Muallif Mavzu: Anvar Obidjon. Kezargon Boychechak (qissa)  ( 6940 marta o'qilgan)

0 Foydalanuvchilar va 1 Mehmon ushbu mavzuni kuzatishmoqda.

AbdulAziz

  • Forum Administratori
  • Mega Member
  • *******
  • Rahmat
  • -aytdi: 6942
  • -oldi: 12021
  • Xabarlar: 20367
  • Jins: Erkak
  • Sevelim, sevilelim. Yunus Emre
    • Ziyo Uz
Anvar Obidjon. Kezargon Boychechak (qissa)
« : 16 Avgust 2011, 10:11:41 »
Anvar Obidjon. Kezargon Boychechak (qissa)



Muallif: Anvar Obidjon
Hajmi: 396 Kb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish
« So'nggi tahrir: 25 Oktyabr 2011, 21:02:06 muallifi AbdulAziz »
Ilm o'rganish - Allohdan qo'rqish, uni talab qilish - ibodat, izlash - jihod, bilmaganga o'rgatish - sadaqa, uni o'z ahliga o'rgatish - Allohga qurbatdir. Ilm - tanholikda hamroh, hilvatda - do'st, to'g'ri yo'l ko'rsatuvchi - dalil, begonlar oldida - eng sodiq do'st, Jannat yo'lining minorasidir.
Hazrati Umar ibn Hattob r.a.

Ziyolee

  • Newbie
  • *
  • Rahmat
  • -aytdi: 2
  • -oldi: 5
  • Xabarlar: 0
Re: Anvar Obidjon. Kezargon Boychechak (qissa)
« Javob #1 : 07 Sentyabr 2011, 08:53:02 »
Анвар ОБИДЖОН
 
КЕЗАРГОН БОЙЧЕЧАК


Қисса

«Шарқ юлдузи» журнали
2010 йил, 2-сон


Қутлуғ кеча
 
Шайланувлар охирига етди-ю, қалам тебранишга тушиб, ажабтовурдан-ажабтовур бу воқеа, кўҳна ривоятда қандай башорат қилинган бўлса, худди ўшандай тарзда бошланди...
 – Қаддингни кўтар, Бойчечак! Совуқларнинг қаҳрли башарасидан қўрқма!
 – Сен ҳар қандай изғиринни енгишга қодирсан. Кучингга астойдил ишонсанг бас.
 – Қўзғал, Бойчечак, қўзғал! Бошига оғир кун тушган Наврўзойни биргина сен қутқара оласан, сен!
Бойчечак бири ёмғирларникидек пичирлоқ, бири эпкинларникидек майин, бири ирмоқларникидек тортимли товушлар қаёқдан келаётганини билолмай ҳайрон эди. Балки, униб чиқишга интиқ турган ўт-ўланларнинг томирчалари ер остида ғимирлаб, ўтинчли шивирлашаётгандир. Балки, дарахтларнинг қоқшол шохлари булдуруқдан қақшаган ёш хивичлар қисматидан хавотирланиб, эзгин илтижо қилишаётгандир. Ё бўлмаса, тезроқ капалакка айланиб, чечакдан чечакка сакраб ўйноқлашни орзулаётган уруғчалар қарағай пўстлоғи қатидаги ғумакларнинг ичида туриб, ялиниб-ёлворишяптимикан?
Бу овозлардан уйғониб кетмаганида, Бойчечак ҳали ҳам тинчгина туш кўриб ётган бўлармиди. Жуда ширин туш кўраётувди – оппоқдан-оппоқ кўйлак, яшилдан-яшил нимча кийиб, бошига мовийдан-мовий рўмол ўраган, вужудидан камалакранг ялинлар сачраб турган мислсиз бир Гўзаллик унга қулоч ёйиб яқинлашаётган эмиш. Яқинлашаётганмиш-у, “Мен Наврўзойман, исмимни унутма. Тақдиримизга бизнинг бирга бўлишимиз битилган. Борлиқни жонлантириб, барчага ризқ улашиш учун биз бир-биримизни албатта топишимиз керак”, деб уқтирар эмиш...
Увиллоқ товуш эшитилиб, Бойчечакнинг хаёли сочилди. Олдинига, шамол яна уфуришни бошлади, деб ўйлади. Кейин кўриб билса, терскай томони олачалпак қорли дўнгчанинг устида паҳлавон бир ит юлдузлари милтиллоқ ойдан-да чароғонроқ чақнаётган осмонга суқланганича улиб турибди.
Бу итнинг оти Оқбарс бўлиб, тушунарсиз феъл-атвори билан четдан жуда қизиқ кўринарди. Бир қарасанг, тилини чапанича сангиллатиб олиб, бекордан-бекорга чопаётган, жўшқинланиб ирғишлаётган, очилиб-сочилиб юмаланаётган. Яна бир қарасанг, теваракка ўйчан тикилган, кўзлари маъюс.
Ҳозирги туришда туғёни ичига сиғмаётган шоирга ўхшаб кўриняпти – самога ёниқиб-ёниқиб термилмоқда, тошиқиб-тошиқиб нола қилмоқда. Агар, дунёдаги мушукларнинг энг сулласи саналган Малламош безрайганича келиб, ҳар галгидек жиғига тегишни бошламаганида, шу туришда эрталабгача тураверган бўлармиди.
 – Намунча томоғинг йиртилгудек улийсан, Оқбарис? – итнинг ғашини қўзитиш учунми, унинг отини бузиб айтди Малламош. – Бизга яна уйқи йўғакан-да, а?
Вағиллоқ товушни эшитибоқ, Оқбарснинг бирдан қовоғи уйилган бўлса-да, тағин бир муддат ойдан кўзини узмай турди. Сўнг, мушукка нохуш юзланиб, жеркиб берди:
 – Ҳей, қанақа ҳайвонсан ўзи? Қачон қарама, сал нарсадан баҳона топиб, инжиқлик қилганинг-қилган.
 – Ув-увлаб ухлатмаганингдан кейин, инжиқлик қиламан-да, – кўзини чақчайтирди Малламош.
 – Кундузлариям ўн марта ухлаб, ўн марта уйғонганинг етмаяптими? – деб жаҳлланди Оқбарс. – Ҳеч бўлмаса, шу қутлуғ кечада ухламасанг, тукинг камайиб қолмас.
Мушукнинг тўсатдан чеҳраси очилди:
 – Қанақа қутлуғ кечани айтяпсан, мулла Оқбарис? Биров текинга емиш тарқатмоқчими дейман? Бундан бехабар қолганимни қара-я.
Оқбарснинг баттар қовоғи солиниб: “Калланг қурсин сени, бу оламда овқатдан бошқа нарсалар ҳам борлигини билмасдан ўтиб кетасан шекилли”, деб ириллади.
Бугун қишнинг охирги кечаси эди. Одамлар бу кечани қадим-қадимдан Ойтуғди деб келишади. Ойтуғди онанинг дуоси туфайли кезаргон бўлиб яраладиган энг кечки, энг охирги Бойчечак айнан шу тунда униб чиқади. У бошқа шерикларидан ўта ўткир, ўта ёқимли ис таратиши билан ажралиб туради. Томири жуда нозик бўлгани учун озгина шабада тегса ҳам тупроқдан кўчиб, у жойдан бу жойга сакраб-сакраб учишга тушади, қаричма-қарич олдинга интилаверади. Тушида кўрган севгилисини излаб тинимсиз кезиб юравериши боис, уни “кезаргон Бойчечак” дейишади.
Айтишларича, бу тун тугаб, Ой ўз ўрнини Кунга бўшатиб бераётган эрта тонг чоғида Бойчечак билан Наврўзой ниҳоят бир-бирини топади. Шарқона янги йил ана шу янги кундан бошланади. Неча-неча ўлкалар кўркам либосларда безаниб, не-не эллар байрам дастурхонини тузашга тутинади. Кўклам фаслининг биринчи тонгини эса, одамлар Кунтуғди деб атаб келишган.
Итдан бу гапларни эшитиб, мушукнинг ҳафсаласи пир бўлди:
 – Иккита шўринг қурғур бир-бири билан учрашса учрашибди-да. Шугинани деб, ўпкангни чирманда қилиб турганингга ўлайми.
 – Наврўз байрами нималигини биласанми ўзинг? – деб ўқрайди Оқбарс. – Ҳе, қовоқ!
 – Ўзинг қовоқсан! – кўзи косасидан ситилгудек бўлиб гап қайтарди Малламош. – Қовоқ бўлмаганингда, бошни беҳудага қотирмасдан, жамики эсли-ҳушли жониворларга ўхшаб, тўйиб-тўйиб ухлаган бўлардинг, – сўнг сўзининг оҳангини бир оз юмшатди. – Мен сенга айтсам, бу ёруғ жаҳонда уйқудан мазалироқ нарса йўқ. Бир тасаввур қилгин-а, Оқбарисжон – илиққина кеча, қорнинг тўқ, атроф жимжит. Менинг ухлашим манави – пиш-ш, пиш-ш, пиш-ш. Ҳа пиш-ш, ҳа пиш-ш. Сенинг ухлашинг манави – қиқ-қиқ хр-р, қиқ-қиқ хр-р, ав-ав! Қиқ-қиқ хр-р, қиқ-қиқ хр-р, ав-ав! Шунақа роҳатдан кечиб, қаёқдаги Бойчечак-мойчечакларни гапириб ўтирибсан-а. Ўл-е!
 – Туғилганингдан бери шунақасан, – афсуснамо бош тебратди Оқбарс. – Ҳовлидаги ковакдан ярим кун кўз узмай сичқон пойлайсан-у, ковакнинг ёнгинасидаги чечакка бирор марта қараб қўймайсан. Ҳатто чечакларнинг энг чиройлиси бўлган Бойчечакни ҳам умрингда кўрмагансан. Агар кўрганингда...
Оқбарснинг гапи чала қолди. Дўнгчадан пастга тикилганича, бир зум тарракдек қотиб турди. Пичадан кейин ўзига келиб: “Ана у! Қара, қара, кўряпсанми? Бу ўша – кезаргон Бойчечак!” – дея ирғишлаб юборди.
Малламош ит кўрсатган ёққа ўгирилиб, енгил эпкинда сапчиб-сапчиб учиб келаётган кулгичюз чечакли гиёҳни кўрди. Турхатида бирон-бир ўзгариш сезилмай, яна итга юзланди:
 – Ўсимликшунос олим бўлмасам ҳам биламан, чечак деган ер юткур бир жойда ўсгувчи эди. Бу дайди нимага шаталоқ отиб юрибди?
 – Боя айтувдим-ку, дарров эсингдан чиқдими? Наврўзойни қидириб кетяпти у.
Оқбарс дўнгчадан тушиб, Бойчечак сари юрди. Яқин боргач, қалби тўлқинланганидан нафас олиши тезлашиб, чечакни авайлаб ҳидлади, ҳушидан кетгудек бўлиб тебранди. Тебраниши тийилмасидан: “Бу сенмисан? Кезаргон Бойчечаксан, а?” – деб сўради.
 – Ҳа, Бойчечакман!
 – Адашмасам, Наврўзойни излаб кетяпсан. Тўғрими?
 – Тўғри, – қўнғироқчаникидек жарангли сасда жавоб қилди Бойчечак. – Биламан, Наврўзой икки кўзи тўрт бўлиб мени кутиб турибди.
Шу пайт шув-в этган овоз таралиб, этларга игна бўлиб санчилувчи совуқ ҳаво тўзғиди. Яшил япроқларида гулини шошиб ёпиб олган Бойчечакнинг қаршисида аждарсифат қора тутун пайдо бўлди. Думининг учи ўрим-ўрим сочлардек ёйилиб ҳилпирар эди.
 – Кутиб турибди деб хомтама бўлма! – дея гулдироқланиб сўзлади у. – Ўша Наврўзойинг ҳозир бировни кутадиган аҳволда эмас. Буни мен – куч-қудратда тенги йўқ Аёззода айтяпман!
Олдиларида қартайган Қишнинг тошбағир лашкарбошиси Аёззода турганини англаб етган Оқбарс, қанчалар довюрак бўлмасин, бир лаҳза эсанкираб қолди. Бироқ, саросимага тушмади, Бойчечакни ўз гавдаси билан девордек тўсиб, уни изғириннинг музсанчар игналаридан ҳимоя қилишга тиришди.
Итнинг туришини кўриб, Аёззода қаҳ-қаҳ ота бошлади. Кулгани сайин, совуқ баттар кучайиб бораверди, яланғоч буталардан тортиб улкан дарахтларнинг танасигача чирсиллаб кетди. Бунақада суяклари чатнаб ёрилиши мумкинлигидан ҳайиққан Малламош “Вой, миёв-ей” деб қўйиб, ўзини қоқмоч бурганлар ичига урди.
 
