Eduard Vavrushka. Izquvar Brok (ertak)  ( 4856 marta o'qilgan) Chop etish

1 B


AbdulAziz  27 Dekabr 2011, 15:12:18

Eduard Vovrushka. Izquvar Brok (ertak)



Muallif: Eduard Vovrushka
Hajmi: 253 Mb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish

Qayd etilgan


braupov  27 Dekabr 2011, 17:18:47

ЭДУАРД ВАВРУШКА

ИЗҚУВАР БРОК


Эртак


Русчадан ИСМОИЛ МАҲМУД таржимаси

Тошкент
Ғафур Ғулом номидаги
Адабиёт ва санъат нашриёти
1986


Таниқли чех ёзувчиси Э. Ваврушканинг «Изқувар Брок» эртагида изқуварликни орзу қилиб қолган Брок номли итнинг ҳайвонлар орасида кулгига қолгани қизиқарли ҳикоя қилиб берилади.


ИЗҚУВАР БРОК

Брок қишлоқнинг одатдаги қўриқчи кўппакларидан эди. У шалпангқулоқ, юнглари ўсиқ, баҳайбат ит бўлиб, қачон қараманг пахмоқ думини у ёқдан-бу ёққа ургани-урган эди. Унинг туси қўнғир, фақат мижжалари гўё кимдир лойқа оҳакка ботирилган чўткани суриб қўйгандек ғалати кўринарди.
Брок бир фазилати билан, яъни изқуварликни хуш кўриши билан қишлоқ аҳли ҳовлиларидаги ўз касбдошларидан фарқ қиларди. Бирор лаҳза бўш қолдими, дарров мутолаага муккасидан кетарди. Катагида изқуварликка оид китоблари шу қадар қалашиб кетган эдики, ҳатто ўзи ҳам унга базур сиғарди. «Ўрмон ёнғоғининг сири», «Товуқхонадаги ўғрилик ёки ҳурпайган махлуқ», «Ажойиб гултувакни ким синдирди», «Хирмон ортидаги ғалати товушлар», «Зулматдаги сирли қадамлар», Брок бош кўтармай ўқийдиган, изқуварликка оид баъзи бир китобларнинг номлари ана шундай эди. Ҳа, шунақа, китоб деса, Брок ўзини томдан ташларди. Китоб унинг жони, балки, жонидан ҳам ортиқ эди. У китобни кўрса еб қўйгудай бўларди. Кундузи етмагандай кечаси ҳам ундан бош кўтармасди. Ўқишга қулай бўлсин учун не машаққатлар билан катагини тун бўйи ҳовлини чароғон этиб турувчи, сим тўр қопламали, кучли электр чироғи яқинига суриб олганини айтмайсизми?!
Борди-ю, тун ярмида уни уйқу элитиб қолгудек бўлса борми, тушида ҳам у ақл бовар қилмас ажойиб саргузаштларни бошидан кечираётган бўларди. Тушида ҳам безовта бўлиб у ёқдан-бу ёққа юриб чиқар, эснар, хўрсинарди. Албатта, бу чинакам уйқу эмасди. Мириқиб ухламаган кимса кун бўйи ўзига келолмай, ланж бўлиб, эснаб- юриши ҳаммага маълум.
Китоб ўқийвериб, Брокнинг кўзлари хиралашиб, чарчаб қолди. Бу аҳволда охири ётиб қолиши ҳам ҳеч гап эмасди.
«Изқуварлик соҳасида шунча илму ҳунарга эга бўла туриб, энди шундай юраверишим дуруст эмас, каллада эса илм тобора кўпайиб кетяпти. Шунинг учун ҳам кун сайин ориғлаб боряпман назаримда. Олган билимларимни сарфламаганимдан кейин ундан нима фойда? Энди уларни амалда қўллашим лозим»,— деди у бир куни ўз-ўзига.
Узоқ хаёл суриб, охири бунинг иложини топди, яъни «қидирув маҳкамаси» очишга қарор қилди.
Келаси куни тонгда шу ҳовлида истиқомат қилувчиларнинг бари Брокнинг катаги атрофида уймалашиб қолишди. Улар оғизларини очганча:

ҚИДИРИШ МАҲКАМАСИ
Ҳамма нарсани қидириб топаман!!!
Тез — арзон — ишончли,

дея катта-катта ҳарфлар билан ёзиб қўйилган эълонни жуда қизиқиш ва таажжуб билан кўздан кечиришарди.
Брок ҳамманинг мазкур эълон олдидан жилолмай қолишини кўриб қувонса ҳам, ўзини гўё ҳеч нима сезмаганга солиб юраверди. Мана, ниҳоят, машҳур изқуварлар ҳақида ёзилган китоблардан орттирган билимларини ўзи амалда синаб кўриш пайти етиб келадиган кун ҳам бор экан-ку! Брокни оёғининг учида кўрсатиб юрадиганларнинг ҳам энди кўзи очилади. Нега деганда, энди қўни-қўшниларга керак бўлиб қолиши турган гап. Қилган хизмати эвазига ҳеч бўлмаса битта-яримтаси илик-миликни ҳиммат қилиб юборса ҳам ажабмас, бир қора кунига асқатади.
Брок яқин кунларда эришиши мумкин бўлган шон-шуҳрати ҳақида хаёл суриб, бирор «қувончли воқеа» содир бўлишини кута бошлади. Бу, албатта ўз туққанига ҳам хуш келадиган нарса эмаслигини фаҳмларди, фаҳмларди-ю, лекин барибир шундай воқеа мана шу ҳовлидами ёки яқин теваракдами тезроқ юз беришини интиқлик билан кутар ва бунга умид боғларди. Ҳа, у тезроқ бирор кори ҳол рўй беришини ва пайтдан фойдаланиб ўзининг изқуварлик оламидаги юксак қобилиятини ишга солишини, эл оғзига тушишини жуда-жуда истарди. Аммо, аксига олгандек, ҳовлида ҳеч қанақанги фавқулодда воқеа рўй бермас, ҳаёт бир маромда давом этарди.
Катакка ёпиштириб қўйилган эълон қоғози офтобда сарғайиб, ҳарфлари таниб бўлмас даражага келиб қолган эди. Қидирув маҳкамасига эса ҳеч ким ташриф буюрай демасди. Шу-шу бўлди-ю, маҳкама бошлиғи нима қилишини билмай, яна уззукун китоб мутолаа қилишга, билимини яна ҳам оширишга киришиб кетди.
Иттифоқо, дастлабки мижози кутилмаганда келиб, катак эшигини тақиллатганида унинг нечоғлик эсанкираб қолганидан таажжубланмаса ҳам бўлади. Ногоҳ вужудида пайдо бўлган ваҳм ҳиссини босиб олиш учун бир неча дақиқа зарур бўлди, холос, ўз-ўзидан аёнки, бундай туйғуни у имкони борича пинҳон тутарди. Ахир, истеъдодли изқувар бўлсаю ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ қўрқувдан қалтираса! Мижози нима деб ўйлайди?
Буни қарангки, эшик тақиллатиб келган бу илк мижозни мижоз дегани ҳам тилинг бормайди. Сабабки, «қидирув маҳкамаси»га мурожаат қилган зот.. қимматли қўшниси — миттигина қорамош мушук Моурек эди! Ушбу мижоз, гарчи, Брокнинг сира кўнглидагидек бўлмаса-да, қабул қилишга мажбур эди. Чунки у қидирув ишларига муҳтож бўлган ҳар қандай кимсадан ўз ёрдамимни аямайман, деб ваъда берган эди-да! Айтилган сўз — отилган ўқ! Гап бунда ҳам эмас, энг муҳими ким бўлишидан қатъий назар ахийри унинг «маҳкама»сига мурожаат қиладиган топилди-ку!
— Хўш, нима гап ўзи? Қулоғим сизда, гапиринг, не арз билан ташриф буюрдингиз?— дея очиқ кўнгиллик билан сўради у, Моурек саросимасини осонликча бартараф қилиши учун. Назарида, биринчи мижози анчагина ҳаяжонланаётгандай туюлди. Мижозининг бу аҳволда кўнглидаги дардини айтолмай кетиб қолиши ҳам мумкин.— Бирор нарсангизни ўғирлатдингизми? — суриштирди Брок.— Ёки сизга таҳдид қилишяптими?
Изқуварлар ҳақида ёзилган романлардаги қаҳрамонлар одатда ўлдирилишларидан олдин қўрқитувчи мактублар олишарди.
Моурек дудуғланиб, бу хил мактублар олмаганлигини билдирди ва:
— Мени тунашди,— деди аранг овозини чиқариб.— Ўғри урди.
— Э, шунга шунчами? Ўғрини ҳаш-паш дегунча топамиз-да!— Бидирлаб деди Брок.— Қани ўтиринг, воқеа қандай содир бўлганини бир четдан сўзлаб беринг!
Бундай илиқ муомаладан қорамош эриб кетди. Ундаги саросималик йўқолиб, ҳикоясини давом эттирди:
— Менинг бир хилват жойим бор эди, унча узоқда эмас, ҳов тўсиқ олдида. Жуда чуқур ҳам эмасди. Лекин уни ҳеч ким билмасди. Ҳар ҳолда мен шундай деб ўйлардим...
— Батафсилроқ тушунтириб айтингчи,— Моурекнинг гапини бўлди ўз ишининг билимдонидай изқувар.
— Шундоқ, оддий чуқурча эди. Туйнуқчадай бир нарса. Тирноқларим билан кавлаб, яна текислаб қўйгандим.
— Э, ҳа, бундоқ демайсизми.— Брок калласини сараклатган эди, шунда шалпангқулоқлари беихтиёр лапанглаб кетди.— Хўш, хўш, кейин-чи?
Қорамош шошиб сўзида давом этди:
— Бу чуқурчага мен баъзан ўзимдан ортиб қолган суякларни яшириб юрардим, бирор ёмон кунимга яраб қолар деб...
— Яхши қиларкансиз!— бошини қимирлатди Брок ва салмоқ билан мижозига: — Марҳамат қилиб, гапнинг лўндасини айтишга ҳаракат қилинг, — деди.
— Хўп бўлади, — деди қорамош шошилган-ча. — Жоним билан, кечагина яна ўша ерни кавлаб, яхшигина бир товуқ суягини кўмиб қўйган эдим, этликкина суяк эди.
— Этликкина эди дейсизми?— Лабини ялади Брок ва яна ўзини қўлга олдида, жиддий оҳангда савол беришни давом эттирди:— Агар сир бўлмаса айтингчи, нега сиз бу масалада айнан менга мурожаат қилдингиз, яъни менинг маҳкамамга?
— Албатта, албатта!— айбдор каби ожизона миёвлади мушукча.— Мен ҳам энди шуни айтмоқчи бўлиб турувдим, жаноби изқувар. Кечагина ўша жойга ҳалиги, этлик суякчани кўмиб қўйган эдим, бугун бориб очиб қарасам жойида йўқ, — дея гапини тугатди Моурек.
Брок бесўнақай бошини олд панжаларига қўйганча ўйга чўмиб:
— Демак, бундан шундай хулоса келиб чиқадики,— деди ҳамон хаёл дарёсида сузганча ғудраниб,— суяк ғойиб бўлган.
— Ҳа, ғойиб бўлган!
— Мен ўйлаётган вақтда халақит берилмасин! Демак, суяк йўқолган экан, бундан шундай хулоса чиқадики, уни ўғрилашган, яъни ўмаришган! Шундай эмасми?
— Худди шундай!— дея унинг сўзини тасдиқлади қорамош, Брокдан нигоҳини узмай.
— Шундай қилиб, хулоса қилишимиз мумкин, суякни ўғирлашган, аниқроғи! ўмаришган? яъни кимдир бунга олдиндан кўз тикиб юрган яъни ўмаришга тайёргарлик кўриб қўйган!
— Ҳа-ҳа, қандайдир ўғри бўлса керак,— деб шивирлади қорамош.
