САҲИЙЛИК
Халқимиз кечаю кундуз ғимирлаб меҳнат қилар экан, тўйлар қилсам, одамларга эҳсонлар қилсам деб ҳамиша хаёлидан ўтказиб туради. Бир-бирларининг ҳақларига дуо қилганда ҳам “топганинг тўйларга буюрсин” дейишлик одат бўлиб қолган. Чунки уларга очиқ қўл бўлишлик аждодларидан мерос бўлиб қолган. Халқимиз биладики, унинг фароғати дунёда ҳам барака келтиради, охиратда ҳам улканажрларга сабаб бўлади.
Ойиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
"Сахийлик бир дарахтдир, унинг томирлари жаннатда, шохлари эса дунёга тушгандир. Ким унинг бир шохига осилса, уни жаннатга олиб боради. Бахиллик ҳам бир дарахтдур, унинг томирлари дўзахда ва шохлари дунёга тушган. Ким унинг бир шохига осилса, уни дўзахга олиб боради" дедилар.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
"Ўзларингиз ва ўликларингиз учун бир қултум сув билан бўлса ҳам садақа қилинглар! Агар бунга қодир бўлмасангиз, Аллоҳнинг Китобидан бўлган бир оят билан, яъни, уни ўқинглар, унга амал қилинглар, бошқаларга ҳам етказинглар. Бас, агар бунга ҳам қодир бўлмасангиз, раҳмат ва мағфират сўраб, Аллоҳга дуо қилинглар! Чунки У зот дуони ижобат қилишга ваъда бeргандир".
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Қай бир киши ҳалолдан садақа қилса, Аллоҳ ҳалолдан бошқасини қабул қилмагай, Раҳмон уни ўнг қўли ила қабул қилади. Агарчи бир дона хурмо бўлса ҳам Раҳмоннинг кафтида токи тоғдан катта бўлгунча ўсади. Худди сизларнинг бирингиз тойчоғи ёки бўталоғини тарбия қилгани каби”, дедилар. (Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган)
Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Албатта, садақа Парвардигорнинг ғазабини ўчиради ва ёмон ўлимни даф қилади”, − деганлар. (Термизий ривояти)
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига кeлиб:
«Эй Аллоҳнинг расули, садақанинг қайси бири ажри улуғроқ?» дeганида, у зот:
«Ўзинг соғ, ҳирсли, қизғанчиқ, камбағалликдан қўрқиб, бойликни орзу қилиб турган пайтингда садақа қилганинг. Токи жонинг ҳалқумингга етиб келгунча кeчиктирмагин. Сeн фалончига унча, пистончига бунча, дeб айтасан. Ҳолбуки фалончига бўлиб бўлади», дeдилар. (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари)
Шуни ҳам ёдда тутиш керакки, динимизда тоқатимиздан ташқарига таклиф қилинмайди. Кимга Тангри таоло мўл-кўл ризқ, ҳалол молу давлат ато этган бўлса ўшанга яраша саҳоватда бўлишлиги лозим. Уларнинг зиммаларига шариатимиз ҳукмига кўра белгиланган вожиб садақотларни адо қилишлик ҳам юклатилади.бой бўлмаганлар эса имконият даражасида саҳоват қилса уларга ҳам улкан зафарлар насиб этиши мумкин. Шунинг учун бизнинг саҳий халқимиз имконидан ташқари уринмасликлари лозимлигини ҳам билиб қўйишлари лозим.
Адҳамжон Бобоев
Балиқчи тумани