Nurillo Abbosxon. Sho'rqishloq (roman)  ( 16325 marta o'qilgan) Chop etish

1 B


AbdulAziz  23 Avgust 2011, 13:06:17

Nurillo Abbosxon. Sho'rqishloq (roman)



Muallif: Nurillo Abbosxon
Hajmi: 1,09 Mb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish

Qayd etilgan


Ansora  13 Sentyabr 2011, 10:21:01

Нурилло АББОСХОН
 
ШЎРҚИШЛОҚ

Роман

«Шарқ юлдузи» журнали
2010 йил, 2-3-сонлар



Биринчи боб

Дунёнинг бир қавати
 
Жазирамадан қизиган асфальт йўл бўйлаб елиб келган такси Адиркўча бошида тўхтади. Ундан тушган кўзи ожиз эр ва хотин, такси ҳайдовчиси билан илиқ хайрлашдилар. Машина ортга бурилиб жўнаб кетгач, улар оҳиста одимлаб Адиркўчага томон юрдилар. Қўлтиқлашган эру хотин, бамисоли бир вужуд каби ҳаракатланадилар. Чуст дўппи ва оқ кўйлак кийган, буғдойранг юзли, пешонаси кенг, ўрта бўйли киши йиғма ҳассасини ерга уриб, йўлни аниқлаб бормоқда. Узун енгли ҳаворанг кўйлак кийиб, оқ рўмол ўраган, оқ-қизил юзли ҳомиладор аёли эса эрига суяниб, бехавотир одимлайди.
– Шўрқишлоққа хуш келибсиз, пирим, – деди аёл мулозамат ила.
– Хушвақт бўлинг, азизим, – жилмайди эри, пешонасидаги тер томчиларини рўмолчаси билан артиб.
Кўр жувон исми Обида эди. У Олимга турмушга чиқиб, шаҳарда қолиб кетганига кўп йиллар бўлди. Ўшандан бери иккиси кўрлар жамиятидаги шолча тўқиш цехида ишлашади. Ёши ўттиздан ўтганда Обида фарзандли бўлишни хоҳлаб қолди. Кўзёриш муддати яқинлашганда оналик машаққати нечоғли оғирлигини ҳис қила бошлади.
 Улар Раҳмон амакининг темир дарвозаси яқинида тўхтадилар.
– Пирим? – деди Обида, эрининг билагини маҳкам қисиб.
– Қулоғим сизда, – деб унга томон бир оз энкайди Олим.
– Боламиз кўзи очиқ туғилар эканми?
– Ҳа, дўхтирни айтишига қараганда, кўзи очиқ туўилиши мумкин экан.
– Агар кўр бўлса, туғилмасаям майли эди, – оғир хўрсинди Обида.
– Тавба қилдим денг, Обидахон, – унга дакки берди эр.
– Астағфируллоҳ... – пичирлаб тавба қилди аёл.
Йигит яна далда берди:
– Биз бу дунёнинг бир қаватида яшаш учунгина келганмиз. Банданинг иши Аллоҳ берган қисматга рози бўлиш, азизим. Аллоҳга шак келтирманг.
– Мени кечиринг, пирим, – узр сўради жувон. – Ўйламай гапирдим.
– Аллоҳ сизни ўз паноҳида асрасин.
 
 * * *

Раҳмон амакининг Адиркўчадаги қўҳна ҳовлиси оқпошшо аскарлари Кўқон хонлиги ҳудудларини босиб олган 1860-70 йилларда қурилган. Бобоси Зуннур эшон бундан бир юз ўттиз йиллар аввал, мана шу қўриқ ерга сув келтириб, сўлим боғ барпо қилган. Энг аввал боғ ўртасига аравада тош ташиб, баландлиги тизза бўйи, кенглиги беш квадрат метрли супа қурган. Зуннур эшон авваллари бу супада, мана шу боғда пишиб етилган меваларни қоқ қилиб қуритган. Боққа том солиб бутунлай кўчиб келгач, ўз муридлари билан шу супада давра қуриб, хатми хожаган ва ирфоний суҳбатлар ўтказган. Бу супада юртга донғи кетган асилзода бойлар – Ҳорунбой, Нурмуҳаммадбой, Отахонбой ва бошқа казо-казолар тўпланиб ўтириб, Зуннур эшоннинг назари ва нафасидан баҳраманд бўлганлар. Кейинги авлодлар шуни инобатга олиб, супани ҳозиргача асл ҳолида сақлаб келишди. Харили  ва харисиз катта-кичик хоналар захлаб шўрлагани сабабли, ўтган йиллар давомида беш марта қайта қурилган. Адир бағридаги бу баҳаво боғда ҳозир ҳам узум, ўрик, олма, анор, ёнғоқ, анжир, хурмо, нок, гилос, олу, бодом, тут дарахтлари бор. Раҳмон амакининг иккинчи ўғли Шокир қадимги учта хона ёнига бундан уч йил аввал цемент пойдеворли бир хона уй қурди. Кун чиқиш томонда ошхона ва бостирмалар тиклаб, устига шифер ёпди.
Бу кўҳна ҳовлида не шўри савдолар бўлиб ўтмаган дейсиз. Раҳмон амакининг отаси Эшондада шўролар даврида иймон-эътиқоди учун жазоланди. Уни терговчи Ниғмонов, “худо йўқ” дейишга мажбурлади. Лекин қайсар эшон: “Алҳамдулиллоҳ, худо бор,” деб туриб олди. Шўровий ҳакамлар қаҳру ғазабга миниб, уни қамаб қўйдилар. Қамоқда ўтириб келгандан кейин ҳам эшоннинг “ақли кирмади”. Ўз “жиноий фаолияти”ни давом эттириб, шўроларнинг ғашига тегиб, беш вақт намоз, жаноза ўқиб, тирикларга дам солиб, ёшлар “онгини заҳарлаб”, оила қурмоқчи бўлганларни Аллоҳ ва Пайўамбар фарзу суннатига биноан никоҳлашда давом этди. Бу “жинояти” учун боши бир умр ғавғодан чиқмади. “Замон сенга боқмаса, сен замонга боқ”, дейди шўрқишлоқликлар. Эшоннинг ягона фарзанди Раҳмон, отасининг қисматидан сабоқ олиб, замонга боқиб, янгича услубда яшаб, ота-боболари тутган эски йўлни тарк этди. Отасига “қандай яшашни ўргатиб”, унга бир-икки бор дакки берди. Замонавий дўстларига қўшилиб газета ўқиб, Россияга ўрик олиб бориб сотиб, соч ўсдириб, шапка кийиб, ўрисча сўкиниб, нос ва папирос чекиб, ҳатто вино ичишни ҳам ўрганиб олди. Шу тариқа умр ўтказиб, куч-қувватидан айрилиб нафақага чиқди.
Қайси бир куни телевизор кўриб ўтирган Раҳмон амаки ҳангу манг бўлиб қолди. “Вой тавба! – дея ўйлади. – Дадамни айтган башоратлари рост экан-да! Шўро ҳукумати ағдарилиб кетдими?! Воҳ қудратингдан кета-а-ай!” Раҳмон амаки ўз тенгдошлари қаторида, янги очилган масжидга қатнаб, билиб-билмай жойнамозга юмалай бошлади. Аммасининг ўғли мулла Ҳакимдан, ҳижжалаб Қуръон ўқишни ўрганди. У ҳамма ёмон одатларини ташлади-ю, лекин нос қурғурдан қутулолмади. Наслу насабини инобатга олган масжид жамоати унинг нуқсон ва камчиликларини кечирди. У гоҳо масжидда азон айтиб, ўнги келиб қолганда имомликка ҳам ўтиб турарди. Иттифоқо, масжидга имом келолмай қолиб, Раҳмон эшон имомликка ўтди. Ният қилиб, қулоқ қоқиб, намозни бинойидай бошлаб, қиёмда қўл боўлади. Сураи фотиҳа ва замсурани ўқиб бўлгач, “Аллоҳу акбар!” деб рукуъга эгилди. Жамоат ҳам шундай қилди. Шу пайт имомнинг қўйнидаги олмадай носқовоқ “топ” этиб жойномозга тушди. Мулзам бўлган эшонзода бир амаллаб намозни якунлади. Шу кундан эътиборан масжид аҳли уни имомликка ўтказмай қўйишди. Четанбойнинг чойхонасидаги чойхўрлар эса бу аҳволни шарҳлаб, маломат қилиб, устидан кулдилар.
– Мен ўзим имомликни отказ қилдим – дея ўзини оқлашга уринди Раҳмон амаки қизариб-бўзариб. – Атайлаб қилганман бу ишни! Тузукми?!
 
  * * *
 
Бундан қирқ йил муқаддам, Шўрқишлоққа келин бўлиб тушган Карима хола, “шўрим бўлмаса Шўрқишлоққа келин бўлармидим”, – деб йиғлаган эди. Хола ҳозир анчагина қариб қолган, аммо унинг шу гапи ҳамон навқирон. Меҳнаткаш эру хотин қирқ йил колхозда ишлаб, олти фарзандни ўстириб вояга етказишди. Ёқуб, Шокир, Обида, Насиба ва Назиралар уй-жойли бўлишди. Кенжатой Султон ҳали уйланганича йўқ. Раҳмон амаки соч-соқоли тўла оқариб, юзидан нур ёғиладиган бўлиб қолди. Унга оқ яктак ва тўрт гулли чуст дўппи жуда ярашади. Баъзи бир улфатларига ўхшаб, вино ва носдан юзининг ранги қочмади. Қазисан, қартасан, ўз зотингга тортасан дейдилар. Айтишларича, одамнинг зоти тоза бўлса, унга унча-бунча дарду иллат юқмас экан.
Раҳмон амаки ҳовли ўртасидаги супага ўтириб, бир илгаги синиқ кўзойнагини тақиб, мутолаага тутинди. У ўз уйидаги можароларни унутиш мақсадида дуч келган газетани ўқийверади. Бу одам ўз тенгдошлари орасида шу жиҳати билан ажралиб туради. Баъзида газетани тушунолмай, ғазабланиб, ғижимлаб улоқтиради.
 Ошхонадан Карима хола чиқиб эрига яқинлашди. Хола буғдойранг, кулча юзли, қалинқошли, ўрта бўйли, сочлари оқарган, лекин тишлари ҳали ҳам садафдек, гапга уста шаддод кампир. Агар гап бошлашдан олдин чордана қуриб ўтириб олса, демак, ҳангома зўр бўлади. Доим бир хилда кўк дурра ўрайди. Кўча-кўйга чиққанида дурраси устидан оқ дока рўмол ташлаб юради.
– Чой ичасизми? – деб сўради хола эрига разм солиб. – А? Ичасизми?
– Йўқ, – дея ғулдуради чол газета варақлаб.
– Нега ичмайсиз? – ўчакишди кампир унга халал бериб. – Чой опкелайми?
– Нега ичмайсиз деганинг нимаси?! – газетани йиғиштирди чол. – Мен иймонли одамман! Гапим битта. Ичгим келса, ичаман дейман. Ичгим келмаса, ичмайман дейман!
– Тавба! – асаби бузилган кампирнинг яна жағи очилди. – Сизга бирор нарса дедимми?! Чой ичасизми, деб сўрасаям жаҳл қилаверасизми?
– Ҳой, хотин! – чол чинакамига тутақди. – Қачон мен жаҳл қилдим?! Иштаҳам бўғилиб турса мен нима қилай ахир?!
– Э-э-э! – қўл силтади кампир. – Ёмон қаридингиз чол!
– Жонимга тегма, хотин, тузукми?!
– Да-а-а-ард! – хола уф тортиб супага ўтирди. – Шўрим бўлмаса Шўрқишлоққа келин бўлармидим!
Ичкари хонадан ухлайвериб қовоғи шишган Шокир чиқди. Бу замонавий тадбиркор аввалига омади чопиб каттагина пул топди. Аммо ақлидан адашиб, савдо ишларида хатога йўл қўйиб, барча топганини бой берди. Қўлга кирадиган бор нарсасини сотиб, қарзларига тўлади. Руҳи тушган Шокир, бугун ярим тунда, оёғида туролмайдиган даражада маст бўлиб, гандираклаб уйга қайтди. Хотини Ойхон уни бир амаллаб ўз хонасига олиб кирди. Барзанги эрини тўшаккача судраб боришга кучи етмади. Пойгакка йиқилиб қолган Шокир туни билан ухлади. Юзига шолча ботиб, катак-катак излари тушиб қолибди. У нақшинкор юзини ишқалаб, ҳожатхонага кириб чиққач, ювина келиб супага яқинлашди.
– Ҳа, пахан? – деди у мудроқ овозда хириллаб.
Барзанги Шокир қирққа етса-да, ёшига мос келмаган кийимларга ўраниб, бош яланг юради. Ёз кунлари калта иштон кийиб юради. Россияга қатнайвериб, отаси айтмоқчи, ранг-рўйигача ўрислашиб кетган. У оғзини карракдек очиб, эснаганча супага ўтирди. Девкелбатли ўғилнинг оғзидан анқиган ароқ ҳидига чидолмай, отанинг кўнгли ағдарилди. Раҳмон амаки ўқчиб йўталди-да, уҳ тортди.
– Шокир, мол қани?
– Молингиз хафа бўлиб бировникига кетиб қолди, – минғирлади Шокир ҳорўин овозда.
– Ҳе, аҳмоқ! – яна газетани қўлига олди чол.
– Махан, – деди Карима холага юзланган Шокир. – Овқат борми?
– Овқатни хотининг берсин! Молни ўрнига қўйиб қўй! – жавради кампир.
– Ой! Ойхон! – чақирди Шокир.
– Ҳув! – ошхона дарчасидан бош чиқарди Ойхон. – Ҳа, турдингизми, дадаси? 
– Овқат-повқатинг борми?
– Кечаги овқатни еяверасизми?
– Ачимаган бўлса опкелавер, – деди Шокир супага ёнбошлаб.
– Сен ярамас қачон ўнгланасан?! Бунақада хароб бўласан бола, тузукми?!
– Бўлди-да, пахан.
 – Кун тиккага келгунча ётаверасанми?! Ҳозир соат неччи бўлди?!
– Соатларини сотиб юборганлар, дада, – овоз берди келини Ойхон ошхонадан туриб.
– Бу ҳали ўзиниям сотиб ейди, – жавради кампир.
 Шокир суякларини қисирлатиб керишиб, қашинди. У бир йил бурун донўи чиққан бойвачча эди. Вилоят марказидаги уйида тузуккина давр сурди. Энди эса патак соқолини қирай деса, устара олишга пули йўқ.
Ойхон кечаги жирсиз хамирошни иситиб дастурхонга қўйди. Шокир овқатдан бир қошиқ еб, нон кавшаб хўмрайди.
– Тузукроқ овқат қилсанг бўлмайдими? На маза, на матра бор...
– Ҳар доимги овқат, – кифтини қисди Ойхон. – Уйни овқатигаям кўнасиз энди, хўжайин.
– Ҳа, сен кам эдинг кесатмаган, – деди Шокир чайналиб.
– Мен кесатмадим...
– Ойхон ортга бурилиб, ерга боққанча ошхонага кириб кетди.
 Раҳмон амаки ва Карима хола феъллари айниб, Шокирга тешиб юборгудек тикилиб унсиз ўтирдилар.
– Бисмилло дедингми? – сўради Раҳмон амаки ниҳоят тинчликни бузиб.
– Ичимда айтдим, – бепарво чайналди Шокир.
– Ҳа, фосиқ! – ғазабланди куни кеча динга қайтган шўрлик ота. – Мен эшонлар зурриёдиман. Боламни аҳволи эса мана бу!
– Э, кончайте, пахан! – ўижинди Шокир. – Ундан кўра бувамдан қолган дуолардан ўқиворинг. Ахир мен банкрот бўлиб қолдим.
– Курортма-курорт санғиб юраверсанг, бангикурорт бўласан-да, – тўўри гапирдим деб ўйлади сўз маъносини тушунмай Карима хола. – Молни ўрнига қўйиб қўй!
– Дунё бевафо деб тўўри айтишаркан! – деди у қошиқни ташлаб. – Ўз ота-онанг вафо қилмаса, бошқалардан ниманиям кутиш мумкин? Жарақ-жарақ пул топиб келганимда елкамга қоқиб, алқаб-алқаб пулимни олгансизлар. Ишим орқага кетганда, сизлар ҳам мени ёмон кўриб қолдинглар!
– Қанча пулингни олақолибмиз? – аччиқланди Карима хола.
Кунботиш томондаги пахса девор ортидан Салим каптарбознинг хотини Зоҳиданинг боши кўринади.
– Карима хола-а?! Ҳувв, Карима хола-а-а! – деб баланд овозда қичқирди.
 Беканинг шанўи овозидан ҳуркиган каптарлар потирлашиб учиб дорходага қўнишди.
– Нима дейсиз, қўшни? – энсаси қотиб жавоб қилди хола.
– Озгина тузингиздан берворинг, – ҳовлига бир сидра назар солди у.
– Да-а-ард! – энсаси қотиб ошхона томонга овоз берди кампир. – Қўшнига туздан бериб қўйинг, қизим. Бу қўшнилар ўз ўамини ўзи еб юрса ўлармикин-а...
 Ойхон ошхонадан бир кафт туз олиб чиқиб, деворга яқинлашди.
– Эшикдан келсангиз бўлмайдими, қўшни? Ҳа, тузлаб қўяйми? – жеркиди у ва қоғозга ўроғлиқ тузни узатди.
– Раҳмат, – Зоҳида тузни олиб, девор ортида ғойиб бўлди.
Шу пайт дарвоза очилиб, Олим билан Обида кириб келишди.
– Ана, – чой хўплади Шокир. – “Кўрлар жамияти ” етиб келди. Шуниси кам эди.
– Ҳой, ким бор, азизлар? Ассалому алайкум, – очиқ эшикни тақиллатиб овоз берди Олим.
 Карима хола, Раҳмон амаки ва Ойхон меҳмонларга пешвоз чиқдилар. Салом-аликдан сўнг меҳмонлар супадаги ўринларга ўрнашдилар. Шокир эса, парвойи палак, чой ичишда давом этди. Раҳмон амаки Шокирнинг қўлидан пиёлани тортиб олиб, тагида қолган чойни сочиб юборди, пиёлани икки қур чайқаб, янгитдан чой қуйиб Олимга узатди.
– Ия?! Ҳой-ҳой! Менинг чойим бор эди-ку?! – аччиқланди Шокир.
– Куёвни пайғамбаримиз сийлаганлар! – деди у ўғлига олайиб. – Тузукми?!
– Оҳ-оҳ-оҳ! – тебранди қувониб Олим. – Яшанг, дадажон! Яшанг!
– Шу ердамидингиз, ака? – бошини эгди Обида.
 Обида бу ҳовлидаги ҳамма нарсани беш қўлдай билади. Ҳар бир қариндошини нафас олиши, қадам босиши, ҳатто ҳиди орқали ҳам ажарата олади. Обида Шокирдан анқиётган ароқ ҳиди ва хўриллатиб чой ичишидан уни таниб ўтирар, лекин сўз қотишга ботинмаётган эди. Сўқир сингил Шўрқишлоққа бемаврид келганини англаб, пушаймон бўлди.
– Ассалому алайкум, Шокир ака, – қўлини ҳавога чўзди куёв.
– Ва алайкум ассалом, – сўқир куёвнинг қўлини олиб саломлашди Шокир.
– Ака? – сўради Обида. – Келганимизга хафамисиз?
– Нега ундай дейсан? – оғир хўрсинди Шокир. – Келсанг ўз уйингга келгансан. Бугун кайфиятим яхшимас. Кўнглимга ҳеч нарса сиғмаяпти.
– Ташвишланманг, ака, ҳаммаси яхши бўлиб кетади, – деб уни юпатди Обида ўкиниб.
– Албатта, – деди Олим кўтаринки руҳда. – Ҳали яна бой-бадавлат бўлиб кетасиз.
Шокир апил-тапил фотиҳа ўқиди.
– Хўп, мен борай. Шаҳарда ишим бор.
Шокир ҳовлидан чиқиб кетгач, Ойхон супани саранжомлаб, қайтадан дастурхон ёзди. Кексалар эса ҳар доимгидай Шокирнинг ортидан ғийбат бошлашди.
– Бангикурорт яна Маҳлиё ўлгурни ёнига кетди. У бўлса буни гўл қилиб, ҳамма пулини тортиб олди. Ҳозир қарзи бошидан ошиб ётибди. Молимизни сотиб, бизни сут-қатиўдан бенасиб қилди.
– Мен унга минг бор айтганман, – уф тортди Раҳмон амаки. – Ҳозирги замонда кўп хотин олиш нотўғри. Қадимда Саидазимбойни қўш-қўш хотинлари бўларкан. Ҳаммаси иймонли, ҳалол-пок, аҳил-иноқ экан. Эрини дуо қилиб, еган-ичганига шукур қилиб, тўрт девор ичида ўтираркан. Ҳозирги иймонсиз хотинлар бир-бирини кўзини ўяди. Эрини алдайди. Қарғайди. Илму амал ичириб, йўлини боўлайди. Мана, бургутдай учиб юрган Шокир бойвачча қаноти синган мусичадай бўлди-қолди.
 Ойхон қайнотасининг сўзларини эшитгиси келмай, хаёлга чўмиб ошхонага қайтди. “Худога солдим, – деб дилида қарғанди у, – гўдакларни оч-юпун қолдириб, олтинга бурканган бузуқларгаям худо бордир... Хароб бўлгур Маҳлиё... Эр жонивор бўлса хотиним борми-йўқми демай яна шаҳарга кетди... Балки ўғил туққанимда болага меҳр қўйиб, уйга боғланиб қолган бўлармиди... Қачонгача шундай ғурбатда яшайман-а, худойим?..”
 Ойхон ўчоққа ўт туташтириб юборди. Қозонга озгина пахта ёғи қуйиб, пиёз тўўрашга киришди. “Ҳа, – дея ўйлади у. – Кимдир қора нон еб юпун яшаркан. Кимдир айшу ишрат қиларкан. Дунёнинг ишлари қизиқ. Учта қизимнинг тақдири нима бўларкин? Менга ўхшаб тош чайнаб, бу ёруғ дунёдан товони ёрилиб ўтармикин? Бузуқларни бўлса ошиғи олчи. Ҳаммаси ярақлаб юрибди. Қорни тўқ, эгни бут. Балки қизларим ҳам замона зайли билан ўшаларга ўхшаб олғир бўлиб кетар? – Ойхон ўтга тикилиб кескин бош чайқади. – Ҳо-о-о! Тириклайин ерга кўмиб ташларман! Ҳу, отангга тортмай ўлгур қанжиқлар деб, мана шунақасига соламан!”
Ойхон капгирни ғазаб билан бир силкиди. Капгир ўчоқ бошида тиклоғлиқ қопқоққа урилди ва у тарақлаб ерга тушди. Ойхон қопқоқни ўрнига қўйиб, қизиган ёққа пиёз ташлади. Ҳовлига тотли ҳид таралди.
Шўрқишлоқлик жайдари келин Ойхон кўҳликкина, бодомқовоқ, соддадил жувон. Эгнига пушти духоба халат кийиб, бошига араб рўмолини дурра қилиб, оёғига хитой шиппагини илиб, ҳовлида югуриб-елиб хизмат қилади. Қачон қараманг, сўйлоқ тишини кўз-кўзлаб кулгани-кулган. Шокир бир куни тунда, “шаҳарда Маҳлиё деган хотиним бор”, деб ўз гуноҳига иқрор бўлди. Ўшанда бу содда аёл, “ий-я-а-а! Вой алдоқчи! Вой тавба-а-а!” деб кулган, кейин эса ҳеч кимга сездирмай тонг отгунча пиқиллаб йиғлаган эди.
 

Иккинчи боб

Маҳлиёнинг маҳлиёси
 
Асаби бузилиб уйидан чиққан Шокир катта асфальт йўлда “Дамас” машинасини тўхтатди. Ҳайдовчи ёнида ўтириб, сигарет тутатди. Машина шаҳар томон йўл олди.
– Шокир ака, – деб сўради ҳайдовчи. – “Камаз” машинангиз нима бўлди?
– Сотиб юбордим, ука, – деди Шокир хўрсиниб.
– Нега сотдингиз? Мен бўлсам, сизга ишга ўтаймикин, деб тургандим.
– Мендан омад юз ўгирди, – гапни қисқа қилди Шокир.
– Э-э, яхши бўлмапти, – жимиб қолди ҳайдовчи ва бир оздан сўнг тилга кирди. – Парво қилманг, Шокир ака, бундай ўткинчи қийинчиликлар ҳамманиям бошида бор. Мен ўзим олдин колхозда юк машина минардим. Маош озлик қилди. Бензин йўқ. Запчаст йўқ. Ишдан бўшадим. Бойвачча Алимардонни “Камаз”ини ҳайдаб, Россияга икки рейс бориб, тирикчиликка етадиган пул топиб келдим. Акамни омади келиб, мана шу “Дамас”ни сотиб олди. Бировни шопирликка ёллаб, бир йил кира қилиб фойдаланди. Машина чарчаган экан, тирикчилик қилолмай қолган ҳайдовчи бола ишни ташлаб кетворди.
– Машина тузуккина шекилли? – разм солди Шокир.
– Буёғини эшитинг, – жилмайди ҳайдовчи. – Кейин акам машинани тағин бошқа бировга берди. У бир ойдан сўнг машинани бузиб, “калла-поча” қилди. Акам мени ҳар куни уйига чақиртириб, “машинани ўзинг мин!” деб мажбурлайверди. Мен унга: “Ака, мен калта пойга қилиб, майда машина минмаганман, киракашликка ўрганмаганман”, деб кўнмадим. Акам ҳол-жонимга қўймай, шу машинасини барибир бўйнимга илди.
– Жуда яхши бўпти-да, – деди Шокир. – Ака-ука иноқ бўлиб, биргалашиб рўзўор тебратса нимаси ёмон?
– Нимасини айтасиз. Ака-укани дўст бўлганига етадиган нарса бор эканми, – тан олди у ва кулиб қўйди. – Ҳозир мана шу машинани деб қозон-товоқни сувга солиб қўйганман, Шокир ака.
– Ия! Нега? – ажабланди Шокир.
– Емаган сомсага пул тўлаб юрибмиз-да. Машина бутунлай тўкилиб кетган экан, қўлимга ўтгандан кейин уч кун ғилдиради холос. Шундан бери топган пулимни ремонтга сарфлайман. Тўрт юз минг сўм харжладим. Уйимдаги қўйларни сотдим. Машина бутун бўлди. Акам эса бўйнимга уч юз минг сўм қарзни илиб қўйди.
Шокир энди жиддий ажабланди.
– Бу қандай қарз бўлди?!
– Машина икки ой бекор ётди-да, – жилмайди ҳайдовчи йигит. – Акам машинани бекор ўтган кунларигаям план қўяди. Кунига беш минг сўм топширишим керак. Бугун ишлаб топган пулимни бугун топшираман. Учта қўйимдан айрилганимга мингдан минг розиман. Майли, кетса акам учун кетибди. Аммо, уч юз минг сўмни қаердан топиб бераман? Тушгача шаҳар томонга йўловчилар кўп бўлади, қайтишда бўм-бўш қайтаман. Тушдан кейин аҳвол буни тескариси. Бензин қимматлади. Икки юз сўмга бир сих кабоб емасам бўлмайди. Икки минг сўмга ёқилўи олиш керак. Янгам бўлса, хотиним келинликда кийган эски туфлисини кўриб, янги туфли олибди, деб жанжал кўтарди. Ана сизга Шўрқишлоқ ҳангомаси!
Ҳайдовчи йигит шунақа шарақлаб кулдики, Шокир “эси жойидами буни” деган хаёлда унга назар ташлади.
– Топширворинг машинасини, – деди Шокир асаби бузилиб. – Сиз Аҳмад домланинг укаси Раҳматилламисиз?
– Ҳа, Шокир ака. Мени таниркансиз-да? – жилмайди ҳайдовчи. – Жон деб бу “ҳўл бало”ни топширворган бўлардим-у, акам “агар қарзингни тўламасанг, машинани олмайман” деяпти-да. Мени биргина чорам қолди. Ҳовлимни ярмини қўшнимга сотаман, Шокир ака. Қарзимни тўлаб, қолган пулга йўлкира қилиб чет элга кетаман. У ердан дастмоя йиўиб қайтаман. Бўлмаса ҳолим хароб, ака.
– Балки акангиз инсофга келиб қолар? – ачинди Шокир.
– Акам отамизни қарзини кечмаган, меникини кечармиди, – деди ҳайдовчи юзини четга буриб.
Шокир унинг ёшланган кўзларини кўриб, юраги ортга тортди.
– Ана сенга оқибат! – бошини чангаллади Шокир. – Бу дунёга нималар бўляпти ўзи?!
 Машинага икки боласини етаклаб олган бир жувон чиқди. Машина яна йўлга тушди. Қуёшнинг ўтли ҳароратидан олам энтикиб нафас олади. Иссиқдан қочиб, ҳатто осмонда қуш учмайди, ерда жонивор ўрмаламайди. Салоннинг очиқ ойналаридан иссиқ асфальтнинг ҳиди кириб димоғни бўғади. Йўловчилар болали аёлдан тортиниб, суҳбатга чек қўйиб, сукут сақлаганча борадилар.
 
 * * *
 
 Шокир шаҳарнинг гавжум кўчаларида, паришон аҳволда бемақсад изғиб юрди. Ҳали у, ҳали бу бекат сўрисида шумшайиб ўтирди. Кейин таваккал қилиб, кичик тумандаги кичик хотини ҳузурига жўнади. Қишлоқ кўчаларида пулинг бор-йўқлигига қарамай, ҳайдовчилар машинани тўхтатиб олиб кетаверадилар. Шаҳар кўчаларида чопиб бораётган, ҳар турли русумдаги машиналарга пул тўламасанг бўлмайди. Ёнида пули йўқ Шокир бойвачча, шоҳона уйига, шоҳона ихтиёр ила пиёда кетишни маъқул кўрди. У кичик хотини Маҳлиё билан илк учрашган кезларни хотирлади. Кўз ўнгида ўша қарғиш теккан ресторан намоён бўлди.
 Ресторанда омади чопган тадбиркор улфатлар коньяк ичиб, ҳар тўғрида валақлаганча қаҳ-қаҳлашиб ўтирардилар. Рўпарадаги столда ёлғиз ўтирган хушбичим бир ҳурилиқо фақат қаҳва ичиб, пирожний ер, бу одобсиз кишиларга қараб аста бош чайқар, Шокир билан нигоҳи тўқнашганда нафратланиб юзини четга бурарди. Қизнинг нозик қадду басти, оппоқ юзи, сариқ рангга бўялган калта сочи, оҳу кўзлари Шокир кўнглида ўзгача бир ҳирсу ҳавас уйғотди. У официант аёл билан ҳисоблашгач, Содиқ акаш, Алишер ва Ҳомид исмли шаҳарлик ҳамкорлари ортидан ташқарига чиқди. Савдогарлар у билан қучоқлашиб хайрлашиб, машиналарга ўтириб жўнаб кетишди. Шокир бояги жозибадор қизнинг олдига қайтиб киргиси келди-ю, негадир ўз фикридан қайтиб машинаси томон юрди. У машинаси эшигини очиб рулга ўтирди. Бояги қиз яна кўз олдида гавдаланиб, юраги безовта бўлди. У фикридан қайтиб Шўрқишлоққа жўнаб кетганида бугунги кўргиликлар юз бермаслиги ҳам мумкин эди. Аммо ресторанга қайтиб кирди. Маҳлиё ўтирган столга яқинлашиб, тавозе ила салом берди. Қиз кифтини қисиб, лабини буриб алик олди.
– Ўтирсам бўладими?
– Мақсад нима ўзи? – жиддий нигоҳ ташлади қиз. – Овқатланиб бўлдингиз-ку?!
– Сизни меҳмонга таклиф қилмоқчи эдим.
– Нега айнан мени? – мулойим жилмайди у. – Мен сизни танимасам, билмасам...
– Энди танишиб оламиз-да, – сузилди Шокир.
Француз коньягидан боши қизиган тадбиркорнинг кўкрак чўнтагида бир даста кўк доллар “ол мени!” дея кўзга ташланиб турарди. Маҳлиё унга зимдан назар солиб, қармоўига лаққа балиқ илинганини сезди. У Шокирда олиймақом таассурот қолдириш учун кимнинг сиймосига кириши лозимлигини билолмай иккиланди. Голливуд мадоннаси бўлсинми ёки Кумуш биби суратига кирсинми? Балки унга оддий Мария ёқар? Ёки беозор Жэн Эйер бўлиб кўринсинми? Оддий фоҳиша сифатида у билан жуфтлашса, анави кўк қоғозларнинг биттасиниям ололмайди. Бу йигит ҳам у қадар гўл эмас. Маҳлиё ногоҳ ғамгин малика сиймосига кириб, Шокирга қараб сузилди.
– Илтимос, – деди у мунгли оҳангда. – Мени жароҳатимга туз сепманг.
– Жароҳат дейсизми? – ёйилиб стулга ўтирди Шокир.
 У суҳбатнинг бошланишидан тушундики, қизнинг кўнглини эритиш мумкин. Мулойимлик билан нотаниш гўзалнинг дилига қўл солди. Ўамгин малика эса ўз аянчли қисматини маҳорат ила баён қила бошлади.
– Мен худди шу ерда, шу алфозда бир киши томонидан алданганман. Оқибатда уй-жойим, ота-онам, обрў-ҳурматимдан жудо бўлдим. Инсоннинг энг ёмон душмани унинг содда кўнгли экан. Сиз, бойвачча, кеч қолдингиз. Мени сиздан олдинроқ алдаб бўлишган. Мен ўша кезларда эркак кишини тушунмасдим. Охир-оқибатда ўз юртимни ташлаб кетдим. Бу иснодга чидолмай, отам раҳматли оламдан ўтдилар. Онам тузалмас дардга чалиндилар. Шундан сўнг эркак зотидан нафратланадиган бўлиб қолдим. Ортиқ хиралик қилманг. Анави аёл мени яхши танийди. Гап-сўз бўлишни хоҳламайман...
Шокир бойвачча Маҳлиё кўрсатган официант аёлга бурилиб қаради. Официант ҳаддан ортиқ бўянган, юпқа кўйлак кийган енгилтак жувон эди. Маҳлиё столга пул ташлаб, ўрнидан туриб, сумкасини елкасига илди. Қизнинг қадду қомати ва хусну жамоли рассом Леонардо орзуларида туўилган беқиёс асар эди. Бу хўрланган малакнамо маҳлиқо ширакайф Шокир дилида олиймақом ҳирсу ҳавас уйғотиб, ресторандан виқор ила одимлаб чиқиб кетди. Колхозчи хонадонида улғайган Шокир бойвачча фикру хаёллар уммонига ғарқ бўлди. Официант аёлни ўз ёнига чорлаб, бир қадаҳ коньяк буюриб, уни суҳбатга тортди. Маҳлиё ҳақида эринмай сўраб- суриштирди.
– Ҳа, – деди аёл. – Мен бу қизни яхши танийман. Биз ёнма-ён уйда яшаймиз.
– Сал ғамгинроқ эканми? – қизиқди Шокир
– Ғамгин? – кифтини қисди у. – Ҳа-ҳа! Шунақа бўлиб қолган. У шунақа ғамгин...
– Эркак кишидан нафратланармиш, – коньяк ичиб газак қилди Шокир. – Шу ростми?
– Маҳлиёми?! – юзини четга буриб иршайди аёл. – Тўппа-тўғри. Унинг ҳаётида эркак киши – салбий қаҳрамон. У эркаклардан жуда-жуда нафратланади.
– Адресини беринг, – ўтинди Шокир.
– Вой, худо! – ёқасини ушлаб, кўзларини ола-кула қилди у. – У мени нақ ўлдиради-я!
– Биздаям қолиб кетмас.
– Ундай бўлса ёзиб олинг, – деди аёл.
Шокир бойвачча шу тариқа, Маҳлиёнинг уй манзили ва телефон рақамини олди.
 
* * *
 
Эртаси куни Шокир ўша манзил бўйича йўл топиб, “ўамгин малика” ҳузурига келди. Маҳлиё аслида бу манзилда яшовчи ижарагир эди. Уйнинг эгаси абжир қўшмачи хотин бўлиб, Маҳлиё уни ўз қариндоши сифатида таништирди. Шокирни меҳмон қилди. Йиўлаб-сиқтаб суҳбатлашишга мослашиб олган Маҳлиё у билан бир ой давомида тузуккина пачакилашди. Шокирнинг кун сайин Маҳлиёга нисбатан ишқи алангаланиб борар, қўшмачи аёл эса пул ундиролмай армонда эди.
– Махлишка, бойваччани пулини олайлик? – деди у сабри тугаб.
– Менга уни пули эмас, ўзи керак, – деди Маҳлиё.
– Ўзини бошингга урасанми? – жеркиди аёл. – Қарзингни тўлаб қўй! Сен мижоз бошлаб келмаяпсан. Бир ойдан бери текинга еб-ичиб ётибсан. Шоирона гапларингни қозонга солиб бўлмайди.
– Агар ўзини қўлга олсам, ҳамма мулки меники бўлади, – деди муўомбир аёл. – Бугун бир ҳунар ишлатаман. Сенам мен қўядиган “кино”да қатнашасан.
Шу куни Шокир коньяк ва қази кўтариб келди. Залда бир овсарроқ йигит, атрофга аланглаб, иршайиб ўтирарди. Уй бекаси жаврар, Маҳлиё додлаб йиўлар, залдаги буюм ва жиҳозлар ҳар томонга сочилиб ётарди.
– Мени айтганимни қиласан! – бақирди уй бекаси.
– Ҳеч қачон!! – ув солиб йиғлади Маҳлиё. – Отамнинг арвоҳини чирқиратмайман! Ҳаром йўлга юрмайман!
– Нима гап ўзи?! – ҳайрон бўлди Шокир.
У Маҳлиёни бу алфозда кўриб кўзларига ишонмади. Қиз шўрлик телбага айланиб қолганди. Кўзлари тубида мавҳум зулмат ва иблисона макр учқунлар, юзи ўрнида эса нотаниш бир чеҳра пайдо бўлган эди. Гўё сиймосида бу жирканч дунёдан тўйган самовий фаришта ўз осмонига учиб кетмоқчи бўлиб қанот ростлаганга ўхшарди. Қизнинг телбалиги ўзига шу қадар ярашгандики, Шокир унинг бу жиннилигини ҳам беҳад севиб қолди. Олам аҳли томонидан алданган гўзалнинг самовий фаришта эканига аниқ ишонди. У қизга яқинлашиб, ўзига томон отмоқчи бўлаётган чойнакни қўлидан тортиб олиб столга қўйди ва Маҳлиёни бағрига босди.
– Сенга нима керак?! – унга зардали боқди Маҳлиё, зир-зир титраб. – Сенгаям покиза баданим керакми?! Мени ҳеч ким, ҳеч қачон сотиб ололмайди! Мен охирги нонимни еб бўлиб, ўзимни балкондан ташлайман. Лекин бузуқчилик қилмайман.
Сохта хола бу гапни эшитиб, уйни бошига кўтариб шанғиллади.
– Ташласанг бошқа уйни балконидан ташла! Менинг бошимни балога қўйма! Йўқол уйимдан. Менга пулсиз фаришта керакмас!
– Кетаман! Қўшмачи! Бузуқ! – ув солиб йиўлади шўрлик жувон.
– Ҳой, сўтак, – Шокирга юзланди сохта хола. – Отинг Шокирмиди? Жиянимни ўз ҳолига қўй! Ўргилдим сендақа фаришталардан! Ҳалол бўлсанг, икковинг масжидга бориб намоз ўқи! Менга ҳозир пул керак! Пул!
Шокир бу шаллақи аёл сиймосида фаришталарни асирга олиб азобловчи малъун иблисни кўрди. Унинг сариққа бўялган калта сочи, муғомбирона жилмайган юзи, қаҳрдан олайган кўзлари шўрқишлоқлик тўпори азамат дилида беқиёс нафрат уйғотди. У қаҳрамонлик кўрсатиш истаги ила ёниб, ақлидан адашиб, шамол тегирмонига қарши уруш очган Дон Кихотга айланди. Мардона чўнтак кавлаб:
– Қанча керак?! – дея пишқирди.
– Анча керак! – қилпиллади сохта хола.
– Кавланманг, Шокир ака, – йиғидан толиқиб ҳиқиллади Маҳлиё. – Мени ҳеч кимдан қарзим йўқ. Бир йил шу ерда фаррош бўлдим. Олган ҳалол маошимни келтириб, тийинигача топширдим. Меҳнат қилиб-қилиб, охири қўчага ҳайдалдим.
– Ким сени ҳайдади, Маҳлиё?! – хонадон бекаси ёқа ушлаб анграйди. – Вой, қуруқ туҳматингдан ўзинг асра, худойим!
– Шундан кўра ҳайдаганингиз яхши эди! – сохта холасига бақирди Маҳлиё ва Шокирга сохта жазманни кўрсатиб фарёд урди. – Бу ҳозир мени манави гўрсўхтага қўшмоқчи бўлди, Шокир ака-а! Мен ортиқ яшашни истамайман! Ҳаром яшагандан қўра, ҳалол ўлганим яхши-и-и!
– Тавба қилдим десангиз-чи... – юраги ачишиб уни инсофга чақирди Шокир.
– Сенам мени азобладинг!... – Шокирга мўлтираб қаради қиз. – Мен жинни сени севиб қолганман... Ҳамманг бирлашиб мени бошимга етдинг! Мен ортиқ яшашни хоҳламайман!
 Маҳлиё дабдабали нутқини якунлаб, ошхона томон отилди. Сохта хола ваҳимага тушиб дод солди. Шокир ва жазман йигит Маҳлиёнинг ортидан югурдилар. Ошхонага кирган Шокир бенажот қиз бечоранинг титраётган қўлларида пичоқ кўрди. Унга ташланиб бир амаллаб пичоқни тортиб олди. Вақтни ғанимат билиб, Маҳлиёни яна маҳкам қучоқлади. Жазман йигит ўзини босолмай ҳиринглаб кулди. Шокир ғазаби қайнаб, унинг юзига бир мушт урди. Жазман полга қулади. Сохта хола ошхонага кирди. У ўзини кулгидан базўр тийиб, оғзи қийшайди.
– Юр, Маҳлиё, – деди Шокир Маҳлиёни юз-кўзларидан ўпиб. – Менинг уйимга кетдик. Ҳамма нарсани муҳайё қиламан. Сени хўрлашларига йўл қўймайман.
– Ростданми? Қарорингиз қатъийми? – қалтираб йиғлади Маҳлиё. – Йўқ. Мен сизгаям ишонмайман! Ишонолмайман! Йўқ...
– Ишон, жоним, – деди Шокир ўамгин маликанинг бошини силаб. – Уйимда ҳамма қулайликлар бор.
– Яхши йигит! – ўшқирди сохта хола. – Буни онасига нима деб жавоб бераман? Бу қиз казо-казоларни боласи. Кўчада қолмаган. Агар ўз номига уй олиб берсангизам бермайман.
– Керак бўлса ўз номига олиб бераман! – ишонч билан гапирди у. Сохта жазман “балодан ҳазар”, дегандай, эмаклаб ошхонадан чиқиб, залдаги каравот остига кириб бекинди. Сохта хола Шокирни туртиб:
– Ҳозироқ кетинг! – дея эшикни кўрсатди.
– Маҳлиё, сен нима дейсан? – бағридаги қиздан сўради Шокир.
 Хола Маҳлиёни куч ишлатиб ундан ажратиб олди.
– Қани, кўчага марҳамат! – буюрди у, Шокирни ташқи эшик томон суриб.
– Шокир ака-а-а-а! – додлади Маҳлиё, унга томон интилиб. – Мени олиб кети-и-и-нг!
– Ҳеч қаерга бормайсан! – ўшқирди хола.
У Маҳлиёни залга итариб киритиб, Шокирни турта-турта ташқарига чиқарди ва эшикни ичидан қулфлади. Шокир бу кўнгилсиз воқеадан дили вайрон бўлиб, эшик олдида бир оз тургач, машинасини ҳайдаб ўз уйига кетди.
 Маҳлиё ўз ролига берилиб, йиўига мослашиб қолиб, ҳамон ўзини босолмай хўрсинарди. Сохта хола залга кириб диванга ўтирди ва қиқирлаб кулди. Маҳлиё яна бир оз ҳўнграб йиўлаб олгач, ҳиринглаб унга жўр бўлди ва ниҳоят қотиб-қотиб кула бошлади. Каравот тагида яшириниб ётган зўраки жазман ташқарига эмаклаб чиқди. Аёллар унинг кўкарган юзини кўриб, баттар қитиўлари келиб, полда юмалаб кулишди. Ориятсиз жазман ҳам уларга қўшилиб, эрларга ярашмаган оҳангда ҳиринглар, оўриган юзини сийпалаб уҳ-уҳларди. Маҳлиё кулавериб ҳолдан тойди. Хола қорнини чангаллаб ҳо-ҳолади:
– Жа оширвординг-да, Махлишка! Ҳа-ҳа-ҳа-а-а! Театр артистиям сенчалик ўйнолмайди.
– Истеъдодимни ҳақоратламанг! – таманно ила қилпиллади Маҳлиё. – Театр артистингиз мени олдимда ким бўпти?
– Вой бўлди! Ҳа-ҳа-ҳа-а-а! Ичагим узилиб кетади ! Вой, лўх! Лўх!
– Шокир ака-а-а-а! Мени олиб кети-и-инг! – мазахлаб чийиллади сохта жазман.
– Ҳой, Сўтақўзи, бор уйингга, – деди сохта хола, сохта жазманнинг кетига бир тепиб.
Юзи кўкарган ориятсиз олифта ўхшовсиз ҳиринглаб. Кулги яна авж олиб, бу телба томоша кечга қадар давом этди. Сохта хола қазини шўрвага солиб пиширди. Шокир ташлаб кетган коньякни ичиб, икки маккора янада пухта режа тузди. Бир ой мобайнида узлуксиз ижро этилган, сийқа сценарий асосига қўйилган спектакль тобора авжига чиқиб борди. Ақлидан айрилган Шокир, ҳар куни телефон орқали улар билан ади-бади қилиб, висол илинжида Маҳлиёга ялинади. Нариги томонда ё Маҳлиё йиўлайди ёки хола жаврайди. Хуллас, бу айтишувлар ниҳоясига етиб, шўрқишлоқлик лақма тамомила мавҳ этилди. Шокир бойвачча Маҳлиёсиз яшолмаслигини тушунди. Шаҳардаги уч хонали уйини ичидаги мебеллари билан унга хатлаб берди. Гувоҳлар ва Маҳлиёнинг онаси иштирокида шаҳардаги улфатлари билан базми жамшид ясаб, бир тўп исқирт меҳмонларни тўплаб тўй берди. Тўйда Раҳмон амакининг кичик ўғли Султон ҳам иштирок этди. Шокир ўз отасидан бир оғиз рухсат сўрамади. Оилани оқ ювиб, оқ тараган мусичадай Ойхонни, юлдуздек чақнаб турган учта қизини хаёлига келтирмади. Маҳлиёга маҳлиё бўлган Шокир тез орада бор-будидан айрилишини билмасди. Маҳлиё турли-туман сиймоларга кириб роль ўйнаб, бойваччанинг ақлу хушини бутунлай эгаллаб олди. Шокир айтарли ҳар томонлама ўзгарди. У ичкиликка, айшу ишратга берилиб, савдогарчилик қонун-қоидаларини унутди. Натижада чув тушди. Қачонлардир илоҳий ишқни тарғиб этиб, риёзату итоатда яшаб ўтган аждодлар вориси шаҳвоний ишқ гирдобида тўғри йўлдан адашди.
 
