Maʻrifiy maqolalar  ( 115140 marta o'qilgan) Chop etish

1 ... 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 B


MirzoMuhammad  13 Fevral 2019, 11:52:48

Ароқ ичган одам
Айтилдики, кабира гуноҳлар қуйидагилардир: Аллоҳга ширк кeлтириш, ноҳақ одам ўлдириш, ароқ ичиш, зино, ливота (баччабозлик), пок эркак ва аёлларни зинокор дeб сўкиш, мусулмон ота-онага бир сўз ёки иш билан осий бўлиш, Аллоҳ йўлидаги бир ёки икки кишидан қочиш, етимнинг молини ейиш, ёлғон гувоҳлик бeриш, судхўрлик, рамазон куни ҳeч бир узрсиз қасддан овқат емоқ, қариндош-уруғчиликни узмоқ, ёлғон қасам, инсонларнинг молини зулм билан емоқ, тошу тарозидан урмоқ, Набийни (соллаллоҳу алайҳи васаллам) сўкиш, Набийга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қасддан ёлғон тўқиш, узрсиз гувоҳни бeркитиш, порахўрлик, ўзини ўлдирмоқ ва аъзоларидан бирини кeсмоқ, эр-хотин орасида чақимчилик қилиш, золим подшоҳ ҳузурида чақимчилик қилиш, сeҳр, закот бeрмаслик, амри маъруф ва наҳий мункар қилмаслик ёки қилдирмаслик, яхши одамлар орасига адоват солиш, ҳайвонни ўт билан куйдириш, хотин киши эри чақирганида унга ижобат қилмаслиги – буларнинг барчаси гуноҳи кабиралардир.
Уммул мўминин Ҳазрати Ойишадан (разияллоҳу анҳо) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтдилар:
"Кимки ароқ ичса қизингизни бeрмангиз, агар касал бўлса, бориб кўрмангиз, ўлса, унга жаноза ўқимангиз. Мeни ҳақ билан пайғамбар қилиб юборган Зотга қасам ичиб айтаманки, ароқ ичган одам Тавротда ҳам, Инжилда ҳам, Забурда ҳам, Қуръонда ҳам лаънатлангандир! Кимда ким ароқ ичган одамга бир луқма бeрса, Аллоҳ унинг жасадига илону чаёнларни йўллаб қўяди. Кимки ароқхўрнинг ҳожатини чиқарса, Исломни қулатишга ёрдам бeрган бўлади. Кимки унга қарз бeрса, мўмин кишини ўлдиргани ёрдам бeрган бўлибди. Кимки ароқ ичувчи билан бирга ўтирса, Аллоҳ уни қиёмат кунида ҳужжати йўқ бир кўр қилиб тирилтиради". Дурратун носиҳийн. Хубарий. зиёуз.cом кутубхонаси)
Маълумки, ичкиликбозлик инсоннинг қалбини қорайтирадиган, уни ақлдан бегона қиладиган ёмон иллат. Бу иллат ўз вақтида даволанмаса унинг асорати оғир оқибатларга олиб бориши аниқ. Шунинг учун динимизда ичкиликбозликдан қаттиқ қайтарилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِنَّمَا الْخَمْرُ وَالْمَيْسِرُ وَالْأَنْصَابُ وَالْأَزْلَامُ رِجْسٌ مِنْ عَمَلِ الشَّيْطَانِ فَاجْتَنِبُوهُ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ  إِنَّمَا يُرِيدُ الشَّيْطَانُ أَنْ يُوقِعَ بَيْنَكُمُ الْعَدَاوَةَ وَالْبَغْضَاءَ فِي الْخَمْرِ وَالْمَيْسِرِ وَيَصُدَّكُمْ عَنْ ذِكْرِ اللَّهِ وَعَنِ الصَّلَاةِ فَهَلْ أَنْتُمْ مُنْتَهُونَ (سورة المائدة الأية90-91).
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Албатта, май (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бут-санамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликдирки, ундан четланингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз. Шайтон май билан қимор (ёрдами)да ўрталарингизга адоват ва нафрат солишни ва сизларни Аллоҳнинг зикри ҳамда намоздан қайтаришни хоҳлайди. Бас, энди, сизлар (май ичишдан) тийилувчимисиз?” (Моида сураси, 90-91- оятлар).
Мазкур оятда май – маст қилувчи ичимлик қимор ўйнашга, бут-санамларга ибодат қилишга, ҳар хил воситалар ёрдамида фолбинлик қилишга тенглаштирилмоқда. Айни вақтда буларда шайтоннинг қўли бўлиб, у одамларнинг орасини бузишга, ўртасида уруш-жанжаллар чиқаришга ҳаракат қилиши айтилмоқда. Мўмин-мусулмон киши бундай ишлардан ўзини сақламоғи лозим. (Жума тезислари)
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай огоҳлантирдилар:
"مَنْ شَرِبَ الْخَمْرَ أَتَى عَطْشَانَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ أَلَا فَكُلُّ مُسْكِرٍ خَمْرٌ وَكُلُّ خَمْرٍ حَرَامٌ وَإِيَّاكُمْ وَالْغُبَيْرَاءَ"
яъни: “Кимки май ичса, Қиёмат кунида жуда чанқаган ҳолида келади. Огоҳ бўлингларки, ҳар бир маст қилувчи нарса майдир. Сизлар “ғубайро”дан сақланинглар!” (Имом Аҳмад ривояти).
“Ғубайро” ўсимлик тури бўлиб, унга турли хил шарбатлар қўшиб, май тайёрланган. 
Бу ерда май ичувчиларга Қиёмат кунида ўзига хос жазо тури берилиши айтилмоқда. Бу дунёда Аллоҳ таоло ҳаром қилган ичимликдан сақланмаганлар охиратда оғизлари қақраган - аянчли ҳолатда бўладилар. Бу улар тортадиган азоб ва қийноқларнинг биринчи босиқчидир. Улар бир томчи сувга зор бўлиб турганларида жаҳаннам аҳлининг йирингидан иборат суюқлик уларга берилади. Қиёмат кунида шу куйга тушишни хоҳламаганлар ўзларини ҳаром ичимликлардан тийсинлар ва Аллоҳга тавба қилсинлар!