Наврўзойнинг нотаниш қаллиғи
 
Аёззода ёлғон сўзламаганди. Наврўзой шу топда чиндан ҳам беҳушлик ҳолатига тушиб қолган, на атрофда нималар бўлаётганини сезар, на бирон-бир шовқин уни безовта қила оларди.
Наврўзой эрталаб ҳам туппа-тузук эди. Кўксаройни файзга чулғаб, кун бўйи хушчақчақланиб юрди. Ариқчадаги сувлар билан қувлашмачоқ ўйнади, тубидаги тошчаларни олиб, қизалоқларга тўптош улашишни истаётгандек, юмалоқ-юмалоқларини саралади, омборчасига кириб, ўт-ўланлар, дов-дарахтларнинг танасини, япроқларини, гулларини бўяб чиқиш учун турфа хил ранглар танлади. Кечки пайт яна майдончага қайтиб чиқиб, хилма-хил ўйинчоқлар шаклидаги булутларнинг сузишини томоша қила бошлаган маҳалда, бобоси унинг ёнига келди.
 – Байрамга тиккан кийимларингни қачон киясан, қизим? – деб сўради. – Қиш бугун ярим кечадаёқ сенга тахтини бўшатиб бериш тадорикига киришади. Эртага илк саҳарда Баҳорхоннинг тимсоли бўлиб тахтга сен ўтирасан. Қолган-қутган қорларни супуришга, ерларни ёмғир билан суғоришга, табиатни бўяшга тушасан. Борлиқ сени катта шодиёна билан қарши олади.
Бобосининг гапларини эшитиб, Наврўзой энтикиб кетди. Хонасига кириб, оқ кўйлагини, яшил нимчасини, хиром махсисини кийди, мовий рўмолини ўради, ўзини тошойнакка солиб кўрди. Олдиларидан бир ўтиб қўймасам бўлмас деб, шу ясан-тусанда бобосининг ёнига борди, янги кийимларини кўз-кўз қилди.
 – Ҳаҳ ҳў-ў, жудаям очилиб кетибсан-ку, қизгинам, – дея неварасига кўзи тўймай тикилди Кунтуғди ота. – Сени шу туришда кўрса, Бойчечакбек нақ анграйиб қолади ҳали.
Наврўзой ингичка қошларини чимириб, бобосига савол назари билан боқди:
 – Бойчечак? Ким у?
 – Қаллиғинг-да, – бамайлихотир жавоб қилди Кунтуғди ота.
 – Вой, қанақасига қаллиғим бўларкан? – таажжубланди Наврўзой. – Уни умримда кўрмаганман-ку, бобо.
Кунтуғди ота ўшандай хотиржамлик билан: “Ҳали кўрасан, ёқтириб ҳам қоласан”, дея тасалли бера бошлаган эди, невараси: “Ёқтириб қолишимни қаёқдан биласиз?” – деб баттар ҳайратланди.
Бобо бу гал ҳам пинагини бузмади:
 – Биламан-да. Чунки, ривоятда шундай деб ёзилган. Бойчечак икковингнинг тақдиринг битта. Шунақа экан, бир нарса баҳона бўлади-ю, сизлар учрашасизлар. Ана ўшанда, Бойчечак ўз-ўзидан кўзингга иссиқ кўриниб кетади. Кейин ундан айрилгинг келмай қолади.
 – Етти ёт бегонадан-а?
 – Ие, Ойтуғди опамнинг невараси нега бегона бўларкан?
Хонасига қайтиб бораётганида ҳам, бориб, яна тошойнакнинг олдига ўтирганида ҳам Наврўзойнинг хаёлида бир савол такрорланаверди: “Қанақа экан ўша Бойчечак?”
Бойчечак кўз ўнгида турли қиёфаларда гавдалана бошлади. Шуниси қизиқки, барча қиёфалар бири биридан ёқимтой эди.
Наврўзой сочларига оро бераётганида, хонанинг торгина туйнугидан шовуллаб шамол киргандек бўлди. Шамол ўзи билан бирга болачоқалар узоқ-узоқларда куйлаётган жўшқиндан-жўшқин қўшиқнинг садосини ҳам олиб келганди.
 
Бойчечагим, Бойчечак,
Атир хумли гулпечак.
Яшириб қўйсин атрини,
Опқочмасдан Ўргимчак.
 
Бойчечагим шайлансин,
Кўчани кезиб айлансин.
Келинчаклар қанд берса,
Бағрига кириб жойлансин...
 
Элда Наврўзой ҳали билмаган бир удум бор – болалар бойлам-бойлам бойчечакларни мистовоққа териб, қўшиқ айтганларича, азали хонадондан ташқари, маҳалладаги ҳар бир уйга кириб чиқишади. Аёллар мистовоқдан бир бойлам гул олиб, ўрнига туршак, ёнғоқ, қанд-қурс ташлайверадилар. “Бойчечакчи”лар топганини ўртада тақсимлаб ейишади.
Наврўзойнинг бор кўргиликлари айнан шу палладан – совуққина шамол туйнукдан шув-в этиб кириб келишидан бошланди. У ўз танасида ғалати бир жунжукишни ҳис этаётганида, аждарсимон қора тутун пайдо бўлиб, кўмирранг кўзларини унга лўққайтирди. Учи тўзиқ думини тагига йиғиб олгач: “Ҳа, жинқарчахон, тахтга ўтиргилари кепқолдими?” – деб гувранди.
Наврўзой юрагини босиб олиб, сиполик билан деди:
 – Эшитишимча, Қиш жаноблари менга тахтни ўз ихтиёрлари билан бўшатаётган эмиш.
 – Мияси айниб қолган ўша қария нималарни ўйлаши менга бир пул! – деб ғўдайди сумбати совуқ қора булут. – Калласи жойида бўлса, тайёр тахтдан воз кечармиди? У тахтдан кетса, бизга ўхшаганлар ҳам амалидан маҳрум бўлади. Шахсан мен бунга йўл қўйиб бўпман. Охирги аскарим қолгунча жанг қиламан! Буни мен – найзабоз изғиринлар лашкарбошиси Аёззода айтяпман!
Бу пўписаларнинг остида не мақсад ётганини тушуниб етган бўлса-да, тепадан учиб тушаётган тошни орқага қайтаришга уринишдан нима фойда, деб ўйлаган Наврўзой Аёззодага кўзини жовдиратиб боқди:
 – Азалдан белгилаб қўйилган муддат битганидан кейин, фасллар саройида ўз-ўзидан ўзгаришлар бўлиб туриши барчага аён-ку. Шундай экан, бу ўжарлигингиздан қандай наф бор? Бўлмасдан қолмайдиган ишга қарши чора топиш мумкинми?
Аёззода оғзининг четида тиржайди:
 – Чора йўқлигини тан олиш – лапашанглик. Иложи йўқ, тартиб шунақа деб ўтирмасдан, доим дангал ҳаракат қилиш керак.
Гапни тугатибоқ, Аёззода ўша дангал ҳаракатни амалда кўрсатишга киришди. Унинг кўзлари шишаётган пуфакдек олайиб боргани сайин, совуқ ҳам зўраяверди. Наврўзой олдинига титрашга тушди, сўнг этлари бўшашиб, уйқу босаётгандек туюлди, охири карахтланган тарзда туриб қолди. Фақат лаблари дамо-дам хиёл қимирлаб қўяр, киприк қоқишлари ўта секинлашиб кетганди.
Ишни битирган Аёззода мамнун кеканглаб, ортга қайтди. Икки ёндаги қатор-қатор хоналар оралаб кетган йўлакдан тутундек сирғалиб ўтиб, Кўксарой майдончасига чиқиб борди. Чиққан заҳоти, Кунтуғди отага дуч келди. Аввалига, Кунтуғди отанинг тафти уни буғлантириб юбориши мумкинлигидан чўчиб, шувиллаб кўздан йўқолишга чоғланди-ю, бу чол балки яхшиликча битим тузишга рози бўлар деган ўй билан узоқроқда тўхтади.
Кунтуғди ота: “Буёқда нима қилиб юрибсан, музбашара?” – дея ҳадикланиб сўраган эди, Аёззода: “Биттасини акашак қилиш зарур бўпқолувди, шу ишни қилдик”, деб бурнини кўтарди. Бундан Кунтуғди отанинг безовталиги ошди:
 – Агар неварамга теккан бўлсанг...
 – Бошқа кимгаям тегардим? – деб гапни илиб кетди Аёззода. – Қўрқманг, вақтинчага карахт қипқўйдим холос. Наврўзой эртага тахтга ўтиролмаса, қарабсизки, мўйсафид Қиш ҳам ўз ўрнида, биз ҳам ўз амалимиздамиз.
 – Барибир ниятингга етолмайсан, қилвир, – қатъий боқиб сўзлади Кунтуғди ота. – Авлиёлар минг йиллар бурун айтиб қўйишибди, душманлар Наврўзойни ҳушсизлантирса, кезаргон Бойчечак кўмакка келади деб. Мана кўрасан, Бойчечак албатта келади. Наврўзой унинг исини сезибоқ, ҳушига қайтади.
Аёззода қитмирона қиялади:
 – Бойчечак келолмаса-чи? Наврўзойни карахт қилишни уддалаган эканмиз, ўша кезаргонни музлатиб ташлашгаям кучимиз етар?
Энди бирон-бир келишувни таклиф қилиб қолар деб турган Аёззода Кунтуғди ота авзойи бузилганича яқинлашаётганини кўриб, буткул эриб кетмасидан олдин шув-в этиб ғойиб бўлди. Унинг думидан тутишга улгуролмай қолган Кунтуғди ота шошганича Кўксарой ичкарисига қараб юрди. Неварасининг хонасига кириб боргач, сесканиб тўхтади.
Наврўзой бир нуқтага тикилган куйи сопол қўғирчоқдек қотиб турарди.
 
Маразларнинг марази ким?
 
