Mustay Karim. Oy tutilgan tunda (fojia)  ( 10984 marta o'qilgan) Chop etish

1 B


AbdulAziz  06 Oktyabr 2011, 22:02:08

Mustay Karim. Oy tutilgan tunda (fojia)



Muallif: Mustay Karim
Hajmi: 590 Kb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish

Qayd etilgan


Ziyolee  08 Oktyabr 2011, 11:50:08

МУСТАЙ КАРИМ

ОЙ ТУТИЛГАН ТУНДА


Уч пардали фожиа

Зулфия таржимаси

ИШТИРОК ЭТУВЧИЛАР

О қ й и г и т — 17 ёшда.
З у б а р ж а д — 17 ёшда.
Т а н г а б е к а — 50—52 ёшда.
Ш а ф а қ — 21 ёшда.
Д е в о н а — 30 ёшда.
Д а р в е ш — 55 ёшда.
Р и з қ у л — 60 ёшда.
Э ш м и р з а — 11 ёшда.
Ё л ч и қ у л — 30 ёшларда.
Б и р и н ч и  о қ с о қ о л
И к к и н ч и  о қ с о қ о л
У ч и н ч и  о қ с о қ о л
Ч о п а р
Э р к а к л а р  в а  а ё л л а р.

БИРИНЧИ ПАРДА

Ёз. Чўл. Ўтовлар тизилиб кетган. Т а н г а б е к а ўтовининг ёнида. Ўчоққа катта қозон осилган. У ер-бу ерда палослар, гилам ва кигизлар осиб қуритилмоқда. Афтидан бу яйловга яқинда кўчиб келишган. Ш а ф а қ қозон бошида уймалашиб юрибди. Ўтовдан Т а н г а б е к а чиқади. Қўлида қамчи, қаёққадир отланган.

Т а н г а б е к а. Ёлчиқул келмадими?
Ш а ф а қ. Йўқ, кўринмади.
Т а н г а б е к а. У лалайганнинг оғзидан сўзи чиққунча, бургут тухум очиб, учирма қилади. Келиб-келиб шуни юборибман-а...
Ш а ф а қ. Қаёққа шошсин, онажон? Қўрада моли маъраб, уйда боласи йиғлаб қоляптими? Киши шодлик кутиб турган бўлса шошади-да.
Т а н г а б е к а. Нима бало, ҳамманг ўша Ёлчиқулнинг ёнини оласанлар!
Ш а ф а қ. Бечорага ачинаман. Ёлғизгина бошига не савдолар тушмади шўрликнинг.
Т а н г а б е к а. Бандаларга қисматни биз улашмаймиз, келин, ҳаммаси худодан! Пешонасига нима ёзилган бўлса, ўшани кўради.

Таёқот қилиб минган Э ш м и р з а қўшиқ айтиб киради.

Э ш ми р з а. Отам олиб берди от,
Эгарлатиб чоп, деди,
Хотин олиб бераман,
Қучоқлашиб ёт, деди.
Чух қамиш оёқ арғумоғим, чуҳ!..
Т а н г а б е к а. Жим, эй, тилинг кесилмагур! Бунақа беадаб ашулани қаёқдан ўргандинг, тентак. Қамчим қани, бир таъзирингни бериб қўяй!
Э ш м и р з а. Йўқ, ойи, бу куёвлар айтадиган қўшиқ.
Т а н г а б е к а. Қамчи билан ачитиб куёвлигингни кўрсатнб қўймай! Йўқол кўзимдан. (Шафаққа.) Шу кунларда кўнглим шундай ғашки, келин, ичимга чироқ ёқса ёримайди. Урушга кетганлардан дом-дарак йўқ. Чопар келганига ҳам бир йилдан ошди.
Ш а ф а қ. Мен-чи? Кундуз шамоллардан сўрайман, тунда осмонни тутган юлдузларга жавдираб, Йўлмирзамни ўйлайман, сўрайман. Қиблага қараб тиз чўкиб, Йўлмирзамни ўз паноҳингда сақлагин, деб илтижо қиламан. Саҳарлар қонли ёшлар тўкиб, оқ тилаклар тилайман парвардигоримдан.
Т а н г а б е к а. Кўз ёшларинг тупроққа сингса ҳам тилакларинг ерда қолмайди, келин. Иншоолло, фаришталарнинг оминига тушса ажаб эмас.
Ш а ф а қ . Айтганинг келсин, илоҳим!
Э ш м и р з а . Ойи. Девона осмондаги фаришталарни кўрганмиш. Худди ириб қолган сутдаги қуртлардай, ғуж-ғуж ғивирлаб ётганмиш. Фаришта дегани қанақа бўлади, ойи?
Т а н г а б е к а. Ҳали ҳам шу ердамисан, оёқ остида ўралашмай, бор, ўйна! (Қамчисини ўқталиб қўяди.)
Э ш м и р з а. Булар Девона билган нарсани ҳам билишмайди-я. (Кетади.)
Т а н г а б е к а. Эшмирза, бор, йилқичи Кўчарбойга айт, кўк дўнанни тутиб эгарласин.
Э ш м и р з а (узоқдан). Хўп, айтаман.
Т а н г а б е к а. Мен чўпонларнинг олдига бориб келай... Вой, худойим, кўнглим шундай ғашки, нима бўларини билмайман.
Ш а ф а қ. Уч йил! Уч йилдан бери кўзларим йўлда интизор! Муштоқликдан жигар-бағрим қон бўлди. Ўн тўққиз баҳоримда Йўлмирзамсиз сўлиб қолдим, худди кечки шафақдек сўниб боряпман, онажон!
Т а н г а б е к а. Бўйингда ҳам бўла қолмаган экан. Ақалли фарзанд билан юпанардинг, овунчоқ бўларди.
Ш а ф а қ. Ҳа, насиб бўлмади.
Т а н г а б е к а. Шояд, тилакларимиз ижобат бўлиб, Оқ подшо урушни тўхтатишга фармон берса-ю, бизникилар ҳам эл-юрт қатори қайтиб келишса!
Ш а ф а қ. Кошки эди ўша кунларга етишсак.
Т а н г а б е к а. Ёлчиқул қалинни бир ёқлик қилиб келса, оқсоқолларни чақираман. Бор, келин, қора ўтовдан хабар ол-чи, қимизни пишитишдимикин. Молни ўзим сўйдираман.
Ш аф а қ . Хўп, ойи. (Кета бошлайди.)
Т а н г а б е к а. Оқйигит қаёққа улоқди?
Ш а ф а қ. Зубаржад келган эди, тоғ томонга от чоптириб кетишди.
Т а н г а б е к а. Ўн еттига киришди-ю, ҳали ҳам болаликлари қолмаган!
Ш а ф а қ. Тўйларигача ўйнаб олишсин, даладаги тойчоқлардай яйрашсин. Зубаржад дунёда монанди йўқ қиз, бамисоли малика! Оқйигит бўлса, ҳуснда Юсуф пайғамбардан ўтади. Яна шоирлигини айтмайсанми!
Т а н г а б е к а. Қўй, келин, умматни пайғамбарга ўхшатма, гуноҳ бўлади.
У з о қ д а н  о в о з. Бойвучча, ҳой бойвучча, кўк дўнан далага қочиб кетибди!
Т а н г а б е к а. Бир ками шу эди! (Кетмоқчи бўлади.)

Умалоқ ошиб Д е в о н а кириб келади.

Д е в о н а. Тангабека бойвучча опа, Тангабека бойвучча опа, бир қизиқ нарса кўрдим, айтиб берайми? (Хахолаб кулади.)
Т а н г а б е к а. Ҳа, айт. Девона, айта қол, қизиқ нарса бўлса.
Д е в о н а (сакраб ўрнидан туради). Тақилган қоя чўққисида бир она бургут тўртта палапонини ўлдирди. Олдин кўзларини чўқиб ўйди, кейин қаноти билан уядан суриб чиқарди. Палапонлар мана бундай юмалаб-юмалаб (қилиб кўрсатади) жарга тушиб кетди... Шундай томошадан қолдинг, бойвучча опа. (Хахолаб кулади, сўнг бирдан маъюс.) Она бургут нега шундай қилди экан-а?
Т а н г а б е к а. Сенга шундай кўрингандир. Девона, бургутнинг боласи атиги битта ёки иккита бўлади.
Д е в о н а. Уники тўртта эди, бойвучча. Иккитасини бошқа уядан олган экан-да?
Т а н г а б е к а. Келин, бор, айт, Девонага овқат беришсин, оч бўлса керак. Оч кишининг кўзига бир нарса тўртта бўлиб кўринаверади.
Ш а ф а қ. Юр, Девона.
Д е в о н а. Ҳалиги она бургут нега шундай қилди экан, бойвучча опа? Нега сизларнинг раҳмингиз келмайди, нега йиғламайсизлар, бағри тошлар! (Йиғлаганча Шафақнинг орқасидан чиқиб кетади.)
Т а н г а б е к а. Мияси айниб қолибди бу тентакнинг. Беҳуда гап! Қушларнинг маликаси саналган она бургут ўз палапонларинн чўқиб ўлдирармиди? Ундай десанг, ўз фарзандини ўзи нобуд қилган подшолар озми? Мансабга минган сари киши кўпроқ қонсирармиш. Ишқилиб, Девонанинг сўзлари яхшиликка кўринсин. Мен умримда бировга озор берган бўлсам, тангрининг ўзи кечирсин... Э худо, кўнглим шундай ғашки, шундай гашки, ичимни ит тирнаяпти. Фол очдирмасам бўлмайди шекилли. Чўпонлар бирон ёққа кетиб қолармиди, бугун бўлмаса, эртага борармаи. (Ўтовга киради.)

Ё л ч и қ у л киради. Т а н г а б е к а нинг ўтови олдига ўтиради.

Ё л ч и қ у л. Ишни битириб қайтсанг тўн кийдираман, деган эди бойвучча, кийдиради ҳам. Сўзининг устидан чиқадиган аёл. Аммо-лекин, янги тўнни кийиб, ясаниб қаёққа борардим?.. Ҳар қалай, кўнглим жойига тушди. Бир мағизни ёриб чиққан икки ниҳолдай Оқйигит билан Зубаржад бир умрга қовушади. Ана шунисига хурсандман. Оқйигитни ўн етти йил пуф-пуфлаб ўстирдим, ўз ўғлимдан ҳам азиз бўлиб қолди. (Қичқириб.) Ҳой, бойвучча! Уйдамисан, бойвучча, мен келдим!

Ўтовдан Т а н г а б е к а чиқади.

Т а н г а б е к а. Келибди-ю, лалайиб ўтирганини қара! Ё ишинг унмадими? Ўғри-қароқчига учрамадингми? Молларни омон-эсон олиб бордингми ишқилиб?
Ё л ч и қ у л. Ҳаммасини тўкис-тугал олиб бордим, бойвучча. Аммо Рисқулбекнинг кўнгли тўлинқирамади. Назаримда, моллар кўзига оз кўринди. Яна йигирма беш от, элликта қўй берсин, деди.
Т а н г а б е к а. Шунисини билувдим-а! У очкўз тўярмиди! Отаси Элмирза тириклигида у билан кенгашиб, гапни бир ерга қўйган, «Оқйигит ўн еттига тўлганда, қалиннинг қолганини берасан»,деб менга васият қилган зди, васиятини бажардим.
Ё л ч и қ у л. Мен ҳам шундай дедим. Лекин Рисқулбек кўзини лўқ қилиб туриб олди. Биз бир-биримизга сўз берганда Элмирзабек тирик эди, энди бекнинг ўзи ҳам, мартабаси ҳам йўқ. У дунёда бандаларнинг ҳаммаси баб-баравар, деса бўладими? Мен ҳам бўш келмадим. Молларни қайтаришга буйруқ бердим. Шундан кейин бир оз шахтидан тушди.
Т а н г а б е к а. Шундай дегин? Бундай гапга қандай тили борди у разилнинг? Бу муртадлиги учун шу бугуноқ яйловга уруш очардимку-я! Ҳа, майли, болалар ҳаққи, гуноҳидан ўтаман. Худо хоҳласа, Йўлмирзам урушдан омон қайтса, ота шаъни учун курашадиган йигит у.
Ё л ч и қ у л. Сассиқ алафдан асл гўл очилганига ҳайронман! Зубаржадни айтаман. Мен молларни ҳайдаб борсам, ўз қизимиздай олдимга чопиб келса бўладими.
Т а н г а б е к а. Зубаржаднинг мақтовига сўз йўқ. Аммо Ризқул паст одам. У мол олишдан ҳам кўра, бизни камситиш, таҳқирлаш учун шундай деган. Бир кун қилмишига пушаймон еб қолар. Қаримталик дунё, қайтди.
Ё л ч и қ у л. Рисқулбек, қизимга Соқмор чўлларининг ҳокими Қорахўжадан ҳам совчи келган эди, қайтардим, деб мақтанди. Элмирзабекка бергаи сўзимда турдим. Шуни бойвуччага алоҳида уқтириб айт, ихлосим баланд эканини билиб қўйсин, дедн.
Т а н г а б е к а. Гўё одамгарчилик қилибди-да, бизга! Такаббурлиги жонга тегди. Қўй, садқайи сўзим кетсин! Ёлчиқул, сен тезлик билан чўпонларга хабар қил, иккита яхши бўрдоқини сўйишсин, таомилга тўғрилаб, уруғларнинг кўнглини олайлик.
Ё л ч и қ у л. Хўп бўлади, бойвучча, ҳозир айтаман. (Кетади.)
Т а н г а б е к а (орқасидан қичқириб). Ҳой, Ёлчиқул, янги тўнинг муборак бўлсин! Сўзидан қайтадиганлардан эмасман!
Ё л ч и қ у л (саҳна орқасидан). Қуллуқ, бойвучча, қуллуқ!
Т а н г а б е к а (ёлғиз). Рисқулни айтаман. Манман деган эркаклар урушда жон бериб, жон олаётган бўлса, у бу ерда қутуриб юрса! Ҳой, бу ерда ким бор? Гулемиш! Мана бу палосларни оқ ўтовга олиб бориб сол, маълум ошини ўша ерда берамиз. (Чиқади.)

Бир неча дақиқа ўтгач, бир а ё л кириб, ёйиб қўйилган палосларни олиб чиқади, чўл томондан Д а р в е ш келяпти. Ўтов орқасидан Д е в о н а чиқади.

Д е в о н а. (катта устихонни кемириб). Бунинг энг маза жойини нега ичига солиб қўйишаркан? Ҳеч олиб бўлмаяпти! (Чалқанча ётиб, оғзига иликни қоқади.) Йўқ, тушмаяпти. Маҳкам ёпиштириб қўйишипти...Қўя қол, еб тўймаган ялаб тўярмидинг! Бунинг ҳузурини бароқ кўради. (Итни чақиради.) Бароқ, бароқ, маҳ... маҳ... (Олди-ортига қарамасдан суякни отади, суяк кириб келаётган Дарвешнинг олдига тушади.)
Д а р в е ш. Ё парвардигор, эшикдан кириб келган мусофирга ҳам тош отадиларми, ноинсофлар!
Д е в о н а. Тошмас, суяк! Кемиролмадим.
Д а р в е ш (суякни кўриб, лабларини ялайди). Ўз ризқингга тупуриш нонкўрлик бўлади, эр йигит!
Д е в о н а . Менми эр йигит? Ҳа-ҳа-ҳа, мен девонаман, девона! Ие, кулоҳинг аломат экан-ку! (Дарвешнинг кулоҳини олиб, айлантириб кўради.) Ит думига ўхшаган попуги ҳам бор экан! Думидан ушлаб киясанми? (Дарвешнинг атрофида юриб, уни кўздан кечиради.) Уккига ўхшаб ҳурпайган экансанми? Яна ўзингнинг ҳам думинг бўлмасин, а? (Шақиллаб кулади.) Сен нега кулмайсан?
Д а р в е ш. Мен олисдан келдим, худонинг бандаси, силлам қуриб, дармоним кетди. Бу ерлар қайси бекнинг яйлови бўлади?
Д е в о н а. Меники ҳам, бойвуччаники ҳам!
Д а р в е ш. Қирдаги қўйлар ҳам уникими?
Д с в о н а. Уники ҳам, меники ҳам. Ана у қоялар ҳам, ана у пода-пода булутлар ҳам меники. Ўша булутларга миниб олиб, сузиб кетсам ҳам бўлади, лекин бойвуччани кўзим қиймайди!
Д а р в е ш. Бойвуччанинг кими бўласан, ўзинг?
Д е в о н а. Девонаси. Бир замонлар Ҳозирқул деган исмим бўлган экан, энди исмим йўқ. Девона десанг ҳамма билади. Девонани ранжитманглар, гуноҳ бўлади, дейди бойвучча.
Д а р в е ш. (Девонага тикилиб қараб туради). Манглайингда қора холинг ҳам бор эканми?..
Д е в о н а. Кўр бўлганмисан, хол эмас — фарншта муҳри.
Д а р в е ш. Неча ёшдасан, худонинг қули?
Д е в о н а. Мен худонинг қули эмасман, Девонаман! Сенинг ўзинг қулсан!
Д а р в е ш. Сен бечора, неча ёшда эканингни ҳам билмассан.
Д е в о н а. Менинг ҳеч қанақа ёшим йўқ, шундай ёш-пошсиз яшайвераман! Тўхта, сен кимсан ўзинг? Чопонингнинг барларини ит дабдала қилиб ташлабди-ку?
Д а р в е ш. Мен — дарвешман. Жаҳон кезиб, одамларга имон тарқатаман. Қани, Девона, бойвуччангнинг олдига олиб бор-чи мени. Тиззаларимда дармон қолмади, ҳолдан кетяпман: уч кундан бери туз тотганим йўқ.
Д е в о н а. Бойвуччанинг ўтови шу! Бойвучча опа, бойвучча опа! Дарвеш келди. Кел, томоша қил, кулоҳининг попуги бор.

Елкасида меш билан ўтов орқасидаи Ш а ф а қ чиқади. Д а р в е шни кўриб тўхтайди.

Д а р в е ш. (ўзича). Субҳоноллоҳ, сув парисидай бу сулув қайдан пайдо бўлди? (Кўксига қўлини қўйиб, эгилиб салом беради.)
Д е в о н а. Тиззаларида дармон қолмаган Дарвеш шу бўлади, Шафақ.

Ш а ф а қ ўтов томонга юради.

Д а р в е ш. Чарчаб, чанқаб келган мусофирга бир қултум сув берсанг, савобга қолар эдинг, сулув қиз!
Д е в о н а. У қиз эмас, келин. Йўлмирзанинг хотини. Йўлмирзанинг ўзи оқпошшо урушида. Келиб қолади! Кечаси, қулоғимни ерга тутиб, от туёқлари дупурини эшитдим. Ҳадемай келиб қолишади.
Д а р в е ш (фотиҳа ўқийди.) Фаришталар Девонанинг сўзига омин десин!
Д е в о н а. Оллоҳу акбар!

Ш а ф а қ ўтовга киради. Д а р в е ш сулувнинг орқасидан ҳавас билан қараб қолади.

Д а р в е ш. Тангрининг қудрати зўр. Кўҳликни ҳам, хунукни ҳам ўзи яратади. (Ўтиради.)
Д е в о н а. Сен кўҳликми ёки хунукми?
Д а р в е ш. Кўҳлик эмас...
Д е в о н а (диққат билан қараб). Хунук, хунук.
Ш а ф а қ катта товоқда қимиз олиб чиқади.
Ш а ф а қ. Ма, бобой, қимиз ич, ташналигингни босади.
Д а р в е ш (косани олади, нималардир ўқиб, бамайлихотир ичади). Раҳмат, сулув, муродингга ет!
Ш а ф а қ. Айтганинг келсин.

Т а н г а б е к а кўринади.

Д е в о н а. Бойвучча! Дарвеш, дарвеш келди.
Д а р в е ш (ўрнидан туради). Ассалому алайкум, бойвучча, элу юртингни, молу жонингни худо ўз паноҳида асрасин, сиҳат-саломатлик, хотиржамлик бўлсин, бойвучча, бошингдан бахт қуши аримасин.
Т а н г а б е к а. Раҳмат, мусофир, айтганинг келсин, сенинг ҳам ниятинг хайрли, қадаминг қутли бўлсин, хуш кўрдик./
Д а р в е ш. Қани, ўтириб бир ҳақингга дуо қилайлик, бойвучча!

Фотиҳа ўқийдилар.

