Maʻrifiy maqolalar  ( 115123 marta o'qilgan) Chop etish

1 ... 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 ... 26 B


okahon.8800  19 Oktyabr 2018, 06:48:01

ФОЛБИНЛАРНИНГ ЁЛҒОН ДАЪВОЛАРИ
Бугунги кунга келиб баъзи кишилар ружу қўйган, Ислом дини таълимотларига мутлақо зид бўлган амал фол очтириш ва фолбинлик билан шуғулланишдир. Динимизда фолбинларга ишонишдан қаттиқ қайтарилган ва буни ширкка тенглаштирилган. Чунки, фолбин ғайбни билишини даъво қилади, фолбинга борган  эса,  бунга  ишонади  ва  оқибатда  иккиси  ҳам  оғир  гуноҳкор  бўлади.
Аллоҳ  асрасин,  ҳатто  бу  ҳолатда  имондан  чиқиши  ҳам  мумкин.  Зеро, Пайғамбаримиз с.а.в. марҳамат қилганлар: Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: “Ким фолбинга  борса  ва  унинг  айтган  гапига  ишонса  Муҳаммад  с.а.в.га  нозил бўлган нарсага кофир бўлибди” (Имом Термизий ривояти).
Аллох таоло Қурони каримда шундай мархамат қилади “Ғайб (яширин сирлар) калитлари Унинг ҳузуридадир. Уларни Ундан ўзга билмас. Яна, қуруқлик ва денгиздаги нарсаларни (ҳам) билур. Бирор япроқ (узилиб) тушса (ҳам) уни билур. Эр зулматлари (қаъри)даги уруғ бўлмасин, ҳўлу қуруқ бўлмасин, (ҳаммаси) аниқ Китоб (Лавҳул-Маҳфуз)да (ёзилган)дир” (Анъом сураси 58 оят).
Ибн Умар (ра) дан ривоят қилинган ҳадисда, Пайғамбаримиз (сав) айтганлар: “Ғайб калитлари бештадир, уларни Оллоҳдан ўзга ҳеч ким билмас. Эртага нима бўлишлигини Аллоҳ билади. Ёмгирнинг қачон ёғишлигини ҳам фақатгина Аллоҳнинг ўзи билади, бачадондаги нарсани( ўғил ёки қиз эканлиги) ни ҳам ёлгиз Аллоҳнинг ўзи билади, қиёмат кунини қачон бўлишлигини ҳам ёлғиз Аллоҳ билади, бирор бир нафс эртага нима қилишлигини ва қайерда вафот этишлигини билмайди”.
Қадим қадимдан ғайб илмини даво қилгувчи фолбин ва коҳинлар бўлганлиги ҳеч кимга сир эмас. Ундай инсонлар кишиларнинг келажак тақдирини айта олиш даъвоси билан уларни алдаб, қўрқитиб, бойлик орттирган. Инсонлар ва жинларнинг ғайб илмини, сирларни билиш ҳақидаги даъволари ёлғоннинг айни ўзидир.
Бугунлик кунда ҳам мени одамим бор, боболарим, момоларим бор дея даво қилаётган фолбин ва баxшиларни жин ва шайтонлари бўлиб улар осмондан фаришталарнинг сўзларини ўғирлагани чиқар, сўнг у ерда фаришталар томонидан отиладиган осмон жисмларига дуч келар, ундан омон қолса ерга тушуб эшитган нарсаларини узуқ юлиқ ҳолда етказар экан.
Аллоҳ таоло қурони каримнинг мулк сурасида бундай марҳамат қилади: “Батаxқиқ биз дунё осмонини юлдузлар билан зийнатлаб қўйдик ва уларни шайтонларга отиладиган тошлар қилиб қўйдик. Яна улар (шайтонлар) учун (оxиратда) дўзаx азобини ҳам тайёрлаб қўйгандирмиз”.
Базида инсонлар орасида фолбинларнинг хонадонларига қатнаш холатларини минг афсуски, учратиш мумкин. Айрим бир иши юришмай қолган киши ҳам, қизига совчи келмай қолган муштипар она ҳам, бирор бир дардга чалиниб қолган одам ҳам фолбиннинг хонадонига қатнамоқда. Улар фолбинларни гўёки ҳамма ишга қодир инсон деб билишади. Аслида фолбиннинг бирор бир нарсага қодир эмаслиги кундек равшан.
Буларнинг яна шундай бир тоифалари хам борки, уларни “парихон” – деб атайдилар. Парихон форс тилидан олинган бўлиб “пари  воситаси билан даволовчи” деган манони англатади. Гўёки - беморларни пари, жин, руҳлар воситаси билан даволашга уринувчи шахс. Парихоннинг даъвосига кўра, беморга жин ёки алвасти теккан бўлиб, уларни у ҳайдар ёки қайта тегмаслиги учун кўндирар эмиш. Энг ачинарлиси эса - айрим содда одамлар парихонларни париларига атаб назр - ниёз бериб, товуқ, улоқ, қўзи кабиларни қурбонлик қилишлигидир. Бу эса шариат ишларига мутлақо зид ва Аллох ва росулини талимотларига хилоф бўлган амаллардандир. Аллоҳ таоло барчаларимизни бундай ишлардан ўзи асрасин.
“Муҳаммад Солих хожи” жоме масжиди ходими Ж. Парпиев