Кезаргон Бойчечакни совуқдан асрашга уринаётган Оқбарснинг туришини кўриб, қаҳ-қаҳ отиб юборган Аёззода, кулгиси тийилгач, итга масхараомуз гап ташлади:
 – Бир билиб қўяйлик, неччи даража совуққа чидайдилар?
 – Бундан баттар совуқлардаям ўлмаганман, – деди Оқбарс.
Аёззода: “Ўлдирадиганини мана энди кўрасан-да”, деб чуччаланди ва уён-буёнига аланглаб: “Бошланглар, найзабозларим! Итниям бирёқли қилинглар, Бойчечакниям!” – деб ҳайқирди. Бирдан қорамтир тутунчалар пайдо бўлиб, совуқ ҳаводан ясалган найзаларини ўқталган асно ҳужумга ўтишди. Оқбарс ачитқи изғиринларга дош бериб, ҳали у, ҳали бу тутунча билан сўқишаётган эса-да, Бойчечак тобора сўлғинланаётгандек кўринарди. Бундан Аёззоданинг кўнгли чаманга айланди, “Баракалла, азаматларим! Икковиниям тараша қипқўйинглар!” – деб аскарларини тўхтовсиз қайраб турди.
Дам у тутунчага, дам бу тутунчага ташланавериб, силласи қуриб бўлган Оқбарс охири Бойчечакнинг устига авайлабгина бағир босиб, момиқ юнгли баданидаги бор ҳароратни унга беришга тиришди.
 – Кўппакни четга юмалатиб ташласанглар-чи! – аскарларига ўшқирди Аёззода. – Менга ўлган ит эмас, музлаган Бойчечак керак. Кўкатваччани хазондек қовжиратинглар! Танасини толқонлаб, кулдек тўзғитиб юборинглар!
Қони сония сайин совиб, вужуди измига бўйсунмай борётган чоғда ҳам Оқбарс ўз жонидан эмас, Бойчечакни эзғилаб қўйиши мумкинлигидан хавфсираётган эди. Яна қанча чидаркинман деб турганида, бахтига Ойтуғди она келиб қолди.
Ойтуғди она бўйнидаги туморидан чарақ-чарақ нур сочиб, қорамтир тутунчаларни киш-кишлаб ҳайдагач, Аёззодага хўмрайиб деди:
 – Ёмоннинг кучи япалоққа етибди деганлари тўғри экан. Итимда нима ўчинг бор эди?
 – Қизиқсиз-а, Ойтуғди она, – деб қалбаки ройишланди Аёззода. – Мен кимман-у, ит ким, унда қанақа қасдим бўлиши мумкин?
 – Бўлмаса, нимага қийнаётувдинг?
 – Қийнаб ўлибманми, неччи даража совуққа чидашимни билиб беринглар деб, ит ўзи илтимос қипқолди. Йўқ дейишга бетим чидамади.
Аёззода Ойтуғди онага ҳануз димоғдорлик билан боқиб тураркан, бемаҳалда қаёққа кетаётганини суриштирди. Бойчечакни излаб юрганини эшитиб, бунақа ўсимликлар атрофда кўплиги, қидириб юришнинг ҳожати йўқлигини уқтиришга тушган эди, Ойтуғди она сўзини бўлди:
 – Биласан, жамики Бойчечаклар менга невара бўлади. Мен бугунги тунда ҳаммасидан кейин униб чиқадиган кезаргон Бойчечакни ахтаряпман.
 – Ие, Бойчечакнинг кезаргониям бўларкан-да? – ёлғон гапираётиб заррача қизариб қўймади Аёззода. – Қани, онахонга йўл бўшатинглар, аскарларим. Бориб, тезроқ ўша неварасини топсин.
Ойтуғди она юришга шайланганида, қорамтир тутунчаларнинг ҳужуми тўхтагани боис баданига сал илиқлик югурган Оқбарс, сўйланишга қурби етмаганидан, зорланган оҳангда ингиллади. Итининг нимадир демоқчи бўлаётганини пайқаган Ойтуғди она яна тўхталиб қолди. Буни кўриб, Аёззода безиллаб типирчилади.
 – Анқаймасдан, ишни давом эттирсанглар-чи! – деб аскарларини қистовга олди у. – Ана, шўрлик ит синовни тўхтатганимиздан нолияпти. Камбағални яхшилаб синанглар.
Қорамтир тутунчалар совуқ найзаларини олдинга ўқтала бошлаганларида, Оқбарс бор кучи билан қўзғалиб, ёнга ағдарилди. Ғужанакланиб олган Бойчечак секингина қаддини кўтарди-ю, Ойтуғди онани кўриб, қувониб кетди:
 – Буви! Бувижон!
 – Таниди, – дея мамнун жилмайди Ойтуғди она. – Кезаргон Бойчечак шунақа, шерикларидан бўлакча. Ҳамма яқинларини тушида кўриб, олдиндан таниб олади.
Ойтуғди она Бойчечакни ердан кўтариб, авайлабгина кўксига босди. Бу вақтда анча ўзига келиб қолган Оқбарс, Аёззода томонга ишора қилиб, хаста овозда деди:
 – Анави қораялоқ Бойчечакни музлатиб ўлдирмоқчи бўлди.
Ойтуғди онанинг бирдан ғазаби қайнади. Аёззодага жирканиб кўз қадади. Эндигина сўзга оғиз жуфтлаганида, Аёззода безланиб туриб, ўзи гап бошлади:
 – Бўйнимга оламан, дунёдаги маразларнинг маразиман. Шунақа туғилган бўлсам, нима қилай? Кезаргон Бойчечакни йўқотишим керак эди, шунга уриниб кўрдим.
Ойтуғди онанинг ғазаби нафратга айланди:
 – Неварамнинг нима зиёни тегувди сенга, яшшамагур?
Аёззода тахтни Наврўзой эгаллашига қарши эканини яшириб ўтирмади. Наврўзойни аллақачон карахт қилиб қўйганлигини билдириб, энди уни ўзига келтириши мумкин бўлган Бойчечакни ҳам зарарсизлантиришга мажбурлигини айтди.
 – Мажбур бўлсанг, мажбурлигингча юравер, – деди Ойтуғди она. – Бундан берисига неварамга яқинлашиб бўпсан.
Ойтуғди она шундай дея бўйнидаги туморни бир чарақлатиб қўйган эди, Аёззодаю қорамтир тутунчалар чақиндан қамашган кўзларини қора буғдек эшилаётган кафтлари билан тўсишди. Аёззода ўзини ўнглаб: “Бу туморда ёруғлик бор-у, тафт йўқ, шу сабабли ундан қўрқмайман”, деб керилган эди, Ойтуғди она заҳарханда кулимсираб қўйиб: “Қўрққанингдан тийилиб турибсан-да. Бу тумор куйдирмаса ҳам, кўзингни кўр қила олишини жуда яхши биласан”, деди.
 – Нима бўлгандаям, олдиндан огоҳлантириб қўяй, – деб девланди Аёззода. – Агар кезаргон Бойчечак уйингиздан бир қадам ташқарига чиқса, уёғига жим туролмайман. Буни мен – доимо гапи гап бўлиб келган Аёззода айтяпман!
Бойчечак: “Шу бақироқни кўр қипқўяқолинг, буви. Мен барибир жойимдан жилмасдан ўтиролмайман, Наврўзойни топиб, ҳушига келтиришим керак”, дея ялинишни бошлаган эди, Ойтуғди она: “Аввал уйга борайлик-чи, кейини бир гап бўлар”, деб йўлга тушди. Оқбарс ортидан эргашди.
Малламош бурганлар орасидан секингина эмаклаб чиқиб, оёқни қўлга олиб қочмоқчи бўлганида, уни кўриб қолган Аёззода шувиллаб бориб, олдини тўсди. Қорамтир тутунчалар мушукни зумда қуршаб олишди, совуқ найзалари билан биқинига бир-икки нуқиб қўйишди.
Аёззода шунчаки “пуф” деган эди, мушукнинг танасига санчиқ кириб, бир муддат кулчаланиб турди.
 – Қаёққа эмаклаётувдинг, чалайўлбарс? – деб сўради Аёззода.
Гап тўқишга миттилигиданоқ уста бўлган Малламош оч қолиб, сичқон овлаётганини айтди. Ҳеч кими йўқ етимча эканлиги, ташландиқ ва қаровсизлиги, қирқ кундан буён туз тотмаганини ҳам қистириб ўтиб, турганларнинг раҳмини келтиришга уринди.
 – Ёввойи мушукман деб мени лақиллатмоқчи бўляпсанми, туллаки? – дея аччиғланди Аёззода. – Ёввойи мушукларнинг бадани чандиққа тўла бўлади. Сендақа ювиниб-тараниб юришмайди.
Ҳозир гапни лойқалаштириб ўтирадиган вазият эмаслигини англаган Малламош: “Ҳа, охири мениям қўлга ўргатишди”, деб мунғайди. Аёззода бу ўрамда Ойтуғди онадан бошқа ҳеч ким яшамаслигини назарда тутиб, пичинг қилди:
 – Ойтуғди онанинг қўлини ялаб кун кўраман дегин?
 – Буниям тўғри топдингиз, жаноб Аёззода, – минғирлади Малламош. – Каллангизда ўн беш қоп мия борми дейман?
 – Мени мақташга уриниб, яхши иш қилдинг, – деди Аёззода. – Лекин, ўн афсус, юз афсус, минг афсуски, сени тирик қўйиб юборолмайман.
Малламошнинг кўзи қайнаб, айби нимада эканлигини сўраган эди, Аёззода: “Айбинг шуки, душманларимга қарашлисан”, деди ва аскарларига юзланиб, маънодор ишора қилди. Қорамтир тутунчалар мушукнинг устига ёпирилишди. Мушук жон ҳалпида қаёнга сакрамасин, қорамтир тутунчалар ўша ёқда пайдо бўлиб, совуқ найзаларини беаёв санчийверишди.
 – Вағ-ғ, вағ-ғ! Войдод! – борлиқни бошига кўтариб айюҳаннос солди Малламош. – Жаноб Аёззода, шафқат қилинг! Бир ғарибга нимага раҳмингиз келмаяпти? Ҳаммага ўхшаб, мен ҳам бу дунёда бир марта яшайман. Ўн гулимдан бир гулим очилмай туриб, ҳаром ўлиб кетавераманми? Баҳор келяпти, ҳеч бўлмаса, яна бир марта уйланиб кўрай, мениям орқамда бола-чақа қолсин. Ўтиниб сўрайман, ўлдирманг мени. Қулингиз бўлай, акагинам!
Аёззода ўнг қўлини юқори кўтарди. Қорамтир тутунчалар шу дақиқадаёқ ҳаракатдан тўхташди.
 – Охирги гапингни яна бир қайтар-чи, – дея мушукка яқинлашди Аёззода.
Малламош: “Жон аччиғида айтганларимнинг қайси бири эсда қоларди”, дея дилдираб йиғламсираган эди, Аёззоданинг: “Балки тузукроқ жиқ-жиқ қилсак, ёдингга тушар”, деганини эшитиб, мўйлови титради, “Менимча, қулингиз бўлай девордим-ов”, деб кўзини мўлтиратди.
 – Шу сўзларинг рост бўлса, менга тиригингча кераксан, – деди Аёззода.
 – Бошингга қилич келсаям фақат рост гапир, деб ота-онам ҳар куни тайинлайди, – боя етимлигини пеш қилганини унутиб, аравани қуруқ олиб қочди мушук. – Шу вақтгача бир томчи ёлғон ишлатмаганман, бизбоп хизмат-пизмат бўлса, тортинмай айтаверинг.
Аёззода четга боқиб: “Ҳў, ғилдираккўз! Қаёқдасан?” – деб қичқирган эди, бир Укки учиб келиб, ёнидаги бутага қўнди.
 – Салгина “кув-в” деб қўйсанг бас, шу ғилдираккўз аллақачон ёнингда турган бўлади, – мушукка хизмат-пизматни юклашга киришди Аёззода. – Кезаргон Бойчечак уйдан чиқди дегунча, Укки орқали менга хабар етказасан. Агар панд берсанг, денгизнинг тубида бўлсанг ҳам топиб, мушукка ўхшаган музқаймоққа айлантираман сени.
 – Бунақа совуқ гапларнинг нима кераги бор? – зардаланди Малламош. – Қулингизман деганимдан кейин, бўлди-да. Ҳали у шубҳани, ҳали бу шубҳани рўкач қилиб қўрқитаверасизми?
Аёззода мулойим тортди:
 – Бошқа томониниям айтиб қўяй, топшириғимни қойиллатсанг, мўмайгина мукофот оласан.
Малламошнинг юраги потирлаб, мукофотнинг қанақа эканлигини суриштирди. Аёззода: “Нималигини олдиндан билсанг, қизиғи қолмайди”, дея унинг белини сийпалади. Совуқ қўл тегиши биланоқ баданига муз оралаган мушук сир бой бермай, ликиллаб ялтоқланди. Эркалатишларини жуда яхши кўрарди, нима мақсадда эркалатишаётгани уни қизиқтирмасди.
 
