Umumiy bo'lim > Islom
Maʻrifiy maqolalar
MirzoMuhammad:
Ҳунарли банда
Муқаддас динимиз таълимотларида рўзғор тебратиш учун касб-ҳунар қилишликка тарғиб қилинади. Кўпчилик уламолар касб-ҳунар қилишлик вожиб деганлар. Бунга бир қанча ҳужжат ва далиллар келтирилган. Жумладан, Aллoҳ тaoлo фaрзлaрини фaрз қилди. Бaндaлaр фaрзлaрни aдo қилиши учун либoс вa нaфс oзуқaсигa муҳтoж. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар:
“Албатта, еган нарсаларингизнинг покизароғи касбларингиздандир”. (Оиша разияллоҳу анҳодан Ибн Можа ривояти)
Ҳалол касб қилишлик, дунёда тирикчилик қилишлик кишининг егулиги покиза ва баракали бўлишига сабаб бўлади. Шу билан бирга айни ибодат саналади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:
" اِنَّ اللهَ يُحِبُّ الْعَبْدَ المْحْتَرِفَ " (رواه الترمذى)
яъни: “Аллоҳ таоло ҳунарманд бандани яхши кўради”.
Динимиз таълимоти ялқовлик, боқимандалик каби зарарли иллатларни қатъий қоралаб, инсонларни ҳалол ризқ топиш йўлида саъй-ҳаракат қилиш ва чин-ихлос билан меҳнат қилиб ҳаёт кечиришга чорлайди. Имом Аъзам (р.ҳ.)нинг иккинчи шогирди Муҳаммад ибн Ҳасан аш-Шайбоний ҳанафий мазҳаби доирасида биринчилардан бўлиб, касб-ҳунарга оид “Китоб ал-касб” номли фиқҳий асар ёздилар. Мазкур асарда касб-ҳунар турлари, тижорат, зироат ва ишлаб чиқариш билан машғул бўлиш, ҳунармандларнинг фазилатлари ҳақида батафсил маълумотлар берилган. Шунингдек, бу асарда барчани ҳалол меҳнат қилиш, топилган ризқ-рўзни кўпчилик билан бирга баҳам кўриш, Аллоҳ берган ҳаёт ва неъматларига доим шукр айтиш каби солиҳ амалларга чақирилган.
Ислом шариатида кишиларни бирор бир ҳунар билан шуғулланишга тарғиб қилиш билан бир қаторда, уларга бу соҳада тўғри ва ҳалол фаолият олиб борсалар улкан савоблар берилиши алоҳида қайд қилинган.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:
" طَلَبُ الْكَسْبِ فَرِيضَةٌ عَلَى كُلِّ مُسْلِمٍ " (رواه الطبرانى)
яъни: “Ҳар бир мусулмонга касб-ҳунарни эгаллаш фарздир”, - деб марҳамат қилганлар.
Дунё насибасига эга бўлиш, ҳаётда ўз ўрнини топиб яшаш тадбиркорлик, касб-ҳунар билан машғул бўлиш, неъматларга вақтида шукр қилиш, улардан тежаб-тергаб, иқтисод қилиб фойдаланиш, уларни фисқу фасод ишларга сарфлаб, суистеъмол қилмаслик ҳар биримизнинг муқаддас вазифамиз эканини, қуйидаги ояти карима баён қилади:
وَابْتَغِ فِيمَا آَتَاكَ اللَّهُ الدَّارَ الْآَخِرَةَ وَلَا تَنْسَ نَصِيبَكَ مِنَ الدُّنْيَا وَأَحْسِنْ كَمَا أَحْسَنَ اللَّهُ إِلَيْكَ وَلَا تَبْغِ الْفَسَادَ فِي الْأَرْضِ إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ الْمُفْسِدِينَ *
(سورة القصص/77)
яъни: “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (одамларга) эҳсон қил! Ерда бузғунчилик қилишни истама! Чунки Аллоҳ бузғунчиларни суймас, – дедилар”.
Ризқ-рўзни ҳалол йўллар орқали талаб қилиш касб ҳисобланади. Одам (а.с.) ҳам ризқларини буғдой-арпа экиш, ўриш, тегирмон қилиш ва нон ёпиш орқали топганлар. Инсоният тарихи давомида барча пайғамбарлар ҳам касб-ҳунар ўрганиб, у орқали ҳаёт кечиришган. Масалан, Нуҳ (а.с) дурадгорлик, Иброҳим (а.с.) баззозлик, Довуд (а.с.) совут ясаш, хурмо дарахти новдаларидан сават тўқиш, Закариё (а.с.) дурадгорлик, ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) чўпонлик ва савдогарлик касби билан машғул бўлишган. Шунингдек, саҳобаи киромлар ҳам бирон-бир касб-ҳунар билан ризқ-рўз топишга саъй-ҳаракат қилишган.
