  алп турар,
Шарафлайди уни ҳар йўқсил.
Куч ёғилар мушакларидан,
Ҳурлик дея тортади наъра.
Тошлар - тунги тўшакларидан
Уйқу эмас, ўт чақнар, қара!
Ҳавасимни қўзғар ҳамиша
Колизей да гладиаторлар .
Шу журъатлар қуллар эмиш-а!..
Йўқ, самовий эркка ҳуморлар!..
Эрк деганга хаёлим талош,
Хаёлимда унга етаман.
Қуллар ҳам то кўтарганин бош
Кўрмоқ учун Римга кетаман.

1999


ШОИР ЭЛЛИККА КИРГАНДА

Агар шоир ўлса,
Ким йиғлар, айтинг!
Қалам йиғлармикин
Ёки қоғозми?
Қизлар - пахтакорлар
Даладан қайтиб,
Айтиб йиғлармикин
Қўйиб овозни?
Ҳар ҳолда ким йиғлар –
Оролми, сувми
Ё тунда очилиб,
Кулгувчи гуллар?
Шарпадек кезинган
Ул оч қўрқувми,
Эгасига етиб
Ё бормас пуллар?..

Шоир кирса агар
Элликка, айтинг!
Ким уни қутлайди –
Қоғоз, қаламми?
Ё ёшлар кўзларга
Тизилган пайти,
Унутгин дермикин
Ватани ғамни?
Ва аста сийпалаб
Туркий юзини,
Айтиб қолармикин
Овозсиз алла?
Танглайидан ўтган
Нону тузини
Оқладинг дермикин
Ёки баралла?!
Элликка кирганда
Шоир агарда,
Ватан бўлмасачи
Қучоқларида?
Албатта элликка
Кирмай ўтарди
Дунёнинг қайсидир
Пучмоқларида...

Олис Оврўпонинг
Гулзорларидан
Келади тўрғайнинг
Хазин овози.
Офтобрўй далалар
Озорларидан
Шоирдек қовжираб
Ичмоққа рози,
Элликда Ватансиз
Эгилган шоир!..

1999


ЯШИЛ ЖОЙНАМОЗ

Мағрур ўсаётган улкан оғочнинг
бошида силкинган япроқ –
Яшил жойнамоз.

Оппоқ булутларни елпир тинмайин,
булутлар кўтарган байроқ –
Яшил жойнамоз.

Шамоллар ҳайдайди уйқуларини
мудом қойим турган қароғ –
Яшил жойнамоз.

Лаблари титрайди. Овози –
Ла илаҳа илаллоҳ –
Яшил жойнамоз.

Хазон фасли Арш сори учар,
бўлар васли Ҳаллоқ –
Яшил жойнамоз.

1999


ТОРОЖ
(Асқар Маҳкамга)

Кўнгил мулки улуғ Ишққа, билей, торождурур охир,
 Торож аро 6у жон эмди онга хирождурур охир.

Кўрей, олий самоларда учурға имкони бордур,
Вале фотиҳ ўшал Ишққа дағи муҳтождурур охир.

Бу кун торож, яна торож, устина торождур кўнгил,
Омон қолғон макониға фақирлик тождурур охир.

Масиҳо ўлди-ю ошиқ белида зуннори бирлан,
Магар иймон узоқ келса кўксида хочдурур охир.

Агар кимки динда бирдур, бир эрур онинг дини ҳам,
Набий ул, авлиё ул, ҳар куни меърождурур охир.

Бу йўлда минг азоб гарчи, минг бир жони нисор ўлсин,
Осилғон Машрабо ул, чопилғон Ҳаллождурур охир.

Улуғ Ишққа ёвуқ келдим, торожлари муборакдур,
Бир Набиға бир ҳалонинг тупроғи бождурур охир.

1999


МАСТОНАЛАР

Ичсангу... Ичсангу бекалом бўлсанг,
Паймонаси тўлган майли жом бўлсанг.
Дунё ўтаверса бошу оёқдин,
Кўкни ҳам лол этган бир Хайём бўлсанг.

***

Майдин қуй, кел, жоним, хаёл бўламиз,
Бу дунёга нечун малол бўламиз?
«Бунинг кайфи ҳаром» - деганлар ҳақдир,
Кайфимиз тарқагач, ҳалол бўламиз.

***

Парҳезкорлик билсанг, мол-жонга фойда,
Агар фақир бўлсанг, иймонга фойда.
Май ичсанг унутиб икки жаҳонни,
Мастона боқишинг жононга фойда.

***

Мени мажнун дема, мажнунлигим йўқ,
Май, ёрдин ўзгага мафтунлигим йўқ.
Шу тешик қозонда қоронғи умрим,
Қандоқ ёритайин, афсунлигим йўқ.

***

Билмаган бу кўзлар билмасин билмас,
Вале билганларни назарга илмас.
«Дунё китобини ўқидим» дебон,
Йиқилган бўлса ҳам асло йиқилмас.

***

Остимда сой ўлди остона. Оқдим.
Дунёнинг ишига мастона боқдим.
Воҳ, барча кўзимда кичикдан-кичик,
Ўзим улканлашдим, ўзимга ёқдим.

***

Мени майхўр дема, девона дема,
Улуғ Ишқ кўйига бегона деиа.
Жамъи ошиқларинг келсинлар. Чўкиб
Жомимда ўлсалар - афсона дема.

***

Мени ёмон дея гумон қилдилар,
Гуноҳим бўйларин осмон қилдилар.
Мен гуноҳ қилгандим жимгина ахир,
Не учун номимни достон қилдилар?!

***

Саждага бош қўйиб йиғлагим келар,
Қалбимни май ила ювганда гоҳи.
Майсиз қовжираса киприклар, нетай,
Нетай йиғлолмасам майсиз, Оллоҳим?!

1999


* * *

(Баҳодирхон акага)

Асли гуноҳкорни чорлайди қози,
Ва висол шундадир, бу олий ёзиқ.
Дейсан: «гуноҳларни билиб қиласан»,
Дейман: «чорлаб қолса шоядки Ҳозиқ!

* * *
Менинг борим сўроқ, борлиғим сўроқ,
Ҳатто савол эрур бўғзимдаги оҳ.
Сен ахир билгувчи, мен эсам ғофил,
Нечун савол бермай   мен сенга, Оллоҳ!

1999


КЕЛГИЛ

Кел энди, жон чиқар бўлди, азизим, ёнима келгил,
Томоғ узра кабутардек пат урган жонима келгил.

Жон қайғуси нечук бўлсин сен агар кўзда ўлтирсанг,
Сени жон деб жондан кечур ки ўшал шонима келгил.

Азозилнинг нигоҳида маним интиқ зорим ўйнар,
Зорим, майли, етим қолсин, видолик онима келгил.

Мани сархуш этиб қўйгай ичурган оби ҳайвонинг,
Агар Аршдин узоқ қолсам ўзинг осмонима келгил.

Кўнгилга сен паноҳ бўлдинг фанода бир умр, ёрим,
Ўзинг келмай сўзинг келмиш, келей росмонима келгил.

Бақоингда қанот бўлғай қилур тақволарим охир,
Набидан юз бурар бўлсанг, ўқур Қуръонима келгил!

1999


БАРМОҚДАГИ ҒАЗАЛ

Нелар бўлди ушбу кун
Осмонима кетди ўт,
Шонсиз қолдим кўйингда
Бор шонима кетди ўт.

Ким эдиму ким бўлдим,
Тупроқ кулар устимдан
Ўз ҳақимда битилган
Достонима кетди ўт.

Оқиб борар вужудим
Оққан мисоли умрим,
Танҳоман деб ҳайқирган
Тоқ сонима кетди ўтди.

Ёшланди-ку кўзларим
Ўттиз етти ёшимда
Гар жон десанг жон берай
Оҳ, жонима кетди ўт.

Жоним десам ҳақлиман,
Оҳим десам ҳақлиман,
Мени дардисар этган
Жаҳонима кетди ўт.

Ой малагим, жон малак,
Нечун бунча кечикдинг?!
Энди сенсиз ўтгувчи
Ҳар онима кетди ўт!

Қатор-қатор қаторлаб
Ўтаётир йилларим,
Оппоқ сочли юрагим –
Ёмонима кетди ўт.

Куйди, гўзал, еру кўк,
Васлинг ёқди қароғим,
Наби деган ҳаттоки
Шул номима кетди ўт!..

1999


ҚОР ЁҚҚАНДАГИ ВИСОЛ

Гулим кипригига қўниб олган қор,
Ўт қўяман осмонларингга.
Қорачўғларига сурат солган, қор,
Жаллод бўлай сендек рассомларига.

Киприкларда ҳалинчакли қор,
Қанотлари оппоқ капалак.
Ел сийпаган келинчакдек қор,
Сен малакми ё гулим малак?!

Қонталашган лабларим қилич,
Ўлдираман сени - кундош-қор.
Бирлашдилар ёр киприги зич,
Қатл этилди лабда бебош қор.

Қор, ташаккур! Ташаккур, қорим!
Бир бўсанинг қурбони бўлдинг.
Журъатгинам, рашким, қарорим,
Кўзларидан ўпдириб ўлдим!..

1999


ҚУЛАБ ТУШДИНГ БАҒРИМГА ЯНА

Совуқ шамол, дарбадар шамол,
Титратади мудроқ дунёни.
Изиллаган юлдузлар ичра
Ой яхмалак отар қувониб.

Жимир-жимир музлай бошлайди
Нигоҳимда осмон сурати.
Ўв, изғирин - кўнглимдек дайди
Сарсон-сарсон хаёл суради.

Киприкларим музлабди, ана,
Қилич каби ялтирар тиғи.
Сафаридан қайтсайди кўнглим,
Кутиб ётар уни бир йиғи.

Бир ҳайқириб, осмонга санчиб
Қилич бўлган киприкларимни,
Поралайман Ойнинг йўлларин,
Чанғи учган кўприкларини!..

Ана шундай!.. Ой - шўрликкина,
Осмон сенга қилмади вафо.
Қулаб тушдинг бағримга яна
Кулги бўлиб юлдузларга, ҳов!..

1999


ЎЗИМГА МАЛОМАТ
(Муин Бсисуга)

Мен ҳам шоирманми?
Билмадим!
Ай, тизган сўзларим бунчалар майда?!
Биргина шеър излаб кетар йилларим,
Чин шеър яшагувчи маъволар қайда?