Тайини йўқ мукофот
 
Кезаргон Бойчечак уйга келганидан бери тиқилинч қилиб чарчамаётганди. Ойтуғди онанинг: “Шошмасанг-чи, сени бу ердан қандай яширинча олиб чиқишни ўйлаяпман”, деган сўзларини эшитгиси келмасди.
 – Ҳозир ўйланиб ўтирадиган вақтми, буви, – деб тошиқар эди. – Наврўзойни тезроқ топмасам, кейин кеч бўлади.
 – Қўрқма, кеч қолмаймиз, – дея неварасини тинчлантиришга уринарди Ойтуғди она. – Юзлаб йиллардан буён Кунтуғди укам билан вақтида учрашиб юрган бўлсам-у, бу сафар кечикар эканманми? Буёқдан сени етаклаб мен бораман, уёқдан Наврўзойни бошлаб Кунтуғди укам келади. Тун билан куннинг қизил чегарасида албатта юз кўришамиз. Бирпас ҳовлиқмай тургин.
 – Айтаверасиз-да, буви. Бу гал иш анча чигал, кўнглим бир чатоқликни сезиб турибди.
 – Элбурутдан ёмон ният қилма. Аёззоданинг биринчи бетамизлиги эмас бу, илгариям шунақа қилғиликлар қиптурган. Барибир қўлидан ҳеч нима келмайди, илиқ ҳаволарнинг йўлини тўсаман деб, ўзи балога учрайди.
Бувиси таскин беришга нечоғли тиришмасин, Бойчечакнинг хуноби ошиб борверди. Охири юраги сиқилганича жойидан қўзғалди:
 – Йўқ, буви, сизнинг оёғингизга қараб юришга сабрим чидамайди. Оқбарсни минаман-у, ҳозироқ йўлга тушаман.
 – Аёззода худди шуни пойлаб турибди.
 – Аёззодадан қўрқмайман!
Бир бувининг, бир неваранинг оғзига аланглайвериб бўйни оғриб кетган Оқбарс, тоқати тоқ бўлиб, Ойтуғди онага юзланди:
 – Аҳволни кўриб турибсиз-ку, айтганини қилмагунча неварангизнинг кўнгли жойига тушмайди. Майли, мен уни қизил чегарага тезроқ олиб борақолай, ҳовури сал босилсин. Аёззода рўпара келса, боргунингизча қўриқлаб туришга ярайман.
 – Зўр гапни айтдинг! – севиниб қичқирди Бойчечак. – Кетдик, Оқбарс!
Шундай дея, бир сакраб, итнинг белига минди. Чў деган товуш янграши билан Оқбарс илондек сапчилаб, эшик сари отилди, Ойтуғди она ҳой дейишга ҳам улгурмай қолди.
Отилган ўқёйдек чиқиб кетган Оқбарснинг эпкини босилмай туриб, ичкарига Малламош кириб келди. Ойтуғди онага яқинлашиб, кўзи бежоланган сиёқда: “Бу улоқчилар қаёққа йўл олишди, ё Оқбариснинг аммаси яна туғибдими?” – деб саволга тутди.
 – Бойчечак тушмагур мениям, Оқбарсниям хит қилворди, – деди Ойтуғди она. – Тезроқ етиб бормаса, гўё Наврўзой беҳушлигича қолиб кетармиш. Шунақаям шошқалоқ бўладими!
Малламош сузилиб бош чайқади:
 – Нимасини айтасиз, ҳозирги ёшларнинг аччиғи бурнининг учида туради, бири биридан қайсар. Одоб қани? Ахлоқ қаёққа кетди?
Ойтуғди она бир хўрсиниб олиб, ўрнидан турди:
 – Майли, мен ҳам борақолай бўлмаса. Тағин Аёззодага йўлиқишиб...
 – Бемалол бораверинг, онахоним, – қаддини ясовулдек ғўққайтирди Малламош. – Уйни пойлашни менга қўйиб беринг. Бирорта сичқон сандиғингизга кўз олайтиб кўрсин-чи!
Ойтуғди она кетгач, мушук ташқарига чиқиб, унинг узоқлашишини кутиб турди. Кейин, олдинги оёқларида оғзининг икки четини тўсиб, “кув-в, кув-в” деб овоз қилди. Чопарликка қолдирилган Укки қайрағочлар орасидан ғувиллаб учиб чиқиб, томнинг қиррасига келиб қўнди. Мушукнинг чақувини эшитибоқ ортга қайтди, кўп ўтмай тутунсимон аскарларини эргаштириб олган Аёззодани бошлаб келди.
 – Кетишганига қанча бўлди? – совуқ пуркаб сўради Аёззода.
 – Кўп бўлгани йўқ, – деди Малламош. – Жа борса, бир сичқон ейишчалик вақт ўтгандир-да.
Бу гапдан жиззакилиги қўзиган Аёззода: “Битта сичқонни қанчада еб бўласан, мешқорин?” – деб ўшқирган эди, Малламош: “Сичқон тутиб берсангиз, буни аниқ билиб олардингиз”, дея тамшанди.
Мушукнинг талтайиши Аёззодага ёқмай, қовоғини уйди. Шу кепатада туриб: “Тезда уларнинг изига туш, нима қилиб бўлсаям йўлдан чалғит. Кезаргон Бойчечак Наврўзойнинг олдига керакли муддатда етиб боролмаса, мукофотингни нақ уч бараварга ошираман”, деди. Буни эшитиб, Малламош пешанасини қирт-қирт қашлади, кўзи алағдаланди. Нималиги ҳануз тайинсизлигича қолаётган мукофотнинг уч баравари кўтарасига қанча салмоққа эга эканлигини билолмай гаранг эди.
 – Ҳар ҳолда, чалароқ бўлсаям билволсак, зарар қилмасди, – деб чайналди у. – Ўша мукофотнинг ё шакли, ё таъми, ё қиммати тўғрисида қиттак шама қилиб ўтсалар деганидим.
 – Айтувдим-ку, билсанг қизиғи қолмайди деб, ўзининг мужмаллигида туриб олди Аёззода.
 – Унда, йўқ нарсанинг уч баравари тахминан қанақароқ бўлсайкин?
 – Буни чамалаш учун мияни ачигунча ишлатишингга тўғри келади. Олдинига жаҳондаги ҳамма нарсани кўз олдингга битта-битта келтириб, кейин шулардан қайси бири сенга аталган бўлиши мумкинлиги устида бош қотирасан. Ўйлайвериб калланг ёрилай деганида, э бор-е, униси бўлмаса, буниси қўлга кирар деган тўхтамга келасан. Қўлга кириши мумкин бўлган бирон нарсанинг бир варакайига учтасига эга бўлиш уч баравар мукофот дейилади.
 – Демак, бу – ё уч тоғора пишлоқ, ё уч дона ушоқ. Шунақа деса, тўғри бўладими?
 – Жуда уқувсиз махлуқ экансан. Мукофот – пишлоқ дегани ҳам эмас, ушоқ дегани ҳам эмас. Чунки, фалон нарса олдим демайсан, мукофот олдим дейсан. Тўғрими?
 – Тўғри-ёв!
 – Мана энди зеҳнлаб етгандирсанки, мукофотнинг қанақа мукофот эканлигини олдиндан билишинг, кўнглинг тўлиш-тўлмаслиги ҳеч нимани ҳал қилмайди. Мукофот, бу – мукофот! Вассалом!
Мияси қатиққа айлана бошлаганини ҳис этган мушук сўррайиб туриб қолди. Мукофотни ҳансираб-ҳансираб қабул қилиш ўта мароқли, аммо жинни бўлиб қолмай десанг, то олмагунингча, у ҳақда ўйламаган маъқул экан.
Мушукни фикрлар чангалзорида адаштириб ҳузурланаётган Аёззода гапни яна асосий мақсадга бурди:
 – Шунақа, мушуквой, кезаргон Бойчечакни Оқбарсга қўшиб бирон-бир фалокатга йўлиқтира олсанг, уч баравар мукофот қопидан юқигача сеники. Бу ишни бажаргинг келмаса, туғилганингга аттанг қилдирвораман!
 – Муз-муз гапларни гапиравериб, юрагимни тушириб қўймасангиз яхшийди, – деди Малламош, ранги ўчиб. – Бизга ўхшаганлардан минг марта кучлисиз, мени қийнамай, уларни ўзингиз кесак қипқўяқолинг-да.
Ҳақиқатан ҳам бу иш Аёззода учун чўт эмасди, фақат бундай қилишни истамаётганди. Сабаби, ортдан етиб келган Ойтуғди она Бойчечак билан Оқбарсни музлаб ётган ҳолда кўрса, бу Аёззоданинг иши эканлигини тезда фаҳмлайди, ўч олмай қўймайди. Улар ўзлари қандайдир ишкалликка йўлиқишса, бу бошқа масала, Аёззода оппоқлигича қолаверади. Бировни айблаш учун далил керак, Ойтуғди онанинг шубҳаси эса далил бўлолмайди.
Аёззода буни мушукка ижикилаб ўтирмай: “Тагини кавламасдан, айтганимни индамай қилишни ўрган”, деб ўдағайлади.
 – Оббо, – деб афтини бужмайтирди Малламош. – Оқбарис ниятимни сезиб қолмасин-да, ишқилиб. Сезса, ўша жойнинг ўзида аталамни чиқаради.
 – Ваҳима қилма, – деди Аёззода. – Ҳаммаси жойида бўлади. Буни мен – сендақанги аблаҳларнинг қўлидан нималар келишини яхши билган Аёззода айтяпман!
Аёззода гапини қилдирмасдан қўймаслигини англаган Малламош тақдирга тан берди. Янги эгасига боқиб: “Унақа бўлса, мени тўғри ботқоқ томонга учириб боринг.Уларни ўша жойда кутволиб, ўша жойда гумдон қиламан”, деди.
Шундай дея, бир ирғиб, Аёззоданинг белидаги тасмага ўткир тирноқларини ботирди. Аёззода шув-в этиб жойидан қўзғалди, тасмасида саланглаб турган мушук билан бирга ҳавога кўтарилди. Тутунчалар аскарлик тузигидаги қоидага бўйсуниб, қаёққалигини суриштириб ўтирмасдан, лашкарбоши йўналган ёққа қараб силжишди.
Осмоннинг қорамтир тусга кирган қисмини ёмон мақсадлар қоплаб олганга ўхшарди.
 
Кўзи ожиз етакчи
 
Ривоятда қандай битилган бўлса, сўзсиз худди ўшандай бўлади. Айтилмаларнинг хатодан холилиги неча замонлардан буён турмушда исботини топиб келяпти.
Фасллар ривояти ўзгарувчанликка мойил ҳис-туйғуларнинг эмас, асосга таянувчи ақл-идрокнинг маҳсули. Унда айтилган эканми, демак Ойтуғди она билан Кунтуғди ота, Бойчечак билан Наврўзой белгиланган кун, белгиланган фурсатда учрашмасдан қолмайди. Йилма-йил шундай бўлиб келган, бугун яна шундай бўлади, келгусида ҳам шундай бўлаверади. Буни ўзгартира оладиган куч ер сатҳида йўқ. Ўзгартириш зарурати туғилса, бу ишни шундай тартибни жорий этган фазовий Қудратнинг ўзигина амалга оширишга қодир.
Кунтуғди ота карахтланган Наврўзойга йўл-йўлакай шу янглиғ ҳикматларни сўзлаб келар, зора эшитаётган бўлса деб умид қиларди. Ахир, етакласа, имиллаб бўлса-да одимлаяпти-ку. Шундай экан, нега энди элас-элас эшитмасин? Агар эшитаётган бўлса, Бойчечак тўғрисидаги сўзларни тинглаганда, ичи яшнаб-яшнаб кетаётгандир?
 – Бу қанақаси бўлди, бу? Ернинг тагидаям тинч қўйишмайди-я!
Қулоғига ортдан товуш чалинди-ю, Кунтуғди ота Наврўзойнинг қўлтиғидан буриб, ўша ёққа ўгирилди. Чап қўлида ҳасса ушлаб олган Кўркаламуш ер остидаги уясидан чиқиб, кавакнинг четида уён-буён аланглаб турганини кўрди.
 – Уйимнинг томида гупир-гупир қилаётган ким ўзи? – қуруқ дўқни давом эттирди Кўркаламуш. – Бизга ўхшаганларга кун борми?
Кунтуғди отанинг юзига самимийлик ёйилиб, кексайиброқ қолган жониворга илтифот билан муомала қилди:
 – Яхши юрибдиларми, тақсир? Бу менман, Кунтуғди отаман.
Кўркаламушнинг чеҳраси чароғонланиб: “Ие-ие, ўзларимилар? Хуш кўрдик, Кунтуғди ота, хуш кўрдик. Танамга тафтингиз текканидаёқ, сизга йўлиққанимни фаҳмлашим керак эди мен лодон. Табаррук зот билан учрашиш насиб этган экан, бир кўришиб қўяйлик”, дея иккала кафтини олдинга чўзиб ўрмалаганича уларнинг ёнидан ўтиб кетди. Бориб, нарироқдаги чуқурчага ағанади.
Кунтуғди ота Наврўзойни эҳтиётлик билан яна ортга буриб, Кўркаламушга қандай кўмаклашишни билмай турганида, у тезда оёққа қалқди-ю: “Сезгисига ортиқча бино қўйиб, ҳассани ишлатмаганнинг жазоси мана шу”, дея чуқурдан чаққон чиқиб келди.
 – Мен буёқдаман, тақсир, – Кўркаламушнинг шу ёшда ҳам тетиклигига ҳавас-ла боқиб овоз қилди Кунтуғди ота. – Мана, тўғрингизда турибман.
Кўркаламуш: “Э, қадамларига ҳасанот”, деб, ҳассасида ерни чўқилай-чўқилай, уларга яқинлашди. Ҳассасини олдин Наврўзойнинг, сўнг Кунтуғди отанинг оёқларига уриб кўриб: “Кунтуғди ота битта бўлса керак деб юрардим, иккита экансизлар-да, а?” – дея сайроқиланди.
Кунтуғди ота мийиғида кулимсираб деди:
 – Мен ҳалиям биттаман. Ёнимда неварам Наврўзой ҳам бор.
 – Ёлғиз келмаганингиз янаям соз бўпти, – жойида типирчилаб бидирлади Кўркаламуш. – Қани, ичкарига кирайлик. Бултурги маккалардан анчагина бор. Бурноқ йилгисини яқинда еб тугатдим. Уёғини сўрасангиз, азиз меҳмонларга атаб, тоза буғдойдан ҳам босиб қўйганман.
 – Раҳмат, тақсир. Ҳозир сал-пал шошиб турувдик.
 – Унақа бўлса, қаёққа шошилаётганларини билиб қолайлик.
Кунтуғди ота қаёққа кетишаётганини айтгач, Кўркаламуш Наврўзойнинг нега жим тургани билан қизиқиб: “Суваракдан тортиб Типратиконгача бизга биринчи бўлиб салом берарди, неварангиз ҳалиям индамаётганига ҳайрон бўпқолдим-да. Ё оғзида қанд борми? Биз ҳам биттасини татиб кўрайлик бўлмаса”, деб ўнг қўлини олдинга чўзди. Кунтуғди ота невараси гапиролмай қолгани, душманлар уни ярим беҳуш қилиб қўйганини билдирди.
 – Ҳе атта-а-нг, ҳе атта-а-нг, – деб қўлини пастга туширди Кўркаламуш. – Йўқ қандга қўл чўзиб, шарманда бўлдим-ку. Буни бировга айтиб юрманг, Кунтуғди ота.
Кунтуғди ота тағин кулимсиради.
Кўркаламуш энди Наврўзойга ачинишга тушди, уни совуқ нафасида карахтлантириб қўйган Аёззодани бўралаб қарғади. Кунтуғди ота қаттиқ қаршилик кўрсатишига қарамай, бу қинғир-қийшиқ яндамаликларда қийналиб қолишларинг мумкин, сизларни ўзим бошлаб бормасам бўлмайди, деб туриб олди. Ҳассасини тикиллатиб, олдинда йўрғалашга тутинди. Пича юришгач, ёмғирлар кўлмакланишидан намиққан бўкак пастқамликдаги мажнунтолсимон қирчинлардан бирига дуч келиб, уни ҳассасида уриб-уриб кўрди ва: “Хўш! Хўш деяпман!” – деб дағдаға қилди.
 – Олдингизда қирчин турибди, тақсир, – деди Кунтуғди ота.
 – Ие, шунақами? – асло хижолат тортмасдан ёнроққа бурилди Кўркаламуш. – Бу қирчин деганиям сигирнинг туёғига ўхшаб кетаркан. Майли, айланиб ўтақоламиз.
Кўркаламуш йўл босаётиб, тинимсиз жавраниб борди. Ёшлигида бир Юмронқозиқхон сизни яхши кўраман деб юриб, омборидаги ҳамма донни еб қочгани қолмади, даладаги уватга ташлаб кетилган синиқ тандирни эшак билан адаштириб, мени ҳам бир миндирсангиз-чи дея ялингани қолмади, ўз уясини янглиштириб, қўшнисининг уйига кириб боргани, билмасдан қизларининг қаторига ётиб олгани қолмади, ҳиринглаб-ҳиринглаб сўзлайверди. Сўнг, жиддийроқ масалага ўтиб, тошга хат битиш русумга кира бошлаган замонларда бу чек-чегарасиз ерлар биргина Кўркаламушларга қарашли бўлгани, кейинчалик ўзга бурундорроқ жонзотлар ҳам бир-бир макон қуриб, уларнинг наслини бузгани, шу тўғрида бўйи тенги китоб ёзишни ўйлаб юрганлигини баён қила кетди.
Кунтуғди ота қанча олға юрса, қоронғилик ундан шунча чекиниб бораётганди. Кимлардандир олдинроқда одимлашни ўзига хос бир мансаб деб билувчи Кўркаламушга эса ёруғ билан қоронғунинг фарқи йўқдек эди.
 – Кўзи очиқларнинг гапига қараганда, одамлар учун эртага сумалак базми бошланаркан-да, а? – йўлдошининг диққатини қайтадан ўзига жалб этиб, суҳбатни бўлак ўзанга бурди Кўркаламуш. – Сумалак нима ўзи?
Ивитилган буғдойни шу ерлик кишилар қадимда сума дейишаркан. Сума солиб пиширилган таом, яъни сумалиқ бора-бора сумалак бўлиб кетган экан. Гапни таг-тугигача билиб олган Кўркаламуш: “Одамзот деганиям таъби ўртамиёна жонлиқ-да. Тап-тайёр буғдойни ивитиб нима қилади, қозонга солиб аталашнинг нима кераги бор, ўзини карсиллатиб-карсиллатиб еса, ана мазза-ю мана мазза”, деган эди, Кунтуғди ота: “Сизники тўғрими, уларники тўғрими билмадиму, аммо-лекин бу гапларингизни одамларга чикитиб қўяман”, деб тегишқоқлик қилди.
 – Одамларга яна бир нарсани шипшитиб қўйинг, отахон, – деди Кўркаламуш. – Ўша сумалакдан бизгаям эҳсон-пеҳсон қиптуришса, чакки бўлмасди.
 – Бўпти, буниям айтаман.
 – Тамагирлик қиляпти деб ўйламанг тағин. Бу шунчаки қизиқувчанлик-да.
Ўзини оқлаш учун эмас, тўғрисини гапирди шекилли Кўркаламуш. Ахир, совуқ ўлкада яшайдиганлар иссиқ юртларда эчки ҳам емай ётадиган бодрингни умрида бир кавшаб кўргиси келади-ку.
Кўркаламуш Наврўз байрамини бор-йўғи сумалак базмидан иборат маросим деб тасаввур қилаётганидан Кунтуғди ота афсусланиб кетди. Агар, ер юзига кенгроқ назар ташланса, барчани бир хил юмушга йўналтириб, бир хил мақсад атрофида жамлашда бунга тенг келадиган байрам ё топилади, ё топилмайди.
Тонг отар-отмас, ҳаракат ҳамма жойда бир хил бошланади – кундалик одат тусини олган ҳовли ва кўчаларни супуришдан ташқари, бу куни ариқлар, ҳовузлар тозаланиб, ювилган чиннидек қилиб қўйилади, дарахтларга шакл берилиб, боғлар хас-хазонлардан халос этилади, экинзорлар уватидаги қовжироқ ўтлар қиртишлаб ташланади, кўчатлар, гуллар экилади. Ҳатто, қабристонларга оро берилади.
Кенту қишлоқ маҳаллаларидаги базмларни, зиёфатларни, ҳофизлару машшоқлар, оқинлару лапарчилар, дорчилару кўзбўямачилар, аскиячилару қизиқчилар, пойгачилару курашчилар, хўрозвозлару беданавозлар иштирокидаги томошаларни, ярим кечада ҳам тугамайдиган ўйин-кулгиларни, бериги тонгдан нариги тонгга уланиб кетувчи сумалак солдиларни қўйиб турайлик, бу куни байрамнинг нашидаси етиб бормаган бирон-бир овлоқ жой қолмайди. Қирларда “чучмомо топди”, тоғларда “лола узар” сайллари авж олади, даштлар басма-басига варрак учираётган болакайлар билан тўлиб-тошади. Бири биридан гулдор варракларнинг ипи узилганлари чирпираганича учиб-учиб бориб, саҳроларга тушади, қумлоқларни уйғотади.
Далалардаги тантанаворликнинг шавқи бутунлай ўзгача. Жуссаси ярқирагудек ювиб-таралган Ҳўкизни эски удумга кўра экинзорга етаклаб киришиб, қозонимиз ёғли бўлаверсин деган умидда мугузига мой суртишади, кейин омоч қўшиб, ернинг узунасигаям, кўндалангигаям тўққиз қадам қисмини ҳайдашади. Турганларнинг барчаси ичида тилак айтиб, ҳовучидаги уруғларни сочишади.
Бу маросим тугагач, уват бўйлаб ёйилган шолчалардаги тўшакларга бориб ўтириб, ўртадаги дастурхонни қуршовга олишади. Оқсоқоллардан бири тиловат қилади. Оламдаги борлиқ эзгу истаклар баён этилиб, юзларга фотиҳа тортилади.
Ана энди, навбат “еявер-ичавер”га келади. Дастурхонда жиқ-жиқ ноз-неъмат. Ҳар ким элга илинганини келтириб, ўртага ташлаб қўйибди: жиззали патирлар, седанали ширмонлар, варақию қатламалар, ҳолвайтару сумалаклар, майизу қоқилар, анжир мураббосию тут шиннилари, асалу новвотлардан тортиб, қишда уйнинг шипига ипда илиб сақланадиган узум, беҳи, анор каби осилғилару, асранғи қовун-тарвузларгача бор. Оғзига солса, ўликни тирилтирадиган билқилдоқ кўкатманти терилган товоқлар қўлма-қўл айланади. Айниқса, думба ёғи қўшиб ёпилган кўксомсалар алоҳида эъзозда, кексалар уларни ейишдан олдин кўзларига суртишади. Дошқозонда пишаётган тўйпаловнинг иси димоғни ёради.
Ҳозир буларнинг барини айтиб берса, емсоқ Кўркаламуш ҳаяжондан шайтонлаб, гуппа ағдарилиши ҳеч гапмас.
Наврўзой қисқа-қисқа қадам ташлаганича ҳануз жимгина келар, гоҳо қоқиниб кетса, қўлтиғидан маҳкам тутиб олган бобоси уни яна мувозанатга солиб қўярди.
Олдинда ўрмалаётган Кўркаламушнинг ҳассасидан таралаётган “тикир-тикир”лар ҳам, оғзидан ёғилаётган “бидир-бидир”лар ҳам жимжитлик қўйнида ўзгача бир оҳанг касб этаётганди. Гўё кимдир: “Сен сўзлашдан тўхтаганинг заҳоти оламни сув босади”, деган-у, у жаҳонни фалокатдан асраб қолишга астойдил уринаётгандек эди.
Теваракда йилтиллаб-йилтиллаб кўринаётган тиллақўнғизлардан бири тумшуғининг ёнгинасидан визиллаб учиб ўтди-ю, Кўркаламуш қулоғини диккайтириб, жойида тўхталди. Сўнг олға юришда давом этаркан, ўзича тусмолланди:
 – Биронта ғилайроқ овчи чалама-чакки камон отдими дейман-да. Ўқи ғўнғиллаганича келиб, бурунгинамга тегай-тегай деб ўтди-я. Бай-бай-бай!
 
