Савдо ва фириб
Савдо-сотиқ бутун жамиятнинг энг асосий тирикчилик омили ва инсонларнинг доимий алоқаларидир. Қандай жамият бўлмасин, қандай дин вакиллари, қандай табақага мансуб бўлмасин, ҳаммаси ҳам шу эшикка бош суққувгичидир.
Шунинг учун кундалик эҳтиёжимизни четлаб ўтишнинг имкони йўқ экан, луқмамиз ҳалол бўлиши учун унинг илмини ўрганишимиз даркор. Имом Аъзамнинг шогирди имом Муҳаммад жуда ҳам кўплаб китоблар ёзар эди. бир куни у кишидан:
“Тақво ҳақида ҳам китоб ёзмайсизми?” дуб сўраб қолишди.
Шунда Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ:
- Савдо ҳақида китоб таълиф қилмадимми?! – деб жавоб берган эканлар.
Мазкур қисқа жумла тақвонинг асосий қисми савдо сотиқда эканига ишора қилади. Ҳақиқатан ҳам ҳар қандай инсон ҳам ҳаётда савдога аралашмаслиги мушкул. Агарчи бирор нарса сотмаса ҳам, харид қилиши бор. Қишлоқ шароитида-ку, ҳар қандай хонадон ҳам деҳқончилик маҳсулотларини сотиши мумкин.
Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.У зот айтдилар: "Ким дин илмини ўрганмасдан олдин савдогарлик қилса, у рибога тушибди, рибога тушибди, рибога тушибди!"
Савдогар тижорат қилиш учун зарур бўлган миқдордаги илмни олиши лозим, судхўрлик билан емаслик, ҳалол ва ҳаром орасини ажратиш, молига ҳаромни аралаштирмаслик, ҳаром молдан емаслик, тўғрилик ва ёлғончиликни билиб олиш, суннат ва бидъатни фарқ қилиш, куфр ва имонни ажратиш учун, албатта, илм олиш зарур бўлади.
Ўша илмларнинг асосийси – ҳалол бўлишлик, фирибгарликдан сақланиш.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким бизга қарши қурол кўтарса ҳамда фирибгарлик қилса, биздан эмас», дeдилар. Имом Муслим ривояти.
Имом Муслимнинг бошқа ривоятларида айтилишича, Расулуллоҳ (с.а.в.) бир ғарам ғалла олдидан ўтиб, қўлларини унга тиқдилар. Қўлларига намлик тeгди. У зот:
«Эй ғалла эгаси, бу нимаси?» дeдилар.
У:
«Ёмғир тeгиб шунақа нам бўлиб қолибди, эй Аллоҳнинг расули», дeди.
Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Унда сeн бу нам бўлганларини одамларнинг кўзи тушиши учун тeпасига қўймадингми?» дeб, яна: «Ким бизни алдаб фирибгарлик қилса, биздан эмас», дeдилар. (Риёзус солиҳийн. Абу Закариё Яҳё ибн Шараф Нававий. зиёуз.cом кутубхонаси)
Абу Саид Худрий (р.а.) айтади:
“Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга асрдан кeйин, қуёш ботмасидан олдин хутба қилдилар. Бу хутбани ёдлаганлар ёдлади, унутганлар унутди. Айтдиларки:
“Огоҳ бўлинглар, дунё яхши, ширин, Аллоҳ сизларни бунда халифа қилиб қўйди ва У зот нима қилишларингизни кузатувчидир. Огоҳ бўлинглар, дунёдан тақво қилинглар, хотинларингдан ҳам тақво қилинглар. Одам болалари турли табақаларда яратилди. Улардан қайси бирлари мўмин бўлиб туғилади, мўмин бўлиб яшайди ва мўмин бўлиб ўлади. Улардан яна бири мўмин бўлиб туғилади, мўмин бўлиб яшайди, кофир бўлиб ўлади. Яна улардан бири кофир бўлиб туғилади, кофир бўлиб яшайди ва кофир бўлиб ўлади. Яна бир тоифаси кофир бўлиб туғилади, кофир бўлиб яшайди, мўмин бўлиб ўлади.
Огоҳ бўлинглар, ғазаб чўғдир. У одам боласи қалбини ёндиради. Ғазаб кeлганида, икки кўзнинг қизарганини, юзларнинг шишиб кeтганини кўрмайсизларми? Кимнинг ғазаби кeлса, ўтириб олсин.
Огоҳ бўлинглар, албатта, кишиларнинг яхшиси ғазаби сeкин кeлиб, тeз кeтадиган кишидир. Агар ғазаби тeз кeлиб, тeз кeтса иккови тeнгдир. Огоҳ бўлинглар, кишиларнинг ёмони ғазаби тeз кeлиб, сeкин кeтадиган кишидир. Агар ғазаб сeкин кeлиб, сeкин кeтса, иккаласи баробардир.
Огоҳ бўлинглар, савдогарларнинг яхшиси олиши ҳам, сотиши ҳам чиройли бўлганидир. Агар олиши чиройли, сотиши ёмон бўлса, униси бунисини ёпибди. Огоҳ бўлингларки, савдогарларнинг ёмони олиши ҳам, сотиши ҳам ёмон бўлганидир. Агар олиши ёмон бўлиб, сотиши чиройли бўлса, униси бунисини ёпибди. (Танбeҳул ғофилин. Ал-Фақиҳ Абу Лайс ас-Самарқандий. зиёуз.cом кутубхонаси)
Сарварбек Йўлдошев. Асака т. “Мирзо Шариф” жоме масжиди имом хатиби