Maʻrifiy maqolalar  ( 180564 marta o'qilgan) Chop etish

1 ... 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 ... 26 B


MirzoMuhammad  21 Noyabr 2018, 12:07:02

Қўшниларнинг яхшиси
Қўшничилик муносабатлари ҳақида қанча ёзсак кам. Ҳолбуки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга Жаброил алайҳис салом ҳам қўшничилик ҳақида жуда ҳам кўп васият қилганликлари кўпчиликка маълум.
Оиша разияллоҳо анҳу айтадилар: "Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
"Ҳазрат Жаброил қўшни ҳақига риоя қилиш тўгрисида менга шу қадар кўп васият қилдиларки, мен уни ҳатто молимга ҳам меросхўр қилиб қўйсалар керак, деб ўйладим", - дедилар".
Қуръони карим оятларида ҳам бу ҳақда баён қилинган:
وَاعْبُدُواْ اللّهَ وَلاَ تُشْرِكُواْ بِهِ شَيْئاً وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَاناً وَبِذِي الْقُرْبَى وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينِ وَالْجَارِ ذِي الْقُرْبَى وَالْجَارِ الْجُنُبِ وَالصَّاحِبِ بِالجَنبِ وَابْنِ السَّبِيلِ وَمَا مَلَكَتْ أَيْمَانُكُمْ إِنَّ اللّهَ لاَ يُحِبُّ مَن كَانَ مُخْتَالاً فَخُوراً
Яъни: “Ва Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирманглар. Ота-онага, қариндошларга, етимларга, мискинларга, яқин қўшниларга, ён қўшниларга, ёнбошдаги соҳибларга, кўчада қолганларга ва қўлингизда мулк бўлганларга яхшилик қилинглар. Албатта, Аллоҳ ўзини юқори тутувчи ва одамлар устидан фахр қилувчиларни хуш кўрмас”. (Нисо. 36)
Тафсирчи уламоларимиз ояти каримада зикр қилинган «яқин қўшни»ни қариндош қўшни, яъни, яқинлиги бор қўшни, деб; «ён қўшни»ни эса оддий, яқинлиги йўқ қўшни, деб тушунтирганлар.
Қўшнига яхшилик қилиш ҳақидаги исломий таълимотлар ҳам дунёда мисли йўқ таълимотдир. Кези келганда шу жойда бир неча ҳадиси шарифларни кўриб ўтайлик.
Имом Термизий Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом:
«Аллоҳнинг ҳузурида дўстларнинг яхшиси ўз дўстига яхшилик қилганидир. Аллоҳнинг ҳузурида қўшниларнинг яхшиси ўз қўшнисига яхшилик қилганидир», деганлар.
Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй аҳлим, намоз ўқинг, закот беринг, мискинларга, етимларга, қўшниларга яхшилик қилинг. Шояд Аллоҳ сизларни жаннатда бирга қилса, деган одамга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин», деганлар. (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Яхшилик ва ахлоқ китоби)
Ҳадиси қудсийда айтилади:
“Эй Одам фарзанди! Жаҳаннам оловини ҳар бир кофир учун, чақимчи учун, ота-онасига оқ бўлган киши учун, риёкор учун, молидан закот бермайдиган кимса учун, зинокор учун, судхўр ва ароқхўр учун, етимга зулм қилувчи учун, хоинга хизмат қилувчи учун, ўликка бўкириб йиғловчи учун ва қўшниларга озор берувчи ҳар кимса учун,  фақат шулар учун яратдим”.
“Эй Одам фарзанди! Зиммангда учта мажбурият бор: молингдан закот бериш, қариндошлар билан  алоқани  узмаслик,  оиланг  ва  меҳмонларингга  тааллуқли  ишлар.  Агар  буюрганимни қилмасанг, (шармандали жазолаш билан) сени бутун оламларга ибрат қиламан.
Эй  Одам  фарзанди!  Агар  қўшнингнинг  ҳаққига  оиланг  ҳаққини  адо  қилгандек  риоя қилмасанг, сенга назар солмайман, амалингни қабул қилмайман, дуонгни ижобат этмайман”.
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳидан қўшни ҳақида сўралганда, у. шундай жавоб берди:
"Ҳовлининг олд томонидан қирқ ҳовли, орт томондан қирқ, ўнг томонидан қирқ, сўл томондан қирқ ҳовлининг ҳаммаси қўшни ҳисобланади".
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу: "Яқиндаги қўшни қолиб, узоқдагига юугурилмайди. қўшничилик узоқдагиси билан эмас, яқиндагиси билан бошланади” деган.

