Maʻrifiy maqolalar  ( 180521 marta o'qilgan) Chop etish

1 ... 20 21 22 23 24 25 26 B


MirzoMuhammad  04 May 2019, 07:22:12

ЗИНОНИНГ КАСОФАТИ
Зино – энг оғир, энг қабиҳ фаҳш иш саналади. Зино гуноҳи кабирадир. Аллоҳ таоло биз мўмин бандаларга хитобан: “Зинога яқинлашманг! Чунки бу бузуқликдир – энг ёмон йўлдир”, - деган ("Исро". 32).
Эътибор берилса, бу оятда “зино қилманг!” – дейилмаяпти, балки “зинога яқинлашманг!” – деб амр қилинмоқда. Бундан келиб чиқадики, мўмин банда зинога олиб бориши мумкин бўлган ҳар қандай ишдан узоқ юриши лозим.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтадилар:
"Ким муслима чўри ёки ҳур аёл билан зино қилса-ю, тавба қилмасдан вафот этса, Аллоҳ унга қабрида уч юзта дўзах эшигини очиб қўяди. У Қиёмат кунигача азоб чeкади. Сўнгра (Қиёмат куни) у дўзахга кирадиганлар билан бирга жаҳаннамга киради" ("Ҳаётул қулуб").
   Ана шундай катта гуноҳлардан бири - зино. Зинонинг оқибатлари ҳақида кўплаб ёзилган. Биз эса бир йигитнинг ҳикоясини тақдим қилмоқчимиз.
   Унинг ҳикоя қилишига кўра бир қанча улфатлари билан бошқа шаҳарга сафарга чиқмоқчи бўлди. Сафардан мурод бегона шаҳарда хоҳлаганларича маишат қилишлик эди. Йигит отадан етим қолган бўлиб, онаси ҳаёт эди. Онасидан сафар учун рухсат сўради. Она сафардан нима мақсад эканлигини сўради.
-   Шунчаки, ҳаво алмаштириб, бошқа шаҳарни кўриб дам олиб келамиз, - жавоб берди ўғил. Она кўнмади. – Ҳамма ўртоқларимга уйидагилар рухсат берди, сиз ҳам рухсат бера қолинг. - Илтимос қила бошлади ўғил. Охири онаси шарт қўйди:
-   Бир шарт билан рухсат бераман. Борган жойингда гуноҳ иш қилмайман, деб ваъда берасан.
Йигит ночор рози бўлди. Онаси унга узоқ дуо қилиб сафарга кузатди. Йигит айтади:
“Ҳаммамиз меҳмонхонага  жойлашдик. Меҳмонхона ходимлари бизни яхши кутиб олишди. Ҳаммамиз алоҳидадан жой буюрдик. Бизга  чиройли қизларни кўрсатишди. Ҳар ким ўзига ёққан қиз билан хонасига кириб кетди. Мен ҳам битта қиз билан хонамга кирдим. Қизнинг қилиқларини кўриб тезроқ гуноҳ иш қилмоқчи бўлдим. Бироқ шу пайт онамга берган ваъдам ёдимга тушиб қолди. Қиз ҳам эркаланишини қўймас, мен эса бир томондан гуноҳ қилишга интилсам, иккинчи томондан онамга берган ваъдам гуноҳдан тўсар эди.
Ниҳоят бир сўзлигим ва онамни жуда ҳам қаттиқ ҳурмат қилишим устун келди. Гуноҳдагн воз кечдим. Қиз менинг ҳолатимдан ҳайрон бўлган эди, ўзимча унга ёлғон баҳона кўрсатишга мажбур бўлдим:
-   Узр, синглим. Сиз ҳали ёш қиз экансиз, келажангиз олдинда. Шунинг учун сизга ёмонликни раво кўргим келмади. Тўғрисини айтсам, мен СПИД касалига чалинганман. Қўйинг, ёш умрингиз ҳазон бўлмасин”.
Шу пайт қиз нима депти денг? Сира ҳам пинагини бузмасдан, бамайлихотир шундай депти:
-   Нима бўпти. Мен ҳам СПИДман, бу жойдаги қизлар ҳаммаси шу касалга чалинган..... “
Йигит шошилиб ўртоқларини огоҳлантиргани уларнинг хоналарига чиқди. Бироқ энди кеч бўлган эди.

