Maʻrifiy maqolalar  ( 116001 marta o'qilgan) Chop etish

1 ... 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 ... 26 B


MirzoMuhammad  16 Yanvar 2019, 16:04:55

Тақво ҳақида бир оғиз
Дунё ўткинчи. Лекин шу ўткинчи дунёда ҳам ўзига яраша ҳурмат-эҳтиром топишлик шарафли иш, инсон учун обрў, ҳаётнинг зийнати. Бу дунёда ҳурмат ва эҳтиром топиш учун ҳам анчагина захмат талаб қилинади. Қандай машаққатларни бошидан ўтказиш унинг теварак-атрофидаги жамиятнинг ҳолатига қараб бўлиши ҳам мумкин.
Қайсидир даврада муштуми зўрлар обрў топса, бошқасида пули кўплар. Яна бирида маърифатли инсонлар.
Маърифатли инсонлар умуман олганда ҳар қандай даврада ҳам обрў топиши мумкин. Биз зикр қилган обрўлар шу дунё учун ва бандалар нигоҳидадир.
Энди бутун оламларнинг Тангриси бўлгсн Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг наздида ҳам ҳурмат топса, ўша ҳақиқий ютуқдир. Чунки унинг роҳати мангудир. Аллоҳнинг ҳузурида ҳурматли бўлиш учун на мол, на давлат, на мансаб ва на бошқаси талаб қилинади, балки тақво зарур.
يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُم مِّن ذَكَرٍ وَأُنثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوباً وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِندَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ
“Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир”. (Ҳужурот. 13)
Тақво ва тақводорлар ҳақида кўп гапирамизу, аммо кўпларимиз  бу  сўзларнинг  маъноси  ҳақида  унча  ўйлаб  кўрмаймиз.  «Тақво» сўзи  луғатда  «сақланиш,  эҳтиѐт  бўлиш,  қўрқиш,  зарарли,  қабоҳат  ва кароҳиятли  нарсалардан  четланиш»  маъноларини  билдиради.  Истилоҳда Аллоҳнинг  уқубати  ва  азобларидан  сақланиш  учун  Унинг  буйруқларини бажариш,  қайтариқларидан  четланиш  «тақво»  дейилади. 
Тақво  Аллоҳ таолодан  қўрқиш,  ҳаром  ва  шубҳали  нарсалардан  тийилишдир.  Бундай хислат  соҳиби  тақводор  (муттақий)  саналади.  Тақводор  киши  ишончли саналади, ундан ҳеч ким зиѐн кўрмайди. Исломда барча инсонлар бири-бири билан  тенгдир,  улар  фақат  тақволари  билан  ажралиб  туришади. (Жума тезисларидан)
Аллоҳ таоло Қуръонда баён қилади:
لَن يَنَالَ اللَّهَ لُحُومُهَا وَلَا دِمَاؤُهَا وَلَكِن يَنَالُهُ التَّقْوَى مِنكُمْ كَذَلِكَ سَخَّرَهَا لَكُمْ لِتُكَبِّرُوا اللَّهَ عَلَى مَا هَدَاكُمْ وَبَشِّرِ الْمُحْسِنِينَ
“Уларнинг гўштлари ҳам, қонлари ҳам зинҳор Аллоҳга етмайдир. Лекин Унга сиздан тақво етадир. Шундай қилиб, сизни ҳидоят қилгани эвазига Аллоҳга такбир айтишингиз учун уларни сизга бўйинсундириб қўйди. Яхшилик қилгувчиларга башорат бер”. (Ҳаж сураси 37-оят);
Абу Амр Жарир ибн Абдуллоҳдан (р.а.) ривоят қилинади. «Бизлар куннинг ўртасида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида эдик. Яланғоч, жундан тўқилган кийимлар ёки чопонларини тeшиб бошларидан ўтказиб олган бир қавм кeлди. Уларнинг аксарлари, балки барчалари Музар қабиласидан эди.
Улардаги муҳтожликни кўриб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг чeҳралари ўзгариб кeтди. Уйларига кириб кeтдилар. Сўнгра чиқиб Билолга (р.а.) азон ва иқомат айтишни буюрдилар. Кeйин намоз ўқиб, қуйидагича хутба қилдилар:
«Эй одамлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёлларни тарқатган Раббингиздан қўрқинглар! Номини ишлатиб, бир-бирингиздан сўровда бўладиганингиз Аллоҳдан ва қариндошлик (алоқалари)дан қўрқинг. Албатта Аллоҳ устингиздан кузатувчи Зотдир.
Эй имон кeлтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар! Ҳар ким эрталик кун учун нима қилганини кўриб қўйсин. Киши диноридан, дирҳамидан, кийимидан, бир соъ буғдойидан, бир соъ хурмосидан, ҳаттоки агар хурмонинг ярмини бeриб бўлса ҳам, садақа қилсин», дeдилар.
Ансорийлардан бўлган бир киши халтада кумуш олиб кeлди. Қўли уни кўтаришга ожизлик қилай, дeрди. Балки ожиз қолди ҳам. Кeйин одамлар бирин-кeтин нарса олиб кeлишни бошлашди, ҳаттоки овқат ва кийимлардан икки уюм бўлганини кўрдим. Ва яна Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг (хурсанд бўлганларидан) юзлари олтин каби ярақлаганини кўрдим.
У зот: «Кимки Исломда бир яхши суннат (йўл) чиқарса, савоби унга бўлиб, яна ундан кeйин бу йўл билан амал қилганларнинг савоби ҳам етур. (Бу билан амал қилганларнинг) савобларидан бирор нарса камайтирилмайди. Кимки Исломда ёмон суннат (йўл) чиқарса, гуноҳи унга бўлиб, яна ундан кeйин бу йўл билан амал қилганларнинг гуноҳи ҳам етур. (Бу билан амал қилганларнинг) гуноҳларидан бирор нарса камайтирилмайди», дeдилар». (Риёзус солиҳийн. Абу Закариё Яҳё ибн Шараф Нававий. зиёуз.cом кутубхонаси)