Эшакда нега дум бор?
 
 – Қаёққа кетяпмиз, дадажон?
 – Энди изғиринлар тиниб, илиқ эпкинлар эсади. Янги кун бошланишини бир кўриб олгин деб, сени атайлаб сайрга олиб чиқдим-да, ўғлим. Наврўзойнинг кириб келаётганини томоша қилиб туриш ҳаммагаям насиб этавермайди.
Хўтик отасининг биқинига эркаланиб бош ишқади:
 – Наврўзой деганингиз қанақа ўзи?
 – Чиройли! – лўнда қилиб таърифлади Эшак.
 – Наврўзой келса, уям сизни минадими?
 – Қанийди минса! Кимдир устимга миниб олганидан умримда биринчи марта суюнган бўлардим.
Одамлар тарвайиб эгарга ўтириб, “хих” дея қуймичига қамчи урса, Хўтикнинг ҳар гал отасига раҳми кела бошларди. Ойисини минишса-ку, тамоман хўрлиги қўзиб, йиғлаб юборишига озгина қоларди.
Шу одамзот дегани қанақа мавжудот бўлсайкин? Ўзларида ҳам оёқ бор, ўшанда юраверса, ўлиб қолишадими?
 – Катта бўлсам, одамлар мениям минишармикин? – отасига бўйин қисиб боқди Хўтик.
 – Бувамни минишган, отамни минишган, мени минишяпти, – дея ўйчан жавоб қилди Эшак. – Шундан ўзинг хулоса ясаб олавер, ўғлим.
 – Миндирмасам-чи? Қассобга бериб юборишадими?
 – Йўқ. Биз Буқа ёки қўй эмасмиз, бизни қассобга судрашмайди. Қайсарлик қилсак, ё сотворишади, ё ем бермай қўйишади.
Хўтикнинг саволлари кўп эди, барини айтишга улгуролмади. Шу томонга яқинлашиб келаётган Оқбарсни кўриб: “Ия, анави итни қаранг, белига гул тақиб олибди”, дея тумшуғида отасининг биқинига нуқилади.
Эшакнинг кўзи ўғлиникичалик ўткир эмасди. Нимқоронғида зўриқиб боқиб: “Ҳў, Бўбик, сендан бир нарсани сўрасам майлими?” – деган эди, ит тўхтаб: “Бўбикмас, Оқбарсман. Нима гапинг бориди?” – деди.
 – Хато ўйлаётган бўлсам, кечирасан, – маданийроқ сўзлашга ҳаракат қилди Эшак. – Устингда илашиб келаётган гиёҳ, мабодо, кезаргон Бойчечак эмасми?
Оқбарс ҳайрон бўлиб: “Во, буни қаёқдан билдинг?” – деб сўраган эди, Эшак: “Бувам бир маҳаллар устига Бойчечакни миндириб олган ниҳоятда ҳайбатли итни учратган экан. Лақаби “кезаргон” бўлган ўша Бойчечак беҳуш Наврўзойни ўзига келтириб, дунёни абадий совуқдан асраб қолибди ўшанда. Бувам буни ўз кўзи билан кўрганини отамга айтган экан, отам менга айтувди”, дея ўтмишдаги гапларни тўкиб солди.
Буни эшитиб, кезаргон Бойчечакнинг хаёлида: “Бувимнинг сўзлари рост экан. Демак, Аёззода Наврўзойга илгариям хуруж қилган-у, қайсидир аждодим уни қутқариб қолган”, деган фикр кечган бўлса, Оқбарс: “Ота-буваларим эскитдан шунақа қаҳрамонлик кўрсатиб келишган экан-да”, деб ўйлаб, мағрурланиб кетди.
Эшак Оқбарсга болалик хотираларини сўзлаб бераётган паллада Хўтик ғалати бир манзаранинг гувоҳи бўлди. Тепадан тўп-тўп қора тутунчалар ўта бошлади. Олдироқда тим қора булут учиб борар, унга тирмашиб олган қандайдир махлуқнинг орқа оёқлари тўхтовсиз типирчилаб турарди. Бўрсиқмикан? Балки Суғурдир.
Хўтик уларни яхшироқ илғаб улгурмасидан, Аёззода ва аскарлар дўнглик узра сузиб ўтиб, пастга шўнғишди.
Умрида илк бор учиб кўрган Малламош қўрқувдан потирлайвериб толиқиб кетгани боис, ерга тушибоқ, чўзилганича ётиб олди.
 – Тур! – уни ғазаблади Аёззода. – Ҳе, сўлжаймай ўл. Нима, сени дам олдиришга опкелдимми? Тур-е!
Малламош эринибгина қаддини кўтарди. Дам керишиб, дам этларини қаттиқ титратиб, танасидаги увишиқни ҳайдашга тиришди.
Аёззода: “Ана, ўша ботқоғинг. Хўш, буёғига нима қилмоқчисан?” – дея совол берган эди, Малламош: “Сизнинг совғангизга ўхшаб буям бир сир, олдиндан билсангиз, қизиғи қолмайди”, деб тиржайди. Сўнг оғзини карракдек очиб эснади.
 – Ҳе, сулла! – унга еб қўйгудек бўлиб боқди Аёззода. – Шунақа ланжланиб ишнинг пачавасини чиқарсанг, ўзинг тугул, уруғингниям қуритвораман. Буни мен – қуритиш бўйича бош мутахассис Аёззода айтяпман!
Аёззода мушукнинг ҳар бир қадамини четдан кузатиб туришини кўз олайтирганича таъкидлаб қўйиб, аскарларини қамишзор сари етаклади. Мушук душманларни қандай чўктираётганини мириқиб томоша қилмоқчи эди, чамаси.
Турқи совуқ хўжайиндан вақтинчага бўлса ҳам қутулгани Малламошга роҳат бағишлаб, яна ерга чўзилди. Шу ётишда қулоғига аллақандай тапир-тупурлар чалинди, дўнглик томонга эринибгина бош буриб, синчиковланиб боқди. Агар ҳозир мушукнинг ўрнида одам боласи бўлганида, ҳаво нечоғли очиқ, тун қанчалар тиниқлигидан қатъи назар, шарпаларни ғира-шира пайқашдан нарига ўтолмас эди. Жониворлар эса тунда нарсаларни одамларга нисбатан бир неча бор аниқ, айримлари деярли кундуздагидай кўра олишади. Тим қоронғи кечада уйнинг у четидаги кавакдан бош чиқарган сичқонни бу четида туриб илғай олувчи мушук дўнгликдан Оқбарс, Эшак ва Эшакча тушиб келаётганини яққол кўриб ҳам, шалпайиб ётаверди.
Отаси Наврўзойни миндиришни орзулаганини эслаган Хўтик, ёнида тойчоқланиб бораётган Оқбарсга кўзи куйиб тикилди. Бир неча дақиқа илгари бировларга минги бўлишдан ижирғанган эди, энди буни унутиб, итга янада яқинлашди ва эланчоқлик билан деди:
 – Ке-е, Оқбарс, кезаргон Бойчечакни мен ҳам озгина миндириб юрай. Бўптими-и?
Оқбарс бу таклифга қарши эмаслигини билдириб, юришдан тўхтади. Хўтик унинг ёнига чўк тушди. Бойчечак бир ирғишда янги уловнинг белига қўнди.
Бойчечакдан “ўрнашиб олдингми”, деб сўраб қўйгач, Хўтик аста ўрнидан турди, кўзларида сурур учқуни яллиғланиб, олдинга қўзғалди. Отасига етиб олиб, ёнма-ён йўрғаларкан, ғурурланганича бир қиялаб қўйди. Ота ўғлининг бу ишини маъқуллагандек, салобат билан бош қимирлатди.
 – Чў! – деб, баргида Хўтикни қамчилаган бўлди Бойчечак. – Яхшироқ ўрмала, кичкинтой.
 – Биринчидан, бизга чў дейилмайди, хих дейилади, – деб чайналди Хўтик. – Иккинчидан, йиқилиб кетмагин деб, атай секин юряпман.
Малламошни биринчи бўлиб Хўтик кўрди ва: “Ҳай-ҳай-ҳай, анави мушукнинг ялпоқланиб ётишини қаранглар”, дея шўхчан ханда қилди. Оқбарс диққат билан боқиб: “Ие, бу Малламош-ку”, деган эди, мушук шошмасдан ўрнидан туриб, тундланди:
 – Малламош энди эсингга тушдими? Бир оғиз шипшитиб мениям бирга олиб келсанг, бурганг кўпайиб кетармиди? Орқангдан қидириб уёққа чопаман, буёққа чопаман, жонимда жон қолмади-ку.
 – Шунга шунчами? – ўзини оқлаган бўлди Оқбарс. – Биз шошиб йўлга чиқдик, сен уйда йўқ эдинг.
 – Ҳа, майли, – дея лабини бурди мушук. – Бировларни ўртоқ деб юриб, бундан баттар қилиқлариниям кўрганмиз.
Ади-бадиларнинг чўзилаётганидан ғаши келган Бойчечак, вақиллаб туравермай тезроқ олдинга юришлари, тун билан куннинг қизил чегарасига вақтида етиб боришлари лозимлигини шерикларига яна бир бор қайтариқлади. Малламош Бойчечакнинг гапига қўшилиш билан бирга, қизил чегарага олиб борадиган энг яқин йўл чапроқда кўриниб турган қамишзордаги сўқмоқ эканлигини ҳам қистириб ўтди. Бундан қувониб кетган Бойчечак Хўтикка ўша ёққа юришни буюраётганида, Эшак: Тўхтанглар! – деб бақирди.
 – Мушук ёлғон гапиряпти, – деди у. – Қамишзорнинг ичкариси ботқоқ. Домига тушсанг, оёғингдан тортишни бошлаб, қулоғингда тугатади.
 – Ўзинг алдаяпсан бизни, – Эшакка давара қилди Малламош. – Боя бир подачи қўйларни ўша тарафга ҳайдаб кетди. Етакчи Серкадан сўрасам, эгамиз бизни қизил чегарага олиб кетяпти, ҳадемай байрам бошланармиш деди.
 – Агар подачи ўша ёққа юрган бўлса, йўл борлиги аниқ, – одатига кўра шошқалоқланди Бойчечак. – Кетдик!
Хўтик: Дадажоним тўғри айтяпти, деб жойидан жилмади. Сўнг, бундан ўн кунча олдин билмасдан қамишзорга кириб қолгани, ботқоққа чўка бошлаганида отаси етиб келиб, думини узатгани, шу думни тишлаб балчиқдан зўрға чиқиб олганини ҳикоя қилишга тутинди.
 – Авваллари эшакка думнинг нима кераги бор деб юрардим, – миттивойларга хос жикиллаб илжайди у. – Энди билсам, ботқоққа ботаётган боласини тортволишда асқотар экан. Ҳанг-ҳинг, ҳанг-ҳинг...
Бошқаларнинг ҳам ўз-ўзидан кулгиси қистади.
 