Д е в о н а. Мен иккинчи марта ўқишим бу фотиҳани.
Д а р в е ш. Такрорлашдан дуо қаримайди. (Бойвуччага тикилиб-тикилиб қарайди.)
Т а н г а б е к а. Қани, сўзла, қаерлардан бўласан, мусофир?
Д а р в е ш. Мен пайғамбар элчиси, бойвучча, Маккаю Мадинадан келяпман. Пайғамбаримизнинг муқаддас қабр ташларига бошимни қўйиб, хокларини бу қўлларим билан кўзимга суртиб, оби замзамлардан татиб келган муборак зотман. Бу фоний дунёда осий бандаларига имон ато қилиб юришдан савоб иш борми?
Т а н г а б е к а. Табаррук зот экансан, ниятинг эзгу, сафаринг хайрли экан, мусофир!
Д а р в е ш. Эзгу, бойвучча.
Т а н г а б е к а. Оламда тинч-омонликми?
Д а р в е ш. Омонлик, бойвучча, сенга ҳам яхши хабар келтирдим. Оқпошшонинг лашкарлари енгиб, сизнинг элингизда ҳам тинчлик қарор топади. Кутганларингизнинг йўли оқ, худо хоҳласа. (Шафаққа қараб.) Ҳадемай от ўйнатишиб келиб қолишади.
Д е в о н а (Етиб, ерга кулоҳини қўйиб тинглайди). Йўқ, бугун от дупури эшитилмаяпти.
Т а н г а б е к а. Девона, жим бўл, мусофирнинг сўзини бўлма! (Дарвешга.) Авлиё, хушхабаринг учун сенга уюримдан энг яхши йилқини суюнчига бердим, танлаб ол!
Д а р в е ш. Қуллуқ, қуллуқ, бойвучча, менга бу дунёнинг мол-давлати керак эмас, мен худонинг қулиман. Тўярлик овқат, тунарлик бошпана берсанг, закотинг шу менга!
Ш а ф а қ (ўзича). Авлиё одам экан-а, тавба.
Т а н г а б е к а. Майли, сенинг антганинг бўлсин. Келин, дарроз дастурхон олиб кел, мусофир овқатланиб, дам олсин!
Ш а ф а қ. Хўп бўлади, ойи.
Т а н г а б е к а. Яхши меҳмон ўз ризқи билан келади, дейдилар, тўйнинг устидан чиқдинг. Ўртанча ўғлимнинг қайлиғи учун бугун қалинни тўкин бериб бўлдим. Кечқурун оқ ўтовда маслаҳат оши бераман, уйимизнинг тўри сеники бўлади.
Д а р в е ш. Мени сийласанг, сени худо сийласин, гуноҳларингни тангрининг ўзи кечирсин, бегуноҳ бандаси йўқ...
Д е в о н а. Ие, бегуноҳ одам йўк? Менинг ҳам гуноҳим борми, Тангабека бойвучча опа?
Т а н г а б е к а. Сенинг гуноҳинг йўқ, Девона, сен бегуноҳсан!
Д а р в е ш (ўзича). Тангабека?..
Т а н г а б е к а. Қани, ўтовга марҳамат, мусофир!
Д а р в е ш. Сенинг номинг Тангабеками, бойвучча?
Т а н г а б е к а. Шу Девонадан бўлак ҳеч ким номимни тилга олмайди, Элмирзабек ўлганидан буён ҳамма мени бойвучча деб атайди. Назаримда, менинг номим сени ҳайратга солиб қўйди чоғи?
Д а р в е ш. Йўқ, бойвучча, жуда чиройли исм экан, бундай чиройли исмни энди эшитишим, шунинг учун ғалати туюлди. Элмирзабекнинг ўзини билмасам ҳам, донгғини эшитганман. Қазо қилган экан, раҳматликнинг жони жаннатда бўлсин.
Т а н г а б е к а. Ўтовга кир, мусофир, дастурхон мунтазир. (Ўтовга киришади.)
Д е в о н а. Бу дарвешнинг кўзлари худди уккиникига ўхшайди, юм-юмалоқ, ўқрайиб туради... Ҳа, бориб қоя қаъридаги бургут палапонларини кўмиб келай, ҳамма ўликларни кўмишади-ку, ахир! (Кетади.)

Ўтовнинг икки томонидан З у б а р ж а д билан О қ й и г и т чопиб чиқишиб, ўзларини бир-бирларининг қучоқларига отадилар. Иккиси ҳам суворий кийимида.

З у б а р ж а д. Шу дақиқадан умримнинг охиригача қучоғингдан қўйма мени, шунқорим!
О қ й и г и т . Энди бизни ҳеч ким ажрата олмайди, Зубаржадим, оқ каптарим!
З у б а р ж а д. Худо саховатли, Оқйигит, иккимизни бир тупроқда яратган. Туғилишимиз билан бизни қовуштирган ҳам тангрим, шундай бўлгандан кейин, бизни ким айирсин, шунқорим!
О қ й и г и т.
Қип-қизарган кунга боққанда
Йўқотаман ихтиёримни.
У — қуёшми, ё муҳаббатдан
Иниб турган ўнг ёноғингми?
Салқин тунда осмонда тўлиб,
Мағрур болқиб боқар нурли ой.
Мени асир этган ой бўлиб
Чап ёноғинг сенинг ҳойнаҳой!
Яна тунда ой кўкка чиқиб,
Нури тутса яйловни, қирни,
Чап бетингдан ардоқлаб ўпиб,
Ухлатаман мен ўзим сени.
Тонг оқариб, чиққанда офтоб,
Шуъласига тўлганда жаҳон,
Ўнг бетингдан ўпиб беҳисоб,
Дейман: «Ёрқин қуёшим, уйғон!»
Сўнг боқарман жамолингга лол,
Кавсар лабинг бўсасидан маст.
Муродимга етганимдан шод,
Ишқ шаҳиди бўлсам ажабмас!
З у б а р ж а д.
Лабларимни лабларингга қўйиб,
Дарҳол яна бағишлайман жон.
Бахтнинг тотли ўтида куйиб,
Ўлсам ўпиб, сен тирилт шу он!
Сен ўпиб ўлсанг, мен ўпиб тирилтираман, Мен ўлсам сен ўпиб тирилтирасан! Бас, шундай экан, биз ўлмаймиз, Оқйигит. (Яна қучоғига ташланади.)
О қ й и г и т. Агар сен бўлак эл-юртда туғилсангу, умримда сени кўрмаган бўлсам, нима қилар эдим, Зубаржад? Ўшанда ҳам албатта секи излаб топар эдим, тоғлар ошиб, дарёлар кечар эднм, овозим борича: «Зубаржад, қайдасан?» деб сўроғлардим бутун борлиқдан. Албатта топар эдим сени, Зубаржад!
З у б а р ж а д. Мен товушингдан таниб ўзим сен томонга йўлга чиқар эдим, Оқйигит! Қўлимдаги ҳассам игнадай бўлиб, этикларимнинг ўқчаси япроқдай қолгунча ахтарар эдим сени! Ва излаб топар эдим! (Яшнаб, шод куйлайди.)
Мен, Зубаржад отлидирман,
Оқйигитнинг ёридирман.
Бир кўришга зоридирман,
Билган борми, бизнинг ёрни?
деб кетаверардим. (Кулади.)
О қ й и г и т. Йўқ, йўқ Зубаржад, ундай мудҳиш тақдир бизга бегона!
З у б а р ж а д. Оқйигитим, айирмоқни ўйлаганлар бўлса, ўйига етмасин, илоҳим... Вой тавба, нималарни ўйлаяпмиз?..
О қ й и г и т. Ҳеч ким айирмайди бизни. Мен сени ҳеч кимга бермайман!
Оқйигитман, орим бор,
Ёнгинамда ёрим бор.
Ҳеч кнм енгмас қудрат берган
Танда қайноқ жоним бор.
Ор деганим — Зубаржад,
Ёр деганим — Зубаржад,
Томиримда кезиб юрган,
Жон деганим — Зубаржад!
З у б а р ж а д (бирдан кайфи ўзгариб). Замон биз ўйлагандай тинч эмас, Оқйигит, оқподшо аканг сингари сени ҳам урушга олиб қўйса, нима қиламан?
О қ й и г и т. Янгам Шафақдай сабр-тоқат билан кутасан мени!
З у б а р ж а д. Йўқ, Оқйигит, Шафақдаги тоқат менда йўқ, сенсиз бир кун ҳам яшашга сабрим йўқ. Овга борсанг ҳам, ёвга борсанг ҳам мен ёнингда бўламан.
Ор деганим — Зубаржад,
Жон деганим — Зубаржад» —
дединг-ку, ор билаи жон ҳамиша йигит билан бўлади. Ҳар қандай эркакдан яхшироқ от чопаман, ҳар қандай мергандан ўзиб ўқ отаман.
О қ й и г и т. Сен менга хотингина эмас, қанот бўласан, Зубаржад, қанотсиз учган шунқор борми? Сенсиз йўлдан адашаман, сенсиз сафар бемаъно. Чиндан ҳам сен отда ботирлардай еласан, ҳали ҳатто мендан ҳам ўзиб кетдинг-ку!
З у б а р ж а д. Сенинг ёнингда бўлсам ҳеч нарсадан қўрқмайман... ҳатто, ҳатто...
О қ й и г и т. Қўй, бундай гапларни. (Зубаржаднинг оғзини беркитади.)
З у б а р ж а д (шод, эркаланиб). Оқйигит, бирдан мени дев олиб қочиб кетса-чи? Мана бундай ғойиб бўлиб қолсам-чи? (Қаттиқ кулиб ўтов орқасига яширинади.)
О қ й и г и т . Мен девга мана бундай ташланиб қувиб етаман-да, сени тортиб оламан. (Иккинчи томондан ўтов орқасига югуради. Бир дақиқадан сўнг ҳалигидай икки томондаи чопиб келиб бир-бирларини қучоқлаб оладилар.)
З у б а р ж а д. Вой-вой, жуда даҳшатли экан-ку, бу дев! Қучоғига қисиб жонимни олаёзди-я. (Оқйигитнинг кўксига бошини қўяди.)
О қ й и г и т. Юрагимнинг талпинаётганинн эшитяпсанми? Худди қанотли қушга ўхшайди-я!
З у б а р ж а д. Мен бу қушни олтин қафасда сақлаймаи, ҳамманинг ҳасадли назаридан узоқда сақлайман, эшитяпсанми, ҳеч кимга бермайман!
О қ й и г и т. Берма, менинг суюклим, берма! Шу кунгача сен худди эгар кўрмаган ҳуркак тойга ўхшар эдинг, бугун бутун бошкасан, менинг Зубаржадим!
З у б а р ж а д. Бугундан бошлаб бир умрга сеники бўлдим, Оқйигит!
О қ й и г и т. Ўтган кечада даҳшатли бир туш кўрдим: учиб юрган кўк каптарни калхат олиб кетай деди. Қўрқиб уйғониб кетдим. Сени ўйладим.
З у б а р ж а д. Қорахўжа уруғидан совчи келганини юрагинг сезибди-да! Совчиларни кўрибоқ менинг ҳам жоним ҳалқумимга келди.
О қ й и г и т . Хайрият, отанг мардлик қилибди, Қорахўжага унча-мунча одам бас келмайди.
З у б а р ж а д. «Менинг қизим ҳам, ваъдам ҳам битта, қайта-қайта узатадиган қизим ҳам, қайта-қайта бузадиган ваъдам ҳам йўқ» дебди отам. Совчилар жаҳл билан отамни яниб жўнашипти... Лекин отам нимадандир ташвишда.
О қ й и г и т. Қорахўжадай мудҳиш бекнинг сўзини рад қилиш ҳазил эмас, Зубаржад, отанг жуда ҳам ботир одам.
З у б а р ж а д. Отам менинг бахтимни тилайди. Менинг бахтим ёлғиз сенсан, Оқйигит.
О қ й и г и т. Ойим бугун оқ ўтовда улуғларга зиёфат берса керак. Ёш-яланглар кўл бўйига чиқишади, сен билан менинг шаънимизга ўйин қилиб беришади. Давранинг ўртасида кўл юзидаги оқ нилуфарга ўхшаб сен турасан, Зубаржад! Мен севги тўлқинида сузгандай бахтиёр сузиб бораману, шу нилуфарни узиб оламан.
З у б а р ж а д. Уз, Оқйигит, узиб ол! Нилуфар сеники! (Маъюсланади.)
О қ й и г и т . Нега маъюс тортдинг. Нилуфарим, ё кўнглинг бирор сўзимдан озор чекдими?
З у б а р ж а д . Биз иккаламиз ҳам жуда нонкўр эканмиз, Оқйигит, онанг олдида тиз чўкиб, миннатдорчилик ҳам билдирмадик. Фотиҳаларини олдигу, қуллуқни насия қилдик.
О қ й и г и т. Зубаржаднинг қўлидан ушлаб ўтов эшигига келади. Иккиси ҳам тиз чўкишади.
О қ й и г и т.
Оқ сут бериб боққан ўғлинг қошингга келди,
Оқ ўтовдан чиқ, эй онажон!
Икки юрак бир ишқ билан сенга эгилди,
Оқ фотиҳанг бер сен, онажон! Ўтовдамисан, онажон?

Ўтовдан соқолини силаб Д а р в е ш чиқади. Ёшлар саросимада. Кейин Т а н г а б е к а кўринади.

Т а н г а б е к а (Дарвешга). Ўғлим Оқйигит билан келин бўлгуси Зубаржад шу бўлади! Ҳақларига дуо қилиб, фотиҳа бер, мусофир!
Д а р в е ш. Ё парвардигор, Оқйигит билан Зубаржад отли бу қулларингга ўзинг инсоф-тавфиқ бер, ҳамжиҳатлнк ва аркон давлат ато қилгин, оллоҳу акбар!
Т а н г а б е к а. Пайғамбар элчиси аталган муборак одам фотиҳа берди сизларга, болаларим. (Дарвеш бош эгиб туради.) Ёзиқ бандаларига имон тарқатиб юришдан бошқа иши йўқ бунинг, бахтли бўласизлар.
О қ й и г и т. Отам васиятига амал қилиб, бошимизни қовуштириб, савобимизга қолдинг, ойи, тиз чўкиб қуллуқ қиламиз!
Т а н г а б е к а. Васият, урф-одат биз учун муқаддас қонун, болаларим, сизлар ҳам унга хиёнат қилманг! (Аввал Зубаржаднинг бошига ўнг қўлини қўяди.) Кўкрак сути бериб ўстирмаган бўлсам ҳам, Зубаржад, бағримга босиб фотиҳа бераман. Менинг хонадонимга болам бўлиб кирасан. (Оқйигитнинг бошига қўлини қўяди.) Яширмайман, энг суюкли ўғлим сек, Оқйигит! Ҳамиша бахт, толе ёр бўлсин, омин!
О қ й и г и т (сакраб, оёққа босади, Зубаржад ҳам туради). Онажон, сен мени ёрур дунёга келтириб бир марта бахтиёр қилган эдинг. Зубаржадим билан қовуштириб, менга бир олам толе ато қилдинг, одамга бундан катта бахт ҳам, давлат ҳам бўлмайди, онажоним!
Қуёш, ойли кўким бор,
Қир, яйловли юртим бор,
Барини сен бердинг, онажон!
Оппоқ бахтга мўл бўлдим,
Муҳаббатга қул бўлдим,
Барини сен бердинг, онажон!
Т а н г а б е к а. Аввало, болаларим, юрак қули бўлманглар, ақл қули бўлинглар! Кўнгил дарёдай бебош нарса, тўлқинланиб ҳар ёққа сени ураверади. Ақл тоғ чўққисндай юксак ва мустаҳкам бўлади. Унга суянган йиқилмайди, болаларим!
О қ й и г и т. Ўгитларингга қуллуқ, ойижон! Яхши орзулар тўлқинга солган юрак ёмонлик келтирмайди.
Т а н г а б е к а. Ҳали ёшсан, болам, ақл билан юрак ўртасидаги кураш жангини билмайсан. Мабодо бошингга тушиб қолгудай бўлса, ақлингга қулоқ бер!
О қ й и г и т. Ёзмишдан дейдилар. Лекин мен учун она сўзи — тақдир муҳри. Сўзингдан чиқмаймиз, ойижон.
Д а р в е ш. Шундай... Шундай итоатли бўлинглар! (Бир чеккага ўтиб, бошини эгиб ўтиради, ўзича.) Буларни кстиқболда турли-туман шодлик, бахт, севги кутади. Орқаларнда дилларига хиралик соладиган ҳеч нарса... Мен-чи, эй умр, эсиз умрим...
Т а н г а б е к а. Аканг урушдан қайтиб келиши билан бутун яйловни чорлаб тўй қиламиз, катта улоқ чоптирамиз. Элмирзанинг зоти ҳали тирик! Боринглар, ўйнанглар энди, болаларим!
О қ й и г и т. Кетаверайликми, ойи?
Т а н г а б е к а. Сабр қилинг! Ҳой, келин! Шафақ!

Ш а ф а қ ўтовдан чиқади.

Ш а ф а қ. Чақирдингми?
Т а н г а б е к а. Ҳа... Анави иккита хитой коса бор-ку, ўша косаларга қимиз тўлдириб чиқ!
Ш а ф а қ. Хўп бўлади.
Т а н г а б е к а. У вақтда икковинглар ҳам бешикдаги гўдак эдинглар. Худди мана шундай кўклам пайти эди. Отанг раҳматлик катта пойга берди. Зиёфатда зодагон, улуғлар нақ тумонат. Шу зиёфатда Рисқулбек билан Элмирзабек сизларни бешиккертти қилиб қўйишди. Тўй яна уч кеча-ю кундуз давом этдн. Оқмон шоир сизларнинг шаънингизга кўшиқ тўқиди.
О қ й и г и т.
«Кўкка боқпб ўй сурдим,
Юлдузни ёндош кўрдим.
Ерда икки гўдакнинг
Умрини йўлдош кўрдим...»
Шу қўшиқми, ойи?
Т а н г а б е к а. Шу, Оқйигит, шу!

Косаларни кўтариб Ш а ф а қ чиқади.

Мана шу косаларни тўлдириб икки бек қимиз ичишди. Шундан бери ўн етти йил ўтди. Бу косаларда энди сизлар ўз бахтингиз учун ичинг!.. Шу лиммо-лим жуфт косадай толеингиз тўлиқ бўлсин, бахти бекам бўлинг!

Ш а ф а қ косанинг бирини З у б а р ж а дга узатади. З у б а р ж а д косани лабига олиб бориб, тўхтаб қолади. Ш а ф а қ косани О қ й и г и т га тута туриб, кўзи Д а р в е ш назарига тушади.
Ш а ф а қ косани ташлаб юборади. Ҳамма саросимада.

Т а н г а б е к а. Сенга нима бўлди, келин?
Ш а ф а қ. Билмайман.
Т а н г а б е к а. Яхшиликдан башорат эмас, Шафақ. Илоҳим, яхшиликка кўринсин!
О қ й и г и т. Хафа бўлма, ойижон, коса бутун! Қимиз тўкилган бўлса ҳечқиси йўқ, оқлик!
Ш а ф а қ. Куйинма, она, худо хоҳласа, уларга ҳеч нарса бўлмайди, нима келса ҳам менинг бошимга келсин, мен тўкдим.
О қ й и г и т. Умр бўйи фолбин, ирим-сиримга топиндинг, ойи, бирон нарсани ўзгартиролдингми? Қуёш боягидай чарақлаб болқийди, майсалар боягидай ям-яшил. Шу хаёлларни итқитиб ташла, она, бугунги шодлигимизга ташвиш, ваҳима кўланка солмасин! Бизга фотиҳангни бердингми, бас. Бир коса эмас, ўн коса қимиз тўкилса ҳам бизга ҳеч нарса бўлмайди. Қўш юлдуз осмонимизда порлаб тураверади!
Д а р в е ш. Қисматимиз пешонамизга ёзиғлиқ. Уни ҳеч нарса сидириб ташлаёлмайди. Таҳлика қилма, бойвучча, ёзилгани бўлади.
О қ й и г и т. Ойи, мана биз иккаламиз бир косадан ича қоламиз, қайтага яхши бўлди, бир косадан ичсанг янада ширин татийди, ростми, ойи?

Т а н г а б е к а индамайди.

З у б а р ж а д. Хафа бўлма, бойвучча опа, косамиз лиммо-лим! Ма, Оқйигит, аввал сен ич, ўтинаман!
О қ й и г и т. Сен ич, Зубаржад, ўз улушингни аввал сен ич, қолганини мен ичаман. (Зубаржад ичади, кейин Оқйигит охиригача ичади.) Умримда бундай тотли қимиз ичмаганман!
Т а н г а б е к а. Насибангизни бутун ичмадинглар, болажонларим! Бахт толеингиз ярим-ёрти бўлмасин, илоҳим.
О қ й и г и т. Иккимиз бир тан, бир жон бўлгандан кейин бир бахт кифоя эмасми, онажон!

Д е в о н а чопиб киради, орқасидан Э ш м и р з а кўринади.

Д е в о н а. Бойвучча, бойвучча опа, суюнчи бер!
Э ш м и р з а (сакраб, сакраб). Суюнчи, суюнчи! Суюнчига беш олтин, суюнганга ўн олтин!
Д е в о н а. Суюнчи, суюнчи! Ие, нега ҳеч ким суюнмайди?
Т а н г а б е к а. Қувончли хабарингни айтиб, ҳали севинтирмадинг-ку, Девона?
Д е в о н а. Ҳозиргина чопар ўтиб кетди. Урушдагилар қайтяпти, деди. Аскар йигитлар Кўктепага кўтарилаётган эмиш.
Э ш м и р з а. Чопарнинг оти терга ботиб кетган. Ўқ-ёйи обкашга ўхшайди. Акам келганда камонини мен ҳам тортиб кўраман.

Ҳамма кутиш ҳаяжонида.

