Muallif Mavzu: Guljamol Asqarova. Dil fasli  ( 14264 marta o'qilgan)

0 Foydalanuvchilar va 1 Mehmon ushbu mavzuni kuzatishmoqda.

AbdulAziz

  • Forum Administratori
  • Mega Member
  • *******
  • Rahmat
  • -aytdi: 6942
  • -oldi: 12023
  • Xabarlar: 20359
  • Jins: Erkak
  • Sevelim, sevilelim. Yunus Emre
    • Ziyo Uz
Guljamol Asqarova. Dil fasli
« : 16 Iyun 2011, 18:53:26 »
Guljamol Asqarova. Dil fasli



Muallif: Guljamol Asqarova
Hajmi: 783 Kb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish
Ilm o'rganish - Allohdan qo'rqish, uni talab qilish - ibodat, izlash - jihod, bilmaganga o'rgatish - sadaqa, uni o'z ahliga o'rgatish - Allohga qurbatdir. Ilm - tanholikda hamroh, hilvatda - do'st, to'g'ri yo'l ko'rsatuvchi - dalil, begonlar oldida - eng sodiq do'st, Jannat yo'lining minorasidir.
Hazrati Umar ibn Hattob r.a.

Ziyolee

  • Newbie
  • *
  • Rahmat
  • -aytdi: 2
  • -oldi: 5
  • Xabarlar: 0
Re: Guljamol Asqarova. Dil fasli
« Javob #1 : 07 Sentyabr 2011, 09:24:20 »
ГУЛЖАМОЛ АСҚАРОВА

ДИЛ ФАСЛИ


Шеърлар

ТОШКЕНТ
«ЧЎЛПОН»
НАШРИЁТИ
1998

Миллий қадриятларни тараннум этиб, ўсиб келаётган ёш авлодда ватанпарварлик ва фидойилик туйғусини янада кучайтириб, истиқлолни ва порлоқ келажагимизни шарафлаш ниятида тузилган ушбу китоб Ўзбекистон мустақиллигининг 7 йиллигига бағишланган бўлиб, у Республика Матбуот қўмитаси ташаббуси билан Ижарадаги Тошкент матбаа комбинати ҳомийлигида чоп этилди.

Гулжамолнинг шеърлари ҳислар таранглигидан туғилган. Уларни бефарқ ўқий олмайсиз. Шоиранинг ҳаяжони, завқи сизга ҳам юқади. Ана шу яқинлик, ҳамрозлик умри боқий булишига тилакдошмиз.

Муҳаррир Аъзам Ўктам

ГУЛЖАМОЛ АСҚАРОВА Каттақўрғон туманидаги Бешдарғат қишлоғида туғилган.
ТошДУнинг журналистика факультетида ўқиш билан бирга «Миллий тикланиш» газетасида мухбир.


* * *

Мен дунёга таратиб кетгум,
Силкиб-силкиб қалбим атрини.
Сўнг бағримга босиб ўларман,
Нодиранинг маҳзун сатрини.

Танитгайму менинг шеърларим
Элатимга ягона ҳақни.
Узоқларин улоламанми,
Ҳалқалари узилган халқни.

Дерлар менга: «Сўзлар ганжидан,
Хаёлингдек бир ҳур китоб туз».
Айтинг, ахир тополаманми,
ОЗОДЛИКдек битта озод сўз.

«Тупроқдайин мустар бўл» дерлар,
Осмонлик истайманми?
Кўз ёшимдан лой бўлсам бир кун,
Ўз халқимга сайрамайманми?

Бу ўзимдан гумоним эмас,
Даъвойим йўқ ҳеч бир сатримдан.
Эзгуликка чорласам агар,
Эргашарму шу халқ ортимдан.

Мен тупроққа кетгайман сингиб,
Руҳимни халқ билан қормасам,
Халқ демайман ўз халқимни ҳам
Мени ҲАҚҚА олиб бормаса!


* * *

Бир яшарсан икки дунё ҳам,
Безул ўлма, бесафо ўлма.
Юрагингни еса ҳамки ғам,
Бедил ўлма, бевафо ўлма.

Бир гўзал ўл. Бир бор ўларсан.
Бир буюк ўл. Беасос ўлма.
Кеккайганга кеккайиб яша
Беғуруру беқасос ўлма.

Бу дунёнинг роҳатини топ,
Руҳим, ўлма. Сен таним, ўлма.
Ҳеч йўқ қилдек душманинг бўлсин,
Бедўст ўлма, беғаним ўлма.

Умид қилсанг, тупроқ остидан
Кўзингни оч. Кўз очиқ ўлма.
Гар жаннатни истаса руҳинг.
Беишқ ўлма, беошиқ ўлма!


«МЕНИ ТУШУНМАЙСИЗ»

Сиз чақмоқ бўласиз шу сўзни айтиб,
Гугуртни излайсиз пайпаслаб шу чоқ.
Мана, юрагимни тутиб бераман.
Бир қаранг, юрагим чўғ тўла ўчоқ.