Толиқдим!..
Бу юрак... Қанчалар қўрқоқ,
Ҳатто ўз сасидан титрайди дир-дир.
Ойнада ғинғиллар аридан сабоқ
Олмаган, ҳей, юрак,
Эркка ишонтир!

Йўқсиллар ноласи етмас Худога,
Бир имкон изламас ё бирон йўқсил...
Қайда туғилади ахир фидолар –
Битта шоир бўлиб журъатин тўксин...

Қисматли шоирлар туғилар қайда –
Буралиб-суралиб сўрар тилларим.
Менинг сўзларимчи,
Шунчалар майда,
Мен ҳам шоирманми,
Билмадим!..

2006


ДЎСТИМ АЛДАДИ

Ерни тимдалайман, яшайман,
Бағримни тилгандек тунларда.
Мана, юрак, ўлмоққа шайман,
Ўлмоқ керак бўлса шундай кунларда.

Курра оғушида нуқтача Ватан,
Ватаннинг бағрида бир нуқта - дўстим.
Қўшиқлар куйладим юртимга атаб,
Дўстимни ўйласам кун сайин ўсдим.

Ҳар куним муборак,
Ҳар куним азиз,
Хазонларни сезмас оёғим.
Шу хорғин тупроққа чўка қолай тиз,
Садоқатдан куйиб кетсин томоғим.

Ватан, чиройлисан бунчалар,
Меҳрибонсан шунча, жоним-а!
Кўзимга ин қурар қушчалар,
Бир олов чирсиллар қонимда.

Кўксингга бошимни қўяман энди,
Бир чимдим садоқат кетди хорланиб.
Ана, оғушингга турналар келди,
Менинг юрагимчи қолди қорланиб!..

Мен афсус дедим-а,
Аммо суст дедим!
Барибир аччиқ-да сўнгги пушаймон.
Алдамчи дўст тутиб яшамоқ недин,
Бу кун душман топиб ўлмоққа шайман!

2000


ЧЎЛПОННИНГ СЎНГГИ ИЛТИЖОСИ

Кун ёришди, кун ботди,
Мудом хонам ёришмас.
Вале ёруғ юрагим
Зулматларга қоришмас
Мен Ватанга йўғрилдим,
Ватан қолди жонимда.

Қани туйнук, қани нур?
Оқиб кетсин кўзларим...
Қоп-қорайган қоғозим –
Зулматларга сўзладим.
Мен Ватанга йўғрилдим,
Ватан қолди қонимда.

Ватан -севгим, ойгинам,
Кел, чимилдиқ - кўксимга!
Ойдин чимилдиқ ичра
Ишқ тафтини тўксин-да.
Мен Ватанга йўғрилдим,
Ватан хону монимда.

Ҳей, тўппонча! Ҳей, милтиқ!
Ўқинг қалбга отилсин.
Юрагим минг поралаб,
Юртим узра сочилсин.
Мен Ватанга сочилсам,
Ватан ҳар бир сонимда.

Ўтинаман, жаллодим,
Хато олма мўлжални.
Жудо этиб, бошимдан
Хўрлик қилма ажални.
Мен Ватанга йўғрилгум
Дил ёрилган онимда
Парча-парча жоним-ла!..

2000


ТЕРАКЗОРДА

Қатор-қатор тераклар
Юртнинг ёвқур лашкари.
Тиғи кўкка санчилган
Яшил тилли машъали.

Тўфон турса ё довул,
Ёмғир қуйса пақирлаб,
Жисмидан ўрлаб ҳовур
Мудом кўкка боқурлар.

Теракларга кўрк шунча,
Савлат берган, берган куч
Ватан деган тушунча
Ва шу тупроқ бир ҳовуч.

Шу тупроқда илдизлар
Отиб, кўкка бўйладим.
Ёғий дахл қилса гар
Терак бўлар бўйларим...

Қатор-қатор тераклар
Ўтган ёвқур шер қалблар.
Улар ботир боболар
Хокидан унган алплар.

2000


СЎФИЙЛАР

Биз оловмиз, биз оловмиз, биз - олов,
Бу юракда айлангувчи ҳис - олов.
Қиёс эт бу, аё етти дўзахнинг
Оташини чўктиргувчи тиз олов.

2000


* * *

Келурмиз, қувончу ситам бўлғувси,
Бўғизга келса ҳам бир кам бўлғувси.
Замину арш аро жамъи ҳилқатлар
Бир Набий сўзидан бор, жам бўлғувси.

2000


* * *

Икки дунё аро бор-йўқ ўзимман,
Кўнгил ўчоғида бир чўғ ўзимман.
Воҳ, таранг тортилган ёй эса кўнглим,
Сен томон отилган ул ўқ ўзимман.

2000


ИКРОМ ОТАМУРОД ҲАҚИДА
УЧ ШЕЪР

1.

Кекса «Шарқ юлдузи» нинг
Торгина хонасида
Канглуни шеърга тоблаб,
Шеърини Кангулга тоблаб
Жимгина ўтирган одам
Кўринар жуда ёш.
Қаршисида тебранар
Ялтироқ шарчалар,
Уларга монанд
Тебранар кўз соққалари.
Ўсиқ соч,
Бак,
Қора қош.
Кейин эса
Сукут,
Сукут,
Сукут.
Икром Отамурод-бу сукут.

2.

Деворларда тентиган кўз соққалари
Тўхтар суратида Ўлжас оғанинг
Ва қозоқ даштлари сингари
Кетар кенгайиб.
Хаёллари сиғмас
Даштларга ҳатто,
Армонла қайтаркан ортга,
Отилган ўқларин терару яна
Юрагига жойлар мунғайиб.
Кейин эса...
Субут...
Икром Отамурод-бу субут!

3.

Олдидаги эски стулда
«Шарқ»қа шеър олиб келган
Жуда кўп шоирлар ўтирган:
Салим, Иқбол, Қўчқор, Рустам,
Ғулом...
Мен.
Тахтиравон эди ўшанда
Улар-чун бу стул.
У
«Ёшларга йўл бериш керак»,
«Ёшларни қўллаш керак»,
Ва ҳатто
«Ёш шоирларнинг шеърларини
чиқариб бериш керак», деган
Жуда-жуда эски гапларни
Ҳар куни янгитдан ёзар дафтарига
Эскириб қолмасин, деб.
Балки шунинг-чун
Ўзи ҳам эскирмас!..
Кейин эса...
Унут...
Икром Отамурод унут!..

2000


ЁШЛИК АБАДИЙ

Бу чақмоқ фаслидир, яшинлар фасли,
Бўронлар туғилгай бўрондан асли,
Наволар таралгай муҳаббат сасли,
Ёшлик абадийдир, ёшлик абадий.

Тоғлар бўйлашсалар, қолурлар забун,
Булутлар сочларин тарарлар ҳар кун,
Бўлгудай туюлар оламга устун,
Ёшлик абадийдир, ёшлик абадий.

Қошу кўзларида туради Ватан,
Бағрда юракдек уради Ватан,
Болам деб ачомлаб юради Ватан,
Ёшлик абадийдир, ёшлик абадий.

Мангу яшамоқни истайди кўнгил,
Ҳали очилгувси ярақлаб ўн гул,
Навоси умрбод маст қилган булбул —
Ёшлик абадийдир, ёшлик абадий!..   

2001


ЎХШАШЛИК

Рижирлади осмон тишлари,
Ҳўмрайганча юборди бўзлаб.
Заҳарханда жилмайишлари
Чақмоқ бўлиб санчилар кўзга.

Қир устида ҳов, ана, ана,
Кулранг тоғнинг ҳудди тўшида
Мен кўзлаган манзилу яна   
Тоғ фаслининг маъсум қўшиғи.

Ҳей, тоғ, бунча кўпчийди бағринг?!
Вужудингдан ўрлар ҳовурлар.
Мен ҳам бунда мисоли сағринг
Жон халпида оғзим ёвурман.

Сен қалқисанг, табассумингдан
Кетмасмиди олам ўзгариб.
Менчи хорғин жилмайсам зимдан
Оқиб кетар осмон кўзлари...

2001, Поп


ИШОРА

Тил йўқ жойда туғилар ишора,
Ҳар мақсадга қилинар имо.
Тўрт томондан изланар чора,
Лекин сўзсиз қолади дунё.

Бош силкимоқ «йўқ» деганидир
Ёки ҳайрат маъноси ниҳон.
Бош силкийди тепада кимдир,
Ва бош силкиб яшайди инсон...

Кўпаймоқда имо-ишора,
Бошланмоқда сўзларни хунлов.
Тепага тик боқ, сўз чиқса зора,
Менинг эса топганим «!».

«!» ҳеч йўқ бўлади найза,
Балки бўлар дорнинг арқони.
Уни кимки юракка сайса,
Чиқиб кетар тўнглаган қони.

2001


ОЗОДЛИК

Боболар орзуси – гулим Озодлик,
Жондек ширин, сувдай сўлим Озодлик.

Гардлари куй чалсин киприкларимда,
Қароғимга тушган йўлим Озодлик.

Ватаним бошида тождек ярқирар,
Осмонда Ой мисол тўлин Озодлик.

Ифорларга эшдир олмиш нафасим,
Бағримдаги ишқи лим-лим Озодлик.

Ҳар не даҳшатлари ҳечдир сенинг-ла,
Бағрингда ҳузурдир ўлим, Озодлик.

Ҳурликдан чинордек виқорли ўзим,
Дуоларга очиқ қўлим, Озодлик.

2001


ОДАМ

Одам, кўнглимдаги ҳар дод ҳам одам,
Одам, қайғулигу гоҳ шод ҳам одам.

Гулпараст, кулпараст ва оташпараст,
Одам, ҳаётбахшу жаллод ҳам одам.

Тошни Худо деган, сигирни илоҳ,
Одам, Сарвари коинот ҳам одам.

Гоҳо осмонларни бошга кийганда,
Одам, Ер сўраган имдод ҳам одам.

Дунё қолганида етти хуфтонда,
Одам, нур келтирган бомдод ҳам одам.

Не тонг тўзон бўлиб тўзғиган ўшал,
Одам, соч силаган ул бод ҳам одам.

Набийлар, валийлар тутган дунёда
Одам, Наби каби бедод ҳам одам.

