Uilyam Shekspir. Sonetlar  ( 19296 marta o'qilgan) Chop etish

1 B


AbdulAziz  28 Fevral 2012, 13:50:48

Uilyam Shekspir. Sonetlar

Qayd etilgan


braupov  29 Fevral 2012, 10:02:37

Вильям Шекспир


СОНЕТЛАР

Русчадан
Юсуф Шомансур таржимаси


Ғафур Ғулом номидаги
Адабиёт ва санъат нашриёти
Тошкент—1978

СОНЕТЛАР

1

Гўзаллик барқ урсин, сўлмасин, дея
Аъло новдалардан кутамиз ҳосил.
Қариган гул баргин тўкса майлига,
Кетидан ғунчалар ёзажакдир гул.

Сен-чи, ўз ҳуснингга ўзинг махлиё,
Ноёб хислатингни этяпсан қурбон.
Тўкисликдан нураб бўляпсан гадо,
Сен ўзинг ўзингга ёвсан беомон.

Баҳорнинг ўткинчи элчиси мисол
Безатиб турасан бугунни фақат.
Барг ёзмай жувонмарг сенда истиқбол,
Исроф ва зиқналик сенда ялакат,

Сўлдирма, дунёга шафқат қил, қизғон,
Етилажак хосил бўлмасин хазон!

2

Умрдан қирқ қишнинг машъум аёзи
Манглайингга ажин солиб ўтганда,
Ким эслар шохона гўзаллик ёзин?
Ғариб кўринарди, ахир, у жанда.

«Бир вақтги ҳуснингнинг жилоси кайда?»
Қаршингга кўндаланг кўйилса сўроқ,
Сўниқ кўзларингда изтироб пайдо,
Жавобинг хам мазах кўринур у чоқ.

Лойиқ жарангларди шул сўз, дарвоқе:
«Фарзандларимга боқ, шулардадур жо
Бир вақтги навқирон қиёфам боқий,
Кексаликда шулар таскин, тасалло».

Йиллар ўтган сари совир экан қон,
Наслинг томирида ул урар тугён.

3

Кўзгуда намоён ажиб тимсолинг;
Шу кўркни қайтадан этмасанг пайдо,
Бузасан табиат берган камолин,
Аёлни ҳимматдин этасан жудо.

Маъсум вужудини бағишлаб сенга
Қай дилбар қувонмас, топмас тасалло?
Мангуликни писанд қилмайсан нега,
Ўзингга шунчалар қўйдингми бино?

Оналар кўзида ҳусну жамолинг
Утиб кетган апрель кунлари мисол.
Сенинг ҳам қаригач шу бўлур ҳолинг:
Юпанурсан боқиб зурёдингга лол.

Зеро, ўтсанг умр қўшмай умрга,
Сен билан чирийди ҳуснинг хам гўрда.

4

Телба шўхлик ичра кечириб ҳаёт
Зурёд қолдирмайсан, эй сен исрофгар.
Гўзалликни эхсон қилмас табиат,
Бўйнингга қарз қилиб берур муқаррар.

Омонат берилган кўрк, жозибани
Эгаллаган хусн соҳиби — бахил,
Ўғирласанг ҳамки бой хазинани
Барибир, бадавлат бўлмадинг ахир!

Ўзинг билганингдан қолмайсан сира,
Бебахр бойликдан махрумсан мутлоқ.
Тақдирнинг дахшатли дақиқасида
Қилмишингга жавоб берурсан қандоқ?

Жисминг билан бирга афсус, истиқбол —
Юз очмасдан охир бўлғуси поймол.

5

Фурсат сездирмасдан нозик дид ила
Жозибадор чирой яратар нафис.
Аммо қайтишида шошиб, зуд ила
Ҳаммасини ғолиб кетади, афсус.

Кунлар, соатларнинг тошқин оқими
Ёзни қиш қаърига тортиб ғизиллар.
Ер ҳам ухлар оппоқ либос ёпиниб,
Яланғоч дарахтнинг бадани музлар.

Фақат шиша ичра тутқун атигул —
Хуш бўйи таралар, гарчи қиш, аёз.
Эслатиб туради хид уфуриб ул
Қачонлардир ерда яшнаганин ёз.

Гуллар йўқотса хам жилосин тамом,
Гўзаллик рухини сақлашур омон.

6

Ҳушёр бўл, дафъатан панжасин уриб
Боққа киргунича совуқ каҳратон,—
Чечаклар тер, баҳор шавқин тўлдириб
Биллур кадаҳларга қуйгил беармон.

Мавжудотга қўшган ноёб улушинг —
Ўз-ўзингга қайтиб келгач дилинг шод,
Тамом табиийдир мамнук бўлишинг,
Умринг мулки ортур ўн ҳисса зиёд.

Ўн бор яшагайсан ёруғ оламда,
Каслинг такрорлайди умрингни ўн бор
Ўлимдан зўр келиб энг сўнгги дамда
Ҳаққинг бор қарасанг сен тантанавор.

Тақдир сийламишки саховат ила,
Дунёдан ўтасан камолот ила.

7

Олов тожли бошин кўтариб аста,
Етоғидан оқ тонг қўзғалади бот.
Зиё тангрисини эхтиром ила
Таъзим этиб қарши олар мавжудот.

Чошгоҳда қудрати ошиб мислсиз
Офтоб юксаклардан сочаркан зиё,—
Олтин гардишига миллион-миллион кўз
Шавқу ҳаяжонда боқур маҳлиё.

Манзилларин ўтгач, сафари қариб
Ҳоргин қуёш аста ботар экан оҳ,
Унга сиғинганлар юзларин буриб
Тамом тескарига ташларлар нигоҳ.

Ёшлик ўтар, фарзанд қолдирганинг соз,
Эртанги қуёшга у чиқур пешвоз.

8

Мусиқасан. Аммо мусиқага сен
Ғамдийда, паришон тутасан қулоқ.
Ҳазин оҳанг мунча дилингга яқин?
Қийноққа қувонч-ла очасан қучоқ?

Азоб чекишингда қандай сир-асрор?
Бу равон ва уйғун садоларда ё
Танҳолик куйланар хазин, таънакор,
Шунданми маъюслик вужудингга жо?

Торлар ахил, якдил янграгани он
Тингла, садолари қандай дилнавоз.
Гўё она, ота, ўспирин ўғлон
Бахтнинг оғушида куйлар жўровоз.

Торлар ҳамкорлиги таъкидлар тўлиб:
Ўлимга қиёсдир ёлғизлик йўли.

9

Эрим бева қолар дея эҳтимол
Тоқ ўтиб боряпсан ишқ, этмай изхор.
Аммо олиб кетса беомон ажал
Дунё сенсиз қолур тулдай азадор.

Ҳолбуки болангда ғамдийда бева
Қиёфангни кўриб топарди хамдам.
Қолдиргин бир насл, қолдиргин мева,
Таскин топсин ахир, ўшандан олам.

Исрофгар совурган бойлик қўлма-қўл
Ўтаверар, яшаб қолар жаҳонда.
Ҳусн эса йилт этар, йўқолар буткул,
Навқиронлик қайтмас ҳеч бир замонда.

Кимки ўз-ўзига этур хиёнат
Аёл зотига ҳеч қўймас мухаббат!

10

Ростингни айтавер, кимда кўнглинг бор?
Билурмисан, сенга шайдо қанча дил?
Сен эса ёшликни қилаяпсан хор,
Ҳеч кимга қайрилмай ва бермай кўнгил.

Оҳ, ўзинг ўзингга ёвсанки, пинҳон
Бузяпсан кун сайин умрингни мерос —
Қутлуғ иморатни этяпсан вайрон,
У ахир кутмоқда таъмиру эъзоз.
Тавба қил, афв этай, гарчи қийнадинг,
Қалбингда нафратмас, ишқни ардоқла.
Суратингга монанд келеин сийратинг,
Ўзингга ҳиммат эт, ўзингни сақла.

Гўзаллик ўткикчи бўлмасин, токи
Фарзандингда яшаб қололсин боқий.

11

Тез сўлиб борамиз ўсган каби тез.
Авлоддан авлодга пайвандки ҳаёт
Совиётган қон ҳам сўнмагай шаксиз,
Фарзандлар тафтидан топгаймиз қувват.

Заковат, нафосат қонунидир бу.
Бусиз телбалик ва қарилик ҳамон
Дунёда ҳукмрон бўлар эди-ю
Олтмиш йилда тугаб кетарди жаҳон.

Йитсин кимсаларки, бадбин турқини
То ёқтирмас экан ҳаёт ва баҳор
Сен шундай бир инъом олгансан, уни —
Қайтармоғинг лозим орттириб юз бор.

Ҳукминг ўтказмоқ-чун асрма-аср
Қуйилгансан бўлиб ўчмас бир муҳр.

12

Менга таъкидларкан соатнинг занги
Тезда тун қаърига олам чўкар деб,
Сўниб борар экан бинафша ранги
Қорамтир гажаги йилт-йилт оқариб,

Тушда кун тиғидан бизни асраган
Япроқлар галаси учаркан ғизза,
Ғарамлар жаноза аравасидан
Соқолин силкитиб ўтаркан бизга,—

Мен сенинг ҳуснингни ўйлайман бирдан,
Ўрмонлар, далалар чечаги мисол
Гўзаллигинг сўлар, ўсиш бор ерда
Алмашиниб турар бу табиий хрл.

Ажал ўроғини тўхтатиб бўлмас,
Сен насл қолдиргил унга қасдма-қасд!

13

Ўзлигинг йўқотма хаёт боғида,
То тирик экансан сақла ўзингни.
Қиёфангни ажал бузган чоғида
Такрорласин майли, биров тусингни.

Қисқа муддат билан табиат сенга
Нафосат бахш этмиш, энди бу эхсон
Ҳақли мерос каби ўтиб наслингга
Хислатларинг яшаб қолсин кўп замон,

Ғамхўр қўл тиклаган азим иморат
Дош берар ҳар қандай қиш бўронига.
Қоплай олур уни на вахм, зулмат,
На очлик, на ажал тортур домига.

Ўтаб бўлганингда хаёт — муҳлатни
Бир нидо янграсин: «Отам рахматли!»

14

Юлдузларга қараб мен очмайман фол,
Мунажжим қўлида эмас қисматим.
Қай юлдуз очлигу қай юлдуз иқбол,
Қай бири фалокат, уруш,— билмадим.

Билмайман баҳор, куз не этар ҳадя,
Қиш қандоқ келару ёз қандоқ келар.
Фойдасиздир кўкка қанча боқсам-да,—
Айтолмайман, қай шоҳ омадли бўлар.

Аммо шул кўзларинг сўйлар ҳаққоний,
Юзингда қўш юлдуз қилур башорат:
Насллар қонига кўчса гар қонинг
Ўлмагай ҳақиқат, ўлмас нафосат.

Акс ҳолда-чи? Эвоҳ, совуқ лаҳадда
Иккиси ҳам чириб битур албатта.

15

Қизиқ, ҳаёт билан мамот орасин
Ажратиб туради ягона лаҳза.
Бу дунё бир саҳна, ўзгарар бе тин —
Юлдузлар остида манзара — лавҳа.

Фалак бизни нозик майсаларсимон
Ўзи яшнатару ўзи сарғайтар.
Танимизда кезар баҳор навқирон,
Сўнг кучдан қоламиз, юздан ранг кетар.

Ёшлигингнинг яшнаб турган кўклами
Мен учун мўътабар бўлмасин нега?
Босиб бораётган вақтнинг қадами
Кунларингни қувар тун зулматига.

Аммо менинг шеърим гулқайчи мисол
Пайдо этсин умринг аро навниҳол.

16

Вақт бизни қисувга оларкан, зотан
Бўла туриб шунча соҳиби қувват,
Ёшлигингни сақлаб қолсайдинг вақтдан
Менинг шеърларимга бўлмасди ҳожат.

Шундод мартабага моликсан, қатор
Навгқирон, бокира юракларки, шай
Сенинг қиёфангни этмоқда такрор,
На наққош, мўйқалам тенглаша олгай.

Ҳаёт ҳар маймоқни тўғрилар, зеро.
Агарки севгига умринг фидодир,
Демакки, мўрт, енгил қаламдан кўра ,
У сени абадий сақлашга қодир.

Ўзингни бахш этсанг қолгунг жаҳонда,
Янги мавжудотда — янги инсонда.

17

Шон-шавкатинг шунча улуғвордирки
Авлодларга қандай етказа олгум?
Ким билсин, бир варақ ашъорим балки
Қабр лавҳасидай ётгуси лол, гунг.

Қиёфангни чизиб қолдирсам агар,
Нигоҳингни шеърда кўриб, ҳойнаҳой,—
Насллар дер шундоқ: «йўқ, шоир алдар,
Ер ўғлига бериб илоҳий чирой».

Сўнг менинг сарғайган варақларимни
Чолнинг вайсағи деб этишар инкор.
Дейишар: «қара-я, валақлашини,
Пих ёрган ёлғончи, муғамбир, маккор».

Ўша пайт бор бўлса ўғлинг башарти,
Шеъримдаги ҳуснинг омон яшарди.

18

Ёруғ ёз кунига ўхшармисан ёр?
Сен ундан дилбарсан, рангин, мўътадил.
Бўронлар май гулин синдириб кетар,
Кўз очиб юмгунча ёз ҳам ўтади.

Кўзни қамаштирар ғоз  осмон кўзи,
Гоҳ кўкни қоплайди булутлар қат-қат.
Эркалар, азоблар,— тинч қўймас бизни
Турфа инжиқлиги билак табиат.

Сенинг-чи, аримас чароғон кунинг,
Серқуёш ва боқий ёзинг сўлмагай.
Ажал соясида йитмагай шаънинг,
Шоирнинг шеърида номинг ўлмагай.

Токи нафас тирик, токи кўз очиқ
Тириклар даврасин тарк этмайсан, йўқ.

19

Шернинг панжасини қирқ, майли, замон,
Суғур қоплонларнинг қозиқ тишини.
Мавжудодни кул қил, майли қил тўзон,
Ўз қонида ёндир қақнус қушини.

Розиман, қоришсин фаслга — фасл,
Кўз ёшга — табассум, кулгига — йиғи.
Мени ва дунёни нима қилсанг — қил,
Аммо бир нарсага тегма бор-йўғи.

Тўмтоқ тиғинг билан тилма гул юзни,
Ёрим рухсорига солма ажин, из.
Ҳамма замон учун дилбарим ҳусни
Ибрат бўлиб қолсин ягона, тенгсиз.

Жамолига шафқат қилмасанг, замон,
Гўзаллиги қолур шеъримда омон.

20

Аёл қиёфаси, аммо табиат —
Маҳоратни ҳеч бўларми чеклаб?
Аёлча гўзалу... содиқсан фақат,
Қалбим маликаси, шоҳисан ажаб!

Майин нигоҳингда ҳеч сохталик йўқ,
Чор атроф ёришар жилмайсанг хиёл.
Нигоҳинг мардона, ҳукмрон, улуғ,
Дўстларинг асиру дугоналар лол.

Зувалангни аёл қилиб қорган чоғ
Табиатнинг ўзи ёнмиш мажнунвор,
Ўртамизга ташлаб айрилиқ, фироқ,
Аёллар зотини этмиш бахтиёр.

Майли, шундоқ бўлсин. Шартим шул сенга:
Уларни севгину меҳр қўй менга.

21

Маддоҳлар кўпдирки, қасидасида
Осмонни, заминни уммони билан
Армуғон этишар маъбудасига;
Ишим йўқ уларнинг сурони билан.

Майли, улар кўкдан юлдузни юлиб,
Тупроқнинг, денгизнинг олаб гавҳарин,—
Қадасинлар шеърга бир безак қилиб,
Майли, тортишсинлар ёқлаб ўзларин;

Ишқда ҳам, сўзда ҳам ҳақлигим балққан,
Ёзаман дилбарим сохибжамол деб.
Ҳаммадай уни ҳам онаси туққан,
На ҳожат қуёшга, ойга тенг этиб?

Муҳаббатим муҳтож эмас мақтовга,
Сотмоқчи эмасман уни бировга!

22

Қариганимча йўқ, алдар кўзгулар!
Ёшлигингни  ахир кўряпман баҳам.
Ёноғинга тушса ажин, чизгилар,
Ўшанда тақдирга тан берай мен ҳам.

Ойнага боққандай боқсам юзингга
Кўринаман борган сари навқирон.
Навқирон қалб солиб қўйдинг кўксимга,
Шу қалбин   йўлингда қилгумдир қурбон.

Қалбингни авайлаб сақлаб, айланай,
Бу ахир менинг ҳам умрим, юрагим.
Мен ҳам энг жафокаш муфиқ онадай.
Балолардан сени омон асрагум.

Қалбимизнинг шукдай экан тақдири:
Бири сўнса, тирик қолмагай бири.

