Ичкилик - ёмонликларнинг бошидир.
Муқаддас Ислом дини таълимотида хар қандай маст қилувчи ва инсоннинг ақлин ва соғлиғини кетказгувчи нарсалар харом саналади ва уларнинг истемол қилишлик қораланади. Бу борада Аллоҳ таолонинг каломи Қурони каримда ва хамда Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а) нинг хадиси шарифларида очиқ равшан баёнотлар мавжуд.
Аллоҳ Қуръони каримда: “Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз. Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлайдир. Энди тўхтарсизлар?!” (“Моида” сураси 90—91 оятлар).
Ушбу ояти карима нозил бўлганда ҳазрат Умар (р.а): “Эй Аллоҳ! “Тўхтадик!!! Тўхтадик!!!” деб қичқирдилар. Маьлумки, Исломдан дини келишидан олдин инсонлар орасида ароқхўрлик жуда кенг ёйилган эди. Кишилар ароқхўрлик билан фахрланишар, бу борада мусобақа қилиб бир-бирларидан ўтишга ҳаракат қилишар эди. Шунингдек хамр шоирларнинг шеьрида, муғаннийларнинг қўшиқларида бош ўринда турарди. Кишилар ароқсиз ҳаётни тасаввур ҳам қила олмас эди. Албатта, бу жамиятни ароқхўрлик иллатидан тозалашда Ислом дининг тутган ўрни беқиёс бўлди.
Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.) маст қилувчи ичимликлар ичиш гуноҳи кабираларнинг энг каттаси, деганлар. Ҳадиси шарифларда ичкиликинг хар ыандай тури ҳаром эканлиги таъкидланади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) бир ҳадиси муборакларида: “Ҳар бир кайф қилдирувчи нарса хамрдир, ҳар бир хамр ҳаромдир”, – деб огоҳлантирганлар. Хамрдан мурод ақл фаолиятини тўсувчи нарса, яъни маст қилувчи ичимликдир. Бошқа бир ҳадисда эса шундай дейилади: “Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар” (Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).
Эьтибор бериб қарайдиган бўлинса ичкилик оқибатида жуа катта диний ва дунёвий зарарларни кўриш мумкин. Бу зарарлардан оилаларнинг бузилиши, болаларнинг тирик етим бўлиши, ёки ногирон фарзандларни дунёга келиши, оиладан баракани кетиши ёки маст холатда автомашина бошқариб ўзини ва ўзгаларни жонига суиқасд қилиш каби холатлар, қотиллик, зино, ўғирлик ўзаро душманлик, адоват шулар жумласидандир.
Хазрати Усмон (р.а) шундай деганлар: “Маст қилувчи ичимликдан четда бўлинглар! Чунки у ифлосликларнинг онасидир. Сизлардан олдин ўтганлар ичида бир киши бор эди. Бир бузуқ аёл унга илашиб қолди. У унинг олдига ўз хизматчи қизини юбориб, гувоҳликка ўтишини сўради. Эркак у (қиз) билан борди. У қайси бир эшикдан кирса, қиз эшикни маҳкам беркитиб бораверди. Охири бир гўзал аёлнинг ҳузурига етиб борди. Унинг олдида бир йигит ва бир идишда май турар эди. Аёл: “Аллоҳга қасамки, мен сени гувоҳликка чақирганим йўқ. Аммо сени менга яқинлик қилишинг, ёки манави идишдаги майдан бир қадаҳ ичишинг ёки манави йигитни ўлдиришинг учун чақирдим”, – деди. Эркак: “Менга манави майдан бир қадаҳ ичир”, – деди. Аёл унга ичирди. Эркак: “Менга яна беринглар”, – деди. Ўша ернинг ўзида аёлга яқинлик ҳам қилди, ҳозир бўлган йигитни ҳам ўлдирди.
Шундай экан, майдан узоқ бўлинглар! Аллоҳга қасамки, албатта, у абадул-абад имон билан жам бўла олмас. Агар иккиси жамланиб қолса ҳам, бири иккинчисини чиқариб юборади” (Имом Насаий ривояти).
Аллоҳ таоло барчаларимизни бундай зарарли иллатлардан узоқ бўлишимизни насиб қилсин.
“Муҳаммад Солих хожи” жоме масжиди имоми Шерматов Аҳмаджонқори.