Qamchibek Kenja. Palaxmon toshi (roman)  ( 15208 marta o'qilgan) Chop etish

1 B


AbdulAziz  11 Sentyabr 2011, 12:27:49

Qamchibek Kenja. Palaxmon toshlari (roman)



Muallif: Qamchibek Kenja
Hajmi: 1,26 Mb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish

Qayd etilgan


Ziyolee  11 Sentyabr 2011, 20:34:58

Қамчибек КЕНЖА

ПАЛАХМОН ТОШЛАРИ


Роман

«Шарқ юлдузи» журнали
2011 йил, 1-2-сонлар


Истиқлолни орзулаб ўтганлар хотирасига ҳамда
мустақиллигимизнинг 20 йиллигига бағишланади
 Муаллиф
 
Ўлсам, юзимни Ватаним тарафга қаратиб кўминглар
Муҳожир васияти


Биринчи қисм

ҚОЧИШ. АНДИЖОН – ҚАШҚАР

I

Дастлабки кунданоқ Бекназарнинг ичи хотинига илимади.
Келинчакнинг ҳусни-малоҳати бинойидек эди: қош-кўзлари қора, юзлари нафармон рангли, бўйи ҳам Бекназарга мос, хуллас, четдан қараганда куёв-қайлиқ бир-бирларига жуда муносиб, узукка кўз қўйгандек эди. Аммо…
Бекназар Шоҳистанинг даккисидан кейин қизларга деярли тикилиб қарамас, ғурури поймол этилган ўша аламли дамларни эсласа, ҳануз юзи ўз-ўзидан қизариб, қизиб кетаверарди.
У синфдоши Шоҳистани ёқти¬риб қолганди...
Қизга зимдан тикилиб-тикилиб қўярди-ю, бет келиб гапиролмасди. Бир куни дилидагини қоғозга битди-да, холироқ жойда Шоҳистанинг камзули чўнтагига сездирмай солиб қўйди. Эртасигача қандай жавоб ёзаркин, деб ўйланиб, роса ҳаяжонланди. Юраги гупуриб, мактабга барвақт жўнади. Синфда ҳеч ким йўқ эди. Шиддат билан кириб келган Шоҳиста Бекназарнинг ёнида тўхтади-ю, чўнтагидан хатни чиқарди ва уни майда-майдалаб йиртиб «ошиқ»нинг партасига сочиб юборди, сўнг сумкасини ўз партасига зарда билан ташлади-да, яна тез-тез юриб чиқиб кетди. Бекназар ўша пайтда ер ёрилса кириб кетишга рози эди… Лекин қиз мардлик ҳам қилди – нома ҳақида бировга оғиз очмади, йигитнинг ўзига ҳам қайтиб ҳеч нима демади. Бекназар дарсларга муккасидан берилди-ю, қайтиб ҳеч қаёққа қинғаймади, қизларга яқин йўламади.
Акасидай бошини иккита қилиб, бўйнига олахуржунни илиб қўйишларидан чўчиган Бекназар Андижондаги ўқитувчилар тайёрлаш институтига ўқишга киришни мўлжаллади. Бироқ Дармонқул ака уни шаштидан қайтарди.
– Қамалаётганлар, таъқиб-тазйиққа, қувғинга учраётганларнинг ҳаммаси ўқиган¬лар, илму зиё эгалари бўляпти, ҳозирги замонда илм панд беряпти, холос. Аммо ҳу¬нар¬дан одам ҳеч қачон фириб емайди. Ота касбини эгаллаган эса иккала дунёдаям кам бўлмайди, – деди у.
Бекназар қиблагоҳнинг амри вожиб деб уққан солиҳ фарзандлар сирасидан эди, арра-тешани олиб, унинг ёнига кирди.
– Фақат, отамга айтинг, мени уйланишга шошилтирмасин, – деди у онасига.
Аслида падари бузруквор ҳам тўй қилишга ошиқаётгани йўқ, уларнинг қўллари юпқароқ эди. Йигит йигирма бешга яқинлашганда қийин-қистов билан бўйин эгди. Кўнгли ҳамон чопмасди. Бежиз безилламаган экан...
Катта ўғилни хорижга кетган амакига қарашли, асосий қисми мусодара қилинган ҳовлининг бир четидаги қийтиқ ерга наридан-бери том солиб чиқаришган. Уйда бўйи етиб қолган бир сингил бор – онаизор отанинг пойтеша чопиб топган пулига кўз тикиб ўтирар, рўзғорга ажратилган маблағдан ҳам чегириб бир нималар олиб, қизининг сеп сандиғига ташлаб турарди.
Бекназар хос хонага уялиб-тортинибгина кирди. Гўшангадан кучли атир ҳидлари тараларди. Лампа чироқнинг хира шуъласида оҳорли кўрпалар шундоққина ерга тўшалган ва сирли туюлаётган ўринни кўриб ҳаяжонга, саросимага тушган куёв боланинг шуури эса ўзга ташвишлар билан банд эди.
Анъанага кўра, биринчи оқшом ўша ғаройиб, сеҳрли ўринга мослашиш, висол туни арафасидаги руҳан тайёргарлик кечаси бўлиши лозим. Лекин ташқарида ҳали ғала-ғовур батамом тинмаган. Даҳлизда келин-куёвларнинг ҳиссиётларини жунбишга келтириш мақсадида ўзларининг эрга узатилган куни бошидан ўтказган ҳолатлар хусусида баланд овозда валақлашиб ўтирган тафтишчи – янгаларнинг салобати босдими, қоидага хилоф, ножўя ҳаракат содир этиб қўйишдан чўчидими, куёв бола жойнинг нариги четида тескари қараб, кўрпага бурканган ҳолда, нафаси қайтиб, пишиллаб ётган келинчак томон сурилишга журъат қилмади. Боз устига бир неча кундан бери тўй ташвишлари, ташкилий юмушлар билан у ёқдан бу-ёққа чопиб толиққан, вақт эса ҳам алламаҳал бўлиб қолган эди. Юраги гупиллаб-гупиллаб пасайди.

* * *

Эртасига кун бўйи ўртоқлари билан қўшниларникида дам олишди. (Бу ҳам бир таомил-да!). Тўйхонадан гўшт ва бошқа емишлар олиб чиқиб, маишат қилишди. Уйланганлар ўзларининг тўйлари, висол оқшомидаги ажаб, қизиқ кечмишлари тўғрисида гапириб, куёв боланинг кўнглига дам ғулғула, дам ҳаяжон солиб, жўяли ҳам қитмирона йўл-йўриқ, маслаҳатлар бериб ўтиришди. Кечга томон Бекназарнинг юраги гурсиллаб ура бошлади. Бугун у ўз никоҳига қабул қилган, хотин деган бир умрлик маҳрам ва ҳамдамни бағрига, паноҳига олмоғи, шу билан эътиборан йигитлик имтиҳонидан ўтиб, ўзга бир дунёга қадам қўймоғи зарур... У кечагидан сал берироқда, яқинроғида юзини шифтга қаратган кўйи кўзларини юмиб, лабларини қимтиб ётган келинпошшага кўрпа остидан аста қўл чўзди. Қизнинг сесканиб-сапчиб кетиши, ўзини нари тортишини кутган эди, келинчак салгина титранди, худди бунақа гўшангаларни аввал ҳам кўрган-у, баданига эркак панжасининг тегиши оддий ҳолдай, ваҳоланки, унинг учун ҳам бу илк синов ва умридаги илк ҳаяжонли, энг ҳадикли, энг завқвор тун эди. Йигит келиндаги бу ҳолат унинг табиатан совуққонлигиданми ё бефарқлигиданми – тушунолмай ҳайратда эди. Яна синамоқ учун қизнинг у ер-бу ерига гўё беихтиёр бармоқ теккизиб кўрди. Келинчак ўзини жиддий, сипо тутишга, куёв қўлининг ҳуқуқий хатти-ҳаракатларига қаршилик кўрсатмаслик учун қитиғи, сезгиларини куч билан жиловлаб ётганга ўхшарди. Бекназар шундай хаёл қилди. Шу билан бирга унинг ичига илоннинг боласидай гумон ўрмалади. Наҳотки?.. Шароб ва масъулият туфайли қўзғалган эҳтирос оловига гўё сув сепилди. Иштиёқ отлиқ гижинглаган саманнинг шашти пасайди. Ширин, хушомадли сўзлар, мулойим силаб-сийпалашлар илинжида юраги ҳаприқаётган қиз эса, балки йигит ҳаракатларининг сустлигидан, унинг мизожидан хавотирлангандир, ахир келинчаклар ҳам эрта-индин дугоналари ва бошқалар назарига, муҳокамасига тушишини биладилар ва ўз қайлиқларининг дангаллиги, чапдастлиги, баҳодирлиги билан... ғурурланишни хоҳлайдилар-да... «Ёқмадиммикин?..» деган ҳадик юрагини наштардай тилиб ўтди, аъзои бадани қизиди, назарида юзлари ловуллаб кетаётгандек, иягигача тортилган кўрпани ёндириб юборадигандек туюлиб, кўрпани сал туширди. Лекин миқ этмасди, албатта куёв соқовдай жим бўлгач, келин нима ҳам дерди? Бири шифтга, иккинчиси деворга қараб, кўзларини юмганича, гўё бир-бировидан уялгандек, бир-бирига тегиб кетишдан авайлангандек, нафасларини ичига ютиб ётишарди.
Кечанинг қолган қисми, даҳлиздаги янгаларнинг шивир-шивирини ҳисобга олмаганда, деярли сокин, осойишта ўтди. Балки «сокин», «осойишта» сўзлари бу ўринда у қадар жоиз эмасдир, зеро, келинпошша ҳам, куёв тўра ҳам қарийб тонггача чала қўзғалган, қониқмаган ҳиссиётлар оламида беором, хаёлларнинг ҳар хил кўчаларида кезиб чиқишгандир.
Ниҳоят, узоққа чўзилган тун ҳам чекиниб, тонг ёриша бошлади. Қоидага кўра, куёв чимилдиқли хонадан эрта саҳар туриб чиқиб кетиши лозим, лекин у ўй суриб ёта-ёта азонга яқин ухлаб қолган эди, келинчак ҳам, янгалар ҳам уни уйғотишга истиҳола қилишарди. Бир пайт кўзини очди-ю, апил-тапил ўзини ташқарига урди. Уйлари орқасидаги ариқчада юз юваётган эди, ён қўшниникида том ёпаётган ҳазилкаш уста Боқи «Қуллуқ бўлсинми, куёв бола?» деб гап солди. Бекназарнинг қулоғи чимиллаб, бутун вужудидан аланга чиқиб кетгандай бўлди-ю, ўзини эшитмаганга олиб, дарвоза томон шитоб юрди. Кўчада дўстлари кутиб туришганди. Улардан бири «бўрими, тулкими?» деб сўради жилмайиб.
Бекназар асабий қўл силтади.

* * *

Бугун энди оғайнилардан бириникида ўтиришди.
«Қани, гапир-чи, нима бўлди ўзи?» – дея қийин-қистовга олишди, ҳар хил аскиялар қилишди.
Бекназар қандай сабаб, важ кўрсатишга ҳайрон эди. Келинчакнинг миқ этмай, писмайиб ётиши борасида гапириб юборай-гапириб юборай деб оғиз жуфтлади-ю, «арпа ун баҳона...» дея баттар кулишларини ўйлаб, тилини тийди. Ҳаяжонланганини рўкач қилди.
– Бўпти, майли. Баъзан шунақаям бўлади. Қизлардан узоқ юрганингни оқибати-да, – дейишди. Дадиллик учун ҳам иссиқлик... деб, коньяк ичиришди. Чиндан ҳам Бекназарнинг ичи қизиди, хаёлида унда тоғни урса толқон қилгудек шижоат, куч пайдо бўлди, нохуш таассуротлар чекинди, жаҳдга уйқаш майл уйғонди.
Чимилдиқда эса яна кечаги, ўтган кунгидек анвойи ҳидлар анқирди, лекин ўз оғзидан май иси бурқсиб тургани боис, Бекназарга унча таъсир қилмади. Калласида устанинг эрталабки тагдор ва тиғдор саволи айланарди. Аҳди қатъийлашди. Лекин... Кечагидан ҳам ғалати ҳолат юз берди. Куёвнинг ўз тахминларию «тажрибали» ўртоқларнинг башоратлари тасдиғини топмади: келинчак томонидан қўрқиш, чўчиш ниқобидаги ибою андиша мақомида кўрсатилажак қаршиликларни енгиш, мудофаани даф этиш учун узоқ ва қизғин жанг олиб боришга, тавсия этилган ҳужум усулларини қўллашга ҳам ҳожат бўлмади. Таажжубу ҳайронлик гирдобида қолган йигит тонггача гумону иштибоҳлар дунёсида изғиб, унсиз тўлғониб чиқди. Сўнг эса ўзича мушоҳада юритиб бир фикрга келди: «хоним» тезроқ куёвнинг «хасмига айланиб олиш» ниятида монесизлик, таслимчилик йўлини маъқул кўрган, аввалдан шу чорага ўзини тайёрлаган бўлса керак...
Хуллас, кейинги куни янгалар тарқалишди, қудалар тарафга хушхабар кетди. Бекназарнинг кўнглига ҳам ёруғлик тушди, аммо... Майл, иштиёқ нимагадир қайта авжланмади, сустлигича қолди. Ҳолбуки, қиз ўша кундаги ўз мусалламлигини кейинчалик гап орасида бошқача изоҳлаб ўтди. Яъни, келинпошшага ҳам турмуш кўрган дугоналари чимилдиқда юз беражак воқеалар тўғрисида ҳазил-чин аралаш гапириб, уни пишиқтириб қўйишган, хусусан ортиқча таннозлигу уялиш билан куёв болани қийнамаслик, кўзда тутилган иш тезроқ амалга ошмаса, йигитнинг номус ўтида қовурилиб, ошна-оғайнилари ўртасида изза тортиши, натижада қиздан совиб қолиши мумкинлиги, куёвнинг қайлиғига қанчалик меҳр-муҳаббат қўйиши келинчакнинг айнан ўша илк висол чоғларида ўзини қандай тутишига, йигитга бахш этажак завқу сурурга боғлиқлигини уқтиришган, «қўйинга кириш кечаси кўнгилга ҳам кириш кечасидир», дея таъкидлашган экан. Шунингдек, масъул шахслар – янгалар ҳам «бу иш»нинг хамирдан қилни пичагина қаттиқроқ суғуришдай гаплиги, очиқ – чирой билан, хушлашиб қовушиш келгусидаги тотувликнинг асосий гарови эканлигини Рашиданинг қулоғига қайта-қайта қуйишган эди. Қолаверса, ёлғиз қиз тўрт ака-ука орасида, улар билан тортишиб-туртишиб, кўрпада, қорларда думалашиб улғайгани боис, қитиғи ҳам эрта кунда барҳам топган, бинобарин, эркак билан аёл танасининг илк бор бир-бирига тегишидан ҳосил бўладиган учқунлар аллақачон сезилмай чақнаб сўнган, бу борада билиб-билмай йигитнинг рағбатини қайтариб қўймаслик ёки унда шубҳа уйғотиш хусусида қайғуриш эсига ҳам келмаганди. Ўзининг эътирофича, висол тунида у аввалига ғаройиб бир оламга тушиб қолгандай ҳаяжонланиб ётган-у, сўнг юқоридаги панду ўгитлар қулоқлари остида қайта жаранглай бошлагач, ўзини қўлга олган ва майли, ризолигини сохта сапчишлару титроқларсиз, сукут билан изҳор айламоққа жазм этган. Зеро, ўзининг ҳам суйиб теккан ёрини ранжитиш, изза торттириш нияти йўқ эди. Шунингдек, у туни билан кўзлари эшик тирқишида бўлган янгалару қулоқларини динг қилиб кутишаётган маҳалла аёллари, қариндош-уруғлар, «улоқ»ни олдириб юбориб доғда қолган қизлар олдида юзи тезроқ ёруғ бўлишини истаганди.
Бу иқрорни ҳам келинчакнинг тилидан суғуриб олиш осон кечмади: у дамдуз эди. Ишларни индамай қилаверар, биров бир нима сўраса «ҳа» ё «йўқ» сўзи қимтилган лаблари орасидан аранг сирғалиб чиқар, ўзича минбаъд гап қўшмасди. Қайнона – қайнсингил – овсинлар билан суҳбатлашиб ўтиришни ҳам хуш кўрмасди. Овқат маҳалида-ку миқ этмайди. Мана шу феъли кўпчиликка унча сингмади. Бош хусусияти «булбулигўё»лик бўлган аёл зоти оламида бу камдан-кам учрайдиган ноёб ҳодиса эди.
– «Ичимдан топ»ниям жа бўлакчасидан экан-а, – дерди Раҳима бош чайқаб.
– Ҳа-я, юраги димланиб, ёрилиб кетмайдимикин? – қўшимчиларди келиная.
«Висир-висир»ларнинг мазмунидан хабар топган қайнота: «Сизларга қулоғингизни қоқиб қўлингизга берадиган бўлса яхшимиди?!» деб танбеҳ берарди. Лекин у ўғлининг ҳам келинчак билан муносабати сустроқлигидан хавотирланиб қўярди. Бу борадаги ахборот ҳам ожизалар орқали етиб келди: Бекназар кўнгилсиз эмиш…
– Нима сабабдан, шу камгаплиги учунми?
Бу саволнинг жавоби аниқ эмас эди. Она елкаларини қисди.
– Менам ҳайронман. Сўрасам, ўғлингиз тузук гапирмайди.
– Ҳай, секин-аста илиб қолади.
Бироқ, Бекназарнинг илишидан дарак йўқ эди. Эски китоблар воқеаси дард устига чипқон бўлди.

II

Улар ўртаҳол яшашарди. Чунки, анча йиллар бурун юрт бойларининг мол-дунёлари тортиб олиниб, ўзлари Сибирь, Украина ва бошқа олис, совуқ юртларга бадарға этилиб, туғилиб ўсган гўшаларидан излари батамом қуритилгач, биров бойишни ҳавас қилмай қўйган. Ҳамма бир амаллаб кун ўтказиш нияти билангина яшар, ҳеч ким катта даромад келтирадиган «ёғли» ишлар кетидан қувмас, ҳатто йирик-йирик раҳбар-амалдорлар ҳам маошдан ўзгасини деярли кўзлашмас, «порахўрлик» деган сўз аҳён-аҳёндагина қулоққа чалиниб қолса-да, кўпчилик унинг мазмунини ҳам дуруст англамасди. Кейинги, пора деса ўзини томдан ташлайдиган, халқ мулки бўлган савдо марказининг эскалаторини ҳеч тап тортмай данғиллама уйига ўрнатиб оладиган, уч-тўрт кишидангина иборат оиласи учун йигирма-ўттиз хонали, қават-қават кошоналардан иборат ҳовли-жойлар қуриш борасида ким ўзар ўйнайдиган мансабдору аҳли бизнеслар ҳали гўдак ёйинким оналарининг қорнида, оталарининг белида эдилар. Бинобарин, фаровонлик, ободонлик ҳам ўша сиёсатга яраша: аҳоли жўнгина, қишлоқларда ҳатто лойсувоқли, бўйра билан ёпилган кулбаларда умргузаронлик қилишарди. Иккинчи жаҳон урушидан кейинроқ, эллигинчи йиллар бошида катталарда фикр бир оз ўзгариб, сиёсат, бошқарув тизгини андак бўшашдими, одамлар тетикланиб, қурби етганлар бошпаналарини сал-сал ростламоққа киришдилар.
Бекназарларнинг уйлари ҳам анча путурдан кетган эди. Дармонқул ака-ку шунисигаям шукр деб юрарди, илло, ўғиллар, хусусан ҳар хил хонадонларни кўриб юрган Бекназар Мулла Аҳмадали боболаридан мерос қолган девор – томларининг хароблигидан номус қилиб, ҳар замонда минғирлаб қўйишарди. Лекин улар ҳали оиланинг умумий даромадига беш танга қўшадиган бўлишгани йўқ, пойтеша билан топишгани кундалик рўзғор тебратишга аранг етарди. Дармонқул аканинг дилидан бўзчи белбоққа ёлчимас, деган мақол ўтарди. Устачиликка тўланадиган хизмат ҳақи чой, нон пулидан ошмасди. У маҳалларда савдолашиш деган гап ё ҳунарманднинг ё иш эгасининг хаёлига келмас, ҳар ким кўнглидан чиқарганини, атаганини берарди. Уста ҳам туз-намагингизга рози бўлинг, деб кетаверарди. Қолаверса, қишлоқда асосан майда-чуйда таъмирлов ишлари бўлиб турар, янги бино қурувчилар кам, бунга имкони борлар ҳам журъат қилишмай, эски дераза кўзларига газета ёпиштириб ўтиришаверарди.
– Ниятларинг яхши, аммо томни янгилашга пул керак-да, ўғилларим, – деди ота ахири мулойимлик билан. Унинг дилида ҳам орзу-ҳавас, меҳнату машаққат билан ўтаётган умрининг қолган қисмини кўркамроқ иморатларда фароғат билан кечириш умиди йўқ эмас эди. У ўғилларимга гапим таънадай туюлмадимикин, деган андишага бориб, қўшиб қўйди: – Майли, сабр қилиб турайлик-чи, Худо бир йўлга бошлар...
Эрта баҳорда яна Бекназардан фикр чиқди.
– Қўриқ очиб, кўпроқ шоли эксак... – деди у бир куни нонушта чоғида.
Дармонқул ака «Сен нима дейсан?» дегандай катта ўғлига қаради. Холназар инисининг таклифини қувватлади.
– Маъқул, – деди ота фарзандларининг аҳдидан, уларнинг якдиллигидан қувониб.

* * *

Қишлоқнинг жануб томонида, Қорадарё бўйларида колхоз фойдаланмайдиган бир неча юз гектар баланд-паст ташландиқ ерлар бўлиб, одамлар чеккароқ, қулайроқ жойлардаги чимзор – дўнгликларни кучлари етганича ўзлаштириб шоли экишарди. Бекназарларнинг ҳам озроққина шолипояси бор, аммо у ердан чиққан шолининг гуручи тирикчиликни зўрға қопларди. Одамлар чўчишганиданми, инсоф-андиша қилибми ё соддаликлариданми, каттароқ ер очишга уринишмасди. Сирасини айтганда, кўпроқ экин майдони яратиш ҳам осон иш эмас: чимзор – қўриқларнинг юзаси юпқа тупроғу таги ғичирама тошлоқ бўлиб, кетмон ҳар гал албатта тошга жангиллаб тегар, ҳар қандай ўткир қурол, ҳатто метин – чўкичнинг тиғи ҳам ярим, бир соатга етмай тўмтоқ бўлиб ўтмаслашгач, марзага ўтирволиб, асбобни эгов ё қиррали тош билан узоқ териб, қайрашга тўғри келарди. Қисқаси, иш унмас, кетмончи икки-уч соатдаёқ безиллаб, қўллари қавариб, ишни бас қилиш пайига тушарди.
Ўша йили қиш чўзилиб кетганидан ҳадеганда кун исийвермади. Кенг тўқайзор – қўриқ тарафдан салқин шамол эсиб этни жунжиктирар, яланг оёқлар муздай тош, майса-чим ичида қақшаб, увушиб қоларди.
Ака-ука йигирма кунча кетмон чархлаб, чим қўпоришди. Кечгача иккаласининг ҳам силласи қуриб, товонлари қиррали тошларга тегавериб қонаб кетар, қўлтиқлари ости зирқираб, елкаларини кўтаролмай қолишар, ҳар куни кечқурун пахта ёғини қиздириб товонлари ва қадоқли кафтларига чилпиллатиб суркаб ўрик ўтин чўғига тоблашгач, боғлаб ётишар, эрталабгача оғриқ хийла босиларди.
Заҳмат ва машаққатлар бесамар кетмади. Аллоҳ йигитларнинг ниятларига яраша хирмонга барака берди. Лекин кўкламнинг сурилиши эвазигами, куз инжиқ, серёғин келди – шолини қуритиш қийин бўлди. Бунинг устига тўйга ҳозирлик бошлаб юборилди. Бекназарнинг жилла қурса, ёзга чиқайлик, олдин ҳовли-жойларни ўнглайлик, деган илтижоларига қулоқ осишмади. Онаизор: «Сен тенгилар иккитадан бола кўришди», деб йиғига тушди, шундан кейин ота: «Баҳор уйга уриниб кетсак, тўй яна сурилади. Шунча қўйиб бердик, менам маҳалла-кўйдан номус қиляпман», деб гапни кесди. Шолини қизимагудай сергитиб  қоплаб қўйишди. Тўйдан кейин кўп ўтмай қор ташлади. Шолини кунда-кунда бир қоп-икки қопдан сандал атрофида айлантириб-айлантириб қуритишгунча қиш яримлади.

III

1951 йил, кўкламнинг илк палласи. Тақвим бўйича баҳор расман кирган бўлса-да, кексалар таъбирича, қишнинг яна бир ҳафта – ўн кунлик ҳақи бор. Кун йилтиллаб турганига қарамай пана-пастқамларда қорлар ҳали батамом эриб битмаган, совуқнинг заҳри кетмаган. Машриқ томондан эсаётган изғирин, хусусан, эрталабларда гоҳ пасайиб, гоҳ авжланиб, бўш-баёв, суст кишиларни жунжиктиради. Лекин қаҳратондан омон-эсон чиқиб олганига шукр келтирувчи халқнинг асосий қисми тирикчилик ташвишида ғимирлаб, қишлоқларда ҳам жонланиш бошланган. Бекназарлар қиши билан сичқон-каламушлардан, қуш-паррандалардан қўриб чиққан шолини қўшни қишлоқдаги обжувозда бир ҳафта ётиб оқлашди ва бир неча якшанба Андижондаги каппон бозорига (у маҳалларда шаҳарда ҳам савдо фақат якшанба кунлари бўларди) ташиб сотишди. Ўшанда яхши гуручнинг нархи нари борса юз сўм  бўларди, юз минг сўмдан ортиққа пулладилар. Кунлар ҳам илиди. Бекназарлар кўч-кўронларию ашқол-дашқолларини баланд сўрига ва унинг остидаги чорпояга кўчириб, эски биноларни бузишга киришишди.
Синч билан тиклангани туфайли шувоқлари ёрилиб нурай бошлаган бўлса-да, йиқилмай турган уйнинг икки токчаси оралиғидаги гувалаларни чўкич билан кўчиришаётган пайтда бўйрага ўралган бир даста китоб чиқиб қолди. Улар жуда яхши сақланган, семиз-семиз, қорамтир, қизғиш, жигарранг сахтиён муқоваларига ҳам унча шикаст етмаган, сичқон ҳам тегмаган, фақат қалин чанг ўтирган ва сарғайиб, буришиб, четлари бир-бирига ёпишиб кетган эди.
Ҳашардагилар – маҳаллалик турли ёшдаги уч-тўрт эркак варақлаб кўришмоқчи бўлишганди, Дармонқул ака «ҳай-ҳай»лаб, «улар ичида Каломулло бўлиши мумкин. Муқаддас китобларга бетаҳорат қўл теккизиш мумкин эмас», деди ва ўзи таҳорат янгилаб келиб, топилмаларни ҳозиргина юз-қўлини артган нам дуррага ўраб чорпояга олиб борди-да, сандиқ устига йиғилган кўрпалар қатига жойлаб қўйди.
Оқшом ота ва ўғиллар китобларни кўрпа орасидан чиқариб, ноёб ашё каби қўлма-қўл қилиб, кўзларига суртишди. Зарҳалли арабий ҳарфлар ниҳоятда зич, аммо кашта мисоли чиройли эди. Унга тикилиш, томоша айлаш ҳам завқли: кўнгилда тушунуксиз бир туйғулар уйғотар, бу туйғулар афсус-надомат ҳислари билан омихталашиб оғриқ берарди. Наҳотки уч бирдай одамдан биронтаси бу нодир битикларни таталаб ҳам ўқий олмаса? Наҳотки катта бир хонадон ота-боболарининг илми-маърифат булоғидан буткул бебаҳра, бенасиб бўлса?
Бекназар бобосидан араб имлосини ўрганиб олмаганини, бу борада ғирт оми эканини туюб, ичидан зил кетди.
Уй қурилганда Дармонқул ака тахминан ўттиз ёшларда бўлиб, девор урилаётганда отаси мулла Аҳмадали билан ёнма-ён турган, бошқа ҳашарчи-ёрдамчилар ҳам бор эди. Лекин китобларни гувалалар орасига ким, қандай уриб, суваб юборганини кўрмаганди. Бундай хавфли тадбирни кўпчилик кўз олдида, гувоҳлигида амалга ошириш ҳам мумкин эмас эди. Демак, ота ўғлига, ўзгаларга ҳам билинтирмай, бу иш билан тунда бир ўзи шуғулланган. Дармонқул ака отасининг сандалда мутолаа қилиб ўтиришини, ихчамгина, вассажуфтли шифти пастаккина хонанинг ўрта токчасида устма-уст тахлоғлик турадиган китобларнинг бирдан ғойиб бўлиб қолганини эслади. Ўттизинчи йилларда саллага ва эскича илмларга қарши ўт очилганда мамлакат бўйича қанчадан-қанча ноёб китоблар дарёларга оқизилиб, қабристонларга кўмиб юборилган. Агар бу эҳтиёт чораси эҳтиётсизликка айланиб, ўғли ва набирасига шунча ташвишу азият етказишини билганида, балки у ҳам бошқача чора қўллаган бўлармиди...
Шўронинг дастлабки кунларидан мамлакатда ислом ва бошқа динларга қарши бошланган тақиқ ва сиқув ўчиб-ёниб турадиган олов сингари вақти-вақти билан кучайиб аланга олар, бу тазйиқлар ҳам зиёлиларга, илмлиларга нисбатан эълон қилинмаган умумий ҳужумга қўшилиб кетарди. Тазйиқу таъқиблардан зада халқ ичида фақат кекса ёшдагилар, диний идора ва соҳа билан бевосита дахлдор кам сонли художўйларгина (улар ҳам ҳадик билан) намоз ўқишар, қолган тоифа, хусусан, ёшларнинг тўқсон тўққиз ярим фоизи намоз, рўза ва бошқа исломий фарзу суннатлардан тамомила йироқ эди. Ярим фоиз мойиллар пинҳона ибодат қилиб, яширинча (асосан қиз-жувонлар) рўза тутишарди. Бекназарга бобоси намозни ўргатган эди, лекин у ҳам ўқимасди. Ота ўғилларини саждага бош қўйишга ундамасди... Халқда эътиқод пароканда, виждон эркинлиги деган нарсанинг ўзи йўқ эди. Наврўзни байрам сифатида нишонлаш ва бошқа миллий қадриятлар эскилик сарқити сифатида қораланарди. «Коммунизм» аталмиш хаёлий келажакни одамлар аниқ кўз олдига келтиролмас, аммо, ҳар қалай, унга ихтиёрий-мажбурий тарзда ишонувчилар, хусусан, раҳбар-амалдорлар ичида анча топиларди. Воқеа юз берган паллада қатағоннинг навбатдаги қуюни кўтарилиб, сиёсат шамшири маданият ва маърифат кишилари – миллат гулларини яна чилпий бошлаган эди.
– Энди нима қилсак экан бу китобларни? – ўйчан савол ташлади ота.
– Эртага қишлоқ советидаги кутубхонага олиб борсам, эҳтимол илмий асарлардир, – деди Бекназар.
– Аввал имом-домлага ўқитиб кўриш керакмикин?..
Холназар ҳам отасининг фикрига қўшилди.
Абдужалил домла бўйчан, қовун шакл қуюқ соқоли кумушранг, энгашиб кўп китоб ўқиб, кўп тоат-ибодат қилганиданми, бир оз энкайиб юрадиган анча сипо киши эди. У Бекназарнинг сўзларини хушламайгина тинглади.
– Мени маслаҳатим, – деди у совуққонлик билан, – йўқотиш керак, вассалом. Балодан ҳазар, бўтам. Агар улуғ китоблар бўлса, Худонинг ўзи кечирсин. Сиёсат дегани ўта раҳм-шафқатсиз нарса, сиёсатчи эса юзсиз – ҳеч кимни – шоҳниям, гадониям, олимниям, оминиям аяб ўтирмайди. Сиёсат – бамисоли ўт, ўт билан ўйнашиб бўлмайди деб қўли, тили куйганлар айтган. Аввалги талатўпларда қанча-қанча мулла кишилар урилиб-сурилиб, йўқ бўлиб кетди. Мениям, ўзларингниям бир фалокатга гирифтор қилиб ўтирманглар. Мени афв этинг, бўтам, дадангизга узримни етказинг. Бу гапни менга айтдингиз, бошқа бировга зинҳор оғиз оча кўрманг. Мени олдимга қай важдан келганингизниям ҳеч кас билмасин...

* * *

Ота-болалар бир тўхтамга келишгунча икки кун ўтди. Учинчи оқшом, намозгар арафасида дарвоза тақиллади. Эшикни очгани Бекназар чиқди. Дарвозахонада ўрта бўйли, ўттиз ёшлардаги қизил галстук таққан кимса билан андак қорин қўйган, қошлари сарғиш, қарашлари маъносиздек кўринадиган қишлоқ милисаси турарди.
Бекназар хушламайгина қўл узатди. Меҳмонлар мезбон билан наридан-бери такаллуфсиз қўл олишиб, унинг кўзларига тикилишди. Бекназар икки қанотли тахта дарвозанинг очиқ томонини гавдаси билан деярли тўсиб қўйганди. Албатта, шарқ одобига кўра, ҳар қандай меҳмон ҳеч қандай савол-жавобсиз, суриштирувсиз, аксинча, тавозе билан кутиб олинмоғи ва сидқидилдан ҳовлига бошланмоғи лозим. Лекин келувчиларнинг тунд қиёфаси, совуқ муомаласидан, хусусан, милиция кийимидан Бекназарнинг кўнгли алланечук хижил тортганди.
– Хизмат, акалар? – сўради у бир унисига, бир бунисига синовчан юзланиб.
– Ичкарида гаплашсак, – деди ўрта бўйли.
Бекназарнинг қошлари чимирилди.
– Нима масалада?
Шу аснода остонада ота кўринди, у меҳмонлар билан хушҳол кўришиб, уларни уйга таклиф этди. Бекназар «Нима қиляпсиз, ота?» дегандай томоқ қирди. Лекин Дармонқул ака унга эътибор бермагач, ноилож ўзини четга олди.
Чақирилмаган «меҳмонлар» ташрифининг сабаби аён, масала равшан эди. Дар¬монқул ака китобларнинг қаердан, қандай топилганини яширмай, бўямай сўзлаб берди, ўзимиз олиб бориб бермоқчи бўлиб турувдик, деб вазиятни юмшатишга ҳаракат қилди.
– Унда нимага икки кундан бери сақлаб ўтирибсизлар? – сўради ўрта бўйли ўдағайлаган оҳангда.
– Қаерга элтишни, кимга топширишни билмадик, – деди Бекназар. Унинг ғазабини яшириб, ўзини аранг тутишга ҳаракат қилаётгани овозининг дағаллигидан англашилиб турарди.
– Нимага билмайсизлар?! Бизга – райкомга олиб бориб топшириш керак. Билишга-ку, биласизлар, лекин хоҳламагансизлар, ким сезиб ўтирибди, деб ўйлагансизлар. Эшит¬гандик: сизлар асли авлод-аждодингиз билан диндор-тақводор кишилар экансиз!
Бекназар бобосини жуда яхши кўрарди. Ёши етмишга қараб бораётган қария мелисахона қамоғида кўрганларининг бир учини чиқарган, қолганини ундан-бундан эшитганлари, ўқиганлари билан тўлдириб тасаввур қилгач, нафратини кимга, қаёққа қаратишни билмай юрар, бобосини оппоқ соқоли билан кун тушмайдиган ер остида – зах хонада сақлаганларда кеки бор эди. Бегуноҳдан бегуноҳ-а... Айби – унинг илми борлиги эди.
«Уйидан эскича китоб чиқибди» деган чақув билан дарҳол ҳид олувчи иккита «лайча»нинг етиб келиши ва ўзларини сурбетларча тутиши, ота-болани катта жиноят устида тутиб олишгандай ўдағайлашлари дард устига чипқон бўлиб, қонини кўпиртирди.
– Туҳмат бу. Бир бобом саводли одам бўлган, холос! – Бекназарнинг вужуди ҳам, товуши ҳам қалтираб кетди.
– Туҳмат? Ҳали мен сенга туҳматчи бўлдимми?! – гезарди райком ходими. – Сен ўзи нима иш билан шуғулланасан?
Ота «ҳай-ҳайла»ди:
– Майли, буларни олиб кета қолинглар. – У китобларни райком ходимига яқинроқ сурди. – Узр, энди, ўғилларим, ақлимиз ноқислик қипти. Уйимиз тўкилай деб қолувди, шуни бузиш билан овора бўлиб...
– Пулинглар кўпайиб кетдими? – деди яна райком ходими дағдаға билан.
– Деворнинг орасидан тилла-пиллаям чиққандир, – гап қўшди участковой. – Буларнинг боболари бой ўтган.
– Унақа деманг, ўғлим, – деди Дармонқул ака ёшинқираган, четларини ажин қоплаган жигарранг кўзларини мўлтиратиб. – Кимлигимизни сиз яхши биласизу. Бойлар авлоди бўлсак, шу алфозда ўтирармидик... – У қўлларини ёзиб, бошини силкиб, ҳовлига ишора қилди.
Райком ходими атрофга бирров назар ташлади. Дарҳақиқат, томорқада диққатга арзигулик нарса йўқ эди. Ўша йиллардаги қишлоқ хонадонларига хос манзара: бир тарафда остида икки-уч қучоқ хас-хашак уюлган, томига беш-ўн боғ ғўзапоя босилган, тол хода устунларини қурт еган икки ёни ва олди очиқ бостирма, бошқа томонда – шохлари тарвақайлаган, танаси эшилиб, пўстлари арчилиб кетган қари беҳи ёнида бир оёғи калта одамдай қийшайиб, тагидаги катакда олачипор макиён ғилмайиб ётган ғариб тандир кўзга ташланарди, холос. Уйлар бузилаётгани сабабли, кўчишга тайёрланаётган хонадон каби ҳаммаёқ бесаранжом, ивирсиқ эди.
Райком ходими китобларнинг у ёқ-бу ёғини ағдариб, ичларини очиб кўрган бўлди-да (Дармонқул ака бу бетаҳоратнинг беписандлиги, беадаблигидан ижирғаниб ўтирди), санай бошлади.
– Бир, икки.., етти... Нечтасини яшириб қўйдинглар?
Ота каловланиб қолди. Зуғумчилар хатти-ҳаракатини қовоғини уйганча жимгина кузатиб, гапга аралашишдан ўзини зўрға тутиб ўтирган Бекназар чидамади.
– Нима, бизга ишонмаяпсизларми? – У овозини боягидан ҳам кўтариб, райком ходимига тикилди.
Дармонқул ака ўғлининг биқинига секин нуқиди.
– Хабар ол-чи, чой дамлашдимикин?
Бекназар ўрнидан туриб, баланд сўри томон жилди. Райком ходими унинг ортидан бир қараб қўйиб, яна отага юзланди.
– Тўғрисини айтинг.
Дармонқул ака соқолини тутамлади.
– Оппоқ соқолим ҳурмати...
– Соқолингизни пеш қилманг бизга, соқол эчкидаям бор.
Отанинг дили оғриди.
– Дастурхонда ўтирибмиз. Яширганимиз йўқ, яшириш ниятимиз ҳам йўқ, бори шу, ўғилларим.
– Капитан, китобларни рўйхатга олинг.
Капитан йилтиллаб кетган қора чарм сумкасидан қоғоз, ручка олиб, ёзишга шайланди.
– Қанақа китоблар ўзи булар, Дармон ака?
– Билмаймиз, болам, мен ҳам, ўғилларим ҳам арабчани ўқиёлмаймиз.
– Ўқишни билмасанглар нимага ушлаб турасизлар?.. Нима деб ёзаман? – Милиционер шеригига қаради.
– Сонини, ранги-тусини ёзинг. Акт тузинг. Отага қўл қўйдирамиз.
– Мен қўл қўйиб бераман, – деди чой кўтариб келган Бекназар капитанга ёндошиб.
– Иккалангиз ҳам имзо чекасиз, – деди райком ходими. Ажабо, дийдаси совуқ, қарашлари ҳиссиз, сўзлаш оҳанги ҳам ўзгармас – бирдай эди. – Сиз, йигитча, – давом этди у кўрсатгич бармоғини Бекназарга бигиз қилиб, – эртага тушдан кейин менинг ҳузуримга борасиз. Китоблар диний бўлмаса, қайтариб берамиз.

IV

Китобларнинг хатлаб кетилиши-ю, бу воқеанинг оқибатлари Дармонқул акани ҳам, Бекназарни ҳам жиддий ташвишга солганича йўқ эди. Балки, ҳар бири ўзича ҳар хил хаёлларга борган бўлса-да, бир-бирини чўчитмаслик андишаси билан, гап гапга қовушмаган нонуштадан сўнг ҳеч нарса юз бермагандай, яна ишга тушиш тараддудида туришувди, кўча эшик шиддат билан очилиб, дарвозахонада Бекназарнинг амакиси, яъни отасининг кичик оғаси Халил ака (каттаси ўттизинчи йилларда ўзига тўқроқ, қўлида сал жири бор ўрта ҳол қулоқ сифатида хатга тушиб қолгач, хорижга чиқиб кетган, айни вақтда Саудия Арабистонида яшарди) кўринди, у эшикни эҳтиёткорлик билан зич ёпди-да, худди изидан биров тушгандай, шипиллаб кела бошлади. Ота-ўғил унга пешвоз чиқишди.
Халил аканинг безовталиги, нимадандир ҳадиксираётгани қарашларидан ҳам аён эди.
– Келинг, ака, – деди Дармонқул ака сўрига омонат ўтиришгач, тинчликми, деган маънода.
– Кеча уйингларга райкомдан, мелисадан одам келдими? – сўради пастроқ товушда Халил ака бир укасига, бир жиянига ҳайрат ва таъна нигоҳини тикиб.
Дармонқул аканинг ранги-қути ўзгарди – кутилмаган, хижолатли хабар эшитган ё кўнглига бир ғулғула тушган маҳалда унинг қорамағиз юзи кўкимтир тусга кирарди.
– Қаердан эшитдингиз? – саволга савол билан жавоб берди у.
– Кечқурун Турди терипурушнинг чойхонасига чиқувдим. Ўша ерда қулоғимга чалинди. Нима бўлувди?
Дармонқул ака юз берган ҳодисани батафсил айтиб берди ва шундайми, қўшимчанг йўқми, дегандай Бекназарга қаради. У отасининг сўзларини тасдиқлагандай, бош тебратиб қўйди.
– Ўғлинг райком вакилини ёқасидан олибдиймиш?, – Халил аканинг юзида яна киноя ва ачиниш акс этди. Бекназарнинг қорачиқлари ғазаб билан чақнади, тишлари ғичирлади, кейин худди қорни бирдан қаттиқ мижиб қолгандай, афти буришди.
«Ё, аллоҳ!» – хитоб қилди Дармонқул ака, ахир кечаги воқеа устида ўзларидан бошқа ҳеч ким йўғидию...
– Йўқ, мен биргайдим, буниси ғирт бўҳтон, ака. – Дармонқул ака «озгина айтишиб қолди» демоқчи бўлиб, фикридан қайтди. – Қайси уйинг куйгур вайсади сизга?
– Ҳамманинг оғзида шу гап. Ҳовлига кирмайсизлар, деб дарвозани ёпволганиям ёлғонми?
Бекназар чўк тушиб ўтирган жойида яна бир қўзғалиб қўйди, ғижинди, изоҳ беришга оғиз жуфтлади-ю, катталар олдида ўзини тутишни лозим кўрди. Миш-мишларда озгина бўлса-да асос борлиги учун ичида ўзини яниб, секин уҳ тортди.
– Ана холос, – деди ота ҳам суюкли фарзандига қайрилиб. Унинг бу қарашидан «Ана, кўрдингми, нима қилиб қўйдинг?!» деган мазмунни англаш мумкин эди. Сўнг у яна акасига юзланди.
– Ёлғон, ака, ёлғон. Бекназар шу даражада... – Дармонқул ака жоҳил ё нодон эмас-ку, демоқчи бўлди. Бироқ бу иборалар жигаргўшасига оғир ботишидан чўчиди, – одамовимас-ку.
– Билмадим, ростми, ёлғонми, кўчада шу гап юрибди. Хўш, энди нима қилмоқчисизлар?
– Ҳеч нарса. Ҳали, тушдан кейин Бекназар айтган жойларига бориб кўрсин-чи.
– Ўз ихтиёри билан аждаҳонинг комига бошини тиқиб берадими? Отамизни нима кўйга солишгани эсингдан чиқдими? Сал бўлмаса ҳаммамиз қақшаб қолай девдигу!..
– Менам бирга бориб кечирим сўрасаммикин? – деди хавотирланган Дармонқул ака.
– Тутаб ётган ўтинга кирасин сепиб-а?
Ота бўшашиб, кўзларини аянчли жавдиратди.
– Нима маслаҳат берасиз бўлмаса, ака?
– Маслаҳат? – Халил ака ҳам бу ёғини ўйламаган эканми, ё миясида бир йўл-йўриқ режасини пишириб келсаям, айтишга иккиландими, тўхталиб қолди. – Менам дабдурустдан бир нарса деёлмайман. Сизларни огоҳлантириб қўйяпман, холос, яна ўзинглар биласизлар. Ҳар қалай, яхши бир чора топиш керак. Аммо ишни пухта битиринглар. – Халил ака шошиб турган одамдай пиёладаги чойни катта бир хўплади-да, – хўп, мен кетдим бўлмаса, – деб, юзига наридан-бери фотиҳа тортди-ю, сўридан тушди.
Амакини кузатишгач, ота-бола яна сўзсиз чорпоя четига ўтиришди. Энди иккаласининг ҳам кўз олдида кечаги вакилларнинг тунд башаралари, хаёлларида «Китоблар диний бўлмаса, қайтариб берамиз» деган қуруққина сўзлари айлана бошлаганди. Диний бўлмаса, уларни девор орасига уриб беркитиб ташлашармиди? Албатта, вакиллар ҳам китобларнинг қанақалигини фаҳмлашган. Демак, уларнинг «қайтариб берамиз» дегани шунчаки ваҳима қилмаслик ниятида айтилган гап.

* * *

Дармонқул аканинг боши қотди. Шу кеча тонггача мижжа қоқмади. Ким чақувдийкин ўзи? Буларни ёмонотлиқ қилиш кимга, нимага зарил бўлдийкин? Ахир бу китоблардан икки-учта қўшни хабардор эди, холос. Ё, Абдужалил домла... Йўғ-эй, ўлибдими... Балки... Эшқул агентнинг ишидир бу... Ростдан, энди нима қилиш керак? Акаси бежиз куюкмаяпти. Икки бирдай одам хатга тиркаб кетишди-да. Бунинг устига Бекназар қўрслик қилиб, уларнинг ғашига тегиб қўйди. Ҳақиқатда чакки гапирди. Бир айблари икки бўлди. Ўғли тушмагурнинг ўжарлиги қолмади – қолмади-да. Мабодо, мабодо... Унга бирон кор-ҳол бўлса, шўри қурийди-ку. Суянган ўғли шу-я. Йўқ, бир кўнгилсизлик юз берса, бу аламга чидаши қийин, қийин... Ундан кўра...
Ниҳоят бир тўхтамга келди. Бекназар қишлоқдан, юртдан ҳам чиқиб кетиши керак, вассалом.
– Ростданам муомаланг анови шапка кийганларга хуш келмади, ўғлим, – деди у салмоқлаб. – Фақат «қуллуқ», «хўп бўлади»га ўрганган катталар гап қайтарганни ёқтиришмай, қўполликни кўтаришмайди. Амакингнинг жон койитганича бор. Қисқаси, бу ишнинг яхшилик билан тугашига мениям кўзим етмай қолди. Бунақа савдолар элимизда янгиликмас. Биз шуни ўйламабмиз, болам, энди бирдан-бир чорамиз шу.
Амакию отанинг гаплари шунчаки ваҳима эмаслигига Бекназарнинг ҳам ақли етиб турарди. Бундай ғавғони бобоси мулла Аҳмадали бошидан кечирган. НКВД деган жойда олти кун ётган. Олчоқлар дилига худо инсоф, шафқат солганми, «Масжидга қадам босмайман, намоз ўқимайман» мазмунида тилхат ёздириб, ҳартугул қўйиб юборишган. Барваста, бақувват одам бир ҳафта ичида озиб, ранг-рўйи бир аҳволга тушиб қолган эди. Тузук-қуруқ емиш беришмас, уйдан олиб борилган овқатларни ҳам ўзлари тинчитиб қўя қолишаркан шекилли, ичкарига киритишмас экан. Унда Бекназар ёш эди. Бобо милиса ҳибсхонасининг ранжу ғурбати «мазасини» тотиб кўргач, Дармонқулга намозни жамоат деб ўтирмай, уйда, иложи борича пинҳона ўқийвер. Аллоҳнинг ўзи шоҳид, замон билан ҳисоблашмасликнинг, ҳукумат йўриғига юрмасликнинг иложи йўқ, деб тайинлай бошлади. Ўзи ҳам намозларни уйни ичидан беркитиб ўқийдиган бўлган эди. Ҳолбуки, у ўшангача набираларини ҳам беш вақт ибодатга, исломнинг беш фарзи ва бошқа вазифаларини адо этмоққа ундарди. «Даҳрийлар давлатининг сиёсати кўчада, идораларда ҳукмрондир, илло, уйда, қалбда ибодати исломия бўлмоғи зарур», дея таъкидларди. «Бу риёга, иккиюзламачиликка кирмайди. Парвардигор эътиқодни сақлаш учун чора ахтарганни хуш кўради», дерди. Милисахонадан зах, қўланса ҳидлардан димоғи ачишиб, юрагини моғор босганларнинг ҳиссизлиги, бераҳмлигидан озурда бўлиб, популдириғи пасайиб чиқувди. Унинг шаҳдини батамом қайириб ташлашган эди. Шундан сўнг оқсоқол ўғлига араб тили, алифбосидан сабоқ бериш фикридан ҳам қайтган, ҳатто уни Дармонқори ўрнига Дармонқул деб атай бошлаган, бошқаларни ҳам шунга ўргатган, уни аввалгидай маърака-маросимларга етакламай, Қуръон тиловат ҳам қилдирмай қўйган. Дармонқул ака ҳам болаларига намоз, рўза тўғрисида умуман гапирмасди, ўзи ими-жимида саждага бош қўйиб, рўза тутиб юрарди. Мана, энди бу фалокатга йўлиқиб ўтиришибди. Бобоси «Арбоблар билан ўйнашиш – оч йиртқичнинг ғашига тегиш билан тенг», дер эди-я. Бекназар бу гапни энди эслади. Эслаб мағзини чақа бошлади. Лекин бир ўзининг жонини қутқариб, бошқаларга этак силтиб жўнавориш инсофдан эмас-ку...
– Сизларсиз қаёққа кетаман, ота? Қочсак, ҳаммамиз бирга қочайлик.
– Йўқ, ўғлим, – бош чайқади Дармонқул ака. – Онанг билан биз ошимизни ошаб, ёшимизни яшаган, тўримиздан гўримиз яқин одамлармиз. Аканг – ройиш. Сен дангалроқ, шитоброқсан. Биз қочиб қаергача борардик, қайта сенга тушов бўламиз.
– Унда менам ҳеч қаёққа бормайман. Мен кетсам, сизни қийнашлари мумкин.
– Жа бунчаликка боришмас. Сени сўраб келишса, ёлғонни худо кечирсин, сизларнинг идорангизга кетган бўйича дараги йўқ, бизам хавотирланиб ўтирибмиз деймиз.
– Шу гапга ишонишади деб ўйлайсизми, ота?
– Кекса одамнинг гапига ишонишади, ўғлим. Биздан хавотирланма. Акангни ҳовлига кўчириб келамиз. Сен кўп қийинчилик билан катта бўлгансан, худога шукр, ҳамма ҳавас қиладиган йигит бўлиб етишдинг. Қўлимдан келганича сени элга қўшдим. Оғзингда ўрисча бўлсаям илминг, қўлингда ҳунаринг бор. Фақат сени уйлашда онанг иккимиз бир оз адашдик шекилли...
– Опам  нима дерикин? – деди Бекназар отасининг сўзини бўлиб.
 – Унга ўзим ётиғи билан тушунтириб айтаман.
Хўп, ота-ку масаланинг жиддийлигини англагани учун айрилиққа дош берар, лекин ўғилгинаси, нуридийдасининг кечалари кўчадан, гузардан қайтишини кутиб, овқат, чойини иссиқ ўраб, дарвоза зулфинининг шиқирлашига қулоқ тутиб ўтирадиган кўнгилчан онаизорнинг жудоликка сабри, бардоши етармикин? Ўзи-чи, нима гапи, истаги бўлса тортинмай айта оладиган ғамгузори дийдорини кўрмай, унинг ёқимли, тасаллибахш сўзларини эшитмай қандай чидайди?..
– Йўқ, сизларни барибир ташлаб кетмайман, кетолмайман! Қамашса, қамашар...
Дармонқул аканинг кўз олдига хизматчи-ходимлари қўрс, бадқовоқ, аллақандай ёқим¬сиз ҳидлар анқийдиган, бўёқлари ўнгсиз, совуқ, тор хона деворидаги қора панжара ва унинг ортида озиб-тўзиб сўррайган, юзлари ичига ботган, соқоллари ўскин Бекназарнинг тирқишдан мўлтираб қараб турган сиёқи келди-ю, аъзои бадани титраб кетди...
Ҳа, ота-бобосининг бир вагон мол-дунёсини инъом этган фидойи мансабдорларга-ю, умрини, бутун куч-қувватини халқ ишига тиккан олиму уламолар, фозилу фузалоларга заррача раҳм-шафқатни раво кўрмаган юзсиз ҳукумат оддий бир камбағалнинг содда-баёв, тўпоригина фарзандини аяб ўтирармиди. Йўқ, улардан рўшнолик, марҳамат кутмоқ – бориб турган нодонлик, гумроҳликнинг ўзгинаси.
– Тавба де, жон болам. Булар шунчаки қамаб қўйишмайди, тепкилаб ё оч қолдириб қийнашади, майиб қилишади. Қанчадан-қанча илмли, сал-пал саводи бор одамлар бегуноҳдан-бегуноҳ отиб ташланди, қанчаси сургунга жўнатилди. Биттаси қайтиб келдими? Жувонмарг бўлиб кетишингни истамайман, ўғлим. Қаерда юрсанг ҳам, соғ-омон бўлсанг, бас. Аллоҳнинг мусулмонларга раҳми келиб, замонлар чархи айланар, иншолло... Подшолар янгиланса, давлатнинг тузуми, сиёсатиям ўзгариб қолар, унда қайтиб келоврасан. Юртдан бош олиб кетганлар кўп, уларам дилида бир куни қайтамиз, деган умид билан жўнашган. Уларнинг айримлари билан топишволсанг ажабмас. Азим ҳожи, Норалибойларни Қашқарда деб эшитаман, ўшалар сенга йўл-йўриқ кўрсатишиб, ёрдам беришар. Уларни чойхоналардан, устахоналардан  суриштирасан. Аллоҳ йўлингни очиб, Макатиллога етиб борсанг, биласан, Рўзмат амакинг ўша шаҳарда, орқаворотдан келган хабарларга қараганда ўзига хийла дурустмиш. Унда, бизниям кўнглимиз хотиржам тортади. Тақдир насиб қилиб, ҳожи бўлиб қайтсанг, нур устига нур. Ишқилиб, қайси бир тарзда тинчлигингни билиб турсак, бас. Пешонамизга битилган бўлса, бизни аканг билан тепалаб-тепалаб кўмарсизлар. Сендан бошқа тилагимиз, тамамиз йўқ, зинҳор хижолат чекмагин.
Бекназар яна анча оёқ тираб турди, акамни айтиб келай, кенгашайлик, деб кўрди. Дармонқул ака кўнмади, у тўнғичи фикридан қайтаришга ҳаракат қилиб, бошқа йўл кўрсатиб, ишни бузиб қўйишидан ҳадиксирарди. Ота учун ҳамма фарзанд бирдай азиз, лекин нимагадир кенжа ўғил бўлакчароқ, юракка яқинроқ бўлади чоғи. Ўзбекларда айнан ана шуниси ота-она билан бирга яшайди, падари бузруквор унга суянч сифатида қарайди – бу туғма бир туйғудир. Дармонқул ака ҳам Бекназарни жони-дилида кўрар, унга бир тикан санчилганчалик озор етишини сира-сира хоҳламасди, ундан кўра айрилиққа сабр қилиш осонроқ, маъқулроқ. Ҳар қалай, ўғлим озод, саломат юрибди деган ўй одамга таскин беради-ку. Бекназар ҳам ўзига ҳаёт бағишлаган меҳрибонининг иззат-икромини жойига қўйишга уринар, устачиликда юришган пайтларда унга иложи борича ёғочнинг енгил томонини, ишнинг қулай жойини рўпара қилиш, оғирроқ, қийинроқ юмушларни ўзига олиш пайида бўларди. Қиблагоҳини шу қадар эъзозлаб, авайлайдиган, қобил, солиҳ ўғлонга ҳаваси келган кишилар Дармонқул акага «Биз ҳам ўғил ўстирдик, деб юрган эканмиз-да, фарзанд тарбиясини сиздан ўрганиш керак экан, уста», дейишарди.
– Яратганнинг бизга кўрсатган карами бу, минг қатла шукр, ҳаммамизникигаям инсоф берсин, – деб қўярди ота ҳам ғурурини яширмай ва зимдан ифтихор билан дилбандига бир нигоҳ ташлаб қўярди. – Ҳа, ишқилиб кўз тегмасин...
Ўз қишлоғию бир шаҳарни биладиган, бир кеча ҳам хонадонидан ўзга жойда тунамаган Бекназарнинг бирданига манзилию муддати ноаён дарбадарликка «маҳкум» этилиши унинг кўнглига фақат оила аъзолари, ёру дўстларидан, бошқа яқинларидан айро яшаш, уларни соғиниб зориқиш ташвишинигина эмас, қандай юрту элларда тентираб, тили ўзга қандай кимсаларга жавдираб, кўмак ўтиниб юраманикин, деган ҳадикни, саросимани ҳам солмоқда эди. Ахир, одам боласининг ўз туғилган гўшасидан оёқ узиб кетавериши осон эмас-да.
– Агар бу ерда қолиб, – юзига тунд авзо бериб гапирди ота, – дангалчилигингга бориб яна бир иш кўрсатсанг, уларни баттар ўчаштириб  қўйишинг мумкин. Унда ҳаммамизга қийин бўлади, яра пасодга айланади. Қочсанг, сени йўқ десак, «ана келади – мана келади» билан кунлар ўтади, ёмон ниятлилар ҳовуридан тушади. Болта тушгунча кунда дам олади, ўғлим. Мени, онангни ўйласанг, айтганимга кир, кегин  пушаймон ейишнинг фойдаси йўқ.
Бекназар ҳамон иккиланар, бир тўхтамга келолмай изтироб чекарди. Таваккал деса, виждони қийналади – ахир қилғиликни қилиб, жуфтакни ростлаб юборса, худо билади, отаси билан акасининг бошига қандай кунларни солишади? Хўп демаса, ота хоҳиши. Қолаверса, падари бузрукворининг куйиниб тушунтиришларидан сўнг унинг юрагида ҳам ғимирлаётган ғулғула кучайди. Бобосининг гаплари қулоқлари остида жаранглаб, ота илтижосини қувватлагандай бўларди: «Ҳибсхонаси шу бўлса, қамоқхонаси қанақа бўларкин? Қаримисан, ёшмисан, одаммисан, итмисан, очликдан ўляпсанми дийишмасакан. Худди сен уларнинг арпасини хом ўриб қўйгандай, ўқрайиб, туртиб ўтишоврадийкан. Одамни жа хор қилиб, хўрлигини келтиришворадийкан...» Ҳа, на илож, ота амри – худо амри, уч-тўрт ой кўздан ғойиб бўлиб туриб, қайтиб келаман, деб ўйлади Бекназар ичида. Ота-бола вақтинча Ўшдаги, Бекназарнинг ҳатна тўйида пичма қўй етаклаб келишган ва совриннинг «идишқайтди»си – латта-сарпо важидан ранжиб, аразлаб кетишган, ўша бўйи ўлим-йитимдан ўзга маҳалларда деярли борди-келди қилмай қўйишган ўгай амма ва поччаникидан паноҳ топишни маслаҳатлашишди.
– Агар ўнг келиб қолса, Қашқарга жўнавороврасан, – деди Дармонқул ака ўғлининг елкасига қўл ташлаб. – Шундай қилганинг маъқул. Ўш – бир қадам, ишониб бўлмайди... Келинни олиб кетасанми?
Саволнинг бефойдалиги маълум эди. Лекин ота ҳар эҳтимолга қарши сўраб қўйишни лозим топганди.
Бекназар индамай бошини қуйи солди.
– Майли, ўғлим, агар истаса, бизминан яшаб туроврар, – деди Дармонқул ака мужмалгина.
– Сизларни диққат қилмасмикин, ота? Яхшиси, бошини очиб қўйиш керакмикин? – деди Бекназар паст овозда, падарининг норозилик аломати акс этиши мумкин бўлган нигоҳига кўзи тушиб қолишидан чўчигандай, бўйнини янада эгиб.
Дармонқул ака тараддудланди. Қандай бўларкин? Яхши ният билан келин қилишувди. Қиз бечораям буларнинг остонасига умид билан, юрагида бир дунё орзу-ҳаваслар билан қадам босган. Қудалар нима дейишаркин?..
 
