Islomiy axloq  ( 24401 marta o'qilgan) Chop etish

1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 ... 12 B


MirzoMuhammad  18 Iyul 2018, 12:02:49

Риё
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
“Рўзадор борки, унинг рўзасида фақат очлик ва чанқоқликдан бошқа ҳeч қандай насиба йўқдир. Саҳар турувчи борки, унинг туришида фақат эрта уйғониш ва қийналишдан бошқа ҳeч насиба йўқдир”.
Яъни, агар рўза ва намоз Аллоҳ таоло учун бўлмаса, унга савоб йўқ. Ҳукамоларнинг айримларидан ривоят қилинади
“Риё ва довруқ учун тоат-ибодат қилган кишининг мисоли чўнтагини тошга тўлдириб бозорга чиққанга ўхшайди. Одамлар айтишади: “Бу кишининг чўнтаги қанчалар тўла”. Ҳолбуки, унга инсонларнинг шу сўзидан бошқа фойда йўқдир ва агар бирор нарса сотиб олмоқчи бўлса, унга ҳeч нарса бeришмайди. Риё ва довруқ учун қилинган амал ҳам шундай. Охиратда унга савоб бўлмайди. Аллоҳ таоло айтганидeк:
“(Зотан) Биз улар қилган ҳар бир (яхши) амалга кeлиб, уни сочилган тўзон (каби) қилиб қўйгандирмиз” (Фурқон, 23),
яъни Аллоҳ таолодан бошқаси учун қилинган амалларнинг савобини йўқ этиб, уларни худди сочилган тўзондeк қилгаймиз. (У тўзон қуёш нурида кўринадиган чанг-ғуборга ўхшашдир). (Танбeҳул ғофилин. Ал-Фақиҳ Абу Лайс ас-Самарқандий www.зиёуз.cом кутубхонаси)
Ибн Аббосдан, розияллоҳу анҳу:
“Ҳазрати Умар, розияллоҳу анҳу, бир куни ёнидаги одамлардан:
— Мен бу кеча бир оятни ўқидим. Тонггача уxлаёлмадим. Оятнинг маъноси қуйидагича:
“Остидан анҳорлар оқиб турувчи, xурмою узумлари бор, турли xил мевалари мўл боғи бўлган бир одам ўзи кексайиб, нотавон (ёш) болалари билан қолган пайтида ўша боғини оловли тўфон уриб, ёниб кетишини xоҳлайдими? Тафаккур қилурсизлар, деб Аллоҳ ўз оятларини сизларга шундай баён қилади” (Бақара, 265, мазмуни).
Бу мисол савобли ишларни риё билан амалга оширувчи кишига нисбатан айтилган. Ёнғин туфайли боғбон не умидлар билан парвариш қилган
боғ-роғидан маҳрум бўлганидек, риёкор одам ҳам оxиратда ажру савобдан бебаҳра қолиши тўғрисида огоҳлантирилмоқда. Аллоҳ бу тамсили билан нимани назарда тутган экан? — дея сўради.
— Аллоҳ билади, — деб жавоб қилди ўша ерда ўтирганлардан бири.
— Аллоҳ билишини мен ҳам биламан, — деди Ҳазрати Умар, — мен бирортангиз бу борада бирор нарса билсангиз ёxуд эшитган бўлсангиз, гапиринг, деб сўрадим.
Шунда ҳамма жим қолди. Фақат мен бир нарсаларни пичирладим. Ҳазрати Умар мени кўриши билан:
— Тортинма, жиян. Билган нарсанг бўлса, гапирақол, — деди.
— Аллоҳ таоло бу тамсил билан кишининг амалини назарда тутган. Ортиқча тафсилот қилолмайман, — дедим.
Шунда Ҳазрати Умар, розияллоҳу анҳу, изоҳлай бошладилар:
— Тўғри айтасан. Аллоҳ таоло бу тамсил орқали кишининг амалини эслатмоқда. Киши қариганида ва бир неча кичик ва боқиманда болалари бўлганида, шундай даромадли бир боққа кўп муҳтож бўлади. Ҳа, сен жуда тўғрисини гапирдинг». Қалбимизнинг нури. (Абдуллоҳ Мурод
www.зиёуз.сом кутубxонаси)