23

Кўпдан таниш ролда ногиҳон актёр
Тутилиб колгандай, ҳаяжон босиб,
Ақли эмас, жаҳли келганида зўр
Чиқмай қолганидай ошиқнинг саси,

Мен сукут сақлайман, айтолмайман сўз,
Қалбим музлашидан эмас бу ҳолат.
Муҳаббатим ахир шунчалик чексиз:
Лабимда муҳри бор абадулабад.

Зероки, сен билан сўзлашсин китоб,
Тилсизгина менинг бу элчим, ошкор —
Кўрсатсин қалбимни ва этсин талаб
Инсофан муҳаббат, инсофан иқрор.

Тилсиз ишқдан дилим англармисан, айт?
Товшимни кўз билан тинглармисан, айт?

24

Кўзим рассом бўлиб, тимсолингни, ёр,—
Сийнам варағига чизмиш хаққояий.
Шундан бери тирик суратман тайёр,
Санъат — бу, йироқдан унга боқ, қани.

Ўз ҳуснингни тасвир аро кўрурсан
Маҳоратга боқсанг наққошинг оша:
Сени сақлагувчи хонанинг равшан
Ойнаси севимли кўзлардир ўша.

Кўзларим иноқдир кўзларинг билан,
Пинҳон жо этаман сени сийнамга.
Сенинг кўзларингда эса дафъатан
Қуёш мўралайди ижодхонамга.

Аммо афсус, менинг нигоҳим эса
Қалбингни кўролмас кўз — кўзгунг оша.

25

Кимки бахти кулиб туғилган бўлса,
Мағрур амал, унвон, шуҳрати билан.
Камсуқумдир менинг қисматим эса;
Бахтлиман муҳаббат лаззати билан.

Офтобнинг тафтида барг ёзар мағрур
Кимки шаҳзодага, аъёнга сирдош.
Аммо қуёш агар сочмай қўйса нур
Кунгабоқар маъюс эгиб қолар бош.

Ғалаба нашъасин сурган қўмондон
Оқибат бир жангда бўлару мағлуб,
Шону шуҳратидан қолмагай нишон,
Хўрлик қолур сўнгги насиба бўлиб.

Менинг-чи, хавф билмас унвон, мартабам,
Мен севдим, севаман, севимлиман ҳам.

26

Сен ҳокимсан, мен-чи, бож тўловчиман,
Муҳаббатинг билан танимда жон бор;
Элчи килиб, сенра хат йўлловчиман,
Сўзларим на ўткир, на жимжимадор.

Лойиқ сўз топмадим сенга — ёримга.
Пок ишқни қадрлаш бўлса гар мурод,—
Менинг ғариб, юпун элчиларимга
Тасаввурингда тўн кийгизурсан шод.

Мени олға чорлаб ҳолимдан огоҳ
Милтираган юлдуз тўпи эҳтимол,—
Забун қисматимга раҳм этиб ногоҳ
Бахш этур шон-шуҳрат, саодат, камол.

Ўшанда ишқимни айлагум аён,
Унгача зулматда сақлагум пинҳон.

27

Мадорим қуриган, мизғисам қани,
Юмшоқ тўшагимда ором олса жон.
Аммо, ётдимми — бас, орзулар мени -
Етаклаб кетади бир мазгил томон.

Зиёратчи янглиғ орзум, ҳисларим
Юз бора сен томон талпинар фақат.
Ва асло юмилмас ҳоргин кўзларим,
Қаршимда кўрга ҳам аён бир зулмат.

Мен сени зеҳну қалб нигоҳи билан
Излайман кўзимда нурни аямай.
Ҳатто қоронғилик файзиёб бирдан
Бағрида кўринсанг равшан соядай.

Муҳаббатдан менга йўқ сира ором,
Кечаси-кундузи — йўлдаман мудом.

28
Ҳаловатдан маҳрум бўлгач, қандайин
Чарчоқ, ҳорғинликни енга оламан.
Куннинг тўлғоғини енгиллатмас тун,
Тун ҳам кундай ғамда эзар беомон.

Ёвлашиб юрса-да кундуз билан тун
Бириктириб олмиш гўё тилини.
Кундуз захматдаман, пешонам қурсин,
Кечалари хижрон ўртар дилимни.

Оғдирмоқлик учун тонгни ўзимга
Чехрангга ўхшатдим ёруғ кундузни,
Қора тунга салом йўллаб, сўзимда—
Сенга қиёс этдим кўкда юлдузни.

Бироқ кун азобин йўқ ниҳояси,
Борган сари қора туннинг сояси.

29

Бахтсизлик йилларни хотирлаб, шу зум
Низолашсам тақдир ҳам дунё билан,
Лоқайд, гунг фалакни безовта қилгум
Беҳуда, фойдасиз илтижо билан.

Шундай чоғ, санъатда муродга етиб
Одамлар қалбига кирган кимсалар —
Кошки, ўринларин менга бўшатиб,
Тақдир алмашмоққа, кошки кўнсалар.

Аммо сени эслаб қолиб ногиҳон
Ожиз тушкунликка ўқийман лаънат.
Қисматга терс бориб, чўққилар томон
Руҳим тўрғай бўлиб ёзгайдир қанот.

То сенинг ишқинг бор, ишқинг ёди бор, -
Жамики шоҳлардан қудратлиман, ёр.

30
Жимжит, пинҳон ўйлар ҳукмига агар
Чорласам ўтмишнинг садоларини,
Жами жудоликлар миямга келар,
Тортаман эски дард жафоларини.

Қабринг каърида ётганлар қайта
Йиғлатади йиғи билмас дийдамни.
Жувонмарг севгимни излайман: қайда?
Излайман умримни хуш этган дамни.

Жами йўқотишнинг қилсам ҳисобин,
Ҳар бири танимни тўғрайди гард-гард.
Етмагандай у вакт тортган азобим,—
Ярамни янгилар ҳар бир эски дард.

Аммо ўтмишимни топиб сен — ёрдан,-
Қисматимни оқлаш учун тайёрмаи.

31

Қачонлардир тинган юраклар зарбин
Мен сенинг сийнангдан тингладим аниқ.
Гўзал рухсорингда қалбимга яқин
Нурли чеҳраларнинг шуъласи ёниқ.

Аччиқ кўз ёшимни оз тўкканим йўқ
Улар қабридаги тошга мук тушиб.
Хайрият, вақтинча экан айрилиқ:
Мамнунмиз биз қайта дийдор кўришиб;

Сенинг қиёфангда сўнгги ошиён
Топмиш сиймоларки азизул азал:
Сенга таъзим билан этур армуғон
Ишқимнинг соврилган зарраларин... ол!

Жами азиз зотлар сенда жобажо,
Сенга — барингизга вужудим фидо.

32

Орқамда қолсанг сен ёш тўкиб юм-юм,
Мен ёғоч тобутда ётсам таним — муз;
Юрагимда борин ёзиб кетганим —
Шеърий сатрларга югуртириб кўз,—

Мени этурмисан ёшларга қиёс?
Уларнинг санъати, албатта, баланд.
Аммо қадрлиман мен ўзимга хос,
Чунки умрим ўтди жонингга пайванд.

Қирқилмаса эди йўлда қадамим,
Тезоб замон билан борардим тезоб,
Ёш шоирлар ичра хассос қаламим
Турарди эхтимол, номимни безаб.

Ким ўзар ўйнашар ўлик билан, о,
Уларда — маҳорат, менда — қалб,— аъло!

33

Кузатдим: субҳидам чиққанда қуёш
Тоғларнииг бошини силаб, эркалар.
Сўнг зумрад ўтлоққа жилмайиб нурпош
Сувлар симобига юргизади зар.

Аммоки, офтобнинг тахтини бирдан
Булутлар қоплайди тентиб самода,
Ерни жудо этиб шоҳона нурдан
Урмалайди дунё узра ғамбода.

Менинг қуёшим ҳам балқди бир соат
Сахий шуъласига тамом ғарқ этиб.
Сўнг қора булутлар ташлагач зулмат
Нозик ишқим нури сўнди ярқ этиб.

Нолмам тақдирдан норози бўлиб:
Кўкда ҳам, ерда ҳам гоҳ ҳамрох булут.

34

Ёруғ кун эди-ку қуёш ваъдаси,
Ёмғирпўшни илмай чикдим далага.
Аммо қувиб етди булут сояси,
Бўрон турди, қолдим дўлда, жалада.

Булут орасидан танимга майин
Теккизганинг нозик, бир чимдим зиё,
Шунча дўппослаган ёмғирдан кейин
Жароҳатимга ҳеч бўлмади даво.

Ачинганинг билан кўнглим ўсарми,
Қилган тавбаларинг бекор, сарвиноз.
Ранжитганинг ўзи берса тасалли
Қалбдаги ярага туз сепур, холос.

Лекин кўз ёшинг... дур ирмоқларими?..
Селдай ювиб кетди гуноҳларингни...

35

Қайғурма қўй, қилган гуноҳинг туйиб,
Тикансиз гул бўлмас, лойқасиз булоқ.
Сояда қолар гоҳ қуёш ҳам куйиб,
Ойнйнг кўксида ҳам бор-ку, ахир доғ,

Ҳар тўкисда бир айб, мен ҳам албатта
Шул шеърни битаркан, эмасман оппоқ,
Қусурингни оқлаб ташбиҳ, сифатда,
Қилган гуноҳингдан кечганда ноҳақ.

Холис хизмат қилмоқ учун ғанимга —
Судда ҳимоячи бўлсам ризоман.
Меҳрим билан қаҳрим қайноқ танимда
Ўзаро жанг қилар кечмай низодан.

Мени хонавайрон этган бўлсанг ҳам,—
Ҳай ўғри, ғамингни кўраман баҳам.

36

Биз икки мазҳабдан, тонмоқли нега,
Муҳаббатда битта вужудмиз бироқ.
Мудом жоним ҳалак: сенинг шаънинга
Қусирларим билан туширмай деб доғ.

Ишқ ичра битта ип боғламиш бизни,
Гарчи бошимизда айрича кулфат.
Гарчи ўзгартолмас у севгимизни,
Ширин ишқ онларин ўғирлар фақат.

Маҳкум этилгандай очиқдан-очик,—
Салом беролмайман сени кўргап чоғ.
Алик ололмайсан эл ичра чўчиб,
Туширмайин дейсан ўз шаънинга доғ.

Майлига, севаман, мен сени шундоқ,
Фидоингман, шаънинг — шаънимдир мутлоқ!

37

Ёши қайтганида отасин хушвақт
Этганидай ворис мардлиги мудом,
Сенинг хақиқатинг, сен топган шуҳрат
Сўлғин купларимда жонимга ором.

Сендаги нафосат, асллик, шафқат,
Ўткир ақл, қудрат йўқдир ҳеч кимда.
Ноёб хулқингдаги бу ҳамма хислат -
Муҳаббатинг билан яшар дилимда.

Қашшоқлик, ожизлик ва ёлғизлик ёт,
Муҳаббатдан тушган ҳатто бир соя
Бағишлар жонимга бир обиҳаёт,
Қатраси ҳам умрим учун кифоя.

Неки эзгуликни сенга тиламай
Ҳаммаси ўзингдан ёғилар қутдай.

38

Музага мавзулар етишмай қолмас,
Берар бўлсанг агар сен ўзинг илҳом.
Фикратинг бермоққа, йўк, қодир эмас
Қоғоз қоралаган ҳар қандай қалам.

Ниманидир мақбул қилолсам сенга
Миниатдор бўлгил сен, ўзингдан, тамом
Бир сўз айтолмаса кимки шаънингга
Қалби унинг кўру ўзи нотавон.

Сен ўзинг биз учун ўнинчи муза,
Ўн бор гўзалроқсан қолганларидан.
Қанча сатрларни сақлар ҳофиза,
Қалбга сен солган шеър боқий баридан.

Шарафланиб ўтсин авлодма-авлод
Сен берган илҳому биз қилган ижод.

39

Сени қандай қилиб мадҳ этай, қумрим,
Ахир бир вужудмиз, бир жонмиз икков.
Ўз хуснимни мактаб қўймасми шеърим,
Ўз-ўзимга бўлиб чиқмасми мақтов?

Шу боисдан айри тушмоғимиз бор:
Жамолингни тағин қадрлаб ортиқ
Мадҳия ёзаман кўп жозибадор,
Уларни тинглашга фақат сен лойиқ.

Ҳижрон оғир бизга мисоли офат,
Лекин гоҳ у шундай ягона бир йўл
Ки, бахтли орзулар топур фароғат,
Вақтни алдамоқ ҳам бўлмагай мушкул.

Ушшоқ шарафласин бир-бирин осон
Деб дилни иккига ажратар ҳижрон.

40

Арзимаса ҳамки, этаман даъват,—
Жами эҳтиросим, ишқим ол, нигор.
Неники одамлар атар муҳаббат,—
Ҳаммаси бусиз ҳам сеники зинҳор.

Имон-ихтиёрим олганинг учун
Азизам, мен сени этмам гуноҳкор.
Менга илтифотсиз бўлганинг учун
Сендан бир оз гина-қудуратим бор.

Тўрвасини олдинг гадой боланинг,
Лекин сен — ўғрини кечирдим, эркам.
Қадрини топмаган ишқнинг алами
Заҳар ютгандан ҳам баттарроқ экан.

Зулминг ҳам мен учун бир меҳригиё,
Майли, ўлдир, душман бўлмагил аммо.

41

Болаларча шўхлик билан гоҳида
Мени ранжитасан пайқамай ўзинг.
Онгингга мен синғмай қолган чоғимда
Балки ярашади бу қилиқ, тусинг.

Хушнудсан хушомад қўйнида бу чоғ,
Йўлдан ургувчилар учун тайёрсан.
Аёл ишвасидан қутуларми соғ
Бунёдга келганинг ўзи аёлдан.

Аммо қарамовдинг сен менга лоқайд
Ёшлик кўз-кўз этган чоғи кучини.
У қалблар пайвандин аямадинг, шарт
Бузишдан тоймадинг қўша бурчингни.

Бевафони асир этиб сен беор
Ҳақдан маҳрум қилдинг мени икки бор.

42

Ярим кулфат унинг сенга бандлиги,
Аммо сенинг унга бўлганинг нисор,—
Яна ҳам даҳшату жон пайвандлиги
Муҳаббатинг ҳаққи, бўлсин устивор.

Сизлар учун топдим таскини калон:
Мени севганингдан унга қўйдинг ишқ
Сен менга азизсан, шу важдан жонон
Висолга чорласанг деёлмайди «йўқ».

Нимаки йўқотсам сизларга инъом,
Токи маҳрумият бўлса қисматим:
Ёрим келди дўстим ишқига пором,
Ёрим севгисига моликдир дўстим.

Дўстим билан менда фарқ йўқдирки,
Ёрга аввалгидай ўзим азизроқ.

43

Мужгонлар жуфтлашса нигоҳим равшан,
Кўз очсам ҳеч нима пайқамам асло.
Нигоҳим қаратсам тушда сен томон
Қароғим ичида тўлишар зиё.

Тундаги соянгки шунча чароғон,
Мавҳум бир шарпангки шунча шуъладор.
Кундузги жамолинг қандай нурафшон,
Туш билан ўнгнинг-ку катта фарқи бор!

Кошкийди, офтобнинг сахий нуридан
Тонгда уйтонсаму бўлиб бахтиёр,—
Ўша тун тумани аро кўринган
Чеҳрангга кундузи тикилсам такрор.

Сенсиз куним тундир, ахир тушун-да,
Кундузни тунлари кўрдим тушимда.

44

Вужудим айланса эди фикрга,
Маcофаларнинг тез танобин тортиб,
Атайин терс туриб ўжар тақдирга,
Ёнгинангга дарҳол борардим етиб.

Тафаккурки мақсад тезлиги билан
Уммонлардан дангал ўтаркан кечиб,
Дунёнинг нариги чегарасндан,—
Ҳар қандай ўлкадан келардим учиб.

Гарчи олов ва руҳ қалбимда ҳоким,
Лекин таним икки унсурдан кайноқ;
Сун билан тупроқдан экан таркибим,
Онг туққан орзуни тутайин қандоқ?

Тупроқман — ер билан томирим туташ,
Сувман — аччиқ-аччиқ тўкаман кўз ёш.

45

Тафаккур нафаси, орзу оташи
Масофани енгиб сенга етгай, бас.
Мавжудотнинг бошқа икки асоси —
Олов билан ҳаво монелик қилмас.

Ёнингга муҳаббат элчиси бўлиб
Учаркан бу икки асов ғалаён,
Бошқа жамики дард мен билан қолиб
Қалбга ларза солар, эзар беомон.

Туғёнкор қўш элчи хушхабар билан
Ҳузуримга қайтиб келгунга қадар, —
Муаллақ қолганча азоб чекаман,
Билгунча то: у соғ ва мени эслар...
Қандай бахтиёрман!.. Аммоки шу он
Ақлу хушим қайта учар сен томон.

