Maʻrifiy maqolalar  ( 118219 marta o'qilgan) Chop etish

1 2 3 4 5 6 7 8 ... 26 B


MirzoMuhammad  25 Iyun 2014, 20:46:17

المنافق في الاصطلاح الشرعي هو الذي يظهر غير ما يبطنه ويخفيه، فإن كان الذي يخفيه التكذيب بأصول الايمان فهو المنافق الخالص وحكمه في الآخرة حكم الكافر وقد يزيد عليه في العذاب لخداعه المؤمنين بما يظهره لهم من الإسلام قال تعالى: {إن المنافقين في الدرك الأسفل من النار} وإن كان الذي يخفيه غير الكفر بالله وكتابه ورسوله وإنما هو شيء من المعصية لله فهو الذي فيه شعبة أو أكثر من شعب النفاق
Шариатимиз истилоҳига кўра мунофиқ деб ботиний ва махфий ҳиссиётларининг аксини изҳор қилгувчи кишига айтилади. Агар кўнглида беркитган ёлғони имон усули бўйича бўлса у одам ҳақиқий холис мунофиқ бўлади. Унинг охиратдаги ҳукми кофир ҳукмида бўлади. У мўминларни алдаб ёлғондан Ислом зоҳир қилганлиги учун азоб зиёда бўлади.
Унинг беркитгани Аллоҳга, Унинг Китобига ва Расулига кофирлик бўлмасдан, осийлик нарсалари бўлса, унда мунофиқлининг бир ёки бир неча шўъбаси бор бўлади.
Сайдулло ИСМОИЛОВ. Асака тумани
Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  02 Iyul 2014, 13:03:55

ТИЛАНЧИЛИК
Одамлар гавжум бўладиган жой борки, турли ёшдаги соиллар – тиланчилар пайдо бўлади. Аёллар, эркаклар, қарилар, ёшлар, болалар...
Тиланчиларнинг оиласи шуни талаб қилади шекилли, нонни “нанна” дейдиган норасидалар ҳам билганича ҳунарини кўрсатади.
Бу нима, ҳақиқатан етишмовчиликми ёки текинтомоқликми?
Шариатимиз аҳкомларига кўра бугунга егулиги бор кимсанинг тиланчилик қилиши – ҳаром. Бугунга етгулик егулиги бўлмаган кимсанинг тиланчилик қилиши – мубоҳ. Бисотида ҳеч нарса йўқ. Бировдан сўрамаса ҳалок бўлиш хавфи бўлса вожибга айланади.
Бироқ бугунги “бечораҳолларимиз”да биринчи шартдан бошқаси кўринмайди. Уларнинг дийдиёсини эшитсангиз...
Аллоҳга шукрлар бўлсинки, тўкин-сочин замонда яшаяпмиз. Катталарнинг айтишларича ҳам, китобларда кўришимизга қараганда ҳам бунчалик серобчилик яқин тарихларда кўрилмаган. Қадимда эса Худо билади.
Озгина ҳаракат қилса, қорин тўяди. Яна озроқ машаққатдан эринмаса, бошқа харажатлар ҳам битади. Ишнинг кўзини излаб тадбиркорлик қилса, бошқаларга ҳам манфаъати етади. Шундай экан, тиланчилик қилишдан ор қилиш керак. Айниқса билагида қуввати бор йигитлар эшикма-эшик юришлари жуда ҳам ор қиларли иш.

