Nosir. Noyabr kuyi  ( 6952 marta o'qilgan) Chop etish

1 B


AbdulAziz  27 May 2011, 16:17:53

Nosir. Noyabr kuyi



Muallif: Nosir
Hajmi: 265 Kb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish

Qayd etilgan


AbdulAziz  03 Iyun 2011, 14:02:54

НОСИР

НОЯБР КУЙИ


Шеърлар


Масъул муҳаррир:
Анвар Обиджон,
Ўзбекистон халқ шоири

Тошкент — 2010


НОСИР (Носиржон Жўраев) — Наманган вилоятининг Наманган туманига қарашли Шўрқўрғон қишлоғида туғилган. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини тамомлаган (2001-2007). “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳафталигида мухбир, катта мухбир ва бўлим мудири сифатида ишлаган (2005-2010). “Зомин” ёш ижодкорлар семинари иштирокчиси (2001).
Ижод намуналари марказий нашрларда эълон қилинган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси тавсияси билан Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида “Улғайиш кунлари” номли китоби чоп этилган (2008).   


                    * * *
Изма-из, чирпираб тушар япроқлар,
Дарахтлар мўлтираб турар юзма-юз.
Ҳар битта хазонни қучиб, ардоқлаб
Ерга қўймоқда-ю, қарияпти куз.

Куз дониш ва дарвеш чол каби маҳзун...
Эътибор қилмасдан шовқин-суронга,
Хаёл суриш учун топганча мавзу,
Шарҳ ёзиб боряпти улуғ Қуръонга.

Тиловат вужудни тебратган мисол,
Дунё қалқиб турар қутлуғ оятдан.
Ўлимдан гапирсанг сескангандек чол,
Куз умид қиляпти ҳали ҳаётдан.

Эҳтимол, қисматнинг имоси билан
Оғриган кунлари кўпайган сари,
Ёзилар Тангрининг имлоси билан
Кекса ва умидвор кузнинг шеърлари.                   



НОЯБР

Майда шохларгача бир-бир силкитиб,
Сўнгги баргларни ҳам тўкди ноябр.
Ҳамма эшикларни зичлаб беркитиб,
Тебранма курсига чўкди ноябр.

Ликопчада банди қорайган узум,
Чинни тақсимчада уч-тўртта конфет.
Аммо хаёлини кесиб ўтди зум
Қачондир столга ташланган конверт.

Ўқишга тутинди қўллари титраб,
Мўъжазгина уйга хўрсиниқ тўлди.
Ўтмиши хаёлдан кечди бир сидра —
Эслади ёшликдан келгувчи йўлни.

Унда асов эди, навқирон эди,
Қўлида шамолни қамчи қилган — шу.
Қадамлари чақмоқ, шашт-сурон эди,
Улкан булутларни томчи қилган — шу.

Йил ўтди, ёш ўтди — қолмади тадбир,
Энди унинг ҳамма эшиклари берк.
Қайтадан курсига чўкди ноябр,
Кўнглига сиғмади ҳеч қандай конверт.


ҲИКОЯ

Мен айвонда китоб ўқийман,
Чорбоғимда беҳи узар куз.
Мени яна (кўзлари қиймай)
Ташлаб кетолмади у, афсус.

Сабр қилар инжиқ эрига,
Зерикса ҳам тишга босар тиш.
Тушунади — рўзғор чириган,
Аммо билмас — мумкинми кетиш.

Кетса, бир уй қулайди тамом,
Китоб каби ёпилар бир қалб.
Балки шундан кун кўрар ҳамон
Ўзидан ҳам эрини аяб...

Куз ҳансираб чиқар чорбоғдан,
Токчаларга теради беҳи.
Ва ўйлайди — тугаб бормоқда
Уни бир бор қучмаган эри.

Аммо кетмас кўзлари қийиб,
Гарчи битмас уйида ташвиш.
Ахир, кетса эрига қийин —
Энди келса келар фақат қиш.


ИЛОЁ...

Сен мени ўқидинг кўксимни ёриб,
Мен сени аяйман, (ошсин хунобинг).
Илоё, кўрмайин, ёнсин ва ёниб
Кулдай тўзғиб кетсин ўтмиш китобинг.

Узун умрингдаги милёнлаб қул ва
Шоҳларнинг йўлини чанг боссин қалин.
Илоё, эсламай, йиқилган кулба
Қачонлардир менга азиз бўлганин.

Эҳтимол, келажак мен учун чалкаш,
Балки, билолмасман мозий мағзини.
Илоё, билмайин, кўзингдаги ёш
Мен учун тўкилган бирор лаҳзани.

Шукр, муҳим гапни англатдинг ўзинг —
Англамоқ келаркан севгидан олдин.
Илоё, унутмай кўнгилни узиб...
Қолган муаммони худога солдим.


СУКУНАТНИ БУЗДИ...

Сукунатни бузди чарм этикнинг
Музлаган йўлакка босилган зарби.
Мени келди дея шошдинг, энтикдинг...
Мен эса бу вақтда қарта ўйнардим.