Қамариддин Шарофуддинов. Асака т. “Имом Абу Юсуф” жоме масжиди имом хатиби

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  04 May 2019, 07:36:14

Бериё садақа
Анас разияллоҳу анҳу Пайғамбаримиздан (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қуйидагиларни ривоят қилган:
"Аллоҳ ерни яратганда устидаги нарсаларнинг оғирлигидан ер титради. Шунда Аллоҳ тоғларни яратиб, унинг устига қўйди ва ернинг титроғини тўхтатди. Малоикалар ажабланиб:
"Парвардигоро! Халқинг ичида тоғлардан ҳам кучлироғи борми?" дeйишди. Аллоҳ:
"Ҳа, тeмир", дeди. Улар:
"Тeмирдан ҳам кучлироғи борми?" дeйишди. Аллоҳ таоло:
"Ҳа, олов", дeди.
"Оловдан ҳам кучлироғи борми?" дeйишди.
"Ҳа, сув", дeди.
"Сувдан ҳам кучлироғи борми?" дeб сўрашди кeйин. Аллоҳ:
"Ҳа, шамол", дeди.
"Шамолдан ҳам кучлироғи борми?" дeйишди. Шунда Аллоҳ:
"Мазкурларнинг ҳаммасидан кучлироғи ўнг қўли қилган садақани чап қўли билмаган одам боласидир", дeди”.
Бинобарин, садақани махфий қилиш лозим. Баъзи бир салафлар садақаларини бeришда ўзларини билдирмаслик учун кўр фақирларни излар эдилар. Баъзи бирлари эса, ухлаб ётган фақирларнинг кийимига садақани қўйиб кeтардилар.
Иккинчи, миннат ва озор етказишдан сақланиш лозим. Чунки Аллоҳ таоло Қуръонда миннат қилишдан қайтарган.
Учинчи, ҳалол молдан садақа бeриш лозим, чунки Қуръонда Аллоҳ таоло:
"Суйган, яхши кўрган нарсаларингиздан инфоқ қилиб бeрмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка етмагайсиз", дeб мурожаат қилган.
Суфёни Саврий айтган: "Ким Аллоҳ йўлида ҳаром молдан эҳсон қилса, гўё нопок кийимини сийдик билан ювиб покланмоқчи бўлганга ўхшайди. Ҳолбуки, фақат пок сув билангина покланур. Шунингдeк, гуноҳдан фақатгина ҳалол молни эҳсон қилиш билан покланилади.
Тўртинчи, қовоқ солмай, очиқ чeҳра билан бeриш лозим. Шунинг учун Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтганлар:
"Хурсандлик билан ҳалол бир дирҳамни садақа қилиш норози бўлиб бeрилган юз минг дирҳамдан афзалдир".
Бeшинчи, жойини топиб, агар имкони бўлса, муттақий олимга ёки толиби илмга ё солиҳ кишиларга бeриш лозим. Чунки Қуръонда Аллоҳ таоло  садақаларнинг ўрнини баён қилган. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтадилар:
"Бeрилган вақтда садақа ўз соҳибига бeшта гап гапиради: "Мeн кичкина эдим, каттага айлантирдинг. Мeнинг қоровулим эдинг, энди мeн сeнинг қоровулинг бўлдим. Душманинг эдим, дўстинг бўлдим. Сeн мeни фонийликдан боқийликка айлантирдинг. Мeн оз эдим, кўпайтирдинг", дeйди”. (Дурратун носиҳин. зиёуз.cом кутубхонаси)
Риё амалларни куйдириб юборади. Ҳукамоларнинг айримларидан ривоят қилинади:
“Риё ва довруқ учун тоат-ибодат қилган кишининг мисоли чўнтагини тошга тўлдириб бозорга чиққанга ўхшайди. Одамлар айтишади: “Бу кишининг чўнтаги қанчалар тўла”. Ҳолбуки, унга инсонларнинг шу сўзидан бошқа фойда йўқдир ва агар бирор нарса сотиб олмоқчи бўлса, унга ҳeч нарса бeришмайди. Риё ва довруқ учун қилинган амал ҳам шундай. Охиратда унга савоб бўлмайди. Аллоҳ таоло айтганидeк:
“(Зотан) Биз улар қилган ҳар бир (яхши) амалга кeлиб, уни сочилган тўзон (каби) қилиб қўйгандирмиз” (Фурқон, 23),
яъни Аллоҳ таолодан бошқаси учун қилинган амалларнинг савобини йўқ этиб, уларни худди сочилган тўзондeк қилгаймиз. (У тўзон қуёш нурида кўринадиган чанг-ғуборга ўхшашдир). (Танбeҳул ғофилин. зиёуз.cом кутубхонаси)

Сардорбек Худоёров. Асака т. “Бобожон қори” масжиди имом хатиби

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  04 May 2019, 09:21:46

ФИТНАДАН  САҚЛАНИНГ
Маълумки, фитна одам ўлдиришдан ҳам кўра ёмонроқдур. Араб тилида “фитна” сўзи луғатда «синов, имтиҳон» маъносида келади. Арабларда маъданни ўтга солиб синаб кўриш «фитна» дейилади. Истилоҳда кишиларни диндан қайтариш, динга қарши ҳаракатга чорлаш фитна саналади. Фитна қотилликдан ҳам оғир гуноҳдир. Маънавий соҳада инсоннинг имон-эътиқоди, шариатга амал қилиши, унинг инсоний фазилатлари рўёбга чиқишига тўғаноқ ёки синов бўладиган барча нарсалар ҳам фитна ҳисобланади.
Исломнинг илк даврларидаёқ Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломни динда бўладиган турли фитналардан огоҳлантирган эди. Биргина Бақара сурасининг тўртта оятида мусулмонларни мушриклар ва мунофиқларнинг фитналаридан огоҳлантириш ҳақида сўз боради:
أَلا إِنَّهُمْ هُمُ الْمُفْسِدُونَ وَلَـكِن لاَّ يَشْعُرُونَ
“Огоҳ бўлингки, айнан уларнинг ўзлари бузғунчилардир, лекин (буни ўзлари) сезмайдилар”.
   Аллоҳ субҳоноҳу ва таоло Қуръони каримда “Анъом” сурасининг 151­153­оятларида шариат аҳкомларидан ўнтасини баён қилади­ки, “Қуръоннинг таржимони” деб ном олган улуғ муфассир, саҳобий, юксак илм соҳиби Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича бу оятлардаги ҳукмлар ҳеч бир китобларда мансуҳ бўлмаган Яъни на Тавротда, на Инжилда на Забурда ва на бошқа илоҳий саҳифаларда бу ҳукмлар ўзгармаган. Ислом шариатида ҳам шу  аҳкомлар жорий қилинган:
1.   Аллоҳга ширк келтирмаслик.
2.   Ота онага яхшилик.
3.   Боласини ўлдирмаслик.
4.   Бузуқ­фаҳш  ишларга яқинлашмаслик.
5.   Аллоҳ ўлдирилишини ҳаром қилиб қўйган кимсани ноҳақ ўлдирмаслик.
6.   Етимнинг молига яқинлашмаслик (хиёнат қилмаслик).
7.   Ўлчов ва тарозида вафо қилишлик.
8.   Адолат билан сўзлашлик.
9.   Аллоҳнинг аҳдига вафо қилишлик.
10.   Ҳар хил йўлларга эргашиб, Аллоҳнинг йўлидан бўлиниб кетмаслик.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ муснадларида Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
   Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўли билан бир чизиқни чиздилар ва: ”Бу – Аллоҳнинг тўғри йўли”, – дедилар. Чизиқнинг ўнг ва чап томонидан яна (чизиқлар чизиб): “Бу йўллар шундай йўлларки, ҳар бирида шу йўлларга чорлагувчи шайтон туради”, дедилар. Сўнг “Албатта, бу Менинг тўғри йўлимдур, унга эргашинг ва (турли бошқа) йўлларга эргашмангки, сизларни Унинг йўлидан бўлиб юборур” оятини ўқидилар.
   Ҳазрат Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам яна бир ҳадисда марҳамат қилишларича йўлнинг бошида бир чорлагувчи: “Эй инсонлар! Тўғри йўлга жам бўлиб киринглар ва бўлиниб кетманглар!” – деб туради. Бу чорлагувчи – Аллоҳнинг китоби. Қачонки инсон нотўғри йўл эшикларини очишни ирода қилса, йўлнинг тепасида яна бир чорлагувчи  “Эй шўринг қургур, очма уни!” – деб туради. Бу чорлагувчи – ҳар бир мусулмоннинг қалбидаги Аллоҳнинг насиҳат қилгувчиси ( яъни илҳоми). (Имом Аҳмад, Термизий, Насаийлар ривояти)
   Эй адашган фирқаларнинг найрангларига ишонган банда! Бу насиҳатлар имомлар томонидан неча  бор такрорланиб туришига қарамай, тафриқага бўлинишликка сени нима мажбур қилмоқда? Агар сен ўзингни мазкур Жаннатга элтгувчи йўлдаман, деб ўйласанг, шошилмай тафаккур қилиб кўр – сен тутган йўл саодат асридан бери узилмай келган йўлми ёки янги чиққан йўлми? Янги пайдо бўлган йўлда бўлсанг кўзингни оч! Салафларнинг йўлларига улан!
   Яна тафаккур қил – сен юрган йўлдагилар кўпчиликми ёки сенинг хилофингдагиларми? Аниқ статистик маълумотларга қарасанг ҳам биласан, дунёдаги мусулмонларнинг энг кўпи аҳли сунна вал жамоада. Шуларнинг ичида кўпроғи ҳанафий мазҳабда. Сарвари олам саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ умматимни залолатда жам қилмайди”  деганларини билмайсанми?! Инсоф қил, шундай катта жамоадан қолма!
Аллоҳ таборака ва таоло “Оли Имрон” сурасида марҳамат қилади:
   وَاعْتَصِمُواْ بِحَبْلِ اللّهِ جَمِيعاً وَلاَ تَفَرَّقُواْ
“Аллоҳнинг арқонини  жам бўлган ҳолда тутинглар ва бўлиниб кетманглар!”
   “Арқон”ни  Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам Қурон деб тафсир қилганлар.
    Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу умматнинг етмиш уч фирқагача бўлиниб кетишини башорат қилганлар. Шу етмиш уч фирқадан фақат биттасигина нажот топиб, қолганлари   ҳалокатга кетишини унутмайлик.

Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ
Асака туманидаги "Холид ибн Валид" жомеъ масжиди ходими
      


Qayd etilgan


MirzoMuhammad  04 May 2019, 09:38:29

Фитна
Исломнинг илк даврларидаёқ Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломни динда бўладиган турли фитналардан огоҳлантирган эди. Биргина Бақара сурасининг тўртта оятида мусулмонларни мушриклар ва мунофиқларнинг фитналаридан огоҳлантириш ҳақида сўз боради:
أَلَا إِنَّهُمْ هُمُ الْمُفْسِدُونَ وَلَكِنْ لَا يَشْعُرُونَ (سورة البقرة/12)
яъни: “Огоҳ бўлингки, айнан уларнинг ўзлари бузғунчилардир, лекин (буни ўзлари) сезмайдилар”.
Аллоҳ таоло мўминларни огоҳлантиряптики, айнан мунофиқлар бузғунчи ва фитначи эканини яхши билиб олинглар, лекин улар ўзларининг бузғунчиликларини сезишмайди. Ер юзида бузғунчилик қилиб юриш, кишилар ўртасида фитна-фасод уруғларини сочиш, дин ниқоби остида бегуноҳ одамларга зулм қилиш, улар жони ва молига тажовуз этиш инсониятга қарши қаратилган энг мудҳиш жиноятлардир. Террор, бузғунчилик, зулм, урушлар, одамларнинг жабр-ситам кўришлари ва хўрланишларига сабаб бўлувчи барча тажовузкорликларни динимиз қоралаган.
Зайнаб бинти Жаҳш разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва салам уйқудан юзлари қизарган ҳода уйғониб: «Лаа илаҳа иллаллоҳу. Батаҳқиқ, яқинлашган ёмонликдан арабларнинг ҳолига вой бўлсин! Бугун Яъжуж ва Маъжужнинг тўғонидан манабунча очилди», дедилар.
Суфён қўлини букиб тўқсон ёки юзни кўрсатди.
«Ичимизда солиҳлар туриб ҳалок бўламизми?» дейилди.
«Ҳа! Қачон фисқи фужур кўпайса», дедилар саллаллоҳу алайҳи васаллам».  Тўртовлари ривоят қилган.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан дан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қачон Аллоҳ бир қавм устидан азоб нозил қилса. Ўша азоб уларнинг ичида ким бўлса ҳаммасига баробар етади. Сўнгра амалларига қараб қайта тирилтириладилар», дедилар». Икки шайх ривоят қилган.
Оммавий азобга лойиқ бўлган қавмнинг ичида бўлган одам ким бўлишидан қатъий назар уларга қўшилиб мусибатга учрайди. Аммо бу одамлар айниса, нима қилайлик, замон шу экан-да, дейишга зинҳор баҳона бўла олмайди. Мўмин банда дунёда ёлғиз ўзи аҳли иймонни тамсил қилаётган бўлса ҳам Аллоҳ таоло.нинг айтганидан қолмаслиги керак. Чунки, унинг иймони, ибодати ва амали солҳи ҳеч қачон зое кетмайди. Агар ўзи нобакорлар жамоасига қўшилиб ҳалокатга учраса ҳам иймони, ибодати ва амали солҳи уни охиртда қутқариб қолади. Барча бандалар қайта тириладиган пайтда у гўзал ҳолатда қайта тирилади ва ўз мукофотини заррача камимаган равишда олади.
Унутмаслик керакки, охирзамон аломатларидан бўлган Дажжол ҳам ер юзига фитна ёяди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдек зот ҳам унинг фитнасидан паноҳ сўраб турганлар.
“Фитна” сўзи луғатда «синов, имтиҳон» маъносида келади. Арабларда маъданни ўтга солиб синаб кўриш «фитна» дейилади. Истилоҳда кишиларни диндан қайтариш, динга қарши ҳаракатга чорлаш фитна саналади. Фитна қотилликдан ҳам оғир гуноҳдир. Маънавий соҳада инсоннинг имон-эътиқоди, шариатга амал қилиши, унинг инсоний фазилатлари рўёбга чиқишига тўғаноқ ёки синов бўладиган барча нарсалар ҳам фитна ҳисобланади.
Аллоҳ таоло мўминларга тинчлик ва адолат ўрнатишни, одамлар орасини ислоҳ этишни, барчага бирдай яхшилик ва эзгулик қилишни буюрган, ҳар қандай зўравонлик ва бузғунчиликни тақиқлаган. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
وَاتَّقُوا فِتْنَةً لَا تُصِيبَنَّ الَّذِينَ ظَلَمُوا مِنْكُمْ خَاصَّةً وَاعْلَمُوا أَنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ (سورة ﺍﻷنفال/25)
яъни: “Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (зот)дир”.
Ислом дини инсон қонини ноҳақ тўкишни қатъий ҳаром қилган бўлиб, Қиёмат кунида Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳисоб-китоб биринчи бўлиб шу хусусда кечишини ҳеч ким унутмаслиги керак. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтдилар: “Қиёмат куни биринчи савол ноҳақ тўкилган қонлар тўғрисида бўлур”.
Парвардигорнинг ризосига қарши бориб, инсонларни ноҳақ ўлдирган ва хўрлаган кимсалар дунё ҳаётида ютуққа эришамиз, деб ўйласалар, хато қилган бўладилар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Албатта, Аллоҳ бузғунчи кимсаларнинг ишини ўнгламайди”, – дея очиқ маълум қилган (Юнус сураси, 81-оят).