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  23 Oktyabr 2018, 12:21:47

Бугунги кун риёлари
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам дeйдилар:
“Сизларнинг орангизга киришидан энг хавфсираган нарсам кичик ширкдир”.
“Эй, Аллоҳнинг расули, кичик ширк нимадир?” сўрадилар.
“Риёдир. Аллоҳ таоло бандаларини амалларига кўра жазолайдиган кунда уларга: “Дунёда улар кўрсин учун амал қилганларинг кишиларга боринглар, қаранглар-чи, уларнинг олдида бирор яхшилик топасизларми?” дeйди” жавоб бердилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Шубҳасиз, уларга шу гап айтилади. Чунки уларнинг амаллари дунёда алдашлик бўлди, уларга охиратда ўзларининг алдови асосида муомала қилинади. Аллоҳ таоло айтганидeк:
“Албатта мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўладилар, ҳолбуки, Аллоҳ уларни алдаб қўйгувчидир” (Нисо, 142).
Яъни алданганликлари баробарида уларни жазолайди, амалларининг савобини ботил қилади ва уларга Аллоҳ айтади: “Ким учун амал қилган бўлсангизлар, ўшаларга боринглар ва албатта, сизларнинг амалларингиз учун Мeнинг ҳузуримда савоб йўқдир”.
Чунки бу амаллар холис Аллоҳ учун бўлмади. Қачонки банда холис Аллоҳ таоло учун амал қилса, шундагина савоб вожиб бўлади. Агар ўша амалда Аллоҳ таолога бошқани шeрик қилса, Аллоҳ бундай амалдан бeзордир.
Риё ҳақида сўзлар эканмиз улуғларимизнинг ибратли ҳаётларига назар солишга тўғри келади. Улар ўзларини одамларнинг энг гуноҳкори ва энг фосиқи деб ҳисоблашлари эди.
Молик ибн Динордек улуғ зотдан:
- Биз билан истисқога чиқмайсизми, деб сўрашганларида у зот шундай деганлар:
- Менинг сабабимдан сизларнинг устингизга тош ёғишидан қўрқаман!
Сизлар ёмғир ёғиши кечикяпти, дейсизлар, биз тош ёғиши кечикяпти, деймиз".
Олдинлари бир кишининг кўзидан Аллоҳнинг зикри туфайли ёш чиқса, ёнидагилар кўрмаслиги учун бош кийимини қуйироқ тушириб олар эди. Ҳозир эса камералар олдида туриб йиғлаймиз. Камига эртасига, нафақат эртасига, балки йиллар давомида шу йиғлаганимизни айтиб мақтаниб юрамиз.
Олдинлари бир киши умрага бориб, қайтиб келар, лекин бундан ҳеч кимнинг хабари бўлмас эди. Ҳозир эса Каъбанинг атрофида тавоф қилаётганини ҳаммага кўз-кўз қилиб суратларга тушамиз, видеоларга оламиз. Интернет тармоқларига жойлаймиз.
Олдинлари бир киши тунлари намоз ўқиб, тўшагига қайтиб ётиб олар, баъзида бу ҳолни ёнида ётган аёли ҳам билмай қолар эди. Ҳозир эса туннинг охирги учдан бир қисмида уйғоқ эканликларини билдириш учун ижтимоий тармоқларда дуолар қилишади.
Олдинлари бир талаба дарс асносида профессордан таҳорат олишга рухсат сўраб, ташқарига чиқиб кетар, аслида эса бу вақтда зуҳо намозини ўқиб олар эди. Ҳозир Твиттер ва Фейсбукда Зуҳо намозини ўқимоқчилиги ҳақида жар солишади.
Олдинлари Рамазон ойи кириши билан киши ибодатларини кўпайтириш учун дўстларидан ўзини четга тортар, лекин буни ўзгаларга сездирмас эди. Ҳозир эса "Рамазонда ибодат билан машғул бўлиш учун ижтимоий тармоқларни тарк этмоқчиман", деб эълон беришади. Индамасдан кетиш мумкин эмасми?!
Авваллари киши ниятини холис қилар, бирон ибодати ошкор бўлиб қолса, ўз нафсини маломат қилар эди. Ҳозир эса бир киши нима қилаётганини қолганлар билиб туради.
Айюб Сахтиёний: "Банда машҳурликни яхши кўрар экан, ҳеч ҳам ростгўй бўла олмайди", деган.
Ҳаммод ибн Зайд айтади: "Айюб (Сахтиёний) бир мажлисда ўтирганида ибратли гап эшитса, (кўзёшини билдирмаслик учун) бурнини қайта-қайта тортиб, "Шамоллаш бунча ҳам қаттиқ бўлмаса", дер эди.
Имом Аҳмадга "Ҳадисларни Аллоҳ учун жамладингиз-да", дейишди. Имом: "Аллоҳ учун", десак, У бундан беҳожат. Аксинча, шу ишни яхши кўрганимиз учун қилдик", деб жавоб берди.
Зиёз.Уз ва бошқа ижтимоий тармоқлардан фойдаланилди.