Т а н г а б е к а. Сени худонинг ўзи ёрлақасин. Девона, суюнчига сенга сарпо кийгизаман, Эшмирзага шойи яланг тўн қилиб бераман.
Д е в о н а. Суюнчига менга хотин олиб бер, бойвучча, ҳаммасининг хотини бор, фақат менинг хотиним йўқ, Эшмирзага ҳам хотин олиб бер!
Т а н г а б е к а. Бу тентакка нима десам бўлади? Ҳамма ҳам хотинли бўлавермайди, ахир!
Ш а ф а қ. (турган жойида гандираклаб кетади). Бундай севинчга етар замон бор экан, тангрим! Юрагим, юраккинам шунқорга ўхшаб қинидан чиқа ёзяпти, онажоним! (Тангабекананг пинжига тикилади).
Т а н г а б е к а. Катта шодлик, қайғудай оғир келади, болам, бардам бўл!
Д е в о н а (ётиб тинглайди). Отларнинг дупури эшитиляпти. Биттасининг оти шатирлатиб чопиб келаяпти, шу Йўлмирза бўлса керак?
Т а н г а б е к а. Насибаси қўшилган бўлсин, боламнииг, насиба ҳайдаб келади.
О қ й и г и т. Ижозат бер, онажон, Зубаржад икковимиз акамизни каршилагани чопайлик! Отларимиз тайёр, эгарланган!
Т а н г а б е к а. Расми, ёвга кетганни узатиб бормайди, қайтганнинг йўлига чиқмайди, болаларим! Бурунгилар сабр, сабр деганлар.
Д а р в е ш. Мана, бойвучча, башоратимга тан бердингми. Тилакларингни худонинг ўзи қабул қилди.
Т а н г а б е к а. Бизни сен хушнуд қилсанг, сени худо қувонтирсин!
Ш а ф а қ. Тоқатларим тоқ бўлди, ойижон, кўзим тиниб, ер-кўк айланаётгандай! Ижозат бер менга, истиқболига югурай! Йўлмирзамни олиб келган отнинг ёлларини тараб ўпай, изларини кўзимга суртай.
Т а н г а б е к а. Сабрсиз бўлма, келин!
З у б а р ж а д (Шафақ олдига келади). Шодлик сени мажнунтолдай эгиб қўйди, Шафақ. Бошингни кўтар, овсин! Сенинг қувончинг ҳаммамизнинг қувончимиз, жонгинам!
Ш а ф а қ. Кутиш йиллари бу қадар қийин туюлмаган эди, Зубаржад. Дилинг талпиниб, кўзинг кўрмагандан оғири йўқ экан!
Д е в о н а (узоққа қараб). Ана, тепага отлиқ чиқди... яна... яна бири чиқди... вой-вой, бунча кўп экан?

Ҳамма ўша томояга қарайди. Д а р в е ш гина жойидан қимирламай ўтирибди.

Э ш м и р з а. Олдинда келаётганнинг учинчиси акам... худди ўзи...
Т а н г а б е к а. Йўқ, у эмас. Ўз ботиримни ўзим танимайманми?
О қ й и г и т. Анави тўртинчиси акамга ўхшайди!
Т а н г а б е к а (Шафаққа назар ташлаб). Келин, ёвдан ғолиб қайтган эрни шу тахлит кутадими?! Уст-бошингга қара! Эринг нима дейди?
Ш а ф а қ (бирдан ҳушини йиғиб). Рост айтасан, онажон! Эс-ҳушимдан ажраб қолибман, Нима қилай, қайси кўйлагимни кияй, онажон, айт, нимани кияй?
Т а н г а б е к а. Бугун ярашганини танлаб кий!
Ш а ф а қ. Тўй оқшоми кнйган кўйлагимни кийиб чиқсам-чи?! Бўладмими, ойи?
З у б а р ж а д. Ўшани кий, Шафақ, ўшани кий, овсин. Бугун ҳам тўйинг!

Ш а ф а қ шошилинч ўтовга кириб кетади. Бир дам жимлик.

Т а н г а б е к а. Ҳалиги чопар нега бизникига кирмай ўтди экан?
Д е в о н а. Суворисиз бир от етакда оқсаб келаяпти-ю, лекин жуда қайсарлик қиляпти.
О қ й и г и т. Мен акамни кўрмаяпман, нега одамлар ичида акам йўқ? Сен кўряпсанми, ойи?
Т а н г а б е к а. Билмайман, болам, ҳамма отлиқ кўзимга аканг бўлиб кўриняпти.
О қ й и г и т. Акам йўқ, ойи. Олдингилар яйловга етиб келди. Акам юзбоши ахир, юзбоши олдинда келмайдими?
Д е в о н а. Ана, ҳалиги оқсоқ отнинг юганини олиб, чўлга хайдаб юборишди... Йўқ, от кетмай яна бошқаларга қўшилиб олди.

Ҳамма жим кузатади. Ш а ф а қ кийиниб чиқади.

Ш а ф а қ (ўзига). Мана, тўй кўйлагимни кийиб, сенинг билан қовушмоққа чиқдим, менинг Йўлмирзам! Сен отингга қамчи уриб нега елиб келмаяпсан? О, Йўлмирзам, менда заррача сабр-тоқат қолмади. (Зубаржад билан Оқйигит ўртасига киради.) Сизлар кўряпсизми? Нега мен кўрмаяпман, ё худо, мен ҳеч кимни кўрмаяпман, Йўлмирза қайси бири?

Ҳамма жим. Ўтов орқасидан отлиқлар ўта бошлайди.

Т а н г а б е к а (олдиндаги отлиққа). Бойиш, сенмисан? Нега ёнингда Йўлмирза кўринмайди? (Отлиқ ўтиб кетади.) Нега жавоб бермайсан, Бойиш?!
О қ й и г и т. Бошини эгиб ўтиб кетди...
Т а н г а б е к а. Ҳой, Борлибой, юзбошингиз Йўлмирза нега орқада қолиб кетди? (Ўша томонга интилади.)
О қ й и г и т. Бу ҳам бошини эгиб ўтиб кетди...
Т а н г а б е к а. Ҳеч бўлмаса, сен жавоб қил, Қўлош, нега орангизда Йўлмирза йўқ? Менинг болам қаёқда қолди?
Де в о н а. Бари ўтиб бўлди...
Т а н г а б е к а. Ҳаммасининг тили кесилганми, нима бало? Нега жавоб қилмай ўтиб кетишди?!

Ёвдан қайтаётганлардан бири келиб, Бойвучча олдига юган билан кичик бир тугунча қўяди. Д е в о н а югуриб келиб юганни олади. Тугунчани ушлаб кўради.

Д е в о н а. Бу тугунчада яна олтин бўлмасин, бойвучча?
Т а н г а б е к а. Тупроқ! Қора тупроқ! Йўлмирзамнинг қабр тупроғи! Оҳ болам, болам, болам!
Ш а ф а қ. Йўлмирза! Йўлмирзам! Ёнингга торт, Йўлмирза! Торт мени ёнингга, Йўлмирзам! Бу тўй кўйлагим кафаним бўлсин! (Қичқириб йиғлаб, Оқйигит билан Зубаржад ўртасига йиқилади.)

Улар ўзларини четга оладилар. III а ф а қ ни ҳеч ким суямайди.

Т а н г а б е к а. Мен сенга нима гуноҳ қилувдим, э, худо! Мени жазолаганинг жазолаган! Умрим бўйи ғазабингдан қутулмадим! Гуноҳим нима?! (Бирдан жим қолади.) Болам... Ўғилгинам, болам!..

Д е в о н а Шафақ ёнига ўтириб, унинг сочларини силайди.

Д е в о н а. Йиғлама, Шафақ, сен менга хотин бўласан!


ИККИНЧИ ПАРДА

Орадан бир неча кун ўтган. Т а н г а б е к а нинг ўтови. Оқсоқоллар ўтирибди. Д а р в е ш ҳам шу ерда. Гўшт еб бўлиб, қимиз ичяптилар. Бир чеккада Ш а ф а қ.

Т а н г а б е к а. К.ани, келин, чаққон, чаққон. Оқсоқолларнинг қўлларига сув қуй! Кейин бошқа ишларга қара!

Ш а ф а қ дашшўй ва қумғон тутиб меҳмонларнинг қўлларини ювдиради.

Б и р и н ч и  о қ с о қ о л. Раҳмат, бойвучча, жуда катта зиёфат қилиб юбординг, феълингни худо ҳамиша шундай кенг қилсин!
И к к и н ч и  о қ с о қ о л. Хонадонингни Элмирзанинг саховати тарк этмабди, келин. Давлатингга худо барака берсин. Сен бойвуччагина эмас бек, бекасан.
У ч и н ч и  о қ с о қ о л. Сахийнинг давлати камаймайди, дейдилар. Бу дунёни ким орқалаб кетибди. Еганинг, ичганинг қолади, ўйнаб-кулганинг қолади. (Шафақ қўлига сув қуйганча бармоқларини ялайди.)
Т а н г а б е к а. Энди қимиздан тановул қилинглар.
У ч и н ч и  о қ с о қ о л. Таомдан улуғ бўлмоқ гуноҳ! Тановул қиламиз, бойвучча. (Очкўзлик билан ичади.) Вай-бай-бай, бутун томирларимга мойдай ёйилиб кетди-я.

Ш а ф а қ кетади.

Т а н г а б е к а. Рисқулбекка чопар юборган эдим. Ҳанузгача дараги йўқ.
У ч и н ч и  о қ с о қ о л. Элбошининг элда иши чиқиб қолгандир-да.
И к к и н ч и  о қ с о қ о л. Санқиб юрмагандир, албатта.
Б и р и н ч и  о қ с о қ о л. Келмас бекни кутмайдилар.
У ч и н ч и  о қ с о қ о л. (Қимиз ичади.) Бу гап ҳам тўғри.
Т а н г а б е к а. Нима қилсам—нима бўлади, деб тунлар мижжа қоқмай ўйлаб ўйимга етмайман. Сизларнинг маслаҳатингизга муҳтожман. Фозил ҳукмингизни чиқариб беринг, оқсоқоллар!
Б и р и н ч и  о қ с о қ о л. Ҳа, бойвучча, бахтингга рахна кетди. Лекин уни тиклаш керак. Ўлган кетидан ким ўлибди?! Тириклар тириклигича кун кўраверади.
У ч и н ч и  о қ с о қ о л (қимиз ичиб). Ейди, ичади, дунёдан ўтаверади.
Б и р и н ч и  о қ с о қ о л. Фалакнинг гардиши, бойвучча. Кўнмай иложинг қанча?
Т а н г а б е к а. Шу фалак гардишини изига солиб юбормоқ керак.
И к к и н ч и  о қ с о қ о л. Кенгашлик тўй тарқамас деганлар, кенгашиб кўрайлик.
Т а н г а б е к а. Шафақ келин ўн гулидан бир гули очилмай, мана, эрсиз қолди. Уни уюр-уюр мол бериб олганимдан хабарингиз бор. Оқйигит учун Рисқулга қалинни тўлаб бўлганман. Энди нима қилай, йўл-йўриқ кўрсатинглар!
И к к и н ч и  о қ с о қ о л. Ўтганлардан қолган одат ва таомил бор, васият бор, бойвучча, шариат шаръидан чиқиб бўлмас!
У ч и н ч и  о қ с о қ о л. Кенжа ўғлингни ҳам ўйламаслик инсофдан эмас. Кенжанг ҳам ўсиб бўйи етпб қолди. Неча ёшга борди?
Т а н г а б е к а. Ҳали бола, энди ўн иккига тўлди.
У ч и н ч и  о қ с о қ о л. Мен тўққиз ёшимда акамдан бева қолган янгамга уйланиб, унинг қўйнига кирганман.
Б и р и н ч и  о қ с о қ о л. Бизни чақирганингдаёқ билгандим, бойвучча. Бу ҳақда бир сен эмас, бутун уруғ ўйлаяпти, сенинг ташвишинг уруғнинг ташвиши. Юрсам ҳам, турсам ҳам ўйлайман. Мана бу қурдошимиз айтганидай, таомилга амал қилиб, удумимизни тутайлик. Ўтганлар васиятини адо этайлик!
И к к и н ч и  о қ с о қ о л. Эшмирзани янганинг қўйнига киритиб бўлмайди. Бу шариатга хилоф, негаки ўзидан катта тирик акаси бор, улуғлар!
Б и р и н ч и  о қ с о қ о л. Буни ҳам ўйлаб келдим, ўйлаб ўтирибман. Бу ерда биргина йўл бор, бойвучча. Шафақ келин Оқйигитга бўлади. Рисқул олган қалинни қайтариб беришга қурби етса, қизини Қорахўжа уруғига беради-қўяди. Янглишмасам, совчилар ҳам келиб юрган эди.

Д а р в е ш безовта.

Т а н г а б е к а. Қалинни катта олган. Қайтаришга қурби етармикан? Бойнинг моли ҳам ҳисобли.
У ч и н ч и  о қ с о қ о л. Қайтармаса, Зубаржадни кенжанг Эшмирзага унаштириб, икки тўйни бирга ўтказасан. Уруғ ҳам еб-ичиб, кўнгилхушлик қилиб қолади. Эл орасида бундақанги тўйлар бўлмаганми?
Т а н г а б е к а. Оқйигит билан Зубаржад нақ бир олманинг икки палласи! Бир-бирларини ўлгудай суюшади. Ўн етти йиллик ширин орзуларидан маҳрум этиш жуда қийин савдо.
И к к и н ч и  о қ с о қ о л. Суюшмоқ—шайтоннинг макри. Бандаларни йўлдан оздириб ҳаром-харишга бошлаган ҳам ўша ошиқ-маъшуқлик эмасми? Ўша! Ҳамма ўшаларнинг касрига учраяпти.
Т а н г а б е к а (сесканиб кетади). Тўғри айтасан...
Б и р и н ч и  о қ с о қ о л. Ихтиёр бизда эмас, бойвучча, шариат шуни тақозо қилади. Рисқулдан қалин қайтмас, икки ўғлингни бирваракай уйлантираеан. Аммо, аввал Йўлмирзанинг қирқини ўтказиш керак.
И к к и н ч и  о қ с о қ о л. Бўлмаса шундай деб фотиҳа қиламиз, бойвучча.
Д а р в е ш. Эл оғалари, андак сабр қилинса. Мусофирнинг ҳам бир калима сўзини тингласангизлар.
У ч и н ч и  о қ с о қ о л. Ҳа, пайғамбар элчиси нима демоқчи экан, эшитайлик.
Д а р в е ш. Ўйлаб иш тутинг-да, оқсоқоллар. Никоҳ ёшига етмаган, ҳали ўн иккига ҳам тўлмаган ўсмирни никоҳлаш — бу шариатнинг муқаддас қонунига хилоф. Танангизга ўйлаб кўринг.
У ч и н ч и  о қ с о қ о л. Яйловнинг ўз қонуни, ўз таомили бор, Дарвеш, биз учун ўша муқаддас!
Д а р в е ш. Йўқ, уламолар, бу ишингиз шариатга тўғри келмайди. Шафақ тақдирига тан бериб, тангрига имон келтириб, бегуноҳ туллигича ўтиб кетса, уруғингизнинг обрўси бўлади. Мана бу ҳақда фикр юритиб кўринглар.

Кексалар иккиланиб қолишади.

Т а н г а б е к а. Эҳтимол, Дарвеш ҳақдир, ҳукм чиқаришга шошилманглар.
И к к и н ч и  о қ с о қ о л. Йўқ, бойвучча, яйловимизнинг урф-одатларию, таомили ўзингга маълум. Биз ҳам кўпни кўриб умр кечирган кишиларданмиз. Муқаддас таомилимизни оёқ ости қилган бандаларни Оллоҳи-таолонинг ўзи жазоламай қўймайди.
Д а р в е ш. Гуноҳ иш қиляпсиз, қариялар, гуноҳ иш.
Б и р и н ч и  о қ с о қ о л. Мана бу тақсиримиз айтгандай, бизлардан ҳам кекса таомилимиз бор, ўшанга амал қиламиз, Дарвеш.

Т а н г а б е к а қайтиб киради.

Д а р в е ш. Маккаи Мукаррама билан онт ичиб айтаман, ҳукмингиз инсофдан эмас!
У ч и н ч и  о қ с о қ о л. Каъба, Маккаю Мадина узоқда, Дарвеш, биздан олисда. Тавба, деб айтиш керакку-я, биз эркин, саҳройи одамлармиз. Саҳронинг ўз қонунлари бор. Сен билан бизнинг зътиқодимиз бир бўлса ҳам, йўриғимиз, таомилимиз бошқа.
Д а р в е ш. Ўзингиз ҳам ваҳший, таомилингиз ҳам! Сизлардан итлар ҳам хазар қилади.
Б и р и н ч и  о қ с о қ о л. Шуни билиб қўйки, Дарвеш, биз ўзимизни камситишга ҳеч кимга йўл қўймаймиз, ҳатто сенга ҳам.
И к к и н ч и  о қ с о қ о л. Қани, тақсирлар, омин денг, хайрли ишга фотиҳа берайлик.

Д а р в е ш дан бошқалари фотиҳа ўқийдилар.

Б и р и н ч и  о қ с о қ о л . Бойвучча, бизга рухсат энди. Иззат-ҳурматинг учун қуллуқ. Давлатингни худо зиёда қилсин.

Тура бошлайдилар.

У ч и н ч и  о қ с о қ о л (қимиз ичади). Шошиладиган ёшдан ўтганмиз шекилли, қариялар, таомни ташлаб кетиш ярашармикан?
И к к и н ч и  о қ с о қ о л. Ярашади, ярашади. Овқатдан бошқа дардинг йўқ! Қани тура қолинглар энди.
Т а н г а б е к а. Катта бошингизни кичик қилиб келдингизлар, улуғлар, савоб ишга бош бўлдинглар, тану жонингизни худо саломат қилсин.

Кетишади. Т а н г а б е к а кузатиб чикади.

Д а р в е ш. Лаънатилар! Йўқ! Барибир айтганимни қиламан. Тангабека менинг чангалимда-ку. Хоҳласам бўғаман, хоҳласам қўяман. (Панжаларини юлиб очади.)
Т а н г а б е к а. Маслаҳатингни олмаганларига ранжима, дарвеш, бизнинг урф-одатни ҳазм қилишинг қийин. Менга ҳам осон тутма. Юракларим эзилиб кетяпти. Бу иш ҳали неча одамнинг қон-қон йиғлашига сабаб бўлади. Лекин, одат ҳаммадан бешафқат, таомил ҳаммасидан кучли. Бунга сенинг тушунишинг қийин!
Д а р в е ш. Сизларнинг ваҳший таомилларингизни билмайман, бойвучча, буниси ҳақ! Лекин ўзимга нима кераклигини биламан!
Т а н г а б е к а. Тилагингни бажо келтираман, мусофир!
Д а р в е ш. Ваъдани катта қилиб, кейин оғриниб ўлтирма, бойвучча.
Т а н г а б е к а. Сўзларинг аллақандай ғалати кўриняпти. Гапларинг ҳам бир хил. Нафасингни иссиқ қил, меҳмон, ёт юртдан келган киши бўлсанг...
Д а р в е ш. Дин-эътиқод йўлларида қирқ йил кезиб чарчаган одамман, бойвучча. Мусофирлик ҳассасидан бошқани кўзим кўриб, қўлим тутгани йўқ. Мен ҳам тирик одамман. Бағримни тош деб ўйлайсанми?
Т а н г а б е к а. Гапларинг ғалати, мусофир, бу сўзларнинг менга нима дахли бор?
Д а р в е ш. Сендан бошқа кимга гапираман, ахир, бойвучча?
Т а н г а б е к а. Сен бир ёқдан келган одамсан, дарвеш! Бу ерга олиб келган қийматинг йўлингни ҳам берар.
Д а р в е ш. Менинг ҳам шошиладиган даврим ўтиб боряпти, бойвучча. Ташқарида от дупури эшитилади. Биров отдан сакраб тушади.
Т а н г а б е к а. Отда биров келди. Оти ҳансираяпти. Олисдан келган чопарга ўхшайди.

Рисқул киради. Бойвучча у томон бир неча одим юради.