Маҳмуджон АБДУРАҲИМОВ. Асака

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  02 Iyul 2014, 13:26:12

ТИЛАНЧИЛИК ВА ЎТИН СОТИШ
Тўғри, динимизда ҳақиқатан ҳам текинхўрлик ва тамбаллик қораланади. Ҳатто Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз дуоларида дангасаликдан паноҳ сўраганлари бор. Шунингдек тиланчиликдан қайтарганлар.
Жумладан ансорлардан бир киши келиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан егулик сўрганларида:
-   Уйингда бирор нарса йўқми? – деб жавоб берганларлар. Ансорий:
-   Намат бор – бир қисмини ёпиниб, бир қисмини тагимизга тўшаймиз. Яна бир дона коса бор – сув ичиб турамиз, – деб жавоб берди.
-   Уларни менга олиб кел, – дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам. Олиб келгач қўлларига олиб туриб:
-   Мана буларни ким сотиб олади? – дедилар.
-   Мен бир дирҳамга сотиб оламан! – деди бир киши.
-   Мен икки дирҳамга сотиб оламан! – деди бошқаси.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўшанга сотиб икки дирҳамни олдилар ва ансорийга бериб:
-   Бир дирҳамга аҳлинг учун егулик сотиб ол, яна бир дирҳамига эса болта сотиб олиб менга олиб кел, – дедилар. Олиб келган эди Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари унга ёғочдан соп қилиб бердилар. Сўнг:
-   Бор, ўтин қил. Ўн беш кунгача мен сени кўрмай! – дедилар. Ансорий Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айтганларини қилди. Бу вақт мобайнида ўн беш дирҳам фойда қилиб, бир қисмига озиқ овқат, қолганига кийим кечак сотиб олди.
-   Мана бу ишинг қиёмат кунида сўраганларинг юзингга доғ бўлганидан кўра яхшироқдир, – дедилар Сарвари коинот саллаллоҳу алайҳи ва саллам.

Бахтиёржон ХАЙИТБОЕВ. Асака тумани. Мулла Абдулазиз жомеъ масжиди имом хатиби
Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  10 Iyul 2014, 04:48:09

МУНОФИҚЛАР ЁМОНЛИККА БУЮРУР
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Тавба сурасининг 67-оятида уларни шундай таърифлаган:
الْمُنَافِقُونَ وَالْمُنَافِقَاتُ بَعْضُهُم مِّن بَعْضٍ يَأْمُرُونَ بِالْمُنكَرِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمَعْرُوفِ وَيَقْبِضُونَ أَيْدِيَهُمْ نَسُواْ اللّهَ فَنَسِيَهُمْ إِنَّ الْمُنَافِقِينَ هُمُ الْفَاسِقُونَ
“Мунофиқ эркаклар ва мунофиқ аёллар ҳаммалари бирдирлар, ёмонликка буюрарлар, яхшиликдан қайтарарлар ва қўлларини маҳкам юмарлар. Аллоҳни унутдилар, бас, У ҳам уларни унутди. Албатта, мунофиқлар–улар фосиқлардир”.
Атрофидаги инсонларни ёмон ишларга буюргувчилар ўзларининг кимлигини шу оятдан билиб олсалар бўлади.
Гарчи улар дунёда ўзларининг разилликлари ила роҳатлансалар-да, одамларни тўғри йўлдан уриб фаҳш ва маъсият ишларга чорлаб ўзларича бир мунча мақсадларига етгандек бўлсалар-да, Аллоҳ таоло Ўзи ҳидоят қилиб қўйган бандалар барибир ҳидоятда бўлаверадилар. Бироқ ундай ва мунофиқ ва фосиқларга Аллоҳ таолонинг ваъдаси ушбудир:
وَعَدَ الله الْمُنَافِقِينَ وَالْمُنَافِقَاتِ وَالْكُفَّارَ نَارَ جَهَنَّمَ خَالِدِينَ فِيهَا هِيَ حَسْبُهُمْ وَلَعَنَهُمُ اللّهُ وَلَهُمْ عَذَابٌ مُّقِيمٌ * كَالَّذِينَ مِن قَبْلِكُمْ كَانُواْ أَشَدَّ مِنكُمْ قُوَّةً وَأَكْثَرَ أَمْوَالاً وَأَوْلاَداً فَاسْتَمْتَعُواْ بِخَلاقِهِمْ فَاسْتَمْتَعْتُم بِخَلاَقِكُمْ كَمَا اسْتَمْتَعَ الَّذِينَ مِن قَبْلِكُمْ بِخَلاَقِهِمْ وَخُضْتُمْ كَالَّذِي خَاضُواْ أُوْلَـئِكَ حَبِطَتْ أَعْمَالُهُمْ فِي الُّدنْيَا وَالآخِرَةِ وَأُوْلَئِكَ هُمُ الْخَاسِرُونَ
“Аллоҳ мунофиқ эркакларга, мунофиқ аёлларга ва кофирларга жаҳаннам оташини ваъда қилди. Унда абадий қолурлар. Ўша улар учун етарлидир. Ҳамда Аллоҳ уларни лаънатлади. Уларга доимий азоб бордир. Ўзингиздан аввалгиларга ўхшайсиз. Улар сизлардан кўра қувватлироқ, молу дунё ва бола-чақалари кўпроқ эдилар. Бас, ўз насибалари ила маза қилдилар, ўзингиздан олдингилар насибалари ила маза қилганларидек, сиз ҳам ўз насибангиз ила маза қилдингиз. Улар шунғигандек, сиз ҳам шунғидингиз. Ана ўшаларнинг амаллари дунёю охиратда ҳабата бўлди. Ана ўшалар, ўзлари зиён кўргувчилардир”. (Тавба. 68) (Худо сақласин!)