46

Кўзим қалбим билан кўпдан тортишар,
Бўлиб олишолмай сени ҳеч қачон.
Кўзим қиёфангни жо этмоқ бўлар,
Юрак-чи, ўзимда қолсин дер пинҳон.

Содиқ қалб онт ичар, кўзга кўринмай
Сен пайдо эмишсан унинг қаърида.
Кўз эса ишонар: ҳуснинг олмиш жой
Унинг кўзгусидан — соф гавҳаридан.

Мунозарани ҳал этмоқ керакки,
Тафаккур ҳайъати чиқди-да, тўрга
Чароғон кўзни-ю азиз юракни
Яраштириб қўйди бутун умрга.

Хазина ажратиб олинди шундоқ:
Қалбга қалб тегди-ю, нигоҳга нигоҳ.

47

Бир-бирин ҳолидан ҳамиша огоҳ,
Кўз билан юракнинг пинҳон аҳди бор.
Ҳижрон чангалида қалбим тортар оҳ
Нигоҳим васлингга бўлган чоғи зор.

Жамолинг кўзимда акс этгани он
Қалбим ҳам яйрайди баҳраманд бўлиб.
Ишқ орзуси дилда қиларкан туғён,
Кўзлар ҳам чарақлар шуурга тўлиб.

Фикру ёдим, вужуд-вужудимдасан,
Қаршимда пайдосан ҳар бир нафасда.
Эс-ҳушим банд, ўйлар ружусидаман, —
Зероки, ўйларим сенга пайваста.

Нигоҳим тушда ҳам чизар расмингни,
Уйғотар тин олган юрак, ҳиссимни.

48

Узоқроқ сафарга кетар чоғимда
Мен борки бисотим қулфлаб жўнайман.
Токи, бирор қўли эгри, йўғимда
Унга чангалини солмасин дейман.

Сен эса жонимдан азизроқсан, ёр,
Қаршингда олтин зар — ялтироқ сомон,
Менга сен — тасалли, сен — фироқсан, ёр,
Ҳар бир ғаддор сени ўғирлар осон.

Сени яширмоққа юраккинамнинг
Қаъридан кўра ҳам жой борми қулай?
Бироқ бу қамоқдан истаган пайтинг
Қочиб чиқмоқлигинг мумкин, на қилай?

Қалб қаърида ётса сендай бир олмос,
Ҳар қандай кўздан ҳам яшириб бўлмас.

49

Ўша қаро кунда (кўрмайлик уни)
Қусурларим сенга сезилса аён,
Тобу тоқатларинг тугаса, яъни —
Узил-кесил ҳукм чиқарганинг он,

Охиратда келсак агар юзма-юз
Сен менга бир нигоҳ этсанг армуғон,
Мен эса шу ёрқин чеҳрангда афсус
Фақат кўрсам совуқ лоқайдлик ҳамон, —

«Сенга арзимайман» деган иқрорлик
Ўшанда қайғумни енгиллатур сал.
Қасамёдга қўлим кўтарурман тик
Ноҳақ эканимни тан олиб дангал.

Мендан воз кечмоққа хаққинг бор тўлиқ,
Бахтиёр бўлмоққа эмасман лойиқ.

50

Бундан бу ёғига кутмай ҳеч вақо
Йўлда чанг тўзғитиб бормоқлик оғир.
Бахтим йироқларда қолди мутлақо,
Бораман чақирим санаб мен дилгир.

Ҳорғин от, аввалги ғижинглашлар йўқ,
Силқовланиб зўрға борар остимда.
Дегандай: бу ёғи алам, айрилиқ,
Шошиб нима қилдинг энди дўстим, ҳа...

Жонини оғритмас қамчиним, чоғи,
Фақат кишнаб қўяр таъналик, аччиқ,
От танин қамчимас, унинг кишноғи
Менинг юрагимни яралар қаттиқ.

Хаёлга ғарқ, олға бораман оз-оз,
Қувончдан йироғу қайғуга пешвоз.

51

Ҳам қайсар, ҳам ялқов отим феълини
Қоралаш ўрнига, оқлаганман, ҳа. —
Узоқ сургунларга элтаркан мени
Қадам ташлар эди имиллаб, зўрға.

Агар қайтишда ҳам шундоқ юрса от
Гуноҳи азимга ботар, кўмилар.
Отим гирдоб бўлиб учса ҳам ҳайҳот,—
Ўйлардим: Лаънати, мунча имиллар!

Орзу арғумоғи кишнаб учаркан
Унга етолмайди ҳар қандай тулпор.
У оловдай енгил, гув-гув кўчаркан
Ортга қараб дер:—Ҳой қирчанғи жонивор.

Сен шўрлик, боравер ўзинг пиёда,
Мен қанот чиқариб учгум самода!

52

Пири бадавлатман, ҳар лаҳза, зеро
Хазина, бойликка ўзимман молик.
Шу нарсани аниқ биламан аммо:
Тақдир берган бахтнинг қирраси нозик.

Маржон шодасида ҳамиша сийрак
Учрагани каби олмос донаси,
Йилнинг тасбиҳида кўп эмас байрам,
Шу боисдан тансиқ шодиёнаси.

Олмосни яширган қутича янглиғ
Майли, сени пинҳон сақлайверсин вақт.
Тутқунликдан охир чиқмоғинг аниқ,
Бахтлиман олмосим, қўлимдасан нақд.

Бағишлайсан менга висол жомини,
Орзиқиб кутишнинг ҳаяжонини.


53

Яралгансан қандай сеҳрият билан?
Ҳамма нарсанинг бир кўланкаси бор,
Сенинг орқангдан-чи, эргашар миллион
Тимсолинг, тасвиринг қаторма-қатор.

Адонис ҳуснини этсак тасаввур,
Арзон нусхадаги расминг қиёси.
Қадим Еленага ошуфтайди нур,
Сен — кўҳна санъатнинг янги сиймоси.

Маъсума баҳору тўлиқ йил кунда
Сурат, сийратингни сақлагай пайванд:
Ўрим палласининг мўллиги сенда,
Кўринишинг тошқин кунларга монанд.

Жамики гўзаллик деймиз — сенга хос,
Содиқ қалбингга-чи, борми ҳеч таққос?

54

Эзгу ҳақиқатга йўғрилса агар
Нафосатнинг ҳусни ортур юз марта.
Оловланиб турган маъсума гуллар —
Ичра пинҳон хуш бўй азиз, албатта.

Иллат уя қурган гулнинг ҳам ҳатто
Пояси, тикани, япроқлари бор,
У ҳам атиргулдай ёнар сержило,
У ҳам атиргулдай бўлса-да тождор,—

Барибир кўнгилга беролмас сафо,
Сўларкан нафасга оғу уфурар.
Хушбўй гул-чи? Жонин қилару фидо
Ҳаётбахш мушк тараб ўсар, қулф урар,

Бир кун кўзларингда шуъла, нур ўчгай
Ҳақиқат жамоли шеъримга кўчгай.

55

Сенинг қиёфангни жо этган сўзим
Шоҳ қабрида моғор босган мармардан
Узоқроқ яшагай, билмагай тўзим,
Асрларча холи тургай ғубордан.

Ҳайкалларни йиқсин уруш ҳиддати,
Қасрларни елга совурсин ҳам ўч,
Аммо хотирага ўйилган хатни
Чопқир юз йилликлар ўчиролмас ҳеч.

Юта олмас сени ўлимнинг коми,
Сенга ҳалокат ҳам сололмагай чанг.
Узоқ насллар-ла топтаб дунёни,
Қиёматга қадар бормоқ насибанг.

Шунақа келгунча то охир замон
Шеърларда, қалбларда яшайсан омон!

56

Уйғонгил муҳаббат! Тиғи парронинг
Қуртмики, чанқоқлик, очлик нишидан?
Нозу неъмат босса ҳамки дунёни
Қутулолмас инсон нафс ташвишидан.

Севги ҳам шунақа. Очдир нигоҳи,
Бугун обдан қонса ҳамки туйғулар,
Эртасига тағин тутар чанқоғи,
Чиришгамас, ёнишга у туғилар.

Этмоқ учун ишқни тағин ҳам азиз
Майли, ҳижрон они бўлсин бир уммон.
Икки қирғоғига келиб йигит, қиз
Интизор қўл чўзсин бир-бири томон.

Майли, аёз бўлсин ҳижрон лаҳзаси,
Илиқроқ тегар, сўнг баҳор нафаси!

57

Эшигин тагида хонимасини
Кутмоқликдан ортиқ лаззат йўқ қулга.
Кўринсанг бас, қарши оламан сени,
Кутаман, қарайман ҳар лаҳза йўлга.

Зерикишдан ичда койинмай ҳатто,
Соатинг милига термиламан жим.
Чиқиб кетаман мен қилсанг бир имо,
Бироқ бу ҳижрондан ранжимас дилим.

Қутлуғ остонангни босиб ўтмакка
Қўймайман бу рашкли ўйларимни ҳам.
Мен шўрлик бир қулман, сен билан якка
Суҳбатлашсин майли, бахтиёр одам.

Не қилсанг қил, кўздан қолдим мен ортиқ,
Рашк, шубҳанинг менда сояси ҳам йўқ.

58

Сенинг оромингни бузмоққа, ё раб,
Мендай бир банданинг сиғарми ҳадди?
Вақтни ҳисобламй ўтиргум чидаб,
Бекга бўйсунар хизматкор зоти.

Чақир мени лозим топган чоғингда,
Унгача сақлагум сабр ва тоқат.
Кутакан, коврилиб мен ўз ёғимда,
Гина-пиналардан тийилмоқ — қисмат.

Ё бандсан иш билан, ё эрмак билан,
На қилсанг ўзингда инон ихтиёр.
Ҳаққинг бор, айбингни ўзинг кечасан
Ўз олдингда ўзинг бўлсанг гуноҳор.
Сен ё ташвишдасан, ёки оромда,—
Барибир кутаман малолсиз, ғамда...

59

Оламда янгилик йўқ бўлса агар,
Ҳаммаси ўтмишнинг бўлса такрори,
Куйиб-ёнлбмиз-да, бекордан-бекор,
Қайта яралади азалдан бори.

Майли, хотиралар офтоб изидан —
Беш юз бор айланиб орқага қайтсин,
Қадим китобларнинг тасвир, сўзидан
Мунис жамолингни топиб кўрсатсин.

Шунда англардимки, қадим-қадимдан
Ўйлаганлар сендай мўъжиза сеҳрин.
Аён бўлар эди: ким ортда кимдан?
Ёки дунё қолиб кетганми турғун?

Аммо ишонаман, ҳусн бобида
Сўз сеҳри топмаган сендай маъбуда!

60

Соҳилга урилган денгиз тўлқини
Сингари лахзалар қаватма-қават,—
Бир-бирининг босиб ўтар ўрнини,
Мангуликка чопар навбатма-навбат.

Ой ўроғи янги туғилган ондан
Талпинади кўзлаб балоғат чоғин.
Зулмат азобини ўтказгач жондан
Охири топширар тилла балдоғин.

Ҳаёт манглайига йиллар қалами
Чизиқнинг кетидан тортади чизиқ.
Неки ер юзида нафас олади,—
Ҳаммаси охири чалғи учун ризқ.

Фурсат ўчиролмас сатримни аммо,
Ажални даф этиб шеърда ўзинг жо!

61

Кўз ўнгимда туриб сиймонг ҳамиша
Беркитмоққа қўймас қабоқларимни,
Киприклар жуфтлаша олмас ҳар кеча,
Ву сенинг айбингми, гуноҳларингми?

Руҳинг сукут аро келиб ўйимни,
Ишимни назардан ўтказиб олар?
Фош этиб юзаки, сохта жойимни,
Қисматингга боғлаб умрим баҳорлар?

Йўқ, ишқинг бунчалик қудратли эмас,
Қошимга келмоққа ботинмас зинҳор.
Менинг, менинг севгим ҳаловат билмас,
Севгим иккаламиз соқчимиз бедор.

Оҳ, қандай ухлайман ғафлатда қолиб,
Мендан йироқдасан, ўзгага —толиб.

62

Қаттиқ севарканман ўзимни ўзим
Қон-қонимга сингиб кетмиш муҳаббат.
Бу дардга оламда бормикан тўзим,
Борми ер юзида чора ва қудрат?

Гўёки ҳуснда ягонадайман,
Оламда одам йўқ менчалик одил.
Гўёки мен фақат дурдонадайман,
Мавжудотлар ичра мен фақат оқил.

Тўсатдан кўзгуга тушиб назарим,
Кўрдим мен ҳақиқий ўз суратимни.
Йиллар чизиб ўтмиш ажин — изларин,
Англадим хатокор шўр қисматимни.

Сенинг қиёфангда кўриб ўзимни
Ёзга қиёслайман, жоним, кузимни.

63

Ҳаёт заҳмин тортар қаро кун келгач,
Худди мен сингари суманбарим ҳам.
Силлиқ баданини вақт тиғи тилгач,
Борган сари қони суюлар кам-кам.

Оқшом чўкиб бўлгач, кўргузса жамол
Ярим айланадан ўтган бир чароғ,
Осмон ўз рангини йўқотур беҳол,
Ҳозиргина қуёш ҳоким эди, оҳ...

Шу қора кун учун ғамладим қурол,
Жанг қиламан ўлим билан беомон.
Учмагай севимли у ёниқ тимсол,
Ўтар авлодлардан авлодлар томон.

Қуролим — сатримдир менинг қоп-қора,
Жамики ранг унда мангу, жобажо.

64

Нимаданки либос киймасин замон, —
Барин юлиб ташлар фурсатнинг қўли.
Асрий минорани кўрдик биз яксон,
Мисдаги нақшларнинг ўнгмишдир гули.

Денгиз бўйидаги мамлакатларни
Сув босиб бормоқда қаричма-қарич.
Қақроқ саҳроларнинг қаноатлари
Тугаб, уммонларга қилмоқда хуруж.

Кунларнинг гирдоби шундай бешафқат,
Қиролликлар емдир вақт қадамига.
Шундоқ экан, куни битгач, юҳо вақт
Менинг шавқимни ҳам ютар комига.

Бу демак — ўлимдир!.. Оҳ чекмай нега
Мўртгина бир бахтга эканман эга!

65

Фурсати етганда замину денгиз,
Мису темир кулга айлангай буткул,
Қандоқ бардош берар ўлимга ҳаргиз,
Сенинг гўзаллигинг — ночоргина гул?

Вақт ўзин беомон исканжасида
Тоғлар, қояларни айласа кукун,
Бронза ҳайкаллар қулаганида
Гул ҳидияи қандоқ қутқармоқ мумкин?

Оҳ... шўрлик нафосат... жонин ҳовучлаб
Қайга ҳам беркиниб ростласин нафас?
Соат кафтгирини қўл билан ушлаб
Вақтдан вақтнинг ҳуснин қутқариб бўлмас.

Умид-ку, йўқ. Гўзал чеҳрангни бироқ
Ажабмас сақласа шу қора сиёҳ.

66

Ўлимни чорлайман. Тоқат қилмайман
Садоқатгўй қадру қимматларга ҳеч.
Соддаликни мазах қилмоқда ёлғон,
Ҳашамдор либосда,— ҳар нарсаки пуч;

Нафратимга дучор: ҳукмки нохақ —
Камолотга завол, иффатки — поймол,
Шармандаликларки,— қилинар ардоқ,
Қудратки,— заифлик чангалида лол.

Ростликки,— нодонлик аъмолидадир,
Тентакликки,— ниқоб киймиш донодай.
Илҳомки,— оғзида қулф ва занжир,
Тақвоки,— иллатнинг фармонига шай.

Нимаики кўрдим,— бари бадкирдор,
Лекин сени қандоқ ташлаб кетай, ёр.

67

Сўра: нечун яшар иллатга ботиб?
Бўлмоқчими шармсиз ҳаётга исбот?
Сохтакорликни у фусун-ла ёпиб
Куфрларни эъзоз этмоқчи, нахот?

Нечун сунъиятнинг ўлик бир ранги
Юзидан ёз тафтин ўғирламоқда?
Нечун нафосатнинг ҳийла-найранги
Сохта безак излаб ғимирламоқда?

Нечун уни сақлар она табиат,
Ёноғида номус ўтини бир он
Ёқмоқликдан ўзи ожиз-ку ҳайҳот,
Уйната олмагач томирида қон?

Уни сақлар, токи билсин бу дунё,
У бир вақт бор эди, энди... йўқ асло...

68

У инсон чеҳраси ёруғ дунёда
Нафосат баҳори қулф урган чоғдан
Гўзал бир белгидир, гўзал ифода,
Унга бегонадир сохта ранг, ёлғон.

Ки ҳеч ким қабрнинг йўлакларидан
Ўтиб сукунатни бузмоқ бўлмаган,
Олтин кокилининг турмакларидан
Ўзганинг бошига нусха олмаган.

У инсон чеҳраси камсуқумдир, бас,
Дудоғи кўрмаган сохта бўёқни.
Бахори яшилни олган эмас қарз,
Янгиси эскига эмас қароқчи.

