Maʻrifiy maqolalar  ( 118215 marta o'qilgan) Chop etish

1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 ... 26 B


MirzoMuhammad  07 Aprel 2015, 12:38:45

                    САҲИЙЛИК

   Халқимиз кечаю кундуз ғимирлаб меҳнат қилар экан, тўйлар қилсам, одамларга эҳсонлар қилсам деб  ҳамиша хаёлидан ўтказиб туради. Бир-бирларининг ҳақларига дуо қилганда ҳам “топганинг тўйларга буюрсин” дейишлик одат бўлиб қолган. Чунки уларга очиқ қўл бўлишлик аждодларидан мерос бўлиб қолган. Халқимиз биладики, унинг фароғати дунёда ҳам барака келтиради, охиратда ҳам улканажрларга сабаб бўлади.
   Ойиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
   "Сахийлик бир дарахтдир, унинг томирлари жаннатда, шохлари эса дунёга тушгандир. Ким унинг бир шохига осилса, уни жаннатга олиб боради. Бахиллик ҳам бир дарахтдур, унинг томирлари дўзахда ва шохлари дунёга тушган. Ким унинг бир шохига осилса, уни дўзахга олиб боради" дедилар.
   Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
   "Ўзларингиз ва ўликларингиз учун бир қултум сув билан бўлса ҳам садақа қилинглар! Агар бунга қодир бўлмасангиз, Аллоҳнинг Китобидан бўлган бир оят билан, яъни, уни ўқинглар, унга амал қилинглар, бошқаларга ҳам етказинглар. Бас, агар бунга ҳам қодир бўлмасангиз, раҳмат ва мағфират сўраб, Аллоҳга дуо қилинглар! Чунки У зот дуони ижобат қилишга ваъда бeргандир".
   Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
   “Қай бир киши ҳалолдан садақа қилса, Аллоҳ ҳалолдан бошқасини қабул қилмагай, Раҳмон уни ўнг қўли ила қабул қилади. Агарчи бир дона хурмо бўлса ҳам Раҳмоннинг кафтида токи тоғдан катта бўлгунча ўсади. Худди сизларнинг бирингиз тойчоғи ёки бўталоғини тарбия қилгани каби”, дедилар. (Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган)
   Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
   “Албатта, садақа Парвардигорнинг ғазабини ўчиради ва ёмон ўлимни даф қилади”, − деганлар. (Термизий ривояти)   
   Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига кeлиб:
   «Эй Аллоҳнинг расули, садақанинг қайси бири ажри улуғроқ?» дeганида, у зот:
   «Ўзинг соғ, ҳирсли, қизғанчиқ, камбағалликдан қўрқиб, бойликни орзу қилиб турган пайтингда садақа қилганинг. Токи жонинг ҳалқумингга етиб келгунча кeчиктирмагин. Сeн фалончига унча, пистончига бунча, дeб айтасан. Ҳолбуки фалончига бўлиб бўлади», дeдилар. (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари)
   Шуни ҳам ёдда тутиш керакки, динимизда тоқатимиздан ташқарига таклиф қилинмайди. Кимга Тангри таоло мўл-кўл ризқ, ҳалол молу давлат ато этган бўлса ўшанга яраша саҳоватда бўлишлиги лозим. Уларнинг зиммаларига шариатимиз ҳукмига кўра белгиланган вожиб садақотларни адо қилишлик ҳам юклатилади.бой бўлмаганлар эса имконият даражасида саҳоват қилса уларга ҳам улкан зафарлар насиб этиши мумкин. Шунинг учун бизнинг саҳий халқимиз имконидан ташқари уринмасликлари лозимлигини ҳам билиб қўйишлари лозим.