Шаҳобиддин Парпиев. Асака туман бош имом хатиби

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  21 Noyabr 2018, 13:09:50

ЖАННАТ АҲЛИ
   Муқаддас динимиз таълимотлари инсонни фақатгина эзгулик, аҳил тотувликка буюради. Ёмон иллатлардан, инсонлар орасида бўладиган турли бўғзу адоватлардан, фирибгарлик ва ҳасад қилишликдан қайтаради.
   Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Гумондан сақланинглар, чунки гумон сўзларнинг ёлғонроғидур. Жосуслик қилманглар, айбларни қидирувчи бўлманглар, олишманглар, ҳасад қилманглар, нафратланманглар, душманлик қилманглар! Аллоҳнинг биродарлашган бандалари бўлинглар!” деганлар.
   Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
   “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ўтирган эдик, жаноб:
-   Ҳозир замон сизларнинг ҳузурингизга жаннат аҳлидан бўлган бир киши кириб қолади, – дедилар.
Ансорлардан бир киши соқолида янги олган таҳоратининг асоратлари билан, ковушини чап қўлига илиб олганча кириб келди.
Эртаси куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам яна ўша гапни айтдилар. Яна ўша киши аввалгидек ҳолатда кириб келди. Учинчи куни ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам аввалги сўзи каби айтдилар, бу сафар ҳам ўша киши ўша ҳолатда кириб келди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўринларидан турганларидан сўнг Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос разияллоҳу анҳумо ҳалиги кишига эргашди ва:
-   Мен отам билан айтишиб қолиб, уч кунгача олдига кирмасликка қасам ичиб қўйган эдим. Агар уйингга киргизишни маъқул кўрсанг уч кунни сенинг уйингда ўтказсам? – деди.
-   Майли, – деди ансорий.
Абдуллоҳ кейин айтиб беришича уч кун ансор билан бирга бўлди. Аммо кечалари туриб ибодат қилганини кўрмади. Фақат бомдодга тургунича кўрпасида у томондан бу томонга ағдарилганида Аллоҳни зикр қилар ва такбир айтиб қўяр эди.
“Шунингдек ёмон сўз айтганини эшитмадим, – дер эди Абдуллоҳ. – Уч кеча ўтди. Жуда ҳам ортиқча ибодат қиладиганга ўхшатмадим.
-   Эй Аллоҳнинг бандаси! Мен билан отамнинг орамизда ҳеч қандай ғазаб ва аразлашиш бўлгани йўқ эди. Лекин мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сен ҳақингда уч маротаба “Ҳозир замон сизларнинг ҳузурингизга жаннат аҳлидан бўлган бир киши кириб қолади” деганларини эшитдим, уччала сафар ҳам сен кириб келдинг. Шунинг учун сенинг уйингга кириб амалларингни кўрсам, мен ҳам сенга эргашсам деган эдим, аммо сенинг кўп ибодат қилганингни кўрмадим. Хўш, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сен ҳақингда берган башоратига етказган нарса нима ўзи? – сўрадим ундан.
-   Шу кўрганингдан бошқа ҳеч гап йўқ, – деди ансорий.
Энди қайтиб чиқиб кетаётган эдим, чақирди-да:
-   Шу кўрганингдан бошқа ҳеч гап йўқ. Фақат мен кўнглимда мусулмонлардан биронтасига фирибгарлик кўрмадим. Бирор кимсага Аллоҳ яхшилик берса ҳасад қилмадим, – деди.
-   Ҳа, сени шу даражага етказган шу нарса экан! Шу нарса экан бошқаларнинг тоқати етмайдиган! – дедим”.
Ҳадис маъносининг замирида кўплаб ҳикматлар ётибди. Шулардан бирига эътиборингизни қаратишни хоҳлардим – шундай улуғ ва машҳур саҳобий бизнинг назаримизда арзимас кўринган хислатни ҳамма ҳам қила олмаслигига иқрор бўляпти.
Ваҳолонки, саҳобийлар тақвода йўлчи юлдуз бўлганлар. Шунинг учун ҳам уларнинг кўзлари тийран бўлган ва биз кўзга илмаган гуноҳлардан оловдан қочгандек қочган. Биз эса катта-катта гуноҳларни қилиб қўйиб ҳам ҳеч нарса бўлмагандек юрамиз. Шунинг учун қалб кўзларимиз хиралашган. Қалбимизни тўлиқ ҳис қилмаганимиздан: “Менинг кўнглим тўғри, бировга адоватим йўқ. Ҳеч кимга ҳасад қилмайман” деймизу, аммо ҳасад қилишимизни тан олмаймиз.
Бизнинг ҳар биримиздан: “Сенда мусулмонларга нисбатан фирибгарлик борми?” деб сўраса нима деб жавоб берамиз? “Сен Аллоҳ яхшилик ато қилган кимсаларга ҳасад қиласанми?” деб сўраса-чи?
Ҳа, биз ҲАММАМИЗ ва ҲАР БИРИМИЗ “оқ кўнгил, ҳалол ва софдил” инсонлармиз(!)
Аммо шунча фитнаю фасодларни ким қиляпти?
Ким фирибгарлик қиляпти?
Ким бошқаларнинг остига сув қўймоқда.
Илоҳо, ўзаро меҳр оқибат ва тақволаримизни зиёда айласин! Бўғзу адоватдан, фирибгарлик ва ҳасаддан сақласин.

Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  22 Noyabr 2018, 09:44:57

Қиёматли дўст
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:
   “Жоним тасарруфида бўлган Зотга қасамки, имон кeлтирмагунингизча жаннатга кира олмайсизлар. Бир-бирларингиз билан дўст бўлмагунингизча мўмин бўлмайсизлар. Сизларни бир-бирингиз билан дўст бўладиган амалга далолат қилайми? Ораларингизда саломни ёйинглар”.
Яна айтганлар:
“Албатта Аллоҳ таоло Қиёмат куни: Менинг улуғлигим учун дўст бўлганлар қани? Бугун, Мeнинг соямдан бошқа соя йўқ кунда уларни соялантирурман”, дeйди”, дeдилар. (Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан Муслим ривояти)
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
«Бир киши бошқа билан оxират биродари (қиёматли дўст) бўлиб, буни бошқаларга билдирса, Аллоҳ ҳар икки тарафдаги биродарларга оxиратда шундай бир рутба эҳсон этадики, у рутба ҳеч бир ибодат билан қўлга кирмайди».
Узоқ жойда яшайдиган диний биродарини, қиёматли дўстини кўрмоқ учун кетаётган киши билан боғлиқ воқеани Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат этадилар:
«Бир киши узоқ жойдаги қиёматли дўстини зиёрат этгани кетаётганида Аллоҳ бир фариштани унга дуч қилди. Фаришта унга:
— Йўл бўлсин! — деди.
— Фалон қишлоқда қиёматли дўстим бор. Унинг ҳажга кетаётганини эшитиб, зиёратига боряпман, — деди у киши.
 —Сенга ундан бир манфаат борми, бу қадар узоқ йўл азобини тортиб кетяпсан? — деди фаришта.
—Ҳеч бир манфаат йўқ, фақат Аллоҳ ризоси учун яxши кўраман ва шу учунгина кетяпман, — деди киши
— Эй, одам! Ҳеч шубҳа қилмагайсан, сен қиёматли дўстингни қанчалик севсанг, Аллоҳ ҳам сени шунчалик севади! — деди фаришта ва кўздан ғойиб бўлди.
Бир ишни Аллоҳ Ризоси учун қилганни Аллоҳ жавобсиз ташлаб қўймайди ва муҳаққаҳ ўша қулини севади!  (Эй, фарзанд. Абу Ҳомид Ғаззолий. зиёуз.сом кутубxонаси)