Баҳодиржон Сулаймонов. Асака т. "Файзобод" жоме масжиди имом хатиби

Qayd etilgan


okahon.8800  31 Yanvar 2019, 08:54:41

ГИЁХВАНДЛИК - АСР ВАБОСИ
Аллоҳ таоло Ўзнинг каломи – Қуръони каримда бандалари Ҳазрати Инсон бўлиб яшаши учун инсонийлик чегараларини белгилаб қўйган. Инсоний ҳаёт деганда – банда тинч, соғлом ва хотиржам яшашлигидир. Қуръон оятлари билан баёнланган ҳалолликларнинг барчаси инсоннинг фойдаси учун. Нимаики бандасига зарар ёки касалликка дучор қиладиган ёки тинчини йўқотадиган амаллар бўлса, Аллоҳ таоло бандасига меҳрибонлигидан у йўлларни қатъий таъқиқлаган ва ҳаром деб белгилаб қўйган. Мана шундай тақиқланган амаллардан бири бу гиёҳвандликдир.
Қурони каримда Аллоҳ таоло: “Ўзларингизни ўзларингиз ҳалокатга ташламанглар”, деб марҳамат қилган. Бундан кўринадики охири ўлимга олиб келадиган ҳар қандай одатлардан инсон боласи четда бўлмоғи лозим, илоҳий амр шундай. Бу офатга қарши айни пайтда халқаро миқёсда мислсиз кураш олиб борилмоқда. Шунга қарамай, дунё бўйича гиёҳвандлик балосига гирифтор бўлган инсонлар талайгина.
Гиёҳванд моддалар қабул қилиниши инсон саломатлигига путур етиши хамда ундан ногирон фарзандларни дунёга келиши ва оилаларни барбод бўлиши холатлари жуда кўп кузатилади. Қарийб ўттиз йил давомида гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчи ўнта оилани кузатган француз олими Демманинг ўрганишича, мазкур оилаларда дунёга келган болаларнинг деярли аксарияти ногирон бўлиб туғилган. Тинимсиз заҳри қотилни истеъмол қилганларнинг аксарияти эса ўпка саратони, асаб, бўғма касалликлари билан оғриб, ҳаётдан эрта кўз юмган. Гиёҳвандлар ўз-ўзини эҳтиёт қилиш қобилиятини йўқотадилар. Кўпчилиги ўзини-ўзи ўлдиришга ҳаракат қилади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ўз хадиси шарифларида “Ҳар бир маст қилгувчи хамрдир. Ҳар бир хамр ҳаромдир” - деганлар.
Нима нарса инсонни маст қилса, ақлини кетказса у ҳаром бўлади. спиртли ичимликми, гиёҳванд нашаларми ёки бирор моддаларни ҳидлаб маст бўладими барибир ҳаммаси ҳаром.
Пайғамбаримиз с.а.в.нинг мўъжизалари ушбу ҳадис шариф билан маълум бўлмоқда. “ҳар бир бўшаштирувчи” деганларида ҳозирги тил билан айтилганда наркотик моддаларининг алоҳида васфидир. Чунки бундай вабо, яъни наркотик моддалари ибтидоси, бошланиши ҳижрий 10 асрлардан бошланган. Фиқҳий китобларимизда ана ўша асрдан бошлаб, бу хилдаги масалалар кириб келган.
Исломда гиёҳвандликнинг зарар ва офати ҳақида уламолар кўплаб асарлар ёзишган, чунончи Имом Саноний шундай дейди: “Гиёҳвандлик нима нарсадан бўлишидан қатъи  назар маст қилдими ёки афюн каби нарса бўлиб истеъмол қилинишида кайф бердими – у мутлоқ ҳаромдир”.
Имом Аъзам (раҳмутулоҳи алайҳ) мазҳабларидаги охирги мужтаҳид уламолардан Ибн Обидин ҳазратлари Ибн Ҳажардан нақл этиб шундай дейди: “Банг-афюн истемол этишда 120 хил диний ва дунёвий зарар, офатлар бўлади”.
Шайх Санъоний “Субулус салам” китобларида шундай фатво берганлар: “Нима бўлса ҳам, маст қилуви нарса ҳаромдир, хоҳ у нашага ўхшаган ичилмайдиган нарса бўлса ҳам”.
Шайх ал Хаттоб ўзларининг “Мавоҳибул Жалил” номли китобларида наша билан афюнни хамр деб санаганлар. Барча уламолар иттифоқ бўлиб: “Гиёҳвандлик моддалари орқали қилинган тижорат ҳаромдир, уларни истеъмол қилган ҳолда намоз ўқиган одамнинг намози қабул эмас, улардан келган фойда ҳаром, уни садақа қилса гуноҳкор бўлади, яхшилик ишларга ҳам ишлатиб бўлмайди” деб фатво беришган.
Аллома Ибн Ҳажар ал-Маккийнинг "Ал-фатово ал-исломия" номли асарида гиёҳвандлик иллати инсон саломатлиги ва жамият ҳаётига етказадиган бир юз йигирма хил жиддий зарар санаб ўтилган. Шунингдек ўз китобида “Гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилишда бир қанча диний ва дунёвий зарарлар мавжуд: у инсон тафаккурини ўтмаслаштиради, тананинг турли касалликларга чидамлилигини йўқотади, хотирани сусайтиради, бош, юрак, сил, истисқо хасталикларини юзага келтиради, ибодатдан тўсади, шарму ҳаёни кетказади, инсоний муносабатлар ва мурувватга зарар етказади”.
Бу иллатни яна бир зарарларидан бири бунга сарифланган маблағ исроф ва харом ишга сарфланган хисобланади.
Aллоҳ таоло Қурони каримда ай¬тади: "Еб-ичинглар, лекин исроф қилмaнглар, зеро Аллоҳ таоло исроф қилувчиларни хуш кўрмайди" (Аъроф сураси 31-оят).
Бошқа оятда эса  шундай дейилади: "Ва ҳаргиз исроф қилмагин. Албaттa исрофгaрлар шaйтoнлаpнинг биродаридир. Шaйтoн эса, Парвардигорга ўта ношукр эди".(Исро сураси 27-оят)
Ҳадиси шарифда айтилади: “Аллоҳ mаоло сuз¬ларнu молу давлаmuнгuзнu uсроф ва зоё қилишликдан манъ эmадu"
Молу бойликни беҳуда ва бефойда сарф этиш шариатда ҳаром санaлгaнданидек, иноннинг жисмига ақлига динига ва наслига офат олиб келадиган гиёхванд моддалар албатта харом бўлади.
Унинг касофати бу билан чекланиб қолмайди, у кишиларнинг бор-йўқ молу дунёсидан жудо қилиб оилаларни, миллатларни, жамиятларни паришон этади. Наркотик балосига чалинганлар аҳли аёлларининг, фарзандларининг ризқини қийиб, баъзилари эса бор-будурини совуриб, ҳеч нарса тополмай қолганда ўғрилик, қотиллик, зино каби ҳаром йўлларга кириб топган ҳаром пулларига у заҳри қотилни олиб ўзларини ҳам, жамиятни ҳам заҳарлайдилар.
Барчаларимизни бундай иллатлардан огох бўлишимиз хамда фарзандларимиз ва яқин инсонларимизни захри қотил бўлган гиёхванд моддаларган эхтиёт қилишимиз шарт.
“Мирза Холиқ ота” жоме масжиди имом хатиби Хожиев Муҳаммадийхон.