Баҳодиржон СУЛАЙМОНОВ
Асака
Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  07 Avgust 2014, 21:53:02

بسم الله الرحمن الرحيم* الحمد لله رب العالمين* والصلاة و السلام على سيدنا محمد و على آله  و أصحابه و أتباعه أجمعين* ربِّ  زدني عـلمـًا*
СИЗ ТАЛАБА БЎЛДИНГИЗ
   
Бугунги кунда она юртимизнинг қай томонига юзланманг, кўркам қад кўтарган илм даргоҳларига кўзингиз тушади. Бу даргоҳларда қанча-қанча келажагимиз куртаклари ниш отмоқдалар. Имом Бухорий, имом Термизий, имом Мотуридийлар, Самарқандий, Насафий, Бурҳониддин Марғилонийлардек, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, ал-Хоразмий, ал-Фарғоний, Мирзо Улуғбеклар каби забардаст алломалар юртининг фарзандлари яна аждодлари изига интилмоқдалар. Қай соҳада бўлмасин илмга интилиш бор. Майли у олим бўлсин, зиёли бўлсин, ходим бўлсин ёки ишчи бўлсин –маърифатли бўлмоғлик бугунги кун талаби бўлиб бормоқда. Чунки илм икки дунёнинг бахту-саодатига олиб боргувчи асосий омилдур.   
   Илм – зиё, жаҳолат эса зулуматдур. Инсон қачонки илм йўлини маҳкам тутса дунё ва охиратнинг бахту саодатига етишига имкон топган бўлади. Башарият илм йўлини тутиб ҳамиша юксалиб борган. Қайси жамиятда илмга эътибор бўлса  тараққий топиши юқори даражага кўтарилади. Бу ҳақиқат тарихда ҳам кўрилган, ҳозир ҳам шундай. Юртимизда билим даргоҳлари кўпайиши тарққиётимизнинг гарови десак  муболаға бўлмагай.
   Илм одам фарзандининг мартабасини кўтариб бошқа махлуқотлардан устувор этиши “Таълимул-мутаъаллими” китобида чиройли тарзда баён этилган:
“Илмнинг инсоният билангина хосланиб шарафли (мақом касб этиши) экани ҳеч кимга сир эмас. Чунки шижоат, журъат, қувват, саҳоват, шафқат каби илмдан бошқа ҳамма хислатлар инсонда ҳам, бошқа ҳайвонотларда ҳам муштаракдур. Аллоҳ таоло илм билангина Одам алайҳис салоту вас-саломни фаришталардан афзаллигини изҳор қилди ва уларни (Одам алайҳис салоту вас-салом)га сажда қилмоққа буюрди ”. Бу ҳам бўлса Одам алайҳис салом фаришталар билмаган нарсаларни билганлиги сабабидан эди.
   Қурони каримда энг аввал нозил бўлган сура “Ўқи” деб бошланиши ва суранинг давомида яна илм зикр қилинишидан ҳам илм инсоният учун ўта муҳим эканлигини англаш мумкин.
اقْرَأْ وَرَبُّكَ الْأَكْرَمُ ¤ الَّذِي عَلَّمَ بِالْقَلَمِ ¤ عَلَّمَ الْإِنسَانَ مَا لَمْ يَعْلَمْ ¤
"Карамлиларнинг карамлиси бўлган Раббинг (фазли) ила ўқи! Ўша (Раббинг) қалам билан илм ўргатгандир. У инсонга (инсон) билмаган нарсасини ўргатди"(“Алақ” сураси, 3 –5-оят)
   Ватандошимиз  имом Абу Баракот ан-Насафий ҳам Ислом оламида машҳур ва маъруф бўлган “Мадорикут-танзил” номли тафсир китобларида  ушбу ояти кариманинг тафсир қилиб  “бандаларига билмаган нарсаларини ўргатиб, жаҳолат қоронғулигидан илм нурига чиқарганлиги камоли (лутфу) карами эканлигига далолат қилади” деб баён қилганлар.
   Аллоҳ таоло илм аҳлининг даражалари ҳақида алоҳида баён қилади:
يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا مِنكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ(سورة المجادلة، 11)
“Аллоҳ сизлардан имон келтирганларни ва илм эгаларини даражаларга кўтаради”(Мужодала сураси, 11-оятдан)
