ОТА ВА ОНАНИ РАНЖИТМАНГ
Динимиз таълимоти ва йўл-йўриқлари ота-оналарга яхшилик қилиш, уларга итоатда бўлиш, ҳурмат-эътиборини ўрнига қўйиш, уларга ҳеч қачон осийлик қилмаслик, айниқса ёшлари улғайиб, кексалик палласига етганларида чиройли парвариш ва ғамхўрлик кўрсатишга чорлайди.
* وَقَضَى رَبُّكَ أَلاَّ تَعْبُدُواْ إِلاَّ إِيَّاهُ وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَاناً إِمَّا يَبْلُغَنَّ عِندَكَ الْكِبَرَ أَحَدُهُمَا أَوْ كِلاَهُمَا فَلاَ تَقُل لَّهُمَا أُفٍّ وَلاَ تَنْهَرْهُمَا وَقُل لَّهُمَا قَوْلاً كَرِيماً * وَاخْفِضْ لَهُمَا جَنَاحَ الذُّلِّ مِنَ الرَّحْمَةِ وَقُل رَّبِّ ارْحَمْهُمَا كَمَا رَبَّيَانِي صَغِيراً *
“Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишнигни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга «уфф» дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт! Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни паслат ва «Роббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин», деб айт”. (Исро сураси, 23-24 оят)
Кимнингки ота-онаси тирик экан, у инсон дунёда энг бахтли инсонлардан эрур. Айниқса, бу табаррук зотлар билан бир хонадонда бўлишлик ва уларнинг хизматини чин дилдан адо қилишлик дунёнинг барча неъматларидан ҳам аълороқ. Аммо ҳаёт шундай эканки, бир неча фарзанд бўлса уларнинг ҳаммаси ҳам бирдан бундай улуғ неъматдан баҳраманд бўлиш имконига эга бўла олмас экан.
Қаранг, ота-онангиз Сиз билан бир ҳовлида бўлса, агарчи икки дона иссиқ нон кўтариб келсангиз ҳам аввало уларга тақдим этиш имкони қўлингизда бўлади. Ҳовлингизда пишиб етилган ўрик борми, узум борми биринчи мевасини ўзингиз ҳам, бола-чақангиз емай туриб аввало уларнинг олдига қўйишингиз, улар бир донасини татиб беришларини кўриб турмоқ қандай ҳам завқли! Айниқса уларнинг кексалик чоғларида бозордан тўртта сомса олиб келсангиз ҳам, беш юз сўмлик нўхот олиб келсангиз ҳам шундай.
Бошқа ҳовлига чиқиб кетганларчи? Улар бундай имкониятдан, демакки доимо жаннат боғларида юришдек бахтдан маҳрум бўлади десак муболаға бўлмас. Чунки топганини ўз уйига олиб келади. Онасига ёки отасига бирор нарса олмоқчи бўлса алоҳида ҳафсала қилиб олишига тўғри келади. Ўшанда ҳам бола-чақасидан ошиниб олади.
Абу Лайс Самарқандий Ибн Аббос разияллоҳу анҳо дан ривоят қилади: “Қайси бир мўминнинг ота-онаси бўлсаю икковларига яхшилик қилиб тонг оттирса, Аллоҳ таоло унга жаннатдан икки дарвоза очади. Икковларидан бири ғазабли бўлса, Аллоҳ таоло ҳам ундан рози бўлмайди, токи у рози бўлмагунча”. Сўради: “Агар золим бўлса-чи?”. “Агар золим бўлса ҳам!”
Расул акрам (с.а.в.) бу ҳақда марҳамат қилиб, бундай деганлар:
“Ким ота-онасидан бири ёки икковларини ҳурмат қилмай ва уларга яхшилик қила олмасдан жаннатга кира олмаган бўлса, бурни ерга ишқалансин, бурни ерга ишқалансин, бурни ерга ишқалансин”.
Лекин афсуски, кўпчилик ота-онасининг қадрини билмайди. Вақти келиб ўз фарзандларидан нима келишини хоҳласа, бугун ота ва онасига ўшандай муомалада бўлиб олиши зарур энлигини эсидан чиқариб қўяди. Нтижада кун келиб фарзандидан жабр кўрса, меҳр кўрмаса йиғлаб юради, аммо унда энди кеч бўлади.
Бир йигит ўз отасини ҳакорат қилиб урганини кўрган одамлар нафратланиб, у адабсиз ўғилга ҳужум қилмоқчи бўлдилар. Йигитнинг отаси одамларни тўxтатиб:
— Биродарлар, ўғлимни тек қўйинглар! Бу ишда ўғлим эмас, мен ўзим айбдорман. Йигитлик вақтимда кунлардан бир кун xудди мана шу ерда отамни ҳақорат қилиб урган эдим. Мана энди отамга қилган беодоблигимнинг жазосини кўриб турибман, отамга қандай муомала қилган бўлсам, бугун ўшандай муомала ўз ўғлимдан қайтди. Нимани эксанг, шуни ўрасан, дeб жуда тўғри айтган эканлар. Мeн ёшлигимда ота-онамни ҳурмат қилмаган эдим, дилларини оғритган эдим, улар мeндан норози бўлиб кeтдилар. Мана энди одобсизликларим боламдан қайтмоқда. Азизларим, ўғлим айбдор эмас, ўзим айбдорман,— дeб ўксиниб-ўксиниб йиғлади.
Йигит отасининг сўзларидан таъсирланиб, дод-фарёд қилиб кўз ёшларини тўкди. Дарҳол отасини қучоқлаб, ўпиб, ундан узр сўради. Ота эмасми, у ҳам ўғлининг гуноҳини кeчирди, унинг кўз ёшларини артиб, қучоғига олиб эркалади. Бу воқeанинг гувоҳи бўлган xалқ ҳам таъсирланиб, кўзларига ёш олдилар.
Улуғбек қори Йўлдошев