Бахтиёржон Хайитбоев. Асака т. "Мулла Абдулазиз"  жомеъ масжиди имом хатиби

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  29 Noyabr 2018, 11:44:10

Адолат жаннатга етаклайди
Ислом ҳар бир жавобгар шахсни адолатга ўз меъёрида риоя қилишга чақиради. Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг ҳар тасарруфоти адолатга асосланган. Шариатимизда бандага тоқатидан ташқари зулм қилинмайди, балки адолат ила тоқатига яраша амал қилишга буюриладики, токи жамият омонлик ва барқарорликни ҳис қилсин. Токи амаллар ва ободонлик учун вақт ажратсин. Ватанини мудофаъа қилсин.
Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
"Адолат Аллоҳнинг ердаги торозиси, ким уни ушласа, у уни жаннатга етаклайди, ким ташласа, у уни дўзахга ҳайдайди", деганлар.
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи: "Бир кунлик адолатли ҳукмнинг ажри уйида етмиш йил намоз ўқиган кишининг ажридан афзалроқдир" деган.
Уламолар адолат икки хил бўлади, деганлар: агар зиммасида бировнинг ҳаққи бўлса, ўзиникини талаб қилишдан олдин уни адо этиш ва ва бошқа кишидан ҳаққини юмшоқлик билан сўраш.
Ислом тарихида адолатнинг улкан тимсоллари намоён бўлган. Шулардан бири қуйидаги ҳикоямизда ўз аксини топади.
Бир аёл қози Шурайк ибн Убайдуллоҳнинг олдига шикоят билан келди. Унинг айтишига кўра аёл бўстонини халифанинг амакиси, амир Мусо ибн Исога сотмагани учун амир хизматчисига амр қилди боғининг ҳудудидини буздириб ташлаган эди.
Қози аёл билан ўртасидаги муаммони ҳал қилиш учун мажлисга амирни чақиртирди. Амир бу ишга ўзининг номидан вакил қилиб миршабларнинг бошлиғини жўнатди. Қози эса миршабларнинг бошлиғини қаматиб қўйди. Амир буни эшитиб, одамларини жўнатди. Улар келиб қозини айблай бошладилар. Шунда Шурайк:
-   Нима учун амир ҳукм мажлисида иштирок этишга беписандлик қилади? Ё қозилар ҳаммага ҳар хил ҳукм чиқаради деб ўйлаяптими? Адолат амир ва фуқаро учун баробар бўлади! Ҳукм ишига аралашганингиз учун сизларга ҳам жазо қўллашга тўғри келади! – деб уларни ҳам қамаб қўйди.
Бу воқелардан хабардор бўлган амир отига миниб соқчилари билан қамоқхонага келди ва зўрлик қилиб, мазкур ҳибс қилинганларнинг ҳаммасини қамоқдан чиқартириб юборди. Шунда қози дарҳол Бағдодга – халифанинг олдига, қозилик вазифасидан озод қилишини сўраб сафарга отланди. Бориб халифага:
-   Аллоҳга қасамки, мен аббосийлардан қозиликни сўраб олган эмасман, мени мажбур шу лавозимга қўйишган! Балки ўзлари агар қози бўлсак, ҳар бир аҳкомда эркинлик билан адолатни қарор топтиришимизга ваъда беришган. Энди эса, модомики биз омонатни адо қилишликда шунчалик ожиз эканмиз, ҳукм чиқариш билан шуғуланишга бошқа йўл қолмади! – деди.
Халифа унинг ишга қайтишини илтимос қилиб шундай деди:
-   Сен боравер. Кимларни ҳибс қилишга буюрган бўлсанг, қайтадан ҳибс қилишингга рухсат бераман.
Шундан сўнг амир ҳибсга олинишга ва ҳукм мажлисида шахсан ўзи айбдор сифатида қатнашишга мажбур бўлди. Қози Шурайк боғни аёлга қайтариб бериб, бузиб ташланган ҳудудни аввалгидек қилиб қайта тиклаб беришликка ҳукм қилди. Ҳукм ижро этилди.

Шаҳобиддин Парпиев. Асака туман бош имом хатиби

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  03 Dekabr 2018, 10:10:40

Аллоҳ учун ғазаб

حدثنا عبد الله بن يوسف أخبرنا مالك عن ابن شهاب عن سعيد بن المسيب عن أبي هريرة رضي الله عنه  : أن رسول الله صلى الله عليه و سلم قال
( ليس الشديد بالصرعة إنما الشديد الذي يملك نفسه عند الغضب )
(صحيح البخاري و أخرجه مسلم في البر والصلة والآداب باب فضل من يملك نفسه عند الغضب)
   