 
Учинчи боб

Орзуманд ожизлар
 
 Шокир юмшоқ кўнгил йигит. У ҳаммга қайишиб яшайди. Обида Шокирдан кейин туғилган. Ораларида тўрт ёш фарқ бор. Ёғинли ноябрь кунларининг бирида мактабдан қайтаётган Шокир олти ёшли Обиданинг Адиркўча четидаги катта ариқда йиқилиб ётгани устига келиб қолди. Обида пайпасланиб, совуқ сувдан чиқишга уриниб зорланиб йиғлар, лойда тойилиб яна ариқ ичига қайтиб тушарди. Сал нарироқда тўпланиб турган болалар:
– Иҳ! Обиш кўр сувга тушиб кетди! Сувга тушиб кетди! – деб жаврашар, лекин ёрдам беришга шошилмасдилар.
 Шокир югуриб келиб, синглисини ариқдан чиқариб олди. Обида кичик жуссали, Шокир эса бўлалигина эди. У синглисини даст кўтариб, уй томон юрди.
– Қайда юрибсан, Шокир? – деди Обида акасининг бўйнидан қўчоқлаб. – Сув совуқ экан!
Шокир хўрлиги келиб йиғлаб юборди. Шу воқеадан сўнг у сўқир синглисига бутунлай боғланиб қолди. Баъзан Обидани етаклаб мактабга олиб борар, синфдошлари ёқимтой ожиза қизалоқни орага олиб эркалашар, бурро-бурро гапларидан завқланиб, савол-жавоб қилиб, ҳар соҳада суҳбатлашардилар. Обида ўз атрофидаги инсонларнинг илиқ муносабатлари ва меҳрларидан жуда яйрар, меҳрибон кишилар даврасига талпиниб турарди. Қиз саккиз ёшга кирганда, уни шаҳардаги кўзи ожизлар мактабига жўнатиб юборишди. У ойда бир ёки икки марта – шанба ва якшанба кунлари қишлоққа келиб кетарди.
 Обида ўн икки ёшида шаҳар билан Шўрқишлоқ орасида мустақил қатнай оладиган, гап-сўзлари бамаъни, пишиққина қизга айланди. Автобусда таниган аёллар уни бағрларига босиб, қўлига қанд-қурс тутқазиб эркалашарди. Бир куни отасининг дўсти Пирмат қулоқ, автобусда шаҳардан қайтаётиб, Обидани ўз ёнига ўтқазиб олди. У пайтларда шаҳар билан қишлоқ орасида биттагина эски автобус қатнар, моторидан “вой-вой-вой” қабилида овоз чиқариб, ўқтин-ўқтин йўталиб, эшакдек имиллаб йўл босарди.
– Мунча судралади бу автобус! – жиғи-бийрон бўлди Пирмат қулоқ. – Соат неччи бўлдийкин?
– Соат ўн иккидан йигирма беш минут ўтди, – деди Обида ойнаси очиладиган қўлсоатини пайпаслаб.
– Ҳеч-да, – деди олдинги ўриндиқда ўтирган Шароф дўкондор ўз соатига қараб. – Соат бешта кам ўн икки бўлди.
– Соатингизни тўғрилаб олинг, Шароф почча, – бўш келмади қиз.
Шароф дўкондор пишиллаб, соатини силкитиб қулоўига тутди.
– Вой, падарингга миллион минг лаънат! – аччиқланди у. – Яна тўхтаб қолибди-ку!
– Буни соатиям Заҳродан қўрқади! – ҳоҳолаб кулди Пирмат қулоқ. – Бир бақирганда ўзиям, соатиям тўхтаб қолади. Ваҳ-ҳа-ҳа-ҳа-а-а!
Ҳамқишлоқлар ичкуёв Шарофнинг устидан мириқиб кулишди. Нозиктаъб Обида бурнини жийириб, Пирмат қулоқдан нарироққа сурилиб ўтириб олди.
– Пирмат амаки? Бозорда мол сотдингизми? – деб сўради.
– Ё тавба! – ёқа ушлади Пирмат қулоқ. – Обиш, буни сен қаердан билдинг?
– Қўйнингиздаги арқонни ҳидидан, – деди у.
– Зоти тоза-да! – йўловчиларга маъноли боқди Пирмат қулоқ. Эшондада эшонни кароматлари бу! Ерни тагида илон қимирласа билади-я.
Пирмат қулоқ таъсирланиб кетиб, носқовоўини киссасидан олиб, бошини сарак-сарак қилиб нос чекди. Сезгиси кучли Обида, носқовоқдан таралган ҳиддан бурнини жийириб, лабини буриб, қошларини чимирди.
– Шу сассиқ нарсани чекишдан сизга нима фойда, Пирмат амаки? – деб дакки берди у. – Орқада ўтирган Офтоб холамни сотилмай қолган қулупнайидан есангиз, қонингиз кўпайиб, жаҳлингиз кам чиқадиган бўлади.
– Ҳой, сўпини хотини! – орқада ўтирган мулла Ҳакимнинг хотини Офтоб холага овоз берди Пирмат қулоқ. – Қулупнай касод бўлдими?
– Вой ўлай, Обида, шуниям билиб қўйдингми? – ажабланиб ёпинчиўига ўралди бир қўли ногирон Офтоб хола.
Обиданинг бундан бошқа ажабтовур қобилиятлари бир талай эди. Эшонлар хонадони таътил пайтларида, қизнинг беғубор қаҳ-қаҳасидан жонланиб кетарди. Оиланинг бошқа аъзолари эса ўзаро муштлашгани-муштлашган. Катта ўғил Ёқуб, Шокир ва Насиба, ҳовлини бошларига кўтариб, шовқин солиб уришиб-талашардилар. Булар тинч туришганда Раҳмон ака билан Карима опа жанжал кўтаришарди. Назира билан Султон эса энди тетапоя қила бошлаган бўлиб, улар ҳали жанжал қилишни билишмасди.
 
 * * *

Обида ўн беш ёшида ўзгача бир сиймо касб этган эди. Иягини баланд, тик қоматли ожиза қизнинг узун ва қалин киприклари, қалдирўоч қанотидай қайрилган қора қошлари оқ юзига ажойиб кўрк бағишлаганди. Ўспирин Обида кўзи кўрмаса-да, дадил ва чўрткесар эди. У кўзи очиқлар етаклаб юришини ёқтирмас, доим алюмин ҳассача тутиб юрар, қўлидан ушлаб ақлбоши бўлувчиларни ўзидан нари суриб:
– Мингтангдан битта ҳасса яхши, – деб осмондан келарди.
 У ҳар доимгидай шанба куни кечқурун дарвозадан кириб салом берди. Супада ўтиришган оила аъзолари пешвоз чиқишди. Қиз ҳассачасини супага тираб қўйгач, ҳамма билан қучоқлашиб кўришди.
– Бизга қаланқат қани? – дея сўради у.
Қаланқат тут мевасидан тайёрланадиган ширинлик. Карима хола таомлар қаторида охирги қаланқатни товоққа солиб дастурхонга қўйган, оила аъзолари уни паққос тушириб бўлишганди.
– Бошқа нарсалардан еяқол, қизим, – деди онаси.
– Қара-я, сени унутиб қўйибмиз, – хижолат бўлди Раҳмон амаки.
– Ҳечқиси йўқ, – сўқир қиз илжайиб, бўшаган товоққа нонни суртиб оғзига солди ва ўз одатига кўра мезбонларга заҳрини сочди. – Кўз улашаётганда мени ҳатто худо унутиб қўйган-у, сизлар унутсангиз нима бўпти.
Дили вайрон бўлган ота ва она дастурхон устида сукутга толдилар. Сўқир фарзанднинг бу аччиқ сўзлари уларнинг қалбига ханжардек санчилди. Эртасига Раҳмон амаки якшанба бозорига бориб, сўраб-суриштириб ярим кило қаланқат топиб келди. Обидани эркалаб, бош-кўзини силаб, Карима хола ортидан пахтазорга кетди. Обида супага ўтириб олиб, Султон ва Назирага қаланқат едира бошлади. Насиба касалликка кўп чалинганидан уни авайлаб эркалатиб қўйишганди. Эркатой қиз тозаликка риоя қилмас, қўл-оёғини ювишга эринар, бурун қоқишдан кўра бурун тортишни осонроқ кўриб, Обиданинг ўашига тегарди. У Султон ва Назиранинг орасига тиқилиб, ювилмаган қўлини товоққа чўзди. Обиданинг лаблари асабий пирпиради. Синглисининг қўлига қошиқ билан бир туширди.
– Ҳе-е-е! – бурнини тортиб овозини баралла қўйиб йиўлади Насиба. – Ҳой, Обиш! Нимага менга бермаяпса-а-а-ан? Ҳе-еҳ-е! Ҳе-е-е-е!
– Сен қўлингни ювмагансан! – тергади уни Обида. – Қўл-оёўингни ювиб, бурнингни тозалаб қоқиб келсанг бераман.
– Бераса-а-ан! Ҳе-е-е! Ювмасамам бераса-а-а-ан!
– Оёғингни ювмасанг товонинг ёрилиб кетади! – деди Обида қўлини бигиз қилиб.
Насиба опасининг кўрлигидан фойдаланиб, товоқдаги таомга сездирмай яна қўл чўзди. “Золим” сўқирнинг узун киприклари пирпираб, қошлари чимирилиб, бири сўроқ, иккинчиси ундов белгига айланди. У сал олдинга энкайиб, Насибанинг юзига шапалоқ тортиб юборди. Супадан ағдарилиб тушган Насиба қаттиқ ғазабланди. Обиданинг ортига ўтиб, кураклари орасига бир мушт тушириб қочди. Кўрлар ўзларини урган одамни чақонғич ҳашарот ва газандалар билан баробар кўришади. Ўтирган жойида қадам товушларига қулоқ тутган Обида, Насиба жойлашган жойни аниқлаб олгач, қаҳру ғазабга минди. Сакраб ўрнидан туриб, супага суёғлиқ ҳассачасини қўлига олди. Оёғига Карима холанинг катта ковушини илиб, Насибанинг қочишга қулай йўлини тўсиб, атрофга диққат билан қулоқ солди.
Насиба қўрқуви ортиб, эҳтиёткорликни унутди. Супа яқинидаги даҳлизга чопиб кириб, эшикни ичкаридан ёпиб олди. Ожиза ўолибона жилмайиб, бор кучи билан итариб, эшикни очди. Насиба ташқарига қочмоқчи бўлиб, Обиданинг ёнидан эмаклаб ўта бошлади. Аммо кўрнинг темир ҳассаси унинг ориқ елкасига қарсиллаб урилди. Насиба шўрлик жазодан қочиб қутулолмади. Оёқ-қўлларига беш-олти марта аччиқ зарба егач, додлаб палосга ётиб олди.
– Бор, айтганимни қил! – буюрди Обида темир таёўини унинг боши узра ўйнатиб.
Бир муддат ҳовлини бошига кўтариб йиўлаган Насиба охири ювина келиб, ўз улушини олди. Обида бир-икки луқма ширинликни ўз қўли билан укасига едириб, унинг бўйнидан қучоқлаб, ювилган юзидан аста ўпди.
– Менинг укажоним бирам ширинки! – деб қўйди, киприкларини пирпиратиб жилмаяркан.
– Ҳе-е-е! Жинни-и-и! – хўрлиги келиб чайналиб йиғлади Насиба. – Сени ҳали ойимга айтиб бераман! Ҳе-е-е-е!
Ожиза қиз қаланқатдан бир луқма ҳам емади. Чамаси, унга қаланқат эмас, бошқа нарса керак эди. Кечқурун Карима опа ва Раҳмон ака Насибанинг арзу додини эшитиб, қавариб чиққан болдирини кўриб аччиғланишди.
– Қиз ўлмагур! – жавради Карима опа. – Шунчалигам урасанми болагинамни?
– Болага ёшликдан тўғри тарбия бериш керак, – деди Обида пинагини бузмай. – Ҳовлини тоза тутиш керак. Бўлмаса фаришталар уйимизга кирмай қўйишади.
– Ола-а-а! – кулди Ёқуб. – Санком сиёсатни бошладилар-ку!
– Сен, Ёқуб! – ҳарбий хизматни битириб қайтган акасини тергади Обида. – Нос чекасан. Вино ичасан. Оёўинг сассиқ! Пайпоғингни ювмайсан!
– Ола-а-а, – хўмрайди Ёқуб. – Сизни нима ишингиз бор мен билан?!
– Шокир сигарет чекаркан, – унга парво қилмай ҳаммани айблай кетди Обида. – Ўрисча уят гаплар билан сўкинаркан. Армияга бориб келса бу аҳмоқ ким бўлади? Насиба бўлса бурнини қоқмайди. Қўлини ювмайди. Ҳамма ёғи сассиқ. Назирингиздан доим сийдикни ҳиди келади. Қовуғига қўй ёғи суринг, деб ўтган гал айтганман! Султон жинни бўлса супани ёнига сияди. Ҳожатхонага бормайди. Бу уйда тартиб йўқ! Ҳовлини тозароқ супуринг, ойи! Ювган кирингиздан совунни ҳиди келяпти. Шу кирни тоза сув билан икки эмас, уч қур чайқасангиз бўлади-ку?!
– Вой худо! – шанғиллади Карима опа бу айбномаларга чидолмай. – Қайнанамданам бунақа дакки емагандим. Вой, Озодахон, шўримга шўрва тўкилиб тирилиб келдингизми ?!
– Онагинамни тинч қўй, хотин! Тузукми? – унинг сўзини бўлди Раҳмон ака, битта-иккита оқ оралаган мўйлови ва қиртишланган иягини силаб. – Обидамни ҳамма гапи тўғри. Гапиравер, қизим. Буларни бир таъзирини бериб қўй!
– Ҳамма айб сизда, дада, – давом этди кўр қиз. – Жанжал қилганингиз-қилган. Бувамдан қолган табаррук супада вино ичавердингиз, ичавердингиз. Мана, Ёқуб билан Шокир ҳам вино ичишни ўрганди. Кароматилла домламиз сув бошидан лойқа, деганлар.
– Ияҳ! Вой падарингга сендай қизни! – Раҳмон ака фиўони фалакка чиқиб, унинг гапини бўлиб бақирди. – Ўчир унингни! Калтак ейсан ҳозир!
– Қани урибам кўринг-чи! – орқа томонидаги темир ҳассасини қўлига олди сўқир қиз. – Бу уйда бирор кун тинчлик йўқ. Ҳамма бир-бири билан уришади. Бирортаси худога шукур қилиб нон емайди! Қачон шу ерга келсам, бекорчи жанжални устидан чиқаман!
Раҳмон аканинг оила аъзолари кўр қиздан дакки еб, бир-бирларига қараб сукутга толдилар. Унинг танбеҳларини тан олишга ғурурлари, инкор этишга эса виждонлари йўл қўймади. Кўр қиз соғлом одамлардек ҳунарбоз сохтакор эмасди. У ҳамма ишни тўўри бажариб, тўғри сўзлаб, тўғри яшарди. Негаки, бундан бошқача усулда яшаш табиатида йўқ эди.
 
 * * *
 
Шокир шаҳар интернатида ўқиётган синглисини ҳаммадан кўра кўпроқ соғинар, баъзан Обидани бировлар уриб хафа қилаётгандек туюлар, уни уйга қайтариб олиб келишларини сўраб, ота-онасининг юрагини эзарди. Обида шаҳардан уйга келмай қолган ҳафтада якшанба куни халтага егулик тўлдириб, ундан хабар олишга борарди. Бир сафар Шокир, кўрлар мактабида ўзидан икки ёш кичик, хўжақишлоқлик хушсурат Олим билан танишди. У ҳам Обидага ўхшаб туғма кўр бўлиб, ҳатто ёруғликни ҳам сезмасди. Олим тили бурро ғазалхон, кучли шашкачи, қироатини келиштириб Қуръон тиловат қиладиган, ширали овозда куйловчи истеъдодли йигит эди. Мактаб ҳовлисидаги сўрида Олим ва Обиданинг суҳбатлашиб ўтирганларини кўрган Шокир вақти чоғ бўлди. Олим билан тезда тил топишиб олди.
– Мен яқинда ҳарбий хизматга кетаман, – деди Шокир Олимга. – Сиз мен қайтиб келгунча синглимни ёмон болалардан ҳимоя қилиб турсангиз. Обида жуда яхши қиз.
– Биз буни биламиз, Шокир ака, – деди Олим. – Сиз хавотир олманг, ҳаммамиз Обидахонни ҳурмат қиламиз. У кишини хафа қилишга ҳеч ким ботинмайди.
 Гапни чертиб-чертиб маъноли гапирувчи, ясан-тусанга уста чапани Обида, икки бармоўини қошининг икки учига қўйиб, ўсмали нилни кўзи очиқлардан кўра бежиримроқ тортарди. Сезгир бармоқлари билан хонага қўнган чангни дарров сезарди. Хонасидаги стол ва дарча токчаларини ярақлатиб артар, шифтдан осилиб тушган исларни супурги учида илиб тозаларди. Бу қизни қишлоқда ҳам, шаҳарда ҳам ўижим кўйлакда кўришмаган. Иш-малакаси кир ювиш ва дазмол босиш. Гапи мантиқсиз, оғзи бузуқ бачкана ёки тили заҳар кишилардан нафратланарди. Қўли терлайдиган, тишини ювмайдиган, саримсоқ ейдиган кишилар ўзига яқинлашса, ҳассасини суҳбатдошининг қорнига ботириб:
– Э-э! Ўша ердан туриб гапиравер, худога шукур, қулоғим кар эмас, – дерди.
– Ёруғ дунёдаги ҳар бир инсон ғариб, – деб унга дашном берарди Олим. – Сиз ёмон одамга озор берсангиз ҳам ғарибга озор берган бўласиз, Обидахон. Бу қилиғингизни ташланг.
Обида ва Олим ўртасидаги дўстлик узоқ йиллар давом этди. Кўзи ожизларнинг айтарли барчаси мусиқа ва шеъриятга ишқибоз бўлади. Икковлон гоҳо жўрликда қўшиқ куйлаб турардилар. Бу дўстлик бора-бора муҳаббатга айланди. Улар турмуш қуриб, шаҳардаги ётоқхонага жойлашиб яшай бошладилар. Олимга тегмасдан олдин Обиданинг хулқ-атвори шўрқишлоқча эди. Олимнинг таъсирида димоўдорлигини ташлади. Орадан бир-икки йил ўтгач, бутунлай хўжақишлоқча хулқ-атворга ўтиб олди. Карима хола айтмоқчи, қиз шўрлик мулойим супургига айланди. У тенгдошларига қўшилиб, Шўрқишлоқ кўчаларида оёқ-яланг чопмаган. Ғарб ва шарқ томондаги баланд адирларни, шимолда жойлашган мовий тоғларни, қишлоқ жанубида мил-миллаб оқаётган сув тўла анҳорни кўрмаган. Ўртоқлари билан ариқлар бўйида “нон-оқизоқ” ўйнамаган. Шундай бўлса-да, Обида Шўрқишлоқнинг тўпори одамларини, боў-роўларининг атрини жуда севади. Ўлмаган қул ниятига етармиш. Мана, нотавон Обида ҳам ҳомиладор бўлиб, фарзанд кутмоқда. Агар Шокирнинг ҳуши жойида бўлса, ҳомиладор синглисини юқорида қайд этилган алфозда кутиб олармиди. Обиданинг унга қанчалар суяниб яшашини наҳотки садоқатли ака унутиб юборган бўлса? Эҳей, одамларга нима бўлди ўзи?.. Ахир, сингил учун буғдойзорни босганга жазо йўқ дейдилар.
 
 
 * * *

 Туғиш арафасида аҳволи танглашган нотавон аёл докторнинг ундови билан қишлоққа келди. Юраги қисиб, оёғи оғриб, шаҳар ҳавосининг димлиги туфайли нафаси бўўилиб қийналди. Ой-куни яқинлашгани сари бечоранинг юрагига ғулғула тушиб, ота-онасидан умидвор бўлган эди. Ўз уйига сиғмай қолганини англаган Обида кўнгли чўкиб, тилини тишлади. Раҳмон амаки билан Карима хола супада ўтирган Олим ва Обиданинг арзу додини тажанг кайфиятда тингладилар.
– Шу ишингни қўй десам кўнмадинг, – жавради Карима хола. Сичқон сиғмас инига, ғалвир боғлар думига. Ўзимни ташвишим озмиди, болам. Назирани рўзғори нотинч. Насибани ичи оғригани-оғриган, боши касалдан чиқмайди. Шокир қарзга ботди. Болаларимга нима бўлди демай, кўчада санғиб, бузуқ хотини билан домга бориб ётиб олди. Ёқуб лавоқни бўлса хотини эшак қилиб миниб юрибди. Машинасига тўртта қайнисини ўтқазиб олиб, кўчамизни чангитиб ўтиб кетади. Дарвозамизга бош тиқиб ўтишга эринади. Унга на ота керак, на она. Бир қишлоқда яшамасак ҳам майли эди. Султонни айтмайсанми! Ўлгур ичиб олиб, қишлоқни бошига кўтариб ашула айтади. Йигирма олтига кирди. Ҳалиям уйлантиролмаймиз. Битта тинч ўтирган боламиз сен эдинг. Мана, сенам ўалва орттириб келибсан. Уфф! Бошимни қаерга урсам экан-а?
 Чорасиз сўқир эру хотин, айб иш қилиб қўйган боладек, чурқ этмай ўтиришар, Обида ҳаяжонланиб титраганда, Олим оппоқ қўлини аста сиқиб қўяр, “парво қилманг” дея пичирлаб, далда берарди.
– Ойижон, – деди Олим босиқлик билан. – Ҳали ҳаммаси ўз ўрнига тушиб кетади. Мени сизлардан бошқа ҳеч кимим йўқ. Тўлқин тоўамнинг келинларини кўзи ёриган. У ерга боролмаймиз. Агар ўз ота-онам ҳаёт бўлишганида, сизларни безовта қилмасдик.
– Сизларга болани нима кераги бор эди, – деди Карима хола бир оз шаштидан тушиб. – Худо деб тинчгина яшайверсанглар бўларди-ку...
– Ундай деманг, ойижон, – хўрсинди юраги эзилиб Обида. – Бизларданам бирорта туёқ қолсин. Дунёдан беному нишон ўтиб кетмайлик... Ундай деманг...
– Тўғри айтасан, қизим, – деб қизини қўллади Раҳмон амаки. – Онанг қариб мияси суйилиб қолган. Худо хоҳласа ҳаммаси яхши бўлади.
– Нима? – тўнғиллади Карима хола. – Сиз туғиб кўрибсизми?
– Кўнглим сезиб турибди. Ҳаммаси яхши бўлади.
– Иккисини кўзи кўр бўлса, – деди чолига ўчакишиб Карима хола. – Боласи ўсиб-униб оёққа турса, катта кўчада югуриб қочса, иккиси кўчани бошига кўтариб додлаб қолаверади-да. Сизга шу керакми?
– Олдиндан фол очиб жаврайверма, тузукми?! Балки буларни боласиям кўр туғилар, – деди Раҳмон амаки. – Ҳали иккита кўрдан кўзи очиқ бола туғилди-ю, катта кўчага қочиб кетдими! Жуда майда гапсан-да, кампир.
Кўрлар қалбига кампирникидан кўра чолнинг сўзлари, оўирроқ ботди.
– Шундаймикин? – қайўуриб бошини эгди Обида. – Мен туфайли яна битта кўр туғилиб, бу дунёда пайпасланиб юраркан-да?
 Карима хола Раҳмон амакига кўзини олайтириб бош чайқади. Эри кифтини қисиб қўлларини ёйди.
– Анави одамни кўринглар! – аччиқланди Карима хола ва Обиданинг кўнглини кўтарган бўлди. – Сен парво қилма, қизим, даданг ўйламай сўйлайдиган бўлиб қолган.
 Дарвозадан Раҳмон амакининг аммаваччаси мулла Ҳаким кирди. У – оқ-қизил юзли, узун соқоли қордай оқарган, бели бир оз букчайган, лекин ҳассага таянмаган серҳаракат, бардам қария. Ёши саксонга етиб қолган мулла Ҳакимнинг юз-кўзидан илму маърифатдан бохабарлиги яққол сезилиб туради. Бошига кулоҳ дўппи, эгнига оқ яктак-иштон, кўк чопон, оёўига калиш-маҳси ёки ковуш кияди. У оҳиста одимлаб, доим пичирлаб дуо ўқийди. Қўлидан тасбеҳ тушмайди. Ялинчоқ оҳангда ҳалимлик билан сўзлайди.
 – Раҳмон эшон?! Ҳов, Раҳмон эшон! – деб чақирди у дарвоза ёнида тўхтаб.
– Лаббай?! – Раҳмон амаки пешвоз чиқди.
– Масжидга жўнадим. Асрни бирга ўқирмиз?
– Ака, – деди у билан сўрашиб хонадон соҳиби. – Олимжон куёв келганлар. Мен таҳорат олиб чиқай. Сиз унгача булар билан сўзлашиб, чой ичиб ўтиринг.
– Бўпти-бўпти, – деди у ва хонадон аҳли билан илиқ саломлашди.
 Карима хола рўмоли билан юзини тўсиб, ичкари хонага кириб кетди. Мулла Ҳаким супага ўрнашиб ўтириб олгач, фотиҳа ўқиди.
– Тузукмисизлар, болаларим? – деб меҳмонлардан ҳол сўради. – Олимжон, тузукмисиз?
– Раҳмат, амаки, – бош эгди Олим.
– Сен қалайсан, Обида қизим?
– Раҳмат, амаки, – бош эгди Обида. – Офтоб холам яхшимилар?
– Холангиз юрибди Аллоҳни паноҳида. Қочиб қаёққаям борарди, – деди қария ва Олимга юзланди. – Ўғлим, бу йил нечанчи порага етдингиз? Ўтган сафар ўн порага етдим дегандингиз?
– Ҳозирам ўша-ўша, – деди Олим. – Жамиятимизда иш кўп. Яна шолча тўқийдиган дастгоҳларни кўпайтирдик.
– Ҳа, рўзғорчилик шу-да.
– Ҳа, китоб ўқиш, Қуръон ёдлашга вақтимиз оз қоляпти, хўрсинди Олим.
– Ўзингиз қанча ёдладингиз?
– Беш порага етиб қолди. Сиз қандай қилиб баракали ёд оласиз?
– Магнитафонга ёзиб олиб ёдлайман. Устозлар қироатини тинглайман. Қуйма қулоқмиз-да, амаки.
– Кўзи ожизларга дуо теккан-да, Олимхон қори, – деди мулла Ҳаким. – Ҳазрати пайғамбаримизни кўр қорилари ҳақида биласиз-а?
– Абдуллоҳ ибн Умму Мактум, – жилмайди Олим.
– Ҳа! У кишини отлари Абдуллоҳ ибн Умму Мактум, – чой ҳўплади қария. – Ҳазрати пайғамбаримиз Макка раисларини динга даъват қилаётганларида, қурайшлар орасида шу кишиям ўтирган экан. Қурайш раислари пайғамбаримизга ихлос қилмабдилар. Абдуллоҳ эса суҳбатга аралашиб, “ҳой, Муҳаммад, буларни қўй, исломни менга ўргатақол”, деб ялинаверибди. Ҳазрати пайғамбаримиз алайҳи салом уни хархашасидан зерикиб, юзларини четга бурибдилар. Шу куни кечаси “Абаса” сураси нозил бўлибди. Тонг отиши билан Расулуллоҳ Абдуллоҳни уйларига йўқлаб борибдилар. Уни қучоқлабдилар. “Эй, Аллоҳимдан менга дакки олиб берган зот, айтинг, сизга нимани ўргатай?” деб сўрабдилар. Шу кундан эътиборан Абдуллоҳ, Қуръони каримни ёдлаб, ёқимли оҳангда булбулдек сайрайдиган бўлибдилар. Замонаси етиб Ясрибдаги ансорларга шу қорини устозликка юборишибди. Орадан бир йил ўтгач, Ҳазрати пайўамбаримиз алайҳи салом ҳижрат қилиб Мадинага борсалар, Абдуллоҳни шогирдлари булбулигўёдек тиловат қилаётганмишлар. Худои таоло бир кўзи ожиз бандасини мана шундай азиз қилган экан. Агар сизлар ўксинсангиз хато қиласизлар, болаларим. Худо хор бандасини бир куни келиб албатта азиз қилади.
– Оҳ-оҳ-оҳ! – қувонди Олим.
– Омин! Илоҳим ували-жували бўлинглар! Хору зор бўлманглар. Аллоҳу акбар!
Қариялар масжидга кетишди. Олим, Обида ва Карима хола, бир оз ундан-бундан суҳбатлашдилар. Олим қўл соатининг мурватини бураб, ойнасини очди. Бармоўи билан пайпаслаб вақтни аниқлади.
– Шаҳарга кун ботмай етиб олишим керак, – деди у. – Соат тўрт бўляпти, Обидахон. Хархаша қилмай, одобли қиз бўлиб ўтиринг. Мен индинга келаман.
– Йўлларда эҳтиёт бўлинг, – деди Обида.
– Хўп, хўп.
– Овқатингизни ўзингиз эплаб пишира оласизми?
– Бир амаллайман. Сиз ўзингизни ўйланг.
Олимжон ҳамма билан қуюқ хайрлашди. Карима хола бу туўма басирларнинг меҳр-оқибатларини кўриб ажабланди. “Кўрларга шунча меҳрни берган худога ҳайронман, – деб ўйлади у. – Нега шу меҳрни кўзи очиқларга бермайди?.. Эҳей, замон айниди, замон. Наслу насаб айниди...”
 

Тўртинчи боб

Кўмилиб кетган илмлар
 
Назаркарда Зуннур эшон башорат қилганидек, нафақат бегоналар, ўз авлодлари ҳам жаҳолат ботқоғига ботишди. Бир замонлар бу хонадонда, илму маърифатли Зуннур эшон, унинг ўғли Эшондада эшон, олтин суви юритилган нақшинкор китобларни ўқишган. Отаси ва аммаваччаси мулла Ҳакимнинг аянчли оқибатини кўрган Раҳмонали, бу ёруғ дунёда тинчроқ яшагиси келиб, аждодлар маърифатидан воз кечди. Бу хонадонда сўқир Обидадан ташқари ҳеч ким китоб ўқимайди. Бир қатор қилиб қурилган эски ва янги хоналарда мактаб дастурига дахлдор китоблардан бошқа китоб йўқ.
 Обида бугун ўзи туғилган ҳайҳотдек ҳовлида танҳо қолди. Ҳамма ўз юмуши билан ҳар ёққа тарқалди. Карима хола, ўртанча қизи Насибадан аҳвол олиш мақсадида, Раҳмон амакини етаклаб, тонг саҳардаёқ уйдан чиқиб кетган. Ҳаммадан сўнг эшикни устидан қулфлаб, Ойхон ҳам бозорга жўнади. Обида ҳовлида танҳо қолгач, супага тўшалган кўрпачага ўтириб, кўзи ожизлар учун махсус чоп этилган китобини мутолаа қила бошлади. У бўртма нуқталар зарб қилинган рангсиз ва жилосиз китобнинг, ғадур-будур саҳифаларини пайпаслаб, бармоғини бўртма сатрлар бўйлаб юргизар, онгида нуқталар йиғимидан тамға, тамғалар йиғимидан сўз ва сўзлар тўпламидан гап ҳосил қилиб ўқирди.
Ҳовлидаги сукунатга рахна етгач, ҳушёр тортган ожиза аёлнинг киприклари кетма-кет елпинди. Кунботиш тарафдан эшитилаётган шитирлашларга қулоқ осиб, нафасини ичига ютди. Ҳовли деворидан Зоҳида ошиб тушди. Супа устидаги Обидани кузатиб, бир муддат деворга қапишиб турди. Кўчадан болалар ва Олапарнинг шовқини эшитилди. Зоҳида чўчиб атрофга олазарак боқди. Кейин ошхонага кириб, капгирни олиб чиқди. У оёқ учида юриб, Обиданинг яқинидан ўта бошлади. Обида овқат ва атир ҳидини туйди. Аччиқланиб юзлари буришди. Бош чайқаб китобдан бармоқларини узди.
– Зоҳида опа, капгирни ўз ўрнига қўйинг!
– Вой, худо! – деб юборди Зоҳида.
Тош йўлакка тушган капгир жарангги Адиркўчага баралла эшитилди.
– Нега бундай қиляпсиз, Зоҳида опа?
– Мен кўриндимми? Мени кўряпсизми?
– Биласиз-ку, мен ёруғликниям кўрмайман, опа.
– Ундай бўлса мени қандай танидингиз? Авлиёмисиз?
– Йўқ, – Обиданинг пешонаси тиришди. – Мен сизни ковушингиз товушидан танидим. Ўтган кунги ўтиришда атирингиз ҳидини эслаб қолганман. Капгирни ўрнига қўйинг.
Зоҳида ошхонага кириб, капгирни қозонга солиб, қайтиб чиқгач, супада бемалол ўтириб олиб, тиззасига шапатилаганча, ҳўнграй бошлади.
– Шарманда бўлдим! Мени эрим уриб ўлдиради! Вой, энди болаларим қандай бош кўтариб юришади! Вой, онажон, хароб бўлди-и-и-им!
– Оч қоляпсизларми, опа? – сўради Обида.
– Йўқ, ўлар-қолар чоғимиз йўқ, Обидахон. Вой, қандоқ қиламан?..
– Ўғри бўлиб кетибсиз-да?
– Йўқ, мен ўғримасман! – баландроқ йиғлади Зоҳида.
– Ўзингизни алдаманг, – деди Обида. – Мис лаган, пақир, қош тергич, ярим ишлатилган шампун... буларни ўғирлаш фақат сизни қўлингиздан келади. Сиз илгари пиёздоқ қилаётганда доим гўшт чайнаб турардингиз. Ўшандаёқ ўғрилигингизни билгандим. Салим акам сизни кўп урармиш. Нега шундай қилади, биласизми?
– Йўқ... – хўрсинди ҳиқиллаб Зоҳида.
– Ўғриликни сиз қиласиз, бегуноҳлар гумон остида қолиб азобланадилар. Кейин уларни қарғиши сизни тутади. Жазоингизни шунақа қилиб эрингиз беради, опа.
– Обидахон, – ёлборди Зоҳида. – Илтимос, ҳеч кимга айтманг! Раҳмингиз келсин. Икки боламни етим қилманг! Эрим мени уриб ўлдиради.
– Майли, – деди Обида. – Ўғирлаган нарсаларингизни ўрнига чиқариб қўйинг. Бошқа ўғрилик қилманг. Келишдикми?
– Келишдик, – рози бўлди ўғри қўшни. – Ҳамма нарсангларни қайтариб бераман.
Ногоҳ дарвоза тарақлаб очилди. Бозор халталарни кўтариб, қора терга ботган Ойхон кириб келди. Супага халталарни қўйди.
– Ия?! – пешона терини артди Ойхон. – Ҳа, келинг, қўшни?
– Мен... ҳалиги... – тайсаллади Зоҳида. – Қўшним зерикмасин деб, девордан ошиб тушдим.
– Обидахон ҳеч зерикмайдиган қиз эди-ку?
– Мен ўзим опамларни чақиртириб олдим, янга, – ўўрини ҳимоя қилди Обида.
– Хўп бўлмаса, – тисарилди Зоҳида. – Мен уйимга чиқа қолай.
– Эшикдан чиқиб кетаверинг-да, қўшни, – деди Ойхон йўл кўрсатиб.
– Ҳа-я!
Зоҳида сохта кўтаринкилик билан, кўзлари ола-кула бўлиб, дарвоза орқали кўчага чиқиб кетди. Ойхон супада ўтириб елпинди. Обида Ойхон яқинига келиб ўрнашди.
– Зоҳидага жуда қийин-да, – ачинди Ойхон. – Эри кўп уради бечорани.
– Бир гуноҳи бордирки, жазолаётгандир, – деди Обида ва жиддий оҳангда сўради: – Нима бўляпти ўзи сизларга, янга?
Ойхон ҳасрат китобини очди.
– Акангиз қарзга ботиб қолдилар. Анави Маҳлиё туфайли маишатга берилиб, дастмояларидан айрилдилар. Россияга юборилган мевалар йўлда чириб кетди. Насияга олинган мевалар ҳақини тўлаш учун бор нарсамизни сотдик. Машиналаримиз ҳам арзон-гаровга кетди. Сигирдан, қўй-эчкилардан айрилдик. Акангизни шериклари пул қистаб келишса, ҳовлиниям сотсак керак.
– Султон-чи?... – ғамга ботди Обида.
– Уфф... – яна жаврай бошлади Ойхон. – Ҳамма айб мана шу Султонда. У Россияга машиналарни бошлаб кетганди. Йўлда савдогарларни милисалар, ҳар хил ёмон одамлар тўхтатиб, пул талаб қилишаркан. Улар айтган пулни тўлаш керак экан. Шунда машиналар манзилга ўз вақтида етиб бораркан. Султон пулни қизўаниб, йўлтўсарларга кам тўлабди.
– Ёқуб акам буни биладими? – сўради юраги эзилиб ожиза.
– Бе, – хўрсинди Ойхон. – Ёқуб акамни овсиним эшак қилиб миниб олган. Бу ерга ўт тушса тешик пақириниям бермайди. Ёқуб акамда меҳрдан асар йўқ. Маҳлиёдан умидимиз бор. У пулимизни ярмини қайтарсаям майли эди.
Дарвозадан қизариб-бўзариб Зоҳида қайтиб кирди.
– Вой, қўшнижонлар, – деди у зўраки кулиб. – Нега мени адаштирасизлар? Ахир эшигим ичидан ёпиқ эди-ку? Вой, Ойхон!..
– Вой, қўшни?! – кафтини қисди Ойхон. – Сизни эшигингиз ичидан берклигини мен қаердан билай?
Зоҳида бир амаллаб пахса деворга чиқди. Ўз ҳовлиси томон қулаб тушиб, додлаган овози эшитилди. Ойхон хавотир олиб девор ёнига бориб чақирди.
– Ҳой қўшни? Тузукмисиз ишқилиб?
– Раҳмат! – инқиллади Зоҳида. – Соғман! Раҳмат!
Зоҳиданинг овози ўчди.
Обида яна хонадон мушкулотини эслаб ғамга ботди.
– Жиянларим қачон келишади, янга?
– Бирор соатда келиб қолишар, – деди Ойхон.
– Илтимос, мени қишлоқда айлантириб келишсин.
– Жон деб айлантириб келишади. Ўзлариям сизни жуда соғинишган.
 
 * * *
 
Обида шу куни туғилиб ўсган қишлоғида мириқиб сайр қилди. Акаси Шокир ҳақида кўп ўйлади. Шўрқишлоқ заминида асосан пахта, боғдорчилик ва полиз маҳсулотлари етиштирилади. Шокир полиз ва боғ маҳсулотларини Камаз машинасига юклаб, Россия бозорларига олиб бориб сотарди. Қовун-тарвуз, узум, олма, шафтоли, олу, ўрик ва хурмо меваларидан кўп фойда кўрган. Илгари барча ишни Обида билан бамаслаҳат қиларди. Обиданинг ўаройиб қобилияти бор. У суҳбатни тинглаб ўтириб, бир зумда оқилона ечим чиқара олади. Агар у, бу ишдан ёки мана бу кишидан яхшилик чиқмайди деса, албатта айтгани бўларди. Илгари Обида ва Олим Шокирнинг холис маслаҳатчилари эдилар. Кейинчалик Маҳлиё бошини айлантириб, улардан деярли узилишиб кетди. Шокир кўча кўрган йигит бўлгани билан одамларнинг яхши-ёмонини кўп ҳам фарқлай олмайди.
 Шокирнинг уч қизи Обидани етаклаб, Сутбулоқ она мозоратига бордилар. Обида авлиё она қабрига баўишлаб қуръон тиловат қилди. Ўз оиласига худодан омонлик тилади. Акаси Шокирга омад тилаганда сўқир кўзларидан ёш келди. Обида ҳомиладор бўлса-да, ношуд хотинлардан фарқ қиларди. Унинг тик қомати, кенг тикилган куйлаги, турмакланган қора сочлари, бошидаги оқ рўмоли, оқ-қизил юзи, қалдирўоч қанотидай қошлари, ҳар қандай кўзни ўзига тортарди. У замин узра енгил одимлаб борар, гуё афсонавий Сутбулоқ она тирилиб келгандек, изларига майсалар салом беришар, шабада эркалар ва сочларини ўйнардилар.
Улар айланма сўқмоқ орқали адирдаги катта қабристонга боришди. Эшон буванинг қабри яқинида ўсган тут дарахти соясидаги сўрига ўтиришди. Қизлар атрофдаги қабрлардан қўрқиб шумшайиб қолишди. Обида яна қуръон тиловат қилиб, марҳумларга бағишлади.
– Амма, мен қўрқяпман, – деди юраги увишиб Шокирнинг ўртанча қизи.
– Бу ерда катта буваларимиз ётишибди, – деди Обида. – Улардан қўрқсанг хафа бўладилар. Улар дадангни, буванг билан бувингни, мени яхши кўришган.
– Улар қаерда? – сўради катта жияни Шаҳзода.
– Қорасоч бувимларни қабрлари анави, – деди Обида тутни ушлаб қаршисига ишора қилиб. – Рўпарамиздагиси Зуннур эшон бувамларники. Уларни ортида иккита қабр бор. Булар Эшондада бувам билан Озодахон бувимни қабрлари. Мен Эшондада бувамларни эслайман. У киши тўрт ёшимда ўлганлар. Озода бувимлар эса мен мактабга кетганимдан сўнг ўлганлар. Улар мени жуда яхши кўришарди.
Шокирнинг қизлари қабрларга боқиб, ўйга чўмдилар.
– Тўрт ёшингиз эсингиздами, амма? – сўради ўртанча Озода.
– Нега эсимда бўлмасин, ҳаммаси эсимда, – деди Обида жилмайиб. – Даданг мени тўрт ёшимда катта ариққа чўкаётганимда қутқариб қолган. Буям кечагидай эсимда. Сўраб кўр-чи, дадангниям эсида бормикин.
– Эсларида йўқ, – деди кенжатой Ўғилой. – Дадамни каллалари яхши ишламайди. Ҳамма нарса эсларидан чиқиб қолади. Ҳар куни эрталаб пайпоқларини тополмай ойимни уришадилар.
Зиёратчилар кечга томон уйга қайтишди. Қизлар кўҳна қабрларда ётган боболари ва момолари ҳақида ўй суриб борар, Раҳмон амаки ва Карима холага ўхшаган, улардан ҳам қарироқ эркак ва аёллар сиймосини тасаввур қилиб, орзу-армонларга тўла оламга боқиб, энтикиб-энтикиб қўярдилар. Қизиқ, дунёдан ўтиб кетишган ўша ота-боболар қандай бўлишган экан-а?
 