   Яна ўша тафсир китобида баён қилинадики, “даражалар ҳақида икки ҳил қавл бор: бири дунёда мартаба ва шарафлиги, икинчиси эса – Охиратда.
Ибн Масъуд разияллоҳу анҳу қачон шу оятни қироат қилса: “Эй инсонлар, бу оятни яхши фаҳм этинг, илмга рағбат айланг”, – дер эдилар.
Пайғамбар саллалоҳу алайҳи ва саллам “Олимнинг  обиддан афзаллиги ой тўлган кечада бошқа юлдузлардан афзаллиги кабидир”– деганлар.(Аҳмад, Термизий, Абу Довуд, ибн Можа, Дора Қутний ривоятлари)
Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича Сулаймон алайҳис саломга илм, мол ва мулкни (танлашлик) ихтиёри берилди. У  илмни танлаган эди унга қўшиб мол ҳам, мулк ҳам берилди. Он ҳазрат саллалоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:“Аллоҳ Иброҳим алайҳис саломга ваҳий қилиб “Эй Иброҳим, Мен Алим (билгувчи)дурман, ҳар бир илмликни яхши кўрурман” деди”. Дарҳақиқат Аллоҳ таоло илм аҳлини яхши кўрганидандурки, уларни дунёда ҳам элу юрт орасида шарафли қилиб қўяди.
Яна шуни ҳам билмоқ керакки, Тангри таоло илмни ҳар кимга ҳам бахш этавермагай. Кимга илм бахшида қилса бу яхшликни умрининг охирига қадар Холиқ таолодан берилган юксак тухфа сифатида авайлаб асраб, ардоқламоғи ва шунга яраша шукрона ва тақвода бўлишга интилмоғи лозим.
عن معاوية رضي الله عنه قال: سمعت رسو ل الله صلى الله عليه و سلم يقول: "من يردالله به خيرًا يُفقههُ في الدّين" (رواه البخاري)
Муовия разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг“Аллоҳ кимга яхшилик қилишликни ирода қилса динда фақиҳқилиб қўяди” деганларини эшитганман. (Бухорий ривояти)
"Фақиҳ" фиқҳ  илмини яхши билгувчи инсон демакдур. “Фиқҳ” эса уламоларнинг таърифларига кўра “фаҳм”, яъни ҳар бир аҳкомнинг туб моҳиятларини яхши англамоқликдур. Демак кимгаки Аллоҳ таоло яхшилик қилишликни хоҳласа динда ҳар бир аҳкомнинг моҳиятини яхши билгувчи қилиб қўяр экан.
Пайғабаримиз саллалоҳу алайҳи ва салламнинг машҳур “Илм истамоқлик ҳар бир мусулмон эркак ва муслима аёлга фарздур”деган ҳадиси шарифларини уламоларимиз шарҳлаб, қандай илмни талаб қилиш лозимлиги ҳақида ҳам китобларда баён қилганлар. Шунга кўра инсониятнинг эҳтиёжи учун зарур бўлган илмларни ўрганишлик фарзи кифоя деганлар. Яна ҳам тушунарлироқ айтадиган бўлсак ҳар бир диёрда шу юрт аҳолисининг эҳтиёжи тушадиган илмларни билгувчи инсонлар бўлишлиги лозим. Ана шунда шу юрт аҳолисининг бўйнидан ўша фарзи кифоя соқит бўлади. Акс ҳолда  ҳаммалари жавобгар бўлади. 
Ҳар бир инсон ўз ҳаётида эҳтиёжи тушадиган ишларнинг илмини ўрганишлиги эса фарзи айн. Ким қайси соҳани эгалласа ўша соҳанинг илмини билишлиги керак. Бу эса айни ибодат эрур.
Ана энди илм талабида юрганлар ўзларининг мартабаларини қанчалик чуқур ҳис этсалар, шунчалик масъулият ҳиссини сезадилар. Бизларнинг келажагимиз бўлган бўлғуси олимлар қанчалик шарафли йўлни тутганларини билиб олсинлар. Зеро улар минглаб ҳамюртларининг гарданларидаги фарзни адо қилмоқдалар.
Илоҳим ҳар биримизга манфаъатли илм бериб, олган илмига амал қигувчилардан айласин. Ҳолбуки “Амалсиз илм – мевасиз  дарахт” деганлар. 

Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ
   Асака туманидаги “Холид ибн Валид” жомеъ масжиди муаззини

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  19 Avgust 2014, 20:00:07

МЕҲМОНДЎСТЛИК
   Ўзбек халқи азалдан саҳоватли ва меҳмондўстлиги билан бутун дунёга машҳурлиги ҳеч кимга сир эмас, балки исбот талаб қилишга ҳожат бўлмаган айни ҳақиқат. Ҳозирги кунга қадар ҳам Ўзбек деса меҳмондўст, кўнгли очиқ инсонлар кўз олдида намоён бўлади. Бекорга айтишмаган “эрталабда бепул овқат тарқатадиган халқ” деб.
Халқимиз жўмардлик қилар экан одамлардан қилган яхшиликлари эвазига тамаъ ҳам қилмайди, балки ажру савобини Охиратдан умид қилади. Яхшиликни фақатгина Холиқ таоло учун қилар экан, “майли бандасидан қайтмаса Худодан қайтсин, бандаси билмаса ҳам Худо билса бўлди”, − деб қўйишади. Чунки халқимиз хайру-эҳсоннинг савоби қанчалик улуғ эканлигини яхши англайдилар.
Дарҳақиқат, Қурони карим оятлари ва Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифларида бу тўғрида кўплаб кўрсатмаларни учратиш мумкин.
عن أبي هريرة رضي الله عنه أن النبي صلى الله عليه و سلم قال: ما من يوم يصبح العباد فيه إلا ملكان ينزلان  فيقول أحدهما اللَّهم أعط منفقاً خلفاً، و يقول الآخر اللَّهم أعط ممسكاً تلفاً (رواه البخاري و مسلم)
   Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Бандалар тонг оттиргувчи кун борки, икки фаришта тушади. Уларнинг бири “Эй Аллоҳим, нафақа қилгувчига (нафақасининг) ўрнини босгувчини бергин”,− деб туради. Иккинчиси эса “Эй Аллоҳим, ушлаб қолганга талофат бер” ,− деб туради. (Бухорий ва Муслим ривояти)
Оиша разияллоҳу анҳо рўзадор эди. Ҳузурига бир мискин тиланчилик қилиб келиб қолди. Уйида бир дона нондан бошқа егулик йўқ эди. Жориясига айтди:
-   Унга ўша нонни бериб юбор!
-   Сизга ифторлик қилишга ундан бошқа нарса йўқ-ку? – эътироз билдирди жория.
-   Унга ўшани бериб юборавер! – деди.
Жория нонни бериб юборди. Кечки пайт қўй гўшти билан буғдой уни аралашган гўштли нонга ўхшаш арабларнинг “кафануш-шоти” егулигини ҳадя қилишди. Оиша онамиз жориясига айтдилар:
-   Мана энди бундан егин! Бу сенга обинонингдан кўра яхшироқ-ку!