Кимсанбой Акбаров. Асака т. "Ҳолмадодхоҳ" масжиди ходими

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  13 Fevral 2019, 14:14:24

Мутлоқ жавбгарлик
Пaйғaмбaримиз саллаллоху алайҳи ва саллам aйтaдилaр:
“Икки хислат бoрки, ундaн афзалроқ нарса йўқдир - Aллoҳгa иймoн кeлтириш ва инcoнлaргa яxшилик қилиш. дeдилaр. Икки хислат бoрки, ундaн ёмoнрoқ нарса йўқдир - Aллoҳгa ширк кeлтириш ва инcoнлaргa зиён еткaзиш”.
Жамиятдаги инсонларга ҳар қандай зарар етказиш гуноҳ ва жиноятдир. Жиноятнинг аввали оз-оздан бошланади. Ривоят қилишларича бир ўғри катта ўғирлик билан қўлга тушиб, ўғирлик мобайнида одам ўлдирганлиги учун ўлимга ҳукм қилинган. Шунда ўғри отасининг тилини тишлаб узиб олишига рухсат сўрабди. Бунинг сабабини сўраганларида ўғри шундай деган экан:
-   Мен болалигимда бир дона тухум ўғирлаб келган эдим. Дадам буни енгил санаб индамаган. Ўшанда дадам мени қаттиқ жазолаганда бугун шу ҳолатга етиб келмас эдим!
Яxшиликнинг ҳaм ёмoнликнинг ҳaм бoши oилaдa oтa-oнa вa фaрзaндлaр ўртacидaн бoшлaнaди. Aгaр oтa-oнa фaрзaндигa ниcбaтaн юриш-туришидa, ҳaр ҳил бузғунчи ғoялaр, экcтримиcтик кучлaр aлдoвлaригa aлдaнмacлиги йўлидa лoқaйдлик ва бeпaрвoлик қилмacaлaр, aлбaттa aнa шу oтa-oнa юртимизни янaдa гуллaб яшнaши, oилaлaримиз янaдa oбoд, турмушимиз ocудa бўлиши йўлидa ўз ҳиccaлaрини қўшгaн бўлaрди.
Абу ҳурайра разияллоҳу анҳу айтадилар – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Қайси бир туғилгувчи борки, у фитратда туғилади. Сўнг ота-онаси уни яҳудийлаштиради ёки насронийлаштиради, ёҳуд мажусийлаштиради. (Бухорий ривояти)
Ана ундан кейинги асосий масъулият маҳалла-кўй зиммасида бўлади. Маҳалла-кўйда, жамоат жойларида оммавий насиҳатлар олиб бориш, улуғ ёшлик отахонлар ва онахонлар ёш йигит ва қизларга якка тартибда одоб беришлари, беодоблик содир бўлаётган жойнинг ўзида бепарво ўтиб кетмасдан, ўз ўрнида тўғри йўлга солиш, керак бўлса беодоб фарзандларнинг ота-оналарини огоҳлантириб қўйишлар шулар жумласидан.
Айниқса, таълим муассасаларида ўқишни тугатиб, ёзги таътилга чиққан фарзандларимизга эътиборли бўлишимиз лозим. Уларнинг қизиқарли дам олишларига қулай шароитлар яратиб берайлик. Ота-оналар фарзандларини кўча-кўйда беҳуда тентираб, бўлмағур, ножўя хатти-ҳаракатлар қилишдан сақлаб, жуда гўзал ҳулқ эгаси бўлишга чақиришсин.
Буларнинг барчасини шариатимизда амри маъруф ва наҳйи мункар дейилади. “Амри маъруф” араб тилида “ал-амру бил маъруфи” (шариатда яхши деб танилган ишларга буюриш) бўлиб, бизларга форсий тил услубидаги изофа билан “амри маъруф” кўринишида кириб келган ва халқ ичида шойиста бўлган. “Найҳйи мункар” араб тилида “ан-наҳю ъанил мункари” (шариатда инкор қилинган ишлардан қайтариш маъносида) бўлиб, у ҳам форсча изофа билан “наҳйи мункар” бўлиб истеъмол қилинади.
Соддароқ қилиб айтганимизда мазкур икки вазифа жамият аъзоларини яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариб туришликдир. Усиз уммат ҳалок бўлгай. Амри маъруф ва наҳйи мункар имкони бор ҳар қандай мусулмонга фарз.  Ҳузайфа разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни огоҳлантирадилар:
 عَـن حـُذيـفـَـة رضي الله عـنه   عـَن النبي صلى الله عـليه و سلم  قال: "و الـَّـذِي نـَـفــْسِي بـِيـَدِه  لـَتــَأمُـرُنَّ  بـِالــْمَـعْـرُفِ  وَ لــَتـَنـْهَـون عـَن الــْمُـنـْـكــَر، أوْ لــَيُـشِـكــَنَّ الله أنْ يَبْـعَـثَ عَـلــَيْـكــُمْ عـِقــَابـــًا مِـنـْهُ ثــُـمَّ تـَدْعـوُنـَهُ فـَلا يُـسْـتـَجَـابُ لــَكــُمْ" (رواه الــتِرمـِزي) 

“Нафсим қўлида бўлган зотга қасамки, албатта яхши ишга буюрасиз ва, албатта мункар ишдан қайтариб турасизлар. Ёки бўлмаса тўсатдан Аллоҳ устингизга уқубат(жазо)ни юборадики, сўнгра дуо қилсаларингиз ҳам ижобат бўлмай қолади” (Термизий ривояти)
Жиноятчиликнинг асосий сабабларидан бири ҳам айнан лоқайдликдир. Жиноят содир қилаётган кимса, бировнинг чўнтагига тушадими, ароқ ичадими, беҳаёларча ўғил-қиз бир-бирини ўпиб қучоқлайдими, нима қилишидан қатъий назар биз яшаб турган жамият аъзосидир. Бугун бировнинг чўнтагини кесган бўлса, эртага менинг уйимни тунаши турган гап. Бугун беҳаёлик қилган бировнинг қизи эртага менинг қизимни етаклаши табиий.
 Ҳа, лоқайдлик бўлар экан жиноятчиликка қарши ҳар қандай кураш усулининг самараси пасайиб кетиши турган гап. Шунинг учун ҳаммамиз ва ҳар биримиз юрт осойишталиги ва эл хотиржамлиги олдида мутлоқ жавобгармиз.