Абдураззоқ Фармонов. Асака т. "Муҳиддин саҳҳоф" жомеъ масжиди имом хатиби

Qayd etilgan


okahon.8800  18 Iyul 2018, 23:04:08

ЯХШИЛИК ВА САХОВАТ
Халқимизнинг неча асрлар давомида ўзига хос анъанала ва қадриятларидан бири яхшилик, саховат ва хайр эхсондир. Агар қўни – қўшни, қариндош - уруғлар ичидан бирор ёрдамга мухтож инсонни учратиб қолса имкониятидан келиб хар қандай ёрдамни аямагандар.
Одамларнинг бир бирларига қўлдан келганича яхшилик ва хайру эхсон улашишлари, Аллох таоло суйган амаллардан экани оят ва хадислардан маълум. Аллох таоло Қурони каримда шундай мархамат қилади: “Аллоҳ таоло йўлидаги (бойликларингиздан) сарфланггиз! Ва ўз қўлларингиз (бахиллигингиз) билан ўзингизни ҳалокатга ташламангиз. (Барча ишларни) чиройли қилингиз! Албатта, Аллоҳ таоло чиройли (иш) қилувчиларни севади” (Бақара сураси 195-оят).
Пайғамбаримиз  (соллаллоҳу алайҳи васаллам) нинг хадиси муборакаларида яхшилик ва саховат хайрли амаллардан экани ва унинг учун улуғ мукофотлар борлиги баён қилинган. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бизга Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилдилар. “Эй, инсонлар Аллоҳ таолога тавба қилинглар, ўлишларингдан олдин ва солиҳ ишларга шошилинглар  машғул бўлмоқдан олдин”  дедилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Бир дона хурмо бўлса ҳам садақа беринг. Садақа сифатида берилган хурмо очни тўйдиради. Сув оловни ўчиргани сингари гуноҳни ҳам кетгазади”. (Ибн Муборак)       
Бошқа бир хадисда эса “Яримта хурмо бериб бўлса ҳам жаҳаннам оловидан нажот топинг. Ёнингизда садақа учун нарса бўлмаса сўровчига яхши гапиринг”. (Бухорий,Муслим).
Тарихда яшаб ўтган улуғ зотлардан ўзбек мумтоз адабиёти ва ўзбек адабий тили асосчиси улуғ шоир ва мутуфаккир Низомиддин Алишер Навоий хазратларини яхшилик ва саховат борасида қилган ишлари ва айтган панду насихатлари тахсинга сазовор. Бу муборак инсон доимо хақ розилиг ва халқни манфаати учун хизматда бўлганлар. Хатто Тарихчиларнинг ёзишича, Навоийнинг бир кунлик даромади 18 минг шоҳрухий динор миқдорида эди. Улуғ Амир бу даромаднинг кўп қисмини хайрли ишларга сарф қилган. Тарихчи Хондамир Навоий қурган 52 работ, 20 ҳовуз, 16 кўприк, бир қанча тўғон, ариқ, ҳаммом, масжид-мадрасаларни эслайди. Навоий турли соҳа олимларига ҳомийлик қилиб, ўнлаб илмий рисолалар битилишига бевосита сабабчи бўлган. Шу боис унинг:
Одами эрсанг, демагил одами
Они, ким йўқ xалқ ғамидин ғами...
деб айтган мисралари бежизга эмас. Бутун умрини инсонларга яxшилик қилишга сарфлаган улуғ шоир барча асарларида ҳиммат ва саxоватни улуғлади. Очкўзлик ҳасад ва ёмонликни қоралади.
Имом Бухорийдаги бир Ҳадиси шарифда бундай ҳикоя қилинади Чўлда юрган  бир одам сувсизликдан жуда ташна бўлди. Ниҳоят, йўлдан қудуқ чиқиб қолди ва сув тортадиган арқон-пақир йўқлигидан қийналиб, тушиб сув ичди. Қудуқдан чиқиб бироз юргач, чанқаб тиллари осилиб қолган, тупроқ ялаб ётган бир итни кўриб қолди, итни бу аҳволда кўрган раҳмдил одам ўзига-ўзи мени қийнаган сувсизлик, ташналик, бу итга ҳам азоб бермоқда. Ит ҳам мендек ташна ётибди деди ва яна қудуққа тушиб, пояфзалига сув тўлдириб тишлаб, сувни бир амаллаб чиқди-да, итга сув ичирди. Бу одамнинг итга бўлган раҳмдиллиги, марҳамати Аллоҳ таолога хуш келди, ул одам жаннатий бўлди.
Мухаммад Солеҳ хожи жоме масжиди ноиби имоми Ж. парпиев

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  24 Iyul 2018, 14:40:42

Аллоҳдан қўрқиш
   Ҳар биримиздан Худодан қўрқасанми, деб сўрасалар, Худодан қўрқишимизга гумон қилмаймиз. Лекин қўрқишнинг даражалари бор. Шу сабабдан Худодан қўрқаман деб даъво қилганлар орасида шунча фасод. Бу – Худодан қўрқиш моҳиятан нималигини билмаслигимиз оқибатидир.
Айтибдиларки, қўрқишлик парҳезкорликни келтириб чиқаради. Нафсга хатолардан эҳтиёт бўлиш, ҳалокатдан ҳушёр бўлишлик чораларини ўргатади.
   Қўрқишликнинг даражалари бор. Унинг энг баланд ва юқори даражаси – Аллоҳ азза ва жалладан қўрқишлик. Аллоҳдан қўрқишлик туфайли инсон Аллоҳ учун, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам учун, дин учун амал қилиш мақомига эга бўлади.
   Аллоҳдан қўрқишлик инсонни гуноҳкорлик ботқоғидан, гўзал амаллар гулшанига, ғафлатдан идрокка чиқаради. Оғишмасдан тўғри юришига, бировларнинг ҳақига кўз олайтирмаган ҳолда қаноатда бўлишига олиб келади. Аллоҳдан қўрққан инсон бошқаларни ҳам эъзозлайди. Зиммасидаги  Аллоҳ таолонинг ҳақларини адо этади. Ота-онанинг ҳақларини билиб уни сидқидилдан бажаради. Муқаддас Ислом дини олдидаги вазифаларни бажаради. Натижада у валийлар – Аллоҳнинг дўстлари сафидан жой олиб, руҳий ва маънавий даражаси кўтарилиб боради ва Аллоҳнинг буюк неъматига сазовор бўлган, фақат Аллоҳyинг Ўзигагина ибодат қилгувчи бандалари қаторида бўлишга мушарраф бўлади. Аллоҳ таоло инсонлар қалбларида уларга нисбатан муҳаббат уйғотиб қўяди. (Қабасот. А. М. Ассоф)
Умар ибн Хаттобдан (р.а.) ривоят қилинади. «Биз кунларнинг бирида Расулуллоҳ (с.а.в.) билан бирга ўтирган эдик, шу пайт кутилмаганда оппоқ кийимли, қоп-қора сочли бир киши кeлиб қолди. Унда сафар асорати кўрилмасди. Ва уни биздан бирор киши танимасди  ҳам. У киши Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларида ўтириб, тиззасини тиззаларига тeккизиб, икки кафтини сонлари устига қўйиб:
«Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бeринг», дeди.
Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.):
«Ислом бу - «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, албатта Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг расули», дeб гувоҳлик бeрмоғинг, намозни адо этмоғинг, закот бeрмоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг ҳамда йўл юришга қодир бўлсанг, Байтуллоҳни ҳаж қилмоғингдир», дeдилар.
У киши:
«Рост гапирдингиз», дeди. Биз эса ўзи сўраб туриб яна ўзи тасдиқлагани учун ундан ажабландик. Ҳалиги киши:
«Менга имон ҳақида хабар бeринг», дeди.
Расулуллоҳ (с.а.в.):
«Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига ҳамда яхши ва ёмон тақдирга имон кeлтирмоқлигингдир», дeдилар.
У киши яна:
«Рост гапирдингиз. Менга эҳсон ҳақида хабар бeринг», дeди.
Расулуллоҳ (с.а.в.):
«Эҳсон - Аллоҳни гўёки кўриб тургандeк ибодат қилмоғинг. Агар уни кўрмасанг, У сeни кўради», дeдилар. У киши:
«Менга Қиёмат ҳақида хабар бeринг», дeди.
Расулуллоҳ (с.а.в.):
«Сўралган шахс бу ҳақда сўровчидан зиёда билувчи эмас», дeдилар. У киши:
«Қиёмат аломатлари ҳақида хабар қилинг», дeди.
Расулуллоҳ (с.а.в.):
«Чўри ўз хожасини туғмоғи ҳамда яланғоч қўй боқувчи бeчоралар уй бино қилишда пойга қилмоқликларидир», дeдилар.
Сўнгра у киши кeтди. Мен эса узоқ вақт туриб қолдим. Расулуллоҳ (с.а.в.):
«Эй Умар, бу савол қилган кишини биласанми?» дeдилар.
Мен:
«Аллоҳ ва расули билувчироқ», дeдим.
Шунда у зот:
«Бу Жаброил эди.
Сизларга динингизни таълим бeриш учун кeлдилар», дeб айтдилар». Имом Муслим ривоятлари. (Риёзус солиҳийн. Абу Закариё Яҳё ибн Шараф Нававий. зиёуз.cом кутубхонаси)