Исомиддин Сайфуллаев. Асака туманидаги Имом Муҳаммад масжиди имоми
 Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ.

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  30 Avgust 2014, 10:09:27

ДУНЁДАГИ ЖАННАТЛАРИМИЗ
   Кимнингки ота-онаси тирик экан, у инсон дунёда энг бахтли инсонлардан эрур. Айниқса, бу табаррук зотлар билан бир хонадонда бўлишлик ва уларнинг хизматини чин дилдан адо қилишлик дунёнинг барча неъматларидан ҳам аълороқ. Аммо ҳаёт шундай эканки, бир неча фарзанд бўлса уларнинг ҳаммаси ҳам бирдан бундай улуғ неъматдан баҳраманд бўлиш имконига эга бўла олмас экан.
   Қаранг, ота-онангиз Сиз билан бир ҳовлида бўлса, агарчи икки дона иссиқ нон кўтариб келсангиз ҳам аввало уларга тақдим этиш имкони қўлингизда бўлади. Ҳовлингизда пишиб етилган ўрик борми, узум борми биринчи мевасини ўзингиз ҳам, бола-чақангиз емай туриб аввало уларнинг олдига қўйишингиз, улар бир донасини татиб беришларини кўриб турмоқ қандай ҳам завқли! Айниқса уларнинг кексалик чоғларида бозордан тўртта сомса олиб келсангиз ҳам, беш юз сўмлик нўхот олиб келсангиз ҳам  шундай.
Бошқа ҳовлига чиқиб кетганларчи? Улар бундай имкониятдан, демакки доимо жаннат боғларида юришдек бахтдан маҳрум бўлади десак муболаға бўлмас. Чунки топганини ўз уйига олиб келади. Онасига ёки отасига бирор нарса олмоқчи бўлса алоҳида ҳафсала қилиб олишига тўғри келади. Ўшанда ҳам бола-чақасидан ошиниб олади.
Аллоҳ таоло Ўзининг Қадим Каломида бир неча оятларда Ўзига ибодат қилишнинг орқасиданоқ ота-онага яхшиликка буюрганлигини бугунги кунда юртимиз мусулмонлари яхши биладилар. Дарҳақиқат, ота-она жаннатнинг ҳидлари экан, биз эса кўпинча бу ҳикматни унутиб қўйиб, қанча машаққату, сарф-харажатлар ила атрофдан жаннат излаб юрамиз. Ваҳолонки, жаннатимиз рўпарамизда турибди-ку! Ана ўшаларнинг хизматини қилиш энг тўғри йўл ва шарафли ибодат эмасми?
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам “Бурни ишқалансин! Бурни ишқалансин! ‒ дедилар. “Кимнинг, эй Аллоҳнинг Расули?” ‒ дейилди. “Кимки ота-онасинининг бирини ёки иккаласини ҳам қариган чоғида топибдию, жаннатга кириб олмабди”, ‒ дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Муслим ва Термизий ривояти)
   Ҳа, биз излаб юрган жаннат жуда яқин, ёнгинамизда экан. Шунингдек...
Абу Умома разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: бир киши: “Эй Аллоҳнинг Расули, ота-онанинг фарзандларида қандай ҳақлари бор?” ‒ деб сўради. “(Уларнинг) иккаласи сенинг жаннатинг ёки дўзахингдур”, ‒ дедилар. (Ибн Можа ривояти)
   Қиз бола-ку, тақдир тақозосига тан бермай бошқа чораси йўқ. Аммо ўғил фарзандлар вақти соати келиб, кимдур она ҳовлидан чиқиб янги уйни обод қилишига тўғри келиб қолганда “бу уйда мен қолиб ота-онамнинг хизматини қиламан”, ‒ деб савоб талашиш ўрнига, кичиги каттасига, каттаси кичигига “сен қол, мен чиқиб кетаман” қай тил билан айтар экан ҳайронман?
Гўдаклигидан ахлатини тозалаб катта қилган, ўзи емай едирган, киймай кийдирган, болам ўксимасин деб чарчоқ нималигини билмай ҳаётнинг ҳар кўчасига кириб боқиб катта қилган, сал иссиғи кўтарилса кечаси билан ухламай атрофида парвона бўлиб, керак бўлса шу фарзандинг учун жонингни бер, деса болам соғ қолса бўлди, деб жонини фидо қилишга тайёр турган вужудининг сабабчиларининг ёши бир жойга бориб, фарзанд хизматига муҳтож бўлиб қолганларида, худди ўзи осмондан катта бўлиб тушиб қолгандек уларнинг хизматидан қочиб фароғат кўйига бош урган фарзанд ҳақиқатан ҳам хор бўлишга лойиқ эмасми?! Ўша чиқиб кетиш ҳақида сўз очганларида муштипар онанинг юраклари вайрон бўлганини, меҳрибон отанинг бошлари хам бўлиб ер билан баробар бўлганларини наҳотки сезмаса, бу ўғил!? Ахир туғилганида “ўғил!” ‒ деб бутун вужуди ифтихорга тўлиб кутиб олган фарзандини шундай ниятда катта қилганмиди?!