Муҳаммадсоли Иминов. Марҳамат туманидаги “Полвонтош” жоме масжиди имом хатиби

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  13 Fevral 2019, 14:28:14

ҲАРОМНИНГ ЮКИ ОҒИР
Ҳаромнинг юки оғир шариатимиз кўрсатмаларида ҳар қандай зулм ҳаром саналади. Кишининг молига, обрўсига ва шаънига тажовуз қилиш мутлақо мумкин эмас. кимки шундай қилса, қаттиқ зарар топади.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади - Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сўрадилар:
- Муфлис нималигини биласизларми?
Айтдилар:
— Эй Аллоҳнинг Расули, бизнингча, муфлис на дирҳам ва на матоси бўлмаган кимсадир.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
— Умматимнинг муфлиси шундай бир кимсаки, у қиёмат кунида рўза, намоз ва закот билан келади. Аммо унга зулм қилган, бунинг молини еган, бошқасини урган, яна бирини сўккан. Бас, у ўтиради, ундан унга, бунга яхшиликлари қасос қилиб олиб берилади. Агар унинг зиммасидаги хатолар адо қилинмасдан туриб яхшиликлари тугаб қолса, уларнинг гуноҳлари олиниб, бунинг зиммасига юкланади, кейин эса жаҳаннамга отилади.
   “Муфлис” – араб тилида луғавий маънода “фулус” (чақа) сўзидан олинган бўлиб, сариқ чақага ҳам зор бўлиб,  муҳтожликда қолган инсон маъносини билдиради. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам  бу сўзни зарбул масал қилиб умматга улкан сабоқ берганлар.
Бировнинг ҳақи учун жавобгарлик шунчалар оғир. Шунинг учун жуда ҳам эҳтиёт бўлмоқ керак.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салам бир муборак ҳадисда ушбу воқеани ҳикоя қилиб берганлар:
Бир одам уй сотиб олиб, унда яшай бошлади. Бир куни уйда ўра қазиётган эди, олдидан бир катта кўза чиқиб қолди. Ичини очиб қараса, олтин билан лиқ тўла экан. Нима қилишини билмай ҳайрон бўлди-да, кўп бош қотирганидан сўнг шундай қарор қилди: “Бу уйни менга сотган киши ерга шунча тилла кўмилганидан бехабар бўлган. Мен ундан тиллаларни эмас, уйни сотиб олганман. Бу бойликни унга олиб бориб топширишим керак”.
Дарҳол идишни олиб, уйни сотган кишининг олдига борди. Бўлган воқеани айтиб:
-   Эй дўстим, бу идиш сизники, мен сиздан фақат уйни сотиб олганман, – деди. Уйни сотган киши ҳам:
-   Мен уйдаги барча нарсани сотганман. Демак, бу олтинлар ҳам сенинг ҳаққинг, – деб хазинани олишдан бош тортди.
У иккаласи шундай тортишиб, талашиб турганларида олдиларидан бир киши ўтиб қолди. Унга воқеани тушунтириб, ўртадаги муаммони қандай ечишни ундан сўрадилар. Учинчи киши: Сизларнинг фарзандларингиз борми? – деб сўради. Бири:
-   Менинг ўғлим бор, – деди.
Иккинчиси эса:
Менинг қизим бор, – деб жавоб берди.
Учинчи киши ўғил билан қизни уйлантириб, шу олтиндан у иккаласига харж қилишни таклиф қилди. У иккаласи бу ҳукмга рози бўлдилар.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам аср намозини ўқиганларидан сўнг Мадинадаги мусулмонлар дафн қилинадиган Бақиъ қабристонига етганларида: “Туф сенга! Туф сенга!” дедилар.
Абу Нофеъ Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга эди. Бу сўз менгамикин, деган хаёлга борди. Ҳар ҳолда бир оз хижолат бўлиб секинроқ юриб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир неча қадам орқароқда юра бошлади. Сарвари коинот саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-   Сенга нима бўлди? Юр тезроқ! – дедилар.
-   Мендан бирор нарса содир бўлдими, эй Аллоҳнинг расули? – деди.
-   Нега ундай деяпсан? – деб сўрадилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Менга “туф!” дедингиз-ку?
-   Йўқ. Лекин  бу фалончининг қабри. Уни фалон қабилага чопар қилиб юборган эдим, у хиёнат қилди. Ўзига жун матодан кийим олди. Энди ўшанинг баробарида олов сипқормоқда, – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.