Тамом унутгандим сени, ваъдамни,
(Кейинроқ эсладим минг афсус билан).
Ўша кун қақшатиб бир уй одамни,
Тинмай ютар эдим учта туз билан.

Сен эса кутардинг шом қоронғуси —
Одамлар уйига шошган пайтда ҳам.
Қатор симёғочлар хира ёғдуси
Кўчанинг чиройин очган пайтда ҳам.

Қор эса ёғарди улкан шаҳарга,
Совуқни келтириб бутун оламдан.
Мен сени унутган шундай маҳалда
Сен мени излардинг ҳамма одамдан.

Тарк этган чоғимда қиморхонани,
Оёғим босарди мастона, чалкаш.
Бугунги омаддан масрур болани
Фақат қутлаш керак, керакдир алқаш.

Сукунатни бузди чарм этикнинг
Музлаган йўлакка босилган зарби:
“Аҳмоқ қиз, бунчалар кимга кўз тикдинг,
Яхшиси, уйингга кетсанг бўларди”.

Қўлингдан етаклаб илдамлади у,
Елкангга ташлади ёмғирпўшини.
Қор эса ёғарди сен каби сулув,
Йўлакка босганча оппоқ тўшини...

Эртаси қўзғатиб оғир танамни,
Сенга рақам тердим қайта-қайталаб
Ва бирдан англадим ютқазганимни,
Йўлакка сочилди эски қарталар.


ҚОРПАРЧА

Тиззагача қорга ботди бу уйим,
Ҳовлига тикилди сарғайиб дарчам.
Берган ҳасратларинг, дардларинг уюм,
Бунча қаҳринг қаттиқ, азиз қорпарчам.

Митти вужудингдан қўрқаман бугун,
Ҳамма йўлларимни зарб билан босдинг.
Мени телбалардек севганинг учун
Ҳатто сочларимга ўзингни осдинг.

Ҳаётим қорбўрон, кўзларимда ях,
Менинг ҳаётимни ўйнаган қанча!
Бермасанг бермагил, майли, менга бахт,
Фақат ўйин қилма сен ҳам, қорпарчам.


ҲАЙИТ

Бу кун ҳар мўминга зарраи эъзоз,
Бу кун қадр топди курраи замин.
Кўнгилда айланар сураи ихлос,
Илоҳо омин, илоҳо омин.

Ҳар битта хонақо, ҳар битта ҳужра...
Ниятлар жам бўлди жойнамоз узра.
Бугун йиғлаш мумкин хаёлни бузмай,
Илоҳо омин, илоҳо омин.

Ўйинқароқ, яланг-юпун болалар,
Юзида гарди йўқ дуркун болалар,
Асли сиз ҳаммадан мўмин, болалар,
Илоҳо омин, илоҳо омин.

Иймон танламайди гадо деб, шоҳ деб —
Гина сақламанг, дўст, эски бир доғ деб.
Қўлимни узатдим раҳматуллоҳ деб,
Илоҳо омин, илоҳо омин.


КЕЛДИНГМИ, КУЗ!

— Келдингми, Куз! Қалпоғингни еч,
Ўрнашиброқ ўтир курсига.
Толиққансан, мана, қаҳва ич,
Хоҳласанг, айт, қўяй мусиқа.

Бу ерларда қанчага қолдинг?
— Уч ой.
— Нима?! Бор-йўғи шуми?
— Шошма, хафа бўлишдан олдин,
Эсла, нима деганди Румий.

Ҳар йўқотмоқ топмоқдан хабар,
Ҳар топмоқлик маҳрумликдай сўз.
Кўришдик-ку ахир, биродар,
Мана бу — сен, мана бу мен — Куз.

— Бўлди, дўстим. Қилмайман гина,
Не бўлсаям кўришдик дийдор.
Мен дастурхон ёзайин шинам,
Ўтган йилги мусалласдан бор.

...Шундай қилиб тонггача қуйдим
Ва айландик шўх-шаън болага.
Сўнг бошимни китобга қўйдим,
Куз кун чиқмай кетди далага.


ИМТИҲОН

Гўдакнинг ризқидан хирмон уяр ким,
Ким эса тириклик кўйида гўдак.
Гадони эрмаклаб лаззат туяр ким,
Кимлар рақс тушиб кўтарар этак.

Ким у ёнарқуртдан мунчоқлар ясаб,
Ердан ундирганин яширган элдан.
Мусофирхонада омонат яшаб
Қайтишда наматни қўлтиқлаб келган.

Ерда бир фан қолди — илми хандаса,
Ҳар ким яшаш учун кенгроқ жой ўлчар.
Жиғилдон бандаси, қорин бандаси
Ҳануз кимлигини қилолмас мўлжал.

Бу шундай талотўп, шундай ур-йиқит,
Ким зўр, ким хўрлигин айтур замон бу.
Бомдод намозини ўқиган йигит
Шомгача бемалол айнир замон бу.

Наҳотки, ҳаёт шу — аввал нафс бериб,
Сўнг амал ёзилар ҳатто гўдакка.
Эҳтимол, худойим шундай дарс бериб
Имтиҳон қиляпти яккама-якка...


БИР САҲАР УЙҒОНДИК...