Тутатиб оласиз, ҳайратланмайсиз,
Мени ҳайрат тоши йиқа бошлайди.
Сиз чека бошлайсиз, тутунларингиз
Юрак томиримдан чиқа бошлайди.

Ўзингизни сипо тутасиз. Тавба,
Яшириб қоламан ғазабларимни.
Сиз сипо тамаки чека бошлайсиз,
Мен чека бошлайман азобларимни.

... Кетасиз, йўловчи чекишдан сўрар,
Берасиз. Чекади ғазабларини.
Мен эса ҳеч кимга бермай чекаман,
Сиздан қолаётган азобларимни.
Ҳеч кимга...


ЭШИККА ҚИСТИРИЛГАН ХАТ

(ҲАМХОНАЛАРИМ Ф. ва М. га)

...Ва ниҳоят кетяпман. Хайр!
Бу энг сўнгги йиғлаганларим.
Юрагимга сиғдириб аммо,
Юрагига сиғмаганларим!!!

Калит излаб йиғлайман бир зум,
Эшик йиғлаб ошно дардига
Нега энди шу хонага мен,
Эшик бўлиб яралмадим-а.

Мана кетдим, хазондай бежон,
Ортиқ суйдим, ортиқ куйгайман,
Излаб яна оввора бўлманг,
Туфлигингиз артиб қўйгайман!

Хонада гир айланар руҳим,
Кўз ёшларим енгар қароқни,
Кўзларингиз истамас қаранг,
Мен билан жим хайрлашмоқни.

«Қайт» деб қучмас эшик, билдим мен
Кетсам шодсиз шул хонангиздан
Мана, энди оввора бўлинг,
Ҳайдай олмай дил хонангиздан

Ахир қийин мени унитиш!


* * *

Ётоқ — дайр, ётоқ ғамхона,
Мен ғам қўрир, ғамгин соқчиман
Мендан озор кўрган ҳамхонам,
Кўзларингда яшамоқчиман.

Ғамгин, дилгир юрганим кўриб,
Қўлларингдан тушса капгирлар.
Мену дилни қўшиб хазонга
Супурсалар фаррош кампирлар.

Бирдан йиглаб юборма шу дам,
Сувратимга қилмагил зорлар.
Ёғиб чиқсин шу тун хонангта
Кўнглим каби оқ-оппоқ қорлар.

Сен уйғонма, тинчгина ухла,
То қуёшнинг тегмаскан лаби.
Деразангдан термулиб тургум,
Анов уйғоқ дарахтлар каби.

Кетай, қара, дардсиз қадрим
Ахир бағрим тошламоқчиман.
Тушун! Сенинг хонангда эмас,
Юрагингда яшамоқчиман.


ТАЛАБАЛИКДАГИ КЕТИШ

Шундай кетиш керак,
Кетгандан кейин.
Изларингни қучиб
Йиғласин онанг.

Шундоқ, етти қадам
Ташламасингдан.
Шифтларин учириб,
Йиғласин хонанг.

...Ва шундай кетгилки,
Оввора, бесар...
Кўнглинг этагини
Ёполмай.

Остонангда йиғласин,
Севгинг...
Эшик тутқичини
Тополмай!!!


ФЕРУЗА ОПАМГА

Сиздан нафрат билан юз бурдим севгим,
Сиздан буткул кетдим, азоблари гул.
Сағир юрагимга топилмади-я,
Икки дунёингизда биттагина йўл.

Кўрдимки, кўнглингиз кўнглимдан баланд
Сизнинг дунёингизда ахир ким эдим.
Охири ёлвориб маъюсу музтар,
Шундоқ пойингизда жон берди севгим.

Сизни ҳаётимдан ортиқ севгандим!
Гарчи сиз кетдингиз дунёмни сотиб.
Феруз баҳорларда топгандим сизни,
Яна баҳорларда қўйдим йўқотиб.

Катта бир севгига МУХТАСАР якун
Алвидо, эй мени йўқ қилган қадар.
Умрингизга кирдим, кўзларингизга,
Афсус, киролмадим КЎНГЛИНГИЗ қадар.

Алвидо, алвидо, азоблари гул...


ҲАЁТ. ҲАҚИҚАТ ВА АКТРИСАНИНГ БИР КУНИ

Ҳаёт — асар. Тақдирлар — тугун,
Бозорлари катта бир саҳна.
Бу саҳнада эртаю бугун,
Чақин каби юрагим чақнар.

Бундай салбий сиймо —
Фақат мен...
Мен севганлар олган оддий от.
Бу ҳаётнинг курашларида,
Юрагимни айлайман Озод!

...Ва бир кун «яхши» бўламан,
Эзгуликка атаб жонимни.
Кейин бирдан севиб қоламан.
Асарнинг бош қаҳрамонини...