   Адҳамжон Бобоев
   Балиқчи тумани


Qayd etilgan


MirzoMuhammad  18 Aprel 2015, 12:07:19

СУҲБАТЛАШИШ ОДОБИ
   Мусулмон киши ҳаммага ҳамиша ва ҳар бир ишда ибрат бўлмоғи лозим. Токи мусулмон киши билин ҳамсуҳбат бўлган ғайридинлар Ислом дини ҳақиқатан ҳам тинчликпарвар дин эканлиги, мусулмончиликда барча миллат ва элатлар тенг  ҳуқуқлик асосида ҳурмат қилинишини билсин ва ибрат олсин. Интернет тармоқларидан олинган ана шундай ибратли воқеалардан бирини эътиборингизга ҳавола қиламиз
   Англия олийгоҳлардан бирининг талабаларининг ичида араб миллатига мансуб талабалар бўлиб улар ўзаро суҳбатлашганларида араб тилида гаплашар эди. Уларнинг олдига араб тилини билмайдиган бошқа миллат ёки дин вакиллари келса улар тушунадиган инглиз тилида гаплашар эди. Бу ҳолатни кўп маротаба кузатган бир талаба қиз уларнинг нима учун бундай қилаётганларидан ажабланиб сўрди. Улар жавоб беришди:
-   Улар бизнинг динимизда шундай қилинади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида:
   “Агар уч киши бўлсангиз, бир кишининг ўзини қолдириб иккитангиз гаплашманг. Қачонки, у бошқаларга қўшилиб кетса, унда зарари йўқ. Чунки бир кишини қолдириб, икки киши алоҳида гаплашса, ҳалиги бир киши хафа бўлиб қолади», деб айтганлар. (Имом Бухорий ва Муслим Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).
   Шунинг учун биз тилимизни тушунмайдиганларни олдиларида араб тилида гаплашмаймиз, балки улар ҳам нима ҳақида гаплашаётганимизни тушунсинлар ва кўнгилларида ҳар хил шубҳа ва гумонлар бўлмасин деб шундай қиламиз.
   Шунда, ғайридин бўлган талаба қиз мусулмонлардаги мазкур фазилатга қизиқиб Ислом динини қабул қилган экан.

   Абдураззоқ Фармонов. Муҳиддин саҳҳоф жомеъ масжиди имом хатиби
   Муҳаммадсобир Иминов. Ҳазрат Умар масжиди имом хатиби
   Асака

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  18 Aprel 2015, 13:01:03

КЕКСАЛАРНИ ҲУРМАТЛАШ
   Бизлардан сўрасалар: “мусулмонмисан?” деб, бизлар: “Алҳамдулиллоҳ, мусулмонман!” деб жавоб берамиз. Ана шу шукр ва ҳамд билан жавоб беришимизнинг ҳикматлари кўп. Аввало, ҳидоятни ўзимизча эмас, балки Яратган Парвардигорнинг марҳамати билан топганимиздан. Ундан ташқари бизларга шу дин орқали кўплаб неъматлар ато қилинганидур. Ана шундай неъматлардан бири – кексаларни ҳурмат қилишлик.
   Ҳеч иккиланмай айтишимиз мумкинки, бошқа ҳамма халқларда ҳам кексаларни ҳурмат қилиш бизлардаги каби эмас. Бу эса исбот талаб қилишга ҳожати йўқ ҳақиқат эрур. Шунчаки, бошқа халқларнинг турмуш тарзига озгина назар ташлаб қўйилса кифоя.
   Айниқса Европа халқларида фарзандлар балоғатга етибоқ мустақил турмушга интилишади. Албатта, мустақил турмуш тарзида тарбиялаш бизларда ҳам бор, лекин улардан фарқли ўлароқ ҳар қанча улғайса ҳам ўзидан каттани, хусусан кексаларни ҳурмат қилиш умримизнинг охирига қадар салмоғи пасаймайдиган фазилатлардан ҳисобланади. Европа халқида эса балоғатга етиши биланоқ, ҳатто отсига ҳам “Мен энди ёш бола эмасман!” дейиш энг кўп тарқалган одатлардан бўлиб турибди.
   Мусулмончиликда, хусусан бизнинг миллатимизда кишининг ёши 80 – 90га борган бўлса ҳам, отаси ёки онаси бўлса уларнинг олдида шу ёшда ҳам ҳали ёш саналади. Оддийгина тўй-тўркинларимизга эътибор қилайлик – (айниқса қишлоқларимизда) аввал ёши катталар, кейин ёшлар кирадилар. Тўйхонада жойлашиб ўтиришлик ҳам ўз-ўзидан ёшга мутаносиб бўлишлиги оддий ҳолат саналади.
Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳудан ривояти қилинади – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
“Сизларга бирор қавмнинг каттаси келса уни ҳурмат қилинглар”. (Табароний ривояти)
 Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Қайси ёш киши кексани икром қилса, у ёш кишига Аллоҳ таоло кексанинг ёшига етганида уни икром қиладиган кишини тақдир қилади” деганлар. (Термизий ривояти)
   Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “Кексаларни эъзозлаш” китобида ажойиб ибрат келтирилган:
   “Молик ибн Мўғул айтади: “Талҳа ибн Мусарраф билан юриб борар эдим. Бир жойга келиб қолдик. У олдинга ўтди-да: “Агар сенинг мендан бир кунлик катта эканингни билганимда, олдингга тушмас эдим” деди”
   
