Дўстлар зиёрати
Маълумки, динимиз таълимотларида мўминларнинг ўзаро дўст ва биродар бўлишлигига тарғиб қиланди. Хусусан Қурони каримда дўстлик ҳақида шундай баён қилинган.
وَالْمُؤْمِنُونَ وَالْمُؤْمِنَاتُ بَعْضُهُمْ أَوْلِيَاء بَعْضٍ يَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَيُقِيمُونَ الصَّلاَةَ وَيُؤْتُونَ الزَّكَاةَ وَيُطِيعُونَ اللّهَ وَرَسُولَهُ أُوْلَـئِكَ سَيَرْحَمُهُمُ اللّهُ إِنَّ اللّهَ عَزِيزٌ حَكِيمٌ
Яъни: “Мўмин эркаклар ва мўмина аёллар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрарлар, ёмонликдан қайтарарлар, намозни тўкис адо этарлар, закотни берарлар ҳамда Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қиларлар”. (Тавба. 71)
Демак дўстлик шунчаки улфатчилик эмас, ўзига яраша шарт ва масъулияти бўлган олийжаноблик экан. Дўстликни даъво қилган инсон дўстини яхшиликка ундаб туриши, агар гуноҳга ружуъ қўйган бўлса, уни ташлаб кетмаслиги, балки гуноҳдан қайтариши лозим. Акс ҳолда дўстликдан маъно йўқдир. Чунки дўст танамизнинг аъзосидир. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Мўминларнинг бир-бирларига бўлган дўстликлари, раҳмли бўлишлари ва мeҳрибонликлари худди жасадга ўхшайди. Агар ундан бирор аъзо оғриса, жасаднинг бошқа (аъзолари) бeдор бўлиб, иситмага мубтало бўлади», дeганлар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари)
Дўстлик ҳақида имом Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ “Бўстонул орифин” асрида ёзади:
Биродар ва дўстларни зиёрат қилиш яхши ва бу савобли ишдир. У билан дўстлик зиёда бўлади. Абу Умома Боҳилий:
"Бир мил юриб касални зиёрат қил, икки мил юриб Аллоҳ йўлидаги дўстингни зиёрат қил, уч мил юриб икки кишининг орасини ислоҳ қил", дедилар.
Мазкур асарда дўстга ҳурмат кўрсатиш, ўз навбатида дўст ҳам илтифотдан юз ўгирмаслиги кераклигига далил бор. Ториқ ибн Абдураҳмон ҳикоя қилади:
"Шаъбий ҳузурида ўтирган эдим, унинг олдига Фалон ибн Жарир келган эди, унга ёстиқ ташлади, у ўтирди-да:
"Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам):
"Сизларга бирор қавмнинг улуғи келса, уни ҳурмат қилинглар", деб айтганлар" деди”.
Абу Жаъфар айтади:
"Али ибн Абу Толибга (розияллоҳу анҳу) кўрпача тўшадим, унга ўтирдилар-да:
"Ҳурматдан фақатгина эшак бош тортади", дедилар".
Шунингдек ким билан дўстлашиш ҳақида бир донишманднинг ўғлига қилган насиҳати ибратлидир:
«Эй ўғилчам, беш тоифа инсонлардан ташқари хоҳлаганинг билан дўст бўл, аммо беш киши билан дўст бўлишдан сақлан. Ёлғончини дўст тутма, чунки ёлғончининг сўзи сароб каби яқинни узоқ, узоқни яқин кўрсатади. Аҳмоқни дўст тутма, чунки у сенга фойда бераман деб зарар келтиради. Тамагирни дўст тутма, чунки у сенга эйимлик ва ичимликни сотади. Бахилни дўст тутма, чунки бахил сенга керак бўлганда ёрдамини бермайди. Қўпол билан дўстлашма, чунки у сени ҳам, ота-онангни ҳам сўкади. Қўполлик қилаётгани эса, унинг хаёлига ҳам келмайди".
Дўстлар зиёрати учун қандай савоб борлиги ҳақида Абу Ҳомид Ғаззолий ёзади:
Узоқ жойда яшайдиган диний биродарини, қиёматли дўстини кўрмоқ учун кетаётган киши билан боғлиқ воқеани Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) баён қиладилар:
«Бир киши узоқ жойдаги уxровий қардоши — қиёматли дўстини зиёрат этгани кетаётганида Аллоҳ бир фариштани унга дуч қилди. Фаришта унга:
— Йўл бўлсин! — деди.
— Фалон қишлоқда қиёматли дўстим бор. Унинг ҳажга кетаётганини эшитиб, зиёратига боряпман, — деди у киши.
— Сенга ундан бир манфаат борми, бу қадар узоқ йўл азобини тортиб кетяпсан? — деди фаришта.
— Ҳеч бир манфаат йўқ, фақат Аллоҳ ризоси учун яxши кўраман ва шу учунгина кетяпман, — деди киши.
— Эй, одам! Ҳеч шубҳа қилмагайсан, сен қиёматли дўстингни қанчалик севсанг, Аллоҳ ҳам сени шунчалик севади! — деди фаришта ва кўздан ғойиб бўлди”.
Бир ишни Аллоҳ Ризоси учун қилганни Аллоҳ жавобсиз ташлаб қўймайди ва муҳаққаҳ ўша қулини севади! (Эй, фарзанд. зиёуз.сом кутубxонаси)
Шаҳобиддин Парпиев. Асака туман бош имом хатиби