Севги. Севги. Кафтимдан қуёш,
Қалбимни кўкка ота бошлайман
Кейин эса битта қарсакка,
Юрагимни сота бошлайман.
Мақтов,таъзим — фожеали йўл!

Руҳим кезар саҳнада дайдиб,
Менга гуллар отар одамлар,
Фожиали асар тугайди.
Сиз келасиз: — «Бопладингиз-да,
Севгисини рад этар онини...»

Ҳайқираман гулингиз отиб:
«Ахир... Ростдан севиб қолдим мен»,
Асарнинг бош қаҳрамонини...
Ҳаёт — асар, ҳаммаси — тугун.


АКАМ ЖАМШИДЖОНГА

Ака, сизни зериктиради
Қишлоғимнинг сўлим йўллари.
Мени эса соғинтиради,
Кўнглингизнинг оппоқ гуллари.

Болаликда айтар эдингиз,
«Муштинг билан тенгдир юрагинг?»
Ака, бугун муштум биланмас,
Осмон билан тенгдир юрагим.

Кеч кузакнинг ёмғирларида,
Паноҳ эди бизга меҳрингиз.
Юрагига яширинар бугун
Чақинлардан қўрққан синглингиз.

О, ўшанда қизғанчиқ эдим,
Бермас эдим бировга дўстим.
Ака, бугун дўсту ғанимни
Бирдай билиб бағримга босдим.

Ака, нега бўла қолмадим,
Ариқларнинг бўййда ялпиз.
Топган бахтим, бахт эмас экан,
Топсам онам багридан олис.

Маъюсликнинг рангин артмоқда,
Ердек қадоқ онам қўллари.
Юрагимда рўй кўрсатмоқда,
Меҳрингизнинг оппоқ гуллари.


НЕГА?

Кечиш мумкин нечун баҳордан,
Ундан кечсам жоним ўлмайди.
Атиргулдан кечиш мумкин-у,
Нега сиздан кечиб бўлмайди?

Юлдузларга тутиндим сирдош,
Қуёш чиқса, юлдуз кулмайди.
Ҳаммасидан кечиш мумкин-у,
Нега сиздан кечиб бўлмайди?

Шеърларимни йиртиб, отаман,
Чунки гоҳи кўнглим тўлмайди.
Қалбим — шеърдан. кечиш мумкин-у,
Нега сиздан кечиб бўлмайди?

Исмингизни қонимга ёздим,
Ким севганда ёниб севмайди?
Жону тандан кечиш мумкин-у,
Нега сиздан кечиб бўлмайди?

Онт ичаман. «Кечдим бугундан»,
Бир туйғу бор, ҳеч тинч қўймайди.
Қасамлардан кечиш мумкин-у,
Нега сиздан кечиб бўлмайди?
Нега???


ОРЗУ ФАСЛИ

Ўн саккиз — нима гапим бор,
Бу дунёни севишдан бошқа.
Ўн саккиз — нима орзум бор,
Кўзларингни кўришдан бошқа,
Ўн саккиз ёш — нени ҳам ўйлай
Ишқ фаслида девонаман мен,
Ўн саккиз — самовий олам,
Бу заминга бегонаман мен,
Ўн саккиз — осмон меники,
Фаришталар соқчи қошимда.
Ўн саккиз — айт, мен кимники,
Ўн саккиз минг олам бошимда,
Ўн саккиз — нима ғамим бор,
Гул атридан мастона бўлдим,
Ўн саккиз — севги сатридан,
Телба бўлдим, афсона бўлдим,
Ўн саккиз ёш — мени чўмилтир,
Томиримдан тошган бодага,
Ўн саккиз ёш — нима гамим бор,
Маликаман бир шаҳзодага
Ўн саккиз — нима орзум бор,
Кўзларини кўришдан бошқа...


ЧОРЛОВ ФАСЛИ

Ўн етти бор бўлдим беқадр,
Барчасини саодат билдим,
Ўн етти бор ҳақоратланган
Юрагимда ибодат қилдим.

Ўн етти йил кун кўрмай юрак,
Муҳаббатни тиланиб ётди,
Бир мўъжиза юз берди ногоҳ
Ўн саккизнинг тонглари отди.

...Энди яшай бошлайман гулдек
Бошланади энди баҳорим
Ҳижронларга васлингиз арзон,
Наҳот бизга висол йўқ, ёрим?!

Энди сизни чорлайман. Келинг!
Гарчи сиздан қадр кўрмайман,
Қалбингизга кираман минг бор,
Ўн саккизга қайтиб кирмайман!
Келинг...


ЭРТАК ФАСЛИ

Ўн саккиз ёш — энг гўзал дунё,
Пари бўлдим унинг баҳрида
Қўлларида қилич, гул тутган
Шаҳзодам бор унинг бағрида.

Ишонаман, унинг ишқидан
Юрагимга баҳор ўтади.
Бир кун келиб кўтариб мени,
Осмонига олиб кетади.