   Бахтиёржон Сайдалиев
   Улуғнор тумани бош имом хатиби

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  28 Aprel 2015, 19:22:09

ОТА-ОНА ҲУРМАТИ
   Ота ва оналаримиз бизнинг дунёдаги жаннатларимиз. Бироқ ёнгинамиздаги жаннат қолиб, атрофдан савоб излаб юрамиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
   «Ғайбдан хабар бериш даъвоси бўлиб қолмаса эди, ушбу беш нафар кишига «Албатта улар жаннат аҳлидан», деб гувоҳлик берар эдим:
   1. Камбағал оила бошлиғи;
   2. Эрини рози қилган аёл;
   3. Ўз маҳрини эрига садақа қилган аёл;
   4. Ота-онасини рози қилган фарзанд;
   5. Гуноҳларига тавба қилувчи киши».
   Чунки улар бизга бор меҳрларини берганлар. Керак бўлса жонини фидо қилишга тайёр. Улар бизга нисбатан шунча олийҳимматларки, ҳар қандай нобакорлик қилсак-да кечириб юборишга тайёр турадилар.
   Шу ўринда бир ҳикоя:
   Бир кекса аёл уйланган ўғли билан бир уйда яшарди. Бир куни ўғил ишдан келиб, хотинининг олдига кирганда, хотини унга кекса онаси ҳақида кўп ёмон гапларни гапирди. Ўғил ғазабланган ва юзлари қизарган ҳолда дарҳол онанинг олдига тушиб, унга деди:    “Туринг ўрнингиздан, сиз билан бир жойга борамиз”.
   Она ўғлининг ниятини билмади. Ўғил онасини тоғ сари бошлаб борди. Тоғнинг тепасига чиққач, онасига:
   “Сабрим тугади. Агар хотинимга қилаётган муомалангизни бас қилмасангиз, сизни шу тоғдан ташлаб юбораман” деди. Шунда она бечора сокинлик ва виқор билан:
   “Истаган ишингни қилавер, ўғлим. Лекин бундан олдин менга рухсат берсанг, икки ракат намоз ўқиб олай” деди.
   Она намозни ўқиб бўлиши биланоқ ер ёрилиб, ўғилни бўйнигача ер ютди. Бу ҳолни кўрган она ўзини йўқотиб қўйди ва бор овози билан қичқирди. Унинг қичқириғини пастдан ўтиб кетаётганлар эшитиб, болани ердан чиқариб олиш учун дарҳол ёрдамга келишди. Лекин барча уринишлари бефойда бўлди. Охири улар бир олимни воқеа жойига чақириб келишди. Олим ҳолатни кўргач, онага:
   “Бу оқ бўлишнинг жазосидир. Сиз Аллоҳга ўғлингизни бу азобдан қутқаришини сўраб дуо қилсангизгина, у бу балодан қутилиши мумкин” деди.
   Она дарҳол қўлларини дуога очиб, ўғлини бу азобдан қутқаришини сўраб дуо қилди. Аллоҳнинг изни билан ер юмшаб, ўғил ташқарига чиқди, ҳаётга қайтди. Чиқишга чиқдию, аммо оёқ-қўллари ишламайдиган бўлиб чиқди. Бировнинг кўмагисиз ҳеч нарса еёлмас ва ичолмас эди. Бошқаларнинг қўлидан ичимлик ичса, ҳеч қонмас эди. Фақат онаси ичириб қўйсагина қонарди. Шунинг учун унга яна ўша меҳрибон она ўз қўллари билан едириб-ичириб қўярди. Онаси ичириб қўйсагина чанқоғи босиларди. Ўз ўғлининг қилмишларига қарамай, онасининг унга меҳр кўрсатишини қаранг! (“Ислом.Уз” сайтидан фойдаланилди)
   