Уни қиёс учун сақлар табиат:
Сунъий безак қайси, қайси чин санъат.

69

Ташқи қиёфангда кўзга чалинган
Бирорта ғубор йўқ, тиниқсан ғоят.
Дўстлик, душманликнинг, тенг ҳукми билан
Зиғирча камаймас, ортмас хақиқат.

Ташқи қиёфага — ҳа, ташқи ҳурмат.
Аммо кўз илғамас, юракка оид
Хислатлар ҳақида бошланса суҳбат,—
Ўша ҳакамларнинг сўзи бошқа, зид.

Қалбинг тўғрисида кўпдир мишмишлар,
Юракнинг кўзгуси — қилмиш деган гап.
Гулларингнинг хушбўй атрин бўғмишлар
Ғумаю зарпечак ҳам сассиқ алаф.

Нечун боғинг хазон, тушди шу кунга? —
У очиқ ҳаммага... ҳамда ҳеч кимга.

70

Қоралашар сени бекордан-бекор,
Нафосат ғийбатга дучор бўлар гоҳ.
Йўғе, карға қағиллаб, тиниқ, беғубор
Фируза осмонга қўндиролмас доғ,

Сен аълосан. Аммо ғийбат дўлида
Кўринасан яна аълодан аъло.
Нозик гулларга қурт тегар аслида,
Маъсумсан баҳорнинг ўзидай зебо.

Ёшлик хуружидан ўтдинг чап бериб,
Тажовузкор қолди мағлуб ва ожиз.
Софлпк, ростлик билан сен баланд туртиб
Туҳматчиларга ҳатто очмайсан оғиз.

Тушмаганда эди шу енгил кўлка
Ер юзида ҳоким бўлардинг якка.

71

Шоир ўлганида кайғургил, жоним,
Черков қўнғироғи бергунча овоз.
Шуни билиб қўйки, чиркин дунёни
Қуртлар оламига алмаштирдим соз.

Ўқиб қолсанг ушбу сонет-шеъримни
Жонсиз қўлим эслаб ачинма сира.
Мен севган кўзларнинг маъсум нурини
Хотирам тумани этмасин хира.

Акс садо қайтарган сатрим титроғи
Ёдингга солмасин мени дам-бадам.
Баб-баравар сўнсин, майлига, боқий
Менинг нафасим ҳам, сенинг ишқинг ҳам.

Истамайман, ғамда сўлмоғингни ҳеч,
Одамларга гап-сўз бўлмоғингни ҳеч.

72

Қай хислатим сенга ёққанлигини
Сўзламоққа олам этгунча мажбур,—
Қариган чоғимда унутгил мени
Ва ёки унгача мени олур гўр.

Жами сифатимни ҳисоблаб чиқиб
Фазилатимни оз топурсан ғоят.
Ёлғон-яшиқларни ташлайсан тўқиб,
Мамнунсан, сен шундан топиб ҳимоят.

Сохта эсдаликлар билан мусаффо —
Муҳаббатингга доғ солгандан кўра.
Хотирангдан мени ўчир мутлақо,
Йўқса гуноҳкорман мен икки бора:

Тирикликда бефайз бўлганим— нуқсон
Ва сени ёлғончи қилганим — ёмон!

73

Менда у фаслни кўряпсан аён,
Ки, заъфарон барглар титраб аёзда
Бир-бир тўкилмоқда, бўлмоқда хазон,
Қувноқ давралар ҳам бўм-бўш, шикаста.

Менда у оқшомни кўряпсан яққол,
Ки, ғарбда бўзарар ботаётган кун.
Биздан жудо осмон гумбази ҳам лол,
Қабр зулматида гўё у забун.

Менда кўряпсан ўтмиш кулида
Сўнаётган чўғнинг ўша яллиғин.
Бир вақт неки шукуҳ берса дилимга,
Энди уфурмоқда мозор совуғин.

Бари сенга аён. Аммо тобора
Қалб қалбга қовушмоқ билан овора.

74

Гаровсиз, муҳлатсиз боғлаб чамбарчас,
Мени тутқунликка жўнатишган чоқ,
Қабримдаги тош ҳам, санам ҳам эмас,
Шеърим колур мендан ёдгор бўлароқ.

Вужудимдан неки бахш этдим сенга,—
Барини топурсан шеъримдан излаб.
Майли, жнсмим сингиб кетсин заминга,
Мендан жудо бўлгач, қолмассан бўзлаб.

Сен билан қолгуси — нимамки — ноёб,
Ўлим эса дайди: изғиб келади:
Ҳаёт оқимида бир кун пайт пойлаб
Қолган-қутганларга чангал солади.

Косанинг синиғи қолур ажалга,
Сен эса,— эгасан шароб ва жонга.

75

Обиҳаёт билан қонган тупроқдай
Нигохим ўзингдан олади қувват.
Мулкига қапишган бир қурумсоқдай
Сенга ёпишганман девонасифат.

Гоҳ бахтли, гоҳ чўчир тушида хасис
Девор орқасидан ким ўтиб кетса,
Лаълдон билан қолмоқ бўлар гоҳ ёлғиз,
Севинар ғазнаси гоҳо йилт этса.

Тотиб ишқнинг ҳузур-ҳаловатларин
Нигоҳингни кутиб ташнаман гирён.
Умидимсан, дардим, иноятларим,
Меҳринг билан яйрар вужудимда жон.

Кунларнинг кетма-кет зил саноғида
Гоҳо қашшоқману бойман гоҳида.

76

Ҳайҳот, шеърларимда қолмади оҳор,
Товланмайди улар энди ранг-баранг.
Балки янги сўқмоқ очмоғим даркор...
Излаймикин янги услуб ва жаранг.

Такрорлайман эски гапларни тағин,
Яна кўринаман кўхна либосда.
Шеъримга жойланган ҳар сўзим, чоғи,
Номимни фош этиб қўяр бирпасда.

Нима қилай ахир, қайта ва қайта
Қаршимда кўндаланг битта муаммо:
Севгилим, шаънингга шеър айта-айта.
Ўша юрак ўша дардга мубтало.

Тепамда офтоб ҳам ўзгармай пича
Порлаб турибди-ку, ҳамон эскича.

77

Сочингиз оқини кўрсатур ойна,
Ўтган вақтни соат таъкидлар секин.
Оқ коғоз юзига сатрлар қўнса,
Фикрингизни кўрмоқ, ўқимоқ мумкин.

Тик туриб бу ростгўй кўзгу қошида
Ҳар ким жудоликнинг мағзини чақар.
Соатнинг оҳиста чиқиллашида
Абадийликка вақт пинҳона оқар.

Нимани эс сақлаб қололмас экан —
Барини муҳрланг сўз ила шартта.
Ўзингиз унутган фарзандлар билан
Дийдор кўришасиз бир куни қайта.

Кейин қўлга чиқиб қолган варақлар
Бера олур сизга тенгсиз сабоқлар.

78

Музам деб атардим доимо сени,
Шоирлар бу гапни кетдилар илиб.
Кетма-кет чуғурлаб, азиз номингни
Сатрга тақдилар бир безак қилиб.

Куйлашни ўргатган кўзларинг ҳайҳот,
Жозҳилликка берди парвоз нағмасин.
Ингичка санъатга бахш этди қанот,
Назокатга босди қудрат тамғасин.

Лекин мен мағрурман армуғонимдан,
Гарчи шеърим боғлай олмади қанот:
Бошқаларга безак — сўз маржонисан,
Менинг шеърим эса, сен билан ҳаёт.

Ўзинг шеъриятсан. Оддий туйғу, ҳис,
Сен бор, санъат бўлиб юксалар шаксиз.

79

Шеърият манбаин топганда сендан
Авжимнинг йўқ эди тенгу қиёси.
Энди байтларимнинг оташи сўнган,
Музамнинг паст тушиб кетмиш овози.

Ашъорларим заиф, иқрорман ўзим,
Бироқ сен ҳар кандай мадхга лойиқсан,
Яъни, улуғласа шоири азим, —
Фазилатинг бисёр, битмас бойликсан.

Эзгулик, ҳимматни мадҳ этар шоир,
Бу сўзии ўғирлаб олар ҳулкингдан.
Сўнгра нафосатни накд этар шоир,—
Яна ўмараркан сенинг мулкингдан.

Миннатдор бўлмоқлик лозимдир зотан
Сарфловчидан эмас, асил мулкдордан.

80

Мени лол қолдириб ўзга бир куйчи
Сени улуғларкан янгроқ созида,
Қирқилгандай бўлар шеъримнинг кучи,
Қадр қолмагандай гўё сўзимда.

Аммоки, уммоннинг бағри кенг бўлар,
Девкор кема билан баъзан ҳар қалай,
Жўнгина қайиқ ҳам сузиб чайқалар,—
Тўлқинларда қулоч кердим ҳайиқмай.

Ҳимматинг туфайли ғарқ бўлмасману
Гирдибодлар аро турарман собит.
Тубсиз теран сувни чайқатганча у
Елкан ёғдусида сузади соқит.

Билмайман, не кутар мени йўлимда,
Севгини топурман, ҳатто, ўлимдан.

81

Сен, балки, тупроққа қўярсан мени,
Балки мен қолурман бўзлаб, дилдорим.
Билмадим. Аммоки, умринг ипини
Ажал ўзганда ҳам ўчмас рухсоринг.

Сақланур ҳаётинг, нафосатинг ҳам,
Мендан-чи, хеч вақо қолмагай сира.
Лахад ичра жимжит ётурман мудом,
Сенинг манзилгоҳинг — очиқ мақбара.

Ҳайкалингдир — шеърим. Унинг садоси
Етар тўғилажак авлодларга ҳам.
Ҳамнафасларингдан қолмас биттаси,
Лекин тилдан қўймас сени бу олам,

Сен ушбу тупроқдан қад кўтариб тик
Яшайсан лабларда, қалбларда тирик.

82

Замон шоирлари бағишлаб ашъор
Номингни хеч қўймас экан қаламдан,
Созимга бермайсан, демак, эътибор,
Ҳукм чиқармайсан, келиб баланддан.

Ўзингдай дидинг ҳам, албатта нозик,
Шеърларимдан кўра таъбинг ингичка.
Шундай сатрларни берсамки ёзиб,
Нафосатли бўлса, бўлса янгича.

Рақибларимга мен, майли, тан берай,
Ҳар хил дабдабаю ваъзхонлик тугаб
Сўзим ҳақиқати кўрсатгач чирой,
Оддий ҳамсуҳбатни қоларсан тинглаб.

Асли, қонсизларга керак ранг, бўёқ,
Сенинг қонинг эса оловли шундоқ.

83

Ўйловдимки, сенинг ҳусну жамолинг
Пардоз-андозларга зор эмас асло.
Ўйловдимки, сенинг қадду камолинг
Шоир-поирларнинг мадҳидан аъло.

Дилбар нафосатинг шундоқ — бепардоз
Ўзлигин намоён этмоғин тилаб,
Андишада сукут сақловдим холос,
Ботина олмовдим жуфтламоққа лаб.

Шайдойи музамнинг сукунатини
Аммо сен, санабсан гуноҳи азим.
Кўмиб ташламоқда назокатингни
Ўзгалар яратган бемаза назм.

Нигоҳингдан тушган битта шуълани
Тасвирлаб кўрсин-чи, маддоҳлар, қани?

84

Сени сенлигингдан ортиқроқ қилиб
Тасвир этмоққа ким топа олур сўз?
Кимнинг ғазнасида қолмиш беркиниб
Малоҳатки — сендан мунису азиз.

Қаршингда қашшоқдир шеърият. Чунки
Бўйингга зиғирча қўшолмади бўй.
Сенинг сенлигингни айтолса кимки,—
Унинг обрўсига қўшилди обрўй.

Табиат айтганин қайтадан айтиб
Суратингни шоир чизгач хаққоний,
Довруғи замондан замонга ўтиб
Ҳайратга солади бутун дунёни.

Сохта мадҳлар эса, сохта садодай —
Эшитилар сенга,— туҳмат, иғводай!

85

Менинг соқов музам, шундоқ хокисор,
Аммо атрофингни шоирлар ўраб
Шаънингга ёғдирар қанчалаб ашъор,
Олтин қаламлари қўлда ялтираб.

Маъбудалар ичра ювош маъбудам.
Ўтираман баёв сўфидай оми:
Тантанавор байтлар сўнгида мен ҳам
Секин қўл очаман ва дейман:— Омин!

Шоирлар шеърини тинглаганимда
«Тўғри», «маъқул», дейман, «ҳа, шундоқ» дейман,
Аммоки, қанийди, англаганингда,—
Ҳакқингда пинҳоний нелар ўйлайман.

Маддоҳларни сийла баланд куй учун,
Мени — ичимдаги сокин ўй учун.

86

Унинг шеърларими,— сурон кўтариб
Ортингдан қувалаб елмоқчи бўлган,
Менинг ўйларимни чоҳга итариб,
Қалбни тобут қути қилмоқчи бўлган?

Ўшанинг қўлими, қандайдир тансиз
Бир руҳдан ёзишни ўрганиб олган?
Андишали лабга айттирмасдан сўз,
Зўрлигин кўрсатиб дағдаға солган?

Йўқ, на у, на унга кечалари дарс
Ўргатган танасиз руҳ ҳам муқаррар
Ақлимни ҳайратда қолдира олмас,
Таъби назмимга ҳеч сололмас хатар.

Сени мақтайверса маддоҳ увиллаб
Шеърим бўш уй каби ётар ҳувиллаб.

87

Яхши бор! Йўлингдан қайтаролмайман.
Аммо қадрлайман ишқинг ҳимматин.
Омонатни берай итоат билан,
Зеро, сақламоққа етмас қудратим.

Бир эҳсондай экан ишқинг — ардоғинг,
Лойиқ хизмат билан қозонмабман, ёр.
Шундай бўлгач, шартни хоҳлаган чоғинг
Бузмоқликка ҳаққинг ва ҳуқуқинг бор.

Инъом қилибмидинг зар қадрин билмай,
Сезмабмидинг нуқсим, фазилатимни?
Хиёнатсиз асраб келдим ҳар қалай
Нолойиқ бўлсам ҳам омонатингни.

Туш кўрган чоғимда эдим подшоҳ,-
Уйғонганда тахтдан айрилдим ногоҳ.

88

Мендан совиб, ғазаб ё мазах билан
Қилмоқчи бўлсанг хам номинни қора,
Барибир, мен сени ёқлайвераман,
Шаънингга қилча доғ туширмай сира.

Нуқсоним нелигин билиб турсам ҳам,
Баён этаманки шундай ҳикоят:
Таъналардан холи бўлурсан тамом,
Виждонинг покиза қолур умрбод.

Ва шундай тақдирни қутлай олқишлаб,
Майлига, курашда мағлуб бўлай ман:
Ғалаба нашъасин сенга бағишлаб
Неники йўқотсам қайтиб олгайман.

Нохақликка қурбон бўлмоқ чўт эмас,
Сен хақ бўлиб чиксанг,— шунинг ўзи бас!

89

Қай қилмишим билан, мумкинми, билсам,
Садоқатингга дарз туширдим бу кун?
Мени чўлоқликда айбласанг ҳам —
Майли,— юравергум тиззамни букиб.

Совуқлик тушгани ажаб бўлди деб
Ёмон бир сўз айта олмайсан паққос,
Мен қандай айтаман, доғингда куйиб —
Ўзга одам бўлай —: сен бўлгил холос.

Сўнг сени эслашга ботинолмайман.
Эл ичра тийгайман хотиротимни.
Қилча сездирмайман бизни боғлаган
Эски танишликнинг таасуротини,

Ўзим билан ўзим олишаман. Ҳа,—
Ким сенга ёқмаса,—душманим ўша!

90

Кўнглинг қолар бўлса менданки зеро,
Тескаридир менга олам чеҳраси.
Энг оғир жудолик бўлсанг ҳам амгмо,
Бўлмагил аламнинг сўнгги қатраси!

Ғуссани енгмоққа қодир эканман,
Бемаҳал ортимдан бермагил зарба.
Тун ўтгач тўполон, суронлар билан,—
Фойдасиз ёмғирли, фараҳбахш эрта.

Ташлаб кет, аммоки, қайда кулфатлар
Сиқиб сувим олган сўнгги дамдамас.
Ҳозир кет, то англай бу ғам, бу қадар
Оғир изтиробдир, жўн бир ғам эмас.

Севгингдан айрилмоқ абадулабад —
Кулфатгина эмас, офатдир, офат!

91

Аслзодалигини пеш қилар кимдир,
Полвонлиги билан мақтанар биров.
Бировда ҳамёну либос кўркамдир,
Бировда лочин бор, бировда бедов.

Одамларда минг хил ишқибозлик бор,
Биттаси жигардан ургуси, аммо.
Менинг юрагимга бир саодат ёр,
Жамики ҳисларим унда жобажо.

