Maʻrifiy maqolalar  ( 116198 marta o'qilgan) Chop etish

1 ... 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 ... 26 B


MirzoMuhammad  13 Sentyabr 2018, 16:42:38

МУФЛИС
   “Муфлис” – араб тилида луғавий маънода “фулус” (чақа) сўзидан олинган бўлиб, сариқ чақага ҳам зор бўлиб,  муҳтожликда қолган инсон маъносини билдиради. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам  бу сўзни зарбул масал қилиб умматга улкан сабоқ берганлар.
قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : " هَلْ تَدْرُونَ مَا الْمُفْلِسُ ؟ " قَالُوا : يَا رَسُولَ اللَّهِ ، الْمُفْلِسُ فِينَا مَنْ لا دِرْهَمَ لَهُ وَلا مَتَاعٌ ، قَالَ : " إِنَّ الْمُفْلِسَ مِنْ أُمَّتِي مَنْ يَأْتِي يَوْمَ الْقِيَامَةِ بِصِيَامٍ وَصَلاةٍ وَصَدَقَةٍ ، وَيَأْتِي قَدْ ظَلَمَ هَذَا وَأَكَلَ مَالَ هَذَا ، وَضَرَبَ هَذَا ، وَشَتَمَ هَذَا ، فَيَقْعُدُ ، فَيُقْتَصُّ لِهَذَا مِنْ حَسَنَاتِهِ ، وَلِهَذَا مِنْ حَسَنَاتِهِ ، فَإِنْ فَنِيَتْ حَسَنَاتُهُ قَبْلَ أَنْ يَقْضِيَ الَّذِي عَلَيْهِ مِنَ الْخَطَايَا أَخَذَ مِنْ خَطَايَاهُمْ فَطُرِحَتْ عَلَيْهِ ، ثُمَّ طُرِحَ بِهِ فِي النَّارِ " .   .. (رواه مسلم).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади - Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сўрадилар:
- Муфлис нималигини биласизларми?
Айтдилар:
— Эй Аллоҳнинг Расули, бизнингча, муфлис на дирҳам ва на матоси бўлмаган кимсадир.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
— Умматимнинг муфлиси шундай бир кимсаки, у қиёмат кунида рўза, намоз ва закот билан келади. Аммо унга зулм қилган, бунинг молини еган, бошқасини урган, яна бирини сўккан. Бас, у ўтиради, ундан унга, бунга яхшиликлари қасос қилиб олиб берилади. Агар унинг зиммасидаги хатолар адо қилинмасдан туриб яхшиликлари тугаб қолса, уларнинг гуноҳлари олиниб, бунинг зиммасига юкланади, кейин эса жаҳаннамга отилади.
Имом Ғаззолий айтади: “Эй биродарим, ана шундай кунда бошингга тушиши эҳтимоли бўлган мусибатни ўйла. Деярли ҳеч бир ибодатинг риёдан ва шайтон ҳийлаларидан омон қолиши мумкин эмас. Бордию ибодатларингнинг бир қанчаси риёсиз ва чин ихлосли бўлса ҳам уларга душманларинг қиёмат куни кўз тикурлар ва қўлингдан олурлар. Кунларингни рўза билан, тунларингни намоз билан ўтказган бўлсанг ҳам, эҳтимол шундай ҳисобга чақирилган пайтингда савобларингга соя ташлаши мумкин бўлган даражада кимнидир ғийбат қилганингни билажаксан. Мусулмон биродарингни ғийбат қилганинг бутун савобларингни йўқ қилса, у ҳолда бошқа гуноҳларинг, ҳаром ва шубҳали нарсаларни еганларинг, қусурли ибодатларинг нима бўлади?”
Ҳа, азизлар! Аллоҳ таоло банда билан Ўзининг ўртасида бўлган гуноҳларни кечириб юборишига умида қилса бўлади, агарчи у гуноҳлар тоғ қадар бўлса ҳам. Аммо банда билан банда орасидаги гуноҳни то ўша ҳақдор рози бўлмагунча кечмаслигини унутмаслигимиз керак.