Сарварбек Йўлдошев. Асака тумани Мирзо Шариф масжиди имоми
Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ. Холид ибн Валид масжиди муаззини
Гуноҳларимизни кечир, Тангрим!

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  30 Avgust 2014, 10:10:49

   РИВОЯТ. Абу Жунайд Бағдодийнинг ҳузурига бир кампир фарзанди Рум урушида кофирларга асир тушиб қолганини айтиб йиғлади ва фарзанди учун дуо сўради. Шайх сабрга чақириб, Аллоҳ насиб қилса қайтиб келишини айтиб тасалли берди. Бир неча кундан сўнг кампир яна келиб йиғлади. Охири шайх сукунатга кетиб, муштипар онанинг фарзанди ҳақида қилган дуоси ижобат бўлишини сўраб илтижо қилди.
   ‒Эй онахон, энди уйингга бор. Худо хоҳласа ўғлинг қайтиб келади, ‒ деди.
   Айни ўша пайтда ўғилни душманлар қўл-оёғида кишанлар билан асирлар қаторида олиб келаётган эди. Бир маҳал занжирлар ўз-ўзидан ечилиб кетди. Қайта занжирлашган эди яна шу ҳолат такрорланди. Йигитни подшоҳнинг ҳузурига олиб боришди. Подшоҳ  ҳам воқеани ўз кўзи билан кўрди ва аъёнларидан бу ҳолатнинг сабабини сўради. Улар ўзаро машварат қилишгач каттароғи йигитдан сўради:
   ‒ Сенинг ота-онанг борму?
   ‒ Онам бор, жавоб берди йигит.
   ‒ Онанг сендан розиму?
   ‒ Оре, рози. Хизматини яхши қилганман.Ортимдан ҳам дуо қилиб қолган.
   ‒ Шоҳим, бу йигитни тезда қўйиб юбормоқ керак. Бўлмаса, қўрқарманки, онасининг дуолари билан юртимиз вайрон бўлмаса деб, ‒ жавоб берди аъён.
   Илоҳим ота-оналаримизнинг хизмати учун бизларга ҳиммат бергин. Уларни бизнинг жаннатларимиз бўлишини насиб этгин. Роббир-ҳамҳума кама роббаяни соғиро.