Р и с қ у л. Ассалому алайкум, эл-юртинг омон, мол-давлатинг зиёда бўлсин, бойвучча! (Дарвешни кўриб.) Ассалому алайкум!
Д а р в е ш. Ваалайкум ассалом, бек!
Т а н г а б е к а. Айтганинг келсин, Рискулбек, қани, тўрга ўт! Келмаганингга хавотирланиб, ўзим борай деб турган эдим.
Р и с қ у л. Чопаринг борганда овда эдим. Хабар топишим билан орқамга қайтдим. Оқсоқоллар тарқалишипти-да?
Т а н г а б е к а. Ҳа, сени анча кутишди.
Р и с қ у л. Ўтириб, фотиҳа қилайлик. (Фотиҳа қилади.)
Т а н г а б е к а. Овинг дуруст бўлдими, Рисқулбек?
Р и с қ у л. Йўқ, бойвучча, овим юришмади, иккитагина карқур билан қайтдим. Овнинг мазаси йўқ, йил оғир келадиганга ўхшайди.
Т а н г а б е к а. Ишқилиб, охири бахайр бўлсин...
Р и с қ у л. Оқсоқоллар қандай ҳукмга келишди, бойвучча?
Т а н г а б е к а. Бор таомилдан ўтиб қаёққа боришар эди, Оқйигит учун келин уйда бор. Олган қалинни тўла-тўкис қайтара олсанг, Зубаржадга яна ўзинг хўжасан, қайтара олмасанг, уйимизда кенжа ўғлим ўсяпти... (Қимиз узатади.) Қимиздан тановул қил, бек, гўштга насибанг қўшилмаган экан.
Р и с қ у л. Тақдир шу экан, нима ҳам қиламиз, бойвучча, Зубаржадга ҳам совчи келган жойи бор. Қорахўжа оёғини тираб турибди. Ҳали яна совчи юборса керак, берган мол-жонингни қайтараман, қариндош бўлиш насиб қилмаган экан.
Д а р в е ш. Ё худованди карим, мол-мол дейсизлару, болаларингизни ўйламайсизлар-а!
Р и с қ у л. Бу ҳақда сен ўйламасанг ҳам бўлади, Дарвеш! Шундай қилиб бойвучча, берган молингнинг ҳаммасини қайтариб юбораман, ҳаммаси ҳисобли.
Т а н г а б е к а. Аввалги юборган молларимнинг урчишини ҳам ҳисобга олиб, санаб қайтаришни унутма!
Р и с қ у л. Бўлмаса келишиб олайлик. Қанча урчиди деб тахмин қиласан? Аммо-лекин, бир оқсоқ така кам бўлса ҳам қўймайман.
Т а н г а б е к а. Бошқа одамдан бирга бирни олар эдим. Сенинг беклик мансабингни инобатга олиб, икки бошга бир бош бўлса ҳам ризоман.
Р и с қ у л (сакраб ўрнидан туради). Оғзингга қараб гапир, бойвучча, беклик мансабимни молга уриб, мени камситмоқчимисан?
Т а н г а б е к а. Беҳудага қизишяпсан, бек. Сен бор, мансабинг бор, шунинг учун шаънингга қўшяпман-да.
Р и с қ у л (ниманидир зслаб). Ҳай, майли, бойвучча, қасосингни олдинг! Ҳазилимни чин билган экансан!
Т а н г а б е к а. Дунё шунақа, Рисқул, беклик умрлик бўлса ҳам, умр мангулик эмас. У дунёда ҳамма баб-баравар.
Р и с қ у л. Вой-бў, кекинг зўр экан-ку!
Т а н г а б е к а. Зиёфатга яраша фотиҳа дейдилар, бек!
Р и с қ у л. Кўпайиши билан талаб қилиб, теримни шиласан-ку!
Т а н г а б е к а. Сенинг теринг нимага ярар эди, ҳалол молимни сенга ҳаром қилиб қолдирсам, ҳурматсизлик бўлар, бек!
Р и с қ у л. Шу орада молларга неча марта ўлат келди. Қанча мол қирилиб кетди. Қайси мол урчисин?! Мени қийин савдога қўйдинг-ку!
Т а н г а б е к а. Тўғри айтасан, бек, ўлатлар бўлди. Лекин қалин молига ўлим йўқ. Қирғин кишининг ўз молига келади.
Р и с қ у л. Мени Рисқулбек дейдилар, бойвучча, ади-бади айтишиб ўлтиришга тобим йўқ, бўладиган гапни айт!
Т а н г а б е к а. Бўларини айтдим, бек!
Д а р в е ш. Бойвуччанинг нафси бузуқ эмас, бек, ортиқ сўраши ҳам мумкин эди...
Р и с қ у л. Сен дин аҳлисан, Дарвеш, бу дунё ишларидан узоқсан. Аралашмаганинг маъқул!
Д а р ве ш. Ихтиёринг, бек!
Т а н г а б е к а. Майли. (Кескин.) Яхшилигимни унутмассан. Бештага биттадан қўшиб ҳам молни яйловга юбора қол!
Р и с қ у л. Ўнтага битта бераман, вассалом!
Т а н г а б е к а. Эй, қўй-е, сени бек деб ким айтади, хотиндан баттарсан...
Р и с қ у л. Сенга худо бас келсин, менга мол эмас, обрў қиммат. Бештага биттадан қўшиб ҳайдатиб юбораман молларингни... Лекин, бойвучча, сен билан қайта учрашишдан худонинг ўзи асрасин! Қизим сенинг домингга тушиб қолмаганидан жуда хурсандман. Шуни билки, Рисқулбек ҳеч нарсани унутмайди! (Чиқиб кетмоқчи бўлади.)

Ташқарида от дупури эшитилади. Биқинини чангаллаб чопар киради.

Чопар. Хунук хабар, бегим, хунук хабар олиб келдим! (Оғир нафас олади.) Буйрагимни ўқ тешиб ўтди.
Р и с қ у л. Буйрагингни қўй, олдин хабарингни айт!
Ч о п ар . Ўтган кечаси узоқдаги подага қора булутга ўхшаб ёв ёпирилиб келди. Қорахўжанинг одамлари баримтага келган бўлса керак. Бутун молларингни ҳайдаб кетди.
Р и с қ у л (чопарга қамчи ўқталиб). Сенлар қараб туравердиларингми ёки қуёнга ўхшаб ин-инингга кириб кетдиларингми?
Ч о п а р. Туни бўйи олишдик, бек, ёқалашдик, кучимиз етмади, бек. Ҳамма йилқичиларинг, қўйбоқарларинг ўлган, қандай қилиб мен омон чиққанимга ҳайронман у жаҳаннамдан. Вой, ўламан, ичим қонга тўлди чоғи, ҳолим ёмон, бегим, ўламан.
Р и с қ у л. Ҳа, Қорахўжа шу йўлни тутдими ҳали! Энди у мендан баримтанинг қонли қасоси—қаримтани кутаверсин! Мени Рисқулбек дейдилар... (Қамчи силтайди.)
Т а н г а б е к а. Қаримтанинг устига қор ёгди дея-вер, Рисқулбек! Молсиз қолибсан-ку ё нотўғрими?
Р и с қ у л. Тўғри, тўғри. Суюнавер, сенинг кунинг туғди.
Т а н г а б е к а. Нега суюнай, ахир, сенинг молинг билан меники ҳам кетгандир.
Р и с қ у л. Молинг кетса, сенга келин қолади. Менинг на молим, на қизим қолди. Эҳ, муртад Қорахўжа! Қонингни томчилаб тўкмасам, Рисқулбек отим ўчсин, бутун зотимга қирғин келсин!
Т а н г а б е к а. Демак, қариндош бўлишдан бошқа чорамиз йўқ экан-да?
Р и с қ у л. Яна сен ютдинг, бойвучча, яна айтганингни қилдинг!
Д а р в е ш (ўзича). Хм-м... тақдир ўйини авжига чиқяпти...
Т а н г а б е к а. Очиғини айтсам, Зубаржадни ўз қизимдай севиб қолганман. Қўлдан чиқариб юборгим келмаганди. Кўнглимга тортди.
Р и с қ у л. Бу билан дардим енгил тортмайди. (Чопарга.) Тезроқ бориб отингга мин, одамларни йиғ, у босқинчини қувиб борамиз, шояд етсак! Эй, отни олиб кел!..

Ч о п а р чопиб чиқиб кетади.

Т а н г а б е к а. Оқ йўл, бек. Ишингни худо ўнгласин.
Р и с қ у л. Қуллуқ, бойвучча! Фотиҳа бер, авлиё!
Д а р в е ш (маккорона табассум билан пичирлаб ўқиб). Худо ўз паноҳида асрасин, оллоҳу акбар.

Рисқулбек шиддат билан чиқиб кетади.

Т а н г а б е к а. Чўлдаги елни бостириб бўпсан, бек. Қирғин дарахт бошида эмас, одам бошида юради!
Д а р в е ш. Мана, яна иккимиз қолдик, бойвучча.
Т а н г а б е к а. Бир ўзим танҳо қолсам, янада яхшироқ бўлар эди, дарвеш. Бир оз ўйлаб, хаёлимни йиғиб олай.
Д а р в е ш. Ўйлайвер, мен шошмайман. Лекин хайрли иш ҳақида ўйламаяпсан. Оқйигит билан Зубаржадни бир-биридан айириб, эрнинг васиятига хиёнат қиляпсан. (Бошини эгиб чиқиб кетади.)
Т а н г а б е к а. Бу Дарвеш ҳадеб гапни қаёққа бураверади, сира тушунмайман. Бизнинг ғам-ташвишимиз билан унинг нима иши бор? Ёки қилаётган бу ишларим чиндан ҳам раҳматли Элмирзанинг васиятларига хиёнатми? Бошимизга бундай балолар келишини ким билибди? Назаримда мени худди илон чаққанга ўхшайди. Ўзимни қўярга жой тополмайман. Тангрим, нима қилиш керак, нима қилай?!

П а у з а
Д е в о н а югуриб киради.

Д е в о н а. Бойвучча опа, бойвучча опа! Шундай Тол Қивиққа етиши билан Рисқулбекнинг оти мункиб кетиб, ўлди-қолди. Мана бундай юмалаб, ўмбалоқ ошиб кетди. (Юмалаб кўрсатади.)
Т а н г а б е к а. Бек тирикми?
Д е в о н а. Бек дарров сакраб турди-ю, от талаб қилди. Ёлчиқул бизнинг тўриқ йўрғани тутиб, уни миндириб юборди.
Т а н г а б е к а. Хайрият, жони омон қолибди бечоранинг.
Д е в о н а. Бекнинг дўпписи бир чақирим ерга учиб тушди, бошида мана бундай (муштини кўрсатади) ғурра.

Д е в о н а Тангабеканинг ёнига келиб ўтиради. Т а н г а б е к а унинг бошини силайди.

Д е в о н а. Бошимни силасанг бирам хуш ёқади, бирам хуш ёқади. (Жилмайиб.) Ҳамма вақт шундай қилиб тур, хўпми, бойвучча опа?
Т а н г а б е к а. Бир бегуноҳ тириккина жонсан, Девона, сен билан сўзлашиб ўтирсам ўзим ҳам енгил тортаман.
Д е в о н а. Мени эркаласанг, йиглагим келиб кетаверади. Йўқ, бойвучча опа, мен йиғламайман, мен йиғласам, сенинг кўнглинг бузилади.
Т а н г а б е к а. Йиғлама, Девонам, сенинг йиғингсиз ҳам менга жуда қийин. Ҳамма ёқ алғов-далғов бўлиб кетди. Нима бўлишига ақлим етмай қолди. (Девонанинг бошини силайди.)
Д е в о н а. Сен билан иккаламиз бўлак яйловга кўчиб кета қолайлик, бойвучча опа? Эшмирзани ҳам олиб кетамиз. Майли, Шафақ ҳам кета қолсин биз билан! Майли! Оқйигит билан Зубаржадни ҳам қолдириб кетмаймиз, иккаласи бу ерда қийналиб қолади. Ёлчиқул-чи? У ҳам яхши одам, уни ҳам олиб кетамиз. Дарвеш анави Рисқул яйловига кетаверсин.
Т а н г а б е к а. Оҳ, Девона, қани энди сен айттандай осонгина қутулиб бўлса? Кошки, кўргулик ва азобларимиз бу ерда қолса! Ҳаммаси орқамиздан қувиб боради.
Д е в о н а. Бароқни ҳам олиб кетамиз, бўлмаса суякларни ким кемиради?..
Т а н г а б е к а. Ҳай, майли. Ана, қимиз қуйиб ич!
Э ш м и р з а. Чуҳ... қамиш оёқ арғумоғим, чуҳ! Ойи, ойи қўйчи Боймат мендан, хотин олганингда сен уни нима қиласан, деб сўради. Менми, мен уни қамчи билан боплаб савалайман, дедим. Тўғри айтибманми?
Т а н г а б е к а. Эсингни йиғ, тентак, алжирама! Қамчи билан хотин калтаклаганни кўрганинг борми?
Э ш м и р з а. Кўрганим бор, ойи. Анави ғилай Йилқибой хотинини кунда қамчи билан савалаб, ўласи қилади.
Т а н г а б е к а. Одам эмас, ваҳший экан бўлмаса.

Ш а ф а қ, унинг кетидан Д е в о н а киради.

III а ф а қ. Чақирдингми, қайнанам?
Т а н г а б е к а. Чақирдим; ўтир, ҳамманглар ўтиринглар. Сен, девона, эшитиб, жимгина ўтир.
Д е в о н а. Хўп бўлади, бойвучча.
О қ й и г и т. Ойи, сен бизни жуда бемаҳалда тўпладинг, ишқилиб, охири бахайр бўлсин.
Т а н г а б е к а. Огоҳлантираман, бу оқшом мендан яхши-хабар кутмай қўя қолинглар. Ихтиёрим ўзимда эмас.

Ҳамма ташвишда, бир-бирларига қарашади.

Ш а ф а қ (ўзича). Худойим, наҳот ўйлаганларим олдимга келса? Бир балони сезяпман.
Т а н г а б е к а. Нимадан бошлашга ҳам ҳайронман. Бугун оқсоқолларни, яъни уруғларимизни ҳурматга сазовор улуғларини йиғиб, кенгаш қургандик. Ўйладик, кенгашдик. Ҳа, айтгандай, Зубаржад, Рисқул ҳам келиб кетди. Кенгашиб, фикрлашиб ота-боболаримиз удумини тутишга, ўтганлар таомилига амал қилишга қарор қилдик.
О қ й и г и т (ҳаяжонда). Ота-боболаримиз таомили, васияти мен учун муқаддас. Бизнинг фотиҳамиз бор...
Т а н г а б е к а. Таомилимиз, қонунларимиз авлоддан авлодга ўтиб келган кўҳна қонунлар, болаларим! Ундан ўтиб ҳеч қаерга боролмаймиз.
О қ й и г и т. Нима бўлди ўзи ойи, қийнамасдан тезроқ сўзла!
Т а н г а б е к а. Акангнинг ўлими ҳамма ёқни остин-устин қилиб юборди, болам. Кўп умидларимиз пучга чиқди. Оқсоқоллар эски удумимизни тутиб, шундай қарор қилдилар: Оқйигит, сен Шафаққа уйланасан. Эшмирза, сенга ана Зубаржад хотин бўлади. Акангизнинг қирқини ўтказиб, сизларнинг тўйларингизга ҳаракат қиламиз.

Ҳамма саросимада.

Э ш м и р з а. Менга хотин керак эмас, ойи, мен уйланмайман. Ана Девонага хотин керак. Мен ҳали тегишиб айтдим, менга хотин керак эмас. (Ўтовдан чопиб чиқиб кетади).
Д е в о н а. Қўй, қўй мени, бойвучча, ўз холимга. Менга хотин керак эмас, менга уйланиш гуноҳ. Хотинсиз ҳам жуда яхши ухлайман. Ана, иккаласини ҳам Оқйигитга бер! Мени тинч қўй, бойвучча опа! (Орқаси билан юриб ўтовдан чиқади.)

З у б а р ж а д билан О қ й и г и т ҳамон саросимада, ҳайрон.

Ш а ф а қ. Истасанг ос, истасанг чопиб ташла, қайнанам! Лекин мени бундай жафоларга гирифтор қилма! Илиниб турган бир кузги етим япроқ сингариман. Тегма, қайнанам, ўзим узилиб тушаман. Сен мени уч кишининг кўз ёшига сабаб қилма. Кўз ёши нималигини мен жуда яхши биламан! (Ҳўнграб йиғлайди.)
О қ й и г и т (қаҳқаҳлаб кулиб). Эй, онажон! Тошдан тошга, қоядан қояга сакраб юрган кийикка: сен бундай қилма, деб ким буйруқ бера олади? Бу ерда унга қонун эмас... фақатгина ўқ ҳоким. Қўлинг борса, от бизни. Биз Зубаржад иккаламиз бир жонмиз. Бизнинг тақдиримизни васият ва таомил билан ўзларинг қўшгансизлар!..
З у б а р ж а д. Ўлгунимча сенинг қулинг, хизматкоринг бўлишга тайёрман, бойвучча... Фақат бир илтимос, мени Оқйигитдан жудо қилма, менга Оқйигитимни қўй!
О қ й и г и т. Ундай дема. Зубаржад, биз қул бўлиб эмас, ҳур бўлиб яшаш учун дунёга келганмиз. Қул бўлиб эмас, муҳаббат, аҳд-паймон асири бўлиб яшаш — бу буюк бахт, Зубаржад! Ойижон, наҳотки сен унутдинг отам сўзларини? У ҳамиша, «Ҳурлик-бахтиёрлик» дер эди». Хўш, нега жим бўлиб қолдинг? Айт, ойижон, сен бизнинг ирода ва садоқатимизни синаб кўрмоқчи эдинг, шундайми?
Т а н г а б е к а. Йўқ, болаларим, сизлар синовдан ўтгансизлар. Худойи таолонинг хоҳлагани бошқа экану, биз шошиб осийлик қилиб қўйган эканмиз, болаларим. Тақдирнинг ёзганига бўйсунмай иложимиз қанча?
З у б а р ж а д (Тангабеканинг оёғига йиқилиб). Бизнинг тақдиримиз сенсан, бойвучча! Сен кучли одамсан, ҳар нимага қодирсан, бизларни бир-биримиздан жудо қилма!
О қ й и г и т (Зубаржадни ўрнидан турғизиб). Тур ўрнингдан! Бизнинг тиз чўкиб кечирим сўрарлик нима гуноҳимиз бор, Зубаржад? Бизни туғилишимиз қовуштирган, фақат ўлимгина бир-биримиздан жудо қилиши мумкин!
Т а н г а б е к а. Тангримнинг қудрати чексиз.
З у б а р ж а д. Ундай бўлса, нега унинг қудрати фақат ёзузликда чексиз экан, бойвучча?!
Т а н г а б е к а. Тавба деб гапир, Зубаржад. Бу сўзларингнинг турган-битгани гуноҳ!
З у б а р ж а д. Бир илдиздан кўкариб чиққан қўшалоқ ниҳолни томиридан қирқиб ажратиш гуноҳ эмасмиккн, бойвучча! Бизнинг кўз ёшларимиз наҳот сенинг бағрингни қон қилмаса, бойвучча! Бунча қаҳринг қаттиқ!
О қ й и г и т. Она, агар сен бизни шундай жудолик доғига ташлайдиган бўлсанг, берган оқ сутларинг ҳаром бўлади! Йўқ, йўқ, она! Оёқ-қўлларимизга темир кишан солсанг солгину, аммо дилларимизни озод қўй!
Т а н г а б е к а. Тўлқин дарёдан чиқиб кетмайди, ўғлим, қирғоққа урилиб яна изига қайтади. Тақдир дарёсининг қирғоқлари баланд ва серқоя. Ундан ҳеч ким ҳатлаб ўтган эмас!
О қ й и г и т. Мана, биз тақдир дарёси тўлқинига ботмай, ундан ҳатлаб ўтамиз.
З у б а р ж а д. Ҳаммаси сенинг қўлингда, бойвучча!
Т а н г а б е к а. Мен тақдир қулиман, таомил, урф-одат қулиман. Мгнинг эрким ўзимда эмас.
О қ й и г и т. Оҳ, бу қуллик! Банда бандага қул, қонунга қул, таомилга қул! Қул, қул, қул! Одамлар ўзларига қонун ўйлаб чиқарадилар-да, ўла-ўлгунча ўша қонуннинг қули бўлиб яшайдилар. Қул, қул! Одат ва заифлик қули, гўллик ва ҳирсият қули! Инсоннинг бири шуҳратпарастлик қули бўлса, иккинчиси молу дунё қули! Учинчиси нодонлик қули бўлса, яна бири ёвузликка қул! Нима учун шундай? Нима учун ҳар бир тирик жонни беҳуда тамоил ра урф-одат гўрига тиқасизлар? Биламан, эл-уруғимизнинг одат ва таомилига кўра мен Шафаққа уйланишим керак. Бунга на Шафақ, на мен рози ахир! Ўт билаи сув қандай қовушсин?!
Т а н г а б е к а. Бизда ихтиёр йўқ, бу Олло-таолонинг хоҳиши.
Ш а ф а қ. Бизнинг зоримиз, илтижоларимиз нега унинг қулоғига етмайди. У шунча узоқдами?
О қ й и г и т. Оллоҳнинг қулимиз! Аммо ўзимиз ўзимизга қул бўлиб яшаймиз. Мен ҳурмат қиладиган Оқмон шоир шундай деган эди:
Қуллар бўлиб яшашдан ҳам қуллик ёмон,
Еримизда қуллар битар бирон замон.
Қуллар битар! Руҳимизга подшо бўлиб,
Дилимизга тахтин қуриб қолар ҳамон...
О, руҳларни кишанлаган қуллик ёмон!..
Т а н г а б е к а. Оқмон шоирни элдан бадарға қилганларини ҳам унутма, ўғлим!
Оқ й и г и т. Шоирни элдан бадарға қилишга, юртдан ҳайдаб чиқаришга ёвузларнинг кучлари етади. Лекин унинг қўшиғини ҳам, руҳини ҳам қувиб чиқариб бўлмайди элдан!
Т а н г а б е к а. Уруғ унга лаънатлар ўқиди.
О қ й и г и т. Йўқ, уруғ ёвузларига, жоҳилларига у лаънат ўқиб кетди.
Т а н г а б е к а. Мана, оз эмас, кўп эмас, эллик йиллик умримда кўпни кўрдим, ўғлим. Лекин таомилни оёқ ости қилган бирон қулнинг худо ғазабидан омон қолганини ҳали кўрганим йўқ. Мен буни жуда яхши биламан. Шунинг учун бутун ташвишу ҳаракатим — сизни шу ҳалокатдан ҳимоя қилиш.
О қ й и г и т. Ҳимоя қилма, она, бизни бир-биримиздан жудо қилишнинг ўзи ҳалокат қаърига отишдир.
Ш а ф а қ. Мен мисоли милтиллаб ёнаётган бир шамман, қайнанам. Йўлмирзам ҳаққи, унинг руҳи ҳурмати мени ўз ҳолимга қўй. Эрим доғида ўзим ёниб, ўзим сўнайин. Ўтинаман, қўй, мени ўз ҳолимга!
Т а н г а б е к а (жаҳл билан). Тилинг чиқиб қолибди дейман, келин? Ҳаддингдан ошма! Сени уруғ пода-пода мол бериб олган. Сенинг хўжанг ҳам уруғ бўлади. «Севги, севги» дейсан ҳамманг. Мана, Йўлмирза билан севишиб қовушдиларинг, бахтинг кўпга бордими? Муҳаббатнинг турган-битгани ҳасрат.
Ш а ф а қ. Муҳаббатнинг ҳасрати ҳам мен учун лаззат!
Т а н г а б е к а. Етар, гапни бас қилларинг энди!.. Қиёматда худо олдида мен жавоб бераман. Қарор битта: оқсоқоллар қандай ҳукм чиқарган бўлса, шундай бўлади! Ҳадемай ҳаммангиз ҳам тақдирга тан бериб кетасиз.
З у б а р ж а д. (Оқйигитнинг чеҳрасига боқиб.) О, тангрим, бу не ҳол, Оқйигит? Нега чакка сочларинг бирдан оқариб кетди? Ё худойим!..
О қ й и г и т. Қуллуқ, она, минг раҳмат! Шу дақиқалар ичида сен мени ўттиз ёшга улғайтирдинг. Ақлимни тиниқтирдинг. Ҳозир мен йигит эмас, кўпни кўрган эр киши бўлиб сенга айтар сўзим бор. Мен Зубаржадсиз бир кун ҳам яшай олмайман. Жонимиз ҳам, танимиз ҳам бир ерда бўлади. Бутун севган уруғим мени лаънатлаш эмас, оёғимга йиқилиб ёлворса ҳам, айтганимдан қайтадиган эмасман. Мен муҳаббатим билан ўзимни жуда қудратли ҳис қиляпман, она! Сен бутун дунёни қоронғиликка кўмдинг, мана шу қоронғиликда мен учун биргина юлдуз — Зубаржад ярқираб турибди. (Зубаржаднинг кўлидан ушлаб Тангабека олдига келади.) Бизга берган фотиҳангни такрорла, онажон!
З у б а р ж а д. Мен Оқйигитсиз бир кун ҳам яшаи олмайман. Мен сўнгги нафасимгача Оқйигитникиман, бойвучча! Бизни қовуштирган фотиҳангни такрорла, бўлғуси қайнанам! Такрорла фотиҳангни, бўлғуси онажоним!
Т а н г а б е к а. Мен фотиҳамни такрорлаш учун эмас, қайтариб олиш учун чақиртирдим сизларни! Мана, кўз олдингизда оламан уни. Оқсоқолларнинг ҳукми ҳукм! Бугундан бошлаб бир-бирингиз билан кўришишингизга мен розилик бермайман!
О қ й и г и т . Сен Қуёш нуридан маҳрум этсанг, она, бизнинг йўлимизни ой нури ёритади, бахтимизга паноҳ бўлади! Юр, Зубаржадим, кетдик!