Бир саҳар уйғондик улкан қалб билан,
Худди авлиёлар киргандек тушга.
Буюк бир иқрорни айтдик зарб билан,
Сабримиз етмади кузни кутишга.

Бизнинг қувончларга йўқ эди ташбеҳ,
Бошимизга бахтлар ёғди устма-уст.
Ҳаммани унутдик!
Бермасдан танбеҳ,
Жимгина уйига жўнади август.

Куз келди. Этигин лойини қоқди.
Хазонрез кунларга очдим қучоғим.
Сенинг кўзларингга бу ранг ҳам ёқди,
Сарғайди дунёнинг милёнта боғи.

Сўнг уч ой алдади бизни бу фасл,
Уч ой бошимизда айланди тўзон.
Сенга заъфарон ранг қилмади таъсир,
Менга маъқул келди бир дунё хазон...

Бир саҳар уйғондик.
Ҳаммаёқ оппоқ.
Лол қолдик — бу олам шунча бўм-бўшми!
Ва бирдан тушундик, қилмадик оҳ-воҳ,
Эслаб ўтирмадик ҳеч қайси тушни.

Бўйнингни ўрадинг оппоқ шарф билан,
Этигимни кийдим.
(Қайга шошамиз!)
Тонгни кутаяпмиз битта шарт билан
Эртага абадий хайрлашамиз.


ЁЛҒИЗЛИК

Оқшомда уйига кирди ёлғизлик,
Совуқ вужудида совуқ қалтироқ.
Деворнинг бир четин босди. Ҳолсиз. Тик.
Зулматни кўчага ҳайдади чироқ.

Диваннинг ярмига ўзин ташлади
(Диваннинг уёғи ҳамон бўш. Ёнар.)
Бир айвон, қоронғу залдан ташқари,
Уни ютаяпти қолган уч хона.

Худди улкан кўздек бақраяр кўзгу,
Кўкрак қафасини ланг очар шкаф.
Дарпарда ўрмалаб келади эзгин
Ҳайҳотдай хонада сезётгандай хавф.

Ёстиқ ёш боладек кирар пинжига,
Нақ бошига келиб термилар чироқ.
Наҳот дунё бирдан шунча тинчиган,
Наҳот унга ҳеч ким қилмас қўнғироқ.

Чорасиз кўз юмар — ухлар ёлғизлик
Онаси қавиган кўрпа ёпиниб.
Туш кўрар. Тушида юрганмиш тирик
Аллақаёқларга кетган хотини.


ШАРПА ВА ДАРПАРДА

Остонадан ҳатлар хўрсиниқ билан
Ишдан кеч ва ҳориб қайтётган шарпа.
Югургилаб-шошиб уйнинг тўридан
Эшиккача пешвоз чиқар дарпарда.

— Яхши келдингизми?
— Яхши, ҳартугул.
Ва узатар шарпа эски портфелни.
Дарпарда жилмаяр, жилмаяр нуқул,
Ахир ишдан унинг шарпаси келди.

Мўъжаз хонтахтанинг икки ёнида
Қаҳва ичар шарпа билан дарпарда.
Бир-бирини суйиб жони-жонидан
Шундай бахтли яшар улкан шаҳарда...

Ярим тун соат занг урар — ўн икки,
Эслатади тағин яшаш шартини.
Улар тақдирга ноилож кўниккан —
Балки шудир бахтли бўлиш тартиби.

Минг йилдирки, нолимайди бир марта,
Минг йилдирки, ҳаёт кетмас бузилиб.
Дуч келган бурчакка чўзилар шарпа,
Парда деразага осар ўзини.

Тонгда яна тирилар икки қисмат.


* * *

Сенинг бошинг қуёш,
Сенинг бошинг нур.
Сен мудом уфқ томон
Интиқ чопарсан.
Илоё, шу қутлуғ
Йўлда ўл, шоир,
Эҳтимол, ўлганда
Қадр топарсан.

* * *

Кўзларимни, тилимни
Бурдилар чаппасига,
Юрак ҳам тўнтарилган
Эски қумсоат гўё.
Бу терс олам ичида
Бардош йўқ ҳаммасига —
Кўлмак сувда тескари
Ўсиб бормоқда дунё.


ТИЛАК   
                                     Дўстим Нозимжонга

Елканг кенгиб борар, кўзинг равшан тортиб,
Йил дегани ўтиб борар шитоб билан.
Ёшлик эса сендан ортиб, мендан ортиб,
Ортимизда қолаяпти хитоб билан.

Кеча бизлар бола эдик ғўр, соддадил,
Бугун эса сўзлар тетик, бўйлар адл.
Қадам олишимиз ҳатто шердан дадил,
Йигитликка ўтдик кўҳна ҳисоб билан.

Миттигина учқун ташлаб жон-жонингга,
Ишқ чирмашар сочингдан то товонингга,
Худойимдан ўргил, тўртта томонингга
Қўрғон қилди чимилдиғу меҳроб билан.

Аммо тақдир азобингни шу тарз берса,
Тингламаскан кейин унга ким арз берса,
Сен ўқисанг ўқийсанки, у дарс берса,
Тақдирга дарс бериб бўлмас китоб билан.