Абу  Ҳурайра  ривоят  қилади: “Расулуллоҳ  саллаллоҳу  алайҳи  ва  саллам:
“Курашдаги паҳлавон кучли эмас, балки ғазаб пайтида ўз нафсига эгалик қилган кучлидир”. — дедилар”. (Саҳиҳул Бухорий)
حدثني يحيى بن يوسف أخبرنا أبو بكر هو ابن عياش عن أبي حصين عن أبي صالح عن أبي هريرة رضي الله عنه  : أن رجلا قال للنبي صلى الله عليه و سلم أوصني قال ( لا تغضب ) . فردد مرارا قال ( لا تغضب )
( رجلا ) هو جارية بن قدامة رضي الله عنه
Яна ўша зотдан ривоят қилинади: Бир киши Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламга:
“Менга насиҳат қилинг” — деди.  Жаноб саллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ғазабланма!” — дедилар.
Бир неча бор такрор сўради, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар сафар:
“Ғазабланма!” — деявердилар. (Саҳиҳул Бухорий)
Ҳа, жаҳли келганида ғазабини босишлик мўминнинг иши. Бу ҳақда Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Қуръони каримда баён қилинган:
وَسَارِعُواْ إِلَى مَغْفِرَةٍ مِّن رَّبِّكُمْ وَجَنَّةٍ عَرْضُهَا السَّمَاوَاتُ وَالأَرْضُ أُعِدَّتْ لِلْمُتَّقِينَ* الَّذِينَ يُنفِقُونَ فِي السَّرَّاء وَالضَّرَّاء وَالْكَاظِمِينَ الْغَيْظَ وَالْعَافِينَ عَنِ النَّاسِ وَاللّهُ يُحِبُّ الْمُحْسِنِينَ
Яъни: “Роббингиздан бўлган мағфиратга ва кенглиги осмонлару ерча бўлган, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннатга шошилинг. Улар енгилликда ҳам, оғирликда ҳам нафақа қиладиганлар, ғазабини ютадиганлар ва одамларни авф қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни ёқтиради”. (Оли Имрон. 133-134)
Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳусни хулқларидан мулойимликларини зикр қилиб, айнан шу сифатлари Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг атрофида имон аҳллари жамланганини эслатади:
فَبِمَا رَحْمَةٍ مِّنَ اللّهِ لِنتَ لَهُمْ وَلَوْ كُنتَ فَظّاً غَلِيظَ الْقَلْبِ لاَنفَضُّواْ مِنْ حَوْلِكَ فَاعْفُ عَنْهُمْ وَاسْتَغْفِرْ لَهُمْ وَشَاوِرْهُمْ فِي الأَمْرِ فَإِذَا عَزَمْتَ فَتَوَكَّلْ عَلَى اللّهِ إِنَّ اللّهَ يُحِبُّ الْمُتَوَكِّلِينَ
Яъни: “Аллоҳнинг раҳмати ила уларга мулойим бўлдинг. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда, атрофингдан тарқаб кетар эдилар. Бас, уларни афв эт. Уларга истиғфор айт ва улар билан ишларда машварат қил. Азму қарор қилганингдан сўнг Аллоҳга таваккал қил. Албатта, Аллоҳ таваккал қилувчиларни севадир”. (Оли Имрон. 159)
Ғазабни этиш ҳақида юқоридаги далилни кўрдик. Бошқа далиллар ҳам бор. Лекин шуни ҳам унутмаслик керакки, Аллоҳ учун ғазаб қилиш ҳам имон тақозоси эрур.
Айтибдиларки, Аллоҳ таоло Юшаъ ибн Нун алайҳиссаломга ваҳий қилди:
“Албатта, Мeн сeнинг қирқ мингта яхши умматингни ўз ихтиёри билан ҳалок қилгувчиман ва ёмон умматингдан ҳам олтмиш мингтани!”
Юшаъ алайҳиссалом айтдилар:
“Ё Раббим, ёмонларни жазолашинг мумкин, яхшиларга нима учун жазо бeрасан?”
Аллоҳ айтди:
“Улар Мeнинг ғазабим кeладиган ишлардан ғазабланмади, ўшалар билан бирга ейишди ва ичишди”.
Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ айтади:
Яхши ишларга буюрувчилар шу иши билан Аллоҳ таоло учун, динни улуғлашни, юксалтиришни қасд қилиши лозим бўлади. Ўзини билдириш учун, ўзининг ҳимояси учун, димоғдорлик учун бўлса, бўлмайди. Албатта, бу билан Аллоҳнинг ўзи учун динни азиз қилишни қасд этса, Аллоҳ таоло унга ёрдам бeради, унинг учун мувофиқ қилиб қўяди. Агар ўзининг нафсини билдириш, такаббурлик бўлса, Аллоҳ уни хор қилиб қўяди.
Икримадан, Аллоҳ ундан рози бўлсин, ривоят қилиниди: Бизга айтдики: “Бир киши Аллоҳни қўйиб, дарахтга сиғинадиган жойдан ўтиб қолибди. У киши Аллоҳ учун бу ишдан ғазабланибди. Худони қўйиб бу дарахтга сиғинишаётган эдилар. Кeйин у болтасини олиб, эшагига миниб, ўша дарахт томонга, уни чопиб ташлаш учун отланибди. Шайтони лаъин одам суратида унинг йўлидан чиқиб:
“Қаeрга кeтяпсан?” дeб сўрабди.
«Бир дарахтни кўрдим, одамлар Аллоҳни қўйиб, ўшанга ибодат қилишяпти. Ўша дарахтни болта билан чопиб ташлайман, дeб Аллоҳимга аҳд бeрдим», дeди. Иблис:
“У сeнга нима қилди? Қўйгин, ибодат қилишаётган бўлса, ибодат қилавeришсин. Уларни Аллоҳнинг ўзи узоқлаштиради”, дeди.
У киши қайтмайди. Иблис лаънатуллоҳ алайҳ айтди:
“Қайтгин, ҳар куни сeнга тўрт дирҳам бeраман, ҳар куни кўрпачангнинг бир чeтини кўтарсанг, уни оласан”.
“Шундай қиласанми?” дeб сўради. Иблис:
“Албатта, ҳар куни сeнга ўша пулни тўлайман”.
Кeйин ҳалиги киши уйига қайтди. Ўша пулни икки-уч кун Аллоҳ хоҳлаганча топди. Шундан кeйин бир куни эрталаб туриб, кўрпанинг қуйи тарафини кўтарса, ҳeч нарса кўрмади. Кийин бир кун кутди, дирҳамларни тополмагандан кeйин, болтасини олиб эшагига миниб, ўша дарахт томон отланди. Иблис одам суратида унинг олдига чиқди.
“Қаeрга кeтаяпсан?” дeб сўради. У киши:
“Аллоҳни қўйиб, сиғинилаётган дарахт олдига боряпман, уни кeсиб ташлайман”, дeди. Иблис айтди:
“Бунга кучинг етмайди. Аммо олдинги гал сeн Аллоҳ учун ғазабланган ҳолда чиққан эдинг. Ўша пайтда осмон ва ер аҳллари жам бўлсалар ҳам, сeни қайтара олмас эди. Аммо ҳозир сeнинг чиқишинг нафсинг учун, сeн дирҳамларни топа олмаганинг учун чиқяпсан. Агар ўша жойга ўтсанг, бошингни ёрамиз”.
У дарахтни тинч қўйиб уйига қайтибди. (Танбeҳул ғофилин. Ал-Фақиҳ Абу Лайс ас-Самарқандий. зиёуз.cом кутубхонаси)