— Жим туринг!— унинг сўзини бўлди Брок. Сўнг мижозига жиддий нигоҳ ташлаб, сўзида давом этди:— Билиб қўйинг, бу ҳақда фақат мен бош қотиришим лозим. Демак, кимдир суякни ўмарган, яъни ўша «кимдир» жиноий ишга қўл урган, мазкур жиноятчи бу ишга олдиндан пухта тайёргарлик кўриб юрган. Бундан қандай хулоса келиб чиқади?
Қорамош миқ этмади.
— Бундан шу нарса келиб чиқадики,— дея овозини баландлатди Брок,— биринчи навбатда, биз бу яширин жой кимларга маълум бўлганлигини аниқлашимиз лозим. Шуни аниқласак бўлди, жиноятчининг жилови қўлимизда деяверинг, оғайни.
Қорамош, гарчи, бу гапларни сукут сақлаб эшитаётган бўлса-да ҳаяжон ичида кўзларини бир-икки юмиб-очди ва миннатдорлик билан бош ирғаб қўйди.
Брок эса бу мушкул муаммонинг хамирдан қил суғургандай осон ҳал бўлганидан бениҳоят мамнун эди. Унинг бу биринчи ишидаёқ муваффақият қозониши қандай яхши! Энг кераги ишни бир бошлаб олиш. Айниқса изқувар, яъни қидирувчи учун бунинг нечоғли аҳамиятли эканини гапирмаса ҳам бўлади. Агар изқувар биринчи қадамиданоқ хатога йўл қўйса борми, тамом, бу хато кейинги ишларига ҳам таъсир қилади ва бир умр боши таънадан чиқмайди.
Брок уюлиб ётган китобларга бир-бир кўз югуртириб чиқди, назарида, бу китобларнинг деярли ҳар бирида машҳур изқуварлар ўғрилик ва талон-торожлик устидан текширишлар олиб борардилар. Уларнинг иши олдида қандайдир товуқ суягини қидириш Брокка хийла майда ишдек туюлиб кетди. Шунинг учун ҳам йўқолган суяк масаласини Брок ўйнаб-кулиб ҳал этиши ва худди мана шу китобларда ёзилган машҳур изқуварлар каби тез орада шуҳрат қозониши ҳеч гап эмас!
Брок ширин хаёллардан сергак тортиб, ўзига келди.
— Биласизми, биродари азиз. Энди менга ўша — ўзингиз таърифлаган чуқурчангизнинг қаерда жойлашганини кўрсатиб қўйсангиз. Сўнг бемалол уйингизга кетаверишингиз мумкин. Эртага эса тонгда ўз мулкингизни олиб кетгани келаверинг.
— Ростданми?— дея кўзларини пирпиратди мушукча.
— Шубҳа қилишга асло ўрин йўқ,— деди Брок ва ўша сирли жойга бошлаб боришга ишора қилди.
— Мана шу жойда,— деди Моурек тўсиқ ёнига боргач.
— Ҳеч нарса йўқ-ку, бу ерда, ўрни ҳам билинмайди.
— Мен ўша заҳоти яна текислаб қўйгандим,— дея ўз ишидан миннатдорона оҳангда гапирди Моурек. — Кўзга ташланмасин дедим-да!
Брок бош ирғаб қўйди.
— Яхши қилган экансиз. Шундай бўлса ҳам, барибир мен уни текшириб кўришим керак.
— Марҳамат, изқувар жаноби олийлари, марҳамат.
«Иш деган бундай бўпти»,— деб қўйди Брок, ўз-ўзича. Сўнг беихтиёр очилиб қолган жағларини ғижирлатиб қўйди. У шу дамда мижозига бу ишнинг қандай бажарилишини ўргатишга ҳам тайёр эди. Сўнг қудратли панжаларини ҳаракатга келтириб, бир зумда чуқурча қазиди ва бу чуқурчани Моурекка кўрсатиб:
— Суяк шу ерда эдими?— деб сўради. Қорамош тасдиқ оҳангида бошини ликиллатди.
— Шу ерда эди, энди эса йўқ.
— Йўқлигини ўзим ҳам кўриб турибман. Энди менга бошқа керак бўлмайсиз, биродари азиз. Текшириш ишларини битта ўзим олиб бораман, ҳеч қандай гувоҳсиз. Мана бу ерни эса,— Брок кавлаб ташлаган чуқурчага ишора қилиб кўрсатди,— мен ўзим кўнгилдагидек қилиб тартибга келтириб" қўяман, эртагача хайр! - шиббалади, сўнг разм солиб қараб чиқди. Ҳаммаси жойида эди. Бирортаси таъқиб этмаётганмикин деган шубҳада атрофига бир-икки қараб ҳам қўйди. Текшириш ишлари қандай кетаётганлигини билиш мақсадида кимдир кузатиб турган бўлиши ҳам мумкин-да! Дарвоқе, ишни нимадан бошласа экан?
Китобларда ёзилишича, одатда воқеа содир бўлган жойда, албатта қандайдир из қолиши керак.
Брок яна атрофга кўз югуртириб чиқди; ҳеч қандай белгидан асар кўринмасди. Фақат текисланган ерда унинг ўз панжа излари бор эди, холос.
Ишни нимадан бошласа экан-а?. Тўсатдан унинг калласида ялт этиб бир нажот берувчи фикр пайдо бўлди. Бу ўз фикри эмас эди, албатта. Буни қайсидир бир китобдан ўқиган эди. Брок ўқиган китобларидаги саргузаштларни шу қадар ўзига сингдириб олган эдики, ҳозир миясида ўша саргузаштлар айқаш-уйқаш бўлиб кетганди; шу сабабли уларнинг қайси бири рост, қайси бири ёлғонлигини ҳозир сира фарқлай ололмасди.
«Ҳар қандай тажрибасиз қидирувчи ҳам жиноятчининг воқеа содир бўлган ерга қайтиб келишини кутади, чунки жиноятчи жиноят қилган ерига қайтиб келмай иложи йўқ»,— дея мулоҳаза қилди Брок ва дарҳол бу кашфиётини амалда синаб кўришга киришди (гарчи Брокнинг ҳеч қандай кашфиёти бўлмасада).
Бу ишга фавқулодда оддий тарзда киришди. Яъни, юнгларининг ялтироқ сирти жиноятчига ўзининг қаерга яширинганлигини сездириб қўйишидан чўчиб, сал нарироққа, тўсиқдан унча узоқ бўлмаган ерга таппа ётиб, ўғрини кута бошлади.
«Ҳамма буюк кашфиётлар оддий хулосалардан туғилади. Изқуварлик. соҳаси ҳам бундан мустасно эмас»,— Брок кўнглини хотиржам тутиб, мамнунлик билан мулоҳаза юрита бошлади.
Кейин, шу тахлит жим ётавериш охири жонига тегди. Брок зинғиллаб бориб катагидан яқинда харид қилган «Изқувар Фокснинг сўнгги муаммоси» деб номланган китобни олиб келди ва уни ўқишга тутинди. Бекордан-бекор ётаверганидан нима фойда, ҳеч бўлмаганда изқуварликка оид бирор маънили гап ўқигани қолади-ку! Жиноятчини эса, чуқурчага яқинлашиб қолганда шарпасидан илғаб олар. Шундай хаёлда у китобга мукка тушди.
Худди шу лаҳзада, яъни изқувар Фокс ботқоқдан сирли панжа изларини топган пайтда тўсиқ ортидан қудратли қанотларнинг силкинишига ўхшаган бир овоз эшитилиб қолди.
Брок китобни ёпди-да, билдирмай — бир кўзини юмиб, тўсиқ тирқишидан ўша томонга мўралади. Сўнг бу тўсиқдан енгил сакраб ўтди-да, ўтакаси ёрилаёзган товуққа қараб дағдаға қила кетди.
— Ўрнингиздан қимирламанг! Бу ерда нима қилиб юрибсиз!
— Тупроқ титкилаяпман. Ёки тупроқ титкилаш ман қилинганми-а?— деб қақағлади товуқ?
— Эътироз билдирилмасин!— дея унинг сўзини бўлди Брок ва сўроқни давом эттира кетди:— Мен қидирув маҳкамасининг бошлиғи, яъни бош изқувар бўламан. Саволларимга виждонан жавоб беришингизни талаб қиламан. Акс ҳолда, бўйнингиздаги жавобгарлик ортади.