Шундан кейин ҳур бўламан мен,
Ғилмонларнинг кўзин ёшлайман
Муродимга етиб, тахтимда
Маликадай яшай бошлайман.

...Бунча ширин эртак тўқидим,
Энди ором оламан мангу
Тан олмайман уч дунёнгни ҳам,
Ўн саккизда қоламан мангу.


ВИДО ФАСЛИ

Бир исмни пичирлар маъюс
Ёмғирларда чўмилаётган лаб.
Бораяпман, гул баҳоримда,
Ўн саккизта гулни қучоқлаб.

Менга қаро қошларингизда
Саланглатинг ўн саккизта бор,
Ўн саккизта атиргулимга
Ким бўларкан, ким-эй харидор?!

Ахир бағрим қон бўлиб кетди,
Титради, кўк оҳимдан менинг
Қўлларига тиканлар ботиб
Ким узаркан, богимдан мени?!

Ким бўлсанг ҳам озорланма, бас!
Гулиқаҳқаҳ каби куларман.
Бир гулимни узганинг ҳаққи
Юз гулимни фидо қиларман.

Қара, ҳануз ишққа лим-лимман
Сен деб кезгум олов йўлларин.
Ва пойингга сочиб ўларман,
Кўксимдаги атиргулларни.


ИЛТИЖО ФАСЛИ

Оёқяланг болалик ўтди,
Айтгил қачон унга тўйибман.
Юрагимга гул тўлиб кетди,
Ўн саккизга кириб қўйибман.

Ўн саккизта жомни тўлдириб
Ўн саккиз бор ичганман қониб.
Ўн саккизта баҳорим турар,
Ўн саккизта юлдуздек ёниб.

Айб қилмадим ўн саккизгача,
Ёритмадим гуноҳ қаърини.
Оппоқ тонгдек бокира эдим,
Ўн саккизда қилдим барини...

Гуноҳларим — фаришталарим
Сизга элтдим дил оҳларини
Худо, Худо, кечириб юбор,
Ўн саккизнинг гуноҳларини.


ДИЛ ФАСЛИ

(II-фасл)

ГУЛНОЗИМГА

Гул бандига банди бўлдик,
гулга кетдию Гулим,
«Ишқ — дийдорли» умид бирлан
дилга етдию Гулим,
Ишқи — макон, ишқи — маҳзон, ишқи —
мазҳаб экан Гул,
Дун юзига бир тарсаки уриб
ўтдию Гулим,
Гуллар сархуш баҳорининг қўйнида-ё,
даст ёр,
Қўллар сармаст, ўз ёрининг бўйнида-ё,
дўст ёр,
Гулим ахир дил ёрига бегонадай
ўтурми?
Биз севмаганлар ўзгаларнинг қўйнида-ё,
дўст ёр.
Гулзордан гул тердик деб, қаро тикан
тердик, Гул.
Ишқларига тўйдирмади, севги тилаб
юрдик, Гул.
Кўнгил лим-лим, Ҳотамтойдек
давлатимиз бормиди?
Дилни ёрга бердик, аммо
ёрни кимга бердик, Гул!
Ёр кўзига асир бўлиб, ўзни кимга
бердик, Гул?


РАНГЛАР ЗИДЛИГИ

Кўзларимни тўлдирар севги
Кезларимни тўлдирган сиздай.
Ҳайқириб юборар телефон,
Кутавериб чарчаган қиздай.

Қўлларимга оламан секин,
Алвон рангли қизил дастакни,
Ахир тушун, қўлларимга мен,
Ололмайман қизил юракни.


ТЎРТЛИК

(Бу дунёда кўрганларим)

Кўнглим дунёсига арз бераётир,
Киv-кимга виждонин «қарз» бераётир.
Менинг валломатим, фаришталарим
Шайтони Лаъинга дарс бераётир.

* * *

Тангрим! Тўкилмоқдан ўзга чорам йўқ,
Англадим. Ўзингдан ўзга ёр ҳам йўқ,
Қора сувратимдан чиқиб боряпман,
Ўлмоқ илинжидан ўзга ором йўқ.


СИЗГА...

Нега беун, бесас бу севги,
Видосига ўхшаб кўзларнинг
Ёки айтинг ёки тарк этинг.
ОТАШИДА ҚОЛДИМ КЎЗЛАРНИНГ

Бир ёруғлик кутаётирман.
Ёниб адо бўлаётган кундан.
Тангрим! Менга ҳикмат топиб бер.
Ҳикматлари беҳикмат дундан.

Боғингиздан ўтаётир куз,
Жондан ўтгандай ҳижронингиз
КЎЗларингиз, КЎНГЛИНГИЗ менда,
Нега энди анда жонингиз.

Мен кўнглимни ўзим эзарман,
Умидсизликни қўллари билан.
Айтинг, сизга бориб бўларми
Турналарнинг йўллари билан?