Раҳматулло Мамадалиев. Асака т. "Мулла Райимжон" масжиди имом хатиби

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  04 May 2019, 09:51:30

Имон ва тафаккур
Аллоҳ таоло бандаларни тафаккур қилишга тарғиб қилади. Тафаккур ҳақида кўплаб оятларда зикр қилинган.
إِنَّ فِي خَلْقِ السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ وَاخْتِلاَفِ اللَّيْلِ وَالنَّهَارِ لآيَاتٍ لِّأُوْلِي الألْبَابِ * الَّذِينَ يَذْكُرُونَ اللّهَ قِيَاماً وَقُعُوداً وَعَلَىَ جُنُوبِهِمْ وَيَتَفَكَّرُونَ فِي خَلْقِ السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ رَبَّنَا مَا خَلَقْتَ هَذا بَاطِلاً سُبْحَانَكَ فَقِنَا عَذَابَ النَّارِ
Яъни: “Албатта, осмонлару ернинг яратилишида ва кеча-кундузнинг алмашинишида ақл эгалари учун белгилар бор. Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларида эслайдиган, осмонлару ернинг яратилишини тафаккур қиладиганлар: «Роббимиз, буни бекорга яратганинг йўқ, Ўзинг поксан, бизни ўт азобидан сақлагин". (Оли Имрон. 190 – 191)
Қуръони каримда, шунингдек, Иброҳим алайҳис саломнинг тафаккур қилганларини мисоли келган:
وَإِذْ قَالَ إِبْرَاهِيمُ رَبِّ أَرِنِي كَيْفَ تُحْيِـي الْمَوْتَى قَالَ أَوَلَمْ تُؤْمِن قَالَ بَلَى وَلَـكِن لِّيَطْمَئِنَّ قَلْبِي قَالَ فَخُذْ أَرْبَعَةً مِّنَ الطَّيْرِ فَصُرْهُنَّ إِلَيْكَ ثُمَّ اجْعَلْ عَلَى كُلِّ جَبَلٍ مِّنْهُنَّ جُزْءاً ثُمَّ ادْعُهُنَّ يَأْتِينَكَ سَعْياً وَاعْلَمْ أَنَّ اللّهَ عَزِيزٌ حَكِيمٌ
Яъни: “Эсла, Иброҳим: «Эй Роббим, менга ўликларни қандай тирилтиришингни кўрсат», деганда, У зот: «Ишонмадингми?» деди. У: Оре, лекин қалбим хотиржам бўлиши учун», деди. У зот:«Қушдан тўртта олгин-да, ўзингга тортиб, кесиб майдала, сўнгра улардан ҳар бир тоққа бўлакларини қўйгин, кейин уларни ўзингга чақир, ҳузурингга тезлаб келурлар ва билгинки, албатта, Аллоҳ азиз ва ҳаким зотдир», деди”. (Бақара. 260)
Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ таоло ўликларни тирилтира олишига ҳеч қандай шубҳа қилмас эдилар. У зотнинг бунга ишончлари комил эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло «Ишонмадингми?» деб сўраганида: «Оре (ишондим), лекин қалбим хотиржам бўлиши учун», дедилар. Дилда ишонган нарсани, кўз билан кўриб, Аллоҳ таолонинг қудратига қоил қолиб, мўмин банда ўз Роббининг мўъжизаларини кўриб маза қилгандек маза қилиб, кўнгли хотиржам бўлиши учун сўраганлар.
"Тафсири Маолим"да кeлтирилишича, Иброҳим (алайҳиссалом) бир ўлимтик олдидан ўтдилар, уни қуруқликда ва сувда юрадиган жониворлар ейишарди. Ерга тушгани тупроққа айланиб кeтяпти. Жониворлар кeтгач, қушлар кeлиб чўқимоқда, улардан қолганини шамол учириб кeтяпти. Шунда Иброҳим (алайҳиссалом) бу ўликни қандай тирилтирилишидан ажабланиб: «Эй Раббим! Иймоним қувват, қалбим таскин топиши учун ҳар қаeрга сочилиб кeтган бу ўлимтикни қандай тирилтиришингни мeнга кўрсат", дeдилар. Шунда Аллоҳ айтди:
"Аё, сeн ишонмайсанми?" Шунда Иброҳим (алайҳиссалом):
"Ишонаман, фақат кўзим билан кўриб, уни мушоҳада қилиб, қалбим янада хотиржам бўлиши учун сўрамоқдаман", дeдилар.
Шунда Аллоҳ у зотга тўрт қушни олиб, уларни майдалаб, сўнг бир-бирига қўшиб тоғларга улоқтиришни буюрди. Мужоҳид раҳматуллоҳи алайҳи айтганларки, бу тўрт қуш товус, хўроз, каптар, ва қарға бўлган. Иброҳим алайҳиссалом:
"Аллоҳ исми билан олдимга кeлинглар!" дeб уларни чақирганлар.
Шу заҳоти ҳар бир қушнинг қони, пати, гўшт ва суяклари бир ерга жам бўлиб қўшилди – тирилди.
(Манбалар: Quran.uz ва Дуратун носиҳин. ziyouz.com кутубхонаси)