— Марҳамат, лекин мен ҳеч қандай жиноий иш қилганим йўқ-ку, бошлиқ... жаноби олийлари.
— Қидирув маҳкамасининг...— дея товуқнинг йўл қўйган хатосини тўғрилади Брок.— Бош тортмасдан, менинг саволларимга тўғри ва аниқ жавоб беринг. Исмингиз нима?
— Товуқ.
— Турар жойингиз қаерда?
— Қўшни ҳовлидаги товуқхонада.
— ...қўшни ҳовлидаги,— дея ярим овозда такрорлади Брок, сўнг бу муҳим маълумотларни қунт билан қалингина ёзув дафтарига тиркаб қўйди.— Бу жой сизга олдиндан маълуммиди? — Брок товуққа синовчан назар салди.
— Гапингизга тушунолмадим?— деди товуқ гарангсиб.
Брок масхараомуз тиржайди:
— Хўп, майли. Қани айтинг-чи, сиз бу ерни аввал ҳам ҳеч кавлаганмидингиз? Кавлаганмисиз ёки йўқми, деб сўраяпман сиздан?
— Йўқ, ҳеч қачон кавламаганман.
— Шунақами?!— дея бир лаҳза жим бўлиб қолди Брок.— Бўлмаса энди нега бу ерда ўралашиб қолдингиз?
-Чувалчанг, қурт-қумурсқалар қидиряпман. Ҳамма товуқлар қатори.— Энтикиб жавоб қайтарди товуқ.
— Чувалчанг, қурт-қумурсқалар қидиряпман денг-а?— Брокнинг овозида пичинг оҳанги сезилди. . Сўнг Брок пойлаб туриб бирдан ҳужумга ўтди:
— Нега энди айнан шу ерни танладингиз? Айтайлик, сал нарироқни эмас, а, ҳурматли товуқхоним?
Ғалаба нашидасидан Брокнинг кўзлари чақнаб кетди. Бу саволи билан у товуқни тутдим деб ўйлаганди-да! Ана энди бу қақилдоқ чипор унинг олдида ер ўпиб, айбига иқрор бўлади!
Аммо қақилдоқ пинагини ҳам бузмай вазмин оҳангда жавоб қайтарди:
— Шундоқ юмшоққина ер турганда, нима қиламан бошқа жой излаб, қидирувчи жаноби олийлари. Кимдир бу ерни аввал қавлаган экан. Ҳа, айтмоқчи, боя қандайдир бир ит қазиётгандай бўлувди. Қаранг-а, панжа излариям танишга ўхшаяпти. Ким билади, бу ердан нималарни қидирганикин? Албатта, менга ўхшаб чувалчанг ёки қурт-қумурсқалар излаб келмагандир. Итнинг бундай майда-чуйда нарсалар билан иши бўлмайди. Буни ҳатто тухумдан янгигина чиққан жўжа ҳам билади!
— Бас!— Брок бидирлаб маҳмадоналик қилаётган товуқнинг сўзини бўлди. Аммо кўнглида унинг баъзи эътирозларида жон борлигини ҳам тан олди. Наҳотки, шундай муҳим бир ишнинг очилишига қандайдир бир товуқ халақит берса! Бу ерда у бекорга овора бўлиб юргани йўқ-ку! Буни изқуварлик деб қўйибди. Шунинг учун ҳам у бу ерда овораи сарсон бўлиб юрибди-да!
— Ҳм,— дея маъноли томоқ қириб қўйди Брок. Энди у вақтдан ютиши, қандай қилиб бўлса ҳам бу маҳмадона товуқдан қутулиш чорасини изларди.
— Бу ердаги гаплар шу ерда қолсин. Мен муҳим бир ишнинг изидан тушганман. Шу сабабли ҳам барчага шубҳа билан қарашимга тўғри келади...
Беҳуда безовта қилганим, учун узр, қақилдоқ хоним! Энди эса, марҳамат қилиб, чуқурчани текислаб қўйинг, сўнг сизга рухсат берамиз. Омон бўлйнг... Брок қутулганингиз билан табриклайман, деган маънода бошини ликиллатди-да, тўсиқ ортидаги ўз кузатув жойини бориб эгаллади. Товуққа энди у эътибор бермас, китоб мутолаа қилишга ҳам кўнглида рағбат сезмасди. Вақт ўтиб борар, текширув ишлари эса сира олдинга силжимас эди. Эртаси тонг чоғи Моурек ёнига келганида, нима дейди?
Брок ўйлай-ўйлай, ахийри бир қарорга келди, қандай бўлмасин берган ваъдасининг устидан чиқиши керак. Йўқолган суяк ўрнига ҳатто ўзиникини бериб бўлса ҳам мижозининг кўнглини олиши лозим. Минг қилса ҳам у биринчи мижози! Тўғри, бу иши бир ҳисобдан қаллобликка ҳам ўхшаб кетади, лекин қидирув маҳкамасининг обрўсини ўйлаб шундай қилишга мажбур.
Балки эртагача ҳамма нарса яхши бўлиб кетар, чиқмаган жондан умид.
Аммо ишлар у ўйлагандек бўлиб чиқмади: тонггача бу атрофга ҳеч бир зот яқин йўламади.
Маҳкама бошлиғининг келажакда ҳам бу ҳурматли мижозига сидқидилдан беҳад ҳизматлар қилишига астойдил ишониб, эртаси кун саҳарда Моурек қидирув маҳкамасидан этли товуқ суягини олиб кетди.
Товуқ суягини топиш эса Брокка осон кечмаган эди. Гарчи, унинг бисотида ҳали яна анча-мунча сўнгак-пўнгаклар бўлса-да, Моурекка бошқачароғи-дан эмас, айнан унинг йўқотганига ўхшаш товуқ суягидан топиб бериши лозим эди. Маҳкама обрўси учун у ҳар қандай ишни бажаришга тайёр!
Мижоз йўқолган нарсасининг топилганидан ўзини қўярга жой тополмай қолди. Хурсандлиги шу даражага етдики, ҳатто йўқотган нарсасини ким ўғирлагани ҳақида суриштириш ҳам хаёлидан чиқиб кетди. Ҳамма гап шундаки, йўқолган нарсаси топилган эди! Ҳаяжондан Брокка ташаккурлар айтиб, кўнглини кўтариши лозимлиги ҳам эсига келмади. Брок ҳам баъзи андишаларга бориб, индамай қўя қолди — ичига ютди. «Индамаганлиги»нинг иккита сабаби бор эди. Биринчидан, ўзининг виждони олдида ҳам тили қисиқ эди. Иккинчиси, илк мижози кўринганга изқувар Брок аллақандай юлгичлардан эмаслигини айтиб юрса, бунга не етсин?! Моурек хайр-маъзурни нася қилиб ғойиб бўлди. Брок яна ишсиз қолди.
Ҳовлида турмуш одатдагича кечарди: ғозлар ғоғолар, товуқлар қа-қағлаб шовқин солар эдилар. Ен қўшни — чўчқабоқарнинг ҳовлисидан эса чўчқа боласининг чапиллатиб терт егани, эчкининг маъраши эшитиларди. Ҳеч ким ўзида янги пайдо бўлган истеъдодли изқуварга эҳтиёж сезмас эди.
Аммо бу ҳол узоққа чўзилмади. Куннинг иккинчи ярмида кимдир Брокнинг катаги олдида тўхтади.
Моурек-ку!
Брокнинг жони нақ ҳиқилдоғига келди. Наҳотки унинг ҳийлясини мижози сезиб қолган бўлса?! Брок уялганидан Моурекнинг юзига тик қарашга ҳам ботинолмади. Дунёда виждон азобидан ёмонроқ дард бормикан?
— Нима гап? Тинчликми, биродари азиз? — Хиёлдан сўнг тилга кириб сўради Брок.
— Шўрим қурсин, изқувар жаноби олийлари,— дея сўз бошлади Моруеқ минғирлаб.— Яна ўша аҳвол...
— Нималар деяпсиз? Яна суягингизни ўғирлаб кетишдими?
— Бу гал мўмайроғини, яъни чўчқа суягини ўғирлашди,— деди Моурек титраб-қақшаб.