Мухторжон Шарофуддинов. Марҳамат туманидаги Имом ал-Бухорий жомеъ масжиди имом хатиби

Qayd etilgan


okahon.8800  20 Fevral 2019, 09:23:36

Хасад - катта гунохларнинг эшигидир.
Хасад  - дунёдаги энг ёмон иллатлардан биридир. Инсоният тарихига назар солинса ер юзидаги аввалги содир этилган жиноят хам хасад сабабли содир бўлган. Яьни Одам (а.с) нинг Қобил исмли фарзанди ўз укаси Ҳобилни ҳасадининг сабабидан ўлдирди.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ўз ҳадиси шарифларида ҳасадчини худди зарарли оловга ўхшатганлар. Ҳадиси шарифларда “Кимўзарга уриниб, ўзаро ҳасад қилманглар”; “Ҳасаддан четланинглар, чунки олов ўтин ёки ўт-хашакларни еганидек, ҳасад ҳам ҳасанотлар (яхши амаллар)ни еб битиради”; “Мўмин банданинг ичида имон билан ҳасад жам бўлмайди”; “Ҳасад эгаси мендан (менинг умматим) эмас”, дейилади.
Ёнғин чиққан ерда олов хамма нарсани еб битирганидек, ҳасад ҳам, аввало, ҳасадчининг ичини куйдиради. Кейин аста аланга олиб, йўлда нима яхшилик бўлса, ҳаммасини куйдириб битиради. Шунинг учун ҳам ҳасадчи шахсга эътибор билан назар солсангиз, унда ҳеч бир яхшилик аломатларини топмайсиз.
Машхур шоирлардан хисобланган Асмаий бир юз йигирма ёшга тўлган кишидан узоқ умр кўриш сирини сўрадилар. Қария: "Бунинг беркитадиган сирли ери йўқ. Мен умрим давомида ҳасад деган балони ёшлигимдан парҳез қила бошладим ва албатта бунинг фойдасини кўрдим", деди.
Ҳасани  Басрий атдилар: “Эй одам фарзанди! Нима учун ўз биродарингизга ҳасад қиласиз. Агар уни ҳурматлаш учун Аллоҳ ўз фазлидан берган бўлса, нима учун Аллоҳ ҳурмат қилган кишига ҳасад қиласиз? Энди бундан бошқа нарсада бўлса унинг боражак жойи дўзах бўлганидан ҳасад қилмоғингиз ҳам яхши эмас”.
Муҳаммад ибн Сирин: “Дунё нарсаси учун ҳеч кимга ҳасад қилмадим. Агар у Жаннат аҳлидан бўлса, қандай қилиб жаннатда юрувчига ҳасад қилай? Ва у дўзах аҳлидан бўлса, қандай қилиб дўзахда юрган кишига ҳасад қилай?” дедилар.
Зомра ибн Саълаба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Модомики ҳасад қилмаса, одамлар яхшиликда бардавом бўладилар”, дедилар” (Имом Табароний ривояти).
Дархақиқат хасад сабабидан жуда гунохлар ва жиноятлар содир бўлади. Бунинг бошланши кўп холатларда ғийбат билан бошланиб ўзганинг муваффақиятини кўролмаслик, ичи қоралик, бахиллик, чақимчилик, адоватлашиш ва бошқа жуда кўп салбий иллатларда намоён бўлади.
Биргина хасаднинг ўзи бирнеча гунохлар сари олиб бориши бун нечоғлик оғир бўлган қалбий хасталик еканини кўрсатади.
Бу иллат бегоналар ўртасда эмас балки қондош ака укалар ўртасида хам бўлганлигини ишончли манбаалардан билишимиз мумкин. Қурьони каримнинг Юсуф сурасини ўқиган инсон бун яққол тушуниб олади. Хасад Юсуф (а.с) нинг акаларини қамраб олади ва уларни хақиқатдан кўзини кўр ва қулоғини кар қилиб, уларни раҳм-шафқатдан хиссидан тўсиб қўйди. “Ўшанда (акалари) айтдилар: “Юсуф ва унинг укаси (Бинямин) отамизга биздан кўра суюклироқдир. Ваҳоланки, биз бир тўп (кўпчилик)миз. Ҳақиқатан, отамиз аниқ гумроҳлик узрадир. (Кимдир деди): “Юсуфни ўлдирингиз ёки уни бирор ерга чиқариб ташлангиз, шунда отангизнинг ўзи сизларга қолар (фақат сизларга меҳр қўяр). Ундан кейин (яна) солиҳ (киши)лар қавми бўлурсиз”. (Юсуф сураси 8-9-оятлар).
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ўз ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қилганлар. “Ўзаро бир - бирингизга ҳасад қилманглар, бир бирингизга ғазаб қилманглар, ўзаро алоқаларни узиб юборманглар. Эй Аллоҳнинг бандалари ўзаро дўст биродар бўлинглар”.
Уламолар “Ҳасадгўй ҳеч қачон баxтли бўлмайди” – дейишади. Ҳасад доимо соҳибига баxтсизлик киулфат келтириб бу дунёда уятга, маломатга қолдирган. Шунинг учун ҳар биримиз ҳасаддан эxтиёт бўлишлигимиз лозим. Аллоҳ таоло барчаларимизни ҳасад, ҳасадгўйлик вз ҳасадгўй инсонларни ёмонликларидан сақласин.
“Муҳаммад Соли ҳожи” жоме масжиди ноиби Жамолиддинқори Парпиев.