* * *

– Сафардан қачон қайтишим маълуммас, шунийчун сиз оталарингизникига ке¬товринг, – деди Бекназар келинчакка дийдасини қаттиқ қилиб. Жувоннинг қорачиқлари ҳайронликдан, хавотирдан кенгайиб кетди, оғзи ҳам ланг очилганича қолди. Куёв нигоҳини ёш, янги, лекин бағридан илиқлик қочган қайлиқнинг юзи, кўзидан четга қаратди. У гарчи бегуноҳ Рашидага ачинса-да, ўз хулосасидан афсусланмади, «тўғри қиляпман», деган фикр кечди хаёлидан. Эрнинг умр йўлдошига «уйингга кетавер» демоқлиги шариат, исломий нуқтаи назардан талоқ ҳукмидадир. Ислом таълимотида оила мустаҳкамлиги олий, муқаддас ҳисобланган ва у «талоқ» деган жуда кучли, кескин қонун билан ҳимояланган. Ана шунинг учун ҳам илгарилари мусулмонлар хонадонларида қўйди-чиқди, ажралишлар ниҳоятда кам бўлган, бу чора, яъни талоқ ҳукми ўзга тадбир қолмаган пайтлардагина, боз устига, даражаси билан қўлланган. Ҳозир ҳам айни ўша иложсиз пайт эди.
Сирасини айтганда, замона зайлига мувофиқ, бошқа аксарият ёшлар каби диний ақидаларга Бекназар ҳам иккиланиброқ қарар ва уларга амал қилавермасди. Лекин ҳозирги масалада отаси кўрсатган йўл-йўриқ унга жўялидай туюлди. Табиийки, ўша маҳалда Бекназарнинг завжаи ожизаси кўнглига «Пушти паноҳим мени қўйиб юборди, жавобимни берди» деган хаёл келмаганди, у фақат совуқ янгиликдан – сафар муддатининг ноаниқлигидан эсанкираб қолган эди (куёвининг хомуш ва ўйчан юришлари сабабини шунга йўйиб андак таскин ҳам топди). Аммо, жувоннинг чақалоқлигида Журавой сўфи томонидан азон айтилган қулоқлари билан эшитган нохуш жумлалар мағзи-моҳиятини унинг ота-оналари чақиб англамоқлари керак. Лекин қудалар ҳам мўмин, ройиш одамлар. Рашида уларга бўлган гапни айнан етказолмадими ё умидли дунё дебми, қизларини кеч кузгача – қарийб беш ой қўйиб беришди. Роҳила опа келинининг шаҳди паст, ғамгинлигини кўриб, раҳми келганидан унинг сиқилган юрагини ёзиш чораларини сидқидилдан излар – маҳалладаги тўй-маъракаларга (одатда Рашида бунақа издиҳомларга юришни ҳам унча хуш кўрмасди) Раҳимани қўшиб, зўрлаб чиқарар, «Отангизникига бориб, бемалол яйраб келаверинг» деб жўнатарди. Бироқ қизнинг ўз ҳовлиларида ҳам чеҳраси очилмас, бир-икки кун тургач, безовта бўла бошлар, назарида Бекназар келиб, унинг йўқлигидан астойдил хафа бўладигандай туюлар ва зудлик билан бу ёққа чопарди. Уйга келгач, тарвузи қўлтиғидан тушиб, қаллиғининг жавондаги кўйлак ва бошқа ички кийимларига юзини босар, у билан бирга бош қўйган ёстиқларни қучоқлаб, баданининг излари қолган чойшабларни пайпаслаб – силаб, чарос кўзларидан ёш тўкиб узоқ-узоқ ўтирарди. У Бекназарни яхши кўрар, унга тегиб, кўп қизларни армонда қўйганидан боши осмонда эди. Шунинг учун куёвининг унга нисбатан бепарволиги, эркалатиб – суявермаслигини унинг сал одамовироқлиги, тили қаттиқлигидан, қизларга бефарқлигидан кўрар, яқин бўлиб кетишларига жуда-жуда ишонарди. Бекназарнинг ундан ўзини тортиброқ юришини сезиб-сезмаганга олар, илло унинг раъйини асло қайтармас, садоқатли посбон, содиқ хизматкордай мудом кўзига қараб, амрига мунтазир турарди. Зеро, у хотин зоти эрнинг ҳар қандай хоҳишига ҳамиша ҳозиру нозир бўлиши керак деган ҳадисга амал қилишга, шу йўл билан унинг кўнглига киришга уринарди. Бекназар эса қайлиғининг вафоли, итоатли ёстиқдошга хос фазилатларини қадрлаган ҳолда, унга илимагани, илий олмаётганидан ўзи ҳам қайғурарди. Юқоридаги ҳодиса шу жиҳатдан унинг ишини «ўнглагандай» бўлди.

* * *

Бекназарнинг туйқис «сафари»га онанинг муносабати, ҳайрати келинникидан кам бўлмади. Эркакларнинг ўзаро висир-висиридан, алланечук безовта алфозларидан Роҳила опа хавотирга тушувди. У ҳам ҳаракатчан, тиришқоқ Бекназарини жон-дилида кўрар, унга меҳри баланд эди, нуридийдасининг ундан икки синф юқори, ҳаммаҳалла ошнаси Шаҳобиддин билан кечалари айвон томида ой ёруғида китоб ўқиб ётишларини ўзича баҳолаб, «Ҳай, Холназар (эр-хотиннинг бир-бировини тўнғич фарзандларининг исми билан аташ одати яқин-яқингача ҳам бор эди), бу боладан бир каттакон чиқади-ёв, шунисидан кўрамиз шекилли» дерди қувончини, ғурурини ичига сиғдиролмай. «Иншоолло, айтганинг келсин», деб дуо қиларди Дармонқул ака. Бекназарнинг катта ўқишга кирмаганига она қанчалар куйинган, ота эса: «Қўёвур, ўғлинг ўрис илмида (боёқиш дунёвий илмларни шундай англарди) олим бўлмаса устачиликни қўлимдан олар», деб зўрға овутган эди. Томдан тараша тушгандай, «Бекназар сафарга жўнаяпти» деган гапдан у ҳам Рашидага ўхшаб гангиб, саросималаниб, овози ҳам чиқмай қолди. «Қанақа сафар, қаёққа?» – сўради у бир оздан кейин нафасини ростлаб. Китоблар машмашаси, райондан келувчилар ташрифининг сабаби аёлларга мумкин қадар юмшатиб айтилган, Бекназар «Менинг узоқ йўлга отланаётганимни онамизга зинҳор айта кўрманг», деб келинни пишиқтирган эди. Заифа зотининг кўнглиям, тилиям бўш бўлади-ку, бир пасда маҳалладаги хотинларга ҳасрат халтасини тўкиб, ҳамма ёққа овоза қилиб юбориши ҳеч гап эмас-да.
– Подадан олдин чанг кўтарма, қўшнилар югуриб чиқишмасин, – уқдирди Дармонқул ака мулойимлик билан. – Ўғлинг дунёнинг нариги томонига кетаётгани йўқ, Бусора опамизнинг тоби қочиб, айттирворипти. Хабар олиб, беш-ўн кун қарашиб келади. Бечораларнинг боласи йўқ, поччаям қариб қолган. Шунийчун сал узоқроқ туришиям эҳтимол.
Бу хонадонда ҳам ўша пайтлардаги аксарият мусулмон оилаларидаги каби отанинг сўзи – сўз, амри вожиб эди. Бинобарин, Роҳила опа ортиқча дийдиёнинг фойдасизлигини яхши биларди. Унсиз ноласи, хўрсиниғи пасайиб, кўз ёшлари тингунча юзини Бекназарнинг кенг кифтига босиб турди. У эрининг тасалли сўзлари йўлига, уни овутиш учун айтилганини, ота-ўғилнинг хуфиёна тадбир-тадорикларида ғайри бир тараддуд, режа яширинлигини оналик ҳиссиётлари билан туярди. Қолаверса, Раҳима кўчадан анча-мунча миш-мишлар топиб келиб онасига бир учини чиқарувди. Бекназар суюкли сингилгинасига оналарига билдирмаслик шарти билан олисроққа кетаётганини шипшиб қўйган эди.

* * *

Рашида қайнсинглиси билан тайёрлашган уст-бош, нон, туршак ва бошқа майда-чуйдалар солинган иккита тугунни эрининг қўлига тутди. Худди шу пайтда Бекназар унга отаси шама қилган гапларни ўзини совуққонликка солиб айтди. Одамнинг юзи иссиқ, бир кўрпада ётган танмаҳрамига кўнгилсиз хабарни, жудолик дарагини, айниқса «жавоб» маъносидаги ишорани етказиш нақадар оғир! Келинчак бундан ярим соатча аввал тўсатдан йўл анжомларини ҳозирлашни буюргунча ҳам жуфти ҳалолининг сафарга айнан бугун жўнаши ва бошқа ниятидан воқиф эмас эди. У одатдагидай, шу оқшом ҳам уйларига барвақт кириб, бор кўрпа-якандозни тўшаб, қалин жой солиб қўювди. Fайри шуурий равишда ўринга бир қараб қўйган Бекназар гапини тугатар-тугатмас, боядан бери анқайиб турган Рашида шартта орқасига ўгирилди-да, жой четига чўккалаб, кафтларини юзига босганича йиғлаб юборди. Унинг кўз ёшлари айрилиқ қўрқуви, изтиробининг ифодасими ё ўзи тутилиб-тутилиб тилига чиқарган сўзларнинг алам – аччиғими – йигит англамасди. Эркак оғушининг нақадар ҳузурбахшлигини туйиб, қайлиғига қаттиқ кўнгил боғлаган ҳамда ёшлигига бориб, ҳаётнинг, яшашнинг нашъу намоси, аёллик роҳати, бахти бахтиёр ёстиқдошликдан иборат экан, деган хулосага келиб улгурган жувон ўша қимматли бойликдан, тақдир ато этган бемисл неъматдан ажралиб қолаётганидан таҳликага тушиб, бирдан ўзини йўқотиб қўйган, ғам ўтида қовуриларди. У чаён чаққандай сапчиб ўрнидан турди-да, эрининг бўйнига осилиб, юзини унинг томоғи остига ишқай кетди. Бир оздан кейин эса яна баралла хўнграй бошлади. Бекназар унинг чангак каби маҳкам қисиб олган қўлларини елкаларидан бўшатмоққа уринди.

* * *

Бекназар ҳовлига чиққанида оила аъзолари чорпоя ёнида тик турганча аста-аста гаплашишарди. Фақат Раҳима чорпоядан нарироқдаги лойсувоқли ерўчоққа ғўзапоя қаларди. Атроф қоронғи бўлса-да, йигит гулхан ёруғида синглисининг юзлари чўғдай қизариб, бўғриқиб кетганини кўрди. Акасига кўзи тушган қиз ўчоқдаги қумғонни қоп-қора дастмол билан кўтариб олди-да, биқинидаги алюмин тоғорага ағдарди. Идишга буғ орасидан қайноқ сув билан бирга бир нечта тухум шалоплаб тушди. Раҳима тоғорачани ёнбошлатиб қайноқ сувни тўкиб юборгач, тухум устига совуқ сув қуйди, кейин тухумларни бир қийиққа тугиб шошиб келди-да, бўхчалардан бирига жойлаштирди. Бекназар бу пайтда акаси Холназарнинг қучоғидан ажралиб, отаси билан бағирлашмоқда эди. Новчалиги учун унинг боши падари бузрукворидан тепада турарди – у амакиларига тортган эди. Қиблагоҳининг иссиқ оғушидан чиқар экан, унинг кўзларида ёш ғилтиллаётганини илғаб, кўнгли бузилди, хўрсиниқ томоғида ғилқиллаб туриб олди. У онасига ёпишди. Ўғлининг кенг қўйнига сингиб кетган ушоққина жуссали Роҳила опа ошкора, фақат товушини баланд кўтармасдан йиғларди, шу ҳолатда у жигарпорасини қўйиб юборишни хаёлига ҳам келтирмаётганга ўхшарди. Унинг ёнида эса Раҳима Бекназарнинг забардаст елкасига бошини қўйганича обидийда қилар, гавдаси билинар-билинмас силкинарди. Тортинчоққина сингилжон қизларнинг ҳаваси келадиган шу акаси билан фахрланар, унга эркаланарди. Шу акасидан чўчиб, анча-мунча йигитлар унга тегажоқлик қилишга ботинишолмасди. Бекназар ҳам эсли-хушли маъсума қизалоқни халқ достонлари қаҳрамонларига ўхшатиб, «Мени Паризод синглим» деб суяр, «Сени ҳеч ким хафа қилмаяптими, биронтаси жиғингга тегса, менга айтгин, а», дея рағбатлантириб қўярди. Суянчи, ҳимоячисининг шундоқ зўр йигит бўлишига қарамай, қайлиқдан омади чопмаганига у ҳам ачинар, орзулагани – апоқ-чапоқ, сирдош бўлиб юришга лойиқ очиқ чирой келинойи учрамаганидан яна афсусланарди. Бу борада ўзини ҳам айбдор ҳисобларди. Рашидалар қўшни қишлоқда яшашгани, бирда-иккида яқин ҳамсуҳбат бўлишмагани сабаб, унинг қанақалигидан, тўғриси, бехабар эди. Шунинг учун иккиланувди, лекин ўша томонлик қизлардан тузукроқ суриштириб кўриш эсига келмаган экан. Баъзида хафа бўлиб, онасига: «Сизга айтувдим-а, у қиз акажонимга муносиб бўлмаса керак деб, қулоқ солмадингиз», деб таъна қилиб қолар, Роҳила опа эса: «Лекин манақа феъли бор демагансан-да, болам, унисини сенам билмагансан-да, тўғрими? Умас, бумас, тақдир. Эси-хуши жойида, саранжом-сариштайкан, шунисига шукур, кейин-кейин очилиб, дамлиги ёзилиб ҳам кетар...», деб қизининг кўнгил хижиллигини тарқатиш пайида бўларди. Бекназар бу ҳақда ҳеч кимга оғиз очмаган, оғиз очмоқчи ҳам эмас эди. Ҳар нечук, ҳамдиллиги, ҳамдардлиги учун сезгир, зийрак синглисига нисбатан Бекназарда ихлос, меҳр янада ортган эди. Ҳозир у шуларни кўнглидан ўтказар экан, шундай меҳрибон, ғамхўрларимни ташлаб кетаманми, деган надомат, уларсиз куним қандай ўтади-ю, ҳолим нима кечади, қаерларда, қанча вақт изғиб юраркинман, ишқилиб тезроқ қайтиб келиш насиб этармикан, деган ташвиш ва хавотир қалбини кемира бошлади. Ўша бадбахтларга дарвозани ланг очиб, келинглар, келинглар, акажонлар, деб, қўлини кўксига қўйиб турса бўлмасмиди? Лекин, барибир ит итлигини, тўнғиз тўнғизлигини қилаверарди. Қолаверса, Бекназар муросаю мадора, мулозамату илтифот бораларида нўноқроқ, ўжарроқ эди, дангалчиликни ёқтирарди, дилидаги бир зумда юзига ва тилига лоп этиб чиқадиганлар тоифасидан эди. Агар шу феъли панд бермаганида балки жони-жаҳонлари – волидаи азизи ва синглиси ҳозир оҳу фиғон чекиб, ўзининг ҳам ичини ит таталаб турмаган бўлармиди...
Бекназар нима қилай дегандай, отасига илтижоли боқди, лекин Дармонқул ака бу қарашнинг маъносини ўзича тушунди.
– Бас энди, йўлдан қоляпти, – деди у ва ҳаммани нохуш ҳолатдан чалғитиш учунми, «Пичоғингни олдингми, Бек» (ота ўғлини кўпинча, хусусан унга меҳри товланган пайтларда шундай атарди), деб сўради.
«Босмачилик» деб аталган даврлардан кейин совуқ аслаҳа сифатида пичоқ олиб юриш ёзилмаган қонунлар асосида бир мунча тақиқланган бўлса-да, иккинчи жаҳон урушидан сўнг катта ёшдаги эркакларнинг уни чорси билан белига тақиши, йигитларнинг эса камарига боғлаб, шимининг чўнтагига солиб ёки этик қўнжига тиқиб юришлари қайта таомилга кирган эди. Анча-мунча пичоқбозликлар юз бериб туришига қарамай, ота-боболардан давом этиб келаётган удум бўлгани учунми, ҳар қалай, бу яроғни бутунлай ман этишни, афтидан катталар адолатдан деб билишмасди.
Кейинчалик мана шу матоҳ бўлмаганда бошимга шунча шўришу ғавғолар тушмасмидийкин, деган гап Бекназарнинг кўп бора хаёлидан ўтди. Аммо ўшанда у энг керакли ашёсини ёдига солгани учун падари бузрукворидан миннатдор бўлган эди. Аслида унинг ўзи ҳам пичоқ тақишни йигитлик мартабаси мезонида кўрарди. Ёнбошида – камарида ярқираб, юрганида сонига тегиб турадиган бу қурол эркак кишига қандайдир салобат, мардона сиёқ берарди гўё. Дарвоқе, шарқ халқлари, жумладан, ўзбеклар орасида хотин, бош кийим, от ва пичоқ азалдан ғурур, ор-номус мақомида юксак қадрланиб, эъзозлаб келинган ва бу нарсалар ҳеч кимга, ҳатто энг яқин одамга ҳам бир жиддий сабабсиз берилмаган. Замоннинг, инсон дунёқарашининг шу қадар тез эврилишини қарангки, деярли ярим аср ичида дўппи, пичоқ, от ҳам урфдан – ифтихор, ҳамият тимсоллигидан чиқди... Аёл эса хорижма-хориж тижоратда…
Бекназар отасининг сўроғидан кейин «ий-й-и» дедию уйга қайтиб кирди. Рашида йиғидан тинган, бироқ ҳамон болиш қучоқлаб ётган эди, эрини кўрдию ирғиб туриб яна бўйнидан қучоқлади. Йигит гарчи бир неча дақиқа бурун талоқ мазмунидаги гапни айтиб қўйган, шариат қоидаси бўйича энди улар номаҳрамларга айланишган эса-да, унда меҳр-шафқат туйғуси уйғонди, жиғибийрон бечора, бегуноҳ келинчакни ўзидан итариб ташлашга журъати етмади, тўғрироғи кўнгли чопмади, уни аста бағридан ажратиб, икки кифтидан омонатгина тутди, унда бирров келинчакнинг ёш изи қолган юзларидан енгилгина ўпиб қўйиш фикри туғилди, аммо шу заҳоти бу аҳдидан қайтди, жувонни ўзига хиёл тортиб, бошига иягини қўйганича бир лаҳза турди. «Чакки қиляпсан, бу ишинг ножоиз энди», дерди ичида бир овоз. Ростдан, балки оддий инсоний далда, юпатиш маъносидаги мана шу аяш, раҳмдиллик изҳори кейин Рашидага умид бериб, уни шу хонадонда бир неча ой тутиб тургандир. Албатта, у ҳам кўп қатори ожизаи бенаво бир банда, унинг ҳам қалби, хоҳиш-истаклари, ҳиссиёт ва туйғулари бор, бинобарин, у ҳам бошқалардай севиб-севилишга, оила қуриб яшашга, ўзини кимгадир бахш этишга, бахтли бўлишга ҳақли... Ночор, номукаммал мардумларнинг сахву хатоларини тўғрилаб, дунё ишларини мувозанатга солиб турувчи Парвардигор уни ҳам ташлаб қўймас...
Бекназар уй бурчагида, девордаги михда илиғлик мугуз сопли, амиркон қинли пичоқни олди-да, йўл-йўлакай уни ўша пайтда расм бўлган пахталик фуфайкаси остидан камарига боғлашга тутинган чоғда, фикри ўзгариб, сарғимтир хром этигининг қўнжига тиқиб, ҳовлига чиқди.
– Яроғ – эркак кишининг ҳамроҳи, – деди ота, – фақат уни жойида, яхшиликка ишлатиш керак.
Холназар она билан сингилни укасидан авайлабгина ажратди. Икки муштипар ожиза ўз жигаргўшаларидан умрбод айрилишаётгандай, бир-бирларини қучиб ҳиқиллашарди.
– Қани, қўлингни оч, дуо қилайлик, – овозини кўтариб аёлини ундади Дармонқул ака ва Бекназарга юзланиб йирик, қадоқли кафтларини ёзди: – Аллоҳ паноҳига топширдик. Парвардигор сени фақат яхши одамларга йўлиқтирсин, ўзидан бошқага муҳтож қилмасин. Эсон-омон дийдор кўришгунча... – Ота бир нима ёдига тушгандай хотини тарафга бир кўз ташлади-да, қўшиб қўйди: – Амманг, поччангларга биздан қаттиқ дуо дегин, ой бориб, омон кел...
– «Қулхуоллоаҳад»ни, «Қулаувзу»ни ўқиб юриш эсингдан чиқмасин, болам, – тайинлади йиғидан тийилмаган она.
– Биз сизни соғиниб қоламиз, тезроқ қайтинг, акажон, – ўтиниб илтижо қилди Раҳима.
– Омон бўлинглар... – Бекназар қанча ҳаракат қилмасин, онаси олдида ўзини шунчаки қисқа фурсатли сафарга кетаётгандай қилиб кўрсатишнинг уддасидан чиқолмаётганди. У яна Холназарни қучоқлади. – Ака!.. – Шу биргина калом талаффузида бир дунё мазмун мужассам эди. Икки туғишган биродар айрим оға-иниларга нисбатан аҳил эди. Албатта, улар орасида ҳам келишмовчилик, зиддият чиқиб турарди – Холназарга отаси Бекназарни авайлаб, оғир юмушларни кўпроқ бунга буюрадигандай туюлиб, гоҳида тумрайиб олар, эрка укасига ғашланиб, бир-икки кун аразлагандай юрарди. Кейин у сингиллари Раҳиманинг ҳам ўзидан кўра Бекназарга ҳурмати бўлакчароқлиги, бунга айтмайдиган сирларини укаси билан ўртоқлашишини пайқаб ичида андак куяётганга ўхшарди. Шунга қарамай, ундан ажралиш ҳам Бекназарнинг юрагини симиллатмоқда эди. Ҳозирги «Ака!..» деган илтижоли хитобда эса ўкинч, узр оҳанги, ота-онамиз ҳам, синглимиз ҳам сизга қоляпти, уларни эҳтиёт қилинг, менинг йўқлигимни билинтирманг, бу нотавон инингизни эслаб туринг, деган ўтинчлар бор эди. У киприкларига сизиб чиқаётган ёшини кўрсатмаслик учун юзига фотиҳа тортиш баҳонасида бармоқларининг учи билан мижжаларини сийпалади.

V

Иккита тугунни елкасига хуржундай осган Бекназар яримта ой атрофидаги юлдузлар кечқурунгига нисбатан сийраклашган, тонг ёришган-ёришмаганини фарқлаш қийин бўлган, одатда отаси кўпинча анор сотгани бозорга жўнайдиган паллада дарвозадан чиқди, шу пайтда у ўзини беихтиёр қаландарларга менгзади. Тор кўчалари шаҳарга элтувчи асосий йўл билан туташган жойгача – бир чақиримча масофага пиёда юриш керак. Атроф сокин, ҳатто қўшниларнинг «оғзи очиқ» совлиғи ҳам маърамасди. Баҳорнинг беқарор, салқин шабадаси йигитнинг ёлдор кўкрагига хуш ёқар ва бир оз жунжиктирарди. Ёз нафаси келиб қолган бўлса-да, ҳали тунлар унча исиб кетмаган эди.
Бугун якшанба – бозор. Тўрткўчада киракаш машиналар бўлиши керак. Чорраҳа – қишлоқ маркази, асосий гузаргоҳ, бозорчиларнинг бекат –паккаси ҳам эди. Қишлоқ одамлари томорқаларига асосан анор, беҳи, узум экишади ва кўпчилик меваларни қиши билан сақлаб, кўкламда – илик узилди, пул узилди маҳалда сотишга ўрганишган. Гўшт-ёғ, сабзи-пиёз ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини шаҳардан олиб келишади. Бекназарларнинг ҳовлисида ҳам ўттиз тупча анор бўлиб, улардан беш-олти юз кило ҳосил олишади. Асосий улгуржи даромадлари шу. Бир қисмини анор пишиғида, қолганини баҳорда пуллашади. Мавсумда арзон, баракасиз бўлади-да. Ота боёқиш саҳарга яқин туриб, оқшом хамир қорадиган тоғорага гумбаз шаклида териб, катта этакка ё дастурхонга тугиб-ростлаб қўйган анорни орқасига – худди болани опичлагандай чопони этакларини қайириб, кўтариб чиқиб кетади. Дармонқул ака бозорга хуши, сабри йўқ, ҳам тажрибасиз ўғилларининг анорни кўтарасига, арзон бериб юборишларидан безиллаб, ҳам айни уйқуга тўймайдиган даврларида уларни ижирғантирмаслик учун бозорга ўзи қатнарди. Доимий кира қиладиган, шу қишлоққа ўрганган тепаси брезент билан ёпилган, орқаси очиқ битта юк машинаси (уни “капалик” машина дейишарди) бўлиб, у ҳам бошқа жойдан келарди.
Бекназар ўнқир-чўнқир йўлдан хаёл суриб бораркан, хўп, Андижонга-ку етиб оларман, кейин Ўшга қаердан, қандай кетаркинман? Ишқилиб, ҳозир капалик машина бўлсин-да, деб ғудунгларди. Негаки, гоҳида ўша биттаю-битта киракаш улов ҳам келмай қоларди. Бекназар ёруғ тушмасдан қишлоқдан чиқиб, иложи борича тезроқ шаҳарга етиб олиши зарур эди.
Тўрткўчада, шохлари тарвақайлаган қари тут остида саккиз-ўн чоғлик, асосан катта ёшдаги кишилар чўнқайганча давра қуриб гаплашиб ўтиришар, яна икки-учтаси тош ётқизилган йўлда у ёқдан бу ёққа оҳиста юришарди.
 – Ҳа, Бекназар, бозоргами, оқсоқол дам олдими? – сўради юриб турганлардан бири, маҳалладош Эркинбой ака.
– Ҳа, – қисқа жавоб берди Бекназар ва бошқалар ҳам гапга тутиб қолмасин, деб тугунларини бир четга қўйди-да, чўнқайиб ўтириб олди.
Ниҳоят, “капалик” машина келди, одамлар, тоғора, қоплар ўрнашди. Йўлга тушдилар. Бекназарнинг кўнглида ҳадик, ҳаяжон, шуурида Ўшга етиб олиш ташвиши, аразлаб юришган ўгай амма ва поччалар қандай муносабатда бўлишаркин, қаерда қўним топаркинман, қочишим тўғри бўлдими ўзи, анови худобехабарлар отамни каттам сингари тергов қилиб, у ёқ-бу ёққа судраб қийнашса-чи?.. деган, кейин ҳам юз марталаб такрорланган саволлар айланар, улар жавобсизлиги боис, юрагига ғашлик соларди.

* * *

Қариндошлар Бекназарни бошда илиқ қаршилашди, бироқ икки-уч кун ўтиб, меҳ¬моннинг бехос ташрифи сабабидан воқиф бўлишгач, уни тезроқ жўнатиб юбориш пайига тушиб қолишди. Почча безовталаниб, Қашқар томонга кетадиганларни суриштира бошлаган, бу саъй-ҳаракатларни жиянга меҳрибончилик, ғамхўрлик ниқобига ўраб кўрсатишга уринарди. Бекназар хонадоннинг ҳаловатини бузганини англаб, «Мен Қаш¬қарга ўтишдан айнидим, ўйлаб кўрсам, уйдагиларни ташвишга қўйиб кетишим тўғри эмас экан, шунинг учун Анжанга қайтаман», деб чиқиб кетди. Ўш сойи бўйидаги чойхонага тушди. Ўзи каби бўйдор, ёши бир жойга борган, юз терилари, бақбақаси бир оз осилган, лекин гап-сўзи, қарашларидан анча ҳушёр ва дадил чойхоначига таваккал деб дил ёрди. Поччаси Ўшда Бекназарга ўхшаган қочоқларни Қашқар томонларга яширин йўллар билан олиб ўтиб қўядиган ёвқур, девкор йигитлар борлигига шама қилувди.
– Ҳа, шунақалар бор, – деди чойхоначи, Бекназарнинг рост, самимий гапираётганига шубҳаланмай ва улардан бирининг манзилини тушунтириб қўйди.
Бегмат сор лақабли овчининг ҳовлиси шаҳарнинг мағриб қисмида, Заҳириддин Муҳаммад Бобур тошдан ҳужра солдирган Сулаймон тоғи пойидаги маҳаллада эди. Бекназарнинг бахтига у уйида экан. Муддаони билдириш асносида кўргилигини бўямай-бежамай гапириб берди, чунки нажоткорга ёлғон сўзлаши ўзига нисбатан ишонч, ҳурмат илдизига болта уриш демак-да.
Ўша маҳалда навбатдаги қатағон уюрмаси яна бутун иттифоқ бўйлаб ғувуллаб, ҳар томонга учар, йўлида дуч келган эзгулик, зиё дарахтларини қўпориб, чирпирак қилиб, тубсиз жарларга итқитиб ташламоқда эди. Бекназарнинг бошига тушган савдо биргина унинг қисмати эмас, Бегмат сор буни яхши англарди. Буни нафақат унга ўхшаган халоскорлар, балки бутун халқ биларди, лекин ким «гирдибод»дан нолиб ҳасрат қилса, ёзғирса, ҳолига вой эди – тўзон уни ҳам омон қўймасди. Зеро, тўзон «ташкилотчилари»га зид бир сўз демоқ – куйиккан урғочи шернинг жиғига тегиш билан баробар эди. Бегмат сор ҳам аламзадалардан эди. Шахсий кутубхонасида Ленин, Сталин тўмлари тўла эмаслиги, аксинча, коммунистик тарбияга хизмат қилмайдиган кўплаб китоблар сақлагани учун китобдор тоғаси, бутун маънавий бойлиги мусодара қилиниб, ўзи ўн йилга кесиб юборилган эди.
Чегара сиёсати қаттиқ, Қашқар билан борди-келдига рухсат тугул, ҳеч қандай имтиёз ҳам йўқ, яширинча ўтишга уринганларга жазо шафқатсиз эди. Шунга қарамай, тирик жон илож қидираверади. Таваккалчилик, яшаш учун қулай шарт-шароит яратишга интилиш, некбинлик қон-қонига сингиб кетган инсон, эртага ё бошқа жойда беш баттар машаққату риёзатларга дуч келиши муқаррарлигини нотинч кўнгли сезиб турса-да, илинж билан талпинаверади.
Бегмат сор Бекназарга унинг ёлғиз эмаслигини, икки-уч кун ичида йўлга чиқишларини айтиб, кўнглини тинчитди, кутилмаган меҳмонни ўрдак гўшти билан сийлаб, унга қатор тушган пастак уйлари чеккасидаги бир хонани ажратиб берди. Бекназарнинг дилига ёруғлик иниб, ўзини эркинроқ, дадилроқ тута бошлади, унда Қашқарга ўтиб, у ерда отаси айтган кишиларни учратишга ишонч уйғонди. Қишлоғидан чиққандан бери уйқуси чала-ярим, беҳаловат эди, катта бир довонни забт этган, йўлининг бу ёғи ойдинлигига шубҳаси қолмаган кимсадек мириқиб керишди. Рашида қават-қават қилиб тўшайдиган ўриндан ҳам ҳузурлироқ, юмшоқроқ туюлган юпқагина кўрпачага чўзилиб, чуқур нафас олди. Кун ботишга қараган дарчадан кираётган анча салқин, аммо юракка ором берувчи ёқимли шабададан бадани ҳам яйради.

VI

Ўш – Эргаштом довон йўлида қарийб уч кеча-кундуз юришди. Адирлар, довон, даралар, чангалзорлар оралаб ўтган, асрлар давомида остки қатламлари тошдай қотиб қолган, аммо юзаси ёғингарчиликда сирпанчиқ лойга айланадиган энсиз йўл гоҳо нариги бошигача кўриниб тургандай тўғри, тик, гоҳо иланг-биланг арғамчини эслатарди. Улар Бегмат сор, унинг шериги Осман, Бекназарга тақдирдош Дадамат ва Тоштанбой ака билан унинг нимжон ва касалванд ўспирин ўғли Алишер – жами олти киши эдилар. Сафарга чиқишган ўзаро яқин одамлар сингари гурунглашиб кетишди. Осман новча, қотма, аммо жуссасига нисбатан калласи каттароқ ўттиз ёшлардаги қирғиз башара йигит эди. Уни таништираркан, Бегмат овчи «Бунинг асли оти Усмон, аммо метрика берадиганлар осмонларга етиб юрсин, деб ўзгартириб қўйишган», деб ҳазиллашди. Дарҳақиқат, Османнинг боши ҳамманикидан баланд, оёқларининг узунлигидан тиззасини тепага кўтариб, букиб от қорнига ниқтарди. Бегматнинг айғири гавдали, кўркам бўлгани сабаблими, Османнинг кулрангга мойил йўрғаси хачирга ўхшаб кўринарди. Бегмат сор, афтидан, жўрасининг қаҳқаҳасига ишқибозу, ҳозир вазият тақозосига кўра, ўринсиз жарангли кулишларнинг дамини кесишга, эҳтиётланишга ҳаракат қилаётгандай тасаввур уйғотарди, бошқаларни ҳам ҳазил-чин аралаш огоҳлантирарди. «Қизиқ гап, афанди айтиш йўқ. Осман бир хандон урса, нақ ҳаммамиз қўлга тушамиз». Шунга қарамай, диққинафас бўлиб кетганида ё қадрдон кулгини қўмсаб қолганида, беҳадикроқ жойда ажиброқ гап билан биродарини бир хахолатиб хуморбосди қилиб оларди.
– Бошқа маҳал майлию, гезада  совуқдан титраб-қақшаб ўтирамиз, энди чуррак хўракка тушганда қаҳқаҳа уриб ўлжани учирворгани чатоқ.
– Ўзингам тек турмайсан-да, – деди Осман мийиғида жилмайиб. – Қўлим тепкига бориши билан, кетига отма, чуррасини мўлжаллама, деб одамни кулгисини қистатасан. Ўлгандан кейин барибирмасми?
– Йўқ, барибирмас, чурракчи, – эътироз билдиради Бегмат жиддийлик билан. – Эркак зоти учун бунақа қисмат билан ўлиш жуда аламли-да, тўғрими, биродарлар?
Бироқ бошқаларнинг кўнглига кулгу сиғмас, улар ўз ҳадик ва ташвишлари билан банд эди. Бақалоқроқ, элликни қоралаган Тоштанбой кўринишдан ўн икки-ўн учлар орасидаги (аслида мурти сабза уриб қолган) ўғли Алишер билан анча йиллар муқаддам Қашқарга ўтиб кетган отасини йўқлаб боришаётганди. Бундан уч ҳафтача илгари падари бузрукворининг оғир бетоблиги тўғрисида хабар келган, Бегматга қараб, ҳаяллашган эди. Унинг фикри-ёдини отам тирикмикин, ишқилиб дийдор кўришиш насиб этармикин, деган хавотир чулғаб олганди.
Ўрта бўйли, қорамағиз, ўттиз саккиз-қирқ ёшлар чамасидаги Дадамат, унинг ҳам азон айтилган исми Дадамуҳаммад бўлиши керак, оғир –вазминлигиданми, бир оз суст кўринар, қарашлари ҳам сокин эди. Емаган сомсага пул тўлаган, яъни вилоят тафтишчилар бошқармасида ишлайдиган бир хешига енгил машина олиш учун исми-фамилиясини «бериб туриши»  ўз бошига бало бўлган эди. Туман ички ишлар бўлимига чақиришиб, шунча сармояни қаердан топгансан, демак, бирор қулоқ қариндошингдан тилла-пилла мерос қолган, яна машинани катта фойдага пуллагансан, яъни чайқовчилик билан шуғуллангансан, деб роса тинкасини қуритишган. Дадамат жигарини сотгиси келмаган, тафтишчи унга «Пулни қариндошлардан қарз кўтарувдим, ўқиб, ҳужжат олгунимча миниб туриш учун бўламга берганман деяверинг», деб гап ўргатган. Лекин мелисадагилар анойи эмас-да, тергашда давом этишган, якка ҳолда дўппослатишган, бир натижа чиқишига кўзлари етмай, охири ишини судга ошириб юборишган. Воқеанинг бунақа тус олишидан ваҳимага тушган Дадамат қочворган ва Ўшга келиб, у ҳам Бегмат сорга йўлиққан эди.
Улар ўша куни ярим тунда йўлга отланишди.
– Тонг отгунча аҳоли қалин яшайдиган овуллардан, Олойдан ўтиб, довон йўлига етволишимиз керак, – деди Бегмат сор.

* * *

Кифтига қалин, оппоқ кўрпа ёпилган тоғ яқинлашган сайин изғириқ авжга минар, айниқса, субҳи содиқда кун чиқишга – қор заҳри келаётган тарафга қараб юриш уқубатли эди. Қулоқлар чимиллаб, қароғлар ёшланар, бурун туклари қиров боғлаб тортишар ва ачиштирарди. Йўловчилар бошларини ёнбошга буриб ё бадавийлардай юзларининг кўздан ташқари қисмини қийиқ билан ўраб-чирмаб олишади. Нам тортган киприкларини, бир-бирига ёпишиб қолишидан қўрқиб, тез-тез пирпиратиб юришга ҳаракат қилишарди. Дахан сал очилса совуқ танглайни, кичик тилни ҳам чимиллатар, шунинг учун ҳамма лабларини қимтиб, миқ этмай кетарди. Изғирин устки кийимларнинг пешини шиддат билан қайириб, болдир, сонларга уриб дириллатади. Пешларни куч билан тортиб, оёқларини ёпиб, қимтиб, маҳкам босиб олишади, лекин уловни ниқташ зарур бўлганда тиззалар кўтарилиб, этаклар яна орқага қараб учади.
Аҳволи анча оғирлашган Алишер орқаси билан деярли отасига суялиб, инқиллаб-синқиллаб борарди, ота унинг ёнларини ўраб, енги билан оғзи-бурнини ҳам шамолдан тўсишга уринарди. Унинг қийналаётганини сезган ҳамроҳлар ўсмирни навбатма-навбат ўз олдиларига ўтирғизиб олишарди. Ҳамон гап гапга қовушмас, барчанинг фикри-ёди бетоб бола ва чегарадан ўтиш ғамида. Ўсмир ҳануз ўзини дадил тутолмас, мингаштириб бораётган киши уни бўш қўли билан қучоқлаб, эҳтиётлаб кетишга мажбур бўларди. Албатта, юзаси юпқа музлаган ботқоқли йўлда бир уловга икковлон миниш ўнғайсизлик туғдирарди. Оғир юк билан тобора юқорига ўрлаётган довондан юриш эшагу отга ҳам қийин – қаттиқ ҳансирай бошлаган жониворларнинг тумшуқлари ерга тегай-тегай дер, оғиз-бурунларидан, ёллари орасидан қуюқ ҳовур кўтариларди. Ҳайвон тер ҳиди билан уйқаш ҳовур улов устидагиларнинг димоғларига урилиб, нафасларини қайтарар, хусусан, Алишернинг кўнглини оздирарди. Уловларгина эмас, одамлар ҳам ҳаддан зиёд толиқишганди. Тоштанбой ака боз устига ўғли билан ҳаммани ташвишга, азиятга қўйишаётганидан изтироб чекар, Алишерни кўпроқ ўзи мингаштириб олиш пайида бўлар, аммо шерикларнинг оғринишаётгани сезилмас (Бекназар билан Дадамат ҳам энди уларга шафқат ва хавотир назари билан қарашарди), аксинча, улар «Боланинг аҳволи хатарлимас, худо хоҳласа, ҳадемай тузалиб қолади», дея отахоннинг кўнглини кўтаришиб, унга кўпроқ дам беришга ҳаракат қилишарди.
Ростдан ҳам ўсмирнинг дарди у қадар оғирга ўхшамасди, ҳар қалай, кўмакда бўлса ҳам уловда тикка кетяпти-ку, бутунлай ётиб қолгани йўқ-ку. Лекин ташқаридаги буюқ билан ичидаги ҳароратнинг ўзаро зиддияти, мувозанат бузилиши охир-оқибат нимжон ва янада заифлашган вужудга салбий таъсир ўтказди шекилли, кечга яқин боланинг афти оғриқдан бот-бот тириша бошлади. Энди уни ичбуруғ ҳам исканжага олган эди. «Шуниси камиди», – ўйладилар. Дам-бадам тўхташга тўғри келар, ота боёқиш ўғлини бир четга бошлаб ўтарди-да, чакмони этакларини капалак қанотидай ёзиб, уни назардан, шамолдан иҳоталаб турарди.
Бекназарнинг, балки ўзгаларнинг ҳам наздида энди Тоштанбой ака ҳам бўшашиб, сўлишиб борарди, ахир кечадан бери туз тотгани йўқ. Бошқалар ҳам хижолат бўлишиб наридан-бери, енгил-елпигина тамаддиланишар, ҳатто улов устида қаттиқ нонни кусирлатмаслик учун оғизларида оҳиста айлантириб, шимиб, хийла юмшатишгач, Бегмат ва Османнинг белбоғидаги сувдонлардан етган жойигача музлатиб кетадиган сув хўплаб, луқмани бир амаллаб ичкарига суриб юборишарди. Улар ҳам уч кундан бери иссиқ таом кўришгани йўқ, аммо Тоштанбой акага янада қийин – унинг ёши ўтиб, овқатга суяниб қолган даври.
– Мўлжалдаги манзилга келдик, тоғнинг энг ўнғай жойи шу ер, – деди ниҳоят Бегмат сор отини тўхтатиб, қамчи билан тепага ишора қиларкан. – Эҳтиёт бўлиб, секин кўтариласизлар, тоғдан тушиб, яна этакка – келган томонимизга қараб юрасизлар, беш-олти чақиримлардан кейин чапга – кун чиқиш тарафга кетасизлар. Икки чақиримча борасизлар, томлар кўринади. Қишлоқ билан ёнбағирлик ўртасида сим тўсиқ борми, йўқми, билмайман, мабодо бўлса, ҳушёрлик билан ўтасизлар.
Османнинг таклифи билан тамаддига ўтиришди. Тошфонарни ёқишиб, қотган кулча, туршак, майиз, хуллас, ҳамма бор бисотини белбоғ – дастурхонга тўкди. Бегмат билан Осман ҳам хуржунларидан яхна гўштлар олиб қўйишди.
– Қоринни яхшилаб тўйдириш керак, – деди Бегмат сор, – тоғдан ошишга кўп куч керак. Бирор соат дам олинглар, кейин тепага қараб монтийсизлар . Юқоридаги қор бети музлаган, ҳазир бўласизлар. Бекмирза, Дадамат, ота-болага ёрдам берасизлар.
– Албатта, албатта. Раҳмат сизга. – Бекназар нима қиламиз, дегандай Тоштанбой акага маъноли қаради. У бошда хизмат ҳақи борасида гап очганда Бегмат: «Аввал ишни битирайлик, ўша ёқда гаплашамиз», деб гапни қисқа қилувди. Йўл-йўлакай эсига тушса, қанча сўраркин деб, Бекназарнинг ичи бир ғимирлаб қўярди. Ўша савол каттакон илмоқдай яна кўз олдида ликиллай бошлади. Икки йўл бошловчи, ҳимоячи бу ёққа уч кундан ортиқ юришди, қайтишда яна шунча йўл босишади... Ёнидаги маблағ ҳисобли, Қашқарга ўтиб, отаси айтган кишиларни топиб, улардан қарз сўраши ё уларнинг маслаҳати, ёрдами билан мардикор ишлаб бўлса-да, пул жамғариши мумкин, ҳозир эса... Отаси берган пулнинг ҳаммасини олиб келавермабди-да. Йўқ, уларга асқотиш ўрнига бор-будларини йиғиштириб жўнаши инсофдан эмас эди. Етмаса, шериклардан олиб турар...
– Хизматларингиздан жуда миннатдормиз, кўп улуғ иш қилдиларинг, сизларсиз бу жойларни топиб келишимиз гумон эди. Бехавотир келволдик, – гап бошлади Тоштанбой ака Бекназарнинг имосидан кейин. – Энди сизларни рози қилиб қўйсак, – у бўхчасини ковлай бошлади. Бекназар билан Дадамат ҳам Бегмат сорнинг оғзига тикилганча чўнтакка қўл солишга шайланиб туришарди. Осман, унга бу «савдо»нинг дахли йўқдек, хас-хазонларни шитирлатиб, шундоқ ерга бепарвогина ёнбошлади.
Бегмат сор ўтирган ерида қаддини ростлаб, бошидаги қулоқлари икки ёнга осилиб тушган тулки телпагини қамчиси билан тепароққа суриб, чаккасини қашиди.
– Оқсоқол, қани, бир дуо қилинг-чи, – деди у кенг кафтларини очиб. Қоронғида унинг кўзлари худди бургутникидек чақнар ва кайфияти чоғлигидан далолат берарди.
Тоштанбой ака аввал дастурхонга фотиҳа ўқиди, еган-ичганлари савобини даврадагиларнинг ўтганлари руҳига бағишлади, кейин Бегмат билан Османнинг умрию ризқларига баракаи-азим ва ҳеч қачон доғ кўрмасликлари, ҳамиша Яратганнинг паноҳида, Хизр бува мададида бўлишларини тилади, ўзларига эса аллоҳдан эсон-омон Қашқар тупроғига етказишини, норасидасига шифо, қувват ато этишини сўради.
– Мана шу дуоларингизнинг ўзи бизга катта тўлов. Борлиқ истак-тилакларингиз ижобат бўлиб, ҳаммаларингизга ўз юртимизга тўрт мучангиз соғ қайтиб келиш насиб қилсин. Эшакларни берардигу, барибир уларминан манави баланд тоққа чиқолмайсизлар...
Тили калимага келмай қолган Тоштанбой ака тараддудланиб, ёнидагиларга юзланди. Етакчининг гапи фақат ота-болага тегишли деб ўйлашган Бекназар билан Дадамат қўйинларидан бир сиқимдан пул чиқариб узатишди.
– Раҳмат сизларга, кетган вақтларингизга рози бўлинглар, – деди бири.
– Оз бўлса, кўп ўрнида кўрасизлар, яхшиликларингизни ҳеч эсдан чиқармаймиз, – деди униси.
Бегмат энди чўккалаб ўтирган ҳамкорининг елкасига туртди.
– Қирғизча сўйладим шекиллиг-ов, Осман, манави жўлдасларга ўгириб бер...
Отахон ҳам, бошқалар ҳам йўл бошловчилардан хизматларига яраша ҳақ олишларини астойдил ўтинишди, акс ҳолда, мол-мулклари учун закот бермагандай, кўнгиллари хижил бўлиб, ишлари юришмай қолиши мумкинлигини бири қўйиб, бири таъкидлашарди. Айниқса, ўз жигарлариникига икки кун сиғмаган ва бояги ўйларидан мулзам тортган Бекназар баландроқ овозда, бир Бегматга, бир Османга қараб жонланиб гапирарди. Зимистонда юз-кўзлардаги ифодани илғаш қийин эса-да, товушлар жаранги ва қўл, бош ҳаракатлари шиддатидан ўтинч, илтижолар юракдан чиқаётганини пайқаш мумкин эди.
Камгап, боқибеғам Осман чурқ этмасди, афтидан чурракчи Бегмат сорнинг чизиғидан юрарди. У ўқтин-ўқтин кифт қоқиб қўярди холос.
– Қайтишда бизникига тушиш эсларингдан чиқмасин, Осман икковимиз чуррак билан меҳмон қиламиз, – кулди Бегмат ва уларга тасалли бергандай қўшимчалади: – Йўл-йўлакай ов қилиб кетамиз. Беш-олтита тулки, бўрсиқ-мўрсиқни ўлжа олармиз. Хўп, энди биз кетдик. Сизларниям, бизниям йўлимизни берсин, омин, – у даст тикланиб, оталардай қучоқ очди.
Эски қадрдонлар каби, кўкрак қафаслари бир-бирига ботгудай бағирлашиб хайрлашдилар. Кузатувчилар отлари бошини келган изларига буришди, эшаклар эргашди. Бир зумда кўздан ғойиб бўлдилар, шатир-шутир шарпалар ҳам тинди. Атрофни сирли зулмат чулғади, бир ёқда маҳобатли тоғ, иккинчи ёнда этагини кўз илғамас яланг чўл қорайиб кўринарди.

VII

Қашқарда айрилишди. Йўллари, боражак манзиллари ҳар хил, нотаниш шаҳарда бир-бирларига кўмак беришдан ожиз эдилар. Тоштанбой ака қиблагоҳининг Ёрбоғ деган жойда яшашини айтиб, манзират юзасидан ҳамроҳларини таклиф этди. Бекназар тезроқ отаси тайинлаган одамларни излаб топиши зарурлигини билдирди. Дадамат сафарни давом эттириш ниятида, Исломободга ўтишни мўлжаллаётганди. Ҳиндистондан ажралиб чиққанига бир неча йил бўлган Покистон мусулмонлар диёри ва паноҳгоҳи сифатида аҳли сунна муҳожирлар эътибори ва кўнглини торта бошлаганди.
Ҳамсафарларни бир неча кунлик йўл азоблари бир-бирларига меҳрли оға-инилар каби яқин қилиб қўювди. Аллоҳдан яхши кунларда боз дийдор кўриштиришни тилаб, йиғлаб хайрлашишди. Хийла ўзига келиб қолган Алишер дам Бекназарга, дам Дадаматга кўзларини жовдиратиб тикилар, унинг болаларча беғубор нигоҳларида уялиш, хижолат ҳисси билан бирга миннатдорлик туйғусининг ҳам ифодаси мужассамдай эди.
Эрта қисмат қандай кечишини, яна қаерларда, қай ҳолатда умргузаронлик қилишни ҳеч ким билмасди. Тоштанбой ака падари бузруквори ҳузурида унинг тузалиши ё бошқа... муносабат билан маълум муддат тургач юртга қайтмоқчи эди, лекин ўша маҳалларда бу аҳдни комил ишонч билан айтиб бўлармиди?