 * * *
 
Юз йиллар муқаддам Шўрқишлоқ ҳаёти мутлақо бўлакча эди. Бир умр рўза тутган Зуннур эшоннинг оқ юзидан нур ёғилиб, сурма тортгандек қора кўзлари жилваланиб турарди. У кўриниш берганда қишлоқ аҳли эгилиб-букилиб истиқболига пешвоз чиқиб, оппоқ ва майин қўлини кўзларига суртарди. Эшон қишлоқдаги ҳар бир одамни номма-ном танирди. Ҳар бирини исмини айтиб мурожаат қилар, ҳар бирига тегишли панду насиҳат берарди. Мушкул муаммоларни ечиб, жанжаллашган томонларни осонгина яраштирарди. Унинг оўзидан чиққан каломлар, илоҳий башорат каби зуҳурга келиб, ихлосмандларни лолу ҳайрон қиларди. Улар сўлим боўидаги тошсупада ўтириб, дам солдириб, дуосини олиб кетардилар.
 Октябрь инқилобидан бир йил аввал, эшоннинг супасида, йигирма кишига яқин жамоат жамланди. Шўрқишлоқнинг кексайиб қолган Ҳорунбой, ўрта ёшли Нурмуҳаммадбой, Отахонбой ва Саидазимбой каби бойлари ташриф буюриб, Зуннур эшон илҳомланиб шарҳлаган ояту ҳадисларни мароқланиб тингладилар. Шу куни у айтган сўзлар келажакдан башорат эканини ҳеч ким сезмай қолди.
– Ноқис ақлимизни ишлатиб атрофга боқсак, банданинг қўлида ҳеч нарса йўқ экан, – деди у мудроқ оҳангда. – Оламга тўймаган кўзларимиз, жон қуши танамизни тарк этгач, Аллоҳнинг мулкида қолиб кетаркан.
– Ҳақ, ҳақ, тақсир, – деб бош эгиб қўйишди тингловчилар.
Эшон маъюсланиб сўзида давом этди:
– Бу дунёга этак силкиб ўтдик. Аммо ундан узилишиб кетолмадик. Жаноби Ҳақ дийдорига етолмадик. Кеча ғариб қули “Муфтоҳул жинон, мисбоҳул иймон” китобининг қиёмат саҳифаларини очди. Ҳазрати Расулуллоҳ марҳамат қилибдилар: Қиёмат олдида, олимлардан илмига амал, бойлардан саховат, амалдорлардан қонунга итоат, гадолардан қаноат, авомдан шарму ҳаё кетур. Шу айтилган белгиларни ўз юртида кўриб, ғарибнинг юрагини ваҳми қиёмат ларзага солди. Ғариб чор томонга боқиб кўрса, обидлару олимларнинг кўзлари сўқир бўлиб, эл бошига балою қазолар босиб келаётган эмиш. Илоҳим меҳрибон Аллоҳ бу жафокаш элни ўз паноҳида асрасин.
Эшоннинг шогирдлари, ихлосманд бойлар, ўзга юртлардан келган дарвишлар:
– Омин! Айтганингиз келсин, пирим! – дея хитоблар қилдилар.
– Бирингиз бой, бирингиз дарвиш, – деди тўрда ўтирган эшон оммага юзланиб. – Бирингиз амалдор, бирингиз тобе. Бирингиз шойи кимхоб кийибсиз, бирингиз намат. Бировда илм бор, бировда олтин. Сўрагувчилар сўрадилар: кимда масъулият катта? Ким худога яқинроқ? Жавоб қилдиларким: ҳаммада масъулият катта, ҳамма Аллоҳга яқин. Аллоҳ кимга назар солса, ўша бандасини ўзининг юз исми сифатидан бирига монанд қилиб қўяди. Аллоҳ мўмин эди, назарига сазовор бўлган бандаси мўмин бўлиб, иймон топди.
– Қуллуқ, пирим, тасанно, пирим, – эгилишди дарвишлар.
– Аллоҳ олим эди, назари тушган бандасини олим қилди, – давом этди эшон. – Унга ўз илмидан бир ҳиссаи омонат бердиким, бандам илмимни элга тарқатсин деб. Аммо ўофил олим бу илмни қизўаниб, ўзгага раво кўрмади. Қиёмат куни унинг оўзига эриган қўрғошин қуйилади.
– Оҳ, астағфуруллоҳ, – бош эгишди дарвишлар.
– Аллоҳ бой эди, назари тушган бандасини бой қилди, – одатига яраша қироат ила сўзлади эшон. – Назаркардаларнинг масъулиятлари, насибаларига яраша каттадир. Қиёмат куни ҳақ тарозиси тортилганда, Аллоҳ жалла жалол сўради: “Эй, бандам, бой эдим, бойлигимни сенга омонат топширгандим, шуни қандай тасарруф қилдинг? Уйинг тўла буўдой эди, нега юртингда оч қолган бандаларим мендан норизо бўлиб нолаи зор қилдилар? Мен рўйи заминга туширган бойлик бисёр бўла туриб, нега бандаларим қашшоқ яшадилар, уйланмай-жойланмай ўтдилар? Ҳузуримда ким деган одам бўлдинг? Мени ердаги соям бўласан деб, зиммангга юклаган вазифамни аъло ўтайсан деб, сенга назар солгандим. Оми бандаларим устидан сени масъул қилгандим.”
– О, ҳасрато алҳамдуллиллоҳ, о, ҳасрато, – кўзларига ёш қалқиб, бошларини эгишди шўрқишлоқлик бойлар.
– Дилингизда илм бўлса кимга бермак керак? – ўзи сўраб ўзи жавоб берди у. – Толиби илмга бермак керак. Қўлингизда нон бўлса кимга бермак керак? Очу яланўочга, мискину мусофирга бермак керак. Ишқу муҳаббатни меҳрибон Аллоҳга, бўш вақтни илму ҳикмат ва тоат-ибодатга, ҳурмату эҳтиромни ота-онага, таълим-тарбия ила меҳрни фарзандга, куч-қувватни ҳалол меҳнатга, Ҳақ фармони ила етиб келса, ширин жонни Маликул Мавтга бермак керак. Ғариб ўйлаб кўрса, биз бандалар, ўз тасарруфимиздаги ҳар бир нарсани ўз эгасига етказиб бергучи бир дастёр эканмиз. Дастёрликда хатога йўл қўйсак, Улуғ Подшоҳ – Аллоҳ бизни жазою сазога грифтор қилар экан. Эртага бул жаноби Азиз ҳақдор берган омонатларини тортиб олмаса эди, даргоҳидан қувиб солиб, шармандаи шармисор қилмаса эди, деб бандаси қўрқув изтиробига тушди.
– Яшанг, пирим! Ҳақ айтдингиз, пирим! – нидо қилди муридлар.
– Келинглар, бир дуо қилайлик, – дея фотиҳага қўл очди эшон. – Илоҳо омин!
– Омин, – фотиҳага қўл очди жамоат.
– Иймони муҳаммадий ила барчамиз ўафлатдин уйўонайлик. Илмимиз ила эл кўзини очайлик, молу давлатимиз ила элни ўз боламиздек парваришлайлик. Ҳақиқат қилайлик, адолат қилайлик. Жаноби Одил, Жаноби Ҳақ қилган гуноҳларимизни кечирсин. Истиқболда биз ўариб қулларни кутиб турган балолар бошимиздан арисин! Аллоҳ жалла жалол меҳру шафқатини бизлардан дариў тутмасин. Омин Аллоҳу Акбар!
– Омии-и-ин!!

 * * *
 
Аммо эшоннинг дуолари ижобат бўлмади. Орадан йиллар ўтди. Эл худонинг қаҳрига учраб, дунё исёну туғён алангаси ичида қолди. Жаҳаннамнинг қопқалари очилиб, оташ аждарлари ўз ўлжаларини кутиб, оўизларини катта очдилар. Маърифатли Зуннур эшон хонадони токчаларини тўлдирган кўҳна китобларнинг аксарияти ҳаттотлар томонидан кўчирилган бўлиб, баъзилари уч юз йил аввалги китоблар эди. Тошкент ва Қозонда босиб чиқарилган босма китобларнинг қоғозлари қалин бўлиб, бу нашрлар Санкт Петербургда назоратдан ўтказилгач, босишга руҳсат этилганди. Ҳажми, ёзилиш услубияти, қоғоз ва сиёҳлари ҳар хил, зармуқовали китобларни Зуннур эшон жуда авайлаб сақларди. Китобга нисбатан беҳурмат кишиларни ёқтирмасди. Мутолаадан аввал таҳорат қилиб, чордана қуриб, лавҳ тахтасига китобни қўйиб, хатчўпларни саралаб, тегишли варақни очарди. Бирон юмуши чиқиб қолса, албатта китобни ёпар, ўз ўрнига жойлаштирар, асло очиқ ҳолда қолдирмасди.
– Бир нуқта бирла кўзни кўр қилурлар, болаларим, – дерди у.
Бу ҳикматли сўзлар замирида икки хил маъно бор эди. Араб имлосида “ре” ва “зе” ҳарфлари бир хил кўринишда бўлиб, “зе” устида нуқтаси бор. Агар “кўз” сўзида нуқта тушириб қолдирилса “кўз” сўзи “кўр” сўзига айланиб қолади. Очиқ қолган китоб саҳифасига мабодо пашша қўнса, нуқтали ва нуқтасиз ҳарфлар устига, қўшимча нуқта-доғлар тушиб қолади. Оқибатда мутолаа қийинлашиб, китобхон “кўзи кўр” бўлади...
Шўровий фаоллар маърифатли халқ кўзини кўр қилишни бош мақсад қилиб олдилар. Араб алифбосида битилган барча китоб улар кўзига диний қурол бўлиб кўринарди. Фаоллар хонадонма-хонадон юриб, барча китобларни халқ қўлидан тортиб ола бошладилар.
Бир бехосият кунда Зуннур эшон ҳовлисига, икки йигит билан йигирма беш ёшли фирқа фаоли Сафар Нуғмонов кириб келди. У кезларда бирорта шўрқишлоқлик эркак соч қўйиб, соқол қирдирмасди. Узун сочини орқага тараб, соқол-мўйловини қиртишлаб, гимнастёрка кийиб юрувчи оқ юзли хушсурат Нуғмонов, ғоят истеъдодли бўлиб, ўн саккиз ёшигача диний мадрасада таҳсил олган, кейин Россияда рус тилини ўзлаштирган оташин коммунист эди. Нуғмонов эшикларни ялтироқ этиги билан тепиб очиб, ҳужрадаги китоб солинган сандиқни ағдаришга буюрди. Сўнгра у китобларни муқовасига кўз югуртириб, саралаб икки бўлакка ажратди. Ажратиб олинган китоблар қопларга солинди. Саксон ёшли Зуннур эшон сомон-сувоқ қилинган тош супасида ўтирар, бу ғаройиб қароқчиларнинг ҳаракатларини ҳайратга чўмиб кузатарди.
– Бу китобларни не қилмоқчисиз, азизларим? – деб сўради у.
– Гулханга ташлаймиз! – дўриллаган овозда жавоб қилди Нуўмонов, қора сочларини ортга силаб. – Шунда меҳнаткаш халқ афюн балосидан қутилади.
– Афюн лаънатга гирифтор бўлган кўкнордан бинога келмиш, – деди куйиниб Зуннур эшон. – Заҳматкаш илм аҳлининг меҳнату машаққати ила афюн орасидаги фарқни кўрмаётирсизми?
– Бу китоблар халқ кўзини кўр қилғувчи ғафлат! – деди папирос тутатиб Нуғмонов.
– Халқ кўзини саводсизлик ила китобга беҳурматлик кўр қилур, – дея афсусланиб бош чайқади Зуннур эшон.
– Чего ты понимаешь, темнота.
Нуғмонов эшонга қўл силтаб, йигитларга ишора қилди. Фаоллар икки қоп китобни орқалаб хонадонни тарк этдилар. Бўшаб қолган сандиғига боққан Зуннур эшон, катта оқ салласини бошига ўраб, оқ чакмонини елкасига илиб, “асои Мусо” ёўочидан ясалган ҳассасини бир қўлига, муборак ҳаж сафарида Маккадан олиб келган тасбеҳини иккинчи қўлига олиб, фаоллар ортидан гузар томон шошилди. Ёши ўттиздан ўтган Эшондада, ўз отасидан хавфсираб, бошига кулоҳ дўпписини апил-тапил кийиб, унинг ортидан кетди.
Гузарда қишлоқнинг каттаю-кичиги тўпланган, ўртада катта гулхан ёниб турар, гимнастёрка кийиб, қизил нишон таққан, йигирма-ўттиз ёшлар орасидаги навқирон фаоллар, олтита ўспирин йигит ва милтиқли тўрт аскар эски чойхона айвонига жойлашгандилар. Нуғмонов диний китобларни қоралаб узоқ гапирди. Нотиқ сўзи тугагач, ўндан ортиқ қопдаги китоблар ерга ағдарилди ва гулханга ташланди. Уламолар кўзига суртиб ўқиган мусҳафлар, ҳадислар, илм-маърифат дурдоналари гуриллаб ёна бошлади.
Зуннур эшон аҳволни кўргач, вужуди музлаб, пешонасидан совуқ тер чиқди.
– Тўхтанглар, мусулмонлар! Тўхтанглар! – бор овозда бақирди даҳшатга тушган эшон. – Ақлингизни йиўинг!
– Отажон! – уни билагидан тутиб ортга тортди Эшондада. – Бошингизга бало чақирманг!
– Эй, фарзанд?! – умрида биринчи маротаба ғазабланган кўзларини ўғлига тикди Шўрқишлоқнинг сўнгги авлиёси. – Бу не ҳаракатким, отангиз билагини қайирмоқни ихтиёр этибсиз?!
Ғофил фарзанд ота нигоҳидаги ғалати бир бегона учқунни кўрди. Туну кун шу фарзанд бахту иқболини сўраб фотиҳага очилувчи қўллар қайрилиб, барча дуолар кунпаякун бўлди. У ота дуосидан айрилганини ҳис этди.
– Авф этинг, қиблагоҳим! Авф этинг!
Зуннур эшоннинг соясига салом берувчи халқ қўл қовуштириб, тавозе ила тисарилиб йўл очди. Зуннур эшон чойхона айвони ёнига бориб, халойиқ томон бурилиб, ўзига ярашмаган нотаниш бир оҳангда хитоб қилди:
– Ҳой, мусулмонлар! Тўхтатинг бу гумроҳликни! Шу азиз китоблар шарофатидан ризқингиз бутун, хонадонингиз тинч, дил ойнангиз мусаффо эди. Нега илмга ўт қўймоқдасиз?! Илмсиз яшасангиз кўнгил кўзларингиз кўр бўлиб, дил боғингиз дашту биёбонга айланади! Огоҳ бўлинг, эй, халойиқ, бошингизга бало-қазолар келяпти!
Ранги гезарган басавлат Боймурод Мухторов, фирқа фаоллари орасидан ажралиб чиқиб, айвон зинаси орқали пастга тушди. Зуннур эшонга яқинлашиб, қисиқ кўзлари совуқ йилтираб, унинг муборак юзига бир шапалоқ туширди. Шўрқишлоқ аҳли буни кўриб оҳ урди. Чўтир юзли кўримсиз йигит – Ҳаким Эрназаров, ўрис биродарига қараб бош чайқади.
– Боймурод ошириб юборди, Максим, – деб ўазабланди тугулган муштлари қалтираб. – Бундай азиз кишиларга қўл кўтариш яхши эмас.
– Нимаям қилардик, – кафтини қисди малласоч Парфёнов. – Кураш кетяпти, Ҳаким.
Гузарга зўрлаб ҳайдаб келтирилган аёллар паранжи ичида ув солиб йиғладилар. Ёши саксондан ўтган нуроний эшон, ранги совуқ мўйловли йигитга ҳазин боқиб, сўзлашдан тўхтаб қолди.
– Ҳой, хурофотчи руҳоний ! – деди Мухторов. – Тўхтат тескари ташвиқотни! Ҳозироқ бу ердан йўқол!
– Ҳа, аттанг! – гулханда ёнаётган китобларга ачиниб термулди эшон. – Гулдек йигит экансан-у, бу тўтиёларни танимадинг. Ўзинг кўр бўлдинг! Элу юртни кўр қилдинг! Олимларни кўр қилдинг! Обидларни кўр қилдинг! Илоё, шу азиз китобларни уволига учрагин! Наслу насабинг ер юзида ўрмаламасин! Ўзинг қашқирларга ем бўлгин! Додингга етгучи бир зот топилмасин! Аллоҳу Акбар!
 Зуннур эшон қаддини букиб уйига қайтди.
 
 * * *
 
У жойнамоздан бош кўтармай, супа устида узоқ ибодат қилди. Ихлосмандлари ҳовлига тўпланишди. Далоилхонлар ёқилган “Далоилул хайрот” китобларидан “Асмаил-ҳусна” ва “Қасидаи бурда” бобини ўқидилар. Эшон енгил тортиб, даврага қўшилди. Кўзлардан оқаётган ёшларни кўриб:
– Йиғламангиз! – деб фармон берди. – Пайғамбар алайҳи салом суннатига эришган устозингиз ўз қисматидан рози. Сиз нечун исёну туғёнга ботмоқдасиз?
– Пиримизга қўл кўтарсалар қандоқ чидайлик? – деди бир қаландар. – Сиз лойиқ топсангиз бошини узиб келиб, оёғингиз остига ташлайман.
– Ҳожатсиз амалга қўлингизни булғамангиз, – рад этди эшон. – Биз сизларни чўчқа сўярсиз деган умидда илму маърифатга олиб кирганмидик? Биз ул бадкирдорни қашқирлар ҳукмига топширдик.
– Улуғ ёшингизни ҳурмат қилсалар бўларди, – ўкинди эшоннинг куёви Абдулҳофиз.
– Минг ёшли Нуҳ пайғамбарни урган кофир саксон ёшли қарияни аяб қўярмиди, фарзанд, – деди у оғир хўрсиниб. – Алҳамдулиллоҳ, ўзингга шукур, Аллоҳим.
– Нима сабабдан бу балолар бошимизга келди, пирим? – сўради эшоннинг асранди ўғли Садриддин қипчоқ мўлтираб.
– Аллоҳни қаҳрига учрадик, фарзанд, – эллик йил муқаддам бўлиб ўтган шўри савдоларни хотирлаб ўкинди Зуннур эшон. – Юртимизда фисқу фужур, зиною куфр, бедодлик, бешафқатлик кўпайди. Бойлардан саховат, камбағаллардан сабру тоқат кетди. Подшоҳлардан куч-қудрат кетиб, ҳаммаси ёғийга қул бўлди. Охир-оқибат шу кунларга дучор бўлдик. Барча балоларга биз айбдормиз. Биз...
– Буларга сиз айбдор эмассиз, пирим, – ўкириб йиғлаб юборди Садриддин. – Аллоҳ шоҳид, сиз азизларнинг азизисиз…
– Ҳамма балоларга шу донғи кетган эшон отангиз айбдор, фарзанд, – оғир хўрсинди Зуннур эшон. – Баҳоуддин балогардон айтибдурларким, гар юртга бало келса, у шоҳни эмас, дарвешнинг хатоси бўлади. Қутбликка даъво қилдик. Лекин қутбларда тизгин, қамчи бўлишини эсдан чиқардик. Бу шоҳ эмас, дарвешнинг хатоси. Бу хатокор ўофил сизни кўзёшларингизга арзимайди! Агар биз дунё молига қарамаганимизда, дуоларимизни тўғри ўқиганимизда, бу фалокатлар юз бермаган бўларди. Унутманглар, авлиёларнинг дуолари чала бўлса, элу юрт бошига бало келади. Биз қилган хатолар эвазига, элни жабру ситам, очлигу ҳорлик ўз гирдобига олади. Эл подшоҳлари қул, маликалари чўрига айланади! Авом халқ тубанлашиб, жаҳолат ботқоўига ботади! Ҳаммасига биз айбдор. Кўзларимиз кўр экан. Қилган гуноҳларимизга тавба қилдик. Тавба қилдик...
Ўз қавмидан шапалоқ еб кўнгли чўккан Зуннур эшон, хафалик ва изтироб исканжасида, бир ярим ой супада ётиб, рамазоннинг маўфират қисмида, намози жума куни оғзида калимаи шаҳодат билан боқий дунёга қайтди.
 
Бешинчи боб

Телба дунё
 
Тақдирни қарангки, 1981 йилда Қобил фронтчининг яккаю ёлғиз етим ўғли Салимни Афғон урушига олиб кетишди. Етимча Салим дарвозасига калладай қулф осилди. Салим болалигида уруш-уруш ўйнашни яхши кўрар, ёғоч милтиқни елкасига тақиб, ҳар куни Ёқуб билан Шокирнинг олдига чиқар, Раҳмон амаки уни қувиб солмагунча тирғилаверарди. Фаришта омин деган экан, армияга борибоқ бўйнига автомат осиб, бир ойдан сўнг ўзини Афғонистон заминидаги Қандаҳорда кўрди. Салим ёшлигида отаси ва Холдор муаллимнинг зулми туфайли ҳуркак бўлиб қолган, бирор нарса беҳос қарсиллаб кетса ҳам сапчиб тушарди. У киноларда кўрган автоматга ҳам етишди. Ўша савилни икки йил кўтариб юриб, қилган орзуларига пушаймон бўлди. Бирин-кетин ўққа учиб, темир тобутга жойланаётган сафдошлари аҳволини кўриб, юрагида ўлим ваҳми пайдо бўлди. Ўша ноҳақ уруш давомида, ўз оёўи билан кетган шўрқишлоқлик йигирмага яқин йигит, уйига темир тобутда қайтди.
– Бечора Қайназар қирғизни катта невараси Афғонистонда ўлибди! – афсусланади чойхонада ўтирган бир қария. – Боласи тушмагур бировга ёмонлиги йўқ, тўғригина бола эди. Салом беришдан нарига ўтмасди. Дунёга келиб нима кўрди? Қўй ортида юриб умри ўтди-да шўрликни!
– Жаннати бола эди, жойи жаннатда бўлсин! – деб фотиҳа ўқишади чойхўрлар.
Орадан бир оз ўтгач яна янги шумхабар тарқалади.
– Эшитдингларми? – дейишади шўрқишлоқликлар. – Анави тўйга чақирадиган Нортожи чинқироқни ўғлиям урушда ўлибди. Темир қутида олиб келишибди. “Қутини очмайсан,” деб ҳарбийлар жанжал қилишибди.
– Вой, шўрлик! – ҳамқишлоқлар ачиниб бош чайқайдилар. – Жигарпораси дийдорини охирги бор бир мартагина кўриб олса нима бўпти? Очишавермайдими?
– Парчаю реза бўлиб кетганмиш-у, нимасини кўради!
Шу чоғларда Салим афғонлар яшайдиган қишлоқ яқинига ўрнашган ҳарбий қисмда хизмат қиларди. Рус, белорус, қирғизу қозоқ, ўзбегу тожиклардан иборат бу ҳарбий қисм аскарлари, қишлоқни душманлардан қўриқлаб, пистирма окопларда тоғ томонни нишонга олиб турардилар. “Руҳлар” деб аталувчи душманнинг қачон ва қаердан ҳужум бошлаши номаълум эди. Кундузи атроф тинч-осойишта, тунлари эса узуқ-юлуқ ўқ овози янграр, шўро аскарлари таҳликада чор тарафга беҳуда ўқ отарлардилар.
– Илоё отганим уларга тегмасин, уларни отганики менга тегмасин! Омин! – окопда ётиб осмонга қарата тариллатиб ўқ узиб нола қиларди Салим. – Вой, беминнат Шўрқишлоғим қайдаса-а-а-ан!
 Афғонлар шўро аскарларини барча қуроллар билан мавҳ этишга уринардилар. Улар бу йўлда асосан қора дори ва “чарс” деб аталувчи нашани аямасдилар. Окоп ва чодирларда зерикиб ўтирадиган аскарлар бекорчиликда шу заҳарни истеъмол қилишга ўргандилар. Афғон болалари арзимас майда-чуйдалар ва ҳатто бўш гилзалар эвазига ҳарбийларга наша ташлаб кетардилар. Афюн истеъмол қилган аскарлар, ҳуш-беҳуш аҳволда, карахт пашшалардай ғўнғирлашиб кунни кеч қилардилар.
Бир куни душманлар ҳужуми бошланди. Шўро аскарлари чекиндилар. Қорадори еб окопда қотиб ухлаб ётган Салим уйғониб, ўрнидан туриб керишиб, бир амаллаб ўзига келди. Кайфи тарқамагани сабабли кўзлари хира, қулоғи битган ва танаси вазмин эди. У атрофга аланглаб, ҳеч кимни тополмади. Бошини кўтариб юқорига қаради-ю, эснашга очилган оғзи очиқ алфозда қотиб қолди. Окоп ёнидаги тепаликда узун соқолли бир мужоҳид қурол ўқталиб турарди.
– Ассалому алайкум, – Салим шўрқишлоқча тавозе ила қўлини кўксига қўйиб окопдан чиқди. – Бизникилар қаерга кетишди, ака?
Жавоб ўрнига кетига тепки еган Салим мужоҳиднинг амрига биноан икки қўлини бошига қўйиб йўлга тушди. Сергап Салим афўон йигитини гапга солиб, кўнглини юмшатишга уринди. У ҳар сафар сўз бошлаганда, золим йигит бақаникидай бақрайган кўзларини чақчайтириб, этиги билан кетига аямай тепарди. Шўрлик Салим ярим кун давомида кетма-кет тепки еб йўл босди. Урду забон мужоҳид туркий тилдан бехабар экан. Асир Салим ҳориб-толиб, тоў орасидаги мужоҳидлар қароргоҳига етиб келди. Қишлоқда ўсиб ётган кўкнор ва нашаларни кўриб, афтини буруштириб минғирлади.
– Ҳа ўша сени экканниям, чекканиям падарига лаънат!
Салим афғон ерларида бирор-бир экинзорни учратмади. Қаёққа қарамасин, кўкнор ёки нашани кўрди. Афғонлар пахтазори ҳам, буғдойзори ҳам шу эмиш. Салимни бир томони очиқ катта чодирга олиб кирдилар. Чодирда йигирма чоғли узунсоқол мужоҳид ўтиришганди. Улар асирга бошдан-оёқ разм солишди. Сайид исмли ўзбек тилини биладиган бир йигит Салимни сўроқ қила бошлади.
– Мужоҳидларни отганмисан, шўравий?
Ўзбек тилини тушунувчи киши топилганидан боши осмонга етган Салим дам бўлиб ёрилаёзган қорнини бўшатиб, булбулигўёдек сайрай кетди. Бунчалик кўп ва тушунарсиз сўзлардан иборат изҳору иқрорни эшитиб тилмочнинг боши айланиб қолди.
– Э, акажон, бормисиз! Бу каллаварам тил билмасларингиз орасида юрагим эзилиб кетди-ку!
– Саволимга жавоб бер! – ўқрайди терговчи. – Отганмисан?!
– Ака, ўзингиз олдин бир мундоқ қараб кўринг, кейин гапиринг, – қўлларини қилич қилиб уқдирди Салим. – Мен одам ўлдирадиган болага ўхшайманми? Синфимизда ҳаммадан қўрқадиган Тўхтасин деган бола бор эди. Ҳамма шуни урарди. Мен уни бир мартаям урмаганман. Ручкамни ўўирлаб олгандаям урмаганман. Тожик болалар билан уришиб қолганимизда Шокир уларни тошбўрон қилган. Мен биттаям тош отмаганман.
– Шокир ким, шўравий? Қумондонингми? – энсаси қотиб сўради афғон терговчи.
– Ияҳ?! – кулиб юборди Салим унинг анқовлигидан ажабланиб. – Шокир ҳозир Шўрқишлоқда. Ошнаси Фитрат билан қора ёққа беланиб машина тузатиб юрибди, ака! Фират қирим-татар бор-ку, Эдим қирим-татарни ўғли, ўша билан билим юртида ўқиб авторем бўлимини битирган. Сиз мундоқ гапни англанг-да. Шокир қўшнимиз Раҳмон акамни ўғли. Ўзимизни Адиркўчада яшайдиган, сувчи Раҳмон ўрисни иккинчи ўғли-да, ака. Сиз бўлсангиз отганмисан дейсиз! Мактабимизни райондаги парадга оборишганда, 7-ноябрь байрамида, Турсун зўрлик қилиб мени ҳамма пулимни тортиб олди. Бу пулни менга дадам падарка қилганди. Униям урмадим, кел қўй, майли, нима қиламан катталардан калтак еб дедим. Шу Турсун...
Афғонистонлик тилмоч Салимнинг оўзидан чиқаётган ўнлаб сўзларни тушунмасди. Бунинг устига барча шўрқишлоқликлар каби бидирлаб тез сўзларди.
– Турсун ким, шўравий?! – ғазабланди Сайид.
– Ҳа-а-а! – ижғириниб қўл силтади асир. – Ким бўларди! Ўзимизни Петкани ўғли-да, ака.
– Петканг ким, шўравий?! – ўзини босолмай бақириб юборди Сайид.
– Пирмат қулоқ ким?! – чўчиб кетиб бидирлаб тушунтира кетди шўрлик асир. – Сутбулоқ мозори шайхи Ориф ота ошнасини айтаяпман-да, ака. Гапни мундоқ тушунинг-да сизам. Турсун афтинг қурсун, ўша Петкани ўғли. Бу қулоқлар тўпи жуда расво-да. Каптарларимни нима қилди экан денг, каптарларимни! Ҳамма каптарларимни шунга ишониб топшириб келганман! Мени ўзи каллам ишламайди, ака. Турсун каптарларни точно сотиб еб бўлган, ака. Буларга худо бас келмаса бандаси бас келолмайди.
– Бизга ишлайсанми? – Сайид ҳеч нарса тушунолмай бошини чангаллади.
– Нима иш бор ўзи, ака? – асир қўлини кўксига босиб қуллуқ қилди. – Любой ишни қилавераман. Ротадаям ҳамма ишни ўзим қилардим. Старикларни пайтавасини ювардим, полни ювардим, ошхонагаям ўзим бориб келардим. Картошка артиш ўзимни бўйнимда эди, ака. Биз Шўрқишлоқданмиз, ака. Нима иш бўлса бажараверамиз. Ишлайсанми дейсиз-а, шўрқишлоқликни иш билан қочириб бўларканми.
Сайид энсаси қотиб, қўл силтаб терговни бас қилди.
– Буни отиб ташлаш керак, – деди форс тилида. – Бундан ҳеч қандай фойда йўқ.
Бомбардимон чоғида оиласидан айрилган бир кекса мужоҳид ўзбек тилидан хабардор эди. Автоматини созлаб ўтириб, асирга раҳми келиб, уни гапга солди.
– Исминг нима?
– Салим, – деб қуллуқ қилди асир.
– Исминг гўзал, китобий исм экан.
– Отимни Эшондада эшон бувам қўйганлар, – мақтанди у. – Суф деб сувни тескари оқизардилар. Раҳмон акамни дадаси эдилар. Сиз ҳеч биз томонларга борганмисиз? У кишини Шўрқишлоқдаям, Хўжақишлоқдаям ҳамма танийди.
– Салим, – деди қария оўир хўрсиниб. – Отанг борми?
Бу саволни эшитган Салимнинг вужудида енгил титроқ турди.
– Уч йил бурун қазо қилганлар... – кўзига ёш қуйилиб бошини эгди у.
– Онанг-чи? Онанг борми?
– Аввалги йили уларам ўтиб қолдилар... – ҳўнграб юборди етимча.
– Туўишганларинг-чи?
– Мен яккаман…
– Қўй, йиўлама, – деди қария. – Сизларда диндорларни қириб ташлашган дейдилар. Агар биз билан яшасанг, сенга дину иймонни, Қуръонни ўргатамиз. Биз билан қоласанми?
– Иложи йўқ-да, амаки, – деди у ҳиқиллаб йиғлаб.
– Нега иложи йўқ?
Салим бурнини рўмолчасига қоқиб, ота-онасига аза очишни бас қилиб, жиддий тусга кириб, ўз аҳволини ётиғи билан тушунтирди.
– Отахон, тушунган одам экансиз. Сизга айтмасам кимга айтай. Шу десангиз, ҳамма каптарларимни, Пирмат қулоқни ўғли Турсунга омонат ташлаб келганман. Агар тезроқ қайтиб бормасам, татармаҳалладаги каптарбозларга сотиб юборади. Каптарларим, Шўрқишлоқда битта. Сизга ёлўон худога чин, ҳар биттаси беш сўм туради. Ҳаммаси узун пайпоқли, оқ каптар. Тикка учади. Бештагача ўмбалоқ ошади. Биттаси бор, – каптарларини эслаб, кўзлари сузулиб чайқалди Салим. – Осмондан тўўри учиб келиб, қўлимга қўнади. Мен оғзимни очаман. Оғзимда сув бор. Шу каптарим оўзимдан сув ичиб, яна осмонга учади. Олтита, еттита, саккизтагача ўмбалоқ ошади.
Мужоҳидлар ўз тилларида чуғурлашиб, узоқ тортишдилар. Қария барибир ўз мақсадига эришди. Асирнинг жонини сақлаб қолди. Салим бир ҳафта давомида мужоҳидлар орасида бўлди. Унинг вазифаси, тоў бағридаги булоқдан сув ташиш эди. Шўрқишлоқ боласи сидқидилдан меҳнат қилди. Оқшомлари болалар орасида ланка тепиб, улар билан баробар қичқиришиб ўйнаб юрди. Жафокаш қария унга термулиб, маҳзун жилмайиб қўярди.
 Шўрқишлоқликлар телбанинг ишини худо ўнглар дейдилар. Бир куни вертолёт келиб қишлоқни ўққа тутди. Афғонлар қишлоқни тарк этишди. Тентак Салим ҳориб-чарчаб, эшакка ортилган сув тўла бидонлар билан қишлоққа етиб келди. Афғон мужоҳидлари ўрнида БТРлар ва ўз қуролдошларини кўриб, ҳайратдан донг қотиб қолди.
– Салим! – қичқириб қаҳ-қаҳ кулишди сафдошлари. – Бу ерда нима қилиб юрибсан, сотқин?!
– Ким экан сотқин?! – сир бермай ҳоҳолаб кула бошлади у. – Мана, сизларга булоқдан тоза сув олиб келяпман, жиннилар! Ҳў-ў-ў, Шўрқишлоқдан ҳозиргача сотқин чиқмаган! Оўзингга қараб гапир, бўптими! Ҳа-ҳа-ҳа-а-а-а!
 
 * * *
 
Лаънати урушнинг асорати кўп йилларгача чўзилади дейдилар. Йўқ, ундай эмас, бу асоратнинг жароҳати инсоният бағрида абадий қолади. Салим ва Зоҳида, уларнинг ўн-ўн икки ёшли ўғиллари ҳам бу асоратдан қутилиб кетолмадилар. Зоҳиданинг болалиги уруш жабрдийдалари орасида кечган. Унинг бувиси бамисоли бир ялмоғиз кампир эди. Кампир ўз набираларига нон-сувни ўлчаб берарди. Шакардан тортиб тузгача қулфлоғлиқ сандиқда сақланарди. Зоҳида ва унинг опаси, ухлаётган кампирнинг иштонбоғига боғланган калитни ўғирлаб, сандиқдан туршак ва новвот олиб ердилар. Отаси бозорда даллолчилик қилиб пул топарди. Қизлар унинг чўнтагидан тез-тез майда пул ўғирлашар, эртасига кампир жаврар, отаси бақирар, Зоҳиданинг бегуноҳ онаси ўғриликда айбланиб “қора калтак” остига олинарди. Қонга беланган келин дармондан кетиб тўшакда ётар, бетайин ялмоғиз кампир, унинг тепасида куйиниб йиғлаб ўтирар, келинидан қайта-қайта кечирим сўрарди. Зоҳиданинг онаси ёйилиб кулиб, кампирнинг меҳридан дили яйраб дармонга кирар, тўшакдан турар ва яна уй юмушларига уннаб кетарди.
– Ҳаммасига мен айбдорман, – дерди ялмоғиз кампир йиғлаб. – Ҳамма нарсани қулфлайвериб, қизларни нафсини оч қилиб қўйдим. Очарчилик йиллари бизни хароб қилган-да, болам...
 Ялмоғиз кампирнинг касру касофатига қолиб, Зоҳида ҳаваскор ўғри бўлиб ўсди. Бузуқлиги эса туҳмат бўлиб, кучли шамоллаш туфайли бу аёл касалдан-касалга ўтиб кун кечиради. У мириқиб жанжал қилишни ва яхши таом ейишни ёқтиради. Айниқса, қониб ухлаш энг эзгу орзуси. Чунки отасидан бадхаёллик дардини юқтириб олган Салим уни ноҳақ ва ноўрин “тергов” қилиб, ярим тунгача ухлатмайди.
 
 * * *
 
Салим бир куни тунда Зоҳидани уйғотиб сўради:
– Бугун уни чақирдингми?
– Кимни? – сўради кўзини ишқалаб Зоҳида.
– Ўйнашингни! – илондек вишиллади Салим.
– Йўқ ... – кафтини қисди у.
– Йўқ?! Ҳай! – ғазабланиб бақирди эр. – Демак, ўйнашинг бор экан-да?!
– Йўқ ўйнашим! Йўқ! – ундан баландроқ бақирди Зоҳида.
– Бўлмаса, – овозини пастлатди терговчи эр, – нега ўйнашингни чақирдингми, десам йўқ дейсан?
– Нима дей бўлмаса? Ҳа, чақирдим дейми?
– Ўзи ўйнашинг борми?
– Йўқ дедим-ку!
– Йўқ бўлса кимни чақирасан?
– Ийя-а-а! Нима?! Мен, ўйнашим бор, уни чақирдим дедимми?!
– Бўлмаса нега бошдаёқ мени ўйнашим йўқ демадинг?!
– Битта сўзга осилиб олиб қийнайверманг! Менга ҳозир кимни кўзи учиб турибди?
– Ҳа-а?! – уни жиноят устида ушлади Салим. – Агар кўзи учиб турган киши топилса юрармидинг? А?! Юрармидинг?!
– Ҳой, мусулмон, ўзим орқамни зўрға кўтариб юрибман! Мени бунақа ишларга ҳолим етмайди! Бўлди-да э-э-э! – бошини тўшакка ўради у.
– Бўлмаса ким девордан ошиб тушди?
– Қачон?! – қўрқиб дераза орқали қоронғи ҳовлига мўралади Зоҳида. – Ким тушди?!
– Ҳа-а?! Қўрқиб кетдинг-ку? Ўйнашинг бор экан! Мен бир ҳафтадан бери кузатяпман. Ҳар куни кечаси, “топ-топ” қилган товушлар эшитилиб турибди.
– Ҳа, – деди Зоҳида хотиржам ҳомуза тортиб. – Ахир қурт еган олмалар тўкиляпти-да. Шуниям билмадингизми? Ётинг, ухланг. Жинни бўлмай ўлинг.
 Салим мана шундай суҳбатлар чоғида, баъзан хотинини уриб юборар, ўзи ҳам ундан бир-икки таёқ еб қоларди. Баъзи кунлари тунда ҳовлидаги чироқларни бутунлай ўчириб, қўлига паншаха олиб, олма тагида яшириниб, махфий ўйнашнинг келишини кутарди. Бир куни топ этиб, бошига қуртлаган олма тушгач, Исаак Ньютон каби ялт этиб кўзи очилди. Хотини айтгандек, олманинг тўкилаётганига ишонч ҳосил қилди. Унинг ўйнаши йўқлигига эса барибир ишонмади.
 
 * * *

Салим қишлоқдаги кўпдан-кўп улфатлари билан бирга гап ўйнарди. Бир куни даврада картабозлик тез тугаб қолиб, ўийбат авж олиб кетди. Гап хотинлар хусусида борди. Салимнинг вужуди қулоққа айланиб, атрофга шубҳаланиб назар солди.
– Биласизларми, ғарни белгиси қандай бўлади? – деб сўради биринчи бўлиб паранжи ташлаган Тиллахон очиқнинг невараси магазинчи Тошмирза. – Бобом раҳматли кўп айтардилар. Ғарларни оёғи доим ўйнаб тураркан. Мундо-о-оқ, зеҳн солиб қарасанг, оёқларини ликиллатиб ўйнатиб ўтиради. Иннайкейин, ўсмани қалин қўяди. Чиройли эркакларни яхши кўради. Телевизордаги эркакларниям еб қўйгудек бўлиб томоша қилади.
– Бекор гап, – деди Пирмат чолнинг ўғли Турсун. – Хотин киши загадка. Ҳеч ким, ҳеч қачон хотинлар сирини билолмайди. Ёлки-палки!
Турсун бу ўрисча ҳақоратни ҳарбий хизматдан ўрганиб келган. Аммо маъносини ўзи тушунмайди.
– Билиб олишни битта зўр йўли бор, – деб тушунтирди қитмир Тошмирза. – Тунда ухлаётган аёлга атаб фотиҳа сурасини ўқийсан. “Агар шу хотинни ўйнаши бор бўлса ҳаракат қилсин!” деб тилак қиласан. Етти марта “аён бўл!” деб суф соласан. Агар аёл қўзғалса, гапириб юборса ёки уйқусидан уйғониб кетса, у бузуқ бўлиб чиқади.
– А-а?! – хаёлга чўмган Салим тез-да хонадан чиқиб кетди.
 
Шу суҳбат баҳона бўлиб, Салим Зоҳиданинг сирини билиб олишга астойдил киришди ва тунлари хотинини сеҳрлай бошлади. Ахир у шунча йилдан бери каптар қувлаб, хотинига тузукроқ парво қилмаганди-да. Бепарво бўлсанг хотин нималар қилмайди дейсан! Салим таҳорат қилиб келиб, ухлаётган хотинининг бош томонига ўтириб, қироатни келтириб, чала-чулпа оят ўқиди.
– Ҳой, Зоҳида, – деб пичирлади Салим, ярим тунда телбанамо афсунлашни бошлаб. – Оёқларингни қимирлат. Биров билан юрган бўлсанг овоз чиқар. Бир, икки, уч, тўрт, беш, олти, етти! Аён бўл! Аён бўл! Аён бў-ў-ўл! – Уйқудаги бекачдан садо чиқмади. У қайтанга янада салобатлироқ хуррак ота бошлади. – Яна қайтараман! – овозини баландлатиб оят ўқиди “сеҳргар” Салим. – Ҳозироқ қимирла! Ана, ўйнашинг келди! Ҳамма сирларингни билиб олдим! – Салим бу ҳолатни уч-тўрт марта такрорлаб кўрди, лекин ҳеч қандай натижа чиқмади.
 Салим бир ҳафта давомида, афсунгарлик бобида, бирор натижага эришолмагач, бу чораи тадбирни тўхтатди. Лекин, Тошмирза айтган бошқа бир “башорат” амалга ошди. Салим бир куни кўчадан кириб, хотинининг қимирлаётган оёғига қаради. Зоҳида радио орқали шўх мусиқа тинглаб, оёғини ликиллатиб ўтирганди. Тошмирза гапини эслаб, Салимнинг фиғони фалакка чиқди. Зоҳидага ташланиб, уни аямай дўппослади. Зоҳида ҳам қараб турмай, эрининг дуч келган жойини юмдалаб, гўштсиз терисини тишлайверди. Оғриқ жонидан ўтган Отелло издоши “қўйдим сендақа хотинни!” деб бақириб юборди. Ана шундан сўнг жанжал кучайиб, ажралишга қарор қилдилар. Қизиғи шундаки, Салим ўз хотини Зоҳидасиз бир кун ҳам яшолмасди.
 Зоҳиданинг қариндошлари уни ўртага олиб, “тергов” қилишди. Салим ноиложликда қолди, гапхонадан чиққан гапни айтиб беришга мажбур бўлди. Шўрқишлоқликлар бу ҳангомани эшитиб, каптарбоз устидан мириқиб кулишди. Мулла Ҳаким иккисини қайта никоҳлаб қўйгач, насиҳат қилиб деди:
– Аллоҳ ўз хотинини талоқ қилган бандаларини севмайди. Шундан кўра тўй-маъракаларда қатнашиб юрсанг бўлмайдими, Салимжон ўғлим? “Гап”инг нимаси? Қобилжон акамни, Санобар янгамни арвоҳини шод қилай десанг, ақлингни йиғ!
– Бўлди, тавба қилдим, Ҳаким амаки, – рози бўлди Салим.
– Одамни бемаврид ўтиришларда зиёфат ейвериши аҳмоқлик, – деди қария. – Эҳей, телба дунё... Бу ғофил бандаларга нима бўлди ўзи?..
 Оила сақлаб қолинди. Икки норасида фарзанд етим бўлмади. Аммо Салимнинг рашкчилиги касалликка айланиб, ҳанузгача давом этади. Узоқ вақт ўй суравериб ақлидан адашган Зоҳида у ер-бу ердан қўлга кирган нарсани ўғирлаб, уйига ташиб келадиган одат чиқарди. Хотини ёшлигида “ўғри-томоқ” опаси билан чакана ўўри бўлганидан рашкчи эр бехабар эди. Бир куни ҳовлида мотоцикл фараси пайдо бўлиб қолди. Салим яна гумонга бориб:
– Уйимда ўйнашингни мотоциклини чироғи тушиб қолибди! – деб уни урди.
– Чироқни қўшниникидан ўғирлаб чиққанман! – деди Зоҳида гуноҳини тан олиб.
– Нега ўғирлайсан? – ҳайрон бўлди Салим. – Менам ўғриман, лекин мен каптар ўғирлайман, бошқа нарса ўғирламайман.
– Ана, каптар ўғирларкансиз-ку? – баробар айтишди у.
– Ия?! – аччиқланди Салим. – Бошқалар ҳам мени каптаримни ўғирлайди-да! Қўшнилар сени ҳеч нарсангни ўғирламаган. Сен нега уларни нарсасини ўғирлайсан? Бу гуноҳ бўлади-я! Мотоциклни чироғини нима қиласан? Томга ўрнатиб, ўчириб-ёқиб, ўйнашингга сигнал берасанми, а?
– Менга ўйнаш керакмас дедим-ку, телба?! – ғазабланиб бақирди хотини.
– Оғзингга қараб гапир! – ундан баландроқ бақирди Салим. – Ким телба эканлигини худо кўриб турибди! Мен сени ғарсан деб юрардим! Ўғриям экансан-да?!
Раҳмон амакининг бу телба дунёда тентираган кунботиш томондаги қўшнилари мана шулар эдилар.
 
 
Олтинчи боб

Қудачилик минг йилчилик.
 