Сенинг ишқинг, ёрим, ғазнадан афзал,
Шоҳларнинг тожидан мартабалироқ.
Ҳар қандай ялтироқ либосдан гўзал,
Бекор лочинларҳам, бекор арғумон.

Сен ўзинг борлиғим, сен ўзинг фақат
Ё қашшоқ этасан, ёки бадавлат.

82

Мендан асти қочиб қутулолмайсан,
Умрим сўнгигача меникисаи, ёр.
Умрим йўли севги билан боғланган,
Севги билан тугар зору интизор.

Нечун кулфатлардан қўрқайин, ахир,
Зўр келса ютгайдур ўлим ғазаби.
Қилолмайди асти ҳафсаламни пир
Майда инжиқлигинг, ишқинг азоби.

Хиёнатингдан ҳам чўчимам сира.
Гарчи у ханжардир — турар ялтираб.
Қисматим ғуссалик, ўзим дилпора,
Сеники эдим мен, сен этдинг хароб.

Аммо дунёда бахт доғсиз бўлмас хеч,
Содиқлигингга ким кафилдир бу кеч?

93

Ўзгарган бўлсанг ҳам, содиқсан дея
Тасаввур этаман. Яшайман шундоқ,
Ишқ бўлиб кўринган ишқ эмас, соя,
Шунчаки бўлса ҳам, майли, менга боқ.

Ўзгаришсиз чеҳранг, ҳаракатларинг.
Зерикиш, ёвлик ҳам йўқдир юзингда.
Нигоҳлар бўлади жиноятларнинг
Чуқур изларини сақлар ўзида.

Аён, улуғларни айбситиб бўлмас,
Майли, алдайверсин гўзал дудоғинг.
Аммо қадимгидай дилбар, муқаддас
Софликни акс этиб турсин нигоҳинг.

Момо Ҳаво узган олма ҳам у чоғ
Эди Одам Ота шўрига бе доғ.

94

Кимдаки ёмонлик бўлсаю бало —
Ўзида сақланса, бермаса зиён,
Ким қоя тошдай зил бўлсаю, аммо
Ўзгани ўтказса олдинга томон,—

Унга ер бағишлар бебаҳо инъом,
Само ҳам баракат, файз келтирар.
Унга ярашади улуғ деган ном,
Улуғлигин эъзоз этар ўзгалар.

Покиза гулини ардоқлар баҳор,
Гарчи ўз-ўзича яшнар, сўлар гул.
Аммоки шу гулга қўнса бир ғубор,—
Хору хашакларга кўмилур буткул.

Гулки бўлса чирик, оғули, мурдор,
Ундан қушқўнмас ҳам гўзалдир минг бор.

95

Айбинг бежамоққа устасан жуда
Кўзга илинмас қурт боғ ичра ҳар он
Гулни кемиргандай илдиз остида,—
Қусурларинг сени этмоқда вайрон.

Ғийбатлар тўзони тўхтамас асло,
Неларнидир қўшар тахминлар тағин.
Аммоки, мақтовга айланур иғво,
Номинг йўқотади қусурлар доғин!

Шундайин улуғвор даргоҳ — саройда,—
Тубан ҳирсиётлар қандоқ жой топар?
Ниқобинг гўзалки,— ҳеч ким сезмайди,
Ялтироқ либосинг айбингни ёпар.

Аммо заҳа чирой барқ уролмас ҳеч,
Ўтмаслашган каби занг теккан қилич.

96

Ким лоқайд хулқингни қоралар дадил,
Кимни мафтун этар ёшлик ютуғинг.
Қусурларни чирой билан ёпиб, бил —
Гуноҳдан тиклайсан... эзгулик туғин.

Қалбаки тош, шоҳнинг бармоқларида —
Қимматбаҳо олмос каби ярқирар.
Шунга ўхшаб, ёшлик гуноҳларингда —
Кимлардир, эҳтимол, фазилат кўрар.

Қўзичоқ терисин ёпинган бўри
Қийратгани каби қўйларни кўпроқ,
Тақдир бағишлаган хислатнинг бари —
Қўл келар, қалбларга ташлайсан қармоқ.

Тўхта, ҳой, севгилим, фидоман сенга,
Лоқайд қаролмайман, зеро, шаънингга.

97

Аччиқ қаҳратондай туюлди менга
Дийдорингни кўрмай ўтган онларим.
Кунларим айланди зим-зиё тунга,
Чор атрофда бўм-бўш декабрь ҳоким!

Шундай, азиятда ўтиб кетди ёз,
Кузакка бўшатиб берди жойини.
Куз ҳам оғироёқ беваларга хос,
Зўрға-зўрға одим босди койиниб.

Назаримда, ернинг ноз-неъматига
Яралган чоғданоқ келгандай қирон.
Сенсиз тафт йўқ ёзнинг ҳароратида,
Сен йўқ жойда қушлар сайрамас бийрон.

Шикаста бир нидо кўчган жойда, оҳ,—
Қиш шарпасин сезиб, бўзраяр япроқ.

98

Ўртамизга ҳижрон солди гулбаҳор,
Кўклам нафасидан тирилди дунё.
Зуҳал юлдузи ҳам боқди жилвагар,
Рақс этди оламнинг кўркига шайдо.

Қушлар чуғурию сонсиз-саноқсиз
Чаманларнинг атри, гулларнинг қадди
Уйғота олмади юрагимда ҳис.
Илк баҳор чечагин узгим келмади.

Нилфия гулининг ғунчаси — хандон,
Атиргул илк бора ловуллаган чоғ —
Эслатди ёноғинг, дудоғинг бир он,
Эслатди ўрнига ўтмади бироқ.

Кўнглимда қиш эди, баҳор жилоси
Ўтди дилбаримнинг бўлиб сояси.

99

Бинафшага таъна қилдим: ўғирлар
Оромбахш ҳидни у дудоқларингдан.
Гул барги духоба каби жимирлар
Баҳра олиб сенинг ардоқларингдан.

Қўлингдан оқликни олмиш нилуфар,
Кокилинг тўлқини сунбулда аён.
Ёноғингга тақлид оқ атиргуллар,
Қизил атиргулда чўғинг бор алвон.

Қордай оқ бошқа бир атиргул билан
Шафақ ранг гулда-чи,— хуш нафасинг
Ҳа, ўғри жазодан қолмапти омон:
Илдизини қуртлар епти қасоскор.

Боғлардаги жами гуллар, бокирам,
Сендан ўғирлайди ё ҳид, ёки ранг.

100

Қани муза? Унинг парвозига куч, .
Илҳом берган зотни эсламас нега?
Арзон қўшиқлардан назҳот ортмай ҳеч,—
Пасткашларнинг хизмат килур шаънига?

Куйла, мудроқ муза, маҳоратингни
Қадрлаган, эъзоз этган зот учун,
Орттириб завқингни, нафосатингни,
Олижавоб, мумтоз этган зот учун.

Қара, унинг ёрқин ёноқларига,
Топсанг агар ундан бир дона ажин,
Ўғрини қор ҳажв ботқоқларига,
Нафосат қотили атагил отин.

То фурсат бор экан, замондан олдин
Ўлмас жамолини нақш этиб колгин,

101

О, енгилтак муза, нечун айт, қани
Ҳақикатни гўзал мавжда этиб рад
Чизмайсан дўстимнинг қиёфасини?
Ахир у туфайли топгандинг шуҳрат?

Менга жавоб бериб сўзларсан шундоқ:
Ҳуснни бежамоқ на ҳожат асли.
Ҳақиқат ҳеч талаб қилмас ранг, бўёқ,
Аъло нарса шундоқ аъло эмасми?

Ҳа. Мақтовга зормас камолот сира,
Аммо аяма сен ундан сўз, бўёқ:
Нафосат шон ичра ўзининг тилла
Мақбарасидан ҳам яшасин узоқ.

Ҳозир қандоқ бўлса — шундоқ ҳолатда
Тимсолин сақлаб қол абадиатда!

102

Севаману буни пеш килмайман кўп,
Ишқим пинҳонадир, қилмайман кўз-кўз.
Кимки юрса туйғу-ҳисларин сотиб
Дилини ағдариб кўрсатгай шаксиз.

Севишгач, илк висол чоғида сени
Қаршилардим нуқул қўшиқ, куй билан.
Булбул ҳам кўкламда чалгач созини,
Ёзда иши бўлмас ортиқ най билан.

Унинг наволари тинганида ҳам
Жозибасин асло йўқотмайди тун.
Аммо ҳар новдадан куй оққач мудом,—
Жўнлашар, у қадар этолмас мафтун.

Менинг тинганим ҳам, булбулга қиёс:
Куйлаб бўлдим, ортиқ чиқармам овоз?

103

Музанинг қолмади бўёғи, туси,
Гарчи унга шуҳрат эшиги очиқ!
Дурустдир яланғоч баёним ўзи,
Қўшимча мадҳимнинг зарурати йўқ.

Шу боис ёзишдан тийдим ўзимни.
Ишонмасанг, ўзинг қара кўзгуга,
Кўриб мақтовлардан афзал ҳуснни
Ишонасан: ҳожат йўқдир ёзувга.

Шу тиниқ ойнада ёнган жамолни
Ёзмоққа ожиздир нафис мўйқалам.
Камолотга етган шундай тимсолни
Тасвирлай деб бузмоқ керак нега ҳам?

Баҳслашмоқни жоиз топмаймиз зотан
Табиат билану ойнанг билан.

104

Йиллар алмашуви сенга қилмас кор.
Худди шундоқ эдинг, илк марта сени
Учратган чоғимда. Уч қиш ёқкан қор
Уч забардаст йилнинг кўмди изини.

Уч бор кўклам рангин алмашди маъюс
Заъфарон мевага, олов ранг баргга.
Ўрмонларни уч бор ечинтирди куз...
Борлиқ ожиз сенинг қаршигда якка.

Гардиш ичра соат миллари равон
Сондан-сонга кўчиб вақтни енгил, жим,
Кўзга билинтирмай кўрсатгансимон
Йиллар зарбин сенда пайқамай қолдим.

Қисматингда сўнмоқ бор бўлса агар
Сен туғилмай туриб бўлган бу гаплар!

105

Мени мажусий деб атамагил, йўқ,
Тақвони ўзимга панох, демасман.
Ишқнинг оятлари билан дил тўлиқ,
Унга, у ҳақида куйлаб тинмасман.

Мен унинг узлуксиз вафосин куйлаб
Ишқда жозибасин оширгум тун-кун.
Беихтиёр унинг таърифин сўйлаб
Унутаман ўзга ташвишни бутун.

«Латофат, вафодор, эзгу» сўзларин
Тинмай такрорлайман минг бир оҳангда.
Унда тақвонинг бор уч хил излари,
Ўзга жилоси хам кўпдир жаҳонда!

Эзгулик, кўрк, вафо — таркана эди,
Сенинг тимсолингда бирлашди энди.

106

Ўтиб кетган йиллар силсиласида
Аллақачон унсиз қолган дудоқлар
Шарафига ўқиб қўшиқ, қасида
Гўзаллар, ботирлар куйланган чоғлар,

Юз йилларча сўнмай турган қиёфа:
Табассумлар, зулфлар, тиниқ қошу кўз
Уқтирарки, фақат қадим саҳифа —
Аро топилгуси таърифингга сўз.

Шоирлар чизганда аёл ёноғин
Чеҳрангни каромат қилмоқ бўлган, бас,
Аммо олисларга қадаб нигоҳин
Жамолингни тўлиқ чизолган эмас.

Бизлар-чи, ёнингда охири пайдо,
Асрлар янгровчи зўр овоз қайда?

107

На ўз хавотирим ва на таъбирли
Олам каромати, теран нигоҳи
Айтолмас,— қанчадир ишқимнинг умри,
Аён кўринса-да қурбон бўлмоғи.

Жами пайғамбарнинг қасдма-қасдига
Куйиш соатидан ой ўтди омон.
Орзулар ушалди чиқиб тахтига
Ва зайтун гуллади тағин кўп замон.

Ўлиму айрилиқ эмасдир даҳшат,
Ўлсам ҳам шеъримда қайтгум ҳаётга.
Кўр ажал дағдаға қилади фақат
Ҳали кўз очмаган бе ун авлодга.

Тож-тахтлардан кўра узоқ ва боқий,
Шеъримда яшайсан сен ҳам дарвоқе.

108

Орттирмоқлик учун мадҳингни яна
Нимани ҳам тўксин қоғозга ақл?
Бағишламоқ учун янги тарона
Нималарви эслаб сўзламоқ маъқул?

Ҳеч нарса қолмади. Саломимни ҳам
Қадимий оятдай сўзма-сўз, такрор
Ҳижжалайман. Лекин бу кўҳна калом
Жаранглар янгитдан баланд, улуғвор.

Қайта туғиларкан муҳаббат ўлмас,
Ки тамом бошқадай кўринар бизга.
Воқий севги ажин нелигин билмас,
Қариликни чўри қилар ўзига.

«Севги тамом бўлди» дейилган жойда —
У туғилар, унинг рухсори пайдо.

109

Бевафо деб мени койимагил кўп,
Йўлдан озмоғимга бор қандай гумон?
Ахир қалбим, ишқим бир гаров бўлиб
Сенивг дил-дилингда сақланур пинҳон.

Тақдирнинг инъоми — хуш масканимсан,
Қаёқларга бориб қайтмайин, бироқ
Зарра ўзгармадим, эътиқод билан
Келтирдим доғларни ювгувчи булоқ.

Жами эзгуликлар манбаисан сен
Майли, гунохлар ўт қўйсин қонимга:
Не-не манзилларни ўтиб ва лекин
Ҳаддимдан ошмадим, қайтдим ёнингга.

Бу дунёнинг ўзи сенсиз тамом пуч;
Ягонасан. Ўзга саодат йўқ хеч.

110

Тўғри, қаёқларда тентираб сарсон
Тасқаралар билан бўлдим ҳамсуҳбат.
Тўғри, бойлигимни сотдим кўп арзон,
Янги ишқ деб ишқни этдим хақорат.

Тўғри, хақиқатнинг боқмай юзига
Аллақаёқларга тушди назарим.
Аммо ёшлик қайта тортди ўзига,
Адашса-да, сени топди, дилбарим.

Ҳаммаси тугади, энди мутлақо
Тушмайман хирсларнинг туғёнига ман.
Янги севги излаб йиртмагум ёқа,
Сен — худосан, мен-чи— фармонингдаман.

Ёнингга — самога бориб етайин,
Бокира сийнангдан жой этгил тайин.

111

Нодон қилмишларйм айбдори — қаро
Қисматимни ҳамда ошкора эҳсон
Билан боғлаб, қўйган маъбудани, о,—
Қарғаган чоғингда сен қандай ҳақсан.

Нилчи қачон касбин яшира олди?
Шунга ўхшаб менга машғулотки, бад,—
Кетмайдиган бўлиб ёпишди-қолди.
Доғимни йўқотай ўзинг бер мадад!

Зуғумларни, майли, аччиқ доридай
Розиман индамай ютмоқликка ҳам.
Аччиғига майли, мен бардош берай,
Ҳар тадбирга кўнай, бўлса гар малҳам.

Аммо шафқат қилсанг сен ўзинг, гўзал,
Дардим аритасан ҳаммадан аввал!

112

Ёвуз туҳматларнинг оташ-оғуси
Манглайимга босган чоғда ҳам муҳрин
Жами жароҳатнинг йўқолди изи,
Саховатинг сабаб ва сабаб меҳринг.

Фақат сенинггина мақтов, дашноминг
Бўлур менга қувонч ёки ғам-фиғон.
Ўзгалар-чун ўчган шу чоғдан номим,
Қўрғошиндай қотмиш ҳисларим пинҳон.

Қўрқувни ўпқонга улоқтирдим-да,
Чўчимадим жами иллатларидан.
Қулоғимга етар элас бир шарпа
Бўҳтонларнинг қават-қаватларидан.

Дилбаримнинг қалбин тинглайман, холос,
Қолган бутун борлиқ ўлик, беовоз.

113

Айрилиқдан буён кўзим қалб ичра,
Йўлга бошлагувчи жуфт чироқ зинҳор.
Ҳеч нарсани кўрмас, пайқамас сира,
Гарчи қадимгидай нигоҳим бедор.

На ақл-идрокка ва на юракка
Кўрганидан ҳисоб беролар нигоҳ,
Қамраган нарсаси бормас йироққа,
Хушнуд этар уни на қуш, на гиёҳ.

Кабутар ва қарға, зулумат ва нур,
Денгиз мовийлиги, тоғлар чўққиси,—
Яхши-ёмон — неки нигоҳим кўрур,—
Баридан қаддингни излаб чиққуси.

Сенга шайдо, сендан жудо бу кўзлар
Сохта эмас, фақат сохта туш кўрар.

114

Ишқ тожин кияркан шоҳларга ўхшаб
Тилёғлама бўлиб қолдим наҳотки?
Ё менинг кўзларим алдоқчидир зап,
Ё сендан ўрганган сеҳри санъатни.