* * *

Бекназарнинг тасаввурига жуда катта шаҳар сифатида кириб қолган Қашқар анча кичик кўринди, аҳолиси ҳам сийракка ўхшади. Ҳар қалай, торроқ ва тартибсизроқ бозорни унча қийналмасдан топди. Андижонликлар растасида қидирганларидан бирини учратди, бошқалари савдо ишлари билан ҳар ёққа кетишган экан. Бекназар мусофирликда кишилар ўзаро аҳил ва иноқ, меҳрибон ва оқибатли, бир-бирларини қўллаб-қувватлаш туйғуси кучли бўлишини дастлаб ўшанда билди. Ҳар хил сабаблар билан Қашқарга ўтиб ўрнашиб қолган андижонликлар кўп, аммо улар орасида камбағали кам эди. Бекназар қашқарликларнинг Ўзбекистондан, асосан водийдан борганларга (уларнинг ҳаммасини «анжонлиқлар» дейишарди) илиқ муносабатдалигидан жуда суюнди. Улар мусофир биродарларига меҳмонхона ёки ижара уй деса, уни топиб беришар ва жойлашиб, ўзларини ўнглаб олгунча андижонлик бойлар қатори моддий жиҳатдан кўмаклашиб туришарди.
Андижонликлар кундузлари расталарида, кечқурунлари чойхоналарда, кўпроқ бир-бирлариникида тўпланиб гурунг қилишар, суҳбатни савдо-сотиқдан бошлашиб, Хўжа Аҳмад Яссавий, Юсуф хос Ҳожиб ҳикматлари, Бедил рубоийлари, Навоий, Машраб ғазаллари мутолааси ва муҳокамасига ўтишар, ниҳоясида гап шўро давлатида, хусусан, Ўзбекистонда, шунингдек, Андижонда юз бераётган ҳодисалар, «қама-қама»ларга бориб тақаларди.
– Шўро дегани ёмон қаттол чиқди-да, бу кетишда халқ қочиб, қамалиб, қирилиб битади-ёв. Бу балои азимни худонинг ўзи даф қилсин, – дея мулоқотга якун ясашарди.
Бекназар бир неча кун юртдошлари хонадонида файзли, латиф суҳбатлардан баҳраманд бўлди. Ҳамма эҳтиром билан уни тўрга ўтқизар, бундай сийловлардан у ийманиб, эсанкирарди. Умрида бунақа иззат-икром кўрмаганди, чарчоқлару машаққатлар ҳам деярли унутилди. (Ўзининг «қўлма-қўл» бўлиши Азим ҳожининг мулла Аҳмадали бобосига ҳурматидан эканлигини кейин англади у). Аммо негадир бу шаҳарда қолишга ўзида кучли иштиёқ сезмасди. Ота танишлари... барибир жигармас-да, улар бунга қачонгача ғамхўрлик кўрсатишарди? Арабистонда эса туғишган буваси  бор... Азим ҳожига падари бузрукворининг хоҳишига кўра Саудияга бормоқчи экани, ҳаж амалларини ўташ орзусидалигини, шунга пул жамғариши лозимлигини, мардикорликка ҳам розилигини айтиб, йўл-йўриқ сўради.
– Биз бобонгизни, отангизни яхши биламиз, улар имони бут, ҳалол одамлар. Хусусан, каттангиз элга мурувватли, саховатли инсон эди. – Ҳожи тоға қўйнидан семизгина ҳамён чиқариб Бекназарга узатди. – Бу сизга ҳамюртларингиздан туҳфа, улар, агар шу ерда қолмоқчи бўлсангиз, ҳовли-жой масаласида ҳам ёрдам қўлини чўзишмоқчи эди.
«Демак андижонликлар мени тўғримда қайғуришиб, шунақа фикр қилишибди-да», дея ўйлади Бекназар ва эти дириллаб кетди, юраги тўлиқиб, кўзларига ёш келди. Аммо бу ажойиб инсонларнинг тортиқларини шундоқ олиш ўнғайсизлигини юзлари қизариб-бўзариб айтди.
– Худога шукр, тўрт мучам соғ, билакда қувватим бор, ишлаб пул топсам... Ахир, ҳажга ҳар ким ўз меҳнати, ҳалол йўл билан топган сармоясини харжлаши лозим дейишади.
Ҳожи тоға Бекназарга бобосининг юзи – ҳурматидан, отаси ва ўзининг табаррук аҳди-нияти ҳаққи, ажру савобларга дохиллик умидида кўнгилдан чиқариб ҳадя этишаётганини таъкидлади, агар уларнинг қўлини қайтарса, ранжишлари мумкинлигига шама қилди.
– Сизлардан ўла-ўлгунча миннатдорман, ҳожи тоға, – деди Бекназар қалбидан тошиб чиқаётган ҳаяжонини мумкин қадар босишга тиришиб, – менга иссиқ қўй¬нинглардан жой бердинглар, бундан ортиқ, бундан қимматли ҳадя бўладими? Арабистонга шошилиб боришимнинг ҳожати йўқ. Муҳими, таҳликали йўллардан эсон-омон ўтиб, бехавотир ерга келволдим... Аввали худо, ризқим қайга, қанча сочилган бўлса, териб ерман. Қўлимдан сал-пал ёғоч-ранда иши келади, енгил-елпи, калта-култа иш топилса, шу орада сизларга озгина хизмат қилсам, ақалли қўлларингизга сув қуйсам, каттамнинг  руҳи шодланиб, отам олдида юзим ёруғ бўлармикин?..
Азим ҳожи унча тўла эмас, лекин қандайдир салобатли, сочлари кумушранг, қуюқ ўскин қоши, соқол-мўйловига ҳам оқ оралаган, кўзлари катта-катта, қизил юзли, оғир-вазмин, мулоҳазали киши эди. У меҳмоннинг хийла эс-хушли, ота-боболарига ўхшаб ҳамиятли, қатъиятли эканини ҳис этиб, хаёлан уни алқаб, учлари текис кузалган соқолини қашлаган каби силаб ўтирарди.
– Оббў сиз-ей, анча ўжар йигит бўпсиз, – деди у кулимсираб. Лекин сўзлаш оҳангидан, табассумининг самимийлигидан у қадар ранжимаганини, билакс, бир мунча юмшаганини, юзларида меҳр аломати зоҳир бўлганини туйган Бекназар енгил тортди, ичида чироқ ёнгандек бўлди.
Ҳожи тоғани Бекназардаги диёнат, унинг мардона ўтинчи ҳам ром қилган эди. Аслида, арғамчига қил қувват дегандай, андижонликлар сонининг яна биттага ортгани афзал эди, зеро арқоннинг янада чийралиши учун Бекназар каби пишиқ толалар айни муддаодир. Илло, масаланинг бошқа нозик, номатлуброқ жиҳати эҳтиёткорликни тақозо этарди. Асли Қўқон хонлигига қараган, атиги бир неча йил бурун шўро ими-жимида Хитойга ошириб юборган бу ўлкада ҳар бир қочоқ, муҳожир, ҳар бир нотаниш кимса душман хуфияси гумонланмоғи, кузатувчилар, айғоқчилар назоратига тушмоғи шаксиз, шунингдек, ўзларидан ҳам кимнингдир дилида ҳар бир янги қўшилган киши тўғрисида то у синовлардан ўтиб, ишонч қозонгунча «Унинг келиш сабаблари, асил мақсади ростмикин, юрагининг тубида ўзга нияти, зиммасида ғайри вазифалари йўқмикин?», деган иштибоҳ туғилиши мумкин, бунга далиллар ҳам йўқ эмас эди. Лекин дини ва тили ғорат қилинган бир аламдийда юртдан ўт ичидаги иккинчи мамлакатга паноҳ, суянч излаб, не-не хавфу хатарларда аранг жон асраб келган жабрдийда ватангадонинг ҳилвираб турган кўксидан итариб: «Бу шаҳардан ҳам тезроқ гумдон бўлганингиз маъқул, тўрт томонингиз – қибла!» дейишга қай бир ватандош, қисматдошнинг бети чидарди?
Азим ҳожи Бекназарнинг ота-боболарини яхши танигани боис, улар авлодига ғаламислик, мунофиқлик ётлигига кафиллик беришга ҳозир, аммо буни феълию дунёқараши, мақсад-маслаги турлича кишиларнинг ҳаммасига англатиб, исботлаб чиқиш имконсиз-да. Қолаверса, ораларида ҳам махсус маҳкамаларнинг ҳар ерда изғиб юрадиган, ўз касбининг пирига айланган, отасини танимайдиган, таниса ҳам аямайдиган хуфиячи – исковучлари тузоғи, макри тўрига илиниб қолганлар, нафс ё бошқа бир тама кўйида ҳар қандай тубанлик, разилликдан қайтмайдиганларнинг мутлақо йўқлигига имони буткул комил эмас эди. Дуруст, шаҳарда Азим бойнинг нуфузи баланд, унинг қаноти остидагилар ҳақида биров ножўя гап айтишга ботинолмас, аммо билиб бўлмайди-да.

* * *

Кечга яқин ҳожи тоға эртагаёқ ўз ҳовлисида бир бостирма ва омборхона қуришни бошлаши мумкинлигини айтганида Бекназар ҳам суюнди, ҳам бир оз таажжубланди. Ўн тўрт ёшли Ҳиммат ёрдамчиликка тайинланди: «Ажабмас, бунгаям озроқ юқса, ҳунар ўрганса...»
Бекназарнинг дурадгорликда кўзи анча пишиб қолган бўлса-да, шу пайтгача мустақил теша ушламаганди. Эплай олармикинман деган ҳадик кўнглига ғулғула солди, лекин устачилик қўлидан келишини айтиб хоббонилик  қилиб қўйган, энди тайсаллаш ноқулай. Ҳар ҳолда уймас, бостирма-ку, деган хаёл унга далда берди. Лекин, бойларнинг бостирмаси, омбори ҳам оддий бино бўлмайди.
Қурилиш бир ойга яқин давом этди. Иморатларнинг девори урилмади. «Синчи тикланиб, томи ёпилиб қолса бас, гувала – кессагини кейин бир ҳашар билан урдириб қўямиз», деди хонадон хожаси. Бекназар жадалроқ ҳаракат қилиш лозимлигини англади, тамадди, нафас ростлаш онларини қисқартирди. Бир қўллиги учун иш унча унмаётгандай эди. Орада бир кун Тошмилиққа бориб келганини ҳисобга олмаганда деярли ҳовлидан ташқарига, тўғрироғи шаҳарга чиқмади, бунга ҳожат ҳам, эҳтиёж ҳам йўқ эди: ёғоч-ашё, асбоб-анжом – ҳамма нарса муҳайё этиларди. Қўрғон этагидаги мўъжазгина ҳужра Бекназарга ётоқхона сифатида ажратилган, шу хонада «шогирд» билан томоқланишарди.
Ҳожи тоға барвақт растага чиқиб кетар, тушликдан аввал ё кейинроқ келиб, ишнинг боришини кузатар, бинокорга таҳсин айтарди. Баъзи-баъзида кечки овқатда Бекназар билан бирга бўлиб, Шарқий Туркистонда ҳам ҳар хил тоифадаги бандаи норасо, нотавонлар йўқ эмаслиги, алғов-далғовли бу замонда давлатлараро низою нифоқлар авж олиб бораётгани, шунга қарамай, Қашқар билан Андижон ўртасида ўзаро муносабатлар яхшилиги, уйғур халқининг ўзбекларга ихлоси ва меҳри бўлакчалиги ва бошқа мавзуларда гапириб ўтиради.
Бекназар ундан кўп нарсаларни сўрамоқчи бўлар, бироқ тортинарди. Бир куни Тоштанбой ака ва унинг шу шаҳарда яшайдиган отаси ҳақида ўсмоқчиловди, ҳожи тоға негадир: «Ҳа, шунақа одам бор, лекин аввалроқ ножўя бир ишларга аралашиб, юзи юртдошлар олдида шувит бўлиб қолган», деди-ю, тафсилотини очиқ айтмади. Бекназар шаҳарга чиқиб, Шоҳи Машраб кезган кўчаларни, бозорларни кўриб, машҳур Опоқ хожа қабрини, китобларда кўп тилга олинадиган Ийдгоҳ деган сайлгоҳни, миноралари кўкка бўй чўзиб турган қадимий бино-обидаларни зиёрат қилмоқни, андижонликларни ўз оға-иниларидай ардоқлайдиган миллат кишилари билан суҳбат қурмоқни, қўли гул уйғур – тунгони ошпазларининг таърифи Андижонгача етиб борган тотли лағмону бўлуғ монтиларига ошхонада бемалол ўтириб, бир тўймоқни кўнгиллар, аммо бу истакни ҳам ошкор айламоққа тортинар, ишни битиргач, бафуржа айланарман, дея ўзига тасалли берарди. Галдаги режаларини хаёлидан ўтказар экан, ҳожи тоғанинг қўллаб, йўллаб юборишидан умидвор эди.
Бекназар кундузлари иш билан бўлиб, қандай кеч кирганини пайқамас, чарчаганидан кечки овқатдан кейин кўпинча тезгина пинакка кетар, баъзи-баъзида йўл қўйган номаъқулчилигию, ёт ерларда бостирма ёпиб, қиз боланинг саволидан ҳам ҳадиксираб юргани эсига тушса, уйқуси қочиб, анчагача хаёл суриб ётарди. Шунақа пайтларда Азим ҳожининг сўзларини ўйлаб, ўзича хулосалар ясарди. Назарида тоға унга нималарнидир очиқ айтишдан ийманаётгандай, нималарнидир яшираётгандай туюларди. Бекназар, жумладан бир нарсага – келган кунларидаги каби уни меҳмондорчилик ва издиҳомларга таклиф этмай қўйишганига, бундай маърака-маросимлар тўғрисида ҳожи тоғанинг ҳам индамаётганига ажабланар, ҳовли эгасининг уйга қарийб ҳар куни барвақт қайтаётганидан, ундай йиғинлар бўлмаяпти чоғи, наҳотки ўша зиёфатлар мен учун уюштирилган бўлса, деган мулоҳазага бориб, ҳам қувонар, ҳам хижолат чекарди. Лекин гап бундагина эмас эди.

* * *

Доим ҳаворанг рўмол ўраб юрадиган хипчагина Пошша опа эрига нисбатан анча ёш кўринар, миллати уйғурга ўхшарди. Бекназарда ҳожи тоға шу юртга келиб уйланганмикин, аввалги оиласи Андижонда қолганмикин, деган савол туғилганди. Лекин аёлнинг анча-мунча уйғурча лаҳжани қўшишини ҳисобга олмаганда, соф ўзбекча гапириши уни янада ҳайратга соларди. «Шогирд»дан илмоқлашга чоғланди-ю, отасига айтиб қўйса, нимага суриштириб қолдийкин, деган хаёлга бормасин деб, фикридан қайтди. Ҳа-да, унга барибир эмасми, ҳар кимнинг ўз иши, ўз хоҳиши. Йигитнинг кўнглида тақдиримизда ўхшашлик йўқмикин, деган фараз туғилган, шунингдек, оила ҳаётининг осойишталиги ҳам унда қизиқиш, ҳавас уйғотган – хонадонда қовоқгирлик, қаттиқ-қуруқ гап умуман йўқ эди.
Шу йил мактабни битирган, ўн олти-ўн етти ёшлардаги бодом қовоқ Хонгул тантиқроқ, эркароқ эди, у чойни янгилаш баҳонасида ҳадеганда келиб Бекназарни гапга тутар, «Андижон қизлари чиройли бўладими? Сизларда келин тушди тўйи қандай ўтади? Сепига нималар беришади?» каби сўроқларни қалаштириб ташлар, Бекназар жавоб беришга улгурмай қолар ҳамда ишдан чалғирди. Хонгул онасининг акси ўлароқ бўлагина, оппоқ, аксарият бўйи етган қизлар сингари ҳиссиётчан эди, фақат, йигит унинг тап тортмаслигидан инжир, ўзини ноқулай сезар, «шогирд» ва бека олдида хижолат чекарди. Ҳиммат унинг фикрини уққандай, «Устани ишдан қўйяпсан, ҳозир отам келиб қолади» дея, гўё опасига танбеҳ бермоқчи бўлар, аммо Хонгул укасининг эътирози, огоҳлантиришларига қўл силтар ва лабини буриб, «Нима, билгим келяпти-да» деб, яна Бекназарга ижикилаб  савол ёғдиришда давом этарди. Ҳатто «Уйланганмисиз ё энди уйланасизми? Сизга қанақа қизлар ёқади?» деб сўрашдан ҳам тоймас, боёқиш йигит терлаб кетар, нима дейишни билмай, ўзини эшитмаганга оларди. Яхшики, қизни онаси чақириб қолиб, жонига ора кирарди. Гоҳида унинг яхши кийинган ва ўзига оро берган ҳолда пайдо бўлиши Бекназарни янада эсанкиратиб, хавотирга соларди. Эрталаб ва кечқурунлари у ётган хона деразаси ёнидан у ёқ-бу ёққа ўтаётганини пайқаб, кириб қолмаса гўргайди, дея саросимага тушади. Лекин нафсиламрини айтганда ҳовли Хонгул билан гавжум ва файзли эди, усиз Бекназар ўзидек камгап ва ҳали бола бўлган Ҳиммат билан зерикиб, юраги тоза зиқланиши мумкинлигини ўйлаб, ичида «Яхшиям шунинг борлиги...» деб қўярди. Фақат, қизнинг кулчадек думалоқ, оппоқ юзи ва қисиқроқ кўзларига, дуркун қадди-қоматига тикилиб қарашдан тийилар, хуллас, у билан хуш-нохуш мулоқотларда ўзини сипо, бепарво тутишга тиришарди. Қалбидаги ногаҳоний ҳиссиётларни совуққонлик билан жиловлай олганидан ўзича мамнун эди.
Бир куни Хонгул анор рангли юпқа, торгина кўйлак кийиб, белига аллақандай ялтироқ тасма боғлаб чиқди. Балоғат нишоналари кўзга яққол ташланиб турарди. Бекназар бир қаради-ю, ишдан бошини кўтармай қўйди. Қиз одатдагидай, пайрахаларни йиғиштириб, ўзича иш қилаётган киши бўлиб, йигитнинг атрофида айлана бошлади. Шунақа маҳалда Бекназар: «Ҳожи тоға кириб қолмаса-да», деб безилларди. Балки қизнинг хатти-ҳаракатларида ғайрича аломат – маъно йўқдир, унинг феъли ўзи шундайдир, эҳтимол, буни ота-оналари ҳам билишар, аксинча, Бекназарнинг ўзи у ҳақда чакки хаёлларга бориб, беҳуда ташвишланаётгандир? Нима бўлса-да, йигит унга бошпана, нон-туз бераётган хонадондаги ёлғиз қизнинг болаларча содда муомалаларига нисбатан шундай муносабатда бўлишни виждоний бурчи деб биларди. Ана шу бурч, масъулият туйғуси уни қиздан мудом нигоҳини олиб қочишга ва иморатларни тезроқ поёнига етказишга ундарди.

* * *

Бекназар хизмати эвазига Азим ҳожидан зинҳор-базинҳор ҳақ олмоқчи эмас, иложи бўлса тоға унга бошқа буюртмачилар топиб берса қанча иш бўлса бажариб, мўлроқ сармоя йиққач, бу илтифотли, саховатли одамлардан изн сўраб йўлга чиқмоқчи эди. Ишни якунлайман деб турган куни эрталаб хонага нонуштани Хонгул олиб кирди (одатда бундай вазифаларни Ҳиммат бажарарди), у Бекназарнинг кўзига паришонроқ кўринди, балки энди тургани учун уйқуси яхши ёзилмагандир, деб ўйлади, лекин қиз синчиклагандай тикилаётганини сезиб ўнғайсизланди. Хонгул пойгаҳда тиззалаганича, тўрида чордона қуриб, кенг ўмгани хонтахтанинг ярмини эгаллаб ўтирган Бекназарга чой узатаркан, пиёла хиёл титраётгандай туюлди-ю, йигит беихтиёр қаради – кўзлар бир сония учрашди.
– Кетиб қоласиз экан-да, яна келасизми? – Хонгулнинг овозида одатий жаранг ва шиддат йўқ, аксинча, анча юмшоқ ва қатъиятсиз эди. Бекназар пиёлани индамай, ғўраша панжалари қизнинг латиф бармоқларига тегиб кетишидан авайланиб олди. У Хонгул иш охирлаб қолгани учун шундай деяётган бўлса керак, деб ўйлади. – Қачон кетяпсиз? – сўради яна қиз.
– Ҳожи тоғам нима деса, шу, – деди меҳмон иссиқ чойдан аста хўплаб.
– Отам менга қолса, бутунлай олиб қолардим, эҳтимол бир айланиб қайтар деяпти.
– Ҳмм... – Бекназар гапнинг тагига етгандай бўлди, хаёлида Азим ҳожининг жумбоқли жумлалари такрорланди: «Ҳамма жойнинг қозисию тарозиси бор-да. Сизлардагига ўхшаб, бу ердаям ҳукумат қимирлаган жонга шубҳаланиб қарайди...»
Сталиннинг қўллари бошқаларникидан фарқли ўлароқ эртаклардаги ажда¬ҳоларники каби бир нечта, балки сон-саноқсиз эди: қонсираган иккитаси мудом ўз қаламравидаги халқларнинг зиёли, илмли, ақлли, истеъдодли вакиллари гирибонида бўлса, яна икки-учтасининг Япония, Шимолий Кореяда, Хитойда ўлжа излаган илон каби пайпасланишини, яна бирининг эса аввалдан Шарқий Туркистонда ҳали у тешикдан, ҳали бу тирқишдан ажал таёғи каби чўзилиб, Ватан озодлигини орзу қилишда гумон этилганларни мавҳум бир зулумот қаърига тортиб кетишларини Азим ҳожи Бекназарга айтишни лозим кўрмасди.
 – Энди қаёққа борасиз? – таъкидлаб сўради яна қиз тантиқланиб.
– Қисматим мени шу ерга судраб келди, яна қаёққа тортқиласа, пешонамга яна қандай кунлар ёзилган бўлса кўравераман-да, Хонгул, сизларникида худди ўз уйимдагидай меҳр-мурувват кўрдим, сизам ўз синглимдай бўп қолдингиз...

* * *

Бекназар жаҳд билан ишга киришди, аммо салдан кейин қўлидаги тешанинг суст ҳаракатланаётганини, хаёли ҳадеганда эрталабки суҳбатга боғланиб қолаётганини пайқаб ғашланди. У нима гаплигини ҳожи тоға айтар, деб кутган эди, лекин Азим ҳожи кўринмади, ундан ҳол-аҳвол сўрашга, қолган ишларни маслаҳатлашишга ҳам келмади. Унинг барвақт шошилиб чиқиб кетганини Ҳимматдан билгач, юрагидаги ғулғула кучайди. Тўғри, барибир бу шаҳардан бир куни жўнаши аниқ эди, фақат бундай тарзда эмас... Наҳотки Андижондан қочиб келганини кимдир айғоқчилар идорасига етказган бўлса?.. Унда ҳожи тоғаниям диққат қилишлари мумкин, демак, бир ишкал чиқмай туриб, жўнаш керак...
У шомга яқин сўнгги михни қоқиб, асбоб-ускуналарни Ҳимматга топширди, хонадон эгалари берган иш кийимларини ечди.
Оқшом ҳужрага Азим ҳожи кирди. У ёқдан-бу ёқдан сўзлашиб, ошни ейишди. Бекназарнинг қўли лаганда-ю, кўзи, қулоғи ҳожи тоғанинг оғзида эди. Ниҳоят, қўллар артилгач, мезбон овоз қилган эди, Ҳиммат кириб, тагида анчагина палов ошиб қолган ҳаворанг гулли хитойи чинни товоқни олиб кетди, дам ўтмай, бир патнис кўтариб келди-да, отасига берди, ҳожи тоға уни Бекназарнинг олдига қўйди. Патнисда тахлоғлиқ юпқа сабзиш  тўн, устида қарға шойи чорси ва тўрт гулли, Андижонникига ўхшашроқ дўппи бор эди.
– Манави ишни чиройли якунлаганингизга уйдагиларнинг атагани, – деди ҳожи тоға. – Анча пишиб қопсиз, менинг мўлжалим тўрт-беш кун ошиғроқ эди, чаққон иш қиларкансиз, худо хоҳласа, ҳар жойда нонингиз бутун.
Бекназар бошини кўтарди.
– Буларнинг ҳожати йўқ, ҳожи тоға, – деди у хижолат чекиб. – Қўлимдан шугина иш кептию...
– Бу ўзи арзимаган нарса, ватандош, аслида иш қилмасангизам беришимиз керак эди, уйимизга биринчи келишингиз, қолавурса, эски удумимиз, олмасангиз келинаянгиз ранжийди. – Хонадон соҳиби қўйнидан бир даста пул чиқариб, сал чўзилиб, сарполар ёнига оҳиста қўйди. – Буниси бизнинг кўнгилдан чиқарганимиз.
Кўз косалари кенгайиб кетган Бекназар, ўзини оловдан тортгандай, гавдасини орқага ташлади.
– Уйингиздан жой бердингиз, нон-тузингизни ичдим, мени изза қилманг, ҳожи тоға. Бусизам сиздан миннатдорман.
– Мен сизга эҳсон бераётганим йўқ, мулла Бекназар, бу – она сутидай ҳалол меҳнат ҳақингиз.
Бекназар пулни қўлига олди-да, озроқ бир қисмини қайириб қолиб, ошиғини мезбоннинг олдига қўйди.
– Шу ёғи етади, ҳожи тоға, буниям таварик деб, ирим қилиб оламан.
Азим ҳожи бош бармоғи билан калта соқолини титиб, иягини қаширкан, Бекназарга жилмайиб тикилди.
– Мусулмончиликда катта бир нарса деганда кичикнинг хўп дейиши вожиб, мулла. Мен сизга от билан туя бераётганим йўқ, – у пулни яна йигитнинг олдига сурди.
Бекназар тағин эътироз билдирсам кибрга йўймасин деган андишада сукут сақлади. Сирасини айтганда, йўлга чиқадиган бўлса, пул унга сув ва ҳаводек зарур, аммо...
– Қани, дастурхонга фотиҳа қилайлик, – дуога қўл очди ҳожи тоға. – Айтгандай, янги шогирд қалай, боқса одам бўладими? – сўради у кулимсираб.
– Албатта, уқуви яхши, ишга ёпишиб келишиям маъқул.
– Ундай бўлса, эртага шогирд бола устозига Қашқарни бир томоша қилдирсин, кейин яна кенгашамиз.
Гап мавриди келди. Бекназар аста томоқ қириб, «Ҳожи ака...» деди. Туришга чоғланаётган мезбон қайта чўкди.
– Менга бир дунё пул бердингиз, энди ишлашниям ҳожати қолмади шекилли. Яхшиси, эртага шаҳар айланаман-у, кейин менга жавоб берсангиз...
– Мунча тез? – ажабланди хонадон эгаси.
– Қашқар ҳам нотинчроққа ўхшайди. Сизга ташвиш ошириб ўтирмай...
Азим ҳожи сергакланди.
– Биров сизга бир нима дедими? – сўради у ранжиган оҳангда.
– Йўқ-йўқ, ҳожи тоға, – деди изза тортган Бекназар шоша-пиша.
Азим ҳожининг кўзлари ва сўзларидаги таранглик юмшади.
– Ҳозир нотинч бўлмаган юрт борми, ўғлим. Манфаат, нафс деган нарсалар мавжуд экан, мансаб-мавқе, мулк талашиш йўқолмайди. Мол-дунёси бисёр одамга ҳамма ўғри, қўрқоқ подшога ҳамма ғайир кўринаверади. Фалокат оёқ остида. Бало ёпишаман деса, жойнинг фарқи йўқ. Шунинг учун сиз ҳар хил ўйларга борманг. Ўзимизга қарашли яна бир-икки хонадондан иш дараклаб қўйганман. – Ҳожи тоға сўздан тўхтаб, Бекназарга тикилди.
– Бошда айтганимдай, отам Арабистонга боришимни тайинловди... – деди Бекназар гапини ўнглаб. – Хаёлим ўша ёқда...
– Шундай денг, – бош ирғади Азим ҳожи, – тўғри, бу ёруғ оламда ҳар бандага аллоҳнинг фарзларидан сўнг, биринчи галдаги муҳим вазифа, бу – ота ризолигини, дуосини олмоқ, бунийчун албатта, падари бузруквор тайинлаган юмушларни сўзсиз, кечиктирмай, беками-кўст адо этмоқ лозим. Аҳдингиз қатъийми?
Бекназар иш бошлаган дастлабки кунларнинг бирида шуларникида Андижонга қайтаётган бир савдогар билан учрашган, Азим ҳожи воситачилигида ундан агар малол келмаса, қишлоғимизга ўтиб, отамга Қашқарга эсон-омон етиб келиб, танишларни топганимни, хавотир олмасликларини айтгач, уйдагиларнинг саломатлигини билиб, бирон келувчи орқали икки энлик хат битиб юборсангиз, бошим кўкка етарди, деб илтимос қилувди. Куни кеча қисқа ва эҳтиёткорлик билан ёзилган, манзили, кимдан ва кимгалиги ҳам кўрсатилмаган мактуб олган, унда отасининг бир оз бетобланиб, андак оворагарчиликлар юз бергани (демак, ғаламислар уни уринтириб қийнашган), ҳозир саломатлиги дурустлиги, қишлоқдаги шамол-довуллар пасайгани маълум қилинган, аммо Бекназарнинг иккиланмай йўлда давом этиши кераклиги таъкидланган эди. Йигитнинг кўнгли хийла жойига тушган эса-да, уйдагилар мени хотиржам қилиш учун ҳаммаси жойида деб хат битишни тайинлашмадимикин, деган иштибоҳ қалбининг бир чеккасида ғимирлаб-ғимирлаб қўярди. Лекин ҳамюртидан бор ҳақиқатни маълум қилишини қайта-қайта ўтингани боис, тўғрисини ёзгандир, ахир оворагарчиликлар, отамнинг бетоблангани ва шамол-қуюнлар пасайгани аниқ айтилибди-ку, дея ўзига таскин берарди. Унда нимага сафарни давом эттираверишини тайинлашдийкин?..
 – Ҳа, ҳожи тоға, шундай қилганим маъқулдир.
– Ундай бўлса, бугун-эрта мен сўраб-суриштирай, сизга ҳамроҳ қўшмоғимиз зарур. Ҳа, бир гап: олис, носинашта мамлакатларга кетяпсиз, киши мусофирликда ўз бўйидан бир калла пастроқ юргани дуруст. Оғир-вазминлик одатингизни маҳкам тутинг. Бошидан анча иссиқ-совуқлар, муҳожирлик савдоларини кечирган бир фақир сифатида, азбаройи сизни туғишганимдай кўрганимдан, омади гапни айтиб қўйяпман, оғир олмайсиз. Уйғур биродарларимиз тезлик, жангарилик хулқларидан ўз юртларида ҳам кўпда азият чекишади, лекин бу феъл уларнинг қонида бор...
Бекназарнинг дилидан «Бу одамга нисбатан саркашлик ё димоғдорлик қилмовдим шекилли...» деган хаёл кечди. Фақат бир куни томга тахта қоқишаётганда у Ҳимматга ишониб, бир тахтанинг ўзи томонидаги четини босиб, оёғи осмондан бўлиб йиқилаёзди. Эпчиллик қилиб тўсинга осилиб қолди. «Шогирд» болалигига бориб, кулгисини яширолмади. Шунда Бекназар ҳансираб туриб, «Бу куладиган ишмас, ука» деди ва дарҳол лаб тишлади, лекин сўз ўқ каби учиб улгурган, уни қайтаришнинг иложи йўқ эди. Шу воқеани болакай отасига ошириб айтувдимикин? Ҳа, яна бир куни ҳожи тоғани сўраб кирган бир киши (ўзини таништирмади, устанинг кимлиги билан ҳам қизиқмади) худди бинони қабул қилиб оладиган ташкилот раҳбаридай, э йўқ, бе йўқ, бостирманинг у ёғига ўтиб қаради, бу ёғига ўтиб қаради-да, «Томнинг шийпони тикка бўлиб кетибди, ёғин-сочин ичкарига уриб юборади», қабилида танбеҳ берганида Бекназар «Мен ўргамчик устаман, ҳожи тоғанинг кўрсатмаси билан билганимча қиляпман», деб жавоб айтган, шунда овози сал дағалроқ чиққанга ўхшовди. Эҳтимол «шогирд» тушмагур ёшлик қилиб шуниям отасига етказгандир ё ўша кимсанинг ўзи ҳожи тоғага бир нарса девдимикин? Ё, билиб-билмай, манманликка, қўрсликка йўйилгувчи бошқа бир ҳаракатлар содир этдимикин?..
Албатта, Бекназар изоҳ бериш фикридан йироқ эди.
– Тушундим, ҳожи тоға, сиз отам қатори яқин бўлиб қолдингиз, ўгитларингиз бош устига...
Кўп ўтмай уни худди ўз оила аъзосини ҳарбий хизматга ё узоқ сафарга жўнатаётгандек кузатиб қолишди.
– Худо хоҳласа, орзу-ниятларингизни рўёбга чиқаргач, қачондир албатта қайтасиз, иншолло, тағин учрашамиз, – ҳожи тоға шундай дея Бекназарни бағрига босди.
– Бошингиз тошдан бўлсин, иним, – алқади уй бекаси.
– Қашқарни янаги сафар келганингизда яхшилаб томоша қилдираман, уста, – дея кўзларини жовдиратиб қўл чўзди Ҳиммат.
– Укам чала шогирд бўп қолди-да... – тортинибгина гап ташлади онаси биқинида турган Хонгул.

VIII

Азим ҳожи топиб берган савдогар-ҳамроҳлар билан кўҳна Тошқўрғон шаҳрида юанларини саррофлардан рупийга  алмаштириб, Покистонга йўл олишди. Шу жойгача ҳожи тоғанинг маслаҳатига кўра пана-пастқам жойлардан юриб, одамлар кўзига ташланмасликка ҳаракат қилишди. Гарчи ҳожи ака Бекназарга рухсатнома ёздириб берган бўлса-да, айғоқчилар шубҳаланиб, тутиб қолишлари мумкин эди. Нисбатан осойишта ҳудудга қадам қўйишгач, у енгил нафас олди, уни деб пою пиёда, машаққатли кеча-кундузларни ўтказишгани учун шериклардан узр сўради. Нари ёғига дуч келган уловда – гоҳ хачир аравада, гоҳ ҳар турли тепаси очиқ юк машиналарида давом этишди. Чатрал тоғидаги Қорақурум довони жуда баланд, кўча ниҳоятда тор: бир ён омонат осилиб тургандай, мана ҳозир босиб қоладигандай кўринадиган бургут қанот қоялар, иккинчи тараф юрак орқага тортиб, сесканиб кетадиган даражада туби йўқ жарлик. Баъзи жойларда кўзларини чирт юмиб олишар, тиллари «Ла илаҳа иллаллаҳ» калимасига аранг айланарди.
Гилгет ва яна бир қанча шаҳру қасабалар ортда қолди. Дастлаб тўрт киши эдилар, йўл-йўлакай гоҳ кўпайиб, гоҳ камайиб боришарди. Ҳамсафарлар орасида савдогарлардан ташқари ҳаж қилиш ниятида Маккаю Мадинага йўл олганлар ё бошқа юмушлар билан бир шаҳардан иккинчи кентга кетаётганлар бор эди. Кветтага ниҳоятда қийинчилик билан етишди. Йўллар жуда нобоп, нотинч бўлиб, аксарият қисми қуюқ дарахтзорлар орасидан ё юлғинзор чўллардан ўтарди. Ҳар қадамда қайси дара ёки тоғ ортидан қароқчилар чиқиб қолишаркин, деган саросима, ваҳима. Бир манзилдан иккинчисига соғ-омон, бешикаст етиб олишганидан кейин елкаларидан тоғ ағдарилгандай ё пулсиротдан ўтишгандай, ўзларини қушдай енгил ва бахтиёр сезишарди. Асли Карочидан Туркиянинг Марсин шаҳрига ё Бомбейдан Саудияга пароходга ўтириб кетиш ҳам мумкин эди, лекин «Денгиз қутуриб, кемалар тез-тез ҳалокатга учраб туради» деган совуқ гаплар қулоққа чалинар, қолаверса, Бомбей узоқ, айримларнинг ҳужжатлари ҳам чатоқ эди. Шу сабабдан Бекназарнинг ҳамроҳлари, айланиш эса-да, бехитроқ  деб шу йўналишни маъқул кўришди. Бекназарга эса, барибир – қайси йўлдан бўлса ҳам ишончли, синаштароқ йўлдошлар билан кўзлаган манзилига етиб олса бас. Фақат бу олис масофада калта-култа улов ва бошқа кутилмаган ҳаражатларга пул кўп кетарди. У Азим ҳожидан ич-ичидан миннатдор эди. У кўпни кўрган одам-да.
Икки марта қўлга тушишди. Бир – Гилгетдан берироқда, иккинчи гал Кветта билан Эрон чегараси ўрталиғида – қалин, ўскин юлғинзорли йўл яссироқ тоғ билан туташиб кетган ҳудудда. Иккаласидаям кўнгилдан чиқариб пул тўплаб беришди. Қароқчиларнинг ашаддийларини кўрган айрим йўловчилар омадимиз бор экан, «ҳаваскор» босқин¬чиларга учрадик, деб кулишарди. Чегара посбонларига, қароқчиларга «ҳажга кетяпмиз» дейишар, шу дастак уларга қалқон бўлиб, кўп бало-қазолардан асрарди.
Одам кейин-кейин хатарли йўлларда юришга ҳам ўрганиб, йиртқич ҳайвон ҳавфидан, туновчилар ваҳимасидан ҳам унча чўчимай қўяркан. Баъзи жойларда аллоҳга таваккал қилишдан ўзга илож ҳам қолмас эди. Балки, инсон онги, юрагида қўрқинчли нарсаларга, таҳдидларга ҳам қаршилик ҳисси вужудга келар.
Ўш – Қашқар довонларида анча «пишгани» боис, Бекназар бу ёқдаги машаққатларга чидам ва сабот билан дош берарди. Куни бўйи арава, қаттиқ машина ўнқир-чўнқир, тош йўлларда селпиб-қоқиб силлани қуритарди. Шунақа маҳалда Бекназар ўз аҳмоқгарчилиги, калта ўйлигидан минг бора афсусланиб, юраги баттар эзиларди. Лекин бу дарбадарлик кўнгил қўёлмаган хотини билан яшаш, иккиланиш азобидан, ота-она олдидаги хижолатчилик уқубатидан халос этгани учун озгина таскин топар, аммо Рашидага нисбатан ачиниш туйғуси қалбини яна тимдаларди. Бироқ барибир турмушлари яхши бўлмаслигига имони комил эди. Руҳий қийноқлар олдида жисмоний толиқиш, сафар азоблари ҳеч экан, деган хулосага келган эди ўшанда у.
 Жазирама кунларда, аёзли тунларда, ёмғир ёғиб, жала қуйиб турганда тугунларию энгиллари шилпиллаб, аччиқ совуқ ё гармсел кучайиб нафасни бўғадиган ҳолларда ҳам тўхтамай йўл босишарди. Бир шаҳардан иккинчисига борганда янги уловга ўтиришарди. Улов топиш ҳам осон эмас, баъзида хачир арава, кўпроқ олти ғилдиракли, ён тўсиғи пастроқ юк машинасига йўлиқишарди. Ҳайдовчилар ҳар хил: бири қўрамас , иккинчиси тажанг... Юртдан юртга ўтишганда иқлим ўзгарар, гоҳида эрталаб бир хил, тушдан кейин бошқа хил кийинишарди. Лекин аксарият ҳамроҳларда, шу жумладан, Бекназарда ҳам либос кўп эмас, борларидан тер ҳиди келадиган бўлиб кетганди. Йўл-йўлакай ювиб қуритишнинг иложи йўқ – вақтдан қизғанишар, кўнгилларига ҳам сиғмасди. Фақат бет-қўл артадиган дурра, дастрўмол каби енгил-елпи нарсаларни сув дуч келган ерда пишиб-пишиб, машинада ғужанак бўлиб ўтирган жойларида бош ё тиззаларига ёйиб селгитиб олишарди. Эгнига икки ё бир кун аввал ечилган, ёқалари моғор яктакни илишдан ўзга чора йўқ эди. Пайпоқ, пайтава тўғрисида гапирилмасаям бўлади. Тердан қотиб кетган уст-бош ҳиди айниқса кун қизиган маҳалларда баралла кўтарилар, кечалари, кўйлакнинг баттар тарашаси чиқиб, қовурғаларга ботар, ёмғир ёққанида эса баданга чилпиллаб ёпишган ёғдай ижирғантирарди. Бемалолроқ тўхташлари тайин бўлган қўноқхона ё карвонсаройда ҳамма апил-тапил кир чайишга тушарди.
Кўпинча қишлоқ, шаҳардаги мусофирхона ё масжидда уч-тўрт соатгина мизғиб олишарди. Баъзан эса, вақт тақозосига кўра ёки машина бузилиб, шундоқ чўлу биёбонда, юлғинларни остларига тўшаб, ё дарахт паналарида ит ётиш, мирза туриш қабилида омонат ёнбошлаб тонг оттиришарди. Айни шундай дамларнинг гаштли томони ҳам йўқ эмас эди. Болаликдан қадрдон юлдузлар новдалар, япроқлар орасидан Бекназарга мўралаб қарашар, гўё «Ана шунақа, биз сени ҳамма жойдан топиб оламиз, сен бир юртдан бошқасига қочиб борарсан, аммо биздан яшириниб юролмайсан», дея дашном беришар, гоҳида эса унинг ҳол-аҳволига ачиниб, руҳлар каби «Биз сенга ҳеч қачон хиёнат қилмаймиз, бошинг узра паноҳмиз, қўрқма, бизга ишон, бизга суян...» дейишаётгандай туюларди. Мана шундай лаҳзаларда ҳаёт унга жилмайиб боққандай, дилхиралик узоқлашиб, қалбида илиқ ҳислар жўш урарди. Бироқ, ярим тунда жонга теккан дўқиллаб юриш бошланарди.
Қашқардан бирга чиққанлар Равалпиндида ҳар ёққа тарқаб кетишган, Бекназар бошқа йўловчиларга қўшилиб олганди. Янги ҳамсафарлар орасидан ўзидан бир-икки ёш катта Сариқул билан чиқишиб қолди, уловда ёнма-ён ўтириб, ўз бошларидан кечирган воқеаларни бир-бирига сўзлаб беришарди. Лекин одам гапдан ҳам зерикаркан. Кўпчилик оғзига тош солгандай жим, мудраганча хаёл суриб кетишни хуш кўрарди. Энди тамадди пайтларида ё янги улов кутиладиган бекатларда уч-тўрт оғиз сўзлашишар, бу қисқа, тўмтоқ мулоқотлар мавзуи эса йўл азобидан нолишу майда-чуйда ҳасратдан нарига ўтмасди. Боз устига, ўз хоҳиши билан, бир олам орзу-ҳавасни дилига тугиб дунё кезишга чиқмаган Бекназар учун кўча ва овуллар кўрксиз-бефазилат, «саёҳат» мароқсиз туюларди. Бир-биридан узоқ-узоқ масофада жойлашган шаҳарларнинг кўчалари, хиёбонларидагина хурмо, пальма япроқлари уни тузсиз ўй-хаёллардан чалғитиб, мудроқ, ҳафсаласиз кўзларига озгина ҳузур бағишларди. Аммо бу шаҳарлар ҳудуди тезгина тугаб, яна ўт-ўланлари қовжираб ётган, янтоғу бургандан иборат тил-забонсиз дашт, саҳро бошланади. Майса-гиёҳ унмайдиган яланғоч, қақроқ ернинг нариги томонига ўтиб кетгандай кўринадиган адоқсиз тўқ жигарранг тоғу тошлар, оқмай турган кўл сувидай, киши баҳри-дилини очадиган манзара касб этмайди. Ичадиган тоза оқар сувнинг камлиги дард устига чипқон эди. Аҳён-аҳёнда тоғ ёнбағирларида, қир сифат дараларда яккам-дуккам бўй кўрсатиб қоладиган, терак ё қарағайга, писта ё бодомга ҳам ўхшамайдиган сийрак баргли сўппайган дарахтлар таровату латофатдан холи. Кўкда ҳам бир зоғ учмас, табиат жонсиз жисмлар мажмуидай таассурот уйғотарди. Ғарбда чўғдай қизил, тандирнинг оғзидай офтобнинг гўё бир ёни билан заминни ёриб кириб кетиши, борлиқнинг зимзиёликка ва ваҳимали сукунатга чулғаниши маҳзун ўйлар гирдобига тортади.
Марра эса ҳали олис эди. Юк машиналари носоз йўлларда аравадан салгина тезроқ юрарди холос. Туғилиб ўсган гўшасидан қанча йироқлашган сари Бекназарнинг юраги баттарроқ эзилиб, уни орқага тортар, ана шу сустгина улов ғилдирагининг ҳар айланиши эса уни азиз диёридан бир эмас, бир неча чақирим узоқлаштираётгандай туюлар, олдиндаги довону манзилларни, келгуси кун, ойларини мутлақо тасаввур этолмасди.
Эрон замини сарҳадида, Миржова божхонасида бир кеча-кундуз тутиб туришди. Тужжорларнинг халта-хуржунларини тит-пит қилиб юборишди. Бекназарда бир неча кийим-бош солинган тугунча, Азим ҳожи ҳадя этган пуччайиб қолган чарм ҳамёндан бўлак ҳеч вақо йўқ эди. Лекин уни ҳам қаёқдан келяпсан, қаёққа кетяпсан, паспортингдаги муҳр хира босилган, шўравий, деб анча энсасини қотиришди. Ўтказмай қўйишса-я, унда қайга боради, қандай қайтиб кетади? Бирон нимага шама қилишмаяптимикин?.. Эпчил, муомалаликкина Сариқул жонига ора кирди, божгирларга ҳажга боришаётганини айтиб, уларнинг қўйнига қўл солиб... рухсат олди. У анчагина иш кўрганга ўхшарди, айтишича, Афғонистондан Эронга ўтиш учун анча уринган, эвини қилолмагач, Покистонга жўнаган. Қисмат экан, энди бу томонларда айланиб юрибди. Бекназар у билан учрашувни тақдирнинг инояти деб билди. Зеро, ҳар қандай сафарда яхши ҳамроҳ нон-сувга баробар.
Эрон ҳудуди ҳам ниҳоятда бепоён бўлиб, унинг шаҳарлари ораси ҳам Покистон каби саҳрою ёбондан иборат эди. Зохидону Машҳад, Теҳрону Қазвин, Занжону Табриз оша Туркия жумҳуриятига ўтиб (бу чегарада ҳам Сариқулнинг чораси иш берди), ниҳоят, унинг эски пойтахти Истанбулга етиб боришди.
Ўша куни кечқурун Бекназар оёғини чўзиб, тугунига бош қўйганича, қадимий шарқона усулда тўсин терилган баланд шифтга термилиб чуқур-чуқур нафас оларкан, тили ўз-ўзидан пичирлади: «Девор ичидан чиққан уч-тўрт дона китоб сабаб, шунча саргардон бўлдим, Ватандан, ота-онадан ажралиб, дунёнинг бир чекасига келиб қолдим-а...»
 
Иккинчи қисм

ИСТАНБУЛ. ИШҚ БАЛОСИ

I

Сайёҳлар Туркияга кириб боришганда қуёш ҳарорати, ер тафти пасайиб, шўх анҳорлар шовқин солишдан чарчаган, дов-дарахтларнинг олтинранг япроқлари тўкилиб, оёқлар остида пилдираб, зорланиб уча бошлаган, сарғайган гул-чечаклар, йўл четларидаги дилгир майса-ўтларнинг боши эгилиб, ўйларга чўмган, аммо сув, осмон тиниқлашган, умуман, табиат мўйсафид қиёфасида, ҳамма ёқда босиқлик, сиполик ҳукмрондай эди. Сокинлашган Мармар денгизи юзаси куз шабадасида енгилгина мавжланиб ётарди. Одатда бўрон ё довул олдидан шундай осойишталик юзага келади ва кўпинча одамни ғафлатда қолдиради.
Этик ғажиган чап товони азоб бераётганини ҳисобга олмаганда Бекназар ҳам анча хотиржам, энди тақдирга тан бера бошлаганди.
Қадимдан, бошқа номлар билан аталган даврларданоқ маълум ва машҳур Истанбул донғининг Турон – Туркистон томонларгача етиб келишига асосий сабаб ҳаж зиёратини ихтиёр этиб карвон билан жўнаганлар Маккаи мукаррама йўлида жойлашган бу мўътабар шаҳарга албатта қўниб, набий Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг яқин саҳобаларидан бири Абу Айюб ал-Ансорийнинг ҳазрати Илча мавзесидаги қабрини зиёрат қилиб ўтишарди. Шу боис, мусулмонлар орасида «Истанбул – ярим ҳаж» деган гап юрарди. Эътиқодга, эъзозга жавобан қардошлар қулай шароит, имкониятлар яратиб, йўловчиларни хушҳоллик билан кутиб олишарди. Такялар2, мусофирхоналар бағрига ҳар қанча меҳмон жо бўлиши мумкин эди...
Мусофирхоналарнинг лангархоналик хизмати ҳам бор эди, яъни бу даргоҳларда муҳтожларга таом берилган, бошқа хайрия ишлари амалга оширилган. Таваккалдан ёки камроқ сармоя билан муқаддас сафарга отланганлар, савдогарларнинг ҳамёнлари пучайса тезроқ Истанбулга етиб олишга ошиқишган. Такяларда улар ёрдам сўраши мумкин бўлган юртдошлар, ҳатто яқин кишилари билан учрашиб қолишлари ҳам эҳтимолдан узоқ эмас эди. Қўнимгоҳларни озиқ-овқат ва бошқа зарур ашёлар билан асосан хайр-саховатли бойлар таъминлаб туришарди, яқин-атрофдаги маҳаллалардан ҳам ўзига тўқ хонадонлар савоб йўлида ҳар турли егуликлар чиқариб юборишарди.
 Абжир, уқувлилар ҳаммоллик ё мардикорлик билан пул топиб, ё кимдандир қарз кўтариб йўлда давом этишар, айримлари иши юришмай ё ўзга важларга кўра қўноқхоналарда анчагача қолиб ҳам кетишарди.
Қисқаси, такялар нафас ростлаш ё хотиржам ҳордиқ чиқаришни хоҳловчилар учун қу¬лай пакка, суҳбат, ўйин-кулги маскани, ғарибларга эса жон сақлайдиган даргоҳ бўлиб, уларнинг хоналари каби, хўжайинларию хизматчиларининг бағирлари ҳам кенг эди.
Ўтмишда ҳам (шўро замонигача) ҳажга энг кўп ўзбеклар боришарди, шу туфайлими, Истанбулнинг Эски шаҳар қисмида, Ускудар мавзеида уч қаватли, алоҳида Ўзбеклар такяси қурилган , у Султон Аҳмад майдони ва Олти минорли масжиддан атиги бир неча юз қадам кунботишда.
Халқаро йўналишларда нақлиёт, учоқлар, шаҳарларда замонавий меҳмонхоналар кўпайиб, сайёҳлик маданияти юксалгач, умумётоқ мақомидаги такя-қўноқхоналарга ҳожат, эътибор сусайиб, бирин-кетин ёпила борди. Жумладан, Ўзбеклар такясида ҳам энди илгаригидай файз – базми жамшидлар, гавжумликлар йўқ эди. Шунга қарамай, Истанбулдай шаҳри азимда Ўзбеклар кўчаси борлигидан Бекназар бағоят ғурурланди, беихтиёр энтикканида кўксининг кучли шамолда эгилган дарахт новдалари қайта тиклангандек баланд кўтарилганини яққол сезди. Бу кўчада, умуман шаҳарда ўз музофотидаги каби бемалол, беҳадик юриш мумкиндай туюлиб, дилидаги бегонасираш, ийманиш ҳиссиётлари ҳам анча тарқалди. Бироқ...
Бироқ у такяда ошиқлик домига илиниб, Истанбулда қолиб кетиши ва не ранжу балоларга гирифтор бўлишини хаёлига ҳам келтирмаганди...
Шу жойгача эсон-омон етиб олганидан мамнун, денгизлар ўрамидаги шаҳарнинг ажойиб манзараларини кўргач, йўлдаги машаққатлар кўз олдидан йироқлашган, ҳар не ғурбат, жабру жафо елкадан ошди, деб хийла хотиржам тортувди. Фақат узоқ ва таҳликали масофада ҳам жисман, ҳам руҳан толиққан, камҳаракатликдан болдирлари шишиб увушар, бу ҳам етмагандай, ўнг бўксасига чиққан лўмбоздай чипқон юрса-турса лўқиллаб, миясигача зирқиратиб юборарди. У шерикларига (камайиб-камайиб етти киши қолишганди) икки-уч кун дам олишни, оёқларининг ишиғи  бир оз қайтгач, йўлга чиқишни таклиф этди.
Такяда бир хизматчи ва бир қариядан бўлак кимса кўринмасди. Хоналар бўм-бўш, лекин дим ва зах, асрлар давомида турли-туман йўловчилар бадани ва нафасидан чиққан ҳидлар девору шифтларга ўрнаб қолганга ўхшарди... Бекназар ҳовлининг бир четидаги сербарг арғувон тагига жой тўшаб олди.
Ҳамроҳлари шаҳар айлангани чиқиб кетишар, Бекназар эса сон-болдирларини очиб, шапатилаб ўтирар, ярасига қўрга кўмилган пиёз босар ёки қўй ёғи суркарди. Оғриқ пасайиб, кўзи сузила бошлагач шартта чап ёнбоши билан ётарди-да, донг қотарди. У асли табиатан уйқучироқ эди. Лекин йўлда, кўпчиликнинг, хусусан, уйдаги қора кўзлари қошига ошиқаётган аравакаш ва ҳайдовчиларнинг бетоқатлиги туфайли уйқуга тўймай қийналганди, шу боис энди уйқу азобдан ҳам зўр келарди. Учинчи кунга ўтар кечаси саҳарга яқин баданига теккан намдан уйғониб кетди, иҳтилом бўлдим шекилли, деб кўнгли ғашланди, ғусл ташвишини ўйлаб, баттар ижирғанди. Кейин чипқоннинг ёрилганини билиб, ичи ёришди ва шундагина сирқираш ҳам анча пайсал топганини англади. Оёғи бир мунча дадил босадиган бўлиб қолганди, аммо барибир шу аҳволда тағин йўл юриш қийинга ўхшарди.
Бунинг устига ҳали чарчоқ ҳам яхши тарқамаганди. Нафсиламрини айтганда, инсон вужуди ҳам қув бир хилқат – андак раҳмини еб, меҳрибонлик кўрсатсангиз, у сиздан яна кўпроқ имтиёз ва мурувватлар тама қилаверади. Ҳа-да, олдиндаги мақсад аниқ эмас, манзилда уларни ҳеч ким кафтини манглайига қўйиб, интизор кутаётгани йўқ-ку, икки-уч кун фарқ билан боришса, нимага кечикдинглар, деб қийин-қистовга олишармиди ё шаҳарга киритмай қўйишармиди? Айтишларича, ҳали ҳаж мавсумига анча бор экан. Лекин бу ёқда ҳамён масаласи ҳам чатоқ-да...
Бекназар қадрдонлашиб, кўнгиллари яқин бўлиб қолган мозори-шарифлик, асли ота-боболари «қоч-қоч»ларда Сурхон воҳасидан Афғонистонга ўтиб кетишган Сариқул кўмагида шерикларини тағин икки кунгина кутишга кўндирди, дарддан тузукроқ фориғ бўлгач жўнаган маъқул-да. Ҳали олдинда қанча йўл, бирмас, икки мамлакат – Шом ва Ўрдун бор, озгина юриб яна инқиллашни бошласа, ундан ёмони йўқ...


