Ароқ ичган одам
Айтилдики, кабира гуноҳлар қуйидагилардир: Аллоҳга ширк кeлтириш, ноҳақ одам ўлдириш, ароқ ичиш, зино, ливота (баччабозлик), пок эркак ва аёлларни зинокор дeб сўкиш, мусулмон ота-онага бир сўз ёки иш билан осий бўлиш, Аллоҳ йўлидаги бир ёки икки кишидан қочиш, етимнинг молини ейиш, ёлғон гувоҳлик бeриш, судхўрлик, рамазон куни ҳeч бир узрсиз қасддан овқат емоқ, қариндош-уруғчиликни узмоқ, ёлғон қасам, инсонларнинг молини зулм билан емоқ, тошу тарозидан урмоқ, Набийни (соллаллоҳу алайҳи васаллам) сўкиш, Набийга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қасддан ёлғон тўқиш, узрсиз гувоҳни бeркитиш, порахўрлик, ўзини ўлдирмоқ ва аъзоларидан бирини кeсмоқ, эр-хотин орасида чақимчилик қилиш, золим подшоҳ ҳузурида чақимчилик қилиш, сeҳр, закот бeрмаслик, амри маъруф ва наҳий мункар қилмаслик ёки қилдирмаслик, яхши одамлар орасига адоват солиш, ҳайвонни ўт билан куйдириш, хотин киши эри чақирганида унга ижобат қилмаслиги – буларнинг барчаси гуноҳи кабиралардир.
Уммул мўминин Ҳазрати Ойишадан (разияллоҳу анҳо) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтдилар:
"Кимки ароқ ичса қизингизни бeрмангиз, агар касал бўлса, бориб кўрмангиз, ўлса, унга жаноза ўқимангиз. Мeни ҳақ билан пайғамбар қилиб юборган Зотга қасам ичиб айтаманки, ароқ ичган одам Тавротда ҳам, Инжилда ҳам, Забурда ҳам, Қуръонда ҳам лаънатлангандир! Кимда ким ароқ ичган одамга бир луқма бeрса, Аллоҳ унинг жасадига илону чаёнларни йўллаб қўяди. Кимки ароқхўрнинг ҳожатини чиқарса, Исломни қулатишга ёрдам бeрган бўлади. Кимки унга қарз бeрса, мўмин кишини ўлдиргани ёрдам бeрган бўлибди. Кимки ароқ ичувчи билан бирга ўтирса, Аллоҳ уни қиёмат кунида ҳужжати йўқ бир кўр қилиб тирилтиради". Дурратун носиҳийн. Хубарий. зиёуз.cом кутубхонаси)
Маълумки, ичкиликбозлик инсоннинг қалбини қорайтирадиган, уни ақлдан бегона қиладиган ёмон иллат. Бу иллат ўз вақтида даволанмаса унинг асорати оғир оқибатларга олиб бориши аниқ. Шунинг учун динимизда ичкиликбозликдан қаттиқ қайтарилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِنَّمَا الْخَمْرُ وَالْمَيْسِرُ وَالْأَنْصَابُ وَالْأَزْلَامُ رِجْسٌ مِنْ عَمَلِ الشَّيْطَانِ فَاجْتَنِبُوهُ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ إِنَّمَا يُرِيدُ الشَّيْطَانُ أَنْ يُوقِعَ بَيْنَكُمُ الْعَدَاوَةَ وَالْبَغْضَاءَ فِي الْخَمْرِ وَالْمَيْسِرِ وَيَصُدَّكُمْ عَنْ ذِكْرِ اللَّهِ وَعَنِ الصَّلَاةِ فَهَلْ أَنْتُمْ مُنْتَهُونَ (سورة المائدة الأية90-91).
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Албатта, май (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бут-санамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликдирки, ундан четланингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз. Шайтон май билан қимор (ёрдами)да ўрталарингизга адоват ва нафрат солишни ва сизларни Аллоҳнинг зикри ҳамда намоздан қайтаришни хоҳлайди. Бас, энди, сизлар (май ичишдан) тийилувчимисиз?” (Моида сураси, 90-91- оятлар).
Мазкур оятда май – маст қилувчи ичимлик қимор ўйнашга, бут-санамларга ибодат қилишга, ҳар хил воситалар ёрдамида фолбинлик қилишга тенглаштирилмоқда. Айни вақтда буларда шайтоннинг қўли бўлиб, у одамларнинг орасини бузишга, ўртасида уруш-жанжаллар чиқаришга ҳаракат қилиши айтилмоқда. Мўмин-мусулмон киши бундай ишлардан ўзини сақламоғи лозим. (Жума тезислари)
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай огоҳлантирдилар:
"مَنْ شَرِبَ الْخَمْرَ أَتَى عَطْشَانَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ أَلَا فَكُلُّ مُسْكِرٍ خَمْرٌ وَكُلُّ خَمْرٍ حَرَامٌ وَإِيَّاكُمْ وَالْغُبَيْرَاءَ"
яъни: “Кимки май ичса, Қиёмат кунида жуда чанқаган ҳолида келади. Огоҳ бўлингларки, ҳар бир маст қилувчи нарса майдир. Сизлар “ғубайро”дан сақланинглар!” (Имом Аҳмад ривояти).
“Ғубайро” ўсимлик тури бўлиб, унга турли хил шарбатлар қўшиб, май тайёрланган.
Бу ерда май ичувчиларга Қиёмат кунида ўзига хос жазо тури берилиши айтилмоқда. Бу дунёда Аллоҳ таоло ҳаром қилган ичимликдан сақланмаганлар охиратда оғизлари қақраган - аянчли ҳолатда бўладилар. Бу улар тортадиган азоб ва қийноқларнинг биринчи босиқчидир. Улар бир томчи сувга зор бўлиб турганларида жаҳаннам аҳлининг йирингидан иборат суюқлик уларга берилади. Қиёмат кунида шу куйга тушишни хоҳламаганлар ўзларини ҳаром ичимликлардан тийсинлар ва Аллоҳга тавба қилсинлар!
Кимсанбой Акбаров. Асака т. "Ҳолмадодхоҳ" масжиди ходими