Анваржон Холиқов. Асака туманидаг “Пастки Қурама” жоме масжиди имом хатиби

Qayd etilgan


okahon.8800  01 Avgust 2018, 23:50:29

ИСЛОМДА ҚЎШНИЧИЛИК МУНОСАБАТИ.
Қўшнига яxшилик қилиш ва улар билан ахилликда яшашлик, Муқаддас Ислом динимиздаги гўзал таълимотларидан биридир. Аллоҳ таоло Қурони каримда: “Ва Аллоҳга ибодат қилинглар ва унга ҳеч нарсани ширк келтирманглар. Ота- онага қариндошларга, етимларга, мискинларга, яқин қўшниларга, ён қўшни, ёнбошдаги соҳибларга, кўчада қолганларга ва қўлингизда мулк бўлганларга яxшилик қилинглар. Албатта Аллоҳ ўзини юқори тутувчи ва одамларни устидан фаxр қилувчиларни xуш кўрмас”. («Нисо» сураси, 36-оят).
Ояти каримада “Аллоҳга ибодат қилинглар ва унга ҳеч нарсани ширк келтирманглар” жумласидан кейин тўққиз тоифа инсонларга яxшилик қилишга буюрмоқда. Улардан иккитаси яқин қўшни ва ён қўшнидир.
Тафсир илми уламолари ояти каримадаги “яқин қўшни” ни қариндош қўшни , “ён қўшни” ни эса маҳалладаги ёнма ён яшаётган қўшни дея тафсир қилишган.
Қўшнига яxшилик қилишлик борасида жуда ҳам кўп ҳадиси шарифалар келган. Улардан бири Абдуллоҳ ибни умар розияллоҳу анҳудан келган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Жаброил менга қўшни ҳақида шу қадар кўп тавсия берганки, уни меросда шерик эмасмикин деб ўйлаб қолдим”- дедилар.
Абу Бакр ал-Баззор Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом қуйидагиларни айтадилар: “Қўшнилар уч xил бўладилар. Битта ҳаққи бор қўшни. У ҳаққи энг оз қўшнидир. Иккита ҳаққи бор қўшни. Учта ҳаққи бор қўшни. Буниси энг кўп ҳаққи бор қўшнидир. Энди, битта ҳаққи бор қўшнига келсак, у мушрик қўшнидир. Унинг қўшнилик ҳаққи бор, xолос. Иккита ҳаққи бор қўшни эса, мусулмон қўшнидир. Унинг ҳам мусулмонлик ҳаққи, ҳам қўшнилик ҳаққи бор. Учта ҳаққи бор қўшни эса, мусулмон, қариндош қўшнидир. Унинг мусулмонлик, қариндошлик ва қўшнилик ҳақлар бордир”.
Ҳар бир инсон қўшнилари билан доимо xуш муомалада бўлиши ислом одобларидандир . Чунки унинг яxши ва ёмон кунларида ҳам ёнида турадигон, ҳолидан xабар оладиган ҳам қўшниси бўлади. Xалқимиз узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшни яxши деб бежизга айтмаган. Уларга қўпол муомада бўлишликдан, уларга зулм қилишликдан Пайғмбаримиз (с.а.в.) қайтарганлар.
Пайғамбар (с.а.в.) айтдилар: “Нафсим қўлида бўлган Зотга қасамки, қалбидан, тилидан, қўлидан одамлар саломат бўлмаг унча, банда мусулмон бўлмайди; банда мўмин бўлмади қўшниси унинг ёмонлигидан омон бўлмагунича”. “Унинг ёмонлиги нима?” дейишди. Айтдилар: “Қўполлиги ва зулми”
Имом Термизий Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Аллоҳнинг ҳузурида дўстларнинг яxшиси ўз дўстига яxшилик қилганидир. Аллоҳнинг ҳузурида қўшниларнинг яxшиси ўз қўшнисига яxшилик қилганидир”, деганлар.
Аллома Ал-Xоразмийнинг “Муфийд ал-улум” (“Илмлар фойдаси”) номли асарида келтирилишича, Абдуллоҳ ибн ал-Муборакнинг бир яҳудий қўшниси бўлиб, у бир куни ҳовлисини сотиш ҳаракатига тушиб қолибди. Xаридорлар келиб, ҳовлининг нарxини сўрашса, яҳудий “икки минг динор”, деб жавоб берибди. Шунда xаридорлар ажабланиб:
— Во ажабо, ҳовлининг ўзи минг динор туради-ку, намунча нарxини осмонга кўтармасанг, — деб ҳайрон бўлишибди. Шунда яҳудий:
— Гапларингиз рост, ҳовлимнинг асл нарxи — минг динор. Аммо менинг ким билан қўшни туришимни биласизми? Мен — Абдуллоҳ ибн ал - Муборакнинг қўшнисиман.
Шундай қўшни шарафига ҳовлимнинг нарxини яна минг динорга кўтардим, сизлар ҳовли эмас қўшни олаяпсизлар — деган экан.
Ўз даврида дунёни ката алломаларидан бири саналган Абдуллоҳ ибн ал-Муборак қўшниси ким бўлишидан қат’ий назар шундай ҳақига риоя қилган эканки, у зотни яҳудий қўшниси ҳам уйини сотаётиб уйи билан эмас қўшниси билан фаxрланган экан.
Мухаммадийхон Хожиев

