Duo qiling...  ( 306640 marta o'qilgan) Chop etish

1 ... 52 53 54 55 56 57 B


Orifjon Hanafiy  27 Dekabr 2015, 12:36:45

ДУОДА ЎРТАҲОЛЛИК
   Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бизларни дуо қилишга чорлайди:
Яъни: “Раббингиз: “Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман”, деди”. (Ғофир. 60)
Шу билан бирга дуода ҳаддан ошишни яхши кўрмаслигини ҳам баён қилган:
“Раббингизга тазарруъ ва махфийлик ила дуо қилинг. Зотан, У ҳаддан ошувчиларни севмас” (Аъроф. 55)
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
"Яқин замонда дуода ҳаддан ошадиган қавмлар кeлади. Кишига: “Эй Аллоҳим! Сeндан жаннатни ва жаннатга яқин қиладиган сўз ва амални сўрайман, дўзахдан ва дўзахга яқинлаштирадиган сўз ва амалдан паноҳ сўрайман", дeйиши кифоя қилади" деганлар.
Дуода ҳаддан ошишлик масаласига ҳушёр бўлиш лозим. Демоқчиманки, гап Қурони карим ояти ҳақида бўляпти. Оятни эса ҳар ким ўзича тафсир қилишга ҳаққи йўқ! Масалан, кўпчилик баъзи маросимларда бир оз узунроқ бўлган дуони ҳаддан ошиш дейиши мумкин. Лекин унга яраша аниқ ҳужжати бўлмаса, тилни тийган яхшироқ.
Нафсиламир билан айтганда, ўша дуони қилаётганлар ҳам ниманидир ўқиб ўргангани учун дуо қилишга лойиқ бўлган бўлиши мумкин. Қолаверса баъзи узун дуоларни  уламолар китобларда ёзиб қолдирганлар.
Шу маънода дуода ҳаддан ошиш ҳақида китобда кўрганимизи тақдим қилмоқчимиз.
Дуода ҳаддан ошишни Ибн Журайж: “Дуо қилишда овозни баланд қилиб, бақириш” деган.
Абу Мижлиз: “Пайғамбарларинг мартабасини сўрашлик” деган.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилишича, Саъд ўғлининг: “Эй Аллоҳ! Мен Сендан жаннатни, унинг неъматларини, зарбофларини ва шунга ўхшашларни сўрайман. Дўзахдан, унинг занжирларидан ва кишанларидан паноҳ сўрайман“ деб дуо қилаётганини эшитиб қолиб, унга: “Сен Аллоҳдан кўп нарса сўраб, кўп ёмонликлардан паноҳ сўрадинг. Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ҳадемай дуода ҳаддан ошувчи қавм бўлгуси” деганларини эшитганман” деди. Сўнг мазкур оятни ўқиб: “Эй Аллоҳ! Сендан жаннатни ва унга яқинлаштиргувчи сўз ва амалларни сўрайман.  дўзахдан ва унга яқин қилгувчи сўз ва амаллардан паноҳ сўрайман” десанг кифоя қилади” деди.
Яна Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилишича, Абдуллоҳ ибн Мағфал ўғлининг: ”Эй Аллоҳ! Мен Сендан жаннатга кирсам, ўнг томонида оқ қаср бўлишини сўрайман деб дуо қилаётганини эшитиб қолиб, унга: “Эй ўғлим, Аллоҳдан жаннатни сўра ва дўзахдан паноҳ сўра. Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Дуода ва покликда ҳаддан ошувчи қавм бўлгуси” деганларини эшитганман” деди. (Ибн Касир тифсиридан)
Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кўп нарсаларни ўзида қамровчи дуоларни яхши кўрардилар. Ва бундан бошқасини тарк қилардилар”. (Абу Довуд ривояти)
Дуо қилгувчи ҳам барча шароитларни ҳисобга олишларини тавсия қилар эдик. Шунингдек дуодан ҳаддан ошиш нима эканлиги ҳақида аниқ ҳужжатлари бўлганлар ушбу бўлимда ўз фикрларни дариғ тутмасалар деб илтимос қиламиз.