2001


ТАРАДДУД

Биз энди сафарга чиқдик, қирқинчи
Довоннинг ортида йўлимиз.
Жисмимиз тулпору кўнглимиз синчи,
Дардга даво истаб очиқ қўлимиз.
Абадий ҳурликнинг нурли эшигин
Нетай, эндигина черта бошладим.
Қирқ ёшли гўдакнинг тилло бешигин
Тебратар кўзимдан тошган ёшларим.
Оламни бир сўзга жолаб сўзлаган,
Румийдан бир калом айтолсак қани.
Эчкидек сўйилган Аттор излаган
Йўллардан нурланиб қайтолсак қани.
Ҳайҳот, бу номлардин тилгинам куйди,
Мен тупроқ юлдуздай тўлибман нурга.
Энди лой қорингиз - ўзимни уйдим,
Лойимдан бир Наби чиқса ҳам гўрга!..
Барибир биз энди сафарга чиқдик...

2001


МАЖЛИСДА МУДРАГАН ГЎЗАЛ

Бир гўзал мудрайди хаёлдек маъсум,
Жоним осилади мужгонларига.
Қўй энди, эй юрак - кўксимдаги шум,
Уйқуни раво бил бундай парийга.

Ҳайҳот, шоирлигим девоналикми,
Бошимдан хушларим учади далли...
Бизга раво билиб парвоналикни,
Санамни чироқдай қилганга балли!.

2002


БИР КЎРИБ

Бир томчи шудрингми,
бунча кўз олар?
Кўзлар не, нигоҳи жонга харидор.
Бир сўзлар, бир кулар, ўйларга толар
Ва ҳусни бошимга тикаверар дор.

Унинг исми Шабнам, дедим, адашдим...
Гилосга ранг берган лаблар дер: Наргис.
Тўфондай тўзидим, дарёдай тошдим,
Ёшимнинг саноғин учирган, ҳей, қиз!..
2005


ИШҚ АҲЛИ

Онам кафтидаги қадоқлар каби
Қабариб кўринар қирлар сарғимтир.
Ва ўша қирларнинг тақир бошида
Иссиқ ҳам савдойи шамоллар тентир.

Қовжироқ ўт-ўлан, хас-хашакми ё,
Чаппор чаманларнинг хазон фаслими?
Ҳов ўша юксакда ястанган дунё
Кутарми қазо-ю қадар васлини?!

Дарвешнинг кулоҳи қанчалар юксак,
Туси шу титилган тупроққа ўхшар.
Оллоҳнинг ишқида увлайди ҳар сақ,
Қир ўти не кўйда билмас лек башар.

Ҳар жонли ҳамд эрур,
Ҳар жонсиз сано,
Аслида «шу жонсиз» деганлар жонсиз..
Онам кафтидаги қадоқ - бу фано,
Қовжироқ ўт-ўлан - ишқ аҳли шонсиз!..

2002


ТУРКИСТОН АРМОНИ

Помир тоғларига туташ Тиёншон,
Корақум чўллари, қозоқ даштлари.
Бир ён Фарғона-ю бир ён Зарафшон-
Туркистон армони,
Турон ашклари.
Боболардан мерос олтин тожлигим-
Ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман, тожигим.

Аждодлар қонидан унган чўнг дарахт,
Кўкларни кўтарган новда-шохлари.
Олам ҳайрат ичра қолганди карахт
Шеърла эл бошқарса подишоҳлари.
Бирлашмоқдан қўрқиб, тарқоқ турганим –
Тожик, ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркманим!

Навоий ҳайқирди дея «оҳ, Турон!»,
Елга учди сўзи Абай бобонинг.
Рудакий қон ютди, Маҳтумқули қон,
Тушдек кечди умри Додҳо момонинг.
Эгилмаган бошим, букилмас тизим-
Туркман, тожик, ўзбек, қозоқ, қирғизим!

Букилмаган тизим, вале сочқиним,
Темур байроғини олмаган, ҳайҳот!
Титилган бир таним, ўздан қочқиним,
Буюк салтанатни айлаган барбод.
Ғаними ўзига қўйган тузоғим –
Қирғиз, туркман, тожик, ўзбек, қозоғим!

Шиддати қани, ҳей, она Бўрининг,
Беш бармоқ бирлашса мушт бўлар ахир!
Тупроғи кўпчиди аждод гўрининг,
Бирликсиз буюклик туш бўлар ахир!
Тупроқдек соддаму туркий сўздегим –
Қозоқ, қирғиз, туркман, тожик, ўзбегим!

Она Туркистоним, она Туркистон,
Сарҳадларинг тиклай киприкларимда.
Шавкатинг армондир!.. Оҳ, нечун армон –
Қолган асрларнинг кўприкларида?!
Асли бир миллатим, насли олийим –
Турким, туронлигим, Туркистонийим!..

2002


СИЗГА

Ул ёға ўтасиз, бул ёғ ўтасиз,
Зора толиқмаса оёқларингиз.
Дилга гўё висол жомин тутасиз
Адо бўлмасиней ул ёқларингиз!

Нигоҳим тўкилар пойларингизга,
Қулман қадам қўйган жойларингизга
Минг ойни бир қилган ойларингизга,
Гардишдай кўринар дудоқларингиз.

Шоҳми ё ўшал зот – сизга мушарраф.
Ул шоҳлар бир тараф, ўзим бир тараф,
Муҳаббат-шамширим, ўлмоқлик шараф,
Агар ўқ отсалар қароқларингиз.

Сочимнинг оқлари чўчитарми ё?!
Ахир сизсиз ўтган кунларим қаро.
Мени бахтиёр ила сийлагай дунё,
Жоним, адо бўлса фироқларингиз!

2003


* * *

Севдирдингиз, ёндирдингиз,
Ўзлигимдан тондирдингиз.

Асли менинг жоним олиб,
Ҳижронларга жон бердингиз.

Васлингиз деб тупроқ бўлдим,
Лек фироққа қондирдингиз.

Изингизда гуллар унди-
Унга қоним томдирдингиз.

Кейин аста қиё боқиб,
Жонсиз дилга қон бердингиз.

Дунёларин бузгим келди,
«Оҳ» дедингиз, ён бердингиз.

2003


ОНАМНИ ЭСЛАБ

Яна баҳор келди. Ўрик шохида
Пушти капалаклар ёрдилар пилла.
Яна дийдирашиб гоҳи-гоҳида
Ёмғирда лойларга беланди кунлар.

Ана, алвон-алвон қизғалдоқларнинг
Ранглари кўринди қизлар юзида.
Тунлар уйқуларни қувган оҳларнинг
Оловлари ёнди улар сўзида.

Яна муҳаббатдан энтикар юрак,
Ёшларин унутиб қўяр катталар.
Дилларда осмоний момагулдурак,
Бағрни ёрмоқни кўзлаб сатталар.

Баҳор!.. Баҳор!..
Шунчалар гўзал!
Онажон, мен сизни кетдим соғиниб.
Сизсиз баҳорларим хазондек тўзар,
Соғинчлар емириб сабрим тоғини,
Мен сизни соғиниб кетдим, онажон!..

2004


«МЕРОС» ДАСТАСИ РАҚҚОСАСИ
ФЕРУЗАХОН ЮСУПОВАГА

Гул тўкилди доналаб,
Ғунчасин ягоналаб.
Кўйлагингнинг еллари
Куй авжин афсоналаб.

Воҳ, гўзал, гул ҳам ўсал
Гар қиё боқсангчи сал.
Бошга қўн деб гул тикони
Этагинг тутган маҳал.

Мен эсам бир сўзпараст,
Ҳам тикон қўзғар ҳавас.
Ул тиғи бағрим ёриб,
Ўзни урса басма-бас...

Оҳ, хаёл олди хаёл,
Дилда ва қолди малол.
Саҳнада гулдай гўзал
Рақс этарди безавол.

2004


* * *

Азоб!..  Азоб!..
Бағрни кемирар,
Мисоли деҳқондай омочлар юзни.
Келиндай қиёлар тонгга термула,
Қўрқиб қаршилайман яна кундузни.

Ўзимга ўхшамай қоламан энди,
Юзимни шудгорлар табассум.
Шодликлар келиндай меҳмонга келди,
Қувончсиз ўтмайди умримда бир зум.

Кечани соғиниб кетаман бирам,
Азобни кетаман соғиниб.
Кундуз хиралашган хотирам
Излайди ул қочар ёғини...

Юрак!.. Юрак!..
Азобга ватан,
Ҳеч кимга бермайман мен уни!
Ҳар гал туғиламан қайта-қайтадан
Юракда азоблар туғилган куни...

2004


Ў3ИНГНИ АЛДАСАНГ

Қизга қилсанг хиёнат –
қиз уради,
Сўзга қилсанг хиёнат-
сўз уради.
Элингни алдасанг -
бир эли адо уради,
Ўзингни алдасанг,
охири Худо уради.

2004


МУРИДОНА

Тупроқ бўлдим, хок бўлдим,
Эй пир,
Юрак-бағри чок бўлдим,
Эй, пир,
Гоҳ нопок, гоҳ пок бўлдим,
Эй пир,                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                 
Пешингизга қўнган гард бўлгай!

Ёмон бўлдим, зор бўлдим,
Эй пир,
Ўзим бош ҳам дор бўлдим,
Эй пир,
Йўқман, қайдан бор бўлдим,
Эй пир,                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                           
Дунё қочар ўшал дард бўлай!..

2004


НАВОИЙДИН СЎЗ АЙТМАКЛИК

Навоийдин сўз айтмаклик
азал кўнгулга роҳатдир,
Ки назм аро навосизлик
ғазалга зўр маломатдир.

Булбул ишққа тимсол эрса,
минг булбулга пири муршид,
Аё пирим, аё шайхим,
хаёлингиз фароғатдир.

Ҳар байтида зикри Оллоҳ,
ҳар сатрида ғами одам,
Туркигўйлар туфроғидин
бошга кўчган самоватдир.

Илми қолми, илми ҳолми
ва ё илми Ладунийми,
Бари пинҳон тийнатида,
сўзи мисли саловатдир.

Умр фоний, кўнгул озод
наволарда сузар бўлсанг,
Кунинг шеърла кечаркан то
ҳар бири бир зиёратдир.

Ватан ичра Ватандир у
кўк тоқига туташгулик,
Бул маъвода фуқаролик
фоний жонга ҳаловатдир.

Наби туфроғ, Наби гилдир,
Навоийнинг пешин тутмиш,
Ўзи осмон, ўзи юлдуз,
анга гардлик саодатдир!..

2004


СЕНСИЗ

Дарахт мактуб йўллади сариқ
Кўп узоқ чўзилган хаёлларига.
Куз-кимсасиз ҳовлидек ғариб
Уларни учирди шамолларида.

Юзларини беркитди дунё
Чим-чим аёзларнинг забтидан.
Зулумотда дийдираб гўё
Исинди юлдузлар тафтида.