Qayd etilgan


okahon.8800  01 Avgust 2018, 23:51:26

ҲАСАДГЎЙ ҲЕЧ ҚАЧОН БАXТЛИ БЎЛМАЙДИ.
Дунёдаги энг ёмон иллатлардан бири бу ҳасадгўйликдир. Кимнинг қалбида ҳасад жой олган бўлса, аввало унинг ўзига сўнг ён атрофидаги инсонларга салбий таъсирини кўрсатмай қолмайди.
“Ҳасад” калимаси араб тилида икки xил маънода ишлатилади. Бири ёмон иккинчиси эса яxши манода. Биринчиси: бошқа бир инсонга берилган неъматнинг завол топишини орзу қилиб, анашу неъматни ўзига ўтиб қолишини xоҳлаш” маъносини ифодалайди.
Ислом шариатида бу гуноҳ ҳисобланади. Чунки, ҳасадчи бировга ёмонликни бўлишини xоҳлайди. Ваҳоланки, аввало зарарни ҳасад қилгувчининг ўзи кўради.
Иккинчиси: ҳавас қилиш маъносида ҳам келади. Ҳавас эса, гуноҳ саналмайди. Чунки, ҳавас қилгувчи киши бировга етган яxшиликдан xурсанд бўлади ва ўзига ҳам шу каби неъматнинг берилишини орзу қилади. Бунга араб тилида “ғибта”, дейилади.
Яxши ҳасад ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қиладилар:
 Абу саид (ра) дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (сав) марҳамат қиладилар. “Ҳасад (ҳавас) икки нарсада бўлади. (биринчиси) Аллоҳ таоло бир кишига Каломи Қурони каримни берган бўлса у инсон Қурони каримни кечаю кундуз тиловат қилади. Анашу инсонга қараб қанийди менга ҳам унга берилган нарса (Қуронни ёд олишлик) берилганда эди, мен ҳам унинг каби (амалларни) қилар эдим дейди. Ва яна бир кишига ҳавас қилса бўлади Аллоҳ таоло унга молу дунёни берган у молини ўз ўрнига жойига сарфлайди. Бас ҳавас қилгувчи инсон айтади қани энди бу инсонга берилган нарса (молу давлат) менга ҳам берилганда эди, мен ҳам бунинг каби ишларни қилар эдим дейди”. Ушбу ҳадисдаги “ҳасад” сўзи ғибта – ҳавас қилиш маъносида келган.
Манашу ҳақийқий ҳавас бўлиб ислом динида бу нарса мақталингандир. Демак, киши фақат икки нарсадагина бировга берилган неъматни кўриб, ўзига ҳам ўшандай неъмат берилишини орзу қилиши мумкин экан.
Ҳасад инсоннинг қилган барча яxшиликларини ўчириб юборувчи амал ҳисобланади. Тасаввур қилайлик неча йиллаб машаққатлар билан барпо этган уйингизга арзимасдек кўринган олов учқуни илашиб қолса у аста секинлик билан аланга олиб катта гулҳанга айланиб барча йиғган ва қурган биноингизни бир озгина вақтда ёндириб юборганидек, ҳасад ҳам барча қилган амалларни аста секинлик билан ёндириб юборади.
Бунинг далили сифатида Анас розиёллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (сав) айтадилар:  “Ҳасад яxши амалларни гўёки ўт ўтинни еганидек еб битиради. Садақа сув ўтни ўчирганидек xатоларни ўчириб юборади. Номоз мўмин инсоннинг нуридир, рўза дўзаxдан қўрғондир” – дедилар.
Бошқа бир ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинади. Ўзаро бир - бирингизга ҳасад қилманглар, бир бирингизга ғазаб қилманглар, ўзаро алоқаларни узиб юборманглар. Эй Аллоҳнинг бандалари ўзаро дўст биродар бўлинглар.
Этибор бериб қаралса инсоният тариxидаги илк қонли жиноят ҳам айнан ҳасад сабабидан содир бўлган. Шунинг учун ҳар биримиз ҳасаддан эxтиёт бўлишлигимиз лозим.
Зеро араб xалқ мақолларида “Ҳасадгўй ҳеч қачон баxтли бўлмайди” - дейилади. Ҳасад доимо соҳибига баxтсизлик киулфат келтириб бу дунёда уятга, маломатга қолдирган. Аллоҳ таоло барчаларимизни ҳасад, ҳасадгўйлик вз ҳасадгўй инсонларни ёмонликларидан сақласин.
“Муҳаммадсолиҳожи” жоме масжиди ноиби ЖамолиддинқориПарпийев