   Толибжон Абдураҳмонов. Шаҳрихон туманидаги Эшон жомеъ масжиди имом хатиби

Qayd etilgan


okahon.8800  03 Iyun 2015, 07:48:05

ISTIG’FOR FAZILATI
Banda xatokor. U o'zi bilmagan holda ba'zi kichik gunohlarni sodir etib qo'yishi mumkin. Alloh bandaga shu qadar mehribonki, uni bu gunohlardan poklashni bandaning o'ziga bog'liq qilib qo'ygan. Ya'ni banda tahorat qilsa, namoz o'qisa, ro'za tutsa yoki  istig’for aytadigan bo’lsa uning kichik gunohlari o'chiriladi.
Istig'fornig lug'aviy ma'nosi, mag'firatni (gunohning kechirilishini) so'rashdir. Amalda banda tilida «astag'firulloh» va shu ma'nodagi kalimalarni aytib, dil bilan tasdiqlashidir. Umumiy ma'noda esa istig'for dindorlikni ifoda etadi.
Istig’for shunday savobli  amalki, Alloh taoloning habibi Paygambarimiz (sollallohu alayhi vasallam) ning o’zlari sizu biz ummatlariga istig’for aytishlikni talimini berganlar.
عن أبي هريرة قال قال رسول الله صلى الله عليه و سلم والله : اني لأستغفر الله عز و جل وأتوب اليه في اليوم أكثر من سبعين مرة

Abu Hurayra roziyallohu anhudan rivoyat qilinadi:  «Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning «Allohga qasamki, men bir kunda etmish martadan ko'p Alloh taologa istig'for aytib, Unga tavba qilaman», deb aytganlarini eshitdim».  Imom Buxoriy rivoyati.
Alloh taolo Paygambarimizni gunohlardan asrab qoygan bo’lsa, jannatga kirishligi aniq bo’la turib  har    kuni yetmish marotabadan 
أستغفر الله عز و جل وأتوب اليه
“Allohim senga istig’for aytaman va senga tavba qilaman”  deb istig’for aytar ekanlar, demak bizlar ha bunday fazilatli amalda u paygambarimizga ergashmog’imiz darkor.
Istigforning fazilatlari ko’p. Bulardan biri Alloh istigfor aytguchi insonni rizqini keng, farzand talabidagi bandasiga farzand, dexqonchiliklarida, Baraka beradi. Alloh taolo quronda

استغفِرُوا رَبِّكُم إنَّه كانَ غفاراً. يرسلِ السماءَ عليكُم مدراراً. ويمددكم بأموال وبنينَ ويجعلْ لكُم جناتٍ ويجعلْ لكم أنْهارا

Bas, o'z Robbingizga istig'for ayting, albatta, U gunohlarni ko'plab mag'firat qiluvchidir U zot osmondan ustingizga ketma-ket baraka yomg'irini yuboradir. Va sizga molu mulk va bola-chaqa ila madad beradir va sizlarga bog'u rog'lar hamda anhorlarni beradir.

Buyuk vatandoshimiz Imom Abul Barakot Nasafiy o'zlarining mashhur tafsirlari «Madorik»da ushbu oyati karima tafsiriga quyidagi qissani keltiradilar:

Hazrat Imom Hasan Basriy o'z davrlarida bir guruh kishilar bilan suhbatlashib o'tirganlarida bir odam kelib qurg'oqchilikdan shikoyat qilibdi, Hazrati Imom Hasan Basriy, istig'for aytinglar, deb maslahat beribdilar. Ikkichisi kelib kambag'allikdan, uchinchisi farzandsizlikdan va hokazo shikoyatlar qilibdilar va barchalariga istig'for aytinglar degan maslahat aytibdilar. Shunda suhbatdoshlardan Robiye' ibn Subayh hazrati Hasan Basriyga murojjat qilib: «Ey Imom, sizga turli kishilar turli narsalardan shikoyat qildilar, siz esa hammalariga bir xil javob berdingiz, buning boisi nedur?» debdi.  Hazrati Imom bu savolning javobiga yuqoridgi oyatni o’qib beribdilar.

Mazkur oyatda istig'for va rizqlar bir-biriga bog'liqligiga ishora qilinmoqda. Oddiy hollarda esa doim istig'for aytib yurishlik mustahab amal hisoblanadi. Ayniqsa, sahar vaqtida aytishlik juda yaxshi va barokatlidir. Alloh taolo Kalomida mo'minlarning sifatlaridan bir nechtasini keltirib, jumladan quyidagini aytadi:
وَالْمُسْتَغْفِرِينَ بِالْأَسْحَارِ
… Va saharda istig'for aytuvchilardir». (Oli Imron, 17-oyat)
Sahar vaqtida uxlashlik insonni rizqini qisqartiradi. Uyqu juda ham shirin bo’lib turgan vaqtda uyqudan voz kechib, istig’for aytishlikda biz bilgan va bilmagan ko’p  hikmatlar bor.
 Alloh taolo tillarimizga istig’for aytishlikga odatlantirsin, katta-kichik gunohlarimizni o’zi kechirsin.
Salmon Forisiy jome masjidi imomi Rahimov ilhomjon.
Mullo Egamberdi Ohun masjidi imomi Yunusaliyev Nasibillo.