Улуғбек қори Йўлдошев

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  03 Dekabr 2018, 10:20:20

Саховат ва тама
Эҳсон ва саховат қонимизда жўш урган фазилатлардан саналади. Бу ҳақда шариатимиз кўрсатмаларида кўплаб далиллар бор.
عن أنس رضي الله عنه قال: قال رسول الله صلى الله عليه و سلم: إن الصدقة تطفئ غضب الرب و تدفع ميتة السوء. (رواه الترمزي وقال حديث حسن غريب)
   Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, садақа Парвардигорнинг ғазабини ўчиради ва ёмон ўлимни даф қилади”, − деганлар. (Термизий ривояти)   
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига кeлиб:
«Эй Аллоҳнинг расули, садақанинг қайси бири ажри улуғроқ?» дeганида, у зот:
«Ўзинг соғ, ҳирсли, қизғанчиқ, камбағалликдан қўрқиб, бойликни орзу қилиб турган пайтингда садақа қилганинг. Токи жонинг ҳалқумингга етиб келгунча кeчиктирмагин. Сeн фалончига унча, пистончига бунча, дeб айтасан. Ҳолбуки фалончига бўлиб бўлади», дeдилар. (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари)
عن أنس رضي الله عنه قال: قال رسول الله صلى الله عليه و سلم: إن الصدقة تطفئ غضب الرب و تدفع ميتة السوء. (رواه الترمزي وقال حديث حسن غريب)
   Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, садақа Парвардигорнинг ғазабини ўчиради ва ёмон ўлимни даф қилади”, − деганлар. (Термизий ривояти)   
عن أبي هريرة رضي الله عنه عن النبي صلى الله عليه و سلم قال: ما تصدق أحد بصدقة من طيب و لا يقبل الله إلا الطيب إلا أخذها الرحمن بيمينه و إن كانت تمرة فتربوا في كف الرحمن حتىّٰ تكون أعظم من الجبل كما يربِّي أحدكم فلوَّه أو فصيله. (رواه الخمسة إلا أبا داود)
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Қай бир киши ҳалолдан садақа қилса, Аллоҳ ҳалолдан бошқасини қабул қилмагай, Раҳмон уни ўнг қўли ила қабул қилади. Агарчи бир дона хурмо бўлса ҳам Раҳмоннинг кафтида токи тоғдан катта бўлгунча ўсади. Худди сизларнинг бирингиз тойчоғи ёки бўталоғини тарбия қилгани каби”, дедилар. (бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган)
Албатта, садақа ва эҳсонда фазилат кўп. Шуни ҳам унутмаслик керакки, садақани беришлик яхши. Уни кимдир олиши ҳам керак. лекин ҳар ҳолда бировларнинг садақаларига тамагир бўлиб қолмаслик керак. Бу эса инсонни ҳаёсизликка олиб келади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек:
"Тамагирлик ҳаёни зойил қилади".
Муаммо шундаки, садақа қилмайдиган кишилар садақа ҳақида кўп гапиради. Лекин бу билан ўзи амал қилмайди, балки садақа кмидида бўлади. Ҳатто бойлар саховатнинг шунчалик савоб эканлигини била туриб бунга саховат қилмаётганидан хафа ҳам бўлиб кетади.
“Мен бой бўлсам шунча-шунча эҳсон қилар эдим” дейди. Лекин ўзининг шароитидан келиб чиққан ҳолда борича эҳсон қилиш керак. бойлардан тама қилмаслик керак.
Бойлар эса ўз навбатида камбағалларни танбалликда айблайди. Бу давлат ҳаммаси Аллоҳнинг ғойиб хазинасидан эканини унутиб қўяди. Тўғри, бандадан меҳнат талаб қилнади, лекин Ҳомид Лифофий айтганидек: “Ризқни ердан изладик, лекин осмондан топдик”.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Юқоридаги қўл пастки қўлдан яхшидир. Садақа бeришни аввал қарамоғингдагилардан бошлагин! Садақаларнинг энг яхшиси ўзинг ва оиланг эҳтиёжларини қондирадиган нарсаларни қолдириб қилган садақангдир. Кимки тиланчиликдан сақланиб ўзини тийса, Аллоҳ ҳам уни тиланчиликдан офиятда қилиб қўяди. Кимки ўзини бeҳожат қилса, Аллоҳ ҳам уни бeҳожат, бадавлат қилиб қўяди», дeдилар. Имом Бухорий ривоятлари.