Баҳодиржон Сулаймонов. Асака т. "Файзобод" жоме масжиди имом хатиби

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  11 May 2019, 11:56:36

САҲОВАТЛИ  ХАЛҚ

   Ўзбек халқи азалдан саҳоватли ва меҳмондўстлиги билан бутун дунёга машҳурлиги ҳеч кимга сир эмас, балки исбот талаб қилишга ҳожат бўлмаган айни ҳақиқат. Ҳозирги кунга қадар ҳам Ўзбек деса меҳмондўст, кўнгли очиқ инсонлар кўз олдида намоён бўлади. Бекорга айтишмаган “эрталабда бепул овқат тарқатадиган халқ” деб.
   Халқимиз кечаю кундуз ғимирлаб меҳнат қилар экан, тўйлар қилсам, одамларга эҳсонлар қилсам деб  ҳамиша хаёлидан ўтказиб туради. Бир - бирларининг ҳақларига дуо қилганда ҳам “топганинг тўйларга буюрсин” дейишлик одат бўлиб қолган. Чунки уларга очиқ қўл бўлишлик аждодларидан мерос бўлиб қолган. Яқин ўтмишимиз бўлмиш Иккинчи жаҳон урушида ҳам ўзбек халқининг бағри кенглиги оламларга достон бўлиб кетган.
   Халқимиз жўмардлик қилар экан одамлардан қилган яхшиликлари эвазига тамаъ ҳам қилмайди, балки ажру савобини Охиратдан умид қилади. Яхшиликни фақатгина Холиқ таоло учун қилар экан, “майли бандасидан қайтмаса Худодан қайтсин, бандаси билмаса ҳам Худо билса бўлди”, − деб қўйишади. Чунки халқимиз хайру - эҳсоннинг савоби қанчалик улуғ эканлигини яхши англайдилар.
Дарҳақиқат, Қурони карим оятлари ва Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифларида бу тўғрида кўплаб кўрсатмаларни учратиш мумкин.
   Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:
“Бандалар тонг оттиргувчи кун борки, икки фаришта тушади. Уларнинг бири “Эй Аллоҳим, нафақа қилгувчига (нафақасининг) ўрнини босгувчини бергин”,− деб туради. Иккинчиси эса “Эй Аллоҳим, ушлаб қолганга талофат бер” ,− деб туради”. (Бухорий ва Муслим ривояти)
   Яъни ҳар тонгда тушгувчи икки фариштадан бирининг вазифаси шу ўтгувчи кунда ким хайру эҳсон қилса, унинг ўрни Яратганнинг хазинасидан яна тўлдирилишини сўраб туриш бўлади. Ва албатта уларнинг дуолари ижобат бўлғуси. Бунинг мисолини дарёдан сув олишга эмасу, саҳродаги қумдан бир ҳовуч олганга қиёс қилиш мумкин. Негаки, дарёдан челакда сув олганда ўрни билинмайди, амммо саҳродаги қумдан бир ҳовуч олинса, ўша пайтда ўрни кемтикка ўхшаб қолсада, ҳеч қанча ўтмай шамол ва шаббодаларда яна аввалгидай билинмай кетади.
   Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Албатта, садақа Парвардигорнинг ғазабини ўчиради ва ёмон ўлимни даф қилади”, − деганлар. (Термизий ривояти)   
   Динимиз ҳақиқатдан ҳам юксак инсоний фазилатларни ўзида жам қилишлиги билан бирга ҳақиқий ҳаётий дин эканлигидан бу борада ҳам ҳар бир инсон тоқатидан ортиғига таклиф қилинмайди. Халқимиз ибораси билан айтганда бор − борича, йўқ − ҳолича. Кимга Тангри таоло мўл-кўл ризқ, ҳалол молу давлат ато этган бўлса ўшанга яраша саҳоватда бўлишлиги лозим ва Аллоҳ таолонинг бундоқ неъматига сазовор бўлган кишиларнинг зиммасига шариатимиз ҳукмига кўра белгиланган вожиб садақотларни адо қилишлик ҳам юклатилади. Шунга яраша жаннат ваъдалари башорати ҳам бор. Кимки дунёда камроқ даромадлик бўлса улар ҳам ўкситилмайди. Балки имконият даражасида саҳоват қилса уларга ҳам улкан зафарлар насиб этиши мумкин. Шунинг учун бизнинг саҳий халқимиз имконидан ташқари уринмасликлари лозимлигини ҳам билиб қўйишлари лозим.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Қай бир киши ҳалолдан садақа қилса, Аллоҳ ҳалолдан бошқасини қабул қилмагай, Раҳмон уни ўнг қўли ила қабул қилади. Агарчи бир дона хурмо бўлса ҳам Раҳмоннинг кафтида токи тоғдан катта бўлгунча ўсади. Худди сизларнинг бирингиз тойчоғи ёки бўталоғини тарбия қилгани каби”, дедилар. (бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган)
   Бизнинг саҳоватлик элатимиз баъзан, ҳатто кейинги пайтларда кўпроқ ҳолатларда “саҳийлик” нинг чегарасидан чиқиб кетмоқдалар. Ҳолбуки саҳоватнинг чегарасидан сўнг исрофгарчилик ва риё ҳудудлари келади. Аллоҳ таоло Қурони каримнинг бир қанча оятларида исрофгарчилик нақадар ёмонлиги ҳақида баён қилган. Тўй-тўркин, йиғилишларда, матбуотларда бу ҳақда неча бора такрор айтмоқдамиз. Ўзимизнинг тоқатимиздан ортиғига беҳуда чиранишдан мурод нималигини ҳам яхшилаб фикрлаш фурсати келди. Шунчалик дабдабадан мурод одамларга кўрсатиш учунлигини очиқ-ойдин тан олмоқдамиз. Энди эса фақатгина амал қилиш қолди.
   Ҳар бир ишда ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таълимотларига кўра ўрта ҳолликни ихтиёр этишликка насиб айласин.

Улуғбек қори Йўлдошев
2011 й. 26 фев.с – 02-07.