Ўртанча қиз Насиба касал бўлиб, Раҳмон амакига ташвиш орттирди. Насибанинг ўнг биқини тез-тез оғриб туради. Меҳнаткаш Насиба бировнинг кўзига тик қарамайди. Шундай бўлса-да, қудалар Насиба устидан арз қилиб, Раҳмон амаки ва Карима холани ўз уйларига чақиртиришди. Чолу кампир, бир жуфт нонни қўлтиқлаб, айтилган муҳлатда, антиқа анжуманга етиб келишди. Шўрқишлоқлик Холмат бангининг ўғли Сотимбой тракторчи Раҳмон амакининг тўртинчи қудаси. Сотимбой тракторчининг отаси Холмат банги, маълум ва машҳур Хорунбойнинг ўғли эди. Бизнинг замонларга етиб, эшонзода Раҳмон амаки илмсиз, асилзода Сотимбой тракторчи камбағал бўлиб қолишди. Иккисининг топган бойлиги ҳам, ортирган илми ҳам киссасидаги носқовоқ, холос.
 Меҳмонлар ва мезбонлар қудачилик низомига биноан саломлашгач, меҳмонхонага жойлашдилар. Жабрланувчи куёв Маликжон билан айбдор келин Насиба иккига бўлиниб, ўз тарафдорлари яқинига ўрнашдилар. Анжуманнинг кириш қисмида барча қариндошлар саломатлиги сўраб-суриштирилиб тафтиш қилинди. Сўнг ўлган қариндошларга жаннатдан томорқа берилишини сўраб, худога оғзаки арзнома йўллаб, фотиҳа ўқилди. Дастурхон ёзилиб, чой келтирилди. Маиший бўлим қисқа тарзда кечди, ҳар икки томон вакиллари номигагина нон чайнаб, сукут сақлаб чой ичишди. Пиёлалар дастурхонга тўнкарилди. Тадбирнинг асосий бўлими бошланди.
– Қуда, қизингиз бизга бўйсунмай қўйди, – деди қирғизқовоқ хотин қуда Орифа. – Айтган гапимга кирмайди. Овсини билан кўп уришади.
– Қачон, ҳе-е?! – ҳайрон бўлиб қайнонасига қаради Насиба.
– Жим ўтир! – буюрди Раҳмон амаки.
Хотин қуда анжуман иштирокчиларига оиланинг бугунги кундаги аҳволидан атрофлича хабар берди.
– Ҳозир айни далада ишлайдиган пайт. Бу бўлса кўрпа-тўшак қилиб ётиб олди. Ўзингиз биласиз, қуда, биз қўл учида тирикчилик қиламиз. Кунимиз экин-тикин билан ўтади, – деб эрига юзланди. – Тўғрими, дадаси?
– Ҳамманиям ер боқади-да, – катта ҳикматни кашф этди эркак қуда.
– Дўхтирга олиб бориб кўрсатдик. Буни жигарида қурт бор эмиш. Апараста га юз минг сўм кетармиш. Бунча пулни қаердан оламиз, ўргилай қудалар? Сизам айтинг, дадаси.
– Ҳа. Юз минг катта пул.
– Энди, қудажонлар, – масалани кўндаланг қўйди тадбирга раислик қилаётган хотин қуда. – Мана, қизингизни қўлингизга соппа-соғ топширяпмиз. Хоҳласангиз даволатинг. Бизда бор-йўғи икки сигир, тўртта қўй бор, холос. Бисотимизда бошқа ҳеч нарсамиз йўқ. Оиламиз катта. Агар ўзини ўнглаб келса – келсин. Бўлмаса қаерга бориб яшаса яшайверсин.
– Ия! Ойижон? – мўлтиради Насиба. – Мен нима қилдим, ҳе-е-е?
– Жим ўтир, аҳмоқ, – тергади Карима хола аламини ичига ютиб.
– Сизам бирор нарса денг... – деди Насиба эрига умидли боқиб.
– Мен нима дейман... Ўзингдан кўр – юзини четга бурди Малик.
Бундай бедодликни кутмаган Раҳмон амаки тилини тишлаб қолди. У қизининг аҳволига ачинса-да, охирини ўйлаб аччиқ сўз айтиб юборишдан ўзини тийди. Орага совуқ сукунат чўкди. Бир хира пашша ғинғиллаб учиб келиб, хотин қуданинг юзига қўнди. Орифа қуда пашшани қўл силкиб ҳайдади. Пашша ўчакишиб бурнига қўниб, бурун паррагини ялаб қўйди. Орифа қичишган бурнини қаттиқ ишқалаб қизартириб олди. Шу пайт эшикдан Насибанинг уч яшар қизчаси пилдираб кириб келди.
– Ойи, чушш-чушш! – дея типирчилади.
– Ҳозир, қизим...
Насиба ўнг биқинини чангаллаб, иҳраб ўрнидан турди. Қизини базўр кўтариб, ёзилтиргани ҳовлига чиқиб кетди. Обиданинг тарбиясини олган, нозик дид билан бола боқувчи бу жувон таппи ёпиб, ер чопиб, эри билан баробар ғишт қуяди. Атиги беш-олти соат ухлайди, холос. Бу касал бўлмай яна ким касал бўлсин. Сотимбой тракторчи меҳнаткаш Насибани ўз фарзандидай яхши кўради. У сукут сақлаб, қудасининг юзига қаролмай хижолатга ботиб ўтирар, Раҳмон амаки эса ора-чора томоқ қириб бош чайқарди.
– Нимаям дердик, – деб тинчликни бузди Раҳмон амаки. – Аммо ҳозир ҳолимиз сал чатоқ эди-да. Майли, агар сизга келин керак бўлмаса, бизга қиз керак...
– Ҳой, дадаси, – деди Карима хола паст овозда. – Шошилмай туринг. Бир қарорга келмай туриб, гапга якун ясаманг.
– Нима қил дейсан бўлмаса? – хотинига оўриниб қаради муштипар ота. – Ахир бор гапни айтиб бўлишди-ку.
– Бизниям айтадиган гапимиз бор, дадаси.
 Карима хола рўмол учида Сотимбойдан юзини тўсиб, Орифага қаради. Хотин қуда юзини қўли билан пана қилиб, ундан кўзини олиб қочиб:
– Мендан оғринманг-да, қуда, – дея минғирлади.
– Шу болани, – деди ташқарига ишора қилиб Карима хола. – Сизга соппа-соғ, қўлида ҳунари билан бергандик. Бош эгамдан беркитиб, ўмариб-сўмариб ҳамма камини ўзим қилдим. Ўн йил эшигингизда ўтириб, янги кийим киймади. Келинликдаги кийимларини кийиб умри ўтди. Ҳар йили нўхат экавериб, узум тарайвериб, сабзи ўтайвериб адо бўлди. Касалини биз даволаймизми? Эшакни ким минса, яғириниям ўша тузатади, ўргилай!
– Сизларга юз минг сўм пул пулмас, қуда!
– Э, ўғлимни омади кетиб, қозонни сувга солганмиз, Орифахон. Пулимиз бор бўлганида қизўанмаган бўлардим. Мени билардингиз-ку...
– Иши ростданам расво бўлган экан-да? – Орифанинг тарвузи қўлтиғидан тушди.
– Рост, ўргилай, рост.
– Э-э, Карима опа! – овозини кўтарди у, юз минглик чиқимни эслаб пешонаси тиришиб. – Қизингизни обкетинг! Ўзинглардан кўринглар. Ҳаммаям ўз қизига қилади-да. Ана, қизим билан куёвим, бола-чақаси билан бизникидан еб-ичиб кетяпти. Бизгаям осон тутманг. Ўўлингизни омади кетса нима қилай? Ўғлингиз эплолмаса нега иккита хотин олади?
– Ияҳ?! – аччиқланди Карима хола. – Мени ўўлим билан сизни нима ишингиз бор, қуда?! Ўғлим хоҳласа ўнта хотин олади.
– Эпласа олмайдими, қуда! – ўшқирди хотин қуда. – Қизингизни олинг-да, жилинг!
– Ҳеч қаерга кетмайди!! – бақириб юборди Карима хола, қаерда ўтиргани ёдидан чиқиб.
– Унингни ўчир! – унга сари бақирди Раҳмон амаки ранги гезариб.
Ҳайбатли овоздан Карима хола хаёли бўлиниб, бир сапчиб тушди. У эшонзоданинг қадимги жаҳли келиб қолганини сезиб, даҳанаки жанг майдонини тарк этди ва меҳмонхонадан апил-тапил чиқиб кетди. Малик бошини эгиб жим ўтирар, ўқтин-ўқтин отасига қараб қўярди. У ҳам оёқ учида юриб ҳовлига чиқди.
– Биздан хафа бўлманг, қуда, – деди Раҳмон амаки тракторчига қараб. – Охир замон деганлари шу экан-да. Қариган чоўимизда хотинларга кучимиз етмай қолди. Болаларимиз қулоқсиз чиқди. Эркакман деб чойхонада носқовоқ кўтариб юрамизу уйда аҳволимиз шу. Нимаям дердик... Сизларга боламиз керак бўлмаса, бизга керак...
– Олиб кетиб яхшилаб даволатинглар, – деди хотин қуда, – Насиба ўзи ёмон қиз эмас...
Ҳозиргача анжуман тадбирида кичик рол ўйнаган донишманд Сотимбой қуда ўтирган ўрнидан бир қўзғалиб олди. Унинг ғазабдан қўллари қалтирай бошлади. Раҳмон амакининг охирги кесатиқли гапи суяк-суягидан ўтиб кетди.
– Раҳмон ака, – деди у яна бир янгиликни кашф этиб. – Сизни қизингиз мениям қизим. Қандай меҳнат қилишини, қандай ётиб-туришини яхши биламан. Менам кимсан Холмат бангини ўғлиман. Ҳали-бери хотинга бўш келган жойим йўқ. Худоликка ишонсангиз менга ишонинг. Хотинимни бунақа режасидан бехабар эдим. Насибани иккита бўрдоқи қўчқори бор. Шуларни сотса, ўрнига иккита қўзи олиб бераман. Ортган пулига апараста қилдираверади. Ўлмаса бўлди бизга. Сиз билан қуда бўлиб ёмонлик кўрмадим. Ана, қайнсинглимни битта қизини кенжа ўўлимга олиб берганман. Ҳар куни маймун томоша кўрсатади. Бетавфиқ!
– Ия?! Ҳой, дадаси! – жавради хотин қуда. – Бу нима деган гап?!
– Чиқ-чиқ! – хотинига дўқ урди эр. – Бор, овқатга урин!
– Қўчқорларни невара тўйига боққанман, дадаси!
– Ҳу онангни ..... сани!! – сўкиниб бақирди Сотимбой тракторчи ранги оқариб. – Мени иснодга қўймоқчимисан?! Кенжа келинингга қўшиб, ўзингниям синглингникига элтиб қўяйми?! Ҳу сени ўша синглингниям !..
 Холмат бангининг ўғли донишмандликни четга суриб, дунё илмларини шўрқишлоқчасига кашф этишга ўтди. Унинг оғзидан отилиб чиқаётган қора ҳикматларни эшитиб, нафақат Орифа қуда, ҳатто Раҳмон амакининг ҳам эси оғиб қолди. Хотин қуда ўрнидан туриб, гандираклаб ташқарига юзланди. Остонадаги ковушини пойма-пой кийиб, Насиба йиғлаб ўтирган хонага қочиб кирди. Насибанинг бошини силаб овутаётган Карима хола Орифанинг аҳволини кўриб ҳайрон бўлди. Хотин қуда духоба ёпқичли бешик ортига биқиниб ётиб олди ва Насибани имлаб шивирлади.
– Насиба?
– Ҳа, ойи? – ажабланди Насиба кўзёшларини артиб. – Нега у ерга ётиб олдингиз?
– Қара-чи, даданг бу ёққа келмаяптими? – бешик ортидан бошини кўтариб, бўй чўзиб ташқарига мўралади Орифа.
 
* * *
 
Кечга томон эр-хотин ҳамма билан хайрлашиб уйга қайтишди. Насиба қизини қўлида кўтариб, йиўлаб уларга эргашди. Раҳмон амаки ва Карима хола юраклари эзилса-да, сир бермадилар.
– Мени олиб кетинглар...Ҳе-е-е-е...– йиўлади Насиба. – Мен бу ерда ўлиб қоламан. Ўлиб қолсам майлими, а?! Ҳе-е-е-е... Майлими?!
– Қайнатанг даволатамиз деди, қизим, – тушунтирди Раҳмон амаки.
– Борақол, уйингга, – деди онаизор. – Бизни уйда ейишга нонимизам йўқ. Яқинда ҳовлимизниям сотсак керак. Бошимизга шунақа кўргиликлар тушди, болам...
 Улар ўнқир-чўнқир кўчада ортга қарамай кетавердилар. Насиба беҳол бўлиб боласини ерга туширди. Аста чўнқайиб, ўрта йўлда ўтириб қолди. Келинини бу аҳволда кўриб, Сотимбойнинг юраги эзилди. Малик отасининг ёнида анграйиб турар, ҳовли ичида Орифа қуда қарўаниб жаврарди. Ҳамқишлоқлар Сотимбойни, отаси Холмат бангига тортган, ёмон феълли киши сифатида танийдилар. Унинг қайнилари юмшоқ сўзли, ҳалим кишилар бўлиб, золим поччадан очиқ-ойдин нафратланадилар. Орифа танноз жиянини келин қилиб, панд еб қолди. Жияни тушмагур жуда тартибсиз келин бўлиб чиқди. Ундан куйган қайнона аламини Насибадан оларди. Сотимбой буни яхши билар, ўғли Малик эса Насибани ҳимоя қилишга лаёқатсиз эди.
Сотимбой нос чекиб, ғазабланиб бош чайқади.
– Бормайсанми?! – деб ёнида турган Маликка ўшқирди.
– Қаёққа? – кафтини қисди Малик.
– Хотинингни олдига-да! – бақирди ота. – Тоғангга тортмай ўлгур! Хотининг ўрта кўчада ўтириб қолди! Эркакмисан ўзи?! Бор, олиб кел уйга!
– Ўзи келавермайдими? – минғирлади Малик қўлини чўнтагига солиб.
– Ҳа уруғингга ... сени!
 Сотимбой қулочкашлаб ўғлининг бўйнига урди. Қари тракторчининг болғадай мушти зарбига дош беролмаган Малик орқасига ағдарилиб тушди. Сотимбой Насибанинг ёнига бориб, қўлидан боласини олиб, ўзини турғазди ва уйга олиб келди.
– Отангни иситма қилиб келганга ўхшайди қуда ўлгурлар, – деди Орифа.
 У жангари эрининг кўзидан панароққа яшириниб олди. Малик ҳам бўйнини уқалаб, балодан ҳазар дегандек, қўйхона ортига ўтиб, бир четда ўтирди.
– Бошқа одам шундай урганида эзиб ташлардим, – қонли сўлагини туфлади у. – Қўчқорларим қулоғини ушлаб кетадиган бўлди-да.
 Шўрқишлоқликлар қиз аммага, ўғил тоғага тортади дейдилар. Малик чиндан ҳам отасига тортмаганди. Унинг юз тузилиши тоғаларига қуйиб қўйгандек ўхшар, оқибатсизлиги ҳам деярли бир хил эди. Бундай номаъқул иш учун Холмат бангининг ўғли Сотимбой ўз хотини ва ўғлини узоқ вақт жазолади. Қудасининг кесатиқли сўзлари тунлари ёдига тушиб қолса, оҳ уриб юборар, асабийлашиб ўрнидан туриб кетар, каппа-каппа нос чекарди. Ҳозиргача уни ҳеч ким хотиндан қўрқишда айбламаган. Бола-чақа ортидан одам ҳар турли савдоларни кўраркан-да. Инсон шўрликнинг боши нима экан-а, не-не қисматларга дучор бўлмаган у...
– Бир умр дунёга этак силкиб, чилим тутатган отам не топди-ю, бир умр ер таталаб мен нима топдим! – дея фарёд урди бангининг ўғли. – Бола боқаман деб динимни ютдим! Умримни бой бердим! Тўрт томонимга таъзим қилиб, ўғрини оғам дедим, тўнкани тоғам дедим! Очу яланғоч қолсам-да, сенларни боқдим! Сенларни боқаман деб қошимга ўсма қўйиб ўйинга тушмадим, холос! Сенлар мени тириклайин ўлдирдинг! Ўлдирдинг! Шу кунларни кўргандан кўра, отамнинг чилимини қўлтиқлаб, тоғу тошларга чиқиб кетсам бўлмасмиди?! Ҳа, онагинангни ... сенларни!
 
  * * *
 
 Зот – зотга қараб исбот дейдилар. Хорунбойнинг набираси камбағал бўлса-да, наслу насаби тоза эди. Қўй кўрмаган бўлса ҳам қий кўрган тракторчи ота-боболарига лойиқ иш қилди. У иккала қўчқорни сотиб, пулини Насибанинг қўлига берди.
– Қўзиларга пул ажратмадингиз-ку? – деди Насиба.
– Апарастага қанча пул кетишини ҳали билмаймиз, қизим, – деб қўл силтади у. – Тузалиб келавер-чи, қўзи бир гап бўлар.
Йўлланма билан Насибани шаҳардаги жарроҳ шифохонаси бўлимига олиб кетишди.
– Қўйларим сотилиб кетди-я, – деб йиғлади қайнонаси. – Ҳа, эссизгина.
– Қанақасига сени қўйинг бўлади? – деди Сотимбой аччиқланиб. – Қўйларни қўзичоқлик давридан бери Насиба ўзи боққан-ку?
– Боққан бўлса мени уйимда, мени нонимни еб боққан, – ўчакишди хотини.
– У еган нонини оқлайди. Сени жиянинг нима ҳунарлар қиляпти?!
– Жияним мени ўз жияним, ўз холасини уйида ўтирибди.
– Сен кимни уйида ўтирибсан? – олайди тракторчи.
–Мен... – тилини тишлади аёл. – Сизни уйингизда ўтирибман...
– Бу келин шунча йил ишлаб, бу ерга эга бўлолмабди. Сен нега отамдан қолган уйни ўзимники деяпсан, таги паст? Менга қара, писмиқлар авлоди, агар тез-да кўзингни очиб олмасанг, анави сатанг жиянингга қўшиб, божамникига элтиб қўяман. Ҳамманг жонимга тегдинг!
Тракторчи анча вақтгача ўазабдан тушмади. Шубҳаланган Орифа қуда, Карима холани қарғаб, уни боғлатиб ташлаш ва эрини юмшатиш учун қайтарма қилдиргани азайимхонга борди. Аммо бу “винохўр” тракторчига домланинг амали таъсир қилмади. Кун сайин қаҳру ғазаби алангаланиб борди. Ниҳоят, хотин қуда ўз гуноҳини тан олиб, эридан узр сўраб йиғлади. Сотимбой ҳам бир оз ҳовуридан тушди. Аввалгидек бирга ўтириб чой ича бошлашди. Хотини уни эритиш мақсадида, оёғини уқаламоқчи бўлганди, бангининг ўғли қаршилик кўрсатмади. Оёғини уқалатиб яйраб ётди.
– Хотин, – деди тракторчи. – Насиба келинимиз эшонзодалардан бўлади. Мени бувам Ҳорунбой, шу Насибани катта буваси Зуннур эшонга қўл бериб, бой бўлиб кетган экан. Бундай зотларнинг суягини хўрлаган кўр бўлади.
– А-а-а? – хушламайроқ бош ирғади Орифа.
– Ўзинг ўйлаб кўр, – тушунтирди тракторчи. – Шу Насибани келин қилиб тушириб келганимиздан кейин ишимиз юришиб кетди. Уйимизда қўш-қўш сигир, “Москвич” мошина, қоп-қоп буғдой пайдо бўлди.
– Эҳтимол бу тасодифдир.
– Тасодифмикин? – тракторчининг кўзлари олайди. – Насибадан кейин сени жиянинг Гўзални келин қилдик. Ҳамма ишимиз орқага кетди. Экинларга шўр тушдими? Даладаги мол бўкиб қолиб, сўйиб юбордикми? Сен гимарой бўлиб, орқангни кесдириб келдингми? Мен биргадирни уриб қўйиб, милисага иштароп тўладимми? Мана энди Насибани ичидан қурт чиқиб турибди-да!
Орифа яна бир нарса демоқчи бўлиб оғиз жуфтлади-ю, чолнинг тепонғич оёғига ўнг ўтиргани ёдига тушиб, қўрқиб тилини тишлади ва унинг болдирини алам билан қаттиқ-қаттиқ уқалай кетди. Сотимбой тракторчи қўй-кўзларини юмиб, меҳнатда эзилган оёқларини узатиб, ўзини бобоси Хорунбойдек сезиб, жони ором олиб яйраб ётди. Отаси ва онасини, жабру жафолар ичра ўтган болалик чоғларини хотирлаб чуқур уҳ тортди.
 
  * * *
 
Инқилобдан кейиноқ Хорунбойнинг молу мулки ишчи-деҳқон давлати ҳисобига мусодара қилинди. Юрак хасталигига чалинган бой мол аччиғига чидолмай тез-да оламдан ўтди. Отасидан айрилган Холмуҳаммадга эса икки дунё бир қадам бўлиб қолди. У бир ой давомида бетиним йиғлади. Кейин бангиликни бўйнига олиб, кечаю кундуз наша чекиб, чойхонада чилим қучоқлаб ётаверди. Холмат банги қизил инқилоб даврида бош кўтарган босмачилар, кейинчалик ҳокимиятни қўлга олган қизилвойлар, колхозлаштириш давридаги фаоллар, қувғинга учраган муллоларга ҳам эл бўлмади. Бангидан ҳеч кимга фойда ёки зиён йўқ эди. Хорунбойнинг мулкида яшаб, кейин босмачиларга қўшилиб кетган шўрқишлоқлик ака-укалар Холматни ўзлари билан бирга олиб кетмоқчи бўлишди.
– Юринг биз билан, бойвачча, қизиллардан бой отамни ўчини оламиз, – таклиф қилди босмачиларнинг катта акаси Абдулла юзбоши. – Ҳозир Омон полвоннинг йигитлари билан биргамиз. Сизни хафа қилдириб қўймаймиз.
– Йўқ, мен одам ўлдиролмайман, – деди йиғлаб Холмат. – Қизиллар ҳам, оқлар ҳам ажал қувлаган ғариб. Мени тинч қўйинглар...
У ҳар турли давраларда сандирақлаб юриб, ҳеч ким билан фикри бир жойдан чиқмади. Бангилар билан наша чекиб, ўз ғаму ҳасратларини унутди. Кейин чилимга бутунлай сиғиниб қолди. Озиб-тўзиб, ранги докадай оқариб, кўз косаси чуқурлашиб, бадбашара бир кимсага айланди. Аммо шунга қарамай, уни Андижон, Ўш, Фарғона ва Намангандаги бангилар яқиндан танишар ва ҳурматлашарди. Холмат чилимини қўлтиқлаб юртма-юрт дайдир:
– Мана, мен ёлғон дунёга ўт қўйдим! – дея чилимга солинган нашани қуриллатиб тортиб ҳоҳоларди. – Тута-я, жонингдан, тута-а-а! Сени кайфинг қанчалик ёлғон бўлса, бу ёруғ дунёям шунчалик ёлғон!
Улфатлар шўрқишлоқлик танти йигитга тан бериб, унинг қўлбола нашасидан карахт бўлиб, қотиб-қотиб кулардилар. Ранги докадай оқарган, кўзлари сузулиб қизарган бангиларнинг, буруқсиган қўланса ҳидидан одамлар нари турсин, ҳатто бургалар ҳам ҳазар қилишарди. Холматнинг баданига илашган бургалар, ёнида ётган шўрлик хотинини қийратиб чақишар, Холматга эса тегмасдилар. Бурга, битлар ҳам ўз саломатликларини асрашган бўлса эҳтимол.
 Сталин ўлган йили қамоқдан қайтиб келган Эшондада эшон Холмат бангига насиҳат қилди.
– Иккимизам олтмишдан ошдик, дўст, – деди эшон. – Оталаримиз қадрдон бўлишган. Қандай жаннати одамлар эдилар. Балки шу гиёҳни ташлаб, ақлингизни йиўиб, иймонга келарсиз?
– Ақл иймонга душман, тақсирим, – деди бангги.
– Бу сўзда мантиқ йўқ, Холматжон, – рад этди эшон.
– Ажаблар бўлсинким, – изоҳ берди Холмат банги. – Кўринг, тақсирим, Исталиндай ақлли одамни ер ютди. Искандару Доролар бу дунёдан қўллари бўш кетдилар. Марди майдон Омон полвон қани? Шермуҳаммадхону Муҳаммадаминбеклар қани? Сувни тескари оқизган отангиз Зуннур эшон қанилар-у, давлати тоғдан баланд Хорунбой отам қани? Уларни қўлларидан нима келди? Бу дунёда бирор нарсани амалга ошираман деб, овора бўлмаслик керак. Ҳамма нарсани худо билади, худо қилади. Худо хоҳламаса мусулмон бўлолмайсиз, иймонга келолмайсиз. Сизам менга қўшилиб наша чекинг, тақсирим. Дуойингиз юз карра кучаяди! Ҳамма иймон бангиларда бўлади.
– Астағфуруллоҳ! – аччиқланди эшон ёқасини ушлаб. – Бу қандай шаккоклик бўлди, дўст? Иймон бангида нима қилади? Худога ишонган одам наша чекадими?
– Наша чекмаган киши худога ишонмайди, эшоним!
– Нозамбиллоҳ! Нозамбиллоҳ! – аччиўи келиб, ғудранди эшон.
Бангилар ўта иймонли бандалар эканини исботлаш мақсадида Холмат банги Эшондада эшонга қўйидаги ривоятни айтиб берди.
 
Бир куни буюк яратгувчи Аллоҳ ўз ҳузурига олий бир фариштасини чақирибди.
– Ер юзига тушиб энг иймонли кишилар орасига бор, – деб буюрибди. – Уларни иймонларини синаб кўр. Аниқлаб билгинчи, қайси бандам мени қудратимга шубҳа қилмас экан.
Фаришта ер юзидаги энг катта саҳрога тушибди. Мусофир одам суратига кириб, карвонга қўшилиб олибди. Карвонни етаклаб бораётган сарбон, бирдан бўйи булутлар қадар ўсиб, улуғ фариштага айланиб, ерга жуда улкан бир жуволдизни санчиб, уни тешигигача қум барханига ботирибди. Кейин карвонни шу жуволдиз тешигидан олиб ўтибди. Карвон ғойиб бўлибди. Тафтишчи фаришта танҳо қолгач, саҳро ўртасида жойлашган бир шаҳарга кирибди. Жазирама ёз ойларида бу шаҳарга бирор карвон саҳродан ўтиб келолмас экан. Шаҳар аҳолиси мусофирни кўриб, ҳайрон бўлиб, уни подшоҳ ҳузурига бошлаб боришибди. Подшоҳ ажабланиб:
–Эй, мусофир? – дея сўрабди. – Сен бу чўлни қандай босиб ўтдинг?
– Аллоҳнинг қудрати билан, мен бир карвонга қўшилиб келдим, – дебди фаришта. –Карвонбоши эпчил киши экан. Бир жуволдизни саҳрога санчиб, карвонимизни тешигидан олиб ўтди. Мана, мен ҳузурингизга келдим.
– Э, биздек олий зот сенга мазах бўлиб қолдикми? Бу гапинг ақлга сиўмайди-ку? – деб ғазабланган подшоҳ, фаришта сўзларига ишонмай, уни калтаклатиб, саройдан ҳайдаб юборибди.
 Фаришта маъюс алфозда шаҳар масжидига кириб, икки ракат намоз ўқибди. Имомлар ва уламолар мусофирни кўриб, қизиқиб сўроқ-савол бошлашибди.
– Эй, биродар, – сўрабди имом. – Сиз бу жазирани қандай босиб ўтдингиз? Ахир бу чоғларда бирор карвон саҳродан ўтолмасди-ку?
– Аллоҳнинг қудрати билан, – дея сўз бошлабди фаришта. – Мен бир карвонга қўшилиб олдим. Карвонбоши ерга бир жуволдизни санчиб, шунинг тешигидан карвонни олиб ўтди. Мана, мен шаҳрингизга етиб келдим.
– Сиз ё беақл аҳмоқсиз ёки бизни майна қиляпсиз, – аччиқланибди имом.
Фаришта масжиддан қувилибди. У бозорга борибди. Бозордагилар аҳвол сўрашибди. У бўлган гапни рўйи-рост айтиб берибди. Бозордаги савдогарлару харидорлар, фақиру гадолар ҳам бу беҳурмат ёлғончини ўз ёнларидан қувишибди. Фаришта энг охири сасиб-ачиб ётган бангилар такяхонасига кирибди. Бангилар чилим чекиб, карахт бўлиб ўтиришган экан.
– Кел, мусофир, – илтифот кўрсатиб ёнидан жой берибди бир банги.
– Саҳродан қандай ўтиб келдинг? – сўрабди бошқаси.
– Аллоҳни қудрати билан ўтиб келдим, – хоҳламайгина жавоб қилибди фаришта.
– Ё, қудратингдан! – хитоб қилибди биров.
– Ана мўъжиза! – ёқа ушлабди кимдир.
– Айтиб бер, мусофир! – ошиқибди яна бирови. – Қандай ўтдинг?
– Бир карвонга қўшилиб олдим. Карвонбоши зукко киши экан. Чўлни ўртасига бир жуволдизни тикка қилиб санчди. Шуни тешигига қараб карвонимиз йўл юрди. Аллоҳнинг қудрати билан, ана шу карвонбоши, карвонимизни жуволдиз тешигидан олиб ўтди. Мана, кўриб турганингиздек, мен бу ердаман.
– Э тасанно! – ҳамма бангилар уни олқишлаб чилим тортишда давом этишибди.
– Бундай карвонбошининг устозига офарин! – бир банги илжайиб бош ирўаб қўйибди.
– Сизлар менга ишондингларми? – ажабланибди фаришта.
– Бўлмасам-чи, – деб жавоб қилибди бир қари банги. – Аллоҳнинг қудратига шак-шубҳа йўқ. Сени карвонинг бор-йўўи жуволдизни тешигидан ўтибди-ку. Агар худойим хоҳласа, карвонингни жуволдиз эмас, игнани тешигидан ўтказа олади. Худонинг қудратига шак-шубҳа йўқ.
Фаришта арши аълога қайтиб бориб Аллоҳга хабар берибди.
– Э Аллоҳим, сени қудратингга беақл бангилардан бошқа ҳеч ким ишонмади.
– Ундай бўлса, – дея фармон қилибди Аллоҳи таоло. – Оламдаги барча беақл бангилар яйраб-яшнаб ҳаловатда яшасин. Оч қолсаям ўйнаб кулаверсин! Яланўоч қолсаям ўйнаб-кулаверсин! Хароба хонаси кўзига саройдек кўринсин! Қолган бандаларим эса ўз ақлига таяниб, ур-тўполон қилиб, югуриб-елиб, дўзах азобида беҳаловат бўлиб яшайверсин!
 
Эшондада эшон бу қайсар бангининг бемаза ривоятини тушунолмади.
– Ишонч билан итоат орасидаги боғланиш қани? – деб сўради у. – Масжид қани? Аҳли жамоа ва сунна қани?
– Ишончи йўқ кишининг итоати кимга керак, тақсирим? – беҳолгина томоғи ғириллаб йўталди у. – Менга бу дунёни савобиям, гуноҳиям, молу дунёсиям керакмас. Менга биргина Аллоҳ билан бир чеким наша кифоя.
 Дунёга қўл силтаган банги болаларининг бахтига ҳам қўл силтаб қўйганини англамади. Холмат банги етмиш ёшгача наша чекиб ғужанак бўлиб ётди. Каттагина ер-сув, молу мулк, чорва эгаси бўлмиш Хорунбойнинг ягона ўғли, кафтдек ҳовли ва пастқам уй-даҳлизда умр кечирди. Ётарга тўшаги, еярга нони бутун бўлмади. Умри наша туплари остига гўнг кўмиш билан кечди. Ундан туғилган тўртта фарзандга “бангининг боласи” деган тавқи лаънат мерос бўлиб қолди...


Еттинчи боб

Раҳмон амакининг армони
 
 Ёз қуёши заминни куйдиргудек аланга сочади. Одамлар шаҳарнинг соя-салқин боғларида жон сақлаб, иссиқ заҳрини кесиш учун яхна чой, газланган салқин ичимликлар ичиб, музқаймоқ ейдилар. Аёллар хитойча елпиғичлари, эркаклар дўппилари билан юзлари ва бошларини елпийдилар. Машиналардан таралаётган аччиқ тутун ва иссиқдан шаҳар ҳавоси ёқимсиз ва дим. Очликдан ичаги ачишиб, иссиқдан тинкаси қуриган Шокир, кичик туманга етиб келиб, Маҳлиёга бой берган уйга кирди. Маҳлиё даъвогар келганини сезиб, ўзини касалга солиб ётиб олди. Уйдаги мулкнинг ўзи уч миллиондан ошиқ турарди. Жиҳозлар ярми сотилганда Шокир қарзидан қутилиб кетган бўларди. Маҳлиёга олиб берилган олтинлар ўзи миллиондан ошади. Маҳлиё шунинг ярмини берса, Шокир уни дуо қилиб кетишга тайёр. Аммо Маҳлиёни нафси йўлдан уриб, ўзини бало-қазога рўбарў қилди.
– Маҳлиё, – деди креслога чўккан Шокир, очликдан афтини буриштириб. – Бошимга тушган аҳволни кўриб турибсан. Аслида сендан бу нарсаларни бутунлай қайтариб олиш ниятим йўқ. Севгимиз ҳаққи-ҳурмати мени қўллавор. Уйни бермасанг, жиҳозларни ё олтинларни қайтариб бер. Мен ўзимни тиклаб олай. Ҳали сенга кўп фойдам тегади.
– Буни сира иложи йўқ, – инқиллади Маҳлиё. – Ойим бетоблар. Мени аҳволим эса мана бу. Раҳмингиз келсин. Россияга бориб озарбайжон болалардаги пулларингизни қайтариб олинг. Ахир уч-тўрт минг доллар пулингиз уларда қолиб кетаверадими?
– У пулларни ҳозир ундиролмайман, хотин, – деди хўрсиниб Шокир.
– Мени қийнаманг... – ўзини тўшакка урди Маҳлиё.
– Бунча тошбағирсан, Маҳлиё?! – нафратли боқди Шокир. – Эрта-индин ота-онам, бола-чақам кўчада қолади. Мени тўғри тушун. Ҳамкорларимга қарз тўлаяпман.
– Нега тўлайсиз?
– Қоидаси шунақа. Қўл-қўлни танийди. Сендан ўз мулкимни сўраяпман-ку, Маҳлиё.
– Овора бўлманг, ҳеч нарса бермайман.
– Топган-тутганимни сенга сарф қилганман!
– Мен бўлсам сизга муқаддас баданимни бағишлаганман! – ўчакишди аёл.
– Жаҳлимга тегма, хотин!
– Сизам ҳаддингиздан ошманг! – феъли бузилиб ҳурпайди у. – Ўтган куни ойимни ҳақорат қилдингиз. Мени урдингиз. Сиз ғўрлигимдан фойдаланиб, йўлдан оздириб, уйланиб олгансиз. Сиздан ўн ёш кичикман! Эҳтиёт бўлинг! Ойим сизни судга бериб қаматармишлар!
– Ойинг мени нега қаматаркан?!
– Сиз мени касал қилибсиз. Дўхтирлар аниқлашибди.
– Нима-нима?!
 Бу найрангни кўрган Шокир кўнгли хира бўлиб ўйга чўмди. Қайнонаси ўшанда қизининг омадидан севинган бўлса-да, сир бой бермай бир-икки ой давомида қовоғини осиб юрган, кейин киришиб кетган ва куёвдан анчагина нафланганди. Бу аёлнинг рўзғори, ўзидан ёш янги эри ва такасалтанг ўғилчасининг сарфу харажати ҳам Шокир зиммасига тушиб қолган эди. Тўпори куёв Маҳлиёни айтарли олтинга тортиб олди деса хато бўлмайди. Шокир касод бўлгандан сўнг муттаҳам қайнона, бу ергага хўмрайиб келиб-кетадиган бўлди.
– Агар, мени тинч қўймасангиз, битта вараққа ҳамма гапни ёзаман. Кейин ўзимни ўлдираман! Эҳтимол сиз наша-паша чекарсиз, шунинг учун мени азоблагандирсиз...
– Нималар деяпсан?! – деди ғазабдан титраб Шокир. – Ҳамма бузуқ, ҳамма нашаванд сени атрофингда, қанжиқ!
– Нега туҳмат қиласан?! – эшикни кўрсатди Маҳлиё чақчайиб. – А ну, пошёл!
– Пулларни қайтар, товламачи!
 Маҳлиё сакраб ўрнидан туриб, югуриб айвонга чиқди. Кичик туманни бошига кўтариб овозининг борича бақирди.
– Вой дод! Ким бор? Милиса чақиринглар, қўшнилар! Вой дод! Ёрдам беринглар!
 Чинқириқ кичик туманнинг баланд биноларига урилиб акс-садо берди. Қўрқиб кетган Шокир туфлисини қўлига олиб, уйдан чопиб чиқди. Зинадан пастга ялангоёқ югуриб тушиб, йўлак остонасида туфлисини кийди. Шўрлик ошиқ Шўрқишлоқ қайдасан деб яна пиёда жўнади. У кейинги пайтларда негадир қўрқоқ бўлиб қолган. Қаршисидан келаётган нотаниш одам ҳам кўзига ҳақдор бўлиб кўринар, ўзини бутун дунё қаршисида қарздор ва айбдор сезар, қаерлардадир ўз ҳақи бор ёки йўқлигини эса эслолмасди. Эҳтимол соддалик қилиб тушкунликка тушиб қолгандир ёки Маҳлиё ичирган илму амаллар коридан ақлини йўқотгандир, ҳартугур эшонзода бойвачча бутунлай эс-ҳушидан айрилган эди.
 “Ўшанда эс-ҳушим қайда экан? – деб ўйлади у. – Бу аёл нега бунча чиройли кўринди? Шуни нимаси чиройли? Бақрайган кўзларига бўёқ чаплаб, заҳил юзига қизил суркаб, халтадек осилган танасини куйлак билан тортиб олади. Нега ўшанда мен тўғри фикрламадим? Кўнгли кирлигини нега ҳисобга олмадим? Алданган ғариб қиз бўлса, нега бирор ҳовлига кириб қўлини косов, сочини супурги қилиш ўрнига, бегона шаҳарда замонавий тарзда умр кечиради? Нима, шунча алдангани кўзига кам кўриндими? Йўқ, Шокир, бу алданган соҳибжамол эмас. Бу ҳаммани алдаб домига тортадиган озитқи! Алдоқчи, товламачи, ўғри, фоҳиша! Онаси билан тили битта буни. Агар ҳозир бу маҳлуқлар билан нон талашсанг, ўзингни ё қамоқда ёки касалхонада ёки бўлмаса қабрда кўрасан. Нашаванд, бандит, аёлларни зўрловчи ваҳший, деган бирор айб билан турмага тушасан. Ёки бирорта худобехабарга пул бериб, сени бир умрга майиб қилади. Унда қари ота-онанг, гўдак фарзандларинг хароб бўлади. Эҳ, Шокир, олдинроқ шу ақлинг қаерда эди?”
 Шоҳбекатда “Дамас” машинасига суяниб, Аҳмад домланинг укаси Раҳматилла турган эди. У Шокирни кўриб, кўзи қувониб илжайди.
– Ҳа, ука? – деди Шокир ҳорғин саломлашиб.
– Бугун омад келмади, – деди ҳайдовчи хомуш. – Одам йўқ. Лоақал бензинга маблағ чиқариб олганимдаям майли эди.
– Омади кетган одамга ҳеч қаердан нажот йўқ экан ўзи... – ўкинди Шокир.
– Қишлоққа қайтамизми? – сўради Раҳматилла.
– Ҳа...
 Икки омадсиз ҳамқишлоқ йўл бўйи ҳар соҳада ҳасратлашиб бордилар. Машинадан тушаётганда Шокир пули йўқлигини айтиб хижолат бўлди.
– Ука, оғир кунимда кор келдингиз, – деди. – Омадим келганда сизни асло унутмайман.
– Мен сизни яхши биламан, Шокир ака, – деди Раҳматилла. – Сиз барибир суяги бутун йигитсиз. Хижолат чекманг, сизга ярашмас экан.
 Шокир бир томони адирлик, иккинчи томони маҳалладан иборат Адиркўчадан юриб бораркан, Раҳматилла билан бўлиб ўтган суҳбатни эслади. Аҳмад домлаки ўз укасини аямабдими, Маҳлиёдан нима кутиш мумкин? Туғишганларнинг ҳам гоҳо ўзаро дўстлиги йўқ бўларкан. Ининг яхшими ё дўстинг? Албатта иним яхши, агар у дўст бўлса!
 Шу кунги очлик, чарчоқ, дилхасталик Шокирнинг хотирасига муҳрланиб қолди. Раҳматилла сиймосида ўзи кўрган дунё моли ўткинчи эканига чинакам ишонди.
 
* * *
 
Супада ёнбошлаб ётган Раҳмон амаки Султон хонасида маъюс ўтирганини кўриб, қизиқиб уни кузатди. Султон бир даста қоғозни титиб, нималарнидир ёзиб-ҳисоблади.
– Султонбой? – деди Раҳмон амаки ётган жойидан овоз бериб.
– Ҳа, дада?
 Султон отаси ёнига келиб ўтирди.
– Нималарни ўқияпсан, ўғлим? Сендаям эс-хуш борми ўзи?
– Бор, – деди Султон. – Нима, мени жинни деб ўйлаганмидингиз?
– Деганим йўғ-у, кейинги чоғларда жуда ғалати бўлиб қолдинг-да. “Султон шилдир, Султон пачава”, деб номинг чиқди, ўғлим.
– Нима билан вақтимни чоғ қилай бўлмаса? – сўради Султон.
 Раҳмон амаки хўрсиниб бебош боласига қаради. Султон ота-онасини тез-тез хафа қилар, кейин уларни қучоқлаб, кечирим сўраб ўйинга тушар, ичиб олса ҳатто йиғлашдан ҳам қайтмасди. Баъзан хомуш ва ўйчан бўлиб қоларди.
– Султонбой? – ўсмоқчилади амаки чой хўплаб. – Нега ўшанда йўл тўсадиган чегарачиларга ажратилган пулларни бермадинг?
– Қанақасига улар чегарачи бўлсин? – қовоғини уйди Султон. – Савдога борганингизда билардингиз. Олатаёқ кўтарганлар, ҳар қадамда йўл тўсиб, пул талаб қилаверади. Ҳаммасига пул тўлайверсам, буёққа нима билан қайтаман деб, қайсарлигим тутди.
– Бахилни боғи кўкармас, ўғлим. Тўлаш керак эди.
– Ортиқча пул бўлганида тўлардим, – куюниб тушунтирди Султон. – Жиян-ларимга қишки ботинка, пальто олай дегандим-да. Ахир акам бепарволигини биласиз-ку. Уйимизда битта “КамАЗ”имиз, битта “Жигули”миз бўлса, оборотда қирқ миллион пул айланса, жиянларим эски туфли кийса ғалати-да. Ҳар бир йўлтўсарга бир дастадан пул бераверсам, бозорга сўппайиб кириб борардим. У ерда пулларни акам жарақлатиб санаб олади. Янгамни бетига қандай қарайман, деб шу аҳволга тушдим. Янгам бўлса, акамни ёнини олиб, мендан хафа бўляпти. Мусичадай эрларини мен банкрот қилибман.
– Ҳа, – ўғлига ачиниб уни қучоқлаб қўйди ота. – Бўлар иш бўлибди, ўғлим. Чой қуйиб берайми? Чой ичасанми?
– Ичмайман, раҳмат, – Султон қўлидаги қоғозларни кўрсатди. – Мана бунда бизни бошқаларда қолиб кетган ҳамма ҳақларимиз ёзилган. Озарбайжон, бошқирд, ўрис болаларда ҳақимиз қолган. Руслардан орттирган Володька деган ошнамиздаям анча-мунча пул бор. Маҳаллий таниш-билишлардаям бор. Лекин улардан пул олиш жон олиш билан баробар. Улар ҳам бизга ўхшаб йўлсиз. Акам калласи ачиб ҳамма пулини Маҳлиё билан унинг онасига олдириб қўйган. Ҳозир ҳам нима қилаётганини ўзи билмайди. Сизни дуоларингиз билан Америкага бориб олсам, бир-икки ойдаёқ ҳамма қарздан қутиламиз.
– Америкага сени ким жўнатади? – хўрсинди Раҳмон амаки.
– Бир яхши инсон, – меҳри жўшиб Шурик делавойни эслади Султон.
– Барака топсин, – деди Раҳмон амаки ўша яхши инсонни алқаб.
Дарвоза очилиб, харобу хаста, очу наҳор, эзилган кайфиятда Шокир кириб келди. У енгил саломлашиб, отасининг ёнида ўтирди-да, Султонга юзланди.
– Султон, Баҳромдан икки юз мингни олганмидинг?
–Ҳа, – деди Султон.
– Тезроқ ўшани акашга бериб қўй. Қачон олгандинг ўзи?
– Пул йўқ, ака, – деди Султон ботинмайроқ.
– Нега йўқ? – феъли айниб гезарди Шокир.
– Уни мен тошкентлик Делавойга бериб юбордим.
– Нима?! – Шокир ирғиб ўрнидан турди. – Унга нега пул берасан?
– У мени Америкага юборади. Паспортимга виза очдириб берди.
– Ҳой, аҳмоқ! Эшакмия еганмисан?! – бақирди Шокир. – У сендақадан юзтаси қозонини сувга солдириб қўйган, эшшак! Нега унга ишонасан? Нега?!
– Содиқ акашга нега пул берамиз? – ҳайрон бўлди Султон. – Акашни ҳамма бойлиги бизни пешона теримиз.
– Бунақа гап савдода йўқ! – сиқилиб бўғилди Шокир. – Ҳазиллашмай пулни ўрнига қўй.
– Пул Делавойда кетган дедим-ку!
– Қачонгача мени чув туширасан! Ўлдираман сени!
– Бўлди-да, ака! – баланд келди Султон.
Шокир Султонни қулоқ-чаккасига зарб билан урди. Султон акасига қўл қайтарди. Бундан Шокирнинг ғазаби қайнаб, уни аямай савалай кетди. Раҳмон амаки шошиб ўрнидан турди.
– Ҳой, бола, тўхта! Тўхта! – деди қалтираб.
Тўполондан капалаги учган Карима хола, Ойхон ва Обида ҳовлига чопиб чиқишди. Аёллар орага тушишдан қўрқдилар. Раҳмон амаки орага кириб уларни ажратди. Жанжал тўхтади. Султон қонли тупугини ютиб, алам билан ҳарсиллаб сўкинди.
– Сени ака дейишниям истамайман! – деди ғазабдан қалтираб. – Сен қанча-қанча пулларни Маҳлиёга сарфлаб юбординг. Бизлар бу ерда сувоғи кўчган уйда мастава ичиб яшадик! Сен бўлсанг, Маҳлиё билан кошонада коньяк ичиб, қази еб гаштингни сурдинг! Ақлимни таниганимдан бери хизматингни қилиб югурдим! Эвазига олганим шу бўлди! Бор ўша ғарингни олдига!
– Унга тил теккизма, ҳайвон! – хасми ҳалолини ҳимоя қилди ўдағайлаб Шокир. – Тилингни тий, бола.
– Тиймайман! – ўчакишди Султон. – Сени хотининг ғар! Буни ҳамма билади. У Алишергаям, Ҳамидгаям, менгаям осилган! Сен лўхсан, лўх! Ҳолинг қалай энди-а?!
– Унингни ўчир! Бу гапингни исботи борми?!
– Бор, хоҳлаган одамингдан сўра! – кўзларини чақчайтирди Султон.
Ногоҳон Шокирнинг ёруғ дунёси қоронғи бўлди. У Маҳлиёни ҳалол эмаслигини оз-моз билар, пушаймони ичида юрарди. Лекин ўз укаси, ҳамкор дўстларига ҳам суйилгани шаънига ёмон доғ эди. Ҳақиқат баъзан оғудек аччиқ бўлади. Шокир аламини кимдан олишни билмай, вужудида ғазаб тўлиб- тошди. Кўзига бақрайиб турган бешафқат укаси тишидан заҳар томизган илон бўлиб кўринди. Уни муштлаб, тепкилаб аёвсиз ура бошлади. Султон оғриқ зўридан бақириб қарши ҳужумга ўтди. Аёллар чинқириғи, эркаклар ур-сур наъраси, дупур-дупур, тарақа-туруқ товушлар Шўрқишлоқ осмонига кўтарилди. Салим ва Зоҳида девор ортидан бўй чўзиб жанжални томоша қилдилар. Юз йиллар давомида ибодатгоҳ бўлган, Эшондада эшон ибн Зуннур эшон хонадони бамисоли шайтонлар қароргоҳига айланди. Раҳмон амаки ҳай-ҳайлаб бақириб югурди.
– Биринг ўлиб, биринг қамалиб, қариганимда хор қиласанларми?! Тўхтат! Тўхтат!
Раҳмон амаки чопиб орага кирди. Ғафлат босиб, Шокирнинг дайди мушти чолнинг мўйсафид чеҳрасига урилди. Чол кўзи қорайиб, супа ёнига йиқилиб қолди. Қулоғи чип битди. Карима холанинг жаврагани элас-элас эшитилди.
– Отангни ўлдириб қўйдинг, Шокир! Турғиз отангни! Турғиз!
– Дадам тирикларми?! Тирикларми?! – йиғлаб юборди Обида.
Мунгли фарёдни эшитган, шўрлик ота ҳушдан кетиш ниятидан қайтди. “Болам ҳомиладор, қўрқиб қолса яхши бўлмайди, – деб ўйлади чол ва бир амаллаб кўзини очди. – Вой, болагинам-а, ўзинг кўр бўлсанг, қийналиб бола туғиб нима қилардинг... Мен болаларимдан нима кўрдиму сен нима кўрардинг? ”
Шокир ва Султон чолни кўтариб олиб, авайлаб супага ётқиздилар. У бўйнини чўзиб, қақшаб йиғлаётган Обидага қаради.
 – Тирикман... Обида қизим, қўрқма… Қўрқма…
Аммо у ўрнидан туришга мадор тополмай, кўзларини юмиб ётиб қолди. Кўз олдини тобора қуюқ туман қоплаб, ўзини ўзга бир фазода кўрди. Худди туш кўраётгандек, отаси оламдан ўтган кечадаги воқеалар кўз олдидан бирма-бир ўта бошлади.