Эркинжон Ҳусанов. Марқаю жомеъ масжиди имом хатиби
Улуғбек қори Йўлдошев. Холид ибн Валид жомеъ масжиди муаззини
Асака


Qayd etilgan


MirzoMuhammad  24 May 2017, 11:38:40

Дуолар ҳақида
Аллоҳ субҳоналлоҳу ва таоло марҳамат қилади:
وَقَالَ رَبُّكُمُ ادْعُونِي أَسْتَجِبْ لَكُمْ إِنَّ الَّذِينَ يَسْتَكْبِرُونَ عَنْ عِبَادَتِي سَيَدْخُلُونَ جَهَنَّمَ دَاخِرِينَ
“Роббингиз: «Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта, Менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар», деди”. (Ғофир. 60)
Дуо қилишлик банданинг сифати ва вазифасидир. Айни чоғда, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, дуо қилишликнинг ўзи ҳам бир ибодатдир.
Фақиҳ (раҳимаҳуллоҳ) айтадилар (Бўстонул орифийн. Абу Лайс Самарқандий. www.зиёуз.cом кутубхонаси): Обид киши ҳар вақт Аллоҳга дуо қилиши, ҳожатларини сўраши мустаҳабдир. Мана шу бандалик аломатидир. Бандаларнинг Аллоҳ таолога энг севиклиси – Ундан ҳожатларини сўрайдиган киши. Аллоҳ таолога бандаларнинг энг ёмони – Ундан беҳожат бўлгани. Бандаларнинг одамларга энг яхшиси улардан беҳожат бўлгани, улардан бирор нарсани сўрамагани. Бандаларнинг одамларга энг ёмони улардан сўрайдигани.
Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам):
"Аллоҳ таолога дуодан улуғроқ бирор нарса йўқ", деганлар. Яна: "Дуо – ибодат", дедилар.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу): "Банда доим яхшиликдадир, модомики шошилмаса", дедилар. У зотдан: "Банда қандай қилиб шошилади?", деб сўрашди. У: "Мен дуо қилдим, аммо ижобат қилинмади, деб шошилади", дедилар.
Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам): "Банда дуо қилса, албатта, Аллоҳ унга сўраган нарсасини беради ёки сўраганидан каттароқ бир балони ундан қайтаради ёки сўраганидан яхшироқ нарсани қиёматга сақлаб қўяди", дедилар.
Аъмаш Иброҳимнинг шундай деганларини ривоят қиладилар: "Агар биронтангиз тушида ёмон нарсани кўрса, чап томонига уч марта туфласин, Аллоҳнинг фариш талари ва расули паноҳ тилаган нарса билан тушимда кўрган нарсаларнинг ёмонлигидан менга дунё ва охиратда зарар беришидан паноҳ тилайман, деб айтсин, чунки бу унга Аллоҳ таолонинг изни билан зарар келтиради".
Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу): "У уйлансанг, хотингга буюр, икки рак'ат намоз ўқисин, сўнг унинг бошидан ушла ва: «Эй Парвардигор, менга оиламда ва оиламга менда барака бер, мени улардан ва уларни мендан ризқлантир, бизни яхшиликда жамлаган нарсанг билан жамла ва орамизни ўзинг ажратган яхши нарса билан ажрат", деб айт", дедилар.
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу): "Агар биронтангиз аҳлига, яқинлашса, «Эй Парвардигор, шайтонни мендан ва мени ризқлантирадиган нарсангдан узоқлаш тир", деб айтсин. Агар уларнинг орасида бола туғилса, шайтон унга Аллоҳ таолонинг изни билан зарар бермайди", дедилар.
Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар: "Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам):
"Аллоҳ бандаларига инъом этган неъмат оилада ёки молда ёки болададир. Агар банда: "Ма шааллоҳу ла-ҳавла ва ла-қуввата илла-а биллаҳ", деб айтса, ундан ўлимдан бошқа офатни кўтаради", дедилар".
Мужоҳид айтадилар: "Агар сенга бирор хурсандчилик этса, ма шааллоҳу ла-а ҳавла ва ла-а қуввата илла-а биллаҳ, яхшиликларни фақат Аллоҳ келтиради, ёмонликларни фақат Аллоҳ кетказади, деб айт, сўнг хурсандчиликни юзингга чиқар".
Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо): "Кимни бир залолат адаш тириб қўйса, икки ракат намоз ўқисин, ташаҳҳуддан сўнг: «Эй Парвардигор, эй адашувчиларни ҳадоят қилгувчи ва адашишдан қайтарувчи, мени адашишимдан ўз иззатинг ва султонлигинг билан мени адаштиришдан қайтар, чунки бу сенинг фазлинг ва марҳаматингдандир", деб айтсин", дейдилар.