... Ана, кўнглим пойингга тушди
Япроқлари узилган бир гул.
Тангрим! Кетай, менга топиб бер,
Турналарнинг йўлидай бир йўл.


* * *

Бир ёр топсак эдик жондан кечгулик,
Энг сўлим, энг оппоқ тонгдан кечгулик.
Тўртта томонингни қибла этса ҳам,
«Бор-эй» деб шу тўртта ёндан кечгулик.
Бир ёр топсак эдик жондан кечгулик...


* * *

Арзиса кўзингда ёшларинггача,
Сиғинса кўксингда тошларинггача,
Кўзларинг минг нафрат ҳадя этса ҳам,
Севолса кипригу қошларинггача
...Бир ёр топсак эдик жондан кечгулик...


* * *

Куйдириб, куйиб ҳам кулса ўзингга
Титрамай, титроқлар солса тизингга.
Ўзидан ўзганинг васлин кўрсатмай
Иккита пичоқ санчиб кетса кўзингга,
...Бир ёр топсак эдик жондан кечгулик...


* * *

Бир умр ишқига жонни қоргудек,
Зарра ҳижрони ҳам юрак ёргудек,
«КЕЛ» деса етмишта томиринг узиб, боргудек
Хаёлдан олдин ҳам, ўзинг боргудек,
...Бир ёр топсак эдик жондан кечгулик,
«Бор-эй» деб шу тўртта ёндан кечгулик...


ДЎСТЛАРИМГА

«Алвидо! Шуҳрат деб беҳуда чопдим,
Оташин севдим-ку, аммо баҳрасиз».
(Лермонтов)

Алвидо! Кўп шуҳрат истадим,
Ва эътибор истадим ортиқ.
Қалбимдаги бор муҳаббатни,
Ўзгаларга қилдим-да тортиқ.

Алвидо, кўп севги истадим,
Мен пок эдим, бу кир муҳитда
Хидбин эдим, разилроқ эдим,
Она! Кечир, мен бошқаларни
Ҳаммангиздан ортиқроқ севдим.
Алвидо, кўп меҳр истадим.

Гарчи, ишқда яшадим, она
Бутун борим ишқ куйида маст,
Сиздан бошқа севганларимга
Мендан нафрат қолар, ишқ эмас
Алвидо, кўп меҳр истадим.


ИЛТИЖО

Сиз мен учун гул узмагансиз,
Юрагимдек йиғлайди йўллар,
Қўлингизда турибди, гўзал,
БАРНОларга аталган гуллар.

Қўшиб сотинг ўша гулларга,
Менинг каби ишқи арзонни.
Бағрингизга босиб йиғланг сўнг,
Севгимиздан қолган хазонни.

Қаровсиз ишқ, қуриган гулдек,
Сиз гулларнинг бўйларидан маст,
Ахир мени ёққан севгингиз
Шу бир гулнинг умричаликмас.

Битта умрим аро, мингта ишқ,
Қай бирига жонимни берай,
Минг хил гул бор гулзорингизда
Шу гулларнинг биттаси бўлай.

Жоним, ахир гуллар сўлади,
Ким қолади айролиғига
Сизни қандоқ ташлаб кетарман?
Бу гулларнинг барнолиғига?

Қўлингизда қиличми ҳажр,
Гул-гул ёниб, гулзорлар кезинг.
Мен сизни деб КЎНГЛИМни уздим,
Сиз мен учун битта гул узинг.


НИЛУФАР ГУЛГА

Биздан ўтди. Барига узр!
Ҳажрингизга тўлди қароғим.
Мен яшил ишқ кутгандим сиздан.
Хайр энди, сариқ япроғим!

Мени нега умидвор этди,
Кўзларингиз меҳр-ла кулиб,
Айтинг, қачон тўкилиб кетдим,
Кўнглингизнинг япроғи бўлиб?

Ишқимизга қачон етди куз,
Қаҳратоннинг совуқ қўлидай,
Мени эслаб қон-қон йиғлайсиз,
Юрагимнинг атиргулидай.

«Кетманг» десам гулдай ёлвориб
Хазонга ўт ташлаб кетгучим
Йигирмамнинг баҳорларида
Менга кузлар ҳадя этгувчим.

Айрилиқнинг рангида кўнглим!
Маҳзун, яна ёмғирлар сингган,
Ўлганимда сариқ гуллармас,
Қизил гуллар келтиринг менга.

Тамом! Энди меҳр кутмасман!
Сиз ҳам бир гул ишқнинг кафтида.
Учрашасиз ташлаб кетилган
Сариқ гуллар мамлакатида.


ОҚ ГУЛЛАР

(Алишер тоғам ва Малоҳат опамга)

Дил бахтсизлик рангида эди,
Ва сирпанчиқ эди бу йўллар,
Не мўъжиза... бир куни келиб,
Олиб кетди мени оқ гуллар.

Шундан буён туйғуларим оқ,
Кўнгил тушмиш оқлик азмига
Кейин мени бошлаб кетдингиз
Оқ атиргулларнинг базмига.