Юлдузлари не бўпти сенсиз,
Исминг балки уларга қиёс...
Умрим каби ҳувиллаган куз
Мактубларим учирди холос!...

2004


КЎЗИМ ТУШДИ

Яна сизга кўзим тушди,
Ёнди қорачўғларим.
Лабларимдан сўзим тушди,
Қатларида тўғралиб.

Нафасларим ютолмадим
Ё чиқмади оҳларим.
Қайрилиб ҳам кетолмадим,
Куйди кетар ёқларим.

Йўқ, кетмайман, дедим, қолдим,
Оёқларим қотдилар.
Ер ёрилмай, дилга олдин
Кўзларингиз ботдилар...

Яна сизга кўзим тушди,
Киприкларим куйдириб.
Жондан фақат соғинч учди,
Мени жондан тўйдириб!

2004


* * *

Мени бу соғинчдан қутқар, майлига,
Заҳри зирқиратди сўнгакларимни.
Энди севилиш ҳам буткул айниган,
Умр елларининг ўтди сарини.

Мени бу соғинчдан қутқаргин, ахир,
Мана, мингинчи бор чўка қолай тиз!
Тишларим остида эзилган тахир
Одамлар сиғинган ўшал олий ҳис...

Воҳ, ширин эдими ёлворишларим,
Мени бу соғинчдан қутқара қолгин.
Мана, юраккинам - озод кишварим,
Банди эт, қил вайрон, ўтларга солгин.
Мени бу соғинчдан қутқаргин фақат!.

2004


АЙРИЛИҚ
(Машраб ғазалига ўхшатма)

Ўтурман бир сўзим чиқмай,
Юрак нолон, бўзим чиқмай,
Осмонда юлдузим чиқмай,
Мени истар кишим борму?

Додимдан дод этар дунё,
Дардларимнинг бўйи ҳулво.
Тун бағрига чўкар кун ё?..
Мени истар кишим борму?

Ёвни йиқар кўзим ёшлиғ,
Бошим тошлиғ, ошим тошлиғ,
Сени тортар мендин ёшлиғ,
Энди истар кишим борму?

Жоним, жоним тўйди жондан,
Гулим, олғил ломакондан.
Сендан айру тушар ондан
Мени истар кишим б.орму?

Томуғ кетди, Эрам кетди,
Тизим чўккан ерам кетди,
Завар кетди, зерам кетди,
Аё, истар кишим борму?

Басей, бўлди, етар, сабрим,
Жаббор берган - суюк жабрим.
Ёней - ёнгил, юрак-қабрим,
Мени истар кишим борму?
Энди истар кишим борму?

2004


ДУНЁ

Ёмғир. Остида мен ёлғиз,
Томчиларни ювар томчилар.
Жон талашган сўзлар – бир оғиз,
Чиқолмай бўғзимда янчилар.

Ёмғир. Эгилади киприклар,
Кўтарилмай нозик қадларин.
Томчилар сўзлардай бирикар,
Шўрлашар ва юзда хатлари.

Ёмғир. Соғинчдай эзғилар,
Ҳеч кимни кутмайман мен аммо.
Бағримдан бир нима сизғилар –
Кўзларимга тўлар шўр дунё,
Томчиларга айланар гўё...

2005


ЁШЛИК БИЛАН ХЎШЛАШУВ

Сочларим гуллади ва пишдим –
Тарам-тарам тўрлади юзим.
Алам билан тугилар муштим
Ҳам кўнгилга тилайман тўзим.

Сувдай оқиб борар   йилларим,
Уларга қўл силкир армонлар.
Соғинчлар ўтида тирналиб,
Жон ўртар сабилу зорманда.

Ёшлик, қўлларимни юборма қўйиб,
Ҳали бордир юрагимда чўғ.
Майли, хўшлашайлик, валекин тўйиб,
Тўрладигу ишқдан, ёрилмадик, йўқ!

2005


ВИСОЛ

Ўв, кеча! Қоп-қора кеча!.. Жон куйди.
Юз-кўзимни ёпди зулфин қароси.
Оҳким, ул юлдузли чопонин кийди
Бағримда тўлғонган ёрнинг жафоси.

Кўнгил адо-адо оқди кўйида
Ва жон шу оловли висолни суйди.
Ана, қонли дарё-лаблар бўйида,
Ўв, кеча! Ўв, қаро кеча, жон куйди!

Бармоқлардан тошди қаро тўлқинлар,
Самумдек нафаслар бўғди бўғзимни.
Бағримдан топурлар Тонгла чақинлар
Энди оламдаги энг гўзал қизни...

2005


МУҲАББАТНИ ИЗЛАБ

Тунги саболарга опичиб олгум,
Кафтимга қўндириб тўлишган Ойни.
Унинг висолини қизғонади тун,
Юлдузлар, ялпизни кўрганлар борми?!

Тунлар ҳам югурик, умрим югурик...
Ғунчалар, бузмайман мен уйқунгизни.
Майсалар шивирлар, гул тўкди ўрик,
Ҳей, қушлар, ялпизни кўрмадингизми?!

1988


ДУНЁ

Мен ҳам сизга ўхшадим энди,
Танҳоликдан бўшадим энди,
Юрагимни ташладим энди,
Итлар ғажир уни тинмасдан.

Ташлаб кетди жисмим таҳорат,
Кўзларим ҳам зинога тўлди.
Чоти айри анов касофат
Руҳимни, воҳ, ўлдириб булди.

Нима қилай?
Мен нима қилай?
Дунё шу, лек кўниб бўлмайди.
Яшаш керак, токи ҳар қалай
Ўлим келмай, ўлиб бўлмайди...

Мен ҳам сизга ўхшадим энди...

2005


КЎНГИЛГА

Кўнгил, эзғилайсан бунча жонимни,
Кимни соғинасан, нени истайсан?
Сен учун сочдим-ку борки онимни,
Онларим бўлдилар биттадан майса.

Майсалар гул очди соғинч рангида,
Уларни суғорди тинсиз ашкларим.
Мени уйғотдингу ҳар он тонгида,
Биттагина жоним ўтга ташладинг.

Сенга нима керак, жонми - шу сабил,
Бунча эзғиладинг, ўв, бағритошим?
Ўзинг Чамбилимсан, ўзинг Сусамбил,
Икки дунё аро жондек талошим!..

2005


ОЙБЕК

Ватанни чўктириб қароғларига
Кўкси тоғдек мағрур бойдек эди у.

Юлдуздек кўзлари - чароғларини
Бағрига қўндирган Ойдек эди у.

Саҳифалар узра пинҳон сирлари,
Очилмаган маъво-жойдек эди у.

Ҳам наср, ҳам назм дунёларида
Фуқароси мўл Хитойдек эди у.

Битиклари шунча, шунчалик аро
Сўзлари ёқимли - мойдек эди у.

Моҳим ва Ойхонлар даврони ичра
Ойни эркак қилган Ойбек эди у.

2005


БАҒРИМДА БИР ҚЎШИҚ КУЛАР

Ватан, гардларингга жонимни тикдим,
Улуғ фидоларга келди ўхшагим.
Умрим лаҳзасига эзгулик экдим
Ва улар пойига меҳрим тўшадим.
Кокиллари яшил, эрка малагим.
Жонимдан майсалар унар, қарагин!

Мозийлар қатида давронларинг бор,
Давронларинг сурган султонларинг бор,
Ҳам қонлар ютганинг замонларинг бор,
Энди мовий-мовий осмонларинг бор.
Ҳурлик, тинчлик дея жони ҳалагим,
Бағримда бир қўшиқ кулар, қарагин!

Бу кун хаёлдайин шиддатинг учқур,
Оппоқ орзуларинг ўзингдайин ҳур.
Мен жимит ҳужайранг - паноҳ бўлиб юр
Ва олам ичра сен ўз оламинг қур,
Кўкси баландгинам - осмон-фалагим,
Бошимга Ой қалпоқ бўлар, қарагин!

Истиқлол келиндай турар солланиб,
Унинг бўсасидан юзинг олланиб.
Боғларинг, тоғларинг тили болланиб,
Шону шавкатингни айтурлар ёниб.
Темурий султондай ёвқур билагим,
Жонимдан майсалар унар, қарагин!..

2005


АБДУЛЛА ОРИПОВ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Энди, воҳ, тарк айламиш ҳофиз қўлини торлар,
Йўқда йўқни йўқ қилиб кун кўрарлар ул борлар,
Ой юзига боқмайин хас титкилар хушторлар.
Бул ажаб хор кимсадин имдод сўрайди хорлар,
Сиз бемор кўксига бош урмангиз, эй беморлар.

Ким эрурким беписанд ҳар ён учирган сўзни?
Чарх уриб турса қуюн, юмганлар айтинг кўзни,
Ёзмасин пешонага биз билмаган юлдузни,
Гар фалак буржида шамс уйқуга солса ўзни,
Етди навбат бизга деб чақнар эмиш сайёрлар.

Бу талаб бўстонига ғавғони экма, эй рафиқ,
Дунясин савдоси мўл, савдони тегма, эй рафиқ,
Кўҳна гумбаз ости бил, “байтули ҳикма” эй рафиқ,
Саждага бошинг уриб, фарёди чекма, эй рафиқ,
Энди сен топгаймидинг, топмабди-ку ағёрлар.

Қайси хушбахт дил сари бул кеча, оҳ, ботди қамар?
Нурпешалар сарсари қай гўшага кетди бадар?
Ошино топдик, вале ёр топмадик ағёр қадар,
Фозилу дониш эли қўл ювса бу дунёга гар,
Во ажаб, оққан сувин нўш этар шайх хунхорлар.

Дил ила дунёни ёз, ки охиро қолгай тугун,
Нени тутсак оқибат, воҳ, қоп-қаро бўлгай кукун,
Нобашар тортгайми ул одамга эш дунё юкин?
Нафс ила дунёга дил берган фосиқлар, сиз бу кун
Яссавий хок пойидин айлаб олинг тумморлар.

Ўй суриб дунё учун ўйдин бутун толган ўзи,
Минг олиб бир бошига, минг доду дод солган ўзи,
Борини ҳам бермайин, олган ўзи, олган ўзи,
Ким бериб дунёга зар, абгор ўлиб қолган ўзи,
Кимки дорни бузди гар, анга қурилди дорлар.

Дарёлар тўлсин дея, оқманг бу кун Абдуллага,
Зўр олов, ёнсин дея, ёқманг бу кун Абдуллага,
Набидек одоби хос сақланг бу кун Абдуллага,
Кимсалар, бадбин дея, боқманг бу кун Абдуллага,
Тингласа гоҳи юриб мозий элидин зорлар.