* * *

Мўлжалидаги куни Бекназар барвақт, ҳамсафарларидан аввал уйғонди, ўзини бир нави енгил сезди. Бир оз айланиб, ҳам оёғини синаб кўриш мақсадида ташқарига қараб юрди. Қўш қанот, ўйма нақшли дарвоза ҳали очилмаган эди, у устанадаги  зулфиндан занжирни тушириб, қопқанинг бир табақасини ўзига тортди-ю, остонанинг у бетидаги ғаройиб бир мўъжизага кўзи тушиб, қўлини эшик тутқичидан олишни ҳам унутганича, серрайиб қолди. Рўпарасида бошига енгил пушти рўмол ташлаган, шаҳло кўзлари чарақлаган, юзлари оқ-сариққа мойил, қирмизи лаблари хиёл очилиб, дурри маржон тишлари йилтиллаб, бир малак сиймо турарди. Унинг бир қўлида тугунча бор эди. Умрида чеҳраси бу қадар чиройли, мафтункор, қарашлари оташу аланга қизни учратмаган йигит ўнгимми ё кўзимга кўриняптими деган хаёлда карахт, киприк қоқиш ҳам эсига келмасди. Қиз рўмолини юзига қия қилиб ёпгани, сўнг ўша қўлининг латиф бармоқлари билан оч яшил тусдаги кўйлаги ёқасини хиёл қайириб кўксига «туф-туф»лаганига назари тушган йигит унинг рўё ҳам, туш акси ҳам эмас, ҳаётий хилқат эканлигини фаҳмлаб, баттар анграйди. Шу аснода қизнинг ним кулимсираган кўйи «Кун ойдин, афандим...» деганини эшитиб, унда бирдан ҳаяжон жунбишга келди, ичида кимдир таажжуб изҳор этди: «Овозининг шўхлиги, ёқимлилигини...»
Ақлу идрокидан айрилаёзган Бекназар ўзига келди, лекин қаршисидаги ҳурилиқонинг гапини дуруст англамади. Ҳойнаҳой, йўл бўшатишимни сўраяпти шекилли, деб ўзини четга олди. Пари рухсор ёнидан чаққонлик билан соядай лип этиб ўтиб кетди. Йигит бошини қайириб, елкаси оша қаради. Шитоб юриб бораётган қиз ўн-ўн икки қадамдан сўнг сал секинлаб орқасига – ҳали ҳам қоққан қозиқдай қаққайиб турган йигитга илкис нигоҳ ташлади-да, бино муюлишида кўздан ғойиб бўлди. Малакнинг бўғма ёқали узун, ўзига ярашган кўйлаги остидаги шамшоддек тик қомати, бир оз қимтиниб юриши ҳам кишини ўзига маҳлиё қиларди. Аммо бир сониялик маъсумона табассуми, сирли боқиши Бекназарни адои тамом қилган, у тиғдай ўткир нигоҳ ниҳоятда мерганлик билан отилган камон ўқидай, ўшшайган мусофирнинг шер ўмров кўкрагини осонгина тешиб ўтиб, қоқ юрагига санчилган эди. Бу париваш ким бўлди? Саҳар-мардонлаб таккада нима қилиб юрибди? Кимнинг олдига келдийкин?..
Хаёли тўзғин йигит қаёққа, нимага кетаётганини ҳам ёддан чиқариб, беихтиёр ичкарига қайтди. Юраги борган сари гупурар, ўзига нима бўлаётганини тушунмасди. Қадами ўз-ўзидан тезлади. Уни – уйланган, қисқа фурсатда «хотин»идан совиб, лоқайдликни ўзига ошно тутган одамни бир лаҳзада довдиратиб, аёл зоти тўғрисидаги нохуш фикрларини ҳарсангга теккан ойнадек чил-чил қилиб, эҳтирослари илк бора тизгин узган бўйдоққа айлантириб қўйган ой юзли дилдор қатор тушган хоналар айвони зинаси олдида қўлидаги тугунни этаги тўпиғига тушадиган кулранг қабо кийиб, мовут тақия устидан уриниб-ўнгган салла ўраган такя хизматчисига узатаётган эди. Бекназар уларга яқинлашганда саросималаниб тўхтади, шу дамда моҳитобон орқасига бурилиб, торроқ йўлакда гарангсиб турган йигитнинг чап тирсагига кифти билан бехос, енгил туртилиб ўтиб кетди. Бекназар юракка яқин жойига чўғ теккандай бўлиб титранди.
– Бу қиз ким, тоға? – сўради унинг ҳолатини кузатиб, мийиғида кулиб турган хизматчидан. У ўз аҳволи-руҳиятини яширадиган, уяладиган алпозда эмас эди.
– Қизи қурмағур гўзал-а, – бош-бош қилди хизматчи. – Ҳусндан худо берган-да.
– Азонлаб келганига ҳайрон бўляпман, – деди ўзини сал босиб олган Бекназар.
– Кўпчиликка кўринмаслик учун барвақт чиқади. Чўлпон юлдузига ўхшайди.
– Яқин-ўртада яшайдими?
– Намунча суриштириб қолдинг, йигит, ошиқ бўлдингми? Ишқ бир олов, сенга ўхшаган паҳлавонларнинг қанча-қанчаси куйган бу ўтда. Сен улуғ ибодатга отланган муслим йўловчисан, мусофирсан, кўнглингни паришон қилма, бўтам. Баъдаз, аллоҳга муҳаббатгина боқий ва хайрлидир, бандага муҳаббатнинг хосияти кам, турган-битгани ғурбат, зеро бунда яратганга сиддиқлик бўлинур.
– Ота-оналари қанақа одамлар? – сўради Бекназар хизматчининг гапларига эътибор ҳам бермай. Айни дамда унинг қулоқлари таҳдиду ўгитларга кар эди.
– Падари бузруквори Исмоил ҳожи деган савдогар эди. Мисрдан, Ҳиндистондан мол олиб келиб сотарди, – деди хизматчи нигоҳини қўлидаги тасбеҳдан узиб Бекназарга қарата. – Бечора қиз волидаси билан ёлғиз қолган. Бу ерда марғилонлик бир мўйсафид бор, шунга бир нималар илинишади, дуо илинжида.
– Тез-тез кириб турадими?
– Вақти-соати йўқ. Хоҳлаганда киради.
– Исми нима?
Бу сўроқ жавобсиз қолди.
– Ке, юр, ичингни ғумиллатиб кетган нозаниннинг нони билан Ҳожи отанинг хонасида нонушта қиламиз. Уларга савоб керак, ошиқлар дуоси мустажоб бўлур. Чунки улар чин дилдан тилайдурлар. – Хизматчи машриқ уфқига бир назар ташлади-да, ичкарига йўналди.
Ҳали кун чиқмаган, аммо тонг анча ёришиб қолган, Бекназарнинг белбоғ ё патуларини елкаларига ташлаган шериклари узун-қисқа бўлиб ҳовли этагидаги қудуқ томон боришарди.
Йигит паришонлик билан бир-бир босиб арғувон сари юраркан, оёқлари яна зирқирай бошлагандай туюлди. Думалоқланган ўрнини ёзмай, шундоқ шолчага чўзилди. Кафтларини боши остига қўйиб, мовий фалакка тикилганча хаёлга чўмди. Беихтиёр бу ерда «нафас ростлаш»ни чўзмоққа чора ахтара бошлади. Турган гапки, ҳамроҳлари энди унашмайди, бусиз ҳам уни деб салкам бир ҳафтани йўқотишди, тўғриси, яна бир-икки кун турайлик демакка Бекназарнинг ҳам юзи чидамасди. Аммо жўнашга ҳам кўнгли чопмасди. Оёқ ҳали яхши тузалмабди. Бу ёқда бояги малак сиймо кўз олдидан кетмас, уни яна ва яна, лоақал тағин бир бора кўриш иштиёқи, истаги фикри-ёдини эгаллаб олган эди. «Қани энди хотин деганинг ана шундоқ шаҳдам, истарали бўлса – кўзинг ҳам яйрайди, кўнглинг ҳам...» деб ўйларди у.

II

Бекназар муолажани яна маълум муддатга давом эттиришга қарор қилганини айтиб узр сўраганди, ҳамсафарлари уни ортиқча қистаб ўтиришмади. Фақат кимдир: «Бунақа экан, бошда айтмайдими, шунча кундан бери вақтимиз, пулимиз бекорга кетди», дея тўнғиллади. Бекназар оғзини дўмлади-ю , ўзини эшитмаганга солди. Сариқул бошини теб¬ратиб, «Кўпчиликдан ажраб қолаётганингиз чакки бўляпти-да, жўра, майли, худо шифо берсин, тезроқ йўлга чиқинг, Маккаи мукаррамада эсон-омон кўришмоқ насиб этсин», деди ва бир неча қадам босишгач, орқасига қайрилиб Бекназарга бир қараб қўйди. Бекназарнинг ҳам ичи ачишди – нима бўлсаям, уларга анча ўрганиб, Сариқул билан сирдош бўлиб қолувди, лекин у узоқ иккиланиб турмади. Зеро, уни тутиб қолаётган куч сеҳрли ва жуда қудратли эди. У Сариқулга кетаверинглар, барибир аҳдимдан қайтмайман, дегандай, кескин бир қўл силтади-ю, ичкари кириб, мук тушиб ётиб олди. Уйдагилар уни Арабистонга етиб олган, деб ўйлашаётгандир. У эса, бу ерда уюридан ажралган қулундай гарангсиб ётибди. Бутунлай бегона, таги-туги номаълум, боз устига номаҳрам қизнинг юзию кўзини, қадди-бастини бир кўрибоқ, анави хизматчи айтгандай, маҳлиёю асир, волаи телба бўла қолдими? Уни шунчаки яна бир мартагина кўриб, ҳусни таважжуҳидан, қоронғи дилни машъаладай ёритиб юборадиган нимгина жилмайишидан тағин бир дафъа баҳраманд бўлмоқ учун бир неча ойлик ҳамроҳ-биродарларини ранжитиб, бу ерда тақдири нима кечишидан ҳам ташвиш чекмай қолиб кетаверадими, а? Хўп, ўша гўзал қизни яна бир эмас, бир неча карра кўрди ҳам, хўш, нимага эришмоғи-ю, нима ўзгармоғи мумкин? Бир-икки оғиз суҳбатлашмоққа ҳам мушарраф бўлсин, унга, бир бандаи мўминнинг, мусофир бечоранинг жигаридан уриб қўйганини айтиб, арзи ҳол этсин, хўш, қиз нима дейди, ўроқда йўқ, хирмонда йўқ савдойи хушторнинг томдан тараша тушгандай муҳаббати эвазига қандай муруввату илтифот кўргизади? Нима қиларди, нима дерди, «Хом сут эмган афандим, сиз ўзи дунёнинг қайси бурчагидан келдингизу, қайси чеккасига кетятувдингиз? Яшаш ошёнингиз қайда қолгану, бизники қайда турибди? Муҳаббатни ўйинчоқ деб ўйлаяпсизми ё мен билан урдим-қочди ўйнамоқчимисиз? Йўлингиздан қолмаганингиз, мениям тинчимни бузмаганингиз маъқулмикин...», дейди-да. Эҳтимол, бунчалик ҳам деб ўтирмай, унга Шом, Арабистон тарафни кўрсатиб, адашиб қолмасин деб, пухтагина тушунтириб ҳам қўяр... Ҳа-да, бойнинг фарзанди экан, қариндоши ҳузурига паноҳ излаб бораётган, белбоғидаги тўрт тангадан бўлак ҳеч вақоси йўқ ўткинчи йўловчини назарига илмаслиги, унинг шайдолигини сариқ чақага олмаслиги мумкин-ку. Назарига илганда, ошиқи девоналигини сариқ чақага олганда нима қилади? Уни етаклаб кетадими, қаёққа, қандай? Маккатиллогами ё орқага қайтадими?
Ҳемириси йўқ-ку? Ё ичкуёв бўлиб қоладими?..
Албатта, Бекназарнинг онги агар бой қиз камбағал йигитни яхши кўрса, уни қарамоғи ва ҳомийлигига олиши мумкин, деган иддаодан ҳоли, бу гаплар ҳозир хаёлидан анча йироқ эди. У фақат бугун тонг аро уни ақлу ҳушидан мосуво этган ўшал жононани яна бир қатла кўрмоқ, унинг дийдорига узоқроқ термилмоқ (лекин у ўйламасдики, чанқаган одам бўйи, қўли етмайдиган сувга тикилса, ташналиги баттар ортади, холос!), у билан суҳбат қурмоқ илинжида ёнарди.
Бирдан миясига совуқ бир фикр гурзидай урилди: у ўзи қиз боламикин? Кийиниши, рўмол ёпинишига қараганда келинчаккаям ўхшайди. Боз устига ёшиниям тахминлаш қийин эди.
Маълум сабабларга кўра уйланишга шошмаган, куёв бўлгач эса, қайлиғига кўнгил қўёлмаган йигит бир неча юртни босиб, қанча шаҳару қишлоқлардан ўтиб келди. Қўноқхона, мусофирхоналарда ўрин бўлмаганида ҳар хил кимсаларникидан бошпана топиб ётишди. Ўша жойларда хизмат қилиб ё турли юмушлар билан ўралашиб юрган ёки кунлаб қолиб кетишган меҳмонхоналарда учраган юз-кўзлари очиқ ғалати табиатли, ҳазилкашликка мойил қиз-жувонларнинг ҳеч бирига йигитлик назари ила суқланмаган, биронтаси унинг диққат-эътиборини тортмаган эди. Ўз қишлоғида қундузқош сулувлар ёнидан соч ўримларининг бирини олдига ташлаб, селкиллатиб ўтишганида ҳам бир мўйи қимирлаб қўймасди. Нега энди бу турк маҳвашига шундоқ кўзи тушди-ю, юраги ўйнаб, вужуди нест бўлиб қола-қолди? Уни бўғма илондек сеҳрлаб олдими? Денгиз сувига ўхшаган кўзларида жодуси бормикин? Исми нимайкин? Анови сўхтаси совуқ хизматчи ҳам, асакаси кетадигандай, айтмади...
Турк гўзали ҳақида тезроқ, кўпроқ нарса билгиси келарди, яна қиздан сўз очиш мақсадида дароз хизматчи билан учрашишга бир неча бор чоғландию, ҳар гал андиша этагини қўйиб юбормасди.
Бир кўришда ёқтириб қолиш (лекин бу ҳали севги эмас!) кўп учрайдиган табиий ҳодиса, бу – файласуфлар кузатуви ва хулосаси эмас, оддий бандалар – маҳбублар ва маҳбубалар кашф этишган, тан олишган ҳақиқат. Бир боқишда жалб этувчи мафтункор сийрат ўзича ҳеч нарса ваъда қилмас, гарчи қаровчининг ичи-борини ағдар-тўнтар этиб юборса-да, илло, ўша кимсанинг мажнунона тикилишига жавобан ҳадя этилган майин, сирли табассум мисоли тутай бошлаган ўтинга гугурт чақилгандай бўлиши, ҳали шайдолик заҳмати ва роҳатидан хабарсиз бир жонни мувозанатдан чиқариб, ҳар кўйга солиши мумкин. Аммо, айни ўша, бир-икки киприк қоққулик фурсатдаги мулойим ва ҳузурбахш нигоҳ кейинчалик бечора ошиқни ўз ортидан эргаштириб, чаманзорлардан, баҳаво кенгликлардан бахт сари, мурод сари етакламоғи ёхуд югуртира-югуртира, ўз домига илинтиргач, ўнқир-чўнқир чангалзорларда овораи жаҳон қилиб, адаштириб, толесизлик жарига улоқтирмоғи ва ё аксинча, гўзал сийрат соҳибаси кимнидир балога қолдирган, умидвор қилган майлли қарашининг жабру жафосини тортмоғи, ҳатто, иффати, номуси билан товон тўламоғи ҳам эҳтимолдан узоқ эмас.

* * *

Вақт тушовлангандай, энди терак бўйи кўтарилган қуёш ўрнидан жилмай турганга ўхшарди. Бекназар ҳовлида у ёқдан бу ёққа юрар, яна ётиб, ухлаб фурсатни тезлатмоқ истар, бироқ уйқу кўзлари билан аразлашиб қолгандай, сира киприкларига яқин йўламасди. Юрганда ҳам, ётганда ҳам икки кўзи иккала қаноти ҳам ланг очиқ дарвозада эди. Хаёлида ўзгаларга ош-нон бериб, унинг эса ҳаловатини олмоққа қасд қилган у жонсўз санам тушликка ҳам бирон нарса кўтариб кириб қоладигандай...
 Офтоб тиккага келди. Пешин намозидан сўнг Бекназар жойнамозда яна хаёл суриб ўтирди, юзини сийпалаб, ногоҳ бир неча кундан бери соқол олмагани эсига тушди. Тугундан устарасини топиб, қудуқ ёнида апил-тапил ияк қиртишлади, муртини қайчилади – шерикларига таассуб қилиб йўлда мўйлов қўйган эди.
Кеч кирди. Бекназар бетоқатлик билан кутган хонимдан дарак йўқ эди. Ҳа-да, ахир таккага тўхтовсиз нон, овқат ташийвермаса керак...
Шу куни кўнгли емак тиламади. Ярим тунда кўзи пинакка кетиб эди, тонг ёришиб-ёришмай, кимдир чақиргандай, чўчиб уйғонди. Юз-кўзларини қудуқдан сув чиқариб астойдил ювди-да, бўхчасидан асраб-авайлаб келаётган бўғма ёқали оҳорли оқ кўйлагини олиб кийди, сув пуркаб, кафтлари билан сидира-сидира ғижимларини сал эпақага келтирган бўлди, устидан жужун камзулини илди, чанг ўтириб, оқ гуллари хиралашган, нимдош дўпписини қоқиб-силкиди-да, дурра билан обдан артгач, тиззасига кийдириб, кериб, анжанчасига чаккасига қўндирди. Қўнжи калтароқ хром этигини нам латта билан артиб-тозалагач, ошиғич бориб дарвозанинг илгагидан тортди. Ҳеч ким йўқлигини кўргач, тарвузи қўлтиғидан тушгандай, юрак ҳаприқиши пасайди, кўчада у ёқдан бу ёққа юра бошлади. У ярашиқсиз қилиқларининг ёш ўсмирларга хос ва ножўя эканлигини фаҳмлар, аммо оёқлари, дили, кўзлари онгига бўйсунмаса, нима қилсин бояқиш. Лекин мабодо ҳозир қиз рўпарасидан чиқса, унга нима дейишни, қандай саломлашишни ҳам билмас, қолаверса, гарчи бу юрт аҳли ҳам турк эса-да, уларнинг гапини тушуниш анча қийин эди, аёлларнинг лаҳжаси, изҳори дил шеваси янада мушкулроқ бўлса керак. Аммо ўзбеклар такясига кириб-чиқиб юрадиган қиз балки ўзбек тилини ҳам анча-мунча билар, англар...

III

Ниҳоят малак остонада кўринди – қуёш ярақлагандай. Аёл зотининг гўзаллиги, ҳусни дейилганда унинг бўй-басти, юз тузилиши, ориқ-семизлигининг ўртачалиги, умуман тана узвларининг ўзаро мутаносиб ва бежиримлиги, рангининг тозалиги, терисининг тиниқлиги, истарасининг иссиқлиги, яъни кўзлари ва лаблари бурчларининг чиройли жилмайишга мойиллиги назарда тутиладиган бўлса, Бекназар кўзи билан қараганда қизнинг сиймоси, андоми-жуссаси ана шу мезон ва андозаларга қуюлиб тушиб, қолипдан ортиб ҳам қолгудек эди. Бугун у оч зангор тусли, енги тирсакдан кўйлак ва зардоли ранг нимчада янада яшнаб, гул-гул очилиб кетган эди. Қўлида кечагича тугун билан майда, текис қадам ташлаб, йўқ-йўқ, тупроқ юзида униб-ўсган инсон боласи эмас, самовий бир фаришта хиром айлаб келарди. Сарасоф солган киши нигоҳларидан санамнинг андак бесаранжомлигини илғаши мумкин эди. Лекин Бекназар ҳозир нигоҳларини эмас, лов-лов ёнаётган либослари-ю, шу либосларга ўралган хушбичим, навраста қаддини кўрарди, холос. Ирғиб ўрнидан туриб, гўё азиз бир меҳмон истиқболига пешвоз юрди ва «Салом, хоним!» деди. Қиз илкис тўхтаб, ёнгинасига келиб қолган одамга – кечаги кўрганидан анча ўзгарган – тозарган, яшарган, дадиллашган йигитга кўзи тушди. Нигоҳлар бир сония тўқнашди. Бекназарнинг юраги яна ҳадикданми, саросимаданми, шувиллади, қилган гуноҳи эвазига муқаррар жазо – дакки кутаётган боладай, оёқларидан мадор қочди, чиройли боқиб турган кўзларга тоб беролмай каловланди.
– Не деюрсиз, ҳожи оға? – Қўнғироқдай жаранглаган, шеваси ажиб бир ёқимли бу овознинг дангал ва шўхлиги Бекназарнинг ҳайратини янада оширди, шу билан бирга унга шаҳд, шаҳдгина эмас, жон ато этди.
– Мен ҳали ҳожимасман, энди кетяпман.
– Аллоҳ йўлингизни берсин, афандим.
Қизнинг деярли аниқ, ҳар ҳолда тушунарли сўзлаши йигитни руҳлантириб юборди, демак, у билан бемалол гаплашиш мумкин экан. Бироқ, Бекназар Насриддин Афанди тўғрисидаги ғаройиб ҳангомалару ичак узди латифаларни эшитганда қанчалик ҳузур қилмасин, бу енгилмас, ҳамиша мот қилувчи, ҳозиржавоб қаҳрамоннинг исми унда гоҳида қув, гоҳида лапашанг, гоҳида ўта бачкана, гоҳида жуда қитмир ва муғомбир, хуллас, турланувчан шахснинг умумий номи сифатида таассурот қолдирарди. Йигит гарчи турк гўзалининг дили озор чекиб қолиши мумкинлигига ақли етиб турса ҳам раддиясини баён этмоқдан тийилолмади.
– Раҳмат, хоним, лекин мен афандияммасман, – деди у товушини бир оз пасайтириб ва дарҳол қизнинг юзидаги ифодани уқмоқчи бўлгандай, андишани ҳам четга суриб, астойдил разм солди. Аслида у мулоқотни узайтиришнинг бошқа йўлини тополмаётган эди.
– Унда кимсиз? – Сўроқ оҳангида, ҳар қалай, жиндай ранжиганлик аломати борлигини туйиш мумкин эди. Бундай саволни кутмаган Бекназар бир лаҳза довдиради.
– Жўнгина одам, – деди у ҳақиқий қишлоқча соддалик билан.
Шаҳло кўзлар пирпиради.
– Жўн одам – нечук одам?
– Шунақа, оддий одам, – Бекназар кифтларини қоқиб жилмайди – топган гапи ўзига энди кулгили туюла бошлаганди.
– Хуш қолинг, жўн одам!..
Қиз шундай деб кетмоққа тараддудланган эди, йигит шоша-пиша «Хоним, хоним!..» деб уни тўхтатди, ичида эса бундай журъату жасоратнинг қаердан пайдо бўлганига ҳайрон эди. Хизматчининг йўқлиги ҳам унга далда бераётганди.
– Лаббай, жўн одам, – деди қиз йигитнинг шошиб қолгани ва бечораваш ҳолати нашъа қилиб.
– Яна бир пас туринг...
– Хўп, бир пас эмас, икки пас ҳам турай. Сўзланг!
Бекназарнинг таажжуби ва завқи ортиб, кўзлари чарақлади. У хусусан қизнинг ўзбек тилида жуда чиройли гапиришидан худди энг мушкул муаммоси ҳал этилгандай ўзида йўқ эди. Унда ҳамсуҳбатининг турклигига шубҳа туғилди.
– Ўзбекчани қаердан биласиз? – сўради у гапни улаш учун юзага келган тайёр баҳонани қўлдан чиқармай.
– Бунинг тарихи узоқ, афандим, кечирасиз, муҳтарам жўн одам. Бўлдими?
Бекназар орзуси рўёбга чиқиб, қиз билан тезгина учрашгани ва пойинтар-сойинтар саволларига унинг малолсиз жавоб бераётганидан бағоят мамнун, лекин шошилишда керакли гаплар эсига келмаётгандай туюлар, ўзидан койинарди, аммо аслида қизга нималар дейиши зарурлигини билмас, дабдурустдан изҳори муҳаббатдан тушиш одоб¬дан эмаслигига ақли етар, бундай қилса, қизнинг, шубҳасиз, «тентакми бу...» деган мулоҳазага боришидан, ишнинг пачаваси чиқишидан қўрқарди, айни чоғда миясида яна бунақа имконият туғиладими, йўқми, шунинг учун ётиб қолгунча, отиб қол қабилида таваккал қилиш керакмикин, деган фикр айланиб, икки оёғини бир этикка тиқарди.
– Қаерга шошасиз? – сўради у яна шунчаки вақтни чўзиш ниятида. Қизнинг жавоблари эса жуда мароқли эди.
– Шу ерга.
– Нима олиб келяпсиз, нонми?
– Овқат.
– Кимга?
– Мусофир-муҳтожларга.
– Камина ҳам муҳтож, фақат...
– Хўш?
– Овқат пиширганга.
– Ҳмм... Ошпазимизгами?
– Ошпазларинг борми?
– Бор-да.
– Аёлми, эркакми?
– Бунга нечук қизиқиб қолдингиз, жўн одам?
– Ҳовлинглар каттами?
– Ўртача, нима эди?
– Боғбонми, умуман, эркак хизматкор керакмасми сизларга демоқчийдим.
– Керак эди-ю, олиб қўйганмиз-да.
Бекназар қиз жавобларининг ҳазил ё чинлигини англолмай сал бўшашди, бачканалашиб кетмаяпманми, деб қисинди, иттифоқо бошқа гап ёдига тушиб, яна жонланди.
– Исмингизни билсак бўладими?
– Билиб нима қиласиз?
– Олиб кетаман.
Қиз «пиқ» этиб кулди, атрофга мусиқий жаранг таралди.
– Исмимни-я? Қаёққа?
– Ўзбекистонга, – деди йигит энтикиб, қиз жиддий сўраётгандай.
Афтидан нозанин мусофирнинг сўзларини чиндан ҳам ҳазил деб ўйлади чоғи, кулиб сўрашда давом этди.
– Ўзбекистоннинг не ерига?
– Андижонга.
Қизнинг юз-кўзи жиддийлашди ва бир нафасдан кейин яна тилга кирди.
– Сиз Андижонданмисиз?
– Ҳа.
– Андижоннинг қаеридан?
– Қўқон қишлоқдан.
– Ий-е, шунақа денг... Сизни зиёрат қилиш керак экан.
Бекназарнинг кўзлари қинидан чиқиб кетаёзди.
– Сиз ҳам... Қўқон қишлоқданмисиз?
– Олтинкўл томондан. Юртимиз тинчми? Қандай шамоллар учирди?
– Қашқаргача сиёсат довули учиргани аниқ, бу ёққа сизнинг шамолингиз учириб кепти шекилли. Мана, кўрдингизми, исмингизни бекорга опкетаман, демаяпман экан.
– Шунийчун ҳовлиқятувдим денг. Агар юртимизга бўлса, майли...
«Темирни қизиғида бос, Бек!»
– Фақат... эгаси билан-да.
Қиз яна чимирилиб гўё сипо тортди.
– Энди сал оширвормадингизми, афандим. (Қиз бу иборани суҳбатдошининг ға¬ши¬га тегиш учун атайин қўллади). – Сўнг лабини бурди. – Олиб кетармишлар... қандай қи¬либ олиб кетаркин?
– Бошимга кўтариб ё... қўйнимга солиб, – деди Бекназар «жилов»ни бўшатмай.
Қиз қизаринди.
– Ростдан жа тегишқоқ экансиз, а?
– Мен жиддий гапиряпман.
– Исмимни айтмасам-чи?
– Менга шугина ҳимматниям раво кўрмайсизми? Юртдошлик ҳурмати шуми?
– Олиб кетиб қоламан деб қўрқитяпсиз-ку?
– Аввал айтинг-чи.
– Олиб кетишга арзийдими, йўқми денг.
– Сиз одамнинг кўнглидаги ниятини билиб оларкансиз, а?
– Ана шунақа, мен билан ҳазиллашманг.
– Хўп, келишдик, мен самимий сўраяпман.
– Исмим оддий – Фазилат.
– Жуда чиройли ва маъноли-ку. Жамики яхши фазилатлар сизда экан-да.
– Агар қизларнинг йўлини тўсиб, гапга солиб туравериш яхши фазилат бўлса, демак, у сиздаям бор.
– Қаранг-а, қандай яхши фазилатим борикин, деб ўйлаб юрардим.
– Бу хислат сизга тез-тез асқотиб турадими?
– Айтяпман-ку, бунақа фазилатим борлигини билмасидим деб.
– Хўп яхши, энди олиб кетмайсизми?
– Энди олиб кетаман-да, зора кеккайиб юришга арзийдиган фазилатим бўлса...
Қиз сохта чимирилиб, йигитга пастдан тикилди.
– Э, аттанг, бўлак жўнроқ отни айтмапман-а?
– Қандай исм бўлсаям барибир сизга ярашаверади.
– Демак, сизга исмнинг аҳамияти йўқ экан-да?
– Эгаси ёқса, бошқа от қўйиб олсаям бўлаверади.
– Исми чиройли бўлиб, ўзи ёқмаса-чи, униям алмаштириб олса бўлаверадими? – муғомбирона жилмайди Фазилат.
– Анча қувга ўхшайсиз, а?
Яна ёлғондакам тундланди қиз.
Ўшанда Фазилат савол-жавобларни чиндан ҳазил деб ўйлаган (бунақа ҳазилкашлар унга такяда илгари ҳам учраб турарди), хаёлига бошқа фикр келмаган эди.
– Хуш қолинг, жўн одам, – у шундай деди-да, йигит ёнидан атир-ифор таратиб ўтиб кетди. Ўта туриб унга кечагидек ним табассум билан қиё боқиб қўйди. Бекназар бу қарашнинг маънисини уқолмай қийналди. «Ҳолингиз шу экан-ку, яхши йигит, гап айлантиришни биласиз холос экан-да», демоқчи бўлдимикин?
Фазилат зина ёнида тараддудланиб туриб қолди.
Бекназар у томон юриб борди.
– Ҳожи отанинг олдига киргани тортиняпман, манавини бериб қўёлмайсизми? – қиз қўлидаги тугунга ишора қилди.
– Жоним билан. Эҳтимол бизгаям насиба тегиб қолар. Ё ўзи бир кишиликми? Кўнгил учун бўлсаям бирга баҳам кўринглар демайсиз-а...
– Кечирасиз, шу мулозамат эсимга келмабди.
– Ўзи шунақа манзират борми бу ерда?
– Йўқ десаям бўлади, лекин сизам жа манзират кутиб ўтирадиганларга ўхшамайсиз.
– Шунақа суллоҳ кўринаманми?
– Тушунмадим.
– Сурроққа ўхшайманми дейман.
– Йўғе, ўлибманми ўз юртдошим ҳақида шунақа хаёлга бориб. Хафа бўлдин¬гизми?
– Йўқ, хурсанд бўлдим, дилингиздагини очиқ айтганингизга.
– Кесатяпсиз-а? Савлатингизга қараганда... нозик экансиз.
– Мусофир одамнинг кўнгли ярим бўлиб қоларкан.
– Мусофир сизми, бизми? Майли, яхши боринг, юртдошларга салом айтинг, – деди жўнашга чоғланган Фазилат.
Бекназар лабини тишлади.
– Мен ҳозирча ҳеч қаёққа кетаётганим йўқ.
Қиз тўхтаб, Бекназарга юзланди.
– Бу ерда бутунлай қолиб кетмассиз?
– Тақдир билади.
– Яхши ният қилинг. Ҳажга бормоқчисиз шекилли?..
Бекназар сустланди.
– Худо хоҳласа...
Фазилат бирдан жилмайди.
– Қайтишда яна шу ерга тушасизми? – сўради у қандайдир ўзгача – эркаланганнамо оҳангда.
Бекназарнинг ҳам чеҳраси ёришди.
– Албатта, лекин ҳозирча шу ердаман, яна келишингизни кутаман, Фазилат, исмим – Бекназар.
– Омон бўлинг, Бекназар ака.
Фазилат дарвоза ёнига етганда орқасига ўгирилди-да, Бекназарга яна енгил табассумли нигоҳ ташлади ва остона ҳатлади. Йигит назарида қизнинг қараши ишоралидай туюлди. Тугунни айвон четига қўйиб, дарвоза сари лўкиллади. Остонадан ўтиб, атрофга ошиғич кўз югуртирди – йўлнинг икки тарафи ҳам анча ергача аниқ кўриниб турар, аммо Фазилат йўқ эди. Бекназар таажжуб ичра қотди. Орада кечган қисқа фурсатда қиз қаёққа ғойиб бўлиши мумкин?
Кўчанинг нариги юзи – кунгай томон анча пастлик эди, тунука ё сопол лахтакчали томлар дарахтзорлар ичидан кўриниб турар, тахминан бир ярим чақирим нарида Мармар денгизининг кўкимтир суви чайқалиб ётар, бундай сўлим манзара, ҳузурбахш ҳаво дашту биёбонларда сувсизликда чўллаб, дармонсизланиб, иссиқдан нафаси қайтиб зада бўлганлар учун жоннинг малҳами, кўзнинг роҳати эди. Бекназарни эса ҳозир табиат жозибаси ҳам, бошқаси ҳам қизиқтирмасди, у теваракка аланг-жаланг қилиб яна бир оз тургач, руҳи тушиб ортига бурилди. Шу пайт «пиқ» деган кулги эшитилди, у кескин ўгирилиб, овоз келган ёққа қаради. Фазилат кун чиқиш сари чопқиллаб борарди. Шунда йигитнинг назари ўзидан бир неча қадам нарида, йўл чеккасида наъматаксимон тўп бўлиб ўсган, новдалари тебранаётган қушолмасига  тушди. Катта-катта одим отиб қиз кетидан юрди. У ҳозир нима қилмоқчи эканини мушоҳада этишдан ожиз эди. Фазилат йигирма-ўттиз қадамча чопиб боргач секинлаб, ортига бир қайрилиб боқди, аммо Бекназар қизнинг юзи-кўзидаги ифодани пайқай олмади.
Бекназар ҳамон йирик қадамлар билан интилар, қиз билан ораларидаги масофа қисқариб борарди. Кўча нишаблик адоғига, шундоқ рўпарадаги икки қанотли ёғоч эшиги қия очиқ ҳовлига етиб тўхтар, шу жойдан йўл айри мисол икки ёнга давом этарди. Айни шу ердан чапдаги дарахтзор сийраклашиб, у тарафда ҳам хонадонлар – ёнма-ён қатор дарвозалар бошланиб кетган эди. Оҳу изидан қуваётган сайёд сингари «сайд»идан кўз узмаётган Бекназар бирдан уни йўқотиб қўйди (тезроқ югуришни ўзига эп кўрмаётган эди). Қиз зимдан кузатиб келаётган шубҳали шарпани адаштирган каби яна қайгадир яширинганди. Йигит кўча ўртасида тўхтаб, энтикканича дарвозаларга жаланглай бошлади. Ўша пайтда у диққатини жамлаб разм солганида эшиклардан бирининг ортида боягидан енгилроқ «пиқ»иллашни эшитарди, лекин у ҳаяжонда, саросимада ва бир оз ҳадикда (ахир, бегона шаҳар, биронтаси «Кимсан, нимага у қизни қувлаяпсан», деб қолиши мумкин-ку!), қолаверса, темирчининг босқонидай ураётган юрагининг товуши анча-мунча пиқирлашу қиқирлашни босиб кетарди.
Ўнг бетдаги дарвозалардан бири ғийқиллаб очилди. Бекназар яшин тезлигида ўгирилди. Ўйма нақшли қопқанинг ички бўсағасида қирқ беш ёшлардаги, енги, этаклари узун жигарранг кўйлак кийиб, бошига кўкиш фаранг рўмол солган хушрўйгина жувон унга ажабсиниб қарарди. Йигитнинг шашти пасайди, кўзини олиб қочди, сўлжайиб ортига қайтди. Ўшанда «опа» билан саломлашиб қўймагани учун (уни турк аёли чамалаган эди) кейин анчагача ўзидан гиналаб юрди.
Қисқа муддатли, истиғно ва эркалик омухталанган ҳолатлар кейинчалик кўпгина савол-жавобларга асос-баҳона бўлди, савол-жавоблар эса анча мубҳамликларни ойдинлаштирди, ойдинликлар уларни бир-бирига яқинлаштирди, яқинлик хийла муфассал мулоқотлар билан мустаҳкамланди.

IV

Бекназар ўз элидан бир неча минг чақирим узоқда миллатдош қизни учратиб, унга асир бўлиб қолишни қандай шарҳлашни ҳам билмасди. Балки бу тақдир тақозосидир, деган фикр лоп этиб кўнглига келди-ю, онги-шууридан сира кетмай қўйди. У турк гўзали деб ишонгани асил ўзбек санами, боз устига ҳамюрт эканини билгач, оддий денгиз тоши деб ўйлагани қимматбаҳо лаъл чиқиб қолган жавоҳир изловчидай, ўзини қўярга жой тополмасди. Назарида энг мушкул муаммо ҳал бўлгандай, ўртадаги улкан, ваҳимали ғов-тўсиқ бартараф этилгандай эди. Фазилат хонимнинг уни ўзига яқин олиб Бекназар ака дейиши, у билан бекинмачоқ ўйнагани, «қайтишда яна такяга тушасизми?» деб сўрагани эса уни бир йўла арши аълога ҳаволатиб юборди. Бояқиш дўпписини осмонга шу қадар қаттиқ отдики, ёнгинасида тарвақайлаб ўсиб ётган каштаннинг энг юқори шохларидан ҳам ўтиб кетди; унга деса дўпписи қайтиб тушмаса ҳам, бу ёғига бир умр ялангбош юраверишга ҳам рози эди.
Фазилат энди такяга бот-бот қадам ранжида қиларди. Энди унинг қўлида бир жуфтгина чевати ёки шунга ўхшаш ихчамгина тугун бўларди. Дароз хизматчи, унинг оти Жавдар бўлиб, Фазилат Жавдар оға дерди, Бекназарнинг елкасига қоқди: «Ахири шўх ғизолни тузоғингга илинтирдингми дейман, кунда-шунда бўп қолди. Ҳа, анойимас экансан сен андижонлик. Лекин ишқ дегани мисли алангаи оташ, – яна аввалги гапини такрорлади у, – ўзингниям, униям куйдириб хароб этмасанг, бас. Ахир сени юртинг кўп олис. У бой ўтган бир савдогарнинг арзандаси, ёлғиз онаси уни сенга бериб қўярмиди? Вақтинчалик кўнгилхушликни кўзласанг, чакки қиласан, бу ўйинг хато, у имонли қиз. Сен ўзи муборак ҳаж сафарига отланган бўлсанг... Бу ишинг парвардигорга хуш келармикин?
Жавдар оғанинг писандалари Бекназарни бир довдиратди, эсанкиратди, эсини озгина жойига туширди. Ҳа-да, оила-рўзғор ташвишларини кекса падари бузруквори гарданига ортиб, қачонлардир қишлоқдан чиқиб кетган, балки аллақачон меҳри ҳам кўтарилиб, бегонага айланган қариндошини орқа қилиб Арабистонга қочиб бораётган кимса ярим йўлда тайёр ҳамроҳлардан ажралиб, ошиқ-маъшуқлик ўйнаб юрса-я...
 У ёқда ота-бола режаларидан бехабар онаизори эшик тиқ этса сапчиб, ўзидан кетай деб, ҳар лаҳза зорлик билан йўлига қараётгандир. Мана, уйдан чиққанига юз кундан ошди, ҳали Маккаи мукаррамагача анча масофа бор. Дарвоқе, қурбон ҳайити яқинлашяпти, демак, ҳадемай ҳаж мавсуми бошланади. Йўл билмайдиган мусофир довдираб-сандираб топиб боргунча яна қанча кун ўтади. Андижонга қачон қайтиш насиб этади – бир худо билади. Ҳали-бери қайтишиям даргумонов, мана, бундан йигирма – ўн беш йиллар аввал шундай савдо билан юртдан чиқиб кетганларнинг биронтаси келмади-ку, шунча вақт мобайнида сиёсат ўзгармади, юмшамади-ку, аксинча, аҳвол баттарлашиб боряпти...
Фазилат ўзи мойиллик билдирган тақдирда ҳам, онаси-чи? Бордию, онаси ҳам рози бўлса, нима қилади, қаёққа олиб кетади? Маккаи мукаррамагами? Сичқон сиғмас инига, ғалвир боғлар думига деб... Ахир ҳозир Қашқарга ҳам қайтолмайди-ку, у ердаги қалтис вазиятни билди-ку... Бу – масаланинг бир томони, иккинчи муаммо – чўнтак... Қаёққа юрганда ҳам ҳазилакам маблағ керакми, қаердан топади? Янаям, Азим ҳожи тоға берган ақча билан шу жойгача етиб келди, шериклари билан кетса, бир амаллаб Арабистонгаям бориб олиши мумкин эди...
Бу хаёлларнинг ҳаммаси ҳам хом эмас эди. Фазилат энди Бекназардан ётсирамас, қушолмаси панасига, ўзгалар дарвозаси орқасига беркиниб уни гангитмасди, аксинча, уйигача кузатиб қўйиш учун йигитга изн-ихтиёр берарди. Уйлари – ўша куни хушрўй аёл чиққан ҳовли, аёл эса қизнинг онаси экан...
Бекназарнинг вақти зиқ, ҳамёнининг таги кўриниб борар, бинобарин, қиз билан бекинмачоқ ўйнаб юраверишга имкони ҳам чекли эди.
– Мен сизни ёқтириб қолдим, – деди у Фазилатнинг ўтли кўзларига дош бериб, жиддий тарзда.
Бундай ибора мағриблик қизни ортиқча энтиктириб, унга ширин ташвиш орттирмас, навжувоннинг зиммасига эса у қадар катта масъулият юкламас, улар бир неча йиллар давомида бир-бирини ёқтириб, ачомлашиб юраверишлари мумкин, лекин Шарқда, жумладан, ўзбекларда «ёқтириб қолдим» дегани «сизни севиб қолдим, сизга уйланаман» деган маъноларни қатъий ифодалайди.
Фазилатнинг шўхлиги қочиб, ерга қараб турарди.
– Яхши кўриб қолмадиммикин, деб қўрқяпман.
Қиз бошини кўтариб кулимсиради. Бекназар қизарди.
– Кулгили гапирдимми?
– Қўрққан одам қандай яхши кўраркин, деб ҳайрон бўляпман.
– Юракдан айтяпман.
Фазилат йигитнинг кўзларига синчков нигоҳ солди.
– Ақлдан ҳам айтяпсизми, Бекназар ака? Бу жой қайда-ю, Андижон қайда?
Бекназар Фазилатни бир қур чала қизиб совиган, интиқ қони бир қур қўзғалиб қониқмаган, қониқишга муҳтож, ҳар лаҳза қайта кўпиришга шай қайноқ йигитлик завқи билан севиб улгурган эди. Бекназар учун ўша дамларда тузуму сиёсатнинг, замону маконнинг, яъни қай даврда, қайси давлатда ва қай ҳолатда умргузаронлик қилаётганининг қиммати, аҳамияти йўқ, қайга, нима мақсадда сафарга отланганини ҳам паққос унутган, тўғрироғи, бу нарсалар ҳақида ўйлашни хоҳламасди. Шунинг учун у дастлаб Фазилатнинг қайси миллат, қандай мазҳабга мансублиги билан ҳам қизиқмаган, фақат унинг турк қавмидан эканлигини тахмин қилган эди, холос.
– Биламан, лекин ихтиёрим ўзимдамас, – деди. Қизнинг тортинмасдан бераётган саволлари унга руҳ, мадад бағишламоқда эди.
– Бечора ихтиёрингиз кимнинг қўлида? – сўради Фазилат одатича лабининг бир четини қимтиб. Бекназар талмовсираб тараддудланди. Энди оғиз жуфтлаган эди, қиз сўзида давом этди. – Мени нотўғри тушуняпсиз шекилли. Сизни ота юртимиздан кепти деб гаплашятувдим.
– Фикри-ёдимда – сиз, – деди ўзини анча ўнглаб олган йигит. Ўқ камондан узилган, энди уни қайтаришнинг иложи йўқ эди. – Кечалари ухламаяпман.
– Араб эртакларида шунақа гапларни ўқувдим, – деди Фазилат кесатганнамо жилмайиб.
– Кулманг. Бахтимга ҳамюрт, ҳаммиллат экансиз, агар турк қизи бўлганингиздаям фикримдан қайтмасдим.
– Қанақа фикрдан?
– Сизни яхши кўриш фикридан.
– Яхши кўриш шунақа осонми?
– Қийналаётганимни сезмаяпсиз-да.
– Мени қанақалигимни билмайсиз-у, эҳтимол феълим ёмондир.
– Тошга сол, бахтингдан кўр дейишади.
– Шўрингизга шўрва тўкилиб қолса -чи?
– Ниятим қатъий.
– Сизга фақат ўз ниятингиз кифоями?
– Мен сизга ишоняпман.
Фазилатнинг мижжаларига яна табассум қалқди, лекин у тезгина жиддийлашди.
– Лекин мен ўзимга ишонмайман.
– Нимага? – шоша-пиша сўради Бекназар ўзгача хаёлга бориб.
– Онам...
– Онангизни кўндирамиз.
Қиз бош чайқади.
– Ўлимдан бошқасининг чораси бор, – тобора дадиллашарди йигит.
– Бу – ўлимдан ҳам қийин бўлса керак.
– Унақа деманг, ноумид шайтон. Мен сизни ҳеч қачон ранжитмасликка ваъда бераман.
– Дадамни дунёдаги энг яхши эркак деб ўйлардим, менимча ҳақиқатдаям шундай эди. Онам ҳам унинг юзига тик қарамасди, лекин уларниям келишолмай, «сен-мен»га борадиган пайтлари бўларди.
– Балки дадангиз яхши кўрмай уйлангандир. Бизнинг муносабатларимиз бошқача бўлишини кўнглим сезиб турибди.
– Буни олдиндан айтиш қийин.
– Тирик юрсам, муҳаббатимниям, аҳдимниям чинлигини исботлашга уринаман.
– Ана шу-да. Ким билади?.. Фазилат сўзларим қаттиқ таъсир қилмадимикин, дегандай суҳбатдошига ер остидан кўз югуртирди.
– Худо хоҳласа, умрим узун бўлади – сиз учун. Сизникиям... Худодан фақат шуни тилайман.
– Одамга умр билан бирга яна кўп нарса керак.
Бекназарнинг дилидан ақли бутунгина экан деган фикр ўтди. Қиздаги зеҳн, идрок сарчашмалари – мусофирчилик, отасининг ўлими, онасининг ўгитлари эди.
– Худо бандага умр, онг, тил ато қилиб қўйгандан кейин қолганига ўзи тиришиб эришади-да.
– Тақдир олдиндан пешонага ёзилган бўлади дейишади.
– Тўғри, эҳтимол сиз менинг пешонамга ёзилгандирсиз. Эҳтимол мени шунча узоқдан бу ерга ана шу тақдир етаклаб келгандир.
– Ахир сиз ҳажга кетаётган одам эдингиз-ку.
– Ҳа, лекин сизни кўриб, шерикларимдан қолиб кетдим, буям бежизмасдир.
Қиз ва унинг онаси розилик беришса, Бекназар Саудияга бориб, амакисига дил ёрмоқни, ундан кўмак олиб келиб, бу ерда баҳоли қудрат тўй расми-русмини ўтказишгач, Фазилат билан Қашқарга қайтмоқни, Андижондаги аҳволни суриштириб, вазият яхши бўлса, ўтиб кетишни ўзича режалаштирмоқда эди (Одамзод нималарни орзу қилмайди-я!). У, агар қиз бола қаттиқ туриб олса, она кўниши мумкин, деган хаёлда эди. Бундай тўхтамга келишининг ўзига яраша асослари бор эди. Уларнинг қишлоғидаги бир оила Туркманистондан, яна бири Озарбайжондан келин туширишган эди. Куёвлардан бири – туркманистонликка уйлангани қиз билан Тошкентдаги бир институтда ўқишган, иккинчиси ҳарбий хизмат пайтида учрашиб, яхши кўриб қолган эди. (Армиядан рус, украин ё татар қизларини бошлаб келганлар-ку кўп эди). Ўша қизларнинг ота-оналари учун шунча узоқ йўл баҳона ҳам, тўсиқ ҳам бўлолмаган-ку. Йигит бирдан гуриллаган муҳаббат оташи-алангасида ёнаётгани учун масаланинг бир муҳим жиҳатини инобатга олмаётган эди: қиз ёлғизгина онасини ташлаб, у билан борса-келмас ёқларга кетиши мумкинми ва бу адолатданми? Танҳогина овунчидан ҳам айрилса, бечора беванинг ҳаёти қандай кечади?
Фазилат ҳали Бекназар бошидан кечирган асил савдолардан муфассал хабардор эмас, ҳаж қилгач, юртига қайтса керак, деб ўйларди.
– Мен барибир бир нарса деёлмайман, ҳатто, ўйлаб кўришгаям ваъда беролмайман, – деди у йигитнинг тезроқ бир қарорга келишимиз керак, мениям баъзи муаммоларим бор, деган илтижосига жавобан. – Тўғри, туғилган жойларимни, қариндош-уруғларимни кўргим келади, лекин...

V

Отаси қазосидан бери Фазилат уни қўмсаб, юраги эзилиб, кўп тунларни уйқусиз, кўп кунларни йиғлаб ўтказарди. Ёнида онаси борлигига қарамай, ўзини ёлғиз ва ҳимоясиз, бегоналар орасида вақтинча яшаётгандай, муаллақ ҳис этарди... Онаси ҳам бот-бот оғриб қолади. Назарида... шуни ўйлаб баъзан даҳшатга тушарди. Бирон кор-ҳол рўй берса, қайга боради, нима қилади?.. У отасидан абадул-абад жудо бўлганига ҳали-ҳамон ишонгиси келмас, қисматнинг бундай оғир зарбасига миттигина юрагининг қандай дош бериб келаётганига ўзи ҳам ажабланарди. Унинг фикрича, дадажониси бевақт, барвақт ўлмаслиги керак эди, у ҳар доим бир куни албатта ватанга қайтамиз, деб таъкидлагани-таъкидлаган, бу гап Шарифа опанинг ҳам, Фазилатнинг ҳам қалби ва онгининг қат-қатларига сингиб кетган эди. Қизнинг наздида отаси бир кун тирилиб келадигандай ва уларни, ўзи айтганидай, Ўзбекистонга кўчириб олиб кетадигандай туюларди. Бу хаёл қиз кўнглининг бир чеккасини шам каби хирагина ёритиб тургандай эди. Онанинг дарди ҳам қизиникидан ортиқ бўлса ортиқки, кам эмас. Жигаргўшаларидан, кўнгил яқинларидан эрта айрилган ва мусофирлик, сиғиндиликнинг жабру-жафоларини хўп тортган Шарифа хонимнинг Фазилатдан бўлак ёзилиб гаплашадиган, юраги ачишиб ғами-андуҳини бўлишадиган одами йўқ. Қизнинг сезишича, онаси уни авайлаб, ўзини вақти чоғдай кўрсатарди. Шаҳарда Афғонистондан, Покистон томонлардан келиб қолган, асли ота-боболари ўзбекистонлик оилалар кам бўлса ҳам бор, лекин Фазилатлар улар билан борди-келди қилишмасди.
Ўша пайтларда Истанбулга бир неча йилгина аввал келиб ўрнашган ўзбеклар – аламзада ватангадолар бир-бирлари билан аҳил ва яқин муносабатда эмас эди. Қолаверса, Фазилатнинг отаси кўпинча узоқ шаҳар ва мамлакатларда савдо-тижорат ишлари билан юргани сабабли ватандошлари билан аҳён-аҳёндагина, қисқа фурсат учрашар, уларнинг ўзаро мулоқот-йиғинларида ҳам иштирок этолмасди. Инчунин, мусофир ҳамюрт, ҳамдардлардан икки-учтасининг боши бир ерга жамланса, дарҳол халқаро аҳволдан тушишлари, умид кўзларини Америкага, Олмонияга тикиб, ўша ёқлардан нажот кутадиган, асли саводлари ҳаминқадар, аммо қўйиб берса, ҳар бири дунёни остин-устин қилиш, гўё нотекис айланадиган фалак чарҳини бир из, бир маромга солиб қўя олиш салоҳиятига эгадек чиранишлари сиёсатдан, ҳукумат доирасидаги ҳодиса ва масалалардан ўзини қирқ газ олиб қочадиган Исмоил аканинг энсасини қотирарди, ўзларини ҳар қандай мураккаб сиёсий-ижтимоий муаммони ўтирган ўринларида ҳал қилиб қўядигандек тутадиган бу беватан, дарбадар сафсатабозларнинг кимларнидир алқаб, кимларнингдир гўрига ғишт қалашларига, миллионлаб қочоқларга ҳавода учиб юрган пашшачалик аҳамият бермайдиган хорижий ҳукмдорларнинг гўё буларнинг фикр-мулоҳазалари асосида иш олиб боришса, олам гулистону, ер усти жаннат бўлиб кетадигандай, такаллуфсизлик билан давлатни бошқариш, сиёсат юргизиш борасида «оқилона» усуллар, йўриқлар так¬лиф этишиб, чакаклари ситилгудай талашиб-тортишишларини эшитиб ўтиришга сира тоби-тоқати йўқ эди.
Бир гал Бекназарнинг қистови билан Фазилат Истанбулга қачон, қандай келиб қолишганини сўзлаб берди.
Октябрь тўнтаришидан кейин, шўро ҳукумати давлатни оёққа қўйиб олгач, одамларни сарак-пучакка ажратишга тушади. Шўравийлар наздида ишга яроқли икки қўли ва оч қорнидан бошқа ҳеч вақоси йўқ йўқсил большевиклар сарак, қолганлар эса пучаклар эди. Тадбиркор давлатмандлар, ер-сув эгалари, ҳунармандлар, савдогарлар, дўкондорлар, умуман андак қўри борлар табақаси «қулоқ» деб қораланиб, мол-мулки мусодара этилар, бу ҳам етмагандай, ўзлари тазйиқ остига олиниб сургун қилинарди. Авомнинг онги, қалбига мустақиллик, озодлик, ватан тушунчалари ва туйғуларини сингдирмоқчи, уларга тўғри йўлни кўрсатмоқчи бўлган халқпарвар зиёли, маърифатли кишилар манглайига «халқ душмани», Ислом дини арбоблари, уламолар, муфтию, мударрислар, арабчадан озгина хат-саводи борлар, китоб ўқийдиганларникига «зарарли диний унсур», «шўрога ҳақсиз» (яъни фуқаролик ҳуқуқидан маҳрум этилган) тамғалари ёпиштирилиб, қора рўйхатга тиркаларди. Ундайлар олдида икки йўл бор эди холос: ё бўйинларини ювош қўй каби сиртмоққа тутиб бериш ё қочиш...
Бола-бақралари билан Русиянинг олис ўрмонларида, қаҳратон изғиринларида қулдай ишлаб ўлиб кетишларидан маъно йўқ эди. Бинобарин, уларга ватан хоинлари деган айб қўйишни адолатдан деб бўлмасди. Улар мол-дунёсидан ажралиб қолишни истамаган, ё ўз ҳузурини кўзлаган худбинлар, ватанпарварлик, миллий ғурур ҳиссини яхши туймаган, дунёнинг у ёғи ҳам, бу ёғи ҳам бир деб ўйлайдиган бефарқ кимсалар сифатида қораланишса, бошқа гап эди.
Шўро давлатидан қочиб чиқишганлар фақат ўзбеклар эмас, бошқа миллат ичида ҳам тарки ватан ихтиёр этганлар кам эмас эди. Бу чора ўша даврга, мавжуд тузум ва сиёсатга нисбатан норозилик, исённинг амалдаги ифодаси эди. Бундан ортиғи уларнинг қўлидан ҳам келмасди.