О қ й и г и т билан З у б а р ж а д чиқади.

Т а н г а б е к а. Кунимиз серқайғу, эртамиз қоронғи!
Ш а ф а қ (саҳрога термилиб). Ҳамма ёқ симсиёҳ, қора туман қоплаган атрофни... (Кета бошлайди.)
Т а н г а б е к а. Бир оз сабр қил, Шафақ, кетма.
Ш а ф а қ. Овқат пиширишим керак.
Т а н г а б е к а. Улгурасан. Гап бор.
Ш а ф а қ. Айтилмаган нима қолди, қайнанам?
Т а н г а б е к а. Қайнана-келин бўлиб эмас, икки тенг аёл бўлиб гаплашайлик.
Ш а ф а қ . Даражамиз тенг эмас-ку, қайнанам.
Т а н г а б е к а. Ҳамма хотинлар бир хил, Шафақ. Мен ҳам бир вақтлар ёш бўлганман.
Ш а ф а қ. Сен ҳозир ҳам қари эмассан!
Т а н г а б е к а. Сен эндигина дарахтдан узиб олинган етук мевасан, Шафақ! Заҳа бўлмаган, шарбатга тўлиб, тирсиллаган мева! Чиройлисан, қадди-қоматинг келишган жувонсан. Сенинг чекингга йигитларнинг сараси тушди. Менга қанча оғир бўлишига қарамай, сенга маслаҳатим шу: фурсат ғаниматлигида ўзинг ҳақингда ўйлаб қол.
Ш а ф а қ. Ёшлигимни уриб кетди қора гармсел.
Т а н г а б е к а. Мен ҳам севги лаззатига тўйиб қонмай бўлиб қолдим тул. Неча марта ўлдирмоқчи бўлдим ўзимни. Лекнн ҳаёт устун чиқди. Инсон ҳамма нарсага кўникади.
Ш а ф а қ. Мен кўника олмайман, бардошим етмайди.
Т а н г а б е к а. Ўзингни кўниктир, Шафақ, Оқйигитга кўнгил бер, бошқа иложимиз йўқ! Ой булутлар чодирига кирганда сен ҳам секин унинг оқ ўтовига кир!
Ш а ф а қ. О, қайнанам, худодан қўрқ, мени ёмон йўлга йўллашдан! Мен ундай хиёнатни хаёлимга ҳам келтиролмайман. Бировнинг бахтини ўғирлаб киши бахтли бўладими? Зубаржаднинг кўз ёши кимни тутади?
Т а н г а б е к а. Зубаржад ҳақида биз ўйлаймиз, сен ўзингни ўйлайвер!
Ш а ф а қ. Йўқ, мен бу йўлга юрмайман, қайнанам! Мен ўз оёғим билан унинг оқ ўтовига кириб боролмайман. Мени бу шармандаликдан қутқар! Мен гуноҳдан қўрқаман. Анави Дарвеш аллақандай ёвуз назар билан мени кузатиб юради. Қаерга борсам, ўша ерда у...

Д а р в е ш киради.

Д а р в е ш. Кечки ибодатни ҳам адо этиб келдим, бойвучча... Нимагадир ҳамма ёқни қуюқ туман босиб келяпти, бамисоли қора булут! Ишқилиб яхшиликка кўринсин!
Т а н г а б е к а. Қора туман хайрлик келтирмаслигини пайгамбар элчиси билса керак?!

Ш а ф а қ сездирмай чиқиб кетади.

Д а р в е ш. Ер гуноҳга тўлиб-тошган, бойвучча!
Т а н г а б е к а. Ерда бандалар яшайди. Банда бўлган жойда ҳар нарса ҳам бўлади.
Д а р в е ш. Хўш, бойвучча, ёшларни кўндира олдингми?
Т а н г а б е к а. Мен уларга уруғнинг ҳукмини айтдим, кўниш-кўнмасликка уларда ихтиёр йўқ.
Д а р в е ш. Шундай дегин...
Т а н г а б е к а. Шундай... Мен сенга анчадан бери айтмоқчи бўлиб юрган эдим. Сенинг қилиқларинг мени борган сари ҳайратга солиб қўйяпти. Авлиё бўлсанг ҳам, бошқа бўлсанг ҳам, ўзингга, биз учун сен бегонасан... Балки...
Д а р в е ш. Нима «балки?»
Т а н г а б е к а. Балки кетарсан дейман... Сенсиз ҳам ҳаётимиз нотинч. Нима истасанг шуни ол-да, жўнаб қол!
Д а р в е ш. Менга мол керак эмас, менга бир қароргоҳ керак. Жаҳон кезиб чарчадим, қўним керак.
Т а н г а б е к а. Ундай бўлса, ўзингга бир қароргоҳ излаб топгин!
Д а р в е ш. Бир умр излаган қароргоҳимни топдим, бойвучча, жаҳонгашталикка алвидо дедиму, кексалигимни сенинг қароргоҳингда ўтказишга келдим.
Т а н г а б е к а. Бу ернинг бекаси мен! Менинг қароргоҳимда сенинг ризқинг тугади, энди йўлингга равона бўл!
Д а р в е ш. Қуллуқ, бойвучча. Лекин мен бир дайди ит эмасманки, олдимга бир суяк ташлаб, алдаб, ҳайдаб юборсанг. Фаҳмладингми?
Т а н г а б е к а. Нималар деяпсан ўзинг? Ҳеч нарса тушунмаяпман.
Д а р в е ш. Тушунмасанг, тушунтириб қўяман.
Т а н г а б е к а. Йўқ, тушунтирмай қўя қол, керак эмас. Аммо кет бу ердан. Нима керак бўлса шуни олгину, кет!
Д а р в е ш. Керагини албатта оламан, бойвучча, лекин кетмайман. Негаки, кетиш учун келган эмасман!
Т а н г а б е к а. Йўқ, кетасан! Меҳмондўстлигимни кўрдинг, лозим бўлса қаҳримни ҳам кўриб қоларсан! Яхшиси, нима кераклигини айт, буюраман, ҳозир беришади!
Д а р в е ш. Менга Шафақ керак, бойвучча. Шуни бер. Мен қолган ҳаётимни шу ерда, Шафақ билан ўтказаман... Ҳа, нега ўқраясан? Мен ҳали қариганим йўқ, энди эллик бешга кирдим.
Т а н г а б е к а. Тўхта, тўхта! Бу куёв алаҳсирашини ўнгимда эшитяпманми ё тушимда? Ҳалиги авлиё Дарвеш сенмасмидинг?
Д а р в е ш. Авлиёликни тарк этганимга кўп бўлди, бойвучча. Бу гуноҳкор ерни тарки дунё қилиб, ўзимни дин, худо йўлига бағишладим. Дину имон, рўзаи рамазон, тоату ибодат қилдим, ҳақиқат истаб, нима топдим? Хулё топдим, хулё! Ҳаммаси риё, ҳаммаси беҳуда гап, бойвучча. Нимага сажда қилдим, нимага топиндим? Қўша-қўша хотин қучиб, олтин саройларда бу дунёнинг роҳатини кўрган олий зотлар имонининг саломатлиги учунми?
Т а н г а б е к а. Худо сени охиратда ўзи ёрлақайди.
Д а р в е ш. Охират ҳозир ер устида, бойвучча! Охиратнинг жаннати ҳам, дўзахи ҳам — Шафақ! Уни кўрдиму, диндан чиқдим, имондан айрилдим, бойвучча. Мевасиз дарахт ва уясиз қуш сингари сўққабош бўлиб дунёдан ўтиб кетаётганимга афсусланиб қолдим. Шафақ мени кўкдан ерга туширди. Менда ернинг нозу неъматларидан, роҳат ва лаззатларидан баҳраманд бўлиб яшаш иштиёқини уйғотди. Ёз қуёши ботаётганда ҳам ёниб ботади... Музлаб қолаётган қоним туғёнга келиб, мудроқ ҳирсу ҳавасларим исён кўтариб, менга омон бермаяпти. Мен кўмилган вулқонга ўхшайман, бойвучча! Менга Шафақни бер! Бугуноқ, ҳозироқ бер уни менга!..
Т а н г а б е к а. Эй, ақлдан озмадингмикан, Дарвеш, эсингни йиғ!
Д а р в е ш. Эсимни йиғиб олганим учун ўзимга тегишлигини талаб қиляпман, бойвучча.
Т а н г а б е к а. Ҳозироқ кет бу ердан, дарвеш, бўлмаса тумонатни бошингга тўплайман, қамчи остида қоласан.
Д а р в е ш. Пўписангни қўй, бойвучча, мен қўрқмайман. Ҳаёт ўз қамчисини қаттиқ босган менга. Қара-я, одамларга имон тарқатиб юрган одам, бу ерга келиб имондан чиқиб қолса. Имонсиз одам қўрқоқ бўлмайди.
Т а н г а б е к а. Яна бир сўз дейдиган бўлсанг, оёқ-қўлингни боғлатиб, чўлга чиқариб ташлатаман, оч бўриларга ем бўласан.
Д а р в е ш. Ташлатишдан бурун бир ҳикоя эшит... Бу бўлган воқеа.
Т а н г а б е к а. Керак эмас ҳикоянг, ҳикоя эшитадиган бўлиб ўтирганим йўқ.
Д а р в е ш. Ҳикоям жуда қизиқ... кўнглинг очилади.
Т а н г а б е к а. Керак эмас...
Д а р в е ш. Ихтиёринг... Бундан ўттиз йиллар чоғи муқаддам... ҳа, ўттиз йил бўлиши керак.
Т а н г а б е к а (ўзича). Ўттиз йиллар...
Д а р в е ш. Олислардаги яйловлардан бирида эри урушга кетган чиройли бир ёш жувон бўлган. Чиройли жувон бошида эри билан ўтган ширин ишқли тунларни, қувончли кунларни эслаб соғинган, юраклари интилган... Отилиб чиққан чашма ўз оқимига йўл топади, дейдилар. Қўшни қароргоҳдан келиб-кетиб юрган келишган бир йигитга жувон ошиқу беқарор бўлиб қолади. Шундай қилиб, ҳислар тўфонида маст жувон ўйнаш орттиради. Йигит неча бор оқ ўтовга кириб чиқади — бўсағадан бошқа ҳаммага сир. Кундузларни эри хаёли тузоғида, тунларни йигит қучоғида ўтказади бу жувон... Орадан йил ўтмаёқ хуфия учрашувлар ўз мевасини инъом қилади — ўғил бола дунёга келади. Бу сирдан ерда киндик кесган доя кампиру кўкда ҳайрон чақнаган юлдузларгина воқиф бўлади. Лекин сир ҳам қил устида эди — болани нима қилишлари, қаёққа яширишларяни билмасдилар... Худонинг марҳамати кенг, бойвучча... Худо бандасига бераман деса, улушини йўлига ташлаб қўяр эмиш. Шу бола туғилган кунда яйловда қўлида ҳасса, юрагида ғусса бир ёш дарвеш ўтиб қолади. Худонинг меҳрибонлигига қара... Доя кампир дарвешнинг йўлини тўсади. Қўрқа-писа бўлган сирни айтиб: тилаганингни сўра, мол дейсанми, олтин дейсанми — қанча хоҳласанг ол. Лекин мушкулимизни осон қил, бизни балодан қутқар, дейди. Болани олиб чўлга кет, эрталаб қайтариб кел, келганингни ҳамма кўрсин. Кейин халққа: чет яйловдан шу болани топиб олдим, дегин. Халқ сенга болани катта ўтовга бекнинг хотини олдига олиб боришни маслаҳат беради, дейди кампир. Дарвеш йигит доя кампирнинг ҳамма айтганларини бажо келтиради. Болани дарҳол подачининг эмизикли хотинига берадилар... Дарвеш ваъда қилинган пулу олтин, қўю отлардан кечиб, фақат мудҳиш сирни кўнглига кўмади-ю, ҳу, деб жўнаб кетади... Мана, бор ҳангама... Ҳа, нима бўлди, бойвучча, рангинг ўчиб кетди?
Т а н г а б е к а. Ҳа, жаҳонгашта одамларнинг эртаги шунақа кўп бўлади.
Д а р в е ш. Эсимда... ҳалиги бузуқнинг исми Тангабека эди... Ҳали ҳам дарвешнинг қулоғида ўша исм жаранглаб турибди.
Т а н г а б е к а. Ҳа, саҳроларда бунақа исмлар жуда кўп учрайди.
Д а р в е ш. Арзимаса яна бир нарсани айтай... Уша гўдакнинг манглайида катта холи бор эди. Худди сенинг Девонанг пешонасидагига ўхшаган... Ўтмишингдан қочиб, бошқа даргоҳларга кўчиб кетибсан. Аммо ўтмиш кўзга кўринар-кўринмас бўлиб кишининг изидан юраверади, бойвучча! Мана, мен ҳам топиб келдим изингдан...
Т а н г а б е к а. Ҳассанг билан бирга қўшиб худо урсин сени, Дарвеш! У вақт ёвуз иблис бўлиб чиқди. Шу иблис келиб энди мендан тозон талаб қиляпти. Олмай кетган олтин ўрнига — ёш хотин эмиш! Менинг ўз кўрган азобларим каммиди?! Бир гуноҳга минг жазо... бўйимда эканида кундуз одамлардан яшириниб, тунларни изтироб ва кўз ёшида ўтказиб, ақлдан оза ёзган эдим. Шунинг учунми, боланинг эси паст бўлди. Ўттиз йилдан бери унга қараб хуфия изтироб чекаман. Яширин лаззатнинг неъмати жуда аччиқ келди менга.
Д а р в е ш. Ўкин, бойвучча, ўкин. Кейинги пушаймон ўзингга душман, дейдилар.
Т а н г а б е к а. Ўкинаман. Шу гуноҳим учун худо мени қирққа етмай тул қолдирди. Мана энди ўғлимни тортиб олди. Қаҳри ғазабига дучор қилди худо. Қани айт-чи, Дарвеш, дунё тарозисининг мезони борми ё йўқ? Ҳақиқат қаёқда?!
Д а р в е ш. Ўкин, бойвучча, ўкин! Мана мен шу ўттиз йил гуноҳ қилмаганимга ўкинаман. Севгидан қўрқдим, хотинлар билан айш-ишратдан ҳазар қилдим. Хуллас, бу дунёнинг лаззатидан бебаҳра яшадим... Йигирма беш йил аввал Бағдодда бир давлатманд савдогар мени куёв қилмоқчи бўлди. Мен у дунёнинг жаннатини бу дунё лаззатига алиштирмадим. Ҳозир пушаймонман!.. Яқиндагина, бундан ўн йил муқаддам бир тул даҳри хотин мени увалло ўз қучоғига тортди — тоб бердим, яқинига йўламадим. Энди ачинаман! Ундан кейин Бухорода... Саройлида... Ўкинаман, бойвучча, ҳаёт чақириғига кар-кўр яшаганим учун ўкинаман! Лекин бефойда!
Т а н г а б е к а. Сен одам эмассан, иблиссан, девсан!
Д а р в е ш. Иблис бўлсам жуда қудратли бўлар эдим. Мен бўлсам заиф, аянч бир дарвешман... Ўттиз йилдан бери мудраб ётган иблис мана бугун уйғонди, сарфланмаган кучим, аланга олмаган чўғим бугун юрак-бағримни ёндиряпти.
Т а н г а б е к а. Совуш топ, дарвеш, энди ёниб қаёққа борар эдинг.
Д а р в е ш. Рост айтасан, мен лаззат оладиган ҳаёт дарахтининг мевалари анча сийраклашиб қолган. Шундай бўлса ҳам ўз улушимни олмай қўймайман. Энг охиргиси бўлса ҳам узиб оламан мевамни. Бўйим етмаса, шохини синдириб оламан!
Т а н г а б е к а. Нақадар мудҳиш вабосан, дарвеш!
Д а р в е ш. Тўғри айтасан, бойвучча, сенинг тақдиринг менинг қўлимда. Ҳамма сирларнинг калити — Шафақ. Шафақни менга қолдирсанг, олам гулистон!
Т а н г а б е к а. Йўқ, қасамёд қилиб айтаманки, уни сенга бермайман! Бутун бир уруғ шаънига иснод келтирасан! Ё парвардигор, ўзинг мадад бер менга!
Д а р в е ш. Худо оҳ-зорингни эшитмайди, буни мен яхши биламан. Одамларнинг ўзлари бир-бирларини жазолайдилар. Сенинг жазонг — мана мен! Ўша вақтда олтинингни олмаган эдим, бойвучча, қарзингни тўла!
Т а н г а б е к а. Йўқ, дарвеш, бир гуноҳимни ювиш учун яна гуноҳ қилишни хоҳламайман! Кет, бу ердан, тезроқ кет!
Д а р в е ш. Мен кетмайман. Агар танбаллик қилаверсанг, бошингга тумонат уруғингни йиғиб, сени ер билан яксон қиламан. Далилим — ана, Девона!
Т а н г а б е к а. Қанча ёвуз бўлсанг ҳам ваҳшийлик қилмассан! Ҳар ҳолда сен эр кишисан-ку, ахир?!
Д а р в е ш. Мен ҳозир ҳеч ким эмасман, на фаришта ва на иблис! Мен учун муқаддас ҳеч нарса йўқ! Менга Шафақни бер, бўлмаса шарманда бўласан, эски ўкинчларингга янги пушаймон туз сепади.
Т а н г а б е к а. Қўй, қўрқитма мени, дарвеш, мен қўрқинчларнинг ичидан бутун чиққан одамман. Лекин мен ҳозир ўзимни эмас, болаларимни ўйлаяпман. Таомилни оёқ ости қилишса, худонинг ғазабига учрайдилар. Тирик эканман, мен бунга йўл қўймайман. Бор, эл олдида мени фош қилсанг қилавер! Лекин бир нарсани унутма! Мен қаттиққўл ва тошбағирман.
Д а р в е ш. Йўқ, қўрқиб кеттанингдан шундай деяпсан, бойвучча, қўрқасан...
Т а н г а б е к а. Мен ҳозир сендан заррача ҳам қўрқмайман. Териси шилинган бўри қўрқинчли бўлмайди.
Д а р в е ш. Кўп кутдим, энди ози қолди. Лекин шуни унутма, бойвучча, сен менинг кўланкамсан. Мен қаёққа борсам, ўша ёққа ўрмалайсан. Сенинг ўзингнинг на танинг, на жонинг бор! Ҳозирча холи қолдираман, лекин хотиржам бўл, Шафақни олмагунча қўймайман. (Чиқиб кетади.)
Т а н г а б е к а. Ё раббий, қандай мудҳиш ҳақиқат бу?! Бошимга не балолар ёпирилиб келяпти? (Осиғлиқ ёй билан ўқни кўриб.) Мана бу ўқларнинг ҳаммаси менга ўқталган! Ана, ана ёйи тортиляпти... (Орқага чекинади.) Тортил, тортил! Менинг юрагимга қадал! Қадал менинг юрагимга! Қандайин даҳшат бу! Мени қандай қилиб ер кўтариб юрибди экан, худойим!.. Эй, одамлар!.. (Қичқиради, аммо шу заҳоти қўли билан оғзини беркитиб, ўриндиққа йиқилади.)