Улуғбек қори Йўлдошев. Холид ибн Валид жомеъ масжиди ходими. Асака

Qayd etilgan


okahon.8800  20 Sentyabr 2018, 06:06:45

АШУРО КУНИНИ ҒАНИМАТ БИЛАЙЛИК.
Ҳар бир муборак ойнинг ўзига яраша янада фазилатлироқ кунлари бўлганидек, Муҳаррам ойида ҳам фазилат жиҳатидан Рамазон кунларидан кейинги мақомда турувчи Ашуро куни бор. “Ашуро” сўзи араб тили олинган бўлиб, луғатда “ўнинчи кун” деган маънони англатади. Истилоҳда эса, Муҳаррам ойининг ўнинчи кунига айтилади.
Ашуро кунининг ўзига хослиги, бу кунда барча самовий динлар тарихида муҳим воқеалар бўлиб ўтганлиги сабаблидир. Бу хақида ватандошимиз Абу Лайс Самарқандий (р.х) ўзларининг “Танбиҳул ғофилийн” номли китобларида Икрима розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб айтадилар: “Ашуро куни – Одам а.с.нинг тавбалари қабул қилинган, Нуҳ а.с. кемадан тушган ва бунинг шукронасига рўза тутган, Фиръавн ғарқ этилиб, Бани Исроилга денгиз ёрилган ва шунинг учун улар рўза тутишган кундир. Агар сен ҳам ўша куни рўза тута олсанг, тутгин”
Абдуллох ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келиб, яҳудийларнинг Ашуро куни рўзасини тутаётганларини кўрдилар. “Бу нима?” дедилар. “Бу солиҳ кундир. Бу Аллоҳ Бану Исроилни душманларидан қутқарган кун. Шу боис Мусо унинг рўзасини тутган”, дейишди. У зот: “Мен Мусога сизлардан кўра ҳақлироқман”, дедилар ҳамда унинг рўзасини тутдилар ва тутишга буюрдилар”. (Бухорий, Муслим ва Абу Довудлар ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар бўлганларидан то ҳижрий иккинчи йилгача Ашуро куни рўзасини тутганлар ва бошқаларга ҳам ушбу кун рўзасини тутишни буюрганлар. Ҳижрий иккинчи йилда Рамазон ойи рўзаси фарз бўлганидан кейин у зот Ашуро куни рўзаси ихтиёрий экани, хоҳлаганлар тутиши ва хоҳламаганлар тутмаслиги мумкинлигини маълум қилдилар. Лекин эътибор бериб қарасак, бошқа бирон нафл рўзага Ашуро куни рўзасичалик тарғиб қилмаганлар. Шундан маълум бўладики, бу куни рўзасини тутиш суннати муаккада саналади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни бомдод намозини ўқиганларидан сўнг, бизларга бурилиб дедилар: “Ким саҳарлик қилиб рўза тутган бўлса, охиригача тутсин. Агар рўза тутмаган бўлса, бирор бир нарса емасин. Чунки бу кунда Мусо а.с.га Фиръавнинг дастидан нусрат берилди. Шунинг учун бу кунда яҳудийлар шукронасига рўза тутадилар. Аммо бизлар бунга ҳақлироқмиз”.
Ашуро кунининг фазилатидан яна бири бу кунда тутилган рўзанинг савоби улуғ бўлиши билан бир қаторда бир йиллик қилинган гунохларга каффорот бўлишидир.
Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ашуро кунининг рўзаси ўзидан олдинги йилнинг гуноҳларига каффорат бўлади” -дедилар. (Имом Муслим ривояти).
Яна бу кунда хар бир инсон ўз хонадон ахлларини дастурхонини тўкин ва кенгчилик қилиб берса, Аллоҳ таоло хам у бандаси учун кенгчилик қилиб беришлиги бу кунни фазилатини янада оширади.
Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Ашуро куни оиласига кенгчилик қилиб берса, Аллоҳ унга йил бўйи кенгчилик қилиб беради”, - дедилар.  (Имом Тобароний ва Байҳақий ривояти).
Аллоҳ таоло барчаларимиз мана шундай муборак ойларнинг фазилатли кунларини фазилатини топишишимизни ўзи насиб айласин.
“Муҳаммад Солиҳ хожи” жоме масжиди имом хатиби А. Шерматов

Qayd etilgan


okahon.8800  20 Sentyabr 2018, 06:07:32

МУХАРРАМ ОЙИ ВА УНДАГИ ФАЗИЛАТЛАР.
Барча мўъмин мусулмонлар учун улуғ ва қадр қиммати баланд ойлардан бири бу  Мухаррам ойидир. Шунингдек бу ой уруш харом қилинган ой бўлиши билан бир қаторда ҳижрий сананинг бошланиши хамдир. Яни Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) нинг Маккаи мукаррамадан Мадинаи мунавварага ҳижрат қилганларига 1440 йил бўлганини билдиради.
Аллоҳ тволо ўзининг каломи Қурони каримда шундай мархамат қилади. “Албатта, Аллоҳ таолонинг китобида ойларнинг сони – Аллоҳнинг наздида осмонлару ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар) дир. Мана шу тўғри диндир. У (ой)ларда ўзингизга зулм қилманг” (Тавба сураси 36 оят)
Мана шу 4 ой, яъни Ражаб, зул қаъда, зул ҳижжа ва муҳаррам ойлари Аллоҳ таолонинг наздида ҳурматга лойиқ бир ойлардан ҳисобланади. Парвардигори олам “У (ой)ларда ўзингизга зулм қилманг” деб марҳамат қилмоқда. Шунинг учун ушбу ойларда кўпроқ ибодатларимизни кўпайтирсак, албатта, мақсадга мувофиқ бўлади.
Муҳаррам ойининг иккинчиси маъноси “Ҳурматланган, улуғланган” маъноларни англатади. Бу ой нимаси билан ҳурматга сазовор бўлди? Бу саволга эса Расулуллоҳ с.а.в.нинг ҳадиси мубораклари жавоб топамиз.
Имом Муслим ўзларининг Саҳиҳларида Ибн Аббос (р.а) дан ривоят қилади: Расулуллоҳ с.а.в. Мадинага келганларида, у ерда иккита араб қабиласи Авс ва Хазраж қабилалари ва учта яҳудийлар қабиласи Бани Қайнақо, Бани Қурайза ва Бани Назир қабилалари бор эди. Яҳудийлар Муҳаррам ойининг 10 нчи куни Ашуро кунида рўза тутган эканлар. Расулуллоҳ с.а.в. уни нима учун тутаётганларини сўрадилар. Шунда улар дедиларки: “Бу кун улуғ кун. Шу куни Аллоҳ таоло Мусо а.с. ва Бани Исроилга Фиръавннинг  зулмидан халос этиб нажот берган ва Фиръавн ва аъёнларини денгизда ғарқ қилдирган. Ўшанда Мусо а.с. Аллоҳга шукрона қилган ҳолда шу куни рўза тутганлар ва бизлар ҳам шу кунни улуғлаб рўза тутамиз” дейишди. Шунда Расулуллоҳ с.а.в.: “Биз Мусо а.с.га сизлардан кўра ҳақлироқмиз”, деб ўзлари рўза тутдилар ва саҳобаларига рўза тутишликка буюрдилар.
Муҳаррам ойи рамазон ойидан кейинги энг фазилатли ойлардан бири бўлиб бу ойнинг ўнинчи кунида жуда кўп муҳим воқеалар бўлиб ўтганлиги сабаблидир. Бу хақида ватандошимиз Абу Лайс Самарқандий (р.х) ўзларининг “Танбиҳул ғофилийн” номли китобларида Икрима розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб айтадилар: “Ашуро куни – Одам а.с.нинг тавбалари қабул қилинган, Нуҳ а.с. кемадан тушган ва бунинг шукронасига рўза тутган, Фиръавн ғарқ этилиб, Бани Исроилга денгиз ёрилган ва шунинг учун улар рўза тутишган кундир. Агар сен ҳам ўша куни рўза тута олсанг, тутгин”- деганлар.
Мухаррам ойининг оашуро кунида тутилган рўза амалининг савоби ва фазилати борасида Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган хависи шарифда Пайғамбаримиз Мухаммад (с.а.в) шундай мархамат қиладилар: “Ашуро кунининг рўзаси ўзидан олдинги йилнинг гуноҳларига каффорат бўлади” -дедилар. (Имом Муслим ривояти). 
Шунингдек бу кунда инсон ўз оиласи учун оилавий таъминотида кенгчили қилиб берса, йил давомида унинг оиласида барака бўлиши ва дастурхони тўкин бўлишлиги хадисларда баён этилган.
Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Ашуро куни оиласига кенгчилик қилиб берса, Аллоҳ унга йил бўйи кенгчилик қилиб беради”, - дедилар.  (Имом Тобароний ва Байҳақий ривояти).
Барчаларимиз бу кунларни ғанимат билиб ўз оила аъзоларимиз учун кенгчилик қилиб берадиган бўлсак иншооллох оиламизда доимо барака ва хайр бўлади.
Мухаммадийхон Хожиев.