Азизбек Жабборов. Асака т. "Мамир қори" жомеъ масжиди имом хатиби

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  25 Oktyabr 2018, 09:08:41

Тақво нима?
Тақво нима?
Қандай одам тавоқодор саналади?
Бу ҳақда шундай дебдилар:
“Ислом динини бир томонлама талқин қилувчиларда тақводорлик тўғрисида нотўғри тушунча шаклланган. Аксарилар тақвони тарки дунё қилиш, қоронғи хонага кириб зикру ибодат билан машғул бўлиш, деб тушунадилар.
Аслида, «тақво» сўзи «сақланмоқ», «эҳтиёт бўлмоқ» маъноларини англатади. У «виқоя» сўзидан олинган бўлиб, бир нарсани унга озор ва зарар берадиган нарсадан сақлашни англатади.
Бинобарин, тақво ўзини қўрқинчли нарсадан сақлашдан иборат. Гоҳида «тақво» хавф маъносида ёки аксинча ҳам ишлатилади.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан:
«Тақво нима?» деб сўралганда,
«Араблар сертикон майдондан ялангоёқ бўлиб, тикондан сақланиб ўтиб кетишни тақво деб атайдилар», деганлар.
Ҳаётда гуноҳ ишлар ҳам худди тиконларга ўхшайди. Ким улардан эҳтиёт бўлмаса, озор чекади, улардан сақланиб юрган киши эса тақво қилган бўлади. Оқибатда тақво инсон қалбидаги ҳолатга айланади. Бу ҳолат қалбни ҳассос қилиб, ҳар доим Аллоҳ таолонинг сезгиси билан яшайдиган қилиб қўяди.
Тақвонинг истилоҳий маъноси ҳақида уламолар бир-бирини тўлдирувчи бир қанча таърифларни айтганлар:
Роғиб:
«Шариат урфида тақво нафсни гуноҳдан муҳофаза қилишдир. Бу манъ қилинган нарсаларни тарк этиш ила бўлади. Баъзи мубоҳларни тарк қилиш ила мукаммал бўлади», деган.
Ферузободий:
«Тақво ҳар бир зарарли нарсадан, яъни, маъсиятдан ва ортиқча, кераксиз нарсалардан четда бўлишдир. Шунга биноан у фарз ва нафлга тақсимланади», деган.
Ўтган азизлардан Толқ ибн Ҳабиб:
«Тақво Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлиб, Унинг нури ила Унга тоат қилмоқ ва Аллоҳнинг азобидан қўрқиб, унинг нури ила қайтарган ишларини тарк қилмоқдир», деган.
Қуръони Каримда «тақво» сўзи «хавф», «қўрқиш», «ибодат», «маъсиятни тарк қилиш», «тавҳид» ва «ихлос» каби маъноларда ишлатилган”. (old.islom.uz)
Тақволи банда Аллоҳнинг ҳузурида ҳурматга сазовор бўлур:
يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُم مِّن ذَكَرٍ وَأُنثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوباً وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِندَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ
“Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир”. (Ҳужурот. 13)
Абу Умома Судай ибн Ажлон ал-Боҳилийдан (р.а.) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳажжатул вадоъда қуйидагича хутба қилганларини эшитдим:
«Аллоҳдан тақво қилинглар. Бeш вақт намозни адо қилинглар. Рўза ойининг рўзасини тутинглар. Молларингиз закотини бeринглар. Бошлиқларингизга итоат қилинглар. Шунда Раббиларингизнинг жаннатига кирасизлар». (Имом Тeрмизий ривояти)
Саъд ибн Ваққосдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ таоло тақводор, қалби бой ва панада юрувчи бандасини яхши кўради», дeдилар. (Имом Муслим ривояти. Риёзус солиҳийн. Абу Закариё Яҳё ибн Шараф Нававий. зиёуз.cом кутубхонаси)

Сардорбек Худоёров. Асака т. “Бобожон қори” масжиди имом хатиби

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  25 Oktyabr 2018, 10:13:06

БУЮК ДУШМАН
   Ҳадиси Қудсийда айтилади:
   “Эй Одам фарзанди! Жаннатга фақат Менинг буюклигимга тавозеъ қилганлар, кунини зикр билан ўтказганлар, фақат Мен учун нафсини шаҳватлардан тийганлар киради”.
   Яна айтилади:
“Эй Одам фарзанди! Мен ато этган тинчлигу саломатлик туфайли тоатимга тоқатли бўлдинг. Тавфиғим  туфайли  фарзларимни  адо  қилдинг.  Берган  ризқим  билан  Менга  итоатсизлик қилишга  куч  топдинг.  Хоҳишим  туфайли  хоҳлаган  нарсангни  хоҳладинг.  Иродам  туфайли нафсинг нени истаса, истадинг. Неъматим туфайли турдинг, ўтирдинг, қайтдинг. Ҳимоятим билан кунни боттириб, тонгни оттирдинг. Фазлим билан маишат кечириб, неъматим билан тўкис яшадинг. Офиятим билан безандинг. Кейин Мени унутиб, ўзгани зикр қилдинг. Нега ҳаққимни ва шукримни адо қилмаяпсан?!”
Инсон учун энг буюк душман — нафсдир. Нафс, ёмонликдан омон бўлмоқ — ақлга қулоқ солмоқ, ақлнинг яxши кўрсатмасига кўра ҳаракат этмоқдир.
Аллоҳнинг борлиги, бирлиги ҳам ақл билан танилади. Пайғамбарлар ақли юксакдир. Йўллари ҳам ақлга мувофиқдир. Ақл билан адо этилган амаллар жаннатга кўтарилади. Аллоҳнинг раҳмати ва барокатига инсон ақл билан етади. Розилигини ақл билан қозонади. Аллоҳнинг борлиги ва бирлигини англамаган, пайгамбарларга ишонмаган ақлсиз, тентак, динсиз, кофир, даҳрийдир.
Мусулмон бўлгани ҳолда нафсининг амрида бўлган аҳмоқлар ҳам бор.
Аллоҳ Қурони каримда шундай дейди:
«...улар ҳайвонлар каби, ҳатто тубанроқдирлар...»
(Фурқон. 44)
Аллоҳ Одамни (алайҳис салом) яратди, Жаброил (алайҳис салом) ақл, имон ва ҳаёни унга келтириб, шундай дедилар:
—  Эй, Одам! Сизга Аллоҳдан салом. Келтирганим уч нарсадан бирини қабул қилишингни истайди.   Одам (алайҳис салом) ақлни қабул қилдилар. Жаброил (алайҳис салом) имон ва ҳаёга;
— Қани, сизлар айрилиб, кетинг, — дедилар. Шунда имон:
— Аллоҳ менга ақлдан ажрамаслигимни, у қайда бўлса, ўша ерда бўлишимни амр этди. Мен ақлдан айрилмайман, — деди.
Кейин ҳаё:
— Аллоҳ мени имонга омонат қилди. Имон қайда бўлса, мен ҳам ўша ердаман. Имон бўлган жойдан айрилмасман деди.
Шундан сўнг учови бир жойда қолиб, бир-биридан айрилмадилар. Бу ҳолга кўра Аллоҳ кимга ақл берган бўлса, имон ва ҳаё ҳам у билан биргадир. Кимга ақл берилмаган бўлса, унда имон ҳам, ҳаё ҳам бўлмайди.
(Фойдаланилган манба: Эй, фарзанд. Абу Ҳомид Ғаззолий. зиёуз.сом кутубxонаси)