Qayd etilgan


Orifjon Hanafiy  10 Iyun 2015, 13:33:09

ИСТИҒФОР НЕЪМАТИ
   Бизларга истиғфор айтишлик неъматини берган, истиғфор айтган бандаларига мағфират ваъдасини берган Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамду санолар бўлсин.
   Умматларининг гуноҳларни Раббисидан сўраган, шафоати кубро соҳиби бўлган Пайғамбар  муҳаммад мустафо саллаллоҳу алайҳи ва салламга мукаммал салавоту саломлар бўлсин.
   Ожиз банда бу дунёга келиб Аллоҳ таоло насиб этганча яшаб улғайиб ўтар экан, озми кўпми гуноҳдан тўлиқ маъсум бўла олмас экан. Банданинг вазифаси иложи борича гуноҳлардан сақланмоқлик бўлса-да, баъзан билиб туриб, баъзан билмасдан гуноҳга гирифтор бўлиб қолар эканмиз. Ана шундай ҳолатда “Мен ундай гуноҳ қилиб қўйдим, бундай гуноҳ қилиб қўйдим. Энди мени Тангрим кечирармикан ё йўқми” деб тушкунликка тушмаслик керак. Зеро Қуёш мағрибдан чиқадиган кунга қадар тавба эшиклари беркитилмагай.
   Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:
   “Албатта, Аллоҳ азза ва жалла токи Қуёш мағрибдан чиққунга қадар кечаси билан қўлини ёзиб туради – кундузи гуноҳ қилганлар тавба қилишлари учун. Кундузи билан қўлини ёзиб туради – кечаси гуноҳ қилганлар тавба қилишлари учун”. (Абу Мусо разияллоҳу анҳудан имом Муслим ривояти)
   Аллоҳ таолонинг фазлу карамининг кенглигига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Бироқ банди Аллоҳ таолонинг мағфиратига суяниб бира тўла ғафлатда қолиб кетмаслиги керак. Шунингдек тавбадан сўнг ўша гуноҳга қайтмасликлари лозим. Ҳақ субҳонаҳу ва таоло Оли Имрон сурасининг 135-оятида марҳамат қилади:
“Улар бирор фаҳш иш қилиб қўйсалар ёки ўзларига зулм қилиб қўйсалар, (дарҳол) Аллоҳни эслаб, истиғфор айтадилар. Чунки гуноҳларни фақат Аллоҳгина мағфират этади. Яна улар билатуриб қилмишларида давом этмайдиган кишилардир”.
   Аллоҳ таоло кечиримли бўлиши билан бирга фаҳш ва ҳаромни ёмон кўришини ҳам унутмаслик керак. Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
   “Ҳеч бир киши Аллоҳдан кўра рашкчироқ эмасдур. Шунинг учунки, фаҳшларни ҳаром қилди” (Муслим ривояти)
   Демак гуноҳда бардавом бўлишлик қанчалик нотўғри бўлса-да, мағфиратдан умид узишлик ҳам тўғри эмас экан.
Шунингдек тавбанинг кўпроқ қабул қилиниш вақти ҳам бор. Кечанинг охирги қисми, тонг отишидан олдинги вақт дуо ва истиғфорлар қабул қилинадиган онлар ҳисобланади. Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, «Ҳар кеча туннинг охирги учинчи қисмида Аллоҳ таоло: “Ким дуо қилса – ижобат этаман, ким сўраса – бераман, ким истиғфор айтса – гуноҳидан кечаман», дейди”.
   Ҳасан Басрийнинг олдиларига бир одам келиб, қурғоқчиликдан шикоят қилди. У киши: “Истиғфор айт!” дедилар. Яна бир одам келиб, фақирлигидан арз қилди. Унга ҳам: “Истиғфор айт!” дедилар. Бошқа бир одам келиб, фарзанди йўқлигини айтди ва маслаҳат сўради. Унга ҳам истиғфор айтишни буюрдилар. Одамлар нега бундай қилганлари сабабини сўрашганида ушбу оятни ўқидилар:
 “Мен дедим: Раббингизга истиғфор айтинг, У Ғаффордир, сизларга осмондан шаррос ёмғирлар ёғдиради, молу дунё ва зурриётлар билан сизларни қувватлантиради, сизларга боғу роғлар, дарёлар ато қилади”.
   Аллоҳ таоло гуноҳларимизни кечирсин. Мушкулларимизни осон айласин.