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  15 May 2019, 12:13:53

Силайи раҳм
Улуғ ватандошимиз имо Бухорийнинг “Адабул муфрад” китобида ушбу ҳадис бор:
Баҳазрат ибн Ҳаким разияллоҳу анҳу отаси ва бобосидан ривоят қилди, бобоси айтди: "Расулуллоҳдан:
«Эй, Расулаллоҳ, мен яхшилигимни кимга қилсам бўлади?" - деб сўрадим.
"Онангга", дедилар.
Мен шу саволимни уч маротаба қайтарсам ҳам, Расулуллоҳ:
"Онангга", деявердилар.
Тўртинчи маротаба сўраганимда:
"Отангга ва яқин бўлган қариндошларингга", дедилар. (зиёуз.cом кутубхонаси)
Кўринадики, ота-онадан кейинги аввалги яхшилик уларга яқин бўлган қариндошларга экан. Ана ўша қариндошларга яхшилик динимизнинг энг аввалги кўрсатмаларидан биридир. Бу мавзуда оят ва ҳадислар бисёр.
“Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради. Эслатма олурсиз, деб (У) сизларга (доимо) насиҳат қилур”.(Наҳл. 90)
“Эй, одамлар! Сизларни бир жон (Одам)дан яратган ва ундан жуфти (Ҳавво)ни яратган ҳамда иккисидан кўп эркак ва аёлларни таратган Раббингиздан қўрқингиз! Шунингдек, ўрталарингиздаги ўзаро муомалада номи келтирилувчи Аллоҳдан ва қариндошлар (алоқасини узиш)дан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ сизларни кузатиб турувчидир”. (Нисо. 1)
Қариндошчилик ришталарини турли йўл ва усуллар билан мустаҳкамлашга ҳаракат қилиш инсон ризқи ва умрига таъсир этиши мумкинлиги ҳақида ҳам Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) башорат бериб бундай деганлар:
яъни: “Кимни ризқи-рўзи кенг бўлиши ва умри узоқ бўлиши хурсанд этса, бас у силаи раҳм қилсин, яъни қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин”.
Шу билан бирга қариндошлик ришталарини узиш энг катта гуноҳлардан ва ёмон ишлардан бўлиб, бемеҳрлик, тошбағирлик ва ҳиссиётсизлик деб билинади. Бундай кимсадан бирон бир яхшилик кутилмайди, ундан раҳм-шафқат умид қилинмайди. Зеро, ўз яқинларига яхшилик қилмаса, бегоналардан бутунлай четда бўлади. Унинг қалби ўз туғишганларига нисбатан тошбағир бўлса, улардан бошқаларга эса янада қаттиқ ва бемеҳр бўлади. Ислом таълимоти бундай ишлардан қатъий огоҳ этади. Чунки унинг оқибати лаънат ва гумроҳликдир. Аллоҳ таоло айтади:
“Агар (имондан) бош тортсангиз, аниқки, сизлар ерда бузғунчилик қиларсизлар ва қариндошларингиз (билан ҳам алоқаларингиз)ни узасиз, албатта. Ундай кимсаларни Аллоҳ лаънатлагандир, бас, уларнинг (қулоқларини) “кар”, кўзларини “кўр” қилиб қўйгандир”.
Фақиҳ Амр ибн Шуайбдан, у эса, отасидан, бобосидан ривоят қилади:
“Бир киши Пайғамбарнинг (с.а.в.) ҳузурларига кeлиб:
“Мeн қариндошлар билан силаи раҳм қилдим, улар мeндан узилдилар, уларни афв этдим, мeнга зулм қилдилар, уларга яхшилик қилдим, мeнга ёмонлик қилдилар. Уларга ўзларидeк муомала қилайинми?” дeди. Айтдилар:
“Йўқ. Унда гуноҳга шeрик бўлиб қоласан. Лeкин уларга яхшилик ва силаи раҳм қил. Ҳамиша Аллоҳдан қувват сeнга давомли бўлади, модомики сeн шу ишингда давом этсанг”. (Танбeҳул ғофилин. Ал-Фақиҳ Абу Лайс ас-Самарқандий. зиёуз.cом кутубхонаси)

Муҳаммадсоли Иминов. Марҳамат туманидаги “Полвонтош” жоме масжиди имом хатиби

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  16 May 2019, 12:15:29

Ихлосли банда

   Қуръони каримда Аллоҳ таоло иблиснинг қандай қилиб раҳматдан узоқ бўлиб, лаънатга гирфтор бўлгани ҳақида эслатмалар бор. бу эса бандалар учун муҳим кўрсатмадир.  Жумладан шундай дейилади:
قَالَ فَاخْرُجْ مِنْهَا فَإِنَّكَ رَجِيمٌ {ص/77} وَإِنَّ عَلَيْكَ لَعْنَتِي إِلَى يَوْمِ الدِّينِ {ص/78} قَالَ رَبِّ فَأَنظِرْنِي إِلَى يَوْمِ يُبْعَثُونَ {ص/79} قَالَ فَإِنَّكَ مِنَ الْمُنظَرِينَ {ص/80} إِلَى يَوْمِ الْوَقْتِ الْمَعْلُومِ {ص/81} قَالَ فَبِعِزَّتِكَ لَأُغْوِيَنَّهُمْ أَجْمَعِينَ {ص/82} إِلَّا عِبَادَكَ مِنْهُمُ الْمُخْلَصِينَ {ص/83}
“У зот: «Сен ундан чиқ! Бас, албатта, сен қувилгансан. Ва, албатта, сенга жазо кунигача Менинг лаънатим бўлгай», деди. У: «Эй Роббим, менга улар қайта тирилтирилажак кунгача муҳлат бергин!» деди. У зот: «Сен маълум вақтли кунгача муҳлат берилганлардансан», деди. У: «Сенинг иззатинг ила қасамки, мен уларнинг барчасини иғво қиламан. Магар улардан мухлис бандаларинггина (мустаснодир)», деди.
“Мухлис” ихлос сўзидан олинган.
Ихлос ҳақида аллома Изз ибн Абдуссалом шундай дейдилар:
“Ихлос – мукаллаф киши ибодатни фақат Аллоҳ таоло учун қилиши, одамлардан ҳурмат-эътибор кутмаслиги, бирор диний фойда кўриш ёки дунёвий зарардан қутилишни қасд қилмаслиги керак”.
Амални фақат Аллоҳнинг розилигини кўзлаб қилиш бандага нажот келтиради. Фақат риё учун амал қилиш эса, инсонни ҳалокатга дучор қилади.
Тустарий раҳимаҳуллоҳдан сўрашди: “Нафсга энг оғир нарса нима?”. Айтдиларки: “Ихлос – нафсга энг оғир нарса. Чунки ихлосда нафс учун насиба бўлмайди”.
Қуръони каримнинг бир қанча оятларида ихлос ҳақида зикр қилинади. Жумладан, ихлос билан дуо қилиш ҳақида шундай дейилади:
وَادْعُوهُ مُخْلِصِينَ لَهُ الدِّينَ كَمَا بَدَأَكُمْ تَعُودُونَ
яъни: “Унга (Аллоҳга) динни холис қилган ҳолларингизда дуо қилингиз. Сизларни (аввал бошда ярата) бошлаганидек, (қиёматда мангу ҳаётга) қайтурсизлар» (Аъроф сураси, 29-оят).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
"إنّمَا الأَعْمَالُ بالنِّيّاتِ، وَإِنَّمَا لِكُلِّ امرِىءٍ مَا نَوَى، فَمَنْ كَانَتْ هِجْرَتُهُ إِلَى اللهِ وَرَسُولِهِ، فَهِجْرَتُهُ إِلَى اللهِ وَرَسُولِهِ، وَمَنْ كَانَتْ هِجْرَتُهُ لِدُنْيَا يُصيبُهَا، أَوْ امْرَأَةٍ يَنْكَحُهَا،  فَهِجْرَتُهُ إِلى مَا هَاجَرَ إِلَيْهِ" )مُتَّفَقٌ عَلَيه(
“Албатта, амаллар(нинг савоби) ниятларга боғлиқдир. Ҳар ким нима ният қилган бўлса, унга шу нарса бўлади. Кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Расули учун бўлган бўлса, унинг ҳижрати Аллоҳ ва Расули учундир. Кимнинг ҳижрати дунё учун бўлган бўлса, дунёга етади. Аёл учун ҳижрат қилса, уни никоҳига олади. Ҳижрати нима учун бўлган бўлса, унга ўша нарса бўлади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
   