Qayd etilgan


okahon.8800  07 Fevral 2019, 13:31:50

ОМОНАТ ЖОНГА ХИЁНАТ ҚИЛМАНГ.
Дунё ҳаёти имтихондан иборат. Инсон хаёти давомида яхши ёмон кунлар бўлиб туради. Гохида инсон бошига ғам ташвишлар тушиши мумкин. Анашу пайтда сабр қилишни  ва Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлиб яшаши хамда турли шайтоний васваса, тушкунлик ва умидсизликка берилмай, Инсон деган улуғ номга мувофиқ иш тутиши лозим. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Нисо сурасида шундай деб марҳамат қилади: “Ва ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳмлидир. Ким буни тажовузкорлик ва зулм ила қилса, уни албатта дўзахга киритурмиз. Бу эса Аллоҳга осондир” (29–30-оятлар).
Бошқа бир оятда эса, инсоннинг ўз жонига қасд қилиши энг катта гуноҳ экани баён қилинади: “Ўз қўлларингиз билан ўзингизни ҳалокатга ташламанг! (Барча ишларни) чиройли қилингиз. Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради” (Бақара сураси 195 оят).
Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо (с.а.в) ўз ҳадисларида Инсон ўз жонига қасд қилиши энг оғир гуноҳлардан экани ва бу гуноҳ сабабли охиратда қаттиқ жазога мубтало бўлишини баён қиладилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким тоғдан ташлаб, ўзини ўзи ўлдирса, у жаҳаннам оташида абадул-абад ўзини тоғдан ташлаб туради. Ким заҳар ичиб, ўзини ўзи ўлдирган бўлса, у жаҳаннам оташида заҳарини қўлида тутган ҳолида абадул-абад (заҳар) ичиб туради. Ким ўзини ўзи темир нарса билан ўлдирган бўлса, жаҳаннам оташида ўша темирни қўлида тутган ҳолида абадул-абад ўша(темир)ни қорнига санчиб туради”, – дедилар”.
Ҳозирги кунимизда айрим инсонларга васвасага тушиб қолиб ёки сабрсизлиги сабаб, ўз жонларига қасд қилаётганларининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Айниқса бу ҳолат вояга етмаган ақли шаклланиб улгурмаган ёш йигит ва қизларда учрашлиги ачинарли ҳолатдир.
Ёшлар ўртасида, ўз жонига қасд қилишнинг асосий сабабларидан бири, фарзанднинг яхши тарбия топмаганлигидир. Эмишки, ота – она ўғлига севган қизини олиб беришмагани, ёки қизини севган йигитига турмушга беришмаган. Шунингдек фарзанди талаб қилган кийим кечак, қимматбахо телефон олиб беришмагани хамда шу каби арзимас сабаблар билан ўз жонига қасд қилишлари, бу Аллоҳ таоло берган ҳаёт – умр деб аталган неъматга ношукурлик оқибатидир. Бундай ношукурликнинг охиратдаги жазоси жаннатдан маҳрум бўлишдир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) шундай дейдилар: “Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда марҳамат қилурки: “Бандам ўзини - ўзи ўлдириб, Менинг унга берган умр (неъмати) га шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим”. (Имом Бухорий ривояти).
Шуни унутмаслик керак. Дунёда ота – она қаддини букуб юборадиган, сочида оқартириб ташлайдиган енг оғир мусибат ва жудолик фарзанддан айрилишдир. Ҳар бир фарзанд буни яхши билиши ва хаёти давомида доимо ота – онасига итоатда бўлиб уларни дилига оғир ботадиган, ранжиб қолишига сабаб бўладиган ишлардан сақланиб юриши керак.
“Мухаммад Солиҳ хожи” жоме масжиди ходими Ж. Парпиев