* * *

Ўрта осиёлик муҳожирлар четга икки йўналиш – машриқ тарафдан Қашқар (Шарқий Туркистон) ва мағрибдан Афғонистон орқали чиқиб кетишган. Ҳар икки йўл ҳам бир-биридан баттар машаққатли, хатарли эди. Афғонистонга асов пўртаналари ҳар қандай Алпомишни кўрдим демай, ямламай ютадиган Жайхун дарёсидан ўтиларди. Шўронинг юраклари шафқатсиз йиртқичларники билан чатиштирилган ГПУчилари, давлат хавфсизлик маҳкамаларининг ходимлари, чегарачилар дарё бўйида кечасию кундузи оч бўрилардек изғиб, қамишлар орасида пусиб ётишарди. Улар зиммасига ўша тузум сиёсатидан, адолатсизликдан, ҳуқуқсизликдан безиб, уяси бузилган қушлар каби ўзларини ҳар томонга урган одамларнинг қочиб жон сақлашларига ҳам йўл қўймаслик вазифаси юкланган эди. Улар маошларини «ҳалоллаб», «хожаларининг» ишончини оқлаш, рағбатга эришиш мақсадида масъулиятли топшириқни қойиллатиб адо этиш учун астойдил, жон-жаҳдлари билан ҳаракат қилишарди. Айғоқчи фармонбардорлар дарёга яқинлашган қочқинларга қопқон каби бехосдан панд бериб, қўл-оёғини боғлаб, қайтариб кетишар ва керакли жойга топширишарди. Ярим кечалари уларни бир амаллаб ғафлатда қолдириб ё ҳеч ким кутмаган жойда яшириниб турадиган гупсарчилар билан келишиб, дарёдан ўтиб кетаётганларни аёвсиз равишда ўққа тутишарди. Ҳа, посбон-пойлоқчилар қавмлари, ўз ҳаммиллатларини ҳам, улар чол ё кампирми, ёш келинчак ё гўдакми, тош юраклари заррача ачишмай отиб ташлашарди. Одам фарзандлари орасидан сайлаб олинган бу жон қароқчилари онги, шууридан, қалбидан раҳм-шафқат, ачиниш ҳислари қай тарзда ситиб чиқариб юборилганини ҳеч ким билмасди.
Исковучлар доғда қолишган тақдирда ҳам «қутилдик, энди марра бизники» де¬йишга ҳали эрта эди. Ҳали олдинда Жайхун тўлқинлари аждаҳодай комини очиб, ўз қурбонларини кутиб, пишқириб ётарди...
1933 йил. Фазилат саккиз ойлик чақалоқ эди. Бобоси бой сифатида сиқувга олина бошлагач, қочишга қарор қиладилар. Эрта баҳор сувлар совуқ маҳалида кўп машаққатлар билан бир неча кунда Жайхун дарёси бўйига етиб боришади. Кечаси қоронғида гупсарда  Афғонистон тарафга ўтишаётганида бирдан кучли афғон шамоли туриб, ҳамма ёқни алғов-далғов қилиб юборади. Осмон-фалакка кўтарилган бешик-бешик тўлқинлар уларнинг гупсарини олдиндаги бошқа бир солга олиб бориб уради, иккала сол ҳам чайқалиб, ағдарилиб кетаёзади, устиларидаги одамларнинг кўпи, ёш болалар учиб кетишади. Фазилатларнинг солида ўн бир кишидан атига беш киши қолган, бобо, эна, ўртанчи амаки, унинг бир қиз, бир ўғли ва яна бир жувон сувга ғарқ бўлишган эди. Воқеанинг ҳақиқий тафсилотидан Фазилат анча йиллардан кейин воқиф этилади.
Шарифа опа мудҳиш ўтмишларини Фазилатга бот-бот гапириб берарди. Қиз, айниқса, дарёдан ўтишдаги ҳалокатли воқеани худди қўрқинчли эртак каби титраб-қақшаб тингларди. Шунга қарамай, болалигига бориб, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган у аянч¬ли ҳодисаларга кинога қизиққандек қизиқарди.
– Қайиғимиз олдиндаги қайиққа бориб урилганда шундай қаттиқ қарсиллаган овоз чиқдики, хаёлимда худди шундайгина бошимиз устида тўп отилгандай туюлди, – дерди берилиб кетган Шарифа опа кўзлари ола-кула бўлиб, – эсласам, ҳали-ҳали юрагим орқага тортади. Бирпас нима юз берганини фаҳмламай ўтирдим. Гупсаримиз қўполлик билан терватилган беланчакдай бирдан айланиб кетдию, қийшайиб, сувга ёнбошлаб қолди...
Улғайган сари инсон қадр-қиммати, умр моҳиятини англай бошлагач, Фазилатнинг юраги у фожеий тарихни кўтармай қолди. «Қўйинг, гапирманг, одамни эзворади», дерди у кўзига ёш олиб.
– Ўшанда мен отамнинг қучоғида эканман, – ҳикоясини давом эттирди Фазилат, – сол тебраниб ёнбошлаганда отам мункиб йиқилган, мен сувга тушиб кетай депман, у жон халпида бир қўли билан гупсарчини маҳкам ушлаб, билагимдан жон-жаҳди билан тортганида чириллаб йиғлаворган эканман, кейин ҳам тўхтамай биғиллайверибман. Қирғоқда у ёқ-бу ёғимни кўришиб, қўлимнинг елкамдан чиқиб қолганини билишибди. Синиқчи истаб даволатишгунча дам-бадам додлаб, ҳаммани қийнаган эканман. Ўшанда, ўша бахтсиз кечада бошқа хешларимиз қатори онам ҳам сувда оқиб кетган.
– Онангиз? – гапни бўлди Бекназар.
– Ҳа, онам, – деди қиз овози қалтираб, унинг чиройли, тиниқ қорачиқларини ёш хиралаштирган эди. – Отам мен билан куймаланиб, бошқа ҳеч кимга қараёлмай қолган, ҳамма ўзи билан ўзи, бировга ёрдам бериш тўғрисида ўйлашга ҳам улгуришмаган, фалокат кўз очиб юмгунча содир бўлган. Кўпчилик ўзиниям эплолмай, сувга шалоплаб тушган, қутурган тўлқинлар уюрмаси уларни бир пасда қаърига ютворган. ...Мен онамнинг юзини ҳам туслолмайман. Отам раҳматли ўшанда мени қандай тирик олиб қолганига ҳайронман...
Мозори Шарифда ҳаммаси бир ҳовлида ижарада яшашарди. Орадан бир оз вақт ўтгач, катта амаки ва унинг аёли Фазилатнинг отаси Исмоил билан ўртанчи амакининг беваси Шарифа келинни ўртага олишиб, бўлар иш бўлди, пешонамизга ёзилгани шу шекилли, энди Фазилатни етти ёт, ғайри миллат ўгай этагига солмай, иккалангиз бирга парваришланглар Шарифа, ҳарқалай ўзимизники, қизалоқ ҳам етимлигини билмай қўя қолсин, деб маслаҳат беришади. Уканинг эътирозига, Шарифа келиннинг уялиб-иккиланишига «Ҳа, сен бошқа хотин олиб, сен бошқа эрга тегмоқчимисан? Мусофир юртда сенларга кимнинг кўзи учиб турибди», дея ўдағайлашади, бизнинг қароримиз шу, бошқа илож ҳам йўқ дейишади. Дарҳақиқат, ёш отанинг чақалоқ билан қийналиши турган гап эди, ахир ўзи мусофир бўлса, кимгаям уйланарди, беватан, дарбадар одамга ким ҳам суюкли қизини раво кўрарди? Шарифа келин ҳам бир ўзи эркаклар ичида нима қилишини билмай боши қотган, ўксиб, бевалигидан ўнғайсизланар ҳам ҳадиксирарди. Иккаласи яна бир йилча бир ҳовлида бошқа-бошқа тунаб юришади, бир-бирининг юзига тик қарагани ботинишмасди. Кейин... тақдирга бўйсунишди. Шундаям Исмоилнинг иродасига, сабр-бардошига тан берган Шарифа ўринни битта солади. У ҳам қизалоққа худди ўз боласидай қараб, оқ ювиб, оқ тараб, йигитнинг иззат-ҳурматини қозонган эди.
– Бу гаплардан мен бехабар эдим, – дейди Фазилат бармоқлари билан тепа лабининг қирида осилиб турган кўзёшларини сидириб ташларкан, – амакимнинг хотинини ўз онам деб билардим, унинг ўгайлиги ҳақидаги фикр ҳеч қачон миямга келмаган, биров айтсаям ишонмасдим. Отам билан Шарифа келиная бу сирни мендан пинҳон тутишга келишишган бўлса керак, бирор марта ё униси, ё буниси мени шубҳалантирадиган сўз ё бошқа сабабга йўл қўйишмаган. Биз Афғонистонда узоқ – ўн йилча бир жойда қўним топмай, ҳали Қундуз, ҳали Таххор, ҳали Қандахорга кўчиб, тентираб-довдираганмиз. Нимагадир амаким, келинаямлар билан бошқа-бошқа бўлиб кетганмиз. Энди, балки бир кунмас-бир кун менга ҳақиқатни сездириб қўйишларидан чўчиб шундай йўл тутишганмикин, деб ўйлайман. Тўғри, бундай кўчманчилик, беқарорликнинг бошқа сабаблариям бор эди. Ҳамма ердаям бизга яхши муносабатда бўлишавермасди, қайтага, ёвқараш қиладиганлар кўп эди. Сўнгра, отам, онамнинг айтишича, юртимизда тез орада ўзгариш юз беришидан умидвор экан, бунақа тузум узоқ ҳукм сурмайди, ҳаммаси яна жой-жойига тушади, шунда албатта ватанга қайтамиз, давлатимиз бизга ўхшаган бахти қароларни чақириб олади, ҳовли-жой қилсак, илдиз отиб боғланиб қоламиз деб, иккиланиб юрардийкан. Кейин билсам, бунақа кўнгилсизлик, ҳардамхаёллик кўпчилик мусофирларга хос экан. Отам Афғонистондаги нотинчликлар, бесаранжомликлардан, ола қарашлардан безганми... Эс-эс биламан: одамлари кўзимга тунд, ғалати кўринарди. Уйлари, кийимлари хароб эди. Қишлари совуқ, ёзда нафасни қайтарадиган иссиқ шамол, чанг-тўзон кўп бўларди... Хуллас, Покистонга ўтиб кетганмиз. У ёқдаям олдин Пешовар, кегин Равалпинди деган шаҳарларда икки йилдан ортиқроқ тургач, Аданага келдик...

VI

Қарийб ўн беш-ўн олти йил давомида қанча жойга кўчишган, эшак арава, қаттиқ юк машиналари ва бошқа хил уловларда юк-тақлари устида ғужанак бўлиб ўтиришганича, юзлаб, минглаб чақиримли тошлоқ, қум-тупроқли йўлларда оғзи-бурни, қулоқлари чангга тўлиб, жазирама қуёш нурлари юз-кўзлари, баданларига найза бўлиб санчиладиган бепоён саҳроларда, ҳайбатли, хавфли довонларда силкиниб-силтаниб, ичаклари эшилиб оғриганлари, қорни очиб, силласи қуриганда кўнгли озиб, қайт қилиб юборганлари, қисқаси, ўйласа юраги зулук чаққандай чимиллайдиган кунларни қайта эслаш, ҳикоя қилишгина эмас, эшитиш ҳам оғир эди.
Туркиянинг йирик шаҳарларидан бири Аданада ҳам икки йилча умргузаронлик қилдилар. Фазилат қафасда олиб юриладиган ёввойи қушча сингари бир-бирига ўхша¬маган жойларда ҳайрон, диққинафас бўлиб, ҳеч кимга элакишмай кунларни ўтказарди... «Ё биронта кўнгил ёзгулик сирдош дугона орттиролмадим» дейди у алам билан. Истанбулга келишгач, уч йил одамларга ўхшаб хотиржам яшадилар. Аммо Исмоил аканинг бу шаҳарда ҳам муқим бир ватан қилиш нияти йўқ эди. У Миср, Ҳиндистон томонлардан аёллар жемпери, рўмол олиб келарди-да, бу ерда олиб сотарларга тезгина, улгуржи ўтказиб, яна қайтиб кетарди. «Умуман отам уйда кам бўларди. Шунинг учун унинг дийдоригаям, меҳригаям тўймаганман». Фазилатнинг назарида отасининг уйда кам ўтиришига яна бир сабаб – у ҳануз Шарифа келинаядан хижолат тортаётганга ўхшарди, уни кўрганда акаси эсига тушиб, изтироб чекарди, чамаси. Умуман бу боғланиш – ўз жигарининг аёли билан бир ёстиққа бош қўйиш Исмоил ака ҳаётидаги чегалаб бўлмайдиган, чегаланса ҳам барибир яна ситилиб кетаверадиган катта дарз эди.
Фазилатнинг овози борган сари пасаяр, Бекназар худди мунгли қўшиқ тинглаётгандай мутаассир бир ҳолатда, нигоҳини қизнинг оҳиста, бир маромда очилиб-ёпилаётган ғунча дудоқларидан узмасди.
– Бу ерда бизга яхши муносабатда бўлишсаям, онам иккимиз ўзимизни ҳалиям бегона оилада, ёт одамлар орасида юргандай, вақтинча тургандай ҳис қилаверамиз, – давом этди қиз. – Тақдир энди бизни қачон, қаерга улоқтириб ташларкин, деган фикр миямиздан чиқмайди. Эҳтимол, отам йўқлигига шундай бўлса керак. Маҳалла-кўйдагилар билан аҳил, хотиржам кун кечиряпмиз. Ҳалигача биров мусофир-келгиндилигимизни юзимизга солгани йўқ. Тўй-ҳашамларига айтишади. Тўғри, унақа издиҳомларга кўпроқ онам боради, шунийчун мени танийдиганлар кам, мен уч-тўртта қўшнидан бошқасини яхши билмайман. «Бошқа жойлардагига қараганда бу ерда худди ўз туғишганларимиз ичида яшаётгандаймиз, маҳалладагилар олдида қарздормиз», дейди онам. «Насиб қилиб, ўз юртимизга кетсак, у ёққа кўника оламизмикин», деб ташвиш чекади. Уку, ёши анча катталигида уйдан чиқиб кетган, таниш, қадрдон жойлар, қариндош-уруғлари билан топишиб олар, лекин мен бечора-чи? Мен, ҳатто, ўзимиз томондаги битта дарахт ё гиёҳниям кўз олдимга келтиролмайман, биронта амма-холамниям қиёфасини эслолмайман...
Шунга қарамай, юрагининг баъзи-баъзида ўша тарафга талпинганини сезарди, қон тортиши ростмикин, деб ўйларди у. Отаси қолдирган дафтарни ўқигач, кўнгли бутунлай бўлинди. Унда қизиқиш билан мажбурият уйғунлашди. Илгарилари қизни ҳаётимиз қай тарзда давом этаркин, бу ёғи нима бўларкин деган хавотир ҳеч тарк этмасди. Энди қалби тубида янги умид учқунлари йилтиллай бошлаган, бу учқунлар аввалгиларига нисбатан бошқачароқ – қизиқроқ ва равшанроққа ўхшарди. Хаёлининг бир чеккасини дафтардаги сафсар сиёҳ билан босиб ёзилган «Ўзбекистон», «Андижон», «Олтинкўл» деган номлар эгаллаб олди. Албатта, у юрт, у шаҳарлар ҳақида отасидан кўп эшитганди, Шарифа опа ҳам бот-бот эслаб, хотирлаб йиғларди, аммо раҳматли отажониси унга деб, атайлаб битиб қолдирган ёзувларни ўқигач (бу ёзувлар анча бурун, Исмоил ака соғлом пайтида қоғозга туширилган эди), улар бутунлай ўзгача маъно касб этиб, бошқача таъсир қила бошлади. Кўпинча кечалари қани энди ўша жойлар тушимга кирса дея ўйлаб, ўзича тасаввур қилиб, у номларни дилида так¬рорлаб ётарди. Онасининг таъкидлашича, у ёқлар Фазилат кўрган, яшаган ҳамма шаҳарлардан, ҳатто, ҳалигача кўп қисмини кўрмаган бўлса-да, шу кўрган-билганининг ўзи ҳам жуда улкан ва маҳобатли туюладиган Истанбулдан ҳам гўзал ва қандайдир юракка яқин эмиш. Шундай пайтда тошдан тошга урилиб, шарқираб оқаётган сувлари тиниқ сойлар, дарёлар, қумрию булбуллар чағ-чағлашаётган ям-яшил, ораста боғлар, фавворани эслатадиган мажнунтоллар, анвойи гуллар чаман бўлиб очилган гулзорлар, жамбилу райҳон бўйи таралиб турадиган, шода-шода мевалари залворидан новдалари эгилиб ерга тегадиган шафтолизору анорзорлар, анжирзорлардан иборат ҳовлилар Фазилатнинг кўз олдида жонланар ва у беихтиёр энтикиб қўярди.
– Отам охирги марта сафардан касал бўлиб, қуруқ ўзи қайтиб келди, – қарийб пичирлаб давом этарди Фазилат. – Ўшанда йўлда молини қароқчиларга олдириб қўйган, кейин онамнинг айтишича, ўзи калтак еб, жигар-буйраклари захоланган экан... – Қиз гапдан тўхтади, унинг сўзламоққа ҳоли қолмаганди, бирдан баралла ҳиқиллаб йиғлай бошлади, у шу дамда тасалли, овунчга муҳтож эди, лекин умрида бунақа ҳолатга рўпара келмаган Бекназар уни қандай юпатиш, нима деб таскин беришни билмасди. У апил-тапил атрофга назар солди, ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, қўлини Фазилатнинг орқасидан оҳиста ўтказиб, елкасидан журъатсизгина, мулойимлик билан ўзига тортди. Изтироб ичидаги қиз жуссасининг шамолда эгилаётган новда каби бир ёнга беихтиёр оғаётганини пайқамади ҳам, сониялардан сўнг бир елкасининг нимагадир суялиб, ҳаловат ола бошлаганини, иккинчи кифтини эса бесўнақайроқ, аммо ҳароратли кафт меҳрибонлик билан беозоргина пайпаслаб-силаётганини сезиб қолиб ўзини тортмоқчи бўлди, аммо тушуниксиз бир туйғу, қандайдир сеҳрли бир куч қўзғалишга, қўлини қимирлатишга монелик қилар, Фазилат худди тушида учиб бораётган одамдай ўзини идора эта билмас, бу туш унга жуда ғаройиб, ҳузурли туюларди. Фақат ўз вужудининг йигит гавдаси билан қачон, қандай қилиб бунчалик яқин бўлиб қолганини фаҳмламаганидан таажжубда эди.

* * *

Фазилат чиройли эди. Ҳар қандай соҳибжамолнинг ҳам қайси бир жойи ё аъзосида ҳусни камолига зиғирдаккина бўлса-да, соя ташлаб турадиган белги ё аломат учрайди. Фазилатнинг юзи эса ҳар жиҳатдан расо, тўкисга ўхшарди. Одатда хол устки лаб четроғига, пастки лаб остига, қошлардан бирининг бошланишига, бурун ёнига тушгучи эди. Бекназар Фазилатники каби юзнинг қоқ ўртасига жойлашган ва шу қадар ярашиқли холни кўрмаганди. Унинг қошлари эса бир қўшиқни ёдга соларди:

Қошингга текизмагил қаламни,
Бир хат бирла бузмагил рақамни...

Фақат туташган жойи хиёл эгик ва сийракроқ эди, лекин бу сийраклик ҳам унга нафис жозиба бағишларди.
Илгарилари ўзбек қизлари турмушга чиқиш арафасидагина қош-кўзига оро беришарди. Уларнинг эрлик бўлишгани энг аввало қошларининг терилганидан англашиларди. Fарбийлар таъсирида шу удум йигирманчи аср охирларида барҳам топди. Туркия мағриб мамлакатлари билан аввалдан яқин, демак бу юртда, бу миллатда у таомил илдизига анча илгари болта урилган чиқар. Сарасоф солиб қаралса, Фазилатнинг қоши ҳали қаламга ҳам, бошқа анжомга ҳам ошно бўлмаганини пайқаш мумкин эди. Бекназар юзи ҳамиша ҳам очиқ юравермайдиган қизнинг айнан қошларига синчиклаб тикилиш одобсизликка йўйилиши мумкинлигини ўйлаб, нигоҳини ундан тезгина оларди. Лекин назарида унинг қайрилма қошлари табиий бежиримдай, мўйчинак теккизишнинг чиндан ҳам ҳожати йўқдай туюларди. Қолаверса, йигит бу шаҳарда қиз-аёлларнинг пардоз-андози, безанишлару ороланишларига эркаклар муносабати қандайлигини билмас, ҳақиқатда эса Туркия бугинамас, бошқа кўп удумларда ҳам Оврўпага шиддат билан интиларди.
Шунингдек, Фазилат танноз ҳам эмас эди. Аксинча, кўз-кўзланиб, эътиборни жалб этишга ҳаракат қилувчиларни жини суймасди, лекин сирасини айтганда, унинг ҳам нозик адо билан эркаланишларга ҳаққи бор эди, ҳусни-малоҳати унга шундай имтиёз ва имконият берарди. Қолаверса, қиз дунёни мусофир бир мазлума кўзлари билангина эмас, бахтиёр маҳбуба нигоҳлари билан ҳам кўришни, ёруғ олам завқу сафосидан баҳра олишни хоҳларди. Бироқ айни шундай фаслда шафқатсиз қисмат таянчи ва суянчи – падари бузрукворидан айириб, эгнига қора кийдирди, аза либоси эса киши дилидаги сиёҳлик билан уйғундир. Сиёҳий энгил ва кўнгил билан эркалик, ноз-ишва мос тушмаслиги табиий, бинобарин, Фазилат андишаю ибодан бошқа саъй-ҳаракатга эрк беролмас, бермас эди. Балки унинг ҳам икки қанот – ёшлик ва муҳаббат ила парвоз этгиси, вужудию туйғулари ихтиёрини кучли шамол измига бериб, ўзини осмону фалакларда кўргиси, сирли юлдузлар билан мулоқот қургиси, ана шу олис сирдошларига толеи кулганини суюнчилагиси келарди. Лекин афсуски у уча олмас эди, зеро, ҳозирча унинг бир қаноти мавжуд эдию, иккинчиси ҳали ўсиб чиқмаганди, ўсиб чиқмоқчи бўлган қанот эса аямажизда қолган куртак мисоли заиф, нозик эди – уни кўтаролмасди; у куртакнинг амал олишига, барг ёзишига Фазилатнинг кўзи етмасди, зотан куртак парваришга, офтоб – қалб ҳароратига муҳтож эди. Шунингдек, қиз дилининг туб-тубида авайлаб-асраб келаётган яна бир истагини қуюшқондан ташқари деб ҳисоблаш адолатдан эмас эди. Қувонч, ё аламдан ҳеч қаерга, умуман, бу ёруғ оламга сиғмай кетган қиз, аёл, аслида, мўъжазгина масканга – севикли кишисининг бағрига жо бўлиши тайин. Фазилат ҳам гоҳо-гоҳо кимнингдир кенг ва иссиқ кўкрагига юз босиб, ўзини, бутун оламни фаромуш этгиси келар ва бу нияти, муродини ҳаммадан, ҳатто онасидан ҳам пинҳон тутарди. Зеро, у кимга ҳам эркаланиб, бошини кимнинг ҳам тўшига буркагали ҳадди сиғарди? Ўша – мулойим табиатли турк йигитигами? Аслида, у туркка ҳам унча ўхшамайди, негаки бу миллатга мансуб эркакларнинг бунақа ювош, ройишини учратиш даргумон. Илло, отасининг муддаоси, ўзининг ҳам хоҳиш-иродаси бошқача эди-ку... Қизнинг хаёлида, гоҳо тушларида кимдир келиб уни олис-олисларга етаклаб кетадигандай бўлаверарди. Рост, ёшлик ва муҳаббат деган бир-биридан ўжар, бир-биридан кибрли ва шафқат билмас икки куч борки, улар ҳар қандай истак-хоҳишни ҳам, ҳар қандай аҳду иродани ҳам бурнидан ип ўтказиб, ўз ортидан эргаштириб ҳузурланади.

VII

Ғамгин ҳикоянинг давоми бундоқ эди:
Ўша оқшом Фазилат билан Шарифа опа Исмоил аканинг сафари шу гал анча чўзилиб кетгани, (одатда, у оиласидан хавотирланиб тез қайтарди), бошқа ҳар хил мавзуларда гаплашиб ўтириб, кеч ётишганди. Ярим кечада дарвоза тақиллади. Она-бола ҳадик ва ҳаяжон ичида боришди, таниш овоздан қувонишиб, эшикни очишди. Отанинг машқи паст эди, ичкарига киришганда, ёруғда унинг ранг-рўйи бир аҳволдалигини кўриб қўрқиб кетишди. Исмоил ака эрталаб гаплашамиз, жуда чарчаганман, деб хотини билан қизининг кўнглини сал тинчитгандай бўлди. Дарҳақиқат, у ётоғига кириб жимиб қолди. Ухлади деб ўйладилар. Фазилат алламаҳал ингроқдан уйғониб кетди, ёнига қаради: онаси йўқ. Отасининг инқиллаётгани аниқ эшитиларди, у шоша-пиша халатини эгнига илиб ўша томонга ошиқди. Шарифа опа эрининг пешонасига ҳўл сочиқ босаётганди. Исмоил аканинг юзлари қизариб-бўғриқиб кетган – иситмаси баланд эди. Қисқаси, муштипар она-болаларнинг ёлғизгина суянч-паноҳлари, валинеъматлари узоққа бормади, муолажалар кор қилмай, икки ойга етмай қароғлари мангу юмилди.
– Бечора гапиролмас, яхши ҳаракатланмай қўйган қўллари ишораси билан мени ёнига чорлар, томири чиқиб, териси юпқалашиб қолган нимжон кафтларини бошимга теккизиб, сал-пал силар, киприкларидан йирик-йирик ёш томарди. Шу аҳволда онамга имо билан мени кўрсатиб, оғзини хиёл очиб, ўзича ниманидир уқдирарди. Онам иккимиз тиз чўкиб, бағримизни каравот четига босганча, отамнинг қоқсуяк билакларини силаб, унга тасалли бермоқчи бўлардиг-у, лекин ўзимиз ҳиқиллашдан тийилолмасдик, томоқларимизга хўрсиниқ тиқилиб, бир нарса деёлмасдик.
Отам деярли қимирламас, шифтга такилганича, кўпинча кўзларини юмиб ётарди. Аввалига иштаҳаси тузук эди, кейин бирдан овқат емай, дориям ичмай қўйди. Онам остига тувак қўярди. Мен қарайин десам, ҳеч яқинлаштирмасди. Энди ўйлаб, раҳматли ана шундан номус қилиб қийналганмидийкин дейман. Ё, тузалиб кетишдан умидини узганмиди, туз ҳам тотмас, онам қошиқда овқат тутса, бошини сарак-сарак қилиб, панжасини «керакмас» деган маънода сал-сал қимирлатарди. Менимча, унинг бирон жойи қаттиқ оғримасдиям, ортиқча инграмасди.
Фазилат отажонисининг жон бериши арафасида ундан кўз узмай мўлтираб ётгани, мижжаларидан икки ёнга симобдай думалаб қулоқлари ичига кириб кетаётган кўзёшларини эсласа юраги эзилади. Ўшанда Исмоил ака икки ожизани аросатда ташлаб кетаётганидан қайғурармиди ё якка-ягона фарзанди, кўзининг оқу қорасига «Сен шўрпешонанинг бахтингни кўролмадим, энди менсиз ҳолинг нима кечаркин», деган сўзларни айтолмай азобланаётганмиди ё чархи кажрафторнинг шевасидан доғ ўлиб, ватанга қайтиб бориш насиб этмагани алам қилаётганмиди – Фазилат билолмасди, у чидамай ташқарига чиқиб кетарди – меҳрибон падарининг шунчалар хуни бийрон бўлишига, чекаётган мислсиз изтиробларига бардош беролмасди. Аслида қизни ҳам «Энди биз кимларнинг қўлида, кимларнинг кўзига сарғаямиз?» деган саросима, қўрқув даҳшатга солиб қўйган эди.
– Шундай қилиб отамдан айрилдим. Каттагина ҳовлида онам иккимиз совуққотган мусичалардай қўнишиб, дилдираб қолдик. Онам мени еру кўкка ишонмайди, гузарда ё қўшниларникида сал ҳаялласам истаб чиқади. Отамдан қолган қўр билан бир йилча озиқ-овқат, кийим-кечакдан қийналмай яшадик, кейин тортила бошладик. Онамга хазинамизнинг чўғи пасайдими десам, сир бергиси келмай, йўқ, сенга сеп қиляпман дейди. Илчада отамнинг савдогарликдаги шериги бор. Улар Истанбулга биздан олдинроқ келишган экан, отамга йўл-йўриқ кўрсатиб, тижоратга етаклаган, сафарга кўпинча бирга чиқишарди. Онам аввалига бирон ерда ишлашни ҳам мўлжалловди, лекин мени ўйлаб, фикридан қайтди. Отамнинг оғайнисиям «Қўйинг, сизга тўғри келмайди, мен биродаримизга сизлардан хабар олиб туришга ваъда берганман» дебди. У киши баъзан-баъзан майда-чуйда жўнатади. Отам раҳматли бизни тайёрига ўргатиб қўйган экан, нима қилсагикин, деб онам иккаламизнинг бошимиз қотади, қўлимиздан бир иш келмайди. Биров ҳам қачонгача ёрдам берарди. Ҳовлини сотсак, ихчамроқ, ўзимизга яраша жой топиб, ошганига кичикроқ дўкон олсакмикин, дейди онам. Мен сотувчилик қиламанми десам, «Ўйлаб гапиряпсанми, қизим, отангнинг феълини билардинг, сен дўконда ўтирсанг, у гўрида тик туради-я, менга бўлаверади, ёшим ўтиб қолди, ҳам эрмак – уйда зерикиб ўтиргандан кўра, жа бўлмаса, бировга ижарага берсак ҳам уч-тўрт танга даромад келиб турар», дейди бечора.
Фазилат тўлиқиб сўзларкан, ҳасрати баёни дам сайин равонлашиб, айни чоғда ғамгин тус олиб борарди. Умрида бир суҳбатда бунча кўп ва бунча ҳаяжон билан гапирганини эслолмасди. У Бекназарга ўхшаб дарди-шиквасини бўлмай, ҳайратланган кўзлари билан ҳамдардлик билдириб, жимгина тинглаб ўтирадиган қайғудошга кўпдан муҳтож эди. Учрашганига ҳафта, дурустроқ танишганига уч кунгина бўлган йигитнинг, умуман олганда, бегоналигини, номаҳрамлигини, бу ҳолатда кўрганлар у ҳақда ҳар хил фикрга боришларини ўйламас, балки ўйласа ҳам, парвойига келтирмасди. Сийнаси аламга, айрилиқ, етимлик изтиробларига, мусофирлик ўкинчларига тўлиб кетган эди. Гапирган сари ичи-бори кенгайиб, қалб тубидаги мажҳул, оғир туйғулар ўрнини енгил энтиктирувчи ҳиссиётлар эгаллаб борар, ичидаги бир кимсанинг «Бу одам бунча сергап қиз экан деб уят қилмаяптимикин» деган танбеҳига ҳам қулоқ осмас эди. У узоқ йиллардан бери кўришмаган сирдош дугонасига юрак зардобини тўкиб солишга, кўнглини бўшатишга ошиқаётгандай эди. Фақат у бошини қуйи эгиб, боя Бекназар такя олдидаги қушолмасидан синдириб берган новданинг майда баргларини ғайришуурий равишда чирт-чирт узиб ерга ташлар, ҳамроҳининг юзига қарамасликка ҳаракат қиларди. Лекин айни вақтда, мусофирлик достонини айтаётган паллада йигит унга яқин ва қадрли бир кишидай туюлаётганди. Ҳикоядан тўхтагач, «бор-йўғи бир ҳафталиккина таниш кимса» билан ўриндиқда бир-бирига жуда яқин ўтиришганини бирдан пайқаб қолгандай, ҳушёр тортиб, бир оз жиларкан, ҳамсуҳбатининг кайфиятини, фикрини уқмоқчи бўлгандай, ер остидан назар солди. Чуқур хаёлга чўмиб, қиссагўйнинг бошидан кечирганларини ўзича тарозига солиб ўлчаётган Бекназар бирданига тўфонга учраган ўз тақдир кемасининг ҳолати, нисбатан кам машаққатли қисқа дарбадарлиги бошқаларнинг аччиқ ёзмишлари, ўн йиллаб давом этган сарсон-саргардонликлари олдида ҳолва эканлигини туяркан, Ўш – Қашқар – Истанбул йўлларида кўрган анча-мунча қийинчиликлардан нолиганини ўйлаб хижолат чекар, ота-оналари билан деярли ярим дунёни айланиб чиқиб ҳам рўшнолик, ҳузур-ҳаловат кўрмаган, яйраб-яшнамаган, аксинча, қисматнинг янги-янги, турфа синовларига тўқнаш келган бу дилпоранинг кўнглига озор етказиб қўйишдан эҳтиёт бўлиш лозим экан, дея уқтирарди ўзига ўзи.
Айни вақтда ёшгина жони билан шунча жабру жафо тортса-да, қадди букилмагани, ҳусни-малоҳати чекилмагани, руҳи чўкмаганига, аксинча, шаддодлик, ҳазилкашлик фазилатларини сақлаб қола олганига қойил қоларди. Дарҳақиқат, Фазилатнинг шўхчан феъл-атворида, дуркун баданида, нурли чеҳрасида, қирмизи лабларида балоғат палласидаги тийрак қизлар каби яшашга, ўйнаб-кулишга, ҳузурланишга иштиёқ, му¬ҳаббатга, эркалаб-эркаланишга майл йўқ эмаслигини, фақат бу ҳою-ҳаваслар, андишаю ҳаё- пардаси ортида яширинлигини чамалаш мумкин эди. Ҳа, парвардигор унга синовлар билан бирга сабр-тоқатни, бардошни, энг муҳими – жўшқин ёшлик шижоатини, ўктамликни ҳам саховат билан ато этганга ўхшарди. Фазилат шу борада онасидан устунроқ кўринарди. Шарифа опа тўрт девор орасидаги бир хил кунларнинг ўтиши мароқсизлигидан, юраги сиқилиб тарс ёрилгудай бўлишидан зорланиб қолса, қиз унга тасалли беришга уринар ё «Юринг, отамни қабрини бир зиёрат қилиб келамиз», деб қўярда-қўймай Илча мавзеига бошлаб кетарди.
Бекназар ўзини гапга чечанлардан ҳисобламасди. Ўзича Фазилатни зериктириб ё билиб-билмай, номанзур, нораво нарсаларни лақиллаб, қовун тушириб қўйишдан чўчирди. Шу боис, Фазилатнинг ровийлигидан, ўзига фақат одоб билан тинглаш масъулияти тушаётганидан ичида хурсанд эди. Лекин ортиқча камтарлик манманликдир деганларидай, оғизга мум солиб ўтиравериш ҳамиша ҳам фазилат саналавермайди-ку, айниқса, суюкли маҳбуба билан мулоқотда. Ахир қиз болага хуш ёқадиган, яъни, масалан, унинг Ширину Зуҳро каби гўзал, оқилалигини айтиб, меҳрини товлайдиган, ўзи ҳақида яхши инсон ва ҳақиқий ошиқ каби таассурот уйғотиб, қизнинг қулфи-дилига калит топиш ҳам керак-ку. Шунинг учун йигит бутун вужуди қулоққа айланиб, Фазилатнинг юзига тикилган бўлса-да, хаёлан сўз бисотини титкилаб, қизнинг иззат-нафси ва ўзининг манфаатига мос ибораларни танларди.
Ниҳоят, Фазилат тин олди.
– Ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғ, – гап бошлади Бекназар. – Сиз ота-онангиз билан бу ёруғ оламнинг бор азоб-уқубатларини тортиб, ҳамма имтиҳонларидан ўтиб бўпсизлар, иншоолло, энди сизлар учун ойнинг ёруғ кунлари бошланар. Худоям энди сизларга раҳм қилар. Шояд, дардларингизга озгина малҳам бўлиб, заҳматларингизни енгиллатишга мениям озгина нафим тегса... – Бекназар тойиб кетганини фаҳмлаб, тўхталиб қолди. Фазилат унинг кўзларига савол аломати билан тикилди. – Одамлар қанақа қаҳатчилик, очарчиликларга ё бошқа кулфатларга гирифтор бўлмайди дейсиз, – давом этди йигит. – Сиз ўзингизни жаҳон кезиб, томоша қилиб юрган бир сайёҳатчидай тасаввур қилинг: туғилган шаҳри ё қишлоғидан бошқа ерни кўрмай, курраи заминда Истанбулдай гўзал шаҳарлар борлигидан бехабар ўтиб кетаётганлар қанча – кўлмак сувга ўхшаб! Ота-онасиз, етимхоналарда ўсиб-улғаяётганлар камми? Сиз ҳар ҳолда шу ёшингизгача отангиз билан бирга яшагансиз. Ўзингиз айтгандай, меҳрибон бир аёл сизни туққан онангиздай авайлаб, кўнглингизга қараса... Энг муҳими – каттагина ҳовли-жойларинг бор экан. Ҳиндистонда милёнлаб одам уйи, ақалли бошпанаси йўқ, кўчада туғилиб, кўчада ўлармиш. Энди, бу – бир кам дунё. Инсоннинг ҳамма орзу-умидлари рўёбга чиқиши қийин, барибир нимадир етишмай тураверади, лекин қиз бола учун ҳусн ярим бахт дейишади. Чиройлисиз, сезилиб турибди: ақли-хушингиз ҳам бировдан қарз оладиган даражадамас, саломатлигингиз жойида – булар жуда катта давлат, Фазилат, шукр келтириб, яна яхши кунларни кутиб яшасангиз арзийди, ажабмас... Фақат... – Бекназар маъноли жилмайиб қўйди. – Фақат, бир хил чиройли қизларга ўхшаб бахт қушингизни менсимай, бепарволик билан учириб юбормасангиз – олам гулистон.
– Қани ўша бахт қуши? – ўсмоқчилади қиз кулимсираб. Йигит мўлжални тўғри олган эди.
– Шўринг қурғур бошингизга қўнишга журъат қилолмай, атрофингизда парвона...
Фазилат ён-верига аланглаб, «бахт қуши»ни қидирган бўлди.
– Қани, кўрмаяпману?..
– У сеҳрли қуш, кўзга кўринмайди, хоним.
– Кўринмаса, бошга қўнгани қандай билинади, афандим, – тегажоғлик қилди қиз ҳам.
– Уни юрак сезади.
– Менинг юрагим ҳеч нарсани сезмаяпти-ку.
– Билиб қўйинг, Фазилат, бахт қушининг кўнгли жуда нозик, сезиб туриб сезмаганга олишса, бирпасда ранжиб қолади.
– Кейин учиб кетиб, бошқа чиройлироқ қизнинг бошига бориб қўнадими?
Бекназар кафтларини тиззасига уриб хандон отди. Бу гал у ўзининг мағлублиги устидан кулди.
– Қойил, Фазилат, мот қилдингиз, – деди у иккала қўлини кўтариб. – Асирингизман.
– Йўқ, мен жиддий сўраяпман, – деди Фазилат ўзини гўлликка солиб, аммо у лабларини аранг қимтиб турарди, чидамади, кулиб юборди. – Жуда осон енгиларкансиз, ҳар доим шунақамисиз?
– Умримда бунақа мағлубиятга учрамаганман.
– Мағлубият алами жуда аччиқ дейишади, а?
– Мен ҳам шунақа деб ўйлардим, лекин одам ўз ихтиёри билан асирга тушса, бошқача бўларкан...
Хуллас, ўша куни Фазилат Бекназарга кўрган-кечирганларининг бир қисмини мухтасар гапириб берди. Оламда бандасидан хуфия сақлайдиган сир-асрори йўқ, кўнгли ва ҳаёти қатларини ҳеч бир истиҳоласиз, ҳеч бир истисносиз очиб юборадиган инсон топилмаса керак – хусусан, маҳбубаю маҳбублар орасида. Фазилат ҳам ўз шахсига дахлдор айрим қалтисроқ ҳодисаларни ошкора этишни жоиз деб билмади. Масалан, ўн уч-ўн тўрт ёшларидаёқ дуркунгина, оппоққина қиз бўлиб, йигитларнинг суқли кўз ташлай бошлагани, Равалпиндида ижарада яшашаётганида маҳалладош бир мардумнинг Мазоҳид исмли тўйган қуртдай семиз, телватоброқ ўғли ҳар хил нарсаларни баҳона қилиб уларникига тез-тез кирадиган бўлиб қолгани, бир куни шом пайтида дарвозахоналарида рўпара келиб, уни эшикнинг бир қаноти орқасига – қоронғи бурчакка қисиб, барра қўзичоққа ташланган оч бўридай тармашганини, шунда қаттиқ қўрқиб кетгани, худди бевақт номусидан ажралган қиздай алам билан, тўлиқиб-тўлиқиб йиғлагани ва уйга кириб, титраб-қақшаб воқеани онасига айтиб бергани ҳақида лом-мим демади. Отаси ғазабини яшириб, сиполик билан боласига танбеҳ бериб қўйишни сўраганида ошқовоқ каллали қўшни хунук ишшайиб, «Ўғлимизнинг ҳавасини қўзғаган бўлса, демак қизингиз етила бошлабди-да, биродар, бундан қувонмоқ керак, ҳадемай қайнота бўласиз, невара кўрасиз…» дейди.
Исмоил аканинг мускуллари титраб, муштлари тугилади, лекин муҳожирлиги ёдига тушиб, ғазабини ютади. Шундан кейин Туркияга жўнаб юборишади. Аданада хотини ўлган, ўғил-қизли бир бойвачча Фазилатга оғиз солганида у ҳали ўн олтига ҳам тўлмаган, аммо келишган қадди-қомати росмана кўз тортадиган бўлиб қолган эди. Исмоил ака Шарифа опага худди аёллардай зорланиб, «Бу ноинсофлар мусофирни одам ўрнида кўришмайди, қанча яшасанг ҳам, барибир келгинди ҳисоблашади, буларга нима десак бўлаверади, деб ўйлашади. Ярамас гўрсўхтанинг гапини қарая, ғунчадай қизимни эрка-тантиқ арзандаларига она қилиб берармишман, ҳаҳ, ҳаммомни ҳавас қилган туя-ей... Қисиндининг қисмати шу-да...» дея хўп асабийлашган, кўзёшларини тўхтатолмай кўчага чиқиб кетиб, яна кўчишга улов топиб келган эди. Ҳолбуки, Аданада ўрнашиб қолган туркистонликлар анчагина бўлиб, улар орасида яхшилари ҳам кам эмас эди. Бироқ Исмоил ака аслида бир ерда узоқ туролмас, кўчишга, жойни янгилашга қандайдир баҳона бўлса кифоя эди. Аммо «ҳаммомни ҳавас қилган туя»нинг хурмача қилиғи «қандайдир» важлар сирасига кирмасди, албатта.
Шунингдек, Фазилат бу шаҳарда – Истанбулда маҳалладош турк йигити билан эндигина бошланаётган ғайри оддий муносабатлари онасининг танбеҳи билан тезгина барҳам топгани тўғрисида ҳам индамади. Аслида ҳар қандай она қизига биров хуштор бўлса, бошқаларга англатмаса-да, ичида қувониши сир эмас. Лекин... Шарифа опа ўшанда отанинг ўлимидан бир неча кун олдин айтган васият мақомидаги ўгитларини эслатиб, Фазилатни огоҳлантирган, қиз ҳали у қадар гуриллаб ёнишга улгурмаган ҳиссиётлари оловини қиблагоҳи соғинчига тўкилган кўзёшлари ила ўчириб олишга муяссар бўлган, шу-шу маҳаллий йигитларнинг назари-эътиборидан ўзини олиб қочадиган, чоршаф  тутиб юрадиган бўлган эди. Такяга кириб туришининг яна бир сабаби ота истаги ва васиятига биноан ўзлари тарафлик рисоладаги бир йигитни учратиш хаёли эди, буни она ҳам англар, унинг фикри, тилаги ҳам шу, ложарам, қизнинг у ерга ташрифини тақиқламас, аксинча, озми-кўпми демай, овқат, нон бериб ўзи уни ўша мусофирхонага йўллар, илло, иккиси ҳам қалбларидаги пинҳоний ният ва эътимодларини сиртдан бир-бирларига сездирмасликка ҳаракат қилишарди. Бинобарин, Бекназарнинг йўлиқиб қолиши, айниқса, унинг ҳамюрт эканлиги, тўғриси, иккала ожиза кўнгиллари тубидаги ўксик хоҳиш, илинжни қўзғатиб қўйгани рост, лекин аввало зоҳиран диловар бу ошиқнинг номаи аъмолини, моддий аҳволини аниқлаб, унинг феъл-атворини, аҳди қатъийлигини синовдан ўтказиш керак ва яна бир нозик муаммо бор эди: ахир Фазилат шунча йил боққан, меҳр берган одамини бегона юртда якка-ёлғиз қолдириб, бир эркакнинг этагидан тутиб кетавермайди-ку. Фақат қалтис жиҳати шундаки, бу ҳақда биринчи бўлиб қиз ё унинг онаси тилидан шама, сўз чиқиши раво эмас, балки куёвликка даъвогарнинг фаҳму фаросатига умид боғлаб туришга тўғри келарди. Бўлажак келин сўнгги чора сифатидагина шу гапни шарт сифатида ўртага қўйиши мумкин. Бошқа бир чигал жумбоқни эса нимагадир она-бола эътибордан соқит қилишаётганди, ваҳоланки у ўта жиддий, ҳал қилувчи аҳамиятга молик эди...
– Мени онангиз билан таништириб қўймайсизми, – деди Бекназар.
– Нима деб айтаман?
– Ватандошимиз экан, сиз билан кўришиб, суҳбатлашмоқчи дейсиз, вассалом. Менимча, йўқ демайди, ахир униям ҳамюртлари билан гаплашгиси, дардлашгиси келар.
– Унда мен онамнинг ўзидан бир сўраб кўрай.
Эртасига эрталаб Фазилат билан бирров учрашганида қизнинг кайфияти чоғ кўринди. Аёл киши, ёт эркак билан юзлашишдан бош тортиши мумкин деган хавотирда эди йигит.
Ҳаяжонга тушди, тугун энди енгилгина ечиладигандай, у ўйлаган ғов-тўсиқларни кўтариб ташлаш қалови топилгандай, Шарифа опа қизини унга қўшқўллаб тутқазадиган¬дай, терисига сиғмасди. Кўзларига фотиҳа бераётган она сиймоси кўриниб кетди. Беихтиёр қўлларини Фазилатнинг елкаларига қўйди, қиз залворли кафтларни олиб ташлаш учун йигитнинг билакларидан тутди ва шу йўсин бир лаҳза тиниб қолди, сўнг гавдасини орқага тортди.
– Ҳаяжонланманг, Бег ака, ҳаяжонланманг. Эслатиб қўяй: уйимизга мен билан биргамас, бир ўзлари тушга яқин қадам ранжида қилганлари маъқул. Ўзларини уринтириб қўймасинлар, ортиқча оворагарчиликнинг ҳожати йўқ, мусофир одамсиз... Кулманг, ростдан айтяпман.

* * *

Шу куни қуёш ҳар қачонгидан ҳам чарақлаб чиқмоқда, унинг алвон шафағи йўл четида тарвайиб ўсган, тонгнинг енгил шаббодасида нафис тебранаётган арғувону акасларнинг учларида жилва қиларди. Ҳаво енгил, ёқимли эди. Бекназар ўзини ҳар кунгидан тетик, бардам ҳис этарди. Жарлик тарафдан келаётган саҳархез қушлар навоси унга янада кўтаринки кайфият бағишларди. У бутун меҳрини, сармастлигини англатмоқ учун Фазилатга юрак-юрагидан жилмайиб қарарди.
Қизга бўлган интилиш замирида қандай куч, қандай ҳиссиётлар жўшаётганини Бекназарнинг ўзи ҳам англай, фарқлай олмас эди – уни бир кўришда лолу ҳайрон айлаган ҳусни-малоҳатига шайдоликми ё вужудининг бир пучмоғида лава кўтарилиши олдидан юз берадиган тоғ ости титроғига ўхшаш эҳтирослар туғёними ёки юрак ўртанишлари билан боғлиқ чинакам муҳаббатми? Дарвоқе, у Фазилатнинг нимасига, қай бир жиҳати, фазилатига ишқибоз бўляпти ўзи? Агар чиройи учун деса, бир чиройлини кўрди-ку. Хотини Рашиданинг ҳам сурати бинойидеккина эди, сийрати, ғалати феъл-атворларини бир ёстиққа бош қўйиб, жисми-жонлари туташгандагина аён сезди-ку. Одам оласи ичида деб, бунинг ҳам ишқ алангасини, кўнгил ҳароратини сувдай ўчирадиган бир жиҳати чиқиб, бош қашиб қолмасмикин? Тағин шундай ҳол содир бўлса, энди у шубҳасиз бир чоҳ ёхуд аросат саҳросининг қоқ ўртасига тушадики, унинг алами, доғини қанча тортиши фақат худога аён. Э, энг муҳими – тил-забонли, очиққина экан, бас, бошқа ҳар қандай нуқси-қусурига чидаш мумкин.
Дарҳақиқат, муҳаббат мижғовликни ёқтирмайди. Иккиланувчиларга чин ошиқлик завқи бегона. Ҳар қалай, бўлажак маҳбубаю маҳбуб нигоҳлари дастлаб тўқнашганда ҳар иккаласининг юраги кучаласимон  тутай бошлайди, кейин ҳар кўришганида кўзлардан сачраган учқунлар, сўзлар оҳангидан таралган эпкин кучалаларни яллиғлантириб, аланга олдиради.