Qayd etilgan


okahon.8800  20 Sentyabr 2018, 06:09:35

Табиатдан оқилона қойдаланайлик
Муқаддас ислом дини талимотларида табиат муҳофа¬заси, наботот ва ҳайвонот оламини ҳимоя қилишга кат¬та эътибор берилган. Чунки буларнинг барчаси Аллоҳ таоло томонидан ин¬сонлар учун берилган улуғ неъматларидан биридир. Инсон бу неъматларсиз ўз хаётини буир дақиқа бўлса хам тасаввур эта олмайди.
Аллох таоло ўзининг каломи Қурони каримда шундай мархамат қилади: "У шундай зотки, сизлар учун Ердаги барча нарсаларни яратди" (Бақара сураи, 29 оят.)
Бошқа бир ояти каримада эса шундай баён қилинади: “Инсон ўзи¬нинг таомига (ибрат кўзи билан бир) қараб қўйсин-чи! Биз (осмондан) сув-ёмғирни қуйдирдик. Сўнгра ерни (гиёҳлар билан) ёрдик. Сўнг Биз ундан дон-дунни, узум ва кўкатларни, зайтун ва хурмоларни, қалин дарахтзор боғларни, мева-чева-ю ўт-ўланларни сизлар учун ва чорва молларингиз учун манфаат бўлсин деб ундириб-ўстириб қўйдик-ку!”. (Абаса, 24-32 оятлар)
Ояти карималардан маълум бўладики Оллох таоло ер юзидаги барча нарсаларни яратган ва буларни инсонга манфаатили қилиб бергандир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло инсонларга ҳаётни давом эттириш учун лозим бўлган барча воситалар орқали ер юзини обод этиш ва Она-табиатни эҳтиётлаб сақлаш ҳамда унга оқилона муносабатда бўлиш масъулиятини юклади.
Демак, ҳар бир оқилу доно ўзи яшаб турган жойдаги ер, сув, ҳаво, ҳайвонот ва наботот эҳтиёткорлик ва тежамкорлик билан муомалада бўлиши, уларни асраб авайлаб сақлаши ва исроф этмаслиги лозим.
Инсон ўзи истиқомат қиладиган маҳалла, атроф-муҳит, уй-жойларни озода, саранжом-саришта сақлаши ҳам имонни мукаммал қиладиган амаллардан саналади. Пайғамбар алайҳиссалом марҳамат қилиб шундай дейдилар: "Имон  60 дан ортиқ қисмлардан иборат. Улардан энг афзали  ло илоҳа иллаллоҳ ва энг кичиги йўлдан азият берадиган нарсаларни олиб ташлашдир". (Имом Муслим ривояти)
Дарҳақиқат, тупроқ, сув, ҳаво ва бошқа нарсаларни тоза сақлаш, уларни ифлосланишига йўл қўймаслик ва соғлиқ учун зарарли бўлган нарсалардан сақланиш кабилар шариатимизнинг буйруғидир. Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:“Учта жойга: сув ўзанларига, серқатнов йўлларга ҳамда соя-салқин ерларга ахлат ташлаб, лаънатга қолишдан қўрқинглар”, - деганлар (Абу Довуд ривояти).
Албатта, Ислом дини сув ҳавзаларини доимо покиза ва озода сақлашга буюриб, уни ифлос этишдан қатъий равишда қайтаради. Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо (с.а.в) нинг оқмас сувга бавл қилишдан қайтариб, сувни ҳар қандай ҳолатда ҳам эҳтиёт қилишга умматларни чорлаганларибу борада барчамизга етарли даражада ибрат бўлади.
Мана бир неча асрлар давомида мусулмонлар ариқ, дарё ва денгиз сувларини покиза сақлашни ўзларининг шарафли бурчлари, деб билганликлари гапимизни яна бир бор тасдиқи бўлади.
Кўпинча идишларга қадоқланган сувларни истемол қиламизда, бўшаган идишларни (баклашкаларни) йўл четига бепарволик билан улоқтириб юборамиз. Ёки бўлмаса келинларни кўчадаги аxлатларни сувга супираётганини кўрамизу менга нима деганда кўрмаганга олиб ўтиб кетаверамиз.
Ёши улуғлар айтар эдилар. Авваллари совчилар қизларни ҳовли супиришини кузатишар. Агар ҳовлини ариқ томонга супирса, айб ҳисоблаб айниб кетишар экан. Шунинг учун оналар қизларини тарбия қилганда, супиришни ариқ бўйидан тепага қараб бошлашни ўргатишган.
“Мухаммад Солих Хожи” жоме масжиди ноиби Ж. Парпиев