Исомиддин Сайфуллаев. Асака т. "Имом Муҳаммад" жомеъ масжиди имом хатиби

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  25 Oktyabr 2018, 10:39:44

Имом Аъзам ва хаворижлар
Маълумки, бизларнинг эътиқодимизда қибла аҳли кофирга ҳукм қилинмайди. Хаворижлар эса гуноҳи кабира қилганларни кофир дер эди. Улар Абу Ҳанифанинг олдиларига мунозара учун келишди ва савол беришди:
- Айтайлик, масжид олдида иккита маййит турибди. Бириси арақхўр. Ароқ ичиб бўкиб ўлган. Иккинчи маййит эса зинокор аёл. У зино қилиб, қорнида бола бўлиб  қолгач  ўзини ўлдирган. Шу иккиси кофирми ёки мусулмонми?
Абу Ҳанифа сўради:
-  Булар қайси миллатдан? Яҳудийми?
-  Йўқ.
-  Насронийми?
-  Йўқ.
-  Мажусийми?
-  Йўқ.
-  Ундай бўлса қайси миллатдан бу иккиси?
-  Шаҳодат калимасини айтадиган Ислом миллатидан!
- Шаҳодат калимаси иймоннинг учдан бири, тўртдан бири ёҳуд бешдан бири ҳисобланадими?
-  Йўқ, иймон учдан бир, тўртдан бир ёки бешдан бир бўлмайди. Шаҳодат калимаси бутун иймонни ифода қилади.
- Ўзингизлар у иккисини Ислом миллатидан, деяпсиз. Уларнинг мусулмон эканини тан олиб туриб, мендан уларни кофирми, деб сўрайсизларми?
Хаворижлар бу жавобдан довдираб қолишди. Лекин яна саволларини давом эттиришди:
-   Эй Шайх! Гапни айлантирма! Бу иккиси жаннатийми ёки жаҳаннамийми?
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи жавоб бердилар:
- Мен бу икки маййит тўғрисида Иброҳим алайҳис саломнинг ўз қавми борасида айтган сўзини айтаман. Ваҳоланки у қавмнинг жинояти бу иккисининг жиноятидан кўра оғирроқ эди:
رَبِّ إِنَّهُنَّ أَضْلَلْنَ كَثِيراً مِّنَ النَّاسِ فَمَن تَبِعَنِي فَإِنَّهُ مِنِّي وَمَنْ عَصَانِي فَإِنَّكَ غَفُورٌ رَّحِيمٌ
“Эй Роббим, албатта, у(санам)лар одамлардан кўпини адаштирдилар. Бас, ким менга эргашса, у мендандир. Ким менга осий бўлса, албатта, Ўзинг мағфират қилгувчи ва раҳмлисан”. (Иброҳим. 36) Мен бу икки маййит тўғрисида Ийсо алайҳис саломнинг ўз қавми борасида айтган сўзини айтаман. Ваҳоланки у қавмнинг жинояти бу иккисининг жиноятидан кўра оғирроқ эди:
إِن تُعَذِّبْهُمْ فَإِنَّهُمْ عِبَادُكَ وَإِن تَغْفِرْ لَهُمْ فَإِنَّكَ أَنتَ الْعَزِيزُ الْحَكِيمُ
“Агар уларни азоблайдиган бўлсанг, бас, албатта, улар Сенинг бандаларинг. Агар уларни мағфират қиладиган бўлсанг, бас, албатта, Сенинг Ўзинг азиз-ғолиб ва ҳикматли зотсан», деганини эсла”.  (Моида. 118)
Мен бу икки маййит тўғрисида Нуҳ алайҳис салом ва Набиййимиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган сўзларини айтаман:
وَلاَ أَقُولُ لَكُمْ عِندِي خَزَآئِنُ اللّهِ وَلاَ أَعْلَمُ الْغَيْبَ وَلاَ أَقُولُ إِنِّي مَلَكٌ وَلاَ أَقُولُ لِلَّذِينَ تَزْدَرِي أَعْيُنُكُمْ لَن يُؤْتِيَهُمُ اللّهُ خَيْراً اللّهُ أَعْلَمُ بِمَا فِي أَنفُسِهِمْ إِنِّي إِذاً لَّمِنَ الظَّالِمِينَ
“Мен сизларга: «Ҳузуримда Аллоҳнинг хазиналари бор», демайман. Ғайбни ҳам билмайман. «Мен фариштаман», демайман. «Кўзингизга ҳақир кўринаётганларга Аллоҳ ҳаргиз яхшилик бермайди», демайман. Уларнинг дилларида нима борлигини Аллоҳ яхши биладир. Акс ҳолда, мен, албатта, золимлардан бўлиб қоламан», деди”. (Ҳуд. 31)
Бу гапларни эшитиб хаворижлар таъсирланди. Қуролларини қўйишди ва:
-  Ўзимиз қаттиқ туриб олган ҳар қандай диндан қайтдик ва сизнинг динингизга ўтдик. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло сизга улуғ фазл, ҳикмат ва илм берган экан!-, дейишди.