Брок ўзини чуқур хаёлга толгандай қилиб кўрсатди. Аслида эса, ўз ҳолига қўймаётган бу хира қорамошни кўчага итқитиб юборган бўларди-ю, иложи йўқ-да! Ахир, қачонгача бир тийинга ҳам арзимайдиган молини деб унинг бошини қотиради? Қолаверса, Брокдай изқувар бундай арзимас ўғрилик билан овора бўлаб ўтириши инсофдан эмас.
Аксинча, эътиборда турган бир каттароқ иш билан шуғулланса, шуҳрати ҳам ошарди, маҳкамасининг обрўси ҳам кўтарилиб кетарди...
Бироқ баланд нарвонга ҳам энг қуйи пиллапоядан чиқилади. Бордию мижозлари кўплигидан бош қашишга қўли тегмай қолганда ҳам бошқа гап эди, бунақанги бачкана нарсалар билан бошимни қотирма, деб Моурекнинг секин ковушини тўғрилаб қўярди-я! Афсуски, унинг қидирув маҳкамасига камоли ишонч ва эътиқод билан қатнаб турган ягона мижоз ҳозирча мана шу шумшук қорамош бўлиб турибди. Балки қўни-қўшнилари, қани бу ишни Брок қандай уддаларкин, деб пана-панада кузатиб туришгандир?.. Шу боис ҳам унинг Моурекка илтифот кўрсатишдан бошқа бирор-бир чораси йўқлиги аниқ.
— Ҳм-м, батафсил гапираверинг. Мен шундай бир ҳийла ўйлаб ишга киришайки, натижада жиноятчи қўлга тушганини ўзиям билмай қолсин.
Моурек чуқур хўрсиниб олди-да, бўлган воқеани ҳикоя қила кетди. Бу гал у ҳеч қийналмай, равон гапирарди...
Моурек ҳар бир сўзни чертиб-чертиб, маъноли қилиб сўзлаётганига қарамай, Брок ундан зиғирча ўзига наф сезмади. Чунки қорамош айтган гапларнинг ҳаммаси олдин айтилган гапларнинг айнан такрори эди, холос.
Яъни Моурек суякни ўша — олдинги жойига кўмган, у ердан эса кимдир ўмариб кетган. Бор-йўқ гап шу!..
— Яна кимдир ўмариб кетибди,— дея Моурек қиссасини тугатди.— Ердам бера олармикинсиз-а? Чўчқа суяги эди, шуни назардан соқит қилмасангиз бўлди, тақсир.— Илтижоли боқиб қўйди Моурек, йўқотган бисотининг қимматига шама қилган ҳолда.
— Кўнглингизни тўқ тутинг, биродари азиз,— деди қатъий оҳангда Брок, чунки шу тобда шундан бошқа нарса унинг миясига келмаган эди.— Эртага кечқурун хабар олинг, йўқотган суягингизни олиб кетасиз.
Изқувар Брокнинг ўзига бўлган қатъий ишончига дарз кетди, шу сабабли у текшириш учун берилган муддатдан ютиш мақсадида иложи борича вақтни чўзишга ҳаракат қиларди.
Моурек хайр-хўшни ўрнига келтириб таъзим қилган кўйи бир зумда ғойиб бўлди. Брок яна икки ўт орасида қолди ва бирор-бир чора топиш мақсадида китобларни титкилашга тушиб кетди. У яна бир бор китобларнинг ўғирликлар ҳақида ҳикоя қилувчи қисмларини синчиклаб ўрганиб чиқди; аммо бундан зиғирча ҳам наф сезмади. Барча машҳур қидирув ишларининг хулосаларига кўра, жиноятчи албатта жиноят қилган жойига қайтиб келиши шарт эди. Нега энди мазкур жиноятчи бу темир қоидадан истисно бўлиши керак?! Нега энди бу «хазина» жиноятчини ўзига қайта жалб қилмас экан? Кеча келмаган бўлса, балки бугун келиб қолар? Балки келиш-келмаслик ҳақида бир қарорга келолмай, иккиланиб тургандир?
Брок оғир хўрсиниб, «Изқувар Фокснинг сўнгги муаммоси» номли китобни қўлига олди. Ўқишга киришишдан олдин одатдагидек тўсиқ ортидаги жойини эгаллади.
Аммо бугунги ўқиган китобларидан ҳеч нарса ололмади.
У сатрларга кўзини лўқ қилиб тикканича узоқ ўй суриб қолар, лекцн гап нима ҳақда кетаётганига ақли етмасди. Борди-ю, жиноятчини бу гал ҳам қўлга ололмасам, чўчқа суягини қаердан топаман, деган ташвишли фикр миясини кемирарди. Бу ҳам майли, Моурек мабодо ким ўғрилик қилганлиги ҳақида сўраб қолса-чи? Унга нима деб жавоб беради?
Шубҳалари тўғри бўлиб чиқди. У чиндан ҳам ҳеч кимни қўлга туширолмади.
Кун бўйи бу атрофда фақат икки жонзот пайдо бўлди, холос! Бу ҳам бўлса бир жуфт кўк пашша эди! Улар чуқурча атрофидан кетмай, ғинғиллаб учиб юришарди.
Ташвишланганича ҳам бор экан: эртаси куни кечқурун қидирув маҳкамасининг бошлиғи, яъни, бош изқувар Брок ўзига тегишли бўлган мазали чўчқа суягидан маҳрум бўлди.
Мижози ўзининг олиҳиммат мурувватпешасига яна миннатдорлик билдиришни унутиб, тезда унинг кўзидан ғойиб бўлди. Брокнинг омадини қарангки, Моурек гўё бу гал ҳам жиноятчининг кимлигини суриштиришни унутди. Мабодо сўраб қолгудек бўлса, айтаман деб Брок ҳам антиқа бир латифабоп ҳикояни ўйлаб қўйган эди. Бахтига Моурек сўрамади. Брок ҳам ёлғон сўзлашдан қутулди. Яна шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, мабодо жиноятчи яшириниб олган бўлса, бундан аввало у ўзини-ўзи овора қилаётган, қолаверса, бу машҳур изқуварнинг ҳали кимлигини билмаган, юксак истеъдодини пайқамаган бўлади, холос.
Брокнинг ўз ризқидан маҳрум бўлаётгани эсига тушганда эса: «Ҳечқиси йўқ, ҳали Моурек менга мутлақо ишониш мумкинлиги ҳақида ҳаммаёққа овоза қилиб чиққанидан кейин мижозларим кўпайгандан-кўпайиб, бу оворагарчиликларим унутилиб кетади»,— дея ўзига тасалли берарди.
Эртасига унинг маҳкамаси олдида яна бир мижоз пайдо бўлиб қолди. Не кўз билан кўрсинки бу ўша Моурек эди!
Унинг гапига қараганда, бу гал каттагина бир қорамол суягини ўғри уриб кетибди. Бу инсофи йўқ қандай ўғри экан-а?!
Брокнинг юраги орқасига тортиб кетди. Борди-ю, иши яна ўнгидан келмаса, бундай ноёб нарсани энди у қаердан топиб беради?
Моурек бугун ўзини ҳар қачонгидан ҳам сипо ва хотиржам тутган ҳолда ғоят бурро гапирарди. Энг охирида шундай таклифни ўртага ташлади:
— Балки кўмадиган жойимни ўзгартирсаммикин-а, жаноби изқувар?
— Асло ундай қила кўрманг, ишнинг пачавасини чиқаришингиз мумкин-а! Ҳеч нарса ўзгартирилмасин!
Агар чуқурча жойи ўзгартирилгудек бўлса, шунча вақтдан бери олиб бораётган иши барбод бўлишини у Моурекка сабр-тоқат билан тушунтирди. Жиноятчи бу жойга ўрганиб қолганлигини, ўрганиб қолгандан кейин эса ҳушёрлиги камайиб, бепарво бўлиб қолишини яна эринмай уқтирди (Брок бу гапларни аслида изқуварлар ҳақидаги китоблардан ўқиганди). Дастлабки қилинган ҳаракатдан кўра кейинги ҳаракатлар ёрдами билан жиноятчини осонроқ қўлга тушириш мумкинлигини такрорлади.