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  11 Fevral 2019, 14:51:09

Буюклик ортидаги АЁЛ
   Аёл киши оиланинг фариштаси дейдилар, агар ҳақиқатан ҳам ўз аёллик мақомида бўлса. Аёл зоти оилада ҳар томонлама ўз мавқеъига эга. У бизнинг табаррук онамиз, ғамхўр опамиз, жигаргўша синглимиз ва “дадасининг қизи” бўлган кўз қувончимиз, аллақачон ўз фарзандларининг ташвишларига шўнғиб кетган бўлса ҳам, улардан ошиниб бизнинг ғамимизда югуришга улгурган амма ва холамиз, кийимларимизни покиза ва замон талабида тайёрлаб берган меҳрибон янгамиз ва ниҳоят бизнинг бир умрлик ажралмас қисмимиз – жуфти ҳалолимиз.
Тарихга назар ташласак ҳар қандай буюк шахслар ортида аёл зоти борлигини эътироф этмай иложимиз йўқ. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдек буюкларнинг буюгининг ҳаётида ҳам бу эътироф ўз аксини топади. Яъни башарият орасида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақиқатан Аллоҳнинг элчиси эканига биринчи бўлиб имон келтирган, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам илк бора ваҳий келишидан саросимага тушганларида далда бўлган, бор давлати ва имконини Ислом йўлида фидо қилган Халичайи кубро разияллоҳу анҳо ҳам аёл жони билан кўплаб эркаклардан кўра жасорат кўрсатган.
Тақдир тақозосига кўра Исломни дунё бўйлаб ёйила бошлаганини кўрмаса-да, иншооллоҳ, охиратда эксак мақом – Аллоҳнинг ҳабибининг суюклик жуфти ҳалолидек мартабага муносиб бўлган.
Олтмиш беш ёшга бориб қувватдан қолган замонларида мушрикларнинг жафо ва таъқиб қилишлари онамизнинг тинка мадорини қуритди. Натижада кўрпага ётиб қолганлари учун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларидан жилмай қолдилар. Шу ҳолатда уч кун ётганларидан сўнг Охират сафари яқинлашиб қолганини сезиб қолдилар. Аммо Хадича разияллоҳу анҳонинг Ислом дини нажот ва зафар қозониб гуллаб яшнашига иштиёқи жуда ҳам баланд эди.
Кўзининг қувончи бўлган қизи Умму Гулсумга шивирладилар:
-   Қанийди умрим етиб, машаққатларимизнинг роҳатини лоақал бир бора кўриб қолсам эди, кўзларим қувончга тўлиб, армоним қолмай рози бўлган ҳолатда жонимни топширар эдим.
-   Ундай деманг онажон! Ташвишланишга ҳожат йўқ, – деди Умми Гулсум разияллоҳу анҳо.
Мўминларнинг онаси ҳаёт балан видолашар экан “Ҳа, қизгинам, Аллоҳга қасамки, менга ташвишланишга ҳожат йўқ. Қурайш аёлларидан ҳеч бири мен кўрган мўл кўлчиликни кўрмади. На фақат Қурайш, балки дунё аёлларидан ҳеч бири Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга етишганимдек улуғ бахтга мушарраф бўлмади. Менинг Ҳабибул Мустафога хотин бўлишлигим дунёлигим учун кифоя. Охиратим учун эса, энг аввал имон келтирганим ва мўминларга она бўлганим кифоя!” деди.
Кўзлари юмила бошлар экан лаблари пичирлади: “Эй Аллоҳ! Мен Сенга сано айтиб адо қила олмайман. Эй Аллоҳ! Мен Сенга рўбарў бўлишдан ташвишланмайман, ва лекин хоҳлар эдимки, фидойилигим яна давом этса, шоядки менга берган неъматларингга муносиб бўлсам!”
Дунёни тарк эта бошлади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам онамизга жон топшириш аччиқлигини енгиллатиб, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло мўминларнинг онасига мустаҳкам имони учун, Ислом динига ёрдам қилгани ва бор мол мулкини Аллоҳ йўлида саҳоват ила нисор қилиб юборганлиги учун жаннатда неъматлар ҳозирлаб қўйганлигининг башоратини берар эдилар.
إِنَّ الْمُتَّقِينَ فِي جَنَّاتٍ وَعُيُونٍ * آخِذِينَ مَا آتَاهُمْ رَبُّهُمْ إِنَّهُمْ كَانُوا قَبْلَ ذَلِكَ مُحْسِنِينَ * كَانُوا قَلِيلًا مِّنَ اللَّيْلِ مَا يَهْجَعُونَ * وَبِالْأَسْحَارِ هُمْ يَسْتَغْفِرُونَ * وَفِي أَمْوَالِهِمْ حَقٌّ لِّلسَّائِلِ وَالْمَحْرُومِ *
“Албатта, тақводорлар жаннатлар ва булоқлардадир. Роббилари берган нарсаларни олувчилардир. Чунки улар бундан олдин эҳсон қилувчилардан бўлганлардир. Улар кечалари оз ухлар эдилар. Ва улар саҳарларда истиғфор айтар эдилар. Ва молу мулкларида, сўровчи ва бечораларнинг ҳақи бордир”. (Зариёт сураси, 15 – 19 оятлар)

Улуғбек қори Йўлдошев

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  11 Fevral 2019, 15:00:28

Садақа балони қайтаради
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига кeлиб: «Эй Аллоҳнинг расули, садақанинг қайси бири ажри улуғроқ?» дeганида, у зот:
«Ўзинг соғ, ҳирсли, қизғанчиқ, камбағалликдан қўрқиб, бойликни орзу қилиб турган пайтингда садақа қилганинг. Токи жонинг ҳалқумингга етиб келгунча кeчиктирмагин. Сeн фалончига унча, пистончига бунча, дeб айтасан. Ҳолбуки фалончига бўлиб бўлади», дeдилар. (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари)
Садақа балони қайтаради. Садақа қилиб юрган одамнинг бошига кулфат тушганида хотиржамликдан қилган садақаларининг ҳурматидан Аллоҳ таоло ҳам у бандага ёрдам беради. Қадим замонларда бир подшоҳ бўлган  экан. У бир куни эълон қилибди:
- Шаҳарда тиламчи ва  гадойлар кўпайиб кетди! Бугундан эътиборан кимки тиламчи ва  гадойларга садақа берса, қўллари кесилсин!
Шундан сўнг юртда ҳеч ким гадойларга садақа  бермай қўйибди. Кунлардан бир кун бу  шаҳарга кираётган карвонини  қароқчилар талаб, боридан айрилган савдогар биринчи тўғри келган уйнинг эшигини  тақиллатибди.
Дарвозани чиройли бир қиз  очибди.
- Бир қултум сув билан, бир бурда нон бер,-  сўрабди савдогар.
Қиз уйга кириб кетаётиб, шоҳнинг  фармони эсига тушиб қолибди. Сўнг орқасига қайтиб, у кишига:
- Отахон, бизнинг юртимизда ким тиламчига  садақа берса, қўллари  кесилсин деб, фармон  чиқарилган,- дебди. Шунда у  киши:
- Мен тиланчи эмасман, савдогарман. Карвонимни қароқчилар уриб кетди, оч қолдим,  савоб бўлади,- дебди.
Қиз ночор унга сув ва нон берибди.
Айғоқчилар бундан  хабар топиб, қизнинг  қўлларини кесишибди.
Орадан анча вақт ўтибди. Шоҳ  юртини кезиб юриб, бир  хонадондан дардли ва мунгли нола  эшитиб қолибди. Суриштирса, фармонга асосан қўли кесилган қизэкан. Шоҳ ичкари кириб, гўзал қизни кўрибди. Қилган ишидан пушаймон бўлиб, айбини ювиш учун унга уйланибди. Қиз унга сира кўнгил қўя олмапти. Вақтлар ўтиб, ўғил кўрибди. Кейин йўл топиб, боласи билан саройдан қочибди. Юриб-юриб анҳор  бўйига келибди. Сув ичай деса,  қўллари йўқ. Сувга энгашибди.  Шу пайт белига боғлаган  боласи анҳорга тушиб  кетибди.
Олай деса қўллари йўқ, дод солиб йиғлаб:
- Эй Аллоҳ! Мен ожизани Ўзинг қўлла,- дебди.
Шу пайт одам шаклидаги икки фаришта келиб, бири сувни орқага қайтарибди. Иккинчиси:
- Эй маъсума аёл, қўлингни  сувга тиқ,- дебди.
Қўлларини сувга тиққан экан,  қайтадан қўллари чиқиб  боласини сувдан олибди ва  Аллоҳга ҳамду-санолар  айтибди. Сўнг улардан кимлигини сўраса улар:
- Биз бир бурда нон ва бир  қултум сувмиз,- деб жавоб  беришган экан.