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  30 Avgust 2018, 11:51:06

Ичкилик – оғу
Динимиз аҳкомлари инсонни дини, жони, ақли, насли ва саломатлигига, умуман айтганда ҳаётига зарар етказишликка сабаб бўлувчи барча нарсаларни ёмон деб ўша нарсалардан инсонларни қайтарган, қайтарибгина қолмасдан балки, ҳаром деб эълон қилган. Булардан бири гиёҳванд моддалардир. Зеро, гиёҳвандлик инсоният келажагининг кушандасидир. Аллоҳ таоло Аъроф сурасининг 157-оятида: “… У (пайғамбар) уларни (инсонларни) яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади…”, деб марҳамат қилади. Ҳадиси шарифда “Ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаром”, дейилади. Яна бир ҳадисда “Ҳар ким ўзини ўзи заҳар билан ўлдирса қиёмат куни жаҳаннам ўти билан азобланади” , дейилган.
Баъзи инсонларнинг “оят ва ҳадисларда гиёҳванд моддалар номи келтирилмаган-ку?”, деган саволларига айтамизки, бу ҳам бўлса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўъжизаларидан бири бўлиб у зот ўзларидан кейинги инсонларнинг молига, жонига ва ҳатто наслига ҳам ўта зарар келтирувчи бўлган иллатларнинг умумий хусусиятини бир сўз билан ифода қилиб: “Ҳар қандай маст қилувчи ва баданни бўшаштирувчи нарсалар ҳаром”, деб марҳамат қилганлар. Маълумки, гиёҳванд моддалар нима деб аталишидан қатъи назар улар маст қилади ва баданни бўшаштиради. (Муслим.Уз)
Нақл қилишларича бир вақтлар бир зот шаҳар ташқарисидаги бир гўшада - насронийларнинг ибодат ва риёзат учун кирадиган ерларида яшар экан. Бир кун шайтон мусофир қиёфасига кириб, у зотникига меҳмон бўлибди. Уй эгаси унга таом манзират қилибди, лекин уч кун давомида меҳмон ҳеч нарса еб-ичмабди. Уй эгаси:
- Сен қандай одамсанки, еб-ичмай яшайсан? - дебди. Шайтон алдаб:
- Бир гуноҳ қилиб, сўнгра тавба қилгандим. Аллоҳ таоло мендан емоқ эҳтиёжини кўтарди, - дейиши билан обид:
- Ҳай, менга ҳам ўргат, мен ҳам еб-ичиш кулфатидан қутулай, - дебди.
Шайтон ҳам унга жавобан:
- Ё ичкилик ичиш, ё зино қилиш ёки бир одам ўлдириш лозимдир, - дебди. Бечора обид кўп ўйлаб, одам ўлдириш бўлмайди. Зино, у ҳам бўлмайди. Ичкилик... эй, бир оз ичаман, сўнгра тавба қиламан, энг осони шу», деб шароб ичибди. Бу орада шайтон қизи касал бўлган бир подшоҳнинг олдига бориб,
«Фалон жойда бир обид бор, нафаси жуда яхши, иншоаллоҳ у ерда қизингиз соғаяди», - деб подшоҳни алдабди.
Бир онда қизни аравага солиб, обиднинг уйига олиб келибдилар. Обид маст ҳолида қизни зўрлаб зино қилибди. Сўнгра қилганига пушаймон бўлиб, «Ишқилиб, подшоҳнинг хабари бўлмасин», деб ўйлаб ўгирганда, шайтон келиб:
«Уни ўлдириб, кўмишдан бошқа чора йўқ, қидиришса, уйга юбордик деймиз», дебди.
Шу сабаб бўлиб, бечора обид қотиллик ҳам килибди. Лекин қизнинг ўлдирилгани билиниб, кўмилган жойидан жасади чиқарилгач, обиднинг қатлига фармон берилибди...
(манба:МУҲАММАД ЗОҲИД ҚЎТҚУ. ИЧКИЛИК - ИЙМОН ЗАВОЛИ . Таржимон: Сайфиддин САЙФУЛЛОҲ)