— Сиз уни қўлга туширдингизми?— Ҳайратдан кўзларини катта очиб сўради Моурек.
Брокнинг нафаси ичига тушиб кетди. Ўз уйдирмалари тўрига ўзи илинишига сал қолди.
— Албатта йўқ-да, биродари азиз! Аммо мен уни тутдим десам ҳам бўлаверади. Чунки биринчи гал унга раҳмим келиб қўйиб юбордим, у ваъда бериб, бошқа бундай номаъқулчилик қилмайман, деб сўз берди. Иккинчи галгисида жуфтакни ростлаб қолишга улгурди. Энди бу учинчи маротабасида эса у мендан қутулиб бўпти! Мен уни бўйнидан ғиппа бўғиб, тўғри олдингизга олиб бораман. Қўни-қўшниларни йиғамиз, улар ҳам ораларида қандай аблаҳ борлигини билиб қўйишсин.
— Демак, сиз уни кўрдингизми, изқувар жаноблари?— Қорамош ҳеч нарсани тушунмагандай Брокка қаради.
— Кўриш ҳам гапми, мана шу ўз панжаларим билан тутиб олдим уни, биродари азиз.
Брок ёлғон сўзлаётганлигини тушуниб турар, лекин бундан бошқа иложи йўқлигини ҳам биларди.
— Жаноби изқувар, ўша муттаҳам ким эканлигини билсам бўладими?— деб қўрқа-писа сўради Моурек.
— Асло! — унинг сўзини шартта бўлди Брок.— Овоза қилиб юборасизда, ҳамма ишнинг пачавасини чиқарасиз.
Ниҳоят у бу шилқим мижоздан қутулиш йўлинй топгандай бўлди.
— Кечирасиз, жаноби изқувар.— Айбдорларча бош эгди қорамош,— бундай нозик ишларга ақлим етмаса...
Уйига қайтаётиб, Моурек, яна бир бор ортига ўгирилиб қарадида, журъатсизгина сўради:
— Ҳалиги мазали говмуш суягига қачон келсам бўлади?..
— Эртага кечқурун, дея умидсиз тўнғиллади Брок ва мижозига орқа ўгириб олди. Шунақаям хира бўладими мижоз дегани, фақат ўзини ўйлайди. Бу текширишлар ўз-ўзидан бўлмаётгани тўғрисида хаёлига ҳам келтирмайди.
Ўзи пиширган ошни ўзи ейишга мажбур бўляпти. Бошқа нима ҳам дейиш мумкин? Ўзи тўқиб чиқарган ёлғон-яшиқлар домидан қандай қутулиб чиқса экан? Мана сенга мақтанчоқликнинг оқибати!
Бошқа иложи ҳам йўқ эди-да! Ахир бу тасқаранинг олдида ўзининг ноқулай аҳволга тушиб қолишига йўл қўйиб бўлармиди? Моурекнинг юзидаги масхараомуз ифодани ўзи ҳам сезди-ку! Йўқ, унга бошқа ҳеч нарса айтолмасди, мумкин ҳам эмасди.
Шундай хаёлларга борар экан, бехос калласида ажойиб бир фикр ялт этиб кетди, яъни ўзи тўқиган уйдирмаларни очиқ тан олиб қўя қолса қандай бўларкин? Жони тинчирди. Ёки аксинча бўлармикин? Чунки Моурек бир зумда чор атрофга жар солиб, унга қарши ҳамманинг нафратини қўзғатиб қўйиши ҳам ҳеч гап эмас. Шундан сўнг, албатта қидирув маҳкамаси ёпилиши ўз-ўзидан аён. Кейин кўринган жонивор Брокнинг устидан кулиб, жўн ишни ҳам эплолмаганини таъна қилиб юради.
Бу гапларни айтишга осон холос, ахир у, Брок мана қанчадан буён бу ишнинг уддасидан чиқолмаяпти.
Из! Бирорта из қолганидаям майлийди! Номига бўлса ҳам қандайдир изча керак. Фоксга осон, жиноятчи кўлмак четидаги балчиқда ўз панжа изларини қолдириб кетибди, қолган ишни у хамирдан қил суғургандек бажариши тайин.
Афсуски, жиноятчи унга, яъни Брокка ҳеч қандай из қолдирмаган!
Брок ёнверида қалашиб ётган китобларга разм солиб чиқди. Жиноятчини жиноят содир қилган жойида қўлга олиш учун бу китобларнинг қайси биридан бирор маънили маслаҳат топса бўларкин? Жиноятчи сўнгги дақиқаларда яширинишга муваффақ бўлди, деб баҳона қилиш ҳам қийин. Бу гапга энди овсар Моурек ҳам ишонмайди.
Брок оғир хўрсинди.
— Ҳали эртагача анча вақт бор. Жиноятчини балки бу гал қўлга туширарман.
Брок севимли китобини олиб аста кузатув жойига йўл олди. Яхшилаб жойлашиб олгач, қўлидаги китобнинг белгилаб қўйилган саҳифасини очди. Изқувар Фокс кўлмак четидаги балчиқда жиноятчи қолдирган яккаю ягона изни топиб, шу пайтгача қўлга туширолмаётган жиноятчини тутишнинт антиқа лойиҳасини ишлаб чиқа бошлади. У бу лойиҳа устида шунчалик узоқ ўйладики, бу орада Брок панжалари орасида очиқ қолган китоб билан ухлаб қолишга ҳам улгурди.
Брок туш кўрди. Тушида у изқувар Фоксга айланиб қолганмиш. Энди жиноятчини тутай деганда, ярамас жиноятчи қўйган тузоққа илиниб қолибди.
Изқувар Фокс-Брок, жиноятчини қувиб кетаётиб, бу тузоққа, яъни ўпқон устидан енгилгина ёпилган қамишга билмай оёғини қўйибди-ю, сал бўлмаса тубсиз жарга йиқилаёзибди. Хайриятки, жар ёқасида осилиб, илдизи билан ўпқон чеккасига омонатгина илиниб турган бутадан ушлаб қолибди.
Ножўя ҳаракати туфайли бир ўлимдан қолиб, ночор бута шохига илашиб турган изқуварнинг вужуди дағ-дағ титраркан, у чўчиб уйғониб кетди.
Ўзига келиб, бу воқеалар тушида рўй берганлигини англаб етгунча анча вақт ўтди. Ахийри енгил тортди, ёқимли бир ҳис вужудини эгаллади.
Китобга кўз югуртиришдан аввал, ҳар эҳтимолга қарши тўсиқ ортига бир кўз ташлаб қўйди.
Қаради-ю, тош қотди: у ерда нимадир ғивирлар эди! «Ҳа-ҳа, у ерда кимдир бор!
Жиноятчидан бошқа ким ҳам бўларди?!»
Шу тобда ҳаммадан шубҳа қилишига тўғри келарди.
Жиноятчи ниҳоят жиноят қилган ерига қайтган эди!
— Ўрнингдан қимирлама!
Брок иккинчи маротаба мазкур тўсиқдан ҳужумкор руҳда сакраб ўтди. Унинг олдида ҳурпайиб ерга кулала бўлиб ётиб олган, ҳали она сути оғзидан кетмаган бир митти мушукча қўрқинч аралаш миёвлаб турар, қалтираганидан оёқчалари ўзига бўйсунмасди.
— Исминг? — дея Брок блокнотини очди.
— Мен билмайман... — дея жавоб қайтарди паст овозда миёвлаб мушукча.
— Нега энди билмас экансан?! Ҳамманинг ҳам қандайдир исми бўлади-ку!
— Мен-мен — менинг ҳали ҳеч қандай исмим йўқ! — овозини яна ҳам пастлатиб миёвлади му-шукча.
Брок навбатдаги саволини ўйлаб ҳам улгурмагандики, миёвлаётган мушукчанинг олдида осмондан тушдими, ердан чиқдими кўзлари юлдуздек чақнаб, баҳайбат она мушук пайдо бўлди ва бу ҳолдан довдираб қолган терговчига таҳдид қила кетди. Терговчи сўроқни давом эттиришни ҳам, эттирмасликни ҳам билмай эсанкираб қолди.