Сотволдиев Ҳусанбой. Асака туманидаги Икром ҳожи жомеъ масжиди имом хатиби

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  06 Noyabr 2018, 13:25:17

Тақдир тақозоси
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло тақдирда ниманики ёзган бўлса шу бўлади. Биз ожиз бандалар ўзимизни ҳали у ёққа, ҳали бу ёққа крамиз. Лекин тақдирдан қочиб қутула олмаймиз.
Дунёга келиб яшаши Лавҳул маҳфузда битиб қўйилган бўлса, унга монеълик. Бандалар ҳар қанча чора кўрмасин, ҳар қанча чиранмасин, у албатта дунёга келади. Аллоҳ таоло белгилаган умрни яшаб ўтади. Лекин шуни ҳам унутмаслик керакки, тақдирдаги битикни амалга оширгувчи Аллоҳ. Уни билувчи ҳам Аллоҳ.
Биз тақдирга имон келтирганмиз. Тақдирдаги содир бўлишига иқрормиз. Бироқ бизнинг вазифамиз тақдирда нима борлигини суриштириш эмас, балки билганимизча чора кўришдир.
Баъзан биз хоҳламаган ишлар бизларга кўндаланг бўлади. Бу ҳам тақдирдан. Биз эса бунга амин бўлсак-да, хуноб бўламиз. Банданинг ожизлиги ҳам шу-да. Унинг ортида яратган Парвардигор ирода қилган иш бўлиши тайин. Ўша бизга бир кун келиб манфаатли бўлса не ажаб.
Айтишларича покистонлик Доктор Ишон Ҳусайний кўрсатган хизматлари учун халқаро тақдирлаш маросимига кетаётган эди. Самолётга чиқди. Об-ҳавонинг ёмонлиги туфайли самолётни яқин орадаги аэропортга қўндиришга мажбур бўлдилар. Кейинги самолёт эса 16 соатдан кейин учиши керак эди. Бундан жаҳли чиқиб, “Мажлисга албатта етиб боришим лозим, 16 соат кута олмайман”, дея бақира бошлади.
Аэропорт ходимлари унга кетаётган шаҳри бу ердан 6 соат узоқликда эканини, хоҳласа ижарага машина олиб, у ерга кетавериши мумкинлигини айтдилар.
   Доктор шоша-пиша йўлга чиқди-ю. Бироқ аксига олиб йўлда ҳам шиддатли ёмғир қуя бошлади. Селнинг қаттиқлигидан йўлда ҳеч нарса кўринмас ва машина ҳам қимирлай олмайдиган ҳолга келди. Доктор йўл юзидаги эски бир уйнинг эшигини тақиллатиб, ўзини ичкарига отди. Уйнинг ичида бир кекса аёл ўтирарди. Доктор ҳовлиқиб:
-    Менга телефон беринг, бир жойга зудлик билан қўнғироқ қилишим лозим, -  деди. Аёл кулимсираб:
-   Кўрмаяпсанми ҳолимизни болам, бу ёқларда на телефон, на электр токи бор. Кир ичкарига, бир оз дамингни ол, овқатлан, чой ич. Ундан кейин ишларингни ҳал қиларсан, - деди.
   Доктор чорасизликдан аёлнинг айтганларини қилди, бир оз исиниб, овқатланди. У чойини ичиб бўлгунича кекса аёл намозини ўқиб, узун-узун дуолар қилди. Буларни диққат билан кузатиб турган доктор, аёлнинг бир бешикни тебратаётганини ва бешикда бир гўдак ҳаракатсиз ётганини кўриб:
-   Онажон, бу кимнинг боласи, тинчликми, нима сабабдан кўз ёшлар билан дуо қилдингиз? - деб сўради. Кекса аёл эса:
-   Бу менинг ҳам отасидан, ҳам онасидан етим қолган неварам. Оғир ҳасталикка чалинди, бу атрофларда ҳеч қайси шифокор чора топа олмади. Ишон Ҳусайний деган бир доктор бормиш, фақатгина ўшагина буни муолажа қила олади деб айтишди. Бироқ, у жуда ҳам узоқда бўлгани учун унинг олдига боргани чора топа олмай, жигарбандимнинг ишини осон қилсин дея бир неча кундан бери Аллоҳга илтижолар қиляпман, - деди.
   Доктор Ҳусайний кўз ёшларини тўхтата олмас эди. Сўнг айтди:
-   Ўрнингиздан туринг онажон, Аллоҳ дуоларингизни қабул қилди. Сизнинг дуоларингиз осмондан чақмоқ чақтириб учоқни ҳам ерга қўндирди, селлар оқизди ва ниҳоят мени сизга йўллади, доктор Ҳусайний менман онажон. Аллоҳ Ўз бандаларининг истакларини шундай ҳолда бажариб қўйишига имоним комил бўлди. Бутун йўлларингиз тўсилиб қолган тақдирда ҳам, осмонлар-у ерни яратган Зотга сиғининг. Унинг марҳамати дуо биландир, - деди.