2006


* * *

Йиғлоқи эмасман, ишон, биродар,
Бироқ сенга боқиб келди йиғлагим.
Ичимда бир шоир – ўзидан бадар
Кўксимни дунёдек бузар, қарагин.

Ёвуз дев илкида қолган паҳлавон
Каби тўлғонади бечора юрак.
Бу юрак – элида мазлум фуқаро,
Минг йил тутқунликда ўлмаса керак.

Кимга ишонасан,
Кимдан куласан?..
Йиғлоқи эмасман, ишон, биродар.
Биз севиб улгурган девор қуласа,
Қайга бадар кетсин ўзидан бадар?!

2006


БОЛАМНИНГ КЎЗЛАРИ

Бу дунё аслида қорачиқ
Ва кўплар қолмоқни кўзлади.
Кўзларин юмдилар, воҳ, аччиқ,
Одамнинг кўзлари... кўзлари!...

Кўзларин юмдилар, воҳ, аччиқ,
Қароққа чўкдилар бўзлари.
Ўздан айро, воҳ, қолди очиқ,
Оламнинг кўзлари, кўзлари!..

Ўздан айро ва қолди очиқ
Дунёнинг кўзлари. Сўзларин
Чор тарафга умиддек сочиб
Боламнинг кўзлари, кўзлари!..

2006


ВАТАН

Қовурғамнинг остидаги
Алвон булоғимсан, Ватан,
Етмиш икки томримда жон –
Бошдин оёғим – сан, Ватан.

Таним бўлгай чаманзорлар,
Кетиб кўнгилдан озорлар,
Наволардан ҳушу беҳуш
Сўрган сўроғимсан, Ватан.

Наволарда ҳаволандим,
Ҳаволарда саболандим,
Ширин-ширин бўйлар берган
Мангу учмоғимсан, Ватан.

Самоларда кўзим қотса,
Томоғимда сўзим қотса,
Худо васли – меърожларга
Элтар Буроғимсан, Ватан.

Етти фалак пойингдадир,
Жумла жонзот қойимдадир,
Фаришталар мажлис тузган
Боғим – қучоғимсан, Ватан.

Фидоларга фидо жонинг,
Фидолардан бор маржонинг,
Ёв кўксига меней пайкон,
Ўзинг садоғимсан, Ватан.

Сени севмоқ саодатдир,
Севгинг туймоқ фароғатдир,
Ўлар бўлсам жисмим ёпган
Фарҳу туфроғимсан, Ватан.

Дил топинган жойи сенсан,
Ватанларнинг Ойи сенсан,
Мен парвона, меней ошиқ,
Сўнмас чироғимсан, Ватан!..

Мен сену сен Набидурсан,
Бир буюк шеър кабидурсан,
Навосозим, ҳам асраган,
Кўзим – қароғимсан, Ватан!

2006


* * *

Кун эриди
Ва қуйилди уфқ ортига.
Бир томчи ёш каби милтиллаб,
Эзғилар бағримни хотира.

Юлдузларнинг нури дарахтлар
Кокилин тарайди эркалаб.
Ана, Ой – тақир бош брахман,
Оҳ урар кўксини тилкалаб...

Юрагимга ўт қалайман мен,
Куйдирмоқ бўламан ва тунни.
Зикр тушаётган ҳисларим
Учирар қоп-қора кукунни.
Тун эриди...

2006, Чимён.


ТАЪМА

Дунё мени таъмагир қилди –
Тиландим эрк, яна мартаба.
Мана, мудом қирқ тўрт йилдирки,
Ҳар кунимни қиламан таъма.

Эрк қайда-ю, мартаба қайда?
Таъмасиз ҳам шу куни борман.
Э воҳ, нафсим паст кетган жойда
Ғуруримга тикилган дорман.

Наби отлиғ хасман, хазонман,
Лек юрагим очилар гул-гул..
Гар паст кетсам, энди мендан, ўв,
Бетаъма зот, жон таъма қилгил!..

2006


КЕТМОҚДАМАН
(Ибодатга)

Азизам!
Кечир мени, шундоқ одамман –
Сиғмай қолдим дунёларига.
Унинг бадбўй ҳидлари урди
Юрагимнинг ҳулволарига.

Қадим асли бу жисмим, жоним,
Қоясини қор босган тоғдай.
Энди кетгум, эгнимда жанда,
Хазонлари тўзғиган боғдай.

Сочим ўсиб, кулоҳ ҳам бўлди,
Космос асрин қаландариман.
“Ё анал Ҳақ!” хитобли зотнинг
Қонга ботган тўнин бариман...

Шундай азим, шундай қадимман,
Жисму жоним тўлган дийдадир.
Қадимликда мен уммон бўлсам,
Юрагим, бил, Атлантидадир...

Ҳисларимга балогардонман
Балогардон зикридан унган.
Ва тириклик исмин ёзаман
Ҳаёт отлиғ бир чимдим кунга.

Қолгани тун. Видо қолгани.
Мен кетар йўл энди беадо.
Тугамайди Атлантиданинг
Сарҳадига етмагунча то!

Йўлга чиқдим, кечир, азизам!..

2006


ДЎСТЛИК
(Устозларимиз Тўлан Низом
ва Муҳаммад Алига)

Худо деб, оҳ, сизни, эй дўст, дўст тутдим,
Ранго-ранг рангларнинг рангин унутдим.
Билган-билмаганим ҳилқатлар келди,
Бағримда Оллоҳ-ла мен сизни кутдим.

Дунё ёлғон ахир, ёлғонлар қолди,
Сийму зар, давлат деб толғонлар қолди.
Ки икки дунёнинг талошларида
Дўст дея жон бериб – олғонлар қолди.

2007


БУНЧАЛАР БЎЛМАСАНГ ЧИРОЙЛИ!

Кўзимга ботдими қуёшлар,
Киприклар осдими ё Ойни?
Вужудим тиғлади талошлар,
Бунчалар бўлмасанг чиройли!

Тўлғонди, ингранди юрагим,
Қўлни бер, юр унга кирайлик.
Ёрилиб кетай дер, қарагин,
Бунчалар бўлмасанг чиройли!

Юкиндим, ютоқдим қошингда,
Айта қол, ё жоним берайми?
Оҳимдан оқ гуллар бошимда,
Бунчалар бўлмасанг чиройли!

Ёрилган лабларим босаман
Тошларга, ё бошим урайми?
Ҳей, буюк жон ичар ёсуман,
Бунчалар бўлмасанг чиройли!
Бунчалар бўлмасанг чиройли!

2006


СЕВАМАН ШУНЧАЛАР

Майсалар қиқирлар бетиним,
Саболар мастона куй чалар.
Ҳей, бахтлар қалъаси – Ватаним,
Мен сени севаман шунчалар.

Дала, қирда кезган тароват,
Онам ёпган иссиқ кулчалар,
Истиқлолим берган ҳаловат,
Мен сени севаман шунчалар.

Саҳий қалбим, қаро кўзлигим –
Она халқим гулдай ғунчалар.
Ўзбекистон – ўзим, ўзлигим,
Мен сени севаман шунчалар.

2006


МУҲАББАТ

Гул юзида товланган шабнам,
Ойлардан тўкилган қаймоғим...
Жонимда гул ундирган алам,
Муҳаббат – энг тотли қийноғим.

Кўзларни ёндирган оловкаш,
Кўнгиллар мулкида байроғим.
Кўйингда навосоз ҳатто тош,
Муҳаббат энг тотли қийноғим!..

2006


ИШОНМАСМАН
(Бармоқдаги ғазал)

Ўзинг ёлғиз жаҳонимсан,
Дунёсига ишонмасман.
Дағи сеҳру урфонимсан,
Кимёсига ишонмасман.

Бу ишқ саҳросида куйдим,
Бағр қақшар биёбондир.
Оловларни охир суйдим,
Саҳросига ишонмасман.

Қани Аттор, қани Кубро?
Мавлавийни соғиндим-ку.
Улар кетди, дема асло,
Аслосига ишонмасман.

Сўрар бўлсанг фано кўрки
Малаклардан сўз айтгил, деб.
Қонлар тўлиб оққан икки
Дарёсига ишонмасман.

Турфа неъмат ботар кўзга,
Алвон-алвон ҳаваслар мўл.
Худо бирдир, Наби, ўзга
Танҳосига ишонмасман!..

2007


СЎЗЛАРНИНГ СОҒИНЧИ
(Исмоил Тўлакка)

Қабринг узра сўзлар излари,
Шеър бўлолмай қайтурлар маҳзун.
Майсаларнинг тўзар тизлари
Видоларин айтишиб узун.

Мазоротнинг сокин тунларин
Шивиридай жимирлар осмон.
Томчилари соғинч унларин
Кўзларидан тўкилар осон.

Тушларига кирар Анжаннинг
Тупроқларга айланган бир шеър.
Ҳей, шеър!
Кўксингдаги қонли ханжарнинг –
Муҳаббатнинг куйларидан бер...

Ой жилмайиб чидар барига,
Шуълалардан тутиб гулдаста.
Шоир оғам, қабринг қаърига
Бир тилим нур қуйилар аста.

Қабринг узра сўзлар излари,
Исмоилсиз қайтурлар маҳзун...

2007


ИЛК БАҲОР

Қиш қолди бурчак-бурчакда —
Деворлар,
Дарахтлар остида
Жон сақлаган қиш.
Баҳор кўз олади челакда,
Ҳов, ўша шудгорда
Берар кўриниш.
Кетмоннинг бетида
Жимирлар баҳор,
Йўлларда оёққа илинар баҳор.
Ана,у — қўлларда кўринар,
Кетмонни ушлашдан
Безган қўлларда,
Дилларда кўринар —
Севгини эслашдан
Безган дилларда...

1987


* * *

Қилар ҳув-ҳув сукутда хор юрак жим,
Кеча занжирларни отғон тилак жим.
Давосини қаёнлардан излайин?
Ўзимдин бир бало берган фалак жим.

1993


* * *

Асқар Маҳкам учиб кетди қушдайин,
Кофар дарё соҳиллари қайрилди.
Валий Тошкан видо айтди жилмайиб,
Гўё Румо Мавлавийдан айрилди.

2007


ГЎЗАЛ ИСМЛАР МАДҲИ
(Асмаи ҳусна)

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

1.