Qayd etilgan


okahon.8800  27 Sentyabr 2018, 06:39:49

ИСЛОМДА ТЕНГЛИКГА БЎЛГАН ЭЪТИБОР
Малумки жоҳилият даврида табақаланишлик жуда ҳам авж олиб, бунинг оқибатига қулчилик, ирқчилик, миллатчилик , бой ва камбағални ажратиш келиб чиқган. Ислом дини келишлиги билан бундай одатларга аста аста чек қўйилди. Ҳар бир инсон миллати, дини, ирқи насл-у насаби, ижтимоий келиб чиқишидан қатий назар барчаси тенг, буларнинг барчаси одам фарзандлари эканлиги фақатгина Аллоҳнинг наздида энг ҳурматга сазовори тақволи банда эканлигини, Парвардигоримиз Қурони каримда xабарини беради.
“Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳаввони) вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз!” (Нисо сураси, 1-оят).
Бошқа бир ояти каримада эса шундай мархамат қилинади “Эй инсонлар, дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво) дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишинглар (дўст, биродар бўлишинглар) учун сизларни (турли-туман) xалқлар ва қабила-елатлар қилиб қўйдик Албатта, сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир” (Ҳужурот сураси, 13-оят)
Ояти каримада “ей инсонлар” дея (дини, ирқи, миллати, ижтимоий келиб чиқишидан қатий назар барча инсонларга) xитоб қилинмоқда. Сабаби буларнинг барчасини Аллоҳ бир жондан яратиб, қабила элатларга бўлиб қўйиши, бир-бирлари билан миллатчилик қилиб жанжаллаллашишлари учун эмас, балки ўзаро дўст бўлишликлари учун эканлигини билиб оламиз.
Динимиз талимотида барча тенг. Бу тенгликни ибодатларимизда кўрамиз: Намозда одамларнинг барчаси Аллоҳнинг олдида баробар туради. Унда подшоҳ, ё улуғ, ё олим учун маxсус макон ажратилмайди. Рўзада одамлар бир xил даражада очликни бошдан кечирадилар. Уларнинг ораларидан амир, ё бой, ё шариф истисно қилинмайди. Ҳажда одамла р бир xил кийим кийишади. Бир xил жойда туришади. Бир xил ибодатни адо этишади. Бу борада ҳамма баробар, кучли ва заиф, ашроф ва омманинг фарқи йўқ.
Ислом тариxида бундай тенгликга саҳобалар ҳаётидан мисолларни учратамиз. Пайғамбар (с.а.в.) замонларида Бани Маxзумдан бўлган бир аёл ўғирлик қилди. Жазоси берилиши учун уни Расулуллоҳнинг олдиларига келтиришди. Бу ҳол Қурайшни xафа қилди ва: “Расулуллоҳнинг ундан ҳадни бекор қилишларига ким шафеъ бўлади?” дейишди. Шунда Расулуллоҳнинг қалбларига маҳбуб бўлган Усома ибн Зайдни эслаб қолишди. Унга Расулуллоҳнинг ҳузурларида шафеъ бўлишни топширишди. Бу ҳақда Расулуллоҳга сўзлаганларида, у зот жуда қаттиқ ғазабландилар ва Усомага: “Сен Аллоҳнинг ҳадларидан бўлган ҳадга шафеъ бўласанми?!” - дедилар. Сўнг туриб, одамларга қарата шундай xитоб қилдилар: “Дарҳақиқат, сизлардан олдин ўтган умматлар агар ўзларидан бир обрўли киши ўғрилик қилса, кечиришар, аммо заиф, ночор одам ўғри бўлса, унга ҳадни ижро қилишарди ва улар шу сабабдан ҳалокатга учрашди. Аллоҳга қасамки, агар Муҳаммаднинг қизи Фотима ўғрилик қилганда ҳам, унинг қўлини кесган бўлардим”. Деганликлари тариxда муxрланиб қолган.
Яна бошқа бир мисол: Кунларнинг бирида Абу Зарр Ғифорий билан Абу Бакрнинг (розияллоҳу анҳу) қуллари, қора ҳабаший Билол низолашиб қолишди. Абу Зарр ғифорий (розияллоҳу анҳу) олий насабли, зодагон оиладан. Билол (розияллоҳу анҳу) эса асли қора танли қул бўлиб ночор бир оиладан эди. Ўрталаридаги низо кучая бориб, Абу Заррни ғазаб эгаллаб олди ва Билолга: «Ей қоранинг боласи!» дедилар.
Билол Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилди. Шунда Расулуллоҳ Абу Заррга дедилар: “Сен уни онаси билан камситдингми? Сен жоҳилият (одатлари) бор киши экансан!” Абу Зарр жоҳилиятни фақат ёшларда бўладиган аxлоқий, шаҳвоний бузилиш, деб ўйлаб: “Ёшим ўтган ушбу соатда-я?” дедилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: “Ҳа, улар биродарларингиз”.
Абу Зарр пушаймон бўлиб, тавба қилдилар. Тавба ва пушаймонликда муболаға этиб, ҳатто Билолга юзларини босмоқликни буюрдилар.
Аллоҳ таоло барчаларимизни бир бирларимиз билан иттифоқликда, xурмат-у иззатда болмағимизни насиб айласин. Миллатчиликдан, ирқчиликдан, ўзгаларни менсимасликдан паноҳ берсин.
“Мухаммад солиҳ ҳожи” жоме масжиди ходими П. Мамажонов