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  20 Fevral 2019, 14:10:37

БАХИЛНИНГ  БОҒИ КЎКАРМАС
Бахил ўзини бахиллик қилмаяпман, ўз молимни ҳимоя қилиб тежамкорлик қиляпман деб ўйлайди ва закотини бермай фақат йиғиб асрайди, аммо оятда айтилаётгандек у ўзи учун ёмонликнинг айни ўзидир. Бу дунёда барака топмагани бир жазо бўлиб умрини зое қиладиган бўлса, қиёматда ўша закоти берилмаган, бахиллик қилган моллари бўйнига ўралиб дўзахга бошлаб кетади.
Ушбу оятни тафсир қилиб келган ҳадисда бахилнинг ҳолати яна ҳам очиқ айтиб ўтилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ кимга мол берса-ю, закотини бермаса, қиёмат куни мол унга икки холли улкан илон бўлиб кўринади ва бўйнига ўралади. Сўнгра икки чаккасидан тишлаб туриб: “Мен молингман, мен сен тўплаган хазинангман”, дейди”, дедилар. Кейин “Аллоҳ Ўз фазлидан берган нарсага бахиллик қиладиганлар буни ўзларига яхшилик деб ҳисобламасинлар”, оятини охиригача ўқидилар” (Бухорий ривоят қилган).
Ҳадисда бахилнинг ҳолати аниқ баён этиб берилмоқдаки, бундан ортиқ шарҳга зарурат йўқ, унинг зарари эгасини хорликка судраб кетади. Бахилликнинг зарари шундаки у жамиятда камбағалларнинг кўпайиб муҳтожлик ва табақаланиш кенг ёйилишига сабаб бўлади. Ислом дини эса инсонлар орасида муҳтожлик ва молига қараб табақаланишдан сақлашга чақиради. Мол тўплаш бандасига қанчалик ёқмасин, агар Аллоҳ унинг тақдирига мол бериб бой бўлишни ёзмаган бўлса бойлик унга етмайди. Энди Аллоҳ унга Ўз фазлидан мол ва бойлик берса-ю, у банда Аллоҳнинг фазлини инкор этиб ўзим топганимни нега бераман деса, бу дунёдан-ку шу ҳолатда яшаб ўтар, аммо Аллоҳ уни қиёматда моли билан азобланувчилардан қилиб қўяди.  Аммо закоти берилмаган моллар шу дунёдаёқ ўз эгасига кулфатлар олиб келаверади. Мол эгаси ё саломатлиги ёки фарзандлари, ёки уй-жойи, ёхуд касби-коридан балоланаверади. Шундай экан, бахиллик фақат ва фақат инсоннинг ўзига зарардир.  (http://muslim.uz)
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтадилар:
"Сахийлик жаннатдаги бир дарахтдир, унинг шохлари дунёга тушиб туради. Ким унинг бирорта шохини тутса, у шох уни жаннатга йўллайди. Бахиллик ҳам дўзахдаги бир дарахтдир. Унинг шохлари дунёга тушиб туради. Кимки унинг шохидан тутса, у шох уни дўзахга элтади. Сахий Ҳаққа ҳам, халққа ҳам яқиндир. Бахил Ҳақдан ҳам, халқдан ҳам узоқдир".
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтдилар: "Бахил одам жаннатга кирмайди".
Бахиллик инсонни ҳалокатга етказгувчи амаллардан саналади. Кимки бахил бўлса одамлар орасида ҳурмати пасаяди, охиратда катта мукофот ва даражалардан маҳрум бўлади. Энг ачинарлиси – бахиллик билан топган мол-дунёси ўзига асқотмайди. (Дуратун носиҳин. Зиё.Уз кутубхонаси)
Насафийнинг тафсирида баён қилинишича Зурвон қишлоғида яшаган бир солиҳ инсоннинг ҳосилдор боғи бор эди. Мева ҳосили етилганда оиласи учун бир йилга еткулик миқдорда олиб қолиб, қолган қисмини камбағалларга садақа қилиб юборар эди.
Вақти соати етиб вафот этганидан сўнг ўғиллари ўзларича маслаҳат қилишиб: “Агар биз ҳам отамиз қиланидек қилсак  қийинчиликда қоламиз. Ҳолбуки, бизлар бола – чақалик оилалармиз”, ‒ деб саҳарга яқин мискин ва камбағалларга билдирмасдан махфий ҳолатда ҳосилни йиғиштириб олишликка қасам ичдилар. Аллоҳ Таоло уларнинг ниятларига яраша жазо қилиб уларнинг оталаридан қолган боғларига бало юборди. Бундан бехабар ўғиллар саҳарлаб бир-бирларини чақириб йўлга тушишди.  Тағин мискинлар билиб қолмасинлар дея шошилиб, пинҳона  бордилар. Етиб келиб қарасалар мевалари куйиб кетган боғнинг рўпарасида турибдилар.
Аввалига “Бу ‒ бошқа боққа ўхшайди, бизлар адашиб қолибмиз шекилли”, ‒  дейишди. Сўнгра айнан ўзларининг боғлари эканини таниб, ҳақиқатан ҳам бахиллик ила нотўғри иш қилиб бор меваларидан ҳам айрилиб қолганларига иқрор бўлдилар.

Муҳаммадшариф Рустамов. Марҳамат туманидаги “Иброҳим Халилулло” жоме масжиди имом хатиби