Сиз эдингиз ўша оқ гуллар
Сиз келдингиз буркаб йўлларни
Энди сизга йиғлаб бергайман,
Шевасинда оппоқ гулларнинг.

Бугун ҳатто дийдорингиз оқ...
Кўзларимга кетяпсиз тўлиб,
Кўнглингизга кириб боргайман,
Бир кун оппоқ атиргул бўлиб.


ЖАВОБ

Ишққа ташна юрагимга
Мен илоҳий бўлодирман.
У ҳам кечса агар мендан
Телба, даҳрий бўлодурман.

Менга май бер, ғамкашим йўқ,
Ўзим соқий булодурман.
Шеър ёзарман, шеърларимла,
Абад боқий бўлодурман,

Туннинг бағри тийрадур-эй,
Шамси, моҳи бўлодурман.
Кўзларингда бир ватан бор,
Ўзим шоҳи бўлодурман,

Кўнглингизни очинг, шоҳим,
Бахт сипоҳи бўлодурман,
Ишқ аҳлининг бўғзиндаги
Олов — оҳи бўлодурман.

Сен-эй, қизғанма илмингдин,
Наҳот осий бўлодурман?
Пок руҳлардан илм олиб,
Мен Увайсий бўлодурман.


МЕН...

Отам кетаётир, елкада кетмон,
Ҳамдарди-далага дардини куйлаб,
Биламан, кетмоқда отам ҳозир ҳам,
Узоқларда юрган қизини ўйлаб...

Онамга ўчоқнинг боши ватандир!
Юрмайди ҳар кимга дардини сўйлаб,
Онам тушида ҳам кўради мени,
Яшайди, яшайди у мени ўйлаб...

Мен-чи? Кўнгил билмас, ношуд бандаман,
Унутдимми, нега дардсиз турибман.
Мен деб мингта юрак куйган, мен эса
Битта номардни деб куйиб юрибман.


ХОСИЯТ ОПАМГА

Самарқанддан хатлар келмайди,
Узун-узун дардлар келади
Мен-ку тизлар чўкиб ялиндим,
Ундан магрур қадлар келади.

«Мени кутгил, бораман» деган
Вафосиз, ул мардлар келади,
«Бошингни йўлимга қўй» деган
Ширин-ширин шартлар келади.

Чорлайверсам, жон товонимда
Дил тубидан додлар келади,
Ғурурлари осмондай бўлиб,
Менга яқин ЁТлар келади...

Кўзим тўла ёшим, кел энди
Оёғингда бошим, кел энди!
Тонгларингиз оқариб қолар,
Мен кетаман дил бозоридан,
Ахир кўнглим қонаб кетмоқда,
Наргисгулларнинг озоридан.

Мен бир телба муҳаббат талаб,
Меҳр талаб девона қизман.
Нега ахир йўл сўраяпсиз
Йўлларини йўқотган қиздан!

Йўловчиман ишқ адаштирган
Кўнгли улашилган йўловчи,
Йўлим йўқ деб айта олмасдан,
Сизни юрагига йўлловчи.

О чарчадим, кетишим керак!
Узр, дилни ҳижрон тирналар,
Мени кузак излаб келмоқда
Мени кутяпти... ТУРНАлар...
Кечирасиз, кетишим керак.


ОТАМГА

Дайровотни сув босибди-ку,
Отам дилтанг бўла бошлайди.
Отам дилтанг бўлгани сари,
Юракка дард тўла бошлайди.

Мен биламан, Дайровот — онам.
Шунда бизнинг ризқу рўзимиз,
Отам қўлин қадоқ айлаган,
Кетмон эмас, бизнинг кўзимиз,

Дарёлардан, шовотдан ўтиб,
Отам даштга чиқиб келади,
Багри каби кенг даласига
Дардларини экиб келади.

Эй, Дайровот! Отам макони,
Дардим сенда кезиб юради,
Мен бўлмасам отажонимга
Дарёлар чой дамлаб берами?!

Мен омонлик тилайман фақат
Отамни сен асрагил, тангрим
Омон бўлгил, омон бўл доим
Дайровотда сув кечиб юрган,
Офтобларда куйган юрагим —
Омон бўл доим,
Отажоним!


ФАҚАТ

«Онамга ўхшаган аёл бўл»

Онам фаррош бўлиб яшаётибди,
Кўрмасдан ҳеч кимнинг миннатларини
Супуриб яшайди отамдек азиз,
«Каъбам» деб атаган жаннатларини.

Сизнинг кўчангиз ҳам баҳор эмишми?
Ялпиздан териб келдим бир сават
Кўрдим. Кўнглингизда соҳибжамоллар
Еганлари новвот, тергани новвот.

Лекин билиб қўйинг, соҳибжамоллар,
Зерикса кетади дайди хаёлдек
Фақат мен қоламан кўзингизда ҳам
Кўча супураётган фаррош аёлдек,
Фақат мен қоламан...