Qayd etilgan


okahon.8800  27 Sentyabr 2018, 07:58:54

ИСРОФНИНГ ОХИРИ НАДОМАТ.
Аллоҳ таоло инсон зотини йўқдан бор этиб унинг учун бехисоб санаб адоғига етиб бўлмайдиган неъматлар билан неъматлантирди. Банда бу неъмаьтлардан фойдалансин ва ўзини яратган холиқини танисин, унга шукрона қилсин ва бу неъматлардан оқилона фойданиб исрофга йўл қўймасин. Чунки исроф Аллоҳ белгилаб берган чегарадан чиқишдир. Шунинг усун муқаддас динимиз Исломда исроф қаттиқ қораланган. Аллоҳ таоло Ўз Каломи мажидида. “Енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар. Зеро, У исроф қилгувчиларни севмас”, деб мархамат қилади (Аъроф, 31).
Исроф сўзи луғатда “ҳисобсиз тарзда ишлатиш”, “ҳаддидан ошиш” каби маъноларни англатади. Бундан фақат маблағ, ёки бойлик ёки мол-мулкни ноўрин жойларга совуриш тушунилмайди. Қимматли вақтни беҳуда кетказиш, фойдали ишларга сарфламаслик ҳам айни исрофдир. Куч-қувват ва салоҳиятни эл-юртга ёки ўзига фойда келтирмайдиган нарсаларга йўллаш ҳам исрофдир. “Исрофнинг катта кичига бўлмайди”,  дейишади.
Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос (р.з.) бундай дейди: “Хоҳлаган нарсангни истеъмол қил, истаган кийимингни кий, аммо исрофгар ва бахил бўлма!”
Исрофгарчиликнинг охири надомат билан тугайди, ҳалокат билан якунланади. Исрофгар қанчалик бой бўлмасин, оқибатда барибир камбағалга айланади. Шамини кундузи ёндирган одамнинг туни қоронғу бўлади. Пулини, молини, бошқа неъматларни хор қилган киши оғир кунда ўзи ҳам хор бўлади.
Бугунги  кунда  тўй  маросимларимизда  ҳаддан  ташқари  дабдабабозлик, манманлик  ва  исрофгарчиликлар  авж  олмоқда.  Манашу  нарса  аксар  оилавий можаролар,  уруш-жанжаллар,  ажралишлар,  қудалар  ўртасидаги  совуқчиликваҳоказо салбий оқибитларни келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Энг  ёмони,  айрим  пул  топиб  ақл  топмаган,  маънавий  савияси  паст кимсалар тўй-ҳашамлар, маъракаларни ўтказиш бўйича мусобақа ўйнаб, турли-туман янги одатларни ўйлаб топяпти. Буларни эшитиб, баъзан одам ҳайратдан ёқасини ушлаб қолади.
Шу оринда бир мулохаза “Айрим хамюртларимиз тирикчилик умидида хориж юртларга бориб маблағ ишлаб келмоқдалар. Лекин қийинчилик билан топган маблағларини деворга чаплаш, дабдабали  тўй-маросимларга ноўрин ишлатиб, тўйдан сўнг янги келинни ёлғиз қўйиб хориж юртларга қайтиб кетмоқдалар. Бунинг натижасида оилалар бузилиши, иқтисодий қарамлик, бошқалар ривожланишига хизмат қилиш ва бир қанча зарарларни санаб ўтиш мумкин”. Анашу тўйларимиз ва маросимларимизни ихчам ва камчиқимлик билан бир неча “серияли” қилмасдан камтарона ўтказилса яна хам яхшироқ бўлган қанчадан қанча овворагарчилик ва исрофгарчиликни олдини олган бўлар эдик.
Муҳаммадийхон Хожиев.

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  02 Oktyabr 2018, 15:16:27

Илм талаби
   Илм одам фарзандининг мартабасини кўтариб бошқа махлуқотлардан устувор этиши “Таълимул-мутаъаллими” китобида чиройли тарзда баён этилган:
“Илмнинг инсоният билангина хосланиб шарафли (мақом) экани ҳеч кимга сир эмас. Чунки шижоат, журъат, қувват, саҳоват, шафқат каби илмдан бошқа ҳамма хислатлар инсонда ҳам, бошқа ҳайвонотларда ҳам муштаракдур. Аллоҳ таоло илм билангина Одам алайҳис салоту вас-саломни фаришталардан афзаллигини изҳор қилди ва уларни (Одам алайҳис салоту вас-салом)га сажда қилмоққа буюрди”.  Бу ҳам бўлса Одам алайҳис салом фаришталар билмаган нарсаларни билганлиги сабабидан эди.
   Қурони каримда энг аввал нозил бўлган сура “Ўқи” деб бошланиши ва суранинг давомида яна илм зикр қилинишидан ҳам илм инсоният учун ўта муҳим эканлигини англаш мумкин.
“Карамлиларнинг карамлиси бўлган раббинг (фазли) ила ўқи! Ўша (раббинг) қалам билан илм ўргатгандир. У инсонга (инсон) билмаган нарсасини ўргатди”. (“Алақ”.3 – 5) 
   Ватандошимиз  имом Насафий ҳам Ислом оламида машҳур ва маъруф бўлган “Мадорикут-танзил” номли тафсир китобларида  ушбу ояти кариманинг тафсирида  “бандаларига билмаган нарсаларини ўргатиб, жаҳолат қоронғулигидан илм нурига чиқарганлиги камоли (лутфу) карами эканлигига далолат қилади” деб баён қилганлар.
Анасдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким илм талабида йўлга чиқса, токи қайтиб кeлгунича Аллоҳ йўлидадир», дeдилар. Имом Тeрмизий ривояти.
Абу Умомадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Обидга қараганда олимнинг фазли худди мен билан ичингиздаги паст тоифали киши фазли кабидир», дeб айтдилар. Кeйин яна:
«Албатта Аллоҳ, Унинг фаришталари, еру-осмон аҳллари, ҳатто инидаги чумоли ҳамда балиқлар ҳам одамларга яхшилик ўргатувчи муаллимга дуои хайрда бўлишади», дeдилар. Имом Тeрмизий ривояти.
Яна бошқа ҳадисда шундай марҳамат қилинади:
 (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.)
«Ким илм талабида йўлга тушса, Аллоҳ таоло у бандага жаннат йўлини осон қилади. Албатта фаришталар толиби илм қилаётган кишидан рози бўлиб, қанотларини ёзиб туришади. Олим учун еру осмондаги нарсалар, ҳаттоки сувдаги балиқлар ҳам истиғфор талаб қилишади. Обидга қараганда олимнинг фазли бошқа юлдузларга қараганда тўлин ойнинг фазлига ўхшайди. Албатта уламолар пайғамбарларнинг меросхўридир. Ўша пайғамбарлар динор ёки дирҳам мерос қолдирмайди. Балки улар илмни мерос қолдиришади. Ким мол-дунё ўрнига илмни олса, ҳаммадан зиёда тақсимни қўлга киритибди», дeдилар. Абу Дардодан Абу Довуд ва Тeрмизий ривоятлари.
Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:
”Кимгаки Оллоҳ таоло яхшиликни раво кўргайдир, уни дин илмидан баҳраманд қилғайдир,илмга илм олмоқ йўли бирлан эришилғайдир”.
Саҳоба Абу Зарр:”Агар қилични мана бунга (бўйинга) қўйсангизу бўйнимни узиб юбормасингиздан аввал мен Расулуллоҳдан эшитган сўзларимдан бирортасини айтиб улгурмоғимни билсам, айтиб олар эрдим”, - деган эканлар.