VIII

Ҳаётда энг узоқ чўзиладиган вақт суюкли кишинг билан дастлабки висол оралиғидаги безабон ва бераҳм онлардир. Бундай фурсат ўзининг саноқдаги моҳиятини йўқотиб, масофага айланади, бу масофа йўлга чиқаётган хушторга бениҳоя олисдай, фақат ва фақат юқорига ўрлаб борадигандай, юрагини ҳаприқтираверади. Шарифа опа билан кўришувгача бўлган муддат ҳам Бекназарни ўшандан кам интиқтирмади. У ошиққан сари оёғига тош боғлаган вақт миллари имиллаб силжиётгандай, баъзида бир нуқтада қотиб қолгандай туюларди. Йигит жуда муҳим ижтимоий масала бўйича юқори доирада, баланд нуфузли масъул шахс билан музокара олиб бориш тараддудидаги мансабдор каби безовталанарди. Чиндан ҳам кутилаётган учрашув кўп нарсани ойдинлаштирмоғи керак. Фазилатни чин онадай гард юқтирмай улғайтирган аёлнинг муомаласидан йигитга, унинг қизи билан танишувига муносабатини – хайрихоҳми ё норозими – билиб олиш учун тайёр имконият бу. Агар опа илиқ кутиб олса, очилиб гурунглашса, бу ҳам шунга яраша назокат билан муомала қилади, йўқ, агар аксинча ҳол юз берса, яъни унча рўйихушлик бермаса ё беписандроқ қараса, унда ортиқча илтифот кутиб, ялтоқланиб ўтирмайди. Лекин ҳар ҳолда унинг кўнглини илитишга, юмшатишга уринади. Ахир биринчи кўришишдаёқ, дастлабки «музокара»даёқ ҳамма муаммони ўз фойдасига ҳал қилишга интилиш асосий режанинг пачавасини чиқариб қўйиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Шунинг учун яхшиси, тилини тийиб, суҳбат жиловини мезбонга бериш ва гапнинг даромади қаёққа бурилишини оғир-босиқлик билан кузатиб ўтиргани маъқулмикин? Саволларига жавоб қайтаради, зарур бўлса, сўз қўшади. Мабодо опа унинг дилига ўтиришмайдиганроқ бирон нарса деса ҳам эътироз билдирмайди. Азим ҳожи тоға айтгандай, қизиққонлик қилмайди, билъакс, ишни бузиб қўйса, кейин ўрнига тушмаслиги мумкин. Сўнгги афсус-надоматнинг фойдаси йўқ. Агар муддаосига эришиш – севги шаробидан қониб сипқориш насиб этса, у ҳолда ватангадолиги, қувғинлиги билан боғлиқ машаққатлару кўнгилсизликлар, кўргиликлар унутилиб, азоблари енгиллаб кетадигандай, юрак ўртанишлари малҳам топадигандай тую¬ларди Бекназарга. Истанбулда Фазилатга илк бор назари тушган лаҳзалардан эътиборан гўё унинг ҳақиқий йигитлик мавсуми бошланган, тақдир шамоли уни беқўним учириб юрганига ўкиниш ҳам сусайган эди... Балки, қиз ҳам шу кунларда руҳиятида ғалати бир ўзгаришлар сезиб, ҳаяжонланиб юргандир? Бир умр ёт тупроқларда, ғайри, кўнгилсиз бир эркак билан қолиб кетиш хавотири, ташвиши балки унинг оромию ҳаловатига рахна солиб келар. Эҳтимол энди у юртдош, миллатдош, боз устига меҳр-муҳаббат тўла кўзларию сўзлари билан унга ўз ватани васли ва бахтли ҳаётни ваъда қилаётган бир шунқор йигитни етказгани учун парвардигорга шукроналар айтаётгандир...
Ҳа, онажон! Ўғлингизни болалигида «шунқорим» деб эркалатардингиз. Шунқор бургутчалик бўлмаса-да, анча-мунча хавф-хатарни писанд этмайдиган жасур овчи қуш. Суюмлигингиз эса, сичқоннингми, каламушнингми «шитири»дан юрак ҳовучлаб, бир қанот қоққанича Қашқарга, ундан бир тупканинг тагига – Истанбулга қўниб турибди. Энди зора, шу ердан ҳузурингизга ҳақиқий жуфти билан қайтса!..
Бекназар у ёқ-бу ёғини тузатиб чиқаётган эди, ҳовлида Жавдар оға учраб, «Ҳа, йўл бўлсин, ошиқ тўра?» деб ҳазиллашди.
– Бир айланиб келай, ётовриб зерикдим, – деди у ҳовлиққанини сездирмасликка тиришиб.
– Кунинг кўчада ўтяпти шекилли, – маъноли жилмайди хизматчи бош чайқаганча Бекназарни ортидан кузатиб.
Йўл-йўлакай дўкондан батонли нон, қанд-қурс олди, ахир Фазилат минг тўғри маънода овора бўлманг дегани билан (эҳтимол синамоқчидир) ўзбекчиликда, биринчи марта бораётган ҳовлига, айниқса, аёл киши бор хонадонга икки қўлни бурунга тиқиб кирилмайди-ку.
У таниш дарвозани букилган кўрсаткич ва ўрта бармоқлари орқаси билан қоқаркан, юрагининг ҳам ана шу товушга монанд, ундан тезроқ ва бесаранжомроқ ураётганини эшитарди. Эшик тезгина очилиб, қаршисида одмигина кийинган Фазилат кўринди ва меҳмоннинг димоғига мушки анбар ҳиди урилди. Қизнинг чеҳраси ҳам тиниқ – бу аломатлар яхшиликдан далолат эди. Бекназарнинг баҳри-дили яшнаб кетди.
– Мана, қулингиз остонангизга бош уриб келди, – деди у кулимсираганча, китоблардагидай бўш қўлини кўксига қўйиб, хиёл эгиларкан.
Фазилат кулиб юборди.
– Роса ҳадисини опсиз-ку.
– Нимасини айтасиз, туни билан машқ қилиб чиқдим.
– Бечора, мижжа қоқмаганингиз сезилиб турибди, кўзларингиз қизариб кетибди.
– Кўзларим уйқусизликданмас, ҳозир ҳаяжондан, хижолатдан қизарди.
– Лекин унчаям ҳаяжонланаётган кишига ўхшамайсиз.
– Манави еримга қўлингизни қўйиб кўрганингизда бу гапни сираям айтмаган бўлардингиз, – деди Бекназар ўнг кафтини чап кўксига босиб.
Фазилатнинг шайтонлиги тутди.
– Қўлимни у жойингизга қўйсам бир йўла ағанаб тушманг, одамни ўсал қилиб.
– Пойингизга ағанасам ўзимни жуда бахтиёр сезардим, Фазилат.
– Шунақа денг, қани, ичкарига марҳамат бўлмаса.
Қиз меҳмонни шиғил мевалари оч яшил барглар орасида қуйма олтиндай товланаётган дарахтлар оралиғидаги ғишт терилган йўлакдан бошлади. Бекназар бу тансиқ меванинг норинж – апельсин эканлигини Эрон заминидан ўтаётганида билиб олган эди. Лекин ҳалигача ранг-туси кўзни оладиган бу ажойиб неъматга оғзи тегмаганди, мазаси қанақа экан, деган фикр кечди хаёлидан.
Атрофга нигоҳ ташлади. У ҳали турк уй-жойларининг ичига кириб кўрмаган, бу борада тасаввури ҳам йўқ эди. Ҳовли ўзига тўқ хонадонни эслатарди: кенггина, чор тарафи пишиқ ғиштли баланд девор билан ўралган, кун чиқиш ва жануб томонда деразалари йирик-йирик, салобатли уйлар, бораверишда эса болохонали сўри бўлиб, анча олдинга чиқиб кетган. Саҳн ва йўлакларга ғишт босилган, ҳар ер-ҳар ерга манзарали – қилич баргли пальма ва гилос экилган, умуман ҳовли саришта, файзли эди.
Сўри олдида этаги, енги узун сиёҳранг бахмал кўйлакли, чоғгина оч жигарранг дуррани бошига чамбарак қилиб ўраб, устидан ҳарир, шарфсимон рўмолни омонат ташлаган, Фазилатга нисбатан бўйчанроқ аёл курси суянчиғига қўлларини қўйганича иягини хиёл қайириб турарди. Бекназар томоғига бир нима тиқилгандай ютинди, юзи, ичи қизиди. Опа ўша – Фазилатни қувалаб келган куни остонада кўринган хушрўй аёл эди. Унинг қош чимириб қарашида бойвучча хонимларга хос андак виқор ва сирлилик бордай туюлди, лекин бу дастлабки таассурот эди.
Яқин боришганда опа ҳам меҳмон томонга икки-уч қадам юрди.
– Ассалому алайкум, – дея бўйнини салгина букиб салом берди йигит. Унинг овози, лаблари титраётгандек эди. Энди у ҳаяжонининг Фазилат олдидаги эсанкираш, тўлқинланишдан бўлакчароқ, кучлироқлигини пайқади. Басавлатгина бўла туриб ўз ичидаги ғулғуласимон бир нимарсани жиловлай олмаётганидан изза тортди, лекин нимарса гарчи кўзга кўринмас, қўлга илашмас бўлса-да, ҳар қандай фил келбатли билан ҳам мутлақо ҳисоблашиб ўтирмайдиган, ҳатто, Алпомишу Фарҳодларга бўй бермай, уларни хоҳлаган измига солиб, азза-базза довдиратган ёввойи куч эди. Зеро, у – ҳаяжон шунчаки хабарчи, элчи эмас, балки муҳаббат ҳомийси, рамзан айтганда, тансоқчисидир. Одатда, тансоқчилар ҳар қандай одамни саросимага солиб, ваҳима уйғотадиган сиёқли ва сирли бўладилар. Бекназар яна бир нарсадан ҳайратланди: гарчи ўзлари томонда аёллар паранжи, чачвон деган нарсаларни тарих ортига деярли буткул улоқтиришган бўлса-да, Қашқару Покистонда, Эрону Туркияда хотин-қизларни нуқул қора ё тўқ жигарранг чодрада учратиб ўргангани учун Фазилатнинг онасини ҳам, гарчи куни кеча уни очиқ кўрган эса-да, ҳижоб ёпинган ҳолда тасаввур этган эди. Аксарият хотинлар эрлари ўтгандан кейин ўзларини эркин тута бошлайдилар. Опа ҳам... Ёки Бекназарни ҳали ёш йигит экан, ундан қочмаса ҳам бўлаверади, деб ўйлагандир. Балки ички бир туйғу юртдош кимса билан ёпинчиқсиз кўришишга ундагандир. Ё балки фавқулодда диққатга молик ташриф эгасини яхшироқ кузатиш зарурати, тақозосига кўра...
– Ва алайкум ассалом, хуш кепсиз, – деди опа. Унинг оч пушти лабларига ним табассум қалққан эди. – Қани, юқорига чиқайлик. – У қўли билан болохонага ишора қилди.
Икки ёни иҳотали тахта зиналардан юқорига кўтарилишди. Пастдан анча маҳобатли кўринган, чор тарафи тўқ яшил рангга бўялган, ёғоч панжарали болохонанинг ичи у қадар кенг эмас эди. Муҳими, олди шимолга – Мармар томонга қараган бўлиб, енгил чайқалиб турган мовий денгиз янада аниқ кўзга ташланар, ўша ёқдан боди сабо эсарди. Ана шу енгил эпкин Бекназарнинг қизиган вужудига салқинлик уфуриб, кўнгил ҳаприқишлари дамини кесгандай, сал ўзини ростлаб, мусоҳабага чоғланиб олди.
Чоғқина тўгарак хонтахтага биллур қанддонларда Бекназар номини билмайдиган пишириқ-егуликлар, олма, норинж оз-оздан, аммо дид билан қўйилган эди.
– Чой ичасизми, қаҳвами? – сўради мезбон.
Бекназарнинг дилидан «сўраб беришаркан-да» деган гап ўтди. Бирини айтиш – танлаш одоб доирасидан ташқари, деб ўйлади у.
– Барибир... унақа оворагарчиликнинг ҳожати йўқ. – Йигитнинг овозидан унинг тортинаётгани, сўзлари унча ёпишмаётгани англашиларди.
Опа пастда унинг ишорасини кутаётган Фазилатга чой ва қаҳва буюрди. Бекназар биттасини айтсам бўларкан деб ўнғайсизланиб, бир қимирлаб қўйди. Гапни ким бошлаши маъқуллигини мушоҳада қилиб ўтирган эди, опа жонига ора кирди.
– Хўш, меҳмон ука, қаерлардан сўраймиз? Бу шаҳарга қандай келиб қолдингиз?
Опа суҳбатни қовуштириш учун Бекназарга ўнғай савол берди. Албатта, Фазилат онасига «таниши» ҳақидаги айрим маълумотларни етказиб улгурган бўлиши керак.
Бекназар кўрган-кечирганларини қисқа гапириб берди. Сўнг бир эҳтиётсизликка йўл қўйганини фаҳмлаб қолиб, ўзини койий бошлади: Эҳ, хомкалла! Ахир қочоқлиги, юртдан қувилган жабрдийдалигини аён этиш билан ўз ният-мақсади йўлига хитой деворига тенг ғов-тўсиқ қўйди-ку! Она: «Бу уйсиз бедана Фазилатни қаерларда сарсон-саргардон қилиб олиб юрмоқчийкин», деб ўйламайдими?! Шунингдек, у ўзи сезмаган ҳолда жиддийлашиб, сўзлари қатидан изтироб ва аламзадалик, кимларгадир нисбатан қаҳр учқунлари сачрар эди. У ўзини сипо, малолсиз ва некбин тутиши лозимлигини унутиб қўяётганидан ичида ўкиниб, гапнинг пайновини ўзи томонга буришга уринди.
– Аслида, унча ваҳимали воқеамас эдию, отамга ҳеч тушунтиролмадик. Сутдан оғзи куйган одам қатиқни ҳам пуфлаб ичгандай, бобомиз қамоқ захини ҳидлаб чиққани учун безиллаб, мени қўярда-қўймай, уйдан чиқариб юборди. Ҳеч бўлмаса уч-тўрт ой айланиб, иложини қилсанг, Маккатиллодаги амакингни кўриб кел, деб тайинлади. Менимча у машмашалар аллақачон тинчиб кетган бўлиши керак. Қашқардалигимда уйдан хат олганман, унда ҳаммаси жойида, сен, худо насиб қилса, ҳаж зиёратини ўтаб, амакингни кўриб келавер дейишганди. – Бекназар гапимни қандай қабул қиляптийкин, деган маънода ора-чура опага қараб-қараб қўяр, лекин унинг юзида ҳеч қандай ўзгариш юз бермаганини кўриб давом этарди. – Бундан йигирма йиллар бурун, диндорлар таъқиб қилина бошланганда маърака-маросимларга бориб юрган бир амаким, ўзидан ҳадиксираб, Арабистонга жўнаворган экан. Тақдир-насибми, ўша ёқда қолиб кетган. У қўрқдими, хижолат бўлдими ё борган жойи маъқул тушиб қолдими, ҳайтовур қайтмади, кейин, бола-чақали бўлиб, юкиям оғирлашди назаримда... – Бекназар гап орасида пастда бир нарсалар кўтариб у ёқдан-бу ёққа ўтиб юрган Фазилатга панжара оралиғидан бот-бот қараб қўяр, лекин қиз ўзини атайин бепарво тутаётгандай, болохонага назар ташламасди. Йигит ичида ранжиди. Кўнгил қурғур нималарни хоҳламайди-я, ахир бўй етган қиз кечагина танишган ва уйи¬га биринчи марта қадами тегиб турган, офтобда қатиқ ичишмаган кап-катта эркак билан онасининг олдида кўз уриштириш ўйнасинми? Унга табассумлар ҳадя этиб, бўшашманг дегандай имо-ишоралар қилсинми? Домангирлик ҳам эви билан-да.
Опа Бекназарга ҳам, унинг амакисига ҳам ачиниш билдирди, ўзларининг ҳам шулар қатори эканини айтиб, тасалли берди.
– Бошқа юрт одамлари ҳар қанча яхши, меҳрибон бўлишмасин, барибир ўзи¬миз¬никига ўхшамас экан. Ўзимизникиларнинг анча-мунча аччиқ-тирсиғиям ўтма¬сиди, бегонанинг сал ғалатироқ, қаттиқроқ гапи таънадай, камситгандай туюлаверади, ўзингиз ҳам уларга ботадиган, жаҳлини чиқарадиган гап гапириб қўймадиммикин, деб хижолат бўлиб турасиз. Энг ёмони, биз Фазилатнинг отасини тупроққа бериб, аро йўлда қолдик, энди қисматимиз нима кечишиниям билмаймиз. – У киприкларига сизган томчиларни рўмолининг учи билан артди. Гарчи, биринчи мулоқотни обидийда билан бошламоқ, нотаниш, носинашта меҳмонга дарду ҳасратини дастурхон қилиб ёзмоқ ножоиз, ноқулай эса-да, Шарифа опа, ҳарқалай, аёл киши эди. Бу кўргиликларни баланд кайфиятда иншо этиб ҳам бўлмаслигини Бекназар яхши биларди. Бинобарин, икки ҳамюрт, икки миллатдош, икки мусофирнинг муштарак тақдирлари ҳақидаги ҳикоялари уларни бир-бирига руҳан яқинлаштирди, иккисининг ҳам қалблари бир қоронғилашиб, яна ёришди, орадаги ётсираш, истиҳола пардалари кўтарилиб, бир-бировининг юзига худди аввалий яқинлар каби дадил қарай бошладилар. Бирдан Бекназарнинг миясига «Фурсатни бой берма» деган гап келиб, оҳиста ўсмоқчилади.
– Бирга-бирга юртга қайтмаймизми, опа?
Шарифа опа қўл силтади.
– Э, укажон, юртга қандай қайтамиз? Сиз-ку, эркак кишисиз, қолаверса, ўз уйингиз бор, биз аёллар уруғ-аймоғимиздан, бор-будимиздан айрилиб чиқиб кетганмиз, энди нима деб борамиз, қайга, кимникига сиғамиз?
– Унақа деманг, опа, қариндошлар бордир, бўлмаса, мана, бизнинг ҳовлилар кенг, кейин худо бир йўлга бошлар, – дадилланди йигит.
Опа мийиғида кулди.
– Ўзингизники етарли-ку, яна иккита дарбадар-ватангадонинг дарди-ташвишини қандай кўтарасиз, ука?
Фазилат ихчамгина ялтироқ патнисчада икки стакан чой ва бир финжонда қаҳва олиб чиқиб, хонтахтага қўйди. Опа стаканлардан бирини ўзига олди-да, патнисни йигит томонга сурди. Бекназар Туркияда чойни катта чойнаклардан қуйиб ичмасликларига ажабланмай қўйган эди. У ўзини ниҳоятда сипо тутаётган қизнинг ортидан зимдан кузатиб қоларкан, қиррали стакандаги қоп-қора чойга бир қарадию, қулоқли оқ чинни финжонга қўл узатди.
– Қизи тушмагур чойни ўткир дамлаб юборибдими?
– Йўқ, яхши, – деди йигит қаҳвадан аста ҳўпларкан. У опанинг сезгирлигига қойил қолди.
– Ширинликлардан татинг, эсим қурсин, гапга тушиб кетиб... – деди аёл хижолат бўлиб.
– Раҳмат, раҳмат, ҳозиргина нонушта қилувдим, – қўлини кўксига қўйди меҳмон.
Бекназар ҳали жиддий мавзуда сўз очиб қўйди, энди аҳдидан, гапидан қайтишни хоҳламас, қайта олмасди ҳам.
– Жон саломат бўлса, бир иложи топилади. Сизларни мен кўтариб юрармидим, ер кўтаради. Бўлмаса, бир оила бўлволамиз... – У сўнгги гапни айтишга айтди-ю, тилини тишлади. Ўзида бу журъат қандай туғён урганига ҳайрон эди. Чакки кетди-ёв. Томдан тушган тарашадай эшитиладиган бу таклиф опага қандай таъсир қилдийкин? Бекназар ер остидан унга қаради, лекин аёл эътибор бермадими, ё шунчаки айтди-қўйди-да, деб жиддий қабул қилмадими, ҳар ҳолда юз-кўзида бир ўзгариш сезилмади, муносабат ҳам билдирмади. Бироқ йигит нима бўлса-да, гапни айлантиришни маъқул кўрди. – Сизлар ҳам бу ерда қачонгача юрасизлар, ахир бир кун қайтишинглар бор-ку?
– Энди қайтишимиз даргумонга ўхшайди. Акангизни шу ерга қўйдик, биз кетсак, ундан ким хабар олади, ким ис-чироқ қўяди?
Мулоҳазанинг умумий мазмуни тушкунроқ, нохушроқ бўлса-да, «акангиз» деган ибора мезбоннинг Бекназарни ўзларига беихтиёр яқин ола бошлаганидан далолат эди. (Умуман, аёл зоти пинҳоний рағбати, раъйини қандай ошкор этиб қўйганини ўзи ҳам пайқамай қолади). Бу ҳол шамолда титраб турган япроқдаги яшаш илинжидек, бир оғиз илиқ сўзга маҳтал суҳбатдошда умид пайдо этди. Шунингдек, важ-далилнинг хулоса, таъкид оҳангида эмас, муҳокама тарзида ўртага ташлаши ҳам опада ён беришга хоҳиш йўқ эмаслигини англатарди. Бундай пайтда энг муҳими, жиловни маҳкам тутиш.
– Менимча, агар юртга қайтсаларингиз, акамизнинг арвоҳи қайтага хотиржам бўлади, – деди Бекназар «рақиб сустлашганда бор ғайратни ишга сол» шиорига биноан янада тетикланиб. – Қабрда одамнинг фақат устухони қолади, руҳи осмонга учиб кетади-ку, руҳлар ҳар ерда ҳозир, деган нақл бор, демак, сизлар қаерда бўлсангиз, акамизнинг руҳи ўша ерда, атрофингизда юради.
Аслида бу Шарифа опанинг ҳам дилидаги гаплар эди, лекин...
– Тилда шундай деганингиз билан, – опа панжалари учи билан кўкси ўртасига оҳиста дукиллатиб ура бошлади, – мана бу ер унамайди-да. Қоловурса, ҳали юртимизда сиёсат ўзгаргани йўғу, мана, ўзингиз ҳам... – Бу бояги эҳтиётсизликнинг «товони» эди. Одамнинг онгида кўпинча дастлаб эшитилган фикр қолади, кейин уни кўчириб юбориш қийин, аммо хато ё ўзига зиён келтирадиган тушунчани ўзгалар хотираси, тасаввуридан ўчириб ташлаш иложини қидириш лозим.
– Мени бу ёқларда юришим, ҳали айтганимдай, кекса отамнинг андишаси натижаси холос. Энди ўйласам, шу баҳона билан мени акасидан хабар олиб келишга юборганга ўхшайди. – Бекназарнинг тахминига асослар ҳам йўқ эмас эди. – Энамиз раҳматли отам¬га «Катта фарзандимиз фақат аканг бўлгани учун бечора сени доим кўтариб юрарди, бешигингниям мен билан тенгма-тенг тебратган, сенда унинг ҳаққи кўп, у билан бир илож қилиб хабарлашиб тургин», деб йиғлар экан. Энамиз ўтганини кимдандир эшитган амакимнинг ақалли онасининг қабри бошига чиқиб дуо ўқишга ҳам ярамаганидан ўкиниб, ёзиғидан ўпкалаб, юраклари эзилиб-эзилиб ёзган хати бизга ярим йилдан кейин етиб келган. Бизни давлатимиз билан бошқа мамлакатлар ўртасида хат-хабар алоқаси ҳам шунақа-да. – Бекназар чалғиб кетганини фаҳмлаб, узр айтди. – Ортиқча гаплар билан бошингизни қотиряпманми? Мен бўлак нарсани айтмоқчийдим. Бизда ҳукумат, сиёсат асосан эркаклардан хавотирланиб, улар билан олишади, вилоятимизда биронта аёл қамалгани ё сургун қилинганини эшитмаганман. – У ниманидир эсламоқчи бўлгандай, бир лаҳза жимиб, кейин қўшимчалади. – Йўқ, агар барибир ватанга қайтишга кўнглингиз бўлмаса, унда ватанга яқинроқ Қашқарга бориш мумкин. У шаҳарда таниш, паноҳига оладиган яхши одамлар бор.
– Банданинг паноҳига олгани нима бўларди, худо паноҳига олсин, ука. Ҳа, майли, буям бир гап-да. Сиз отангизнинг айтганларини бажариб, Маккага боринг, амакини топинг, ҳажни ўтанг. Ҳамма нарсаям вақтида фарз. Биз ҳам Фазилатнинг отаси билан ҳажни кўнглимизга тугиб юрардик, ана, мана деб, йилларни ўтказдик, сармояни кўпайтириб олайлик деб ҳали у шаҳарга, ҳали бу давлатга кетаверди, кетаверди... Энди ўйласам, раҳматли умрининг қисқалигини сезиб, бизга пул ғамлаш ҳаракатига тушиб қолган шекилли. Демоқчиманки, ниятниям имкон, шароит борида амалга ошириб олиш керак экан.
– Унда ҳаммамиз аввал Арабистонга борайлик, – деди Бекназар яна бир баҳона туғилиб қолганидан суюниб.
– Майли, бу ҳақда кейин яна гаплашармиз, – деди опа йигитнинг гапини бўлиб. Шундагина Бекназар масалага чуқур кириб кетганини англади. Биринчи сафар келишидаёқ шунча хотиржам ўтиргани ва ўзини эркин қўйиб юборганидан хижолат чекди, туришга шайланиб, опадан ижозат сўради.
Фазилат у билан зинапоя олдида «яхши боринг» деб хайрлашиб қолди. Бекназар унга маъноли қараб: «Қаҳва жуда мазали бўпти», – деди.
Опа уни дарвозагача кузатиб қўйди.

Qayd etilgan


Ziyolee  11 Sentyabr 2011, 20:35:36

IX

Эрталаб юзини ювгач, Бекназар бинонинг қарши тарафидаги девор билан туташ, фақат устигина ёпиқ айвон остида даладаги қўриқчидай сўппайиб турган катта, рух самовар томон юрди. Унинг бирон нарса егиси йўқ эдию, чанқаганди. Хизматчига – кап-катта одамга иш буюргиси келмади. Қолаверса, нима юмуш биландир банд бўлиши керак эди. Кун ботишдаги айвонга тахлаб қўйилган саржиндан олиб келиб ўт қалади. Ўтин ҳадеганда аланга олавермади. Кўзлари ачишди. Бошини бир томонга энгаштириб, тагдан жон-жаҳди билан пуфлай кетди. Ўтин у билан ўчакишгандай, йилтиллаб-йилтиллаб, майда учқунлар сачратардию, ёна қолмасди. Кул тўзиб, устига ёпирилди, оҳорли кўйлак ҳам расво бўлди деб ғижинди. Ҳўл ўтин унинг кучини писанд қилмаётганди. Ҳа, ўтинни ёришга куч ё ақл керак, уни ёндириш учун эса қаловини топиш зарур. Қаловини топсанг, қор ҳам ёнади дейишади-я. Демак, бари иш қаловда. Фақат ўт ёқишнинггина эмас, бошқа ҳар қандай тадбир, муаммонинг ҳам қаловини топиш керак... Йигит тутантириқ учун айвондан қуруқ қийрачакларни  териб келди-да, самовар остидаги қўпол ўтинларни чиқариб ташлади. Аввал майдаларни Х шаклида чалиштириб терди, устидан йирикроқ тарашаларни қўйди, кейин оловнинг тагини – кўзини очди-да, бир парча қоғозни ёндириб суқди. Ўтин чисир-чисир қилиб туташа бошлади. Ёлқиннинг юпқа тиллари илон каби ўрмалаб, лапанглаб ўтинлар орасига кириб кетарди. Бирпасдан сўнг аланга катта, қаттиқ ўтинларнинг ҳам ёнини ялаб яллиғлантирди – олов росмана ёнди – ўт ёқишнинг қалови ана шу эди, Бекназар буни болалигидан биларди, фақат анча йиллардан бери ўчоқ ёнига бормаганди, қолаверса, нафаси кучига ишонган, пуфлаб ўт олдириб юбораман деб ўйловди. Лекин кўнгилга ўт ёқишнинг қаловини яхши билмасди, «уни ҳам излайман, албатта топаман…» – сўзланди у. Тўғри, бу ишга бир вақтлар ҳам уриниб кўрган, аммо тополмаганди. Чунки... унда ғўр эди.
Мана энди, шунча олис, мутлақо бегона бир шаҳарда шундай бир дарди бедавога мубтало бўлиб, боши қотиб ўтирибди. Қатиқни пуфлаб ичиб юрган йигит бугун қайноқ сутниям косаси билан симиришга тайёр. Қашқарда шундай ажойиб ҳожи тоғанинг эркаси Хонгулнинг миқти жуссасига, унинг етилиб келаётган қизларга хос хатти-ҳаракатлари, гап-сўзларига эътибор бермаган, чунки унинг бирон жойда бирон кимсага илашиб қолиш нияти асло йўқ эди, ахир у қаёққа жўнаб, қаерда тўхташи номаълум бир сайёҳ, тўғрироғи, уйи йўқ бир бедана бўлса... Ўзининг саргардонлиги етиб ортади-ку, яна бир бечорани юртма-юрт, шаҳарма-шаҳар тентиратиб юриши ақлга сиғадиган ишми?.. Ҳа, у бир бегуноҳнинг уволига қолишдан қўрқарди, шу билан бирга чўнтагининг саёзлигини ҳам яхши биларди.
У қаердадир «Ўн саккиз ёшга етиб олсанг бас, у ёғига ўзингни ўзинг бошқарадиган бўлиб қоласан», деган гапни ўқиган ё эшитган эди. Демак, у фалсафа эмас, ҳавойи фараз экан, бандаи нотавон ўзига ўзи итоат қилолмай қолиши, умр йўлида унинг ўзига боғлиқ бўлмаган, у кутмаган, ҳаётини буткул ўзгартириб, ҳар қандай аҳди, сўзидан қайтишга мажбур этадиган воқеа-ҳодисалар ҳар қадамда, ҳар лаҳзада юз бериши мумкин экан.
Қудратли оқим бўлмиш ҳаёт тўлқинлари одамларнинг нафси, эҳтирослари, ҳатто, эътиқодидан ҳам кучлироқ, қайсарроқ, аёвсизроқ, бешафқатроқ. Бани башар бу оқим учун бир хасдай гап, уни хоҳласа чирпирак қилиб айлантириб ўйнаб, хоҳласа гирдобига тортиб, хоҳласа қай бир соҳилгами ё ўртадаги тошлоққами итқитиб, сўнг унга бир бора ачиниш билан назар ҳам ташлаб қўймай, ўз йўлида давом этаверади.
Инсон бирон жиддий муаммога дуч келиб, унинг ечимига ожиз қолса, бир неча кўйлакни ортиқ йиртган мўътабарроқ одамнинг маслаҳатига муҳтожлик сезади, назарида ўша тажрибагўй жумбоқнинг зулфинини ечиб, энг тўғри йўлни кўрсатиб берадигандай, унинг тавсиясига кўра иш тутса, мушкули осон, муроди ҳосил бўладигандай туюла бошлайди. Лекин қани ўша хизрнамо халоскор?..
Бекназар Фазилат хабар олиб турадиган Ҳожи отани эслади. У бурчакдаги хонадан ҳар замонда эски калишини судраб чиқиб, ҳовли йўлакларида, биров билан гаплашмай, тасбеҳ тутган қўлларини орқасига қовуштириб, ерга қараганича, баҳор офтоби лоҳас қилган мушук сингари эринчоқлик билан бир оз айланиб, яна индамай ҳужрасига кириб кетадиган ихчамгина жуссали киши эди. Йигитнинг кўнгли ким биландир дардлашишни ё лоақал шунчаки гаплашиб, ўзини сал чалғитишни тиларди.
У такя хожасидан чойнак сўраб кўк чойни аччиқ дамлади-да, бир жуфт пиёла ҳам олиб, ўша мўйсафиднинг кулбаи хоси томон юрди. Ҳожи отага ташқарида икки-уч бора дуч келган холос, Жавдар оғадан муштипар отахоннинг нимага, қачондан бери бу такяда гўшанишин ўтириши сабабини сўраган, лекин аниқ жавоб эшитмаган, фақат биров билан кўпам ош-қатиқ бўлавермаслигини тахминлаган эди. У салом бериб кирганида қария чўк тушганича, мўъжазгина хонтахта устидаги лавҳга қўйилган қандайдир китобни пичирлаб ўқиш билан машғул эди. Бошини хиёл кўтарди-ю, мутолаада давом этаверди. Бекназар яна «Ассалому алайкум, ота» деди. Чол кумушранг гардишли, тутқичлари ўрнига ип тортилган кўзойнаги устидан остонада қўл қовуштирганча чойнак кўтариб турган норғил йигитга ажабланиб алик оларкан, лавҳ ёнидаги хатчўпни пайпаслаб топиб, китоб ичига солди, уни ёпиб, ўрнидан буралиб-суралиб турди-да, қучоғини очди. Сўнг энкайган кўйи такрор-такрор «Келинг, келинг, хуш кепсиз» деб ғўлдираганича, остидаги икки қат юпқа кўрпачанинг бир қаватини ёнбошига, ўзидан юқори тарафга тортиб, меҳмонни ўтиришга таклиф этди. Бекназар шундоқ пойгакка, рўпарада чўккалади. Отахоннинг қистовларига икки қўлини кўксига қўйиб, хижолат бўлманг, яхши ўрнашдим, деб унамади. Сўнг у билан ҳол-аҳвол сўрашаркан, атрофга бирров назар ташлади. Хона торгина эди. Такя айвонига қараган, тўртта ўртача кўздан иборат дераза токчасида шишасининг уч қисми қорайиб кетган лампа (маълум бўлишича, электр чироқни кечалари ўрнидан туриб ўчириб-ёқишни дахмаза деб биларкан), муштдеккина сопол чойнак ва бир пиёла, бир ён девор токчада тартибсизроқ қалашиб ётган бир неча семиз-юпқа, узун-қисқа китоб, мезбон тагидаги бир тўшак, бир ёстиқ – бор бисот шундан иборат эди. Эшик биқинидаги деворга қоқилган михда чолнинг бўйига мос калтагина пахталик қавима тўн, унинг устида кўк сатин жойнамоз, иккинчи томондаги михда эса йўл-йўл алак дастурхон ва сариқ сочиқ илиғлик эди.
Ҳожи отанинг бошида қора бахмал дўппи, эгнида бўғма ёқали узун сурранг кўйлак, юзи жуссасига мутаносиб – ихчам, думалоқ, қораси кам қолган соч-соқоли кузалмаган бўлишига қарамай, истарали, лекин қарашларида умидсизлик ё қариликка тобеликка ўхшаш чучмал бир ифода зоҳир эди.
– Норғуладан тортадиларми? – сўради чол.
Бекназар анграйиб унга қаради.
Мўйсафид бошини ярим ўгирган ҳолда ўзидан сал наридаги кўзасимон, «қорни»дан чиққан арқонсифат шланг ёнида чувалашиб ётган нарсага – чилимга ишора қилди. Шундагина Бекназар ўзининг ана шу ғаройиб матоҳга беихтиёр тикилиб қолганини пайқади.
Унинг ёдига қишлоқларидаги Етти ҳовли маҳалласи чеккасида, тахминан мана шу отахонникича ҳужрада ёлғиз ўзи кун кечирадиган, саратонда ҳам ичига похол патак солинган, орқаси йиртиқ каттакон калиш, йилтиллаб кетган узун қора тўн кийиб, белини маҳкам боғлаб юрадиган қоп-қора соқолли чуваккина чол тушган эди. Уни Хўжа банги дейишарди. Хўжа исмими ё лақабими – Бекназар билмасди. У нос сотар, Бекназар отасига носга борганида кўпинча похол устидан қизил йўлли эски, лахтак-лухтак шолча тўшалган хона ўртасида илон ўйнатувчидай чордана қурганча, «хур-хур»латиб чилим тортиб ўтирган бўларди. Ўзлари томонда бошқа биронта чилимкашни учратмаган. Қашқарда, Азим ҳожининг ўғли билан шаҳар айлангани чиқишганида бозордаги бир чойхона айвонида давра қуриб чилим чекиб ўтирганларни, у заҳри қотилни бир-бировига худди тансиқ таомни илингандай ё ноёб, нафис мўъжизани тақдим этишаётгандай эҳтиёткорлик ва тавозе билан узатишаётганини кўриб, оғзи очилиб қолувди. Ҳозир Бекназар махсус лавҳга қўйиб, астойдил китоб ўқиш билан сассиқ тутунни буруқситиб чилим тортмоқликни бир-бирига уйғун келтиролмай боши қотарди. Худди дастурхонга асал билан заҳар ёнма-ён қўйилгандай. Унинг наздида умуман бангилар илму зиёдан, маърифатдан йироқ каслар эди. Наҳотки инсон ҳаётида унисининг ҳам, бунисининг ҳам ўрни бўлса? Яна, ҳожи одам...
– Ўшанга тоблари қалай дейман? – савол такрорланди.
– Йўқ, мен чекмайман, ота, – деди Бекназар мезбоннинг таклифини рад этаётганидан хижолат тортгандай хиёл жилмайиб.
– Чакки қиласиз, лекин, аслида тўғри...
Бекназар савол аломати билан чолга юзланди.
– Бирпас бўлсаям, дардингизни енгиллаштиради, ғамингизни узоқлаштиради, лекин ўрганиб қолсангиз, хумориси ёмон.
Бекназар маъқуллаб бошини ликиллатди.
– Хўш, келинг, йигит. Анчадан бери шу ердасиз, илло, дурустроқ гаплашмадик. Қаердан бўласиз? Бу ёқларга қайси шамол учирди?
Бекназар ўз қиссасини қисқача ҳикоя қилиб берди.
«Чолга ватандан сўз очманг» деб огоҳлантиришган эди, аммо юртидан мосуво бўлган икки мусофир суҳбатида бундан ўзга қандай мавзу бўлиши мумкин? «Одамни соғинч қийнаркан, яқинларингиздан айрилиқ доғи, дарбадарлик ёмон экан», деди Бекназар сўзи ниҳоясида.
– Бу ҳали ҳолваси, – деди ҳожи ота каптар тухумидай иягини олдинга чиқариб чуқур сўлиш оларкан ва митти кўзларини бир лаҳза юмиб, яна очди. – Ҳар қандай яра битади, илло, ватан жароҳати тузалмайди – уни кўнгил йиғисидаги намак ўйиб, янгилаб қўяверади, ичингиз тинмай йиғлайди – буни ўзингиз ҳам ҳар доим сезавермайсиз, бу куйдирги ўла-ўлгунча азоб беради, юрак-бағрингизни кундан-кунга нимталаб, илвиратиб бораверади, охири сизни адои тамом қилади. Ёлғиз бўлсангиз, ўлигим қайси ёт гўрда қоларкин, ке¬йин қабримдан ким хабар олиб, қайси хеш-ақрабоим мени эсларкин, ким ҳаққи-руҳимга икки оят қуръон тиловат қиларкин, деган хавотир ичингизни каламуш кемиргандай ўйиб ташлайди. Сиз ҳали янгисиз, ёшсиз, бунақа ташвиш миянгизни эговламас эҳтимол, сиз бир айланиб ота маконингизга қайтарсиз, бу бемақсад тентираб-довдирашлар алами-аччиғини кўрмагандай ҳам бўлиб кетарсиз. Илойим, шундай бўлсин. Мен бенавочи, мана шу кулбада ўлимимни кутиб ётибман. – Мўйсафид бирдан жимиб қолди, салдан сўнг бўғиқ ҳиқиллаган товуш эшитилди. Унинг жағини, торгина кўксини қоплаган соқоли силкинар, ҳожи дўпписининг узун попуги пешонасининг ўртасида тебранарди.
Бекназар, ростдан ҳам ўша пайтда бу йиғию изтироблар маънисини тўла англаб етмаганди, кейинчалик бояқиш қариянинг ияги, соқолига қўшилиб бир сиқимгина жуссаси ҳам ачинарли тарзда титраётган болаларча ҳолатини кўп эслади.
У Ҳожи отанинг ёнига аввало ўзини чирмовиқдай ўраб олган хаёлларидан бир оз чалғиш мақсадида кирган, вазиятга қараб бошига тушган савдонинг бир учини чиқармоқчи эди. Мўйсафиднинг дарди оғирлигини, унга ҳасрат халтасини тўкиш азага борган кампирнинг ўз зорини айтиб йиғлашидай ўринсизлигини туйиб, фикридан қайтди. Аксинча, бу ватан гадосига таскин бериш зарур эди. Лекин Ҳожи ота хўрсиниқсимон бир овоз чиқарди-да, Бекназарнинг тасаллисини ҳам кутмай, дийдиёсини давом эттирди.
– Туркистонда ватанимдан бошқа бир яқиним қолган-қолмаганини билмайман, – деди у яктаксимон кўйлагининг ён чўнтагидан оқ дурра олиб, унинг бир чеккасини кўрсаткич бармоғи учига ўраб, ҳамон тийилмаган кўзёшларини артаркан. – Эҳтимол ватан ҳам каминани аллақачон унутиб юборгандир. Ота-онасининг оғир кунида асқотмаган ноқобил ўғилга ўхшаган вафосиз, ориятсиз фарзандни, бошқаларнинг ўтда куяётганини кўра-била туриб, уларга ёрдам қўлини чўзиш ўрнига, ўз жонини қутқазиш мақсадида жуфтакни ростлаб қолган мардумнинг кимга нима кераги бор? Менга ўхшаган юзлаб, минглаб фуқаросидан ажралсаям ватаннинг бир мўйи қимирлаб қўймаслиги мумкин, илло, кишининг ватансиз кун кўрмоғи душвор экан. Сизнинг бошингизга ҳаргиз бу кунлар тушмасин, аллоҳга тавалло қилинг, болам, кечасию кундузи ватанимга қайтар, деб тиланг... – Ҳожи ота гапдан тўхтаб, бошини эгди-да, бирдан йиғи аралаш хиргойи қилишга тушди.

Жаҳонда мендайин бенаво бормикин,
Ўлмайин жонидан мосуво бормикин...

– Ноумид бўлманг, Ҳожи ота, – деди Бекназар овози титраб, унинг ҳам дили вайрон бўла бошлаган эди. – Яратганга осон, бир нафасда дунёни ўзгартириб юбориши ҳеч гапмас. Иншолло, ота юртингизни кўриш насиб этар. Қариндошлар ҳам бордир, ҳаммаси тирқираб кетишмагандир.
– Тилингизга шакар, ўғлим, лекин... – қария яна ҳиқиллай бошлади ва болиши остини тимирскилаб муштдан каттароқ эски, кир тугунчани очиб лавҳ ёнига қўйди-да, силаб-силаб, қўлларини кўзларига сурта бошлади. – Мени ватаним мана, шу бир сиқим тупроқ... Қазоим қаерда етса, мана шу тупроқ билан бирга кўмишса, уни лаҳадда кўксимга босиб ётсам... Худодан ўтинчим, ёруғ дунёдан бир илинжим шу...

X

Бекназар баттар юраги сиқилиб, бўшашиб ўз жойига қайтди. Келиб-келиб дардини шу одамга айтмоқчи бўлибди-я. Ҳасратидан чиққан тутун Истанбулни, бе, Истанбул нимаси, бутун оламни қорайтираман дейди-я.
Энди унинг кўзларидан уйқу янада узоқлашган эди. Арғувон бутоқлари орасидан милт-милт қилаётган бесаноқ юлдузлар ичидан Катта айиқни, Олтин қозиқни, деярли бир чизиқда жойлашган учталик юлдуз туркумларини элас-элас кўрди. Дунё шу қадар кенг (ҳали унинг оёғи етмаган қанча узоқ мамлакатлар бор) бўлишига қарамай, осмон жуда тордай туюлди. Ўша юлдузлар уларнинг ҳовлиси тепасида, ҳозирги ўринларидан салгина нарида гоҳида равшан, гоҳида хирагина нур таратиб турарди. Демак, юлдузлар ниҳоятда улканлиги учунгина эмас, доимий, муқим маконлари борлиги учун ҳамма жойдан кўринаверса керак. Шундоқ ҳадди-чегараси йўқ очунда ҳар бир одам туғилиб ўсган масканида яшаши зарур. Бекназарга ҳали ватан қадри унча ўтмаганга ўхшарди, лекин ота-онаси, опа-сингиллари, ёру дўстларини кўргиси келди.
Оғир-босиқ, мулоҳаза билан иш кўрадиган, фарзандларига жуда ғамхўр отажонини ўйлаб кетди. Бекназар уйланмасидан илгари кўчадан кеч қайтиб, дераза ёнидан қанча авайланиб, оёғининг учида юриб ўтса ҳам, ҳушёр ва сезгир падари бузруквори «Бек, келдингми?» дейишини ҳеч канда қилмасди. У пайтда бошқа ҳеч нарса демас, нонушта устида «Кечқурун жа кеч қайтдингми?» деб сўраб қўярди. Аммо буюрган вазифасини вақтида бажармаса ёки нимагадир ундан ўгиниб қолса, бир-икки кун очилиб гаплашмасди. Шунда Бекназар хатосини ўнглашга, бирон мақтовли иши билан кўнглидаги кудуратни кўтариб юборишга ҳаракат қиларди.
Онаси бир оз талабчанроқ ва тезроқ, ўғиллари ё қизи кўчада узоқроқ қолиб кетса, ё эрталаб кечроқ турса, ё бир юмушни орқага сурса, дарров қисди-басдига ола бошлайди. Бекназарга эса: «Ишонган фарзандимиз сен-ку», деб писанда қилишни ёқтирарди. Миннат учун эмас, ғурурланганидан, албатта. Лекин меҳрибонликда унга тенг келадигани йўқ, жуда илинувчан, бирон тўй-маракадан қайтганида уйда Бекназар бўлмаса, унга саватидаги қанд-қурс, пишириқлардан, айниқса, у яхши кўрадиган қатламадан олиб қўйишни зинҳор унутмасди. Хуллас, онаизорининг унга алоҳида бино қўйгани сезилиб турар, Бекназар орқаворотдан «Шу ўғлим ўзимга тортган» деганини эшитиб суюнарди.
Кейин синглисини кўз олдига келтирди – мусичадай беозор, ҳалим муомаласи, ширин забонлик билан одамнинг жаҳлини ёзиб, кўнглини эритиб юборадиган, сўзга чечан синглисини. Ўқиган эртак, қиссаларини шунақа берилиб, батафсил гапириб берадики, эшитган киши ўзи тўқияптимикин дейди. У болалигидан китоб жинниси. «Ёрилтош»ни ёд билади, ким сўраса айтиб йиғлатади. Бекназар кўпинча маҳалла қизларини оғзига қаратиб ниманидир ҳикоя қилаётганини кўрарди. У содда, ишонувчан ва таъсирчан. Бекназар ҳар хил олди-қочди гапларни, қуралай кўзларини катта-катта очиб, ҳайратланиб тинглашидан ҳузурланарди. Олимлар ёзишибди, энди қизил қор ёғармиш, бундан буёғига одамлар секин-аста маймунга айланармиш, деса ҳам чиппа-чин ишониб, хафа бўлар ва ваҳимага тушиб қоларди. Фазилатнинг баъзи феъллари – ҳазилкашлиги, ёқимтойлиги унга ўхшаб кетади. Бояқиш Раҳима, Холназар акасидан кўра, Бекназар билан яхши чиқишарди, энди нима қиляптийкин?..
Акасининг феъл-атвори сал ғалатироқ: Бекназарни укам деб аяшни билмайди. Болалигида биронтаси билан муштлашиб қолса, унга бўлишиш, ёнини олиш ўрнига, «Кучинг етмаса, нимага муштлашасан?», деб ўзига пишанг берарди. Акасининг яна бир қилиғидан ичи оғрир, лекин индаёлмасди. Иккаласи тамадди қилишаётганда Холназар нон ушатиб, яхши пишган бўлагини ўзининг олдига, куйган, буришган қисмларини Бекназар тарафга қўярди. Кейин отаси билан онасининг укасига нисбатан айричароқ муносабатидан ғашланаётганга ўхшарди. Мабодо онаси Бекназарни мақтаса, беписандлик билан эшитмаганга олар ё ижирғаниб, лабини буриб ўтирар ё укасининг қилиқларини, масалан, қайсарлигини айтиб, унинг баҳосини пасайтиришга уринарди. Лекин Бекназар барибир ҳозир акасини кўргиси келганини, уни соғинганини туйиб бир энтикди.
Унинг кўз олдидан ён қўшнилари бир-бир ўта бошлади. Хотини юзта гап тахлаганда ҳам нима деяпсан демай, ёнбошлаганча пишиллаб ётаверадиган Маъди сўлтамат, саксондан ошиб, бели букчайсаям шудгордан чиқмайдиган Ражаб бува, суволғичини Бекназарлар тарафга секин-секин, киши билмас жилдираверадиган, ҳа деса, қачондир уй солаётганда қибласини чиқариш учун иморатининг орқасида, яъни Бекназарлар ҳовлисида қолиб кетган бир суям қийтиқ ерни писандалаб хит қиладиган Нурқўзи (Бекназарлар уни Сурқўзи дейишарди)... Аммо, улар барибир болаликдан таниш, ташвишли кунда югуриб чиқишадиган, тўй-тўркинда иззат ё хизматдаги одамлар-да...
Хотинини ўйлаб таъби тирриқланди. Ўзи бошдан кўнгли чопмовди, нимага розилик бердийкин-а? Умуман, нега уйланди ўзи? Агар ҳозир бўйдоқ бўлганида Фазилатга тик қараб, очиқ юз билан, ҳатто, Шоҳистани ҳам четлаб ўтиб, кўз очиб ёқтирганим сиз, деб дадил айтарди.
Лекин, мусофирликда энг ёмони ёлғизлик экан. Юртма-юрт кезиб юрган дарбадарда дўст қаёқдан бўлсин! Сариқул билан анча келишиб қолишувди, ундан ҳам ажралди. Иқбол, Муслим... Афсуски, улар олисда. Одам зерикканда, юраги сиқилганда, қувончини баҳам кўриш ё бирон маслаҳатга, тасалли-далдага эҳтиёж сезганда дўст зарурлиги Бекназарга энди билиняпти. Ўша, болалик қадрдонлари билан хайрлашмагани унга жуда алам қилар, шуни эсласа ҳар гал юрагини бир нима чангакдек қисарди.
Қора канда деган ердан келадиган ширин, ойнадай тиниқ булоқ сувларининг қадри ўтмоқда эди. Йўлларда, сувсиз жойларда чанқаб, томоғи қуриган пайтларда: «Қани энди эртаклардаги каби кўзингни бир юмсангу, ўзингни ана шу ариқ бўйида кўрсанг», деб кўп орзиқди. Ҳозир ҳам у ўша обиҳаёт илинжида беихтиёр тамшаниб, лабларини чапиллатди. Ё, тавба, арзимаган бир иш туфайли етти ухлаб тушига кирмаган юртларда кезиб юрибдия. Энди бу ёқда бошини янги савдоларга тиқиб олгани ортиқча. Бу бемаврид ошиқликнинг охири нима билан тугаркин? Ишқилиб, бахайр бўлсин-да. Ҳожи отадай киши ватаним, юртим деб йиғлаб юрибди, бу эса... тинчгина ўтирган одамларниям ҳаловатини бузиб, уларнинг дилига ғулғула солиб, иш ошириб ўтирибди. Ҳа-да, ўзинг қочқин бир дарбадарсану, яхши кўришга бало борми?! Яна, уйланган бўлсанг, бир бокира қизни бошини айлантириб, суллоҳлик қиляпсан. Фазилат хотининг борлигини билса, ўлақолсаям сенга тегишга кўнмас. Ишқилиб, чучварани хом санаб қолмагин-да!.. Ҳа, қани, тонг отсин-чи, эҳтимол эртага масала анча ойдинлашар. Фазилат билан онаси роса муҳокама қилишса керак. Зора, бир жўяли тўхтамга келишса. Онахонга инсоф берсин. Бошга тушганини кўз кўради, агар розичилик билдиришса, қайда бўлсаям ишлайди. Бу ерда энди арра-тешаси иш берармикин? Буларнинг тилини яхши тушунмаса... Мардикорчиликка ҳам жон дерди, Қашқарга етиб олгулик пул жамғарса, бас. Энди ҳажга боришиям гумон...

ХI

Қоронғида омад ё омадсизлик соҳилига олиб ўтиши номаълум хилват, ваҳимали кўприкда кетаётгандай, юрагини ҳовучлаб тонг оттирди ва яна бир ҳаяжонли кун субҳидами билан юзлашди. Яна юлдузлар хиралашганча бир-бир сўниб, осмон аввал муз рангга, кейин оқиш тусга, ниҳоят нилий гумбазга айланди. Фазо чиндан ёрқин эди, лекин афсуски, бу ҳолатга қараб куннинг давомини башорат қилиш қийин, эҳтимол тушга яқин ҳарорат кўтарилиб, ҳаво дим бўлар?
Бекназар бетоқатлана бошлади. Тахминича Фазилат тушгача хабар бериши керак, шунгача дараги бўлмаса, унда ўзи уларникига боришни дилига туккан эди. Бироқ, сабри узоққа чидайдиганга ўхшамасди. Аксига олиб, такяда Ҳожи отадан бўлак кимса йўқ, бир айланиб келай деса, йўғида Фазилат кириб қолиши мумкин. У ўзини чалғитиш, вақт ўтказиш учун яна самоварга ўт қалади. Гарчи кўнгли егулик тиламаса-да, оқшом ҳам ҳеч нарса татимагани сабабли ошқозони тортишиб зорланмоқда эди. Бисотини ковлади – бир ҳовуч ёнғоқ талқони, майиз, озгина қаламча қилиб тўғралган қоқ нон бор экан (буларни Сариқул қолдириб кетган эди), наридан-бери тамаддиланди. Кейин юрди, ётди, турди, айланди, яна ёнбошлади. Икки кўзи дарвозада эди.
Ниҳоят остонада юзига чоршаф тутиб, тугун кўтарган хотин киши кўринди. Қадди-қомати ва энг асосий белгиси – кўк либосидан унинг айнан ўзи интизорлик билан кутаётгани эканига заррача шубҳа қилмаган Бекназар сапчиб ўрнидан турди-да, истиқболига шошилди. Дастлаб нигоҳи тушганида илк кўкламдаги сабза майсани эслатган ўша чиройли кўйлак бугун яшил олов каби ловулларди. Бекназар илгарилари аҳамият бермаганми, яшил кийим аёл зотига бу қадар ярашганини кўрмаганди. Умуман у яшилнинг бунчалар ёқимли, жозибадор ранг эканлигини ўйламаган экан. Демак, яшиллик парвардигор томонидан баҳор учун бежиз танланмаган экан, чунки у ранглар подшоси экан, деган хулосага келди. Лекин Фазилатнинг қадам босиши сустроқ туюлди. Бекназар қизнинг қўлидан тугунни олиб шундоқ ерга қўйди-да, рўмолини қайирмоқчи бўлди.
– Ҳай-ҳай, нима қиляпсиз, номаҳрам киши? – деди Фазилат ўзини бир ёнга тортиб.
– Юзингизни очинг, бир кўрай, – деди ҳазилдан жонланган йигит қизнинг билагидан тутиб.
– Мени шарманда қилмоқчимисиз? – Фазилат гапи оҳанги дағалроқ чиққанини сезиб бир лаҳза тинди ва майинроқ товушда қўшимча қилди. – Кўргансиз-ку, ўша-да.
– Қўрқманг, таккада мендан бошқа мушук ҳам йўқ.
– Мушук бирпасда деворданми, томданми сакраб тушиши мумкин.
– Сакраб тушмайди, узоққа ҳайдаб юборганман.
Фазилат сал бўшашди.
– Хўп, юзимни очиш учун қўлимни бўшатасизми? – У гулгун жамолини пана қилиб турган қора ҳарир чоршафни қайириб, бошига ташлади. Бекназар қизнинг кўзларига астойдил тикилиб, сўроққа чоғланди-ю, дилидаги гапларнинг муҳимроғини аввал тилга чиқаришни афзал кўрди.
– Ўша дейсиз-а...
– Вой, ўзгариб қоптими, нима қипти? – шоша-пиша сўради қиз йигитнинг сўзини бўлиб.
– Янаям чиройли бўп кетибдию...
– Э-э, бу кишининг топган гапини...
Бекназар андак бачканалашганини пайқаб, жиддий тортди.
– Хўп, онангиз мени тўғримда нима деди?
– Ёмон йигитга ўхшамайди, лекин одам оласи ичида деди.
– Сиз нима дедингиз?
– Ҳеч нарса, – елкасини қоқди Фазилат. – Нима дейишим керак эди?
– Сал мақтаб қўймадингизми?
– Мақташга лойиқ бир иш қилдингизми ўзи?
Бекназарнинг таранг тортган томирлари ёзилиб юмшади. Фазилат ҳазил-ҳузулга ўтдики, демак, вазият у қадар хавфли эмас.
– Тезроқ асосий гапни айтиб кўнглимни тинчитинг, гўзалим.
– Ҳай-ҳай, мақтов илинжида тилларига ортиқча эрк бервормаяптиларми, афандим?
«Афандим» иборасини унинг жиғига тегиш учун айтганини англаган Бекназар боз дадилланди.
– Кечаси билан ўйлаб, сизни таърифлашга бундан муносиброқ сўз тополмадим. Агар туркларда аълороқ сўз бўлса, ўзингиз ёрдам берворинг, хоним афандим.
– Сизга мени мақтанг деб илтимос қилмадим шекилли, бей афандим.
– Кўнглингизга қандай йўл топишни билмаяпман-да.
– Қизлар хушомадга лаққа тушади деб ўйлайсиз-да, а? Бу эски усул.
– Туркияда шундайдир, бизда ҳали унчалик эмас.
– Кўча кўрганман, тажрибам етарли демоқчисиз-да...
Бекназарнинг юраги «шиғ» этди. Нимага шама қиляпти бу шайтон қиз, бирон нарсанинг исини пайқамадимикин ишқилиб... Йўғ-э, унинг номаи аъмолини қаердан, кимдан ҳам эшитарди. Ё онаси ўзича тусмоллаб бир нималар дедимикин?..
Ҳар қалай, бу «номаи аъмол»ни ҳозирча Фазилат билмай тургани дуруст, лекин кейин мени алдабсиз деб қаттиқ ранжиса-чи? Ишончимни поймол этди деб ўйласа-чи? Ҳа, йўқ, у гапларга ҳали узоқ, подадан олдин чанг кўтаришнинг нима кераги бор? Мавриди келганда ётиғи билан тушунтирар. Ахир у хотини билан бирон кун ҳам кўнгилдан ҳамсуҳбат бўлгани йўқ-ку, буни Рашиданинг ўзиям тасдиқлаши мумкин. Ҳар ҳолда, гапни чувалаштириб ўтиришнинг ҳожати йўқ, деган фикрда эди Бекназар. Шу тариқа у сирларнинг ҳаммасини ошкор этмаслик бобида Фазилат олдидаги «қарз»идан узилди. Албатта, иккиси ҳам фақат яхши ниятда шундоқ йўл тутишди – табиийки, ҳамма ҳам ўзи ҳурмат қилган ё ҳали у қадар ишончини қозонмаган кимсага ёқимли, беғубор кўрингиси келади. Ахир, туяни ютиб, думини кўрсатмасдан ўтиб кетадиганлар қанча! Умуман, хотини ё эри ёки бошқа бир яқин кишисидан махфий тутгулик аъмоли йўқ каснинг ўзи бормикин бу ёруғ жаҳонда? Бекназар шу биргина хижолатчилигини вақтинча хуфия сақлаб турса зарар қилмас. Ахир ҳадисларда ҳам оилавий ишда ўзаро муроса учун ёлғон гапириш мумкин дейилган-ку.
– Бошқа ёққа кетиб қоляпсиз, Фазилат хоним, – деди Бекназар ўзини жиддийликка олиб.
– Нима тўғрида сўйлашятувдик ўзи?
– Асосий гап...
– У нима гап эди?
– Онангизга айтган таклифларим...
Қиз кулиб юборди. Унинг кулгидан нурланиб, ичи ёришиб кетган кўзлари шаффоф юзаси ой шуъласидан живирлаётган чашмани эслатар, унга қараган нигоҳнинг ташналиги ортарди.
– Эсим қурсин, асли мен сиздан бир нарсани билгани келувдим. Онам сўра-чи, бугун жўнаймизмикин ё эртагамикин деятувди.
– У киши йўлга чиқаверадиган бўлган, орқасидан етиб олишимизни тайинлаган демабсиз-да... Одамнинг устидан бунақа кулиш йўқ-да, гўзал хоним афандим.
– Сиз айтгандай, бу сўз билан ҳам «афанди» унча келишмайди.
– Яна гапни буряпсиз...
– Менмас, гапнинг ўзи бурилиб кетса, нима қилай.
– Сабримни синаб кўрмоқчи бўлсангиз, буни бошқа сафарга қолдирсак, аввал менинг ҳаётим учун жуда муҳим нарсани билволсак...
– Мен учун унча муҳим эмасми? – деди Фазилат қош чимириб.
– Менинг ҳаётим деганда сизникиниям назарда тутяпман-да, яхши қиз.
– Э, узр, афандим, иккаламизнинг ҳаётимиз қўшилиб кетганидан ғафлатда қопман.
 Фазилат яна чоршафини апил-тапил пастга тортди. Ёпинчиқ кўтарилганда туман чекиниб, хира олам ёришиб кетгандай, туширилса, атрофни боз қоронғилик чулғагандай туюларди Бекназарга. У уф тортди.
– Чодрангиз одамни диққинафас қилиб юбораркан.
– Сабрга ўрганасиз, – деди қиз овозини пастлатиб, – сабрга...
Дарвозадан икки қўлида халта кўтарган Жавдар оға билан ярашимли энгил ва туркча – тўнтарилган пақирчасимон, жигарранг фас кийган ўрта бўйли, олтмиш ёшлардаги синчков нигоҳли киши кириб келганида улар ҳамон йўлак ўртасида «музокара» қилишаётган эди. Фазилат шошиб четланди. Гарчи, чоршафда бўлса-да, Фазилат ҳар нечук энди бу ерда ғалат тарзда туриш ножоизлигини туйиб, оҳистагина «Соғ бўлинг, оға» деди-да, ташқарига интилди. Бекназар тиқилинчда онасини йўқотиб қўйишдан қўрқиб изма-из, қадамини шиғаб бораётган болакай каби қиз ортидан лўкиллади. Фазилат худди аразлаган нозли ёр сингари тобора илдамларди. Бекназар секин-секин «Фазилат, Фазилат» деб чақирар, яшиндан қочаётгандай орқа-олдига қарамай чопаётган қизнинг этаклари ҳилпираб, товланиб бораётган узун яшил шойи кўйлаги кўзига чиндан-да алангага ўхшаб кўринар, яқинлашса, куйдирадигандай туюларди. У Фазилатга етиб олиб, елкасидан тутиб тўхтатишни мўлжалласа-да, катта кўчадаликларини ўйлаб иккиланарди. Лекин узун оёқларини атайин майда ташлаб лапанглаши бировни пўписа учун қувалаётгандай кулгили кўринаётганидан бехабар эди.
Ниҳоят, Фазилат кескин тўхтаб, орқасига ўгирилди.
– Нимага ҳаллослаб келяпсиз? Кўрганлар нима дейди? Бу қиз анави мусофирнинг бир нарсасини ўғирлаб қочибди шекилли деб ўйлашмайдими, Бек ака?!
– Ўзингиз намунча югурасиз бўлмаса?
– Ҳалиги киши – отамнинг оғайнисининг таниши.
– Нима қипти?
– Нима қипти дейди... Қайтинг, ҳали ўзим келаман. Йўқ, яхшиси, эртага Султон Аҳмадда кўриша қоламиз... – Фазилат шундай деб яна шитоб юриб кетди.
Қиз «оқ қорнинг тагига...» деса ҳам Бекназар учиб боришга тайёр эди, фақат «эртага» деган сўз таъбини хира қилди. Ҳўх-ҳў, қачон кеч кириб, қачон тонг отади. «Бугун-чи?» деган сўроқ бўғзида қолди – Фазилат сеҳрли малакдай аллақачон кўздан ғойиб бўлган эди. Яна, учрашувнинг вақти-соати ҳам белгиланмади. Айтмадими, демак, шунақа маҳалдир-да, ўйлади Бекназар.
Тарвузи қўлтиғидан тушиб, такяга кирди. Жавдар оға билан «анови» кимса ҳовли тўридаги чорпояда гурунглашарди. Ярашиқсиз қилиғидан, аёл кишининг ортидан бўталоқдай элчиганидан  энди хижолат тортди ва тез-тез юриб, ҳожатхонага ўтди. У ерда узоқ ўтирди. «Шубҳали» кишининг даф бўлишини кутиб, ойнали туйнукдан қараб қўяр, назарида меҳмон ҳам уни пойлаётгандай, шу ёққа тез-тез назар ташларди. Тоқати тоқ бўлган Бекназар шартта чиқди-да, чўнқайганча кўрадаги сувда таҳорат олдию, оқ дуррасига артинганича, ҳеч қаёққа қарамай, ташқарига шошилди. Кўчада Фазилатлар тарафга бир лаҳза қараб иккиланиб тургач, қарама-қарши томонга юрди.