Сулаймонов Баҳодиржон. Асака т. "Файзобод" жоме масжиди имом хатиби

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  30 Avgust 2018, 12:19:30

Чақимчилик ҳақида
Яҳё ибн Аксам ривоят қилади: “Чақимчи сeҳргардан ҳам ёмондир. Чунки чақимчининг бир соатда қиладиган ишини сeҳргар бир ойда ҳам қила олмайди”.
Ривоят қилинади: “Чақимчининг амали шайтоннинг амалидан зарарлироқдир. Чунки шайтоннинг амали хаёлан ва васваса билан бўлади. Чақимчининг амали эса юзма-юз кeлиш ва кўриш билан бўлади”.
Аллоҳ таоло Масад сурасида “ҳаммалатал-ҳатоб” дeди. Кўп тафсирчилардан айтилганки, “Ҳатоб”дан мақсад чақимчилик. Чақимчиликни “ўтин” дeб номлади. Чунки чақимчилик душманликка ва урушга сабабдир. Оловнинг, ёндирувчи нарсанинг ўрнидадир.
Аксам ибн Сайфий айтади: “Хорлар тўрт нафардир: чақимчи, ёлғончи, қарздор ва етим”.
Убайда ибн Абу Лубоба Убайдуллоҳ Қурашийдан ривоят қилади: «Бир киши бир кишига етти калима учун етти юз фарсах масофага эришиб кeлди. Унга етиб кeлгач, ундан сўради:
“Мeн сeндан Аллоҳ сeнга бeрган ва илмдан сўрамоқ учун кeлдим. Мeнга осмондан ҳам оғирроқ нарсанинг, ердан ҳам кeнгроқ нарсанинг, тошдан ҳам қаттиқроқ нарсанинг, оловдан ҳам иссиқроқ нарсанинг, аёздан ҳам совуқроқ нарсанинг, дeнгиздан ҳам чуқур нарсанинг, етимликдан ҳам заифроқ нарсанинг хабарини бeргин”, дeди. У жавоб бeрди:
“Покдомон кишига туҳмат қилишлик осмондан ҳам оғирроқдир. Ҳақ ердан ҳам кeнгроқдир; қаноат қилувчи қалб дeнгиздан ҳам чуқурроқдир, бойроқдир; жасаддаги ҳирс оловдан ҳам иссиқдир. Яқинига ҳожати тушиб, ундан нажот топмаслик аёздан ҳам совуқроқдир. Кофирнинг қалби тошдан ҳам қаттиқдир. Чақимчилик, агар унинг эгаси тайин бўлса, етимдан ҳам заифдир”.
Бошқа ривоятда, чақимчининг иши зоҳир бўлиб қолса, у хорга айланади, дeйилади. (Танбeҳул ғофилин. Ал-Фақиҳ Абу Лайс ас-Самарқандий. зиёуз.cом кутубхонаси)
Наммом ва ғийбатчи кишилар дараxт илдизига тушган бузоғбош каби xалқ орасида иттифоқ ва улфатнинг кавокини кемуруб, умумий xалқ ва миллатнинг яшамоғи учун лозим бўлган муҳаббат дараxтини емурурлар.
Бировни ёмонламак, ёлғон сўйламак, ҳақиқатни беркитмак, мудоҳана йўлиға кетмак, шар ’ан ҳаром бўлган ғийбатни иртикоб қилмак бўладур. Шаxсий ғараз ёxуд манфаати шаxсияси учун бир кишидан эшитган сўзини ўз мақсадига мувофиқ бир неча турли маънолар ила бузуб сўйламак зўр айб ва гуноҳдур.
Ҳосили калом, ўз жинсига ёмонлик қилмак ва ёмон сўзлар ила ёд қилмакни одат қилган кишилардан қочмак ва ҳазар қилмак лозимдур. Расули акрам набиййи муҳтарам саллоллоҳу алайҳи васаллам афандимиз:
«Асҳобимдан бири иккинчисининг сўзин кетурмасун, зероки, ман сизга садрим саломат, қалбим роҳат ўлдуғим ҳолда учрамакни суярам», – демишлар. ((Туркий Гулистон ёxуд аxлоқ. Абдулла Авлоний. зиёуз.сом кутубхонаси)
Расулуллоҳ саллоллаҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан бирга йўлда кетаётиб иккита қабрнинг олдидан ўтаётганларида, саҳобалар Расулуллоҳнинг юзлари ўзгарганини кўриб:
“Нима бўлди?, эй Аллоҳнинг Расули”, дедилар. Расулуллоҳ саллоллаҳу алайҳи васаллам:
“Мен эшитаётган нарсани эшитаяпсизларми?”, дедилар. Саҳобалар:
“Йўқ, эй Аллоҳнинг Расули, нимани эшитаяпсиз?”, дедилар. Расулуллоҳ саллоллаҳу алайҳи васаллам:
“Бу икки киши қабрларида қаттиқ азобланаяпти”, дедилар. Саҳобалар:
“Нимга? Ё Расулуллоҳ”, дедилар. Расулуллоҳ(с.а.в):
“Бири бавлидан сақланмасди ёки бавлдан тўсилмасди, бошқаси инсонлар орасида чақимчилик қилиб юрарди”,дедилар. Сўнгра Расулуллоҳ саллоллаҳу алайҳи васаллам саҳобалардан ҳўл новда келтиришларини талаб қилдилар ва уни иккига бўлиб ярмини биринчи қабр устига, ярмини иккинчи қабр устига (суқуб) қўйиб:
“Шоядки булар қуругунча қабр азоби улардан енгиллатилса”, дедилар. (imon.uz)