Қуръони карим таълимотида инсонлар турли ҳаётий эҳтиёж ва заруриятлар сабабидан ер юзига тарқалиб ризқ-рўз топиши, тадбиркорлик каби фойдали фаолиятлар билан шуғулланиши, бор куч ва иқтидор, ақл ва билимларни сарфлаб ишлаб чиқариш ва иқтисодий тараққиёт сари саъй-ҳаракат қилиши зарурлигига чорловчи кўплаб илоҳий далиллар мавжуд.
Аллоҳ таоло айтади:
فَإِذَا قُضِيَتِ الصَّلَاةُ فَانْتَشِرُوا فِي الْأَرْضِ وَابْتَغُوا مِنْ فَضْلِ اللَّهِ وَاذْكُرُوا اللَّهَ كَثِيرًا لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ * (سورةالجمعة/10)
яъни: “Бас, қачонки, намоз адо қилингач, ерда тарқалиб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверингиз! Аллоҳни кўп ёд этингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз”.
(Жума тезисларидан фойдаланилди)
Шаҳобиддин Парпиев. Асака туман бош имом хатиби
MirzoMuhammad:
Тавҳид калимаси
Тавҳид калимасини айтган кимсани маҳшаргоҳда бир гуруҳ малаклар зиёрат этадилар. Уни маҳшар даҳшатларидан қўриқлайдилар. Аллоҳ Мусога (алайҳис салом) Тур тоғида шундай марҳамат этди:
«Ё Мусо! Маҳшар ерида фаришталар сени зиёрат этишларини истасанг, тавҳид калимасини кўп зикр эт!»
Тур тоғида Мусо (алайҳис салом) сўрадилар:
«Аллоҳим! «Ла илаҳа иллаллоҳ» дея зикр этгувчи қулингга қандай ҳақ ато этгайсан?»
«Эй,Мусо! Ўша қулимдан рози бўлиб, жаннати Аълода Жамолим билан шарафлантираман!»
Калимаи тавҳид фазилати ва уни зикр этганга бериладиган ҳақ таърифга сиғмас даражада. Бунинг мукофотини Аллоҳнинг Ўзи тайин, тақдир ва эҳсон этади. Аллоҳ xитоб этади:
«Эй, фаришталарим! Шоҳид бўлинг, тавҳид калимасини ишониб ҳатто бир марта зикр этган қулимни афв этдим, кечирдим!» (Эй, фарзанд. Абу Ҳомид Ғаззолий. зиёуз.сом кутубxонаси)
Абу Ҳурайрадан (разияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам):
«Имоннинг етмиш нeчта ёки олтмиш нeчта ҳам шўъбаси бордир. Уларнинг афзали «Ла илаҳа иллаллоҳ»дир. энг пасти йўлдан азият бeрувчи нарсани олиб ташлашдир. Ҳаё ҳам ўша имон бўлакларидан биридир», дeдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Итбон ибн Моликдан (разияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. (Бу зот Бадр ғазотида иштирок этган саҳобалардан эди.)
«Мeн қавмим Бани Солимга имомлик қилиб намоз ўқиб бeрар эдим. Мeн билан улар орасида водий бўлиб, агар у ерга ёмғир ёғса, масжид томонга ўтиш машаққат туғдирарди. Шунинг учун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига бориб у зотга:
«Кўзимнинг нури кeтиб қолди. Агар ёмғир ёғса, мeн билан қавмим ўртасидаги водийда сeл оқади. Табиийки, уни кeчиб ўтиш машаққат туғдиради. Хоҳлардимки, сиз уйимнинг бир чeккасида намоз ўқиб бeрсангиз, мeн ўша жойни масжид қилиб олсам», дeсам, у зот:
«Бораман», дeдилар ва қуёш кўтарилганида Абу Бакр (разияллоҳу анҳу) билан кeлиб изн сўрадилар. Мeн изн бeрдим. У зот ҳали ўтирмасдан туриб:
«Уйингнинг қаeрида намоз ўқиб бeрай?» дeдилар.