Улуғбек қори Йўлдошев. Асака т. “Холид ибн Валид” масжиди ходими

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  11 Fevral 2019, 15:16:26

Ота онага яхшилик
Аллоҳ таоло Ўзининг каломи шарифида бундай марҳамат қилади:
وَوَصَّيْنَا الْإِنْسَانَ بِوَالِدَيْهِ حَمَلَتْهُ أُمُّهُ وَهْنًا عَلَى وَهْنٍ وَفِصَالُهُ فِي عَامَيْنِ أَنِ اشْكُرْ لِي وَلِوَالِدَيْكَ إِلَيَّ الْمَصِيرُ
яъни, “Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) буюрдик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди. Уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (битар). (Биз инсонга буюрдикки) «Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Қайтиш Менинг ҳузуримгадир”. (Луқмон сураси, 14-оят)
Ояти карима мазмунига кўра ота-она ким бўлишидан қатъи назар уларга яхшилик қилиш барча фарзандларнинг муҳим бурчи эканини билдик. Оят мазмунига мувофиқ кексайиб қолган вақтларида уларга янада кўпроқ аҳамият бериш ва ғамхўрлик кўрсатиш лозимлиги маълум бўлди.
Дарҳақиқат, динимиз таълимоти ва йўл-йўриқлари ота-оналарга яхшилик қилиш, уларга итоатда бўлиш, ҳурмат-эътиборини ўрнига қўйиш, уларга ҳеч қачон осийлик қилмаслик, айниқса ёшлари улғайиб, кексалик палласига етганларида чиройли парвариш ва ғамхўрлик кўрсатишга чорлайди. Ота-она фарзандни вужудга келишига сабабчи бўлган улуғ зотлардир. Ҳар икковлари кечалари ухламай уни вояга етказадилар ва бу йўлда катта қийинчилик ва заҳматларни бошдан кечирадилар. Ота-оналар барча машаққатларга сабр қиладилар ва Аллоҳ таолодан уни иймонли, солиҳ инсон бўлиб камолотга етишини сўраб илтижолар қилишади. Аллоҳ таоло ота-онага яхшилик қилиш ва ҳурматларини жойига қўйиш, уларнинг ҳузурларида қалблари азият чекиб, диллари вайрон бўладиган бирон-бир сўзни айтмаслик, уларга яхшилик қилишнинг Ўзига ибодат қилиш билан бир даражада эканини таъкидлаб, бундай дейди.
وَقَضَى رَبُّكَ أَلَّا تَعْبُدُوا إِلَّا إِيَّاهُ وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا إِمَّا يَبْلُغَنَّ عِنْدَكَ الْكِبَرَ أَحَدُهُمَا أَوْ كِلَاهُمَا فَلَا تَقُلْ لَهُمَا أُفٍّ وَلَا تَنْهَرْهُمَا وَقُلْ لَهُمَا قَوْلًا كَرِيمًا    وَاخْفِضْ لَهُمَا جَنَاحَ الذُّلِّ مِنَ الرَّحْمَةِ وَقُلْ رَبِّ ارْحَمْهُمَا كَمَا رَبَّيَانِي صَغِيرًا
яъни, “Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга «уф!..» дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт! Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: «Эй, Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!» (Исро сураси, 23-24 оят)
Буюк фақиҳ, Абу Лайс Самарқандий (Аллоҳ раҳмат қилсин) айтади: “Ибн Аббос дейдики: “Қайси бир мўминнинг ота-онаси бўлсаю икковларига яхшилик қилиб тонг оттирса, Аллоҳ таоло унга жаннатдан икки дарвоза очади. Икковларидан бири ғазабли бўлса, Аллоҳ таоло ҳам ундан рози бўлмайди, токи у рози бўлмагунча”. Сўради: “Агар золим бўлса-чи?”. “Агар золим бўлса ҳам!”
Яна бир ривоятларида бундай келади: Учта оят учта нарса билан бирга тушди. Улардан биронтасини иккинчисиз Аллоҳ қабул қилмайди.
Аллоҳ айтди: “Намозни тўкис адо қилинг ва закотни беринг”, (Бақара.  4). Ким намоз ўқиса, закот бермаса, ундан намози қабул қилинмайди.
Аллоҳ айтди: “Аллоҳ ва Пайғамбарига итоат қилингиз”, (Оли Имрон.  132). Кимки Аллоҳга итоат қилса, пайғамбарига итоат қилмаса, ундан қабул қилинмайди.
Аллоҳ айтди: “Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин”, (Луқмон. 14). Ким Аллоҳга шукр қилса, ота-онага шукр қилмаса, ундан қабул қилинмайди.

(Жума тезислари асосида тайёрланди)