Эркинжон Ҳусанов. Асака т. "Марқаюз" жомеъ масжиди имом хатиби

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  25 Oktyabr 2018, 10:43:59

САВДО СОТИҚ
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Ҳужурот сурасида марҳамат қилади:
إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِندَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ
“Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида ҳурматлироқларингиз тақводорроқларингиздур” (13-оят)
Аллоҳнинг ҳузурида ҳурмат топиш эса яшашнинг асл маъноси. Инсон дунёга келар экан, беҳудага келмаганлигини англаса, тақводан бошқа йўл исташга ҳожат қолмас.
Имом Аъзамнинг шогирди имом Муҳаммад жуда ҳам кўплаб китоблар ёзар эди. бир куни “Тақво ҳақида ҳам китоб ёзмайсизми?” дуб сўраб қолишди. Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ:
-   Савдо ҳақида китоб таълиф қилмадимми?! – деган эканлар.
Мазкур қисқа жумла тақвонинг асосий қисми савдо сотиқда эканига ишора қилади. Ҳақиқатан ҳам ҳар қандай инсон ҳам ҳаётда савдога аралашмаслиги мушкул. Агарчи бирор нарса сотмаса ҳам, харид қилиши бор. Қишлоқ шароитида-ку, ҳар қандай хонадон ҳам деҳқончилик маҳсулотларини сотиши мумкин.
Фиқҳ китобларида ҳам савдо бўлими анчагина салмоқли ўринда туради. Лекин нимагадир кўпчилик савдо илмини ўрганишга қизиқмайди. Ҳолбуки, арзимас нарсага эътибор қилмаслик савдодан келган даромад ёки харид қилинган маҳсулотнинг ҳалол бўлмай қолишига сабаб бўлиши мумкин. Ҳалоллик эса тақвонинг асли эканлигини унутмаслигимиз керак. Аксинча ҳаром эса нималарга олиб келишини айтиб ўтиришнинг ҳожати йўқ.
Юқорида айтганимиздек савдо ҳақида фиқҳ китобларда батафсил тўхталган. Ҳаммасини айтиб ўтиш анча катта китоб ёзилишини тақозо этади. Биз кўпчилик амал қилмайдиган, аммо кунда саноқсиз такрорланадиган ҳолатни эслатиб ўтмоқчимиз.
Савдо-сотиқ пайтида сотувчи иложи борича яхши маҳсулотларга қўшиб нуқсонли маҳсулотини ўтказишга ҳаркат қилишига эътибор берамизу, харидор ҳам иложи борича яхшисини танлаб, бир оз майдароғи ёки меъёрсиз (ностандарт)ларини қайтариб қўйишини одатий ҳол ҳисоблаймиз.
Аслида эса шу ўринда сотувчидан кўра олувчи кўпроқ тажовуз  қилади. Яъни ёқмаганини пештахтага қайтариб қўяди. Сотувчи “манавини ҳам оласан!” деб қайтариб солиб қўймайди. Балки “Хўп, ака” деп туради. Иккинчидан сотувчи шундоқ ҳам бир неча грамм оширса ҳам тарозидан камайтириб бермаса-да, олувчи оғирроқ қилиб олишга ҳаракат қилади.
Шу ўринда яхши билиб олишимиз керакки, қатор терилиб қўйилган маҳсулот бир чекадан олинади. Орасидан танлаб олишлик эса шариатимизда рибо ҳисобланади. Мабодо яхшисини олса, алоҳида нархда келишиб олиши керак.
Мантиқан олганда, сиз яхшисни териб олсангиз, сиздан кейинги харидор ҳам ўш нархда сифати пастроғини сотиб олишига тўғри келади. Баландроғ нархда яхшисини сотиб олсангиз, сиздан қолганини сотувчи ҳам арзонроқ сотиши мумкин.
Демак олувчи ҳам инсоф қилиши керак экан.