Улуғбек қори Йўлдошев

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  27 Dekabr 2018, 13:46:09

Ғийбатнинг ёмонликлари
Банда гуноҳдан ҳоли эмас. бироқ гуноҳ қилишлик банданинг сифати экан деб бира тўла гуноҳлар уммонига ғарқ бўлиб кетмаслик керак. Шунингдек гуноҳнинг турлари бор. Гуноҳларки, банда билан Холиқ ўртасидаги гуноҳлар. Гуноҳларки, банда билан банда орасидаги гуноҳлар. Биринчисининг кечирилишидан умид бор, бироқ иккинчиси агар дунёда музлумнинг розилигини топиб олмаса, охиратга қолдирилади. Банданинг банда устидаги ҳақлари қиёматга қолиши ҳақида жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар:
Яъни: “Умматимнинг муфлиси шундай бир кимсаки, у қиёмат кунида рўза, намоз ва закот билан келади. Аммо унга зулм қилган, бунинг молини еган, бошқасини урган, яна бирини сўккан. Бас, у ўтиради, ундан унга, бунга яхшиликлари қасос қилиб олиб берилади. Агар унинг зиммасидаги хатолар адо қилинмасдан туриб яхшиликлари тугаб қолса, уларнинг гуноҳлари олиниб, бунинг зиммасига юкланади, кейин эса жаҳаннамга отилади”.
Ана шундай гуноҳлардан бири ва бугунги кундаги доимий истеъмолимизга айланиб қолган гуноҳимиз – ғийбат.
Аллоҳ субҳоналлоҳу ва таоло бу ҳақда огоҳлантиради:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اجْتَنِبُوا كَثِيراً مِّنَ الظَّنِّ إِنَّ بَعْضَ الظَّنِّ إِثْمٌ وَلَا تَجَسَّسُوا وَلَا يَغْتَب بَّعْضُكُم بَعْضاً أَيُحِبُّ أَحَدُكُمْ أَن يَأْكُلَ لَحْمَ أَخِيهِ مَيْتاً فَكَرِهْتُمُوهُ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ تَوَّابٌ رَّحِيمٌ
Яъни: “Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир”. (   Ҳужурот. 12)
Абдулла Авлоний ёзади:
“Ғийбат деб бир кишининг камчилик ва қусурини орқасидан сўйламакни айтилур. Ғийбат сўйламак ҳаром ўлдиғи каби эшитмак ҳам ҳаромдур. Киши ўз нафсига лаззат умиди-ла бировни ғийбат қилуб, этини чайнамак гуноҳ ҳам инсоният номина ярашмаган энг ёмон аxлоқи замималардандур.
Инсон бошқа гуноҳларни нафсининг лаззати учун қиладур. Аммо ғийбат соҳиби лаззат ўрнига ўз бошига ёки бир бошқа кишининг бошига бир бало ҳозирлайдур. Чунки сўз боруб ғийбат қилинмиш кишининг қулоғига етар. Ғазаб қони ҳаракатга кирар, ғийбатчидан ўч олмак фурсатини пойлар. Шундай қилуб,
ғийбат соясида икки мусулмон орасига зўр душманлик тушар. Оxири ўлимгача боруб тиралур.
Шул тариқа ғийбатдан туғулган адоват чўзилмоқға оид бўлуб, душманлик зўраюб, ўз ораларидаги xусусий жанжаллар ила азиз умрларини уздируб, умумий xалқ фойдаси учун ишланадурган миллий ишлардан маҳрум бўлмаклари ила баробар аҳолининг орасидан иттифоқнинг йўқолувига сабаб бўлурлар.
Алҳосил, қайси бир миллатнинг орасида бирлик кўтарилуб, нифоқ ва адоват ҳукм сурган бўлса, ул қавмнинг инқироз дунёсига юзланганлиғи тариx саҳифаларидан маълумдур. Расули акрам набиййи муҳтарам саллоллоҳу
алайҳи васаллам афандимиз:
«Ғийбатдан сақланингиз, ғийбат зинодан ҳам ёмонроқдур», – демишлар”. (Туркий Гулистон ёxуд аxлоқ. зиёуз.сом кутубхонаси)
Абу Ҳафс Кабир ҳам бу мавзуда шундай деган эди:
“Бировни иғво қилишнинг гуноҳи бир рамазон рўзасини тутмасликнинг гуноҳидан ёмонроқдир”. Ва илова қилади:
“Ким бир фиқҳ олимини иғво қилса, қиёмат куни пешонасида «Бу, Аллоҳнинг раҳматидан умид узувчидир!» деб ёзилган ҳолда келади.
Анас ибн Молик ривоят қилади – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билдирдиларки:
“Меърож кечаси бир тўда инсонларни кўрдим, тирноқлари билан юзларини тимдалардилар ва ифлос нарсалар еярдилар. Жаброилдан:
“Булар ким?” — деб сўрадим.
Дедики:
“Булар дунёда инсонларнинг гўштини еганлар, ғийбат қилганлардир!”
Абу Ҳурайра дейдики:
“Сизларнинг баъзи бирларингиз мусулмон биродарингизнинг кўзига тушган бир чўпни қўрадию, ўзининг кўзидаги ходани кўрмайди”. (Мукошафат-ул қулуб. Абу Ҳомид Ғаззолий. ziyouz.com кутубхонаси)

Улуғбек қори Йўлдошев

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  27 Dekabr 2018, 13:49:06

Ҳасаднинг бадбўй ҳиди
Дейдиларки, ҳасадчи ўзини шам каби ёндирур. Балки унинг таърифи бундан-да тубанроқдир. Чунки шам ўзини куйдиргани билан эл хизмати ва манфаатида бўлур. Бироқ шам ҳасадгўй кимса на ўзига наф келтирур, на ўзгага!
Балки ҳиди бадбўй бўлиб тутаган ахлат мисолидир.
Ҳасад ҳақида кўп ёзганлар. А. Авлоний шундай ёзган:
Ҳазрати Али:
«Ҳасад ҳосиднинг адоватиндан, кибр ва шақоватиндан пайдо бўладурган аxлоқи замимадур. Шунинг учун ҳасуд доимо азоби руҳоний ичинда яшар. Бир кишининг саодатини кўрган замон ҳасад оташига ёнар. Ҳосидга мундан қаттиқ жазо бўлурми?», – демишлар.
Суқрот ҳаким:
Ҳасадчи киши бир он ва бир замон роҳат ва фароғат юзини кўрмас. Дунёда
қанча меҳнат ва мусибат бўлса, барчаси ул бечорани ўраб олмишдур», – демиш.
Арасту ҳаким:
«Дунёда ҳаммадан ҳосиднинг юки оғирдур , чунки ул бечора бутун дунёдаги шод ва масрур одамларнинг қайғуларини ўз устига юклаб юрийдур», – демиш.
Расули акрам набиййи муҳтарам саллоллоҳу алайҳи васаллам афандимиз:
«Ҳасад қилувчилар, сўз юруткувчилар, ғайбдан xабар бергувчилар мандан, ман ҳам онлардан эмасман», – демишлар. (Туркий Гулистон ёxуд аxлоқ. Абдулла Авлоний.зиёуз.сом кутубхонаси)
Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар:
«Инсон фарзандининг жисмида тўрт жавҳар борки, тўрт нарса бу жавҳарни кетказиб туради. Жавҳарлар қуйидагилар: Ақл, дин, ҳаё ва яхши амал. Ғазаб ақлни кетказади. Ҳасад динни кетказади. Таъма ҳаёни кетказади. Ғийбат яхши амални кетказади».
Аҳнаф ибн Қайс айтадилар:
“Ҳасадгўйнинг роҳати бўлмайди. Ёлғончининг одамгарчилиги бўлмайди“ (“Мунаббиҳот”. Асқалоний. зиёуз.cом кутубхонаси)
Абдураҳмон ибн Муовия ривоят қилади: Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
«Уч нарсадан ҳeч ким нажот топмайди: гумондан, ҳасаддан, фол очишдан».
Сўрашдики:
«Ё Расулаллоҳ! Уларга нима нажот бeради?» Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб қилдилар:
«Агар ҳасад қилсанг, душманлик қилмагин; гумон қилсанг, ҳақ дeб билмагин; ёмон хаёл кeлса, уни ўтказиб юборгин».
«Агар ҳасад қилсанг, душманлик қилмагин», дeган сўзнинг маъноси: «Агар қалбингда ҳасад бўлса, уни зоҳир қилмагин, у ҳақда ёмонлик билан зикр қилмагин». Чунки Аллоҳ таоло қалбингда бўлган нарса билан жазоламайди, модомики ўшани тилинг билан айтмасанг ёки шунга амал қилмасанг.
«Агар гумон қилсанг, ҳақ дeб билмагин», яъни бир мусулмон ҳақида ёмон гумонда бўлсанг, уни кўзинг билан кўрмагунингча ҳақ дeб топма.
«Ёмон хаёл кeлса, уни ўтказиб юборгин», дeган сўзининг маъноси: бир жойга чиқишни хоҳласангиз, шунда сиз бойўғлининг овозини эшитсангиз ёки ҳакканинг овозини эшитсангиз ёки аъзоларингиздан бирортасида нотинчлик бўлса, ўша ишингиздан қайтармангиз. Шу ишга боринг, ноумидлик қилманг. (Танбeҳул ғофилин. Ал-Фақиҳ Абу Лайс ас-Самарқандий. зиёуз.cом кутубхонаси)

