Ўз оёғи билан келган қози
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни мазлумнинг дуосидан огоҳлантирганлар. Чунки мазлумнинг дуоси билан Аллоҳ таоло ўртасида ижобатни ман қилгувчи парда бўлмайди.
Ривоят қилишларича шайх Али Тантовий Шомда қозилик лавозимида эди. Бир куни дўстларининг даврасида ўтирганларида бирдан нафаси қаттиқ қисила бошлади. Шайх дўстларидан кетиш учун рухсат сўради. Аммо суҳбат чиройли маромда бўлганлигидан даврадагилар сира кўнмас, балки тонг отгунгача бирга ўтиришни сўраб қаттиқ илтимос қилиша бошлашди. Бироқ қозининг ҳам соғлиги кўтара олмас эди. Уларга ташқарига чиқиб тоза ҳаводан нафас олмаса бўлмаслигини тушунтириб ўзи ёлғиз тун қоронғусида ташқарига чиқди.
Йўлда кетаётиб бир тепалик ортидан ўтаётганида аёл кишининг зорланиб, ёлбориб илтижо қилиб, дуо қилаётгани қулоғига чалиниб қолди. Астагина ўша томонга бориб қараса, бир пажмурда аёл йиғлаб, Аллоҳга ёлбориб дуо қиляпти.
қози аёлнинг ёнига бориб йиғлашининг сабабини сўради. Аёл дардини оча бошлади:
- Эрим золим ва бағритош одам. Ўзимни уйдан ҳайдаб чиқариб, болаларимни олиб қўйди ва уларни қайта кўрсатмасликка қасам ичди. Энди менинг бордиган жойим ҳам, ёрдам сўрайдиган кишим ҳам, бирор паноҳим ҳам йўқлигига йиғлаяпман.
- Ундай бўлса қозига учрасангиз бўлмайдими?
- Мен бир нотавон кимса бўлсам, қозининг олдига қандай қилиб бораман. Борганим билан менинг арзимга биров қулоқ солармиди?
Али Тантовий бу сўзлардан ниҳоятда таъсирланиб йиғлаб юборди.
- Эй, табаррук инсон! Аллоҳнинг Ўзи қозини Сизнинг олдингизга судраб келтирибди-ю! – деди шайх йиғламсираб.
Жалолиддин Исмоилов. Сиддиқ ҳожи жомеъ масжиди имом хатиби
Жамолиддан Парпиев. Муҳаммадсолеҳ ҳожи жомеъ масжиди имом хатибининг ноиби