Хайитбоев Бахтиёр
Мулла Абдулазиз ота масжиди имом хатиби

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  25 Oktyabr 2018, 11:48:57

Қарз ҳақида қисқача
   Банда ҳаёт экан, жамият аъзолари билан доимий алоқада бўлишга муҳтож. Бу алоқалар моддий ва маънавий эрур. Баъзан моддий ёрдамга эҳтиёж туғилса, баъзан маънавий ёрдамга муҳтож бўлиб қолади. Кимдир тасалли берса анча кўнгли кўтарилади.
   Моддий алоқалар ичида кўпроқ учрайдигани қарз олди-бердиси ҳақида ҳам бир оз тушунча эга бўлиб қўйиш керак. Чунки бунинг ҳам ўзига яраша шартлари бор. Ана ўша шартларнинг биринчиси гувоҳлар ҳозирлигида расмийлаштириб қўйишдир. Бу ҳақда Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Бақара сурасида батафсил баён қилган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ إِذَا تَدَايَنتُم بِدَيْنٍ إِلَى أَجَلٍ مُّسَمًّى فَاكْتُبُوهُ وَلْيَكْتُب بَّيْنَكُمْ كَاتِبٌ بِالْعَدْلِ وَلاَ يَأْبَ كَاتِبٌ أَنْ يَكْتُبَ كَمَا عَلَّمَهُ اللّهُ فَلْيَكْتُبْ وَلْيُمْلِلِ الَّذِي عَلَيْهِ الْحَقُّ وَلْيَتَّقِ اللّهَ رَبَّهُ وَلاَ يَبْخَسْ مِنْهُ شَيْئاً فَإن كَانَ الَّذِي عَلَيْهِ الْحَقُّ سَفِيهاً أَوْ ضَعِيفاً أَوْ لاَ يَسْتَطِيعُ أَن يُمِلَّ هُوَ فَلْيُمْلِلْ وَلِيُّهُ بِالْعَدْلِ وَاسْتَشْهِدُواْ شَهِيدَيْنِ من رِّجَالِكُمْ فَإِن لَّمْ يَكُونَا رَجُلَيْنِ فَرَجُلٌ وَامْرَأَتَانِ مِمَّن تَرْضَوْنَ مِنَ الشُّهَدَاء أَن تَضِلَّ إْحْدَاهُمَا فَتُذَكِّرَ إِحْدَاهُمَا الأُخْرَى وَلاَ يَأْبَ الشُّهَدَاء إِذَا مَا دُعُواْ وَلاَ تَسْأَمُوْاْ أَن تَكْتُبُوْهُ صَغِيراً أَو كَبِيراً إِلَى أَجَلِهِ ذَلِكُمْ أَقْسَطُ عِندَ اللّهِ وَأَقْومُ لِلشَّهَادَةِ وَأَدْنَى أَلاَّ تَرْتَابُواْ إِلاَّ أَن تَكُونَ تِجَارَةً حَاضِرَةً تُدِيرُونَهَا بَيْنَكُمْ فَلَيْسَ عَلَيْكُمْ جُنَاحٌ أَلاَّ تَكْتُبُوهَا وَأَشْهِدُوْاْ إِذَا تَبَايَعْتُمْ وَلاَ يُضَآرَّ كَاتِبٌ وَلاَ شَهِيدٌ وَإِن تَفْعَلُواْ فَإِنَّهُ فُسُوقٌ بِكُمْ وَاتَّقُواْ اللّهَ وَيُعَلِّمُكُمُ اللّهُ وَاللّهُ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمٌ
Яъни: “Эй иймон келтирганлар! Маълум муддатга қарз олди-берди қилган вақтингизда, уни ёзиб қўйинг. Орангизда бир ёзувчи адолат билан ёзсин. Ҳеч бир ёзувчи Аллоҳ билдирганидек қилиб ёзишдан бош тортмасин. Бас, ёзсин ва ҳақ зиммасига тушган киши айтиб турсин, Роббига тақво қилсин ва ундан ҳеч нарсани камайтирмасин. Агар ҳақ зиммасига тушган киши эси паст, заиф ёки айтиб тура олмайдиган бўлса, унинг валийси адолат билан айтиб турсин. Эркакларингиздан икки кишини гувоҳ қилинг. Агар икки эр киши бўлмаса, ўзингиз рози бўладиган гувоҳлардан бир эр киши ва икки аёл киши бўлсин. Иккови(аёл)дан бирорталари адашса, бирлари бошқасининг эсига солади. Ва чақирилган вақтда гувоҳлар бош тортмасинлар. Кичик бўлса ҳам, катта бўлса ҳам, муддатигача ёзишингизни малол олманг. Шундоқ қилмоғингиз Аллоҳнинг ҳузурида адолатлироқ, гувоҳликка кучлироқ ва шубҳаланмаслигингиз учун яқинроқдир. Магар ораларингизда юриб турган нақд савдо бўлса, ёзмасангиз ҳам, сизга гуноҳ бўлмас. Олди-сотди қилганингизда, гувоҳ келтиринг ва ёзувчи ҳам, гувоҳ ҳам зарар тортмасин. Агар (аксини) қилсангиз, албатта, бу фосиқлигингиздир. Аллоҳга тақво қилинг. Ва Аллоҳ сизга илм беради. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчи зотдир”. (Бақара. 282)
   Шунингдек, қарз беришнинг ҳам, олгандан сўнг ўз вақтида дарҳол қайтаришнинг ҳам ўзига яраша фазилатлари бор.
Бировга қарз бериш садақа беришдан афзалдир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:
«Бир кишининг муҳтожга қарз бериши садақа беришидан ўн саккиз даража афзалроқдир».
Қарз олган киши бошдан қайтаришга ниятли бўлиши шартдир. Уч ҳолатда қарз олмоқ учун мурожаат қилинади:
1. Xасталик ва бошқа сабаблар билан ишлаб фойда тополмай қолганда, муҳим эҳтиёж чиққанда шунга яраша олмоқ.
2. Рўзғор, оила камчилигини бутламоқ учун.
3. Уйланмоқ учун етарли тайёргарлик кўрилмаган ҳолда.
Бу уч ҳолатда Аллоҳ қулнинг вакили ва ёрдамчиси бўлади. Бундай кишига Аллоҳ ёрдам ваъда қилган. (Ал-адаб ал-муфрад. Имом Исмоил ал-Бухорий. зиёуз.cом кутубхонаси)
Собит Баноний Анас ибн Молик олдиларида эди. Шунда Анас (р.а.) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган гапларини эсладилар.
"Аллоҳ таоло банданинг уч ҳолатда олган қарзига кафил бўлади: Биттаси – гуноҳга тушиб қолишда қўрқиб, уйланишлик учун қарз олган бўлса, сўнг шу қарзи тўлай олмай, вафот этса, Аллоҳ таоло унинг қарзини қиёмат куни адо этишга кафил бўлади. Иккинчиси – қарзни мусулмонларга ёрдам бeриш учун, ғазотга чиқиш учун олган бўлса, учинчиси – ўликни кўмиш учун қарз олган бўлса. Аллоҳ таоло уларнинг қиёмат кунидаги даъвогарларини рози қилади". (Танбeҳул ғофилин. Ал-Фақиҳ Абу Лайс ас-Самарқандий. зиёуз.cом кутубхонаси)

Абдураззоқ Фармонов. Асака т. "Сиддиқ ҳожи" жоме масжиди имом хатиби

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  25 Oktyabr 2018, 11:51:27

Иллат
Маълумки, ўз жонига қасд қилиш нафақат Ислом дини таълимотларида, балки бошқа дин вакиллари таълимотларида ҳам оғир гуноҳ саналади. Ҳар қандай соғлом тафаккур ҳам бу ишни қоралайди. Дунёдаги барча жамият вакиллари ўз жонига қасд қилишга қарши чор ва тадбирлар кўришади. Чунки бу ишдан инсонга наф етмайди, балки ҳам шахс учун, ҳам жамият учун иллат етади. Бу иллатнинг энг содда ва хатарли тури – тезда чора кўрилмаса жамиятдаги кўплаб иродаси заиф кишиларга тезлик билан тарқалиб кетиши.
Мазкур дарднинг келтириб чиқарувчи энг асосий омилларидан бири ёшларимизнинг ҳаёт ҳақидаги тушунчасининг саёзлиги, ҳаётни енгил-елпи кинолар орқали тасаввур қилиши, жумладан, миллий қадриятларимиз ҳамда Ислом дини таълимотларидан йироқлашиб кетишлик ҳам бунинг бош сабабларидан бири ҳисобланади. Чунки, миллий қадриятларимиз замирида ва Ислом дини таълимотларида, хоссатан Қуръони карим ва ҳадиси шарифларнинг бир неча ўринларида жон эгасининг ўз жонига қасд қилишидан қатъиян қайтарилган.
Инсон онгига таъсир этувчи телвидения ва матбуотларда бу борада омманинг фикрини тўғри йўналтироладиган фикрларни олға суриш керак, токи бу маълумотлар инсонни ҳаётда ўз ўрнини топишга кўмак берадиган оқилона билимларни ўзида ҳосил қилишга ёрдам берсин. Зеро, инсоннинг оқилона билимлари унга хато йўлни англаш имконини бериб, беҳуда фикрлардан иборат шайтон васвасасидан халос бўлишига ёрдам беради. Ана шундай оқилона билимлар мажмуасининг энг мукаммали Ислом дини асоси бўлган Қуръони карим ва ҳадиси шарифда баён қилинган кўрсатмалар ҳисобланади. Чунки, Ислом динида бошга мусибат етганда, унга сабр-тоқат билан бардош беришга чақирилади.
Пайғамбаримиздан ворид бўлган ҳадисларда ўз жонига қасд қилишнинг оқибатлари аниқ баён этилади. Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в.) бу ҳақда шундай огоҳлантирадилар: “Кимки, ўз жонига темир билан қасд қилса, жаҳаннам оташида унинг қорнига ўз қўлидаги темири билан абадий азоб берилади. Ким заҳар ичиб ўз жонига қасд қилса, жаҳаннам оташидан абадий ҳўплаб-ҳўплаб ичкизилади. Ким ўзини тоғдан ташлаб ўлдирса, у абадий жаҳанамга улоқтирилади.”
Собит ибн Заҳҳокдан ривот қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деганлар: “Ким ўзини нима билан ўлдирса, қиёматда унга ўша нарса билан азоб берилади.”
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан шундай ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Инсон туғилганда шайтон унинг қалбига ўтирувчидир, агар у ақлини ишлатса ва Аллоҳни зикр қилса шайтон чекинади (яъни, ноумид бўлур), агар (Аллоҳни зикридан) ғофил қолса шайтон унга васваса қилур”. Имом Бухорий ривояти.
Салафи солиҳлар Иброҳимдан, у киши ибн Авндан ривоят қиладилар: “Кўнгилга (қалбга) келадиган нарса икки хил бўлади: Малак (Фаришта)нинг қалбга келтирадиган нарсаси ва шайтоннинг қалбга келтирадиган нарсаси. Агар Фариштанинг қалбга келтирадиган нарсаси бўлса, Аллоҳга ҳамду сано айтиб, унга шукр қил ва агар шайтоннинг макру маломати бўлса ундан сақлангин. У васвасадан паноҳ сўрагин”.
(манба: “Бидъатчи, адашган ва адаштирувчи фирқаларга раддиялар китоби”.Шайх Абу Мутиъ Макҳул ибн Фазл Насафий).