УЧИНЧИ ПАРДА

Ш а ф а қ билан О қ й и г и т нинг ўтови. Оқшом тушмоқда. Узоқдан «Зулҳижжа» куйини хотирлатадиган мунгли куй эшитилади. Ўтовда О қ й и г и т билан Ш а ф а қ.

Ш а ф а қ. Узоқларда юракни эзадиган бирам мунгли куй қуйиляпти.
О қ й и г и т. Бизнинг етим юракларимиз йиғлаяпти. Сарсон-саргардон қилишди шўрли юракларимизни!..
Ш а ф а қ. Қисмат дейдилар. Пешанамиз шўр экан!
О қ й и г и т. Йўқ, пешанага, ёзмишга йўйиб, аслнда одамлар ўз ҳукмларини ўтказадилар.
Ш а ф а қ. Ўзимни гирдобга отсам ҳам омон қолдим-а, ана у Ёлчиқул қутқармаса, кўлга ботардиму, қутулардим бу дунёнинг ташвишларидан. Қаёқдан пайдо бўла қолди у Ёлчиқул?..
О қ й и г и т. Сен ўзингни ўлдирганинг билан бир бахтиёр бўлармидик? Сен тушган қабрнинг совуқлиги бизни исишга қўярмиди? Минг раҳмат Ёлчиқулга!
Ш а ф а қ. Шўрли Зубаржаднинг кеча-кундуз тортган оҳ-зорларини эшитиб, шунқор йигитнинг қаноти қайрилиб бораётганини кўриб туриб яшаш осонми, Оқйигит? Шундоққина суратинг қолди...
О қ й и г и т.
Суйганимни олдилар,
Жонимга ўт солдилар.
Кўкрагим тўла тутун,
Ўти сўниб кул қолди,
Кундуз сўлиб тун қолди,
Толеим бунча забун?
Дил кишанин олинглар,
Қўлларимга солинглар,
Қўйинг, юрагимни ҳур!!
Ш а ф а қ. Узоқларда юракни эзадиган бирам мунгли куй қўйиляпти...
О қ й и г и т. Зубаржадга қўшилиб бутун саҳро йиғлаяпти.

Тинглашади.
П а у з а.

Ша ф а қ. Мана, эр-хотин бўлиб бир ўтовга кирганимизга ҳам уч ой бўляпти, Оқйигит. Лекин кўзларингнинг нурлари ҳали бирон тунимни ёритгани йўқ.
О қ й и г и т. Кечир, Шафақ, нима қилай?!..
Ш а ф а қ. Бундан бу ёқ ҳам шу бўлармикан қисматим...
О қ й и г и т. Умр бўйи... Лекин умр узоқ бўлмас.
Ш а ф а қ. Менинг ҳам танамда жоним, томиримда ёш қоним бор... Уч ой... Наҳот уч ойда ақалли уч марта ёстиғимга бош қўймасанг?..
О қ й и г и т. (Шафақ ёнига ўтириб, бошини силайди.) Кечир мени. Ихтиёр менда эмас, Шафақ, ихтиёр юрагимда. Юрагим ўзганинг ёстиғи тепасида пирпираб юрибди.
Ш а ф а қ. Бахтли бўлсин, десалар, отимни Шафақ қўярмидилар. Оқшомги шафақдай бир ярқираб сўнсин, деган эканлар...
О қ й и г и т. Эр бўлиб сени эркалаб юпатишга тайёрман, аммо қандай қилиб! Қай сўз, қайси кўнгил билан? Кечир, хотин... ўзимнинг ҳам ичим тутун, устим бутун.
Ш а ф а қ. Эҳтимол, тақдирга тан бериш керакдир?.. Биздайлар оз бўлганми дунёда?..
О қ й и г и т. Тақдирга тан бериб ҳам кўрдик, янгам иккимизни икки қўзидай бир ўтовга қамадилар. Мен ҳам кўникиб кетаман деб ўйладим, бўлмади. Муҳаббат мендан устун келди. Кечир, Шафақ, сен жуда гўзалсан, лекин мен Зубаржадники, ўшаникиман!
Ш а ф а қ. Менинг заррача ҳам улушим йўқмикан сенда?
О қ й и г и т. Юракни улушларга бўлиб бўлмас экан, Шафақ. Аччиқ бўлса ҳам ҳақиқатни айтдим сенга, кечир мени!
Ш а ф а қ. Оҳ, Оқйигит, айтмасанг ҳам ҳаммасини биламан.
О қ й и г и т. Нимани биласан?
Ш а ф а қ. Бутун тунларингни у билан биргаликда оппоқ нурли саҳарга улайсан.
О қ й и г и т. Нима, таъқиб қилиб юрасанми?
Ш а ф а қ. Таъқиб қилмайман сени, Оқйигит, кўнглим сезади. Тунлар бўйи мижжа қоқмай чиқаман. Хотин бўлганимдан кейин эрим ўз тунларини қаёқда ўтказишини билмайманми? Лекин эҳтиёт бўл, Оқйигит, кейинги кунларда уруғ орасида сизлар тўғрингизда гап-сўз юрибди.
О қ й и г и т. Агар Зубаржадим бўлмаса, сенга энг садоқатли эр бўлар эдим, Шафақ. Бошингдан тирноғинггача ақл. Нима қилайки, мен сеники эмас!
Ш а ф а қ. Сен меники эмас... шунинг учун ҳам хотин бўлиб эрни рашк қилишга ҳаддим сиғмайди.
О қ й и г и т . Биздан ранжима, Шафақ, бизга ҳам қийин!
Ш а ф а қ (хўрсинади). О, қани, энди ранжишга ҳаққим бўлса! Менинг ҳеч нимага, ҳеч нарсага ҳаққим йўқ!.. Умуман, ҳеч нарсам йўқ менинг!.. (Йиғлайди.)
О қ й и г и т . Йиғлама, Шафақ! Бизнинг зору фиғонларимизни кўкдагилар барибир эшитмайди, кўз ёшимизни кўришмайди... Қани энди, уруш бошланиб қолса-ю, кета қолсам, бирданига ҳаммамиз бу жафолардан қутулар эдик...
Ш а ф а қ. Оҳ, ундай дема, жоним, ёв чиқмай ҳасратда ўтсин! Сен жуда кераксан бизга, Оқйигит, менинг қора бахтим!

О қ й и г и тнинг кўкрагига бошини қўяди.

О қ й и г и т. Икки ўт орасида куймоқ ўлимдан ҳам оғир, Шафақ. Сени юпатишга сўз тополмайман, ақллигим, нима деб сени юпатай?..

Ё л ч и қ у л киради. О қ й и г и т билан Ш а ф а қни бу суратда кўриб шошиб қолади.

Ё л ч и қ у л. Ўтовингизга аҳиллик, ҳамжиҳатлик дориганини кўриб хушвақт бўлдим, хушвақтлик аримасин!
О қ й и г и т. О, Ёлчиқул, оғай! Кел, қадрдон, кел! Яхши келдинг. Шафақ, меҳмонга қимиз олиб кел!
Ш а ф а қ. Ҳозир келтираман. (Меҳмонга пўстин тўшайди.) Ўтир, Ёлчиқул оғай.
Ё л ч и қ у л. Мен қулингизни фақат бир ўтовда одам санаб меҳмон қилардилар. Ўша ўтов мана шу. Раҳмат сизларга, минг раҳмат.
О қ й и г и т . Сен қул эмас, мана бизлар қул, Ёлчиқул оғай.
Ё л ч и қ у л. Ҳаммамиз ҳам қул, укаларим. Қуллик мана бу еримизни (кўкрагини кўрсатади) босиб ётибди. (Шафақ қимиз олиб келиб унга узатади. Қимиз ичиб.) Раҳмат, Шафақ, барака топ. Юзингга қизил югуриб, уйингга бахтиёрлик дориганидан хурсандман.
Ш а ф а қ. Бизга аталган бахтиёрлик Қоф тоғининг орқасида эмиш, Ёлчиқул оғай!
Ё л ч и қ у л. Келади. Шафақ, мавриди билан келади. Иккингизни жуфт кўриб, қувондим.
Ш а ф а қ. Бизни қувонч эмас, қайғу яқин қилади, бахт эмас, ҳасрат жуфтлайди, оғай.
О қ й и г и т.  Зорланганинг билан зор нари кетмайди, Шафақ!
Ё л ч и қ у л. Бир иш билан келган эдим, ўтовингизга бундай рўшнолик билан қут дариган экан, айтмай кета қоламан.
О қ й и г и т. Гапиравер, Ёлчиқул оғай. Бизнинг ўтов — ўша-ўша, унда на қут бор ва на ўт!
Ш а ф а қ. Қут билан ўт ҳам Қоф тоғининг орқасида эмиш, Ёлчиқул оғай...
О қ й и г и т. Гапир гапингни, Ёлчиқул оғай, нима демоқчи эдинг?
Ё л ч и қ у л. Шафақ эшитарлик хушхабар эмас, балки Шафақ...
О қ й и г и т. Шафақдан яширадиган сирим йўқ, сўзлайвер!
Ш а ф а қ. Мен қора ўтовга чиқиб тура қолай!
О қ й и г и т. Чиқма, Шафақ. Қанча оғир гап бўлса ҳам бизнинг кўргуликдан мудҳиш эмасдир.
Ё л ч и қ у л. Онанг уч ойдан бери ўтовдан чиқмайди.
О қ й и г и т. Касал эмасми?
Ё л ч и қ у л. Касал ҳам эмас, соғ ҳам. Олдига бир кириб чиқ!
О қ й и г и т. Ўзи чақирмайди-ку!
Ё л ч и қ у л. Чақирмаса сен кир, у — она ахир сенга.
О қ й и г и т. Ҳаммамизнинг қаддимизни букиб қўйди... Ҳа, гапнинг учини чиқардингу нарёғини айтмаяисан, Ёлчиқул оғай!
Ё л ч и қ у л (Шафаққа узр сўрагандай бир қараб). Илонга ўхшаб ҳамма ёқда совуқ гаплар ўрмалаб қолди, Оқйигит, ҳамма гап сен билан Зубаржад устида. Оқсоқоллар ғазабга минган. Никоҳни бузиб, номаҳрам билан кўнгилхушлик қиляпти деб, иккалангизнинг бошингизга лаънат ёғдиришяпти.
О қ й и г и т. Мени лаънатлашга фақат биргина одам ҳақли — у ҳам бўлса — Шафақ! Бошқанинг лаънати бир пул менга.
Ё л ч и қ у л. Улар эл оталари, Оқйигит, сўзларига қулоқ солмай бўладими?
О қ й и г и т. Ҳамма оқсоқолдан менга Зубаржад муқаддас!
Ё л ч и қ у л. Йил ёмон келаётганга ўхшайди. Ют, очарчилик яқин эмиш... Оқсоқоллар ҳаммасини сизларга йўйишяпти.
Ш а ф а қ. Бу гаплар Оқйигитнинг оқ кўнглига туҳмат! Элга офат келтирадиган қандай ножўя иш қилди?
Ё л ч и қ у л. Бунинг устига, анави Дарвеш уккига ўхшаб ҳурпайиб уруғ орасига ғулув солиб юрибди. Гуноҳга ботганларни элдан ҳайдамасангиз, ўлат босади, деб ваҳимага соляпти халойиқни.
Ш а ф а қ. Нима учун бойвучча у дайдининг шармандасини чиқариб, ҳайдаб юбормайди?
Ё л ч и қ у л. Ҳамма шунга ҳайрон. Бутун элатни зир титратган бойвуччанинг бир дарбадарга кучи етмай ўтирса.
О қ й и г и т. Ойимнинг бир тил қисиқлиги борга ўхшайди.
Ё л ч и қ у л. Хунук хабар билан таъбларингни хира қилдим, кечиринглар мени.
Ш а ф а қ. Хушхабарни кутмай ҳам қўйганмиз, оғай. Хушхабар Қоф тоғининг орқасида чоғи...
Ё л ч и қ у л. Яна шуни айтиб қўймоқчи эдим, Оқйигит. Агар, мабодо бу яйловдан бош олиб чиқиб кетиш хаёлингга келиб қолса, менинг икки отим эгарлоғлик!
О қ й и г и т. Қаёққа от солма, бу жафолар орқангдан етиб боради.
Ё л ч и қ у л. Киши нима бўлишини билиши қийин, қариндош!
О қ й и г и т (кескин ўрнидан туриб). Тоқатим тоқ бўлди! Ойим олдига бораман. Йиғсин оқсоқолларини, бу иш бир ёқлик бўлиши керак, албатта бир ёқлик бўлиши керак! Тушунишлари лозим! Оқсоқоллар ҳам одам қабиласиданми, ахир! (Чопиб чиқиб кетади.)

Жимлик. Яна ўша мунгли куй эшитилади.

Ш а ф а қ. Нега, нега сен ўшанда мени гирдобдан тортиб олдинг, Ёлчиқул оғай! Бу дунёнинг оловида ёнмай, муздек қабр қучоғида тинчгина ётган бўлар эдим...
Ё л ч и қ у л. Қуёшнинг бутунлай сўнганидан, булут орқасидан бўлса ҳам, сочиб тургани яхши, Шафақ!
Ш а ф а қ. Сенинг сўзларингни ҳам туман босди чоғи, оғай, ҳеч нарса тушунмадим.
Ё л ч и қ у л. Бу дунёда танҳо, ёппа-ёлғизман, менинг кўнглимни овлайдиган фақат Оқйигиту сен бор. Булут орқасидаги менинг қуёшим шу сиз, иккингиз!
Ш а ф а қ. Дарду алам номли қора булут остидамиз, Ёлчиқул оғай.
Ё л ч и қ у л. Сен менга худди ўз синглимдайсан, Шафақ. Ғамингни енгиллатиш учун ўтга ҳам, сувга ҳам киришга тайёрман. Назаримда, сени гирдобдан тортиб олганимда сен билан бирга ўз бахтимни қутқариб қолгандайсан, ўзинг қувончдан маҳрум бўлсанг ҳам мен ғарибнинг кечаларини ёритган қувонч чироғисан!
Ш а ф а қ. Одамлар бир-бирига азоб бериш учун туғилганларми, деб ўйлайсан киши. Лекин мен биламан, агар уларнинг ўз эрклари ўзларида бўлса, фақат бир-бирларига қувонч бағишлар эдилар.
Ё л ч и қ у л. Айбга буюрма, Шафақ, сенинг учун жонимни беришга тайёр эканлигимдан огоҳ қилиб қўяй, деб айтдим.
Ш а ф а қ Қуллуқ, Ёлчиқул оғай!
Ё л ч и қ у л. Хуш қол, Шафақ, худо сенга сабр-қаноат берсин. (Кетади.)
Ш а ф а қ. Эй дунёи бевафо... Мен бечора Ёлчиқулни айтаман. Саҳродаги якка дарахтга ўхшайди. На бутоғида қуш уяси, на соясида кўкат майсаси бор. Мевасиз дарахт, сўққабош!.. Нима, менинг ғуссали тақдирим уникидан яхшироқми? Менинг нимам бор! Бир эрим бор, у ҳам бировники! Эрсиз ҳам тул эдим, эрли ҳам тулман. Уч ойдан бери илҳақман. Йўқ, ёстиғимга бошини ҳам қўйгани йўқ! Нима, илҳақликка ҳаддим йўқми? Ахир у менинг ҳалол эрим-ку, чиройда Юсуфдан афзал эрим-ку, ахир!..

Д а р в е ш киради.

Д а р в е ш. Ассалому алайкум, хўжанг уйдами?
Ш а ф а қ (ўзини четга олиб). Йўқ, у уйда эмас!.. Хайр, йўлингдан қолма, дарвеш!
Д а р в е ш. Менинг унда ишим йўқ, ҳамма ишим сен билан битади.
Ш а ф а қ. Беҳуда гап! Бу уйнинг хўжаси бор. Лекин у ҳозир уйда эмас, кет, қайтганда келасан.
Д а р в е ш. Бу уруғда хўжа йўқ!
Ш а ф а қ. Нега бўлмасин, бу уйнинг хўжаси эрим, уруғнинг хўжаси қайнанам!
Д а р в е ш. Қайнана, қайнана! Қайнанангни қўй! Мен сенинг олдингга келдим, сенга яхшилик қиламан деб келдим.
Ш а ф а қ. Менга ҳеч ким, ҳеч нарса керак эмас... Жўна бу ердан! Менинг камчилик жойим йўқ, бахти тўкисман.
Д а р в е ш (кулади). Бахти бекам эмиш? Ҳаётингиз ҳалокат остида, бошларингга бало ёпирилиб келяпти, уруғингга қирғин келяпти! Фатарат топяпти!
Ш а ф а қ. Бекордан-бекорга уруғ фатарат топмайди. Алжирама!
Д а р в е ш. Сен ўзингни лақмалнкка солма, ҳамма нарсани биласан, уруғ сенларнинг касрингга қоляпти! Эринг таомил ва никоҳга хилоф иш тутиб, бузуқлик йўлига кириб кетди. Тунларни бошқанинг қучоғида ўтказади. Сенга бир йўл бор: халойиқнинг олдига чиқиб, ёстиғингга бош қўймаган эрингдан кеч. «Мен гукоҳкорнинг гуноҳига шерик бўлмайман, мен эримдан кечаман!» де!
Ш а ф а қ. Ҳамма сўзинг туҳмат, Оқйигит менга содиқ!
Д а р в е ш. Кечалари Эшмирза бола ширин уйқуга кетганда, Зубаржаднинг қайноқ оғушига ким киради? Балки мен кирарман, балки Девона кирар? (Кулади.)
Ш а ф а қ. Мен айғоқчи эмасман. Менинг эрим — менинг тўшагимда. Бошқасини билмайман.
Д а р в е ш. Сенда на хотин юраги, на аёл ғурури бор, бутун эл билганини сен билмайсан.
Ш а ф а қ. Менинг эл билан ишим йўқ. Менннг жаннатим ҳам, дўзахим ҳам шу ўтов. Сен бу ўтоздан нари юр, дарвеш, алангасида куйиб ўласан.
Д а р в е ш (ўзича). Одам суягидан кўприк солсам ҳам мақсадимга эришмай қўймайман. (Шафаққа.) Мен тангрининг амру иродасини айтяпман, Шафақ, гуноҳга ботма, Оқйигитдан кеч! Бировнинг гуноҳини хас-пўшлашдан оғир гуноҳ йўқ бу фоний дунёда! Қани, айт-чи, садоқатли эринг ҳозир қаерда?
Ш а ф а қ. Кўнгли қаёққа бошлаган бўлса, оёғи ўша ерда! Сен жўна бу ердан, бўлмаса, шовқин солиб одамларни бошингга йиғаман.
Д а р в е ш. Мен одамлардан қўрқмайман. Мен ҳеч нимадан қўрқмайман. Чунки мен авлиёман! Авлиё ҳатто ўлимдан ҳам қўрқмайди. Унга на ўлим, на жазо бор! Мен кучли одамман, қўлимни қаёққа узатсам етади. Истасам ойни сўндираману, ер юзига қабр зулматини чўктираман. (Қўйнидан китоб олиб, узоқ қарайди. Сўнгра ўзича.) Ҳа, бугун... ой тутилади... Бугуноқ ойни тутилтира оламан... Шошилиш керак... Шошилиш керак...
Ш а ф а қ. Шошил, шошил, дарвеш... Шошилинч жўнаб қол бу ердан!
Д а р в е ш. Мен сенга шошиламан, Шафақ, ёлғиз сенга шошиламан! (Шафаққа интилади.)
Ш а ф а қ. Вой-дод!..

Д е в о н а киради.