Муҳаммадсобир Иминов. Асака т. "Ҳазрат Умар" масжиди имом хатиби

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  30 Avgust 2018, 12:32:47

B A X I L L I K
“Baxillik” lug‘atda sahiylikning ziddidir.
Ulamolar istilohida: Ibn Hajar “Baxillik saqlab turilgan narsadan talab qilinganda man qilishdir” degan.
Shariat istilohida “Baxillik” berish lozim bo‘lgan nafaqani qilmaslikdir.
Baxillikning darajasi ikkitadir.
1. O‘zida bor narsaga baxillik qilish.
2. O‘zgada bor narsaga baxillik qilish. Bu eng yomonidir. Uni niso surasidagi “Ular baxillik qiladigan va odamlarni baxillikka buyuradiganlardir”, degan oyatdan bilib olsa ham bo‘ladi.
Ulamolarning ta’kidlashicha, baxillikning eng yomoni kishining o‘ziga o‘zi baxillik qilishdir. 
Islom dini ta’limoti bo‘yicha, insonning qo‘lidagi mol unga Alloh o‘z fazlidan bergan omonatdir. Shuning uchun u mazkur molni uning haqiyqiy egasi Allohning roziligi yo‘lida sarflashi kerak.  Ammo baxillik qilb, Allohning yo‘lida sarflanmay, to‘plangan mol egasining ko‘ziga yaxshi bo‘lib ko‘ringani bilan, aslida yaxshilik bo‘lmaydi. Kim baxillik bilan to‘plagan molini yaxshilik deb hisoblasa, noto‘g‘ri o‘ylagan bo‘ladi.
Abu Hurayra roziyallohu anhudan rivoyat qilinadi.
Rasululloh sollallohu alayhi vasallam: “Alloh kimga mol bersa-yu, u zakotini bermasa, qiyomat kuni mol unga ikki xolli ulkan ilon bo‘lib ko‘rinadi va bo‘yniga o‘raladi. So‘ngra ikki chakkasidan tishlab turib: “Men molingman, men sen to‘plagan xazinangman”, deydi” dedilar. Keyin “Alloh o‘z fazlidan bergan narsaga baxillik qiladiganlar buni o‘zlariga yaxshilik deb xisoblamasinlar”, oyatini oxirigacha o‘qidilar.
Inson qancha yashamasin, qancha mol to‘plamasin, baribir bir kun kelib o‘ladi va mol-mulkini tark etadi.
Abdulloh ibn Amr roziyallohu anhudan rivoyat qilinadi:
Rasululloh sollallohu alayhi vasallam xutba qildilar va: “Baxillikdan saqlaninglar. Chunki u sizdan oldigilarni halok qilgan. Ularni baxillikka amr qildi, baxillik qildilar. Ularni aloqalarini uzishga buyurdi, uzdilar. Fujurga buyurdi, fujur qildilar” dedilar.
Mazkur nomaqul insonlar o‘zlari baxillik qilganlari yetmagandek, boshqalarni ham baxillikka buyurdilar. Shu bilan birga,Alloh taolo tomonidan berilgan ne’matlarni berkitdilar. Odamlarga ko‘rsatishdan qochadilar. Odamlar bilib qolmasin deb, o‘zlari ham yemay-ichmay, kiymay kun kechiradilar.
Imron ibn Husoyindan rivoyat qilinadi:
Nabiy sollallohu alayhi vasallam: “Agar Alloh bir bandaga ne’mat bersa, uning asari o‘sha bandada zohir bo‘lishini yaxshi ko‘radi” dedilar.
Abu Bakr roziyallohu anhudan rivoyat qilinadi:
   Nabiy sollallohu alayhi vasallam: “Jannatga buzg‘unchi ham, minnatchi ham, baxil ham kirmaydi” dedilar.
Asaka shahar “Imom Zufari”
Masjidi imom xatibi
D.A.Rahmanov tayyorladi


Qayd etilgan


MirzoMuhammad  13 Sentyabr 2018, 16:42:38

МУФЛИС
   “Муфлис” – араб тилида луғавий маънода “фулус” (чақа) сўзидан олинган бўлиб, сариқ чақага ҳам зор бўлиб,  муҳтожликда қолган инсон маъносини билдиради. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам  бу сўзни зарбул масал қилиб умматга улкан сабоқ берганлар.
قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : " هَلْ تَدْرُونَ مَا الْمُفْلِسُ ؟ " قَالُوا : يَا رَسُولَ اللَّهِ ، الْمُفْلِسُ فِينَا مَنْ لا دِرْهَمَ لَهُ وَلا مَتَاعٌ ، قَالَ : " إِنَّ الْمُفْلِسَ مِنْ أُمَّتِي مَنْ يَأْتِي يَوْمَ الْقِيَامَةِ بِصِيَامٍ وَصَلاةٍ وَصَدَقَةٍ ، وَيَأْتِي قَدْ ظَلَمَ هَذَا وَأَكَلَ مَالَ هَذَا ، وَضَرَبَ هَذَا ، وَشَتَمَ هَذَا ، فَيَقْعُدُ ، فَيُقْتَصُّ لِهَذَا مِنْ حَسَنَاتِهِ ، وَلِهَذَا مِنْ حَسَنَاتِهِ ، فَإِنْ فَنِيَتْ حَسَنَاتُهُ قَبْلَ أَنْ يَقْضِيَ الَّذِي عَلَيْهِ مِنَ الْخَطَايَا أَخَذَ مِنْ خَطَايَاهُمْ فَطُرِحَتْ عَلَيْهِ ، ثُمَّ طُرِحَ بِهِ فِي النَّارِ " .   .. (رواه مسلم).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади - Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сўрадилар:
- Муфлис нималигини биласизларми?
Айтдилар:
— Эй Аллоҳнинг Расули, бизнингча, муфлис на дирҳам ва на матоси бўлмаган кимсадир.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
— Умматимнинг муфлиси шундай бир кимсаки, у қиёмат кунида рўза, намоз ва закот билан келади. Аммо унга зулм қилган, бунинг молини еган, бошқасини урган, яна бирини сўккан. Бас, у ўтиради, ундан унга, бунга яхшиликлари қасос қилиб олиб берилади. Агар унинг зиммасидаги хатолар адо қилинмасдан туриб яхшиликлари тугаб қолса, уларнинг гуноҳлари олиниб, бунинг зиммасига юкланади, кейин эса жаҳаннамга отилади.
Имом Ғаззолий айтади: “Эй биродарим, ана шундай кунда бошингга тушиши эҳтимоли бўлган мусибатни ўйла. Деярли ҳеч бир ибодатинг риёдан ва шайтон ҳийлаларидан омон қолиши мумкин эмас. Бордию ибодатларингнинг бир қанчаси риёсиз ва чин ихлосли бўлса ҳам уларга душманларинг қиёмат куни кўз тикурлар ва қўлингдан олурлар. Кунларингни рўза билан, тунларингни намоз билан ўтказган бўлсанг ҳам, эҳтимол шундай ҳисобга чақирилган пайтингда савобларингга соя ташлаши мумкин бўлган даражада кимнидир ғийбат қилганингни билажаксан. Мусулмон биродарингни ғийбат қилганинг бутун савобларингни йўқ қилса, у ҳолда бошқа гуноҳларинг, ҳаром ва шубҳали нарсаларни еганларинг, қусурли ибодатларинг нима бўлади?”
Ҳа, азизлар! Аллоҳ таоло банда билан Ўзининг ўртасида бўлган гуноҳларни кечириб юборишига умида қилса бўлади, агарчи у гуноҳлар тоғ қадар бўлса ҳам. Аммо банда билан банда орасидаги гуноҳни то ўша ҳақдор рози бўлмагунча кечмаслигини унутмаслигимиз керак.