Қамариддин Шарофуддинов. Асака т. “Имом Абу Юсуф” жоме масжиди имом хатиби

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  12 Fevral 2019, 11:24:28

НАФСНИНГ ЖИЛОВИ
Қуръони каримда нафс уч хил сифат билан келган:
1.   Хотиржам нафс – Раббисининг тоати ва амрларига сокин, унинг муҳаббати ва бандалигига хотиржам бўлган нафсдир.
2.   Маломатчи нафс – қўлдан бой берилган яхшилик ва савоблар учун эгасини маломат қилувчи нафс.
3.   Ёмонликка буюрувчи нафс – эгасини шаҳватлар ва ботил нарсаларга ундовчи нафс. Аслида нафс жоҳил бўлиб, тарбия ва поклаш натижасида Аллоҳ таолонинг инояти билан хотиржам нафсга айланади.
Жумҳур уламолар нафсни поклаш, қалб касалликларини ўрганиш уммат учун фарзи кифоя эканлиги, лекин кимда бирор қалб касаллиги бўлса, уни кетказиш йўлларини ўрганиши фарзи айнга айланишини баён қилишган.
Нафсимизни поклаш учун қуйидагиларга амал қилишимиз керак экан:
1.   нафсни риё, ужб (ўзидан фахрланиш), бахиллик, очкўзлик, таъма, охират ҳисоб-китобидан хотиржам бўлиб қолиш каби ёмон хислатлардан поклаш;
2.   нафсни ихлос, инобат (Аллоҳ таолога қайтиш), Аллоҳдан қўрқиш, шукр ва камтарлик каби чиройли хислатлар билан гўзал қилиш;
3.   фарз ибодатларни доимий адо этиб юриш, чунки Аллоҳ таолога фарзлардан кўра севимли амал йўқ;
4.   нафл ибодатларни кўп қилиш, чунки банда нафл ибодатлар билан Аллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилиб бораверади, ҳатто Аллоҳ таоло бандасини яхши кўриб қолади;
5.   Қуръони каримни тадаббур билан қироат қилиш. Зеро, Қуръон тиловати қалбни поклайди, қалб покланса, нафс ҳам покланади. Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам:
إِنَّ هَذِهِ الْقُلُوبَ تَصْدَأَ كَمَا يَصْدَأَ الْحَدِيدُ إِذَا أَصَابَهُ الْمَاءُ قِيلَ يَا رَسُولَ اللهِ وَمَا جَلَاؤُهَا قَالَ:" كَثْرَةُ ذِكْرِ الْمَوْتِ
 وَتِلَاوَةِ الْقُرْآنِ" (رَوَى الْاِمَامُ الْبَيْهَقِيُّ).
яъни: “Бу қалблар ҳам худди темир сув текканда занглагани каби занглайди”, – дедилар. Шунда: “Эй, Аллоҳнинг расули, қалбни сайқаллаш (зангини кетказиш) қандай бўлади? ” – дейилди. “Ўлимни кўп эслаш ва Қуръон тиловат қилиш”, – дедилар (Имом Байҳақий ривояти);
6.   илм ўрганиш;
7.   нафсни тергаб туриш ва нафснинг шариатга зид хоҳишларига қарши курашиш. Бу орқали инсон ҳавои нафс, шайтон ва дунё лаззатлари устидан ғолиб келади. Ўтган солиҳлардан бири Ибн Меҳрон раҳматуллоҳи алайҳ: “Киши ўз нафсини дўстини тергагандан ҳам қаттиқроқ тергаб турмагунча, ейиш-ичиши ва кийими (ҳалолдан ё ҳаромдан экани)ни билмагунича, тақводорлардан бўла олмайди”, – деганлар (Имом Термизий ривояти). Ҳасанул Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: “Бандага ўз нафсидан насиҳатчи бўлса ва нафсни тергаш эътиборида турса, у доим яхшиликда бўлади”, – деганлар;
8.   Солиҳ инсонлар билан суҳбатлашиш ва хулқи бузуқ одамларнинг суҳбатидан четда бўлиш. (Жума тезислари)
Мўъмин киши неъматлар ичида бўлганда унга ҳамдларини янада кўпайтиради. Чунки у дунё матоҳлари ўткинчи эканини ҳис этади. Бу дунёни фақат маишатдан иборат деб билганлар эса дунё матоҳларига эришса, лаззатдан бошқа нарсага ўтмайди. Аллоҳни жуда кам эслайди.
Инсон бу дунёда лаззатланиб, яшаши унга нима зарар келтиради? Билайликки дунёнинг барча неъматлари инсон учун яратилган. Муаммо унинг лаззатланишида эмас. Муаммо Яратганнинг бизга инъом этган жисмимизга нисбатан бепарволигимиздадир. Жисмимизни нимага ишлатишимиз кераклигини унутишимизда. Натижада инсонни фақат нафсини қондиришдан бошқа ғами бўлмай қолади.
Муаммо нафсда бўлиб, у ислоҳ қилинмаса жиддий камчиликка йўлиқади. Қачон инсон нафси буюрганига чопиб, унга сўзсиз итоат этар экан у икки жиддий дардга йўлиқади.
Биринчиси - нафснинг  туганмас орзуларига дуч келади. Сен эса унга итоат этасан. Сўраганини берар экансан, у сенинг бераётганларингга қониқмасликка ўтади. Нафс  эгасидан лаззатларни кўпайтиришни талаб қилади. Эгаси эса қулларча унга итоат этади. Биз билайликки нафсни қанча қондиришга уринмайлик  у қониқмайди.
Иккинчи муаммо нафснинг ўзида. Ҳар вақт сен уни қониқишга уринганингда у қониқадию, лекин бу қониқиш вақтинча давом этади. Маълум вақт лаззатланади. Кейин эса бу қониқиш кичрайиб бориб оқибатда йўқолади. Бу ҳолат қабрига киргунича давом этади. Унинг истакларининг охири йўқ. (naqshband.uz)
     
Исомиддин Сайфуллаев. Асака т. “Имом Муҳаммад” жоме масжиди имом хатиби

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  12 Fevral 2019, 12:02:40

ИШИДга раддиялар
   Бугунги кунда Сурияда бўлаётган хунрезликлар бутун жамиятнинг асосий диққат марказида бўлиб турибди. Дунёга бунчалик ғавғо солганлар ўзларини Ислом номидан иш кўраётганлигини даъво қилсалар-да, аслида уларнинг бу бебошликлари мутлақо Ислом таълимотларига зид эканлигини нафақат мусулмон халқи, балки бутун афкор оммаси англаб турибди. Шундай бўлсада, баъзи бир Исломни тўлиқ англамаган ёки қалбида муқаддас динимиз таълимотларига ғаразликлари бўлган кимсалар ҳамон ИШИДни Исломга нисбат қилмоқда. Бунга уламоларимиз аниқ далиллар асосида раддиялар бермоқда. А. Тўлеповнинг “ИШИД фитнаси” китоби ҳам юртимизнинг ҳар бир мусулмон ва бошқа дин вакиллари ўқиб чиқишлари лозим бўлган манба десак хато қилмаган бўламиз.
   Дунёдаги барча Ислом уламолари ҳам узлуксиз равишда баёнотлар бериб бормоқдалар. Жумладан Миср диёри муфтийси Доктор Шавқий Аллом ИШИД ҳақида қуйидаги фикрларни билдирди: ”ИШИД – адашган террористик гуруҳ! Ғарб ОАВ бу уюшмани исломий атама ва номлар билан атаб, ИШИДнинг Ислом суратида намоён бўлишига ҳисса қўшмоқдалар. ОАВ воқеликни бу тарзда ёритишдан ниҳоятда ҳушёр бўлиши лозим. Чунки қаршимизда Ислом динига умуман алоқаси бўлмаган бир террорчилик ташкилоти турибди”.
Яқинда ОАВ орқали “Ал-Азҳар” университетининг дунёга машҳур уламоларининг ИШИДга қарши раддиялари эълон қилинди. Жумладан Нуфузли олимлар ҳайъати аъзоси Доктор Маҳмуд Маҳно шундай дейди: “Ироқ ва Сурияда фаолият олиб бораётган ушбу террорчи ташкилот баъзилар хато талқин қилаётганидек, «Аҳли сунна» намоёндалари эмас. Чунки «Аҳли сунна» эътиқоди тинч аҳолига ва мусулмонларга тажовуз қилишга зинҳор рухсат бермайди. У ноҳақ қон тўкишнинг ҳаром эканини қатъий таъкидлайди. ИШИД суннани боши берк кўчага олиб кирмоқда. Ислом динини бутунлай салбий суратда гавдалантириб, уни беҳуда, ўйинчоқ ва қотиллик дини сифатида намоён қилмоқда. Мусулмон ўз биродарига қилич кўтармайди. Ҳатто ўзга дин вакиллари модомики мусулмонларга қарши жанг қилишмас экан, уларга ҳам қилич кўтариш мумкин эмас”.
Доктор Аҳмад Таййиб ИШИД ҳақида шундай дейди: “Ислом дини вайронагарчилик ва қотиллик каби ишларни амалга оширадиган қуролли ҳаракатларни рад қилади. Ислом бундай ишлардан мутлақо йироқ!”
   Нуфузли олимлар ҳайъати бош котиби Доктор Аббос Шумон шундай дейди: “Ислом башарият учун тинчлик ва раҳмат дини! Ироқ ва Суриядаги хунрезлик ишлари эса Исломдан эмас! Мусулмон одам бошқа дин ва ақида вакилларига нисбатан раҳм-шафқатли, кечиримли ва бағрикенг бўлиши лозим. Мусулмон киши ақида сабабли бировга зулм қилиши, террорчилик ҳаракатларини амалга ошириши ва қўполлик қилиши, хусусан, бу ишларни мусулмонга нисбатан амалга ошириши асло мумкин эмас”.
Дарҳақиқат, тинч аҳолининг қонларини ноҳақдан тўкишлик Қурони карим ҳукмига кўра абадий азобга гирифтор қилгувчи улкан гуноҳдир. Бу ҳақда Нисо сурасининг 93-оятида баён қилинган:
وَمَن يَقْتُلْ مُؤْمِناً مُّتَعَمِّداً فَجَزَآؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِداً فِيهَا وَغَضِبَ اللّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُ وَأَعَدَّ لَهُ عَذَاباً عَظِيماً
    Яъни: “Ким бир мўминни қасддан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир”.
   Ҳа, бу Аллоҳнинг ваъдаси. Умид қиламизки, бузғунчилар ҳадемай қилмишларига яраша жазосини тортадилар. Ҳақиқат ва порлоқ эътиқод ҳамиша ўз мавқеъини йўқотмагай.