   М. Полвонов
   Асака тумани Ҳазрати Умар масжиди имом хатибинниг ноиби.
   А. Ҳозиров
   Асака тумани Тошбой халфа масжиди имом хатибинниг ноиби.



Qayd etilgan


okahon.8800  11 Iyul 2015, 05:43:46

HAYOTIMDAGI UNITILMAS VOQEA.
Bundan bir necha yil muqaddam talabalik davrlarim, juma’ kuni edi yotoqxonamizning poli ostidan qanotli chumolilar chiqib xonamizni yarmidan ko’pini egallab olishdi. Nima qilishni bilmay oxiri xlorofos olib kelib sepishlikni boshladim lekin bari befoyda ketdi.
Shu payt ustozim kelib qoldilar.
-Taqsirm bu nima qilganingiz?
-Ustoz xonaga chumolilar to’lib ketdi. Shuning uchun xlorofos sepmoqdaman.
-Uni o’rniga Qurondagi bir oyati karimani uch marotaba o’qib dam solsangiz bo’lmaydimi?
-Ustoz u Qurondagi qaysi oyat?
-Naml surasini 18-oyati
حَتَّى إِذَا أَتَوْا عَلَى وَادِ النَّمْلِ قَالَتْ نَمْلَةٌ يَا أَيُّهَا النَّمْلُ ادْخُلُوا مَسَاكِنَكُمْ لَا يَحْطِمَنَّكُمْ سُلَيْمَانُ وَجُنُودُهُ وَهُمْ لَا يَشْعُرُون
“ To ular chumolilar vodiysiga yetganlarida, bir chumoli: "Ey, chumolilar, uyalaringizga kiringlar,  yana Sulaymon va uning lashkarlari o'zlari sezmagan hollarida sizlarni ezib ketmasinlar", - dedi.
Men o’zimcha o’ylanib qoldim shu oyatni o’qib chumoli iniga dam uradigan bo’lsam xonamizni to’ldirib yuborgan chumolilar iniga kirib ketadimi degan savol hayolimdan ketmasdi.
Birdan o’zimga keldim “astagfirulloh” nima uchun Olloh taoloni kalomi bo’lgan Quronni mo’jiza ekanligida shubhaga borsam?. Ollohim men gunoxkorni o’zing kechir. Kaloming qudratini menga ko’rsat  deya, uztozim aytgan oyatni Qur’ondan topib chumolilar iniga o’qidim.
So’ngra jum’a namozini o’qishlik uchun masjidga chiqib ketdik . Jum’a namozini ado qilib bo’lgandan keyin xonaga qaytib kirganimizda, ne ko’z bilan  ko’raylikki xonamizda bir dona ham chumoli qolmabdi. Ollohu akbar. Olloh naqadar buyuk qudrat sohibi, uning kalomi mo’jiza ekanligini bizlarga ko’rsatib, iymonimizni ziyoda qilgan Ollohimga shukrlar bo’lsin.

“Mirzoxoliqota” jome masjidi imom xatibi Xojiyev Muhammadiyhon.

