Ичкилик - ҳаром
Ичкилик ҳаром эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам хамрни ёмонликларнинг онаси деганлар. Чунки инсон шароб ичиб маст бўлиб қолса, ҳар қандай ёмонликдан қайтмаслиги мумкин. Ҳолбуки, соғ пайтида ўша ишни қилишда уялади ва ҳадди ҳам сиғмайди. Аммо маст бўлиб қолса, ҳеч нарсадан тортинмай қолади.
Аллоҳ таоло:
«Албатта, шайтон «хамр» ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлайдир. Энди тўхтарсизлар?! Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинг ва ҳазир бўлинг! Агар юз ўгирадиган бўлсангиз, билингки, Расулимизнинг вазифаси аниқ етказиш, холос», деган (Моида, 91-92).
Бу ояти каримада хамр билан қимор сабабли мусулмонлар орасида ўзаро адоват ва ёмон кўришлик пайдо бўлиши мумкинлиги таъкидланмоқда.
Хамрнинг шахсга, оилага, жамиятга ва бутун инсониятга келтирадиган зарарлари ҳақидаги маълумотлар жуда ҳам кўп, маълум ва машҳурдир. Бу ҳақиқатларни бутун дунё-мусулмон ҳам, кофир ҳам, худосиз ҳам, ҳатто ароқхўрлар ҳам яхши билади.
Биз у ҳақдаги маълумотларни такрорлаб ўтирмайлик-да, ушбу ояти каримада зикр қилинган зарарини—кишилар ўртасида адоват ва ёмон кўришга сабаб бўлишини эслаб ўтайлик.
Агар эътибор берадиган бўлсак, қаерда ичкилик бўлса, ўша жойда кўнгилсизлик келиб чиқади. Ичкилик туфайли оилалар бузилгани қанча, ака-укалар, ота-болалар, дўст-оғайни, қўни-қўшнилар бир-бирига душман бўлгани қанча. Ишхона, маҳалла-кўй, тўй-маросим, дам олиш жойлари ва жамоатчилик тўпланадиган ерлардаги адоват ва ёмон кўришларнинг ҳисобига етиб бўлмайди. Ҳозирга келиб, ичкилик мамлакатлар орасига ҳам адоват солмоқда. (islom.uz)
Нақл қилишларича бир вақтлар бир зот шаҳар ташқарисидаги бир гўшада - насронийларнинг ибодат ва риёзат учун кирадиган ерларида яшар экан. Бир кун шайтон мусофир қиёфасига кириб, у зотникига меҳмон бўлибди. Уй эгаси унга таом манзират қилибди, лекин уч кун давомида меҳмон ҳеч нарса еб-ичмабди. Уй эгаси:
- Сен қандай одамсанки, еб-ичмай яшайсан? - дебди. Шайтон алдаб:
- Бир гуноҳ қилиб, сўнгра тавба қилгандим. Аллоҳ таоло мендан емоқ эҳтиёжини кўтарди, - дейиши билан обид:
- Ҳай, менга ҳам ўргат, мен ҳам еб-ичиш кулфатидан қутулай, - дебди.
Шайтон ҳам унга жавобан:
- Ё ичкилик ичиш, ё зино қилиш ёки бир одам ўлдириш лозимдир, - дебди. Бечора обид кўп ўйлаб, одам ўлдириш бўлмайди. Зино, у ҳам бўлмайди. Ичкилик... эй, бир оз ичаман, сўнгра тавба қиламан, энг осони шу», деб шароб ичибди. Бу орада шайтон қизи касал бўлган бир подшоҳнинг олдига бориб,
«Фалон жойда бир обид бор, нафаси жуда яхши, иншоаллоҳ у ерда қизингиз соғаяди», - деб подшоҳни алдабди.
Бир онда қизни аравага солиб, обиднинг уйига олиб келибдилар. Обид маст ҳолида қизни зўрлаб зино қилибди. Сўнгра қилганига пушаймон бўлиб, «Ишқилиб, подшоҳнинг хабари бўлмасин», деб ўйлаб ўгирганда, шайтон келиб:
«Уни ўлдириб, кўмишдан бошқа чора йўқ, қидиришса, уйга юбордик деймиз», дебди.
Шу сабаб бўлиб, бечора обид қотиллик ҳам килибди. Лекин қизнинг ўлдирилгани билиниб, кўмилган жойидан жасади чиқарилгач, обиднинг қатлига фармон берилибди...
(манба:МУҲАММАД ЗОҲИД ҚЎТҚУ. ИЧКИЛИК - ИЙМОН ЗАВОЛИ . Таржимон: Сайфиддин САЙФУЛЛОҲ)
Муҳаммадсобир Иминов. Асака т. "Ҳазрат Умар" масжиди имом хатиби