Мeн намоз ўқишни яхши кўрадиган жойга ишора қилдим. У зот ўринларидан туриб такбир айтдилар ва орқаларида саф тортдик. Икки ракат намоз ўқиб бeрдилар. Кeйин салом бeрдилар. Ўша пайт биз ҳам салом бeрдик. У зотга атала пиширган эдик, шунга тўхтатдик. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) уйимда эканликларини билиб маҳалладаги одамлар тўп-тўп бўлиб кeла бошлашди. Ҳатто, уйда кишилар кўпайиб кeтишди. Шунда бир киши:
«Моликка нима бўлдики, уни кўрмаяпман?» дeганида, бошқа бир киши:
«У мунофиқ-ку! Аллоҳ ва Унинг расули уни яхши кўрмайди», дeди. Буни эшитган Расулуллоҳ (с.а.в.):
«Бундай дeма! Ла илаҳа иллаллоҳ, дeб Аллоҳнинг розилигини талаб қилганини кўрмадингми?» дeганларида, у киши:
«Аллоҳ ва Унинг расули билувчи! Аммо биз, Аллоҳга қасамки, унинг мунофиқлар билан гаплашиб, дўстлашганини кўрамиз», дeди. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам):
«Аллоҳнинг розилигини тилаб «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни айтган кишига Аллоҳ дўзахни ҳаром қилган», дeб айтдилар». (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари. Риёзус солиҳийн. Абу Закариё Яҳё ибн Шараф Нававий. зиёуз.cом кутубхонаси)
Шаҳобиддин Парпиев. Асака туман бош имом хатиби
MirzoMuhammad:
Банда гуноҳдан ҳоли эмас. бироқ кечиргувчи Аллоҳ бор. У жуда ҳам меҳрибондир
MirzoMuhammad:
ОҒИР ГУНОҲ
Имом Абуллайс Самарқандий ҳикоя қилади — бир кун Умар разияллоҳу анҳу Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига йиғлаб келди. Жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
- Нега йиғлаяпсан? — деб сўрдилар. Ҳазрат Умар:
- Эй Аллоҳнинг Расули, эшикда бир йигит йиғлаб ўтирган экан, уни кўриб раҳмим келди. Шунинг учун йиғлаяпман, - жавоб берди Умар разияллоҳу анҳу.
- Уни ичкари олиб киринг!» - буюрдилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам. Йигит ичкарига кирди. Ҳазрат саллаллоҳу алайҳи ва саллам сўрадилар:
- Нега йиғлаяпсан, эй йигит?
Йигит:
- Гуноҳларим кўплиги мени йиғлатди. Аллоҳдан қўрқяпман, эй Аллоҳнинг Расули!
- Аллоҳга ширк келтирдингми?
- Йўқ!
— Бировни ноҳақ ўлдирдингми?
- Йўқ!
- Гуноҳларинг етти қават осмону, ер ва тоғлар қадар бўлса ҳам, Аллоҳ афв этиши мумкин!
- Эй Аллоҳнинг Расули, менинг гуноҳим бундан ҳам катта!
- Сенинг гуноҳинг каттароқми, Курсими? – сўрадилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
- Менинг гуноҳим каттароқ, – деди йигит.
- Сенинг гуноҳинг каттароқми, Аллоҳнинг афвими? – яна сўрадилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам. Шунда йигит иқрор бўлиб:
- Аллоҳнинг афви каттароқ, – деди.
- Энг катта гуноҳни энг улуғ бўлган Аллоҳдан бошқа ҳеч ким афв этолмайди. Менга гуноҳинг нималигини айт, – дедилар Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Йигит:
- Сиздан уяламан, эй Аллоҳнинг Расули! – деди хижолатда. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан айтишликни талаб қилган эдилар, ниҳоят айтди:
- Эй Аллоҳнинг Расули, мен етти йилдан бери кафан ўғирлаш билан шуғулланман. Охирги марта ансорлардан бир чўри дафн қилинганида қабрини очиб, кафанини олдим. Сўнг шайтоннинг сўзига кириб, унинг номусига тажовуз қилдим. Шу пайт Аллоҳнинг қудрати билан чўри тилга кириб: “Суф сенга, мазлумнинг ҳақини золимдан олгувчи Аллоҳдан уялмайсанми? Мени қабр аҳли орасида яланғоч қолдирдинг! Аллоҳнинг ҳузурида жунуб ҳолга келтирдинг! Мен энди қиёматгача шундай шарманда ҳолатда ётаманми!?” деди.
Бу сўзларни эшитиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўринларидан туриб кетдилар ва йигитни итариб:
- Чиқ бу ердан, эй фосиқ! — деб ҳайдаб юбордилар.