Қўпол, жўн нарсадан кўзларим зумда
Ювош фариштани этур мухайё.
Дарров ўхшатади сенинг юзингга
Неки қарогига бўла қолса жо.

Бирннчи тахминим тўғридир, кўзим
Хушомадгўй,— сезар менга на маъқул.
Султонига ёққан нарсани доим,—
Қароғига жойлаб кўрсатар нуқул.

Бу оғу,— кўзим ўз айбин юварми?
Ҳаммадан аввалроқ тотар заҳарни.

115

Бундан ҳам ортиқроқ севолмам дея
Сўзлаган эканман бир вақтлар хато.
Ишқнинг оташида куя ва куя
Билмабман бошимда борин не савдо.

Ҳар қадамда ҳар он вешвоз чиққувчи
Миллион тасодифни олдиндан кўриб,
Англаб қонунларнинг қанчадир кучи,
Муқаддас онтларнинг қобиғин ёриб,

Инонмай беқарор тақдир ҳукмига,
Аммо яшолмаган соат хаққи ҳам—
Дебман: — «Ҳеч не тенгмас ишқим азмига,
Севгим камолига етди, вассалом».

Севги — гўдак. Уни мен аёл атаб
Олдида гунохкор бўлибман, ажаб.

116

Йўқ, йўқ, икки қалбнинг қовушмоғига
Монелик қилмайман. Аммо хиёнат
Хазон келтиролмас севги боғига,
Фоний эмас, боқий ахир, муҳаббат.

Ишқ — довуллар узра маёқки равшан,—
Сўнмагай зулумот, туман қўйнида.
Севги бир юлдузки, денгизчи осон
У билан йўл топур уммон қўйнида.

Олов дудоқларнинг, ўт ёноқларнинг
Чўғин сўндиргувчи вақтнинг қўлида
Қўғирчоқ эмас ишқ. Қалдироқларнинг
Даҳшатидан қўрқмас у ўз йўлида.

Ноҳақ бўлсам, назмим алдаса агар,—
Унда муҳаббат ҳам, шеърим ҳам бекор!

117

Сендан кўрган жами эзгуликларга
Ҳеч парво қилмадим, бурчли бўлсам ҳам.
Гарчи боғлиқ эдим жами важ ила,—
Қутлуг остонангга босмадим қадам.

Васлинг онларини қадрламадим,
Уларни совурдим бегоналарга.
Тайинсиз елканлар элтдилар доим
На кошоналар, на вайроналарга.

Жами жиноятим — енгил турқимни
Муҳаббатим билан қўйиб ёнма-ён,—
Аёвсиз нигоҳ-ла ўқи ҳукмни,
Бироқ кўз қарашинг этмасин яксон.

Тўғри, гуноҳкорман, гуноҳим аммо
Исботлар севгингда қанчалик вафо

118

Иштаҳа очсин деб зира қўллаймиз,
Чучук оғзимизни ачитамиз гоҳ.
Заҳарланмай дея қалампир еймиз,
Бадбўйликни атай урчитамиз гоҳ.

Шундай, севгинг билан талтайганим пайт
Шодлик топдим аччиқ фикрлардан ҳам.
Ва ўзим ўзимга тўқиб-бичдим дард,
Шундан кучга тўлар азамат одам.

Ишқдаги шу қувлик бўлиб баҳона,
Ва тўқима офат хавфидан чўчиб
Охир хасталаниб қолдим ростмана,
Зиён кўрдим аччиқ дорилар ичиб.

Демак, ишқ билан ким оғриса агар
Ҳар қандайин дори унга марг, заҳар.

119

Ичдимми ё дўзах сувин, ё эса
Заҳарлади мени кўз ёши, фироқ?
Гоҳ хавотир, гоҳо умид чулғаса
Бойлигим дам яқин, дам қочди йироқ.

Фароғат чўққисин забт этганимда,
Бахтиёрлик чоғи қилдимми гуноҳ?
Қандай офат ларза солди танимга,—
Кўзим косасидан қўзғалди ногоҳ?

Лаззат бағишловчи о, ёвуз қудрат!
Асил нарсаки бор — тобланур ғамда,
Кул бўлиб тушгунча ёнган муҳаббат
Яна ҳам гўзалроқ яшнар оламда.

Сонсиз йўқотишлар оқибатида
Бадавлатроқ бўлдим бир неча марта.

120

Бераҳмлик қилган бўлса дилбарим,—
Бу менга сабоқдир. Тобланиб ғамда
Ўз айбимга тамом иқрорлик лозим,
Тош эмас, юмшоқ қалб бўлгач сийнамда

Ранжитиб мен қилган бўлсам жонсарак,
У ҳам ёнган бўлса дўзах ўтида,
Ўтган аламларнинг заҳрини, демак,—
Эслатмоқ ҳам энди мутлоқ беҳуда.

Майли, менга қайғу, изтироб туни
Худди ёргинамдай пушаймонликнинг
Шифобахш шарбатин келтирганимни
Эслатсиқ қисматда биз бўлайлик тенг.

Кечдим, ўтган бўлса неки синоат,
Сен ҳам кеч, ўртада — жазо ва роҳат!

121

Айбдор саналгунча айбдор бўлмоқ соз,
Жазодан кўра ҳам тухмат кўп эзар.
Шодлик йитар агар унга биз эмас,
Биздан четда баҳо берса ёт назар.

Қоним қайноқлигин кечирсин кандоқ
Золим, ёт кўзларнинг эгри нигоҳи?
Тўғри, гуноҳкорман, жосуслар, бироқ —
Айбим айбингизнинг эмас урвоғи.

Мен — менман, нуқсимни кавлаб сиз эса
Ўзикгизга мослаб ўлчаб кўрасиз.
Ахир мен тўғриман, ҳакам қўлида
Андазаси қийшиқ бўлгач — чорасиз...

Ёнбошида ёлғон кўрар у ҳакам,
Бад феълига бўҳтон доим мос экан!

122

Ёдгорликлар менга нечун? Доимо
Сенинг қиёфангни миямда омон
Сақлагум,— сув ўтмас қоғоздан аъло
Лавҳа ўрнатмоқ ҳам шарт эмас, инон.

Сен яшайсан жами тирик мавжудот
Чиришга юз тутган кунларга қадар,
Азиз хотирангнинг парчасин фақат
Қодир фано тўймас комига тортар.

Мумланган қабртош — эсдаликлар бил,—
Яшай олмагайлар бунчалик узоқ.
Асли, севган юрак ва ўткир ақл
Жамолингни сақлаб қолур тўлиқроқ.

Кимгаки севгидан буюм ёдгор,
Унинг хотираси, демак, беқарор!

123

Мақтанмагил, замон, ҳокимман дея.
Сен қайта тиклаган эҳром беқиёс
Янгилик эмас-ку, қадимий соя,
Қўҳна салобатнинг астари, холос.

Умримиз оз. Мафтун этасан бизни
Ағдарма эскини қилсанг ҳам кўз-кўз.
Аждодлардан кўриб-билганимизни
Ўзимиз яратиб қўйгандай шодмиз.

Эски-тускиларинг, ўзинг бир чақа.
Ўтмишда, ҳозирда нимангки аён,—
Ҳеч бири мени лол этмас мутлақо,
Ёлгонни тўқийвер йилма-йил, чаққон.

Хуллас, шу вақтгача турдимки, содиқ,—
Сенга қамти бориб ўзгармайман, йўқ!

124

Севгилим бўлсайдинг омад фарзанди,
Ҳуқуқсиз туғилган замоннинг қизи,
Тақдир гулчамбарин бериб арзанда —
Қилганида чангдай кетардинг тўзиб.

Севгилимни яратмади тасодиф,
Сўкир қисмат унга омаднинг қули
Бўлиб колмоқликни ҳукм этмади,
Ёки соврилмади кўкларга кули.

Омонат бахт топган кимсалар макри,
Дағдағаси уни чўчита олмас.
Уни ҳуркитолмас чақмок, кун нури,
У ўзининг улуғ йўлидан қолмас.

Ва бунга, эй аъён, ўзингсан гувоҳ,
Кимга ўлим афзал, яшаш-чи — гуноҳ.

125

Подшоҳнинг тожини бошида маҳкам
Сақлолсам кошкийди барқарор, боқий.
Вайроналардан ҳам қилиб мустаҳкам
Ўлмасликка замин қўёлсам ёки?

Ким ташқи дабдаба кетидан қувса,
Бор-йўғидан ажрар; — оқибатидан —
Чўчимай талтайса, пуч хаёл сурса,—
Оддий дид ҳам чиқиб кетар ёдидан.

Мен сенинг туҳфангни кутаман фақат.
Сен эса қабул эт оддий ризқ-рўзни,
У сенга насибдир мисли саховат,
Ўртамизда холис фидолик рамзи.

Васвасачи йўқол! Қанчалик юрак
Жафо чекса,— ҳукминг шунча паст, демак!

126

Кунимизни санаб турган вақт, замон -
Юкини кўтарган қанотли ўғлон-

Улғаясан, тасдиқлайсан меҳримиз
Ортган сари қисқарганин умримиз.

Табиат раҳмсиз бўлгунчи она.
Сени ўз изингдан қайтарар яна.

Сени эрмак учун сақлагайдир у.
Туғиб, лаҳзаларга боғлагайдир у.

Аммо, бекандан қўрқма у қадар,
Кунинг битгунча сенга раҳм этар.

Вақти етгач, ҳисоб қилар пайтда
Қўлингга паттангни  тутқазар шартта.

127

Нафосатга баҳо берилган чоғда
Чиройли саналмас эди қора ранг.
Ўзгаришлар пайдо бўлгач дунёда
Гўзалликка қора суртдилар қаранг.

Табиатда ранглар шундан сўнг, ҳайҳот
Алмашинди сунъий бўёқлар билан.
Сўнгги ҳуқуқидан маҳрум нафосат
Яшади бетайин ҳамда бемаскан.

Шу боис ёримнинг сим-сиёҳ бир тун
Сингари қорадир нигоҳи, сочи.
Гўзалликка қора юққани учун
Юргандай гўёки у аза очиб.

Шундай ярашдики, бу қора ёлқин,
Қора ранг қозонди гўзаллик хаққин.

128

Тору пардалардан кўтариб туғён
Сел этувчи куйлар чалсанг жарангдор,
О, менинг мусиқам, ишқингда сўзон —
Рашку ҳавас билан ўртанмоғим бор.

Хафаман, бир лаҳза узилгач садо
Пардаларга монанд чопар бармоғинг,
Момиқ қўлларингнинг кўйида адо,
Интизор бўлганча қолур дудоғям.

Вужуд-вужудимдан истардим, кошки
Куйдор пардаларга айланиб қолсам,
Нозик бармоқларинг билан ошиқиб
Чалсангу мени ҳам туғёнга олсанг.

Майли, пардаларга тегсин бармоғинг,
Менга кифоядир олов дудоғинг!

129

Шаҳвонийлик авжга чиқса,— нурайди
Соғлом руҳ қуввати, номус-ор қолмас.
Раҳмсизлик, қаҳр онгни ўрайди,
Маккорлик, телбалик зўраяр хуллас.

Қондими, бас,— нафрат орттиради ва
Таъқибдан бўшамай қолади мудом.
Кимки тузоғига ногоҳ илашса
Унутиш, оромдан маҳрумдир тамом.

Нодонлик ўзига ўзи терс ҳар дам,
У гоҳ ҳоким, гоҳо ҳокимлар унга.
Орзуси қувончдир, кўргани — алам,
Ўтмиши бир тушки ўхшар тутунга.

Шундоқку-я, ўша гуноҳкор бироқ
Қочармикин дўзах қаҳридан йироқ?

130

На кўзи юлдузга қилгудай қиёс,
На дудоғи лаълга ўхшаб кетади.
Елкалари оппоқ мармардай эмас,
Сочлари арқондай чуваб ётади.

Ёноғин шуъласи Дамашқнинг атир
Гулларига нисбат бергудай эмас.
Бадани шу оддий баданлардандир,
Бинафшанинг нозик баргидай эмас.

Мукаммал бир чизиқ топа олмайсан,
Айрича зиё йўқ вужудида ҳам.
Илоҳалар қандай юрар, билмайман,
Дилбарим босар лек ер узра қадам.

Бироқ барча сийқа қиёслардан у
Инсофан айтганда, устун келар-ку.

131

Ҳукм ўтказишни севасан, жоним,
Димоғдорсан ҳамма гўзаллар монанд,
Биласанки, сени сўқир ҳисларим
Азиз инъом каби баҳолар баланд.

Дермишлар: қорача қиёфанг мутлоқ
Арзимас севмоққа, қийнамоққа жон.
Мишмишларга қулоқ солмасман, бироқ
Ўзимча ҳал этгум — гувоҳим виждон:

Имонимни комил этмоқ-чун тамом,
Сафсаталарга ҳам қўймоқ учун чек,—
Онт ичай, рухсоринг жонимга пором,
Қора танинг гўзал қора сочингдек.

Қиёфангнинг қора экани сира —
Айб эмас, афсуски, қилмишинг қора!..

132

Сенинг кўзларингни севаман. Мендай
Мискин, хокисорга қилмишлар шафқат:
Рад этилган севгим туфайли атай
Мотам тутиб қора киймишлар фақат.

Шарқнинг оқ тонгдаги юзига ҳаргиз
Қуёш нури бўлмас бунча ярашиқ,
Сўнг шомни биз томон келтирган юлдуз
Ғарб уфқида ёнса мисли қорачиқ,—

Бунча балқий олмас, сочолмас зиё,
Тенг келмас видоли бу нигоҳингга.
Юрагинг ҳам тортса шунчалик жафо,
Мос келса азадор, майин чоғингга,

Уйлардим: нафосат — тундай қоп-қора,
Зулмат эса нурдай ёруг юз бора!

133

Лаънат сенга кўнглим, мени, дўстимни
Хиёнат каърида қилдинг дабдала.
Уйганларинг етмай менинг кўзимни,
Уни ҳам қийноққа этдинг мубтало.

Эй ёвуз, бу маккор қилмишинг ила
Жудо бўлдим учта мададкоримдан:
Инон-ихтиёрим қолмай бир йўла
Айрилдим ўзимдан, сендан, ёримдан.

Қуллик азобидан дўстимни қутқар
Ва амр эт уни мен авайлаб сақлай.
Тутқунликда ўзим чексам ҳам озор
Жонни гаров қўйиб уни мен ёқлай.

Илтижолар бекор. Сен — қора зиндон,
Нимаки бор — бари ичимда гумдон.

134

Демак у сеники. Энди тақдирим
Гаровдаги мулкка ўхшаб кетади.
Тоинки, у — менинг иккинчи «мен»им
Танҳо таскин бўлиб хизмат этади,

Аммо унинг ҳуши йўқдир, сенинг ҳам...
Таманг бор, бермайсан уни бировга.
У эса раҳмдил, сахийки, мудом
Розидир қўлингда қолса гаровда.

У менга кафилу ва сендан қарздор.
Шафқатсиз чиройинг амри-ла уни
Сен таъқиб этасан судхўрдай ғаддор,
Ёлғиз қолдирмоқчи бўласан мени.

Ўз эркин гаровга қўйган у телба
Қайтара олмади эркимни қўлга!

135

Исмим истак ила топганки, маъни,
Орзуда ўртаниб тун-кун ёнаман.
Ўтинаман, жо эт дилингга мени,
Жой олай жамики орзунг ёнидан.

Менинг орзуимга наҳот ўрин йўқ,
Азму ироданг-ку шунчалар чексиз?
Қарши олинар-ку орзулар илиқ,
Наҳот менинг орзум қолса ёт, ўксиз?

Эркин оққан чексиз уммонлар ичра
Жойлашгандай дайди ёмғир хотиржам,
Қалбингдаги сонсиз армонлар ичра
Бир қароргоҳ топсин менинг орзум ҳам.

Машъум «йўқ» билан кўп қилмагил жабр,
Қўлингда-ку орзу-ирода, ахир.

136

Тўскинлик килурми кўвглияг висолга?
Сен увга англатгил менинг отимни.
Исмим «Эрк»у «истак» эмас бекорга,
Эрк истаги асир этмас, айт, кимни?

Эрк ахир тўлдирар қалбнинг қатини
Яна қанча-қанча эркин ҳисларга.
Бир рақам — деярли нолнинг қадрини
Тўкинликда олинмайди эсларга.

Майлига, қадрим йўқ ададсиз сонда,
Сенинг эса бўлиб қолгум ёлғизинг.
Ўзгалар кўзига илинмасам-да,
Қадрласанг басдир, мени сен ўзинг.

Исмимга аввало меҳр қўй эзгу,
Мени севмоғинг ҳақ. Ахир мен — орзу!

137

Севги сўқир, сўқир этар бизни ҳам.
Кўриб турган нарсам кўринмас қурғур.
Гўзалликни кўргач ҳеч ажратолмам
Нимаси мақбулу нимаси қусур.