Холиқов Анваржон. Асака т. "Пастки Қурама" жоме масжиди имом хатиби

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  03 Noyabr 2018, 13:37:54

Дўстлар шафоати
   Дўстлик асрлар оша тараннум қилиб келинган улкан инсоний фазилат саналади. Дўстликка барча миллат ва элатларда ҳам юқори рағбат бор. Айниқса, динимиз таълимотларида бу инсонийлик  яна ҳам чиройли ифода топган. Зеро ҳаётнинг пасту-баланди, яхши ва ёмон куни, умуман олганда ҳар қандай ҳолатда дўстга эҳтиёж сезилади.
وعنه ، قَالَ : قَالَ رَسُول الله - صلى الله عليه وسلم - : (( والَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ ، لا تَدْخُلُوا الجَنَّةَ حَتَّى تُؤْمِنُوا ، وَلا تُؤْمِنُوا حَتَّى تَحَابُّوا ، أوَلاَ أدُلُّكُمْ عَلَى شَيْءٍ إِذَا فَعَلْتُمُوهُ تَحَابَبْتُمْ ؟ أفْشُوا السَّلامَ بينكم )) رواه مسلم .
   Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади - Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
   “Жоним тасарруфида бўлган Зотга қасамки, имон кeлтирмагунингизча жаннатга кира олмайсизлар. Бир-бирларингиз билан дўст бўлмагунингизча мўмин бўлмайсизлар. Сизларни бир-бирингиз билан дўст бўладиган амалга далолат қилайми? Ораларингизда саломни ёйинглар”, дeдилар. (Муслим ривояти)
   وعنه ، قَالَ : قَالَ رَسُول الله - صلى الله عليه وسلم - : (( إنّ الله تَعَالَى يقول يَوْمَ القِيَامَةِ : أيْنَ المُتَحَابُّونَ بِجَلالِي ؟ اليَوْمَ أُظِلُّهُمْ فِي ظِلِّي يَوْمَ لاَ ظِلَّ إلاَّ ظِلِّي )) رواه مسلم .
   Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади - Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салла
   “Албатта Аллоҳ таоло Қиёмат куни: Менинг улуғлигим учун дўст бўлганлар қани? Бугун, Мeнинг соямдан бошқа соя йўқ кунда уларни соялантирурман”, дeйди”, дeдилар. (Муслим ривояти)
   Дўст ҳаётда инсоннинг доимий эҳтиёжи экан, қандай дўст танлашга ҳам катта эътибор бериш керак. Дунёвий таълимотларда дўстни сифатлар экан, дўст оғир кунингда синалади дейдилар. Бу тўғри. Лекин яна ҳам аниқроғ айтганда ўша оғир кун нафақат шу дунёда, балки маҳшаргоҳ майдонида яна ҳам эътиборлидир.
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳдан "Энди бизлар учун на оқловчилар ва на бирон қадрдон дўст бордир" (Шуаро: 100, 101) оятлари ҳақида сўралганда шундай дедилар:
   "Бу қиёмат куни бўлади. Жаннат аҳли жаннатга, дўзах аҳли дўзахга кириб бўлгандан кейин, жаннат аҳлидан бўлган бири киши
   - Эй Раббим, фалончи ҳамроҳим қаерда, фалончи дўстим қаерда? Уни жаннатда кўрмаяпман-ку! - дейди. Унга:
   - У дўзахда, - дейилади. Шунда ҳалиги киши:
   - Эй Раббим, ё Парвардигоро! Унинг ёнимда эмаслиги сабаб жаннат менга татимаяпти, - дейди.
   Шунда Оллоҳ таоло унинг дўстини дўзахдан чиқарилишига буйруқ беради. У дўзахдан чиқиб, жаннатга кираркан, дўзах аҳли:
   - Уни ким шафоат қилди, уни ким чиқарди?! Унинг солиҳ амали борми?! дейдилар.
   - Йўқ, -  деб жавоб берилади.
   - Унда, шаҳид отаси ёки шаҳид акаси шафоат қилдими? -  дейдилар.
   - Йўқ, - дейилади.
   - Унда, пайғамбарлар ва расуллар шафоат қилишдими? - дейдилар.
   - Йўқ, уни солиҳ бир дўсти шафоат қилди, - дейилади.
   Шунда дўзах аҳли фарёд қилишади ва "Энди бизлар учун на оқловчилар ва на бирон қадрдон дўст бордир. Бас қанийди яна бир марта (яшашнинг иложи) бўлса-ю, бизлар ҳам мўминлардан бўлсак", дейдилар. (Шуаро: 100-102).