Йигит қирқ кун Аллоҳга ёлборди. Охири бошини кўтариб:
- Эй Муҳаммаднинг, Одамнинг ва Иброҳимнинг илоҳи! Мени мағфират қилган бўлсанг, Расулингга маълум қил. Кечирмаган бўлсанг, кўкдан бир олов тушириб мени куйдир! Охират азобидан қутқар!
Аллоҳ таоло Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга Жаброил алайҳис саломни юборди.
— Эй Муҳаммад, Раббинг сенга салом юборди ва «Махлуқотни у яратганми, менми?!” деб сўради.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
— Мени ҳам, бошқа махлуқотларни ҳам Аллоҳ яратган. Мени ҳам, бошқа борлиқни ҳам у ризқлантиради.
— Аллоҳ йигитни афв этганини маълум қилди! – хабар берди Жаброил алайҳис салом.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам йигитни чақирдилар ва Аллоҳ уни афв этганини билдирдилар.
Сарварбек Йўлдошев. Мирзо Шариф масжиди имоми
MirzoMuhammad:
ҚАРИНДОШЛИКНИ УЗМАНГ
Қариндошчилик алоқалари кишини жамиятда ва оилада обрўсини оширади. Ҳам маънавий, ҳам моддий бойликка эга бўлади. Одамлар орасида меҳр-оқибатнинг бардавом бўлишига сабаб бўлади. Динимиз таълимотларида силайи раҳм – қариндошчилик алоқаларини боғлашга катта эътибор берилади. Бу тўғрида кўплаб оятлар нозил бўлган, ҳадислар ривоят қилинган. Хусусан Аллоҳ таоло айтади:
“Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради. Эслатма олурсиз, деб (У) сизларга насиҳат қилур”. (Наҳл сураси. 90-оят)
Исломда ўтган қавм ва элатлар қариндошлик риштасини дўстлик, раҳм-шафқат алоқаларини мустаҳкамлашдаги ўзаро манфаатларни амалга оширишда асосий омил сифатида кўришган. Аллоҳ таолонинг ояти каримаси ҳам шу нарсага ишора қилади:
“Эй, одамлар! Сизларни бир жон (Одам)дан яратган ва ундан жуфти (Ҳавво)ни яратган ҳамда иккисидан кўп эркак ва аёлларни таратган Раббингиздан қўрқингиз! Шунингдек, ўрталарингиздаги ўзаро муомалада номи келтирилувчи Аллоҳдан ва қариндошлар (алоқасини узиш)дан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ сизларни кузатиб турувчидир”. (Нисо сураси, 1-оят)
Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) марҳамат қиладилар: “Силаи раҳм қилмаган, яъни қариндошларидан алоқани узган одам жаннатга кирмайди. Силаи раҳм доимий борди-келди эмас, балки узоқлашиб кетган қариндош ҳолидан хабар олишдир”.
Қариндошчиликни боғлаш банданинг ризқини кенг ва умрини зиёдақилиши ҳақида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) башорат бериб бундай деганлар:
яъни: “Кимни ризқи-рўзи кенг бўлиши ва умри узоқ бўлиши хурсанд этса, бас у силаи раҳм қилсин, яъни қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин”.
Шу билан бирга қариндошлик ришталарини узиш энг катта гуноҳлардан ва ёмон ишлардан саналади. Ислом таълимоти бундай ишлардан қатъий огоҳ этади. Чунки унинг оқибати лаънат ва гумроҳликдир. Аллоҳ таоло айтади:
“Агар (имондан) бош тортсангиз, аниқки, сизлар ерда бузғунчилик қиларсизлар ва қариндошларингиз (билан ҳам алоқаларингиз)ни узасиз, албатта. Ундай кимсаларни Аллоҳ лаънатлагандир, бас, уларнинг (қулоқларини) “кар”, кўзларини “кўр” қилиб қўйгандир”.
Баъзилар “Мен қариндошларимга силаи раҳм қиламан, лекин улар мендан узилиб кетадилар, қанчалик уларга яхшилик қилсам менга ёмонликни раво кўрадилар, уларга яхши муомалада бўлсам буни асло эътиборга олмайдилар”, деб қолади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) баъзи саҳобалар шундай шикоят қилишган вақтда уларни ёмонликка ёмонлик билан жавоб беришга амр қилмаганлар, балки уларга чиройли муомалада бўлишга, қариндошлик ришталарини асло узмасликка чорлаб, шундай деганлар: “Қариндошларига оқибат қилмайдиган одам қариндош эмас, балки узилиб қолган қариндошлик алоқаларини тикловчи одам қариндошдир”.
Парпиев Шаҳобиддин Асака туман бош имом хатиби
Navigation
[0] Message Index
[#] Next page
[*] Previous page
Go to full version