Д е в о н а. Шафақ, Шафақ, ўтов ёнида ҳали бир қоп-қора илон изғиб юрган эди. Тағин ўрмалаб бу ерга кирмасин, эҳтиёт бўл! (Дарвешни кўриб.) Илон бир юмалаб дарвеш бўлиб қолган бўлса-я?
Д а р в е ш. Нима деб алжираяпсан, манглайига шайтон муҳр босган махлуқ! Мана бу таёқ билан бошингга солайми?
Д е в о н а. Мени уриб бўлмайди, дарвеш, гуноҳ бўлади... Менга қара, нега сен тун бўйи ўтовлар орасида ўрмалаб юрасан? Сен илондан тарқагансан. Менга фаришталар айтди.
Д а р в е ш. Куф-суф десам тошга айланасан-қоласан. Кейин онангнинг гўри устига қабр тоши қилиб қўйишади... Ҳар нима, қабрга асқотган бўлардинг!
Д е в о н а (маъюс). Менинг онам йўқ. (Ғазаб билан.) Тош бўлсам сени босиб-янчиб ўлдирар эдим, сен одам эмас, қора илонсан-ку! Та-та-та-та. Қара, думинг илонга ўхшаб жилпанглайди. Кўлаҳлик бошинг ҳам, нақ илоннинг боши.
Д а р в е ш. Лаънат бўлсин сенга! Ҳозир сен махлуқни итга айлантираману, товонимни ялатаман.
Д е в о н а. Йўқ, йўқ! Мен товонингни яламайман, ўзингни чайнайман. Мана бундай, мана бундай қилиб чайнаб кемираман. Вов...вов...вов... (Ит бўлиб вовиллаб Дарвешни кувиб чиқаради.)
Ш а ф а қ. Уф, қутим учиб кетди-я, Девона. Яхши ҳам сен кириб қолдинг.
Д е в о н а. Қўрқма, Шафақ. Шунчаки ёлғондан ит бўлиб вовилладим. Қоровул итига ўхшаб вовиллаб ҳайдадим.
Ш а ф а қ. У одам қиёфасига кирган ит, сен бўлсанг, ёлғондан ит бўлиб акиллаган инсон!..
Д е в о н а. Шафақ!
Ш а ф а қ. Нима, Девона?
Д е в о н а. Мен сира уйланмайман.
Ш а ф а қ, Нега, Девона?
Д е в о н а. Оқйигит билан Эшмирза уйланмасларидан бурун қандай яхши одамлар эди-я, ҳеч қачон йиғлаганини кўрган эмасман. Ҳозир бечораларга жуда қийин. У ўтовда Зубаржад йиғлайди, бу ўтовда сен йиғлайсан. Бойвучча ҳам менинг бошимни силаб ўтириб, менга билдирмай йиғлайди... Фақат Эшмирза йиғламайди, холос. Куни бўйи ёғочдан от қилиб чопиб чарчайди-да, кечалари ухлайди. Йиғламанглар, йиғламанглар, Шафақ! (Ўзи ўкраб йиғлаб юборади.)
Ш а ф а қ. Ё худойим! Девонанинг юраги бир балони сезаётганга ўхшайди.
Д е в о н а. Ҳозир кўкда фаришталар ҳам кўринмай қолди... Кўк юзи қоп-қора.
Ш а ф а қ. Қўй, хафа бўлма, Девона, очилиб кетар.
Д е в о н а. Очилмайди, Шафақ, фаришталар узоқ ёқларга учиб кетишган...
Ш а ф а қ. Бор энди, Девона, ўрнингга бориб ёт, ташқарига қоронғи тушди.
Д е в о н а. Баҳоргача уйғонмасдан ухласанг... қишнинг совуғи жондан ўтиб кетяпти...

З у б а р ж а д киради. Ш а ф а қ саросимада. Узоқ жимлик.

З у б а р ж а д. Бевақт келганим учун кечир, Шафақ! Ёлғиз ўзим жуда қўрқаман, куни бўйи ўйнаб чарчаган эрим донг қотиб ухлаб қолди.
Ш а ф а қ. Кел, уйим тўри сеники, овсин, юқорига ўт!
Д е в о н а. Икки келин, келиндош, бири ялқов, бири ёш... Икки келин, келиндош, бир-бирига...
З у б а р ж а д (сўзини бўлиб). Бор, Девона бизнинг ўтовга бориб, Эшмирза ёнига кириб ёт, уйғониб кетса, бир ўзи қоронғида қўрқиб йиғлаб беради.
Д е в о н а. Икки келин, келиндош, бир-бирига кундош... (Кетади.)
З у б а р ж а д. Мен сенинг оёғингга бош уриб келдим, Шафақ. Шунча вақт кўзингга кўринишга журъат қилмай яширикиб юрдим. Энди бўлмади, тоқатим, қолмади, нима қилсанг — қил мени! Ихтиёр сенда, Шафақ!
Ш а ф а қ. Сенинг изминг менда эмас, Зубаржад!
З у б а р ж а д. Йўқ — сенда... Оқйигитнинг ҳалол хотини — сен!
Ш а ф а қ. Қўй, ярамга туз сепма!
З у б а р ж а д. Кечир, Шафақ, ҳеч чорам йўқ. Бошимга лаънатлар дўлини ёғдир, юзларимни қамчилар билан тилиб ташла, шармандаю шармисор қилиб, остонангдан ҳайдаб чиқар, лекин чорам йўқ, Шафақ! Мен Оқйигитни кўрмасам телбаман, жинниман! Мен уч кеча кўрмадим уни, Шафақ, уч кеча!..
Ш а ф а қ. У мени уч ойдан бери кўрмайди. Кўзи кўрса ҳам кўнгли тусамайди. Менинг аҳволим — тирик мурданинг ҳолидан оғир. Жонли, тирик Шафақнинг қисмати — мурда қисмати.
З у б а р ж а д. Ҳаммамиз ҳам шариаларга ўхшаймиз... Жонсиз шариаларга. Жонимизни танимиздан суғуриб олганлар. Биз ҳаёт кечираётганимиз йўқ, Шафақ, қимирлаб юрибмиз, холос...
Ш а ф а қ. Қимирлашга ҳам мажол тугаб боряпти...
З у б а р ж а д (Шафақ оёғига тиз чўкади). Оёғингга бош уриб, изларингни ўпиб ёлвораман, Шафақ, Оқйигитимни менга қайтариб бер! Усиз бир кун ҳам яшашга мажолим йўқ. Менинг олдимда факат икки йўл бор: ё Оқйигит ёки ўлим! Йўқ, йўқ, Шафақ, менинг ўлгим келмайди, яшашни истайман. Оқйигитни менга бер. Жоним Шафақ, менга бер!..
Ш а ф а қ. Тур ўрнингдан, Зубаржад, ўзингни хўрлама. Агар мен сен сингари севимли бўлсам, барча дарду азоблар тутундан ҳам енгил туюлиб, бошим осмонга етар эди. Шу бахт қанотларида паға булутлар устида нарвоз қилиб, бахтиёрлигимни дунёга жар солиб яшар эдим. Ҳеч нарсани, ҳеч кимни ўйламас здим. Севимли бўлмоқ — тирик жонли бўлмоқ, демак — Зубаржад!
З у б а р ж а д (турмайди). Фақат сен лаънатламасанг бас, Шафақ. Мен бошқа ҳеч кимнинг қарғишидан қўрқмайман, менинг тақдирим сенинг ҳукмингда! Ризолик бер, Шафақ. Оқйигит меники эканлигини тан олиб, менга ризолик бер! Мен Оқйигитим билан қовушай! Ризолик бер, Шафақ, оҳ Шафақ!
Ш а ф а қ (Зубаржаднинг қўлтиғидан ушлаб турғазади). Сизни бир-бирингиздан айирганларида биров сизнинг ризолигингизни сўраганмиди? Йўқ, ҳеч ким сўрагани йўқ! Нега энди севганинг билан қовушиш учун тиз чўкиб, из ўпиб ризолик сўрайсан? Меники бўлмаган кишига мен хўжайин эмасман, Зубаржад!
З у б а р ж а д. Оҳ, нақадар олижаноб, саховатлисан, Шафақ. (Шафақни қучоқламоқчи бўлади.)
Ш а ф а қ. Менга яқинлашма, мен ўлим қучоғидан чиққан одамман, сени ҳаёт оғуши муштоқлик билан кутади.
З у б а р ж а д. Мурувватинг учун қуллуқ, Шафақ!
Ш а ф а қ. Мурувватли бўлмай нима иложим бор? Мен ҳам ўз эримни бировга ўз кўлим билан бериб қўярмидим? Тиш-тирноғим билан унга ёпишиб олмасмидим. Ўлсам ҳам бировга бермасдим... Менинг эрим йўқ! Йўқ менинг эрим! У сенинг қайлиғинг, ўйнашинг, эринг — ким бўлса ҳам сеники Оқйигит! Ҳозирги ҳолимизда барибир сен — эрсиз, мен эса ҳамон — тул! Иккимиз ҳам ўз йўлимизга бахти қоралармиз.

О қ й и г и т киради. Зубаржад билан бир-бирларига интилганларича қотиб коладилар, Ш а ф а қ жимгина чиқиб кетади.

З у б а р ж а д. Оҳ, Оқйигит!
О қ й и г и т. Зубаржад! Зубаржадим!
З у б а р ж а д. Соғиниб, юракларим узилиб кетди, Оқйигит. Чидай олмадим, ўзим келдим.
О қ й и г и т. Зубаржадгинам, қафасдаги оқ каптарим!
З у б а р ж а д. Соғиниб юракларим узилиб кетди, шунқорим!
О қ й и г и т. Битмас қайгум, битмас шодлигим менинг, Зубаржадгинам.
З у б а р ж а д. Сен ёнимда бўлсанг, тунларим ҳам кундуздай нурга тўлиб кетади, Оқйигит. Ҳатто девдан ҳам қўрқмайман. Сен бўлмасанг, атрофимни зулмат қоплагандай симсиёҳ.
О қ й и г и т. Дев деганингга, у куни худди девдан қочгандай, мендан қочиб юрганинг эсимга тушди, хотирингдами?
З у б а р ж а д. Вой, вой... ўша дев яна келиб қолибди-ку... қўрқаман... (орқага тисарилади.)
О қ й и г и т (отилиб келиб қучоқлаб олади). Мен яна мана бундай қилиб сени девдан тортиб оламан. Ҳеч қандай қароқчига бермайман!
З у б а р ж а д. Ҳали кечагина бу гапларнинг ҳаммаси ҳазил эди! Қайда қолди беташвиш ёшлигимиз?
О қ й и г и т. Ёшлигимиз ўзимиз билан, ҳеч ким айира олмайди бизни!
З у б а р ж а д. Айирдилар-ку!
О қ й и г и т. Мана яна биргамиз-ку, Зубаржад. Энди ҳеч ким айиролмайди бизни. Онамнинг олдига кириб, бундан кейин усиз бир кун ҳам яшай олмайман, дедим. Иккимиз бир ўтовда яшаймиз, дедим.
З у б а р ж а д. Чинингми Оқйигит? Эр-хотинлардай бехавф, беқўрқув? О, бахт, нақадар Оқйигитимдай ёрқинсак!.. Ҳа, ойинг нима деди?
О қ й и г и т. Ўйланиб ўтириб, чуқур хўрсинди-ю, ҳеч нима демади.
З у б а р ж а д. Кел, Оқйигит, узоқ-узоқларга кетайлик бу ердан!
О қ й и г и т. Ўз ерингдан топмаган бахтни қаердан топасан, Зубаржад? Ҳамма ёқ бўри увиллаган чўл!
З у б а р ж а д. Иккимиз бир ерда бўлсак ҳар қандай қийинчиликни енгиш мумкин. Одамлар бордир-ку, одам одамга раҳм қилмайдими? Отамни қонхўр Қорахўжанинг жаллодлари ўлдирмаса, биз шу кунга қолармидик?
О қ й и г и т. Айтиш қийин, Зубаржад!
З у б а р ж а д. Қочайлик бу ердан тезроқ... Бошимизга жудолик болтаси тушмасидан қочайлик!
О қ й и г и т. Ҳеч қаерга кетмаймиз, Зубаржад, шу ерда яшаймиз. Бутун уруғнинг кўз олдида иккаламиз бир ерда яшаймиз! Шундай дедим онамга!
З у б а р ж а д. Нима деди қайнанам? Ҳеч нарса демадими?
О қ й и г и т. Ҳеч нарса демади... Олдига оқсоқоллар келиб қолди, чақирган бўлса керак.
З у б а р ж а д. Балки оқсоқоллар ҳаққоний ҳукм чиқариб, бизни қовуштириб қўйишар?
О қ й и г и т. Қовуштирмайдилар. Уларда жон йўқ, инсон юраги йўқ, Зубаржад!
З у б а р ж а д. Ахир ўшалар ҳам қачонлардир ёш бўлган-ку!
О қ й и г и т. Ёшликларини юз йил аввал унутиб юборишган, Зубаржад! Улардан яхшилик кутма! Ўз йўлимизни ўзимиз топишимиз керак! Биз ўзимизга ўзимиз ҳоким!

Ташқарида ғовур-ғувур эшитиладн.

З у б а р ж а д. Бу нима шовқин, нима тўполон, Оқйигит? Яна қандай таҳлика, ё худойим!
О қ й и г и т. Қўрқма, Зубаржад, молларни ҳайдашаётган бўлса керак.
З у б а р ж а д. Унақага ўхшамайди, ғалаён вақтидаги шовқин бу! Даҳшатдан музлаб кетяпман, Оқйигит. (Оқйигит пинжига киради.)
О қ й и г и т. Қўрқма, жоним, ёнингда мен бор, қўрқма!

Шовқин-сурон билан ўтовга Д а р в е ш, уч оқсоқол, Т а н г а б е к а ва яна икки-уч киши киради.

Д а р в е ш. Элнинг номус-ори бўлган оқсоқоллар, ўз кўзингиз билан кўринг! Уятни билмаган орсизлар яна бирга. Булар бузуқлигининг чегараси йўқ!
И к к и н ч и  о қ с о қ о л. Уят, уят-э, бутун уруғнинг номусини ерга букдиларинг! Сизлардан худо юзини тескари қилсин.
У ч и н ч и  о қ с о қ о л. Уруғимиз тарихида кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган шармандалик бу!
Б и р  к и ш и. Хароб бўлдик, элдан қут-барака кетди.
Д а р в е ш. Ҳаром-хариш—уруғ томирни кесадиган болта, дейдилар. Неча ойдан бери ўша болта қирқяпти томирингизни! Икки бузуқ бутун уруғ бошига ҳалокат келтиряпти, қирғин босиб келяпти.
Б и р и н ч и  о қ с о қ о л. Дарё-ю жилғаларда сув қурияпти.
И к к и н ч и  о қ с о қ о л. Бия ва сигирларнинг елинида сут қурияпти.
У ч и н ч и  о қ с о қ о л. Ёз бўйи томчи ёмғир кўрмадик, далаларда япроқлар сарғайиб, ўтлар қуриб кетди.
И к к и н ч и  о қ с о қ о л. Устимизга офат ёпирилиб келяпти!..
Б и р  к и ш и. Одамларни ўлат ютиб, уруғга қирон келяпти!
Д а р в е ш. Бу ҳам кам. Уруғингизда бунақа ҳаром-харишлар яшар экан, қуёш куйиб, ой ҳам сўнади.
О қ й и г и т. Эл оталари! Бизнинг тақдиримиз сизнинг қўлингизда. Аммо шуни ёдингизда тутингки, далаларни бизнинг кўз ёшларимиз қуритди, япроқларни бизнинг ҳасратларимиз сарғайтирди. Бизни бу кунга солган ким? Сиз эмасми? Бизни шунча азоб-уқубатга солганингиз учун худо сизнинг бошингизга офат ёғдиряпти!
Б и р и н ч и  о қ с о қ о л. Тавба деб гапир, Оқйигит! Сени шайтон йўлдан оздирибди. Бутун қонун-таомилимизни оёқ ости қилдинг, имонсиз, тавба қил!
И к к и н ч и  о қ с о қ о л. Тавба қилдим, де!
О қ й и г и т. Сизлар тавба қилинглар, улуғлар! Хато қарорингиздан воз кечинг. Мен отам васиятига содиқман, сиз уни буздингиз. Васиятга хилоф иш қилмоқ — катта гуноҳ. Сизлар тавба келтиринг.
У ч и н ч и  о қ с о қ о л. Бундай сафсаталарни эшитишнинг ўзи катта гуноҳ, қариялар!
Б и р и н ч и  о қ с о қ о л. Сен нега индамайсан, бойвучча! Сен ўз оналик сўзннгни айт!

Т а н г а б е к а жим.

И к к и н ч и  о қ с о қ о л. Ўзинг туққан бола учун ўзинг жавоб бер, бойвучча!
У ч и н ч и  о қ с о қ о л. Рисқулбек ўлиб қутулди бу шармандаликдан. Бўлмаса анави оқпадари (Зубаржадни кўрсатиб) учун ҳозир у ҳам изза бўлиб турар эди. Яхшидан туғилган ёмон, деб шуни айтадилар.
О қ й и г и т. Зубаржадга тил теккизма, улуғ! Унинг виждони покиза. Сен мен билан сўзлашавер!
И к к и н ч и  о қ с о қ о л. Покиза эмиш? Унда виждон нима қилсин? Иккаланг бир гўр!
Б и р и н ч и  о қ с о қ о л. Айт ўз сўзингни, бойвучча, ўғлинг гуноҳини ёпиб, ўзинг гуноҳга ботяпсан...
Т а н г а б е к а. Тоғ бағрида кўз очган булоқ суви оқиб тушгандан кейин — водийники бўлади... Ўғлим энди вояга ётган, мендан кетиб — элники бўлган. (Маъюс ва таҳликада.) Эл нима қилса, ихтиёри! Сўзим шу!
Д а р в е ш. Сен ўзингни қуруққа олиб, элга солма, бойвучча, болаларинг учун сен масъул. Учаласи устида ўз ҳукмингни чиқар. Учала ўғил ҳам сеники-ку! (Тангабекага маккорона жилмайиб қарайди.)
И к к и н ч и  о қ с о қ о л. Учаласи дедингми?
У ч и н ч и  о қ с о қ о л. Уч ўғил?
Д а р в е ш. Ҳа, уч ўғил!
Б и р и н ч и  о қ с о қ о л. Урушда ўлган Йўлмирза шаҳид кетган. У бойвуччага шуҳрат келтирди, холос.
Д а р в е ш (ўйлаб тургач, бир қарорга келиб). Тўғри айтасизлар, қариялар, ёвда ўлган — шаҳид!
И к к и н ч и  о қ с о қ о л. Нимага қараб ўтирибмиз, оқсоқоллар! Гуноҳкорлар тезроқ тавба қилсинлар. Буларнинг касрига элни қора вабо босиб келяпти. Тангабека, айтадиган сўзингни айт, қариялар сенга мунтазир!
Б и р и н ч и  о қ с о қ о л. Сўз сенга, бойвучча!
Т а н г а б е к а (изтиробда.) Якка отнинг чанги чиқмас, дейдилар. Ўғлим, қадимдан қолган қонун ва таомилга якка ўзинг бош кўтариб нима орттирдинг? Сен таомилга хиёнат қилдинг. Йўлдан озган бандасига тангрининг қаҳри ғазаби чексиз, болам! Умр бўйи тириклайин дўзахда куйдиради. Буни бир гуноҳ қилиб, минг жафо тортганларгина билади, болам. Кўнгилнинг бир эрки учун ақл умр бўйи уни қийнайди. Ақл-ҳушингизни йиғиб, оқсоқоллар олдида тавба қилинглар! Тавба қил, болам!
О қ й и г и т. Мен тавба сўзини билмайман, онажон!
Т а н г а б е к а. Уруғнинг улуғлари олдида тавба қилиб, бир-бирингиздан кечинглар... Кейин мен Зубаржад билан Эшмирзани олис яйловга кўчириб юбораман. Одам бераман, етадиган мол бераман.
О қ й и г и т. Йўқ, она, тавба фурсати эмас, биз бир жон, бир тан бўлиб қолганмиз энди.
З у б а р ж а д. Оқсоқоллар! Мени дунёнинг нариги бурчига ҳайданглар, мен эмаклаб бўлса ҳам Оқйигитга етиб келаман. Бизни туғилиш қовуштирди, ўлимгина жудо қилади.
И к к и н ч и  о қ с о қ о л. Ана, кўрдингизми?! Аёл боши билан тилини тиймайди-я?
У ч и н ч и  о қ с о қ о л. Сенга уруғ мол тўлаганми — уруғ молисан!
З у б а р ж а д. Мол билан тенг кўрсанглар, молдай бўғизлаб ташланглар қўйинглар. Молни ҳам қийнашмайди-ку!
Б и р  к и ш и. Бўғизлаш ҳам кам, осиш керак буни!
О қ й и г и т. Мол билан тиллашиб ўргангансиз, оқсоқоллар, биз сизнинг сурувингизда, осасизми, чопасизми, ихтиёр сизда! Танларимиз сизники, лекин руҳларимиз-чи? Руҳларимиз таомилнинг темир қафасларини бузиб чиққан. Улар кенг ҳавода, сизнинг фисқу фужур, урфу одатларингиздан юксакда эркин парвоз қилади. Бу икки ҳур қушга қанча ўқ отманг, ҳаммаси беҳуда!
И к к и н ч и  о қ с о қ о л. Амр этинглар, уламолар! Бундай қабиҳ сўзлар учун бурунги замонда одамларнинг тилини кесар эдилар! Бетавфиқлар, биздан қўрқмасанглар, тангридан қўрқинглар!
О қ й и г и т. Менинг тангрим битта. Бизни қовуштирган бир ўша тангри, бошқа тангрини мен билмайман. Имоним эса — муҳаббатим!
И к к и н ч и  о қ с о қ о л. Бандалар, эшитяпсизларми? Бу одам эмас, иблис, иблисдан тарқаган! Одам боласидан чиқмайди бундай сўзлар! Булар ҳаммага қирон келтиради, қирон!
Т а н г а б е к а. Оёғингга бош уриб ўтинаман, ўғлим, улуғларнинг юзига оёқ тирама! Тавба қил, Оқйигит, қон-қариндошларингни қирондан сақла!
О қ й и г и т. Менинг тавба қиладиган гуноҳим йўқ, она! Қон-қариндошларни биз ҳалок қилаётганимиз йўқ. Сизлар ҳаммангиз ўзингизни ўзингиз ҳалок қиляпсиз! Таомил, қонун деган ўлик жонлар тирикларни кемиряпти.
Б и р и н ч и   о қ с о қ о л. Биттагина йўл бор, оқсоқоллар! Бу икки имонсизни уруғдан қувиш керак!
Т о в у ш л а р. Қувиш керак, ҳайдаш керак!
И к к и н ч и  о қ с о қ о л. Иккаласининг қўлларини бир арқонга боғлаб, чўлга ҳайдаш керак!
Т о в у ш л а р. Ҳайдаш керак! Қувиш!
Д а р в е ш. Тўрт томонга чопар юборилсин, уларни ҳеч ким яқинига йўлатмасин, «Улар мохов, улар қайси уруғга борсалар, ўша ерда вабо қўпади, қирон келади!» деб хабар қилинсин!
Т о в у ш л а р. Вабо келади, қирон келади!