   Қамариддин Шарофуддинов. Асака т. “Имом Абу Юсуф” жоме масжиди имом хатиби

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  06 Noyabr 2018, 10:18:11

Дўстлар зиёрати
Маълумки, динимиз таълимотларида мўминларнинг ўзаро дўст ва биродар бўлишлигига тарғиб қиланди. Хусусан Қурони каримда дўстлик ҳақида шундай баён қилинган.
وَالْمُؤْمِنُونَ وَالْمُؤْمِنَاتُ بَعْضُهُمْ أَوْلِيَاء بَعْضٍ يَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَيُقِيمُونَ الصَّلاَةَ وَيُؤْتُونَ الزَّكَاةَ وَيُطِيعُونَ اللّهَ وَرَسُولَهُ أُوْلَـئِكَ سَيَرْحَمُهُمُ اللّهُ إِنَّ اللّهَ عَزِيزٌ حَكِيمٌ
Яъни: “Мўмин эркаклар ва мўмина аёллар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрарлар, ёмонликдан қайтарарлар, намозни тўкис адо этарлар, закотни берарлар ҳамда Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қиларлар”. (Тавба. 71)
Демак дўстлик шунчаки улфатчилик эмас, ўзига яраша шарт ва масъулияти бўлган олийжаноблик экан. Дўстликни даъво қилган инсон дўстини яхшиликка ундаб туриши, агар гуноҳга ружуъ қўйган бўлса, уни ташлаб кетмаслиги, балки гуноҳдан қайтариши лозим. Акс ҳолда дўстликдан маъно йўқдир. Чунки дўст танамизнинг аъзосидир. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Мўминларнинг бир-бирларига бўлган дўстликлари, раҳмли бўлишлари ва мeҳрибонликлари худди жасадга ўхшайди. Агар ундан бирор аъзо оғриса, жасаднинг бошқа (аъзолари) бeдор бўлиб, иситмага мубтало бўлади», дeганлар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари)
Дўстлик ҳақида имом Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ “Бўстонул орифин” асрида ёзади:
Биродар ва дўстларни зиёрат қилиш яхши ва бу савобли ишдир. У билан дўстлик зиёда бўлади. Абу Умома Боҳилий:
"Бир мил юриб касални зиёрат қил, икки мил юриб Аллоҳ йўлидаги дўстингни зиёрат қил, уч мил юриб икки кишининг орасини ислоҳ қил", дедилар.
Мазкур асарда дўстга ҳурмат кўрсатиш, ўз навбатида дўст ҳам илтифотдан юз ўгирмаслиги кераклигига далил бор. Ториқ ибн Абдураҳмон ҳикоя қилади:
"Шаъбий ҳузурида ўтирган эдим, унинг олдига Фалон ибн Жарир келган эди, унга ёстиқ ташлади, у ўтирди-да:
"Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам):
"Сизларга бирор қавмнинг улуғи келса, уни ҳурмат қилинглар", деб айтганлар" деди”.
Абу Жаъфар айтади:
"Али ибн Абу Толибга (розияллоҳу анҳу) кўрпача тўшадим, унга ўтирдилар-да:
"Ҳурматдан фақатгина эшак бош тортади", дедилар".
Шунингдек ким билан дўстлашиш ҳақида бир донишманднинг ўғлига қилган насиҳати ибратлидир:
«Эй ўғилчам, беш тоифа инсонлардан ташқари хоҳлаганинг билан дўст бўл, аммо беш киши билан дўст бўлишдан сақлан. Ёлғончини дўст тутма, чунки ёлғончининг сўзи сароб каби яқинни узоқ, узоқни яқин кўрсатади. Аҳмоқни дўст тутма, чунки у сенга фойда бераман деб зарар келтиради. Тамагирни дўст тутма, чунки у сенга эйимлик ва ичимликни сотади. Бахилни дўст тутма, чунки бахил сенга керак бўлганда ёрдамини бермайди. Қўпол билан дўстлашма, чунки у сени ҳам, ота-онангни ҳам сўкади. Қўполлик қилаётгани эса, унинг хаёлига ҳам келмайди".
Дўстлар зиёрати учун қандай савоб борлиги ҳақида Абу Ҳомид Ғаззолий ёзади:
Узоқ жойда яшайдиган диний биродарини, қиёматли дўстини кўрмоқ учун кетаётган киши билан боғлиқ воқеани Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) баён қиладилар:
«Бир киши узоқ жойдаги уxровий қардоши — қиёматли дўстини зиёрат этгани кетаётганида Аллоҳ бир фариштани унга дуч қилди. Фаришта унга:
— Йўл бўлсин! — деди.
— Фалон қишлоқда қиёматли дўстим бор. Унинг ҳажга кетаётганини эшитиб, зиёратига боряпман, — деди у киши.
—   Сенга ундан бир манфаат борми, бу қадар узоқ йўл азобини тортиб кетяпсан? — деди фаришта.
—   Ҳеч бир манфаат йўқ, фақат Аллоҳ ризоси учун яxши кўраман ва шу учунгина кетяпман, — деди киши.
—   Эй, одам! Ҳеч шубҳа қилмагайсан, сен қиёматли дўстингни қанчалик севсанг, Аллоҳ ҳам сени шунчалик севади! — деди фаришта ва кўздан ғойиб бўлди”.
Бир ишни Аллоҳ Ризоси учун қилганни Аллоҳ жавобсиз ташлаб қўймайди ва муҳаққаҳ ўша қулини севади!  (Эй, фарзанд. зиёуз.сом кутубxонаси)

Шаҳобиддин Парпиев. Асака туман бош имом хатиби

Qayd etilgan