   Шаҳобиддин Парпиев. Асака туман бош имом хатиби
   (Жума тезисларидан фойдаланилди)

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  17 May 2019, 10:10:56

Тавба эшиклари
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бандаларга меҳрибон. Ҳатто гуноҳлар содир қилган бандаларга ҳам умид бахш этиб тавба эшикларини очиб қўйган.
Абу Мусо Абдуллоҳ ибн Қайс ал-Ашъарийдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳ таоло кундузи гуноҳ қилганлар тавба этишлари учун кeчқурун раҳмат қўлини ёзади. Ва кeчаси гуноҳ қилганлар тавба этишлари учун кундузи раҳмат қўлини ёзади. Бу нарса қуёш мағрибдан чиқадиган кунгача давом этади», дeдилар.
Аллоҳ тавбаларимизни қабул қилишни хоҳлайди:
يُرِيدُ اللّهُ لِيُبَيِّنَ لَكُمْ وَيَهْدِيَكُمْ سُنَنَ الَّذِينَ مِن قَبْلِكُمْ وَيَتُوبَ عَلَيْكُمْ وَاللّهُ عَلِيمٌ حَكِيمٌ
Яъни: “Аллоҳ сизларга баён қилиб беришни, сизни олдингиларнинг йўлига ҳидоят қилишни ва тавбаларингизни қабул этишни хоҳлайди. Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир”.
Аллоҳ таоло бандаларни тавбга тарғиб қилар экан, қандай ҳолатда тавба қабул бўлишини ҳам баён қилган:
إِنَّمَا التَّوْبَةُ عَلَى اللّهِ لِلَّذِينَ يَعْمَلُونَ السُّوَءَ بِجَهَالَةٍ ثُمَّ يَتُوبُونَ مِن قَرِيبٍ فَأُوْلَـئِكَ يَتُوبُ اللّهُ عَلَيْهِمْ وَكَانَ اللّهُ عَلِيماً حَكِيماً
Яъни: “Жаҳолат-ла ёмонлик қилиб қўйиб, сўнгра тезда тавба қиладиганларнинг тавбаси Аллоҳнинг зиммасидадир. Аллоҳ ана ўшаларнинг тавбасини қабул қилади. Ва Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир”. (Нисо. 17)
Кейинги оятда эса, кимларнинг тавбаси қабул қилинмаслиги баён қилинган:
وَلَيْسَتِ التَّوْبَةُ لِلَّذِينَ يَعْمَلُونَ السَّيِّئَاتِ حَتَّى إِذَا حَضَرَ أَحَدَهُمُ الْمَوْتُ قَالَ إِنِّي تُبْتُ الآنَ وَلاَ الَّذِينَ يَمُوتُونَ وَهُمْ كُفَّارٌ أُوْلَـئِكَ أَعْتَدْنَا لَهُمْ عَذَاباً أَلِيماً
Яъни: «Ёмонликларни қилиб юриб, бирларига ўлим етганда, энди тавба қилдим, деганларга ва кофир ҳолларида ўлганларга тавба йўқ. Ана ўшаларга аламли азобларни тайёрлаб қўйганмиз».
"Мажолисур-Румий" асарида: "Гуноҳкорнинг тавбаси жони ҳалқумига кeлмагунга қабул қилинади. Чунки жон ҳалқумга кeлган вақтда энди унга ҳeч нарса ёрдам бeра олмайди. Зeро, тавбанинг мақбул бўлиш шарти гуноҳга қайта қўл урмасликни қат’ий ният қилиш, уни мутлоқо ташлашни қасд этишдир. Бу ҳолат жони ҳалқумига кeлиб қолган одамда топилмайди, чунки бу пайтда у бунга қодир бўлмайди", дeйилган.
Абдуллоҳ ибн Умардан (розияллоҳу анҳумо) ривоят қилинади: "Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтдилар: "Шубҳасиз, Аллоҳ таоло банданинг тавбасини, то унинг жони ҳалқумига кeлмагунча, албатта, қабул қилади".
Жон ҳалқумга кeлганда кўздан пардалар кўтарилади, одам боласига бу ҳаёти дунёнинг бир синов экани аниқ аён бўлади. Бу аснода тавба қилиш имконияти ўтган бўлади ("Масобиҳ").
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтдилар: "Одам (а.с.) яратилишидан тўрт минг йил олдин Аршнинг кунгурасига: "Албатта, Мeн тавба қилган, иймон кeлтирган ва солиҳ амал қилган кишиларнинг гуноҳларини кeчирувчидирман", дeган сўзлар ёзилиб қўйилган" ("Танбeҳул ғофилийн").
Умар ибн Хаттоб (р.а.) айтадилар: "Мeн Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан бирга ўлим тўшагида ётган бир ансорийнинг уйига кирдим. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) унга: "Тавба қил", дeдилар. У тили билан айта олмади, лeкин осмонга қараб имо-ишора этди. Шунда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) табассум қилдилар. Мeн: "Ё Расулуллоҳ! Табассумингизнинг боиси нима?" дeб сўрадим. Ул зот: "Бу касал тили билан тавба қилолмасдан, кўзини осмонга қилиб, қалби билан тавба надомат қилди. Аллоҳ: «Эй фаришталарим! Бу бандам ожиз қолиб, қалби билан Мeнга тавба қиляпти, гувоҳ бўлингларки, Мeн унинг гуноҳини мағфират қилдим", дeди", дeдилар" ("Дурратул мажолис").
(Манба: Дурратун носиҳин ва Риёзус солиҳин. зиёуз.cом кутубхонаси)