* * *

Аҳволи оғирлашган куни тунда Эшондада эшон, ўз фарзанди Раҳмонга кўнглини очиб, нималарнидир айтгиси келди. Уни юз истиҳола билан ёнига чақиртирди. Шамоллаб қолган Шокир шу кеча қаттиқ иситмалаб ётганди.
– Ўғлим, – деди эшон мунгли овозда. – Бизни вақту соатимиз битган кўринади...
– Дада, сизам юрагимни эзманг! – жеркиб берди Раҳмон. – Бир томонда Шокиртойни иситмаси тушмаяпти. Бу ёқда сиз ўламан деб қўрқитасизми?
– Э-э! – хижолатга ботиб қоқсуяк қўлларини фотиҳага очди бемор. – Илоҳим, болагинамни дардига шифо берсин. Шокиртой омон бўлсинлар. Бизни ёшимизга етсинлар. Бой йигит бўлсинлар. Халқни бошини силаб юрсинлар. Дийдор қиёматлик бўлмасин дегандик-да, болам. Токчадаги дадамдан қолган Қуръонни олиб, ёстиғимиз остига қўйиб қўйсангиз. Дилимизга далда бўлиб турсин...
Раҳмон токчадаги сариқ рангли духоба ғилофли Қуръон китобини олиб, ёстиқ остига қўйди. Эшондада эшон Қуръонни қулоғи билан ўқимоқчи бўлгандек ёстиққа қулоғини босиб жилмайди.
– Бўлдими, дада?
– Бўлди, – им қоқди эшон ва қадоқ қўллари билан ўғлининг қўлларини аста силади. – Вақтингиз бўлса, келиб биз билан бир оз диллашиб ўтирарсиз, нуридийдам?...
– Хўп-хўп, – деди Раҳмон ўрис. – Сиз кўнглингизни тўқ қилинг, бардамсиз, дада. Қари ўламан деб, ёш кетаман деб қўрқитаверса, ҳаётимиз ҳаёт бўладими...
– Ҳа, албатта, албатта... Биздан дилингиз оғримасин, ўғлим...
Бу Эшондада эшоннинг ўз боласига айтган сўнгги сўзлари эди. Раҳмон амаки доғда қолди. Ярим тунга бориб, бувасининг дуолари мустажоб бўлиб, Шокиртой иситмаси тушди. Эшоннинг эса жони узилди.
 
* * *

Кучли зарбдан кўз олди туманлашган Раҳмон амаки бир амаллаб кўзини очди. У қаддини ростлаб, бир оз вақт ҳолсизланиб ўтирди. Кейин хўрлиги келиб йиғлаб юборди. Аёллар жўр бўлдилар. Жанжалкаш ўғиллар, сувга тушган мушукдай шумтираб, супада ўтириб қолишди.
– Кечиринг, хўжайин, – деди айбдор Шокир бошини эгиб. – Кечиринг...
– Кечиринг, дада, –қўшилди Султон.
– Мен сизни эмас, Султонни урмоқчи эдим, – деди Шокир.
– Султонни нега урасан? – милмиллаб йиғлади чол. – Ахир Султон жигаримни бир парчаси-ку, болам?! Уни нега урасан?!
– Мен хато қилдим. Кечиринг, дадажон...
Раҳмон амаки тобора хўрлиги келиб, ўкириб йиғлади.
– Мен бечора кечиргани қаергаям борарди. Мен подшоҳмасман. Ёки худомасман, болам. Кечирадиган тожу тахтим йўқ. Аслида ҳамма хатони мен қилганман! Мен! Ҳаммасига ўзим айбдорман… – Кўксига мушт урди у. – Мен нега шундай азобларга қолдим... Нега ҳамма болам шўрпешона бўлди? Нега Обидам кўр бўлди?! Биласанми?! Мен ота-бувамни илмига хиёнат қилдим. Бехудо кофирларга қўшилиб, авлиё отамни устидан кулдим. Топган оқибатим мана! Мен аҳмоқ мусичадай ўлими олдидан отам дилини оғритдим. Шокиртой иситмада ётибди, сизга нима бор хархаша қилиб дедим. Охир-оқибат Шокиртойим муштини едим! Ҳаммасига ўзим айбдорман! Ўзим!
Раҳмон амаки марҳум ота-онасига аза очиб узоқ йиғлади. Девордан мўралаб жанжал томоша қилаётган Зоҳида билан Салим ҳам юм-юм йиғлашди. Карима хола ҳам жўрлашиб, эрини бошини силаб юпатди.
– Бўлди қилинг, йиғламанг, дадаси... Болаларимиздан оғринманг... Отасини ранжитмаган бола бор эканми? Одам Атониям болалари қийнашган экан. Шўрингиз бўлмаса Шўрқишлоқда туғилармидингиз, дадаси?..
 
 
Саккизинчи боб

Одамгарчилик

 Раҳмон амакининг қизи Назирага уйланган Октябр Нуғмонов ўзига Октябр ибн Партком дея тахаллус қўйди, Раҳматли отаси Содиқ партком кутубхонасига қамалиб олиб, эски ёзув машинкасини ишга солди ва илмий рисола ёзди. У ичкиликни кўп ичганидан, ҳаётий воқеаларни аниқ шарҳлолмаса-да, равон тилда ижод қила оларди. Муаллиф илмий рисолага қандай сарлавҳа қўйишни билолмай узоқ ўйлади. Ва ниҳоят унга “Одамгарчилик қоидалари” деб ном беришни маъқул топди. У ароқ ичмаган кунлари, ширин орзулар қанотида учар, асарини Назирага овоз чиқариб ўқиб берар, хотини алла эшитган чақалоқдек мудраб, хуррак отиб ухлаб қолар эди.
– Шуям одамгарчилик бўлдию?.. –Октябр хафа бўларди, ойна олдига ўтириб олиб, қўлини қилич қилганча, овозини баланд қўйиб ўқишда давом этарди.
“Биз – одамлар, – деб ёзади Октябр ибн Партком ўз асарида, – одамгарчиликни унутиб қўйдик! Ҳаммамиз ўз фойдамизни кўзлаб яшамоқдамиз. Аслида бизлар, бир-биримизнинг бахтимиз учун курашиб, ҳалолу пок яшашимиз керак. Бегоналар кулфатига йиғлашимиз керак. Ўз нонимизни бировларга бериб, улардан пул олмаслигимиз керак. Дўконларда ароқ-виноларнинг нархи ошиб кетди. Хўш, нега шундай бўлди? Бунга ким айбдор? Албатта, биз ўзимиз айбдормиз. Биз ўз фойдамизни эмас, одамгарчиликни кўзлаб яшаганимизда, нарх-наво кўтарилиб кетмаган бўларди. Нима учун нонвой нонни қимматлаштириб қўйди? Нега қассоб гўштнинг нархини оширди? Ҳайдовчилар нима сабабга кўра йўловчилардан катта ҳақ олишяпти? Чунки улар пулни севишади. Бизнинг барча кулфатимиз пулга нисбатан муҳаббатимиздан келиб чиқмоқда!”
Ушбу мушоҳадалар билан танишган Шоди пиён илиқ сўзлар айтди.
– Қойил, – деб мақтади у. – Одамгарчиликни боплаб шарҳлабсан.
“Биз ўзаро қандай муомала қилишимиз керак? – битигини Шоди пиёнга ўқий бошлайди ибн Партком. – Бир-биримизни “ўртоқ” деб чақиришни ташлайлик. Масалан, хотинлар билан эркакларнинг ўртоқчилиги қандай оқибатга олиб келади? Буни изоҳлашнинг ўзи ҳам сиёсий шармандаликдир! Амалдор билан амалдор, чайқовчи билан чайқовчи ошначилигини қандай изоҳлаймиз? Шўро даврида бу иллати урчиб кетиб, раҳбарият орасида нолойиқ шахслар жуда кўпайди. “Суя-суялизм” авж олиб борди. Натижада тузум инқирозга учради. Биз эскилик сарқитини қоралаймиз ва ҳар қандай мешчанликни йўқотамиз. Энг улуғ ном – “Одам” деган ном. Шунинг учун бир-биримизга “Эй, одам!” деб мурожаат қилсак, мақсадга мувофиқ бўлади. Бу сўзни эшитган ҳар бир киши зурриёдини эслаб қолади ва ўзида одамгарчилик фазилатини пайдо қилиб, жиноий фаолиятини тўхтатади. Акс ҳолда у ҳайвоний хулқда яшашда давом этаверади ва ҳеч қачон одам бўлмайди!”
Октябр ва Шодмон кайфлари ошиб қолган чоғларда қоидалар мутолаасидан чарчамас, бир-бирларига “одам” деб мурожаат қиларди. Бор-йўғи қирқ варақлик рисолани, Қуръон оятларини тафсирлагандек тафсирлаб, бақириб-чақираверган ошналар ҳамма емакхоналардан ҳайдалишди. Оқибат топган-тутган пулларига ароқ олиб, кўчада тик туриб ичиб, уй-уйларига тарқаладиган бўлишди.
– Барча даҳолар мана шундай қувғинга учраган, – сўз қотади Октябр чайқалиб. – Биз тобора ўсиб боряпмиз, Шоди одам.
– Тўппа тўғри, Октябр одам! – завқланиб хитоб қилади Шоди пиён. – Маркс ҳам, Энгельс ҳам бизни олдимизда копейка бўлди!
Қадрдон улфатларлар Назиранинг тилла узугини сотиб, пулини ичиб тугатишди ва янада машҳур бўлиб кетишди.
 
* * *

Бир куни шаҳар марказидаги пивохонада Октябр оғайниси Шодмон билан кўпроқ ичиб қўйди. Шодмон ичкиликдан ўзга нарса ҳақида ўйламасди. Октябр эса унга нисбатан олифтароқ. Шунинг учун ўзини устоздай тутади.
– Одам нима учун туғилади? – деб бақирди у пивобарни бошига кўтариб. – Одам бу дунёни англаш учун туғилади. Сен, Шоди одам, ҳаётни англайсанми?.. Бирор марта бу аҳмоқ калланг билан “ҳаёт нима ўзи?” деб ўйлаб кўрганмисан?
– Ҳа, – деди Шодмон. – Шунинг учун алкаш бўлиб қолдим-да, ошна! Эҳ, ҳаёт, онангни! Буни мен тушунмасам ким тушунарди.
– Сен пармани тушунасанми, одам?! – у бармоғини чаккасига қўйиб парма каби айлантирди. – Бу ҳаёт – парма! Учи ичингга кириб олса бас! Айланаверади, айланаверади, айланаверади. Борган сари ичингга йўғон дастасиям кириб боради. Сен эса бундан бехабарсан! Бир куни даҳшатли кризис! И, тамом, сен йўқсан! Ҳаёт шакар билан бошланиб, туз билан тугайди! Тамом! Капут! Бу ҳаётда яшашдан ҳеч қандай наф йўқ!
– Йўқ! – бош чайқади пешонасини столга уриб Шодмон. – Фойда йўқ, Октябр одам! Юз граммданам фойда йўқ! Битта отиб олсанг ҳаёт сеники. Қолганини онасини...
– Аммо, – деди файласуф Октябр фикрга толиб – яшаш керак. Жуда керак.
– О-о-о! – деди Шодмон уни маъқуллаб, қўлини бигиз қилиб. – Албатта яшаш керак! Иложимиз йўқ! Йўқ бошқа илож, Октябр одам!
– Аслида, шартта ўлиб кетсангам бўлаверади! – яна файласуфона ўйга чўмди Октябр.
– Секин гапирасанми? – тутуриқсиз Шодмон унга жўр бўлди. – Ўйлаб ўтирмай ўлиш керак. Бу ҳаётни онасини!.. Ҳаётда ҳақиқат йўқ!
– Бир ёқлама ўйласа шундай. Лекин, Шоди одам, – кекирди Октябр. – Ҳаётда ҳақиқат бор.
– Правильно! – охирги ароқни унга сездирмай, стаканга қуйиб ичиб юборди Шодмон. – Ҳақиқат бор! Уни биз кўрмаяпмиз, холос, Октябр одам.
Октябр чала чекилган сигаретини туташтириб, тутундан ачишган кўзини қисиб, Шодмонга тутун пуфлаб, бўш шишани текшириб кўрди.
– Мен кўнгил дардига малҳам қидириб, ҳамма давраларга бордим. Отам қизил эди. Уни фалсафасидан кўнглим айнирди. Мен радиони қисқа тўлқини орқали “Америка овози”ни тинглаб ўсганман. Ҳамма партияларга бордим. Муллаларгаям бордим. Кўнглимни дардига даво топмадим. Кимга қарама бойишни, раҳбар бўлишни хоҳлайди. – Октябр бўш шишани силкиди. – Ҳаммаси худди сенга ўхшаб ўғри! Ҳаммаси ваҳший! Мен бу дунёга бировни ўлдириш ёки бевақт ўлиш учун эмас, яшаш учун келганман! Ёки гапим нотўғрими?
– Истинная правда! – йиғлади Шодмон, ўсиқ мўйловига бурнини оқизиб. – Ҳа-ҳамма бир нарсага интилади. Б-бир нарса бўлса оз... Ҳа-ҳаммага етмайди... Кел, бир ўпай сени, одам!
 – И-и! Ошна, бурнинг оқиб кетди, артиб ол, – жирканди Октябр, улфатининг мўйловига қараб ва файласуфона ўй суриб уҳ тортди. – Эҳҳе, сени устинг кир, уларни эса ичи кир. Ҳаммангиз жирканчсиз. Унингизам, бунингизам кўнглимни айнатасиз... Минг лаънат сизларга! Мен бобом Нуғмоновга ўхшаб, одамларни ўлимга маҳкум қилмайман. Отамдек совун кўпигига ўхшаш маъруза ўқимайман. Менга бу оламдан ҳеч нарса керак эмас! Мен одамгарчиликни тарғиб қиламан!
 – Тўппа тўғри! Бу ишда отангни арвоҳи сенга ёрдам беради! – деб ғулдиради юзини столга қўйиб мудраётган Шодмон.
– Йўқ, Оля, – деди кайфи ошган даҳо, – биз энди бошқа йўлдан борамиз!
– Ким Оля? Оғзингга қараб гапир, Октябрят! – хафа бўлди Шодмон.
 
* * *

Эшонзода Назира парткомвачча Октябрнинг хурмача қилиқларидан безор бўлди. Айниқса узугининг сотиб ичиб юборилиши ва ўзига нисбатан “хотин одам” деб мурожаат қилинишини сира кечиролмади. У охирги пиёз ва ёғни, жиз-биз қилиб нон билан еб олгач, ўғлини, яъни эри айтмоқчи, “ўғил одам” Жаҳонгирни, қайнсинглиси “Лемарэн одам” – Оминанинг уйига олиб келиб ташлади. Октябр ўз фарзандини жуда севади. Тўрт ёшли Жаҳонгир ҳам усиз яшолмайди. Назира бўхчасини қўлтиқлаб, Раҳматилла “Дамас”ига ўтириб, Шўрқишлоқ қайдасан, деб йўлга тушди. У илгари бир оз эркатой, сарвқомат, кулиб турган жозибадор қиз бўлиб, унга Шўрқишлоқдаги кўп йигитлар ошиқ эдилар. Тўй хабарини эшитиб, баъзилари ароқ ичиб, мастлик қилиб йиғлаб-сиқташди. Бундай адолатсизликдан ғазабланган йигитлар куёв Октябр ва унинг жўраларини дўппослашга ҳозирлик кўриб қўйишди. Хайриятки, Шокир ва Султоннинг ҳайбати қалқон бўлиб, тўйга келган куёв жўралар бир амаллаб омон-эсон ўз уйларига етиб олишди.
 Назира машинада бораркан, шуларни эслаб кўзига ёш олди. Лекин ўғли Жаҳонгирни эслаб, жилмайиб юзи ёришди.
– Сиз Октябр алкашни хотинисиз, а? – сўради олдинги ўринда ўтирган йигит. – Кеча эрингиз кўчада ғирт маст юрган экан. Оёғида ўрнамайди денг. Сизга қийин бўлди-да.
– Нега алкаш бўларканлар? – аччиқланди Назира. – Ҳечам алкашмаслар. Ҳозир мени эрим катта илмий иш ёзяптилар. Бошлари чарчаганда, бир оз ичиб улфатчилик қиладилар-да. Сизга оғирлиги тушмасин, бўптими?!
 Машинада ўтирганлар орасида, ноқулай вазият юзага келиб, сукунат чўкди. Ҳайдовчи хушламайгина ғийбатчи йигитга қараб танбеҳ берди.
– Ўйламай суйламанг, ука, – деди у ва Назирага хайрихоҳ назар ташлади.
 – Раҳмат, синглим. Ниятингизга етинг. Эр йигитни бошидан ҳар турли савдолар ўтиб тураркан-да. Илоҳим, эрингизни илмий ишларига ривож берсин.
 Назира қишлоққа етиб келиб, уйи яқинида машинадан тушиб қолди. Хижолатдан боши эгилди. Қўлидаги бўхчасини кўриб, кўчада турган аёллар унга қарашар, бошига тушган кулфатни билгилари келар, узоқроқ гапга солишга уринардилар. Назира ҳеч кимга сир бермай, уйига етиб олди.
 
* * *

Раҳмон амаки ўша кунги жанжалдан кейин, хафаланиб супада ётаверадиган одат чиқарди. Уни елпиб ўтирган Карима хола, пичирлаб қайнонаси ўргатган дуоларни ўқир, эрининг дардига худодан шифо сўрарди. Обида эса отасининг бошини босиб ўтирар, оғир ўйга чўмган эди. Қўшни ҳовлидан шанғиллаб Зоҳиданинг қарғагани эшитилди. Салим уни ҳақоратлаб бақирди. Бир нарсалар тарақлаб кетди. Девордан гуп этиб бир тугун тушди.
– Нима?! – ҳамма бир овоздан хитоб қилди.
– Булар уйимиздан йўқолган нарсалар, – деди Обида.
– Сен қаердан биласан? – деди ишонқирамай Карима хола.
 Ойхон шошилиб тугунни ечди.
– Ия! Рост экан! – деди ажабланиб.
– Ростданми, қизим?.. – ялт этиб Обидага қаради хола.
Раҳмон амаки ҳам супага келтирилган тугундаги товоқлар, пақир, мотоцикл чироғи, ўроқ, қош тергичларни томоша қилди.
– Сен бўлсанг Ойхонни айбладинг, – деди у кампирига.
– Ҳеч-да! – Карима хола хижолатга ботиб Ойхонга қаради.
– Мен Ойхонойим кимлигини билмасмидим? Ойхон, сизга бирор марта туҳмат қилганмидим?
– Йўқ, – ноилож алдади келин. – Ўзимни онамсиз-ку, ойижон...
 Карима хола топилган нарсалардан ҳам кўра кўпроқ Обидага термилиб қолди, кўз ўнгида қизи авлиёга айланди.
– Бу хонадонда ўғри йўқ, – деди Обида. – Жоҳиллар борлиги рост.
– Бу жаҳолат қаердан пайдо бўлди ўзи ҳайронман... – кифтини қисди Раҳмон амаки.
– Бу жаҳолат сизни жаҳлингиз, дада.
– Нега мени жаҳлим бўлсин, қизим?
– Ахир биз туғилганимизда жаҳл қилишни билмаганмиз. Ҳаммасини сиздан ўргандик. Ойим иккингиз жуда кўп уришардинглар. Ёқуб акам, Шокир акам, мен йиғлаб, сизларни ажратардик. Эсингиздами?
– Эсимда...
– Олим акам сен жаҳлдорсан дейдилар, – кулди Обида. – Сизни қизингизман-да.
– Сен ҳечам жаҳлдормассан, – Карима хола гапни бўлди. – Сен, қизим, авлиёсан. Қайнатамдан сенга юққан авлиёлик бор. Дадамиз ҳамма нарсани олдиндан билардилар. Бундан кўра дуо қил, Обида. Ишларимиз тезроқ ўнгланиб кетсин.
 Хотинига Раҳмон амаки жўр бўлди.
– Бекор гап, қизим, ҳечам жаҳлдормассан! Сен фариштани ўзгинасисан. Бирорта болам сенга ўхшамайди. Нега ўхшамайди? Уларни мен мана шундай расво қилиб ўстирдим. Сен кўрлар мактабида ўқиб, мени заҳримдан омон қолдинг! Ойингниям ноҳақ айблардим. Ҳамма айб мени ўзимда.
– Мендаям айб етарли, – тан олди Карима хола. – Бундан кейин нолимайманам, қарғанмайманам. Одамлар ўз боласига вақти келиб юкинаркан десалар ишонмасдим. Мен бугун Обидамга юкиндим.
– Яхши ёки ёмон яшаш ўзимизга боғлиқ, – деди Обида. – Лекин анави тугунни бугун девордан ташлаб қўйишларини мен олдинроқ билардим.
– Ўзимизни Зоҳидахон-да, а? – сўради Раҳмон амаки.
– Бировни айблаш гуноҳ, – деди Обида. – Зоҳида опамиз яхши инсон.
– Келинглар, – деди Карима хола. – Бундан кейин тинч яшайлик. Ўлмаганимизга шукур қилайлик. Дадаси, келинг, бир дуо қилинг, бундан кейин ҳаммамиз тинч яшайлик.
Эшонзодалар ихлос билан қўл очиб, узундан узоқ дуо ўқишди. Дуо тугамай туриб, дарвоза тарақлаб очилди ва уввос солиб йиғлаганча Назира кириб келди. У ҳе йўқ, бе йўқ бўхчасини отиб юбориб, супада ўтирди-да, болалигидаги каби лабларини чўччайтириб, йиғлашга тушди. Кап-катта хотин шундай ҳунар қилса кимнинг ақли шошмайди. Хонадон аҳли каловланиб қолди.
– Нима бало, – деди типирчилаб Карима хола. – Қўшнилар бу тугунни амал қилиб ташлашдими? Уйимиздаги жанжаллар буникига кўчиб ўтсин дейишган-да! Ҳа, худо бехабарлар! – девор ёнига бориб бор овозда қарғана кетди. – Илоё, ким шу хонадонга ёмон кўз билан қараган бўлса, кўзи оқиб тушсин! Амал қилганларни амали ўзига қайтсин! Бу ифлосларни дастидан кўчиб қутуламан шекилли?! Ҳа, узун-қисқа бўлмай ўлгурлар!
– Ҳой, муттаҳам бола!? – Назирага бақирди Раҳмон амаки. – Бу нима қилиқ? Тўхтат йиғингни!
– Ҳа? Эринг урдими?! – сўради Карима хола Назирага яқин келиб.
– Йўқ! – йиғлади Назира.
– Уйингга қайтиб кетасанми?
– Йўқ!
– Ҳа, ергина ютгур! Ўз ташвишимиз озмиди?! Сен нега келдинг?!
– Бўлмаса қайга борай? Очиқ мозорга борайми?!
– Бошимга бало бўлиб туғилган экансан, яшшамагур!
– Ойи?
– Нима дейсан?
– Болам шаҳарда қолди. Бориб опкелиб беринг!
– Уни опкелиб ўлигимга азоб тушибдими? – шанғиллади хола. – Сенларни дастингдан сабру бардошим адо бўлди!
– Олиб келинг боламни! – бақирди Назира.
– Итдан бўлган қурбонликка ярамас! Кимга керак бўлса ўша югурсин!
– Чидамасангиз нега туғдингиз?!
Назира яна-да баландроқ йиғлашга ўтди. Раҳмон амаки асаби бузилиб, Назирага бақира кетди:
– Нега яна қочиб келдинг, муттаҳам?
– Уйда егани нон қолмаса нима қилай? Очимдан ўлайми? Ўлайми?!
Карима хола қони қайнаб, чойнакдан совуқ чой қуйиб ичди. Асабийлашиб, ўзини босолмай, нари-бери юрганча жаврашга тушди:
– Илоё севгинг билан қўшмозор бўлгурлар! Ўшанда айтганман-а! Айтганман! Эркак қуда сиёсатдон экан шундан эҳтиёт бўлайлик деганман! Ҳа, севишмай қуриб кет! “Шўрқишлоқдан эртопар қизлар чиқиб қолди”, деган гапларниям кўтариб юрдим. Қайнотанг нима дерди? – партком Нўғмонов иборасини эслади хола. – “Қўлни-қўлга бериб, ўртоқ қуда, порлоқ келажакка борайлик. Ўлсак келажак авлод хотирасида абадий қолайлик! Авлодларимиз осмонни эгаллашади!” Ҳе, ордона! Шуми осмонни эгаллагани?! Битта хотинини эплаб боқолмаса, осмонни қандай эгаллайди?! Яхшиям қайнатанг эртароқ ўлиб қолди, бўлмаса неварамни оти Гагарин бўларди! Унингни ўчир!
– Қорним оч! – ҳиқиллади Назира.
– Бор, ошхонага кириб ул-бул нарса еб олақол, – деди Раҳмон амаки. – Овқатни супага олиб келишгунча ҳориб қолмагин яна!
Назира ҳар гал шу қабилда томоша кўрсатиб, бир амаллаб уйга кириб олади. Шундан кейин уни ҳеч ким уришиб ҳайдамайди. Бирор ҳафта қорни тўйиб овқатланиб, кучга тўлиб яна шаҳарга қайтади. У бугун ҳам ҳар галгидек, алоҳида таклиф кутиб ўтирмай, қўлини ишқалаб ошхонага кириб кетди. Шу десангиз, бечора қиз ширин таомни жуда яхши кўради-да. Айниқса, унга Ойхоннинг қўли хуш ёқади. Аммо у бу сафар дастурхонга қўйилган овқат ва нонни кўриб, бир оз ҳайрон бўлди.
– Бу қандай овқат, янга? – деб сўради хонтахта ёнига ўтириб.
– Бизам қарзга ботиб, ғариб бўлиб қолдик, – деди Ойхон. – Ўзга илож йўқ, ўргилай!
Назира ғамга ботиб хўрсинди.
– Жувон ўлгур найранг қилиб, акагинамни синдирди-да.
Раҳмон амаки, Карима хола, Ойхон, Обидалар, Назира қорнини тўйдириб олгандан сўнг, уни орага олиб мириқиб суҳбатлашдилар. Узоқ жаҳл қилишгани учун руҳият посангисини ростлашди чоғи, ҳар доимгидан узоқроқ кулишди. Болаликдаги хурмача қилиқларини эслатиб, Карима хола Назирани мазахлаб ўтирди. Октябр билан Назира эшонойимнинг муҳаббатлари ҳақида гап очилиб кетди. Карима хола наштар санчиб ҳазиллашди:
– Ҳа, севгини катта сийғоқларга чиқарган экан. Биз кичкина бир одаммиз. Ниманиям тушунардик.
– Ойи...! Уфф! – зарда қилиб минғирлади Назира.
Ёши ўн тўртга чиққанида ҳам бу уйқусевар қиз бир-бир “иш” кўрсатиб қўярди. Карима хола, шу қизининг келажагидан қўрқиб, юрак ҳовучлаб юрарди. Олдинги наштардан кўнгли тўлмаган хола, шуларни эслаб, қизини яна бир марта узиб олди.
 – Ҳа, қиз боққанни шўри қурсин. Уёғини ўпириб келармикинсан, деб қўрқсам, буёғидан кўзингни ёшлаб келдинг, – тиржайди у. – Қайнота-қайнонангга, эринг Октябрга мослаб туққан эканман ўзиям! Ўхшатмаса учратмас! Эринг илмий ишлар ёзиб турибдими ишқилиб? Ҳукуматдан пул келай деб қолдими?
 Қариндошлар қаҳ-қаҳ уриб кулишди.
 
* * *
 
Эртасига ҳовлида Шокир, Султон, Назира ва Обида, Ойхон ва Карима хола жамланиб қолишди. Тушга яқин эшонлар хонадонига худонинг назари тегиб, ҳатто Ёқуб қонқайнатар ҳам аҳвол олгани келди. Султон қувониб Шокирга кўз қисгач, Ёқубни қучоқлаб кўтаринки руҳда хитоб қилди:
– Бугундан бошлаб бу улуғ кунни ҳар йили ҳайит сифатида нишонлаймиз!
– Ола-а!.. – базўр иршайди эринчоқ Ёқуб.
Ёқуб – Раҳмон амакининг катта ўғли. Гавдаси юмалоқ, юзи сариқ ва сергўшт, билаклари йўғон, сертук, кўзи сал кўкка мойил, бир оз жаҳли тез ва бир вақтнинг ўзида анчагина бепарво. У шифтга тикилиб сукут сақлаб, бемалол беш-олти соат бир жойда ўтира олади. Шунчалар эринчоқки, юзига икки пашша қўниб ҳунар кўрсатса ҳам қўримай ўтираверади. Эшонлар оиласида биргина шу сўзамоллик санъатидан бенасиб қолган. Мабодо зарурат сезмаса, бемалол бир-икки ҳафта гапирмай юради. Шўрқишлоқ йигитлари бу аҳволига ажабланиб ёқа ушлайдилар. Уйланмасдан аввал бир чиройли йигит эди. Ароқ ичиб маст бўлиб қолса, “бир ўпай, отам!” деб чолларниям ҳол-жонига қўймай, кўчама-кўча ортидан қувлаб юрарди. Ана шундоқ йигит мана бундоқ гум бўлди-қолди. Нега бундай бўлиб қолгани сабабини Карима холадан бошқа ҳеч ким билмайди. Қизиқувчилар бу ҳақда ундан сўрасалар:
– Э-э-э!, – дейди хола қўл силтаб. – Бунга хотини нобопроқ нарса едириб қўйган!
Ёқуб гапни судраб гапиради, жаҳли чиққан ёки қувониб кетган чоғда,“ола-а-а!” деб хитоб қилишдан нарига ўтмайди. У супада ўтирганда соат ўн эди. Орадан уч соат ўтгунга қадар икки оғиз сўз айтди, холос.
Роппа-роса тушида ҳовлига ибн Партком ҳаллослаб кириб келди.
– Салом! Салом! Салом! – деб бидирлади у, ҳаммага юзланиб. – Меҳнаткашлар оммасига алангали салом!
– Ассалому алайкумни қудам раҳматли тушириб қўйганди, ўғли бечора ҳалиям излаб тополмайди, – деди хушламасдан Карима хола. – Поёндозга қайга борай энди.
– Сўлим Шўрқишлоққа гавжум Наманган шаҳридан алангали салом! – ҳамма билан бирма-бир қўл олишиб сўрашди Октябр. – Биламан, ҳаммангиз оммавий равишда мендан аҳвол сўрамоқчисиз. Ҳамма ишлар жойида. Фақат, шу десангиз, бизни маликаи Дилором йўқолиб қолдилар. У киши мабодо бу ерда эмасмилар? Сизларданам бир ҳол-аҳвол олай, деган мақсадда, қуруқ бўлсаям шошилиб келавердим. Дастурхонга овора бўлманглар. Қуруқ келдим, қуруқ кетаман. Дадажон, битта зажигаюший фотиҳа беринг! – Октябр Раҳмон амакининг ёнига ўтириб, ундан олдин фотиҳа ўқиб қўяқолди. – Ҳай, майли. Бирлигимиз йўқолмасин . Омин!
– Тавба, –деди Раҳмон амаки бош чайқаб.
– Ҳамма гап шундаки, дадажон одам, – саволни кутмай, ахборот берабошлади куёв. – Мен вазият тақозосига кўра, вақтинчага, беш-олти йилдан бери ишламай турибман.
– Ҳа, беш-олти йилдан бери, – им қоқди чол маъқуллаб.
– Ҳа, бор-йўғи беш-олти йил. Оч қолганимиз йўқ, – деди у Ойхон келтирган нонни ўзи ушатиб, бир бурдани тишлаб чайналаркан. – Мусулмонга нима керак? Мана шу нон керак. Шу сабабдан шўролар ўзбекларга фақат нон беришарди, холос. Нону иймон дейдилар, тўғрими, дадажон? Ўзбекка иймон бўлса бўлди-да. Бошқа нарсанинг нима ҳожати бор? Ҳиқ! Ҳиқ! – ютган луқмаси томоғига тиқилиб, қийналди ибн Партком.
– Ойхон, тезроқ чой келтиринг, – деди Карима хола. – Яна нон тиқилиб, шундай куёвимдан айрили-и-и-иб қолмай.
– Назирахон одам кўринмайдилар? – сўради Октябр.
– Назира! – чақирди Карима хола. – Чиқ, Октябржон келди, қизим.
Ичкари хонадан Назира чиқди. Остонада эшикка суянганча, тирноғини ўйнаб, ерга қараб тураверди. Ойхон чойнакда чой келтирди. Қишлоқча усулда Октябрга катта пиёланиб тўлдириб чой қуйиб берди.
– Раҳмат, янга одам, – деди Октябр пиёлани олиб ва ясама хурсандлик билан Назирага юзланиб кулди. – Ия, сизам шу ердамидингиз? Ахир биз сиз билан ҳиёбонда учрашмоқчи эдик-ку!
– Қайси ҳиёбонда? – тўнғиллади Назира.
– Севишганлар ҳиёбонида-да, – Октябр чойни иссиқ хўплаб қўйиб, ютиб ё туфлаб юборолмай ранги бўзариб кетди.
– Вой, бечора, – деди Ойхон четга. – Оч экан...
– Уфф! Уфф! Уфф-у-у! – Меҳмон оғзини катта очиб, оғзидаги чойни пуфлаб совутди, чойни ютиб олгач, енгил тортиб, юзига қон югурди. – Хайрият, ўтиб кетди...
– Нега хайрият дейсиз? – йиғламсиради Назира. – Мен уйингизга қайтиб бормайман. Мени олиб кетаман деб овора бўлманг.
 Октябр ғайрат билан нон еб, чой ичишга тутинди.
– Ундай деманг, Назирахон. Ҳали ҳаммаси жойига тушиб кетади. Мен ҳозир катта-катта илмий ишлар қиляпман. Кейин жуда бойиб кетамиз, – у атрофдагилардан нажот кутиб, ҳамманинг кўзига бирма-бир назар солди. Ўзига ҳамфикр тополмагач, кўзи ожиз Обидага юзланди. –Тўғрими, Обида опа?
– Тўғри, – им қоқди Обида. – Ҳаммаси ўтиб кетади.
– Уйда егани нон йўқ, – йиғлади Назира. – Бу киши бўлса, сиёсат сотганлари-сотган. Одамгарчиликка тўғри келмас экан деб, ҳамма ишдан бўшайверадилар. Қуруқ гап билан тирикчилик ўтармиди. Бунинг устига ичганлари-ичган.
– Одамгарчилик масаласи, бугунги кун тартибида турган энг муҳим масала, – деди Октябр. – Ўзингиз ўйлаб кўринг. Биз нима учун кийим киямиз? Чунки, бизлар онгли мавжудотмиз. Одам бўлганимиз учун севамиз, ишлаймиз, уяламиз, ашула айтиб, ўйинга тушамиз, шеърлар ўқиймиз, суҳбатлар қурамиз. Эй, одам, агар бир-бирингни ҳаққингни еб, тошбағирлик қилиб қорин тўйдирсанг, овора бўлиб одамчасига яшашинг шартми? Уй-жой, кийим-кечак, бу бош оғриғи рўзғорни нима ҳожати бор? Ундан кўра яланғоч юриб ўрмонда яша! Бирорта маймунга уйланиб олиб, дарахтма-дарахт сакраб юравер!
– Яна қанақа маймунга уйланмоқчисиз? – аччиқланди Назира.
– Бизга биттаси етиб ортади, бошқасига уйланиш ниятимиз йўқ, – деб кесатди Октябр. – Хуллас, азизлар, одамгарчилик туйғуси ҳаётда жуда муҳим. Тушуняпсизми? Агар бизлар инсон бўлсак, бизларга пулнинг нима кераги бор? Ундан кўра одамгарчиликни ўзини қўлласак-чи? Масалан, Шокир акам одамгарчилик қилиб, ҳозир менга бир қоп ун беради. Уни ҳисобига, бир карра одамгарчилик ёзилади. Кейин Ёқуб акам ўз машинасида мени уйимга ташлаб келади. Машина ҳаққига ўз киссасига бир норма одамгарчилик ишлайди. Шунда, энг бой одам ким деб сўралганда, энг кўп одамгарчилик қилган одам бой бўлиб чиқади. Замонлар ўтиб, одамгарчилик бобида миллионер бойлар пайдо бўлади. Миллиардерлар пайдо бўлишиям мумкину лекин бу ақлга сиғмайди. Бу ҳақда илмий изланишлар олиб бориш лозим.
– Хонаки даҳо яна сиёсат бошлади, – деди Назира кесатиб.
– Хўш, унда чет эл билан қандай алоқа қиламиз? – сўради кулгиси қистаб Шокир.
– Уларда доллар, танга, рубль, манат, гривен бўлса, ташқи савдо қандай йўлга қўйилади?
– Мол айирбошлаймиз, ака одам, – уқдирди Октябр. – Тушуняпсизми? Биз уларгаям одамгарчилик қиламиз. Уларга текинга нон берамиз, ош берамиз, маиший хизмат кўрсатамиз. Эвазига улардан бир тийин олмаймиз! Улар ўз қилмишларидан уялиб, ҳамма пулларини ўтга ташлаб ёқиб юборишади. Хижолатдан қизариб, лавлаги бўлиб қолишади! Мени тушуняпсизми? “Ўзбеклар ана шундай яшаркан! Бизлар шўрпешона бўлиб, нега бу аҳволда тентираб юрибмиз,” деб йиғлашади. Баъзи ажнабий сиёсатдонлар, бу шармандаликка чидолмай, ўзларини ўзлари отиб ташлашади. Ҳамма миллатлар тўғри яшашни ўрганиш мақсадида, эшигимизга бош уриб келадилар. Бойликларини бизга ташлаб, бу ердан одамгарчилик олиб кетишади. Давлатимиз бой бўлади. Ҳаммамиз пулларимизни ўчоққа қалаб юборамиз.
– Ола-а-а! – қорнини силкиллатиб кулди Ёқуб. – Пула-а? Пу-у-ул! Пулдан ҳеч ким кечолмайди.
– Ундан кўра ҳалол ишлаб, ҳалол пул топиб, бой бўлинглар, ўғлим, – деди амаки.
– Йўқ, асло, дада одам! – деди қизишиб Октябр. – Пул бор жойда одамгарчилик адо бўлади! Бундай ёмон ишга қўл уриб бўлмайди. Ана! Бойлар шаҳарда тўлиб ётибди. Ҳаммасини қўш-қўш хотинлари, машиналари бор. Сасиб ачиган пуллари, чанг босган олтинлари беҳисоб. Аммо одамгарчилик ноль! Ҳаётлари ғурбат! Тунлари ўғридан қўрқиб ухлолмайди шўрликлар. Улар шўро давридаям пуллари сандиқда сасиб ётган чирик бойлар эдилар. Энди бу касалликлари юз баробар кучайиб кетди. Шуям бойлик бўлдими? Мана, мен улардан кўра бойроқман, яъни одамгарчилик масаласида бойман. Шу бойлик менга етиб- ортади.
– Бой бўлсангиз нега қорнингиз оч, бой почча? – кулди Султон.
– Чунки, ҳозирги банкларда, одамгарчилик деган пул бирлиги муомалага киритилмаган, – хўрсинди Октябр ва нон чайнашда давом этди. – Бу нонни ичида ғичирлаган нарса бор экан. Сизларга одамгарчилиги йўқ қашшоқ савдогар ун сотибди.
– Шунисигаям шукур қилинг, – деди Назира. – Одамгарчилик дейверасизу узугимни ўғирлаб, сотиб ичиб юбордингиз. Шу ишингиз одамгарчиликка тўғри келадими?
– Бу арзимас техник хатойимни кечиринг, – парво қилмай чайналди Октябр. – Ошнам Шодмон одам иккаламиз чойхонада хамир овқат ичаётгандик. Сизни узугингизни унга кўрсатиб мақтандим. У Шодмонни қошиғига тушиб кетди. Шодмон ҳамирошга қўшиб, узукниям ютиб юборди. Ҳалигача кетини пойлайман, қани эди чиқа қолса? Яқинда дўхтирлар қорнини ёриб олиб беришармиш. Сиз асло узукдан хавотир олманг. Узук жудаям ишончли жойда турибди.
Обида шарақлаб кулиб юборди.
– Бўлди, – деди йиғлаб Назира. – Ҳадеб мазах қилаверманг. Узугимни топиб бермасангиз сиз билан ортиқ яшамайман! Билдингизми?! Яшамайман!
Орага совуқ сукунат чўкди. Оила аъзолари ҳам, куёв ҳам ноқулай аҳволда қолдилар. Обида бир оз аччиқланди чоғи, пешонаси тиришиб, қошлари чимирилиб, лаблари титраб, узун киприклари пирпиради.
– Назира, – деди қўлидаги узукни ечиб. – Ма, ўша узукни ўрнига меникини олақол.
– Ўзинг-чи, опа? – югуриб бориб узукни олиб томоша қилди Назира. – Шу узугинг жудаям чиройли-да!
– Бугундан бошлаб узук сеники, – деди Обида. – Бояги сўзни эса қайтиб оғзингга олма.
Одамийлик ҳаракати доҳийсининг иштаҳаси бўғилиб, қўлидаги нонни дастурхон четига қўйди. Боши эгилиб, узоқ жим қолди.
– Ундай қилманг, Обида опа, – деди минғирлаб. – Мен албатта ишга кириб, ўша узукни қайтариб олиб бераман. Сиз мени одамгарчиликдан чиқарманг. Мана, мен бирпасда қашшоқ бўлиб қолдим. Ҳаммасини сиз ютиб олдингиз. Узугингизни қайтариб олинг.
– Менга уни кераги йўқ, – сўқир кўзларини юмди Обида. – Мен барибир узук чиройидан баҳра олмайман. Олтинни мисдан ҳиди орқали ажратаман. Сизларни кўзингиз яшнайди. Сиз яхши одамсиз, Октябржон. Сизни ҳурмат қилганим учун бердим. Ошнангиз Шодмонни қорнини ёрманглар. Бечорани бола-чақасига жабр бўлади.
Назира хаёли бўлиниб, қўлидаги узукка тикилди. Уни ҳар ҳолатга солиб томоша қилди. Обидани қучоқлаб, юзидан ўпиб қўйди. Карима хола эса пешонасини тириштирди. Обида ва Олим ўзларига тўқ яшайдилар. Ортиқча ҳашамга берилмайдилар. Меҳнатсевар Олим кўп ишлайди, тузуккина пул топади. Баъзан иш вақти тугаса ҳам, дастгоҳдан турмай ишлайверади. Минғирлаб қўшиқ айтиб, шукур қилиб, намоз ўқиб, ўтган ота-бувасига атаб қуръон тиловат қилиб, зерикиш нима билмай яшайди. Карима хола шуларни ўйлаб, яна ожиз Обида ва Олимни илоҳий мақоматда кўрди.
Кеч киргунга қадар Октябр куёв Шўрқишлоқда меҳмон бўлди. Султон уни ўз хонасига олиб кириб, унга яқин келажакда қилажак сафари ҳақида мақтаниб кўп гапирди. У орзу-хаёлларга берилиб, тошкентлик Шурикни, унинг устози мама Розани оғиз кўпиртириб мақтади. Суҳбатга якун ясаркан:
– Мана шунақа, почча, – деди ширин энтикиб. – Бизам америкалик бўлиб кетдик. Яқинда жўнаймиз. Элчихонадан хабар келишига қараб турибмиз, холос.
– О, америкалик ўзбеклар! – хитоб қилди Октябр. – Ватангадо шўрпешоналар! Уларга ачинаман. Афсус, уларни қутқаришга ҳозирча ожизмиз. Уларни бойлик деган аждарҳо ютиб юборган. Одамгарчилик эса адо бўлган! Сиз, Султон одам, у ерга боргач, Америка халқига менинг номимдан салом айтинг.
– Хўп, – деди Султон ваъда бериб. – Саломингизни албатта етказаман. Эҳ, сэр печчо! Билсангиз эди. Билл Клинтон билан учрашмоқчиман. Унга айтадиган кўп гаплар бор. Шўрқишлоқ меваларини Нью-Йоркда, Вашингтонда сотиш керак.
– Ҳа, сиз ҳақсиз! – деди қайнисидан беш баттар хаёлпараст Октябр, камоли ишонч билан. – Уларга қийин. Бечоралар банан, какос, ананас, манго-панголарни ейвериб ичлари шилиниб адо бўлган. Бизда эса... эҳе-е! Улар билан яқиндан танишиб олгач, ҳаммасини биз томонга даъват қилинг! Биз албатта уларни оғир азобдан халос этамиз.
Шу пайт хонага Назира кириб келди. Уни нўқиб имо-ишора қилди. Иккиси Раҳмон амаки ҳовлисини тезда тарк этди. Назира, Обида ўз фикридан айниб қолмай туриб, тезда қочиб қолишнинг тараддудида эди. Октябр ва Назира шаҳарга жўнашди. Кўчада Олапар билан ёнма-ён ўтирган Шароф, улар билан илиқ саломлашди. Октябр Шароф дўкондорни қучоқлаб, икки бор кўтариб ташлади.
– Одамгарчилик қилиб, бизни шаҳарга ташлаб қўйинг, божа одам.
– Бензин йўқ, иним, – деб алдади Шароф.
– Эҳ, дўстим Олапар одам, – уни нари суриб, итнинг бошини силади Октябр. – Хўжайининг катта хатога йўл қўйди. Бугун у бир пачка одамгарчиликни ютқизди. Унга ачинаман.
 