Qayd etilgan


Orifjon Hanafiy  29 Iyul 2015, 09:53:58

ONA DUOSI
Bir kuni Muso alayhis salom: "Ey Alloh! Menga jannatda men bilan hamroh bo‘ladigan insonni ko‘rsatgin", deb duo qildi. Alloh taolodan vahiy keldi: "Falon shaharning falon bozoriga borsang, bir qassob bor. O`sha qassob jannatda sen bilan birga bo‘lg`usidur".
Muso alayhis salom aytilgan yerga borib, qassobxonani topdi. Kun botguncha qassobni kuzatib turdi. Kun botgach, qassob bir parcha go‘shtni savatiga solib do‘konidan chiqdi. Muso alayhis salom ham uning ortidan bordi. So`ng yigitdan iltimos qildi: “Shu kecha uyingda mehmon bo‘lsam maylimi?”
Qassob rozi bo‘ldi va uyiga olib bordi. Qassob haligi go‘shtdan mazali sho‘rva tayyorladi, so‘ngra kaptar bolasi kabi bir zaifa kampirni savatda ko‘tarib keldi. Taomni kampirning og‘ziga solib, qornini to‘yg‘azdi. Keyin kiyimlarini yuvdi, toza kiyim kiydirib, yana savatga qo‘ydi. Shu lahzalarda Muso alayhis salom kampirning labi qimirlayotganini ko‘rib qoldi. Asta quloq solib ko`rsalar, kampir pichirlab: "Ey Parvardigor! O‘g‘limni jannatda Muso bilan birga qil", deb duo qilayotgan ekan.
Qassob savatni bir qoziqqa ilib qo‘ydi. Muso alayhis salom: "Nima uchun bunday qilding?" dedilar. Qassob: "Bu ayol onam, qarib kuchlari ketib, hatto o‘tira olmaydigan bo‘lib qolganlar", dedi. Shunda Muso alayhis salom: "Ey birodar! Senga xushxabar bor. Men Muso payg‘ambarman, sen esa mening jannatdagi qo‘shnim ekansan", dedilar.

Jaloliddin Ismoilov. Siddiq hoji jome` masjidi imomi
Erkinjon Husanov. Marqayuz jome` masjidi imomi
Asaka

Qayd etilgan


okahon.8800  03 Avgust 2015, 18:16:24

FARZANDNING BAJASHI KERAK BO’LGAN 40 TA VAZIFASI.
Kitoblarda bayon qilinishicha, ota onaning  hayotlik davrida farzandlari bajarishligi kerak bo’lgan qirirqta vazifalari bor. Tiriklik chog’idagi 40 ta haqning 10 tasi badanga, 10 tasi tilga, 10 tasi dilga va 10 tasi mol-u dunyoga taalluqlidir.
Badanga taalluqli bolgan 10 ta haq:
1) Ota-onaga sidqidildan xizmat qilishlik. 2) Ularga doimo hurmatda bo’lishlik. 3) Qilma degan isharini qilmaslik. 4) Ularni maslahati va roziligisiz hech narsaga qo’l urilmaydi. 5) Ota-ona farzand otirgan joyga kirib qolsalar tik turib kutib olishlik.  6) Ota-onani o’rniga o’tirmaslik. 7) Ularni oldiga tushib yurmaslik.   8) Ular oldida ochiq chexra bilan o’tirishlik. 9) Qovogini solmaslik.  10) Xo’mrayib qaramaslik chaqirganda labbay deya yugurib borishlik.
Dilga taalluqli 10 ta haq:
1) Ularga rahmu shafqatda bo’lmoqlik. 2) Ularga diomo yaxshilik qilishlik. 3) Ularni ko’nglini shod qilishlik 4) Ularni dardmandligida dardiga malham bo’lishlik. 5) Ularni gaplari va erkaliklarini malol olaslik. 6) Ular tanbeh bersalar xafa bo’lish o’rniga hursand bo’lishlik. 7) Ularga qanchalik yaxshilik qilayotgan bo’lsada ranjitib qo’yishlikdan ehtiyot bo’lishlik. 8) Ularni niyyatlarini amalga oshirishlik 9) Ularni umrlari uzoqligidan quvonishlik  10) Ularni og’irini yengil qilish.
Tilga taalluqli bo’lgan 10 ta haq:
 1)Ularga nisbatan muloyim bo’lishlik. 2) Ularga o’shqirmaslik 3) Ular malollanadigan darajada ko’p gapirmaslik.  4)Ismlarini aytib chaqirmaslik. 5) So’zini bo’lmaslik  6)Gap qaytarmaslik . 7)Ularga osiy bo’lmaslik. 8) Ular baland ovozda gapirsalar ham kamtarlik bilan javob qilishlik. 9)Ularga uff demaslik.  10)Ularga eng shirin yoqimli gaplarni gapirishlik.
Mol-u dunyoga taalluqli haqlar:
 1)Kiyim-kechak  sotib olishda, o’zidan avval ularga olib berishlik.  2)Ular yoqtirgan taomlarni tayyorlab berishlik.  3)Bir dasturxondan taomlanayotgan bo’lsalar, yeguliklarning eng mazalirog’ini ular tomonga qo’yishlik. Hammod ibn Atiyya onalari bilan bir dasturxonda taomlanishlikdan qo’rqar ekanlar. Sababini so’raganlarida onam ko’zi tushib yemoqchi bo’lib turgan mevani yeb onamni ranjitib qo’ymay deb javob bergan ekanlar. 4)Qanday narsani sotib olish istaklari bo’lsa olib bermoqlik.  5)Ularni yashashliklari uchun qulay sharoit yaratib bermoqlik  6)So’ramasalar ham pul berishlik, chunki ular bu narsalarni oshkora ayta olmayotgan bo’lishliklari mumkin.  7)Ularga topgan tutganlarim barchasi sizlarniki, istaganingizcha olavering deya iltifot ko’rsatishlik. 8)Farzandlar ota-onadan uzoqroqda yashashsa ularni ziyoratiga borib turmoqliklari. 9)Ota-onani biror bir narsaga muhtoj qilmaslik. 10)Ularni do’stlariga qo’ldan kelganicha yordam qilishlik.