АЗИЗАМ МУНИСАГА

Сени яхши кўраман, Мунис
Сўзларингни яхши кўраман,
Кўзларимнинг гавҳари бўлган
Кўзларингни яхши кўраман.

Сен кимларга насиб этасан
Сочларингни силайди кимлар
Оқ тонгдан оқ рўмоллар ёпиб
Сенга иқбол тилайди кимлар?

Ғурурингни енгиб яшагил
Йўқса бунда каслар талайди,
«Кўзларингни севаман» деса
Ишонмагил, улар алдайди.

Мен ғурурга қалб берган эдим
Тонгда ундан синиқлар тердим,
Ахир сенга жоним, қалбимдан
Ва кўнглимдан бўлаклар бердим,

Сен баҳорга айланиб яша!
Соч ёмғирнинг тиниқларини
Оч! Багрингдан териб олайин,
Юрагимнинг синиқларини!


ТАЗАРРУ

Гаҳе ҳижронингиз бизга ортиғлиқ,
Гаҳе ҳижронимиз сизга оғриқлик,
Боғи эрамингиз омонми, бегим,
Ишқ мендай бечора, жондай сағирлик.

Ёраб, мен тиззамга сиғинди бўлдим,
Дилни дўстга берсам ишққа сотибди.
Ёра-эй, боғингизнинг бошида туриб,
Сизнинг аёлингиз йиғлаётибди.

Жонимни қавидим атлас кўрпадек,
Парқу болиш қилдим хаёлингизга
СИЗ Унга МЕНдан сўнг берилган эҳсон,
Фақат руҳим келди АЁЛингизга!!!

...Бегим! Мен соҳирий ўлим топгайман,
Унинг қучоғида боқмам қайрилиб.
Яхши кўрардингиз, барибир дод-эй,
Сизга азоб бўлди, МЕНдан айрилиб.

Алам-эй, алам-эй, дод-эй алам-эй.


ХОЛАМ ХОТИРАСИ

Бир кун мунчоқларим тўкилиб кетди,
Улар садо берди: «Борми керагим?»
Бошни маъюс эгиб териб олдингиз
Жоним, бошингизни келди силагим.

Аммо қўлим қани? Гурурга банди,
Йиллар юрак-бағрим кетдилар тилиб,
Қанийди шу дамда мунчоқларимдек
Юрак-бағирларим кетса ситилиб.

О, нега кетдингиз, бешафқат, беруҳ
Ҳажрига тўлдириб қароқларимни
Мана, бугун ҳеч ким териб бермади
Жонимдан тўкилган титроқларимни
О, нега кетдингиз бешафқат, беруҳ...


ИҚРОР

Қошларингиз камонида ўлсам керак
Васлингизнинг ҳижронида ўлсам керак.
Анов кунлар кўзингизни кўзлаётир,
Ҳуснингизнинг гумонида ўлсам керак.

Ишқингизда туман бўлгим келаётир,
Пойингизда чаман бўлгим келаётир,
Бу дийдорлар, бу дилдорлар унут бўлгай,
Кўзингизда кўз ёшдайин тўлсам керак.

Қўлим билан хушлашади қўлларингиз,
Гуллар билан туташади йўлларингиз,
Шу гулларнинг хазонини кўриб бир-бир
Кузимгача етиб кейин сўлсам керак.

Силкитмангиз. Пойларига тўкилмасман,
Ишқингизнинг чоки маҳкам, сўкилмасман
Гарчи сариқ хазондирман унутилган.
Боғингизга гуллар сочиб кулсам керак.

Кузатаман. Дилгир бўлиб куймоқдасиз.
Сиз билмайсиз. Кўзларимни суймоқдасиз.
Фақат менда яшнагайдур кўзларингиз...
Мен барибир Баҳорингиз бўлсам керак,
Ишқингизнинг осмонида ўлсам керак...


ЭНГ ГЎЗАЛ ИСТАК

(Сочмалар)

Ўлсам...
Дунё, этагингга ўралиб эмас,
Сендан йироқларда хор бўлса таним,
Ҳеч ким билмай қолса...
Отамнинг қурисин деб офтобга ёйган.
Пайтаваси каби унут бўлсайдим,
Онам қўшни сўраганда бериб юборган,
Бир коса унидек унутилсайдим...
Ҳеч ким йигламаса, озорланмаса,
Барининг эсидан чиқиб кетсайдим,
Шабнамдек тупроққа сингиб кетсайдим.
Майсалар шивирлаб қолса ортимдан
Мен шундай ўлсайдим,
Шундай ўлсайдим...


МАНҚУРТНИНГ ШЕЪРИ

Мен шеърлар ёзаман ўзимни билмай,
Асли бобом кимдир, момом ким эди.
Мен шундоқ саволни бир юртга бердим.
Замин ҳам гунг эди, кўк ҳам жим эди.