Сотқиннинг пушаймони
 
Ойтуғди она Оқбарснинг изини кўздан қочирмаслик учун бўйнидаги туморини ёқиб олиб, анча йўл юрди. Изларнинг бир текисда эканлиги ит ҳеч қаерда тўхтамай бораётганидан дарак берарди.
Томирларидаги кўринмас оғизчалари билан ерни кўпроқ эмишга уринаётган бутасимон ёввойи тутлар чангалзори, юзасини оқиш қасмоқ қоплаган шўрхокликлар, у ер-бу ерида майсалар чумакланиб қолган бўзтупроқ ўнқирликлардан ўтиб келган Ойтуғди она, энди қачонлардир қоровултепа вазифасини ўтаган дўнглик сари кўтарила бошлади. Тепага чиққач, нарёқдаги ялангликда нима ҳақидадир жувирлашиб баҳслашаётган Оқбарс, Малламош ва ота-бола Эшакларга кўзи тушди. Пастга юриб, уларга яқинлашиб бораркан, Малламошнинг бу ерда қандай пайдо бўлганидан ҳам, кезаргон Бойчечак бу гал Xўтикни миниб олганидан ҳам бирдек таажжубланди.
 – Э хайрият, ана, Ойтуғди онамиз етиб келдилар, – дея эгасини шодланиб қарши олди Оқбарс. – Йўлни ўзлари яхши биладилар.
Малламош ўнғайсизланиб, теваракка эловлади.
 – Йўлга чиққанимда, сен уйда қолувдинг, – деди Ойтуғди она, мушукка ҳадикли боқиб. – Буёққа қандай кепқолдинг? Ён-веримдан ўтсанг, пайқаган бўлардим.
 – Энг яқин йўлларни билишда мендан ўтадигани топилмайди, – дея ўз ниятини амалга оширишга замин ҳозирлади Малламош. – Ҳозир ҳам буларга кесма сўқмоқни кўрсатсам, оёқларини тираб туришибди.
 – Ботқоқда сўқмоқ нима қилади? – деб қизишди Эшак.
Ойтуғди она тортишувга ўрин йўқлиги, буёғи унча олис эмаслигини айтиб, ўзи йўл бошлаб берди.
Бари сокин кайфиятда борар, барчанинг қиёфаси хотиржам эди. Ойтуғди онанинг вақтида етиб келиши уларни муқаррар ўлимдан асраб қолганини мушукдан бўлак ҳеч ким билмасди.
Малламош Оқбарснинг ёнида тосрайиб одимлар экан: “Қорин қалай, ошна?” – деб сўради. “Ўртачадан мундоғроқ”, деган жавобни эшитиб, оғзини бир чапиллатиб олиб, вижирлашга тушди:
 – Эҳ, Оқбарис,Оқбарис... Ҳозир икковимизнинг ўртамизда бир коса қаймоқ турган бўлсамиди! Менинг ялашим манави – чилип-чилип, чилип-чилип. Яна чилип-чилип, тағин чилип-чилип. Уёғидан чилип-чилип, буёғидан чилип-чилип. Сенинг ялашинг манави – шап-шап-шап, шап-шап-шап. Шапира-шупур, шапира-шупур, шапира-шупур...
Оқбарс кетма-кет сўлак ютиб: “Э, бўлди-е”, деди-ю, қадамини тезлатиб, мушукдан нари кетди.
Йўл юрганлари сайин, Малламошнинг безовталиги ошаверди. Охири, шерикларидан орқароқда қолиб, ўзини панага уриш учун четга бурилаётганида, сезгир Оқбарс ўгрилиб боқиб: Ҳа, тинчликми? – деб сўради. Малламош ерга таппа ўтириб, олдинги панжасини оғзида кух-кухларкан: “Билмасдан кўзтиконни эзволибман. Бораверинглар, етиб оламан”, деди.
Оқбарс яна олдинга юрган чоғда Хўтик унга яқинлашиб: “Ўйлаб қарасам, боягинда шу мушукни кўрган эканман, буёққа қора булутга осилиб учиб келди”, дея шунчаки гурунглашган бўлди. Оқбарс эса: “Қанақа булут?” – деб, қулоғини динг қилди.
 – Эртакдаги аждарҳога ўхшаган булут, – деди Хўтик, ваҳималироқ оҳангга ўтиб. – Малламош деганларинг унга тирмашиб олганиди. Ҳозир сенга гапираётганда кўзи қандай ялтиллаган бўлса, ўшандаям шундай ялтиллаб турувди.
 – Аждарҳога ўхшаган булут Аёззода-ку, – ҳушёр тортди Оқбарс. – Гапинг ростми? Адашмаяпсанми?
 – Кўрганимни айтяпман-да, – деб кўзини гилдиратди Хўтик.
Кезаргон Бойчечак Хўтикнинг устида туриб, Оқбарснинг гумонларига лоқайд муносабат билдирди:
 – Етарли дастагинг бўлмаса, бировни шошиб айбдор қилмаган яхши. Балки ўша мушукнинг нияти бузуқроқдир, балки бизни атайлаб ботқоққа бошламоқчи бўлгандир. Ҳамма иш ўтди-кетди, энди бизга ҳеч ким тўғаноқ бўлолмайди. Бувим айтяпти-ку, буёғи яқин қолди деб... Айтгандай, қани ўзи ўша Малламош?
Малламош бу пайтда Аёззоданинг бири биридан қўрқинчли жазоларни пеш қилиб тутақаётганидан васвасага тушган куйи қалтираб турарди.
 – Сендақаларни олтига бўлиб, олтита дарёга оқизвориш керак, – деб дўқни кучайтирди Аёззода. – Анқов! Лалов! Хомсемиз! Шу осонгина ишни эплолмай ўтирибсан-а. Ўн лаънат, юз лаънат, минг лаънат сенга! Тезда чуқур кавла! Кавла дедим!
 – Чуқурни нима қиласиз? – елка қисиб сўради Малламош.
Аёззода кўзини бақрайтирди:
 – Сени музлатиб шу чуқурга кўмаман-у, кейин ишим юришади.
Малламошнинг капалаги учиб, ўз-ўзидан орқага тисарилди. Жаҳондаги ялинчоқ сўзларнинг энг олий навларини ишлатиб, Аёззоданинг кўнглини эритишга уринди. Аёззода анчагача безрайиб турди, ниҳоят сал юмшади.
 – Охирги гапинг менга бошқача таъсир қилди, – деди у. – Шундай чиройли зот мени ўлдириб хунук иш қилманг, деб чинқиришинг ичимни тўкворди. Бўпти, ўзингни оқлашингга имкон бериб кўрай. Бунисиниям чалкаштирсанг, айтмасимдан туриб, ўзингга чуқур қазийвер.
 – Бу сафар Бойчечакни йўқотмасдан қўймайман, – қасам ичаётгандек туриб шанғиллади мушук. – Ўлсам ўламанки, уддалайман!
Аёззода бирдан юввош тортди:
-Агар уддаласанг, мукофотни шартта беш бараварга ошириб...
 – Керакмас мукофот! – деб бақирди жонидан тўйиб кетган Малламош. – Тинч қўйсангиз, шу ўзи мукофот менга!
Бу ердан унчалар узоқ бўлмаган жарликда чиябўрилар галаси яшарди. Шаллақи лақабли чиябўри бу галага бошлиқ эди. Бу очофатларнинг ҳар бирига биттадан қўтосни қиймалаб берсанг ҳам, тўйдим деган гапни эшитиш амримаҳол эди.
Аёззода Малламошга ўша жарга боришни, галабошини топиб, шу атрофда бир неча тирик масаллиқ кимга ем бўлишни билмай, сандироқлаб юрганидан хабардор қилиб қўйишни топширди.
 – Гапиришга улгуролмай қолсам-чи? – кўзлари ола-кула бўлиб савол берди Малламош. – Чиябўрилар мени кўрибоқ, турган жойимда тақсимлаб олишса-чи?
 – Уёғига мен аралашолмайман, – қўрсланиб жавоб қилди Аёззода. – Пешанангдаги ёзиқда нима бўлса, шуни кўрасан.
Малламош юришга оёғи тортмай, жар сари имиллаб бораркан, ўзини ўзи койишга тушди.
Оламда ўгитлар кўп. Шуларнинг ичида мияга қозиқдек қоқиб қўйишга арзийдиган битта энг зўри бор: “Бошим омон бўлсин десанг, бўлар-бўлмасга уйдан чиқма!” Буни қазидек-қазидек ҳарфларда ёзиб, борлиқ уй, молхона, қўра, катак, ин ва уяларга илиб ташлаш керак.
Оқбарс увилласа увиллаб ўлмасмиди ўшанда. Иссиқ жойдан чиқиб бориб, уни тергаш шартмиди? Бормаганида, Аёззодага йўлиқмаган бўларди. Аёззодага йўлиқмаса, бошига шунча галагулдур тушмаган бўларди. Бошига бу галагулдурлар тушмаган бўлса, ҳозир ичига нон тўғралган қаймоқни мўнда-мўнда қилиб ямлаётган бўларди. Кейин, хамирдек ёйилиб ухларди.
Ие, нега ухламас экан? Ойтуғди онанинг илма-тешик сандиғига ким ҳам тегарди?
Ойтуғди она ҳануз бир маромда одимлар, Эшакнинг: Мени миниб олақолинг, деган таклифини мулойимлик билан рад этиб, ҳали бардамлигини намойишлаётгандек, қаддини ғоз тутиб борарди.
Улар сайҳонликдан ўтиб, кенг яйловга чиқишган чоғда, қаршиларида бурама шохли иккита полвон-полвон Қўчқор пайдо бўлди. Иккови бир-бирига қуйиб қўйгандек ўхшаб турар, биттасининг бўйчанлиги-ю, иккинчисининг паканароқ эканлигидангина фарқлаб олиш мумкин эди. Пакана Қўчқорнинг устига қизғиш патли димоғдор бир Хўроз қўниб олганди.
Новча Қўчқор ўтиб бораётганларга қизиқувчанлик билан боқиб, қаёққа кетишаётганини сўради. Итнинг қисқа жавобини эшитиб, биз ҳам Наврўзойни бир кўриб қўйишга чиққан эдик, дея шериги билан тўпдагиларга қўшилди. Йўл-йўлакай ҳаммалари ўзаро танишиб олишди. Булар эгизак Қўчқорлар экан. Хўроз эса жўжаликдан бери улардан ажралмас экан.
Ҳа, жўжаликдаёқ онадан айрилиб қолиш – оғир қисмат. Буни енгиб ўтиш учун ё Хўроз, ё хўрозфеъл бўлиш керак. Акс ҳолда, янчилиб кетасан. Орқаси йўқларни янчиш, хўрлаш ҳисобига кун кўрадиганлар сон-саноқсиз. Шумшайганларни эзишга навбат пойлаб туришади.
 – Яқин қолдик дегандингиз-ку, буви, – олдинга бетоқат тикилиб, яна инжиқланди Бойчечак. – Қизил чегарага қачон етамиз? Уёқдагилар кечикмасмикин, ишқилиб? Уларни кўрмай қолсак-чи?
Ойтуғди онанинг ўрнига Хўроз жавоб қилди:
 – Ташвишланма, кезаргон Бойчечак. Кунтуғди отанинг шарпасини биринчи бўлиб мен сезаман. Қаёқдан келаётганини ҳали кўрмасимданоқ биламан. Билганим заҳоти, қичқириб жар соламан.
 – Унда, жуда керакли Хўроз экансан, – деб енгил тортди Бойчечак. – Илтимос, яқинроғимда юргин.
Хўрозни ортмоқлаб келаётган пакана Қўчқор бу гапни эшитиб, Хўтикка биқин тиркади-да, уни миниб бораётган кезаргон Бойчечакка қараб самимий жилмайди. Хўроз олдинга тийрак назар ташлаганича, қўмондонлардек гердайиб турарди.
 