Ё Раҳийм, шафқатинг ёмғирдай ёғар,
Ёмғирда эриган тупроқман ўзим.
Карам уммонида балиқман магар,
«Карам қайда?» деган гумроҳман ўзим.
Ё Раҳийм, ё Раҳийм, ё Раҳийм, Оллоҳ!

2.

Ё Раҳмон, иззату икром одамга,
Ризқ берган, барчага шаклу шамойил.
Зоҳирбинлар буткул унутган дамда,
Сен фоний не бўлса берурсан, қойил.
Ё Раҳмон, ё Раҳмон, ё Раҳмон, Оллоҳ!

3.

Ё Малик, дунё-ю охират узра,
Ўн саккиз минг олам ёритар чароғ.
Тупроққа бош уриб, гўдакдай бўзлаб,
Исмингга тўлади ҳар нафасим, оҳ.
Ё Малик, ё Малик, ё Малик, Оллоҳ!

4.

Ё Азиз, бу ширин жон қадар азиз,
Жонимнинг эгаси аввалу охир.
Фоний нигоҳларга ниҳондир ҳаргиз,
Ҳар жонли, жонсизда қудрати зоҳир.
Ё Азиз, ё Азиз, ё Азиз, Оллоҳ!

5.

Ё Қуддус, зоти борки айбдан ҳоли,
Эй, кўкда қуёшни яратган офтоб.
Сен Аршдан эсгувчи раҳмат шамоли,
Нуқсонлар аҳлига бенуқсон хитоб.
Ё Қуддус, ё Қуддус, ё Қуддус, Оллоҳ!

6.

Ё Салом, оламлар меҳварин тожи,
Кўнгилга илми ҳол жолаган олим.
Фахри коинотнинг танҳо меърожи,
Нафасим поклаган исми ҳалолим,
Ё Салом, ё Салом, ё Салом, Оллоҳ!

7.

Ё Жаббор, жабрингдир жаҳаннам жабри,
Жом тутган жоҳиллар жабрингдан ғофил.
Дилга ғассол ўлса ҳидоят абри,
Ҳамиша қулоқда сури Исрофил,
Ё Жаббор, ё Жаббор, ё Жаббор, Оллоҳ!

8.

Ё Мўъмин, набийлар келтирган пайғом,
Киприкда биллурдай титраган соғинч.
Сен уқбо тасдиғи ва дунё ёлғон-
Одамнинг бошида ўйнаган қилич,
Ё Мўъмин, ё Мўъмин, ё Мўъмин, Оллоҳ!

9.

Ё Муҳаймин, аён зоҳиру ниҳон,
Ҳаддан кузатгувчи, ҳардан огоҳ у.
Қибла бўлганда ҳам, аё, тўрт томон,
Ҳар япроқ, ҳар майса кўзи беуйқу,
Ё Муҳаймин, ё Муҳайман, ё Оллоҳ!

10.

Ё Мутакаббир, о, танҳо кибриё,
Жамолда тоққинам, Аршуси юксак.
Алҳол кибр тутмиш ё қилмиш риё
Одамни айлагай нафсига эшак.
Ё Мутакаббир, ё Оллоҳу Акбар!

11.

Ё Ҳолиқ, тутмиш дил ишқинг баётин,
Шу ишқда кетурмиз жисми адамга.
Зикрингда қалбни маҳв этмас шаётин,
Ўзинг яратгувчи, соҳиб одамга,
Ё Ҳолиқ, ё Ҳолиқ, ё Ҳолиқ, Оллоҳ!

12.

Ё Борий барорим, ҳаққул мустақийм,
Шарафли айлади Унинг бир дами.
Туфроқни ўзига қилганди яқийн
Одами Атони яратган дами,
Ё Борий, ё Борий, ё Борий, Оллоҳ!

13.

Ё Мусаввир, оламга шакл ва сурат
Берган жамолидан оқар тажаллий.
«Иқро»дек ҳаётбахш «Бўл» деган суръат
Ва «бўл»дек Қазои Қадар азалий.
Ё Мусаввир, ё Мусаввир, ё Оллоҳ!

21.

Ё Босит, руҳлантириб руҳила бизни,
Руҳ ва жон аҳлига айлаган доҳил.
Ерда халифалик – бу унинг изни,
Руҳул тажаллийга асос Ул оқил.
Ё Босит, ё Босит, ё Босит, Оллоҳ!

22.

Ё Ҳофиз, бергувчи инсонга давлат,
Фаровон қилгувчи ҳам ҳаётини.
Бахш этиб сарбаланд уйлар ва савлат,
Ерга қоригувчи даражотини.
Ё Ҳофиз, ё Ҳофиз, ё Ҳофиз, Оллоҳ!

23.

Ё Рофий, гадой этгай, қаландар ҳам,
Ер тирнаб яшагай гарчи фанода.
Воҳ, Ажр кунида кўрсатиб карам,
Тирноқларин ҳурлар ювар хинода.
Ё Рофий, ё Рофий, ё Рофий, Оллоҳ!

24.

Ё Муизз, сўрганга бергувчи авлод,
Дунёда сийму зар, обрў эътибор.
Ҳам насиб айлагай иккинчи ҳаёт,
Жаннатда васлига этгай сазовор.
Ё Муизз, ё Муизз, ё Муизз, Оллоҳ!

25.

Ё Музилл, У истади, бўлди ҳақир,
Гар истаса, келгувси ночорлик ҳам.
Аё, баланд-пастдир илоҳий тақдир,
Жаннатдан қувилмиш шарафли Одам.
Ё Музилл, ё Музилл, ё Музилл, Оллоҳ!

26.

Ё Самий, тинглаган ботин сўзимни,
Ошкора зикримдан огоҳ ҳамийда.
Китобдай ўқиган ёшли кўзимни,
Мен ғофил қолганни билмиш фарийда.
Ё Самий, ё Самий, ё Самий, Оллоҳ!

27.

Ё Басийр, ҳар жойда қутлуғ назари,
Яхши-ёмонларни кўргувчи улдир.
Зикруллоҳдан руҳлар борар тозариб,
Зикр кўнгилларда очилган гулдир.
Ё Басийр, ё Басийр, ё Басийр, Оллоҳ!

34

Ё Ғофур, истаса, гуноҳлар ҳечдир,
Савобим мўл деган оҳ-воҳлар ҳечдир.
Ўзи ҳисобчидир, ўзи кечгувчи,
Ердан униб чиққан илоҳлар ҳечдир.
Ё Ғофур, ё Ғофур, ё Ғофур, Оллоҳ!

35

Ё Шокир, сийлагувчи ўзинг охир,
Кичик амалимни зиёда санаб.
Аё, қалбимдаги мангу жавоҳир,
Зикрингда зокирман мен раҳмат талаб.
Ё Шокир, ё Шокир, ё Шокир, Оллоҳ!

36.

Ё Олий, Аршудан соҳиб жамолим,
Ўзга англаёлмас буюк камолим.
Сифати ҳисобсиз, қамрови беҳад,
Ўзи жавобимдир, ўзи саволим.
Ё Олий, ё Олий, ё Олий, Оллоҳ!

37.

Ё Кабир, бору бор, вужудул вужуд,
Мавжудлар ичинда ягона мавжуд.
Набийлар, валийлар, соҳиби ҳоллар
Исминг зикридан ҳам бўлганлар беҳуд.
Ё Кабир, ё Кабир, ё Кабир, Оллоҳ!

38.

Ё Ҳафиз, асрагай жумла жаҳонни,
Осмонни қулашдан, Ерни чўкишдан.
Қуритмайин сувни, тўсмай ҳавони,
Сақлагай Қуёшнинг шамин ўчишдан.
Ё Ҳафиз, ё Ҳафиз, ё Ҳафиз, Оллоҳ!!

39.

Ё Муқит, у ризқлар яратган, сочган,
Сахий қудратига қилган эгалик.
Ҳиммат эшигини баралла очган,
Сонсиз ҳотамларнинг эгаси Малик
Ё Муқит, ё Муқит, ё Муқит, Оллоҳ!

40.

Ё Ҳасиб, бошимда ҳамиша қойим,
Билгувчи тирноқдан сочимга қадар.
Сенинг ҳукминг ила қорилган лойим,
Демак, бир нафасим кетмагай бадар.
Ё Ҳасиб, ё Ҳасиб, ё Ҳасиб, Оллоҳ!

48.

Ё Мажид, икроми мўл, шони юксак,
Шони юксакларда шарафланган зот.
Ойга боқиб имдод сўрайди ҳар сак,
Не кўйда жаннатдан тушган одамзот.
Ё Мажид, ё Мажид, ё Мажид, Оллоҳ!

49.

Ё Баъис, тирилтиргай охир куни,
Ҳам қабрдан дарахтдай ўсади одам.
Ҳазрати Ийсода кўрсатган буни,
Набий нафасидан ўлик турган дам.
Ё Баъис, ё Баъис, ё Баъис, Оллоҳ!

50.

Ё Шоҳид, огоҳ эрур ҳар нарсадан,
Шоҳидлиги китобида барқарор.
Она раҳмидаги томчи нутфадан
Руҳсиз жасадгача ўзи хабардор.
Ё Шоҳид, ё Шоҳид, ё Шоҳид, Оллоҳ!

51.

Ё Ҳақ, эшикларнинг эшиги тавба,
Сен томон қайтишдир, қайтиш сен томон.
Сен мутлақ Ҳақиқат, ягона ҳайбат,
Юракларга қўрқув солгувчи чунон.
Ё Ҳақ, ё Ҳақ, ё Ҳақ, Оллоҳу Акбар!

52.

Ё Вакил, яратган жумла жонзотни,
Битиргувчи ҳам уларнинг ишларин.
Имтиҳонга жой қилган бу ҳаётни,
Алмаштирган ёзини ҳам қишларин.
Ё Вакил, ё Вакил, ё Вакил, Оллоҳ!

53.

Ё Қовийй, мисли йўқ кучу қудратин,
Маҳшар майдонида бўлурмиз қойим.
Мудом чўзар экан синов муддатин,
Одам истиғфорга келмайди доим.
Ё Қовийй, ё Қовийй, ё Қовийй, Оллоҳ!

54.

Ё Матин, абадий соғу-саломат,
Мевалар яратиб, айлаган турфа.
Булоқ сувларига берган барокат,
Жонзотга тану жон қилолган туҳфа.
Ё Матин, ё Матин, ё Матин, Оллоҳ!

61.

Ё Мумийт, «ҳар куни иш-амалдадир»,
Ажал шаробини ичиргувчи У.
Гар нафси шайтоний хос қамалдадир,
Қазо-ла васлига етказар мангу.
Ё Мумийт, ё Мумийт, ё Мумийт, Оллоҳ!