Мен азоб терисин бошга кийган чоқ,
Билмадим ўзимни йиллар олганин.
Фақат ҳайрат билан эсга олурман,
Бутун бир эл соқов бўлиб қолганин.

Сал ўзимга келдим, сўрай бошладим,
Бизни қийнаганнинг эли қаерда?
Йигирма миллионлик бир уй ўзбекнинг,
Ёзуви қаерда, тили қаерда?

Нега миллатлигин англамас бу халқ!
Нега уйқу келар дил — кўзларимга
Йиқилганни тепиб, кўкка сигинар
Болта уриб яшар илдизларига!

Мен шоир бўламан, севинма халқим
Билмайман ким эди отамнинг насли
Еттита пуштини билмаган гумроҳ
Мен ҳам битта манқурт болангман асли.


ТЎРТЛИКЛАР

«Мени асрагувчи дил топиларми?»...
Халима Худойбердиева

Кўзимдан кўнглимга ўтиб борасиз,
Кўнгил берган сари... кетиб борасиз.
Биз дил сафарига бирга чиққандик,
Энди қандоқ менсиз етиб борасиз?

* * *

Ўзни севдирмоққа урингим келмас,
Оёқлар остида сурингим келмас.
Ишқингизда фақат руҳим қолмишдур,
«Кўргим келади-ю, кўригим келмас».

* * *

Азобингиз озурда дил ярасидур,
Васл умри қошу киприк оросидур.
Кўзингизга қаро тупроқ тўлса, билинг
Ўша менинг кўзларимнинг қаросидур.

* * *

Оллоҳ берса, ўларда ҳам бу ишқнинг ҳеч малоли йўқ,
Ким айтади, ибтидонинг интиҳодек заволи йўқ,
Дунёсинда тўлиб-тошиб асов сувлар оқиб ётар
Бу дарёлар орасинда кўз ёшимдек ҳалоли йўқ.

* * *

Жим турса ҳам, тиги тилмай, ганжи тилган халқ,
Ярогинмас, байрогини санчи билган халқ
Дарахтимсан. Қуриб қолма, ҳеч ҳам ўксима
Илдизидан баргигача РАНЖИТИЛГАН халқ.

* * *

Дунёдан кўнглимни узиб боряпман,
Ишқни юрагимга сузиб боряпман.
Жамланайин, дейман Тангрим, заррангман
Яна зарраларга тузиб боряпман.

* * *

Кимга меҳрим, кимларгадир зулмим талош,
«Севдим» деган ёлғонига умрим талош
Бу ошиқлар ишқимиди, афсус, кетай
Барчасига ДИЛ аталмиш кўмрим талош.

ШОГИРДНИНГ УСТОЗИГА АЙТГАНИ

Асли ёлғиз келдим, кетарман.
Балки майсалардек ҳур қиз кетарман.
Сиз менга «изимдан кел» дейсиз, ажаб,
Изингиздан кетсам, беиз кетарман.

* * *

Қаранг, ҳаммамизда пулнинг қайғуси
Ёки битта равон йўлнинг қайғуси,
Халқим деганлари, халқум демасми?
Қани, ўзи кимда, дилнинг қайғуси.

* * *

Кузнинг келарини боққа айтмасман,
Ўзи англагайдур, Ҳаққа айтмасман.
Халқ гарчи қудратлидур, бироқ қодирмас,
Ҳаққа айтаримни, Халққа айтмасман.

* * *

Ишқни кўзингизда сифот этдингиз,
Мени ўзингизда исбот этдингиз.
Англолмай карахтман, қайга бош урай
Обод этдингизми, барбод этдингиз?

* * *

Бир васлсиз ишққа ҳамон қурбонман,
Азал қурбон эдим, мудом қурбонман,
Икки дунёсида дийдор бермагай,
Тоабад қурбонман, тамом қурбонман.
« So'nggi tahrir: 25 Mart 2014, 14:40:30 muallifi AbdulAziz »

 

Guljamol Asqarova she'rlaridan

Muallif shoirBo'lim She'riyat

Javoblar: 51
Ko'rilgan: 36450
So'nggi javob 19 Noyabr 2007, 13:38:24
muallifi Muslimа
MUXABBAT FASLI

Muallif intirestBo'lim Madaniyat

Javoblar: 172
Ko'rilgan: 64146
So'nggi javob 14 Aprel 2014, 16:30:59
muallifi IRFON-2012
Quyosh fasli. Hikoyalar (antalogiya)

Muallif AbdulAzizBo'lim Adabiy antalogiya va to'plamlar

Javoblar: 0
Ko'rilgan: 6603
So'nggi javob 24 Yanvar 2011, 09:33:13
muallifi AbdulAziz
Anvar Tog'ayev. Sog'inch fasli

Muallif AbdulAzizBo'lim Zamonaviy o'zbek she'riyati

Javoblar: 0
Ko'rilgan: 1412
So'nggi javob 22 May 2012, 20:10:02
muallifi AbdulAziz