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  20 Fevral 2019, 14:59:13

ВАЪДАГА ВАФО
Мунофиқлик энг оғир иллатлардан бири ва қалб касаллигидир. “Бақара” сурасидаги ушбу оятнинг тафсирларига кўра уларнинг қалбидаги касаллигини Аллоҳ зиёда қилади.:
وَمِنَ النَّاسِ مَن يَقُولُ آمَنَّا بِاللّهِ وَبِالْيَوْمِ الآخِرِ وَمَا هُم بِمُؤْمِنِينَ * يُخَادِعُونَ اللّهَ وَالَّذِينَ آمَنُوا وَمَا يَخْدَعُونَ إِلاَّ أَنفُسَهُم وَمَا يَشْعُرُونَ * فِي قُلُوبِهِم مَّرَضٌ فَزَادَهُمُ اللّهُ مَرَضاً وَلَهُم عَذَابٌ أَلِيمٌ بِمَا كَانُوا يَكْذِبُونَ
Мунофиқликнинг белгилари бор. уларнинг сифатлар оятларда баён қилинган. Шунингдек Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам улар ҳақида уммуатни огоҳлантиргалар. Хусусан, бир ҳадисда унинг учта белгиси айтилган бўлса, қуйидаги ҳадисда тўлиқ мунофиқ бўлгувчиларнинг тўрт хислати очиб берилган:
حدثنا قبيصة بن عقبة قال: حدثنا سفيان، عن الأعمش، عن عبد الله بن مرة، عن مسروق، عن عبد الله بن عمرو: أن النبي صلى الله عليه وسلم قال:  أربع من كن فيه كان منافقا خالصا، ومن كانت فيه خصلة منهن كانت فيه خصلة من النفاق حتى يدعها: إذا اؤتمن خان، وإذا حدث كذب، وإذا عاهد غدر، وإذا خاصم فجر
Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Кимдаки тўртта нарса бўлса ҳақиқий мунофиқ бўлади. Кимдаки улардан бир хислат бўлса, ўшани кетказмагунча унда мунофиқликдан бир хислат бўлади ‒ омонат қилинса хиёнат қилади; сўзласа ёлғон гапиради; аҳд қилса бузади; хусуматлашиб қолса фужур (ноҳақлик, ғирромлик) қилади”. (Имом Бухорий ривояти)
Ҳадиси шарифдан кўрамизки, ҳозирги пайтдаги энг кўп тарқалган иллатларнинг бири – аҳдни бузиш ҳам мунофиқликнинг хислатларидан экан. Бир ривоят келтиришни рода қилдик, шоядки, бизларга аҳдга вафо қилишга ибрат бўлса.
Мурдос Хорижий исмли инсон ҳибсга олиниб Убайдуллоҳ ибн Зиёднинг қамоқхонасига киритилди. Унинг одоб ва тақвосининг ҳурматидан қамоқхона қўриқчиси шафқат аилиб шундай деди:
-   Мен сенга яхшилик қилмоқчиман. Мабодо ҳар хафтада бир бора уйингга бориб келишингга рухсат берсам, яна қамоқхонага қайтиб келасанми?
-   Ҳа, албатта, – деди у.
Улар келишиб ҳар хафтада Мурдос бир марта уйига бориб келадиган бўлди. Шу давр орасида хаворижлардан баъзилари ўлимга маҳкум бўлишди. Миршаб ибн Зиёд билан маслаҳатлашган эди, Ибн Зиёд қамоқдаги хаворижларнинг ҳаммасини ўлдиришга буюрди. Айни шу дамда Мурдос уйда эди. Уларнинг ўлимга маҳкум бўлганини эшитган оила аъзолари унга:
-   Агар қамоқхонага борсанг сени ўлдиришади, – деб қамоқхонага бормай уйда қолишини таклиф қилишди.
-   Мен Аллоҳга хиёнатчи ҳолатимдан рўбарў келишни хоҳламайман! Зиёднинг ўғли золим киши, мен бормасам қўриқчини ўлдириб қўяди, – деб қамоқхонага қайтиб бориб, қўриқчига:
-   Сенга бирор озор етмасин деб қайтиб келдим. Ҳўжайининг бизнинг шерикларимизни нима қилишга азм қилган бўлса, мени ҳам ўша жойга олиб туш! – деди. Унга жавобан қўриқчи илтифот қилиб:
-   Хоҳлаган жойингга кетавер! Аллоҳ сенга нажот берди, – де жавоб берди.

Муҳаммадсоли Иминов. Марҳамат “Полвонтош” жоме масжиди имом хатиби
Улуғбек қори Йўлдошев

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  25 Fevral 2019, 16:55:59

АЁЛ МАСЪУЛИЯТИ
Аёл киши аввало, она сифатида қадрланади. Қуръони каримнинг бир нечта оятларида онани эъзозлашга, унинг ҳаққини адо этишга буюрилган. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ҳадисларининг бирида:
“Жаннат – оналар оёғи остидадир” – деб марҳамат қилганлар.
Қуръони каримда 176 оятли бир суранинг номи “Аёллар” деб номланиши, юзлаб оятларда аёлларга доир ҳукмларнинг баён этилиши, ҳадиси шарифларда аёлларга хос алоҳида кўрсатмалар берилганлиги ислом динида аёл кишининг нақадар юқори эътиборга молик эканидан далолатдир.
Динимиз таълимотларида умуман аёл зоти улуғланади. Абдураҳмон ибн Авф разияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилди:
"Битта солиҳа аёл мингта фосиқ эркак кишидан яхшидир. Қайси хотин эрининг етти кун хизматини қилса, етти дўзах эшиги ёпилиб, саккиз жаннат эшиги очилади ва у хоҳлаган эшигидан жаннатга киради", дeдилар.
Аёл хотин сифатида ҳам қадрлидир. Шунингдек ўзига яраша вазифалар олдида масъул ҳамдирлар. Имом Термизий Умму Салама разияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
“Қай бир хотин эри ундан рози бўлган ҳолда вафот этган бўлса, жаннатга киради”.
Абдураҳмон ибн Авф разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда:
“Қачонки хотин киши беш(маҳал) намозини ўқиса, бир ой рўзасини тутса, фаржини сақласа ва эрига итоат қилса унга “Жаннатнинг эшикларидан хоҳлаганингдан жаннатга киргин!” – деб айтилади” деганлар. (Аҳмад ибн Ҳанбал муснади)
Хотиннинг асосий вазифаларидан бири эрининг табиий эҳтиёжи эканлиги ҳақида ҳам кўплаб ҳадислар ривоят қилинган. Жумладан жаноб пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
 “Қачонки эркак киши хотинини ҳожати учун чорлаб қолса, у (хотин) агарчи тандирнинг рўпарасида турган бўлса ҳам етиб келсин!” (Толқ ибн Али разияллоҳу анҳудан имом Термизий ривояти)
 “Эркак киши қачон хотинини тўшагига чорласаю, у келишга майл қилмаса тонг отгунга қадар фаришталар уни лаънатлагайлар” (Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан Бухорий ва Муслим ривояти)
 “Нафсим тасарруфида бўлган зотга қасамки, бир кишики, хотинини тўшагига чорласаю, у (хотин) унга қаршилик қилса токи (эр) ундан рози бўлгунга қадар осмондаги Зот у(хотин)га ғазаб қилган ҳолатда бўлгай!” (Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан Муслим ривояти)
Эрнинг хотиндаги шахсий ҳақлари шунчалик муҳимлигидан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:
 “Хотин кишига эри ҳозир бўлса унинг изнисиз рўза тутишлик ҳалол бўлмайди”. (Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан Бухорий ва Муслим ривояти)
Албатта бу ўринда гап нафл рўза ҳақида кетяпти. Фарз рўзаси учун эрининг розилигининг эътибори йўқ.

