МУСИБАТ НАДУР?
Инсон тирик экан, бошида яхши ва ёмон кунлар бўлиши табиий. Ҳамма ҳам яхшилик кунларга интилиб яшайди, яхшилик неъматларидан баҳраманд бўлишга умид қилади ва бу фаровонлик кунлари доимий бўлишини хоҳлайди. Бироқ ойнинг ўн беши қоронғу бўлса...
Яратган Парвардигор бандаларига меҳрибон. Ўз хазинасидан неъмат берса-ю, банда шукр қилса – ажр. Мусибат берса-ю, банда сабр қилса, бунда ҳам ажр бор. Аллоҳ таоло Қурони каримда мўминларни сабр қилишга чорлаб, сабрли бандаларга Ўз мукофотини ваъда қилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ اسْتَعِينُواْ بِالصَّبْرِ وَالصَّلاَةِ إِنَّ اللّهَ مَعَ الصَّابِرِينَ * وَلاَ تَقُولُواْ لِمَنْ يُقْتَلُ فِي سَبيلِ اللّهِ أَمْوَاتٌ بَلْ أَحْيَاء وَلَكِن لاَّ تَشْعُرُونَ * وَلَنَبْلُوَنَّكُمْ بِشَيْءٍ مِّنَ الْخَوفْ وَالْجُوعِ وَنَقْصٍ مِّنَ الأَمَوَالِ وَالأنفُسِ وَالثَّمَرَاتِ وَبَشِّرِ الصَّابِرِينَ * الَّذِينَ إِذَا أَصَابَتْهُم مُّصِيبَةٌ قَالُواْ إِنَّا لِلّهِ وَإِنَّـا إِلَيْهِ رَاجِعونَ * أُولَـئِكَ عَلَيْهِمْ صَلَوَاتٌ مِّن رَّبِّهِمْ وَرَحْمَةٌ وَأُولَـئِكَ هُمُ الْمُهْتَدُونَ *
“Эй иймон келтирганлар! Сабр ва намоз ила мадад сўранглар. Албатта, Аллоҳ сабрлилар биландир. Аллоҳнинг йўлида қатл бўлганларни ўликлар деманг. Балки улар тирикдирлар, лекин сиз сезмайсиз. Албата, Биз сизларни бир оз қўрқинч ва очлик билан, мол-мулкга, жонга меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга башорат бер. Улар мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, биз Унга қайтувчимиз», дерлар. Ана ўшаларга Роббиларидан саловатлар ва раҳмат бор. Ана ўшалар ҳидоят топганлардир”. (Бақара. 153-157)
Бошимизга келган мусибатларга асосан ўзимиз сабабчи бўламиз. Лекин Аллоҳ таоло қилган гуноҳларимиз эвазига озгина мусибат бериб, қолганини афв қилиб юборар экан. Бу улкан фазл. Чунки Аллоҳ таоло дунёда озгина мусибат ила қолганини афв қилганидан кейин афв қилинган гуноҳимизга охиратда яна азоб бермас экан. Қурони каримда марҳамат қилинади:
وَمَا أَصَابَكُم مِّن مُّصِيبَةٍ فَبِمَا كَسَبَتْ أَيْدِيكُمْ وَيَعْفُو عَن كَثِيرٍ
“Сизга қайси бир мусибат етса, бас, ўз қўлингиз қилган касбдандир ва У зот кўпини афв қилур”. (Шўро. 30)
Мазкур оятнинг тафсирида Али разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Бу – Қурони каримда мўминлар учун энг умидбахш оятдур. Чунки саҳоватли Зот бир бора уқубат қилганининг сўнггида иккинчи бор уқубат қилмагай. Қачонки афв қилар экан, яна қайтиб уни сўроқламас”. (Мадорик)
Мусибат – инсонга унинг ўзида, молида ёки аҳлида озми, кўпми нохуш ҳолатларнинг содир бўлишидур. Мисоли тикон санчилиши, пашша чақиши, пойафзалининг боғичининг узилиб кетиши, чироқнинг ўчиб қолиши, булар ҳаммаси мўмин учун мусибат саналади. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша нарсаларга истиржоъ айтганлар ва марҳамат қилганларки: “Мўминга озор бергувчи ҳар бир нарса мусибатдур ва унга ажр бор”. (Руҳул маъоний)