Сардорбек Худоёров. Асака т. “Бобожон қори”  масжиди имом хатиби

Qayd etilgan


okahon.8800  03 Oktyabr 2018, 21:49:59

УСТОЗ ШАРАФЛИ ЗОТ.
Ўзбек xалқи азал-азалдан устоз ва мураббийларга “устоз отангдек улуғ” дея юксак xурмат, эxтиромда бўлиб келишган. Дарҳақиқат ота-она инсонни дунёга келишлигига сабабчи бўлсалар, инсонни ҳаётта етук шаxс бўлиб улғайишида устозарнинг xизматлари беқиёсдир.
Мамлакатимизда Республикаси Президентининг Фармони билан 1997 йил 1 октябрдан бошлаб «Ўқитувчи ва мураббийлар куни» умумxалк байрами сифатида нишонланиб келинмоқда. Бу эса юртимизда устоз ва мураббийларга бўлган юксак этиборнинг намунасидир. Дунёнинг xеч кайси мамлакатида уқитувчи ва мураббийларга нисбатан бу қадар эътибор қаратилмаган, эъзозланмаган.
Ҳар биримиз илк маротаба мактаб остонасига қадам қўйиб, шинам синфxоналарда қўлимизга қалам тутқазиб ёзишни ва ўқишни ўргатган меxридарё устозларимизни жуда яxши эслаймиз. Кўрганимизда кўзларимиз қувонади. Муаллим шундай зотки, у инсониятни илм безаги билан зийнатлайди. Инсонни ҳақийқий комиллик даражасига етказувчи билим xазинасини уларнинг қалбларига жойлайди.
Аммо ҳар қанча уларни эъзозласак ҳам, улар берган илмнинг ва таълимнинг ҳаққини адо этолмаслигимизни ҳис қиламиз. Буни Алишер Навоий бобомиз қанчалар гўзал тарзда таърифлаганларини билсангиз керак…
Ҳақ йўлинда ким сенга бир ҳарф ўқитмиш анж ила,
айламак бўлас адо онинг ҳаққин юз ранж ила.
Илм-ирфон тарқатиш, ёшларга таълим тарбия бериш нақадар улуғ фазилат ва савобли иш эканлиги ҳақида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилган: “Дарҳақиқат, инсонларга яxшилик ва илму-маърифатни ўргатган барча устозларга жамики ҳайвонот, ҳаттоки денгиздаги балиқлар ҳам истиғфор айтади”.
Бир ҳадиси шарифда: “Илм ўрганинглар ва билинглар, илмда xотиржамлик ва салобат бор, ўргатувчига тавозеда бўлинглар”, дейилади.
Ўткан улуғ зотлар устозларини xизматини қилишга ҳамиша шай турганлар. Ибн Аббос мартабаси баланд ва қадри улуғ бўлатуриб, Зайд ибн Собит ансорийнинг уловларини ушлаб етаклади ва: “Бу бизларнинг олимларимизга қиладиган икромимиз”, деди. Яъни, Ибн Аббос Зайд ибн Собит минган уловни етаклаб олимга эҳтиром кўрсатди.
Машойиxларимиз илм оишлик ҳақида:
“Илм ҳосил қилиш гўё игна билан қудуқ қазиб чиқаришдек маҳаққатлик иш” - деганлар. Бундай машаққатлик масулиятлик ишни бошида турган устозларимиздан Аллоҳ таоло рози бўлсин.
Талимул мутааллим китобида шундай келтирилади: Устоз Бурҳониддин Марғиноний ҳазратлари ҳикоя қиладилар: Буxорои шарифнинг катта алломаи киромларидан бири дарс ҳалқасида эдилар. Дарс асносида гоҳо ўринларидан туриб кўярдилар. Зийрак толиблари бунинг сабабини сўрадилар. У зот камоли эҳтиром билан:
- Меҳрибон устозимнинг фарзандлари кўчада болалар билан ўйнаб юрибдилар. Гоҳ ўйнаб эшик олдига Келсалар, дарҳол устозимни ҳурматлари учун ўрнимдан туряпман, - деб жавоб бердилар.
Яна ҳикоя қиладиларки, Имом Буxорий ҳазратлари (р.ҳ.) бир мудсат Маккаи Мукаррамада дарс ўтаганлар. Бир зиёратчи Буxорои шарифдаги устозларидан салом ва мактуб олиб келадилар. Шунда, устозларининг юртидан келганларини билиб, кучоқ очиб кўришиб, ҳурмат изҳор қилганлар. Сўнг, салом xабарини эшитганларида, Буxорои шариф томонига юзланиб, саломга алик олиб ҳурмат бажо келтирганлар. Кейин мақтубни икки кўллаб олиб, табаррук қилиб, эҳтиром билан xатни ўқиганлари айтилади.
Қаранг, қандай ибратли воқеа бўлган экан, устоз ҳазратлари узоқда, ғойиб бўлсаларда, ҳузурларида тургандек ҳурмат бажо келтирдилар. Балки улуғ ал-ломаи замонларнинг ўз даврида етишган баланд илмий даражаларининг омиллардан бири шу бўлган бўлса, ажаб эмас.
Шогирдларга ҳақиқий устозни қадрлаш қандай бўлиши кераклиги ҳақида мисоллар жуда кўп. Фалакиёт илмининг олими Мирзоулуғбекнинг шогирди Али Қушчи кўп йиллар устозидан илм ўрганиб, умрининг оxиригача xизматини қилиб, буюк инсон бўлди. Жалолиддин Румий устозлари Шайx Табризийдан кўп йиллар илм олишдан ташқари бир умр xизматларини қилдилар. Мен бу мисолларни бежиз келтирмаяпман. Шогирд устозининг xизматини қилсин деганда унинг уйига ётиб олиб уй юмушларини қилсин деганим эмас (қилган тақдирда ҳам бу савобдан xоли эмас), устоздан ҳеч бўлмаса байрам кунлари тўртта нон олиб xабар олиш, ҳеч бўлмаса уяли телефон орқали ҳол-аҳвол сўраб қўйиш, чин дилдан табриклаш, кўча-кўйда кўрганда xурматини бажо келтириш, устози ҳақида гап кетганда илиқ сўзлар билан эслаш керак.
Келажагимиз эгалари бўлган, ёш авлод қалбига меҳр билан илм-у маърифат нурини сочаётган, онгимизни ота онага бўлган xурмат ватанга садоқат каби миллий истиқлол ғоялари билан бойитаётган инсоннинг ўзлигини танитаётган сиз азиз устозлардан биз ҳамиша миннатдормиз. Ҳар доим сизлар билан фаxрланамиз.
Мухаммадийхон Хожиев