ХII

Бекназар қайтиб келганида такя эгалари кўчиб кетган ҳовлидай ҳувиллаб ётарди. Хизматчи тағин қаёққа гумдон бўлдийкин? Ҳожи ота ҳам ётиб, китоб ўқиб зерикмайдиган аломат чол экан-да... Ҳовлида кўринса, бирпас гаплашарди. Яна олдига киришга ийманди, узоқ вақт ёлғиз яшаган киши одам ёқтирмайдиган бўлиб қолади, дея кўнглидан ўтказди.
Боз кунни кечкиртириш ғами тушди. Шерикларидан сўнг Бекназар ўрин-кўрпасини кундузи ичкари хонага кўчириб, кечаси дам бўлгани учун яна ташқарига чиқиб ётарди. Арғувон ости сўлим ва баҳаво эди. Айниқса, тонг-саҳарда шимол ёқдаги дарахтзордан тараладиган қушлар навосига қулоқ тутиб, ўша тарафдан эсадиган Мармар денгизининг намхуш эпкинидан сийнаси яйраб, хаёлларга берилиш ҳузурли эди. Унинг қадрдонига айланган, ҳар куни қарийб бир вақтда арғувон шохида пайдо бўладиган мусичадан каттароқ бир қорақуш шошилмай, оғир-босиқлик билан узоқ сайрарди. Парранда, гарчи шундоқ боши тепасида, овози жуда тиниқ эса-да, негадир олис-олисларда куйлаётгандай, хониши қандайдир ғам-андуҳга қоришиқдай маҳзун эшитиларди. Нега у доим ёлғиз юраркин, жуфти йўқмикин, деб ўйларди Бекназар. Балки, товушидаги мунгнинг сабаби шундандир... Бу ҳазин нолани тинглаганида негадир ҳовлилари орқасидан ўтадиган, ялпиз атри анқиб турадиган ариқ бўйида нозик кафтлари билан зилол сувни сочиб-ўйнаб, туш айтаётгандай шикастаҳол ўтирган синглиси кўз олдига келарди. Бошини чойшабга буркади, лекин бир неча дақиқадаёқ нафаси қайтиб тўлғонди, юзини очиб юборди. Бир зумда уни зулмат қаърига тортиб кетадиган уйқулар қаёққа кетдийкин-а?.. У чуқур хаёллар гирдобига шўнғиди. Энди у шу бебош ва бетизгин асов тўлқинлар орасида бир умр қулоч отиб юрмоққа тайёр ва қодирдай ҳис этарди ўзини.
Бекназар Лайли билан Мажнун, Фарҳоду Ширин тўғрисидаги достонларни, севишганлар ҳақидаги бўлак китобларни ўқиганда, «Тоҳир ва Зуҳра» каби киноларни кўрганда муҳаббатнинг сеҳрига, одамга гоҳида азоб, гоҳида ҳузур-ҳаловат бағишлашига қойил қоларди. Илло, бу ғаройиб мўъжизанинг шунчалар масту мустаманд, беором ва бетоқат қилишини, сабрдангина эмас, ирода, ихтиёрдан ҳам бегона айлаши мумкинлигини ўйламаган эди. Яна, муҳаббат қиссаларида (бунақа, қиссалар у пайтлар ҳали унча кўпмас эди) хушторнинг кўкрагини захга бериб ётиши борасидаги гапни ўқиса, «Ёзувчилар ҳам жа-а оширворишади-да, кўкрагини захга бериб ўтирадими, бир йўла ўзини бирон баланд қоядан қаҳрамонларча ташламайдими», дерди пичинг қилиб. Мана, менам яхши кўрганман, лекин ўзимни тута олдим-ку, яна мен жуда ёш эдим. Мана, юрибман-ку, чидаса бўларкану. Ҳа, энди, у калондимоғ маҳваш кўнгил бермаса, этагига осилиб оладими, эркаклик ғурурини поймол қилиб... дерди ғаши келиб. Энди биляптики, бекорга «ошиғу беқарорлик» дейилмас экан, бу туйғу одамни, айниқса унинг ичини, юрагини беомон қизита бошлаганида, бу кучли ҳарорат тафтини пасайтириш чорасини тополмай қолар экан.

* * *

Бекназар Андижондан Ўшгача олиб келган аравакашни эслади. Уйдан чиқиб кетган куни у шаҳарнинг чеккароғидаги чойхоналарда амаллаб вақт ўтказди-да, Ўшга қатнайдиган уловлар бекатига бориб, от аравага ўтирди. Машина йўқ, кўнгли бесаранжом, тезроқ Андижондан жилиб юбориши зарур. Қоронғида аравакашнинг юзи унча кўринмасди, тўғрироғи уни яхшироқ кўриб қўйиш хаёлига ҳам келмасди. Ҳар ҳолда у каттароқ ёшдаги, ўрта бўйли, лўли башара, сийрак қора мўйловли қотмагина киши бўлиб, дарвешларни эслатарди. Қасмоғи чиққан тўрт гулли дўппини пешонасининг бир томонига дол қўндириб (гўё ўзича чапанинамо қиёфага кириб), гирдидан чорсини чамбарак қилиб боғлаган эди.
Йўлга тушишганда узоқ-яқиндан итларнинг узун-калта ҳуриши, қарисифат қир¬чанғи биянинг ҳар замонда калта пишқириб, йўталиб қўйишини, ёғсираган тегарчикнинг ғичирлашини ҳисобга олмаганда тун анча осойишта, хийла ичкаридаги қишлоқ ҳовлиларида милтиллаган чироқ шуълалари элас-элас кўзга ташланарди.
Бекназарнинг кўзларидан асли уйқу йироқ бўлса-да, бошқа йўловчилар қатори ўзини мудраганга солиб, тебраниб кетарди. Бир пайт қулоғига ғалати бир хониш кирди. Тинглаб, бу кутилмаган «ҳофиз» аравакаш эканлигини билгач, яна қимтиниб олди. Аввалига ашула мазмунига унча эътибор бермади, у ҳамон дарди-ташвиши билан андармон эди. Шикаста нола юрагини чимиллатаётганини пайқагач, ҳамма нарсани унутиб, янада астойдил тинглай бошлади. Қўшиқ ҳеч тугамасди. Йўлнинг чақир тошли жойларида ғилдирак ғитир-ғитир қилиб, хонишнинг авжини бузарди, холос (сирасини айтганда қўшиқнинг авжи ҳам йўқ эди), бошқа маҳал нағма бир маромда давом этарди. Бекназар бир хил сўзлар қайта-қайта такрорланаётганини англади. Шундан сўнг «на-на-най»симон хонишдан зерикиб, юраги қисилди. Аравада ундан ташқари уч-тўрт катта-кичик йўловчи (ораларида эркак тўн ёпиниб, ғужанак бўлиб ўтирган қизми, аёлми ҳам) бор эди, аммо ҳеч ким миқ этмас, ҳамма қўнишганича араванинг силташига ҳамоҳанг силкиниб борарди.
– Бундан бошқа ашула йўқми, тоға, бир хил пластинкангиз одамни жа-а эзворди-ю, – деди охири Бекназар чидамай, «пауза»ни пойлаб туриб.
– Бу ёруғ дунёда асил қўшиқнинг ўзи шу, укам, – деди киракаш иззат-нафси оғригандай. Бироқ бу «оғриқ» тезда ўтиб кетди шекилли, бир оз жим кетгач, энди яна ҳам астароқ ғинғирлашга тушди.
Хуллас, ўшанда Бекназарнинг хийла энсаси қотган, лекин «Кимнинг аравасига тушсанг, ўшанинг ашуласини айтасан» («эшитасан» дейиш керак экан деганди у ичида) мақолини эслаб, тишини тишига қўйиб келган.
Қайта-қайта эшитаверганидан муғаннийнинг нолаи афғони хотирасининг қат-қатига ўрнашиб қолган экан, орадан шунча вақт ўтган бўлса-да, хиргойининг сўзлари хаёлига маржондай тизилиб кела бошлади. Қўшиқ матни аслида бор-йўғи ўн қаторгина эди.

Бу дунё нотугалдир,
Тақдир ипи чигалдир.
Чигалликнинг чораси
Қаламқош бир гўзалдир.

Гўзалларда вафо йўқ,
Чин ошиққа сафо йўқ.
Бу кўп кўҳна масалдир –
Умр йўқки, жафо йўқ.

Ишқ дардига даво йўқ,
Бундан ўзга наво йўқ.

Қўшиқ маъносини Бекназар энди тўлароқ англаб етди. Лекин ўшанда аравакашнинг нега бошқа ашулаларни пучакка чиқарганини мушоҳада ҳам қилиб ўтирмаганди. Ҳа, аслида у шунчаки ишқ нағмаси эмас, ҳақиқий ошиқ ноласи, куйган кўнгил оҳи-зори экан. Бечора девона, шўрига шўрва тўкилган дарвеш!.. У ҳам бошидан кўп мушкул синоатларни кечирган шекилли-да. Бу ишқ балоси подшоҳдан ҳам истиҳола қилмаганидай, нотавон ғариб раҳмини еб ўтирмайдиган савдо экан.
Ана шундай хаёллар у ёқдан-бу ёққа шафқатсизлик билан отаётган паллаларда Бекназар Фазилатларникида айнан ўша мавзуда мунозара бораётганидан бехабар эди.

ХIII

Такяда савдогар тоғанинг танишини кўриши билан қизнинг кўнглига ҳеч кутилмаган қўрқув, ваҳима тушди. Отаси вафотидан кейин сўна бошлаган юртни кўриш истаги Бекназарни учратгач, қишдан чиқиб жонланган дарранда каби яна ғимирлаб, тинчи бузилган эди. Бунгача у ўзи сезмаган, ўйламаган ҳолда тақдирга тан бера бошлаган, бепоён денгизда мўлжални йўқотиб, ўзини ўлик оқим ихтиёрига топширган қайиқчи сингари, умрининг давоми қандай кечишини деярли ўйламай қўйган эди. Аввалига у Бекназарнинг нияти, оҳ-воҳларини ҳам шунчаки ўткинчи ҳавас, орқа-кети ўйланмай айтилаётган пуч ваъдалар эмасмикин деб хаёллади. Йигит режаларининг рўёбга чиқмоғи мушкулдай, умуман иложи йўқдай туюлар, қолаверса, узундан-узоқ, юртма-юрт кезилган йўллар, қийинчиликларни, айниқса, Жайхун дарёсидан ўтишдаги хавфу хатарни ўйласа ваҳимага тушиб безиллар, бир қарорга кела олмасди. Онасининг бир куни: «Отангнинг анови оғайниси Зайнулла афанди сени ўғлига мўлжаллаяпти чоғи, сўзларидан сал сезиб қолдим», дегандан кейин Фазилат ҳам ўзича савдогар тоғанинг кўз остидан бунга синчков назар ташлашлари, унинг арзандаси Зийнатбекнинг эса ғалатироқ, қиз боланинг юрагини жиғиллатиб, ҳадиклантирадиган қарашлари мағзини чаққан (унинг олдида чоршаф ёпинмасди), лекин бу борада қайта гап қўзғалмагани учун гумонни унутиб ҳам юборувди. Бояги одамни кўрди-ю, негадир ўша гап ёдига тушди. Агар отаси ҳам, ўғли ҳам ростдан шу ниятда бўлса, улар раъйини қайтариш қийин... Унда илалабад шу ерда қолиб кетишлари аниқ.
Шаҳарнинг Фазилатлар яшайдиган мавзеи нисбатан тинч, осойишта эди, қолаверса, тақдир Шарифа опа билан қизни ҳар хил синовлардан ўтказиб, ҳар қандай қийинчиликка ҳам мослаштириб, кўникувчан қилиб қўйган эди. Зайнулла тоға сафарларга кетганида унинг завжаси ва ўғли баъзи-баъзида Фазилатлардан хабар олиш учун уларникига ташриф буюриб туришарди. Fийбатчироқ ва зиқнароқ кўринадиган Лаъли опани Фазилат унча хуш кўрмасди. Лекин Шарифа опа қизига оғир бўлишни маслаҳат берарди. Ҳар қалай, улар далда эдилар-да. Эркаги йўқ хонадон аёлларига осон эмас. Шарифа опа Фазилатни такядан ўзга жойга деярли юбормас, зарурат юзасидан дўкон ё гузарга ўзи чиқар, доим дарвозани ичидан беркитиб ол, дея тайинлагани-тайинлаган эди. Бошқа маҳал ҳам эшикни маҳкам ёпиб ўтиришарди. Илгарилари Исмоил ака уйда кам бўлса-да, ҳар ҳолда кўнгиллари тўқ ва ишонч билан яшашарди. Қиблагоҳсиз – хожасизликдаги кунлар ниҳоятда узоқ туюларди. Кун-туннинг одатдан ташқари чўзилиб, вақт ўтишининг қийинлашуви аксарият ҳолларда умидсизлик, истиқболга ишончсизликдан далолат беради. Она билан қиз ҳеч кимни кутишмасди, бирон ёққа боришни мўлжаллашмасди. Зийнатбей ўзи ё онаси иккови қадам ранжида қилишганда, нима бўлсаям, Фазилатлар ҳовлисида сал жонланиш юзага келарди.
Зийнатбей дегани оқ юзли, бўйи Бекназарникидан пастроқ, семиз-тўлалиги келишган деган таърифга бир оз ҳалал берса-да, истарали, ҳар ҳолда биров айб топмагудай эди. Рангини аниқ ажратиш маҳол бўлган кўзлари йирик-йирик, қарашлари ўткир, меҳрли. Лекин... Фазилатнинг отаси «барибир бир куни қайтамиз» дегани-деган эди...
 – Энди унинг қабрини ташлаб қайга кетамиз, ким бизни ўз паноҳига, қаноти остига олади, – деб кўзёш тўкарди Шарифа опа.
Отанинг йўқлиги кўп билинди, уни эслаб эзилишарди. Аёл кишини ожиза деб бекорга айтишмас экан. Агар Фазилатнинг ўрнида ўғил бўлса, балки отасини катта дўхтирларга кўрсатармиди, чет элларга олиб бориб даволатиб келармиди?.. Пушти паноҳлари бўлганда кимга тегсаям, қаерда яшасаям майли эди. Энди бу ёт ўлкаларда умрбод қолгандан кўра, қийналишсаям, сарсон бўлишсаям ўзлари томонга кетишгани яхшийди. Шунинг учун, Зайнулла тоғалар ошкора оғиз солмай туриб, Бекназар аканинг таклифига розилик билдириш, бунга онасини ҳам бир амаллаб кўндириш керакмикин? Ахир у ҳам келишимли, гап-сўзи жойида экан, онасигаям маъқул кўринди-ку. Ёқтириши ҳам ростга ўхшайди. Унинг астойдиллигига имони комил бўлса, онаси ҳам йўқ демас. Отасининг қабри бу ерда қолса, на чора, кимларнинг қабри қаерларда қолмайди. Агар... агар бир кун онасининг ҳам кўзи юмилса...(Фазилатнинг азои бадани уюшгандек чимиллади)... Унда тамом, туғилган макони, уруғ-аймоғини бир бора кўриш умиди ҳам чиппакка чиқади! Интилсанг-у, интилганингга етолмасанг, бу – қўлинг калта, оёғинг шол, тилинг ожиз, кўзинг кўр яшагандай гап-ку. Йўқ, онасини бир амаллаб унатиш керак. Бекназар ака бир оила бўлволамиз, деб онасиниям бирга олиб кетишга шама қилди-ку. Бунақаси яна учрайдими, йўқми? Энг муҳими... энг муҳими – ўзининг ҳам кўнгли чопиб турибди. Бир йигит шунчалик бўлар-да, қайтага тақдир у билан учраштирганидан мамнун бўлишлари керак.
Фазилат чорпояда пешин намозини ўқиётган онаси ибодатни тугатиши билан ёнига борди, иккала қўли панжаларини бир-бирига кириштириб, унинг елкасига қўйди-да, оғирлигини солмай, эркалангандай суркаларкан, чала суҳбатларини яна давом эттириш ниятида ҳазил бир оҳангда сўз қотди.
– Ҳозир-ку иккаламиз бир-биримизга суяниб, бир-биримизни юпатиб юрибмиз, биттамизнинг бошимиз ёстиққа теккудай бўлса... – у мени назарда тутяпти деб ўйламаяптимикин, деб, онасининг кўзларига хавотир билан қараб қўйди. – Қачонгача қони қўшилмайдиган бегоналар кўзига мўлтираймиз, онажон?
Шарифа опа гап нима ҳақда бораётганини ҳамдард қалби, тақдирдошлик туйғуси билан англаб турарди. Рост айтади, кўнглидан ўтказди у, ёш бўлсаям, мусофирчилик кўрди-да, гаплари бутун, кўп нарсага ақли етади. Бахтига, яхшиям шу қизнинг борлиги, худодан айлансин, у бўлмаса, бир ўзи қаерга сиғарди?.. У ўзинию қизининг ҳозирги турмушларини, яқин ва узоқ келажакдаги тақдирларини кечасию кундузи ўйлагани-ўйлаган, ичидан эзилгани-эзилган эди, фақат буни мумкин қадар Фазилатга сездирмас, аксинча, хотиржам, бепарво кўриниш пайида бўларди. Баъзан ярим тунларда уйғониб кетиб, қайтиб мижжа қоқолмайди. Бўй етган қиз билан ўзга элда ёлғиз яшаш турган-битгани ташвиш, ҳадик эди. Оёғининг учида юргандай юради, шитир этган товушдан чўчийди, дарвоза бехос тақилласа бир ирғиб тушади. Сал илгарироқ жой сўраб келадиган мусофирлардан, ҳовли гавжумроқ бўлади, ҳам ҳарна уч-тўрт сўм рўзғорга ёрдам деб, вақтинчалик ижарачилар қўйиб кўришганди. Онанинг ўзи тортиниб қолди – худди бировникида қўшни тургандай. Бунисиям майлийди, бир сафар хотинли каттагина киши ғалати қараш қилавериб зериктирди, кенг йўлакдан туртилиб ўтадими-ей... Қараса, бўлмайдиган, тезда думини тугувди. Кейинги гал иккита қўноқнинг бири – кўринишидан қўй оғзидан чўп олмаган, одамнинг бетига тик қарашга уяладиган ёшгина гўрсўхта бир кун тунаб, эртасига: «Опа, кечалари зерикмайсизларми?..» деб гапни индаллосидан бошласа бўладими, кесакдан ўт чиққандай. Опанинг оғзи очилиб қолди. Бир-икки Фазилатга ҳам ўғринча назар ташлаганини сезувдию, унча эътибор бермаганди. Ўша пайтдаёқ унга такянинг йўлини кўрсатиб қўйди. Шу-шу ёшниям, кексаниям яқинлаштирмайди. Оч қорним, тинч қулоғим. Эркак киши хўроздай гап экан – макиён кўрди дегунча пайига тушаркан... Чўлоқми, букрими, эринг бўлсин экан...

* * *

Фазилатнинг бошига яна ҳар хил савдолар ёғилмаслиги учун уни узатишда адашмаслик, бу борада етти ўлчаб бир кесиш, энг зарури – ўзидан узоқлаштирмаслиги лозим эди.
Она хаёлан бир кесак билан иккита эмас, бирданига учта қуённи ўлжа туширмоқни – бўлажак куёвнинг Фазилатга муносиб, ҳар жиҳатдан мақбул ва марғуб чиқмоғини, эрининг руҳи шод бўлмоғини ҳамда ўзининг саҳродаги якка қайрағочдай шумтираб қолмаслигини орзу қиларди. «Худо хоҳласа, албатта шундай бўлади, мана кўрасиз», дея Фазилат рағбатлантиришга уринарди. Аммо опага хоҳишларининг тўкис ушалиши эҳтимолдан жуда йироқ туюларди, шу боис Бекназарнинг олислардан, боз устига айнан ўз музофотларидан келиб, уларнинг маҳалласидаги такяда тўхташи, Фазилатни бир кўрибоқ ёқтириб қолишини аллоҳнинг иноятимикин деб, йигитнинг хонадонига киришига розилик билдирган ва у билан суҳбат асносида кўнглида умид учқунлаган эди. Фақат дилидаги ғулғулани сиртга чиқаришдан тийилиб турарди. У кечадан бери Бекназарнинг гапларини тарозига солиб, ўйлаб ўйининг тагига етолмасди, иккиланарди. Шошган одам адашиб, алданиб қолиши мумкин. Фазилатнинг юзига синовчан тикилди.
– Сен у йигитнинг ваъдаларига ишоняпсанми, қизим?
– Тузук одамдай кўриняптию. Биз қатори анча машаққат тортибди, алдамас...
– Барибир синалмаган от-да, қизим.
– Қайдам, тепадиган отга ўхшамайди.
– Хўп, майли, лекин Ўзбекистон – Россиянинг қўлида қарам. Ўзинг кўриб, билиб турибсан, ҳамма ундан безиган. Ўзи қочиб, бошпана истаб юрган одам, бизни бошқа ёққа олиб кетса билмадим-у, юртга қайтолмаса керак. Борган тақдиримиздаям у ерда бизни ким танийди, сен қандай яшайсан? Тўғри, киндик қонинг ўша ёқда тўкилган, қон тортади, лекин...
– Бошга тушганини кўз кўрар, ая, шунчасига чидаб келяпмизу... Ҳар ҳолда, ота ватанимизни кўрамизу...
– Рози бўлаверайлик демоқчимисан? – яна ўсмоқчилади она.
Фазилат елка қисди.
 – Отангнинг қабри-чи? Унинг арвоҳи чирқирамайдимикин, болам?
Савол оҳанги майинроқ, она ҳам калавани узиб қўймаслик эҳтиётида эканлиги аён эди. Фақат у узоқ йиллар бир ёстиққа бош қўйган танмаҳрам ҳамда волида, шунингдек, катта сифатида ёшлар унча эътибор қилмайдиган, аммо кейинчалик армон бўладиган муаммони эслатиб, таъкидлаб қўйишни бурчи ҳисобларди. Вақтлар келиб таъна-маломатга қолиши мумкин-да. Ҳар қалай, у асил она эмас, Фазилатнинг: «ўзимники бўлганида...» дея алам-афсус чекмаслигига кафолат бериш қийин, гарчи у эрига «ўгай» бўлмаса-да...
– Ўтганлар руҳи яқинлари атрофида юради дейишади-ку, – деди Фазилат секингина.
«Вой қизи тушмагур-ей, бунақа гапларни қаердан ўргандийкин?..» – ўйларди она.
– Бу кунларимиз ҳам ҳолва бўлиб қолмасмикин деб қўрқаман-да. Бу ергача қандай етиб келганимизни ўйласам, ваҳимага тушаман... Бекназар деганинг Қашқарни гапиряпти, у шаҳарда бизнинг қариндошимиз ё бир тутқумиз бўлмаса...
– Яқин танишларим бор деяпти, эркак кишику, сўзининг уддасидан чиқишига кўзи етиб гапирятгандир... Барибир мусофир бўлганимиздан кейин, бу ерда яшадик нимаю, Қашқарда яшадик нима?.. Яна бундай... имконият туғиладими, йўқми... Мана шунча пайтдан бери бировдан бунақа таклиф эшитмовдик. Энг муҳими, сиз билан бирга бўламиз. Ахир ўзингиз ҳам юртга қайтишни кўп гапирардингиз-ку... Отам ҳам...
– Сенга маъқулми ўзи, бу йигит? – таъкидлаб сўради она.
– Қайдам... – Қиз юзини онасининг кўксига яширди.
Мусибат кейинги икки йил мобайнида Шарифа опа билан Фазилатни бир-бирига янада яқинлаштириб, меҳрибонлаштириб қўйган эди. Қиз юрагининг туб-тубида мудом ғимирлаб, шаштини қайтариб келган «минг қилсаям, барибир ўз онам эмас» деган ўжар туйғу уни бутунлай тарк этди. Энди улар ўзларини ҳақиқий она-боладан ҳам кўра опа-сингилдай, баъзида ҳатто ҳамроз дугоналардай тутишарди. Аксарият, онасининг пинжига тиқилиб олган қўзичоқдай Шарифа опанинг кўкси билан елкаси оралиғига, гоҳо шундоқ юраги устига бош қўйганича ухлаб тонг оттирарди Фазилат. Айрим кечалари эса алламаҳалгача дардлашиб, бир-бирига таскин бериб ётишар, бирга кулиб, бирга кўзёш тўкишарди. Ҳолбуки, энди Шарифа опа Фазилатга ҳам она, ҳам ота эди.
– Ҳа, шайтон, маслаҳатни пишириб, гапни бир жойга қўйиб бўлдиларингми? Айтдим-а, такка деса пешонаси тиришадиган қиз ўша ёққа танда қўйиб қолди деб.
– Мен ҳали унга чучук сўзимни берганим йўқ, аяжон, ўлай агар, уям «сизни ёқтириб қолдим» деди, холос.
– Шу битта гапига лаққа тушиб, тақдиримизни унинг ихтиёрига топшираверамизми? Сен-ку, сен... Мен унга ортиқча юк бўлиб... Қизиқ устида осмондаги ойни ваъда қилиб, кейин бўлакча бўлиб олмасмикин?
– Вой аяжоним-ей, гапингизни қаранг-а, мен ҳозир унга тегиб кетяпману... Ахир мениям ўзимга яраша каллам бор. Олдин ўша Қашқарига борайлик, у ердаги шарт-шароитни кўрайлик. Унгача униям қанақалигини билиб, шунга қараб иш тутармиз. Худо бир йўлга бошлар...
– Бунақа таваккал гапларни қўй, қизим. Сени деб ҳажга боришданам кечиб, шунча жойдан орқага қайтсаю, у ерга боргандан кейин сени қаерда кўрувдим деса...
– Нима, айби борми, айтавераман: йўл-йўлакай бир-биримизни сина-аб борамиз, кейин ўйлаб кўрамиз дейман, шу шартимга кўнсангиз майли дейман.
Опа кулди.
– Ёшлигингга борасан-да, Фазилат. Йўл машаққатлари ёдингдан чиқдими дейман. Ҳар хил жойларда тунашга тўғри келади, чегаралардан ўтиш осонмас. Юкларимиз бўлади. Кейин, ҳазилакам пул кетмайди, болам...
Қиз ҳовлини сотишни эслатиб, онасини ҳовуридан туширишга, ҳадигини енгиллатишга уринди.
– Агар пешонамизга шу иш ёзилган бўлса, худо йўлимизни ўнглайди, сиз сира ташвиш чекманг, аяжон, – деб Шарифа опани маҳкам қучоқлади. Нега бирдан шундай қилгиси келди – билмасди. У ҳаяжонда эди, хаёлида кўзларини жавдиратиб Бек ака турарди...
Таомил юзасидан Фазилат эртани кутмоғи лозим эди, бироқ, қизга фурсат жуда ғаниматдай, ҳали замон Зайнулла тоғалар томондан совчи келиб, иш бутунлай чаппасига кетадигандай туюлар ва ниҳоят онасининг салгина (ҳа, шундай дейди!) мойиллик билдираётганга ўхшаётганини айтса, Бек аканинг қай ҳолатга тушишини кўришга ошиқиб, юраги потирларди. Албатта қиз туғилган гўшасини, илк бор кўрган ёруғ олам манзараларини кўз олдига келтиролмасди, лекин гоҳи-гоҳида қалбининг ошёнига интилган қушдай талпинишини сезарди. Ўшанақа пайтларда қачондир, кимдир қўлларидан етаклаб олиб кетишини орзу қиларди. Балки... ўша кимдир мана шу йигитдир?..
У чоршафни бошига солди.
– Яна қаёққа? – сўради она норози оҳангда.
– Ўша ёққа, эрталаб одамлар кеп қолиб, яхши гаплашолмадик. Бечора менга маҳтал бўлиб ўтирибди. Бирпасда қайтаман.
– Ҳой қиз, эсингни йиғ, – таъкидлади она, – «ўлдим-куйдим»ига учиб, ҳамма гапларимизни айтиб ўтирмагин тағин.
– Хотиржам бўлинг, ая!
– Узоқлаб кетмагин!.. – Шарифа опанинг бу тайинлови оҳангидан хавотирдан ташқари, унинг ҳам йигитнинг қатъийроқ ният-мақсудини тезроқ билиш истагида эканини чамалаш мумкин эди.

ХIV

Фазилат ҳам Бекназарни ғойибдан юборилган, онаси икковини мусофирлик, мазлумликдан қутқарувчи халоскор билиб, унга қизиқиши, мойиллигини ғайриихтиёрий чора илинжи деб ўйлаётган эди. Ҳозир қияликдан кўтарилиб бораркан, такя дарвозаси ёнида, пастак курсичада шу тарафга қараб ўтирган кимсага кўзи тушдию, юраги алланечук орзиқиб, беихтиёр қадамини тезлатди. Қиз қорасини кўрсатиши билан йигит ҳам ўрнидан даст туриб шу томонга талпинди. Демак, чоршафи остидан ҳам уни таниди. Фазилат Бекназарнинг шошиб келишидан яна билакларига ёпишишини туйиб, унга бир қадам қолганда тўхтади-да, «юринг» деб, ортига бурилди. Бекназар илдам босиб, унга ёндашди.
– Гапиринг.
– Ўзингиз гапиринг.
– Нимага яна юзингизни тўсволдингиз?
– «Суқ ёмон нарса» дейди аям.
– Ўша куни чоршаф тутмаган экансиз, а?
– Сизни ўлжа излаган оч бўридай саҳарлаб чиқишингиз тушимга кирибдими?
– Ҳали биз сизга бўриям бўлдикми, хоним афандим?
– Тулки демаганимгаям шукр қилинг, – Фазилат шундай деб кулиб юборди. Бекназар ҳам унга беихтиёр жўр бўлди.
– Буни ҳар доим тутиб юрмайсиз шекилли?
– Ҳа, отам ўтгандан кейин аям энди катта қиз бўп қолдинг, деб туттирган. Асли, бу матони жиним суймайди, нафасим қайтиб, юрагим қисилиб кетади. Зарур маҳалларда, аям айтгандай, номаҳрамлар орасига кирган пайтларда солволаман.
– Ҳозир ҳеч ким йўғу ё мен ҳам?..
– Бўлмасам-чи...
– Майли, ҳозирча номаҳрам бўп тура қолайлик.
– Кейин-чи? – Қиз чоршафини хиёл кўтариб қия қараб кулимсиди.
– Кейин ажабмас, аллоҳнинг биз ғарибларга раҳми келса...
– Ҳо, шунақа денг. Аллоҳдан фақат ўзингизга мурувват тиларкансиз-да.
Бекназар довдираб қолди. Бир нафас жимиб деди:
– Камина зориқиб турган нарсаларга ўзгалар ҳожат сезмаса керак деб ўйлайман.
– Раҳм-шафқат ҳаммага, ҳамиша керак дейишади.
– Унда ҳаммага тилаганим бўлсин. – Бекназар орқа-олдига қаради, яқин-ўртада биров йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, қўлларини дуога очди: –Эй парвардигори олам, ҳамманинг дилига, шу қаторда Фазилатхоннинг дилигаям кўпгина раҳм-шафқат солгин, токи муҳтожлардан меҳр-мурувватини аямасин, омин.
– Тилак тилашга уста экансиз.
– Худо бизга ўхшаган мусофир-бечоранинг тилагини тезда ижобат қилармиш. Бандалар бўлса, ўзларини тушунмаганга солиб, меровсираб тураверишади, одамни қийнаб...
– Жим... – деди Фазилат. Рўпарадан чоршаф ёпинган, кийинишидан ёши улуғроқ бир аёл етти-саккиз ёшлардаги болани етаклаб келарди. Улар ўтиб кетишгач, қиз давом этди. – Мусофирлик риёзатларига чидаб юрган кишига бўлак анча-мунча қийинчилик нима деган гап?
– Анча-мунча денг. Бу қийинчилик олдида бошқа ҳар қандай риёзату азоблар ҳолва экан.
– Кўп китоб ўқийсизми дейман?
– Мусофирликда китоб ўқиш кўнгилга сиғадими? Айниқса, мушкул бир дардга мубтало бўлиб қолсанг...
– Қанақа дард? Бирон жойингиз оғрияптими?
– Юрак... жуда қаттиқ санчяпти.
– Ҳа-а, юракнинг давоси чинданам мушкул дейишади.
– Ҳа-да, табиб даволашни истамаса...
– Табибнинг ўзиниям ғам-ташвиши кўпдир-да...
Улар каттагина хиёбонга етиб боришди. Том мазмунда чорси майдон ўртасининг бу бошида ва нариги чеккасида биттадан чор қиррали йўғон, баландлиги тахминан йигирма беш метрли тош устун қўққайиб турар, ўнг тарафда эса маҳобатли, кўринишидан анча қадимий масжид бўлиб, атрофда бошқа деярли кўзга алоҳида ташланадиган бино, иншоот йўқ эди. Сайргоҳнинг ҳар ер-ҳар ерида каштан, акас каби манзарали дарахтлар андак файз бағишлаб туришини ҳисобга олмаганда, кимсасизлигиданми, ўсимлик камлигиданми, ҳудуд қандайдир нообод, мароқсиздай туюларди. Бекназар тош устунларга қараб серрайиб қолди. Уларнинг нима мақсадда қўйилганини, қандай маъно ва аҳамият касб этишини англамади. Зотан, ҳозир у бу ёдгорлик маънисини чақадиган кайфиятда эмас, кўнгли, фикри бутунлай ўзга муаммода эди. Фазилат бу тошларни кўп кўргани боис, уларга эътибор бермасди.
– Хўш, аянгиз нима деди? – мавзуни асосий муддаога бурди Бекназар бето¬қатланиб.
– Ҳозирча тайинли гап айтгани йўқ. Қайдам, у йигитни яхши билмасак деяпти. Ростиям, ўзингиз тўғрингизда тузукроқ сўзлаб бермадингиз, аям баъзи нарсаларни сўровди, нима дейишни билмадим.
Кишига авайлаган ярасига худди бир нарса тегиб кетаётгандай туюлаверади, қанча эҳтиётланган сари ўзини бир нималарга уриб олаверади. Шунга ўхшаб, муҳим бир сирингни бошқалардан яширишга ҳаракат қилганинг сайин, улар худди ана шу нозик жо¬йингни пайпаслашиб, сени ҳадиклантиришаверади.
Бекназарнинг наздида қиз ҳам, онаси ҳам айнан унинг уйланган-уйланмаганини билишга қизиқишаётганга ўхшарди. Шарқона одоб, орият нуқтаи назаридан Бекназар ҳам, Фазилат ҳам ўз туйғулари ва мойилликларини мумкин қадар узоқроқ пинҳон сақлашлари, шу билан бирга, бир-бирларини тафтишдан, синовдан ўтказмоқлари лозим эди. Бироқ вазиятнинг танглиги, вақтнинг қисталанглиги бундай мураккаб жараённи босиб, енгиб ўтишни тақозо этмас эди. Лекин барибир баъзи гапларни ойдинлаштириб олмаса бўлмаслигини дилидан ўтказди йигит. Қиз боланинг кўнгли нозик, бердисини айтиб тушунтиргунча тўнини тескари кийиб олса, тамом. Биринчи кунданоқ унга кўнгилсиз эдим, ҳеч қанча яшаганимиз ҳам йўқ, жавобини бериб келганман, деганига ишонармиди. Ишонган тақдирдаям, мен хотин кўрган, сондан чиққан кишига тегаманми, дейиши турган гап. Ёлғон сўзлаш оғир гуноҳ албатта, аммо начора... Бу дунёни ёлғон дунё дейишади-ку, демак, бу нақлда бир ҳикмат бор...
– Мана, кўриб турибсиз, шу – мен. Мусофирман, бу ҳам етмагандай, мубталоман. Каттагина ҳовли-жойимиз, ота-онам, акам, синглим олисда қолиб кетишган, лекин уларнинг ҳозирги аҳволидан бехабарман, ҳар қалай, мен уларни соғингандай, улар ҳам мени эшикдан лоп этиб кириб келармикин, деб ҳар куни йўл қарашаётгани аниқ. Чунки, мўлжалимиз бўйича мен бу пайтгача уйга қайтишим керак эди. Сабабини сизга айтганман. Қисқаси, Саудияга бораётувдим, бошим айланиб, Истанбулда қолиб кетдим. Аммо ҳозирча тақдиримдан суюниб турибман, ишқилиб, суюнганим қут бўлсин. Хў-ўш, энди яқинларимни қачон кўраман – худонинг амрига, сизнинг хоҳишингизгаям боғлиқ. Агар хўп десангиз, аянгизни кўндирсангиз, Қашқарга борамиз. Андижон билан хабарлашамиз, келаверишсин дейишса ўтиб кетамиз, бўлмаса, вақтинча ўша ерда ижарага уй олиб яшаб турамиз. Ишлаб пул топаман, қўлимда ҳунарим бор – тузуккина устаман. Танишларим ёрдам беришади. Вазият ўзгариши билан юртимизга қараб йўлга тушамиз. Менинг аҳдим, ниятим шу.
Инсон аксарият ҳолларда худбинлик туйғусига, манфаатни ҳамма нарсадан устун қўйиш, беқусур, олижаноб кўриниш майлига қандай ён берганини ўзи ҳам сезмай қолади. Йигит хижолат чекди, албатта. Лекин, «Ахир мен унинг ўтмишини, феъл-атвори, юриш-туришини, шу пайтгача қандай яшаганини суриштирмаяпман-ку», дея ичида ўзига тасалли берди. Бу севгининг сени авраб, бош-кўзингни айлантириб қўйгани оқибати бўлса керак. Ростиям, буларни умрингда кўрмаган бўлсанг! Қандай одамларикин? Келиб чиқишлари, дунёқарашлари, эътиқодлари қанақайкин? Мана, икки йилдан бери она-бола бош эгасиз, эркаксиз ҳовлида кун кечиришаркан... Аммо, қаердан, кимдан, нима деб ҳам суриштиради?
Фазилат қачон, қандай кетиш ва бошқа масалалар ҳақида сўрагиси келар, ўз шартларини айтмоқ учун оғиз жуфтлар, лекин иззат-нафси, онаси эслатган қизлик ғурури йўл бермас эди. Ҳа, чин исломий қиз бечораларнинг йигитлардан фарқи шуки, улар эшитадилар, кутадилар, илҳақ бўладилар ва... кўнадилар. Фазилат ўзини Бекназарнинг салобати босаётганини ҳам сезди. Айни дамда йигитнинг орзу-режаларига, лафзига ишонгиси, юртига етиб борса, қариндошларига бошидан кечирганларини ҳикоя қилиб, кўнглини бир ёзгиси, хумордан чиққиси келарди. Ҳаёт унга зерикарли туюладиган вақтлар кўп бўларди, баъзи-баъзида юраги бирдан сиқилиб, ўзини қўярга жой тополмай қоларди. Шунақа пайтларда кенг ҳовли-жойлари торлик қилар, ўзини тутқун тўти ўрнида кўрар, қани энди, қафасдан чиқиб узоқ-узоқларга учиб кетсам дерди. Дарҳақиқат, уззу-кун она-бола ўтиришади. Тўғри, маҳаллада тенгқур қизлар йўқ эмас, лекин улар орасида Фазилат ҳануз ўзини бегонадай, янги кўчиб келган кимсадай тутади, у атайлаб қилмайди, балки шундай ҳиссиётлар гирдобидан қутулолмайди. Ерликлар унга бошқача назар билан қарашаётгандай, кўнгилларидаги гапларини унга очиқ-ойдин ошкор этишмаётгандай, баъзида унга бир оз ғашлари келаётгандай, айримлар у билан шунчаки қўл учида кўришиб, тил учида саломлашиб қўйгандай, хуллас, ўрталарида кўринмас қора парда бордай туюлаверади.
Агар... агар Бекназар ака буларнинг ёнига кирса, ҳар қалай, анча далда бўлармиди. Маҳаллада-ку ҳеч ким Фазилатни ҳам, онасини ҳам бетинг қурсин дегани йўқ, қўни-қўшни билан кирди-чиқдилари тузук, бироқ хонадонга бир эркак киши жуда зарур экан. Бозор-ўчарга... Дазмолнинг сими узилса ё бошқа бирон буюм ишламай қолса, кимга боришингни билмайсан, жавон ё эшигинг қийшайиб-нетса, ниманидир бир ердан иккинчи жойга жилдиришга тўғри келса, қўшни эркаклардан илтимос қилиш керак. Оқшомлари эшик тиқ этса, юраклари гупиллай бошлайди. Шунақа қилиб, қисиниб, омонат яшагандан кўра, қийинчилик, сарсонгарчилик бўлсаям, ўз ватанларига кетишгани яхшимасми?
Ҳаммаҳалла Нажотнинг одоби, хулқи Фазилатга маъқулга ўхшаб, уни кўрганда ўзида ғалати ҳиссиётлар уйғонаётганини сезарди. Йигит дугонаси Турконанинг акаси эди. Уларники беш-олти ҳовли нарида эди. Фазилат мактабда ўқимади. Бир жойда муқим туришмагани, эртанги тақдирлари номаълумлиги учун бунга шароит ҳам, имконият ҳам бўлмади. Истанбулда туркистонлик муҳожирларнинг фарзандлари ҳам мактабга қабул қилинарди, лекин Фазилатнинг ёши ўтиб қолган, коллежда ўқиш учун аввал мактабни битириш лозим эди. Қолаверса, Исмоил ака танҳогина қизларининг бегона шаҳарларнинг нотаниш кўчаларида якка-ёлғиз юришини хоҳламас ҳам эди. Ўқиб-ёзишни билади, шу кифоя дерди. (Йўл бўйларидаги, гузарлардаги қаҳвахона, суҳбатгоҳга ўхшаган жойларда ҳар хил тоифадаги ёш-яланглар карта, нарда ўйнаб ўтиришарди). Нажот қайси бир коллежни битириб, олийгоҳга ўқишга кириш тараддудида эди. Улар ҳар замонда кўчада учрашиб қолишарди. Фазилат ўн саккизда – айни гулгун ёшда, китоблар таъсирига берилган, қиз боланинг унга ёқаётган йигитни кўрганда нега ўзида ғайрича бир туйғулар пайдо бўла бошлаши сабабларини яхши туядиган паллада эди, фақат ўша кимсага кўнгил бериб, боғланиб қолишдан чўчирди. Унинг фаразича, ўзаро маъноли, хиёл табассумли қарашлар, гоҳи ошкор, гоҳи пинҳон кузатишлар ҳали чинакам муҳаббатга айланиб улгурмаганди; севги домига ўралашиб улгурмасдан бир чорасини кўрмоқни ўйлаб-ўйлаб қўярди. Одатда қизлар қалбларида уйғонаётган ишқ туйғулари, эҳтиросларини интиқлик билан кутилган ғоят азиз ва мўътабар меҳмон истиқболига пешвоз чиққандек катта ҳаяжон ва ифтихор билан қаршилайдилар. Аммо Фазилат сиртдан шўх табиатли, шаддод кўринса-да, чуқур мулоҳазали, саботли қиз эди – буларни ҳам унга мусофирлик ўргатганди – ҳолати ва шарт-шароити ўз ҳиссиётларига ортиқча эрк бериб юбормасликни, ақл билан иш тутишни тақозо этишини теран англарди. Балки Шарифа опа ҳам очиқ сезмаса-да, қизининг кўзга яқинлигидан ҳар хил гумонларга борар, ташвиш чекарди, буни қиз онанинг уни «Қаёққа чиқдинг, нима қилдинг?», «Нега узоқ юрдинг?» дея сўраб-тергашларидан, «Бўй қиз бўп қолдинг, иложи борича ўзингни сипо тут, қадамингни ўйлаб бос, ҳар кимларга (бунда албатта йигитлар назарда тутилаётгани тайин эди) кулиб, сузилиб қарамагин», дея тайинлашларидан пайқарди. Бир куни яна шу ҳақда сўзлашиб ўтиришганди, она гапнинг пўст калласини айтди.
– Майли, ёқтирсанг қаршилигим йўқ, Нажот ёмон йигит эмас, ота-оналари ҳам тузук одамлар. Унда... шу юртда бутунлай қолиб кетишга тўғри келади-да, қизим...
– Тўғриси, уни ёқтиришимниям, ёқтирмаслигимниям билмайман, – деди Фазилат довдираб. – Кейин мен отамниям, сизниям хоҳишларингизга зид бир иш қилмайман, аяжон. Сиз нима десангиз шу, менинг сиздан бўлак кимим бор...
Ўшанда, эҳтимол ҳар иккисининг ҳам онгидан юртга қайтиш имкони туғилгунча қари қиз бўлиб ўтириб қолиш мумкин-ку, деган ўй кечгандир, лекин бу мулоҳаза уларнинг тилига чиқмаганди. Бекназарга рўпара келгач, Фазилатга турк йигитидан узоқлашиш, ундан кўнгил узмоққа баҳона топилгандай туюлди. Бекназар дам кўз олдида уни ҳамма балодан асраб, қафасдан олиб чиқиб кетадиган ҳақиқий нажоткор сифатида гавдаланар, дам унга қизиқиши, мойиллигини ғайриихтиёрий чора илинжи деб ўзини ишонтиришга уринарди. Айни вақтда, оқ-сариқдан келган, мулойим табиатли Нажот билан Бек акасини таққослаб, кейингисининг алп қомати, феълидаги дадиллик ва шиддатни, қора қош-кўзларининг ярашимлигини, энг муҳими, энг асосийси – юртдошлигини ўйлаб юрагида илиқлик туярди.

* * *

Улар майдонда бир оз айланишди. Иккисининг ҳам хаёлларида қатланиб турган гаплари, саволлари бисёр эди, лекин андиша, истиҳола уларга халал берарди... Фазилат сал наридаги Илча мавзеига бошлади. Айюб Ансорий мақбараси ўрнашган ҳовлисимон ҳудудга киришди. Зиёратчилар кўп эди. Демак, Ансорий ҳазратлари анча машҳур, мўътабар зотлардан экан-да, деб ўйлади Бекназар, марқадни ҳайрат билан томоша қиларкан. Кейин яна Фазилат етовида дахма ортидаги қабристонга ўтишди. Мозорга ажратилган жой чекланганиданми, қабрлар жуда зич бўлиб, аксариятининг тепасига ҳар хил рангдаги мармардан сағана тоши ўрнатилганди. Бекназар ҳайрон бўлди: бунақа одат ғайридинларга хос дейиларди-ку, демак мусулмонларга ҳам мумкин экан-да...
– Қайта қолайлик, у ёғи гўристон экан-да, – деди у.
– Юраверинг, – ундади қиз овозини пастлатиб ва олдинга ўтди. Йигит эргашди.
Қабртошлар одам бўйи, ундан пастроқ эди, оралиқларда бир киши сиққудай йўлак бор эди, холос. Ер кўп-ку, шунақаям зиқналик қилишадими, дерди Бекназар ичида. Юриш ноқулайлигидан ғубор босган мармар устун-тахталарга сурканмай ўтишнинг иложи йўқ эди. Фазилат кийимларига чанг тегаётганига аҳамият бермай, ортига ҳам қарамай илгариларди. Мозоротнинг деярли нариги чеккасига чиқиб қолишди. Ниҳоят, қиз чоғроққина қабртош олдида тўхтади.
– Отам шу ерда ётибди, – деди ва чоршафини қайириб бошига ташлади-да, чўнқайиб ўтирди. Бекназар ҳам беихтиёр унинг ёнига чўкди.
Бўйи бир, эни ярим метр чамаси оқиш мармар тахтага фақат «Исмоил Fиёс ўғли. Туркистон» деган ёзув битилган, суратсиз эди.
Сокин қабристонда кишининг кўнглини чўктирувчи ҳазиният ҳукмрон эди.
Фазилат паст товушда, қарийб пичирлаб «Оятал курси» сурасини ўқимоққа киришди. Бекназар қўлига илашган қуруқ чўпни беихтиёр бармоқлари орасида айлантирганча, хаёлга чўмган қиёфада ўтирарди. Фазилатнинг боя жаранглаб чиқаётган овози энди мунгли нолага айланган эди. Йигит мутаассир бўлди, юраги тўлқинланиб, қизга ихлоси, меҳри янада ортаётганини ҳис этарди. Отасининг қабригача олиб келиб кўрсатдики, бу қизнинг унга ишончидан, фақат шодлигини эмас, шунақа дардли, қайғули онларини ҳам баҳам кўришга ҳозирлигидан ва уни ҳамдард, қайғудош сифатида кўра бошлаганидан нишона...
Кўзлари жиққа ёшга тўлган Фазилат тиловатни тугатиб, қўл очаркан, Бекназарга бир қараб яна юзини қабрга бурди. Йигит худодан ўтганларнинг, алалхусус, шу қабрда ётган бандаи мўминнинг бу ёруғ дунёда билиб-билмай йўл қўйган гуноҳларини мағфират айлаб, қоронғи гўрларини ўқилган қуръон нурлари билан мунаввар, охиратини обод этишини, қолганларга, хусусан, аёли Шарифа опа ва якка-ёлғиз жигарпорасига сабр-тоқат, бахтли-саодатли умр тилаб, дуо қилди. У қиз олдида уни хижолатдан, исноддан асраган озгина диний тушунчага эгалигидан мамнун, шу тушунчани онгига сингдирган бобосидан, падари бузрукворидан миннатдор бўлди, зеро, ўша даврда Ўзбекистонда қуръон сураларини биладиган, тилидан шунчалик дуои фотиҳа келадиган ёшлар (айниқса, йигитлар) кам, жуда кам эди.
Бояги алпозда орқага қайтишаркан, Фазилатнинг ҳамон унсиз йиғлаётгани сезилиб турарди. Майли, бир оз кўнглини бўшатиб олсин, деди ичида Бекназар, кейин шунақа маҳалда айтиладиган одатий гаплар билан юпата бошлади. Тасаллиси кор қилавермагач, қизни чалғитиш ниятида деди:
– Бемалолроқ юрадиган йўл қолдиришмаган экан-да.
– Бошқа йўл бору узоқроқ, айланиб бориш керак, – деди Фазилат, – мусофирлар шунақа чеккароқ ерларга қўйилади шекилли.