62.

Ё Ҳай, мангу бору абадий тирик,
Омон истаганга бўлгувчи паноҳ.
Кучу қудратига топилмас шерик
Ва исботи «Ла илаҳа иллаллоҳ».
Ё Ҳай, ё Ҳай, ё Ҳай, Оллоҳу Акбар!

63.

Ё Қоййум, нафси ўзгармагай, нафси йўқ,
Ҳеч кимга эҳтиёж сезмаган Қодир.
Тилларга, дилларга зикри солган чўғ.
Ҳеч ерда кўринмас, ҳар ерда содир.
Ё Қоййум, ё Қоййум, ё Қоййум, Оллоҳ!

64.

Ё Важид, ҳукмида титрайди ҳар барг,
Ўзи билгувчидир истаганини.
Барчаси измида-тириклик ва марг,
Бандаси ололмас қистаганини.
Ё Важид, ё Важид, ё Важид, Оллоҳ!

65.

Ё Можид, денгизлар чайқалар, довул   
Ва тўфонлар турса, чақса йилдирим,
Карами олдида бир учқунча, бил,
Эҳсони барини қўяр тиндириб.
Ё Можид, ё Можид, ё Можид, Оллоҳ!

66.

Ё Воҳид, мисли йўқ, йўқдир қиёси,
Ҳар недан воқиф ул ягона илоҳ.
Дунёнинг жилваси, ҳаёт жилоси –
Дўзах истиғноси, ишваи гуноҳ.
Ё Воҳид, ё Воҳид, ё Воҳид, Оллоҳ!

73.

Ё Охир, буюклигин йўқ охири,
Ҳар нарса, ҳодисот адоси ўзи.
Жумла бокирларнинг соҳиб бокири,
Одамга жон озиқ бўлгандир сўзи.
Ё Охир, ё Охир, ё Охир, Оллоҳ!

74.

Ё Зоҳир, ҳар ерда мавжуд ягона,
Сонсиз далилларда борлиги ошкор.
«У буюкдир» деган ўшал мардона
Демоқчи - «Иккинчи яна кимдир бор».
Ё Зоҳир, ё Зоҳир, ё Зоҳир, Оллоҳ!

75.

Ё Ботин, илғамас одам идроки,
Борлиги яширин тасаввурлардан.
Қалбимда нақшин ул номларнинг поки,
Ўзи озодроқдир жами ҳурлардан.
Ё Ботин, ё Ботин, ё Ботин, Оллоҳ!

76.

Ё Волий, ҳар жонли, жонсизнинг ўзи
Ишин битиргувчи ҳожатбарори.
Одамзот умрининг баҳақ кундузи,
Икки дунёда ҳам нажотбахш ёри.
Ё Волий, ё Волий, ё Волий, Оллоҳ!

77.

Ё Мутаало, аълолардан аъло,
Ул буюк зотини билгувчи зоти.
Зикрида қойимга келмагай бало,
Иймон ҳузуридир ҳаётнинг тоти.
Ё Мутаало, ё Оллоҳу Акбар!

78.   

Ё Барр, деганлар «Фақирлик-менинг фахрим»,
Ҳазрати рисолат Расули Акрам.
Меърож кечасида Аршунинг саҳнин
Фақрликнинг нури ёритган экан.
Ё Барр, ё Барр, ё Барр, Оллоҳу Акбар!

85

Ё Муқсит, мазлумлар ҳаққини золим
Зотлардан олгувчи Ҳаққул Адолат.
Кўнгилдек маъвони яратган олим
Ва комил дилларга солган ҳаловат.   
Ё Муқсит, ё Муқсит, ё Муқсит, Оллоҳ!

86

Ё Жамий, тилагинг тилаги унда,
Кўнглингда ҳар кечган истакдан воқиф.
Кундузга орзуманд бўлсанг сен тунда,
Оламни ёритар Ой, юлдуз ёқиб.
Ё Жамий, ё Жамий, ё Жамий, Оллоҳ!

87.

Ё Ғаний, у жуда бадавлат, ғолиб,
Мустағнийдир ҳар кимсадан мангуга.
Шайтони лаъинни жаннатдан олиб,
Одамзот қонидан жой берган унга,
Ё Ғаний, ё Ғаний, ё Ғаний, Оллоҳ!

88

Ё Муғний, кимки не истаса бергай,
Мол-давлатга кўмар танлаганини.
Тафаккур кишиси ҳикматлар тергай,
Эслаб Фиръавндан қолган маънини.
Ё Муғний, ё Муғний, ё Муғний, Оллоҳ!

89

Ё Маний, тўсқинлик қилмаган асло
Бунёд бўлишига нарсанинг бирор.
Бир қаранг, ул сунъий юрак ва ҳатто
Ажал уруғидай қуроллар ҳам бор.
Ё Маний, ё Маний, ё Маний, Оллоҳ!

90.

Ё Зорр, қамаштирар дунё кўзларин,
Олов ёндиради, тўйдиради сув.
Даҳрнинг ярми фойда, зиёнли ярми,
Буюк мувозанат соҳибидир у.
Ё Зорр, ё Зорр, ё Зорр, Оллоҳу Акбар!

97.

Ё Ворис, эзилган бир дон остида
Чумоли ҳоли ҳам ўзига аён.
Маҳшар куни қойим ёлғон-ростида
Ўз жисмин излайди ҳар бир фоний жон.
Ё Ворис, ё Ворис, ё Ворис, Оллоҳ!

98.

Ё Рашид, на керак далилу исбот,
Аниқ кўргувчидир ҳар нимарсани.
Мазмун-моҳиятга эга ёлғиз зот,
Ноҳақ ҳукм этмагай бирон кимсани.
Ё Рашид, ё Рашид, ё Рашид, Оллоҳ!

99.

Ё Собур, сабримга соҳиб сарварим,
Зикрида тунлари бедор қулиман.
Бир кам дунё ахир, кўнгил ҳам ярим,
Дунё-армон, бино бўлган кунидан.
Ё Собур, ё Собур, ё Собур, Оллоҳ!

100

Ё Оллоҳ, асмаи ҳусна мадҳида
Бир-икки сўз айтганим бордир.
Нелар битган бўлсам нелар ҳақида
Балки энг гўзали ушбу ашъордир.
Ё Оллоҳ, ё Оллоҳ, ё Буюк Оллоҳ!

Ушбу зикруллоҳнинг савобини азиз ота-онамнинг табаррук руҳларига эҳтиром ила бахшида этдим. Оллоҳу Акбар!

2001






ЧИПТАСИЗ ОДАМЛАР
(Достон)

(Суюк ҳамда буюклар Чўлпон ва
Булгаковга бағишланади)

1

Ловуллаб келади нимадир,
Қасирлаб келади бир бало,
Тешилар,
Ёнадир,
Синадир,
Тўкилар дунё.
Яна ким билади?..
Биладир!..
Бир чимдим умрга ишонган
Хаёллар бағрини тиладир.
Теголмай қайрилган нишонга
Ёйлар биладир.
Тинмайин қилган у тавалло –
Ё нафс,
Ё лаъин!
Тавбасини кутган Жалоло
Кун сайин...
Тилло осмон қасирлар энди,
Ловуллар жаннат замин.
Аё!
Ё нафас келди,
Тотадур таъмин,
Билмайин.
Йиғлайин,
Харс-харс сийнаси,
Умр бўғиздаги муштдек тош.
Ё нафсс-с...
Ё Оллоҳ! –
Бировнинг саси,
Қиблага қийшаяр бош...

2

Йигирманчи аср!..
Ожиз одамзот,
Сўқир башар
Ўйлаб топган
Савдойи сана.
Қовжираган киприкларида
Лапанглайди қўрқув,
Тебранар, ана!
Яна...
Тангрининг юзига оёғин
Бигиз қилолган даҳрий.
Яна...
Оллоҳни соғиниб,
Меҳр деёлган қаҳрин.
Йигирманчи аср!
Қитъаларда туғилган даҳшат,
Элатларда ястанган ором.
Қитъаларда туғилган ором,
Элатларга сочилган даҳшат.
Ана.
Самога қайрилиб,
Излайди ўзини,
Йигирманчи аср
Ўздан айрилиб.
Йигирманчи аср!
Кўзинг тешилсин,
Агар бўлса ўша кўзларинг.
Кўзларинг йўқ,
Йўқ эди сенинг,
Йигирманчи аср
Сўқир аждаҳо!..

3

Қуёш уфқда бўзариб борарди,
Бўзариб-бўзариб
Борарди  дунё.
Сарой деворлари қонталаш,
Сарой деворлари тортади увво,
Жимгина,
Маҳзунгина
Ва гина.
Сонсиз каллаларнинг кўз косасида
Шарақлаб кулади илонлар,
Ридоли кимсанинг
Хос хассасида
Халқали тўлғонар арқонлар.
Ва қонлар,
Тилларга ялоқдир,
Ямланур ҳузурбахш забонлар,
Замонлар келмишдир
Замонлар...

* * *

Пилат!
Ҳа, ўша Пилат,
Кенг қулоч хочга термулиб,
Тангри қулочини ўлчайди
Пўлатдан мих йўниб.
Прокуратур –
Буюк кўр,
Йигирманчи аср саҳнида
Кўр асрга жўр.
Ва асо тутган қўл
Ярқираган қорачўғларни
Пайпаслаб-пайпаслаб,
Ўйиб олаверар тиғлар-ла...
Ва кўр,
Кўзи очиқлар
Очиқ кетаверар бақога...

4

Осиё!
Тўлғониб-тўлғониб,
Эшилиб-эшилиб
Ётган сарҳадлар.
Чувалашиб кетган ақл,
Мудраётган қаҳр
Ва қасос –
Осиё!..
Осиёни беланчак қилиб,
Бўзлаётган чистон,
Жавобсиз чистон
Волидаи кабир
Туркистон.
Шимолдан оқиб,
Йиғлаган,
Шамолга боқиб,
Йиғлаган,
Асли исённинг онаси,
Шарқнинг боласи
Туркистон!
“Шимол совуқ” – дедилар,
Қуёшини бермоқчи бўлди.
“Шимол оч!” –
Ошини берди
Ва бошини берди,
Бошини еди унинг
Шимолистон...