Майли, бу гап кўнглимизни қилмасин ғаш,
Эрйигитга ярашмайди қайтиш, тўхташ,
Қизинг бўлса кўзи худди сенга ўхшаш,
Ҳаёт ширин — тан олганда инсоф билан.

Кўксимизда завқ-иштиёқ ўт олганда,
Вақти келиб бир манзилга етолганда,
Биз тик туриб қадаҳларни кўтарганда,
Ўғлинг кўзин юмиб турсин одоб билан.


ХИЁНАТ

Ҳар кунгидай қозон бошида
куймаланиб юрган бир тақдир
қўлларини артди-ю келиб
оқ кўйлакка бўйинбоғ тақди.

Кўйлак йўлга тушди ҳилпираб —
ишга бориш керак вақтида,
автобусдан тушгунича то
ўйлаб кетди тақдир ҳақида.

Ҳар кунгидай қозон бошида
вақтни зўрға ўтказган тақдир
қўлларини артди-ю келиб
туш пайти кимгадир сим қоқди...

Ва шу билан ҳикоя тамом,
ўша куни — етмасдан шомга
оқ кўйлакнинг ёқасидаги
тугмалари тўкилди полга.


ИҚРОР

Тақвимни девордан юлиб отаман,
Агар ўтган бўлса бир куним дардсиз.
Балки бутун умрим билан хатоман,
Аммо мен ҳеч кимман хотираларсиз.

Гул дедим, бу ҳаёт бир чаман берди,
Гуллар сувдек оқди анҳорларимда.
Менда ўйлаш учун фурсат бор эди
Қайта-қайта келган баҳорларимда.

Бироқ ҳаётимдан ясадим ўйин,
Гулдек хазон қилдим ҳар ўтган кунни.
Энди ечмоқ қийин, унутмоқ қийин
Юрагимда қолган эски тугунни.

Бугун шивирлайман ўзимга секин:
Майли, келгусим ҳам ўтмасин дардсиз.
Эҳтимол, бахтиёр бўларман, лекин
Мен ким ҳам бўлардим хотираларсиз.


ҚИШКИ ХАТ

Дард ва ҳижрон олиб келган оғриқдан
Тола сезгимгача ўт бўлиб ёнди.
Тушун, лаҳзамгача сенга боғлиқман —
Мен қайга сиғдирай шунча туғённи!

Февраль — қаҳратоннинг сўнгги саҳнаси,
Бунда ниш уради ҳислар қадимий.
Қайта уйғонарми қўлларинг рақси,
Қўлларинг ухлашдан зерикмадими?

Қанча умрим кечди беном, бенишон,
Ахир учта фасл ўтди орадан.
Қўлларингни узат, гапимга ишон,
Мен сени кўкламга олиб бораман.


КУЗГИ БОҒ

Шамол олиб келар уйимга
уфқдаги сариқ боғларни,
сўнг эринмай ҳар битта шохни
устунларга бир-бир боғлайди.

Худди мўмин болалар каби
одоб сақлар бир ҳовли дарахт,
аммо ҳали замон уларнинг
оёғидан ўта бошлар зах.


КЕТИШ

Эзгин куйлар топди ниҳоя —
Ғилофига солиб торини,
Куз тартибга қилиб риоя
Орқалади жомадонини.

Йўлга тушди ўйчан, хотиржам,
Изларидан судралди шамол.
Толиққани йўқдир ҳозирча,
Аммо олис у кетган томон.

Балки кимдир шу олис жойда
Эсламоқда унинг номини.
Хавотирман, куз қачон, қайда
Ерга қўяр жомадонини.


АВТОПОРТРЕТ

Кимдир салом деди эшигим очиб,
Банд эдим — китобдан кўтармадим бош.
Менга маъқул эди тақдирдан қочиб,
Шу хилват хонада дарвешдек яшаш.

Сездим, қимтинганча ўзига суриб,
Омонат ўтирди эски стулга
Ва ҳамма аёллар каби иш кўриб,
Бирров разм солди юпун устимга.

Сўнг нигоҳи кўчди деворимдаги
Бўёғи униққан кўҳна суратга.
Уни ҳайрон қилди бир энлик чанги,
Менинг лоқайдлигим солди ҳайратга.

Сездим, тақдиримнинг ўзи эди у,
Шу ғариб хонага юборилган бахт.
Мен қанча тунларда билмасдан уйқу
Китоблар ичидан топган буюк дард.

Аммо, минг афсуски, ҳатто бир лаҳза
Унга боқмоқ учун қизғандим вақтдан.
Айни шу пайт қалбга солганча ларза
Ремарк жаноблари ошарди ҳаддан.

Айни шу лаҳзада йиғлади Робби,
Патрициа ўлди...
Мен дилгир эдим.
Кимдир хайр деди, эшигим ёпди,
Унинг юзларига қарай олмадим.     


АФСУС

Толиқдим,
бағримдан шамолинг ўтсин,
жисмим тўзғиб кетсин,
энди арзимас.
Менга деса, бари қолмайми ўксиб,
яшаш — бу менинг қарзиммас.