Д е в о н а чопиб киради.

Д е в о н а. Бойвучча опа, Тангабека бойвучча опа, ғалати иш бўлди, осмонда қизиқ ишлар бўляпти, ойнинг бир бўлаги четидан узилди-ю, тушди-кетди.
И к к и н ч и  о қ с о қ о л. Овозингни ўчир, Девона, бўлмаган гап!
Д е в о н а (эшикка чопиб бориб). Ишонмасанг, ана ўзинг чиқиб қара, ойнинг бир чеккаси кемтик. Ойингизни шайтон кемириб кетди!
У ч и н ч и о қ с о қ о л (эшикка бориб). Айтганимиз келди. Охир замон бўляпти. Яъжуж-маъжуж ойни кемириб кетди. Анави бузуқларнинг касри бу!
Д а р в е ш. Башоратимга шак келтирдингларми? Ойсиз қолиб, зулматга ботасизлар демабмидим?!
Б и р и н ч и  о қ с о қ о л. Ё тангрим, ой сўниб боряпти.

Далада молларнинг маъраши, итларним ҳуриши эшитилади, ўтовда йиғи-сиғи.

Т о в у ш л а р. Ой сўняпти!
И к к и н ч и  о қ с о қ о л. Ер гуноҳга ботган, ер юзида бузуқлик кўп, бузуқлик!
Т о в у ш л а р. Бузуқлик кўп... Ҳаммаси ўшаларнинг касофати. Ҳалок бўляпмиз. Худо, ўзингнинг раҳминг келсин!
Д а р в е ш. Оқсоқоллар, такбир айтинглар, такбир айтинглар!..

Халойиқ такбир ўқиб чиқади.

Оллоҳу акбар, оллоҳу акбар,
Ло илоҳа иллоллоҳу,
Валлоҳу акбар, оллоҳу акбар...

Д а р в е ш билан Т а н г а б е к а орқароқда қолади. О қ й и г и т билан З у б а р ж а д икки четда.

О қ й и г и т. Бизнинг ойимиз ҳам сўнди. Ҳамма ёқ сим-сиёҳ.
З у б а р ж а д. Кўзларимиз кўрмаса, товушларимиздан таниб топиб оламиз бир-биримизни, Оқйигит. Нафасингни сезиб турибман, Оқйигит. Мен зулматдан қўрқмайман.
О қ й и г и т. Ҳамма қўрқадиганлар орқада қолиб кетди, Зубаржад!
З у б а р ж а д. Овозингдан ёрқин нур сочилади, Оқйигит.
О қ й и г и т. Чунки сен умид каби порлаб турган қуёшимсан, Зубаржад!

Секин бир-бирларига яқинлаша борадилар.

Д а р в е ш. Кунинг битди, бойвучча, бошингга қора кун туғди. (Менсимай, буйруқомуз.) Айтиб қўй, Шафаққа кўз-қулоқ бўлиб туришсин. У — меники. Ҳали сен билан мен ора очиқ бўлганимиз йўқ. Кўряпсанми, бойвучча, ҳамма нарса менинг кўнглимдагидай хотима топяпти. Шафақ меники, эшитяпсанми?
Т а н г а б е к а. Сен аждаҳосан! Минг йил ер тагида захлаб ётган қора илонсан, девеан!
Д а р в е ш. Ўртамизда таънага ўрин йўқ, бойвучча!
Т а н г а б е к а. Оҳ, худо, жонимни ол, менга ўлим бер! (Гандираклаб чиқиб кетади.)
Д а р в е ш (кулади). Энди ўзим ҳам шунга ишондимки, жаҳонда иблисдан кўра қудратли тангри йўқ!..

Қоронғилик.

З у б а р ж а д (эслаб).
Мен Зубаржад отлидирман,
Оқйигитнинг ёридирман,
Бир кўришга зоридирман,
Кўрган борми, бизнинг ёрни?
(Ўксиб йиғлаб юборади.)
О қ й и г и т. Зубаржадим, менинг асл зумрад тошим! Барибир сени ҳеч ким қора тошга айлантиролмайди. Шунинг учун истиқболимдан миннатдорман, оқ каптарим!
З у б а р ж а д (йиғи аралаш). Мен ҳали ҳам умид узганим йўқ. Ажал албатта бизни четлаб ўтади. Ажалнинг шафқати йўқми? Ажал одамларга ўхшаган тош бағир эмасдир? (Оқйигитнинг пинжига суқилади).

Д а р в е ш Ш а ф а қни ўтовга итариб киритади.

З у б а р ж а д. Ким бу?!
Ш а ф а қ. Мен!
З у б а р ж а д. Шафақ?!
Ш а ф а қ. Мен ҳали ҳам тирикман...


ХОТИМА

Ой тўла тутилган тун. Ўтов олдидаги майдон. Қаердадир машъал кўтарган одамлар шовқин-сурони эшитилади. Ўтов олдида қўлида машъал тутган Ё л ч и қ у л. У соқчилик қилиб турибди.

Ё л ч и қ у л. Дарвеш менга мана бу қабрни қўриқлаб туришни топшириб кетди. Бу гўрдан биров қочиб қутулармиди? Қаёққа қочади?.. Эй ёшлар-эй, ёшлик қилишди-да... Ҳали яқиндагина қулунтойлардай ўйнаб юрган бу болалар шу кунга тушиб қолади, деб ким ўйлабди дейсиз? Ҳой, Оқйигит, отларни эгарлаб қўйдим, мининглару қочиб қутулинглар бу жаҳаннамдан, дедим, кўнмади! Одамлар бир-бирларини тириклай гўрга тиқишади, бир-бирларининг териларини шилишга тайёр... Мана булар (ўтовга ишора қилиб) тақдирга бўйсунишни истамайдилар! Ўзларича кун кўришни истаган эканлар, яшайверсинлар! Бировга зарарлари тегармиди?.. Йўқ, одамлар бешафқат! Уларнинг юраклари тошдан.

Д е в о н а киради.

Д е в о н а. Вой, Ёлчиқулми? Ҳа, Ёлчиқул, отларни менга тутқазиб, ўзинг ғойиб бўлдинг-қўйдинг? Мен юганларини олиб, отларни далага ҳайдаб юбордим. Керак бўлса тағин тутиб оларсан!
Ё л ч и қ у л. Шовқинлама, Девона, энди отларнинг кераги йўқ.
Д е в о н а. Энди нима бўлади, Ёлчиқул?
Ё л ч и қ у л. Жуда ёмон бўлади.
Д е в о н а. Бу ёмонлардан ҳам ёмонми?
Ё л ч и қ у л. Ёмондан ҳам ёмон.
Д е в о н а. Ёмондан ҳам ёмон бўлса нима бўлади?
Ё л ч и қ у л. Оқйигит билан Зубаржаднинг қўлларини боғлаб чўлга қувадилар, оқсоқоллар бошлаган ишни оч бўрилар ниҳоясига етказади.
Д е в о н а. Нима учун бўрилар бир-бирларини емайдилар?
Ё л ч и қ у л. Йиртқич ҳайвонлар ўз жинсларига шафқат қилишади. Лекин одамларда шафқат йўқ, бир-бирларини ейишади.
Д е в о н а. Мени ҳам еб қўйишса-я?
Ё л ч и қ у л. Оҳ, Девона, сени аллақачон ейишган... Сенинг ҳатто исмингни ҳам ейишган...
Д е в о н а. Ким еган мени?
Ё л ч и қ у л. Униси менга қоронғи. Лекин сени ейишган.
Д е в о н а. Бўлмаган гапни гапиряпсан... Мана оёқларим, қўлларим бутун, мана бурним, бошим бор... Бошимда дўппим бор...
Ё л ч и қ у л. Сен билан менинг бахтимни ейишган, Девона.
Д е в о н а. Да... а... а...
Ё л ч и қ у л (қулок солиб). Ўтовдагилар жим бўлиб қолишди... Фақат Шафақ ўксиб-ўксиб йиғлаяпти... Эй, дунё-ей...
Д е в о н а. Эртага қуёш чиқмаса нима қиламиз? Қанақа қилиб уйқудан уйғонамиз, Ёлчиқул?!
Ё л ч и қ у л. Қуёш чиқар, чиқару аммо қора қуёш чиқар.
Д е в о н а. Бошқа қуёш чиқадими энди?
Ё л ч и қ у л. Нега бошқа бўлсин, ўша қуёшнинг ўзи. Лекин ҳасратдан куйиб, унниқиб чиқар.
Д е в о н а. Жуда ёмон бўлар экан бўлмасам...

Машъал тутган одамлар яқинлашади.

Ё л ч и қ у л. Биз томонга келишяпти.
Д е в о н а. Мен улардан қўрқаман, тағин мени ҳам тутиб еб юборишмасин?! (Ўтовга кириб кетади.)
Ё л ч и қ у л. Бундай тунда яхши одамлар молни чўлга ҳайдамайди, булар одамни ҳайдагани келишяпти.

Эркаклар, хотинлар қўлларида машъаллар билан киришади.

И к к и н ч и  о қ с о қ о л. Бу бузуқлар тупроғимизни тарк этмаса, бошимиз фалокатдан чиқмайди. (Қўлида арқон.) Ҳайдаш керак буларни!
У ч и н ч и  о қ с о қ о л. Фурсатни бой бермай, тезроқ қувиш керак!
Т о в у ш л а р. Қувиш керак, қувиш керак!
Б и р и н ч и  о қ с о қ о л. Боринглар, олиб чиқинглар у юзсизларни!
И к к и н ч и  о қ с о қ о л. Одамлар кўрсин, билиб қўйсин: бузуқнинг ҳоли шу бўлади, ибрат олишсин!
Т о в у ш л а р. Ибрат, ибрат бўлсин!
Б и р о в. Шуларнинг касрига уруғимиз оғир кунга қолди.
У ч и н ч и  о қ с о қ о л. Эй, бандалар, буларнинг ҳолини кўрингу, юз ўгиринг улардан...

Бир киши О қ й и г и т билан З у б а р ж а дни олиб чиқади.
Ҳолдан тойган, оғир изтиробда Т а н г а б е к а киради.

Б и р и н ч и о қ с о қ о л. Сиз уруғнинг юзига оёқ қўйдингиз, уруғ бундан буён сиздан юз ўгиради!
И к к и н ч и  о қ с о қ о л. Кўрдингизми, шайтоннинг йўлига кирганларнииг ҳоли шу бўлади!
Д а р в е ш. Қилмиш — қидирмиш!
И к к и н ч и  о қ с о қ о л. (Ёлчиқулга арқонни узатиб.) Ма, Ёлчиқул, бу арқон билан иккаласининг қўлини боғла, қовушишни орзу қилар эдилар, қовушсинлар!
Ё л ч и қ у л. Қуллуқ, оқсоқол, мен бу буйруғингни бажаролмайман.
И к к и н ч и  о қ с о қ о л. Бу муртад қайдан чиқди?! (Бир кишига.) Кўчарбой, ма, чаққон-чаққон боғла!
К ў ч а р б о й. Мен от тушовлаганману, оқсоқол, одам тушовлаган змасман. Менинг қўлим бормайди, ўзинг боғлайвер!
И к к и н ч и  о қ с о қ о л. Нима бало бўлган буларга, бири биридан танбал?
Б и р и н ч и  о қ с о қ о л. Ўзинг бошлаганни, ўзинг бошқар, қурдош!
И к к и н ч и  о қ с о қ о л. Уруғимиз осойишталиги учун жонимни фидо қилишга тайёрман! (Оқйигит билан Зубаржаднинг қўлларини орқага қилиб боғлайди.) Мана, бундай бўлади... Мен қонун йўлида ўз фарзандимни ҳам аямас эдим.
Б и р  х о т и н. Бечораларни бундай қийнагандан кўра жонидан жудо қилиб қўя қолинглар!
Т о в у ш л а р. Боғлаб нима қиласизлар, қўйворинглар, шундай кетаверсинлар!
И к к и н ч и  о қ с о қ о л. Шовқин солманглар! Бу нимаси?!
Т а н г а б е к а. Оқсоқоллар! Сабр қилинглар, шошманглар, менинг сўзимга қулоқ беринглар! Бир хотин. Онага йўл беринглар!

Одамлар чстланиб Тангабекага йўл берадилар.

Т а н г а б е к а. Мен она, онаман, халойиқ. Сизнинг олдингизда ҳам, худо олдида ҳам, у дунёда ҳам, бу дунёда ҳам мен жавоб бераман. Болаларни қўйинглар, оқсоқоллар, менинг устимдан ҳукм чиқаринг. Мен гуноҳкорман, халойиқ, жуда гуноҳкорман. Мени лаънатланг, қарғанг мен гуноҳкорни! Лекин болаларни қўйинг, тегманг уларга, оқсоқоллар!
Д а р в е ш. Йўқ, бойвучча, улар сенинг қўлингдан кетган. Сен ҳали ўз гуноҳинг учун жавоб берадиган вақтинг келади.
Т а н г а б е к а. Унинг сўзларига қулоқ солманг, бизнинг тинчимизни бузган ёвуз — шу!
Д а р в е ш. Сен бир оз ўйлаб гапирсанг дуруст бўлар эди, бойвучча!
Т а н г а б е к а. Ҳозир мен сендан заррача ҳам қўрқмайман! Элатлар! Бу дўзахи одам, бу мудҳиш зот. Бу авлиё эмас, худодан қайтган ёвуз!
Д а р в е ш. Бу бойвучча ақлдан озди чоғи?!
Т а н г а б е к а. Ҳа, ақлдан оздим, озмай кўр-чи ақлдан бу қиёмат қойимда! (Оқйигитга.) Ўғлим, кечир мени... Тавба қил, таомилга бўйсун, ўғилгинам! (Оқйигит жим.) Ахир тошбағир эмассан-ку, болам?!
Ё л ч и қ у л. Ўзинг тошга айлантирдинг, бойвучча!
Т а н г а б е к а (Зубаржадга). Ҳеч бўлмаса сен тавба қил, Зубаржад. Сен аёлсан-ку, аёл кишига тошкўнгиллик ярашмайди!

З у б а р ж а д жим.

Б и р и н ч и  о қ с о қ о л. Кечикдинг, бойвучча, кечикдинг! Ҳукмимиз қатъий, уни Олло таолонинг ўзи қабул этди. Энди ўзгартириб бўлмайди.

Яна ўша тўй либосида Шафақ ўтовдан чиқади, бир чеккада мағрур жим туради. Одамлар ҳайрон ва ҳайратда унга қарайдилар.

Б и р  х о т и н. Астағфирулло! Бу нимаси?
Т а н г а б е к а. Шафақ? Бугун туй либоси киядиган кун эмас-ку, болам? Жин-пин урмадими? Эринг ажал излаб кетяпти-ю, сен тўй либосида чиқасан?

Ш а ф а қ жим.

И к к и н ч и  о қ с о қ о л. Ҳа, худо йўлига, қон-қардошлар! Қани, фурсат ўтмасин, видолаш боланг билан, бойвучча!
Т а н г а б е к а. Хайр, ўғлим, алвидо, Оқйигитим! Оқ исмингга қора кунлар йўлдош бўлиши ёзилган экан пешонангга, болам! Жувонмарг бўлган ёшлигинг учун, сен кўрмаган шодликларинг учун узр сўрайман сендан, болагинам! Кечир, мен ёзиқ онангни!.. Адалотсизлик, қандай оғир адолатсизлик бу!.. Бир нарса де, болам, охирги марта овозингни эшитиб қолай, биргина сўз айт бу гуноҳкор онангга, оқ шунқоргинам!...
О қ й и г и т. Қулоқ эшитмаган айблар эшитилиб, айтиладиган сўзлар айтилиб бўлди, она! Сенга эмас, мен туғилиб ўсган азиз даргоҳга, она тупроққа айтадиган сўзим бор:
Алвидо, тупроғим, сувлар, тоғларим,
Алвидо, дилимнинг иссиқ даргоҳи.
Бахтиёр ёшлигим, хушнуд чоғларим,
Ҳурлигим, ишқимнинг сўнгги паноҳи!
Қалбим жароҳати оғир, дард оғир,
Ўлимдай қоп-қора йўлга чиқаман.
Сенда куним битмиш, Она юрт, ахир,
Қул эмас, ҳурликча, ишқ-ла кетаман!..
Алвидо, Ёлчиқул оғай, алвидо,
Девона... Алвидо,
Шафақ, менинг бечора хотиним!
Мен гуноҳкор бўлсам, фақат сенинг олдингдагина гуноҳкорман, Шафақ! Сен оқиласан, кечир мени, қарғама, Шафақ!

Ш а ф а қ бош эгади. Оқйигит, З у б а р ж а д иккаласи одамларга таъзим қилиб, қоронғилик томон кета бошлайдилар. Т а н г а б е к а қотиб қолгандай.

И к к и н ч и  о қ с о қ о л. О, худойим, ниҳоят бу гуноҳкорлардан бизни халос қилдинг!
У ч и н ч и  о қ с о қ о л (қўл силтаб). Ҳамма бало, ҳамма вабо улар билан даф бўлсин!
Б и р о в. Ана, эшитяпсизми, ризқини сезиб, оч бўрилар увиллаяпти.
Б и р  х о т и н. Вой худойим-эй, ҳеч қайсингизда шафқат йўқ! Бўридан ҳам баттарсизлар!..

Ш а ф а қ кескин бурилиб иккинчи томонга йўл олади. Д а р в е ш унинг йўлини тўсмоқчи бўлади. Ё л ч и қ у л Д а р в е шни четга итариб, ўзи Ш а ф а қ орқасидан кетади.

И к к и н ч и  о қ с о қ о л. Ҳаммаси йўлдан озган, ҳаммаси ҳам иблис қуллари, бузуқлик қуллари! Йўқолсин ҳаммаси, даф бўлсин! Қароргоҳимизга осойишталик дорисин!
У ч и н ч и  о қ с о қ о л. Осойишталик бўлади, худо хоҳласа! Бу бузуқлик қулларига ўлим!
Д е в о н а (кутилмаганда ўртага чиқади). Қуллар! Қани қуллар! Ким қул?
У ч и н ч и  о қ с о қ о л (кетганларки кўрсатиб). Ана, қуллар, ана!
Д е в о н а (хахолаб кулади). Мен ҳеч қандай қул кўрмаяпман. (Кетувчилар изига тикилиб.) Қуллар, қуллар дейсан! У ерда мен қулларни эмас, тўртта фариштани кўриб турибман, тўртовининг бошида тўрт олтин тож ярқираб турибди, улар ҳур-ку! Қуллар қаерда? (Қаттиқ кулади.) Мана бу ерда қуллар! (Биринчи оқсоқолга.) Ана, сенинг пешонангда қулликнинг муҳри қоп-қора бўлиб ёниб турибди, қоп-қора бўлиб турибди!.. (Иккинчи оқсоқолга.) Сенинг эса, ичингда шумшайиб ғариб қул ўтирибди, ана букур қул ўтирибди. Унинг елка-яғринларидаги қамчи изларини мен кўриб турибман... (Учинчи оқсоқолга.) Қуллик сенинг қорнингда. Худди чувалчангга ўхшаб хушомадгўйлик, лаганбардорлик қули ётибди. Сен аянч, қўрқоқлик қулисан!.. (Дарвешга.) Қани, менга қара-чи, сен авлиёнинг қора юрагида нима бор экан?! Сенинг ичингда қул йўқ! Ана, томоша қилинглар, бу авлиёнинг ичида буралиб-буралиб илон тўлғаняпти. Илоннинг икки тили ва иккита думи бор... Авлиё қиёфасидаги икки-юзламачилик қули бу! (Тангабека олдига келиб тўхтайди.) А, Тангабека бойвучча! Менга қара, ие, бўйнингдаги нима? Маржонми? Бу кумуш маржон эмас, кумуш арқон! Қуллик сиртмоғи. Ўз сиртмоғинг ўзингни бўғяпти... бўғяпти, ана бўғяпти! Қизил кўзли бургут сен эмасмисан? Нега сен ўз болаларкнгни чоҳга итариб юбординг, Тангабека?! Энди улар орқасидан ўзинг ҳам чоҳга ташлан, бойвучча! Ана, у чоҳнинг қаърида сен ўлдирганларнинг суяклари оқариб кўриниб турибди, ана, қара, оқариб турибди! Мен бориб уларни кўмай, ахир ўлганларни кўмишади-ку. Ўтовда туғилганми, қоянинг чўққисида туғилганми, ўлгандан кейин барибир тупроққа кўмишади...
(Кетади.)

Тангабека турган жойида йиқилади. Узоқда, кетганлар томонда ёрқин нурли катта йўл кўринади. Кетувчиларнинг ўша нурли йўлга чиққани кўринади...

П а р д а.

Qayd etilgan