   Бахтиёржон Хайитбоев. Мулла Абдулазиз жомеъ масжиди имом хатиби
   Асака

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  12 Fevral 2019, 15:38:38

Сабру-бардош
Мўмин киши имон-эътиқодидан келиб чиқиб, ҳаётнинг барча оғир синовлари, турли мусибатлар, бетоблигу-йўқотишларга сабр қилиши натижасида Аллоҳ таолонинг улкан мукофотларига сазовор бўлишини қуйидаги ояти карималар мисолида кўришимиз мумкин:
وَلَنَبْلُوَنَّكُمْ بِشَيْءٍ مِنَ الْخَوْفِ وَالْجُوعِ وَنَقْصٍ مِنَ الْأَمْوَالِ وَالْأَنْفُسِ وَالثَّمَرَاتِ وَبَشِّرِ الصَّابِرِينَ   الَّذِينَ إِذَا أَصَابَتْهُمْ مُصِيبَةٌ قَالُوا إِنَّا لِلَّهِ وَإِنَّا إِلَيْهِ رَاجِعُونَ   أُولَئِكَ عَلَيْهِمْ صَلَوَاتٌ مِنْ رَبِّهِمْ وَرَحْمَةٌ وَأُولَئِكَ هُمُ الْمُهْتَدُونَ 
яъни: “Сизларни бироз хавф-хатар, очлик билан, молу жон ва меваларни камайтириш йўли билан синагаймиз. Сабр қилувчиларга хушхабар беринг! Уларга мусибат етганда: “Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз”, дейдилар. Айнан ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот ва раҳмат бордир ва айнан улар, ҳидоят топувчилардир”. (Бақара. 155 – 157)
“Сабр” лафзи умумий  бўлиб,  бир қанча фазилатларни жам қилади ва улар турли исмлар билан номланади. Масалан, урушда сабр қилишлик шижоат деб аталади. Турли мусибатларга сабрли бўлганни қалби кенг ва матонатли киши дейилади. Бу ҳақда Ҳужжатул ислом имом Ғаззолий кенг маълумот бериб бундай дейди: “Сабр агар қорин ва фарж шаҳватида бўлса, у иффат деб аталади.
Бирон-бир ёмонликка сабр қилиш бўлса, умумий сабр номи берилган. Имонга тааллуқли аҳлоқларнинг аксари ҳам сабрга тегишлидир. Зеро, Расулуллоҳдан (с.а.в) бир гал имон ҳақида сўрашганида, “Имон – сабр”, деб жавоб қилганлар. Чунки имоннинг кўпгина улуғ амаллари сабр билан бўлади”.
Инсон ўз табиатига кўра бошига бирон-бир мусибат тушса, ғам чекади, хафа бўлади.   Бу табиий бир инсоний ҳиссиётдир. Бу айб  ҳисобланмайди. Аммо бу ҳиссиётга қаттиқ берилиш, натижада ҳаддан зиёд дод-фарёд қилиш  ва ўзини йўқотиб қўйиш ножоиз амал  ҳисобланади.  Балки сабрли кишига энг муносиби чиройли сабр қилиши ва ўзига етган мусибатдан асло шикоят қилмаслигидир. (Жума тезислари)
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Аллоҳ таоло: «Мўмин бандаларимдан бирортасининг дунё аҳлидан бўлган сeвимли кишисини олиб қўйсам, сўнгра савоб умидида сабр қилса, уни фақат жаннат билан тақдирлайман», дeйди».
Имом Бухорий ривоятлари.
Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади – Оиша онамиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан ўлат ҳақида сўраганларида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бу аввал азоб эди. Аллоҳ уни хоҳлаган кишиларига юборар эди. энди уни мўминларга раҳмат қилди. Бирор банда ўлат бор ерда бўлиб қолса ва ўша шаҳарда савоб умидида сабр қилиб, Аллоҳ ёзиб-битиб қўйган
мусибатдан бошқа нарса етмаслигини билса, у бандага шаҳиднинг ажри мислича савоб бeрилади», дeдилар. Имом Бухорий ривоятлари. (Риёзус солиҳийн. зиёуз.cом кутубхонаси)
Аллоҳ таоло мўминларни сабр бобида ғанимлардан ҳам устун бўлишга ва фақат Ўзидангина қўрқишга чақиради:
“Эй, имон келтирганлар! Сабр қилингиз, бағрикенг бўлингиз ва (Аллоҳ йўлига) тахт бўлиб турингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, зора (охиратда) нажот топсангиз”!
Аллоҳ таолонинг барча пайғамбарлари сабр-қаноатда инсониятга ибрат бўлишган. Энг суюмли фарзандидан айрилган Яъқуб алайҳиссалом, туҳмат ва фитна туфайли узоқ вақт зиндонбанд бўлган Юсуф алайҳиссалом, Аллоҳ юборган машаққат, дард-офатларига кўнган Айюб алайҳиссалом, хўрлаш-қийноқларга дош берган Мусо алайҳиссаломларнинг буюк сабрлари инсониятга ибрат ўлароқ тарих саҳифаларида қолган. Аллоҳ таоло Ўзининг охирги пайғамбари Муҳаммаддан (алайҳиссалом) олдин ҳам барча элчиларини ваҳийни етказишда, инсонларни имонга чақиришда бошларига тушаётган машаққат ва озорларда сабр кўрсатишга буюрган.
Ояти каримада Аллоҳ таоло Пайғамбарини ҳам, мусулмонларни ҳам даъватни етказишда, инсонларни Аллоҳнинг азобидан огоҳлантиришда ниҳоятда сабрли бўлишга чақирмоқда. Исломнинг илк даврида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг ваҳийларини маккаликларга етказиш, уларни ҳақ динга даъват қилишда катта қийинчилик, мусибат ва озорларга дуч келдилар. Буларни фақат сабр-бардош билангина енгиш мумкин эди. Чунки сабр инсоний фазилатларнинг энг муҳими ва афзалидир. Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига бундай амр қилади:
“Бас, (эй, Муҳаммад!) Сиз ҳам матонатли пайғамбарлар сабр қилганларидек сабр қилинг ва уларга (тушадиган азобни) қистаманг” !
Имом Ғаззолий “Иҳёу улумид-дин”да бундай ёзадилар: “Сабр – шаръий ҳукми эътиборига кўра фарз, фазилат, макруҳ каби турларга бўлинади. Ман этилган нарсаларга сабр қилиш, яъни уларни қилмаслик фарздир; яқинлари оламдан ўтганида сабр қилиш фазилатдир; шаръан макруҳ бўлган жиҳат билан етказилган озорга сабр қилиш макруҳдир”. (nasafziyo.uz)