Хаёл потраб кетар
чироқнур каби,
деворга урилиб синар нигоҳим.
Азоблар — ўзимнинг кутган талабим,
ўзимга ёқади гуноҳим.

Афсусим —
оғриган жойим жонимдир,
сен ҳақда ўйлашга ҳамон қодирман.
Кимга ташлаб кетсам экан ёдимни,
қандай кечсам экан
хотирдан.


ҲИЖРОННИНГ ҲАР КУНИ...

Ҳижроннинг ҳар куни қонга юқаркан,
Алвон рангга кирди ўн икки ойим.
Менинг ўтмишимни йўққа чиқарган
Тақвимга лаънатлар бўлсин, илойим!

Кузнинг хазонини кўрмадик бирга,
Елкамни қор босса, ўзим қоқиндим.
Худо азоб қилиб ҳар куни берган
Ўар гулнинг ҳидида сени соғиндим.

Ниҳоят кўз юмди энг сўнгги учқун,
Умидлар тирилмас хато ҳаққига.
Вақтидан кечиккан тўғри сўз учун
Қасам ичмай қўйдим худо ҳаққига.

Ёлғиз бормоқдаман оппоқ туманда
Кафтим орқасига кўзёшим артиб.
Эслаш, соғинишдан безган замонда
Менинг ўтмишимни ким тушунарди...


САРХУШЛИК

Бу ҳаёт кўрина бошлар кўзимга
Фоҳиша умридай бемазмун, чиркин.
Ким парда тортмоқда бугун юзимга,
Кимга кўп кўринди бир ҳовуч эрким?

Арава изидан кетган мусофир,
Бу йўл — ҳақиқатдан бошланган эртак.
Бу йўл осмонларга туташар охир,
Бу йўлнинг сўнгида қанотлар керак!

Мен ҳақда сўз айтган оғизлар, тининг,
Ўтинай, сўзимни қилмангиз талон!
Ҳаромга бурканган йўриғим менинг,
Аммо мен боражак манзиллар ҳалол.

Биллур идишларда қизил май — ҳаёт,
О, ҳаёт! Сен — ёзган бир шеъримга тенг...
Майдаги аксимда кўтарсам фарёд,
Тегманг, пиёлага чўкиб ўлсам мен.

Юзимга тортиброқ қўйинг пардани,
Менга кўплик қилди бир ҳовуч эрким.
Лек қўрқиб кетаман, сўроқ қилгани
Чақирганда Худо, менга не деркин?!


ДИЙДОР

Қуёшни айланиб йил ўтказдик биз,
Ерни айлантириб ўтказдик кунни.
Қандай хушхабар бор бизларга, Наврўз,
Бобомни жаннатда кўрганинг чинми?!

Оппоқ ҳовур пуркаб келди бир тулпор,
Келди-ю депсиниб ерни уйғотди.
Сенинг юрагингда нима гап, баҳор,
Сенга етолмасдан яна ким ўтди?!

Қаҳратон қадами шунчалар майда,
Йиқилган кўп бўлди, толган кўп бўлди.
Менга дардингни ёр, титраган майса,
Қайси бир мозорга борган кўп бўлди?

Барин била туриб сўраш телбалик,
Бўлак ниманиям айтайин, кўклам.
Аслида, кўнглимда бошқа бир ҳадик —
Ҳали хушхабарлар бормикан кўкдан?


ҲАР ҚАНЧА ЎЙЛАМАЙ...

Ҳар қанча ўйламай, унутмоқдаман
Сиз билан боғланган хотираларни.
Дунёнинг ярмиси кетар сиз томон,
Мен билан қолмоқда қолган тенг ярми.

Йиғласанг, кўзларинг тозарар экан,
Кўзимда қолмади на мунг, на андуҳ.
Шукр, менга фақат сиздан дард теккан,
Шукрки, ўша дард аягани йўқ.

Вақтида тўкилмай қолган япроқдай
Тангрининг ҳукмига келтирдим куфр.
Худди сизда менинг ҳаққим кўпроқдай
Яшабман, шу ўтган умримга узр.

Ёлғизлик — муҳаббат етган чўққидир,
Буни шоирлардек қилмасман талқин.
...Ва энг зўр шеъримни бугун ўқидим...
Мен ёлғиз яшашга кўникдим балким.


САНДИҚДАГИ ШЕЪР

Бу одамнинг пешонаси шўр,
Бу одамнинг кўзи доим нам.
Шўр кўзёшлар ҳақда мендан сўр,
Сен қаердан билардинг, болам.

Нари борса, ичган қултум май,
Баъзан-баъзан дили ўртаниб.
Китобидан бошин кўтармай,
Билмай қолди умрин ўтганин.

Бора-бора кичрайди жусса,
Кенг тўнини ечиб ташлади.
Бу дунёни, эсига тушса,
Кўзойнакдан кўра бошлади.

Очиқ-ошкор, аён билдириб,
Есенинга келиб ҳасади.
Бир умр бир жойда ўлтириб
Фақат қоғозгуллар ясади.

Ҳали ҳаёт берганида дарс,
Ҳаммасини англайсан, болам.
Фақат ҳозир билмай турсанг бас,
Ўша менман — бечора одам.