Qayd etilgan


okahon.8800  03 Oktyabr 2018, 23:00:05

УСТОЗНИНГ ҚАДРИ.
Инсон зоти борки, унинг учун дунёдаги энг азиз ва мукаррам зотлардан бири - бу устоз ва мураббийдир. Устоз ва мураббийлар ҳақида жуда кўп ва xўб гапирилган, шерлар ва байтлар битилган хамда ибратли мақоллар айтилган. Шундай бўлсада бу айтилган мадхларни барчасини торозини бир палласига қўйилса ва торозини бошқа бир палласига Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) нинг “Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, инидаги чумоли, ҳаттоки, денгиздаги балиқ ҳам одамларга яхшиликни таълим берувчига саловот айтадилар” – деган ҳадиси шарифларини қўйиладиган бўлса, албатта бу барча битилгин шерлар, байтлар ва ибратли мақолларда айтилган мадхлардан устун келади.
Устозлик мақоми нақадар улуғ ва бемисл экани ҳақида Жаноби Пайғамбаримиз бундай марҳамат қилганлар: “Олимнинг, яъни унинг бошқалардан ортиқлиги ойдин кечада ойнинг бошқа юлдузлардан зиёда нурли эканига ўхшайди. Дарҳақиқат, уламо-устозлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар ўзларидан кейин динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолдирмаганлар. Улар фақат ўзларидан илму маърифатни мерос қилиб қолдиришган. Ким бу мерос илмни олган бўлса, у катта бахту-саодатни қўлга киритибди”. (Имом Термизий, Абу Довуд ва Ибн Можа ривояти).
Устоз ва муаллим – бу шунчаки оддий инсон эмас, у илму ирфон, зиё, тафаккур ва ҳикматлар тимсолидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в): “Илм дунёда азизлик – охиратда эса шарафдир”, деб марҳамат қилганлар. Илм – маърифат, у жоҳилликнинг зидди. Устоз  бор жойда жаҳолат бўлмайди, барча ёмонликлар йўли бекилади. Муаллимни улуғлаган юрт қуёши порлаган мамлакатдир. Шу боисдан Юртимизда “1октябръ устоз ва мураббийлар куни” катта шодиёна билан нишонланади.
Баъзи китобларда устознинг ҳаққи ота-онанинг ҳаққидан кейин туриши айтилган. Сабаби ота-онангиз сизнинг дунёга келишингизга сабабчи бўлса, устозингиз, қадрли муаллимингиз сизга оқ-қорани ўргатган, сизни ўқиш, ёзиш ва фикрлашга ўргатган инсондир. Бунга бир мисол: Искандар Зулқарнайндан сўрашибди: "Эй Искандар, сен ота-онангдан ҳам кўпроқ устозингни ҳурмат қилар экансан. Шу тўғрими?". Шунда Искандар жавоб берибди: "Ҳа, чунки ота-онам мени дунёга келишимга сабаб бўлдилар. Устозларим эса мени бу дунёю охиратда олий мақомларига кўтарадиган хизмат қилдилар".
Устоз ва муаллимларни ҳурмат қилиш барчамизнинг вазифамиздир. Мазҳаббошимиз Имоми Аъзам (р.а) шундай дейдилар: "Мен устозим Ҳаммоднинг ҳурматидан унинг уйи томонга ҳеч оёғимни узатмадим. Унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этгандан буён қачон намоз ўқисам, албатта, отам билан унинг ҳаққига истиғфор айтаман. Зотан, менга таълим берган ёки бирор нарса ўргатган киши учун истиғфор айтаман" деган эканлар.
Луқмони Ҳаким ўғлига бундай насиҳат қилган экан: “Эй, ўғлим! Олимлар билан ҳамнафас бўл, устозлар орасида ўтир, чунки Аллоҳ таоло еру осмонни суви билан обод қилганидай, қалбларни ҳам илму ҳикмат нури билан мунаввар қилади”.
Ҳикоя қилинишича, Имом Бухорий ҳазратлари бир муддат Маккаи мукаррамада дарс олганлар. Бир зиёратчи Бухорои шарифдаги устозларидан салом ва мактуб олиб келадилар. Шунда Бухорий устозларининг юртидан келганини билиб, қучоқ очиб кўришиб, ҳурмат изҳор қилганлар. Сўнг салом хабарини эшитганларида, Бухорои шариф томонга юзланиб, саломга алик олиб ҳурмат бажо келтирганлар. Кейин мактубни икки қўллаб олиб, эҳтиром билан хатни ўқиганлар.
Бу барча инсоният учун ибратга бой бўлган ходисалардан биридир. Тарихда илм ва муаллимнинг шарафланиши ҳақида бир мисол. Ҳазрат Навоий буюк "Хамса" асарини ёзиб, тугатганида султон Ҳусайн Бойқаро уни безатилган отга миндириб, ўзи уловнинг жиловидан етаклаб, Хирот кўчаларини айлантирган экан. Дарҳақиқат, бу айни тарихий ҳақиқатдир. Тарих бизларга катта ўрнакдир. Демак, бугун ҳар бир оқил ва фозил инсон ўзига илк бора “ранж ила ҳарф ўргатган”, тарбия берган, истиқбол йўлини кўрсатган устозини йўқлаб, қалбига олам-олам қувонч ва ғурур олиб киролса, мана шунинг ўзи чинакамига устознинг бахти.
Илм-ирфон тарқатиш, ёшларга таълим тарбия беришдек шарафли вазифаларни адо этаётган барча устоз ва мураббайларимизни касб байрамлари “Ўқитувчи  ва  Мураббийлар  куни” билан  муборакбод  этамиз. Аллоҳ таоло  устоз ва мураббийларнинг қадрларини баланд ва мақомларини бунданда юксак айласин.
“Муҳаммад Солиҳ Ҳожи” жоме масжиди ходими Ж. Парпиев.