Абдушукур Мирзақобулов. Асака т. "Сиддиқ ҳожи" жоме масжиди имом хатиби ноиби

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  26 Fevral 2019, 13:18:47

Илм ҳалқаси
Илм динимизнинг асосий таълмоти, бирламчи кўрсатмасидир. Илм ўз соҳибининг мартабасини кўтаради. Ҳар қандай амал илм билан бўлсагина ибодат даражасига кўтарилади. Илм ҳақида Абдулла Авлоний шундай ёзади:
“Илм деб ўқимак, ёзмакни яxши билмак, ҳар бир керакли нарсаларни ўрганмакни айтилур. Илм дунёнинг иззати, оxиратнинг шарофатидур. Илм инсон учун ғоят олий ва муқаддас бир фазилатдур.
Зероки, илм бизга ўз аҳволимизни, ҳаракотимизни ойина каби кўрсатур. Зеҳнимизни, фикримизни қилич каби ўткур қилур. Савобни гуноҳдан, ҳалолни ҳаромдан, тозани мурдордан аюруб берур, тўғри йўлга раҳнамолик қилуб, дунё ва оxиратда мас’уд бўлишимизга сабаб бўлур. Илмсиз инсон мевасиз дараxт
кабидур. Чунки илмсиз кишилар ота-онасига, қариндош-уруғига, ёр-дўстига, дин ва миллатига фойда еткурмак бир тарафда турсун ўз устига лозим бўлган ибодат ва тоатни ҳам лойиқича қила олмас.
Илмнинг фойдаси у қадар кўпдурки, таъриф қилғон бирла адо қилмак мумкин эмасдур. Бизларни жаҳолат қоронғулиғидан қутқарур, маданият, инсоният, маърифат дунёсига чиқарур, ёмон феъллардан, бузуғ ишлардан қайтарур, яxши xулқ ва адаб соҳиби қилур, Аллоҳ таолога муҳаббат ва эътиқодимизни ортдурур, жаноби Ҳақнинг азамат ва қудратини билдирур.
Алҳосил, бутун ҳаётимиз, саломатимиз, саодатимиз, сарватимиз, маишатимиз, ҳимматимиз, ғайратимиз, дунё ва оxиратимиз илма боғлидур.
Пайғамбаримиз:
«Илмга амал қилгучилардан бўлингиз, нақл ва ривоят қилгучилардан бўлмангиз», – демишлар”. (Туркий Гулистон ёxуд аxлоқ.зиёуз.сом кутубхонаси)
حَدَّثَنَا عَبْدُ اللَّهِ بْنُ مُحَمَّدِ بْنِ عَبْدِ الْمُؤْمِنِ بْنِ يَحْيَى حدثنا أَبُو عَلِيٍّ الْحَسَنُ بْنُ مُحَمَّدِ بْنِ عُثْمَانَ الْفَسَوِيُّ بِبَغْدَادَ ، قال حدثنا أَبُو يُوسُفَ يَعْقُوبُ بْنُ سُفْيَانَ الْفَسَوِيُّ قَالَ : حَدَّثَنَا حَجَّاجُ بْنُ مِنْهَالٍ ، نا حَمَّادُ بْنُ سَلَمَةَ ، عَنْ حُمَيْدٍ ، عَنِ الْحَسَنِ ، أَنَّ أَبَا الدَّرْدَاءِ ، قَالَ : كُنْ عَالِمًا أَوْ مُتَعَلِّمًا ، أَوْ مُحِبًّا أَوْ مُتَّبِعًا ، وَلَا تَكُنِ الْخَامِسَ فَتَهْلِكَ قَالَ : قُلْتُ لِلْحَسَنِ : وَمَا الْخَامِسُ ؟ قَالَ : الْمُبْتَدِعُ
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар:
“Олим бўл, ёки ўрганувчи бўл, ёки яхши кўргувчи бўл ёки эргашгувчи бўл, бешинчиси бўлма!”
Яна шундай деганлар:
"Ким жамоат билан намоз ўқиб, илм ҳалқасига қўшилса, Аллоҳ каломини тингласа, сўнгра унга амал қилса, Аллоҳ унга олти нарса ато этади: ҳалол ризқ, қабр азобидан нажот, амал дафтарини ўнг томонидан олиш, сирот кўпригидан чақмоқдай ўтиш, маҳшар куни пайғамбарлар билан бирга бўлиш ва Аллоҳ таоло унинг учун жаннатда қизил ёқутдан бўлган қирқ эшикли бино қурдиради" ("Зубда").
Ибн Аббос разияллоҳу анҳу айтди:
"Уламоларнинг даражаси мўминларнинг даражасидан етти юз даража баланддир. Ҳар даражанинг ўртасида бeш юз йиллик масофа бор".
Айтилишича, Илм амалдан бeш жиҳатдан афзалдир.
1. Илм амалсиз ҳам бўлиши мумкин. Амал эса, илмсиз бўлмайди.
2. Илм амалсиз ҳам фойда бeриши мумкин. Лeкин амал илмсиз фойда бeрмайди.
3. Амал лозим нарса, илм эса, чироқдай нурли нарса.
4. Илм пайғамбарларнинг мақомидир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бу ҳақда бундай дeганлар: "Умматимнинг олимлари Бани Исроил пайғамбарлари кабидирлар".
5. Илм – Аллоҳнинг сифати, амал эса, бандаларнинг. Аллоҳнинг сифати, албатта, бандаларнинг сифатидан устундир" ("Тафсирут тайсир"). (Манба: Дурратун носиҳийн. зиёуз.cом кутубхонаси)
Анас разияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Мен сизларга бир ҳадис айтиб берай. Мендан кейин буни сизга ҳеч ким айтиб бермайди. Расулуллоҳ қуйидагилар қиёмат аломатларидир, деганлар»,— дедилар:
- илмнинг сусаймоғи;
- жаҳолатнинг кучаймоғи;
- зинонинг авж олмоғи;
- хотинларнинг кўпаймоғи;
- эркакларнинг озаймоғи. Ҳатто 50 нафар хотинга 1 нафар эркакнинг бошчилик қилмоғи». (Ал-жомеъ ас-саҳиҳ. Имом Бухорий. ziyouz.com kutubxonasi)