МАСОФА

— Салом.
— Салом!
Тугайди суҳбат.
Яна бир кун ўтар шип-шийдам.
Мен эртани кутаман диққат
Ва шошилиб келаман уйдан.

Сиз келасиз (турибман англаб)
Тўймагансиз ҳали уйқуга.
Сўнг кирасиз эшикни ҳатлаб,
Ташқарида қолар туйғулар.

Палтонгизни ечасиз сипо,
Гулларга сув қуясиз жиддий.
Сукунатда яшаш доимо
Наҳот оддий, шунчалар оддий.

— Салом.
— Салом!
Жўнгина суҳбат.
Умрим ўтиб борар шип-шийдам.
Тағин қанча кутаман фурсат,
Тағин қанча қурийди дийдам.

Сиз тақдирдан чўчийсиз балки,
Кўзларингиз ҳамон ҳадикда.
Настаринлар гулласа ҳамки
Ўтолмайсиз салом-аликдан.


БАҲОР ЭШИК ҚОҚОЛМАЙДИ...

Баҳор эшик қоқолмайди, жим —
Остонамда турар боладай.
Уйда эса бир иссиқ кийим
Атай чиқиб кетмас хонадан.

Қўлларимга чирмашади шарф,
Қундуз ёқа суйкалар юзга
Ва дер — мени севишингиз шарт,
Тупурдим шу баҳорингизга.

Оҳ, аёзнинг овози ўктам,
Ул аёзки, менинг зўр хатом.
Тўрт деворнинг нарёғи кўклам,
Фақат уйим тўла қаҳратон.

...Баҳор кирар, мўлтирайди жим,
Алдангандек худди боладай.
Ахир! Ахир... бир иссиқ кийим
Менга жой соляпти хонада.


ПОЕЗД КЕЛДИ...

Поезд келди вақтдан кечикмай,
Беш дақиқа — хайр-хўшлашга.
Тақдир ҳали вагонга чиқмай,
Йиғларди перронга кўз ташлаб.

Пастда эса қўл силкир ҳамма,
Ҳар ким ҳар дарчага тиккан кўз.
Тақдир рўмол силкиган дамда
Одамлардан узоқлашди Куз.

Кейин вокзал бир зумда тўзди,
Уй-уйига шошди оломон.
Темир излар улкан поездни
Олиб кетди кунботар томон.

Йўл шу — ким йўқотди, ким топди,
Йўлда яна нелар берди юз...
Тақдир ҳам очди бир китобни
Ва ёдидан кўтарилди Куз.

Ҳаёт эса кетди ўзгариб,
Янги кунлар бўлди ихтиро.
Фақат ўша Куз — энди қариб,
Кучдан қолган бўлса ҳам, бироқ

Ҳар кун қайта вокзални кезди,
Ҳар тун ёзди фақат бир хил хат:
“Энди қачон қайтар поездинг,
Яна қачон келишингни айт?”


ЙЎЛ

Шоир ва адиб Жаҳонгир Исмоиловга

Қай томонга бўлсин — йўл юрмоқ азоб,
Кифтинг эзилади, увишар оёқ.
Аммо қачонлардир битилган китоб
Ичра бизнинг қисмат аталди сайёҳ.

Сайёҳки, эҳтимол ибтидо халқи —
Одам Ато қўйган қадамдан бошлаб,
Гоҳи шиддат билан, гоҳида қалқиб,
Ҳамон юрмоқдамиз сафни алмашлаб.

Бу сафар, аслида, жиддий саёҳат —
Ҳали кўрилмаган кунларга сайр.
Фақат бу йўлларда керакдир тоқат,
Кетмаса бўлгани шаштлар пасайиб.

Ўзига йўл очар нечун жилғалар,
Нимага ишора Сомон йўллари?
Ҳатто қушлар ўзи илғаб-илғамай,
Умрлик сафарга маҳкумдир бари.

Воажаб, бу йўллар бунчалар тиғиз,
Бунда кимлар ҳорди, кимлар чидади.
Истаймизми-йўқми, биз ҳам йўлчимиз,
Биз ҳам шу сафарнинг давомчилари.

Юриш қандай яхши элдан қўл узмай,
Манглайда юрт бўлса, кўнгилда иймон.
Ахир даҳшатмасми, бу йўллар узра
Шундоқ ўтиб кетмоқ беном, бенишон.

Кўнгилдан кўнгилга йўл топмоқ — бойлик,
Бахт — сенга йўл келса бирорта дилдан.
Муҳими, адашмай, толмай борайлик
Худонинг йўлидан, Юртнинг йўлидан.


МАНЗАРА

Хабар таший бошлар чопқир шамоллар,
Боғлардан боғларга учар сариқ хат —
Заъфарон баргларда кузги саломлар,
Заъфарон баргларда кузги муҳаббат.

Кўчалардан ўтар минглаб мактублар,
Улар ҳар одамдан сўрайди аҳвол.
Аммо бу хатларни бир жойга тўплаб,
Аста ёқа бошлар бир фаррош аёл.