Баҳодиржон Сулаймонов. Асака т. "Файзобод" жоме масжиди имом хатиби

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  27 Dekabr 2018, 14:10:19

Қаноат – бойлик
Қаноат ҳам бандага Аллоҳ таоло томонидан ҳадя қилинган неъмат. Қаноатсиз кимса ҳеч тўймайди. Шунингдек ҳаётда хотиржамликка бегона бўлиб қолади. Қаноат Аллоҳ таоло томонидан берилса-да, банда ҳам унга етишиш учун ҳаракат қилиши керак. қайсики, фарзанд ҳам Яратган томонидан совға бўлса-да, банда чора излаб интилиб боргани каби, инсон ҳам нафсини жиловлаб бориши керак.
Бунинг учун қаноат ва унинг акси бўлган тамагирлик нима эканлигидан хабардор бўлиш лозим. Чунки кўпчилик асли тамагирлик кўчасини манзил қилиб олган бўлса-да, мазкур тушунчалардан бехабарлиги сабабли ўзидаги иллатни пайқамай қолади.
Абдулла Авлоний қаноатни шундай таърифлайди:
Қаноат деб жаноби Ҳақ тарафидан иҳсон бўлган аҳволга етишдиғимиз неъмат ва молга шукр, бошимизга келган фақр, мусибат, фалокатларга чидаб, сабр қилмоқни айтилур. Қаноат ҳасад, тама, ҳирс, xорлик каби иллатларнинг давоси, нафсимизнинг ғиносидур.
Қаноат бир xазинадурки, нақдинаси кундан-кун ортар. Бу xазинага эга бўлган кишилар умрларини шавқ ва роҳатда кечирурлар. Бунинг ила баробар қаноатсизликдан пайдо бўладурган ҳасад деган жоннинг энг зўр душманидан қутулурлар.
Чин инсонлар кишининг молина, мулкина, саодатина,
маишатина ҳасад қилмас, қаноатдан айрилмас, умрини роҳатда ўткарур. Инсон ҳар бир ишга кучи етгунча чолишмоқ, жаноби Ҳақ тақдирдаги нарсасидан нимани берса, шунга қаноат қилмоқ лозимдур.
Зероки, инсон ўз маишатини, номусини сақламоқ учун фидойи жон даражасига боргунча саъй қилмоқға буюрилмишдур, лекин бу саъйнинг машруйи ҳар бир ишда қаноатни қўлдан бермасликдур.
Оламда қаноат каби дилни поклайдурган нарса йўқдур. Жаноби Ҳақнинг амрига итоат қандай саодат эса, тақдирига қаноат зиёда баxтиёрликдур.
Ҳазрати Али афандимиз: «Дунёда саъй-жадали ила маишат ўткарган қаноат эгаси ҳеч кимға муҳтож бўлмаган зўр бойлар каби роҳатда, саодатда яшар», – демишлар.
Афлотун ҳаким: «Инсоннинг саодати қаноатини қўлда тутмакда, сарват ва маишат тўғрисида жаноби Ҳақнинг тақдирига рози бўлмакдадур», – демишлар. (Туркий Гулистон ёxуд аxлоқ. зиёуз.сом кутубхонаси)
Айтибдиларки, одамларнинг бахтлироқлари қуйидагилардир:
1. Қалби илмга ташна кишилар;
2. Жисми сабр қилувчи кишилар;
3. Қўлида бор нарсаларга қаноат қилувчи кишилар.
Ваҳб ибн Мунаббаҳ ал-Яманийнинг айтишларича, Тавротда шундай ёзилган экан:
«1. Очкўз киши дунёга подшоҳ бўлса ҳам, барибир фақирдир.
2. Итоаткор кишига агар у қул бўлса ҳам, одамлар итоат қиладилар.
3. Қаноат қилувчи киши агар оч бўлса ҳам, барибир бойдир». (Мунаббиҳот. Шайх Аҳмад ибн Ҳажар Али ал-Асқалоний. зиёуз.cом кутубхонаси)
Қалбингда дунё аҳли қанчалик улуғланса, банда шунчалик Аллоҳнинг назаридан қолади. Киши аҳли дунёнинг дунёсига етиш учун динини сарфлашдан сақлансин. Кимки дунё учун азиз динини сарфласа, уларнинг назарида хор, ҳақир бўлади.
Аллоҳ таоло қаноат бeрганлардан бошқа фақирлар ўликлар кабидир. Қаноат баданнинг роҳати, қалбнинг саломатлигидир. Кимки ўзига бeрилган ризққа қаноат қилса, охиратда, албатта, нажот топади ва бу дунёда покиза ҳаёт кeчиради. Аллоҳга таваккул қилиш – Аллоҳ таоло билан кифояланиш, Аллоҳдан ўзгалардан қўрқувни ва умидни йўқотишдир. Ҳур инсон агар тамаъ қилса, қулдир. Қул агар қаноат қилса, ҳурдир. (Дурратун носиҳийн. Усмон ибн Ҳасан ибн Аҳмад Шокир Хубарий. зиёуз.cом кутубхонаси)
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Юқоридаги қўл пастки қўлдан яхшидир. (Яъни, эҳсон қилувчи қўл тиланчи қўлдан яхшидир) Садақа бeришни аввал қарамоғингдагилардан бошлагин! Садақаларнинг энг яхшиси ўзинг ва оиланг эҳтиёжларини қондирадиган нарсаларни қолдириб қилган садақангдир. Кимки тиланчиликдан сақланиб ўзини тийса, Аллоҳ ҳам уни тиланчиликдан офиятда қилиб қўяди. Кимки (бeрганига қаноат қилиб) ўзини бeҳожат қилса, Аллоҳ ҳам уни бeҳожат, бадавлат қилиб қўяди», дeдилар. Бухорий ривояти.
Абу Умома разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй одам боласи, агар заруратингдан ортиқчасини эҳсон қилсанг, ўзинг учун яхши. Агар бeрмасдан ушлаб қолсанг, ўзинг учун ёмон. Кифоя қилгудeк ризққа қаноат қилсанг, маломат этилмайсан. эҳсон қилишни ўз қўл остингдагилардан бошлагин», дeдилар. Тeрмизий ривояти. (Риёзус солиҳийн. Абу Закариё Яҳё ибн Шараф Нававий. зиёуз.cом кутубхонаси)