Жар ҳукмдори
 
Бошқа ҳайвонлар қишни ёқтиришмайди холос, чиябўрилар эса ўлгудек ёмон кўришади. Қиш – очликнинг энг авжга минган даври, чиябўрилар – махлуқларнинг энг ебтўймаси. Қишни ўйласанг, овчи истарали кўринади, деган мақол бор уларда.
Жарни ўзига бошкент қилиб олган чиябўрилар галаси очликдан тамоман қирилиш арафасида турганди. Баъзилари ўлиб бўлганди ҳам. Уларни яқин қариндошлари, қадрдон ўртоқлари талашиб ейишди. Бундайлардан бири: Ярим ой туз тотмасанг, ҳатто ўз отанг кўзингга овқат бўлиб кўрина бошлар экан, деганида, ёнидагиларнинг ҳеч қайсиси таажжубланмади.
Ана энди, шу кайфиятдаги галанинг ичига этлари тирсиллаган тўлпоқ мушукнинг сўлқиллаб кириб келишини тасаввур қилинг. Салом беришга улгурармикин боёқиш?
Буни яхши англаган Малламош ўнгардан жарга тушаётган маҳалдан бошлабоқ: Шаллақига гапим бор! Шаллақига гапим бор! – деган жумлани тинимсиз қайтариқлашга тутинди. Қовжироқ буталар орасидаги қимтиқ йўлакдан бораркан, ҳар қадамда ён-верига юраги пўклаганича жаланглаб қўярди.
Яхшиямки, мушукнинг товуши ўткир эди, буталар орасидаги пичан тўшамада ёнбошлаб ётган галабоши унинг нағмасини биринчилар қаторида эшитди. Эшитди-ю, қорнини силаб туриб: “Катта ашула айтиб келаётган ҳофизга ҳеч ким тегмасин!” – деб буюрди.
Қимирлаб-қимирлаб қўяётган буталар орасида аллақандай шарпалар ғимирлаб юрганини ҳис этган Малламош: Шаллақида гапим бор-ов! – деб янада баландроқ шовқин солишга тушди. Охири, сертикан йўлак тугаб, пичанга ёнбошлаган асно унга кўзини пилдиратиб турган сўйлоқ Чиябўрига рўпара келди.
 – Шаллақига гапим бор, – бу сафар паст товушда минғиллади Малламош.
Галабоши қаддини ростлаб, олдинги оёқларига таяниб ўтирди. Майнабозликка мойил овозда шошиб-шошиб сўзлай бошлади:
 – Шаллақи деганлари менман. Қани-қани-қани, берироқ кел-чи. Қўрқма, тўлпоғим, келақол, келақол. Қани-қани-қани, янаям яқинроқ кел. Янаям, янаям, янаям, қани-қани-қани...
Малламош қалт-қалт титраб яқинлашгач, Шаллақи бир чанг солишда унинг томоғидан бўғизлаб, оёғини ердан узди. Мушук пала-партиш питирлаб, вағиллай кетди.
Шаллақи оғзидан сўлак сачратиб чийиллади:
 – Потир-путурни йиғиштир! Вағиллашни тўхтатмасанг, думингни юлиб томоғингга тиқиб қўяман!
 – Томоғимга тегманг, – деб хирқиради Малламош, – сизга гапим бор.
 – Гаплашамиз, – деди Шаллақи. – Фақат, ўша гапларингни қорнимда ёти-и-б, бемалол айтарсан. Ҳозир очман, эшитиш қобилиятим суст.
Шаллақининг ўнг ёнида ўтирган Чиябўри тамшаниб туриб: “Ҳарқалай, биринчи ўринбосарингизман. Оёқларини менга берасиз-а, хўжайин”, деса, чап ёнидагиси: “Иккинчи ўринбосарга, ҳеч бўлмаса, иккита қулоғи тегиб қолар”, деб лаб ялади.
 – Текин овқат бор! – йиртқичларни ирдашга киришди Малламош. – Айтмасимдан ўлдириб қўйманглар!
Шаллақи чангалидаги мушукни тап этказиб ерга ташлади:
 – Қанақа текин овқат? Қани-қани-қани, тезроқ гапир-чи.
 – Бир тўп санғилар яйлов томонга кетишяпти, – деди Малламош. – Бари семиз-семиз.
 – Семизиниям еймиз, ориғиниям. Қани-қани-қани, яна нима демоқчисан?
 – Уларнинг ичида Бойчечак деган сеҳрли гул бор, – устамонлик билан гап тўқиди Малламош. – Ким уни еса, устига тоғ ағдарилсаям ўлмайдиган бўлади.
Шаллақи: “Во! Гапни шундан бошламайсанми!” – деб қўйгач, ўрнидан туриб, тирноғида ерни таталади:
 – Қана-қани-қани, бизни зипиллаб ўша ёққа бошла-чи. Қорнимиз тузукроқ тўйса, сени емасдан турамиз. Қани-қани-қани...
Улар олдинга қўзғалиши биланоқ, ҳар бир бута ортидан икки-учтадан Чиябўри чиқиб келиб, тўдага тиркашаверди. Галадагилар жуда кўпчилик эканлигини кўриб, Малламошнинг юраги орқага тортди.
– Булар тўйиши қийин. Барибир мениям тирик қолдиришмайди. Аслида, Аёззода тиқилинчни бошлагандаёқ, тўғри Кунтуғди отанинг Кўксаройига қараб қочишим керак экан. Хотинлардан мурувват кўрасан холос, эркакнинг ёнида бўлиш бехавотир.
Аммо, шу топда Кунтуғди отанинг ўзи ҳам қаттиқ хавотирда эди. Ўжар Кўркаламуш ҳассасини тикирлатиб, уларни нуқул ўйдим-чуқур ерлардан етаклаб борар, ўнгроқда текис сўқмоқ турибди, деган гапга қулоқ солгиси келмасди. Кунтуғди отага-ку бунақа жойларда юриш унчалар мушкул эмасди, бироқ карахтликда одимлаётган Наврўзойнинг тез-тез қоқиниб туришидан бир ташвишланса, довдир йўлбошчининг ўзи биронта ўпқонга йиқилиб лат ейишидан икки ташвишланаётган эди.
 Кунтуғди отанинг ниҳоят сабр косаси тўлди. Бу қўлида Наврўзойни тутиб, у қўлида Кўркаламушни етаклаб, текисликка чиқиб борди-да, “Мана энди , қийналмасдан карвонбошилик қилаверинг, тақсир”, деб мийиғида жилмайди.
Кўркаламуш текис сўқмоқдан равон ўрмалаётиб, одатдаги бидир-бидирини бошлади:
 – Ойтуғди она опангизми, ё сингил бўладими, отахон?
 – Опам бўладилар, – деди Кунтуғди ота.
Шундан кейин, Кўркаламуш тўхтовсиз жавранишга тушди:
 – Ойтуғди онани қаршилашга бораётганингизни эшитибоқ, тоза хурсанд бўпкетганидим. Опани иззат қилган сираям кам бўлмайди. Ака билан ука – эркак, опа билан сингил – аёл. Эркак зиёфатга ўч, аёл меҳрибонликка ташна. Яхшиям, сизга ўхшаганлар бор. Бу одатингизни кўриб, ялай-малайдан бошқани билмай бораётган ёшлар зора ўрнак олишса. Ие, вей, тўхта-чи, Кунтуғди ота шу ёшидаям эринмай опасидан хабар оптуради-ю, биз ўшанчалик бўлолмаймизми, ундан нимамиз кам, деб ўйлашса, ажабмас-да. Укалари оқибатли чиққанидан кўнгли кўпган опалар билишмайдики, бу ишнинг орқасида Кунтуғди ота турибди. Билишса, куну тун дуо қилишмасмиди? Бироқ, менимча, асосий гап бунда эмас. Муҳими, яхши ахлоқни бошқаларга кўрсатиб қўйиб, шунақалар кўпайиб борётганидан бир четда қувони-и-б ўтиришда. Лаббай деб қўйдик, Кунтуғди ота?
 – Тўппа-тўғри гапиряпсиз, тақсир, – деб маъқуллади Кунтуғди ота. – Яхши хислатнинг қадрига яхшилар етади.
 – Ух-ух-ух, зап топиб айтдингиз-да! – ҳаяжонланиб кетди Кўркаламуш. – Сўзингиз ниҳоятда ўрнига тушди. Ваҳоланки, машойихлар...
Ҳассанинг учи қаёқдандир шамолда учиб келиб шу жойга қўнган, сўқмоқда эшилиб-буралганича пўмпайиб турган йиртиқ пўстакка урилиб, Кўркаламушнинг гапи бўлинди.
 – Чип! – дея пўписа қилди у. – Чип дедим сенга! Чип-е!
Кунтуғди ота ўзича бош тебратиб қўйди:
 – Тақсир, олдингизда турган нарса – эски пўстак.
 – Шунақа-да, баъзан қаричилик қипқўямиз-да, – деб қиқирлади Кўркаламуш. – Пўстакни итдан ажратолмайдиган ёшга етганимизга шукур. Тенгдошларимдан қанча-қанчаси айни қирчиллаган чоғида ўтиб кетди. Уларни ўйласам, жигарим тешилгудек бўлиб, ҳайҳот деворганимни билмай қоламан.
Кўркаламуш, жаврана-жаврана пўстакни айланиб ўтиб, йўлбошчилик қилишда давом этди. Кунтуғди ота: “Шу қақилдоқ тақсирнинг йўлиққаниям бир ҳисобда ёмон бўлмади, ҳали уёқдан, ҳали буёқдан гапириб, мени зериктирмай келяпти-ку”, деб хаёлидан ўтказди.
 