Улуғбек қори Йўлдошев. Холид ибн Валид жомеъ масжиди ходими. Асака

Qayd etilgan


okahon.8800  20 Sentyabr 2018, 06:06:45

АШУРО КУНИНИ ҒАНИМАТ БИЛАЙЛИК.
Ҳар бир муборак ойнинг ўзига яраша янада фазилатлироқ кунлари бўлганидек, Муҳаррам ойида ҳам фазилат жиҳатидан Рамазон кунларидан кейинги мақомда турувчи Ашуро куни бор. “Ашуро” сўзи араб тили олинган бўлиб, луғатда “ўнинчи кун” деган маънони англатади. Истилоҳда эса, Муҳаррам ойининг ўнинчи кунига айтилади.
Ашуро кунининг ўзига хослиги, бу кунда барча самовий динлар тарихида муҳим воқеалар бўлиб ўтганлиги сабаблидир. Бу хақида ватандошимиз Абу Лайс Самарқандий (р.х) ўзларининг “Танбиҳул ғофилийн” номли китобларида Икрима розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб айтадилар: “Ашуро куни – Одам а.с.нинг тавбалари қабул қилинган, Нуҳ а.с. кемадан тушган ва бунинг шукронасига рўза тутган, Фиръавн ғарқ этилиб, Бани Исроилга денгиз ёрилган ва шунинг учун улар рўза тутишган кундир. Агар сен ҳам ўша куни рўза тута олсанг, тутгин”
Абдуллох ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келиб, яҳудийларнинг Ашуро куни рўзасини тутаётганларини кўрдилар. “Бу нима?” дедилар. “Бу солиҳ кундир. Бу Аллоҳ Бану Исроилни душманларидан қутқарган кун. Шу боис Мусо унинг рўзасини тутган”, дейишди. У зот: “Мен Мусога сизлардан кўра ҳақлироқман”, дедилар ҳамда унинг рўзасини тутдилар ва тутишга буюрдилар”. (Бухорий, Муслим ва Абу Довудлар ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар бўлганларидан то ҳижрий иккинчи йилгача Ашуро куни рўзасини тутганлар ва бошқаларга ҳам ушбу кун рўзасини тутишни буюрганлар. Ҳижрий иккинчи йилда Рамазон ойи рўзаси фарз бўлганидан кейин у зот Ашуро куни рўзаси ихтиёрий экани, хоҳлаганлар тутиши ва хоҳламаганлар тутмаслиги мумкинлигини маълум қилдилар. Лекин эътибор бериб қарасак, бошқа бирон нафл рўзага Ашуро куни рўзасичалик тарғиб қилмаганлар. Шундан маълум бўладики, бу куни рўзасини тутиш суннати муаккада саналади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни бомдод намозини ўқиганларидан сўнг, бизларга бурилиб дедилар: “Ким саҳарлик қилиб рўза тутган бўлса, охиригача тутсин. Агар рўза тутмаган бўлса, бирор бир нарса емасин. Чунки бу кунда Мусо а.с.га Фиръавнинг дастидан нусрат берилди. Шунинг учун бу кунда яҳудийлар шукронасига рўза тутадилар. Аммо бизлар бунга ҳақлироқмиз”.
Ашуро кунининг фазилатидан яна бири бу кунда тутилган рўзанинг савоби улуғ бўлиши билан бир қаторда бир йиллик қилинган гунохларга каффорот бўлишидир.
Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ашуро кунининг рўзаси ўзидан олдинги йилнинг гуноҳларига каффорат бўлади” -дедилар. (Имом Муслим ривояти).
Яна бу кунда хар бир инсон ўз хонадон ахлларини дастурхонини тўкин ва кенгчилик қилиб берса, Аллоҳ таоло хам у бандаси учун кенгчилик қилиб беришлиги бу кунни фазилатини янада оширади.
Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Ашуро куни оиласига кенгчилик қилиб берса, Аллоҳ унга йил бўйи кенгчилик қилиб беради”, - дедилар.  (Имом Тобароний ва Байҳақий ривояти).
Аллоҳ таоло барчаларимиз мана шундай муборак ойларнинг фазилатли кунларини фазилатини топишишимизни ўзи насиб айласин.
“Муҳаммад Солиҳ хожи” жоме масжиди имом хатиби А. Шерматов

Qayd etilgan