Тўққизинчи боб

Қонқайнатар Ёқуб
 
 Раҳмон амакининг катта келини Дилбар уйда ўтириб, мол-қўй боқади. Ёқуб бир ҳафтада уч марта мол бозорига боради. Мол сотиб, ўрнига янгисини олиб келади. Дилбарнинг жаҳли чиқса, жағи чарчагунча жаврайди. Ёқуб эса юз оғиз гапга бир оғиз қайтим бермайди. Ойхон айтгандай, Дилбар анчагина шаллақи, бебурдроқ уруққа мансуб. Ёқуб уни индамай бўғиб ўлдиришга қасд қилгандек, гапирмай эзгани-эзган. Дилбар у билан уришиб хумордан чиқолмай, тез-тез пастдаги маҳаллага тушиб, ўз уруғи билан уришиб келади.
 Бир куни Ёқуб машинасини патиллатиб бозордан қайтди. Катта жанжалга хумор бўлган хотини, енгини шимариб уришишга чоғланди. Дастурхон устида асаби бузилиб, сўроқ қила бошлади.
– Ола сигирдан қанча фойда қолди?
– Нима ишинг бор? Ола-а-а!
– Оласигирни бир челак сути бор эди?
– Буники йўғаканми? – ғулдиради Ёқуб.
– Икки коса кўк сут берди, холос. Касалга ўхшайди. Ола сигирдан қанча фойда қолди?
– Ўттиз минг.
– Ўттиз минг фойдага ка-а-атта сигирни топшириб келдингизми?
– Ола-а!
– Қачон сут-қатиққа ёлчиймиз, дадаси? Ғунажинларни, бузоқларни олиб-сотаверинг. Сигирга тегманг!
– Хўп! Э-э-э!
 Ёқуб деворга суянганча ўтирган жойида ухлаб қолди.
 
* * *
 
У кўча-кўйда ичиб-чекиб ёки хотинлар олдида “иш” кўрсатмайди. Топган-тутганини уйига ташиб келади. Султон айтмоқчи, Ёқуб ҳақиқий пок виждонли каламуш. У доим қайнилари қуршовида юради. Ўртанча қайниси Толиб, Ёқубга панд бериб, бир молнинг пулини еб кетди. Ёқуб орани очиқ қилиш мақсадида тортишиб жанжал бошлади. Хотини ўз инисига жон тортиб уни бу йўлдан қайтарди.
– Оларсиз шу ордона молни пулини, – деди у хафа бўлиб. – Бегонага кетмабди-ку? Ахир сизни шу акаларим етаклаб одам қилиб юришибди. Мол-қўй, мошина, ҳовли-жой, дастмоя пулимиз бўлса... Беришар шу пулни мавриди келса... Ана, жонажон укаларингиз бор-будидан айрилиб, қозонини сувга солиб ўтирибди. Жа “КамАЗ” олиб, “Жигули” миниб керилиб кетишганди. Ойхон сузилганларини айтмайсизми! Мақтанманг кўп, овсин, жўжани кузда санаймиз дегандим. Айтганимдай бўлди.
– Ҳозир уларни нега тиқиштирасан? Толибдан гапир! – деди Ёқуб ўдағайлаб.
– Э, керилманг! – бўш келмади Дилбар. – Иниларингиз ҳозир очидан ўляпти. Қорнингиз тўйганига, ҳовлингиз сотилмаётганига шукур қилиб ўтираверинг!
– Уларни бир йўқлаб қўяймикин? Ола-а-а! – ташвишланди фикри бўлинган Ёқуб, бирдан жигарларини эслаб.
– Нима?! – аччиқланди Дилабар. – Эсингиздами?! Онангиз бизни битта тешик тоғорани тенги қилмаган. Султонни ҳашарга айтганимизда келганмиди, а? Келганмиди?
– Ола-а-а, – ғижинди у. – Мен сенга келган дедимми?
– Мени акаларим бўлса, бу ерда туну кун меҳнат қилишган. Лойларга беланишган.
– Пул бергандим-ку.
– Вой-вой-вой?! – лабини бурди Дилбар. – Ўша пулга мардикор ишлайдими? Ҳамма берган пулингиз бир бўлиб, тўртта устани тўрт кунлик ҳақи. Улар бир йил ишлаган бу ерда. Ҳа! Бир йил!
– Йўғэ-э! Ола-а-а! – хўмрайди Ёқуб. – Худди Толибга ўхшаб алдайсан-а-а! Лекин тунда бу сўлоқмон эр белини уқалаб ўтирган Дилбарга дили юмшаб қўрғон беради . У нима деса рози бўлиб, уйқу аралаш маъқуллаб ғўнғиллайди, танаси яйраб аллаланган чақалоқдек уйқуга кетади. Бундай ғаройиб гипноз таъсиридан нафақат Ёқуб, ундан зўрроғи ҳам соғ чиқолмаган бўларди.
 
* * *
 
Карима хола билан бу қорамағиз юзли келин йиғинларда бир-бирларининг кўзларига қарамай кўришадилар. Эни ва бўйига бир қарич кўринадиган Дилбар Карима хола қошида ёлғон тавозе сақлаб, хушомад гап қилади. Эл кўзига ўзини хокисор, меҳрибон келин қилиб кўрсатишга уринади. Ахир унда ҳам қиз, ўғил бор, эртага бировнинг эшигига супурги кўтариб боради. Кампир эса йўқотадиган ҳеч нарса йўқ. У дуч келган жойда келинини очиқ-ойдин гап билан узиб олади. Муғомбир Дилбар эл-юрт олдида сир бермай, бу томошани ҳазилга айлантириб ҳиринглайди.
Пирмат чолнинг набира тўйида, адиркўчалик ва қорачўққилик меҳмонлар бир уйга ўтиришди. Бир томонда Карима хола, Ойхон, Насиба, Зоҳида, Заҳро, иккинчи томонда Дилбар ва қорачўққилик келинлар жойлашдилар. Карима хола олди-қочди аския-пайровлари билан меҳмонларни узоқ кулдирди. Дилбар қарзга ботиб ҳолдан тойган ғариб қайнона ўрнида мақтанчоқ эшонойимни кўриб, тилини тишлади. “Отдан тушсаям эгардан тушмайди-я кампир ўлгур!” – деб ўйлади у.
– Шўрқишлоққа хотин ўғирлайдиган дев келса, биринчи Қорачўққига келаркан, – деди Карима хола қошини қоқиб, бўянган келинларга сирли тикилиб.
– Ҳа-а-а-а!! – уни тезлашди ҳангоматалаб аёллар жўрликда.
– Нега Карима хола? – ўсмоқчилади бир муғомбир жувон.
– Шу десангиз, қорачўққилик келинларни девдан қизғонадиган қайнонаси йўқ экан-да!
Меҳмонлар қотиб кулишди. Қорачўққи баланд адир устига жойлашган янги маҳалла бўлиб, у ердаги ҳамма оилалар ёш. Қайнонасидан қочган келинлар ўз билганича кун кечиради. Қариси йўқ маҳалланинг париси йўқ дейдилар. Дилбарнинг маҳалласи бефайз. Бу аския маъносидан қитмир аёллар холанинг Дилбарга меҳри йўқлигини англаб қолдилар.
Меҳмонлар баробар қўзғалишди. Ёқуб эски “Москвич” машинасини патиллатиб, хотинини олиб кетишга келди. Дилбар ҳамманинг олдида керилиб, орқа ўриндиққа ўтирди ва қайнонасига ишора қилди.
– Юринг, ойижон, сизниям ташлаб ўтамиз.
– Қўйинг, қизим, қўй-эчки қамайдиган мошинага мени қамаманглар. Икки қадам юрсам уйимга етаман, – деди хола ва Ёқубга ништарини санчиб олди. – Ҳа, ўғлим, сенам тупроқдан ташқарида юрибсанми? Бемаҳалда якка-ёлғиз қолиб кетма. Эҳтиёт бўл. Дилбарни этагини маҳкам ушла. Шундан бошқа киминг бор, болам?
– Чиқмайсизми мошинага? Ола-а-а!
 Ёқуб бу ердан тезроқ кетмаса иши ланж бўлишини тушуниб, моторга ўт берди. Машина патиллаб тўйхонадан узоқлашди. Ёқилғи қамалиб қолиб, мўрисидан кетма-кет паққиллаб овоз чиқди. Карима хола эса қўшнилари Заҳро ва Зоҳидани яна кулдирди.
– Ана, болагинамга зўр келиб орқаси пақиллаб кетди.
– Касали бор-да, ойижон, – деб кулди техника сирларидан хабардор Ойхон.
 
* * *

Карима хола янги хабарни эшитиб юраги эзилди. Шокирнинг дўстлари у билан орани очиқ қилмоқчи бўлишибди. Бу дегани, Шокир яна бир миллион сўмдан ортиқроқ қарз тўлаши керак. Шокир ғамга ботиб, бошини кўторолмай ётиб қолди. Хола ноилож катта ўғли Ёқубни маслаҳатга чақирди. Ёқуб машинасини қалдиратиб келиб, дарвоза олдида тўхтатди. У ҳар хил хаёлга бориб, ҳадиксираб уйга кирди.
– Ҳа-а? – деди супада ўтирган отаси ва онасига қараб. – Қалай?
 Ёқубнинг саломи ҳам, ҳол сўраши ҳам шу бўлди. Карима хола уни ёнига ўтқазиб олиб, бўлиб ўтган воқеаларни бир сидра айтиб берди. Ёқуб ҳомуза торта-торта эшитди. Қулоғига гап кирмас, эртанги бозорга қайси молни олиб бориш ҳақида ўйларди.
– Мени эшитяпсанми? –хомушланиб сўради онаизор.
– Аҳ? – унга диққатини бурди Ёқуб ва дарров ўзини ўнглади. – Ҳа-а-а.
– Ҳовлимизни сотамиз шекилли, ўғлим.
– Нега сотасизлар? Ола-а-а – афтини буриштирди Ёқуб.
– Бир миллионни тўлашга пулимиз йўқ-да, ўғлим. Ҳовлини сотмасак бўлмайди. Нархи уч миллион эмиш. Сендан ўзга сиғинадиган кишимиз қолмади, – деди хола. – Шунга нима дейсан?
– Нима дейман?
– Бирор нарса десанг-чи? Ўзинг туғилиб ўсган ҳовли-ку бу!
– Ола-а, буни билиб турибман.
– Билиб турган бўлсанг ўйлаброқ гапир!
– Нима дей?
– Пул бериб турасанми бизга?
– Билмасам...
– Пуллар сеникими? – қони қайнаб ғазабланди Карима хола. – Уйдаги молларинг икки миллионга етиб қолар?
– Хотиним билади-да, ойи, – деди Ёқуб уялмай-нетмай.
– Сен эркакмисан ўзинг?
– Шунақа-ю, бемаслаҳат иш қилиб бўлмайди-да.
– Хотининг унамайди барибир.
– Қайниларимдан сўрай-чи.
– Ўзингча бирор нарса десанг-чи.
– Бир гап айтолмайман дедим-ку! Ола-а-а! – ғазабланди Ёқуб. – Ҳамма ишни Шокир қилди. Пулни биз тўлаймизми, ойи?
– Бу барибир бермайди, онаси, – деди супада ёнбошлаб, суҳбатни тинглаётган Раҳмон амаки энсаси қотиб.
 Карима хола барини тушунди.
– Ҳой, гаранг! – деди кўрсаткич бармоғи билан унинг пешонасига нуқиб. – Сенам одаммисан? Шундай қийин кунларимда менга кор келмасанг, қачон кор келасан? Хотининг сенга ахлатини едириб қўймаса шундай бўлиб қолармидинг? Ахир қайтариб берамиз олган пулимизни! Хўпми? Лоақал қарзимизни ярмини тўлагин.
– Хотинимдан сўраб кўрай-чи, ойи! Ола-а-а! – ғазабланиб қичқирди Ёқуб.
– Нега менга бақирасан?! – баландроқ келди хола. – Ўғил бўлмай ҳар бало бўлгур! Бизга жонинг ачийдими ё йўқми?
– Қачон келсам жанжал! Қачон келсам мени ғийбатим! Хотинимгаям кун бермасдингиз! Шу ердан кўчиб кетиб қутилганман! – йўғон овозда чўзиб-чўзиб бақира кетди Ёқуб. – Хотиним иккаламиз ўлиб берсак, болаларимиз етим бўлса, кўнглингиз ўрнига тушадими? Шу ғурбатхона ҳовли эсимга тушса юрагим эзилади! Сотилса-сотилиб кетар!
– Пул берасанми? – ўшқирди Раҳмон амаки. – Берасанми, бола?!
– Билмадим дедим-ку!
–Бермасанг кўзимдан йўқол! Бу ерда бўкирма, итвачча! – қўл силтади амаки. – Йўқол уйимдан!
 
* * *
 
Ёқуб машинасини чанг кўчалардан ҳайдаб бориб, адир орасидаги йўлдан бурилиб, Қорачўққи йўлига ўтди.
“Сенлар мени, адир устидаги дашту биёбонга ҳайдадинглар, – дея ўйлади у. – Арзимаган ёрдам бериб, ҳамманг четга чиқиб олдинг. Уй-жой қиламан деб, кечасию кундузи юртма-юрт, бозорма-бозор изғидим. Ўзимни тиклаб олгунча она сутим оғзимга келди. Ёрдамим керак бўлганда эсингга тушдимми? Ола-а-а! Мен қайниларимни кўзига мўлтираб, бозор юришни ўргандим. Шуларга суяниб уй қурдим. Қайси биринг қарашдинг? Кўкрагимга офтоб текканда, топганимни сенларга бериб, яна оч қорин билан ҳансираб югуриб юрайми? Ҳеч қачон. Шокир бузуқни касрига ҳамма иш орқага кетди. Ҳали Султон валакисалангни уйлантириб қўйиш керак. Унгаям пул бериш керакдир? Оласан-а, оласан... Мени болаларим келса кел демайди. Ҳамма меҳрини Шокирни боласига беради. Қизларини боласи келса, эркалатиб бошига кўтаради. Мени учта боламга бўлса кўз қирида қарайди. Хотинимни ёмон кўрсанг, боламниям ёмон кўрасанларми? Сенларга набира-ку. Менга деса ўлиб кетмайсанларми! Сенларни уйинг уй эмас, жиннихона. Яна оқсуякмиз деб керилганига ўлайми...”
Машина адир устидаги асфальт йўлдан Қорачўққи томон елиб боради. Баланд адирдан ям-яшил Шўрқишлоқ кафтдек кўринади. Ёқуб хом ғиштдан бўлса-да, бежирим қилиб қурилган, оқлаб бир оз жило берилган ҳовлисига етиб келди. Экиб қўйган икки юз туп тераги икки том баробар ўсган. Машина овозини эшитиб, катта ўғли Бобур, кичиги Шерзод ва кенжатой Шоҳиста чопқиллаб кўчага чиқдилар. Фарзандлар оғушида Ёқубнинг дили яйраб кетди. Қўшнилар тўпланиб туришганини кўриб, иштонсиз қизчасини уйга ҳайдади.
– Бор, уйга кир, иштонингни кийиб чиқ, қизим!
– Сиз билан бораман, – кўнмади қизи.
– Бобур, укангни кийинтириб чиқ, ўғлим, – катта ўғлига буюрди. – Нега иштонсиз юрибди уканг? Бу аҳмоқ ойинг қаерда ўзи, Шерзод?
– Молларга қараяптилар, – деди Шерзод ва укасини туртди. – Уйга кир!
Ёқуб қўшнилар томон юрди. Асли у, битта Раҳмон амаки эмас, қорачўққиликларнинг ҳам қонини қайнатиб туради. У фойда чиқмайдиган ишга сира бош қўшмайди. Аҳрор ҳисобчи ҳаммани тўплаб ҳокимга боришни маслаҳат солди. Шу қаторда Ёқубни ҳам даврага тортди. Бир тўда қорачўққиликлар бир ёқадан бош чиқаришди. Ёқуб ўзини олиб қочди. У Дилбарнинг олдидан ўтиши лозим эди.
– Ёқубжон, – деди ёши элликдан ўтган оқсоч Аҳрор. – Бу ой бизга умуман сув келмади. Мен қўшниларни тўплаб ҳоким олдига кетяпман. Сизни ўрикларингиз баргини ташлай бошлабди. Ҳадеб ўзингизни гўлликка урманг.
– Ким тортяпти, ака, – деди Ёқуб.
– Эрта-индин бодомлар ҳам баргини ташлаб юборади. Шу боис ҳоким билан бир чўқишиб олайлик. Сувимизни чиқариб берсин. Насосни таъмирлашга ҳалиям пул ўтказмабди.
– Ола-а! – ташвишланди Ёқуб. – Ўтган гал борганимизда Қурбоналиев хафа бўлди, Аҳрор ака.
– Бу ерда олтмиш хонадон экин-тикинидан айрилди. Дарахтларимиз қуриб қолса бу жазирамада нафас ололмай қоламиз, – деди куйиниб Аҳрор. – Ёки буни сизга қизиғи йўқми? Вақт ажратинг, Ёқубжон. Кемага тушганни жони бир.
– Вақт қайда дейсиз. Мен эрта бозорга бораман. Молларни ювишим керак. Бозорни биласиз-ку!
– Қонимни қайнатманг, ука, – аччиқланди Аҳрор. – Эл бошига иш тушганда мадад бўлинг. Жуда бўлмаса яхши кунингизда ошингизни еймиз, ука. Бирга бориб, сизам бизга далда бўлиб туринг. Ёки паст қишлоққа тушиб, отангизни уйида яшамоқчимисиз? Бу ҳовли-жойингиз қуриса қуриб кетаверсинми?
– Ола-а-а! Ҳеч қаерда тинчлик йўқ, – ғулдиради Ёқуб.
– Буни паст қишлоқдаги ота уйи яқинда сотилади, – деди қўшниларидан бири. – Раҳмон акам ўзи шу ерга кўчиб чиқса керак. А, Яшка? Тўғрими?
– Ола-а! – ғазабланиб ғийбатчига ўқрайди Ёқуб.
 
* * *
 
Қони ҳеч кимга қўшилмаган Ёқуб бу ишга ҳам қўшилмади. Қорачўққиликлар ҳоким қабулига ўзлари кетишди. У эшикдан кириб, бу хабарни айтиши биланоқ:
– Катталар билан ўйнашманг, – деди қўлини бигиз қилиб Дилбар. – Бир кунмас бир кун ҳокимга ишингиз тушар?
– Тушар, – деди тусмоллаб Ёқуб.
– Қурбоналиевни назаридан қолманг – тўхталиб мақсадга кўчди Дилбар. – Ойингиз нима дейди?
– Бир миллион пул керак эмиш.
– Нима?! – сапчиб тушди Дилбар. – Жанжалга чақиришса бора кўрманг. Айтгандай, ҳозироқ ойимларникига бориб келинг. Арзон кунжара келганмиш. Акам бир тонна гаплашиб берармиш. Бора қолинг.
– Бўпти, – йўлга отланди Ёқуб. – Зўр иш бўпти-да.
– Ҳа, айтгандай, – тугун узатди Дилбар. – Манави мантиларни ойимга ташлайсиз. Кейин тезроқ қайтиб келинг. Иккинчи таомни ўзимиз еймиз. Қорнингиз тўқми?
– Қорним оч-у, кел майли, олдин бориб кела қолай.
– Онангиз тушлик едирмай жўнатдими? Мени онам бирор марта шундай қилганмиди?
– Бўпти, кўп вайсама, – деди Ёқуб.
У тугунни олиб, машинасини елдириб йўлга тўшди. Ёқуб хотини ва қайнонасидан мамнун. “Биров қадрингга етмаса, биров етар экан, – дея ўйлади у машина моторини ўчириб. – Ота-онамдан кўрмаган яхшиликни шулардан кўрдим. Дунёда яхши одамларам бор”.
Мотори ўчирилган машина товуш чиқармай, нишоб йўлдан ғалтакарава каби ғириллаб борар, Ёқуб қайнонаси ҳақида ўйлаб ширин энтикар, рулни бошқарар, бурилишларга етганда тормоз тепкисини босиб-босиб қўярди. У уч километрлик йўлни доим шундай усулда босиб ўтиб, қуйида жойлашган Шўрқишлоққа тушиб боради. Бу нодон ўғил бир ҳақиқатни тушунмайди. Онаси ҳеч қачон пишиб турган овқатни едирмай туриб, уни юмушга юборган эмас. Агар Дилбар Ёқубни Карима хола севгандек севганида, аввал қорнини тўйдириб, кейин онасиникига юборган бўларди. Лекин Ёқуб қорни тўйгач, чарчоқ ва таом таъсирида оёқ-қўли бўшашиб ухлаб қолади. Натижада, Дилбар ўз онасига илинган таом, айтилган вақтида ўз манзилига етиб бормайди. Дилбар, Ёқубнинг хулқ-атворини жуда пухта ўрганган, қандай “қамчилаш” ва “хала санчиш”ни яхши билади. Ўта оқилона услубда, ўз эрини миниб олган бу аёл ўзи ҳам тинимсиз меҳнат қилади. У ўз оиласини она асаларидек асрайди. Шу оила учун куйиб-ёниб яшайди. Хоҳлаганида заҳрини солиб, хоҳлаганида асал тутқазади. Лекин у ўз қайнонасидан кўп қарғиш олмоқда эди. Балки қариган чоғида ўзи ҳам келинларини қарғаб ўтар, ахир, бу дунё қайтар дунё дейдилар.
– Онангиз, никоҳимиз куни атига битта мошина жщнатган, холос, – дея тез-тез гина қилиб туради Дилбар. Қариндошларимни тўй куни усти очиқ мошинада олиб келишган. Ўзимгаям шунақаси хизмат қилган. Одам хўрланса шунчалик хўрланар-да!
– Ола-а-а! – уф тортади Ёқуб. – Ўшанда битта сен хўрланибсанми! Менам хўрланганман, хотин! Ҳадеб эслатаверма! Уфф!..
 
* * *

Карима хола гинахонликда келини Дилбардан қолишмайди. Шўрқишлоққа ўзини қандай тушириб олиб келишганини эслаганда ҳасратидан тутуни чиқади. Қони қайнаган Раҳмон амаки нос чекиб, бақириб бермагунча жаврайверади. Карима хола Эшондада эшоннинг шаҳарлик муридларидан бирининг қизи бўлиб, отаси камбағал косиб эди. Раҳмон ва Кариманинг тўйи бўлган йилларда, Эшондада эшон базўр тирикчилик қиларди. У чоғларда колхоз катталари қамалиб чиққан руҳонийга кўмаклашишдан ҳайиқардилар. Эшондада шаҳарлик келинни олиб келиш учун якка от қўшиладиган арава ҳозирлади. Чилдирмасини кўтариб, ўз ташаббуси билан тўйга етиб келган Тиллахон очиқ:
– Менам бораман, эшон ака, – деди. – Розимисиз ёки уйимга қайтиб кетаверайми?
– Энди... – деб томоқ қирди Эшондада эшон бир оз тараддудланиб. – Меҳмон атойи худо. Шу яллага ҳожат йўқ эди-ю, аммо ўз оёғингиз билан келибсиз, бунинг ҳам бир ҳикмати бордир. Борсангиз бораверинг.
– Яшанг, эшон ака! – деди Тиллахон очиқнинг сатанг дугонаси. – Тўйингизни қиздириб бир дуоингизни олайлик.
– Етти пуштингизга етадиган дуо оласиз, Тиллахон опа! – деб орага суқилди Қобил фронтчи. – Мени хотиним Санобар билан Ҳалима янгамам борадилар.
– Урро-о-о! – хоҳолади Тиллахон очиқ. – Тўйдан кейин отамлашарканмиз-да, фронтавик! Ҳа-ҳа-ҳа!
Ёши элликдан ўтган Тиллахон очиқ, қоп-қора, бақувват, овози йўғон, бир шиша ароқни ичиб, ғўр-ғўр кекириб, ўнгу сўлга оғишмай кетаверадиган эркакшода аёл эди. Бу қориндор паҳлавон хотин, намоз ўқишдан олдин ихлос билан таҳорат қилар, иштонининг липасидаги тухумдек носқовоғини ҳам бир бор сувга чайиб олиб, яна липасига қистирар, намоздан кейин каппа-каппа нос чекиб, ўз яқинларига охират азобларидан панду насиҳат айтиб, дўзах азоблари билан уларни қўрқитар, баъзан ўзи ҳам ўз ваҳимасидан қўрқиб кетиб, дўриллаб йиғлаб юборарди. Чилдирмани ҳамма сатанглардан кўра қаттиқроқ чалар, оғзини тўлдириб йўғон овозда ашула айтар, қўшиқ орасида кўзига ёққан йигитлару қизларга гап сотиб, “вой, жонингдан-ей, фалончи, қани мени ёшлигим!” деб ҳайқириб қўярди.
Ҳорунбойнинг қизи Ҳалимабегим, Қобил фронтчининг хотини Санобар чевар, Тиллахон очиқ, унинг яллачи дугонаси ва яна тўртта кампир, Эшондада эшондан оқ фотиҳа олиб, аравага ўтириб шаҳарга бордилар. Камтарона тўйхона мўъжазгина эди. Меҳмонлар тўкин дастурхон атрофида ўтириб, тўйиб еб-ичгач, қайтиш тараддудига тушдилар. Нортожи чинқироқнинг аравасига ўтирган шаҳарлик келин ўкиниб йиғлади. Отасининг ночор дўстига келин бўлиш пешонасига ёзилган Карима тенгдошларидан жуда уялди. Бирорта ҳам дугонаси ёнига кириб, Шўрқишлоққа боришни истамади. Карима икки қўшни жувон кузатувида, кампирлар ва яллачиларга қўшилиб, аравага ўтириб Шўрқишлоқ томон йўл олди. Кампирлар Тиллахон очиқ бошчилигида ёр-ёр айта бошлади. Нортожи чинқироқ бир қулоғи чиноқ, бақириб сўзлайдиган тўпори киши эди. У дала йўлида арава ҳайдаб, тўй ва маъракаларда жарчилик қиларди. Умри давомида шу ҳунаридан бошқа бирор ишни қойиллатолмади. Шўрқишлоқдан четга чиқмаган, ўнг қўл ва чап қўл қоидаларини тушунмайдиган ўқувсиз аравакаш, шаҳар кўчаларидан ўтиб, Шўрқишлоққа етиб келгунча йўлдаги аравакашлару ҳайдовчилардан кўп дакки еди. У катта тошйўлдан Шўрқишлоқ томонга бурилиб, пахта даласини кесиб ўтган тутлар қатори орасидаги йўлдан бораётганда, ғазаби қайнаб тил-забонсиз отни аямай савалади.
– Чўҳ, оққулоқдан қолган ҳароми! Кўзингга қараб юрмайсанми?! Сени касрингга ҳаммадан сўкиш эшитдим!
Эллигинчи йилларда бу қари отни Ислям татарнинг отаси, мана шу эски аравага қўшиб, колхозда гўнг ташиганди. Чинқироқ “оққулоқ” деб, Абдулла татарни назарда тутарди. От жонивор йигирма ёшдан ўтган бўлса-да, ҳали ҳам бақувват эди. Қаригач айёрликка ўтиб олган кучли от, бехос урилган қамчидан жони ачиб, шаталоқ отиб чопиб кетди. Чинқироқ шўрлик қари отнинг бундай кучи борлигини билмасди, аравани бошқоролмай қолди. Тизгинни зўр бериб тортгани билан ҳуркиб кетган от, бошини бир томонга қийшайтириб, тобора тезликни ошириб чопаверди. Аравада йиғлаб бораётган келинчак шўрликнинг қўрққанидан дами ичига тушиб, шотига ёпишиб калима ўгирди. Вағир-вуғур гап сотиб, чилдирма чалаётган кампирлар дод солишди.
– Тўхтат ҳаром ўлгурни, чиноқ ўлгу-у-у-ур!! – деб бақирди Тиллахон очиқ. – Ергина ютгур, аравадан тушиб олай, сочингни битталаб юлама-а-а-ан! Ҳа, онангни ... сени!
– Войду-у-уд! Войду-у-у-уд! – дея дод солишди ёпинғичли кампирлар. – Ким бо-о-р! Аравани тўхтатингла-а-а-ар!
– Э, бақирмангла-а-а-ар! – улардан ҳам баландроқ чинқирди аравакаш. – Отни ҳуркитмангла-а-а-ар! Отни-и-и-и!
– Парвардигор! – дея овозининг борича нола қилди Тиллахон очиқ. – Паранжи ташлаганим учун ўзинг кечир! Агар шу балодан эсон-омон қутилиб олсам, эскича ўқийман, отин ойи бўламан! Нос чекишни ташлайман!
Ғилдирак йўл четидаги тошга урилиб, ўқидан чиқиб кетди. Арава бир томонга оғиб, кампирлар ва келин юмалаб тушди ва тўпроққа беландилар. Арава сал нарида тўхтади. Ўрнидан туриб, хуши ўзига келган Тиллахон очиқнинг феъли айниди. Қўлига иккита муштдек тош олиб, энсасини қашлаб турган Нортожи чинқироқ томон чопди. Аравакаш буни кўриб ура қочди.
– Тўхта, халқ душмани! – дея бақириб унинг ортидан тош улоқтирди Тиллахон очиқ. – От савашни сенга кўрсатиб қўяман, шўртумшуқ! Тўхта-а-а! Ҳа онагинангни ... сени!
Тасодифми ёки эшонларнинг кароматиданми, бирор кишига ҳам шикаст етмади. Аёллар ўринларидан туриб, кийим-бошларини қоқдилар. Қўшниларидан бири келинчак устига ёпилган чодирдаги чангни қоқиб, бағрига босди.
– Шўрим бўлмаса Шўрқишлоққа келин бўлармидим, янга, –дея йиғлаб юборди Карима.
Унинг ҳолига ачиниб, шаҳарлик қўшни жувонлар ҳам йиғладилар. Ҳорунбойнинг кенжа қизи Ҳалимабегим жуда бамаъни аёл эди. Келинга яқинлашиб уни қучоқлади.
– Каримахон, – деди у кўзларига термилиб. – Асло бундай деманг, ўргилай. Сиз келин бўлиб бораётган хонадон авлиёлар макони. Ота-онангиз шу хонадонга юкиниб фарзандли бўлишган. Отангиз билан эшон акамнинг дўстликлари охират дўстлиги. Ҳозир рўй берган ҳодиса сизга бир умр дарс бўлсинки, сизни аравада боришингизни пиру устозлар руҳлари хоҳлашмади. Агар ақлингиз бўлса, қайнотангиз билан қайнонангизни ҳузурларига пиёда боринг. Катта аркону давлатга эга бўласиз.
Нортожи чинқироқни қувиб етолмай, эркакчасига сўкина-сўкина ортга қайтган Тиллахон очиқ, тупроққа беланган чилдирмасини ердан олиб, дўпиллатиб чангини қоқди. Асабийлашиб, кўйлагининг этагини шимарди, липасидан носқовоғини олиб, бир чеким нос отди.
– Вой онангни эмгур! Руҳонийни тўйида ўлиб кетишимга бир баҳя қолди-я! Ҳа, ошсирамай ўлай! Эшон барибир ароқ қуйиб бермайди!
– Боя чекишни ташлагандингиз-ку, очиқ?! – қаҳ-қаҳ кулди Ҳалима бегим.
– Э, ўртоқжон, – қўл силтади сатанг. – Жони кўзига кўринганда одам нималар демайди. Бир пиёла ароқ ичволганимда настроениям ўрнига келган бўларди.
– Самад полвонга айтаман, бугун сизга ароқ қуйиб беради! Чалинг чилдирмангизни, ўртоқ! – дея буюрди Ҳорунбойнинг қизи ва Санобарга юзланди. – Ўйнанг сизам, чевар! Акагинамни тўйларини шу ерданоқ қиздириб борайлик.
Тиллахон очиқ чилдирмасини чалиб куйлаб юборди. Ҳалимабегим ва Санобар чевар ўйинга тушиб, келинни орага олганча Шўрқишлоқ томон юрдилар.
 
 
Ўнинчи боб

Дўстлик
 
Шўрқишлоқ табиати ғоят сўлим. Қишлоқ ўртасидан жануб томонга қуйилаб оқувчи сойнинг суви жуда кам. Қадимги аждодлар сувга ташна бўлиб яшаганлар. Эндиликда қишлоқ яқинида катта ва кичик каналлар оқади. Қишлоқда илгари юзтача хонадон яшаган, холос. Ҳозирда эса пасттекисликда мингдан ортиқ, адирликлар устида уч юзтача хонадон жойлашган. Бу хонадонлар ва экин ерлари каналдан тортиб чиқарилувчи насос сув билан суғорилади. Илгари қишлоқ марказида битта мактаб, битта дўкон, битта маиший хизмат кўрсатиш уйи, битта медпункт бўларди. Қишлоқ халқи рўзғор ташвишида туман марказига қатнаб умри ўтарди. Марказдан узоқда жойлашган барча қишлоқларда “учар” йигитлар ҳожат чиқариш учун керакли нарсаларни шаҳардан етказиб келишарди. Мана шундайлардан бири Шокир, майда-чуйда темир-терсакларни йиғиб келавериб, Зуннур эшондан қолган табаррук ҳовлини ажойибхонага айлантирди. Бу баттол эшонзода ҳамма нарсани сотарди ва сотиб оларди.
Бир куни Раҳмон амаки билан шаҳар бозорида кезиб юрган Шокир битта подшипникни харид қилиб халтасига солиб олди.
– Бу темирни нима қиласан? – деб сўради амаки тушунмай.
– Сатимбой тракторчига пуллайман, – деди Шокир.
– Сени шунақа бола бўласан, деб ўйламагандим, – аччиқланди Раҳмон амаки. – Зуннур эшон ўз авлодидан сенчалик фойдахўр чайқовчи чиқишини билганида, жойномозига ўт қўйган бўларди!
Шокир илжайиб қўя қолди. У барибир ўз билганидан қолмасди. Эртасигаёқ подшипник хабарини эшитган Сатимбой Шокирни излаб келди. Унга уч баробар кўп пул тўлаб, раҳмат айта-айта подшипникни олиб кетди. Шокир яхшигина механик, ҳайдовчи, ҳунарманд, тижоратчи ва чидамли деҳқон эди. Қурилишга борса андавани қўлга олиб, девор сувоққа тушиб кетар, пул унса лой қориб ғишт қуйишдан ҳам қайтмасди. Хотини Ойхоннинг айтишича, ухлаб ётганда ҳам қўл бармоқлари қимирлаб турармиш. Бирор ишни бошласа, ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам шошилтириб қийнаб юборади. Илк мустақиллик йилларида у ўз оила аъзоларини жамлаб, икки гектар ерни ижарага олиб деҳқончилик қилди. Ижарачилар орасида катта хирмон кўтарди. Пулларни эса сарфлашга шошилмади. Пулга муҳтож бўлиб қолган кишиларнинг ишдан чиққан енгил машинларини сотиб олиб, ҳовлига судратиб келтирди. Раҳмон амаки бундан норози бўлиб жавради:
– Нега юрмайдиган мошиналарни олиб келдинг, жинни?! Қолган пуллар қани?!
– Ҳаммасини запчаст олишга сарфладим, – деди Шокир.
– Ҳа, жинни, каллаварам! – бақирди ота шўрлик. – Умримда бир марта бой бўлувдим, совурдинг! Ҳа, аблаҳ савдогар! Чув туширдинг мени! Чув туширдинг!
Шокир аввалига ҳунар-техника билим юртида ўқиб, кейинчалик ўртоғи қрим-татар йигити Фиратнинг устахонасида ишлаб, машиналарни таъмирлашни яхшигина ўрганган. У тузган режа ҳам ёмон бўлиб чиқмади. Қиши билан тинимсиз меҳнат қилди. Орадан уч ой ўтгач, шўрқишлоқликлар ҳайратда қолишди. Олтита енгил машинани таъмирлагач, уддабурон Шокир, уларни вилоят марказидаги катта бозорга олиб чиқди. Бир “Жигули”ни ўзида қолдириб, бештасини сотди. Ўрнига битта “КамАЗ” сотиб олди. Алғов-далғов даврда келган шу омади туфайли иши юришиб кетди. Укаси Султонни ёнига олиб, машинасида юк ташиб, мевафуруш савдогарларга хизмат қила бошлади. Олдин қозоқлар ерини кезди. Кейин сибирликларга витамин ташиб бойиб борди. Атрофига бирин-кетин савдогарлар, боғбонлар ва деҳқонлар тўпланишди. Эшонзодалар тўғрисида тарқалган бошқа миш-мишлар эса тагсиз гап-сўзлар эди.
 
* * *
 
Савдогарликни орзу қилган ошна-оғайнилар, танишу нотаниш кишилар Шокир ортидан соядек эргашиб юришарди. Содиқ акаш, Алишер ва Ҳомиднинг ҳангомаларини айтаверсангиз тугамайди. ҳангома адоғига етмайди. Улар илк танишув чоғида Шокир ва Султонни шаҳар истироҳат боғига таклиф қилишди. Дид билан тузатилган дастурхон атрофида бешта тадбиркор давра қуриб ўтиришди.
– Ака, – деди Султон, – нега булар бизни сийлашяпти?
– Биз билан бирга ишлашмоқчи, укаш, – деди у.
– Ўзимиз яхши ишлаяпмиз-ку? Нима қиламиз ортиқча ташвиш орттириб?
– Булар қўшилса нима бўпти? Карвон кўп, ризқи бошқа.
– Ўзингиз биласиз, – деди Султон.
Бир қадаҳдан ароқ ичиб, овқатланиб бўлишгандан сўнг, савдо услуби ва йўллари ҳақида сўз кетди. Ҳомид, Содиқ ва Алишер Россия бозорига мол юбориб кўришмаган, дастмоялари озлиги учун ҳар нарсадан ҳадиксираб иш юритардилар.
– Эҳ, Шокиржон, пичоқ бориб суякка етди, – деди Содиқ акаш. – Бизам катта-катта пул топмасак бўлмас экан. Мурувватингизни дариғ тутмай бизни етакланг, иним.
– Ризқимга шерик қўшилди деётгандирсиз? – кулди Ҳомид.
– Бировни ризқини биров еёлмайди, – деди Шокир.
– Раҳмат, – деди барваста Алишер қуллуқ қилиб. – Яхши одам экансиз.
Содиқнинг ёши қирқ бешларда. У тепакал, қориндор, ингичка овозли, ҳасраткаш киши. Хурсанд ўтирганда ҳам хўрсинаверади. Жаҳли эса бурнининг учида туради. Биров билан муомала қилса, етти букилиб, мулозаматни меъёридан ошириб юборади. Ёнида турган киши ҳам бу ҳолатдан хижолатга ботади.
– Болалар катта бўлиб қолишди, – деди у кайфи ошгач, тили равонлашиб. – Замон мана бундай бозор иқтисодиётига ўтиб кетди. Ўзинг учун ўл етим, деган замонга келиб қолдик. Кўпроқ ишлаб, камроқ емаган ниятига етолмайди. Биз кўзимиз кўр, йўл кўрмаган кишилармиз, ука. Мусофирчиликда бизларни қўллаб турасиз-да.
– Майли, – деди Шокир. – Исмоилжон, Набижон деган ҳайдовчи ошналаримиз бор, шуларни кўмакка чақирамиз. Сизларга юк тўплаб берамиз. Ҳаракат қилаверинглар. Бозорга борганда ўзим сотишиб қўяман. Сизни ёшингиз улуғ экан, ака. Элликдан ошганга ўхшайсиз.
– Соч эртароқ тўкилган, холос, – кулди Содиқ. – Сиздан бор йўғи ўн ёш каттаман. Хижолат қилмай, бемалол оғир ишларниям буюраверинг.
Алишер Султондан беш-олти ёшлар чамаси катта, қора тўриқ йигит. Ўртоқлари кулишиб, уни Алекс деб чақирадилар. Ҳомид эса уятчан, жуссаси кичик, қўйкўз, мўйлов қўйган, сипо кийинадиган ёши ўттиздан ўтган йигит. У кўпроқ Султоннинг кўнглини олиш билан банд бўлди.
– Қисқаси, – деди у, – Шокир акамизни бизга худо етказди. Эҳ, Султонбек, сизни бахтингиз бор экан. Худо сизга шундай жаҳонгашта акани ато этибди. Бизларга ака насиб қилмаган. Бошимизни у тошдан бу тошга уриб яшаб келяпмиз-да, ошна.
Мактабни зўрға тамомлаган қишлоқи Султон пачава, мақтовлардан мойдек эриб, акасига ғурурланиб қараб қўйди.

* * *

Шокир навбатдаги сафарда янги ҳамкорларни қўшиб олиб, яна битта қўшимча машинага юк ортиб Россияга жўнади. Тюменга мева олиб борувчи шоввозлар ўша кезларда салмоқлигина пул ишлаб топишарди. Шокирга эргашиб, шаҳарлик ҳамкорлар қаердан ва қандай усулда мева-чевани арзон олиш йўлларини ўргандилар. Янги таниш-билишлар орттирдилар. Улар ҳалол, одобли ва меҳнаткаш йигитлар бўлиб, бирорталари ножўя ҳаракат қилмас, ҳатто рус ерларида ҳам ўзбекча тавозени тарк этмас эдилар. Биринчи галги сафар давомида, Шокир янги ҳамкорларни қўй сурувини ҳайдагандек олдига солиб ҳайдаб юрди. Султон юк тўплаш мақсадида қишлоқда қолганди. Шокир уни ташлаб кетганига пушаймон бўлди. Бозорга етиб бориб, машиналарни тўхтатиб, юкларни туширишини тайинлаб, ўзи меҳмонхонага кетди. Меҳмонхонада жой ва тушлик ҳозирлатиб бозорга қайтиб келди. Юклар ҳамон туширилмаган, янги ҳамкорлар эса миллати номаълум маст кимса билан қизишиб тортишмоқда эдилар.
– Нима қиляпсизлар? – деди аччиқланиб Шокир. – Харидорлар келиб кетишяпти-ку! Бу алфозда кечиксак яхши бўлмайди. Ҳўл мева бу!
– Мана бу одам ҳеч нарсани тушунмасдан “йўқ” деб туриб олди! – куйиниб жавради Содиқ акаш. – Юкларни пажалиста туширайлик десам, “нет!” дейди! Худони зорисини қилдим. Мана, Алишержонам ётиғи билан тушунтирдилар. Ҳомид орага тушди! Тўғрими, Ҳомид?
– Жуда қайсар бола экан-да бу, Шокир ака, – тасдиқлади Ҳомид.
Энсаси қотган Шокир бозорда бемақсад кезиб юрувчи пиёнистани кетига бир тепиб ҳайдаб юборди.
– Пошёл отсюда!
Кайф пиёниста ҳиринглаб кулиб нари кетди. Ҳамкорлар анграйиб қолишди.
– Нима бўлди? – сўради Ҳомид. – Туширишга рухсат бердими?
– Бу нега рухсат беради, ука, – аччиқланди Шокир. – Калланглар жойидами ўзи? Бу бола бозорда ишламайди. Тавба, жинниям одамдан бўларкан-да. Қутиларни туширинглар!
 