УЧ ОҲАНГ

Дунёнинг у чети титраса ногоҳ,
Бу четда турганлар юрак ҳовучлар.
Сониялар ичра ошиб тошу тоғ,
Қулоққа етади борки товушлар.

Денгизлар шовуллар — куйлар бетиним,
Шамол унгурлардан беради овоз.
Ҳатто чумолининг шитир-шитирин
Баъзан шууримиз илғайди бехос.

Қадам товушлари — тириклик куйи,
Киприк қоқишдан ҳам чиққай бир наво.
Жамласак, осмонни кетарди ўйиб
Салом ва аликдан йиғилган садо.

Аммо уч оҳанг бор — ҳаётдан дарак,
Шу уч куйдан дунё яралгай янги.
Чақалоқ йиғиси, шунга муштарак
Она алласи ва Янги йил бонги.


ҲИЖРОН КЕЧАСИ

Стулга ўтирди бир оғир соя,
Тамаки буюрди ва аччиқ қаҳва.
Унинг оёғига тиз чўкди роял,
Маҳзун куй бошлади муҳаббат ҳақда:

“Армону ҳижронлар келса устма-уст,
Азобу изтироб турса ёнма-ён.
Ҳукм қил, бир бора бўлай юзма-юз,
Мени ўтмиш билан боғла, художон!”

Белларини маҳкам боғлаб пардалар,
Моҳир раққосадай этдилар хиром.
Бир нуқтага боқиб қотди лампалар,
Кўрсатиб машшоққа чуқур эҳтиром.

Кейин ёришди тонг — тугади концерт,
Ноталар дафтарин отди бир четга.
Сўнгги умидлари узилди чирт-чирт,
Эҳтиёж қолмади бошқа концертга...


ИЗДОШ

                             Ўғлим Шоҳидбекка

Вазмин судралади томиримда қон,
Эринчоқ булутдек кўчар ҳар бир иш.
Кун сайин сочимни бўямоқда қор,
Кун сайин бошимни босиб келар қиш.

Аммо бир таскин бор, тасалли шуки —
Менинг умрим учун берганча баҳо
Ва писанд этмасдан ҳаётнинг юкин,
Ортимда улғайиб келмоқда баҳор.


ҚОР

Шу қадар қор ёғди, шу қадар ёғди,
Ажратиб бўлмасди тош ва гиёҳни.

Баланд-паст уйларда тенг бўлди мақом,
Ахир ҳаммасида бир хил оппоқ том.

Одамлар бир тусда — палто ва этик,
Ажаб, қор ёққунча турфа ранг эдик.

Кимнинг қўли узун, кимники қисқа,
Кўринмай турибди қўлқопимизда.

Йўл шундай яхмалак — йўртиб бўлмайди,
Ҳовлиқиб олдинга ўтиб бўлмайди.

Ҳамма бир-бирининг енгидан тутган,
Гўё гиналарни буткул унутган.

Шу қадар қор ёғди, шу қадар ёғди,
Ажратиб бўлмади бемору соғни.


МЕНИНГ БАҲОРИМ

Эшиклардан бир-бир тушмоқда илгак,
Анҳордек жимирлаб оқмоқда йўллар.
Ҳамма бир томонга кўз тиккан илҳақ,
Баҳор шу тарафдан келармиш гуллаб.

Уйда эса, нигоҳ солиб оқ шифтга,
Битта жажжи ниҳол ёзади куртак —
У фақат баҳорнинг номин эшитган,
У ҳали баҳорни кўрмаган гўдак.


ДЕНГИЗ

Эҳтимол тўфондир, тошқиндир балки —
Бехос денгиз босиб кирди хонамга.
Қоғозу қаламлар сув узра қалқди,
Мен ҳам улгурмадим ташлашга лангар.

Қоп-қора сув бўлди тўртта томоним,
Деворлар шўнғиди мавжлар тубига.
Мен эса, кўзимга кўринмай жоним,
Денгизга маҳлиё бўлгандим бу гал.

Нақ ўлим қошида турардим, баски,
Ҳаётимни босиб келарди хатар.
Аммо юрагимда бор эди таскин:
Ахир хонам катта эмас у қадар.

Элас-элас кўрдим чеҳрангни шунда,
Шовқинлар остида нимадир дединг.
Бир баҳя қолганда ғарқ бўлишимга,
Денгизни турмаклаб уйга жўнадинг.


МЕЪЁР

Тортиброқ боғласам одатдагидан,
Сиртмоққа айланиб қолар бўйинбоғ.
Ҳатто меъёр сақлаб чойнинг рангида
Ичмасам, тушармиш жигаримга доғ.

Қара, ҳар нарсада ўлчов бор шаксиз,
Ҳаддидан ошмайди ҳаёт дегани.
Аммо нега сенинг қийноғинг чексиз,
Нега меъёр билмай севаман сени.


ЖЎНАТИЛМАГАН МАКТУБЛАР

1.         
Мен ўзим кузатдим
Қўлидан тутиб,
Мени ардоқловчи
Одамлар кетди.
Ҳамма гуноҳимни
Мутлоқ унутиб,
Айбимни оқловчи
Одамлар кетди.