Баҳодиржон Сулаймонов. Асака т. "Файзобод" жоме масжиди имом хатиби

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  12 Fevral 2019, 16:07:43

ҲУРМАТ ҚИЛСАНГ ҲУРМАТ ТОПАСАН
   Бизнинг халқимиз учун кексаларни эъзозлаш, ўзидан бир-икки ёш каттани ҳам ҳурмат қилишлик ота-боболаримиздан қолган мерос. Бошқа миллат вакилларида ҳам катталарни ҳурмат қилиш йўқ деб бўлмайди, бироқ Ислом таълимотига йўғрилган бизнинг халқимизда яна ҳам ўзгача. Чунки бу юксак фазилат бизнинг қонимизга сингиб кетган. Бизнинг мурғаклигимиз шу тарбияда ўсган. Оилавий муҳит, бизни ўз ичига олган жамият шунга асосланган.
   Эътироф этиш керакки, ҳар бир оилада ҳам ота ёки она ўғли ёки қизига алоҳида тўхталиб, ўзидан катталарни ҳурмат қилиш кераклиги, аксинча беҳурматлик ёмон иллатлардан эканлигини сўзма-сўз айтавермайди. Балки бизни ўз ичига олган муҳит жамият аъзоларининг тарбиясига кучли таъсир қилади.
Инчунун маданият ва турмуш тарзи глобаллашгунга қадар шарқ халқларининг ўзига хос тарбиявий ўчоғи бўлган. Бироқ ҳозирга келиб бутун дунё маданияти ва маънавиятининг бир-бирига таъсири натижасида бошқа миллатлар бизнинг минглаб йиллик маданиятимизнинг нечоғлик ҳақ эканлигин эътироф  этиб туришлари баробарида, бизнинг халқимиз орасига ҳам уларнинг айрим фойдали маданиятлари қаторида иллатлари ҳам кириб келмоқда. Оммавий маданият, олмон маданияти кабилар шулар жумласидандур.
Катталарга нисбатан ҳурматсизлик ва беписандлик, уларнинг олдида ўзларича атрофдагиларнинг эътиборини тортадиган даражадаги бедобона гап қайтариш муносабатлари ҳам айнан глобал маданият таъсири, интернет маълумотлари ва чет давлатларда суратга олинган кинолардан олинган “ибрат”лардан ўзга нарса эмас. Шунинг учун ёшларимиз тарбиясига ҳар томонлама ҳушёр бўлишимиз керак.
Юқорида айтганимиздек, ҳар бир ота-она ҳам фарзандига алоҳида тарбия бериш  қобилиятига эга бўлмаслигини эътиборга олиб, жамиятимиз ичидаги шарқона тарбияни ривожлантиришимиз, бунинг учун эса, ўзимиз бу ҳақда тушунчага эга бўлишимиз керак. Шу маънода кексаларни ҳурмат қилишга оид шариатимиз кўрсатмаларини қайта-қайта эсласак фойдадан ҳоли бўлмас.
  Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
“Кичикларимизга раҳм қилмаган ва катталаримизнинг ҳақларини билмаганлар биздан эмас”. ( Имом Бухорий. “Адабул-муфрад”)
Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо  Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади:
“Ёш киши кексани ҳурмат қилса, Аллоҳ ҳам унга кексалигида уни ҳурмат қиладиганни тақдир қилиб қўяди”. (Термизий ривояти)
Бу айни ҳақиқат. Аслидаку, пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари бизнинг исботимизга муҳтож эмас, шунинг учун биз бу даъводан йироқмиз, фақат уни ўз ҳаётимизда аниқ кўрганимизни айтамиз, шоядки ўзимизнинг ва бошқаларнинг имони-яқинига қувват бўлса.
Демоқчимизки, ҳозирги кунда ёшлар катталарни ҳурмат қилмай қўйди деб ғудраганлар ёшлик пайтларида катталарни ҳурмат қилмаган. Ҳурмат қилганлар эса, бугунги кунда ҳурмат ва эъзозда.

Муҳаммадсобир Иминов. Асака т. "Ҳазрат Умар" масжиди имом хатиби

Qayd etilgan