* * *
 
Кейинги сафарларда юз берган воқеалар бундан ҳам қизиқ. Қозоғистон йўлларида бораётган Содиқ бошчилигидаги “КамАЗ” машинаси, Шокирникидан олдинга ўтиб йўл босди. Шокир чарчаб қолиб, мизғиб олиш мақсадида орқа ўриндиқда ётди.
– Кечроқ уйғот, Султон, қўлим зирқираяпти, – деди у.
– Майли, бемалол ухлайверинг, ака, – рулга ўтирди Султон.
Олдинда бораётган машинани милиция олатаёғини кўтарган фуқоро кийимидаги йигит тўхтатди. Унинг қўлида уяли телефон бор эди. У Содиқни машинадан тушириб, қўлини кўтартириб қўйди. Хўжақишлоқлик ҳайдовчилар – Набижон ва Исмоил Содиқдан ҳам содда эдилар. Улар ҳам Содиқ акашга тақлидан қўлларини кўтариб машинадан тушдилар. Йўлтўсар йигит машина кабинасини тинтув қилиб, уч минг доллар солинган чарм кармонни топди.
– Буни мусодара қиламиз, – деди у рус тилида.
– Нимага? – норозилик билдирди Содиқ. – Бу пул ўртадаги пул. Болалар хафа бўлишади.
– Чево? – таҳдидли боқди йўлтўсар.
Содиқ қўлини тушириб:
– Бу пулга биз ДСП тахта олмоқчимиз, – дея изоҳ берди.
– Руки вверх! – буюрди йигит.
Улар қўлларини кўтаришди. Йигит йўл четида турган “Жигули” машинасига ўтириб жўнаб кетди. Беш минутлардан сўнг Султон, бошқараётган иккинчи машина воқеа содир бўлган жойга етиб келди.
– Ҳа? Нима гап? – сўради Алишер машинадан тушиб.
– Нега бундай турибсизлар? – ажабланди Султон.
– Ҳалиги, текширадиган киши уч минг долларни олиб кетди! – деди Содиқ мултираб.
– Ким? Нега?! – аччиқланди Султон.
Шокир уйғонибоқ вазиятни тушуниб етди. Ўзи рулга ўтириб газни босди. Бир соатлар чамаси қувишиб, йўлтўсар ортидан етишди. “Жигули”ини тўхтатиб, йигитни дўппослаб, ундан пулларни қайтариб олди.
– Тезроқ кетақолайлик бу ердан! – деди қўрқувдан дағ-дағ титраб Содиқ.
– Нега кетарканмиз?! – пулни эринмай санади Шокир. – Бу аблаҳдан ҳали солярка ҳақиниям ундириб оламиз.
 Содиқ акашнинг Шокирга нисбатан ихлоси яна ҳам ошиб кетди. Ҳамкорлар ҳисобли дўст айрилмас қабилида иш тутиб, баъзан тушликка сарфланган чиқим устида ҳам талашиб-тортишардилар. Шокир бундай дўстликка ажабланиб кулиб қўярди. Султоннинг эса ғаши келиб, бу тирик-товонлардан тезроқ қутилишни истарди. Шокир кўпчиликнинг оши ширин, иши баракали бўлишини яхши биларди. Шу боис уларнинг камчиликлари ва хатоларини тез-да кечириб юборарди. Аммо замон чархпалаги чаппа айланди. Шокир етакчилигидаги савдо ишлари катта зарар билан якун топди. Мана, вақту соати битиб, ғалвирни сувдан кўтарадиган пайт келди.
 
* * *
 
Шўрқишлоқликлардан панд еган жабрланувчи Содиқ акаш, арзу дод билан суд маҳкамасига кириб борди. Юрист уни илиқ муомала билан кутиб олди. Содиқ акаш унга бор ҳасратини тўкиб-солди.
– Пичоқ бориб суякка етди, иним, – деди у ўксиниб.
– Ҳа, – деди юрист, – пичоқ... пичоқ...
– Бу озмунча пулмас аммо.
– Ҳа, анчагина, – мудради юрист маъқуллаб.
– Шуни нима қилиш керак?
– Нима қилсангиз экан-а?
– Ким? – ажабланди акаш кифтини қисиб.
– Сиз-да, – деди у.
– Ҳа-да, шуни айтаман-да, нима қилишни билолмай қолдим! Замон адо бўлган экан, иним. Пичоқ бориб суякка...
– Совуқ қурол бу... Буни қўйиб туринг, – деди юрист чимирилиб. – Хўп, сиз у одамга пул берибсиз. Уни ҳозир қарз тўлашга пули борми?
– Йўқ-да, – аччиғланди акаш, терлаб кетган ялтироқ бошини рўмолча билан артиб.
 – Хўш, сиз кредитор банкмисиз? Бераётган суммангиздан наф олаётган бўлсангиз, нега давлатга фоизини тўламаяпсиз?
– Ким? Менми?
– Сиз-да.
– Ахир мен унга ҳаққимни олдириб қўйганман-ку? Нега бировга олдириб қўйган пулим учун давлатга фоиз тўлашим керак?
– Демак, сиз унга нақд пулни фоизга бермагансиз.
– Йўқ, бирга ишлагандик, унда каттагина ҳақим қолиб кетяпти, – тушунтирди у.
– Биз сизларга ўз ҳуқуқингизни таниб олинг деб шаҳарма-шаҳар, қишлоқма-қишлоқ югуравериб, туфлимиз йиртилиб кетди, – хафа бўлди юрист. – Нега унга ҳаққингизни берасиз? Ўртада шу савдони тасдиқловчи шартнома ҳужжатлари борми?
– Йўқ, – деди акаш.
– Демак, Шокир икковингиз ўз даромадингизни солиқ идораларидан, божхона мутасаддиларидан яширгансизлар. Икки кишимидинглар?
– Йўқ, тўрт кишимиз, – оғзидан гуллади Содиқ акаш.
– Демак, уюшган жиноятчилар гуруҳига аъзо экансиз, – аниқлик киритди юрист.
– Йўқ! Нега аъзо бўларканман?!
– Орангизда шунча кўп маблағ айланаркан, фойдангиз фалон пул экан, – аччиғланди юрист. – Нега бу тўғрида биз бехабармиз? Агар сиз давлат билан ҳамкорликда иш олиб борганингизда, ҳаром ҳаққингиз ҳаром қўлларга ўтиб кетмаган бўларди. Тўртовингизни батафсил ўрганиб, жиноий жавобгарликка тортиш керак! Олган фойдангиз мамлакат ҳудудида етиштирилаётган маҳсулот эвазига келган. Ҳамкорларингиз ким?!
 Пичоқ Содиқ акашнинг суягига бориб етди. У юристга ялиниб-ёлбориб, бир амаллаб маҳкамадан эсон-омон чиқиб олгач, парвардигорга шукрона келтирди. Бир ой давомида Зоҳидани қизғонган Салимдек, Шокирда қолиб кетган пуллари ҳақида ўйлайвериб, уйқусизлик дардига чалинди. Бир баҳонада ишдан ҳайдалган синфдоши, собиқ ҳуқуқшунос Асадилла разборчи ҳузурига борди.
– Пичоқ бориб суякка етди, синфдош, – деди у.
– Мениям, – деди юзи чўтир Асадилла. – Шўрқишлоққа қачон жўнаймиз?
– Эртагаёқ!
– Очиғини айт, Содиқ, пулни қанчасини менга берасан?
Бу чўтир можаропараст ҳуқуқшунос, маълум ва машҳур милиция полковниги, марҳум Ҳаким Эрназаров кенжаси эди. Қамчисидан қон томган Эрназаровнинг ўғли хунуклик бобида отасидан ҳам ошиб тушарди.
 
* * *
 
 Асадилла разборчи қўмондонлиги остида, ҳақдор ҳамкорлар қиличларини яланғочлаб, қарздор Шокир яшовчи Жанжалмаҳаллага бостириб келдилар. Асадилланинг шоколад рангли “Нексия” машинаси ҳасрат ва ҳароратдан чангги осмонга чиққан Адиркўчага бурилди. Машинада ўтирган Содиқ, Алишер ва Ҳомид ҳаяжон ва иссиқдан терга ботдилар.
– Бойвачча кўчасининг аҳволига қаранглар, – деди Асадилла ойнани беркитиб.
– Биринчи кўришганимиздаёқ мен буни сезгандим, – деди Содиқ. – Кўрмаганни кўргани қурсин экан, синфдош. Одам ёруғ дунёга келгандан сўнг қонун-қоидага риоя қилиб яшаши керак. Ўзидан кетмаслиги лозим. Тўғрими?
– Тўғри-тўғри, – ҳамма бир овоздан маъқуллади.
Содиқ сўзида давом этди.
– Бу бола ўша Маҳлиёсини деб ҳамма топган-тутганини бой берди. Айшу ишратга берилиб кетди. Савдогарларнинг пири ким? Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдирлар. Савдо ҳаром-ҳариш ишни ёқтирмайди.
– Албатта, – унга жўр бўлишди ҳамроҳлар.
 Содиқ акаш ногоҳ ўз гуноҳларини ҳам эслаб қолди шекилли:
– Ўзинг кечир, билиб-билмай қилган гуноҳларимизни, – деб ғулдираб, уни ўчиб қолди.
– Шунчалик бой бўлибсан, – дея улоқни илиб кетди Алишер афсусланиб, – шу тупроқ кўчани асфальт қилиб қўймайсанми? Битта дўкон қурдириб, лоақал сув сотсанг, бола-чақангни оғзи қимирлаб туради. Эл-юрт бундан наф олади. Хотин олишига мениям қаршилигим йўқ. Майли, қандини урсин! Аммо энди бола-чақаси аҳволи қандай кечади? Уйи сотилиб кетса-чи?
– Шокир акамга қийин бўлди–да, – ачинди кўнгилчан Ҳомид.
 Асадилла машинани ҳайдаб Шарофнинг эшиги олдидан ўтаётганда, Олапар ҳужумга чиқиб, ўзини берк ойнага урди ва қаттиқ ҳуриб юборди. Асадилла чўчиб машинани четга олиб қочди. Машина йўлдан чалғиб, ўнг томони билан чуқур ариққа тушиб қолди.
– Оббо! – уф тортди Асадилла. – Расво бўлди-ку...
– Ойна ёпиқ эди. Нега қочасиз, барака топгур, – тергади Содиқ. – Ким айтади сизни разборчи деб! Ҳайф сизга, э-э-э, синфдош!
– Тур йўқол! – эшикни очиб Олапарни сўкди Асадилла. – Эгангга ўхшамай ўлгур...
Оғиз югуруги ошга, тил югуруги бошга дейди шўрқишлоқликлар. Самад полвон ва Ҳалима бегимнинг арзанда қизи Заҳро дўмбоқ дарвозадан чиқиб, бу ғалати меҳмонларни ажабланиб томоша қила бошлади. Ўз шаънига айтилган ҳақорат сўзларни эшитиб, асилзоданинг қони қайнади. Қўлини белига тираб, оёқларини кериб гезарди. Гавдаси катта, кўйлаклари кенг, билаклари йўғон, кўзлари кичкина, юзи катта, қоши қалин, сочи ҳурпайган, оёғида эрининг катта калиши, иштонининг бир почаси узун, бири букланиб қолган, ёши элликдан ошган бу уришқоқ хотинга худо берди. Қишлоқни бошига кўтариб шанғиллаб, азиз меҳмонларни ҳақоратлай бошлади.
– Чево-чево?! Ҳу ота-бувангни оғзига варанка қўйиб!..
– Кимни?! – ғазабга минди разборчи Эрназаров. – Меними?!
– Э, биттангга овора бўлиб ўтирайми! Ҳаммангни! – бақирди Заҳро. – Ҳа, сениям оғзингга варанка қўйиб!..
 Шаҳарлик нозиктаъб меҳмонлар Шўрқишлоқ заифасининг оғзидан отилиб чиқаётган ҳақоратларни эшитиб, вужудлари музлаб, қон босимлари пасайиб, машина ўриндиқларига қапишиб қолишди. Бир замонлар суд залидаги одамларни оғзига қаратиб, ҳеч кимга гап бермаган, бадбашара ҳуқуқшунос Асадилла Ҳакимович ҳоли айниқса танг бўлди.
– Вой, парвардигор, бу қишлоқ қандай қишлоқ?..– минғирлади у.
– Бу ер Шўрқишлоқни Жанжалмаҳалласи! Билдингми?! – тобора авжга чиқди Заҳро. – Ҳе, эпласанг минмайсанми савилингни! Нега бизни ўртага қўшасан?! Ҳу, кўзингни олиб қочмай ўлгур! Ҳу, қирилиб кетгур! Агар ҳозир эримни чақирсам, ҳамманг налева-направа учиб кетасан! Бизни кимлигимизни сен билиб қўйибсанми?!
– Вой кечиринг, опа-а! Билмай қолдик! Ғафлатда қолдик! – мазахлаганнамо энгашиб таъзим қилди Асадилла ва ўз оғзига урди. – Яна гапирасанми, думба чайнагур!
– Ҳа илоё жаққинанг ғишт парчани чайнасин! – Заҳронинг барибир хумори босилмади чоғи, бурилиб итига буюрди. – Ол, Олапар, ер ютгурларни! Ол!! Бос!!
Олапар бекаси ҳар бақирганда ундан баландроқ ҳурар, хезланиб олдинга чопар, ҳовлига кириб кетар, яна шошилинч қайтиб чиқарди. У мана шу ҳунари билан Шарофга жуда ўхшайди. Шароф ўз хотини билан уришганда, ғазабланиб Заҳронинг устига бостириб боради, кейин зарда қилиб, ухлаш хонасига кириб, диванга ётиб олади. Аммо ўзини босолмай хонадан қайтиб чиқиб, худди ўлдириб қўядигандек унга ташланади. Лекин енгил туртиб, яна ортга қайтади.
 Олапар шундай алфозда ўзини зўрға босиб турганди. Буйруқ далда бўлиб, ириллаганча Асадиллага ташланди. Асадилла эшикни ёпиб олди-да, сигнални “ба-ба”лата кетди. Кучли овоздан чўчиб кетган Олапар, бирдан думини кетига тиқиб, “винг-винг”лаб ҳовлига қочиб кирди ва бошқа кўринмади. Бўрибосардан бундай номардликни кутмаган аёл, оёқларини керганча қуруққа гердайиб қолаверди. У обрўси тўкилмасдан бурун жанжалга чек қўйди. Меҳмонлар енгил нафас олишди.
– Кетайлик, акалар, – деди Ҳомид безовта бўлиб. – Бу ишимиз худога хуш келмади шекилли.
– Олдин чуқурдан чиқиб олайлик, – деди Асадилла. – Қуруққа келганга ўхшайман.
Асадилла кўпдан бери шаҳарликлар орасидаги “олди-берди”ларга қозилик қилади. Юрист ёзиб қўйилган қонундан четга чиқолмайди. У икки томоннинг арзига қулоқ осишга мажбур. Асадилла эса ҳеч қаерда қайд этилмаган ибтидоий қонунга амал қилади. Қарздорнинг ўлган-қотганига ҳам қарамай, ҳақдорнинг ёнини олиб, ҳаққини ундириб бериб, ўзи ҳам мўмайгина даромадга эга бўлади.
Асфальт кўчада тўхтаган машинадан тўрт киши тушиб, шу томонга бурилди. Асадилла уларни ёрдамга чақирди. Саккиз киши бирлашиб машинани чуқурдан чиқардилар.
 
* * *
 
 Даъвогарлар Шокирнинг уйига кириб бордилар. Остонада Карима хола билан гаплашдилар. Обида сал нарида тик туриб, ҳамма гапни диққат билан тинглади. Ҳомид уни кўриб юраги ортга тортди. Обида бамисоли ўзидан нур сочиб турар, суҳбатнинг оқимига мос равишда қошлари чимирилар, узун киприклари бир-бир пирпираб қўярди.
– Болаларим, – деди Карима хола. – Биз сизларнинг ҳаққингизни еб кетмаймиз. Бизга ишонинглар. Озгина муҳлат беринглар. Худо хайр берсин.
– Э, хола, – деди Содиқ акаш. – Пичоқ бориб суякка етди...
– Илоҳим ҳеч қачон суягингизга пичоқ қадалмасин, азиз меҳмон, – деди Обида қўнғироқ овозда. – Аллоҳнинг борлигига ишонсангиз, бизга ишонинг. Мен ўзим шу ишни ҳал қилиш ниятидаман. Бу оила меҳнаткаш оила. Ўша ҳақингизни сизга ҳалол пуллар билан қайтариб берамиз. Шу муштипар онамиз ҳурматларига, бир оз сабр қилсангиз, аллоҳим сизни қўлласин. Бирингиз минг, мингингиз туман бўлсин.
 Даъвогарлар Обиданинг қадди-бастига маҳлиё бўлиб тикилиб қолдилар. Кўр аёл ўзига қадалган номаҳрам кўзларини иймон нури ила сезиб, қирмизи лабларини оқ рўмоли учи билан аста тўсди. Бу ҳаракатдан кўзи очиқ ғофилларнинг юраклари тебранди. Ҳаммалари кўзларини ерга тикиб, ортга тисарилишди. Ҳамроҳлар она-бола билан хайрлашиб машинага ўтирдилар. Сукутга толган алфозда шаҳарга томон жўнадилар.
– Юрагим титраб кетди-я, – деди Асадилла. – Бояги ҳомиладор аёлнинг кўзлари кўр экан. Бу Шокирни қариндошими?
– Ҳа, – деди Ҳомид. – Бу киши Шокир акамнинг кўр синглиси Обида опа бўладилар.
– Юзлари нурли экан, а? – Обидани сизлаб ёдга олиб, Ҳомидга қайрилиб қараб қўйди у. – Худога шукур. Кўргизган кунига шукур.
 
 
Ўн биринчи боб

Виждон
 
Карима хола Маҳлиёдан нажот сўраб шаҳарга борди. Илгари у бир бор келиб, ўғлининг ҳашаматли уйини кўриб кетганди. У хушламайгина Маҳлиё ортидан шинам хонага кирди. Маҳлиё уни яхшигина кутиб олди. Енгилтак официант хотин ошхонада ўтирганди. Чой дамлаётган Маҳлиёни туртиб ҳиринглади.
– Қайнонасига бир салом! – Маҳлиёнинг бошини зўрлаб эгиб кулди официант.
– Бўлди қил, ғар, – уни суриб ташлади Маҳлиё ва изига қайтди.
 Хола зал ҳашамини кўриб, оғзи очилиб ўтирарди.
– Қизим, овора бўлманг, – деди у фикрини жамлаб. – Бошимизга ташвиш тушиб олдингизга келдим.
– Нимаям қила олардик, – деди Маҳлиё. – Шокир акамни хатоси туфайли шу ишлар юз берди-да.
– Душанба куни ҳақдорлар уйимизга келишади. Сиз боришингиз лозим, қизим. Агар ёмонлашмай келишиб олсак яхши бўларди. Борасизми?
– Йўқ...
– Нега? Бизга ёрдам бермайсизми, қизим?
– Мени бу ишларга алоқам йўқ.
– Ундай бўлса нега боргингиз келмаяпти?
– Билмасам...
– Агар сизни Шокирдан қарзингиз бўлмаса ёқангизга ёпишиб олмаймиз.
– Бу ердаги ҳамма мулк ва уй тўла-тўкис меники. Ўғлингиздан қарзим йўқ.
– Ахир бу уйни ўғлим сизни топишдан аввал сотиб олганди-ку?
– Мени ҳақим у кишига ўтиб, у кишини уйи менга ўтган.
– Сизни ҳақингизга Шокир муҳтожмасди-ку?
– Савдони тушунмайсиз, ойижон.
 Карима холанинг бу тупроғи вазмин хонадонда узоқ ўтиргиси келмади. У душанба куни учрашишга шартлашиб, хайрлашиб чиқиб кетди. Айёр ва ғаламис дугонаси яна Маҳлиёни мазахлаб, зўрлаб бошини эга бошлади.
– Қайнонасига бир салом! Қайнотасига бир салом! Лўх эрига бир салом!
– Бўлди қил дедим, жинни! – ўшқирди Маҳлиё. – Хўш, ўзинг айт. Мени ҳужжатларим жойида. Шокир мени уролмайди, милиса чақиришимдан чўчийди. Агар борсам уларни қўлидан нимаям келарди?
– Қайнонасига бир салом! Қайнотасига бир салом! – унга осилиб ирғишлади енгилтак.
– Кончай, дура!
 Маҳлиё исқирт бузуқлар билан ишрат қилавериб виждонидан айрилган, гуноҳ ва савобни унутганди, ҳозир у қай йўл билан бўлса-да, Шокирнинг мулкига бутунлай эга бўлиб олиш ҳақида ўйлар, шу сабабли ҳозир кўнглига бачкана ўйин-кулги сиғмасди.
 
* * *
 
 Шаҳарлик ҳақдор даъвогарлар бостириб келишган пайтда Раҳмон амакининг юраги музлади. – “Наҳотки Зуннур эшон ариқ чопиб, адир ёқасига сув чиқариб бино этган бу табаррук пойи остона кимларгадир сотилиб кетса? Кимлар келиб бу даргоҳга юкинмаган дейсиз... Ўзбеклар, қирғизлару тожиклар, қозоқлару уйғурлар, уруш пайтида ҳайдаб келинган қиримлик татарлар ҳам шу даргоҳда қуръон тиловати ва расулуллоҳ ҳадисларини тинглаганлар. Қанча-қанча дарвешлар Зуннур эшоннинг жамолини кўриш мақсадида адирлик устида давра қуриб, гулхан ёқиб ўтиришарди. Тонг отгунча зикр тушиб, “иллаллоҳ” деб ҳайқирган қаландарлар, эшоннинг тарбияту кароматлари туфайли нақшбандияга кириб, меҳнат қилиш, оила қуришга жазм этишган, ўзларидан кўпайиб кетишганди. Эшондада эшон эса тошбағр ва бадфеъл шўрқишлоқликларни одобу аҳлоққа чақириб, уларни баҳоли қудрат тўғри йўлга солган. Қимор, бузуқчилик ва бешарм сўзлардан қайтарган. У ўлгач, ўрнига иймони бутун, илми-қол ва илми-ҳолдан бохабар зукко дуогўй Шўрқишлоқда бошқа туғилмади. Замона зайли билан уларнинг дуолари ер юзини тарк этиб, қадамжолари ҳам сотиладиган бўлди. Мана оталар йўлига хиёнатнинг оқибати! Мана кийган шапканг, ичган виноларинг, ҳақорату жаҳолатларинг қайтими...”
 Раҳмон амаки Шокирнинг савдогар дўстлари ҳақида ўйлаб ажабланди. – “Булар қандай дўст ўзи? Шунча йил бирга ишладинг, бирга мусофир юртларни кездинг, парча нонни бўлишиб единг, дарду офатлардан омон ўтиб, ризқу насиба билан юртингга қайтдинг. Оқибатинг қани? Наҳотки одамзот ҳидланган гўштдек шу қадар тез айниб бормоқда? Бу кетишда охири инсон зоти беоқибат маҳлуққа айланиб қолади-ку!”
 Раҳмон амаки меҳру оқибат ҳақида ўйлагани сайин баттар эзиларди. Хўрликдан кўнгли чок-чокидан сўкилди. Супада давра қурган меҳмонларга ер остидан қараб-қараб қўяр, жанжал кўтарилиб кетишидан қўрқиб, сукут сақларди. Шунчалар ғазабкор чолнинг бу қадар мунғайиб қолишини Шокир ҳам кутмаганди. Содиқ, Алишер, Ҳомид, Асадилла, Олимжон куёв ва мулла Ҳакимларнинг суҳбатини тинглаб, ошхонадаги даҳлизда Обида, Ойхон, Шокирнинг учта қизи миқ этмай ўтирардилар. Олим қора кўзойнагини чўнтагига солди. Ҳақдорлар бу ожиз йигитнинг сўқир кўзларига бир-бир назар ташлаб олишди.
 – Ўғилларим, – деди кўзига ёш қуйилиб Раҳмон амаки. – Агар сизлар пулни тўла деб туриб олсаларинг биз шу ҳовлини сотамиз. Бундан ўзга илож йўқ. Бу ҳовли менга эшон бувамлардан мерос қолган. Энди ҳолимиз нима кечади? Қуда-анда, элу юрт олдида нима деган одам бўлдик...
– Йиғламанг! – асабийлашди Шокир. – Нега йиғлайсиз?!
– Сен бола мени адои тамом қилдинг! – ҳўнграб юборди чол.
– Ҳой?! – деди Шокир даъвогарларга юзланиб. – Сенларни ўлар-қолар жойинг йўқ-ку?! Нега уйимга бостириб келасанлар? Оласанлар-да ўша пулларингни!
– Э, Шокир! – бўғилди Содиқ акаш. – Пичоқ бориб суякка етди. Бизларни бола-чақамиз бор. Болалар катта бўлиб қолишди. Сарфи ўсяпти. Сен индамай шунча пулимизни еб кетаверсанг виждонингга тўғри келадими?
– Ким сенларни пулингни еб кетаман деяпти? Сургутда пулим бор. Икки минг доллар пулим бокулик болаларда турибди. Россия рублидан Володькада юз мингдан ошиқроқ пулим бор. Қўлимга келсин... Ошиғи билан тўлайман!
– Икки юз минг сўмни менга бермоқчи эдингиз, Шокир ака, – деди Алишер.
– Бу пулдан умид қилманг, – чўрт кесди Шокир.
– Ия! Яқинда бўлади дегандингиз-ку, ака?! – ғазабланди Алишер.
– Уни Султон Баҳромдан олиб, тошкентлик Шурик делавойга бериб юборибди. У авраб Америкага жўнатаман деса ишонибди. Илтимос, оғайнилар, озгина сабр қилиб туринглар, – деб сигарет тутатди Шокир.
– Шокир! – эшондан қолган табаррук супани уч бор муштлади Содиқ. – Биз ҳалол ҳақимизни сўраяпмиз сендан! Тўлаб қўй!
– Кўп ўзингдан кетма, ака! – шўрқишлоқча жаҳлга минди Шокир. – Сен ҳозир бировни уйида ўтирибсан.
– Агар Раҳмон акамнинг бузруклиги бўлмаса сени ҳозир урган бўлардим! Ҳа-ҳа! Кулма! Уриб юбораман! – қалтираб терлаган бошини рўмолча билан артди Содиқ. – Буни қаранглар!
 Қарздор бечора юзини четга буриб жилмайиб қўйди. Шокирнинг бир қўлига пай келолмайдиган Содиқ акаш пул аччиғи боис жангга чиқишга ҳам шай бўлди. Бу талвасани чинакамига қабул қилган амаки:
– Раҳмат сизга, ўғлим, – деб минғирлади. – Раҳмат.
– Менга қаранг, Содиқ акаш, – деди кулгиси қистаб Шокир. – Эсингиздами, янги иш бошлаган чоғимизда битта “Москвич” мошинангиз бор эди. Шунча йилдан бери мен билан бирга ишлаб ёмон бўлмадингиз. Сенам, Алишер. Ҳозиргача менга эргашиб пул топдинг. Бола-чақа боқдинг. Бой бўлдинг. Арзимаган икки юз минг сўмга мени олмадинг. Мен ахир катта қарз уздим. Уйимдаги телевизорниям сотдим. Миниб юрган машиналаримдан айрилдим. Сенлар мени бутунлай адо бўлганга чиқариб қўйдингми? Бир кунмас-бир кун давлатимни қайтариб оларман. Кўз-кўзга тушар.
– Тўғри, – деди Алишер. – Биз сиздан кўп манфаат кўрганмиз. Лекин ҳисобли дўст айрилмас. Биз ўз болаларимиз ризқини сизга бериб кетмаймиз. Пулни ўрнига тиклаб қўйинг, Шокир ака! Маҳлиё ўтирган дом сизни номингиздами?
– Йўқ – деди Шокир.
– Э-э! – тутоқиб кетди Содиқ. – Иш ҳаром бўлган экан. Ундан бир чақаям ололмайсан, Шокир! Нега бундай қилдинг ўзи, а?! Нима, сен Худоёрхонмисан? Нега ўша пайтда ақлингни йиғмадинг? Ҳой, – деб бошқаларга юзланди у. – Умрингизда фоҳишага доллар сочганни кўрганмисизлар? Бу олий зот самолётда Россияга бориб келардилар. Қўлларида дипломат. Бошларида чарм шляпа. Кўзларида қора кўзойнак. Чўнтак тўла пул, қўлларида гул, Тюменьдан тўғри Маҳлиёни олдига келадилар. Маҳлиёни олдидан олифта кийиниб олиб, яна Тюменьга жўнайдилар!
 Шокир бир замонлар кўзига тик қаролмаган, доимо сизлаб мурожаат қилаган Содиқни таниёлмай қолди.
– Бўлди қилинг, акаш! – деди у супанинг четида ўтириб.
– Бу киши ялло қилдилар, – қизишди Содиқ акаш. – Бизни молларимиз эса йўлда чириб кетди. Шокир бойвачча домда Маҳлиёга маҳлиё бўлиб ўтиравердилар. Биз пулдан айрилдик. Пул жигардан бино бўлади.
 Жамоа уни маъқуллаб ўтирарди. Виждонан айтганда Содиққа ҳам қийин. Унинг оиласи катта. Бой кишилар билан қуда-анда бўлиб қолди. Шокирдан эса қарз эмас. Шокир яхшилик қилган бўлса бу ҳам қараб турмаган. Баъзида унча-мунча майда пуллардан кечиб юборарди. Шокирга ўхшаб ялло қилиб яшамасди. Бошқа томондан ёндошилса, масаланинг моҳияти очилганда яна савол туғилади. Майли, Шокир янглишибди. Булар ўзлари авлиёмидилар? Буларда камчилик йўқмиди? Шокирдан балки булар ўзлари қарздор бўлиб чиқишар? Қиёмат куни ҳақ ва ноҳақ тарозига тортилганда нима бўларкин?
 
* * *
 
 Адиркўчага яна бир машина келиб тўхтади. Машинадан Карима хола билан Маҳлиё тушдилар. Олапар Шарофнинг дарвозаси ёнида ётганди. Нотаниш ҳайдовчи ва Маҳлиёни кўриб қони қайнаб ҳурди. Маҳлиё атрофга разм солиб, рўмолчаси билан елпиниб, қия очиқ дарвозадан жирканганнамо кайфиятда ҳовли ичкарисига мўралади ва ботинмайгина илгари юрди. У чангу тупроқдан ўзини эҳтиётлаб, туфлисини ерга авайлаб босар, ялтироқ кўйлагининг этагини қўли билан бир оз юқорига кўтариб олганди. Пешонаси ва қулоқлари устидан сариққа бўялган сочлари шаршарадай тўкилиб турар, лаблари қирмизи ранг, қора қошлари ингичка қилиб терилган, улама киприклари қайрилма, оқ юзидаги заҳилликни яшириш учун икки ёноғига ҳам қизил бўёқ суртганди. У кириши билан ҳовлига ўткир атир ҳиди таралди. Раҳмон амаки унга қарашдан ҳазар қилиб, юзини кафти билан тўсди. Ойхон ва унинг учта қизи даҳлизда ўтиргандилар, қизиқсиниб дарчадан қарадилар.
– Мана, азизлар! – деди Карима хола. – Илоё мол-дунёни хархашалари қурсин. Ҳозир ҳаммаси ҳал бўлади. Маҳлиёхон келдилар.
– Отам раҳматлини сўзлари эсингдами, онаси? – деди Раҳмон амаки. – Оч қорним – тинч қулоғим, дер эдилар.
– Ҳа, нимасини айтасиз, – уф тортиб бир четга чўнқайди хола. – Қариган чоғимизда эл-юртга маймундай томоша бўлдик.
 Кичик туман маликаси номини олган гўзал супада ўтирган кишиларга разм солди. У бу ерда эътиборга арзирли бирор тирик жонни кўрмади. Ҳафсаласи пир бўлиб:
– Кароче, – деди сақичини чайнаб. – Мени нега чақирдинглар?
– Маҳлиё, – унга яқинлашди Шокир. – Булар қарзларини қистаб келишибди.
– Ну и что? – эринибгина сўради у.
– Так что, Махлишка, ёрдам бермасанг бўлмайди, не подведи.
– Қанча? – сўради Маҳлиё қошини чимириб.
– Ҳозирча, тўрт юз эллик минг керак, холос.
– Шунча пулни берганмидингиз менга?
– Эсла, азизим?! – ялиниб мўлтиради Шокир. – Ҳозир аҳволим чатоқ, хотин. Олтинларингни сотиб бўлсаям мени қўллаб юбор.
– Олтинларим сотилмайди, эржон! – чўрт кесди аёл. – Ойимнинг қон босимлари кўтарилиб турибди. Мени уйимдан умид қилманг. Уни эпақага келтиргунча бутун топган-тутганим сарф бўлди.
– Нималар деяпсан, стерва?! – ғазабланди Шокир. – Сен қанча пул сарф қилгансан?!
– Мана мен деган крутой болалар орқамдан югурса, келиб-келиб краҳоборга кўнгил берибман. Умримда бир марта севдим, но хато қилдим.
– Бермайсанми?! – ўз ёғига ўзи қовурилиб бўғилди Шокир.
– Даже не думаю, – гапга якун ясади Маҳлиё.
 Ичкарида ўтирган Обида ташқарига чиқди. Ҳамма бурилиб, кўр жувонга қаради. У узум ишкомининг устунини қидириб топиб суяниб олди.
– Маҳлиёхон, – деди аста. – Худодан қўрқмайсизми? Сиз аввал гўдакларни ризқини еб, отасидан айирдингиз. Энди эса уларни кўчада қолдиряпсиз. Ғафлатдан кўзингизни очинг, виждонингизни ютманг. Беш кунлик дунёни деб, абадий бахтни дўзах оловига алиштирманг. Илтимос, акамни шу балодан қутқаринг. Сизни бир умр дуо қилай.
– Э, бор ўшаққа, кўр! – ғазабланди чайналиб Маҳлиё. – Кундошим гапирмаган гапларни гапириб, нега ортимдан айғоқчилик қилиб юрибсан! Акангдан бир тийин қарзим йўқ!
– Агар худо насиб қилмаса ўзимча кўр бўлармидим, Маҳлиёхон, – деди шўрлик ўкиниб. – Бу қисмат худо битган қисмат экан. Худодан қўрқинг. Ҳар бир зарра гуноҳни охиратда жавоби бор.
– Э, бор-бор! Менга морал ўқима! – жеркиди Маҳлиё.
– Қўй, Обида, – орага тушди Шокир. – Юрагинг сиқилиб қолмасин, синглим.
– Мени юрагим сиқилгандан нарига ўтиб кетди, Шокир ака, – нола қилди Обида аламдан қалтираб. – Ойхонни нимаси ёмон эди? Сизни оқ ювиб, оқ таради. Озингизни оз, кўпингизни кўп демасдан, ҳаммасига сабр қилди. Сизни кўзингиз очиқ эди-ку? Бу хотин тўғрисида бирор кишидан яхши гап эшитмадим. Агар бизларни десангиз, шу аёлни талоғини беринг. Давлатингизни худодан мен сўраб бераман, ака.
– Ҳа, гап пойламай ўлгур, кўрсичқон! – жавради Маҳлиё олайиб.
– Кўрдингизми, ака, – пайваста қошларини чимирди Обида. – Ёмон оғиздан яхши гап чиқмайди.
 Йиғилганлар фаришта билан шайтон ўртасида бораётган суҳбатдан ҳангу манг эдилар. Маҳлиё шу пайт жанжал кўтарилишини жуда-жуда хоҳларди. Ташқарида янги жазмани “Тико”сини тахт қилиб турибди. Агар Шокир уриб юборса, у ер-бу ери кўкарса, жазманни гувоҳ қилади-да, бориб касалхонага ётиб олади. Маҳлиё шу макрни ишга солиш мақсадида яна Обидага ҳужумга ўтди.
– Менга қара, кўр, – деди у таҳқирли оҳангда. – Сен мени нега ёмон кўрасан? Сени худо яхши кўрганда кўр қилиб яратармиди? Яна ҳомиладор бўлиб олибдилар! Ваҳ-ваҳ! Кўнглимнинг кўчаси!
– Олим ака!... – Бу ҳақоратлардан зулмат дунёси ҳам вайрон бўлган аёл эрини чорлади.
– Обида?! – кўнгли нотинч бўлиб, ғазабнок Олим пайпаслаб супадан тушди. – Обида, мен шу ердаман.
– Олим ака, қаердасиз ўзи?...
 Обида гандираклаб қаерга боришини билмай қолди.
– Обидахон, – унга яқинлашди Олим, – мен шу ердаман, азизим.
– Тезроқ бу ердан кетайлик... – деди у ва илк бора оҳиста қарғаниб қўйди. – Яхшиниям, ёмонниям худойимга солдим...
 Маҳлиё ожиза аёлни енгиб чиққанидан мамнун бўлиб қилпиллаб қўйди. У агар кўрлар жамиятидаги бирор ожизга, шу қабилда муомала қилганида, ожизларнинг ҳам ким эканлигини билиб олган бўларди. Аммо Олим ва Обида бошқа олам кишилари эдилар. Арзимаган бир адашган кимсани деб, илоҳий нурларга кўмилган оламга ўт қўйиб бўларканми?
– Ҳой, ҳақдорлар, – деди Олим Обидани етаклаб. – Обидахон иккимиз қарзларни бугуноқ тўлаймиз. Ҳозироқ бу ердан кетинглар. Бу хонадонни тинч қўйинглар! Тинч қўйинглар!
 Кўрлар етаклашиб, ҳовлидан чиқиб кетдилар. Бу вазият ҳаммани эсанкиратди. Маҳлиё бу ерда тўпланган кишиларнинг аксариятини танирди. Буларнинг орасида ўтирган кўримсиз, юзлари чўтир, сочлари сийрак, нотаниш разборчи Асадиллага эса менсимайгина қараб қўйди. Асадилла Маҳлиёга тикилиб ўз нафратини босолмади.
– Вой-бўй... ёмон экансан-ку, – деди бош чайқаб.
– Тур йўқол, урод! Сенга нима? – унга кўзларини олайтирди Маҳлиё.
– Шунгаям гапирасанми, думба чайнагур... – деб ўз оғзига урди Асадилла ва хомушланиб қолди.
 Отаси Ҳаким Эрназаровга тортган чўтир Асадилла, болаликдан ўз юзини ўзи ёмон кўрар, урод, яъни, бадбашара деган сўзни сира ҳазм қилолмасди. Карима хола эса ишнинг бу томонга бурилиб кетганини кўриб юраги эзилди. Олимнинг уй олиш учун йиғиб қўйган пули бор эди. Улар ҳамон ётоқхонада турадилар. Янги уй уларга сув билан ҳаводай зарур. Шу боис онаизор:
– Жон, болам...– деди беҳаё келинига бошини эгиб. – Бу кўрларни уйга тўплаган озгина пули бор, холос. Шуларга ачинмайсизми? Қизим ҳозир оғироёқ, яқинда кўзи ёрийди. Ётоқхонада чақалоқ билан қийналиб қолишади. Раҳмингиз келсин...
– Мениям ойим касаллар, – деди Маҳлиё. – Бизга кимни раҳми келади?
– Илоё онангиз тузалиб қолсинлар... Сизам бахтли бўлинг, ували-жували бўлинг. Онангиз иккингиз асло кам бўлманглар. Озгина ёрдам берсангиз бўлди...
– Кўп вақилламанг, кампир! – жеркиди Маҳлиё. – Бир тийинам бермайман!
– Шунақами! – гезарди Карима хола. – Ундоғ бўлса! Илоё сени туққан ғар онанг асло ўнгланмасин. Дарди бедавога йўлиқсин! Ўлса гўрига кўндаланг тушсин! Сенам бир умр бало-қазога дуч бўлгин! Асло униб-ўсмагин! Аллоҳу акбар!
– Тфу! Тфу! – қарғиш ёпишган кўйлакларини қоқди Маҳлиё. – Илоё ўзинг ўлиб қол! Қарғишинг ёқангга ёпишсин!
 Шокир бир сапчиб Маҳлиёнинг олдига борди.
– Тилингни тий, маҳлуқ! Маҳлуқ! – деб бақирди.
– Ҳа, урасанми?! Ур!Ур! – уни тезлади ғамгин малика. – Уролмайсан, сўтак!
–Уч талоқ қўйдим сени! – бақирди Шокир ўзини босолмай. – Йўқол бу ердан! Йўқол!
– Ну и что уч талоқ?! Падумаешь! – деди аёл. – Видить вас не хочю!
 Маҳлиё дўқиллаб ҳовлидан чиқиб кетди. Карима хола супадагиларга юзланди.
– Қани, болаларим, сизларам кетинглар! Ҳақингизни оласиз. Бундан кейин сизларниям кўрмай ўтайлик.
– Ҳой, хола! – деди Содиқ қизишиб. – Пичоқ бориб суякка етди!
– Ҳу суягинг билан қуриб кет! Ундай бўлса омин! Илоё сенларниям! – дуои баъд қилиш мақсадида фотиҳага қўл очди эшоннинг келини.
– Бўлди қарғаманг, хола, – сапчиб ўрнидан турди Асадилла. – Мана, кетяпмиз!
 Ҳаммаси узун-қисқа бўлиб ғулдирашиб ҳовлига чиқишди. Дарвоза олдида турган “Тико” ва “Нексия” машиналари бирин-кетин жўнаб кетди. Олапар ҳамон ўз постида сергак эди, тамойилга биноан, меҳмонларни асфальт кўчагача вовуллаб кузатиб борди.
 Ойхон билан уч қизи бир қаторга тизилиб олиб йиғлашаётганди. Феъли айниган Шокир уларга дўқ урди.
– Бўлди қилларинг!
– Биздан хафа бўлманг, – ҳиқиллади Ойхон. – Хурсандчиликдан йиғлаяпмиз...
– Нега хурсанд бўласан? – хўрсинди Шокир. – Биз қашшоқ бўлиб қолдик, хотин!
– Маҳлиёдан қутилдик-ку, бунданам қутулиб кетармиз. Қорнимиз тўйиб, кунимиз ўтса бўлди-да, – авжга чиқиб йиғлади у.
– Бундай кино қўйиб, мени юрагимни эзма! – бақирди Шокир. – Ундан кўра мени қарға! Сенларни шунча қийнадим!
– Ўзингизам қийналаб кетдингиз-да, дадаси. Мен сизни нега қарғай... Ахир бош эгамсиз. Қўлингиздан нон еб, туз ичганман.
 Шокир бу сўзларни эшитгандан сўнг кўнгли бузилиб, ўзини тутолмай кўзлари ёшланди. У олдин арзимас бойликни йўқотиб, кейин янги бир бойликни топган кишидай ажиб бир ҳаяжонда қизларини бирма-бир бағрига босди.
– Мени кечиринглар, болаларим, – деди уларнинг қўлчаларини ўпиб. – Мен янглишдим. Қаттиқ янглишдим... Сизларга хамирош ичириб, ўзим кайфу сафо қилдим. Битта ифлос махлуқни қази-қартага боқдим. Олтинга буркадим. Сизларни хонавайрон қилдим. Кўр синглимга ёрдам беришнинг ўрнига, уни уйсиз-жойсиз қилдим! Хато қилдим!
– Раҳмон амаки ўғлининг бошига тушган кўргиликларга чидолмай, кўнгли тўлиқиб йиғлади. Эрта тонгдан бери сукут сақлаб, кўзларини юмиб супада ўтирган мулла Ҳаким оғир хўрсиниб деди:
– Ҳа, ўғлим, Шокиржон, сен исмингга мос иш қилмадинг. Бундан кейин кўзингни очиб яша. Худодан ёруғ юз билан ризқ сўра, болам. Худо мушкулингни осон қилсин... – Мулла Ҳаким жигарбанди Раҳмон амакини қучоқлаб хўрсинди. – Йиғламанг, эшоним. Юрагимни эзманг. Шу болаларга етказганига, шу азобларга дучор этганига рози бўлинг. Ўзингизга аён, мен ғариб бу ёруғ дунёдан тирноққа зор бўлиб ўтдим. Қани эди шундай можаролар меникидаям бўлса... Йўқ... Буни худойи таоло менга насиб қилмади. Ҳаёт дегани шу экан-да, дўст. Кўрсатган кунига шукур денг.
– Шукур, ака, шукур, – хўрсинди Раҳмон амаки кўзёшларини артиб.
 Шаҳарлик ҳамкорлар Олим берган манзилга бориб ўз ҳақларини кўр қоридан ундириб олишди. Бу чора-тадбир қайсидир жиҳатдан тўғри бўлса-да, шўрқишлоқча виждонга хилоф эди. Мулла Ҳаким шу масалада ғазабланиб ўйлади: “Инсоф бўлмаса иймоннинг не ҳожати бор...”
 
* * *
 
 Шўрқишлоқ аҳолиси ғазабланганда, хурсанд бўлганда, ажабланганда, қўрққанда, хижолат бўлганда, қўйингчи ҳар қандай ҳолатда, турли-туман оҳангларда ишлатадигани “ий-я!” деган хитоб жуда ўзига хосдир.
– Ия-а-а!? – деб ҳайратланади Зоҳида. – Кечагина қорлар эриб, баҳор келувди. Бир пасда яна куз келдими? Ий-я-а-а-а!?
– Ий-я-а-а! – аччиқланади Заҳро эри Шарофни туртиб. – Қачонгача иш қилмай уйда ўтираверасиз?!
 Шўрқишлоқча бу хитоб жаҳл чиққанда сал қисқароқ талаффуз қилинади.
– Ияҳ?! – ғазабланади Шароф дўкондор ғижиниб. – Мени тинч қўясанми ё йўқми?!
 Эркаклар кўп ўринда бу унли хитобни эсламасликка уринадилар. Хижолатли аҳволларда фақат “и!”нинг ўзи қисқа шаклда ишлатилади. Жон оғриганда, йиғлаганда, бировни қўрқитиш мақсадида “и” товуши аянчли чўзиқ оҳангда изҳор этилади.
Салим каптарвоз Мурод оқсочни велосипедда келиб уриб юборади.
– И! Кечирасиз! – деб узр сўрайди велосипедидан сакраб тушиб.
 Мурод оқсоч ҳакиллаб, инқиллаб оёғини ишқалайди.
– И-и-и-и! Оёғимни адо қилдинг! И-и-и! – деб Салимга олаяди ва айбдор бўлмиш велосипед ғилдирагига бир тепади.
Жаҳл чиққанда “ияҳ!” хитоби жуда баланд ва қисқа тарзда талаффуз қилинади.
– Ияҳ?! Мен атайлаб қилмадим-ку?! – кечиримини қайтариб олиб ғазабланади Салим.
 Шокирнинг инқирозга учрагани ҳақида турли миш-мишлар юрарди. Мардикор бозорига қатнаётганини эшитиб, ғийбатчилар илҳомланиб кетишди.
– Шокирни ўзиниям қул қилиб сотишганмиш!
– Ийя-а-а!
– У ўла-ўлгунча қора нон еб, лойхандақда ишларкан!
– Ийя-а-а-а!
– Шокирни буйраги билан қора талоғини қирқиб олиб пуллашган дейдилар.
– Вой! Ийя-а-а-а!
Ғанимлар кўчада машиналарини тез ҳайдаб, Шокирнинг юзига лой сачратиб ўтиб кетадилар. Шокир хаёли паришон бўлиб анчагина мунғайиб қолади.
Султон эса адирдаги кафтдек ердан олтин унадигандек, қора терга ботиб ишлагани-ишлаган. У ҳозир ғалати ҳунарларини камайтирган, лекин ҳамон енгил хаёллар суриб, тошкентлик делавойни хотирлар, уни ва ёнидаги мама Розани кутиб, умид сақлаб яшарди. Бундай “нурли” кишилар ёлғон гапиришмайди. Улар албатта сўзларининг устидан чиқадилар. Шуларни ўйлаган Султон кафтдек ерга парвона бўлиб меҳнат қилади. Ҳосилдан ҳам, делавойдан ҳам ном-нишон йўқ.
 Шокир укасини йўқлаб адирдаги шудгорга чиқди. Капада ўтирган Султон акасининг қўлини олиб саломлашди. Иккови капада ўтириб чой ичдилар.
– Нега уйга бормадинг? – сўради Шокир. – Ияҳ, биз сенга нима қилдик?
– Сабзини суғордим, – деди сигарет чекиб Султон. – Делавой Шурикдан хабар йўқми, ака?
– У кўпчиликни алдаб кетибди. Сенга ўхшаб пул бериб чув тушганлар жуда кўп экан. Баъзилардан минг долларгача олган эмиш. Кўп ўзингни четга тортаверма, укаш, – деди Шокир унинг елкасига қоқиб. – Уйга борақол.
– Ияҳ?! – хижолат бўлиб акасига қаради Султон. – Мен шундай қилиб икки юз минг сўмни урдириб юбордимми? Опамдан хабар борми?
– Сенга шуни айтгани келдим, – деди Шокир. – Обидани оғриғи тутиб қолибди. Мардикор бозорига боргандим. Ўша ерда Олимжонни кўриб қолдим.
– Яна боряпсизми, ака? – ачинди Султон. – Борманг ўша ерга...
– Тирикчиликка пул топиб келяпман-да, укаш, – деди Шокир. – Уйда ун тугаб қолибди. Рўзғорга бир оз нафим тегяпти.
 Шокир укасига меҳрли термулиб ўтирди. У уйланолмагани, мана бундай аҳволга тушганига ўзини айбдор сезиб афсусланди. Уни елкасидан қучиб бағрига босди.
– Султон?
– Ҳа, ака?
– Мендан хафамисан?
– Ияҳ! Қизиқмисиз, ака, – жилмайди у.
– Мени кечир, укаш, – деди Шокир ўкиниб.
 