Азизбек Жабборов.    Асака т. "Мамир қори" жоме масжиди имом хатиби

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  20 Fevral 2019, 14:25:49

Дуо қилишга муҳтожмиз
   Банда ҳар бир ҳолатда Аллоҳга муҳтож. Бир нафас олиб чиқаришимининг ўзида қанча эҳтиёжимиз борлигини тафаккур қилсак, ҳақиқатан ҳам сўзимиз тўғрилиги яна ҳам ойдинлашади. Айниқса нафаси қисгувчилар ором билан нафас олишга инсон қанчалик муҳтожлигининг қадрини кўпроқ билади. Нафаснинг ўзида шунча ҳожатимиз бўлса, ўша нафасни олиб чиқаргунга қадар бўлган вақт оралиғида томирларимизда қанча қон айланиши, нутқ, кўриш, эшитиш, фикрлаш.....
   Буларнинг ҳаммасини ҳам бошқариш банданинг имкониятидан ташқарида. Шунинг учун биз доимий равишда Аллоҳ таолонинг ёрдамига муҳтожмиз.
Парвардигорнинг карамини кўрингки, ўша муҳтожлигимизни изҳор қилишни шунчаки ҳолат қилибгина эмас, балки ибодат даражасига кўтариб қўйган. Ҳатто кибрланиб Аллоҳ таолога ожизлигини изҳор қилароқ дуо қилишдан бош тортган кимсаларга азобнинг ваъдасини ҳам элон қилиб қўйган:
وَقَالَ رَبُّكُمُ ادْعُونِي أَسْتَجِبْ لَكُمْ إِنَّ الَّذِينَ يَسْتَكْبِرُونَ عَنْ عِبَادَتِي سَيَدْخُلُونَ جَهَنَّمَ دَاخِرِينَ
“Раббингиз: «Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта, Менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар», деди”. (Ғофир. 60)
Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар:
«Аллоҳ кимга бeш нарсани бeрса, бошқа бeш нарсани ҳам тайёрлаб қўяди:
1. Аллоҳ кимга шукр қилишликни насиб eтса, унга зиёдаликни ҳам тайёрлаб қўяди.
2. Аллоҳ кимга дуо қилишликни насиб eтса, унга дуосининг ижобатини ҳам тайёрлаб қўяди.
3. Аллоҳ кимга истиғфор айтишни насиб қилса, унга кeчиришликни ҳам тайёрлаб қўяди.
4. Аллоҳ кимга тавба қилишликни насиб eтса, тавбасининг қабулини ҳам тайёрлаб қўяди.
5. Аллоҳ кимга садақа қилишликни насиб eтса, унга садақасининг қабулини ҳам тайёрлаб қўяди».
Манбада келишича Ихлос дуо ижобат бўлишининг асосий шарти. Аллоҳнинг изни билан дуо тезроқ ижобат бўлишининг баъзи бир сирлари бор. Улар қуйидагилар:
Дуолар мустажоб бўладиган кун ва ойларда дуони кўпайтириш. Масалан: Ашуро куни, Арафа куни, Лайлатул Қадр кечаси, Жума куни, Рамазон ойи ва туннинг охирги учдан бири.
Дуони маълум бир ҳолатларда қилиш. Агар мўмин муваффақ бўлса, унинг дуоси қабул бўлиши мумкин бўлган ҳолатлар қуйидагича: саждада, ёмғир ёғаётганда, намоздан олдин ва кейин.
Қиблага юзланган ҳолатда қўлларни кўтариб дуо қилганидан сўнг қўлларни юзга суртиш.
Паст овозда дуо қилиш.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўргатган дуолар ила илтижо қилиш.
Тавозе ва итоаткорлик билан дуо қилиш.
Аллоҳнинг ижобатига аниқ ишонган ҳолда шак-шубҳа аралаштирмасдан дуо қилмоқ.
Азму қарор ва қатъият билан дуо қилмоқ.
Дуони Аллоҳга ҳамду санолар айтиш билан бошлаб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавотлар айтиш билан якунлаш.
 Дуо қилишдан аввал Аллоҳ субҳанаҳу таолога сидқидилдан тавба қилиш ва у Зотдан қилган гуноҳлари учун узр сўраш. (islom.uz)
Бироқ ҳар бир нарсанинг ҳад ва чегараси бўлгани каби дуода ҳам ҳаддан ошишлик мумкин эмас.
ادْعُواْ رَبَّكُمْ تَضَرُّعاً وَخُفْيَةً إِنَّهُ لاَ يُحِبُّ الْمُعْتَدِينَ
“Роббингизга тазарруъ ила ва махфий дуо қилинг. Зотан, У ҳаддан ошувчиларни севмас”. (Аъроф. 55)
Аллоҳ таоло дуода ва бошқа ишларда ҳаддан ошувчиларни яхши кўрмас eкан, дeмак, дуо қилувчи ўзига лойиқ бўлмаган нарсаларни талаб қилмаслиги лозим. Масалан, пайғамбарлар мартабаси, осмонга кўтарилиш, мўжизалар кўрсатишни талаб қилиш каби.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:
"Яқин замонда дуода ҳаддан ошадиган қавмлар кeлади. Кишига аслида: "Эй Аллоҳим! Сeндан жаннатни ва жаннатга яқин қиладиган сўз ёки амални сўрайман, дўзахдан ва дўзахга яқинлаштирадиган сўз ёки ишдан паноҳ сўрайман", дeйишнинг ўзи кифоя қилади". Сўнг Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур оятни ўқидилар.

Мухторжон Шарофуддинов. Марҳҳамат тумани бош имом хатиби

Qayd etilgan