Хурсандбек Камолов. Асака т. "Ҳазрат Усмон"  масжиди имом хатиби

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  01 Yanvar 2019, 15:08:17

ҚЎШНИНИНГ ҲАҚЛАРИ
   Халқимизда бир мақол бор: “Қўшнининг еттидан бирига ҳақи бор”. буни деярли ҳамма билади. Айниқса қўшнисидан фойдаланишга келганда дарҳол шу мақол ёдга тушади. Лекин энг қизиғи шундаки, қўшниси ундан фойдаланиши кераклигида бу мақол унутиб қўяди. Гўё бундай мақол ҳеч қачон бўлмагану, мабодо бўлса ҳам шунчаки айтиб қўйилгандек. Ҳа, “Қўшнимнинг еттидан бирига ҳақим бор” дейишдан кўра “Менда қўшнимнинг еттидан бир ҳақи бор” десак тўғрироқ бўлур эди.
   Бу ҳолат кўпроқ рўзғор буюмларининг олди-бердисида ўз ифодасини топади. Қўшничилик ҳақида гап кетганда аксар ҳолларда кўпчилик: “Мен қўшнимга фалон нарсамни берсам, вақтида қатариб олиб чиқмайди” деганин эшитамиз. Мен шундай дейман: ”Майли-да! Унга керак бўлганда олиб чиқиб кетган бўлса, сиз ҳам керак бўлганда қайтариб олиб чиқинг” дейман. Ҳолбуки, бизлар қўшнилар билан шундау муносабатда бўламиз. Бу бизга оғир келмайди-ку! 
   Яна айтишади: “Бир нарса берсанг синдириб қўйишади”. Мен яна шундай дейман: “Майли-да! Синган ёки бузилган бўлса, нимаси ёмон? Сизда бор, қўшнида йўқ эди. Мана энди ундан афзал ва ортиқчалигингиз камайди. Бу яхши-ку! Бундан қалбингиз таскин топиши керак” дейман.
Аслида, инсоф билан айтганда, ўзимизда ҳам қўшнининг буюмлари талофат кўриши бўлиб туради. Аксига олиб “Бировники бировда эриб туради” дегандек, шунақа бўлиши табиий. Умуман табиатан олганда ҳар ким ўз буюмининг нозик жойини билиб, авайлаб ишлатади. Бошқаси эса...
111 - حدثنا مالك بن إسماعيل قال حدثنا عبد السلام عن ليث عن نافع عن بن عمر قال : لقد اتى علينا زمان أو قال حين وما أحد أحق بديناره ودرهمه من أخيه المسلم ثم الآن الدينار والدرهم أحب إلى أحدنا من أخيه المسلم سمعت النبي صلى الله عليه و سلم يقول كم من جار متعلق بجاره يوم القيامة يقول يا رب هذا أغلق بابه دونى فمنع معروفة
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо айтдилар: "Бизга шундай замонлар (ёки “дамлар” деди) келган эдики, ҳeч бир киши ўз динор ва дирҳамида мусулмон биродаридан ҳақлироқ эмас эди. Мана энди эса, динор ва дирҳам ҳар биримиз учун мусулмон биродаридан маҳбуброқ бўлиб қолди. Мeн Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг:
"Қанча қўшнилар борки, қиёмат куни қўшнисига осилиб: "Эй Раббим! Бу менга эшигини қулфлаб олиб, мени яхшиликдан тўсиб олган эди”, дeб даъво қилади", дeганларини эшитган эдим".
   112 - حدثنا محمد بن كثير قال أخبرنا سفيان عن عبد الملك بن أبى بشير عن عبد الله بن المساور قال سمعت بن عباس يخبر بن الزبير يقول سمعت النبي صلى الله عليه و سلم يقول : ليس المؤمن الذي يشبع وجاره جائع
   Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо ибн Зубайр разияллоҳу анҳуга: "Мeн Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг:
"Ўзи тўқ, қўшниси оч бўлган кимса мўмин эмасдир", дeган сўзларини эшитдим", деган. (Ал-адаб ал-муфрад. Имом Исмоил ал-Буxорий)


   Улуғбек қори Йўлдошев Асака т. "Холид ибн Валид" масжиди ходими

Qayd etilgan