* * *
 
 Мардикор бозорида кетмон ва андавасини кўтариб, сувоқчилар сафида мижоз кутиб ўтирган Шокир, шарақлаган таниш кулгу товушини эшитиб, пиёдалар йўлаги томон назар ташлади. Маҳлиё ва официант хотин мардикорлар яқинидан ўтиб боришаётганди. Улар Шокирни таниб қолиб, қадамларини тезлатишди. Маҳлиё анчагина ўзгарибди. Сочларини оқ-сариқ рангга бўяб, калта қилиб қирқиб олибди. Қўлида уяли телефон, бўйнида қўш-қўш олтин занжир, кийимлари тоза чармдан, ҳатто сумкасининг ўзи ҳам фалон пул.
Шокир ерга кўз тикиб, у билан кечирган кунларини ёдга олди. Маҳлиё юмшоқ диванда у билан ётар, қирмизи олмани тишлаб, ўз палапонига сув берган қушдек, оғзида унга бир бўлак едириб, иккинчи тишламни ўзи чайнаб ютар ва ўз муҳаббатини таърифлаб лоф урарди.
– Мен сизни осмончалик севаман. Сиз-чи? Мен сиздан айрилсам албатта ўламан. Сиз-чи? А, Шокир ака?
 Мана энди ошиғу беқарор ғамгин малика ҳашамдор ҳаётда, осмончалик севилган бойвачча эса мардикор бозорида. Икковлари ажралиб ўлиб қолишмади. Қайтанга икковига “ўл!” дейдиган одам йўқ.
 Ўша куни Шокир, бир шаҳарлик савдогарнинг уйида қора терга ботиб ишлади. Савдогар қотмадан келган, тишлари йирик, афти буришган тажанг киши эди. Шокир унга “озғин савдогар” деб ном берди.
– Сиз устамисиз? – деб лойхандақ атрофида айланди у.
– Йўқ, – деди Шокир лой қориб. – Аммо бунақа ишга уста бўлиш шартмас. Ташвишланманг, ака. Кўнгилдагидай қилиб битказиб бераман.
– Афсус! – тишини тақиллатди озғин савдогар. – Агар ўша ердаёқ шуни айтганингизда бошқа одамни олиб келган бўлардим. Лойни нега бунча кўп қиляпсиз?
– Ўзим боплаб суваб бераман, хўжайин, – гапни қисқа қилди Шокир.
 Озғин савдогар кун бўйи тергайвериб тинкасини қуритди. Шокир хаёлга толиб, ўтмишни эслаб ишга уннади. У ўшанда Россияга юк йиғаётган эди. Хўжақишлоқнинг мева сараловчи қизлари қутига сасиган олмани қўшиб юборишибди. Шокир уларни аччиқланиб тергади. Учта ёлланма ишчи қиз йиғлаб юборди. Бири оппоқ, нозик, таъсирчан экан. У шундай маъюс қарадики, нигоҳидаги дардни кўриб бойвачча сесканиб кетди. Шокир унинг совуқдан кўкарган лаблари, маъюс нигоҳини эслагани сайин пушаймон бўлиб, ҳовли деворини сувай бошлади. “Ўша нозик қиз қайсидир собиқ амалдор ёки бой кишини боласи эди чоғи, – деб ўйлади у. – Сен ўша совуқ кунда чўнтагингдан қўлингни чиқармай, шўрлик қизларни тепасига бориб, манави одамдай сайрайверган эдинг. Бойлик, мансаб муҳим нарса эмас экан. Нозик қиз қачонлардир тўкин муҳитда яшаган, замона зайли билан ночорлик туфайли арзимаган пулга ёлланиб ишлашга мажбур бўлган. Худонинг борлиги ҳақ экан... Фалакнинг гардиши айланиб, ўша маъсума қизнинг қисмати мана бугун ўз бошингга келди. Қайтар дунё деганлари шу бўлади”.
 Озғин савдогар девордаги чизиқларни кўриб асабийлаша бошлади. Шокирнинг хаёли бўлиниб унга саволомуз қараб қўйди ва девор сувашда давом этди.
– Ҳой, ука! – аччиқланиб уни тергади озғин савдогар. – Бу нима?! Буниси-чи?!
– Ҳозиргина газчўп тортдим, ака.
– Нима чўп? – тишларини тақиллатди у.
– Газчўп. Кейин андавалайман. Шунда бу чизиқлар йўқолади, – тушунтирди Шокир.
 Озғин савдогар шомга яқин жавобини берди. Кечки овқатни қизғанди, иш ҳақидан чегириб қолди-да, кўчага чиқариб қўйди. Шокир ҳалига қадар бундай совуқ юзли одамга дучор бўлмаган эди.
 У Шўрқишлоққа оч-наҳор етиб келди. Хуфтон чоғида бир коса мастава ичиб, совуқдан дирдираб тўшакка ўраниб ухлашга чоғланди.
– Бундан кейин лойхандаққа тушманг, ҳаво совиб қолди, дадаси, – деди Ойхон ачиниб.
– Хўп... – деди у тишлари тақирлаб.
 Унинг танасига иссиқ хуш ёқиб, кўзларини уйқу чулғади. Тасаввурида тиши тақиллайдиган озғин савдогар жонланди. “Бунча юраги тор ноинсоф одам экан-а. Қандай қилиб шунга рўпара бўла қолдим? – деб ўйлади ва ногоҳ Маҳлиёни эслади. – Бу маҳлуқлар ёнингдан ўтиб қўйсаям омад қўлдан кетаркан-а! Эй, парвардигор, яна давлатимни қайтиб берсанг бегона аёлни яқинигаям йўламайман... Шу гўдакларим раҳмини егин илоҳим. Э, худо, кетган давлатимни қайтариб берсанг, ҳар куни савоб иш қиламан. Пул беришсаям бузуқларга яқин бормайман... Минг марта тавба қилдим... Ўзинг кечир... Минг марта тавба қилдим...”
 Банкрот бойвачча ғулдираб, бир муддат шу алфозда тавба қилиб ётди ва қаттиқ ухлаб қолди. Унинг меҳнатдан эзилган вужуди ҳам тонг отгунча худога тавба қилди. Ойхон ярим тунда уйқуси қочиб, қулоғига пахта тиқиб яна тўшакка ўралди. “Бу эр жониворнинг кетиб қолганиям бир бало, қайтиб келганиям, – дея ўйлади у. – Хуррак тортишини кўринг! Тракторга ўхшаб тариллайди-я. Ий-я-а-а-а!”
 
Ўн иккинчи боб

Паҳлавон ўғил
 
 Обиданинг матонатига туғруқхона бош врачи ҳайрон қолди. У шовқин кўтармай, тинчгина кўз ёриди. Ожиза аёл паҳлавон ўғил туғди, докторлар ва аёллардан хижолат чекиб, ўзини яшириб уялиб қимтинди. Ҳамма чора-тадбир яхши кечди. Фақат... чақалоқ Умиджон кўзини очавермасди.
– Буям кўрмикин? – сўради доя туғруқхона мудирасидан.
– Ҳайронман. Нега кўзини очмайди бу? – кифтини қисди у.
– Кам йиғлаяпти.
Мана шу ҳол дояларни ўйга толдирди. Шифокорлар “бу бола кўр” деб қарор чиқариб, бирор чора қўллашга ботинмадилар. Кўз очмаётганини рўкач қилиб, Обидага болани бермадилар. Сунъий равишда озиқлантириб турдилар. Обида худо ва дўхтирлардан нажот кутиб, кўксига тўлган оппоқ сутни соғиб ташлар, ўзидан нафратланар ва узундан-узун ўй сурарди. “Менинг болам кўрармикин ё кўрмасмикин, худойим? – деди у дил тўрида нола қилиб. – Агар бу дунёни кўрмаса унинг туғилишидан нима фойда? Кўрларнинг дунёга келишидан қандай мақсадинг бор? Бировларга ўрнак қилиш учун, бир бегуноҳ бандангни шунчалар хору зор қилиб, кўр яратасанми, худойим? Бизлар одамлар оёғи остида пайпасланиб юрганимиз озми? Нега зурриёдимга кўз ато этмаяпсан? Нега, меҳрибоним?..”
 Қариндошлар Обидани Шўрқишлоққа олиб кетдилар. Умиджонга эса шифокорлар руҳсат беришмади. Карима хола қизини хўрда ичиб, тўшакда ётишга мажбурлади. У кўнгли нотинчлиги боис онасига қулоқ солмади. Баъзан юпун кийимда ҳовлига чиқиб айланиб юрар, ўғлини ва унинг кўриш-кўрмаслигини ўйлаб эзиларди. Обида чилла урфига ҳам амал қилмади.
– Агар аёл киши ёзда туғсаям қалин чопон кияди. Хўрда ичади – деди Карима хола. Бу қиз мени бошимга битган ташвиш бўлди. Айтганга кўнмайди.
– Янгича хотин-да бу, – кулимсиради Раҳмон амаки.
– Сиз шу болаларни ёнини олавериб буздингиз! – деб уришди хола.
– Ҳадеб мендан кўраверма! – деди тутақиб Раҳмон амаки. – Замон бошқа-да, хотин.
Чақалоқ кўзини очмагани қарияларнинг ҳам диллари хуфтон эди. Хонадонга учинчи кўр етишмай турувди ўзи...
 
* * *
 
Олим ва Обида Шўрқишлоқдаги супали уйда мунгли суҳбат қурдилар.
– Тушимда Умиджонни кўзлари очилганмиш, – деди Обида.
– Илоҳим тушингиз ўнгидан келсин, Обидахон, – унга далда берди Олим.
– Мени,– худойимдан ягона тилагим, фарзандим дунёни кўрсин, – хўрсиди аёл. Шу гўдак кўз очиб дунёни кўрса, худойимни давлати камайиб қолмайди-ку!
– Шукур қилинг, Обидахон... – уни бағрига босди Олим.
– Шукур, шукур, – деди онаизор. – Дунёни ўғлимиз кўрсалар, дунёга бесабаб келиб-кетмаган бўлардим. Дунёни қарғаб ўтмаган бўлардим, пирим...
– Астағфуруллоҳ, – деди Олим. – Ҳар қандай аҳволда ҳам дунёни қарғаманг..
– Йўқ! – деди онаизор. – Худойим мени лоақал шундан ноумид қилмасин! Истамайман! Умиджон мен каби пайпаслаб хору зор бўлишларини сира истамайман! Истамайман!
 У ҳомиладорлик чоғида не-не азобларни бошдан кечирмади! “Ўзи кўр бўлса, иккиқат бўлиб олганига ўлайми!” – деган таҳқирларни ҳам кўп эшитди. Бир куни сўқир нотавон, шаҳар кўчаларида ҳожатхона илинжида, нотаниш кишилардан ёрдам сўраб биров ҳовлига кирди. У ҳожатхонадан чиқиб таҳорат олди. Ҳовлида қарироқ кампир яшарди.
– Сизга нима азоб эди-я, болагинам, – деди ачиниб. – Болани нима кераги бор? Ҳозирги болалар ота-онасини бошига етяпти. Дунёда меҳру вафо қолгани йўқ. Ҳа, тортган азобларингдан сени...
 Обида кампир билан хайрлашиб, раҳмат айтиб чиқиб кетди. Унинг сўзларига парво қилмади. “ Йўқ, – деди у тишини тишига босиб. – Мен албатта бу боламни туғаман. Уни кўзлари очиқ бўлади. Армонларим битади, орзуларим ушалади. Мен ундан дунё қандайлигини сўраб билиб оламан. Мен бу дунёга келиб ўзимни, ота-онамни, биродарларимни, севган ёримни кўролмадим. Ўз туққан фарзандимниям кўролмайман... Шунча жафосига яраша битта вафосини мендан дариғ тутмас... Лоақал туққан болам бу дунёни кўрар... ”
 
* * *
 
 Худди шу чоғларда Умиджонни туғруқ палатасидан даволаш бўлимига ўтказдилар. Бош ҳаким ва туғруқхона мудираси чақалоқ тепасида узоқ суҳбатлашдилар.
– Бола кўзини ҳали очмадими?
– Ҳа, – деди мудира.
– Ота-онаси туғма кўр, а?
– Ҳа. Айтишларича улар ёруғликни умуман кўрмайдилар.
– Уларни ақлу хушлари жойидами?
– Рисоладагидай кишилар.
– Болакайни қуввати қандай? – чақалоқни яқиндан кузатди ҳаким.
– Сунъий озиқлантиряпмиз. Қуввати яхши.
– Онасини эмдими?
– Онасини ҳали эммаган.
– Туғилишда бўғилиш-нетиш бўлмадими?
– Йўқ. Қайтанга жуда мувоффақиятли туғриқ бўлди.
– Кучли ёруғликка реакцияси қандай?
– Ёруғлик томонга бурилиб оляпти.
– Болакай кўради. Албатта кўради, – деди бош ҳаким. – Бу психологик деффект. Кўз очиб оламга қараш функцияси ота-онасини кайфиятида йўқ. Шу сабаб чақалоқ оламга кўз очиб қараш зарурлигини билолмаяпти. Кучга тўлгач кўзи очилади. Вақт ҳаммасини ҳал қилади.
 Бош ҳаким Умиджонни қолдириб, бошқа беморлар билан алаҳсиб, ўз кундалик назоратини бошлади. У янги тайинланган. Уни ҳамма ҳар турли қабул қилади. Шу қабилдаги олимона суҳбатлар ўтказиб, бўлимдан-бўлимга саёҳат қилиб юради. Беморлар билан сўрашади. Уларнинг бош томонида бир оз ўтиради. Кейин бўлим бошлиғига қараб:
– Бу кишини албатта даволаш керак, – дейди тагдор оҳангда.
Беморлар уни кўришганда она қўйнида ётган гўдакдек яйраб кетишади. Бош ҳаким кўнгил овлашга жуда уста. Аммо, ўзи айтмоқчи, ҳаммани баробар рози қилиб бўлмайди. Ношукур одамлар уни ғийбат қиладилар.
– Дўхтирлар ҳозир фақат гап билан даволашади. Қолган ҳамма нарса беморни ёнидан. Хайриятки, игнани ўзлари санчишади.
 Бош ҳаким гоҳо шифокорлик касбини ҳимоя қилиб, таъсирчан ваъз ўқийди. Уни тинглаган кишининг юраги эзилиб, кўзларига ёш қалқийди.
– Ҳамма мухбирлар ғийбатчи, – дейди у куйиниб. – Фақат муаллимлар, профессорлар, врачлар ёки муллаларни ёмонлаб ёзадилар. Қизиқчи масхарабозларам шуларни мазахлайдилар. Порахўр врачлар билан муаллимлар “Оталар сўзи” кўрсатувида, бир минг бир юз марта қораланган. Газеталардаям аҳвол шу. Кимсан фалончи ҳаким порахўр экан. Кимсан фалон муаллим пора олибди! Лекин улар солиқчилар бошлиғи, туман ҳокими, ширкат раиси, прокурор ёки терговчиларни ёзишолмайди. Нега? Чунки, улар қасдлашиб қолишса қамаб қўйишади, ишдан бўшатишади. Ёки бирор нарса ундиргани боришса, мухбир шўрликларни кўчага қоқ-қуруқ ҳайдашади. Мени эса қўлимда на амал бор, на пул бор. Мана шу қўлларим билан ошхонада ош ейман, ишхонада эса бемор ахлатини ушлайман. Ияҳ?! Қани ахир адолат?! Бемор тузалиб чиқиб кетгунча, юрагимни ҳовучлаб ўтираман. У кетгач, эртасига ўрнига янгиси келиб ётади. Юрак ҳовучлаш яна давом этади. Бемор тузалиб кетса худодан кўришади. Ўлиб қолса мендан кўришади. Ҳатто мени шўрқишлоқлик муттаҳамлар келиб, бир марта дўппослаб уришган. Шўрқишлоқдаги Жанжалмаҳаллани биласизларми?
– Биламиз! Биламиз! – деб бош ирғишади беморлар.
– Эшонкўчанинг пастидаги маҳалла-да! – дейди кимдир.
– Ҳа эшонкўчаси билан басар топсин! – хафа бўлади бош ҳаким. – Ияҳ?! Мениям битта нонга қорним тўяди. Ажал ахир худодан келади. Инсонни ўлимдан олиб қолиш мумкин бўлганида, мен ўз отажонимни тупроққа топшириб йиғлаб ўтирармидим? Одамлар медикларни қадрига етишмайди. Рўзғори танг бўлса, кобра хотини гизиллаб, ўхловни ҳозирлаб турса, юраги титраётган бу шўрлик, қандай қилиб ақлини йиғсин, қандай қилиб беморни даволай олсин? Ияҳ?!
– Шунақами?! Вой ийя-а-а?! – деб кўзёшларини артадилар тушакда ётган беморлар, шўрпешона врачларга ачиниб. – Бу дунёда ҳаммагаям қийин экан-да.
 
* * *
 
 Раҳмон амакининг ҳовлисида эса эр-хотин ожизлар ҳамон фарзандларини кутадилар. Супада ўтирган Олим Обидани чопонига ўраб, ёнига ўтқазди.
– Хафа бўлмасангиз сизга бир сиримни айтаман, – деди Олим.
– Қандай сир? – сўради Обида.
– Сизга айтмай юрган каттагина бир сирим бор эди.
– Ана холос,– деди Обида.– Айтинг, пирим, эшитайлик.
– Бу воқеага ўн йил бўлди. Тўлқин тоғам билан Сарвархон янгам отамни мулкини сотиб, пулини тиллага айлантиришганди. Уйланишимдан бир йил аввал тиллани қўлимга тутқазишганди. Ҳозир ўша нарсалар бир жойга яширилган ҳолда турибди. У жуда катта бойлик.
– Бойвачча билан яшабману бехабар эканман-да? – деди Обида. – Нега буни менга айтмагансиз?
– Бунга ҳожат сезмадим.
– Тиллаларни қаерда сақладингиз?
– Сутбулоқ она мозоридаги сада кавагига ташлаб юборганман.
– Нега ундай қилдингиз?
– Мен ўша бойликлардан нафратланаман, – деди Олим. – Шу бойликларни деб, ота-онам эрта кунда хазон бўлишди. Тўлқин тоғам эса улар кўзингизни даволаш учун бир умр пул йиғишган, иложсиз эканини эшитиб пушаймон чекишган дейдилар. Бир туш эшитилди менга.
– Қандай туш эшитдингиз? – сўради Обида.
– Бир салобатли овоз “бойликларни муҳтожларга бериб, итни дуосини ол, шунда ўзингга керакли нарсани оласан”, деди. Ўзимга керакли нарса деб у нимани назарда тутди деб узоқ ўйладим. У менимча ўғлимизни кўзларини назарда тутди. Агар ўз ўрнида турган бўлса, яширилган бойликни Шокир акамга бермоқчиман. Бугун итдан дуо оламиз. Ўшанда мен ўзимга керакли нарсага эришаман.
– Қандай қилиб?
– Итни тўйдириб қўйсангиз дуо қилади. Ҳазрати Баҳовуддин авлиёлик йўлида итдан дуо олганлар.
 Улар шу куни тунда бир идишга пиширилган гўшт солиб, етаклашиб Шароф магазинчининг дарвозаси олдига келдилар. Олапар икки ожизни таниди. Олим қўлидаги таомни майса устига ағдарди. Сал нари кетдилар. Олапар вақти чоғ бўлиб, ўлжага ташланди. Мириқиб худойи ошини ура кетди. Олим ва Обида йўл четидаги ариқ лабида ўтирдилар. Олапар очлик азобидан қутилиб, кучга тўлиб ўйноқлай бошлади.
– Эй, худонинг махлуғи, – деди Олим. – Эҳсонимизни еб, боламизни дуо қилгин.
 Кўрлар яна катта дарвозадан ўз уйларига кириб кетишди. Олапарнинг вужуди яйради. У шаталоқ отиб ўйнаб, Шўрқишлоқни бошига кўтариб вовуллаб, адир устига чопиб чиқди. Қишлоқ қабристони шу адир устида эди. Индамаслар мамалакати оралаб Олапар қанот ёзиб учди. Узоқ қирларда бўри увиллади. Буни эшитган қишлоқ итлари жунбушга келиб ҳура бошладилар. Олапар кўкрак кериб ҳаммадан ошириб ўзгача куч ва ғайрат ила ҳурди. Раҳмон амакининг дарвозасига мамнун қараб, икки ожизни ёдга олди. Ҳа, ниятингга етгурлар. Бугунги кун жуда яхши кун бўлди-да!
 
* * *
 
Ўн биринчи куни тушга яқин чақалоқнинг рангу туси ўзгарди. Бош ҳаким қизиқиб яна тепасига келди. Карима хола ва Ойхон шу ерда эдилар. Ташқарида Раҳмон амаки, Шокир, Султон илҳақ бўлиб кутиб турардилар.
– Кўзини очсаю очмаса олиб кетаверамиз, дўхтир, – деди хола. – Ота-онасини юраги эзилиб кетди.
– Майли, – деди бош ҳаким. – Лекин ноумид бўлманг.
Улар энгашган чоғларида Умиджон чарақлатиб кўзларини очди. Атрофни худди катта одамлардай кузатди. Бош ҳакимга тикилди.
– Ийя?! Э, худо! – деди бош ҳаким шошиб. – Бу бола мени кўзимга қаради!
– Кўзини очди! – шодланиб хитоб қилди Карима хола.
– Йўқ! – ажабланди бош ҳаким. – Каким образом, янги кўз очган чақалоқ мени кўзимга қараяпти? Феноменально! Уникально!
– Худога шукур! – деди қувониб Карима хола. – Худога шукур!
– Да-да! – бош ирғади бош ҳаким. – Менам худди шуни айтмоқчи эдим!
 
* * *
 
Раҳмон амаки ва оиласи шаҳардан хушвақт қайтишди. Ҳаммадан аввал бошқа енгил машинада Султон пачава етиб келди. Эшикдан кира солиб супада ўтирган опаси ва поччасига хушхабар етказди. У сигаретнинг бўш қутисини микрофон қилиб, худди абжир сухандонлардек жаврай кетди:
– Ҳелло! Хонимлар ва жаноблар! Шахсан ўзим ва қишлоқ аҳли номидан сизларни қутлайман! Мистер Умиджон келяптилар! У киши қадамларига қўйлар сўйилсин! Карнай-сурнайлар чалинсин! Туман ҳокими чақирилсин! У эшик-пешикларни супуриб турсин! Жанобни кўнгиллари жуда нозик! Жаноблар! Нега хурсанд эмассиз?!
– Кўзлари-чи? – деди Олим. – Кўзларини очдиларми?
– О, мистер фазер! – уни қучоқлади Султон. – Умиджон бош врачни кўзига тикилиб “сени ишдан ҳайдайман! Яхши ишламас экансан!” дедилар. Бош врач эса ҳайратдан ёқа ушлади. “Умиджон мени кўзимга қарадилар” деди ҳайратланиб! Хуллас, мен Билл Клинтонга хабар беришим керак. У ҳам бешиктўйида қатнашади.
– Султон!? – орзиқиб чақирди укасини Обида. – Кўзи кўряптими?! Шуни айт!
– Умиджон соппа-соғ экан, мэм! У кўряпти! – тантанали қичқирди Султон.
– Аллоҳга шукур! – хитоб қилди Олим қаҳ-қаҳ уриб кулиб. – Обидахон, эшитдингизми?!
– Алҳамдулиллоҳ! – тўлқинланиб жилмайди Обида. – Ноумид қўймадинг Аллоҳим!
– Мен ўз кўзим билан кўрдим, лэйди энд жентельмен! – сайрай кетди Султон. – Улар ҳозир етиб келишади. Тайёр бўлиб туринг. Қувончдан миссис Карлсон билан мистер Робинзонлар йиғладилар. Синьор Шукура билан синьора Айхен ҳам йиғлашди. Умиджонни кўзи очиқ экан. Менам йиғламоқчи эдиму сигаретим тугаб қолганди. Печчо-о Алекс, ақалли сигаретга пул беринг, бўм-бўш қутини кўтариб юрибман.
– Сигаретни кеча олиб келганман, – деди Олим. – Ичкари уйдаги шкафда турибди.
– Суюнчисига бирорта “мўйсафид” қўярсиз? – уни қучоқлади Султон. – О, бир оз эрисангиз-чи, печчо-о-о!
– Хўп, кейин гаплашамиз, – им қоқди Олим.
Султон уйга сигарет олиш учун кириб кетди. Ҳовлида Олим билан Обида ёлғиз қолди. Уларни ажиб бир ҳаяжон, хурсандчилик қамраб олди. Олим чуқур-чуқур нафас олар, юзида турли имо-ишоралар зоҳир бўлар, ўзича жилмайиб қўяр, бировдан уялгандек бошини эгар, туриб-туриб икки қоши баробар учар, тез-тез қўлларини бир-бирига ишқалаб силкиниб қўярди. Обиданинг юзида эса негадир сўниқ бир ифода пайдо бўлди.
– Пирим, – чақирди Обида.
– Лаббай, Обидахон, – қўлларини ишқалаб қарс урди Олим.
– Бир гап айтсам кўнглингизга оғир келмайдими?
– Бугун сиз учун ҳамма нарсага тайёрман! – деди масрур ота.
– Балки сизам тақдирга тан берарсиз?
– Нима демоқчисиз ўзи? – ҳушёр тортди Олим.
– Умиджонни кўзлари очиқ экан, – деди Обида. – Иккимизни эса кўзимиз кўрмайди. Биз қандай қилиб кўзи очиқ болани боқамиз? Умиджон бир тўда сўқирларни нурсиз кўзига термулиб ўсадиларми?
– Ахир?... Нима демоқчисиз ўзи?! –деди Олим юраги эзилиб.
– Ўғлингиздан кечинг, отаси, – таклиф қилди золима аёл.
– Ахир?... Бу қандай зулм?! – қалтираб қўлларини ҳавода ёйди шўрлик ота. – Биз-чи?
– Биз ҳам хурсанд бўлиб яшайверамиз, – деди у жилмайиб.
Олимнинг юзидаги барча имо-ишоралар тўхтаб, фақат пастки лабидаги сезилар-сезилмас титроқгина сақланиб қолди. Кўз кўнгил ойнаси дейдилар. Кўзлари сўқир шўрпешона Олимжоннинг кўнглидан нималар ўтганини ҳеч ким билолмади.
Раҳмон амаки оиласи янги меҳмон билан Шўрқишлоққа етиб келди. Ҳовли шодиёна қий-чувга тўлди. Ожизларнинг ўзларини тутишлари Карима холани ўйлантирди. Буларга нима бўлди ўзи? Нега боласига талпинмаяпти?
У Умиджонни кўтариб олган:
– Қаердаман деб ҳайрон бўляпсизми? Айнанай сиздан? – деб тилини яримта қилиб чақалоққа сўз қотарди.
– Қизим, ўғлингни қўлингга ол! – хитоб қилди Раҳмон амаки. – Кўзлари сени қидиравериб толиб кетди боламни. Қўлингга олақол, онаси.
– Кўзларидан ўргилай, – пичирлади сўқир аёл юзини четга буриб.
– Умрлари узоқ бўлсин, – деди титроқ овозда Олим.
– Сизларга нима бўлди? – сўради ташвишланиб Карима хола. – Умиджонни кўзи очиқ экан. У кўряпти. Обида, кел, кўтар болангни!
– Ойи, – деди Обида. – Акамни ўғли йўқ. Биз Умиджонни акамга беришга қарор қилдик. Қўлимизни қайтарманглар.
Орага оғир сукунат чўкди. Чақалоқ бу сукунатдан қўрқдими ёки онасидан айрилганини сездими, чирқираб йиғлаб юборди.
– Юрагимни эзма! – аччиқланди Карима хола. – Худога шукур қилиб, болангни қўлингга ол! Уни эмиз! Болангга меҳринг шуми?
– Меҳрим борлигидан шу қарорга келдим, ойижон... – хўрсинди маҳзуна она.
– Мени қоронғи бағримда бу азизга нима бор экан? Кўксимдаги сут эмас, зардоб... Кулиб турганим билан кўксимни бутун жойи йўқ... Умиджон сизларни бағрингизда яйраб яшасин.
Карима хола ҳўнграб йиғлади. Оила аъзолари унга жўр бўлдилар. Султон мўлтираб:
– Эҳ, Диана хоним... – деди сигарет туташтириб. – Оҳ, жизнь!
– Мана, ҳеч бўлмаса бағрингларга босинглар уни...– деди Карима хола чақалоқни Обидага узатиб. – Шўргинанг қурсин сени, қизим-а... Шўргинанг қурсин...
Обида чақалоқни қўлига олиб, узоқ ҳидлади, бармоғи билан юзчасини пайпаслаб олгач, қувонди. Чақалоқ йиғлашдан тўхтади.
– Ассалому алайкум, Умиджон. Оҳ, қанийди шу юзларингизни сўқир онангиз кўра олса... – деди у. – Илоё азизу мукаррам бўлинг. Биз сўқирлардан дилингиз оғримасин.
Бир оздан кейин Обида болани эрига узатди. Олим уни қўлига олиб, авайлаб юзига юзини яқинлаштириб ҳидлаб кўрди.
– Оҳ-оҳ! Умрингиз узоқ бўлсин, ўғлим, – деди у ҳамон титраётган лабини чақалоқ юзига теккизиб. – Сизни роса соғиниб кутгандик. Мана, ниятимизга етдик, Умиджон. Сизам ниятингизга етинг!..
Обида Умиджонни ўз қўли билан Ойхонга топширди. Ожизлар шу куниёқ Шўрқишлоқни тарк этиб, маъюс қиёфада шаҳарга жўнаб кетишди.
– Ий-я-а-а-а! – ажабланиб шўрқишлоқчасига хитоб қилди Карима хола.
 

Ўн учинчи боб

“Умид”фирмаси

Шокир ва Султон адирдаги сабзини ўтоқдан чиқаришди. Ҳовлига қайтиб келиб мастава ичиш учун супага ўтирганларида, ҳассаси билан дарвозани тарақлатиб, пайпаслаб Олим кириб келди. Қайнилар поччанинг ҳурматига оёққа турдилар.
– Ташқарида машина кутиб турибди, – деди Олим. – Бир жойга бориб келиш керак. Зарур иш чиқиб қолди.
– Бир пиёла чой ичинг, – деди Шокир. – Мастава тайёр.
– Шопирни чақирайлик, – дея жўр бўлди Султон. – Умиджонни бир кўтариб қўйинг, Олимжон печчо.
– Умиджонни кўтаришга вақт бору чой ичишга вақт йўқ.
– Мастава ичишга-чи? – эзмаланди Султон.
– Астағфуруллоҳ, – бош чайқади Олим. – Чой ичишга вақти йўқ одам, мастава ичишга қаердан вақт топсин?
Олим Ойхон олиб чиққан чақалоқни бағрига босиб ўпиб қўйди. Сўнг уни қайтариб берди.
– Дадага салом бердингми? – чақалоқни эркалатди Шокир.
 Улар машинада йўлга тушдилар. Сутбулоқ она мозорига боришди. Шокир ҳамон нима гаплигини тушунмас, Султонга кафтини қисиб қараб қўярди. Олим эса ўз хазинаси бор ёки йўқлигини ҳозирча аниқ билмагани учун, подадан олдин чанг чиқармай жим борарди. Ниҳоят мозорга етдилар. У садага яқинлашди. Ҳассасини сада ковагига уриб, йигитлик чоғларини эслади. Тоғаси Тўлқинбой виждонли киши эди. У бир ҳовуч олтин тақинчоқларни қора халтага солиб, кўрлар мактабига келди.
– Олимжон, – деди тоға жиянининг бошини силаб. – Отангиздан кўп нарса қолганди. Сиз қишлоққа қайтишни рад этдингиз. Мен баъзи мулкингларни сотдим. Отангиздан қолган ҳовлингиз ўз номингизда. Унга қараб турарман. Аммо мана бу бойликни яшириб қўйинг. Бирор куни камингизга яраб қолар.
 Олим бу бойлик ота-онасининг очиқ кўзини кўр қилганини биларди. Уларни соғиниб борган чоғларда, ота-онаси фақат пул санаш билан овора бўларди. У олтинларни Тўлқин тоғага инъом қилди. Лекин тоға рад этди. Олим Сутбулоқ она ҳақидаги афсонани эшитгандан сўнг, кучли таъсирланиб, шу олтинларни ниёз қилиб, дарахт ковагига ташлаб юборди. Лекин бойликлар ҳозирга қадар ўз ўрнида турибдими ё йўқми? Бу унга қоронғи эди.
– Таваккал, – деди Олим. – Шу ковак тубини текширинглар.
– Нега? – ажабланди Шокир.
– Ҳа, почча, нима гап ўзи? – сўради Султон.
– Шу ерга илгари бир нарсам тушиб кетганди...– деди Олим.
Шокир қўлини ковакка тиқиб тугунни топишга уринди. Кейин Султон ковакка қўл тиқиб кўрди. Ковак туби жуда чуқур эди. Султон сада устига чиқиб ковак ичига мўралади.
– Туби йўққа ўхшайди, – деди у. – Бу дарахтни кесмагунча нарсангизни олиб бўлмайди.
– Бир иложини қилинглар, – деб буюрди Олим.
Султон мозорда куйманиб юрган Ориф шайхга учраб, қаттиқ сим ва фонар топиб келди. Урина-урина ниҳоят дарахт ковагидан қора тугунчани чиқариб олди. Улар машинага ўтириб ортга қайтишди. Уйга етиб келишгач, тугундаги қимматбаҳо буюмларни ёзиб текширдилар. Шокир ва Султон ҳангу манг бўлишди.
– Ана бўлмаса! – деди Шокир хомчўт қилиб. – Бу олтинлар беш миллион сўмлик чиқса керак.
– Сиз бу нарсаларни баҳосини билмас экансиз, – илжайди Олим.
– Шунча бойлигингиз бўла туриб нега ишлаяпсиз, почча? – қизиқди Султон.
– Бундан менга нима фойда? – кифтини қисди Олим. – Сизларга шуни туҳфа қиламан. Умиджон бахтли бўлишлари керак. Орамизда бўлиб ўтган бу ҳодисани фақат учовимиз билайлик.
– Йўқ, – кескин бош чайқади Шокир. – Мен буни олмайман. Очимдан ўлсамам олмайман.
– Буни сизгамас, Умиджонга бердим. Сиз илгари шу оилани боққансиз. Яна ўша ишни давом эттиринг. Агар текинга олишни истамасангиз қарзга олинг.
– Мен қачонгача ўз жигаримнинг қонини ичаман? – деди Султонга қараб Шокир. – Сен тушунтир поччангга!
– Сиз кимни қонини ичяпсиз, ака?.. – ўзини соқит қилди Султон.
– Нима, ишлашдан чиқиб қолдингизми? – сўради Олим.
– Йўқ, – деди Шокир.– Шўрқишлоқликни иш билан қочириб бўлмайди. Фақат ўз хатоларимдан ўзим чарчадим, Олимжон.
– Хўш, нима бўпти! – деди топағон Султон. – Умиджон туфайли шундай имкониятга эга бўлдик. Келинглар, “Умид” фирмасини очайлик. Яна қадимгидай олди-сотди билан машғул бўламиз. Бизга ахир бу масалада ҳеч ким бас келолмайди.
– Айтишга осон, – деди Шокир. – Яна нолдан бошлаш керак.
– Ну и что?! – деди кўтаринки руҳда Султон. – Ҳозир халққа давлат ер-сув беряпти. Ер сотиб оламиз. Савдони ривожлантириб, бўрдоқичилик билан шуғулланамиз. Ердан чиққан ҳосилни сотиб, ем-хашакни молга едирамиз.
– Оғиздаги ошмас бу, – деди Шокир.
– Нега қўрқасиз, ака? Илгари мард эдингиз-ку? Ёки Маҳлиё... а?
– Ҳадеб мендан кулаверма, пачава!! – бақирди Шокир ва дарров ўзини босиб олди. – Султонбой, ҳазилинг жуда қўпол-да.
 
* * *

Дафина хазина анча салмоқли чиқди. Шокир ва Султон яна фаоллашиб, юк ташувчи машиналарни ёллаб, қадимгидай боғ маҳсулотларини Барнаулга олиб бориб сота бошладилар. Олимнинг илтимосига кўра, сир махфий қолди. Раҳмон амаки ҳеч нарсани тушунолмасди. Барнаулдан қайтиб келган икки ўғилни оғир таёқ билан қаршилади. Карима хола орага тушиб, уларни ажратмоқчи бўлди. Лекин чолнинг авзойини кўриб, ўзини четга тортди. Раҳмон амаки таёқ билан Шокирни кўпроқ урди. Шокир уятни бир четга суриб, аллақачон кўчага қочиб чиқиб олган олифта Султон ортидан лўкиллаб қочди.
– Э, худо! – зорланди Шокир кўчадаги кишилардан хижолат бўлиб. – Қачонгача мени бошимда ноҳақ калтак синаверади? Мен нима гуноҳ қила қолгандим ўзи?!
 Раҳмон амаки уларни тупроқ кўчада қувиб урди. Олапар ҳам вовуллаб кўрди, лекин чолнинг авзойини кўриб, “оббо бу менданам ёмонга ўхшайди,” деб ҳовлисига кириб беркинди. Адиркўчалариклар тўдалашиб кўчага чиқдилар. Тепаликдаги чойхона айвонида ўтирган чойхўрлар ҳам чопқиллашиб, текин томоша кўришга етиб келишди. Салимнинг каптарлари ғала-ғовурдан ҳуркиб, париллаб осмонга кўтарилди.
– Шу эл-юртни олдида айт, иккаланг! – бақирди Раҳмон амаки. – Мен сенларни ҳаром едириб катта қилганмидим?!
– Йўқ!!– эътироф этишди ўғиллар.
– Яна қаердан пул топдинг, туғилмай ўлгурлар?! Нима, бирор кишини сўйдингми ё бирор омборни ўмардингми?! Менга айт! Кимни пули бу пуллар?!
– Ўзимизники! – деди Султон. – Мистер Робинзон! Шимимни йиртдингиз!
Салим эса кўчада чопиб гаҳ-гаҳлаб югурар, Адиркўча устида давра ясаб учиб, дорходага қайтмаётган каптарларини чақирарди. У алами ичига сиғмай Раҳмон амакига ташланди.
– Агар каптарларим қайтмаса тўлайсиз, ака! – деди ҳарсиллаб. – Сизни дастингиздан ҳаммаси ҳуркиб учиб кетди. Буларни ҳали дорходага тўлиқ ўргатмагандим.
– Тўрт сўмлик каптарингни менга пеш қилма! – ғазабини сочди амаки.
– Э, ака! – қизишди Салим каптарбоз. – Булар ҳаммаси узун пайпоқли каптарлар. Битта бўрдоқи қўйга алишганман! Бир ҳафта олдин шаҳардан олиб чиқдим!
– Нима-нима?! – Бу гапни эшитган Зоҳида Салимнинг ёқасидан олиб бақира кетди. – Ҳали буларни пулга олганмидингиз?! Менга бекорга олганман дедингиз-ку? Уйда бир чакса ун йўқ. Бу бўлса қўйни ўғри урди деб, мени алдаб, пулига каптар олиб келибди. Ҳой, мусулмонлар, шунгаям насиҳат қиласизларми ё йўқми?! Ўлар бўлсам ўлиб бўлдим-ку!
– Ана, Раҳмон ака! – зорланиб жавради Салим. – Касрингизга қолиб сирим очилди. Қачон ақлингиз киради? Кўчани бошингизга кўтариб жанжал қилаверасизми? Тарбия борми?! Бу Адиркўча тинчийдими ё йўқми?!
Ҳамма уй-уйига тарқалиб, кўча сув қуйгандек тинчланди. Дарвозаси олдида мириқиб жанжал томоша қилган Заҳро Олапарни эркалаб бошини силади.
– Қўрқма, азизим, қўрқма, – деди тилини чучук қилиб. – Бу жиннилардан чўчидингми? Кетди. Ҳаммаси кетди. Қўрқма.
– Унингни ўчир! – бақирди Шароф дўкондор дарвозадан бош боқиб. – Шу меҳрингни менга берсанг сахар касал бўлмасдим! Простите деган касал бўлмасдим! Ҳаммаси сени касрингга бўлди! Ҳозир Олапарингни отиб ташлайман!
– Ий-я-а-а!? Олдин мени от, золим! Кейин Олапарни от! – деди у дўриллаб ва итига қайрилди. – Қўрқма, поччанг сени отолмайди. У товуқни сўёлмайди-ю, сени отармиди... Поччанг налева-направа адо бўлган.
 
* * *

Октябр ойининг аёзидан баъзи дарахтлар сарғая бошлади. Умиджон беланчакда оёқларини ўйнаб, атрофга қулоқ солиб, қиқирлаб кулади. Қаердадир ўзини соғиниб яшаётган икки сўқир борлигини эса билмайди. Беланчак тебранганда кўз ўнгидаги олам уча бошлайди. Умиджон хоҳлаб-хоҳламай кўзлари юмилиб уйқуга кетади. У ўзи кириб бораётган зулматда танҳо қолишдан қўрқиб, кўзларини очади. Ўз атрофида бир неча бехавотир қувноқ чеҳраларни кўриб, хотиржам ухлаб қолади. У гоҳо туш кўради, гоҳо кўзи юмуқ ўй суради. “Бу одамлар нега бемаврид кулаверадилар, йиғлайверадилар, бақираверадилар? Нега осмон қоронғи бўлади? Нега ёруғ бўлади? Нега мени ҳамма ўпаверади? Нега мени кўтаришаверади? Мен кимман ўзи? Бу ер қандай жой ўзи?”
 
* * *
 
Шокирнинг қадимги мижозлари, миш-мишлар ёлғонлигига ишонч ҳосил қилдилар. Унга насияга маҳсулот бера бошлашди. Савдо ишлари авж олган ака-укалар сармояси ой сайин кўпайиб борди. Раҳмон эшон хонадони яна меҳмонларга гавжумлашди. Ҳаёт изига тушиб аслига қайтди. Дастурхон нону ошга тўлди. Йўқолган ёру дўст, қавму қариндошлар қайта топишдилар. Мана, ҳар доимгидай ўз вақтида Октябр ибн Партком битта бўш қоп кўтариб кириб келади.
– Салом! Салом! Салом! – деди бидирлаб. – Ҳамма одам дўстларга салом! Сизга Шўрқишлоқ гўзали Назирахоним одамдан алангали салом! У киши одамгарчилик қилиб, бир қоп ун бериб юборишингизни сўрадилар. Мен беш-олти йилдан бери вақтинчага ишламай турибман. Ишга кирганимдан сўнг қарзларимизни албатта тўлайман. Тўлдириб солинг, дадажон одам! Уннинг уволи бор. У ер-бу ерда қолиб кетса сичқонларга ем бўлади. Увол қилманг.
Назиранинг элчиси бир қоп буғдойга эга бўлади. У ҳатто аллақайси таниқли зот номини ўртага қўйиб, ажабтовур дуо ўқийди. Иш битгач, хайрлашиш ҳам эсидан чиқиб, шошилинч жуфтак ростлайди. Бир кундан сўнг Насиба ва Малик келадилар. Бир жуфтгина қўзига пул етмаётганини айтиб, қарз сўрайдилар. Шокир бу пул қайтмаслигини билиб, иккиланиб тайсаллайди. Карима хола Шокирга кўзини олайтиради. Шокир ноилож сўралган пулни санаб беради. Насиба эри Маликни эргаштириб, оғзи қулоғида уйига жўнайди.
– Эҳтиёт бўлинг қуртлардан, – деб кесатади Шокир. – Қуртлар ёмон-да, Насибахон.
– Ҳовотир олманг, ака, – дейди кесатиқни тушунмай Насиба. – Дўхтирлар ҳамма қуртларни олиб бўлишди. Келаси сафар рейсдан келганинигизда яна бериб турасиз-а?
– Ҳа-а-а! – чийиллайди Султон. – Плиз, мем! Яна қанча керак?!
Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай Ёқуб ва Дилбар кириб келадилар.
– Ҳа-а? – деб ҳол сўрайди Ёқуб ҳар доимгидай беғамлик билан. – Қалайсизлар?

Qayd etilgan