5

Эй, кўнгил!
“Кишанлар бирла дўстлашдинг” ,
Сукунат бирла эшлашдинг
Ва жимлик боғида очилган
Мутелик бирла хешлашдинг.
Замин ўлдинг,
Ахир осмонсан,
Чўпон эрмас,
Ахир Чўлпонсан,
Олам аро биргина сонсан,
Туркистонсан,
“Кишан кийма, бўйин эгма,
Ки сен ҳам ҳур туғулғонсан”!..

6

Оч қулнинг кунлари каби қора
Туркистон жим,
У потос боғлаётган яра.
Бу ерда тик боқмас
Биров-бировга,
Бировнинг ранги оқ,
Бировники қора,
Кўзлар уялади
Номутаносибликдан,
Тупургиси келар
Бири бирига.
Исённинг бешиги
Исёнсиз қолмиш,
Шайтон камлик қилар
Қаҳр қўзғашга.
Шайтон – Воланд 
Ёмонлик деб
Яхшилик улашган лаъин...

7

Кўзларига дераза тутган
Танҳо шоир
Хотинлар салтанатида
Бир исён излайди
Миллатга доир.
Шимолни соғиниб,
Ғарбни соғиниб,
Яшайверди турк ёзари.
Кутаверди у
Воландни,
Туркистон узра
Талваса қўзғагувчи,
Воландни...
Чўлпон –
Туркистон.
Кўҳна Фиръавннинг
Тобути ичра
Ғойибдан топилган
Эй, тилла танга –
Туркистон.
Тилло тобутда
Тож кийиб ётган
Кўзлари илонўра,
Чаён уя,
Улуғ китобларда
Мақталган ўлик –
Туркистон,
Сенга бахт соғинар Чўлпон!

8

Эй, сен
Осмоннинг боласи,
Туркистон боласи,
Кечани яратиб,
Кундузни яширган
Шарқнинг ноласи.
Бу ерда кундузлар туғар,
Майда-майда,
Бўлак-бўлак кундузларингни
Ичиб ётар
Биров-бировлар.
Энди хоч эмас,
Ярим ой мисол
Пойингда эгилган
Пилатваччалар
Сенинг ерлик эмаслигингни
Қайтадан кашф этар
Мингбоши  хаёли билан.
Эй, Ойга михланган
Осмон боласи,
Сенга учмоқ соғинар
Туркистон!

9

Московда бир фаррош яшарди,
Ўн икки йил фаррошлик қилган.
У кун бўйи кўча супуриб,
Гул тутарди кунбўйи
Суйган ёрига
Куни билан топган пулига.
Маргарита эди ёрининг исми.
Маргарита!
Сочлари қора,
Қанотли жодугар,
Фаррошнинг хаёлларига
Сочаётган зар
Жодугар...

* * *

Уста /фаррош/нинг киссасида
Чақа йўқ,
Гул сотиб олаверган барига.
Унинг-чун сариқ чақа
Гул,
Супурилаётган ер,
Дунё –
Сариқ чақа.
Шарқни соғинади у,
Қоп-қора сочларга
Ўралган Шарқни.
Чувалашиб кетган Ақлни,
Эшилиб-эшилиб ётган Ақлни
Соғинади у.
Москов дарёсининг бўйида
Ютоқиб тутунлар сўргандек,
Хаста юрагининг чуқурларида,
Хорғин миясининг қаватларида
Шарқни соғинар,
Соғиниб яратар
Камбағал дониш...

10

Шарқнинг пешонасида ойи бор,
Ғарбнинг бошида шоҳи.
Ғарбнинг бир буюк ҳойи бор,
Шарқнинг бўғзида оҳи.
Ҳойи ойига ошиқ,
Шохи охига ўқлов.
Бу буюк ишқ,
Ёвуз ишқ,
Мудом тугамаган ов...

11

Чўлпонни билмасди
Михаил бобо,
Уста бобо билмасди
Абдулҳамидни.
Шимолу жанубнинг кўксида
Ёнаётган икки олов ҳам
Хабарсиз эдилар
Бири биридан.
Воландни таниган Михаил
Шарқни соғинган,
Воландни соғинган Чўлпон
Ғарбнинг ошиғи.
Икки соғинч дарахти узра
Юз очган ғунча –
Маргарита,
Суюк жодугар,
Буюк жодугар!

12

Ўн икки йил куйган жунун,
“Ё Ҳақ!” дея суйган жунун,
Билармиди Туркистон аро
Улуғ яроғ отилган кунин?!
Московда
Чекка бир кулбада,
Тошканда
Чекка бир ўрада
Жонини топширган,
Шонини топган
Икки буюк сўз,
Бир жуфт соғинч –
Михаил,
Чўлпон.
Хочни қулочлаган,
Ойни қучоқлаган,
Бири
Инсу жинслар аро
Чўқиниб кезган,
Бири
Фаҳш, аласт аро
Ўкиниб кезган,
Кеча-ю кундузни
Бир соғинчга алишган
Инсон
Ва Инсон –
Михаил,
Чўлпон...

13

Халқа-халқа кўз  ёшларда
Сузиб юрган қора кема,
Дарё-дарё қонлар узра
Жисму жони пора кема.
Ўлмаган дунёнинг умрига
Нуқта бўлмоқ истаган,
Қоп-қора,
Қоп-қора
Дунё жамолига нисбатан,
Йигирманчи аср
Чўнг кафан.
Башар дафтарида
Қора чизиқ,
Қизил чизиқ –
Йигирманчи аср
Ўлган,
Ўлмаган
Мурдаларга лиқ...
Ҳадемай тонг отар,
Энди тонг отар,
Уфқдан тўкилар
Оқ-оппоқ хаёл.
Тўлишган юзини кўрсатолмайин
Ийманиб боқар
Йигирма биринчи аср –
Туғмаган аёл...

14

Гувиллаб боради,
Сирли гувиллаб,
“ХХ аср” рақамли пойиз,
Елиб борар темир изидан
Бекатсиз оташ арава.
Булутдек ўриндиқларда
Чиптали зотлар
Ястаниб-ястаниб,
Кекириб-кекириб,
Бўйнида капалак бўйинбоғларин
Яшнатиб-яшнатиб,
Елиб борар арава билан...
Яшиндек пойизнинг,
Совутдек пойизнинг,
Тобутдек пойизнинг
Бурчак-бурчакларида
Яширингиси келар чиптасизларнинг.
Тобути – умид,
Қабрлари армон,
Ўлмаган ўликлар ичида,
Ўлган тириклар ичида
Зулумотда милтираб
Жон талашар жон!

15

Чиптасизлар манглайида ёзиқ
“ХХ аср” рақамли пойиз,
Пойида ақлдан озиб,
Чўзилиб боради темир из.
Бароқ қошлар,
Қалин мўйловлар,
Силлиқ бошлар,
Думбул ўйловлар,
Тилни ямловлар,
Кўкракларга осилган
Виждонлар,
Ўпқон жиғилдонлар
Сояси,
Жаранги,
Шовқини остида
Овозлари ётар чиптасизларнинг.
Чиптасиз –
Чўлпон, Булгаков...
........................................................
........................................................
........................................................


Жуда ҳам кўп.
Кўп эрур улар,
Саноқлари сиғмас оғизга.
Барчалари ўз бурчагида
Пайпаслайди киссаларини,
Ҳамон пайпаслайди
Неларнидир шивирлаб
Ўшал Ёлғизга!..

* * *

Йигирманчи аср!
Ожиз одамзот,
Сўқир башар
Ўйлаб топган
Савдойи сана.
Сен узоқ чўзилдинг,
Жуда ҳам узоқ,
Темир излардан-да
Узоқдан-узоқ!..

1995, февраль















 
МУАЛЛИФДАН

Мана, ушбу мажмуани тўла ўқиб чиқмаган бўлсангиз ҳам ҳар тугул бир қур варақлаб қўйганингиз рост. Эҳтимол бир-иккита шеърларни ҳам ўқигандирсиз. Нима бўлганда ҳам сабр-бардошингизга раҳмат.
Биз кўниккан аксарият замонавий шеърлар дунё ғуруридир, яъни нафснинг турфа жилваларига дахлдордир. Агар шеър иймон нури билан нурланмаса, ана шундай қисматга маҳкум. Чунки шоирликда улкан хавф бор.
Сўзнинг илоҳий эканлиги исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Шоир ана ўша илоҳий неъматни ўзича тасарруф қилади. Бу хавф бўлмай нима?!
Одам боласи дунёга келаркан, умри интиҳосигача тинимсиз гуноҳлар қилади. Илло дунё – гуноҳлар водийси. Эҳтимол менинг ёзмишларим (шеърларим) ҳам ана ўша гуноҳларимдан биридир. Ўзи кечирсин. Аммо бир умр иложи борича шеърда ёлғон сўзламасликка уриндим. Мабодо бирон шеърим ва ёки ҳеч йўқ биттагина сатрим кўнглингизга йўл тополса, Оллоҳнинг ана шунга бергувчи ажридан умидворман. Дуоингизни дариғ тутмагайсиз.
2007 йил, июнь

Мен ҳам шоирманми? Билмадим!
Журъатлар бағримни тилмади.
Ёлворсам ҳам тун-кун пойида,
Сўзлар ҳеч назарга илмади.
Мен ҳам шоирманми? Билмадим!
« So'nggi tahrir: 25 Mart 2014, 14:25:06 muallifi AbdulAziz »

 

Nabi Jaloliddin. Umar Xayyom (roman)

Muallif AbdulAzizBo'lim O'zbek nasri

Javoblar: 4
Ko'rilgan: 32482
So'nggi javob 10 Sentyabr 2011, 13:40:17
muallifi Ansora
EY, KO'NGIL...

Muallif AbdusalomBo'lim She'riyat

Javoblar: 12
Ko'rilgan: 12599
So'nggi javob 06 Noyabr 2012, 07:31:11
muallifi Mahdiyah
Aqlli tulki (hikoyat). Jaloliddin Rumiy

Muallif AbdulAzizBo'lim Jahon adabiyoti

Javoblar: 0
Ko'rilgan: 4876
So'nggi javob 10 Iyul 2006, 18:57:08
muallifi AbdulAziz
Jaloliddin Rumiy

Muallif shoirBo'lim Sharq mumtoz she'riyati

Javoblar: 1
Ko'rilgan: 34244
So'nggi javob 30 Iyun 2008, 16:03:32
muallifi shoir
Jaloliddin Rumiy. Masnaviydan ibratli hikoyatlar

Muallif mutaallimahBo'lim Islomiy kitoblar

Javoblar: 54
Ko'rilgan: 50856
So'nggi javob 18 Avgust 2008, 09:18:45
muallifi AbdulAziz