ХV

Учрашувлар мазмуни, мулоқотлар мавзуси деярли бир эди.
Пакка – Султон Аҳмад майдони эди. Уларнинг толеига хиёбон кўпинча холи, ўриндиқлар анча бўш бўларди.
– Отам юртимизга тегишли жойларни, ўзимизнинг қаерданлигимизни ёзиб қолдирганакан, – гап бошлади Фазилат кейинги гал музқаймоқ еб ўтиришаркан. – Ҳайрон бўлдим: ахир раҳматли у депараларни, кимларнинг авлодилигимизни қулоғимга қуйиб ташловди-ку дейман.
Балки дарди, алами ичида кетган падари бузруквор хотирага ишониб бўлмайди, қиз бола... мендан кейин унутиб юбориши мумкин, деб ўйлагандир. Эҳтимол у бир кун ватанга қайтишларига ишонгандир, ё аксинча, бунга кўзи етмагани учун ҳам шундай қилгандир.
Онаизор сандиқнинг тагида худди ёмби сингари асраб келинаётган ўша дафтарни Фазилатга яқинда, турк йигити Нажот тўғрисида гап очилган пайтда ошкор этди. Балки у «Мана буни яхшилаб ўқиб, уқиб ол, ўзинг хулоса чиқар» деган ниятда ёзувни қизига кўрсатгандир. Ўшандан бери Фазилат дафтарни болиши остига қўйиб ётар, кунда бир неча марта қўлига олиб, қайта-қайта ўқир, кўзларига суртар, баъзи-баъзида ўша битик¬лар сабаб, ўз онасини, отасини қўмсаб, тақдир палахмони онаизорини ёвуз дарё комига, буни эса шунча узоққа – ўзи қайтолмайдиган, қайтса ҳам етолмайдиган жойларга улоқтирганидан ўкиниб-ўкиниб йиғларди. Дафтарда юрт, шаҳар отларидан ташқари, бир неча исм ҳам бўлиб, уларнинг ким, қандай қариндошлиги ёнларига қайд этилганди: «Саодат – амма, Абдурасул – почча, Хўжаойим – хола, Маъруф Хўжа – почча, Маҳмудахон – хола, Мақсудали – почча, Абдулҳамид, Абдулҳаким, Ортиқбой, Қорасоч, Эрмамат, Ҳалима, Шарофат, Шерали – жиянлар...» Фазилат бу номларнинг ҳам аксариятини кўп эшитганди, лекин баъзиларини билмас ё қандай туташлиги хаёлидан кўтарилаёзган эди. Англадики, уларниям ёдда сақлаши керак. Қиз отасига, демак, унга ҳам бевосита дахлдор кишилар ҳақидаги аниқ маълумотдан хабар топгач, дилининг бир чеккасида қаноат ва хотиржамлик ҳисси уйғонганини сезиб қолди. «Демак, қариндошларимиз, яқин кишиларимиз узоқда бўлсаям, анчагина бор экан», деган фикр уни тетиклаштирди. Уларнинг айримлари ўтиб кетишгандир, лекин лоақал ярим-ёлчиси ҳаётдир...
– Қисқаси, отамдан ёдгорлик ана шу дафтар қўлимга теккандан кейин юрагимга қандайдир ғулғула тушган, – деди Фазилат. – Худди сайёҳ мусофирлар ичидан қариндошларимиз чиқиб қоладигандай, оёқларим ўз-ўзидан таккага тортади. Бирон янгилик умидида Ҳожи ота билан гаплашгим келади. Аямга ўша чолга нон, овқат-повқат бериб турайлик дейман, бечора майли, қизим, савоб бўлади дейди. Бирам яхши аёл, бирор марта мени қаттиқ уришганини ё илтимосимни қайтарганини эслолмайман. Кўп ишларда мени катта одамдай кўриб маслаҳатлашади.
– Биттагинамисиз? – сўради Бекназар.
– Ҳа, қисқа жавоб айтди Фазилат, бошқа изоҳ бермади.
Аслида савол жавоб берувчини хурсанд қиладиган савол эмаслигини йигит ўйламади чоғи. Қиз жимиб қолди, балки ёдига ёлғизлиги ва бунинг сабаблари тушгандир. Икки йилки фарзанд кўрмаётган Шарифа келинойи юртдан чиқишганда оғироёқ эди, Амударёдаги ҳалокатда қўрқиб кетганидан ҳомиласи тушиб, қайтиб бўйида бўлмаганди.
– Энди кўпаясиз, – деди Бекназар андак тезоблиги, шошқалоқлиги оқибатидаги хатосига тузатиш киритмоқ, гапни буриб юбормоқ ниятида.
Фазилат табиатан ё балки юртма-юрт, шаҳарма-шаҳар кезишлар, ҳар хил воқеа-ҳодисаларга дуч келишлар, кўп нарсаларга гувоҳ бўлишлар оқибатидир – ҳушёр, зийрак қиз эди, коса тагидаги нимкосани англаганди, қизаринқираганини сездирмасликка ва чеҳрасига табассум балқитишга ҳаракат қилиб, ўз навбатида ҳазилни давом эттирди.
– Сиз фол очасизми ё башоратчимисиз?
Бекназар секин кулди. Унинг кулгиси самимий эди. Фазилат саволи ўзига ҳам наша қилгандай, «пиқ» этди-ю (бу орада у хижолат бўлиб, атрофга бирров назар ташлаб олган эди), ийманиб, лабларини қимтиди, аммо ақиқ, уятчан дудоқлар четидан таралган, назокатли жилмайиш юз-кўзларига ёйилиб улгурганди. Бу табассумни юзага келган яқинлик аломати деб ўйлаган Бекназар қизнинг қимтилган тиззалари устига қўйиб ўтирган қўлидан аста ушлади. Аввалига қиз қаршилик кўрсатмади, қани, нима қиларкин дегандай, қалтис ҳаракат оқибатини енгил ҳаяжон билан кутди. Бир оз титраётган кучли панжалар исканжасидаги бармоқларининг хиёл энгашган йигит лабларига яқинлашиб бораётганини пайқагач, шоша-пиша қўлини тортди, бироқ кечикканини, кафтининг орқаси чўғ босилгандай қизиб кетганини, ҳароратнинг яшин тезлигида тирсаги ва кифти орқали юраги томон югурганини туйди, «одобсизлик»ка кескин эътироз билдириш лозим деган ўй келди, лекин бу гал тили панд берди.
– Ҳай, нима қиляпсиз, афандим, одамлар кўради.
– Афв этинг, хоним афандим, гуноҳкорман, – йигит ҳам қиздан кам ҳаяжонланмаётган эди.
– Ана, кўрдингизми, яхши биларкансизу. Сиз-да, мениям, ўзингизниям гуноҳга қўйиб...
– Ҳай-ҳай, жа оширворманг, юртдошларнинг кўришиб, учрашиб туриши гуноҳ¬масдир.
– Юртдошлар шунақа кўришарканми?
– Ҳадисларда бировни ёқтирсангиз, унга сездириб қўйинг дейилган.
– Ҳо-о, ёқтирганини ка-атта майдонда, шунақа қилиб сездирарканми?
– Бўлмаса, қанақа қилиб?..
– Билмадим, – Фазилат яна юзини ёнбошига ўгириб олди. Унинг кулгиси қистаган эди, лекин бу кулги қимтилган лаблари орасига қисилиб қолди. Қўлида тасбеҳ ўгирганича бир-бир босиб Султон Аҳмад масжидига кириб кетаётган узун бўйли бир кишининг бошини буриб, шу тарафга кўз қирида қараб қўйганини кўриб чалғиди. Ким бўлдийкин, маҳалласиданмикин? Нажотнинг отасига ўхшайди. Бир марта йигит билан бирга кўчада кетишаётганда дуч келишувди. Ўшанда Нажот қиз боладай қизариб, довдираб, отасига тузук-қуруқ бир нарса ҳам деёлмаганди.
– Ана, қаранг, бизни кузатишяпти, – деди-да, Фазилат шартта ўрнидан турди.

ХVI

Бекназарнинг Шарифа опа билан кейинги суҳбати анча жиддий кечди. Масала ҳар тарафлама муҳокама этилди, ўртадаги риоя, юз-хотир пардалари вақтинча бир четга суриб қўйилди. Бекназар аҳдининг қатъий, сидқидилдан эканини қайта-қайта таъкидлади. Фақат бирон жойда ишлаб, озроқ пул жамғариши лозимлигини ҳам яшириб ўтирмади. Йўлни билиб олгани, ҳар ҳолда унча қийналишмаслигини, иложи борича уларни эҳтиётлаб, авайлаб олиб кетишга ҳаракат қилажагини гап орасида қистириб ўтди.
– Мумкин, ишончли ҳамроҳлар чиқса, Қашқардан сизларни Андижонга жўнатиб юборарман, – деди у опанинг ён бергандай бўшашганидан дадиллашиб. – Бизда, яна айтаман, аёлларни қамаб, ё бошқача зуғум қилишаётгани йўқ, таёқ эркакларнинг бошида синаяпти, холос.
Йигитнинг онгига «уларни бир амаллаб кўндириб олсам бас» деган фикр маҳкам ўрнашиб қолган эди. Балки Қашқарга етиб боришгунча муносабатлари яхши бўлиб кетар. Бекназар ҳозир арқонни узун ташлаш ақидасига суянар, асосий мақсади Фазилатнинг муҳаббатига эришишгина эмас, балки уларни юртга етказиб қўйишдан ҳам иборатлигига опани ҳам, қизни ҳам ишонтиришга уринар, фақат бу борада Фазилат билан ҳаммаслаклигини опага сездирмасликка тиришарди. Ниҳоят куйиб-пишиб уқдиришлари нишоналари бўй кўрсатди.
– Эҳтимол сизни бизга худонинг ўзи юборгандир, – деди Шарифа опа.
– Ҳамонки йўлимиз, дастурхонимиз бир бўлар экан, сармоя тўғрисида ортиқча бош қотиришга ҳожат йўқдир, ахир, кетадиган бўлсак, ҳовлини сотамиз-ку.
Албатта, Бекназарнинг нияти амалга ошса, уй-жойнинг пулланиши аниқ, лекин эр киши аёлларнинг ҳамёнига шерик бўлиб, икки қўлини бурнига тиқиб юролмайди-ку. Унда хушторлигию, ҳиммати қаёқда қолади?
– Майли, уйниям сотамиз, аммо менам озроқ маблағ жамғармасам бўлмас...
– Ҳовлининг пули етмайди деб ўйлаяпсизми? Уйдаям бир нимага ярайдиган анча-мунча нарсаларимиз бор.
– Етишгаю етар, яна, узоқ йўл. Ҳар ҳолда ақчанинг ортиқчаси зарар қилмайди, опа.
– Гапингиз тўғри, аммо, бир аравага тушадиган бўлсак, сеники-меники деб юрмайлик дейман-да, унда биз хижолат бўлиб, тортиниб қоламиз, аҳилликкаям дарз етади, Бекназаржон иним.
– Сиз ташвиш чекманг, опа. Худо хоҳласа, сиз айтганча, топганимиз, қуюғимиз, суюғимиз ўртада бўлади. Мен фақат дард қолмайлик дейман-да. Қашқарда юртга ўтишга ҳаялласак, ижарада яшаб туришга тўғри келиб қолиши мумкин...
 Бекназарнинг тили учида: «Мен эркак кишиман, ёнимда ўз сармоям бўлиши керак», деган сўзлар тизилиб турардию, чиқиб кетолмасди.
– Бу, аканг тушмагур хийла ўжарга ўхшайди, Фазилат, – деди опа Бекназар чиқиб кетгач, лабини чимириб кулимсираркан.
– Тўғри-да, аяжон, эсингиздами, «Пул топаман деб, қачонгача шаҳарма-шаҳар юрасиз», деганингизда отам раҳматли нуқул «Пули кўпнинг қўли узун, пули йўқ пули борга тобе бўлади» дерди. Ориятли эркак сиз айтган гапга унамайди-да.
– Қайсарлик қилиб, йўл-чўлда бизни қийнамасмикин дейман-да, қизим.
– Қайсар – подшо дегани. Унақалар тутган жойини қўйвормайдиган, бир сўзли бўлади.
Опа қизига ҳайрон боқди.
– Бунақа гапларни қаёқдан биласан қиз бола жонинг билан?
– Биламан-да, отам мени бекорга «доно қизим» дермиди. Китоблардан ўқиганман.
– Китобларда ёзовради-да. Тўғри иш қиляпмизмикин дейман-да. Ёмғирдан қочиб дўлга тутилгандай, уй-жойни сотиб, тайёр бошпанадан айрилиб, сарсон бўлмасак-да ишқилиб. Китобларда сен ўқигандай бўлса бордир, ҳаётда бошқаларни фақат ўзининг йўлига юргизишга уринадиган одамлар қайсар дейилади. Қайсарлик яхши хислат саналмайди, қизим. Унақалар айтганида «гаҳ» деб турволишади, бошқалар билан муомала қилиши, иш битказиши қийин, муросага кўнмайди. «Ит қайсар» деган иборани эшитганмисан? Мана, қара, ҳозирдан бизнинг гапимизга хўп демаяпти. Лекин, ўзига тўқроқ хонадондан бўлса керак, бўлмаса бу ерларгача етиб келиши қийин эди. Отанг «Советлар сиёсати, зуғумидан ҳам пули, моли борлар қочиб қутиляпти, холос, қўри йўқлар қамоққа ё сургунга қулоғини ушлаб кетяпти» дегич эди.
– Ростиям, эркак киши, моли-давлати бўлмаса, бўйнини қисиб, индамай тураверади-да, ая.
– Ҳозир шуни мулоҳаза қиладиган вақтми Бек акангга?
– Майли, аяжон, ишлайман деса, ишласин. Унга дарров қаёқдаям иш қараб турибди, бу шаҳарда ҳеч кимни танимаса, ҳеч қаерни билмаса. Кейин, ўзиниям узоққа сабри чидамас... – Бирдан Фазилатнинг хаёлига бизникида яшаб тураверса-чи, деган ўй келди. Бу ҳарқалай, жўяли мулоҳаза эди, у ҳолда шошилишниям ҳожати бўлмасди. Аммо... қиз ўз режасидан уялиб кетди, лаб тишлаб, онасига бирров нигоҳ ташлади, лекин унинг унча эътибор қилмаганини пайқаб, давом этди. – Икки ой ишлар, уч ой ишлар. Гапимиздан ўзича маъно чиқариб, зўрға туришган экан деган хаёлга бормасин тағин.
Она бу ёғини ўйламапман дегандай, бош қимирлатиб қўйди.
Аслида аёлнинг андишаси бошқа ёқда – Фазилатга индамаса-да, Зайнулла афанди ҳалал бериб қолмасмикин, дея хавотирлана бошлаган эди. Фазилат нима бўлсаям ёш-да, онаси уйни тузукроқ пулга сотамизмикин деса, ўйлаб-нетмай, ўша киши ёрдам бермасмикин ё ўзи олиб қўя қолмасмикин, деб ўтирибди. Унга айтиб бўларканми, лекин, айтмасликнинг иложиям йўқ. Ахир хайр-маъзурни насия қилиб жўнаб юборишмайди-ку.
Аммо савдогар она-бола ожизаларнинг аллақандай бир мусофир билан тил бириктириб қилаётган саъй-ҳаракатларини маъқулламаслиги тайин, зеро, Шарифа опанинг тахминича, унинг ўғлини Фазилатга уйлантириб, ҳовлини ҳам қўлга киритиш нияти ҳам йўқ бўлмаса керак. Опа ўзини унинг шамаларини англамагандай тутиши, рўйхушлик бермаётгани ҳам шундан эди. Зайнулла афанди бир куни гапни айлантириб, шунга тақади... «Дўстим сизларни менга, мени аллоҳга топширган. Биласиз, биз кўп қадрдон, ҳамдам эдик, савдо йўлида бирга хийла азияту машаққатлар чекканимиздан ҳам озми-кўпми хабарингиз бор, нима топган бўлсак, бирга баҳам кўрганмиз. Шунинг учун унга сизларни ўз ҳифзи-ҳимоямга оламан деб ваъда берганман. Бошларингизда эркак йўқ, бизни яқин, синашта одамлар ўрнида кўриб, қандай юмуш бўлса, тортинмай, бемалол айтаверинглар, мен йўғимда, Зийнатбей ёрдам бериб туради, уям сизларни жуда ҳурмат қилади. Сизни худди ўз онасидай кўради, Фазилатни яхши қиз деб кўп мақтайди...»
Савдогар муддаосини очиқ-ошкор қилмагани сабабини опа ўғлининг ҳали бир оз ёш (Фазилат билан деярли тенгдош эди) эканлигида деб ўйларди. Бекназарга шу гапларнинг бир учини чиқарсамикин, ё унда бу ўжар йигит шошқалоқлик қилиб бирон ножўя иш кўрсатиб қўярмикин?.. Йўқ, ҳар қалай, унга билдиришмагани маъқулдир...

ХVII

Бекназар ишнинг бу қадар жўн, хамирдан қил суғургандай осон битаётгани учун мамнун, қиз ҳам, Шарифа опа ҳам ўз таклифига, яъни Қашқарга кетишга розилик билдириш рағбати йўқ эмаслигини кўнгил ҳавасига ҳам мойиллик аломати деб билар, асосий муаммо ҳал бўлди деб ҳисоблар, умрида тўртта одамнинг ўртасига чиқиб қўл кўтармаган йигит, дам-бадам девоналардай, ўзидан-ўзи бармоқларини қисирлатиб ўйинга тушар эди.
У қишлоқ боласи, анчайин содда эди. Тақдир шамоли ҳали уни чирпирак қилиб учириб, не манзилу маконларга элтиб ташлашини, чархи кажрафтор ғариб бошига қандай шўришу ғавғолар тайёрлаб турганини хаёлига ҳам келтирмасди. Айни дамларда у чиндан ҳам бахтиёр эди. Гўё аёл зоти билан боғлиқ орзу-умидлари, завқу эҳтирослари қайта тирилиб, пажмурда жисми-жонига мислсиз қудрат, фавқулодда ғайрат ато этилганди. У мутлақо имконсиздай туюлган тилаги кутилмаганда жуда тез ушалаётганидан эсанкираб қолганди. Бунақа маҳалда осон қўлга киритилган бойлик, бахт кўпинча баракасиз ё омонат бўлиши ҳақидаги гаплар қайси бир омади чопиб турган ошиқнинг ёдига келарди? Бекназар назарида ҳам чиройли, ҳам хуштабиат, хушфеъл, бир сўз билан айтганда, айни кўнглидагидай дилдорни топган ва энди у билан бир умр саодатли, осуда ҳаёт кечириш мумкин, орадаги анча-мунча қийинчиликлар чикора деб ўйларди. Қийинчилик ҳам нима бўларди – йўл юриш, иссиқ-совуқ ҳаволи, тоғу тошли, саҳрою даштли жойлардан ўтиш... Тинч, саломат Қашқарга етиб олишса, у ёғига иши юришиб кетишига ишонарди. Падари бузрукворининг қадрдонлари омон бўлишса, уни сарғайтириб қўйишмайди. У бобосию отасининг қадри шунчалик баландлигини ўша одамларнинг ўзига кўрсатган муруввату илтифотларидан билди. Арабистондаги амакиси аҳволи қандоқ экан? Унга етиб боролмайдиган бўлди-да. Фазилат билан унинг онасини ҳозир у томонларда етаклаб юролмайди – вақт ҳамда маблағ муаммоси бунга монелик қилади. Қолаверса, уларниям бунга раъйлари йўқ. Тезроқ уларни юртга яқинроқ жойга олиб кетиш зарур. Фақат маблағ керак, маблағ... Фазилатларнинг уйлари қанчага сотилсаям, ўзларига ҳаржлашади-да, Бекназар аёл кишилардан пул олиб ишлатармиди. Энди жадалроқ иш ахтаришга тушиш лозим. Арра-тешаси наф бермаса, бақувват қўллари бор...

* * *

Парвардигор бандасининг ишини ўнглайман деса, ҳеч гапмас. Бекназар иш борасида кимдан маслаҳат, ёрдам сўрасамикин деб, ўзича Жавдар оғани мўлжаллаб ётган эди, очиқ эшик тақиллаб қолди. У шартта тикланиб қаради. Остонада ўрта бўйдан баландроқ, ялангбош, оқ оралаган сочларининг олд томони, хусусан икки чаккаси сийраклашган, соқоли қиртишлаб олинган, ихчам мўйловли, кўзлари майдароқ киши кулимсираб турарди.
– Ассалому алайкум, андижонлик йигит ўзларими?
Бекназар ирғиб туриб эшик томон юраркан, хаёлланди: «Ким бўлдийкин? Фазилатнинг отасини оғайнисимикин?..»
– Ва алайкум ассалом, – деди у ҳамон ажабланганича меҳмонга қўл узатиб. – Ҳа, мен, хуш келибсиз, ичкарига марҳамат.
– Йўқ, раҳмат. Ҳожи отани йўқлаб кирувдим, бир ватандош келган деб қолди, шунга кўришиб қўяй дедим, айбга буюрмайсиз.
– Қадр қилганингиз учун раҳмат, ака, қани, бу ёққа ўтирайлик, – Бекназар ўзи солиб ётган, оҳори кетган кўрпачага ишора қилди.
– Ташаккур, ҳамюрт, яхшиси, Ҳожи аканинг хонасига юринг, бирпас отамлашиб, кўнглини оламиз бечора ғарибнинг. Улуғ шоир айтганидай, «Кимки бир кўнгли бузуқни хотирин шод айлагай, Онча борким, Каъба вайрон бўлса обод айлагай». Мени исми-насабим Сабо Раҳмат.
Меҳмоннинг очиқлиги, илашимлилиги Бекназарга ёқди.
– Ҳожи ака Маккатиллодан қайтишда шу ерда қолган. Ватанга яқинроқ деб, Афғонистонни мўлжаллагану, аммо у ерда мусофирларга муносабат ёмонлигини ўйлаб, шу таккани бошпана қилиб олган, йўл-йўлакай изоҳ берди у.
Ҳожи ота Бекназар ўтган сафар кўрган ҳолатда ўтирар, анжомлар ҳам жой-жойида эди. Мўйсафид ўрнидан турмоққа шайланган эди, Сабо Раҳмат унинг ёнига илдам ўтди-да, елкасига кафтини босди.
– Қўзғалмасинлар, тақсир. Мана, юртдошни бошлаб келдим.
Улар хонанинг бир томонига – мезбоннинг ўнг тарафига солинган юпқагина сурранг тўшакка чўккаладилар. Хона соҳиби дуога қўл очди.
– Fайридинларга инсоф берсин, ўлкамиздан балои офатларни худонинг ўзи даф этсин, омин.
– Омин, омин, – жўр бўлишди меҳмонлар.
– Қани, тақсирим, бир тортамизми? – деди Сабо Раҳмат жилмайиб, чилимга ишора қиларкан.
– Куласиз-да, а, қисматдош, куласиз.
– Хўриллатиб тортишингизга борман-да. Ўзиям жуда-а ҳузур қиласиз, а?
– Энди буям кор қилмай қолди, мулла.
– Кучлироғидан топайликми? – Сабо Раҳмат Бекназарга қараб кўз қисиб қўйди.
– Аллақачон топиб қўйганман, Сабоҳиддин.
– Об-бў, Ҳожи акаси тушмагур-ей, ўтирган ўрнингизда анча-мунча ишни битириб ташлайсиз-а. Қани, кўрайлик-чи, ўша зўрини...
– Рост айтсам, яшил чойга, яъни ўзимизнинг кўк чойга етадигани йўқ экан, – Ҳожи ота Бекназарга юзланди. – Ўғлим, самоварда чой қайнаяптимикин?
– Ҳозир қарай-чи, – Бекназар ўрнидан даст туриб, хонтахтадаги муштдайгина сариқ сопол аралаш чинни чойнакни олиб, ташқарига чиқиб кетди.
– Дуруст йигитга ўхшайди. У бечораям сиз билан биз сингари зуғумдан, чақувдан куйиб қочганлардан экан, – деди Ҳожи ота ва Бекназарнинг баъзи гапларини айтиб берди.
Сабо Раҳматнинг кулимсираб турган юзи жиддий тус олди.
– Ҳа, тақдирдошлар кўпайяпти, Ҳожи ака. Ўртада «қочди-келди»лар сал босилиб қолувди, яна бошланибди-да. Бу яхши аломатмас. Шўро устунлари чириб боряпти, деб уларнинг қулашини қанча интизорлик билан орзуласак, қанча илтижо билан тиласак, тобора мустаҳкамланиб, истибдоди авж оляпти-я.
– Аммо Жалолиддин Мангубердидай қаҳрамонларимизгаям ўзимизникилар панд беришган.
– Тўғри айтасиз, Ҳожи ака. Бобур Мирзодай улуғ шоир, адолатли ҳукмдорниям юртдан мосувою дарбадар қилганлар ҳам ўзининг энг яқинлари, ишонганлари эди.
– Локин, шундоқ деб, бутун халқни айблаб бўлмайди, ватандош.
– Тўғрикуя, албатта, сопининг ўзидан чиқариш Сталин давлати сиёсатининг ўзаги десаям бўлади, лекин у даюснинг одам ҳайрон қоладиган феъллариям бор. Азиз фарзандини генералга алмаштирмай, воз кечиб юборганини айтаман-да. Тарихда тантиқ шаҳзодалар давлат, бойлик иштиёқида юрт бошига нима кўргуликлар солмаган?.. – Бекназар пичирлагандай ассалому алайкум деб кирди-да, чойнакни хонтахтага қўйди. Ҳожи ота хонтахтанинг нариги чеккасидаги пиёлаларни унинг олдига сурди. – Бироқ, – давом этди анча қизишиб қолган Сабо Раҳмат, – одамларимиз шунча тез, шунча осонлик билан ўша сиёсатнинг ялоқбардорларига, айғоқчиларига айланиб кетадими деб хунобингиз ошади-да.
Ҳожи ота шикаста товушда «Ҳа-а...» деб қўйди.
Бекназар чойни уч марта қайтаргач, пиёлаларга қуйиб Ҳожи отага, Сабоҳиддин акага узатди.
– Салласини олиб кел деса, каллага югуришади-да, – деди Сабо Раҳмат чойдан ҳўплаб.
– Унақаларга ҳам осон тутиб бўлмайди, мулла, жон ширин, қоронғи хонада, қон чиқ-майдиган жойига икки-уч тепки егандан кейин қийин-қистовга дош бериш қийин. Ахир зах ҳужрада, бурга, искаптопарларга таланиб, бир қошиқ хўрдага зор бўлиб ётиш ё узоқ, қора балчиқли ўрмонларда азоб-уқубатлар билан итдай ўлиб кетиш кимга ёқади?
– Жуда кўнгилчансиз-да, Ҳожи ака. Туркистонликлар деган сўз менга ватангадолар дегандай эшитиладиган бўп қолди.
– Ўзимизнинг айбимиз уларникидан енгилми? Пешонамизга қочоқ, хоин деган тамғалар босиб бўлинган. Тўғри, биз сиёсий муҳожирмасмиз, аммо ҳукумат бизни аллақачон қора сиёҳ билан ёзиладиган рўйхатга тиркагани аниқ.
– Биз бировни сотмадик, кимгадир хоинлик қилмадик-ку.
– Ватанга хоинлик қилдик, ватанга, мулла Сабоҳиддин. Жон қутқарган ботир деб, юртни мустамлакачиларга ташлаб қочганимиз қандай хиёнатдан кам?
– Вазият тақозо этганда пайғамбаримиз ҳам ҳижратни маъқул кўрган экан...
– Э, мулла, пайғамбаримиз билан бизни қочишимизнинг фарқи катта. Расулуллоҳ қўл остидагиларни, саҳобаю жангчиларини эҳтиёт қилган, биз эса ўзимизни... Аслида қамалиш ё бадарға бўлишданмас, мол-дунёимиздан ажраб қолишдан қўрққанмиз.
– Унақа деманг, Ҳожи ака, биз мутеликда, динсизликда, яшагандан кўра, сарсон-саргардонликни афзал кўрганлармиз. Қолаверса, барибир қўлимиздан ҳеч нарса келмасди-да... Ўз юртинг бўла туриб, Зокиржон Фурқат ёзганидай, ўзга элларда адашган итдай қаёққа боришингни билмай, довдираб юриш одамга алам қилади-да. Оламда ўз ватанини ташлаб, қорни тўйган ерни макон тутиб яшайверадиганлар ҳам кўп экан. Ўзбекистонни босди ўшанақалар.
– Энди жуда қаттиқ кетдингиз, – ўтирган ўрнида бир тўлғаниб олди Ҳожи ота. – Таёқ¬нинг бир учи ўзимизга келиб тегишиниям ҳисобга оляпсизми? Асосийси, тақдир деган нарса бор. Ким қачон, қаерда жаноби азроилга рўпара келиши фақат парвардигорга аён.
– Дуруст, аммо бандалар ҳам бир-бирига сабаб бўляпти-ку. Уларга ўйлаш, мушоҳада қилиш учун ақл-идрок ато этилган-ку, Ҳожи ака. Мана, сиз нима учун ватан, юрт деб куюниб, йиғлаганингиз йиғлаган?
– Ҳа, энди, ҳамманинг феъли ўзига, ҳамма ҳар хил яратилган... Мени қўяверинг, камина тўридан гўри яқин бир фақир. Аламимни йиғидан олишдан бўлак нимагаям ярардим. Осмон – узоқ, ер – қаттиқ.
– Ноумид шайтон, Ҳожи ака, ҳали бардамсиз. Юртда бир эврилиш юз бериб, омон-омон замонлар бошланиб қолса, сизни ўзим олиб кетаман.
– Мабодо, айтганингиздай, юртга қайтадиган бўлиб қолсаларинг, илтижо қиламан, албатта мениям отми, эшакми, биронта уловнинг думига бойлаб, бир амаллаб олиб кетасизлар, жон ватандош. Бу дунёдаку яхшиликларингизни қайтаролмайман, илло, у дунёда қанча савобим бўлса, дўст сифатида ҳаммасини сизга олиб беришни яратгандан ўтиниб сўрайман. Унгача умрим етмаса, ақалли қабримдан бир ҳовуч тупроқ олиб кетиб, Ўзбекистон чегараси бошланган ерларга сочиб юборсангиз ҳам мингдан-минг розиман.
– Хотиржам бўлинг, Ҳожи ака, сизсиз ҳеч қаёққа кетмаймиз.
– Локин энди биз юртга қайтолмаймиз, жигар, ахир қайси юз билан борамиз?..
Бекназар «музокара»ни қизиқиш билан тинглаб ўтираркан, дилидан ҳамсуҳбатларникига яқин ҳиссиётлар кечарди. Наҳотки улар ҳам бунга ўхшаб, арзимаган сабаб билан юртдан чиқиб ё қочиб юришган бўлса?..
Сабо Раҳмат ёнида одам борлиги бирдан эсига тушгандай, бошини Бекназар томон бурди.
– Сиз ҳам гапиринг, юртдош, ё ҳали бундай савдолар каллангизни гаранг қилиб улгурмадими?
Бекназар мужмалгина жавоб берди. Сабо Раҳмат энди унинг қаерданлиги, бу ёқларга қандай келиб қолгани, ният-режалари билан қизиқиб, аниқ саволга ўтди.
– Исм-шарифлари қандай?
– Бекназар.
– О, жуда тахаллусбоп экан. Бек Назар. Бобур Мирзо дегандай. Мабодо шеър-пер ёзиб турмайдиларми?
– Йўқ, – деди Бекназар ўзини бир оз ўнғайсиз сезиб. У адабиётдан жуда узоқ бўлмаса-да, ҳар ҳолда бадиий ижодга ҳам унча яқин эмас эди.
– Падари бузрукворининг отлари-чи?
Бекназар айтди.
– Демак, Бекназар Дармон... Туркияда исм-шарифлар шундоқ айтилади, биздагига ўхшаб, ғайри миллатчасига «...ев,...ов» дейишмайди. Мен ҳам ҳужжатда Сабоҳиддин Раҳматуллаев юритиламан, лекин турк биродарларимиз Сабо Раҳмат тахаллусини беришди. – У яна кулди. – Ҳожи аканиям исми-шарифи узундан-узоқ – Абдузуҳриддин Фароҳиддинов. Абду Фараҳ ёки Ҳожи Фараҳ деб айтақолайлик, десам, ҳеч кўнмайди-да. Отасиниям, ўзиниям исмларини яримта қилишни хоҳламасмишлар. Ватансиз одамга номи бутун бўлди нимаю, яримта бўлди нима дейман. Худо хоҳласа, ватанимиз бутун бўлади дейди. Майли, ишқилиб, айтгани келсин. Хў-ўш, шундай қилиб, Андижонданман денг. Ён қўшни эканмиз. Бизники Фарғонанинг Қувасидан. Ҳожи ака билан қадрдонмиз, тўғрироғи, ҳасратдош, дарддошмиз. Ҳар замонда суҳбатлашиб хумор ёзгани келиб тураман. Шу баҳона, бу карвонсаройга қўниб ўтадиган ҳаммиллатлардан анча-мунча ахборот, маълумотлар оламиз. Мана, энг кейинги хабар ва янгиликларни сиздан эшитамиз. Юртда ҳозир сиёсий ҳолат қандай? Халқнинг руҳи-кайфияти нечук?..
Бекназар бир лаҳза тараддудланиб қолди. Унинг ўзи сиёсат жабрини тортиб юрганлардан бири эса-да, бу ёқимсиз ибора билан боғлиқ хатарли, бетайин вазиятга қандай ҳолат ва воқеалар киришини ичида мулоҳаза қила бошлади. Ниҳоят, хаёлига чўлларни ўзлаштириш шиори билан қишлоқ аҳлининг айримларини оиласи билан туғилган, униб-ўсган маконларидан юлқиб олиниб, мажбуран Мирзачўл, Янгиер, Бўз каби дашт-биёбонларга кўчирилаётгани келди. Бу энди қариндош-уруғлар, бир-бирини қўллаши мумкин бўлган ўзаро яқин, ҳамфикр одамларни бир-биридан узоқлаштириш, парокандалаштиришнинг «доҳиёна» йўли, большевикча усули эди. Бўшаб қолган ҳовли-жойларга эса Русиянинг олис, овлоқ бурчакларидан чўчқабоқар Зоялар келиб ўрнашарди. Шунингдек, «халқлар отаси»нинг қаҳрига учраб, иссиқ ўринларидан ярим тунда бир залп билан қўзғатилган чеченлар, қрим татарлар, месхети туркларини ҳам «манжаниқ»ларга солишиб, кўзни юмиб, Ўрта Осиё минтақаси тарафга отишар ва улар тўзғоқдай ҳар томонга ёйилиб тушишарди...
Аҳолининг руҳи-кайфияти... Иккинчи жаҳон урушидан қай бир аъзосидан ажралиб, танию қалб жароҳатлари битмай, умуман меҳнатга яроқсиз бўлиб қайтган собиқ аскарларнинг, оналар, келинчаклар юрагидан жанггоҳларда, Сталинград «тўғон»ида , фронт орқасида, меҳнат фронтларида ўқдан ва очликдан ўлган ота-онаси, эри, ака-укасию бошқа яқинларидан жудолик аламининг заҳри ҳали кетмаган эди. Улар бор-будини – оғзидаги нонию эгнидаги кийимигача «ватан мудофаачилари»га юбориб, ўзлари ҳануз ўша юпунлик ва ночорликдан чиқишмаганди. Қолмишига уларга ҳар турли ўлпонлару тўловлар – гўшт, сут, сарёғ, жун, тухум каби куракда турмайдиган, тарихнинг энг аянч¬ли даврларида ҳам бўлмаган солиқлар солиниб, уларни тўлашга қурби етмаганларнинг гўдаклари озиқлигига яраб турган соғин қўй ё эчкисини қароқчилар каби судраб чиқиб кетишар, бечоралар чирқираб қолишаверарди. Хуллас, ҳали ўмганини ростлаб олмаган, қачон ростлаши ҳам даргумон одамларнинг ҳолати, кайфияти қандай бўларди? Тўғри, улар бир нарсага – чақалоқдан мункиллаган қарияларгача тинкасини, миллион-миллион кишиларнинг ёстиғини қуритган бенўхта, бедаво урушнинг тугаганига шукрона келтириб кун кечиришарди. Лекин уруш даврида қисқа муддат карахт ётган қатағон аждаҳоси яна бош кўтарган эди, у ҳамишагидай оч ва ёвуз – тинимсиз қурбонлик тиларди – ҳали у сабаб, ҳали бу баҳона билан қатллар, «қама-қама»лар, сургун-итоблар давом этарди. Салгина аввалроқ Саид Аҳмад, Шуҳрат, Шукрулло, Мирзакалон Исмоилий, Шайҳзода каби таниқли шоир-ёзувчилар қамалган, улардан бирига уйида исириқ сақлаган, оиласида чақалоқни бешикка белаттирган, деган айб тақалган эди.
Бекназар шулар ҳақида билганича гапириб берди. Сабоҳиддин аканинг ҳам, Ҳожи отанинг ҳам пешоналари тиришди, қовоқлари уйилиб, лунжлари осилди. Улардаги бояги тетикликдан, эҳтиросли хитоблардан асар ҳам қолмаган эди.
Анчагача ҳеч кимдан чурқ этган садо чиқмади.
Бекназар ер остидан катталарга разм солди. Ҳожи отанинг боши эгилиб, юзи умуман кўринмас, ушоққина елкалари силкинарди. Каттагина калласини оҳиста, бир маромда тебратиб ўтирган Сабоҳиддин аканинг ҳам мижжалари намдан йилтирарди.
Ниҳоят, Ҳожи ота бошини кўтарди, унинг кўзлари қизариб кетган эди.
– Шунақа денг, Бек Назар. Биз кўрган кунлар ҳам бир нави экан-да. Ё аллоҳ! Бу қандоқ кофирларким, бешик тутганларни, исириқ тутатганларни, эскича китоб ўқиганларниям ясоққа тортишаверса-я!..
– Иштонсизнинг ҳадиги чўпдан деганлари шу-да, Ҳожи ака. Лекин биздаги коммунистларнинг зуғумлари япон коммунистларининг хитойликларга, хитой коммунистларининг уйғурларга берган жазолари олдида ҳолва. Улар ҳукуматнинг бирон мулозимига нисбатан билиб-билмай ноўринроқ сўз айтган ёки ёзилган ва ёзилмаган қонунларга хилофроқ ҳаракат содир этиб қўйганларнинг оёғига кишан солиб судрашаркан, маҳбусларни қозиққа боғлаб, итларга талатишаркан.
– Умуман, большевик дегани бир бало экан-да, мулла Сабоҳиддин. Локин ҳаммаси унақамасдир…
– Ҳа, албатта, бари гап буйруқ берадиганларда-да... – Сабо Раҳмат Бекназарга қаради.
– Энди, ука, бу бекорчи чоллар мунча менга ёпишиб олишди демасангиз, малол келмаса, саргузаштларни, шундай деймизда, а, Ҳожи ака, аслида саргузаштмас, жафозашт, аламзашт, мухтасар гапириб берсангиз. Қайси томонлар билан келдингиз, йўллар, чегараларда аҳвол қанақа?
Бекназар бир оз ижирғанди, «Худди терговчидай сўрайди-я» дея ўйлади, лекин кўнглидагини сездирмасликка уринди. Ўзининг қарийб беш ойлик кўрган-кечирганларини Сабоҳиддин ака кутганидан ҳам қисқа – тўрт-беш дақиқада ихчам, лўнда айтди-қўйди. У умуман кўп гапиришни ёқтирмасди. Аммо тўғрисини сўзлади. Ўрни келиб қолганда, муддаосини қистириб ўтишни ҳам унутмади. Очиқ-ошкор баён этмаса-да, шу шаҳарга етганида ҳамёнининг таги кўриниб қолгани, шунинг учун ишлаб, сармоя жамғаришни мўлжаллаётганини шама қилди. Фазилат билан боғлиқ савдоси ҳақида оғиз очмади, тўғри-да, умрида биринчи кўриб турган одамларга дарров шайдолик достонини ўқиб ўтирадими?
– Сиз Абдулла Қодирий деган адибни биласизми? «Ўткан кунлар» рўмонини ўқиганмисиз? – Бирдан бутунлай бошқа мавзуда савол бериб қолди Сабоҳиддин ака.
Бекназар шундай бир зўр ёзувчи ўтганини эшитгану, лекин биронта китобини ҳам кўрмаган эди.
– Аттанг... Андижонлик Чўлпон деган шоирни-чи?
– Йўқ, ўқимаганман.
– Афсус. Чўлпонни Туркияда яхши билишади, айниқса, ёшлар суйиб ўқишади. Иккала адибнинг ҳам қисмати доғли. Чўлпонни мутолаа қилсам, унинг ёш кетганига жуда ачинаман. Ўлмаса, шу пайтгача қандоқ инжу шеърлар битардийкин... Сабо Раҳмат оҳиста, маромида ўқий бошлайди:

Муҳаббатнинг саройи кенг экан, йўлни йўқотдим-ку,
Асрлик тоши янглиғ бу хатарли йўлда қотдим-ку...

Fазалнинг сўнгги байти Бекназарнинг қалбини тирнаб ўтгандай бўлди:

Муҳаббат осмонида гўзал Чўлпон эдим, дўстлар,
Қуёшнинг нурига тоқат қилолмай, ерга ботдим-ку.

Ҳожи ота хонтахта остидан нос рангли мўъжазгина бир китоб олиб, варақлай бошлади.
– «Ер юзинда ўзга бир олам эрур бизнинг ватан», – деб алқаган Ўзбекистонимизни Сулаймон баззоз ўғли.
Бекназарнинг бўйлаганини кўриб Ҳожи ота китобни узатди. Лекин у лотин имлосида, бу ҳарфга Бекназарнинг тиши ўтмас эди, китобни Сабоҳиддин ака олди, лекин саҳифасини очмай, ёд айтди:

Кўз ёшимда ювсам
Юртнинг бағрини,
Тилим билан сўрсам
Оққан қонини.

– Шундай истеъдодлар юртим, элим деб жувонмарг бўлиб кетди-я.
– Қаранг, бир банда худонинг омонати – ҳаётини халқ учун тикишга қодир, лекин халқ у муштдай жонни ҳифзи-ҳимоясига олишдан ожиз.
– Халқимизда ҳамжиҳатлик йўқ, Ҳожи ака, ҳамжиҳатлик. Тўп юрадиган, ҳашаки итдай келадиган чиябўрилар шерданам тап тортишмас экан. Чигитдай-чигитдай арилар ўқловдай илонни чақиб ишириб юборишади.
– Э, сиз уларни айтасиз, бир китобда ўқиб қолдим: қундуз бору – сувкаламуш, шулар жамликда қий-чув қилиб, тимсоҳдай баҳайбат, ваҳший нарсаниям қувиб солишаркан.
– Ҳукуматнинг халқмас, оломондан қўрқишининг сабабиям шу-да. Халқ қанча кўп бўлса, шунча пароканда бўлади.
– Бечора Чўлпон «Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир» деб ёзибдия, куйиб-ёниб.
– Ҳа, шундай одамларни бургадай эзиб ташлашди-ю, сиз билан биз нима деган гап, Ҳожи ака.
– Зап жуфтакни ростлаб қолган эканмиз демоқчисиз-да, а, мулла Сабоҳиддин? Локин бу ишларни ҳали сўроқ-саволиям бор...
Бекназар «банги чол» деб ўйлаган қариянинг ва Сабоҳиддин аканинг маънили шеър ўқиши, файласуф ё катта ёзувчилардай (ё чиндан ҳам шунақамикин?..) мулоҳаза юритишларига қойил қолиб ўтирар экан, ўзининг Қодирий рўмонлари, Чўлпон асарларидан бебаҳралигидан, ёшлари бир жойга борган манави ҳасратдошлар каби ўша ҳамшаҳарининг тўрт йўл байтини ёд билмаслигидан хижолат чекарди. Шунинг учун у ҳамсуҳбатларининг дам униси, дам бунисининг оғзига тикилганича, гап қўшмай, жимгина қулоқ солар, мисраларнинг мағзини чақмоққа уринарди. У Ватаннинг шунчалар азиз ва муқаддаслигини, илк субҳидам ҳавоси, атиргуллар ва бошқа тотли бўйлар димоғига, сойнинг шилдираши, қушлар чуғури қулоғига иниб, она сиймосию кўз очиб кўрган хона, атрофдаги дов-дарахтларнинг рангин япроқлари, мовий осмоннинг бир бўлаги қорачиқларига сингиб, муҳрланиб қолган табаррук макондан олисда, бегоналар орасида умргузаронлик қилишнинг нечоғлик фожиали қисмат эканлигини ўйламаган экан.
Айни вақтда у мавзунинг ўзгариб, тамом бошқа ёққа бурилиб кетганидан, Сабоҳиддин аканинг ҳам, Ҳожи отанинг ҳам унинг арзи-ҳолига эътибор қилишмаганидан ўкиниб ўтирар, унинг учун ҳаёт-мамот масаласидай муҳим бўлган иш топиш тўғрисида қайта эслатишнинг ноқулайлигини ўйлаб зиқланарди. Шаҳарнинг анча-мунча паст-баландини, дарвозасию дарчасини билиб олган одамлардан, хусусан, Сабо Раҳматдан жўяли бир маслаҳат, йўл-йўриқ чиқар деган илинжи дам сайин ингичкалашиб бораётганга ўхшар, шунчаки ўксиниш энди росмана ранжувга айланаётганди. Лекин унинг ёзғириши, ранжиши ўринлимиди? Ҳа-да, сенинг етти туғиб бир қолганинг ё амма-холангнинг эримиди, ё ўтказиб қўйган жо¬йинг бормидики, ундан умидвор бўлиб, тама қилишга, ўпкалашга ҳаққи-ҳуқуқим бор деб ҳисобласанг! Умрингда биринчи марта кўришиб, гаплашиб турган бўлсанг... Тўғри, юртдош, аммо юртдош экан дебон дуч келган кимсанинг этагига осилиб олишавермайди-ку. У ким ўзи, касби-кори қанақа, қаерда яшайди, нима юмуш билан шуғулланади, қўлидан бир иш келадими – булар сенга ҳали номаълум-ку. Кўп гапириш балки одатидир. Занг босган юрагини кимга бўшатишни билмай турган одам қайғудошини учратса дардини тўкади-да. Ҳа, икки оёғинг бир этикка тиқилмай, озгина сабр қил-чи, жа бўлмаса, чолнинг олдидан чиққач, қулоғига «Сизда икки оғиз гапим бориди» деб, хонангга бошлаб кириб, алоҳида гаплашарсан, ҳар қанча дардинг, илтимосинг бўлса, ўша ерда ёлғиз ўзига айтарсан. Вой шоввоз-ей, феълингга тортасан-да. Сенга ҳамма иш кампир шафтолининг данагини айиргунча, шаппа-шуппа бита қолса-да, а? Умуман ҳе йўқ, бе йўқ, томдан тараша тушгандай, бирдан менга иш топиб беринг дейишинг қандоқ бўларкин?..
Лекин иш бунгача бориб етмади.
– Ҳа, хаёл суриб қолдингиз, иним? – Бекназарнинг ўйларини тўзитди Сабо Раҳмат. – Сизниям ярангизни янгиладикми? Биз бенаволарга эътибор берманг. Манави акангиз, – ияк қоқиб Ҳожи акага ишора қилди, – менинг ягона ҳамдамим. Бошқа ҳамюртлар ҳам бор, аммо дардимни шу киши тушунади. Таъби назми ҳам хийлагина. Ёзмасаям, мутолаани яхши кўрадилар. Ўзлари Марғинондан.
Бош қимирлатиб, синиқ жилмайиб ўтирган Ҳожи ота Бекназарга юзланди.
– Хафа бўлмайсиз, ўғлим, бу кишимнинг тилларини ҳакка салгина чўқилаб қочган, Марғилон дейишга қийналадилар.
– Эски китобларда шундоқ ёзилган, – кафт силкиди Сабо Раҳмат худди ростакамига мунозара қилаётгандай сохта тундлик билан. – Ҳофизу Чўлпонникидан бошқа китоб ҳам ўқийдиларми ўзлари, тақсирим?
– Ҳазил, ҳазил, – соқолини селкиллатиб қиқирлади Ҳожи ота. Кулганда кўзлари каттароқ очилиб, рангпар юзларига қон югургандай бўларди. – Ана шунақа, Бек Назар, биз баъзан тегишиб ҳам турамиз, булар фақат бир-бирига ҳасрат қилишар экан, деб ўйламанг. Ҳа, биз аламдийдалар дастлабки пайтларда жуда асабий эдик. Ўзаро суҳбатдаям қизишиб кетаверардик. Кейинча мусофирлик доғи-дардлари юракдан ўтгач, бир-биримизни анча авайлайдиган, қадрлайдиган бўп қолдик. Лекин ҳозир ҳам баъзан куюниб, ловуллаб кетамиз. Аслида-ку инсон боласи ҳамма вақт, ҳамма жойда ўзаро аҳил, интифоқ яшаши керак, ҳайвонларга ўхшаб шохлашмай.
 – Ҳайвон шохлашгани билан кек, гина сақламайди, Ҳожи ота, бир пасдан ке¬йин яна бирга ўтлаб кетаверишади, одамзод эса, биров билиб-билмай сал жиғига тегса, кучи етса, дарров жавобини қайтаради, бўлмаса муштига тупуриб қўяди. Дарвоқе, Бек Назар, энди каминанинг ҳоли баёнидан ҳам бир шингил эшитсангиз. Мени гапиртириб, номаи аъмолимни билиб олиб кетаверишди, деб юрманг тағин. Биз ҳам дунёни айланиб-айланиб, йигирма йилдан зиёд сарсону саргардон юриб, у юртда бир-икки йил, бу мамлакатда уч-тўрт йил тўхтаб, ниҳоят шу шаҳарда жойлашдик. Шу дарбадарликлар орасида ота-онани, бошқа қавму қариндошларни бой бердик... Бу ерда қанча турамиз – худо билади. Афғонистонда кўпроқ яшадик. Кейин Туркияга ўтдик. Марсин деган шаҳарда ўрнашдик, лекин чеккароқ эди... Ҳаждан қайтаётган истамбуллик бир афанди билан танишиб қолувдик, унга эргашиб бу ёққа қараб манғидик . Кадикўй деган манзилда узоқроқ қариндоши бор экан, ўшаларникига ижара тушдик. Касбимиз майда тижоратчилик. Ҳар ҳолда, тирикчилик ўтиб турибди. Кадикўй ҳам чеккаю, ҳарқалай, Истанбулнинг шундоққина тумшуғи тагида. Беватан одам девонадай гап – қаерга, кимникига бўлса кириб кетаверади. Ҳозир Туркияда, хусусан, Истанбулда ҳам ўзбеклар анча кўпайиб қолдик. «Туркистонийлар» деган жамият тузиш тўғрисида маслаҳатлар бўляпти. Бу жамият бизнинг ҳақ-ҳуқуқларимизни ҳимоя қиладиган, ўзаро моддий ва бошқа ёрдам кўрсатадиган хайру саховатли бир уюшма бўлиши кўзда тутиляпти. Бу ерда ҳозирча биров мушугимизни пишт, товуғимизни кишт деётгани йўқ, фақат бир-биримизнинг ҳоли-аъмолларимиздан бохабар бўлиб турмоқ учун шундай воситага эҳтиёж сезиляпти. Сизга иш топишга ҳаракат қиламиз, юртдош. Танишлар бор, маслаҳатлашиб хабар бераман. Ҳа, айтгандай, сизга қандай хизмат маъқул?
– Қандай хизмат бўлсаям... – деди Бекназар тетикланиб. Унинг янги таниши ҳақидаги қараши дабдурустдан ўзгарди. «Хийла ишбилармон, дадил одамга ўхшайди».
– Масалан? – таъкидлаб сўради Сабо Раҳмат.
– Энди, бу шаҳарда қанақа ишлар бўлиши мумкин – билмайман. Бизда ер очиш, шоли ўроқчилик, девор-тош сингари ишлар бориди... – Бекназарнинг дилидан жуда паст кетдимми, деган ўй кечиб, тўхтади-да, суҳбатдошининг юзига оҳиста назар солди.
– Туркияда ҳам мавжуд унақа юмушлар, аммо Истанбулда эмас, қишлоқларда. Шаҳарда энг кўп хизмат – ҳамм... – Сабо Раҳмат «ҳаммол» сўзи оғир ботмасмикин, дея иккиланиб, туркчасига «йукчилик» деди ва у ҳам меҳмонга ер остидан нигоҳ ташлади, унинг юзида малоллик ё оғриниш сезилмагач, давом этди. – Истанбул денгиз ўртасидаги шаҳар, шунинг учун бу ерда бандаргоҳ кўп, кемаларга юк ортиб-туширишда ишчи кучига ҳожат катта.
– Жуда яхши, фақат... – Бекназар «кўпроқ ҳақ берса бўлди» демоқчи эди, андишасизликка йўйишмасин деб фикридан қайтди.
– Хўш, хўш, тортинмай айтаверинг, – қистади Сабо Раҳмат.
Бекназарнинг хаёлига бирдан бошқа мулоҳаза келиб қолди ва ўзи ҳам ичида суюниб кетди.
– Фақат, яқинроқдан бўлса... – деди у энди Сабоҳиддин аканинг юзига ошкора илтижоли кўз тикиб. У мана шу истагига ўзи кутгандай жавоб олишни жуда-жуда хоҳларди.
– Шаҳар катта бўлсаям, улов катта муаммо эмас, иним. Албатта яқинроқдан суриштирамиз, – Бекназарнинг кўнглини тинчитди Сабо Раҳмат.
– Маъзур тутасиз, Сабо Раҳ... Сабоҳиддин ака, туркларнинг тили ўзимизникига ўхшасаям, тушунишга қийналяпман. Қолаверса, шаҳарни яхши билмайман. – Бекназар ўзининг заиф томонини тан олди.
– Хижолат бўлманг, ишни бирга излаймиз. Тилниям ҳаш-паш дегунча ўрганволасиз. Бошда сал мушкулроқ туюлади, холос. Биз ҳам икки-уч ой Али деса, Вали деб, кўзнинг ўрнига қошни кўрсатиб юрганмиз. Келинаянгизлар ҳалиям бу тилни яхши билишмайди. Кўчага чиқишмайди-да. Аслида унча қийинмас, ўзбек тилини сал букиб гапирсангиз, туркча бўлаверади. Масалан «хоним»ни «ханум», «афандим»ни «эфендим» дейсиз, вассалом, – кулди Сабо Раҳмат ва тезгина жиддий тортди. – Чунки турклар билан бир миллатмиз, азалдан тилимиз ҳам, ер-молимиз ҳам бир бўлган, кейинчалик шунча кенг ерлар торлик қилиб, бемаъни урушлар, худбинлик, иттифоқсизлик туфайли бир-биримиздан йироқлашиб кетганмиз, холос. Энди мусофирлик бизни қайта яқинлаштиради чоғи. Туркияда қозоқ, туркман ва бошқа туркий миллатга мансуб кишилар ҳам бор, аммо улар бизга нисбатан анча кам.
Бекназар Ҳожи отанинг хонасидан қалбида хийла хотиржамлик туйган ҳолда чиқди.

Иккинчи қисм тугади.

Qayd etilgan