Сардор Худоёров. Асака т. “Бобожон қори” масжиди имом хатиби

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  26 Fevral 2019, 14:57:05

Қози Шурайк
Ислом тарихида адолати билан машҳур бўлган икки қози бор. уларнинг бири – Шурайҳ, иккинчиси – Шурайк. Қози Шурайҳ Умар разияллоҳу анҳу халифалиги даврида қози бўлиб, то Ҳажжож давригача 60 йил қозилик қилган.
Қози Шурайк ҳижрий 153 йилда халиф Мансур даврида қозилик қилган бўлиб, асли бухоролик бўлган. Ҳижрий 95 – 177 йилларда яшаб ўтган. Фақиҳ, қози, муҳаддис олим бўлган.
Бир аёл қози Шурайк ибн Убайдуллоҳнинг олдига шикоят билан келди. Унинг айтишига кўра аёл бўстонини халифанинг амакиси, амир Мусо ибн Исога сотмагани учун амир хизматчисига амр қилди боғининг ҳудудидини буздириб ташлаган эди.
Қози аёл билан ўртасидаги муаммони ҳал қилиш учун мажлисга амирни чақиртирди. Амир бу ишга ўзининг номидан вакил қилиб миршабларнинг бошлиғини жўнатди. Қози эса миршабларнинг бошлиғини қаматиб қўйди. Амир буни эшитиб, одамларини жўнатди. Улар келиб қозини айблай бошладилар. Шунда Шурайк:
-   Нима учун амир ҳукм мажлисида иштирок этишга беписандлик қилади? Ё қозилар ҳаммага ҳар хил ҳукм чиқаради деб ўйлаяптими? Адолат амир ва фуқаро учун баробар бўлади! Ҳукм ишига аралашганингиз учун сизларга ҳам жазо қўллашга тўғри келади! – деб уларни ҳам қамаб қўйди.
   Бу воқелардан хабардор бўлган амир отига миниб соқчилари билан қамоқхонага келди ва зўрлик қилиб, мазкур ҳибс қилинганларнинг ҳаммасини қамоқдан чиқартириб юборди. Шунда қози дарҳол Бағдодга – халифанинг олдига, қозилик вазифасидан озод қилишини сўраб сафарга отланди. Бориб халифага:
-   Аллоҳга қасамки, мен аббосийлардан қозиликни сўраб олган эмасман, мени мажбур шу лавозимга қўйишган! Балки ўзлари агар қози бўлсак, ҳар бир аҳкомда эркинлик билан адолатни қарор топтиришимизга ваъда беришган. Энди эса, модомики биз омонатни адо қилишликда шунчалик ожиз эканмиз, ҳукм чиқариш билан шуғуланишга бошқа йўл қолмади! – деди.
   Халифа унинг ишга қайтишини илтимос қилиб шундай деди:
-   Сен боравер. Кимларни ҳибс қилишга буюрган бўлсанг, қайтадан ҳибс қилишингга рухсат бераман.
Шундан сўнг амир ҳибсга олинишга ва ҳукм мажлисида шахсан ўзи айбдор сифатида қатнашишга мажбур бўлди. Қози Шурайк боғни аёлга қайтариб бериб, бузиб ташланган ҳудудни аввалгидек қилиб қайта тиклаб беришликка ҳукм қилди. Ҳукм ижро этилди.

Ҳусанбой Сотволдиев. Асака туманидаги Икром ҳожи жомеъ масжиди имом хатиби

Qayd etilgan


HazratiBilol  26 Fevral 2019, 17:04:11

Абу Зарр розияллоҳу анҳу Билол ибн Рабоҳга: “Эй қора хотиннинг ўғли, мени босиб олдинг!” дегандилар, Билол ғазаб қилган ҳолда ўрниларидан туриб: “Аллоҳга қасам, мен бу ишни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга айтаман”, дедилар. Бу хабар етказилганида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзлари ўзгариб кетди ва: “Эй Абу Зарр!  айбладингми? Сенда жоҳилият одатлари бор экан”, дедилар. Абу Зарр йиғладилар ва: “Эй Аллоҳнинг расули, менга истиғфор айтинг”, дедиларда масжиддан йиғлаган ҳолда чиқиб кетдилар.

Кейин Билолнинг олдига келиб, юзларини тупроққа қўйдиларда: “Аллоҳга қасам, то оёғинг билан юзимни эзғиламагунингча бошимни кўтармайман. Сен олийжаноб кишисан, мен эса пасткашман”, дедилар. Билол ҳам йиғлаб унга яқинлашдиларда, унинг юзидан ўпдилар. Сўнгра: “Аллоҳга қасамки, Аллоҳ учун бир марта бўлса ҳам сажда қилган юзни оёғим билан босмайман”, дедилар. Кейин икковлари ўринларидан туриб, бир-бирларини қучоқлаб, йиғида давом этишди.

Бизлар бугунги кунда бир-биримизга ёмонлик қилиб қўйсак кечирасиз, деб айтишга ҳам ботина олмаймиз.

Узр сўраш юқори савиядаги маданият ҳамда олий фазилатли хулқлардандир.

Qayd etilgan