— Бечора гўдакка дўқ қилишни бас қилинг, — деб қичқирди она мушук. — Қўрқувдан ўтакаси ёрилиб кетиши мумкин норасиданинг! Нима энди, болаларимизга кўчада юриш ҳам мумкин бўлмай қолибди-да?! — сўнг боласига юзланиб, — қани, бу ёққа келчи, оппоғим, токи онанг тирик экан, сенга ҳеч ким ғиринг деёлмайди! — деди.
Ниҳоят, Брок ҳушини йиғиб олди. Гап буёқда экан-да!
— Болангиз ҳеч қаёққа қимирламайди! Мен сўроқ олиб боришим керак:
Боласини олиб кетишга шайланиб турган она мушук ортига ўгирилди:
— Агар сўроқ қилиш зарур бўлса, марҳамат, бошқаларни сўроқ қилинг! Нега энди менинг боламга ёпишиб қолдингиз?!
Жаҳли чиққанидан Брокнинг овози бўғилди, хириллаб деди:
— Мендек нуфузли изқувар билан бундай оҳанг-да гаплашишни сизга ким қўйибди, кампиршо?!
— Нуфузли дейсизми? Аксинча, ғирт тентаксиз, жаноб Брок. Ахир, сизнинг устингиздан бутун қўни-қўшнилар кулиб ётишибди-ку!
— Кулишяпти, дейсизми? Нега кулишар экан?
— Жуда ҳайрон қоляпсизми? — Ҳужумга зўр берди она мушук. — Ораларингизда бўлиб ўтган савол-жавобларни товуқ ҳаммага айтиб, сизни масхара қилиб юрибди.
— Ғийбатчи жодугар! — деб сўкинди Брок бошқа гап топа олмай.
Она мушук тасдиқ оҳангида бош ирғади.
— Ҳа, ҳамма товуқларга ўхшаб ғийбатчи-да! Аммо унинг гапларида ҳам жон борга ўхшайди. Марҳамат қилиб ўзингиз айтинг-чи, қайси аҳмоқ изқувар товуқлар ер титиб чувалчанг ёки қурт-қумурсқа излашини билмайди?..
Брок ўзини тутиб туролмади:
— Менга қаранг, кампиршо, аввало сиз ким билан суҳбатлашаётганлигингизни танангизга ўйлаб кўряпсизми? Мен бу ерда жиддий бир жиноий иш устида текширув олиб боряпман. Сиз эса менга қараб дўқ қиласиз. Жаноб Моурек бу ерга беркитиб қўяётган суяклар пешма-пеш йўқоляпти, сиз умуман тасаввур қилиб кўряпсизми? Жаноб Моурек ҳам шу ерда яшайди... Эҳтимол, у сизнинг қариндошингиз бўлиб чиқар?
Бу гапдан она мушук гўё чаён чаққандай сакраб тушди.
— Шундай деса ҳам бўлади. Яқин қариндошимиз у, бир нарса деб бўлмайди. Яхшилигидан доим ишкал чиқариб юради. Албатта майда-чуйда ишкаллар холос, тўғрими?.. Топганини боласига едириб-ичириш ўрнига йиққани-йиққан. Ўзини ўйлайди.
Вайсаб турган мушук ногоҳ жим бўлиб қолди ва қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди.
— Мана бу соз бўпти, йўқ-йўқ, қойил бўпти! — У яна қаҳ-қаҳ уриб кулди. Кулгисининг зўридан думалаб қолай деди. Нима гаплигини тушунмай, аввалига қўрқиб кетган митти мушукча ҳам энди жилмая бошлади.
— Шундай қилиб, йўқолган суякни ахтаряпман денг, жаноб изқувар? — деб масхараомуз сўради, кулгисини аранг тийиб она мушук. — Ҳалиги, анави Моурек ўғирлатган суякларни-да! Ха-ха-ха-ха!
— Тентакка ўхшаб кулавермасангиз-чи! — жаҳли чиқиб акиллади унга Брок. — Йўқолган суяклар тўғрисида сизга бирор нарса маълумми, ўзи, а?
Брок қаламининг учини тупуги билан ҳўллади-да, блокнотининг тоза саҳифасига тўғрилади:
— Мен сиз билан ҳазиллашаётганим йўқ, мен сизни сўроқ қиляпман, сўзларимга жиддий жавоб беринг, кампиршо! — деди.
Она мушук жиддий тортди-да:
— Ёзинг! — дея сўзини оҳиста давом эттирди. — Мижозингиз Моурек сизни қандай чув туширганини ҳаммага айтиб, мақтаниб юрибди.
— Туширганини? — Брок ҳайрон бўлгандай, блокнотига кўз тикдй.
— Яъни, алдаганини, тушундингизми?
Брок жим қолди. Унинг вужудига титроқ кирди, аллақандай нохушлик рўй бераётганини кўнгли сезиб турарди.
— Моурек ҳеч қанақа суякни ҳеч қачон, ҳеч қаерга кўммаган, бу унинг ҳийласи. Биринчиси ҳам, иккинчиси ҳам, учинчиси ҳам қип-қизил ҳийла!..
— Буни сиз аниқ биласизми?
— Моурекнинг ўзидан эшитдим. Айтяпман-ку, у сизни қандай лақиллатганини овоза қилиб юрибди, деб! У ўйлаб топган чуқурчани аҳмоқ бўлиб сиз қандай кавлаганингизни ҳам кўринганнинг қулоғига кула-кула қуйиб ётибди.
— Ярамас-эй!
— Ҳа, нима, мен фаришта деяпманми? Ҳалиги, ўз бисотингиздан берган суякларни-чи, сиздан сал нарироқда яшайдиган ҳамкасабангиз бор-ку, Багука, ўшанга пуллаяпти, аниқроғи, сутга айирбош қиляпти. Багука сутни хуш кўрмас экан. Моурек эса сутни жонидан ҳам яхши кўради.
— Мен ҳам сутни жуда яхши кўраман, — дея чийиллади митти мушукча, онасининг пинжига суқулиб.
— Сен жим тур! — Асабий бақириб берди Брок. Унинг дағдағаси она мушукка ёқмади, у яна ҳурпайиб олдида, шанғиллай кетди:
— Менинг боламга нимага бақираверасиз? Қайси айби учун бақирасиз, бу норасидага? Жаҳлингиз чиқса, бурнингизни тишланг. Ҳаммасига айбдор ўзингиз-ку! Кун бўйи мудраб ўтирасиз, ўйлаб топган аҳмоқона изқуварлик ишларингиз билан овора бўлиб, атрофда нималар бўлаётганидан бехабарсиз!
— Нима? Буларни мен кўрмаяпманми? Ким текширяпти бўлмаса бу ерда содир бўлаётган воқеаларни? Чигалларни ким ечяпти?
Ғазабдан Брокнинг танасига титроқ кирди.
— Жуда синчков терговчи эканлигингизни кўриб турибмиз! — заҳархандалик билан деди она мушук ва яна кўппакка қараб ҳезланди. — Агар атрофга кўзингизни каттароқ очиб қараганингизда эди, мушук ва мушукваччаларнинг катта суякларни ея олмаслигига аллақачон ақлингиз етган бўларди. Бу мазали таомларга бизнинг тишимиз ўтмайди, жаноби бош изқувар. Эҳтимол, сиз ўзингизга нима ёқса бошқалар ҳам шу нарсани хуш кўради, деб ўйлар-сиз?..
Она мушук думини мағрур кўтариб, ғолибона юриш билан аста у ерни тарк этди. Мушукча ҳам онасининг олдига тушди-ю, диккайган думчасини онасига ўхшатмоқчи бўлиб хўп уринди, лекин бунинг уддасидан тўла чиқолмади.
Брок ёлғиз қолди.
Ҳал этилмай келинаётган, чигал муаммонинг бундай фавқулодда ечими руҳини тушириб юборган эди. Она мушук унинг устидан ошкора кулиб кетган бўлса ҳам, ҳолдан тойган кўппак ҳатто унга қарши бир қур вов ҳам дея олмади.
Шу куниёқ кечқурун Брок катагининг пештоқига ёпиштирилган:

ҚИДИРУВ МАҲКАМАСИ
Ҳамма нарсани қидириб топаман!!!
Тез — арзон — ишончли

деган лавҳа ғойиб бўлди.
Брок уйдирмалар битилган бир уюм китобларини ахлатхонага чиқариб ташлади ва шу кеча оёқларини бемалол чўзиб, мириқиб ухлади. «Изқувар Фокснинг сўнгги муаммоси» нима билан тугаганини билмаганига ҳам ачинмади, ҳатто у ҳақда ўйламай ҳам қўйди.
Қайтанга илк бор мушкул муаммони ечишни зиммасига олган изқувар Брокнинг овозаси тезда чор атрофга тарқаб кетди.
Қўшниси Товуқхон бу воқеани бутун икир-чикирларигача қўшни товуқларга ёйиб чиқди. Бу хабарни эшитганлари эса оқизмай-томизмай бошқаларга етказишди.
Нима ҳам дердик, товуқ — товуқ-да, уларнинг қўлидан бошқа қандай иш ҳам келарди.
Бу воқеа катта-кичик шов-шувларга сабаб бўлди. Брок эса кўп таъна-маломатларга қолди.
Аммо кўп вақт ўтмай, бу воқеалар унутилиб кетди. Чунки ҳар қандай шов-шувнинг ҳам умри қисқа бўлади. Брокнинг ҳам қулоғи тинчиди.
Фақат Моуреккина, мабодо йўлида дуч келиб қолгудек бўлса, бу ҳовли қўриқчисини айланиб ўтишни маъқул кўрарди.

Qayd etilgan