Qayd etilgan


okahon.8800  19 Oktyabr 2018, 06:47:15

ИСЛОМДА ФОЛБИНЛИККА МУНОСАБАТ.
Фолбинлик - Муқаддас Ислом дини таълимотларида Қуръони карим ҳукми билан ҳаром қилинган ва шаръан қораланган ишлардандир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади “Ғайб (яширин сирлар) калитлари Унинг ҳузуридадир. Уларни Ундан ўзга билмас. Яна, қуруқлик ва денгиздаги нарсаларни (ҳам) билур. Бирор япроқ (узилиб) тушса (ҳам) уни билур. Ер зулматлари (қаъри)даги уруғ бўлмасин, ҳўлу қуруқ бўлмасин, (ҳаммаси) аниқ Китоб (Лавҳул-Маҳфуз)да (ёзилган)дир”.
Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо (с.а.в): “Ғайбни Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмайди”, деганлар (Имом Табароний ривояти).
Шунинг бмлан бир қаторда ундан топилган фойда хам харом эканлиги хадиси шарифларда баён қилинган. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Абу Бакр (р.а) нинг ғуломи бор эди. Унга харож чиқарарди. Абу Бакр харожидан ер эди. Бир куни ғулом бир нарса келтирди. Абу Бакр ундан еди. Шунда ғулом:
- Буни нималигини биласанми?- деди.
- Йўқ, нима у ?
- Жоҳилиятда бир кишига фол очиб бергандим. Фол очишни билмасдим. Уни алдагандим. Учрашиб қолганимизда  ўшанинг ҳаққини берди. Еганинг ўша. Шунда Абу Бакр (р.а) қўлини тиқиб, қорнидаги бор нарсани қусиб юборди”. (Имом Бухорий ривояти).
Хадиси шарифга эътибор билан қаралса Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо (с.а.в) нинг талимотларини олган зотлардан бўлган, Хазрати Абу Бакр сиддиқдек инсон билмасдан еб олган бир луқмани, фолбинлик сабабидан топилганлиги боис хар қандай машаққат билан бўлса хам қоринларидан чиқариб юборишларида барча умматлар учун ибрат бор.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Кимки башоратгўй ёки фолбиннинг олдига бориб, айтаётган гапини рост деб билса, у шубҳасиз, Муҳаммадга тушган нарсага куфр келтирибди” (Имом Аҳмад ривояти).
Шунингдек бошқа бир хадиси шарифда: София розияллоҳу анҳодан у киши эса  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир аёлларидан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Кимки башоратгўйнинг олдига бориб, ундан бирон нарсани сўраса, қирқ кунгача унинг биронта ҳам намози қабул қилинмайди” – дедилар. (Имом Муслим ривояти).
Албатта хар бир мўмин мусулмон инсон учун дунёдаги энг ахамиятли ишлардан бири бу намоз ибодатидир. Хатто манашундек улуғ ибодатларни хам қабул бўлишига тўсқинлик қиладиган ишлардан бири бу фолбинга бориш ёки уни гапини тасдиқлашликдир.
Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги пайтда бошига бирор ташвиш тушган, баъзи бир иши юришмай қолган киши ҳам, қизига совчи келмай қолган муштипар она ҳам, бирор бир дардга чалиниб қолган одам ҳам дарров фолбин ҳузурига бориб, фол очтиришга, “иссиқ-совуқ” қилдиришга, унинг айтганларини бажаришга ўрганиб қолишмоқда. Аслида ўша фолбин ёки кохинни ўзини хонадонига қарайдиган бўлсангиз, ёки бир касали бор, ёки бир бахти келишмай умри ўтаётган бир қизи ёхуд бир бахтсиз бир инсони бор эканини кўрасиз.
Ривоятларда келишича Амур Темур xазратларини олдиларига бир фолбин у зотни келажагини айтиб беришлигини айтиб келган экан. Шунда Амур Темур xазратлари уни жаллодга топшириб қатл этишлигини тайинлабдилар. Подишоҳнинг олдидаги вазирлари нима учун фолбинни қатл эттираётганини сўрашди?.
Шунда Амур Темур xазратлари: “Агар у фолбин ўзини келажагини билганида мени олдимга келмас эди. Ўзини келажагини билмаган мени келажагимни билармиди”, деб жавоб қилибдилар.
Мухаммадийхон Хожиев 

Qayd etilgan