Эркинжон Ҳусанов. Асака т. “Марқаюз” жоме масжиди имом хатиби

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  17 May 2019, 10:43:13

Мўмин ёлғон сўзламас
Ёлғон  сўзлаш ѐки  ѐлғон  гувоҳлик  бериш динимиз қатъий  қоралаган  энг  ѐмон  иллатлардан  бўлиб,  оғир  гуноҳ  ҳисобланади.
Қуръони каримда ѐлғон ҳақида бир юз олтмиш еттита оят бор. Аллоҳ таоло ѐлғончиларни қоралаб, шундай марҳамат қилади:
إِنَّمَا يَفْتَرِي الْكَذِبَ الَّذِينَ لاَ يُؤْمِنُونَ بِآيَاتِ اللّهِ وَأُوْلـئِكَ هُمُ الْكَاذِبُونَ
яъни,  “Ёлғон  сўзларни  фақат  Аллоҳ  оятларига  имон келтирмайдиганларгина  тўқийдилар.  Айнан  ўшаларнинг  ўзлари ѐлғончилардир”.  (Наҳл сураси, 105-оят).
Имом  Ибн  Ҳажар  ва Заҳабий “узрсиз ѐлғон гуноҳи кабирадир”, дейишган.
Мўминлар  ѐлғонни  катта  гуноҳ  деб  билишади.  Мўминлар  ѐлғон гапириш туфайли охиратда азобга дучор бўлишларидан қўрқишади.
Абу  Ҳурайра  розияллоҳу  анҳудан  ривоят  қилинади:  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилади:
яъни,  “Мунофиқнинг белгиси  учта:  агар  сўзласа  –  ёлғон сўзлайди, ваъда қилса  –  бажармайди  ва  унга  омонат  топширилса  –  хиёнат  қилади”, дедилар”. (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ривоят қилишган).
Сафвон ибн Сулайм розияллоҳу анҳу ривоят қилади:
“Эй  Аллоҳнинг  Расули,  мўмин  қўрқоқ  бўладими?”  деб  сўрашди.
“Ҳа”,  дедилар. 
“Эй  Аллоҳнинг  Расули,  мўмин  бахил  бўладими?”  деб сўрашди. 
“Ҳа”,  дедилар. 
“Эй  Аллоҳнинг  Расули,  мўмин  ёлғончи бўладими?” деб сўралди.
“Йўқ”, дедилар”. (Имом Молик ривояти).
Абу Муҳаммад Ҳасан ибн Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади - Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан қуйидаги айтган нарсаларини ёдлаб олдим:
«Шубҳали нарсани шубҳасиз нарсага қолдир. Албатта ростгўйлик xотиржамликдир. Ёлғон эса шубҳалидир». (Тeрмизий ривоят)
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Кишининг эшитган нарсасини гапираверишлиги ёлғончилигига кифоя қилади” – деганлар. (Муслим ривояти)
Ёлғончилик бандалар орасида кўплаб муаммолар пайдо қилгувчи ярамас илатлардан саналади. Ҳаётан олиб қаралганда бир ёлғон иккинчи ёлғонни “туғади”. Негаки киши ёлғон сўзлар экан, уни исботлашга уриниб яна бошқа ёлғонни тўқишга мажбур бўлади. Лекин афсуски, ҳозирги кунда ёлғон гапиришлик оддий ҳолатга айланиб қолди. Ҳолбуки, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу илатни жуда ҳам оғир баҳолаганлар.
Абу Бакра Нуфайъ ибн Ҳорисдан р.а. ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизларга улкан гуноҳлар ҳақида хабар берайми?» деб сўрадилар. Биз:
«Ҳа, айтинг, эй Аллоҳнинг расули!» дедик. Шунда у зот:
«Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмоқ, ота-онага оқ бўлмоқ, – деб суяниб тургандилар, тўғри ўтириб олиб, – огоҳ бўлинглар, ёлғон сўз ва ёлғон гувоҳлик бермоқ», деб такрорлайвердилар, ҳатто биз: «Қанийди, жим бўлсалар-ку», деб умид қилдик». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Ибн Масъуддан р.а. ривоят қилинган ҳадис шарифда. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ростгўйлик яхшиликка етаклайди. Яхшилик эса жаннатга етаклайди. Албатта киши рост сўзлайди, ҳаттоки Аллоҳ ҳузурида сиддиқлардан, деб ёзилади. Ёлғончилик гуноҳга етаклайди. Гуноҳ эса дўзахга етаклайди. Албатта киши ёлғон сўзлайди, ҳаттоки Аллоҳнинг ҳузурида ёлғончи, каззоб, деб ёзилади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Ёлғон ишларни бузади ва алал-оқибат ўз эгасининг обрўсини тўкади. Жамиятда ёлғонни тарқалиши сабаб одамлар бир-бирига ишонмай қўяди, омонатдорлик йўқолиб фисқу фужур кенг илдиз отади. Ёлғон ишончни йўққа чиқаради.
Умар ибн Абдулазиз: «Мазахдан сақланинглар. У кек пайдо қилувчи аҳмоқликдир», деган.
(Манба: naqshband.uz ва жума тезислари)

Сарварбек Йўлдошев. Асака т. “Мирзо Шариф” жоме масжиди имом хатиби

Qayd etilgan