Учрашув
 
Юраверишди, юраверишди, яйлов пастқамгина бир ўркачга бориб тақалди.
 – Қизил чегара ана шу ўркачнинг устидан ўтади, – деди Ойтуғди она. – Яна озгина юрсак, паккага етамиз. Уёқдан Кунтуғди ота билан Наврўзой чиқиб келишади. Ҳозир яқинлаб қолишгандир.
Ойтуғди онанинг ортидан ҳаммалари тепага ўрлай бошлашди. Буни янтоқнинг яйдоқ новдалари орасидан кузатиб турган Аёззода: “Қаёқларда юрибсан, махов мушук?!” – деб ер муштлади. Нима бўлса бўлар, энди жанг қилмай иложим йўқ, дея ўрнидан қўзғалаётганида, чийиллоқ товушлар эшитилиб, шошиб ёнга ўгирилди. Чиябўрилар галаси Малламош билан бирга шу томонга ёпирилиб келаётганди. Шодликдан Аёззоданинг нафаси бўғзига тиқилаёзди:
 – Оббо баттол-ей, охири уддалабди-да? Иш дегани мана мундоқ бўпти! Яшшавор, мушук! Ўн офарин, юз офарин, минг офарин!
Чиябўрилар учқурлаб келиб, Ойтуғди она бошлаб бораётган тўдани исканжага олганида, улар тун билан куннинг қизил чегарасига етай деб қолишган эди.
Шаллақи олдинроққа чиқиб, турганларга муттаҳамларча шанғиллади:
 – Бизга тегишли яйловда нега лўланглаб юришибсан, босқинчилар? Бировларнинг ерига кўз олайтириш жонни қиморга тикиш дегани. Жон ортиқчалик қилдими?
 – Қорни тўқ келгиндиларга ўлим! – деб қийқирди Шаллақининг биринчи ўринбосари.
Шаллақи дарҳол аниқ мақсадга кўчди:
 – Қисқаси, сиз душманларни битта қўймай ейишга мажбурмиз! Қани-қани-қани, оғзимизга яқинроқ келинглар-чи...
Четроқдаги Чиябўрининг панасидан писмайиб боқаётган мушукка бехос кўзи тушган Ойтуғди она, Шаллақининг дўқини эътиборсиз қолдириб: “ Ҳой, Малламошмисан? Бу ўлат теккурларнинг орасида нима қилиб юрибсан?” – дея ҳанг-манг бўлиб сўради. Малламош тисарилиб, ўзини янада панага олмоқчи эди, Шаллақининг иккинчи ўринбосари уни бир тепиб олдинга чиқарди:
 – Ўлишларидан олдин сенга савол беришяпти. Жавобингни эшитиб қолишсин.
Малламош индамасдан пилдирписланиб тураверди.
 – Бу чаккибосар бароқ Аёззодага сотилиб кетганини аллақачон фаҳмлаган эдик, – деди Оқбарс. – Сизга айтишдан тортинувдик, Ойтуғди она.
 – Ўладиган бўлсам, энг олдин шу сотқинни тепалаб ўламан, – деб ҳанграб юборди Эшак. – Бунақа жосуслар миллионта Чиябўридан хавфлироқ.
Малламош тўсатдан жонланиб, Эшакка чақчайди:
 – Кўп кучайма! Бир юмдалашда кўзингни оқизвормайин тағин!
 – Шунақаям жирканч бўласанми? – мушукни ғажиб қўйгудек бўлиб, тишларини қиртиллатди Оқбарс. – Бизни четга суриб тур, Ойтуғди онанинг юзига оёқ қўйишга уялмадингми? Қаймоқлар бериб боқарди-я!
 – Кампирдан қарзим йўқ, – дея тугалай сурланди Малламош. – Сандиғини қанча-қанча сичқондан қўриқладим, ертўласидан қанча-қанча каламушни ҳайдадим. Меҳнатларимга яраша овқат еганимни эслолмайман.
 – Нонкўр! Беюз! Хоин! – деб вовуллай кетди Оқбарс. – Барибир мендан қутулиб бўпсан! Битта мен эмас, бутун бир авлодим бутун бир авлодингни қувиб ўтади!
Иштаҳаси карнай бўлиб, нафси лакалумланиб турган Шаллақининг чидами тугаб: “Бас!” – деб ўшқирди итга. Сўнг, галага юзланди:
 – Қашқирларим! Новча Қўчқор билан Бойчечак меники! Қолганини бемалол “сен же, мен же” қилинглар!
Еру кўк чийиллоқ товушлардан ларзага келди. Чиябўрилар бир-бирини топтагудек бўлиб, ўлжаларга ташланишди.
Уёқдагилар ҳам бўш келишмади. Ота-бола Эшаклар учраган душманни тепиб учиришга, эгизак Қўчқорлар бурама шохларини ханжардек санчишга, паҳлавон Оқбарс тишига илинганни чирпиратиб улоқтиришга тушди. Хўроз гоҳ ирғишлаб туриб, “айкидо” усулида тепар, гоҳ ёғи тугаган учоқдек баланддан шўнғиб келиб, чиябўриларнинг кўзига чанг солар, миясини чўқиб, тентираклатиб қўярди.
Бу шовқин-сурон ўркачнинг нариги тарафидагиларга ҳам эшитилиб, Кунтуғди ота ҳушёр тортди. Кўркаламуш қулоғини пича динг қилиб тургач: “Мен аралашмасам бўлмайдиган йирик ғалва чиққанга ўхшайди”, деб, ҳассасини тез-тез тикиллатганича, тепалик сари жадал йўрғалади.
Кунтуғди ота шошилолмасди. Имиллаб одимлаётган Наврўзойни ўркачга ўзи билан бирга олиб чиқиши керак эди.
Буёқда чиябўрилар тутдек тўкилиб бораётгани, уёқда Кунтуғди отанинг ловуллаб кўринишига оз муддат қолаётгани Аёззодани талвасага солди. Жангда Шаллақининг ўзи ҳам Эшакнинг тепкисидан сулайиб қолгач, чиябўриларнинг руҳи тушиб, айримлари қоча бошлаганини кўргандан кейин, чидаб туролмай, аскарларини олдинга етаклади. Жанг майдонининг устини қорамтир тутунчалар қоплаб, пастдагиларга совуқ ҳаво пуркай кетишди.
Изғирин сония сайин зўрайиб борди. Иккала томондагилар ҳам қунишиб-қунишиб ҳаракатланаётган эди. Зум ўтмай, жангоҳдагиларнинг барчаси қиров босган ҳайкалларга айланиб қоладигандек туюлди. Ойтуғди она бўйнидаги туморни ёқиб, кўзларини қамаштиргандан кейингина, тутунчаларнинг шашти кескин сусайди.
Бойчечак Хўтикнинг ёлига нечоғли маҳкам тирмашиб олган бўлмасин, тўхтовсиз шаталоқ отишларнинг бирида қалтисроқ силтаниб кетиб, ерга учиб тушди. Ҳамма ур-йиқит билан оворалиги боис, кезаргон Бойчечак ҳимоясиз қолди.
Жангга кирганидан бери асосан Хўтик билан олишаётган Аёззода ночор аҳволдаги Бойчечакнинг устига келиб, думини кулчалаб йиғди-да, тинимсиз “пуф-пуф”лашга тутинди. Эндиям музламай кўр-чи, деб ғалаба гаштини сураётганида, ҳилвироқ япроқчаларига бурканиб олган Бойчечакнинг ёнида қандайдир Кўркаламуш пайдо бўлди. Келибоқ, Бойчечакни ердан кўтариб, бағрига босди, уни совуқдан паналаб, ғужанакланиб олди.
Кўркаламушга анча-мунча совуқ писанд эмаслигини яхши билган Аёззода, нима қилишини билмай, ён-верига аланглади. Тала-тўпалангда ўралашиб юрган мушукни кўриб, жиғ-бийрони чиқиб чақирди:
 – Малламош! Малламош дейман! Буёққа кел! Ғажи анави Кўркаламушни! Кейин, Бойчечакни мажақла! Тупроққа қориштирвор! Буни мен – ўзингни ўлдиришим мумкин бўлган Аёззода айтяпман!
Малламош Аёззода кўрсатган томонга отилди. Гоҳ Эшакнинг туёғига, гоҳ Қўчқорнинг шохига чап бериб ўтиб, Кўркаламушга яқинлашди. Устига ташланишга шайланган маҳали, ҳеч кутилмаганда, Кўркаламуш чап қўлидаги ҳассани қиличдек селпиб, мушукнинг қоқ калласига қарсиллатиб туширди.
“Қарс!” этиши билан, Малламошнинг кўзидан чарсиллаб ўт чақнаб, гандираклаб қолди. Ўзини ўнглашга тиришаётганида, селпилган ҳасса иккинчи марта пешанасига келиб урилди-ю, шилқиллаб йиқилди, қайтиб қимирламади.
Сўқишувда Шаллақининг иккала ўринбосари ҳам ҳалок бўлганидан кейин, чиябўрилар тугалай таҳликага тушиб, тирқираб қоча бошлашди. Қочоқлардан бири ерда тупроққа беланиб ётган мушукни чаққонлик билан тумшуғига қистириб, кўздан ғойиб бўлди.
Жанг майдони бўшаб, шовқинлар тинди. Аёззода енгилганини ниҳоят тан олди, тутунсимон аскарларини эргаштириб, у ҳам қорасини ўчирди.
Бировининг у ер-бу ери шилинган, бирови оқсаб-тўқсаб қолган бўлса-да, барча шериклари соғ-саломатлигини кўриб, Ойтуғди онанинг кўнгли ёришди. Жанг қилганлар қаторида кезаргон Бойчечакни кўксига босиб олган Кўркаламуш ҳам турганлиги уни ҳайратга солиб: “Сиз қаёқдан кепқолдингиз, муҳтарам Кўркаламуш?” – деб сўради.
 – Мени бу олатасирга тақдирнинг ўзи юборган бўлса, мутлақо ажабланмайман, – деди Кўркаламуш, киборларча димоғланиб.
Бойчечак: “Мени шу зот асраб қолди”, дея, бўлган ишларни ипидан игнасигача сўзлаб берди. Кўзи ожиз бир жонивор шундай қила олиши мумкинлигига Оқбарснинг ишонгиси келмай: “Сира ақлим етмаяпти, қори оға, Бойчечакни қанақасига топиб бордингиз-у, қандай қилиб мушукнинг ҳужумини қайтардингиз?” – деб савол берди.
Кўркаламуш виқор билан қош керди:
 – Яратгувчи бизни кўздан қисган бўлсаям, бошқаларникидан кўпроқ сезги берган. Ҳид билан шарпани сезишда олийзот Кўркаламушларга тенг келадигани кам. Бойчечакни исидан сезиб топдим, мушукнинг шарпасини мўлжалга олиб, бошини янчдим.
Кўркаламуш сўзини тугатиб-тугатмасидан, Хўроз зўр бериб қичқиришга тушди:
 – Қуқ қуқу қу-у-у! Қип-қизил қуёш-у-у!
 – Хўроз қичқирди! Хўроз қичқирди! – деб ирғишлади Бойчечак. – Хўроз Кунтуғди отанинг шарпасини биринчи бўлиб сезаман деган эди.
Ойтуғди она: “Қани, юринглар энди”, деб йўл бошлади. Буёқдагилар ўркачнинг тепасига тайинли муддатдан бирон сония кечикмай етиб боришган заҳоти, уёқдан Кунтуғди ота билан Наврўзой ҳам чиқиб келиб, тун билан куннинг қизил чегараси узра учрашишди. Ойтуғди она кезаргон Бойчечакни Оқбарснинг устидан олиб, Наврўзойнинг олдига қўйди.
 – Уйғон, Наврўзой, – деди Бойчечак. – Мен келдим. Бойчечакман!
Димоғига ёқимли ҳид урилган ондаёқ, Наврўзой ширин уйқудан бош кўтаргандек бўлиб, кўзини беозоргина очди, узун киприкларини тезгир пирпиратиб қўйиб, Бойчечакка тикилди. Нигоҳида севинч шуъласи чарх ураётганини, тонг отиб қолгани боис, атрофдагиларнинг бари аниқ-тиниқ кўриб туришарди.
 – Бу сенмисан, Бойчечак? – энтикиб пичирлади Наврўзой. – Сени шунақаям кўргим келган эдики!
Унинг товуши райҳон япроқларининг ел эсаётгандаги шивирлоғини эслатарди. Ажаббоки, борлиқнинг бирдан жонланиши учун шу шивирлоқнинг ўзи кифоя эди.
Кунтуғди ота соғинч тўла кўзларини порпиратиб, Ойтуғди онага яқин келди, манглайидан чўлпиллатиб ўпди.
“Чўлп” этган бу товушни эшитиб, Кўркаламуш туйқус сергакланди.
 – Биламан, тушуниб турибман, – дея тамтамланиб гап бошлади у. – Бойчечак билан Наврўзой бир-бирини жуда соғинган. Аммо... лекин... бироқ.... кўпчиликнинг ичида ўпишиш биздаги тутумгаям, удумгаям тўғри келмайди. Ёш-яланглар кўриб қолса, шунақа қилса бўлавераркан-да деб...
Кўркаламуш сўзини тугатолмади. Теваракда турганлар, гўё илгаритдан маслаҳатлашиб олгандек, тенгдан кулиб юборишди.
Улкан шодиёна яхшилик ва яратувчанлик йўлида қўрқувсиз курашганларнинг кўнглидан барча азоб-уқубатлар чўкиндисини ювиб ўтувчи тошқин кулги билан бошланди. Байрам авжига минди-ю, ҳар бир қоқвош бола қачонлардир учрашмоқни ич-ичи қайноқланиб орзулайдиган кезаргон Бойчечак тўғрисидаги қисса, эски ривоятда қандай башорат қилинган бўлса, худди ўшандай тарзда охирига етди.
 
Тошкент
2009
« So'nggi tahrir: 26 Mart 2014, 00:21:19 muallifi AbdulAziz »

 

Anvar Obidjon. Oltin yurakli avtobola (qissa)

Muallif AbdulAzizBo'lim O'zbek nasri

Javoblar: 1
Ko'rilgan: 7549
So'nggi javob 19 May 2011, 14:19:26
muallifi Habib
Anvar Namozov. Azal kotiblari (qissa)

Muallif AbdulAzizBo'lim O'zbek nasri

Javoblar: 1
Ko'rilgan: 6061
So'nggi javob 04 Fevral 2010, 14:23:22
muallifi Robiya
Anvar Obidjon. Qorinbotir

Muallif AbdulAzizBo'lim Bolalar kutubxonasi

Javoblar: 1
Ko'rilgan: 10280
So'nggi javob 27 May 2011, 16:21:19
muallifi Habib
Anvar Obidjon. Hajviy hikoyalar

Muallif AbdulAzizBo'lim Bolalar kutubxonasi

Javoblar: 0
Ko'rilgan: 5806
So'nggi javob 21 May 2010, 08:16:07
muallifi AbdulAziz
Anvar Obidjon. Oltin yurakli avtobola

Muallif AbdulAzizBo'lim Bolalar kutubxonasi

Javoblar: 0
Ko'rilgan: 3506
So'nggi javob 21 May 2010, 08:09:06
muallifi AbdulAziz