Ўтмишим ҳаддимдан
Сал ташқарида,
Билмайман кимларни
Эслашни тағин.
Чиройли қизларнинг
Йиғлашларидан
Бўлак хотира йўқ
Кўнглимга яқин.

Ўжар, қайсар эдим
Ва бироз шоир,
Тан олмай яшадим
Ҳаёт шартини.
Тушунсам, бир томон
Айланаркан ер,
Бошқачароқ экан
Яшаш тартиби.

Такрор сўз ўзимнинг
Жонимга тегар,
Энди ким гапимга
Қулоқ солади.
“Ҳар ким ўзи учун
Ўзи жавобгар” —
Шу бўлди умримнинг
Хулосалари.

Мен ўзим кузатдим
Қўлидан тутиб,
Мени ардоқловчи
Одамлар кетди.
Бошқа бағирда ҳам
Бир мени кутиб,
Бир мени хоҳловчи
Одамлар кетди.

Сунбула. Олмалар
Таранглашган кез,
Қовунлар ҳидига
Тўлганда ҳовлим.
Ўзим билан ўзим
Дардлашиб ёлғиз,
Бундай сиқилишни
Сира кутмовдим.

Кузнинг салқинини
Соғинган кўйи
Ётаман.
Ёнимдан ўксиб олислар —
Қўлида мен бехос
Жон бериб қўйиб,
Ниятга етмаган
Чиройли қизлар.

2.
Ёш эдим, ғўр эдим,
Эҳтимол ёшим
Ўн етти-ўн саккиз
Ораламаган.
Ҳали айланмаган
Севгидан бошим,
Қўлим ҳали бир шеър
Қораламаган.

Ўшанда райҳонни
Атардим райҳон,
Ўшанда қизғалдоқ
Қизғалдоқ эди.
Бир қиз ҳаётимга
Кирди ногаҳон,
Билмадим, у кезлар
Қиз қандоқ эди.

Ўша қиз қоп-қора
Сочларин ёзиб,
Менинг вужудимни
Чирмади бирдан.
Шунда бутун борлиқ
Ақлдан озиб,
Бир хил овоз келди
Осмону ердан.

«Сизни билмадим, мен
Сизни севаман!»
Шунча бўларми бир
Сўзнинг қудрати?!
Бир ўлиб-тирилдим
Бу иқрордан ман
Муҳаббат ҳаққи-ю
Кўнгил ҳурмати.

Кейин кунлар кечди
Рангсиз, файзи йўқ.
Тунимда липиллар
Хира шамчироқ.
Қиз кетди (тўғри-да,
Мендан қарзи йўқ.
Қайтанга қарз берди
Бўса ва титроқ).
Қарийб ўн йил ўтди
Бир кун дардида —
Илтифот кўрсатган
Қизнинг куни у.
Айтсам, минг тўққиз юз
Тўқсон олтида
Хазонларга тўлган
Кузнинг куни у.

Энди хумор қилар
Май билан бирга
Шамолда ўйнаган
Сочларнинг бўйи.
Соқоллари ўсган
Ғариб шоирга
Оғирлик қиляпти
Хотира куйи.

Титиб ўлтираман
Кундалигимни,
Эҳтимол, у кунлар
Менга дарс эди.
Ўшанда бўларди
Севсам ҳам кимни,
Ўшанда муҳаббат
Муқаддас эди.

Бир пул бўлганида
Энди ҳаммаси,
Ўзимча муҳаббат
Ҳақида ёздим.
Аммо адашибман,
Билсам, чамаси,
Ахир мен ўн йилни
Бекор ўтказдим.

3.
Тавқи лаънат билан,
Қарғишлар билан
Шеър ёзиб дилингиз
Оғритган менман.
Жабрдийда, юзи
Сарғишлар билган
Юзларга тортилган
Сўнгги оминман.

Феруза кўзлардан
Қараманг менга,
Биламан, сиздаги
Ҳаёт бокира.
Мен қайсар одамман,
Шоир кўнглимга
Ёлғизлик ёқади
Сиздан ҳам кўра.

Мен сизни севаман,
Севганим шунча —
Бир кунда бир марта
Салому алик.
Бироқ туғилгандан
Ўла-ўлгунча
Сизни севолмайман
Битта сўзчалик.

Астойдил эътибор
Бермай бахтимга,
Йўлимда яратдим
Шунча изтироб.
Сизни қучиш учун
Кетган вақтимга
Ёзсам тугар эди
Ёстиқдай китоб.

Йигирма йил зиёд
Яшадим шодон,
Одамлар улашган
Ҳарорат билан.
Бундан буёғига
Шодлик даргумон
Битта қиз қолдирган
Ҳақорат билан.
Мен сизни севаман,
Ичимда айтиб
Юрган шеърларимдан
Кўп бўлмаса ҳам.
Ўша шоирликдан
Бир зумга қайтиб,
Севиб туриш керак
Баъзида одам.

Ёзув столимга
Кўзёш тўкилар,
Бугун иродаси
Сал ожиздекман.
Мени кўриб қолинг,
Кейин кеч бўлар
Машҳур бўлиб кетсам
Чорасизликдан.

Мен сизни севаман,
Севганим шунча...

Qayd etilgan