Mirzaxoliqota jome masjidi imomi. Muhammadiyhon Hojiyev.

Qayd etilgan


Orifjon Hanafiy  03 Avgust 2015, 22:20:42

Онасини ранжитганлар
Яқинда интернет тармоқларида бир ҳикояни ўқиб қолдим. Унда ёзилишича бир кекса аёл ўғли  ва келини билан бир ҳовлида яшар эди. Бир куни ўғил ишдан келса хотиннинг авзойи бузуқ. Бунинг сабабини сўраган эди, онасининг устидан шикоят қилиб, анчагина ёмон гапларни гапирди. Ўғил бундай сўзларни кўп эшитган бўлса-да, бу сафар тоқат қила олмади. Бироқ жаҳли чиққанини билдирмасдан онасига бир жойга бориб келамиз, деб айтди.
Улар тоғлик томонларга етиб келишганларида ўғил:
-   Эй она! Сабрим тугади. Агар хотинимга қилаётган муомалангизни ўзгартирмасангиз, сизни шу тоғдан ташлаб юбораман! - деди. Бечора она чорасиз қолганидан ўғлига илтимос қилди:
-   Майли, ўғлим. Ўзинг биласан. Фақат рухсат берсанг, икки ракат намоз ўқиб олсам, - деди. Ўғил рухсат берди.
   Она намозни ўқиб бўлиши биланоқ ер ёрилиб, ўғилни бўйнигача ютиб юборди. Бу ҳолни кўрган она ўзини йўқотиб қўйди ва бор овози билан қичқирди. Унинг қичқириғини пастдан ўтиб кетаётганлар эшитиб, болани ердан чиқариб олиш учун дарҳол ёрдамга келишди. Лекин барча уринишлари бефойда бўлди. Охири улар бир олимни воқеа жойига чақириб келишди. Олим ҳолатни кўргач, онага:
-   Бу оқ бўлишнинг жазоси. Сиз токи ўғлингиздан рози бўлмас экансиз, ҳеч ким ўғлингизни қутқара олмайди, - деди.
   Она дарҳол қўлларини дуога очиб, ўғлини бу азобдан қутқаришини сўраб дуо қилди ва ўз розилигини изҳор қилди. Аллоҳнинг изни билан ер юмшаб, ўғил ташқарига чиқди, аммо энди унинг оёқ-қўллари ишламас эди. Натижада у бировнинг ёрдамисиз ҳеч нарса ея олмайдиган ва ича олмайдиган бўлиб қолди.
Энг қизиғи бошқаларнинг қўлидан тановул қилса қониқмас, фақат онаси едириб-ичириб қўйсагина қаноат қила олар эди. Шунча нобакорлигидан сўнг ҳам унинг онаси ҳеч оринмасдан, беминнат унинг хизматини қилар эди.
Балки бу шунчаки ривоятдур. Лекин ибрат учун ёрқин мисол бўлади. Аммо ачинарлиси шундаки, хотинининг йўлига кириб онасини тоғдан ташлаб юбормаса ҳам, ҳар ҳолда қаттиқ ранжитадиганлар орамизда йўқ эмас. Ҳа, азизлар, ота ва она биз учун кўмилишга тайёр турган хазина деганлар. Уларнинг ҳаёт эканлиги биз учун бебаҳо ғанимат.

Сайдуллоҳ Исмоилов. Аҳмадали махдум жомеъ масжиди имом хатиби
Абдураззоқ Фармонов. Муҳиддин саҳҳоф жомеъ масжиди имом хатиби 
Асака

Qayd etilgan