Нигоҳинг-ла қўзғаб дилда аланга,
Бағрида кўп кема эркин сайр этган —
Уммони азимга ташлабсан лангар, -
Не бўлур сен уни энди яйратсанг?

Нечукки, беқарор бир бекат менга
Кўриндийкин бўлиб қутлуғ хонадон?
Кўзларим кўрганин иикор этганда
Ростнинг чопонига чулғанмиш ёлғон.

Зулмат туюлганда ёруғ зиёдай,
Ёлғон қучоқламиш мени вабодай.

138

Ростгўйликда якка-ягонаман деб
Сен менга онт ичсанг —ишонгум ҳамон,
Гарчи мени думбул ўсмирдай қилиб
Лақиллатганингни билсам ҳам аён.

Маҳлиёлик билан ҳақиқатга зид
Ўзимни навқирон кўрсатмоқдаман.
Ўз-ўзимни алдаб, яшаб шу тахлит
Ростликдан сен каби кўп йироқдаман.

Алдаганингни сен айтмайсан тағин,
Ёшим улуғлигин тан олмоқ бекор.
Сохта ишонч билан обод ишқ боғи,
Кексаликда севиб йил ағдармоқ ор.

Мен алдайман, сенга йўлдошдир ёлғон,
Иккаламиз бундан мамнунмиз чунон!

139

Феъялигда пинҳонки ноҳақлик, ёлғон,—
Оқламоққа мажбур қилмоғинг бекор.
Ундан кўра синдир кучни куч билан,
Макр ила сен мени этма ярадор.

Ўзгани сев, аммо учрашган замон
Кўзларингни мендан олиб қочма ҳеч.
Ишқннг сақлагувчи кўксим беқалқон,
Киприкларинг гарчи яланғоч қилич.

Кўзларинг қудрати ўзингга аён,
Мендан нигоҳингни узиб, оқибат —
Ўзгаларнинг кўксин оларсан нишон,
Ки менга кўрсатмоқ бўларсан шафқат.

О, шафқатингни қўй! Нигоҳинг майли
Ўлдирса-ўлдирсин ишқим туфайли!

140

Золим Бўлганингдай оқил ҳам бўлиб
Қалбим ярасига туз сепма ҳамон.
Йўқса, сабр косам лиммо-лим тўлиб,—
Тортган азобларим кўтарур фиғон.

Мени севмасанг ҳам вужудим илит
Сохта севги билан чора топиб, сен.
Куни битган бемор узмас-ку умид,
Соғаймоққа мадад кутиб табибдан.

Қаҳринг оздиради мени ақлдан,
Сукутни бузаман — танда аланга.
Ҳар қандай миш-мишни эшитгани он
Ғаламис аъёнлар ёяр оламга.

Зероки, иснодга қолма, қил илож,
Тишни тишга қўйиб чиройингни оч!

141

Кўзларимни ошиқ этганинг йўқ, сен
Қусурингни улар кўрмишдир яққол.
Қалбим эса топмас сендан бир нуқсон,
Кўзга бўйсунмоғи шу сабаб маҳол.

Қулоғимга сўзинг хуш ёққани йўқ,
Нигоҳинг, овозинг ва қўлинг тафти
На диққат пардамга теголди илиқ,
Ва на идрокимдан шайдолик топди.

Аммо бу беш туйғу бирлашган маҳал
Ва ёлғиз ҳолда ҳам,— танҳо юракка
Уқтира олмагай — бу қуллик — ажал,
Ки унга гирифтор қалб ўзи якка.

Шу бир бахтсизликдан шодонман боқий,
Сен деб гуноҳкорман, сен деб дўзахий.

142

Севгим гуноҳимдир, ғазабинг жоиз.
Кечира олмайсан айбимни зинҳор.
Қиёс этилгандан қилмишларимиз —
Сен қарай олмайсан менга таънакор.

Ёки тушунасан дудоқларингнинг
Мени айбламоққа ҳаққи йўқлигин.
Улар қули бўлди алдоқларингнинг
Ва сақлай олмади гўзал, поклигин.

Ортиқроқ, гуноҳи борми ишқимнинг?
Мен сени севаман, кўнглинг ўзгада.
Нетар бахтсизликда есанг раҳмимни,
Яхшими, аъёнлар сени тергаса?

Босиб ётган бўлса кўксингни ғафлат,
Сен ҳам бошқалардан кутмагил шафқат!

143

Товуқ ё хўрозни тутмоқчи бўлиб
Боласини ерга қўяркан она,—
Югурар оёғин қўлига олиб,—
Гўдак қолаверар қилганча нола.

Бўйнини чўзганча қочади жонвор,
Эгасин нафаси тиқилар ичга.
Қувар илигида битса ҳам мадор,
Ҳаллослаб қолса ҳам дам олмас пича.

Шундоқ ташлаб кетдинг, мени, жонгинам,
Қувиб кетдинг тутқич бермас нарсани.
Гўдакдай излайман сени жавдираб,
Изтироб чекаман чорлаб ёр, сани.

Учағон орзунгга ета қол тезроқ,
Қолиб кетган ёрга қайта қол тезроқ,

144

Тақдир амри: қувонч, қайғу бағишлаб
Икки дўст, икки ишқ менга ҳукмрон.
Бири эркак, турар кўзлари чақнаб,
Бири аёл, боқар худди зимистон.

Ағдармоқ-чун мени дўзах қаърига
Иблис фариштани аврамоқ бўлар.
Илаштириб гўзал макруҳ бағрига
Шайтон либосига ўрамоқ бўлар.

Бу жангни кузатиб боргач доимо
Ҳайронман, ким енгар? Мужда кутмам кўп.
Менинг у дўстларим дўстки ўзаро,
Чўчийман фариштам дўзахийми деб.

Дўзахдами, йўқми — бўлгуси аён
Ҳайдаб чиқарилган, қувилган замон.

145

«Мен ёмон кўраман» — мана шу сўзлар
Жаҳл ичра ёрим дудоқларидан
Отилиб чиқди, оҳ... Аммо у дилбар
Зил кетганим пайқаб ёноқларимдан,—

Тилларини тишлаб қолди бир муддат,
Бу эрка тил менга шу пайтгачаким
Шивирлаган гоҳ ноз, гоҳида миннат,
Лекин ҳеч айтмаган шафқатсиз ҳукм.

«Мен ёмон кўраман»,— деса-да лаби
Ҳадя этар ўзи майин бир нигоҳ.
Меҳр билан боққач сўнди ғазаби,
Қора зимистонни ютди оч дўзах.

«Мен ёмон кўраман»,— яна ўша дўқ —
Қўшиб қўйди: «Сизни эмас, тасаддуқ».

146

Гуноҳли тупроқнинг мағзида қалбим,
Бетизгин ҳирсларга банди бўлиб сен
Руҳан қашшоқлашдинг, қийноқда қолдинг,
Ташқи безакларга исроф бўлдинг жўн.

Ижарага олган уйга сен, меҳмон,
Бунча бино қўйиб энтикмасанг, айт?
Ҳашаротга мерос қолиб бу макон
Заҳматларинг зое кетар-ку бир пайт?

Яйра қалбим, эркин-эркин нафас эл,
Чопагон кунлардан тўпла сен бойлик
Ва қозонгач аъло қисмат, истиқбол,
Бадавлат яшагил ғолибга лойиқ.

Ажалга ҳоким бўл шошқин ҳаётда,
У ўлсин, сен яша абадиятда.

147

Дарди бедаводир ишқим. Ҳеч қонмас,
Чанқоқ изтиробга қалбим гирифтор.
Бир вақт уни недир заҳарламиш, бас,
Ишқ ўша заққумни қўмсайди такрор.

Табиб ақлим ишққа топмишди даво,
Гиёҳларни ишқим рад этди бироқ.
Шўрлик ҳаким ҳолдан тойди мутлақо,
Мен — беморни ташлаб жўнади йироқ.

Шундан бери дардим қолди бедаво.
Қалбим ҳеч нарсадан ором топмайди.
Мададкор ақлдан бўлди-ю жудо —
Ҳисларим, сўзларим паришон, дайди.

Тафаккурсиз қолгач, менга кўп замон
Дўзах — жаннат бўлди, зулмат — нуристон!

148

Кўзимни қанчалар чалғитди ишқим!
Кўрганим рост келмас хақиқатга ҳеч.
О, наҳотки, сўниб кул бўлди ақлим,
Қаршисида яққол ҳодисалар пуч?

Кўзим қувонтирган нарса соз бўлса,
Нечукки, мен билан баҳслашар жаҳон?
Эътирозлар ҳақли эътироз бўлса,—
Демакки, севгининг кўзи ногирон.

Ким ҳақ? Бу жаҳонми, ё шайдо нигоҳ?
Хиралатар ошиқ нигоҳин кўз ёш,
Ювиб ўтмагунча кўкни қалдироқ
Чарақлай олмас-ку ҳаттоки қуёш.

Гуноҳларни кўздан пинҳон тутмоққа
Кўз ёшлари даркор маккора ишққа!

149

Бекор таъна қилдинг «севмайсан» дея.
Ўзинг айт, сен билан жангга киришиб
Қилмаяпманми мен сени ҳимоя?
Қурол ташладимми шунча урушиб?

Ёки дўстлашдимми ёвларинг ила,
Сен суйган нарсани суймадимми ё?
Бесабаб ранжитган чоғинг ҳам, сўйла,—
Гунохни ўзимга қўймадимми ё?

Ҳатто камситганинг билан ифтихор —
Этардим агар мен шунга арзисам.
Зулминг эзгуликдан афзалдир минг бор,
Киприк қоқишингда ҳал қисматим ҳам.

Менга нечун ёвсан, англадим, басдир,
Очиқ кўзлар ёқур сенга,— мен — басир

150

Мени заифликда сақламоқ учун
Сен қайдан оласан шунча бардошни?
Кўзимни ёлғонга мослайман ҳар кун:
Онт ичиб шуъласиз, дейман қуёшни.

Ёмондан эзгулик топиб ҳамиша,
Гунохли қудратнинг ҳукмронлигин
Ва қора ишларин эсламай сира,—
Севгига айланди меҳрибонлигим.

Ўзгаларда ғазаб уйғотган туйғу
Меҳр касб этади менинг сийнамда.
Ҳамма рад этгани — мен учун эзгу,
Ўзгалардай кўриб мени қийнама.

Нолойиқ кимсага фидо этса жон,—
Айрича севгига лойиқ у инсон.

151

Ёшлик ишқдай, билмас виждон таънасин
Гарчи муҳаббатнинг қизидир виждон.
Ва сен айбларимнинг очма пардасин,
Ва ё жавобгарсан, билки, шу важдан.

Сенинг аъмолингда ўзимни доим
Жўн, дағал ҳисларга этдим бахшида.
Танни айёрона қиздирди руҳим,
Ғолибликдан вужуд яйради жуда.

Номингни эшитган чоғи, ҳар қалай
Истагин қондирмоқ бўлар виждон-жон.
Турар маликанинг олдида қулдай,
Қайта йиқилмоққа тайёрдай ҳар он.

Ким ишқда йиқилган, қайта тикланган —
Бўлса англар виждон мулкини теран.

152

Биламанки, асли севгим гуноҳкор,
Жуфти ҳалолликни эса сен буздинг.
Муҳаббат онтини топтадинг такрор,—
Қўша хиёнатда айбдорсан ўзинг.

Аммо бу қўшалоқ хиёнатингни
Юзингга солмоққа бормидир ҳаққим?
Қасамхўрликда мен, айтсам ростини,—
Йигирма баробар осийман балким.

Қасам ичганман кўп покизасан деб,
Садоқатингга ҳеч келтирмадим шак.
Ёниқ кўзларимни атай кўр қилиб
Қусурларингни мен кўрмадим андак.

Онт ичдим, пок дедим ўзинг, сўзингни,
Оқибатда ҳаром қилдим лафзимни.

153

Мудрар эди ўрмон ичра Купидон*,
Қўлда ёниб турган машъалин шу тоб
Ўғирлаб олдию Нимфа** навқирон,—
Ирғитди ўйноқи анҳорга қараб.

Олов ўчди, аммо анҳор сувлари
Қайнаб, буғ чиқариб оқарди ҳамон.
Чўмилмоққа қанча бемор келарди
Мажолсиз танига ахтариб дармон.

У маккор муҳаббат тангриси эса
Севгилим кўзидан келтириб олов
Юрагимни ёқди, эмиш — тажриба
Кўп савдолар солди бошга бу синов!

У анҳор дардимга қўёлмас малҳам,
Ўша оғули кўз даво ҳали ҳам.

154

Ерга ташлаб ёниб турган машъалин
Ишқ тангриси ётди дарахт остига.
Мизғиб қолганини кўраркан, секин
Парилар тушдилар унинг қасдига.

Уларнинг ичидан битта ботири
Балокаш оловни олди-ю дарҳол
Калласидан муздек сувга ботирди,
Ғафлат босган тангри қолди беқурол

Сув эса биқирлаб қайнади бехос,
Бу сув даволади не-не беморни:
Муҳаббат дардидан бўлай деб халос
Мен хам излаб бордим ўша анҳорни.

Ишқ ўти сувларни этса ҳам қайноқ,
Ишқни совитолмас экан сув, бироқ.