Сарварбек Йўлдошев. Асака тумани Мирзо Шариф масжиди имоми
Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ. Холид ибн Валид масжиди муаззини
Эй Раббим, гуноҳимизни кечир!

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  03 Sentyabr 2014, 13:58:51

Мана бу – ИСЛОМ!
   Париждаги масжидларнинг бирига кичик ёшли бола кириб келди ва имомга:
-   Онам мени сизларнинг мадрасаларингизда ўқиш учун жўнатди, – деди.
-   Майли. Лекин онанг ўзи кириб менга баъзи ҳужжатларни бериши керак, – деди имом.
-   Онам кўчада турибди. У бу жойга кира олмайди. Чунки онам муслима эмас.
Имом ташқарига чиқиб қараса, бир фаранг аёл турибди. Аёл айтди:
-   Менинг бир мусулмон қўшним бор. Болалари мадрасада ўқийди. Улар ота ва оналарини жуда ҳам қаттиқ ҳурмат қилади. Бу оилани бахтиёрлик тарк этмайди. Мен бу шаҳарда бирорта ҳам мусулмон ўз ота-онасини урганини, уларга бақир-чақир қилганларини, гап қайтарганларини, ҳурматсизлик қилганларини ва уларни қариялар уйига олиб бориб ташлаганларини кўрмадим. Менинг ўғлимни ҳам ўқишга олинглар. У ҳам исломий тарбия олсин. Шоядки, қариган чоғимда мени қаровсиз қолдирмаса...

Абдураззоқ Фармонов. Асака туманидаги Муҳиддин саҳҳоф масжиди имоми.
Сарварбек Йўлдошев. Асака туманидаги Мирзо Шариф масжиди имоми.

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  23 Noyabr 2014, 22:36:07

Олийжаноблик намунаси
   Шу ўринда саҳоват фақат Аллоҳ таолонинг розилиги учунгина бўлса исроф ҳисобланмаслигига мисол тариқасида қуйидаги ҳикоятни келтиришни лозим топдик.
   Абдуллоҳ ибн Жаъфар ўзининг чорбоғига кетаётган эди. Йўлда бир оз дам олиш учун хурмо дарахтининг остида тўхтади. Қараса бир ҳабаш қул хурмо дарахтининг шохига чиқиб меваларини тераётган экан. Териб бўлгач хизмати эвазига уч дона нон олди. Шу маҳал қаёқдандир бир ит келиб қолди. Бола қўлидаги ноннинг биттасини итга берди. Ит уни еди. Сўнг иккинчисини берган эди, уни ҳам еди. Шунда учинчисини ҳам бериб юборди.
   Абдуллоҳ болага савол берди:
-   Ҳой болакай! Кунига қанча иш ҳақи оласан?
-   Нега сўраяпсиз? – деди болакай.
-   Нега итни ўзингдан афзал кўрдинг?
-   Бизнинг маҳалламизда ит йўқ эди. ҳойнаҳой бу ит узоқ жойлардан оч-наҳор келган бўлса керак. Шунинг учун уни қуруқ қайтаргим келмади.
-   Бугун нима қиласан, энди?
-   Бугунча овқат емай қўяқоламан.
-   Аллоҳга қасамки, у мендан кўра сахийроқ экан! – деб Абдуллоҳ ибн Жаъфар ўша хурмо билан болани сотиб олди. Сўнг болани Аллоҳ йўлида озод қилиб юборди ва хурмони ўша болага эҳсон қилди.
Бунга ўхшаш мисоллар тарихда жуда кўп. Ҳосил маъно ниятни тўғри қилиш экан.
Демак бизлар исроф деган харажат асосан Аллоҳнинг розилиги учун эмас, балки, одамларга кўрсатиш учун, риё учун ва манманликдан қилинган харажатлар экан. Ҳолбуки мазкур одатлар шариатимизда қаттиқ танқид қилинади.

Исомиддин Сайфуллаев. Асака туманидаги Имом Муҳаммад масжиди имоми
 Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ. Холид ибн Валид масжиди муаззини


Qayd etilgan