 
СОНЕТ МУЛКИГА САЁҲАТ

Шекспир сонетларининг ўзбек тилига қилинган таржимаси хусусида сўзлашдан олдин, умуман, сонет хақида, унинг камоли тўғрисида тўхталиб ўтишни лозим топдик.
Сонетнинг пайдо бўлиши ҳақидаги дастлабки маълумотлар бизни XIII асрга — Италияга етаклаб кетади. Бу даврда Италияда адабиёт ва санъат ривож топган эди. Тахмин қилишларича, сонетнинг илк намунаси Сицилияда яратилган. Сонет бешигини тебратган улуғ даҳолардан бири Петраркадир. Петрарка сонетнинг олий намуналарини яратди. Петраркадан руҳланган Данте ва Микеланжело ҳам ажойиб сонетлар ижод этишган.
Сонет Ренессанс даврида Италияда катта шуҳрат қозонди. Сонет асосида романслар яратилиб базм кечаларида куйланди, катта анжуманларда сонет зўр иштиёқ билан ўқилди. Сонет муаллифларининг муборак номлари шеърпараст дилларга нақшланиб қолди.
Петрарка яратган сонет мактабининг шуҳрати аста-секин Европага тарқалди. Сонет Италиядан Францияга қадам қўйди. Францияда сонет, айниқса XVI асрда кенг қулоч ёйди. Сонет Ронсар ва Барро ижодида шеъриятнинг классик шакли сифатида қарор топди. Ронсар ва Варро яратган ажойиб сонетлар француз шеъриятининг ривожига сезиларли таъсир кўрсатди.
Сонет қадам қўйган учинчи мамлакат Англиядир. Инглиз сонетининг тамал тошини қўйган Уайатт ва Сиррей ҳаётдан жуда барвақт кетишди. Даниэль инглиз сонетига тароват бцхш этди. Кейинчалик навқирон Шекспир ҳам шу жанрга қўлурди.
Сонет аста-секин Германияга ҳам ўтди. XVII асрда М. Опиц, XIX асрда И. Гёте, Г. Гейне сонетда ўз қаламини синаб кўрди.
Россияда сонетнинг илк намунасини яратган шоир В. Тредиаковскийдир. У 1735 йилда Барронинг классик сонетини рус тилига таржима қилди. Кейинчалик А. Сумароков, Г. Державин, А. Пушкин, М. Лермонтов, А. Фет ва бошқа шоирлар ҳам латиф сонетлар яратишди.
Ўзбек совет адабиётида эса сонетнинг илк намунаси Усмон Носир қаламига мансубдир.
Хўш, сонет ўзи нима?
Сонет сўзи асли итальянча бўлиб, жарангламоқ деган маънони билдиради. Сонет эса ўн тўрт қаторли мукаммал шеър бўлиб, унинг ўзига хос қонуниятлари бор. Сонет икки қисмдан иборат бўлиб, унинг биринчи қисми икки катрендан (тўртликдан), иккинчиси эса икки терцетдан (учликдан) ташкил топади.
Сонетда қофиялаш шакли: катренлар учун икки оҳангдош қофия; терцетлар учун эса икки ё уч оҳангдош, катренлар қофиясидан фарқ қилувчи қофиялар. Сонет қофиялари ўта жарангдор, ўз шеърий шаклига мос, порлоқ ва оҳорли бўлмоғи лозим.
Сонетда ички композиция жуда катта роль ўйнайди. Сонетнинг ҳар бандининг ўзи тугалланган шеър бўлмоғи шарт. Сонетнинг биринчи катрени экспозиция бўлиб, ундан шеърнинг асосий мазмуни қарор топади, иккинчи катренда ана шу мазмун ривожлантирилади ва ўзининг юксак чўққисига олиб чиқилади. Ундан сўнг эса ана шу мазмун чўққисидан қуйига — унинг ечими сари ҳаракат қилинади. Биринчи терцетда ечим нишонга олинади, иккинчи терцетда эса тезкорлик билан ечим ўз нуқтасига етказилади ва сўнгги мисрасида ёрқин ифодасини топади. Бу сўнгги терцет юкланган мазмунига кўра сонет қулфи дейилади.
Сонетнинг ўзига хос, ниҳоятда мураккаб туркумий шакли борким, бу «сонетлар гулчамбари» дир. Сонетлар гулчамбари ўн беш сонетдан иборат бўлиб, 15-сонет «магистрал» ёки «гулчамбар» деб аталади ва ўзидан олдинги ўн тўрт сонетнинг биринчи мисрасидан тузилади. Сонетлар гулчамбари шоирдан улкан ихтиро ва маҳоратни талаб қилади. Яна сонет — достон мавжудким, бу шаклда эпик асар яратиш ниҳоятда мураккаб бўлиб, совет адабиётида деярли учрамайди.
Сонет баъзи ҳолларда шеър тузилиши талаб қилмаган пайтда (анафора, параллелизм) сўзларни ва фикрни қайтаришни ёмон кўради. Сонет шаклининг ўзига хос темир қонуни бўлса-да, баъзи шоирлар унга ўзгаришлар киритишга уриниб кўрдилар.
Сонетда чинакам инқилоб қилганлардан бири Шекспир бўлиб, унинг сонетлари уч тўртликдан ва хотимаси эса турлича эркин қофияли иккиликдан иборатдир.
Шундай қилиб, XVI асрда Англияда сонетнингянги бир шакли —инглиз сонети ёки замонавий сонет пайдо бўлди, Инглиз сонетида классик итальян сонетидан фарқли ўлароқ, биринчи катрендаги қофиялар иккинчи катренда такрорланмайди. Учинчи тўртлик ёки биринчи терцет ва иккинчи терцет ҳам алоҳида, ўзига хос равишда қофияланади. Сўнгги терцет сонет қулфи деб аталиб, асосий мазмун бу байтда ечилади.
Петраркага тақлид қилиб сонетлар ёзган Уайтт ва Сиррейлар инглиз сонети боғига ўтқазган ниҳоллар Ренессанс гуллаган даврда тўкин ҳосил берди. Эдмунд Спенсернинг совуқроқ, манзарадор сонетлари, Филипп Сидней ва Даниэлнинг теран туйғули гўзал сонетлари пайдо бўлди.
XVI асрнинг 90 йилларида сонет Англияда энг кўп тарқалган шеърий шакл бўлиб қолди ва минглаб сонетлар яратилди. Бу даврда сонет фақат саройнинг мартабали кишилари доирасида ёки «нозик санъат» билимдонлари даврасида машҳур бўлмасдан, балки оддий халқ орасига ҳам театр томошалари, романслар орқали бориб етганди.
Даниэлнинг 1592 йилда нашр қилинган сонетлар тўплами, айниқса ёш Шекспирга самарали таъсир кўрсатди. Шекспир тўқсонинчи йилларнинг бошларидаёқ сонет ёза бошлаган, деган эҳтимоллар ана шу таъсирнинг меваси бўлса керак. Шекспир биографияларининг айтишига кўра, шоир граф Саутгэмптоннинг саройига қатнаб турган. Итальян меъморлари, наққошлари ва моҳир усталарининг олтин қўли билан нақшланган бу саройда итальян мусиқаси янграб турган, эҳтимол Петрарка, Данте, Микеланжело сонетлари завқ билан ўқилган. Ана шу мусиқа кечаларида, сонет ўқилган фараҳли онларда Шекспир қалбини сонет сеҳрлаб қўйган бўлса ажабмас. 1599 йилда ношир Вильям Жаггорд Шекспирнинг икки сонетини босиб чиқарди. 1609 йилда эса ношир Томас Торп Шекспирнинг машҳур 154 сонетини алоҳида китоб ҳолида нашр этди. Шекспирнинг сонетлари нашр қилиниши билан уларнинг кимга бағишлангани хусусида қизгин баҳслар бошланиб кетди ва бу баҳс денгизи ҳамон тинган эмас. Шекспир сонетларини ўқиган ҳар бир киши ўзининг янги назариясини ўйлаб чиқараверди.
Кенг тарқалган фикрларга кўра, Шекспир сонетларида ҳаракат қилувчилар асосан уч шахсдан иборат: шоир, унинг дўсти ва «қорамағиз аёл». Шекспир биографларининг фикрига қараганда, биринчи ва тўқсон тўққизинчи сонетлар унинг дўстига қаратилган. Шекспир дўстликни энг юксак ва гўзал туйғу сифатида қадрлаган ва ўз сонетларида дўстини танҳоликдан воз кечиб, зурёд қолдиришга даъват этади, фақатгина инсондан қолган насл бешафқат замонлар тиғидан уни омон олиб ўтишига ишонади. Ўз қисматидан нолиган шоирга дўстига бўлган чексиз муҳаббат юпанч бағишлайди. Шарҳчилар таъбирича, 100-125 сонетлар ҳам яна ана шу дўстга бағишланган. Бу сонетларда тиниқ туйғулар эмас, балки шоирнинг янада ҳаяжонли, туманли ҳолати ўз аксини топган. 127-152 сонетларда шоир ва унинг дўсти ўртасига ҳижрон тиғини ташлаган «қорамағиз аёл» куйланади. Шоир бу аёлни кучли эҳтирос билан севади ва шу билан бирга ўзи ҳамда дўсти бошига солган изтироблари учун уни койийди. 153 ва 154 сонетлар эса, шарҳчиларнинг фикрича, шифобахш сувлар мадҳига бағишланган. Сонетлар тарҳига назар солинса, қандайдир бир тўртинчи шахс ғира-шира кўзга чалинади. Бу поэзия санъатидаги рақиб (80-сонетга қаранг, эҳтимол сўз Чепмэн хусусида бораётгандир). Қисқаси, такрор айтамизки, Шекспир сонетлари ҳақида энг кўп тарқалган таъбирлар ана шулардан иборат.
Бу фикрларни бир ёққа қўйиб, биз Шекспир сонетларининг мазмунига синчковлик билан назар солсак, улардан ёниқ туйғулар алангаси нафасимизга урилади. Бу сонетлар аслида икки шахсга қаратилмаган, балки бизга таржимаи ҳоли унча аниқ бўлмаган буюк драматург ва шоир ҳаётининг турли даврларини ўзида акс эттирган, деган тушунча ҳосил қилади.
Шекспир драмалари унга аллақачонлар шуҳрат тожини ато этган бўлса-да, сонетлардан бизнинг китобхонларимиз бебаҳра эдилар. Бу қутлуғ ишга С.Маршак қўл уриб, бизни хурсанд этди. С. Маршак инглиз тилини яхши билгани учун ҳам Шекспир сонетларини ўз оригиналидан рус тилига юксак маҳорат билан таржима қилди. Таржима борасида С. Маршак сонетларнинг сурати ва сийрати яъни ички мусиқаси, оҳанги, қофияларининг самимийлиги ва жарангдорлигига катта эътибор берди. Энг муҳими — сонетлар мазмунига путур етказмасдан, улардаги нозик туйғулар торини узмасдан, Шекспир кўнглига солган изтироблар алангасини сўндирмасдан таржима қилди.
Шекспир сонетлари рус шеърияти оҳангида жаранглаб, тез орада кўп миллатли совет халқларининг қутлуғ хонадонига ҳам кириб келди ва китобхонлар ўртасида катта обрў қозонди ҳамда қардош тилларга таржима қилина бошланди. С. Маршакнинг таржима соҳасидаги буюк хизматлари юксак такдирланиб, унга Ленин мукофоти берилди.
Ўзбекистонда ҳам Шекспир сонетлари севимли асарлардан бири бўлиб қолди, баъзилари эса таржима килинди. 60-йилларнинг ўрталарида, аниқроғи 1965—1966 йилларда М. Шайхзоданинг юксак шеърий маҳорати туфайли Шекспирнинг 11, 17, 18, 21, 22, 25 29-сонетлари ўзбек оҳангида янгради.
Бугун эса жуда қувончли воқеанинг гувоҳи бўлиб турибмиз: Шекспирнинг машҳур 154 сонетини истеъдодли шоиримиз Юсуф Шомансур ўзбек тилига эҳтирос билан таржима қилибди. Менинг назаримда, шеърни таржима қилмоқдан сонетни таржима қилмоқ икки баравар кийин. Чунки сонет шакли таржимонни бир оз чеклаб кўяди. Таржимон зарра бўлса-да, сонет мазмунига ва шаклига таҳрир киритиш ҳуқуқига эга эмас. Сонет таржимони энг аввало унинг мазмунини, ички мусиқаси ва оҳангини бузмаслиги керак, қофияларининг дилбар жаранги ўзининг тоза тарҳини йўқотмаслиги, образли иборалар гўзаллиги сақланмоғи даркор. Юсуф Шомансур Шекспир сонетларини таржима қилар экан, энг аввало ана шу русумга амал қилади.
Фикримизнинг исботи учун 19-сонетга бир назар солинг:

Шернинг панжасини қирқ, майли, замон,
Суғур қоплонларнинг қозиқ тишини.
Мавжудодни кул қил, майли қил тўзон,
Ўз қонида ёндир қақнус қушини.

Розиман, қоришсин фаслга — фасл,
Кўз ёшга — табассум, кулгига — йиғи.
Мени ва дунёни нима қилсанг — қил,
Аммо бир нарсага тегма бор-йўғи.

Тўмтоқ тиғинг билан тилма гул юзни,
Ёрим рухсорига солма ажин, из.
Ҳамма замон учун дилбарим ҳусни
Ибрат бўлиб қолсин ягона, тенгсиз.

Жамолига шафқат қилмасанг, замон,
Гўзаллиги қолур шеъримда омон.

Таржимоннинг маҳорати шундаки, ҳеч ким ушбу сонетни рус тилидан қилинган таржима деб ўйламайди, балки ўзбек тилида ёзилган сонет сифатида қабул қилади. Агарда уни рус тилидаги нусхаси билан қиёс қилинса, Юсуф Шомансурнинг таржимон сифатидаги шеърий санъатига тан беради. Чунки таржимон сонетнинг асл моҳиятини чуқур идрок этган ҳолда унинг бутун руҳиятини сақлаб қолади ва шекспирона куйлайди. Бу ўринда шуни айтиш керакки, Ю. Шомансур таржимаси асл нусханинг суррогати эмас, балки ўзбек шеъриятининг гўзал либосини кийган ажойиб сонетдир.
33-сонетда эса қуёш нурларининг тоғ чўққиларига аста-секин зумрад ўтлоқларга, сўнгра эса «сувлар симоби» юзига ҳаракати ниҳоятда аниқлик билан тасвирланган:

Кузатдим: субҳидам чиққанда қуёш
Тоғларнииг бошини силаб, эркалар.
Сўнг зумрад ўтлоққа жилмайиб нурпош
Сувлар симобига юргизади зар.

65- сонетда эса санъат асарига кўз югуртирган пайтда нигоҳнинг ҳаракатини тасвирловчи сўзлар тартиби кишини ҳайратга солади. Мис (ҳайкал), тош (шосупа) замин, денгиз ва унга гўзалликнинг нозик тимсоли — гул қиёс қилинган! Шекспирда ҳам, Маршакда ҳам биринчи банднинг сўнгги мисраси «гул» сўзи билан тугалланади.
Бу ерда ташқи манзара ички ҳаракат билан шартли равишда мослаштирилган. Шу сабабдан Юсуф Шомансур ҳам ушбу манзарага қатъий амал қилади ва уни ўзидай сақлаб қолишга муяссар бўлади.

Фурсати етганда замину денгиз,
Мису темир кулга айлангай буткул,
Қандоқ бардош берар ўлимга ҳаргиз,
Сенинг гўзаллигинг — ночоргина гул?

Ёки — 130-сонетнинг тиниқ ва шодон мусиқасига эътибор беринг:

Илоҳалар қандай юрар, билмайман,
Дилбарим босар лек ер узра қадам.

154-сонетнинг сеҳрнок манзараси ва қофияларининг жарангдорлиги кишини ўзига мафтун этади:

Ерга ташлаб ёниб турган машъалин
Ишқ тангриси ётди дарахт остига.
Мизғиб қолганини кўраркан, секин
Парилар тушдилар унинг қасдига.

Уларнинг ичидан битта ботири
Балокаш оловни олди-ю дарҳол
Калласидан муздек сувга ботирди,
Ғафлат босган тангри қолди беқурол

Сув эса биқирлаб қайнади бехос,
Бу сув даволади не-не беморни:
Муҳаббат дардидан бўлай деб халос
Мен хам излаб бордим ўша анҳорни.

Ишқ ўти сувларни этса ҳам қайноқ,
Ишқни совитолмас экан сув, бироқ.

Шекспирнинг ёниқ нафасини ўзбек китобхонига етказишда Юсуф Шомансур қутловга лойиқ иш қилди. Чунки Шекспир сонетларида хам буюк драматург тимсолида намоён бўлади. Шекспиршуносларнинг фикрига қараганда, унинг сонетлари кўпинча монолог оҳангида ёзилган. Ўша даврда яратилган кўпгина сонетларда йиғлоқи севги оханги ҳукмрон эди. Шекспир сонетлари эса унинг бошқа асарларига ҳам ҳамоҳангдир. Сонетларнинг баъзи мавзу ва образлари Шекспир пьесаларида учрайдиган мавзу ва образларга қоришиб кетган. Буюк гуманист Шекспир танҳоликни севмас, ҳаётдан узлатда яшашни ёмон кўрар эди. Шунинг учун ҳам у севги, дўстлик, садоқат, мангулик ҳуқуқи учун инсонни ўлим билан курашишга даъват этган сонетларида ҳам буюк гуманист бўлиб қолади. Шекспир сонетлари фақатгина ёниқ туйғулар, эхтирослар инъикоси эмас, балки ақлу идрок, бой фикр ва мушоҳада маҳсулидир. Шу томони билан Шекспир сонетлари ўз замондошлари сонетларидан тубдан фарқ қилади. Шекспир сонетлари ҳаётни севишга, ундан баҳра олишга, зурёд қолдиришга ундайди. Унинг бутун ижодидек сонетлари ҳам инсонни олға келажакка даъват этади. Чунки инсон насли унинг ижоди бўлганидек, инсон ижоди ҳам унинг насли бўлиши эҳтимолдан холи эмас, деган тушунча сонетлар қон томирига сингдирилган.
Шекспир сонетлари таржимаси билан танишиш борасида баъзи бир қусурларга кўзим тушди. Ваъзи сонетларда мазмундан бир оз чекиниш ҳоллари, оҳанг ва қофиядаги сакталик, сўз танлаш жараёнидаги ғализликлар маҳорат билан қилинган таржималарга соя солиб турибди. Лекин бу Шекспир сонетларини таржима қилишдаги дастлабки уриниш бўлганидан ҳар қандай таржимон фаолиятида рўй бериши мумкин бўлган табиий бир хол, деб ўйлайман. Чунки ҳар бир шоир Шекспир сонетларини ўз истеъдоди даражасида таржима қилиши мумкин.
Менга сонет соҳасидаги йигирма йиллик тажрибамдан шу нарса аёнки, Шекспир сонетларининг таъсири бўлса керак, айниқса, кейинги йилларда кўп миллатли совет адабиётида сонет билан шуғулланувчи шоирлар сафи анча кенгайди. Қардош халқлар тилларида яратилган сонетлар рус тилига таржима қилиниб, китобхонлар оммасини ўзига жалб этмоқда. Ўзбек шеъриятида ҳам сонет кенг қулоч ёймоқда. Бу эса сонет жанрининг барча замонлар ва халқлар учун бирдек хизмат қилишини кўрсатиб турувчи далилдир.
Ажойиб шоир ва олим Юсуф Шомансур буюк Шекспирнинг сонетларини ўзбек тилига таржима қилиб, янги ижодий поғонага кўтарилди ва маданиятимизнинг олтин хазинасини бойитишга улкан ҳисса қўшди.

Тошкент, 18 март 1978 йил.
БАРОТ БОЙҚОБИЛОВ

ИЗОҲЛАР

148-бет
* 126-сонетнинг айрим мисраларини оригиналда тиклаш имкони бўлмаган деган тахминлар бор.

159-бет
* 135- ва 136-сонетлар сўз ўйинига қурилган. Шоир исмининг қисқарган шакли «Wull», «William» («Вильям»дан) истак (орзу) ва ирода (эрк)ни билдирувчи сўзлардай ёзилади ва ўқилади (автор изоҳи).

179-бет
* Купидон — мифология шеъриятида муҳаббат худоси (тарж.)
** Н и м ф а — юнон мифологиясида табиатнинг турли-туман кучларини ифода қилган иккинчи даражадаги худо (тарж.).




МУНДАРИЖА

Сонетлар
Барот Бойқобилов. Сонет мулкига саёҳат
Изоҳлар

Qayd etilgan